Юрагимда ёнган орзулар
Сулаймон Хайдаров
Орзулар оғушида юксакларга талпинган кўнгил илтижоси оҳанглар тилига кўчса умид ва ишонч йўллари нурафшон тортади. Сулаймон Ҳайдарнинг "Юрагимда ёнган орзулар" китобида жамланган шеърларда юрт васфи, муҳаббатнинг маҳзун тавсифлари, фарзандлик бурчининг теран талқинлари содда ва самимий ифодаланган…
Сулаймон Ҳайдар
ЮРАГИМДА ЁНГАН ОРЗУЛАР(ШЕЪРЛАР ВА ҒАЗАЛЛАР)
ОРЗУЛАР АЛАНГАСИ
Орзу – уйғониш тўлғоғила дунё юзини кўрадиган муқаддас аъмол. Унинг учқур арғумоқлари гоҳ кўкка парвоз этса, гоҳида кенгликлар бўйлаб кезади. Орзу туйган кўнгил борки, доимо тозариш, покланиш,янгиланиш ва ёшариш фасли ила яшайди. Орзу денгиз юзида жимирлаган нур каби тоза, феруза осмон сингари беғубор ва мусаффодир.
Адабиёт даргоҳига ҳам ҳар бир қалб ўз орзу-ўйлари билан қадам қўяди. Бу орзулар силсиласида қай кўнгил бўлмасин улғаяди. Кечаётган хаёлларни оҳанглар қудрати билан забт этади, туйғуларга ошно бўлади.
Ана шундай хаёлларни дилга жо этиб, борлиғ ила туйғулар туғёнини сақлаб келаётган касбилик шоир Сулаймон Ҳайдаровдир. У қишлоқ хўжалик ходими бўлишига қарамасдан адабиётни жон дили билан севади, сўзни хурмат қилади, қадрлайди. Айниқса мумтоз адабиётимиз вакиллари асарларини қўлдан қўймай ўқийди. Шунинг учун бўлса керак, унинг аксар ижоди ғазаллардан ташкил топган. Улар равон ёзилган,Сулаймон Ҳайдар шеърларини ўқир экансиз қалбингизда ўйноқи оҳанглар туясиз.
“Эй, гўзал оламни сиз қалбимга ошно этдингиз,
Ҳуснингиз-ла минг қаро тунларни рўшно этдингиз”.
Дархақиқат, бу аламли оламни гўзаллик мукаррам этади. Унинг гоҳ ташвишли, гох армонли, баъзан эса олам-олам севинч бағишлайдиган беназир лаҳзалари ёш шоир ижодида теран бир самимият билан талқин қилинган.
Сулаймон Ҳайдар Ватан, юрт келажаги, истиқболи ва унинг ўтмиши хусусида оқилона фикр юритади. Кечаги ва бугунги кунбу фоний дунёдан ўтганлар ҳакида кўп ўйлайди. Шу маънода унинг руҳиятида хотира камол топади. Хотира умуминсоний қадрият. Ушбу қадрият унинг қалбини уйғотади. Бу жуда яхши. Зотан, хотирасиз кишиларда қалб ўлади.
"Куз келмай япроқлар унсиз тўкилди,
Сервиқор, ғоз қадлар
Маҳзун букилди.
Яхшилар ҳамроҳлар
Қалбдан ўкинди,
Сиз гўзал оламни
Ташлаб кетдингиз!"
“Муқаддас хотира” номли бу шеър шоирнинг тоғаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мусо Каромовга бағишланган.У марҳумни теран эслайди. Унга самимий мақбул сифатлар беради, чексиз ҳасратлар чекади. "Нурли юзингиздан ёғиларди нур", "Эсласам дардларим яна бўлгай оҳор", "Хотирамда ёнар азиз сиймо такрор" сўзлари сўз ила инсон хотирасиган кўрсатилган инсоний меҳрнинг теран талқинидир. Умуман Хотира Сулаймон Ҳайдар ижодида ёрқин мавзу. Буунинг онасига бағишланган "Руҳга илтижо" ҳамда отасини ёд этиб ёзган "Ота ёди" шеърларида ўз аксини топган.
Фақатгина бу эмас. Сулаймон Ҳайдарнинг яна турли мавзуларда ёзилган ўнлаб шеърлари борким, уларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Улардан гоҳ чуқур изтироб, сўнгсиз дард, гоҳо ўтлиғ эҳтирос ва завқу-шавқлар туясиз. Дарҳақиқат, инсоннинг ибтидойи ватани кўнгилдир. Кўнгилнинг истаги муқаддас, азмиамри олий.
Дарвоқе, сўзимиз бошида биз адабиёт кишисининг орзуси хусусида сўз бошлаган эдик.Энди шу ила фикримизни мухтасар этамиз. Биз айтмоқчи-мазкур орзу булоҳ сувлари янглиғ шаффофдир.
Бу орзу шоирни рангин дунёлар сари етаклайди, сўзнинг емрилмас ҳояларию, беғубор осмонларига элтади. Сулаймон Ҳайдаровнинг "Юрагимда ёнган орзулар"ининг тафти юракларга ҳарорат, ўт олиб киришига ишонаман. Иншоллоҳ.
Бойназар ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари номзоди.
ГЎДАК
Дунё юзин кўрдинг, бу кун жажжи қалб,
Ҳаётнинг йўлига тушиб, мисли сарбон.
Оламни кезурсан шиддат этиб салб,
Ҳали ортингдадир неча-неча карвон.
Истеъдодинг берур қодир табиат,
Илкингда тутгайсан балки дунёни.
Йўлдошинг нур бўлсин фақат хуш ният,
Онаси биттадир шоҳу-гадони.
Мурғак қалбинг ичра бутун бир олам,
Жойлашган бўлса ҳам гарчи сарҳадсиз.
Яшаганми бунда қай насли бир одам,
Жисмида жўш урган жазми журъатсиз?
Ғанилар, расуллар, қодир султонлар,
Сен каби тугилди мунис онадан.
Жаҳонни титратган исми ҳоқонлар,
Улғайиб етишди мурғак боладан.
Дарёдек оқади сокин, тез умр,
Қадрин англа дилда бўлиб имконинг.
Бошинг мағрур тутгил, эгма бир умр,
Чинордек бақувват бўлсин имонинг.
Меҳринг соч дилларни айлаб хуш сафо,
Инсоннинг мушкулин чиндан туйсин юрак.
Қадринг баланд бўсин, қалбинг мусаффо,
Инсон мисол яша, эй беғубор гўдак.
ЁР БОҒИ
Ёр боғига кирдим мен,
Хушбўй гуллар ранг-баранг.
Ёрнинг тиниқ юзлари,
Мисли қизил олма ранг.
Иккимизга райҳонлар, .
Ҳавас билан боқишди.
Келиб гўзал жононлар,
Гулдан безак тақишди.
Менга бўлди парвона,
Ул қомати сарвона.
Сергакликда жайрона,
Кўриб бўлдим ҳайрона.
Тиниқ шаҳло кўзлари,
Илҳом берар сўзлари.
Луфт одобда ягона,
Таъзим этур жонона.
Ёр боғига кирдим мен,
Хушбўй, гуллар ранг- баранг.
Ёрга боқиб боғнинг ҳам,
Чиройи минг турфа ранг.
ЙЎЛЛАР
Лолазорлар узра ўтган эй йўллар,
Мисли гул бўлдингиз кўнгил боғимда.
Қушлар хандонига мастона гуллар,
Мафтун этди мени кезган чоғимда.
Сизлар узра елдим, тиним билмасдан,
Орзуларга сармаст эдим беғубор.
Уиқум қочди тунда, тонглар кулмасдан,
Асир бўлдим сизга мангу интизор.
Файзингиз файзидан кулгандай дунё,
Эъзозланар эди ҳатто қўнган гард.
Олам шунда билмам бошқамиди ё,
Саҳоватли, танти, ўктам эди мард.
Бошингиздан ўтган не-не тўфонлар,
Қаҳрнинг бераҳм миниб отига.
Сиз-ку гувоҳ шаксиз, неча замонлар,
Манзил ҳадя этиб инсон зотига.
Сиздан ўтмаганми, не-не фотиҳлар,
Қутқу солиб элу халқнинг бошига.
Улардан не қолмиш шараф ва оҳлар,
Зотан таъзим қилгум инсон зотига!
Йўллар, йўллар, о, сиз адоқсиз йўллар,
Бунчалар тез ўтмиш менинг ёшлигим.
Баъзан шодлик ила, гоҳо қайғулар,
Афсунлар ўқибди бағрингизда жим.
Инсон туғилгандан фонийга томон,
Сиз-ла умри ўтар: шонли-бесамар.
Боқий яшаб ўтса бўлмасди ёмон,
Умрнинг йўллари чексиз бўлиб гар.
ЮРАГИМДА ЁНГАН ОРЗУЛАР
Қалбимга сиз сочдингиз зиё,
Сизла менга ширин бу дунё.
Ҳар қатрангиз денгиз ё дарё,
Юрагимда ёнган орзулар.
Олис йўллар юрганимда жим,
Равшан бўлинг.асло бўлманг тим.
Кўнглим тўлиқ.сизла эмас ним,
Юрагимда ёнган орзулар.
Сизла тотли ташвишли олам,
Ҳаёт уммон.қалбим пиёлам.
Жисмим баҳор,сиз унда лолам,
Юрагимда ёнган орзулар.
Гўзалликнинг гирёнаси сиз,
Қалб ёнида парвонаси сиз,
Ижодимнинг дурдонаси сиз,
Юрагимда ёнган орзулар.
Менга бўлинг туну-кун сабот,
Орзуларла яшарман озод,
Сиз бор менга қайғу,алам ёт,
Юрагимда ёнган орзулар.
ОТА ЁДИ
Тинмайин оқмоқда,шошқин дарёлар,
Ўзанин писандсиз ютиб бузгудай.
Шундайин ўтмоқда умр,савдолар,
Рўҳингиз воқифдир,мангу кўзгудай.
Шода марваридлар бўлар кўз ёшим,
Вафосиз дунёнинг жабру коридан.
Шитоб айлар мисли танҳо сирдошим,
Юрак бу дунёни қайта тузгудай.
Норизо талпингай сабру бардошим,
Тақдир карвонидан чопиб ўзгудай.
Ҳисларим жам бўлур гоҳида тошиб,
Бевафо оламни топтаб бузгудай.
Бу тақдир карвони ўтди шошилиб,
Қўналғасин мисли,тунда йўқотган.
Шу карвон ичра сиз кетиб бир кунда,
Қалбим титратдингиз жондан узгудай.
Сизни ёд этмасам зулмат бу дунё,
Ҳаёт йўлимдадир не-не ғавғолар.
Сизни ёд этурман ҳар кун, ҳар тонгда,
Руҳингиз чин воқиф мангу кўзгудай.
БАҲОР ФАЙЗИ
Қалдирғочлар чуғурлашиб,
Қўшиқ куйлар наҳордан.
Майсаларга шабнам қўниб,
Хабар берар баҳордан.
Қалбга берур шодлик.севинч,
Булбулларнинг нидоси.
Чунки меҳмон юртим аро,
Тўрт фаслнинг навоси.
Серсаховат Она қуёш,
Ювса тоғлар сочини.
Яшил либос макон этмиш,
Бу заминнинг бошини.
Биёбонлар,чаманзорлар,
Ял-ял ёнар ранг-о-ранг.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/sulaymon-haydarov/uragimda-engan-orzular-69917527/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.