Умр дарёси
Шомурод Шаропов
Китоб муаллифининг воқеалар тасвири ва унга муносабатида айниқса, собиқ шўролар даври тизимида ўзигагина хос бўлган давлат бошқарувидаги буйруқбозлиги, собиқ Марказнинг ҳукмдорлиги, унинг холис ўзбек миллатига хос бўлган урф-қадриятларини менсимаслиги каби тоталитар қиёфасига нисбатан танқидий ёндошиш уфуриб туради. Ҳар бир фаслда муаллиф бадиий тафаккурининг Истиқлол шукуҳига йўғрилганлигини ҳис этиш мумкин. Китоб бағоят мароқли ва равон тарзда битилган. Асар қаҳрамони ва унинг замондошлари фаолияти тасвири бугунги ёшларимизни ватанпарварлик ва меҳнатсеварликка, илм-маърифатга етаклайди, юртимизнинг яқин тарихидаги бунёдкорлик ишлари билан таништиради. Ўйлайман-ки, унинг нашр этилиши ва китобхон қўлига етказилиши хайрли ишлардан бири бўлиб қолади.
Шомурод Шаропов
Умр дарёси
Амир Тўраев таваллудининг 70 йиллигига бағишланади
ТАРИХИЙ, ҲУЖЖАТЛИ ДЕТЕКТИВ АСАР
Дамин ТЎРАЕВ,
филология фанлари доктори, профессор
Инсон ва унинг рангин ҳолатларга бой ҳаёти ўша инсон яшаган умрни безаб, мазмун ва моҳиятини белгилаб келган. Дарвоқе, кишилик жамияти тараққиётининг барча босқичларида инсондаги инсонийлик фазилатларни, унинг маънавий дунёсини, ундаги салоҳият ва истеъдодни эътироф этиш ҳам муҳим ўрин тутган. Мутахассислар, хусусан, ўз даври қалам аҳли ҳисобланган ижодкорлар эса бу эътирофни миллат қалбига етказиш борасида изланишиб, турли ифода усулларини кашф этишган. Эл назарига тушган ва ибратли ҳаёт кечирган фидойи инсонларнинг эл-юрт тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилган хизматларини эътироф этишда тарихий-бадиий асарлар битиш ана шундай воситалардан бири ҳисобланган. Таниқли ижодкор Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” номли китобини ҳам юқоридаги асарлар туркумига киритиш мумкин. Чунки, асарни қунт билан мутолаа қилган китобхон қашқадарёлик фидойи инсон, пахтачилик бўйича етук олим, улуғ мақсадларга эришишнинг ягона йўлини ҳалол меҳнат ва касбга садоқат деб билган, маънавий етуклик ва мустаҳкам эътиқод эгаси Амирқул Тўраевнинг ҳаёт йўли мисолида инсон ва у фаолият олиб борадиган ҳаёт муаммолари хусусида етарли тасаввурга эга бўлади.
Мен китоб муаллифи Шомурод Шараповни миллий қадриятларимизни эъзозловчи, анъаналаримизни тарғиб қилувчи таниқли ижодкор сифатида яхши биламан. Унинг Қашқа воҳасининг улуғ зиёратгоҳ ва қадамжолари, шунингдек, эл ардоғидаги фидойи фарзандлари ҳамда “орамиздаги одамлар” ҳисобланувчи камсуқум, аммо ўзининг камтарона меҳнати билан обрў топган инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий мемуар асарларини, портрет жанридаги китобларини мамнуният билан мутолаа қилганман. Айтиш жоизки, унинг ижод маҳсулларини нафақат қалам аҳли, балки турли касбдаги ҳамюртлар ва кўп сонли замондошларимиз ҳам яхши билишади, десам муболаға бўлмас.
Муаллифнинг “Умр дарёси” номли китобининг қўлёзмаси ҳақида тўхталар эканман, унинг ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини таъкидлаш лозим. Бу китоб воқеалар кўламдорлиги ва персонажларнинг кўплиги, тасвирдаги ҳар бир воқеа – муаммога муаллиф нуқтаи-назарининг холислиги ва аниқлиги билан китобхонни асар қаҳрамони билан бирга нафас олишга ўзига хос касб этади. Китобхон мутолаа жараёнида муаллиф услубига хос бўлган проза жанридаги тарихийҳужжатлиликни ҳам, детектив адабиётга хос изқувар образ талқинини ҳам, жиноятни очиш билан боғлиқ воқеалар силсиласини ҳам, шунингдек, соф бадиий асарга хос психологик талқин намуналарини ҳам учратади. Тасвирдаги ана шундай услуб хилма-хиллиги китобхонни асар қаҳрамони изидан етаклайди, воқеалар иштирокчисига айлантиради. Хусусан, китобнинг биринчи қисмидаги “Ойсиз тун хаёллари”, “Пўлатими ёки…”, “Абу таксичи”, “Меҳмонлар борми?”, “Ертўладаги учрашув”, “Косонтоғдаги қотиллик”, “Инсон қиёфасидаги йиртқич”, “Самарқандга саёҳат”, “Қора илон”, “Хусумат” каби фасллардаги тасвирлар ана шундай фазилатлари билан ўқимишлиликни таъминлайди.
Ижодда “Ҳаёт ҳақиқати ва бадиий тасвир” деган “қонуният” борлиги маълум нарса. Бу қонуниятнинг асосини “бадиий тўқима” ташкил этишини ҳам барча ижодкорлар яхши билишади. Шомурод Шараповнинг мазкур китобида ана шу “бадиий тўқима”га эрк беришни учратмаймиз. Асар қаҳрамони қиёфаси ва ички дунёси ҳамда воқеалар тасвири ҳаётда қандай бўлса шундайлигича ҳаёт ҳақиқатига хос – ҳаётдагидек берилган. Дарвоқе, камина асар қаҳрамони Амирқул Тўраевни яхши билишим, фидойи чўлқувар, моҳир раҳбарлик фаолиятидан хабардорлигим сабаб, китобнинг мазкур фазилатларини алоҳида қайд этаяпман.
Китоб муаллифининг ютуқларидан яна бири шундаки, у асар қаҳрамони ҳаёти, хусусан таржимаи ҳолини батафсил тасвирлашни мақсад қилмайди. Бошқача айтганда, асосий урғу – муаллиф нуқтаиназари асар қаҳрамони ҳаётидаги жамият тараққиёти муаммоларига дахлдор воқеалар тасвирига қаратилади. Натижада китобхон давр манзараси ва унинг ижтимоий-маънавий ҳолати ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлиб боради. Ана шу холис тасвир орқали китобхон Қарши чўлини ўзлаштиришда фидойилик намунасини кўрсатган Шароф Рашидов, Рўзимат Ғойибов, Нажим Ҳамраев, Эркин Турсунов, Қарол Маҳмудов, Муродулла Саидов сингари инсонларнинг меҳнат фаолияти билан танишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз-ки, китоб муаллифининг воқеалар тасвири ва унга муносабатида айниқса, собиқ шўролар даври тизимида ўзигагина хос бўлган давлат бошқарувидаги буйруқбозлиги, собиқ Марказнинг ҳукмдорлиги, унинг холис ўзбек миллатига хос бўлган урф-қадриятларини менсимаслиги каби тоталитар қиёфасига нисбатан танқидий ёндошиш уфуриб туради. Ҳар бир фаслда муаллиф бадиий тафаккурининг Истиқлол шукуҳига йўғрилганлигини ҳис этиш мумкин. Катта авлод вакиллари яхши биладиларки, собиқ иттифоқ даврида Иван Иосифович деган кимса узоқ йиллар давомида Қашқадарё вилоятининг иккинчи раҳбари сифатида фаолият олиб бориб, маҳаллий кадрларни топташ ва “чеканка” қилиш, оддий халқнинг нонини оғзидан олишда собиқ Марказга садоқатли хизмат қилган эди. Бирон-бир зиёли ёки собиқ раҳбар бўлмасин, унинг номини лаънатлар гирдобида эслашади. Хусусан, камина ҳам қайсидир битикларининг бирида унинг умри якунидаги қисматига маймунлар йиғлаб томоша қилганини қайд этган эдим. Қизил империянинг бу жаллоди ҳақида жиндек ортиқча тўхталганлигимнинг сабаби шундаки, Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” номли мазкур китобида бу кимса – салбий персонаж Иван Иосифовичга нисбатан қараш асар қаҳрамонининг кураши жараёнида очилиб боради.
Китобнинг “Замондошларнинг қалб сўзлари” номли иккинчи қисми ҳам китобхонларни асар қаҳрамони Амирқул Тўраевнинг инсоний фазилатлари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу қисмда Амирқул Тўраев билан турли йилларда бирга ишлаган ва мулоқотда бўлиб келган замондошларининг қалб сўзлари жамланган. Булар орасида Жамол Камол, Ўткир Раҳмат, Эркин Аъзам, Комил Аваз, Убайдулла Уватов, Дамир Ёдгоров, Январ Иноятов каби республикамизнинг таниқли зиёлилари – шоир ва ёзувчилари, меҳнат фахрийлари ҳамда Амирқул Тўраевнинг бир қатор хорижлик дўстларининг хотиралари эътиборли бўлиб, бу хотиралар айни пайтда китоб мазмунини зийнатлаган.
Хуллас, китоб бағоят мароқли ва равон тарзда битилган. Асар қаҳрамони ва унинг замондошлари фаолияти тасвири бугунги ёшларимизни ватанпарварлик ва меҳнатсеварликка, илм-маърифатга етаклайди, юртимизнинг яқин тарихидаги бунёдкорлик ишлари билан таништиради. Ўйлайман-ки, унинг нашр этилиши ва китобхон қўлига етказилиши хайрли ишлардан бири бўлиб қолади.
БИРИНЧИ ҚИСМ
УМР ДАРЁСИ
…Тўғриси, дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, гўзал чеҳраларни кўрдим, кошона ва эҳромларни кездим, улар бир-биридан жозибадор бўлсада, ўзим туғилиб ўсган қишлоғимни севаман. Албатта, дунёнинг чек-чегараси йўқ, инсонларни ҳар қадамда ҳайратга соладиган мўъжикор, сир-асрорларга тўла нарсаларнику айтмаса ҳам бўлади, аммо сафардалик пайтларимда негадир кўз ўнгимдан қишлоғимдаги инсонлар бирма-бир ўтиб тураверади. Дубайда қад ростлаган баландлиги 824 метрли дунёдаги энг баланд “Бурж ал-Араб” кошонаси ҳам, Қизил денгиз ҳам, Ўрта ер денгизи ва Ўлик денгизи ҳам, жонларга дармон бўлган машҳур Карло-Вари суви ҳам, Ҳиндистондаги етти мўъжизанинг бири бўлмиш гўзал Тожмаҳал ҳам, Буюк Хитой девори ҳам, ҳамма ҳаммаси мени кечирсинлару, Каъбам бўлмиш Ўзбекистон дея аталмиш Ватаним, олти мингдан ортиқ хонадон яшайдиган ўзимнинг Пўлати қишлоғим ва унинг захматкаш оддий халқи барчабарчасидан устундир!
Дунёга келганимда менинг исмимни отам қўйган эканлар. Ўз боласига исм қўйиш, ўқитиш, тарбиялаш ва уйлантириш отанинг асосий масъулияти ҳисобланади. “Амир” деган исмимга ҳамма рози эди. Пўлати қишлоғида икки нарса кўпроқ қадрланади – ор-номус ва ўз номи. Афсуслар бўлсинки, баъзида номига ҳам, ор-номусига ҳам инсоннинг ўзи хиёнат қилиши мумкин. Лекин отам менинг исмимга умрим мазмуни ва мақсадини жо этган экан. Мен бу дунёда ўзимга сиғмасдан яшадим. Аллоҳнинг ўзига шукур, ҳеч нарса мен учун муаммо бўлгани йўқ. Ўтган кунларим мен учун энг бахтли онларим деб ҳисоблайман. Лекин бу кўҳна дунёнинг сирини ҳалигача ҳеч ким билган эмас. Дунё эса яна дунёлигича қолаверади.
Ватанни севишдек жасоратни инсон қалбига Аллоҳнинг ўзи жо қилади. Жасоратли инсонлар ҳаёт билан ўлим орасида ҳам ўз билганини қилади. Уларга қўрқув бегона, улар номус учун курашадилар, уларда армон бўлмайди, орзу-умидлари ўнгидан келаверади, ишлари зафарли бўлади. Жасоратли инсонлар ҳеч қачон Ватанига ва халқига хиёнат қилмайди. Буни бир сўз билан ВАТАНПАРВАРЛИК дейилади.
Ўзбек халқи эришган мустақиллик элимизнинг фахрли ютуғи. Бу бахт ҳамма бахтлардан ҳам буюкдир!
Бу бахтга мушарраф бўлган халқимизнинг юзи ёруғ, келажаги нурафшон бўлсин. Истиқлол йўлида курашган, ўз жонини фидо қилган ватандошларимизни Аллоҳим ўз раҳматига олсин!
Амир ТЎРАЕВ
“Пўлати ва пўлатиликлар”
китобидан.
ОЙСИЗ ТУН ХАЁЛЛАРИ
Азиз ўқувчим, булутсиз тунлари осмонга тикилганмисиз? Айниқса, ойсиз тунда! Ўшанда хаёлингиздан нималар кечганини эслайсизми? Кўз ўнгингизда чексиз уммондек коинот сукунатга чўмиб, киши қалбига ваҳм солади, гўё. Ўз-ўзингиздан хаёл денгизига суза бошлайсиз. Кўнглингиздан эса минг битта ўй ўтади шунда… Болалик, қишлоғингиз одамлари, тўпирли кўчалари, ўқувчилик даврингиз, мактаб ҳаёти, муаллимлар ва синфдошларингиз, талабалик йиллари, устозлар, курсдошлар, дастлабки иш фаолиятингиз, йўл-йўлакай учраган одамлар, замондош ҳамкасбларингиз, уларнинг сизга бўлган муносабатлари-ю, ҳақ-ноҳақ хаттиҳаракатлари… Бари-бари кўз ўнгизда гавдалана бошлайди, айниқса, юлдузларга боқсангиз!
Ўшандай тунлари ўз-ўзингиздан болалик ва ёшликни қўмсайсиз. Ўтган ҳаётингизни сарҳисоб қила бошлайсиз. Бобо-момоларнинг сўзлаган эртак ва ривоятлари эсингизга тушади. Умр сўқмоқларида учратган кишиларнинг ўзингизга қилган яхшиликлари-ю, ёмонликларини эслайсиз. Негадир, кутилмаганда руҳ ва жисм ҳақида фикр юрита бошлайсиз… Руҳ моддийми ёки жисм? Мана шу саволга жавоб ахтаришга тушасиз…
Бир оз вақт ўтиб, яна юлдузларга тикиласиз. Улар бамисоли ловуллаб, қалбингизга нур мисоли оқиб кирмоқчи бўлади. Юлдузлар шу қадар равшан порлаб кўринади-ки, қўлингни узатсанг, гўё кафтингга қўнадигандек. Шу пайт болалигинг ва ўсмирлигингда ҳам юлдузли осмонга тикилиб, хаёл сурганларингни эслайсан. Юлдузлар оламида нималар ўзгарганини билмоқчи бўласан. Аммо ҳеч бирини англай олмайсан. Осмон ўша-ўша…, фақат Вақт деган буюк тушунча узлуксиз ҳаракатда. У гўё азим дарё мисол доимо ҳаракатда бўлади. Азал тоғларидан бошланиб, Абадиёт уммони томон олға силжийди. Инсон деб аталмиш хилқат эса улар оралиғидаги Вақт дарёсида умргузаронлик қилади. Унинг Абадият уммонига ўз аксини қанчалик муҳрлаши умри давомида амалга оширган фазилатли ишлари билан белгиланади, албатта. Бу ҳақда қўлингиздаги китобимиз қаҳрамони бўлмиш Амир Тўраев ҳам ёшлик йиллари ўзи туғилиб вояга етган Пўлати қишлоғидаги уйлари томига чиқиб, бот-бот фикр юритган.
ПЎЛАТИМИ ЁКИ…
Пўлати қишлоғи вилоят марказининг шимол томонида, Қарши шаҳридан 25 километрлар олисликда жойлашган. У воҳадаги анчайин қадимий манзилгоҳлар сирасига киради. Пўлати ариғи ишга туширилгунга қадар қишлоқ аҳли асосан чорвачилик ва лалмикорлик соҳалари билан шуғулланишган. Аҳолиси ўзининг тадбиркорлигию ҳунармандлиги орқали узоқ-яқинга танилиб улгурган.
Қишлоқнинг номланишига келсак, турли қарашлар мавжуд. Пўлатилик машҳур инсон, давлат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов ўзининг “Ҳайрат олами” номли хотиралар китобида қишлоғининг номланиши тўғрисида қуйидагича фикр юритади:
“…Қишлоғимизнинг номи Пўлати. Нега шундай – то ҳануз мени қизиқтиради. Пўлат деган машҳур бир одам номи билан боғлиқ бўлса, қариялар билишарди. Ўзбекларнинг Пўлат, Пўлатчи, Фўлодчи уруғиданми дейилса, бу ҳам тўғри келмайди. Ўзбек қомусида кўрсатилишича, диёримиз ҳудудида бешта Пўлат, Пўлатчи деган қишлоқлар бор. Масалан, Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида.
Ўзларининг асли келиб чиқишларини арабий уруғларидан деб ҳисобловчиларнинг гапида жон борга ўхшайди. Минг йиллар мобайнида неча-неча уруғу элатлар табиий бир тарзда макону манзил алмаштириб, яйлову сув излаб силжиб, аралашиб, чатишиб-қовушиб кетиб, яъни Амударё ва Сирдарё оралиғида собиту ўтроқ яшовчи туркий уруғлар билан қўшилган ҳолда ягона ўзбек халқига айланганлиги тарихий ҳақиқат. Наршахийнинг “Бухоро тарихи”да ҳам бу ҳақда аниқ айтилган. Нима бўлмасин, ҳамқишлоқларим ҳам катта ўзбек халқининг бир ирмоғига оид уруғлардан эканлиги шубҳасиз. Тасаввур учун битта муқояса келтирай.
Бир олимнинг ҳисоблаб чиқишига кўра, мабодо, иложи бўлиб, ер сатҳининг йигирма миллион йиллик ҳаракатини ҳар ўн йил-ўн йилда бир лаҳзалик кино тасвирига тушириб, уни бир кеча-кундузлик ҳажмдаги сиқиқ ва шиддатли фильм тарзида томоша қилсак, ажойиб манзаранинг шоҳиди бўлар эдик, яъни, тоғлар емирилаётган, денгизлар қуриётган ёки аксинча, пайдо бўлиш манзараларини кўрардик. Чунки, йигирма йиллик ҳаёт бир неча лаҳзага сиғдирилган-да! Худди шундай, инсоният тарихининг сўнгги икки минг йиллигини бир йиллик муддатга келтириб, тезлик шитобида кўрсак, халқларнинг аралашуви, қўшилиши, ташкил бўлиши, ажралиши, янги-янги сифат белгиларга эга бўлган этник уюшмалар юзага келишини кўрган бўлардик. Чунки, соф ҳолдаги бирор халқнинг бўлиши мумкин эмас. Ҳар биримизнинг томиримизда аждодларнинг қони оқиб турганлиги аниқ. Турк, мўғул, араб, тожик, туркман, қозоқ ва бошқалар ҳамиша ўзаро инсоний, ижтимоий мулоқотда бўлиб, бир-бирини бойитган. Эрону арабий уруғлар, сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, чингизийлар, шайбонийлар узоқ асрлар мобайнида хоҳ ихтиёрий, хоҳ зўрлик, хоҳ бошқа йўл билан бўлсин, бирбирларига аралашиб кетганлар. Ҳозирги ўзбек уруғларининг ранг-баранглиги ҳам буни исботлайди. Қорахитой, Мўғулон, Арабхона деган қишлоқлар борлигини эсланг. Қиз олиб, қиз бериш орқали қудаандачилик ва қариндошликнинг юзага келиши, туғилган фарзандларнинг янги этник хислатлар ҳосил қилиши ёки турли-туман минтақаларга бўлиниши, инсонларнинг оила қуриши натижасида юзага келадиган янгича сифат ўзгаришлари ҳам миллатни “янгилаб” турадиган жараёнлар сирасига киради.
Ўзбек тилини кўринг. Унинг бағрида қанчадан-қанча арабий, форсий сўзлар, атамалар яйраб, ўзлашиб яшаётганлигини биламиз. Навоий асарларининг тили, луғавий бойлиги буни исботлаб турибди. Бу тарихий жараённи инкор этувчи киши ҳақиқатдан кўз юмган одам ҳисобланади…”.
Қаршидан Пўлатигача кўплаб қишлоқлар азалдан мавжуд. Уларни Қашқадарё дарёсидан қазиб келтиришган иккита катта ариқ ўзани ўзаро бирлаштириб турган. Бўлмас, Губалак, Ушоқтепа, Дарча, Шербек, Пўлати қишлоқлари шулар жумласидандир. Оқар сув келтирилган ушбу ариқлар шарофати билан атроф қишлоқлар боғу-токзорлар, полиззорларга айлантирилди.
* * *
Қашқадарё заминини улкан энциклопедияга ўхшатаман. Пўлати қишлоғи эса унинг ҳали ўрганилмаган бир саҳифаси, холос. Воҳадаги ўнлаб қадимий қишлоқлар каби, Пўлатининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўнлаб асрлар нарисидан акс-садо беради. Машҳур Буюк ипак йўлининг Насаф-Самарқанд тармоғи бўйида жойлашган бу қишлоқнинг номланиши тўғрисида, ҳали юқорида таъкидлаганимиздек, турфа қарашлар, тахминлар мавжуд. Бу ҳақда Республикамизнинг таниқли топоном олими, профессор Тўра Нафасовнинг “Ўқитувчи” нашриёти томонидан 1988 йилда чоп этилган “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” асарида “Пўлати – Косон р., Деҳқонобод р. Қ-қ (Оқтош). Қорқалпоқлар кендикли уруғининг бир тармоғи “токполат”(120; 167). Тожикистон барлосларида “пўлатбачча” деган кичик уруғ бор (153; 79). Этнонимларнинг асоси – пўлат – полатчи аффикси жамликни ифодалайди.
И аффикси аслида –ти(Пўлат-и) тарзида бўлган. Сўз таркибида т—ч товуш мослиги бор. Этнонимдан қишлоқ номи яратилган”, деб тушунтирилади.
Менинг шогирд сифатида устоз домламиз Тўра Нафасов шахсига нисбатан бўлган ҳурматим беқиёс. Аммо, мустақил шахс сифатида ўзимнинг ҳам шахсий қарашларим борлигини инобатга олган ҳолда, устознинг Пўлати қишлоғи ҳақидаги “Этнонимдан қишлоқ номи яратилган” деган қарашларига қўшилаолмайман. Авваламбор, Пўлати қишлоғи аҳли манзилгоҳ юзага келганидан буён этник тарафдан қарайдиган бўлсак, араб миллатига мансуб. Юқоридаги асарда тасвирланганидек, бу қишлоқда қорақалпоқлар кандикли уруғининг бир тармоғи бўлмиш “токполат”лар ҳам, Тожикистон барлосларининг “пўлатбачча” деган кичик уруғ вакиллари ҳам яшамайди. Шундай экан, қишлоқнинг номланиши туркий уруғлар этнонимига алоқаси йўқ.
Пўлати қишлоғини яна кимдир қадимда шу ердан манзил топган Пўлатбой исмли бадавлат киши номи билан боғласа, кимдир пўлатсоз уста билан чоғиштиради. Аммо, униси ҳам, буниси ҳам ақл тарозисига тўғри келмайди. Аввало, ўрта асрларда битилган адабиётларда “Пўлат” исмли ёки исмига аниқловчи “бой” қўшимчаси қўшилган инсонлар номи ҳам учрамайди. Агар манзилгоҳ киши номи билан боғлиқ бўлса, Самарқанд вилоятидаги Пастдарғом, Бухоро вилоятидаги Жондор туманларида жойлашган Пўлати қишлоқларининг номланиши-чи? Улар ҳам кимларнингдир исми билан боғлиқмикан, деган савол туғилади, шу ўринда.
Саволларга жавоб излаб, мозийга бир назар ташлаш фойдадан холи эмас. VII-IX асрларда Мовароуннаҳр ҳудуди Бағдод халифалиги тасарруфида эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Бухоро, Самарқанд ва Насаф шаҳарларидаги бошқарув вазифаларида кўпроқ араб миллатига мансуб кишиларнинг мавқеи асосий ўринни эгаллаб турган. 888 милодий йилга келиб, Аҳмад Сомонийнинг ўғли Исмоил Сомоний бутун Мовароуннаҳр ҳукумдорлигини ўз қўлига олади. Кейинчалик у Хуросонни ҳам тасарруфига киритиб, ўз давлатини мустақил деб эълон қилади. Шу даврга келиб, Мовароуннаҳрнинг марказий шаҳарларида асосий мавқени эгаллаб турган араб миллатига мансуб кишилар замон ва сиёсат зайлига кўра, аста-секин марказий шаҳарлардан олисроқ бўлган даштлик жойларга кўчиб чиқадилар ва булар ўрнашган янги манзилгоҳлар атрофида яшайдиган маҳаллий аҳоли уларни “баладийлар”(“шаҳарликлар”) деб аташгани ҳақиқатга яқин туради. Улар яшаган манзилгоҳлар эса вақт ўтиши билан тўғридан тўғри “Балади” деб юритила бошланади.
“Балад” сўзи араб тилидан ўзбекчага ағдарилганда “шаҳар” маъносини англатади. Албатта, вақтлар ўтиши билан лаҳжаларнинг ўзгариши туфайли “Балади” атамаси “Пўлати” кўринишини олган бўлса ажабмас.
“Б” ва “П”, “Д” ва “Т” ҳарфларининг талаффузи бирбирига яқинлиги “Балади” сўзини “Палати”, кейинчалик “Пўлати” деб юритилган кўринади. Бунга Бухоро, Самарқанд ва Косондаги Пўлати қишлоқлари ҳам алоқадор. Булар менинг шахсий фикрларим, албатта.
Ушбу фаразларнинг ҳақиқатга яқинлигини XII асрнинг Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тарих, шеър ва насаб илмларини аъло даражада ўрганган машҳур араб сайёҳи Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Китоб ал-ансоб”(“Насаб ҳақида китоб”) асарида ҳам кўриш мумкин. Ушбу асарда у насафлик ва кешлик олиму уламолар, шоиру ёзувчилар ҳақида кўплаб манбалар келтирган. Шунингдек, “Баладий” нисбали олимлар тўғрисида ҳам.
“Балад” арабча сўз бўлиб, шаҳар деган маънони англатади, дейди Абдулкарим ал-Самъоний ўз асарида ва бу манзилгоҳда яшаб ижод этган қуйидаги алломаларни санаб ўтади:
“Машҳур муҳаддис олим Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Баладий Насаф аҳлидан. Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Мустағфирийдан ва оталари Абу Наср ал-Баладийдан таълим олганлар. Бухоро, Самарқанд, Насаф ва Маймарғ(ҳозирда Майманоқ)да бу киши ҳақида менга йигирмадан кўпроқ киши маълумот берди. Неваралари Абу Наср Аҳмад ибн Абдулжаббор ал-Баладийдан бу нисбат ҳақида сўрадим. У зот айтдилар: “Канат ул-уламоу фи замони жаддий ал-ҳуро ва ан-ноҳи. Ва кона жаддий мин аҳли ал-балад. Фаурифа би ал-Баладий. Фабақо алайна ҳазил исм.(Катта бобом Абу Наср замонларида аксарият уламолар Насафнинг қишлоқ ва ноҳияларидан эдилар. Бобом эса шаҳар аҳлидан бўлганлар. Шунинг учун “Ал-Баладий” нисбати билан танилганлар. Шундан кейин бизга бу исм қолди). Абу Бакр ал-Баладий Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад алБужайрийнинг “Ал-Жоми ас-Саҳиҳ”(“Саҳиҳ ҳадислар тўплами”) китобларидан дарс берганлар. Ҳижрий 504(милод. 1111 ) йилда вафот этганлар.
Неваралари Абу Наср Аҳмад ибн Абдулжаббор алБаладий солиҳ шайх, чиройли сийратли, Насафнинг таниқли ва кўзга кўринган олими эдилар. Абу Ҳафс Умар ал-Бужайрийнинг “Ал-Жоми ас-Саҳиҳ”ларини шу кишидан таълим олганман. Ўғлим Абул Музаффар асСамъоний ҳам ушбу китобнинг айрим жузларидан таълим олганлар. Ҳижрий 551(милод. 1157) йилда у кишининг ёнларидан кетганимда тирик эдилар.
Боболари Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад алБаладий қози, ҳадисни яхши кўрувчи муҳаддис эдилар. Абу Муҳаммад ат-Тарсусий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ал-Ғужжар ал-Ҳофиз ва Абу Бакр ибн Идрис алЖаржарийдан таълим олганлар ва устозлари ҳақида “Мўъжам аш-шуюх”(“Шайхлар қомуси”) китобларида маълумот қолдирганлар”…
Киши назарида йирик қишлоқ бўлиб кўринган Пўлати манзилгоҳи ўнлаб ички маҳалла ва гузарларга ажралган бўлиб, уларнинг ўзига хос тарихи бор. Шунинг ўзи ҳам пўлатилик суҳбатдошларимнинг “Қишлоғимиз ўрнида минг йиллар аввал бешта оила кўчиб келиб, яшай бошлаган. Кейинчалик уларни қора қилиб, узоқ-яқиндан бошқа араб уруғлари ҳам кўчиб келишган. Ҳозирги авлод ўшаларнинг давомчиларидир” дея изоҳлаганидек, манзилгоҳ бир неча уруғ вакилларидан жамланганлигини кўрсатади. Ўша беш оила бир замонлар Насаф шаҳридан кўчиб келган “Баладий”(“шаҳарлик”)лар эмасликларига ким кафолат беради?
Биз ҳозиргача ўрганиб, аниқлаган Пўлати қишлоғи ва гузарлари уруғларининг номланиши қуйидагича кўринишни ифода этади:
1. Мергантўп.(Мерганча)
2. Қорабўйин
3. Пўстхўр
4. Серри (Новча, Узунпойча)
5. Худойбойшоҳ (Худойбош)
6. Калтатой
7. Дод-вой
8. Бахшибойи
9. Балиқчи
10. Кўтарма
11. Беш капа
12. Бой тўп
13. Позил
14. Тўпка
15. Лакки
16. Мардон тўп ва бошқалар
Эътибор берган бўлсангиз, ички уруғлар номланиши “Пўлати” атамаси билан (“Беш капа”ни инобатга олмаганда) боғлиқли эмас.
Инсонларнинг кўпчилиги ўз кўзи билан кўрган, ўз қулоғи билан эшитган ва қўллари билан ушлаган нарсаларнигина бор нарса деб қабул қилишга ўрганиб қолишган. Ақилли одамлар ўзлари тушуниб етмаган бирор бир нарсани дарҳол инкор этишга шошилмайдилар. Орамизда шундайлар ҳам борки, баъзи нарсаларни билимлари етарли эмаслигидан тушунмаётганликларини тан олгилари келмайди. Ҳар эҳтимолга қарши дарҳол унга салбий баҳо бериб, бу борада билимларининг камлигини беркитишга ҳаракат қилишади ёки умуман билимсизликларини ошкор бўлишидан ҳадиксираб, бир йўла уни инкор қилиб, ундан қутилиб қўйгилари келади. Шунинг учун ҳам бирбиримизни билиб-билмасдан рад этишга ўрганиб қолганмиз.
Аммо, тортишаётганлар қадимий қўлёзма асарларни ўрганиб, бир бирига чоғиштириб манзилгоҳларнинг номланиши тўғрисида бир тўхтамга келишни ўйлаб ҳам кўришмайди. Бу муаммони ҳал этиш, албатта осон иш эмас. Тўғри келган кишидан билиб-билмасдан ҳар нарсани сўрайвериш эса кишида нотўғри, чалкаш фикр ва тасаввурлар пайдо бўлишига, бинобарин, ҳақиқатдан узоқлашувига сабаб бўлиши мумкин. Буни юқорида келтирилган мисоллардан ҳам билиб турибмиз.
Пўлати қишлоғини баҳоли қудрат ўрганар эканман, ҳозирда номдор бўлиб танилган ўнлаб қишлоқларнинг ўзаги шу ерга келиб туташига гувоҳ бўлдим. Яна ўнлаб қишлоқларда эса турли миллат ва элат вакиллари билан баҳамжиҳат яшаётган пўлатиликлар дўст-биродар, қудаанда бўлиб кетишган. Қуйида келиб чиқиши пўлатилик бўлган аҳоли яшаётган қишлоқ ва қўрғон-шаҳарлар, шунингдек, пўлатиликлар маҳаллий аҳоли билан бирга яшаётган манзилгоҳларнинг рўйхати билан танишасиз:
1. Пўлати
2. Андабозор
3. Райимсўфи
4. Яккасарой
5. Жайлов
6. Мўлали
7. Ёдгор
8. Уйрот
9. Қорабайир
10. Пистали
12. Номард
13. Бўрихона
14. Хўжақудуқ
15. Алачабоб
16. Бойтерак
17. Шербек
18. Шайх Али
19. Дарча
20. Қанотли
21. Оққудуқ
22. Гужумли
23. Тошли
24. Қўнғиртов
25. Узунқудуқ
26. Еттисув
27. Қоракамар
28. Шамол қудуқ
29. Човқай арабхонаси
30. Пистакент арабхонаси
31. Наврўз (Қарши тумани)
32. Кўприк (Мост)
33. ”Сурхон” 34. Ҳамза (Нишон тумани)
35. ”Беруний” (Касби тумани)
36. Ширинтепа
37. Оқрабод (Қамаши тумани)
38. ”Наврўз” (Ғузор тумани)
39. Қовчин арабхонаси (Ғузор тумани)
40. Хонобод (Ғузор тумани)
41. Боғобод (Қарши тумани)
42. Кўҳна Фазли (Миришкор тумани)
43. ”Тошкент” (Миришкор тумани)
44. Қарши шаҳри
45. Оқтош (Самарқанд)
46. Каттақўрғон (Самарқанд)
47. Жума (Самарқанд)
48. Пастдарғом (Самарқанд)
49. Денов (Сурхондарё)
50. Шеробод (Сурхондарё)
51. Шўрчи (Сурхондарё)
52. Сайроб (Сурхондарё)
53. Когон тумани (Бухоро)
54. Хўжам (Когон тумани)
55. Тошкент шаҳри
56. Душанбе (Тожикистон)
57. Самарқанд шаҳри
Ушбу рўйхатда келтирилган манзилгоҳлар сони ҳали ҳаммаси эмас, албатта.
Пўлати қишлоғидан азалда ҳам, ҳозирда ҳам эл орасида обрў қозонган кўплаб машҳур инсонлар етишиб чиққан. Улар орасида давлат арбоблари, аллома олимлар, санъат ва маданият ходимлари, қишлоқ хўжалик мутахассисларининг саноғи йўқ. Ўзининг паҳлавонлиги билан Бухоро амирининг эътиборини қозонган пўлатилик Муқим полвон, қишлоғига биринчи бор патефон (грамофон) келтириб, ҳаммани ҳайратга солган кекса муаллим Раҳмон Имомов, таниқли оқсоқол Орзиқул бобо Асадов, Республикада хизмат кўрсатган артист Баҳром Камолов, Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов, давлат арбоби Хушвақт Қўйбоқаровлар билан бугунги кунда пўлатиликлар ҳар қанча фахрлансалар арзийди.
СУЛОЛА
Пўлати қишлоғи ўнлаб асрлар давомида ўзига хос илм ва ҳунар маркази бўлиб шаклланган. Бу ердан ўз асарлари билан азалда ҳам, ҳозирда ҳам илм аҳлини лол қолдирган машҳур аллома-олимлар, шоирлар, давлат арбоблари, шифокорлар, ишбилармон тадбиркорлар вояга етганлиги кўпчиликка маълум. Биз бугун ана шундай инсонлар тоифасига кирувчи олим Амир Тўраев шахси орқали бир сулола ҳаёт фаолиятига баҳоли қудрат назар солмоқни ният қилдик. Бу эса Пўлати қишлоғи тарихининг ҳали ўқиб ўрганилмаган зарварақлари сифатида, айниқса, мамлакатимизнинг ўтган асрдаги 20-90 йиллари даври тарихини ўрганувчилар учун керакли манбалар бўлса ажабмас.
Қишлоқнинг ҳар бир уруғи маълум бир шажара асосида юзага келган. Китобимиз қаҳрамони бўлмиш Амир Тўраев шажараси Пўлатининг мерганчи уруғига мансуб бўлиб, асоси битта. Орзиқул бобо, Жўра ва Тўра Орзиқулов, Али, Амир, Шодмон… Тўраевлар каби эл назарига тушиб улгурган ўнлаб инсонлар борки, ана шу шажара вакилларидир.
АМИР ТЎРАЕВНИНГ ШАЖАРАСИ
Амир Тўраевнинг шажараси бошида машҳур мерганлар сулоласига мансуб Холмурод мерган туради. Унинг Шарофиддин, Ғиёсиддин, Камолиддин, Рустам, Сайфиддин ва Сайидин исмли фарзандлари бўлган. Ғиёсиддиндан биз ҳикоя қилмоқчи бўлган шажара бошланади. Ғиёсиддин бобо ҳам ўз ҳаёти давомида Асад, Раҳматулла, Отақул ва Эрка исмли фарзандлар кўради. Асад бободан Орзиқул бобо (1900-1956 йй.) дунёга келади. Унинг Жўра бобо (1922-2001 йй.), Тўра бобо (1924-2009 йй.), Азим бобо (1953-2010 йй.) ва Райимқул бобо (1954 й.) исмли фарзандлари бўлиб, Тўра бобо Алиқул(1945 й.), Амир (1948-2014 йй.), Шодмон (1952 й.), Раҳмонқул (1955 й.), Тоштурди (1959 й.), Муҳиддин (1960 й.) Аҳмад (1964 й,) Юсуф(1964 й.), Элдор (1984 й.) исмли фарзандларни тарбиялаб, вояга етказди. Китобимиз қаҳрамони бўлмиш Амир Тўраевнинг ҳам Руҳиддин (1977 й.), Зафар (1981 й.), Толиб (1983 й.), Темур (1985 й.), Маҳмуд (1987 й.) ва Турон(1992 й.) исмли ўғиллари ҳамда тўртта қиз фарзандлари бор. Руҳиддиннинг Бобур (2000 й.), Зафарнинг Муҳаммад (2004 й.), Нурсултон (2006 й.), Амирмалик (2014 й.), Толибнинг Чингизхон (2005 й.), Тўра (2010 й.), Темурнинг Нурислом 2009 й.), Нуржаҳон 2010 й.), Маҳмуднинг Амирмаъсуд (2014 й.) ва Туроннинг Амиртўра (2016 й.) фарзандлари аждодлар умрини давом эттиришмоқда. Шу кунларга келиб, Амир Тўраевнинг олтита ўғли, тўртта қизи, 28 та невара ва тўртта чевараси бор.
Амир Тўраев пўлатилик машҳур деҳқон ва эл кайвониси Тўра Орзиқуловнинг фарзанди. Тўра бобо аввалига савдо соҳасида фаолият кўрсатган. Кейинчалик эса жамоа ва давлат хўжаликларида узоқ йиллар раҳбарлик қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган. У номардлик, сотқинлик, икки юзламачилик, сохтагарчиликни жинидан баттар ёмон кўриб яшади. “Эркакнинг сўзи қасам, аввало, сўз берма, бир ишга киришма, сўз бердингми, шу ишга киришдингми, энди амалга ошириш ва бажариш керак!” дерди ҳар эрталабки йиғинида ўзи раҳбарлик қилаётган жамоа фаолларига қараб. Ўзи ҳам доимо шунга амал қилишга астойдил ҳаракат қилиб яшарди.
Кўпчиликдан кўп нарса чиқади. Баъзан ўзининг атрофида гирд-капалак бўлиб юрганларнинг икки юзламачилигини сезиб қолса, кўпчиликнинг ўртасида унинг айбини бўйнига қўйиб, “Сен нонкўрлик қилдинг. У дунёни билмадиму, шу дунёда азобингни кўриб яшайсан…” дея норози оҳангда огоҳлантирарди. Кўпинча унинг айтганлари рост келарди ҳам. Шунинг учун бўлса керак, одамлар бир-бирига “Тўра буванинг қарғишини эмас, дуосини олишга ҳаракат қилгин. Бу инсонга Хизирнинг назари тушган-а” дейишарди. Унинг учун ҳамма бирдек эди. Тўй-маъракалардан қолмас, элнинг иссиқ-совуғидан ҳамиша хабар оларди.
Тўра Орзиқулов жамоада қандай тартиб-интизом билан раҳбарлик қилган бўлса, оилада ҳам ўзига хос темир интизомли падари бузруквор эди. Иложи борича фарзандлари даврасида бўлишликни, ҳеч бўлмаса ҳафтада бир маротаба дастурхон атрофида улар билан бирга ўтиришни канда қилмасди. Шундай паллада уларнинг ҳар биридан ҳафталик иш фаолиятларини сўраб-суриштирар, ютуқларию камчиликларини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиларди. “…Ютуқ ўзларингники, хато қилманглар. Ака-укалар қанчалик бирикса, ишларида шунчалик барака ва ютуқ бўлади. Ака-укалар орқаворотдан бир-бирларининг ишини кузатиб юрса, хато-камчиликлари тез кўзга ташланади. Сизу бизга баҳони халқимиз беради. Халқ орасида кўпроқ бўлишликни одат қилинглар. Ана ўшанда бир-бирларингизни хато ва ютуқларингизни билиб оласизлар. Йўл қўйилган хато-камчиликлар билан тезликда бир-бировларингизни огоҳлантириб, уни тузатиш йўлларини бамаслаҳат ҳал қилишга киришинглар. Аканинг обрўси уканики, уканинг обрўси эса аканикидир, шуни унутманглар”, дерди ота ўғилларига зимдан назар ташлаб.
Ота-ўғиллар даврасида ҳар доим оиланинг жипслигию юртнинг равнақи тўғрисида сўз борарди. Гап орасида Тўра Орзиқулов оиланинг иноқлигини юзага келтириш йўлларини бот-бот эслатарди ва “…Инсон оламнинг сир-асрорларини ўзининг тафаккури орқали англаб етади ва ечишга ҳаракат қилади. Лекин, ўзига ато қилинган қисматдан ҳеч қачон қутила олмайди. Ушбу қисматни ҳар ким ўзича, бу менинг хатоим, чалкашдим, адашдим, алдандим деб ўзини қоралайди. Аммо, вақт ўтиб, ҳаётида юз берган яхши қисматни авваллари амалга оширган яхшиликларининг натижаси, юз берган ёмон қисматлари эса қачонлардир қилган ёмон, гуноҳ ишларининг акси эканлигини, аммо энди кечиккани, уларни тузатишга имкон ҳам йўқлигини тушуниб етади. Ўшанда тақдирга тан беришдан бошқа илож қолмайди!
Оламнинг тинчлиги, мамлакатнинг тинчлиги аслида оиладан бошланади.! Бу эса, ота-онанинг фарзандларига берган тарбиясига боғлиқ. Айниқса, кўп фарзандлик отаоналар ўз фарзандлари тарбиясида озгина хатога йўл қўйишлари оилага ҳам, жамиятга ҳам касофатлар келтиришига омил бўлади. Бундай бўлмаслиги учун отаонанинг ўзлари ҳам тарбияли бўлишлари керак. Ота-она фарзандларини яхши-ёмонга ажратмасдан, барчасини бирдек яхши кўришлари лозим. “Аканг ақлли, сен ақлсиз”, “Аканг яхши ўқийди, сен саводсиз” деб дашном беришлар, бирига яхши кийим, иккинчисига арзонроқ уст-бош харид қилиш, арзимаган камситиш оилада тарбияни бутунлигича бузиб, ўғил ва қизларда нотекис хулқ-атворларни келтириб чиқишига олиб келади.
Отанинг ўз фарзандларини бекаму-кўст, бир-биридан устун қўймасдан оқилу-доно қилиб тарбиялаши Аллоҳ олдидаги энг буюк бурчи ҳисобланади. Адолат ва меҳр билан тарбияланган фарзандлар ота-оналарини ҳурмат ва эҳтиром ила яхши кўрадилар. Уларга ва ўзларига номус келтирадиган уятсиз ҳамда шармсиз ишларни қилмайдилар. “Қуш уясида кўрганини қилади” деб бекорга айтишмаган, болаларим…” дерди, гапини тугатиб…
БОЛАЛИК
Азиз китобхон, қўлингиздаги ушбу китоб орқали ҳаёт-фаолиятини ҳикоя қилмоқчи бўлганим, пўлатилик талантли олим Амир Тўраев ҳам Вақт дарёсида униб, улғайди. Улуғ мақсадлар сари доимо интилиб яшади. Оиласида таҳсинга сазовор падарибузрукворлик ўрнини яратди. Фарзанд тарбиясида ҳам кўпчиликка ўрнак бўлди. Унинг ҳали амалга оширмоқчи бўлган орзуистаклари бисёр эди. Афсуслар бўлсинки, инсон умрининг узун-қисқалиги, унинг қачон тугаши ўзининг қўлида эмас! Кимдир асрлар оша яшаб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирса, кимдир жуда қисқа умр кўради. Аммо, инсон умрининг мазмуни унинг қисқаузунлиги билан ўлчанилмайди. Инсоният учун амалга оширган яхши ишлари унинг умр мазмунини билдириб, замондошлари ва авлодлари учун ўрнак сифатида бот-бот эсланади. Амир Тўраев шахсини ҳам шундай инсонларнинг сафига қўшса арзийди.
Ҳар бир инсон борки, албатта ўз бошидан болалик даврини кечиради. Кимнингдир болалик ҳаёти шўхушодонликларга тўла бўлса, кимларникидир ичимдагини топ бўлади. Амир Тўраевнинг болалиги ва ўсмирлик йиллари Косон туманидаги Пўлати қишлоғида ўтди. Унинг ўзи болалигида жимитдеккина бўлсада, жуда ўжар, ўта билармон, баъзида у ҳеч кимнинг етти ухлаб хаёлига келмаган ажабтовур юмушларни келтириб чиқарарди. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари бир неча бор бобоси ва отаси томонидан жазоланишига ҳам сабаб бўлган.
Ўзининг ҳам ҳеч эсидан чиқмайди. Болалигида билиб-билмасдан Орзиқул бобосини ҳақоратлаганида, иккинчи бора эса Гулсум аммасини хивчин билан урганида бобоси қулоқларидан чўзиб қўрқитганди. Отасининг жаҳли бобосиникидан ҳам баландроқ эди. Хўжаликка раис эмасми, этигининг қўнжидан доимо қамчиннинг дастаси кўриниб турарди. Амир навбатдаги шўхлигини сал ўтказиброқ қўйди шекилли, отаси ўшанда уни аямасдан санаб туриб, ўн бир марта қамчин билан урганди. Кўриб туришган бўлса-да, оилада уни ҳеч ким ҳимоя қилаолмаганди. Тўққиз ёшлик жимитдек болани ғазаб қамчиси билан ураётган отасининг қўлини ҳаёт бўлганида фақат Орзиқул бобосигина ушлашга ҳадди сиғарди..
Амир мактабда аъло баҳоларда ўқиди. Ўн йиллик мактабни олти йилда тугатди. Мактабни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномасини отасига кўрсатганда, у ҳатто ўғлига эътибор ҳам бермади, қаерга ўқишга бориши билан қизиқмади ҳам.
Амир отасини ўзидан хафа бўлиб юрганини биларди. Орага онаизор кирди. “Ўғлингиз Тошкентдаги катта ўқишларга кирмоқчи, сиз нима дейсиз?”, деди тортинибгина. “Хоҳлаган жойига ўқишга бораверсин, бу хулқи билан барибир ҳеч вақо бўлаолмайди!” деди отаси тумшайиб. Бу гапни эшитган Амирнинг эсига бир сафар отаси айтган масал-ривоят тушди. Ўшанда у “…Бўри боласини ўз инида ўн ой боққандан сўнг, уни эргаштириб яйловдаги бир қўтонга олиб борибди. Бир қўйни бўғизлаб боласининг олдига келтириб ташлабди. Бўри боласи эса нима қилишини билмасдан онасига қараган экан, у боласига” “Бугундан эътиборан сен емишингни ўзинг топиб, ўзинг мустақил яшайсан” деб, ҳайрлашганча кетиб қолибди…” деганди. Отасининг гапларини эшитган эди-ю, нима демоқчилигини тушунмаганди. Аммо, унинг бугунги гапи “Қийинчилик кўрса ақли жойига келади. Ҳаётнинг мазмунини англаб етади. Ота-онанинг қадрини билади…” деган ўй билан айтилгандек туюлди унга.
Амир ўқишга бориши учун лозим бўлган барча ҳужжатларни тайёрлади. Тошкентга жўнаш олдидан отаси унга аччиқ-аччиқ гапириб, қўлига юз сўм(собиқ шўролар давридаги пул) тутқазди. Онаси Ўғилой мома “Уст-боши ҳам эскироқ…” деганди, отаси “Менинг оқ хитой шойисидан тикилган костюм-шимимни кийсин” деди, совуқроқ оҳангда.
Амирнинг Равил деган мактабдош дўсти бўларди. Унинг онаси қишлоқда номи чиққан тикувчи эди. Амир отаси берган костюм-шимни тикувчига келтириб берди. У кийимларни қисқартириб, ўзига мослаб қайта тикди. Онасининг онаси Мақсад мома ҳам ўзи йиғиб юрган пулидан набирасига эллик сўм берди. Амирнинг ёлғиз ўзи Тошкентга жўнади.
ЎН УЧ ЁШЛИ ТАЛАБА
Излаб-излаб Маккани топибдилар деганларидек, Амир ҳам суриштира-суриштира Тошкент қишлоқ хўжалик институтига борди. Ҳужжатларини топшириш мақсадида “Қабул комиссияси”га учрашганди, улар ҳужжатларга кўз югуртиришди-да, “Ука, қишлоқ Кенгашининг справкаси билан буларни қабул қилаолмаймиз. Туман ёки вилоят ижроқўми томонидан справка бўлиши керак. Бу справканг билан фақат институт ректори рухсат берсагина ҳужжатларингни қабул қиламиз” дейишди. Улардан бири уни институт ректори Ориф Мирзаевнинг қабулхонасига бошлаб борди. Ректор қабул қилгач, Амирнинг бўй-бастига тикилиб туриб: “Ёшинг ҳам анчайин ёш экан, болажон, бир-икки йил ўтказиб келсанг яхши бўлармиди” деди. Шунда Амир ўзига хос журъат билан: “Домла, менинг ҳужжатларимни қабул қилиб, имтиҳон топширишимга рухсат беринг. Имтиҳонлардан ўтсам қабул қиласиз, ўтаолмасам ўзим ҳам қайтиб кетавераман. Биргина мен ҳужжат топширганим билан абитуриентларингизни сони ошиб кетмайдику?” деб жавоб қайтарди. Ректор ҳайратини яширмасдан унга тикиларкан, “Бу бола анча дадил-ку, майлига, ҳужжатларини қабул қилинглар!”, деди ва унинг қўлидаги “Дело”ни олиб, бир четига имзо чекди.
Собиқ иттифоқ давридаги мактабларнинг ўқувчиларига шоир Ҳамид Олимжоннинг “Россия” номли шеърини мажбуран ёд олдириш одати бор эди. Имтиҳон куни адабиёт фанидан Ҳамид Олимжоннинг “Россия” шеърининг анализи” мавзусида иншо ёзиш лозим экан. Амир ўз фикрини қоғозга тезлик билан туширди-да, олдинда ўтирган имтиҳон олувчига қараб қўл кўтарди. Имтиҳон олувчи вакил ажабланиб, гапиришга рухсат берди. Амир:
– Домла, мен иншони ёзиб бўлдим, – деди.
– Бир пастда-я, – деди вакил ҳайратланиб.
– Ҳа, ёзиб бўлдим, аммо шу шеърни ёддан ҳам айтиб бермоқчиман, рухсат берасизми?
– Рухсатни фақат ректор бериши мумкин, – дедида, «ҳозир» деганича ташқарига чиқиб кетди. Бир пастдан сўнг хонага институт ректори ва имтиҳон комиссиясининг масъул котиби кириб келишди. Ректор иншо ёзиш билан банд абитуриентларга бирров назар солди-да:
– Ким у, шеърни ёддан айтиб берадиган? – деди.
– Мен, – деди, ўрнидан турганча Амир.
– Ҳалигача бу усул имтиҳонларда қўлланилмаган. Сен кичкина болани танидим. Марҳамат, бизлар эшитамиз, шеърни ёддан ўқигинчи, – деди ректор кулиб.
Амир атрофига бир назар ташлаб, чуқур нафас олди. Сўнгра шеърни бурро-бурро, қироатини ҳам қойил мақом қилиб, ёддан ўқий бошлади. Залдаги имтиҳон топшираётган юзлаб абитуриентлар уни мириқиб тинглашди. Шеър тугагач, ректор Ориф Мирзаев адабиёт ўқитувчиларига қараб “Қандай, бўладими?” деди. Имтиҳон олувчи домлалар қўшимча саволлар беришди. Амир уларга ҳам дадиллик билан жавоб қайтарди. Ректор залдаги абитуриентларга қараб “Бу йигитчага неча баҳо қўйиш мумкин?” деганди, абитуриентлар бараварига “Беш!” дейишди. Шундан сўнг ректор ўқитувчиларнинг фикри билан қизиқди. Имтиҳон олувчи ҳар иккала вакиллар ҳам “аъло” баҳо қўйиш мумкинлигини айтишди ва ректорнинг гувоҳлигида имтиҳон қоғозига “Беш” баҳо қўйишди. Ректор раҳмат айтиб, Амирнинг қўлларини қисганча келгуси ишларига муваффақиятлар тилади.
Амир институт ҳовлисига чиққанда акаси Алиқул уни кутиб турганди. Укасини кўриб, “Амиржон, бунча тез чиқдинг, нима, имтиҳонга киритишмадими? Ёки, шпаргалка билан қўлга тушдингми?…” дея уни саволга тута бошлади. Амир акаси қаршисида ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутиб, “Ака, мана имтиҳон қоғози, беш баҳо қўйишди!” деди. “Беш дақиқада ҳам беш баҳо қўйиш мумкин эканми” деди акаси ҳайратини яширмасдан. Амир эса мийиғида табассум қиларкан, акасига: “Али Тўраевич, калланинг ичида мия бўлса “5” баҳо нима дегани, агар “6” ёки “7” баҳолар бўлганида, уларга ҳам эришиш мумкин!” деди.
Амир ҳамма ишни қойиллатиб бажарди. Ўша йили кириш имтиҳонларини ўз кучи ва билими билан топшириб, институтнинг талабалик гувоҳномасини қўлига олди. Ўқиш давомида барча фанлардан аъло баҳоларда синовдан ўтди. Ўз ёшидаги қишлоқдошлари эндигина ўрта мактабни тугатишаётганда, ўн саккиз ёшида у институтни қизил диплом билан тугатди ва аспирантурага ўқишини давом эттира бошлади. Аммо, у бу муваффақиятлари билан ҳам отасини қувонтира олмади.
АСПИРАНТ
Амир аспирантурада ўқиши давомида Тошкентдаги Ботаника боғида ишчи сифатида ҳам фаолият кўрсатарди. Лекин, буни ҳеч кимга билдирмасди. Раиснинг ўғли ишлаб ўқиётган экан, деган гапдан ор қиларди. Унинг илмий ишига анчайин миллатчи, маҳаллий миллат вакилларини хуш кўрмайдиган, аммо, қишлоқ хўжалик илмини жуда чуқур биладиган, илм учун ҳеч кимга раҳм-шафқат қилмайдиган, адолатли профессор В.М.Логостаев раҳбар бўлди. Ёшлигидан илмга чанқоқ эмасми, Амир икки йил тинимсиз амалга оширган меҳнати эвазига илмий ишини ҳимояга тайёрлади.
Бахт ва бахтсизлик, ютуқ ва мағлубият, хурсандчилик ва хафачилик бирга юради, деганлари минг бора ҳақ экан. Илмий ишнинг ҳимоясига бор-йўғи бир ҳафта қолганда Амир Тўраевнинг отаси набираларининг хатна тўйини бошлаб юборди. Бўлажак ёш олимнинг чекига Тошкентдан машҳур хонанда Олмахон Ҳайитовани тўйга келтириш тушди. У бу топшириқни қойилмақом қилиб уддалади, тўй тўйдек бўлди. Сулола аъзолари хурсанд, аммо…
Тўй тугаб, узоқ-яқиндан келган меҳмонларни кузатиб бўлгач, Амир уч-тўртта қишлоқдош дўстлари билан хурсандчиликдан қиттак-қиттак қилди. Авваллари спиртли ичимлик ичмаган эмасми, бир пастда унинг кайфи тароқ бўлиб, ўзи билмаган ҳолда хонадонидагиларнинг кўнглига тегиб қўйди. Шунда отаси Амирни иккинчи бора жазолаганди. Амакиси Жўра буванинг раҳми келди шекилли, “…Ҳой, эсларингни йиғиб олсаларингчи, буни ўлдириб қўясанлар-а. Бу ҳали Тошкентга қайтиши керак, кўрганлар нима дейишади?! …” деб, жанжални аранг тўхтатди. Аммо, даҳанаки жанжал иқтидорли ёш олимнинг ҳаётида жуда қимматга тушганди. Натижада у лентоменингит хасталигини орттириб олди. Билиб-билмасдан озгина одобсизлик қилиб ичган арағининг жабрини умрининг сўнгги кунларигача тортди. Лентоменингитни даволаш жараёнида у сариқ касаллигини ҳам юқтирди. Ўша кунлардан эътиборан ёш олимнинг “ҳузурини” шифохоналар кўра бошлади. Арзимаган гуноҳи учун у бир умр парҳез таом билан яшади. Лекин у бўлиб ўтган кўнгилсизликлар учун ҳаётида бирор маротаба ҳам отасидан ёки акаукаларидан хафа бўлиб гапирмади. У ана шундай мард инсон эди!
Амир Тўраев ёшлигидан ҳар бир ишни амалга оширишда етти ўлчаб бир марта кесадиган йигит эди. У узоқ йиллик фаолияти давомида суринмасдан, ҳеч кимдан танбеҳ эшитмасдан ишлади. Тўғри, тақдиридаги баъзи хатолари навбати билан қаршисидан чиқиб ҳам турарди. Шундай бўлсада у тушкунликка тушмасдан, доимо олға интилиб, отасининг ўз фарзандлари даврасида сўзлаб берган ривоятига амал қилишга ҳаракат қиларди.
РИВОЯТ
Бир чол кишининг тузоғигачумчуқ тушибди. Чумчуқни қўлида ушлаб турса, ногоҳон у тилга кириб:
– Мени нима қилмоқчисан, эй чол? – дебди.
– Сени сўйиб, гўштингни емоқчиман, – дебди чол.
Шунда у чолга қараб:
– Жимитдек чумчуқ бўлсам, гўштимга тўярмидинг. Бор йўғи бир луқма гўштим бор. Яхшиси сенга учта ҳикматли гап айтаман, улар жуда катта фойда келтиради. Фақат мени қўйиб юборишга ваъда берсанг айтаман, – дебди.
Чол ўйлаб қараса, чумчуқнинг гапида ҳикмат бор. Улар Аллоҳни гувоҳ келтириб, қасам ичишибди.
– Қани ўша ҳикматли гапларингни айтчи? – дебди чол чумчуққа. Чумчуқ чолга:
– Биринчидан, ўтган ишга ҳеч қачон пушаймон бўлмагин, иккинчидан, қўлга киритишнинг имкони бўлмаган нарсага ҳаракат қилмагин, учинчидан, ақлинг бовар қилмайдиган ишга ҳеч ҳам ишонмагин, – дебди.
Бир луқма гўштини еганимдан кўра унинг айтганларига амал қилсам фойдалироқ бўларкан, – деб чол чумчуқни қўйиб юборибди. Чумчуқ учиб, бир дарахтнинг шохига қўнибди. Сўнгра, чолга:
– Афсус, мени сўйиб еганингда ичимдан товуқнинг тухумидек бир гавҳар бўлаги чиқарди, – дебди.
Чол эса чумчуқни қўйиб юборганидан афсусланиб, уни яна қафасга солиш ниятида:
– Жойингга қайтақол, сен учун кунжут уруғини тозалаб, сувдонингга сув ҳам тўлдириб қўйибман, – дебди зорланиб.
Чумчуқ чолга қараб:
– Эй одам боласи, сен мени сўяолмадинг, еяолмадинг, ҳатто менинг айтган ҳикматларимга амал ҳам қилмадинг. Энди мени қўйиб юборганингга ачинаяпсанми? Мени иккинчи бора қафасга солаолмайсан, бу қўлингдан ҳам келмайди! Ўзинг нотавон, ўйловсиз чол экансан. Бутун гавдам товуқ тухумидек келмайдику, мен қандай қилиб шунчалик йирик гавҳар бўлагини юта оламан?! – деб ҳавога кўтарилибди.
Қиссадан ҳисса шуки, одамзоднинг нафс балоси ҳеч қачон сўнган эмас. У бойиш мақсадида ҳар балодан қайтмайди. Чумчуқ ва чол масаласида бир ғоя ётибди, у ҳам бўлса чолнинг ўзи қилан ишига пушаймонлиги. Энг муҳими чумчуқнинг ичидаги гавҳарни қўлга киритиш. Инсоният яралгандан буён мол-дунё учун қирғинбаротлик бир кун ҳам тўхтамаган. Лекин, биз одамлар Аллоҳ берган ризқ-насибага, ақл-идрокка, тилу забон ва соғлиққа шукр қилиб яшашнинг катта савоб ва матонат эканлигини унутиб қўямиз.
ҲИМОЯ
Илмий ишининг ҳимояси белгиланган куни Амир Тўраев йиғилиш залига кирганида отаси бошчилигида ака-укалари ва қариндошлари биринчи қатор ўриндиқларини тўлдириб ўтиришарди. У тез-тез юриб келдида, отасини бағрига босиб, қайта-қайта ўпди. Шунда падарибузрукворининг кўнгли бузилиб, кўзлари намланди. Рангги бир ҳол, ўғлини қаттиқ хафа қилгани учун ич-ичидан эзилиб турганлиги шундоққина кўриниб турарди. Ҳаётидаги энг оғир кунларда ҳам бошини ҳеч эгмаган отасининг бу ҳолатда турганини кўрган Амир Тўраев йиғлаб юборишига оз қолди.
Президиумни тўлдириб турган илмий кенгаш аъзолари, машҳур олим Абдували Имомалиев ва қариндош-уруғлар олдида у ўзини аранг тутиб турарди. Чўнтагидан нимадир излагандек бўлди-да, асабни босувчи “Элинум” таблеткасидан бир йўла икки донасини олиб, тилининг остига ташлади.
Тўй кунги жанжалда Амир Тўраевнинг лат еган юзидаги доғларни бир соатлар аввал устозининг хотини Людмила опа баҳоли қудрат “гримм” қилганди. Бўлиб ўтган воқеадан Виктор Михайлович Логостаев ҳам хабардор эди. Амир Тўраев секин отаси томон назар ташлади. Отаси эса мағрур ва изтиробда ўтирарди.
Ҳимоя бошланди. Амир Тўраев минбарга кўтарилиб, ўзи амалга оширган илмий тадқиқотлари тўғрисида бекаму-кўст баён қилди. Залдан берилган саволларга аниқ, қисқа ва мукаммал жавоб қайтарди. Шу куни унинг илмий иш ҳимояси ростакамига тортишувларга айланди. Илмий раҳбари профессор В.М.Логостаевдан сўнг минбарга “Суғориладиган деҳқончилик” кафедраси мудири, профессор В.Т.Лев, “Тупроқшунослик” кафедраси мудири, профессор А.Расулов, “Ботаника” кафедрасининг мудири, профессор Бургин, собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий тадқиқот институтининг профессори Туршкин, Пахта уруғчилиги институтининг лаборатория мудири, профессор Страмул, “Ўсимликшунослик” кафедрасининг мудири З.Умаровлар сўзга чиқишиб, иқтидорли ёш олим ва унинг илмий иши тўғрисида жуда мақтовли гаплар айтишди. Овоз беришда иштирокчилар илмий ишни бир овоздан маъқуллашди. Ўшанда залнинг биринчи қаторида ўтирган Тўра Орзиқулов ўғлининг берилган саволларга дадиллик билан жавоб қайтараётган сўзларини бутун жисмини қулоққа айлантириб тинглаётганди. Ота биринчи бора ўзининг хурсандчилигини чеҳрасида намоён қилиб ўтирар, ич-ичидан фарзанди билан фахрланарди. Ахир, фахрланмасдан бўлармиди? Ўғли бор-йўғи йигирма бир ёшдан эндигина ошган, илмий иши жуда ҳам долзарб, боз устига ҳимоя ўта масъулиятли. Овоз бериш натижаси эълон қилингандан сўнг Амир Тўраев отасининг ёнидаги бўш ўриндиққа бориб ўтирди ва билдирмасдан отасига назар ташлади. Отасининг қўллари хурсандчилигидан дир-дир титрарди. Шунда ҳам сир бой бермасликка ҳаракат қиларкан, эшитилар-эшитилмас овозда “Бу сафар ҳам қотирдинг, йигит дегани шундай бўлади-да!” деб, ўғлининг бошини кафтлари билан силаб қўйди.
Ўша куни ўз шогирдининг илмий лаёқати ва таланти тўғрисида ўта қаттиққўл илмий раҳбари В.М.Логостаев илмий Кенгаш минбаридан туриб, қуйидагича таъриф берганди: “…Мен олиб борилган илмий ишга ва келажаги порлоқ ёш олим Амир Тўраевга ҳали ҳеч кимга айтмаган таърифни бераман. Бунинг ёшида болалар ҳали институтни тамомлайдилар. Бу йигит эса улкан илмий ишни амалга оширди. Мен ҳаётимда бунақа катта талантга эга бўлган шогирдни учратмаганман. Фақат унга қойил қоламан, келгусида бу йигитни катта илмий зафарлар кутмоқда…”. Устози бу гапларини чин дилдан айтганди. Илмий Кенгаш аъзолари унинг ўз шогирдига берган бунчалик улуғ баҳосини эшитиб, ҳайратдан лол қолишганди. Сабаби, шу пайтгача В.М.Логостаев бирорта шогирдини бунчалик мақтаб, тан бермаган эди.
***
Илмий иш ҳимоясини нишонлаш мақсадида Тўра Орзиқулов бошлиқ хонадон аъзолари шаҳардаги каттагина ресторанда зиёфат тайёргарлигини кўришганди. Банкетга боришаётганда машинага Тўра Орзиқулов, ҳамқишлоғи, эл суйган шоир Жуманиёз Жабборов, ўша куннинг қаҳрамони Амир Тўраев биргаликда ўтиришди. Йўлда боришаркан Тўра Орзиқулов шоирга томон бурилиб. “Жуманиёз, Амирни роса савалаб яхши иш қилмаганмиз-да. Бу дунёга келиб, қилган энг мудҳиш ҳатоим ҳам, гуноҳим ҳам шу деб биламан” деди афсус билан. Донишмандлик, камтарлик ва улкан маънони ўзида мужассам этган Жуманиёз Жабборов бир оз тин олгандек жим турди-да, “Тўра ака, Амир отасидан ҳеч қачон ранжимаган, ранжимайди ҳам, у сизнинг ўғлингиз! Хоҳласангиз кўкларга кўтариб мақтайсиз, хоҳласангиз танбеҳ берасиз. Мана бугун жуда қойил қилди. У сиздек инсоннинг боласи бўлгани учун ҳам шундай катта бахтга эга бўлди”, деди. Унинг ташбеҳидан Тўра бува анчайин юмшагандек бўлди.
Шу куни банкет жуда чиройли ва мазмунли ўтди. Муваффақият билан кўпчилик Тўра Орзиқуловни табриклашди. Тантана сўнгида у миннатдорчилик оҳанггида сўзларкан, гапини: “Ҳаётда анчайин қийинчиликларни кўрдик. Болаларимиз қийналмасдан унибўссин деган мақсадда уларни эркалатиб қўймадик, аммо ўқитдик, касб эгаллашига кўмаклашдик. Юртига, халқига садоқат билан хизмат қиладиган кишилар бўлиб етишишларини орзу қилган эдим. Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бу орзуларимга эришаяпман…!” – деб тугатди.
ПЎЛАТИЛИК ЁШ ОЛИМ
Кечагина Пўлати қишлоғининг тупроқли кўчаларини чангитиб юрган Амир орадан етти йил ўтиб, Қашқадарёга иқтидорли олим, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Амир Тўраев бўлиб қайтди. Раҳбарият уни Қарши чўлини ўзлаштирилаётгани муносабати билан собиқ Ульянов (ҳозирги Касби) районида ташкил этилган (собиқ) Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институтининг Қашқадарё филиали директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари вазифасига тайинлади. Орадан бир оз вақт ўтиб, 1971 йилнинг 27 июнида уни Москвага – Олий Аттестация Комиссияси Президиумига чақиришди. Жўнаш олдидан у устози В.М.Логостаевга ўзини ОАКга таклиф этишаётганини билдирганида, устози кулиб: “Сени текширишаяпти. Илмий-тадқиқот ишларингдан узоқ бўлган ҳамқишлоқларингдан икки киши устингдан шикоят хати ёзибди. Ишончим комил, сен ғалаба билан қайтасан! Айтганча, ОАКда ўқишинг керак бўладиган ёзма ишингни бир қараб чиқайчи” деди. Амир Тўраев ҳужжатларини устозига тутқазди. Устози уларни бирма-бир синчковлик билан ўқиб чиқаркан, “Роса катта олим бўлибсанку, яхши тайёрланибсан. Сенга муваффақият тилайман, ҳаяжонланмасдан ўзингни босиб олиб доклаб қилгин. Саволларга ҳам ҳар томонлама ўйлаб жавоб қайтаргин. Ҳеч кимдан қўрқма, илмий ишинг долзарб, ўзингга эса малака етарли…”, деб унга оқ йўл тилади.
Амир Тўраев 1971 йилнинг 27 июнь куни самолётда Москва шаҳрига учиб, тўғри Олий Аттестация Комиссиясига етиб борди. Эрталаб соат ўнларда Ўрта Осиё Республикаларидан келадиган илмий ишлар билан шуғулланадиган Анна Ивановна Каханик исмли аёлга учрашди. У Амир Тўраевни кўриб: “Вой, бунчалик кичкина ва нозик йигитча экансан. Мана, сенинг ишинг бўйича иккита ижобий тақриз бор. Уларда эътиборга лойиқ камчилик ва хато кўрсатилмаган” деди. Амир Тўраев эса ҳар доимгидек чўрт кесарлик билан : “Ҳамма нарса жойида экан, нега бўлмаса мени овора қилиб ОАКга чақиртирдинглар?” деди. Анна Ивановна унинг саволини эшитмагандек, сўзида давом этди: “Бундан ташқари илмий ишингиз билан норасмий тақризчилар – Собиқ Совет Иттифоқи (СССР) Фанлар академияси муҳбир аъзоси В.А.Ковда, Докучаев номидаги Тупроқшунослик институтининг директори, профессор Е.Е.Егоровлар танишиб, улар ҳам ижобий тақриз беришган. Сен мана бу хатларни ўқиб чиққин-да, яхшилаб тайёргарлик кўргин. Унутмагин, ОАК йиғилиши бугун соат тўртларда бошланади…”.
Амир Тўраев Анна Ивановнага миннатдорчилик билдириб, кутубхонанинг ўқув залига йўл олди. Ўриндиққа ўрнашиб ўтиргач, қўлидаги хатларни бирмабир ўқий бошлади. Хатлар ўзбек ва рус тилларида битилган бўлиб, уларнинг сони олтита эди. Уларда, Амир Тўраев ғирт саводсиз, ўрта мактаб ва қишлоқ хўжалик институтини пул билан тугатган, номзодлик диссертациясини Суннатов деган киши ёзиб берган, отаси бой, тиллалари кўп, судланиб қамалган ва шунга ўхшаш кўплаб туҳмат ва бўҳтон гаплар ёзилган эди. Хатларнинг ҳеч бирида унинг илмий-тадқиқот иши мавзусининг номи, мазмуни, ғоялари тўғрисида бир сўз ҳам келтирилмаганди. Бундан кўринадики, шикоят хатларини илмдан узоқ бўлган кимсалар ёзган.
Хатларни ўқиб ўргангач, Амир Тўраев яна Анна Ивановнанинг хонасига кирди.
– Хўш, хатлар билан танишиб чиқдингми? – деди у.
Амир Тўраев гўё ҳеч нарса бўлмагандек табассум билан:
– Анна Ивановна, бу Олий Аттестация Қўмитаси-ку, менинг устимдан ёзилган бўҳтонларнинг илмий ишимга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Илмий-тажриба ишларнинг барчасига профессор Виктор Михайлович раҳбарлик қилган. Профессор Виктор Михайлович Логостаев эса жаҳон мелиорация ва суғориладиган деҳқончилик фанидаги кўплаб ғояларни ишлаб чиққан, ўта қаттиққўл олим бўлса! Мен қишлоқ хўжалик институтини қизил диплом билан тугатганман. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, Анна Ивановна, ўқув давомида юзта фандан синов ва имтиҳонларни топширганман. Шуларнинг орасидан бирорта бўлса ҳам виждонли одам топилиб, адолат ва ҳақиқатни сўзлар! Ҳимоя ишимнинг стенограммасини ўқиб кўринг, ўн бешга яқин фан арбоблари, профессорлар ўз фикрларини билдирганлар. Улар орасида фақат биттаси – профессор Акром Расулов ўзбек, қолганларининг ҳаммаси рус ва бошқа миллатларга мансуб олимлар. И.Суннатовга келсак, эллик беш ёшли киши, шу пайтгача унинг ўзи номзодлик диссертациясини ҳимоя қилмаган. У қандай қилиб менга диссертация ёзиб беради? – деди сўзини якунлаб.
Анна Ивановна Амир Тўраевнинг гапларини бўлмасдан тинглади. Сўнгра:
– “Амир, сени руҳинг тушмасин, ўзбек тилидаги аризаларни таржима қилдирдик, рус тилидагилари ҳам бир тийинга қиммат. Эксперт комиссиясининг раиси, академик Александров менга сенинг илмий ишингни тасдиқлашга кўрсатма бериб, ҳар эҳтимолга кўра йигирма бир ёшлик диссертант билан бир учрашиб, суҳбатлашайлик деб, сени бу ерга таклиф этишни менга топширганди. Сен комиссиядан муваффақиятли ўтиб кетасан. Эсингда бўлсин, одам кўп, эртароқ келгин-а, сени биринчи чақиришади!” – деди кайфият билан ҳазил аралаш оҳангда.
* * *
Анна Ивановнанинг “…академик Александров сен билан қизиқаяпти…” деган гапи Амир Тўраевга янада масъулият юклагандек бўлди. Ўзида йўқ хурсандчилик билан билагидаги соатига қаради. Тушлик вақти ҳам бўлибди, хаёлидан ўтказди у. У ОАК биноси яқинида жойлашган “Пекин” меҳмонхонасининг ресторанига йўл олди. Овқатланиш залининг холироқ жойини танлаб ўтирдида, секин атрофига назар солди. Залнинг чап тараф бурчагида негадир одам гавжуму, қолган жойлар деяри бўш эди. Қандайдир банкет уюштиришган бўлишса керак, ўйлади у. Шунда ўша томондан қулоғига ўзбекча сўзлар ҳам эшитилгандек бўлди…
– Хўш, қандай хизмат бюрадилар, жаноб…, – Амир Тўраевнинг диққатини шундоққина тепасида тик турган официант йигитчанинг овози бўлди.
– Кечирасан, ҳали “менью”га қарамабман. Бу ерда қандай тантана бўлаяпти?
– “Сельская жизнь” газетасининг 50 йиллиги юбилейига ташриф буюрган ўзбекистонлик делегация аъзолари тушлик қилишаяпти, – тушунтирди официант.
Амир Тўраев стол устидаги “менью”га тезгина кўз югуртирди-да, ўзига маъқул бўлган таомга бюртма берди. Официант қўлидаги ён дафтарчасига нималарнидир ёзганича ундан узоқлашди. Қашқадарёдан ҳам кимдир келган бўлса керак, деган ўй билан у банкет давом этаётган стол томонга тикилди. Унинг нигоҳи ўзи томонга тикилиб турган чеҳраси таниш аёлга тушди. Қаердадир кўргандек. Сўнгра кафтини кўксига босганча аёлга салом берган бўлди. Аёл ҳам ўзига хос имо-ишора билан алик олгандек ҳаракат қилди. Амир Тўраев аниқ эслади. Бу аёл институтда ўзи билан бирга ўқиган собиқ курсдоши, ҳозирда Сурхондарё областьидаги қайсидир район ижроқўмининг раиси бўлиб ишлаётган Чиннихол Худоёрова эди. Самимий ва ақилли бу аёлни талабалик йилларида ҳамма ҳурмат қиларди. У фариштадек қиз, аъло баҳоларда ўқир эди.
– Ассалому алайкум, Амирбек, ўзингизмисиз? Учрашган жойимизни қаранг-а, Москванинг “Пекин” ресторанида! Бу ҳам бир тарихий воқеа! Хўш, бу ерларда нималар қилиб юрибсиз, курсдоши аъло?!
Амир Тўраев унга стол четидаги бўш стулни кўрсатиб, ўтиришга таклиф этди. Суҳбат давомида у Москвага келиш сабабларини Чиннихол Худоёровага тушунтирди. Бу орада делегация аъзолари ҳам қўзғалиб қолишди. Амир Тўраев курсдоши билан ҳайрлашди,
ОАКдаги ҚАЙТА ИМТИҲОН
Бирор нарсани кутаётган кишига вақт жуда имиллаб ўтаётгандек туюлади. Айниқса, мусофир юртда. Бугун Амир Тўраев учун ҳам худди шу тарзда кечди. Қайтақайта соатига қарайди. Соат миллари эса имиллагандан имиллаб ҳаракат қиларди, хаёлида.
Соат учдан қирқ минут ўтганда у ОАКнинг илмий ишлар кўриб чиқиладиган чоғроқ залида ўтирарди. Анна Ивановнанинг далдалари, курсдоши Чиннихол Худоёрова билан учрашув унинг ҳаяжонини босиб, ўзига анчайин келтириб қўйганди. Умумий қилиб қараганда безовта эмасди.
Соат миллари тўрт рақамининг устига келганда ОАК эксперт Кенгашининг мажлиси бошланди. Анна Ивановна Каханик залга чиқиб, “Ўзбекистондан, Тўраев Амирқулни таклиф этамиз!” дея эълон қилди. Кенгаш мажлиси ўтказиладиган зал номдор олиму мутахассислар билан лиқ тўла эди. Тортинибгина ўрнидан турган Амир Тўраевни Кенгаш раиси тўғри президиум қаршисидаги минбарга таклиф этди. У маърўза матнини минбар саҳнига қўйиб, қоғозга қарамасдан доклад қила бошлади. Шу пайт кутилмаганда академик Александров докладчидан маърўзасини тўхтатишини талаб қилиб қолди ва:
– Амирқул Тўраев, бугун бошқача усул қўллаймиз. Биз савол берамиз, сен эса жавоб берасан, келишдикми? – деди очиқ чеҳра билан. Амир Тўраев рози бўлди. Бошқа чора ҳам йўқ эди-да! Савол-жавоб бошланди.
1-савол. – Сиз қачон ўнинчи синфни тугатгансиз, мактабда неча йил ўқигансиз?
Жавоб: – Мен 1963 йил 11-синфни олти йилда тугатганман. 1-,3-,5-,8-, 9- ва 11-синфларда ўқиганман. Менинг бундай ўқишим район маориф бўлими ва мактабимиз ўқитувчилари Кенгаши қарори билан амалга оширилган.
2-савол. – Тошкент қишлоқ хўжалиги институтига қачон ўқишга киргансиз? Ўқиш жараёнида нечта имтиҳон ва зачёт(синов) топширгансиз? Ўқиш жараёни сизга оғирлик қилмаганми?
Жавоб: – Мен 1963 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1968 йил имтиёзли диплом билан тугатганман. 100 та фандан имтиҳон ва зачётлар бўлган. Ўқиш жараёнида ҳамма имтиҳонларни аъло баҳоларга топширганман, ўқишда эркин ва қийналмасдан ўқиганман.
3-савол. – Аспирантурага умумий асосдами ёки Илмий Кенгашнинг йўлланмаси билан кирганмисиз?
Жавоб: – Мен Тошкент Қишлоқ хўжалик институти катта Илмий Кенгашининг йўлланмаси ва профессор А.И.Автономов ҳамда А.И.Шлеахерларнинг тавсиясига кўра, “Қишлоқ хўжалиги мелиорацияси ва суғориладиган деҳқончилик” кафедраси аспирантурасига ҳамма фанлардан аъло баҳоларга топшириб кирганман. Мутахассислигим бўйича имтиҳонни кафедра мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, профессор В.М.Логостаевга топшириб, аъло баҳо олганман.
4-савол. – Сиз илмий тажрибаларингизни қайси областларда ўтказгансиз?
Жавоб: – Илмий тажрибаларим сувни тежаш ва ингичка толали ғўзани сув меъёрларини ўрганиш бўйича жанубий Сурхондарё ва Қашқадарё областларида, ишлаб чиқаришга жорий қилиш эса Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Андижон областларида ўтказилган.
5-савол. – Илмий ишингизни самарадорлиги қайси областларда ишончли бўлган?
Жавоб: – Мен ўтказган илмий ишнинг иқтисодий самарадорлиги ҳозирги вақтда амалдаги жамоа ва давлат хўжаликларидагига нисбатан 42%га кўпайган ва 2 та суғориш бир гектар майдонга қисқарган. Бу эса 2000 метр куб/гектар сув дегани.
6-савол. – Тупроқ ва сувдаги зарарли тузлар миқдорини қандай нисбатларда аниқланади?
Жавоб: – Сувдаги зарарли тузлар миқдорини қаттиқ қолдиқ ҳисобида грам/литрларда, тупроқлардагиси эса фоизларда аниқланади.
Амир Тўраевнинг ҳар бир саволга жавобини академик Александров диққат билан тинглади-да:
– Эсперт кенгаши аъзоларида яна саволлар борми? – деди уларга қараб.
Эксперт аъзолари илмий ишни бир овоздан тасдиқлашди. Академик Александров якуний сўз олиб, илмий ишнинг самарадорлиги ҳақида ижобий фикрлар билдирар экан:
– Республиканинг жанубий вилоятларида ипак пахта экилган бир гектар далада 2000 метр куб сув тежалар экан, бу республика миқёсида жуда баланд кўрсаткич! Ёш олим Амир Тўраев ўз илмий ишида буни аниқ исботлаган. Ҳурматли эксперт кенгаши аъзолари, сизларнинг кўз ўнгингизда мамлакат учун изланувчан, савол беришингни тугатмасингдан жавоб қайтарадиган жуда ёш йигитча турибди. Аммо, Ўзбекистондан келган кўпгина аризалар бу йигитни бўғиб, шол қилмоқчилиги маълум, биз учун бу йигитнинг отаси ким, нима иш қилганининг аҳамияти йўқ! Сўраб-суриштирдик, отаси ҳам фидойи инсон, илғор жамоа хўжалигининг раиси экан. Мана, сизларнинг қаршингизда Ўзбекистондан келган жўшқин бир ёш олим турибди. Келинглар, Амир Тўраевни қишлоқ хўжалиги фанлари номзодлиги илмий унвони билан табриклаймиз! Дипломингизни Тошкентда ОАКнинг аъзоси Абдували Имомалиев топширади. Саломат бўлинг! Виктор Михайловичга бизлардан кўп саломлар етказинг! – деди ва ўрнидан туриб, Амир Тўраевга яқинлашди. Шунчаки қўл бериб хайирлашса керак деб турган ёш олимни у бағрига босди: – Сенга раҳмат, ҳамиша шундай дадил ва илмли бўлишингга ишонаман.
Шу куни эксперт аъзоларининг барчаси ёш олимни чин қалбдан қутлашди. Анна Ивановна Каханик Амир Тўраевни ўз хонасига бошлаб кирдида, табрик конвертига “Сизни табриклаймиз” деган битикли муҳрни босиб, унинг қўлига тутқазди.
Соат бешлардан ўтиб Амир Тўраев ОАК биносидан чиқди-да, ўзининг ҳақиқий олим бўлганини тасдиқловчи конвертни қўлига тутганича ўша яқиндаги меҳмонхонага юзланди. Барча шароитларга эга номерли хонага жойлашгач, туни билан мириқиб ухлади.
УСТОЗНИНГ ТАКЛИФИ
Тушликдан сўнг Амир Тўраев меҳмонхонадан отасига қўнғироқ қилди. Бўлиб ўтган барча воқеаларни сўзлаб берганида отаси ўзида йўқ хурсанд бўлди.
– Майлига, ўғлим, хафа бўлмагин, ҳаммаси яхшилик билан тугади. Сен ишхонангга телефон қилиб, бир ҳафтага меҳнат таътили сўрагин ва тўғри Ялтага учиб, яхшигина ҳордиқ чиқариб ол. Сўнгра Симферопол-Қарши рейсида уйга қайтаверасан. Айтганча, пулинг борми? – деди отаси.
– Ҳа, бор, ҳозирча етарли.
Амир Тўраев телефон гўшагини жойига қўйгач, йўлйўлакай харид қилган бугунги газеталарни варақлаб, ўқишга тутинди. Орадан ярим соатлар вақт ўтказиб, Тошкентга, Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институтининг директори, академик С.Х.Юлдашевга телефон қилди. Гўшакни академикнинг ўзи кўтарди. Юз берган гап-сўзлардан директорни ҳам хабардор қилди. Директор уни ютуқ билан самимий қутлади. Аммо, таътил ҳақидаги таклиф унга хуш келмади. Шундай бўлсада:
– Майлига, бир ҳафта дам олингда, тезгина етиб келинг, ярим йиллик ҳисоботлар бор. Апробация комиссияси филиалига боради. Илмий ишларнинг сифатига, уларнинг тўғрилигига директорнинг илмий ишлар бўйича муовини жавоб беришини унутманг! – деб гапини тугатди.
Амир Тўраев ўша куннинг ўзида билет олиб, самолётда Ялта шаҳрига учди. Шаҳарнинг энг баҳово гўшасида жойлашган “Кавказ” меҳмонхонасида бир ҳафта дам олди-да, Қаршига эмас, Тошкентга қайтиб келди. Аэропортдан такси тутиб, тўғри устози В.М.Логостаевнинг уйига кириб борди. Москвада бўлиб ўтган воқеаларни унга ҳикоя қилиб берди. Виктор Михайлович шогирдининг сўзларини диққат билан хурсанд бўлиб тинглади. Пиёлага ҳозиргина қуйилган кўк чойни Амир Тўраевга узатар экан:
– Амир, мен бугун-эрта Москвага жўнаяпман. МГУнинг “Тупроқшунослик” кафедрасига ишга таклиф этишаяпти. Кўриб турибман, жуда ҳаракатчансан. Тўғрисини айтсам, қишлоқдагиларинг илмий ишни нима эканлигини яхши тушунишмайди. Аммо, улар сени тинч ҳам қўймоқчи эмас. Яхшиси, сен мен билан Москвага ишга кетгин. Уч-тўрт йилда доктор бўласан. Ёқмаса, кейинчалик яна қайтиб келаверасан. Шу ярамас одамлардан йироқроқ бўлгин дейманда! Мен сенга ўғлимдек ўрганиб қолганман. Людмила Михайловна ҳам менинг фикримни маъқуллади…, – деб гап бошлади.
– Мен отам билан маслаҳатлашиб кўрай. Агар рухсат берсалар, албатта сиз билан кетаман, – деди Амир Тўраев.
– Ўйлаб кўргин, ўз қарорингни менга айтарсан, – деб Виктор Михайлович шогирдини ўз кутубхонасига бошлади. Унинг кутубхонаси ростакамига хазина бўлиб, жаҳон адабиётидан тортиб, дунёдаги қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли минглаб нодир асарлар жовонларга тартиб билан териб қўйилганди.
– Бу китобларни Москвага ортмоқлаб юрмайман. Ҳаммасини сенга қолдираман. Китобнинг қадрига етишингни яхши биламан, – деб устоз ўз шогирди билан шу ерда хайрлашди. Ўшанда Виктор Михайлович етмиш етти ёшга кирган эди.
* * *
Ўша оқшомнинг ўзида Амир Тўраев поездга ўтириб, Қаршига қайтди. Темир йўл вокзалидан тўғри Пўлатига йўл олди. Ҳовлисига кириб борганида онаси Ўғилой ая ҳар доимгидек ўчоқ бошида куймаланаётганди. Фарзандини кўрибоқ, унга талпинди. Қучоқ очиб, бағрига олди. Ўғлининг юзларини авайлаб силаркан, негадир овоз чиқармасдан йиғлашга тушди, онаизор. Бир умр рўзғор ташвишларидан ортмасдан тандир-тандир нон ёпиб, ўнта фарзандни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаган муштипар она фарзандининг муваффақиятларини эшитиб, хурсандчилик кўз ёшларини тўкаётганди. Ёшлигидан кўплаб ситамларни ўз бошидан кечирган, қатағон йиллари отаси қамалган, мол-мулклари мусадаро қилинган, Аваз исмли укасини бевақт тупроққа топширган бу аёл бир умр отаси ва укасини ёд этиб яшади. “Ўғил болаларни яхши кўриши ҳам шундан бўлса керак”, деган ўй ўтди бошини онасининг кўксига қўйиб турган Амир Тўраевнинг хаёлидан.
Онаизор қўлидаги юмушини қўйиб, дарвозахонадаги тахта караватга янги кўрпачалар тўшаркан, лаблари пичирлаганча “Айланай олим ўғлимдан-а, умргинанг узун бўлсин, илоҳим! Московларга бориб келаяпти, болам…” деб дуо қиларди. Амир Тўраев эса тик қотганича онасининг чаққон ҳаракатларидан, шу ёшга кирибдики бирор маротаба ҳам ҳаётдан нолиганини эшитмаганидан, иродаси мустаҳкам ва мағрур аёл эканлигидан фахрланиб турарди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Ўғилой ая гапирганда гапларни кесиб гапирар, ўз фикрини аниқ-тиниқ қилиб тушунтирар, рўзғорда эса мазали овқатлар тайёрларди. Оқ шўрва, қозон кабоб, калла-поча тозалаш, айниқса, лалми буғдой унининг обдан муштланган хамиридан нон ва патир тайёрлаганда, мазаси оғиздан кетмасди.
– Амиржон, чарчаб келган кўринасан, бир оз нафасингни ростлаб олгин, оқ шўрва ҳам ҳозир тайёр бўлади, – онасининг овози хаёл уммонида сузиб юрган ўғилни ҳушёр торттирди.
Амир Тўраев оз бўлсада онасининг меҳрига қониқиб, ишхонасига отланди. Бориб, ишхонасида давом эттирилаётган илмий-тадқиқотларнинг натижалари билан танишди, тупроқ таҳлили лабораториясида олиб борилаётган ишларни кузатди. Ишлар анчайин тўпланиб қолгани сабабли уйига кеч қайтди. Акаси уйда, отаси эса ҳали ҳам келмаган экан. Ака-ука Москвада берилган саволларни муҳокама қилиб туришганди, дарвозадан оталарининг шарпаси кўринди. Қўл-юзини ювиб, у ҳам келиб кўрпачага чўкди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Амир ўғлига қараб:
– Менинг “дўстларим” энди сенга тармашаяптими?! Кўрдиларингми, доимо ҳушёр ва тоза ишлашларинг керак, – деди хуш кайфият билан.
Ота-ўғилларнинг суҳбати ярим тунгача давом этди. Гап орасида Амир Тўраев отасига устози Логостаевнинг таклифини айтди. Отаси бир зум хаёл сургандек бўлдида:
– Борсанг-ку яхши бўлардия. Болаларинг ҳам анча саводхон бўлиб улғаярди. Лекин бизлар сени соғиниб қоламизда. Яна бир томони у ерларнинг менталитети болаларингни меҳрсиз қилиб қўйишидан қўрқаман! Масофа жуда олис, бу масалада жиддий ўйлаб, бир қарорга келиш керак, ўғлим, – деди қўлидаги бўш пиёлани дастурхонга қўяркан.
ОТА НАСИҲАТИ
Амир Тўраев Тошкентдан қайтиб, собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институтининг собиқ Ульянов райони марказида жойлашган филиали директорининг ўринбосари бўлиб бораётганида отаси унга қуйидагича панд-насиҳатлар қилиб, тўғри йўл кўрсатган эди:
“…Болам, истеъдодли инсонлар кўпинча ёлғиз яшашни хуш кўришади. Уларнинг бошини бирлаштириш, ҳамкорлик қилиш осон иш эмас. Қобилиятсиз одамлар бир-бирлари билан омонат, фойдасиз ва ақилсизлик билан амалга ошириладиган ишларда тез топишиб оладилар ва катта кучга айланиш учун ҳаракат қилади, аммо уларнинг ишини охири вой бўлиб, ўзларининг номаъқул ҳаракатлари билан элу-халқ олдида ким эканликлари ошкор бўлади.
*
Элига зиён етказмайдиган, уларга беҳад шодлик ва яхшиликлар келтирадиган, ўзини фидойилик, меҳрибонлик, инсонпарварлик хислатларини кўрсата олган ҳар бир инсон халқ орасида обрў ва эътиборга лойиқ бўлиб қолаверадилар.
*
Халқимизнинг яхши урф-одатлари кўп йиллар давомида сақланиб, яшаб келмоқда. Улуғларга ҳурмат, ёшларга тўғри йўл, шафқат, хеш-ақробалар ўртасида қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ва сақлаб қолиш, уларга оқибат ва мурувват кўрсатиш, бордикели қилиш, диёнатли ва инсофли бўлиш, ҳар бир ишга ҳалол-покиза ёндошиш ақлли ва тарбияли инсонларнинг фарзандларига хос ишдир.
*
Бир яхши инсон ўз дўстига “Қишлоғимизда руҳий касалликка чалинган қанча одамлар бор, санаб бераоласанми?” деб сўраганида, дўсти “Улар сон-саноқсиз, мабода ақиллиларини сўрасанг санаб бераоламан, улар бир нечтагина” деган экан. Ўғлим, дунёда ақилли ва доно инсонлар жуда кам, шуларнинг сафида бўлишликка доимо ҳаракат қилиб яшагин.
*
Ким бўлса ҳам ўз шажарасини, ҳеч бўлмаганда етти пуштини билиши керак. Яхши ота-оналар ўз фарзандларига ўз аждодларининг шажарасини айтиши шарт! Бу, буюк аждодларга нисбатан авлодлар олдидаги мажбурият ҳисобланади!
*
Ўлим ҳамманинг бошида бор бўлиб, изида қолганларга ҳисобсиз ғам ва қайғу олиб келади. Ота ва онасидан ажралиб, ўз ғамида қоврилиб турган фарзанднинг аҳволини бир ўйлаб кўргин! Марҳумнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб, сўнги манзилга кузатиш, бандачиликни бажо келтирган одамга эмас, изида қолган фарзанд, хеш-ақробаларга керак. Омонатини Аллоҳга топширган инсон учун уни қай йўсинда дафн этиш ҳеч бир аҳамиятга эга эмас. Лекин, бу дунёда элим деб яшаган, ўзидан яхши ном қолдирган инсонлар учун уни иззат-икром билан кузатиш ва хотирлаб туриш – бу катта савоб иш ҳисобланади.
*
Айтишларича, буюк Искандар Зулқарнайин бандачиликни бажо келтириши олдидан дўсти-биродарлари билан видолашаётган вақтида бир яқин дўсти келиб қолибди. “Дўстим, кўриб турибсан, мени билан видолашгани кўп инсонлар келишган. Вақт зиқ, мен омонатини Аллоҳга топширай, дафн этилганимдан сўнг етти кун ўтгач қабримга бориб, “Искандар-р-р!” деб чақирасан. Қабримдан чиқиб, сен билан бафуржа суҳбатлашаман” дебди Искандар. Содиқ дўсти Искандар айтганидек, не-не умидлар билан қабристонга бориб, “Искандар-р-р!” деб чақирган экан, замин ларзага келиб, етти юз минг Искандар “Лаббай!” деб жавоб берибди. Содиқ дўстнинг боши қотиб, “Ё Аллоҳ, бу қандай сирсиноат бўлди?” деганича бундоқ қараса, ёнидан бир муйсафед киши ўтиб бораётган экан. Содиқ дўст юз берган воқеани унга тушунтирибди. Мўйсафед эса : “Болам, ажабланма, буни кўҳна дунё дейдилар. Бу қабр ўрнида олам пайдо бўлганидан буён етти юз минг Искандар исмли инсонлар дафн этилган. Сен қайси Искандарни чақираяпсан?” деган экан.
Кўриб турибсанки, ер юзидаги тирикларга нисбатан ер остидаги ўлиқлар кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ҳам бу фоний дунёда инсон яхшилик ва диёнат билан яшамоғи керак. Жаҳонгир Искандар образи буюк сўз соҳибларининг асарларида ҳамма даврларда куйланиб келинган. Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Жомий ва Навоийдек авлиё зотлар унга бағишлаб достонлар битишган. Дарҳақиқат, Искандар қаерни босиб олмасин, ҳар бир ишда адолатли бўлган.
*
Идора ва амал ходимларни текшириб, ёмон раҳбарларни илмдан четлаштиради, яхшиларини рағбатлантиради, ёшлардан эса ҳалол ва пок амалдорлар тайёрлайди. Улар нарх-наво масаласида ислоҳ ўтказиб, товар баҳосини ошириб сотганларни жазолаб туради. Тарозиларнинг икки палласини баробар ушлаб, сотиладиган нарсаларга аниқлик киритиб сотишни таъминлайди. Тарози тошларини темирдан ясаттириб, давлат муҳрларини бостиради. Газмолларни ўлчаш учун темир ўлчагичлар жорий қилади.
Бундай давлат раҳбарлари даврида савдони аниқ таъминлаш мақсадида катта тарозилар ихтиро қилинган. Бу савдо амалидаги низоларни бартараф қилишда қўл келган, адолат маҳкам ушланган. Карвонлар ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминланган. Искандар адолат байроғини баланд кўтаргани учун ҳам кийиклар арслонлардан қўрқмасдан эркин яшай бошлайдилар. Натижада Рум аҳли унинг адолат соясида бойиб, бадавлат бўлиб кетадилар. Кўриб турибсанки, ҳар бир адолатли, ҳалол, халқпарвар ишлар кўп йиллар яшайди, ҳамиша эсдан чиқмайди, катта ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олиб келинади.
ФИЛИАЛ ДИРЕКТОРИ
Амир Тўраевнинг иш фаолиятига қирқ беш кун тўлган куни эди. Эрталаб филиал директори Иззат Суннатов унинг хонасига шашт билан кириб келди. Кайфияти йўқлиги ҳатти-ҳаракатидан билиниб турарди. Одатдаги ҳазил-ҳузулдан дарак йўқ, у салом-аликни ҳам насияга қолдириб, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлар тўғрисида суриштира бошлади, сўнгра эса лаборатория ҳолати қандайлиги билан қизиқди. Барча саволларига ижобий жавоб олгач:
– Ука, мана, олим ҳам бўлиб олдингиз(директорнинг илмий даражаси йўқ эди). Сўнгги пайтларда обкомдаги дўстларингиз негадир сизни тез-тез чақирадиган бўлиб қолди, нима, менинг ўрнимга директор бўлмоқчимисиз?! – деди Иззат Суннатов бошқача оҳангда.
– Иззат ака, сиз билан ишлаётганимга ҳали икки ой ҳам бўлгани йўқ. Менга шунча имкониятлар яратиб берганингиз учун аввало, сизга раҳмат! Москвада бўлиб, Олий Аттестация Комиссияси йиғилишида иштирок этдим. Садриддин Хўжаевичнинг рухсати билан бир ҳафта дам олдим. Сизнинг ўрнингизга директор бўлиш эса хаёлимга ҳам келгани йўқ. Жамоада сиздан кейинги иккинчи одамман, ортиқча гапларга ҳожат бўлмаса керак, назаримда. Яхшиси, ака-укалардек келишиб, ишлайверайлик, – деди ҳеч нарсадан хабарсиз Амир Тўраев.
Унинг бу гапларидан филиал директорининг баттар жаҳли чиқиб, жазаваси қўзғалди:
– Нега бўлмаса бугун соат 12 да жамоамизни область партия қўмитасининг бюроси йиғилишига чақиришаяпти?! Сиз Москвага кетганингиздан сўнг Григорий Степанович Парамонов (У обкомнинг қишлоқ хўжалик бўлими ходими эди.Ш.Ш.) ҳамма ҳужжатларни титиб, бир папка ҳисобот тайёрлаб кетди, – деб муовинига тикилди.
– Иззат ака, бу гаплардан менинг мутлақо хабарим йўқ! Ўзимнинг ташвишларим, ишларим бошимдан ошиб ётибди. Сиз шундай шубҳа-гумонларга бораётган бўлсангиз, бугуннинг ўзидаёқ С.Х.Юлдашевга мени вазифамдан озод қилишини сўраб ариза ёзаман! Менга ҳеч нарса керак эмас, сиз иғво-бўҳтонларга учманг, мени тинч қўйсангизчи, Иззат ака, – деди Амир Тўраев ҳам бир оз қизишгандек бўлиб. Унинг бу гапларидан сўнг директор ҳовуридан тушди шекилли:
– Мен сизни ҳурмат қиламан, ука! Бу гапларингизда ҳақиқат борлиги сезилиб турибди. Агар обком бюросида сизга сўз бериб қолишгудек бўлишса, албатта филиалнинг фаолияти ва мен ҳақимда ижобий фикр билдиринг, келишдикми, ука? – деди анчайин мулойим оҳангда.
– Келишдик, яхши кўрсаткичлар ҳақида, албатта гапираман, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, – бўлдими, дегандек Амир Тўраев ўрнидан қўзғалди.
* * *
Кундузи соат 12:00 да обкомнинг бюро йиғилиши бошланди. Унда биринчи бўлиб илмий-тадқиқот институти филиалининг иш фаолияти масаласи кўриладига бўлди. Обком саркотиби Рўзмат Ғойибов ўрнидан туриб, институт филиалининг жамоаси билан таниша бошлади:
– Филиал директори Иззат Суннатовни яхши биламиз. Бекорчи, илмга ҳам, қишлоқ хўжалигига ҳам бир тийинлик фойдаси тегмаган! Хўш, сен кимсан?! – деди у Амир Тўраевга қараб.
Григорий Степанович Парамонов вазиятни юмшатмоқчи бўлди шекилли, ўрнидан туриб:
– Бир ойча аввал филиалга илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасига келган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, ўз соҳасини яхши билади, жамоа ва давлат хўжаликларига бориб, уларнинг ишларига яқиндан ёрдам бераяпти…, – деди.
Обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович Головачёв ўтирган жойидан:
– Парамонов, унинг оғзидан ҳали она сути кетмаганку, бунча мақтайсиз, хўжаликларга нима ҳам ёрдам қилаоларди?! – дея нописадлик билан луқма ташлади.
Дарҳақиқат, Амир Тўраевнинг азалдан ҳам жуссаси кичик эмасми, айниқса, диссертация ҳимояси ва Олий Атестация Комиссияси масаласида анча озиб, гавдаси ёш болаларникидек кўринарди. Иккинчи котиб шунга шама қилаётганди.
– Хўш, тўхтаб тургинчи Иван, бу болани аввал бир имтиҳон қилиб кўрайликчи, – дедида, область саркотиби унга пахтадан мўл ҳосил олиш учун қандай меъёрларда ғўза қатор ораларини ўғитлаш ва озиқлантириш даврини қачон тугатиш кераклиги тўғрисида бир нечта саволлар берди.
Берилган барча саволларга Амир Тўраев малакали мутахассислардек саркотибга маъқул келадиган тарзда бурро-бурро жавоб қайтарди. Саркотиб пастда ўтирган Косон райони қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиғи Абдулла Қиличовдан “Жавоблари қандай?” деб сўраганди, у “аъло” деб жавоб қайтарди. Саркотиб Иван Иосифович Головачёвга қараб “Хўш Иван, сенда савол борми?” деди. У ҳам саволи йўқлигини билдирди-да, “Яхши мутахассис экан” деб қўйди. Сўнгра Амир Тўраевга теккизиб:
– Парамонов, бунчалик таланти бор экан, яшириб юрмасдан нега бизларга, яъни бюрога маълум қилмагансиз? – сўнгра Амир Тўраев томон бурилди. – Менга қарагин, ўзи неча ёшдасан? – деди пичинг қилиб.
Амир Тўраев ҳали ҳам ўрнига ўтирмаганди. У тортинмасдан:
– Менми, Иван Иосифович, йигирма икки ёшга кирдим, – деди-ю, яна балога қолди, Иван Иосифович тутоқиб кетди:
– Ў-ў олим бола, ўйлаб гапираяпсанми?! Ўзи коммунистмисан, ёки ёшинг хотирангдан кўтарилдими?! Мен айтдимку, бу бола ҳали гўдак, деб, – ўзиникини маъқуллаб Парамоновга қаради.
Обкомнинг биринчи котиби Рўзмат Ғойибов:
– Григорий Степанович, кадр сеники, яхшироқ таништиргин, бизлар ҳам билайлик! – деди.
– Рўзмат Ғойибович, унинг ёши ростдан ҳам 22 да. Тошкент қишлоқ хўжалик институтини тугатган. Сўнгра шу институтнинг аспирантурасида ўқиган, коммунист, мелиорация ва суғориладиган деҳқончилик соҳалари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган. Ўзи асли косонлик. Марказий газеталарда кўплаб илмий-тадқиқот мақолалари чоп этилган…, – деб Парамонов сўзини тугатди.
Аслида обкомнинг биринчи котиби Рўзмат Ғойибов ёш ва иқтидорли олим Амир Тўраевни яхши танир, ҳатто у билан далада бир бора суҳбат ҳам қилганди. Унинг бу ҳатти-ҳаракатларидан мақсад, ёш олимни бошқаларга таништириш эди.
Ўша куни обком бюроси собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институтининг Қашқадарё филиали олиб бораётган илмий-тадқиқот ишларини қониқарсиз деб топди. Филиал директори Иззат Суннатовга қаттиқ ҳайфсан берилиб, ўз вазифасидан озод этилди. Амир Тўраевнинг яқинда иш бошлагани ҳисобга олиниб, у вақтинчалик директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бюродан сўнг йигирмага яқин олимтадқиқотчилар Григорий Степанович Парамонов бошчилигида яна филиалга қайтишди. Парамонов филиал жамоасининг йиғилишини ташкил этиб, янги раҳбарга кўплаб топшириқлар берди ва собиқ директор билан ҳайрлашди.
Обком вакили кетгач, собиқ директор Иззат Суннатов Амир Тўраев билан ростакамига жанжаллашди. Янги раҳбар эса бугунги бўлиб ўтган воқеаларни ҳатто тасаввурига ҳам сиғдираолмаётганди. Сабаби, унинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди!
Ҳохлайдими йўқми, филиалнинг янги раҳбари ўз вазифасини бажаришга киришди. Аммо, у собиқ директорнинг хонасидан ҳам, хизмат автоуловидан ҳам фойдаланмади. Аввалги хонасида ўтириб, илмий ишларни назорат қилар, филиал кўрсаткичларини самарали бўлишини таъминлар, аспирант ва олимларга шароит яратиб, уларга қўлидан келганча ёрдам бериш чораларини кўрар, илмий-тадқиқот ишларига тааллуқли мақолаларни илмий-оммабоп журналларга ва вақтли матбуот саҳифаларига чоп эттиришга бош-қош бўларди.
* * *
Обкомнинг бюроси бўлиб ўтган куни, Амир Тўраев ишдан сўнг Пўлатидаги уйига борганида отаси уни кутиб турган экан. Негадир, отасининг чеҳраси очиқ эди. Ўғлини дастурхонга чорлади. Ҳол сўрагандек бўлиб, гап бошлади:
– Ўғлим, ҳамма гапдан хабарим бор. Бугун саркотибнинг саволларига мазмунли жавоб берибсан, бу яхши гап! Иван Иосифович Головачёвнинг дашномларига кўп ҳам хафа бўлаверма. У маҳаллий кадрларни жуда ёмон кўради! Ундан доимо эҳтиёт бўлиб юрганинг маъқул. Ўзининг касби ўқитувчи бўлгани билан жаллоддек, ҳар қандай шароитда ҳам ким бўлишидан қатъий назар хато топишга ҳаракат қилади! Ўта раҳмсиз одам!
Шуни унутмагин, ҳаётда тўғрилик ва ҳалоллик инсонга бахт ва омад келтиради. Мен бюрода бўлиб ўтган ҳамма гап-сўзларни эшитдим. Хушвақт гапириб берди. Сени бундан буён босиқ бўлишингни ҳам айтди. Бола икки-уч ёшида тилга киради, лекин тилини тийиб туриши учун кўп вақт керак. Тўғри сўзни ўта вазминлик билан сўзлаш эса катта талант ҳисобланади. Хушвақт ҳам бундан кейинги қиладиган ишларингни режалаштириб, шошмасдан ва яхшилаб ўйлаб амалга оширсин, деб огоҳлантирди. Бугун ўзингни ҳақиқий олим эканлигингни кўрсатибсан, лекин мағрурланмагин, кўп ҳам билимдонлик қилма, кўпроқ тинглашни одат қилгин.
Асли пўлатилик бўлган юксак маданиятли, тинибтинчимас ва дунёқараши кенг инсон Хушвақт Ражабович Қўйбоқаров ҳамқишлоғи Тўра Орзиқуловни ҳурматини жойига қўйиб, ҳар доим иззат ҳурмат кўрсатарди. У Қашқадарё областьи ижроия қўмитасининг раиси, кейинчалик республика Қишлоқ хўжалиги министрининг биринчи муовини, Республика Тайёрлов министри лавозимларида фаолият кўрсатганди (Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин).
ЯНГИ ИШГА ТАКЛИФ
Амир Тўраев собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-текшириш институтининг Қашқадарё филиалига директор бўлиб ишлаётган кунларнинг бирида область партия қўмитаси қишлоқ хўжалиги бўлимининг мудири Григорий Степанович Парамонов уни ўз қабулига таклиф этди.
– Сен билан суҳбатлашишни обком саркотиби Рўзмат Ғойибов менга топширди, – деб гап бошлади бўлим мудири.
Григорий Степанович Парамонов ўрта махсус маълумотли зоотехник мутахассислигига эга бўлиб, чорвачилик, деҳқончилик ва иқтисодиёт соҳаларининг илмий-амалий томонларини жуда яхши биларди. Шу билан бирга муомалани ҳам жойига келтириб, адолат билан фикр-мулоҳаза юритарди. Қишлоқ хўжалиги, фан ва техника тараққиёти, шунингдек, экинлар тарихи тўғрисида Амир Тўраев билан бир неча бора мунозарага ҳам боришган эди. Иқтидорли ёш мутахассисларни ҳурмат қилар ва ўзига тенг кўриб, мулоқотда бўларди. Унинг ушбу инсоний хислатларини Амир Тўраев ҳам ёқтириб, ўзини унга эркин тутарди.
– Григорий Степанович, сиз мени имтиҳондан ўтказмоқчимисиз? Яхшиси, бўладиган гапдан гапираверинг. Шунчаки суҳбатлашмоқчимисиз ёки бирор ишни бўйнимга юкламоқчимисиз? – деди Амир Тўраев гапни ярим ҳазилга буриб.
– Нима, сени имтиҳон қилиш мумкин эмасми? – кулди бўлим мудири.
– Сиз, албатта катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга инсонсиз, буни тан оламан. Ҳатто, сизнинг билимдонлигингиз олдида таъзим қиламан. Лекин, ўрта маълумотли одам қишлоқ хўжалиги фанлари номзодини имтиҳон қилиши инсофдан бўлмаса керак.
Григорий Степановичнинг гапи оғзида қолди, сўнгра ўзини тутаолмасдан қаҳ-қаҳ отиб, роса кулди.
– Амир, сендан буни кутмаган эдим, роса бопладингку, энди менинг олий маълумот олишимнинг иложи йўқ, олимлик тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлади, – деди кулгисини базўр тўхтатиб Парамонов.
– Григорий Степанович, менга нима ҳақдадир айтмоқчи эдингиз шекилли?
– Амир, обкомнинг биринчи котиби сени Нишон районида янгидан ташкил этилган 6-давлат хўжалигига директор қилиб жўнатмоқчи. Лекин у ерда ўн минг гектар яйдоқ чўлдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳали ёшсан, тажрибанг ҳам етарли эмас, чарчаб қоласан, деган хавотирдаман. Ҳаракат қилсанг, албатта эплашинг ҳам мумкин, бу қонингда бор! Мана, аканг Али ҳам қойил қилиб ишлаяпти. Ўзининг ташкилотчилигини, яхши муҳандис эканлигини кўрсатди. Сен яхшилаб ўйлагин. Иложи бўлса мен айтган давлат хўжалигини бориб, кўриб келгин. Эртага эрталаб соат 10:00 да Рўзмат Ғойибов сени қабул қилади, бюро аъзолари ҳам бўлади. Ҳар ҳолда тайёргарлик кўриб қўйсанг ёмон бўлмайди, – деб Григорий Степанович Амир Тўраев билан ҳайрлашди.
У коридор бўйлаб эндигина одимлаётганди ҳамки, Парамонов хонасидан чиқиб, уни яна қабулига чорлади. Қайтиб киргач, бўлим мудири тик турган ҳолда: “Кеча Ульянов райкомининг биринчи котиби Муродулла Саидов Рўзмат Ғойибовичнинг қабулида бўлиб, сени район қишлоқ хўжалик бошқармасига бошлиқ қилиб юборишларини сўради. У “Районимиз областдаги энг йирик жамоа, юз минг тонна пахта етказиб беришимиз керак, менга ёш, билимдон мутахассислар керак” деди. Буни ҳам ҳисобга олиб қўйгин”, деб огоҳлантирган бўлди.
Амир Тўраев ишхонасига жўнар экан, “6-давлат хўжалигини яхши биламан. Бу ерда на иморат, на одам бор, ишни нолдан бошлашим керак. Қурилиш ишлари ҳам ҳалигача бошланмаган, фақат бир дона кўчма вагон бор, холос. Ўйлаб кўриш керак…” деган ўй унинг миясида ғужғон ўйнарди.
У филиал биносига кириб, амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларни, ҳисоботларни диққат билан кўриб чиқди. Ҳаммаси қоидадагидек давом этаётганди. Шу пайт хизмат столи четидаги телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарди, Григорий Степанович экан. Телефонда савол-жавоб бошланди:
– Қаердасан?
– Ишдаман, ҳозиргина келдим.
– Мен билан бўлган бугунги суҳбатимизни, албатта отангга билдириб қўйгин, керакли маслаҳатини беради.
– Имтиҳон масаласини ҳам айтайми?
– Ҳа, мен Рўзмат Ғойибовичга айтиб бердим, эртага устингдан қандай ҳукм чиқаради, билмайман, – деди Парамонов гўшакни жойига қўятуриб.
Григорий Степановичнинг миллати чуваш, отчилик соҳаси бўйича зоотехник. Жуда беғараз инсон. Қашқадарё воҳасининг қишлоқ хўжалик соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган. Маҳаллий мутахассисларнинг ўсиши учун қўлидан келганча беғараз ёрдамини аямаган. Тўғри иш учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр инсон. Кечаю кундуз тинмасдан ишларди. Бу инсон Қашқадарёда зўравонлик ўтказмаган. Халқнинг фойдаси учун, қишлоқ хўжалиги ривожи учун улкан ишларни амалга оширган.
* * *
Амир Тўраев борганида отаси уйда экан. Ота-ўғил турли мавзуда узоқ суҳбатлашдилар. Ота фарзандлари амалга ошираётган ишлардан мамнун эди. Яратгандан уларга фақат бахт ва барака, соғлиқ ва умр тиларди. Ўғиллари сўзлаётганда гапини бўлмас, савол бермас, фақат диққат билан тингларди. Сўнгра ўз фикрини билдирарди. Бугун ҳам шундай бўлди.
– Сен Григорий Степановичга “ўрта маълумотлисиз” деб, мутлақо нотўғри гапирибсан. Биринчидан, ёши катта, иккинчидан, жуда билимдон инсон. Сен бир йўлини топиб, кечирим сўрагин. Ўғлим, дунёда юз берадиган воқеаларни фаросат билан тушуниш, ҳамма ишларга нисбатан ақл доирасида холисона фикрлаш ва баҳолаш, ҳар қандай тўғри сўзни инсоннинг кўзи ва юзига қараб айта олиш бандасидан катта қобилият талаб қилади. Сўзнинг кучи баъзида шу даражага етадики, ҳар қандай инсонни ҳам ойнадек синдириб ташлайди.
Сен зироатчисан. Қалампирмунчоқ миртдошлар оиласига мансуб бўлиб, доимо яшил тусда бўлади. Гуллари қуёш рангидаги қизил тожли, асли ватани тропик ҳудуддаги Жолук ороллари бўлиб, голландлар ўн тўртинчи асрда бу оролларни забт этганлар ва шу ердаги қалампирмунчоқни қолдириб, бошқа жойларда ўсадиганларини таг-туги билан кесиб ташлаганлар. Шундай қилиб, улар дунёдаги қалампирмунчоқлар монополиясига эгалик қилишни мақсад қилганлар. Кейинчалик французлар қалампирмунчоқ эгаларини чалғитиб, ўз кемаларини қалампирмунчоқ уруғига тўлдириб, олиб қочганлар. Шундан сўнг Мавриний оролларида, вақтлар ўтиб инглизлар Занзибар оролларида бу ўсимликни етиштириш билан шуғулланадилар ва дунё бозорига чиқарилаётган қалампирмунчоқ маҳсулотларининг қарийиб саксон фоизини етиштирадилар.
Бу ўсимлик Бурбен ҳамда Мадакаскар оролларида ҳам парваришланади. Қалампирмунчоқ айниқса, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой каби мамлакатларда кенг фойдаланилади. Кўҳна Миср фраонларининг бўйнига қалампирмунчоқ тизмаси осилиб, мўмиёланган. Ўз даврида бу ўсимлик Европада ҳам жуда қадрланган. Чунки, унинг таркибида эфир мойлари, 95 фоиз эвгенал мавжуд. Қалампирмунчоқ азалдан ноёб, хушбўй зиравор, шифобахш неъмат сифатида ишлатилиб келинган ва инсон танасининг сезгирлигини ошириш хусусиятига эга. Шунга қарамасдан бу ўсимлик фойдали ва зарур бўлсада, меваси заҳардек аччиқ. Инсонда барча яхши хислатлар билан бир қаторда сўзларининг маржони ширин бўлмоғи керак.
Амирқул, давлат хўжалигими, район қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиқлигими, ўзинг бир қарорга келгин! Агар сен райкомнинг биринчи котиби Муродулла Саидов билан ишласанг, у инсондан кўп нарсаларни ўрганасан, бу эса сен учун фойдадан холи бўлмайди. Муродулла Саидов билимдон инсон, қаерда ишламасин давлат манфаатини кўзлаб фаолият кўрсатган. Боз устига тўғри сўзли, ҳалол раҳбар! Бундай соғлом фикрли раҳбарлар жуда кам…, – отаси гапни анчайин олисдан келтирди.
Амир Тўраев отасининг ҳар бир сўзини диққат билан тинглар экан, унинг мазмунидан Муродулла Саидовдаги бой тажриба, билимдонлик, юксак даражадаги раҳбарлик савиясини озми-кўпми иш даврида ўғлининг ўрганишига умид боғлаётганини сезиб турарди.
– Ота, Рўзмат Ғойибов ва бюро аъзоларининг ҳаракатига қараб иш тутаман, – деди Амир Тўраев.
– Ҳа, бу бошқа гап, ўғлим, – отаси фарзандини дуо қиларкан, унинг фикрини қувватлади.
“Тўғрида, ўзим ҳам шу район марказига оилам билан яқингинада кўчиб борган бўлсам. Райкомнинг биринчи котиби Муродулла Саидов жуда интизомли ва қаттиққўл, тинимсиз меҳнат қиладиган ташаббускор, ҳамма жабҳада ҳалол инсон. Отам ҳам шу одамга яқин бўлишимни истаяптилар”, деган ўй ўтди Амир Тўраевнинг хаёлидан ва отаси билан ҳайрлашди.
БОШҚАРМА БОШЛИҒИ
Амир Тўраев эртаси эрталаб Григорий Степановичнинг қабулига кирганида Ульянов райкомининг биринчи котиби Муродулла Саидов билан у ҳақидаги масалани муҳокама қилиб туришганди. Уни кўриб нима учундир Саидов бўлим мудирига илмоқли гап қотди:
– Ҳа, Амир давлат хўжалигига директор бўлиб ишлашни уддалайди.
– Муродулла ака, мен сиз билан ишлайман. Бу ҳақда Григорий Степанович Рўзмат Ғойибовичга ҳозироқ кириб, дадил айтиши мумкин, – деди Амир Тўраев гап нима ҳақда бораётганини тез англаб.
– Ҳа, кеча Тўра ака қулоғингдан чўзганга ўхшайди. Бўлмаса бир кунда ақлли бўлиб қолмасдинг. Кетдик, ҳозир Рўзмат Ғойибовичнинг қабулига кирамиз, – деди ўрнидан қўзғалиб Григорий Степанович.
Учаласи изма-из область саркотибининг қабулхонасига бош суқишди. Парамонов кириб, “Қабулхонада Саидов билан Тўраев ўтиришибди” деган шекилли, саркотиб уларнинг ҳар иккаласини бараварига қабул қилди. Салом-аликдан сўнг саркотиб мамнун оҳангда:
– Иккаланг ҳам меҳнаткаш, ишни ўзини эмас кўзини биладиган одамсизлар. Ульянов райони бу йил 110 минг тонна пахта ҳосили етиштириб бериши кўзда тутилган. Мен сизларга ишонаман. Ака-укадек, ишонч ва ҳурмат кўргазиб ишлайсизлар. Муродулла, бугун соат бешда Муғлонга бораман. Барча бригадир ва фаолларни райкомнинг мажлислар залига таклиф этинг. Амирни ўзим таништираман. Григорий Степанович, Эркин Турдиевич Шайховга айт, бу ҳақда буйруқ юборсин.
– Рўзмат Ғойибович, Амирқулга битта “УАЗ-69” хизмат машинаси ҳам сўрасак яхши бўларди-да, – деди пайтдан фойдаланишга ҳаракат қилиб Муродулла Саидов. – Эркин Турдиевич қишлоқ хўжалик вазири, иккалангиз бирга ишлагансиз.
Рўзмат Ғойибов район саркотибининг устамонлигидан маза қилиб кулди-да:
– Муродулла, ҳозироқ телефонда министрни улаб бераман. Агар ўзинг ҳал қилаолмасанг, буйруқни ҳам, машинани ҳам ўзим ҳал қиламан, – деб “прямой”дан Республика Қишлоқ хўжалиги вазирини улашларини сўради. Бир оздан сўнг саркотиб телефон гўшагини Муродулла Саидовга узатди.
– Ассалому алайкум Эркин Турдиевич, безовта қилганим учун узр, – дея жуда пишиқлик билан гап бошлади Муродулла Саидов. – Ҳозир Ульянов райони қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиқлигига келажаги бор Амир Тўраев деган ёш бир олимнинг номзодини Рўзмат Ғойибович билан кўриб чиқиб, маъқулладик. Ҳа, районимизда иш қизғин олиб борилаяпти, экин майдонларини шудгорлашни бошлаб юборганмиз. Тўғри, энди чорва қишловини ҳам кўнгилдагидек ўтказишимиз керак. Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, Эркин Турдиевич. Мободо, унинг ҳужжатларини шу ерда буйруқ бериб тасдиқласакда, вазирлик коллегиясига юборсак бўладими?
– Албатта бўлади, номзод Рўзмат Ғойибовичга маъқул келган бўлса, гап ҳам бўлиши мумкин эмас, – гўшакдан министрнинг овози пастгина эшитилди.
– Эркин Турдиевич, яна бир масалада ёрдамингизга муҳтожмиз. Районимиз республикада энг йирик ва кўп пахта етиштирадиган жамоа. Ҳудуди ҳам жуда кенг. Вазирликнинг заҳира фондидан бир дона “УАЗ—69” русумли машина ажратсангиз жуда яхши бўларди. Ўзингиз мени область қишлоқ хўжалиги бошқармасидан Ульянов районига саркотиб қилиб юборганингизда “Сенинг қишлоқ хўжалик бошқармангга битта машина бераман” дегандингиз. Бу билан бизларни қўллабқувватлаганингиз бўларди, – деди ўзига хос ёқимли мулозамат билан.
– Ҳа, эсимда, ваъда қилганман. Тўртинчи квартал ҳисобида битта машина турибди. Эртагаёқ “Ульянов районига берилсин” деган фонд қоғозини оласан. Аммо, машинани заводдан олиб келиш ўзингни зиммангда.
– Эркин ака, бу масалада муаммо бўлмайди. Амирнинг акаси Косон районида қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти бошқармаси бошлиғи. Эртагаёқ заводга одам жўнатади, ҳа, ўзимиз олиб келамиз. Ёрдамингиз учун катта раҳмат.
– Гўшакни Рўзмат Ғойибовичга бергинчи, бирров саломлашайлик, – деди қишлоқ хўжалик вазири. Муродулла Саидов гўшакнинг пастки қисмини кафти билан беркитганча область саркотибига узатаркан, “Сиз билан гаплашмоқчи” деди паст овозда пичирлаб.
– …Эркин Турдиевич, ўз кадрларингизни жуда ҳам яхши кўрасиз-да, ҳаммаси учун катта раҳмат, – саркотиб гўшакни жойига қўяркан, Муродулла Саидов ва Амир Тўраевларга томон бурилиб:
– Мана, бу иш ҳам осон кўчди. Иккалангизга ҳам жавоб, бориб мажлисга тайёргарлик кўринглар. Амир, мажлисда пахтачиликда ўтказиладиган агротадбирлар ҳақида ўн беш минут гапирасан, тайёр бўлиб тургин, – деди.
Ўша кунги мажлис кўтаринки руҳда ўтди. Амир Тўраев пахтачилик муаммолари тўғрисида йигирма минут маърўза қилди. Область саркотиби уни янги вазифа билан қутлади. Шу кундан эътиборан у район қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсата бошлади. “УАЗ-69” енгил автомашинаси ҳам бир ҳафта ичида етиб келди.
* * *
Тўра Орзиқулов бўлиб ўтган ижобий ишлардан анчайин хурсанд эди.
– Қарагин ўғлим, янги лавозим, янги хизмат машинаси, булар раҳбариятнинг сенга бўлган ишончи! Биламан, сенга осон эмас. Қийналсанг ҳам ўзингни эҳтиёт қилиб, ғайрат билан ишлагин. Ғирромлик қилмагин, давлатнинг мулкига кўз олайтирма. Рўзғоринг учун нима зарур бўлса, ўзим ёрдам қиламан. Ҳеч нарсани ўйламасдан Муродулла Саидовичга мададкор бўлиб ишлагин, – деб ўғли Амир Тўраевга тасалли берган бўлди отаси.
“ТОШКЕНТ” ХЎЖАЛИГИДА
Амир Тўраев Ульянов райони қишлоқ хўжалик бошқармасида раҳбар бўлиб фаолият кўрсатаётган кунларнинг бирида районга Республика Марказий Қўмитасининг котиби Йўлдош Рахимович Қурбонов ташриф буюриб, қишлоқ хўжалик илғорларининг кенгаш йиғилишини ўтказди. Амир Тўраев районда қишлоқ хўжалигининг бугунги аҳволи тўғрисида ахборот берди. Марказқўм котиби йиғилишда сўзга чиққан мутахассисларга шундай қалтис саволлар берардики, жавоб беришда ҳар қандай аллома ҳам бир зум довдираб қоларди. Чунки, у киши авваллари Тўрткўл районида саркотиб бўлиб фаолият кўрсатган, район миқёсидаги ишларни жуда яхши биларди. Йўлдош Рахимович Амир Тўраевга қараб:
– Қани айтгинчи, ўтган йили район бўйича 20-25 ц/га, 25-30 ц/га, 30-35 ц/га, 35-40 ц/га ва 40-45 ц/га ҳосил олган бригадирларнинг сони нечта? Фақат тўғри айтгин, мен текшириб кўраман, – деди қўққисдан.
Амир Тўраев бу кўрсаткичларни аввалроқ тайёрлаб қўйганди. Ҳатто, унинг бир нусхаси район саркотибида ҳам бор эди. Бошқарма бошлиғи саволларга шошилмасдан оғзаки жавоб бера бошлади.
– Шу гапларингни тасдиқловчи бирор ҳужжат борми? – деди унинг сўзини бўлиб Йўлдош Рахимович. Шунда райком саркотиби қўлидаги тайёр ҳужжатни Марказқўм котибининг қўлига берди. Қоғозга кўз югуртиракан, у:
– Жавобингни яна бир бора такрорлагинчи, – деди.
Амир Тўраев ҳозиргина айтган гапларини қайта такрорлади. Унинг жавобларини тинглаган Марказқўм котибининг чеҳраси ёришди, аммо ҳеч нарса демади. У мажлис якунида сўзга чиқиб, “Қарши чўлида янги-янги давлат хўжаликлари тузилаяпти, уларга ёш, кечаю кундуз ишлайдиган, саводли раҳбарларни танлашимиз керак” деб сўзини якунлади.
Йиғилиш тугади. Иштирокчилар тарқалишди. Марказқўм котиби “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиши” бошлиғи Нажим Ҳамроев, обком бюро аъзолари Рўзмат Ғойибов, Иван Головачёв, Фармон Омонов, Сулаймон Муродов, область қишлоқ хўжалиги бўлимининг янги мудири Б. Кунченко ва район қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Амир Тўраевларни қабулига тўплади.
– Сен, – деди у Амир Тўраевга, – эртадан эътиборан янги тузилган 21-давлат хўжалигига директор бўлиб борасан. Марказқўмнинг биринчи котиби хўжалик номини “Тошкент” деб аташни таклиф қилдилар.
– Йўлдош Рахимович, бугун 4 июль, йилни якунлагач борганим яхши бўларди. Энди фақат беда, полизсабзавот, маккажўхори экиш мумкин. Хўжалик янги бўлса, ерлари экин экишга ҳам тайёр эмас. Коллектордренажлар тизими, суғориш шохобчалари тугатилмаган.
Уй-жой йўқ. Хўжаликни ишчиларсиз юритиш…, – деди дангалига Амир Тўраев.
– Нажим Рахимовичдан сўраймиз, қиш бошлангунча уй-жой масаласини ҳал қилади. Камида йитирма минг квадрат метр уй-жой қуриб беради. Отангни олдига борасан, хўжалигингни ишчилар билан тўлиқ таъминлайди, – деди унинг сўзини бўлиб Йўлдош Рахимович, гап тамом, дегандек.
– Хўжаликнинг марказий устахонаси бўлмаса жуда қийин бўлади, – ётиб қолгунча отиб қол, дегандек Амир Тўраев яна фикр билдирди.
– Қийинлиги учун ҳам хўжаликка сени юборишга қарор қилдик. Менга қолса сени Тошкентга олиб кетардим. Афсус, Қашқадарёга ҳам сен жуда-жуда кераксан, эплолмайман деган гапингни инобатга олмайман. Қойил қилиб ишлайсан. Сулаймон Рустамович, Фармон Омонович, бугуноқ Амирга хўжалик ер майдонини таништиринглар. Мен эса Рўзмат Ғойибович билан ҳозир Косонга бориб, Тўра Орзиқуловни шу хўжаликка жавоб берадиган вакил қилиб қўямиз, – деб Марказқўм котиби хайрлашди.
1975 йилнинг 5 июль кунидан эътиборан Амир Тўраев неча асрлардан буён экин экилмаган, бир томони чексиз кўчма қумликларга туташ ерлари мелиоратив жиҳатдан бутунлай шўрланган 21-давлат хўжалиги деган фақат номи бор “хўжалик”га директор бўлиб иш бошлади.
* * *
Марказқўм котиби Ульянов районида ўтказган кенгаш йиғилиши якунидан мамнун ҳолда Косонга йўл олди. Амир Тўраев ҳақида область саркотиби Рўзмат Ғойибов йўл-йўлакай ижобий фикрлар билдириб, “…Билими ўткир, ўсадиган йигит, аммо уни кўролмайдиганлар ҳам етарли…” деб қўйди. Улар “Ленинград” давлат хўжалигига етиб боришганда Тўра Орзиқулов Қашқадарё дарёси кўприги устида кутиб турганди.
Марказқўм котиби машинадан тушди-да, хўжалик раҳбари билан қуюқ кўриша туриб:
– Тўра Орзиқулов, мана, бугун Қарши чўлида янгидан 21-давлат хўжалиги тузилди. Унга йигирма беш ёшли йигитни директор этиб тайинладик. Тошкентдан жўнаётганимизда Шароф Рашидович хўжаликнинг номини “Тошкент” деб номлашимизни таклиф қилгандилар. Сиз бугундан эътиборан обкомнинг шу хўжаликдаги вакили сифатида жавоб берасиз, – деди.
– Йўлдош Рахимович, ишонч учун катта раҳмат, аммо мен ўзимнинг хўжалигимни аранг эплаб турибман. Балхияк чўли қаердаю, мен қаердаман? – деб узоқдан гап бошлаётганди, Марказқўм котиби Тўра Орзиқуловнинг сўзини бўлди:
– Амир бугун иш бошлади, оғир вазифа бўйнига юкланди. Ўзи дадил, билим-тажрибаси етарли, ёрдам қилсангиз бас, олиб кетади. Албатта ёрдам қилинг, элхалқ сизни ҳурмат қилади…
– Эплашгаку эплайди, лекин соғлиги яхши эмас, Рўзмат Ғойибович, – Тўра Орзиқулов мадад кутгандек унга қаради.
– Ҳаммамиз ёрдам берамиз. Нажим Ҳамраевич бор кучини ташлайди, уй-жой, марказий устахона, ҳаммасини тезлаштиради. Фақат сиз икки юз оилани кўчириб боришни таъминлаб берсангиз бўлди. Амирнинг ишини кейин кўрасиз. Сизнинг хўжалигингиздан кам қилмайди. Қўйинг, Тўра Орзиқулович, давлатга Амирга ўхшайдиган ишни ўзини ҳам кўзини ҳам биладиган йигитлар керак. Аслида Йўлдош Рахимович уни Тошкентга, Марказий Қўмитага ишга олиб кетмоқчи эди. Қани, бир пиёла чой ичайлик, бошланг…, – деди Рўзмат Ғойибович хўжалик раҳбарини ўзига яқин олиб.
Меҳмонлар хўжалик меҳмонхонасида бироз дам олишиб, Қаршига қайтишди. Уларни кузатган Тўра Орзиқулов эса тўғри Пўлатига жўнади. Шу дамда унинг юраги изтиробга тўла эди. Дарвозадан остона ҳатлаб ҳовлисига кираркан, хотинига дуч келди. Кўнглини унга ёрди:
– Онаси, бугун Амирни ҳам тўрга туширишиб, оғир машаққат тошини унинг гарданига юклашибди.
– Тинчликми, соғлиги яхшими?, – хотини эрига жовдираб тикилди.
– Тинчликка тинчликкуя, уни янги хўжаликка раҳбар этиб тайинлашибди. Жигарини мазаси йўқ эди, нима қилсам экан, энди йўлдан қайтиб ҳам бўлмайди…
– Катта раҳбарларга тушунтирмадингизми?
– Юқоридан келганларга тушунтириб бўларканми? Ўзику тиним билмайди, ишни қойил қилади. Лекин, онаси, унинг соғлиги менга тинчлик бермайди-да! Кечалари безовта бўлиб, ухламасдан чиққаниниям бир неча бора кўрганман…, – деди “уф” тортиб Тўра Орзиқулов.
ТАЛАБИ ҚАТТИҚ ДИРЕКТОР
Амир Тўраев номи бору ҳеч нарсаси йўқ саккиз минг гектарлик қуруқ ерга директор бўлди. На илож, республика ва область раҳбарияти ишонч билдиришган. Боз устига ўзи ҳам рози бўлган.
Йигитнинг сўзи қасам! У отасидан ўрнак олиб, кечаю кундуз тиним билмади. Биринчи навбатда хўжаликка ишламоқни мақсад қилиб, кўч-кўрони билан кўчиб келган одамларга уй-жой, коммунал иншоотлар, озиқовқат савдо дўконлари, ичимлик суви таъминоти иншоотлари қурилишини қаттиқ назоратига олди. Директорнинг ўзи кўчма вагонда яшар, иш кабинети ҳам шу ер эди.
Марказий техника саройи ва устахонанинг йўқлиги, айниқса, кўп панд берарди. Қисқа муддат ичида “Қаршиқурилиш” бошқармасига қарашли оғир техникалар туну-кун ишлаши натижасида хўжаликда дастлабки икки минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, экин экишга тайёр қилинди. Ер ҳайдайдиган техникалар, чопиқ қиладиган культиваторлар, чигит экадиган сеялкалар, ёқилғи қуядиган машиналар, пайвандловчи мосламаларнинг барчаси директор яшайдиган кўчма вагон атрофига тўпланганди. Ҳатто уларни қўриқлашни ҳам Амир Тўраев назорат қиларди.
21-давлат хўжалиги асосан пахтачилик ва қорамолчиликка мўлжаллаб ташкил этилган эди. Экин майдонларини эса Қарши бош каналининг бир тармоғи бўлган Ульянов номли канал орқали сув билан таъминлаш кўзда тутилган. Шу мақсадда хўжалик экин майдонларини оқар сув билан таъминлайдиган учта ички каналлар қазилган бўлиб, уларнинг барчаси Ульянов каналининг экин майдонларига нисбатан баланд қисмидан нотўғри лойиҳалаштирилганди. Натижада, хўжалик йиллик сув лимитининг бор-йўғи эллик фоизини олаётганди. Бу ҳақда Амир Тўраев “Қаршиқурилиш” бошқармасининг собиқ бошлиғи Сулаймон Рустамовичга, янги бошлиғи Эркин Турсуновга, ҳатто “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиши” Бош бошқармаси бошлиғи Нажим Ҳамроевга, область партия ва ижроия қўмиталари раҳбарларига ушбу ҳолатни исботлаб, бир неча бора хат жўнатган эди. Аммо, ўзининг бирорта ҳам хатига улардан жавоб олмаган. Вақт келиб, ўша юқори раҳбарият хўжалик директоридан режада кўрсатилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сўрашади. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳосилдорликни кўтариш учун ернинг шўрини ўз вақтида ювиб туриш керак бўлади, бунинг учун ҳам маълум миқдорда сув керак.
Юқоридаги муаммоларни ҳал этишга охир-оқибат хўжалик раҳбарининг ўзи киришди. Гидротехник билан биргаликда Ульянов каналидан сув оладиган суғориш тармоғининг лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб, керакли сув очгич жиҳозларни келтирди. Каналнинг сув оладиган қисмини керагича бетонлаб, хўжалик ишчи-мутахассисларининг кучи билан қисқа муддатда қўшимча сув олиш учун канал қаздирди. Директорнинг кўнгли жойига тушиб, майдонларни суғоришга тайёргарлик кўраётганида, “Қаршиқурилиш”нинг сувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Ислом Муродов келиб қолди-да:
– Нима қилаяпсизлар, бу қанақа ўзбошимчалик?! – деб дағдаға қила бошлади.
Амир Тўраев унга масаланинг моҳиятини тушунтирмоқчи бўлганида, хўжаликнинг деҳқончилик илми ва тажрибасини яхши биладиган ишчилар Ёмғирчи Бозоров билан Муҳаммади Шариповлар уни четга тортишди.
– Амирқул, аслида Бош каналдан сув очишнинг ўзига яраша қоидалари бор. Сени қилган ишинг каттагина гапсўзга сабабчи бўлиши ҳам мумкин. Жаҳлингни чиқармасдан яхшилаб ўйлаб, ҳолатни Муродовга тушунтиргин. Шошма, яхшиси ўзимиз унга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бизлар у билан гаплашаётганимизда сен аралашмасдан тургин, – дейишди-да, улар бошқарма бошлиғига яқинлашишди. Салом-аликдан сўнг катта раҳбарга “ўзбошимчалик” сабабларини тушунтира бошлашди:
– Ўртоқ Муродов, аввало, сиз бизларга дағдаға қилманг. Бу одат катта раҳбарга ярашмайди. Хўжалигимизнинг янгидан ташкил топганини ўзингиз биласиз, албатта. Бу ерга беш юзга яқин одам чўлни ўзлаштирамиз, бола-чақа боқамиз деб келиб, ёзнинг эллик градусли жазирамасида уйсиз-жойсиз бўлсада меҳнат қилишаяпти. Ҳар қанча қийинчилик бўлса-да, ҳатто, давлатга олти минг тонна пахта ҳосили етиштирдик. Аввало, сизнинг масъулиятсизлигингиз ва “Қаршиқурилиш” бошқармаси раҳбарларининг бепарволигидан бизга ажратилган сув лимитининг эллик фоизини ҳам олаолмаяпмиз. Натижада беш минг тонна кам пахта етиштирилди. Акс ҳолда ҳосилдорликни ўн минг тоннадан оширган бўлардик. Бунинг учун сиз ва жаноб Эркин Турсунов қонун олдида жавоб беришларингиз керак! Юринг, одамлар билан гаплашамиз, – деб улар бошқарма бошлиғини янги канал четидаги тупроқни текислашаётганлар томонга бошлашди.
Шу пайт тупроқ текислаётганлар орасидан Норқул деган ишчи ажралиб чиқдида, Ислом Муродовга яқинлашди. Ўзи жуда пала-партиш гапирса ҳам, айтганлари кўпинча тўғри чиқарди. Худди аввалдан танишлардек келиб, бошқарма бошлиғи билан қуюқ сўрашди.
– Ука, – деди Норқул Ислом Муродовга, – сен бизларни ёлғончи қилдинг, сувни ўз вақтида етказиб бермадинг. Натижада, давлат олдида юзимизни ерга қаратдинг. Биз сени қойил қолдириш учун бу ишни қилаётганимиз йўқ. Биласанми, аслида тирикчилик қилиш учун қишлоғимизни ташлаб, чўлга келганмиз. Мана сенга кетмон, биз билан иш битгунча бирга ишлайсан. Қани, ишни бошла, сен ирригаторсан, бизларнинг камчиликларимизни тузатиб ишлагин! Иш тугагач, шу ишларга тўлиқ қатнашдим, деб мана бу ҳужжатларга имзо қўясан. Йўқ десанг, керакли жойда жавоб берасан…
Ноилож қолган Ислом Муродов икки соатлар чамаси ишчилар қаторида тупроқ текислади. Сўнгра лойиҳа ҳужжатларига имзо қўйди. Ишчилар унга “раҳмат” айтишди. У хўжалик директори билан хайирлашар экан: “Амир Тўраев, мен ўз оёғим билан келиб, балога қолдим…” деб хафа бўлганча машинасига ўтириб, жўнаб кетди.
Хўжалик директорининг зиммасида улкан масъулият турарди. У лойиҳа асосида қурилаётган сув йўлларини, сув бир маромда текис оқишини ва янгидан ўзлаштирилаётган экин майдонларининг рельефларини тўғри-нотўғрилигини аниқлагач, ишни қабул қиларди. Қурилишни охирига етказмасдан топширишга шошилиш қурувчининг эски касали. Шу сабабли ҳам хўжалик директори билан қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ўртасида деярли ҳар куни кўнгилга сиғмайдиган тортишувлар юз бериб турарди. Хўжалик директори эса ҳар бир объектни камчиликсиз қурилиб топширилишининг тарафдори эди.
21-давлат хўжалигининг бош қўрғони қурилишларини қураётган Кўчма қурилиш-монтаж ишлари колоннаси жамоасига Тошкент шаҳридан келган Эркинжон исмли ёш йигит раҳбарлик қиларди. У хўжалик директори устидан, ҳатто область партия қўмитасининг қурилиш соҳаси бўйича котиби Мақсуд Гулмирзаев ҳамда “Қаршиқурилиш” бошқармаси бошлиғи, жуда маданиятли инсон бўлмиш Эркин Турсуновларга “Бу одам билан ишлашнинг иложи йўқ, агар битта михи кам бўлсаям қурилган иншоотни қабул қилмайди. Бу даражада талаб бўлиши мумкин эмас!” деган мазмунда шикоят қилган пайтлари ҳам бўлди.
Бир сафар ҳар иккала раҳбар хўжалик бош қўрғони қурилишини кўргани келишганида қурилиш колоннаси бошлиғи:
– Ростини айтсам, Амир Тўраевга дуч келганимда оёқларим қалтираб кетади, – деди.
– Оёқларингиз қалтирамаслиги учун лойиҳадаги ишларни камчиликсиз бажаришингиз керак. Директор ундан ортиқчасини талаб қилмайди. Ҳозир мен уни шу ерга чақиришим мумкин, аммо у: “Жаноблар, ишни қойил қилсангиз, мен дарҳол қабул қиламан, актга ҳам имзо чекаман”, дейди, деди Эркин Турсунов ва рация орқали Амир Тўраевга чиқди. Хўжалик директори шу яқин атрофда экан шекилли, бир пасда етиб келди.
– Амир, қурилиш бошлиғи, трест бошқарувчилари тўпланишиб, устингдан арз қилишаяпти. Объектларни нега қабул қилмаяпсан, лойиҳага яқин бўлса қабул қилиб олавер, камини кейинроқ тўғрилаб беришар, – деди ўзини гўё ундан хафа бўлгандек кўрсатиб Эркин Турсунов.
– Эркин ака, лойиҳадаги ишни тўқсон беш фоизини бажаришган бўлишганда сўзсиз қабул қилиб олган бўлардим. Лекин, тузатиб бўлмайдиган камчиликлари жудаям кўп! Коммуникация, электр, сув таъминоти, канализация тармоқлари қилинмаган, жўмракларни ўрнатиш ўрнига пайвандлаб қўйишаяпти. Бирортаси бузилиб қолса қайтадан қурувчи-сантехник чақириб, уларни тузаттираманми?! Бу ҳақда Мақсуд Гулмирзаевга яхшилаб тушунтирганман. Қурувчиларингиз бўлса “Биз Эркин Турсуновичга борамиз!” деб дағдаға қилишади. Қурувчиларингизга тушунтиришнинг фойдаси бўлмаяпти. Келганларингиз яхши бўлибди, ҳолатни ўрганиб чиқинглар, ноҳақлик қилаётган бўлсам, сўнгра ўлимга маҳкум қилсаларинг ҳам розиман, – деди Амир Тўраев.
– Чўлда янгидан ташкил этилаётган давлат хўжаликларига билимдон одамларни директор қилиб бўлмайди, бизларга бало бўлдинг! Сен директор бўлганингдан буён “Қаршиқурилиш” бошқармасининг иши бир томон, сени ташвишларинг бир томон бўлиб турибди. Кеча “Дренажстрой” трестининг бошлиғи юрагини чангаллаб, бугун касалхонага тушди. Ётқизилган ёпиқ дренажларнинг 1,2 километрига ётқизилиши лозим бўлган труба қўйилмаган экан. Сен сув қуйиб, 1,5 километр ерни кавлатибсан. Бу ҳам пул, уларни ҳеч ким назорат қилмаган. Сен ҳақсан, бу ҳолатда ер шўрланиб, ботқоққа айланишини улар ўйлаб ҳам кўришмаган. Энди тергов органларидан қўрқиб, юрак етишмовчилигидан касалхонага ётиб олган. Йўл қурилиши бошлиғи Степаненко ариза ташлаб кетди. Йўлга ётқизилган шағал ва асфальт лойиҳадагидек бажарилмаган, деб давлат актига кўндаланггига ёзибсан. Мен ҳам нима қилишни билмасдан турибман. Уларни кўп ҳам қийнамагин. Ульянов каналидан ҳеч қандай лойиҳасиз ўзбошимчалик қилиб одамларинг билан ички канал қаздирибсан. Амирни дастидан ишлаб бўлмаяпти, деб Рўзмат Ғойибовга ҳам айтдим. “Бориб ўзинг ҳал қилгин” деди. Ярим соатлардан сўнг мен Ульянов каналининг штабида бўламан. Ўша ерга боргин, гаплашамиз, – деди ҳайрлашаётиб Эркин Турсунов.
ГАП БУ ЁҚДА ЭКАН-ДА
Амир Тўраев “Қаршиқурилиш” бошқармасининг бошлиғини Ульянов канали штабида кутиб олди. Негадир у кўринишидан жуда ҳорғин, чарчаганлиги шундоққини кўриниб турарди. Боз устига ҳалигача тамадди ҳам қилмаган бўлса керак. Унинг гапирганда шошмасдан, жуда маданият билан муомала қилиш одати бор эди.
– Амир, нега бундай қилдинг? Ислом Муродовни “Керакли жойда жавоб берасан” деб қўрқитибсан. Актларга мажбурлаб имзо ҳам қўйдирибсан, – деди босиқлик билан Эркин Турсунов.
– Эркин ака, сиз ҳам, мен ҳам ҳукуматнинг қарорларини бажараяпмиз. Аслини олганда ҳаммаси ҳам ҳал қилиниши мумкин бўлган ишлар эди. Келинг, аввал бир пиёладан чой ичиб олайлик. Мазали шўрва ҳам тайёрлашибди. Мен қаршингиздаман, кейинроқ жазолайверасиз, – Амир Тўраев гапни ҳазилга бурди.
– Айтганингча бор, иш деб соғлиқни ҳам ўйламаймиз, баъзида. Соат ҳам тўртга яқинлашибди. Ўзингча бир иш қилмасдан, мен билан маслаҳатлашмайсанми? Ахир, хўжалигинг бизларнинг бошқармага қарашлику!
“Тушлик” қилиб бўлишгач, Амир Тўраев каналга алоқадор бўлган барча ҳужжатларни, шунингдек, бошқарма раҳбарияти номига жўнатилган хатларнинг нусхаларини Эркин Турсуновичнинг қўлига тутқазди. У ҳужжат ва хатларни эринмасдан ўқиб чиқди-да, “Ҳа, гап бу ёқда экан-да, тўғри, бизлар ишламаган эканмиз!” деди хўжалик раҳбарига қараб. Сўнгра, штаб телефонидан ёрдамчисига “21-давлат хўжалигидан борга хатларни олиб, бошқарма бош муҳандиси Каменев тезлик билан “Ульянов канали штаби”га етиб келсин” деб кўрсатма берди.
Орадан бир соатлар вақт ўтиб, керакли ҳужжатлар ҳамда мутахассислар билан бошқарма бош муҳандиси штабга етиб келди.
– Мана бу хатларни сиз жўнатганмисиз? – Эркин Турсунов бош муҳандиси келтирган папкани очиб, бир нечта конвертларни олиб кўрсатаркан, Амир Тўраевга савол берди.
– Қани, кўрайчи, – деди хўжалик директори, ўзига тегишли хатларни таниб турган бўлса ҳам.
Бошқарма бошлиғи конвертларни унга узатди. У конвертларни очиб, хатларга бирма-бир кўз югуртираркан:
– Эркин Турсунович, ҳамма хатларни ўзим ёзганман, имзо қўйиб, ўзим жўнатганман. Лекин, шу пайтгача билдириш-у ариза-хатларимнинг бирортасига жавоб олганим йўқ. Натижасини ҳам кўрмадим. Авваламбор, сиз ҳам, мен ҳам ҳукуматнинг топшириқларини бажараяпмиз. Сиз чўл бағридан янги ерларни ўзлаштиришингиз, бизлар эса давлатга белгиланган режа асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб беришимиз керак. Бош каналдан экин майдонларимизгача сув аслида ўз оқими билан етиб боришини кўзда тутган ҳолда мутахассислар лойиҳа тайёрлашлари лозим эди. Лойиҳачиларингиз эса ер рельефини инобатга олмасдан лойиҳани хато тайёрлашган. Натижада, олишимиз лозим бўлган йиллик сув лимитимизнинг эллик фоизини ҳам олаолмадик. Деҳқоннинг дарди билан ҳеч ким бош қотирмагач, “Ўзинг учун ўл етим” деганларидек, ўзимиз керакли жойдан сув йўли қазишга мажбур бўлдик. Эркин ака, мана, қаранг, хатларга “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиш” Бош бошқармаси бошлиғи Нажим Рахимович “…тезда тузатилсин”, обком ва область ижроия қўмитаси раҳбарлари “…тезда ёрдам кўрсатилсин, камчиликлар қайта кўриб чиқилсин…” деган топшириқлар бериб, имзо ҳам қўйишган экан. Ислом Муродов эса хатларнинг ҳаммасига “Кўрсатилган камчиликлар тузатилди…” деб юқори ташкилотларга ёзма ахборот ҳам жўнатган. Жамоамизга шароит яратиб берилишини сўраб хат жўнатганимни жиноят деб ҳисобласанглар, мен ҳар қандай жазога тайёрман…, – деб Амир Тўраев хатларни бошқарма бошлиғига узатди.
Эркин Турсунов бош муҳандисга қаради. Каменев эса стол устидаги қандайдир ҳужжатга тикилганча жим ўтирарди.
– Ўртоқ Каменев, эшитдингизми, директорнинг гапини? Аслида ўзимиз аблаҳмиз! 21-давлат хўжалигидан келган хатларга ким эътибор қилмаган бўлса, ким хатога йўл қўйган бўлса Бошқарма Кенгашининг қарори билан жазоланади! Қолган гапларни ҳам кенгашда кўриб чиқамиз! Сизга эса, “ўртоқ” Ислом Муродов, 21-давлат хўжалиги меҳнат аҳли тўғри жазо берган, қолганини яна оласиз! – деди бошқарма бошлиғи анчайин қизишиб. Сўнгра штаб телефони гўшагини кўтариб, коммутатордагилардан область саркотиби Рўзмат Ғойибовни улаб беришларини сўради.
– Ассалому алайкум, Рўзмат ака. 21-давлат хўжалиги масаласида … ҳа,ҳа, хўжалик ишчилари ҳам, Амир ҳам бу масалада хато қилишмаган. Тўғри айтасиз, Рўзмат ака, ахир давлат режасини бажариш учун хўжаликка сув керак-ку, якуний ишлар тўғрисида ўзим сизга ҳисобот бераман…
– Эркин, – гўшакдан саркотибнинг салобатли овози эшитилди, – шу бугуноқ мутасадди ташкилотларни сафарбар этиб, хўжалик ишчилари томонидан очилган сув отводини лойиҳа асосида қонуний қилиб қуриб топширгин. Қани эди, ҳамма директорлар ҳам Амирга ўхшаб, қурувчидан ўз ҳақини талаб қила олса. У йигит масъулиятни ҳис этиб ишлайди…
– Рўзмат ака, ҳозирча Амирнинг ўзи ҳам бизларга етади… – деди Эркин Турсунов. Гўшакдан саркотибнинг самимий кулгиси эшитилди.
Шу кундан эътиборан иш қизғин бошланди. Эркин Турсуновнинг ўзи устида туриб, янги сув йўлини лойиҳада кўрсатилгандек кўринишда қуриб битказишди. Эркин Турсунов Тошкент шаҳрида таваллуд топган, ўз касбини мукаммал биладиган, саводли, маданиятли, босиқ, ҳалол ва адолатли инсон эди. Бундай инсонлар замондошлари қалбида доимо яшайди. Унинг Қарши чўлини ўзлаштиришда меҳнатлари кўп сингган.
Амир Тўраев “Тошкент” давлат хўжалигида фаолият кўрсатар экан, ўзида бор билим ва тажрибасини амалга ошириб, жамоани қисқа муддатда улкан муваффақиятларга эриштира олди. Хўжалик жамоаси 1977 йида давлатга 6205 тонна сифатли пахта хомашёси етказиб берди. Бу эса гектар бошига режадагидан ўн центнердан кўп ҳосил эди. 1978 йили хўжалик жамоаси режадаги 7500 тонна ўрнига 10000 тонна пахта ҳосили етиштирдилар. Унинг 3500 тоннаси қиммат баҳо ингичка толали пахта эди. Шу йили Амир Тўраев бошлиқ хўжалик пахтакорлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг юз фоизини пахта териш машиналари ёрдамида териб олишни йўлга қўйишди. Бундай ютуқ ўша йиллари вилоятдаги саноқлигина хўжаликларда амалга оширилган эди.
ОРАДАН УЧ ЙИЛ ЎТДИ…
Амир Тўраевни давлат хўжалигида директор бўлиб ишлашидан отаси норози эди. У ўғлини ҳар қандай шароитда ҳам илмий йўналишга қайтишини орзу қиларди. Айниқса, ўғлининг соғлиги уни чуқур ўйлантирар, юраги безовталанарди. Бунинг устига яна тўртта ўғли изма-из олийгоҳларни тугатишаётганди.
Отаси Амир Тўраевни Тошкентдаги шифокорларга, кўпинча С.И.Файинга учраштириб, тез-тез маслаҳат сўрарди. Уни ўзи билан бирга Ессентуки, Кисловодскдаги оромгоҳларга олиб борди. Аммо, ўзининг елиб югуришларидан негадир кўнгли тўлмасди. Охир-оқибат сабр-бардоши тугади шекилли, ўғлини чақириб, “…Сен хўжалик раҳбарлигидан бўшатишларини сўраб, ариза ёзгин-у, уни райком бюросига топшир!…” деди.
Амир Тўраев учун отасининг гапи гўё қонун эди. Эртасигаёқ иш фаолиятини юритишга соғлиги халақит бераётганини кўрсатиб ариза ёзди-да, Усмон Юсупов райкомининг биринчи котибига учрашди. У аризани ўқиб, “Амирбек, сени ишдан бўшатиш менинг ҳам, обком бюросининг ҳам қўлидан келмайди. Шароф Рашидович ҳар сафар Қашқадарёга ташриф буюрганларида, албатта 21-давлат хўжалигига келадилар. Буни ўзинг ҳам биласан. У киши сени сўрасалар, нима, “Соғлигининг мазаси йўқлиги учун жавоб бердик” деймизми? Ука, ўзингни ютуқларинг билан райондагина эмас область миқёсида ҳам танилиб улгургансан. Уч ярим йил орасида катта ишларни амалга оширдинг. Бундан ташқари хўжалигинг “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиш” Бош бошқамаси тасарруфида. Бу ҳақда улар билан ҳам келишишимиз керак. Отанг ҳам бу масала бўйича мен билан гаплашганди. Эртага область саркотиби билан учрашиб, аҳволни ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Нима бўлганда ҳам чидаб тургин! Бир гап бўлар, ишингни бўшаштирмагин! Энг ёмони, хўжаликка сенинг орқангдан тўқсон тўққиз фоиз одам келган. Сени бу ердан кетишинг, давлатга ўн минг тонна пахтани йўқотиш деган гап! – район саркотиби Қарол Маҳмудов уни юмшатишга ҳаракат қилди.
Дарҳақиқат, эртаси куни газеталарда ҳукуматнинг Қарши чўлида янгидан Баҳористон районини тузиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Район тузиш комиссиясига Али Тўраевич Орзиқулов раис бўлди. Амир Тўраев отаси билан учрашиб, Қарол Маҳмудовнинг гапларини етказди. Отаси мийиғида кулиб, “Сени Усмон Юсупов райони ижроия қўмитаси райслигига ишлашинг учун Рўзмат Ғойибович Марказий Қўмита раҳбаридан розилик олибди. Эртага сен билан Иван Головачёв суҳбатлашади. Ўзинг ўйлаб кўргин, сени биринчи ишинг ўз соғлигинг, бу ҳақда ўзинг қайғуришинг керак, сенга ҳеч қандай амал керак эмас. Мени тинч бўлсин десанг, соғлигингни ўйлагин, бошқа гап бўлиши мумкин ҳам эмас” деб қатъий огоҳлантирди.
АГЕНТ КЕРАКМИ?!
Эртаси куни Амир Тўраевни обкомга чақиришди. Иван Иосифович Головачёв уни қабул қилиб, турли мавзуда узоқ суҳбатлашди. Суҳбатда обкомнинг ташкилий ишлар бўлими мудири Евгений Березиков ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида Иван Иосифович Усмон Юсупов район саркотиби Қарол Маҳмудов устидан кўплаб салбий фикрлар билдириб, ижроқўм раиси бўлиб иш бошлагач, райкомнинг биринчи котиби билан шохлашиб ишлаши кераклиги, унинг гапларига қулоқ тутмаслиги лозимлигини қайта-қайта тайинлади. Иван Иосифович Евгений Березиков билан кўз уриштириб олгач, “Қарагин, ҳали йигирма саккиз ёшга кирмагансан, сени районнинг иккинчи раҳбари қилиб кўтараяпмиз. Сен мен билан Евгений Ефимовичнинг райондаги кўзи бўлиб ишлайсан… Бу хизматларингни инобатага олиб, рағбатлантириб туриш эса бизларнинг зиммамизда…” деди мулойимлик билан.
Амир Тўраев уларнинг гап-сўзларини сабрбардош билан тинглади. Аммо, обком вакилининг сўнгги гапи унинг ҳамиятига теккандек бўлди.
– Иван Иосифович, мени аввал акам ишлаган вазифага юбораяпсиз, бунга жамоатчилик, одамлар нима дейишади? Бу лавозим ака-укаларга мерос қолганми, деб ўйлашмайдими? Иккинчидан, сизга ижроқўм раиси керакми ёки райондаги гап-сўзларни етказиб турадиган агент керакми?! – деди Амир Тўраев.
Унинг гапини эшитган Иван Иосифович шундай тикилдики, гўё Амир Тўраевни ютиб юборишга тайёр турган оч бўрига ўхшаб кетди.
– Нега сен бунақа гапларни қилаяпсан?! Биз сени лавозимингни кўтармоқчи бўлсак, сенинг эса менга берган саволингни қарагин?! – дея Евгений Ефимович жаҳл аралаш гапга аралашди. – Бизлар сени ЎзЛКСМ ва ВЛКСМнинг съездларига делегат қилиб сайладик. Номзодингни ВЛКСМ Марказий Қўмитаси таркибига киритишни таклиф қилдик. Меҳнат Қизил байроқ орденини кўкрагингга тақиб қўйдик. Область партия қўмитаси таркибига кирдинг, область совети депутати бўлдинг…
– Иван Иосифович, Евгений Ефимович, ҳаммаси учун ташаккур. Хабарларинг бор, мен ўз вазифамдан бўшатишларини сўраб ариза берганман. Сизлардан илтимос, аризамни ҳисобга олиб, мени ишимдан озод қилсаларингиз менга кўп яхшиликлар қилган бўлардинглар, – Амир Тўраев уларга тушунтиришга ҳаракат қилди. Унинг гапи ва ўзини тутишидан Евгений Ефимовичнинг жазаваси тутиб, ваҳшийлик тусига кирди-да, бақира бошлади:
– Ўйлаб гапираяпсанми ўзи?! Сен нима деяпсан, район биринчи котиби билан тенг лавозим ерда қолганми?! Ёки, мендан бошқа ишни уддалайдиган кадр йўқ деб ўйлаяпсанми? Одамлар бу лавозим учун қоплаб пул кўтариб юришибди! Вой аҳмо-о-қ! Иван Иосифович, сиз тўғри айтган экансиз, қанча билимдон, ташкилотчи бўлгани билан, ҳали ҳам гўдак экан, бу бола!…
– Менинг соғлигим жуда ёмон, ўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам ишлашимнинг ҳеч имконияти йўқ. Мени тўғри тушунинглар… – дейиши билан Амир Тўраев Иван Иосифовичдан балога қолди:
– Бундай таклиф сенга бошқа қилинмайди! Афсус, бизлар Марказқўмдагилар билан келишиб олган эдик, энди нима деб жавоб берамиз?! Амир, қани ўзинг айтчи?!
– Касал, имконияти йўқ экан дейсиз. Иван Иосифович, менга раҳм қилинглар… – зорланди Амир Тўраев.
– Йўқ, – деди Иван Иосифович қатъиятлик билан, – касал бўлсанг 1-сон Республика ҳукумат шифохонасида машҳур врачларни жалб этиб даволатамиз! Икки-уч кун ишлаганингдан сўнг ўзим жўнатаман.
– Иложи йўқ, Иван Иосифович, мендан директорликни олиб, давлат хўжалигига дурустроқ бир мутахассисни раҳбар қилиб қўйсаларинг яхши бўларди.
– Нима, ёки бира тўла нафақага чиқмоқчимисан?! Қаерда ишламоқчисан?! – жаврай бошлади обкомнинг иккинчи котиби.
– Имкони бўлса, даволанганимдан сўнг Тошкент қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчилик қилмоқчиман, – деди Амир Тўраев.
– Бунинг гапини қаранглар, институтда ишлармиш! – хиринглаб кулди обком котиби. – Райижроқўмлик қаердаю, оддий ўқитувчилик қаерда!
Шу пайт Амир Тўраевнинг кўкрак қисмида қаттиқ оғриқ қўзғалди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, стул суянчиғига суянди. Евгений Ефимович унинг қўлидан ушлаб “Амир, сенга нима бўлди, ўзингга келсангчи…” деб, шиша-пиша идишдаги маъданли сувдан пиёлага қуйиб узатди. Бир оздан сўнг анчайин ўзига келиб қолган Амир Тўраев:
– Иван Иосифович, “Мен партия аъзосиман, сизлар айтган жойда ишлайман” деганимда ўз виждоним олдида айбдор бўлиб қолган бўлардим. Сиз хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, ҳатто мени ёмон кўриб қолсангиз ҳам мен ҳақиқий партия аъзосиман! Менга кўп азоб берманглар, кетишга рухсат беринг, – деб ўрнидан қўзғалди.
Шу куни Амир Тўраев ишига бормасдан, тўғри Пўлатига жўнади. Отасининг уйига боргач, беморланиб уч-тўрт кун кўрпа-тўшак қилиб, ётиб қолди. Ўғлидан ҳол сўраб кирганда, унинг кўз қарашларидан ўзининг бир пайтлари билиб-билмасдан жигарбандига етказган жабри учун руҳан қийналаётганлиги аниқ сезилиб турарди. Бундан Амир Тўраевнинг ўзи ҳам эзиларди.
– Ўғлим, эртага Тошкентга кетамиз. Сени энди ўзим даволатмоқчиман. Кўп ҳам ўйламагин, ҳаммаси яхши бўлади, соғайиб кетасан. Бугун “Тошкент” хўжалигидан болаларингни ҳам шу ерга кўчириб келтираман. Рўзмат Ғойибович билан ўзим гаплашаман, – деди навбатдаги гал отаси.
ЯНГИ ЛАВОЗИМЛАРГА ТАКЛИФ
Рўзмат Ғойибов кўпни кўрган, дунёқараши кенг, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида бўлиб, ҳаётнинг оғир-енгилини ҳис қилаоладиган инсон эди. Иван Иосифович ўша куни бўлиб ўтган учрашув тафсилотларини унга қандай тушунтиргани бизга номаълум, аммо Амир Тўраевни очиқ чеҳра билан қабул қилди.
– Амир, бугун кечқурун самолётда Москвага учасан. Ўша ерда Гепаталогия маркази бор, ўн беш кун даволанасан. Йилнинг якунланишига оз муддат қолди. Тузалиб келганингдан сўнг сенга учта вазифа турибди, булар – область қишлоқ хўжалик бошқармаси, область ижроия қўмитаси раисининг ўринбосарлиги, обкомнинг қишлоқ хўжалик бўлими мудирлиги. Хоҳлаганингга ишлайверасан. Тошкентга кетмайсан, сен ўзимизга ҳам кераксан! Аввалроқ республикадан Марказий Қўмитанинг қишлоқ хўжалиги бўлимига сени сўрашганди, рози бўлмагандим. Шифохонага жойлашишингга ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбарини жуда яхши танийман. Амир, обкомдаги ўрисларнинг гапига хафа бўлмагин, ўшаларга ҳам босиқлик билан жавоб қайтаришни ўрган. Мен сени касаллигинг борлигини шу пайтгача билмаган эканман. Отанг ҳам унча-бунчага парво қилмайдиганлар тоифасидан-да! Лекин менга учрашиб, сени соғлигинг тўғрисида кўп қайғурди. Самолётга билет брон қилинган. Отанг ҳам билади. Кечки рейсда учасан. Руҳингни туширма, соғайиб кетасан, – деб ҳайрлашди.
Обком саркотибининг муомаласи, ҳатти-ҳаракатлари, унга бўлган оталарча эътибори Амир Тўраевнинг руҳини кўтарди, гўё унинг танасидаги дард чиқиб кетгандек бўлди. Аммо, унинг кўз ўнгида отасининг область саркотиби қабулхонасига кириб эзилишлари ва қийналишлари гавдаланди. Ўзи ҳам ич-ичидан маюс тортди.
Москвадан даволаниб қайтгач, у яна “Тошкент” давлат хўжалигидаги ўз ишини дадиллик билан давом эттира бошлади.
ХОТИРА ДАФТАРИ
Амир Тўраев қўл соатига қаради. Тун ярмидан оғибди. Негадир кўзига уйқу келмасди. Стулга жойлашиб ўтирди-да, қўлига ручка олиб, анчадан буён режалаштириб юрган “Хотиралар дафтари”ини ёзишга тутинди:
“…Мен ҳаётимни ҳеч қачон салбий ҳолатда ҳис этмадим. Тўғри-да, ҳаёт ҳеч қачон мозорлардан иборат бўлмаган! Агар инсон танасида дард бўлса, унинг кўз ўнгида бутун дунё дард бўлиб кўринаркан.
Бундай ўйлаб кўрсанг бу дунёда салбий нарсанинг ўзи йўқ. Бахти комил, бус-бутун одам ҳеч қачон дунёга келмаган. Ўтган ҳаётимдаги эришган муваффақиятларим, учраган мағлубиятларим мен учун ҳамиша кушандам ва душманим бўлган, холос. Бахт билан туғилсанг камолатинг ўшадир, лекин бунинг имкони йўқ! Ўртада тақдири азал ҳам турибди, шукрона келтирмоқ керак. Дунёни тарк этсанг, завол ўшадир, бу ҳақ гап! Тупроғинг устига келиб, кимдир ёд айласа бу ҳақиқий иқболдир! Ҳар бир инсоннинг босиб ўтган умр тарихи, бу катта хотира ҳисобланади. Инсон бу дунёда йўловчи холос, келиб кетаверади! Не-не зотлар бу йўлдан келиб кетишмаган! Лекин, иғвою фитна, хусумат, ғараз ҳеч қачон ўлмайди, улар инсон деган бандасини охирги йўлга кузатади, ўзи эса яшайверади, шунинг учун ҳам ҳеч қачон инсоният бу балодан қутилаолмайди.
Узоқ йиллар давомида қалбимда тўпланган муаммоларга аниқ жавоб топиш иштиёқи билан яшадим, билиб билмасдан қилган гуноҳларим учун яратганга шукрона келтириб, тавба қилдим, ҳар бир босган қадамим учун бир кун келиб, унинг олдида жавоб беришни ўйладим.
Дунёга олиб келган, эркалатиб бағрига босган жафокаш, меҳнаткаш, бағри кенг ота-онам олдида садоқатли ва фидойи ўғил бўлишдек Аллоҳим берган буюк бахт учун шукрлар қиламан. Ҳар бир фарзанд олтин билан миснинг, олмос билан шишанинг фарқига бораолса, Ватан ва халқи олдида ҳаммол бўлса, бу отаона учун энг буюк бахтдир! Ҳақиқий фарзанд учун эса булар муқаддас бурч ҳисобланади, менинг назаримда.
Тўғри, ёшим бир жойга бориб қолганда ўтган умримни сар-ҳисоб қилиш мен учун жуда муҳим ва оғирдир. Мен билмаган гаплар кўп экан ҳали бу дунёда! Чархнинг кажрафторлиги, найрангбозлиги, “дўст”ларнинг мунофиқлиги олдида бошинг эгилиб, қаддинг букилади, рост-ёлғон орасида қилдик кўприк устидан эҳтиёткорлик билан ўтмасанг ҳолинг нима кечишини ўзинг бир ўйлаб кўргин-а! Агар тақдирингда бадбахтлик битилган бўлса на чора, бошингга тушганини кўзинг кўради, келаётган бало-жафолар сени райинг, истагинг билан ҳисоблашмайди. Ўзгаларни ишонтиришинг учун авваламбор, ўзингга ишонишинг шарт! Ўтган умрим давомида кўп панд едим, лекин бирор инсонга панд беришга ҳаракат қилмадим.
Бошимга қанча хуррамлигу шодлик келган бўлса ҳам, неки ғамлик ва алам келган бўлса ҳам, тақдирқисматимга йўяман, Аллоҳнинг иродасига боғлаб яшайман! Шундай бўлса-да, яна ҳам кўпроқ яшагинг келаверади бу ғаламис дунёда! Югурасан-еласан, алданасан-алдайсан, бойлик йиғиб тўплайсан, осмон ўпар иморатлар қурасан, қимматбаҳо моллар топасан, аммо охир-оқибатда оқ кафанга ўралиб, парвардигор ҳузурига кетасан! Энди бир тасаввур қилгин, ҳаммаси орқада қолади, шу онларни бир ўйлаб кўрсанг, ақлинг етмайди, бу қандай қудрат, сиру синоат, ечими жуда қийин! Ёшинг улғайган сайин юрагингни Аллоҳга топинтиришга ҳаракат қила бошлайсан, ўзинг эса қадамба-қадам тупроққа тикиласан! Бунда катта ҳикмат бор, дўстим! Инсон ҳар доим Аллоҳга чин дилдан илтижо қилиб яшамоғи керак! Қилинган илтижолар чин қалбдан бўлса, ҳеч қачон бесамар кетмайди! Аммо, буни жуда кеч пайқаймиз, хом сут эмган бандамиз-да, деб ўзимизни овунтиришга ҳаракат ҳам қиламиз!
Модомики тириклик мезонига шак келтириб бўлмас экан, яшаганда ҳар биримиз пок дилли, маърифатли, халқига ва Ватанига садоқатли бўлиб умргузаронлик қилишимиз керак!
Менинг назаримда, тирикликнинг ўзи Аллоҳ томонидан инъом этилган синов экан, инсон зоти бу синовларга қачондир жавоб бериши шарт! Аммо, бу синовларнинг кушандаси ҳам бор, улар доимо ўзинг билан бирга, улар ёмон амалларингдир! Ҳеч қачон душманим йўқ деб ўйламагин, биринчи душманинг ўзингни тили-забонингдир! Иккинчиси эса ёмон хулқинг! Дўстинг борми деган саволга жавоб излама, ҳақиқий дўстинг, бу – ўзингдир! Бу дунёда яшаш нималардан иборат десалар, булар адашишлардан иборат, деб жавоб беравер! Шундай экан, билиббилмасдан қилган гуноҳларимни ўзинг кечиргин, деб Аллоҳдан илтижо қилиб яшайман!…”.
ЯНГИ ЛАВОЗИМ
Усмон Юсупов район ижроия қўмитаси раислиги вазифаси ҳамон бўш эди. Район саркотиби уни кўриб, “Амир, йўқ демагин, кел бирга ишлаймиз…” деб гап бошлади. Амир Тўраев ўйлаб ҳам ўтирмасдан “Устоз, илтимос, бу масалага бошқа қайтмайлик, сиз районингиздаги раҳбарликнинг иккинчи лавозимига ўзингиз маъқул кўрган бирор кадрни танланг”, деди гапни қисқа қилиб. Аммо, Иван Иосифович айтган гаплар тўғрисида айтмади. Лекин, мавруди келганда, албатта билдириб қўйишни кўнглига тугиб қўйиб, ҳайрлашди…
Ўша йилни 21-давлат хўжалиги жамоаси барча кўрсаткичлар бўйича давлат режаларини аъло даражада якунлади. Жамоа икки миллион етти юз минг сўм соф фойда билан иқтисодий жиҳатдан Қарши чўли хўжаликлари орасида юқори ўринларнинг бирини эгаллаб турарди. Амир Тўраевнинг отаси раҳбарлик қилаётган “Ленинград” давлат хўжалиги ҳам областьдагина эмас, балки республикада энг илғор жамоага айланиб улгурди. Ота-ўғиллар раҳбарлик қилаётган ҳар иккала хўжалик ҳудудида жуда катта, ақл бовар қилмайдиган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳатто, мевали боғлар мева бера бошлади.
Амир Тўраев 1980 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қашқадарё область партия қўмитасининг қишлоқ хўжалик бўлимида ўз фаолиятини бошлади. Обком саркотиби Рўзмат Ғойибов область қишлоқ хўжалиги техникалари бошқармаси бошлиғи Н.Меллаевни чақириб, “Бир ой муддат ичида Амирга оиласи билан яшаши учун уй қуриб, калитини менга берасан, ўзим унга топшираман…” деган топшириқ берди. Шундан сўнг Амир Тўраевни ҳам чақириб, “…Амир, ўзинг ишлаган хўжаликка директорлик қилиши учун ўрнингга яхши кадр керак! У ердаги одамлар сени кетди, деб қишлоқларига қайтиб кетишмайдими?” деди. “Йўқ, Рўзмат Ғойибович, мени деб борган одамлар ўз ишларини давом эттиришаверади. Бунга мен кафилман, аммо янги директор тўғрисида бир нарса дея олмайман. Кимни лозим кўрсангиз, ишига фақат омад тилайман”, деб жавоб қайтарди Амир Тўраев. Обком саркотибига унинг жавоби маъқул келди.
Амир Тўраевнинг обкомда иш бошлаганини эшитиб, отаси: “…Бундан буён соғлиғингга эҳтиёт бўлгин, ўз вақтида овқатлан. Иш деб, ўзингни чарчатиб қўймагин. Ишлар бир меъёрда давом этаверади…” деди.
Ўша кунларда Тўра Орзиқуловнинг фарзандлари турли жабҳаларда хизмат кўрсатишаётганди. Тўнғич фарзанди Али Орзиқулов янгидан ташкил этилган Баҳористон районида одамлар билан тез тил топишиб, мақтовга сазовор кўплаб ишларни амалга оширди. Шодмон Косон пахта заводида рисоладагидек ишлар, Раҳмон эса қурилишда фаолият кўрсатарди. Тоштурди қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти бирлашмасида бош муҳандис, Муҳиддин область қишлоқ хўжалик бошқармасида етакчи мутахассис эди. Тўра Орзиқуловнинг укаси, катта меҳр соҳиби Азимжон ҳам Қарши чўлида янги тузилган 39-давлат хўжалиги жамоасига раҳбарлик қилаётганди.
Азимжон ўзига хос ижобий хислатларга эга инсон эди. У барча жиянларига меҳрибон бўлиб, отаси Орзиқул бобонинг бор хислатларини ўзига сингдирганди. Ўзи хўжаликда раҳбар бўлиб ишласада, жиянларининг хатокамчиликларини орқаворотдан ўрганишга ҳаракат қилар, айбларини аямасдан юзларига шартта айтарди. Ўз сулоласида ўтадиган тўй-маъракаларнинг боши эди.
Азим отасидан жуда эрта етим қолиб, акаси Тўра Орзиқуловнинг тарбиясида вояга етганди. Акаси эса укаси ва фарзандларининг ютуқларини ҳеч қачон мақтамас, аммо камчиликка йўл қўйишларига йўл қўймасди. Уларнинг фаолиятини қаттиқ назорат қилиб, бирор камчилик юзага келса уни тезда бартараф этишни охирига етказишга ҳаракат қиларди. Шунинг таъсири бўлса керак, Орзиқуловлар сулоласи вакиллари ўзларининг инсонийлик хислатлари билан эл орасида ростакамига ҳурмат қозонга эди.
АБУ ТАКСИЧИ
Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йиллари Қарши шаҳрида арман миллатига мансуб кўплаб оилалар истиқомат қилишарди. Улар асосан костюм-шим ва оёқ кийимлари ҳамда енгил автомобилларни таъмирлаш устахоналарини эгаллаб олишганди. Қайси бирлари сураткашлигу, яна бирлари эса такси ҳайдовчилиги билан шуғулланишарди. Уларнинг орасида етти ўлчаб бир кесадиган, бир ишни ўйлаб қўл урадиган, жуда пишиқ Абу лақабли такси ҳайдовчиси бўлиб, уни шаҳар аҳли яхши танишарди.
Кунларнинг бирида Абу обком биносининг кираверишида навбатчилик қиладиган комендатура вакилларига учрашиб, “Амирни чақириб берсанглар” деб қолди. “Фамилияси ким?” дейишганди, у “Фамилиясини билмайман, Тўра аканинг ўғли борку” деб тушунтиришга ҳаракат қилди. Комендатура вакиллари кулишиб, “Ҳозир телефонда улаб берамиз” дейишди-да, “Амир ака, сизни бир одам сўраяпти” деб, гўшакни Абуга тутқазишди.
– Хўш, нима гап? Ўзинг ким бўласан? – деди Амир Тўраев гўшакдан.
– Абу таксичиман, пастга тушгин, муҳим бир иш бор, – деди Абу.
– Гўшакни навбатчига узат, сенга рухсат беришади. Учинчи қаватнинг 32-хонасига келавер, – деди Амир Тўраев.
Абу етиб келганича Амир Тўраев ҳар эҳтимолга қарши қўшни хонада ўтирадиган дўсти Шуҳрат Ниёзович Алланазаровни ўзининг хонасига таклиф қилди. Шу орада эшик қия очилиб, Абунинг ҳам башараси намоён бўлди.
– Хўш, Абу, мен сени эшитаман, – деди Амир Тўраев унга тикилиб. Сабаби, у Абуни биринчи бор кўриб туриши эди.
– Гапим нозикроқ, ёлғиз ўзингга айтаман, – деди арман йигит.
– Бемалол гапиравер, бу киши менинг яқин дўстим бўлади.
– Йўқ, иложи йўқ!
– Ишга тааллуқлими ёки шахсий масаладами?
– Шахсий, сен учун жуда муҳим гап, – деди Абу.
Амир Тўраев Шуҳрат Ниёзовичга “Кўз-қулоқ бўлиб туринг” дегандек ишора қилиб, хонадан чиқиб туришликни илтимос қилди. Сўнгра, Абуга қараб:
– Қани, гапир, ўша муҳим гапингни эшитайликчи? – Амир Тўраев Абунинг барча ҳатти-ҳаракатларини зимдан кузата бошлади.
Абу атрофига бирров назар солди-да, Москва шаҳридан бир арман келиб, у билан учрашгани, Амирнинг отаси ҳақида нималар билиши билан қизиқиб, сўраб-суриштиргани, Тўра Орзиқуловни ўлдириш учун унинг рақиблари каттагина пул ваъда қилишгани, у арман улардан талайгина пул ҳам олганлигини гапириб берди.
– Москвалик арман сенга қариндошми? – деди Амир Тўраев.
– Амир, мен биламан. Сизлар жуда яхши одамлар. Авваламбор, отангни душмани кимлигини билиб қўйинглар. Мен сенга бор гапни айтдим, хоҳласанг ишон, хоҳламасанг ишонма, – деб Абу ўрнидан қўзғалди. Аммо, негадир москваликнинг ўзига қариндошчилиги тўғрисида гапирмади.
– Хўш, менга бу гапларни айтганингни нархи қанча? Нега бу ҳақда гапирмадинг? – Амир Тўраев ҳали ҳам унинг ҳаракатларини кузатаётганди.
– Нархи йўқ, фақат одамгарчилик нуқтаи назаридан айтдим сенга, – Абу яна ўз ўрнига ўтирди.
– Майлига, гапингга ишондим ҳам дейлик, сен ўша қариндошинг билан мени учраштираоласанми?
– Албатта, хоҳласанг ҳозироқ…
– Йўқ, Абу, бу ерда эмас, эртага “меҳмон”ни менинг уйимга қўрқмасдан олиб борасан. Кундуз соат 12:00 да, келишдикми?
– Келишдик! – Абу Амир Тўраевнинг қўлини сиқиб хайрлашди.
Абу чиқиб кетгач, хонага рангги қув ўчган Шуҳрат Ниёзович кириб келди-да:
– Амир Тўраевич, сиз уни уйингизга нотўғри таклиф қилдингиз. Бир ўйлаб кўринг, балки қонун органларига мурожаат қилишимиз керакдир, – деди овози титраб.
– Шуҳрат Ниёзович, агар қонун органларига мурожаат қилсак, у “мен бу гапларни мутлақо айтганим йўқ” деб туриб олсачи? Яхшиси, ўзимизни шарманда қилмайлик. Улар мен яшайдиган жойни билишармикан? “Меҳмон”ни уйимга олиб келасан, деганимда Абу уй манзилимни сўрамади, демак, у билади! – деди бир қарорга келаолмасдан.
Амир Тўраевнинг Абу арманни кутилмаган ташрифидан боши қотиб қолган эди. Ҳатто, қўли ишга ҳам бормаётганди. “Шу гаплар ростмикин?” деган савол унга тинчлик бермас, “Чиндан ҳам у отамни ўлдириш топшириғи билан келдимикан ёки иккаласи тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан пул ишлаш режасини тузишдимикан?” каби саволлар миясида ғужғон ўйнаётганди. Бу ҳақда отамга айтсаммикан ёки Али акам билан маслаҳатлашсаммикан? Отамнинг дўсти Рашид Равшановга учрашсам нима деркин? Бу гапни ҳозирча Шуҳрат Ниёзовичдан бошқа ҳеч ким билмайдику, деган алғов-далғов ўйлар унга тинчлик бермаётганди. Бир қарорга келиш жуда қийин эди, шу дамда.
Кечки пайт Амир Тўраев навбатчи машинада Пўлатига йўл олди. Отаси ҳали ишдан қайтмаган экан. Ҳовлидаги дарахтга суянганча, хаёл суриб турганини кўрган онаси унга яқинлашди ва:
– Тинчликми, нега рангинг бўздек оқариб кетган? Соғлигинг безовта қилмаяптими? – деб сўроққа тута бошлади.
– Йўқ она, хавотирланманг. Иш кўпайиб, бир оз чарчабман шекилли. Бир пиёла кўк чой бўлса ичардим, – деб Амир Тўраев меҳмонхонага кирди. Онаси эса ўзича нималардир деганича чой дамлагани ошхонага юзланди.
Бир соатлар чамаси вақт ўтиб, Тўра Орзиқулов уйига қайтди. Кайфияти бугун аъло эди.
– Амир қани? Бунча эрта келибди, тинчлик эканми? – дарвозадан ҳовлига кирибоқ хотинидан сўради.
– Тинчлик, озгина чарчабди шекилли, меҳмонхонада чой ичаяпти. Сиз ҳам ўғлингиз билан тамадди қилиб олсангиз бўларди. Келишингизни билгандек икки кишига мўлжаллаб овқат сузгандим.
Тўра Орзиқулов юз қўлларини ювиб, хотини узатган сочиққа артина-артина меҳмонхонага кириб келди.
– Ассалому алайкум ота, яхши келдингизми?
– Яратганга шукур, ишларим яхши силжияпти. Бугун хўжалигимиз давлатга пилла сотиш режасини бажарди, ҳали ҳосил мўл. Қўшни хўжалик ва районларга барг сотаяпмиз, ана, кўрдингми ўғлим, яқиндагина яхши ният қилиб ўтқазган тут кўчатларимиз бугун ўз кароматларини кўрсатишаяпти! Менга қарагин-чи, ҳа, нима бўлди сенга? Бунчалик сўлиб ўтирибсан?! Бирор жойинг оғрияптими? Ёки ишхонангда бирор кўнгилсизлик юз бердими? – кўнгли ниманидир сезгандек отаси изма-из савол бера бошлади.
– Ҳаммаси жойида, лекин битта жиддий гап бор. Фақат савол бермасдан сўзимни охиригача эшитасиз. Кейин бирор хулосага келарсиз, – деб, отасига бугун Абу билан ораларида бўлиб ўтган воқеани гапириб берди.
Отаси эса гўё ҳеч нарса юз бермагандек шунчаки кулиб қўйди ва ўғлига қараб:
–Энди уларга менинг жоним керак бўлиб қолибди-да! Қўрқма, менинг тақдирим ғанимларим ва ёлланма қотиллар қўлида эмас, Худода, улар ҳеч нарса қилишаолмайди! Сен тўғри қилибсан, балки улар бу уйларни ҳам кўриб кетишгандир?! Сен қўрқмасдан ўша арман билан гаплашгин. Унинг қўлига кичкина япон магнитафонини бериб, биринчи топшириқни кимдан олган бўлса, овозини аниқ қилиб ёзиб олсин. Айтгин, у яна кимлар билан учрашса, уларнинг ҳам овозини ёзиб олаверсин. Билиб қўйгин, агар рақиблар уларни ёллаб олишган бўлса, кундуз куни сеникига боришмайди. Чунки, улар ҳам арманларнинг орқасидан одам қўйишган бўлиши мумкин. Шароитга қараб иш тутасан. Агар учрашув жойини ўзгартиришса, у ерга ўзингдан ташқари керакли одамлар билан борасан. Одамларингга тайинлагин, атрофни кузатиб туришсин. Ҳозирча бу воқеани милиция ёки прокуратура ходимларига айтиб бўлмайди, улар ҳам ҳар хил тушунишлари мумкин. Зарурат бўлиши билан, дарҳол менга хабар қиласан, тушундингми? Фақат ҳаяжонланаётганингни уларга сездирмагин! Ўзингни бемалол тутгин – деди. Шундан сўнг ота-ўғил ҳайрлашдилар.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/shomurod-sharopov/umr-daresi-69918328/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.