Парвоз ёки интуицияни кодлаш

Парвоз ёки интуицияни кодлаш
Шухрат Суюндик

Шуҳрат Суюндик
Парвоз ёки интуицияни кодлаш

ПАРВОЗ ЗАВҚИ
Ҳаёт мазмунини, мақсадини, ўзлигини излаётган инсонларга бағишланади.

ИНСОНИЙЛИКНИНГ УЧ ХИЛ КЎРИНИШИ
Била олмам, аё ноқобил авқот —
Нечук жонсан, нечук тансан, нечук зот.
    Сўфи Оллоёр
Одамзот моҳиятига қараб уч тоифага бўлинади.
Биринчи тоифа инсонлар. Бу тоифага ер юзидаги одамларнинг тахминан тўқсон етти фоизини киритиш мумкин. Маърифат тили билан айтганда, булар «уруғ» одамлар. Дунёга «уруғ» бўлиб келиб, шундай кетади. Табиатан маълумки, уруғ ўз-ўзидан униб чиқмайди. Дон кўкариши учун унга сув, ҳаво, ўғит ва парвариш керак бўлади.
Мисол тариқасида, пилла қуртини олиб қарайлик: Кичкинагина ипак қурти личинкаси тут дарахти барглари билан озиқланиб, кейинчалик қуртга айланади. Энди у ҳаракатлана олади, яъни ундаги қимирлаш хусусияти том маънода ҳақиқий ҳаётини бошлайди. Ҳаётнинг қонуни шу – тирик жон борки, қимирлайди, тиниб-тинчимайди. Ишбилармон, ижодкор кишилар ҳам шу оддий табиат жонзоти кабидир. Доим ҳаракатда бўлишади. Бироқ ҳаммаям бирдек эмас.
Инерт сўзи фанда «ўлик» деган маънони беради. Буни яна юқорида келтириб ўтганимиз уруғ мисолида кўриб чиқамиз. Уруғ инерт бўлади, қимирламайди. Агар унга сув, озуқа, парвариш берилмаса, «дон»лигича қолиб кетади.
Дунё бўйича одамларнинг 3–5 фоизи табиий, ўзлари интуитив ҳолатда, мустақил равишда камолга етади. Бу уруғнинг майса бўлиб кўкариб чиққани кабидир. Майсадан гулга айланиш эса, инсоннинг комиллик, пиру комиллик сифатларига уйғунлашиб кетади. Бугунги кунда маънавий баркамол инсон тушунчаси давлат сиёсатининг ажралмас бўғинига айланган. Бу тушунчалар беҳуда эмас, бунинг замирида жуда катта ҳикмат бор. «Уруғ» бўлиб қолиб кетма, ҳеч бўлмаса «ниҳолга айлан» деган тушунча ётибди. Азизлар, валийлар, авлиёлар, пайғамбарлар умр бўйи баркамоллик йўлидан олға юришган. Пайғамбарлар ҳаёт моҳиятини яхши тушуниб, Ҳақни англаб, шу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказа оладиган одамлардир. Улар ўзларидан юксак тафаккур боғини қолдирдилар.
Иккинчи тоифадаги одамлар эса, қурт каби ҳаракатчан кишилар. Ҳамиша бир ишнинг бошида бўладилар. Ахир оддийгина ниҳол ҳам ҳали униб-ўсиб чиқиб, кейин мевали дарахтга айланиши керак. Личинка билан пилла қуртининг ўртасида еру осмонча фарқ бўлганидек, қурт билан капалакнинг ўртасида ҳам узоқ масофа бор. Моҳиятига нисбатан олиб қарайдиган бўлсак, капалак бошқа, қурт бошқа. Яъни, капалакка айланадиган қуртлар капалакни кўрса умуман танимайдилар. Чунки улар учун капалаклар ҳозирча умуман бошқа бир мавжудот – қанотли, парвоз қила олишади! «Бир куни келиб сизлар ҳам шундай бўласизлар» дейишса, қуртлар ишонмайди ҳам! «Қандай қилиб учиш мумкин?» дейди. Капалаклардай парвоз қила олиши мумкинлиги қуртга эртакдай, афсонадай бўлиб туюлаверади.
Баъзи инсонларни ҳайвонга менгзашади. Бу фақат зоологик нуқтаи-назардан одамнинг ташқи кўринишини ҳайвонга қиёслаш эмас. Дейлик, қўй «берсанг ейман, урсанг ўламан» деб тураверадиган жонивор. Уларда шахсий фикр йўқ. Қўй фақат семиришни билади, у маънавиятдан, маърифатдан бегона. Шунинг учун қўйлар ўзлари мустақил ҳаёт кечира олмайди. Уларга чўпон керак. Чўпон бўлмаса ё ҳар ёққа тарқаб кетади, ё бўрига ем бўлади. Чўпонга қўйларни бошқариш ниҳоятда осон. Қайси томонга ҳайдаса, ўша тарафга кетади: яйловга бошласа яйловга, жарликка ҳайдаса жарликка. Демак, уларнинг ҳаракати чўпонга боғлиқ!
«Қурт»ларнинг яшаш тарзи эркин ҳаракат қилишида, у ўзига керакли нарсани олади. Ёки уруғ мисолида қарайдиган бўлсак, ундан майса ўсиб чиқади ва бутага айланади. Бута шамолдан таъсирланиб, қимирлайди. Тепа қисми янада қаттиқроқ чайқалади. Уруғ эса қимирламайди, ер остида бир жойда туради. Агар унибўсмаса, охири чириб кетади.
Ҳар бир одам ўзининг устида ишлаши, ўсиши ва «қурт» босқичига тез ўтиши керак. Устоз бор, шогирд бор. Устозларнинг устозини Пири комил дейдилар. Пири комил «капалак» бўлишни кўрсатади, лекин уни уруғлар ва ҳатто қуртлар ҳам дарров тушунишмайди. Чунки уларнинг фикрлари ҳам, қизиқишлари ҳам ўзидан, яъни «уруғ» моҳиятидан келиб чиққани сабаб ҳам тушуна олмайдилар. Лекин пири комилларни кўриб «қурт» «капалак» бўлишни орзу қилади. Юрагининг қаеридадир барибир учиш мумкин экан, парвоз қилиш, комил инсон бўлиш мумкин экан, деган фикр бўлади.
Эътибор беринг, қурт ҳам капалакка айланиши учун қанча ҳаракат қилиши яъни, қанча барглар еб, қанча куч йиғиши керак. Бу ўзинг учун ишла, вужудингни тайёрла, куч йиғ дегани. Оилангни таъминлаш, ўзингни таъминлаш, яхши еб, кийиниб юриш-туриш – буларнинг бари сенинг зиммангда. Бу сен эртага комил инсон бўласан дегани. Аммо бу ҳали моҳият эмас, фақат озуқа, холос.
Бизнинг моҳиятимиз асли «капалак» сингари учиш, аста-секин ўзингизда қанотларни шакллантириш, мустаҳкам ривожлантиришдир. Бунинг учун моддий куч – пул керак. Моддий бойликни эса жисмоний ва интеллектуал салоҳиятни ишлатиб топса бўлади. Шундагина қанот ёзиб, парвоз қилиш мумкин. Инсоннинг мажозий қаноти иккита бўлади. Бири моддий бойликдан, иккинчиси маънавий бойликдан шаклланади. Бунинг учун пайти келганида таваккал қилиб, олдинга ҳаракат қилиши керак. Қурт ҳам капалак бўлиши учун таваккал қилиб битта сакраш қилиши керак. Бўлмаса ҳеч қачон капалакка айлана олмайди. Чунки унинг онги ҳам, англаши ҳам парвозни тасаввур қилолмайди.
Афсуски, дунёдаги тўқсон етти фоиз одам моҳиятан «уруғ»лигича, «личинка»лигича қолиб кетади. Хайриятки, баъзилар ҳаракат қилиб ўзлигини излайди. «Ўзингни англа», деган даъватнинг асл маъноси ҳам шу.
Уруғда мағрурлик, манманлик, зиқналик, ҳасад бўлмайди. Бу нуқсонлар «қурт» босқичида шаклланади. Дон униб чиқди, уни парваришлаб, суғоришни бошладингиз. Эккан уруғингиздан ташқари, табиий равишда бегона ўтлар ҳам пайдо бўлади. Шунга ўхшаб, баъзи кишилар ҳамёни тўлса, босар-тусарини билмай қолади. Яшашдан мақсади нималигини билмайдиган ёки умуман мақсадсиз яшаётган одам фақатгина мол-давлат тўплаш дардида бўлиб қолади. Қачонки киши «уруғ» ва «личинка»ни фақатгина ривожлантириш, «қурт» ва «капалак» босқичига ўтказиш ва энг асосийси парвоз қилиш учун кераклигини билганидан сўнггина мол-дунёга ҳирс қўйишдан ва унга қулликдан озод бўлади. Шундагина киши моддият ягона мақсад эмаслигини, маънан камол топиш кўпроқ муҳимлигини англайди ва унга қизиқиши уйғонади.
«Уруғ»да мол-давлатга ҳирс йўқ, аксинча, зарурат бор! Масалан, битта қўйни отардан ажратиб, бошқа жойга ҳайдашса, ўзини қайтиб подага уради. Чунки уларнинг орасида тинч ва хавфсиз бўлади. Ҳамма соҳаларда масалага юзаки қарашлар учраб турганидек, таълим тизимида ҳам бундай муаммолар йўқ эмас. Кўпинча ўқувчига берилаётган баҳо асосан унинг яхши хотираси ва хулқи учун қўйилади.
– Валижон, 5 карра 5 неччи?
– 25 устоз…
– Раҳмат, ўтир! «5» баҳо.
Ғимир-ғимир қиладиган ўқувчиларга сиртдан қаралганда дарсга қулоқ солмаётганга ўхшайди. Аммо улар ҳаддан ортиқ ҳаракатчан, эътиборли, эркин бўлиб, ҳали унга қараб, ҳали бунга қараб нималар биландир машғул бўлади. Ўқитувчига бу ёқмайди. Нимага? Чунки бу ҳол унга халал беради. Дейлик, фарзандингиз «қурт» бўлишга табиий ҳаракат қиляпти, «питир-питир» қилиб тинмаяпти. Сизга унинг ортидан эрталабдан кечгача юриб, «у ерга тушиб кетма, иссиққа борма, совуққа чиқма, буни ундай қилиш мумкин эмас» дейиш ўрнига осонроғи, «жим ўтир!» деб танбеҳ беришдир. Педагоглар ҳам худди шундай. Бола ҳаракат қилади, сиз попугини пасайтириб қўясиз. У «бўри» бўламан дейди, сиз «қўй» қилиб қўясиз. «Жим ўтир! Фалончининг боласини қара, жуда ювош! Тўполон қилмайди» деб ўз фойдангизга насиҳат қиласиз. Моҳиятан шундай!
Тарбияда мактабнинг роли беқиёс. Муаллиму устозларга қанча раҳмат айтсак, шунча кам. Аммо ўқувчини баҳолашда фақат яхши хотираси ва ҳулқи учун эмас, интеллекти, қобилияти, ижод қирраларини ҳам ҳисобга олиб, кейин баҳолашса, назаримда тўғрироқ бўлади. Мен хулқи қониқарсиз, ашаддий тўполончи болаларни назарда тутаётганим йўқ. Уларни ҳимоя ҳам қилаётганим йўқ. Аксинча, шуларни тарбиялайман, ўқитаман деб «она сути оғзига келган» жонкуяр устозларга ачинаман.
Ҳаётни кузатадиган бўлсак, мактаб ёки институтни «5» фақат аъло баҳо билан битирганларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиб кетолмаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Кўпинча, паст баҳога ўқиганлар яхши жойларда ишлаб кетишади. Чунки у мактабда моҳиятан «ниҳол» бўлиб ўсган ва «қурт»га, яъни етакчига айланган. У инерт эмас, у ривожланган! У фақат дарсда ўтилган тайёр билимларни ўзлаштириб олиб, тўхтаб қолгани йўқ. Ўсишда, давр билан ҳамоҳанг бўлишда давом этяпти. Унда етакчилик, лидерлик қобилияти кучли. Шунинг учун яхши натижаларни қўлга киритяпти. Ўз хусусий ишхонасини очиб, бошқаларни иш билан таъминлаяпти. Давлатга шунақа етакчилар, лидерлар керак. Мамлакатнинг обрўсини, равнақини асосан ўшалар кўтаради. Кўпинча, қўйилган «5» баҳолар, аслида бола хотирасининг устунлигини, ўзганинг буйруғини яхши бажара олишлик қобилиятини билдиради. Бу омил ўқувчининг талантини, унинг етакчилик маҳоратини билдирмайди. Мана сабаби нимада! Аълочилардан кўпинча яхши муовинлар, ўринбосарлар чиқади, раҳбарлар эмас. Буям керак, албатта.
Бизга тарихдан маълумки, Менделеев мактабни «5» баҳога битирмаган. Кимё фанидан зўрға «3» баҳо олган. Уч марта мактабдан ҳайдалган Эйнштейн физикадан, Мирзо Улуғбек фалакиётдан, Ал-Хоразмий (алгебра фани асосчиси) алжабрдан, Абу Али ибн Сино (табобат «ота»си) табобатдан фақат бешга ўқимаган. Буюк инсонларнинг кўплари мактабда ҳам ўқимаганлар.
«Уруғ» даврида бажарувчанлик, бировнинг айтганини қилиш – булар керак. Вақти келиб, у ўз вазифасини бажариб бўлади. Сиз энди «майса»га айланишингиз, ўсишингиз керак. Майсанинг моҳияти умуман бошқа. Уни қаранг, кўм-кўк банди бор, япроқлари бор, барглари бор. Лекин ҳали меваси йўқ. Донни, уруғни ушлаб кўрсангиз, қуп-қуруқ бир нарса. У асли бир имконият. Ҳаёт бу – имконият! Сизга имконият бериляпти. Энди ишбилармонликка, бизнес қилишга, моддий жиҳатдан таъминланишга, «личинка»дан «қурт»га айланишга интилиш керак. «Қурт» қимирлайди, у ёқ-бу ёққа қимирлагани учун ҳам кўп озуқа талаб қилади. Энергия сарфлайди, дунёни англайди. Ҳеч бўлмаса ўз атрофини англаб етади. Қурт личинкага нисбатан узоқроққа бора олади. 10-20 см узоқликка бўлса ҳам, судралиб юра олади.
Кейинги поғонада «капалак» турибди. «Капалак»ка айланиш сиз ўзингизнинг моҳиятингизни тўлалигича очишингиз керак дегани. Бу моддий бойлик, обрў-эътибор, ҳаммаси сизни тўйинтириб, қанотларингизни шакллантириш учун керак, холос. Лекин сиз «Қурт» поғонасида асло қолиб кетманг! Ҳали олдингизда жуда чиройли бир «капалак» бўлиш имконияти турибди. Бу ҳеч нарсага боғланиб қолмай, чалғимасдан, эркин «парвоз» қиладиган комил инсон дегани! Қаранг, личинка ерда турган эди, қурт ерда ўрмалади, капалак эса осмонда парвоз қилади, гулдан-гулга қўниб, уни бор гўзаллиги билан англаб, нектарлардан тўйиниб, ҳидларидан маст бўлиб учиб юради. Қанча жойларга сайр қилиш имконияти бор.
Капалакка энди барг қизиқ эмас. Чунки энди у тут барги билан озиқланадиган ипак қурти эмас. Капалакка гул қизиқ, гўзаллик қизиқ. Уни гулнинг ҳиди қизиқтиради. Нектар унинг энг ажойиб бир таъминот манбаи. У энди фақат вужудини эмас, тафаккурини, қалбини, руҳини ҳам озиқлантиришни ўйлайди. Маърифат ва маънавиятни ўйлайди. Капалакнинг вужудини қаранг, вужуди қанча-ю, қаноти қанча, шунинг учун капалак парвоз қиляпти. Тана жуда оғир бўлса, қаноти кўтара олмаган бўларди.
«Личинка» давридан «қурт»ликка ўтди, «капалак» бўлиш учун учинчи поғонага тайёргарлик, ҳозирлик кўряпти. Бу учинчи тоифа одамлардир. Улар капалакка айланиш учун ёнида «капалак», яъни пири комил керак. Донишманд шогирдини доно қилади, ўқитувчи билимли қилади, устоз ҳунарли қилади. Улар алоҳида одамни «капалак» қилиши амримаҳол. Лекин шуларнинг учаласини ўзида мужассам қилган зот бор, бу – пири комил. Пири комил ўзиям «парвоз» қилади, сизниям «парвоз» қилдира олади, шунинг учун уни пири комил дейишади.
Капалакни кўрганмисиз? Биров унга «тўхта, мана бу томонга уч, тўхта энди буёққа уч» дея олмайди. Унинг ўзи учиб кўрсатади. Парвози давомида «мана шундай учиш керак» деб ҳаммага кўрсатади. «Мана бундай қилинглар, мана бундай англаш йўли билан айланинглар, кейинги босқичга ўтинглар» деб сизни олға ундайди. Сиз агар «қурт» бўлиб ёки «қурт»ларга ҳавас қилиб қолиб кетсангиз, жуда ачинарли ҳолат бўлади. Чунки «парвоз»ингиз умуман бўлмайди. Қанот шаклланди, аммо учишни билмаяпсиз. Қанот шаклланиб бўлгандан кейин ҳам ўзингизга таваккал қилиб битта сакраш қилиш керак. Унгача «парвоз»нинг моҳиятини тушуниш мумкин эмас. Уни бир формула билан ўқитиш, бошқа шунга ўхшаш нарсалар билан тушунтиришнинг иложи йўқ. Унга одамнинг ўзи интилиши керак, ҳаракат билан эришилади. Олдин «қанот»ларини яхшилаб мустаҳкамлаб, кейин кенг очиб юбориш керак. Ана шунда пилла қурти пиллани ёриб чиқиб, капалакка айланиб учиб кетади…
Биринчи босқичда эго (мен) кучли бўлади, шу босқичда эго керак. Чунки у ўзини англашдир. Мен! Ўз «мен»ингизни топа олмасангиз, сиз кимни англайсиз? Шу моҳият жиҳатидан кўпчилик ижодкорлар «капалак»ка яқин. Шоирлар, олимлар, ёзувчилар, бастакорлар, сиёсатчилар, ижод ёки кашфиётчилик билан шуғулланаётганларнинг ҳаммаси «капалак»ка айланган инсонлар. Улар ҳатто онги доирасидан ташқарида ҳам фикрлай оладиган, маълум билимлар томонигагина эмас, номаълум билимлар томонига ҳам ўз фикрларини йўналтира оладиган комил инсонлар тоифасига киради.
Пайғамбарлар эса ҳатто номаълум илмларни маълум томонга йўналтира оладиган ва ғойибдан билим оладиган «боғбонлар»дир. Уларга илоҳий илм берилди. Ўша илоҳий кутубхона, илоҳий билим одамзотга кўп нарсаларни берди. Бу авлодлардан мерос бўлиб қолаётган билимлар, ёзувларда учрамасди. Бу бошқа илм! Номаълум илм. Тирик илм! Бу меҳр-муҳаббатдан яралган илм.
Энди ўша жараённи ўзидан ўтказиб, тўйиниб, китоб ҳолатига келтирганидан кейин бошқалар китобни очади-да, ўқиб олиб, «О… мен етишдим!» дейди. Аслида йўқ… Ҳали етишгани йўқ. Қачонки етишса, яхши ва ёмон у учун яхши ҳам бўлади, ёмон ҳам бўлади. Лекин у бунга боғланмаган ҳолатда эркиндир. Муҳаббат ҳам бўлади, ғазаб ҳам бўлади, иккаласига ҳам боғланмаган ҳолатда эркин бўлади. Бор ҳам бўлади, йўқ ҳам бўлади, икковига ҳам боғланмайди. Шакли ҳам бўлади, моҳияти ҳам бўлади, лекин иккаласининг бир-бирисиз мавжуд бўлиш-бўлмаслигини ҳам англаб туради. Агар сиз «чойнакнинг ичидаги чой афзал, чойнакнинг ўзи керак эмас» десангиз, янглишасиз. Чойнаксиз чойнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Уни кейин пиёлага қуйиш керак, пиёлага қуймасангиз ича олмайсиз. Агар чойнак-пиёла бўлмаса, чой ўз моҳиятини йўқотади. Буларнинг бир-бирисиз мавжуд бўла олмаслигини англаш комиллик аломатидир.
Демак, ўсимлик дунёсидан гулни олиб қарайлик. Кимдир айтади: «Гулни кўряпман, шу бор нарса, шу муҳим!» дейди. Бошқа биров эса «Йўқ, гулнинг ҳиди муҳимроқ, кўриниши эмас» дейди. «Капалак»лар айтади: «Ахир гул бўлмаса, ҳиди ҳам бўлмайди-ку!» Иккаласининг ҳам ҳамма томонини борича қабул қиладиганлар «капалак» моҳиятидаги комил инсонлардир. Мана, нима учун бизга «кичик бизнес» қилиш керак бўлади. Агар «личинка» куч йиғмаса «қурт»га айлана олмайди. У пиллани тешиб, қобиқни ёриб чиқолмайди, кучи етмай қолади. Моддий таъминот шунинг учун керак.
«Парвоз» қилганингиздан кейин сизнинг қадриятларингиз, ҳамма қизиқишларингиз ва ҳаётингиз мазмуни ўзгаради. Сиз моддиятни ҳам, маънавиятни ҳам рад этмайсиз. Моддий дунёсиз маънавий дунё мавжуд бўлолмаслигини, маънавий дунёсиз моддий дунё мавжуд бўлолмаслигини англаб етгансиз. Бу сиз учун оддий ҳолга айланади. Борича қабул қиласиз. Моҳият жиҳатидан «уруғ» одамларга ўхшаган бўлмайсиз. Мана буниси керак, униси керак эмас, деб битта томондан бутунлай воз кечмайсиз. Ана шунда ўзингизни англаган бўласиз. Бу комилликка эришиш дейилади. Шундай одамларни кўриб, «эҳ, қани энди мен ҳам шулар каби бўлсам» дея орзу қилиб, ўзингиз ҳам ҳаракатга тушасиз.
Пилла қурт қанчалик тут барглари билан кўп таъминланса, унда капалакка айланиш имкони шунча юқори бўлади. Вужуди соғ бўлмаса, яхши озиқланмаса қанотлари ўсмайди. Демак, мана шу учта асосий босқичларни англаганингиздан кейин ҳаммаси ўз жойига тушади.
Моддий дунёнинг маънавий дунёсиз мавжуд бўлолмаслигини англаб етганимиздан сўнг уларни ажратмаймиз, бунга зарурат ҳам қолмайди. Ахир қандай қилиб ҳидни гулдан, таъмни таомдан ажратиш мумкин? Бунинг иложи йўқ. Агар сиз «энг асосийси таъм» ёки «энг асосийси таом» десангиз, иккала фикр ҳам нотўғри бўларди. Шу сабабли, оила, маънавият, маърифат, бизнес ва моддий томон, буларнинг ҳаммаси керак. Ҳаммаси яхлит бир дунё дейди пири комиллар. Уларнинг пири комиллиги ҳам мана шунда бўлади.
Интуитив ҳиссиётларимиз «капалак»ларни ҳис қилишимизни, танишимизни ва унга айланишимизни тезлаштиради. Интуитив тасаввур деб тафаккурдан, хотирадан ташқаридаги тасаввурга айтилади. Чунки «қурт» тафаккуридан ташқарида турган «капалак»нинг моҳиятини тасаввур қилишининг сира иложи йўқ. Унинг тасаввури «қурт»лар ҳаётини ўз ичига олади. Улар ўз моҳиятидан чиқа олмайди. Шунинг учун ана шу бир хил хато атрофида айланиб юраверади. Кўп янгиликлар, қонунлар биринчи марта кашф қилинганида, юқорида айтилгандек «уруғ», «дон»ларга бирданига ёқмаслигининг сабаби шу. Нотабиий улар учун! Электроэнергия кашф этилганида ёки канализация ўйлаб топилганида қанча қаршиликлар бўлган. Канализацияни ўйлаб топган одам қаттиқ танқид остига олинган, ҳатто жазоланган. Қадимги ҳиндуларда шундай бир қизиқ одат бор экан. Моҳияти жиҳатидан «қурт» ёки «капалак» кашфиётчи, бирор бир янгилик қилиб, уни ҳаётга татбиқ қилишдан олдин қабила аъзоларига – «уруғ»чаларга кўрсатиш учун жар лабига бораркан. Қаршисида қабила бошлиғи, шаман ва бошқалардан иборат ҳакамлар ҳайъати ўтирар экан. Кашфиётчи уларга янгилигини айтиб, муҳокамага қўйгач, кашфиёт қабул қилинса, тирик қоларкан. «Йўқ!» десалар, жарга бир тепиб туширишар, ўлдириб юборишар экан. Бу тарихда бўлган воқеа. «Личинка»ларнинг қонуни! Агар эътибор қилинса, худди шундай ҳолатлар дунёда ҳозир ҳам кузатиляпти. Янгилик осонликча қабул қилинмайди. Бир одам бир нарсани кашф қилади, лекин уни қабул қилиш атрофдагилар учун қийин.
Жордано Бруно ерни думалоқ, ўз ўқи атрофида айланади деганида, уни тушунмаганлар, катта гулхан қилиб, «Худога қарши чиқяпти гумроҳ, ер думалоқ эмас, нодон, агар шундай бўлса тушиб кетамизку, ер теп-текис» деб кашфиётчини тириклайин ёқиб юборганлар. Ҳеч бўлмаса «қурт» бўлса экан, ҳаракат қилиб, сал атрофини кўрса, «капалак»ни таниса! «Капалак»ни, буюк кашфиётчини ёқиб юборишган.
Ҳозирда биз ернинг юмалоқлигини, радиуси 40 минг км эканлигини, нечта қитъа ва нечта уммон борлигини жуда яхши биламиз. Бу оддий ҳолатга айланиб қолган. Илгариги «личинка»лар даврида «Ер текис. Ерни иккита катта ҳўкиз шохлари билан ушлаб турибди, тагида катта балиқ бор» деган тушунча мавжуд эди. Балиқ ниманинг устида тураркан энди? Бу саволга жавоб йўқ. Тафаккури шу ёққача етганда! Бўлмаса балиқ ҳам бир ниманинг устида туриши керак-ку! Ҳўкиз ҳам шундай. Кейин ўша «Чарчаб кетганида оёғини ундай-бундай қилиб, бўйинларини бўшатиб юборганида ер қимирлайди» деган сафсатага қаттиқ ишонишган. Ҳамма «личинка»лар, ҳамма «уруғ»лар шунга мутлақ ишонган.
Бор-йўғи уч-тўрт аср олдин дунёнинг турли бурчакларида қабул қилинган айрим қонунларни эшитиб, ёқангизга туфлаб, ушлаб қўясиз. Мана масалан, XVII асрда Туркияда қаҳва ичиш тақиқланган. Қонунни бузганлар дарҳол қатл қилинган. Мўғулистонда аёллар кўча-кўйда кўкрак қисмини очиб юришлари лозим бўлган. Буюк Британияда эса қирол сурати акс эттирилган маркани нотўғри ёпиштирган ҳар қандай кимса мамлакат хоини ҳисобланган.
Масалан, инсоннинг уруғдан бунёд бўлишини олиб қарайлик. Икки киши, яъни ота ва она бир-бирини яхши кўриб, бир-бирига кўнгил қўйиб, меҳр-муҳаббат бериб оила қурганида ҳам рамзий маънода, сиз уруғ эдингиз. Жинсий моддият туфайли сиз керакли жойга тушиб, она вужудида ўсиб-униб, она организмидан озиқлангансиз. Сизни она қорнида ўраб турган қобиқ ва суюқлик кўмагида тўққиз ойда инсон шамойилини олиб дунёга келасиз. Табиатнинг ўзи бизни ўқитиб турибди. Кўз илғамас уруғдан чақалоққа айланиб, туғилишнинг ўзиданоқ буни тушуниш мумкин. Бу ёруғ дунёга келганингизда ҳам кўзингиз ёпиқ эди. Лекин сизда қалб кўзи бор эди, ўзингизни онангиз билан худди битта одамдай сезар эдингиз. Кейин киндик кесилади, чунки вақтисоати келди. Киндик билан узоққа боролмайсиз, яъни кимгадир боғланган ҳолда ҳаёт кечира олмайсиз. Аслида киндикни кесмаса ҳам бўлади. Унда фарзанд онадан узоқлашмаган бўлар эди. Энди бизни она билан киндик эмас, меҳр риштаси боғлаб турибди. Уни ҳеч қандай қайчи ҳам кесолмайди. Маънавий меҳр-муҳаббат инсонларни то шу кунгача боғлаб турибди. Ҳатто нариги дунёга кетганида ҳам боғлаб туради. Уни кесиб ҳам, вужуддан суғуриб ҳам олиб бўлмайди. Бу худди Яратган эгамнинг рухсатисиз қалбингизни, руҳингизни ўлим фариштаси олиб кетолмагани кабидир. Жон танани тарк этади, шунда вужуд жасадга айланади ва тупроққа қўйилади.
Кўзингиз ҳали юмуқ гўдаклик даври ортда қолди. Энди сиз аста-секин дунёни таний бошлайсиз. Қуёш, борлиқ, табиат ва бошқалар бу ҳаётнинг неъматларидир. Туғилиш дегани аслида сиз шу маконни тарк этаётганингизни билдиради. Мажозий қилиб айтганда, сиз «ўляпсиз». Она қорнидаги муҳитда тўққиз ой яшаган ҳомилалик даври тугади. Ҳомила ёруғ дунёга трансформация бўлади, яъни туғилади. Дунёга келган гўдак учун она Ер ва табиат она вужудидай гап. Биз ичкаридамизми ёки сиртда, бу унчалик фарқли жиҳат эмас. Она еримиз думалоқ ва биз инсонлар у туфайли тирикмиз, у тортиқ қилган ноз-неъматлар билан озиқланамиз, меҳнат қиламиз, ҳаёт кечирамиз. Киндик бизнинг вужудимизни боғлаб қўйган. Вужудимиз – бу юрувчи материя, ҳаракатлана оладиган тупроқ. Уруғ атрофидаги ҳаракатланувчи тупроқ. Ҳаммаси охир-оқибат тупроққа айланади! Яъни, Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтганидек, «Аслинг билсанг оби гил, яна гилга кетаро». Танамиз у ёқ-бу ёққа юради, ҳаракатланади. Бу уни бошқариб турган руҳ туфайлидир. Бояги кесиш, ўлим фариштаси келади. Руҳ танадан ажралади ва бошқа бир жойдан кейинги босқичга ўтиб кетаверади.
Халқ орасида юрган бир ривоятда шундай дейилади:
«Она қорнидаги эгизаклардан бири иккинчисига савол берибди. Ким ака, ким ука, ҳали билмайдилар. Ким биринчи туғилса, ўша катта.
– Шерик, – дебди бири иккинчисига.
– Ҳа, – дея жавоб қилибди.
– Туғилганимиздан кейин ҳаёт бормикан?
– Э, оғайни, нимасини айтасан, ҳали у ёқдан ҳеч ким қайтиб келгани йўқ, – дермиш».
Биз ҳам бу ерда «ўлимдан кейин ҳаёт бормикан?», «ҳа, у ёқдан ҳали ҳеч ким қайтиб келмаган» деймиз. Аслида, ҳаммамиз ҳам туғилиш ва ўлим эвазига тирик юрибмиз. Ҳам тўғри, ҳам мажозий маънода туғилмаганимизда ва ўлмаганимизда эди, биз умуман «қурт»га, «капалакка» айланолмас эдик. «Уруғ»лигимизча қолиб кетардик.
Табиатдан келиб чиқиб, мана шунинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Шуни кенгроқ, чуқурроқ англаб олсак, ҳаммаси жой-жойига тушади. Пул, моддият нима учун керак? Муҳаббат, маънавият, маърифат нима учун керак? Нима учун сиз туғилгансиз? Сизнинг туғилишингиздан, яралишингиздан мақсад нима? Ҳаммасига жавоб ўзидан-ўзи келиб чиқаверади. Бу бир код, бу моҳиятнинг ўзи! Инсоннинг дунёга келиб яшашдан мақсади, моҳияти шу! «Личинка» «қурт»га, «қурт» «капалак»ка айланиши керак, сўнг парвоз қилиш керак бўлади. Бошқа нарсадан изламанг уни.
Ёнингга келади ва «Устоз, мен нима қилишим кераклигини билмайман, йўл кўрсатинг, илтимос. Сиз мен нима билан шуғуллансам, мақсадга эришишим мумкинлигини биласиз», дейди. Мен айтмоқчиманки, сиз хоҳланг «тут барги енг», хоҳланг «помидор енг», хоҳланг «кўкат енг». Сиз ўсишингиз керак, сизга сув керак, ҳаво керак. Сув шудринг томчисида ҳам бор, булоқда ҳам бор, ариқдаям бор, қордаям бор, ёмғирдаям бор. Демак, ҳар жойда бор. Хоҳлаган тарзда ўзингизга яқин, маъқулини олиб ичасиз. Аслида бу кичик бизнеснинг йўналишлари дегани. Мендан сўрайди «нима иш қилишим керак?». У унчалик муҳим змас. Парвоз муҳим, парвоз! Олтинчи, еттинчи ҳис-туйғулардан ўз манфаати, керак бўлса халқ манфаати учун фойдаланиш, бу «парвоздаги капалак» дегани. Бу туйғулар сизни хавфсиз парвозга тайёрлаб, йўлни ва тўғри манзилни кўрсатиб беради. Ана ундан кейин бемалол қанот ёзиб эркин учаверасиз. Капалакка энди йўл керак эмас. Вертолёт, самолётга асфальт кўча, светафор даркор эмас. Чунки у учиб юрибди. Парвоз – юриш, эмаклаш дегани эмас. Моҳияти жиҳатидан у умуман бошқа нарса! Тинч туриш дегани эмас, қимирлаш бу тинч туришнинг умуман акси, «қурт» дегани бу динамика дегани, ғимирлаш дегани! Ишбилармонлик – бизнес билан шуғулланиб, ҳаммасига улгуриш. Парвоз дегани қимирлаш эмас, судралиш эмас, юриш эмас, ёнбошлаш эмас, ўтириш ҳам эмас, эмаклаш ҳам эмас! Парвозни фақат пири комилда кўриб, англайсиз. «Қурт»нинг қимирлашидан парвознинг моҳиятини у қадар тушуниб бўлмайди. Буни сизга ўша импульслар келганидан кейин англаб етасиз. Импульслар, яъни жисмоний ва ҳис-ҳаяжон импульслари белги берганда, инсон «парвоз қилишим керак» деб туриб, битта сакрайди! Қанотларни чиқариб, учиб кетади. Кетди…
Қушлар ҳам тухум қўяди. Аста-секин ўша тухумнинг ичидаги озиқ моддалари етади, шундан қуш болачалари куч йиғиб олади, вақти келганида эса тумшуғи билан тухумни туртиб, ёриб, палопонлар чиқади. Дастлаб, уларнинг ҳали унчалик кучи ҳам йўқ, қанотидаги тукчалардан бўлак нарсаси йўқ. Оғзини катта қилиб очади, у «уруғ», ҳали «дон». Оғзини катта-катта очганича қушнинг болачалари ота-онаси оғзига солиб кетган пашшаларни, турли ҳашаротларни, чувалчангларни ейишни билади, бошқасига ҳали ожиз. Ҳатто уясидан чиқиб кетолмайди. Ўша ҳолат унга ҳозирча керак, чунки ҳали қанотлари яхши ривожланмаган. Питирлайверса, пастга тушиб кетади. Кейин аста-секин ривожланиб боради, қанотларини учмаса ҳам қоқаверади. Табиатан у шу жараёнга тайёрланяпти. Ота-онаси ҳам кўз ўнгида шу ҳолатни такрорлаяпти.
Париллаб учиб келиб палопонларига емиш бериб, кейин яна қаергадир қанот қоқиб кетяпти. У шу нарсанинг учиш эканлигини билмаса ҳам англайди, ҳаракат қилади. Аслида, ана шу нарса унинг тасаввури, кўриб тургани эса қушларнинг учиши. Ўзини аста парвозга тайёрлаб бораверади. Уни ҳеч ким мактабда ўқитмаяпти. Унга доскага чизиб, қанотингнинг узунлиги шунча, майдони шунча, буни «Х» (икс) деб олайлик, буни «Y» (игрек) деб қарайлик, демаяпти. Квадрат ҳақида тушунтирмаяпти, юқорига вертикал шунча, тўхтаётганда қанотингни мана шунча градусга бурасан деб ўргатаётгани йўқ. Лекин шуни интуитив англаяпти, ҳис қиляпти, сезяпти ва аста-секинлик билан шаклланиб боряпти. Қанотлари яхши шаклланиб бўлганидан кейин учиб кетади. Ҳаётнинг ўзи катта мактаб! Баъзилари эса қаноти бўлса ҳам сакрай олмайди. Қўрқув туфайли ожиз бўлади. У ҳали парвознинг моҳиятини яхши англамади. Парвоз қилиш қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаяпти. Шунинг учун қўрқяпти. Нариги томонда у билмайдиган нарсалар кўринмас девор бўлиб турибди, ана шундан ўтолмаяпти. Ҳали англамаган, номаълумликдан пайдо бўладиган бир қўрқув. Шуни ёриб чиқа олмаяпти. Бунақа пайтда палапонга онаси ёрдамга келади. Ёнига бориб туриб, мана бундай учасан дегандай, қаноти, тумшуғи билан улғайган, қанотлари шаклланган жўжани мажбур итаради, инидан пастга туширади. Палапон қарасаки, қулаяпти! Кейин мажбурликдан қанотларини қоқиб, мослашиб қолган, ўзи учун қулай уясидан тушиб олиб табиий равишда парвоз қилади. Ана шундай сакраш қилиш керак.
Табиий савол туғилиши мумкин. «Нега мана бу пири комилнинг мана бундай мактаби бор, бошқа пири комилнинг ундай мактаби бор, нега дунёда турли техника-технологиялар жуда кўп?» деган турли-туман саволлар.
Чунки «личинка»лар турлича! «Дон»лар ҳар хил! Ҳар бир «уруғ»нинг ўзига хос ривожланиш усули, ўзига яраша техникаси бўлади. Шуни тушунтириш учун, бошқаларга етказиш учун йўналишлар кўпайиб кетган. Аслида эса қалб кўзи очиқ инсонга битта техника етади!

БИРЖА, ВАЛЮТА БИРЖАСИ ҲАҚИДА ФИКРИНГИЗ?
Биржа ва бозор ишларининг барча кўриниши савдо-сотиққа киради. Сиз пул ёки валюта сотасизми, хизмат турини сотасизми, товар сотасизми, интеллектуал маҳсулот сотасизми, умуман нима сотишингиздан қатъи назар, буларнинг ҳаммаси моддиятга киради. Ҳатто интеллектуал меҳнатингиз ҳам, китоб ёки сценарий ёзсангиз ҳам бу моддият ҳисобланади. Чунки сиз уни сотяпсиз. Аслида маънавий нарсани сотишнинг иложи йўқ. Масалан, гулни сота оласиз, ҳидни сотишнинг иложи йўқ. Ҳид ҳам гул билан қўшилиб кетаверади. Таъмни сотишнинг иложи йўқ! Таомни эса сотиш мумкин, тўғрими? Худди шундай, нима сотсангиз ҳам, юқорида биз айтган «личинка»ни тўйинтириш керак. Савдосотиқни кенгайтириб, яхшилаб тўйиниб, баргларни еб тезроқ «қурт»га айланиши керак. Бу «қурт»нинг «капалак»ка айланиш имкониятини тезлаштиради. Унинг ёмон томони йўқ. Бу нотўғри иш бўлмайди.
Дунёда ўзи ҳамма нарса олди-сотди жараёнига ўхшаб кетади. Нафас оламиз, яъни кислород олиб, карбонат ангидрид чиқарамиз, дарахтлар эса карбонат ангидридни ютади. Эвазига кислород ишлаб чиқарадилар. Биз шу важдан тирикмиз. Бу худди тўловни амалга оширгандек гап. Ниманидир эвазига нимадир бериш асли табиатдан олинган бир қонун. Агар тўлов бўлмаганида эди, балки ўзимизга берилган нарсаларнинг қадр-қимматини тушуна олмаган бўлар эдик. Тўловлар турлича – пул билан, нафас билан, умр билан, ҳаракатлар билан тўланадиган шаклда бўлади. Бу муҳим эмас. Шу тўловлар эвазига биз тирик турибмиз. Ҳаммамиз бир-биримизга хизмат қилаётганимиз учун, табиат муқим бир мужассам гармонияда турибди.
Ўзингизни қалтис ишлар билан шуғулланадиган соҳаларга яқинлаштирмасангиз бўлди. Чунки буни қонун қоралайди, тегишли тартибда жазога тортади. Бундай ишларга зинҳор яқинлашманг. Масалан: гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва сотиш, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва сотиш, қиморхона. Бу соҳаларни, ҳайриятки, қонун қаттиқ назоратга олади. Бу иллатлар одамзотни ҳалокатга олиб келади. Инсонларнинг оғирини енгил қиладиган ва унга эзгулик йўлида хизмат қиладиган соҳаларда фаол бўлиш, олға одимлаш керак!

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема. Киши молини ема, Сирот узра тутар-о.
    Аҳмад Яссавий
Хусусий банк очишингиз ҳам мумкин. Чет элдами, шу ердами, қаерда бўлса ҳам. Бу судхўрликка кирмайди. Биринчидан, ҳаммаям банкир бўла олмайди. Катта-катта «қурт»лар, тез қимирлайдиган, қанотлари шаклланиб бўлган, парвозга тайёрланиб турган «капалак»лар орасида ҳам банкирлар бўлади. Булар катта банкирлар. Бу банкирлар «личинка» одамга, «уруғ» одамга ҳеч қачон пул бермайди! Чунки улар «қайтараман, қайтараман…» дегани билан иложсиз кишилардир. Чия – эндигина тухумни ёриб чиққан қушнинг боласи қандай қилиб қайтаради! ? У фақат ейишни билади, унга емиш бермасангиз, очидан ўлади. Шунинг учун у алдашга мажбур… «Бераман, қайтараман» дейди, еяверади. То ўзи ҳаракат қилиб, «қурт»га айланмагунча қайтаролмайди. Унга пул берган банкир эса пул олган одамнинг моҳиятини тушунмаяпти. «Мен унга пул бергандим, қайтармаяпти» деб хафа бўлиб юради. Бу «уруғ»дан, «личинка»дан хафа бўлиб нима қиласиз? У бу нарсаларни ҳали тушуниб етмаган. «Капалак» эса шу босқичлардан, поғоналардан ўтган. Моҳияти жиҳатидан «қурт» бир жойда туролмайдиган фаол, ишбилармон одамларга пул беради ва кези келганда қайтариб олади. Улар мажозий маънода «устларига пилла ўрайди», яъни ортиқча даромад қилади. Ҳам ейди, ҳам орттириб устига пилла ўрайди, қимматбаҳо шойи мато қилади. Ипакни сувга солиб, ивитиб, ажойиб мато яратишади. Бу «қурт»ларнинг бонуси, ортиқча даромади! Ўзидан орттириб яна сизга қайтаради. Бу асли сизга, ўзига, жамиятга қайтараётган даромади.
Қаранг, табиатнинг ўзи катта бир устоз бўлиб турибди бизга! «Дон» униб-ўсиши, майсага айланиши керак, кейин эса буғдой ёки маккажўхори поясига айланади. Шундагина битта уруғдан юзлаб, минглаб дон ҳосил бўлади. Бўлмаса олган пулини қайтара олмайди. Лекин онда-сонда «дон»ларга, «личинка»ларга ҳам ёрдам бериб туради. Шундоқ ёрдам берадики, қарз қилиб кредит бермайди. Агар фоизсиз кредит берсангиз ҳам, улар қайтаролмайди.
Сабаби, иложсиздирлар! Униб-ўсмаса, ривожланмаса, шаклланмаса, ўзини англаб етмаса қандай қилиб қайтарсин? Уни қайтаришнинг иложи йўқ. Шунинг учун алдаб юраверади. Оқибатда сиз уни ҳам алдамчи қилиб қўясиз, ҳам қийнаб қўясиз, ҳам ўзингизга зарар келтирасиз. Агар шуни тушунмасангиз, бутун умр «дон»дан хафа бўлиб юраверасиз.
Шунинг учун бундай тоифа одамларга сиз банкир бўлмасангизда, агар имкониятингиз бўлса, «қурт» бўлсангиз, ёрдам беринг. Яъни, берган нарсангизни эсингиздан чиқариб юборинг. Чунки у барибир бера олмайди. Тўй-маъракасига, бирон бир маросимига моддий томондан ёрдам керак бўлганида, қўлингиздан келганича қарашишингиз мумкин. Моддий томондан ёрдам беролмасангиз, ҳеч бўлмаса бошқа хизматларингиз билан ёрдам беринг. Агар бизнес қилиш учун маълум бир суммада пул сўраган бўлса, унга пул беришнинг кераги йўқ. Бу судхўрликка кириши мумкин. «Личинка» оғир кунларини ўтказиши керак. Қўшниси «қурт», лекин чала «қурт». «Капалак» бўлишни орзу қилмаган, «капалак»ни кўрмаган, эшитмаган «қурт». «Мен капалакман» деб юрган «қурт» у! Ҳали ривожланиш босқичида кетяпти, унинг нафақат пири комили, ҳатто устози ҳам йўқ. Устоз йўқ унга. У «мен шаклланиб бўлдим», деган кўр «қурт». Чунки у ночорларга пул беради-да, «Мана сенга 1000 сўм, менга бир ойдан кейин 1500 сўм қилиб қайтарасан», дейди. Бу энг ёмон судхўрлик бўлади.
Лекин ўша «қурт» босқичидаги ишбилармонлар «Мен Пилла ўрашим керак, дастгоҳ ўрнатяпман, иш ўрни очяпман, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш билан шуғулланяпман, ёрдам бериб тура оласанми?» деб сўраганида, «Майли, мана сенга пул, фалон миқдорда фоиз берасан, маълум бир муддатгача ол», дейди. Бу ёрдам бўлади. Савоб бўлади. Бу судхўрликка кирмайди. Чунки шунинг орқасидан бу «пилла» ўраяпти, ортиқча даромадини бошқаларга беряпти. Ҳам ўзи фойда кўради, ҳам давлатга нафи тегади.

ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ
Ўн саккиз минг олам дейилганда, фақатгина ўзга сайёраликлар яшайдиган бошқа планеталар тушунилмайди. Масалан, сув ости жонзотлари битта олам, қурт-қумурсқалар, ҳашаротлар яна бир олам, одамлар дунёси, ҳайвонлар дунёси кабилар бор. Улар ҳам турларга бўлинади. Вирус, микроблар ҳам бир олам, ўсимликлар бир олам, мана шу «олам»лар ўн саккиз мингта деган тушунчани беради. Биз инсонлар фақат эндигина бир неча мингтасини кашф қилдик, холос. Ҳали буларнинг ҳаммаси бор бўйича турибди. Бунинг тагида гап кўп. Агар «капалак» одам бўладиган бўлса, парвоз қиладиган одам бўлса, комил инсон бўладиган бўлса, бу жуда катта кашфиётларга йўлланма дегани. Мана шу бир оғиз сўз! Мисол учун микроскоп кашф қилинди ва биз микробларни, вирусларни катталаштириш ёрдамида кўзимиз билан кўра бошладик. Бўлмаса буни оддий кўз билан кўришнинг иложи йўқ. Бу билан яна бир олам кашф қилинди. Мана шунга ўхшаган кашфиётлар ҳали яна кашф қилинаверади.
Билсангиз, ўн саккиз минг оламнинг ҳали инсонларга номаълум жиҳатлари кўп. Баъзида батискафда океаннинг тагига тушиб, «ия, янги бир номаълум сувости ҳайвонни кўриб қолдик, бу ҳали фанда аниқланмаган жонзот, биринчи марта учратишимиз», деб қолишади. Ҳали ҳам ўша битта олам – сув ости оламининг янги қирраси очиляпти. Аммо бу ҳали бошқа бир олам очилди дегани эмас. Масалан, сув ости ўсимликлари ҳам яхлит бир олам. Унинг ҳам янги бир турини кашф қилсак, хурсанд бўлиб кетамиз.
Менимча, ҳали ўн саккиз минг оламдан ярминиям очганимиз йўқ. Бир неча ўнлаб, юзлаб кўринишларини очган бўлишимиз мумкин. Аммо ҳали бир неча мингтасига етганимиз йўқ. Ҳозирча ўзимиз яшаб турган сайёрадаги янги оламларни очиб бўлайлик, кейинчалик бизнинг галактикамиздан ташқаридаги галактикалардан ҳаётни қидирсак ва топсак не ажаб.

ОДАМ НАСЛИНИ ДАВОМ ЭТТИРУВЧИ ГЕНОФОНДЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛГАН?
Ҳар қандай ёзув бизнинг тушунчамиздаги генофонд, аммо ҳақиқий эмас. Ҳақиқий генофонд бу – руҳ. Руҳни вужуд пайдо бўлмасидан олдин Оллоҳ яратиб қўйган.
Кўпчилик олимларнинг тушунчасидаги генофонд бу – шаклу шамойил, сирт, қобиқ тўплами. Улар буюм коллекционерларига ўхшашади. Ҳамма руҳ ҳақиқий генофонд бир ёшда бўлади. Неварангиз ҳам ёши кичкина бўлгани билан маълум бир вақтга етгач, ўзини катталардай тута бошлайди. Сиз «ия, ақли кириб қолибди-ку!» деб ҳайрон қоласиз. Руҳнинг ёши бир. Қалб шаклланади, ривожланади. Руҳнинг ёши бирдай туради ва у ҳам мустаҳкамланади. Туғилиш ёши ҳаммада бир хил, руҳ эса ўз навбатини кутиб туради. Сабабчи қилиб ота-онанинг оила қуришини келтириш мумкин. Ҳадисларда ёзилишича, ҳомила вужудига тўрт ойдан кейин руҳ киритилади. Вужудга кирган руҳ уруғга имконият беради. Қаранг, руҳ бўлгандаям макони «уруғ», «дон», «личинка»! У ҳали кейинги йўлларни, босқичларни босиб ўтиши керак. Моҳият инсоннинг чиройли кийиниб, атир-упа сепиб юргани билан ўлчанмайди. Чунки у ўзини англамаяпти. Фақат ейиш бор, ҳаракат йўқ. Олиш бору, бермоқ йўқ. Шундай бўлиши ҳам керак, «дон»нинг ўсиб-униши учун у фақат ейиши, олиши керак. У ўзи хоҳласаям бошқаларга ҳеч нима беролмайди. Донни экиб, «Қани энди, дон, мен сени экдим. Энди менга яна битта дон бер», десангиз берадими? Йўқ! У ўсиб-униб чиқиб, бир арпапоягами ё пистагами айланади. Ўзингиз ўйланг, битта кунгабоқарда қанча кўп писта доначалари бўлади? Энди у натижа берди. Бу унинг кейинги босқичларга ўтганини билдиради.
Генофонд ташкил қилишга кўп давлатлар уриниб кўришган. Хусусан, Америка, Германия, собиқ Иттифоқда махфий дастурлар қабул қилинган. Улар ўзларича пайванд қилиш йўли билан инсониятнинг олий навини олмоқчи бўлишган. Яқинда ўта махфий бир дастурни ойнаи жаҳондан кўриб, даҳшатдан ёқамни ушладим. Иттифоқ даврда олимлар терминаторлар яратишга муваффақ бўлишибди. Қудратли, енгилмас армия яратиш учун аскарларнинг қўл, оёқ суякларини олиб, ўрнига титандан ишланган скелетлар ўрнатишди. Олдинига улар қўллари, оёқлари билан ғишт, тош, ҳатто металл буюмларни ҳам уриб қийшайтириб юборишди. Ҳатто уларнинг бош миясидаги оғриқни сезиш зонасини махсус стерженлар билан «блокировка» қилиб, ишдан чиқаришди. Бундай аскарлар ўзларини ўтга-чўққа бемалол уришяпти. Қўрқув, оғриқ деган тушунчани ҳис қилишмас экан. Кўрсатувнинг давоми бундан-да даҳшатли. Дунёдан ўтиб кетган буюк шахсларнинг, яъни олим, бастакор, ёзувчи, ҳатто мўмиёланган етакчи жасадининг бош чаноғи олиниб, миясини текширишиб, уни бўлакларга бўлиб, даҳоликка тааллуқли жойини топдилар. Ундан озгинасини олиб, бошқа одамларнинг миясига пайванд қилиб кўришди. Аммо бу тажриба ижобий натижа бермади. Даҳолик пайванд қилинган одамларда, титан скелети ўрнатилган аскарларда даҳшатли хуружлар ва кома ҳолатига тушишлар бошланди. Шундан сўнг тажриба дарҳол тўхтатилди.
Тажрибани олиб борган хирург эса кексайган чоғида паркинсон хасталигига чалинди. Унинг ўзи бу воқеага шундай деб изоҳ берди: «Бу Яратганнинг ишига аралашганим, унинг яратганларини аслидан ўзгартиришга уринганим учун жазо бўлса керак».
Демак, шуни айтиш жоизки, ташқаридан инсонни ўзгартириб бўлмайди. Одам ўзи интилиб, фақат ўз меҳнати билангина комилликка эришиши мумкин: Руҳияти теран комил инсонларгина инсониятнинг ҳақиқий генофондини ташкил қилади.

ИНДИГО АУРАСИ – МОВИЙ РАНГ БОЛАЛАР
Болаларда туғилишдан сўнг тарбия босқичлари ўзгармайди. Лекин аста-секин «уруғлик» даври қисқариб боради. Бунга нима сабаб бўлиши мумкин?
Бизнинг олаётган тажрибаларимиз шуни кўрсатадики, қанчалик кўп «капалак»лар осмонда парвоз қилса, шунчалик кўп маълумотлар кейинги авлодга ўтади. Уларнинг биринчи босқичдан иккинчи босқичга трансформация қилиниши, айланиши, ўзгариши осонроқ бўлади. Шуни биз оддий тил билан айтганда индиго, вундеркинд, яъни иқтидорли болалар деймиз! Улар жуда тез компьютерга сингиб кетадилар, технологияларни яхши ўзлаштириб оладилар. Агар сиз ҳам ҳозирги даврда туғилганингизда ёки сиз туғилган пайтда шу маълумотлар, шу технологиялар бўлганида эди, сиз ҳам худди шундай бўлар эдингиз. Демоқчимизки, гап болаларда эмас, гап даврнинг ўзгаришида. Чунки илгариги вақтда компьютер бўлмаган, компьютер деган сўзнинг моҳиятини бировга тушунтириш мушкул бўлган. У замонда битта компьютер бутун бошли битта хонани эгаллаган. Бу маълумотларни ҳозирги замондаги кишилар тасаввур қилишлари жуда қийин. Оддийгина ҳисоблаш машинасининг биринчи нусхаси битта катга хонага жо бўлган. Кейингилари телевизор катталигида бўлган. Биринчи чиққан компьютер ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Эндиликда бу технологиялар фаннинг илгарилаши сабабли, кафт катталигида бўлиб, чўнтагингизга бемалол жойлашяпти. Техника, технология илдам ривожланиб боряпти. Мана шу илмлар бизга ота-онадан, кутубхоналардан, бошқа информацион майдонлардан ўтади.
Яна 50-100 йилдан кейин туғиладиган келажак болалари янада фаоллашиб, жуда тез ривожланадилар. Бунинг бир қийин томони ҳам бор. Агар шундай давом этаверса, фақат моддий тарафлама ёки фақат онг билан дунёни англаш бир томонламаликка олиб келиши мумкин. Агар икки томонлама тараққий этадиган давр келиб, инсонлар баркамолликка эришса, ўша иккита йўл, яъни моддий ва маънавий йўл бориб-бориб қўшилиб кетади. Ана шу даврда ривожланиш жуда тезлашади. Алоҳида бўлганида ҳам баъзи қийинчиликлар бўлади. Барибир болалардаги моҳият ўзгармайди.
Болалар ўзи ким? Улар тез ўзгарувчан, тез қабул қилувчан, ишонувчан ва қалби пок бўлишади. «Бу тўғри, бу нотўғри» деб ажратмайдилар. Болалик комилликдир. Пири комилни болага ўхшатишади. Чунки бола доим фаол яшайди, чаққон илғаб олади. Фақат сўз бирикмаларидан, сўз йиғимидан ҳосил бўлган гаплар билан дунёни тасаввур қилмай, ўзининг юраги билан яшайди. Бола дунёни юрак билан қабул қилади. Пири комил ҳам дунёни фақат тафаккур билан эмас, кўнгил кўзи билан кўради. Мантиқ ҳукмронлигидаги тафаккур кўзи билан қабул қилишга ҳам қарши эмас. Аммо юрак билан қабул қилишга ҳам қарши эмас. Буларнинг бирини иккинчисиз қабул қилиб бўлмаслигини пири комил билади. Яъни, гулгаям қарши эмас, ҳидгаям! Икковигаям рози. Пири комил бошқа ўзи кабиларни ҳам рад қилмайди. Улар бир-бирини худди ҳаракатланувчи ҳаёт, ҳаракатланувчи меҳр, ҳаракатдаги муҳаббат сингари қабул қиладилар. Чунки ҳаммаси «парвоз»га интилади. Меҳр-муҳаббат осмонидаги чиройли, эркин, буюк «парвоз»га. Улар бир-бирларини сўзсиз тушунишади. Улар беҳуда гапирмайди, кўп сўзламайди, бировни ғийбат қилмайди. Оиласига, маҳалласига, жамиятга фойдаси тегадиган ишлар билан машғул бўлишади.

КИМГА ВА НИМА УЧУН ПУЛ, ТОВАР БЕРИЛАДИ?
Бундай савол асосан, кичик бизнесни энди бошлаганларда туғилади. Агар сизга бирон бир одам ўзининг маҳсулотини насияга берса, сотиб шундан фойдаланинг деса, бу сизга берилаётган бир имконият. Фақат масаланинг бошқа, яна бир жиҳати бор. Товар насияга олинди, энди уни сотиш, фойда кўриш ва эгасига пулини қайтариш керак. «Мана менинг маҳсулотим, сиз уни сотинг, пулини ишлаб топганингизда берарсиз…» дейди ҳар қандай одам, Товарини олганингиздан кейин эса темир дафтарини кўрсатади. Бу худди ҳалиги поездда юрсангиз олдингизга бир неча хил журналми, овқатми қўйиб, «танлайверинг, мен кейин келаман» деб кетади. Қизғанчиқ, зиқна одам бўлганида дарров пулини талаб қилган бўларди. Одамда шуни сотиб олиш ихтиёри туғилмайди. Лекин сизга нарсасини насияга ташлаб кетса, сизда ҳайрат, онг остида фикр кетади. Ҳеч ким йўқлигида секин ўзингизга келиб, ташлаб кетилган товарга қизиқиб қоласиз.
«Бунисини олсаммикан, унисини олсаммикан» дея қизиқиб, сотиб олиш истаги кучаяди. Аслида сизнинг дўстингиз, дугонангиз сиз билан «ўйин» қиляпти. Эсингизда бўлсин, товарни олиб ишлатиб бўлганингиздан кейин ҳисоб-китобни, яъни ҳалиги темир дафтарини пешонангизга шартта олиб келиб қўяди. Керак бўлса ёпиштириб қўяди. «Тўла» дейди. Бу моддий дунёнинг қонуни! У айёрлик билан ўз молини сизга ўтказиб, энди тезда пулини талаб қиляпти. Бошида сизга ёрдам беришни мақсад қилиб олгандай кўриниб, энди бошингизни кўринмас сиртмоққа солаяпти. Бир куни сиртмоқнинг ипини секин тортади. Шунда қийин аҳволга тушиб қолган бўласиз. Чунки сиз аллақачон у берган маблағни ишлатиб юборгансиз. Шунинг учун бундай одамлар билан муомала қилганингизда берган ёрдамини тийин-тийинигача қайтариб берганингиз яхши.
Бизга маълумки, немислар жуда интизомли халқ. Шу сабабли, улар ҳар қандай маҳсулотни сифатли ишлаб чиқарадилар (русларда «немецкая качества» деган ибора ҳам бор). Қарз берган одам сиздаги пул маълум бир миқдорга, яъни берилган насия миқдорига етганидан кейин олдингизга боради. Чунки ўзи берган товар миқдоридан ошиб кетса, сиз тўламай қўйишингиздан қўрқади. Ундан кам бўлса, олдингизга харажат қилиб боришигаям арзимаслигини билади. Ҳозирча сизда қайтариш имконияти бор экан, буни тезроқ амалга оширганингиз маъқул. Мабодо пулини ишлатиб юбориб, қарз бўлиб қолсангиз, унда сизнинг ёқангиздан олади.
Кунлардан бир куни Насриддин Афанди йўлда кетаётиб, лой жойда оёғи тойиб кетибди. Кўлмакка энди йиқилиб тушай деганида, бир одам қўлидан ушлаб қолибди. Шунда Афанди ҳалиги одамга:
– Э, раҳмат оғайни! Агар сиз бўлмаганингизда ҳозир мен мана шу лойқа кўлмакка шалоп этиб йиқилардим. Ўзи тўйга кетаётган эдим, уст-бошим расво бўларди, орқага қайтиш керак бўларди, сизга раҳмат-ей, – дебди.
Ана ундан кейин ҳалиги одам Афандини ҳар жойда кўрганида:
– Ассалому алайкум, – деб салом бераркан.
– Ваалайкум ассалом.
– Эсингдами, ҳўв ўшанда кўлмакда-а…
– Ҳа, албатта эсимда. Раҳмат, раҳмат! Ҳақиқатан, агар сиз бўлмаганингизда мен йиқилиб тушардим, устим расво бўларди, – дебди.
Шундай қилиб ҳалиги одам Афандини ҳар кўрганида айтиб эслатаверибди, эслатаверибди… Ҳар кўрганида:
– Эсингдами, йиқилиб тушаётганингда ушлаб қолувдим, сал қолганди-я! – дермиш.
Афанди ҳам уни бир эшитибди, икки эшитибди, ўн эшитибди, ахийри жонидан тўйибди. Кунлардан бир куни ўша одамни яна худди шу кўлмак ёнида учратибди.
– Ассалому алайкум.
– Ваалайкум ассалом.
– Эсингдами, ҳўв ўшанда кўлмакда-а… – деб энди гап бошлаган экан, Афанди ўзини шалоп этиб кўлмакка ташлабди. Айланиб, юмалаб, думалаб, кийимини лой қилибди.
– Ана энди ҳисоб тенглашдими!? Ҳозир онангни учқўрғондан кўрсатаман, – деб ҳамроҳига ташланибди. Уни қутқариб қолган ўша одамнинг ўтакаси ёрилиб, жуфтакни ростлаб қолибди ва бундан кейин Афандининг кўзига сира кўринмабди.
Бу бир ривоят. Лекин туб маъноси аслида жуда кучли. Насриддин Афанди пири комил бўлган, лекин у «қурт»лар тушунадиган, «личинка»лар тушунадиган тилда гапирган. Агар ўзининг тилида, «капалак» тилида гапирса, кўпчилик тушунмаган бўлар эди. Юқоридаги ривоятдаги одам Афандини қарз қилиб қўйди. Энди ўша қилган ёрдамининг қайтишини кутяпти. Бояги одам ҳам сизга ўз товарини бериб, «Мана олинг, олаверинг, пулини топганингизда берарсиз» деганидай гап бу. Латифа қаҳрамонидан унинг фарқи йўқ. Моҳиятан иккови битта нарса.
Шунинг учун одам, аввало фақат ўзига ишониши керак, бегонага эмас. Ўзингизга ишонч билан йўл бошланг, дўстингизга таваккал қилиб эмас. Бунга ҳаққингиз ҳам йўқ. Ўзингизнинг имкониятингизга, пулингизга, шароитингизга, қобилиятингизга, интуициянгизга, туйғуларингизга таянинг. Нима қиласиз бировга таваккал қилиб? Агар у сизга чинданам ёрдам берган бўлса ва берган қарзидан кечиб юборган тақдиридаям, пулини қайтариб беринг! Шунда унинг ишончини ҳам оқлайсиз, ҳам хотиржам бўласиз. Бировнинг пулини, товарини одам унчалик қадрламайди. Дарров ишлатиб юборади. Чўнтагингизга қачон кириб, қачон чиққанини билмай қоласиз. Унга ишлатилади, бунга ишлатилади, хуллас сарфланиб кетади. Ўтники ўтга, сувники сувга кетади. Насия берган одам ҳам бир кун келиб, пулини сўрайди. Демак, насияга олинган товар ҳам аслида қарзнинг бир туридир.

ШАХСИЙ БИЗНЕСНИ БОШЛАГАНДА ЧЕТДАН БЕРИЛАДИГАН КЎМАКНИНГ ОҚИБАТИ
Ота-она доимо биринчи галда фарзандининг бекаму кўст ўсишини хоҳлайди. «Чия»ни тўйдираман дейди. Сиз энди «чия» эмассиз. «Палапон»га, «учирма»га, кейин тўлиқ «қуш»га айланишингиз керак. Энди ўз ўрнингизни топишингиз зарур. Ота-онанинг қолдирган меросини қадрлаш учун ҳам ўзингиз ишлашингиз зарур.
Табиатда шундай қушлар борки, улар ўзлари ин қурмайдилар. Пойлаб юриб бошқа бир инга келади-да, тухум қўйиб, учиб кетади. Эътибор беринг?! Инига қайтиб келган бошқа қушда эса оналик инстинкти уйғониб, ўша тухумни ўзиники деб ўйлайди. Ўз боласи қаторида боқаверади. Лекин ўша бегона палапон фавқулодда тез ўса бошлайди. Чунки унинг тухум насли катта қушники-да! Бора-бора бегона тухумдан очиб чиққан палапон қарасаки, қорни тўймаяпти. Бечора она қушнинг ҳақиқий чияларини ҳатто индан тушириб юборади ва бир ўзи қолади. Кейинчалик у она қушдан ҳам икки баравар катта бўлиб кетади. Каттайиб кетган чияни ёнғоқдай қуш боқяпти. Озуқа учун оғзини очганида бечора она қушнинг ярми кириб кетяпти. Бу шумтака қушни какку дейишади. Бориб-бориб шу даражага етадики, чиянинг патлари, қанотлари чиқиб бўлганидан кейин, боқувчисини пайт пойлаб туриб, учиб келганида бир ямлаб ютиб юборади. Ота-она шунақа, «ямлаб ютилишини» билса ҳам фарзандларини боқаверади. Табиат томонидан уларга шундай бир сифат берилган. Ота-она ўзининг вазифасини ўтаб бўлганидан кейин ҳам фарзандига қарашаман деяверади. Тўғри, бу сиз учун яхши бўлиши мумкин. Буни қадрлаш лозим, аммо шунга боғланиб қолиш керак эмас. Аксинча бўлган такдирда сиз ҳеч қачон, нафақат «капалак», балки «қурт»га ҳам айлана олмайсиз! Сиз моҳиятингизни ўзгартиришингиз керак. Олувчи эмас, берувчи бўлинг! «Дон»лик даврини тугатиб, «ўсимлик» моҳиятига ўтинг! Ривожланинг!
Мен ҳам бизнесни илк бор бошлаган давримда ота-она ёрдамига суянганман, рўзгоримга қарашиб туришарди. Бир кун шундай дедим: «Энди мен мустақил шахс сифатида шаклландим. Яқинда институтни битираман, иш бошлайман, уйланаман, бунда албатта сизларнинг маслаҳатларингизга таянаман, келин танлаш ихтиёрингизда, аммо тўйимга меҳмон сифатида келасизлар, сизлардан никоҳ маросими учун ҳеч бир моддий кўмак олмайман». Агар олсам ҳалиям ўша «чия»лигимча қолиб кетган бўламан. Тайёрига ўрганиб, ишламай қўяман. Ундай бўлган тақдирда, сизлар менга ёрдам эмас, балки халақит берган бўлиб қоласизлар», дедим.
Уларга тўғри тушунтира олдим ва бундан буёғига ўзимни ўзим эплаб кетдим. Агар бетўхтов ёрдам олаверсам, ишламай қўйган бўлар эдим. Қорни тўқ одам ҳаракат қилгиси келмаганидек, унда ҳеч қачон кейинги босқичга ўтиш бўлмайди. Бу масаланинг бир томони. Яна бир жиҳати шундаки, ота-она кўмаги оилавий бизнесга кирмайди. Бунда улар сизга беғараз ёрдам беришади, фоиз сўраб пул кредити бераётгани йўқ, сизга ёрдам беряпти. Сиз бу ёрдамга суяниб қолмаслигингиз керак. Мустақил қарор қабул қила оладиган поғонага кўтарилишингиз керак.
«Дон» мустақил равишда қарор қабул қилолмайди. «Ўсимлик» ёки «қурт» поғонасидаги одам мустақил қарорини қабул қилади. Ана шундай қила олиш керак. Мустақил фикрлашингиз, ўз ҳаётингиз учун жавобгарликни бўйнингизга олишингиз керак. Бунга ота-оналар жавобгар бўлолмайди. Оддий халқ тили билан айтганда, «уларниям боғлаб бермаган». Ҳаммамиз ҳам бу дунёга меҳмонмиз! Бошқа томондан ёндошадиган бўлсак, яна бир хавфли жиҳатни эсда тутиш зарур. Юқорида айтиб ўтганимиздай, фарзанд тарбиялаш даврлари турлича. Биринчи давр гўдакнинг беш ёшгача бўлган «пошшо»лик пайтидир. Подшоҳларга қилинадиган муомалада бўлиш даври.
Гўдакликдан болаликкача – бу пошшога бўлган муносабатдан аста вазирга бўлган муносабатга ўтиш давридир. Сабаби, уларни мустақил ҳаётга, «парвоз» га тайёрлаш керак. Бўлмаса ҳаётининг мазмуни фақат кимдандир олиш бўлиб қолади «Уруғ»лигича қолиб кетади, «личинка» бўлиб!
Ундан кейин болаликдан ўсмирликка ўтиш даври келади. Вазирга бўлган муносабатни дўстга бўлган муносабатга ўзгартириш керак. Ўсмирликдан кейинги даврда эса, дўстга бўлган муносабатдан бегонага бўлган муносабатга айлантириб бориш керак. Бегонани текширасан, кўр-кўрона ишонмайсан. Фарзандга бу даврда худди шундай кўз билан қараш керак. Бу билан сиз болангизни бегонадай кўринг, дейилмаяпти. Жавобгарлик ҳиссига ўргатиш учун моҳиятан айтиляпти. «Сен ҳадеб болангга бераверма, у энди «чия» эмас! Аста-секин уни мустақил ҳаётга тайёрла, қанотларини мустаҳкамла!», деяпти. Қушга қанот нимага берилган? Учиб, майда-чуйда топиб еб қорнини тўйғазади. Қорин тўйдиришдан мақсад нима? Учишга қувват тўплаш. Булар бирбирининг ўрнини тўлдириб кетяпти.
Агар киши фарзандига доимо пошшога, вазирга бўлган муносабатда бўлса, «учиш» не даркор? «Учиш»нинг нима кераги бор, деган фикр туғилади. Кераксиз босқичга айланиб қолади. Бу билан сиз табиат қонунини бузган бўласиз, мажозан айтганда қанотлари қирқилади. Ёшликнинг навқирон давридан то умрининг охиригача бегонага бўлган муносабатни «қул»га бўлган муносабатга айлантиринг, дейиляпти. Бу дегани қулдай эзиб, хўрлаб ишлатиш дегани эмас. Асли ҳаммамиз ҳам Яратувчининг қулимиз. Шундай бўлса-да, Яратган эгамнинг раҳмдиллигини қаранг! Аксарият ота-оналар ҳам жуда раҳмдил. Майли, болангни яхши кўр, лекин энди «қул»га бўлган муносабатга ўтиш керак. Қул фақат ишлайди, қул беради. Қул олмайди!
Инсонларга юклатилган қатор вазифалар бор. Бу оила қуриш, фарзанд кўриш, фарзанд кўргандан кейин уларни боқиш, кийинтириш, едириб-ичириш, тарбиялаш, оёққа турғазиб илм бериш, вояга етганидан кейин уларнинг ҳам оила қуришига қўлидан келганича кўмаклашиш бурчидир. Шундан кейингина ота-онанинг асосий вазифаси тугайди.
Энди фарзанднинг ота-она олдидаги асосий бурчи, вазифаси бошланади. Шунинг учун мажозий маънода «қул» дейиляпти. Энди фарзандингиз сизнинг ҳолингиздан хабар олиши керак, энди сизнинг ёшингиз ўтди. Сиз энди аста-секин «қурт» давридан «капалак» даврига ўтдингиз. Бундан буёғига фарзандларингиз сизга хизмат қилиши керак, сизнинг дуоингизни олиши керак. Сизга қул бўлиши лозим. Пошшо демаяпмиз, чунки у фақат ҳурмат, тавозе талаб қилади. Агар сиз болангизга пошшолардай муносабат қилаверсангиз, бора-бора куч-қувватингиз камайиб кетаверади. Кўзингиздан нур кетади. Сиз энди унга илгаригидай ёрдам қилолмайсиз. Кейин эса фарзандингизга ёқмай қолишингиз, ортиқчалик қилиб қолишингиз мумкин. Энди ё сиз унинг ҳаётидан чиқасиз, ё унинг ўзи кетади. Чунки у «пошшо»лик ёки «вазир»лик даврида қолиб кетган. Кейинги даврларга ўтмаган.
Бунга фарзанд эмас, ота-онанинг ўзи айбдор. Шунинг учун жазосини тортяпти. Ҳамма экканини ўради. Сўзимизнинг бошида сиз буткул ота-онангизгамас, ўзингизга таваккал қилинг, деган эдик. Шундагина сиз ҳақиқий етакчи, бизнесмен феъл-атворига эга бўласиз. Сизнинг ғалабангиз ҳам, мағлубиятингиз ҳам шахсан ўзингизники бўлиши керак.
Болалигимда отам кўп айтар эдилар: «Ўғлим, биз олдинги замонда вазият тақозоси билан битта ертўлада учта оила яшаганмиз». Пардалар тутиб қўйишарканда, яшайверишаркан. Қаерга боради? Уй қаёқда, алоҳида квартира қаёқда? Ҳозиргидай шароит қайда дейсиз? Қийин кун кўрсангиз, сизда жавобгарлик ҳисси уйғонади, ота-онангиз пешона тери билан топганининг қадрига етасиз. Мисқоллаб топиб, йиғиб қурилган оилавий бизнесни давом эттириб, янада ривожлантириб, кейинги авлодга, яъни фарзандларингизга эсон-омон топшира оласиз.

ХАФАГАРЧИЛИКЛАРДАН, ДИЛХИРАЛИКЛАРДАН, ҒАЗАБДАН ҚАНДАЙ ҚУТУЛИШ МУМКИН?
Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш, бу энг осон иш. Ёмонлик кўрганда жим туриш, сабр қилиш эса қийинроқ. Лекин ёмонликка яхшилик қилиш энг қийинидир.
Бу жумлаларнинг тагида катта маъно бор. Болалигимда бирор нарсадан хафа бўлсам, раҳматли бобом қуйидаги гапларни доим айтардилар: «Қалбда хафагарчилик тўпланиб-тўпланиб, кейин Қайғуга айланиб қолади. Йиғилибйиғилиб, ҳазм бўлмай туриб қолади. Қайғу босганидан кейин бу ердан муҳаббатни қидирманг, бу ердан меҳрни тополмайсиз, бу ердан жаннатни тополмайсиз, бу ердан шайтонни топасиз, бу ердан дўзахни топасиз. Жаннат билан дўзах қаерлардадир, олисларда тургани йўқ! Бу энг аввало, инсоннинг қалбидадир. Ҳар синовга тайёрланиб бораверганимиз яхши бўлади, лекин қалбдан қайғуларни, хафагарчиликларни, норозиликларни кетказиб поклашимиз керак».

Оёқ остида қолдим дема вой, Ахир чинни коса бўлур тепки еган лой. Агар берсанг жазо, қодир Худосан, Агар авф айласанг, сан Подишосан.
    Сўфи Оллоёр
Оллоҳ одам қиёфасидаги оппоқ соқол қўйган мўйсафид эмас. Бизнинг онгимиз, тафаккуримиз уни тасаввур қилишга ожиз! Уни тасвирлашга тил ожиз! Уммоннинг моҳиятини бир томчи сув акс эттиради, деганларидек ана шу бир томчи сувни сезишимиз керак. Бутун борлиқни ҳис қилиш учун ўзингни англашинг кифоя дейилади. Кечиримлилик, кечира олишни ўзига жо қилиш шунга биринчи қадам бўлади.
Агар қалбда қайғу бўлиб турса, олтинчи туйғуни сезмайсиз. Ҳақиқат ёки ёлғонни ажратолмайсиз. Бунга қайғу халақит беради. Кераксиз ҳис-ҳаяжонни юзага келтиради. Сиз яшаш ўрнига қасд олишни ёки хафа қилган одамни бир поғона пастга уришни хоҳлаб, ўзингизга ўзингиз қози бўлиб қоласиз. Бунинг кераги йўқ! Нима қиласиз ўзингизга ўзингиз ҳукм чиқариб? Ўзингизга озор берганга баъзан ёмон ният қиласиз, ҳатто қарғайсиз. Балога гирифтор бўлишини хоҳлайсиз. Бу билан аслида сиз ўзингиздаги дўзахнинг чегарасини кенгайтиряпсиз. Қалбингизда дўзахни олиб юрибсиз. Уни жаннатга айлантириш учун кечиримли бўлиш керак. Бандаси кечира олмайдиган нарсанинг ўзи йўқ! Эсингизда бўлсин, сизнинг назарингиздаги энг ифлос, энг ярамас, энг ёмон бўлиб кўринган одамниям Оллоҳ яратган!

ИНСОН – БУЮЖ МЎЪЖИЗА!
Шоиру ёзувчилар трагедия, комедия, фантастик романлар, муҳаббат достонлари, шеъру ғазаллар ёзадилар. Бу жанрлар бири бошқасидан фарқланади. Ҳаммаси бир хил бўлиши шарт эмас. Аммо уларнинг бари бир нарсага – эзгуликка хизмат қилади. Ёмонни кўриб яхши бўласиз, «чинни коса»га айланасиз. Шунинг учун комилликка эришган азиз инсонларда хафа бўлиш туйғуси йўқ. Шундай экан, сиз нега хафа бўласиз? Ҳеч қачон «уруғ» «уруғ»дан, инсон инсондан хафа бўлиши жоиз эмас. Шуни тушуниб, ҳазм қилиб юборинг, қалбингизни покланг! Кечириш учун ўша ҳолатни, ўша вақт, замонни, ўтмишда бўлган воқеани эслаб, шу одамни олдингизга хаёлан яқинлашишига рухсат бериб, унинг сиздан кечирим сўраётганини тасаввур қилинг. Кейин сиз «кечирдим», деб фақат тил билан эмас, дилингиздан ўтказишингиз лозим. Ана шу ҳақиқий маънода кечириш бўлади. Қалбингиз пок бўлади.
Коинотдаги вақт ҳисобига кўра инсон умри бир сониялик чақмоқ чақиб тугашидай гап. «Беш кунлик дунё» деб қўйишибди. Шу беш кунни дардни қалбимиз билан олиб юраверсак, қайғу билан ўтиб кетади ҳаётимиз. Ҳар қандай ҳолатда ўзингизни кечиринг. Бунинг бошқа иложи, йўли йўқ. Кечириш оддий ҳолатга айланиши керак. Эндиликда руҳшунослар, педагоглар, фалсафашунослар, ёзувчилар «уруғ»ларни йиғиб, қандай қилиб кечиришни ўргата бошладилар. Китоб ёза бошладилар. Амалий руҳшунос деб аталувчи мутахассислик пайдо бўлди. Экспертлар пайдо бўла бошлади. Буни биз бир драмага, ҳатто трагедияга айлантириб юборяпмиз. Аслида мураккаблаштириш керак эмас. Бунга амалий психологлар ҳам шарт эмас. Аммо бизда бора-бора ҳазм қилиш, кечириш хусусияти, қобилияти сусайиб кетяпти. Чунки бизнинг қалбимиз қотиб, тошга айлана бошлади, бемеҳр бўла бошладик. Шу сабабли, унча-мунча гаплар таъсир қилмайдиган бўлиб қолди. Махсус дарс ўтиш керак бўлиб қолди. Шу даражага етдик. Бунинг ўзи асли кечириб бўлмайдиган ҳолат-ку?!
Ҳақиқат нима? Ҳаётни тушунмай, ўз моҳиятини англамай туриб, қандай қилиб ҳақиқатни англаш мумкин? Дейлик, ҳаётингиз бир кино, қўлингизда плёнка турибди, плёнкада бир эпизодни кўриб хулоса чиқаряпсиз, иккинчи плёнкани кўряпсиз… уни бир кўришда аниқлашнинг иложи борми? Йўқ-ку! Бу бир кадр. Масалан, бир воқеа ёки эпизод, фрагмент, жараён бошланди. Бу сизга ёқмаяпти, дарров хулоса чиқаришга ошиқасиз. Ана шу энг катта хатоликдир! Кино энди бошланяпти. «Бош ролда фалончи ўйнайди, пистончи ўйнайди» деб ёзиляпти. Сиз бўлса, кино ҳақида шошиб хулоса чиқариб бўлдингиз. «Яхши кино экан», «ёмон кино экан», «тарбияни бузмайдими?», «ранги тиниқ эмас экан», «сифати ёмон экан», «актёрлик маҳорати ундай экан», «бундай кийинган экан», «ҳаёт тарзи бундай экан» ва ҳоказолар деб хулосалаб бўлдингиз. Тасдиқлаб, муҳр ҳам босдингиз! Ҳаётга ана шундай ёндошиш, аста-секин одамни тушунмовчиликка ва хафагарчиликка олиб келади. Сиз олдин кинони охиригача кўринг, ўша воқеанинг бекорга бўлмаётганини англанг, шу орқали сизга бир нарсалар ишора қилиняпти. Ўсишингиз кераклигига имо қилиб, ривожланишингизни ва камчилигингизни кўрсатишяпти. Агар ундан кейин ҳаётингизда ўшандай одамлар, воқеалар сизга дуч келмаса, демак, сиз «дарс»дан тўғри хулоса чиқариб, сабоқ олган бўласиз. Эсингизда бўлсин, воқеалар тугаб, муайян бир вақт ўтганидан кейин англаганларингиз ва шунинг натижасидаги ҳолатларни таҳлил қилиб бўлганингиздан кейинги умумий хулосангиз ҳам нисбийдир. Агар сизга «сен юз йилдан кейин ўласан» дейишса, тўлиқ хулоса чиқаришга ҳали 99 йил, 364 кун, 23 соату 59 дақиқаю 59 сония бор. У ҳам тўлиқ эмас, нисбий бўлади. Ҳар бир одамдан, ҳар бир ҳодисадан, ҳар бир хафагарчиликдан, ҳар бир учраган одамдан, ҳар бир дўстдан, ҳар бир «душмандан», ҳар битта нарсадан тўғри, ҳақиқатга яқин хулоса чиқариш мумкин. Униям мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш амримаҳол. Афсуски, буни кўпчилик билмайди. Шундай пайтда инсонга сабр туйғуси ёрдамга келади. Бунинг моҳияти айнан шунда. Сабрсиз, шукрсиз одам уни тушунмайди. Борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилиш инсоннинг гўзал фазилатларидан саналади. Бу худди сувга отилган тошчадай бир одамнинг «қўзғалиши»га, ривожланишга сабаб бўлади.
Менинг олдимга келиб, мени мақтаб, гуллар бериб кетганлардан на фойда ва на зарар бор. Иложи бўлса, ундайларга эътибор бермаслик керак. Чунки вақтингизни бекорга йўқотасиз, бекорчи мақтовлар билан кучсизланмайсиз. Пири комиллар мақтовга муҳтож эмас, улар эркин кишилар. Бундайларни том маънода комил инсон дейишади. «Уруғ»ларга эса мақтов ҳам керак, «тўқмоқ» ҳам керак. Бўлмаса ривожланмайди. Сув ҳам керак, гўнг ҳам керак. Кетмон билан уриб ерни юмшатяпсиз, бегона ўтлардан тозалаяпсиз. Бу жараён ўсимлик учун ҳақорат, сўкишга киради. Қарсиллатиб ураяпсиз-ку! Сал чуқурроқ чопсангиз томирини кесиб юборасиз. Буни панд-насиҳат дейишади, лекин буни кўпчилик тушунмайди. Қуйидаги ривоят бунга яққол мисол бўла олади:
Камбағал бир чолнинг ҳамма, ҳаттоки подшолар ҳавас қиладиган айғир оти бор экан.
Катта-катта султонлар келиб от учун сандиқ-сандиқ тиллаю жавоҳирларни таклиф қилишаркан. Эгаси ҳеч сотишга рози бўлмас эмиш. Ҳамма «Эҳ нодон, қашшоқликдан қутулардинг, сотсанг ўласанми?!» дебди.
Кунлардан бир куни эрталаб туриб қарашса, қозиқдаги от йўқ эмиш. Ўзи кетиб қолганми ё биров ўғирлаганми, ҳеч ким билмайди. Шунда ҳамма устидан кулиб:
– Эй нодон! Бир парча нонга зорсану, ўшанда сандиқ-сандиқ жавоҳирларга алмашмаган отинг мана энди йўқ. Худо бир берувди сенга! Шу отингни сотиб, умрингнинг охиригача роҳатда ўтиб кетсанг бўлмасмиди? – дебдилар.
Бунга жавобан чол:
– Бунинг асл моҳиятини биз ҳали билмаймиз, – деб жавоб берибди.
– Сен дунёдаги энг тезчопар, салкам учадиган отингни йўқотдинг! Бу фалокат, моҳият деганинг нимаси? – дебдилар.
– Мен ҳали бу воқеадан хулоса чиқарганим йўқ? – дебди чол. Атрофдагилар буни тушунишмабди. «Дон»лар, «уруғ»лар, «личинка»лар тушунмабди.
Кейин билишса, от ўрмонга қочиб кетган экан. Бу от айғир бўлгани, отларнинг пошшоси, султони бўлгани учун, ёнига энг зўр, ўзига муносиб байталларнинг ўн иккитасини эргаштириб олиб келибди.
– Эй, сен асли тўғри айтган экансан. Биз ҳаммамиз нодон эканмиз. Биз сени тушунмаган эканмиз. Эҳ, аттанг! Сен асли ҳақиқий донишманд экансан! – дебдилар.
Чол бўлса яна:
– Тўхтанглар, бу воқеа ҳали тугамади. Буям бир кўриниш! Ҳозир бизга ёққани билан асл моҳиятини тушунмаяпмиз. Бу кейинроқ аён бўлади, – дебди.
Мўйсафидни яна тушунмабдилар:
– Илгари отинг битта бўлса, энди ўн учта бўлди. Буларнинг ҳар бирига бир сандиқдан жавоҳир олсанг, ўн уч сандиқ бўлади. Ана шу бойликлар кўзингни ёғ бостириб, боғлаб қўйибди. Миянг ишламаяпти, – деб чолни койиб беришибди.
Мўйсафиднинг ёлғизгина ўғли бор экан. Ўша йигит ёввойи байталларни аста-секин одамга ўргата бошлабди. Бу отлар озод, асов экан. Йигит отлардан бирини миниб, қўлга ўргатаётганида қаршиликка учраб йиқилиб, оёғи синибди. Яна қишлоқдошлари:
– Эй, сен ҳақиқатан тўғри айтган экансан. Сенинг кўзингни ёғ босмаган экан, қайтанга олдинни кўра билган экансан. Бу отлар фалокат келтирди. Яккаю ёлғиз фарзандинг чўлоқ, ногирон бўлиб қолди, – дебдилар.
Чол бунга жавобан:
– Хулоса чиқаришга шошилманглар, буям ҳали ҳаммаси эмас. Сабр қилайлик, синган оёқ ҳам бир кун битар, – дебди. Яна ҳамма уни тушунмабди:
– Қанақа отасан? Сенинг юрагинг тош экан, яккаю ёлғиз фарзандинг, биттаю битта ўглинг йиқилиб, оёғини синдириб, ногирон бўлиб қолсаю, сен бўлсанг, бунинг ҳали моҳиятини билмаймиз, шошманглар дейсан-а, – деб койиб кетибдилар.
Бироз вақтдан кейин ўша ерларда уруш бошланибди. Ҳамма соғ-саломат йигитларни урушга, жангга олиб кетишибди. Чолнинг ўғли оёғи синиб тўшакда ётиб қолгани сабаб уйида қолибди. Энди қишлоқдагилар яна йигитга ҳавас қила бошлашибди ва чолга:
– Эй, сен ҳақиқатан ҳам узоқни кўра биладиган авлиё экансан! Қара, ўғлинг чўлоқ бўлса ҳам тирик! Энди бизнинг фарзандларимиз урушдан тирик қайтадими-йўқми, буни Худо билади. Уруш ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ бирдай ёнади. Сен ҳақиқий бахтли ота экансан, – дебдилар.
Муйсафид бўлса яна:
– Шошманглар, буям ҳали ҳаммаси эмас! Ҳали мен бу фарзандимдан эртага қандай яхшилик, меҳр-оқибат кўраман. Жамиятга қанақа фойдаси тегади, ҳали номаълум, – дебди.
Бу ривоятни кўп давом эттириш мумкин. Лекин ҳукм чиқаришга ошиқмаслик керак. «Уруғ»лар ўзининг хатосидан ҳам тўғри хулоса чиқара олмайди. Ҳаммаям тўғри хулоса чиқаришга қодир эмас. Чунки ҳар доим бир хил хатони такрорлайверишади, моҳиятини кўролмайди. Моҳият ўзида турганини билмайди. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. «Уруғ»ларнинг умри доим ҳасса йўқотиш билан ўтиб кетади. Баъзан ҳаётда турли сабаблар билан ажралишлар бўлиб туради. Албатта, ўлим бундан мустасно. Кейин бахтли оила қураман деб, иккинчи марта оила қуради. Хатодан тўғри хулоса чиқарганлари бахтли бўлиб кетади. Баъзилари яна ажрашади. Энди иккинчи марта хато қиляпти. Барибир ўшанданам тўғри хулоса чиқармаяпти. Чунки у ўзининг моҳиятини ўзгартирмади. Яна излаб-излаб, мингтанинг ичидан худди шундай одамни, ўзининг «тенги»ни, «муносиби»ни топиб учинчи марта турмуш қуради.
Бундайларнинг асл моҳияти – жанжал қилиш, жанжал қилишдан роҳатланиш бўлади. Бояги ўз-ўзини қийнаш (мазохист), бировни қийнаш (садомазахизм) уларнинг феъл-атворида бор. Лекин шуни ўзи тан олгиси келмайди. Бўлмаса яхши эркаклар камми? Аёлини гулдай қилиб, бошида кўтариб юрадиган эркаклар озми? Йўқ, уларнинг кўзи ундайларни кўрмайди! «Уруғ» фақат ўзига ўхшаган «уруғ»ни яхши танийди. Сабзи уруғи бошқа сабзи уруғларини мингта бегона уруғларнинг ичидан жуда тез таниб олади. Унга буғдой дони керакмас, маккажўхори дони ҳам керак эмас. Унга айнан ўзига ўхшаган «яхши» уруғ керак. «Қурт»лар ўзининг қилган хатосидан, «йўқотган ҳассаси»дан тўғри хулоса чиқариб, ўзгаришга ҳаракат қилади. «Капалак»лар эса нафақат ўзининг, бошқаларнинг ҳам хатосидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини тўғри йўлга бошлаб кетаверади. У тўғри хулоса чиқариш учун хато қилиш керак эмаслигини англаб етган! «Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил» деган иборанинг моҳияти шунда. Бу иборани минг марта эшитган бўлса ҳам, асл мағзига етиб бормаган. Кечиримлилик шундай пайдо бўлади.
Агар буни биз пири комил сифатида яна таърифлайдиган бўлсак, асли юқоридаги ривоятдаги мўйсафид рамзида дунёни кенг англаш, уни яхлит, бутунроқ, тўлароқ қабул қилиш ҳақида гап кетяпти. Пири комил тимсолида донишмандлик очиляпти. Унинг энг қимматбаҳо «от»и қадрли бўляпти. Уни ҳеч қандай бойликка алмашиб бўлмайди. Чунки унинг қийматига етадиган бойлик йўқ. Ички моҳият унинг энг катта бебаҳо гавҳаридир. Подшолар отни сотиб оламиз деб келишди. Унинг отини ўзлариники қилиш учун пул таклиф қилишди. Аслида пири комилга келиб таълим олиб шогирд тушиш ўрнига, пул билан келишяпти. Яъни, мантиқан ва моддий жиҳатдан дунёни бир тарафлама англашга уриниш, моддий бойликлар билан айирбошлашга уриниш бўляпти. Уни сотиб олиб бўлмаслигини тушунишмайди. «От ўрмонга қочиб кетибди» дейиляпти. У «капалак» бўлиб учди, ҳақиқатни англади, комилликка эришди. У ўрмонларда учиб, мазза қилиб чопиб юрди. Бу эса, у «капалак»ка айланди дегани. «Атрофида байталлар йиғилди» деяпти. Урғочи отлар – бу ташна қалб рамзи. Қалб моҳияти жиҳатидан аёл! Руҳ моҳияти жиҳатидан эркак! Яъни, ташна қалблар, очиқ юраклар, учишга тайёр қанотли мавжудотлар, атрофига шогирддар йиғилди, деган маънони англатяпти.
Шогирд, издошлар унчалик ҳам кўп бўлмайди. Исо пайғамбарда ўн иккита, Муҳаммад с.а.в. пайғамбаримизда эса бор-йўғи тўртта, яъни чорёрлар. Нимага юзта ё мингта эмас? Чунки қалб кўзи очиқ ҳақиқий шогирддар бармоқ билан санарли бўлади. Айғир от шуларни эргаштириб келди деяпти. Буни энди кўпчилик ҳар хил талқин қилади. Бири ўзининг мақсадида мурид қилиб олиши мумкин. Аммо асл мақсад бу эмас. Мўйсафиднинг биттаю битта ўғли шу байталларни аста-секин ҳаётга тайёрлай бошлади. Бу энди руҳ ишга тушди дегани. Руҳият, маънавият, уларнинг ҳар бирини қалб даражасидан руҳ даражасига олиб чиқиш керак. Уни тайёрлаш керак. Шундагина қалб ҳам ривожланади, шаклланади, ўзгаради, моҳиятан руҳдан пастроқда туради. У ҳали руҳият даражасига чиқиши керак. Ҳақни англаш учун, ҳақиқатга етиш учун унга руҳ керак. Шундагина ҳар тарафлама етилган шогирд оиласига, қариндош-уруғига, Ватанига сидқидилдан хизмат қила оладиган даражага эришади. Битта кичкина ривоятдан шунча ибратли хулосалар чиқариш мумкин. Ҳар ким ўзига керагини олаверади.
Умар Хайёмни ўқиган «уруғ» моҳиятидаги одамлдар, унинг ёзганларини бутунлай тескари талқин қилишган. Аёллар, қизлар, майхўрлик, кабоб, боғ, гуллар… бошдан охир маишат! Еб-ичиб, ўйнаб-кулиш ҳақида ёзган деб хулоса қилишади. «Капалак» одамлар эса Хайём нима демоқчилигини, ундаги рамзий образларни яхши тушунишади. Аёл тимсоли юқорида айтилганидек қалбни англатади. Май дейилганда ҳақиқатга эришишга ёрдам берадиган илмлар назарда тутилади. Маст бўлиш – бу Оллоҳнинг ишқига эришиш. Муҳаббат деганда инсонга нисбатан эмас, балки Оллоҳга нисбатан илоҳий ишқ назарда тутиляпти. Кўза бу тафаккур, билимлар мажмуаси, пиёла эса англаш доираси. Буларнинг ҳаммаси код билан тасвирланган, яширин «капалак»ка айланиш формуласи.
Баъзилар Хайёмни ўқиб, рубоийларига расмлар ишлашган. Бунда чиройли аёллар соқолли чолнинг тиззасига бош қўйиб ўтирганлари, бошқа бирлари эса май қуйиб узатаётганликлари тасвирланган. «Дон» одамлар шундай фикрлайдилар. Улар Хайёмни ўзлари кўра оладиган даражада тушунишяпти ва бу уларга маъқул. Нимага?! Чунки «май ичма» демаяпти, тақиқламаяпти. Маишат қилма демаяпти. Бунинг асл моҳиятини фақат комил инсонгина англаши мумкин. Агар Умар Хайём маънавий дастурхонини кодламасдан, шундайлигича очиб кўрсатганида, олам уни тушунмас эди.
Илоҳий муҳаббат нима ўзи? Дунёни яхлитлик билан англаш нимага керак? Уни тушунтириш учун Ҳайёмнинг умрига яна ўнта умр қўшиб бериш лозим бўларди. Чунки бунга инсон умри етмайди. Аммо Хайём уч босқичда турган одамларга қўлланма яратиб кетган. Шунинг учун у комил. Бутун дунё Умар Хайёмни қаттиқ ҳурмат қилишининг сабаби ҳам шу.
Энди кечиримлилик масаласига келсак. Кечирган киши енгил тортади. Қалбингиз кейинги ҳаётга янада кенгроқ очилади, яшашга қўрқмайсиз. Битта хато қилганингиздан кейин тўғри хулоса чиқариб, яна бошқа бир кишини севишга кўнглингиз эшигини қўрқмай очасиз. Эзгу ишлар қиласиз. Ҳаётга бола каби тайёр турасиз. «Биламан» нуқтаи назаридан эмас, бола каби «билмайман» нуқтаи назари билан дунёни танийсиз. Эътибор берган бўлсангиз, бола савол бериш манбаига айланиб қолган бўлади. «Бу нима?», «қандай қилиб?», «мана бу-чи?» деб арзимаган нарсаларниям сурайверади. «Биламан» демаяпти у! Саволлари орқали дунёни англаб, нарсаларнинг фарқини аниқлаяпти. Бўлмаса ҳар куни битта зинапоядан чиқиб тушса ҳам, барибир нималигини ҳар гал сўрайверади. Катта одамга айтсангиз кулади, «буни мен биламан, оддий зина» дейди. Зинадан фақат зина хулосасини чиқарган бўлди. Унинг моҳиятига ҳам кириб бормайди. Асли бу зинанинг ўзи ҳам ҳаққа эриштириши мумкин.
Тушунмайди. «Боғбон» десангиз, қўлида кетмони бор, тешаси бор одамни кўз олдига келтиради. «Ўқитувчи» десангиз муаллимни тасаввур қилади. Устоз десангиз, «Ким у устоз?» дейди. Пири комил, Уста десангиз, бирор касбнинг устасими ёки устаси фаранг киши бўлса керак деб тушунади.


Кўпчилик «қалб устаси», «моҳият устаси», «инсон устаси» мавжуддигини билмайди. Шогирд десангиз ўқувчини кўз олдига келтиради. Шогирд сўзининг рус ёки инглиз тилидаги таржимаси йўқ. «Препадователь, ученик» сўзлари устоз, шогирд сўзларининг айнан таржимаси эмас. Шарқда шогирд умуман бошқа тушунча, устоз бошқа, пири комил бошқа, донишманд тушунчаси бошқа. Ҳар бирининг орасида еру осмончалик фарқ бор. Буни улар тушунмайдилар. Уларда содиқлик эмас, яхшироқ шартшароит, хизматлар таклиф қилинганда бошқага сотилиб кетиш эҳтимоли кучлироқ бўлади. Унинг қаршисида ким турибди, ким билан гаплашяпти, Устози олам, Пири комил ўзи ким эканлиги билан иши йўқ. Ҳаётида шундай бир ноёб ҳодиса рўй берганига, унга шу «капалак»дан таълим олиб, «капалак»ка айланиш, комил инсон бўлиш имконияти берилганлигини англамайди.
Ундайларга қараб зора нафи тегса деган умидда, Сўфи Оллоёрнинг қуйидаги байтларини келтириш мумкин.
Агарчи бўлсанг аҳли илму зуҳҳод,
Такаббур қилмағил – аслинг қил ёд.
Риёзат бирла ҳам очсанг кўзунгни,
Азозилдек улуғ тутма ўзунгни.
Агар ернинг юзига айласанг дарё,
Такаббур бўлмағил, бўлғил Худотарс.
Сани кирган йўлунг турфа узоқдур,
Орада сони йўқ банду тузоқдур.
Теракким, ул кўтарди юқори бош,
Самарсиз бўлди – кўрдингму ани фош?!
Кичик билди ўзини ҳолини дур,
Баҳосидур харидор олдида пур.
Белингни боғлагил хизматга чун най,
Шакар тўлдирса, шояд, қалбингга ҳайй.
«Дон» эмаклашни ҳам билмайди, «парвоз»ни-ку умуман тушунмайди. Унинг учун парвоз хавфли! «Шамол» олиб кетиши мумкин. Пири комил ана ўша чала «уруғ»ниям кечирган. Сиз ҳам кечиришни ўрганинг.

АМАЛГА ОШМАЙДИГАН ИШ
Қандайдир иш бошламоқчи бўлиб, кимгадир режаларимни айтсам, шу иш амалга ошмай қолади.
Бу гапда ҳам жон бор. Сиз қилмоқчи бўлган ишни айтмаган пайтингизда, шу ишни ҳақиқатан ҳам амалга оширишга тайёр бўлган бўласиз. Шу ишни амалга ошириш сиз учун айтишдан ҳам муҳим бўлиб туради.
Айтган пайтингизда онг шу ишни маълум фоиз бўлгандай, бажарилгандай қабул қилади. Шу нарса «амалга ошиб бўлди» деб қабул қилади. Мен ундай қиламан, бундай қиламан, десангиз ёмон эмас, лекин сирингизни ҳаммага очмаганингиз маъқул. Сиздаги интилиш, бир ишни яширин амалга ошириб, одамларни яхши томонлама лол қолдириш, хурсанд қилиш, ҳайрон қолдириш «таъм»и кетади. Биринчи навбатда, бу албатта ўзингизга боғлиқ, одамларга ҳам боғлиқ. Одамларнинг «ҳа» ёки «йўқ» жавоби дастлаб унчалик муҳимга ўхшамайди. Лекин бу аҳамиятли. Улар учун эмас, сиз учун муҳим. Шунинг учун сир сақлаган яхши. Биринчидан, амалга ошмай қолса шарманда бўлмайсиз, иккинчидан сизда доим интилиш бўлиб туради. Бу варианти бўлмаса, кейин бошқа вариантига ўтиб, йўналтириб юбораверасиз. Чунки сиз ўзингизга ғойибдан келган илмни ҳаммага ошкор қилиб қўйдингиз. Ўша йўлни улар ҳам англаб етди, энди бошқа йўллар ёпилиб қолиши мумкин. Буни ўзингизда синаб кўришингиз мумкин. Йўналишни айтсангиз бўлади. Аммо жуда аниқ шаклда эмас. «Бир яхши иш бошлаяпман, худо хоҳласа, амалга ошиб қолса, сизларга батафсил айтиб бераман», деб қўяверинг. Бу яхши. Масалан, дўстингизми ёки умр йўлдршингизми «Сизга жуда бир ажойиб таом тайёрлаяпман» деса, «Нима овқат экан?» деб сўрайсиз. «Пишганида биласиз» деса, ўзингиз ҳам қизиқиб қоласиз. Шунга ўхшаб, ўйлаган ишингиз то амалга ошмагунча, бошқаларга айтмаган маъқул. Бу масаланинг бир тарафи. Энг муҳими, иш бошлашдан олдин, шу йўналиш мутахассисларининг қимматли маслаҳатини олинг. «Шу ишни қандай қилиб амалга оширса бўларкин?» деб қўйсангиз, ўзлари йўл-йўриғини тушунтириб беришади. Ҳамма соҳани мукаммал билишнинг иложи йўқ. Бироқ сизда ўша соҳа мутахассисларидан доим маслаҳат сўраш имкони бор. Шунга эътиборли бўлинг! Ишингиз амалга ошгач, аввало ўзингизни, қолаверса яқинларингизни табриклаб, сийлаб қўйиш эсингиздан чиқмасин.
Моддий ва маънавий рағбатлантириш келажакда қўйилажак юксак мақсадларнинг янада жадалроқ амалга ошишини таъминлайди.

ТУШ ҲАҚИДА
Тушлар турлича фарқланади. Тушда аён бўладиган нарсалар бор. Масалан, шон-шуҳратингиз, мавқеингиз кўтарилиши ёки тушиши рамзий маънода аён бўлиши мумкин. Тушда каравотдан ёки зинадан тушиш, кўтарилиш шу нарсаларни билдиради. Масалан, мол-давлатнинг келиши ёки кетиши, шулар аён бўлиши мумкин. Бу энди оддий тушлардан фарқ қилади. Бундай тушни кўриб уйғонганингизда жуда сергак бўлиб қоласиз. Унча-мунчага эсингиздан чиқмайди. Ана шу тушлар сизга нима бўлишини, сизнинг миянгиз, тафаккурингиз ухлаётган жараёнда, қандайдир ўзгарган ҳолатда ҳалиги тушингизнинг ечими хаёлингизга келиб, бояги кўп нарсалар аён бўлади. Чунки бу пайтда мия ўйлашдан озгинагина бўлса ҳам тўхтаган ёки секинлашган бўлади.
Менделеев ҳам ўзининг дунёга машҳур «Элементларнинг даврий жадвали»ни тушида кўрган. Тушида кўриб, кейин уни ҳаётда амалга оширган. Бу олтинчи ҳис-туйғу. Кундалик кўрадиган тушларингиз хотиралар, ҳар хил ҳолатларга боғлиқ. Кунингиз хушчақчақ бўлиб ўтса, ухлаганингизда яхши тушлар кўрасиз. Қўрқинчли киноларни кўриб ухлаганда эса ваҳимали нарсаларни кўриш мумкин. Бу нарса миянинг аста ишлаб, куни бўйи кўрганларини ҳазм қилаётгани бўлади. Шунинг учун буни ажрата билиш керак.

МАЪЛУМОТ ҚАБУЛ ҚИЛАЁТГАНДА УНИ ҚАНДАЙ ТИНГЛАШ АҲАМИЯТЛИМИ?
Албатта, ҳамма нарсанинг аҳамияти бор. Масалан, киши кимнидир тинглаётганида оёқ-қўлларини бир-бирига чалиштириб ўтирса, бу шу одамнинг маълум бир жиҳатлари ҳали ёпиқ эканлигини билдиради. Ўзи билмаган ҳолда ўзини нимадандир онг остида ҳимоя қиляпти.
Тана ҳаракатлари тили деган йўналиш бор. Русчасига «Язык телодвижения» дейилади. «Язык телодвижения» китоби муаллифи Аллан Пиз кўп фойдали нарсалар тўғрисида ёзган. Ҳар бир ҳаракат аҳамиятга эга. Масалан, эркакларнинг бўйинбоғини ҳар замонда тўғрилаб қўйиши, аёлларнинг вақти-вақти билан сочларини тўғрилаб қўйиши қарама-қарши жинс вакилларига ёқиш учун қилинган ҳаракатдир. У эркакнинг ёши хоҳ тўқсонга кирган бўлсин, ё юзгами аҳамияти йўқ. Қаеридадир «у ёқ-бу ёғимни тўғрилаб қўяй, яхши кўринай» деган маъно ётибди. Мисол учун, сиз ким биландир шартнома имзоламоқчисиз ёки бир иш бошламоқчисиз. Шу ишингизнинг битиши ўша одамларга қайси жиҳатдан боғлиқ, дейлик ва уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам қараб, сизга бўлган муносабатини билиб олишингиз мумкин. Бунда ҳолатни адаштириб қўймаслик керак. Дейлик, у одам об-ҳаво туфайли шундай қилаётгандир. Унинг ўзини тутиши сизга ўша одам ҳақида умумий тушунча беради. Энг асосийси, инсон ёлғон гапираётганида, кўзини олиб қочади. Масалан, табибнинг олдига бир бемор келди. Агар у ўладиган касал бўлса, қандай қилиб «сен ўласан» деб айтади. «Тузалишингизга ишониб ҳаракат қилинг, яхши бўлиб кетасиз» дейиш керак. Балки ростдан ҳам тузалиб кетар. Ёлғон ишлатишга тўғри келиб қолса ҳам, инсон руҳиятини туширмаслик, хаста инсоннинг умидини сўндирмаслик учун шундай қилиш керак. Шундай пайтларда ёлғон ишлатса бўлади. Қалби тоза, пок инсон бўлсангиз яхши одамларни ажрата биласиз. Ёлгон гапираётганида нима қилади, қулоғини нимага ушлаяпти, бурнини нимага қашияпти, пешонасини нимага ишқаб қўйяпти ва ҳоказолар. Ҳаммасининг маъноси бор. Буни зеҳн билан кузатиб турсангиз тезда ўрганиб оласиз. Бу қийин эмас. Масалан, тавозе қилишлар ёки «мавқеим сеникидан баланд» деган маънодаги хатти-ҳаракатлар (қўлини белига қўйиб, иягини баланд кўтариш каби). Бу ўша одамнинг димоғдорлигини билдиради.
Диққатлиликни билдирувчи ҳаракатлар ҳам бор. Кўрсаткич бармоғини чаккасига, бош бармоғини эса иягининг остига тираб, сизнинг гапингизга диққат билан қулоқ солади. Оёқ-қўлларини чалиштириб ўтириши «ёпиқлик»ни билдиради. Бунда одам ёпилди, ишонмаяпти, охиригача ишонмаяпти дегани. Аммо аёлларнинг оёқларини чалиштириб ўтириши чирой учун бўлади. Ўзини, «аёллик моҳиятини» кўрсатиш учун қадди-қомати, оёқларини намойиш қилаётган бўлиши мумкин. Туфлисини осилтириб, у ёққа-бу ёққа тебратиб ўтириши, ўша аёлнинг ўзи суҳбатлашаётган эркакка оз-моз мойиллиги борлигини билдиради. Ручкани ушлаб, силаб, ўзи билмаган ҳолда қопқоғини кийдириб-очавериши ҳам шунга яқин маънони беради. Эркак кишиларда бўладиган маълум ҳаракатлар, масалан, аёлларни кўрса лабини ялайвериши ҳам ўзга жинс вакилларига нисбатан кучли ҳис-ҳаяжонни ифодалайди. Ҳар бир одам бошқа бир одамнинг эмоционал ҳолатини ўқиши мумкин, аммо фикрини ўқий олмайди. Уни ўша фикрлаётган одамнинг ўзи ҳам ажратолмайди. Чунки фикрлар ғуж-гуж бўлиб келиб, арилар уясидан бирданига «виз» этиб учиб чиққандай айланиб юраверади. Лекин яхшилаб эътибор берсангиз кайфиятни, эмоционал ҳолатини бемалол ўқий оласиз. Жаҳли чиққанини, хурсанд бўлиб турганини, ҳайратланганини, эҳтиросни ҳам биласиз. Бу жуда оддий. Ғазабини ёки ҳеч қандай қизиқиши йўқлигини, лоқайдлигиниям биласиз. Бу сизга ҳам ёрдам беради. Гаплашаётганда барибир вербал, новербал ҳаракатлар орқали онг остида умумий бир тушунча кетади. Қарор қабул қилишда шулар таъсир қилади. Масалан, иш бўйича музокараларга одам яхши кийиниб, тайёрланиб, тетик бўлиб боради. Агар шалпайиб, ҳомуза тортиб ўтирса, бу уят! Куйиб-пишиб мавзуни давом эттираётган минбардаги нотиққа бу ёмон таъсир қилиши мумкин.
Ана шу ҳаракатлар сизга одамнинг моҳиятини, ҳеч бўлмаса ўша вақт, ўша жойдаги ҳолатини, муносабатини аниқлашингизга ёрдам беради. Бунинг тагида жуда катта моҳият ётибди, шундан тўғри фойдалана билиш зарур. Кейин бора-бора ҳар бир одам сиз учун очиқ китобга ўхшаб қолади. Булар асос, вақт ўтгани сари тажрибангиз ошиб боради. Масалан, одамнинг яхши бўлиши ёмон эмас, ёмон бўлиши ҳам ёмон дегани эмас. Сизга қайси вазиятда, қайси жойда, иккалангизга фойдаси тегиши мумкин деган нарсани хулоса қилиш учун энди бештадан ташқари навбатдаги туйғуни ишлатасиз. У тўғридан-тўғри тарзда ишлаб сизга кўмаклашади. Ичкаридан «тўғри» ёки «нотўғри» деб маслаҳат бериб туришади. Тўғри қарор қабул қилишда ҳамма нарса муҳим. Мисол учун, инсоннинг ўзида табиий нуқсони бўлиши мумкин. Агарда кўзи ғилай бўлса, сиз уни кўзини олиб қочяпти деб ўйлолмайсиз. Сизни кўриш учун у шундай қарашга мажбур (кўз қири билан кўради ёки кўзларининг биттаси бу ёққа, иккинчиси у ёққа қарашиям мумкин). Алдаяпти дея олмайсиз. У киши инсон сифатида тўғри одам. Фақат кўзлари ўзи шундай. Демак, вазиятни тўғри баҳолай олиш керак.

МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ
Энг катта хато бу ҳаддан зиёд керак ёки керак эмас пайтдаям уялаверишдир. Хоҳлаган «тепалик»ка, хоҳлаган «юқорилик»ка тасаввур билан, ҳаракатингиз билан чиқиш керак. Бизнес жаноб (бизнесмен), бизнесхоним (бизнеследи), хоҳлаган нарсангизни ўзингизга тасаввур қилиб, кўтарилаверинг. Масалан, ижод ва муҳаббат қасри Тожмаҳални тасаввур қилиш мумкин. Ана шу сиз чиққан поғона бўлади.
Маънавий юксалиш бўлади. Бунда ўзингиздаги тортинчоқликдан воз кечинг. Чунки бу «стул»га сиз фақатгина мансаб учун эмас, ҳолат учун чиқдингиз. Яшашга, комил инсон бўлишга лойиқлигингизни ўзингизга исботлаш учун чиқдингиз. Ҳар қандай одам тахт ясаб, ўтириб олиши мумкин. Лекин бу сизга мансаб жиҳатидан пошшоликни бермайди. Ҳеч бўлмаса ўз ўйингизда пошшо бўлишингиз мумкин. Асосийси, вужудингизни эмас, қалбингизни, руҳингизни комил инсон «тахти»га ўтқазинг! Бу сизга керакли ҳолат, керакли кайфиятни беради. Ўшандагина тўғри, шу ҳолатга мос фикрлар, мос ҳаракатлар, гаплар, интилишлар келиб чиқади. Буни маънавий юксалишнинг бошланиши дейишади. Кейинчалик, моддий тарафингиз ҳам шунга яраша мустаҳкамланиб бораверади.

ИШОНЧ
Ишонч деган тушунча ва ишониш туйғуси бор. Ишонч бу ўша пайтда, ўша даврда ишониб бўлинганликни билдиради. Ишониш эса бу давом этаётган ҳодиса. Худонинг борлигига ишониб борамиз. Давомли ишониш асносида «мутлақ ишонч» юзага келади.
Ишониш бу ишончдан ҳам юқори туйғу. Бу шундай эканлигига иймонингиз комил эканлигини таъкиддаш билан янада мустаҳкамланади. Мисол учун, бирорта кўзингизга кўриниб турган нарсага, масалан, гулларнинг бор эканлигига ишониш керакми? Буни сўрашнинг нима кераги бор? Ана кўриниб турибди, бор-ку! Энди эса бўлаётган ҳодисага нисбатан, Оллоҳга, маънавиятга, интуицияга, олтинчи туйғунинг борлигига сизда ишонч бўлса, демак кўрмасангиз ҳам борлигига ишонасиз.
Тўғрироғи, қалб кўзи билан кўрасиз. Икки кўзимиз буни кўрмаслиги мумкин, аммо қалб кўзи кўради. Кейин сизда ундан ҳам юқори ҳолат келади, шундай эканлигини билиш ҳолати! Билган одамга ишониб ўтиришнинг кераги йўқ. Пири комиллар Оллоҳ бор эканлигини биладилар. Ишониб ўтирмайди улар, ишониш босқичидан ўтиб кетишган. Ишониш туйғуси «личинка»ларга, «қурт»ларга керак. Муҳаммад пайғамбаримиз ишониш ва ишонч ҳақида шундай деганлар: «Сизлардан ҳам азиз менинг умматларим келади. Сизлар менинг ёнимда юрибсиз, сизлар менинг юриш-туришимни кўряпсизлар, менга Қуръони каримнинг нозил бўлганини биласизлар, шунинг учун сизларнинг Худо борлигига ишонишинглар ҳам осон, иймон келтиришларингиз ҳам осон. Мен қилаётган мўъжизаларни кўриб турибсизлар, бунинг гувоҳи бўляпсизлар. Албатта, сизларга осон бўлади. Лекин шундай умматларим келадики, нафақат мени, сизларниям кўрмайди, мўъжизаларимниям кўрмаган, гапларимни эшитмаган, фақат ўқиган ва иймон келтирган. Шунинг учун мен уларни сизлардан юқори қўяман» деганлар. Бу гапнинг тагида кучли маъно бор. Уларда билиш бор. Шунинг учун мана бу столни ишлаб чиқарган заводнинг борлигига ишонади. Столни билади, демак буни ишлаб чиқарган эгаси бор деяпти. Лекин авлиё ва пайгамбарларни кўрмай туриб, ишониш, билиш бу жуда қийин. Буни қалб кўзи билан кўрса бўлади.
Ишонч, ишониш, билиш! Бу – руҳ чиқарган Қарор. Масалан, маълум бир масофадан бошқа бир масофагача сизнинг мақсадингиз турибди. Шуни амалга оширишингиз керак. Сиз ҳаракатни бошладингиз. Билимингиз бор. Ҳаракат қиляпсиз, Қийинчиликларга дуч келяпсиз, унга боряпсиз, бунга келяпсиз. Ёки битта-яримта ишингиз битмаяпти, ҳужжат тўғрилаш керак. Баъзи бир тўсиқлар бўлиши мумкин. Ҳозир сизга шундай пайт келди. Ўша сизда бор ишончга яраша ҳаракат қилиб бўлдингиз. Сизнинг «ёқилғи»нгиз тугади. Шу бўладиган ҳодисага нисбатан интуиция нимага керак? Интуиция мана шуларни тез амалга ошириш учун керак. Амалга оширишингиз учун ишончни кучайтиришингиз керак. Нафақат ишончни кучайтиришингиз керак, балки уни кучайтириб-кучайтириб, худди чақмоқдан олов ҳосил бўлгандай «билиш»га ўтасиз. Шундай бўлиши кераклигини таъкидданг! Шундай бўлади! «Мен хоҳлаяпман, худо хоҳласа бўлади» дейиш керак. Ҳар гал олдига мақсад қўйганда шундай қилиш керак бўлади. Одамлар нима қилади? Ўрнидан туриб юзини ювади-да, қалб, руҳ кучларидан бехабар бўлгани ҳолда янги кунни бошлайди. Эшитган бўлсаям, бунга унча эътибор бермайди. Бир ишга ҳафсаласиз уриниб кўради. Ўхшатолмаса, бошқасига ўтиб кетади. Уям бўлмаса яна бошқасига. Шу шаклда лабиринтга ўхшаб айланиб юраверади. Ёриб кириш йўқ! Буниям иккита томони бор. Худди таёқнинг икки учи бўлганидай, нотўғри кетиб қолиб, деворни ёриб чиқаман деб, каллани уравергандан кўра бошқа йўлдан кетган ҳам маъқул. Ёки бир очиқ эшик бўлса, айланиб ўтган ҳам маъқул. Бу ҳам эсингизда турсин! Ҳеч замонда ёғоч рандалайдиган асбобда темир арралай олмайсиз. Ҳамма нарсани ўз жойида ишлатган маъқул.
Тафаккур, қалб, вужудни очиш керак. Ирода, ирода кучи, қатъиятлилик, ишонч, билиш! Шундай бўлишлигини билиш бу ишонишданам юқори босқичдир. Пири комилларда билиш ҳолати бор.
Шунинг учун уларга исботнинг ҳам кераги йўқ. Одамлар ташқи дунёсига кўпроқ эътибор бериб юборган пайтда, динлар аста-секин «ўла» бошлайди. Ана шунда пири комиллар уларни тирилтириб туради. Жон бериб туради. Демак, аввало ишончнинг моҳиятини яхшилаб англаб олиш керак. фақат бош билан эмас, юрак билан, қалб билан англаш ҳам керак. Тушуниш керак, билиш керак! Рангларни бешта ҳис-туйғу билан, оқ-қорани, қизилни, сариқни, ширин-аччиқни, нордонни кодлаганингиз сингари олтинчи туйғу билан ҳам кодлайсиз. Кодлай бошлаганингиздан кейин янаям ишончингиз кучайиб, билиш даражасига ўтади. Усталар билади, шунинг учун ўзига бир ҳафта ёки бир йиллик олдинги режани тузаверади. Ажалини бир байрамдай кутиб олади. Агар ўлим бўлмаганида эди, инсониятга ҳаётнинг умуман қизиғи қолмаган бўларди. Бу дунёда умрбоқий бўлиб юришдан худо асрасин. Оллоҳ ҳамма нарсани ўткинчи қилиб қўйган. Бу дунё – синов! Туғилиш, гўдаклик, болалик, ёшлик, навқиронлик, ўрта ёш, кексалик – ҳаммасини кўриб чиқасан. Битта босқичда қолиб кетмадинг. Ҳаммасини кўрдинг, униям кўрдинг, буниям кўрдинг, аччиқниям, нордонниям, яхшиниям, ёмонниям, иссиқниям, совуқниям, оқниям, қораниям.
Масалан, сиз мактабни тугатгач, охирги қўнғироқ чалинса-да, «яна ўқигим келяпти» деб қайтадан биринчи синфга бора олмайсиз. Туғилиш ва ўлим ҳам худди шундай нарса. Уни муносиб кутиб олиш керак. То ўлим бизга яқин келмагунича, яхши амалларни қилиб қолишга улгуришимиз керак. Санкт-Петербурглик Алексей Марченконинг ажойиб бир гапи бор эди:
«Фараз қилинг, дунё, яъни ер юзи мисли футбол майдони. Иккита команда жаҳон биринчилиги учун ўйнаяпти. Сиз «Шуям ўйинми, мана мен ўйнаганимда эди, ҳаммаси бошқача бўларди» деб томоша қилаётган томошабинсиз. Бу биринчи кўриниш, моҳиятан «уруғ»ларнинг фикри. «Қурт» кўринишида эса сиз ўйин майдони ичидасиз, лекин бор маҳоратингизни ишга солиб жонжаҳдингиз билан берилиб ўйнамаяпсиз. Сизни томошабинлар қанчалик қўллаб-қувватламасин, барибир ютқазиб қўйдингиз. Чунки сизда «ҳали кўп ўйинлар бўлади, бунисида бўлмаса кейингисида ютарман» деган фикр мавжуд. Умр қисқа, ўтган вақт эса қайтиб келмайди. Олий ҳакам «чур» этиб ҳуштагини чалиб, «марҳамат, фалончи рақамли ўйинчи, ўйингоҳни бўшатинг» деганида эса довдираб қоласиз. Бўлди, вақт тугади. Ўлим келди…»
Тўқсон етти фоиз одам шундай яшаяпти. «Ҳали олдинда қирқ йил, эллик йил бор-ку!» дейди. Вақт кетяпти, аста-аста…

ТУҒИЛИШ ЎЛИМГА ЯРАТИЛГАН ИМКОНДИР
Туғилиш сизнинг қанчадир вақтдан кейин ўлишингизни билдиради. Чақалоқ туғилди, ҳаёт бошлади. Ўтаётган сониялар борган сари ўлимга яқинлаштиради. Шу сабаб, бу ҳаётда яхши ўйинчи бўлиш керак. Дунёни айланиш, бошқа жойларниям кўриш керак. Одамзот умрида ҳеч бўлмаса бир марта уммонни кўриши керак, денгизни кўриш керак, чангалзорни кўриш керак. Ахир ҳаётга бир марта келамиз. Пайти келганидан кейин ҳеч ким сиздан сўраб ўтирмайди! «Сиз розимисиз ўлимингизга?» дейилмайди. Бўлди, ҳуштак чалинди, ўлим фариштаси жон олишга келди. «Эҳ аттанг, буни олдинроқ билганимда эди, одамларнинг энг ярамасини ҳам пешонасидан ўпиб, айланай ўзим сиздан, деб кетардим!» дейди. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, қўниқўшниларимга яхши муомалада бўлган бўлардим. Ватанимга шундай хизмат қилардимки, ҳаммани қойил қилардим.
Ҳаммамиз ҳам ўламиз! Ўлмайдиган одам йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам ўлади. Қачонки, ўзингиз «капалак»ка айлангандан сўнг, парвоз қилгандан кейингина армон қолмайди. Озод бўлиб, парвоз қилиб бутун дунёни кўряпсиз, англаяпсиз. Маънавиятниям, моддийликниям, оиланиям эсингиздан чиқармай, ҳавас қиладиган даражада яшаб ўтсангиз, сизга ўлим фариштаси келадими, бошқаси келадими, «Яшадим» деб бемалол айта оласиз.
Одам спорт билан шуғулланганидан кейин бир терлаб, чўмилиб чиққач, танаси яйраб кетади. Эрталаб югуриб, машқ бажарсангиз ўзингизни енгил ҳис қиласиз. Кўпчиликка ўлимдан гап очсанг, кўзларини мошдай очиб қўяди. «Вой, ўламизми? Буни эшитгандим, лекин тасаввур қилмаган эканман. Яхши айтдингиз, ҳақиқатан вақти келганида жонимизни оддий сабаб билан олиб кетаверади».
Шунинг учун бир хил манбаларда ўлим фариштасини қўлида ўроғи билан чизиб тасвирланган бўлади. Чунки у битта жонни эмас, бир йўла мингта, миллионта жонниям олиб кетиши мумкин. Унга бу иш ҳеч нарсамас. Бу реал нарса! Жисмоний ўлимгаям ишониш керак. Бугун, эртага, ўн йилдан кейин ё эллик йилдан кейинми, қачон бўлсаям келади. Юрак уришдан тўхтайди, майдондан чиқ, дейди. Бу жойни бўшат! Бошқалар келяпти, улар ҳам ўйнаши керак дейишади. Сўнгги пушаймон ўзингга душман бўлади. Ана шуни эсдан чиқармасангиз, сизнинг тетиклигингиз, фаоллигингиз доим юқори бўлади.
«Ўлимни ҳеч бўлмаса, бир кунда уч марта эсингга ол» дейилганининг маъноси асли шу. Бу «барибир ўламиз эканда, мен нима қиламан» деган маънода айтилаётгани йўқ. «Ҳаётнинг қадрига ет» деган маънони билдиради. Борлигингга, яшаётганингга шукур қил дегани. Юзингга ажин туширяпти. Бошқа маънода эса фақат юзингдаги ажинларни санайвермай инсондек яша деяпти. Одамлар қойил қолсин, барчага ўрнак бўл деяпти. Ҳаётнинг ўзи парвоз қилишга чорлаяпти. Умрингни беҳудага, бўлар-бўлмасга сарфлама, арзимаган мол-дунёингга боғланиб қолма! Уйингдаги икки метр шкафинг ҳаётингнинг қувончига, темир машинанг ҳаётингнинг асосий мақсадига айланиб қолмасин! Улов узоқни яқин қилувчи транспорт воситаси, холос. Гувалакданми, ғиштданми, бетонданми қурган уйингга, кулбангга, боғланиб қолма! Ҳаммаси эллик йил, ё бўлмаса юз, икки юз, беш юз йилдан кейин тупроққа айланиб кетади, кўзингни оч деяпти. Дунёдаги манаман деган энг баланд осмонўпар бинолар, Эйфель минораси, Миср эҳромлари ҳам, дунёдаги жамики нарсалар бир кунмас бир кун занглаб, чириб тупроққа айланиб кетади. Аммо инсон иморату иншоотларни яна янгидан бунёд қилаверади.
Ўлим ҳақ деяпти. Кўзингни оч деяпти. Ҳаёт майдонида яхши ўйинчи бўл деяпти. Хурсанд бўлиб юр, жанжалдан йироқ бўл дейиляпти. Доим ўзингни ҳақман деб ўйлаб, бошқаларни ёмонга чиқариш тўғри эмаслигини уқтирмоқчи. Кўнгилдан ҳасадни аритиб, аҳилликни ўргатяпти. Кишига бундан ортиқ яна нима керак!? Томошабин бўлгандан кўра, ўйинчи бўлганингиз яхши. Аммо моҳиятини тушуниб ўйнаш керак. Ўйин бўлаётганини ҳали тушуниб етмаган бўлсангиз, тўп келиб пешонангизга «пақ» этиб тегади. Майдон ичида эканлигингни англашинг лозим. Қалбинг мудрамасин! Завқи ичига сиғмай ўйнаётганлар каби яша. Улар билан бўл, орасида ўйна, ўзиб кет!
Ўзи кавлаб, ўзи тепкилаб кўмаётганлар ҳам шунинг маъносини англамайди. Бир қадрдонини тупроққа кўмиб туриб ҳам, «мен ҳали ўлмайман, эндигина йигирмага, ўттизга, қирққа… саксонга кирган бўлсам, бунга ҳали анча бор» деган хаёлга боради. Вақти келганида сўрамай олиб кетишини тасаввур ҳам қилолмайди.
Ўлимни бир кунда уч марта ёдга олишнинг асл моҳияти шу. Яшаб қол деяпти, бировларнинг фикрига боғланиб қолма. Ҳамма хўмрайиб юрса, сенам шундай қилишинг керак дегани эмас. Чунки инсон ниҳоятда оддий кўринса-да, аслида мураккаб яратилган. Беш кунлик дунёда бола-чақангиз билан яйраб, ўйнабкулиб, чиройли яшанг! Ҳаёт яшаш учун берилган, ўзингизни ё бошқаларни қийнаш учун эмас. Азоб тортиш учун ҳам берилмаган. Ҳадиси шарифларда оилангда ҳам, кўча-кўйда ҳам тўғри бўл, бировни алдама, бошқанинг ҳақини ема, зино қилма, худо берган жонига қасд қилма дейилади. Қон-қариндош, қўни-қўшни билан яхши бўлиш кераклиги уқтирилади. Ўғирлик ва бошқа жиноятлардан йироқ туриш кераклиги ҳақида гап кетади. Савдосотиқ қилибми ёки бирон бир ҳалол иш қилиб, бола-чақангни боқ дейилади. Даромадни қандай қилиш, қайси ишда барака борлиги ҳам айтиб берилади. Савдода, чорвада, паррандачиликда, деҳқончиликда барака бор дейилади.
Бу илмлар асли харита, йўлчи юлдуз. Сиз бунинг моҳиятига етсангиз бўлди.

ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИ
Фарзанд тарбияси ҳамма даврлардаям осон бўлмаган. Лекин у жуда зарур муҳим ва эътиборли жиҳат. Дунёга келишдан мақсад – ҳаёт ўйингоҳида ўзимиздан кейин янги ўйинчиларни қолдириб кетиш. Шундай ажойиб ўйингоҳни ўйинчиларсиз қолдириб кетиш ўтакетган нодонлик бўларди. Шу сабаб болаларни «ўйин»га яхши тайёрлаш керак. Фарзанд туғилганида ҳали ўзини англамаган бўлади. Унинг онги секин шаклланади. Ҳозирча унинг «мен»и шаклланмади. Кейинчалик улар тилга киради. Тилга киргач, гапиришни бошлайди. Сўнг сизни рад қилиш феъл-атвори шаклланади. «Болам, мана буни қил» десангиз, «йўқ» деган жавоб оласиз. Шу пайтдан бошлаб, эго пайдо бўла бошлайди. Чунки у ўзини шахс сифатида англаяпти. Бу «Нимага энди доим сизнинг айтганингиз бўлавериши керак? Мен мана бундай бўлишини хоҳлайман» деганидир. Ана шу «йўқ» сўзини вақтида бола қанча кўп айтса, шунча яхши. Уни зинҳор-базинҳор уриб, доимий «ҳа» дейдиган қилиб қўймаслик керак. Қул қилиб қўясиз. «Дон» қилиб қўясиз. Бола қанчалик кўп эътироз билдирса, шунча яхши.
Масаланинг яна бошқа бир томони ҳам борки, бу нотўғри оқибатга ҳам олиб келиши мумкин. Демак, олтин оралиқни топиш керак экан. Дангасалик бу усулда тарбиялашга дарров қарши чиқади. Чунки билганини қиладиган бола ҳеч бўлмаса беш ёшгача ота-онасига жисмоний «ноқулайликлар» туғдиради. Бу даврда боланинг орқасидан кўп чопиш керак бўлади. «Болалик – пошшолик» деб бежиз айтилмайди. Бола пошшодай эркин бўлмоғи даркор. Бу даврда боланинг характери, феъл-атвори шаклланаётган бўлади. Асосан, феъл-атворнинг етакчилик, лидерлик ва ижодий қирралари шаклланаётган давр бўлади. Шунинг учун болага иложи борича эркинлик бериш керак. Албатта, хавфхатардан ҳимоя қилган ҳолда. Ота-оналарга доимий чопа-чопдан кўра, бошқа бир тарбия усули, яъни тақиқлаш, «жим ўтир» деб уришиб бериш осонроқ. Баъзи ота-оналарнинг болалар тарбиясида ўта қаттиққўллигининг сабаби ҳам шу. Кейин етти ёшгача вазир каби муносабатда бўласиз. Вазир ҳам чакана одам эмас. Унга буйруқ бериш керак эмас. Вазир у! Эҳтиёт бўлиб муносабатда бўласиз. Пошшолик давридаги ширин, эркин муомаладан вазирлик муносабатига ўтиш, бу мансабнинг бир поғона пасайиши эмас, тарбиянинг, муносабатнинг кейинги босқичга ўтганини билдиради. Бу босқичда болага айрим тақиқлар ҳам мавжудлигини уларга ўз тилларида тушунтириш лозим.
Ўн ёшдан кейин фарзандингизга «дўст» бўлинг деяпмиз. Бу дўстлик даврига ўтиш пайти келди дегани. Яъни, «вазир»га бўлган муносабатдан «дўст»га бўлган муносабатга ўтиш керак. «Ота-она фарзанди билан то умрининг охиригача дўст бўлиб қолса яхши эмасми?» деган табиий савол туғилиши мумкин. Дўст ҳам кўп бўлмайди. Ҳақиқий, ишончли дўст саноқли бўлади. Эътибор беринг, подшо битта, вазирлар камида икки ёки ундан кўп. Дўстлар унданам кўп бўлиши мумкин. Ота битта-ю, она битта, Ватан ягона бўлади.
Нима кўпайса, унинг қадри туша бошлайди. Агар сизнинг бирор нарсангиз иккита ё кўпроқ бўлса, сизда биттасини бировга ҳадя қилиш ёки сотиш имконияти мавжуд. Ота-оналар фарзандлари билан то умрларининг охиригача дўст бўлиб қололмаслигининг сабаби шу. Дўстона муносабатда бўлишни ҳамма хоҳлайди. Аммо тарбия мураккаб жараён бўлгани сабабли бу ҳамишаям ўзини оқлайвермайди.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/shuhrat-suundik/parvoz-eki-intuiciyani-kodlash-69506059/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Парвоз ёки интуицияни кодлаш Шухрат Суюндик
Парвоз ёки интуицияни кодлаш

Шухрат Суюндик

Тип: электронная книга

Жанр: Учебники по психологии

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 28.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Парвоз ёки интуицияни кодлаш, электронная книга автора Шухрат Суюндик на узбекском языке, в жанре учебники по психологии

  • Добавить отзыв