Миллиардернинг хотиралари

Миллиардернинг хотиралари
Жон Дэвидсон Рокфеллер
Standard Oil Company – дунёнинг етук компанияси, ҳали-ҳамон довруғи сўнмаган гигант ташкилот.
Унинг барча доҳиёна тизими, у фаолият кўрсатаётган ва бошқарилаётган принциплар Рокфеллернинг маҳоратидир. У бундай улкан ишларни ўйлаб топган ва йўлга қўйган ягона муҳандис, кўрсатмалари асосида шу каби муваффақиятли тижорий юришлар амалга оширилаётган стратег ҳисобланади.
Қўлингиздаги китоб муваффақият билан бир қаторда муваффақиятсизликни ҳам бошдан кечирган кучли шахс – Рокфеллер ҳақидаги мемуар асардир. Китобни ўқиш орқали стратегнинг ҳаётий қарашлари ва иродаси неларга қодирлиги билан танишасиз.

Жон Дэвидсон Рокфеллер
Миллиардернинг хотиралари

“Онам ва руҳоний болалигимдан менга меҳнат қилиш, камхарж бўлиш кераклигини уқтириб келган”.

“Бизнесдаги муваффақиятнинг биринчи ва асосий шарти – бу сабр”.

“Агар сизнинг мақсадингиз бадавлат бўлиш бўлса, сиз ҳеч қачон унга эриша олмайсиз”.

“Мен ҳамиша ҳар қандай фожиани янги имкониятга айлантиришга ҳаракат қилганман”.

“Мен ёлғиз ўзимнинг 100 фоиз кучим эмас, 100 кишининг 1 фоиз кучи орқали даромад олишни маъқул кўраман”.

“Ҳамиша ғолиблар ва некбинлар билан мулоқотда бўлиш лозим. Айнан шундай, катта ҳарфлар билан – ҒОЛИБЛАР ва НЕКБИНЛАР”.

РОКФЕЛЛЕР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛИШИМИЗ ЗАРУР?
“Бойликнинг ёвузлиги ва пулга гуноҳкор муҳаббат ҳақида, – дейди Бокл, – борган сари кўпроқ овозлар эшитилиб туради. Ва шунга қарамай, ҳеч қандай эҳтирос инсониятга пул топиш истагичалик яхшилик келтирмаган, билим олишга бўлган интилиш бундан мустасно, албатта. Биз бу истак олдида барча савдо ва жами ҳунармандчилик жабҳалари билан қарздормиз. Улар бизга турли мамлакатларнинг маҳсулотлари билан танишиш имкониятини тақдим этди; шунингдек, улар биздаги билим олишга интилишни янада кучайтирди ва турли миллатларнинг маданияти, тили ва ғоялари билан танишиш, одамларда тадбиркорликка журъат уйғотиш, эҳтиёткорлик ва олдиндан кўра билиш қобилиятини шакллантириш, тажрибамизни бойитиш ҳамда ҳаётимизни қутқариш ва азобларимизни енгиллатиш учун чексиз миқдордаги фавқулодда муҳим воситаларни тақдим этиш орқали дунёқарашимизни кенгайтирди. Буларнинг барчаси учун биз пул топиш истагидек бир куч олдида қарздормиз. Агар ғаюр илоҳиётчилар бутун инсониятни йўқ қилишнинг уддасидан чиққанида эди, дунёда бир тур сифатида пул топишга интилиш йўқ бўлиб кетган, биз эса табиий равишда ибтидоий даврларнинг ёввойи одамлари ҳолатига қайтган бўлар эдик. Бойлик бўлмаса, меҳнат қилишга ундовчи куч ҳам йўқ, бундай куч бўлмаса, билим ҳам, санъат ҳам бўлмайди”.
Дунёнинг энг бадавлат одами бўлган, бугунги кунда “савдо-сотиқ қироли” дея эътироф этилаётган Рокфеллер мемуарларининг ўқувчилари орасида машҳур инглиз тарихчиси томонидан айтилган ушбу сўзларнинг моҳиятини тушунмайдиган бирор ким бормикин, кимлар учун бу ҳақиқат тимсоли бўлолмайди? Шу билан бирга, ким Горацийнинг сўзларидаги залвор ва аччиқ ҳақиқатини тушунмайди: “Ким пул жамғарса, ўша қайғуни таъқиб қилаётган бўлади”.
“Менимча, – дейди Рокфеллер, – катта бойлик охир-оқибат ўз эгасига бахт-саодат беради, деб ўйлаганлар хато қилади. Бойлар ҳам бошқалар каби одам, ва агар бойлик уларга қониқиш ҳиссини бера олса, бу уларнинг қониқиш ҳосил қилиш ва бошқа нарсаларни қўлга киритиш учун ҳаракат қила олиш имкониятининг борлиги билан изоҳланади, холос”.
Бу сўзларни Рокфеллернинг мемуарларига эпиграф қилиб олиш мумкин ва, оддий тилда ҳамда ҳаёт бўёқлари билан безатилмай ёзилган ушбу хотираларни ўқиганда, тан олиш керакки, у бутун умри давомида мана шу сўзларга амал қилиб яшаган.
Инсоният пайдо бўлгандан буён, алоҳида хусусиятларга эга бўлган одамлар юзага чиқиши билан, жамият уларни дарҳол қоралашни бошлайди. Рокфеллер билан ҳам шундай: унинг сафдошлари, энг камида уларнинг аксарияти, Рокфеллернинг даҳо, савдо-сотиқ Наполеони бўлгани, шунингдек, бир сафар нодонлар жамиятидан ўзини йироқ тутишини, уларни ҳеч қачон ҳамкорликка таклиф қилмаслигини ва улар билан алоқа ўрнатишдан қочишини айтгани учун уни кечира олмаган. Қасос олиш учун бундай “эътироф” тўла асос бўла олар эди: уларнинг аксарияти буни ҳеч қачон кечирмаган ва унутмаган эди. “Бахт инъомлари билан тақдирланган” одамнинг манзилига қаратилган туҳматнинг заҳарли ўқлари ва улар қолдирган жароҳатлар олдида ҳаттоки савдо-сотиқ қироли ҳам ожиз қолади.
Шундан кейин Рокфеллердан иғвогарларнинг бирига қонуний чора кўришни сўрашади. Бун-га жавобан у мағрур жавоб қайтаради: “Хўш, мен нима қилишим керак? Иғвогарлар учун қонунда фақат иккита жазо белгиланган: ё иғвогарни қамоққа тиқишади, мен эса, ғайриихтиёрий тарзда, уни ўз дўстларининг кўзи олдида жабрланувчига айлантирган бўламан, у “қудратли одам”га қарши норозилик ғоясининг жабрланувчисига айланади. Ё уни жаримага тортади, айбланувчи мени ҳақорат қилгани учун, айтайлик, 10 минг доллар ҳақ тўлайди, ахир бу жуда кулгили-ку”.
Аммо ақл оломонга таъсир кўрсата олмайди. Агар инсонда унга таъсир ўтказиш истаги бўлса, у ўз ҳиссиётларини кузатиши лозим, керакли пафос ва “самимий ишонч оҳанглари”га эга бўлган ёлғон ишонтиришлар қанчалик мунтазам ва баланд эшитилса, оломоннинг кўзи олдида шунчалик адолатли кўринади ва оломон буни шунчалик чуқур ҳис қилади. Буни Рокфеллер ҳаёти давомида бир неча марта синовдан ўтказди. У ҳақда иғво қилиб юрганларнинг барчаси бу қоидага қаттиқ амал қилар эди. Масалан, диндор оилада тарбия топган Рокфеллер черковга кириш учун навбатда турганида иғвогарлар бақиради: “Анави ярамасга қаранглар! Мана у черковларнинг марҳаматини нима билан сотиб олмоқчи! Хайрия мақсадларига миллионлаб доллар сарфлаётганига сабаб битта – у ўз виждонини ўлдиришни хоҳлайди, холос”. Агар Рокфеллер “оддий ўлимга маҳкум қилинган” йўловчилар билан поезд вагонига чиқиб қолса, иғвогарлар яна ўшқирарди: “Мана бу бадбахтни кўринг, гўё ўзи учун темирйўл вагонларидан махсус салон қурдиришга имконияти йўқдек”. Агар Рокфеллер уларнинг маслаҳатларига амал қилса, янада баттарроқ гап-сўз кўтариларди. Чунки катта бойлик устида келиб чиққан бу каби баҳсларнинг охири йўқ эди. Ўзига ва оиласига дахл қилган барча иғволар заҳрига Рокфеллер умри давомида дастуриламал қилиб олган файласуфона сабр билан чидагани кишини ҳайратлантиради. Мана, яна бир мисол. Бундан икки йил олдин Рокфеллернинг қизларидан бири Францияга қилган ташрифи чоғида қаттиқ касал бўлиб қолади. Ота қийинчиликлар ичида сарсон юрарди. Катта бир газетанинг топшириғи билан унга икки мухбир ҳамроҳлик қилар, ҳар кун, ҳар соатда ушбу саёҳат ҳақида газетага ҳисобот топшириб турар эди. Ўшанда ўз уйидан олисда жон талашаётган қизи сабабли азоб берувчи қўрқув ичида қолган кекса отанинг ҳиссиётлари ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди: бу фақат қизиқиш, сезги истаги эди. Охир-оқибат Рокфеллер дўстлари олдида унга жуда оғир бўлганини, кундалик сўроқлар унинг силласини қуритганини тан олди, лекин икки мухбирга ҳам ўз вазифасини бажариш осон кечмаганини ҳам қўшимча қилди. Бундан кўринадики, Рокфеллернинг инсонлардаги фазилатларга ишончи қатъий эди.
Шу ўринда Рокфеллернинг хайрия жамиятларини ташкил этиш учун 20-30 миллион доллардан кўпроқ харажат қилгани учун эмас, балки барчага маълум бўлган камсуқумлик нуқтаи назаридан, ўз мемуарларида улар ҳақида атиги бир неча сўз билан эслаб ўтгани учун, у асос солган жамиятлар ҳақида бир неча оғиз гапириш ўринли бўлар эди. Унинг номи билан аталган ягона институт – “Рокфеллер институти” тиббий тадқиқотлар ташкилоти ҳисобланади. Гап шундаки, Нью-Йоркдаги бу институтда шифокорларнинг атиги учдан бир қисми ишлайди, бошқа бир қисми Американинг турли шаҳарларидаги лабораторияларда фаолият олиб боради, қолган қисми илмий мақсадлар билан чет эл сафарларида бўлади. Яқинда ташкил этилганига қарамай, бор-йўғи саккиз йил олдин, бу институт муҳим амалий натижа кўрсатди: айнан шу ташкилотда фалажга қарши даволовчи сарум топилди.
Рокфеллернинг ҳаётга татбиқ этилган бошқа ғояларидан бири фойдали билимларни омма орасида кенг тарқатиш ва уларнинг олий таълим олиши орқали жамият эҳтиёжларини енгиллатиш ва тўла қондириш ғояси эди. Шу мақсадда у Умумбашарий таълим кенгашига асос солди ва унга бошқа филантропларни ҳам таклиф қилди (масалан, Андрю Карнеги). Ушбу умумбашарий таълим палатаси – муҳташам қилиб “филантроплар трести” дея номланган Рокфеллернинг севимли ғояси – унинг мемуарларида батафсил ёритилган. Бундай таълим дастурининг мақсади, масалан, фермерларга қишлоқ хўжалигини юритиш санъатини ўқитиш, кейин эса уларни Американинг турли фермер хўжаликларига юбориш эди, у ерларда эса улар янги олган билимлари билан қишлоқ хўжалигини юритишдаги янги методларни, жараёнларни кузатиш учун керакли воситаларга ҳам, керакли вақтга ҳам эга бўлмаган маҳаллий фермерларга ёрдам бериш имкониятига эга бўлди. Кейинчалик, Рокфеллер Чикаго университетига ҳомийлик қилиши билан ўз номини абадийлаштирди. Европанинг қайси бадавлат кишиси ўзи ўқиган университетга шундай хайрия қила олиши мумкин! Рокфеллернинг охирги ғояси ҳам бебаҳо аҳамиятга эга эди: ёш қизларга таълим бериш, уларни бола тарбиясига тайёрлаш, кейин эса меҳнат қиладиган камбағал аёлларнинг хизматига юбориш. Бу маданий ислоҳот жамият учун сўзсиз катта аҳамиятга эга бўлди, ва ҳозирги кунда Америка ҳукумати Рокфеллер ғояларининг мақсадга мувофиқлигини тан олган ҳолда унинг изидан бормоқда.
Шу ўринда айтиш мумкинки, буларнинг барчаси ажойиб, барчаси катта аҳамиятга эга, буларда биз Рокфеллер шахсини рад эта олмаймиз. Лекин, шу билан биргаликда Рокфеллер бойлигининг ортишига катта ҳисса қўшган Standard Oil Company катта ножўя шов-шувларга сабаб бўлди. Бу шубҳа-гумонларга тўхталадиган бўлсак, Рокфеллер мемуарларидаги трестнинг асоси ва моҳияти ҳақидаги хотиралар бунга энг яхши жавоб бўла олади. Бундай фикрларнинг ажойиб мантиғига ким эътироз билдира олади, ким буларга қарши нимадир қила олади?
“Рақибнинг муваффақиятсизлигидан, – дейди Рокфеллер, – амалий муваффақият кутиш жуда кулгили. Умуман олганда, ишбилармон киши ташқи таъсирга мослашувчан бўлади, тўғри, у ўз ишида тўсиқларга учраши мумкин, лекин ҳамиша осонлик билан буни енгиб ўтади. Нима бўлганда ҳам, менинг ҳеч қачон бундай ёлғон тактикани қўллашимга тўғри келмаган. Ҳаётимнинг ягона мақсади ҳамкорлик учун қобилиятлиларни жалб қилиш бўлди, уларни менга қарши эмас, мен билан ишлаш учун мослаштиришга уриндим. Шундай одамлар билан кўришганда, уларни ҳамкорликда ишлашнинг тежамкор эканини, бозорнинг кенгайишига туртки бўлишини, савдо-сотиқни алоҳида бирлаштиришнинг мақсадга мувофиқлигини тушунтиришни истардим. Агар “рақобатчиларим”ни бу ғоянинг адолатли эканига ишонтира олмасам, Standard Oil Company ҳозир мавжуд бўлмас эди. Наҳотки кимдир мени деб касод бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалиб, Standard Oil Companyга қўшилишга мажбур бўлган одамлар ҳаттоки, душманларимиз тан олган корпорациямизнинг ўзгармас руҳини намойиш этиши мумкинлигига ишонса? Давом этамиз ва тасаввур қиламиз, ўзининг касод бўлишини олдиндан билган одам ҳақиқатан ҳам унга чиқиш йўлини кўрсатувчи ягона шахс билан бирлашишга мажбур бўлади. Лекин бирор кимсанинг қадр-қимматини жоҳилларча топтаган, бор будини тортиб олган бўлсам, ўша одам менинг компаниям ривожи учун мен билан елкама-елка ишлаши мумкинми?”
Рокфеллер аввало ташкилотчи ва ҳамкорликка тафаккур кучларини жалб қилиш қобилияти билан ажралиб турар эди. У четлаб ўтганларнинг рўйхати жуда узун бўлиб, улар орасида Рокфеллернинг ашаддий рақиблари ҳам бўлган. Трест таълимига тўхталадиган бўлсак, уни инсон кучини тежовчи машина ихтиросининг эффекти деб қабул қилиш ўринли бўлар эди. Машиналар биринчи марта пайдо бўлганида дунё бўйлаб ишчи кучи сезиларли равишда қисқартирилди, кичик тадбиркорлик субъектлари аввалбошда ўз маҳсулотларининг ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди, кейинчалик эса маҳсулотларини арзонроқ нархда сота бошлади, бу эса истеъмолчи учун товар нархида, ишчиларнинг ойлик маошида, капиталистнинг капитал ижараси ошишида кечикмай ўз таъсирини намоён этди, шундай қилиб, трестнинг фаолияти дастлаб кўринган бўлса-да, унинг бунёдкорлик ғоялари кейинчалик юзага чиқа бошлади. Агар кимдир Рокфеллер ғояларининг ёрқин келажагига ишонмаса, Рокфеллернинг айнан ўзига, айнан Рокфеллер бир неча маротаба оммавий равишда талаб қилган адолатли иш юритишига диққатимизни қаратамиз, бу талаблар билан бир қаторда Рокфеллер давлат назорати ва жамият кафолати бўлиши кераклигини таъкидлаган – бундан ортиқ нимадир дейишимиз амримаҳол. Қанчалик ғайритабиий эшитилмасин, трестлар ғояси чуқур социалистик идеологияни намойиш этади ва келажакнинг савдо-сотиқ тамойили ўлароқ Рокфеллер борасида ўзига хос характер ҳосил қилади. Шубҳа йўқки, трестлар яна ва яна саноат ва тижорат бозорларини эгаллайди, савдо уйлари кириб келгани каби ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб боради.
Трест ғояси Рокфеллернинг бутун ҳаёти давомида қизил тасмадек кўзга ташланиб турди. Рокфеллер ўзининг ғояларини амалга ошириш учун 18 ёшида, черков етакчиси сифатида ибодатхона қурилиши учун хайрия маблағларини йиға бошлаганида илк қадамларини қўйди. Ушбу хайрия трести нафақат унинг ҳаётида, бутун дунё тарихида муҳим аҳамият касб этди, чунки кўп йиллар давомида Рокфеллер ўз фаолиятини хайрия ишларига бағишлашни давом эттирмоқда.
Лекин айнан Standard Oil Company ни ишонч билан барча замонларнинг доҳиёна тижорат иши деб аташимиз мумкин. Ташқи бозорларни забт этиш учун амалга оширилган савдо сафарларини фақат Наполеоннинг ҳарбий юришлари билан солиштириш мумкин. Бизнинг замонимизда, бутун ер юзида (Россиядан ташқари) Standard Oil Company томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учрамайдиган жойни топиш амримаҳол.
Модомики, компаниянинг маҳсулотлари Осиё ва Африканинг ёввойи ўлкаларида ҳам топилар экан, маданий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин. Юқори Ганг ва Ҳинд дарёлари бўйида керосин етказиб бериш кичкина текис дипли қайиқ, фил ёки буқалар ёрдамида амалга оширилади. Ҳиндистон аҳолисининг ушбу Америка компаниясининг номини эшитмаган бирорта қишлоқ йўқ. Юзлаб шаҳарларда компаниянинг катта ҳажмдаги омборхоналари мавжуд. Ушбу омборхоналарнинг эгалари кўпинча қўлида револвер ёки қурол билан уларни қўриқлашга мажбур бўлади, – барча жигаррангдан тортиб, қора-сариқ танлилар: зиккилар, гурхалар, магометанлар, ҳиндулар. Айтиш лозимки, Кирахида Американинг асл заводларидан бири жойлашган. Бу ердаги механик мосламаларда белужистонликлар ва Ҳинд водийсидан келган одамлар меҳнат қилади. Маҳаллий ишчиларнинг узун сочлари ёки уларнинг кенг шимлари машина тросларига ўралиб қолишидан сақланиш мақсадида барча машиналар кичик сим тўрлар билан қопланган. Афғонистон остонасидаги Хайберга кираверишда, Пешовар шаҳрида улкан омбор жойлашган. У ердаги улкан идишларда сотиладиган керосин қадоқланмайди: у Канзасдаги улкан манбадан, айтиш мумкинки, афғонларнинг омборига бевосита келиб тушади. Қувурлар ёрдамида ёнилғи Канзас нефть базаларидан керосин заводига келтирилади, у ерда эса дистилланиб, қайиқларга юкланади ва Ҳиндистонга юборилади, кейин эса цистерна вагонларга қуйилиб Пешоварга етказилади, ва ниҳоят буқаларга қўшилган, Standard Oil Company ёзуви туширилган кичик вагончаларда керосин ёввойиларга, истеъмолчиларга етиб боради. Араблар ва қора танлилар бошчилигидаги туя ва эшаклардан иборат узун карвон ёрдамида ёввойи Осиё материгининг ҳудудларига кириб боради ва ўрганилмаган мамлакатлар сарҳадларида кенг тарқалади. У Мао-рис вайроналарида, Янги Зеландия тоғларида ишлатилади ва Гренландияда китлар билан тўлиб-тошган қирғоқлардаги кулбаларни ёритади.
Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Суматра, Ява, Борнео, Марокаш ва бошқа давлатларда махсус шакл берилган синк кружкалар ва қалай идишлар кенг фойдаланилади – бу Standard Oil Company нинг кашфиёти ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли керосиндан ҳам, шишадан ҳам фойдаланади, лекин иккинчиси кўпинча ғайриоддий мақсадларда ишлатилади. Шундай қилиб, янги бозорлар топувчи, шу туфайли узоқ йиллар давомида бегона юртларда бўладиган жамият агентлари ғайриихтиёрий тарзда турли тилларни ва халқларнинг урф-одатларини ўрганиб олади. Шундай агентлардан бири Маскатда беш галлон керосин идишидан (тахминан 22 литр) ясалган қуш қафасини сотиб олган экан. Қафас жуда мукаммал ясалган бўлиб, унда барча керакли нарсалар бор экан: эшикча, емакдон, устунлар, қушлар учун арғимчоқ – барчаси оддий керосин идишидан яратилган эди. Бу каби худди хушбўй ифор билан тўлдирилган идишларни Ҳиндистон ибодатхоналарида тутатқи сифатида ишлатилаётганини кўриш мумкин; шунингдек, уларни Байрут, Лакнау, Калькутта, Мадраса бозорларининг расталарида гуруч учун ликопчалар, ҳаттоки сув учун флягалар, сут идишлари ва лампалар кўринишида учрайди. Баъзан бу флягалар қимматбаҳо буюмларни оловдан ҳимоя қилувчи қути вазифасини ўтайди.
Бундай узун йўлда енгиб ўтилиши лозим бўлган кўплаб қийинчиликлар учрайди: баъзан бу муаммолар диний ва ирқий хусусиятларга эга бўлади, у ерда компания қўшимчаларнинг шакл топган бетартиблигига дуч келган бўлса, бу ерда шафқатсиз ваҳшийлик гувоҳига айланди. Битта муваффақиятли савдо юришини амалга ошириш, бозорни забт этиш учун неча миллионлар сарфланганини тасаввур қилиш қийин, бу меҳнатнинг барчасини ёритиб бериш бир китобга сиғмаса керак. Биз бу ерда Хитой бозорининг забт этилиши ҳақида қисқача баён қиламиз, бу эса енгиб ўтилган машаққатлар ҳақида қисқагина бўлса ҳам тасаввур бера олади.
Standard Oil Company стастистикасининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Америка керосини Хитой бозорларини эгаллашга муваффақ бўлса, узоқ муддат янги бозорларни топиш масаласида ташвишланмаса ҳам бўлар эди. Тижорий юришнинг биринчи қадамлари бошланди. Аввалбошда хитойликларнинг алоҳида жамиятлари керосиндан фойдаланишни жиноят деб эълон қилди. Руҳонийлар керосиндан фойдаланганларга жазо тайинлади, Ўрта давлат бўйлаб тарқалган, доимий ўзаро алоқада бўлган катта савдо гильдиялари эса керосин сотишга уринган ҳар бир савдогарга бойкот эълон қилди. Бунинг жавоби оддий эди: ҳукмрон табақанинг кўпчилик вакиллари ўсимлик ёғининг ишлаб чиқарилишидан манфаатдор эди, шунинг учун улар бозордан минерал мой ёрдамида маҳаллий маҳсулотларга жиддий рақобатчилик қилаётган “бегона шайтон”ни қувиб чиқариш учун бор нуфузини ишга солди. Дастлаб хитойликларнинг керосинга нисбатан қандай муносабатда бўлишни билмагани бунга қўшимча бўлди. Уларнинг ойнасиз чироқ лампалари бизнинг чекиш хоналаримиздаги каби бадбўй ҳид таратар эди – уларнинг ёруғи паст бўлса-да, кишини безовта қилмас, ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмас эди. Албатта, бундай лампаларда керосин ёқиб бўлмасди, шунинг учун Хитой аҳолиси учун биринчи навбатда арзон ва муқобил лампани ихтиро қилиш лозим эди.
Узоқ йиллар давомида компаниянинг техникалари ушбу лойиҳа устида иш олиб борди, лекин ҳали муваффақиятга эришмаган эди. Янги ихтиро қилинган лампанинг кенг тирговичли резервуари ёрқин ранглар билан бўялган ва осиш учун илгак билан безатилган эди. Пахта максимал даражада ёруғлик беришга мўлжалланган, шиша эса кўпроқ тортиш кучига эга қилиб ишланган эди; бир марта тўлдирилган лампа 11 соат нур таратиб тура оларди – бир сўз билан айтганда, бу лампа мукаммал ясалган эди. Компания учун лампанинг таннархи 11 центга тушса, хитойликларга 71/2 центдан пулланди. Масалан, ўтган йили бундай лампалар Хитойда тахминан миллион нусхада сотилди. Компания агентларидан бирининг айтишича, қиш тунлари ўртача 16 соат давом этадиган Хитойнинг қоқ юрагида яшовчи одамлар керосиндан фойдаланишни ўрганди.
Марказий Хитойнинг юзлаб кичик қишлоқларида компания лампасининг сурати туширилган, остига хитойликларнинг содда руҳиятини тушунувчи саводхон томонидан ёзилган қўлланма матни туширилган плакатлар пайдо бўла бошлади. Матннинг тахминий таржимаси қуйидагича эди:

“Бахт, узоқ умр, тасалли ва тинчлик!
Агар бахт, узоқ умр, тасалли, соғлиқ ва тинчликка эга бўлишни истасангиз, сизни ёруғлик ўраб туриши лозим. Ёруғлик ичида яшаш илмий асосда ишлаб чиқарилган, Мей-Фу мойи ёнадиган Мей-Фу-Гонг лампасини ёқишингиз лозим. Агар ушбу лампа ва мойни ёқсангиз, у кундек ёруғлик таратади.
Мой билан тўлдирилган лампа 10 соат давомида ёритиб туради; Мей-Фуга тенглаша оладиган мой ҳеч қаерда йўқ.
Бу лампани столга қўйиш, деворга илиш ёки қўлда олиб юриш мумкин. Ким уни сотиб олса ҳам, барака топади. Standard Oil Company уни илмий асосда тайёрлади, моҳир рассомлар ёрдамида лампани лойиҳалаштирди, унда мой бадбўй ҳид таратмай, сўнгги томчисигача ёнади.
Агар бу маҳаллий чилангарлар ишлаб чиқарган кам ёруғлик тарқатувчи лампадан бироз қимматроқ бўлса, уйингизда бундай лампа бўлиши хонани янада ёритади ва кечаси билан чарчамай ишлаш имконини беради. Мана сизга биринчи фойда. Кейин, фарзандларингиз ҳам кечаси билан ўқиши мумкин, бунинг учун ушбу лампа қулайлик яратади, улар эса бажонидил билим олиш билан банд бўлади.
Ўғлининг ўқимишли бўлишини истамайдиган бирор ота топилмаса керак. Шундай экан, лампа бу йўналишда сизга тадрижий, лекин қатъий ҳамкорлик қилади. Сиз-га ғалати туюлиши мумкин, лекин буларни қуруқ гап деб ўйламанг. Ишонинг, буларнинг барчаси ҳақиқат.
Айримлар айтиши мумкин: “Бу лампани сотиб олгандан кейин шишаси тушиб қолса ёки синса, у ҳеч нарсага ярамайди, чунки унинг ойнасини алмаштириб бўлмайди”. Шундай экан, Standard Oil Company ҳар бир портда шиша ойналарнинг катта захирасига эга бўлиб, уларни исталган жойга юбориши мумкин. Компания улар учун маълум нархни белгилаб қўйган, сотувчиларга эса маҳсулотларни белгиланган нархда сотиш мажбурияти юклатилади: ҳар бир шиша ойнали лампалар ва тасмалари оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас 17 Мексика центига сотилади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта сотиб олган харидор чегирмага эга бўлади.
Ҳали ҳам лампани қиммат деб ўйланяпсизми? Ас-лини олганда у ҳеч қанча турмайди, ахир сиз натижада қуйидагиларга эга бўласиз:
Бахт, Соғлиқ ва Узоқ умр”.
Аввал айтганимиздек, ушбу плакат реклама шедеври ҳисобланади. У жойларга ёпиштирилган заҳотиёқ, атрофи қизиқиш билдирган одамлар билан тўлган, саводи борлар эълонни ўқиб эшиттирган, ва шундай қилиб ишлар изига туша бошлаган.
Америка керосинини Европага олиб киришда турли қийинчиликлар юзага келган, уларни бу ерда батафсил ёзишга ҳожат йўқ. Standard Oil Company ёки, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, у орқали Европада ташкил этилган компаниялар ўртача етмишдан ортиқ улкан портларга ва қуруқликда тўрт мингта омборга эга бўлиб, улар айланмасида тўрт мингта вагон цистернасига эга ўн олтита заводга асос солган савдо агентликлари билан алоқадор ҳисобланади. Бу рақамларга шосселарда юрувчи яна икки мингдан ортиқ вагон цистерналар, тахминан юз элликта буксир, пароход, қирғоқ кемалари ва баржалар қўшилади. Европада керосин етказиб бериш эрасини бошлаб берган биринчи цистерна-пароходи биринчи марта 1885 йилда Европага тахминан бир миллион галлон керосин билан кириб келган. Бугунги кунда керосин буксирлар билан ҳам етказилади. Икки йил олдин қурилган “Ирокез” ва унинг баржаси камида бир юзу йигирма минг тонна (7 200 000 пуд) юкни сиғдира оларди. Баржалар ҳалокатининг олдини олиш мақсадида кемалар бир-бири билан симсиз телеграф орқали боғланган.
Айтиш мумкинки, Standard Oil Company ҳар бир чақани ҳисоб-китоб қилади, буни цистерна-пароходларнинг ортга қайтишида бортига юк ортишидан ҳам кўриш мумкин; тинч пайтларда ҳатто Нью-Йоркдан келган танкерлар Антверпенга дон олиб кетган. Танкерлар ортга қайтишда Рангун-дан гуруч, Явадан шакар, Хитойдан чой ва қуруқ мевалар олиб келади. Осиё гаваналаридан бирида керосинини бўшатгач, танкерлар шамоллатилади ва дезинфекция воситалари ёрдамида тозаланади, шундан кейин пароходларнинг ҳар бирига иккинчи пол ва иккинчи девор қўйилади, шундай қилиб, собиқ цистерна-пароход оддий юк ташувчи кемага айланади. Юк ташишнинг бундай усули компанияга сезиларли даражада фойда келтиради.
Ҳар қандай материалнинг исроф бўлиши ва ишчи кучининг бекорга сарфланишидан сақланиш компаниянинг асосий принципларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ажойиб иқтисодий тизим ҳеч қанақасига одатий йиғимларни англатмайди. Аксинча, савдо-сотиқ учун қулай шарт-шароитларни яратиш учун компания баъзан исрофгарчиликка ҳам йўл қўяди, лекин, агар фақатгина қатъий тежамкорлик шароитида фойдага эришилса, у иқтисодиётни меъёридан ортиқ чегарагача олиб боради. Мисол учун, компания, кўплаб кафолатларга қарамай, перо ва қаламдан фойдаланишда ходимларининг исрофгарчилигига тўсқинлик қилмайди, лекин пайвандлаш вақтида ерга тушган металнинг барча бўлаклари обдан тўпланади ва йиғиб қўйилади. Ҳовлилардаги гўнглар тўпланади, эҳтиёткорлик билан тозаланиб, қайта ишланади, ҳатто қутилар ҳам пулланади, унинг ёрдамида Англиядан қалай етказиб берилади ёки ёқиш учун ишлатилади. Компания ходимлари эса қисман уларнинг қўллари орқали ўтувчи 50 минг долларлик чекдан кўра, шундай майда-майда даромадлардан фахрланади.
Standard Oil Company, унинг барча доҳиёна тизими, у фаолият кўрсатаётган ва бошқарилаётган принциплари Рокфеллернинг маҳоратидир. У бундай улкан ишларни ўйлаб топган ва йўлга қўйган ягона муҳандис, кўрсатмалари асосида шу каби муваффақиятли тижорий юришлар амалга оширилаётган стратег ҳисобланади.
Ўзига содиқ ёрдамчиларни излаб топа олган, ўз ишида уларнинг ҳар бирига муносиб ўринни бера олганлар бугунги кунда кўплаб ютуқларга эриша олади. Бундай маҳорат Рокфеллерни бошқалардан ажратиб турган, унинг ва Standard Oil Companyнинг муваффақияти сири аслида шундан иборат. Рокфеллернинг таъсир кучи ҳамиша атрофдагиларнинг ҳайратига сабаб бўлган. Унинг мемуарларида бир нечта ажойиб ҳангомалар келтирилган. Ва бу қобилият умуман унинг шахсиятидаги жозибадорлик натижаси эмас, балки ундан ҳам ортиғи – унинг етук тафаккурининг инсонларга таъсири натижаси ҳисобланади.
Наполеон армиясининг аскарлари каби, Standard Oil Company ходимларининг ҳар бири ўз сумкасида маршаллик таёқчасини олиб юради. Уларнинг ҳар бири, ўз самарадорлигига қараб, асосий бошқарувдан ўрин эгаллайдиган ажойиб кунга умид боғлаши мумкин. Уларнинг барчаси ўз фаолиятини қуйи поғонадан бошлайди ва ўз хизматлари билан қобилиятларини ҳамда эркинлигини шакллантириб боради. Уларда бизнинг ўлик тартиб-қоидаларимиз йўқ. Уларнинг ҳар бири маълум миқдорда мустақиллик ва ҳаракат эркинлигига эга, аксариятининг елкасида катта масъулият бўлса, аксарияти алоҳида ваколатларга эга, шунинг учун, бизга қон билан сингган европача одатларимизга зид равишда, компания фаолияти гуллаб-яшнайди. Рокфеллер ҳаётда ҳам бошидан товонигача демократдир.
Директор, бошқарувчи ва камсуқум ҳисобчи, миллионер ва хизматкор – уларнинг барчаси бир стол атрофида нонушта қилади. Яна қаерда бу каби нонуштани учратиш мумкин? Бошқарувчи директордан тортиб, оддий отбоқаргача, ташкилотнинг барча аъзолари учун умумий бўлган корпорациянинг бундай баланд руҳига шундай бирдамлик сабаб бўлса керак.
Рокфеллернинг юзага чиқишидаги илк даврларда қанчадан-қанча босимлар, қанчадан-қанча аёвсиз ҳақоратлар бўлмади! Масалан, унинг одамлари (тўғри, фақат тасвирларда) осилган, кейинроқ трестга тегишли фирмаларнинг цистерналари бурғуланган. Рокфеллернинг атоқли номи қандай маломатларга қолмади! Ажойиб жиҳати шундаки, қандай номаълум душман билан учрашишига тўғри келмасин, қўй терисини ёпинган бу душман бўрига нисбатан қанчалик ғазаб билан шайланган бўлмасин, жаҳл отига минган бу душман Рокфеллернинг ажойиб ва очиқ муносабати туфайли дўст ва мухлисга айланарди. Яқинда газета саҳифаларида бир хонимнинг мактуби пайдо бўлди, аёл хатда “фарзандимни очликдан ўлишдан сақлаб қолиш учун бу қонхўрдан пул олмайман” деб таъкидлаган. Энди эса у қуйидагича иддао қиляпти: “Қўй терисини ёпиниб олган бўридан шубҳаланиш учун асос бўладиган бир ҳаракатни пайқаш учун, кундан-кунга Рокфеллерни кузатиб бордим. Барчаси бекор! Бу кекса, меҳрибон, ҳиссиётлари самимий инсон менга нисбатан ҳамиша хотиржам, адолатли, нима бўлишидан қатъи назар, адолатли, кўк рангдаги икки ёрқин кўзлари билан табассум қилишга тайёр бўлди, мутлақ ошкоралик билан ўзининг ўтмиши, бугунги кунгача босиб ўтган йўли ҳақида гапириб, турли хил саволларга бажонидил жавоб берди”.
Ҳозирги замоннинг мафкуравий оқимида Рокфеллер ҳарактеристикаси биз учун аниқ бўлмаслиги мумкин, у ҳали ҳам ҳаёт бўлса-да, ҳар қандай бўёқдан холи бу каби камсуқум картиналар, мемуарларда – фақат шу ерда унинг ажойиб шахсияти ва буюк ишлари билан танишамиз ва, эҳтимол, унинг бадавлатликкача бўлган йўлини билиб олармиз.

    Dr. A. Hn.

СЎЗБОШИ
Ишонаманки, ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай вақт келади, ўтмишининг асосий босқичларини шакллантирган ҳаётидаги катта ва кичик ҳодисаларни кузатиш учун ортга қараш истаги пайдо бўлади. Менда ҳам кутилмаганда эски суҳбатларни эсга олиш ва ҳаловатсиз ҳаётим давомида гувоҳ бўлган одамлар ва воқеалар ҳақида ҳикоя қилиш истаги пайдо бўлди.
Бутун ҳаётим давомида бизга ватандош бўлган жуда ғалати одамлар билан учрашишга тўғри келди (тўғри, бу муносабатлар асосан иш юзасидан эди), улар шундай одамлар эдики, Қўшма Штатлар савдо соҳасининг ривожланишида ва товарларининг бутун дунё бўйлаб тарқалишида катта рол ўйнаганди. Бу воқеалар айни дамда менинг хотирамда аниқ-равшан қўзғолон кўтарди, улар аввалбошда содир бўлганидек ҳозир ҳам мен учун жуда муҳим.
Инсон ўзининг шахсий ишларини жамиятнинг диққатидан сир тутиш ва ҳужумлардан сақланиш ҳуқуқи борасида озмунча тортишувлар бўлмаган. Гап шундаки, агар у ўзининг шахсий ишлари ҳақида гапирса, эгоизмда айбланиши мумкин. Агар сукут сақласа, ўзини оқлаш учун бир оғиз сўз айта олмай, айбини тан олган саналади.
Шахсий ишларимни жамоатчиликка очиқлаш менинг табиатимга мос келмайди. Лекин бир сафар оилам, дўстларим тушунмовчиликларга ва мунозараларга сабаб бўлаётган вазиятларга барҳам бериш учун ҳисоботга ўхшаш нимадир ёзишни маслаҳат берди, фаолиятим ҳақида дунёга йилт этган ойдинлик беришимни сўрашди, мен эса бунга жавобан, уларнинг таклифини инобатга олиб, ҳаётимга маъно бағишлаган воқеалар ҳақида ёзишни бошладим.
Хотираларимни ёзишга яна бир туртки бор эди. Агар мен ҳақимда айтилганларнинг ўндан бир қисми ҳақиқат бўлганида, мен билан ишлаётган юзлаб қобилиятли инсонларнинг барчаси атрофдагиларнинг кўзи ўнгида оғир жиноятларда айбдор деб топилган бўлур эди. Менинг ўзимга келадиган бўлсак, аввалбошда, ўлимимдан кейин барча ҳақиқат юзага чиқишига авлодлар ўзининг адолатли ҳукмини чиқаришига умид қилган ҳолда, бир оғиз ҳам сўз айтмасликни истагандим. Лекин ўзим етакчи ролга эга бўлган кўплаб воқеаларни фақатгина ўзим изоҳлай оларканман, демак, ўзим баъзи тушунтиришларни беришим керак деб ўйладим, умид қиламанки, бу кескин мунозараларга сабаб бўлган кўплаб вазиятларга ойдинлик киритади. Ишончим комилки, менинг ҳаётимда нотўғри талқин қилинган воқеалар жуда кўп бўлган.
Мен ҳикоя қилмоқчи бўлганларнинг барчаси марҳумлар хотирасига тааллуқли бўлиб, тирикларнинг обрўсига ҳам дахл қилади. Менинг назаримда, жамоатчилик илк ҳаракатлардан тортиб энг охирги ҳукмгача бўлган кўплаб жиҳатлар билан танишиб чиқса тўғрироқ бўлар эди.
Ушбу хотираларнинг бошланишида, менинг бу масалада тайинли яхлит фикрим ҳам йўқ эди, улар қачондир алоҳида китоб ҳолида дунё юзини кўради деб ўйламагандим. Ҳатто уларни оддий таржимаи ҳол кўринишига келтиришни режа қилмаганман. Ҳеч қандай тартиб ва режаларсиз барчасини қоғозга туширдим, бу эса, ҳар қандай мукаммаллик талабларидан қочган ҳолда, менга қизиқ туюларди.
Кундалик машғулотлар ва узоқ йиллар давомида ишдаги қадрдон ҳамкасбларим, компания аъзолари билан дўстона муносабатлар ҳақида батафсил ёзиш имконияти менга мислсиз завқ ва чин дилдан қониқиш ҳиссини берар эди. Мен учун қанчалик қадрли эканига қарамай, бу каби битиклар ўқувчини қизиқтирмаслигини яхши тушунаман. Шу сабабли ўз хотираларимда компанияни ташкил этишда меҳнат қилган сон-саноқсиз ишчилар армияси, мен билан елкама-елка ишлаган қўллар ҳақида баъзи жиҳатларни ёзаман.

    Ж. Д. Р. Март, 1909 йил.

ҚАБУЛ ҚИЛИШ САНЪАТИ

Ота уйи
Ҳаётимда тўғри йўлни кўрсатгани учун отамнинг олдида бир умр қарздорман. Саноат соҳасида тўла иштирок этган, улар ҳақда мен билан суҳбатлашишни хуш кўрган отам менга ишнинг моҳиятини англатди, уни юритиш усуллари билан таништирди. Болалигимданоқ кичкина бир китоб тутар эдим (уни “ҳисоб-китоб дафтари А” деб номлаганман ва у ҳозиргача сақланиб қолган), унга мунтазам равишда хайрия учун сарфланган барча кирим ва чиқимларни тартиб билан ёзиб борар эдим.
Оз даромадга эга одамлар, ўзининг кўплаб эҳтиёжларини қондириш учун қатор хизматчиларга эгалик қиладиган бой-бадавлатларга қараганда, асосан, уюшган оила даврасида яшайди. Менинг ота-онам уларнинг биринчи турига мансуб бўлгани учун тақдиримга шукрона айтмай иложим йўқ.
Етти ёки саккиз ёшларимдан бошлаб тижорат билан шуғуллана бошладим, биринчи “бизнес”им-ни онамнинг раҳбарлиги остида йўлга қўйдим. Менинг бир нечта куркаларим бор эди, уларни боқиш учун онам сутли маҳсулотлардан қолган қолдиқларни берар эди. Уларни боқиш ва сотиш билан ишбилармон киши сифатида ўзим шуғулланар эдим. Барча даромад менинг фойдамга кетар, ҳеч қандай чиқим йўқ эди, бори ҳам онамнинг ҳисобидан бўлган. Шундай қилиб, менинг “давлатим” ўсиб борди. Унинг ўсиб боришини қўлимдан келганча аниқ қилиб ҳисоб-китобимга белгилаб бордим.
Бу иш мени қувонтирарди. Ҳатто ҳозир ҳам озуқлантирилган паррандаларимизнинг сув бўйида ва унча катта бўлмаган мулкимизнинг дарахтзорларида мағрур сайр қилиб юрганини кўргандек бўламан. Ўша болалик кунлари билан биргаликда, куркалар подасига нисбатан хайрихоҳлик ҳиссини бутун умр сақлаб қоламан ва улардан завқ олиш имконини бой бермайман.
Онам “оиламизнинг обрўси”ни сақлаш учун биздаги тартиб-қоидага амал қилинишини қаттиқ назорат қилган, бу “обрў”ни бизнинг номаъқулчиликларимиздан қайин таёғи билан ҳимоя қилган. Бир куни, аниқ эслайман, қишлоқ мактабимиздаги бир кўнгилсиз воқеа туфайли онамнинг бу жонкуярлиги билан яқиндан танишиш имкони бўлди. Кейин, жазоланиш пайтида менинг умуман айбдор эмаслигимни исботлашга ҳаракат қилиш фикри туғилди.
– Ҳечқиси йўқ! – деди онам бунга жавобан. – Жазолашни бошлаб бўлдик-ку! Нега уни тўхтатишимиз керак, келажакда фойдаси тегади!
Бундай мантиқий эҳтиёткорликни онам ҳеч қачон канда қилмаган. Ҳалигача ёдимда, бир куни тунда биз, болаларни ой нури остида конькида учиш истаги тинч қўймади, аслида бизга тунда муз учиш қатъий тақиқланмаган ҳам эди. Биз барибир чиқдик, завқланишни энди бошлаган ҳам эдикки, кимнингдир ёрдам сўраб бақираётганини эшитдик ва ўша томонга югурдик. У ерда муз ёрилиб сувга тушиб кетган қўшнимизни кўрдик, у ўлим ёқасида эди. Биз унга дарҳол қўл узатдик, уни ўрадан чиқариб олишга ва соғ-саломат оиласининг бағрига қайтаришга муваффақ бўлдик. Акам Вильям ва мен ўзимизни бир умид билан овутар эдик: конкида муз учиш чоғида кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш ҳар куни ҳам насиб этавермайди, шундай экан, хатти-ҳаракатларимиз учун жазоланаётганимизда энг камида мана шу енгиллаштирувчи ҳолат бизнинг фойдамизга ишлаши мумкин эди. Лекин жазонинг енгиллатилиши борасидаги умидларимизни қаттиққўл ҳакам – онамиз пуч ёнғоққа айлантирди.

Ишнинг бошланиши
Аввалига мени университетга ўқишга беришмоқчилигига қарамай, 16 ёшга тўлишим билан, ота-онам мактабни битиришимга оз қолганда бир неча ойга Кливленддаги савдо-сотиқ мактабига жўнатишни маъқул кўрдилар.
У ерда бухгалтерияни ўргандик ва ўқувчиларни савдо-сотиқ илмининг асосий принциплари, муомаласи ва бошқалар билан таништиришди. Бу мактабда мен унча кўп бўлмаган бўлсам ҳам, атиги бир неча ойда ўзим учун жуда катта фойда билан чиқдим. Бу мактабни тугатгач, қаердан иш топсам бўлади, деган саволга дуч келдим. Бир неча ҳафта ва ойлар давомида мен ҳар бир дўкон ва идоралар остонасига кириб чиқдим. Ҳар бир кирган жойимдан ўқувчи керак ёки йўқлигини сўрадим ва рад жавобини олдим. Жуда камчилик инсонлар мен билан одоб юзасидан гаплашдилар. Ва ниҳоят, кливлендлик бир тижоратчи менинг тушликдан сўнг келиб-кетишимни сўради. Мен ўзимда йўқ хурсанд эдим: ва ниҳоят узоқдан нимадир порлаяпти, ва ниҳоят иш бошланяпти.
Бу воқеа 1855 йил 26 сентябр куни бўлиб ўтган эди. Фирма “Гевит ва Теттл” деб аталарди. Узоқ изланишлардан сўнг топилган бу бахтли тасодиф бир зумда йўқ бўлиши мени даҳшатга солар эди. Бу фирмага боришни интизорлик билан кутардим. Бориш вақти келганда эса бўлажак принципиалим, яъни раҳбарим менга: “Мен сизни синов тариқасида ишга оламан”, деди. Ойлик маош ҳақида на у, на мен бир оғиз сўз айтмадик.
Менинг иштиёқим жуда баланд эди. Бошқа ўқувчилар билан таққослаганда, менинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатим бор эди, яъни отам мен билан амалий характерга эга бўлган суҳбатлар ва муҳокамалар олиб борар, бундан ташқари, мен мактабда савдо-сотиқ принциплари билан танишиб чиққан эдим. Шундан келиб чиқиб, савдо-сотиқ бўйича етарли билим захираси ва малакасига эга эдим. Ва бу билимларни ривожлантиришим мумкин эди. Бахтли тасодиф туфайли менинг тақдиримга ўз ишининг устаси бўлган бухгалтер бўлиш ёзилган, у менинг ишларимдан чин кўнгилдан мамнун эди.
Кейинги йилнинг биринчи январида Теттл менга йилнинг биринчи чораги учун 50 доллар ойлик берди. Бу менинг меҳнатларим учун яхшигина мукофот эди ва мен бундан хурсанд эдим.
Кейинги йилни ҳам тўлиқ шу ерда ўтказдим. Идора ишларини ўрганиш ва бу корхонанинг бир неча соҳаларини ўзлаштириш эвазига ойига 25 доллардан ола бошладим. Бу улгуржи комиссион ва экспедицион савдо-сотиқ эди ва мен шуғулланаётган ишларнинг маркази идора эди. Менинг бошқарувчим юқорида тилга олинган бухгалтер эди, у йилига ҳеч қандай фойдасиз 2000 доллар ойлик олар эди. У йил давомида ишдан кетди. Унинг ўрнини мен эгалладим ва менга бухгалтерия, шунингдек, собиқ бошлиғим бажарган бошқа ишлар учун 500 доллардан ойлик берила бошлади.
Ўқувчи сифатида мана шу даврдаги ишимга қараб, шу ишим кейинги ҳаётимда жуда катта маъно-мазмунга эга эканини англадим.
Шундан бошлаш керакки, ишим деярли идорада бўларди. Ҳар доим менинг иштирокимда иш ҳақида гапирилар, ўша жойда янги корхоналар режаси тузилар ва янги ишбилармонлик иттифоқларининг лойиҳалари ишланарди. Шу йўл билан мен ўзим билан тенг бўлган бошқа ўқувчиларга қараганда кўпроқ нарсани ўргандим. Бу ўқувчилар характерига кўра мендан фаолроқ, балки яхшироқ бўлгандир, улар арифметикани ҳам яхшироқ билишар ва ёзувлари ҳам жуда чиройли эди. Бизнинг фирмамиз мана шундай турли хил ишбилармонлик муносабатларига асосланган эди. Менинг бу соҳага тайёргарлигим, истайманми-йўқми, тижоратнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Раҳбаримнинг уйлари, омборлари, қурилишлари идора учун берилган эди, энди менинг вазифам ижара ҳақини йиғишдан иборат эди, бундан ташқари, бизнинг экспедицион ишимиз бор эди ва бизнинг юкларимиз темирйўл, сув йўллари, ҳаттоки денгиз йўллари орқали ҳам юрар эди. Кундан-кунга ишимиз кенгайиб, янги соҳаларни эгаллаб борар эдик. Буларнинг барчаси билан мен иш жараёнида тўқнаш келдим.
Мана, нима учун бирор бир йирик ишда замонавий бухгалтер бажарадиган вазифалардан кўра менинг ишимнинг кўлами қизиқроқ. У ҳақиқатан ҳам мени қизиқтирар эди. Кейинчалик эса менга ҳисоб-китоблар ревизияси топширилди, яъни ҳар бир ҳисоб рақам моддасини битталаб текширишга тўғри келарди, шу тариқа фирманинг барча ҳисоб-китоблари менинг қўлимдан ўтар ва бу ишга виждонан ёндашар эдим.
Аниқ эслайман, бир куни қўшни идорадаги тижоратчининг ёнига кирдим. Шу пайти унинг ёнига маҳаллий пудратчи катта ҳисоб рақами бўйича ҳисобот топширишга кирди. Тижоратчи эса директор каби доимий банд инсонлар қаторига киради, эҳтимол, у ўнлаб жамиятларнинг аъзосидир. У катта ҳисоботга кўз югуртириб олди-да, ниҳоят, бухгалтерга қараб: “Илтимос, ҳисоб бўйича тўлов қилинг”, деди.
Бу пайтда эса мен бир неча бор бу пудратчининг ҳисоботини кўриб чиқиб, унинг хулосасини яхшилаб текширар эдим. Бу ўзига хос юзаки кўриб чиқиш ва тўлов қилиш учун берилган буйруқ менга ёқмаётган эди, чунки ҳисобларни жиддий назорат қилиб кўриб чиқиш хўжайинларимиз учун фойдали эканига ишонч ҳосил қилдим. Энди бу фикримга кўпгина замонавий тижоратчилар қўшилади, деб қаттиқ ишонаман, менинг назоратим худди экзекуцияга ўхшарди, яъни мен раҳбаримнинг пулларини етказиб берувчиларнинг очкўз чангалидан озод қилардим. Бу иш менинг бошқа ишларимга қараганда жуда ҳам масъулиятли эди.
Ишни юқорида келтирилганидек юритиш услуби ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини жуда эрта тушуниб етдим.
Менинг бутун фаолиятим давомида: ҳисобларни текшириш, ижара тўловларини ундириш, ҳисобларни тартиблаш талаблари ва бошқаларда турли-туман инсонлар билан ишлашга тўғри келган. Тижорат нуқтаи назаридан яхши ишбилармонлик муносабатларини бузмаган ҳолда турли табақадаги инсонлар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргандим. Вақти келганда ишни муваффақиятли якунлаш учун қўлимдан келганча ўзига хос чаққонлик билан ҳаракат қилишга уриндим.
Мисол келтирамиз: биз Вермонтдан Кливлендга мармар тоши етказиб беришимиз керак эди. Ишнинг моҳияти юкни дарё ёки денгиз орқали кемада юк ташиш нархини чаққонлик билан тақсимлашдан иборат эди. Йўқотиш, юк ташиш вақтидаги товарларнинг шикастланишидан пайдо бўлган зарарлар ва бошқалар ҳар қандай йўл билан бу уч хил транспорт воситасини тарқатишдан иборат бўлиб, бу масалани ечиш учун ёш мутахассиснинг ақли зарур эди. Бу масала барчани, шу қатори менинг хўжайинимни ҳам қизиқтирарди. Аввалига бу ишга кучим етмайди, деган фикр хаёлимдан ўтди. Бу борада бирор бир одам билан тўқнашув бўлмади деб ҳам айтолмайман. Бу тажриба, яъни ҳар бир инсоннинг қизиқишларини раҳбарим иштирокида ўзаро боғлаш, мен билан маслаҳатлашиш учун учрашишга бажонидил келаётганлар айни менинг жуда ёш, таъсирчан давримда ўзим учун фавқулодда ибратли эди. Бу менинг савдо-сотиқ алоқаларидаги биринчи қадамларим эди. Лекин бу масалага кейинроқ тўхталамиз.
Бошқа шахслар олдида ўз фаолиятинг учун масъулият ҳиссини тарбиялаш ҳамма учун фавқулодда фойдали. Бу нарса менга ҳам фойда келтирди.
Мен ўзим учун бахт деб ҳисоблайдиган ҳолат шуки, ўша пайтлари биз ҳозиргига қараганда икки баробар кам маош олганмиз. Кейинги йил раҳбарлар менинг маошимни 700 долларга кўтаришди. Лекин мен уларнинг ишида энг камида 800 доллар олишим керак деб ҳисоблардим. Кейинги йилнинг апрел ойигача бу масала менинг фойдамга ҳал бўлмади. Қулай имкониятдан фойдаланиб, мана шу турдаги мустақил ишни очишга қарор қилдим ва ўз иш ўрнимдан воз кечдим.
У вақтлар Кливлендда ҳамма бир-бирини танир эди. Шаҳар тижоратчилари ичида бир ёш инглиз М. Б. Кларк бор эди. У мендан 10 ёш катта эди. Кларк мустақил иш очмоқчи ва бунинг учун шерик излаётган эди. Бу ишга 2000 доллар сармоя киритмоқчи ва мана шундай сармояга эга бўлган шерик қидираётган эди. 700-800 доллар маблағ йиққан мендек одам учун бу жуда қулай имконият эди. Масаланинг иккинчи томони эса қолган маблағни қандай топишдан иборат эди.
Мен отам билан гаплашдим. Отам менга анчадан бери фарзандлари 21 ёшга тўлгач ҳар бирига 1000 доллардан беришга қарор қилиб юрганини айтди. Лекин айни пайтда кута олмасам, у менга сўраган пулимни беришга тайёрлигини билдирди. Албатта, мен 21 ёшга тўлгунимча унга ўз сармоямдан фоиз тўлаб туришим керак эди. “Лекин, Жон, менга 10 керак!”, деб сўзини якунлади отам.
Ўша вақтларда бундай қарзлар учун 10 фоиз нормал ҳисобланар эди. Тўғри, банкларда фоизлар бироз пастроқ эди; лекин ташкилотлар, албатта, барча кредит талабларини қаноатлантира олмас эди. Шунинг учун алоҳида шахслар учун белгиланган фоизлар баланд эди.
Ҳаётда ўз ўрнимни топиш учун пулга муҳтож бўлганим сабабли отамнинг таклифини хурсандчилик билан қабул қилдим ва шу тарзда “Кларк ва Рокфеллер” фирмасининг кичик компаниони сифатида ўз шахсий ишимни бошладим.
Мен учун фирманинг ўз раҳбари ва иш берувчиси бўлиш жуда муҳим эди. Ақлан ўйлаб қаралганда, мен асосий капитали 4000 доллар бўлган фирма-да шерик эканимдан бахтиёр эдим. Кларк сотиш ва сотиб олиш билан, мен эса бухгалтерия ва маблағ билан шуғулланар эдим. Бошида бизнинг омадимиз келди. Биринчи йилданоқ ярим миллион долларлик буюртма олдик. Бу масалада бизнинг кичик капиталимиз етмас эди. Шундай экан, бизнинг бирор бир банкдан қарз олишга уриниб кўришдан бошқа чорамиз қолмаган эди.
Лекин ҳали банк бизга қарз берадими?

Биринчи кредит
Истасам-истамасам ўзим таниган банк эгасининг ёнига боришимга тўғри келди. У ҳам мен ҳақимда озмунча билар эди. Ҳалигача аниқ эслайман, қарз ололаманми-йўқми, банк бошлиғи бўлмиш Г. П. Гендини қай йўсинда ишонтиришим мумкин, деган савол кета-кетгунимча ич-этимни еганди. Ҳаммага бирдек ёқадиган, оқкўнгил ва қўли очиқ бу меҳрибон қария доимо болалар билан ўралашиб юрар, уларга нима маъқул келишини фаҳмлар ва, албатта, менинг Кливленд мактабининг ўқувчиси эканимни ҳам биларди. Мен унга ҳамкорлигимиз, қандай иш бошламоқчи эканиму пулни нималарга сарфламоқчи эканимни батафсил баён қилдим ва мурожаатимга жавобини титроқ билан кутдим.
– Сизга қанча керак? – деди у бироздан кейин.
– Икки минг доллар.
– Ўша пулларни оласиз, Рокфеллер, – деди у. – Сўраганини беринглар, сиз эса менга тилхат ёзиб берсангиз бўлди. Мен сизга тўлиқ ишонаман!
Банк эшигидан чиқиб кетаётганимда кечган те-тик ҳиссиётни сўз билан таърифлаш мушкул эди. Тасаввур қиляпсизми, биргина ваъда эвазига менга икки минг долларни ишониб топширишди. Бу ниманидир англатарди. Айни шу дамдан бошлаб мен Савдогар эканимни тушуниб етдим.
Кекса дўстим Генди яна тўрт йил банк бошқарувида бош-қош бўлди ва менга қийин вазиятларимда бир қанча миқдорда қарз бериб, ўз кўмагини аямади, мен эса бундай вазиятларга кам тушмас эдим. У мени ҳар қанақасига қўллаб-қувватлади. Шундай бўлса ҳам, кейинчалик у билан учрашиб, Standard Oil Company га маълум миқдорда сармоя киритишни маслаҳат берганимда ундан олган пулларим унинг ўзига ҳам қувонч бағишлагани турган гап. У мазкур ишга бажонидил қўшилишини очиқчасига тан олди, лекин у энди ҳеч қандай эркин пулларга эгалик қилмасди. Ниҳоят, шунда мен унга банкир ролини ижро этиш таклифини бердим. У рози бўлди ва бунга қаршилик қилишга ҳеч қандай асос йўқлигини айтди. Бу қарор икки томонга ҳам катта фойда келтирди. Мен унинг то ҳозирга қадар ўша пайт бошлаган ишимнинг ривожига ҳисса қўшган ишончи ва ўзимга нисбатан илиқ муносабатини миннатдорлик билан хотирлайман.

Принципларда қатъий турмоқ керак
Генди менинг биргина сўзимга ишонди, бизнинг энди йўлга қўйилажак ишимизни кучли тижорий принциплар ва обдан ўйланган режа асосига қурилганига ишонч билдирди. Шу билан бирга, бир кун қабул қилинган тижорий принципларда қатъий тура олишнинг нақадар мушкул бўлиши ёдимга тушади. Бир кун, ишимизнинг бошланиш арафасида, бизга кўплаб транспортларни ишониб топширган энг яхши мижозларимиздан бири юк етказилиши ёки тегишли ҳужжатнинг топширилишидан олдин жорий юк учун бўнак берилишини сўради. Албатта, мижозни сақлаб қолиш жуда муҳим эди, лекин мен компаниянинг молия масалалари раҳбари сифатида яхши мижозни бой бериш хавфига қарамай, бу илтимосни қондириб бўлмайди деб ўйладим.
Вазият жуда кескин тус олди, шеригим менинг қарашларимни тор деб ҳисоблагани ва бу ишга фаол қаршилик кўрсатганим учун мендан гина қилди, кейин ўзим мижознинг олдига бориб, илтимосини қондиришнинг иложи йўқлигини тушунтириб кўришга қарор қилдим. Чунки мен ҳар доим ҳар қандай тушунмовчиликни бартараф қилишнинг уддасидан чиқар эдим. Бу каби истисно ҳолатда эса менинг бундай ҳаракатларимга шеригимнинг норозилиги шундай қилишимга туртки бўлди. Мижоз билан шахсан гаплашиб, бундай хатти-ҳаракатларнинг салбий оқибатларга олиб келишини тушунтиришим кераклигини ҳис қилардим. Мен гапирадиган нутқимни хаёлан тайёрлаб бўлгандим ва уни мантиқий ҳамда ишонарли деб топиб, хаёлан ундан қониқиш ҳам туярдим.
Тижоратчининг олдига бордим ва илтимосини амалга оширишнинг имкони йўқлигини батафсил тушунтирдим. Лекин унинг жаҳли чиқиб кетди, мен эса янги машаққатни бошдан кечиришга мажбур эдим – шеригим олдида ўзимнинг ишонтира олиш қобилиятим омад келтирмаганини тан олишим керак эди.
Албатта, шеригим асабийлашиб кетиб, жаҳли чиқди ва қимматли мижозимизни йўқотдик деб ўйлади. Лекин мен қачонлардир қабул қилган иш юритиш услубимдан воз кеча олмас эдим, биз эса принципларимизда қатъий турдик ва мижознинг сўровини бутунлай рад этдик. Ўжар мижозимиз ҳеч нарса бўлмагандек, илтимосининг рад этилганига қарамай, биз билан ҳамкорлигини давом эттирганида биз ҳайратга тушдик ва ишимиздан қониқиш ҳис қилдик.
Бир муддат ўтгач бу ишда таниқли бир маҳаллий банкир, норвалкалик Жон Гарденер ҳам иштирок этганини билиб олдим, у ҳам бизнинг мижозимиз билан ҳамкорликда ишлар экан. Кейинчалик, Гарденернинг ўзи мижозимизни бўнак сўрашга ундаган, деган фикрга бордим. Бу воқеа орқали уларнинг фирмамиз ва унинг иш принциплари билан танишуви биз учун фойдали бўлди ва бизни бир поғона баландга кўтарди.
Ўша вақтда мен ўз меҳнатим натижасини излай бошладим, айни дамда бу вазифа мен учун бироз қийин эди.
Мен округимиздаги ҳар бир тижоратчи билан шахсан танишишга ҳаракат қилардим, чунки унинг иши бизникига яқин эди ва, шу билан, қисқа вақт ичида бутун Огайо ва Индиана штатларини ўрганиб чиқдим. Тез орада маълум бўлдики, ёш фирмамизнинг ташкил этилгани ҳақидаги овоза қилиш иш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишнинг энг тўғри йўли бўлиб, лекин бундан кўзланган мақсад буюртма олиш истаги эмас эди: мен шунчаки “Кларк ва Рокфеллер” фирмасининг вакили сифатида улгуржи савдо комиссарлари билан танишдим, фирманинг ташкил этилгани ҳақида хабар бердим, дарҳол бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласида ҳеч қандай иддао қилмадим. Кейинроқ, уларга фирмамиз хизматларини таклиф қилишдан мамнун эканимни айтдим ва ҳоказо.
Лекин ҳайратланарли жиҳати шунда эдики, сеҳрли таёқча билан бир марта имо-ишора қилгандек, жуда катта ҳажмда буюртмалар кела бошлади, биз эса уларга базўр улгурар эдик. Биринчи йилнинг ўзида, аввал айтилганидек, айланмамиз 500 минг долларга етди.
Мен энди пулга эҳтиёжимиз борлигини таъкидлардим. Тан олишим керакки, амалиётларимиз кенгайиб боргани сари, пул масаласидаги муаммоларнинг охири йўқдек кўринарди. Алоқаларимиз қанча кенгайса, шунча кўп хаёлга толардим: “Бу ҳали узоқ давом этадими? Охирига келганимизда, ҳаммаси қайтадан бошланади. Ўзингни бир фикр билан овутасан – сен мана шу йўлда бахт топган ишбилармон тижоратчисан. Лекин янада совуққон бўлиш лозим, йигитча, ақлингни йўқотяпсан, жим кетсанг узоқроққа борасан!”
Тан олишим керак, ўзим билан кечган бу каби сукутли суҳбатлар менинг келажакдаги ҳаётим учун катта аҳамиятга эга эди. Омад мени сархуш қилиб қўйишидан, омад мендан юз ўгирадиган кун келишидан, омаднинг қайтишига бўлган ишончни миямга қуйиб яшашдан қўрқардим.
Вақти-вақти билан отамдан қарз олиб турардим. Гарчи ҳозир булар ҳақда ўйлаб, беихтиёр кулаётган бўлсам-да, лекин бизнинг бу каби олди-бердиларимиз мен учун қўрқув манбаи бўлган. Бир воқеа бўлди, бир куни отам ёнимизга келди ва, агар бизга пул керак бўлса, қарзга бериб туриши мумкинлигини айтди. Биз деярли ҳар доим пулга эҳтиёж сезардик, шунинг учун уларнинг ҳеч бўлмаса 10 фоизини олишдан бахтиёр эдик. Лекин у пулларини қайтиб олиш учун пулга эҳтиёжимиз янада баландроқ бўлган вазиятларда пайдо бўлар эди.
– Ўғлим, – дерди у одатда, – пулларимни қайтариб бера олмайсанми? Ўзимга ҳам керак бўляпти.
– Ҳозир, ҳозир, – дердим мен. У мени шунчаки синаётганини, пулни қайтарган тақдиримда, кейинчалик менга яна қарз бериш учун, уларни ўзимда қолдиришини яхши билардим.
Менинг назаримда, тарбиялашнинг бундай оригинал услуби ҳам, эҳтимол, менга озмунча хизмат кўрсатмаган, лекин, тан оламан, ўша вақтларда тижорий қобилиятларим устидаги бу каби синовлар мени камдан-кам қониқтирарди.

Ўн фоиз
Ўтмишим кредит суммасидан неча фоиз олиниши билан боғлиқ қизғин мунозаралар ҳақидаги хотиралар билан узвий боғлиқдир. Бутун бошли тижоратчилар ўн фоизга ўсишни меъёридан ортиқ ҳисоблаб, бунга норозилик билдириб чиққан, бундай ҳолатларни судхўрлик деб атаган ва фақат инсофсизлар бундай фоизларга кредит беришини таъкидлаган. Мен, мантиқан қаралганда, пуллар қанча фойда келтирса, унинг қадри ҳам шунча бўлади, деган фикрда эдим. Қарз маблағлари билан бир хил миқдорда пул олиш ҳақида ўйламасдан ҳеч ким 10, 5 ва ҳатто уч фоизини ҳам бермайди. Ўша вақтларда мен ҳеч қанақасига капиталист бўлмаганим учун катта қарздорлар сафида бўлишим эҳтимолдан холи эмас эди ва, шубҳасиз, бундай катта фоизларни ёқлаш учун асосли сабабларим бўлмаган.
Ўшанда бу масала бўйича юзага келган янада кескинроқ мунозаралар қаторига, мен ва акам Вильям мактаб йилларимиздаги пансионнинг қари эгаси билан бўлган суҳбатлар ҳам қўшиларди. Бу суҳбатлар менга катта қониқиш берар, пансион эгаси жуда доно ва чуқур фикрловчи аёл эди. Мен уни, айтайлик, бошқа сабаб билан қадрлардим. Биз хона ва стол учун ҳар биримизга ҳафтасига бир доллардан тўлар эдик, бунинг эвазига у бизни яхшигина боқарди. Ўша пайтларда хўжаликни эгасининг шахсан ўзи, хизматчиларсиз юритадиган кичик пансионларда бу одатий нарх эди.
У муҳтарам аёл ўн фоизли тизимни ашаддий қоралар эди ва бир қанча муддат давомида биз бу масаланинг барча pro ва contra жиҳатларини муҳокама қилдик. У отамнинг менга мунтазам равишда пул беришини ва бунинг учун ўн фоиз олишини яхши билар эди. Охир-оқибат барча баҳслар ва суҳбатлар барибир бу фоизни қисқартира олмади, улар фақат бозорга янада кўпроқ капитал кириб келганидан кейин қисқарди.
Умуман олганда, жамоатчилик фикри (ишга боғлиқ масалаларда) жуда секин амалга ошишига ишонч ҳосил қилдим. Ўша вақтларда ҳатто тижорий мақсадлар учун ҳам пул топиш қийин бўлган, буни ҳозир тасаввур қилиш қийин. Ғарбга яқин ҳудудларда, айниқса таваккалнинг зиғирдек ишораси бўлса ҳам, фоизлар янада баландроқ бўларди. Нима бўлганда ҳам, буларнинг барчаси ўша даврлардаги ҳаваскорнинг қандай тўсиқларга дуч келганини кўрсатади.

Вақти келганда мен қандай қилиб пул тўплаганим
Охирги сатрларда ҳаётимдаги энг қизғин давр эпизодлари ёдимга тушди. Бир сафар йирик бир ишни мамлакатнинг бошқа бир чеккасида ҳаётга татбиқ этиш учун менга нақд пулда йирик сармоя керак бўлди. Бир неча юз минг доллар валюта керак эди. Гаров, кафиллик, векселлар ва бошқа қимматбаҳо нарсалар ҳисобга олинмас эди. Соат учда йўлга тушишим керак эди. Мен коляскада у банкдан бу банкка чопар ва йўлда учраган ҳар қандай директор ёки кассирга, ким биринчи бўлиб учраса ўшанга ўзим учун банкда бор бўлган нақд пулларни ушлаб туришларини сўрар эдим, уларнинг ҳар бирига менга қачон пул керак бўлишини айтар эдим. Шаҳардаги ҳамма банкларга бориб ўзимга керакли миқдордаги маблағни тўплаган эдим. Соат учда эса мен аллақачон поездда ўтирар ва керакли жойга йўл олган эдим. У ерда мен ўзимни бажардим. Ўша пайтлар жуда кўп жойларга борар эдим, ўзимизнинг бўлимларга бориб мижозлар билан учрашардим, тадбиркорлик бўйича янги алоқалар ўрнатардим, ишимизни янада кенгайтириш бўйича режалар тузардим ва ҳ.к. – керак бўлганда буларнинг ҳаммасини тезлик билан амалга оширар эдим.

Черковнинг тўлови учун жамғарма
Туғилган шаҳримда мени черков назоратчиси этиб тайинлашганида ёшим 17 ёки 18 да эди. Биз алоҳида диний уюшмага тегишли эдик. Мен бирор марта ҳам черков аъзоларидан диний таълимимиз борасида салбий фикрлар эшитмаганман. Бундай вазият руҳий кемамизни ўзимиз бошқара олишимизни барчага исботлаш иштиёқини мустаҳкамлаган.
Бизнинг биринчи черковимиз кичкинагина бино бўлиб, бунинг устига 2000 долларлик ипотека кредити эвазига тикланган эди. Бу қарз бизни узоқ муддатдан буён қийнаб келарди.
Кредит эгаси узоқ вақтдан буён қарзларнинг тўланишини талаб қилиб келар эди, лекин жамиятимиз кредит фоизини тўлашнинг базўр уддасидан чиқарди. Ўшанда кредит эгаси черковни сотиб юбориш билан таҳдид қила бошлади. Унинг черков хизматчиси бўлганини (албатта, бу тасодиф) таъкидлаб ўтиш лозим. Ўз унвонига қарамай, пулларнинг шахсий ишлари учун кераклигини таъкидлаб, кредитнинг тўланишини талаб қилиб туриб олди. Бир сўз билан айтганда, кредитнинг ундирилиши учун у барча зарурий чораларни кўрди. Ва ажойиб якшанба кунларининг бирида бўлим нотиғи, агар черковнинг сотилиб кетишини кутиб ўтиришни истамасак, қаердандир 2000 доллар топиш кераклиги ҳақида гапириб қолди.
Мен черковдаги постимда турганимда жамият аъзоларидан бири келиб қолди, тўхтатдим ва черков қарзини ёпиш учун ниманидир беришга кўндирдим. Мен ундан илтимос қилдим, ишонтирдим ва ҳаттоки таҳдид ҳам қилдим. У рози бўлгач, исмини ва бермоқчи бўлган пул миқдорини қайд дафтарчамга ёзиб қўйдим, сўнгра бошқасига мурожаат қилдим.
Ёдда қоларли якшанбаларнинг бирида бошланган бу ташаббус бир неча ой давом этди. Бундай маблағни йиғишда кўпгина машаққатларга дуч келдик. Кимдир икки-уч цент, яна кимдир қуруқ ваъда берар эди. Ваъдалар ҳам нари борса 25-30 цент олиб келарди. Шахсан ўзим бу мақсад учун боримни бердим, бу ҳолат эса менинг иложи борича кўпроқ пул ишлаб топиш иштиёқимни янада жонлантириб юборди.
Ва ниҳоят, 2000 долларни жамғаришга муваффақ бўлдик. Ўша кун жамият кредитни тўлиқ қоплаган ажойиб бир кун эди. Ўшанда, барча шубҳа ва умидларга қарамай, жамиятимиз бирдамликни намойиш эта олгани черков аъзоларини ҳайратга солади, деб ўйлаган эдим. Лекин негадир уларда ҳайрат ва хижолат ифодасининг пайдо бўлганини эслай олмайман.
Охирги эпизоддан кейин жамғарувчилик тажрибаси мен учун катта фойда келтирди. Тан олишим керакки, ўзгалар олдида ялинишдан асло истиҳола қилмас эдим, аксинча, бундан ҳаттоки ғурурланардим. Ишнинг кенгайиб бориши ва масъулиятнинг ортиши жойимни бошқаларга бўшатиб беришимга туртки бўлмагунича, узоқ вақт черков назоратчиси вазифасини бажардим.

НЕФТЬ СОҲАСИДАГИ ИЛК ҚАДАМЛАР

Керосин савдоси
Кларк ва Рокфеллер иши бир муддат ривожланиб борди ва 60-йиллар бошига келиб биз керосинга ишлов берувчи ва унинг савдоси билан шуғулланувчи жамиятга асос солдик. Жеймс ва Ричард Кларк, Самюэль Андрюс ҳамда Кларк ва Рокфеллер фирмаси жамият аъзоларига айланди. Шундай қилиб, мен керосин савдоси билан танишдим.
1865 йилда жамият парчаланиб кетди, бу эса завод ва мижозлар оқимини сотиш дегани эди. Улар-ни энг юқори нарх айтганга қолдириш таклифи берилди. Кейин расмий мажлис чақирилди ва биз бу муаммонинг ечимини излашга киришдик: савдони қачон ташкиллаштириш керак ва уни ким бошқаради? Шерикларим мажлисга ўзларининг вакили сифатида бир адвокатни таклиф қилишди, мен эса ҳеч қандай адвокатсиз иштирок этишга қарор қилдим, бундай арзимас муаммо учун унинг иштирок этиши шарт эмас, деб ўйладим. Адвокат аукционист сифатида танланди ва ўша вақтнинг ўзида савдони ўтказиши керак эди. Барча рози бўлди ва кимошди савдоси бошланди.
Мен катта компаниянинг шериги сифатида эмас, мустақил тижоратчи сифатида, керосин савдосига тиши ўтадиган, компанияни сотиб олишни режалаштираётган Андрюс билан бирга кенгроқ форматда фаолият юритишни ўйлаётган эдим. Бу ҳақда уларга айтишга қарор қилдим. Агар саноатнинг бу соҳасига бирданига кўплаб одам жалб қилинса, керосин бозорида қайта ишлаб чиқариш имкониятларини тасаввур ҳам қилмаган ҳолда, ҳар қандай муваффақиятга эришишга ишонардим. Ўшанда умидларим катта эди ва заводлар ҳамда мижозлар оқимини сотиб олиш учун етарли бўлган молиявий кўмакни ҳам тайин қилиб қўйган эдим. Кларк ва Рокфеллер фирмаси таркибидан чиқишга ва барча ишни шеригим Кларкка топширишга ҳозирланардим.
Савдо бошланди, адашмасам, биринчи таклиф 500 долларни ташкил қиларди. Мен 1000 доллар таклиф қилдим; бошқа даъвогарлар эса 2000 доллар; шундай қилиб, нарх яна ва яна юқорилаб борарди. Ҳеч ким ён беришни истамас эди, ва ниҳоят нарх 50 000 долларга кўтарилди! Бу биз тахмин қилганимиздан анча юқори баҳо эди. Кейин 60 000 долларга кўтарилди ва секинлик билан 70 000 долларгача борди. Ишни сотиб ололмайман, энг асосийси, ҳисоб-китоб учун керакли пулни топа олмайман деган хавотир мени чулғаб ола бошлади. Ниҳоят, даъвогарлар 72 000 доллар таклиф қилди. Мен дарҳол қичқирдим: 72 500 доллар! Шунда Кларк айтди: “Бўлди, мен шу ерда тўхтатаман, Жон: иш сеники!”
– Ҳамма суммага чекни ҳозироқ беришим керакми? – деб сўрадим.
– Йўқ, – деди Кларк, – сенга бу суммани ишонаман, қандай қулай бўлса, шундай йўл тут!
“Рокфеллер ва Андрюс” фирмасига шу йўсинда асос солинди ва мен қулоғимгача керосин савдосига кўмилиб кетдим. Шундан бери, 56 ёшни қаршилагунимча, деярли қирқ йил давомида бу иш билан шуғулландим.
Керосин саноатининг биринчи қадамлари тарихи ҳаммага яхши маълум, уни такрорлаш шарт эмас. Керосинни тозалаш жуда оддий жараён, унинг биринчи фойдаси яхшигина бўлди. Албатта, тез орада бу ишга бутун халқ ўзини урди: қассоблар, новвойлар, совунфурушлар – ҳамма керосинни тозалашга киришди ва бироз муддат ўтгач, бозорда керосин миқдори истеъмол ҳажмидан ортиб кетди. Нархлар яна ва яна тушиб борарди, натижада, бу вазият саноатга хавф сола бошлади. Керосин бозорини чет эл мамлакатларида кенгайтириш рад этиб бўлмас талабга айланди, лекин бунинг учун каттагина меҳнат ва пухта тайёргарлик талаб этиларди. Худди шундай, нархларни пасайтиришга эришиш учун бу даражада керосин тозалашни такомиллаштириб ишлаб чиқариш ҳам жуда мураккаб эди. Бу вазиятда ҳам қандайдир даромад қилишим керак эди. Бу жараёнда, бошқа обрўли фабрикаларда чиқитга чиқариладиган барча ён маҳсулотлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак эди.
Бу биз керосин бизнесига кирганимиздан бери дуч келган муаммолар эди. Қандайдир йўл билан бетартиблашиб бораётган соҳада тартиб ўрнатиш керак эди, ишнинг мураккаблиги эса қўшнилар ва маслакдошлар билан мажлис чақиришга ва мумкин бўлган барча ечимларни излашга ундади. Бозорни кенгайтириш, фабриканинг улгуржи савдосини яхшилаш каби вазифалар ўша вақтдаги ҳеч бир алоҳида жамиятнинг қўлидан келмас эди. Бу вазифаларни фақатгина айланма маблағларини ошириш ҳамда бой билими ва иш тажрибаси бўлган ходимларни жалб қилиш орқалигина амалга ошириш мумкин деб ўйлар эдик.
Шу фикрга асосланиб, биз энг яхши заводларни сотиб олиб, катта тежамкорлик ва ишлаб чиқаришга эришиш мақсадида уларнинг маъмуриятини марказлаштира бошладик. Иш суръати ўйлаганимиздан кўра тезлашди.
Тажрибали инсонлар ўртасидаги бу каби ҳамкорликдаги дўстона фаолият ишлаб чиқаришда, юк ташишда, молиялаштиришда ва бозорларни кенгайтиришда кутилмаган ижобий натижалар берди. Бизни ташвишлантирадиган ва хавотирга соладиган жиҳатлар бисёр эди, катта ёнғинлар ва ҳатто нефтнинг ўзи ҳам бир вақтлар қаттиқ шубҳа остига олинган эди. Биз мунтазам равишда режаларимизни ўзгартириб борардик, кўп ўтмай комбинацияларимиз ҳам алмашарди. Шу йўсинда керосин ишининг маркази, захира цистерналар, труба қувурлар тизими барпо этилди. Кунлардан бир кун манбалар нефть етказиб беришни тўхтатиб қўйди, бу эса бизнинг барча меҳнатимиз ҳавога учганини англатарди. Лекин барибир, умуман олганда, бу иш каттагина спекуляция (судхўрлик) эди, лекин ҳозиргача бундай вазиятдан қандай чиқиб кетганимизга ҳайрон қоламан. Шундай қилиб, оз бўлса-да, ишни тўғри юритишни ўрганиб олдик.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/dzhon-devison-rokfeller/milliarderning-hotiralari-68991181/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Миллиардернинг хотиралари Джон Дэвисон Рокфеллер
Миллиардернинг хотиралари

Джон Дэвисон Рокфеллер

Тип: электронная книга

Жанр: Биографии и мемуары

Язык: на узбекском языке

Издательство: BOOKTOPIA

Дата публикации: 25.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Standard Oil Company – дунёнинг етук компанияси, ҳали-ҳамон довруғи сўнмаган гигант ташкилот.

  • Добавить отзыв