Қасос ва муҳаббат

Қасос ва муҳаббат
Хабиб Темиров

Ҳабиб Темиров
Қасос ва муҳаббат: роман

“СИЗ БОШҚА-КУ?”
Миртожи “янги ўзбек”лардан. Шаҳарда уни танимаган, эшитмаган одам йўқ ҳисоби. Беш-олтита корхонаси бор. Данғиллама ҳовли-жойлар солган.
Шу одам бугун тўй қиляпти. Тўнғич қизи Лайлони узатяпти. Қуда бўлмиш Қолдибек ҳам ўзига ўхшаган тадбиркор. Россияга мол жўнатиб бойиган. “Бир эсда қоларли тўй қилайлик”, деб келишиб олишибди қудалар. Металл эритиш комбинатининг муҳташам Маданият саройини ижарага олишган. Улкан тўйхонага ташриф буюрган меҳмону хизматкорларни ҳисобласа, бир неча минг киши чиқади. Дастурхонда кийикнинг гўштидан тортиб, қушнинг сутигача муҳайё этилган. Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар хизматда. Даврани республика халқ артисти Қосим Давронов олиб бораётир.
Сунбуланинг сунбул оқшоми чўкиб, майин шабада дилларга ором беради.
Мукаллифлар, яъни тўйга таклиф этилганлар барчаси аллақачон жамулжам бўлганига қарамасдан, келин-куёвдан ҳамон дарак йўқ. Миртожибой безовта, юраги ниманидир сезгандек қисилди. Қолдибек унга таскин берди.
– Ёшлар шаҳар айланишиб, сал кечикишяпти чоғи. Хавотирланманг. Келиб қолишади.
– Гаи-паи ушламадимикан ишқилиб? Икки-учта “Лимузин”, беш-ўнта “Мерседес” қаторлашиб кўча ҳаракатига халал берган бўлса…
– Қизиқмисиз? ГАИнинг бошлиғи шу ерда-ку! Учтўртта ходимлари Маданият саройи атрофида қўриқчилик қилиб туришибди.
– Ҳа, ишқилиб тинчлик бўлсин…
Миртожи сўзини тугатмаёқ қоп-қора “Нексия” елдек учиб келиб, эшик олдида ғийқиллаб тўхтади.
Ундан бўғриқиб, нафаси бўғилиб кетган куёв тушиб, отаси томонга чопди.
Миртожи унинг орқасидан бориб, таҳдид билан шивирлаб сўради.
– Бошқалар қани, Фарҳод?
– Келин… йўқ… – деди йиғламсираб куёв. – Биттадан коктейл ичайлик деб “Сицилия” қаҳвахонасига киргандик, “сочимни тузатай, ҳозир қайтаман” деб пастга тушувди. Ўн-ўн беш дақиқадан кейин чиқиб суриштирсам, битта қизил “Жигули”га ўтириб кетди, дейишди.
– Ҳазил қилмоқчи бўлгандир, – деди миясига келган фикрни тилига чиқариб Миртожи. Аммо-лекин юраги шувиллаб товонига тушиб кетгандек бўлди.
– Қўйинг-е, шунақа пайтда ҳазилга бало борми? – деди Қолдибек.
– Бу тўнғич қизим ўзи шунақароқ. Сал эрка ўс_ган. Ҳозир келиб қолади, – деди Миртожи. – Сиз, Фарҳоджон, “Сицилия”га қайтиб боринг-да, қўноқларингизни бемалол бу ёққа олиб келаверинг. Тушунарлими? Мен ҳозир… келинни топтираман…
Куёв миниб келган машинага ўтириб, изига қайтиб кетди.
– Сиз, қуда, – деди Миртожи Қолдибекка юзланиб, – ичкарига кириб, меҳмонларни зериктирмай турсангиз. Қизиқчи йигитларга топшириқ беринг. Янги латифалардан айтиб, кулдирсин. Ўрта совимасин.
У ўзини ҳарчанд вазмин тутишга ҳаракат қилса-да, юрагини ваҳима, қўрқув босди. Шу боисдан қудасига буйруқ оҳангида гапирганини ҳам сезмади.
Қолдибек ичкарига кириб кетди. Миртожи бир зум ўйланиб қолди. Чекди. Қўл телефонидан қаергадир телефон қилди. Бир неча дақиқадан сўнг базмгоҳдан чиққан қанақадир қиз билан машинага ўтириб, бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
Бу орада “Лимузин”лар оқими мусиқали сигнал чалиб, шовқин-сурон билан тўйхонага кириб келди. Куёв навкарлари, келиннинг дугоналари бирин-кетин ичкарига ўтишди. Машинадан энг охирида тушган Фарҳод эшик ёнида турган отаси – Қолдибек олдига келиб сўради:
– Топилдими?
– Ҳа, дадаси ҳозир қўнғироқ қилди. Келин уйга кирган экан. Беш-ўн минутда келишади…
Дарҳақиқат, кўп ўтмай янгроқ мусиқа садолари остида тўй даврасига қора итальян костюм-шими устидан бухороча зарбоф тўн кийган куёв ва оппоқ ҳарир либосли, юзига ғоят бежирим кашмири чачвон тутган келин кириб келишди. Ҳамма оёққа турди.
Гулдурос қарсаклар, олқишлар янгради.
Келин-куёв боши узра сон-саноқсиз гуллар ва… пуллар сочилди. Бола-бақра оёқ остида пилдираб, пул терди. Созандалар “Тўйлар муборак”ни чалиб, доирани гумбаданг қилишди.
Халқ артисти даврани очди. Илк табрик ва қутловлар янграб, келин-куёвга ўтириш учун изн берилди. Мусиқа баланд пардаларда авж олди. Шампанларнинг тиқини “пақиллатиб” отилди…
Шу чоққача ҳовлиқиш ва ҳаяжон оғушида карахт бўлган куёв ўтиргач, қайлиғига ўпкалаган тарзда ўгирилди ва унинг чачвонини оҳиста кўтарар экан… қотиб қолди.
– Ие, – деди у сал бўлмаса йиқилиб тушай деган аҳволда. – Сиз… бошқа-ку!
– Жим! – деди келин таҳдидли овозда. – Жим ўтиринг! Мен ўшаман! Мен… кейин тушуниб оласиз.
Фарҳод жонҳолатда нажот излаб, жавдираган кўзлари билан отасини қидириб топди. Отаси қайнотаси билан бирга келин-куёв ўтирган баланд ва ҳашаматли равон пойига келиб, зиналардан юқорига кўтарилаётгандилар. Куёвнинг нигоҳи отасининг кўзлари билан эмас, Миртожининг қатъий қараши билан тўқнашди. Бу қарашдан у гўё: “Хавотир олма, ҳаммаси келишилган, ҳаммаси яхши бўлади”, деган маънони уқди. Кейин Қолдибекдан худди ишора бўлди…
Тўй бир маромда давом этар, Миртожи зоҳиран сокин, ботинида эса бўрон гувилламоқда эди. Кўзлари билан даврадан кимнидир қидирар, юзлаб нигоҳлар орасидан маъноли бир нигоҳни, яъни ҳозиргина юз берган машъум ҳодисадан бохабар, эҳтимолки, бевосита қўли бор одамни, яъни ўзига ашаддий душман бўлган маккор ва ғаддор кимсанинг нигоҳини қидирар эди.
Нигоҳлар эса… деярли бир хил. Ана, вилоят ва шаҳар маъмуриятидан келган амалдорлар. Ҳаммаси Миртожининг ошналари. Улардан шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Сал нарироқда ҳамкасблари – заводчи бойлар, уч-тўрт киши ўн кишилик столни банд этиб, тўкин дастурхонга нописандроқ назар ташлаб ўтиришибди. Шулардан… чиққанми? Йўқ, Миртожи уларга рақобатчи эмас. Берироқдаги столда ёшликдан бирга ишлаб келаётган тижоратчи ошналари ўтиришибди. Шубҳа қилган одами шуларнинг ичидамикан? Ёки… шунчаки тасодифий кулфатми бу? Йўқ. Унақада айнан тўй куни юз бермас эди бу воқеа. Бу – маккорона, пухта ўйлаб, режалаштирилган қасос. Бу – Миртожининг нақ юрагини мўлжалга олган ўқ. Хўш, уни ким отди? Бу ногаҳоний зарбани унга ким берди? Эй, Худо, ўзингга шукрки, Миртожига нақ шармисорликдан чиқиб кетишига йўл кўрсатиб, уни асраб қолдинг. Аммо… қайси қурбонлик эвазига. Бечора Шаҳло. Оқпадар Лайло. Уни… не бало урди? Нега бундай йўл тутди? Эл-юрт олдида нега унинг шарманда бўлишини ўйламади? У ахир бундай шармандаликни кўтаролмаслигини биларди-ку! Қайдан келган жазо бу? Қайси гуноҳим учун?
Шу айқаш-уйқаш фикрлар унга тинчлик бермасди. Унинг хаёли узоқ-узоқларга кетди. Бундан йигирма йил олдин юз берган бир воқеа жонланди. Шунча пайтдан бери тинчлик бермай, азоблаб, юрагини тирнаб келадиган ўша воқеани яна эслади. Бугунги воқеа уни эслашга мажбур этди. Эҳтимол, ўша ҳодисага мутлақо алоқадор эмасдир, аммо…
Аммо Миртожи бугунги воқеани ўша воқеа билан боғлади. Беихтиёр гуноҳим учун тортаётган жазоим бўлса керак, деб ўйлади. Аламзада кўнгли учун бир овунч истаб, хотинини қўлтиқлаганча, яна меҳмонлар сафига қайтди. Мажбуран, ночор жилмайди. “Хуш келибсизлар, хуш келибсизлар”, деган гапни такрорлади. Шу аснода ёрдамчиси Қўшоқбойдан:
– Таклиф этилган меҳмонларнинг ҳаммаси келиб бўлдими, – деб сўрашга ҳам улгурди.
– Деярли ҳаммаси, – деди Қўшоқбой, – бир-иккитаси Шавқиевнинг тўйидан чиқиб келишади. Унинг тўйи барвақтроқ бошланган, ҳадемай тугайди.
– Яхши, сергак бўлинглар, меҳмонлар қаровсиз қолмасин, – деди Миртожи ва ўзи сезмаган ҳолда: “Ҳеч уйланишга тўймас экан-да, бу Отабой ота”, дея ғудраниб қўйди.
* * *
Дарвоқе, чиндан ҳам худди шу соатларда шаҳарнинг бошқа бир бурчагида яна бир тўй авжига чиққан эди. Бу тўйнинг асъасаю дабдабаси Миртожибойнинг қизиники сингари зоҳиран, яъни очиқ кўринмас, бироқ ботинан жуда сарбаланд эди. Яъни…
“Империал” деб аталмиш шаклан мўъжазгина, лекин ниҳоятда ҳашаматли, идиш-товоғидан тортиб, қошиқ-санчқисигача ўта қимматбаҳо – киборона ресторанда шаҳардаги “оғзи катта”лардан бири – Отабой Шавқиев ҳам… уйланмоқда эди.
Ёши олтмишни қоралаб қолган бу одамнинг кимлиги, нечанчи марта ва кимга уйланаётганлиги ҳақида ҳозир муфассал фикр юритмоқчи эмасмиз. Илло мавриди келганда, ҳаммасини ипидан-игнасигача билиб оласиз. Ҳозирча эса бу ҳақда қисқа ва юзаки бир маълумот бериб қўйиш билан чекланиб, асосий воқеаларимиз силсиласига қайтамиз. Ушбу силсиланинг қоқ ўртасига Шавқиевнинг тўйи ҳақидаги эслатмани киргизиб ўтганимизнинг боиси эса бир пайтга тўғри келиб қолганини таъкидлаш, холос. Уларни муқояса этиш эмас. Асосий сабаб – бу икки тўйнинг воқеан бир-бирига алоқадор экани, шу билан биргаликда, Отабой ота деб аталувчи бу анчайин ҳурматли зотнинг асаримизда ўзига хос ва ўзига мос ўрни борлиги билан боғлиқ. Шунга қарамасдан, ҳозирча биз унинг ва келиннинг исми-шарифи ҳамда кўҳна, лекин ҳамиша навқирон ушбу куёвтўранинг навбатдаги тўйларидан бири бўлаётгани ҳақида қисқача баёнот бериш билан чегараланамиз, холос. Ҳа, айтганча, бу тўйда одам кўп эмас. Нари борса, эллик-олтмиш чоғли киши. Аммо… қанақа кишилар! Ҳар бири ўн, юз, минг кишига татийдиган, ўйлашларича, юқори тоифали шахслар, бир сўз билан айтганда – киборлар. Улар олтин рангли шоҳсупа устида ёнма-ён ўтирган салобатли Отабой ота ва ойдай тўлиб ўтирган Ойчирой ойимга қараб, ўқтин-ўқтин:
– О-о! О-о! О-о! – деб қўйишар, бу куёв ва келин исмларининг биринчи ҳарфлари эмас, келиннинг нақадар ёш, нечоғлик гўзал эканлиги боис туғилган ҳадду ҳисобсиз ҳайрат ифодаси эди.
Тўйда ўртакашлик қилаётган халқ шоири Саноий жаноблари ҳам бу ҳайратга шерик эди ва ҳар икки гапининг бирини:
– Исмлари жисмларига ва бир-бирларига мосу монанд куёвтўра ва келинпошша, – деб бошлар ҳамда табрикларнинг деярли ҳаммасига қўшимча қилиб:
– Илойим айтганингиз келиб, Отабой акамиз қўчқордай ўғилларга ота, Ойчирой янгамиз бахтиёр она бўлиб юрсинлар, – деб қўяр эди.
Куёвтўра ҳар ана шу қўшимчани эшитар экан:
– Иншоолло… Ё илоҳо… Илоҳим… – деб пичирлар эди.

ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛ АВВАЛ
Тоғлар қўйнидаги Шакарсой қишлоғи. Қуюқ арчазорлар бағридан бошланиб, улкан тошларга урила-урила шовуллаб пастга оқувчи чучук сувли кичик дарё соҳилида жойлашгани учун бу қишлоқни шундай деб аташади. Унинг аксар аҳолиси тоғда йилқичилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланади. Бу ернинг сут-қатиғию асалини минг дардга даво дейишади.
Тўтиё исмли қиз шакарсойлик чўпон – Холдорқулнинг тўнғичи. Мактабдан бўш пайтларида онаси ивитиб берган қатиқни Заркент бозорига олиб бориб, сотиб келади. Бўйи чўзилиб, сарғиш юзларининг тўри тарқаб, тиниқлашиб қолган. Дафъатан кўрган киши унинг мовий кўзлари, тилларанг сочларига қараб, “юнонми, грекми бу қиз”, деб ўйлайди. Унинг хушрўйлиги, келишган қадду қомати ҳар қандай одамнинг бошини айлантириб қўярди.
Гўзал бу қиз қатиқни ё арзон сотиб қўяди, ё насияга бериб юбориб, онасидан доим гап эшитиб юради.
Тунов куни дугоналаридан бири Заркентда қатиқ бозори касод бўлаётганини айтиб, “катта шаҳарга бормаймизми”, деб қолди. Эртасига она ризолиги олингач, икки дугона аввалдан шаҳарга қатнаб юрган Салима хола ҳамроҳлигида йўлга чиқишди. “Қозоқ бозор” деб аталмиш бозорчада тушгача савдо қилиб, олиб борган қатиқ-қаймоқларини сотиб бўлишди. Идишларини йиғиштириб, жўнашга чоғланаётганида йигирма беш ёшлар чамасидаги хушбичим бир йигит қатиқ сўради.
– Тамом бўлди, – деди Тўтиё.
– Афсус. Энди қачон олиб келасизлар? – деб сўради йигит.
– Келгуси якшанбада.
– Мен Шакарсойнинг қатиғини жуда яхши кўраман. Малол келмаса, алоҳида бир идишга солиб, уйга киритиб берасизларми?
– Уйингиз қаёқда? – деб сўради Салима хола гапга аралашиб.
– Мана шу бозорнинг орқасида. Йўлғунзор кўча, 5-уй, исмим Миртожи. Демак, келгуси якшанба кутаман-а?
– Яхши. Олиб келамиз, – деди Салима хола.
Якшанба куни Салима хола бозор билан ўралашиб, ҳалиги йигитникига киролмади.
– Сен борақол, холанг ўргилсин, – деди Тўтиёга.
– Вой, мен қандай бораман, бегона жой, бегона уй.
– Еб қўймайди, куппа-кундуз куни-я. Майли, дугонанг билан бор…
Икки дугона Йўлғунзор кўчасидаги бешинчи уйни дарров топишди. Дарвозани қорачадан келган бир кампир очди. Кичкина ҳовли. Саҳнада гулу райҳон экилган. Тўрдаги кичик хона деразаси очиқ. Беўхшовроқ овоз рубоб чертиб, хиргойи қилмоқда:
“Истасанг шу фалакдан
Ойни олиб бераман.
Юлдузлардан бўйнингга
Маржон тақиб қўяман…”
– Ҳа, Миртожи буюрганмиди, ҳозир, – деди кампир ва овоз келаётган деразага қараб қичқирди.
– Ҳой, Миртожи болам! Қатиғингни олиб келишибди. Олақол!
Миртожи чиқди. Чиройли қизил кўйлакда. Енглари шимарилган. Тунов куни Тўтиё эътибор қилмаган экан, ўзига ярашиқли мўйлов қўйибди.
– Э-э, тоғ гўзаллари қадам ранжида этибдилар-ку! Илтимосимни ерда қолдирмаганингиз учун минг раҳмат, – деди у Тўтиёга ҳайрат ва қизиқиш билан разм солар экан.
Икки дугона қатиқнинг пулини олиб, тезгина ортга бурилишди.
– Келаси якшанбада яна олиб келинг, агар… қийин бўлмаса, – деди Миртожи.
– Майли, – деди Тўтиё беихтиёр ортига ўгирилиб. Миртожи унинг изидан кўз узмай тикилиб турарди.
Янаги якшанба Тўтиёнинг бир ўзи келди. Биринчи келишида ҳовлининг эгаси кампир эканини, Миртожи бу ерда ижарада туришини билиб олган. Кампир борку, хавотирланмаса ҳам бўлади, деб ўйлаганди. Аксига олиб, бу сафар дарвозани Миртожининг ўзи очди. Хурсанд бўлди, қатиқни олиб, “бир минутга киринг, тунов кунги идишингизни олиб чиқаман”, деб қўярда-қўймай ҳовлига етаклади. Тўтиё райҳон ҳидига тўла ҳовлида қимтиниб турди. Миртожи ижарахонаси томон юрар экан, йўл-йўлакай тунов кунги ашулани хиргойи қилиб борди: “Истасанг шу фалакдан, ойни олиб бераман…”
Дафъатан Тўтиё “бу қўшиқни илгари қачон, қаерда эшитган эканман”, деб ўйлади. Ҳа, эсига тушди. Заркентда, кончилар маданият саройида.
Миртожи чиқди. Идишни берар экан, “Раҳмат сизга гўзал қиз”, деб Тўтиёнинг елкасига билинар-билинмас қоқиб қўйди. Тўтиёнинг бадани жимирлаб, боши айланиб кетди.
– Нечанчида ўқийсиз, париваш? – деб сўради Мир_ тожи. Тўтиё йигитнинг бу оҳангдаги саволидан унинг ширинсўзлими, ҳазилкашми, англолмади. Нуқул “гўзал, малак, париваш” деб гапиради.
– Ўнинчини битиряпман.
– Ўқишга кирасизми?
– Насиб этса…
– Албатта насиб этади, сарвиқомат дилбарим. Дарвоқе, ўша китобни ўқиганмисиз?
– Қайси китоб?
– “Сарвиқомат дилбарим”ни-да!
– Чингиз Айтматовникими?
– Ҳа.
– Ўқиганман.
– Санъатни севасизми?
– Санъатни ким севмайди?
– Яхши жавоб. Янаги келганингизда Шерали Жўраевнинг концертига олиб тушайми?
– Вой, йўғ-е. Мен… концертда нима қиламан.
– Сиз… Сиз Тўтиёхон, менга ёқиб қолдингиз. Йўқйўқ, ёмон маънода эмас. Худди синглимдек. Сўзининг устидан чиқадиган қиз экансиз. Дўхтирлар менга тоғнинг қатиғини ичинг дейишган. Ошқозоним чатоқ, ўшанга… Сиз менинг табибимсиз, қатиғингизни ича бошланимдан бери тузалиб қолдим. Яхшилигингизга яхшилик билан жавоб беришни истайман, йўқ деманг. Бозорингиз тугагандан кейин, соат тўртда концерт бошланади. Кечки автобусга ўзим чиқариб қўяман. Айтганча, истасангиз дугонангиз билан келинг, хўпми?
“Дугонангиз билан келинг” деган таклифдан Тўтиё жонланди. Шакарсой қишлоғи қизлари Шералини фақат телевизорда кўришган. Бир қойил қолдирса-чи ҳаммасини. Лекин…
– Ишонмаяпсиз-а, агар кўнглимда ёмон фикр бўлса, тил тортмай ўлай, жон синглим!
– Майли, дугонам билан бўлса… Маслаҳатлашиб кўрай-чи…
– Албатта-албатта… Лекин кутаман!..
Кейинги якшанбанинг келиши қийин бўлди. Чунки уни Тўтиё интизорлик билан кутди. Кўз ўнгида Миртожининг ёқимтой чеҳраси тез-тез жонланар, “жон сингил, дилбарим, гўзал қиз” деган сўзлари қулоқлари остида жаранглар, юрагининг тубида нотаниш, илиқ бир туйғу ўқтин-ўқтин жимирлаб қўярди!
Концерт эсда қоларли бўлди. Сабаби – таниқли хонанда ногаҳон: “Навбатдаги ашулани қадрдон укам Миртожининг талабига биноан айтаман”, деди-да, “Биринчи муҳаббатим”ни куйлаб юборди. Миртожи Тўтиёга ғурурланиб қаради.
Концертдан сўнг Миртожи Тўтиё ва дугонасини автобус бекатигача кузатиб қўйди. Автобусда уйга қайтишар экан, дугонаси Тўтиёга Миртожини мақтади.
– Яхши йигит экан. Эрга тегсанг, шунақасига тегсанг-да. Армонинг қолмайди.
– Қўй-е, дугон. Ҳали эрдан гапирма. Мен… ўқишга кирмоқчиман-ку.
– Барибир… Бу йигитни қўлдан чиқарма…
Тўтиё ўша йили ўқишга киролмади. Миртожи билан энди фақат якшанба кунлари эмас, ҳафтанинг уч кунида кўришадиган бўлди. Чунки чоршанба ва жума кунлари ҳам шаҳарга қатиқ олиб тушарди.
– Келаси йил албатта кирасиз, сулувим, – дерди Миртожи ҳар сафар учрашганларида. Тўтиё энди анча дадиллашган, бир-икки бор Миртожининг ижарахонасига кириб, чой ҳам ичди. Миртожи унга “сизни синглимдай кўраман” дегани учун ортиқча ҳаракатлар қилмас, лекин тилидан “жоним-жоним” тушмас, афтидан орадаги ака-сингиллик тўсиғини олиб ташлаш учун баҳона қидирарди.
Баҳонани Тўтиёнинг ўзи топиб берди.
– Яхши кўрган қизингиз йўқми? – деб сўради у учрашувлардан бирида.
– Йўқ, шу пайтгача яхши кўришга арзийдиган қизни учратмадим… сиздан бошқа, – деди йигит.
Тўтиё қизарди. Бу гап ёққанини билдириб қўйди.
– Сиз эса… синглимсиз, холос. Ё… синглимдан ҳам яқинроқ бўлишни истармидингиз?
– Сингилдан яқин ким бўлади? – деб сўради Тўтиё.
– Сингилдан яқин севикли ёр, ёстиқдош маҳрам, вафодор маҳбуба-да, азизам, – деди Миртожи. – Менга… кўнглингиз қандай?
– Ғалати савол, – деди ўпкалаган оҳангда Тўтиё. – Нима деганингиз бу?
– Бу… Сизни яхши кўраман, сиз ҳам мени яхши кўрасизми, деганим Тўтиё.
– Яхши кўрсангиз, совчи қўйиб, ота-онамнинг розилигини олинг.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз розимисиз?
– Ота-онам рози бўлса, розиман…
– Жоним, азизам, севгилим, гўзалим!
Миртожи шу сўзларни айтиб, Тўтиёни бағрига босди. Юзидан ўпди. Тўтиё йигит кишининг қучоғига илк бор тушаётгани учун дафъатан саросимага тушиб, қаршилик қилишга улгурмади. Аввал юзида, сўнгра лабларида Миртожининг иссиқ нафасини ҳис этиб, боши айланди. Бир зум чойга тушган қанддек эриб мажолсизланди. Ногаҳон Миртожининг қўллари кўйлакларининг тугмаларини ечгач, қиз ўзига келди. Миртожининг кўксидан итарди, қучоғидан сирғалиб чиқди. Шоша-пиша кўйлакларининг тугмаларини қадади.
– Уялмайсизми, ахир… Ҳали тўй бўлмасдан, – деди ўпкаланиб.
– Тўй бўлади, жоним, тўй албатта бўлади…

ТЎЙДАН КЕЙИНГИ МУНОЗАРА ЁКИ ЧИМИЛДИҚДАГИ ТАНИШУВ
Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалгач, қуда томонлар ўртасида қисқа, лекин кескин мунозара бўлди.
– Миртожибой, дўстим, мени бунақа шарманда қиласиз деб ўйламагандим, – деди Қолдибек.
– Қанақа шармандалик? Қизиқмисиз? Ҳаммаси рисоладагидек бўлди-ку. Лайло бўлмаса, ана Шаҳло. Ҳар қалай тўй бузилмади-ку!
– Лайло қизингизнинг яхши кўргани бор экан, аввалроқ айтмаганмиди?
– Айтмаган. Лайло ҳеч кимни яхши кўрган эмас. Афтидан, уни мажбурлаб олиб қочишган. Мен ўша аблаҳни ернинг остидан бўлсаям топиб, жазосини бераман.
– Ўз оёғи билан чиқиб кетди, деяпти-ку. Шундоқми Фарҳод, айт-чи, – деди нарироқда турган ўғлини чақириб.
– Ҳа, сочимни тузатиб келаман, деб чиққанди…
– Билмадим-билмадим. Аммо қизимнинг бунақа қилиши сираям ақлга сиғмайди. Майли, бу томонини бизга қўйиб беринглар. Шаҳло қизим Лайлодан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Шаҳло! Бери кел қизим!
Шаҳло нарироқда – ўз онаси ва қайнона бўлмиш аёл қуршовида турарди. Сал ийманиб, эркаклар ёнига келди.
– Аввало, оиламиз шаънини сақлаш мақсадида қилган бу ишинг учун сендан у дунёю бу дунё розиман, – деди Миртожи. – Эндиги гап шуки, Фарҳодга садоқатли хотин, дўстим Қолдибек ва оиласига яхши келин бўлиб, юзимизни ерга қаратма! Фарҳодбек, ўғлим. Сиз… мард йигитсиз. Бизнинг оила томонидан бўлган шу озгина англашилмовчиликни тўғри тушуниб, кечириб, қизимни хафа қилмайсиз, деган умиддаман.
Фарҳод индамади. Ерга қаради. Бир зумдан кейин пастроқ овозда:
– Эртага… Бу гап бутун шаҳарга тарқалади, – деди.
– Тарқалса тарқалар. Одамлар гапириб-гапириб қўяди, – деди Қолдибек.
– Тўғри, оғзига кучи етмаганлар гапирса гапирар. Энди, дўстим Қолдибек, ҳовлингизга бориб, ёшларнинг никоҳини ўқитайлик-да, кейин бизлар қайтайлик. Мулла айтилганми?
– Ҳаммаси тайёр!..
Никоҳ ўқиш маросимидан сўнг янги қурилган шоҳона уйда келин-куёв ёлғиз қолишди.
– Сизни аввал кўрмаган эканман, – деди Фарҳод.
– Ўқишда эдим-ку, Лайло айтмаганми? Тўйдан уч кун олдин келдим.
– Ростини айтсам… Лайло билан ҳам атиги икки марта кўришгандик. Мен яқинда Америкадан қайтдим. У ёқда уч йил ўқидим. Аслида ҳали уйланиш ниятим йўқ эди. Илмий ишим бор. Сизнинг ўқишингиз битганми?
– Энди бир йили ўтди. Боя отам: “қизим, обрўйим тўкилмасин, нима бўлсаям, энди бугун келинлик либосини киясан”, деб туриб олди… Билмадим, тўғри қилдимми, йўқми. Сиз ҳар қалай Лайлони икки марта кўриб, маъқул топгансиз. Энди менга қараб: “буёғи қандоқ бўлди”, деб ўйлаб ўтирган бўлсангиз керак. Мен Лайлога ўхшаб чиройлиям эмасман…
– Йўқ-йўқ, унақа деманг. Гап чиройда эмас. Қолаверса… Ҳуснда ҳам ҳеч кимдан кам жойингиз йўқ.
– Наҳотки Лайло сизга йигити борлигини айтмаган бўлса? Ўзи сизга “розиман” деганмиди?
– Айтганди. “Бир йигит орқамдан юрибди. Лекин отам ҳеч қачон унга бермайди. Шунинг учун сизга тегишга розиман”, деганди.
– Қизиқ. Америкада ўқибсиз. Наҳотки, яхши кўрган қизингиз бўлмаса?
– Ростини айтсам, ўқиш билан бўлиб, бу ҳақда ҳаттоки ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Отам “уйланмасанг бўлмайди”, деб туриб олганларидан сўнг… Аслида яхши кўриш, севиш деган тушунчаларга ҳам бироз кенгроқ қарайман. Оила – бу икки одамнинг манфаатли ҳамкорлиги. Америкада “Никоҳ битими” деган тушунча ҳам бор, эшитганмисиз? Дарвоқе, қаерда ўқийсиз ўзи?
Шаҳло кулиб юборди.
– Ҳақиқатан ҳам жуда ғаройиб бўлди-ку. Никоҳдан сўнг чимилдиқ ичида танишяпмиз. Йигирма биринчи асрда-я!
– Менимча, бунда ҳам ўзига хос романтика бор. Биз ҳар қалай чимилдиққача бир-биримизни кўрдик-ку. Илгарилари…
– Мен чет тиллари институтида ўқияпман. Француз тили бўлимида.
– Инглизчани ҳам ўргандингизми?
– Ҳа, иккинчи тил сифатида.
– Бўлмаса… келинг, инглизча гаплашамиз.
– Келинг…
Инглизча суҳбат анча чўзилди. Тун тугаб, уфқ оқара бошлади. Куёвбола гоҳ-гоҳида чимилдиқ ортига солинган парқув тўшакка ўғринча нигоҳ ташлаб қўяр, аммо келинга яқинроқ сурилишга, унинг нозик ва оппоқ қўлларини ушлашга ўзида на журъат, на жасорат топа оларди.
Келин боя – никоҳ ўқиш маросимидан олдин оқ либосини ғоят бежирим атлас кўйлакка алмаштириб олганди. Ва ҳозир нимқоронғи хонада қип-қизил чўғдек ёниб турар, эҳтимол, шу боис Фарҳод бу чўғни ногаҳон ушлаб, куйиб қолишдан қўрқаётгандек, фақат гапирарди. Ниҳоят суҳбат тугаб, улар бир-бирларининг нигоҳларига қарай олмай жим қолишди.
– Дам оласизми, бўлмаса? – деди Шаҳло.
– Майли, – деди Фарҳод.

“ГОПАЛ” ЧОЙ УСТИДАГИ СУҲБАТ
Эшигига мўъжазгина “Қур эксим” фирмаси деган пешлавҳа осилган ғарбона услубда қурилган икки қаватли муҳташам иморатнинг иккинчи қаватидаги кенг, ёруғ хизмат хонаси. Эман ёғочидан ишланган паркет устига чиройли Эрон гилами ёзилган. Унда эса қорақўнғир итальянча мебеллар. Четроқда қора чарм диван қаршисида иккита оромкурси. Ўртасида ёнғоқ дарахтидан “барокко” усулида бежирим қилиб тайёрланган хонтахта. Теварагида, яъни диван ҳамда оромкурсилардан уч киши жой олган. Оромкурсилардан биридаги мошгуруч соқол қўйган, барваста, қоракўз одам гапирмоқда. Икки ҳамсуҳбати эса унинг сидирға тилла тишли оғзига ҳайрат ва мутелик билан илжайиб қараб ўтиришибди. Чойни ҳам улардан бири қуймоқда.
Улар иккаласи бирваракай ўринларидан туриб:
– Яна бир марта муборакбод этамиз, Отабой ака. Илоҳим қўша-қаринглар, ували-жували бўлинглар, – дейишди.
– Раҳмат, раҳмат! Ўша куни яхши ўтирдингларми ишқилиб? Ўзимиз билан ўзимиз бўлиб, яхшироқ хабар ҳам ололмадик.
– Аъло даражада, – деди чой қуювчи. – Камтарона ва улуғвор тўй бўлди ўзиям.
– Дастурхоннинг зўрлигини айтмайсизми, – деди иккинчиси.
– “Оз бўлсину соз бўлсин” дедик-да! Менинг тўрда куёв бўлиб ўтиришим қанақа кўринди. Битта-яримта кулмадими: “бу чоли тушмагурга куёвликни ким қўйибди” деб?
– Йў-ўқ, кимни ҳадди сиғарди, дейсиз. Қолаверса, даврада бегона одам йўғиди-ю.
– Мен баъзиларга ўхшаб, келиннинг ёнига ёш йигитни ўтқазиб, ўзи панага яшириниб, гўшангада пайдо бўладиганлар хилидан эмасман-да…
– Э-э, Отабой ака, шу туришингиз билан ҳам ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирасиз.
– Ҳе-ҳе-ҳе!..
– Мана, марҳамат, Отабой ака, чойдан ичинг, – деди чой қуювчи.
– Оббо-о, маъмурият ходимига чой суздириб ўтиришимизни қаранг. Уят бўлади. Беринг, терговчига беринг, терговчи қуйсин, – деди Отабой ака деганлари виқор билан.
– Ҳа-я, узр, гап билан бўлиб, эътибор қилмабман, менга беринг, – деди иккинчиси. Терговчи мезбоннинг бу гапидан кейин қўзғалиб қўйди.
– Қўяверинг, Отабой ака, нима фарқи бор, – деди “маъмурият ходими”. – Аммо-лекин чой ҳам чоймисан чой экан. Бунинг ҳидини қаранг. Таъмигаям гап йўқ. Англиядан олдириб келганмисиз дейман?
– Йўқ, Англиядан эмас. У ёқда ишлов берилган чойлар ўзининг ҳақиқий хусусиятини бир қадар йўқотиб қўяди. Бу чой Шри Ланканинг ўзидан, аниқроғи Ҳимолай тоғларига туташ водийдаги чойзор даланинг бошидан олиб келинган. Ўша ерда бир чойфуруш ошнамиз бор. Исми Гопал. Яқин дўстлари учун чойнинг гулидан алоҳида махсус қилиб тайёрлаттиради. Шунинг учун биз бу чойни “Гопал чой” деймиз.
– Қойил, Отабой ака, – деди “терговчи” деганлари. – Ўзиям етти иқлимда дўстларингиз бор-да. Ёғочтахтаниям энг сарасини олиб келяпсизлар.
– Гапни ўзининг мақсади томонга бурганини қаранглар, – деди Отабой ака “ҳе-ҳе”лаб: – Бу ҳуқуқшунос қавми жа-а пухта бўлади-да. Хўш, қанча керак? Қанақасидан?
– “Шпунтованний” дегани бўларкан-у… Ҳалиги, жойида силлиқлаб, елимқоғозга ўраб жўнатишаркан. Ўшандан… ўттизлигидан ўттиз кубгина бўлса…
– Ҳа-а, ўттизлигидан атиги ўттиз кубгина денг. Нима, мактаб қуряпсизми? Ё боғчами? Майли. Ўттиз куб бўлса, ўттиз куб-да. Сизга-чи, катта ака, – деди Отабой ака “маъмурият ходими” кўринишдан ўзидан камида ўн беш ёшлар кичик бўлса ҳам “ака” деб мурожаат этди.
– Бизгаям шунча бўлса етади.
– Ие, шунақами, худди келишиб олгандек бир хил миқдорни сўраяпсизлар-ку. Сабаби нима?
– Чунки икковимизнинг участкамиз ёнма-ён, бир хил лойиҳа асосида, бир фирма томонидан қуриляпти, – деди терговчи.
– Қаерда экан, агар сир бўлмаса? Ким қуряпти? Қанақа фирма?
– Шимолий-шарқ мавзесида. Фирма эмас. Меъмор ва қурувчилардан иборат усталар гуруҳини пойтахтдан олиб келганмиз, – деди “маъмурият ходими”.
– Чакки қилибсизлар. Ўзимизга қарашли фирмаларнинг қурувчилари пойтахтдагидан қолишмайди. Пул бегона бўлибди. Минбаъд унақа қилманглар. Ахир шу ернинг пули шу ерда айланса, маҳаллий бюджетга ҳам фойда-ку. А, лаббай, катта ака? Шундайми?
– Шундай, Отабой ака, – деди ходим гуноҳкорона ерга қараб. – Энди… бу томонини ҳисобга олмабмиз-да… Аммо-лекин сизнинг донишмандлигингизга беш кетаман-да. Дарвоқе, пулини… бирон жойдан “перечисление” қилиб ўтказиб берсак бўладими? Қанча бўлади ўзи?
Отабой ота чойни виқор билан симириб бўлгач, бир зум сукут сақлади. Кейин кулди.
– Сиздай қадрдонларимдан арзимаган ўттиз куб тахта учун пул оламанми? Қизиқ экансиз? Қўйинг-е, уят бўлади. Мендан туҳфа…
– Озгина уголник, арматура ҳам олмоқчи эдик-да, – деди “терговчи”. – Ақалли ўшанинг пулини тўламасак, чиндан ҳам уят бўларов.
– Сиз ҳали уятни ҳам биласизми, жаноб ҳуқуқшунос, – деди Отабой ота нописандлик билан кулиб. – Уятни бизга қўйиб бераверинг. Хўш, қанча металл? Дарвоқе, бунинг менга нима қизиғи бор? Қанча керак бўлса, шунча етказиб беришади. Манзилни айтиб кетаверасизлар…
Отабой ота шундай деб, енгилгина қарсак чалди. Шу заҳоти боя чой олиб кирган кексароқ, лекин ҳусну латофатини йўқотмаган котиба аёл кирди.
– Йигитлардан керакли нарсалар рўйхати ва манзилларини ёзиб олиб, Азаматга айтасан. Ҳаммасини етказиб берсин. Тушунарлими, бор, боравер, булар ҳозир чиқишади.
Котиба чиқди. Отабой ота ўрнидан қўзғалди, меҳмонлар ҳам “дик” этиб оёққа туришди.
– Минг раҳмат, Отабой ака, – деди ходим.
– Умрбод миннатдормиз, – деди ҳуқуқшунос. – Яхши кунларингизга қайтарайлик.
– Арзимайди, – деди Отабой ота уларга бирма-бир қўл узатиб хайрлашар экан. – Яна хизмат бўлса, айтарсизлар. Дарвоқе, жаноб ҳуқуқшунос, ҳалиги мен айтган иш нима бўлди? Болапақирни ҳалиям қўйвормабсизлар-у.
– Анови… жабрдийдаларнинг тилхатларини олиш бироз қийин бўлди… Шу бугун кечқурун чиқариб юборамиз.
– Шундай бўлсин. Ота-онаси, қариндош-уруғлари сал ранжиб юришибди: “Ҳаққини олгандан сўнг шартни бажармайдими, қанақа бетайин одам ўзи у”, деб.
– Айб менда ака, узр. Шу бугуноқ…
– Шундай бўлсин… Эса хайр! Омон-эсон юринглар, биродарларим.
Меҳмонларни кузатгач, Отабой ота оромкурсида ястаниб, бир зум мудради. Кейин ўрнидан туриб, ширин керишди. Котибани чақириб, буйруқ берди.
– Уйга қўнғироқ қилиб, келинчакка айт: “Отабой отам бугун тушликка ширгуруч ер эканлар” де! Тайёрлаттириб қўйсин. Ҳа, айтганча, хотинларимдан бирортаси овқатни сенчалик пиширолмайди, барибир ўзингники зўр!
Кейин охирги жумладаги сўз ўйини ўзига нашъа қилиб кулди. Котиба ялтоқланди. Отабой ота унинг қуймичига енгилгина шапатилаб қўйди.
– Бизникини емай қўйдингиз-ку, янгисини олгандан бери, – деди котиба. – Эртага тушликка бир гўштли қуймоқ қилиб келайин.
– О-о! Блинчик! Сенинг блинчигингга тенг келадиган блинчикни мен дунёнинг бирон бурчагида емадим, – деди завқ билан Отабой ота. – Блешини ҳам қийворасан. Кейин яна бир нарсанг бор, ҳалиги нимайди, ўртаси тешик бўладию… попчикми?
– Пончик. Хоҳласангиз ундан ҳам…
– Ҳа-а, пончик. Сенинг пончигингнинг таъми туну кун оғзимдан кетмайди. Майли, эртага блинчик билан пончик пишириб кел. Тушликни бирга қиламиз. Сен ўкинма, Отабой абзий янги хотин олиб, мени эсдан чиқарди деб ўйлама. Отабой ота эски қадрдонларни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Ма, мана бу пулни ол. Пончикнинг харажатига.
– Раҳмат!..
– Эҳ, ҳаёт, бунчалар ширин ва завқлисан!
Отабой ота шундай деб қўлидаги қимматбаҳо “Ролекс” соатига қаради. Эндигина ўн ярим бўлибди. Тушликкача анча бор. Нима қилиш керак? Далага чиқиб, пойгага боқилаётган отларидан бир хабар олиб келсинми? Отбоқари зўр одам. Отабой ота уни атай Туркманистондан олиб келган. Отнинг тилини билади. Кўнглидагидан ҳам зиёд қилиб қўйган. Янаги ой бўладиган халқаро пойгада Отабой отанинг отлари муқаррар ғолибликни эгаллаши керак…
Ногаҳон телефон узун-узун жиринглади. Отабой ота селектор тугмасини босиб, котибадан сўради:
– Ким экан?
– Самарадан. Улайинми?
– Ула!
– Э-э, қадрдоним, қиёматлик укам, бормисан бу оламда, – деб гап бошлади Отабой ота телефондаги одамни гапиришга ҳам қўймай. – Менми? Мен ўзинг билгандай. Ишларми? Ишларнинг ёмони йўқ! Ким дейсан? Ҳа-а, уми, у яхши бола. Қанотинг остига ол. Адашмайсан. Ҳа! Юк? Қанча? Ўн вагон? Э-э, жигарим, ўн вагон ҳам гап бўптими? “Есть” қиламиз. Сен ҳам мен айтган йигирматани “есть” қилгин, тушунганский? Яша! Омон-эсон бўлиб юр! Учрашгунча хайр. Яқин ойларда бир ўтиб қоларман. Нима? Келинни ҳам олиб келинг, дейсанми? Э-э, қайси бирини олиб борасан бу қисир сигирларнинг. Янгисими? Ҳа, қурғур, қайси гўрдан эшита қолдинг? Майли олиб бораман. Зора у томонларнинг ҳавоси ёқиб… бунисининг пушти ёзилиб қолса…
Гўшакни қўйиб, оғир сўлиш олди. Кайфияти тушди. Селектрни ҳам босмай, қарсак чалди. Котиба кирди:
– Ҳой Шерифе, битта қаҳва келтир, ичига озгина анави… қорачидан эзиб ташлавор. Меъёрини ўзинг биласан-а!
– Билам, билам, – деди котиба ва шипиллаб чиқиб кетди.
Зум ўтмай, қаҳва тайёр бўлди. Отабой ота пуфлаб-пуфлаб ичар экан, котибанинг белидан ушлаб сўради:
– Наякисини кўп солиб юбормадингми?
– Во-ой, не дейсиз? Бугун қилаётганим йўқ-ку кофейни…
– Зўр, зўр қипсан, Шерифе, сени… Шунинг учун яхши кўрам-да, аний!
– Ҳо-о, биз энди аний бўлиб қолдикми? Ҳеч бўлмаса опой десангиз-чи…
– Кечир Шерифе, кечир, азизим. Сен ҳали… Ҳалиям қиздайсан. Майли, энди мен борай. Қирқи чиқмаган келинчакни куттириш ярамайди…

ҚОЧОҚЛАР
Икки қочоқ – Лайло билан Нозим пойтахтга кириб келишди.
– Қаерга борамиз? – деб сўради Лайло. – Лекин дадам тутиб олса, иккаламизни ҳам ўлдиради.
– Бекордан-бекорга ўлиб кетаверадиган аҳмоқ йўқ. Кейин… даданг сени бева қолдиришни истамас.
– Сиз мени ҳали олинг…
– Мана олдим-ку. Тўй бўлди. Энди ҳозир бориб никоҳ ўқитамиз.
– Жиннимисиз, ким бизларни никоҳдан ўтказади.
– Хавотир олма. Гаплашиб қўйганман.
Нозим шундай деб, машинани Эски шаҳар томонга ҳайдади, кичикроқ бир масжидга етиб, дарвозасини қоқди. Мулла чиқди. Ҳужраларнинг биридан икки муллаваччани топиб келди, никоҳ ўқилди.
– Энди… қаерга борамиз?
– Менинг ижарахонамга борамиз, жоним.
– Қаерда у?
– Қозоқ бозорининг орқасида. Яқин.
Қизил “Жигули” бозор ортидаги тор кўчалардан бирига бурилди. Нозим пастқамроқ бир ҳовлининг темир дарвозасини калит билан очиб, машинани ичкарига ҳайдади. Ҳар эҳтимолга қарши, номерларини ечиб қўйди. Сўнгра Лайлони ҳовли тўридаги кичикроқ ҳужрага олиб кирди. Бу талабалар яшашига мўлжалланган одмигина хона бўлиб, битта эски каравот, стол ва стуллар қўйилган.
– Шуми олиб келган жойингиз? Ахир… одамнинг кўнгли айнийди бу ерда, – деди Лайло.
– Шошма, азизим. Сабр қил. Тез орада хорижга жўнаб кетамиз.
– Дадамга қачон хабар берасиз? Тезроқ айтиб, тинчлантирмасангиз, дунёни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди-ку.
– Шошма, бироз жаҳлидан тушсин.
– Жаҳлидан тушармикин? Бошланиб турган тўйни бузиб келдингиз-ку. Шунча харажат, бўладиган гап-сўзни айтмайсизми?
– Лайло, қўйсанг-чи бу гапларни. Ҳаммасини олдиндан билиб, рози бўлиб келгансан-ку. Нима, ақлинг энди жойига келяптими?
– Сиз мени… шунга мажбур қилдингиз-да…
– Нима? Мен? Ё тавба қилдим. Ўзинг, ўз оғзинг билан: “Дунёда сиздан бошқа ҳеч ким керак эмас”, демаганмидинг, жонидан?
– Алдаб, авраб… тегиниб қўйганингиздан кейин нима дейишим мумкин эди. Тақдиримга сиз битилган экансиз, деб ўйладим-да.
– Тақдирингга мен битилган бўлсам, нега тўйга розилик бердинг?
– Ўзингиз… йўқолиб кетдингиз-ку. “Уйингга одам юбораман”, дегандингиз. Уч ой кутдим. Бу ёқдан ота-онам ҳоли-жонимга қўймади. Мен сизни энди умуман кўрмасам керак, деб ўйлагандим. Вақт қуригандек, тўй куни пайдо бўлдингиз.
– Э, раҳмат демайсанми, азизим. Сени шармандаликдан асраб қолдим-ку. Тўй бузилган бўлса, қайтадан яна бўлаверади. Лекин… иффатни ямаб бўлмайди.
– Ямашяпти-ку…
– Бор, бўлмаса сен ҳам яматтир-да, ўша Америкада ўқиган бойваччанинг ёнига бориб, оёғига бош ур. Тур! Жавоб сенга!
– Ў-ў, тўйимни бузиб, олиб қочиб, энди жавоб берармишлар. Топибсиз аҳмоғингизни. Энди… тиригим ҳам, ўлигим ҳам сиз билан. Ҳеч қанақа хорижга бормайсиз. Шу ерда, шу шаҳарда яшайсиз! Тушунарлими?
Лайло шундай деб, ҳўнграб йиғлади. Нозим унинг титраётган елкасидан қучиб, юпатди.
– Тинчлан жоним, хафа бўлма. Қаттиқ гапирган бўлсам, кечир. Ҳозир иккаламизнинг ҳам асабимиз қақшаб турибди. Мен… мен сени ўша биринчи марта дискотекада танишган кунимиз севиб қолганман. Бир умр севаман сени. Тўғри, шошилдик, “гуноҳ” қилиб қўйдик. Мен тўй қилсак, ҳаммаси ўрнига тушиб кетади, деб ўйлагандим. Бир воқеа бўлиб, вақтида келолмадим. Совчи қўйиб, отангнинг розилигини олишга улгурмадим. Аслида отанг сени мендек кимсасиз бир етимга бермасди ҳам. Шунинг учун бугун қилган ишимиз – ягона тўғри йўл эди. Акс ҳолда Фарҳодга тегиб, бир умр бахтинг кемтик бўлиб, виждонинг қийналиб юрардинг.
– Отам “оқ” қилади энди барибир…
– “Оқ” қилолмайди. Унга обрў керак. Тўйнинг бузилишига ҳам бирор жўяли баҳона топиб, бости-бости қилиб юборади, кўрасан.
– Жо-он Нозим ака, эрталабоқ у кишига қўнғироқ қилинг. Балки… айтганингиздай кечирар…
– Кечиришдан бошқа чораси йўқ! Кимсан Миртожибойвачча қизини олиб қочган йигитни ўлдириб, сени “оқ” қилиб обрў тополмаслигини билади. Мен бир-икки кун сабр қилсакмикин, дегандим. Майли, эрталаб қўнғироқ қиламан. Энди ётиб ухлайлик…
Лайло бироз тинчланди. Нозимнинг қучиб, эркалашлари хуш ёқаётган бўлса-да, миясини “отам кечирармикан” деган ўй, ўша илк танишув, кейинги учрашувлар ва “гуноҳ” қилиб қўйилган оқшом кўз ўнгидан бирма-бир ўтар, гоҳ-гоҳида Фарҳоднинг: “Қачонлардир, кимнидир яхши кўрган бўлсангиз, унинг айби йўқ, ҳар ҳолда номусингизни сақлагансиз-ку”, деган гапи қулоғида жаранглаб кетарди. Аслида ўша гап Лайлонинг қочишига туртки бўлди. У Фарҳодга: “Номусимни сақлай олмадим”, деб айта олмади. Дугоналаридан бунинг “чораси” борлигини эшитган, бироқ бу чорани қандай қилиб топишни, кимга учрашни билмас, онасига айтишга қўрқарди.
Бу орада тўй яқинлашиб қолди. Лайло: “Энди нима бўлса бўлди, Фарҳодга ростини айтиб, оёғига бош урсам, балки кечирар, замонавий йигит-ку”, деб ўйлади. Кечирмаса… лоақал уч-тўрт ойдан сўнг “характеримиз тўғри келмади”, деб ажралишиб кетармиз”, дея ўзича режа тузди. Тўй куни келин-куёв “Сицилия” ресторанига кириб кетишаётганда, Лайлонинг кўзи зина четида турган Нозимга тушди. Худди ҳалокат ичра нажоткорини топгандек, кўзи чарақлаб кетди. Нозимнинг “бир амаллаб ташқарига чиқ” деган имосини тушунди. Хуллас, орадан ўн минут ўтар-ўтмас, улар минган “Жигули” шаҳардан чиқиб кетгач, енгил нафас олди.
Энди бўлса, пушаймон қилиб ўтирибди. Тўй бузилди, отамнинг юзи ерга қаради, деб куюнаяпти. Яна бир хаёл: “Ҳарқалай шармандаликдан қутулдим-ку”, дейди. Агар Фарҳод тўйнинг эртасигаёқ ҳайдаб юборганда бундан ҳам баттар шармандалик бўлмасмиди? Ҳарҳолда никоҳгача қочди-ку.
Сўнгги фикр Лайлони буткул овутди. Нозимнинг мушакдор йўғон билагига бошини қўйиб, уйқуга кетди…
Айни шу дамда пойтахтдан анча олисдаги шаҳарда, Миртожибойнинг чорбоғида гўё спектаклга айлантирилган тўйнинг оғир муҳокамаси давом этмоқда эди.

МИРТОЖИБОЙНИНГ ҚАҲР-ҒАЗАБИ
Миртожи келин-куёвнинг никоҳини ўқитгач, хотини билан уйга қайтар экан, олти юзинчи русумли “Мерседес” машинасининг ичи сув қуйгандек жимжит эди. Анча жим кетишди. Машина шаҳардан чиқиб, Миртожибойнинг Қозиравотдаги ҳашаматли чорбоғига яқинлашди. Тушиб, ҳовлига киришди. Шунда у дабдурустдан заҳрини хотинига сочди.
– Нега қочади? Ким билан? Қаёққа?
– Вой, ман на билай, – деди хотини ўзининг қишлоқча лаҳжасида.
– Нега билмайсан? Туғиб ўстирган қанжиқ сенмисан ё мен у қизни мўлтонидан тилаб олганмидим? Қани айт, қаерга қочирдинг?
– Худо урсин, ўлай агар, отаси, агар бирон гапдан хабарим бўлса…
– Бўпти, қани уйга кир. Кейин гаплашамиз…
Миртожи кийимларини ечибоқ, ўзини ҳовли саҳнидаги каттакон мармар ҳовузга отди. Муздай сув анча ўзига келтирди. Қизиган қони совиди. Бироз сузиб, сувдан чиқди. Хотини ёнидаги курсига ўтирди.
– Қани, эсла-чи, яқин орада бирон йигит билан тез-тез учрашганини, телефонда кўпроқ гаплашганини сезганмисан?
– Бир бола… икки-уч марта қўнғироқ қилган. Институтда бирга ўқиганмиз, битирув кечасига айтмоқчийдим, деганди. Бошқа ҳеч бир яқин таниши йўқ эди.
– Ўша боланинг исми нима экан, айтмаганмиди?
– Айтганди, Нозирми, Нозилми…
– Нозир, Нозил… Ким бўлиши мумкин? Шошма! Қизингнинг битирув альбомини олиб чиқ-чи!
Альбомни неон чироғи ёруғида роса синчиклаб кўздан кечиришди. Лайлонинг ҳамкурслари орасида на Нозир, на Нозил деган йигитни топишди.
– Нима қиламиз энди? Дугоналаридан бирортасига айтиб кетмаганмикан?
– Ҳаммаси билан гаплашиб чиқдим. Ҳеч кимга ҳеч нарса демаган. Шошманг-чи, ўзидан бирор дарак бериб қолар.
– Э, падарига минг лаънат, дарак бермай ўлсин, йўқолиб, қуриб кетсин илойим…
– Қарғаманг, отаси. Ота қарғаган қиз бахтсиз бўлади. Ўзимизам… мундоқ кўнглини чуқур билмай шоширдик-да…
– Э, ўл-е, аҳмоқ! Ахир ўзинг “яхши кўргани йўқ, сиз кимга берсангиз, ўшанга рози”, деб айтгандинг-ку!
– Ман на билай ахир. Фарҳоджон билан икки марта учрашди. “Майли” деди. Лекин… йиғлаган эди.
– Йиғлаган бўлса, сабабини сўрамадингми?
– Сўрадим, “ўзим шундоқ, йиғлагим келопти”, деганди-я!
– Баттар бўл! Буям кам сенга! Бор, йўқол!
Хотини кетди. Миртожи ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолиб, ўйга толди. Боғ томондан таралаётган анвойи гуллар ҳиди ҳам, тоғдан оқиб келиб, ҳовузга қуйилаётган зилол сувнинг жилдираши ҳам таъсир этмади.
“Ким? Ким ботинди мени бу аҳволга солишга? Қайси аблаҳ? Гап кимда? Қизим ўзи рози бўлиб қочдими? Ё кимдир буни атайлаб уюштирдими? Душманларимдан қайси бири? Худога минг қатла шукрки, менга иккита қиз берган экан. Битта ўзи бўлса, нима қилардим? Кимни олиб келиб ўтқизардим қочган келиннинг жойига? Қолдибек билан бир умрлик душман бўлиб кетмасмидим? Ҳалиям… Қолдибек, Фарҳод бу “алмаштирув”га рози бўлишди. Рози бўлмаганларида нима қилардим?..
Нега? Нега бундай бўлди, Парвардигор? Нега менга молу давлат бердинг-у, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик бермадинг? У ёқда ёлғиз ўғлим Нуртожи наркология шифохонасида ётган бўлса…
Миртожи энди бахтиқаро ўғли ҳақида ўйлаб кетди. Гиёҳвандликка мубтало бўлган эркатойини қаратмаган дўхтири қолмади. Салгина тузук бўлади-ю, яна қайталайди. Охири Қирғизистонда номи чиққан янги бир табибнинг клиникасига ташлаб келди.
Нега мени бу қадар оғир, бунчалик шафқатсиз жазолаяпсан, эй Оллоҳ! Қайси бир гуноҳим учун?..
Шу оғриқли нидо асносида хаёл уни яна йигирма йил олдинги воқеалар сари олиб кетди…

“ЁЛҒОНЧИ ЁР, ЁЛҒОНЛАРИНГ ТУГАР ҚАЧОН?”
Миртожи ва Тўтиё бир-бирларини кўрмаса туролмайдиган даражада севишдилар, деб бўлмасди. Йи гитга тоғ қизининг соғлом ва бўлиқ жисми, чиройли чеҳраси ёқар, қизда эса, “тегсанг, шундай йигитга тег”, деган туйғу ҳукмрон эди. Тўтиё қатиқ баҳонасида кунора шаҳарга келар, савдосини тугатар-тугатмас Миртожи томон ошиқарди. Миртожи ўқишни битириб, ҳали ишга жойлашмагани учун деярли ҳар куни ижарахонасида рубоб тинғиллатиб ўтирар, гоҳ-гоҳида кечқурунлари таниш отарчиларга қўшилиб, тўйларда созандалик қиларди.
Кунларнинг бирида Миртожи наҳорги ошда танбурчилик қилиб, соат ўнларда ширакайф ҳолда уйга қайтди. Дарвоза ёнида бўшаган идишларини кўтарганича Тўтиё турарди.
– Салом менинг мунис ҳамроҳим, – деди Миртожи қувончдан кўзлари порлаб.
– Ассалом, – деди Тўтиё.
– Қани, ичкарига марҳамат!
Киришди. Миртожи Тўтиё келтирган қатиқни яйраб-яйраб симирди. Кейин оғзини кафтининг орқаси билан артиб, қизнинг қўлидан ушлади.
– Бугун бозор тез тугаптими?
– Ҳа, ўзимиз ҳам вақтли тушгандик. Келсам, йўқ экансиз. Энди кетмоқчи бўлиб тургандим.
– Ҳеч қаёққа кетмайсиз, севгилим!
Миртожи Тўтиёнинг белидан ушлаб, ўзига тортди. Қиз енгилгина қаршилик кўрсатар экан, тунов кунги саволини такрорлади.
– Совчи юбормайсизми?
– Албатта юбораман. Эртага қишлоғимга кетяпман. Қайтиб келиб, сизга совчи юбораман. Бир ой ичида тўй қилиб, сизни шу ерга тушириб келаман. Бирга яшайверамиз. Хўпми?
– Ўзингиз уй олмайсизми?
– Оламан албатта. Ҳали биргаликда бир данғиллама ҳовлиларда яшайликки, одамларнинг оғзи очилиб қолсин. Сизни Сочи, Ялталарга олиб бораман.
– Аввал ўқишга киргизинг…
– Ўқишга ҳам киргизаман…
Миртожи қизни авраб бағрига босиб, юз-кўзидан, лабларидан тинимсиз ўпар, бечора Тўтиё эса ҳолсизгина қаршилик кўрсатар, аммо биринчи галдаги сингари Миртожининг кўкрагидан итаришга, қучоғидан чиқишга мажоли етмасди. Миясида “яхши кўради, уйланади” деган умид, илинж заифгина жонланиб турарди. Узоқдан: “Нима қиляпсан, бу гуноҳ-ку”, деган овоз эшитилар дугонасининг: “Бу йигитни қўлдан чиқарма”, деган гапи ўша сасни босиб кетар, шу оралиқда: “Шундай бўлса, бир-биримизга маҳкам боғланиб қолармиз” деган нодонларча, телбаларча бир фикр ҳаммасидан устун чиқиб, уни ҳалокат сари, чуқур бир жарлик сари шиддат билан суриб борарди. Сўнгги фикр, эҳтимол, балоғатга етган қизнинг тез уйғонаётган саркаш эҳтироси ҳосиласи бўлгандир. Ҳарқалай нима бўлгандаям, шу сонияларда Тўтиё ақлини буткул йўқотди. Ўз ихтиёрини йигитнинг ёввойи, ўжар иштиёқи измига бериб қўйди. Шу тахлит Миртожи тўхтовсиз шивирлаб, ўпиб, эркалаб, уни каравотга босди. Кийимларини чаққонлик билан ечиб ташлади.
Шу куни кечқурун у Тўтиёни қоп-қоп ваъдалар бериб, қишлоғига жўнатди. Эртасига ўзи ҳам қишлоғига кетди.
Албатта, Миртожи аввалбошдан Тўтиёни алдаб кетиш ниятида эди, дейиш инсофдан бўлмасди. Шунчаки, Миртожи уни телбаларча севган эмасди. Тўтиёга унча жиддий эътибор қилмади. Буни у кейинчалик, қамоқда ўтирган пайтларида афсус ва армон билан юрагидан ўтказди. “Бир қизни бадном қилиб, номардларча қочдим-а”, дея ўзини айблади. “Ахир ўзимга боғлиқ бўлмаган ҳолатда қамалиб қолдим-ку” деган важни кўнгли қабул этмади. Аслида бу важнинг ҳам таги пуч эди. Одам ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда қамалиши ҳаётда жуда кам учрайди: мингтадан битта. Миртожининг қамалиши эса… Хуллас, ўша куни Тўтиё билан хайрлашиб, қишлоғига йўл олганида мақсади – бировга ваъда қилинган “омонатни”, яъни ҳамқишлоғи Абдусалим исмли йигитни молия институтига ўқишга киритиб қўйиши учун Ҳазратқулов деган домлага уч ярим минг доллар пул олиб келиб беришдан иборат эди. Абдусалимнинг отасидан уч ярим ўрнига тўртни олиб, орасида ўзи ҳам беш юз ишлаганидан хурсанд бўлиб шаҳарга қайтган Миртожи Ҳазратқуловнинг ҳовлисида “пора берувчи шахс” сифатида жиноят устида қўлга олиниб, тўрт йилга кесилди. Амнистия туфайли икки йилда чиқиб келиб, Тўтиёни излашга тушди. Тополмай юрган кунларининг бирида Эшбой исмли ўртоғини учратиб қолди.
Армияда бирга хизмат қилган дўсти Эшбой Россияда қолиб кетганди. Ўша келибди. Барнаулда ширкат очиб, ишлари юришиб, бойиб кетибди. Миртожининг қамоқдан чиқиб, бетайин юрганини эшитиб, бош чайқади.
– Бу ишинг бўлмайди, дўстим. Отлан, сени ўзим билан олиб кетаман.
– Нима қиламан у ёқда?
– Мол бераман, олиб келиб сотасан.
Миртожи кўп ўйлаб ўтирмай рози бўлди. “Шу орада уч-тўрт сўм пул қилсам, Тўтиёга уйланиб оламан”, деди. Қари отаси уни ҳали-бери уйлантиришга қурби етмайди.
Барнаулда бир ой қолиб кетди. Бир вагон тахта ортиб, шаҳарга келди. Тахталар сотилгунча, катта шаҳарга келолмади. Бир ой ўтди. Тахтани пуллаб, Барнаулга пиёз юклади. Яна бир ой ўтди. Жўнаш олдидан пойтахтга тушиб, Тўтиёни дараклади… тополмади. Шакарсойга борди. Орқаваротдан суриштирди. Тўтиё тоғ томонга эрга тегиб кетган дейишди. Умидсиз қайтди. Барнаулга кетди. Тижорати юришди. У ёқдан тахта, бу ёқдан пиёз – чўнтаги пулга тўлди. Шу орада келиб, яна Тўтиёни излади. Тополмади.
Орадан бир йил ўтди. Отаси “уйланмасанг бўлмайди, кўзим очиғида невара суяйин”, деб туриб олди. Миртожи уйланишга розилик берди.
Орадан яна икки йил ўтди. Иш билан пойтахтдаги кийим бозорига тушган Миртожи мато сотиб ўтирган аёллар сафида ногаҳон таниш чеҳрага дуч келди. Бу… Тўтиё эди. Миртожи ҳаяжон билан “Салом!” деди.
Тўтиё индамади. Унинг чеҳрасида нафратми, бефарқликми, аллақандай тушунарсиз ифода зоҳир эди.
– Манови матонинг нархи қанча? – деб сўради Миртожи.
Тўтиё чеҳрасидаги ўша ифода билан қаради. Чунки унинг ёнида эри бўзрайиб турарди.
Миртожи бозордан руҳсиз чиқиб, эски отарчи ошналаридан бирига дуч келди. Қўярда-қўймай уни ресторанга олиб тушди. Ресторанда роса ичди. Кейин ресторан ашулачисининг рубобини олиб, йиғламсираб бир ашула айтди. Аммо унчалик ўхшатолмади.
“Бугун сен қайдасан,
Қайларда қолдинг.
Бугун сен кимларнинг
Маъсум ҳамроҳи..!”
Миртожи энди билдики, ўша қатиқчи қиз Тўтиё унинг биринчи муҳаббати экан.
* * *
Эҳтимол, Лайлонинг қочиши менинг Тўтиёга қилган номардлигимга жавобдир, деб ўйлади у шу тобда. Аммо… мен Тўтиёни изладим-ку. Унинг ўзи йўқолиб қолди-ку…
– Отаси, бир оз мизғиб олмайсизми, тонг ёришиб қолди.
Хотинининг овози Миртожини хаёллар уммонидан олиб чиқди.
– Майли. Ҳозир, – деди у оғир қўзғалиб, иккинчи қаватдаги муҳташам хобгоҳига йўл олар экан.
Миртожи уйқу дори ичиб, озгина мизғиди. Шу мизғиш баробарида туш кўрди. Тушида Тўтиё оппоқ либосда турганмиш. Миртожи қўлида тор, қўшиқ куйламоқда.
“Истасанг шу фалакдан
Ойни олиб бераман.
Юлдузлардан кўксингга
Маржон тақиб қўяман…”
Ногаҳон Тўтиё ҳам куйлаб юборибди:
“Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон,
Ёлғон йиғлаб, куйганларинг тугар қачон?!”
“Мен ёлғончи эмасман. Мен сени изладим, эй бегуноҳ оҳу”, дер эмиш Миртожи.
“Йўқ-йўқ, бегуноҳ эмасман, ўзимда гуноҳ,
Ёлғонингга алданган кўзимда гуноҳ…”
деб куйлар эмиш Тўтиё.
Миртожи босинқираб уйғонди. Кун ёйилиб кетган, пастда, айвондаги телефон муттасил жиринглаб турарди. Миртожи бу қўнғироқ тасодифий эмаслигини сезгандек, шошиб пастга тушди.

ҚОЧОҚЛАРНИНГ ДАРАГИ ЧИҚДИ
Тонг. Қозоқ бозорининг орқасидаги пастак кулбада қувғинди ҳаётнинг биринчи оқшомини ўтказган Нозим билан Лайло нонушта қилиб, кўчага чиқишди.
– ЗАГСга борамиз, – деди Нозим.
– Йўқ, аввал отамга қўнғироқ қилинг. Тирик эканимни билсин.
– Майли, лекин кейин ЗАГСга кечикиб ва… умуман боролмай қолишимиз мумкин-да.
– Нега энди?
– Отангдан ҳар балони кутиш мумкин.
– Тушунади. Тушунтиринг-да!
– Бўпти. Ҳаракат қилиб кўраман.
Нозим қайси телефондан бораётганини мумкин қадар яшириш учун кўчадаги таксофондан Миртожининг уйига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмади. “Чорбоққа қилинг, ўша ёқда бўлишса керак”, деди Лайло. Чорбоғдаги телефон ҳам анчагача жавоб бермади. Ниҳоят эркак кишининг бўғиқ овози эшитилди.
– Ҳа, нима гап?
– Мен… Лайлони олиб қочган йигитман. Хавотир олманг, бизлар соғ-саломатмиз, – деди Нозим.
– Вақтинча, – деди бирдан калласига келиб қолган гапни тилига чиқариб Миртожи. – Вақтинча соғ-саломатсан! Тушундингми, аблаҳ! Каллангни сапчадай узаман сенинг! Ўлдираман, ифлос!
– Ўзингизга қийин. Қизингиз бева бўлиб қолади, – деди Нозим босиқлик билан.
– Униям ўлдираман. Бер трубкани унга!
– Сени сўраяпти, – деди Нозим Лайлога қараб. – Гаплашасанми?
Лайло қўрқиб бош чайқади. Нозим қўярда-қўймай гўшакни унга тутқазди. Лайло дадасини гапиртирмай, жавраб кетди.
– Ассалом, дада! Дадажон, кечиринг! Мен… мен шунақа қилмасам бўлмасди. Сизга… айтолмадим. Кечиринг, дада! Нозимда айб йўқ. Ўзим қочдим. Фарҳодга теголмасдим. Шарманда бўлардик…
Миртожи индамай эшитди. Бирдан сокинлашди.
– У сени… Сен у билан юрганмидинг олдин, – деб сўради босиқ овозда. – У аблаҳ…
– Бизлар севишганмиз, дада, у ёмон бола эмас. Бизларни кечиринг. Бизлар никоҳ ўқитдик, энди ЗАГСга бормоқчимиз. Розилик беринг. Агар розилик бермасангиз, ўзимни ўлдираман…
– Шошма, шошма, – деди Миртожи. – Майли, бўлар иш бўлибди. Сенинг ўрнингга Фарҳодга Шаҳлони узатиб юбордик. Қўрқма. Сени ҳеч ким, ҳеч нарса қилмайди. Нега у бола… агар севган бўлса, одамга ўхшаб совчи юбормади.
– У йўқолиб қолганди. Тўй куни топилди.
– Э, йўқолиб ўлсин, падар лаънат. Бўпти. Қаердан қўнғироқ қиляпсизлар?
– Ҳозирча айтолмайман.

МУДҲИШ РЕЖА
Миртожибой гумашталари орқали қочоқлар жойлашган манзилни бир зумда аниқлади. Аниқлади-ю… юраги шувиллаб кетди.
– Қозоқ бозорининг орқасида дедингми? Қанақа кўча экан? Ие… Нечанчи уй? А?..
Миртожи нима қилишини билмай, боши қотди. У Нозимнинг Лайло билан ЗАГСдан ўтишга бу қадар шошилаётганининг сабабини тушуниб турарди. Шу йўл билан ўз жонини сақламоқчи. Қани кўрамиз…
– Сен уларни топиб, ётиғи билан гаплаш, – деди у ёрдамчиси Қўшоқбойга. – Майли, бўлар иш бўлибди. Қўрқишмасин. ЗАГСдан ўтиб олишган бўлса, янаям яхши. Энди… мундайроқ бўлсаям бир тўй қилиб юборишимиз керак. Ўша шаҳарда ўзлари танлаган ресторанда… Маниям пойтахтда ошна-оғайни, ёр-биродарларим кўп. Улар келишади. Йигит ҳам қариндош-уруғи, ёру дўстларини чақирсин. Хуллас, сен Қўшоқбой, тўй кунини белгилаб қайтасан, тушундингми?
– Тушундим, Мир ака, – деди Қўшоқбой хўжайинининг бу қадар тез юмшагани, “тўй қилиб бераман” дея ҳиммат кўрсатаётганидан лолу ҳайрон эди.
Дарвоқе, бу хилда тез юмшашидан Миртожибойнинг ўзи ҳам бир қадар ажабланди. Эҳтимол, бунга сабаб қизининг ўзига таниш бўлган “тарихий манзил” – Қозоқбозор ортидаги маҳаллада қўним топганидир. “Ҳайҳот, ҳаётда қанақа тасодифлар бўлади-я”, деб ўйларди у ва беғубор ёшлиги, биринчи муҳаббати ҳақида ширин хаёлларга берилди. “Эҳ, Тўтиё, Тўтиё! Нега йўлларимиз айри тушди. Нега қисмат бизларни ажратиб юборди. Ахир мен сени севардим-ку. Сенинг тоғ қизларига хос ҳуркак нигоҳингни, шифобахш тоғ гулларининг ҳиди анқиб турган вужудингни эсласам, ҳали-ҳали юрагим энтикиб кетади-ку…”
Ногаҳон Миртожининг кўз ўнгида Тўтиёнинг бозорда кўрган бадқовоқ эри пайдо бўлди. “Топиб олган қоравойингни қара-ю”.
Ширин ўйлар ўрнини ғазаб эгаллади. “Мен ким, Миртожиман-а! Аллақандай бир бетайин бола менинг қизимга кўз олайтириб ўтиришини кечира оламанми? У илон атайлаб қўйнимга кириб олмоқчи бўлаётган эмасмикин? Эҳтимол, уни душманларимдан бирортаси тезлагандир… Йўқ! Нима бўлсаям, тўйни ўтказиб, бу ишни бости-бости қилиб юбориш керак. Агар у… илон бўлса, бошини янчиб ташлаш қийин эмас”.

ЯНА ТЎЙ ТАДОРИГИ
Қўшоқбой билан Нозим “Товус” кафесининг айвонида қаҳва ичиб ўтиришибди.
– Мен сизга айтсам, куёвбой, исмингиз нима эди, ҳа, Нозим-а, Нозимбой, гапнинг эркаги шу – Миртожибой акадек мард инсонни етти ухлаб тушингиздаям кўрмаган бўлсангиз керак. Шарти оддий – уйига совчи юбориб, тўй маслаҳатини қиласиз. Янаги ҳафтада шу шаҳарда, истаган тўйхонангизда базми жамшид бўлади.
– Кимнинг ҳисобидан? – дея ярим киноя билан сўради Нозим.
– Ҳарқалай, сизнинг ҳисобингиздан эмас.
– Мен бировнинг ҳисобидан уйланишга ор қиламан.
– Йўқса, ўзингизнинг ҳисобингиздан.
– Бизнинг ҳали тўй қилишга қурбимиз етмайди.
Қўшоқбойнинг ғазаби жўшди. Йигитнинг оғзи-бурни аралаш қулочкашлаб бир туширмоқчи бўлди. У ўзининг “ёрдамчи”лик фаолиятида бунақа ишларга устаси фаранг бўлиб кетган.
Аммо Миртожибой унга масалани яхшиликча ҳал қилишни топширганини эслаб, шаштидан тушди. Бунинг устига куёв бўлмиш ҳам чорпаҳилдан келган, бақувват йигит экан. Қўшоқбойнинг бир ўзи эплолмай, калтак еб қолиши ҳам мумкин.
– Йўқса… қизнинг тўйини бузиб олиб қочаётганда буни нимага ўйламадингиз, укабой?
– Бошқа илож йўқ эди.
– Хўп, ундай бўлса, нима таклифингиз бор?
– Бизлар Лайло билан ЗАГСдан ўтиб, яшаб турамиз. Уч-тўрт ойдан сўнг опамни узатишмоқчи. Балким икки тўйни бир қилармиз.
– Ие, ҳали опангиз ҳам борми?
– Ҳа.
– Унақада… келинг, ёрдам бериб, опангизнинг тўйини ҳам тезлаштирайлик. Агар Миртожи оғам бир оғиз айтса, ҳар қанақа иш тезлашиб кетади.
– Опамга… ҳали совчи келгани йўқ.
– Об-бо-о! Буёғиям оғир савдо экан-ку. Энди-и опангизга эр излаш ҳам бизга қоларкан-да.
– Оғзингизга қараб гапиринг! Мен сизга опамга эр изланг деганим йўқ.
– Нима қилишим керак бўлмаса?
– Опамга бир йигит оғиз солган. У ҳозир Россияда ишлаб юрибди. Икки-уч ойда келади.
– Адресини айтинг, топтириб келамиз.
– Адресини ўзим ҳам билмайман.
– Исми фамилиясини биларсиз лоақал?
– Исабеков Баҳодир.
– Асли қаердан?
– Асли ўзимизнинг тумандан. Зарсойлик.
– Топтирамиз. Тирик бўлса топтирамиз. Агар ўша болани топтириб келиб, опангизнинг тўйини тезлатсак, бу ёғига розимисиз?
– Яхши. Лекин…
– Энди лекин-пекинни қўйинг, укабой! Бошингизга қўниб турган бахт қушини ҳайдаманг. Бир ўқ билан икки-учта қуённи урасиз. Мен энди кетдим. Индинга шу вақт, шу ерда учрашамиз. Хайр!

НОЗИМ ВА ЛАЙЛО
Нозим Қўшоқбойни кузатиб, ижарахонага қайтар экан, унинг “бошингизга қўниб турган бахт қушини ҳайдаманг, бир ўқ билан икки-учта қуённи уряпсиз”, деган сўзларини яна беихтиёр эсга олди.
Кўз ўнгида опаси – Мунисхоннинг мушфиқ ва маъюс чеҳраси намоён бўлди. Мунисхон! Нозим учун дунёдаги энг азиз, энг қадрдон инсон. Гоҳида у опасини қийнаётган ички бир дарддан ўзи ҳам эзилар, дуогўй ҳамширасига нима деб тасалли беришни билмай қийналарди. Мунис Баҳодир билан мактабдан яхши кўришган. Баҳодир институтни учинчи курсда ташлаб, иш излаб Россияга кетди. Тезроқ қайтиб келай, омонатни йиғиштириб олай, демайди. Мунисга бошқа жойлардан совчи келди. Мунис кўнмади. Энди агар… Нозим тўй қиладиган, уйланадиган бўлса, унинг кўнгли чўкади.
Аслида… агар отаси ўлиб қолмаганида, ҳаммаси ўз ўрнида кетарди. Муниснинг тўйи ҳам, Нозимнинг Лайло билан аҳду паймони ҳам…
Бир йил олдин отаси автомобиль ҳалокатига учраб ўлди. Онаси билан қилиб турган савдо-сотиққа ҳам путур етди. Нозим эса Лайлони қўлдан чиқармаслиги керак эди. Бунинг ғоят муҳим бир сабаби бор эди…
Аслида улар Лайло билан гўёки тасодифан танишишди.Нозим Лайло яшайдиган шаҳарга тижорат юзасидан келганди. Йўли тушиб, дискотекага кирди. Лайло камтарлиги,одоби билан ўзига тортди. Ҳолбуки, Нозим ярим кечалик дискотекага одобли қиз кирмаса керак, деб ўйлаб юрарди. Янглишган экан. Лайло ўқимишли, ақлли қиз экан. Танишдилар. Тез-тез учрашадиган бўлишди. Лайло “Миртожибойнинг қизиман” деганида, Нозимнинг юраги “зирқ” этди. Хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди: “Оллоҳ берса қулига, чиқариб қўяр йўлига”. У Миртожибой ҳақида эшитган ва бу номдор бойвачча билан яқинроқ танишиш ниятида эди. Ниятига етишига тасодиф ёрдам берадиганга ўхшайди. “Тасодиф асли қонуниятдир, – дер эди синфдоши Набижон. – Бу қонуният бутун олам тортишиш қонуниятининг бир бўлагидир”.
Лайлога йигитнинг дадиллиги ва ақллилиги ёқди. У йигитлар ё дадил бўлади, ё ақлли деб ўйларди. Ақлли одам унча дадил бўлавермайди, чунки у ҳадеганда таваккал қилавермайди. Бу ҳақда Нозимнинг ўзига айтди. У кулди.
Қизлар ҳам аслида шунақа: ё ақлли бўлади, ё чиройли. Бироқ сиз бундан истисно экансиз. Ҳам гўзалсиз, ҳам ақли расо, ҳам асалсиз, ҳам исми Лайло!
– Шоир бўлиб кетинг-э!
– Тижоратчи бўлмаганимда, бўлар эдим шоири якто!
– Ўҳ-ҳў! Талантингиз зўр экан. Шошманг, шошманг, исмингиз Нозим – асли шоир дегани эмасми?
– Шунақа бўлса керак. Лекин мени бугундан эътиборан Мажнун деб чақиришингизни илтимос қиламан.
– Лайли ва Мажнун денг. Худди шундай. Сизга Мажнун каби ошиқ бўлиб қолдим.
– Гапингиз чинми ё?…
– Нима “ё”?
– Ё отамнинг бойлигига ошиқ бўлдингизми кўпларга ўхшаб? Шунақалардан бўлсангиз, ҳозирдан айтай. Бекорга овора бўлиб юрманг.
– Ие, отангиз бойми?
– Ўзингизни гўлликка солмай қўя қолинг. Ҳали айтдингиз-ку, “Миртожибойни воҳада танимайдиган одам йўқ” деб.
– Мен у кишининг обрўси катталигини гапиргандим. Демак, бойлиги ҳам катта экан-да. Унақа бўлса… Узр, кечирасиз, мен айтган гапларимни қайтариб олдим. Бизга бойнинг қизи тўғри келмайди. Камбағал оиладанмиз.
– Тижоратчиман деяпсиз-ку.
– Бизнинг тижорат билан ҳали сизнинг отангизга етишга йўл бўлсин.
– Демак, муҳаббату мажнунлигингиз ҳам ёлғон экан-да.
– Севгим чин. Аммо… эшитганлар “Миртожининг молу давлатига ошиқ бўлибди”, дейишади-да.
– Унақа эмаслигини исботланг.
– Бунинг учун… Сиз отангизнинг бойлигидан воз кечиб, мен билан кетишга рози бўлишингиз керак.
– Қаерга?
– Бош оққан томонга.
– Қачон?
– Истаган лаҳзада. Ҳозирми, эртами, индинми, “кетдик” деган заҳотим қуш бўлиб учишингиз лозим.
– …
– Мана, кўрдингизми, севги синовига ҳар ким ҳам дош беролмайди.
– Мен… мен-ку дош бераман, – деди Лайло яна бироз сукутдан сўнг, – аммо…
– Нима “аммо”?
– Аммо отамнинг шаъни, оиламиз обрўси…
– Муҳаббатнинг қулоғи кар, кўзи кўр дейдилар. Бу йўлга кирган одам ҳеч нарсани ўйламаслиги керак. Қолаверса, сиз айтаётган гаплар ҳаммаси нисбий, ҳозир йигирма биринчи аср…
Бу мунозара кейинги учрашувларда ҳам давом этди. Лайло Нозимга тобора маҳкамроқ боғланиб борар, сўнгра… буткул унинг ихтиёрида бўлиб қолди. Энди мунозара қилиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Лайло исталган дамда у билан кетишга ҳозир тайёр эди. Бироқ…
Нозимнинг тўсатдан йўқолиб қолиши, Лайлонинг ҳаётини остин-устин қилиб юборди. Онаси қистар: “Ўтириб қоласан, қизим, бу ёқда синглингнинг йўлини тўсма”, дерди. Лайло: “Синглимни узатиб юбораверинглар, мен бировни кутяпман”, дея олмади. Қўрқди. Кейин эса воқеалар шиддат билан ривожланиб кетди…
Нозим ижарахонага келиб, Лайлога бўлган суҳбат тафсилоти, Миртожибойнинг шартини айтди. Лайло овунди. Нозим қовоғини уйди.
– Биз бошда келишганмиз-ку, отанг қилиб берадиган тўйда ўтирмаймиз, деб.
– Нима қиласиз бўлмаса? ЗАГС билан гаплашаман дегандингиз? Бу ишингиз ҳам чўзилиб ётибди.
– ЗАГС эртага ҳал бўлади. Кейин… кетамиз.
– Вой, қаёққа?
– Россияга. Мен… аблаҳ Баҳодирни топиб келишим керак. Опамни узатмай туриб, ўзимга тўй қилолмайман.
– “Топиб келамиз” дейишибди-ку.
– Топишолмайди. Уни… ўзим топаман.
– Мен-чи?
– Сен ҳам борасан. Қайда бўлсам, ёнимда юрасан.

“УНИНГ ЖАЗОСИНИ МЕН БЕРАМАН!”
Нозим Лайлога: “Сен ҳам борасан, қайда бўлсам, ёнимда юрасан”, деган гапни айтар экан, мийиғида кулиб қўйди. Бу кулги бежиз эмасди. Бу кулгининг замирида бўлиб ўтган барча воқеаларнинг асл моҳиятини ва… мудҳиш хулосасини мужассам этувчи қаттол бир режа бор эди. Шу топда Нозим ўша режа ҳақида ўйлар эди. Бу режа қачон туғилди? Нега Нозим Лайлони чинакамига севиб қолгандан кейин ҳам ўша ёвуз режасидан воз кеча олмаяпти?..
Алқисса, Нозимнинг юрагида Миртожибойдан қасос олиш режаси қачон, қай тарзда туғилгани хусусида сўзлаш фурсати етган кўринади.
Ўшанда Нозим ўн икки ёшда бўлса керак. Кунлардан бир куни мактабдан келиб, ичкари уйда отаси ва онасининг жанжал қилаётгани устидан чиқди. Ташқарида туриб, беихтиёр қулоқ солди.
– Сен бир умр менинг товонимни ўпиб яшашга қасамёд қилгандинг, энди бўлса… яна ўша ўйнашингни қўмсаб қопсан, – дерди отаси онасига.
– Қўйинг, унақа деманг, уят бўлади, – деди онаси. Менинг ҳеч қачон ҳеч қанақа ўйнашим бўлган эмас.
– Нега бўлмаса, ўша куни бозорда унга кўзингни сузиб, маҳлиё бўлиб қарадинг? Нега дарҳол жеркиб юбормадинг? Ахир… ахир ўша одам сени шарманда қилиб, ташлаб қочиб кетган-ку!
– Нима, бутун бозорни бошимга кўтариб, шовқин-сурон солишим керакмиди? Қайтага ўзимиз таниш-билишнинг олдида шарманда бўлардик-ку.
– Ҳарқалай, сен ўшани кўрганингдан бери ўзгариб қолдинг. Сен… ўшандан ҳалиям кўнгил узолмайсан. Менга шунчаки, ўлганингни кунидан рай қиласан. “Ёшликда берган кўнгил, айрилмас бало бўлур” деганлари чин…
Ўша куни жанжал у қадар кескин тус олмаган бўлса-да, бу мавзу эр-хотиннинг арзимаган мунозарасида дарҳол кўтариладиган бўлиб қолди. Онаси салгина гап қайтарадиган бўлса, отаси: “Бор-бор, ўша Миртожи бойваччанинг олдига” деб жеркиб ташларди. Бу зуғумдан фақат онаси эмас, опаси ҳам эзиларди. Шунда Нозим “онамнинг биринчи эри Миртожи деган одам экан-да”, деб ўйларди. У опаси билан бир отадан эмаслигини аввал ҳам қўшни хотинлар гапи орқали эшитган, лекин онасининг биринчи эри “шарманда қилиб ташлаб кетганлигини” энди билиши эди. Аввал у бу гапнинг моҳиятига унчалик чуқур тушунмади. Бироқ ота-она жанжаллари асносида англадики, Миртожи исмли одам онасини ҳомиладор қилиб қўйиб, уйланмасдан ташлаб кетган экан. Онаси эрининг ҳақоратларига унсиз чидар, баъзан йиғи аралаш: “Ўзимни ўлдирсам, қутуламанми шу дашномлардан”, деб нола қиларди.
Нозимнинг эндигина шаклланиб келаётган ўсмир тасаввурида: “Миртожи деган аблаҳ одам онамни бахтсиз қилган. Улғайсам, ундан албатта қасос оламан”, деган аҳд пайдо бўлди. Орадан йиллар ўтди. Мактабни битказиб, бозорга чиқиб юрган пайтларида бир куни у қалбини қийнаган саволга аниқ жавоб топмоқчи бўлиб, онасидан сўради.
– Она, Миртожи деган одам ким?
– Ҳамма қатори бир одам-да, болам. Сенга уни билишнинг сираям ҳожати йўқ, – деди онаси.
– Отам уни… доим сўкади. Сизни алдаб кетган эканку…
– Қўй, ўғлим, унақа ножоиз гапларни гапирма. Алдаган бўлса… бу Худонинг менга юборган жазоси.
– Нега Худо уни эмас, сизни жазолайди? Ахир у… номардлик қилган-ку.
– Яратган эгамга шак келтирма, болам. Оллоҳ кимга жазо беришни ўзи яхши билади.
“Унда Миртожининг жазосини мен бераман”, деди Нозим ичида.
Нозим Миртожини атайлаб излагани йўқ. Иш юзасидан ўша шаҳарга борганида шу ернинг оғзи катталаридан бири Миртожибой эканини эшитди. Обдан суриштириб, унинг икки қизи борлигини билди. Бу ўша Миртожи эди! Энди қасос режасини тузишга киришди.
Шу аснода Лайло билан тасодифан танишди. Лайлонинг қайсидир жиҳатини онасига ўхшатди. Кўнгил қўйди. Энди унинг қалбида икки туйғу ёнма-ён яшарди. Бири Миртожидан қасос олиш бўлса, иккинчиси Лайлога бўлган муҳаббат эди. “Лайлога бўлган севгим вақтинчалик, қасос туйғуси барибир устун келади”, деб ўйлар эди Нозим.
…Мана бугун – Лайлонинг инон-ихтиёрини буткул ўзига бўйсундириб олган бир пайтда Нозим ногаҳон яна қасос ҳақида ўйларди.
Бир хаёли: “Мана, тўйни бузиб, Миртожини эларо шарманда қилиб, Лайлони олиб қочдинг, мақсадингга эришдинг, қасос олдинг, энди тўй қилиб, тинчгина яша”, дерди.
Иккинчи хаёл: “Бу ҳали қасос эмас. Сен Миртожини буткул синдира олмадинг, тўйини бузолмадинг. Лайлонинг ўрнига Шаҳло узатилиб, ҳаммаси бости-бости бўлиб кетди, шунинг учун ҳам кучлироқ қасос олишинг керак”, дерди.
Шу боис у тўйни ўтказишга розилик бермай, Лайлони олиб Россияга кетишни, у ёқдан опасини йиғлатиб юрган Баҳодирни топиб келишни режалаштира бошлади. “Баҳодирни топиб келсам, икки тўйни бир қилиб ўтказамиз, бу орада Миртожибой яна бироз азият чекиб турсин”, деб ўйларди у.
Лайло Нозим билан Россияга кетишга аввал рози бўлмади. “Тўйни ўтказиб, кейин истаган жойингизга олиб кетаверинг”, деди.
– Унда мен ўзим кетаман, – деди Нозим ва бирдан миясига келган бошқа бир фикрдан каловланиб қолди.
– Ҳо-о, мен ўлсам ҳам қолмасман, – деди Лайло. – Қорнимда бола билан.
– Нима? Бола дедингми? Ҳомиладормисан? Қаёқдан билдинг?
– Билдим-да.
– Ҳазиллашмаяпсанми?
– Бунақа гапнинг ҳазили бўладими?…
Нозим қарорини ўзгартириб, тўйга розилик берди.

НИҲОЯТ ТЎЙ БЎЛАДИ
Нозим билан учрашувга келишилган куни Қўшоқбой оғзи қулоғида учиб етиб келди.
– Бизнинг хўжайин ҳал қилолмайдиган иш йўқ, дегандим-ку сенга, укабой. Баҳодир Исабеков топилди. Нижний Тагилда юрган экан, падарқусур.
– Йўғ-э, ростданми? – деди Нозим хурсанд бўлиб. – Қачон келар экан?
– Эрта-индин олиб келишади, хавотирланма. Сен, ука, энди тўйнинг ташвишини ўйла. Мир акам келаётган якшанбада совчиларингни кутади. Бир кунда унаштиришни, тўйнинг маслаҳатини қиламиз. Қаерда, қачон…
– Тўйни мана шу шаҳарда, энг катта “Наврўз” ресторанида ўтказамиз, – деди Нозим мийиғида кулиб.
– “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” деганлар ука.
– Нима? Миртожибой сичқонми?
– Миртожибой-ку сичқон эмас, фил. Аммо-лекин йигитлик ғурури, деган гаплар бўларди… Тўйни ўзингиз эплолмайсизми?
– Биз бир етиммиз, ака. Мен бир амаллаб опамни узатиб юбориб, кейин ўзимнинг тўйимга киришмоқчи эдим. Ўзларингиз шоширяпсизлар…
– Шоширмай нима қилайлик, қизни олиб қочиб келиб ўтирган бўлсангиз. Ҳалиям… Мир акам кечирди-я… Бўпти. “Наврўз” бўлса “Наврўз”да. Демак, келаётган якшанбада совчи кутамиз. Опангнинг тўйига ул-бул ёрдам керак бўлса, уялмай айтаверасан, ёрдам берамиз.
– Раҳмат. Уларнинг тўйини ўзимизнинг қишлоқда, рисоладагидек қилиб ўтказамиз. Ишқилиб, Баҳодир… яна келмай қолмаса бўлгани.
– Келади, келади. Кеча йўлга чиққан. Айтганча, ўзиям жўнаб турган экан. Бир қанча пул қилибди тўйга атаб. Сен бекор хавотирланиб юрган экансан. У қурғур анча бойвачча экан. Опангнинг бахти очилиб кетади энди.
* * *
Якшанба куни Миртожибойникида мўъжазгина унаштириш маросими бўлди. Куёв томондан келган икки эркак ва бир аёлни Миртожи қабул қилмади. Қўшоқбойга: “Ўзинг гаплашавер”, деди. Қўшоқбой гапни пишитиб, нонни ушатишиб, сарполар бериб, қудаларни кузатди.
– “Наврўз” ресторанига 28 июль куни бемалол 80-100 киши бўлиб келаверасизлар, – деди у. – Куёвтўрамизнинг қариндош-уруғларидан бирор киши айтилмай қолмасин. Тушунарлими?
– Тушундик, – дейишди қудалар. – Сиз ҳам… қуда бобомизга айтинг, тўйда қатнашсинлар.
– Ие, қизиқмисизлар? Албатта қатнашади. Ўз қизининг тўйи бўлади-ю, қатнашмайдими? Бугун шунчаки, бир иш чиқиб қолди-да. Катта тўйда албатта қатнашади…
… 28 июль. Пойтахтдаги муҳташам “Наврўз” ресторани. Тўй. Карнай-сурнайлар садоси меҳмонларни тантанага чорлайди. Оқшом чўкиб, тўйхонада меҳмонлар жамулжам бўлгач, Миртожибой Қўшоқбойга буйруқ берди.
– Қўнғироқ қил, келин-куёв келаверсин.
– Хўп бўлади, хўжайин!..
Кўп ўтмай ресторан қаршисидаги кенг-мўл майдончага зулукдек қоп-қора “Мерседес” лимузин келиб тўхтади. Ундан келин-куёв тушиб, куёв навкарлар ва келиннинг дугоналари ҳамроҳлигида тўйхона сари юрдилар. Лайло салгина тўлишгани учунми, бу гал келинлик либоси унга чандон ярашган, севганига етишаётгани, эл ичра юзи ёруғ бўлиб, отасининг обрўсини ҳам оқлаётгани учун чеҳраси севинч ва бахтдан порлаб турар эди. Нозим қора костюмда эди, бўйи узунлиги учун бошини сал эгиб, нигоҳларини ерга қадаб келарди. Эшик ёнида турган Миртожи унга аллақандай ғайри бир туйғу билан боқар, хаёлидан нима ўтаётганини ўзи ҳам билмай, бахтданми ё бошқа бир ҳисданми карахт бўлиб турарди.
Келин-куёв тўйхонага кириб, ўзлари учун ажратилган равоқ сари юришар экан, тўйхона қарсаклар ва ноғоралар жарангидан гулдираб кетди. Сўнгра “Тўйлар муборак” ашуласи янгради…
Тўй тантанаси бошланиб, раислик қилувчи биринчи сўзни Миртожининг вазирликда ишловчи ошналаридан бирига берган кезда, Миртожи ташқарида Қўшоқбойни қолдириб, ичкарига кирди ва келин-куёвга қараб… Лайлонинг ёлғиз ўтирганини, ёнида куёв йўқлигини кўрди. Юраги қалқиб кетди. Кўзларига ишонмади. Шошиб ташқарига қайтиб чиқди ва Қўшоқбойга жон ҳолатда бақирди:
– Куёв қани, куёв?
– Ҳозиргина кўз олдингизда ичкарига бирга кириб кетишди-ку, хўжайин.
– Йўқ! Жойида йўқ! У аблаҳ яна қочибди. Мени… Мени шарманда қилиш учун… Сезгандим-а-а, кўнглим сезувди-я. Яхшиликни билмаган нокас!
– Шошманг, шошманг, хўжайин, балки ҳожат-пожатга чиққандир…
Қўшоқбой шундай деб ичкарига югуриб кетди.
Орадан йигирма дақиқача вақт ўтди. Ичкарида тўй тантанаси борган сари авжига чиқар, ташқарида эса Миртожи ва унинг аъёнлари тўрт томонга зир югуриб, куёвни излашарди. Бир маҳал келиннинг ёнида ўтирган Шаҳло чиқди.
– Лайло нима деяпти? – деб сўради Миртожи ундан.
– Икки минутда келаман деб, орқа эшикдан чиқиб кетибди. Қайтиб келса керак деяпти.
– Қайтиб келса… келарди-да, орадан шунча вақт ўтди ахир, – деди Миртожи. – Йўқ, у қайтиб келмайди. Олдиндан режалаштирган. Аблаҳ! Энди мен уни… Майли қизим, бор, опангнинг ёнида бўл.
– Лайло кийимини алмаштириш баҳонасида ичкари хонада ўтириб турсин
. Тўй тўхтамайди. Тўй бугун албатта ниҳоясига етади.
Айрим бойларнинг тўйида келин-куёв тўй давомида бир неча марта кийим алмаштиради. Шу боис ўн-йигирма дақиқага ташқарига чиқиб келишса, ҳеч ким ажабланмайди.
– Қўшоқ, бор, у падарлаънатининг онасини чақиртир!
Миртожи Нозим ҳақида биринчи марта суриштиришни бошлаганида унинг отаси автоҳалокатда ўлганини, майда тижоратчи онаси ва мактабда ишловчи опаси борлигини аниқлаган, лекин онаси кимлигини суриштирмаган, чунки бунга аҳамият бермаган эди. Шу боис Қўшоқбой бошлаб чиққан аёл Тўтиё эканини кўриб, қотиб қолди. Тиззалари бўшашиб кетди.
– Бу… Бу сизмисиз, Тўтиё, – дея олди, холос…
– Ҳа, менман, – деди Тўтиё.
– Бу ерда… демак… Нозим… сизнинг ўғлингизми?
– Ҳа, менинг ўғлим…
Миртожибойнинг қалбини қоплаган ғазаб тўлқини сусайиб, сокин мулоҳаза юрита бошлади. Юраги шувиллаб кетди. Ўшанда у… Тўтиё ҳомиладор бўлиб қолганини билмаган. Аммо бугун, шу лаҳзада миясида: “Нозим менинг ўғлим бўлиб чиқмасин яна”, деган даҳшатли фикр пайдо бўлганди. Шу фикр таъсирида беихтиёр ҳамма нарсани унутиб, Тўтиёдан сўради:
– Яна… фарзандларингиз борми?
– Нозимдан катта қизим бор…
“Йўқ, Нозим менинг ўғлим эмас. Хайрият. Аммо… ундан каттаси қиз бўлса…”
– Нозим қочиб кетибди, болалик қилибди, – деди у Тўтиёга мумкин қадар юмшоқ гапиришга уриниб, – аммо сиз хафа бўлманг, мен бу масалани ҳал қиламан. Фақат сиз ҳеч нарсага эътибор бермай жим ўтиринг. Хўпми?
– Майли, – деди Тўтиё гарчанд ҳеч нарсага тушунмаган бўлса ҳам.
– Қолган гапларни тўйдан кейин гаплашамиз…
Ярим соатлардан сўнг келиннинг ёнида қадди-қомати Нозимни эслатувчи бошқа бир йигит пайдо бўлди ва тўй охиригача бошини эгиб, ерга қараб ўтирди. Тўй қандай кўтаринкилик билан бошланган бўлса, ўшандай шўх-шодон давом этди. Бахтиёр келин-куёв – Лайло ва Нозим шаънига мақтову алёрлар такрор-такрор янгради. Келиннинг ёнида ўтирган йигит Нозим эмас, мутлақо бошқа йигит эканини Лайло, Шаҳло, Миртожи, Тўтиё ва… Қўшоқбойдан бошқа деярли ҳеч ким сезмади. Тўй тугагач, “муваққат куёв” лимузин машинада Лайлонинг ёнида ўтириб, тўйхонани тарк этди. Машина икки маҳалла нарига боргач, тўхтади. Орқада келган икки машинанинг биридан тушган Қўшоқбой лимузин эшигини очиб, “куёв”ни машинадан туширди. Қўлига каттакон тугун тутқазди.
– Манови тўйдан егулик. Обориб ўртоқларинг билан баҳам кўрасан. Эгнингдаги костюм-шим, кўйлак, туфли – ҳаммаси сенга совға. Ўзингнинг ҳақиқий тўйингда киярсан, насиб этса. Ҳозир анови машина сени ижарахонангга обориб қўяди. Аммо-лекин манови… воқеа ҳақида ҳеч кимга, ҳеч қачон чурқ этмайсан. Акс ҳолда ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, тилингни суғуриб оламан. Тушунарлими?
– Тушундим, ака, – деди йигит. Кейин негадир кулди. – Шундай бўлишини билардим, – деди. Қўшоқбой бу гапни тушунмади.
– У ёғи сенинг ишинг эмас, билдингми?
Қўшоқбой йигитни четда турган машинага чиқариб, ҳайдовчига тайинлади:
– Эски шаҳарга, Карвонсарой маҳалласига, айтган уйигача олиб бориб қўй!
– Хўп, – деди ҳайдовчи.
Қўшоқбой Лайло ўтирган машина ҳайдовчиси ёнига ўтириб, уни Миртожибойнинг қўрғони сари ҳайдаттирди. Миртожи аллақачон келиб, ҳовлида тамаки тутатиб ўтирган экан.
– Каллангизга қойил хўжайин, – деди у. – Шундай мураккаб вазиятдан чиқиб кетдингиз-а!
– Вазиятларнинг энг мураккаби ҳали олдинда, – деди Миртожи.
* * *
– Сизни телефонга сўрашяпти, – деди ичкаридан чиққан йигитлардан бири Миртожига гўшакни узатар экан.
– Ким? Сўрадингми кимлигини?
– Отабой Шавқиев.
– Нима дер экан шу топда. Бер-чи…
Миртожи гўшакни қулоғига тутди.
– Ассалому алайкум, қадрдон ҳамюртим, – деган овоз эшитилди гўшакдан. – Аввало, тўйлар муборак!
– Раҳмат, раҳмат ака…
– Муҳим бир сабаб туфайли бориб иштирок эта олмадим, узр. Аммо совғасига қарздормиз.
– Раҳмат ака. Шу табригингиздан ҳам бошим осмонга етди. Келмасангиз ҳам, келгандай бўлдингиз.
– Аслида мен ҳаммадан олдин бориб, ёнингизда туришим, бирон зарурат ёки муаммо чиқса, ҳал этишим, хуллас, қамишдан бел боғлаб, хизмат қилишим зарур эди. Дарвоқе, ҳеч қанақа зарурат ёки муаммо бўлгани йўқми?
Миртожининг юраги “шув” этди. Бироқ, дарҳол ўзини қўлга олди. Суҳбатдошига сир бермади.
– Ҳеч қанақа муаммо бўлгани йўқ. Ҳаммаси аъло даражада. Отабой ака, барибир яна бир карра раҳмат эътиборингиз учун. Ҳа, айтганча, биз ҳам ўзингизнинг… тадбирингизда хизмат қилолмадик, айбга буюрманг. Тушунасиз-ку. Тўй устига тўй қилиб, анча каловланиб қоларкан одам.
– Каловланманг элатдош. Ҳаммаси гулдай бўлади. Бирон ёрдам керак бўлса, айтарсиз.
– Хўп, – деди Миртожи, хаёлидан “воқеани эшитган шекилли”, деган фикр ўтди. Эшитса эшитар, “эл оғзига элак тутиб бўлмайди-ку…”

“ҚАСОС ЛАЗЗАТИНИ ҲИС ЭТМАЯПМАН”
Нозим шу кетишида автобусда Россиянинг Самара шаҳрига етди. Худди эртакларда ёзилганидек, йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Автобусда кетар экан, “шу ишим тўғрими”, деб ўзидан такрор-такрор сўради. Бир хаёли: “Тўғри қилдинг, номард Миртожибойдан боплаб қасос олдинг”, дейди. Иккинчи бир хаёли: “Сенга ишонган, сени севган, қорнида сендан бўлган ҳомилани умид билан кўтариб юрган бир бегуноҳ қизни увол қилдинг, номард”, дейди. Нозим иккинчи хаёлига қулоқ солмайди. “Баттар бўлишсин, менинг онам йиллар давомида хор-зорликда, аччиқ-аччиқ йиғлаб ўтказган дамлар учун ҳар қанча қасос олсам арзийди”, дейди. “Ал қасосу минал Ҳақ” эмиш. Нозимнинг қасоси – ҳаққоний қасос! Ҳар қалай у шундай деб ўйларди.
Аммо Нозим Лайло ҳарчанд азоб чекмасин, бу унинг отаси – тошбағир Миртожига чивин чаққанчалик таъсир этмаслигини тушунарди. “Онамдан… фарзанди борлигини билган, била туриб, шунча йиллар давомида ақалли суриштирмаган одамдан нима ҳам кутиш мумкин?”
Шу ўйлар баробарида Нозим Миртожибойдан олган дастлабки икки қасоснинг лаззатини ҳис этолмади. “Мен ундан қасос оламан деб, икки бегуноҳ қизнинг бахтига зомин бўлдим. Аслида уларда нима айб? Ахир мен унинг ўзини жазолашим керак эди-ку…”
Нозим Миртожидан олган қасосини нақадар кулгили, бемаъни эканини тушунгани сари, рақибидан такрор қасос олиши мумкинлигини яна ҳам чуқурроқ англаб борар ва шунинг баробарида: “энди Россияда бир умр қолиб кетаман шекилли, орқага қайтсам, Миртожи соғ қўймайди”, дея ваҳимага ҳам тушарди. Кейин онасини, муштипар онасини ўйлар, “Ишқилиб уларга бирон зиён-заҳмат етказмасин-да”, дея хавотирланарди. Айни пайтда у тўй куни онаси билан Миртожининг муқаррар учрашишини ва бу учрашув кўп нарсага ойдинлик киритишини, ҳатто Миртожининг ўз мағлубиятини тан олишга ундаши мумкинлиги хусусида ҳам тахминлар қилар, аммо бунга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмасди. “Миртожи – шафқатсиз одам. Ундан одамгарчилик кутиш мумкин эмас. Унақаларни фақат янчиш, маҳв этиш керак”, дерди у ёниб-пишиб ўзига ўзи.
Тўйдан бир кун аввал у бўлажак поччаси Баҳодир билан юзма-юз гаплашди.
– Бўлди. Гап битта. Қишлоқда кичкина тўй қиламан-да, келинни олиб Россияга қайтаман, у ёқда ишим яхши, – деди Баҳодир.
– Ундай бўлса… ўша ёқда учрашамиз, – деди Нозим сирли қилиб. – Мен сизларнинг тўйингизда қатнашолмасам керак. Сендан бир илтимос – опамга қўшиб, онамни ҳам олиб кетасан. Борганларингдан кейин мен сизларни топиб, онамни ўзим яшайдиган шаҳарга олиб кетаман, балки сизларни ҳам… Менинг у ерда танишларим, яхши ошналарим кўп.
– Хўп бўлади, – деди Баҳодир.
Дарвоқе, Нозим бу гапни бежиз айтгани йўқ.
Унинг Самарага биринчи келиши эмас. Илк бор уч йил олдин Тошкент вокзалида танишган бир ўрис аёлнинг маслаҳати билан пайпоқ, сочиқ, чойшаб олиб келиб сотган. Бу ердан эса машина, мотоцикл эҳтиёт қисмларини олиб кетиб, тузуккина пул ишлаб олган. Ўшандаёқ бир нечта ошна орттирган. Улар ҳам кўп марта айтишган: шу ерда қолиб, бизлар билан ишла, чиройли ўрис қизига уйлантириб қўямиз, ўрислар куёвни сийлашади. Лўлининг эркагига ўхшаб, хотинингни орқасидан бойвачча бўлиб юрасан мазза қилиб, деб. Кейин истеъфодаги бир ҳарбийнинг ёлғиз Амалия исмли қизи билан таништиришди. Отаси тансоқчилик билан шуғулланувчи аллақандай фирма раҳбари экан. Нозим Амалия билан дискотекада бир неча марта учрашди, рақсга тушди, бироқ бирор жиддий гап айтгани йўқ. Сабаби, фикри-хаёли Лайлода, тўғрироғи, унинг отасидан олинадиган қасосда эди.
Мана бугун Нозим энди Лайлодан буткул умидини узгач, Амалия ҳақида жиддий ўйлай бошлади. Дастлаб хаёли яна ортга қайтди. “Лайло энди мени ҳеч қачон кечиролмайди. Қорнидаги боласини ҳам ўйламадим. Бу қадар шафқатсизлик жоизмиди? Бегуноҳ бир қизни шарманда қилдим-а? Нега шарманда бўларкан? Отаси Миртожибой эрка қизини ҳар қандай шароитда сувдан қуруқ олиб чиқади. Шарманда деб бизларни айтса бўлади. Онам шўрлик туғилиб ўсган қишлоғига ҳалиям оёқ босолмайди. Опамга совчи келмагани, Баҳодирнинг изига кўз тикиб, унинг барча ноз-фироқларига чидаб ўтиргани ҳам шундан. Майли, ким бўлса ҳам Баҳодирни қўлдан чиқармаслик керак. Опам қариқиз бўлиб қолмасин. Онамнинг ҳам ягона армони – шу. Опамнинг тўйини кўриш. Тўй бўлади. Баҳодир билан жиддий гаплашдим-ку. Агар у ҳам менга ўхшаб номардлик қиладиган бўлса, ўлдираман. Мен-чи, мени Миртожибой ўлдирмайдими? Қўли калталик қилади. Онам билан опамни олиб келсам, кейин Амалиянинг оиласи билан яқинлашсак, бизга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Аслида-ку олдин опамнинг тўйини ўтказиб, уларни бу ёққа жўнатиб юборгач, қилишим керак эди анови ишни, бўлмади. Қўшоқ кал шоширди. Майли. Ҳаётда ҳамма иш айтганингдай бўлавермас экан. Ҳар қалай…
Ўша куни бир хаёли: “Онангни тўйга олиб борма, Миртожининг одамлари аччиқ устида бирон зиён етказиб қўймасин”, дея огоҳлантирганди. Нозим ўз билганча иш тутди. Тўйга онаси билан опасини олиб борди. “Ҳар нима бўлганда ҳам Миртожи онамни танийди, ундан қизи борлигини билгач, ғазабини жиловлай олади”, деб ўйлади у. Баҳодирга эса зудлик билан тўй тадоригини кўришини буюради.
– Бир ҳафта ичида тўй қилиб, тушириб олиб кетасан. Бирон ҳафта қишлоқда турасизлар-да, кейин “чилла-пилла” деб ўтирмасдан, дарҳол йўлга отланасизлар. Тушунарлими?
– Тушунарли, – деди Баҳодир. У Нозимнинг гапини икки қилиш мумкин эмаслигини биларди… Чунки унинг Россиядан тезда излаб топилиши ва қулоғидан ип ўтказиб, қайтариб олиб келишида Миртожи ўйлаганидай, унинг гумаштаси Қўшоқбойнинг саъй-ҳаракатлари эмас, Нозимнинг Самарадаги ошналари кўрган “чора-тадбирлари” сабаб бўлганди.
– Нозимнинг гапини сўзсиз бажарасан, акс ҳолда ўзингни мурда деб ҳисоблайвер, – деганди уни чақириб суҳбатлашган йигитлардан бири…
Шу тобда Нозим ҳув ўша пайпоқфуруш аёлга эргашиб, Самарага келиб янглишмаганини, бу ерда улар ёрдамида ҳали кўп ишлар қилиши мумкинлигини ўйлаб, ўзича ғурурланиб қўйди. Кейин ўйладики, агар Амалияга уйланса, қўли яна ҳам узун бўлади… Онаси ёлғиз ўғлимни ўрисга уйлантираманми, деб албатта тихирлик қилиши мумкин. Ҳечқиси йўқ. Ўзи ҳам шу ерга келгач, бу ернинг қонун-қоидаларига ўрганиб, кўникиб кетади. Дарвоқе… Онаси ҳали Баҳодирга қўшилиб, бу ёққа келишни истамаса-чи? Йўқ. Келади. Қизини ёлғиз юборолмайди-ку. Бунинг устига Нозим ҳам шу ерда. Онасини қишлоқда ушлаб турадиган нима бор?
Нозим ётиб, куни билан дам олиб, эртасига тўппа-тўғри Амалияларникига отланди. Отасининг олдига кириб, бор гапни айтаман. “Қизингизни яхши кўраман. Унинг ҳам менда кўнгли бор. Маъқул десангиз, мени ўзингизга куёв қилиб олинг, ишончингизни оқлашга сўз бераман”, дейишни дилига тугиб қўйди.

“МЕНИ КЕЧИР, ОНА ҚИЗИМ!..”
Миртожибойнинг қалбида иккита қарама-қарши туйғу аёвсиз курашга киришди. Биринчиси, шубҳасиз Нозимга нисбатан чексиз ғазаб ва нафрат, ундан беаёв қасос олиш истаги. Бу масалада ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Нозимнинг энди… яшашга, тирик юришга ҳаққи йўқ. Кеча Қўшоқбой топиб келган охирги гап шундай хулоса чиқаришга тўла асос беради.
– У ифлоснинг… Россияда қайлиғи бор экан, – деди Қўшоқ.
– Ким айтди, қаерда экан, – деб сўради ғазаб билан Миртожи.
– Ўзининг… куёв бўлмиши Баҳодир айтди. Самарада бир собиқ ҳарбийнинг қизига айланишиб юрар экан. “Ўшанга уйланади барибир”, деяпти.
Миртожи ўйланди. Муштини маҳкам қисди. Лабларини тишлаб, қонатиб юборди.
Кейин бирдан совуди. Тинчланди. Миясига келган фикр уни беихтиёр илжайишга мажбур қилди.
– Қаерда экан ҳозир ўша Баҳодир?
– Қаерда бўларди, қишлоғида-да! Индин тўй қилиб, Нозимнинг опасига уйланяпти-ку…
Миртожи яна жим қолди. Ўйланди. Юраги жимирлаб кетди. Нозимнинг опаси… У Миртожининг қизи-ку. Ўша куни Тўтиё айтган гапдан сўнг ҳаммаси тушунарли бўлди. Тўғри, Миртожи ўзини ҳеч нарсани тушунмагандек тутди. Тўтиё билан совуқ хайрлашди. Гарчанд Тўтиё: “Ёшлик қилди болам, илтимос, унга қасд қилиб юрманг”, дея илтижо қилган бўлса-да, ғазаби босилмади. “Бу гапни энди ҳаммага дастурхон қилиб юрмаларинг”, деди қўрс овозда. Ҳолбуки, бу кўнгилсиз воқеанинг эртасигаёқ шаҳару қишлоқда овоза бўлиб кетишини ўзи ҳам яхши билар, айни дамда лабини тишлаб, қонатиб ўтиришининг асосий сабаби ҳам шу эди. Танишларидан айрим фаросати камроқлари уялмай-нетмай қўнғироқ қилишиб, “Кўнглингизни чўктирманг” қабилида далда беришяпти. Бунинг устига Лайло бир уйга бекиниб олиб, на овқат ейди, на биров билан гаплашади…
“Лайлонинг ҳам опаси бўлади ўша Нозимнинг опаси. Эҳтимол… Нозим Лайлога уйланишни истамагани… шу туфайлидир. Лекин Нозимнинг отаси бошқа-ку. Нима бўлгандаям Нозим бу қадар паст кетиши, бунақа аблаҳлик қилиши керак эмасди. Ахир мен уни бир марта кечирдим. Биринчи қилган иши учун ҳам… Унча-мунча ориятли одам уни бемалол ўлдиртириб юборар эди. Аммо мен кечирдим. У бўлса яна нонкўрлик қилди. Энди уни кечириш мумкин эмас!”
Ғазаб тўлқини авжланиб бўлиб, секин-аста пасая бошлагач, Миртожининг эсига Тўтиё билан ўтказган дамлари тушар, “ўша қиз менинг қизим, мен унинг тақдири учун ҳам жавобгарман” дея ўйлар, бироқ битта онанинг иккита боласига нисбатан икки хил – бир-бирига тамоман зид, қарама-қарши туйғуни битта юракка қандай сиғдиришни билмай азоб чекарди. Шу тахлит узоқ ўйлаб ўтирди. Қўшоқбой хўжайини иккиланаётганини сезиб, чиқиб кетди. Миртожи ҳам ҳовлига чиқиб, у ёқ-бу ёққа юрди. Чекди. Ниҳоят, бир хулосага келди. Қўшоқбойни чақирди.
– Қўшоқбой, ҳозир сен бориб ўша тўй бўлаётган жойни аниқ билиб келасан. Ҳалиги… Тўтиёга, яъни… қуда холамизга учра, нима камчилик бор деб сўра. Миртожи акам айтди де. Камчилигини айтса, бутлаб бер. Айтмаса, қўлига манови пулни бер. Миртожи акамдан тўёна де. Кейин айтиб қўй. Индин тўйига бизлар ҳам борсак, ажабланиб ўтирмасин. Бегона эмасмиз ҳар қалай. Тушунарлими?
– Тушунарли, – деди Қўшоқбой ва хўжайин узатган бир даста пулни олиб чиқиб кетди.
Миртожи Қўшоқбойни жўнатгач, уйга қайтиб кирди. Аввал Лайлонинг хонасига ўтиб, унга далда берди. Лайло онаси билан хомуш ўтирарди.
– Ўкинма қизим. Энди ўкинишингга ўрин қолмади. Биринчи гал… Мен уни ҳам, сени ҳам кечиргандим, гарчи юзимга қаттиқ оёқ қўйиб кетган бўлсаларинг-да… Очиғи, сени, сенинг шаънингни ўйлагандим. Жоним-жигаримдан бўлган фарзандимсан ахир. Энди сен уни… унут, қизим. У билан энди яшаб бўлмайди. Мабодо, у ер-бу ердан телефон қилиб, яна бошингни айлантирадиган бўлса, қутқусига учма. Энг муҳими, ана тўйинг ўтди. Эл олдида юзинг ёруғ. Бир-икки ойдан сўнг сўраганларга: “Феълимиз тўғри келмади, ажрашиб кетдик”, деб қўя қоласан. Пешонангда бор экан-да шу кўргилик. Нима ҳам қилардик. Ўқинма, ҳали ёшсан, келажагинг, бахтинг олдинда…
Миртожи бу гапларни айтиб, чуқур “уҳ” тортди.
– Бўйида… бўлган экан, – деди хотини қўрқиб-қалтираб. Чамаси у Миртожи бу гапни эшитиб, ғазабдан сапчиб тушади, деб ўйлади. Миртожи ғазабланмади. Хотинининг гапидаги ишорани тушуниб, уни ўйлантираётган саволга жавоб берди.
– Бўйида бўлса… ой-куни яқинлашаверсин-чи, пойтахтга юбораман. Ўша ерда бир-икки ой дам олиб, энг яхши туғруқхонада туғади.
Хотини ҳам, қизи ҳам тинчланиб, Миртожига миннатдорчилик билан мўлтираб қарашди. Шу лаҳзада Миртожи: “Тўтиё ва унинг қизи ҳақидаги гапни айтиш мавриди келмадими”, деб ўйлади. Айтгиси келди. Айтмади. “Ҳали ўзини кўрмай, номини билмай, қандай айтаман. Индин тўйга бориб келай-чи, кейин бир гап бўлар”.
Сўнгра у ётоқхона орқали кириладиган алоҳида хосхонасига ўтди. Бу хонага улкан сейфларга қўйиладиган қалин мустаҳкам темир эшик ўрнатилган бўлиб, эшикни кийим илгич шифонер беркитиб туради. Шифонер эшиги очилгач, деворда билинар-билинмас эшик кўринади. Бу эшикни очиш учун махсус кодли қулфнинг тегишли рақамларини териш керак. Рақамларни эса фақат Миртожининг ўзи билади.
Хонага бир стол, икки стул, бир каравот ва катта сейф қўйилган. Сейфнинг қулфлари бир нечта рақамли – кодли икки қулфдан ташқари, кичкина тирқишли қўшимча яна бир қулф бўлиб, унинг калитини Миртожи туну кун ёнида олиб юради. Ўзича бу калитга “ядро чамадончасининг калити” деган ваҳимали ном ҳам қўйиб олган.
Миртожи сейфни шошмасдан очди. Сейфнинг пастки учта қаторида қоғоз пуллар, муҳим ҳужжатлар. Энг юқорисидаги алоҳида бўлмада бриллиант ва жавоҳирлар, олтин буюмлар сақланади. Ўша бўлмани очиб, битта бриллиант кўзли узук, битта бўйинга тақадиган зеби гардон, битта олтин сирға ва битта олтин соат олди. Ҳаммасини бир кўримсизгина қоғозга ўраб, чўнтагига солди. Кейин яна битта қимматбаҳо мунчоқни олиб, алоҳида қоғозга ўради. Сўнгра сейфни, ички хона эшигини беркитиб, ташқарига чиқди.
Қўшоқбой ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келди.
– Камчилигиниям айтмади, пулниям олмади. “Ўзи биз сизларнинг олдингизда гуноҳкормиз. Кечирсаларингиз, ўғлимнинг бир қошиқ қонидан ўтсаларингиз, шунинг ўзи катта тўёна”, деди.
– Аҳа, демак… ўғлини кечиришимизни сўрабди-да…
– Лекин тўйга айтди. Мана, таклифнома ҳам берди. “Келсаларингиз бошимиз осмонга етади”, деди.
Миртожибой таклифномани қўлига олди. “Сизни фарзандларимиз Баҳодиржон ва Мунисхонларнинг никоҳ кечасига таклиф этамиз”. Демак, қизининг исми – Мунис. Яхши. Ҳарқалай тўйга айтибди-ку…
– Тўйга бормоқчимисиз, – деб сўради Қўшоқбой. У Тўтиё ва Миртожининг аввалдан таниш бўлганлигини ҳалиям англаб етмаганди. Шу боис бу саволни анчайин ҳайрат ва норозилик оҳангида берди.
– Ҳа, борамиз. Ҳар қалай… қудачилик. Йигитларга айт, индин биз боришимизга бир семиз қўй, битта яхши, қимматбаҳо гилам тайёрлашсин. Сўнгра… яна бир гап. Тунов кунги йигитни топ. Ишини тугатган бўлса, олиб келасан. Унга… махфий бир топшириқ бор.
– Қачон олиб келай?
– Тўйга бориб келганимдан сўнг гаплашаман.
– Хўп бўлади!
* * *
Тўй тоғлар қўйнидаги сўлим ва хушҳаво Нуқракент қишлоғида экан. Ёз охирлагани боис оқшомлари салқин. Сердарахт боғ қўйнида бўлаётган тўй давраси у қадар катта бўлмаса-да, дастурхон тўкин. Чироқлар чароғон. Шўх мусиқа янграб турибди. Тўтиё Баҳодирнинг отаси ва онаси ёнида туриб, меҳмонларни кутиб олмоқда. Нозимнинг тўйидан бери тушкун юрган руҳияти бугун сал бўлса-да, кўтарилган. Ҳар ҳолда қизи Мунис бироз ўтириб қолган бўлса ҳам, ўрнини топяпти. Шунисига шод. Нозим йигит-ку, ҳали хатосини тузатиб, ҳаётда йўлини топиб кетар. Аслида… Тўтиё икки тўйни кетма-кет ўтқазиб, тўлатўкис бахтли бўлмоқчи эди. Начора, ҳамиша ҳам айтганинг амалга ошавермас экан. Нозим болалик қилди. Янглишди. Тўтиё тўй куни Миртожини кўрганидан сўнг Нозим қилиб юрган ишлар сабабини тушунди. Бир лаҳза, атиги бир лаҳза хаёлидан: “Болам менинг аламимни олибди-да”, деган қониқишми, маъқуллашми, ғурурликми, хуллас, шунга ўхшаш бир туйғу кечди. Кейин қўрқиб кетди. Миртожи Нозимдан энди қаттиқ ўч олади, деган таҳлика юрагига чанг солди. Ўша куни Миртожидан кўрган барча жафою аламларини унутиб, унга ялинди.
– Ўртамиздаги бола ҳурмати… ўғлимга раҳм қилинг. Ёш, ғўр, нима иш қилаётганини тушунмаган, у қайтиб келади. Келиб сиздан кечирим сўрайди, – деди.
Миртожи иккиланиб қолди. Демак… Тўтиёнинг қизи ундан. Тўтиё бугун очиқ айтди. Ёки… Нозимни аясин деб, атайин шундай дедими? Йўғ-е, бунақаси бўлмайди.
– Сен… Сиз ҳам мени кечирасизми шунда, – деб сўради қўполроқ оҳангда. Миртожининг ҳозирги ҳолатида ундан бошқача оҳанг кутишнинг иложи ҳам йўқ эди.
– Мен сизни… кечирганман. Ўртамиздаги муносабатни Нозимга айтмаганман. Бундан анча йиллар олдин тасодифан билиб қолган. Раҳматли эрим… жаҳл устида гапириб юборганди… Ёш-да… Бўлмаса мен унга “ўчакишиб юрма” деб кўп тайинлагандим.
– Майли, бўлар иш бўлибди, – деди Миртожи. – Ҳозир буларни муҳокама қилиб ўтиришга вақт йўқ.
– Қизим… сизники эканини Нозимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Қизимнинг ўзиям.
Бу гаплар Миртожининг қулоғига кирмади. Унинг хаёли шу тобда қандай қилиб тўйни бузмасдан ниҳоясига етказишга қаратилганди.
– Нозимнинг… йўқлигини тўй ўтгунча ҳеч ким билмасин, – деди бир муддатлик сукутдан сўнг қўрс оҳангда. Тўтиё бундан хафа бўлгани йўқ. Нозимнинг ўрнига бошқа бир йигитни олиб келиб, ўтқазиб қўйганидан ҳам хафа бўлмади. Тўй иштирокчилари ўз табрик сўзларида: “Нозимжон ва Лайлохонларга бахт тилаймиз” дейишда давом этганларини кўргач, деярли тинчланди. “Миртожи билан гаплашаман… Ўзим Россияга бориб, Нозимни топиб келиб, ундан кечирим сўраттираман. У Лайло билан яшайди, дейман”, – дея режалаштирди. Тўй тугагач, Миртожига шу сўзларни айтди. Аммо Миртожи қулоқ солмади. Ҳатто хайрлашмади ҳам. Мана энди… Ўтган куни одамини юбориб, тўйларингда қатнашаман депти. Ҳатто пул бермоқчи бўлди. Демак, иш ярашишга қараб боряпти. Худога шукр…
Миртожи тўйга иккита “Мерседес”да Қўшоқбой, яна икки навкари билан бирга келди. Навкарлардан бири қўйни етаклаб, иккинчиси гиламни кўтариб киришди. Тўй аҳли бу олиймақом меҳмонларга алланечук ҳайрат билан қаради. Тўтиё мажбуранми ё астойдилми, ҳар қалай оғзи қулоғига етиб жилмайди, қўлини кўксига қўйиб: “Хуш келибсизлар”, деди.
Миртожибой Тўтиёнинг кўксига босилган оппоқ қўллари, чиройли бўйнига боқиб, бундан чорак аср илгариги Тўтиёни кўргандек бўлди. Чўнтагидаги алоҳида қоғозга ўралган марварид мунчоқни ўнг қўлида қисимлаб, унга яқин борди.
– Тўйлар муборак! – деди, сўнгра кўришаётгандек бўлиб қўл узатди. Тўтиё ҳам қўл чўзишга мажбур бўлди. Шу пайт Миртожибой мунчоқни унинг кафтига қистириб юборди. Тўтиё паст овозда:
– Вой, нима кераги бор, ҳожати йўқ, – дея олди, холос. Қудалари “Тўёнага пул берди”, деб ўйлашди. Улар аввалги тўйга боришмаган. Нозимнинг қочиб кетганини ҳам эшитмагандилар. Шу боис меҳмонлар ичкари киришгач, Баҳодирнинг онаси Тўтиёга:
– Қудаларингиз жудаям бадавлат, басавлат одамлар экан, – деб қўйди. Тўтиё индамади. У кафтини ёндираётган мунчоқни нима қилишни билмай, саросимада эди.
Тўй бошлангач, Миртожибой ўрнидан туриб, келин-куёв томон юрди. Яқин келиб келинга разм солди. “Ўзимнинг қизим, ўзимга ўхшаб турибди”, деб ўйлади кўнгли хотиржам бўлиб. Келин-куёв уни кўриб, ўринларидан туришди. Миртожибой уларни қутлади. Кейин келиннинг ёнида ўтирган дугонасини турғазиб, Мунисга жуда яқин борди. Куёв ҳайрон бўлиб қараб турарди. Миртожибой чўнтагидан совғаларни олди. Келиннинг қўлини қисиб, табриклаш асносида кафтига қистирди. Кейин фақат ўзига эшиттириб паст овозда:
– Манови совғаларни ол, қизим. Мени кечир, она қизим. Бахтли бўл!
Мунис ҳайрон. Хурсанд бўлишниям, ўкинишниям, совғаларни олишниям-олмасликниям билмай иккиланди. Узоқдан қараб турган онасига нигоҳ ташлади. Онаси хотиржам эди. Бошини чайқамади. Демак, ол демоқчи.
Мунис бу одамнинг ўз отаси эканини билди. Гарчанд унга онаси бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаган бўлса-да. Ўгай отаси ҳам. Фақат Нозим бир гал қаттиқ уришиб қолганларида: “Сен менга ўгайлик қиляпсан, отанг бошқа бўлгани учун”, деб юборган. Мунис йиғлабсиқтаб: “Айт, менинг отам ким, бу ҳақда нималарни биласан”, деб сўраган. Нозим айтмаган. Чунки ўша пайтлар у ҳам билмаган. Ўгай отаси ўлганидан сўнг Мунис Нозимдан яна сўради. Нозим айтмади. “Аввал излаб топай, кейин айтаман”, деди. Мана энди… Нозим қандай қилиб топганини, қанақа нодонлик билан қасос олганини Мунис билади. Мана отаси. Кўринишидан ёмон одамга ўхшамайди. Акс ҳолда Нозим қилиб кетган ишдан сўнг келмаслиги ҳам мумкин эди-ку… Майли, нима бўлса ҳам келибди. Қимматбаҳо совғалар олиб келибди…
– Раҳмат, – деди Мунис ва Миртожибой узоқлашган заҳоти ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Баҳодир уни юпатди. У ҳам масаланинг моҳиятини тушунгандек кўринди.
– Қуда бобо мард инсон экан. Шунча гапдан кейин келиб табриклаб кетиши – ҳақиқий одамгарчилик.
Мунис билдики, Баҳодир бу одам унинг ҳақиқий отаси эканини билмайди. Совғаларни ҳам сезмаган. Хўш, нима қилиши керак? Ҳаммасини ҳозир ошкор этиш керакми? Баҳодир ҳам, қишлоқдаги барча одамлар ҳам Мунис билан Нозим бир отадан деб билишади-ку. Шу сирни ҳозир очиш шартми? Мунис яна жовдираб, онаси томонга қаради. Онаси қизига савол назари билан боқди. Мунис имлади. Онаси унга қараб юрди. Яқинлашди. Ёнбошидан ўтиб, ёнига келди.
– Ҳа қизим, нима дейсан?
– Манавиларни… олиб қўйинг… у киши бериб кетди, – деди Мунис ўроғлик қоғозни киши билмас узатиб. Онаси қоғозни очди. Аёл эмасми, ҳайрат ва ҳавасдан кўзи чақнади. Тақинчоқлар одамнинг ақлини шоширадиган даражада чиройли ҳамда қимматбаҳо эди. Тўтиёнинг юраги юмшади. Кўзида ёш йилтиллади. Қизиқ иш тутди.
– Менга қара қизим, – деди у Мунисга. – Буларни тақиб ол. Қўлда юриб… йўқолиб қолмасин тағин. Мана қара, қанақа чиройли экан…
Мунис тақинчоқларга дастлаб хушламайроқ назар ташлади. Аммо кўздан кечиргач, ҳайратдан ўзини тутолмади.
– Ўша одам… чиндан ҳам…
– Бу ҳақда кейин гаплашамиз, қизим. Ҳозир тақинчоқларни тақиб ол. Қани кел-чи, ўзим тақиб қўяй…
Бир зумда қимматбаҳо тақинчоқлар Муниснинг бўйни, қулоғи ва қўлларидан жой олди. Баҳодир чамаси: “Буларни Муниснинг онаси олиб келиб тақди”, деб ўйлади. Аммо нега ҳозир, деб ҳайрон қолди. Сўнгра: “Ўзи расм-русуми шунақа бўлса керак-да”, деган фикрда эътибор қилмай қўя қолди. Тўй авжига чиқди.
Миртожи ўрнидан қўзғалганини кўрган Тўтиё уни кузатиш учун яқин келди.
– Хайр, бахтли бўлишсин, – деди Миртожи.
– Раҳмат, – деди Тўтиё. – Фақат… сиздан бир илтимос. Мунис ҳақида… ҳозирча ҳеч кимга айтмай турсангиз… Куёвимиз нотўғри тушуниб юрадими…
– Ҳа албатта, албатта, хотиржам бўлсин, – деди Миртожи.
– Кейин… яна бир илтимос. Нозимнинг бир қошиқ қонидан кечинг. Бизлар тўйдан кейин… келиннинг қирқи чиқса, Нозимнинг ортидан бормоқчимиз. Баҳодир ўша ёқда ишлайди-ку. Мен ўзим… насиб этса, Нозимни олдингизга олиб келаман.
– Майли, – деди Миртожи.

МАХФИЙ ТОПШИРИҚ
Алқисса, воқеамизнинг янги қаҳрамони билан танишамиз. Дарвоқе, биз у билан аввал ҳам бир марта учрашганмиз. Ўша учрашув жудаям қисқа бўлган. Мана энди яқиндан танишишнинг мавриди келди.
Қўшоқбой Миртожибойнинг буйруғига биноан “махфий топшириқ” учун (қанақалигига ҳалиям ақли етгани йўқ) яна ўша йигитни излашга киришди. Йўлйўлакай: “Қизиқ, қанақа “махфий топшириқ” экан”, – деб ўйлади. Дафъатан хўжайин билан тўй куни бўлган суҳбатни эслади.
Аввалига Миртожибой ундан:
– Куёв қочиб кетибди. Энди нима қиламиз, – деб сўради.
– “Куёв касал бўлиб қолди, касалхонага жўнатдик”, деб тўйни давом эттираверсак бўлмасмикин?
– Бўлмайди! Ваҳима бўлиб кетади. Одамлар гап нимада эканини билиб қолишса, шармандамиз чиқади.
– Эҳтимол… тўй раисига: “Бу мусулмонча тўй, келин-куёв қатнашиши шарт эмас”, деган мазмунда эълон қилдириб юбориш керакдир.
– Бўлмайди. Бошқа йўл топиш керак.
– Бошқа йўл… билмадим энди, – деди Қўшоқбой чайналиб.
– Бўлмаса, гап бундай, – дея гап бошлади Миртожи бой унинг елкасига қўл ташлаб. – Сўзларимни яхшилаб эшит. Ҳозир ернинг тагидан бўлса ҳам битта тузукроқ йигит топасан. Имкон борича Нозимга ўхшаш бўлсин. “Келин-куёв” дўконига олиб бориб, шоҳона кийинтириб, ярим соат ичида шу ерга етказиб келасан. Шу ишни бажарсанг, дунёда мен учун сендан яқин одам йўқ. Бажаролмасанг, ашаддий душманим сенсан!
Қўшоқбой тушундики, бу масала ҳозир хўжайин учун ҳаёт-мамот масаласи. Аввалги тўйда қандай тадбиркорлик кўрсатган бўлса, бунисида ҳам ана шундай чора қўллаб, вазиятдан чиқиб кетиш керак. Демак, зудлик билан “ёлланма куёв” топиш керак. Қизиқ, Миртожибой муваққат куёвни қанча муддатга ёлламоқчи? Бунисини айтмади-ку. Қўшоқбой ана шунга қараб иш қиларди-да. Сўрасинми? Урушиб беради. Қанча муддатлилигининг нима фарқи бор? Тузукроқ йигит топиш керак… Қўшоқбой бир ҳафтача олдин Эски шаҳарлик ошнаси, “Кўкча” ресторанининг хўжайини – Саидваққосникига бориб, қураётган янги иморатини кўрган, “ҳорма, бор бўл” қилиб келганди. Ўшанда у уйнинг тарҳига ҳавас қилди. Қурувчиларга ишбошилик қилаётган бўйдор, кўзларидан зийрак ва анчайин билимдонлиги сезилиб турган йигирма беш-ўттиз ёшлардаги йигитдан: “Лойиҳасини ким чизган?” – деб сўради. Йигит: “Ўзим чизганман”, деди. Қўшоқбой: “Мен буюртма берсам, бундан ҳам чиройли қилиб чизиб бера оласанми?” – деб сўради. Йигит: “Чизиб ҳам, қуриб ҳам бераман. Қурувчиларнинг бошида ўзим тураман”, деди. У Самарқанд Архитектура институтини битирган экан. “Уйланганмисан?” – деб сўради ўшанда Қўшоқбой негадир. “Йўқ”, – деди йигит. “Нега?” “Қўлим калталик қилиб турибди…”
Бирдан лоп этиб миясига ўша йигит келди. Нозимга сал-пал ўхшаб ҳам кетади. Қўшоқбой суюниб кетди. Бахтига Саидваққоснинг янги ҳовлиси икки маҳалла нарида. Ишқилиб, йигит у ер-бу ерга кетиб-нетиб қолмаган бўлсин… Хайрият. Йигит жойида экан. Қўшоқбой бир лаҳзада унга “вазифа”ни тушунтирди. “Розимисан”, деб сўраб ҳам ўтирмади. Машинага босди. Йўл-йўлакай ўзи кийим оладиган “Марчелло Мастрояни” номли итальянча дўкон эгасига қўнғироқ қилиб, дўконда ҳозир бўлиб туришини буюрди. Дўконга яқинлашганларида, эшик очиқлигини кўриб, яна суюнди. Йигитни ичкарига олиб кириб, дўкон мудирасига буюрди: “Ўн дақиқада “супер куёв” қилиб кийинтирасан!” Буйруқ бажарилди. Йигит саккиз дақиқада итальян киноларида чиқадиган Марчелло Мастрояни деган актёрнинг ўзи бўлди-қўйди. “Кетдик”, деди Қўшоқбой йигитни шошириб. Машинага ўтиришгандан кейин сўради:
– Айтганча, исминг нима сенинг?
– Мардибой, – деди йигит.
Қўшоқбой ҳайрон қолди. Кулди. “Ўзимиздан экансан-ку. Мардилло Мастрояни”, деди. Йигит тушунмасдан елка қисди. Бу вақтда улар тўйхонага етиб келишганди. Ҳайрат билан Миртожибой Қўшоқбойни бағрига босди. Унинг мураккаб топшириғи роппа-роса йигирма саккиз дақиқа ичида бекаму кўст адо этилди.
– Раҳмат Қўшоқбой, – деди Миртожи. – Тезроқ Лайлонинг олдига олиб боргин-да, биргалашиб даврага чиқишсин. Кейин ўзинг қайтиб кел.
– Хўп бўлади, – деди Қўшоқбой ва бир дақиқа ўтар-ўтмас келин-куёвни шоҳсупага чиқариб, қайтиб келди.
– Ким экан, қаердан топдинг? – деб сўради Миртожи.
– Мардикор. Анови… Саидваққоснинг янги ҳовлисини қураётган экан. Тунов куни кўрувдим. Ўзи яхши архитектор. Бинонинг лойиҳасини чизиб, қурилишига ишбошилик қиларкан. Аммо-лекин қурган иморати зўр. Мавриди келса, бир кўринг. Сиз ҳам Нуртожига янги уй қурмоқчисиз-ку. Аммо мен ўшанга қурдирмоқчиман.
– Қурилишда ишбоши эканми? Ундай бўлса… яхши-ку. Бизга уни… Худонинг ўзи етказибди. Майли, кейин гаплашамиз. Ҳозир… меҳмонларга қара. Дарвоқе, йигит тўйдан кейин нима қилиши кераклигини биладими?
– Вазифасини тушунтирганман, – деди Қўшоқбой.
Ўша куни Марди топширилган “вазифа”ни чиройли қилиб бажарди, ортиқча савол ҳам бергани йўқ. Демак, ишонса бўладиган йигит. Ҳозир яна ўшани қидириб боряпти.
Мардилло жойида экан. Қўшоқбойни таниса ҳам танимасликка олди. Чамаси қўрқди. “Ўша кунги воқеани бировга айтдими, йўқми деган маънода текширишга келди”, деб ўйлади. Қўшоқбой чиндан ҳам гапни шундан бошлади.
– Туя-пуя кўрганмидинг яқин орада, – дея ифодали қилиб сўради. Йигит зеҳнли, буни Қўшоқбой ўша куниёқ билган, шу боис дарров тушуниб жавоб берди.
– Йўқ.
– Яхши. Қани энди менга таржимаи ҳолингни қисқагина қилиб гапириб бер-чи.
– Болалар уйида ўсганман. Мактабни битиргач, Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтига кирдим. Битирганимдан кейин армияга бориб келдим. Мана, икки йилдан бери қурилиш бизнеси билан шуғулланяпман. Ётоқхонада яшайман. Бўйдоқман…
– Шуми?
– Шу.
– Чиндан ҳам қисқа экан. Майли, ўкинма, ошналашиб кетсак, таржимаи ҳолингни ажойиб саҳифалар билан бойитиб, узайтирамиз. Айтганча, соғлигинг қалай?
– Худога шукр, соғман.
– Яхши. Спорт билан ҳам шуғулланиб турсанг керак.
– Каратэ, бокс тўгаракларига қатнашганман. Кейинги пайтлар вақт бўлмай қолди. Аммо-лекин сал қўлим бўшаши билан давом эттирмоқчиман.
– Милтиқ отишниям биласанми?
Йигит қўрқиб кетди-ю, лекин дадил жавоб берди.
– Армияда ўргатишган.
– Балли! Сенга яна бир ўта муҳим топшириқ бўлади. Тайёрмисан?
– Қанақа топшириқ? Мен ишдаман-ку…
– Ишингдан хотиржам бўл. Қани бўл, кетдик.
* * *
Миртожибой Мардининг саломига алик олиб, бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Кейин Қўшоқбойни чиқариб юборди. Секин босиқлик билан гап бошлади.
– Қўшоқбой айтди. Етим экансан. Етимлик, камбағалчиликнинг азоби ёмон. Мен буни биламан. Ўзим ҳам қийналиб ўсганман. Шунинг учун… Сенга… ёрдам қилмоқчиман. Фирмага ишга оламан. Ҳозир мардикорчилик қилиб, ойига қанча топяпсан?
– Икки юз-уч юз доллар…
– Мен сенга беш юз доллар маош белгилайман…
– Нима ишга олмоқчисиз? Мен… архитекторликдан бошқа ишни билмайман-ку. Агар… янги уйлар тарҳини чизиш, қурилишига раҳбарлик қилиш бўлса…
Йигит: “Одам оттириб. Кейин ўзимни ҳам йўқ қилиб юборишмоқчи”, деган қўрқинчли хаёлга борди. Чунки ўзи хоҳламаган ҳолда тўй кунги махфий воқеанинг гувоҳи бўлиб қолган. Аслида… ўша оқшом қочвориш керак эди. Афсус…
– Худди шунақа иш. Аниқроғи, ҳозир қилиб юрган ишингни шерикларинг билан бирга давом эттираверасан. Фақат… Дарвоқе, ҳалиги Саидваққоснинг иморати битиб қолдими?
– Бир ҳафталик иш қолган. Битказамиз.
– Битказ. Битказганинг заҳоти шерикларинг билан бирга Россияга жўнайсан. Самара шаҳрига. Рус тилини яхши билсанг керак, болалар уйида ўсган бўлсанг.
– Яхши биламан-у… Россияда бўлмаганман ҳеч қачон.
– Мана энди бўласан-да. “Ҳам тижорат, ҳам зиёрат” деган гапни эшитганмисан. Ҳа, дарвоқе, у ерда сизларни кутиб олишади. Иш билан ҳам таъминлашади. Ишлаб топганинг ўзингники, бу ердаги маошингни ҳам уч ойлигини олдиндан бераман, қолганини хоҳласанг, ўша ерга етказишади, хоҳласанг, шу ерда йиғилиб туради. Қайтиб келганингдан сўнг оласан.
Йигит Миртожибойнинг мақсадини тушунмади.
– Ўша ёқда ишлаб, топган пулимни ўзим олсам… Бу ерда сиз маош беришингизнинг ҳожати йўқ-ку. Ё… ўша ерда қўшимча бирон иш бажариш керакми? – деди йигит Қўшоқбойнинг ўтган кунги гапини эслаб.
– Ростдан ҳам зеҳни ўткир йигит экансан, – деди Миртожибой жилмайиб. – Ҳеч қанақа мураккаб топшириқ йўқ. Фақат ҳозирча битта топшириқ. Бир одамни топиб, юриш-туришини кузатиб бориш керак. Тамом-вассалом! Қолганини кейин гаплашамиз.
– Кечирасиз… Мен… айғоқчилик… Менинг қўлимдан унақа ишлар келмаса керак. Мен… ростини айтсам… армиядалигимда махсус хизмат олий мактабига таклиф этишганида ҳам бормаганман. Чунки шпионликни фақат кинода кўриш яхши. Очиғи, қизиқишим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ…
– Мардибой, ука, мен сенга айғоқчи бўл деяётганим йўқ. Борасан, ишлайсан, пул топасан, эркин юраверасан. Бояги одам… У менга яқин киши, унинг бошига ёмон кунлар тушмаслиги учун хабардор бўлиб туришим керак. Буни унинг ўзи ҳам, бошқа биров ҳам билмаслиги даркор. Мақсад – унга бирон зиён-заҳмат етмасин. Кейин… асосий топшириқ бу эмас. У ҳақда кейинроқ гаплашамиз.
Мардибой бир зум ўйланиб қолди. Миясига бир фикр келди.
– Майли, – деди бирдан. – Розиман. Фақат менга ҳам зиён-заҳмат етказмасликка сўз берсангиз…
Миртожибой кулиб юборди.
– Сенга қанақа зиён етиши мумкин? Оббо, Мардибой ука, роса ваҳимачи экансан-ку.
– Ҳар ҳолда… эркакча сўз беринг.
– Эркакча сўзим: сенга ҳеч қанақа жабр етмайди.
Миртожибой шундай деди-ю, йигитнинг нимадан қўрқаётганини тушунди.
– Сен агар… тунов кунги хизмат ҳақида бировга айтиб қўйишимдан қўрқиб, мени узоққа жўнатяпти деб ўйлаётган бўлсанг, адашасан…
Мардибой чиндан ҳам шунақа деб ўйлаётганди. Унинг миясига ҳатто: “Узоққа юбориб, ўша ёқда гумдон қилишмоқчи”, деган фикр ҳам келганди. Шу боис: “Ҳамонки гумдон қилишмоқчи экан, рози бўлиб ўша томонларга борай, эҳтимол омадим келиб, қочиб қутулиб кетарман”, деган ўй билан розилик билдирганди. Марди ўша кунги “икки соатлик куёв”лик воқеасининг асл моҳиятини билмасди. У: “Куёв қарироқ киши бўлса керак. Шунинг учун даврага чиқиб ўтиришга уялди”, деб қўя қолганди. Чунки ҳаётда бундай воқеалар анча-мунча учраб туради-ю…
– Мана бу уч минг доллар уч ойлик маошинг ва йўл харажати. Эртадан бошлаб ишни тезроқ тугатиб, йўлга чиқиш ҳаракатини қил. Жўнаш олдидан мана бу рақамга қўнғироқ қиласан. – Миртожибой Мардига пул ва телефон рақами ёзилган кичкина қоғозча узатди. – Тушунарлими?
– Тушунарли.

НОЗИМ ВА МАРДИ
Марди Самара шаҳрига келиб, бир бойнинг қурилишида иш бошлаганига ҳам бир ойча бўлиб қолди. Аммо ҳали Нозимни топгани йўқ. Шаҳар катта. Ўзбекистондан келганлар кўп. Марди уларнинг анчаси билан танишди. Бироқ улар орасида Нозим йўқ эди. Марди унинг исмини айтиб ё Миртожибойдан олган расмини кўрсатиб, ошкора қидиришга жазм этолмади. Сир ошкор бўлишидан қўрқди. Шунчаки, “Ўзбекистонликлар қаерда ишлайди?” дея суриштириб юрди. Ҳадеганда топавермади. Агар бир тасодиф ёрдам бермаганида, эҳтимол ҳали яна анча сарсон бўлишига тўғри келарди. Аслида бу воқеани тасодиф дейиш ҳам қийин. Чунки Марди самаралик бой Дмитрий Фёдорович Якубовский билан эртами-кечми, барибир қачондир учрашарди. Чунки…
Дарвоқе, олдин Якубовский билан танишайлик.
* * *
Самара шаҳрининг унча катта бўлмаса-да, анчайин гавжум бўлган бозорларидан бири. Директорнинг хонасида бозорнинг янги раҳбари таништирилмоқда. Шаҳар маъмурияти вакилининг қисқагина нутқида унинг фақат ижобий фазилатлари баён этилди.
– Дмитрий Фёдорович Якубовский – собиқ ҳарбий. Махсус қўшинларда хизмат қилган. Истеъфодаги майор. Хизматдан сўнг хусусий қўриқчилик фирмасини бошқарган. Фирма шаҳардаги бир неча банклар, тижорат ташкилотлари хавфсизлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган. Ўйлайманки, ушбу тажрибали, ҳалол инсон бозорда тартиб ўрнатади. Унинг оиласи катта эмас. Хотини ва бир қизи бор.
Маъмурият вакили, табиийки, Якубовскийнинг шаҳардаги уюшган жиноий гуруҳлар билан дўстона муносабати ҳақида ҳеч нарса демади. Айни пайтда бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки кеча шаҳар маъмурияти бошлиғи ҳузурида бўлган суҳбатда Дмитрий Фёдорович улар билан алоқасини батамом узганлиги, энди сидқидилдан элу юртга хизмат қилажаги ҳақида қасамёд қилган. Бинобарин, ўтган ишга саловат. Эски гапларни қўзғаб ўтиришнинг нима кераги бор…
Табрик ва тилаклардан сўнг оз-оздан ичкилик ичилгач, ходимлар тарқалиб, вакил жўнаб кетди. Якубовский хизмат вазифасини бажаришга киришди.
– Қабулхонада қизингиз кутиб ўтирибди, – деди котиба қиз телефон орқали.
– Айтинг, кирсин…
Амелия ёлғиз эмасди. У билан бирга ўзбекистонлик Нозим исмли йигит ҳам кирди.
– Табриклайман дадажон, – деди Амалия.
– Раҳмат қизим, – деди Якубовский. – Салгина сабр қилиб, кечқурун уйда табрикласанг ҳам бўларди.
– Кечгача кутишга вақт йўқ. Нозимни сенга таништириб ўтирмайман. Уни биласан. Илгари кўришгансизлар. У ҳам сени табрикламоқчи.
– Қутлуғ бўлсин, – деди Нозим.
– Раҳмат.
– Нозимнинг онаси, опаси ва поччаси ҳам кўчиб келишган. Уларни ишга жойлаштириш керак, – деди Амалия. – Онаси у ёқда Нозим билан бозорда савдо қилишган. Поччаси ҳам бозорда ишлаган, тажрибаси бор. Шунга… уларни шу бозорга жойлаш керак.
– Ҳм, – деди Якубовский сал энсаси қотиб. – Жойлаш керак бўлса, жойла… агар бу сенинг қўлингдан келса.
– Дадажон, нега энсанг қотади. Сен директор бўлганингдан кейин нега энди менинг қўлимдан келмас экан? Жойлайман-да. Нима, биттаю битта қизингнинг яқин одамига иш топилмайдими?
– Ҳали сен… шунчалик яқин бўлиб кетдингларми? Тўй қилмасдан, турмуш қурмасдан-а?
– Кечирасиз, – деди гапга аралашиб Нозим, – бизнинг ниятимиз жиддий. Шунинг учун оиламизни ҳам кўчириб келдим. Шу ерда яшаб, илдиз ёймоқчимиз.
– Ҳм-м, ундай бўлса яхши. Аммо-лекин сени огоҳлантириб қўяй йигит. Қизимнинг феъли… У эрка ўсган. Тантиқроқ. Сени тўйдириб юбориши мумкин. Хафа қиладиган бўлсанг, соғ қўймайман. Чидайсанми?
– Чидайман, – деди Нозим ўйлаб ҳам ўтирмасдан. – Уни қаттиқ яхши кўраман.
– У-чи, у ҳам сени яхши кўрармикан? – деб сўради Якубовский қизига қараб. – Ё бу гал ҳам…
– Дада-а, майда гап бўлмасанг-чи, – деди Амалия ўпкалаган оҳангда.
– Бўпти, – деди Якубовский Нозимга қараб. – Эртадан эътиборан сеникиларга бозордан битта жой беришади. Аммо… ўзинг нима иш қилмоқчисан? Ўзинг ҳам бозорда ўтирмассан ҳар ҳолда?
– Онам ўтиради. Шунинг учун бизга… иккита жой керак. Ахир опамнинг оиласи бошқа…
– Онасига бошқа жой бериш керак, – деди Амалия гапга аралашиб, қатъий оҳангда. – “Зим”га эса (у Нозимни шунақа деб чақиради), бозордан бирор иш топилар? Чекчилик, омборчилик?
– Бўпти, ўйлашиб кўрармиз. Ҳозирча битта жойда бошлаб туринглар, – деди Якубовский. У қизининг бу қадар жон куйдираётганига қараб: “Бу сафар чиндан нияти жиддийга ўхшайди, зора шу йигит билан турмуш қуриб, бироз босилса. Лекин бу йигит Амалиянинг олдинги “саргузашт”ларидан хабардормикан?” – деб ўйлади. Икки-учтаси билан ишқибозлик қилиб юриб, биттасининг ўлимига, иккинчисининг қамалишига сабаб бўлганини билармикан? Дарвоқе, бу йигитнинг ўзи ким? Таги қанақа, орқаси тозами? Бир гал Амалия: “Зим етим ўсган, унга ўзинг оталик қилсанг, садоқатли қул бўлиб хизмат қилади”, деганди. Эҳтимол, бу шумтака қизга ҳам бу йигит эрликдан кўра… беминнат дастёр сифатида кўпроқ керакдир? Нима бўлгандаям, уни қўлдан чиқармаган маъқул. Яхши бўлса ўзига фойда. Аксинча бўлса, чиқитга чиқиб кетаверади.
– Н. шаҳридан бўлсанг… “Қур эксим” фирмасини биларсан? – деб сўради Якубовский Нозимга синчиклаб тикиларкан.
– Йўқ, ҳеч ишим тушмаган, – деди Нозим.
– Ҳмм, майли, унда яна ҳам яхши…
Ана шу суҳбатдан икки ҳафта ўтгач, Нозим “Яшил бозор”нинг кичикроқ омборларидан бирига мудир этиб тайинланди. Бу орада унинг поччаси Баҳодир ва опаси Мунис мева-чева, онаси Тўтиёхоним эса кўкат растасида ўз муқим ўринларига эга бўлдилар. Якубовский уларга уй-жой масаласида ҳам ёрдам берди. Бозордан унча узоқ бўлмаган мавзелардан бирида ижарага уй топди.
Уйда Тўтиё билан Баҳодир, Мунис яшай бошлашди. Нозим эса Амалия билан Якубовскийнинг шаҳар четидаги дала ҳовлисида яшашар, буни ўша ернинг лаҳжаси билан “фуқаролик никоҳи” деб аташарди. Ота-оналарнинг: “ЗАГСдан ўтиб, тўй қилиб, турмуш қилсанглар бўлмайдими”, деган илтижоларига жавобан Амалия: “Ҳозир бутун Европа шу тарзда яшайди”, дея жавоб қайтарарди.
– Майли, – деди Дмитрий Фёдорович. – Янги уй битсин-чи, тўйни ўша ерда ўтказамиз.
Дарвоқе, Якубовский қўриқчилик фирмасида ишлаб юрган пайтидаёқ шаҳарнинг дарё соҳилига туташ хушҳаво манзилгоҳларидан биридаги “янги рус”лар яшайдиган мавзеда қасрмонанд бир ҳовли-жой қурдиришни бошлаганди. Қурилиш ярмига етганда, бино тарҳи унга ёқмай қолди. Буздириб ташлади. Кейин эса, “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” анчайин катта харажат қилишга тўғри келгани боис қурилиш кўнглига сиғмади. Мана энди бозор раҳбарлигини қўлга киритиб, нафасини ростлаб олгач, яна қурилишни кун тартибига қўйди. Шу орада бир ошнасининг қурилишида яхши бир архитектор ишлаётганини эшитди. Бориб сўради. Шарқ ва Ғарб меъморчилиги услублари уйғунлаштирилиб ишланган уй лойиҳаси унга маъқул тушди.
– Исминг нима йигит, – деб сўради ундан.
– Марди.
– Қизиқ исминг бор экан, қаерликсан?
– Ўзбекистонликман.
– Йўғ-е, ростданми? Унда, эҳтимол, бизнинг Нозимни ҳам танирсан?
– Йўқ. Танимайман.
– Танимасанг, танишасан. Хуллас, бу ерни битказгач, бизникида иш бошлайсан. Бошқа буюртма олма. Хўпми?
– Хўп…
– Дарвоқе, “Қур эксим” фирмасида ишламаганмисан?
– Ишлаганман. У фирма… катта фирма, бизлар кичик бир қурувчилар бригадаси бўлганмиз, холос.
– Яхши…
Эртаси куни Якубовский Нозимга: “Бир юртдошингни учратдим, зўр меъмор экан, уйни ўшанга қурдирамиз”, деди. У билан танишиб олишни буюрди. Нозим эртаси куни кечқурун Мардини топди. Танишди.
– Бир юртдан эканмиз, учрашиб бир суҳбат қурайлик, – деди. Кечқурун ресторанга таклиф қилди.
Марди кечки пайт айтилган жойга етиб келди. Рестораннинг четроғидаги бир столни эгаллаб, егулик-ичкилик буюришди. Марди ичмас экан. Овқатни иштаҳа билан еди. Ароқни Нозимнинг ўзи ичди. Сархуш бўлиб, Мардини сўроққа тута бошлади:
– Нега ичмайсан, соғлигинг кўтармайдими, – деб сўради Нозим.
– Соғлигим яхши. Шунчаки ичиш-чекишдан узоқ туғилганман.
– Ичмасанг-чекмасанг, эҳтимол қизларга ҳам бефарқдирсан?
Марди қизарди.
– Йў-ўқ, нега энди. Қизларга муносабатим яхши.
– Тажриба борми? Битта-яримтасини… кўрганмисан?
– Албатта.
– Унда жудаям соз, икки камчилигингнинг ҳиссасини шундан чиқариб юборамиз.
– Тушунмадим…
– Зўр қизлар бор, таништириб қўяман, – деди Нозим.
– Қизларга вақт қаёқда, – деди Марди. – Ишни қилиб, пул тўплаш керак.
– Ҳали… уйланмаганмисан?
– Йўқ. Уйланиш учун аввал уй-жой бўлиши керак, – деди Марди хўрсиниб.
– Қизиқ экансан-ку. Уй-жойлисидан топиш керак-да, – деди Нозим ҳазил оҳангида.
– Қани ўшанақаси? – деди Марди.
– Тиқилиб ётибди-ю. Хоҳласанг шу бугуноқ топиб бераман. Йўқ, яхшиси эртага кечқурун. Шу ерда учрашамиз.
Марди индамади. Нозим хайрлашиб кетди. Марди ўйланиб кўча кезди. Аслида у боя Нозимга ёлғон гапирганди. Анча илгари юз берган воқеани ҳисобга олмаганда, ёши йигирма бешга етган бўлса ҳам, ҳали бирор қиз билан тузукроқ яқин дўстлашмаган. Хаёлида ўзи яратган ҳуснда тенгсиз, онаси ўпмаган бир гўзал бор. Марди қачондир ўша қизни албатта учратишини билади. Ўша қизни кутиб яшайди. Ўз жисмини ҳам, қалбини ҳам ўша сулувга топширишни орзу қилади. Мўйлаби сабза урган кезлардан буён шу хаёлга суяниб яшайди. Бир куни туш кўрди. Институтни битираётган йили эди, чамаси. Тушида ўша хаёлидаги дилороми оппоқ либосда келиб, унинг қўлидан ушлаб, ёруғ бир кошонага бошлаб кирибди. Бу ерда ҳашаматли тўй бўлаётган экан. Қиз уни етаклаб тўрга, келин-куёв ўтирадиган шоҳсупага бошлабди. Марди шоҳсупага чиқар экан, катта гиламга ёзиб қўйилган исмларни кўриб чўчиб тушибди. Чунки гиламда куёвнинг исми “Марди” эмас, бошқача эди. Шу ерга келганда уйғониб кетди. Армияда хизмат қилиб юрган пайтларида шу тушни яна икки марта кўрди. Охирги марта Саидваққосникида ишлаб юрган кунлари, ҳалиги тўйдан атиги икки кун олдин кўрди. Ўша куни негадир: “Бу туш оддий туш эмас”, деб ўйлади. Қўрқди. Оқ либосли келинчак омадми ё бахтсизликми? Ҳар ҳолда Марди роппа-роса икки кундан сўнг туши айнан ўнгидан келишини билмас, у рамзий маънога эга деб ўйлаб юрарди. Худди шунинг учун ҳам шоҳона тўйда куёвлик вазифасини бажариб бўлгач, қўлига тугунча бериб, кавушини тўғрилашаётганда кулди ва:
– Шундай бўлишини билардим, – деди. Ўзини ўшанда “Қўшоқбой амаки” деб таништирган одам Мардининг гапига мутлақо эътибор бермади. Мардининг ўзи ҳам бу воқеага энди эътибор бермасдан эсдан чиқариб юборишим керак, деган қарорга келди. “Кўриб юрган тушим ва унинг ўнгидан келиши – тақдирнинг мен суриб юрган хом хаёллар устидан кулиши, мени масхаралаши”, деб ўйлади. Бахт, омад ғойибдан, тўсатдан келмайди. Уни меҳнат, машаққат билан қўлга киритиш керак. Орзуингдаги, хаёлингдаги қизни излаб топиш, унинг севгисига садоқат билан эришиш зарур. Ҳа, дарвоқе, ўша куни – тўй чоғи Марди келиннинг юзига қараб, беихтиёр “оҳ” деб юборди. Бу… ўша тушидаги гўзал эди. Аммо тақдирнинг аччиқ ҳазилини қарангки, у қанақадир бир… тўйда келин билан ёнма-ён ўтиролмайдиган кимсага, эҳтимол олтмишдан ошган чолга насиб этибди… Гарчанд гиламга ёзилган “Нозим” деган исмга қараб, бунақа ном соҳиби қари одам бўлишига шубҳа қилган бўлса ҳам, ҳар қалай куёвнинг тўй куни қочиб кетгани мутлақо хаёлига келмаганди.
Миртожибой унга жўнаш олдидан сурат берди ва:
– Унинг исми Нозим, – деб айтганида гўёки анча нарсани тушунди. Бироқ ҳалиям Нозим деган йигитнинг мана шундай ҳурилиқони ташлаб қочиб кетиши мумкинлигини ақлига сиғдиролган эмас. “Бу ерда бошқа сир бор”, деб ўйлади. Бу фикрлар албатта кейин бўлади. Унгача Қўшоқбой Мардининг олдига иккинчи марта келишидан олдин у ўз хаёллари билан банд эди. Яъни тақдиридан норози бўлган Мардибой хаёлидаги гўзалнинг қиёфасини бошқачароқ тасаввур этишга урина бошлади. Уддалай олмади. Нуқул Лайлонинг (тўй кунги ёзувдан у келиннинг исмини эслаб қолган эди) чеҳраси кўз ўнгида намоён бўлар эди. Дафъатан у ўзига бемаъни бир савол берди: наҳотки, ўша қари чолга тегаётган келинчакни севиб қолган бўлсам? Йўқ, унақа бўлиши мумкин эмас. У… бошқанинг хотини…
Қўшоқбой иккинчи марта келиб, яна хизмат таклиф этганида беихтиёр қувонди. Аммо Миртожибой билан учрашув чоғи қўрқди. “Ортиқча гувоҳ сифатида йўқ қилиб юбормоқчи”, деб ўйлади. Миртожибой мақсадини айтгач, гарчи бошда: “Мен айғоқчилик қилолмайман” деган бўлса-да, ич-ичидан қувонди. Бу Лайлонинг тақдирига боғлиқ ишлигини тушунди. Шу баҳонада уни яна бир бор кўрсайдим, деб ўйлади. Эҳтимол, Лайло ҳам Нозимнинг ортидан ўша ёқларга кетгандир, деган хаёлга ҳам борди. Бу ерга келгач, Нозим билан бирга Лайлони ҳам учратаман, дея умид қилди. Чунки Миртожибой: “У йигитни асраб-авайлашимиз керак”, деган гапига Марди ишонди. “Чамаси, бир воқеа бўлиб, Нозим тўйга етиб келолмаган. Шу боис Миртожи ака тўйда келиннинг ёнига бошқа одамни ўтқазиб, тўй ўтганидан сўнг Лайлони Нозимнинг ёнига жўнатган”. Бу – Мардининг тўй воқеаси билан боғлиқ тахминларидан бири. Бугунги учрашувдан сўнг тахмини пучга чиқди. Масаланинг моҳиятини яна ҳам чуқурроқ тушунди. Чунки ўтган куни Якубовский Мардига:
– Менинг куёвим ҳам сенинг юртингдан. Юбораман, танишиб оласизлар, – деганди. “Куёв” Нозим экан. Буни тушунгач, Мардибойнинг фикр-хаёллари остин-устин бўлиб кетди. Ҳозир, шу лаҳзада тушунди: Лайло у ёқда, Нозим уни номардларча ташлаб қочган. Миртожибой Нозимнинг юриш-туришини назорат қилиб, чамаси инсофга келишини кутяпти. Шаштидан тушгач, қайтариб олиб кетади. Лайло уни яхши кўргани, ундан бошқа ҳеч кимни хоҳламагани учун шундай қиляпти. Айтишларича, Миртожибойнинг бир касалманд, ногирон ўғли, икки қизи бор. Лайло – эркаси. Бой отаси унинг айтганини муҳайё қилишга ўрганган. Эҳ Нозим, ношукур банда. Шундай қизни ташлаб, бу ерда қилиб юрган ишини қара… Аҳмоқ. Аҳмоқларнинг ҳар ерда омади келади. Бу ёққа келиб, бу ерда ҳам бойнинг куёви бўлиб олибди. Йўқ, аҳмоқ эмас у. Учар йигит. Бугунги суҳбатдан ҳам кўриниб турибди. Пихини ёрган. Шунинг учун иши мудом ўнгидан келади… Марди йўл-йўлакай хаёл суриб кетди.
Марди тасодифан “куёв” бўлиб тўйда ўтирган илк лаҳзаларда кўнглидан кечирган фикрларини эслаб, ўз-ўзидан уялиб кетди.
Ўша оқшом Қўшоқбой: “Холис хизмат қилиш керак, жигарим”, деб машинага ўтқазганида дастлаб қўрқди.
“Куёв сарполарни кийдириб, тўйда ўтқизиб, кейин… келинга қўшиб… ёки ўзимни алоҳида ўлдиртириб юборса-чи…” – деган таҳликали фикр келди. Яна кўнглига: “Э ака, қўйинг, мен бир етимман, бунақа ғурбатга рўпарў қилманг. Бошқа қанақа хизмат, қанақа меҳнат бўлса, қилайин…”
– Етим бўлсанг, янаям яхши, шу баҳонада бойнинг қизига уйланиб, хотинлик бўлиб қоласан, жигар, – деди Қўшоқбой. “Қизиқ… бойнинг қизи бўлса… нима учун кўчадан куёв қидириб юришибди?”
– Қўйинг ака, илтимос, мени… абгор қилманг, жон ака…
– Ҳой, галварс, ҳеч ким сени абгор қилмоқчи эмас, куёвнинг ўрнида бир соат ўтирасан-у, кетасан. Эвазига… қуруқ қўймаймиз.
– Куёвнинг ўзи қаерда?
– У ёғига сенинг ишинг бўлмасин, иним. Кейин… бугун қиладиган “холис хизмат” ҳақида ҳам ҳеч кимга чурқ этмайсан. Тушунарлими? Энди юр, бошимни қотирма!
“Эй Худо, қайси гуноҳим учун бу савдога гирифтор этмоқдасан? Ишқилиб, жувонмарг бўлиб кетмасам гўргайди”, дея ичида Тангрига илтижо қилди Марди. Шу он етимхонада, ҳали саккизинчи синфда ўқиб юрган чоғи юз берган бир воқеа эсига тушди-да, “ҳа-а ўша… гуноҳим учун жазолаяпсанми, ахир… ўшанда мен эмас, Элвинанинг ўзи мажбурлаганди-ку”, дея ёзғирди. Ҳамма болалар, айниқса юқори синфдагилар унга ошиқ эди. Бундан ташқари, Асқар деган ўрта ёшлардаги жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам унга бефарқ эмасди. Элвинани ихтиёрий-мажбурий қилиб спорт мусобақаларига судраб юрар ва қизнинг айтишича, нуқул шилқимлик қилиб, унинг иффатини синдириш пайида эди. Элвина Марди билан сирдош бўлгани боис бир оқшом ғалати бир таклиф айтди. “Марик (у Мардини шундай деб чақирарди), мен сенга ёқаманми?” Марди бу ҳақда ўйлаб кўрмаганди. “Билмасам, ёқасан шекилли”, деди. “Унда… юр”, дея хилват хонага бошлади ва қучоқлади. Марди шолғомдек қизарди. “Уят бўлмасмикин?” деди. “Биламан, сен ҳали кичкинасан, эҳтимол… менга ҳеч қачон уйланмассан, лекин барибир анови сассиқ чолдан кўра сени афзал билдим, кел азизим, мен билан бўл. Ўша Азик аламидан куйиб ўлсин…” У ёғини Марди эслашни хоҳламайди. Чунки қолгани ғамгин воқеалар. Элвина кейинроқ ҳомиладор бўлди. Марди: “бола мендан эмасмикин”, деб ўйлаб ҳам юрди. Бола Асқардан экани судда экспертиза хулосаларига кўра исботланди. Элвина жисмоний тарбия ўқитувчиси уни зўрлаб, номусига теккани ҳақида ариза ёзгач, Асқар қамоққа олинди. Суд қилиниб, саккиз йилга кесилиб кетди. Ўша кунлар Мардининг егани ичига тушмай юрди. “Мени ҳам айтиб берса, умрим қамоқда ўтиб кетади”, деб қўрқди. Ҳар тугул Элвина у ҳақда ҳеч қаерда ҳеч нарса демади. Қайтанга Асқар қамалганидан сўнг ўзини Мардига яқин ола бошлади. Марди қўрқиб, ўзини олиб қочди. Элвина хафа бўлди. “Эҳ, сени қара-ю, мен сени кўз очиб кўрган ёрим десам-у, сен…” – деди. Шу-шу Мардибой қизлардан ўзини узоқроқ олиб юрадиган бўлди. Мактабни битказиб, институтда ўқиб юрган чоғларида ҳам бирон қизга кўнгли илимади. Қизлар, аёллар томонидан баъзида қилинадиган шамалар ва ҳаттоки, ошкора таклифлару даъватларга: “Ҳозирча уйланиш ниятим йўқ”, деб жавоб бериб юради. “Мана бунақа қилиб, мажбуран уйлантириб қўйишлари ҳам мумкин жазо тариқасида”, деган фикр кечди кўнглидан ўшанда… Элвина билан гуноҳ қилганида у бундан деярли завқланмаган. Сабаби, у бу ишни ўзи хоҳлаб эмас, Элвинанинг истаги билан қилганимда, деб ўйлаб юрди. Орадан кўп йиллар ўтгач, тушундики, ўртада муҳаббат бўлмаган, кўнгил кўнгилни тусамаган. Бунинг учун эса… Марди айбдор эмасди. Бинобарин, мажбурий куёвлик учун Марди ўзини заррача гуноҳкор деб ҳисобламасликка ҳақли ва пайти келиб, у бирон қизга совчи қўядиган бўлса, ўша қиз унга: “Илгари уйланган экансиз-ку, тўйингизда қатнашганлар, ўз кўзи билан кўрганлар бор”, деган тақдирда ҳам у мутлақо ҳақ бўлолмайди. “Қизиқ, нима кераги бор экан бировни ёллаб, куёв қилиб тўйда келиннинг ёнига ўтқазишнинг? Келин қандай аҳволга тушади? Ё у ҳам олдиндан хабардор шекилли…”
Келиннинг аҳволи эса ачинарли эди. Унинг чиройли кўзларида чуқур бир андуҳ, ақиқ лабларида аччиқ бир алам бор эди. Аммо пушаймон йўқ эди. Афсус йўқ эди. “Демак, ўшани севар экан”, деб ўйлади ўша заҳоти Марди. У ихтиёрий бир қизиқиш билан ўша Нозим исмли йигит кимлигини билишни жуда-жуда хоҳларди. Сўнг беихтиёр Лайло билан Элвинани қиёслаб кўришга уринди. “Элвина сени севармиди? Севса, нега ўқитувчидан ҳомиладор бўлади? Иложини тополмаганми? Олдиндан шикоят ёзса бўлмасмиди, менга “гуноҳ” қилишни таклиф этгунча…” Элвина ҳам беҳад келишган қиз эди. Аммо… Бу қиз ҳам Элвинага ўхшаб… ҳар қалай бошқа бир гап бор бу ерда. Лайло чолга тегаётган қизга ўхшамайди. Айни пайтда Марди уни кўрган дастлабки лаҳзаларда Элвинадан фарқламаган. Энди бўлса у ҳақда мутлақо бошқача фикр юритмоқда…Марди ётоғига ярим тунда етиб келди.Тун бўйи ухлолмади. Эрталаб туриб, Миртожига қўнғироқ қилиши керак. Нозимни топганини, манзилини айтиш керак. Аммо… Мардига шу иш малол келмоқда. “Барибир хуфя-айғоқчи бўлиб қоламан унақада”, деб ўйлади. Яхшиси, тополмаган киши бўлиб юравергани маъқул. Бугун кечқурун ресторанга бормайди. Нозим қўл телефонининг рақамини айтган. Қўнғироқ қилиб, “Ишим чиқиб қолди”, дейди. Аслида-ку… Нозимни қилган иши учун боплаб жазолаш фойдадан холи бўлмасди. Аммо…

МИРТОЖИБОЙНИНГ ЮРАГИ ЮМШАДИМИ?
Миртожибой бугун хурсанд. Ўғли Нуртожи кеча Германиядан даволанишдан қайтиб келди. Миртожи ўғлининг Қирғизистондаги табибда даволанишлари наф бермагач, чет элга юборишга қарор қилганди. Энди уни нисбатан соғлом дейиш мумкин. Олмон шифокорлари: “Агар бундан буён гиёҳванд модда истеъмол қилмай, буюрилган муолажа ҳамда парҳезга амал қилса, икки-уч йилда кўрмагандай бўлиб кетади”, дейишибди. Миртожибой ўғли билан қучоқлашиб кўришгач, чой устида “темирни иссиғида бос” қабилида дарҳол насиҳатни бошлади.
– Болам, энди ёш эмассан. Ўн етти ёшга қадам қўйдинг, эсингни йиғ. Яхши бир ўқишга киргизай. Диплом ол. Хоҳласанг, давлат хизматига киргизиб, катта лавозимларда ишлатаман. Хоҳласанг, ўзимизнинг фирмаю корхоналарни юргизиб, тадбиркорлик билан шуғуллан. Эсингни йиғ, ўғлим. У заҳри қотилни энди бутунлай унут…
– Унутишга ҳаракат қиляпман, – деди Нуртожи. – Ўзиям… мен билан бирга бошлаган “улфат”ларимдан учтаси… ўлибди.
– Ана кўрдингми, – деди Миртожи кўзидан ёш оқизиб. – Нашавандликнинг охири – ўлим… Мен шунча молу давлатни кимга деб йиққанман, ахир ҳаммаси сеники-ку. Истасанг… Париж, Лондонларда ўқитай… Истаган нарсангни муҳайё қиламан. Фақат бу дору иллатни энди зинҳор-базинҳор яқинингга йўлатма!
– Майли…
Кўп ўтмай, Миртожининг шоҳона ҳовлиси меҳмонга тўлди. Шаҳло куёви ва қайнотаси билан, Қўшоқбой ва хотини ҳамда бошқа ёру дўстлари “кўз ойдин” қилиб келишди. Қўй сўйилиб, дошқозонда шўрва, қўраю тандирда мазали кабоблар, қасқонда манти тайёрланди…
Ҳамма хурсанд. Фақат Лайло хомуш. Отаси шўрлик гоҳ ўғли, гоҳ қизининг юзига қарайди. Айниқса, Лайлога тасалли бергиси келади. Лайло эса ҳарчанд жилмайишга уринмасин, ғамгинлиги сезилиб туради. Меҳмонлардан ҳеч бири Лайлодан: “Куёв қалай?” деб сўрамайди. Умуман бу ҳақда гап очишга ҳеч ким журъат этолмайди. Суҳбатлар авжига чиққан бир пайтда орадан мажҳуллик пардасини Миртожининг ўзи бир гап билан сидириб ташлайди:
– Лайло қизимизнинг куёви сал ноқобилроқ чиқди. Тўй ўтган заҳоти “бизнесим бор” деб Россияга кетиб қолди. “Ҳой бола, қанча бизнес бўлса шу ерда – она юртда қилавермайсанми, ахир “узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони афзал” дейишган-ку десам, қулоқ солмади. Майли, ўзи билади. Бизлар ҳозирча юракни кенг қилиб, чидаб юрибмиз. Бўлса бўлар, бўлмаса… нима ҳам дердик…”
Шу билан Миртожи эрта-индин муқаррар ошкор бўладиган сирни ўзича “соддалаштирди”. Бу меҳмонларга ҳам маъқул тушди. “Маслаҳатга қулоқ солмайдиган бўлса, ўз билганидан қолмаса, думини тугиб юборинг. Сиздай одамнинг қизи ҳеч қачон ерда қолмайди”.
– Ҳа, муҳими, катта обрў билан тўй ўтказдингиз, халққа ош бердингиз, қарзингизни уздингиз, у ёғига пешонада бори бўлади, – деди аёллардан бири.
Зиёфат тарқалгач, Нуртожи кириб дам оладиган бўлди. Миртожи хотинини чиқариб юборди-да, Лайло билан жиддий гаплашди.
– Айт, қизим, ҳалиям ўшандан умидингни узганинг йўқми?
– Узганим йўқ. Боламнинг отаси-ку… – йиғламсиради Лайло.
– Боланг аввал туғилсин, қизим, у ҳеч қачон отасиз қолмайди. Аммо-лекин у… сени асло яхши кўрмаган. У сени… мендан қасос олиш учун… илинтирган.
– Қанақасига? – деди ажабланиб Лайло.
– Мен… ёшлик йилларимда ҳали онангга уйланишимдан анча олдин… бир қиз билан севишгандим. Тақдир тақозоси билан унга уйланолмаганман. Қиз ҳомиладор бўлиб қолган экан. Мен буни кейин билдим… Нозим ўшанинг ўғли бўлиб чиқди.
– Вой шўрим, Нозим менинг акамми?
– Йўқ-йўқ. Унинг опаси бор. Мунис. Яқинда у ҳам турмушга чиқди. Сизларнинг опангиз ўша. Нозим… кейинги эридан туғилган.
– Гап бу ёқда экан-да, ҳаммасига ўзингиз сабабчи экансиз-ку, – деди Лайло ошкора жаҳл билан.
– Ҳа қизим. Шунақа бўлиб чиқди. Мен ўзим ҳам дастлаб… азбаройи жаҳл устида ўша болани қаттиқ жазоламоқчи эдим. Кейин… буни билгач… сен билан гаплашишга қарор қилдим. Сен нима десанг шу. “Яхши кўраман, ўша билан яшайман” десанг, уни кечириб, йўлга солиб, қайтариб олиб келиш чорасини кўрай. Агар “яшамайман” десанг, қайтиб бу масалада умуман гаплашмайлик. Кетган жойида кун кўриб юраверсин. Ҳозир у ўша ёқда ҳам бир бозорчи бойнинг қизига уйланиб, яшаб юрган экан. Сен “қайтариб олиб келинг” десанг, олиб келамиз. Лекин энди у сенга вафо қилармикан?
– Қайтариб олиб келинг, йўқ, яхшиси мени олиб боринг ўша ерга. Бир марта учрашиб, кўзига қарай, кейин нима қилса ихтиёри…
– Майли қизим, сени ўзим олиб бораман. Тайёргарлигингни кўр. Икки-уч кун ичида жўнаймиз. Бор, энди дамингни ол.
Миртожи Лайлони чиқариб юборгач, оромкурсига ястаниб, меҳмонхона шифтидаги қандилга тикилганича, хаёл суриб ўтирди.
“Нега мен бу қадар кўнгилчанман. Ўша падар лаънатини ими-жимида гумдон қилдириб юборсам бўлмасмиди? Ўша ерда автомобиль ҳалокатига учраб ўлиб кетганида, Лайло ҳам йиғлаб-йиғлаб тақдирга тан берарди-ку. Шу билан масалага нуқта қўйиларди. Менинг ориятим, иззат-нафсим ҳам ором оларди…” “Йўқ, ундай бўлмасди, – деди бошқа бир кўнгли. – Бу билан ҳаловат тополмасдинг. Тўтиёга қилган шунча жафоларинг устига яна бир жафо қилиб, бир умр қарғишга қолар эдинг… Сен Нозимнинг ортидан Мардини жўнатаётганда тузган режанг – энг тўғри режа. Ўша режани амалга оширишинг керак… Марди яхши йигит экан. Виждонли, ориятли. “Мен айғоқчилик қилолмайман”, деди.
У Миртожибойнинг кўнглидаги гапни айтди. Нозимни топганидан кейин ҳам дарҳол хабар қилмади. Ҳолбуки, Миртожи бошқа кишилар орқали Нозимнинг дарагини ундан олдинроқ топган эди. Марди Миртожибойнинг асл режаси нима эканлигини билмайди. Ҳозирча билмагани ҳам тузук. Кеча у барибир қўнғироқ қилди. Ваъдасининг устидан чиқиши керак эдида. “Мен Нозимни қўриқлашимга ҳожат йўқ экан. Ўзи жуда зўр жойлашиб олибди, энди мени шу ёқимсиз вазифадан озод қилинг”, деди. “Майли, озодсан, – деди Миртожи. – Лекин сен билан ҳамкорлигимиз давом этади”. “Қанақа ҳамкорлик?” “Ўша ерда қурилиш бўйича қўшма корхона очамиз. Сен директор бўласан”. “Мана бу қизиқ таклиф, – деди Марди. – Ўзим ҳам сизга шу ҳақда таклиф билдирмоқчи эдим”. “Демак, фикримиз бир жойдан чиқибди. Ҳозирча шарт-шароитни қара, эҳтиёжни ўрган. Мен яқин орада бораман, гаплашамиз”. “Эҳтиёж катта, у ерда қурилиш кўп. Яхши мутахассис ва ишчи кучи кам. Агар ҳаммасини қонуний қилиб, битта кучли қўшма корхона очсак, зўр капитал қилса бўлади…”
Миртожибой Россияда қўшма корхона очиш ҳақида анча йиллардан бери ўйлаб юрарди. Бу фикр ҳув ўша Барнаул шаҳрига мева-сабзавот жўнатиб, тахта олиб келиб юрган пайтларида миясига келган. “У ёқда қурилиш ашёси кўп, арзон. Бизда ишчи кучи, қурувчи мутахассис мўл. Шу икки имкониятни бирлаштириш керак. Агар қўшма корхона ривожланиб кетса, бу ёқда – ўзимизнинг юртда кўплаб замонавий, арзон уйжой қуриш мумкин. Бундан буён уй-жой бозори йилдан-йилга чаққонлашиб боради…
Миртожи қўшма корхонани Россиянинг қайси нуқтасида очишни ҳали узил-кесил ҳал қилмаганди. Нозимнинг Самарага қочганини билгач, “Ўша ерда оча қоламиз”, деган қарорга келди. Негалигини ўзи билмайди. Ҳарҳолда: “У болани яқиндан назорат қилиб юриш керак”, деган фикр миясининг бир четига маҳкам ўрнашиб қолганди.

РЕСТОРАНДАГИ БАҲС
Мардининг ўз жамоаси билан Дмитрий Фёдоровичнинг қурилишида иш бошлаганига ҳам беш кун бўлди.
– Совуқ тушиб қолмасидан томини беркитиб олишимиз керак, – деди Якубовский.
– Ташвишланманг, улгурамиз.
– Улгурайлик деб шошилинчда сифатга путур етмасин.
– Сифатидан хотиржам бўлаверинг. Уялтириб қўймаймиз.
– Агар шу ишни аъло даражада бажарсанг, шаҳар маъмурияти бошлиғининг қурилиш бўйича ўринбосари билан таништириб қўяман. Ўшанда қонуний фирма очиб, давлатнинг миллиардлик буюртмаларини олиб ишлашинг мумкин. Тувагинг тиллодан бўлиб кетади, бола!
– Раҳмат сизга Дмитрий Фёдорович. Ҳамонки, шунақа яхшилик қилмоқчи экансиз, ишончингизни аъло даражада оқлашга сўз бераман.
– Сўз ва иш бир бўлсин!
– Албатта шундай бўлади!
Бу суҳбатдан сўнг Марди дарҳол Миртожига қўнғироқ қилди. Якубовскийнинг ваъдасини айтди.
– Оллоҳнинг ўзи ишимизни тўғрилаётир. Бўшашма Мардибой, ўша маллавой Якубовскийни бир қойил қолдириш керак.
– Қойил бўлади, насиб этса. Сиз қачон келасиз?
– Бир ҳафтадан сўнг. Тошкентдан учаётганимизда қўнғироқ қиламан. Кутиб оласан.
– Хўп бўлади!
Мана бугун саҳар қўнғироқ бўлди. Миртожибой жаноблари соат ўн бирда келиб тушарканлар. Марди қурилишга бориб, ишларни ташкил этгач, яхши бир “Мерседес”ни кира қилиб, аэропортга йўл олди. Йўлйўлакай муҳташам меҳмонхоналардан бирининг “люкс” хонасини банд этди.
Тошкент – Самара самолёти белгиланган вақтда қўнди. Марди Миртожибойнинг ёнидаги… Лайлони кўриб, ҳайрат ва севинчдан эси оғиб қолаёзди.
Лайло эгнига замонавий, бироқ анчайин одми, камтарона либос кийган. Кўзида қора кўзойнак. Қўлида бежирим сумкача. Миртожибой эса ҳали ёз бўлишига қарамай, эгнига қимматбаҳо костюм-шим кийган. Унинг ҳам кўзида қора кўзойнак.
– Ҳа, танимадингми? – деб сўради кулимсираб Миртожи. – Яхшимисан?
– Э-э, узр, ассалому алайкум, – деди Марди ҳаяжон ва ўнғайсизлик билан. – Яхши келдингизларми?
– Яхши, – деди Миртожи. – Мана, Лайлониям олиб келдим. Бир томоша қилиб кетсин.
– Яхшимисиз, – деди Марди Лайлога тамоман маҳлиё бўлиб боқаркан.
– Раҳмат, яхши, – деди Лайло.
– Қани кетдик. Машина олиб чиққанмисан?
– Ҳа, ташқарида, бекатда турибди. Юринглар, – деди Марди. Меҳмонлар унга эргашишди. Жомадонларни шофёр ва ҳаммол йигит кўтарди.
Машинага чиқишгач, Марди сўради:
– Аввал меҳмонхонага борамизми?
– Ҳа, – деди Миртожи.
Меҳмонхонага жойлашиб, ресторанга тушлик қилгани тушишди. Лайло энди буткул бошқача либосда – узун қора-қизил кўйлак унга чандон ярашган. Овқат устидаги суҳбат асосан қурилиш фирмасини очиш ҳақида борди.
– Икки хил усули бор экан, – деди Марди. – бири қўшма корхона очиш, иккинчиси хорижий фирма тариқасида рўйхатдан ўтиб ишлайвериш.
– Хорижий фирма тариқасида рўйхатдан ўтиш осон, аммо ноқулай усул, – деди Миртожи. – Тўсқинлик, халал берувчилар кўп бўлади. Яхшиси, қўшма корхона очиш керак. Ана шунда икки томонда ҳам бемалол иш қилавериш мумкин. Ана шунисини кўриш керак. Ҳалиги айтган одаминг ҳоким ўринбосари билан таништиришини кутиб ўтирмасдан, ҳужжатларни тайёрлайвериш керак.
– Ўзим ҳам шу фикрдаман. Якубовскийнинг иморатини битказгунча ҳаммасини қилиб олиш мумкин. Сиз… у билан учрашасизми? Айтганча… ўшанинг қизига уйланган Нозим…
Мусиқа овози баланд бўлгани, бунинг устига Марди Миртожига жуда яқин ўтиргани боис бу гапни Лайло эшитмади. Шусиз ҳам у эркаклар суҳбатига эътибор бермай, рақс тушаётганларни томоша қилиб ўтирар, аҳён-аҳёнда ер остидан Мардига синовчан нигоҳ ташлаб қўярди.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/habib-temirov/k-asos-va-mukh-abbat-69506020/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Қасос ва муҳаббат Хабиб Темиров
Қасос ва муҳаббат

Хабиб Темиров

Тип: электронная книга

Жанр: Книги о приключениях

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 29.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Қасос ва муҳаббат, электронная книга автора Хабиб Темиров на узбекском языке, в жанре книги о приключениях

  • Добавить отзыв