Қуёш ботаётган пайт

Қуёш ботаётган пайт
Хабиб Темиров

Ҳабиб Темиров
Қуёш ботаётган пайт: роман

Онам Нозик Қодир қизи хотирасига бағишланади.


Муаллифдан
Ушбу асарнинг вужудга келиши билан боғлиқ бир-икки сабаблар ҳақида ҳикоя қилиш истаги анча кечроқ – китоб босилиб чиқишига саноқли кунлар қолганда туғилди. Айнан шунинг учун уни босмахонадан олиб, яна бир марта синчиклаб ўқиб чиқишга тўғри келди. Эҳтимол кимгадир бу кириш сўзининг мутлақо зарурати йўқдек туюлар. Мабодо шундай бўлса, у бизни маъзур кўрар ва ушбу сатрларни ташлаб ўтиб, китобимизни бевосита муқаддимасидан бошлаб ўқиб кетаверар, деб ўйлайман.
Ижодим билан яқиндан таниш китобхонлар ўтган аср саксонинчи йиллари ўртасида ёшлар адабий журналида босилган илк қиссам юзасидан матбуотда анчайин баҳс-мунозаралар юзага келгани ҳақида етарлича тассаввурга эга бўлсалар керак. Ана шу мубоҳасалар давомида мен ҳурмат қиладиган ижодкор устозлардан бир-иккиси асардаги ўзим учун ҳам энг оғриқли нуқталардан бири ҳисобланувчи нуқсон – миллий колоритнинг камлиги тўғрисида гапиришди. Бу менинг (гарчи Ўзбекистоннинг узоқ бурчагидаги қишлоқлардан бирида туғилиб ўсганимга қарамасдан) европача тарбия кўрганим (падари бузрукворим ўша даврнинг кўпчилик оталари сингари шуни астойдил истар, кутубхонасидаги китобларнинг аксарияти ўрисча эди) оқибати бўлса керак, дея тахмин қиламан. Нима бўлгандаям бу жуда ҳаққоний дакки эди. Айниқса, ўша кунларда бутун республикада ўзликни англаш, миллий қадриятларни қайта тиклаш жараёни авж олган бир пайтда бундай танбеҳ эшитиш ўта аламли туюлди ва навбатдаги асарим албатта чин маънодаги миллий мазмун-моҳиятга эга бўлиши зарур, деган бир аҳд туғилди қалбимда. Гарчи…
Камина ҳеч қачон профессионал ёзувчи бўлишни орзу қилмаганман ва умрим бўйи бунга интилмадим, ҳатто бир нечта асарлар ёзиб, Уюшмага аъзо бўлганимдан кейин ҳам кўнглимда адиблик даъвосини олдинга сурган эмасман. Бинобарин ўзимни бу борада қанақадир эътирофларга сазовор бўлиш, шон-шуҳрат қозониш, обрў-эътибор ва мавқе эгаллаш истагидан ҳамиша йироқ тутишга уриндим. Нафсиламбирини айтсам (бу гапни балким илгари айтгандирман ва эҳтимол келгусида билиб-билмай такрорлаб қўярман, шундай бўлса, узр), ижод мен учун ҳамиша бир машқ, ўзлигимни англашга уриниш, ўз имкону кучимни синаб кўриш майдони ҳисобланиб келди ва умримнинг охиригача шундай бўлиб қолса керак.
Зиёлилар оиласида ўсганим учун талабаликнинг дастлабки йилларидан илмий ишга қизиқиб юриб, дорилфунунни битказгач аспирантурага жой келмагач, тақдир тақозосига кўра газета таҳририятида ишлай бошлаганимдан сўнг бироз ўтиб, яъни етмишинчи йиллар охирида ўзимдан ёши улуғ, тажрибаси кўпроқ ҳамкасблардан бир-иккисига тақлид қилиб, худди ўрис актёри ва ҳаваскор адиби (қанийди ҳар бир ҳаваскор шундай ёза олса) Василий Шукшин сингари бир “ҳикоя” дарж этишга уриниб кўрдим. Уни таваккал қилиб, ўша чоғлар республиканинг бош адабий-бадиий нашри ҳисобланган “Шарқ юлдузи” журналига жўнатвордим. Наср бўлими мудири, устоз Шукур Холмирзаев, ходими Тоҳир Қаҳҳор эди. Кўп ўтмай таҳририятдан “ҳикоянгизни босадиган бўлдик”, деган мазмунда жавоб олдим. Босилиб чиққач, “демак ҳикоя ёзиш қўлимдан келар экан, энди сал каттароқ жанрда куч синаб кўришим керак”, деган фикрда қисса ёзишга ўтирдим. Қисса юқорида айтганимдек, аввал “Ёшлик” журналида, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги етакчи адабий-бадиий нашриётида чоп этилди. Табиийки бу “синовчи ёзувчи”ни навбатдаги тажриба – роман иншо этиш сари ундади. Муайян, аниқроғи бағоят қувончли тарихий сабабларга кўра роман дарҳол эмас (СССР парчаланиб, ўзбек халқи истиқлолга эришди, республикамиз мустақил давлатга айланди), икки-уч йилдан сўнг алоҳида китоб бўлиб босилиб чиқди. Шу тариқа атиги битта ҳикоя, бир қисса ва бир роман ёзиб, ўзимча “ёзувчилик қўлимдан келар экан” деган хулоса ясадим (дарвоқе, буни ўша пайтлар нафақат бир неча ёш адабиётшунослар, балки ўзининг ўта кескин танқидий чиқишлари билан машҳур бўлган, унча-мунча улкан шоиру ёзувчиларини ҳам аяб ўтирмайдиган талабчан, ҳатто бир қадар жанжалкаш мунаққид Норбой Худойберганов ҳам “Ҳабиб Темиров ушбу қиссаси билан бадиий асар ёзиш қўлидан келишини кўрсатди” қабилида эътироф этганди) ва бу борадаги “тажриба”ларни, аниқроғи машқларимни эълон қилишни тўхтатдим. Очиғини айтадиган бўлсам, бунга аввало журналистика соҳасида, кейинроқ ҳокимият тизимларида анчайин масъул вазифаларда ишлашимга тўғри келгани сабаб бўлди. Камина айримлар сингари бадиий ижодни раҳбарлик билан қўшиб олиб бора олмадим. Гарчи ўзим учун қоғоз қоралашни бас этмаган бўлсам-да, уларни бостиришга жазм этмадим. Шу тариқа ўн беш йилча “ихтиёрий-мажбурий” танаффус бўлди. Янги асрнинг дастлабки йиллари арафасида Тошкентга ишга келиб, пойтахт адабий муҳити ҳавосидан нафас ола бошлагач яна бадиий ижодга қайтиш имкони туғилди. Бироқ…
Газетада ишлаётганим учун асосан таҳрир ва мақоланавислик билан машғул бўлдим. Кейин бир ноширнинг далдаси сабаб ғаладонда ётган машқларим бирин-кетин эълон қилина бошланди. Ўзимча дуруст, деб ҳисоблаб юрадиган, ноширимнинг эътрофига кўра китобхонлар талашиб ўқийдиган, бироқ айрим мунаққидлар нописандлик билан қараган, “бадиий эмас енгил-елпи асарлар, авом адабиёти”, дея бурнини жийирган қатор китобларим чиқди. Уларнинг нечоғлик бадиий эканини вақт кўрсатар. Аслини олганда, бадиийлик тушунчаси ҳам, менинг назаримда ҳаётдаги барча воқелигу ҳодисалар сингари нисбийдир. Муҳими, китобингни ақалли биров ўқисаю шундан нимадир олса, шунинг ўзи кифоя. Йиллаб дўкон ва кутубхоналарда чанг босиб ётиб, охир-оқибат макулатурага топшириладиган “бадиий” асарнинг кимга кераги бор? Қўлимни кўксимга қўйиб, худойлиғимни айтадиган бўлсам, шу чоққача бирор марта ўз ҳисобимдан ёки бирор валломат ҳомийнинг пули эвазига китоб чиқариб, наф кўришга уринмадим. Такрор айтаман, ўзим учун қоралаган машқларимни газета, журнал ва нашриётлар сўраб олиб, нашр этиб келишди. Агар улар бу ишни айримлар иддао этаётганидек, тижорат мақсадида, “тезроқ фойда кўриш учун” қилаётган бўлсалар, бунга замона зайли, деб қарамоқ керак. Бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз, ахир. Нашриётлар ҳам харидоргир, рақобатбардош маҳсулот чиқаришга, тезроқ сотиб, фойда олишга интилади. Бироқ…
Бу борада мавжуд қонунлардан ташқари, миллий маънавият, ахлоқ-одоб, умуминсоний қадриятлар доирасида иш кўриш лозимлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Адабиёт азал-азалдан эзгуликка хизмат қилиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи шарт. Унинг майдонига кирган ҳар бир қаламкаш, ҳоҳ профессионал, ҳоҳ ҳаваскор бўлсин, буни унутишга ҳаққи йўқ. Айни пайтда…
Устоз Эркин Воҳидов лутф этганидек, бу гулшан саҳнида ҳар ким имконида борини айтишини, қурби етганича рақам этишини ҳам унутмайлик. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, имкондан ортиқроқ имконни кутмайлик. Дарвоқе…
Энди гапнинг индаллосига қайтиб, “мииллий колоритга эга асар яратиш борасидаги ниятим нечоғлик ижобат бўлгани хусусида сўзлайин. Унинг бир пайтлар бироз шошилиб, ҳовлиқиб ёзилганини айтдим. Ҳар қандай соҳада бўлгани сингари ижодда ҳам шошганда лаббай топилмайди. Гарчи ўзимча илк романим билан адабиёт чўққисини забт этдим, деб гердайиб юрган эсам-да асар бўш чиққанини ҳис этардим-у “мен ёзувчиликка даъвогар бўлмасам, нимага ғам ейишим керак, бу бир машқ, бир тажриба-да”, дея таскин берардим ўзимга. Аммо…
Орадан ўттиз йил ўтгач уни анчайин жиддий тарзда қайта ишлаш, қўшимча ва тузатишлар киритиш лозим, деган қарорга келдим. Имкон қадар таҳрирдан чиқардим. Янги замоннинг янги қаҳрамонларини киритдим. Кўнглимда барибир сезаманки, бу асарим ўша – роман ёзишга уриниш ҳосиласи ўлароқ бир тажриба даражасида қолди. Яна ҳам ким билсин, ўқишни лозим кўрсангиз, хатм этиб, ўзингиз бир нарса дерсиз. Фикр-мулоҳазаларингизни бажонидил ва миннатдорлик билан қабул қиламан.

Муқаддима
Чашмизирак қишлоғида тонг отмоқда. Қиш. Қор қалин. Совуқ чирсиллайди. Ҳаётбоши чўққиси этагидаги булоқлардан бошланиб, катта сойнинг икки қирғоғи бўйлаб Нуробод даштлари қўйнига чўзилиб кетган бу қишлоқ шу топда музлаб қолган дарёга ўхшайди. Яйловлар ҳам изғиринларга мардона кўкрак тутиб, эрта-индин бошланадиган ёруғ кунлар умидида жимгина нафас олади. Сукунат. Мўриларидан кўкимтир тутун осмонга ўрлаётган ҳовлиларда, даралар ичкарисидаги қўра-қўтонларда, офтобрўя ўнгиру адирлардаги ёввойи бодомзорларда, қор қўйнида ястанган яланғоч боғлару ертоклари кўмилган токзорларда сукунат.
Зуҳро юлдузи жунжикибгина кўз очган маҳалда ясси тегирмон ёнидаги ҳовлидан бўй етган қизнинг тиниқ ва аччиқ фарёди отилиб чиқди. Бу фарёд сукунат музларини синдириб, дашт узра таралиб кетди.
– Отажон! Отажоним-эй, меҳрибоним-эй! Бизни кимга ташлаб кетдингиз, отажо-о-о-н. Энди нима қиламиз-эй, отажо-о-о-н!..
Қишлоқ жонланди. Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас ҳовли гавжумлашди. Сойнинг икки соҳили бўйлаб яна гурас-гурас одамлар кела бошлади. Тонг ёришгани сари совуқ кучаярди. Кейин изғирин бошланди. Унинг увиллаши ҳовлидаги тобора баландлашаётган йиғи овозига қўшилиб, бутун қишлоқ узра тарала бошлади. Ув-в-в-в-в-в-в! Эй-й-й-й!..
Ким бу шўрлик? Баҳор келишига бир кун, атиги йигирма уч соат қолганда қазо қилган, яшаш ва яшариш фаслига етолмай узилган бу бахти қаро ким бўлди экан?
Жанозага-а-а-а! – Отлиқ хабарчи қир ошиб қўшни Жўш, Чорбоғсой, Охчоб қишлоқларига чиқиб кетди…
Асаримизни бош қаҳрамонлардан бирининг вафоти билан бошлаганимиз андак ножоиз кўринган бўлса ажаб эмас. На иложки, бу ҳаёти дунёда шодлик ва қайғу, туғилиш ва қазо ҳамиша ёнма-ён, бинобарин воқеликни ҳаққоний акс эттиришни ният қилган ҳикоянавис (камтарин маҳрамингиз шу орзуда қўлга қалам олдим) буни назардан қочиролмайди. Ҳар қайсисини тарихий зарурат, ҳаётий ҳақиқат ва албатта, бадиият тақозо этган ўринда тасвирлайди, баён қилади. Шундай дейману яна ўйлайман: шундай бўлган тақдирда ҳам аввал тўй-томошадан гапириб, ғам-кулфатни охирроғига сурсанг бўлмасми эй ровий, деган андишали мулоҳазага бораман. Ахир аҳли мажлису анжуман дейди: бугунги шодиёнада кечаги ғам-аламдан гапирма, ярамга туз сепиб, дардимни янгилама, эй дўст! Гарчи, айни дамларда фоний дунёни тарк этаётган қаҳрамонимизнинг бу борада айрича қараши бор эди ва у: “Бу дунёда нимага интиласиз?” – деган саволга гўёки ҳазиллашиб, “нариги дунёга”, деб жавоб берар, замонасининг севимли шоирларидан бири (Самад Вурғун. Ҳ.Т.)нинг: “Ўлим, эвоҳ бир неъмат, у бир шонли саодатдир!” деган сатрини такрорлаб юришни хуш кўрар, кимнингдир вафоти ҳақида эшитса, ёнидагиларни таассуфлантириб: “муборак бўлсин”, деб қўяр, эл ичра “довдир”, деган лақаби борлиги учун бундан ҳеч ким ранжимас, жа-а нари борса, кўрсаткич бармоғини унга сездирмай қулоғидан сал баландроққа тираб айлантириб қўярди.
Майли, марҳумимизнинг феъл-атвори ўз йўлига, ҳикоямизни дабдурустдан унинг ғийбати ила бошламайлик. Қолаверса олдинда бу ҳақда ҳали кўп мужодала қиламиз. Ҳозирча эса келинг, китобимизни яхши умид ила қўлга олган азиз ўқирманнинг хуш кайфиятини бузмай, суҳбатимизни яхши воқеадан бошлайлик. Ал қисса…

Биринчи қисм

1
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярми. Асли номи Нурли равот, лекин маҳаллий аҳоли талаффузга қулай бўлиши учун сал қисқартириб: Нуравот, Нуробод, деб атайдиган, Иккинчи жаҳон уруши йилларида тузилиб, эллигинчи йиллар адоғида тарқатиб юборилган ва ўттиз йилдан сўнг, етмишинчи йиллар охирроғида қайта ташкил этилган, ҳудуди Туркистон тизмаларининг икки бўлаги – Оқтов ва Қоратов оралиғидаги, бир тарафи Ҳаётбоши чўққисидан бошланиб, иккинчи томони Малик чўлига туташиб кетадиган, ярми дашту ярми адирликлардан иборат туманнинг ўн йиллик тўйини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган кунлар. “Чашмизирак” давлат хўжалигининг ўта донгдор бўлмаса ҳам ҳар қалай бировдан пеш, биров билан баравару яна кимлардандир салгина орқароқда юрувчи чорвадори, адабийчасига қўйчивон, жайдари қилиб айтилса чўпони, энг муҳими, оддий ва яхши бир содда, айни пайтда анчайин ўқимишли инсони – Ҳаким Ўнгаловга қарашли, Сувлидара, деб аталмиш хўб сўлим, тевараги қуюқ арчазорлардан иборат баланд қир-адирлар билан ўралган серўт яйловда жойлашган отар, муфассал изоҳласак, қўра-қўтонли, бостирмали қўрғонга туман партия қўмитасидан (ўша пайтлардаги ҳокимлик Ҳ.Т,) ажойиб бир мужда келди: Ҳакимбой Ўнгалбоев (асли қаҳрамонимизнинг қулоғига шундай азон айтилган, туғилиш гувоҳномасида шундай ёзилган, бироқ бу қўшимчалар ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмагани, қолаверса коммунизм сари бораётган социалистик тузумда бойлар бўлиши мумкин эмаслиги, улар аллақачон синф сифатида тугатиб юборилгани туфайли, мазкур қўшимчалар бошпурт олинаётган чоғи тушириб қолдирилган) ажойиб бир мукофотга тавсия этилаётир ва инчунин дарҳол айтилган жойга бориб, тегишли ҳужжатларни тўлдириб топширмоғи шарт.
– Иби, Сизга ўхшаган ўртамиёналарга ҳам мукофот бораканми,–дея биринчи бўлиб ҳайроналик билдирди чўпоннинг содда муғомбир завжаи муҳтарамаси Мусаллам бону.
– Сен нима, деб ўйловдинг, бойвучча, орден-медал фақат режани қоғозда бажариб, амалда катталарнинг чўнтагини тўлдириб юрганларга бериладими? Йўқ-да! Энди замон бошқа: қайта қуриш, жадаллаштириш, ошкоралик, хушёрлик, яъни ичкиликсизлик, камчилик ва нуқсонларга муросасизлик ва ҳоказо. Энди… ниҳоят ҳақиқат ва адолат барқарор бўлади. Нега, деб сўрагин-а!
– Нега?
– Чунки…энг юқоридаги раҳбар, – қўлини осмонга бигиз қилган кўйи овозини пасайтириб, юзига жиддий тус бериб деди Ҳакимбой чўпон, – ўзимиздан бўлди.
Мусаллам бону опамиз оддий чўпоннинг аёли бўлса ҳам мунтазам телевизор кўрар ва инчунин сиёсатдан яхши хабардор эди:
– Горбачовни айтасизми, қанақасига у ўзингиздан бўлади?
– Тилбузарда сер солиб қарамабсан-да, худди ўзимизнинг қўшни қишлоқнинг одамига ўхшайди-ку.
Қўшни қишлоқнинг номи Бешкал эди. Заифа эрининг аскиясини тушунмади.
– Нимаси ўхшайди?
– Боши ўхшайди, боши-и, кейин пешонасидаги нори, э-э, ўқимаган, – деди оддий чўпон бўлиши билан биргаликда коммунист ҳам эканлиги баногоҳ эсига тушди ва қилмоқчи бўлган ҳазилидан тийилди. – Ўзимизнинг Нортожи чўпонннинг қуйиб қўйган нусхаси экан. Аммо бир хавотирим бор-да. Эски китобларда ёзилишича, тепасида туки йўғу манглайида нори бор подшоҳ келса, сигирлар эгиз туғиб (чорвадор халқларда бу унчалик хосиятли ҳодиса ҳисобланмас экан), дарё-ю денгизлар қуриб, қаҳатчилик бўлармиш. Илоҳим оғзимдан ел учирсин. Майли, ҳозирча берадурғон мукофотини олатурайлик-чи, нарёғига худо пошшо. Эмасам, мен бир Нуровотга тушиб келайин. Дарвоқе, қанақа мукофот бўлсайкин?..
Табиийки, Ҳаким чўпон туманга, бўлгандаям, шахсан туманбошининг мўътабар ва муҳташам кабинетига буюрган ташрифи давомида бу саволга жавоб топди. Аниқроғи, ҳозирги ном билан атасак – ҳоким, ўша даврлардаги эл тилидаги истилоҳни қўлласак – райқўм бово томонидан муруввату ҳиммат кўрсатиб қилинган таклифга иккилана-иккилана розилик берди. Қаранг-а! Туманбоши мукофот таклиф этибдилар-у оддий чўпон икккилана –иккилана рози бўлганмиш. Шу гапга биров ишонадими? Ҳозир айтсак, сиз ҳам ишонмаслигингиз мумкин. Ана шундан андиша қилароқ, шахсий хотинининг таъбирига кўра ўртамиёна бир чўпонга таклиф этилган сийлов нима эканини сал кейинроқ билдирсак майлими? Ҳозир эса ҳикоямиз маромидан бирмунча илгарилаб, Ҳаким чўпоннинг тумандан қайтаётганида йўл-йўлакай қилган бир сайри боғи тафсилотига ошно бўлайлик. Зероки бу тасодиф эмас, унга болалигидан қадрдон бўлган ушбу жаннатмонанд гўша, зиддият ва ҳикматга тўла бу маконул маъвоатрофида ҳикоямизнинг давомида анча-мунча жиддий баҳсу мужодалалар юритишимизга тўғри келади.

2
Нуровотдан қайтаётган Ҳаким чўпонқўрғонига етишига бир қир қолганида от жиловини тўсатдан чапга, Ҳаётбоши этакларига туташган Сувлидара боғлари тарафга бурди. Бурди-ю, яна ўзини ўзи аччиққина ҳажв қилиб ўйлади: умр бўйи яйлов кезиб юрган, дашт шамолидан вужуди сурланиб, тузқоқ бўлиб кетган бу ярим саҳройи, ярим тоғчи чўпоннинг кўнгли баногоҳ боғ тусаб қолгани қизиқ. Устига-устак болалик чоғлари кўп эшитгани боис ёд бўлиб кетган бир маъюсгина ашулани ҳам ҳиргойи қила бошлади:
“Қарға булбул бўло билмас, гулнинг қадрини на билсин,
Саҳрода учган бўз қушлар, чўлнинг қадрини на билсин…”
Нафсиламбирини айтганда у эсини таниганидан буён чўлу биёбон кезиб, шундоқ яқингинадаги жаннатмисол боғларга ойда–йилда бир келолмас, ҳар баҳорда: “биргина борсам, биргина кўрсам, ҳидларидан бир тўйиб нафас олсам”, деб орзу қилар, бироқ сира ишу ташвишлардан ортмас эди. Қарангки, тоғу қирлар ошиб, неча шаҳарларга борибди, денгиз соҳилларида дам олибди-ю, бурнининг тагидаги таърифи кетган боғларни шунча пайтлардан буён ақалли бир марта тузукроқ сайр айламабди-я. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шунга айтсалар керак-да. Ана шу олдингдан беқадр оқиб ётган “сув” аслида болалик, ўсмирлик йилларининг энг беғубор, энг завқли унутилмас хотиралари билан боғлиқ, юрагидаги илк муҳаббат ҳам шу ерда, худди шу боғлар қўйнидаги ёшлар оромгоҳида туғилган, балким… кейинчалик ўша севги ушалмаган армонга айлангани учун юраги бетламагандир бу гўшага тез-тез қадам ранжида этишга. Гарчи туман марказида, теваракдаги барча қишлоқларда яшовчи кишиларнинг аксарияти эрта баҳордан кеч кузгача дам олиш кунларини шу ерда ўтказишади, сайру томошо айлашади, Наврўз байрамини нишонлашиб, сой бўйидаги шийпонларда ош пиширишиб, ярим тунгача гурунглашишади, хотин-халаж сумалак тайёрлашади, болалар спорт майдончаларида ўйнашади, ёш-яланглар қуюқ дарахтзорларда суқли кўзлардан холи қолиб висол суҳбатларини қуришади, ёз поён топиб кузнинг лазиз лаҳзалари бошланган кунлар рўзғор бекалари мураббо учун боғбонлардан арзимаган нархдаги олмаю анор, беҳию олхўриларни, бошқа анвойи меваларни сотиб олиб, қиш бўйи барралигича ёки қуритиб, шунингдек мураббою шинни тайёрлаб, оиласининг оғзини ширин қилишади. Хуллас, бу боғлар нуровотликлар учун нафақат онда-онда шунчаки ҳордиқ ёзиб кетадиган хушҳаво бир маскан, балки, ҳам танни дармондорилар, ҳам руҳни гаштли маънавий озиқ билан бойитгувчи қадрдон ва азиз даргоҳ бўлиб қолган…
– Партия ва ҳукуматимиз хусусий мулкчиликни қонунлаштириш асосида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чева, сабзавоту бошқа ноз-неъматлар билан таъминлашни кескин ошириш вазифасини қўймоқда, – деди суҳбат асносида муҳтарам туманбоши Шоқувват Ўташев. –Так что, тез орада ихтиёрингиздаги отарни барча биною иншоотлари, қўй-қўзисию эчки-улоғи билан хусусийлаштириб берамиз. Юрасиз минг қўйли Ҳакимбойвачча бўлиб.
– Йўғ-е, наҳотки… ахир марксизм ва ленинизм ғоялари билан қуролланган коммунистик мафкурамиз хусусий мулкка қарши эмасми? – деб сўради ўзини Абдулла Қаҳҳор сингари иштирокиюн фирқасининг оддий аскари эмас, онгли аъзоси, деб ҳисобловчи, ихтисосига кўра адабиёт муаллими бўлса-да, ҳарқалай олий маълумотли чўпон Ҳаким Ўнгалович.
– Замона зайли билан сиёсат ўзгармоқда. КПСС Марказий қўмитасининг Бош котиби, ҳаммамиз учун ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачев партиямизнинг кейинги ёпиқ пленумидаги ёрқин ва сермазмун нутқларида таъкидладиларки, энди бизда мулкчиликнинг турли шакллари жорий этилади. Яъниким, давлат, жамоа мулки билан бир қаторда хусусий мулк ҳам бемалол мавжуд бўлади. Бу гап ҳали сир. Фақат партиянинг турли бўғинлардаги раҳбарларигагина маълум. Мен эса қўрқмасдан сизга айтяпман. Чунки, аввало… узоқроқ бўлса ҳам хешмиз, бунинг устига ана шу ақраболикни янада яқинлаштириш билан боғлиқ эзгу ниятларимиз ҳам йўқ эмас, қолаверса, оғзи маҳкам, садоқатли ва фаол коммунистларимиздансиз. Шунинг учун… манови мукофотга ҳам айнан сизни тавсия этмоқчи бўлаётганим мутлақо тасодифий эмас. Аммо-лекин… мавриди келганда сиз томонингиздан ҳам бир… хизмат талаб этилади.
– Бажонидил, бўла, агар қўлимиздан келса…
– Биринчидан, бўла эканимизни минбаъд партия ва ҳукумат идораларида лақиллаб юрманг, иккинчидан, хизматнинг маъноси шундан иборатки, кичкина бўлангиз, яъни укам Бойқувватбой: “Ака, анови… Ҳаким бўланинг отари яқинидаги қаровсиз, ташландиқ боғларни хусусийлаштириб берсангиз, бобомиздан қолган боғларни бир обод этсам”, деб илтимос қилувди. Дарвоқе, асли ўша боғлар бизнинг бобокалонимиз, яъни Ўташ бобонинг бобосининг бобоси Ярашбой чорвага тегишли бўлганини эшитгансиз-а?
– Афсус, эшитмаган эканман, – деди коммунист чўпон.
– Эшитмаган бўлсангиз, мана, мендан эшитдингиз, тўғрими? Мен, кимсан туман коммунистларининг сардори сизга ўтрик гап айтишга ҳаққим йўқку, тўғрими?
– Ҳаққингиз йўқлиги тўғри, – деди чўпон ва беихтиёр мийиғида истеҳзоли жилмайди.
– Довдирлигингизни қилмасдан тўғри гапиринг-да, бўла, мабодо… ўша эгалик ҳақида бобокалонимиздан қолган васиқани тополмаган тақдиримизда ҳам… шунча йилдан бери халқнинг оғирини енгил қилиб юрган киши сифатида камина давлатдан кичкинагина бир мулкча талаб этишга ҳақлиман-ку, тўғрими? Қолаверса… бу ҳақдаги қарор кучга киради-ю, қачон амал қила бошлайди, ҳеч ким билмайди. Хуллас, ўша масалада бизни астойдил қўллаб қувватлайсиз, керак бўлса, ерли чорвадор ҳамкасбларингиздан ёзма розилик олиб берасиз, деган умиддаман.
– Кучга кираверсин-чи, нарёғи бир гап бўлар, – деди Ҳаким ака бу ёқимсиз “савдо”га тезроқ чек қўйиш мақсадида. Айни пайтда юқори мартабали хешининг “довдир”, деган танбеҳидан зиғирча ранжимади. Бу лақабга кўникиб кетган. Бироқ ичида “нима учун кўпчиликнинг ризқу насибасини таъминлаб, кунига яраб турган шундай катта боғ бир кишининг мулкига айланиши керак?” деган норозилик пайдо бўлди. Наҳотки, шундай адолатсизликка йўл қўйилса, деб ўйлади. Миясига қон тепди, юраги ғашланди. Шунинг оқибатида суҳбат давомидаги бошқа гаплар деярли қулоғига кирмади. Ҳашаматли хизматхона соҳибининг унга бутун бир отар, теварагидаги яйловлар хусусийлаштириб берилажаги натижасида у туманнинг манаман, деган зотларидан бирига айланажаги ҳақидаги узундан-узоқ чиройли гаплари ақалли бир дона тукини қимирлатолмади. Билъакс, кўнглидан бу мазмунли мулоқот учун у қадар жоиз кўринмайдиган бир нақл ўтди: “ўлма, эшагим, арпа ейсан!”
Алқисса, уни бедов юганини боғ томонга буришига биринчи сабаб – муқаддимаси анчайин сержозиба-ю пироварди дилни хира қилган ана шу олиймақом суҳбат эди. Мана ҳозир, боғ айланиб хаёл суриб юрар экан, англамоқдаки, ўртоқ Ўташев жаноблари, бояги мукофотни ҳам бежиз таклиф этаётгани йўқ.
– Қанақа мукофот экан, деб ичингиз қизияпти-я бўла? – кўзини қисди Ўташев. – Ленин орденими, Меҳнат Қизил Байроқ ёки Ҳурмат белгисими, ёки “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор”ми деб. Нима қиласиз одену унвонларни, номи улуғу супраси қуруқ, мен сизга… тагингиздаги гижинглаб турган қорабайирга ўхшаган зулукдай ярақлаган қоп-қора “Волга” бераман. Худди ўзим миниб юрганга айнан ўхшаш. Теп-текинга! Тушундингизми? Ишонмаётирсиз-а? Майли, унда эшитинг: Москвадаги Бутуниттифоқ Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида ўтказилган халқаро кимошди савдоси чоғида республикамиздан юборилган “антиқа” нусха қоракўл териларнинг ҳар бири хориждаги миллионерларга бир неча ўн минг доллардан сотилган. Ана шу териларнинг бир қисми бизнинг тумандан олинган, жумладан, нақ бештаси сизнинг отар ҳиссасига тўғри келади. Ана шуни ҳисобга олган ҳолда, гарчи ҳар юз қўйдан қўзи олиш сони бўйича олдинги ўринда бўлмасангиз ҳам, кўргазма тарафидан текин туҳфа этилаётган машиналарнинг бирини сизга атаб турибман. Аввали, “Волга”, ҳеч бўлмаганда “Нива” оласиз. Тўғри, текинга машина олишнинг ўзи бўлмайди албатта, кичкина бир… шартимиз ҳам бор. Бу ҳақда сал кейин гаплашамиз…
– Бўла “шарт”и бўлса, бизга тўғри келмасов, умримда… пора бериб, мукофот олмаганман, – деди чўпон ерга қараб.
– Оббо-о, яна довдирлик қиласиз-а, қанақа пора, мен келиб-келиб сиздан, ўз қариндошимдан пора оламанми! Машинани ювиш чоғи ўзингиз… кўнгилдан чиқариб, бирор суюнчи берарсиз, демоқчиман.
– Суюнчи бўлса, жоним билан… аммо-лекин бўла, анови боғни хусусийлаштириш масаласи, менимча узоқ ўйланиб, кўпчилик билан кенгашиб, ҳал қилинадиган масала, агар адашмасам. Мен бир пайтлар, талабалик йилларимда сиёсий иқтисод, деган фанга жуда қизиққан, ижтимоий-иқтисодий формациялар алмашинувида мулкчилик масаласининг ўрни ҳақида бир қанча китоблар ўқиган эдим. Сиёсий иқтисод назариячилари Карл Маркс ва Жозеф Прудон ўртасида шу борада бўлган ашаддий мунозарани сиз ҳам билсангиз керак, Олий партия мактабида ўқигансиз, бири бу муаммони қашшоқлик фалсафасига, иккинчиси эса фалсафанинг қашшоқлигига боғлаган. Ҳарҳолда, умумхалқ истифодасида бўлган мулкларни хусусийлаштиришда ўта эҳтиёткорлик билан иш тутилмоғи шарт.
Шу ўринда муҳтарам китобхоним-ку истеҳзоли жилмайиб қўяр, аммо мунаққидликка даъвогару тирноқ остидан кир қидирувчи чаласавод бир адабиётшунос кас оддий чўпоннинг дабдурустдан сиёсий иқтисод ва мулкчилик муносабатлари тарихидан сафсата сўқа бошлаганидан тааассуфга тушган ва: “ол-а, оддий подачи шунақа гапирадими, китобийлигу схематизм ҳам эви билан-да”, дейиши мумкинлигини сезиб турибман. Ўзим ҳам бу одам билан асардаги бошқа бир қаҳрамон, ҳамкасбим Суҳроб Туробий орқали танишиб, илк бор суҳбатлашганимда шунақа фикрга борганман. Бироқ муфассал мулоқот давомида иштибоҳ чекинди ва Ҳаким чўпоннинг ҳамқишлоқлари томонидан “довдир”, деб аталишига айнан мана шу – ҳаддан ортиқ билимдонлигию, тупканинг тагида юриб, бутун дунёнинг ташвишу ғамлари ила яшаши, кўпчилик фаҳмига етмайдиган мураккаб сиёсий ва иқтисодий муаммолар хусусида анчайин етук олим даражасидай фикрлаши сабаб бўлганини англадим. Зеро азал-азалдан ўз қорнидан бошқа ташвиши йўқ оломон учун бундай кимарсалар телбаю девона, юмшоқ қилиб айтганда “шоир ёхуд довдир” бўлиб кўринади.
Мана шунақа гапу, шунақа сўзлар. Ҳакимбой гап қанақа суюнчи хусусида бораётганини тахмин қилмоқчи бўлди-ю, аниқ бир нарсани тасаввур этолмади. Зеро у шунча йиллик меҳнат фаолияти давомида амалдор қавмининг нафси худди резинка пайпоқ сингари ўта чўзилувчан эканига кўп бор ишонч ҳосил қилган-да. Майли, келаверсин-чи ўша машина, бир ҳисоби бўлар…
Ўқимишли чўпонимизни боғ сайри сари ундаган яна бир сабаб–у муҳтарам туманбошининг серҳашам кабинетини тарк этишга чоғланаётган лаҳзаларда юз берган яна бир “тарихий тўқнашув” билан боғлиқ эди. “Тўқнашув” истилоҳидан мазкур ўринда ижобий маънода истифода этмоқдамиз, зеро Ўташевнинг ҳузурига ҳеч қандай огоҳлантириш ёки рухсатсиз, эшикни учи ўткир амиркон туфлиси ила тепиб кирган олийнасаб меҳмон аввал соҳиби даргоҳ билан қучоқлашиб, лабини лабига қўйиб ўпишиб кўришди.
– Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деганлари ҳақ гап экан. Шокки, – деди ўрисчалаб афту андомидан осиёлик эканини пайқаш қийин бўлмаган, шарқона япасқи бурни, тақир пешонаси, икки чети пастга осилиброқ кўринадиган кўзлари, жийирилиш орқали эгасининг анчайин баланд кибру ҳавосини яққол акс эттириб турган дўрдоқ пастки лаби Ҳаким чўпонга жудаям таниш туюлган меҳмон у билан қўлларини қаттиқ қисиб саломлашар экан.
Икки қадрдон суҳбати жононида ўзини дарҳол ортиқча ҳис эта бошлаган, бироқ каттаконнинг: “борақолинг”, деган рухсатисиз туёғини шиққиллатолмай турган чўпон бу қадрдон башара-ю сиёқни илгари қайда учратган бўлиши мумкинлигини эслолмай роса қийналди. Ҳар тугул соҳиби жойнинг:
– О-о, нимасини айтасан, Сурико, бундан йигирма йил олдин армияда кирза этик кийиб юрган кезларимизда: “вақти келиб сенинг тупканинг тагидаги туманинггача бораман, авра-астарини ағдараман, қолаверса бутун Ўзбекистонни зир титратаман”, деганингда мутлақо ишонмаган бўлардим, – дея ялтоқланишидан сўнг миясида: “бу ўша – “пахта ишларининг мутаваллилиги ила машҳури олам бўлмиш ўртоқ Итлян-ку!” деган фикр чақнади. Аммо дафъатан бу фикрга ишонгиси келмади: “Наҳотки… бизнинг бўла ўша касофат билан ҳам ош-қатиқ бўлса?” деган иштибоҳ халал берди. Бироқ қуйидаги қисқа таништирувдан сўнг шубҳаю гумонлари пароканда бўлиб кетди:
– Таниш, Сурико, бу бизнинг тумандаги энг илғор чўпон ва энг ҳалол инсон Ҳаким Ўнгалович, сени эса унга таништириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ, бугунги кунда бутун жаҳонга машҳур жасур терговчи Сурен Итлянни ким ҳам билмайди дейсан!
– Аҳа, энг илғор ва энг ҳалол, дегин, йў-ўқ, бунақа бўлиши мумкин эма-ас, бизнинг ривожланган социалистик мамлакатда, айниқса бугунги Ўзбекистонда ҳалоллик билан илғор бўлиш мутлақо ақлга сиғмайди. Илғорми, демак режаларни бажаришда қўшиб ёзган, кўзбўямачилик қилган, ҳар қандай мукофотни, мансаб-мартабани пора эвазига олган!
Меҳмон бу гапни тиржайиб, гўёки ҳазил оҳангида айтди. Бироқ чўпон кўрдики, боягина муҳташам кабинетда ўзини соҳиби аврангу тож каби еттинчи осмонда ҳис этиб ўтирган Ўташевнинг ранги бўздай оқариб, силласи сувга тушиб, ҳатто қишлоқча қўпол қилиб айтганда, иштонини ҳўл қиладиган даражага тушди. Ҳайтовур унинг “қуролдош” биродари бояги куфр гапига дарҳол изоҳ берди:
– Ҳазиллашдим-ҳазиллашдим, бу дўстимиз илғор ва ҳалол чўпон бўлсалар, у кишига камоли ҳурмат-иззатимиз садаға! Биз – Москвалик адолатпеша терговчилар бундай кишиларни бошимизга кўтарамиз. Орден-медаллар олиб берамиз, қаҳрамон қиламиз! Аммо… социалистик қонунчиликни бузган, халқу давлат мулкини талон-тарож этганларга мутлақо шафқат қилмаймиз! Сиз, муҳтарам чўпон дўстим, исми-шарифингиз нимайди, умуман олганда бунинг сираям аҳамияти йўқ, агар шу масалада бирор фикрингиз, бизга етказмоқчи бўлган маълумоту ахборотингиз, бирор амалдорнинг таъмагирлиги ҳақидаги шикоятингиз бўлса, мутлақо тортинмасдан мурожаат қилаверинг. Мен сиздай ҳалол ва илғор меҳнаткашлар учун жонимни ҳам беришга тайёрман! Масалан айтинг, мана бу каттакон сизга қандай зуғум ўтказмоқда? Ё бирор мукофот учун пора сўраяптими? Агар шунақа бўлса, армияда бирга хизмат қилганимизни, Чехословакиядаги қонли тўқнашувларда бирга қатнашганимизни ҳам ҳисобга олиб ўтирмасдан, буни дарҳол қамоққа оламан!
Ўташевнинг ранги яна оқарди. Тепакал меҳмон яна иржайиб, ҳазиллашаётганини билдирди, чўпоннинг миясида: “бу икковлон 1968 йили Чехословакиядаги тинч намойишларни қонга ботиришда қатнашган экан-да”, деган ижирғаниш ўтди. Зеро у ана шу миллий озодлик ҳаракати ҳақида “Озодлик” радиосида эшитган ва бегуноҳ қурбон бўлганларга астойдил ачинганди.
– Йўқ-йўқ, аксинча, қуролдош биродарингиз туманимиздагина эмас, бутун Европаю Осиёдаги энг ҳалол ва адолатпарвар раҳбарлардан бири, у киши каминанинг арзимаган меҳнатини юксак қадрлаб, йўқ, дейишимга қарамасдан, катта бир қимматбаҳо мукофотга мутлақо текин тавсия этмоқчи бўляптилар, – деди қитмир ва довдир чўпонимиз меҳмонга ҳамоҳангу жўр ўлароқ “мутлақо”, деган сўзга урғу бериб.
– Аҳа, мана бу мутлақо бошқа гап, – деди меҳмон чўпоннинг елкасига ғамхўрона қоқиб, – унда қуролдош биродаримнинг бу ишини мутлақо қўллаб-қувватлайман!
– Эмасам бизга жавоб берингизлар, давлатнинг қўйлари қаровсиз қолмасин, – деди Ҳаким чўпон.
– Майли, боринг, – деди аллақачон ўзини бу муҳташам хона соҳибининг соҳиби, дея ҳис этаётган меҳмон. – Аммо-лекин ҳали сиз билан яна учрашамиз. Энг ҳалол ва илғор коммунист чўпон сифатида бизга туманингиз, қолаверса, вилоятингиздаги бемазагарчиликлар ҳақида рўй-рост сўзлаб берасиз. Дарвоқе, партия аъзосисиз-а? Гарчи, ҳозирги пайтда бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Кўришгунча хайр!
“Қайтиб сиёғингни кўргилик қилмасин илойим”, деди ичи нафратга лиммо-лим бўлса-да, ўлганининг кунидан илжайиб, қўл қисишиб, хайрлашар экан Ҳаким чўпон ва ташқарига чиққан заҳоти: “Қўйиб берса, бутун малакатни ағдар-тўнтар қилиб, яна қанча одамнинг ёстиғини қуритади бу кал”, дея хавотир билан ўйлади. Уни от тизгинини тизгинсиз хаёллару жавобсиз саволлар макони бўлмиш кузги боғ бағри сари бошлаган иккинчи сабаб айнан шу эди…
Мана, Сувлидара боғлари! Мана, у интиқлик ила интилган сукутли диёр! Бу маъво бутун борлиқ заъфарон хазонистонга айланган тийра фаслда ҳам ўз тароватини йўқотмаган. Гарчи, ҳалитдан қорсираб илтижо этаётган қарғаларнинг қағиллашлари бу тароватга соя ташламоқчи бўлади. Бир қисм дарахтларнинг яланғочлигидан уялиб, қунишиб, дийдирабгина тургани қалбга озурдалик индиради. Туғма туйғунлиги учун бояги мулоқотдан қаттиқ мутаассир бўлганиданми, йиллар давомида азоблаб келаётган боднинг кузги хуружи туфайлими, қовоғи солиқ осмондаги кулранг ва намхуш булутлар елкасидан босаётгандек, юрагини ғижимлаб қисаётгандек туюлди. Кўкси ториқди. Ширин хотиралар ила ёриштиришга уринди тийра тасаввурини.
Кузги боғлар чиройи ҳам, рангсиз даштлар оройишидан сийқаланган кўз учун, шубҳасиз, дилрабою зебо кўринади. Бироқ афсуски.. унинг Сувлидарага сайри тоғлар қўйнига келин тушадиган, яъни тошқин сойлар соҳилидаги ризвонрухсор боғлар оқ-пуштиранг гуллардан ҳарир либос кийиб, истиқболига нафис ва иболи таъзим ила пешвоз чиқадиган, зумрад далалар йўлига алвон қизғалдоқлардан гилам тўшайдиган, чўққилар этагида қайнаб ётган турнакўз чашмаларнинг вижирлаган қўшиқлари тараладиган айни Ҳамал чоғига эмас, тийрамоҳ тугаб, қиш чилласи бошланишига тўғри келди. Шу боис салгина файзи қочгандек туюлмоқда. Бунга уларнинг кейинги пайтлар янада кичрайгани сабабдир балки.
Ривоят қилишларича, Октябрь инқилобидан олдин бу даралар, бу сойлар ғиж-ғиж боғлар билан қопланган экан. Ўрикзорлар, тутзорлар… Очарчилик йилларида одамлар шу боғлар туфайли жон сақлашибди. Лекин колхоз тузилиб, унинг темирчилик устахонасига кўмир керак бўлибди: қишда этакдаги пахтазорлар пахтасини қуритиш учун зарур эди. Кишилар чўл ичкарисига бориб саксовул кесиб келишга эринадиган одат чиқардилар. Чунки энди бунга ҳожат йўқ эди. Боғларнинг боғбонлари “қулоқ” бўлиб олис ўлкаларга бедарак кетишди. Колхоз эса буғдой экиш билан овора, боғлар эгасиз. Нурназар бобонинг ҳайрат билан ҳикоя қилишича, бир челаккина кўмир тайёрлаш учун йўғон-йўғон зардолилардан беш-олтитасини ёндиришаркан. Шу тахлит тобора юқорилаб, тоғлар қўйнига кириб боравердилар. Фақат чўққилар этагидагиларигина жон сақлаб қолишган. Кейинроқ, уруш арафасида ва ундан сўнг Россия ва Украинанинг дашт ҳудудларидан “маҳаллий аҳолига чорвачиликни ўргатиш ва… маданиятини ошириш” учун махсус йўлланмалар билан юборилиб, давлат хўжалигини бошқарган мутахассислар бу боғлар атрофига ерли халқ “ўрис дарахт”, деган ягона ном билан атовчи акас, арғувон, жўка, эман, заранг сингари манзарали дарахтлар эктиришиб, ўзларича тоғ ўрмонлари яратишга ҳаракат қилишган. Уларнинг ҳам анча қисми ўтин бўлиб кетибди. Лекин улар-ку майли, мевали боғларга юраги ачийди одамнинг. Ҳар тугул, яқиндан бери янги директорнинг азму шижоати билан уларни тиклаш, кенгайтириш ҳаракати бошланди.
…Ажиб боғлар. Уларда ер юзидаги жамики анвойи мевалар, гуллар бор. Бир томони полиз, яна бир томони чўққилар пойига туташган яйловлар. Бу боғ улкан бир дара қўйнида ястаниб ётибди. Пастда чўл, бепоён саҳро. Икки ёнда ҳад-худудсиз пахтазорлар. Шу боис бу боғлар баҳри муҳитдаги омонат оролчаларга ўхшайди. Ғалати бир ташбеҳ: оппоқ бир бепоён, бесарҳад баҳри муҳит. Оппоқ тўлқинлар… Йўқ, бу кўпиклар эмас, пахта чаноқлари. Қайси бир шоир айтганидек, “Чаноқларда қаймоқдай кўпирар пахта”. Ўлма-е, шоири замон!
Дарвоқе, боғлар… тоғлар қўйнига шу қадар чуқур кириб кетганки, дафъатан топиш қийин, эътибордан четда, гўё кимдир уларни яшириб қолгандай. Эҳтимол, бунинг сабаби уларнинг қадимийлигидир. Назардан четда, эгасиз қолганидир. Унутилган боғлар, эгасиз боғлар… Бунинг яна бир боиси бор. Бир вақтлар тоғ оралиқларидаги қишлоқлар аҳолиси чўлга – янги ўзлаштирилаётган ерларга “ихтиёрий” равишда кўчириб кетилди. Қишлоқлар, яйловлар, боғлар ҳувиллаб қолди. Қўрғонлар, уйлар қор–ёмғирлардан ивиб, эриб, бузилиб, вайрон бўлиб кетди. Бойқушларга ҳам қиладиган иш қолмади бунда. Яйловлар сукунат ичида, фақат тўрғайларга макон бўлиб қолди. Боғлар… боғлар қуримади. Боғлар, не-не кунларни кўрган қадим боғлар маъюс яшайвердилар. Мевалари пишиб, тўкилиб, қуриб, уруғидан янги ниҳоллар униб яшайвердилар боғлар. Фақат парвариш кўрмагани учун чакалакзор бўлиб, ўрмон сингари тиғизлашиб кетдилар.
Кейин боғларга гоҳ-гоҳида пастдан, дашт қўйнидан одамлар келадиган бўлишди. Уларнинг мевасидан ҳамма бирдек баҳра ола бошлади. Хайрия боғлари бўлди бу боғлар гўё. Кейин уларга эга чиқди. Давлат хўжалиги ихтиёрига ўтди. Сўнгра ўрмон хўжалиги эгалик қилди. Аммо шу йилларда унга бирор кимса ақалли битта ниҳол ўтқазмади. Лекин боғлар яшар, яшарар, ўз умрини сабот ила давом эттираверарди.
Қизилолма – олмазор боғ номи, Қушхона – осмон бўйи ёнғоқзорлар номи, Оққанд – ўрикзорлар номи, хуллас, хар бир боғнинг ўз номи бор эди. Қизилолманинг олмалари, эҳ, Ойбарчиннинг ёноғи шу олмалардан ранг олган бўлса не ажаб? Эҳ, бу боғлар, бу боғлар… Нима деб атасангиз ҳам атайверинг-у, лекин албатта бу боғда сайр этинг. “Бу боғни қайси боғ дерлар…” деган сатрлар айнан унинг қўйнида туғилган бўлса не ажаб? Эҳ, бу боғлардан кимлар баҳраманд бўлмаган, кимлар таърифига таҳсинлар айтмаган, ашъорлар битмаган. Наҳотки шу боғлар энди… Суллоҳлигу сурбетлик ҳам эви билан-да! Одамлар худодан қўрқишмайди, партиядан, э узр, бандадан уялишмайди-я!
“На инсофу на виждонни билар ё раб, бу инсонлар!..” дея хиргойи қилди у дилидаги чигилини ёзиш учун.
Алқисса, Ҳаким чўпон билан яқинроқ танишиш мавриди келди. Уни боғ дарвозасидан чиқаётган ҳолатда қолдириб, навбатдаги бобни таржимаи ҳолига бағишлаймиз

3
Буюк бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзидан аввал ўтган достончию термачилар, оқинларидан алоҳида ажралиб турадиган жиҳати – ҳозиржавоблик ва бадиҳагўйликда тенгсизу бетакрор бўлган экан. Бизнинг Ҳаким Ўнгалбой ўғли унинг бу ғаройиб ҳислати ҳақида эсини таниган пайтларидаёқ элда оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи ривоятлар орқали кўп эшитган, чексиз ҳайратга тушган, ҳавас қилган ва “қанийди, мен ҳам шундай бўлсам”, деган улуғ бир орзу асирига айланган. Шунинг таъсирию ундови билан, болалигидан эртагу достон эшитишга, тинглаганини ёдлаб олишга, ўзи ҳам баҳоли қудрат бир нималарни тўқишга уриниб келади. Буни унинг журналист қишлоқдоши Суҳроб Туробов яхши билади. Шунинг учун кунларнинг бирида уни республика радиосининг “Яйлов шукуҳи”, деган эшиттирувига таклиф этади. Ана шу эшиттирувда чўпон – шоир акамиз ўз таржимаи ҳолини қуйидагича баён этган экан:
“Мен, Ҳаким Ўнгалов, ёшим салкам элликда, касбим чорвадор, бугуннинг ифодаси ила аниқроқ изоҳлайдиган бўлсак, тадбиркор–фермер, журналистларнинг ёзишларича: қўйчивон, қишлоқча, жайдари қилиб тушунтирсам, қўйбоқар, яъни чўпон. Маълумотим олий, дорилфунунни сиртдан тугаллаб, тил ва адабиёт ўқитувчиси, деган ихтисос олганман, бироқ худойлиғимни айтай: бир кун ҳам ўқитувчилик қилолганим йўқ, ахир қўйни ҳам кимдир боқиши зарур эди-да, бир даврлар комфирқа аъзоси, яъниким, жамиятнинг етакчи кучи бўлганман, ҳозир қип-қизил партиясиз, сиёсатдан узоқ, иқтисодга яқинроқ бўлиб қолганман, замонасининг зайли экан-да, оилалиман, бир қизим, бир ўғлим бор: тўнғичим Ойсифат Ҳакимовна – муаллима, қишлоқ болаларига фаранг тилидан сабоқ беради. Кенжатой қўзи қўчқоримиз, э узр, ўғлимиз Тўхтарбой ҳали мактабда. Аёлим Мусаллам – ўзим билан бирга қўй боқади. Икки нафар чўлиғим, яъни ёрдамчим ҳам бор. Икковиям зўр йигит. Ҳар бири ўзича бир олам. Мавриди келганида ҳар қайсиси ҳақида ажабтовур ҳикоялар айтиб берарман. Ўзимнинг авлод-аждодимни сўрасангиз, Оқтов ва Қоратов оралиғида сурув ҳайдаб, достону терма айтиб, тўй-маъракани гуллатиб, элнинг кўнглини хушлаб, нокаснинг ёқасидан ушлаб, пешанасига муштлаб, курашу кўпкарида дов бермай умр ўтказишган. Менга ҳам шуларнинг феълидан жиндайгина юққан: гоҳ афандинамо гап қилиб, гоҳ алмойи-жалмойи саргузаштларимни айтиб, бировни кулдириб, бировни аччиқлантириб юраман. А, лаббай? Таржимаи ҳолни кенгроқ, муфассалроқ айтинг, дейсизми? Эмасам, қулоқ солинг.
Мен ҳам аксар даштлик болалар сингари тилим чиққан заҳоти халқ оғзаки ижодига, бахши-шоирликка қизиқдим. Бахшиларнинг достону термаларини кўп эшитганман-да. Ўзим ҳам термалар, эртаклар тўқидим. Бола-бақрани тўплаб ҳикоятлар сўйладим. Тил ва адабиёт муаллими бўламан, мактабда дарс бериш баробарида қиттигина ижод билан ҳам шуғулланиб юраман, шеъру ҳикояларимни туман газетасида бостираман, терма-достонларимни китоб қиламан, деган катта орзулар қилдим. Лекин…
Мактабни битирганимдан кейин биринчи йили ўқишга киролмадим. Бироз бекор юрдиму, кейин “бекордан худо безор”, деган ўгитга амал қилиб, ота-боболар касби деб, қишлоқ подасини боқдим. Сўнгра совхоздан (бир пайтлар шунақа бир ташкилот бўлар эди, ўзбекчаси – давлат хўжалиги, яъни ҳозирги фермер хўжалигининг давлатга қарашли шакли, унда директор, яъни раҳбардан тортиб, қоровулгача, давлатдан белгиланган маошни олиб ишларди) бир сурув қўй олиб Ҳаётбоши чўққиси этакларига чиқиб кетдим. Раҳматлик директоримиз Музроб ака бир куни ўтовга келганида “Абдиҳаким, сен каллали йигитсан, сиртдан молдўхтирлик ўқишига кир, ёрдам қилайлик”, деб қолди. “Майли ака, ўқисам ўқий қолай, лекин мен молдўхтир ҳам, одамдўхтир ҳам бўлмайман”. “Қайсига кираман дейсан?”, “Адабиётга кирсам дейман, ака!” “Э, сен қизиқ-ку, Ҳакимбой, нима Эргаш Жуманбулбул бовонгга ўхшаган бахши шоир бўлмоқчимисан?” “Нима қипти, ака, айб эмас-ку”. “Албатта, албатта, Ҳаким жўра, кўнглинг истаганига кир. Шоир бўлсанг, достон айтиб отангнинг, Эргаш бовонгнинг руҳини шод этсанг қанийди. Бизнинг Суҳроббой ҳам муштдай бошидан шеър ёзади, уям шоир бўлади, шекилли”.
Хуллас, адабиётга кирадиган бўлдим. Дастлабки имтиҳондаёқ бир домла “Чўпон одамга адабиёт майдонида пишириб қўйибдими, қишлоқ хўжалигига боринг” деса бўладими. “Домуллажон, шаҳардаги магазинчи-ю ошпазларнинг ярмисини адабиётчи қилдингиз-ку, энди битта чўпондан ҳам чиқаринг-да”. “Улар бизга камёб матоҳу маҳсулотлардан топиб бериб, адабиёт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшмоқдалар, сенинг қўлингдан нима келади?” “Одамни ерга урманг, домуллажон, совхознинг минг қўйи ёнида ўзимнинг ҳам юз қўйим бор. (Шу жойи сал ўтрик, тўғрироғи шоирча муболаға бўлди. Ўзи кечирсин.) Антиқа попоқлар тикиладиган қоракўл тери, тоғ қўйининг шифобахш гўшти, эчкининг сути, аёлингизга тибит рўмол, ўзингизга иссиқ пайпоқ бўладурғон жуни дегандек.” “Оббо, сен-эй, гапга тушунадиган йигитга ўхшайсан-ку, бор-э, баҳонг тўрт! Аммо-лекин сендан бир попоқ ила бир тибит рўймол кутурмен, қишгача улгурурмусен?” “Албатта улгурурмен, домулло, попоқ сиздан ўргулсин!” Бошқа имтиҳонларда камсуқумроқ домлалар дуч келди. Достон, терма айткизишиб, қойил қолишиб, яхши баҳолар қўйишди. Кириб кетдим.
Талабалигим ҳалиги сур попоқ ва ангори жундан пайпоқ кийишу ширвоз гўшти истеъмол этишни хуш кўрадиган домланинг таъқиби (ростини айтсам, унга ҳалиги нарсаларни опкелиб бераман, деб юрган кунларимда туппа-тузук бир профессор пора билан қўлга тушиб қамалиб қолди ва камина қонун таъқибидан қўрқиб, ваъдамни бажаролмадим, домла эса” бу ярамас подачимас ваъдачи экан-ку”, деб зимдан қасд қилиб, йиқитаман, ҳайдатаман, деб юрди) ва яна бир-иккисининг хархашаларини ҳисобга олмаганда, силлиқ ўтди. Сиртдан бўлсаям ҳарқалай битказиб олдим. Дипломни олиб келиб давлат хўжалиги кадрлар бўлимининг бошлиғи, асли бошқирдистонлик бева аёл Маша опага топширдим. Олий маълумотли чўпон эканлигимни билишсин-да.
Чўпон деганнинг вақти унча кўп бўлмайди. Лекин камина фуржа топиб ижод қилишга киришдим. Сал қўлим бўшадими, дафтар қоралайман. Кампирим (бизда ёш келинчакни ҳам эркалатиб, шундай аташади, қариб-қартайиб юрсин, деб ният қилишади-да) ҳайрон, шогирдларим Эшпўлат ва Очилбой ҳайратда. Бўлим бошлиғи Қилич Заҳҳор айниқса тажанг. Қайси куни кимгадир шивирлаётганини эшитдим:
– Бу қисталоқ, темир дафтар қилиб бир балоларни илдириб, “кампироммат” тўплаб юрибди. Эҳтиёт бўлларинг, бизнинг узоқ қишлоқда яшовчи, номи авом, лекин ўзи жудаям саводли халқимиз “компромат”, яъни обрўзизлантирувчи маълумотлар нималигини ҳам яхши билишади. Сирасини айтсам, аксарияти бекорчилигидан уззу кун дўкон ёнида учтами-тўртта бўлволишиб, битта винони майдалаб, нуқул дунё сиёсатидан мубоҳаса юритишади: “Америкадаги бу галги сайловларда Рейган ютқизади”, дейди бири. “Улуғ Британия қироличаси қартайиб қолди, тожу тахтни ўғлигамас, неварасига топширмоқчи, чунки шаҳзода хотини бир четда қолиб, Камилла Паркер, деган маъшуқа орттирган”, дейди бошқа бирови. Мен эсам ҳалиги одамга қараб:
– Темир дафтар ўзингиздан бери келмасин, оқсоқол. Бу – достон . “Алпомиш”, “Гўрўғли”ни эшитганмисиз? Шунга ўхшаш бир достон битмоқдаман сотсиалистик мусобақа ғолиблари тўғриси-да, – дейман.
– Номи нима?
– Номими? Номи… “Қинга кирган қилич”
Қилич ака шиптир кал бўлгани билан билими ўзига яраша, айёр одам. Аскияни дарров тушунди.
– Сенинг ўзингни катта момонгнинг қинига киргизиб қўяман, билдингми, ҳе сўтак, одамни азмушта (масхара демоқчи) қилмоқчи бўласан-а, уккағар!
– Сўкинманг, азмушта қилаётганим йўқ, ростини айтдим. Мана ишонмасангиз, бир сира ўқиб кўринг.
– Нимасин ўқийман. Сен шоирлик қилиб гўрга борармидинг, ўзинг бит босган бир чўпон бўлсанг, – дейди аскиянинг аламини ҳалиям ҳазм этолмасдан кали Қилич.
– Ҳа майли, – дедим. Лекин бўшашмадим. Дафтаримни тўлдирдим. Тўлдириб Суҳробга жўнатдим. Бир куни қарасам, Суҳроббойдан хат келибди. Хатида “Ҳаким ака, бир иложини қиламиз”, дебди. Ёпирай, ҳали ёзганларингни китоб қилиб чиқарамиз, деса-я. Китоб чиқса кулгига қоламан-да. Қилич Заҳҳорнинг кулганидан куйгани кўп бўлади. Лекин… собиқ директоримиз, ҳозирги пайтда фермерлар уюшмаси раиси бўлмиш Нурқобилбой укамиз “Бу, Ҳаким ака, нега қўйларнинг этининг салмоғи йўқ десам, отарни ўз ҳолига ташлаб, шоирчилик қилиб юрган экансиз-да” демасмикан? Демасов? Нурқобил тушунадиган йигит-ку… Дарвоқе, Нурқобилни танисаларинг керак, унинг донғи бир пайтлар Московгача етган эди. Сўроқ чоғи ҳалиги тепакал армани терговчига “Ўзбек халқига туҳмат қилганинг учун бир кунмас бир кун пешонангдан отиласан”, деган йигит ўшада! Ў-ў, у замонлар оғир замонлар эди, ит эгасини танимай қолувди. Ўша терговчиям охир-оқибат ўзини юборган хўжайинларига ҳура бошлади. Дарвоқе, мен сизларга ит феълини обдон ўрганган бир жониворшунос сифатида айтаман, “ит семирса, эгасини қопади”, деган мақолнинг чўпон кучукка, умуман табиатдаги ит, деган ҳайвонга мутлақо алоқаси йўқ. Бу мақол одамларга нисбатан тўқилган. Чалғиб кетдим-а? Нима деётгандим? Нурқобил? Қайси Нурқобил? Ўзимизнинг раис Нурқобил Бўтаевми? Ҳа-а, уни мана, Сухроббойдан сўранглар, болалигидан яхши билади. Тўғрими Суҳроббой? Илтимос, сиз айтиб беринг, қанақа қийналганди бола бечора…
Қаҳрамонимизнинг илтимосини ерда қолдирмаслик учун Ҳаким чўпон таржимаи ҳоли давомини кейинги бобларга кўчириб, воқеамизнинг яна бир иштирокчиси билан яқинроқ танишамиз. Уни бундан анча йиллар олдин, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида, бутун республика раҳбарларига қирон келган, амалдорман, деганнинг аксарияти қамалиб, тергов бериб ётган, чиндан ҳам ўта мураккаб вазиятда, руҳан эзилган, қийинчиликларни енголмай тушкунликка тушиб, ваҳимали хаёлларга берилган ҳолатда учратамиз

4
Нурқобил бамисоли тушовланган жийрон от сингари ўзини қўйгани жой тополмасди. Уйга кирди, ташқарига чиқди. Ҳовлига сиғмади. Далага интилди. Бийдай биёбон дашт ҳам торлик қилаётгандек бўлди. Оқтов билан Қоратов яқинлашиб келиб, вужудини икки томондан қисаётгандек туюлди. Дунё кўзига тор кўринди. Яна ҳовлига қайтди. Ўғилларини эркалатиб, овунишга уринди. Аммаси Гулсарага руҳсиз сўз қотди. Чой ичган бўлди. Ичига тушмади. Кейин ётоқхонасига кириб, лўққиллаб оғриётган энсасини кафтлари орасига олиб, оёқларини узатди. Бир бошга шунча савдо кўп эмасми, дея оҳ тортди. Кўксини муздек кўрпага бериб ётди. Хона совуқ эди, бунинг устига шиддат билан қоронғилашиб борарди. Кўз олди хиралашди, эти жунжикди. Туриб чироқни ёқди. Мўъжазгина жавондан қўлига илинган бир китобни олди. Жек Лондоннинг ҳикоялар тўплами экан. Ёнбошлаб варақлади. Ўқиёлмади. Дардини кимгадир айтгиси, кимгадир ёрилгиси келди. Кимга? Ким эшитади суринган одамнинг дардини? Шунда дўсти Суҳробни эслади. Қоғоз-қалам олиб, унга мактуб ёзишга киришди. Ваҳимали қилиб бошлади.
“Дўстим. Ушбу хат сенга етиб борган маҳалда, эҳтимол, мен ҳаётда бўлмасман…”
Тўғри қиляпманми, деб ўйлади. Иродам етармикан, дея чамалади. Бир бошга бир ўлим-да, деди қизиққонлик устида. Қолган жойидан давом эттирди: “… Эҳтимол, деяётганимнинг сабабини яхши биласан – ўз жонига қасд қилиш осон иш эмас. Айниқса, мендек – ҳаётни бутун вужуди, жон-дили билан севган, яшашни, мудом ғайрат билан елиб-югуриб яшашни истаган ва эртанги кунига ишонч билан қараган кишининг, ҳали анчайин ёш бир йигитнинг бундай қилиши сира-сира осон эмас. Эсингдами, отам барвақт ўлиб кетганлигидан ўксинганимда, йиғлаганимда “Отангнинг қолган умрини ҳам сен яшайсан, бу қийинчиликлар ўтиб кетади, ҳали ёруғ кунлар олдинда”, дея тасалли бергандинг. Мен ишонардим. Қаттиқ ишонардим. Фақат ишонишнинг, орзу қилишнинг ўзи кифоя эмаслигини ҳам яхши билардим. Бунинг учун меҳнат қилиш, курашиш, интилиш керак эди. Шундай қилдим ҳам…
Мана, энди шундай аҳволга тушдимки, бутун умрим, инсонлигим, интилишларим, қилган ишларимнинг ҳаммаси беҳуда эканлигини англаб турибман. Энг ёмони, гарданимдаги тавқи лаънат, шармандалик юки шу қадар оғир, шу қадар даҳшатлики, ерга кириб кетгим келади…”
Қамалиш шу қадар даҳшатли шармандаликми? Алоҳа ёзишдан тўхтаб савол берди ўзига. Уруш йиллари ота-онаси билан Россиядан кўчиб келиб, шу ерда улғайиб, яшаб қолган, трактор тузатувчи уста чол Николай Петрович ширакайф пайтлари сафсата сўқиб, дердики, “биз, ўрисларда шундай нақл бор: ҳар бир киши ҳамиша қамалишга ёки ақлдан озишга тайёр туриши керак”. Бобойнинг ўзи ёшлик йилларида бир неча марта қамалган экан. Гоҳо шуни юзига солишса, “хўш, нима бўпти, вақтида Ленин ҳам, Сталин ҳам қамалган”, деб қўяркан. Лекин Нурқобил унақа деёлмайди. Орияти йўл қўймайди. Унинг учун уят – ўлимдан қаттиқ.
“…Албатта, ўзини ўлдириш осон иш эмас, кейин бу – ўта бемаъни, ахмоқона чора. Лекин менинг аҳволимга тушган киши, тўғрироғи, мендек киши шундай аҳволга тушгач, фақат ана шундай қилиши мумкин. Шундан бошқа чораси йўқ. Лекин…
Болаларимга, бегуноҳ қора кўзларимга, етим қўзиларимга раҳмим келади. Онадан сағир қолганлари етмагандек, мен ҳам ташлаб кетадиган бўлсам, аҳволлари нима кечади? Ёлғиз аммам уларни улғайтириб, одам қаторига қўша оладими.
…Дўстим. Эсингдами, болалик йилларимизда бир-биримизга “ўл, ўласан, ўлдираман” деган сўзларни беаёв ишлатардик. Бу сўзлар шу қадар оддий, шу қадар қадрсиз эдики, бирорта ёнғоғимиз бировимизга ўтиб кетса ҳам, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. “Ўлим” деган сўз, тушунча биз учун ҳам албатта, ўзининг чинакам, асл маъносини англатарди. Ўлим деганда ҳаётда бўлмасликни, ундан кетишни тушунардик, ахир. Менинг отам ўлганди, сенинг онанг. Лекин биз шунга қарамасдан, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. Энди билсам, ўшанда биз ўлим нималигини билардик-у, ҳаёт нималигини англаб етмагандик. Шунинг учун ҳам улғайганимиз сари, ҳаёт нималигини тобора чуқурроқ англай борганимиз сари “ўлим” сўзини камроқ тилга оладиган бўлдик. Улғайиб, бола-чақали бўлганимиздан кейин эса умуман тилга олмай қўйдик. Ҳатто болалар баъзан бир-бирларига шунақа дейишса, қаттиқ койийдиган, “Унақа дема, оғзингдан шамол учирсин” дея танбеҳ берадиган бўлдик. Ҳа, дўстим, энди бу сўз бизга жудаям даҳшатли туюладиган бўлди. Чунки ҳаёт нималигини тушуниб етдик. Мовий осмонга тўйиб боққинг, ям-яшил далалар, қирлар бўйлаб тинмай югургинг, дарёларни симиргинг, тоғларни бағрингга босгинг, хуллас, абадий яшагинг келади…”
Йўқ, ёзолмади давомини. Қанақадир сунъий, китобий чиқди. Кулгили. Гарчи мактабда у ҳам Суҳробга таассиб қилиб, шеърлар ёзган. Адабиётни жон-дили билан яхши кўрган. Бу муҳаббат ҳалиям қалбини тарк этгани йўқ. Шодон кунларида ҳам, маҳзуну маълул дамларда ҳам ёлғиз қолиб, китоб мутолаа этгиси келади. Аммо… ўз жонига қасд қилиш ниятидаги одам қанақадир фалсафа сўқиб ўтириши барибир ҳам кулгили. Ва аянчли. Яхшиси… Гапсиз, сўзсиз… қилиш лозим бу ишни. Шунда ҳаммасидан қутулади. Азоблардан ҳам, шармандаликдан ҳам. Қамалиш-ку, ўрис бобо айтганидай у қадар қўрқинчли эмасдир балки. Бироқ қайтиб келганидан сўнг охирги нафасигача бўйнидаги тавқни ечолмай, боши эгилиб яшашдан оғири йўқ.
Болаларга… Аммаси бор. Амма табиатан ўктам аёл. Ўзиниям, жиянлариниям ўкситмайди, хор қилмайди. Боши эгилиб ўсишмаса бўлгани. Ҳарқалай судланмасдан ўлиб кетсам, уларга касриму насоғим тегмайди, ҳеч ким “жиноятчининг боласи”, деб қўлини бигиз қилиб кўрсатолмайди. Судлансам-у “олий жазо”гами, узоқ муддатли қамоққами ҳукм этилсам, номимдаги бу тавқу лаънат ювилиши учун ўнлаб йиллар, балки асрлар керак бўлади. Фақат фарзандларим эмас, невараю эвараларимнинг таржимаи ҳолида акс этиб, кўрган кўзга тикондай қадалиб туради бу. Тўғри, отмасликлари, ўн беш йил беришлари эҳтимоли кўпроқ. Ундаям барибир маънан ўлган бўламан-ку. Яқинда республиканинг пахтачилик соҳасидаги бир раҳбари отувга ҳукм қилинди. Яна бир нечаси ўн-ўн беш йилдан олди. Қатағон тегирмонининг тоши тобора кучлироқ айланмоқда. “Пахта ишлари” борган сари авж олмоқда. Эрта-индин унинг ёнига “чорва ишлари” ёхуд “боғдорчилик ишлари” ҳам қўшилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Айтишларича, бутун республикани зир титратаётган икки терговчини нақ Кремлнинг ўзидан бошқариб, ҳайбаракалла қилиб туришганмиш. Нурқобил қамалаётганларнинг ҳаммаси оппоқ, демоқчи эмас. Улар орасида виждонсиз ҳаромхўрлариям, тариқча иқтидори бўлмай туриб, таниш-билиш ёки пора эвазига катта мансаблару баланд курсиларни эгаллаб, “давринг келди, сур бегим”, деб юрганлари етарли. Лекин гуноҳсизи кўпроқ. Шуларнинг бир нечаси ориятга чидолмай ўзини ўлдирди. Бир вилоят раҳбари, бир вазир, яна бир қанча оддий одамлар. Ҳаддини буткул унутган марказлик терговчилару уларнинг маҳаллий гумашталари эса телевизорга чиқиб: “бу ой ўтган ойдагига нисбатан икки баравар кўп миқдордаги кишини қамадик”, дея сурбетларча мақтанмоқдалар. “Миқдор”, эмиш. Одамга, унинг тақдиру қисматига нисбатан ана шундай сўзлар ишлатилмоқда. Республика, вилоят, туман, хўжалик раҳбарларидан кейин навбат оддий сувчию тракторчиларга келибди. Гуноҳкору бегуноҳ аралаш-қуралаш янчилмоқда. Аммо шундай вазиятда… яшаш мумкинми? Қарангки, шундай шароитда ҳам Ўташев сингарилар денгиздаги наҳанглар мисоли эркин сузиб юришибди. Нафақат эркин сузишяпти, ўлжа олиб, музаффар бўлиб, янада семиришяпти. Майли, улар яшасинлар, давру даврон сурсинлар. Бизлар эса…
Шу тариқа унинг бу кунидан кўра ўлгиси келар, бир қараганда, бу сираям қийин иш эмасдек туюларди. Тунов куни бир амалдор ўзини отгани, иккинчиси осгани, бошқа бирови худди японлар сингари “харакири” қилиб, ичак-чавоғини ағдариб ташлаганини эшитиб, даҳшатга ва… ғурурли бир ҳайратга тушди. “Бизнинг халқимизни қўйдай юввош ва муте дейдиганлар бунақа воқеаларни кўриб, эшитиб, нафаслари ичларига тушса керак”, дея қўлларини беихтиёр мушт қилди. “Менинг улардан нимам кам, мен шу даражадаги журъату жўмардлик кўрсатолмайманми” деб ўйлади. Лекин айни пайтда ҳаёт кўзига жудаям ширин кўринарди. Аммасининг ўктамлигини эътироф этгани ҳолда, икки болани ҳамшираликнинг арзимаган маоши билан кун кўрувчи кимсасиз бева аёлга ташлаб кетиш жўмардликдан бўладими, деган андишага борарди. Дўсти Суҳробга ёза бошлаган мактуби баҳонасида у ўз жонига қилмоқчи бўлаётган қасдини сал бўлса-да кечиктиришга, шу мудҳиш режа ижросидан бироз чалғишга уринар, гўё шу орада бир мўъжиза юз беради-ю, унга қаратилган барча ғанимларнинг найза ва тиғлари синиб, туҳматлар субҳи козибнинг ғубори мисол тарқалиб кетадигандек. “Ноумид шайтон”, дейишни яхши кўради Нурқобилнинг қиёматли оғаси, уни дўстлари масхаралаб, қадрдонлари эса эркалатиб “довдир” деган лақаб билан атайдиган Ҳаким чўпон. Унинг ўзи эса бу лақабни ёқтиради. “Бу – менга она халқим берган, Аллоҳ лозим кўрган тахаллус, – дейди ҳазиломуз оҳангда у. – Минг шукр, минг раҳмат, ахир Ҳаким кал, Ҳаким кўр, Ҳаким чўлоқ ёки маймоқ, Ҳаким қийшиқ ёки гаранг, Ҳаким тентак, Ҳаким ўғри ёки апирис, дейишмаган-ку. Мен катта луғатларни кўриб чиқдим, “довдир”дегани содда, андининг бир хили экан. Хўш, бунинг нимаси ёмон?”
Ростданам, ҳувори халқимиз нега бунақа қилади-а, бир гал Нурқобил мажлисда сўзлаётган кимгадир шу ҳақда дакки берганди. У эса, “директор бово узр-ку, бизнинг халқимиз кални кал, кўрни кўр, дейди, бундан ҳеч ким хафа бўлмайди”, деб тушиб кетди. Суҳробнинг фикрича, бу “шафқатсиз реализм”, эмиш. “Фақат бизда эмас, бутун дунё халқларида бор бу русм ва у қадимги даврлардан буён истеъмолдан тушмай келади”, деди у. Ҳазил қилди шекилли. Тиббиёт, маданият юксалгани сари одамларнинг жисмоний кемтиклари ҳам уларни юзга солиш каби одатлар ҳам барҳам топиб боради. Лекин…афсуски, очкўзлик, порахўрлик каби ахлоқий қусурларнинг йўқолиши осон эмас.
“…Мирпўлат Мирзо деган шоирнинг бир шеърини ўқиган эдим:
Шамолларнинг атридан дилни сармаст этамиз,
Эсаверар шамоллар мангу, бизлар кетамиз…”
Дарвоқе, уни сен яхши танисанг, тез-тез кўриб турсанг керак. Менинг саломимини ва мана бу шеър учун миннатдорлигимни айтиб қўй…”

5
Суҳроб эса бу пайт таҳририятдаги иссиққина кабинетида ҳаваскор шоиру адибларнинг машқларини лоқайд кўздан кечирмоқда эди. Иш ҳафтасининг охирги куни. Қишлоққа бормаганига ҳам анча бўлиб кетди. Мана, қиш ҳам чиқиб қолди. Ҳаво бироз совуқ. Лекин бориб келиш керак. Ота ҳовлисини, қадрдон дўсти Нурқобилни кўрмаганига ҳам анча бўлди. Бир ойча олдин ўзи келиб, таҳликали гаплар айтиб кетганди. “Марказдан келган терговчилар яқинда бизнинг туманга борар эмишлар, Ҳаким ака айтадики, қишлоғимизнинг аризабозлари Москвага бориб, Ленин мақбарасига ариза ташлаб келишган экан. Унда ёзишибди, “Эй, Ленин бобо ўзингиз тирилиб келиб ҳақиқатни рўёбга чиқармасангиз, ҳаромхўр раҳбарларимизга чора кўрмасангиз, бизнинг додимизни ҳеч ким эшитмаётир.” Сўнгра Кремль деворлари тагида ўтов тикиб бир ҳафта ётишибди. Охир ичкаридан соқчилар қуршовида бир кал одам чиқиб, шеърий қилиб тушунтирибди: “Юборамиз терговчининг зўрини, қуритади ҳаммасининг шўрини.” Аризабозларимиз дейишибдики, бизга зўр-пўри керакмас, анови, ўзингизга ва ўзимизнинг Иличбой (Қиличбой) акага ўхшаган кали бор, худди ўшани жўнатинг, депти. “Майли”, депти кал, сизларда ҳам ўзимизникилардан бор экан, айнан ўша тос каллани юборганим бўлсин.”
Икки дўст аввалига Ҳаким чўпоннинг шунга ўхшаш афандинамо гапларини айтишиб роса кулишди-ю, пировардида Нурқобил бирдан маъюс тортди. “Масала жиддий”, деди. “Нега ташвишланасан, сизларда пахта экилмайди-ку, қолаверса, ўзинг тоза бўлсанг, нимадан ҳайиқасан” таскин берди Суҳроб. “Кўпга келган тўй бу, дейишяпти, ишқилиб айтганинг келсин, аммо кўряпсан-у, пахтакору чорвадор туманларнинг барчасида ҳўлу қуруқ баравар ёниб ётибди”, деди Нурқобил. Ўйчан хайрлашди, дилгир бўлиб кетди. Сухробга қолса, эртасигаёқ ортидан борарди. Ишидан бўшаёлмади. Нима бўлди экан? Иш деса, вақт йўқ деса, умр ўтиб кетаверади. Тўғри, иш кўп, ташвиш кўп, қўли бўшамайди. Мансур Муҳиддинов марказқўм қошидаги нашриётга ўтиб кетгач, Суҳроб масъул котибликка тайинланди. Бошини қашишга вақти йўқ. Бунинг устига кейинги пайтлар кўнглига ҳеч нарса сиғмади. Очиғи, бир неча марта ҳафталаб ётиб ичган жойлари бўлди. Сабаби биринчи китоби – “Қуёш ботаётган пайт” атрофидаги кескин мунозара ҳали бир ёқли бўлган эмас. Гарчи, таниқли ёзувчи ва мунаққидлардан бир нечаси ижобий фикрлар билдиришган бўлса-да, “бу тўпламда партия сиёсатига қарши, замондан норозилик кайфияти уфуриб турибди” деган мазмундаги иддаолар ҳануз давом этмоқда. Суҳробнинг бахтига КГБ раҳбарлигидан чиқиб, мамлакатда “темир интизом ўрнатишга, бунинг учун ҳар бир фуқаронинг ортидан иккитадан пойлоқчи қўйишга амру фармон беришга қатъий аҳд этган янги бош котиб Юрий Андропов бир йилга борар-бормас, чин дунёга рихлат этди. Ортидан келган яна бир қари чол – Черненко ҳам тез ўлди. Ҳокимият тепасига Михаил Горбачев деган бағри кенг, хушчақчақ бир инсон келиб, “қайта қуриш” бошланди. Демократия, сўз эркинлиги, деган илгари умуман истеъмолда бўлмаган жумлалар русмга кирди. Агар Суҳробнинг илк китобига қарши ҳужум сал олдинроқ бошланганида, қамалмаса ҳам ҳарқалай ишдан бўшаб, кўчада қолиши тайин эди. Энг алам қиладиган жиҳати,“сиёсий айблар”ни сергаклик билан топиб, тегишли жойларга хабар берган, пандавақи мунаққидларни гиж-гижлаган ичи қора ҳасадгўйлар узоқда эмас, ёнгинасида, ўзи ишлайдиган таҳририятда эди ва бу гуруҳ бадиий ижоддаги дастлабки қадамиданоқ тилга тушган бу тирранча улар кўзлаётган мансабларни эгаллаб олиши мумкинлигидан ўлгудай қўрқишарди. Уларнинг раҳнамоси Мансур Мажидович Муҳиддинов нуфузли лавозимга кўтарилгач, хуруж салгина сусайди-ю, бутунлай тўхтагани йўқ. “Муҳтарам устоди аъзам”нинг содиқ издошлари сираям бўш келишмаётир. Дарвоқе, айнан ўшалардан бири, ўзининг жондайгина тумандоши, Суҳробнинг битта кўзини кўр қилиш учун ўзининг иккита қароғидан ҳам тап тортмасдан воз кечишга ҳозиру нозир асли исми Мусурмону, феъли туфайли талабалик йилларидаёқ ҳамсабоқлар тилида охирги бўғинидан айрилиб, “Мусур”, яъни ўзбекчасига ахлатга айланган бароққош эрталаб таҳририят эшиги ёнида учратиб, хунук хабар айтди: “Туманингиз раҳбарлари устидан жиноий иш очилган, эртаиндин ёппасига қамалишади, ўртоғингиз Бўтаевдан бир ҳол сўраб қўйинг, униям… яқинда иқтисодий фаолияти, ахлоқи қаттиқ муҳокама қилинибди, аҳволи чатоқ, дейишяпти.” Нурқобил туман раҳбаримас-ку, деди Суҳроб юраги шувиллаб, лекин туяни шамол учирса…
Бориш керак. Уят бўп кетди. Бугуноқ кечқурунги автобусга ёки эртага тонггисига чиқиб, бориб, аҳвол сўраб, пурси пос қилиб келиш керак.
Суҳроб шаҳд билан ўрнидан турди ва ишхонадан тўғри автовокзалга жўнади. Етиб келганида “Нуробод – Чашмизирак” автобуси ўрнидан қўзғалай деб турган экан.
Автобусда одам сийрак эди. Суҳроб орқароқдаги бўш ўриндиқлардан бирига ўтирди. Совуқ. Баҳор келаётгани сезилмайди. Нурободнинг иқлими шунақа – ажабтовур. Баҳор нари-бери бўлмай, ёз бошланиб кетади. Ёз чўзилиб-чўзилиб, кузнинг ўрнига бирдан қиш киради. Чашмизиракнинг тоққа туташ қисмида-ку жудаям ғаройиб: тоғнинг бошида – чўққида қор, пойида эса саратон чарсиллайди. Одамлар феълидаги чарслик ҳам шундан бўлса ажаб эмас.
Очиқ деразадан шамол кирди. Автобус бўз қирларга чиқиб борарди.
Суҳроб болалик йилларини, Нурқобил билан бирга ўйнаб ўсган беғубор дамларини эслаб кетди. Бир томони баланд тоғлар қўйнига, иккинчи томони яшил дараларга, тиниқ чашмалар бўйига туташган, этаги бепоён Қизилқумга чиқиб кетадиган суюкли Чашмизирак қишлоғи. Лойсувоқ уйлар, токзорлар, қўра-қўтонлар. Қирлар ортидаги олтинранг ғаллазорлар. Қишлоқ аҳли ўша маҳаллари ҳам чорвачилик билан шуғулланар, бундан ташқари бўз ерларга лалми буғдой ва арпа экилар, сув етадиган жойларга эса майизбоп кишмиш экилиб, боғдорчилик қилинарди. Кишиларнинг томорқалари ҳам ёппасига узумзор эди. Тоғлар қўйнида ўтов тикиб, қўй боқадиган чўпонларнинг ҳам Чашмизиракда муқим истиқоматгоҳлари бўлиб, улар ҳам чорвадорликни боғбонлик билан қўшиб тирикчилик қилишарди. Хуллас, Чашмизирак шундай антиқа бир маскан эдики, унинг одамлари шу ерлик шоиртабиат чўпон Ҳаким довдир айтганидек, “кийик гўштини қуймоққа ўраб, қаймоққа булаб ейишарди”.
Суҳробларнинг ҳовлиси, Нурқобилларнинг мўъжазгина қўрғони қишлоқнинг юқори қисмида, чашманинг бўйида эди. Ҳовлиларининг орқасидан қирлар, нарироқда эса тоғлар бошланиб кетарди.
Суҳробнинг отаси давлат хўжалигининг директори бўлиб ишларди. Онаси эса у ҳали эсини танимаган пайтларда ўлиб кетган экан. У бувиси – Ҳурзия момо билан яшарди. Отаси кечаю кундуз иш билан банд бўлгани учун ҳафтада бир-икки кўрарди уни.
Нурқобил ҳам бувиси билан турарди. Унинг отаси совхозда чўпонлик қилган, бир неча йил аввал, қиш қаттиқ келган йили яйловда бўронда қолиб ўлганди. Онаси эса икки боласи билан бошқа эр қилиб кетган, Нурқобилни бувиси – Бувихол хола олиб қолганди.
Икки дўстни яқинлаштирган нарса ҳам, эҳтимол, биринчидан отаси марҳум чўпон оиласига алоҳида эътибор ва дардкашлик туйғуси билан қарагани бўлса, бошқа тарафдан ҳар иккисининг кўнглидаги бир хил кемтик – етимлик ғуссаси эди. Лекин улар сағирлик жабру жафоси нима эканлигини билмай улғайишди. Ҳар иккиси эркатой, айтганлари айтган, деганлари деган эди. Фақат… Фақат баъзи-баъзида кўчада эшитиладиган “шум етим”, “баттол етим”, “парвардигор билиб қисиб қўйган” деган гаплар уларнинг ғам нима эканлигини билмаган юракларини ўқдай тешиб ўтарди. Улар ҳаётларида тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ борлигини англаб ўксиниб қўйишарди…
Автобус силкиниб тўхтади. У шаҳардан кейинги бекатга етганди. Ҳали саккиз соат, роппа-роса саккиз соат йўл юриш керак.
Суҳроб Нурқобил билан бўлган охирги суҳбатни эслади. Кўз ўнгида болалигида Қиличботир, сўнгра Қиличбой бўлган, кейинроқ Қилич кўса деб ном олган, хушламайдиганлар орқаваротдан Қилич кал дейдиган, давлат хўжалигида бўлим бошлиғи, омбор мудири бўлиб ишлаб, қишлоқнинг нафақат оқсоқоллигини, балки, ундан-да ҳурматли зоти бобаракотлигини даъво қилиб юрувчи баҳайбат, семиз юзлари қип-қизил, гаплари қиличдай кескир одам пайдо бўлди. Унинг исмини ким қўйган экан. Ким қўйса ҳам билиб қўйган.
Қилич кўса нега кўса ва нега кал, биласизларми деганда Ҳаким довдир, бу қисталоқнинг сочию соқоли, умуман баданидаги тукнинг ҳаммаси ичкарига қараб ўсган. Бунинг ҳамма жуни ичида.. Ичи – қоп-қора жун бунинг… деган.
Ҳаким довдирнинг ҳазили нечоғлик жиддий ва қаттиқ эканлигини, эҳтимол ўша пайтлар Қилич кўса билмагандир. Лекин Суҳробнинг назарида, довдир Қилич кўсанинг феъл-атворини ана шу бир оғиз гап билан ойнадай равшан қилиб қўйганди.
Қилич кўса ўша пайтларда навқирон йигит, ҳисобчими, ўнбошими эди. Кичкина қоринчасини чиқариб, бошини орқага ташлаб, салмоқ билан қадам ташлар, ёшига номувофиқ тарзда каттароқ, басавлатроқ кўринишга ҳаракат қиларди. Унинг битта камчилиги – сочсиз боши жудаям кичкина, улкан гавдасига сираям ярашиқли эмасди.
Шу аҳволига кўсаси тушмагур, қишлоқнинг эгаси бўлишни хоҳларди. Марҳамат, ҳамма ундан истаганча текин насиҳат олиши мумкин. Лекин сўрамай иш қилмасин. Олдини кесиб ўтмасин. Биринчи бўлиб салом берсин. Суҳробнинг ижодкорга хос таърифига кўра Қилич Заҳҳоров мансабпарастлик дардининг туғма ва сурункали хилига чалинган хаста бир кас. Лекин буни ўзи билмайди, билса ҳам парво қилмайди. Ҳар кун, ҳар қадамда, ҳар бир ишда раҳбарлик қилишга уринади, тўй-маъраками, ҳашарми, ҳар қандай тадбирда дарров қозоннинг бошида туришга интилади. Кечқурунлари моллар подадан қайтар маҳали у қишлоқ ўртасидаги чимзор сайхонликка йиғилган болаларни тўплаб, “Қилич бобо соврини” учун кураштиради, “ғолиб”ларни ўн-ўн беш сўм бериб сийлайди. Бу гаштли машғулот болаларга ҳам ёқарди. Шунинг учун кун оғди дегунча улар подаётоққа тўпланишиб, Қилич кўсани кутишарди. “Қилич бобо соврини” соҳиблиги улар учун юксак шараф ҳисобланарди. Кўсанинг бола-бақрани йиғиштириб “чиниқтираётгани”ни кўпчилик маъқуллашарди. Чунки Чашмизирак азалдан номдор полвонлар унибўсган жой.
Қилич кўсанинг бу иши фақат Ҳаким чўпонга ёқмасди. “Бу йигитларни тишлаштириб ҳузур қилади, чиниққани билан нима иши бор, чиниқтирмоқчи бўлса, тенги билан, қоида асосида олиштирсин-да,” дерди. Чиндан ҳам кўса болаларни олиштирар экан, қайсиси неча ёшдалигига қарамас, бирор бир қоидага риоя қилишни талаб этмасди. Рақибингни йиқитсанг бўлди, чаласанми, оёғидан кўтарасанми, ғирромлик қиласанми, ихтиёринг. “Ахир, йигит деган шунақасига пишийди-да!” дея гувраниб қўярди.
Бир гал Нурқобил Бойқувват билан олишди. Иккови тир келди. Бир-бировини кўп айлантирди. Лекин курагини ерга тегизолмади. Икковлариям ёқавайрон бўлишиб, бурнилари қонаб кетди, тиззалари шилинди. Лекин кўса уларни ажратмасди. “Ҳа, ҳа, бўш келма, у ёғига айлантир, бўксага ол, тўпиққа илдир!” деб қийқирарди у. Икки муштдек боланинг жўжахўрозлардек чўқишишидан аллақандай ҳузур оларди гўё. Тўғрилигига кафолат беролмаймиз-у, айрим кўрганларнинг, ёниб гапирадиганларнинг “ўлай агар”, дея қасам ичиб гувоҳлик беришларича, кўса қўй эмас-у, ҳўкиз сўйдирган чоғларида қассобга: “ҳеч ким билмасин”, деб тайинларкан-у, ўша новвоснинг қонидан битта шокосани лиммо-лим тўлдириб, сипқорвораркан.
Ўшанда Ҳаким довдир келиб ажратмаса, икки бола бир-бирини қонга белаб, майиб қилиши турган гап эди. У “полвон”ларнинг икковиниям елкасига дўстона уриб “яшанглар” деб қўйди. Кейин Қиличбойга ўгирилиб пичинг қилди.
– Хўроз чўқиштириб, ит тишлаттириб, қўчқор шохлаштириб, ҳатто туя уриштириб ҳузур қилган одамларни кўп кўрганман. Лекин одам ёқалаштириб мазза қиладиган кимсани энди кўришим. Қўйинг, ака, бунақа ишларни!
Филҳақиқат, Нуробод томонларда азал-азалдан тўйларда кўпкари, курашдан ташқари хўроз, ит, қўчқор, туя уриштириш сингари дафъи савдолар бўлган. Замоннинг зайли билан аксарияти русмдан қолиб кетган. Чунки уларда қоидага риоя этилмаган. Чунки башарият ёввойиликдан узоқлашгани сари қонун ва қоидаларнинг аҳамиятини тушуниб борган.
– Э, чўпон! Сен бунинг маънисини қайдан билардинг. Ҳайда, тошингни тер. Сен қолувдинг ақл ўргатмаган. Овсар. Жўна, жўна!
Довдир у билан пачакилашиб ўтирмади. Зеро, кўса билан гап талашиб ютиш қийин. У қишлоқнинг “энг бой, бинобарин оғзи катта, қўли узун авлодларидан”. Ҳаким оға индамай кетди. Кейинроқ ҳикоя қилдики, вақтлар ўтиб, шаҳарга тушганида бир кино кўрибди. “Гладиатор” деб аталаркан. Қадим замонда Юнонистону Рим томонда бойлару ҳукмдорлар боқилган қулларни яккама-якка жанг қилдириб, томошосидан роҳатланишаркан. Бу томошо гладиаторлардан бирининг шафқатсизларча ўлдирилишигача давом этаркан. Нафсиламбрини айтганда, довдир бу ҳақда китоблар ҳам ўқиган экану, лекин бояги кинодан қаттиқ таъсирланибди. “Ўшалар сингари дилхушлик учун қон тўкадиган одамлар ҳалиям бор-а, дея ўкиниб қўйди. Янаям бизнинг Қиличбой ака инсофли экан”, деган фикрни илгари сурди.
Қолаверса, ўшанда Қиличбой кўса қишлоқ хўжалиги институтини битириб келган. Олий маълумотли чорвадор мутахассисман, дея керилиб юрадиган пайтлар эди. Шундай экан, аллақандай ўрта маълумотли чўпон, битлиқи подачи унга танбеҳ бериши инсофдан эмасди-да. Буни Ҳакимбой оға тушунгани учун тилини тийган. Ҳатто кетаётиб айтганки, “тўғри сўйладингиз, Қилич оға, биз ким бўлибмиз, сиздай отли, зотли, зодагон, наслдор кўппакнинг қошида, аккиллаб юрган бир олабой кучукча бўлсак.” “Кучук, дема-е, кучук”, дегану ўз гапидан ўзи мулзам бўлиб кулган Қилич кўса. Ажабмаски, довдир ўзининг ўша фикрига аччиқ қилиб, бор-йўғидан ажралиб бўлсаям дорилфунунга кирди, сиртдан ўқиди, олий маълумотли бўлди. Лекин чўпонлигича қолди. Қилич кўса эса умримда бир кун бўлсаям мансаб курсисига ўтирмасам, хотиним талоқ бўлсин, деб қасам ичган экан. Сира тинчимади-тинчимади қурғур. Ҳалиги Нурқобил айтган Кремль девори остига тикилган ўтовнинг кигизи ҳам ўша одамга тегишли бўлиши керак. Демак, ўша Қиличбой… ҳалиям хўжайинлик курсисига талабгор экан-да…
Нурқобил нега хавотирланади?… Наҳотки уни ҳам чув туширишган, ғўжала ишларга аралаштиришган? У нопок ишга қўл урмайди, бу ерда бошқа гап бўлиши керак. Ёки… Нурқобилнинг “ишқий саргузаштлари” ҳақидаги гапларда жон бору, рақиблари ўч олмоқдами? Даштликларда аёл аралашган можаролар муқаррар равишда бир томоннинг ё…ўлими, ё қамалиши билан ниҳоясига етади. Ахир, “ҳаммасини йиғиштирдим, туфлаган тупугимни қайтадан яламайман” деганди-ку.
Нурқобилнинг изтиробли севгиси ҳақида “ишқий саргузаштлар” деб ўйлагани учун Суҳроб ўзидан аччиқланди. “Ҳар бир нарсага юқоридан туриб назар ташлайдиган бўлиб қолибман. Ҳатто Нурқобилнинг чалкаш қисмати, чигал муҳаббати ҳақида ҳам. Ҳолбуки…”
Йўқ, буни энди муҳаббат деб бўлмаса керак. Агар чиндан ҳам миш-мишларда зиғирча ҳақиқат бўлса, бу…зино, адабийчаси “дон олишув”, дейилади. Нурқобил тоза йигит, ундай қилмаса керак. Аммо шундай дейсану, дўстингнинг руҳиятию жисмонияти хусусида холисона мулоҳаза юритилса, уни айблаш қийин. “Ғунажин если глазами не моргает, буқа к ней не шагает”, деркан Ҳожибой деган янги чиққан бир қизиқчи. Ахир, Нурқобил ҳам инсон-ку, ҳали қирқдан ошмаган навқирон йигит-ку. Хотини ўлганига ҳам анча бўлди. Ҳалиям унга минг раҳматки, Гулруҳни тузатиш учун югурмаган жойи, қаратмаган табиби қолмади. Аммо сақлай олмади. Иккинчи фарзанди ёшига етмай Гулруҳ узилди. Ҳалиям бахтига аммаси – Гулсара хола бор экан. Болаларини оқ ювиб, оқ тарайди.
Нурқобилда ҳам дил бор, кўнгил бор, ахир. Айби – назари районнинг каттакон раҳбарларидан бирининг ўзидан анча ёш аёлига тушгани бўлса, буям бир қисмат-да. Қолаверса, айбнинг каттаси Ўташевнинг ўзида. Йўқса, ёши бир жойга бориб, ўғиллари эр етиб турганда хотин қўйиб, ёш қизга уйланишига бало борми? Яна беш болали хотинини хиёнатда айблашга уялмаганини қаранг. Эмишки, қандайдир тўйда бир кимса билан дон олишганмиш ва буни эрига, яъни Ўташевга қасддан қилганмиш. Хуллас, шунақа олди-қочди уйдирмалар. Ҳар ҳолда Ўташев хотинини қўйиб, Маъсумага уйлангани рост. Бунгаям ўн-ўн беш йил бўлган. Лекин Ўташев Маъсумадан фарзанд кўрмади.
Нурқобилни Маъсума билан бир гал Чимёндами, Чортоқдами бирга кўришган экан. Оғзи ботир бекорхўжаларга бир баҳона топилмасин. Топилдими, балога қолганингиз шу. Хуллас, уларнинг “ишқий саргузаштлари” оғиздан оғизга кўчиб, икки тоғ орасига тарқалиб кетди.
Ҳолбуки, бу гаплар ғирт уйдирма бўлиши мумкин. Бир замонлар институтда бирга ўқишган бир эркак билан замонавий фаол аёл дўстона муносабат юритса, нега ундан дарров ҳирсий, ишқий маъно қидириш керак экан.
Суҳроб охирги марта келганида Нурқобилга шу ҳақда гап очганди. Нурқобил қўл силтади: “Оғзига кучи етмаган кўп”.
Лекин бу гап Нурқобилга адовати бор кимсалар учун яхши қурол бўлишини у билармиди? Айниқса, Ўташевнинг укаси Бойқувват, Қилич кўса кабилар бундан фойдаланишга уринишлари турган гаплигини Нурқобил тушунармиди?
Тушунарди, шекилли. Ахир у “Бойқувват билан Кўсадан эҳтиёт бўлишим керак. Шулар тайин бир балони бошлайди” деганди-ку.
Қишлоқда мана беш-ўн йилки, бир тўда “ҳақиқатпарварлар” макон қурган. Қилич кўса ана шуларнинг пинҳоний бошлиғи. Сиртида ёмонлаб ҳам қўяди, “нима кераги бор экан шуларга, тинчгина юришса бўлмасмикан”, деб. Ичида эса шум ниятидан асло қайтмайди. Хуфя машваратлар ўтказиб, аризабозларга янги-янги “жанговар” топшириқлар беради. Мақсади битта – қандай қилиб бўлса ҳам хўжалик директорлигини тортибо лиш. Илгари Суҳробнинг отаси Музроб Туробов директор бўлганида Нурқобил хўжаликда, Кўса бўлимда зоотехник эди. Амалдорлик чўққиси сари юришни ўша чоғлардан бошлаган. Нурқобил директор бўлгач, уни “тинчирмикан” деб бўлим бошқарувчилигига тайинлади. Лекин Кўса “раис бобо” бўлганидан кейин ҳам тинчимади. “Лашкари”ни гиж-гижлаб яна тўрт томонга от қўйди. “Аризабознинг икки хили бўлар экан, деганди бир куни Ҳаким чўпон Суҳроб билан суҳбатда, – бир қавми бўрининг яхшисига ўхшайди, бўри табиатнинг санитари, касалванд ўлимтикларни еб, табиатни тозалайди, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олади, яхши аризабоз турмушни нуқсонлардан поклайди: қишлоқ обод бўлсин, йўл қурилсин, сув келсин, газ ўтказилсин, дейди. Иккинчи тури қашқирга ўхшайди, гала бўлиб, шерларга йўлбарсларга ҳужум қилади, уларнинг ўлжасини тортиб олишга уринади. Музроб устоз ана шунақа қашқирлар билан олишиб чарчаб, охири амалини ташлаб кетди бечора. Энди Нурқобилбой чарчамасин ишқилиб.”
Суҳроб бу гапларнинг ҳаммасидан хабардор эди. Бир қисмини илгари отасидан, кейин Нурқобилдан, асосий гапларни эса ана шу шалдир-шулдир ошнаси – Ҳаким чўпондан эшитганди. Ҳаким довдир Қилич кўса ҳақида гапирар экан, ҳар галгидек содда, лекин ғоят ишонарли фалсафасини сўқди.
Одамлар учун ҳақиқат битта! Лекин Кўсанинг ҳақиқати иккита. Биринчиси ўша ҳамманинг ҳақиқати. Кўса унга қарши эмас. Майли, ҳақиқат қарор топса топаверсин. Лекин унинг иккинчи шахсий ҳақиқати бор. Бунисининг қарор топиши ҳаммасидан муҳим.
Суҳроб беихтиёр жилмайди. Ҳаким довдирни эслаганда жилмаймаслик мумкин эмас. Бу қувноқ одам қишлоқнинг каттаю кичигини, ҳатто ўзиниям ҳажв қилиб юради. Унинг қиёфаси чўпондан кўра кўпроқ овчига ўхшаб кетарди. Гарчи, ўзининг айтишича, қўлига милтиқ ушлашни ёмон кўради, ҳатто ваҳший даррандани-да бежон қилишни истамайди. Кўнгли нозик, дидли одам экани кийиниши-ю юриш–туришидан англашилиб туради. Соч-соқоли қиртишланган, озода. Оқиш соғлом чеҳраси уни анча ёш кўрсатади. Кийимлари нимаси биландир кинолардаги ҳиндуларни эслатади. Эгнида жияклари қайириб тикилган жун астарли енгсиз чарм камзул. Галифе шим, ярақлаган сахтиён этик. Бўйнида мўъжазгина дурбини ҳам бор. От минади. Хуржунида китоб-дафтар. Қалин чарм муқовали “қалб дафтари”га теша тегмаган, антиқа гапларни, воқеаларни ёзади. Борйўғи бир чимдимгина саргузаштларини қўшиб-чатиб ҳикоя қилишни яхши кўради. Қишнинг совуқ кунларида эгнига узун оқ пўстин, бошига тулки терисидан тикилган тумоқ кияди. Отини Тўриқ, икки қора кўппагининг бирини Бахмал, бирини Барқут деб чақиради. Суҳроб илгарилари тоғаси Мавлон полвонни қишлоқда яшайдиган ягона “файласуф” деб ҳисоблар эди. Лекин йиллар ўтгани сари мана бу кўримсиз, чекка-чуккада яшаб, ризқини териб юрадиган оддий бир чўпон, бироз дарвешнамороқ бўлган, соддадил Ҳаким довдир ҳам нақадар зукко эканига ишонч ҳосил қилиб, ҳайратга тушади. Ҳозир унинг матал ва ривоятлар тўпламини тайёрлаяпти. Ажойиб, халқона китоб бўлади.
Унинг ривоятларидан бири: қозоқ элидан бир бахши Эргаш шоир билан беллашмоқчи бўлиб келаётган экан. Йўлда учраган бир кампирни ҳажв қилмоқчи бўлиб шеър айтибди:
Қор босибди манов товнинг басини,
Айтинг эна меған унинг жасини.
Кампир жавоб қайтарибди:
Билай десанг бу товларнинг жасини
Овзин очиб санаб кўргин тисини.
Шунда қозоқ оқини: бу элнинг мункиллаган бир кампири шунча сўзамол бўлса, Эргаш шоири билан беллашиб овора бўлиб ўтирмайин, деб қайтиб кетган экан.
Кимни бу ерда жўн одам, оми, билимсиз кимса дейиш мумкин, кимни? Гаров бойлашиб, юз сих кабоб еган, кейин эрталабгача ҳовузнинг ичида ётган қишлоқ милиционери Қамарбойними? Вилоят ҳокимлигига даъво қилиб юрган Шоқувват Ўташевними? Бойқувватними? Қилич кўсаними? Ҳатто шулар ҳам ўз “ишлари”нинг пири бўлиб кетишган. Ким лақма бўлмаса, ким авом? Қишлоқ касалхонасининг жарроҳи Тошбўри Милтиқбоевми? Фалсафа номзодининг ўғли, олий маълумотли жарроҳ, Ҳаким акадек кишига куёвлик даъво қилиб юрган йигит-а? Соддароқ кўринса кўринибди-да. Йўғ-е, у софдил йигит. Йўқса, Ҳаким ака…
Суҳроб шу топда эсига Ҳаким ака билан бирга Милтиқбоев келганига ажабланди. Ҳаким ака-ку – тушунарли. Қишлоқнинг ҳаётини усиз тасаввур қилиш қийин. Лекин Милтиқбоев, нари борса, бир йилдан бери ишлаётган врач нима қилиб юрибди? Унинг отаси асли Охчобсой томондан. Самарқандда ўқиб, катта домла бўлиб кетган. Ватанпарварлик туйғуси жўш уриб кетган бўлса керак – ўғлини шу томонга ишга юборибди. Лекин… Лекин нега шу топда эсига тушди Тошбўри?

6
Қишлоқ касалхонаси врачи Тошбўри Милтиқбоевнинг навбатдаги дам олиш куни одатдагидек рўзнома мутолаасидан бошланди. Узоқ ўқиди. Ҳозир газеталар қизиқарли. “Ошкоралик ва қайта қуриш” бошланганидан бери анча дадил ёзишяпти. Катта-катта амалдорларни танқид қилишади. Айниқса ўлиб кетганларининг гўрига тап тортмай ғишт қалашмоқда. Яқингинада: “атоқли арбоб, ҳаммамиз учун ҳурматли”, деб мадҳ этиб юришарди. Энди сурбетларча балчиққа булашмоқда. Тирикларини ҳам қуруқ қўйишмаётиру, ҳар нечук бироз аяшади. Тошбўри бунақа “стакан ичидаги” тўфонларга эмас, халқаро воқеаларга кўпроқ қизиқади. Шунинг учун бу гал ҳам “Оламда нима гап” рукни остидаги хабарларни мутолаа этди. Ҳижжалаб ўқиди.
Ер юзи аҳолиси олти миллиардга етди…
Бутун бир газетадан эсида қолган жумла шу бўлди. Қизиқ. Жуда тез кўпайиб кетяпмиз. Охири нима бўларкин?
Тошбўри Милтиқбоев ёшига унчалик ҳам мос келмайдиган даражада мулоҳазали, узоқни ўйлайдиган киши. Акс ҳолда институтни кечагина битириб келган йигитнинг дунё ташвишлари билан неча пуллик иши бор. Қорнингни қаерда тўйғазишни ўйласанг-чи, хумпар. Пайпоғингни ювиб берадиган битта одамга зорсан-у, яна ер юзи аҳолиси кўпайиб кетаётганидан ташвишга тушиб ўтирибсан-а!
Милтиқбоев ўзи ҳақида ана шунақа камтарона оҳангда фикр юритишни яхши кўради. Қанча камтарин бўлсанг, мавқеинг, мартабанг шунча ошармиш. Мартаба нима деган гап. Нима, одам дунёда фақат мартаба учун яшайдими? Ахир, инсонгарчилик мансабга қараб белгиланмайди-ку! Тўғри гап. Лекин киши ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши керак. Бу йўлда баъзида сал-пал арзимаган хатоликлар юз бериши мумкин. Муҳими, ана шу хатоларни тан ола билиш ва тузатишда.
Четдан назар солган одамга Тошбўрининг гаплари, мулоҳазалари телба-тескари бўлиб кўринади. Синчков киши эса дабдурустдан “файласуф-ку” дейиши мумкин. Ана шу гапда бир оз жон бор. Фалсафага мойиллик Тошбўрида отамерос бўлса-да, бирдан эмас, бирмунча кечроқ – мактабни битираётган пайтларда пайдо бўлганди. Шунинг учун аттестатни қўлга олиб қатъий қарор қилди.
– Философияга кираман!
Отаси унинг қароридан ажабланмади.
– Тўғри ўйлабсиз, ўғлим. Ҳозирги замон одами биринчи навбатда зўр файласуф бўлмоғи шарт. Аммо-лекин ўзимдан қиёс қилиб айтаманки, фақат фалсафа билан чекланиб, ўралашиб қолувчи кимса бахтли бўлмоғи қийин. Узоқни, узоқ келажакни ўйланг, ўғлим.
– Нима қилай бўлмаса, ота?
Тошбўри яхши тарбия кўрган, одобли йигит. Шу боисдан ҳам отасининг гапидан тўғри хулоса чиқарди. “Ўзимнинг билганим –билган, деганим – деган” деб туриб олмади.
– Шундай бир касбни танлангки, ўғлим, у кишилик жамияти, айниқса афкор омма учун ҳамиша ва ҳар вақт зарур ҳамда керакли бўлсин. Жамият тараққиётининг ҳамма босқичларида ҳамма ва ҳар бир киши сизнинг мавжуд ва зарур эканингизни англасин…
– Ўқитувчи бўл демоқчимисиз?
– Гапимни охиригача эшитмадингиз ва шунинг учун тушунмадингиз, ўғлим. Ўқитувчилик ҳам, албатта, яхши касб. Аммо-лекин у бечорани ҳамма ҳам ҳурмат қилавермайди. Ўн йил қон бўлиб ўқитган шогирди баъзан кўчада саломни насия қилиб ўтиб кетади. Ҳолбуки…
Отаси узоқ, лекин тушунарли ва ёқимли қилиб гапирди. Хулласи калом, дунёда шифокорлик деган улуғ ва хокисор бир ҳунар бор. Бу касбнинг улуғворлиги, муҳтарамлиги ҳақида жуда кўп мисоллар келтириш мумкин…
– Ахир мен ўликдан қўрқаман–ку!
Отаси тасалли берди. Юпатди. Қизиқтирди.
– Келинг, ўғлим, ўйлашиб кўрайлик. Ахир, сиз фалсафага мойиллиги бор кишисиз. Ўлик нима ўзи? Жонсиз вужуд. Ундан қўрқиш керак эмас. Бу ҳақда домлаларингиз ҳали кўп гапиришади, тушунтиришади. Ўрганиб кетасиз, ўғлим. Инсон ўрганмайдиган, кўникмайдиган ҳолат бўлган эмас ва бўлиши мумкин ҳам эмас…
Тошбўри ўз феълидаги файласуфлик отасидан ўтганлигини ўшанда биринчи марта ҳис қилди. Ҳис қилди ва отасининг маслаҳатига кўнди.
Тошбўри институтни битиргач, тоғаси Шоқувват Ўташев (у туманнинг кўзга кўринган одамларидан) жиянини Чашмизирак қишлоқ касалхонасига бош врач қилиб қўймоқчи бўлди. Лекин Тошбўри кўнмади. Нима керак бирдан бош врачлик. Бирон йил ишласин, тажриба орттирсин, кейин майли. Муҳими, амалий ишни чуқур ўрганиш керак. Кейин институтга қайтиб, илмий иш қилади. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган…
Телефон жиринглади. Тавба, тоғу чўллар қўйнидаги гадойтопмас қишлоғу, лекин телефондан қуруқ қолмаган. Яна автомат телефон. Номер териш керак. “Ду-ут, ду-у-ут” қилади. Шаҳарникидан кўра овози бўғиқроқ, йўғонроқ, дағалроқ.
Тошбўрибой иш бошлаган кезларда Чашмизиракка ҳали мобил телефон етиб келмаган, сирасини айтадиган бўлсак, пойтахти азимнинг ўзида ҳам эндигина урф бўлаётганди. Акс ҳолда бу эррайим йигит уни биринчилар қатори чўнтагига солиб юрган бўларди албатта. Баҳарнав кеча эшитдики, тегишли идораларнинг рухсати ила тоғ қишлоғининг касалхонасига суньий йўлдош орқали ишловчи замонавий симсиз алоқа воситаси ўрнатса мумкин экан. Эртаданоқ шунинг ҳаракатига тушишни дилига тугди. Ҳозирча эса…
Тошбўри телефон трубкасига хушламайроқ қўл чўзди. Бугун якшанба бўлса. Касалхонага боришга сира хоҳиши йўқ. Бу қишлоқ деганида одамлар дам олиш куни деган гаплар билан ҳам ҳисоблашишмайди.
– Милтиқбоевман!
Қўнғироқ қилган киши навбатчи ҳамшира экан. Қизиқ аёл шу Гулсара хола. Ёши бир жойга борган, тажрибаси ҳам анча-мунча. Лекин доим шошиб, ҳовлиқиб юради. Ҳозир ҳам нафаси бўғзига тиқилгудек бўлиб гапираяпти. Касалхонага оғир касал олиб келишганини бир амаллаб тушунтирди.
– Яхши, яхши! – деди Милтиқбоев энсаси қотиб. Бу унинг “ҳозир бораман” дегани эди. Аммо ҳамшира ҳовлиқма эмасми, тушунмай бақирди. “Нима яхши. Бу ерда одам ўляпти, ука, нимаси яхши бунинг?”
– Ҳозир етиб бораман деяпман, тушунмаган одам! – жаҳли чиқди Тошбўрининг. Дам олаётган кишини чақиришади-ю, яна муомала, илтимос ўрнига дўқ-пўписа. Қизиқ одамлар. Бордию, мен уйда бўлмасам, нима қилишарди. Айтайлик, айлангани чиқиб кетганимда. Бу худо урган қишлоқнинг айланадиган жойи ҳам йўқ. Чор тевараги яйдоқ қиру чўл. Тоғ дабдурустдан қарасанг, яқин кўринадию, мотоциклда бир соатлик йўл.
У рўзномани буклаб чўнтагига солди. Ишхонада ўқийди. Ташқарига чиқди. Ҳаво совуқ. Қиш тугаяптию, сира ён бергиси йўқ.
Милтиқбоев чуқур хўрсинди-ю, касалхона томон шошилмай юриб кетди.

7
Ҳаким довдир айни шу пайтда каравотда заифгина инграниб ётарди. У одам бўлиб, эсини таниганидан бери бирор марта “иҳ” демаган. Чўпон деган зотга касал бўлишни ким қўйибди? Яна юрак касалини. Қўйнинг қатиғи, эчкининг қаймоғи ўликни тирилтиради: тоғу тошдаги жамики шифобахш гиёҳнинг кучи шунда. Бунинг устига, ўзиям бир гапириб, ўн куладиган, юз кулдирадиган одамижон, суҳбати хандон. Қўй кетидан юрганидаям ёлғизликни сира писанд қилмайди. Ашулани ванг қўйиб, шеър ўқиб, терма айтиб, бутун яйловни бошига кўтариб, кайфини чоғ қилиб кетаверади.
Ана шу одам, ўша ҳаммага маълум ва маъқул Ҳаким довдир Чашмизирак касалхонасида юраги билинар-билинмас уриб, чалажон бўлиб ётибди. Э, дунё! Бу дард дегани кўзи кўр, қулоғи кар бир нарса бўларкан-да. Эса “муни нимасига ёпишаман, бу бир ўзи билан ўзи оввора, четда, дунёнинг ташвишию тала-тўпларидан холи оддий одамча бўлса, тинчгина даштда қўйини боқиб юрган бўлса” демайдими? Кечаю кундуз элим, халқим, деб югураётган бир сиёсий арбоб бўлгандаям майлийди. “Ҳа энди каттачиликнинг оқибати ё инфаркт ё инсультда”, дея бу ҳолга ажабланмаган, фақат ачиниб, худо шифосини берсин даҳрий бўлса ҳам, деб қўярдик. Гарчи…
Ҳозирги пайтларда сиёсий қарашлари ҳақидаги саволларга: “партиясизман, ўйлаб кўрсам, менинг эътиқодим сиёсий манфаатлар доирасидан анча баланд ва кенг экан”, дея ҳазиллашиб юрувчи довдир қўйчивонимиз ҳам бир пайтлар комфирқа аъзоси бўлган. Ўзини вужудга келтирган қонуну ақидаларни бузиб, худпараст бюрократлар партиясига айлангани учун ич-ичидан емирилиб бошлаган иштирокиюн инқироз олдидан худди ўладиган касал қазо арафасида тасаввури тиниқлашиб, қисқа фурсат ақли жойига келгани каби хатоларини англаб, уларни тузатишга киришган, яъни ўз сафларига порахўр амалдорларнинг мансабпараст меросхўрларинигина эмас, чинакам ҳалол, меҳнаткаш инсонларни қабул қилишга азму шижоат этган кунларда бизнинг Ҳаким оға ҳам баногоҳ бир кунда коммунист бўлиб қолган эди. Кейинроқ уни “Ватан” номли мўъжазгина транзистор орқали Ватан ёғийлари бўлмиш “Озодлик”, “Би Би Си”, “Америка овози” сингари радиостанциялар эшиттирувларини тинглайди”, деган айб билан роса обориб–опкелишганини эшитганмиз. Ўшандами ё сўнгроқми, ўчирилганми ё ўзи чиқиб кетганми, ишқилиб анча вақтлардан сўнг бояги юксак рутбаю шарафдан мосуво бўлганидан хабар топдик. Тафсилотларига қизиқмадикки, бу пайтларга келиб иштирокиюнчиликнинг у қадар катта аҳамияти бўлмай қолган, партиядан ғайри каслар ҳам одам қаторида ҳисоблана бошлаганди. Бироқ бошида, Ҳакимбой ака большавойлиги жонибидан Худога ишонмаслиги лозимлигини тушунарди. Бинобарин, ичида “Э, Худо!”, дердию овоз чиқарганда, “Ё, Тангри-табиат!” деб хитоб қиларди. Нима қилсин, шундай замонлар бўлдики, номоз ўқиш нари турсин, Худонинг номини тилга олиш жиноят ҳисобланди. Шунинг учун аксар партиядошлар сингари дилида бир хил, тилида бошқача гапиришга мажбур эди. Илло, бунинг учун уни айблашга ҳеч бир кас журъат этмасди. Фақат бир гал совхоз фирқаларининг котиби Усмон Шамсиев ботинқирамай илтимос қилди.
– Ҳаким ака, шу… Тангри сўзини ишлатмасликнинг иложи йўқми? Фақат “табиат” десангиз-чи, сизга барибир эмасми?
– Ўв, Усмон ака, лекин жуда қитиқ патимга тегдингиз-да. Ахир, мен айтаётган Тангри сўзининг арши аълодаги Парвардигор эгамга умуман алоқаси йўқ (ичида илоё ўзинг кечир, деб қўйди). Мен айтаётган Тангри – бу ҳаётни, инсонни яратган, аниқроғи маймунга ақл-идрок бағишлаб, онгли меҳнат қилишга ўргатган табиат. Табиатга сиғиниш, унга меҳр қўйиш менинг фирқачилик эътиқодимга тўсқинлик қилмайди, энди кўнглингиз жойига тушгандир. Нафсиламбирини айтсак, Ҳаким оғамиз барибир ҳам бир қадар соддалигига борармиди, Нурқобилдай энг яқин, дилтортар суҳбатдошлар билан муораза этганда: “Худонинг борлигини рад этишини ҳисобга олмаса, коммунистларнинг мафкураси анчайин адолатли экан, камбағалга қайишаркан-да ҳарқалай”, деб қўярди. Мавриди келганда қўшимча қиларди: “агар Худо бир, расули барҳақ”, деб турганда компартияга ўла-ўлгунча хизмат қилар эдим, Яратганнинг ўзи адаштирганми, ё синаганми, ишқилиб улар шу масалада хато қилишган экан-да…”
Шифохонада шифо истаб музтар ётган Ҳаким довдири тушмагур ана шунақа одам эди. Ҳазиломуз бўлса-да, аслан жиддий ва мустақил фикрлар, таниқли шоирнинг машҳур сатрларини фаромуш этибми ё атайми, сал ўзгартириб: “Менинг бу дунёда ўз айтар додим ва ўзим танлаган эътиқодим бор”, дея хиргойи қилиб юрарди. Ичида йиғласа ҳам ташига чиқармас, кулиб тураверарди. Ҳозир ҳам оғриқни енгиш, жилла қурса, сал-пал эсидан чиқариш учун умрининг ҳаловатли, гаштли лаҳзаларини ўйлаб кетди. У жони қаттиқ, иродали, айтганини қилмаса қўймайдиган одам. Оғриқни чекинтирди. Хаёлида болалиги, ўйинқароқлик дамлари айланди.

8
Дарвоқе, Ҳаким довдир нима учун довдир лақабига эга бўлиб қолди? Ҳакимлигининг боиси – отаси, Чашмизиракнинг биринчи ўқитувчиси Ўнғалбой Каримов Алпомишдек паҳлавон бўлармикан деган умидда исмини қўйган бўлса керак. Бечора ўқитувчининг ўзи ҳам бахшиликка, достончиликка жуда қизиқар, қанча достону термаларни ёзиб олганди. Аммо Ҳаким онасининг қорнидалигидаёқ шўрлик ота ўз дўстлари томонидан чақув бўлиб қамалди. Шушу дом-дараксиз кетди. Орадан йиллар ўтгач, Ҳаким довдир отасининг Бухорода ўқиганини, ғоят саводли, маданиятли одам бўлганлигини, туҳмат туфайли ноҳақ айбланганини, Сибирда вафот этганини, эндиликда оқланганини билади. Унгача эҳ-ҳе, етимлик азоби, “халқ душманининг ўғли” деган тавқи лаънат остида эзилиш… Эҳтимол, Ҳаким шу жонибдан савдойироқ, “териси қалинроқ” бўлиб ўсгандир. Алам қиладигани шу эдики, Ҳакимбой Ҳакимбек эмас, Абдуҳаким – жуссаси бир бурда, калтабақай, дум-думалоқ бўлиб ўсди. Устига устак алмойи–жалмойи гапларни томдан тараша тушгандек тарақлатиб, довдир деган гоҳи ёқимли, гоҳи қулоққа тошдек уриладиган лақабни ҳам орттирди.
– Сен, ошна, ўзингни у ёқ-бу ёққа уриб юрма, – деди мактабни битираётганида унга ўқитувчиси. – Ойнаи жаҳонда кулги кўрсатуви бор. Бир бало қилиб шунга илиниб ол. Нонинг бутун бўлади.
– Унинг учун театр мактабида ўқиш керак эмасми, муаллим, – деди Абдуҳаким ўзича ақлли гап гапираётганига ишончи комил бўлиб. – Ахир, кулгихонагаям дуч келган кишини олавермаса керак.
– Э-э-э, қизиқ экансан! Сенга институтда нима бор. Сенга билим нима керак. Анқайиб тураверсанг бўлди. Шунинг ўзи кулгили.
Абдуҳаким довдир бўлишига қарамай, жудаям нафсониятли, иззат-нафси нозик йигит эди. У нописандликни, кибру-ҳавони сира-сира ҳазм қила олмасди. Бундай кезларда унинг довдирона гапи шунчалик аччиқ бўлардики, бундай гапдан ана-мана деган илон пўст ташлаб юборарди.
– Тўғри айтасиз, ўқиш агар сиз ўқиб келган ўқиш бўлса, одамнинг бор ақлиниям еб қўяр экан. Ундай ўқишда афандининг эшаги ўқисин. Менга, ўзингиз айтганингиздек, кулгихона маъқул экан.
Ўқитувчи қизариб, бурни терлаб кетди.
– Сен қурғурда ўжарликданам бир қамчи бор-ку! Э, шумшаймай кет, касофат довдир. Сени кулгихонага эмас, ажойибхонага юбориш керак. Жониворларнинг тагини тозалаб юрасан. Тур, жўна, чиқиб кет! Сен билан валақлашиб ўтиришга вақтим йўқ. Шум етим!
Ўқитувчи довдирнинг тилидан яна бир томчи заҳар томишини ва ўзининг бурни-ю, яна бошқа жойлариям терлаб кетишини билгани учун бу балойи азимдан тезроқ қутулиш чорасини кўрганди. Ҳаким бўлса, кетар жафоси қилиб яна битта ташламоқчи бўлди-ю, лекин шайтонга ҳай берди.
Тақдирнинг ўзи Ҳакимнинг мушкулини осон қилди. Тирикчилик важидан у қишлоқ подасини боқди. Кейин совхоздан бир қўра қўй олди-ю, кимсасиз яйловга чиқиб кетди. Даралар қўйнида у ҳеч кимни масхара қила олмас, кимсанинг кўнглини ранжитолмас, қўйларга ҳарчанд қалтис гапирма, ноўрин ҳазил қилма барибир эди. Онадан сўксанг ва ҳатто урсанг ҳам индашмайди. Қўй ўз номи билан қўй-да! Мўлтираб қараб тураверади. Лекин Ҳаким умри бино бўлиб, бирорта қўйни уриш, сўкиш нари турсин, “сен”сираган эмас. Билъакс, ҳазилкашмасми, совлиқларга китобларда ўқигани каби “хоним афандим”, қўчқорларга “Дагар Қўчқорович”, деб мурожаат этарди. Сурувнинг йўлбошчиси сариқ серкани эса кайфияти яхши пайтлар “ўртоқ Раҳбар”, деб чақирар, нимагадир чалғиб, хатога йўл қўйиб жаҳлини чиқарса, “Эҳ сан коззёл, қанақа раҳбарсан, халқингни тўғри йўлга бошламайсанми, бу аҳволда ҳаммасини очдан ўлдирасан-ку”, дея койирди. Бу одатнинг бир жиҳати ҳазил бўлса, иккинчи тарафи Ҳакимнинг эврилишлар исканжасида ингранаётган замонага қаратилган жиддий истеҳзоси эди шекилли. Аҳён-аҳёнда қишлоққа тушиб, аҳолининг дўконларда мол-маҳсулот танқислашиб кетгани боис сичқонлар ҳасса суяниб юргани ҳақидаги норози муноқашаларига қўшилмас, тўй-маъракада қатнашадиган бўлса, аламини овқатдан оларди. Зеро оғиз банд бўлгач, ортиқча гапга ўрин йўқ, деб ўйларди. Хуллас, бир қарасанг, сўзамол, ҳеч кимга гал бермайдиган, гап келса отасини ҳам аямайдиган Ҳаким чечан, бир қарасанг, оғзига сув солиб сукутга чўмиб қоладиган Ҳаким соқов эди бизнинг қаҳрамон. Довдир, деган тахаллусни олишига сабаб бўлган жиҳатларнинг бири ҳам шу эди шекилли.
Боя таржимаи ҳолида ўзи айтиб ўтганидек болалигидан китобни кўп ўқиди. Аксариятини такрор-такрор хатм этди ва зеҳни ўткирлиги боис деярли ёдлаб олди. Алпомишу Гўрўғли саргузаштларини кўзини юмиб айтиб бериши, Навоийнинг ўнлаб ғазалларини ёддан ўқиши мумкин. Бундан ташқари у Оврупо романларини, фалсафа, сиёсий иқтисод тарихига оид рисолаларни ҳам хуш кўриб мутолаа қиларди.
Шу аснода у ўзини гоҳ қасоскор Граф Монте Кристо, гоҳ муҳаббат қурбони Жюльен Соррель, гоҳ жанговар Робин Гуд, гоҳ даштлар қироли Чингачгук, гоҳида шавкатли рицар Дон Кихот деб ҳис қилар, шиддатли хаёллар қанотида парвоз этар, аммо айланиб-айланиб яна севимли “Алпомиш”га қайтиб келарди.
Ҳакимбекдир асли бизнинг отимиз,
Ўзбек элдан бўлар насли зотимиз…
деган мисраларни даштлар узра баралла янгратиб, қирчанғи саманини Бойчибор, Ғирот, Росинант сингари тасаввур этиб, севимли Барчини ҳақида ширин ўйлар, орзулар сурарди. Барчин бўлмиш қиз эса… Эҳ, айтишга тил бормайди, тил бормайди… Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ, муфассалроқ тўхталамиз. Шундай қилиб, Ҳаким довдир чўпон бўлиб қолди. Яйловда юра-юра анча босилди. Фақат соддалиги, довдирлиги қолмади-қолмади. Тўғри, ҳозир ҳам баъзан билиб-билмай қалтис ҳазил қилиб қўйиб, кейин ўзи пушаймон бўлиб юради. Қайси куни Қилич Заҳҳор шаҳарлик ошнасининг қопағон итини атай машинага солиб бериб юборибди. “Ҳакимчага олиб бориб бер, мендан совға, ўзиям зўр кучук. Энди Ҳаким отарни кучукка топшириб, ўзи сайру саёҳат қилиб юраверса ҳам бўлади” дебди. Ҳаким довдир эртасигами, индингами қишлоққа тушиб Қилич Заҳҳорни беш-олти кишининг даврасида учратиб қуюқ салом берди, миннатдорчилик билдирди.
– Раҳмат, ака, бир итлик қилдингиз! – деди.
Даврадагилар кулишди. Қилич Заҳҳор “яхшиликни билмаган нокас” деб сўкинди. Бечора довдир аслида “мендек кучукка ялчимай юрган одамни итли қилдингиз” демоқчи экан.
– Биласанми, ука, улуғ бир адиб айтган: адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга, қўй боқишга ва шунга ўхшаш иккинчи даражали ишларга сарфлаш керак эмас. Инчунин, иложини топсанг, чўпонликни ташлаб қассоблик қилгайсан. Қассоблик ҳар ҳолда ҳаётга ва адабиётга бирмунча яқинроқ. Ахир, танқидчи халқи ҳам гўшт ейди. Айниқса суяксиз бўлса хуш кўриб, мақтаб-мақтаб ейди.
Бу гапни тузуккина таъби назм соҳиби, бироқ борйўқ ижоди “яримта” эвазига нуқул Қилич Заҳҳор сингари қишлоқ амалдорларини мадҳ этишдан иборат бўлгани учун Ярашбой исми Ҳакимга “Ялашбой” бўлиб эшитиладиган адабиёт ўқитувчиси айтди. Ҳаким ундан ранжимади.
– Муаллим, Сиз ҳам истеъдодингизни бу ерларда хор этмай, тезроқ шаҳарга борганингизда, бундай шеърларингиз билан баландроқ жойларни ялаб, аллақачон халқ шоири бўлиб кетардингиз.
– Менга ақл ўргатишга ҳали ёшлик қиласан укам, чин истеъдод учун вақт, жўғрофий кенгликлар чикора. Мен бошқа ўлчамдаги макон ва замонда мавжудман, – деди қишлоқ шоири ширакайфлиги туфайли истеҳзога эътибор қилмасдан. “Эсиз истеъдод”, деди ичида Ҳаким.
Ана шу беозор, аммо ҳамма безор Ҳаким довдир юрак хуружи билан касалхонада тиришиб ётибди, деса биров ишонадими? Ҳазилни қўйсанг-чи, Ҳаким довдирда юрак касал нима қилади, унда ғам бўлмаса, қайғу бўлмаса, айтганинг бошқа Ҳакимдир, дейиши тайин.
Йўқ, бу худди ўша Ҳаким, Абдуҳаким чўпон, кейинроқ хорижий тиллар институтида ўқиб келиб, тупканинг тагидаги Чашмизирак қишлоғи болаларига француз тилини ўргатадиган гўзал ва камтарин муаллима Ойсифат Ҳакимовна ҳамда тили чиққанидан буён “катта бўлсанг ким бўласан?” деган саволга: “ҳоким бўламан”, деб жавоб қайтарувчи, бироқ охир-оқибат отасининг шогирди Суҳроб Туробийга ўхшаган журналист бўлиб етишадиган Тўхтарбой исмли ўйинқароқ, лекин зийрак, анчайин жиддий болакайнинг падари бузруквори Ҳаким Ўнғалов, Ҳаким довдирнинг айнан ўзи эди. Ўшанда у ҳали анча ёш эди. Ёш эди, қувноқ ва шўх эди-ю, юраги қурғур хастароқ эди. Ҳарчанд ҳазилкаш эса-да, айрим нарсаларни ичига олар экан шекилли-да. Ҳа, айтмоқчи, “оддий чўпоннинг боласи нимага асосан ҳокимликка даъвогар бўлиб юрибди, ахир ҳокимларнинг келажакда ота изини босадиган ўз тойчалари, яъни ўз болалари бор-ку, дея таассуфланадиганларга Тўхтарбой ҳақида кейинги боблардан бирида сўйлайдиган алоҳида ҳикоямизни тинглашни маслаҳат берамиз. Ҳозирча эса диққатимизни беморимиздан чалғитмайлик Бечора шифтга тикилиб халоскори – шифокор Тошбўри Милтиқбоевни кутиб ётибди.
Одатда юрак хуружлари ҳақида гап кетганда, аниқ ташхис қўйиш ва тезроқ чора кўриш учун аввало, унинг келиб чиқиш сабаблари суриштирилади. Шифокорлар тилида буни “анамнез”, дейишаркан. Яъни шифокор савол беради, бемор жавоб қайтаради. Шу тариқа “касалликнинг муфассал тарихи” яратилади ва хаста аъзони қунт билан даволашга киришилади. Беморимиз айни нозик дақиқаларда Тошбўри дўхтирни кутиш асносида худди шу ҳақда ўйлар, хаёлига йиллар давомида йиғилган омиллар ичра энг сўнгги иккитаси тинимсиз айланар, таажжубланарли ва таассуфланарлиси шунда эдики, бошқа киши бўлса бу икки сабабни ҳам “менга нима”, деган бир оғиз инкор ила ўзидан узоқлаштириб, чивин чаққанчалик ҳам озорланмасди. Лекин афсуски (балким шукрки, дейиш жоиздир), бизнинг бемор ундай қилолмайдиганлар тоифасидан эди. Майли, гапни чўзмасдан ҳозирча шу икки сабабни келтириб ўтамиз. Қолганларини эса ҳикоямиз давомида билиб оласиз. Шундай қилиб…
Уч кун аввал Ҳаким чўпоннинг тўнғич шогирди, ҳализамон ўрнимга қўйиб кетаман, деб юрган ёрдамчиси Очилбой чўлоқ кутилмаганда қамоққа олинди ва тўрт йилга кесилди. Суд маҳкамасидан қаттиқ афсусланиш, куйиниш асносида лабидаги алқовчи табассумни йиғолмай қайтаётган (ажабо, бунақа воқеадан ҳам афсусланишу куйиш, ҳам алқаб кулиш мумкинми, дея эътироз билдирмоқчи бўлсангиз, “берди”сини айтгунимизча шошмай туринг) Ҳакимбой кечки пайт қишлоқ дўкони ёнида яримта “барматуха”ни майдалаб, оғзида носи билан шишадошларига шеър ўқиб бераётган Яраш муаллимдан: “яқин кунларда директоримиз ҳам қамалади”, деган сассиқ башоратни эшитди-ю, юраги “зирқ” этди. Бу гапга энди мутлақо жилмайиш мумкин эмасди. Гарчи, Очилбойнинг қамалишига сабаб бўлган жиноят ҳам аслида куладиган эмасди-ю, бироқ эшитган одамнинг аксариятини маҳкумга нисбатан хайриҳоҳлик баробарида беихтиёр жилмайишга мажбур этадиган ҳодиса эди.
Биз ўша воқеани сал кейинроқ унга бевосита гувоҳ бўлган Тўхтарбой тилидан ҳикоя қиламиз.
Ҳозир эса оғир аҳволдаги касални муштоқ этган табибу ҳозиқ қайларда юрибди, деган саволга тезроқ жавоб излаймиз ва шунинг баробарида унинг туғишган тоғаси бўлмиш бир муҳтарам зот таъбири билан айтганда: “насли тоза, зодагон авлод вакили эканига қарамай қишлоқ касалхонасига келиб ишлашдан орланмаган йигит” Тошбўрибой билан Сизни яқиндан таништириш ва камига унинг айнан мана шу бемор – оддий чўпоннинг қизига ошиқу беқарорлигидан огоҳ этишга ҳаракат қиламиз.

9
Милтиқбоев эса бу пайт уйидан беш-ўн қадам узоқлашганди, холос. Эҳтимол, у эшик ёнида Ойсифатни, ҳа-ҳа, Ҳаким довдирнинг яккаю ягона эрка қизи Ойсифат Ҳакимовнанинг шахсан ўзини учратмаганида, балки тезроқ касалхонага ошиққан бўлармиди. Лекин, не бахтки (Милтиқбоев учун) ва не афсуски (Ҳаким довдир учун) мактабдан дарсини тугаллаб уйига бораётган Ойсифат унинг йўлидан чиқиб қолди. Агар “ўлаётган касал” Ҳаким довдир эканлигини Тошбўри аниқ билганида, шубҳасиз, у касалхона томон ўқдай учган бўларди. Бечора Ойсифатнинг ҳам отасини яйловдан тўппа-тўғри касалхонага олиб келишганини билмаганини айтмайсизми? Қисқаси, буларнинг ҳаммаси бечора Ҳаким довдирнинг шўрпешаналигими, тасодифми, мутаносиблик қонунларига асосланганми, ким билади, дейсиз. Аёни шуки, Ойсифатни кўргач, Милтиқбоев касалхонадаги “ўлаётган бемор”ни бир неча дақиқа унутди. – Ойсифат, бир лаҳза вақтингизни олсам майлими? – деди Тошбўри. У гапни “Салом, Ойсифат!” ёки “Яхшимисиз, Ойсифат” деб бошлаш жўн ва сийқа эканлигини яхши биларди. Лекин Ойсифат французча гапирадиган замонавий қиз бўлса ҳам, жўнликдан қутула олмаган экан.
– Салом, яхшимисиз? – деди. Холбуки ҳўв қайси бир кинодаги сингари: “Бонжур бон ами!” яъни “Салом қадрдон дўстим” деганида жудаям гўзал чиқарди.
– Сиз билан кўришмаганимизга ҳам анча бўлди, Ойсифат, – деди Милтиқбоев ғамгин оҳангда. Афтидан, бу билан “Сизни соғинаман, тез-тез кўргим келади” демоқчи эди. Лекин Ойсифат унинг кўнглидаги фикрни тушунмади шекилли, гапини инкор қилди.
– Йўғ-е, уч кун олдин кинода кўришгандик-ку!
– Уч кун сизнингча оз фурсатми, Ойсифат? Атом асрида ҳар дақиқа, ҳар лаҳза бир умрга баробар эканлигини сиз яхши билишингиз керак.
Агар самовий кучлар, илоҳий мавжудотлар чиндан ҳам бор, деб фараз қилинса, улар ана шу сўзларни Тошбўрининг тилига атайин, унинг яъни, бечора Ойсифатнинг устидан кулиш учун шафқатсизлик билан солгандилар, дейиш мумкин. Чунки айни шу дақиқада шўрликкина Ҳаким довдир оғриқнинг зўридан кулала бўлиб ётарди.
Шошганда лаббай топилмас, деганларидек, Милтиқбоевнинг тили ўлгур ҳам ҳадеганда айлана қолмасди. Умуман қиз болани, сенга сал-пал ёқадиган қизни тўсатдан кўчада учратиб қолсанг, манаман деган киши ҳам чайналиб қолиши турган гап. Бу ўзимизнинг бошимиздан ҳам ўтган.
– Айтгандай, Ойсифат, латифагўй отангиз – отамнинг ошнаси Ҳаким амак эсон-омон юрибдиларми, – деди Тошбўри эсига муҳим гап тушгандек. Шахматчиларда “ўйин билмасанг, пиёда сур” деган гап бор. Шунга ўхшаш тажрибасиз ошиқларда ҳам гап билмасанг, ҳол-аҳвол сўра, ота-она, қариндош-уруғнинг саломатлигидан бошлаб, сигир-бузоқ, эчки-улоқ сиҳатини, қозон-товоқнинг бутунлигию тўлалигини суриштир, деган маслаҳатомуз нақл юради.
Шўрлик Ойсифатгина-я! Отасининг аҳволини билса, ҳозир бошида ўтириб, дардига дармон бўлмасмиди? Тақдири азал шунчалар чигалки, у бечора хотиржам, кулиб жавоб қайтарди:
– Шукр, соғ-саломат юрибди.
– Хўп ажойиб киши-да, отангиз! Суҳбатини бир эшитган одам яна эшитсам дейди.
Ойсифат отасининг таърифидан ғурурланган киши бўлиб деди:
– Бизнинг ота шунақа!
– Бўлажак ҳоким укангиз Тўхтарбой нечук, раҳбарлик санъати синоатларини қунт билан эгалламоқдами?
– Ҳа, унга Европа тарихида ўчмас из қолдирган муаррих ва сиёсат арбоблари Макиавелли, Талейран, Мирабо асарларининг французча нашрларини ўқишни ўргатяпман,–деди Ойсифатхоним бўш келмасдан.
– Яқинда китоб дўконидан ўзимизнинг Шарқ мутафаккирларидан бири Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” деган асарини олдим, бераман ўшаниям ўқисин. Муҳтарам падари бузрукворингиз ҳам хатм этсалар, зарар қилмайди, у киши ҳам мутолаага берилган-ку. Тўғрими?
– Тўғри…
Бу ўринда, ие, бу Милтиқбоев тушмагур Ҳаким довдир оиласи билан шу қадар яқин таниш экан-да, деган ҳайратомуз саволнинг туғилиши табиий.
Ҳа-да! Таниш-да! Таниш бўлгандаям қандай таниш денг. У ёғи тоза қизиқ!
Қизиқликка-ку жудаям қизиқ. Лекин биров ўламан деса-ю, биров куламан деса. Буёғи қандай бўлади?
Ҳаким довдир дўхтирхонада чангак бўлиб ётган бир лаҳзада унинг кулгили ишлари ҳақида гапириб ўтириш одамгарчиликдан бўлмаса керак-ов! Инчунин биз ундай қилмаймиз, унинг ўзи боя оғриқни енгиш учун кўкайидан ўтказган масрур кечинмалар тасвирини берамиз холос.

10
Айни баҳор. Яйлов тўла қўй-қўзи. Майсанинг ҳиди кишини маст қилади. Қўзичалар дуркун бўлиб қолган. Қўзигул деган майса бўлади яйловда. Ана ўшани қўзичалар куртиллатиб узиб-узиб ейди. Бир айланиб онасини эмади. Чўккалаб олиб онасининг эмчагини тумшуқчаси билан нуқиб-нуқиб эмишларини айтинг. Онасининг ийиб туриши, қўзичасининг қуйруғини ялаши-чи!
Ҳаким довдир кигиз чакмонини тўшаб, ёнбошлаб ана шу манзарани кузатади. Кузатиб, “бу олам қанчалар гўзал, яшаш қанчалик завқли” деган шоирона фикрларга берилади. Шеър тузгиси, қўшиқ айтгиси келади. Юраги кўкрагига, ўзи шу кенг яйловларга сиғмайди.
Шундай гаштли кунларда отарнинг яйлов бўйлаб ёйилиб кетишига қараб уни минг турли кашф қилади. Гоҳ ой нурида ялтираб оқаётган тиниқ дарёга ўхшайди сурув. Офтоб чарақлаган лаҳзаларда сур қўзилар шувоқлар орасида чўлга қараб юмалаб кетаётган олтин қуймаларини эслатади. Қўйлар ёвшанни хуш кўриб ейди. Ҳаким чўпон ўз сурувини гоҳ ёйилиб, гоҳ чўзилиб оқаётган тиниқ, кумушранг дарёга ўхшатишни яхши кўради. Гўё ўзи ҳам шу дарёда қайларгадир оқиб кетмоқда. Эҳ, бир кеманг бўлса-ю, уфқларга қараб сузиб кетсанг…
Унинг ўтови Қўтирбулоқнинг этагида. Қўтирбулоқнинг суви шифобахшликда тенгсиз. Сиз Қўтирбулоқда бўлганмисиз? Зарурат юзасидан эмас, шунчаки томошага борганмисиз? Бормаган бўлсангиз, боринг. У Чашмизиракдан пастроқда, Хундорсой билан Шўрбулоқнинг ўрталигида. Ҳаким ака ўтовини Қўтирбулоқ яқинига тикканида “Нима бало, бу Ҳакимда қўтир борми? Ё исмига монанд қилиб Ҳакимликни ихтиёр этдими, қўтирларни даволаб пул йиғадими?” дегувчилар ҳам топилди. Бировлар бўлса, ҳе йўқ-бе йўқ: “Билинар-билинмас қашиниб юрарди-я, қурғур, темираткисини яширар экан-да” ҳам деди. Ҳакимбой парво қилмади. Парво қилмади-ю, лекин бепарво ҳам бўлолмади: туриб-туриб алами келди. “Бу баччағарлар, эрта-индин қўл бериб кўришмайдиган бўлиб қолишмасин, бунинг чорасини топиш керак”.
Ҳакимбой ака таваккалчи одам эмасми, эрта кўклам хўжалик раҳбари, ўзининг жондайгина укаси Нурқобил Бўтаевичга ҳасрат қилиб кирди:
– Отарни кўчирмасак бўлмайди, Нуржон.
– Ҳа, тинчликми? – кулиб сўради директор. – Қўтирбулоқнинг нимаси ёмон? Қайтага яхши эмасми, қўтир-пўтир бўлсангиз, ўша ернинг ўзида даволанаверасиз, узоққа бормай.
– Ҳа, энанг айналгир-а! Директорлигингни ўйламасам, бир ўхшатиб сўкким келди, тилимни тийдим. Отанг раҳматлик шиптир кал эди. Лекин каллигини яширмасди, бировларга ўхшаб. Биласан, анови Бойқувватнинг отаси ёзнинг куниям телпак кийиб юрарди. Лекин отанг – менинг устозим, буёғи кўкламдан бошяланг юрарди. Шундай экан, мен қўтир бўлсам, нимасини яшираман, ука. Лекин гапга чидамайман, отаримни кўчириб бер. Юқорида, Катта коризнинг бўйида раҳматлик Тенглаш аканинг қўтони бўшаб ётибди. Ўшанинг у ер бу ерини тузатиб оламан, хўп десанг.
– Сувли дарагаям яқин,– деди Нурқобил.
– Ҳа, зўр боғлари бор.
Довдир бу боғларни болалигида бир-икки марта ичкарисидан кўрган. Тоғдан эшакда ўтин кесиб келаётган чоғларида эса узоқдан, аниқроғи баландда туриб кўп томоша қилган. Ўшанда бутун олам унга бепоён олмазору ёнғоқзорлардан иборат бўлиб туюлганди. Бу боғларнинг таърифига тил ожиз эди. Нафсиламбири, довдирни Сувлидара сари этагига кўчишга ундаган ҳис ҳам шу боғларга яқинроқ бўлиш таманноси эди.
Кориз бўйига ўрнашганидан кейин ёзда бир куни атайлаб икки қир ошиб ўша дарага тушди. Бамайлихотир сайр қиламан, деб ўйлади.
Анвойи ҳидлар. Капалакларнинг кўплигини айтинг. Минг хил капалак. Бир хилини маҳаллий аҳоли “гўбалак”, дер экан. Қиззиғ-а? Ниначи, асалари беҳисоб. Бир тараф ўрикзор, бир тараф олмазор, яккам-дуккам жийда ҳам бор. Ў-ў, унинг гуллаган пайтдаги таратадиган ҳиди-и… одамни тентак қилади, куйикка келган қўчқордай тўрт томонга чопасан, не қиларингни, ўзингни қайга урарингни билмасдан. Энг чеккада, даранинг энг ичкарисида ёнғоқзорлар. Пастда тиниқ Фангатсой оқиб ётибди. Табиатнинг ишлари қизиқ-да.
Тоғлар орасида, хилват дарада шундай боғлар бино қилган. Ҳаётбоши этакларининг катта қисми энди қўриқхона бўлди. Қоялардан сакровчи олқорлар, беҳишт қушлари – булбуллару каклик ва беданалар ҳам энди бироз жон сақлашар. Бўлмаса, Соибназар овчи битта қўймай ҳаммасини тутиб Жўшнинг бозорига тушириб пуллаб юборади.
Ширин хаёллар оғушида гаштли сайрни бошлаб улгурмаёқ ортидан чопар–кичик ёрдамчиси Очил чўлиқ мотоциклини тириллатиб, ҳаллослаб қувиб келди:
– Отаримизга ҳурматли ўртоқ Ўташев ташриф буюрдилар. Тез етиб борайкансиз.
Очилбойнинг меҳмонга нисбатан “ўртоқ”, бунинг устига “ҳурматли”, деган сифату ҳислатларни қўшиб гапиришининг боиси – Ўташевлар иккита. Каттаси – Шоқувват оға, туманда нуфузли раҳбар, бундан ташқари бутун вилоятда устакорлиги билан ному обрў қозонган каслардан. Кичиги Бойқувватда эса бир грамм ҳам обрўй қолмаган, ҳаммасини ароққа қўшиб ичворган. Аммо… пиёниста бўлишига қарамасдан хўжаликнинг катта бир бўлимини бошқаради. “Султон суягини хўрламас”, деганлар ахир.
Сувлидара боғларини сайр этиш ва айниқса ов қилишни хуш кўрувчи катта Ўташев кейинги пайтлар шу тарафга жуда серқатнов бўлиб қолди. Бир ўзи келса ҳам майли, баъзида вилоят раҳбари Тўхтабоевни ҳам олиб келади.
Олқор гўштидан кабоб, паловга босилган каклику беданалар вилоят маъмуриятининг раҳбари Тўхтабоевга ҳам хуш ёққан шекилли. Аввалги директор Музроб Туробов бу боғларни мамлакат миқёсидаги дам олиш гўшасига айлантираман, деб кўп югурди, бўлмади. Маҳаллий катталар ўзлари учун ҳордиқу завқ маскани бўлмиш бу сўлим жойларни “қиз”лигича сақлаш мақсадида бу уринишларни чиппака чиқаришди. Энди янги директор Нурқобил югуряпти. Натижа чиқиши қийин бўляпти, тўғаноқ кўп, дейди. Албатта кўп бўлади-да. Чунки одам оёғи кам етадиган бу ерларга туману вилоятдан казо-казолар ов овлагани, бошқа хил маишатлар қилгани келишади.
Ўрмону қўриқхона маишатхонами? Зап замонлар бўлди-да! Ҳатто “Қишлоқ изқувари” – Қамарбой миршаб ҳам шу ёқларга кўп келадиган бўлди, ўзича “жамоат тартиби бузилишининг олдини олишга жиддий киришди.” Холбуки унинг ҳам дарди қорин. Икки кило қўзи гўштини қовуртириб еб, икки килогинасини мошинасининг орқасига солиб кетса, дунёда ундан саодатманд одам йўқ. Ҳа нафс ўлсин-а!
Ҳакимбойнинг кўчиш ҳақидаги хархашасига директор кўнди. Кўнмай нимаям дерди. Ҳаким ака бир сўзли одам, айтганини қилмай қўймайди. Ундан ташқари Нурқобилнинг отаси – марҳум Бўта чўпоннинг шогирди. Яна бунинг устига Ҳаким довдир бир пайтлар Нурқобилнинг аммаси Гулсарани яхши кўрган. Жонидан ҳам ортиқ севган. “Ойбарчиним” деб шеърлар битган, қўшиқлар айтган. Ажаб эмаски, ҳалиям севади. Севади-ю, энди севгисини яшириб яшайди. Шунга ўзини мажбур кўради. Чин муҳаббат – ушалмаган, бир умр армон бўлиб қоладиган муҳаббат, деб ўйлайди у. Севганингга етишганинг ҳамоно севги ўлиб, турмуш бошланган бўларди, дея ишонтирмоқчи бўлади ўзини. Буям бир тасалли-да, орзусига етолмаган ғамгусор юрак учун. Лекин бир пайтлар қаттиқ севган… Эҳ-ҳе… Ҳа, майли. Ҳаким довдир муҳаббатининг қиссасини айтишга ҳали фурсат етар…

11
Шу тахлит Ҳаким ака кўчишга тушди. Ҳашар қилиб Тенглаш чўлоқнинг қўтонини таъмирлади. Кориз ифлосланиб, суви камайган экан, кўзини тозалаб, сув йўлларини очди. Ўтовниям ўхшатиб созлади. Кейин кўч-кўронини йиғиштирди-да, Қўтирбулоқни тарк этди. “Энағарлар, қани энди нима деб гап қилар экан”
дея ҳузур билан сўкиниб ҳам қўйди. Кейин ўзи-ўзига айтди: “Ҳа-а, Ҳакимбой, бировларнинг устидан кулиш яхши-и, ўзингнинг устингдан бир кулишга ҳам чидамай тупканинг тагига кўчиб кетдинг-а!”
Кўчиб келган куни бўлим бошлиғи Қилич Заҳҳоров билан директор келишди. Теварак-атрофни кўздан кечиришди. Яйлов уларгаям маъқул тушди. Қилич Заҳҳоров одатига кўра гапни режа- мажбуриятга бурди.
– Энди, яйловди зўри ўзлариники бўлди, Ҳаким ака. Бу ёғиниям шунга яраша ташкиллаштирсак. Мана, Нурқобил Бўтаевич ҳам маъқулласалар керак, бу йил мажбуриятни дурустроқ олинг.
Оламиз, оламиз,– деди довдираб Ҳаким ака, у Қилич кўса пайтдан фойдаланмоқчи бўлаётганини сезиб турарди.
– Юз саксондан туширасизми – деди гапни пухталамоқчи бўлиб Заҳҳоров. – Агар шунча қилсангиз, мукофотига битта “Нива” беришларига мен кафил. Нима дедингиз, Нурқобил Бўтаевич?
Директор индамади. У Ҳаким довдирнинг феълини яхши биларди. Довдир эсини танибдики, мажбурият масаласида ўжарлик қилиб келади. Одамлар ҳар юз қўйдан икки юз эллик қўзи олиб орден таққанида, у юздан сал ошириб “бори шу” деб турарди.
–“Нива”ни яхши мошин, дейишади. Тоғ-тошларга жа-а боп эмиш. Аммо… Мен сохта мажбурият олиб ўрганмаганман. Зўри беҳуда қилиниб, олинадиган орден-медалгаям ишқибозлигим йўқ. Чунки унақаларнинг ҳолини кўраяпмиз. Бизники ҳамишаги – юз ўттиз.
– Бу одамга, – деди бўлим бошқарувчиси директорга ўгирилиб, – битта яхши қоракўл тери жаҳон бозорида иккита катта-катта қўйдан қиммат туришини юз йилдан бери айта-айта эсим кетди. Сира тушунмайди-ей. Одамнинг бунақа ўжарини биринчи кўришим.
– Ҳадеб пулни ўйлайверманг, оқсоқол (бу сўзни довдир жуда кам ишлатади. Лекин айни пайтда иягида биттаям туки йўқ Қилич кўсага нисбатан жудаям ишлатгиси келди). Қоринниям ўйланг. Ахир, баланд тоғда, хушҳаво боғда боқилган соғлом қўйнинг “экологик тоза” гўштини емасангиз, қоракўл теридан пўстин кийган жононларга қарашга ҳол қолармиди?
Қилич кўса бу истеҳзонинг тагидаги маъносидан ҳадиксираб директорга қаради. Довдир унинг қўшни дарадаги ўрмон хўжалиги тассарруфига кирмай қолган адирликдан ўлармонлик билан эгаллаб олган, маҳаллий шевага кўра жаннатмонанд “ҳаёт”и, яъни чўққи этагигача чўзилган каттакон дарахтзору яйловдан иборат чорбоғи, унда боқиладиган ва ҳар ой иккита-учтаси сўйилиб, “экологик тоза гўшт”, дея шаҳардаги катта амалдор ошналарига “ҳадя” тариқасида юбориладиган қўйларига шама қилаётганди. “Сен билан гап талашган мен ахмоқ” дегандек қўл силтади кўса.
Директор эса мийиғида маъноли кулди. Довдир қайқи таёғини елкасига қўйиб, узоқ-узоқларга қаради. Учовлари ҳам жим эдилар.

12
Айни ўринда яна касалхонага қайтиб, бу жойнинг етакчи шифокори учун дунёдаги энг юқори мартабали бемор ҳисобланувчи (биз тарафларда ишқинг тушган қизнинг маҳалласидаги дайди итга ҳам “ака”, деб мурожаат этилади, бас шундай экан, бўлажак қайнота қай даражада иззатланишини ўзингиз тушунасиз, деб ўйлаймиз) қаҳрамонимизнинг аҳволидан бирров хабар олиб қўймасак, одамгарчиликдан бўлмас. Келинг, шундай қилайлик-да, сўнг ҳикоямизни қолган жойидан давом эттирайлик.
Тошбўри дўхтир ишга келган дастлабки кунлариданоқ баланд мавқели тоғасининг ёрдамида Чашмизирак қишлоқ касалхонасини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, бу ерда анча-мунча мураккаб жарроҳлик амалиётлари, бошқа янгича муолажалар ўтказиш имконини юзага келтиришга ҳаракат қилмоқда эди. Ҳа-да, бу ёқда йигирма биринчи аср эшик қоқаётган бўлса, бизнинг қишлоқ шифохоналарининг шаҳарлардагидан нимаси кам. Нарёқда дасти узун амалдор тоға қўллаб турган бўлса. Манови Ойсифатга ўхшаган димоғи баланд “мадмазел” (фаранглар салти сувой қизларни шунақа, деб чақиришаркан)ларга бир ўзини кўрсатиб қўйсин. Хуллас, елди-югурди, анча ишга улгурди. Жарроҳлик хонаси шу саъй-ҳаракатнинг илк самараси.
Дўхтиримиз келмаёқ, икки ҳамшира, навбатчи врач ишга тушиб кетишганди. Тошбўри дарҳол кийимини алмаштириб, уларга ёрдамга шошилди. Бемор кимлигини аниқ билганидан сўнг эса, ҳеч бир муболағасиз, оёғи олтита, қўли еттита бўлиб кетди. Энг сархил дорилардан уч-тўрт хилини укол қилдириб, довдирнинг юрагини, деярли асл ҳолига қайтарди, томир уришини мўътадиллаштириб, босимини меъёрига туширди, “мана энди хавф чекинди”, деб беморнию ҳамшираларни тинчлантиргач, ўзи ҳам тинчланди. Кейин Ойсифатни чақиртирди. Бечора қиз саросимага тушган, кўзлари умид билан жовдирарди.
– Ташвишланманг, – деди Тошбўри. – Юраклари… бироз лат ебди. Анча мураккаб муолажалар талаб этилади. Бироқ бизда ҳамма шароит яратилган. Даволаймиз. Икки ҳафта, нари борса бир ойда оёққа туриб кетадилар.
– Хайрият, ишқилиб айтганингиз келсин, – деди Ойсифат. Очиғи, у Тошбўрига аввал менсимай, кейин масхаромуз қараб юрарди. Яқинроқ танишгач, у қанақадир ғалати, ўқимишли, дунёқараши кенг бўлишига қарамай, соддароқ, бунинг устига жуда таъсирчан, хушмуомала, тарбия кўрган йигит эканлигига қаноат ҳосил қилди. Энди Тошбўрини кўрса қизарадиган, ҳаяжонланиб, гапирса тутиладиган бўлди. Аммо у йигитга рўйхуш беришга, кўнглини очишга қўрқарди. Қалбида минг хил истиҳола, қанча шубҳа, қанча гумон бор эди.
Ҳозир Тошбўридан умидбахш сўз эшитди-ю, илк бор унга меҳр билан боқди. Тошбўри бу нигоҳни қанча вақтдан бери кутади, ўнгида, тушида интиқлик, интизорлик билан кутади. Мана, Ойсифатнинг тим қора кўзларида ёруғ бир учқун кўрди. Бу учқундан қалбидаги умид чироғи ярқ этиб ёнди. Тошбўри бу чироқни энди асло ўчирмайди. Танида жони, томирида қони бор экан, сира-сира ўчирмайди. Бу чироқ умрбод ёнсин.
– Ойсифат, она қизим, энангга тезроқ хабар бериб тинчит, яна…аллақачон аза очиб, кўк кийиб ўтирган бўлмасин, – деди Ҳаким чўпон шу ҳолида ҳам ҳазил қилишга имкон топиб. –Кейин Тўхтарбой укангни олиб кел, уни соғиндим.
– Во-ой, бугун эрталаб бирга чой ичгансиз-ку, нима бунча тез соғинасиз ўша эркатойингизни, – лабини бурди гўёки қизғонгандек Ойсифат.
– Билмасам, шу бугун жудаям тез ва қаттиқ соғиндим, – деди довдир ва қизининг: “Майли эртага эрта билан бирга келамиз”, деганини эшитмай, нуридийдаси Тўхтарбой ҳақида ўйлаб кетди. Энди ваъдамизга биноан Тўхтаржон укамизнинг ҳикоясини сўзлаймиз.
Ҳаким чўпон билан Мусаллам хола Ойсифатдан сўнг анча йиллар фарзанд кўришмади. Хотинининг бормаган табибию азайимхони, Ҳакимбойнинг учрамаган дўхтири қолмади. Самарқандда ўқиб юрганида Мели оғо деган бениҳоя одамохун, дастурхони очиқ, асли Эрон Озарбайжониданми, Месхетия турклариданми, ҳозир аниқ эсида йўқ, бўлган-у, тақдир тақозоси ила бу ерларга келиб ўрнашган ва ўзбеклашиб кетган кишиникида ижарада турганида ўша одам бир ўғлию Фотма-Зуҳра қизларини чақалоқлар уйидан олиб катта қилганини эшитганди. “Худо ўзимиза фарзанд вермади, умид қилиб, туғруқхоная гетдик, ота-онаси олишни истамаян жўжуқлара талабгор ўлдук, иншоолло, мана, ўзимиз дуғмасак-да, оқ сут берган бир ўғул, икки қийзимиз вор”, деганди Мели ака. Ҳаким довдир шаҳарга бориб Милтиқбой ошнасидан маслаҳат ва ёрдам сўради.
– Бунинг югур-югури кўп, лекин амалласак бўлади, – деди у. Кейин чўпон биродарини савоб ишга қўл ургани учун алқади. – Баъзилар, “асли наслига тортади”, “етим бола асрасанг, оғзингни қон қилади…” деган мақолларни юзаки тушунишади. Мен сизга файласуф сифатида айтаманки, ҳаммаси тарбияга боғлиқ.
– Ўзимам, шундай деб ўйлайман, – деди Ҳаким чўпон ва секингина қўшимча қилди: – Ҳаммамизнинг асли наслимиз – Одам Атодан тарқалган.
Гўдаклар уйига бир ойча қатнаб, ниҳоят қоши-кўзи худди Мусалламникига ўхшаган бир ўғилчани қонунан расмийлаштириб, шу ернинг ўзида Тўхтарбой, дея номлаб, тўппа-тўғри яйловдаги қўрғонга олиб кетишди ва эртасига бешикка белашди. Худонинг қудратини қаранг, ўша куни Мусаллам холанинг кўкрагига сут келганмиш. Тўхтарбойга нега шунақа исм қўйилган? Одатда эр–хотин элликка қадам қўйганига қарамай бирин-кетин тўхтовсиз туғилаётган болаларнинг сўнггиси бўлсин, деган умидда янгисини шундай аташади. Ёки туғилибоқ нобуд бўлаётган фарзандлар доғида куйган ота-онанинг Худога қилган нолаю илтижоси ҳосиласи ўлароқ қўйилади бунақа от. Кўрдингизки, унисиям-бунисиям эмас. Асл сабаби шуки, Ҳакимбой оғамиз етимхонага йўл олишдан олдин қадрдони Музроб Туробов ҳузурига кирган ва “Ўғилчани опкелишга кетяпман, унга бир исм қўйиб берсангиз”, дея илтимос қилганида Туробов ўзининг устози, республика миқёсидаги таниқли раҳбар Тўхтар Ҳакимовичнинг исмини таклиф этган ва “исмию фамилияси ҳам, мартабаю руҳияси ҳам ўхшаш бўлсин” деган экан. Тўхтарбойимиз эсини танигач, ўз исмининг тарихидан хабар топади ва болалик максимализми таъсири ила: “мен ҳам худди ўша кишидай катта раҳбар бўламан”, дея аҳд этади.
Алқисса ўша Тўхтарбой ҳозир катта йигит бўлиб қолган. Болалигида ўйлаб ҳам ўтирмасдан айтадиган ҳалиги гапини энди бир қадар мулоҳаза билан, анчайин асослаб уқтирадиган бўлган:
– Халқ хўжалиги институтига ўқишга борсам, иқтисодчи бўлиб, туманимизга қайтсам-у, раҳбарлик лавозимларида ишласам, деган ниятим бор.
Ҳаким довдир бошда ундан:
– Болам, сен ҳам раҳбар бўлишинг шартми, ўзи шундоғам уларнинг кўплигидан оёқ босгани жой йўғ-у, – дея такрор-такрор ҳазиломуз сўрашни хуш кўрарди. Чунки ўғлининг берадиган жавоби завқини келтирарди.
– Чўпонларнинг боласидан ҳам чиқсин-да, ота, – дерди у катталарга хос салмоқ ва виқор билан.
– Иншооллоҳ, албатта чиқади, – дерди Ҳаким довдир. – Токи мана бу ердаги бир-иккитасининг ичи куйсин.
У кимларни назарда тутаётганини албатта, ўзи билади. Ҳозир қизига ўғлини кўргиси келаётганини айтган чоғида ҳам ўша фикрлар кўнглидан ўтган бўлса сираям ажабланмаймиз.

13
Узоқ йили кузда довдир Қилич Заҳҳор билан яна бир марта қаттиқ суришди.
–Совлиқларнинг ярмисига СЖК қўйдираман (сунъий қочириш ҳақида гап боряпти) агар рухсат этсангиз, – деди довдир. – Нега энди? – деди ҳайрон бўлиб Қилич кўса.– Ҳамма дорини кўпроқ қўйинг, деб ялиниб, орқамиздан югуриб юрибди-ю. Ахир планни дўндириб, орден олиб, мажлиснинг тўрига чиқиб юрмайсизми, сизам мундай!
– Орден олиш-ку яхши, лекин совлиқларим нимжону нимкалла, дорини кўтаролмайди, ака! Ярмисига қўйдирсангиз ҳам планни бажарамиз. Дорининг биздан ортганини, майли, ишқивоз бўлганларга…
– Сиз олимларимизнинг кашфиётига, янги ютуқларимизга тўсқинлик қилмоқчимисиз? – деди Кўса яна баланддан келиб.
– Қилич ака, илтимос, мен қоғозларингизга қўл қўйиб бераман. Баҳорда ҳам жавоби ўзимнинг бўйнимда. Туя кўрдингми, йўқ! Бир акалик қилинг, ака!
Қилич Заҳҳор ўйланиб қолди. Ўша пайтда дорининг бозори жуда чаққон эди. Баъзи “уддабурон” чўпонлар юқоридан тақсимлаб бериладиган улушларига ҳам қаноат қилишмас, қаерлардандир фалон пулга сотиб олиб келишарди. Сабаби бутун воҳада “икки юз-уч юзчилик ҳаракати” авж олган, рекордчи чўпонларга юксак унвонлар ваъда қилинарди. Хулласи калом, Ҳаким довдирнинг отаридан тежалган дорини тегишли одамлар орқали мўмайгина “сув қилиш” мумкин. Лекин Кўсанинг ўйланишига ҳам бир сабаб бор эдики, у довдир чиндан ҳам доридан воз кечаяптими ёки мени синамоқчи бўлаяптими, дея иккиланаётганди.
Йўқ, довдир кўсани синаётган эмасди. У бундан беш-олти йил илгариги бир воқеани шу топда яна кўз олдига келтириб турарди.
…Ўшанда, кузда унинг отарида ҳам қўйларга меъёридан анча ошириб дори юборилди.
– Ҳаким ака, сиз ҳам бир рекорд қўйинг! – деди ёш молдўхтир сунъий қочиришни тамомлагандан кейин. – Герой бўлсангиз бизниям унутмассиз.
Довдир ҳам кўп қатори хом сут эмган эмасми, ўша гапдан кейин хаёл суриб кетди. Баҳор.. Қўзилар қўрага сиғмайди. Ўташевми, бошқами – қайсидир раҳбар унинг кўксига Қаҳрамонлик нишонини қадамоқда… “Ҳар юзидан уч юз! Офарин, яйлов шунқори! Тасанно, чўл баҳодири! Яшасин, тоғ бургути! Замонамиз қаҳрамонига шон-шарафлар бўлсин!..”
Қаҳратон қиш довдирнинг устидан қаҳ-қаҳ уриб кулди, ширин хаёлларини тизза бўйи қор остига кўмиб ташлади. Совлиқларнинг ярмига яқини ўпкасини совуққа олдириб қўйди. Ердан қор кетиб, моллар оғзи кўкатга етганда, бирин-кетин тўп-тўп тушиб ўлаверди. Шундаям довдир саросимага тушмади. Бақувват совлиқлар уч–тўрттадан қўзиласа, ўрни қопланиб кетади, ҳар ҳолда планни икки юз эллик эмас, юз эллик қилиб бажараман-ку, деб ўзига тасалли берди.
Аммо у янглишганди. Қўзилатиш бошланган дастлабки кунларданоқ дарди-дунёси қоронғи бўлиб кетди. Совлиқларнинг аҳволига қараш даҳшат эди. Бу манзарага инсон дош бериши қийин. Кечагина қорни мешдай бўлиб, дадил ўтлаб юрган қўй тўлғоғи тута бошлагандан кейин шундай ночор, шундай аянчли аҳволга тушардики, довдир бечора унга қўшилиб кучанар, юм-юм йиғларди. Биринчи қўзиси сал-пал қўзига ўхшар, оёғида туролмаса ҳам жони, сумбати бор эди. Бечора она оғриқ азобини енгиб, боласини ялаб-юлқай бошлади. Кейин иккинчи қўзи туғилди. Йўқ, бу қўзи эмас, мушукми, итми, билиб бўлмасди. Эҳ, она, она қўй! Она қўй вужудидан ажралган шу чала ўлик, мушуксимон мавжудотни ҳам меҳр билан ялашга тушди. Кейин учинчиси… Энди она қўйнинг ялаш тугул, бурилишга ҳоли қолмади… Кейин тўртинчиси… Бешинчи “қўзи” – қорамтир гўшт ва жун парчаси ерга тушди-ю, бечора она қўй таппа тушиб жон берди – унинг бели чўрт узилиб кетганди.
Икки-уч кун давомида қўра атрофи ўлимтикка тўлиб кетди. Қузғунлар шодон чарх уришар, яйлов узра чидаб бўлмас бир ҳид тараларди…
Довдир қўзилатиш ҳисоб-китобидан камомад билан чиқди. Мукофотга олган қўйлари ҳам, машина олиш илинжида йиғиб юрган тўрт-беш минг сўм пули ҳам, қизининг сепига аталган зеби зийнатлар ҳам етмади. Қарз кўтарди. Ишқилиб, бир амаллаб қутулди. Чўпонликни қўйишга қатъий аҳд қилиб, директорнинг олдига ариза кўтариб кирди.
– Ҳа, Ҳакимбой, бўлмадими? – деди Музроб Туробов ачиниш оҳангида.
– Бой деманг-э, ака, бой бўлмай кетай, мен ахмоқ. Худо урмаса, бошқа касб қуриб кетгандек чўпонликка ҳавас қиламанми?
Директор уни қайтариб ташлади:
– Кўзингнинг ёшини арт-э, йигит! Шу ҳолинг билан Ҳаким деган номни кўтариб юрибсанми? Ҳаким дегани Алпомишнинг исми, буни эсингдан чиқарма! Бир марта омади қайтган одам тирақайлаб қочиши керакми? Отангнинг арвоҳини чирқиллатмоқчимисан? Бу даштда сенга тўғри келадиган нима касб бор?
– Ўқитувчи бўламан, дегандим. Ҳар қалай олий маълумотим бор. Ота касб…
– Яша, энди калланг ишлабди. Қирқ бешга кирганингда ўқитувчиликни бошлайсан. Хўп, майли, ўқитувчи бўлдинг дейлик, ўқувчиларингга нимани ўргатасан? Қандай қилиб чўпонликни танлаганинг, қандай қилиб ташлаб қочганинг, хонавайрон бўлганинг ҳақида достон айтиб берасанми? Кулги бўлиб юраверасанми? Менинг маслаҳатим шу: бир ишни бошладингми – ютқазган, омадинг қайтган пайтда кетма, дўндириб, ошиғинг олчи бўлган пайтда кет. Ана шу мардлик бўлади!
Довдир ҳеч нарса деёлмай чиқди. Музроб оғанинг гапини икки қилиш мумкин эмасди. У киши башоратчи, валий бир одам эди. Айтгани келди: Ҳаким чўпон жазоларга мардонавор чидаб, қарзларни тўлаб, аста-секин яна оёққа туриб олди. Лекин… Тақдир тақозосини қарангки, ўша суҳбатдан бир неча йил ўтгач, Туробовнинг ўзи кутилмаганда ариза бериб ишдан бўшади. Жойига ҳозирги директор – Нурқобил Бўтаевни тавсия этди. Ҳар тугул унинг тайинланишига эришди. Акс ҳолда хўжалик хомталаш бўлиб кетарди. Довдир Туробовнинг сўзи билан иши бир эканлигига ўшанда яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Ўша пайтда директор устидан имзосиз хатлар кўп ёзила бошлаган – тўғрироғи, Ўташев паноҳидаги бир гуруҳ кишилар “директорлик курси”сига ҳужум бош лашганди. Хатларнинг биронтаси тасдиқланмади. Лекин Туробов кетишга қарор қилди. Довдирнинг фикрича, у айнан Нурқобилни қўллаш, етим ўсган, суянчиғи йўқ, лекин чинакам ишчан, ғайратли йигитни ўстириш, қолаверса, хўжаликни ҳақиқий муносиб раҳбар қўлига топшириш учун кетганди. Аммо бечора билмасдики, уни аяшмаган ўташевчилар Нурқобилни ишлагани қўйишармиди?
Раҳматлик Музроб оға ишдан кетиш олдидан атай Довдирнинг отарига келди. Ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирди.
– Чўпоннинг тирикчилиги ғалвир билан сув ташишга ўхшайди, – деди у ўйга ботиб. – Берсанг ҳам кетади, қиссанг, мумсиклик қилсанг ҳам кетаверади. Шунинг учун сен топганингни улашишинг яхши фазилат. Чўпоннинг баракаси шунда.
Улар довдирнинг дид билан жиҳозланган кичкинагина меҳмонхонасида ўтиришарди. Директор мўъжазгина жавон ёнига келиб, ундаги китобларни қизиқиб кўздан кечирди.
– Ёмон эмас, ўз касбингнинг баланд-пастини ҳам яхши биласан, ўқийсан, – деди у “Қоракўл қўйларни уруғлантириш” номли китобни варақлар экан. Аммо бир нарсага тушунмайман. Нега қишлоқ хўжалик институтига кирмадинг? Мутахассис раҳбар бўлардинг. Сенга ўхшаган раҳбар, мутахассис бўлса эди, эҳ! Айнан адабиётга ўқиш шартмиди?
Довдир уф тортиб қўйди.
– Ўзим ҳам билмайман, ака. Буям бир телбалик-да. Лекин қоракўлчиликка ҳам жуда қизиқаман.
– Тўғри қиласан. Мен нотўғри гапирдим. Чўпонлик ҳам асли шоирликка ўхшайди. Икковиям ҳузур-ҳаловатдан кечган, ёлғизликка маҳкум одамлар. Лекин… Ҳузури ҳам зўр. Таърифига сўз етмайди. Буни сен мендан яхшироқ биласан. Бўлмаса, ҳалиги сафар шаштингдан қайтмасдинг. Таёқни ташлаб, ўзингни бошқа бирон касбга уриб кетардинг.
– Ҳа, энди… – деди кулимсираб довдир.
Довдир шу-шу отарга дори йўлатмади. “Гуноҳи менинг бўйнимга” дейди-ю, “юз фоиз дориланди” деган қоғозга кўзини чирт юмиб, имзо чекиб юборади. Бошқа иложи йўқ. Баҳорда рўйхатнинг ўртасида илиниб тураверади. Бир гал Нурқобилга ёлғондакам от қўйди.
– Дорининг эскиргани, сифати пастини бизга юборар экансизлар-да! Бир грамм таъсир қилмади. Бу қанақа гап? Ё юқорига арз этайми? – дея сохта пўписа ҳам қилди.
Нурқобил ҳам гўёки ишонди. Унинг ўзи ҳам дорилашни хуш кўрмас, аммо юқоридагиларнинг тазйиқи, “ҳурматли одамлар”нинг “илмий асосланган, тажрибада исботланган” тавсияларига қарши бирон нарса дея олмасди. Ундан ташқари… яширишга не ҳожат: Нурқобил ҳам бошқа кўпчилик ёшлар сингари ўсишни, парвоз этишни, ғалаба қозонишни хуш кўрарди. Эҳ, Нурқобил-а! Эҳ, укагинам-а!..
Алқисса, Қилич кўса барибир кўнди. Довдир қоғозга жимжимадор қилиб қўл қўйди-ю, улар билан шодон хайрлашди. Қўрғонга қайтиб кирганида Эшпўлат ҳазил қилди:
– Оға, ўзингиз қўшиб ёзишга қаршиман, дейсиз-у, яна қўшиб ёзасиз-а!
Довдирнинг шогирдлари ҳам ўзидек дангалчи эди. Шунинг учун у Эшпўлатнинг гапидан аччиқланмади.
– Бу бизники тескари қўшиб ёзиш, яъни қўшиб ёзмаслик бўлади, билдингизми, полвон?
– Билдим, оға!
– Ҳа, яшанг!..
Тошбўрининг умидбахш ташхисидан сўнг Ҳаким довдир яна ўзини унутиб, Нурқобил иниси ҳақида ўйлай бошлади: “бу талатўплардан омон чиқа олармикан, ишқилиб, ота-боболарининг руҳи мададкор бўлсин-да, болапақирнинг оғзи ошга етганда боши тошга тегиб қолмаса гўргайди, парвардигор кўп синовлар юборди унга, чиниқсин, имони мустаҳкам бўлсин, деган-да, аммо-лекин болалигидан пишиқ ўсган, худо ҳоҳласа, бу гал ҳам юзи ёруғ бўлар…”
Дарҳақиқат, довдир оғамиз Нурқобилни мана бундайлигидан яхши билар ва бунинг юқорида биз санаб ўтган анча-мунча сабаблари бор эди.

14
Бир-бирларига астойдил ва самимий меҳр қўйган кишилар нечоғлик узоқда бўлмасинлар, бир пайтда бир нарса ҳақида ўйлайдилар, бунинг илмий асосланган самовий сабаблари бор, дейишади. Ажаб эмас. Айни лаҳзаларда чуқур тушкунлик исканжасида тўлғанаётган Нурқобилнинг ўзи ҳам шу қисқа умри давомида бошдан ўтказган қийинчиликлари, озми-кўпми, эришган марралари, кўргану қилган яхшиликлари, учратган беғараз одамлари ҳақида хаёл сурар, хотира дафтаридаги имкон қадар ёруғ саҳифаларни варақлашга уринарди.

…Бувиси уни тонг қоронғусида уйғотди. Болакай ҳар куни у киши сигирларни соғиб, хурмадаги кеча ивитилган қатиқни эса қувига бўшатиб, пиша бошлаганда уйғонарди ва молларни подага қўшарди. Кейин қайтиб келиб, қувидан ажратиб қўйилган муздай серқаймоқ қатиққа нон тўғраб нонушта қиларди.
Бу гал катта эна қўярда-қўймай ўзи билан баравар турғазди:
– Тур, тойлоғим, турақол! Йилбоши кунида одам қуёшдан олдин уйғониши керак. Бўлмаса фаришталаринг учиб кетади.
Болакай кампирнинг ортидан аввал қўтонга, кейин зинхонага кирди.
– Хўш! Хўш, жонивор!
Буви саркашлик қилаётган сигири – Сарагулни (унга бу номни боланинг Гулсара аммаси қўйган) койийди.
– Ая, аммам қани? – Болакай катта энани туққан онаси ўрнида кўриб, шундай чақирарди.
– Аммангнинг оти ўчсин! Дугонаси Руқияларникига тўйдан олдин томошага кетди.
– Нега, ая? Қанақа тўй?
– Сумалак, болам, сумалак пишади бугун уларникида. Шуни эшитиб кечаёқ жўнаганди.
– Ая, бизларам борамизми?
– Борамиз, Нуржон, борамиз. Сумалакди бошида ўзим турмасам, у нетиб сумалак бўлсин! Сен чаққон молларди ҳайда.
Нонуштадан кейин буви ўчоққа ўт ёқиб, гўжа пиширди. Бир косадан ичиб олишди. Қолганини чуқур товоққа солиб, подаётоққа жўнашди.
Подаётоқ – саратонда туш пайтларида молларни яйловдан ҳайдаб келиб, суғоргач, дам бериш учун ётқизиладиган чимзор, сайхонлик.
Подаётоққа келишганида вақт тушга яқинлашганди. Тумонот одам. Чимзорга рангин гиламлар солинган, уларнинг устларида бахмалу шойи кўрпачалар. Дастурхонда болакай билган ва билмаган минг хил егулик.
Қишлоқдаги энг сергап чоллардан бири – Нурназар жувозкаш қўлини оғзига карнай қилиб қичқиряпти:
– Э-ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-ҳей! Йилбошига-а-а!
Тўрт тарафдан тўда-тўда одам келяпти. Дастурхонлардаги нонлар, қанд-қурс, мева-чева, ош-овқат тез-тез янгиланаяпти. Гурунг, кулги, қаҳ-қаҳа авжида. Болакай оғзини тангқайтариб, гапларга қулоқ солади.
Бир пайт зиёфат тугаб, чўпон сайлаш, подачи сайлаш бошланди. Қишлоқ подасини боқадиган Салим бужур, қўй-эчкилар чўпони Низом чўлоқ тўрда. Биров Низом чўлоқ яхши, инсофли, Салим бужур шум, баттол, шундан қутулиш керак, деб маъқуллашади.
Низом чўлоқ бошини қуйи солиб:
– Эл нима деса шу-да, акалар, ёмон бўлсак, яхшини қўйинглар, – деди.
Аммо Салим бужурнинг сира бўш келгиси йўқ:
– Чашмизиракнинг подасини боқишни Салимга чиқарган, – деди у гердайиб. – Бошқа одам боқолмайди. Боқсаям биринчи қаталоққача боқиб, кейин ташлаб қочиб кетади.
Чиндан ҳам қишлоқ сигирлари ёзда қаталоқ бўлиб, унча-мунча чўпон эплолмайди. Подадан қочиб келган моллар бировнинг полизигами, боғигами кириб калтак ейди ёки совхознинг ғалласига тушиб, эгасининг бошига бало орттиради. Шунинг учун Салим чўпоннинг айтгани айтган, дегани деган. “Оши ҳалол” навбати ҳар уйга бир ҳафтада икки марта тушади. Бирор киши “Ҳой, инсоф қил, ўтган куни келувдинг-ку” дея олмайди. Бир гал болакайнинг бувиси сал хушламаган эди, эртасига Сарагулни подадан ажратиб кетди.
– Ҳайда, – деди ўшқириб Салим бужур болакайга,энангга боқтир. Ахмоғинг йўқ.
Бола уйга йиғлаб келди. Бувиси эртасига “ўларман билан муроса қилмасанг бўлмас” деб қўлига иккита чўзма берди.
– Ма, олиб бор, чироғим. Есин, отинг ўчгур бужур.
Хуллас, Низом чўлоқ ҳам, Салим бужур ҳам жой-жойида қоладиган бўлди. Лекин Салим бужурнинг қолганидан ҳеч ким хурсанд эмасди.
– Энди, Салим ука, сенам ақлли бўл. Ёш бола эмассан! – деди Нурназар чол. – Қитмирлигингни ташла.
– Ҳе-ҳе! Ҳамма ақлли бўлса, подани ким боқади, бобой! – деди Салим бужур. – Сиз менга насиҳат қилгунча, ўзингизни билинг. Мойингиздан тезакнинг ҳиди келади.
Бу гап жувозкашга алам қилди.
– Сенинг димоғинг тезакдан бошқа нарсанинг ҳидини билмайдиган бўп қолган ука. Сен мойнинг фарқига борармидинг!
Ҳамма гуриллаб кулади. Салим бужур мулзам бўлганини сездирмасликка тиришади.
– Сассиқ бўлсаям… кунингизга Салим ярайди, кайвони. Иззати нафсимга тегманг. Офтобда куйиб, тери сасиб, чириб юришга Салим чидайди. Э, бор деб ташлаб кетаман, бутун қишлоқди моли эгасиз қолади… Ялиниб келасиз олдимга.
– Келмайди. Сизсиз ҳам қишлоқди куни ўтади.
Ҳамма овоз эгасини қидириб аланглади. Бу болакайнинг ёнида турган Абдуҳакимнинг овози эди. Абдуҳакимни ҳамма Ҳаким довдир дейди. У ҳам етим. Ҳаким довдир болакайга қўшни. Онаси билан туради. Бултур мактабни битирди. Ўқишга бориб йиқилиб келди. Лекин сир бой бермайди.
– Армияга кетаман. Ўқишдан атайлаб йиқилдим, – дейди.
Лекин болакай унинг нега йиқилганини билади. Ўзидан эшитган. Тўғрироғи, аммасига айтаётганида эшитиб қолган. Ҳаким амма таппи ёпаётган, ё қий супураётган пайтларда девор ёнига келиб гап қўшади. Шеър ўқийди. Уҳ тортади. Амма бўлса доим қовоғини солиб жеркийди. Писанд қилмайди.
Ҳаким ёлғизқўллик қипти. Суяйдигани, ёрдам қиладигани бўлмапти. Амма уни уришди. “Сизга ёрдам нима керак, зўр бўлсангиз, ёрдамсиз киринг-да” деди. Лекин довдир кетгач, раҳми келди. Болакай буни уҳ тортганидан, маъюс бўлиб қолганидан сезди. Қизиқ. Аммаси нега шундай қилади-я? Олдида жеркигани жеркиган. Кейин эса ўзи хафа бўлади…
– Мана мен… агар эл кўнса… боқаман!..
Ҳамма жим. Биров бир нарса демайди. Ниҳоят, яна Нурназар чолнинг товуши чиқди:
– Ўлма-э, отасини ули! Кунинг кўп бўсин. Бўмасанг ҳам бўгандай хурсанд қилдинг.
– Йўқ, бова, мен шунчаки айтганим йўқ. Қарорим қатъий. Кузда армияга кетсам, кузгача, бўлмаса келгуси йил ёзгача боққаним бўсин. Кейинам… омон бўлсак кўрармиз.
Ҳамма хурсанд, фақат Салим бужурнинг дами ичига тушиб кетганди. У ўзини бепарво қилиб кўрсатмоқчи, илжаймоқчи бўларди-ю, уддасидан чиқмасди. Кейин у қўлини силтаб, даврадан чиқиб кетди. Одамлар аста-секин тарқала бошладилар.
Бувиси билан сумалак пишаётган ҳовлига жўнашди. Бу ҳовли қишлоқнинг қушночи Бўригул кампирники. Орқаси теп-текис майсазор.
Ҳовли гавжум. Биров келида буғдой туйяпти. Яна биров ўчоқ қураяпти. Ким қозон ювган, ким ўтин ташиган. Майсазор тўла бола.
Аммаси туйилаётган буғдойнинг шарбатини чуқур тоғорага бўшатаётган экан. Болакай ундан дарров суюнчи олди.
– Амма, Ҳаким акам подачиликка сайланди.
Аммаси бир қизарди, бир бўзарди, нафаси ичига тушди.
– Вой, нега сайланади? Калласини еганми? Ўқиши-чи?
– Салим бужурга ўчакишиб бўлди. Бужур “Ҳамманг барибир менга ялинасан” деганди, Ҳаким акамни ғурури келиб орқаси тутди. “Мен бўламан, армияга кетиб қомасам келгуси йилиям, янаги йилиям боқаман” деди.
Аммаси қўлидаги тоғорани тарақлатиб ерга ташлаб, ўчоқ томонга кетди.
Бир оздан кейин ёмғир шивалай бошлади. Кимникидандир олача палос олиб келиб, қозоннинг устини ёпишга улгуришмай тинди. Атрофга туйилган буғдой, тупроқ, майса, буралиб-буралиб қишлоқ узра сузиб кетаётган кўкиш тутуннинг аралаш ачқимтил, лекин ёқимли ҳиди таралди.
Қозон қайнай бошлагандан кейин хотин-халаж иккига бўлинди. Бир гуруҳи навбат билан ўт ёқади, яна бир гуруҳи қозон бошида пойлоқчилик қилади. Аммаси болакайни сойга, майда қайроқча териб келгани олиб тушди. Бир сават қайроқ теришди. Кейин уни тозалаб ювишди. Қозонга солишди.
Ўйнагани кетмоқчи бўлиб турувдики, бир четда аммаси билан Ҳаким акаси гаплашиб турганига кўзи тушди. Яқинроқ бориб қулоқ сола бошлади.
– Қандайчиқи одамсиз? Ориятингиз борми? Подачи. Тавба. Одамди кулгиси келади.
Ҳаким хўрсинди. Унинг бояги ўктамлигидан асар ҳам қолмаганди.
– Унақа деманг, Гулсара… Подачи ҳам одам.
– Э, қўйинг-а! Гапирманг энди менга. Мен сизди ўқишга кирасиз, кейин… бирга ўқиймиз деб юрсам… Шоир бўлармиш бу одам…
– Гулсара, тушунсангиз-чи. Ахир мен бутунлай ўқимайман деётганим йўқ-ку. Сизам… хоҳласангиз фермага ишга киринг. Кейин бир иложини қилиб сиртдан ўқийверамиз.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз? Чўпон бўлмоқчи экансиз, совхоздан отар олсангиз бўлмасмиди? Қишлоқди подачилигига қолдими кунингиз. Орият бўлиши керак одамда. Хўпми?
– Энди мен гапирай, сиз хўп денг. Худди шу орият учун олдим подачиликни. Қачонгача Салим бужурнинг сўкинишини эшитиб юрамиз. Ўзимни ниятимам аслида совхоздан отар олиш эди. Ҳа, бир ҳисоби бўлар-да.
Индамай қолишди. Болакай боя аммам энди Ҳаким акам билан гаплашмай қўяди, деб қўрққанди. Лекин индамаганига қараганда… Хайрият.
Болакай ўзида йўқ шод эди: Ҳаким ака Сарагулни урмайди. Ажратиб ташлаб кетмайди.
Хурсандлигидан ирғишлаб, бекинмачоқ ўйнаётган болаларга қўшилиб кетди. Сумалак ҳам эсидан чиқди. Ярим тунгача бекинмачоқ ўйнаб, ҳориб, чарчаб аммаси билан уйга келди. Овқат ҳам емай ухлаб қолди. Қизиқ, лекин бироз ваҳимали туш кўрди. Ҳаким акаси оппоқ отда подани ҳайдаб қирга чиқиб кетаётган эмиш. Отнинг ҳам, сигирларнинг ҳам қаноти бор эмиш. Улар бир-бирларини қувлашиб учиб боришаётган эмиш. Болакай ва аммаси уларга қараб қўл силкитармиш.
Тиниқиб, хурсанд бўлиб уйғонди. Эрталаб бувиси дастурхонга бир коса хушбўй, ширин сумалак қўйди.
Кейин… кейин… афсуски, ўша оқшомги қувончи узоққа чўзилмади. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, аммаси шаҳарга ўқишга кетди, икки йилча ҳамшираликка ўқиди, кейин бир йигит билан яхши кўришиб, Хоразмга келин бўлиб узатилиб кетди. Ҳаким қақшаб қолди.

Бу болакай – Нурқобил эди. У Ҳаким довдир ҳаётининг нозик бир риштаси ана шундай узилиб кетганини доим армон ила хотирлар, нима биландир довдирга ён босгиси, хайрихоҳлик кўрсатгиси келар, умридаги фожиавий дақиқаларда ҳам ўз қувноқлигини йўқотмайдиган бу одамнинг беғам бахтсизлигидан куйиниб яшар эди.
Болакай улғайиб, қишлоқ хўжалиги институтида ўқийди ва яйловлар бағрига аммасидан жафо кўрган, лекин бундан чеккан азияти-ю дарду армонини жичча ҳам сиртига чиқармай сокин ва мағрур ҳаёт кечираётган ўша ҳамқишлоғининг ёнига чорвачилик мутахассиси бўлиб қайтади. Худди аммасининг ношойиста иши учун ўзи айбдордек Ҳаким акаси қаршисида мудом ўнғайсизланиб юради. Айни пайтда, ёвқур ёшлик чоғлари узоқ-узоқларни кўзлаган, юксак довонларга интилган, лекин тақдир тақозоси ила ўзининг асов шиддатини жиловлаб, тоғу-тошлар, дала-даштлар қўйнидаги оддий турмушга қаноат этишга журъату жасорат топган бу зеҳни ўткир, орзулари учқур, дунёқараши кенг ва тафаккури теран инсон билан бақамти эканидан шоду бахтиёрлик ҳис этади.
Одам боласи учун бу ҳаётда кимлар билан ҳамзамон, ҳамнафас ва ҳамфикр бўлиб яшашнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканига такрор-такрор имон келтиради.
Довдир оғамиз эса ўзи айтганидек, кейинчалик совхоздан отар олиб, чўпон бўлиб кетди. Ўқишга бормади. Зеро, унга энди ўқишнинг қизиғи йўқ эди. Кейин Нурназар чолнинг қизи Мусалламга уйланди. Бир қиз кўрди. Қизини райондаги интернатга берди. Кейин дорилфунунда ўқитди.
Орадан йиллар ўтиб, Гулсара тул қолиб қайтиб келгач, улар кўчада гоҳ-гоҳида дуч келиб қолишар, шунда довдир “яхшимисиз, тетикмисиз” деган бир оғиз сўзни айтиб ўтиб кетарди. Бир гал тўсатдан тўхтади ва:
– Ҳар сафар айтаман дейман-у, эсимдан чиқади. Ҳув, ўшанда сизга берган ваъдамни бажариб, университетга кирган, ўқитувчиликка ўқиб, диплом олиб келган эдим, қарангки, зарурати бўлмади. Пешонамиз ўлгурга бир умр чўпонлик қилиш ёзилган эканда, Гулсараой, – деди.
Гулсара амманинг ранги бўзарди:
– Қўйинг, ўлганнинг устига тепган қилманг, – деди гарди рўмолининг учи билан оғзини ёпиб.
– Мен бу хабарни қачондир барибир айтишим керак эди-да, Гулсараой, эмасам, ичимда қолиб кетарди, – деди довдир. Бу гапни у иддао қилиб айтгани йўқ, юрагидаги ҳасратини ошкор этганди холос. Гулсара бўлса ранжиди. Довдирнинг юраги эзилди, бекор айтдим шу гапни деб.
Мана, тасодифми, мубҳам бир қонуниятми, Ҳаким довдир боши ёстиққа теккан чоғда яна Гулсарага, ёшлигининг ушалмаган орзуси, куртак ёзмай сўнган муҳаббати сабабчиси бўлмиш Гулсарага, энди Гулсара хола ва Гулсара момо бўлиб қолган, кексайган, юзига йиллар ўз изини солган жувонга дуч келди. Гулсара касалхонада ҳамшира бўлиб ишларди.

Ҳаким довдир навбатдаги уколни қилиш учун кирган Гулсарадан унинг жияни ҳақида сўраётганини Нурқобил табиийки билмас, чорсидек қишлоқда яшин тезлигида тарқалган хабар ҳали унга етиб келмаган, тақдирнинг ўзи, эҳтимол шундай бўлишиниНурқобилнинг обдон ўйлаб, тўғри қарорга келиши учун шу топда нафақат ён-атрофидаги, балки бу ёруғ дунёдаги барча ташвишу муаммолардан бехабар туришини истаётгандир.
Лекин у ҳарчанд уринмасин, мавжуд вазиятдаги энг тўғри, оқилона йўлни топа олмас, чалғишга нечоғлик уринмасин, яна бошига тушган кулфат таҳлилига қайтиб келар, душман кўнгли эса мудом қулоғига: “бу ёлғончи ҳаётнинг барча ноҳақликларига тупуриб, энг тоза, энг чин, энг адолатли дунёга равона бўлиш керак, токи мардлик қанақа бўлишини кўриб қўйишсин бу номардлар”, дея шивирлар. Бу йўл унга осон, сеҳрли ва марғуб бўлиб кўринарди.

15
Нурқобил тонгда туриб пўстинини кийди-да, қир оша мозоротга йўл олди.
Қабристон қишлоқдан унчалик узоқ эмас. Ярим соатлик йўл. Қирга чиққач, молларини подага қўшиб қайтаётган болаларни учратди. Нарироқда, сайхонликда бир гуруҳи тўда бўлиб кураш тушишарди. Совуқни писанд этишмаганини қаранг. Нурқобил бир муддат уларнинг завқли ўйинини томоша қилди. Бунда йиқитган ҳам, йиқилган ҳам хурсанд, қийқиришади. Ким енггани, ким енгилганини бир зумда унутиб юборишади. Зеро, болалар бу ҳақда ўйлашмайди ҳам. Лекин… Нурқобил даставвал ўз болалигини, подаётоқда Қилич кўса бошчилигида уюштириладиган курашларни эслади. Ўша пайтлар кураш бошқачароқ бўларди, шекилли. Нурқобил биронтасидан йиқилиб қолса, ҳафталаб алам чекиб юрарди. Демак, у болаликнинг оддий эрмагини шунчалик жиддий тушунган экан-да. Ёки ўша давр болаларининг феъли шунақа жиддийроқ, жангарироқ эдими? Уруш тугаганига анча йиллар бўлган эса-да, одамлар руҳидаги, жисмидаги қаҳр, ғазаб, нафрат руҳи ҳали у қадар сусаймаган эди, шекилли. Энди-чи, энди, тинч-осойишта даврларда одамлар, болалар лоқайдроқ, кўнгли юмшоқроқ бўлиб қолишдими?
Э, йўқ, эҳтимол, болалар кўнгилчанроқ, юмшоқроқ бўлиб қолишгандир. Лекин одамлар…
Гўристон. Нурқобил отасининг, кейин устози Музроб Туробов қабрини зиёрат қилди. Бошқаларига ҳам бир-бир назар солди. Янги қабрлар. Кексалар, ёшлар, болалар марқадлари.
Қабристондан чиқиб, кузги дон экилган дала томон юриб кетди. Қор кўп ҳали. Лалми буғдойзорлар учун айни муддао, баҳорда тўйиниб, дуркун ўсади. Ҳув ана, Ҳаётбоши чўққиси ортидан Офтоб момо чиқиб келаяпти. Йўқ, момо эмас, бобо. Қудратли Қуёш бобо гўё тоғлар кўксини ёриб, метин тўсиқларни парчалаб чиқиб келаётганга ўхшайди. Эҳтимол, чиндан ҳам шундайдир, қуёшнинг ҳар тонгги чиқиши, оламга нур сочиши ана шунақа қийиндир. Шу қийинчиликни енга-енга у бобо бўлиб, қартайиб қолгандир? Йўқ, қуёш ҳеч қачон қаримайди! Аниқроғи ҳар кеч ҳориб-толиб, қарийди-ю, яна эртасига навқирон йигит бўлиб қайтадан майдонга тушиб келаверади.
У Хундорсойдан ўтиб Қоранайман йўлига тушди. Кимсасиз дарада чумчуқнинг кўзидек бир чашмадан сув сизади. Тошни, музни ёриб чиққан. Бир ҳовуч сув шундай метин харсанг орасидан сизийди. Қандай қилиб?
Орадан ойлар ўтгач, Нурқобил айнан шу фикри ҳақида яна ўйлайди ва ўшанда эсига келмаган бир ҳикматни кашф этади. Ахир, ана шу бир ҳовуч сувни, кичкина чашмани юзага итараётган, йўллаётган нарса унинг ортидаги, яъни замин тубидаги улкан, қудратли бир денгиз эмасми? Тошни тешиб чашмани ер юзасига олиб чиққан ўша денгизнинг қудрати эмасми? Денгиз қалқимаса, кичик бир чашма тошлар остида асрлар бўйи ётаверади-да.
Жамият ҳаёти ҳам шундай. Бугун улкан мамлакатда бошланиб, секин-аста кучайиб бораётган ўзликни англаш жараёни ҳам тепадаги битта раҳбарнинг (у ҳар қанча тараққийпарвару демократ бўлмасин) ҳимматию журъати туфайли эмас, денгизмонанд халқнинг қалқуви ҳосиласидир. Афсуски… аксар ҳолларда бу тўлқиннинг энг юқорисини, бу мавжларнинг энг олдини мудом юзада кўпикланувчи енгил пўкаклар эгаллайдилар, қудратли оқимни ўзлари истаган томонга йўллашга ҳаракат қиладилар. Бунга монелик қилувчиларни сенга ўхшатиб, четга улоқтирадилар…
У йирик бир харсанг устига ўтириб, кимсасиз даштга тикилганича ўй суриб кетди.
“Ҳаким ака, ҳақиқат бор экан, Ўташевларнинг қудратли сулоласи бу гал ҳам қишлоқ ҳокимиятини қўлга киритолмабди, Нурқобил дўстим директор бўлибди, отамни ишлагани қўймай, охири оёқдан йиқитганларга энди сичқоннинг ини минг танга бўлади”, деган экан Суҳроб беҳад севинч билан. Шунда шўтқори чўпон: “Ҳақиқат бор-у, аммо анча баландда, бечора отанг унга етаман, деб бир умр курашди, энди навбат Нурқобилбойга шекилли”, дея ҳазил қилибди. Бу ҳазилнинг тагида нақадар чуқур зил борлиги ўшанда Нурқобилнинг хаёлига ҳам келмаган. Зора у ҳокимият суруридан маст эди. Оддий чўпоннинг етим боласи Европанинг салкам бир давлатича келадиган улкан хўжаликнинг раҳбари-я! Бу хўжаликни чиндан ҳам бирозгина муболағаси билан мундайроқ мамлакатга менгзаса арзийди. Бир пайтлар ҳар қайсиси ҳар хил соҳаларга ихтисослашган, барчаси илғору пешқадам бўлган, кейинроқ иқтисодиётда Никита Хрушчёв ўтказган яроқсиз сиёсат туфайли инқирозга учраган йигирма бешта жамоа хўжалиги бирлаштирилиб тузилган бу “митти давлат.” Кунботари чўли Маликкача чўзилган, кун чиқари мўйсафид Ҳаётбоши чўққиси этакларидаги сон-саноқсиз даралару сойларга туташган, ундан нарисида одам қадами тегмаган, дарахтлари қирқилмаган, гуллари узилмаган, майсаси топталмаган, бамисоли бокира қиздай арчазор ўрмонлар. Тўғри, кейинги пайтларда Ўрмон хўжалиги вазирлиги, Табиат муҳофазаси қўмитаси: “совхоз бунча жойни эплолмаётир”, дея талашиб-тортишиб, анча жойларга эга чиқди. Шундан қолганини ҳам на отда, на машинада ва на пиёда тўла айланиб чиқиш мушкул. Ана шундай бепоён, нада қучоққа, балки тасаввургада сиғдириш қийин бу зумрад воҳани. Лекин Нурқобил директорликка тайинлангач, “қанча вақт кетса ҳам майли, унинг сарҳадини қадам-бақадам айланиб чиқаман” дея аҳд этди.

Тайинланганининг биринчи ҳафтаси ниҳояга етганди ўшанда. Баҳор охирлаётган пайт. Ҳаво форам. У от миниб, аввал қишлоқ юқорисидаги буғдойзорларни, бедазорларни, изензорларни, зиғир, маккажўхори экилган майдонларни айланди. Май адоғида бедазорни маст қилувчи анвойи ҳид тутиб, беданаларнинг “бид-билиқ”и янграб ётади. Беданалар бу экиннинг нимасига қизиқишаркан? Гулигами?
Нурқобил от жиловини қўйиб, Ҳаётбоши чўққиси этаклари сари интилар экан, озуқа экинларини кўпайтириш, бунинг учун тоғ оралиғидаги серҳосил, хушҳаво жойлар ҳисобидан бедазорларни, пастдаги изензорларни янада кенгайтириш, дашт жойларда зиғир, кунжут, нўхату мош, ерёнғоқ эктириш ҳақида фикр юритди. Шу хил экин кўпайса, одамлар учун ҳам, жониворлар учун ҳам тўйимли неъмат мўл бўлади. Чорва боқаман, гўштни кўпайтираман, одамларнинг рўзғорига барака киритаман, деган одам туну кун озуқани ўйлаши керак. Шундай қилмаса бўлмайди.
У даралар қўйнига тобора ичкарироқ кириб борар экан, бу ерларнинг ҳавоси, суви минг дардга даво эканини ўйлади. Арчазору ёнғоқзорларни кўпайтириш, бодом ва пистанинг серҳосил навларини экиш керак. Келгусида шу ердан чўпонлар учун бир оромгоҳ қуриш масаласини кўтаришни мўлжаллади. Ана юқорироқда шифобахш Шўрчашма бор. Бу чашманинг сувида шифобаш минераллар бўлиши мумкин. Ахир, ҳеч ким текшириб кўрмаган-ку. Юқорироқда – даралар қўйнида қадимий боғлар қулф уриб ётибди. Олмазорлар, ўрикзорлар, ёнғоқзорлар. Нурқобил болалик пайтида ёзги лагерга келганди бу ерларга. Ўша боғлар тўласинча ўрмон хўжалигига бериб юборилгани чакки бўлган. Ўрмон хўжалиги тайёр боғларни эгаллаши керак эмас. Янги боғлар, дарахтзорлар барпо қилиши лозим-ку.
Ие, анови, қўриқхона билан совхоз чегарасидаги, сайхонликдаги экинзорлар қаёқдан пайдо бўлди? Нурқобил кўзларига ишонмади. Чашмалардан оқувчи жилға соҳили бўйлаб, камар ичкарисига бир неча чақирим чўзилган тўрт-беш гектарча ерга пайкал-пайкал қилиб сабзи, пиёз, помидор, бодринг, кўкат, резавор ва яна алланималар экилибди. Ниҳоллар барқ уриб яшнаб ётибди. Яна бир гектарча майдонда палак – қовун-тарвуз бўлса керак.
Бу ғалати экинзор Шўрчашманинг ёнгинасида гўё осмондан тушгандек эди. Нурқобил бултур, ҳали зоотехниклик пайтида бу ерлардан кўп ўтган. Баҳорда пуштиранг ширачлар қийғос гуллаб ётадиган, сап-сариқ қўзигуллар кўзни қувнатадиган сермайса ўтлоқ эди. Лекин бу экинзорни биринчи кўриши.
У от жиловини пастга – овулга бурди. Дала қоровули Тожибой Қаршиев шу қишлоқда туради. Ана ўзи, директор шу ёққа ўтганини кимдир етказган шекилли, шошилиб ҳовлисидан чиқиб келаяпти.
– Ҳорманг, – деди Нурқобил салом-аликдан сўнг. – Бу бизга айтмай, полизни жа кенгайтириб юборибсиз-ку, тинчликми? Ё бу ерлар ҳам ўрмон хўжалигига ўтганми?
Тожибой қизариб кетди.
– Сизга Бойқувват ака… ўртоқ Ўташев айтганлари йўқмиди? Ахир “директор хабардор” деганди-ку.
– Нимадан хабардор эканман?
– Шу экинларнинг экилганидан-да. У кишининг акалари – ўртоқ Ўташевнинг шахсан ўзлари келиб танлаганлар бу ерни.
– Ҳеч балони тушунмадим. Нима, Шоқувват Ўташев бу ердан томорқа олганми? Ер кимга қарашли?
– Бир қисми қўриқхонадан, бир қисми хўжаликдан ажратиб олинган. Бўш ётган бекорчи ерлар эди. Аллақайси ташкилотнинг ёрдамчи хўжалиги бўлади, дейишувди. Бу ҳақда ҳокимиятнинг қарори ҳам бор экан.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/habib-temirov/k-uesh-botaetgan-payt-69506017/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Қуёш ботаётган пайт Хабиб Темиров
Қуёш ботаётган пайт

Хабиб Темиров

Тип: электронная книга

Жанр: Книги о приключениях

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 28.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Қуёш ботаётган пайт, электронная книга автора Хабиб Темиров на узбекском языке, в жанре книги о приключениях

  • Добавить отзыв