Асаб кучи

Асаб кучи
Поль Чаппиус Брэгг
Асаб кучи нималарга қодир эканини ушбу китоб таржимаси жараёнида яхшилаб тушуниб олдим. Бу куч ҳақида мукаммал тушунча берувчи бошқа бирор китобни топа олмадим. Асабларимиз, Поль Брэгг таъкидлаганидек кучли ва соғлом бўлса, нафақат жисмоний ва руҳий саломатлигимиз жойида, балки муаммоларимиз хал бўлиб бахтли яшар эканмиз.Азизлар, сизга ушбу китобни тавсия қиламиз. У сизга ҳам фойдали қўлланма бўлиб ҳизмат қилади, деган умиддамиз.

ПОЛЬ БРЭГГ
Асаб кучи

АСАБ КУЧИНИ ТИКЛАШ
Мен бу китобни ёзишда адабиёт соҳасида мумтоз асар яратишни ният қилмаганман. Аксинча, атайлаб ихчамлаштирилган иборалардан фойдаланишга ҳаракат қилдим. Токи мен келтираётган далиллар ўқувчи онгида чуқур из қолдирсин.
Биз шундай – асаблар ўта кучланган асрда яшаяпмизки, бунда ҳаётимиз асослари аста-секин, тўхтовсиз емирилиб бормоқда. Агарда биз бу балонинг олдини олиш учун ҳозироқ маълум қадамларни ташламасак, бир неча авлоддан сўнг асабларнинг тўла емирилишига рўбарў келамиз. Мен «биз» деганимда авваламбор америкаликларни назарда тутмоқдаман. Асаблари бузилишидан азобланаётганлар бутун дунё бўйича кўплаб учрашига қарамасдан ҳеч қаерда америкалик эркак ва аёллар каби азобланаётганлари бўлмаса керак.
Менинг асаблар масаласига чуқур эътиборим, бу мавзуга чексиз вақт ва кучимни сафарбар қилишим сабаби соғлом бўлиш маданиятининг назария ва тажрибаларига қарашларимнинг ўсишида деб биламан. Асабларим ўта сезгир бўлиб туғилганлигим боис мен буни чуқур ўрганишга аҳд қилдим.
18 ёшимда сил касаллигидан соғайдим. Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиб, кучли бўлишга аҳд қилдим. Чунки кўпчилик қатори мушаклар кучини соғломлик ифодаси деб тушунардим. Лекин тезда бу тушунчанинг хатолигини аниқладим ва эътиборимни илмий тарзда овқатланиш, чуқур нафас олиш ва ўз танамни мустаҳкамлашга қаратдим. Танани ҳаракатга бошловчи энг буюк куч – асаблар эканини тушуниб етдим.
Инсон организмининг энг заиф ва ўта сезгир жойи ҳам асаб, шунинг учун айнан шу жойда ҳаёт кучларини тўплашимиз зарур. Бу фақат назария эмас, менинг дарсларимга қатнашаётган ўқувчилардан ташқари мен ҳар йили соғлом 1000 та талабанинг овқатланиш гигиенаси ва шахсий дастурларини назорат қилиб бораман. Менинг тажрибам кенгаймоқда ва қарашларим тўғрилигига ишончим ортиб бормоқда. Мен тўла ишонч билан айтаманки, бу китобда келтирилган далилларга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Асаб кучининг сирлари
Асаблар кучи ҳаётимиз булоғи ҳисобланади. Ҳаёт асаблар орқали содир бўлади, буни ҳеч қачон унутманг. Сизда асаб кучи бўлсагина, сиз соғломсиз, мақсад сари интиласиз, иштиёқ ва бахтга тўласиз.
Сиз барча қийинчиликларни енга оласиз ва тақдир зарбаларини қабул қилишга тайёрсиз, чунки сизнинг асабларингиз кучи уларни енга олишига ишонасиз.
Сиз асаб кучлари тўла одамни енга олмайсиз. У ҳаёт зарбаларини сабот билан енгиб, ўз мақсади сари қайта-қайта интилаверади ва оқибатда ғолиб бўлади. Одамларнинг 5% и бутун инсониятни бошқаради – бунда ҳам асосий омил асаблар кучи ҳисобланади.
Сизнинг соғлигингиз, кучингиз, ҳаётга интилувчанлигингиз, сабр-тоқатингиз асаб кучи билан ўлчанади. Бу сизга шундай захира кучларини тақдим этадики, натижада ҳаётингиз ютуқларга бой, ранго-ранг ва тўлақонли бўлади. Дунёда ҳаёт чўққиларига чиқиш учун ақли ва қобилияти етарли инсонлар кўп, лекин уларда инсонни мақсад сари етакловчи асаб кучи йўқ. Аёл кишининг жозибадорлиги, мафтункорлиги, нур сочиб туриши ҳам тўғридан-тўғри асаб кучига боғлиқ.
Асаб кучи ва танангиз соғлиги узвий боғланган, сизнинг танангиз – мураккаб машина. Асаб кучи эса уни ҳаракатга келтиради, лекин бу куч қуввати ҳаётий аъзоларнинг ўзаро мутаносиб ишлашига боғлиқ. Ўпка ва юракдан қон томирлар тизими орқали ҳар бир ҳужайрага етиб боради ва бутун танани озиқлантиради.
Агар қайсидир аъзо ёмон ишласа, асаб кучини пайдо қиладиган қандайдир элемент қонда етишмаслиги мумкин. Ошқозонингиз овқатни яхши ҳазм қила олиши шарт. Ичаклар, ўпка, буйраклар ва тери мутаносиб ишлаши учун улкан асаб кучига эга бўлиши керак. Қора талоқ, жигар ва бошқа қон ишлаб чиқарувчи аъзолар ҳам яхши ишлаши зарур.
Агар сиз эрталаб уйқудан турганда ҳолсизлик ва чарчоқ сезсангиз, вақт ўтиши сиз учун оғир кечса, келажакка ишончсизлик билан қараб, ўзингизни бахтсиз сезсангиз – демак, сизнинг асаб тизимингизга нимадир бўлган. Сизнинг асаб кучингиз кўпайиши ўрнига камаймоқда.
Фақат биргина йўл бор – у ҳам бўлса, асаб тизимини ва кучини қайта қуриш. Инсон танаси ўзини ўзи даволовчи организм ҳисобланади. Бахтга қарши, ҳозирги вақтда кўпчилик, айниқса, америкаликлар асаб кучларини бесамар сарфлаб, турли допинглар (сунъий куч берадиган кимёвий дори) ёрдамида асаб кучларини зўриқтирмоқдалар, бу эса фақат организмни жароҳатлашга олиб келади.
«Асаблар» – нозик ва хатарли ҳолат, америкаликлар ҳаёт-мамотини емирувчи ҳолат
«Асаблар» – бу сўзни биз ҳамма жойда эшитамиз. Шифокор ўз беморига бу сизнинг асабларингиз бузилганидан, дейди.
Сезгир аёллар ўз асабларидан нолийдилар, ҳар куни ишхонангизда асаблари таранглашган инсонларни учратасиз. Ота-оналар фарзандларининг асаблари бузилганини рўкач қилиб, уларни жазолашдан воз кечадилар.
Америкалик ўспирин – энг асабийлашган инсон ҳисобланади. Ўспиринлар асаб тизимлари шунчалик бузилганки, қаттиқ овозли мусиқа билан ўзларини жонлантирмоқчи бўлишади. Баъзилар ўзлари билан магнитофон олиб юрадилар. Улар шунчалик ҳаяжонланганки, телефонда гаплашаётиб ўзларини тезда тўхтата олмайдилар.
Сиз асабларни барча жойда – кўчада, ишда, театрда, мактабда, коллежда, институтда, ўз оилангизда учратасиз. Телевизор ярим кечагача тўхтамай ишлайди. Томошабинлар асаби таранглашган, уни мувозанатга келтираман, деб іайтанга қотиллик, қон тўкиш, азоблаш, ўққа тутиш каби кўринишларни томоша қилади.
Ҳаддан ташқари куч ишлатиш, бузуқ эркак ва аёлларнинг беҳаё хатти-ҳаракатлари телевизор экранларида маданий дастурлар ўрнини босиб кетди.
Америкаликлар энг асабий миллат, бу бутун дунёга маълум, буни ўз мутахассисларимиз ҳам қайд этмоқда. Бу эса ҳаётимизнинг тезлашганидан келиб чиқади (дақиқасига 1 миля). Бу бизни ер юзида энг илғорлашган миллат қилади ва шу билан бирга инсонлар саломатлигини емиради. Касалхоналаримиз асаби бузуқ бетоблар билан тўлиб-тошган.
Соғликни сақлаш бўйича энг сара ва обрўли мутахассисларнинг таъкидлашича, агар асаб бузилиш касалликлари шу зайлда ўсиб бораверса, яқин 100 йилдан камроқ муддатда инсонлардан асаб тизими тўғрисида қайғурадиган ҳеч ким қолмайди, чунки ҳар бир киши асаб тизими жабрдийдалари қаторидан ўрин олади. Қўрқув ва хавотирга соладиган келажак – шундай эмасми? Соғликни сақлаш бўйича тадқиқотлар буни тасдиқламоқда. Ҳозирнинг ўзида психологлар, психиатрлар етишмаётгани ҳаммага маълум. Биз ачинарли аҳволда қолганмиз. Миллионлаб одамларнинг асаб кучи нормадан паст, бу эса уларнинг турли хасталиклардан бир умр азоб чекишига сабаб бўлмоқда. Агар инсонлар асаб кучи пастлашса, ҳаёт зарбаларига бардош бериш учун аввал кучсизроқ, яъни тамаки, чой, кофе, кола каби зўриқтирувчиларни истеъмол қила бошлайдилар, сўнгра эса кучлироғи, яъни алкогол, кейин эса наркотикларга ўтадилар. Уларнинг кўпчилиги оқибатда наркотик қабул қилмасдан туролмайдиганларга айланадилар. Кўпчилик инсонлар ўзларини нормал ҳисоблайдилар, аммо тетиклаштирувчи таблетка қабул қилмасдан бир кунлари ўтмайди. Кечаси уларнинг асаблари шунчалик таранглашадики, уйқу келтирадиган таблетка қабул қилмагунларича ухлай олмайдилар. Телевизорда уйқу келтирадиган ва тинчлантирувчи воситалар рекламасига назар солсангиз, кифоя.
Ҳозирги замонда кучли наркотиклардан фойдаланиш
Бизнинг кундалик газета ва журналларимиз наркотик қабул қилувчи ёш йигит-қизларимизга бағишланган хабарлар билан тўлиб тошиб ётибди. Соғликни сақлаш мутахассислари фикрича, наркотиклар инсон мияси ва танасини тубдан емиради. Шунга қарамай, минглаб асаби ҳолсизланган ёшлар мунтазам наркотик қабул қилишади. Марихуанадан ясалган минглаб сигаретлар Америка талабаларига сотилади. Ҳатто баъзи ёшлар тўдаси бу кучли наркотикни очиқданочиқ тарқатишга уринмоқдалар. Асабларини бироз бўлса ҳам, жунбушга келтирадиган барча нарса, ҳатто бензин ёки эфир ҳидлаб кайф қилсалар, бўлгани.
Биз ҳаммамиз алкоголнинг кучли наркотик таъсирини яхши биламиз. Талабалар бунинг барча формаларидан фойдаланадилар.
Ҳозирда ўн беш миллион сурункали алкоголиклар мавжудлиги аниқланган ва ҳар йили улар қаторига яна мингтаси қўшилиб бормоқда.
«Асаб» сўз қандай маънони англатади
«Асаб» сўзи асабларнинг ўта ҳолсизланиши ёки асаб кучининг етишмаслигини англатади. «Асаб кучи нима?» деган савол «Электр қуввати нима?» деган саволга ўхшаш. Асаб кучини сезиб бўлмайди. Биламизки, бу асосий ҳаёт кучи, сирли қувват асаб тизимидан ҳосил бўлади ҳамда ҳар бир аъзога ҳаёт ва қувват бағишлайди. Қандайдир аъзони ҳаракатлантирувчи асабни кесиб қўйинг, шу аъзо ҳаракатдан тўхтайди.
Асаб тизими миллионлаб ҳужайралардан иборат бўлиб, улар асаб кучини захирага йиғади. Барча йиғилган асаб кучлари бизнинг асаб бойлигимиз ёки асаб капиталимиз ҳисобланади. Ҳар бир аъзо узлуксиз ишлайди ва ҳужайралардаги асаб кучини бир текисда ушлаб туради, шунинг учун ҳаёт озуқаланиш ёки нафас олишдан кўра асаб кучларига боғлиқ. Асаб кучларининг фаолиятисиз биз на нафас оламиз, на озуқлана оламиз.
Асаб кучи йиғиладиган идишларни қандай қилиб бўшатиб қўямиз
Агар биз асабларни озиқлантирмасак, кислород, уйқу бермасак, бунинг ўрнига зўриқсак, кучансак, кераклидан кўп ишласак, тинимсиз ҳаяжонлансак, ғазаблансак, хавотир бўлсак, ҳасад қилсак, кўролмасак, хасис бўлсак, ғамга берилсак ёки мушакларимизни ҳаддан ташқари чарчатсак, хуллас, аъзоларимиз ишлаб чиқараётганга нисбатан асаб кучини кўпроқ сарфласак, оқибатда асаб кучлари етишмовчилиги келиб чиқади. Лекин бундан ҳам қўрқинчлироқ бетоблик бор, у ҳам бўлса – ақлдан озиш.
Асаб кучлари камайиб кетиши, етишмаслиги касалига дучор бўлганларгина қандай оғир оқибатларга олиб келишини биладилар, бутун ҳаётингизни қора булутлар қоплаб, айтиб бўлмас даражада ғам-ғусса, бахтсизлик олиб келишини яхши англайдилар.
Ҳолсиз асаб кучининг қўрқинчли (хавотирли) сигналлари
Қачонки асаб кучлари камайган бўлса, унинг борлиги ҳақида бехабар бўлиб, бир умр қўрқувда яшаш мумкин. Фақат тўла текширувгина бунинг умумий душман, бизга яқинлигини очиб бериши мумкин. Шундай текширув бошлаганингизда ўз характерингизни чуқур ўрганинг, ўзингиз билан ўзингиз очиқ ва тўғри бўлинг! Бу ҳолсизланган асаб кучингиз кўриги бўлиб, саломатлик сари қўйган биринчи қадамингиз бўлади. Қуйида заифлашган асаб кучининг хавотирли сигналларини санаб ўтаман:
1. Лоқайдлик. Сиз ҳаёт зарбаларини ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан қабул қиласизми? Асаб кучи заифлашганда ғайрат ва шижоат йўқолиб, ўрнини ялқовлик босади. Камбағаллик, ҳаёт даражасининг пасайишига кўникаверасиз, ҳолбуки бунга қаршилик кўрсатиб, енгиб чиқишингиз мумкин эди. Ташаббус, ғайрат, шижоат, ўзўзини идора қилиш каби хусусиятлар етарли эмас.
2. Қатъиятсизлик, іарор қабул қила олмаслик. Ўз истак-хоҳишларингиз бошқалар томонидан сиз учун бажарилишига йўл қўя оласизми? Асаб кучи заифлашганлар бошқаларга осон бўйсунади. Бошқалар унинг фикр-хаёлини шунчалик банд қиладики, у ҳақиқий роботга айланиб қолади.
3. Иккиланиш. Сиз ич-ичингизда ўз қобилиятингиздан иккиланасизми? Кимдир сизга ёрдам бермоқчи бўлса, унинг бу нияти чин эканлигидан иккиланасиз. Асаб кучлари заифлашганлар ўз омадсизликларини турли баҳоналар билан оқлашга одатланадилар. Соғлом ва омадли кишиларга ҳасад билан қарайсиз.
4. Хавотирланиш. Сизда сурункали хавотирланиш борми? Бу – асаб кучи заифлашганининг асосий хусусияти, хавотирдаги одам ер юзидаги энг ачинарли одам бўлиб, доимо қўрқувда яшайди. Хавотирланиш ҳаёт кучларини қирқади, муддатидан олдин қаритади. Хавотирланадиган одамнинг гапи: «Менинг ташвишларим сизда бўлса, сиз ҳам хавотирланардингиз».
Бу нотўғри. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ташвишлари бор, улар ҳам турли ҳаёт зарбаларига дучор бўладилар, лекин асаб кучи бақувват кишилар бундай зарбаларни хотиржамлик билан кутиб олади ва унинг ечимини тополади.
Асаб кучи заифлашганлар муаммони ўзларича ҳал қилиш йўлини топа олмайдилар ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўладилар. Хавотирланиш соғлигингизни емиради. Эрта қаритиб, ўлимга маҳкум қилади.
5. Ўта эҳтиёткорлик. Сиз ўз ғоя ва режаларингизни рўёбга чиқариш учун маълум муддатни кутмоқдасиз. Лекин бу кутиш доимий одатга айланиб қолмадими? Бажармоқчи бўлган ишингизнинг қандайдир камчилигига бир кўз қирини ташлаш, муаммони ҳал қилиш учун фикрни жамлаш ўрнига ютқазиб қўйиш ҳақида хавотирланиш…
Бундай ўта эҳтиёткорлик, ишончсизлик ошқозонда овқат ҳазм бўлмаслигига, ич қотишига, нотўғри нафас олишга, безовталанишга, хотиржамликни ва ўзига ишончни йўқотишга, кайфиятнинг бузилишига олиб келади.
Асаб бузилиши ва емирилишига қарши менда мўъжизавий дори-дармон йўқ
Тушунинг, менда асаб касалликларига қарши мўъжизавий дорилар йўқ. Мен дори ёзиб бермайман ва ташхис қўймайман, касалларни даволамайман. Мен ўқитувчиман, одамларга табиий ҳаёт дастури бўйича маслаҳатлар бераман. Танани яхши сақлашни ўргатаман. Бу дастур кундалик одатларни ўзгартириш, овқатланиш, уйқу, нафас олиш, чўмилишни тартибга солишни назорат қилади. Озиқ-овқат истеъмол қилишдан ўзини тийиш, релаксация масаласи, махсус ҳолатда туриш, ён-атрофни мароқли томоша қилиш масалалари ҳам дастурдан ўрин олган.
Сурункали чарчоқдан бақувват асаб кучини тузишга ўтаётган инсон ўз ақли ва танаси устидан тўла назоратга эга бўлиши лозим.
Табиат талабига биноан яшанг
Бу китобнинг асосий маслаҳатларидан бири – инсонларни аста-секинлик билан табиий ҳаёт тарзига қайтариш. Фикрда, овқатланишда, кундалик одатларда, ҳаётни оддийлаштиришда табиатга яқин бўлиш, унга сингиб кетишга ҳаракат қилинг.
Табиат қандай хоҳласа, шундай яшашни бошланг. Табиат нимани талаб қилаётганини билинг, барча ўсаётган, гуллаб-яшнаётган жараёнларда сиз ҳам қатнашинг. Ўзингизни она табиат қўлига топширинг, унинг йўли сизнинг йўлингиз билан қўшилиб кетсин. Табиат манзараларидан баҳраманд бўлаётганингизда «Мен Аллоҳ бандаси ва табиатнинг бир бўлагиман!» деб қайта-қайта таъкидлашдан чарчаманг.
Табиий ҳаёт кечирганингизда сиз табиат билан яккама-якка қоласиз. Мия, тана ва бутун вужудингиз билан табиатнинг бир қисмига айланасиз. Шунда сиз буюк асаб кучига эришасиз. Ҳаётимизда нимагадир интилиб яшаб, унга эришсак, бу – бахтимиз! Ёш болалар каби оддий нарсадан завқланишга одат қилинг. Лекин биз ҳаётимизни мураккаблаштирамиз, бунинг устига асаб кучини емирамиз. Соғлигингизни тиклаб, хотиржам ва завқ билан яшашни ўрганинг.
Соғлом ақл билан, ён-атрофимиздагиларга фойдамиз тегиб, бахт-саодат ва муваффақиятларимизни яқинларимиз-у қадрдонларимиз билан баҳам кўриб яшасак, шунчалик соғлом бўламиз, бу фаолиятимиз бизга осон кўчади ва узоқ вақт давом этади. Энг яхши ибодат – ўзгаларни тушуниш ва уларга яхшилик қилиш.
Яхши асаб кучига эга бўлиш учун табиатнинг буюк қонунларини ўрганиб, улар асосида яшашимиз зарур. Бу китобнинг мақсади ҳам шу қонунлар асосида яшашни кўрсатиб, эвазига эса соғлик ва бахт-саодатга эришишдир. Жаннат – сизнинг қалбингизда, уни ҳозироқ, шу ерда қуришни бошланг.
Табиат қонунларига риоя қилиб, ўзингизни унинг қўлига топширинг, ўз имкониятларингизни аниқроқ билинг ва уни авайланг, шунда сиз мисли кўрилмаган асаб кучига эга бўласиз, натижада бахт-саодатга эришасиз. Маълумки, инсон танаси ўзини ўзи тиклайдиган ва ўзини даволайдиган механизм. Унга имконият беринг ва унинг тикланган кучлари сизни бутунлай янги инсон қилади.
Соғлом, узоқ ва бахтли ҳаёт кечириш маданияти
Соғлом, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг асосий йўли – табиат билан уйғунликда, иймонли ҳаёт кечирмоқ. Ҳар бир кунингизни ғанимат билинг ва уни яхшиликлар билан тўлдиринг. Ҳаётингизда нимани эксангиз, шуни ўрасиз. Бугун яхши яшанг, эртангиз ундан ҳам яхши бўлади.
Бугун қандай бўлсангиз, эртага шундай қолинг ёки бундан ҳам яхшироқ бўлишга ҳаракат қилинг.
Лекин сиз ўзингиз ҳақингизда ҳамма нарсани билишингиз шарт. Сизни қўриқлаб турган куч оқсаши билан душман сизга ташланади ва энг нозик жойингизни яралайди.
Тўғри, ҳеч нарса қилмасдан ҳам узоқ, соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришингиз мумкин. Лекин бунга бироз куч ва ғайратингизни аямасангиз, ундан-да соғлом, бахтли ва узоқроқ яшайсиз. Узоқ ва бахтли кун кечирмоқ – бу маданият. Ўз умрини узайтириш ва бахтли бўлишга ўзини махсус тайёрлайдиган инсонлар учун улкан имкониятлар мавжуд.
Сиз ўзингизнинг асаб кучингизни барпо этишингиз зарур
Мен юқорида айтиб ўтдим, менда асаб касалликларини даволаш учун мўъжизавий дори йўқ. Фақат ўзингиз мустаҳкам асаб кучини барпо эта оласиз. Бу ҳақда кеча-ю кундуз ўйланг. Бу жуда муҳим. Ушбу китобда мен сизга дастур бераман. Лекин мен сизнинг ўрнингизга яшолмайман. Ҳеч ким сизнинг ўрнингизга овқатланиши, нафас олиши, машқлар бажариши, табиат манзараларини томоша қилиши мумкин эмас. Бунинг учун ўзингиз қанча кўп меҳнат қилсангиз, сизга қайтадиган натижа ҳам шунча кўп бўлади.
Дастур фақат мустаҳкам асаб кучини барпо қилиш учунгина эмас, балки сизни танаси бақувват, маънавияти бой шахс сифатида тарбия қилиш учун ҳам хизмат қилади.
Бу сизнинг ҳаётингиз, демак, ўзингиз ҳаётингиздан ҳузурланиб яшанг.
Мен ишонаман, жаннат ҳар бир инсон қалбида. Лекин ҳаётдан ҳузурланиб яшаш учун биз бироз тер тўкиб меҳнат қилишимиз зарур. Биз бунга лойиқ бўлишимиз керак. Буни сотиб олиш мумкин эмас.
Сиз ҳаётдан ва табиий ҳаёт дастуридан сарфланган меҳнатингиз ёки қилган ҳаракатингизга ярашасинигина оласиз.
Асаб кучи – табиатнинг энг нозик қобилияти. У бахт, соғлик, ҳаётдаги муваффақиятларни англатади. Бунинг учун асаблар тўғрисида ҳамма нарсани билиш зарур. Таранглашган асабларни бўшаштириш, тинчлантиришни билиш керак. Шунда сиз асаб кучларингизни қайта тиклаб, ўзингизни жисмонан ва руҳан тетик ҳис қиласиз.
Хавотирланиш – бу қотил
Кўпчилик инсонлар хавотирланишдан азоб чекадилар. Ҳар куни асаб кучларини оз-оздан емириб, ўз бахтсизликларини ҳеч қачон енгиб ўтолмайдилар. Оқибатда асаб кучлари тўла емирилиб, кишини аянчли аҳволга солади. Хавотирланиши муаммони ҳал қилмайди, балки янада бўрттиради.
Менинг аёл қўшнимнинг муаммолари кўп эди. Унинг боши қаттиқ оғрирди ва жуда азоб берарди. Сурункали ичи қотарди, уйқусизликдан азобланарди, эри ароқхўр, ўғли ва қизи эса фақат ташвиш келтирарди.
Бечора аёл хавотирланавериб, ўзини жар ёқасига келтирди. Унда турли аъзоларнинг бузилиши намоён бўлди. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, Америкадек мамлакатда минглаб одамлар хавотирда яшаб, ўзларига турли муаммоларни келтириб чиқарадилар. Ўз-ўзини ўлдириш ҳодисалари борган сари кўпайиб бормоқда.
Шундай қилиб, қўшним кунлардан бирида бизникига келиб, муаммоларини ҳал қилолмагани ва ҳаётдан безганини айтди. Мен унга тушунтирдим, муаммолардан қутулиш мумкин, фақат табиат қонунларига риоя қилиш керак ва асаб кучларини тиклаши зарур. Мен унга ҳаіиіатни айтдим, даволаш учун мўъжизавий дорим йўқ. Қўлимдан келадигани – ҳаёт дастурини маслаҳат бераман, унга асосан табиат қонунларига бўйсуниб яшашни ўрганасиз.
Табиий ҳаёт дастури аёл ҳаётини сақлаб қолди
Табиий ҳаёт дастуридан келиб чиқиб, аёлга берган биринчи маслаҳатим – уч кун дистилланган сувдан ташқари ҳеч нарса емайсиз. Шаҳардан четга чиқиб, тоза ҳавода дам оласиз, дедим.
Шундай қилиб, аёл шаҳар четидаги кўл соҳилида, қарағайзорда уч кун очликка чидади. У заҳарлардан тозаланиб, хотиржамроқ бўлди, тинчланди ва ўз муаммоларига бошқача қарай бошлади. Уч кун ўрнига аёл 10 кун очликка чидади. Натижада организм заҳарлардан тўла тозаланди, ақли тиниқлашди, муаммоларни биринкетин ҳал қилишга ўтди.
Мен унга овқатланиш дастурини бердим, чой, кофе, ўлик овқатлардан воз кечиб, бир ой вегетарианча парҳез қилишни маслаҳат бердим.
Ҳар куни эрталаб ва кечки пайт 30 дақиқа табиат манзараларини завқ билан томоша қилишга мажбурладим. Бунда у ўз-ўзига «Муаммоларимни ечиш учун менда қувват етарли, менинг танам очликдан сўнг тоза, фикрларим тиниқ», деб қайтаришни маслаҳат бердим.
Натижада унга хавотирлик ўрнига хотиржамлик келди, аёл тинчланди. Сўнгра мен аёлга бу китобда келтирилган асаб кучини барпо қилиш дастурини бердим.
Аёл ҳафтасига бир кун овқатланмасдан тозаловчи парҳез қилди, муаммоларини эсдан чиқара бошлади. У эрини ароқхўрлар аноним мажлисига олиб борди. Бу жамоа асосчилари ҳам асаб кучи роли ҳақида кўп маълумотларга эга эканликлари аёлга маълум бўлди.
Мажлис очилишида жамоа аъзолари билан бирга қуйидаги дуони қайтарар эди: «Қатъийликни қабул қилиш учун менга сабр ва қаноат бер, жасурлик бер, ўзгариши мумкин бўлган нарсани ўзгартириш учун менга донолик бер, буларнинг фарқини билдир».
Аёл фарзандлари муаммосини ҳам ҳал қилди. Улар билан тил топишди. Ҳозирда иккала фарзанди коллежда ўқимоқда.
Мен фақат унга ўқитувчилик қилдим. Мен аёлга аввалги ҳолатидан кейинги ҳолатига ўзи ўтиб олишига ёрдам бердим, холос.
Худди шу ишни, қадрли ўқувчим, сиз учун ҳам қилмоқчиман. Табиат қонунига асосланиб, сизни бақувват асаб кучингизни барпо қилишга ўргатмоқчиман.
Асабларнинг актив фаолияти маъқул эмас
Эсда тутинг, ҳаёт сизнинг асабларингиз орқали оқади. Нотинч ва ҳаракатчан асаб тизими – табиатнинг буюк инъоми. Ҳаёт қадр-қимматини белгиловчи туйІулар, ҳузур-ҳаловат фақат асаблар орқали сезилади. Асаб ҳаракатининг секинлиги жисмонан ва руҳан бўш, ҳаётнинг энг юқори фазаларини сеза олмайдиган, севги, нафрат ва бошқа чуқур ҳаяжонланишни билмайдиган, характер кучини кўрсата олмайдиган (тепса – тебранмас) инсонларга тегишли. Шу билан биргаликда ҳаддан ташқари юқори сезгирлик, асабларнинг ўта активлигидан ўринсиз, сурунка фойдаланилганида соғликка салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Агар сиз актив асаб тизими билан туғилган бўлсангиз, буни бахтсизлик деб билманг, ҳатто ўзингизни хоҳлаган вақтда портлаши мумкин бўлган бочка устида ўтиргандек ҳис қилсангиз ҳам. Фақат ўта актив асаб тизими билан жуда эҳтиёткор бўлиб муомала қилиш зарур.
Бу дастур асабларингизни назорат іилишни, бақувват асаб кучини барпо этишни ва уни керакли жойда ишлатишни ўргатади.
Қалқоннинг икки томони
Тарихда келтирилишича, қирол саройининг катта залида осиб қўйилган қалқон ранги ҳақида келиша олмай, икки рицар бир-бирини ўлдириб қўйибди. Биринчи рицарнинг айтишича, қалқон қизил рангда, иккинчи рицар эса кўк рангда, дейди. Улар талашиб бир-бирини ўлдириб бўлганидан сўнг кимдир қалқоннинг икки томонига қараса, бир томони қизил, иккинчи томони кўк экан.
Худди шундай соғлик қалқони ҳам икки томонга эга: бири – жисмонан, иккинчиси – руҳан. Иккаласи ҳам бирдек муҳим. Авваллари жисмоний соғлик жуда муҳим ҳисобланарди. Ҳозирда биламизки, руҳан соғ бўлиш ҳам жуда муҳим экан. Табиий ҳаёт дастури асосида биз жисмоний соғликни тиклаймиз, руҳий соғликка эса турли позаларда маълум вақт туриш, кунига ён-атрофни мароқ билан томоша қилиш билан эришилади, бунда биз ўзимизни табиат билан уйғунлашган ҳолда тутиб, ҳаёт олдимизга қўяётган муаммолар ечимини ақл ва идрок билан топишга ҳаракат қиламиз.
Соғлик қалқонининг икки томони ҳам бирбири билан узвий боғлангани учун уларни бирбиридан ажратиб бўлмайди. Жисмоний соғлик руҳий соғликка ўз таъсирини ўтказади, руҳий назорат эса жисмоний соғликни ушлаб туришни тартибга солади.

КУЧЛИ ТАНАДА КУЧЛИ АҚЛ
Ўзингиздан бошқа ҳеч ким сизга тинчлик келтира олмайди.
    Рольф Вальде Эмерсон
Кераклича соғлом бўлиш учун бақувват асаб тизими билан биргаликда кучли танада кучли ақлга эга бўлишимиз зарур. Тана жим турмайди, лекин унинг ҳаракати ақл ва идрок томонидан эмас, балки беш хил сезги аъзоларимиз орқалидир. Масалан, тананинг очликка бўлган жавоби – таъми ёқимли бўлган ниманидир истеъмол қилиш, бу соғликка фойдалими ёки зарарлими, бундан қатъий назар.
Американинг стандартга мос озуқаларида витамин ва бошқа фойдали элементлар йўқ. Бундай озуқа истеъмол қилган тана кучсиз, асаб кучи эса етарлича бўлмайди. Лекин соғликка етакловчи узунроқ йўлга кўра, тана вақтинча бўлса ҳам, ёлғончи тўйинишни афзал кўради, айниқса, чой, кофе, тамаки, алкогол кабиларни. Бу вақтинчалик вазият соғликни емира бошлайди. Энди гал кучли наркотиклар таъсирида вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишга келади. Бундай ҳаёт тарзи руҳан чўкиб, аста-секинлик билан ўзини-ўзи ўлдириш, демакдир. Шундай қилиб, танани кучли қилиш учун ақл ҳам кучли бўлиши керак. Кучли ақл эса танани назорат қилиб, унинг соғлом бўлиши учун зарур ҳаётий одатларни барпо қилади. Демак, соғлом тана учун соғлом ақл ва бақувват асаб кучи даркор.
Хавотирланишга одатланманг
Кучли ақл ижобий фикрларни ишлаб чиқаради ҳамда фикр ва таассуротларни назорат қилиб туради. Шунинг учун танангиз кучли бўлсин, токи кутилмаган хуружларга кераклича қаршилик кўрсата олсин. Аниқроғи тананинг фаолияти шундай механик аниқликка эга бўлсинки, салбий руҳий таъсирларга жавоб қайтаришга тайёр турсин.
Бизнинг биринчи вазифамиз – тананинг табиий ҳаёт дастурига мослашишини таъминлаш. Инсон «машинаси»нинг жисмоний томонини яхшиласак, ўз-ўзидан руҳий томони ҳам яхшиланади. Мия бошқа аъзоларга нисбатан беш баробар кўп қон истеъмол қилади, мия талабларини қондирсак, у биздан миннатдор бўлади. Агар мен бироз руҳий мувозанатни йўқотган бўлсам ҳам, ўз фойдам учун йигирма мил пиёда юришим мумкин, лекин мен жисмонан бетоб бўлсам, ҳатто йигирма дақиқа аниқ ва соғлом фикр юрита олмайман. Жисмоний даражангизни ошира бориб, сиз руҳий даражангизни кўтарасиз. Агар сиз ақлингиздан мамнун бўлишни истасангиз, танангиз билан мутаносибликда бўлсин.
Ёзув столида эрталабки иш вақтида менга руҳий куч етишмаса, буни тушуниш учун жисмоний томонга мурожаат қиламан. Менинг фикрларим ўлда-жўлда, гапларим тутилган – бунга сабаб нима, дори-дармони қани?
Мен бунинг дорисини нафас олиш, қон айланиш ритми ва томир уриши мутаносиблигида топишим аниқ. Шунинг учун мен очиқ ҳавода сайр қилиб, диафрагмада нафас оламан. Мия тиниқлаша боради. Кислород миямдаги пардани очади. Ижод қилишга шошилиб, ёзув машинкасида иш бошлашим билан сўзлар бошимдан бармоқларим учига оқиб келаверади, аслида жисмоний соғлик ақлий соғликни тўлдириб туради. Кўпгина миянинг оғриқли ҳолатини, асаб тизимининг ёмон фаолиятини қон таркибидаги заҳарлар ва бошқа жисмоний сабаблар билан тушунтириш мумкин.
Ўйлашимча, руҳий ҳолатлар жисмоний таъсир сабабидир. Тетик бўлиш танага даволовчи қуёш нурлари таъсирида юз беради, бу эса асаб тизимингизни тинчлантиради.
Жилмайиш – мана сизга руҳий ва жисмоний таъсирнинг яққол мисоли. Биз жилмаямиз, чунки бахтлимиз, кайфиятимиз яхши. Лекин кайфиятингиз ёмон бўлса, жилмая оласизми? Жилмайиб кўринг-чи! Жилмайиш ҳар доим руҳий ҳолатни яхшилайди. Бу, албатта, руҳий кучанишни талаб қилади, айниқса, йиғлаш ўрнига кулмоқчи бўлсангиз. Греклар айтадилар: «Соғлом танда соғлом ақл». Ҳеч ким бундан чиройли айтмаган.
Керакли руҳий тартибни жисмоний тартиб ўрнатишда ишлатиш танани салбий фикрлардан ҳимоя қилиб, мияни тинч ва соғлом сақлашга ёрдам беради.
Мия ва мушакларингизни бақувват қилинг. Шунда сиз соғлом бўлиб, жисмонан ва руҳан мутаносибликка эришасиз.

АСАБ ТИЗИМИ
Ташаббуссиз ҳеч қандай буюкликкка эришиб бўлмайди.
    Рольф Вальде Эмерсон
Мукаммал соғлигингиз мувозанатини ўрнатиш учун сизга бақувват асаб кучи зарур. Бу куч миллионлаб асаб ҳужайраларида йиғилади, бу асаб тизимини ташкил қилади. Асаб тизими икки бўлакдан иборат:
1. Ташқи асаб тизими. У тери юзасини, мушакларни назорат қилади. Яъни, қўл, оёқ, бош ва ўзга аъзоларни ҳаракатга келтиради, терини иссиқсовуққа, жароҳатларга таъсирчан қилади.
2. Ички асаб тизими. У ички аъзоларни назорат қилади.
Мия – бош марказ, «оператор хонаси», бу ердан инсон аъзоларининг барчасига, инсон ҳисоблаш тизимига дастур юборилади.
Асаб кучининг уч хили
Асаб тизими уч хил асаб кучи ёрдамида бошқарилади:
1. Мушаклар асаб кучи. Бу мушакларни ҳаракатга келтирувчи асаб кучидир. Майда ҳашаротлар ҳам мушак асаб кучига эгалар. Уларнинг мушак асаб кучи ўз ўлчамларига нисбатан жуда катта. Агар фил бурга ва шунга ўхшаш ҳашарот каби мушак асаб кучига эга бўла олганида у тоғлардан сакраб ўтиб, осмонўпар иморатларни қўпориб юборишга қодир бўлар эди.
2. Аъзолар асаб кучи. Унинг юқори даражаси мустаҳкам соғлик ва касалликларга қарши курашиш имкониятини беради. Бу эса узоқ ва соғлом ҳаёт дегани.
3. Руҳий асаб кучлари. Бунда сифат биринчи ўринга кўтарилади. Бақувват руҳий асаб кучи юқори ақл-идрокни барпо қилади. Инсон руҳий чиниққан бўлади. Ўз ҳис-туйғуларини жиловлай оладиган кучли шахс сифати намоён бўлади. Асабий кучланишлар, жароҳатлар унинг ҳаётига таъсир қилмайди. Бундай инсонларни ўз тақдирига ўзи хўжайин, дейишади.
Руҳий асаб кучи юқори бўлганларни ҳеч ким у ўтирган тахтдан тушира олмайди, руҳий мувозанатдан чиқара олмайди. Сиз – оддий инсон, доимо руҳий роҳатдасиз.
Асаб тизими мувозанати
Табиат барча жабҳаларда мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Инсон бу мувозанатни бузса, хавотирланишга тушади. Уч хил сабабга биноан асаб тизими мувозанати бузилиши мумкин:
1. Асаб емирилиши;
2. Асаб депрессияси;
3. Асаб таранглашиши.
Бу китобда мен шундай иборалардан фойдаланаманки, токи мутахассис бўлмаганлар ҳам менинг ғояларимни қабул қилсин. Асаб тизими ҳақида гапирганимда ташқи ва ички асаб тизимларини назарда тутаман.
Асаб емирилиши
Юқорида қайд қилинганидек, асаб ҳужайралари асаб кучларини йиғадиган резервуар ҳисобланади. Агар бу резервуар яримланиб қолса, демак, сизнинг асабларингиз ярмигача емирилибди. Шундай қилиб, сизнинг ҳаётий аъзоларингиз ва мушакларингиз фаолияти учун керакли озуқанинг ярмисини олади.
Асаб ҳужайралари асаб кучларига тўла бўлса, асаб кучи босими юқори бўлади. Биз жисмоний ва руҳий кучга тўла бўламиз, вазифалар осон ечимини топади.
Мураккаб вазифалар ҳам енгил кўринади. Сиз худди динамо-машинага ўхшайсиз ва чарчоқ нималигини билмайсиз.
Мен худди шундай натижага эришдим ва шуни сиз билан ўртоқлашмоқчи эдим. Маълумки, мен бетобликни бошимдан кечирганман. Асаблар кучи емирилганда ва бунга бефарқ бўлиш турли хил жисмоний ва руҳий бузилишларга олиб келади. Ҳар бир мушак, ҳар бир аъзо ишлаб турса ҳам, инсон танасининг ҳар бир ҳужайраси асаб билан боғлиқ бўлгани учун емирилган асаб ҳақиқатда ҳам танани кучсизлантириб, унинг фаолиятини бузади. Чорасини кўрмасангиз, асабларингиз емирилганича қолаверади. Сиз буни қайта тиклашингиз мумкин. Сиз чарчашингиз керак эмас. Табиат талаби шундайки, сизнинг асаб кучларингиз тўла бўлиши ва ҳаёт жозибадор кўринсин – ёшингиздан қатъий назар.
Бу китобда қайд этилган дастурга риоя қилинг, ишонаман, сиз асаб кучи резервуарингизни тўлата оласиз.
Асаб депрессияси
Резина шлангасини оёғингиз билан босиб турсангиз, сув келиши тўхтагани каби асаб резервуарларидан асаб кучи оқими тўхтаб қолса, асаб депрессияси дейилади. Бунда резервуар тўлами ёки яримми, бунинг фарқи йўқ, депрессия сабабли ички аъзолар нормал озуқа ололмайди.
Асаб емирилиши билан асаб депрессияси орасидаги фарқ шундаки, асаб емирилиши чуқур жойлашган асаб тизимининг умумий ҳолсизлигидир, асаб депрессияси эса вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.
Хавотирланиш, ғам-ғусса кучли асаб депрессиясини келтириб чиқариши мумкин. Ҳатто ўлимга олиб келиши эҳтимоли бор. «Юраги ёрилиб ўлди» ибораси тўғри бўлиб, шундай вазиятларда юрак параличи рўй бериши мумкин. Асаб депрессияси ҳаётий аъзоларни тўғридан-тўғри ва кучли параличга олиб келиши мумкин. Хавотирланиш соғликни ишдан чиқариб, ҳаётга хавф солади.
Шу билан бирга биз бугун яшаяпмиз. Шунинг учун хавотирланишни четлаб ўтолмаймиз, лекин сизнинг жисмоний ва руҳий асаб кучларингиз юқори бўлса, ҳар қандай хавотирланишни енгасиз.
Асаб таранглашиши
Ўазаб, қўрқув ва бошқа ҳиссиётларни келтириб чиқарадиган воқеа кутилмаганда содир бўлганида асаб бирдан таранглашади, бу эса ўлим билан тугаши мумкин.
Ўттизинчи йиллардаги улуғ депрессия даврида молиявий инқирозга учраган ишбилармонлардан бир нечтаси худди шундай ўлим топганининг ўзим гувоҳи бўлганман.
Асаб таранглашиши натижасида қисқа вақт ичида катта миқдордаги асаб кучи сарфланади, натижада ҳаётий аъзолар ҳаракати кескин тезлашади. Инсон чўчиганида ёки қаттиқ қўрққанида юрак уриши, нафас олиши тезлашади, ичаклар ҳаракати активлашади. Чўчиш ёки қўрқувдан бироз вақт ўтгандан сўнг ўзимизни сиқиб ташланган лимонга ўхшатамиз, яъни бўшашиб кетамиз, чунки бирданига катта миқдордаги асаб кучи сарфланди.
Яқинда мен ўрмонда юрган икки ўспирин йигитлар ҳақида матбуотдаги мақолани ўқидим. 15-16 ёшдаги йигитлар ўрмонда юрган вақтида бирдан кучли бўрон бошланиб, чақмоқ бир дарахтни йигитлардан бирининг устига йиқитади. У қўрқув ва оғриқдан қаттиқ қичқиради. Шунда бақувват асаб кучига эга бўлган шериги ўта оғир дарахтни кўтариб, ўртоғини озод қилади ва елкасига ортиб беш мил йўл босади.
Эртасига жабрланган йигитнинг ота-онаси ва уч-тўрт қўшнилари воқеа содир бўлган жойга боришганида ҳаммалари ўша дарахтни кўтара олмайди.
Биз бақувват асаб кучини барпо қилишни, ҳужайра резервуарларини тўла сақлашни ва ҳар қандай тасодифларга тайёр туришни хоҳлаймиз.
Жисмоний емирилиш
Агар асаб кучимиз емирилган бўлса, биз руҳий ва жисмоний чарчоқни сезамиз, ирода кучи ҳисобига чарчоқни бироз енггандек бўламиз. Кейин эса соғликка зарарли бҲлган зўриқтирувчилардан фойдаланамиз. Чой, кофе, алкогол ҳам ёрдам бермай қўяди. Ёш бўлсак ҳам, ўзимизни қарилардек сезамиз, чунки бизнинг асаб кучларимиз емирилмоқда. Руҳий, жисмоний ва ички кучларимиз бузилишини кузатамиз. Жинсий алоқага бефарқ бўламиз, кўзларимиз нури сўнади, тери ва мушаклар бўшашади, қадам ташлашимиз пружинасимонлигини йўқотади. Натижада ички аъзоларимиз ҳаракати секинлашади. Биз озишимиз ёки семиришимиз мумкин, сўнгра эса «бир замбил ахлатга» айланамиз.
Модда алмашинувининг бузилиши
Асаб зўриқиши организмда кетаётган жараёнларни жиддий бузилишга олиб келади. Метаболизм шундай жараёнки, унинг ёрдамида озиқлантирувчи моддалар тирик ҳужайраларга айланади, унинг «ёниши» натижасида эса қувват ҳосил бўлади. Ҳар бир тирик аъзо каби ҳар бир ҳужайра модда алмашинуви жараёнида қатнашади. Бу жараён соғлик ва ҳаётий қувват асоси ҳисобланади.
Асаблар нормал ҳолатда бўлса, метаболизм жараёнлари орасида мувозанат сақланади. Агар асаб кучи емирилган бўлса, табиий мувозанат бузилади, натижада тана озади ёки семиради. Шунинг учун тўғри парҳез тутиш каллориялар билан ўлчанмайди.
Шунинг учун асаб кучини барпо қиладиган озуқалар истеъмол қилиш керакки, ҳосил бўлган ҳужайралар қувватга айланиб, бир текис модда алмашинувини таъминласин.
Маълумки, симпатик асаб тизими ҳаётий муҳим аъзоларни бошқаради. Бу асаб тизимининг асосий қисми пневмо-гастрик асаб тизими сифатида маълум.
Йоглар маълумотига қараганда, уни инсоннинг иккинчи мияси деб аташади. Пневмо-гастрик асаб тизими нафас олишни ва овқат ҳазм қилувчи аъзоларни бошқаради, шунинг учун пневмо (ўпка), гастрик (ҳазм қилувчи) номини олган. Бу тизим бошқа аъзолар билан узвий боғланган. Умуман асаб тизимининг бироз бузилиши пневмо-гастрик асаб тизимига жиддий таъсир кўрсатади. Асабланган вақтимизда қорин атрофида қандайдир безовта қиладиган оғриқ пайдо бўлади. Агар асаб тизими жиддий таранглашса, ошқозон овқатни қабул қилмай қўяди, унда қусиш бошланади.
Асабийлашишдан ошқозон овқат ҳазм қила олмаслиги
Ошқозон-ичак фаолиятидаги бузилишларнинг кўпи пневмо-гастрик асаб тизимидаги носозликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Асабдан ошқозон-ичак бузилиши» туркумига кирадиган касалликлар бунга мисол бўла олади. Кўпчиликка бу ошқозондаги вақтинчалик бузилиш бўлиб кўринади ва дорихонадан даво топишга ҳаракат қилишади. Бу эса асосий хасталик сабабини беркитади ва катта хуружни орқароққа суради. Бундай бузилишларга ошқозонда ҳаво йиғилиши, ошқозон қайнаши, кислота кўпайиши, ошқозон бузилиши кабилар киради. Улар нафас олиш ритмини бузади ва юракка босимни кучайтиради. Ўз навбатида бу хасталикнинг давомийлиги юрак хасталигига олиб келиши муқаррар.
Ошқозонда ҳаво йиғилиб дамланиши тез-тез қайтарилса, ошқозонда халтачалар пайдо қилади, овқат халтачадан чиқиб кета олмайди, натижада ошқозонда яралар пайдо бўлади. Шунинг учун биз асабийлашиш туфайли ошқозон овқат ҳазм қилолмаслигининг биринчи белгилариданоқ унинг аниқ сабабини билиб, чорасини кўрмоғимиз зарур.
Қабзият (ич қотиши)
Асаб емирилиши – қабзиятнинг сабабларидан бири. Ичакларнинг ҳаракати ҳам асаблар фаолиятига, ҳам ўпка ва юрак фаолиятига боғлиқ. Сурункали қабзият асабнинг бирдан таранглашишида (нервный шок), масалан, жанжаллашиш, кутилмаган ғамли ҳодиса, кучли туйғуларга берилиши ва ҳоказоларда содир бўлади. Баъзи овқат турлари ҳам қабзиятни келтириши мумкин. Ич қотиши содир бўлмаслиги учун овқатимиз таркибида суюқлик ва мойловчи моддалар етарлича бўлиши шарт. Бу муҳим элементлар хом сабзавот, карам, лавлаги, сабзи, укроп, кашнич, сельдер ва ҳўл меваларда кўп.
Баъзилар хом сабзавотларни истеъмол қила олмасликларидан нолийдилар. Бу ошқозон ва ичаклардаги асаб кучи емирилганлигидан далолат. Шунинг учун улар хом сабзавотни ҳазм қилолмайдилар ва асаб тизимини кам озуқалантирадилар.
Асабларингизни озиқлантиринг, уларни зўриқтирманг
Асаблари ҳаддан ташқари зўриққан одамлардаги ошқозон-ичак хасталиклари хунук оқибатга олиб келади. Биринчидан, асаб емирилиши ошқозон-ичак, умуман овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятини бузади. Бу эса заҳарлар пайдо қилади. Заҳарлар асаб тизимини янада ҳолсизлантиради.
Овқат ҳазм бўлмайдиганлар, айниқса, асабдан овқат ҳазм бўлмайдиганлар асаб тизимлари бундан жуда азият чекадилар. Лекин камдан-кам одамлар касал бошланишига сабаб асаб тизимининг емирилиши эканлигини кўз олдига келтира оладилар.
Асаблари бузилган одамлар овқатни танлаб ейишлари зарур. Оғир ҳазм бўладиган овқатларни умуман истеъмол қилмаслик зарур. Кофе ичувчилар кейинроқ овқат ҳазм бўлмаслик дардига дучор бўладилар, печенье, пирог, кекс, шимиладиган конфетлар, сосискалар, қуритилган картошка, эритилган ёғлар, чўчқа гўшти, тузлаб қуритилган чўчқа гўшти, гўштли газак, пиво ва алкогол ичиш ҳам пировардида ошқозон-ичак касалликларига йўлиқтириши тажриба ва кузатишлардан маълум. Тамаки, алкогол ва кофеин бор ичимликлар (кофе, чой, кола) асабни зўрмазўраки ишлатади. Кофеин марказий асаб тизимига таъсир қилади. Кофе ичувчи одамнинг бироз тетиклашиши сабаби ичимликдаги кофеин заҳирадаги асаб кучларини ҳам ишга солиб, асаб тизимини бутунлай ишдан чиқаради ва турли хил хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Америка медицина ассоциацияси фармокологик мажлисининг олиб борган тадқиқотларига қараганда, ўртача бир стакан кофеда 2 грамм кофеин бор. Агар сиз олти стакан кофе ичсангиз, бир кунда 12 грамм кофеин қабул қилган бўласиз. Аслида ўртача кофеин қабул қилиш дозаси, терапевтик қоидага биноан, 7 грамм! У ҳам аксарият пневмания ва бошқа жиддий ҳолларда қўлланилади. Ўртача кофе ичувчи кунига икки терапевтик дозада кофеин қабул қилади, асаб касалликларининг кўплигига ажабланмаса ҳам бўлади.
Руҳий бузилишлар
Жисмоний оғриқлар ва касалликлар натижасида чекиладиган азоблар қанчалик катта бўлмасин, руҳий азобларга нисбатан кам ҳисобланади. Руҳий бузилишнинг биринчи белгиларидан бири – қувватни жамлай олмаслик, бош айланиши, ўта сезувчанлик, ҳаддан ташқари инжиқлик, жаҳлга, ғазабга миниш, ёмон оқибатли одатлар ва энг ачинарлиси – ақлдан озиш…
Булар асабий ҳолат бўлиб, тинчликни йўқотиш, хавфсираш. Овқат ҳазм бўлмаслиги, циркульяциянинг бузилиши билан характерланади. Бу хасталик огоҳлантирмасдан, аста-секин кириб келади. Ҳатто бахтсизлик келтиради. Ҳар бир кишида индивидуал характерда ривожланади. Асосан қуйидагича:
1-стадия. Аввал қувват камлиги, чидамсизлик, асабларнинг ўта таранглашуви, чарчоқ, танангиз худди қўрғошин қуйилгандек оғирлашади, уйқу, мудроқ босади, мия гангиган, циркульяция кучсиз, модда алмашинуви секинлашган, ички аъзолар фаолияти суст.
2-стадия. Бунда асабийлашишдан овқат ҳазм бўлмаслиги, ҳаво йиғилиши, ошқозон қайнаши, кислота кўпайиши, қабзият касалликнинг асосий белгиларидир. Нафас олиш юзаки бўлиб, оғирлашади, юрак безовталанади, кўриш қобилияти пасаяди, жинсий алоқа сусаяди, фикрни жамлаш қийин кечади. Бош айланиши, неврит, уйқусизлик, ўта сезувчанлик, инжиқлик ва бошқа хусусиятлари билан характерланади. Модда алмашинуви бузилиши сабабли киши семиради ёки озади.
3-стадия. Ўта асабийлик асаб емирилишига олиб келади. Руҳий бузилишлар, хотира йўқолиши кузатилади. Кайфият ёмонлашади, доимий бесаранжомлик, хавотирлик, меланхолия рўй беради. Аъзоларнинг жиддий бузилишшлари, алаҳсираш, ўз-ўзини ўлдиришга мойиллик ва охир-оқибат ақлдан озиш…
Кузатишлар шуни кўрсатадики, одамзотнинг 95% и у ёки бу даражада асаб емирилишига дучор бўлган.
Бизда жуда кўп чекувчилар бор. Чекиш – бу асабий одат. Кўпчилик ҳолсизланган асабларини бироз жонлантириш мақсадида чекадилар. Наркотик заҳарлигини барча билади, сурункасига сигарет чекишлиши ўпка саратонини келтириб чиқаришини ҳам билишади. Шунга қарамай, бу заҳарга улар ўрганади ва одатларини тарк эта олмайдилар. Худди шуни бошқа заҳарлар ҳақида айтиш мумкин – чой, кофе, алкогол, кола ва бошқа наркотик моддалар вақтинчалик кайфиятингизни яхшилаб, сўнгра унга доимий эҳтиёж сезадиган қилиб қўяди.
Бунда нимагадир эгалик қилиш эвазига нимадандир воз кечилади. Америкада касалхоналардаги ўринларнинг 50 фоизи руҳий бетобликка мойил касаллар билан тўла.
Бугунги кунда руҳий касалликлар бутун дунёда энг долзарб муаммо.
«Бироз қувватсизланиш»
Ўзлари билан нима бўлганини билиш учун бир шифокордан иккинчи шифокорга югуриб юрган одамларни кўп учратамиз. Қайта-қайта кўрикдан ўтиш ҳеч нима бермаса ҳам, улар ўз билганидан қолмайдилар. Руҳшунос шифокорнинг қўядиган ташхиси – «Сизга ҳеч нарса бўлмаган. Сиз бироз ҳолсизлангансиз. Яхшилаб дам олишингиз керак!» Деярли ҳар бир вазиятда ҳолсизланиш сабаби асаб емирилишидир. Бу эса жиддий хавф.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/pol-bregg/asab-kuchi-69917050/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Асаб кучи Поль Брэгг
Асаб кучи

Поль Брэгг

Тип: электронная книга

Жанр: Здоровье

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 26.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Асаб кучи нималарга қодир эканини ушбу китоб таржимаси жараёнида яхшилаб тушуниб олдим. Бу куч ҳақида мукаммал тушунча берувчи бошқа бирор китобни топа олмадим. Асабларимиз, Поль Брэгг таъкидлаганидек кучли ва соғлом бўлса, нафақат жисмоний ва руҳий саломатлигимиз жойида, балки муаммоларимиз хал бўлиб бахтли яшар эканмиз.Азизлар, сизга ушбу китобни тавсия қиламиз. У сизга ҳам фойдали қўлланма бўлиб ҳизмат қилади, деган умиддамиз.

  • Добавить отзыв