Авлиёлар авлиёси
Шерхон Кораев
Шерхон Қораев ушбу рисолада дастлаб Навоий бобомизнинг ижодига тасниф беришга ҳаракат қилиб, Навоий ижодини тадқиқ этган навоийшунос олимлар фикрларини келтириб, Навоийнинг Аллоҳ назар солган бетакрор ижодкор эканлигини содда тилда баён қилган.Муаллиф адибни нафақат ижодкор сифатида, балки уни узоқни кўрувчи, яқин келажакда содир этилиши мумкин бўлган воқеалар тўғрисида башорат қилувчи авлиё сифатида аниқ далиллар билан таърифлайди.
Шерхон Қораев
Авлиёлар авлиёси
“Навоийни англаш –ўзликни англаш демакдир”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
АБАДИЯТГА ДАХЛДОР СИЙМО
(Сўзбоши ўрнида)
Буюк мутафаккир, халқпарвар давлат арбоби ва оташнафас шоир бўлган буюк бобомиз Алишер Навоий “Кишилик будурким унутсанг ани, Чу таркинг қилур тарк қилсанг ани”, – дея бизни ўтмишимизни унутмасликка ундаган, ўтмишни унутган одам ўзлигини унутиши мумкинлиги қайд этилган мисраларни бизга ёзиб қолдирган. Ўтмишда ўтган буюк бобокалонларимизнинг ижодига назар ташлаш, уларни ўрганиб келажак авлодга етказиш заҳматкаш ижод аҳлининг олдига қўйилган энг муҳим вазифалардан биридир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августидаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида ижод аҳли ҳақида тўхталиб, “…Халқимизнинг маънавий камол топишида маданият намоёндаларининг улкан хизматлари борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Юксак идеаллар йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, ўзлигимизни англаш, ғурур ва ифтихор, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаб майдонга чиқишсиз, ижод аҳлига хос эзгу фазилатлар эканини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз”, – дея ижод аҳлига нисбатан мамнуният билан юксак эҳтиром билдиришлари ҳар қандай истеъдод эгасига жуда катта руҳий қувват бўлди.
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани Талимаржон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул якунида бир тортинчоқ йигит ёнимга келиб, ўзини Шерхон Қораев, деб таништириб “Сизга айтадиган алоҳида гапим бор, мумкин бўлса қабулингизга борсам”, – деди. Унга қизиқтирган саволларига жавоб беришга тайёрлигимни айтганимда, у Алишер Навоий бобомизнинг 577 йиллигига бағишлаб кичик бир изланиш битганлигини, шу масала бўйича гаплашиб олмоқчи эканлигини, шу қўлёзмани ўқиб чиқиб сўзбоши ёзиб беришимни сўради. Адабиётгга бўлган қизиқишим туфайли мен фақат танишиб чиқишга рози бўлиб, Шерхон Қораев томонидан тақдим этилган “Авлиёлар авлиёси”, деб номланган қўлёзма билан танишиб чиқдим.
Бу қўлёзма билан танишар эканман, юртимизнинг чекка туманида буюк бобомиз ижоди билан қизиқаётган ёшларимиз, ижодкорларимиз борлигидан бениҳоя хурсанд бўлган бўлсамда, ёш ижодкор Шерхон Қораевнинг ижод намунасига сўзбоши ёзишга бир муддат журъатим етмади, очиғи.
Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида “Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга обкетамиз уни”, шунингдек, “…Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳақимиз йўқ”, – деб куюнчаклик билан айтилган гаплари бу ижод намунасига сўзбоши ёзишга туртки ва далда бўлди.
Ҳазрат Навоийнинг тўрт қатор ғазалини ёд олиб, уни базмларда айтишсада, бу тўрт қатор ғазални ўқиб уқмаганларни кўриш адабиёт соҳасига озгина қизиқиши бўлган ҳар қандай инсонни қийин аҳволга солиб қўйишини китобхонлар яхши ҳис қиладилар.
Албатта, ўзбек тили ўзбеклар учун зар бўлса, бу тилнинг заргари буюк бобомиз Алишер Навоийдир. Она тилимизнинг заргари бўлган буюк бобомизнинг ижодларига назар ташлаш, у кишининг ижод намуналарини тушунарли қилиб китобхонга етказиш жуда сермашаққат ишлардан.
Ҳазрат Навоий нафақат ўзбек тилининг асосчиси, энг дастлаб ўзбек тилида ижод қилган ижодкорлардан бири, ўзбек тилини дунё саҳнига олиб олиб чиққан оламшумул аллома. У киши Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда “…сўз санъатининг паҳлавони”, “Хамса” хотимасида таърифланганидек, у нафақат назми туркий халқлар, балки “…бутун жаҳон юртларини, жаҳон юртларигина эмас, жон юртларини…” эгаллаган даҳо ижодкордир. Бироқ, унинг ўша даврдаги ўзбек тилида ёзган асарларини ўқиш ва тушуниш бугунги ўқувчига луғатсиз бироз қийинчиликлар туғдиради.
Шерхон Қораев ушбу изланишида дастлаб Навоий бобомизнинг ижодига тасниф беришга ҳаракат қилиб, Навоий ижодини тадқиқ этган навоийшунос олимлар фикрларини келтириб, Навоийнинг Оллоҳ назар солган бетакрор ижодкор эканлигини содда тилда баён қилган.
Муаллиф адибни нафақат ижодкор сифатида, балки уни узоқни кўрувчи, яқин келажакда содир этилиши мумкин бўлган воқеалар тўғрисида башорат қилувчи авлиё сифатида аниқ далиллар билан таърифлайди.
Шу ўринда муаллиф шоирнинг дўсти, ҳамкори ва устози сифатида ўша даврларда машҳур бўлган Абдураҳмон Жомий тўғрисидаги маълумотлар, Навоийнинг Абдураҳмон Жомий ижоди ҳақидаги фикрлари билан бойитиб, ижод намунасини янада ўқишлироқ қилишга ҳаракат қилган.
Айниқса, Абдураҳмон Жомийнинг “Сўз санъатида сени шони шарафинг баланд, сўзлаш сенинг дурафшон таъбингга хатмдир. Сўзларинг бошдан-оёқ равон бўлиб, сен сўз санъатининг паҳлавонидирсан. Тезкор қаламингни маҳоратидан шунчалик умидвормизки, у ёзаётган пайтида сўз равонлик билан келиб қолмай, ўзи билан бирга яна қанчадан қанча оби ҳаётни ҳам оқизиб келиб, ер юзини ҳаётбахш сув билан тўйдириб юборади”, – деб Навоийга берган таърифлари буюк аждодимизга устозининг берган баҳоси сифатида кўрсатилиб, ўқувчини Навоий асарларини кўп ва хўб ўқишга даъват қилади.
Ёки Навоий томонидан Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Байқарога “Хамса”ни топшириш жараёни ҳақида тўхталар экан, адабиётни севган ва ўзи ҳам ижодда машғул бўлган Ҳусайн Байқаронинг “Сиз менинг пирим бўлинг ва мени муридликка қабул қилинг”,деб айтиб пири устозни оқ отга миндирган ҳолда отни етаклагани ҳолатига муаллифнинг берган таърифи китобхонни буюк аждодимизга бўлган меҳрини янада оширади.
Буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бетакрор истеъдодининг шаклланишида Абулқосим Бобурнинг хизмати беқиёслиги, 10 ёшлик Алишернинг Абулқосим Бобурнинг хизматига кириши, саройдаги йиғинларда ўзининг ғазаллари билан иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар киритилиши битикларга ўзгача жозиба бахш этган.
Шунингдек, асардаги Абдураҳмон Жомийнинг буюк бобомизнинг ўзбек тилидаги ижодига улкан баҳо бериб “Туркий тилда доғи нақш келди ажаб, Ҳатто сеҳргарлар боғладилар лаб”,– дея юксак баҳо бериб офаринлар айтгани, ёки Султон Ҳусайн Бойқаронинг “Турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ киритди. Ва у руҳ топганларга туркий тил ўриш – арқоғидан тўқилган нозик либослар кийдирди ва сўз гулистонида таъи навбаҳридин ёғилган ёмғирлар туфайли ранго – ранг гуллар очилди ва назм дарёсига фикрлари булутидан руҳпарвар қатралар билан гуногин дурлар сочилди…”,– дея ҳайратлангани ҳақидаги иборалар қани айтингчи, қайси ўзбекнинг қалбини ларзага солмайди?
Бундан ташқари, ушбу китобда қайд этилганидек, Навоийга нисбатан айтилган қуйидаги эътирофлар буюк бобокалонимизнинг беназир истеъдод соҳиби эканлигини билдириб туради: “Эй, (Навоий) ўткир таъбингга фалак тенг кела олмайдиган, одам аҳли орасида ягона бўлган зот! Фалак сени одамларнинг энг нодири қилиб яратди, шеърият бобида эса жаҳоншумул назм эгаларининг энг қудратлилари қаторидан жой олдинг. Ғазал ёзишга киришиб, сўз санъаткорларига сўз айтишни ҳаром қилиб қўйдинг. Назминг шуҳрати бутун жаҳон юртларини, жаҳон юртларигина эмас, жон юртларини эгаллади”. Ҳақиқатан ўзини шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир инсонга бундай маълумотлар билан танишиш ўтмишдаги буюк аждодимизга нисбатан бўлган ҳурматини янада оширади.
Шу билан бир қаторда, муаллиф изланишларида Озарбайжон элининг буюк мутафаккири Низомийнинг буюк бобомиз Навоийнинг “маънавий устози” эканлигини баён этиб, фикрларини Навоийнинг “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ” , – деган фикрлари билан бойитган.
Ўша даврнинг буюк мутафаккирларидан бири Хусрав Деҳлавий ҳақидаги Навоий айтган “Хусрав эмас, балки элни ўз назмига ром этган Ҳинд сеҳргаридир. Уни ҳинд дема, қаро бало эмас, офати Худо дегин. У қўлига қалам олса, назм билан оламга ўт солади”, – деган фикрларни келтириб, ўзга халқларнинг буюк мутафаккирлари билан буюк аждодларимизнинг муносабатлари, бошқа миллат вакиллари тан олган буюкларни ҳам ўзбек халқи улуғлаб келганлигини ажиб бир дид билан кўрсатиб берган.
Шунингдек, муаллиф темурийзодаларнинг шеърият кечалари, Шайбонийхонларнинг мажлислари ҳақидаги маълумотлар билан изланишларини бойитиб, уларни янада қизиқарлироқ қилиш билан бир қаторда, бу адабий йиғинларнинг тарихий илдизларини очиб берган ва бу адабий йиғинлар Ҳусайн Байқаро замонида Навоийнинг хизмати ўлароқ юксак чўққига кўтарилганлигини таҳлиллар асосида мисоллар билан ёритган.
Бундан ташқари, муаллиф “Садди Искандарий”, “Сабъаи сайёр” ва “Фарҳод ва Ширин” достонларидан келтирган қизиқарли мисоллар билан ҳазрат Навоийни олдинни кўрувчи башоратчи ва авлиёсифат донишманд деб таърифлаб, ўз замонида ҳам “қабо кийган валий” сифатида тан олинлигини ёритишга интилган.
Юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижаси ўлароқ Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан янги ташкил этилаётган Ўзбекистон Ислом цвилизацияси маркази, у кишининг таъбири билан айтганда, “Аввало халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни кўзда тутади” ва ўз ижодини намоён қиладиган илғор фикрли ўзбекнинг менман деган ижодкорлар ушбу марказ орқали ўз истеъдодини яқин келажакда намоён қилиб юртимиз довруғини дунёга таратади.
Буюк бобомиз, Алишер Навоийнинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларини ўрганиш, бу асарларни кенг китобхонлар оммасига тушунарли қилиб етказиш шу соҳада қалам тебратаётган ҳар бир ижодкорнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Буюк бобомиз асарларини ўқиган ўқувчи узоқ ўтмишга сайр қилади, ўзини қайси аждод вакили эканлигини билади ва ўзлигини англайди.
Ижодкорлик кенг қамровли тушунча бўлиб, ҳар бир инсонга қайсидир йўналиш бўйича Аллоҳ таоло томонидан иноят қилинган қобилият, иқтидор ва истеъдоднинг амалда намоён бўлишидир. Аллоҳ таоло иноят қилган истеъдодни рўёбга чиқариш эса сермашаққат ҳамда улуғ ишдир. Шерхон Қораев ва унга ўхшаш ёшларимиз ўз истеъдодларини намоён қилиб маънавиятимизнинг юксалишига ҳаракат қилаётган экан, уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама кўмак бериш ҳар бир ўзбек зиёлиси учун муқаддас бурч бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан малакатимизнинг чекка ҳудудида яшаб, ижод қилиб келаётган ва буюк аждодларимиз қолдирган улкан мерос ҳақида изланишлар олиб бораётган Шерхон Қораевнинг ушбу ижод намунаси кенг китобхонлар оммасига кичик бир совға бўлади ҳамда ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Фахриддин ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти Нишон тумани Халқ қабулхонаси мудири.
Навоийшунос олим Содирхон Эркинов хотирасига бағишланади
КИРИШ
Низомиддин Мир Алишер Навоий она тилимиз заргари, маънавиятимиз юлдузи ва маданиятимизнинг ёрқин тимсолидир. Бу улуғ зот беш ярим асрдан ошдики, миллатимизга, ўзбек халқига қуёш янглиғ ўз нурини сочиб, адабиёт осмонида порлаб келмоқда.
1991 йил 28 сентябрда Алишер Навоий ҳайкали ва миллий боғнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деган эди: ”Алишер Навоий йили деб эълон қилинган 1991 йил юртимиз, элимиз тарихида қутлуғ келди, унутилмас сана бўлиб қолди.
Бу йил халқимизнинг асрий орзу-умидлариамалга ошди. Ўзбекистонда давлат мустақиллиги эълон қилинди ва халқимиз ўз тақдирини энди ўзи ҳал қиладиган бўлиб қолди.
…Ўз тарихи ва аждодларини сийлаган халқнинг келажаги порлоқ бўлади. Ишонамизки, Ўзбекистонимиз тез орада дунё ҳамдўстлиги ўртасида муносиб ўрин эгаллайди.Ана ўшанда ҳам Алишер Навоийнинг қутлуғ номи бизга мададкор бўлади.
…Ўзбек халқининг улуғ сиймоси Алишер Навоий номидек абадул –абад сақлансин, обод бўлсин!” Ҳақиқатан, истиқлолимизнинг дастлабки йили “Алишер Навоий йили” деб номлангани, ушбу пойқадами қутлуғ йилдан бошлаб мамлакатимизнинг жаҳон саҳнида омади ва бахти кулгани, бунда эса ”авлиёлар авлиёси” – буюк Навоийнинг руҳи ёр бўлганини таъкидлаб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ўз даврида Алишер Навоий миллат ва диннинг низоми, миллат қуёши, дину давлат ҳомийси, шариат ва миллатнинг пушти паноҳи, қутлуғ зот, улуғ амир каби таърифлар билан эътироф этилгани бежиз эмас, албатта. Султон Ҳусайн Бойқаро таъбири билан айтганда, “Ҳидоят эгаси, шараф ва ҳурматнинг қайтиш жойи, дину давлат арбобларининг сараси, мулку миллат эгаларининг етакчиси, хайру эҳсонларни таъсис этувчи, хайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоларнинг қўлидан етакловчи, ҳоқон давлатининг умиди, султон ҳазратларининг яқин дўсти, ҳақиқат ва дин низоми амир Алишер …” Навоий бобомиз ҳақиқатан фариштадек пок, беозор, раҳмдил, сўз санъатининг паҳлавони, ўз даврида қалами билан етти иқлимни якқалам қилган комил инсон бўлгани баайни ҳақиқат. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “…Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири – бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.
Ҳазрат Навоий шундай буюк зот экан, унинг тафаккур дурдоналари бўлмиш боқий сатрлари замонлар оша яшаб келаётган экан, бу улуғ меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик баҳраманд этсак, маънавиятни юксакликка кўтаришда, инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.
Айни пайтда бу вазифа, илгари ҳам айтилганидек, ҳар биримизнинг Навоийни янада яхшироқ ўқишга, Навоийни янада теранроқ ўрганишга, унинг умр дафтаридан ибрат ва сабоқлар олишга даъват этади”.
Бадиий китоб ўқиган киши энг аввало маънавий озуқа олар экан, билими ортади, тажрибаси ошади, тафаккури кенгаяди. Китоб ўқиган кишининг келажагини нурафшон этади. Навоий китобни “кишининг дўсти ва ёри”, деб атайди. Навоийнинг дўсти, устози ва пиру муршиди Абдураҳмон Жомийнинг китобнинг жонга роҳат эканлиги ҳақида қуйидаги сатрларига эътибор қаратайлик.
Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг ҳам у ғамли бу замонда.
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор
Жонингга юз роҳат берар ҳар онда.
Алишер Навоий асарларини ўқиган инсон икки карра маънавий озуқа олади, икки карра келажаги нурафшон бўлади, десак муболаға бўлмайди. ”Хазойин ул – маоний” девонини олинг, нақ номида зикр этилгандек, маънолар хазинасининг ўзгинаси. ”Хамса” ҳам, ўз замонасида қайта – қайта таъкидланганидек, беш хазина. Алишер Навоийнинг ҳар бир асари маънавий нур десак тўғрироқ бўлади. Бу нур унга ошуфта ҳар бир кўнгилни, миллатни, мамлакатни чароғон этади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, “Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир”. Ўзликни англаш эса ҳар бир инсонга миллий ифтихор туйғусини бахш этади. Ўзликни англаш – Навоийни ўқиб, ўрганишдан бошланади. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов суҳбатлардан бирида шундай деган эди:”Мен ўзим ҳазрат(Навоий) ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман.
Навоийни 15 асрда ҳам барча бирдек тушунган эмас. Сўзларининг мазмунини билганлар ҳам сўз остида ётган чуқур маънонинг илдизига етиб боролмаганлар. Буюк шоир ташбеҳларини англаш учун мадраса илми камлик қилган.
Ҳазратнинг муҳташам “Хазойинул-маони”сини бошлаб берган:
Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул худо,
“Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқти садо.
-байтларини Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари бир соатга яқин шарҳ қилган эдилар. Кейин англасам, бу шарҳ тасаввуф илмидан ажиб бир сабоқ бўлган экан.
Миртемир домладан “Нега ижодхонангизда Пушкин сурати стол устида, ўзимизнинг Навоий панароқ жойда турибди”, деб сўраганимда, устоз шоир шундай жавоб берган эдилар: “Мен Пушкинга тик қарашим мумкин. Уни бошдан оёқ ўқиганман, кўп таржима қилганман. Лекин Навоийни ростмана англаб етмадим, барча асарларини ўқиб мағзини чаққан эмасман”.
Бу сўзларим Навоийни ўқиб англашга уринмай қўяқолайлик, деган маънони билдирмайди. Ҳазрат – ўзбекнинг ота шоири.Унинг асарларини бошдан оёқ ўқиб таҳлил қила олмасакда, энг машҳур ғазал, рубоий, туюқ, фардларидан, достон ва маснавийларидан бир шингил бўлса – да ёд билмасак, улуғ шоир бундоқ деганлар, деб ҳикматли сатрларни айтолмасак, ўзбеклигимиз қаерда қолади?”(Э.Воҳидов. Ҳаёт ҳақиқатлари. 21 аср ижтимоий-сиёсий газетаси. 1(687)-сон, 2017-йил 1январь).
Алишер Навоий нафақат ижодкор, балки бунёдкор инсон бўлган.Тарихчи Ғиёсиддин Хондамирнинг далолат беришича, ўз даврида бунёдкорлик, саховатпешалик, ҳомийлик бобида Навоийга тенг келадиган киши топилмаган. Алишер Навоий томонидан 4 мадраса, 25 тадан ортиқ масжид, 11 хонақоҳ, 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк ва бир тўғон, 9 ҳаммом қурилган. Кишини ҳайратга соладиган 300 дан ортиқ ажойиб иншоотларни қуриш осон кечмай, катта ташкилотчиликни, маблағни, обрўни, бағрикенгликни ва ниҳоятда Ватанга содиқликни талаб қилган.
Меҳри мурувват, хайру саховатда ўзи намуна бўлган Навоий ёзган асарлари орқали ҳам кишиларни яхшилик қилишга, бунёдкорликка, комил инсон бўлишга, бир-бирини қўллабқувватлашга чақирганки, бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ”Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, деган ҳикматомуз сўзларига ҳамоҳангдир.
Нафинг агар халққа бешак дурур,
Билки, бу наф ўзингга кўпрак дурур.
Бир умр халққа камарбаста бўлган Алишер Навоий халққа наф келтиришни бахт деб билган. Албатта халқ розилигини олишданда улканроқ бахт йўқ жаҳонда. Зотан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “…Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак? Аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.
Буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, – дейилган байтларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.
Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу – умидларимиз, интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади.
Ушбу рисолада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Авлиёлар авлиёси”нинг валийлик жиҳатлари, кароматлари, бу буюк зотда ғайб сирларининг намоён бўлиши, Абдураҳмон Жомий билан устоз–шогирдлик муносабатлари, Султон Ҳусайн Байқаро саройидаги адабий йиғин, Навоий асарларидаги башоратлар, борингки, бу улуғ зотнинг тил ва адабиётимиз, тарихимизда тутган ўрни қаламга олинади. Ушбу китобча Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида чоп этилган илмий конференция материаллари, ”Соҳибқирон юлдузи”, ”Тафаккур” журналлари ҳамда “Қашқадарё”, ”Баркамол авлод”, ”Дарё”, ”Мўжизавий дунё”, ”Нафосат”, ”Нишон тонги” каби кўплаб газеталарда чоп этилган мақолалар тўплами. Муҳими, бу мақолалар жамоатчилик, илм аҳли томонидан катта қизиқиш ва эътироф билан кутиб олинган. Ўз навбатида китобда сизу биз учун янгилик бўлган қизиқарли маълумотлар ҳам эътиборингизга ҳавола этилади. Алишер Навоий бобомиз олами сизни оғушига тортади.
Албатта, Навоий олами бу шундай тилсимли оламки, ҳали – ҳануз бу жабҳада сизу биз билмаган сиру синоатлар жуда кўп. Ушбу китоб денгиздан бир томчи, холос.
ҒАЙБ СИРЛАРИНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИ
ЁКИ “АВЛИЁЛАР АВЛИЁСИ”НИНГ ҚУДРАТИ
Чу Ҳақдин эди ул саодат менга,
Бу душвор иш ичра жалодат менга.
Алишер Навоий.
Жомийнинг каромати
Ҳазрат Навоий “Хамса” (беш достон) ёзиш орзусида эди. ”Садди Искандарий” асарида (насрий баёнида) ёзилишича, ”бу ҳавасни тарк этай десам ҳимматим қўймас, ишни бошлаб зўр берай десам, қувватим етмас эди. Бинобарин панжамга ҳасрат – надомат билан боқиб, бу панжамни у панжамга урар эдим. Мана шундай хаёл менинг ақл – ҳушимни ихтиёримдан олган замонда, баногоҳ Суруш – бахтиёр фариштанинг овози қулоғимга чалинди: ”Эй орзу ва ожизлик денгизига ғарқ бўлиб, дардига даво тополмаётган одам! Ўрнингдан турибпиринг ва устозинг (Жомий) даргоҳига борда, у кишининг ҳар нарсадан хабардор жонига сиғин! У кишининг дилидан астойдил дуо талаб қил, буюк ҳимматидан орзуингга мададкорлик тила!” Яъни илоҳий куч Ҳазрат Навоийни Жомий хонадонига унинг дуосини олиш учун йўллайди. Ҳар бир бекик қулфни очишда азиз кишиларнинг дуоси калит бўла олади. Чунки, азиз авлиёлар Аллоҳнинг дўсти ҳисобланади. Уларнинг дуоси эса Яратган даргоҳида мустажобдир. Гап шундаки, Мавлоно Жомийнинг шогирди ва муриди ҳақига қилган дуоси ижобат бўлади ва Навоий “Хамса” ёзиш учун ўзида катта илоҳий куч топади. Яратган мададкор бўлади.
“Ҳайрат ул-аброр”да ҳикоя қилинишича, бир куни Навоий Жомий ҳузурига боргач, у кулиб, шогирдининг қўлига “Туҳфат ул-аҳрор”ни тутқизади: “Ол-да, бошдан охиригача кўриб чиқ”, – дейди Жомий.
“Қўлидан достонни олиб, дарҳол ичини очдим, – дейди Навоий хотирлаб, – Унинг бошидан охиригача шоҳона дур эди. Яна қанақа дур денг? ”Туҳфат ул-аҳрор” достонининг ўзгинаси эди. Баҳраманд бўлишни истаганлар ундан наф топар, у олдинги икки достондан ҳажм жиҳатидан кичикроқ бўлса ҳам, фойдаси кўпроқ эди… Уни обдон ўқиб бўлганимдан кейин кўнглимда бир ҳавас пайдо бўлиб, безовта қила бошлади. “Низомий, Деҳлавий, Жомий бу йўлдан (“Хамса” ёзиш йўли) юрган эканлар, мен ҳам бир неча қадам юриб кўрсам қандай бўларкан? Улар ўз асарларини форсча ёздилар, мен эса туркий тил билан бошласам. Уларнинг асарларидан форсий халқлар хурсанд бўлди, туркий халқлар менинг ёзганларимдан баҳраманд бўлса”. Менга бу ишда Жомий оқ фотиҳа берса, қаламни қўлга олиб умид қиламанки, бу йўлга Низомий йўллар экан, Хусрав билан Жомий қўлласа, ҳеч ким Навоийга бу асарни яратиш насиб бўлмайди, деб айта олмайди”.
Тангри таолонинг марҳамати ва Жомий дуоси билан “Хамса” ёзишга киришган Навоий давлат ишларининг кўп бўлишига ҳамда касаллигига қарамасдан “Ҳайрат ул-аброр” достонини тугаллайди.”Шу хилда мен бу наво (“Ҳайратул аброр”)ни куйлаб турарканман, – деб таъкидлайди Навоий, – бир пок фикрли оқил ногоҳ менга деди: “Эй қалами ожизлик сиёҳига ботирилиб, инсоф хатига бошини қўйган одам! Сенинг заифлигинг (касаллигинг)га Худонинг ўзи қувват беради. Инсофинг кўринишларига юз офарин бўлсин. Сен баён қилиб битган нарса шуни кўрсатадики, сен бундан ҳам яхши ёза оласан. Ўзинг айтгандек юқори қилиб, истаганингдек ёқимли этиб ёзганингда, унга бозор бундан ҳам катта, бутун олам унга харидор бўлган бўлур эди. Шундай бўлса ҳам у жаҳон бўйлаб савдода, овозаси бутун борлиқни тўлдирган. Бу жаҳоннинг безаги ундан, денгиз ва кондаги гавҳарлар зийнати ҳам ундан”.
Шоирлар шоҳи ушбу фикрларни тинглар экан, Яратганга “Эй Тангрим, бу ёзганим яхши бўлса, сўроқ вақтида раҳм эт; ёмон бўлса, демак, ўзимнинг ҳам бошдан оёғим ёмон. Ёмон нарсамни раҳм этиб яхши қил, яхши бўлса уни қабул айла. Унга боққан эл кўзига ҳам жилва бериб уни яхши кўрсат; халқнинг кўнглига уни ёқимли эт”, – деб мурожаат қилади. Салкам олти асрдирки, халқимиз томонидан мутафаккир асарларининг қўлдан қўймай ўқилиши ҳамда у кишининг сўзлари ҳикматлар ва мақолларга айланганидан келиб чиқсак, Ҳазрат Навоийнинг Аллоҳ таолодан сўрагани мустажоб бўлган.
Назм аҳли сархайли
Юқорида Навоий “Хамса” хотимасида унга илоҳий овоз келганлиги ва бу нидо уни Жомий ҳузурига йўллаганлиги таъкидланган эди. Албатта, кимгадир бу ғайриоддий туюлади. Аммо авлиё Навоий учун бу оддий ҳолдир. Бундай ғойибдан овоз келганлигини, Навоий билан суҳбатлашганини унинг асарларида кўп ўринларда учратиш мумкин. Навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулов ҳам фикримизни тасдиқлайди:
”Алишер Навоий ғазалларидан бирида шундай гап бор:
Дедим: Назм аҳлининг сархайли (бошлиғи) ким бўлғай?
Деди ҳотиф: -Навоий бўлғай, улким сен тилайдурсен агар бўлғай.
Ўша ҳотиф – ғойибдан овоз берувчи адашмаган. Навоий чиндан ҳам шоирларнинг сардори,туркий шеъриятнинг султонидир”.
”Хамса” хотимасида Низомий Навоийнинг бу юксак мартабага эришишининг икки сабабини кўрсатади. (Алишер Навоий. “Садди Искандарий”. Т. Ғ. Ғулом номидаги НМБ. 1991. 816 – 822-б.) Биринчиси фариштадек беғубор зот Навоийнинг Тангри таолога илтижолари, муножотлари ва даргоҳида қабул бўлган дуолари. Иккинчиси сабаби Ҳусайн Бойқаро томонидан Навоий учун яратилган қулай шарт-шароит, ажойиб замон. Ана шу икки омил Навоийни “Назм аҳли сархайли” даражасига етказган.
Хўш, ”Ҳотиф”, ”Мунҳийи роз” (сирлар даракчиси), ”Кавкаби иқбол” (толеъ фариштаси), ”Толеъи саъд” (бахт юлдузи) ким ўзи? Тангри таолонинг карами билан авлиёлар авлиёси Навоийнинг ҳолидан ким хабар олган? Бу илоҳий овоз соҳиби ким ўзи?
Навоий “Хамса” сини қисқартириб, тайёрланган насрий баёнининг хотимасида “Суруш” – бахтиёр фаришта – Жаброил алайҳиссалом”, деб келтирилади. Агар ушбу талқинга асосланилса, Навоий асарларида тилга олинган “Мунҳийи роз”, ”Суруш”, ”Толеъи саъд”, ”Ҳотиф” ва ”Кавкаби иқбол” – тўрт улуғ фаришталардан бири – Жаброил алайҳиссалом деган тасаввур уйғонади. Биз фақат тасаввур қилишимиз мумкин. Чунки Аллоҳнинг инояти билан Ҳазрат Навоий ушбу илоҳий овоз соҳиби билан юзма-юз рўбарў бўлган.У ўз кечинмаларининг ўндан бирини ёзиб қолдирган, холос. Хўш, Навоийнинг фаришта билан учрашувини қандай тушуниш мумкин? “Аҳли тасаввуф мусулмонлардан бирига малоикаларнинг кўриниши ёки уларнинг овози эшитилишини, кўпчиликка эшитилмайдиган баъзи нарсаларнинг эшитилиши, кўпчиликка билинмайдиган нарсаларнинг билинишини “кашф” деб атайдилар.
Бунга Қуръони Каримда ҳам, Суннати мутоҳҳарада ҳам мисоллар бор.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида: ”Эсла, вақтики, фаришталар дедилар:”Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени мусаффо қилди, поклади ва оламлардаги аёллар узра танлаб олди. Эй Марям, Роббингга итоаткор бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил”, деган (42-43-оятлар).
Биби Марямнинг Набий ҳам, Расул ҳам эмасликлари ҳаммага маълум. Аммо Қуръони Каримда фаришталар у киши билан гаплашгани собит бўлиб турибди. Набий ёки расул бўлмаган одам билан фаришталарнинг гаплашиши “кашф” дейилади.
Имом Бухорий ривоят қиладилар:
“Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлоғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин деб, бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Набий алайҳиссаломга сўзлаб берди.
У киши “Ўқи, эй Ибн Ҳузайр”, дедилар.
У бўлса: “Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим”, деди. Набий алайҳиссалом:
“У нималигини биласанми?” дедилар.
“Йўқ”, деди. Ул зоти бобаракот:
“Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларни кўрса бўларди. Улар беркинмасдилар”, дедилар”(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тасаввуф ҳақида тасаввур”. Т: “Ҳилол-нашр”-2016 й.
221-223-б.). Демак бундай англашиладики, Ҳазрат Навоийнинг фаришта билан учрашуви “қўл етмайдиган” ёки хаёлий ҳодиса эмас, балки тасаввуфдаги “кашф”нинг намоён бўлишидир.
Навоийшунос Ботирхон Акрам Навоийнинг илоҳий олам вакили билан кечган учрашувлари ҳақида жумладан шундай дейди: ”…Шоир-мутафаккир санъатхонаси, унинг хос “ҳужра”сида, Тангри илоҳий марҳамати-ла Қалам ва аҳли қалам илҳомчиси – Руҳул қудс йўллаган элчи, ғойиб суврат, руҳий сийрат соҳибаси – фаришта на хушки, ўша мўъжизакор илҳомий мулоқот асносида гўё атайлаб, йўқ, қалб амри-ла тун оромини тарк этган мислсиз заҳматкаш шоир ҳузурида “кулиб” пайдо бўлади:
Дедиким: Эй, улусда нодири фард,
Бўлмасун хотиринг алампарвард…
Ўзни меҳнатқа солғон эмишсан,
Булъажаб ғамға қолғон эмишсан…
Бу не андешаи хато бўлғай?
Сену мундоғ хато раво бўлғай?
Бунингдай “фаррухсириш” – малоиксифат ҳамдарду ҳамрозлик сўровлари, айни яратиш дардига малҳам, шоёндилхоҳ сўзлари шоир қаҳрамонининг баъзан иштибоҳлинавмид, “хотири алампарвард” кайфиятини кўтариб, умидбахшлик туҳфа этиб, ҳатто шоир қурбига ғойибдан қувват бериб, ўзига ишончини зиёда қилади:
Толеъи саъд ёрлиқ қилди,
Қаламим –дурнисорлиқ қилди…
Иқбол фариштасининг муборак илтифоти- ғойибона мадади билан улуғ шоир руҳиятида шундай мўъжиза – илҳомий ҳолат пайдо бўладики, кутилмаган тарзда янгидан-янги “Сўз гуҳари” намуналари яратилиши гўё азалий хилқатнинг ҳар субҳидам нисор этадиган инъомидай, оддий ҳодисалардай туюлади”.
Ғойибдан келган бу фариштанинг Навоий ҳузурига ташрифи “фалак кўрмаган нодир” – комил инсон –авлиёлар авлиёсининг юксак мартабасидан далолатдир. Шайх Азизиддин Насафий комиллик ҳақида жумладан шундай деди: ”…Кимки уруж ва нузул доирасини тугатган бўлса, у кичик оламни тугатган бўлади ва инсонийлик мақоми ниҳоясига етган бўлади ва у комил бўлади. Ва ҳар кимки кичик оламни тугатса, улуғ оламда Худонинг нойиби ва халифаси бўлди. Энди унинг иши (вазифаси) бошқалар ишини охирига етказишдир. Ҳар кимки кичик оламнинг (мартабаларини) тамом қилмаган бўлса, у улуғ оламда Худонинг нойиби ва халифаси бўлолмайди.У бу оламда пешво бўламан деб ҳар қанча тиришмасин, бунга эришмайди. …Комил инсон оламнинг сирридир ва олам қутбидир”.
Миллат ва диннинг низоми, порсо (парҳезкор) Навоий Худонинг нойиби ва халифаси даражасига етган эдики, ”мавжудот ичра комил инсондан кўра улуғроқ ва донороқ кимса йўқ, чунки мавжудотнинг энг пастидан энг аълосигача бўлган мартабалар комил инсон мартабаларидир, комил инсон мавжудот хулосаси ва қаймоғидир ва малоикалар улуғидан кичигигача ва арши курси ва самовот ва юлдузлар – ҳаммаси комил инсон ходимларидирлар ва ҳамиша комил инсон теграсини тавоф этадилар ва комил инсон ишларини тартиб билан бажариб турадилар” (Н.Комилов. “Тасаввуф”. Т. “Ёзувчи”. 1996 й. 149-б). Демак, бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, комил инсон – Навоий ҳузурига фариштанинг ташрифидан ажабланмаса ҳам бўлади. Сизу бизга ғайриоддий, аммо комил инсонлар – азиз авлиёлар учун оддий ҳол бу аслида. Яъни ”…ғайб оламидан келадиган ҳар бир бало ва ато (марҳамат) шаҳодат оламига етишдан олдин комил инсон қалбида пайдо бўлади ва барча ҳолатлар унга маълум бўлади,бошқалар тушида кўрган нарсани у ўнгида кўради (худди Навоий фариштани кўргандек. Муаллиф).
Яна биз тилга олган фаришта комил инсон Навоийга хушхабар келтиради:
Санга онча Ҳақ лутфи воқеъдурур
Ки то турк алфози шоеъ дурур.
Бу тил била то назм эрур халқ иши
Яқин қилмамиш халқ сендек киши…
Қаю ишқи бўлмиш муяссар сенга,
Бўлурму бу андеша бовар сенга?..
Кўнгулдан таваҳҳумни айлаб адам,
Илик ишга ур – йўлга қўйгил қадам!
Сенга турк ақолимин айлаб рақам,
Аз алда насиб айламиш якқалам.
“Тақдири азал ҳукми асосида қаламинг билан турк иқлимларини “якқалам” қилиш пешонангда бор. Шундай экан, кўнглингдан хавотирни ҳайдаб, енг шимариб ишга кириш”, – дейди илоҳий олам элчиси.
Ботирхон Акрам Навоийда ғайб сирларининг намоён бўлишини қуйидагича тасвирлайди.
“…Айладим ҳужра азми –тинмоқ учун,
Кўзларим уйқудин… исинмоқ учун.
Жилва қилди назар фазосинда,
Навм (уйқу) – у уйғоқлик орасинда!
Мутаҳаййирки, не мисол эркин?..
Мана бу – тушму ё хаёл эркин?..
Ҳа, бизлар ҳам лоақал бир неча дақиқа буюк заҳматкаш шоиримиз кечирган бундайин руҳоний-мъўжиз ҳолатларни шахсан (вужудан) кечиролмасакда, фақат баҳоли имконожизона тасаввур этиб кўрсак. Қалам ва бори аҳли қалам илҳомчи фариштаси илтифот ва шафқат кўрсатиб, фақат бир неча дақиқа “тинмоқ учун… ҳужра азми айлаган” шунчалар улуғлиги билан чунонам “ҳақиру фақир” Навоий кечирган ажабдан булъажаброқ ҳолатни аниқроқ шарҳлашга қаламимиз ожиз.
…Тил анинг васфидин эрур ожиз,
Сеҳр худ бор, агар эмас мўъжиз…
Биз айни шу байт орқали улуғ ижодхонанинг икки муҳим жиҳатини ”сеҳр” нима-ю, “мўъжиз” ҳолат нима, ўртадаги бор сиру синоат, оддий назар, ўзимиз кўниккан, ишонган тафаккур илғамас, илғай олмас ажаб нозик тафовутни фақат ботиний кўз – басират (“ҳавоси хамиса” – беш руҳий сезгининг аввалгиси) нигоҳи ё ўткир-пурдон фаҳм-фаросат ажрата биладиган, фасоҳат ва балоғат илми зурафолари тасарруфидаги нозик нуқта, нозик хаёл маъносини англай оламиз” (Б.Акрам. “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони” .Т. “Ўзбекистон”. 2016 й. 327-б). Такрор бўлса ҳам бу ҳол комил инсонларда намоён бўлишини айтиш билан кифояланамиз.
Муҳаммаджон Маҳмуд Навоий доимо Аллоҳнинг назарида бўлганлиги тўғрисида сўз юритади.
“Барчадин айру Навоийга қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё Раб, ани мундин, муни ондин жудо.
Шундан сўнг Тангри таоло уни (Навоийни) кўкка кўтариб, осмон сирларидан воқиф этади. Яширин сирларни кашф этувчи ва осмон рамзларини ҳал қилувчи улуғ инсон мақомига кўтаради”. Демак, Аллоҳнинг дўстларидан бўлмиш авлиё Навоий доимо Яратганнинг назарида бўлган.
“Бадоеъ ул-бидоя” дебочасида ҳам Мунҳийи роз Навоий билан суҳбатлашгани қайд қилинади:
Нидо еткурди ногаҳ мунҳийи роз(сирлар даракчиси),
Ки: – «Эй афсунгару афсонапардоз,
Балоғат кишварининг нуктадони,
Фасоҳат мулкининг соҳибқирони,
Равон хоманг учун айлаб мураттаб,
Аторуд кўз қаросидин мураккаб,
Маоний хайликим, маръий эмас ул,
Ҳамоно қилди хоманг жавфидин йўл.
Улус табъинг саҳоби ёмғуридин,
Бўлуб сероб, бал назминг дуридин.
Сўзунг бир авж уза чекти аламни,
Ки сурдунг арш лавҳиға қаламни.
Агарчи ахтаредур ҳар сўзунг пок,
Ки эврулур анинг бошиға афлок“.
“Фарҳод ва Ширин” достони ёзилаётган шоир ҳузурига яна ғойибдан ҳотиф етиб келади. Достоннинг 8-бобида ушбу асарнинг ёзилиш сабаби ҳақида гап кетар экан, шоир “бепоён дурру гавҳарлар денгизига чўмганлигини, яъни кўп мутолаа қилганлигини, тинмай ўйлаганлигини айтади. Достонни ёзишга ундаган сабаблардан бири ўзининг муҳаббати, бу ишқнинг алам ва изтироблари эканлигини айтиб, у туфайли ўзига етишган азобу уқубатларни баён қилади. Шунда унга ғойибдан нидо келиб, ҳотиф(ғойибдан оқ фотиҳа берувчи) уни янги бир асарни ёзишга илҳомлантирганини, кейин Жомийнинг олдига борганида у ҳам шоирни дуо қилиб, бу ишда унга оқ йўл тилаганини ёзади”. “Лайли ва Мажнун” достонининг 9-бобида яна қадрдон ҳотиф Навоийга ёзилажак асарининг салафлар достонларидан қандай фарқ қилишини баён этгани ҳақида сўз боради:
Ул бўлмайин ушбу ишта воқиф,
Ким қилди нидо хужаста ҳотиф.
…”Чун қиссани англадинг равон бўл,
Сунғил варақу қалам сори қўл.
Сендин рақам айламак ҳикоят,
Биздин санга сўз сори ҳидоят.
…Чун қилдим адойи фарзи бори,
Қўл борди давоти хома сори.
Ул навъки ҳотиф этти иршод,
Мен ҳам қилдим фасона бунёд.
”Барчаси Тангри иродаси билан”
“Мен нима ишга қўл урган бўлсам, бу Тангрининг иродаси билан бўлди. Унинг ҳосилига қўл узатишим билан Тангрининг марҳамати туфайли у осонликча қўлимга кирди. Агар мақсадим харсангтошни қўпориб ташлаш бўлса, у кўз олдимда гардга айланиб, ҳар томонга тўзғиб кетди. Йўлимдан агар аждаҳо чиқиб қолса, у қўлимда асо сингари мададкор бўлди. Бирон вайрона ичига кириб, сояда дам олай десам, шу ерда хазина борлиги тушимга кирди.
Тангрининг фалак янглиғ лутф – марҳаматини кўргач, нима учун унинг қаршисида бошимни тупроққа қўйиб, сажда қилмайин? Мен унга ибодат билан қанча шукур қилсам, у менинг мартабамни яна фалак каби баланд қилади-ку”, – деб ёзади бир умр таҳоратини бузмаган, диннинг низоми Навоий “Садди Искандарий”да. Алишер Навоий барча эришган муваффақиятлари Аллоҳ таоланинг инояти эканлигини таъкидлайди: “Шундай қилиб, Тангридан қанчадан-қанча иноят бўлди ва Ҳақ менга бениҳоя карам айлади, улуғ мақсадларга эришиб, ғоятда бахтиёр бўлдим. Лекин менга берилган бу файз – футуҳлар менинг ихтиёрим билан бўлмади. Баъзи одамлар катта – катта нарсаларни таъма қилиб, кўпгина қайғу – аламларга гирифтор бўлиб юради. Лекин Тангрим менга карам айлаб улуғ муддаоларни берса ва мақсадларимга етказса, шукур этишдан бошқа нима ғамим бор?”
Мана сизга Навоий Аллоҳнинг доимий назарида бўлганлиги ҳамда Яратган унинг дўсти ва мададкори эканлигининг яна бир яққол далили ва Навоийвор талқини. Нажмиддин Комилов “Тафаккур карвонлари” китобида ёзишича, барча динлар каби Ислом дини ҳам инсон тафаккури билан яратилган фан ва маданият, санъат ва адабиётни Худонинг кашфиёти, унинг бандаларига инъоми деб тушунтиради. Бинобарин, дин назариётчилари, идеалист файласуфлар инсон яратган энг улуғ мўъжизалардан бири – шеъриятни ҳам Худо мўъжизаси деб шоирларга “лисонул ғайб” (илоҳий тил) лақабини берадилар. Уларни Аллоҳ сирларининг жарчиси деб тушунтиришга уринадилар. Аммо Навоий том маънодаги “ғайб сирлари очувчиси” бўлганлиги баайни ҳақиқат. Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Навоий одам боласи эмас, чунки одам боласи бундай шеърлар ёза олмайди”, – деган сўзлари ёдимизга келади. Навоий тили билан айтганда, “Менга назм ёзиш фазилати туҳфа қилинган бўлиб, шеъриятим туфайли жаҳонда шуҳрат қозондим. Бошлаб ғазал тарзи (жанри) билан қалам тебратиб, жаҳон аҳли орасига шовшув солдим. Соғлом фикрли доно одамлар ғазалларимни ўқиркан, буни оламдаги бир қиёмат деб тушундилар”. ”Маҳбуб ул–қулуб”да шоирлар таърифида келтирилган сўзлар гўёки Навоийнинг ўзи ҳақида ёзилгандек. Биринчи гуруҳи илоҳий маърифат хазинаси жавоҳирлари билан бойиган ва халқнинг таърифига эҳтиёж сезмаганлар бўлиб, қиладиган ишлари маънолар хазинасидан жавоҳирлар йиғмоқ ва у жавоҳирларни эл эзгулиги учун назм ипига термоқликдир. Назмларининг ифодаси ниҳоятда қутлуғ, ғоят ёқимли ва улуғдир. Истаган одам буларнинг шеърларидан сўз мўъжизаларини топа олади. Буларнинг назмлари шундай табаррук каломларки, ҳурмат юзасидан уларни шеър дейишга ҳам элнинг тили бормайди”. Дарҳақиқат, Навоий оддий шоир, оддий инсон, оддий мутафаккир эмас. Унинг шеърлари табаррук калом, ишқ оятлари. Навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул ёзганидек, “Навоий талантли шоирларнинг ҳам энг талантлиси. Навоий фақат ёзишдамас, валоят (валийлик) ва орифликда ҳам ўзгаларга ўхшамайди. Султон Валаднинг қуйидаги сўзлари ушбу ҳақиқатни англашга яқиндан ёрдам беради, деб ўйлаймиз: ”Авлиёнинг шеъри энг аввало тафсири Қуръондир. Зеро, авлиёлар ўзларидан фано бўлиб, Ҳақ ила бақо бўлгандирлар. Уларнинг тирикликлари ва фаолият кўрсатишлари Ҳақдандир… Аксарият шоирларнинг шеърлари фикр ва хаёл маҳсулидир. Авлиёнинг шеъри шоирларнинг ўйлаб топилган, ёлғон, таъма, муболаға ила тўқилган шеърларига ўхшамайди. Лекин валий шоирларнинг шеърларини ҳам улар ўзларининг шеърларидай деб тасаввур қиладилар. Билмасларки, ҳақиқатда авлиёнинг феъллари ва сўзлари Яратувчидандир, яратилмишнинг унда жойи йўқ…” (“Ибтидонома”, 66-бет).
Хондамирнинг Навоий ҳақида:
“Аз ақли ту ҳақоиқи тибён мубаййин аст,
В-аз қавли ту дақоиқи Қуръон муфассир аст”,
деган сўзлари юқоридаги гапларнинг айни бир тасдиғига ўхшайди (“Мерос ва моҳият”, 90-бет).
Тақдири азалнинг туҳфаси
Навоий “Садди Искандарий”да унинг хаёлида шеърият кишварларини эгаллаш, мамлакатларда соҳибқиронлик қилиш муддаоси туғилганлигини, ”Хамса” ёзишга ҳавас уйғонганлигини ёзади: ”Шундан сўнг ўтмишда ёзилган “Хамса”ларни, унинг водийлари, тоғлари, дарёларини бошданоёқ, тўла–тўкис кўздан кечирарканман, ҳеч маълум бўлмаган бир дунё кўзимга кўриндики, “Хамса” дунёгина бўлмай, унинг ҳар байти ичига бир жаҳон яширинган эди”.
Аммо шоир гоҳ “Буни ёзиш имконияти йўқ, “Хамса” ёзиш менинг қўлимдан келмайди”, – дея иккиланган, ноумидлик хаёлига чўмган бир чоғда ғойибдан бир ёқимли овоз келади: ”Эй зорланиб сайровчи булбул! Ва эй сўз гулзорида достонлар яратувчи шоир! Минг хил оҳанг билан куйлашларинг қани? Хотирингдаги гўзал достонларинг қани? Сен Ҳақнинг лутф – марҳаматига сазовор, турк лафзидаги ижодларинг билан бутун халққа машҳур бўлган одамсан. Бу тилда назм ёзганлар ўртасида сенчалик обрў қозонган одам йўқ. Сенга турк иқлимларини қалам билан забт этишни азал қалами тақдирингга ёзиб қўйибди. Бу водийнинг султонлиғини Тангри сенга насиб қилиб, тилинг тиғини қалам найзасига айлантирмишдир. Сен бу мамлакатнинг қаҳрамони, бу элнинг соҳибқирони бўлғайсен. Бу йўлни босишдан нечун тоймоқчи, нечун “Хамса”ни кўргач, сустлашмоқчи бўласан? Ахир сенга қандай ишлар муяссар бўлмади? Бўлар–бўлмас хаёлларга берилиб, бу йўлдан қайтиш сенга муносибми? Ёки сенга Ҳақнинг лутф – карами бўлмаганми эди, у сенинг қаршингда ёрқин йўл очмаганми эди? Ахир, нима ишга қўл урган бўлсанг, у сенинг қўлингга кирди-ку, мана шулар Тангрининг сенга бахт эшигини очгани учун далил эмасми? Агар Ҳақ ҳидоят йўлини очмаса, иноят қўли билан тутмаса, ҳар қандай катта ишни ҳавас қилгани билан хас каби заиф одамзоднинг қўлидан нима келиши мумкин? Хусусан, сен ҳаммадан ўзингни паст олувчи ва тупроққа тенг тутувчи камтарин одамсан. Шунингдек, халқ ҳам сенга ҳурмат юзасидан ўзини паст тутади, сенинг камтарлигингга ҳаваси келади. На кўнглингда қувват ва танангда куч бўлмаса, ўзинг гуё оёқ остида қолган чумолига ўхшайсан, босилиб – янчилган бечора чумолининг қўлидан нима иш келиши мумкин? Лекин агар сен ўша пажмурда – чалажон чумоли бўлиб, даврон жафосидан қаттиқ азоб–уқубат чеккан бўлсанг ҳам, аммо ҳақдан сенга иноят бўлиб, ҳидоят қуёши сенга кулиб боқса, чумоличалик жонинг бўлса ҳам бахт раҳнамолик қилиб, қаршингда аждаҳолар забун бўлади. Кел кўнглингда ваҳималарни ҳайдаб чиқариб, ишга кириш, йўлга отлан!” Бундан Навоийнинг кўнгли кўтарилиб, ғойибдан унга куч – қудрат етгач, шоир енг шимариб ишга киришади. ”Эй Навоий! Ёзар экансан, доноларча ёз! Ёзишни бўйнингга олган экансан, мардонавор ёз! Ҳар хил баҳоналар билан ишни пайсалга солишни бас қил, достонни бошлаб, қаламингдан гўзал – маънодор сўзларни тўкишга кириш!” – дейди буюк мутафаккир руҳланиб.
Туш ва ижод мулки фотиҳи
Ҳазрат Навоий “Сабъаи сайёр”да ғаройиб, сирли туш кўрганини ҳикоя қилар экан, ўзининг ажойиб водийда айланиб юрганини сўзлайди. ”Бу водий шу даражада кенг бўлиб, унинг ичида кенг еттита жуда мустаҳкам ва баланд гумбаз бор эди. У гумбазларнинг ҳар бирида ўтириш, дам олиш мумкин бўлган жойлар бор эди-ю, аммо мен бир жойда бир нафас тўхтамас ва ором олмас эдим. Уларнинг ҳаммаси осмон гумбази сингари доира шаклида бўлиб, бир – бири атрофида айланар эди. Ҳар бир гумбазнинг ранги ўзига хос бўлиб, четдан қараган кишига худди бир ибодатхонадек туюларди. Еттита гумбаз ичида еттита мутасаддий одам бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос нодир сифатга эга эди… Мен бу ерда истиқомат қилувчи одамлар орасида етти кун юриб, ҳаммасига назар қилар эканман, ҳар уйнинг доно эгаси менга бир афсона айтиб берди. Бу афсоналар ҳар кимнинг ўзи турган уйда бўлиб ўтган, ўз кўзи билан кўрган воқеаларнинг ҳикояти экан. Бу афсоналарнинг ҳар бирида ғаройиботлар, ғаройиботларнинг ҳар қайсисида ажойиботлар кўп. Мен бу афсоналарни ёдлаб, жоним саҳифаларига ёзиб қўйдим. Қачонки буларни қалам билан таҳрир этишга киришар эканман, ҳузуримга хизрваш бир мўйсафид келиб, деди: “Эй, чарх гумбазларида қуёшдек жилваланиб сайр қилувчи одам! Етти уй ичида сенга майл кўрсатган одамларнинг не хайл эканини англадингми? Етти гумбаздаги номуқаррар ранглар лутф билан ҳар хил тусга кириб туради. Ундаги етти уйда маскан қилиб, ҳар қайси бир уйни ватан қилиб олган одамларнинг тўни ҳам, уйлари сингари ҳар лаҳзада бир тусдан иккинчи тусга киради. У одамлар етти афсонасини айтиб бўлгунларича йўқ эди, сен ёдлаб олдинг. Сен бу ажойиб сафаринг мавридида ғаройиботларга назар солар экансан, бу ердаги кайфиятни не деб фаҳмладингу, ишнинг асл ҳақиқатига қандай тушундинг?”
Мен бу саволни берувчининг салобатидан юз хил истиҳолага тушганим ҳолда, ҳурмат билан тубандагича жавоб бердим: “Эй, ҳумоюн руҳу гўзал рухсорга эга бўлган, юзидан бутун инсоният ақли нури порлаб турган зот! Мен бу ғурбатхонада айланиб юрган бир ғарибу ўз муродини изловчи бир фақир мусофирман. Мен бу ерда кўринган ажойиб ва ғаройиб нарсаларнинг нималигини билмадим. Мусофир кўрдай бўлади деганларидек, ҳеч нарсанинг ҳақиқатига тушунмадим. Буларнинг сирри – пинҳони сенга маълум бўлса, айт ва баён қил!”
Табаррук фариштасифат руҳоний шундай деди: “Эй бу пинҳоний сирлардан насибаси бор одам! Хушхабар – мужда бўлсинким, ложувард ранг билан қопланган чарх сенинг юлдузингни саодатли қилиб яратган экан. Низомий Ганжавий кўп меҳнат қилиб, жаҳонга беш ганж – беш хазина, яъни “Хамса”ни ёзиб берган эди. Шу билан бирга, ҳинд сеҳргари бўлмиш Хусрав Деҳлавий ҳам у билан баҳслашиб, шундай бир хазинани, яъни ўз “Хамса”сини юзага чиқарган эди. Сен эса,икки йил машаққат чекиб, улар айтганидан ортиқ бўлса бору, аммо кам бўлмаган уч достонни ёзган эдинг. Мана энди, вақти-соати етгач, яна қалам тебратиб, тўртинчи номани, ”Сабъаи сайёр”ни ҳам ёзадиган бўлдинг. Энди сен ҳам кенг, баҳаво жой топиб, улар қаршисида баланд ва азамат бир бино бунёд этгайсан.Улар сенга неки кўргузган бўлсалар, мен бошдан–оёқ таъбирини баён айлай. Уларнинг ҳар биридан сенга башорат бор, шудли – зуҳнли одамга бу сўздан ишорат бор. Сенга етти баланд гумбаз бўлиб кўринган нарса ва унинг ичидаги етти офтобжамол гўё етти қават осмондаги етти қуёшдек улуғ устозлардир. Сенга бу қиссадан ишорат шулки, аввал бунёд этилган қасрларнинг қусурларини битириб, етти қаср ичига етти ҳурни ўтқазиб қўйгайсан. Аввалгилариники қанчалик ранго–ранг товланиб турган бўлса, сенинг қасрларинг ҳам худди ўшаларга ўхшаб, алвон–алвон товланиб, жилваланиб тургай. Сен бу ташаббусда шодликка етгайсан, достонингни сўз билан безашда муваффақиятларга эришгайсан!”
Шу пайт хурсанд ҳолда сесканиб уйғондим. Бинобарин, ҳар бир туш ва ҳодисага таъбир берадиган, юқори камолот эгаси бўлмиш таъбирчини чорлаб, жаҳоннинг бу доно кишисига тушимни бошдан–оёқ айтиб бердим. Бу икки пирнинг сўзи бир хил бўлиб, иккаласиники ҳам сидқидилдан айтилган сўзлар эди. Тушимдаги фаришта қандай нуқталарни баён айлаган бўлса, бу ҳам худди ўша фариштамисол гапларни айтди. Мен шу икки далилга эга бўлгач, достонни ёзиш ишига шошилинч киришдим. Ва жазм қилдимки, Холиқи азал (Худо)нинг ҳукми қатъий ва ўзгармасдир. У менга бу мулкни (ижод мулкини) фатҳ этиб, эгаллашни насиб этмиш. Агар Тангри бировга бирор нарсани насиб айлаган бўлса, бу бобда дунёнинг сўз ва созининг аҳамияти йўқдир, – деб ёзади Алишер Навоий. – Ё Раб, иш бағоят мушкул, мен бечора эса хаста ва кучсизман, пашшадек жоним билан филнинг ишини устимга оляпман. Бу худди осмон томига нарвону қуёш шамига шамдон ясайман, дегандек гап. Аммо эй Тангрим, бундай оғир ишга қўл урар эканман, сенинг лутфу марҳаматингдан умидворман. Иш қанчалик беадад ва машаққатли бўлмасин, агар сен илтифот қилиб мадад берсанг, охири хайрли бўлур. Қаламим учидан тезюрар кема ясаб, олам ичра ғала-ғовур солиб юборсам, ажаб эмас. Қоғозни қаламим билан алвон рангларга бўяб, ажойиб ва ҳайратомуз асар яратсам, ажаб эмас. Қаламим билан олам ичра офатлар, балки қиёматлар солсам, ажаб эмас…”( Алишер Навоий. Сабъаи сайёр.Т. Ғ.Ғулом номидаги НМБ 1991. 368-374 – б )
Хўш, Навоий кўргани қандай туш? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бундай тушни “Солиқ туш” дейди. “Солиқ туш-Аллоҳдан севинч башоратидир”. Агар мусулмон одам таҳорат қилиб, ухлашнинг исломий одобларига амал қилиб, ҳеч нарсани ўйламай ётган бўлса-ю, яхши туў кўрса, бу Аллоҳ таолодан юборилган яхшиликка ишора бўлади” (Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тасаввуф ҳақида тасаввур” Т: “Ҳилол-нашр”). Яъни Навоий кўрган туш оддий туш эмас, балки “Солиқ туш”– валийлик кароматларидан бири.
Баҳромшоҳ билан ғаройиб учрашув
“Сабъаи сайёр”да Навоий ушбу асарни ёза-ёза чарчаб, дам олиш учун ҳужрага киргани, ҳали кўзига уйқу инмай уйқу билан уйғоқлик орасида ғаройиб воқеалар намоён бўлганини айтиб ўтади. Шоир ғайб оламида Баҳром гўр билан учрашиш бахтига муяссар бўлади. “Шу дабдабали тахт қаршимга келганда мен на уйғоқ, на уйқуда эдим. Бу қандай манзара экан, ҳайронман? Бу тушиммикан? Шу пайт у тарафдан биров келиб “Эй сеҳрловчи нутқ эгаси! Бир он ўрнингдан туриб бу тарафга қадам қўйгил, шоҳ сен билан бир нафас суҳбатлашиш орзусидадир!” – деди. Шоҳ эса ўрнидан туриб, бирдан мени ўз оғушига тортди ва қайта-қайта бағрига босиб, қучоқлади. Ниҳоят, ўзимни босиб олганимни билгач, у шоҳона сўз бошлади. “Эй билим мулкини эгаллаган, қалам найзаси билан оламни олган зот! Эй назм тили билан жаҳонга садо солиб, бу тиғ билан бутун дунёни эгаллаган зот! Назм кишварларини забт этган сенсан, назм соҳибқирони сенсан! Сенинг назмингни жонбахш деб таърифлаш ҳаёт сувини соф ва топ-тоза деб мақтагандек бўлади. Сен бизнинг тарихимизни баён қилиш билан бирга, бутун халққа аҳволимизни аён айладинг. Сен буни шунчалик гўзал таърифладингки, уни тавсиф этишга тил ожизлик қилади. Ўзгалар ҳам қаламни ишга солиб бу достонни ёзганлар, саҳифаларни нақшинкор қилиб безаганлар. Аммо сен-чи, саъйҳаракат қилиб қиссанинг ҳар ҳарфини ўз маъносида шарҳладинг. Қўлингдан келганча ростини ростга, ёлғонни ёлғонга чиқазиб, ҳар бир воқеани диққат ва эътибор билан тасвирладинг.
Сен ўз назмингни туркий тилда ёздинг, форсий тилда ёзишдан ор қилдинг. Ҳозирги замон султонларининг кўпчилиги “Хамса”хон бўлиб, ундаги достонларни мутолаа қилиб турадилар. Дунёдаги шоҳлар ичида ким туркий бўлса, у ернинг халқи ҳам туркий тилда гаплашадилар. Сен шу ҳолатни ҳисобга олганинг туфайли турк улусини ҳам ғоятда хурсанд ва рози қилдинг.
Менинг бу дунёдан видолашганимга икки минг йил бўлди. Шунга қарамай, менинг ҳақимда достонлар ёзиб, эл орасига кўп маълумотлар тарқатдинг. Номим ва овозим ўчиб кетган эди, уни қайтадан тикладинг. Агар бу ишлар менинг тириклик чоғимда бўлса эди, бу хизматларинг учун сенга ганж-хазиналар бахшиш этган бўлардим”.
Навоий унга асар учун миннатдорчилик билдираётган шоҳ сўзларини тинглар экан, гапирмоқчи бўлганида “Оғзимдан илгари кўзим очилиб кетди”, – дейди кароматгўй мутафаккир (Алишер Навоий. Сабъаи сайёр.Т. Ғ. Ғулом номидаги НМБ. 1991.528-535-б). Хўш, бу сирли ҳолни қандай тушуниш мумкин? Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” асарида бу саволга жавоб бор. ”Зеро, одамларнинг ҳаммаси туш кўради. Аммо пайғамбарлар ва авлиёлар туши алоҳида маънога эга. Бу тушлар илоҳий олам, руҳлар олами билан боғланиш бўлиб, шунинг учун айни ҳақиқат бўладиган тушлардир. Туш қаттиқ уйқуга кетганда ҳам, уйқу ва уйғоқлик орасидаги мудроқ ҳолатда ҳам юз беради. Айниқса, шайхлар уйқу ва уйғоқлик орасидаги тушларни қадрлаганлар, чунки бунда киши руҳининг ғайб оламига уланиши муқаррар деб қаралган”. Алалхусус, уйқу ва уйғоқлик орасида рўй берган Навоийнинг Эрон шоҳи Баҳром билан учрашувини ғайб олами билан боғланиш маҳсули, деб изоҳлаш мумкин.
Каромат камолотдан
Албатта, Ҳазрат Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асари дебочасида авлиёларда зоҳир бўладиган одатлар ва кароматлар баёнини келтиради. Мавжудликдан ғойиб бўлиш, йўқликдан мавжуд бўлиш, дуонинг ижобат бўлиши, узоқ масофани қисқа муддатда босиб ўтиш, бир вақтнинг ўзида бир неча жойда бўлиш, ўсимликлар ва ҳайвонлар тилини англаш, сув устида юриш, ҳавода учиш, дарахтни илдизи билан қўпориш, ёмғир ёғдириш, ўликни тирилтириш, тирикни ўлдириш, жисмлар, ўсимликлар, ҳайвонлар тилини англаш, уларнинг Худога тасбеҳини билиб туриш, туш кўриш, бўлажак воқеаларни олдиндан башорат қилиш, узоқ шаҳарлардаги яқин одами билан алоқа боғлаб сўзлашиш, руҳнинг жисмдан ажралиб чиқиши ва қайтиб келиб, жисмга кириши каби юзлаб кароматлар шулар жумласидандир. Мавлавия тариқати асосчиси Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, ”Умид ва қўрқув пардасини йиртдингми, ғайб сирлари бутун салобати, кўркамлиги билан пайдо бўлади. Ўртада бўлмаган нарсанинг хаёли катталашгандан катталашади. Аммо ғойибдан бўлган нарса пайдо бўлдими, хаёл чекинади. Гарчи бирор нарсанинг ҳақиқатини изҳор этиш, асосан камолдир ва жонларни хаёлдан халос этар, аммо ғайбга ишонишнинг кўринган нарсага нисбатан минг бир фазилати бор. Буни яхшилаб билиб ол, шубҳа ва иккиланишдан халос бўл. Менга ғайбга ишонганлар керак. Шунинг учун бу фоний қўналға деразасини ёпдим. Қандай қилиб осмонларни ёраман, агар ҳақиқатларни юзага чиқарсам? Қандай қилиб “Бунда бир айб, камчилик кўрдингми?” – дея оламан? Ҳақиқатнинг ниҳон бўлиши, ғайбга ишониш янада яхши, мақбул бўлгач оғизнинг ёпиқ, лабнинг юмуқ бўлиши албатта яхши. Биродар, сўзни тинч қўйки, Аллоҳ қатидаги илмини майдонга чиқарсин! Шайтонлар осмон теграсида айланадилар, кезадилар–у “Лавҳи маҳфуз”даги ғайб сирларини била олмайдилар”.
Ҳазрат Алишер Навоий “Насойим ул–муҳаббат” асарида валийлардан Молик Динор билан боғлиқ ғаройиб воқеани келтиради. “Бу тоифанинг улуғларидандир. Отасининг оти Динор эмиш.У асли қул фарзанди бўлсада, икки олам ҳурлигига эришган зотлардан эмиш. Баъзилар дебдурларки, ул кемага кирибдур ва соҳилга етганда йўл ҳақини беришга пули йўқ эмиш. Кемачи уни қаттиқ уялтириб, йўл ҳақини сўрабди. Дарёдаги минглаб балиқларнинг ҳар бири бир динор оғизларига тутиб, сувдан бош чиқарибдилар. Бирининг оғзидан олиб, кемачига берибди. Унинг ҳақи атиги бир динор эмиш”. Яна бир мисол. Улуғ авлиёлардан Шайх Иброҳим Мажзубнинг бир муриди Маккага ҳажга борган эди, иккинчи муриди Бағдодда эди. Ҳажга борган мурид қайтгандан кейин Бағдодда қолган муридга “Мен пиримизни Маккада кўрдим”, – дейди. Бағдодда қолган мурид эса “Пиримиз ҳажга борганлари йўқ, мен ул кишини сен айтган вақтда шу ерда, Бағдодда кўрдим”, – дейди. Иккаласи баҳслашиб тортишиб қолади. Шу пайт Иброҳим мажзуб ҳозир бўлади. Муридлар унга қайси биримиз ҳақ деган маънода савол назари билан қарайдилар. Иброҳим эса “Иккалангиз ҳам ҳақсиз, мен ўша дамда ҳам Бағдодда ва ҳам Маккада эдим, – дейди. – Яъни жисмим Бағдодда эди, руҳим эса Маккада эди. Маккада мени кўрган киши менинг руҳимни кўргандир”.
Албатта, Аллоҳнинг дўстлари билан боғлиқ юзлаб сирли воқеа – ҳодисаларни келтириш мумкин. Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” китобида ғайб сир – синоатларига алоҳида қуйидагича тўхталиб ўтади: ”Кашфу каромат кўрсатиш, фавқулодда хислатлар намоён этиш тасаввуф шайхларининг муҳим жиҳати ҳисобланган. Тасаввуфнинг сирлилиги, ғайб олами билан алоқадорлиги ҳам шундандир. Европа олимлари тасаввуфни “мистика” деганларида шуни назарда тутадилар. Мадомики, сўфийлар ўзларини пайғамбарларнинг меросхўрлари, деб билар экан ва ботиний ҳол кечинмалари ичида бўлиш, Илоҳ асрорига ошноликка етиш учун интилиб, ақлий билишдан кўра ирфоний – важдий идрокни устун қўяр эканлар, табиий равишда кашфу каромат ҳодисаси келиб чиқади”.
Башоратлардан бири
Авлиё Навоий бошқа азизлар ва валийлар каби бўлажак воқеаларни олдиндан кўра оларди. Хондамир “Макорим улахлоқ” асарида баён қилишича, ҳижрий-қамарий 905 йилда (мил. 1499/1500) Мовароуннаҳр томондан бедорлик ва огоҳлик аҳлининг йўлбошчиси бўлган Хожа Носириддин Убайдуллоҳнинг ўғли Хожа Яҳё ўта дабдабали ва серҳашам тарзда ҳаёт кечирмоқда, Султон Али Мирзо эса унинг маслаҳатисиз бирор ишга қўл урмас экан, қолаверса, ҳар куни унинг олдида бўларкан, деган хабарлар пайдарпай келиб турарди.
Хуллас, ўша йилнинг охирларида кунлардан бир куни ул жаноб (Навоий) Амир Саййид Юсуф Ўғлоқчига қарата Худо кўнгилларига солган нарсаларни сўзловчи тилларига шу сўзларни келтирдилар: “Хожа Яҳё танлаган бундай турмуш тарзи сўфийларнинг хулқ–атворига муносиб эмас. Шуниси аниқки, кимки ўз ота–боболарининг хулқ–атворлари йўриқларидан четга чиқиб кетса ва узоқлашса, унга жудаям катта зиён–заҳмат етади. Бунга Амир Ҳусайн замонида Самарқанд аҳолисини ўз томонларига оғдириб, уруш байроғини кўтарган ва мўғил лашкари билан жангга киришиб, шаҳарни Амир Ҳусайн ва Ҳазрати Соҳибқирон (Амир Темур) учун ўз қўлларида ушлаб турган Мавлоно Ҳурдак Бухорий ва Абу Бакр Наддофнинг бошларига тушган балолар мисол бўла олади.Улардан бири Амир Ҳусайн томонидан қатл этилган бўлса, иккинчи ўзбек улусига қарашли ўлкаларда сарсонсаргардон бўлди. ”Зафарнома” асарида бу тўғрида батафсил ҳикоя қилинган.
Амир Юсуф бунга жавобан: “Мен “Зафарнома”ни ўқиганман, аммо бу тўғрида ҳикоя қилинган қисми эсимда йўқ экан”, – деди. Ўша куни соф кўнгилли Амир (Навоий) “Зафарнома”дан ўша қиссани топиб, ўша амирнинг олдига юбордилар. Мен “Зафарнома”нинг ўша жойини унга ўқиб бердим”.
Ушбу суҳбатдан бироз муддат ўтганидан сўнг Самарқанд томондан ўзбек подшоси Муҳаммад Шайбонийхоннинг Самарқандни қўлга киритгани, Хожа Яҳёни икки ўғли билан ўлдиртирганлиги ҳақидаги хабар Ҳиротга етиб келди.
”Бобурнома”да ёзиладики, “Хожа Яҳёдин чун Шайбонийхон мутаваҳҳим эди, икки ўғли Хожа Муҳаммад Зикриё ва Хожа Боқи била Хуросон сари рухсат берди. Кейин бир неча ўзбак бориб, ҳазрат Хожани икки йигит ўғли била Хожа Кордзан навоҳисида шаҳид қилдилар. Шайбонийхоннинг сўзи бу экандурким, Хожанинг иши мендин эмас эди, Қанбайбий ва Кўпакбий қилдилар. Бу андин ямонроқ масал борким: ”Узраш бадтар аз гуноҳ” (“Узри гуноҳидин ёмонроқ”). Мундоқ ишларни беклар ўз боши билан хонидин ва подшоҳидин бевуқуф қила бошласа, бас хонлиғига ва подшоҳлиғиға не эътибор? Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома”да ҳам хон Хожа Яҳёни ҳузурига чорлаб, унинг Султон Али Мирзонинг яқин маслаҳатгўйига айланиб, мол–дунёга ружў қўйганини юзига солади:
Хожа Яҳёга иноят била хон,
Деди:”Эй хожайи арбоби замон.
Санга бу иш на муносиб эрди,
Ким бу Мирзоға мусоҳиб эрди.
Сен киму мулк ишини қилмоқ,
Борчадин эмди керак айрилмоқ.
Бор Хуросон сориким бу кишвар,
Бўлди дахлинг сабабидин абтар.”
Хон хожага йўл олдидан ўз отини совға қилади. ”Шайбонийнома”да қайд этилишича, қатор–қатор туяларга юкланган мол–дунё билан Хожа Яҳё йўлга чиқади. Аммо “Кўргач ул молу яроғини қазоқ, Тамаъ этти ангову борди жоқ”. Яъни йўл қароқчилари молу дунёни тортиб олиб, Хожа Аҳрор Валийнинг ўғли ва набираларини ўлдирадилар. Муҳаммад Солиҳ ҳам Бобур айтганидек, ”Хоннинг ондин хабари йўқ эди, Молиға ҳам назари йўқ эди” , -деб таъкидлайди. Албатта, Ҳазрат Навоий башорат қилганидек, сўфийлик йўлини тутмай, молу дунёга ҳирс қўйган Хожа Яҳё алалоқибат Самарқанддан сургун қилиниб, молу дунёси тортиб олинганлиги ва ўзи ҳамда ўғиллари қатл қилинганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди. Аммо султон суягини хўрламас деганларидек, авлиёлар султони Хожа Аҳрорнинг ўғли ва набираларини қатл этгани учун балки вақти соати келиб, Муҳаммад Шайбонийхон (1510 йилда 1 декабрда жангда енгилгач, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий томонидан боши танасидан жудо этилади) кесилган боши билан тавон тўлагандир, деган уйга борасан, киши. “Шоҳ Исмоил у(Шайбонийхон)нинг бош чаноғини олтин билан қоплатиб, коса ўрнида фойдаланди. Иккинчи бир ривоятга кўра, гўё уни Истамбулга, Султон Боязидга юборган эмиш. Чунки Мовароуннаҳр ҳукмдори билан Султон Боязид ўртасида ҳарбий иттифоқ бор эди. Шайбонийнинг ўнг қўли гавдасидан олиниб, тубандаги мазмунда масхарали бир хат билан ўзбекларнинг тарафдорига, Мозандарон ҳокимига юборилган экан. Хатда шу сўзлар ёзилган: “Сен ҳар вақт Шайбонийнинг тарафини олишни истар эдинг. Фақат унинг тириклигида бу сенга насиб этмади. Шу истагинг амалга ошсин деб Шоҳ Исмоил ҳозир сенга шу ҳомийнинг қўлини берди”. Буни Эрон тарихчилари нақл қиладилар. Ўрта Осиё тарихчиларининг айтишларига қараганда, унинг майити ўзи тарафидан Самарқандда 916 (1510) йилда бино қилинган гўзал бир мадраса ичида дафн этилгандир”(Ҳ.Вамбери. “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи”. Т: Ғ.Ғулом номидаги АСН. 1990 й. 90 – 91 – б).
“Илоҳиёт жомидан сипқорган Жомий”
Нақшбандия тариқати пешволаридан Ҳазрат Жомий ҳам кароматгўй, парвардигор суйган авлиёлардан эди. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзий “Тарихи Рашидий”да таъкидлаганидек, ”Султон Ҳусайн Мирзонинг замонларида авлиёи бузруквор ва муршиди олий миқдорки бор эрдилар, ҳаммадин афзалу олимроғи Мавлоно Абдураҳмон Жомийдурлар, наввараллоҳу марқадаҳу. Уларнинг овоза ва шуҳратлари ул мартабадурки, таъриф қилмоққа ҳожат йўқдир. Булардин баъзи аҳвол ва силсилалари баён қилинур. Ҳазрати Мавлавийи Жомий Ҳазрати Саъдуддин Қошғарийнинг муридларидирлар. Булар Ҳазрати Низомиддин Хомушнинг муридлари, булар Хожа Алоуддин Атторнинг муридлари ва булар Хожа Баҳоул ҳаққаваддин, яъни Ҳазрати Хожа Нақшбанд алайҳи раҳма валмағфиранинг муридларидир”. Шу нуқтаи назардан Ҳазрат Навоий Жомийни пир деб этагини тутгани бежиз эмас, албатта. Навоий асарларида шайхулислом, Мавлоно Жомийга нисбатан “устозим, пирим” дея чуқур ҳурмат яққол намоён бўлганига гувоҳ бўламиз. ”Дунё ва охиратни бир оҳ билан ўртаган, пок ошиқлар бошлиғи, ерда фаришталар оламида яшовчиларнинг шайхулисломи, тўғри йўлга бошловчи улуғ зот, миллат ва диннинг нури Абдураҳмон Жомийдирким, гарчи у кишининг мақтови назмга нисбат беришдан юқорироқ бўлса ҳам, лекин шеъриятнинг ҳар бир услубида мислсиз эдилар ва назмларида ҳар бир шеър билан оламга ўт сочган эдилар ва шеърларида ҳар бир байт билан дард аҳлларининг жонини ва кўнгил оламини куйдирган эдилар”, – деб ёзган эди Ҳазрат Навоий устози ҳақида “Маҳбуб ул–қулуб”да.
Шоислом Шомуҳамедов “Форс–тожик адабиёти классиклари” китобида “Жомий тахаллуси қомусий билим эгаси, шоир, адиб, олим, мусиқашунос, тилшунос, адабиётшунос, тарихчи, файласуф, ўз замонасининг улуғ донишманди Нуриддин Абдураҳмон ибни Аҳмадга мансубдир”, – деб таърифлайди. Унинг тахаллуси Жом шаҳри номидан олинганлиги шубҳасиз бўлишига қарамай, ўтмишнинг баъзи адабиётшунослари бу сўзга мистик маъно бериб, илоҳиёт сирларини ичган қадаҳи – жомидан олинган, деган аллегорияни ишлатадилар. Жомийнинг ўзи ҳам бир шеърида бунга ишора қилиб, ”Ҳар икки маънода тахаллусим Жомий”, – дейди. Жомий 1414 йилнинг 7 ноябрида Хуросоннинг Жом шаҳрида таваллуд топган. Мутаффаккирнинг болалигида ота–онаси Ҳирот шаҳрига кўчиб келади. Абдураҳмон Жомий ёшлагиданоқ ўз замонининг араб тили, грамматика, синтаксис, бадииёт илми, мусиқа, математика, фалакиёт, фиқҳ, ҳадис, тафсир илми бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. У Самарқанд шаҳрига келиб, билимини такомиллаштиради ҳамда Мирзо Улуғбекнин сафдошларидан бўлмиш машҳур олим Қозизода Румийнинг маърузаларини тинглайди. У Хуросонга қайтгач, нақшбандия пирларидан Саъдиддин Қошғарийга мурид тушган ( Шоислом Шомуҳамедов. Форс –тожик адабиёти классиклари Т. 1963 й. 151- 153-б ).
Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг”, ”Рисолаи мусиқий”, ”Нафаҳот ул–унс”, ”Лужжат ул–асрор”, ”Ашиъат ул-ламаот”, ”Рисолаи муаммо”, ”Фотиҳат уш–шабоб”, ”Воситат ул–иқд”, ”Хотимат ул–ҳаёт”, ”Юсуф ва Зулайҳо”, ”Лайли ва Мажнун”, ”Саломон ва Абсол”, ”Хирадномаи Искандар” каби асарлари ўз даврида шу қадар машҳур бўлганки, бошқа мамлакатлар подшолари элчилар юбориб бу китобларни олиб келиб, ўқишга муштоқ бўлишган. ”Жомий ўзи ёзган “Туҳфат ул–аҳрор”и (“Нуронийлар туҳфаси”)ни бошлаб эълон қилганда, олам аҳли буни “Жон туҳфаси”дек қабул қилди. Унинг “Субҳа” деган асари кишиларнинг жон ипига тизилган бўлиб, ундаги ҳар бир тасбеҳ донаси бир дурри аълоча бор. Сўнгра “Юсуф-Зулайҳо”ни ёзиб, Зулайҳо Юсуфга зор бўлганидек, ҳаммани бу достонга зор айлади. ”Лайлию Мажнун” ҳақида ёзар экан, тоғу чўлларга офат солиб юборди. Ҳозир эса қаламидан дур тўкиб, Искандар ҳақидаги “Хирадномаи Искандарий” (“Искандар донишномаси”) достонини ёзмоқда. Шубҳасиз, Искандар ер юзидаги қуруқлигу денгизларни фатҳ этгани каби, Жомий ҳам Искандар ҳақидаги бу оламшумул асари билан бутун борлиқни забт этгусидир. Ҳозир Жомийдек баркамол одам дунёда йўқ, аввал ҳам бу кишидек улуғ зотнинг бўлгани маълум эмас”, – деб ёзади “Садди Искандарий”да Навоий.
“…Устоз (Жомий) жуда оддий, барча фақир эл қатори кийинади. Ҳамиша унинг эгнида анча уриниб қолган гулли чопонни кўрасиз. Салласи ҳам ярқираб турмайди. Белида эса узун ва қулай боғланувчи белбоғ. Ташқи кўринишда бу зукко зот ҳеч нарсаси билан бошқалардан ажралиб турмайди. Аммо буюк шоир ва мутафаккир Жомийнинг эл – юрт ўртасидаги обрў эътибори шу қадар баландки, шоҳлар ҳам, гадолар ҳам унинг муборак назарини фахру ифтихор билан қадрлайдилар (Азиз Қаюмов. Назм ва тафаккур қуёши.Т.Фан.1992 й. 4 – 5 –б).
Абдураҳмон Жомий авлиё сифатида кўплаб кароматлар соҳибидир. ”Хамсат ул-мутаҳаййирин”да ёзилишича, Сайдам Ироқий исмли навкар йигит нодонлигиданми, Жомий девонини бир-бир йиртиб, ўтда ёқади.Уч кун ўтар-ўтмас Ироқий баданида бир доғ пайдо бўлади ва жароҳат газак олиб, охири унинг умри якун топади.
Жомий вафотидан ўттиз беш йил аввал яъни Султон Абусаид Мирзо Шоҳруҳия қалъаси учун жанг олиб бораётган бир даврда Хожа Деҳдорнинг тушига кириб, ”Қуръон ўқи”, дея унинг қироат қилишини сўрайди. Аммо бу пайтда у қироат қилишни билмасди. Султон Ҳусайн Мирзо замонида Хожа Деҳдор Навоийнинг ҳамсуҳбатларидан бирига айланди ва кўрган тушини авлиёлар авлиёсига айтиб бергач, мутафаккирнинг даъвати билан Хожа Деҳдор Қуръон ўқишни машқ қилиб, кучли ҳофиз даражасига етди.
Тушдан ўттиз беш ўтгач эса Навоийнинг топшириғи билан Астрободга кетган Хожа Деҳдор муҳим юмушларни саранжомлаб Ҳиротга қайтгач, юкларни қўйиб кўнгли сезганиданми, ёки қандайдир илоҳий куч уни Жомий хонадонига бошлайди. Абдураҳмон Жомий бу пайтда ўлим остонасида эди. Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдор Жомий ёнига келиб ўттиз беш йил бурун тушда буюрилгандек ёқимли овозда “Қуръони Карим” оятларини ўқий бошлади. “Қуръони Карим” хатм қилиб бўлингач буюк Жомийнинг жони узилади.
Навоий бундай каромат камдан-кам авлиёларда зоҳир бўлганини зикр этади. Ўз ўлимини ўттиз беш йил олдин кўра билган авлиё Жомийнинг каромати ҳар қандай кишини ҳайратга солади.
Жомий 1492 йилнинг 7 ноябрида вафот этди. Навоий чин дўсти, ҳамкори ва устозидан айрилиб фиғон чекди: ”Сексан бир ёшқа еттилар ва секкиз юз тўқсон секкизда жумъа кечаси Ҳирот шаҳрида хиёбон бошида ўз манзилларида тенгри раҳматига восил бўлдилар”.
Ҳамма фан ичра ,э дўстлар, нодири олам қани?
Одамизот ичида ул афзали одам қани?
Бир Хуросон ичида хуррам киши йўқдур дема,
Ер юзининг устида борму бирор хуррам қани?
Пир ва муридлик муносабатлари
Мақсуд Шайхзода “Навоийнинг лирик қаҳрамони ҳақида” мақоласида ёзганидек, ”Ҳирот доираларида 15-асрнинг иккинчи ярмида Абураҳмон Жомий бошлиқ нақшбандийлар жамоаси жуда зўр обрўга эга эди. Ўзини фалсафа ва умуман маънавиятга алоқадор деб билган ва ёхуд шундай кўринишни хоҳлаган ҳар бир киши (аксарият “ориф”лар, яъни зиёлилар) ўзларини сўфийликдан хабардор, балки мутасаввуф (сўфинамо) қилиб кўрсатиш билан, бутун Шарқда жуда улуғ шуҳрат эгаси бўлган Абдураҳмон Жомийга “пирим” деб қўл бериш билан фахрланганлар. Навоийнинг ўзи ҳам Жомийга қўл бериб, унга муридликни қабул қилган”. Академик Азиз Қаюмов ҳам “Назм ва тафаккур қуёши” асарида мўътабар зотлар пешвоси Ҳирот ва бутун Хуросоннинг маънавий дунёсида бош ўрин тутган муршид ва устоз, улуғ шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий мансуб бўлган тариқат ҳақида тўхталади. ”Жомий мансуб бўлган сўфийлик йўналиши Шайх Баҳовуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ. Шунинг учун уни Нақшбандия деб юритадилар. Бу таълимотга кўра, ҳар бир киши ўз меҳнати билан кун кўрмоғи, демак, жамият ҳаётидан узилмаслиги керак. Киши меҳнат билан тирикчилик қилгани учун узлатга чекинмоғи мумкин эмас. У халқ билан бирга яшамоғи шарт. Бу таълимот кундалик турмушда ғоят камтаринлик билан яшамоқни, фақат тирикчилик учун лозим бўлган нарсаларгагина эга бўлмоқни тақозо қилади. Бойлик тўплаш, молу давлатга интилиш, молпарастликни қаттиқ қоралайди”. Жомий ҳам оддий ва камтарона ҳаёт кечирган. ”Ўша оддий эшик, ўша дарича, ўша сал букчайган том. Кичик бир том остида, – деб фикр қилди Навоий (Жомий уйига кириб борар экан), – бутун бир жаҳон бекинган, унинг оти – Жомий” (Азиз Қаюмов. Назм ва тафаккур қуёши. Т. Фан. 1992 й. 4-б.).
”Сабъаи сайёр”да Жомий қуйидагича таърифланади: ”У фазл кони, илм дарёси, денгизу кон ошноси. Илм дарёсида у само гумбазидай, денгиз ичида анингдек меҳр гавҳари топилмас. Сирларни кашф этиш унинг табиатида мавжуд, буни унга Тангри ато этган. Риёзатда фикри осмондай тиниқ бўлиб, у фалак экинзорини баҳраманд этади. Унинг араб тилидаги дарси бир дуо мисолдир… Оллонинг ёри, тафсир илмининг билимдони… У фақирликда имоми Аъзам оламида имомдир. Унинг сўзи фиқҳ эли учун гўзал ва қимматлидир. Агар масала айтса, фикҳ аҳли ҳайратда. У ўз вужудидан кечиб, Ҳақ вужуди орқали мангулик топди. У фикри –зикри билан Ҳақ зотига чўмди ва бир заррасидай ўзлигидан кечди, анинг тариқи тасаввуф бўлиб, бу фан ҳақида унинг асарлари бор. У қаерда бўлишидан қатъи назар, унинг орзулари доимо ўшалар эди…
…Камол аҳлида шундай сўз бор: одамнинг зийнати камолотидадир. Чин мулкининг барчаси унинг домидадир, ақл анинг косасидан баҳраманддир. Ундан Одам авлоди баҳраманд, у олам аҳлига йўл кўрсатувчи ҳомийдир…”
Навоий Жомийни назм аҳлининг шоҳ шоири деб атайди ва унинг ижодини қуйидагича таърифлайди: ”Шоир (Жомий) ўз қаламини байроққа даста қилганича сўз мамлакатини қўлга киритди. У найза ўрнига қўлига қалам тутди, сўз иқлимини бошдан–оёқ ўз мулкига айлантирди. У зот сўз осмонининг қуёшидир, қуёш нима, сўз жисмининг жонидир…
…У “жом” ва “май” деб таърифлаётганим жондек ҳаётбахш назм бўлиб, еру кўк элини маст–мустағриқ айламишдир. У назм – шаърият эмас, балки жаҳонга офат соладиган гўзал, йўқ, жаҳонга эмас, жонга офат соладиган даражада гўзал эди. Уни эшитиш кишини завқ – шавққа ғарқ қилиб юборгани каби ундаги чуқур мазмунни фаросат билан тушунмоқ ҳар қандай одамнинг ҳадди эмас.
Ваҳ–ваҳ, унинг ғазалларидаги оташин дардларни қандай таърифлайин? Оллоҳ, оллоҳ, унинг маснавийларидаги ҳаётбахш мазмунларга не деяйин? У назмнинг қайси вазнида ёзган бўлмасин, ҳаммаси бир – биридан гўзал шеърлардир. Лекин унинг маснавийлари ўзга олам бўлиб, бу замонда унга тан бермайдиган ҳеч бир зот йўқдир”.
Муҳаммаджон Маҳмуд “Навоий ижодига янгича қараш” асарида ёзадики, адабиётшуносликда шоирнинг Жомийга мурид бўлганлиги ҳақида ёзилсада, унинг тариқат мактаби очиб, муршидлик ва мураббийлик билан шуғулланганлиги ҳақида ҳеч нима дейилмади. Олим М. Маҳмуд Навоий жуда эрта муршидлик ҳирқасини кийганлигини таъкидлар экан, муршид Навоий сўфийлик таълимотини нафақат ижодида, балки ҳаётида ҳам, айниқса илму фан аҳли орасида кенг тарғиб этганлиги айтиб ўтади. Носир Муҳаммаднинг ёзишича: “Илоҳий ишқ сирларини пухта эгаллашга ана шундай азм этган Навоий (Самарқанддан) Ҳиротга қайтганидан сўнг буюк мутафаккир шоир, нақшбандийлик силсиласининг машҳур вакили Абдураҳмон Жомий сиймосида ўзи орзулаган “муршиди комил”ни топади. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да Жомий ва Навоий муносабатлари ҳақида шундай дейди: ”…(Навоий) олижаноб махдуми Жомийга яқин мулозаматда бўлиб, у кишининг ҳузурида дарвеш ва сўфийларнинг китобларини ўқиш билан шуғулланар эди. Ул жаноб Жомий ҳам бу бобда қилган таснифларини амир ҳузурида мутолаа қилар ва бу киши (Навоий) у китобларнинг нозик нуқталарини файзли хотири лавҳига нақшларди, балки ул олижаноб бу асарларни ҳидоятли амирнинг исми шарифига бағишлаб ёзгандир. ”Нафаҳот ул-унс” ва “Ашиъат ул-ламоат” муқаддимасини ўқилса, бу нарса қуёшдай равшан ва ошкора бўлади”.
Улуғ пирнинг шогирди Навоийга келсак, авлиёлар авлиёси Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да Жомий билан бўлган пир–муридлик муносабатларига урғу беради. Янада соддароқ қилиб айтганда, Навоий бутун умрини “у ҳазратнинг (Абдураҳмон Жомий) муҳаббат қадаҳидан юқ – юрум ичиб, тўғри йўл кўрсатишидан фонисифат бўлган, дард ва ишқни туркий тилида ҳарорат билан ифодалаб, турклар ўртасида ўз ижоди билан ҳаяжон ва сортлар орасида офат қўзғот”ишга, футувватга бағишлаганини тан олади. Ҳазрат ҳақ, албатта бундай сатрларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Ҳазрат Навоий ўзи айтганидек, унинг байтлари ишқ оятидир. Уни бошқача ифодалаб бўлмайди, назаримда.
Бола бошидан
Хондамир бу улуғ зот Навоийнинг Рамазон ойининг 17 чисида, яъни Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ваҳий келган ва “Қуръони Карим” нозил бўла бошлаган кунда таваллуд топганида илоҳий ҳикмат кўради: ”Фазилат ва камолот йиғинларининг тўрида ўтирувчи бу зотнинг шарафли умридан тўрт йили ўтиб, тақдирни белгиловчи Зот (Аллоҳ таоло) маҳкамасидан унга таълим ва тарбия бериш иши фалак мактаби ўқитувчиси бўлган кўнгли ёруғ бир кишига ишониб топширилганда ва ул зот улуғ мартабали Соҳибқирон (Султон Ҳусайн)га мулозим ва ҳамроҳ бўлиб (яъни у билан биргаликда) мактабга бориб, таълим олишни бошлаганида ҳамда Худонинг мадади билан қисқа вақт ичида таълим олишда ўз тенгдошлари ва гуруҳдошларидан ўзиб кетганида, унинг нозик табъининг соғломлиги ва тўла-тўкислиги овозаси дунёнинг барча томонларига ёйилди ва унинг муборак зеҳнининг ўткирлиги қиссаси халқ орасида тилдан-тилга ўтиб, оғиздан-оғизга кўчди.Унинг асарлари дурлари фалак варақларини безади ва шеърлари жавоҳирлари дунё садафини қимматбаҳо дур билан тўлдирди”. Демоқчимизки, бола бошидан деганларидек, “авлиёлар авлиёси”да валийлик хусусиятлари гўдакликдан намоён бўлган, бу табаррук зотга Тангри таолонинг назари тушган эди.
“Жорубкашликни ихтиёр айлаган авлиё”
Шаҳзода Абулмуҳсин Мирзо ва Ҳусайн Байқаро ўртасида элчилик вазифасини ўтаб, ота-болани яраштиришга бел боғлаган Навоий Бозоргон манзилида подшоҳдан унга хожа Абдуллоҳ Ансорий мозори жорубкашлиги (супурувчилиги) мансабига ёрлиқ берилишини сўрайди: ”Сиз (Ҳусайн Бойқаро) бир вақт айтган эдингизки, мен подшолик ишлари билан шуғулланишдан қўл тортадиган бўлсам, шайх Нажмиддин Кубро мозорида тураман ёки хожа Абдуллоҳ Ансорий остонасини супурувчи бўламан”, – деб. Эндиликда бу иш сизга муяссар бўлмайди, менга эса Ҳижоз (Ҳаж) сафарига хоҳиш ва рағбат билан ижозат бермайсиз. Шундай бўлгач, энди рухсат берсаларки, сизнинг ваколатингиз билан қолган умримни Ансория остонасини супуришга сарф қилсам, мулозимлик ишларидан батамом озод бўлсам, чунки қарилик мадорсизлиги вужудимга таъсир кўрсатиб, қувват кетган, бадан заифлашган”. Бинобарин, Подшоҳ Навоийга мозор супурувчилигига ёрлиқ тақдим этади. Ҳоқони Мансур деди: “Модомики, Сиз менинг мамлакатимда бор экансиз, нимаики тиласангиз ва илтимос қилсангиз, муқаррарким, қабул шарафига мушарраф бўлғусидир”. Шундан сўнг бўлиб ўтган воқеаларни Хондамир “Ҳабиб ус–сияр” асарида давом эттиради. “Сўфисифат соф кўнгилли Амир (Алишер Навоий) тезлик билан шаҳарга бориб, пойтахтнинг (Ҳиротнинг) уламо, саййидлари, улуғ шайхлари, қозилари, фозиллари, олий табақадаги кишилари ва зодагонларини Гозургоҳнинг файзли мозорига тўплаб катта ош берди ва улардан дарвешлик ва гўшанишинлик йўлига ўтганлиги туфайли дуо қилишларини сўради ва бор ҳимматини хожа Абдулла Ансорийнинг мозорини обод қилишга сарфлаб, ўша руҳни орттирувчи мақомнинг ходимлари, саҳобалари ва арбобларига инъому эҳсонлар кўрсатиб, ул беҳиштнишон равзанинг дарвешлари ҳамда мужовирларининг рутбасини зиёда қилдилар”.
Тасаввур қилаяпсизми, давлат ва жамоат арбоби, йирик мулкдор ва Ҳусайн Бойқаро салтанатининг устуни бўлмиш мутафаккир қабристон супурувчилигига қўл урмоқчи? Сиз билан бизга Навоийнинг бу иши балки таажжубли туюлар. Аммо нафсини енгган, бир умр савобли ишлар бошида турган комил инсон бобомиз учун бу яна бир хайрли вазифадир. Мозор супурувчилиги билан Навоий дарвешлик йўлига киришни кўнглига туккан эди. Дарвешлик – поклик йўли, пок Парвардигорга элтувчи маёқ.
“Сўз санъати паҳлавони”
“Хамса” ёзиш илинжида Ҳазрат Навоий бир умрлик орзуси Маккаи Мукаррамага ҳаж сафарига отланаётгандек, табаррук зот Абдураҳмон Жомий ҳузурига йўл олади. Фариштасиймо Жомий шогирди билан суҳбатлашар экан, унинг нима мақсадда келганини Навоий айтмасада пайқади. ”Бу бир қилинмагану, қилиниши керак бўлган ва айтилмагану, айтилиши лозим бўлган иш эди… Агар бу оғир иш бўлса ҳам лекин бажарилиши сенга ҳавола этилган экан. Сен бу хазиналарга тамом юриш қилишинг, унинг тилсимотларини фатҳ этиб очишинг керак… Сўз санъатида сенинг шону шарафинг баланд, сўзлаш сенинг дурафшон таъбингга хатмдир. Сўзларинг бошдан–оёқ равон бўлиб, сен сўз санъатининг паҳлавонидирсан. Тезкор қаламингнинг маҳоратидан шунчалик умидвормизки, агар у ёзаётган пайтида сўз равонлик билан келиб қолмай, ўзи билан бирга яна қанчадан қанча об–ҳаётни ҳам оқизиб келиб, ер юзини ҳаётбахш сув билан тўйдириб юборади", -дейди улуғ устоз Жомий шогирдининг ташрифи чоғида уни илҳомлантириб (Алишер Навоий. Садди Искандарий Т. Ғ.Ғулом номидаги НМБ. 1991 й. 810-813-б). Носир Муҳаммад “Анқони маҳрам қилдингиз” рисоласида Навоий ва Жомий муносабатларига қуйидагича таъриф беради: “Навоий Жомий ёрдамида ўзидан илгари ўтган тасаввуф шайхларининг машҳур асарлари билан танишади, махсус истилоҳат, рамз ва ишоратлар сирини ўрганади. Форсийда битилган асарларига ва тасаввуф пантеистик таълимоти сингдирилган “Лисон ут–тайр” достонига “Фоний” тахаллуси қўйилиши ҳам бежиз эмас. Фоний бўлиш, Ҳақ йўлида ўзлигидан кечиш – сўфийликнинг энг муҳим шартларидан бири…
Жомий айни пайтда Ҳусайн Бойқаронинг ҳам пири эди. Султон Ҳусайн давлат ишларидан бўш пайтларида Жомий ва Навоий билан ҳамсуҳбат бўлар, тасаввуф ғоялари – тенглик, инсонпарварлик, адолатпешалик илмидан сабоқ оларди. Бу унинг туркий тилдаги рангин ғазалларида ҳам ўз аксини топган. Айни пайтда, икки машҳур шахснинг обрў – эътибори Бойқаро давлатининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган”.
Энг қисқа вақт ичида
Буюк Жомийдан оқ фотиҳа олгач, Навоий ишга киришади, бошқалар ўттиз йиллаб ёзган “Хамса”ни у туркий тилда биринчи бўлиб икки йилда ёзиб тугатади. “Агарда ёзилган кунларни ҳисобласак, бу олти ойга тўғри келади”, – дейди Навоий. Алишер Навоийнинг маҳорати шундаки, у “Хамса” орқали туркий тилнинг бутун латофатию жозибасини намоён этди. ”Бу достонларнинг туркий тилида бўлиши янада ажойиб… Ёзганларинг ўзингга жуда яхши кўринади, чунки ўз сўзинг бўлгандан сўнг ёмон кўринармиди?” – дейилади “Садди Искандарий”да.
Навоий “Хамса” хотимасида (насрий баёни) достонларнинг яратиш жараёнларида қуйидагича тасвирлайди: ”Хонамга келгач, қаламим учини созлаб сўз хазиналарини бирин-кетин тера бошладим. ”Ҳайрат” (Ҳайрат ул- аброр)га кўнглим қизиқиб, унга эл-улус ҳайратини уйғотдим. ”Фарҳод” (Фарҳод ва Ширин) ҳақида ўй суриб, тешавор уста бўлиб, тоғ текисладим. ”Мажнун” (Лайли ва Мажнун) афсонасини қаламга олиб, барча халқни жунун шайдосига айлантирдим. ”Сабъа” (Сабъаи сайёр)га таъбим яқин бўлиб, етти чархдан офарин эшитдим. Тилимга Искандар номини олиб, достон отини “Садди Искандарий” деб атадим”. Улуғ шоир “Хамса” ёзилган қоғозларни жузвдон(китоблар солиб юриладиган папка)га солиб, пиру комил Жомий олдига йўл олади.
“Битигайман ўттиз йилин ўттиз ой”
Улуғ мутафаккирлар узоқ йиллар мобайнида ёзган асарларни Навоийнинг қисқа муддатда ёза олиши, ўзига қатъий ишончи қуйидаги мисраларда яққол кўзга ташланади.
Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур,
Ки гар келса Рустам жавобин берур.
Рақам қилди фархунда “Шоҳномае”
Ки синди жавобида ҳар хомае…
Ани дерга бўлса қачон рағбатим,
Эрур онча Ҳақ лутфидин қувватим.
Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битгаймен ўттуз йилин ўттуз ой.
Ҳазрат Навоийнинг ўзига бўлган ишончи бежиз эмас. Бу албатта уни, юқорида таъкидлаганимиздек, Аллоҳ таоло доимо қўллаб турганидан далолатдир.
“Нега “Хамса” дейилади?”
Келинг, нега беш достоннинг “Хамса” деб аталишига жавоб изласак, “Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз “ал –Хамсату”, дейилади. Динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам – тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж – ўзига хос “Хамса” (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларини “Хамса” туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жавоблари бежиз эмас. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, “Хамса”нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда “Хамса”ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган оромгоҳга ўхшатади”( Буюк сиймолар, алломалар. М. Имомназаров Алишер Навоий. Т. А. Қодирий номидаги ХМН. 1996 й. 73 -74 –б).
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/sherhon-koraev/avlielar-avliesi-69918307/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.