Бўрилар изидан

Бўрилар изидан
Хусанбой Каримов
Азиз китобхон, "Изтироб титроқлари", "Чўққидан оққан кўз ёшлар", "Бургут чангалида", "Жаҳолат", "Ажал ўйини" каби романлар муаллифи Хусанбой Каримов ўзининг олтинчи детектив асари "Бўрилар изидан" номли романини эътиборингизга ҳавола қилаётир.Истиқлолимизнинг алғов-далғовли илк йиллари тасвирланган ушбу асар иштирокчилари Бўта, Талаб ва уларнинг шопирлари бўрисифат вахшийлар. Роман қахрамони Рахмонали эса она-Ватанига, халқига содиқ. У қаерда ва қай вазиятда бўлмасин, ҳамиша эрк ва мустақиллигимиз учун фидойиларча курашади.Асарни ҳаяжонланиб ўқиётгани асносида, китобхон кўнглида хам мардлик ва жасорат туйғулари мавж уриши шубҳасиздир.

Ҳусанбой Каримов
Бўрилар изидан: детектив роман

УШБУ КИТОБ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 27 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНАДИ



ТАРИХСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ
Таниқли ёзувчи Ҳусанбой Каримов ўтган йиллар давомида “Изтироб титроқлари”, “Чўққидан оққан кўз ёшлар”, “Бургут чангалида”, “Жаҳолат”, “Ажал ўйини” каби романлари билан китобхонлар эътиборига тушган эди.
Бу гал ёзувчи янги романи – “Бўрилар изидан” номли асарини ёзиб тугатди ва ўқувчилар ҳукмига ҳавола этмоқда. Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ўз вақтида: “Мозийга кайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, дея лутф этганида, ниҳоятда ҳақ эдилар.
Ёзувчи Ҳусанбой Каримовнинг янги асари яқин кунларимиз – ўтган асрнинг 90 – йиллари атрофида – Ўзбекистон давлати ўз мустақиллиги арафасида ва ундан кейинги илк йиллар тарихи ҳақида сўзлар экан, асарни ўқиган ёши улуғ китобхонларнинг ёдига ўша кунлар тушса, ажаб эмас. Чунки, романда тилга олинган кўплаб воқеалар, ҳодисалар ва ҳатто, тасвирланган инсонлар хақида китобхон ўқиганида ўша кунларни эсламай иложи йўқ. Ҳатто, китобдаги баъзи бир воқеаларни олдин эшитгандек ёки кўргандек бўлиши, асардаги қаҳрамонларни кимларгадир ўхшатиши ҳам мумкин. Ўтган XX асрнинг сўнгги йилларида юртимизда рўй берган воқеа-ҳодисалар тўғрисида бадиий ёки илмий асар ёзилар экан, реал воқеликлар асосига қурилган, юртимизнинг истиқлолга эришган илк йилларида мамлакатдаги воқеалар тўғрисида вақти келиб қайсидир олим илмий мақола ёки рисола битаётганида, ушбу асарга бемалол таяниши мумкин бўлади.
Албатта, асарда бадиийлик бор, каҳрамонларнинг характерлари мумкин қадар очиб берилган. Айниқса, бош қаҳрамон миллий хавфсизлик хизматининг ёш ходими Раҳмоналининг тимсолида Ватанга садоқат, халқига ҳурмат, эътиқодни кўрамиз. Юрти, эли учун тош келса кемириб, сув келса симириб, бўрига айланган ёвуз ниятли кишилар ичида ўзини бўридек тутиши ва пировардида нияти пок, кўнгли тоза бўлганлиги учун ҳам ғалаба нашидасини суриши бугунги ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Бўта, Талаб исмли юртфурушлар, Бобурхон, Ҳуснигул Ҳасанова, Зиё Маҳмуд ва бошқа салбий қаҳрамонлар орқали эса 90-йиллардаги Наманган, Марғилон шаҳарларини, ўша йиллари юз берганга ўхшаш турли воқеалар гувоҳи бўламиз.
Роман воқеалари шундай изчиллик билан қурилганки, асарнинг ҳар бир варағини, сатрини ўқиётганингизда кўз олдингиздан ўтаётган воқеалар, ҳодисалар худди кинофильмни кўраётгандек тасаввур уйғотади.
Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари зиммасига жуда катта масъулият юкланган ва улар ушбу вазифаларини шараф билан адо этмоқдалар. Шу боисдан ҳам мустақиллик йилларида сизу биз тинчомон, хотиржам ишга, ўқишга бормокдамиз, тадбиркорлик, ишбилармонлик билан шуғулланмоқдамиз, тўкис ҳаёт кечирмоқдамиз. Бундай тинчликни қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашимиз керак. Мана шу маъномазмун асар моҳиятига сингдириб юборилган.
Ҳеч шубҳа йўқки, бу асар минг-минглаб адабиёт ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланиб қолади.

    Й. РАҲИМОВ,
    юридик фанлар доктори.

БЎРИЛАР ИЗИДАН
… Бўрилар галалашиб чопаяпти. Ҳаммаёқни ачимсиқ тер ҳиди тутиб кетган. Чўзинчоқ, ўткир тишли жағлари орасидан бир қарич тиллари осилиб тушган бўрилар даврасида ўзи ҳам бор. Аммо унинг ўзи ҳам бўрилар кабими ё одамми – англолмайди. Бир вақт, шундоқ ёнгинасида тўдабоши – она бўри, унга совуқ йилтираган кўзларини ўқдек қадади…
Раҳмонали чўчиб кўзларини очди. Пешонасини муздек тер қоплабди. Терларини кафти билан артди. Ним қоронғу хонага аланглади. Ёнверида кўрпаларга ўраниб, ухлаб ётган одамларга кўзи тушгач, қаерда ётганлигини англади. «Тавба, тушимга бўриям кирадими-я? Ҳеч қутулолмадим-да, шу тушдан. Ҳар сафар бўрилар…» Одатича, хаёлига келган ўйларни ичида такрорлашга ўрганган Раҳмонали қаддини кўтарди. Хона ичи бадбўй ҳидга тўлиб кетган эди, димоғига гуп этиб урилди. Кўнгли беҳузур бўлди. Хона ним қоронғу, пастак, гуваладан тикланган уйнинг бир бурчагидаги эшик тепасидаги тор туйнукдан ташқаридаги тун ёруғлигининг оппоқ нурлари гўёки кумушранг соч толаларидек тарам-тарам бўлиб осилиб, ергача тушаётганга ўхшайди. Ё Аллоҳ, деди-ю, даст ўрнидан турди. Сўнгги вақтларда мутта сил баданига ёпишқоқ бир шилимшиқлик илашгандек ижирғаниб юрадиган бўлиб қолган Раҳмонали ўзи сезмаган ҳолда, ўша ёруғлиқ томонга юрди. Пешонасини иссиқ кафтлари билан яна бир бор артиб, оёқ яланг, оқ иштонда, ярим белигача яланғоч ҳолда, беўхшов тахтали эшикка рўбарў бўди. Аммо туйнукдан эшилиб-буралиб, ажиб жилваланиб тушаётган кумушранг нурларга икки кафтини тутди. Гўёки юзларини нурлар ила ювмоқчи бўлди. Нурли толалар кафтларига сингиб кетди… Дам ўтмай, бутун гавдасини даричадан тушаётган тўлин ойнинг шуълаларига ғарқ қилди…
Раҳмонали ушбу хатти-ҳаракати билан шуълаларга чўмилаётган руҳга ўхшаб кетди. Ва, у нурлар оғушида ажиб бир лаззатланишни туйди. Макон ва замонни, энг муҳими, вақтни тамомила унутиб, кўзларини юмганча, ҳеч нарсани ўйламай, ёруғлик нурлари бадан-баданларига сингаётганини ҳис этгиси келди. Аммо, ушбу ҳистуйғулари ташқаридан кираётган совуқ оқим таъсирида зим ғойиб бўлди. Совуқдан этлари жунжика бошлади. Юзларини ёруғликка тутди. Жилла бўлса ҳам юзларини нурлар ила ювмоқчи бўлди. У афғон диёрининг тоғлар бағридаги энг олис гўшасида оёқ-қўллари кишансиз бўлса-да, ўзи истаган томонларга боролмайдиган манқуртлар орасида эканлигини бирдамга унутмоқчи… Ногоҳ, хаёллари тўзғиб, қаердалиги ёдига тушдию кайфияти бузилди.
Ҳа, манқурт ким, нима эканлигини жуда яхши билади. Бир замонлар у манқурт ҳақида ўқиган. Ҳеч унутолмайди. Асарда тасвирланишича, қадим замонда икки қавм одамлари ўртасида уруш кечиб, бир қавмнинг аскар йигити бошқа бир қавмга асир бўлиб қолади. Ёш йигитнинг ким эканлигини ёдидан тамомила ўчириш, буюрилган ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажаришга мажбурлаш учун унинг оёқ-қўлларини занжирлаб, бошидаги сочларини таптақир қилиб олишади-да, терисини шилиб, ўрнига янги сўйилган туянинг терисидан тайёрланган махсус кийим бошни кийдириб қўйишади ва бош кийимни бошидан олишни қатъиян ман этишади. Вақт ўтган сайин бош кийим офтобда қуриган сайин, қаттиқ тортишиб, янги ўсиб чиқаётган сочлари бош кийимни ёриб чиқолмай, қайтиб бошга санчила бошлайди. Натижада, бошига қаттиқ танғиб боғланган бош кийимга ўзи тугул бошқа биров қўл теккизиши ҳам амримаҳол. Чунки бош кийимга қўл текизилса, ўсаётган сочлари бошига қаттиқ санчилиб, аёвсиз оғриқ беради. Ўша қавм асир олинган йигитларни шу тариқа манқуртга айлантириб, ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажарадиган қилиб қўяркан… Китобда тасвирланган ўша воқеаларни кўз олдига келтираётиб, бирдан юраги санчди. Кўз олди қоронғилашиб кетди. Яратгандан тезроқ манқуртлардан халос қилишини сўраб, ич-ичидан ёлвора бошлади ва кутилмаганда, соғинч ҳислари жунбишга келдими, кўз мижжаларидан иссиқ-иссиқ ёшлари қуйилиб келавердикелаверди…
Бир нафас шундай бехуд ҳолатга тушгач, ўзини тутди. Не мақсадларда бу ерларда юрганини ўйлаб, тетиклашди. Ахир, у манқурт эмас, фақат манқуртлар орасида, холос. Шуларни ўйларкан, эшикни ғийқиллатиб очиб, ташқарига чиқди. Бийдек даштликнинг ўртасида сўппайиб турган ёлғиз гувала уй остонасидан туриб, Раҳмонали кўкка боқди. Ой роса тўлишибди. Юлдузлар чарақлайди. Афғоннинг совуқ шамоли этларини баттар жунжиктирди. Қунишиб, яланг оёқларини тапиллатди. Ташқари изғиринли бўлса-да, ҳозирча хона ичига қай тиб киргиси йўқ, тез-тез нафратини қўзғатадиган, бироқ тишини-тишига қўйишига мажбур қиладиган ватангадо ҳамюртларининг орасида бўлишни хоҳламай, бирдам бўлса-да, танҳо қолгиси, бетизгин ўйлари қуршовида сайр этгиси келаётганди.
… Фарғонада нима қилишяпти экан? Ҳозир ярим тун. Балки, Фарғонада ҳам бирон ҳамшаҳари худди шу дақиқаларда ўзининг иссиқ, тинч, шинам уйидан ҳотиржам чиқиб, Раҳмонали каби осмондаги тўлин ойга тикилиб турганмикин? Бўлса бордир. Лекин фарғоналиклар бундай пайтда ширин уйқуда бўладилар. У-чи?.. Бироқ, у бўри эмас. Фақат бўрилар изидан тушган овчи. Ҳа, ҳа, у овчи! Тушида кўрганидек, бўриларга айланган ҳамюртлари билан ўзи хоҳламаган ҳолда, бўридек юришга мажбур. Унинг иши шунақа, пешонасида бор экан, Афғон деган юртга келиб ўтирибди. Асли танлаган касбидан сира нолиган эмас, нолимайди ҳам. Ахир, шу ишни бошқа кимдир ҳам қиларди-да. Раҳмоналига ишонишибдики, у ўз юртига, Ўзбекистондагиларга керак, жуда-жуда керак…
У истамайгина ортига бурилди. Иссиқроқ кийиниб, анави лаънати уйдан ҳов нарига кетгиси, бирор харсанг устида ширин хаёллар сургиси, фақат ўзи биладиган, ўзигагина аён хотираларини яна бир ёдга олгиси келди.
Муштига аста йўталгач, эшик табақасини итарди. Яна эшик ғийтиллаб очилди. Ташқарининг совуқ ҳавоси ичкарига гув этиб ёпирилди. Бир тўда одам хонанинг икки томонида бир-бирларига оёқларини узатиб, кирчир кигизлар устидан тўшалган қалин кўрпа-тўшакларга бурканишиб, ухлаб ётишибди. Кимдир ёқимсиз хуррак тортади, яна кимдир жимгина ухлаётир, бошқаси ўликдек қотиб қолган… Турфа одамлар.
Раҳмонали аста юриб, ўз жойини топди. Эшик очиқ қолганди. У аста энгашиб, эгнига кирлаган яктагини кияётгандики, доимгидек ёнидаги тўшакда тунайдиган Бўта, кўзларини очиб, бошини хиёл кўтарган кўйи, саволомуз қаради.
– Тинчлик, ака, ухлайверинг… Ташқарига чиқмоқчиман, – деди Раҳмонали.
Бўта, тушундим, дегандек яна кўзларини юмиб, кўрпасини бошигача тортди.
Раҳмонали бирдам унга нафратомуз тикилиб қолди. Унда гоҳ-гоҳ шундай туйғу жўш уриб, Бўтани ё бўғиб ўлдириб қўйгиси, ёки шундоқ бўғзига пичоқ тортиб қўя қолгиси келади. Аммо ҳар гал ўзини босади, қўлини қонга ботиргиси келмайди. Топшириқда айтилганидек, Бўта ўз ажали билан ўлиши лозим. Бунга Раҳмонали гувоҳ бўлиши шарт.
Раҳмонали гўёки ухлаб ётган Бўтанинг башарасига туфлагандек тупурди. Сўнг шошмай, кийинди. Ним қоронғуликда ётар олдидан ёстиғи ёнига қўйган сигарети ва ўт олдиргичини топди. Кийиниб, ортига ўгирилганди, хона ичига очиқ эшик пастидан совуқ ҳаво кириб, дим, сассиқ ҳаво эса юқоридан ташқарига сузиб чиқаётганини сезди.
У сигаретидан бир донасини олиб, қуруқшаган лабларига қистирди ва ёққични чиқ этказиб ёқди. Оч қоринга оғзидаги сигаретининг тутунини босиб-босиб ичига тортди, мириқиб пуфлади. Раҳмоналининг гоҳида мияси шундан ҳузурланади. Шундай қилса, вужудининг ич-ичига сингиб кетган сассиқ ҳидлар тутунга қўшилиб чиқиб кетаётганга, улардан фориғ бўлаётганга ўхшайверади.
Ҳалигинда энтиктирган соғинч аралаш сирли хаёллари уни тарк этган, у энди ўзга ҳислар қуршовида эди. «Қачон кетади бу ерлардан? Эсон-омон Фарғонага, Тошкентга бора олармикин? Хотинини, икки боласини шундай соғиндики, таърифга сўз йўқ. Аммо хотини, фарзандлари борлигини ҳеч ким билмайди бу ерда. Афғондагилар учун у «детдом» боласи, бозор киссавури ва ниҳоят, тўдабоши Бўтанинг ўнг қўли.
Ёдида: ота-онаси кутилмаганда ажрашиб, онаси бошқа эрга тегиб кетгач, энди иккинчи синфда ўқиётган Раҳмоналини тоғаси Фарғонадаги болалар уйига топширворди. У ўша ерда ўн синфгача ўқиди. Ўқиди эмас, қип-қизил киссавур, чўнтаккесар бўлди. Аммо икки йиллик ҳарбий хизмат уни тамомила бошқача одам қилиб қўйди. Ҳарбийда у Узоқ Шарқдаги чегара қисмлардан бирига тушиб қолди. Тап тортмас, уришқоқлиги сабаб бўлдими ё унинг ҳақиқатдан ҳам болалар уйида тарбияланганими, аниқ билмайди, ҳарбий қисмнинг «особисти» Пётр Михайлович Конневнинг назарига тушди. Уч-тўрт бор суҳбатлашди. Рус тилида биноийдек сўзлаша оладиган Раҳмонали унга маъқул келди чоғи, бир куни: «Сени ўз юртинг Тошкентдаги бизни ўқишга юбораман. Ўша ерда яхши одам бўласан» деб қолди. Худо кўнглига солиб, рози бўлди. Ҳарбийдан йўлланма билан Тошкентга қайтди. Борадиган жойи, кутадиган одами йўқ эди, Тошкентда қолди. Пешонасида бор экан, ўша йили ёздаёқ Пётр Михайлович айтган Тошкентдаги ўқишга кирди. Ҳаш-паш дегунча тўрт йиллик ўқиши ҳам битди, КГБнинг Сурхондарёдаги бошқармасига ишга жўнатишди. Шу ерда ишлаб юрди. Кейинроқ совет замони талотўп бўлиб, омон-омон бўлиб кетди.
Эсида бор, кечқурун Термиздан зудлик билан пойтахтга самолётда учиб бориши керак бўлиб қолди. Нима сабабдан Тошкентга – республика Миллий хавфсизлик қўмитасига чақиришаётганини аниқ билмасди. Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасида, ҳали замон нотинч, ўзларича партия тузганлар, ҳокимиятга интилганлар, пинҳона жиноий гуруҳ тузиб, юртни талаётганларнинг куни туққан пайт эди. Қўмита биносининг эшиги ёнида Раҳмоналини ўзидан уч-тўрт ёш каттароқ, новча, келишган, одатдагидек идора ходимларига ўхшаб, эгнига қора кастюм-шим, оқ кўйлак кийиб, бўйнига қора галстук таққан йигит кутиб олди. Раҳмонали узатган гувоҳномани шошмай кўриб чиққач, эшик ёнидаги ҳарбий йигитга: “Мен билан” деб, гувоҳномасини рўйхатга олдиртириб, юқорига бошлади. Раҳмонали ҳайрон эди. Нега бу ерга чақиртиришди? Ахир, у тизимда ишлаётганига бор-йўғи уч йил бўлаётган бўлса?.. Тушунмаётганди. Аммо олдинда йўл бошлаб бораётган ходимдан сўраш ноқулай тугул, мумкин ҳам эмаслигини у жуда яхши биларди. Устига-устак, ходим Раҳмоналига ўзини таништирмади ҳам. Ходимнинг қиёфаси ўта жиддий бўлиб, одатдаги идора ходимларидан бири эди у.
Йўлак бўйлаб боришаркан, барча эшиклар ёпиқ, гоҳо бирон эшик кутилмаганда очилиб, чиқиб қолган ходим ҳам ўзини четга олиб, олдинда йўл бошлаб бораётган жиддий ходим билан аста саломлашиб қўяр, йўл берарди. Юриб-юриб, улар кенг-мўл бир қабулхонага киришди. Раҳмонали йўл бўйи бир жиҳатга эътибор қилган: бирон эшикда ёзув йўқ эди. Улар кирган қабулхона эшигида ҳам ёзувни кўрмади. Раҳмоналига ҳалиги жиддий ходим: “Кутиб туринг” деб, рўпарадаги эшикдан ичкарига кириб кетганидан сўнг, ҳақиқатдан ҳам улар кирган бу хона қабулхона эканлигига ақли етди. Аммо қайси бошлиқнинг қабулхонаси бу? Бунисини аниқ билмасди. Хонада эса Раҳмоналидан ўзга зот йўқ ҳам эди.
Ҳаммаси кечагидек ёдида: жиддий ходим беш минутдан зиёд вақт чамаси жимиб кетган эди ўшанда. Бир вақт, эшик очилиб, ҳалиги ходим кўринди ва очиқ эшик тутқичини тутганча: “Киринг”, деди. Раҳмонали янада каттароқ хонага кирди. Хонанинг учта деразаси бўлиб, қалин пардалар билан қопланган, хона ичи ёп-ёруғ, шифтда бирваракайига иккита қандил чироқлари нур сочаяпти. Оёқ остида қип-қизил қалин гилам. Тўрда эса стол ва унга туташ “т” шаклли стол ортидаги креслода сочларига оқ оралаган, ялангбош, эгнида генерал-лейтенант погонлари қадалган кителли, эллик ёшдан ошган одам янада жиддий ҳолатда унга жим қараб ўтирарди. Раҳмонали хонага киргач, бир зум тўхтаб, чор-атрофдаги жиҳозларни зумда билиб олди. Ортдан эшикни ёпган ҳалиги жиддий йигит, тек қотган Раҳмоналини енгилгина туртиб қўйди. Ана ўшандагина саломлашиш зарурлигини англади ва: “Мумкинми? – деб, ортидан: – Катта лейтенант Раҳмонали Саломов буйруғингизга биноан етиб келди”, деди дадиллик билан. Генерал-лейтенант аста ўрнидан турди ва стол ортидан гиламнинг очиқ майдонига шахдам қадам билан чиқди. Генерал-лейтенант анчайин бўйдор, барваста экан.
– Биз излаган, кутган йигит шуми? – Ногоҳ генерал-лейтенант Раҳмоналининг ёнида тик турган ҳалиги жиддий йигитга савол билан мурожаат этди.
– Худди шундай, ўртоқ генерал-лейтенант! – деб жавоб берди ғоз қотган ходим, Раҳмоналининг ёнида туриб.
– Қани, буёққа ўтир-чи, – деди генерал-лейтенант, Раҳмоналига стулни кўрсатиб.
Аммо айни дақиқаларгача ҳамон Раҳмонали сира тушунмаётганди: қўмитанинг генерал-лейтенантини Сур хондарё вилоятининг бошқармасида ишлаб юрган оддий бир ходими билан қандай гапи бўлиши мумкин? Кейин, қолаверса, бу одам қайси даражадаги бошлиқ? Шулар хаёлидан кечаркан, бирдан тобора терлаётганини сезди.
– Мансуржон! – деди генерал-лейтенант, рўпарасидаги стулни ўтириш учун ўзига ўнгларкан. – Сен бизга, ўзингга ҳам қўшиб учта идишда аччиқ кофе тайёрлаб келгин. Унгача биз сурхондарёлик бўз йигит билан ўтириб суҳбатни бошлайверамиз…
Хонада кондиционер бир маромда майин ҳуриллаб ишлаб турарди.
– “Сен” деб мурожаат этсам бўлаверадими? – деб сўради генерал-лейтенант, Мансуржон исмли ходими чиқиб кетгач.
– Бемалол, – деди Раҳмонали, зўрға тили калимага келиб.
– Ўзи шунақа бўлади, ходимлар бошлиқларни ҳузурига кирганларида доим терга ботишади, – дея кулди оқсариқдан келган лўппи юзли генерал-лейтенант, Раҳмонали терлаётганидан хижолатда қолаётганини кўриб, икки ўртадаги тарангликни юмшатмоқ ниятида. – Биздаям шундай ҳолат бўп туради… Сен, ука, бемалол, хотиржамлик билан ўтиравер. Суҳбатимиз анча жиддий ва анча узоқ чўзилади. Шунинг учун рўмолчангни олиб, тортинмай юзкўзларингни яхшилаб артиб ол.
Генерал-лейтенантнинг гапидан дадилланган Раҳмонали чўнтагидан шошилмай рўмолчасини чиқариб, юзкўзларини, бўйнини артди ва стол устига яна ўшандай тахлаб қўйди.
Генерал-лейтенант Раҳмоналининг ҳаракатларини индамай, зимдан кузатиб ўтирди ва сўнг яна гапида давом этди:
– Сен келгунингча сен ҳақингдаги барча маълумотлар билан танишиб чиқдим. “Ота-онанг ажрашгани… Болалар уйи… Армия… Уйланганинг, икки боланг борлиги… Ҳамма-ҳаммасини биламан. Хуллас, ҳозирги вақтда сенга ўхшаган садоқатли, ақл-ҳушли, юрти, халқи учун, керак бўлса, жонини берадиган йигитлар керак бизга. Кўриб турибсан, юрт мустақил бўлибдики, ҳаммаёқда талотўп. Тошкентни ўзидаям анча таранглик бор. Айниқса, ёшлар, студентлар шаҳарчасидаги тўполонларни эшитгандирсан?.. Генерал-лейтенант шундай деб, Раҳмоналининг юз-кўзларига жиддий тикилди.
– Эшитдим, – деб жавоб берди Раҳмонали, ўзини анчайин сипо, хотиржам тутишга уриниб.
– Биламан, бу ерга кела-келгунингча: “Мени нима сабабдан чақиришди экан?” деб ўйлаб келгансан. Бунисини тушунаман. Аммо ҳозир сени ёрдаминг биз учун ниҳоятда зарур бўлиб турибди. Куни кеча Президентимиз ҳузурида бўлиб, мамлакатдаги вазиятни чуқур, атрофлича таҳлил қилдик. Бир қатор қарорларга келдик. Шулардан бири, Наманган шаҳридаги вазият масаласида. Балки, эшитгандирсан ёки йўқ, у ерда Талаб, Бўта деганлари халқни бошини айлантириб, атрофига ёшларни тўплаб, тўполон чиқариш ҳаракатини қилиб юришибди. Уларнинг бу ишига ташқаридан ҳам одамлар аралашган, деган маълумотлар бор бизда. Агар тўғри тушунсанг, қачонки бирон юрт қулликдан чиқиб, мустақилликни эълон қилмоқчи бўлса, ўша ерда Талаб, Бўтага ўхшаш муртадлар топилиб, юртни, халқни бошқа йўлга бошлаб кетишга чоғланишади. Бу табиий ҳол. Бизнинг вазифамиз эса халқнинг тинчлигини, юртни яхлитлигини сақлашдан иборат…
Айни ўша маҳал эшик очилиб, ялтироқ патнисда учта кофе қуйилган идишларни кўтарган кўйи, Мансуржон кириб келди.
– Мана бу ишинг жуда яхши бўлди, Мансуржон. Қани, сен ҳам бизни қаторга ўтир, – деди генерал-лейтенант кулимсиб. – Раҳмонали билан суҳбатимиз энди-энди қовушгандек бўлаётганди. Кофе суҳбатга жон бағишлайди.
Генерал-лейтенантнинг бу гапини эшитган Мансуржон кофеларни тарқатиб бўлиб, Раҳмоналига қараб сирли илжайди. “Сен ҳам куларкансан-у!” деб юборишдан Раҳмонали ўзини аранг тўхтатди.
– Укамиз ҳамон ҳаяжонини босолмаяпти. Чунки, гапни индоллосини билолмаяпти-да! – деб кулди генерал-лейтенант, қайноқ кофени ҳўпларкан. Унинг ушбу хатти-ҳаракатидан, суҳбатни энди сен давом эттир, деган маъно бордек эди.
– Биз Азимжон Умарович билан кечадан буён маслаҳатлашиб, тизимимизда меҳнат қилаётган бир қатор кадрларимизни муфасссал ўрганиб чиқдик. Уларнинг орасидан фақат сизни маъқул топдик. Ҳозир шундай вазиятки, Наманган шаҳрида бошбошдоқликни келтириб чиқараётган Бўта билан Талабни ёнида бўлиш, уларнинг режа, ҳаракатларидан олдиндан хабар топиб, хабарлашиб туришимиз учун сиздек ходим керак. Сизнинг таржимаи ҳолингиз ҳар томондан мос келаяпти.
Шундагина Раҳмоналининг миясига ярқ этиб бир нарса урилдики, асл муддаони англагач, кўзлари чақнади ва одатига биноан, ўнг кафти билан жағини, сўнг юзини силаб қўйди.
Генерал-лейтенант Азим Умарович Раҳмоналидаги ҳар бир ўзгариш, хатти-ҳаракатни синчковлик билан кузатаётган эди. Йигитнинг икки кўзи ёниб, кўкси бир қалқиганини ҳам илғади ва “розилик” белгиси деб қабул қилди.
– Бир савол берсам майлими? – деб сўради Раҳмонали, ўзини анча хотиржам тутиб.
– Майли, сўра, – деди Азим Умарович.
– Мени-ку яхши билар экансизлар, бироқ мени ким чақиргани, кимлар билан суҳбатлашиб ўтирганимни, рости, ҳалигача билганим йўқ… Шу савол?..
Бирдан генерал-лейтенант Азим Умарович қаҳ-қаҳ отиб кулди. Унинг кулгуси Мансуржонга ҳам юқди: у кафти билан оғзини тўсиб, кула бошлади.
– Зийраклигингга қойилман, лейтенант, – деди Азим Умарович, кўзёшларини кафт билан артаётиб. – Мен сендан ҳалитдан буён айнан шу саволни кутаётгандим. Хўп, мен ўзимни таништирай, республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари, кўриб турганингдек, генерал-лейтенант погонини тақиб олган Азим Умарович Умаров бўламан. Ёнимиздаги бу йигит эса подполковник Мансуржон Холиқов бўлади. Кечадан бошлаб янги бўлим – диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бошқармасининг бошлиғи. Менинг ваколатимга шу бўлимни ҳам назорат қилиш киради. Сен бориб қўшилишинг керак бўлганлар эса айнан диний экстремистлар, террористлар! “Болалар уйи”да ўзлаштирган чапанилигинг, Фарғона шаҳридаги эски танишларинг сени Наманганга улар томонидан бериладиган яхши тавсиялар асосида ғолибона кириб боришингни таъминлайди, деган ишончдамиз. Хўш, гапни индаллосини энди тушундингми, розимисан?
– Розиман, албатта!.. – деди Раҳмонали, ўктам оҳангда.
– Мана бу ҳақиқий ватанпарварнинг гапи бўлди! – деди генерал-лейтенант Азим Умарович, столга кафтини шап этказиб уриб. – Аммо билиб қўй, бу миссия анча узоқ чўзилиши мумкин. Уларнинг оғзи қон бўрилар галаси деб тасаввур этгинки, бўрилар орасида юрганлигингни сира ёдингдан чиқарма, ҳушёрликни йўқотма. Шунингдек, биз доимо сени назорат қиламиз. Имкон даражасида сенга зиён-заҳмат етмайди. Иншооллоҳ, бунга куч-қудратимиз етади. Вақтики келиб, ҳаммаси қонун олдида жавоб беради, жавоб беришга мажбурлар… Хўш, Мансуржон, сен Раҳмонали барча вазиятдан хабардор бўлиши учун мавжуд материаллар билан таништир. Йўл-йўриқ, кўрсатмаларни бер. Индинга эрталаб Раҳмонали тайёр бўлиши керак. Лекин бу ҳаракатимиз қаттиқ сир сақланиши лозимлигини унутма! Қўмита биносидан тез чиқиб, консператив квартирага бориб, жиддий шуғулланинглар…
Раҳмонали мундоқ ўйлаб қараса, қўмита раисининг ўринбосари, генерал-лейтенант Азим Умаровичнинг хонасида Мансуржон кофедан сўнг пешма-пеш дамлаб келган пахта гулли чойнакдан ҳам уч киши шошилмай, қайноқ-қайноқ чой ичиб қўйишибди.
– … Шунақа гаплар, ука. Роса режалаб кўрдик, сен биз айтган ишга ҳар томонлама мос кадрсан. Ўзбекистон мустақил давлат бўлиш арафасида, вақтлар келар, ҳозир бошлаётган ишимиз шу юрт тинчлигини сақлаб қолишда жудаям асқотади. Бугун олчоқлик қилаётган бир ҳовуч кимсалар қаерда бўлмасин, уларнинг қандай ишлар билан шуғулланаётганини, нималарни режалаштираётганини биз бу ерда аниқ-тиниқ билиб туришимиз ва шунга яраша кескин чоралар қўллашимиз керак. Юрт, эл тинчлиги шуни талаб қилади.
Биз ҳозирдан сенга аниқ айтолмаймиз, тақдир сени қаерларга олиб бориб ташлайди? Лекин шуни аниқ билки, Ўзбекистон давлати сени ёлғизлатиб қўймайди. Қаерда, ким билан қанча бирга бўлма, сени суянчиғинг бизмиз. Фақат ҳозир тузган режамизни аниқ, пишиқ-пухта қилиб бажариб берсанг бўлди… Ҳа, айтгандек, хотининг билан болаларингдан асло хавотир олма. Уларни тез орада Тошкентга кўчириб олиб келамиз. Уй, иш, таъминоти, хавфсизлиги бизнинг зиммамизда. Рафиқангга сени ўта муҳим топшириқ билан муддатсиз командировкага кетганлигингни ҳам тушунтириб қўямиз.
Бу – республика Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал-лейтенант Азим Умаровичнинг гап тамом, энди ишга қаттиқ кириш, дегани эди.
– Ишга қачон киришаман? – деб сўради Раҳмонали, генерал-лейтенант Азим Умаровичдан.
– Ишни бошладим, деб ҳисоблайвер. Эрталаб пул, бошқа паспорт қўлингда бўлади. Ёдингда тут, индинга тонгги рейс билан самолётда Тошкентга Москвадан учиб келган бўласан. Қўлингга билетларингни эртага Мансуржон… Мансуржон Раҳимов беради. Операциянинг боришини ҳам Мансуржон кузатиб, менга шахсан ахборот бериб туради. Боғланиш йўлларини билиб олдинг, а? Сену биз бошлаган иш ўта махфийлиги сабаб, бу сирдан сен, мен ва Мансуржон хабардор, холос. Сен билан Мансуржон орқали боғланиб тураман, топшириқларни ҳам ундан оласан. Бошқа тирик жон билмаслиги керак… Индинга эрталаб Фарғонада бўласан. Ундан уёғига Наманган… Ҳа, яна тўданинг ичига кириб олишингдаги энг катта қуролинг, ҳали айтганимдек, Фарғонадаги “Болалар уйи”да бирга тарбияланган ўртоқларинг. Уларнинг иккиси Наманганда Бўтанинг ёнида юришибди. Сен учун Бўтага яхшигина тавсиянома беришларига ишонаман, – Азим Умарович шундай деб, аста мийиғида маъноли кулиб қўйди. – Фарғонадаги Толик, яъни Толибни топиб, Наманганга бошлаб бор. Ундан уёғи сенинг талантингга боғлиқ. Ўқишда нималарни ўзлаштирган, ўзингга сингдирган бўлсанг, Сурхондарёдаги ишда орттирган тажрибаларинг қўл келишига ишонаман. Аммо, билиб қўй, бир оғиз ножўя гап, ноўрин хатти-ҳаракат сенинг ҳаётингга нуқта қўйиши, операцияни барбод қилиши мумкин. Сен энди бўри қиёфасига киришинг керак, ўғлим!
Ҳа, Раҳмонали, генерал-лейтенант Азим Умарович айтганидек, аллақачон бўри қиёфасига кирган эди.
* * *
Фарғона заминига самолёт трапидан тушганида, ўзига таниш ва ёқимли ҳаводан симириб енгил тортди Раҳмонали. Бардам қадамлар билан мўъжазгина аэропорт биноси томон одимлар экан, тонгги хушбўй ҳаво димоғига атиргуллар исидек хуш ёқар, тобора кучғайратга тўлиб бораётганини дақиқа сайин сезиб борарди. Ўзига таниш кўчага чиқиб, марказга элтувчи биринчи автобусга ирғиб чиқди. Автобус жойидан жилди. Ана, механика заводи, ундан сўнг стадион, манави йўл бўйида ДОСААФ мактаби… Раҳмонали автобус ойнасидан атрофга назар ташлар экан, хаёлан ўзи билган бино, иншоотларни бир-бир хаёлидан ўтказган кўйи, Оқ ариқ қишлоғи томондан оқиб келувчи ариқдан ўтганларидан сўнг, азим чинорлар савлат тўкиб турган шаҳар кўчасига кирганида, беихтиёр энтикди. Намхуш ҳаво юзкўзларини ёқимли силаётганди. Юраги хапқириб, таниш кўчага меҳр билан боқди. Йўлакларда одамлар уёқданбу ёққа ўтиб боришар, ҳаммаси ишга, ўқишга шошар, автобус ҳар бир бекатда тўхтаб, кимлардир тушиб, кимлардир чиқаётганди. «Нурхон» кинотеатри рўпарасига боргунича, автобус йўловчиларга тамомила тирбанд бўлди. Йўловчилар Раҳмоналини ҳарёқдан сиқиб қўйишди. Аммо у парво қилмас, хурсанд эди. Ана, “Нурхон” кинотеатри, биринчи муштлашув, биринчи муҳаббати билан боғлиқ воқеалар!.. Ёшликдаги ўша кечмишларни эслаб, аста мийиғида кулимсиб қўйди. Ғўр бўлган экан. Бўлмаса, курсдош қизини етаклаб кино кўргани келган студент йигит билан ҳам муштлашадими? Йигитнинг ўртоқлари кўпайиб, аранг қочиб қутилган эди. Биринчи муҳаббати-чи? Бу шунчаки ўткинчи бир ҳавас эди, холос. Қизча, ҳаҳ, оти нимайди-я, Лола, кинотеатр ёнбошидаги «дом»да яшарди. Ўша «дом»нинг атрофидан кетолмайдиган бўлиб қолганди-да. Қизча тушмагур, энди билса, Раҳмоналини роса айлантирган экан…
Автобус шаҳар марказига етиб борганида, Тошкентдаёқ кўнглига тугиб қўйган бозор ёнидаги «Чимён» чойхонасига кириб, нонушта қилишни режалаб, ўша томонга юрди. Бозор томон кетган йўл эрталабдан тирбанд. Аксар қишлоқ одамлари турли томонлардан келиб тўхтаган автобуслардан туша солиб, гуррос-гуррос бозор томон шошилишмоқда. Кўпларининг қўлларида турли юк, тоғора дейсизми, қути, қоп…
Шифтларига бедана-қовоқлар осиғлиқ таниш чойхонага кирди. Шундоқ айвондаги сўрилардан бирига ўтирди. Хизматчи аёл келди. Чой буюргач, калла гўшти билан бир дона иссиқ, седанали нон келтирди. Ана кейин ўз хаёлларига ғарқ бўлиб, чамаси бир соатдан зиёд ўтирди. Тез-тез кафтлари билан бошини силай-силай, келгусидаги ишларини режалади. Толибни-ку топиши қийин эмас, бозорга шундоқ бир кириб чиқса, бас. Кис савур йигитларнинг ўзлари топиб беришади уни. Чунки, адашмаса, Фарғона бозорида ўралашиб юргувчи аксар киссавурларни Раҳмонали яхши танийди, Раҳмоналини ҳам улар яхши билишади. Ҳар тугул, эски «коллега»да. Шунақа хаёллар билан у хонтахта тепасидаги кирлаган патнисга бир сўмликни аста қўйиб, ўрнидан турди. Ички чўнтагидан бир дона қизил ўн сўмлик пулни ажратиб, шимининг ўнг чўнтагига пулнинг қизарган учини кўринар-кўринмас қилиб солиб қўйди.
Ана, у бозор оралаб юрибди. Билади, энг тиқилинч жойда бозор киссавурларидан бири сўзсиз унинг ўнг чўнтагига қўл солади. Раҳмонали атайин гавжум жойга қараб юрди ва ўртадан ўтиб бораётганида, ортидан келаётган кимдир чўнтагидаги ўн сўмликнинг учидан аста тортқилаётганини сезди-ю, шап этказиб ўғрининг қўлини ушлади. Тўғри қилган экан. Ўгирилиб қараганди, ўн беш ёш чамали ўспиринни кафтидаги пул билан маҳкам тутибди. Раҳмонали унга қараб жилжайди, ўспирин ҳам, ҳеч нарса бўлмагандек, ноилож тиржайди. Боланинг қўлини қўйиб юбормай, четга судради. Ўспирин кар-соқов экан. Ўнг қўлини Раҳмоналининг қўлидан суғириб олиш илинжида тортқилай-тортқилай, чап қўли билан нималарнидир имо-ишора қила бошлади. Раҳмонали парво қилмади.
– Толикни биласанми? – деб сўради унинг қўлини қўйиб юбормай, имо-ишора билан. – Менга Толикни топиб бер. Мана шу ўн сўм сеники бўлади. Тушундингми?
Ўспирин йигитча, нотаниш одамнинг лаб қимирлатишидан нима демоқчи эканини тушунди шекилли, қўйиб юборилган кафтидаги пулни ўз чўнтагига аста солар экан: «Нега керак?» дегандек саволомуз қаради.
– Толик менинг ўртоғим, билдингми? – деб жавоб берганидан сўнг эса ўғри бола бошини хиёл чайқаб, «юр» дегандек имлади ва олдинда чаққон бозор оралаб кетди.
Бозордан чиқишиб, тор кўчага киришди. Юз метрлар юрганларидан сўнг, ланг очиқ темир дарвоза ёнида ўспирин тўхтади ва ҳовлини имлаб кўрсатди. Раҳмонали ўғри боланинг елкасига аста кафти билан қоқиб, миннатдорлик билдириб қўйди.
Ҳовли тўрисидаги сўрида уч-тўрт киши ўтиришибди. Раҳмонали ўша томон дадил кириб бораверди. Чоғроқ сўрида ўтирганларнинг бири «детдом»даги ўртоғи Толиб эди. Аввалига ким экан бу келаётган, деб саволомуз тикилиб турганлар орасидан бирдан Толиб сапчиб ўрнидан турди ва: «Рома!» деб қийқирворди. Қолганлар ҳам ўринларидан туришди. Толиб оёқ кийимини ҳам киймай, пайпоқчан намиққан ерга ирғиб тушди ва қучоқларини ёзиб Раҳмонали томон юрди.
– Рома, бормисан оғайни? Қайси шамоллар учирди?
– Сенинг шамолинг, Толик, сени шамолинг! Фарғонани соғиндим ахир!.. – Икки ўртоқ қучоқлашиб кўришди. Қолганлар бир сафга тизилишди.
– Оғайнилар, бу – ўртоғим Рома, яъни Раҳмонали. Мен сизларга кўп гапирганман-у, ўша йигит!.. Вей сеней, қаерларда эдинг, қани ўтир. Болалар, дарров, а, ул-бул топиштиринглар? Бундақанги кун ҳар куни ҳам бўлавермайди ахир!.. Энг қадрдон оғайним келди-я!..
Эрталабки учрашув пивохўрликдан бошланиб, кечки пайт «Фарғона» ресторанида тугади.
Ярим тунда Толибнинг дабдабали квартирасига кириб боришди. Иккиси ҳам ширакайф эди. «Фарғона» ресторанидаги ўтиришда қизу йигитлар, бир сўз билан айтганда, Толиб томонидан 90-йиллар бошида «Фарғонанинг жиноят олами гуллари» билан серҳашам базми-жамшид уюштирилган эди.
Эрталаб Раҳмонали Толиб билан «Чимён» чойхонасига чой ичгани боришди. Раҳмоналининг мақсади битта: Толибдан шу бугунги вазиятни тўлиқ билиб олиш ва у орқали Наманганга йўл очишдан иборат эди. Эрталабки нонушта устида Раҳмонали гап мавзусини аста Наманган томонга бурди.
– Сен Москвада юриб, эшитмагандирсанам, Наманганда Талаб, Бўта деганлари чиқиб, роса алғов-далғов қилишяпти. Эсингда бўлса, асли наманганлик Учқун дегани борийди «детдом»имизда. Ҳозир у Бўтанинг ёнида юрибди. Наманганда киссавурларни бошлиғийди-ю, ўша Учқун… – Раҳмонали Учқун деганини эслай олмаса-да, «Ҳа, ҳа» деб бош ирғаб тураверди. – Яна биттаси бор, унисини танимайсан, «детдом»га кейин келган, оти Назир жинни, биздан ёш. Хуллас, Учқун билан Назир жинни Наманганда. Биз… – Толиб шундай деб, овозини хиёл паслади. – Оз-моз маблағ жўнатдик. Ким билади, охири нима бўлади. Эшитишимча, Талаб деганининг нияти катта. Тошкентдаги жойни эгаллаш!.. Учқун шундақа, деди. Бўта Талабнинг энг ишонган одами эмиш. Ҳозирча Фарғона, Наманган, Андижондагилар Бўтага салом бериб туришибди. Шунақа ишлар, оғайни…
– Оз-моз деганинг қанча? Пулни айтяпсанми? – ўсмоқчилади Раҳмонали.
– Ҳа-да, пул. Юз минг!.. Ахир, тўртта «Волга» беради бозорда бу пулга. Учқун келиб, йиғиштириб кетди. Биз ёрдам бердик. Фарғонани энг бой одамларидан йиғиштириб олдик. Айтишича, уларнинг режаси иш берса, биз ҳам четда қолмасмишмиз. Борини йиғиштириб бердик-ку. Нима қилайлик, оғайни. Замонасозлик.
Раҳмонали бош чайқади.
– Ўзинг нима қилмоқчисан энди? – деб сўради кутилмаганда Толиб.
– Менми? – Чайналди Раҳмонали. – Россияниям роса кездим. Ўтирибам чиқдим… Наманганга борсамми дейман…
– Наманганда нима бор? Мана, ўзимизнинг Фарғонамиз. Бир ойда уй олиб берамиз, хоҳласанг ҳовли, хоҳласанг «дом». Мазза қилиб юрамиз. Болалар хизматда. Ишни қилишяпти. Ҳар куни «доля» бор, сенам «доля»га ўтирасан. Қолмишига «разборчиклик» қилиб турамиз. Қарабсанки, уй, машина, хотин дегандек…
– Э-э, қўйсангчи! Мен, оғайни, каттароғини мўлжаллаяпман. Ўша Талаб ё Бўта дегани билан танишсам дейман.
– Талаб-ку қийин-ов, аммо Бўта билан таништириб қўйишади. Учқун сени яхши билади-ю! Хуллас, ўзинг биласан, оғайни… Аммо икки-уч кун сабр қилиб турасан. Яна Учқун келмоқчи. Берган пулимизни кўчага сочишяптими, билмадим, яна юз мингни бўйнимизга қўйишган…
Эртаси куни Раҳмоналини Толиб Марғилонга, шаҳар марказидаги “Оталар чойхонаси”га эргаштириб борди. Чойхона – марғилонлик бир гуруҳ Бобурхон исмли «разборчик» бошлиқ жиноятчилар макон қурган жой бўлиб чиқди.
Чойхона кимсасиз, битта сўрида беш йигит давра қуриб ўтиришарди. Суҳбат қисқа ва ниҳоятда тушунарли бўлди.
– Бобурхон, бугун кечгача 25 минг сўм пул топасан. Буйруқ шундақа бўлди, – деди дангал Толиб. Сўрида ястаниб ўтирган жинқарчадек ингичка, бўйи пастгина йигитча Бобурхон экан. Толибнинг бу гапини эшитган уч-тўрт девдек марғилонлик йигитлар ўрнидан турганди, Раҳмонали биттасини аста елкасидан пастга босди:
– Ўзингни бос, оғайни, биз сенга топишмоқ айтишгани келганимиз йўқ. Мен ўзим кеча Москвадан келдим. Айтилган гапни қилиш керак.
Қолганлар Раҳмоналига ҳайрат билан қарашди. Сўнг «Бу ким?» дегандек Толибга юзланишди. Толиб кулимсиди.
– Тўғри, Москвадан келди кеча. Эртага Наманганга кетяпти. Пулни олиб кетиши керак. Бобурхон, Марғилонга бор-йўғи 25 минг сўм чиқим тушяпти. Шу кунгача индаганимиз йўқ… – деганди, ўтирган кўйи, Бобурхоннинг ранги бўзрайди.
– Наманган билан бизни нима ишимиз бор? Биз ўзимизга хонмиз. Бу ерни Марғилон деб қўйиптилар. Бор, тошингни тер, десам, нима дейсан?
– Ўзингга қийин қиласан, ука. Ака-укачилигимиз ўз йўлига. Бу йигитларингам иш бермай қўяди. Прокурор акахонингу каратэчи аканг, пулдор, савдогар акахонларинг ўртага тушолмайди унда.
– Ўзингдан кетиб қоляпсан, Толик. Гапингни ўйлаб гапир. Гапингга отвечат қиласанми? – Бўғрисиди ранги қизаринқираган Бобурхон, бироз типирчилагандек бўлиб. Ёнидагилар ҳайрон эди, бир Толиб ва Раҳмоналига, бир ўтирганча бўғилаётган Бобурхонга қарашаётганди. – Нима қилиб ўтирибсизлар, жавобини бериб қўйинглар буларни! – Бирдан бақириб юборди, жунуни қўзиб Бобурхон.
Пиравордида иш шундай тугашини билиб турган Раҳмонали вақтни зое кетказмади. Ҳалигинда елкасидан босиб ўтқазиб қўйган йигитни кўксига ўхшатиб шундай тепдики, ўтирган сўрисидан ошиб, тўлиб оқаётган ариқ сувига шалоплаб тушди. Иккинчисининг башарасига мушт туширди, учинчисини ҳам тепиб, юмалатиб юборди. Уч йигит то кўз юмиб очгунча уч томонда ётиб қолди. Сўри ёнида икки қўлини орқасига қилиб турган Толиб: «Ана, кўрдингми?» дегандек тек қотган, Бобурхоннинг кўзлари катта-катта очилиб, жағи сўлжайиб очилган эди.
– Яна гап борми? – деб сўради Толиб. – Ё каратэчи акангга одам юборасанми? Агарда кечгача мен айтган ишни битказмасанг, Асаканинг “чўнтагида” гаплашамиз. Ўша ерда разборимизни охирига етказишади. Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Ўша Асакадаги машҳур Амир акаям ғинг демай беряпти, билдингми? Кўрпангга қараб оёқ узат, ука. Айтилдими, бажарасан. Хўш, кечга пулни ўзинг олиб бориб берасанми ё одам жўнатайми?
Бобурхон мум тишлагандек ҳамон жим ўтирарди. Раҳмоналидан мушт, тепки еган йигитларнинг биронтаси ҳам мушт қайтаролмади. Ўринларидан туришиб, кўксини, башарасини силаб, тек қотишганди. Чунки бу ердагилар Толибнинг кимлигини яхши билишар, ортиқча ҳаракат, гап-сўз асли сиғмасди. Аммо кейинги пайтларда манмансираб кетган Бобурхон… Ниҳоят, у тилга кирди:
– Содиқ, сен тез савдогар Ҳайдар тоғага бор. 10 минг сўм пул бериб юборсин. Бобурхон айтди, дегин. Қолганини шу ердан топамиз… Қани, нариги сўрига жой қилинглар. Толиб акам келиб қолибди, москвалик меҳмон билан, бир қўй ёғида ош ейлик…
Ярим соатдан кейин иккита сўрини бирлаштиришиб, шаҳарнинг қоқ марказида еттовлон ҳеч нарса бўлмагандек битта дастурхон атрофида жамланишиб, ароқ шишаларини пайдар-пай бўшатиш бошланиб кетди.
* * *
Наманган. Гуллар шаҳри. Аммо 90-йилларда бу ном Наманганга унча ярашиб тушмаган пайтлар. Бир тўп ўзлигини унутган кимсалар нафақат шаҳарнинг, балки Наманган вилоятининг шаҳару қишлоқларини ҳам талотўп қилиб юрган вақт. Раҳмонали ана ўша кунларда Толиб орқали ундирилган 100 минг сўм пулни сумкага жойлаб, Учқун билан Наманган шаҳрига эрталаб кириб борди. «Жигули» машинасида шаҳарнинг тор, иланг-биланг кўчаларида юра-юра, кенг-мўл ҳовлининг рўпарасидан чиқиб қолишди.
Ҳовли Учқунга тегишли экан. Айтишича, икки ой чамаси олдин пулдор бир кимсанинг ҳовлиси бўлган-у, Учқунга сотган эмиш. Бу гапни эшитиб, Раҳмонали мийиғида кулди. Ҳаммаси тушунарли эди.
– Бугун бизникида дам оламиз. Кечки пайт Тошқўрғонга борамиз. Бўта ака билан кўриштираман. Пулни ўз қўлинг билан берганинг дуруст. У садоқатлиларни ёқтиради. Хўш, бугундан бошлаб спиртли ичимлик деганининг яқинига ҳам йўламайсан. Бундан буён намоз ўқийсан, Бўтани ёнига кирасан. Ундан уёғи ўзингга боғлиқ. Талаб бош бўлса, Бўта ака ўнг қўл вазири, сен билан биз ҳам камида вазирлар бўлишимиз керак. Шарти шундақа.
Раҳмонали Учқуннинг кираверишдаги меҳмонхонасига қўнди.
Учқуннинг ҳовлиси баайни карвонсаройнинг ўзгинаси бўлибди. Эрталабдан буён кимлар кириб чиқмади бу ҳовлига. Кирган борки Учқундан нариги хонада топшириқ оляпти, катта-катта пул беряпти. Толиб айтганидек, Бўтанинг энг ишончли одами, чоғи.
Кечга бориб икков алоҳида тараддуд кўришди.
– Бугун Бўта ака обкомни биринчи секретари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, прокурор билан банд бўлди. Муҳим масалаларни ҳал қилишяпти. Кечки пайт Тошқўрғондаги уйига боради. Район марказида кутиб оламиз. – Учқун бўлари гапни айтиб қўя қолди.
Эрталаб Раҳмонали уч кундан буён ўсётган соқолини атайин олмади. Соқолининг ўсиқлиги, Бўтада яхшироқ таассурот қолдиради, деган ўйга борди у.
Тошқўрғон – Наманган шаҳридан ўн икки чақирим чамаси узоқликдаги туман маркази. Қир пастекислигида жойлашган шаҳарча. Унчалик гавжум эмас. Кечга томон Учқун билан сумка кўтарган Раҳмоналини етказган «Жигули» машинасида икков ўзлари келган тарафга қараб кутиб тураверишди.
– Ҳозир кўрасан, қандай қилиб келишини? – Сонига шапатилаб қўйди Учқун. – Бўта шундай кучайганки, катта-катта амалдорлар ҳам ундан бемаслаҳат бир иш қилмай қўйган. Наманганни ушлаб турган устунлардан бири у. Бўйи пастроқ бўлсаям, тўла, миқти, отаси полвон ўтгани учунми, полвонкелбат. Аммо, калла бўм-бўш! – Шундай деб, Учқун хохолаб кулди.
Раҳмоналининг эса Бўта исмли ўша калласи бўмбўшни кўргиси, билгиси келар, қизиқиши ортиб бораётганди.
Аммо кеч тушиб бораётганига қарамасдан, мақтови ошириб айтилаётган Бўтадан дарак бўлмаётган эди. Раҳмоналининг сабру бардоши тугаётгандек эди.
Ногоҳ, Учқун тилга кирди:
– Ана, келяпти. Кўрдингми?
– Қани? – Раҳмонали кимсасиз кўчага тикилиб, ҳеч нарсани кўрмас, уёқдан-буёққа ўтаётган машиналардан ўзгаси кўзларига кўринмаётган эди.
– Э-э, ҳов ана, йўл ўртасидаги оқ чизиққа қара. Ўртасида катта-катта қадамлар ташлаб келаётган одамни кўряпсанми? Бўта деганлари шу! – деб Учқун ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини олдинга бигиз қилиб кўрсата бошлади.
Ана ўшандагина катта йўлнинг қоқ ўртасидаги оқ чизиқ устидан шахдам қадамлар ташлаб яқинлашаётган, Учқун айтганидек, миқти, тўладан келган ўттиз ёшга етиб-етмаган йигитни кўриб, Раҳмонали лабларини чўччайтирди. Бошига Наманганча дўппи кийган, эгнида оқ яктак, қорни сал дўмпайган оёғидаги зобитларнинг ялтироқ ғижим этигини кўз-кўз қилиб келаётган қорачагина йигит…
– И-я! – деб юборди Раҳмонали, ажабланиб. – Елкасидаги нима? Автоматми? Ёппирай!..
– Ҳа-да, ҳалигинда айтдим-у, роса кучайган… Автоматни Наманган шаҳрида елкасига осиб юрибди-ю. Унга фарқи қолмаган. Ғиринг деганни – пақ этказади, тамом.
– Ахир, мелиса… индамайдими?
Раҳмоналининг бу гапини эшитаётиб, Учқун хохолаб кулди.
– Вей, Бўта ҳозир мелисаям, прокурорам, обкомам ўзи. Ҳаммаси шунга қуллуқ қилиб турибди-я!..
Раҳмонали куппа-кундуз куни елкасида автомати билан тобора яқинлашаётган Бўтага тикилиб тураркан, Наманганда вазият ниҳоятда жиддий ва чигал бир ҳолатга келганини тушуниб етди. Ахир, бундай бўлиши сира мумкин бўлмаган ҳолат эди-да, Раҳмоналининг назарида. Унинг онги, тафаккури сиғдира олмаётган бу кўриниш аслида ҳам ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиганд ҳодиса эди. Бироқ, не ажабки, воқеа кўз олдида юз бермоқда эди.
Бежизга Учқун: «Бугун Бўта ака обкомни биринчи секретари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, прокурор билан банд бўлади. Муҳим масалаларни ҳал қилишяпти», деб айтмаган экан, гапининг тагидаги ним косаси бу экан-да, деган фикрга келди Раҳмонали. Бир лаҳзалик тушунарсиз ҳолатдан Раҳмонали тезликда қутилиб, яна Азим Умарович айтганидек, бўри қиёфасига кирди.
Бўта Учқун билан қучоқ очиб кўришди ва, бу ким, дегандек Раҳмоналига совуқ назар ташлади.
– Фарғонадан, «доля»ни олиб келибди. Эски қадрдонларимдан. «Детдом»да бирга ўсганмиз. Рома, – деб таништирди Учқун Раҳмоналини.
Бўта истар-истамас қўл узатди. Раҳмонали ҳам виқор билан сўрашди.
– Уйга ташлаб қўясан. Фарғонадек жойдан келибди. Чой-пой қилдингми? Бизни уятга қўйма, тағин а? – Машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан, Бўта Учқунга гап уқтирди ва Раҳмоналига яна бир бор синчков назар солди. Раҳмонали кўзларини олиб қочмади. Жиддий, аллатовур совуқ назар билан қараб тураверди.
Машина ортга бурилиб, кун ботиш тарафга, қирлик томондан келган асфальт йўлдан юқорилаб жўнади. Чамаси, беш километр юришди. Машина ўнгдаги боши берк кўчага кирди-ю, тўхтади.
– Қани, тушинглар, – деди Бўта. Аввал Бўта тушиб, елкасидаги автоматини қўлига олди, тахтали ихчам кўк дарвозани шахт билан очди. – Қани, меҳмонлар…
Ичкари ҳовли тор, икки қарама-қарши бинонинг ўртасидаги ҳовлида тўрт туп узум токи-ю, икки туп анжир, бир туп бодом бор эди. Ҳовлидаги уйлар бир пайтлар дабдабали бўлган эса-да, айни пайтда анча ну раб, рангсизланиб, кўримсиз ҳолга тушибди. Буларнинг ҳаммаси қаровсизлик оқибати эди.
– Бўта ака, бизга узр? – Ялтоғланди Учқун. – Оғайним билан бошқа сафар алоҳида келамиз. Ҳозир омонатни топширайлик… Чарчагансиз. Дам олинг.
– Шундайми? – деб, ортига ўгирилди Бўта. – Ҳеч бўлмаса айвондаги сўрида фотиҳа қилармиз?
– Албатта, албатта. Фотиҳасиз бўладими, ака.
Энг ёмони, ҳовли юзасига ер ости сувлари яқинлиги сабабми, юрганларида ер билқиллаб турарди. Яна, рўпарадаги, бир вақтлар бежирим, гулдор безаклар билан безатилган уйнинг ертўласи чиппа сувга тўлалигини Раҳмонали кўрди.
… Ҳовлидан чиқиб, машинага ўтиришиб, ортларига қайтишар экан, Раҳмонали мужмал ўйлар қуршовида қолган эди. Бўтани тамомила бошқача тасаввур этган эди, ҳовлисиники обод қилолмаган одам қандоқ қилиб катта бир юртга бош бўла олади? Кимлар унинг ортида турибди? Ё, шунчаки, хўжакўрсингами?..
Ногоҳ, куни кеча министр ўринбосари – генерал лейтенантнинг ҳузуридан чиққанидан кейин, яна бир алоҳида жойда унинг қўлига тутқазилган Бўтанинг таржимаи ҳоли-ю, бугунги кунда амалга ошираётган ишлари хусусидаги тезкор ахборотда ўқиганлари ёдига тушди. «Дарҳақиқат, Бўта афғондаги урушда бўлганида асирга тушиб, олти ой асирликда юрганида чет эл разведкаси уни роса созлаб улгурган. Акс ҳолда, кеча ҳарбийдан келган қишлоқ йигити эртасигаёқ масжидга қатнашни бошлаб, намозхон бўлиб, ҳаял-замон ўтмай, бундай дабдабали ва даҳшатли мақомга кўтарила олмайди. Аслида, диний илмда алифни калтак деёлмаслиги аниқ, нари борса, намозни ўргангандир. Ўзини амир деб эълон қилган Бўтанинг қўлтиғига кимлар сув пуркаётганикин? Ким бўлсаям, роса одамини топибди. Учқуннинг берган баҳоси тўғри. Қолганини омон бўлсак, кўрамиз» деб кўнглига тугиб қўйди Раҳмонали.
* * *
Наманган воқеалари… 90-йиллар бошида юз берган нохушликлар энг биринчи навбатда оддий, меҳнаткаш халқнинг тинчлигига, тирикчилигига путур етказди. Шаҳардан файз кетди. Кечалари одамлар кўчага чиқишдан чўчиб қолишди. Чунки ўзларини «амир», яна алламбало деб эълон қилиб олган Бўта, Талаб бошлиқ кимсалар кўнгли истаган ишларни амалга ошириб, масжидларда халифалик давлати қуриш ғоясини тарғиб қилиб, анчагина одамнинг онгини заҳарлаб улгуришган, шу боисдан ҳам бир ҳовуч оломон мамлакатда демократия ўрнатилишини рад этиб, эски замонга қайтиб, диний расм-русумлар қатъий қилиб қўйиладиган ўз исломий давлатларини қуриш истагига тушиб қолган, уларнинг сони эса кундан-кунга кўпаймоқда эди.
Раҳмонали намозни жуда тез ўрганди. Ана кейин Учқун, Назир жинни билан бирга Бўтанинг соясига айланди-қолди. Бугун қайсидир араб мамлакатидан меҳмон келармиш. Айтишларича, меҳмон Наманганга қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа райони орқали кириб келаркан.
– Меҳмон жуда нозик, ҳам пулдор. Бўтанинг эски таниши экан, – деб қолди бир пайт Учқун, Раҳмонали билан Назирга. – Шунинг учун меҳмоннавозликни жойига қўйиб кутиб оламиз. Наманганнинг бир-иккита катта уламолари ҳам бўлади.
– Қаерда? – деб сўради Назир жинни.
– Унисини билмадим, буёғи сир. Буни фақат Талабу Бўта билади. Бизнинг ишимиз – айтилганини жойжойида амалга ошириш.
Раҳмоналининг хаёлига, хорижлик миссионер деган ўй келди. Ҳа, шундай. Қани кўрсин-чи, ким экан у?
Наманган шаҳрининг Чорсу даҳаси. Раҳмонали, Учқун, Назир бошлиқ бир тўп жангари йигитлар кўча бошида кутиб туришибди. Бўта бозор ичига якка ўзи кириб кетган, чамаси ким биландир учрашмоқчи. Ҳадеганда чиқавермади, Раҳмоналининг безовталиги ошди. Нима қиляптийкин у ерда?
Бир пайт миқти гавдали, қорача Бўта лапанглаб яқинлаша бошлади. Бўта Талабнинг олдидан чиқиб келяпти, топшириқни олиб, деган фикр кечди Раҳмоналининг хаёлидан.
У тўғри келиб, куни кеча обкомдан атайин Бўта учун ажратилган оқранг «Газ-24» машинага ўтирди. «Волга» олға жилди. Уларнинг ортидан иккита «Жигули»да бошқалар ҳам эргашди.
– Қаерга боряпмиз? – деб сўради ўсмоқчилаб Раҳмонали Учқундан, шаҳар ташқариси томон йўл олишганида.
– Қирғизистонни Олабуқасига кетяпмиз. Меҳмонни ўша ерда кутиб оламиз.
Назир кулиб юборди:
– Олабуқага ҳеч кимни олиб кетаётганимиз йўқ…
– Ҳозир аския қиладиган вақтми? Йўлга қара, жинни! – деди Учқун, Назирнинг елкасига шапатилаб.
Қош қораймоқда эди.
– Ишқилиб, шомгача меҳмон улгурсин, шом намозини Жoме масжидида ўқиб, меҳмоннинг амри маъруфини бир эшитардик, маза қилиб, – деди Учқун, хаёлчанлик билан.
– Меҳмон ўзбекчани биларканми? – деб сўради Назир.
– Вей жинни, меҳмон араб эмас, арабистонлик ўзбек! Роса донғи чиққанлардан. Бўта меҳмонни шундақанги таърифлаб бердики, ҳали, эх-хе, гапирсам гап кўп.
Раҳмонали ҳушёр тортди. Бу галварслар нималар деб валдирашяпти? Наҳотки, рост бўлса?! Демак, Наманган шаҳридаги олатасир воқеаларга хорижликлар ҳам аралашишяпти, уларнинг ҳам қўли бор…
Аммо ўзларини чарчаганликка йўйган шериклари Раҳмоналининг икки кўзини юмганча, мудраяпти, деб ўйлаб, парво қилмай валақлашаётганди.
– Айтишларича, меҳмон бир дипломат доллар билан келяпти экан. Режалар катта, Ўзбекистонда халифалик давлатини қуриш. Тўғри-да, ҳамма ўзбек қолса, ислом давлати бўлса нимаси ёмон?
– Аммо, ароқ нима бўлади? – деб сўради Назир.
– Энди ичмайсан, ичиб қўлга тушсанг, нақ калланг кетади! Наманган шаҳрининг Чорсу бозорига тикиладиган дорга осишади, – дея хиринглаб кулди Учқун.
– Падарингга лаънат сени. Сендан ҳеч яхши гап чиқмаган, бундан кейин ҳам чиқмаса керак. Бекорга айтишмас экан, ғар қариса отинча бўлади, ўғри қариса сўфи, деб. Кечагина Наманган шаҳрининг катта бозорида ўтган-қайтганнинг чўнтакларини қоқлаб, эрталабга тандир сомса, обедга қайнатма шўрва, кечга қўй ёғи, қўй гўштида палов еб, кекириб юргандинг. Энди, жoме масжидида амри маъруф эшитгилари келиб қолибди-да, а? – деб аччиқланди Назир. – Ҳе онангни!..
– Сўкинма, жинни, сўкинма! – Ўдағайлади Учқун. – Онам ҳали тирик, отам ҳам. Сенда нима бор, умринг қамоқдан чиқиб, қамоққа кириш билан ўтди. На хотин, на бола бор сенда. Ота-онанг кимлигини ҳам унутиб юборган бўлсанг керак. Яхшики, Бўта бор экан, ёнига олди, сал бўлмаса яна қамалиб кетаётгандинг. Эсингдми, янги шаҳарда мелиса болани уриб, башарасини ёриб қўйганинг. Хўш, ўшанда ким сенинг жонингга оро кирди – Бўта билан мен. Мен сенинг аҳволингни билдирмаганимда, сен Бўтанинг хаёлига ҳам келмасдинг.
– Шу ишингни миннат қилганинг-қилган. Қачон қарама, оғзингни солиғи шу гап. Хўш, урганман. Ахир, қамоқни соғиниб қолгандим-да. Ўшатдаги оғайниларимни кўргим келаётганди…
Бирдан икки ҳамтовоқнинг суҳбати узилиб қолди. Машиналар кетма-кет қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа районини Ўзбекистон билан чегарадош қисмига яқинлашиб қолишганди.
Кун ҳали ботмаган, уфқда қуёш қип-қизил гардиш ҳосил қилиб, оловли шар мисоли жуда узоқлардаги тоғлар ортига эниш арафасида эди. Ана, Қирғизистон билан Ўзбекистон чегараси фақат битта йўл ола-була узун ёғоч билан тўсилган. Ёғочнинг учига ип боғланган. Унинг учи эса йўғон қозиққа ўралган. «Шлагбаум» ёнверида ҳеч ким йўқ. Бир тўп шўх-шодон қишлоқ болалари Қирғизистон тарафдан қўй-молларини йўл ёқалаб Ўзбекистон томон ҳайдаб келишмоқда эди.
– Анавиларни тезроқ ўтказиб юбор, йўл бўйида бундай ҳолатда кўринишмасин! – деб буюрди Бўта машинадан тушиб, қўшни юрт тарафдаги асфалът йўлга узоқроқ тикилиб тургач, яна қўшиб қўйди: – Ишқилиб, қоронғи тушмай, меҳмон тезроқ келсин-да…
Учқун билан Назир, Бўтанинг буйруғини қулоқ қоқмай бажаришга тутинишди.
– Ҳей, болалар, қани, тезроқ бўлларинг! – дейишганча, олдинда Учқун, ортида Назир, ҳеч гапдан бехабар мол, қўйларини ҳайдаб келаётган болаларга пешвоз чиқа бошлашди. Ана ўша кезда Бўтанинг бир имоси билан «Волга» ҳайдовчиси машинанинг юкхонасини очиб, у ердан автоматни олди ва дарров, Бўтанинг қўлига тутқазди. Бўта автоматни авайлаб қўлига оларкан, чаққонлик билан елкасига илди. Сўнг ҳайдовчисига бир қараган эди, унутган нарсаси ёдига тушди чоғи, зумда машина юкхонаси томон бориб, ўқлар қатор жойланган садоқни элтиб берди. Бўта садоқни бўйнидан ўтказиб осиб олди. У айни кўриниши билан кинолардаги босмачиларга ўхшади-қолди.
Молларини ҳайдаб, жуда яқинлашиб қолган болалар Бўтаннинг елкасида ўқлари қатор садоқнию автоматни кўргач, шартта ўзларини далага уришди. Ва, ҳаял ўтмай, зумда кўздан ғойиб бўлишди. Мол-қўйлар эса Учқун билан Назирга қолди.
– Тезроқ ҳайдаларинг, ҳозир меҳмон келиб қолади! – деб буюрди Бўта.
Кун уфқда баркашдек, қизариб ботиб борарди. Раҳмоналини қўшни давлат орқали ўтиб келадиган меҳмоннинг кимлиги қизиқтираётганди. Ахир, замон нотинч, меҳмон шунчаки сайр қилиб, ош-нон еб кетиш учун келмаётгандир. Унинг қандай режалари бор экан?
Раҳмонали уфққа қаради ва: «Эртага ҳам кун иссиқ бўларкан», дея кўнглидан кечирди. Раҳмонали ўсмирлигида кўплардан эшитган ушбу гапни шунчаки беихтиёр кўнглидан кечирган эди.
Узоқдан – ўнқир-чўнқир, чанг йўлдан «Волга» кўринди. Ҳамма ҳушёр тортди. Мол-қўйлар аллақачон узоқлашган, йўл тинчиган эди.
Бўта чаққонлик билан «шлагбаум» остидан ўтиб, меҳмонларга пешвоз чиқди. Аввал машинадан бошига қирғизча қалпоқ кийган норғул йигит тушди ва Бўтани кўриб, бир зум анграйди ва ортига энгашиб, машина ичидагиларга нимадир деди. Бўта эса ҳеч нарса бўлмагандек қад кериб, шахдам қадамлар билан тик бораверди. Ниҳоят, машинанинг орқа эшиги очилиб, ориқ, новча, чўққи соқол, чамаси эллик ёшлардаги қорача бир киши тушди. Унинг юзида озроқ қўрқув аломати ҳам йўқ эмасди. Раҳмонали тезлаб бориб, Бўтанинг шундоқ ортида тек қотди.
Меҳмон юришини билмай, бир қирғиз йигитга, бир Бўтага қараб, тўхтаб қолди.
Шу вақт бошқа бир эшик очилиб, андижонча чуқур дўппи кийган, ўрта бўй, семизгина бир одам ҳам тушди. У Бўта томонга дадил юриб, қучоқ очди. Кучоқлашиб кўришдилар. Ниҳоят, арабистонлик меҳмоннинг юзларига сал-пал қизиллик югурди.
Бўтанинг атай керилиши, виқор билан юриши шунчаки хўжакўрсинга, аслида эса унинг тўпори, ҳатто бир қадар, қўрс одам экани сезилиб қолди. У меҳмонга юзланиб, сал эгилган кўйи, қўшқўллаб сўрашди. Ўзини меҳмоннинг олдида кимлигини билдириб қўйди.
Раҳмонали сезгир эмасми, барини илғаб олди.
Чамаси, меҳмон Ўзбекистондаги вазиятдан тўла хабардор эмас, ҳузурига Бўта Калашников автоматини, қатор ўқлар жойланган садоқни тақиб чиқади, деб сира ўйламаган бўлса керак.
Меҳмонни дарҳол машинага олишди. Бўта билан меҳмон орқа ўриндиққа, андижонча чуқур дўппи кийган киши олд ўриндиққа ўтиришди. Раҳмонали эса қирғизистонликнинг машинасига чиқди. У нима қилиб бўлса-да олдинги машинанинг олд ўриндиғига жойлашишни мўлжаллаган эди. Бироқ, Бўта бир имо билан уни шаҳдидан қайтарди.
Учқун билан Назир эса – учинчи машинага чиқишди.
Меҳмонни шаҳарнинг ниҳоятда салқин, шинам, шу билан бирга обод бир гўшасига бошлаб боришди. Бу эски шаҳардаги овлоқроқ бир чойхона бўлиб, азалдан бир четдалигию салқин ва шинамлиги билан донг таратган эди. Сўнгги пайтларда Талаб билан Бўта айнан шу чойхонага танда қўйиб олишганини Раҳмонали яхши билар, бу жойга ўн маротабалар келган, шу боис, чойхона хизматчиларини ҳам яхши таниб олган эди.
Шарқираб оқаётган ариқ устига қўйилган икки сўри бирлаштирилиб, жой ҳозирланибди.
Талаб бир неча шотирлари хамроҳлигида меҳмонни кутиб турган эди.
Аниқроғи, Бўта меҳмонни кутгани йўл олаётганида Талаб Раҳмоналини ёнига чорлаб, Бўта билан бирга бориши зарурлигини тайинлаганди. Ҳозиргача водийда Талаб – биринчи, Бўта иккинчи шахс бўлиб турар, кечагинада ҳатто шу чойхонага вилоятнинг энг катта мелисаси бўлган генерал ҳам келган, Талаб билан анча суҳбатлашганди. Гарчанд, генерал ҳукумат одами, қўлида анча-мунча мелисаю қурол аслаҳаси бўлса-да, барибир талабдан чўчиётгани билиниб турарди. Очиғи, ҳозирча ҳукумат вазиятни тўла ушлаб қолишига генерал унчалик ишонқирамаётганди, шекилли. Шунинг учун ҳам Талабга ялтоқланиб, Бўтанинг талаби билан бир неча қамалганларни тез кунда қамоқдан чиқариб юборишга ваъда бериб кетган эди… Раҳмонали учун ҳозир буниси қизиқ эмас. Муҳими – меҳмон.
Қирғизистондан келган ўзбек ўшлик экан. Талаб ҳамда Бўта билан илгари ҳам бир-икки марта кўришган бўлиб чиқди. Хорижлик меҳмонни ҳам ўшлик ўзбек бошлаб келганди.
Аввал ҳол-аҳвол сўрашишганидан сўнг, бир пиёладан чой ичилгач, суҳбат мавзуси айни кунлардаги вазиятга тақалди.
Ўшлик ўзбек:
– Қирғизистонда Акаев дегани чиқиб, Президент бўлди. Қаранг, у қирғизистонликларга қарата: «Эплабжеплаб яшагила», деган гапни айтди… – дегандан кейин ўтирганлар гурра кулиб юборишди.
– Аммо бизда мураккаброқ, – деб гап қўшди Талаб. – Ўзбекистоннинг Президенти қаттиқўлроқ чиқиб қолди. Аммо биз ҳам бўш келмаймиз. Барибир давлат бизники бўлади. Қўлимизда қурол бор, тарафдорларимиз етарли…
– Аллоҳга шукр, – деди Бўта, кекириб.
Тўрда ўтирган меҳмон, негадир, ҳалигача Бўтага хавотир аралаш қараб-қараб қўяётганди.
Бўта аллақачон садоқни ҳам, автоматни ҳам ечиб қўйган, унинг эмин-эркинлиги шунчаки хўжакўрсинга эди.
– Биринчи галда халқнинг кўнглини олиш керак, – деб гап бошлади, ниҳоят, меҳмон бошқачроқ лаҳжада. – Тезроқ масжидларни кўпайтириб, номозхонлар сонини оширишимиз керак. Ўзбекистон ислом давлати бўлиши керак. Хориждаги ўзбеклар Ўзбекистоннинг исломий давлат бўлишини узоқ йиллардан буён кутаяптилар.
– Ничиво, ҳаммаси бўлади, – деди Бўта. Меҳмон унга ажабланиб қаради ва:
– На дедингиз? – деб сўради.
Талаб Бўтанинг думбулроқ эканини ҳам яхши биларди. Мийиғида кулди.
Ўшлик ўртага гап қўшди:
– Биродарлар, меҳмонимиз Жамол ҳожи ака араб мамлакатларида туғилиб ўсган инсон. Сизу биз гапимизга ўрисча сўзларни қўшиб айтишга ўрганиб қолганмиз ва тушунамиз. Лекин бу киши ўрисчани мутлақо билмайдила. Шунинг учун…
– Тушунарли, – деди Талаб. – Меҳмоннинг ҳурматини жойига қўямиз. Хўш, бу киши бизга қандай амалий ёрдам беради? Шуниси бизга муҳим. Эртага ҳукумат тепасига чиққанимиздан сўнг, Ўзбекистонимизга қанақа яхшиликлар қиладилар – ана шуниси қизиқ бизга! Ҳозир бир-биримизга: «На дедингиз?» деб қараб ўтиришимиздан фойда йўқ…
Талаб сал аччиқлангандек эди. Унинг бу аччиғи меҳмонга қаратилганмиди ё Бўтагами – Раҳмонали тушунмади. У пайдар-пай пиёлаларга қайноқ чой қуйиб, узатаётган эса-да, қулоқлари динг эди.
– Эрта-индин вилоят обкомини эгаллаймиз. Демакки, Намангандаги ҳукумат тизгини бизнинг қўлга ўтади. Шу кунларда областдаги бари катта амалдорлар нима қиларини билолмай, оёғи куйган товуқдек типирчилашиб қолишган… – Талаб салмоқлаб гапираркан, ўшлик ёнида ўтирган меҳмонга пичирлаб нималарнидир уқтирмоқда эди. Негаки, область, обком деган сўзларни меҳмон тушунмаётган эди. Талаб эса, негадир парво қилмади.
– Пул масаласида қараб турмаймиз, – деди меҳмон, бўш пиёлани Раҳмоналига узатаётиб. – Ўзим билан анча-мунча доллар олиб келганман. Муҳтожларга тарқатинглар. Насиб қилса, масжидлар қилдиришга сарф ланглар. Вақти келиб, ислом давлати барпо этилса, бойликларингиз бундан ҳам кўп бўлади.
– Иншооллоҳ!.. – деб қўйди ўшлик киши. – Меҳмон тўғри айтяптилар. Пул керак. Ҳамиша!.. Ҳеч бир иш пулсиз бўлмайди… Аввало қорин тўқ бўлиши керак.
Айни ўша маҳалда кимдир биров Раҳмоналининг елкасига оҳиста қўл ташлади. Қарасаки, чойхоначи. Унга савол назари билан чимирилган эди, чойхоначи имлади. Ноилож Раҳмонали ўрнидан турди.
– Ука, овқат тайёр бўлди. Сузайми? – деб сўради чойхоначи, ўнг қўлини кўксига қўйиб.
– Нима ўзи у? – Ошми?
– Йўқ, гўшт билан картошкани серпиёз, серпамилдори қилиб димлаганман.
– Майли, олиб келинг.
Раҳмонали ўрнига бориб ўтираркан, Талабга бирров маънили қаради. Талаб тушунди ва майли дегандек бош ирғади. Нонлар дастурхон чеккасига сурилди. Икки лаганда овқат келтирилди.
Ҳурмат юзасидан ўтирганлар меҳмонга юзланишди. Ўшлик киши:
– Қани, меҳмон, овқатни бошлаб беринг, – деб манзират қилди.
Калта, бир тутам соқолига оқ оралаган, мошгуруч соқолли бўлиб қолаёзган меҳмон енг шимарди ва: «Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийим», деб овқатга қўлини узатди.
Раҳмонали чой қуймоқда эди. Ундан бошқа ҳаммаси – Талаб, Бўта, меҳмон, ўшлик киши овқатга қўл чўздилар. Меҳмон юмшоқ пишган бир бўлак қўй гўштини чайнабчайнамай, лиққа халқумидан ўтказди-да, рўпарасидаги лаганнинг Бўта томонига қўл чўзди ва у ердаги ёғлиқ, барра пишган гўштни иштиёқ билан қўлига олди. Ўша аснода Бўта ҳам товоққа қўл солган, айнан ўша гўштнинг бир четидан ушлашга улгураёзган эди, ажабсиниб, бу нима қилиқ, дегандек меҳмонга қаради. Аммо индолмади.
Вазиятни ҳушёрлик билан кузатаётган ўшлик киши гап қотди:
– Буларда одат экан, товоқдаги овқатни қайси бўлаги кўзларига яхши кўринса, ўшанисини олишаверармишлар. Пайғамбаримизнинг суннатларидан эмиш…
Талаб Раҳмоналига қараб, бошини чайқади. Бўта лагандан бўш қайтган қўли бармоқларини бирма-бир оғзига солиб, чапиллатиб сўриб, шошилмай, гўштни чайнаётган меҳмонга хўмрайиб қаради…
Кейинги сўзлашувлар асосан Талаб бошлиқ йигитлар ҳукуматни қўлга олишса, кимларга қандай лавозимлар тегиши хусусида кечди. Суҳбатдан маълум бўлдики, – шу пайтгача Талаб бу ҳақда гапирмаганди, – Талаб президент, Бўта бош вазир бўлармиш… Раҳмоналига ҳам лавозим ваъда қилинди: у президент қўриқчиларининг бошлиғи бўларкан. Раҳмонали бу гапларни эшитаркан, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай, кулгидан ўзини аранг тийиб ўтирарди. Эсли-ҳушли биров бу суҳбатни четдан кузатаётган бўлса, албатта, булар жинни бўлсалар керак, деб ўйлаши табиий бир ҳол эди. Чунки, катта бир юртнинг кичик бир шаҳрини овлоқ бир ерида бир дастурхон атрофида тўпланишиб ўтирган бу гумроҳлар, – Раҳмоналидан бошқаси, албатта, – асли оёғининг тагидан нарини кўролмайдиган бир нокаслар эдилар. Ваҳоланки, катта мамлакатнинг ўз эгаси аллақачон ҳукумат тепасида мустаҳкам ўтирар, у кишининг олиб бораётган сиёсати ҳар қандай талотўпларни енгиб ўтишга қодир эканлигини Раҳмоналидан ўзга биронтаси тушуниб етадиган даражада эмас эди.
Раҳмоналининг текшириш ва таҳлилларига кўра, ўзларича президентлигу бош вазирликни орзу қилиб, хом хаёлда ўтирган бу кимсалар асли давлатдорлик сиёсатидан ўта узоқ, билими, тафаккури тугул, ҳатто салобати ҳам етмайдиган кишилар. Масалан, Талаб савдогар оиласида туғилиб ўсган. Отаси узоқ йиллар шаҳардаги каттагина савдо ташкилотини бошқариб, нафақага чиққач, узоқ йили кутилмаганда қазо қилди. Отаси Талаб ва унинг акаси ҳамда укасини савдогар бўлишларини режалаштириб ўстирди. Пировардида, акаси Бухородаги озиқовқат саноати институтини тамомлаб келиб, отаси ишлаган ташкилотда ишлай бошлади. Отаси ва акасининг қистови билан Талаб ҳам Бухоро шаҳридаги озиқ-овқат саноати институтига ўқишга кирди. Бироқ, ўқишга ҳаваси йўқлиги учунми, тўртинчи курсга ўтганида ўқишни ташлади. Наманган шаҳрига қайтиб, бемақсад яшай бошлади. Чунки, оиласида кам-кўст йўқ, тўкинлик таъминланган эди. Отасининг ўлимидан сўнг, бир йил ўтиб, онаси ва акасининг қистови билан Талабни Наманган шаҳридаги бир савдогар оиланинг ёлғиз қизига унаштиришган эди. Шу кунларда Талаб куёв. Аслан қитмир, айёр, кўнглидагини доимо яшириб яшашга ўрганган Талабга Наманган шаҳрида бошланган бошбошдоқлик жуда қўл келиб қолди. Ва кўнглининг туб-тубида ўзи ҳам англайолмаётган ҳисларга ишониб, шаҳардаги тўполонларда дарҳол йўлбошловчиликни қўлга киритиб олди. Ўқиб уқмаган, аммо кучга тўлган бир тўдани ташкил этди. Унинг тўдасига яқинда қамоқдан чиққанлардан тортиб, шаҳардаги ёш ҳунарманд, таниш савдогар йигитлар ҳам жалб этилган. Қисқа вақтда Талаб сўзамоллиги, ҳар қандай гапни жойини топиб айтиши билан обрў қозонгандек бўлиб, эътиборга тушди.
Бошқа тарафдан тошқўрғонлик Бўта пайдо бўлиб, у ҳам ўз атрофига йиғилган йигитлари билан шаҳарни алғов-далғовини чиқара бошлади. Бўтанинг тутган йўли қонлироқ йўл эди.
Талаб аввалига Бўтани кўпам ёқтирмаган бўлса-да, уларни манфаатлар бирлаштирди.
Кўп ўтмай, ҳар иккалови ҳам ўзаро муроса қилишга мажбур бўлди.
Чунки ҳеч қачон икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаган.
Раҳмонали Талаб ва Бўтанинг аслида киму қандай одамлар экани, дунёқарашлари қай даражадалиги ҳақида хаёлланиб турганида, арабистонлик меҳмонни қорни тўйди чамаси, сўри ёнбошига тираб қўйилган қора дипломатини қўлига олди. Дастурхон четига қўйди ва қопқоғини шир-ширқ этказиб очди. Қопқоқ очилганида, унинг ичида тахланган юзталик америка долларлари кўзга ташланди.
– Бу ерда юз минг доллар бор, бу хамир учидан патир. Адашмасам, сизларда ҳам худди шундай дейишади чоғи, – дея кулди арабистонлик меҳмон – Жамол ҳожи, дипломатни кимнинг қўлига берарини билмай. Талаб Раҳмоналига кўз қири билан имо қилди. Чаққонлик билан Раҳмонали меҳмоннинг қўлидан дипломатни олди.
– Мана бу бошқа гап, – деди Талаб, қўлларини сочиққа арта-арта, илжайиб. – Бу пуллар билан ишимиз янада ўнгланади.
– Худди шундай, – деди бошини қуйи солинтириб олган Бўта, негадир, тунд оҳангда.
Чамаси, Талабнинг дипломат тўла пулни олгани Бўтага ёқмаган эди.
Талаб ўрнидан турди ва арабистонлик меҳмон Жамол Ҳожининг қўлтиғидан олиб, хув наридаги сув бўйи томонга бошлади. Раҳмонали бир қўлида дипломат билан уларнинг ортидан юришни ҳам, юрмасликни ҳам билолмай қолди. Чамаси, Талаб меҳмон билан яқин келгусидаги режаларини маслаҳатлашиб олишни кўзлаганди. Суҳбатни эса сир тутмоқчи. Раҳмоналининг кўнглидан айни шундай фикр кечди.
Хўш, Талаб меҳмон билан нимани маслаҳатлашяпти? Уларнинг мақсади қандай? Наманганда ҳокимиятни қандай йўл билан қўлга олишмоқчи? Раҳмоналини айнан мана шу саволлар жуда қизиқтирар, афсуски ҳозирча уларнинг суҳбатини эшитишнинг имкони йўқ эди. Бироқ, ҳар дақиқа ғанимат, вақт кутиб турмайди. Раҳмонали суҳбатни эшитиб олиш учун имкон топиши лозим. Нима қилсин?
Шу маҳал Раҳмоналининг жонига Бўта оро кирди. У кутилмаганда, Раҳмоналига:
– Меҳмонга бир пиёла чой олиб бор, – деб қолди. Раҳмонали ўзини бепарволикка солиб, асли ич-ичидан қизиқиши қайнаб-тошиб турган бўлса-да, шошмай пиёлага кўк чойни қуйиб, аста бориб, бир қўлида сал тоби чиқиб қолган пиёладаги чойни тутганча, Талаб ва меҳмоннинг ортида жимгина тик тураверди.
– … Ҳафта охирига ғалаён бошланади, – дерди гапини салмоқлаб Талаб, меҳмонга қарата. – Йигитларимиз тайёр. Унча-мунча қуролларимиз ҳам бор, сиз кетмай туринг. Ўзингиз ҳам қатнашасиз.
– Мени иштирок этишим қандоқ бўларкин? Тўстўполонда тағин…
– Сиз ташвиш қилманг. Раҳмонали исмли ишончли йигитимизни бириктириб қўямиз. Сиз фақат кузатиб турасиз, холос. У ёғини бизга қўйиб берасиз. Ҳамма сини ўз кўзингиз билан кўришингиз лозим, – Талаб шундай деб ногоҳ ортига ўгирилди ва Раҳмоналига кўзи тушди. Негадир ногоҳ сирдан огоҳ бўлиб қолганиданми ёки ҳақиқатдан ҳам Раҳмоналини кутмаганмиди, афти бир тиришди-ю, аммо юзи ёришди. Бир қадам ёнбошга ташлаб, Раҳмоналига йўл берди. Раҳмонали пиёладаги чойни меҳмонга тавозе билан узатди.
* * *
Раҳмонали кечаси ухлай олмади. Наманганда юз бериши мумкин бўлган сирли ғалаён тўғрисида дарҳол Тошкентга хабар берган бўлса-да, қаерда, қандай ғалаён юз беришини аниқ билолмай қолгани унга алам қилаётганди. Лекин, на илож? Чамаси юз бериши мумкин бўлган хунрезлик, ғалаёндан яккаш Тоҳиру Бўта ва албатта арабистонлик хабардор. Яна кимлар биларкин? Мана шуниси жумбоқ эди.
Эртаси куни меҳмонни шаҳар бозорига олиб кириб, сайр қилдириш маросими бўлиб ўтди. Раҳмонали меҳмондан бир қадам ҳам ортда қолгани йўқ. Фақат унинг оғзига қараб юрди, бирон керакли гап чиқиб қолармикин, деб. Аммо, афсус…
Шаҳар бозори одатдагидек ўта гавжум эди. Ўзбекистоннинг мевалари айни ғарқ пишган маҳал.
– Хўп ажойиб юртимиз борда, ука, – деб қолди бир пайт меҳмон, лапанглаб бозор оралаб юраркан, Раҳмоналига қарата. – Сизларда хўп арзончиликда…
Бу гапни эшитган Раҳмонали меҳмонга икки қошини юқорига кўтариб, ажабсиниб қаради ва ўзича ўйлади: «Бу хумпар ҳозирданоқ бу юртни ўзиники қилиб оляптими? Ажаб? Талаб унинг кўнглини роса тўқлаб қўйган шекилли…»
Раҳмонали ноилож илжайди.
– Жуда тўғри айтасиз, ҳожи ака. Сизларда-чи? – Атайин ўсмоқчилади у.
– У ёқдами? Бир пиёла тоза сувдан нефть арзон. Бу ерда тоза сувлар шариллаб оқиб ётибди. Ёшлигимизда раҳматли ота-онамиз: «Юртимизда ариқларда сув оқади. Мевалар дарахтларда ғарқ пишади. Ўз қўлинг билан узиб олиб ейсан» дейишса, бизга Жаннатни таърифлашяпти, деб ўйларканмиз. Аллоҳга шукр, мана, келиб кўрдим. Асли Жаннат Ўзбекистонда экан. Насиб қилса, шу ота юртимда бир ҳовли-уй олмоқчиман. Талабжон уйлантириб ҳам қўймоқчи… – Ёрилиб қолди меҳмон.
Раҳмонали кулгидан ўзини аранг тийиб қолди. Нима деб валдираяпти бу гўрсўхта ўзи. Туя ҳаммомни орзу қилгандек Ўзбекистонда муқим яшаб қолишни режалаяпти шекилли. Чучварани хом санаяпти, деб ўйлади-ю, бироқ билдирмади. Илжайганча маъқуллаб, бош ирғаб юраверди ёнида.
Меҳмоннинг оғзидан суви келиб, ҳали олмага, ҳали узум растасига чопади, ҳар биридан манзират қилиб узатаётган сотувчилардан олиб: «Рози бўлинг, рози бўлинг», деганча оғзига солиб, кавшанади. Алҳол бир кило олма, бир кило узумни нархини баҳслашмай сотиб ола қолди.
– Буни ҳали еймиз, – деди арабистонлик меҳмон Жамол ҳожи, оғзининг таноби қочиб.
* * *
Кечки пайт арабистонлик меҳмон Бўта бошчилигида Жоме масжидига йўл олди. Масжиднинг кенг-мўл бир хонасида ўн беш чоғли ёши улуғ кексалар имом бошчилигида меҳмонни кутиб туришган экан. Ниҳоятда иззат-икром, ўта меҳмоннавозлик билан арабистонлик ҳожини кутиб олишиб, тўрига ўтқазишди. Раҳмонали бериги хонада қолди. Бўта ёнбошда, Жамол ҳожи тўрида, бир пайт жаноби пайғамбаримиз ҳадисларидан бошланган масалани бошлаб, бир уй намозхонларни йиғлата бошлади Жамол ҳожи. Дарҳақиқат, Жамол ҳожи сўзга уста, эскичадан ҳам билими анчагина юқори экан. Масалаларни бир-бир айтиб, ниҳоят, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида оғиз кўпиртира бошлади. Арабистондаги ҳаёт жаннатмисол эканини таърифлаб, барча-барча ўта художўй эканини айтиб, ҳаммани ўзига маҳлиё этдиқўйди.
Жоме масжидидаги суҳбат шом намозини бирга ўқиш билан тугалланди.
Бўта Жамол ҳожини эргаштириб масжиддан чиққанида Раҳмонали сал беридаги машина ёнида уларни кутиб турган эди.
– Бўтажон, бугун сиз билан холи ўтирсак, майлими, – дерди Жамол ҳожи. – Кеча Талабжон билан суҳбатлашдик. Ҳаммани ўзига яраша тартиб-қоидаси борда, ука, – дерди ҳожи ака.
Бўта тушуниб-тушунмай «хўп» деди.
Раҳмонали рулда, икков орқа ўриндиқда ўтиришди.
– Бўлмаса бизни қишлоққа, Тошқўрғонга борамиз, ҳожи ака, розимисиз? – деб сўраб қолди Бўта. Ҳожи илжайиб: «Майлингиз» деб жавоб қилди. Раҳмонали тушуниб, йўлни Тошқўрғон томон солди.
Бўтанинг уйига етиб келишганида, эшик ёнида биров, аниқроғи, Раҳмонали учун нотаниш бир киши турарди.
– Ана, акам ҳам шу ерда экан, – деб юборди Бўта. – Роса сиз боп улфат у.
Раҳмонали тушунмади.
Бўтани ҳалиги киши салом билан кутиб олди-да:
– Меҳмонни бизникига олиб кирамизми ё бирон холироқ жойга олиб борайликми? – деб сўради Бўта, акасига нималарнидир деб пичирлаганидан сўнг. Меҳмон ҳамон оғзини юмолмай, илжайган куйи турарди.
Бўта, ўзинг биласан, деган жавобни қилди ва Раҳмонали сизлар билан, деб қўшиб қўйди ва ўзи эшикни очиб, уйига кирди-кетди.
Эшик олдида Жамол ҳожи, Бўтанинг Раҳмонали яхши танимайдиган акаси-ю, Раҳмонали қолди.
– Мени отим Ҳурмамат, – деб қўл узатди Бўтанинг акаси Раҳмоналига. – Ўзим тракторчиман. Гоҳ-гоҳ уй устачилиги билан шуғулланб тураман. Тракторчи, уста халқини биласиз, ишдан кейин…
Раҳмоналининг миясига лоп этиб «ичувчи бўлади» деган жавоб келди ва «Ия, Бўта арабистонлик ҳожи меҳмонни ичувчи акасига қўшиб, ҳожини ичирмоқчими?» деб ўйлаб қолди.
Ўзини Ҳурмамат деб таништирган Бўтанинг акаси машинанинг олд ўриндиғига шартта ўтириб олди ва: «Ҳайданг, мен айтган томонга» деб буюрди.
Жамол ҳожи ҳам индамай орқа ўриндиққа чўкди. Ҳурмамат ака ўнгга, чапга деб юриб, ниҳоят қишлоқ четидаги савдо дўкони олдида машинани тўхтатишни амр этди. У лип этиб тушиб, бир маҳал қоғоз пакетда алламбалоларга қўшиб икки дона ўриснинг ароғини кўтариб олиб чиқиб, орқа ўриндиққа шап этказиб ташлади. Юринг, деди яна. Раҳмонали индамай машинани юргизди.
Жамол ҳожи орқа ўриндиқа ўтириб, пакет ичидан бўғзи чиқиб турган рус ароғи шишасини аста қўлига олиб: «Ўрисди ароғи хўп яхшида», деб қўйди тамшанганча. Раҳмоналининг ҳайрати баттар ошиб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Пешонасидаги олд ойнадан меҳмоннинг ароқ шишасини ҳавас билан силаб-сийпаётганини кузатиб бораверди.
Улар юра-юра, бир дала шийпони рўпарасидан чиқиб қолишди. Дарҳақиқат, бу ер кимсасиз, узоқ-узоқлардан пахта майдонларида ишлаётган тракторларнинг бўғиқ товуши элас-элас қулоққа чалиниб қолар, шийпон олдидаги сўрида эса бор-йўғи икки дона кир тўшак солиғлиқ эди. Раҳмонали: «Қаерга келиб қолдик ўзи?» дегандек чор атрофга аланглаб, ҳайратланаётганди.
Меҳмонни эса узундан узоқ далалар, ҳув жуда узоқдаги қорли тоғларни кўриб завқи ошиб кетганди. Ҳурмамат ака чаққонлик билан икки тўшакни қоқиб-силкиб, қайта ўрнига тўшади. Шийпон ичига кириб кетиб, икки дона ниҳоятда кирлаб, увадаси чиқиб кетаёзган лўла болишларни кўтариб чиқди. Уни ортидан қўлтиғидаги яна бир кирлаб кетган дастурхонни ўртага тўшади.
– Келинглар энди, қани меҳмон?.. – деб манзират қила бошлади.
Меҳмон астойдил кир тўшакка чордона қуриб ўтирди. Раҳмонали сал ижирғангандек бўлиб, сўрининг тўшак етиб бормаган ерига омонатгина жойлашди.
– Ие, ука, сиз сал тепароқ чиқиб ўтиринг, – Раҳмоналига манзират қилди Ҳурмамат ака ва: – Меҳмон билан бугун бир базми жамшид қиламизда, энди. Бўтадан рухсат олганмиз, – деб илжайди.
Қоғоз пакетда нақ бир кило колбаса, помидор, пиёз, туз, қалампир. саримсоқпиёз, кўкатлар бор экан. Ҳаммаси ўртага қўйилди.
– Сиз, ука, шу нарсалардан закуска ясаб туринг. Мен ғир этиб бориб уч дона пиёла ювиб келай ариқдан, – деб қолди Ҳурмамат ака.
– Мен ичмайман, – деди Раҳмонали Ҳурмамат аканинг асл ниятини тушуниб.
– Хўп, майли. Ҳеч бўлмаса косагуллик қилиб турарсиз, – деб қийқириб кулди Ҳурмамат ака. Афтбашараси спиртли ичимлик ичавериб қаримсиқ кўриниш олиб қолган бу одамнинг тишлари ҳам тўкилиб тушган, бир-иккисини демаса. Раҳмонали ноилож олиб келинган бир учи учган чиннига пиёз тўғраб, помидордан қориштириб, шакароб қила бошлади. Унинг устига икки дона аччиқ ҳиди уфуриб турган қип-қизил қалампирни тўғраб, боплаб аралаштирди. Ҳурмамат ака унгача пиёлаларни ювиб келди-да, шошиб ароқнинг шишаси қопқоғини бўшатди. Ғўлқиллатиб иккита пиёлага салкам тўлатўла ароқ қуйди ва яна шошиб, Раҳмоналининг қўлидан пичоқни олди-да, колбасадан каттагина қисмини кесиб, шартта иккига бўлиб қўя қолди. Колбаса энг зўридан «Докторский»: чўчқанинг майда-майда оқ ёғлари колбасанинг парракланган гўшти ичида шундоқ бижиллаб кўриниб турарди.
– Қани, меҳмон, сиз билан танишганимиз учун! – деб Ҳурмамат ака, тавозе билан ароқ тўлдирилган пиёлани Жамол ҳожига узатади.
Жамол ҳожи индамай пиёлани олди-да, худдики жазирамада сувга ташна бўлган одамдек бир кўтаришда сипқорди. Афтини бужмайтириб, лабларини чўччайтиргандики, Ҳурмамат ака дарҳол ёғли колбасанинг бир кесимини унга узатди. Жамол ҳожи бўш пиёлани Ҳурмамат акага қайтараётиб, иккинчи қўли билан колбасани оғзига солдию, чапиллатиб чайнаркан:
– Оҳ-ҳо, ўрисди ароғидан ўргилай! – деди Жамол ҳожи. – Колбасасиям мазали-е!..
Жамол ҳожи тагида кирланган тўшагу ёнида яғири чиқёзган лўла-болишлигини тамоман унутдими, чап ёнбошига тортиб, оёқларини озод қўйиб, биратўла ёнбошлади.
Ҳурмамат ака ҳам ўзининг тегишини томоғидан ўтказганидан сўнг, дарҳол бўш пиёлаларга ароқ қуйди. Бу гал сал озроқдан. Раҳмонали икковининг ҳам биринчи пиёладан кейин нафслари, ҳар тугул, ором олгандир, деб ўйлади.
– Ҳожи ака, одатда, биринчиси билан иккинчисини ўртасидан қил ҳам ўтмасин дейишади, – дея Ҳурмамат пиёланинг бирини меҳмонга узатди.
– Ия, қандоқ бўларкин, ҳозиргинайди!.. Ха майли…
– Ҳожим, узр, иссиқроқ овқат қилишни иложи йўқ бу ерда, – деди Ҳурмамат ака ялтоқланиб.
– Ҳечқиси йўқ, дастурхондаги ҳам гўшт шекилли, – деди жавобан Жамол ҳожи, колбасага ҳайрат билан тикилиб.
– Ҳа, гўшт, аниқроғи колбаса.
– Буям ўрисникими?
– Албатта-да!
– Нимадан бўлган?
Бу саволга нима деб жавоб қилишни билмай, Ҳурмамат ака Раҳмоналига жовдирабгина қаради.
– Чўчқанинг гўшт-ёғидан, – деди сал дағаллик билан Раҳмонали.
– Астоғфурулло, – деб, меҳмон калта соқолини силади, колбасани энди кўриб тургандек. – Чўчқанинг гўшт-ёғидан тановвул қилдикми-а?..
Иккови ҳам индамай, ҳожига қараб тураверишди.
Жамол ҳожи қаттиқ хижолатда қолгандек эди. Аммо, мусулмончиликда тамоман тақиқланган ароқдан ичаётганини унутиб қўйганди.
Ногоҳ, Ҳурмамат ака қийқириб кулиб юборди ва:
– Вей ҳожим-э, роса бопладингиз-ку! Ўрисни ароғини колбаса билан ичмаса, жойига етиб бормайди-ю! – деди.
Ҳожи ҳам жавобан яйраб кулди.
Ўша асно, қаердандир яқинда туққанлиги шундоқ билиниб турган, қатор эмчаклари қизариб осилиб тушган бир ориқ қанжиқ пайдо бўлди ва сўрида ўтирганларнинг бирон егулик беришлари умидда орқа оёқларига чўнқайганича, думи билан ёнверини супира бошлади. Қанжиқ роса очиққан экан, оғзини очиб, тилини осилтирди. Ҳурмамат ака тағин қийқириб:
– Вей, шийпонимизнинг қоровули келибди-ю! – деб, Жамол ҳожига бир паррак колбасадан узатди. –Шуни итга отворинг, – деди.
Жамол ҳожи шундагина сал нарида қанжиқни кўрди ва: – Фу-у!.. – деб ижирғанди-да, оғзига колбаса тишлаган кўйи, Ҳурмамат узатган бўлакни ит томонга ирғитди.
Қанжиқ бир ирғиб, колбаса бурдасини ҳавода илиб олдию бир чайнаб-чайнамай, ютди-қўйди. Сўнг тағин бояги алфозда яна оёқларига чўнқайди..
Раҳмонали атайин шакаробга бир эмас, иккита аччиқ қалампирни майда тўғраганди. Икки ичувчи вах-вах деб, шакаробни еяверишди. Ортидан эса пайдар-пай ароқ узатилаверди…
Жамол ҳожи тузуккина маст бўлиб қолган эди.
– Мен сизларга айтсам, чин мусулмон кишилар сизларда экан, – деб алжирай бошлади. – Бизда-чи, ҳамма ёлғондан, қўрққанидан намоз ўқийди. Бизда манман дегани ҳам нари борса олти ойга аранг чидайди. Шартта самолётга чипта буюради-ю, Туркияга учиб ке тади. У ерларда исловотхоналар сероб. Туркларда сийға деган никоҳ бор. Кирсангиз, домласи бошига саллани қўндириб ўтирган бўлади. Домлани олдида суратли катта китоб. Пулини тўласангиз бас. Хоҳлаганингизни танлайсиз ва юқори қаватдан ўша ҳури пайкарни рўмолга ўраб-чирмаб пастга, домлани ҳузурига олиб тушишади. Қарабсизки, бир зумда сизга никоҳлаб беришади… Оҳоҳ, румин қизларини, нақ сутга чайиб олинган дейсиз…
Раҳмонали Жамол ҳожининг алжирашларини эшитгиси келмай, аста ўрнидан туриб, нари кетди.
Узоқ-узоқлардан қўй ва молларнинг марашлари эшитилар, қуёш қизариб-бўзариб, тоғлар ортига ўтиб кетаётганди.
Бир пайт осмонда тўлин ой кўринди.
Жамол ҳожи билан Ҳурмамат ака энди бир-бирига суяниб қоладиган даражада маст эдилар.
Раҳмонали негадир икковига, айниқса, Жамол ҳожига узоқдан бўлса-да, бот-бот нафрат билан қарамоқда. Вақт эса кеч бўлиб борар, анови икковига қолса, иркит тўшаклар солинган сўрида ётиб қолишдан ҳам тоймайдигандек эдилар. Раҳмонали оғир қадамлар ташлаб, сўрига яқинлашди ва бояги жойига ўтирди.
– Ана, Раҳмоналини ўзиям кеп қолди, – деди Ҳурмамат ака илжайиб.
– Нима гап, дегандек Раҳмонали Ҳурмамат акага қаради.
– Меҳмон бугун бир ипимизни узиб, яйрайлик деган таклифни айтяпти, – деди Ҳурмамат ака. – Пули етарлимиш…
Ҳурмамат аканинг гапига Раҳмонали аввал тушунмади. Ўзича, ипларини тамоман узиб, мазза қилиб ўтиришибди-ю, яна нима етишмаяпти, деб ўйлади.
Ҳурмамат ака Жамол ҳожига суянаман деб, мункиб кетди.
Ҳурмамат аканинг оғзидан сўлак оқаётганди. Бундай кўриниш Раҳмоналини баттар ижирғантирди. Бироқ ноилож эди. Ташлаб кетворай деса… ўртада Бўтанинг андишаси бор.
– Сиз мени яхши тушунмадингиз, шекилли, укагинам, – деди Ҳурмамат ака, энди Раҳмонали томон энгашиб. – Меҳмон, дам олгани қизлар борми, деб сўраяпти. Аниқроғи, ўрис қизларни кўнгли тусаб қолибди.
– Об-бо!.. – деб юборди Раҳмонали баралла. Бу яна нимаси? Тунда бу икки алкашни яна қайга олиб боради-ю, ўрис қизларни ярим кечаси қайдан топади?.. Шуларни ўйлаб, қаттиқ жаҳлланди. Жамол ҳожи билан Ҳурмамат ака иккинчи шишани ҳам яримлатиб қўйишибди.
– Менга ҳали Бўта айтгандики, Жамол ҳожини бугун қандай қилиб бўлсаям кўнглигини олинглар, деб. Айтганини муҳайё қилинглар, деб. Хўш?..
Раҳмонали нима қиларини билолмай, бошини қашиди. Йўқ, деса эртага Бўтадан гап эшитиши тайин, хўп деса, шаҳарни яхши билмаса. Қайга ҳам олиб боради? Шуниси муаммо. Иккиси эса қипқизил маст.
Ниҳоят, бир қарорга келиб, ўрнидан турди, – Қани турдик бўлмаса, – деди Раҳмонали. Аввал Жамол ҳожи, унинг кўмагида Ҳурмамат тракторчи сўридан тушди. Сўрида бўшаган ароқ шишалари, бурдаланган нонлар, колбасалар қолди. Улар ҳали машинага етиб боришмагандики, оч қанжиқ бир ирғиб сўрига чиқди ва чапиллатиб, нон, колбасаларни ютоқиб томоғидан ўтказа бошлади.
Тунги соат ўн бирлар чамасида икки мастни “Жигули” машинасининг орқа ўриндиғига ўтирғизиб олган Раҳмонали шаҳарнинг иланг-биланг тор кўчалари бўйлаб олиб юриб, ниҳоят, Учқуннинг дарвозаси ёнида машинани тўхтатди. “Сизлар жим ўтириб туринглар, мен ҳозир” деб, зулфланмаган эшикдан ичкарига кириб кетди. Учқун ухламаган экан. Раҳмоналини кўриб, унинг юзига илжайиш кўчди.
– Ҳа, ит қувлаган соқовдек ўпкангни қўлтиқлаб келяпсан, тинчликми? – деб сўради у. – Меҳмонни Бўтаникига жойладингми?
– Қайда, ана машинада ўтирибди. Бўтани акаси Ҳурмамат деганиям бор. Қипқизил маст.
– Нима? Маст?
– Ҳа, маст.
– Қаерда ичирдинг?
– Мен ичирганим йўқ… Меҳмонларинг асли қипқизил алкаш, хотинбоз экан-у!..
– Йўғ-э, ундақа гапларни гапирма! Кундузи, пешин намозидан олдин масжиддаги бир тўп оқсоқолларга масала айтиб йиғлатди-ку? – дея ҳайратланди Учқун. – Хўп, бир бошдан гапир-чи?
– Кундузи Бўта билан меҳмонни олиб кетдим, тўғрими? – деб, Раҳмонали ўшандан кейинги воқеалар тафсилотини бир-бир пичирлашишди-да, Бўта уйига кирди-кетди. Меҳмонни Ҳурмамат акаси бир дам олдириб, маишат қилайлик деб, қаердаги бир дала шийпонига бошлаб борди. Йўлда магазиндан бир кило колбаса, икки дона ароқ, яна алламбалоларни олганди. Кир тўшакларни солиб, сўрида ўтиришиб, роса отамлашишди иккови, дея ҳангома қилгач: – Энди иккаласиям қипқизил маст! – деди. – Жамол ҳожини кўнгли ўрис қизларни тусаб қолганмиш…
Раҳмоналининг гапларини эшитаётиб, Учқуннинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У Раҳмоналининг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаётганди. Учқун нима қиларини билолмай, уйнинг у бошидан-бу бошига тез-тез қадамлар билан бориб кела бошлади. Ниҳоят:
– Хўп, ундай бўлса, нега бу ерга олиб келдинг? – деб сўради у жаҳлланиб. – Нима, мен сенга қўшмачиманми? Ё уйимда исловотхона очганманми?
– Хўш, қаерга олиб борай? Наманган шаҳрини билмасам, қаерда нима, ким борлигини?.. – деди Раҳмонали қизишиб. – Менга сенинг ёрдаминг керак.
Учқун бир жаҳлланди, бир кулди, ниҳоят, қўлини юқорига кўтариб: “Во!” деди-да, нариги хонага кириб кетди. Дам ўтмай, кимгадир телефон қила бошлади. Аввал баланд овозда, сўнг паст овозда гаплашгач, қайтиб чиқди.
– Ҳаммаси жойида, – деди у кулиб. – Талабдан рухсат олдим. Хуллас, ҳозир машина келади, икковини ўша машинага чиқариб юборамиз. Шаҳарнинг ўзлари истаган жойига олиб бориб қўйишади, эрталабгача қолишади, тамом-вассалом.
– Эй, ўйлаяпсанми, ахир биттаси арабистонлик меҳмон бўлса, иккинчиси Бўтани акаси бўлса!.. Мен уларни олиб кетган бўлсам. Эрталабгача бирон кор-ҳол бўлса, мен жавоб бераманми? – деб очиқчасига аччиқланди Раҳмонали.
– Ундай бўлса, сен ҳам бирга бор. Фақат эрталабгача уларнинг бошларидаги бир тола соч ҳам тўкилмаслигига мен кафил. Йигитлар бор, қўриқлаб чиқишади. Ўрис қизлар ҳам… Хуллас, сен бугун бу ерда дамни олиб, эртага мен айтган жойга борсан-у, икковини олиб, тез Тошқўрғонга етказиб қўясан, холос. Ҳеч нарса бўлмагандек!.. Шу билан олам гулистон. Меҳмон ҳам хурсанд, бошқалар ҳам. Ахир арабистонлик Жамол ҳожи бизга юз минг доллар берди-я! Бир кечалик маишати юз минг кўкига тушса нима бўпти?!
Айни маҳал ташқарида машинанинг сигнали эшитилди.
– Сен тезда чиқиб, “Волга”да келган ҳайдовчига икков алкашни топшир, қутил. Сўнг кириб дамингни ол, – деб буйруқ берди Учқун.
Раҳмонали ўрнидан қўзғалди.
* * *
Тошкент. Республика Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал лейтенанти Азим Умаровичнинг хонаси. Қабулхонада эрта тонгдан иш қизигандан қизиётир. Кеча тунда Раҳмоналидан хабар келган, Наманган шаҳрига Қирғизистон орқали арабистонлик меҳмон келгани, улар жуда яқин кунларда қандайдир қонли ишни режалаштираётгани билдирилганди. Бироқ, Раҳмонали айтаёган қонли иш нима? Қачон? Қаерда? Мана шу жиҳатлари ҳозирча номаълумлигича қолаётганди. Сочларига оқ оралаган, барваста, эгнидаги генераллик костюмининг олд томони очиқ, бироз асабий, оппоқ икки юзи қон босими кўтарилгани сабаблими, қизариб кетган бу одам ҳозир ўзини қўярга жой тополмаётгани аниқ эди. Аксига олиб, генерал кутган подполковник Мансуржон куни кеча хизмат сафари билан Қашқадарёга жўнатилганди. Раҳмонали билан алоқага эса фақат у чиқа олади. Кеча тунда хабарнома генералнинг қўлига тегиши биланоқ, Мансуржон билан боғланиб: «Ҳамма ишингни йиғиштириб, тез Тошкентга қайт! Раҳмоналидан хабар келди», деб айтганди. Эрталаб соат саккизлар чамасида у идорага кириб келиши керак. Аммо, негадир, кечикаётганди.
Генерал тунги учлар чамасида уйида ўтиролмай, ишхонага кириб келган куйи, ҳалигача хонасида гоҳ ўтирар, гоҳ ўрнидан туриб, асабий ҳолда хонани кезар, ўйланар ва яна ўйланар эди. Хаёлида эса Юртбоши билан уч кун олдин кўришгани, мамлакатда юз бераётган воқеаларни чуқур таҳлил этганлари чарх урмоқда эди. Чамаси, Юртбоши шу кунларда Наманганга боришни чамалаётганди. Гарчанд, ҳозирча қайси куни бориши аниқ бўлмаса-да, Намангандаги Талаб ва Бўта бошлиқ ғаламислар Наманган сафарини сезиб қолишдимикин? деб ўйланарди. Бунга ишонмасада, гумони ҳам йўқ эмас. Чунки, одамларга ҳозирда ишониб бўлмайди. Мамлакатда бир тарафада «Бирлик», «Эрк» деган ташкилотларни тузиб олиб, бир тўп зиёлилар Зиё Маҳмуд деган шоир бошчилигида халқни ўз ортидан эргаштиришга уриниб ётибди. Бу ёқда Наманган… Тезроқ Талаб билан Бўта масаласига чек қўйилмас экан, Фарғона водийсида жиноятчилик ҳам ниҳоятда урчиб кетди. Ғўр, гўдак йигитлар ўзларини эр билиб, «рэкетчи» бўлиб олганлар. Оддий одамларнинг мол-мулкини ўғирлаб, автомашиналарини олиб қочиб, яна қайтадан катта пул эвазига автомашиналарни топиб берган бўлиб, эгаларига қайтариб сотишмоқда. Бошқа бир тарафда қандайдир нокаслар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деган ташкилотга аъзо бўлиб олиб, халқнинг дунёқарашини нуқул муаммо, камчиликларга қаратаётганига нима дейсиз? Юртбошинингдай бошбошдоқлик қачонгача давом этади, дея куйинганича бор-да!..
Ногоҳ, рўпарасидаги телефон тилга кириб қолди:
– Ўртоқ генерал лейетенант, подполковник Мансур Холиқов қабулингизни кутяпти – деган овоз келди телефон аппаратидан.
Генерал шартта ўрнидан туриб:
– Кирсин, тез!.. – деди.
Мансуржон – халоскор!.. У шу ондаёқ самолёт билан Андижонганми, Фарғонагами учиши, ундан Наманганга бориб, тушгача нима гаплигини аниқ билиб хабар юбориши лозим. Акс ҳолда…
Мансуржон генералнинг хонасида сал кам бир соат қолиб кетди. Иккови кутилаётган можароларни чуқур таҳлил этишди, беш-олтита фаразлар ўртага ташланди.
– Мансуржон, ўғлим, Раҳмоналига Бўта билан Талабнинг аслида ким эканликлари тўғрисидаги аниқ маълумотларни берсангиз, шундан кейин у Талаб билан Бўта арабистонлик меҳмон бошчилигида қандай қонли режа тузаётганини ўзи чамалаб билади ва сизга айтади. Мана, қўлингизга Бўта билан Талаб ҳақидаги маълумотларни беряпман. Ҳозироқ ўқиб, барчасини бир бошдан тушунтириб беринг?!
Мансуржоннинг қўлидаги қоғозда қуйидагилар ёзилганди:
«Талаб, 27 ёшда. Отаси узоқ йиллар Наманган шаҳридаги улгуржи тайёрлов савдо ташкилоти раҳбари бўлиб ишлаган… Укаси бу йил мактабни битиряпти. Наманган шаҳридаги торроқ бир ҳовлида яшашади.
Бўта. Тошкесар қишлоғидан. Отаси ошпаз, колхозчи бўлган. Онаси пилла бригадири бўлиб ишлаган. Отаонаси ўтиб кетган. Уйланмаган. Икки акаси бор. Катта акаси колхозда тракторчи, кичик акаси «Тез ёрдам» машинаси ҳайдовчиси.
Бўта ёшлигида тўйларда кураш тушиб юрган – курашвоз, чапани. У Афғонистондаги урушда чекланган совет қўшинлари таркибида ҳарбий амалиётларда иштирок этган. Сўнгги маълумотларга қараганда, Бўта ҳарбий хизмати давомида уч ойдан ортиқроқ афғон мужоҳидлари қўлида асирда бўлган. Асирдалик вақтида уларга сотилган. Шунинг учун ҳам арабистонлик меҳмонни танийди.
Ҳозирча арабистонлик Жамол ҳожи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Билишимизча, Жамол ҳожининг миллати ўзбек, асли Афғонистонда туғилган. Сўнг ота-онаси билан Арабистонга кўчганлардан бири. Афғонистондаги мужоҳидлар билан алоқаси яхши. Бўта билан Афғонистондаги мужоҳидлар таркибида танишган бўлиши ҳам мумкин.
Талаб билан Бўтанинг фарқи шундаки, Талаб зиёли, ўзига тўқ хонадоннинг боласи. Ёшлигидан камчилик кўрмай ўсган.
Бўта эса оддий колхозчининг боласи. Маълумоти бор-йўғи ўн синф. Табиатан қўпол…»
Мансуржон ёзма маълумотни синчиклаб ўқигач, қоғозни генерал лейтенантга узатди.
– Барчасини яхши тушуниб олдим, ўртоқ генерал лейтенант. Қачон?..
– Ҳозироқ йўлга чиқасиз. Самолёт тайёр. Ё Андижон, ё Фарғонага учади. Ундан Наманганга ўтиб, узоқроқдан бўлсаям Раҳмоналига рўпара бўлинг. Чамаси, у сизни кутяпти. Четроқда суҳбатлашгач, менга ҳаммасини телефон орқали маълум қиласиз. Бирорта гапи, ҳатто, сўзи ҳам ёдингиздан чиқмаслиги керак. Чунки, Ватанимизнинг тақдири шу кунларда қил устида турибди десам, сал оширворган бўламану, лекин аҳволимиз мақтангудек эмас. Юртимизда нокаслар кўпайиб кетди. Биз буёқда армияни, ҳуқуқ-тартибот идоралари, обком, райкомлар ўрнида ҳокимликларни ташкил қилиб, уларнинг ваколатларини кенгайтириб, кучайтириш ҳаракатини қиляпмиз. Кўрган бўлсангиз, ҳар куни телевизор орқали мамлакатимизга олиб келинаётган ун, ёғ, қўйингки, барча озиқовқат маҳсулотлари тўғрисида халққа очиқ ахборот бериб турилибди. Ақлли, юртини севган, ватанпарвар юртдошларимиз бугунги кун қийинчиликлари вақтинча эканини сезиб, билиб туришибди. Лекин бир ҳовуч нокасларга бу вазиятдан фойдаланиб қолишлари учун имконият бермаслигимиз керак.
– Бир нарсани сўрасам майлими? – деди Мансуржон.
– Сўранг, – деди генерал лейтенант, стол устидаги майин сочиқча билан пешонасидаги терларни артиб.
– Талаб, Бўта деганларини бир кундаёқ танобини тортиб қўйишга кучимиз етмайдими?
Бошлиқ хиёл кулимсиди ва:
– Мансуржон, юрт энди мустақиллигини эълон қилди. Халқаро ташкилотлар бизга кўзларини тикиб туришибди. Президентимизнинг асосий мақсади мустақиллигимизни қон тўкмасдан, халққа озор етказмасдан мустаҳкамлаб олишдан иборат. Йўлимизда учрайдиган турли-туман қора кўнгилли одамлар бора-бора, ўз бошларини ўзлари ейдилар. Биз халқимизни, юртимизни асраб-авайлашимиз керак, бор гап шу. Тинчлик бизга ҳамма нарсадан қадрли!
Мансуржон, тушундим, дегандек бош ирғади ва рухсат олиб хонадан чиқди.
* * *
Эрталабда Раҳмоналини Талаб йўқлаб қолибди. Бундай йўқлашлар сўнгги кунларда гоҳ Бўта, гоҳ Талаб томонидан бўлиб тургани учунми, Раҳмонали унчалик ҳайрон бўлмади.
– Бизникига бориб келамиз, – деди Талаб, Раҳмонали билан қўллашиб кўришгач. Талаб пўрим кийинган. Эгнида кўк костюм-шим, оёғида тим қора, ялтиллаган учи бигиз туфли. Костюми остидан оппоқ кўйлагини тик ёқаси яққол кўзга ташланиб турибди. Бош яланг. Оқсариқдан келган, соқол-мўйлаби роса қиртишлаб олинган бу йигит яқин келгусида юртни бошқаришни кўзлаётгани аниқ, деб ўйлади Раҳмонали, неча кунлик хулосаларига таяниб. Лекин шу кунларда нима ишларни режалаштиряпти? Агар анов Жамол ҳожини атиги бир кунга ўзининг ихтиёрига қўйиб беришса, бор гапни билиб олиши аниқ. Бунинг учун арабистонлик Жамол ҳожини бугун яна бозор айлантириши, кўнглига қўл солиши, сўнг кечки пайт борича кўнглини овлаб, оғзидан ошиб чиққунича ароқ ичириб, ҳамма гапни ичидан суғириб олиши керак! Шуларни ўйларкан, аста хўрсиниб қўйди.
– Машинани тайёрланглар! – Буюрди Талаб. – Хўш, меҳмон нима қиляпти? – деб сўради у чойхона сўрисидан тушаётиб.
– Меҳмонми… – Сал кулимсиди Раҳмонали. – Мириқиб дам оляпти. Кеча анча чарчаган экан.
– Ишқилиб, ножоиз ишлар билан шуғулланмадими? Бўта Жамол ҳожини роса мақтаганди менга. Кўрамиз, Жамол ҳожи дегани нима каромат кўрсатаркин бизга. Бир дипломат доллар билан юртни ағдар-тўнтар қилиб бўлмайди ахир…
Талаб яна нималарнидир демоқчи бўлди-ю, негадир гапини тўхтатди. Чамаси, эрталабдан унинг асаби бироз тарангроққа ўхшарди.
Раҳмонали ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиққа ўтирди. Талаб орқа ўриндиқдан жой олди. «Волга» Наманган шаҳрининг кенг кўчаларидан бора-бора иланг-биланг, тор бир кўчага кирди. Раҳмонали Талабнинг уйига ҳеч бормаган, биринчи бор бу кўчага кириши эди. Қарангки, кўчаси шундай тор эканки, «Волга» ўтиб бораётганида икки тарафдаги одамлар ноиложликдан уйнинг деворларига қапишиб туришга мажбур экан. Шундақаям кўча бўладими-я? Тор йўл кутилмаганда кескин бурилиш ҳосил қилар, нариги тарафдан келаётган на машинани, на одамни кўриб бўларди. Устига-устак, йўл ўйдим-чуқур. Эски уйлардан кўчага чиқариб ташланган оқава сувлар эса иссиқда бижғиб, сассиқ ҳидлари ойнадан машина ичкарисига кириб, кўнгилни айнита бошлади. Ноилож Раҳмонали машинанинг ён ойнасини кўтаришга мажбур бўлди. Ортига қараганди, Талаб билан ҳайдовчи аллақачон ойналарни кўтариб қўйишган экан.
Машина секинлашиб, нақшиндор бир дарвоза олдида тўхтади.
– Мен уйга кириб чиқаман. Сизлар шу ерда бўп туринглар, – деб, Талаб машинадан тушиб, нақшинкор дарвозанинг кичик эшикчасидан ҳовлига кириб кетди.
Кун иссиқ. Ойналарни туширса, яна ўша бадбўй ҳаво!.. Очмаса, ўтирган кўйи терлаб-пишиб… Раҳмоналини иссиқда уйқу элита бошлади. Ногоҳ, ичкари ҳовлидан бақирган-чақирган қўпол овозлар эшитилиб қолди ва кимдир ниманидир тарақлатиб тепди. Раҳмонали рухсат берилмаган бўлса-да, дарҳол машинадан тушиб, Та лаб кирган эшикчани ғийқиллатиб очиб, ичкари ҳовлига мўралади.
Ҳовли юзаси гир айлана бир қаватли уйлар билан қуршалган. Ўртада торгина ҳовли. Икки туп мевали дарахт. Бири ўрик шекилли, иккинчиси анжирмией… Тўридаги уйга тақаб қўйилган тахта сўрида ёши каттароқ аёл аччиқ-аччиқ йиғлар, ичкаридан ҳам аёл кишининг йиғи овози эшитилиб турарди. Ёши катта аёлнинг ёнида ўрта бўй, аёлдан ёшроқ эркак киши турар, уларга қарата Талаб бор овози билан бақираётганди:
– Тупирдим ўша анъанага! Анъанамиш?! Эскича маросимларга берилишни йиғиштирсин қудангиз! Қайнотам бўлса ўзига!
– Болам, бир тоғора ошда нима айб! Яхши ният билан байрам арафасида қайнотанг жўнатибди. Тепиб юбординг, а?!. – дерди хуни бийрон йиғлаётган аёл.
– Ҳаммасига тупирдим, билдингизми? Мен нима ташвиш, нима ғамда юрибман-у, сизлар бўлса қаёқдаги куёв оши дейсизлар. Ош емай юрибманми? Ҳар куни ош. Тез кунда давлатни қўлга олай, бундақанги бидъатларга тамоман чек қўяман! Мана, уч-тўрт кунда нима ишларга қодир эканимни кўрасизлар! Наманганни тўстўполонини чиқариб ташлайман. Тошкентда ўтирган катталарни ҳаммаси ёпирилиб келиб, мана шу оёқларим остига ташлайди ўзларини…
Бу галварс нималар деб валдиряпти, деб ўйлади Раҳмонали. Жамол ҳожини бир дипломат пул кўтариб келишидан қоннинг иси келаётгандек бўлаётувди-я! Мана, гап нима ҳақда экан…
– Бугун куни билан одамларга доллар тарқатилади. Асосан Наманганнинг намозхон ёшлари кўчага чиқади индинга, ислом байроқларини кўтариб! – Важоҳат билан ўзи сезмаган ҳолда ваъз ўқий бошлади Талаб. – Менинг кимлигимни бутун дунё кўриб қўйсин!
Ниҳоят, Талаб ичкари томонга қараб ўшқирди:
– Йиғини бас қил!
Талаб ногоҳ ортига ўгирилиб, дарвозадан ичкари томон икки қадам кириб қолган Раҳмоналига кўзи тушди:
– Сен бу ерда нима қиляпсан! Машинада ўтир демаганмидим!
– Келинг, болам, ўртоғингизни қилган ишини кўрмайсизми? – Дийдиё қила бошлади катта ёшдаги аёл, Раҳмоналига кўзи тушиб, бошидаги рўмоли учини оппоқ юзлари томон тортаркан. – Қайнотаси байрам арафасида юборган бир тоғора ошни тепиб юборса бўладими? Куёвга байрамларда ош юбориш эскилик сарқити, бидъат эмиш…
Раҳмонали онахоннинг бу гапига нима деб жавоб қилишини билмай, терс ўгирилиб ташқарига йўналди. Аста уф тортиб машинага ўтираркан, бошини чайқади. Ҳовлида кўрган кишилари – катта ёшдаги аёл Талабнинг онаси, ёнидагиси акаси, ичкарида йиғлаётган хотини эканини тушунди.
Талаб чиқиб келди. Унинг ёнида Раҳмонали тўғри чамалаб топган акаси ёнма-ён эди.
– Шу ишни бекор қилдингиз-да, Талабжон, – деди акаси. – Қайнотанигиз эшитса, нима деган одам бўламиз. Раҳматли дадамизнинг қадрдони ахир. Хотинингиз айтмай қўяди, дейсизми. Тешик қулоқ эшитмай қўймайди барибир. Хунук иш бўлди, ука.
– Менга барибир, ака. Сиз мен айтган ишни қилинг. Маҳалладаги таниш-билишларингизни йиғинг, ёш-ялангларни атрофингизга тўпланг. Индинга ҳаммаси тап-тайёр бўлиб туришсин. Эрталабда бошлаймиз. Ишхонангиздагилар ҳам эсингиздан чиқмасин.
– Митингда-а, Талабжон? Ишқилиб, тинчликда ўтсин-да, – деди акаси, ялинчоқ охангда.
– Қанақа тинчлик?! – Бирдан ўшқирди Талаб, рўпарасида хиёл эгилиб турган акасига қарата. – Қон тўкилади, қон. Ҳокимият тепасида ўтирганларнинг бари қувғинга учрайди, уйларига ўт қўйилади. Бизнинг мақсад битта: Наманганда ислом давлати қуриш, ундан сўнг бутун Ўзбекистонда, сўнг Ўрта Осиёда! Тушундингизми?
Акаси қўрқиб кетдими:
– Тушундим, тушундим, – дея олди, холос.
– Ҳайда, кетдик! – деди Талаб ва шартта машинага ўтирди.
* * *
Мансуржоннинг Андижон аэропортидан Наманган шаҳрига етиб келгунига қадар роппа-роса икки соат вақт кетди. Айтилгандек, аэропортда махсус машина кутиб турган экан.
Йўл-йўлакай, автомашинадаги махсус телефон орқали аввал Тошкентга сим қоқиб, Андижонга етиб келганлигини, энди Наманган томон йўл олганини генералга билдириб қўйди. Сўнг Наманган вилоятининг Миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи билан боғланди. Кутиб туришини тайинлади.
Эски шаҳардаги Чорсу бозори ҳар кунгидек одам билан гавжум, тор йўлаклар тирбанд, ҳамма қаёққадир шошади.
Мансуржон бошқарманинг хоналарининг бирида оддийроқ кийинди. Сўнг кўчага чиқиб, оломон орасига бир зумда сингиб кетди. Бошида наманганча дўппи. Умуман ҳеч қачон дўппи киймагани учунми, хаёлида ҳадеганда бошидаги дўпписи сирғалиб тушиб кетаётгандек бўлаверар, ҳадеганда қўли бошидаги дўпписига бориб келаверарди. Мансуржонни даъфатан кўрган одам Наманганнинг узоқ қишлоғидан шаҳарга келган бир киши, деган хаёлга бориши аниқ эди. Унинг қўлида сал эскирган қора хўжалик сумкаси, оёғида эскирган туфли, шими дазмолланмаган, эгнидаги кўйлагининг ёқаси ҳам айтгулик эмас. Лабларида арзон, сассиқ сигарета “Астра”.
Сигарета тутунини ҳар гал ичига тортганида, чап кўзи хаёл қисилиб, тумшуғини атайин юқорига сал кўтариб, маза қилаётган кашанда каби ўзига тус берарди. Бошқармада айтишларича, Талаб билан Бўта, асосан, Чорсу мавзесидаги катта чойхонага танда қўйиб олишибди. Мансуржоннинг чамасича, Раҳмонали ҳам ўшалар билан бирга бўлиши керак. У бозор оралаб, ниҳоят чойхона томон етиб борди. Бир четдаги сўрига ўтириб кўк чой буюрди. Чойхонада хизмат қилаётган ўсипирин йигитча бир чойнак чой ҳамда лаби учган пиёлани олдига қўяётиб:
– Яна нима хизмат? – деб сўради.
– Бир дона иссиқ нон, озроқ новвот…
Новвот солинган чойни секин қултумлаб ичган кўйи, сўриларда ўтирган одамлар орасидан Раҳмоналини қидира бошлади. Шу тариқа, бир соат чамаси чидам билан ўтирди. Ногоҳ, кўзи чойхона эшигидан кириб келаётган – Раҳмоналига тушди: «Вой бў-ў-ў!» – деб юбораёзди. – Қисқа вақтда шунчаям озиб кетадими одам?»
Эндиги вазифа – Раҳмонали билан рўпарама-рўпара келиш, деб ўйлади Мансуржон. Бу пайтда Раҳмонали олдинда, Талаб эса бир неча қадам орқада – чойхона тўрига ўтиб бормоқда эдилар.
Икки соатдан зиёдроқ вақт ўтгандики, яна олдинда Талаб, ортида Раҳмонали – ичкаридан чиқа бошлашди. Мансуржон қулай жой танлаган экан, лип этиб ўрнидан туриб, қўлига хўжалик сумкасни олдию, чойхонадан чиқаверишга интилди. Ўзи томон шошиб келаётган йигитчанинг қўлига беш сўмликни тутқазиб, қайтими керак эмас, деб қўйди.
Ногоҳ, Раҳмонали чойхонадан чиқаверишда қора хўжалик сумкасини кўтарган одам билан елкама-елка тўқнашди ва у одамнинг қўлидаги хўжалик сумкаси ерга тушиб кетганини кўргач, сумкани олди ва у одамга юзланди:
– Сўмкангиз тушиб кетди-ку, ака, узр… – дея Мансуржонни таниди-ю, юраги хаприққани баробарида, сал жилмайди. – Узр, ака, узр-а?
– Ҳечқиси йўқ, ука, – дея Мансуржон лабидаги сигаретини четга ташлади. – Одамлар кўп, қаранг, нуқул тўқнашиб, туртиниб кетяпман денг…
Раҳмонали бошқа бир оғиз гапирмай, Талабнинг ортидан эргашди.
Мансуржон уёқ-буёққа бир қараб, ҳеч ким сезмаганига ишонч ҳосил қилгач, аста Раҳмоналининг изидан юра бошлади.
Ярим соатдан сўнг оломон орасида Раҳмонали билан Мансуржон олдинма-кейин кетиб бораётганди. Туйқус Раҳмонали газлама дўконига кирди. Мансуржон унинг ортидан эргашди. Дўконда ўрта бўй, сабза мўйлабли ёшгина йигит савдо билан банд, нуқул хотин-қизлар ўрлашаётган, газламалар тахламлари олдида. Раҳмонали қоронғироқ жойга борди. Тўхтади. Ортида Мансуржон газламалар тахламларидан бирининг ўнг-терсини ағдариб кўриб турган пайтда, Раҳмонали дўконнинг кириш эшиги томон бирров синчиков қараб:
– Яхши етиб келдингизми? – деди. – Хабарни олибсизлар-да?
– Шукр.
– Олдик. Ўнг қўл билан чап қўл ҳақида эшитинг: ўнг қўл савдогарнинг боласи, чала зиёли. Чап қўл қишлоқ боласи, тўпори, лекин ўта қўпол. Афғонда уч ой мужоҳидлар қўлида асирда бўлган…
– Мен ҳам, шундай бўлса керак, деб ўйлагандим, меҳмонни кутиб олишидан. Меҳмонни жуда яқин олди.
– Мақсадлари қандай?
– Индинга катта тўполон бошланади. Ёш-яланг йигитлар арабча ёзувли байроқларни кўтариб чиқишади. Ҳокимият вакилларининг уйларига ўт қўйиб, ўзларини сазойи қилишмоқчи. Наманганда ислом давлати қуришмоқчи. Чамаси, бугун-эрта нишоналари кўриниб қолади.
– Тушунарли…
…Мансуржон бошқармага қайтиб келганида, кундуз соат учлар чамаси эди. Дарҳол генерал билан боғланди. Раҳмоналининг ҳар бир гапини сўзма-сўз қайтарди. Генерал анча жим бўлиб қолди ва: «Сиз ўша ерда қолиб, вазиятдан огоҳ бўлиб туринг!» деди.
Тобора шаҳарда вазият чигаллашаётгани энди аниқ бўлган эди.
* * *
Марғилон шаҳри. Шаҳар марказида эрта тонгдан одам гавжум. Шаҳарга, одатда, асосан атроф туманларда истиқомат қилгувчи деҳқонлар савдо-сотиқ қилиш учун келишади. Тўғрироғи, чайқовчиликка қарши кураш айни қизиган даврларда ҳам марғилонликлар туманлардан келган деҳқонларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини арзон-гаров олиб, бозорда сотишга ўрганишган. Машҳур чайқов бозорида эса қўлда тўқилган хонатлас дейсизми, калишми, хуллас, нимаики ноёб бўлса, деҳқонлар марғилонликлардан қиммат нархда сотиб олишга ўрганишган. Шунинг учун бўлса керак, марғилонлик машҳур журналист Адҳамжон Каримов ҳазиллашиб, биз, марғилонликлар тушгача қишлоқлардан келганларни алдаб кун кўрамиз, тушдан сўнг эса ўз-ўзимизни, дегани айни ҳақиқат.
Юртда бошбошдоқлик, олатасир бўлиб турган бир вақтда, рэкет деган бир бало шундай болаладики, юртнинг ҳар бир шаҳрида ўз рэкетчилари пайдо бўлди. Шаҳар марказидаги Оталар чойхонасига танда қўйиб олган Бобурхон бошлиқ рэкетчиларнинг эса дови юришган маҳал эди.
Чойхонада эртадан кечгача кетма-кет тансиқ таомлар пиширилар, Бобурхон сўрилардан бирини эгаллаб, шотирлари билан кечгача улфатчилик қилишдан бўшамас, кечаси эса қиморбозлик бошланиб кетарди.
Уларнинг пул топиш, ундириш усуллари кўп эди. Шулардан бири шаҳарга келганларнинг енгил автомашиналарини олиб қочиш ва илтимосларга биноан, яхшигина пул эвазига яна эгаларига қайтариш эди. Бунақа қинғирлик ўта даромадли чиқиб қолди. Аммо нафақат бошқа шаҳар, балки атроф қишлоқлардан ҳам енгил автомашинаси борлар Марғилон шаҳрига машинасини миниб келишга чўчиб қолишганди. Сал алахсиса, тамом – машинаси йўқ-да!.. Сўнг шилқиллаб Оталар чойхонасига бориши ва Бобурхондан илтимос қилишига тўғри келарди. Илтимос эса қуруқдан қуруқ бўлмасди, албатта.
Кун пешиндан оғаётганди. Асфалт қуёшда қизигандан жазирама баттар уфургани боис одамлар иложи борича ўзларини салқин жойларга уришар, қадам-бақадам сотиладиган кўчма сув дўконларидан муздек сув ичиш билан овораи сарсон эдилар. Шундай иссиқ кунда қизил шапкасини бошига қўндирган Ғани мелиса бозор оралаб, марказий савдо магазини ёнидан катта йўлни кесиб ўта бошлади. Сал юргач, Оталар чойхонасини узоқдан кўриб: «Ҳайрияте-э! деб қўйди ўзича. – Кун бирам исияптики, одамлар қандоқ чидашаётган экан-а?» Салқин хонада ўтиравериб куннинг шунчалик иссиқлигини ҳеч сезмаган экан. Агарда ён қўшниси Мадамин тракторчи унга қаттиқ илтимос қилмаганида, шунча йўл босиб келмасди сира. Бироқ, қошу кўздек яқин қўшниси, унинг устига Мадамин тракторчи ўзини жуда яқин олади. Йўқ, дейишга уялди. «Ахир мелиса бўлсангиз, сизни гапингизга йўқ демас. Мен борсам, Бобурхон дегани нақд уч минг сўм берасан, дейди. «Жигули»мни бор-йўғи беш минг сўмга амал-тақал қилиб, қарз-қавола билан олган бўлсам. Ҳали қарзимдан ҳам қутулганим йўқ эди. Мени палакат босиб, қайданам Марғилонга миниб келдим ўзи. Шундоқ магазинга кирдиму чиқдим. Қарасам, машинам йўқ…» деб арз-дод қилди Мадамин тракторчи.
Мелисахонада бу гапни бошлиққа айтганди, бошлиқ елка қисди ва:
– Ғани ака, ҳозир Бобурхоннинг пичоғи мой кесиб турган маҳал. Унинг мушугини ҳеч ким пишт деёлмайди. Эл қилаётган ишни қилинг-у, пулини тўлаб машинасини олиб беринг қўшнингизни, қўлингиздан келса. Бўлмаса, аралашманг, – деди. – Куни кеча Бобурхон тўй қилди. Айтсам ишонмайсиз. Марғилоннинг прокурори эшиги та гида хизматда турган экан, қўлини қовуштириб, хуш келибсизлар, деб. Унинг тўйига шундақанги казо-казолар келишдики, кўриб оғзингиз очилиб қолади. Мен билан сиз ким бўлибмиз…
Бошлиқнинг бу гапини эшитиб Ғани мелисанинг тарвузи қўлтиғидан тушгандек бўлди гўё.
Мана, энди Ғани мелиса шилқиллаб, иссиқда терлабпишиб, қандайдир рэкетчи Бобурхоннинг ҳузурига илтимос қилгани бормоқда. Бу қандоқ бедодлик бўлдики, мелиса формасидаги бир одам қандайдир ўғри, каззобга илтимос билан борса?!.
Оталар чойхонасида одам кўп эмасди. Бироқ, энг четдаги, шовуллаб оқаётган ариқ устига кўндаланг қўйилган сўрида тўрт-беш чоғли ёш йигитлар карта ўйнаб, ҳиринглаб кулишиб ўтиршганди. Ғани мелиса дарҳол уларга эътибор қилди ва илдам бориб, чой дамлаётган чўққи соқол, жиккакина, марғилонча дўппи кийган кишига рўпара бўлди.
– Менга Бобурхон керак эди, – деди овозини баралла қўйиб. Чойхоначининг кўзлари олазарак бўлиб, ранги бироз оқаринқиради ва имлаб, боягина Ғани мелисанинг кўзи тушган сўрини кўрсатди. Чамаси, Ғани мелисанинг сўровини сўрида ўтирган йигитлар ҳам эшитишди, лекин парво қилишмади.
Ғани ака йўлни тўғри ўша сўри томон солди.
– Қалайсизлар, йигитлар? – деди Ғани ака, қўлларини шимининг чўнтакларига суқиб, тик турганча.
Сўридаги йигитлардан бири ёнбошлаб карта ўйнаётган экан. Айнан ўшаниси; бу ким бўлди экан, дегандек Ғани мелисага тик қаради ва:
– Келинг, хизмат? – деди бир кўзини хиёл қисиб.
Йигитлар, қўлларида қарта, ёнбошлаб ётган йигитга савол назари билан қарадилар.
– Менга Бобурхон керак эди?
– Мен бўламан Бобурхон.
– Гаплашиб олсак бўладими? – Хиёл дадилланди Ғани мелиса ва сўрининг бир четига ўтирди.
– Гапиринг!..
Ғани мелиса жим қолиб, қўлларида карталарини ушлаб турган уч йигитга бир-бир қаради.
– Булар менинг одамларим. Улардан яширадиган гапим йўқ. – Ўзини Бобурхон деб таништирган йигит қўлидаги қарталарини хонтахта устига тап этказиб ташладик-да, ёстиққа бутунлай ёнбошлаб, оёқларини узатди.
– Ундай бўлса, гап бундай: қўшнимнинг «Жигули»си шаҳарда йўқолиб қолибди. Аниқроғи, ўғирлаб кетилибди. Машина сизларда экан, қайтариб берсангиз…
– Биринчидан, биз ўғри эмасмиз – машина ўғирлайдиган, иккинчидан, биз фақат ўғирланган машиналарни қидириб топиб беришимиз мумкин, холос. Аммо…
– Ия, шундақами, мен… – Гапини уёғини айтмади Ғани мелиса.
– Мен бўлсам, қўлимизга кишан солиб олиб кетгани келдими, деб ўйлабман, – дея йигитлардан бири хохолаб кулиб юборди.
У йигитнинг беўхшов кулгусига қолган икки йигит ҳам қўшилди. Бобурхон уларга ўқрайиб қараганди, дарҳол кулгуларини тўхтатишди.
– Хўш, нима қиламиз? – деб сўради Ғани мелиса, кулганларга парво қилмай.
– Нима қилардик, суюнчисини берсангиз, топиб берамиз, – дея ижирғанди Бобурхон, мелиса ходимининг жиддий турганини кўриб.
– Суюнчиси қанча бўларкан?
– «Жигули» бўлса, уч минг-да!..
– Уч минг? Яна икки минг қўшса, янгисини сотиб олиш мумкин. Бундақаси бўлмайди. Беш сўм бераман кечки пайт ўзим келиб машинани миниб кетаман. Гапнинг қисқаси шу!
– Тушингизни бориб сувга айтасиз! – Бирдан аччиқланди Бобурхон ва ётган кўйи, чирт этказиб сўри остидан оқиб ўтаётган сув томонга туфлади.
– Бизни мардикор қилмоқчими? – дея йигитлардан бири ўрнидан тура бошлади ва сўри четида ўтирган Ғани мелисанинг бошидаги шапкаси соябонига қўл юборгандики, Ғани ака ўтирганча унинг қўлини чапдастлик билан қайириб, кутилмаганда қорнига мушт солди. Ғани мелисанинг бундай хатти-ҳаракатини кутмаган Бобурхон бошлиқ йигитлар бироз довдираб қолишди. Ҳалигинда кела-келгунча йиғилиб қолган аламлари сабаб бўлдими, ишқилиб, азалдан қизиққон Ғани ака, эллик ёшда бўлишига қарамай, ҳар учала йигитни ҳам бир-бир уриб, қулатди. Ва шердай ирғиб, осмонга қараб ётган Бобурхоннинг гирибонидан бўғиб, даст кўтарди.
– Ўзингни ким деб ўйлаяпсан, тирранча! Юртда ҳали менга ўхшаган мелисалар ўлган эмас! Керак бўлса, шу ерни ўзида бурдалаб ташлайман. Одам келдими, ит келдими, дебам қўймай чўзилиб ётибсан! Кечки пайт ўзим келаман. Машинани миниб кетаман тушундингизми?.. Мана бу қоғозда машинанинг маркасидан тортиб давлат рақамигача ёзиб қўйганман. Агарда топиб, шу ерга келтириб қўймасанг, билки, эндиги навбат сеники бўлади. Марғилонни у бошидан бу бошигача тепиб олиб бориб, тепиб олиб келиб қўяман! – Ғани ака шундай деб, чўнтагидан олган бир парча қоғозини Бобурхоннинг оппоқ ёқали кўйлагининг кўкрак чўнтагига шаҳд билан тиқди.
Сўрининг атрофида уч йигит инқиллаб, думалаб ётишарди. Бобурхон ётган жойидан қандай даст кўтариб, тик қилиб қўйилган бўлса, шундайича анқайиб, миқ этолмай тураверди.
Ғани мелиса эпчил сакраб сўридан тушди-да, кафтлари чанггини қоқан каби бир-бирига уриб, ҳамон думалаб ётган йигитлар устидан ҳатлаб ўтиб, чойхонадан чиқди-кетди.
Бу воқеа кутилмаганда тез юз бердики, чойхоначидан бошлаб, чойхонада ўтирган жамики чойхўрлар гувоҳ бўлишди.
Дарҳақиқат, кечки пайт Мадамин тракторчининг ҳаворанг «Жигули»си қаердандир топилиб, Оталар чойхонасининг кираверишига қўйиб қўйилди. Ҳатто, автомашинанинг калити, ҳужжатлари ҳам ўз жойида эди. Ғани мелиса бир такси машинасида келди-да, ҳеч кимга ҳеч гап айтмай, сўраб-суриштирмай, машинани таниб, олд ўриндиққа ўтирди-да, гур этказиб юргазиб, жўнаворди.
* * *
Марғилонда яна бир одам пайдо бўлганди. У аёл киши бўлиб, исми Ҳуснигул, бор-йўғи шаҳардаги марказий банкда инспектор бўлиб ишларди. Бироқ, у Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, деган бир ташкилотга аъзо бўлганини пешлаб, доим сумкасига солиб юрадиган қизил гувоҳномасини кўрсатиб, Бобурхондан оширса ошираётган эдики, сира камайтирмаётганди.
Ўрта бўй, гапирганда овози хириллаганми-ей, чийиллагандайми-ей эшитиладиган, қорачадан келган у аёл ўрта махсус маълумотли бўлиб, қисқа муддатда шунча лик танилиб кетдики, одамларнинг назарида Ҳуснигул ҳар қандай битмайдиган ишни битказа оладиган бообрў одам бўлди-қолди.
Унинг иш услуби жуда оддий ва режали эди. Ҳуснигул ҳар қандай йирик ташкилот, корхона раҳбарининг қабулига дадил кириб борар, сабр билан кутиб, ниҳоят, раҳбарнинг хонасида пайдо бўлиб, ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича яқинда ташкил этилган халқаро ташкилотнинг вилоятдаги ягона вакили сифатида таништирар, қўшимчасига уёқ-буёқдан ширин гаплашиб, охирида: «Шу телефонингиздан бир телефон қилиб олсам майлими?» дея рухсат сўраб, умрида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган халқаро ташкилот ҳам бор эканидан биринчи маротаба хабар топиб, гарангсиб, анқайиб турган раҳбарнинг рухсати билан хизмат телефонидан хориждаги «Озодлик» радиостанцияси мухбирига сим қоқиб, янгиликлар борлигини билдириб, диктофонига ёзиб олган ёлғон-яшиқ хабарларни қўйиб берарди. Гарчанд, бу суҳбатлашув учун бор-йўғи 3-4 минут вақт кетса-да, «Озодлик»даги валломат, ўпкаси оғзига тиқилиб, хурсандчилик билан Ҳуснигулнинг диктофонидан қўйилаётган «янгилик»ни ўзига ёзиб олар, қарабсизки, ўша куни кечқуруноқ «Озодлик»дагилар Ҳуснигулнинг бу “янгилиги”ни қайта-қайта айлантиришни бошлашар ва бундай айлантиришлар суюнчи сўрагандек гоҳо бир ҳафтагача чўзиб бориларди.
Кейинги гал эса Ҳуснигул ҳалиги раҳбарнинг ҳузурига “махсус қуролланган” ҳолда кириб борарди. Унинг қуроллари шундан иборат бўлардики, Ҳуснигул қаерлардан бўлса ҳам, раҳбарнинг қаерда туғилиб ўсганидан бошлаб, ишхонасидаги майда-чуйда камчиликкача топиб қўйган ва унинг ҳузурида бор гапни тўкиб соларди. Табиийки, раҳбарнинг айбларини тўкиб-солишда дўқпўписа: «Сени «Озодлик»ка чиқариб юбораман, фалон ишни битирмасанг», қабилида бўлиб ўтарди. Қарабсизки, қўрқоқ раҳбар Ҳуснигулнинг оёғи тагига йиқилмайди-ю, ундан берироқ афтодаҳол алфозда, сувга тушган мушукдек ювош тортиб, олдига қўйган барча шартларини кўз очиб юмгунча бажариб берарди. Мабодо, иш битириш учун бошқача шарт қўйилмаса, йириккина пора олиш билан суҳбат тугалланиб, Ҳуснигул раҳбарнинг хонасидан силлиққина чиқиб кетарди. Кейинги сафар эса раҳбар Ҳуснигулнинг отини эшитиши билан унга қулоқ қоқмай тобелигини олдиндан изҳор қилиб турадиган бўлиб қоларди.
Ҳуснигулнинг бундай усули тоза иш бериб, астасекинлик билан шаҳар доирасидан чиқиб, вилоят даражасида ҳам иш битирадиган бўлиб қолди.
Бундай одамларни одатда юзсиз, муттаҳам деб аташади. Аслини суриштириб келсангиз, бор-йўғи бир замонлар ҳисоб-кредит бўйича ўрта махсус ўқув юртини битириб, қаерда ишламасин, пировардида бир ишкалга йўл қўйиб, ниҳояси жанжал билан тугаб, ишдан бўшаб юрган Ҳуснигулнинг бундай талотўп замонда куни туғиб қолган эди.
Ҳуснигул аёл боши билан унча-мунча эркак ҳам қилолмайдиган «разборшик»ликни қила бошлаганди. Кимда кимни қарзи бор, кимни қайси идора ёки ташкилотда иши битмаётган бўлса, эндиликда тўппа-тўғри Ҳуснигулнинг эшигини қоқиб келарди.
Шаҳардаги «Савдогар банк» бошқарувчиси шаҳарлик олифталардан бири эди. Кунларнинг бирида кўчадаги ўнгги-терси йўқ гап-сўзлардан Ҳуснигулнинг қулоғига «Савдогар банк»нинг бошқарувчиси пора эвазига кредит беряпти» деган миш-миш эшитиб қолди. Ўша кундан эътиборан у бошқарувчининг ҳар бир қадами тўғрисида маълумотларни йиға бошлади. Ҳатто, учтўртта кредит ололмай сарсон бўлиб юрган, эндигина тадбиркорликка қўл ураётган кимсаларни ҳам топиб, суҳбатлашиб, билдирмасдан бошқарувчи улардан қанчадан пора сўраганлиги тўғрисидаги эътирофларини қўлидаги диктофонига ёзиб олди.
Ниҳоят, Ҳуснигул кутган кун етиб келди. У ўзига яхшигина оро бериб, «Савдогар банк» томон йўл олди. Бир қўлида қора сумкачаси, пошнаси баланд қизил туфлисини асфальт йўлда тиқиллатиб, пиёда банк томон кетиб борарди. Гарчанд, шаҳарда ҳали-ҳозирча кўпчилик уни яхши танимаса-да, сочлари елкасидан кесилган, ўрта бўй, синчиклаб қаралса, узоқдан букрига ўхшаш у аёл нега катта йўлнинг четида ўтган-кетган машиналарга ҳам парво қилмай, кетиб бораётганига ҳайрон бўлиши табиий эди.
Ҳуснигулнинг режаси анча баланд, «Савдогар банк»нинг ўша олифтафеъл бошқарувчисини бир кўриш, ниҳоят, чув тушириб, мўмайгина пул ундириб олиш эди. У шундай режаларини калласида пишитиб борар экан, ёнверидан ғиз-ғиз елиб ўтаётган, гоҳо сигнал чалиб тегажағлик қилишга уринаётган машиналару уларнинг эгаларига парво ҳам қилмай борарди.
Унинг пиёда кетишининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. У кета-кетгунча ўйлаб қўйган режасини ипидан-игнасигача калласида пишитиб олиш илинжида эди…
Куз кириб келаётганди. Ҳаво тез-тез айниб, осмон юзини қора булутлар қоплаб олар, лекин ёмғир ёғмаётганди. Фақат шамол туриб, қуп-қуруқ кўчаларни чангитиб, куз кириб келганидан одамларни хабардор қилаётгандек эди.
Ҳуснигул қип-қизил туфличасини тиқиллатиб, шаҳар четида жойлашган «Савдогар банк»ка ниҳоят етиб борди. Эшик тагида ғоз турган милиция ходими – қоровулга сумкачасини очиб, қизил муқовали гувоҳномасини кўрсатди ва:
– Айтинг, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан Ҳуснигул Ҳасанова келибди, деб…
Ғоз турган милиция ходими беихтиёр бир зум каловланиб қолди. Аёлнинг гувоҳномасини олишни ҳам, олмасликни ҳам билолмасди. Одатда, милиция ходими ҳар қандай вазиятда ҳужжат сўрар, кўрсатилган ҳужжатни шошилмай кўриб чиқарди. Бироқ, бу гал негадир юраги дов бермади.
– Ўзингиз чиқаверасизми ё хабар берайми? – деб сўради ёшгина милиционер йигит.
– Албатта, телефонда хабар берасиз. Сўнг чиқаман, – деб жавоб қайтарди Ҳуснигул жиддият билан.
Милиционер йигит сим қоқиб, юқорига хабар берди. Чамаси, чиқаверсин дейишдими, ниҳоят, йигит қўлидаги телефон гўшагини жойига қўйиб:
– Чиқавераркансиз, – деди.
Ҳуснигул Ҳасанова бинонинг иккинчи қаватига чиқиб, «Қабулхона» деб ёзилган эшикка рўбарў бўлди. У дадиллик билан эшикни очди. Қабулхона иссиққина, шинамгина ҳам эди. Стол ортида тик турган бўйи баланд, кўҳликкина жувон жилмайиб, уни кутиб олди.
– Ҳуснигул опа Ҳасановамисиз? – деб сўради. Ҳа, деган жавобни олгач: – Ичкарида сизни Одил Ҳотамович кутишмоқда, – деб, ғўдайиб турган Ҳуснигулнинг ёнидан ўтиб, эшикни тавозе билан очди. – Марҳамат…
Ҳуснигул жувонга яна бир сидра қаради-да, ичкарига йўналди. Ўша лаҳзаларда икки аёлнинг хаёлидан нелар ўтгани ёлғиз Яратгангаю ўзларигагина аён эди.
Кўча бироз иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмаслиги учунми, Одил Ҳотамовичнинг хонаси Ҳуснигулга анчагина салқиндек туюлди. Ичкарига қадам босиб кириши билан аёл юзларида жилмайиш пайдо қилиб, оғзининг ўнг томонини сал лаблари билан қимтиб, кулимсиётгандек тус берган эди.
Аллақачон ўрнидан туриб, қандайдир инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотнинг вакилини кутиб олишга шайланган Одил Ҳотамович ҳам юзларида жилмайиш билан Ҳуснигулга қўл узатди:
– Яхши етиб келдингизми, Ҳуснигул опа? Қийналмадингизми?
– Йўғ-е, қийналиб нима. Шундоқ идорангизни олдидан ўтиб кетаётгандим, сиз билан кўришиб кетай деб кирдим. Биласиз, бизни иш кўп. Ҳали у ерда, ҳали бу ерда, гоҳ прокурор, гоҳ суд, гоҳо мелиса бошлиғи билан иш юзасидан тортишиб-талашиб турамиз. Чунки, замон нозиклашиб, одамларимизнинг ҳуқуқлари кетмакет топталяпти. Аризалар кўп. Бир оёғим Тошкентда. Кеча Президент девонидан келдим. Гапга қулоқ солмайдиган маҳаллий раҳбарларимизнинг танобини торттириб қўйдим… – Ҳуснигул тинимсиз гапириб, рўпарасида хўшшайиб, анқайиб турган «Савдогар банк» бошқарувчисини гап билан бўлса-да, пулемёт ўқига тутгандек бир зумда довдиратиб қўйди.
Одил Ҳотамович креслосига ўтираркан, минг хаёл калласига кириб, минг хаёл чиқиб кетди чоғи. Чунки, у орқаворотдан Ҳуснигул Ҳасанова тўғрисида эшитгани бор эди. Қаердадир, қайсидир ташкилотми-ей, заводмией бошлиқларини роса олиб бориб, олиб келганини.
Одил Ҳотамович гангиб-гарангсиб қолган эди. Нима деярини билмас, гапини маъқулласинми, жуда тўғри гапиряпсиз, деб, ё рад этсинми, бундақа эмас, деб.
Аллақачон хонани тамомила ўзиники қилиб олган, бошлиқни ҳам асир этиб улгурганига ақли етган Ҳуснигул гапни бошқа ўзанга бурди:
– Одил Ҳотамович! Телефонингиз ишлаяптими?
– Ҳа-ҳа, ишлаяпти, – деб ўрнидан туриб кетди Одил Ҳотамович, ниҳоят, Ҳуснигул Ҳасановага ёқадиган гап топилганидан суюниб.
– Мен бир телефон қилиб олай?..
– Марҳамат, жоним билан опажон!..
Ҳуснигулга айни шу дақиқалар керак эди. Нишонга аниқ урганини сезди ва: «Қани, ўрнингизни бўшатиб туринг-чи», дегандек даст туриб, Одил Ҳотамовични енгилгина девор томонга суриб, унинг креслосига ўтирди. Креслога ястаниб ўтириб олгач, сумкачасидан жажжигина дафтарчасини олди.
Одил Ҳотамович Ҳуснигулнинг ўрнига ўтирди ва: «Бу аёл қаерга, кимга телефон қиларкин?» деган ягона саволига жавоб тополмай, жовдираб тураверди.
Ҳуснигул шошмай телефон гўшагини олиб, қўлига тутган дафтарчасига қараб-қараб, рақамларни узоқ терди ва ниҳоят:
– Алло, алло, «Озодлик» радиостанциясими? – деб сўради. Бу гапни эшитган Одил Ҳотамовичнинг юраги жиғ этиб кетди ва ичида нимадир чирт этиб узилгандек, ранги оқариб, қўрқувдан қалтирай бошлади.
Ҳуснигул эса нариги тарафдан гўшакни кўтарган киши билан салом-алик қилиб, бироз гаплашди ва: «Ёзиб олинг, диктафонимни ёқяпман», деди. Жовдираб, довдираб ўтирган Одил Ҳотамович Ҳуснигул сумкачасидан дафтарчасига қўшиб диктофонни ҳам олиб, стол устига қўйиб қўйганига эътибор қилмаган экан.
… Ҳуснигул хонадан чиқаётганида Одил Ҳотамович гўёки маст одамдек алпанг-талпанг қадам ташлар, кўзлари яхши кўрмаётгандек, мияси ғувиллаб, ҳеч нарсани қабул қилмайдигандек оғир бир аҳволга тушиб қолганди.
Ҳуснигул Ҳасанованинг оғзи қулоғида эди. Банк бошқарувчисининг ақлини қандай қилиб шошириб, мот қилганини ўйлагани сайин хурсандчилиги ортиб бораётганди. Мана энди уч ёки тўрт кун ўтказиб келса, банк бошқарувчиси Ҳуснигулнинг қўлида баайни лаққа балиқдек бўлиб қолади. Хоҳласа пишириб ейди, хоҳласа хомича… Энг муҳими, унинг иши битади… Ҳали шундай ишларни қиладики, Одил Ҳотамович деганининг иккиуч минг долларини ҳам олади, қолмишига ҳов районда ташкил этган фермер хўжалиги учун 25 миллион сўм кредит пулини фоизсиз, кафолатсиз ҳам олади. Ундан кейин банкнинг бу пулларини хоҳласа тўлайди, хоҳламаса йўқ. Яна бир марта бошқарувчи устидан тўплаган далил ва рақамлари билан ташланса борми, пировардида кредит пулларини тўлашни ҳам Одил Ҳотамовичнинг бўйнига илиб қўйса ажаб эмас.
Бунақа ишлар унга чўт эмас. Мана, яқинда банклардан бирининг бошқарувчиси Ҳуснигулнинг тажовузу найрангларига чидолмай, ўзини осиб қутилди.
Ҳуснигул Ҳасанова мана шуларни чўтлаб, ўзида йўқ мамнун эди.
Эртаси куни у яшайдиган кўп қаватли хонадондаги қизил телефон кутилмаганда, кечки пайт қаттиқ жиринглаб қолди.
Ҳуснигул гўшакни қўлига олди.
– Алло, алло, Ҳуснигулмисиз? – деди у томондан таниш бир овоз.
– Кимсиз? – деб сўради чийилдоқ овозда Ҳуснигул.
– Мен, Одил Ҳотамовичман, яхшимисиз?
– Яхши. Хўш, хизмат?
– Уйингиз қаердалигини айтинг, хизмат машинамни юбораман. Сизни меҳмон қилмоқчиман, майлими?
– Вой, мунча яхши! Ёзинг бўлмаса…
Одил Ҳотамович ваъдасида туриб, айтилган манзилга хизмат автомашинасини юборди. Ясан-тусанни жойига қўйган Ҳуснигул Ҳасанова саллона-саллона юриб, оқ «Волга»га қўни-қўшниларининг кўз олдида ўтирдикетди.
Қиргулидаги бир хонали, аммо барча қулайликлари муҳайё қилинган хонадонда Одил Ҳотамович Ҳуснигул Ҳасановани кутиб ўтирарди. Чунки, Одил Ҳотамович ҳам анойилардан эмас, Ҳуснигул Ҳасанова ўша куни хонасидан чиқиб кетиши биланоқ, у ҳақда таниш-билишларидан барча маълумотларни йиғиб улгурган ва охирида ягона бир хулосага келиб ҳам қўйган эди.
Қарангки, унинг хулосаси бўйича: Ҳуснигул Ҳасанова асли ўрта махсус маълумотли, план-иқтисод техникумини битирган эрсиз бир аёл. Эридан орттирган, бўйи етиб қолаёзган қизи билан яшаса-да, аммо сўнгги вақтларда оилали бир ҳайдовчи кишини йўлдан уриб, шаръий никоҳ билан яшаб юрибди. Яхшигина ичади, маишатпараст. Мана шуниси кўнгилдагидек иш бўлиб чиқди. Қани, бир келсин-чи, дастурхон тўла ноз-неъмат… Ичишади, керак бўлса, музика қўйиб рақсларга тушишади ва тўшакда ҳам бир синаб кўради.
Ниҳоят, ҳайдовчи етовида Ҳуснигул хонага кириб келди. Унгача дадиллик учун икки пиёла ароқдан си мириб олган Одил Ҳотамович Ҳуснигулни худди олдин учрашиб юрган энг яқин кишисидек икки юзидан ўпиб сўрашди. Айниқса, Одил Ҳотамовичнинг шу иши Ҳуснигулга ҳам ёқиб кетди. У хурсандлигидан чапак чалиб юборди… Ўтиришди. Аввалига танишганлари учун Ҳуснигулга конъяк, Одил Ҳотамович ўзига ароқ қуйиб, оқ қилворишди. Ҳил-ҳил пишган қўй гўшти жуда мазали экан, Одил Ҳотамович нуқул: «Олинг, олинг» деб, товоқдаги гўштларни унга томон сураверди.
– Вой, менда бор-ку, Одилжон ака, – деб нозлана бошлади ичилган конъякнинг таъсирида сал қизишиб олган Ҳуснигул.
Пиёлалар тўртинчи бор қўлга олинганида, Одил Ҳотамович томонидан алоҳида таклиф бўлди:
– Ҳуснигулхон, энди закускасига қўй гўшти эмас, лаблардан ўпишиш бўлади, розимисиз? – деди Одил Ҳотамович, оғзи тўла тилла тишларини ярқиратиб.
– Зўр-ку!.. – дея жавоб берди Ҳуснигул. Таклифга монанд пиёлалар сипқориб бўлинганидан сўнг, столнинг икки томонидан бир-бирларига чўзилишиб, узоқ ўпишишди.
Одил Ҳотамович қизиб кетяпман деб, ваннага тушиб чиқишни хоҳлаб қолди. Ундан сўнг Ҳуснигул ювиниш хонасига кириб кетди.
… Ярим кечаси бўлганида, икков бир тўшакда ётар, Ҳуснигул нуқул пиқиллаб йиғлаётганди.
– Нима бўлди, Ҳуснигулхон, бирон ёмон иш қилиб қўйдимми? – деб сўради Одил Ҳотамович, қипяланғоч ётган кўйи.
– Менга парво қилманг, ака. Билган ишингизни қилаверинг. Одатим ўзи шунақа, тўшакда эркак киши билан ётдим дегунимча, йиғим келади денг. Одат экан-да, Ҳеч йўқотолмадим… Ия, ҳалиям жим турибсизми? Бўлинг энди, Одилжон ака! – дея қипяланғоч Ҳуснигул, «ошиғи»нинг қўлини бағрига тортишга чоғланиб.
* * *
Марғилонда кундузи бадабанг тўй бўлиб ўтди. Асли бундақанги никоҳ тўйлари вақт танламайди, қишми, ёзми, бўлаверади. Устига устак, шаҳар катта, ҳар куни тўй.
Тўйхона ярим кечасига бориб тинчиди-қолди. Кетадиганлар кетиб, қоладиганлар қолиб, ҳатто, келин томондан келган икки-уч хотинга ҳам алоҳида хона топиб беришди. Тўй эгалари икки-уч кун аввал бошланиб, кундузи авжига чиққан югур-югурлардан шундай толиқишган эканки, ўринга ётган одам борки, донг қотаверди.
Фақат келин билан куёв ётган гўшангада анчагача шивир-шивир тинмади. Чамаси, тунги соат иккиларга бориб, келин-куёв ҳам ухлаб қолишди.
Бу пайтда девор ортида пусиб ўтирган икки шарпа ухламаётганди. Улар юзларига қора ниқоб танғиб олишган. Қўлларида ўткир пичоқ билан қўшни ҳовлининг куёв-келин ётган уй деворига тиралишиб жимгина ўтиришарди.
– Шу кутиш ҳам жонга тегди-да, – деди шарпалардан бири шеригига.
– Жим, гапирма! – деди жавобан шериги.
– Ҳамма ухлаб бўлди-ю, жим ўтиравериб димиқиб кетдим ахир.
– Ишни пачавасини чиқарсанг, Бобурхондан балога қоламиз. Шу кеча ишни битириб, келишилган пулни олиб, Россияга жуфтакни ростлашимиз керак. Биласан, бизга пул керак. Кейин қидириб ҳам топишолмайди бизни.
– Рост айтасан, аммо ҳеч тушунолмадим, Бобурхонга шу келин-куёвнинг ўлими нега керак бўлиб қолдийкин? Ё қасди бормикан-а?
– Билмадим. Билишни ҳам хоҳламайман. Менга пулини тўласа, бас… Балки ёқтирган қизидир ёки куёв болада ростдан ҳам қасди бордир, Худо билади.
– Мен эшитдимки, Наманганда тўполон бўляпти-ку, ўшатдаги Бўтамией дегани Марғилонда шундай бир иш қилгинки, эшитган одам борки, этлари жимирлаб, тили айланмай, қалт-қалт титрайдиган бўлиб қолсин, деб топшириқ берганмиш.
– Ўзларича Наманганда, ундан сўнг Ўзбекистонда халифалик давлатини қураман, деб лоф ураётганлардан бирими? – деб сўради шериги қизишиб.
– Ҳа-да, ўшалардан бири.
Ундайлардан ҳар не ёмонликни кутса бўлади. Лекин Ўзбекистон бундай давлат бўлмайди.
– Сен қаердан биласан?
– Биламан-да, қамоқдалигимда эшитганман.
Шу маҳал кимдир девор ортидан юриб, ҳовли томон ўтиб кетди. Икки шарпа жим бўлиб қолишди.
Аллақачон тунги соат уч бўлиб қолаёзганди. Ҳовлига ўтган одам қайтиб, оёқ овозлари тамомила тингач, шарпалардан бири деди:
– Энди девор ошамиз. Қани, кетдик!.
Эртаси куни тўй бўлиб ўтган хонадондагилар одатдагидан бироз кечроқ уйғонишди. Ҳовли юзасида куёвкелинни нонуштасига ул-бул пиширишга чоғланган иккиуч аёл демаса, барча уйқуда эди. Негадир, аёллар ўзаро паст овозда гаплашишар, куёв-келинни уйғотиб юбормаслик, уйғонган бўлсалар, безовта қилмаслик пайида эдилар.
Кундуз ўн бўлганида келин-куёв учун аталган нонушта тап-тайёр бўлди. Аммо гўшангалик уй ичидан овоз тугул бирор бир сас эшитилмас эди.
Бир соат кутишгач, ҳовли юзасидаги нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам безовта бўла бошлашди. Ниҳоят, уй эгаси томонидан келин-куёвдан хабар олиш учун янгалардан бирини ичкарига киришига рухсат берилди.
Ёши қирқлар чамасидаги аёл уй ичкарисига кириб кетгач, беш дақиқалар ўтар-ўтмас «Вой-дод!» деган қаттиқ қичқириқ эшитилди ва аёл уй ичидан бир ҳолатда югургилаб чиқиб, айвонда ўзини таппа ташлаб, ҳушидан кетиб қолди. Нима воқеа юз берганига тушунолмаётган уй эгалари ҳушидан кетган аёлни ўзига келтириш билан овора бўлиб турганида, куёвнинг отаси югурганча уй ичкарисига кирди.
Кечагина жиҳозланган уй ичи димиқиб кетган, недир ёқимсиз ҳид уй ичидан таралаётганди. Шаҳарда Эргаш таксист деб ном қозонган уй эгаси остонадан ўтибоқ, оёғи билан шилимшиқ бир нарсани босиб олганини сезди ва ним қоронғи хонада энгашиб пастга қарагандики, қизил, аммо қуюқ, қотиб қолаёзган қонни кўрди. Димоғига ўткир ёқимсиз ҳид гуп этиб урилди. Не воқеа бўлганига ақли етмай турган Эргаш таксист олдинга қадам ташлади ва ёпиқ гўшангганинг бир томонини аста кўтариб, ичкарига мўралади. Не кўз билан кўрсинки, куёв билан келин худди ухлаётандек ётишибди-ю, аммо томоқларидан сўйилган эдилар.
Эргаш таксист: «Ох!..» деб ўша заҳотиёқ ҳушидан кетиб йиқилди.
Марғилонлик Эргаш таксичининг ўғил уйлантириш тўйининг эртаси куни гўшангада ётган келин-куёвни тун да кимлардир сўйиб кетгани ҳақидаги шум хабар бир зумда шаҳарни қамраб олди ва ҳаммани ваҳимага солди.
* * *
Дарҳақиқат, Эргаш таксичининг уйида юз берган қонли жиноятни Марғилонда эшитган одам борки, ваҳимада қолди. Миш-миш чуваланиб, атроф қишлоқларга ҳам овоза бўлди. Одамлар бирга ўнни, ўнга юзни қўшиб, ваҳимани ниҳоятда шишириб юборишди.
Эмишки, ярим тунда тўйдан сўнг Эргаш таксичининг уйида олатасир тўполон, муштлашиш, сўйди-сўйди бўлганмиш. Рэкетчиларми-ей, бошқаларими, ишқилиб, бир тўп безорилар Эргаш таксичини уйидаги жамики одамни сўйиб, ўлдириб, чавақлаб, каллаларини деворлар устига қўйиб, чиқиб кетишганмиш. Биргина таксичини ўзи тирик қолганмиш. Аммо-лекин ўзи ҳам ўлар ҳолатда шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётганмиш…
Табиийки, таксичининг уйида юз берган қонли жиноятдан хабар топган шаҳар милицияси, прокурор бошлиқ ходимлари – барчаси йиғилиб келишди. Бироқ, ҳаммаси ёзди-чизди, чиқди-кетди. Келин билан куёвнинг мурдаси ёриб текшириш учун вилоят марказидаги ўликхонага олиб кетилди.
Келин-куёв ўликхонада бир кеча ётишгач, кундуз куни Эргаш таксичининг тўполони билан олиб келиниб, жанозалари ўқилди. Кўмилди.
Гарчанд, шум хабар Тошкентгача етиб борган бўлсада, шаҳар милицияси бошлиғи, шаҳар прокурори қўлларини совуқ сувга ҳам урмай, мамлакатда юз бераётган асосий талотўпларни жимгина кузатиб: «Буёғи нима бўларкин?» деган ҳардамхаёллик билан юраверишди.
Бир кечада ҳам ўғли, ҳам келинидан айрилиб, айниқса, қудалари томонидан маломатга қолган Эргаш таксичи уч-тўрт маротаба шаҳар милицияси бошлиғининг қабулида, сўнг уч-тўрт маротаба шаҳар прокурорининг қабулида бўлди. Бироқ, улардан ҳеч бир нажот бўлмаслигини билгач, икки қўлини ювиб қўлтиғига урди-да, энди вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳузурига чопа бошлади.
Аммо ўша кунлар шундай замон эдики, амалдорлар халқдан тамомила узилиб, эртанинг хавотири билан яшаётганди. Қисқа қилиб айтганда, жамики амалдорлар Эргаш таксичининг арзига қулоқ соладиган аҳволда эмасдилар.
Эргаш таксичи буни тушунмас, тушунишни ҳам истамас, яккаш: «Менинг ўғлим билан келинимни кимлар, ўлдирдилар, нима учун ўлдирдилар? Топиб берасанлар?!» дейишдан нарига ўтмаётганди.
Марғилон шаҳар прокуратураси асосий йўлдан анча ичкарида жойлашган бино. У кўча шундай тинч, осуда эдики, бино эшиги тагида кечаю кундуз қоровуллик қилиб турадиган милиция ходимлари кўчада сал шовқин кўтарилса борми, дарҳол аралашиб: «Прокурор Аъзам Аҳмедович шу ерда, жим бўлларинг!» деб дўқ уришарди. Чунки, шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедович шовқин-суронни ёқтирмас, прокуратура биноси ёнверида кўтариладиган шовқин-сурон учун милиция ходимларини жуда қаттиқ хақорат қиларди. Буни билган қоровулликдаги ходимлар жон бериб прокурорнинг тинчини таъминлашарди.
Эргаш таксичи эрта сахар – олтилар чамаси, шаҳар прокуратураси биносига етиб борди. Уйида юз берган мудҳиш жиноятдан сўнг у ишини ҳам бир четга йиғиш тириб қўйган, бари хатти-ҳаракати келинининг қотилларини топиш бўлиб қолган эди.
Бугун ҳам айни мақсадда шаҳар прокурорининг қабулига тонг-саҳарлаб етиб келганди.
Ярим очиқ темир дарвоза ёнида ўзаро суҳбатлашиб турган икки нафар ёшгина милиционер йигит узоқданоқ Эргаш таксичини кўриб, негадир, афтларини буриштиришди.
– Кеча кун бўйи шу ерда ўтирганди шу киши. Яна келяпти… – деди милиционерлардан бири шеригини аста туртиб.
– Бугун ҳам Аъзам Аҳмедовичдан қаттиқ гап эшитарканмиз-да, – дея ғудранди шериги.
Ана, Эргаш таксичи икки милиционер йигитнинг рўпарасига етди ва қўл бериб сўрашди.
– Ҳа, тоға, яна келдингизми? – Овозини сал баландлатиб сўради милиционерлардан бири.
– Кеча прокурор қабул қилмаганди. Ёрдамчиси: «Прокурор сизни ишингиз билан банд, кутиб турасиз», деганди. Кечгача ўтирдим. Бир иш чиқмади, – деб жавоб берди рангида қони қолмаган, кейинги икки ҳафта ичида ниҳоятда ориқлаб, фақат чўзинчоқ юзи қолган Эргаш таксичи бурнини бир тортиб.
– Ишингизнинг битиши қийин-ов… – Чайналди милиционер йигитлардан бири шеригига бир қараб олиб.
– Нега? – деб сўради Эргаш таксичи.
– Айтаман-да, қотиллар аллақачон изини ўчириш учун жуфтакларини ростлаб қолишган. Буниси аниқ. Прокурор уларни қаердан топади?
– Сиз қаердан биласиз, ука? Қотил битта бўлганми, иккитами, учтами, а? – дея сўради Эргаш таксичи, сўз қотган милиционер йигитнинг кўзларига қаттиқроқ тикилиб.
Атайин Эргаш таксичининг ҳафсаласини пир қилиб кетказиб юбориш, қайтиб келмаслигини таъминлаш учун айтган гапи ножўялигини милиционер йигит тушуниб, аввал ранги оқарди, сўнг кўкарди. Шериги эса ўла дегандек юзини тескари буриб олди.
– Буям бир гап-да тоға.
– Билмасангиз гапирманг, ука. Сиз қоровуллик қилишингизни билинг. Керак бўлса мен прокурорни кечгача ҳам худди мана шу ерда кутаман.
– Кутсангиз кутавермайсизми, менга нима. – Қўл силтади ҳалиги формали йигит. Сўнг шеригини туртиб, қия очиқ дарвозадан ичкари кириб кетишди.
Эрталаб соат етти билан саккиз оралиғида прокуратура биноси жойлашган кўча анчайин гавжумлашиб қолди. Одамлар тинимсиз у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ўтишини қўймас, кимдир ишга, яна кимдир бозорга, яна кимлардир ўзлари билган, кўзлаган мақсадлари сари чопиб ўтишаётгандек эди. Бинонинг рўпарасидаги икки туп терак ортидаги деворга суянганча ўтирган Эргаш таксичи кўзларини лўқ қилиб прокуратура биносининг темир дарвозасидан кўзларини узмай, тикилиб ўтирарди.
Соат саккиз бўлиши билан дарвоза ланг очилди. Икки аёл ҳовли юзасини супуришни бошлади. Учинчи аёл эса уларнинг ортидан артезианга уланган шланг билан ҳовли юзасига қалин қилиб сув сепаверди.
Ниҳоят, икки аёл супура-супура, кўча томонга чиқишди. Милиционер йигитларнинг бири олиб, бири қўйиб, супурувчи аёлларга иш кўрсатиб туришди, Ярим соат ўтар-ўтмас, кўча юзаси ҳам тоза супурилиб, сувлар сепилиб, қисқа қилиб айтганда, чиннидек тоза қилиб қўйилди ва аёллар қандай тез иш бошлаган бўлсалар, шундай тезликда ҳовли ичкарисига киритилдилару, ортларидан темир дарвоза таққа-тақ ёпиб ҳўйилди.
Эрталабки соат ўн бештакам тўққиз бўлганида, яна темир дарвоза ланг очилди. Прокурор формасидаги бешолти йигит «Жигули» автомашиналарида дарвозадан ўтиб, ҳов нарига қўйгач, тез-тез юриб, ичкарига кириб кетишди.
Бунга бор-йўғи ўн беш минут вақт кетди.
Ҳовли яна тинчиб қолди. Одатдагидек, ҳамма бино ичкарисидагилар шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедовични кутаётганди.
Соат тўққиздан беш минут ўтар-ўтмас, кўча бошида тим қора «Волга–24» кўринди. Машина секин, бир маромда илгариламоқда эди. Терак ортида ўтирган Эргаш таксичи ўрнидан турди. Чаққон йўл бўйига ўтди.
Эргаш таксичини кузатиб турган милиционер йигитлардан бири, узоқдан қўл силтаб, унга: «Орқага қайт!» ишорасини қила бошлади. Эргаш таксичи унга парво ҳам қилмади.
«Волга» ланг очиқ дарвозадан ичкарига кириб, артезиан қудуғи рўпарасида тўхтади. Икки милицинер йигит тез бориб, машина ёнида тек қотди. Форма кийган ёшгина ёрдамчи йигит чаққон машинага яқинлашиб орқа эшигини очди. Ундан ўрта бўй, семиз ҳам, ориқ ҳам эмас, аммо ниҳоятда тунд башарали шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедович тушди. Унинг қора папкасини ёрдамчи йигит дарров қўлига олди. Шундан сўнг, икки милиционер йигит шахдам қадамлар билан баравар яқинлашиб, ўнг кафтларини чаккаларига қўйиб саломлашишди. Аъзам Аҳмедович, боравер дегандек эринибгина қўл силтади.
Аввал Аъзам Аҳмедович, унинг ортидан ёрдамчи йигит зиналарни бир-бир босиб, иккинчи қаватга кўтарила бошладилар.
Қабулхонага кирганида, Аъзам Аҳмедович, одатича, ёрдамчи йигитга ўқрайиб қаради:
– Кўчада яна таксичи нима қилиб ўтирибди? Жўнатиб юбормайсанларми? – деди ўдағайлаб.
Ёрдамчи йигит қилт ютиниб, нима деярини билмай:
– Ҳозир милицонерларга айтаман, ҳайдаб юборишади, – деди минғирлаб.
– Галварс, ҳайдаб эмас, яхши гапириб, алдаб жўнатиб юбориш керак!..
– Хўп, хўп, шундай қиламиз.
– Зинҳор бу хонага олиб кирма! Пастда гаплашгинда, жўнатиб юбор.
– Кечаям кетмай туриб олганди… – Овози ниҳоятда пастлаб кетди ёрдамчи йигитнинг.
– Нима? – Ўшқирди Аъзам Аҳмедович. – Нима дегандинг унга? Прокурор қабул қилади, дегандирсанда, каллаварам!..
– Йўқ, йўқ, ўзи… сизнинг олдингизга кираман деб кетмай тураверди.
Аъзам Аҳмедович ёрдамчисига бир зум важоҳатли ўқрайгач, хонасига кириб кетди. Ёрдамчи йигит эса прокурорнинг қора папкасини ичкарига олиб кириб берайми ё йўқми, деб ўйланиб, аниқроғи, қўрқиб, бирпас қотиб туриб қолди. Хиёлдан сўнг ўзига келди чоғи, оғир уф тортди. Айни ўша лаҳзаларда юрагини қинидан чиқариб юборгудай қўнғироқ чалиниб қолди. Ёрдамчи йигитнинг ўтакаси ёрилаёзди. Уни прокурор ичкарига чорлаётганди. У довдираганидан қуруқ қўл билан ичкарига кирди.
Аъзам Аҳмедович ёрдамчисининг бўш қўл билан рўпарасида серрайиб турганини кўриб, баттар жаҳл отига минди:
– Папкани қаерга қўйдинг, эшшак! Олиб кирмайсанми? – дея бақириб берди.
Ёрдамчи йигит хонадан ўқдек отилиб чиқди.
– Булар қачон прокурор бўлади-ю!.. – Бирдан увлагандек гапириб юборди Аъзам Аҳмедович ўз-ўзига.
Сўнгги вақтларда Аъзам Аҳмедовични бир нарса беҳад қийнаб, ташвишга солаётганди: мамлакат бу кетишида қаерга боради?
Наманганда Талаб билан Бўта деганлари иш кўрсатаяпти. Марғилонда Бобурхон кучайгандан кучаймоқда. Асакада Али деганими-ей… Муроса қилиб турмаса…
Аъзам Аҳмедовичнинг хаёлларини бўлиб, телефон бир-икки жиринглади. У эринибгина гўшакни кўтарди:
– Алло… ким? –деди. – Ҳайрат Ҳамдамович! Э-э, табриклаймиз, табриклаймиз, муборак бўлсин, Ҳайрат Ҳамдамович. Боролмаганимиз учун узр. Ҳа энди, иш деб қўйган, хи дегандамиди, чопиб юрармидик… Ий-й, шунақами? Қачон?.. Хўп, бўлди. Мен ўзим шахсан кутиб оламан…
Ҳозиргина тунд бўлиб турган юзи бирдан ёришиб кетган Аъзам Аҳмедович даст ўрнидан турди ва кафтларини бир-бирига ишқаб, хона бўйлаб нималарнидир ўйлаб, худди хонанинг бўйини ўлчаётган одамдек аста одимлай бошлади.
– Зўр иш бўлибди-ю! – дея ўзига ўзи гапира бошлади пичирлаб. – Мана энди бизнинг ҳам замон келди. Ахир айтадилар-у, замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, деб. Прокурорлик ҳам иш бўлибдими?.. Ҳа, замон келди, ур бегим, айшингни сур бегим, деган экан, биров. Хўш, биринчи галда пухта тайёргарлик кўриб қўйиш керак. Ҳайрат Ҳамдамович ахир анай-манай одам эмас, ҳукуматда нуфузли лавозимни эгаллаб турибди. Қани, келсин-чи, қандай маслаҳатли иши бор экан?
Аъзам Аҳмедович ўша лаҳзаларда кўчада қон қақшаб, қабулини зор-интизор кутаётган Эргаш таксичини тамомила ёдидан чиқарди.
Ёдамчисини чақирди ва:
– Хей, сен менга тезда начальник мелисани ула. Сўнг Бобурхонни телефонда топ. Телефонда топилмаса, Оталар чойхонасига одам юбор. Тез етиб бораркансиз де!..
Ярим соат ўтар-ўтмас, шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедовичнинг хонасида шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратов турарди.
Мамнунлигини яширишни унча истамаётган Аъзам Аҳмедович уни, одатига хилоф тарзда, илиқ сўзлар ила кутиб олди.
– Яхши келдингизми?.. Хуллас, Тошкентдан Ҳайрат Ҳамдамович келадиган бўлиб қолди. Ҳалигинда мен билан боғланиб, эрта шанба куни кечқурун Марғилонда бўлишини айтди. Тайёргарлик шунга яраша бўлиши керак…
– Ниҳоятда улуғ иш бўлибди-да, Аъзам Аҳмедович, – деди шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратов. – Оёғининг тагига қўй сўйсак ҳам арзийдиган одам ахир. Ҳаммаси сизнинг ҳурматингиздан…
Бундай мақтовни эшитиб Аъзам Аҳмедович аста юриб бориб, айланма креслосига ястаниб ўтириб олди.
– Ҳа энди, эски қадрдонлигимиз бор. Ахир, областимизда уч-тўрт йил биринчи котиб бўлиб ишлаб қўйди. Мана, энди Тошкентда…
Хуллас, маслаҳат пишди. Ҳайрат Ҳамдамович Аъзам Аҳмедовичнинг хонадонида кутиб олинадиган ва ўша ерда меҳмон қилинадиган бўлди. Бунинг учун эса ўта тўкин дастурхон зарур. Одатда, Аъзам Аҳмедович рўзғори тугул, меҳмонларига ҳам ўзи харажат қилиб ўрганмаган, бундай муаммоларни кўпинча шаҳарда ишлаётган савдо ташкилотларининг раҳбарлари бўйнига юклашни хуш кўрарди. Бу гал ҳам, тарки одат амри маҳол, деганларидек, одатини канда қилгиси келмади. Дарҳол телефонга ёпишди ва гўшакни олиб, рақамни териб бўлгач, алло, деб овоз берган кимсага қарата:
– Тезда кел! – деган буйруқни берди ва гўшакни жойига қўйди. Аъзам Аҳмедович, интиқлик билан тик турган ҳолда кутиб турган милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратовнинг кузатуви остида қачонлардир Москвага борганида, атиги икки дона харид қилиб, бирини Бош прокурорга совға қилиб, иккинчисини қўлидан қўймай тақиб юрадиган тилла соатининг милларига назар ташлади. У кимнидир кутаётган эди.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, Аъзам Аҳмедовичнинг важоҳати ўзгарди. Эрталабки тунд қиёфаси башарасида намоён бўлиб, аччиқ билан телефон гўшагини яна қўлига олди:

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/husanboy-karimov/burilar-izidan-69918151/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Бўрилар изидан Хусанбой Каримов
Бўрилар изидан

Хусанбой Каримов

Тип: электронная книга

Жанр: Зарубежные детективы

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 25.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Азиз китобхон, "Изтироб титроқлари", "Чўққидан оққан кўз ёшлар", "Бургут чангалида", "Жаҳолат", "Ажал ўйини" каби романлар муаллифи Хусанбой Каримов ўзининг олтинчи детектив асари "Бўрилар изидан" номли романини эътиборингизга ҳавола қилаётир.Истиқлолимизнинг алғов-далғовли илк йиллари тасвирланган ушбу асар иштирокчилари Бўта, Талаб ва уларнинг шопирлари бўрисифат вахшийлар. Роман қахрамони Рахмонали эса она-Ватанига, халқига содиқ. У қаерда ва қай вазиятда бўлмасин, ҳамиша эрк ва мустақиллигимиз учун фидойиларча курашади.Асарни ҳаяжонланиб ўқиётгани асносида, китобхон кўнглида хам мардлик ва жасорат туйғулари мавж уриши шубҳасиздир.

  • Добавить отзыв