Муҳаммад Юсуф ва Ғайбулла Ас-Салом
Шерхон Кораев
Ушбу рисолада халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида сўз боради.Шунингдек, рисолади шоирнинг қайнотаси, ўзбек таржимашунослик фани асосчиси Ғайбулло Ас-Саломнинг куёви билан самимий ва илиқ муносабатлари, ота-боладек яқинлик қаламга олинади.Ўйлаймизки, хотиралар, очерклар, суҳбатлар мажмуасидан иборат ушбу рисола китобхонларга манзур бўлади.
Шерхон Қораев
Муҳаммад Юсуф ва Ғайбулло Ас-Салом
“ЎЗБЕКНИ ЕР ТАНИР, ОСМОН ТАНИЙДИ…”
(сўзбоши ўрнида)
Ўтган асрнинг 70 – йилларида ўзбек шеърияти ўзининг янги пағонасига кўтарилган, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Азим Суюн, Ҳалима Худойбердиева каби истеъдодли ижодкорлар адабиёт майдонида жавлон ураётган, ўз истеъдодларини намоён этишаётган эди. Бундай жиддий “давра”га дадил кириб бориш, ўз овозига эга бўлиш осон иш эмасди. Аммо Муҳаммад Юсуф ўзининг бир қарашда оддий, халқона сатрлари билан бу “давра” дан муносиб ўрин эгаллай олди.
1991 йили Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Сенга интилдим” номли шеърий тўпламим чоп этилди.Ўша китобимга Муҳаммад Юсуф муҳаррирлик қилган, уни аввал шоир сифатида ардоқлаган, қадрлаган бўлсам, кейин нозиктаъб муҳаррир ва ажойиб инсон сифатида яқиндан билганман.
Ундаги ажойиб фазилатлар, хислатлар шеърларига кўчган.Мактаб даврида хотира дафтари тутмаган синфдошларни топиш қийин. Ана шу дафтарларда эса Муҳаммад Юсуфники бўлмаган шеърни учратиш мушкул.
Қўшиқчиликка алоқадор одам борки, барчаси Муҳаммад Юсуф ижодига доимий мурожаат қилиб келади.Ўзи буни жуда ёмон кўрса ҳам уни “қўшиқчи – шоир” сифатида таърифлашарди. Ҳозирги кунда “қўшиқчи – шоир” деганда фақат “бозор” учун ёзадиган, тўйларни “гуллатадиган” шоирлар тушунилади. Аммо ўз вақтида қўшиқнинг сифатини кўтарган шоир – Муҳаммад Юсуф эди.
Бугунги келиб, “қўшиқчи – шоир” номи унга ёпишмай қолди. У ШОИР эди, ШОИРлигича қолди…
Унинг дўстларидан бири, шоир Хуршид Даврон Муҳаммад Юсуф ҳақида шундай дейди:”Муҳаммаджон бу дунёдан кетгандан кейин янги Муҳаммад Юсуф яратишга уринишлар бўлди.Ундай катта юрак, катта қалб, покизалик бўлмагандан кейин унинг ўрнини эгаллаш жуда қийин бўлади. Унинг қолипида шеър ёзиш осон. У ясаб кетган қолипда нечта одам халқ шоири бўлди. Муҳаммаджоннинг шеърлари халқчил, тили ҳам содда ва ёқимли. Шунинг учун унинг шеърлари ўзбек шеъриятида ўзининг ўрнини бировга бериб қўймайди”.
Муҳаммад Юсуф шеърларида яқин тарихнинг энг оғриқли, дардли кунлари нафаси уфуриб туради:
Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун.
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам, деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.
Ёки ўзи адабиёт оламида донг таратиб улгурган, аммо онаизоридан хабар олишга ярамаган “ноқобил” фарзанднинг таволлосини эшитинг;
Оҳ, менинг ортимдан оввора онам,
Бир парча юраги минг пора онам.
Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,
Тошканни кўрмаган бечора онам,
Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,
Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..
Унинг шеърларидаги диққатни тортадиган яна бир жиҳат – ўзбекка хос ор, номус, ғурур бўй кўрсатиб туради. Хусусан, унинг “Ўзбек” шеърида буни яққол кўриш мумкин;
Сен пахта терардинг етти букилиб,
Пайкалингда эдинг, эй онажоним.
Ўзбекмисиз, дея ғалати кулиб,
Мендан сўраб қолди бир танноз хоним..
Саҳардан шомгача мўлтираб, кўзинг.
Кўрмай қолгунича чопдинг далангни,
Ўғирлик қилмасанг, айт ахир ўзинг,
Қандай боқаяпсан шунча болангни…
Бир боплай дедиму тилимни тийдим,
Майли, одам қуриб шунга сўз дейми.
Ўзбекни ер танир, Осмон танийди.
Таннозлар қаёқдан билсин ўзбекни!
Ҳа, Муҳаммад Юсуф ўзбекнинг ана шундай куюнчак ва ўктам шоири эди…
Исмоил ТЎХТАМИШЕВ, шоир
МУҚАДДИМА
Унда мен бола эдим. Аммо шоир Муҳаммад Юсуф билан танишиш орзусида яшардим. Газета, журнал ҳамда радио ва телевидениедаги шоирнинг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш билан ўқиб,эшитиб кўриб борардим. Омадни қарангки,ТошДУ( ҳозирги ЎзМУ) да ўқиган давримда Муҳаммад Юсуф билан кўришиш, учрашиш,суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман.Ўқишдан ажралмаган ҳолди газетада ишлаганим учунми , бу машҳур инсондан тез – тез интервью олишга тўғри келарди – да! Ё ишхонаси ё уйига қўнғироқ қилардим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига борганимда эса худди туғишган ака – укалардек суҳбатлашиб қолардик. Унинг интервьюси чиққан газетанинг ушбу сони эса матбуот дўконларида “яшин тезлигида” сотилиб кетарди. Чунки халқ бу одамларни чуқур тушунадиган, биладиган, англаб етадиган оддий, камтар ва камёб инсонга ва унинг ҳар бир сўзига муштоқ эди.
Шоир ”Хурсаной опа” шеърида “Кимда ғам кўп бўлса – у менинг онам!” дейди шартта танимаган,билмаган, кўрмаган инсонига қарата. Аммо у бу халқнинг ҳар бир вакилини ўзига яқин олади! Онам дейди, акам, укам, опам, синглим дейди у. Ҳамма ўзимники, бегонаси йўқ. Аслида ҳам шундай. Муҳаммад (с.а. в.) мусулмон – мусулмонга биродар, яъни қариндош деганлар. Шунинг учун бу диёрда ҳамма опа- сингил, ака – укадир.
Муҳаммад Юсуф ўзбекка шундай чиройли таъриф берадики, уни ҳар қандай одам тушуна етади: Албатта унинг қиёси йўқ,аммо меҳри бир дарё,кимга ўхшайди деб савол бериб юрманг, чунки бу дунёда унинг ўхшаши йўқ. Ўхшаса ўзига ўхшайди ўзбек. Унинг бу дунёда яшашдан мақсади битта; дунёда болам деб яшайди ўзбек. Ўзбек ҳаммага яхшилик тилайди, тинчлик ва омонлик тилайди, оламни яшнашини истайди, бирам болажону меҳмондўстки ,яқинлари уйида жам бўлса, тўшак етмаса тўнини тўшайди ўзбек.У шундай миллатки, – дейди шоир, – Ватан, Ватан деб кўкракка урмайди, чунки киндик қони тўкилган тупроқ унга шон,шараф. Бундан чиқди, бу миллатнинг Ватанга бўлган муҳаббати туғмадир. Ҳақиқатан,у керак бўлса бесўз бахш этади жон. Катта кетмасдан Ватанни фидойиларча севади, жону – жаҳоним деб билади. Дарҳақиқат ўзбек миллатига Муҳаммад Юсуфдан ўтказиб таърифу тавсиф бериш қийин.
Шоир миллатимизнинг жасур, мард ва эрка шоири эди. Унинг мардлиги шундаки, Ватанини бўйнига тумор қилиб олди, ”бўлар элнинг болалари бир – бирин дер, дея элни халқ бўлишга чорлади”, бутун умрини халқига, Ватанига бағишлади. Унинг эркалик билан айтган шеърлари эса одамларга суянч, таянч, умид ва руҳий кўтаринкилик бағишлади.
Билдимки ,баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга…
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.
Ваҳоланки, шоир ҳам умри давомида Ўзбекистонни ҳурмат қилганларни бошига кўтариб яшади. Аммо унинг тузини еб, тузлигига тупирганлардан нафратланди, сотқинларни кечирмади, бундай нобакор – кўрнамаклардан жирканди. Шоир Муҳаммад Юсуф инсон умрининг мазмуни, бахти – саодати, муваффақият манбаи – Ватанга хизмат қилишда, фидойиликда, унга садоқатда деб билди.
Тўзғийди тўнингдан
Тортган тўралар.
Кеча тузингни еб
Сотган тўралар.
Энди пушаймонда,
Туйник мўралар –
Мен сенинг
Ёнингдан
Жилмай севаман.
“– Муҳаммад ака, – деб савол бердим,– уйидаги суҳбатларимиздан бирида,– Қайси хонада ижод қиласиз.
–Эй, укам қизлар катта бўлавергач ижод учун жой танламай қоларкансан, чунки уларнинг ҳар бирига бир хона керак. Менга фарқи йўқ, шеъримни ошхонада бўлса ҳам ёзавераман, – деди у мийиғида кулиб”.
Унинг ҳар бир суҳбатида давлатимиз раҳбариятидан мамнунияти сезилиб турарди. Ҳа, бу юртда инсон азиз. Муҳаммад ака ҳаётлигида ҳам эъзозу – эхтиромга сазовор бўлди. Бугун ҳам унинг хотирасига Муҳтарам Юртбошимиз ва она халқимиз томонидан чексиз ҳурмат кўрсатилмоқда.
Мамлакатимизда Муҳаммад Юсуф номидаги жамғарма фаолият юритмоқда. Шоирнинг асарлари қайта – қайта нашр қилинаётир. Унинг вафотидан сўнг 2004 йилда 50 йиллиги нишонланди. Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ги қарори миллий адабиётга юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов “Муҳаммаджон ноёб истеъдод эгаси, одамларга меҳрибон, софдил, мард ва камтарин инсон эди” деб қайд этган эди. Саъдий Шерозий айтганидек, ”Шундай яшагилки, одамлар сенинг ўлганингга ишонмасин”. Албатта, Муҳаммад Юсуф ҳам худди Саъдий таъкидлагандек яшаб ўтди. Ундан яхши ном, беназир маънавий мерос ва ибратли ҳикоятлар қолди.
2014 йилда Ватан ва истиқлол куйчиси Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланди. Таълим даргоҳлари, корхона ва ташкилотлар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда, ҳарбий қисмларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган адабий учрашувлар, анжуманлар, маънавий – маърифий тадбирлар, адабиёт кунлари, кечалари ўтказилди. 25 апрель куни эса Тошкентда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган катта ижодий кеча, маърифий анжуман бўлиб ўтди.
24 – апрель куни Талимаржон шаҳрида ҳам ҳокимимиз Шуҳрат Норқобилов (Ҳозирда Нишон туман ҳокимининг ўринбосари) ташаббуси билан шоир Муҳаммад Юсуфнинг ижодига бағишланган назм ва наво кечаси тўпланганларда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов қарори билан шоирнинг олтмиш йиллиги нишонланиши баробарида, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. ”Шарқ” нашриёт – матбаа акциядорлик компаниясида шоирнинг “Сайланма” асарлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адиб” нашриётида “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” номли тўплам чоп этилди. Шоир таҳсил олган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида унинг ибратли фаолиятига бағишланган музей хонаси ташкил этилди.
Яна шуни айтиш жоизки, шоирнинг шеърлари турли хорижий тилларга таржима қилиниб, чоп этилмоқда. Шунингдек Ўзбекистон халқ шоири, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммад Юсуф яшаган пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Пушкин – Солор кўчасидаги 1 – уйда шоир хотирасига бағишлаб ёдгорлик лавҳа ўрнатилди.
2017 йилнинг 18 апрелида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Ушбу қарорда жумладан шундай дейилади;…Миллий боғни халқимиз,авваломбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида;
…5.Ўзбекистон Бадиий академияси тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда миллий адабиётимизнинг улкан намояндалари;
…Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш бўйича бир ой муддатда ижодий танлов эълон қилсин ва уни белгиланган тартибда ўтказсин”. Ушбу Қарорда Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун равишда Миллий боғда Адиблар хиёбони яхлит меъморий ансамблини барпо этиш кўзда тутилди ҳамда қисқа муддатда Ўзбекистон қаҳрамонлари Озод Шарафидиннов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг ҳайкаллари билан биргаликда шоир Муҳаммад Юсуфнинг ёдгорлик мажмуаси ҳам қад ростлади. Ушбу хиёбонда мавжуд 2007 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор, 2010 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек, 2013 йили Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова хотираларига бағишланган ёдгорлик мажмуалари қаторига кўчириб олиб келинган Ҳамид Олимжон, Ғофур Ғулом ва Зулфия ҳайкаллари қўшилди. Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тарихий қарори билан адиблар хиёбонининг барпо этилиши–миллий адабиётимизга юксак ҳурматнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Бугунги кунда Адиблар хиёбони ижодкорлар, умуман ёш авлод зиёрат қиладиган кўркам гўшалардан бирига айланган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрдаги Андижон вилояти сайловчилар вакиллари билан учрашувда ҳам Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни чуқур ҳурмат билан ёдга олди: “Андижоннинг яна бир фидойи фарзанди –Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг унинг оиласи, фарзандларидан хабардор бўлиш, шоирнинг юбилейлари, хотира тадбирларини ўтказиш бўйича шахсан менга (Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан) берган топшириқларини яхши эслайман”.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда миллий адабиётимиз фидойилари руҳини шод ва хотирасини обод қилиш йўлида шахсан бош-қош бўлаётгани, 2016 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги давлат миқёсида нишонлангани, Тошкентда Абдулла Қодирий, Наманганда Исҳоқхонтўра Ибрат, Фарғонада Эркин Воҳидов, Нукусда Иброҳим Юсупов, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева ва Андижонда Муҳаммад Юсуф ижод мактабларининг ташкил этилгани диққатга сазовордир. Бу эса ўз навбатда ғамхўр Юртбоши раҳнамолигида улуғ ижодкорларнинг муносиб издошлари, ёш Эркин Воҳидовлар, ёш Абдулла Ориповлар, ёш Муҳаммад Юсуфларнинг шакллантиришга киришилганидан дарак беради. Яъни Давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг 20 июлида Ядро физикаси институти залидаги учрашувда таъкидлаганидек, “Вилоятларга борганимизда, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Иброҳим Юсупов, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби ижодкорларга бағишланган катта – катта мактаблар очдик. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлардек ижодкорлар ўзидан – ўзи пайдо бўлмайди. Ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Уларни давлат тарбиялаши, саралаши, унга пул сарфлаши керак”.
Мухтасар қилиб айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди тугамайдиган сарчашмани эслатади. Бу маънавий сарчашмадан баҳраманд бўлган инсон, “Ватанни бўйнига тумор” қилиб юксак манзилларга интилади, ”Айланайин қора қошу кўзингдан – а, Ўзингдан қўймасин, халқим , ўзингдан – а”, – деб яшайди.
Ана шу қалбларга меҳр – муҳаббатни экиб, ундириб олувчи шеърлари билан шоир мангуликка дахлдордир. Ҳа, у халқимизнинг юрагида, ёдида абадий ва барҳаёт яшайверади.
“СОДДА ВА ХАЛҚОНА ТИЛ БИЛАН”
2013 йилнинг 27 декабр куни Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинганди. Ушбу Қарор таниқли шоирнинг миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасидаги хизматлари, ёрқин истеъдоди , бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолиятини инобатга олиб, 60 йиллиги муносабати билан қабул қилинганини эътироф этиш лозим.
Ушбу муҳим хужжатни ўқир эканман, Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотираларим хаёлимга қуйилиб кела бошлади. Талабаликни бежизга олтин давр дейишмайди, ЎзМУда ўқиган кезларим олий ўқув юртида Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Эркин Воҳидов, Озод Шарофиддинов, Ғайбулла ас – Салом, Усмон Азим, Азиз Қаюмов, Азим Суюн, Нажмиддин Комилов, Усмон Қучқор, Содирхон Эркинов, Иқбол Мирзо каби таниқли шоиру ёзувчилар,олиму мунаққидлар билан тез-тез учрашувлар бўлиб турарди. Ана шундай суҳбатлар талабалардаги мустақил дунёқарашнинг шаклланишига ва тафаккурининг ўсишига туртки бўларди.
Тошкентда дунё билган Чингиз Айтматов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов ҳамда халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Раиф Парфилар билан учрашганим ҳамда суҳбатлашганим кечагидек ёдимда.
“Марказий Осиё маданияти” халқаро газетасида устозимиз Анвар Жўрабоев хонадонида ёки мамлакатимиз ёзувчи-шоирларининг Наврўз байрами муносабати билан бўлиб ўтадиган учрашувларида эл билган машҳур ижодкорлар мулоқотида бўлиш бахтига муяссар бўлганим мамнуният бағишлайди.
Профессорлар Лазиз Қаюмов, Бегали Қосимов, Омунилла Мадаев,Улуғбек Долимов, Афтондил Эркиновлар томонидан ўтилган миллий адабиёт дарслари орқали онгу тафаккуримизга ўзбек адабиётига бўлган чексиз муҳаббат сингдириб борилганини ҳам айтмасам бўлмас.
Бугунги эсимда, бош муҳаррир Абдуқодир Ниёзов ташаббуси билан ташкил этилган ”Туркистон” газетаси қошидаги шеърият мактаби машғулотларидан бирида оддий ва камсуқум Муҳаммад Юсуф билан танишдим. Ўзбекистон халқ шоири шеърият гулшанига қадам қўяётган ёшларга ўз зарур маслаҳатлари ва керакли кўрсатмаларни берди .”Кўп ёзиш керак,зўр ёзиш керак” дерди у ёшларни ўз устида мунтазам ишлашга чорлаб. Албатта, кўп китоб ўқиш, изланиш ва тинимсиз машқлар қаламкашни том маънода шоир қилиб шакллантиради.
Муҳаммад Юсуф шеърият мактабида янги ёзган шеърларини чиройли қилиб ўқиб берарди. Шоир шеърлари содда ва халқоналиги билан каттаю кичикка бирдек тушунарли эди. Аммо унинг назми оддий туюлсада, ҳар бирида салмоқли фикр ва чуқур фалсафа мужассамлиги диққатга сазовордир.
Баланд шоҳда қизил олма
Пишган экан.
Узиб олиб қарасам қурт
Тушган экан
Мен олмани ирғитворсам
У дод солди:
Ташлаб кетар экан мени
Нега олди?!
Хўш, азиз ўқувчи нима тушундингиз? Шоир бу билан нима демоқчи? У ҳар бир қадамни етти ўлчаб бир босишни, яъни ҳаётий ҳақиқатни баланд, қўл етмас жойдаги қурт еган олма мисолида талқин қилаяпти. Оддий, аммо залворли мисол. Биз табиатан осилсак баланд дорга осиламиз, баланд шоҳдаги олма ёки бой – бадавлат хонадондаги қизалоқ кўзимизга чиройли кўринади. Аммо ҳақиқий гўзаллик – кўнгилнинг софлигида, аҳлоқ – одобда, шарму ҳаёда эканлиги хаёлимиздан кўтарилади-да!
Филология фанлари доктори Йўлдош Солижонов “Элнинг эрка шоири “ мақоласида ёзади; ”Бу машҳурликнинг ўзига хос сабаблари бор. Уларнинг биринчиси ва энг муҳими, шоир шеърларининг соддалиги ва самимийлигидир. Соддалик деганда жўнлик ва одмиликни тушунмаслик керак. Зеро , шеъриятда фикрни ўқувчига содда қилиб айта олиш поэтиканинг долзарб ва ҳеч эскирмайдиган масалаларидан биридир. М.Юсуф шеърларидаги соддалик биринчи галда танланган сўзларнинг халқона руҳида, мисраларнинг тиғизлигида, мазмуннинг тугалланганлигида, ўзбекча ибораларнинг янгилигида ва оҳори тўкилмаганлигида, оҳанг ранг – баранглиги ва рангларнинг тиниқлигида, фикрнинг барқарорлиги – ю, образларнинг қуюқлигида кўзга ташланади. У ҳар бир сўзга, деталга, образга самимият билан ёндошади ва унинг зиммасига залворли маъно юклайди. Аммо бу юк ўқувчини толиқтирмайди, негаки, фикрни ташиётган сўзлар ғоят енгил ва табиий жойлашади”.
“ХАЛҚ БЎЛ ЭЛИМ!”
Муҳаммад Юсуф 1954 йилнинг 26 апрелида Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Рус тили ва адабиёти институтида ўқиди. Шоир дастлаб “Китобсеварлар “жамияти, ”Тошкент оқшоми” газетаси, 1986 -1992 йилларда Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида ишлади. 1992 – 1995 йилларда “Ўзбекистон овози “ газетаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият олиб борди. 1995 – 1996 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида ўқиди.
Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеърлари 1976 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган. Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Эркин Воҳидов ёзганидек,”…Муҳаммаджон туғма истеъдод соҳиби эди. У бу истеъдодни ривожлантирди, ўзига талабчан эди. У пайтларда унинг шеъриятда тахаллуси йўқ. Муҳаммаджон Юсупов номи билан ижод қиларди. Мен “Ёшлик“ журналининг бош муҳаррири эдим. У вақтлар ёш шоирларнинг битта, таниқли шоирларнинг уч – тўрт шеърларига жой ажратардик. Муҳаммаджоннинг шеърлари бу қобиқни ёриб чиққан, унга бир саҳифа ажратгандик.
У жуда тез оғизга тушди. ”Тошкент оқшоми”, ”Ўзбекистон овози” газеталаридаги фаолияти эса уни бошқа оламга олиб кирди. Унинг танқидий йўналишдаги “луқмалари”, кичик – кичик қатралари, бир қатор мақолалари Мақсад Яхшиев номи билан газеталар саҳифаларида тез – тез кўзга ташланадиган бўлди. Сал кейинроқ у Муҳаммад Юсуф номи билан элга танилди”.
1989 – 1990 йилларда газеталар саҳифаларида шоир шеърларига тўлиқ саҳифалар ажратиларди. Чунки, бу шеърлар ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинар, шеърхон кўнглини ларзага соларди. Эсимда, 1990 йилда “Муштум” журналида босилган шоирнинг бир саҳифалик шеърларини қўшнилар билан қўлма қўл ўқиганимиз. Айни шу кунларда Охунжон Маъдалиев ижро этган “Туркман қиз“ қўшиғини каттадан кичиккача хиргойи қилгани. Чунки унинг барча шеъри бирдек кўнгилга оҳанграбо куйдек яқин, мафтункор эди – да!
Шоирнинг биринчи китоби – “Таниш тераклар” 1985 йилда чоп қилинган. Кейин “Булбулга бир гапим бор”, ”Илтижо”, ”Ҳалима энам аллалари”, ”Ишқ кемаси”, ”Кўнглимда бир ёр”, ”Бевафо кўп экан”, ”Ёлғончи ёр”, ”Эрка кийик”, ”Осмонимга олиб кетаман” каби ўнлаб тўпламлари нашр этилди ва тезда ўз ўқувчисини топди. Шеърият ихлосмандлари китоб дўконларидан шоирнинг янги чиққан китобини излай бошлашди, ”тандирдан эндигина узилган” шеърларни газеталарда берилишини кута бошлашди.
Муҳаммад Юсуф 1997 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёшлар масалалари бўйича раиснинг ўринбосари лавозимида ишлай бошлади. Шоир ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватларди. 1998 йилда биринчи президентимиз томонидан Муҳаммад Юсуфнинг истиқлол йилларида эришган юксак ижодий муваффақиятларини эътироф этган ҳолга унга “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди.
Бундан ташқари Биринчи Президентимиз ҳам шоир шеърларининг мухлиси бўлган. 1999 йилнинг 16 февралида Биринчи Президентимизга суъиқасд уюштирилганда, шоирнинг “Юртим деган Темурзодасин, Оллоҳ ўзи асрасин!” шеъри учун Ислом Каримов оинаи жаҳон орқали унга миннатдорчилик билдиргани ёдимда. Шоирнинг рафиқаси Назира Саломова ўзининг “Ҳамиша барҳаёт шоир” номли мақоласида ёзади: ”Муҳаммад Юсуф билан ҳамнафас яшаган йигирма икки йиллик умрим мобайнида унинг барча дарду қувончларига шерик бўлганман. Унинг энг буюк орзуси – ўз юрти , ўз халқининг озод ва обод бўлишини кўриш эди.
Муҳаммад ака қон тўкмай қўлга киритилган озодлик учун, бу йўлда чеккан машаққатли заҳматлари учун Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номини чексиз ҳурмат билан тилга оларди. Чунки халқнинг асл шоири учун халқ озодлиги ва юрт тинчлиги ҳар нарсадан устун эди”.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, Ватанпарвар ва адабиётсевар Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт ва шеъриятни қадрлаши бу жабҳага берилаётган юксак эътиборида намоён бўлмоқда.
Дарё бўлиб жўшгин энди завқи улуғ,
Байрамингда севинч кўз ёшингга қуллуқ,
Юртим деган жасур Юртбошингга қуллуқ,
Унга қанот бўлай десанг – халқ бўл,элим.
Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов (марҳум) хотирлайди: ”Шу ўринда ҳурматли (Биринчи) Президентимизнинг бу камсуқум шоирга шахсан эътиборини айтмай бўлмайди. Шоир Муҳаммад Юсуфга (Биринчи) Президент Ислом Каримовнинг меҳрлари бобомиз Улуғбек ҳақидаги қўшиқни эшитган пайтларидаёқ тушган эди. ”Халқ шоири” унвонини ҳам мамнуният билан унга ўзлари топширган эдилар”.
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар;
Мен дардимни кимга айтаман?…
ОРЗИҚИБ КУТИЛАДИГАН ШЕЪР
Муҳаммад Юсуф гапирганда, шуни айтиш лозимки, унинг ҳар бир сўзи юракдан отилиб чиқар, гўёки сўзга жон кирарди, Ватан ва ёр ишқи билан йўғрилган ҳар бир сатр қўшиққа айланиб кетарди. Хонандалар концертидаги ва анжуманлардаги чиқишларини йиғилганлар тўлқинланиб, уни гулдурос олқишлар билан қарши олишарди. Шоир давраларга файзу барака бағишларди. У ўқиган шеър дил торларини чертиб, ҳеч кимни бефарқ қолдирмасди. Концертлар назм ва наво кечасига айланиб кетарди. Таниқли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концертида ўқиган шеърларини эшитган “Истиқлол” санъат саройида йиғилганлардан қарсак чалмагани қолмаган эди, ҳисоби. Ургут шаҳрида ёзилган “Озода” номли шеърини оласизми, ёки “Туркман қизга” бағишланган сатрларини айтасизми, барча барчаси шеърият мухлислари қалбидан чуқур жой олганди. Чунки, у минглаб кишилар кўнглидаги дардни ифодалар, уни ҳис қила оларди – да. Шу ўринда таниқли адабиётшунос ва танқидчи Озод Шарафиддинов фикрини келтириб ўтмоқчиман; ”Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди.
Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзиладиганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг – чи? Қўлингиздан келмайди. Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатди, кулдирди, ўз оғушига тортиб олди”. Халқона оҳанглар ҳар бир кўнгилни жизиллатар, туғёнга келтирарди. У туркман қизни мадҳ этиш орқали ўз юртини қизларини иболи, ҳаёли, аҳлоқли ва одобли бўлишга чақирарди.
Айланаман, Шарқни кезиб айланаман,
Иболи бир ёр тополмай ўйланаман,
Ўз юртимнинг сулувлари тил уқмаса,
Узун кўйлак туркман қизга уйланаман.
Аслида туркман қиз бир баҳона, – дейди шоир “Содда Муҳаммадман…” номли шеърида, – сизлар тимсолингизда ўзбек момоларга хос латофатли ва хаёли Кумушбибиларни кўриш эди, халос.
Юртим сулувлари, сизга йўқ тараф,
Қошингизда ўсма юрса сирғалиб,
Узун сочингизни ўрсангиз тараб,
Боқса деган эдим, ой ҳам суқланиб.
ОНАМ ЙИҒЛАР ,ОНАМ У
Шоир билан мулоқотда бўлганингизда суҳбатига тўймасдингиз. Туғилган кунларидан бирида(1999 йил 26 апрель) дўстим Файзулло Эшқулов билан шоирнинг Дархондаги уйига бордик. Муҳаммад Юсуф ҳамишадагидек дўстлар, ёш-шоирлар даврасида эди. У ёшлардан ҳамиша ўз ёрдамини аямасди. Гапирса ҳам бўладиганини, дангалини айтар, ёзса ҳам айлантирмасдан гапнинг лўндасини битарди.
Унинг яхши кўрган қўшиқларидан бири Ғиёс Бойтоев ижросидаги “Онам у” қўшиғи эди. Шоир уйида ушбу қўшиқни такрор-такрор эшитар эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоевнинг хотирлашича, “Онам йиғлар…” қўшиғининг мусиқасини яратишда ҳам, қандай қилиб айтишимгача ўзи устида турган эди. Унинг ёзганлари кўпинча менинг овозимга мос келарди. Шеърлари халқона эди, оҳангини ўзи билан ёзарди”.Ушбу қўшиқни шоир ҳам, мухлис ҳам эшитиб чарчамасди.
Шу куни янгамиз Назира опа туғилган кун эмасми, ул бул пишириб, таваллуд оқшомига тайёргарлик кўрарди. Дўсту ёрлардан тинимсиз табрикномалар келиб турибди. Бир ёш йигит келиб, севимли шоирга Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясининг ўша пайтдаги раҳбари Нажмиддин Комиловнинг табрик хатини топширди. Таниқли бўлсада оддий инсонлигича қолган шоирнинг эса бундай эътибордан боши кўкка етди. Меҳмон кетгач, шоир яна ўзи яхши кўрган қўшиқни қайта – қайта эшитишга тушди, онасини соғинганини эса юз – кўзидан сездириб қўярди.
Тонар бўлса қўлимдаги тор, дунё,
Уч кун ўтмай унутгай дўст – ёр дунё,
Еру кўкни титратиб зор – зор, дунё –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у…
Онангиз ҳаёт бўлса бахтингиз, агарда орамизда бўлмаса, ўксинасиз, ҳар сонияда унинг қадри билинади, баъзан юрагингиз тўлиб кетади, интикиб соғинасиз. Мирза Карим ёзганидек, сочлари оқ, хаста бўлса ҳам орангизда онам бўлсайди, деб яшайсиз. Онангиз ўрнини эса ҳеч ким босолмайди, босган изларини кўзингизга тўтиё қилганингиз билан уни тополмайсиз. Нариги дунёдан ўзим шарбатини ичган ҳеч ким қайтиб келган эмас. Шоир айтмоқчи, вақт борида отни қамчиланг, ота-онангизни рози қилинг. Алишер Навоийнинг “Насойим ул – муҳаббат” асарида ёзилишича, “Исмоил Даббос дедиким, ҳаж нияти қилиб, борурда Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуруб хирқасин ямайдур эрди, салом қилдим ва ўлтурдум. Мендан сўрдиким, не ниятинг бор? Дедим: ҳаж ниятим бор. Деди: онанг бор? Дедим: бор. Деди: ёниб онанг мулозаматига бор…Мен эллик ҳаж қилибмен – бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасини сенга бердим, сен онинг кўнгли шодлигини менга бер!
Ҳеч нарса керакмас,
Болам, ҳеч дейсан,
Энди кеч дейсан-да,
Энди кеч дейсан.
Юзимни босаман
Муздай юзингга,
Онажон,
Зор қилиб кетма изингга!..
Ўлим олдида ҳам
Ғамимни ейсан.
Мен-чи, жим тақдирга
Кўнишимга боқ.
Ўзбек шеъриятида Муҳаммад Юсуфнинг ўз ўрни бор. Бу беназир шеъриятнинг умрбоқийдир. Шоир ижоди ҳақида гап кетар экан, унинг онасига, аҳли аёли ва қизларига бағишланган шеърларини кўплаб учратамиз. Айниқса,она – унинг шеъриятида етакчи мавзу. Таъкидлаш жоизки, Муҳаммад Юсуф шеърларида шоирнинг мунис ва меҳрибон оналарга, мушфиқ аёллар, умуман ўзбек хотин – қизларига бўлган юксак эхтироми намоён бўлади. Унинг ўткир қаламида ўтли сатрлар сизнинг дардингизни тараннум этгандек, гўё!
Гулдай кулиб юрмасмиди ўғлим деб,
Кўриб кўнглим тўлмасмиди ўғлим деб,
Онанг ўлса бўлмасмиди ўғлим деб,
Онам йиғлар, онам йиғлар онам у.
Дарҳақиқат, шоир айтганидек она бу дунёдаги энг меҳрибонимиз, энг яқин инсон ва энг жонкуяримиз. Барча нарсадан кўнглинг қолса, совуса, кўзларингга бу дунё қаронғу – тийра туюлганда, сенга юпанч бўлади ва ”агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам”, албатта у она бўлади, – дейди Муҳаммад Юсуф худди тақдирига битилган чизиқларни аввалдан ўқигандек.
2001 йил 31 июлида 47 ёшида шоир Элликқаълада вафот этганда, шундан сўнг унинг жасади ўз туғилиб ўсган Марҳаматга олиб кетилганда, фарзандининг жонсиз танасини кўрган онаизорнинг афтодаҳол аҳволини тасаввур қилиш қийин. Балки Энахон аянинг шоир ўғли ёзганидек, ”Онанг ўлса бўлмасмиди, ўғлим деб” қилган доду фарёди оламни титратгандир.. Ҳа, бу шафқатсиз, ”отадан олдин болани олган, дунё”, бераҳм ажал ҳеч ким билан маслаҳатлашмайди.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Муҳаммад Юсуфнинг волидаи муҳтарамасига ўз таъзияларини йўллаб, таскину тасалли берган эдилар, ўшанда. Шоир вафот этган пайтда “Марказий Осиё маданияти” халқаро газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлардим. Бу шум хабарни эшитишим билан ич – ичимдан менинг ҳам нимадир узилгандек бўлди. Наҳотки шундай бўлса, дердим ўзимга ўзим? Уни бир неча кун олдин Мустақиллик майдонида кўрган эдим. Энди эса орамизда йўқ. Барча матбуот нашрлари шоирнинг вафоти ҳақидаги мақолаларни эълон қила бошлади. Биз ҳам шоира Қутлибека Раҳимбоеванинг мақоласини “Шеърим битди. Хайр”( М. Юсуф сатри) сарлавҳаси билан газетага бериб юбордик. Устоз Анвар Жўрабоев(жойлари жаннатда бўлсин)нинг ўзи қўлимдаги шоирнинг китобидаги ушбу сатрни излаб топиб берди. Ҳа, ўзбек шеърияти оғир жудоликка учраганди, ўшанда. Бундай забардаст шоир бу дунёга бир келиб, миллионлаб мухлислар юрагини олиб кетди ва ўзи суйган, қадрлаган, ёниб куйлаган халқнинг қалбига самимий оҳанг бўлиб сингиб кетди. У талаффуз қилган ҳар бир сўз шеър эди, аслида. Муҳаммад Юсуфнинг охирги кунларида унинг ёнида бўлган Рустам Мусурмон шоир ҳаётининг сўнгги дамларини оддий тафсилотларигача айтиб берган эди, менга.
У Элликқаъла шаҳридаги маданият саройида мухлисларига шеър ўқиётиб ҳушидан кетади. Ўзига келгач эса шифокорлар унга ўрнидан турмай ётишни маслаҳат беришади. Бироқ шоир юришни ихтиёр этади. Аммо шундан сўнг …у иккинчи марта ўзини йўқотади ва бу ёруғ оламдан кўз юмади. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ёзади; ”…Сизнинг (Муҳаммад Юсуфнинг) вафотингиз ҳақида…эшитдим. Ичимда бир томирим чирсиллаб узилиб кетгандек бўлди. Қанчалар ғофилмиз.
–Ҳофизларнинг бир кунда сочи оқарди, – деб ёзди ўша кунлари эъзозли шоиримиз Маҳмуд Тоир. Мен бунга ишондим…Сафарингиз охирлаб келаётгани, неларнидир айтишга шошилаётганингизни қайдан билибмиз.
Тириклар шу, ҳар доим ёнидаги одамни ёнида мангу юради, деб ўйлайди шекилли.Ўзи ҳам мангу юрадигандай гўё…Фожиамиз ҳам шунда”.
Ўлсаму унутсанг мендай йигитни,
Ёғар йўлларингга афсус – андуҳим,
Оқ тулпордай миниб оппоқ булутни,
Уйингнинг устидан ўтади руҳим.
Шеърият аталмиш бу кўҳна оташгоҳда оловдан яралган сўз санъаткорлари ўз билгани айтади. ”Жами буюклар буюги, Жами бечоралар бечораси” қавмига мансуб Муҳаммад Юсуф бу гулханда вулқондек тўлғонган юраги билан бепоён дунёга сиғмаган бўлсада, мўъжаз ва ихчам баёзда мангуликка муҳрланди. Бунинг учун том – том китоблар эмас, балки “бир даста шеър” кифоя бўлди, халос.
БИСОТИНГДА “БАЙРАМ” СЎЗИ ЙЎҚ
Она бу ҳаётнинг гултожи. Она бор – кўнгил бус – бутун. Ота – онаси борлар – дунёдаги энг бой инсонлардир. Ота – она рози – Худо рози!
Етмиш юлдуз ёғилиб,
Ярим ойча бўлолмас.
Етти янга йиғилиб,
Битта она бўлолмас.
Она тирик эшикка
Ғурбат яқин йўлолмас,
Менинг эса, бағрим қон,
Вайронаман, Онажон.
Шоир халқона ифодалар билан шеърхон кўнглига йўл топади ва уни эгаллайди, керак бўлса ларзага солади.Чунки у тасвирлаган туйғу энди шеърхонникига айланади. У “сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми онам” деган бир мисрасида она – қалб қувончи эканлигини ифодалай олган. У ”Гарчи бисотингда “байрам “ сўзи йўқ”…Сенга на гул бердим, на ширин калом” дея ўз ўқувчисини онаизорлар қадрига етишга, ҳолидан хабар олишга чақирган бўлса, не ажаб! ”Дейсан: олисларда омон юрсанг бас, Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас”. Албатта,дийдор ғанимат.Бу беш кунлик дунёда ота – она розичилигини олишга нима етсин!
Соғинч ҳақда шеърлар
Ёздим ўзимча,
Мендан – пешонангда
Доғлар тизимча.
Ўғлинг бўлмай ўлай,
Аттанг, минг аттанг,
Қиз туғсанг нетарди,
Кўпроқ қиз туғсанг!..
Тиргак бўлолмадим
Битта қизингча,
Уялмай шоирман
Дейишимга боқ.
Шоир она образи орқали волида ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни бутун бўй – бастилигича кўрсата олади. ”Йўл қараб бўлдими, жигаргинанг қон”, ”сен мени яратдинг ,сени тугатдим”, ”Сен сўлиб, Мен яшнаб тўлишимга боқ” дея шеърият ихлосмандларини тириклик фурсатини бой бермасдан оёғи остида жаннат бўлмиш – Онанинг розичилигини олишга даъват этади. Ҳа, Пайғамбар (с.а.в.) ҳам, дунёнинг улуғ мутафаккирлари ҳам ота – она хизматида бўлишга, уларни эъзозлашга чақиришган. Уларнинг дуоси сизни бало – қазодан асрайди. Муҳаммад Юсуфни ҳам она дуоси бир умр қўллаган бўлса, не ажаб. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда унга ким қўшни бўлишини билдиришини сўраб, ёлворибди.
Бир куни шундай нидо келибди;
–-Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади…
Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қайси яхши амали учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқибди. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топди. Қассоб Ҳазрати Мусони ҳақ пайғамбар эканини билган, иймон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун уни танимади. Кечқурун қассоб Ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон ёзди. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мажоли йўқ, қариб қартайиб қолган кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек, уни едирди, ичирди ва яна замбилга қўйиб оҳиста деворга осди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Кекса кампирнинг нима деганини тушунолмаган Мусо алайҳиссалом саволомуз қассобга боқди:
–Ўғлим,бу кампир киминг бўлади?
Қассоб мусофирга жавоб берди:
–Бу аёл менинг онам бўладилар. Ўтириб – туришга, овқат ейишга сира ҳоли йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман, тозалигига қараб парваришлайман. Қўлимдан келгунича кўнглини олишга интиламан.
Мусо алайҳиссалом:
–Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нима деди?
Қассоб деди:
–Эй Тангрим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Ҳазрати Мусога қўшни қил.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/sherhon-koraev/mukh-ammad-usuf-va-g-aybulla-as-salom-69918301/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.