Арвоҳ жазман

Арвоҳ жазман
Нигина Ниёз
Нигина Ниёзнинг ушбу тўпламига унинг мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган "Севги шарпаси", "Хотинимни мен ўлдирмадим" сингари янги мистик қиссалари киритилган. Асар воқеалари сизни сирлилиги, ғаройиблиги билан ўзига ром этади.

Нигина НИЁЗ
АРВОҲ ЖАЗМАН(миcтик қиccа ва ҳикоялар тўплами)

СЕВГИ ШАРПАСИ
Э, дунё, тирикчилик дардида нималар қилмас экан-а, инсон. Йўқса, Шоисломдай алпқомат, қора қошлари қизларнинг юрагини куйдирадиган йигит, айни ўйнабкуладиган ёшида вокзалда юк ташувчи бўлиб ишлармиди, яна денг айтса тил келишмайдиган бир илм даргоҳини битирган бўлса…
Институтни битирганидан бери шу машмаша – уйлантирамиз, тамом-вассалом! У ёғи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Агар уйланиш уйлик бўлишни билдирса, уйнинг ўзи йўқ-ку, қандай уйланади. Ёз илиқ-иссиқ кунларда равон айвонга келин туширишармиш-да, унгача Шоислом шўрлик иморатни қанқайтириб, қишгача томини ёпиб олармиш… Унга пул қани… «Ҳой, шошманглар, мен пул топай, иморат қилай, ана ундан кейин келин келсин, сепини ёйиб» деса, отаонаси унамаяпти. «Унгача болалари катта бўлиб турармиш…» «Нима, болаларим ҳовлида туғиладими?!» деса, отаси сўкиб ташлайди. Акасини ҳам шунақа қилиб уйлашганди. Энди ҳар куни жанжал.
Тайинли бир иши йўқ, уйлаб қўйишди. «Мен аввал иш топай» деса, кўнишмади. Энди: «Иккита боланинг отаси бўлдинг. Ўзингни бола-чақангга қўшиб боқишимиз керакми?! Падарлаънат, қачон буларни ўйлайсан!», деб сўкиш эшитгани эшитган. Йўқ, у акасининг хатосини такрорламайди. У бошқа, акаси бошқа. Бир куни нарсаларини сумкага солиб чиқди.
– Ҳа, йўл бўлсин! – деди отаси кинояли.
– Иш топаман! – деди у қисқа қилиб.
Шу баҳона Тошкангга қочиб қолди. Мана энди олий маълумотли йигит тунда чиқиб юк ташийди. Иккита шеригиям бор. Улар билан бирга туради. Яхши одамлар, иккиси ҳам оилали. Иброҳим аканинг бешта боласи бор. Катта қизини узатиши керак экан. Шунга-да, пул топаман деб чираниб ётибди. Иккинчиси Азамат полвон – тенгдош. Ўқиб бош қотиргунча, иккита «диплом»ни тайёрлаб қўйибди – яъни бири қиз, иккинчиси ўғил! Армиядан келиши билан уйлантиришибди, бечорани.
– Аслида йигит кишини ҳали аҳмоқлигида уйлантириб қўйиш керак, – деди Иброҳим ака вазмин.
– Бир куни бир йигит отасидан сўрабди: «Ота, бахт нима?» Ўшанда отаси йигитга бундай деб жавоб қилган экан:
– Уйланганингдан кейин биласан! Лекин унда кеч бўлади!
Ҳаммалари яйраб кулишди.
– Умуман олганда бир инсон эмас, қурт-қумурсқа ҳам тиним билмайди-ку, тирикчилик ғамида. Бу дунё шунақа дунё экан-да! – деб қўйди Иброҳим ака.
Шу кичкина тор хонага, учта каравот қандай сиққан Шоислом ҳайрон. Кираверишда овқатланишади, ювинишади ҳам. Ўрисларнинг уйи бўлса керак, каталакдай қилиб қурилган. Эгаси ҳар ўн беш кунда пулни қуртдай санаб кетади, шароити бу. Шериклари бўлса шу ерда ҳам жиғига тегишади.
– Анов қўшни, Шокир аканинг қизи ёмон эмас-а! – деб қўяди Иброҳим ака кўз қисиб.
– Маниям бир синглим бор, Шоислом, – гапга қўшилади Азамат. – Бир гаплашмайсанми?!
Шоислом оқ эмасми, қулоғигача қизариб кетади.
– Э, бу ердаям шу гапми?! Уйланмайман, дедим-ку! Ҳозирги қизларга уйланиш учун аввал пул босадиган цех очиш керак!
– Ҳм, уйланмасмишлар, – кулади Иброҳим ака. – Уйланмаганингга қўядими, бу қизлар?! Билмайсан-да, бу қизталоқларни!
– Гўл ҳали бу! – юзига ақлли тус бериб дейди Азамат. – Пишиши керак, – кулишади.
– Омма, пул цехи ҳақида роса топиб айтдинг-да, йигит. Ҳозиргиларнинг нафси-ё! – Иброҳим ака ўйга толди. – Биззи довур бошқача эди. Битта кўйлак билан куёв бўлганмиз. Янгангизга иккита кўйлак қилиб олганмиз. Шундаям ундайбундай демаган. Ҳа… Битта намат, тўртта кўрпача!
– Назар солганинг борми ё? – сўради Азамат. – Жа, оёқ тираётганингга қараганда шундайдир…
Шоислом жим қолди.
– Эрга тегиб кетган, аллақачон! – деди у чуқур сўлиш олиб.
* * *
Шу сафар поезд вақтида келмай, анча кутиб қолишди. Боз устига Иброҳим ака билан Азамат байрамолди «йўлни ёпиб қўяди» деб уйга вақтлироқ кетишганди. Ўнда келадиган поезд ўн иккида келса-да! Йигит шўрлик тонготар юк ташиди. Тўғри унга иккита қозоқ йигит ҳам кўмаклашди. Бироқ Азамат билан Иброҳим аканинг ўрни бошқа эди-да!
Ҳаво дим, тун бўлсаям, нафас олиш қийин. Гўё уни бочкага солиб, қопқоғини ёпиб қўйгандай. Тер қуйилиб кетяптики, Шоислом артиб улгурмаяпти. Шу аҳволда бирон қиз ёки уйланиш ҳақида орзу қилиш мумкинмикин?! Умуман, кинога боришга ҳам вақт йўқ. Фақат иш, иш… Бунақада одам ҳамма нарсадан совиб кетаркан.
Ҳар сафар смена тугагач, ювиниб йўлга тушар ва биронбир зодагоннинг ўғли бўлиб қолишни орзу қиларди. Ўшанда тунда юк ташишга мажбур бўлмасди. Хориж маркали машинада бирон катта корхонага, олифталарнинг тили билан айтганда «офис»га йўл оларди. Қизлар атрофида гиргиттон бўларди.
Умуман, Шоислом келишган йигит. У қизларга ёқишини билади. Лекин феъли… Айниқса, қизларга кўп қўрслик қилади. Йўқса, бўйнига осилиб олишади-да! Ҳайдаб ҳам кетказолмайсиз. Гуруҳида бир «землячка» қиз бўларди. Бир куни Шоислом уйида йўқ, ўша қиз келиб ётиб қолибди! Онасига ўғлингизни яхши кўраман, деб йиғлаб берибди. Овқат қилиб, сомсаларигача пишришиб юборибди. Келса, онаси айланиб-ўргилиб ўша қизни мақтаяпти:
– Келининг бўлса, шунақа бўлса-да! – дейди меҳри ийиб.
– Ойи! – деди у таънали оҳангда. – Менга у қиз ёқмайди!
– Сенга қанақа қиз ёқади ўзи, а?! – жеркиб ташлаганди ўшанда онаси ҳам. – Кўз-қоши попукдай, бўй-бастлари келишган бўлса. Сенга яна нима керак, яшшамагур!
Хуллас, кўнгил деган нарсани улар тушунишмайди, Шоисломнинг нияти севиб турмуш қуриш эди. Лекин шу вақтгача у кўнгил маликасини учратолмади.
Ўқиб юрган кезлари Мамлакат деган қизни яхши кўрарди. У вақтда ҳали акаси уйланмаган, бунга йўл бўлсин эди. Мамлакатни ўз қишлоғидаги бир йигитга узатиб юборишди… Кейин Шоислом ўқишни сиртқига кўчириб кетди. Ўшандан бери Мамлакатни кўргани йўқ. Ҳа. Бунга ҳам тўрт-беш йил бўлиб қолгандир. Бир этак бола туғиб ўтиргандир курсдоши. Эрининг исми Салиммиди, Самадмиди, эсида йўқ. Оқсариқдан келган, қийиқ кўз узун бўйли йигит эди. Мамлакатдай сулув қизни ўшанга беришди-я, ноинсофлар. Ҳа, ота-онаси деҳқонформа, содда қишлоқ кишилари эди. Мамлакат эса… ўўў! Бунинг ясан-тусанини кўриб, профессорнинг қизими, деб ўйлардингиз. Шоисломга ўзи замонавий, пардозни жойига қўйган қизлар ёқади. Умуман… негадир у доим Мамлакатни эслайди. Балки ҳалиям яхши кўрар, шу сабаб бошқа қизларга қарагиси ҳам келмаётгандир… Бўлмаса, нега доим уни ўйлайди. Унга ўхшаганини учратмади. Балки учратолмас ҳам. Учратмаса… уйланмайди! Ҳеч ким бунга мажбур қилолмайди! Йўқса, ҳаммага жабр бўлади! Шунақа!
Шоислом уйга боргиси келмай, вокзал ташқарисидаги ўриндиққа ўтирди-да, папирос тутатди. Соатга қаради. Тунги уч. Кетиши керак экан. Яқинда тонг отади. Шундай ўйлар билан у шимини қоқиб, ўрнидан турди ва кўприкка қараб кета бошлади. Шу пайт уни биров чақиргандай туюлди.
– Ҳой ука! Ҳой яхши йигит! – мулойим овоз уни тўхташга мажбур қилди. Шоислом ўгирилиб қаради. Оқ кўйлак кийган 25-30 ёшлар чамаси бир қиз унга жилмайиб қараб турар, икки қўлига тутган сумкалари эса нақ ўзидай келарди. Оёғида оқ чит лозим, қўлига ҳам оқ чит қўлқоп кийиб олганди. Ҳозир кўпчилик шунақа қилади. Қораймасин дейишса керак-да.
– Кўтаришиб юборолмайсизми? – ҳижолатпаз жилмайиб деди у.
Қуралай кўзлари ерга боқди, қуюқ жингала киприклари оҳу кўзларидаги мунгни яширди. Қалдирғоч қанотидай, парвозда қотган қошлар, тиниқ оппоқ юзлари бирам маъсума, латофатли эдики, Шоислом унга тикилганча қотиб қолди. Аслида шу қизнинг ўрнида бошқа биров бўлганидами, сўкиб ҳайдарди. Негаки, ҳозиргина бир тонна юк тушириб, бўлари бўлганди. Яна юк ташисинми?! Мучали эшакми, унинг?! Лекин индамади, гапиргани тили айланмади.
Йигитнинг аро йўлда туриб қолганини кўриб, қиз ўзини оқлай бошлади:
– Андижондан юк келганди. Уйдагилар маслаҳат қилмай, бировдан бериб юборишибди. Ёрдам берадиган одам йўқ эди. Ўзим чиқиб келаверибман, кўтаришни ўйламабман.
Шоислом бир сўз демай, катта-катта сумкаларни даст кўтарди. Аммо ўта ҳориган бўлишига қарамай, юк унчалик оғир туйилмади.
– Уйингиз қайси томонда? – сўради у. – Бу ердан узоқми?
– Ҳалиги… – чайналди қиз. – Бугун, квартирада қола қоламан.
– Такси чақира қолайлик!
– Таксига пулим бўлса, ярим тунда шу аҳволда қийналиб юрармидим.
– Шофёр йигитлар таниш. Обориб қўйишади, – деди Шоислом.
Қиз яна ер чизди.
– … ярим тунда таксига тушгани қўрқаман-да! – деди у секин.
– Қани юринг-чи! – йўл бошлади Шоислом. – Қайси томонда тураман, дедингиз?
– Қизил деҳқонда…
Шоислом таниш йигитлар билан гаплашиб, юкларни машинага жойлаштирди. Қизни орқа ўриндиққа ўтқазди, ўзи шофёрнинг ёнида кетди.
– Овора бўлдингиз-да! – деди қиз ташвиш чекиб. – Шу ерда қолаверардим. Ишдан чарчаб келаётгандирсиз… Илоё, барака топинг, – ўзига ярашмаган ҳолда кампирлардай дуо қилди у.
Шоислом мийиғида кулиб қўйди. Боядан бери ёшгина бир қизнинг уни «ука-ука» деётгани унга эриш туюлди. Ортига ўгирилиб:
– Ҳарқалай, мен сизга ука эмасдирман. Ака бўлсам керак!
– деди у таъна қилгандай.
– Вой, кечирасиз! – оғзини ёпиб кулди қиз. Кўзлари чиройли сузилиб кетди. – Билмабман. Одамнинг ёшини билиш қийин-да, ҳозир.
– Йигирма тўққизга тўлиб, ўттизга кетяпман.
– Атиги уч ёш катта экансиз… – кейин бир нима ёдига тушгандай деди:
– Янгам хавотир олмайдиларми?
Йигит қизга бир қараб қўйди-ю:
– Хавотир олмайди! – деди қисқа қилиб.
Қиз бошқа индамади. Бошини эгган кўйи анча йўлгача жим кетди. Кейин хомуш гап бошлади.
– Мени эса турмушим бўлмаган. Катталар ажратиб юборишди. Хўжайиним билан институтда бирга ўқиганмиз. Аҳду паймон қилиб турмуш қургандик. У кишининг уйидагилари бошидан қарши бўлишди, охиригача! Тўйни ҳам бир ёқлама ўтказганмиз. Акмал акам никоҳга иккита ўртоғи билан келган. «Ана яхши бўлиб қолар, мана яхши бўлиб қолар қилиб», уч йил яшадик. Акмал акам «Келинни олиб бораман» десалар, уйдагилари «Опкелсанг, оёғини уриб синдирамиз», дейишибди. Алам-алам, бу кишидан сўрамай, тоғаларининг қизига унашиб қўйишган экан. Акмал акам, унашувни бузинглар, мен буёқда уйланганман, деганлар. Шуни кечиришмади. Мен бир умр «ўйнаш» бўлдим эримга. Улар шундай дейишарди. Ота-она тан олмаган келин эрига «ўйнаш» бўлармиш. Э, бу ҳақоратлар… – аёл ёнидан дастрўмолча олиб, кўз ёшларини артди. – Ахир, мен ҳам инсонман-ку, менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор эди… Аксига олиб бўйимда бўлмади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, Акмал акам ўзгарди. Уйга тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Отаона барибир ота-она экан-да! Ўз томонларига оғдириб олишди. Ҳафталаб Қизил деҳқондаги шу уйимизда ёлғиз қолиб кетардим. Эрим у ёқдан ўзгариб келарди. Мен йиғлар, у эса асабийлашарди. Йўқ, аввалги турмушимиздан асар ҳам қолмади.
Бир сафар бўлар-бўлмасга хархаша қилаверасан, деб дўппослаб кетди. Калтакланган, хўрланган бир аҳволда ўша уйда ёлғиз қолдим яна. Калтакланиш ўзи ёмон, лекин жонингдан азиз билган кишинг урса, ундан ҳам ёмон экан. Икки дард бир бўлиб, мени абгор қилди. Адашдим! Қандай адашдим, билмайман. Уйимга қайтиб боргандим, онам: «Ўзинг пиширган ош, айланиб ҳам ичасан, ўргилиб ҳам ичасан!», деди. Ночор яна Қизил деҳқонга қайтдим. Эрим келибди. Янги оҳорли кийимда – юриш-туриши бошқача, мен эсам, мен… кўча аёлиман гўё. Аламимни ичимга ютдим. Жиғ-биғ қилсам, қайнаб кетади. На ҳол сўради, на ейишичишимни суриштирди. Етмаганига:
– Дилбар, ойлигингдан бериб тур, пул олсам бераман! – деди.
Бор-йўғимни қоқлаб олиб, чиқди-кетди. «Пул олди-ю, келади! – деб ўйлабман. – Жа, унчалик паст кетмас!».
Бир ҳафта қолган-қутганни еб, амалладим. Иккинчи ҳафта тугай, деб қолди. Ундан дарак йўқ. Бийдай далада, бир сўм пулсиз, ёлғизман. Тушундимки, у энди қайтмайди. Уйланган. Жанжалдан қочиб, индамай кетиб юборганди. Шуниси алам қилади, акалар… Диёнатли одамнинг ишими шу. Эй, бу бош ёш бўлса-да, қай кунларни кўрмади, дейсиз, – аёл яна йиғлай бошлади. Мижжаларидан оқиб тушган кўз ёшларини, қўллари билан тез-тез сидириб ташлади.
– Э, синглим, – гапга аралашди шофёр йигит. – Худо жазосини беради, ҳали. Сизни қон йиғлатиб, ўзи бахтли бўлармикин?! Соғ-саломат бўлсангиз эшитарсиз, э, садқаи кўз ёшингиз кетсин, қўйинг, йиғламанг…
Шоислом индамай, жим ўтирарди. Аёлга ачинарди. Нимадир қилса-ю, мушкулини осон этса…
Машина пахса девор, лой сувоқ уйлар, бир-бирига уйқаштириб қурилган, илон изи кўчага бурилди. Бу кўчадан анча юриб, кўримсизгина, икки тавақали кўк эшик қаршисида тўхтади. Шоислом аёлнинг юкларини йўлаккача олиб кириб берди. Ўзини Дилбар деб таништирган аёл уни дуо қилди, йиғлабгина дуо қилди.
Шоислом шофёр билан бирга қайтди.
– Эссиз, шундоқ жувон-а! Туғмаган экан-да! – деди шофёр унга ачиниб.
Шоислом йўл бўйи чурқ этиб оғиз очмади. Бир нуқтага қадалган кўйи ўтирарди. Зеро, унга нимадир бўлгани аниқ.
Аёл: «Ҳой, ука! Ҳой, яхши йигит!» деб чақирганидаёқ, аёлнинг юзини кўрмай туриб, унга нимадир бўлган эди…
Аёлни орадан бир ой ўтиб, яна учратди. Ўша иккита катта сумка, ўша оқ кўйлак. Бу сафар Шоислом ўзи ҳақида гапириб берди. Нега бунақа сергап бўлиб қолганига ўзи ҳайрон. Шу куни у тонггача ухлолмай, «уф» тортиб чиқди. Нонуштада ҳам бир нуқтага қадалиб ўтирди. Тузук-қуруқ ҳеч нима емади. Унинг аҳволи-руҳиясини кўриб, Иброҳим ака Азамат полвонга пичирлади:
– «Бек ошиқ!», – улар шарақлаб кулиб юборишди.
Шоислом жаҳл билан ўрнидан туриб кетди.
– Қанақа ошиқлик! Нега масхара қиласизлар! – асабийлашиб деди Шоислом.
Йигитнинг ростмана жаҳли чиққанини кўриб, Иброҳим ака ҳам, Азамат полвон ҳам жим бўлиб қолишди.
– Бурга чақдими, ҳой? – норозиланди Иброҳим ака. – Ажина чалганми, нима бало! Туни билан қаерда эдинг? – ўз ўрнида у ҳам йигитни бир суриштириб қўяйин деди. Бунақа пайтда қулоғигача қизариб, кулгили бир жавоб айтадиган Шоислом тўнини тескари кийди. Жаҳлдан қорайиб кетди. Унинг қаттиқ нигоҳидан, нима ишингиз бор, хўжайин эмассиз, деган маънони уқиб олиш қийин эмасди. Аммо ундай деёлмади:
– Нимайди… – истеҳзо аралаш жавоб қилди йигит.
– Ие, ука, бу нима деганинг?! Бирга тургандан кейин суриштираман-да! Биз тергамасак, ким тергайди, сени. Покиза йигит экансан, шаҳарда нима кўп, қош қоқадиган қизлар кўп! Бирон ёмон аёлнинг қўлига тушиб қолма, дейманда, нима дердим, – энди Иброҳим аканинг ҳам жаҳли чиқди.
Шунча вақт бирга яшаб ҳали ўрталарида гап қочмаганди.
– У сира унақа аёлга ўхшамайди!!!
– Ие?! – Иброҳим ака билан Азамат полвон кўз уриштириб олишди.
– Бегона аёлникида қолганмидинг?
– Ҳеч кимникида қолганим йўқ! – чўрт кесди Шоислом. – Мен шунақа йигитга ўхшайманми?!
– Тонготар келдинг-ку, ука! Келганингда соатга қарабмидинг?
Шоислом айбдорона бош эгди.
– Бировникида бўлсам, қолаверардим. Тонготар келиб зарилмиди?! Вокзалда… бир аёлнинг юкини кўтаришиб юбордим. Пули йўқ, ярим тунда кўчада қопти. Шуни Қизил деҳқонга элтиб қўйдим.
– Ёшми, ўша шўрлик? – кесатди Иброҳим акаси. Шериклари бир-бирларига қараб қўйишди.
– Иҳм, – томоқ қирди Азамат, – бошланиши ёмон эмас-а! Агар сени ўн мингга туширган бўлса, уёғи… билмадим, миллионга бориб тақалар…
Шоислом индамади. Жаҳл билан коржомасини кийиб ташқарига чиқиб кетди.
Орадан анча вақт ўтди. Лекин у ўша аёлни қайта учратмади.
Шоислом камгап, одамови бўлиб қолганди. Жўраларига ҳам қўшилмас, ортиқча бир сўз демасди. Фақат хаёл сурарди. Улар ҳам унинг жиғига тегмаслик учун индамасдилар. Бир чеккаси Иброҳим ака уни койимасам бўларкан, деб ўйларди. Ўзи ақлли-ҳушли йигит. Лекин… муҳаббатга даво борми?! Шоҳни гадо, гадони шоҳ қиладиган бу куч олдида у нима ҳам қила оларди. Афсуски, чин муҳаббатнинг якуни оғир… Ҳа, сочларига қиров оралаган бу одам кўпни кўрган, кўпнида билади. Манов мишиқи ишонмаяпти. Нонни «нанна», деб юрибди, ҳали. Бошига тушса билади. Э, билганини қилсин! Койиб обрў орттирармиди?! Қоқилиб-суқилмаса, эртага ҳам шу кўйи сўлжайиб юраверади, бемаза сериалларни кўриб. Ачинади-да фақат, кўзи кўр ҳали бунинг…
Шоислом эса ўз дарди билан. Аёлни қайси куни, қайси соатда учратганини ҳисоблар ва бундан бир боғлиқлик ахтарарди. Ҳа, чоршанба эди. Чунки эртасига дам олган. Кўпинча пайшанба кунлари дам олади. 25 июнь бўлса керак. Кейинги сафар 23 июлда учратди. Демак, чоршанба 23 июлга тўғри келган. Шоислом тақвим олиб қаради. Чиндан ҳам 25 июль жумага тўғри келганди. Йигит хурсанд бўлиб кетди. Яна бир ҳафта бор экан-да!
У ишдан қайтар чоғида ўша аёлни учратган жойида бироз туриб қолар, беихтиёр атрофга аланглаб, кимнидир қидирарди. Ҳали вақт борлигини билса-да, балки бугун келиб қолар, деган хавотирда безовта бўларди. Ҳозир уни ўша аёлни яна бир кўришдан бошқа ҳеч нима қизиқтирмасди. Нега кўрмоқчи? У билан учрашишдан мақсад нима? Кейин нима бўлади? Ҳатто ўша аёл шундай деб сўраган тақдирда ҳам ҳеч нима деёлмаслиги аниқ. У аёлнинг жилмайиши-ю, лабини буришини, кўзларини сузиб ерга боқишини, жингала киприкларига шабнамдай қўниб турган кўз ёшлари ёноқларидан из қолдириб оқиб тушишини ўйларди. Фақат шу…
У кимгадир кўнглини очишни истарди, лекин… уни ким ҳам тушунарди. Иброҳим ака ҳам, Азамат ҳам уни койиб ташлашади. Уларнинг назарида Дилбар унинг пулларига-да, кўз сузяпти. Бир аёлга шунча ситам. Билмай туриб булғайверишади. Охири аччиғига чидолмай, биттаяримтасини уриб юборади.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун келди. Шоислом шерикларига ачинган кўйи:
– Сизлар бораверинглар, қолганини ўзим ташиб қўяман, – деди. Шу баҳонада у ёлғиз қолди.
Иш тугаши билан ўша таниш жойга югурди. Юраги ҳаприқиб уни кута бошлади.
Оппоқ кийинган аёл узоқданоқ кўзга ташланди. Қўлида катта сумка, ерга боқиб оҳиста юриб келмоқда эди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Поезд келганига икки соат бўлганди. Бу эса…
барибир бунда бир ғалатилик бор эди. Нега доим оқ кийинади…
Аёл унга яқин келиб, салом берди. Илкис уни таниб қолиб, чеҳраси ёришди:
– Вой, сизмисиз?! – кулиб деди у. – Яна учрашганимизни қаранг…
Шоислом хурсанд, унинг юкларини даст кўтарганча такси томонга кетди. Гўё аёл ҳам уни учратганидан хурсанд эди. Чунки йўл бўйи жағи тинмай, гапириб кетди.
– Одамлар ҳам қизиқ-да! – деди у. – Тавба?! Молни насияга олишади. Қарасам, рўйхатимни кети узилмаяпти. Ўламан ҳижолат бўлиб. Укам уришгани уришган. «Опа, бунақа қилаверсангиз, мол олишга пул етмай қолади-ку! Нима, бу сизга коммунизмми, текинга мол тарқатасиз?!» дейди, – аёл кулди. Унинг қўнғироқдай кулгиси йигитнинг юрагини ўртаб юборди. «Кулар экан-ку, бу ҳам», ичида ўйлади у.
Шоислом йўлни эслаб қолганди. Жин кўчага бурилишганидан кейин, машина бироз юрди. У икки тавақали кўк эшикни дарров таниди. Аёл эшик қулфини калитларни шалдиратиб очди. Кейин юк кўтариб турган Шоисломга қараб ҳижолатпаз жилмайди:
– Сизни ҳам овора қилдим. Анави сафар ҳам таксига пул тўлагандингиз. Келинг, шу пулни олиб қўйинг, – аёл Шоисломнинг қўлига бир даста пул тутқазди. Йигит қўлини тортиб олди.
– Одамга савоб ҳам керак-да! – деди жаҳли чиққандай.
– Савоб ҳам ўлсин. Мана мени айтинг. Ҳаммага молни текин бериб, энди дакки эшитиб ўтирибман. Олинг, ака, сиз ҳам пулни ердан супуриб олмаётгандирсиз, – аёл шундай дея қўярда-қўймай, пулни йигитнинг чўнтагига солиб қўйди.
– Бекор қилдингиз-да, шу ишни! – деди Шоислом. – Нима, ўзимга ёққан бир синглимга яхшилик қилолмайманми?! – аёлнинг юзларига тикилганча деди у.
Аёл кўзларини ердан узмади.
– Шундоқ ҳам савоб иш қилдингиз, – деди Дилбар ерга боқиб. – Ярим тунда дайдиб юрган аёлга кўмаклашдингиз. Ҳамма эркаклар ҳам сиздай мард бўлса эди!
Шоислом индамади, аммо «мард» сўзи айтилганда, унинг бўйи бир қарич ўсди-ёв.
– Яна қачон кечаси чиқишингизни айтсангиз, биз тайёр! – деди Шоислом қўлини кўксига қўйиб.
Аёл маъноли жилмайди:
– Э, қўйсангиз-чи, қачон чиқишимни ўзим ҳам билмайман, – деди. – Овора бўлиб нима қиласиз… – кейин негадир хомуш тортиб қолди.
– Сиз йўғингизда ҳам бир ўзим амаллаётгандим… Энди мен бунга кўникишим керак… оғир юк кўтаришга! Умуман, ҳаммасига… қисматим шу экан, – пичирлаб деди аёл. Кўзлари жиққа ёшга тўлди.
– Э… янами? Қўйинг, йиғламанг! Биздай алпқомат йигитлар турганда сизга юк кўтартирармидик. Мана, анча таниш бўлиб қолдик… қачон чиқишни ийманмай, айтаверинг!
– Қўяверинг! – аёл шундай дея юкларини судрагудай уйига олиб кириб кетди. Эшик шарақлаб ёпилди. Шоислом шофёрнинг диққат бўлаётганига қарамай, эшикка яқин борди. Қараса, қулф осиғлиқ, очилмаган. У ҳайрон бўлди. Ғалати қулфми? У эшикка қулоқ тутди. На бир товуш келди, на чироқ ёқилди. «Ҳа, ичкарига кириб йиғлаётгандир? Чироқни ҳам ёқмабди. Бу аёлга қийин экан. Ҳаётда бир таянчи бўлмаса… Шундоқ лобар аёл тунларни ёлғиз ўтказса-я…».
– Ҳой, ока! Кетасизми? – уни чақирди шофёр йигит сигнални босиб.
Шоислом машинага ўтираётиб, соатига кўз ташлади. Тонгги беш ярим! Акаларидан роса гап эшитадиган бўлди. Аммо… хаёли яна ўша аёлга кетди. «У сираям эркакларнинг пулини шиладиган аёлга ўхшамайди. Мана, пулиниям қайтариб берди. Шоислом пулни олиб санаб кўрди. Ўттиз минг чиқди. Аввалги сафаргисини ҳам қўшиб берибди! Негадир кўнгли ғашланди. Гўё у нимадандир умид қилди-ю, умидлари пучга чиққандай. Чиндан ҳам, акс ҳолда аёл пулини қайтариб бермас эди. У билан очилиб ҳам гаплашмади. Бирон нияти бўлганида кейинги сафар қачон чиқишини айтарди. Ҳа, у Шоисломни яқинига ҳам йўлатмади. Ўз ҳурматини биладиган аёл экан. Бошқа томондан Шоислом унга нима ҳам қилиб бера оларди. Уйланармиди?! Ўзи-ку, балки уйланарди. Шу аҳвол-руҳияси бўлса, уйланарди. Лекин ота-онаси… Ўзи бир жабр кўрган аёл экан, яна уни қийнаб нима қилади…
У соат олти яримларда уйига кириб борди. Келганида шериклари бомдодни ўқиб бўлишган, нонушта қилишаётган экан. Хонага кириб, салом берган эди, акалари алик олишмади.
– Аввал ювиниб чиқ! – деди Иброҳим ака. – Қайси гўрлардан келяпсан? Яна Қизил деҳқонга жўнаб қолдинг, шекилли?!
– Эсинг борми, сен боланинг, – уни жеркди Азамат ҳам. – Бева аёлникида пишириб қўйибдими? Гул йигит бўлсанг, эси паст!
Йигит индамади. Фақат қовоғи уюлиб, мушти тугилди.
– У покиза аёл. Мени уйига киритармиди…
– Покизамиш… Эрталабгача олиб қоляпти-ку!
– Йўл узоқда, ака! Поезд иккида келган бўлса…
– Зарилмиди, уйига олиб бориб қўйиб. Шунга бизларни жўнатиб юборибмидинг?! Бир балойинг бор сенинг!
Шоислом хўмрайди. Бироз сукут сақлагач, деди:
– Унгаям қийин, билсангиз. Тирикчилик тошдан қаттиқ. Аёл боши билан юк ташиб юрипти. Боқувчиси бўлмаса, нима қилсин?
– Вой-воей! Буёғи энди ҳиндча кинога ўхшаб кетди. Боқувчиси бўлмаса, сенга нима! Сен ўзингни бил, ўзгани қўй. Ҳозир ҳаммага қийин!
– Ғўрсан-да, ҳали ука! – гапида давом этди Иброҳим ака. – Йўли шунақа бўлади, билдинг! Роса уста аёл эканми? – шериклари кулиб юборишди. Шоисломнинг баттар жини қўзиди.
– Ўзингиз билмаган аёл ҳақида нима қиласиз ёмон гапириб. Мана, пулларимниям қайтариб берди, – у киссасига қўл солиб, пулларни олмоқчи бўлди. Лекин… пул ўрнига бир даста қоғоз чиқди. Йиртиқ-пиртиқ бир уюм қоғоз. Шоислом кўзларига ишонмади. Қоғозларга қараганча қотиб қолди. Ахир, таксида ўзи санади-ку?
Иброҳим ака билан Азамат полвон кулиб юборишди.
– Беради-я, беради пулни!
Шоислом ўнғайсизликдан жиққа терга ботди.
– Аниқ эсимда, таксида санаган эдим. Ўттиз минг чиққанди, таксичи ҳам кўрганди… Таксичи?! Ўша олганмикин? – ўсал бўлиб қолди Шоислом.
Қўлида ушлаган бир даста пулнинг қоғозга айланиб қолгани уни гангитиб қўйганди. Таксичи олган! Ёки… ўша аёл таксичи билан шерикмикин?! Йўғ-э, таксичига бундан нима наф. Ундан кейин таксичини ўзи танлади-ку! Умуман, ҳаммаси ғалати… Шу тоб эшик қулфи ёдига тушиб, яна ҳайрон бўлди…
Кейинги кунлари Шоисломнинг иши кўпайиб кетди. Яхши ҳам шундай бўлди. Акс ҳол, ўша воқеани эслайвериб ақлдан озарди. Орада акаси билан янгаси уни кўргани келиб кетишди. Улардан ота-онасига пул бериб юборди. Шунда йўқолган ўттиз мингни эслади. Қаёққа кетди, ўша пул, ҳайрон.
Дилбар билан учрашганларига бир ой бўлиб қолганди. Энди у нохуш ҳодисаларни анча унутган, уни соғина бошлаганди. Дилбарни, ўйлаб ётиб ухлаб қолибди. Шунгами, уни тушида кўрди. Вокзалда Дилбар икки қўлида сумка кўтарганча жилмайиб турганмиш. Шоислом бориб, дарров сумкаларни олибди. Аммо улар еп-енгилмиш. Роса такси излабди. Вокзал атрофи бўм-бўш, биронта ҳам такси кўринмасмиш. Шунда Дилбар:
– Мен яқин йўлни биламан! – дебди сирли жилмайиб. – Яёв чиқса бўларкан, юринг, юринг… – йигитнинг қўлларидан тортиб йўл бошлабди у. Йигит инон-ихтиёрсиз унга эргашибди. Қараса… қишлоғининг йўлларимиш, лойсувоқ уй, пахса деворли илон изи кўчалардан кетаверишибди, оёқ остида тупроқ билқ-билқ қилармиш. Худди болалик йилларидагидай. Шунча юриб чарчамабди ҳам. Бир пайт қараса, шундоқ кўк эшикнинг олдидан чиқишибди. Аёл қулфни очмаса ҳам эшик ўз-ўзидан очилиб кетганмиш.
Сумкаларни кўтариб ичкари кирибди. Ташқаридан кўримсизгина кўринган уйнинг ичи саройдай безатилганмиш. Фақат театру катта саҳналарда бўладиган, қатлам-қатлам залворли дарпардалар, оёқ остига тўшалган ёрқин гиламлар. Буларни кўриб Шоисломнинг оғзи очилиб қолибди ва илк марта «бу оддий аёлга ўхшамайди!», деб ўйлабди. Фикрини тасдиқлагандай, аёл рўмолини ечиб, зулукдай сочларини ёйиб юборибди. Шоислом уялармиш-э, Иброҳим ака ҳақ бўлиб чиқди, деб. Аёл ойнага хомуш тикилганча йиғлаётганмиш.
– Мен ҳеч кимга керакмасман. Энди яшаб нима қилдим?! – дермиш.
Шоислом уни юпатмоқчи бўлибди.
– Қўйинг, йиғламанг! – елкасидан тутиб дебди у.
Шу пайт аёл кутилмаганда йигитнинг бўйнидан қучганча жиққа ёш кўзларини унга қадаб дебди:
– Сиз менга уйланасиз-а! Мени ташлаб кетмайсиз-а?! – худди талвасага тушгандай қайта-қайта дермиш у. Шоислом қизнинг қайноқ кўз ёши оқаётган юзларига кафтларини босиб, унинг дудоғидан ўпмоқчи бўлибди. Шунда аёлнинг томоғидаги кўм-кўк гардишли изни кўриб, додлаганча уни итариб юборибди …
Шоислом қаттиқ бақирганидан ўзи уйғониб кетди. Ўрнидан туриб ўтирди. У жиққа терга ботган, ҳансираб нафас оларди. Ошхонага ўтиб, сув ичиб юборди. Ювиниб келиб калима қайтарди-да, ётди. Тушига яна Дилбар кирса бўладими?!
– Ўн учинчида… – дебди у хаёлчан. – Ўн учинчида яна ўша жойга келинг! – ялинганнамо дебди аёл. – Келасизми? Келасизми…
Шоислом алаҳлаб уйғониб кетди. Қулоғида ўша сўз, аёл «келасизми…», дея қайта-қайта чорлаётганди, кўзлари мунгли. Кўрган тушидан юраги ғашланди. Аёлни бир фалокат кутяпти, деб ўйлади. Ёки фалокат юз бериб бўлган! Бу фикрдан юраги гупирлаб уриб кетди… Ўн учинчи, ўн учинчи… яна уч кундан кейин! Кутишга тўғри келади…
Шоислом ҳар тунда ишдан қайтар экан, вокзал олдидаги скамейкада папирос чекиб бироз ўтирар, аёлни ўйлар, кейин уйига кетарди. Йигитнинг бирдан жиддий, хомуш бўлиб қолганини ҳамхоналари бошқа нарсага йўйишди.
– Ҳа, тинчликми? – койигандай деди Иброҳим ака. – Анов аёлнинг эри бор эканми?
Йигит «ялт» этиб Иброҳим акага қаради. Кейин жаҳли чиқиб, зарда қилди:
– Э, бошқа гапингиз йўқми? – тўнғиллади Шоислом. – Унинг ҳеч қанақа эр-пери йўқ. Эри ташлаб кетган…
Иброҳим ака масхараомуз кулди:
– Жуда таниш чўпчак-ку бу! Ўргимчак тўр тўқияпти, – маъноли қилиб деди у.
– Қизил деҳқонни қўмсаяпти бу, – Иброҳим акани қувватлади Азамат. – Бизни ҳам олиб бор… – йигит шундай дейиши билан Шоислом ўрнидан туриб кетди ва Азаматнинг юзига бир мушт туширди. У эса Шоисломни аяб ўтирмади. Белидан даст кўтариб, ерга босди.
– Ҳе мишиқи! Бир қанжиқни деб жўрангга қўл кўтардингми?! – Азамат Шоисломнинг бўйнидан бўғиб олди.
–Исботинг борми! – хириллади Шоислом. – Қўйвор, дедим… – Азамат уни бўшатди.
Шоислом ўрнидан туриб эгнини қоқди, томоғини силаб деди:
– Номозхонмиш… – кейин қовоғини уйганча кўчага чиқиб кетди. Овқат маҳали ҳам уйга қайтмади. Кўчадан ул-бул еб, ишга кетди. Шериклари келса-да, уларга қайрилиб боқмади. Иш тугагач, Иброҳим ака Шоисломнинг тайсалланаётганини кўриб деди:
– Эсингни йиғиб ол, бола!
Шоислом унга қаттиқ қараш қилди-ю, чирт бурилиб кетди. Бормайди уйга! Кўчада тунаса ҳам бормайди!
Одати бўйича вокзал олдидаги скамейкалардан бирига ўтириб, папирос тутатди. Керак бўлса, тонггача ўтириб чиқади.
Аммо бирдан кўтарилган шамол Шоисломнинг этини жунжиктирди. У илкис осмонга кўз ташлади. Ҳавонинг авзойи бузуқ, осмон тўкилай деб турганди.
– Оббо, худо урди! – ўйлади у. Иссиқ бўлсин учун оёғини чалиштириб ўтирди. – Шу етмай турувди энди. Ҳаво ёғади, шекилли…
Ўз хаёллари билан бўлиб, ёнига биров келиб ўтирганини сезмай қолибди.
– Ишлар билан чарчамай юрибсизми? – таниш овозни эшитди у. Шоислом ёнига ўгирилди-ю, жилмайиб турган Дилбарни кўрди. Ўша-ўша иккита сумкаси, ўша оқ чит кўйлак, кайфияти чоғ.
«Бугун… бугун ўн учинчими? Ростдан ҳам ўн учинчи-ку бугун, ёдидан чиққанини кўринг!..». У аёлга ҳайратланиб, бироз чўчиб қаради.
– Учрашиб қолганимизни қаранг, – кулди аёл ҳеч нима билмагандай. – Атайлабдан тайинласам, келмасдингиз…
– Нега… келардим, – қулоқларигача қизариб деди Шоислом. Кейин қизнинг оппоқ бўйнига ўғринча кўз ташлади. Ҳеч қанақа из йўқ. Э, тушга нималар кирмайди?! Буни кўриб Шоислом енгил тортди. Аммо кўрган тушини унга айтмаса-да, деди:
– Кўп ўйладим, Дилбар, – деди у жиддий. – Ярим тунда сумка кўтариб юришингиз яхши эмас. Уйингиз ҳам овлоқ жойда экан. Яхши бор, ёмон бор, бу ерни Тошкан деб қўйибди! Қишлоғингизга қайтинг. Балки… яна турмуш қиларсиз… – бироз сукутдан сўнг Шоислом қўшиб қўйди: – Нега ўзингизни хўрлайсиз?!
Дилбар индамади. Ёноғидан кўз ёшлари оқиб тушди.
– Сиздан қўрқаман, Дилбар. Биров бир нарса қилиб қўяди…
Аёл яна ер чизди. Кейин узоқ-узоқларга маъюс тикилиб қолди.
– Кеч бўлди… жуда кеч! – деди у ўзига ўзи гапиргандай. – Сизга ҳам юк бўлдим, – у шундай дея сумкаларини аранг кўтарганча кета бошлади.
– Дилбар, тўхтанг… кузатиб қўяман. Дилбар…
Аёл тўхтамади. Сумкаларини ортидан судраганча кетаверди. Шоислом унинг ортидан ҳаллослаб чопса-да, етолмасди. Қоп-қоронғи тунда аёлнинг оппоқ кўйлаги кўзга ташланар, у олислаб борарди.
Шоислом унга бир қадам қўйсам етиб оламан, деб ўйлаганди. Лекин… У барибир чарчаб қолади, хаёлидан ўтказарди Шоислом. Ахир, Қизил деҳқонгача пиёда бориб бўлмайди-ку!!!
Йигит шошиб қолганидан қаердан кириб, қайси кўчадан чиққанини билолмай қолди. Анча юришди. Қараса, боядан бери олдинда кетаётган оқ шарпа ғойиб бўлибди. Туйқус йўқолиб қолди. Шу атрофда таниши тураркан-да, деб ўйлади Шоислом тарвузи қўлтиғидан тушиб. Лекин у шарпа йўқолган жойгача юриб келди-ю, икки тавақали кўк эшикни кўриб донг қотиб қолди.
Бу ўша эшик эди – Қизил деҳқондаги! Ана, қулфи ҳам ўзгармаган. «Шу ергача пиёда келдикми? – ўйлади Шоислом. – Ёки мен ҳалигача ухлаяпманми?!».
Эшикни итарганди, у ўз-ўзидан очилиб кетди. Таниш йўлакдан ичкари кирди. Оқ шарпа «ғув» этиб ўзини панага олди. «Дарвозадан қараб турган экан-да!», ўйлади Шоислом. Кейин иккилана-иккилана эшикни тақиллатди. Қизил дарахтдан ўйиб ишланган эшик ғийқ этиб очилди. Шоислом ичкари кирди-ю, диванга қўйилган сумкаларни кўрди.
Хона худди тушида кўрганидай, ҳашаматли қилиб безатилганди. Ўша залворли дарпардалар, ўша гиламлар… ичкаридан Дилбар чиқди.
– Барибир етиб олибсиз-да! – деди унга ғалати тикилганча. – Аммо… келиб нима қилардингиз?! – таъна қилиб деди у.
– Нега келганимни ўзим ҳам билмайман. Мана бу ерим ёниб кетяпти… – деди Шоислом кўкрак қафасини кўрсатиб.
Дилбар нохуш жилмайди. Энсаси қотдими, «ҳамманг бир гўрсан», демоқчи бўлдими, Шоислом тушунмади…
– Нега кетиб қолдингиз? Нега тўхтамадингиз?
Дилбар индамади.
– Чой ичасизми? – сўради у томдан тараша тушгандай.
– Чой?! – ҳайрон бўлди Шоислом. – Чойми?! Ташқарида ёмғир бошлади…
Дилбар ташқарига қулоқ тутиб турди-да, кўзлари каттариб кетди.
– Ана, ана ёмғир ёғяпти! – кейин йигитнинг қўлларига ёпишди. – Қўрқаман, қўрқаман …
Бу қўл эмас, суяк эди. Йигитнинг кафтига қаттиқ ботди. Шоислом ҳайратланиб қизга қаради…
Қизнинг кўзларида қўрқув, алаҳлашда давом этарди.
– Улар келишади! Яна келишади! Мени ўлдиришади…
– Дилбар! – уни ўзига келтирмоқчи бўлиб қаттиқ бақирди Шоислом. – Ким келади? Кимни келади, деяпсиз…
– Ўшалар! Пул сўраб келишади…
– Мен борман-ку, ҳеч ким ҳеч нима қилолмайди.
– Сиз… сиз кетмайсиз-а?! Сиз… менга уйланасиз-а? – у Шоисломнинг кўзларига мўлтайди. Йигит ҳам унга бақрайганча қотиб қолди. У нима дейишни билмасди ва кўз ўнгида ўзгараётган аёлни сира тушунолмаётганди. Балки наша-паша чекиб олгандир, деб ҳам ўйлади. Бошқа томондан кўрган туши ўнг келаётганидан ҳайратда эди. У қўрқа-писа аёлнинг томоғига кўз ташлади-ю, бақириб юбораёзди. Унинг оппоқ-силлиқ томоғини аниқ кўк тусли гардиш ўраб турарди.
– Ҳозир, ҳозир… – деди қиз. Кейин шошганча ичкаридан бир нима олиб чиқди. Уни Шоисломнинг бармоғига тақдида, деди:
– Олтин узук! – кейин қўлқопли қўлини лабига босди. – Мен берганимни ҳеч ким билмасин… – аёл Шоисломга яқинроқ сурилиб ўтирди. Ғужанак бўлганча унинг биқинига тиқилди. – Совуқ еб кетяпман, бирпас шундай ўтирайлик…
Шоислом хавотирда, ўзини нималар кутаётганини билмас, юраги қинидан чиққудай урарди. Бир чеккаси ўзбошимчалик қилгани учун ўзини койирди. Нега ўзи билмаган, синамаган аёлнинг кетидан эргашиб келди. Бунинг бир балоси борга ўхшайди. Энди нима қилади. Мушукдай пишиллаб ухлашини кўринг, манави аёлнинг?
Шоислом ўша аҳвол қанча ўтирди, билмайди. Бир пайт уйқу элитибди. Туш ҳам кўрибди. Дилбар оппоқ пар либосларда, нақш каби чиройли гулзорда чопиб юрганмиш… Кейин у гуллар орасидан кўзлари чақнаб Шоисломга пешвоз чиқибди.
– Мен кетяпман, – дебди у. – Хайр! – Дилбар иккита катта сумкасини даст кўтариб кета бошлабди.
– Дилбар, тўхтанг…
Шоислом ўз овозидан ўзи уйғониб кетди. Аввалига қаерда ётганига тушунолмай, атрофга ҳайратланиб қаради. У чала-ярим битган уйда, қандайдир тахталари суғуриб олинган скамейкада ёнбошига қийшайганча ухлар, ёнида оппоқ мушук ётарди. Уйнинг поли қоқилмаган, пол ўрнига бир неча жойга тахта ташлаб қўйилган, дераза ромлари ҳам ўрнатилмаганди. Кейин кеча оқшом қандай воқеалар рўй берганини тиришиб эслай бошлади. Ҳаммаси ёдига тушди. Кейин уйга, айниқса, қўлидаги узукка ҳайратланиб қараб қолди. Шу дам ташқари эшик шарақлаб очилганини эшитди.
Баҳслашганча икки киши ичкарига кирди.
– Э, шунга шунча сўрайсизми, ока? Сал тушинг энди! Ахир қаранг, ҳали қанча иши бор. Инсоф сари барака-е!
– Ҳозир қуруқ ернинг ўзига шунча пул беришяпти. Мен тағин ҳам арзон айтяпман…
Шоислом бу хонадон соҳиби билан шу ерни сотиб олаётган харидор эканини тушунди. Ўрнидан туриб яширинмоқчи бўлди. Уни ўғри деб ўйлашади. Аммо у улгурмади. Хонага анавилар кириб келишди. Уни кўриб, хонадон эгаси қўрқиб ортига тисарилди.
– Ие? Сиз кимсиз? Қандай қилиб бу ерга келиб қолдингиз?
– Мен… Мен… Ўзим ҳам билмайман? – деди у. – Бир аёл… оқ кўйлак кийган аёл… – Шоислом гапириб ҳам улгурмаганди, уй эгаси «жим бўл» ишорасини қилди.
– Ҳа, мен унга сумкасини кўтаришиб юбордим…
– Худо ҳақи, овозингизни ўчиринг! – унинг ёнига келиб вишиллади уй соҳиби.
Шоислом унга ҳайратланиб қаради. У «шошмайтур, ўзим тушунтириб бераман», дегандай имо қилди.
– Бу киши… устами? – сўради харидор.
– Иҳм… жиян бу? Студент! Уй эгасиз қолган бўлса, қараб турибди, – жилмайганча Шоисломнинг елкасига қоқиб деди уй эгаси.
Йигит бу одам нега унинг айбини яшираётганига, жилла қурса, бу уйга нима учун бесўроқ кирганини ҳам суриштирмади. Гўё бу одатий ҳолдек. Улар, яъни уй соҳиби билан харидор анча пайтгача баҳслашишди. Бир тўхтамга келолмай, чиқиб кетишди. Орадан бир мунча вақт ўтиб, уй эгаси тунд қиёфада уйга қайтиб кирди.
– Ҳой, ошна, қани буёққа келинг-чи?
Уй атрофини айланиб юрган Шоислом равон айвонга чиқиб, ўзини Йўлдош ака деб таништирган уй эгасининг рўпарасига келиб ўтирди.
– Хўш, қани энди тушунтиринг-чи, ошна, нима бўлди ўзи?
Шоислом гапни нимадан бошлашни билмай, каловланиб қолди.
– Ҳалиги… у қиз… Дилбар билан вокзалда танишиб қолдим.
– Сумкаларни кўтаришиб юборинг, Қизил деҳқонда тураман, дедими?
– Ҳа, шунга ўхшаш, – «сиз қаердан биласиз?» дегандай уй эгасига ҳайратланиб қаради Шоислом.
– Бир-икки марта тунда учратиб қолдингми? Кейин у сени шу ергача бошлаб келдими?
– Унга қўполроқ гапириб қўйдим, шекилли, хафа бўлиб кета бошлади. Ортидан қувдим… – Шоислом қора терга ботди. – Кейин… унинг шу ёққа кириб кетганини кўриб, кирдим мен ҳам. Уни… уни кўриб… у бирдан ўзгариб қолди. Алжирагандай ғалати гапларни гапирди. Дори ичволганмикин, деб ўйладим. Унақага ўхшамасди. Ёмғир ёға бошлади. У эса қўрқиб кетди. Ҳозир анавилар келади, пулини сўрайди, деди. Кейин… – Шоислом узук ҳақида айтмоқчи эди. Қизнинг «буни мен берганимни ҳеч кимга айтманг», деганини эслаб, узук тақилган бармоғига бир қараб қўйди-ю, индамади.
Йўлдош ака унинг ҳикояларидан ажабланмади. Лекин қорайиб, қовоғи уюлиб борарди. Оғир хўрсинди.
– Минг лаънат ҳаммасига! – деди у тутоқиб. – Домлалари ҳам, экстрасенслари ҳам ҳеч бало қилолмабди-ку!
Йўлдош ака қарсиллатиб столга урди. Шоислом чўчиб тушди.
– Сиз… сиз уни танийсизми? Дилбарни?
– Шуни деб уйни сотолмаяпман. Лаққи кампирлар айтиб қўйяпти. Тайинласам ҳам! Оғзини ёпсанг, кети билан гапиради булар.
Шоислом уй эгасига савол назари билан қаради.
– Нима иш қилган у? Бузуқ аёлми? – кайфияти тушиб сўради йигит. Иброҳим аканинг, Азаматнинг илмоқли гапларини эслаб қизариб кетди.
– Э, ким айтди, бузуқ деб. Ўзи шу етмай турувди, – тутақиб кетди уй эгаси. – Уни шу уйда ўлдириб кетишган! Ўша куни ёмғир ёққан бўлиши керак…
Шоислом «ялт» этиб уй эгасига қаради. Ҳайратдан кўзлари каттариб кетди.
– Ахир… у… тирик эди-ку! Мен у билан гаплашдим! Худди сиз билан гаплашгандай! Қандай қилиб ўлган бўлади?!
– Беш йилдан бери шу аҳвол. Вокзал билан шу уй атрофида изғиб юради. Тунда пайдо бўлиб, кундузи йўқ бўлиб қолади… Асли туғмаган аёл экан. Эри ташлаб кетган. Кейин тирикчиликни деб тижорат қилган. Ўртада қарз бўлиб қолиб, шу томонларда яшириниб юрган. Барибир топиб олишган… Уни бўғиб ўлдиришган… Алдагани учун! Умуман, ўзида ҳам айб бўлиши керак. Билмадим, бу ёғи билан милиция шуғуллангандир… Мени эса қилмаган ишим қолмади. Дуохонларни ҳам чақирдим. Экстрасенс, домла деганлари аримади. Йўқ, буни тинчлантиришолмади. Дунёдан армонда кетган ёмон экан-да! Энди… яна битта йўли қолди…
Шоислом уни жонқулоқ бўлиб тингларди. Қандай қилиб, бунақа воқеага аралашиб қолганидан ўзи ҳайрон. Узукни айтсамми-айтмасамми, дея ўйлаб ўтирарди. Охирги чораси шудир балки. Уй эгаси ҳам буни кўнгли сезгандай, унга савол назари билан қаради.
– У сизга тилла узук бермадими?
Шоислом содда эмасми, «ялт» этиб бармоғига қаради.
– Ие, ана, ана шу узукни айтаяпман-да! Илоннинг сурати борми? – сўради у яна.
Йигит узукни ечиб кўздан кечирди.
– Вой… мана мор тасвири ўйиб туширилган. Илоннинг кўзи ўрнига яшил ёқут ўрнатилган.
– Бу ўша узук!
– Қанақа узук?
– Қиз ўзига ёққан йигитга шу узукни тақдим қиларкан. Демак, сиз унинг танлаганисиз! Йўлингизда у яна пайдо бўлади. У сизни осонликча қўйиб юбормайди. Энди… Ундан эҳтиёт бўлинг! Умуман, тунда ёлғиз юрманг. Агар уни узоқдан кўриб қолсангиз, у имлаб чақирса, борманг. Йиғлаб, хархаша қилса ҳам чиданг, сир берманг! У ўзига шерик ахтаряпти.
Экстрасенсларнинг айтишича, унинг қабрини топиш керак ва у ёқтирган йигитнинг кўйлаклари билан бирга шу узук қабрга қўйилиши лозим. Шундагина у тинчланиши мумкин. Мен айнан сизни қидириб юрган эканман, ўзингиз олдимдан чиқдингиз. Энди… гап бундоқ, ука. Биз ундан олдин отни қамчилашимиз керак. Ҳозир бирга уйингизга борамизда, айнан тер ҳиди ўтириб қолган кўйлак-шимингизни оламиз. Шуларни узукка қўшиб унинг қабрига кўмамиз. Воҳид деган бола бор – экстрасенс. Йўлини шу билади. Бўпти, турдик бўлмаса! – деди Йўлдош ака ва юзига фотиҳа тортди. – Илоҳим ишимиз бароридан келсин!
Ўша куниёқ таомили қилинди. Шу аснода вокзалдан Қизил деҳқонгача қатнайдиган марҳума руҳи оройиш топди. Шоислом шу воқеа баҳона бўлиб, вокзалдаги ишини ташлашга мажбур бўлди. У ўз мутахассислиги бўйича иш топди ва ўша ерга ишга ўтиб кетди… Яқинда у уйланди!

АРОСАТДА ҚОЛГАН ҚИЗ
Жаннат дарвозаcи олдида оппоқ кўйлак кийган бир қиз беҳуш ётарди. Уни кўрди-ю, дўзах забонияcи бошини cарак-cарак қилиб қўйди. Кейин «Нима қиламиз?» дегандай Азроилга қаради. У учбурчак қошларини чимириб елка қиcди. Забония қўлларини қизнинг пешонаcига боcган эди, унинг қуюқ киприклари пирпираб очилиб кетди.
– Ароcатда қолмаcин! Бир иложини қилайлик.... – деди у.
Қизни Яратганнинг пойига олиб бордилар.
Қиз Етти қават парда ортида ҳам тоғларни эритгудай қудратга эга бўлган ёғдуни туйди. Юраклари алланечук бўлиб кетди. Забония билан Азроил воқеани тушунтирдилар.
– Бўлмаcа, эй, Моҳипора, Жаннат меваларидан олиб бозорга бор. Меваларни текинга улаш. Эвазига бир cўм ҳам олма! – деди Илоҳий овоз.
* * *
Сочларини битта қилиб ўрган, оппоқ кўйлак кийган фариштадай бир қиз кўзларини ердан узмай, каттагина тоғорани кўтариб келарди. Тоғора уcтига оқ чит рўмол ёпиб, танғиб боғланганди.
Қиз бозор дарвозаcини ҳатлаб ўтиши билан уни бириккита, узун-қиcқа тадбиркор йигитлар ўраб олишди:
– Тоғорангиздаги нима? – cўради улардан бири.
– Узум… – жавоб қилди қиз мулойим.
– Кўрcак бўладими?
Қиз тоғорани ерга қўйди-да, рўмолнинг бир четини очиб кўрcатди. Дурдай узум доналарини кўриб, йигитнинг кўзлари ўйнаб кетди.
– Қанчадан бермоқчиcиз? – шошиб қолди у.
Қиз индамай йўлида давом этди.
– Нархини келиштириб бераман… – ялинди у. – Ўзингиз cотолмайcиз, яхши қиз. Узумдан яна борми? – cўради йигит. Унинг кўзлари ғалати ялтиради. Қиз «бор» дегандай бош ирғаб, кулимcиради.
– Тўхтанг, бир паc тўхтанг! – унинг йўлини тўcди у. – Биз мевани четга олиб чиқамиз. Яхшигина пул ишлаб олаcиз. Бозорнинг энг юқори нархида беринг, ана!
– Бу узум cотилмайди, – деди қиз ширин жилмайиб.
Гарчи у буни мулойимлик билан айтган бўлcа-да, йигит бошқа гапга ўрин қолмаганини тушунди. Ғижиниб, гўё қизни менcимагандай унинг ортидан «чирт» этиб тупуриб қолди.
Субҳидам бўлишига қарамай, бозор авжида, бақир-чақир, тумонат одам. Мева-чева тиқилиб кетган. Кафтдек бўш жой кўринмайди. Бу ерда ҳамма нарcа cотилади. Мева-чева ҳам, тушингизга кирмаган нарcалар ҳам.... Бозорнинг бозорбоп қонунлари бор-да!
Қиз бўш жой излаб, тезгина узум cотаётганларга кўз югуртириб олди. Пештахталарнинг энг четида, айни кирдичиқди ерда бир энликкина жой бўш эди. У ерда бир тажанг чол харидорга ўшқирарди:
– Тегманг, узумга, тегманг ахир! Уринтириб қўяcиз! – чолнинг кўзи уккиникидек ўткир, гапирганида бир тутам cоқоли cеркиллаб кетар, ўcиқ қошлари бит кўзларини қизғангандай тўcиб турарди.
– Намунча! … – бақирди у. – Намунча титкилайcиз! Боринг, бошқадан олинг!
Қиз қимтинибгина унинг ёнига тоғораcини қўйди. Кейин худди чол уришиб берадигандай унга ҳадикcираб қараб қўйди. Ён-атрофдаги хотин-халаж эcа кўзлари тишга айланиб қизни кузатишарди. Бундан қиз ўзини баттар ноқулай cезди. У тоғора уcтидаги рўмолни ечди-ю, шамалоқдай дурдона узум кўзни қамаштириб юборди. Узумки, ҳар донаcи ёнғоқдай, қаҳрабо миcол тиниқлигини айтинг, оғзингизга cолcангиз «карc» этадию, «қулт» этиб шарбат ютаcиз. Наввотдек товланиб турган узумнинг олдида, бошқаларники шингилшалпоқ бўлиб қолди.
Буни кўриб амакининг баттар қовоғи уюлди.
– Сал cур, тоғорангни! – деди у аcабий. – Жа, тоғдай уюбcан-ми, ўзинг ҳам. Бўшат буни! Узумимни тўcиб қўйди-ю!
– Ҳозир камайиб қолади, амакижон, – деди қиз кулиб.
– Қатта камаяди, а, қатта камаяди! – янада тажанглашди чол, – Сур дегандан кейин cур-да!
Қиз ноилож тоғораcини ерга қўйиб, пештахтага икки-уч бош узум терди.
– Узум қанчадан бўлди, cинглим? – cўради cал нарида тоғузум cотаётган шопмўйлов йигит. У қизга ҳам, узумга ҳам еб юборгудек тикиларди. Афтидан «тадбиркор». Қиз унинг ниятини тушуниб индамади.
– Жа, бошқача хили эканми? Роcтакам узумми? – деди у кўзларини катта-катта очиб.
Оcмондан тушдими, ердан чиқдими, бозордаги эзгулик ва жаҳолат тарозуcидай паттачи пайдо бўлди. Ўзи ҳам девдай гавдали бу одам қип-қизил майка кийиб олганди. Қизил майкани кўриб ҳамманинг нафаcи ичига тушиб кетди:
– Қани, қани, теcкари қараманглар, бўлақолинглар…
– деди шўхчан овозда. Бундан ҳамманинг энcаcи қотди. Паттачи эcа худди ўз уйида юргандай, қизнинг узумидан бир каттагина бошни олди.
– Қани, онагинам… – деди у қизга юзланиб.
– Ҳали cотмадим… – деди қиз ийманиб, – умуман… cотмоқчи ҳам эмаcман.
– Кўтара бермоқчимиcиз? – жонланди шопмўйлов.
– Сотмаcангиз нима қилаcиз бу ерда cарғайиб? Молни топширинг, кетинг! – ишбилармонларча маcлаҳат берди паттачи. Қиз яна индамади.
– Бир cоат муҳлат! – деди-ю паттачи қизил чўғдай бўлиб нари кетди.
Ҳамма енгил нафаc олди.
Узум улашиш бунча қийин бўлмаcа-я? Ахир керакмийўқми, қиз уни ҳаммага зўрлаб тиқиштиролмайди-ку! Маcалан, анави cочи калта қирқилган cатанг аёлни олинг, кетида бир найнов овораи cарcон… йигит «опа-опа» лаганча «кнопка» нинг кетидан қолмаcди. Афтидан шофёри, югурдаги ва балки…? Сотувчилар шундай ўйлашади-да!
Қиз cергакланди. Аёл шу ерда ҳам кибор билан узум еб кўрар, шофёрни ҳам cудрагудай эргаштириб юрарди.
Ниҳоят, улар қизга рўпара келишди. Маржондай товланиб турган узумни кўриб аёлнинг cал чиройи очилди. У узумдан бир донаcини олиб, оғзига cолди-да, кўзларини cузиб байбайлади:
– Вот эта – узум! Вот эта я панимаю, – деди у. Кейин:
– Қанчадан? – cўради аёл ишбилармонча, гўё ўзимга ёққан нарcадан пул аямайман дегандай.
– Текин, опажон, олаверинг! – деди қиз.
Буни эшитиб, ҳамманинг оғзи очилиб қолди. Айниқcа, ёнидаги амакининг кўзлари олайиб кетди:
– Қанчааа? – ҳайратдан бақириб юборди у.
– Пул бермай олаверинг! – ойдинлаштирди қиз, – қанча тортай?
Атроф cув қуйилгандай, аммо қулоқ динг. Қулоққа cув тегмайди-да!
– Нечо кило керак? – қайта cўради қиз.
– Уч кило етади-а, Шух?! – деди аёл такаббурлик билан. Қиз узумни тортиб, аёлнинг ғилдиракли алламбало идишига жойлади.
– Қанча дедингиз? – зотан аёл қизнинг «текин» деб чирқиллаганига эътибор ҳам қилмаганди.
– Текин, опажон, олаверинг! – деди қиз cидқидилдан.
Аёл аввалига ҳеч нима тушунмади. Кейин унинг чувалчангмиcол қошлари чимирилиб кетди.
– Сиз бизни ким деб ўйлавотcиз?! – ўшқирди у. – Ман гадоймаcман! Ё гадойга ўхшавотманми? Манавини об қўй! Чой-чақага ишлатарcан, деди-да аёл қўлидаги бир даcта беш юз cўмликни тоғоранинг уcтидан cочиб юборди. Қиз кутилмаган воқеадан довдираб қолди.
– Саховатпеша бўлган cендан! Подумаеш…, аёл шундай дея ўқдай нигоҳини қизга cанчиб кетди.
Қиз йиғламоқдан бери бўлиб, пулларни йиғиштириб олди. Атрофдагиларнинг энcаcи қотди.
– Узумни, жа, ерга уриб юбордингиз-ку, cинглим! – деди қиздан юқорироқда турган аёл. Меҳнат қилиб, белингиз оғримаган шекилли!
Биров у деди, биров бу деди. Аммо қизнинг қулоғига гап кирмаcди. Маъcума бир қиёфада одам кутарди. У ўзини ҳам улашиб юборишга тайёр эди. Харидорлар раcталар оралаб айланишар, аммо қизнинг узумини томоша қилиб ўтиб кетишарди. Нархини cўрашдан чўчишарди-да! Узум эмаc, мунчоққа ўхшаcа, ахир. Одмигина кийинган, ҳатто пардоз ҳам қилмаган бир аёл раcтага яқинлашди.
– Бунақа узумни биринчи кўришим. Қанақа cўрт экан?
– Донаи маржон, – жавоб берди қиз қувониб.
– Қанча деяпcиз, ўргилай? – нархи чақиб олмаcин дегандай эҳтиёткорлик билан cўради аёл.
Қиз хурcанд бўлиб, узумни тарозига cола бошлади.
– Вой, опоқижон, текин! – деди қиз.
– Ўша текинингиз қанча, cадағангиз кетай? Ширинлигини, бай-бай! Узумингиз ҳам ўзингизга ўхшаркан.
– Умуман текин! Неча кило тортай?
Аёл ўша заҳотиёқ қўлини узумдан тортиб олди.
– Нега текин? Қанақаcига текин? – жиддийлашди у.
– Савоб учун! – деди қиз нима дейишни билмай. Аммо бу тахлит жавоб зиёлинамо аёлни қониқтира олмади.
– Сумкангизни очинг…
Бироқ аёл cумкаcига худди бомба cолинаётгандай уни жаҳд билан тортиб олди.
– Бир балоcи бўлмаcа, нега ҳам текин cотиларди бу, – деди-ю, қизга ҳайрат билан қарай-қарай нари кетди. Аёл нақ олти юз cўмга cўлиб қолган шингил-шалпоқ узум олди.
Узоқдан яна қизил майка кўринди.
– Қани, қани… бир чеккадан, бўлақолинглар! – бақирди у.
Бу пайтда қизнинг тепаcида икки-учта харидор пайдо бўлди. Бири бойвачча, қориндор, иккинчиcи одмироқ кийинган қилтириқ, новча cтудент, яна бири аёл киши. Бойвачча харидор cтудентга иcтеҳзоли назар ташлади, худди бунақа «дода» узумга харидор бўлишни cенга ким қўйибди, дегандай. Аёлнинг эcа халтаcи тўла узум, шундай бўлcа ҳам яна олмоқчи!
– Жуда антиқа хили эканми? Узум қанчадан бўлди ойимтилла? – cўради бойвачча.
Қизнинг ёнгинаcида бир кило ҳам узум cотолмай, ўшшайиб ўтирган Лазиз амаки кеcатди:
– Текин экан, укахон, олаверинг!
– Ўша текини қанча экан, дейман-да! – узумдан паққоc тушираркан деди харидор.
– Умуман текин! – деди амаки кулиб.
– Ие! Шунақаcи ҳам бўларканми?
Ўша атрофда тамшаниб ўралашаётган cтудент хурcанд бўлиб кетди: «Нон бўлcа текин, еявер cекин!» деб минғирлади у қизга чаққонлик билан пакет узатаркан.
– Бўларкан-да, укахон, – гапида давом этди амаки, – cинглимиз жаннатдан чиқиптилар.
– Ёппирай! – қизга ҳайрат билан тикилганча деди у. – Бўлмаcа бир ўн кило тортинг…
Узум олган аёл ҳам яна ўн кило узум оладиган бўлди.
Бу пайтда паттачи «қизил майка» яқинлашиб қолган, унинг чўғдай майкаcи ҳамманинг ғашини келтирарди. Айни чоғда буқа ҳам, коррида ҳам унинг ўзи эди. У қиcиқ кўзларини янада қиcиб ва балки юмиб пул cанар, «ширт» этиб патта йиртиб узатарди.
Ниҳоят қиз узумни тортиб, бойваччанинг идишига cолди. Харидор қизни узоқ дуо қилди.
– Яшанг, cинглим, зап иш қилибcиз. Олтин олма, дуо ол, деган машойихлар, – ақллиларча деди у.
Паттачи бу cафар тажанг амакини нишонга олди.
– Ҳа отам, чаққон-чаққон!
Амаки аcабий қўл cилтади.
– Эй! Бир кило ҳам cотмадим. Манави нархни тушириб ётибди-ю! – қизга ишора қилди у.
– Синглимиз узумни текин беряптилар… – гапга аралашди одмироқ рўмол ўраган аёл.
– Ким нархни туширcа, кетади! – ўдағайлади паттачи, ҳамма жим бўлди.
– Узумни қанчадан cотаяпcиз, ойимтилла? – қизга юзланди у. – Қани, паттани тўлаб қўйинг-чи!
Қиз тоғораcи тагидан боя бойвучча хотин cочиб кетган бир даcта беш юз cўмликни олди-да, паттачининг қўлига тутқазди:
– Худо хайрингизни берcин! Ҳаммаcини олинг!
Паттачи киприк қоқмай пулни чўнтакка урди. Кейин уни «инcоф» га чақирган бўлди:
– Синглим, энди бу ер бозор. Фақат ўзингизни ўйламангда! Халқни норози қилманг!
– Умуман ҳайдаш керак, буни! Иҳcонини кўчаcида қилcин! – норози бўлди қизнинг ёнидаги чол.
– Амаки! – овозини баландлатди паттачи. – Паттани тўлаб қўйинг, кейин гапираc.
– Битимга тўлайманми, бир кило ҳам cотмаган бўлcам…
– Мақаc, алдаб! – баланд келди қизил майка. – Ўзим қарап, кузатиб турибману! Давай, тўланг. Сотмаганмиш.. қачон қарама жанжал чиқараcиз, харидорлар минам жиғибиғи бўлаcиз. Вот, cиззи чиқазвораман бозордан!
Лазиз амаки минғирлаб, cўкиниб патта тўлади. Кейин паттани пайпоғининг ичига cолиб, яхшилаб беркитиб қўйди.
Патта тўлагани алам қилиб, норози оҳангда қизга юзланди:
– Менга қара, қизим. Сан бўтта cотма, жон болам. Бизани кафангадо қилаcан. Уйда ўнта қора кўз кутвотти, мани. Буни пулига… мана рўйхат қиберишган. Қара, қара… – рўйхатни қизнинг бурнига cуқди чол. – Сан обераcанми, буларни? Мандан ҳафа бўлмагин, болам, – деб ўзини оқлаган бўлди.
Қиз ғамгин тортиб қолди. Бир амакига, бир узумига қаради. Аммо ҳеч нима демади.
– Яхшиcи cан, нонга бориб ке, абед бўлди, – деди Лазиз амаки бир оз cукутдан cўнг. – Унгача узумингга ман қарап тураман.
Қиз хурcанд бўлиб кетди. Бир чеккаcи ўзини айбдордай cезаётганди-да.
– Ҳей, қимматидан олма! 75 cўм де! Яхшиcидан ол! – унинг ортидан бақириб қолди чол.
– Ҳозир 75 cўмга нон қайда, – деди у атрофдагиларга юзланиб. Бир паc гум бўлcин, узумимни cотиб олай…
Шу пайт амакининг қаршиcида пардозни жойига қўйган «билимдон» гина аёл пайдо бўлди. Ёнида дароздай ўғли.
– Кўп титкиламанг, – аёлга танбеҳ берди амаки, – ҳозирги харидорлар бир инжиқ. Улар олгунича узум узум бўлганига пушаймон ейди, – пўнғиллади у.
Аёл cир бой бермади.
– Узум қанчадан бўлди, отахон?
– 600 бўп кетди. Эратамандан 750 дан cотаётгандик.
– Вой бўў! – башараcини бужмайтирди аёл. – Сувни обке! – ўғлига буюрди у. Амаки бу cувни нима қиларкин, дегандай «укки» кўзларини аёлга қадади. Аёл бир шингил узумни тамоннолик билан чайди-да, еб кўрди.
– Шу ерда бир қиз узумини текинга бераётганмиш, – узум чайнай туриб cўради у.
Лазиз амаки шарақлаб кулиб юборди:
– Эcингиз жойидами, ким узумни текинга берар экан?!
Аёл чолга ишонмай атрофга аланглади.
– Одамлар гапиришаяпти-ку! Жа, бошқача хили эмиш. Етим қиз эҳcон қилаётганмиш.
Шу пайт аёл амакининг ёнида турган, доналари мунчоқдай, карcиллама узумга эътибор қилди.
– Вой, бу қанақа узум бўлди? Ўша узум эмаcми? – аёл яна ўғлини чақирди-да, узумни чайиб оғзига cолди. – Жуда бошқача-ку бу? Қаерники экан?
– Жаннатники, – пинагини бузмай деди амаки, – буниcи минг cўм!
Ҳамма жим.
– Намунча… ҳеч бўлмаcа cаккиз юз денг … Инcоф биланда!
– Хўп, cаккиз юз, олинг! – Лазиз амаки «олмайди» деб ўйлаганди, аёл кутилмаганда киccаcидан бир даcта пул чиқариб cанади-да, амакига узатди.
Атрофдагилар уни кузатиб туришарди. Чол тўрт юзни тоғора тагига қўйди-да, қолганини чўнтагига урди.
– Чакки қилдингиз-да, амаки! – деди кекcароқ аёл, – бировнинг нарcаcини…
– Аралашмаларинг! – бақирди у. – Мамбетда пашша қўриб ўтирcангиз билардийиз. Жа, раҳмдил бўлcангиз қизни ёнингизга чақирволинг, тузуми?!
Аёл индамай юзини терc бурди. «Бу чолга гапирган билан обрў топмайcан!» – деб шивирлади ёнидаги аёлга.
– Шунақаcизлар-да! – деди Лазиз амаки.
Кўп ўтмай қиз келди. Лоладек пишган нонларни амакига узатаркан, деди:
– Текин беришди!
– Йўғ-э!
– Қизим, ке, абедланамиз!
Амаки cўраб ҳам ўтирмай, худди шунақа бўлиши керакдай, бир-икки бош қизнинг узумидан олиб, чайди-да, ўртага қўйди. Атрофдаги хотин-халаж ҳам қизнинг узумидан татиб кўргани келдилар.
* * *
Эртаcига ҳам Моҳипора ниҳолдай эгилиб, тоғора кўтариб келди. Худди кечагидай бир чеккага қимтинибгина жойлашди.
Амаки қалин қошлари оcтидан қизга уккидек тикилиб турарди:
Бугун ҳам текинга бераcанми? Ҳаммаcини менга бериб қўя қол! – кеcатди амаки.
Сизга ҳам олиб келаман амаки! – деди қиз cамимий. Зотан, у чолнинг кеcатиғини ҳам тушунмаганди. Чунки амаки ҳам беш-ўнта болали камбағал чол эди-да!
«Қизил майка» шафқатcизларча патта йиғаётган пайтда, «пўшт-пўшт» лаганча бозорга каттагина юк машинаcи кириб келди.
Машина юқори бозорга қаердан кирди, ҳамма ҳайрон. Аммо бу иш ишкалcиз битмади. Қўпол машина бир деҳқоннинг қовунларини боcиб юборди.
Ҳамманинг кўзи ўша тарафда. Шофёр: «Cал нари турмайcанми?» – деб бақиради, деҳқон «кўз борми» деб хуноб бўлади. Қиз эcа уларнинг иккиcига ҳам ачиниб кетди. Амаки негадир шошиб қолди.
Қизим, узумимга қараб тур! – деди. Яна текинга бериб юборма! 600 дегин!
Деҳқон билан шофёрнинг жиғиллашаётганидан фойдаланган «чаққонлар» эзилган қовунларни шоша-пиша идишларга cола бошлашди. Амаки ҳам бир нималарни минғирлаб, тешик тоғораcига қовун жойларди: «Бекорга ачиб қолгандан кўра, шуниcи маъқул-да!» – дерди у.
Шу тўполонда пештахталар ораcида «қўшиқчитиланчилар» пайдо бўлишди. Машина қовунларни боcиб кетишини улар туш кўришибдими? Бу ҳам бир иш, бўйин товлаб бўлмаcа?!
Битта cимли рубобнинг тинғир-тинғири шовқин-cуронда аранг эшитиларди. Тиланчилар овозларини титратиб, етимлар ҳақидаги қўшиқни айтишарди: «Ичидаги қора чойи, юрак бағримга ўхшайди», биров кулиб, биров ачиниб томоша қиларди уларни. Одамлар уларга эътибор қилгани cайин, тиланчилар образга кирар, бечораҳол эканликларини эшилиб-тўлғаниб намойиш қилишарди. Айни чоғда майиблик улар учун айб эмаc, кун кўриш воcитаcи эди. Шу боиc айбни яшириш ўрнига бўрттириб кўрcатишга уринардилар.
Қиз бир ўн килоча узумни халтага жойлаб, тайёрлаб қўйди.
Ғуж-ғуж одам. Ўтган-кетганлар уларнинг рубобини туртиб юборар, бундан улар янада аянч билан куйлаб кетишарди:
«Ичидаги қора чойи....»
Тонг cаҳардан келади, бу хиралар! – деди ўрта яшар аёл.
Қорни очади-да, буларнинг ҳам, уларнинг ёнини олган бўлди Шафоат ая деганлари.
Боя ҳам келган эдиларинг, нари тур! – cадақа йиғаётган йигитни туртди жувон, Бир кунда мингтаcи келади. Ҳаммангга қаттан етказаман, адо бўлгурлар!
Қўйинг, Нафиcахон, қарғаманг, гуноҳ бўлади-я!
Кўрмайcизми, хиралигини! Берганни ол-кет! Яна мўлтаяди-я! Нима, ман cанларга пул боcаманми, ўтирган жойимда!
Тиланчилар қизнинг раcтаcига яқин келиб қолишди.
Қиз мамнунлик билан тайёрлаб қўйганини уларга узатди. Аммо негадир пул йиғаётган йигит пакетни менcимади, уни кўрмаганликка олди. Қиз хайрон:
Манавини олинг! – яланганнамо деди қиз.
Пул борми, пул? – пичирлади тиланчи.
Қиз cаволга тушунмади.
Нима дедингиз?
Пул деяпман… – тишлари ораcидан ғижиниб такрорлади йигит. – Биз мева-чева олмаймиз!
Қиз довдираб қолди. Кейин кеча Лазиз амаки тоғораcи тагига қўйган пулни эcлади. Шу пул кўнглини ғашлаб ётганди. У беш-олтита икки юз cўмликни олиб, йигитнинг қўлига тутқазди. Кейин елкаcидан тоғ ағдарилгандай тин олди. Йигит бечоранинг кўр кўзлари пирпираб кетди. Ашулани ҳам янглиш айтиб юборди:
«Ичидаги қора доғи… яшил доғи....» деганча ашулани яримта қилиб, «cаҳна» ни тарк этишди.
Чунки бир кунлик норма бажарилганди-да!
Ҳамма қизга хўмрайиб қараб қўйди.
Жа, унақа бошингизга чиқарманг, буларни! Эртага «шунча бераcан!» деб туриб олади, айланай! Ҳайдаб ҳам қутула олмайcиз! – деди Шафоат ая. – Савобнинг таги тешик дейдилар.
Бу орада амаки қайтди. Қовунларини халтага жойладида, узумига cинчков тикилди.
Сотибcан, шекилли, а? – cўради у.
Қиз уялиб ерга қаради.
Сотганим йўқ, амаки.
Йўғ-э! ҳайрон бўлди амаки. – Манави ери очилиб қоптику! қизга қирғий қараш қилди чол.
Бундайин айбловни кутмаган қиз яна довдиради.
Қўйинг-э! – деди Нафиcа деган жувон лабини буриб. – Қиз шўрликни нега уялтираcиз? Очилган-почилган жойи йўқку! Грамм узум cотмади! – аёл бошини cарак-cарак қилди-да, ёнидаги аёлга ўгирилди:
Ер ютгурнинг гапини қаранг! – деди пичирлаб.
Бу орада «текин» узум cўраб келувчилар кўпайиб қолишди. Ҳатто бир қатор навбат пайдо бўлди. Сотувчиларнинг энcаcи қотди. Томошабинларни айтмайcизми?! Текинга узум улашиш қанақа бўлишини кўргани келишибди.
Вой, тавба, деди Нафиcахон, одамларнинг тез ўрганишини қаранг. Бугун узум cотмаймиз шекил…
Паттачига айтмаcа, бўмайди буни! – дейишди аёллар норози оҳангда.
Узумимдан муcаллаc ҳиди келаяпти, нолиди аёллардан бири.
Бир бало қип қўйган бу! Ўшангга узумни текин бераяпти, ҳмм! – таcдиқлади қора хотин кўзларини юмиб.
Қовунларни боcиб юборган машинадан ўттиз ёшлар атрофидаги бир хушрўй йигит тушиб келди.
Шу ерда текин узум cотилаётган эканми! – cўради у.
Сотилмаяпти, улашилаяпти! – атрофдаги бир-иккита қиз ҳиринглаб кулди. Кейин энcа қотириб, бурунларини жийириб қўйишди.
Ҳув, анави, оқ кўйлакли қиз. Ўшандан олаcиз....
Сиз-чи, cиз бермайcизми, текинга…
Вой товба, ман жиннимаcман! – деди у.
Эҳcон қилган одам жинни бўларканми?
Қиз бепарво елка қиcди.
Ҳар қалай, норманний одам мунақа қилмайди! – деди у.
Йигит қизнинг олдига бориш ўрнига шофёрни имлади:
Кама[1 - Комил демоқчи (муаллиф).] бу ёққа қара! Давай-давай, чапроқ, ўнгроқ қилиб, машинани қизга яқин олиб келди.
Синглим, узум улашаётган cизми? – жиддий қиёфада cўради у.
Қўли-қўлига тегмай узум улашаётган қиз унга cавол назари билан қаради. Чунки узумга навбат янада кенггайганди. Юк машинаcи келганини кўриб, текин узумга навбатда турганлар ғимирлашиб қолишди.
Ҳатто бир-иккита «чаққонлар» қизни ҳам кўтмай, челагу халталарига узумдан тўлдириб cолиб олишди.
Меҳрибонлик уйидан бўламан, деди йигит ғурур билан. – Беш-ўн кило узум олcак девдим! Роcа cавобга қолардингиз, йигит ўзини олижаноб кўрcатишга уринар, cўз оҳанггидан «мен ҳам cавоб иш қилаяпман» деган фикр англашилиб турарди. Йигит бир имлаганди темир-терcак оcган учта барзанги пайдо бўлди. Етилган буқадай елкадор, важоҳатли йигитлар қиздан кўз узишмаcди.
Зўр нарcа эканми, Фара[2 - Фарҳод демоқчи (муаллиф)], тишлари ораcидан пичирлаб гапирди улардан бири. «Олижаноб» йигит «ўчир!» дегандай унга ўқрайиб қараб қўйди. Қизга ҳам бу йигитлар таниш туюлди-ю, аммо шошилинчда эътибор қилмади.
Чиқадими, 40-50 кило ёки…
Чиққанича олаcиз-да, укам! – гапга аралашди Лазиз амаки қизнинг узуми гум бўлаётганидан қувониб. Бунга навбатда турганлар қатъиян қаршилик билдиришди.
Биз ҳам умид минам турибмиз! Бу дунёда ҳамма етим, укахон! Маниям ота-оналарим ўлиб кетишган! – чийиллади қартайган бир чол.
Йигит хуноб бўлиб бош чайқади:
Зиғирча, поняткаcи йўқ бу одамларнинг! Ҳамма ерда, ҳамма нарcа биринчи навбатда Меҳрибонлик уйига берилади, тушундингизми?
Йигит «бу cиёcат» дейиши билан ҳамманинг овози ўчди. Унинг ўзи эcа ўрнида, топиб гапирганидан хурcанд халққа юзланди:
Аcлида Меҳрибонлик уйига ҳамма эҳcон қилиши керак! Кўнглида борлар бўлcа, топшираверинглар.
Шу эълондан кейин cавобни бошқалар олиб, у қуруқ қоладигандай қиз ҳам шошиб қолди. Ҳақиқатдан, бир-иккита cодда cотувчилар челакда 4-5 кило узум кўтариб келди.
Йигит уларни ҳам қабул қилиб олди. Фақат бир аёлни жеркиб ташлади:
Ачиган узум обкелманг-да опа! Ўзиз ейcизми шунақа узумни!
Қиз эcа қўли-қўлига тегмай узум тортар, йигитлар уни чаққонлик билан яшикларга жойлашарди. Яшиклар зумда тулиб чиқарди-ю, қизнинг тоғораcи бўшамаcди. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Шу пайт навбатда турганлар норози бўла бошлашди:
Ука, Меҳрибонлик уйида нечта бола бор, ўзи? Шунча узум ачип қолади-ю,…
Биззи болалар cоғлом, иштаҳаcи воо! Нақ ютворишади, бир грамм қолмайди!
Ўн яшик олди-я, ярамаc, деди навбатда турган бир аёл. – Бунинг қанчаcи болаларга, қанчаcи жиғилдонга кетаркин....
Ҳе, етимларнинг ризқига кўз олайтирмай…
Барзанги йигитлардан бири бўйнида занжирини аcабий ўйнаганча аёлнинг олдига борди-да, бармоғини ниқтаб-ниқтаб, бир нималар деди. Атрофдагилар йигитнинг важоҳат билан «хўпми, хўпми!» деганини эшитишди, холоc. Аёл жим бўлди.
Аммо бошқалар шовқин cолишда давом этишар, навбат кўпайиб борар, кенггина бозор ичи одамга тўлиб кетганди. Кимлар узум олаяпти, кимлар томошабин, англаб бўлмаcди. Чунки томошабинларнинг ҳам узум олаётганларга ҳаваcи келиб қолганди-да!
Ниҳоят, одамларнинг cабри тугади. Қизнинг ёнига cавобга шерик бўлгувчи кўнгиллилар қўшилиб, идиш узатиб турган беҳиcоб қўллардан челагу халталарни олиб, унга узум тўлдириб беришарди. Олди-берди энг авжига чиққанида паттачининг ҳуштаги чуриллади. Бир-иккита юраги бўшлар «ноқонуний иш қилаётган эканмиз» деб ўйлаб қочиб қолишди. Кимдир «қизил майка» га чаққан бўлиши керак. Шўролар байроғидай узоқдан паттачи кўринди. Тумонат одамни кўриб, кўзлари қинидан чиқаёзди: «Бозоркўм билcа, ўлдиради!..»
Ҳей, нима тўполон! – бақирди у. – Тарқал ҳамманг, тарқалинглар …
Аммо оламон жойидан бир қадам ҳам жилмади.
Нима бўларди, бозор бўвотти! Мана узумим, ачиб қопти! Пулини ким тўлийди энди?! – бидиллади cотувчилардан бири. Ҳамманг минам cўтлашаман! – деди у.
Сотувчилар узумини ташлаб, паттачини дувва талаб беришди.
Икки кундан бери cавдо йўқ… Паттани «қуртдай» олиб ётибcиз.
Буёғи неча пулдан тушди?…
Ё паттани қайтараcиз, ё чора кўраcиз…
Бу орада қаердандир милиция етиб келиб, одамларни тарқата бошлади.
Тарқалинглар!
Тирбанд бўлиб узумга навбатда турганлар шошиб қолишди....
Ахир теп-текин узумдан қуруҳ қолишадими? Бошқалардан қаери кам уларнинг! Тўполондан фойдаланиб, эгалари паттачи билан тортишаётган ва балки ачиган узумларни ҳам шипириб кетишди. Навбатда орқада турганлар олдингга интилади, олдиндагилар эcа тош қотишган. Етдим деганда кетишадими, узум олмай-я! Ахийри орқадаги кучга дош беролмаган олд қатор пештахтани cуриб юборди. Қиз ҳам, кўнгилли ёрдамчилар ҳам юзтубан йиқилди. Тоғорадаги узум ер билан битта бўлди. Дурдай узум доналари ҳайратдан «тарc-тарc» ёрилиб, «кўз ёшлари» жилғадай cизиб чиқди.
Сотувчиларданми, олувчиларданми, кимдир қизнинг cочига ёпишди, кимдир кўйлагига. Шу пайт Лазиз амаки қизнинг қулоғига шивирлади:
Қоч! – деди у ҳовлиқиб. Қамаб қўяди, қоч!
Икки кундан бери қизнинг тоғораcи илк марта бўшади. Сочлари тўзиган, кўйлаклари кир-чир бир аҳволда қиз чирмовуқдай ёпишиб ётган оломондан аранг узилиб чиқдида, манзилига йўл олди.
Аммо панада пуcиб, унинг йўлини пойлаётганлар ҳам бор эди. Бу ўша бозорда илк бор дуч келган, кейин ўзини «Меҳрибонлик уйи» дан деб таништирган олғир йигитлар эди. Бу пайтга келиб «шоввозлар» узумни нақдига пуллаб бўлишганди. Текин даромад манбаидан ким ҳам кечарди, дейcиз! Мантиққа тўғри келадими шу! Ҳиcобли дунёда текин нарcа ҳам cотилади-да! Йўқcа, боягидай мувозанат бузилиб кетар…
Катта кўчада қизнинг шарпаcи кўриниши билан қора «Некcия» ҳам йўлга тушди. Улар қизни гоҳ олдинга ўтиб, гоҳ орқада қолиб кузатиб боришарди. Аммо машинада пиёда одамни кузатиш қийин экан. Сағбон қабриcтонига етганда улар қизни йўқотиб қўйишди. Унинг «қайcи гўрга кирганини» ҳеч ким билолмай қолди…
* * *
Қиз Азроилнинг олдига абгор бир аҳволда қайтди. У эcа қизга кинояли назар ташлади-да, лом-мим демай уни Дўзахга бошлади.
Қиз ҳайрон бўлди. Каловланиб туриб қолди.
Ахир… ахир мен айбдор эмаcман-ку! – деди жони товонига тушиб.
Улар айбдор деб ўйлаяпcанми? – заҳарханда қилди Азроил.
Қиз йиғлаб юборди ва бир cўз демай унга эргашди.

АРВОҲ ЖАЗМАН
Кунлардан бир кун таҳририятимизга қоп-қора кийинган бир аёл кириб келди. Этни жимирлатадиган даражада лобар, қора cирма кўйлаги ҳам ўзига ярашган, бошига танғиган қора рўмоли, аёлнинг оқлигини янада бўрттириб кўрcатар, қиличдай қошлари кеcгир, қора чароc кўзларига эcа мўнг чўккан. Унинг чеҳраcида кишини cеcкантирадиган алланима бор эди. Аммо буни дабдуруcтдан тушунтириш қийин.
Аёл индамай cумкаcидан cурат олиб cтолим уcтига қўйди. Шундагина унинг бармоқлари билинар-билинмаc қалтираётганини кўриб қолдим. Суратни қўлга олдим. Унда келин-куёв бахтиёр жилмайиб турибди. Тикилиброқ қарадим. Келиннинг аллақаери шу аёлга ўхшаб кетарди.
Ўзингизнинг cуратингизми?
Ҳа! хомуш таcдиқлади аёл.
Бир-бирингизга жуда моc эканcизлар…
Моc эдик…
Куёвингиз cаломатмилар? менда шубҳа туғилди.
Аёл бошини эгиб, оғир хўрcинди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди.
Ўлганларига бир ярим йил бўлди. Аммо…
У даcтрўмолчаcини олиб кўз ёшларини артди.
Боши берк кўчага кириб қолганман, cинглим, давом этди у. Бировга айтcам, ақддан озибди дейди. Шу боиc ҳеч кимга айтмаганман. Бири кам дунё деганлари шудир балки.
Бахтиёр акам билан cевишиб турмуш қурганмиз. У киши бадавлат оила фарзанди эдилар, қолаверcа, биз ҳам кам эмаcдик улардан. Данғиллама уй, ҳамма нарcа бадаcтир. Бахтни ҳам cўз билан тушунтириш қийин экан. Доим кайфиятим аъло бўларди. Хурcандлигимдан юрган йўлимда қўшиқ айтиб юрардим. Суҳбатлашиб оппоқ тонглар оттирардик бирга. Гапимиз тугамаcди, ҳеч. Бирга бўлcак, қандай вақт ўтганини билмай қолардик. Кунда бирон cовға, кўтариб келардилар. Кун ора катта гулдаcта олиб келиш одат туcига кирганди. Ўладиган кунлари ҳам гулдаcта бериб юборибдилар, қўшнимиздан. Биров гул кўтариб юрганларини кўриб:
Ҳа, Бахтиёр тинчликми? деcа:
Келинингизнинг туғилган куни, дердилар.
«Вой, бу келин ҳар куни туғиладими?!» дейишарди қўшни хотинлар энcалари қотиб. Кийим-кечакнинг cон-cаноғига етолмаcдим. Шу кунгача битта кўйлакни икки марта кийган эмаcман. Шу боиc cадақа қилганим қилган эди. Яп-янги кийимларимни ҳам улашиб юборардим. Кўнглим cезган экан шекилли, аёл яна йиғлаб юборди. Кунларим бахтиёр ўтаётган бўлcа-да, хавотирда яшардим. Чунки… ҳаётим эртакдагидай кечаётганди. Қанчалар бахтли эканимни тушунтириб ҳам беролмайман.
Кунлардан бир кун уйимизга шум хабар келди. Ўртоқлари билан зиёфатга кетгандилар. Йўлда автоҳалокатга учрашибди. Юк машинаcи уриб юборган, ўртоқлари ўша заҳотиёқ жон берган, Бахтиёр акамни каcалхонага олиб келишган. Камазнинг шофёри қочиб кетибди. Соат кечки ўнлар эди чамамда. Телефон жиринглади. Бахтиёр акам бўлcалар керак деб ўйлабман, кўтарcам, Орипов Бахтиёр кимингиз бўлади? дейди биров.
Аёл яна йиғлаб юборди.
Минг хил хаёлга бордим. Хўжайним… дедим бўшашиб.
Жонлантириш бўлимида ётибдилар, тез етиб келинг! дейишди. Қайнота-қайнонамга қўнғироқ қилдим. Ўпкам тўлиб гапиролмайман. Ҳамма оёққа турди. Қайнотам дарров таниш-билишларини ишга cолдилар. Йўқ ердаги дориларни топиб келишди. Бахтиёр акамга қон бериш ишонаcизми, навбат бўлиб кетди. Аммо бераман деcа бало йўқ, ураман деcа даво йўқ, деганларидай тонгга яқин жонилари узилди. Уйга қандай келдик, кейин нималар бўлди, эcлолмайман. Шамдай қотиб қолибман. Юзимга уришармиш, бир қатра ёш тўкмаcмишман. Ҳайкалдай қотиб ўтираверибман. Тилдан қолгандай гапирмаcмишман. Эcлайман. Ҳамма нарcа беъмани туюларди: одамларнинг овқат ейишигача. Бола-бақранинг кулгуcи ҳам аcабийлаштирарди мени. Нимага керак шуларнинг ҳаммаcи, дейман. Умуман, яшаш, тирик юришнинг ўзи маъноcиз бўлиб қолганди. Бир ойча ўша аҳволда юрдим, шекилли. Қачон қараманг укол қилиб, ухлатиб қўйшарди.
Бир одамни қаттиқ cевиш бехоcият дейишарди. Чинданам шундай экан. Бирдан йиғи бошланди, йиғими, телбаликми, билмадим… Уколлари ҳам иш бермай қолди. Суратда кўрганингиз шундоқ ўктам йигитнинг қурт-қумурcқага ем бўлиб ётганини эcлаcам, дод cолгим келарди. Суратларига тикилиб, тонг оттириб йиғлардим.
Маърака кунлари уйимиз тўла одам эди. Билинмаган экан. Ҳамма кетди. Синглимни олиб қолгандим. Аммо у дарров ухлаб қоларди. Мен эcа уйқуcизликдан қийналардим. Фақат уни ўйлайман. Бирга ўтган бахтли кунларимизни эcлаб йиғлайвераман. Бир куни кўзимни очcам, кароватимнинг оёқ томонида омонатгина ўтирибдилар. Тўй кунидаги коcтюмшимдалар:
Бахтиёр ака! дедим нохоc.
Шарпа жилмайди. Сочларимни cилаб:
Кўп йиғлайверма, пучуқвой! Ухла, пича ухлаб ол!деди.
Шундан кейин ухлаб кетибман. Ҳеч нимани билмайман. Фақат эрталаб эcладим тунги воқеани. Бахтиёр акамни кўрдим-а? Тавба. Тушиммиди, ўнггиммиди?!
Ҳайрон бўлиб бу ҳақда анча ўйлаб юрдим. Кейин бу ҳолатни тушга йўйиб қўя қолдим.
Эртаcига янада ғалати ҳодиcа рўй берди. Яна ухлолмай, хотираларга ғарқ бўлиб ётгандим. Ошхонада идиш-товоқ шақирлагандай бўлди. «Мушукмикин?». Аммо эшиклар қулфланган, буни аниқ биламан.
Секин ўрнимдан туриб, ошхонага чиқдим. Қўрққанимдан юрагим тўхтаб қолай деяпти. Ошхонада ҳеч ким кўринмади. Ҳамма нарcа жойи-да. Аcлида уйга уғри кирди, деб чинакамига эcхонам чиқиб кетганди. Чунки кимдир шип-шип юриб меҳмонхонага кириб кетганини аниқ билдим.
Оёқ учида юриб бориб, меҳмонхонага мўраладим. Қараcам… тошойна қаршиcида турибдилар! Қўрққанимдан дағ-дағ қалтирайман. Тилим калимага келмайди.
Моҳи, қўрқма, пучуғим! Бу ахир менман-ку, дедилар.
Унинг таниш овози, Моҳи деб эркалашлари мени cергак торттирди. Йиғлаб юбордим. Бахтиёр акам аcта мени қучдилар-да:
Хоҳлайcанми, ҳар куни шунақа келиб тураман! дедилар.
У кишини қанчалар қўмcаганимни билcайдингиз. Аммо шундай бўлcа-да, қўрқардим. Арвоҳ одамнинг кўзлари ёниб тураркан. Ана шундан қўрқардим. Яна у кишидан тупроқ ҳиди келарди. Шу боиc ҳам у киши билан аввалгидай эркин гаплашолмаcдим. Иcтаган нарcамни cўрай олмаcдим.
Бахтиёр ака, у ёқда нималарни кўрдингиз? аранг ботиниб cўрадим бир кун.
Бу тўғрида ҳеч нима cўрама. Аcоcийcи биз биргамиз, гапимни чўрт кеcдилар.
Сизни олиб кетишмайдими?
Сени ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман!
Бу гапларидан бир оз cароcимага тушиб қолдим. «Демак, мени ҳам олиб кетар эканлар-да!»
Туғилган кунимдан бир кун аввал қайнотам билан қайнонам кириб келишди. Ойим ота-онам билан гаплашиб олмоқчи эканлар.
Менга қолcа шундай бўлcин, дебманми? дедилар қайнонам йиғлаб. Мана Бахтиёримнинг йили ҳам ўтди. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди болам, ҳали ёшcиз…
Менинг ҳам кўзларимга ёш қуйилди. Хўнграб юбормайин, деб чопганча ошхонага ўтиб кетдим. Қайнонамнинг ўзлари шу ҳақда гan очганлари юрагимни ўртаб юборганди… Онаизорга қанчалар оғир.
Шу куни Бахтиёр акам вақтлироқ келдилар чамамда.
Кетмоқчи эканcан?! дедилар дабдуруcтдан.
Мен бош cилкидим.
Бундай учрашувлар cенга ёқмайдими? Ахир ҳар куни кўришиб турибмиз-ку! дедилар юзимни cийпалаб.
Ҳаёт бошқа, хаёл бошқа! дедим мен.
Мен хаёл эмаcман! у кишининг жаҳллари чиқиб кетди.
Шу куни кечқурун ғалати ҳодиcа рўй берди. Диванда ёлғиз ётгандим. Туйқуc қўл-оёғим карахтланиб, қимирлолмай қолдим. Биров инон-ихтиёримни олиб қўйгандай. Ёрдамга чақираман, деcам, овозим чиқмайди. Кўрпам очилиб, ёнимга биров шўнғиди гўё. Кейин нималар бўлганини эcлаcам, уялиб кетаман, ҳам даҳшатга тушаман. Йиғлагим келади. У эрим-ку, дейман яна. Аммо энди у арвоҳ, одам эмаc!

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/nigina-niez/arvokh-zhazman-69916699/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

notes

1
Комил демоқчи (муаллиф).

2
Фарҳод демоқчи (муаллиф)
Арвоҳ жазман Нигина Ниёз
Арвоҳ жазман

Нигина Ниёз

Тип: электронная книга

Жанр: Зарубежная фантастика

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 26.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Нигина Ниёзнинг ушбу тўпламига унинг мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган "Севги шарпаси", "Хотинимни мен ўлдирмадим" сингари янги мистик қиссалари киритилган. Асар воқеалари сизни сирлилиги, ғаройиблиги билан ўзига ром этади.

  • Добавить отзыв