Электрон бола, ёвуз малика ва биз

Электрон бола, ёвуз малика ва биз
Нигина Ниёз
Sinfingizda o'zga sayyoralik bola o'qiyotganidan va uning fazoviy kemasi borligidan xabar topsangiz nima qilgan bo'lardingiz? Ustiga ustak bolani militsionerlar ushlab ketib, kema qarovsiz qolsa-chi? Albatta, kema ichiga kirib, uning murvatlarini burab ko'rardingiz va…Yerlik bilmasvoylar Omon bilan Shodmon xuddi shu alpoz Ilmus sayyorasiga kelib qolishadi. Ammo o'zga sayyoradagi hayot ular orzu qilganday bo'lib chiqmaydi. Patnisda ovqat o'rniga nuqul misol-masala keltirishadi, ustiga ustak bolalarning "Poklik misoli"ni yecholmay, dorga osilishlariga bir bahya qoladi… Tuf-tufey! Xudo asrasin! Uyog'ini o'zingiz o'qib olarsiz…

Нигина Ниёз (Мавлуда Иброҳимова)
Электрон бола, ёвуз малика ва бизсаргузашт-фантастик қисса

1-ҚИСМ

МАКТАБДА «ЛОЧИН КЎЗ» КЎЧИРМАЧИ
«Лочин кўз», яъни Омон маст уйқуда. Унинг қалин жингалак сочлари пешонасини тутган, ингичка қошлари бир оз чимирилган. У гоҳ ўзидан ўзи жилмайиб қўяди, гоҳ ғудраниб бир нималар дейди, бетоқат бўлади.
Ташқарида эса баҳор. Омонларнинг боғидаги ўрик, гилослар ҳам қийғос гуллаган. Улар қуёш нурида товланиб, атрофга муаттар ислар таратади. Чаман бўлиб гуллаб турган дарахт шохларида боларилар ғувиллайди, қушлар ёқимли хониш қилади. Бунақа пайтда ҳеч уйга киргинг келмайди, тўйқунингча табиатнинг жонланишини томоша қилгинг келади. Ҳаёт кўзингга бирам яхши кўриниб кетадики, ўпкангни тўлдириб-тўлдириб нафас олгинг, ям-яшил майсалар узра гир-гир айланиб чопгинг келади. Омонни эса шундоқ гўзаллик ҳам ғафлат уйқусидан уйғотолмайди. Умуман, эрталаб унга сира яқинлаша кўрманг! Бу жуда хавфли! Бунақа пайтда у «Лочин кўз» эканини ҳам бутунлай унутади. Сал вақтлироқ, айниқса, ҳиндулар ҳақида рангли туш кўраётганида тинчини бузсангиз борми, чунонам «бомба» бўлиб портлайдики, қочгани жой тополмай қоласиз. Эрталаб унга фақат Салтанат холагина яқинлаша оладилар. Улар мулойим товуш билан дунёдаги ҳамма эркаловчи сўзларни айтиб бўлганларидан кейин:
– Ҳа, нима дейсиз!? – деган пўнғиллаш эшитилади. Бу пайтда «бомба» ҳамон кўрпага бурканиб ётган бўлади. Салтанат хола яна сурнайга ўхшаш товуш билан бояги сўзларни такрорлайдилар. Шундан кейингина кўрпа орасидан Омоннинг боши кўринади, кейин қўллари. Ниҳоят, у эринибгина ўрнидан туриб, мириқиб керишади, кейин шошилмай кийина бошлайди. Унгача Салтанат хола ёлғиз эркатойи учун нонушта тайёрлайди, сутли ширин чойлар қилиб, уни кутиб ўтиради. Омон ҳар куни шундай дабдаба билан мактабга жўнайди.


Синфдагилар уни «Лочин кўз» деб аташади. Бу унинг лақаби эмас. Омоннинг ўзи ҳаммани шундай деб чақиришга мажбур қилади. Ахир ҳиндулар мактабда ўқишмаса ҳам қандоқ эпчил, довюрак бўлишган. Ҳамманинг уларга ҳаваси келади. Омон шуларга ўхшайман деб оддий қора папкасига шокилда тақиб олган. Ручкасини айтмайсизми, антиқа! Товуқнинг патига сиёҳнай солинган.
Лекин Омоннинг ўткир кўзлиги рост! Айниқса, бу қобилияти ёзма иш пайтида яққол намоён бўлади. Ундаги кўз эмас, бамисоли дурбин, ўзидан икки парта олдинда ўтирадиган Саидадан шунақанги боплаб кўчирадики, – ҳатто фотонусха ҳам бунчалик аниқ бўлмас! Кўрасиз-у, ё товба деб ёқа ушлайсиз. Ҳатто бир марта, алгебрадан янги муаллим келганида ёзма ишдан «беш» ҳам олган. Ўшанда ким-кимдан кўчирганини аниқлашганди. Партадоши Шодмоннинг вариантини эса орқада ўтирадиган Собир қилтириқдан кўчиришади. Кўчираман, деб Шодмон нуқул қўлга тушади. Омон эса бу ишга ҳам устаси фаранг! Чунки орқадан кўчириш учун унинг бурилиши шарт эмас. У бошини оз-моз эгиб, дурбин кўзларини озгина ғилай қилса бўлгани. Фотоаппарат тугмасини «чирқ» этиб босгандай шундоқ нусха олади, қўяди.
Умуман, синфком Саида билан бўладиган олишувларни ҳисобга олмаганда, ҳамма ишлар «беш»! Ҳиндуларнинг илмсиз ҳам бинойидек яшашганига ҳаммани ишонтирса ҳам, Саидани ўлса, ишонтириб бўлмайди. Саида айтадики, қадимги замонларда яшаган Америка аборигенлари, яъни маҳаллий халқ – ҳиндулар подшоҳи Инка И, Инка ИИ ва Инка ИИИ даврида қурилган космик иншоотларни қандай қурганлигини ҳозирги олимлар ҳам билолмаяптилар! Саида яна айтадики, Омон мақтаган илмсиз қабилалар ҳиндулар эмас, балки янги эрадан миллион йиллар аввал яшаган ваҳший, ёввойи одамлардир.
Аммо, Омон яна ўжарлик билан, ҳозирги илмли болаларнинг қўлидан нима келарди, ёввойи одамлар аҳиллик билан динозаврни ҳам ўлдирар эдилар, барибир ёввойилар яхши, чунки улар мактабда ўқиб, бошларини оғритмаган, деб туриб олди. Шундан сўнг, Омон «Лочин кўз» лақабидан ташқари «Ҳиндулар саркардаси» лақаби билан тақдирланди. Саида ҳиндуларнинг ҳамма қабиласини, нечанчи асрда яшашгани-ю, урфодатларигача сувдай билади. Тирик қомуснинг ўзгинаси. Нима ҳақда гап бошламанг, у булбулдай сайраб кетади. Қиз бола ҳам шунақа сергап, маҳмадона бўладими?! Айниқса, доскага чиққанда кўринг уни, бирам мақтанади. Ўқитувчилар «бўлди, етарли» дейишса ҳам гапираверади, партада ўтириб ҳам тинчимайди. Доимо «Мен айтай, мен гапирай» деб қўл кўтараверади. Билағон бўлсанг ўзингга! Қўлининг оғриб кетмагани…
Мана бугун ҳам Омон жимгина жойида ўтирганди, Саида ўзидан ўзи келиб:
– Трапетсиянинг қоидасини ёдладингми? – деб сўради. Омоннинг энсаси қотди. Трапетсияни еб бўлмаса, нега энди қоидасини ёдлаши керак экан. У бирёқ қошини чимириб туриб, жавоб берди. Бу гал атайлаб ҳиндуларни мисол келтирмади.
– Ибтидоий жамоа даврида яшаган одамлар, – деди у пинагини бузмай, – трапециянинг нималигини билмай ҳам кун кечиришган! – деганди Саида қип-қизариб, кўзларигача ўзгариб кетди. Жавоб тополмаганидан эмас, Омоннинг нақадар онгсизлигидан, ўзини маймунсимонларга тенглаганидан жаҳли чиқди.
Саида энди гапиргани оғиз жуфтлаганди, Омон унинг оғзини очирмаслик учун қўлидаги патни қулоғининг орқасига қистирди-да, «лў-лў, лў-лў» қилиб чинқирди.
Саида:


– Аҳмоқ! – деди-ю аразлаб, терс бурилиб кетди. У билан бўладиган баҳс доим шунақа «фожиали» тугайди.
Дарс бошланди. Синфда мотамсаро жимжитлик. Чунки геометрия муаллими Ҳикмат ака «Ўтган дарсни кимдан сўрасам экан?» – деб, журналдан фамилия қидирмоқда. Бундай пайтда айниқса бўш ўқувчиларга қийин. «Мендан сўрамаса эди» – деб, юраги така-пука. Омонни айтмайсизми, ҳеч ким мажбур қилмаса ҳам партага қапишиб, сингиб, у билан бир вужудга айланиб кетади. Мана ҳозир ҳам худди ўчакишгандай геометрия муаллими Ҳикмат ака унинг «мўтабар» фамилиясини тилга олди. Омон ўзига билдирилган бундай эътибордан анча ранжиди. Кўп ўтмай ўша «машъум» журналдан Шодмоннинг ҳам фамилияси ўқилди. Шодмон эса гўё ўз устидан ҳукм ўқилгандай бир чўчиб тушди. Ҳикмат ака икки шоввозга бир оз жиддий тикилиб тургач, бисотидаги энг осон саволни берди.
– Ҳакимов Омон, сен трапециянинг таърифини айтсанг бўлди, Алиев эса чизмасини чизади.
Саволни эшитиб, Омоннинг нафаси ичига тушиб кетди. Шунча уринса ҳам ҳеч тил қурғур айланмайди-да.
Юраги ҳам худди темирчининг босқонидай гуп-гуп ура бошлади. Бунинг устига Саиданинг масхаромуз қараб турганини кўриб, баттар довдиради. Омон «трр, трр…» деди-ю, ҳаяжонланганидан лоақал трапеция сўзини ҳам тўғри айтолмади.
– Тра-тра, тра… рапетсия… учбурчакка ҳам, тўртбурчакка ҳам ўхшамайди. Аслида трапеция жуда беўхшов нарса, – дейиши билан синфда гурра кулги кўтарилди.
Иккинчи шоввоз Шодмон эса зудлик билан Омоннинг айтганларини доскада акс эттириб, у ҳам умумий хушчақчақликка сабаб бўлди ва ўтиришга рухсат олди.
Муаллим умид билан янги мавзуни бошлаб юборди. Омоннинг ҳам елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди.


Ўпкасини тўлдириб нафас олди ва атрофга ҳаёт қандай гўзал-а, дегандай мамнун қараб қўйди. Кейин партага ўрнашиб ўтириб олди-да, чўнтагидан сиёҳ қалам эмас, сақич пуфлайдиган найча чиқарди. Шодмонга ҳам янги дарснинг ҳеч қизиғи йўқ.
Бу шоввоз билимсизликда ҳам, шўхликда қам партадоши Омондан сира қолишмайди. Гарчи қуюқ туташ қошлари, қирра бурни, ингичка лаблари, уни қатъиятли қилиб кўрсатса-да, аслида унинг хулқ-атвори ташқи кўринишига сира мос эмас. Кўчиришни эплай олмаса ҳам тили жуда бурро. Омоннинг эсига келмаган гапларни у айтади. Агар ўқитувчилар Шодмонга танбеҳ бергудек бўлишса борми, у дўстига ўхшаб уришиб-талашиб ўтирмай, ақлли жавоблар қайтаради, «муаллимларнинг унинг тарбияси борасида қайғуришаётганидан» ўзича «мамнун» ҳам бўлиб қўяди.

СИНФГА ЯНГИ БОЛА КEЛДИ
Омонларнинг синфига Герц деган янги бола келди. Оти ҳам ғалати, ўзи ҳам. Фақат фамилияси Солиев экан. Болалар Герцнинг ҳоли-жонига қўймай, нега исминг бунақа, деб сўрайверишганди, у:
– Дадамлар ҳам, ойимлар ҳам физик. Улар бирга ўқишган. Кириш имтихонида ойим қўрққанларидан Герцнинг қанчага тенглигини эсларидан чиқариб қўйиптилар. Ўшанда дадам ёрдам берган эканлар. Шу баҳона танишиб қолишипти. Кейин мен туғилганман. Отимни ҳам шунга Герц деб қўйишган-да! – жавоб берди у. Буни у ичидан тўқиб чиқарган бўлса ҳам ҳамма ишонди. Ҳатто кўпчиликнинг унга ҳаваси келиб кетди.
Омон билан Шодмон эса ичларида унга ҳасад қила бошлашди. Чунки боланинг тим қора, паришон ёйилган сочлари, катта-катта зангори кўзлари, қайрилма қошлари юксак идрок, ақл-заковат ва маданиятдан дарак бериб турарди. Айниқса, унинг кескин ҳаракатлари, чертиб-чертиб гапириши ўқувчиларни маҳлиё қилиб қўйди. Боланинг сўзлашида ҳам, юриш-туришида ҳам бир сир борга ўхшар, у бир нигоҳ билан ҳамманинг эътиборини жалб эта оларди. Бир-икки ҳафтагача болалар Герцни ўрганишди. Доскага чиққанида ҳам, партада ўтирганида ҳам ундан кўз узишмади. Қизларни айтмайсизми, ҳаммасининг оғзида Герц. Саидага-ку худо берди. Ҳар гапининг бирида уни мисол қилиб келтиради. Герц келди-ю, Омон билан Шодмоннинг ҳам тинчи бузилди. Синфни қандок, «гуллатиб» юришган эди-я.


Энди-чи? Герц дарсда жим ўтиради, нега сен ўтиролмайсан. Герц дарсларни ўқиб келади, нега сен ўқиёлмайсан. Ҳатто янги келган бола уларга танбеҳ берадиган бўлиб қолди.
Бир ҳафтагача зўрға чидаб юришди. Индамаганлари сайин янги бола жуда ҳаддидан ошиб кетди. Кеча келиб, унинг гердайишини айтмайсизми? Бошқа болалар ҳам «дувва» унинг тарафига ўтиб олишди. Бу олифта нимаси билан уларни ром қилдийкин, Омон ҳеч тушунолмайди. Фақат Рустам қўрқоқ билан Шавкатгина булар томонида қолди. Агар дўқ қилмаганида уларнинг ҳам Герцга эргашиши турган гап эди.
Омон билан Шодмон Герцдан боплаб ўч олмоқчи бўлишди. Қулай фурсат пойлаб туриб, уни мактабнинг орқасига чақиришди-да, роса пўстагини қоқишди. Рустам қўрқоқ:
– Завуч келяпти, қочиб қол! – деб бақирмагунча дўппослайверишди. Герц бечора шу куни уйига эмаклаб кетдиёв…
Муштлашув бўлган куннинг эртасигаёқ мактабда участка милитсионери пайдо бўлди. Омон даҳлизда тўсатдан унга дуч келди-ю, юраги «шув» этиб кетди. У чопганча, зинадагиларни туртиб-суртиб Шодмонга етиб олди.
– Шодмон, мактабда милитсионер юрипти. У директорнинг хонасига кириб кетди. Ўз кўзим билан кўрдим, – деди кўзларини ола-кула қилиб.
– Анави чаққан бўлса-я! – ваҳима босди Шодмонни ҳам, – уни мактабнинг орқасига олиб ўтганимизни Саида кўрмаганмиди, ишқилиб?
Омон папкасини дўстига тутқазди-да, ўзи директорнинг хонаси томонга қараб кетди.
Қабулхонага амаллаб кириб олган Омоннинг ғайратига ғайрат қўшилди. У чаққонлик билан стуллардан бирини эшикка яқинроқ сурди-да, бўйнини чўзиб ичкарига қулоқ тутди. Локатор қулоқлар «ғириллаб» ишга тушди. Ҳар бир сўз лентага муҳрлангандай Омоннинг миясига ўрнаша бошлади. Қани энди дарслар ҳам шунақа тингланса!
Аввалига Омон гап нима ҳақида кетаётганини илғай олмади. Тушунди-ю, ғалати бўлиб кетди.
– 179-мактабда ёнғин бўлгани рост. Ўша мактабда дўстим ишларди. Ҳақиқатан анча нарса ёниб кетди. Ҳужжатлари ўшанда ёнган бўлса ажабмас, – деди директор вазмин товушда.
– Лекин у мактабда Солиев Герц деган бола умуман ўқимаган. Бунинг устига ёнғин атайлаб уюштирилган, деган хулоса ҳам бор, тушуняпсизми!
Билмасам… Лекин Герц энг одобли, аълочи ўқувчиларимиздан. Ота-онаси ҳам зиёлига ўхшайди.
Унинг ота-онаси йўқ экан. Бу текширилган. Қандайдир қари кампир билан тураркан. Кампир ўсал, гапиролмайди. Унинг бувисими ёки бегонами, билолмадик. Ҳали аниқ далил йўқ. Умуман шу болага кўз-қулоқ, бўлиб туринглар. Лекин сиздан илтимос, бу гапни зинҳор ўқувчилар эшитмасин, келишдикми?
– Албатта, бу ўз-ўзидан тушунарли-ку!
Ичкаридан стулнинг ғичирлагани эшитилиши билан Омон лип этиб қабулхонадан чиқди-ю, зинадан чопа пастга тушиб кетди.
Бу янгилик унга қаттиқ таъсир қилган, ҳатто энди синфга ҳам киргиси келмаётганди. Кўз ўнгида Герцнинг маҳзун қиёфаси гавдаланар, кулиши, гапириш оҳангларини эсларкан, унинг бузғунчи эканига сира ишонгиси келмасди. Йўқ, бунга ишониб бўлмайди. Герц унақа болага ўхшамайди. Лекин ота-онаси ҳақида оғиз кўпиртиргани-чи? Балки болалар масхара қилишмасин, деб етимлигини айтгиси келмагандир? Қандайдир кампир билан туриши ҳам ғалати. Ҳужжатларининг ёнгани, мактабга атайлаб ўт қўйилгани, буларнинг ҳаммаси сирли. Омон ўйлай-ўйлай сира ўйига етолмади.
У физика кабинети қаршисида дарс тугашини кутаркан, юраклари қон бўлиб кетди. Қани энди тезроқ қўнғироқ, чалинса-ю, эшитганларини дарров Шодмонга етказса, бундоқ каллани бир жойга қўйиб, ўйлаб кўришса… у бетоқат бўлиб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Даҳлиздаги ойнага тирмашиб, ташқарига қаради. Мактаб боғидаги дарахтлар ҳам қийғос гуллабди. Бу манзарани кўрди-ю, яна лоп этиб Герц эсига тушди. Уни худди шу томонда дўппослашганди. Ўшандаёқ сезганди, хаёлидан ўтказганди-я, шуғулланмаган бола бунақа зарб уролмайди, деб. Ҳали Герц «шпион» бўлса-я, ваҳима босди Омонни.
Шу пайт чиқишга қўнғироқ чалинди. Унинг ҳар бир жаранги Омоннинг танасини яйратиб, тунд хаёлларини тўзғитиб юборгандай бўлди.
Шодмон ҳам безовталана бошлаган эканми, физика хонасидан биринчи бўлиб отилиб чиқди. Бир қўлида Омоннинг папкаси, иккинчисида ўзиники, ҳовлиққанча дўстининг олдига яқинлашди:
– Тинчлик эканми, намунча қолиб кетдинг, – дўстининг жиддий қиёфасини кўриб Шодмон баттар қўрқиб кетди. – Ҳа, нима бўлди, гапирсанг-чи?
–, биз ҳақимизда гапиришмади, – деди Омон паст товушда. Кейин даҳлизда Саида билан суҳбатлашиб турган Герцга зимдан қараб қўйди-да, – фақат ҳозир айтиб бўлмайди-да, локаторлар кўп бу ерда! – деди.
– Яхшиси, бугун бизникига келгин, ўшанда гаплашармиз, – деди у жиддий қиёфада.
Шодмоннинг жаҳли чиқди. Дўстининг ҳеч бунақа одати йўқ эди. Умри бино бўлиб ичида гап сақлаган бола эмас. У ёки артистлик қиляпти, ё бир нимадан чўчияпти. Ҳар қалай, директорнинг хонасида нимадир бўлган…
Шодмон уйга келиб апил-тапил тушлик қилди-ю, шошганча Омонларникига қараб йўл олди. Борса, Омон мазам йўқ, деб уйга кириб ётган экан. Шодмонни кўриши билан унинг тунд қиёфаси бир оз очилди.
Омон тушгача зўрға сақлаб юрган гапларини тўкибсолди. Ўзи нима хаёлларга борганини ҳам айтди.
– Шуни бир кун орқасидан кузатсак, сен нима дейсан. Ҳамма нарса аён бўларди-қўярди. – Балки мактабга битта-яримта қасди бор ўт қўйгандир. Милитсионерлар ҳам қизиқ, ҳужжати бўлмаса, шпионга чиқараверишади.
Бу гаплардан Омоннинг кўнгли анча таскин топди.
– Ўзи қаёқдан кетишини ҳеч кўрганмисан? – деб сўради анча кайфияти кўтарилиб.
– Катта кўчадан автобусга чиққанини кўрганман. У ёғини билмадим. Демак, эртага дарсдан кейин!.. Фақат ҳеч кимга оғиз очмаймиз.
Улар анчагача Герц ҳақида гаплашиб ўтиришди. Уни кузатиш учун ҳар хил режалар тузишди. Ҳатто у агар жиноятчи бўлса, милитсияга топшириб, медал ҳам оладиган бўлдилар.



ШОВВОЗ ГЕРСНИНГ КОШОНАСИ
Герц янги синфдошларига анча ўрганиб қолди. Бир куни физика дарсида икки қўлини бир-бирига уриб учқун сачратган эди, Хуршида опа кўриб қолди.
– Солиев, тур ўрнингдан, – деди Хуршида опа, – ҳозироқ ўтолдиргични стол устига қўй!
Герц ҳайрон бўлиб муаллимага қаради. Кейин хотиржамлик билан:
Бу ўтолдиргич эмас, устоз, зарядлар тўқнашуви, – деб жавоб берди. Бир-иккита қизлар пиқиллаб кулишди. Бўлар-бўлмасга ҳаҳолайверадиган Омон билан Шодмон эса негадир жуда жиддий ўтиришар, ўқтин-ўқтин Герцга ғалати қараб қўйишарди. Хуршида опа эса Герцга ишонмади. Келиб уёқ-буёғини текширди. Лекин ҳеч нарса тополмади.
– У фокус кўрсатмоқчи эди, – Герцнинг ёнини олмоқчи бўлди Саида.
– Қанақа фокус? – жаҳли чиқиб кетди муаллиманинг.
– Йўқ, бу сизларда ўтказиладиган тажрибадек гап, – деди-ю Герц тилини тишлаб қолди.
– Сизлар-бизлар деганинг нимаси?
– У шунақа, сал нақароқ. Ўзини ўзга ерлик деб ҳисоблайди. Олим табиат бола-де, – гап ташлади Омон.
Герц Омонга ялт этиб қаради. Зангори кўзлари ғалати чақнаб кетди. Умуман Омонда болага нисбатан шубҳа пайдо бўлгандан бери Герцнинг ҳаракатлари ҳам, гапириш оҳанги-ю, кулишигача кўзига бошқача кўринадиган бўлиб қолди. Фақат ўзи деса, Шодмон ҳам шу нарсаларни пайқабди. Шодмоннинг кўзи Герцнинг кўзлари билан тўқнаш кетди-ю, юраги шувиллаб кетди. Ноўрин гапирган Омонни «тилингни тийсанг бўлмайдими» дегандек бир туртиб қўйди.
– Сезиб қолса нима бўлади, – шивирлади у Омонга, – ҳамма ишни расво қиласан-ку!
– Мен ҳеч нарса деганим йўқ. Унинг ёнини олдим қайтангга.
Шу пайт Хуршида опа тинмай шивирлашаётган Омонни доскага чақирди. У одатдагидек саволга жавоб беролмади. Бу гал Омон саволни ҳам эшитмаган, доска олдида бошини эгганча бутунлай бошқа нарсаларни ўйлар, шу топда у доскада турганини ҳам, ундан жавоб кутишаётганини ҳам унутганди гўё. Омоннинг кўриниши аянчлимиди, ишқилиб муаллима бу сафар икки қўймади. Ўтиришга ижозат берди-да, дарсни бошлади.
Омон дарснинг охиригача чурқ этиб оғиз очмади. Фақат Герц билан Саида улар томонга қараб-қараб қўйишарди. Чиқишга қўнғироқ чалиниши билан Саида югуриб олдинга ўтди-да:
– Бугун дарсдан кейин синф мажлиси бўлади. ҳамманинг қолиши шарт, – деб эълон қилди.
– Мажлисда каминаи камтариннинг масаласи кўрилади, – майнавозчилик қилди Шодмон. У тезгина синфда ўтирган болаларга кўз югуртирди, синфда Герц йўқ эди! Шодмон шошиб қолди. Шу боис Саидага юзланиб, ҳазиломуз оҳангда давом этди.
– Биз айбимизни бўйнимизга оламиз. Бундан кейин 360 градусга ўзгаришга ҳаракат қиламиз. Мажлисни эса синфбошимиз Саида Орифжонова олиб боради. Саида бизни уялтирмай, ўзбек ёшларига хос иш тут! Камчиликларга нисбатан аёвсиз бўлгин, – деди-да Омоннинг қўлидан тортқилаганча синфдан чиқиб кетди.
Улар чопа солиб автобус бекатига ўтишди. У ерда папкасини ўйнаб турган Герцни кўриб таққа тўхтадилар. Чунки Герц уларни пайқамаслиги керак эди-да. Бир пайт автобус келди. Болалар Герцнинг автобусга чиқишини пойлаб туришди, кейин ўзлари ҳам чиқиб, одамлар орасига яширинишди. Герц қандайдир чекка маҳаллада тушиб қолди.
Бузилган иморатлар ва уларга уланиб кетган қандайдир чакалакзордан иборат дўнглик бу ерда одам яшамаслигидан далолат берарди. Гарчи Герц ҳеч нарсани сезмаётган бўлса-да, Шодмоннинг юраги така-пука. У бетоқат бўлиб, нуқул атрофга аланглар, оёғи ўтларга илакишиб, мункиб кетарди. Ниҳоят, қандайдир дарахтзорга етиб келишганида Герц қадамини секинлатди. Болалар ҳам дарахт панасига ўтиб олишди.
Улар Герцнинг кетидан изма-из юриб, анча ичкарилаб кетишди. Бир пайт Герц қандайдир баҳайбат терак қаршисида тўхтади. Негадир бу теракнинг барглари сўлий бошлаган, баҳор бўлишига қарамай унинг атрофини шундоқ хазон босганди. Болаларга ҳам бу дарахт жуда ғалати туюлди. Унинг нимасидир ортиқчага ўхшарди. Яқин келгач, ҳаммаси аён бўлди. Бир нечта терак ниҳоллари битта қилиб боғланган, унинг орасида нимадир бор эди. Дабдурустдан қараган одамга тераклар бир-бирига қапишиб ўсгандай туюларди.
Герц тераклардан бирини қўли билан пайпаслади-да, четга ўтиб турди. Бола негадир бетоқат бўлар, папкасини нуқул у қўлидан бу қўлига оларди.
Бирдан икки теракка жон киргандай силкинди. Кейин икки дарахт икки тарафга қараб силжиди-ю, катта юмалоқ қорамтир зирхли эшик очилди. Ўртада эса яшил тусдаги, юқорига олиб чиқадиган зина пайдо бўлди. Герц зинанинг ҳаракатланишига қаноат қилмай, чопганча юқорига чиқиб кетди.
Болалар бир неча дақиқа бу мўжизадан ўзларига келолмай, қотиб қолишди. Биринчи бўлиб Шодмон ўзига келди, довдираганча Омонга қаради. Ёнида Омон эмас, бронза ҳайкал турарди гўё. У секин Омонни туртиб, тепага чиқ деб ишора қилди. Омон даҳшат билан зинага қаради-ю, ортига тисарилди. Шодмон унинг ёқасидан тутиб қолди. Ўзи қўрққани учун ҳам унга буюрди:
– Чиқ деяпман!
Омон аста ўрмалаб теракка яқинлашди. Оёғини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан зинага қўйди-да, юқори кўтарилди. Унга Шодмон ҳам эргашди.
Герц қизғиш чироқ билан ёритилган, турли мураккаб асбоб-у, симларга тўла кабинада ўтирар, бу ернинг ҳам эшиги ланг очиқ эди. У бошига аллақандай симли қалпоқ кийиб олганча, олдидаги асбобнинг мурватларини тўхтовсиз бурар, ишга жуда берилиб кетганди. Омон ичкарига мўралади-ю, лип этиб эшик орқасига яширинди. Титроқ бармоғини лабига босиб, Шодмонни имлаб чақирди.
Шу пайт нимадир ту-тутлаб шипнинг тепасидаги чироқларгача ёнди. Герцнинг овози аниқ эшитила бошлади.
– Ер сайёрасидан Герц маълумот беради. Алоқага чиқишингизни сўрайман.
Герц болалар учун бутунлай нотаниш тилда гапирди, десам нотўғри бўлар. Негаки унинг сўзлашини эшитган одам, бу бола физика дарслигини ўқиётган бўлса керак, деб ўйлаши турган гап эди. У дўстлари билан физик қонун-қоидалар ёрдамида фикр алмашарди. Бу тилни тушуниш учун эса физикани ҳеч бўлмаганда ўрта баҳога билиш шарт эди. Болалар унинг гапларидан у-бу нарса илғагандай бўлишди-ю, лекин кетма-кет айтилаётган қоидаларнинг мағзини чақишолмади.
Кутилмаганда экран ёришиб, тасвир пайдо бўлди-ю, роботникига ўхшаш овоз эшитилди. Герц сергакланди, кейин маълумот бера бошлади. Бу бола мактабдаги Герцга сира ўхшамас, катталардек салмоқланиб гапирар, чеҳраси ниҳоятда жиддий эди.
– Топшириқни бажара олмадим. Бу ердаги болалар яхши, аммо улар жуда ёш, шу билан бирга дунёқарашлари ҳам бизникидаймас. Бунинг устига мендан шубҳаланишяпти, икки марта маҳаллий назорат бўлинмасига чақиртириб, сўроқ қилишди. Ракета учишга тахт. Фақат буйруғингизни кутяпман.
– Қадрли Герц, – яна бояги овоз эшитила бошлади, – сени ҳеч нима билан хурсанд қилолмаймиз, Ёвуз малика ҳамон илм дурдоналарини бузишда давом этмоқда. Катодлар сотқинлик қилишганидан кейин аҳволимиз янада оғирлашди. Очиғи сендан ёрдам кутамиз. Ўзингни эҳтиёт қил!
Омон билан Шодмон бу суҳбатдан Герцнинг юртида қандайдир фалокат юз берганини, улар ёрдам кутишаётганини, Герц эса кетишга ҳозирланаётганини тушунишди, холос. Буни болалар сўзлар орқали эмас, уларнинг хатти-ҳаракатидан имо-ишора ва гапириш оҳангидан илғаб олишди.
Eкрандаги тасвир ўчиши билан ту-тутлаб ишлаётган асбобларнинг ҳам овози тинди. Герц кафти билан юзини беркитганча оғир тин олди. Фурсатдан фойдаланиб Омон билан Шодмон лип этиб ташқарига чиқдилар.
Воқеадан таъсирланган болалар анча жойгача чурқ этмай кетишди. Улар нима дейишни ҳам билишмас, кутилмаган янгилик иккисини ҳам бутунлай карахт қилиб қўйганди. Улар ўзларига келиб олиш учун анча пайтгача дарахтзорда ўтиришди.
Атрофга тун чўккан. Уларнинг кайфиятига монанд осмонда сонсиз юлдузлар ғужғон ўйнар, «менда бир сир бор» дегандай чақнаб, кўз қисгандай бўларди. Боз устига қоронғида чакалакзор ва дўнгликлар янада ҳайбатли кўринар, шу топда дунё фақат сирлардан иборатдек туюларди болаларга.
Йўлда ҳам қандайдир сайёралар, фантастик филмлар ҳақида гаплашиб кетишди, лекин гап ҳеч бир-бирига қовушмасди. Икки бола ҳам бир иштиёқ билан ёнар, лекин уни овоз чиқариб айтишга чўчишарди.
Шодмон ҳарчанд уриниб, астраномиядаги сўнгги янгиликлар ҳақида гапирмоқчи бўлар, лекин билимсизлиги сабабли ҳеч нимани тушунтириб айтолмас, керакли терминларни тополмай чайналарди.
Омон эса ҳозирги кўрганлари таъсирида паришон юриб борар, афтидан у дўстининг сўзларини эшитмасди ҳам.
Болалар хаёл билан автобус бекатидан анча ўтиб кетишганини пайқашмади. Фақат чироқларини ёққанича зим-зиё кўчани ёритиб келаётган автобусни кўриб қаерда ва қайси томонга қараб кетаётганларини эслашди.
Омон ҳам, Шодмон ҳам шу куни туни билан ухлолмай чиқишди.
Эртасига онаси ялинса ҳам турмайдиган Омон саккиз бўлмасдан мактабга жўнаб қолди. Герцни бир марта, яна бир мартагина кўришга ошиқарди у. Синфга кирса, Шодмон ундан ҳам олдин келиб олган экан.
Шу куни роса Герцни пойлашди. Лекин у келмади. Герц эртасига ҳам, индинига ҳам мактабга келмади. Аввалига уни касал дейишди, кейин эса болалар уни бошқа мактабга ўтиб кетибди деб эшитишди.
Болалар бу гапларнинг биронтасига ҳам ишонмас, бир чеккаси ўзларидан ҳам шубҳаланишар, қандайдир кўнгилсиз воқеа юз берганини сезишарди. Балки Герцни қамаб қўйишгандир. Ҳатто айрим вақтларда Шодмонга Герц деган бола умуман бўлмагандек, ҳамма воқеалар ўз хаёллари маҳсулидек туюларди, ҳатто ҳозир Саидадан Герцни сўраса, у масхара қилиб куладиганга ўхшарди. Шундай пайтларда у Омонни теракзорга судраб қолар, ўша баҳайбат терак атрофида парвона бўлишарди.
Герцнинг сирини билишгандан бери болалар бутунлай ўзгаришган, хаёлпараст бўлиб қолишганди. Улар дарсларда жим ўтиришса ҳам, дарс тинглашмас, уй вазифаларини ҳам бажаришмасди. Ҳар куни дарс тугар-тугамай қаёққадир ғойиб бўлиб қолишарди. Уларга кетмакет қўйилган иккилар ҳам, мажлислар ҳам кор қилмасди. Улар ўзлари учун ўзга дунё кашф этишган, назарларида у ерда ҳамма нарса муҳайё эди. Гўёки, ўша ёққа боргудек бўлсалар, ўзга сайёраликлар уларни икки букилиб, илтифот билан кутиб оладигандек туюларди. Бир чеккаси Герцга ёрдам бериш керак эди. Уни топиш лозим эди. Шодмон «икки»лари учун акасидан калтак еган куни шартта уйдан бош олиб чиқиб кетди. Омонларникига борди. Қараса, у ҳам эшик тагида ўтирган экан. Дадаси ҳайдаб чиқарибди.
Катталар, эҳ катталар.. Булар нима дардда юришибди-ю улар бўлса…
Икковлон биргалашиб, йўл-йўлакай дардлашиб теракзорга қараб кетишди. Ўзларича улардан боплаб қасд оладиган, нималарга қодир эканликларини бир кўрсатиб қўядиган бўлишди. Болалар бир амаллаб ракетанинг ичига кириб олишди. Лекин беҳисоб, мураккаб чизма-ю, асбоблардан кўзлари қамашиб кетди. Омоннинг бошида қаттиқ оғриқ турди. Ракетанинг жуда осон бошқарилишидан бехабар болалар кечгача «пуск» деган тугмачани қидиришганига нима дейсиз?! Ваҳоланки,ҲМ вазифасини ўтовчи телеэкраннинг ўзи тайёр «шпаргалка» эди. Бироқ «шпаргалка» ни ҳам ишлатишни билиш керакда.
Кечқурун аламдан тишни-тишга қўйиб, сувга тушган мушукдек шалвираб уйга қайтиб кетишди.
Eртасига яна «қидирув» ишлари бошланди. Шодмон бошқарув асбобидаги уч тугмачадан бирининг босиб қўйилганига эътибор қилди. Унда Ер шари акс этганди. У гап нимадалигини тушунди-ю, дарров фикрини Омонга айтди. Демак, шу уч мурватдан бири босилса, қайсидир сайёрага боришлари аниқ…

2-ҚИСМ

БИНОМ – МАТЕМАТИКЛАР ЮРТИ. ЎЗГА САЙЁРАДАГИ ҒАРОЙИБ САРГУЗАШТЛАР
Ўзга сайёраликларнинг учиб келгани бутун «Илмус» сайёрасини ҳаяжонлантириб юборди. Бундай оламшумул воқеа ҳар ўн-ўн беш йилда бир такрорланар, бутун сайёрада ҳақиқий байрам бўлиб кетарди. Шундай пайтда уларнинг талаш бўлишини айтмайсизми?! Ҳар бир фан мамлакати ўзга сайёраликлар билан яқиндан танишишни, ўз ютуқлари билан ўртоқлашишни хоҳларди.
Бироқ бу гал ундай бўлмади. Чунки қўшни мамлакат физиклар давлатини Ёвуз малика эгаллаб олганидан бери ҳамма кунни таҳликада ўтказар, мамлакат чегаралари тақатақ беркилганди.
Ёвуз малика жоҳил Тўққизинчининг қизи бўлиб, сайёранинг нариги ярим шарига ҳокимлик қиларди. У жуда жоҳил, қора ниятли аёл эди. Малика бутун сайёра ўз измида бўлишини, барча олимлар унга хизмат қилишини истарди. Отаси болалигидан илм ҳокимият ва тожтахтнинг душмани деб ўгит берар, фан ривожининг зарарли оқибатлари ҳақида кўп гапирарди. Уларни ёмон кўришининг асосий сабаби бу эмасди. Маликанинг назарида фан мамлакатлари уларни қолоқ деб ерга ураётганга, ҳар бир фан ютуғи эса унинг мағлубиятини, ночорлигини тасдиқлаб кўрсатаётганга ўхшарди. Ҳақиқатан, фан мамлакатлари ундан етти баробар қудратли эди. У буни тушунар, шунинг учун доимо хавфда яшарди. Малика агар урушни мен бошламасам, улар менга қарши бошлайдилар, деб ўйларди.
Ниҳоят, ҳокимият, бойликни деб, таҳликада яшаш маликанинг жонига тегди. Катта тайёргарликлардан сўнг у фан мамлакатларига қарши юриш бошлади. Унинг биринчи зарбасига физиклар дуч келишди. У пайтда мам-лакат чегараси умуман қўриқланмасди. Улар уруш деган нарсани, одамлар бир парча ер учун бир-бирларини ўлдиришлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтира олмасдилар. Физиклар қандай жанг қилишни билишмасди.
Зеро, бошланган уруш «Илмус» тарихида биринчиси эди. Шунинг учун шафқатсизлик ва жаҳолат қаршисида илм-у маърифат ҳимоясиз қолди. Ғалабадан сармаст Малика қутуриб кетган, у йиллар, асрлар мобайнида авлодлар юрагида доғ бўлиб келган қасоснинг ҳаммасини физиклардан олди, десак муболаға бўлмас! Ёвуз малика бу халқни ёппасига қириб ташлашга аҳд қилди. Лекин уддасидан чиқолмади. У катталар билан овора бўлиб, болаларни унутганди. Электрод бошлиқ мингга яқин бола Антифизика саҳросига қочиб улгурганди. Бу пайтда улар ўртасида ички кураш кетмоқда эди. Сайёра аҳлининг бутун диққат-эътибори шу жанг тафсилотларига қаратилган, ўзлари ҳам жангга ҳозирланмоқда эдилар.
Истибдод қилинган мамлакат ҳар томондан қаттиқ қўриқлангани учун уларга ёрдам беришнинг сира иложиси бўлмади.
Хуллас, биномликлар (Математика давлати) сайёра томон қандайдир номаълум жисм учиб келаётганини аллақачон пайқашганди. Айниқса, кеманинг пала-партиш бошқарилаётгани аҳолини қаттиқ ташвишлантираётганди.
Мана, номаълум кеманинг улар ерида портлаши ҳам мамлакатда ҳар хил шов-шувга, турли ваҳимали формулаларнинг тарқалишига сабаб бўлди.
Болалар парашутда тушган зонага Куб суворийлар қўриқчи қилиб тайинланди. Улар зонага фақат рухсатномаси бор одам, йўғ-е, фигураларни қўйишар, қолганлар эса худди ёш боладай суворийларни ўраб олиб нуқул саволга тутишарди.
– Қанақа маҳлуқлар экан?
– Маликага тегишли одамлардан эмасмикан?
– Кўринишлари қанақа?
Куб суворийларнинг бири бошидаги антеннасини тўғрилаб қўйди-да, панжарага ёпишиб олиб, шовқин кўтараётган турли хилдаги ҳандасавий шаклларга[1 - Ҳандасавий шакллар (геометрик фигуралар) – Бином аҳолиси] қаради.
– Жим бўларсизларми-йўқми? Қани панжарадан ўн метр нари айрилинглар-чи[2 - Айрилмоқ – биномликлар тилидан ўзбекчага ўгирилганда «сирилмоқ» деган маънони билдиради (муаллиф).], ҳозир марказдан келишлари керак.
Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай баҳайбат, қора рангдаги япалоқ машина дарвоза олдига келиб тўхтади. Унинг ичидан баланд бўйли бир фигура тушиб, Куб суворийга алланималар деди. Шундан кейин панжара дарвоза шарақлаб очилди-да, япалоқ машина ичкарига йўл олди. Машина кўздан ғойиб бўлгач, фигуралар яна дув этиб панжарага ёпирилишди.
Машина муҳофаза чизиғида, яъни ўзга сайёраликлар турган жойдан юз метрча нарига келиб тўхтади. Унинг ичидан қандайдир узун ридо кийиб олган ўн чоғли шакл тушди ва улар турли кўринишдаги асбобларга симларни улаб, ўрната бошлашди.
Чапроққа, чапроққа, – деди пружина сочларига анча оқ оралаб қолган биномлик, – аввал чапдагисини текширамиз!
Лога[3 - Лога – логарифм.] қаёққа кетяпсан, яқинлаша кўрма уларга! Орқангга қайт, – бақирди яна ўша оқ сочли.
Улар телерентген асбобини ҳушсиз ётган Шодмонга йўналтиришди. У кабинада қандай ҳолатда ўтирган бўлса, ҳамон шундай ўтирар, креслоси ён томонга оғиб қолган, боши қуйи эгилган, узун қўллари икки томонда шалпайиб ётарди. Кранда тасвир пайдо бўлиши билан биномликлар Шодмоннинг тана тузилишини қизиқиб томоша қила бошлашди. Бирдан оқ сочли биномликнинг юзлари оқариб кетди. Лекин буни ҳеч кимга сездирмади. Болаларнинг тана тузилиши қаери биландир маликанинг одамларига ўхшаб кетар, уларнинг суратини яқинда марказга борганида кўрганди. Демак, уларни қаттиқ текширувдан ўтказиш керак. Оқ сочли биномлик ўзга сайёраликларни эҳтиёткорлик билан машинага олиб чиқишни буюрди.


– Қолган тиббий текширув ўзимизнинг тажрибахонада Гаос[4 - Тенгламаларни системали ечиш усули, яни бемор аъзоларининг ҳаммасини бир пайтда текшириш йўли.] усули бўйича ўтказилади!
Биномликлар болаларни Тиббий тажрибахонанинг энг шинам хоналаридан бирига жойлаштиришди. Хона юмалоқ шаклда қурилган бўлиб, жуда нафис, яшил аралаш зангори тусга бўялган, одам бўйи келадиган ёйсимон дераза ойнаси ҳам шу рангда эди. Айниқса, ёруғ тушганида хона ўша нафис рангга чолғаниб кетгандай бўларди.
Силиндр шаклидаги, шаффоф моддадан ишланган қувур кароват вазифасини ўтар, унга ингичка-йўғон, турли хил шаклдаги найлар, резина ичаклар уланганди. Силиндр кароватнинг қопқоғи автоматик равишда очиларди.
Хонанинг ўртасига юмшоқ, гулдор гиламча тўшалган, чор-атрофга жисмоний машқлар учун мўлжалланган катта-кичик турниклар, пружинасимон асбоблар ўрнатилганди.
Хона тўри гулзор бўлиб, у ернинг икки чеккасида қаймоқ ранг тухумсимон шаклдаги юмшоқ ўриндиқлар савлат тўкиб турарди.
Биномлик таърифи бўйича бемор Икки икс ҳали ҳам ҳушсиз ётарди. Болаларнинг қўлларидан тортиб, бошларигача ҳар хил симлар билан ўраб ташланган, оғизларига эса иккита шиша най тиқиб қўйилганди. Қўшни хона тиббий ҳисоблаш хонаси бўлиб, чор-атрофи телеэкрандан иборат эди.крандаги ҳар хил ҳисоб ва чизмалардан шундоққина беморлар ҳолатини уқиб олса бўларди.
Биномликларнинг тезкор даволаш усуллари туфайли ерликлар уч кун деганда кўзларини очишди…
* * *
Ўзга сайёраликлар Логага жуда ёқиб қолган эдилар. Лога уларни биздан ҳам ақлли бўлишса керак, деб ўйларди. Ҳар кунгидек бугун ҳам у тиббий тажрибахонага отланди. Лога ўзи юрар сариқ йўлкачадан у ерга олиб борадиган кўк йўлкага чаққонлик билан ўтиб олди.
Тиббий кўрик лабораторияси турли хил ҳандасавий шакллар билан гавжум. Худди ўзга сайёраликлар деразадан мўралаб қоладигандай, иккинчи қаватдаги юмалоқ деразага тикилиб туришибди. Лога ўз йўлида учраган Трапетсия, Паралеллепипед, Конус, Силиндр шаклидаги ҳар хил фигураларни туртиб-суртиб олдинга ўтди. Доим жиддий юрадиган, ҳаммага шубҳа билан қарайдиган Куб суворийга рухсатномасини кўрсатди:
– Йўқ, йўқ, ҳозир бунақа рухсатнома ўтмайди, эскириб қолибди, «а
+ б
», вой-бўў, жуда эски!..
Нимаси эски, мамлакатимизда бу формулани ўзгартирадиган азамат чиқмади-ку, ҳали. Ахир мен журналистман, – жон куйдириб гапирди Лога.
Eски дегандан кейин эски-да, нима қиласан керакмас сонни[5 - Гапни демоқчи (муаллиф)] кўпайтириб.
Лога янги рухсатнома топгунча тоза овора бўлди. Рухсатномани баланд кўтарганча яна фигураларни ёриб олдинга ўтди ва уни Куб суворийга кўрсатди. Ҳамма ҳавас билан Логага қараб турарди.
– Яшасин, бор экансиз-ку, оғайни. Аксиомаларни жуда яхши кўраман-да! Исбот талаб қилмайди, исбот. Шундоқ ҳам ишониш мумкин. Лога норози қиёфада Куб суворийга қаради-ю, индамай ичкарига кириб кетди.
«Нима қилса ҳам кубда, ўзини катта тутади. Миллион хил хоссаси бор. Перпендикуляр томонлар, параллел тўғри чизиқлар, ҳаммаси унда, шунга кеккаяди-да», деб қўйди ичида Лога.
У узун, ойнаванд дахлиздан ўнгга бурилиб, эшикни очди. Лабораторияда ҳеч ким кўринмади. Кейин мажлислар залига ўтди-да, эшикни қия очиб, ичкарига мўралади.
Президиумда мамлакат подшоси Пирамид Тўғричизиқович, Арифметикахоним ва яна бир қанча обрўли кишилар ўтиришар, тиббий аниқлаш тажрибахонаси бошлиғи ўзга сайёраликлар соғлиғи ҳақида маълумот бераётганди.
Лога бўш ўриндиқлардан бирига аста ўтириб олдида, қогоз, қалам олиб, алланималарни қитирлатиб ёза бошлади.
– Ҳозир беморларнинг аҳволи анча яхшиланиб қолди. Яқинда туриб юришга рухсат берамиз. Шунинг учун кейинги муносабатимизни аниқлаб олишимиз керак. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин, Пирамид Тўғричизиқович?
Подшоҳ бошидаги учбурчак тожини тўғрилади-да, салмоқланиб ўрнидан турди ва лавозимига ярашмайдиган майин овозда сўзлай бошлади. Математикларга хос хусусият қисқа ва аниқ сўзлаш. Шунинг учун ҳам Пирамид Тўғричизиқович гапни чўзиб ўтирмади.
– Авваламбор бу икки икснинг шахсини аниқлаш лозим. Нима мақсадда келишган? Балки уларга ёрдам керакдир? Балки улар Ёвуз малика томонидан юборилган айғоқчилардир, – деди-да бир оз жимиб қолди. – Бундай дейишимга асос ҳам бор. Ўзга сайёраликларнинг ташқи кўриниши Маликанинг одамларига ўхшаб кетади. Бунинг устига ракета ҳам физикларники! Хуллас, уларни детектор орқали текшириш керак. Таклифлар бўлса марҳамат. – Подшоҳ гапини тугатди ва жойига бориб ўтирди.
Ҳаммага бу таклиф маъқул тушди. Шу билан мажлис тугади. Лога тиббий аниқлаш лабораторияси бошлиғи билан саломлашди.
– Яна келдингми, нима ишинг бор?
– Ўша гап. Репортаж уюштирмоқчийдим.
– Лога, Лога, ҳайронманда сенга! Логарифмлар авлодидан бўлсанг ҳам мамлакатга тўғри чизиқчалик фойданг тегмайди-я. Кейин ўзимиз ҳам қандай гаплашсак экан, деб бош қотиряпмиз.
– Йўқ, деманг энди, қойилмақом репортаж бўлардида!
– Яқин кунларда текширувдан ўтказишса керак. Кейин бутунлай озод бўлишади. Ўшанда истаганча ахборот алмашаверасан.
Тиббий тажрибахонадан Лога хурсанд бўлиб чиқди, кайфи чоғлигидан ўзиюрар йўлкага ҳам ўтмай, боғ томондаги оддий йўлдан югуриб кетди. Кетаётиб у Траператсияхонимнинг қизи ёқимтойгина Квадратга бехосдан урилиб кетди.
«Вой», деганча Квадрат қизча саккиз шаклидаги кўзларини жавдиратиб унга қаради ва муғомбирона жилмайиб:
– Параллел чизиқлар ҳеч қачон кесишмас эди, шекилли ёки бу кўча қоидасини ёдингиздан чиқардингизми? – деди.
– Йўғ-е, кечирасиз, кўрмабман!
– Ҳечқиси йўқ, – деди Квадрат қиз, У Трапетсия хонимнинг қизи бўлиб, айни чоғда она бетоб ётарди. Бунда Омон билан Шодмоннинг ҳам иштироки бор эди, албатта. Квадрат қиз эса буни биларди!
– Эшитишимга қараганда ўзга сайёраликлар учиб келишган эмиш?
– Ҳа, тўғри, – тасдиқлади Лога хурсанд бўлиб.
– Тиббий лабараторияда даволашяптими, энди?
– Ҳа, ўша ерда, бугун улар тўғрисида мажлиc ҳам бўлди.
– Ўзга сайёраликларни жуда кўргим келяпти, кўришнинг ҳеч иложи борми?


Э, қаёқда, менга зўрға рухсатнома тегди.
– Муҳтарам Лога, мени ҳам олиб кирсангиз бўлмайдими?
– Бўлмайди-да, Куб суворийлар ҳеч кимни йўлатишмаяпти!
Жуда кўргим келаётганди, эссиз! – Квадрат қиз кўзларини узоқ-узоқларга тикканча маъюс тортиб қолди.
– Ҳа, айтгандай, яқинда уларни текширувдан ўтказиб, бутунлай озод қилишар эмиш, ўшанда кўрсангиз ҳам бўлаверади.
– Ростданми?! – қиз қувончдан энтикиб кетди. – Энди мендан кўрасанлар теоремани нотўғри айтишни, – деб қўйди ичида, кейин Логага раҳмат айтиб, йўлида давом этди. Лога ҳам ҳеч нарсадан шубҳаланмай, қизга ёрдам берганидан мамнун уйига жўнади. Ўзга сайёраликларга ҳамманинг қизиқиши табиий-да!

ТЕКШИРУВ
Омон билан Шодмон анча соғайиб қолишган, онда-сонда қўлларидан симларни ечиб, юмалоқ деразадан ташқарига мўралашар, лекин кўзларига ялангликдан бўлак ҳеч нима кўринмасди.
Юракни қисадиган бу сирли хона ва жиҳозлар болаларни тоза ўйлантирар, улар қаердаликларини билолмай баҳслаша-баҳслаша чарчашарди. Кейин ўзларича ўзга сайёраликлар билан бўладиган учрашувни тасаввур қилишар, тотли хаёлларга ғарқ бўлиб кетишарди.
Айрим пайтлар бу туганмас номаълумлик уларни эзиб юборар, кечгача умид билан эшикка тикилиб ётишарди. Қани энди битта-яримтаси қорасини кўрсатса!
Шундай кунларнинг бирида эшик ланг очилди-ю, хонага аллақандай ғалати шакллар кириб келса бўладими?! Шодмон бу ғалати одамларни кўрди-ю, ҳайрат билан уларга тикилганча қотиб қолди.
Уларнинг сочлари жингалак, пружинасимон, кўзлари худди саккиз сонини ётқизиб қўйганга ўхшарди. Ромб шаклидаги оғиз ва бурунлари бир оз бесўнақайроқ бўлса ҳам, юз тузилишларига жуда мос тушган эди. Бундай ғалати одамларни энди кўрган Огион дарров ўзини йўқотиб қўйди, кўзлари ола-кула бўлиб, лаби қийшая бошлади. Дўстидаги ўзгаришни сезган Шодмон уни секин туртиб қўйди. Кейин:
– Ўзингни бос, Омон, – деб шивирлади.
Биномликлар болаларни яхшилаб текширувдан ўтказишди. Кейин узилган симларни кўтариб, ўзларича бир нарсаларни маслаҳатлашиб чиқиб кетишди. Болалар эса улар кетганидан кейин ҳам анчагача чурқ этмай ўтиришди.
Орадан кўп ўтмай хонага Куб суворийлар кириб келди.
– Хуллас калом, муҳтарам шаклчалар, сизни Ҳисоблаш марказига олиб боришимиз керак, кийининглар! – Битта-иккита ўзбекча сўз қўшиб, математика тилида гапирди Куб суворий.
Омон билан Шодмон эса унинг қўлидаги кийимларни кўрибгина кийиниш кераклишни тушунишди, холос.
Улар икки Куб суворий бошчилигида битта-битта қадам ташлаб узун, мармар поллари ойнадек ярқираган даҳлиздан ўтиб, ташқарига чиқишди. Ёруғликка ўрганмаган кўзлари бир пасда лўқиллаб кетса бўладими?! Шодмон дарров юзини кафти билан тўсиб олди. Омон бўлса азбаройи қизиқиш зўрлигидан кўзларини тез-тез ишқалади-да, атрофга назар ташлади.
Зангори осмон, турли хил рангларга бўялган, чиннидай топ-тоза кўча ва осмонўпар муҳташам биноларни кўриб анграйиб қолди.
– Шодмон, қарагин, Шодмон, қарагин, – деб уни туртарди шошиб қолганидан.
Силиндр, паралеллепипед шаклидаги муҳташам би-нолар қатъий аниқлик билан қурилган эди. Бунинг устига уларнинг ҳар бирига геометрик қоида акс эттирилган ўта нозик нақшинкор чизиқлар тортилганди. Кўча ўртасидаги айлана гулзорни айтмайсизми? Гуллар шундай бир текисда ўстирилган эдики, худди биров атайлаб сиркулда чизиб қўйганга ўхшарди. Ўнг томон эса боғ эди. У ерда Омон билан Шодмон умрида кўрмаган мевалар ғарқ пишиб ётар, уларнинг ёқимли иси димоқни қитиқларди. Йўлда, ҳар қадамда турли ҳандасавий формулалар акс эттирилган шиорлар кўзга ташланар, ҳатто фаввора ҳам парабола шаклида эди. Биномликларнинг математик тилда сўзлашишлари худди доскада теоремани исбот қилаётган ўқувчини эслатарди. Шунинг учун қийинчилик билан бўлса-да, болалар уларнинг тилларини тушуна олардилар.
Омон билан Шодмон атрофни томоша қилиб кетишар, айрим нарсаларни бир-бирларига қўллари билан кўрсатишарди. Бироқ шиор-формулалардан ҳеч нарса тушунишмас, ваҳоланки, формулаларнинг шиор қилиб осиб қўйилгани уларга жуда ғалати туюларди.
Иш вақти бўлгани учун кўчада биронта ҳам биномлик кўринмас, онда-сонда ўзиюрар кўк-сариқ йўлкалардан бир-иккита шакл зинғиллаб ўтиб қолар, болалар эса уларни ҳаттоки, яхшилаб кўриб олишга ҳам улгуришмасди.
Тавба, худди кетларидан биров қувлаётгандек, чопишади-я? – деди Омон ҳайрон бўлиб.
Э, Омон, яхшир.оқ қарасанг-чи, йўлканинг ўзи юраяпти, кўрмаяпсанми? – дўстини жеркиди у.
Омон энди диққат билан йўлга назар ташлади. Ҳақиқатан, ҳар хил рангдаги йўлкалар турли томонга қараб ҳаракатланарди.
– Уҳ зўр-ку, Шодмон, мана буни техника деса бўлади, – деб юборди Омон, севинчи ичига сиғмай. Унинг ҳамма нарсага анқаявериши худди сирк томошасига келган болани эслатарди. Кўзлари қисиқ бўлса ҳам чарақлаб очилиб кетади. Тағин «ануни қара» деб қўли билан кўрсатишини айтинг. Шодмон эса «одамни шарманда қиляпсан» дегандай уни туртиб қўяди. Онда-сонда умрида бунақа уйларни кўрмаган, чиройли биноларга қараб, кўзлари тўймаётган бўлса ҳам «Тошкентда ҳам шунақа уйлар бор» деб қўяди керилиб.
Куб суворийлар ҳам болаларга мамлакатлари ёқаётганини сезиб, ўқтин-ўқтин бир-бирларига қараб мамнун жилмайиб қўйишарди.
Суворийлар қуббасимон қилиб ишланган, теваракатрофи гулзор бўлган бинонинг олдига келиб тўхташдида, болаларни юмалоқ эшикдан ичкарига бошлаб киришди.
Бинонинг ичи кенг, ёруғ эди. Бу ерда Омон билан Шодмонга тушунарсиз бўлган аллақандай машиналар кўк-қизил чироқларини ёққанча мусиқага ўхшаш ғалати товуш чиқариб ишларди. Шундай машиналар орасида пирамидасимон, ўрта бўй, бошига тож кийиб олган бир киши қоғозга кўмилиб ўтирарди. Бошидаги тожини айтмаса, бу одам умуман шоҳга ўхшамасди. Шоҳнинг кўзи суворийларга тушди-ю:
– Қўриқчиларимизга математик саломлар бўлсин! – деб ҳар иккиси билан ҳам қўл бериб кўришди.
– Мана, ўртоқ шоҳ ўзингиз айтгандек иккита икс шахсни ҳузурингизга келтирдик.
Омон икс сўзини эшитиб, қаеримиз иксга ўхшар экан, деб у ёқ-бу ёғига қараб олди. Шоҳ Омон билан Шодмонга юм-юмалоқ кўзлари билан узоқ тикилиб турди-да, деди:
– Ундай бўлса, ўртоқ суворий, бу иксларни ечиш керак! Тенгламага қўйиб, – қўшиб қўйди у.
Буйруқ ҳаммадан ҳам болаларни кўрқитиб юборди. Чунки одамни тенгламага қўйиб ечиш мумкинлигини биринчи марта эшитаётган эдилар-да!
Ҳатто Омон оғрирмикан ёки оғримасмикан деган ха-ёлга ҳам борди. Болалар Логага эътибор ҳам қилишмади. Фақат эшикдан чиқаётибгина шу томонга қараб чопиб келаётган новча бўйли йигитни кўришди. Куб суворийлардан бирининг энсаси қотди, иккинчиси «уф» тортиб:


– Яна Лога келаяпти, елимдан баттар, – деб қўйди норози оҳангда. Логанинг юзлари, қўллари оппоқ бўлиб, ҳамма ёғига чизғич излари туширилганди.
– Ерликлар билан суҳбат ўтказиш менга топширилди, иккита икс саволимга жавоб беришсин! – У шошганидан нафас ҳам ростламай гапирди ва ерликларга ўғринча кўз ташлади.
– Мумкин эмас, – деб қовоғини уйди Куб суворий, – ҳозир уларни «тенгламалар» хонасига олиб кетаяпмиз!
«Тенгламалар» хонасини эшитиб, Лога болалар қаттиқ текширувдан ўтказилишини, бу яқин орада улар билан гаплаша олмаслигини тушунди. Кейин «Хайр» деб болаларга бир-бир қараб қўйди-да, ортига қайтди.
Мана ниҳоят, болалар призма шаклида ишланган, кўк бинога етиб келишди. Куб суворийлар уларни кичкина хонага киритиб, баланд силиндр «стул»га ўтқазиб қўйишди. Кейин бош, қўл-оёқларига турли рангдаги симларни улаб, детектор мурватларини бурашди. Детектор инсондаги биотокларга таъсир этиб, иксни ечар ва шу номаълум шахс тўғрисидаги айрим маълумотларни аниқлаб бера оларди.
Шундай қилиб тут-тутлаб детектор ишлай бошлади. Икки суворий бўлса экранда тез-тез ёниб ўчаётган ахборотни зўр қизиқиш билан ўқиб борарди.
Детектор: «Қуйидаги берилган икки номаълум шахс Ер деб аталмиш сайёра одамлари бўлиб, бизнинг йил ҳисобимиз бўйича 2788 йили туғилишган. Иккисининг ҳам ёши тенг. Ҳакимов Омон: тўртбурчак шаклидаги нотекис фигура, бурчаклари ёйсимон шаклда. Узунлиги 160 сантиметр, кенглиги 20 сантиметр, оғирлиги 54 килограмм. Спорт билан шуғулланади. Мия қобиғидаги чизиқларга қараганда билим майдонига ҳеч қандай экин ва гуллар экилмаган, сувсиз чўл бўлиб ётибди. Тафаккур боғлари ҳам йўқ.
Шундай қилиб машина Шодмонни ҳам боплаб таърифлаб берди.
«Улар сайёрамизга нима мақсадда келишган?» дег… (У саволга детектор жавоб бера олмади, қитирлаб тут-тутлади-ю, унинг экранида «Бу менинг вазифамга кирмайди» деган ёзув пайдо бўлди. Икки суворий баҳслаша-баҳслаша ахийри Омон билан Шодмонга Поклик мисолини беришга аҳд қилишди. Бу математиклар еридаги оддий анъаналардан бири, холос. Шу вақтда болаларнинг қай аҳволга тушишганини бир кўрсангиз эди, иккисининг йиғлагудек ҳоли бор. Ёмғирдан қочиб, қорга тутилишганини айтмайсизми?! Биномликлар уларни ҳозирча махбус бўлишгани учун полидан тортиб, шифтигача шахмат тахтачасидек, катак-катак қилиб ишланган ғалати хонага жойлаштиришди.
Бунақа хонани болалар умрларида кўришмагани учун? Оқ-қора катаклардан бошлари айланиб кетди. Боши билан юрадиган одам бўлса, пол билан шифтнинг фарқини билмасди. Шунга қарамай, хона анчагина шинам, сира қамоқхонага ўхшамасди. Шахмат пиёдаси шаклидаги дераза боғ томонга қараган. Хонанинг икки четида кароват, ўртада стол-стул, ручкадан тортиб қоғозгача, хуллас, енг шимариб мисол ечиш учун ақлдан бошқа ҳамма нарса тахт эди.
– Уфф, – деди Омон, – Ҳе, ўргилдим, ўша «Поклик мисолидан»! Бир камим мисол ишлаёлмай, дорга осилишим қолувди, мактабдагиларга айтсанг, ҳаётда ишонишмайди.
– Мен бўлсам бу ерда ҳамма нарса муҳайё, деб ўйлабман-а, хом калла! Бир ёқда қорин очиб кетяпти. Суворийни чақирсанг-чи Омон, ейишга бирон нарса сўра!
* * *
Омон эшикни аста тақиллата бошлади. Ақлли, кўзлари доимо ўйчан боқадиган, зангори кийимдаги суворий ичкарига кирди-ю, «Нима дейсизлар» дегандай Омонга қаради. Омон оғзини очиб, қорнини силаб, овқат егиси келаётганини тушунтирди. Суворий, тушундим, дегандай бош силкиб чиқиб кетди. Бир оздан сўнг патнис тўла мисол-масала олиб кирди. Овқат ўрнида яна мисолларни кўриб Омоннинг лаблари қийшайиб, ранги докадек оқариб кетди. Бундан Шодмоннинг ҳам хафсаласи пир бўлди:
Аввал ишла, кейин тишлайсан, деяпти шекилли. Ҳали булар фақат мисол-масала билан овқатланишса-я, Шодмон! Унда очдан ўлдим, деявер, – саросимага тушиб деди у.
Тоза ваҳима қилдинг-ку, сен ҳам! Унда нега ҳар хил мева дарахтлари экиб қўйишибди, гўзаллик учунми, а?!
Омон патнисдаги мисолларни бир чеккага суриб қўйди-да, поклик мисолини ечишга киришди. У қўшарайирар, жавобини эса иксларнинг ўрнига қўйиб текширар, қанча уринмасин, ҳисоби сира тўғри чиқмасди. Шунда Омон хуноб бўлиб кетар, жаҳл билан мисол ёзилган қоғозларни муштлай бошларди.
Омон бетоқатланиб, «уф» тортганида Шодмон истеҳзо билан тикилганича дўстига ўгит берар, жўрттага жиғига тегарди. Кесатиққа чидолмаган Омон ё Шодмоннинг ёқасига ёпишар, ё бўлмаса, қоғоз билан қаламни итқитиб, «ўзинг ишла бўлмаса!» деб ўтирарди. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Шодмон индамай мисолни қайта ишлай бошлади. Мактабда Саида «Бадиий адабиётда ҳам масала, мисол бўлади», деб юрганини эслади. Ҳаётда ҳам одамнинг яхши-ёмонлигини фарқлаш учун «Поклик формуласига солиб кўриш керак, деганди.
– Бекор айтибсан, унақа формула йўқ, ҳаммасини ўзинг тўқигансан, – дерди Омон.
Саида эса, танаффусда ҳам барчани эътиборини ўзига қаратиб:
– Азиз синфдошлар, яқинда мактабни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўямиз. Ўшанда Нютон биноми балки, эсингиздан чиқар, аммо Поклик формуласини унутмасангиз бахтингизни топасиз, – дерди ва доскага бир нималарни чизиб, тушунтирарди.
Бунга бировнинг энсаси қотар, биров лоқайд оғзини кападек очиб эснар, кимдир балки ачинарди.
Б – бахтли одам, – деб ёзарди у. П – поклик. Д – дангасалик ва ҳоказо.
– Қаранглар! – дерди Саида ва ўзича қандайдир формулани ёзарди:
Б (бахтли одам) = П (поклик).
П (поклик) = А (ақллилик) + С (софдиллик) + К (камтаринлик) + И (инсонпарварлик) + Й (яхшилик).
– Аския экан-да! – деб масхара қилган эди Омон ҳарфлар йиғиндисига ишора қилиб.
Саида бўш келмас. Оҳангдор овозда фикрини давом эттирарди:
– Бу кимгадир аския, кимгадир бахт калити. Шуларни эслаб, Шодмон хотирида қолганича ёзишга уриниб кўрди, аммо айирув қаерда-ю, қўшув қаердалигини эслолмади.
– Омон, олдин қўшармиди ёки айирармиди? – деб сўради Шодмон бир оздан сўнг.
Кетма-кет қилавер, галма-галдан. Менимча, айиришдан аввал кўпайтириш керак. Бизнесда ҳам шундай қоида бор. Айтганча, кеча биз ҳақимизда гапиришди. Математиканинг йўлига тўсқинлик қиладиган фигураларни, яъни бизни, бўлишдаги кераксиз ноллардек қисқартириб ташлаш керак, дейишди.
– Нима? Нима, дейишди?
– Қисқартириб! – қўлини бўйнига қўйиб қўрсатди у.
– Вой-бўў, оғайниларингнинг тилини анча ўрганиб қолибсанми, а?
– Наилож, радиоси ҳар куни қулоғингнинг тагида вариллаб гапиравергандан кейин, хоҳламасанг ҳам миянгга ўрнашиб қоларкан-да! – деди Омон ҳазин товушда. Кейин «Бир оз мазам қочяпти, озгина ухлаб олай», деб кароватга чўзтслди.
Шодмон яна столга мук тушиб, мисол ишлашга киришди. Бирдан у ҳам ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Кўз ўнги қоронғилашиб, боши гир-гир айланди-да, қароват, стол-стул – ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Кейин «гурс» этиб полга йиқилди.

КВАДРАТ ҚИЗНИНГ ФИТНАСИ
Шундай оддий мисолнинг ҳалигача ишланмагани биномликлар орасида турли миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Бир фигура «булар Ёвуз маликанинг айғоқчилари, чўзиб ўтирмай, қатл қилиш керак, мамлакат хавф остида қолган бир пайтда марказдагиларнинг қўл қовуштириб ўтирганига ҳайронман» деса, бошқалар «Афтиддн булар илм-фан тараққий этмаган сайёрадан келишганга ўхшайди» дейишарди. Бироқ, биномликлар орасида Лога сингари, ердан келган болаларнинг ёнини оладиганлар ҳам чиқиб қолди. Улар «Болалар ҳали ёш, шунинг учун кўп нарсага ақллари етмайди, агар ўргатса, биздан ҳам ўзиб кетишлари мумкин», – деб ҳисоблашарди.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/nigina-niez/elektron-bola-evuz-malika-va-biz-69916006/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

notes

1
Ҳандасавий шакллар (геометрик фигуралар) – Бином аҳолиси

2
Айрилмоқ – биномликлар тилидан ўзбекчага ўгирилганда «сирилмоқ» деган маънони билдиради (муаллиф).

3
Лога – логарифм.

4
Тенгламаларни системали ечиш усули, яни бемор аъзоларининг ҳаммасини бир пайтда текшириш йўли.

5
Гапни демоқчи (муаллиф)
Электрон бола  ёвуз малика ва биз Нигина Ниёз
Электрон бола, ёвуз малика ва биз

Нигина Ниёз

Тип: электронная книга

Жанр: Книги о приключениях

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 29.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Sinfingizda ozga sayyoralik bola oqiyotganidan va uning fazoviy kemasi borligidan xabar topsangiz nima qilgan bolardingiz? Ustiga ustak bolani militsionerlar ushlab ketib, kema qarovsiz qolsa-chi? Albatta, kema ichiga kirib, uning murvatlarini burab korardingiz va…Yerlik bilmasvoylar Omon bilan Shodmon xuddi shu alpoz Ilmus sayyorasiga kelib qolishadi. Ammo ozga sayyoradagi hayot ular orzu qilganday bolib chiqmaydi. Patnisda ovqat orniga nuqul misol-masala keltirishadi, ustiga ustak bolalarning "Poklik misoli"ni yecholmay, dorga osilishlariga bir bahya qoladi… Tuf-tufey! Xudo asrasin! Uyogini ozingiz oqib olarsiz…

  • Добавить отзыв