Тасаввуф алломалари
Хамиджон Хомидий
Ушбу китоб кенг оммага мўлжалланган бўлиб, унда Шарқнинг буюк сўфий авлиёлари ҳаёги ва фаолияти хусусида лўнда маълумотлар ҳамда ҳикматларидан намуналар келтирилган. Тасаввуф асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиб келган. Инсоннинг руҳий-ахлоқий покланиши илоҳий муҳаббат билан юксалиб бориши бу таълимотнинг асосий ғояларидир. Шу боис тасаввуф чуқур инсонпарварлик ғоялари билан омухта бўлиб ҳақиқат талабида юрган кишилар қалбига йўл топди. одамларнинг поклик, абадий ҳаёт, кўнгил ҳуррияти ҳақидаги орзуларини ифодалаб келди. Халқимиз сўфий дарвешларга ҳурмат-эҳтиром орқали Аллоҳга, унинг инсонни улуғлаган қудрати ва файзу футуҳига эътиқодларини изҳор этганлар.
Ҳамиджон Ҳомидий
ТАСАВВУФ АЛЛОМАЛАРИТўлдирилган нашри
МАШОЙИХЛАР ТАЗКИРАСИ
Тасаввуф асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиб келган. Инсоннинг руҳий-ахлоқий покланиши, илоҳий муҳаббат билан юксалиб бориши бу таълимотнинг асосий ғояларидир. Шу боис тасаввуф чуқур инсонпарварлик ғоялари билан омухта бўлиб, ҳақиқат талабида юрган кишилар қалбига йўл топди, одамларнинг поклик, абадий ҳаёт, кўнгил ҳуррияти ҳақидаги орзуларини ифодалаб келди. Халқимиз сўфий дарвешларга ҳурмат-эҳтиром орқали Аллоҳга, Унинг инсонни улуғлаган қудрати ва файзу футуҳига эътиқодларини изҳор этганлар. Шайхларнинг кароматлари, сўзлари ва сийрату сурати юксак ахлоқ ва илоҳий муқаддаслик намунаси сифатида қабул қилинган. Тасаввуф шайхлари халқнинг маънавий раҳбарлари, руҳоний мураббий сифатида майдонга чиқиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) фаолиятларини, давом эттиришга жазм этганлар. Шу боис тасаввуфнинг тарихий тараққиёти, назарий жиҳатларини ўрганиш баробарида, шайхлар, авлиёлар фаолиятини ўрганиш ҳам муҳим ҳисобланади. Воқеан, назарий қарашларнинг ўзи ҳам шайхларнинг сўзлари ва ҳолатлари, асарлари, насиҳатлари, улар ҳақидаги хотиралар, ривоят ва ҳикоятларни ўрганиш замирида умумлаштирилган.
Улуғ сўфий ва шоир Фаридуддин Аттор ўзининг «Тазкират ул-авлиё» асари муқаддимасида қайд этадики, авлиёларнинг сўзи киши қалбининг малҳами ва руҳининг қувватидир. Кимки авлиё сўзини дилига жо этса, у Қуръон ва ҳадислар мағзига эшик очади, ўзининг ҳолати, ахлоқини, қилаётган ишларининг яхши-ёмонлигини ўйлайдиган бўлиб қолади, ҳаёт, одамийлик ўлим, охират хусусида мулоҳаза юритиб, ички оламини поклашга киришади.
Авлиёлар ҳақида тазкира битиш, уларнинг мақомат ва маноқибларини ёзиш анъанага айланган. Жумладан, Абдураҳмон Суламийнинг «Табақот ус-сўфия», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ус-соирин», Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат», Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг «Тазкират ул-авлиёи туркий» каби китобларини кўрсатиш мумкин.
Булардан Навоий ва Рушдий асарлари ўзбек тилидадир. Аммо уларнинг тили хийла эскириб, ҳозирги китобхонларга қийинчилик туғдиради. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий шу қадимий анъанани давом эттирган ҳолда тасаввуф шайхлари, орифлар ва валий зотларнинг ҳаёти ва асарларини ўрганиб чиқиб, «Тасаввуф алломалари» номи билан бир китоб яратибди. Ростини айтсам, шундай китобнинг яратилишини анчадан бери орзу қилардим. Китобни ўқиб чиқдим ва қониқиш ҳосил қилдим. Чунки катта меҳнат амалга оширилган. Талай қўлёзма манбаларга суянган ҳолда 80 нафар тасаввуф алломасининг ҳаёти ва фаолияти ихчам, равон ва оммабоп усулда ёритиб берилган. Шу билан бирга шайхларнинг баён этган ҳикматлари, фикру мулоҳазаларидан намуналар келтирилган. Тасаввуф тазкиралари, маноқиблари ривоят ва нақлларга сероб. Чунки худди шу ривоят ва нақллар шайхларнинг тутган йўли, ўзига хос тариқати, ният-мақсадини ривоятлар орқали очишга хизмат қилади.
Китоб Шайх Увайс Қараний билан бошланиб, Муҳаммад Сиддиқ Рушдий билан якун топади. Китобда тасаввуфнинг турли йўналишига мансуб шайх ва орифлар ҳаёти зикри мавжуд. Рисолада Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абулҳасан Харақоний, Абу Саъид Абулхайр каби жунунтабиат, илоҳ ишқининг сархушлари, Жунайд Бағдодий, Зуннун Мисрий, Абдуллоҳ Ансорий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Нажмуддин Кубро каби «ҳушёр» валийлар, ўзбек китобхонига унчалик таниш бўлмаган «Зайн ул-ислом» – Абулқосим Қушайрий, Зуннун Мисрий, Абулаббос Қассоб, Муҳаммад Хафиф каби ўнлаб тасаввуф шайхларига ўрин берилган. Уларнинг бир қисми янги тариқатларни асослаган пири муршидлар бўлса, баъзилари илмий фаолиятда, рисолалар ёзишда ном қозонган орифлар, баъзилари тарғиботчилик ва кашфу-каромат, ботиний ва зоҳирий билимларда донишманд ва соҳибкамол валийлар бўлишган.
Хуллас, китоб тасаввуф ва тариқатлар билан қизиқадиган одамлар учун қимматли манбадир. Ислом тарихи, Мовароуннаҳр тасаввуфини ўрганувчилар ҳам ушбу китобдан ўзларига керакли маълумотларни топа оладилар. Шубҳасиз, бу каби асарларнинг кўпайиши маънавият тарихини ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам, бугунги маърифатимиз учун ҳам фойдалидир.
Нажмиддин КОМИЛОВ,
филология фанлари доктори, профессор
МУҚАДДИМА
Мустақиллик туфайли миллий қадриятларимизни ҳар томонлама мукаммал ўрганиш борасида катта ютуқлар қўлга киритилиб, исломий билимлар кенг халқ оммасига етказилмоқда. Қуръон ва ҳадислар бир неча марта чоп этилди. Маънавиятимизнинг буюк даҳолари туғилган саналар халқаро миқёсда нишонланаётир. Бир гуруҳ олимларимиз тасаввуф дарғалари ижодини тадқиқ қилиш йўлида фидойилик кўрсатмоқдалар. Фан докторлари, профессорлар Н.Комилов, О.Усмонов, И.Ҳаққулов, И.Сувонқулов, Б.Назаров, филология фанлари номзодлари С.Олим, С.Рафиддиновлар бу соҳада намуна бўлиб келаётирлар. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам ана шу ҳамкасбларига эргашиб, кўпдан бери тасаввуф тарихи ва буюк машойихлар ҳаётини ўрганиб, ўқиган ва билганларини «Тасаввуф алломалари» номи билан бир мажмуага жамлади. Китобни ёзишда муаллиф касбдошлари асарлари, бошқа манбалар билан бир қаторда Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Шарафуддин Роқимийнинг «Тарихи томм», Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг «Тазкират ул-авлиёи туркий», Саййид Зиёвуддин Сажжодийнинг «Ирфон ва тасаввуфга муқаддима», Абдуррофеъ Ҳақиқатнинг «Эронда тасаввуф тарихи» каби асарларга суянди.
Рисола кенг халқ оммасига Шарқнинг буюк валий зотларининг ҳаёти ва фаолияти хусусида мухтасар маълумот беришга мўлжалланган бўлиб, уларнинг ҳикматли сўзларидан намуналар берилдики, авлиё зотлар ҳаёти, касб-кор эгаллаш, илм ўрганиш йўлидаги заҳмат ва риёзатлари, эътиқодда метиндек собитликлари барча замон кишилари учун намунадир.
ТАСАВВУФ ТАРИҚАТЛАРИ
Шарқ тасаввуфи тарихида бир қанча мактаблар ёки тариқатлар бўлган. Уларнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти тарихи Али ибн Усмон Жуллобий Ҳужвирийнинг «Кашф улмаҳжуб», Дорошукуҳнинг «Сафинат ул-авлиё», Абдуррофеъ Ҳақиқатнинг «Эронлик орифлар ва ирфон тарихи», Саййид Зиёвуддин Сажжодийнинг «Тасаввуф муқаддимаси», Нажмиддин Комиловнинг «Тасаввуф», Усмон Турарнинг «Тасаввуф тарихи» каби китобларида бирмунча батафсил ёритилиб, таҳлил қилинган. Биз ҳам ўқувчиларда ўтмишдаги Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган тасаввуф мактаблари, тариқатлари ҳақида тасаввур пайдо қилиш ниятида уларнинг моҳиятини мухтасар баён этишни лозим топдик.
Муҳосибия тариқатига Басра ва Бағдод шайхларининг пири Ҳорис Муҳосибий (ваф. 243/857 й.) асос солган. Муҳосибий тасаввуфдаги «ризо», «таваккул» ва «ҳол» мавзусига эътибор қаратган. Ҳорис дейди: «Ризо икки хил бўлади: бири Худонинг инсонлардан ризолиги (рози) бўлса, иккинчиси, инсонларнинг Худодан ризолигидир. Худонинг инсонлардан ризолигининг маъноси шуки, одамлар ҳамиша Худога муҳаббат йўлида яхши амалларни бажаришга интилсин. Инсонларнинг Худодан ризолиги эса уларнинг Худога таслим бўлиши ва Худо йўлида хизмат қилишидир». Инсон ризолиги билан Худо ризолиги орасида узвий боғлиқлик мавжуд. Шу сабабли ризо сабр ва бардош асосига қурилган илоҳий муҳаббат ифодасидир. Ризо зуҳд ёки нафс инкоридан устун туради. Зеро, ризонинг сарчашмаси Аллоҳга муҳаббатдирки, Ҳорис Муҳосибий ҳаётдаги оғирлик ва енгилликни, хушлик ва нохушликни «илоҳий жилва» деб, турмуш қийинчиликларини бамайлихотир қабул қилган. Муҳосибий фикрича, инсоннинг ўз-ўзини тафтиш қилиши, нафсини идора этиши, ўз-ўзига ҳисоб бериши (тахаллуси шунга асосланади) муҳимдир. Зеро, тасаввуфнинг асл мақсади инсоннинг маънавий-руҳий камолотидир.
Қассория тариқатига Нишопур шайхларининг пири Ҳамдун Қассор (ваф. 271/884 й.) асос солган. Қассор «маломат» йўлини тарғиб этган ва кейинчалик маломатия сўфийлик оқимининг вужудга келишига замин бўлган. Тариқат IX асрда Нишопурда вужудга келган ва кейинчалик Мовароуннаҳрга ҳам тарқалган. Тариқатнинг асосида инсоннинг Аллоҳ қаршисида тамомила пастлиги ва ўз амалларида сидқидилдан ихлосманд бўлиш ғояси ётади. Унга кўра, ҳар бир сўфий ўз фазилатлари ва одамларга қилган яхшиликларини пинҳон тутиши, ўзини айбдор ва гуноҳкордек кўрсатиши даркор. Токи кишилар улардан бирон нуқсон қидирсин. Яъни ҳар бир маломатий ўзининг олий хислати ва элга қилган хизматидан худбинлик ва ғурурга берилмаслиги лозим. Аллоҳ инсоннинг барча яхшиликларини кўриб туради. Бу сифатлар ўзгаларнинг назарига тушиши ёки бўлмаса халққа кўз-кўз қилиниши шарт эмас. Маломатийлар мўъминларнинг ўзаро адоватда бўлиши, мазҳаб талашиб, низо пайдо қилишига қарши эдилар. Шунинг учун халқ улардан айб қидириб, камситиб, «маломат» қилсалар ҳам, бу тоифа вакиллари ҳеч ким билан муноқаша (тортишув, жанжал)га боришмас, «маломат қилувчи»лардан асло қўрқмас ва ранжимас эдилар. Маломатийлар аслни «ўз нафсларининг маърифати» деб билиб, маърифатни «Аллоҳ маърифатининг восиласи» ҳисоблашган ва шунга амал қилишган. Улар ибодатни «банда билан Ҳақни боғлаб турадиган ришта» деб билишган. Шунинг учун улар «қанчалик маломатга қолсанг, шунча ғурур ва фирибдан йироқ бўласан» деган ақидага амал қилишган. Маломатийлар ички туйғуларни ташқарига чиқармай, зуҳд, риёзат ва кароматни ошкор этишни жоҳиллик, риё деб билишган.
Тайфурия тариқати асосчиси ўнлаб машойихларнинг пири муршиди, метин ирода соҳиби, буюк шайх, «султон улорифийн» Боязид Бистомий (ваф. 243/848 й.)дир. Тасаввуф тарихида интуитив билиш назариясининг асосчиси дея эътироф этилган Боязид Бистомий «ғалабот» ва «сукр» (сархушлик) йўлидан борган. Унинг фикрича, зикр пайтида ўзини унутиб, Ҳақнинг ишқида масту мустағрақ бўлган сўфийнинг ҳолати «фано»дирки, ўзлигидан кечган ва ўзлигини унутган сўфийда илоҳий сифатлар мужассам бўлади.
Жунайдия тариқатининг асосчиси Бағдод тасаввуф мактабининг буюк сўфийси, ўз даври илм аҳли томонидан «Саййид ут-тоифа», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Товус улуламо» деб улуғланган Жунайд Бағдодий (ваф. 297/909 й.) дир. Жунайд сукр (сармастлик) ҳолатидан саҳв (ҳушёрлик) ни устун қўйиб, «ҳушёрлик табиий ҳолат, сармастлик эса ғайритабиий руҳий ҳолат» деб таъкидлаган. Жунайд тасаввуф илмини тартибга солиб, тасаввуфий истилоҳларни изоҳлаган. Зоҳирий ва ботиний илмлар, яъни шариат ва тариқатни бир-бирига боғлаган. Тасаввуф таълимоти ва амалиётини ислом ақидалари билан уйғунлаштириб, тасаввуфнинг фақат қалбда яшаб, ботинийлик касб этиши, инсоннинг вазифаси – нафсини ислоҳ қилиб, илм ва амални муштарак олиб бориш, қалбни Аллоҳга қаратиш эканини эътироф этган. Жунайд Бағдодий тасаввуфда «саҳв» (ҳушёрлик) йўлини илгари сурган ва бу кейинчалик вужудга келган тариқатларга кучли таъсир кўрсатган. Жунайд Бағдодий тасаввуфда мўътадиллик таълимотининг байроқдори бўлган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий каби машҳур машойихлар мазкур тариқат вакилларидир.
Нурия тариқатига Абулҳусайн Нурий (ваф. 294/907 й.) асос солган. Тасаввуфда «фақр», «ийсор» (бошқаларни ўзидан афзал деб билиш, жўмардликнинг энг юқори даражаси) ва фароғат, суҳбат йўлидан борган, узлатни ёқламаган. Нурийнинг фикрича, ҳар бир инсон фақат ўзгалар манфаати ва осойишталигини ўйлаб ҳаёт кечириши зарур. Бошқаларнинг ҳимоясини деб, уларга хизмат қилиб, фақирона яшаш инсонни кибру ҳаводан асрайди, ўз нафсини ислоҳ қилиш имкониятини яратади.
Саҳлия тариқатига Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий (ваф. 283/896 й.) асос солган. «Нафс», «мужоҳада», «риёзат» ва «ботинни поклаш»га эътибор қаратган. Абдуллоҳ Тустарий чиллага алоҳида аҳамият берган. Унинг фикрича, тасаввуфнинг боши шундай илмдирки, уни идрок қилиб бўлмайди, охири ҳам илмдирки, ҳаргиз тамом бўлмайди.
Ҳакимия тариқати назариётчиси Ҳаким ат-Термизий (ваф. 320/932 й.) бўлган. Ҳаким ат-Термизий «валийлик», «хотам ул-анбиё», «хотам ул-авлиё», «жазба», «қурб», «каромат» масалаларини таҳлил этган ва тасаввуф таълимотига фалсафанинг кириб келишига замин яратган. Ҳакимия дастлаб зоҳидлар, дарвеш, қаландарлар йиғини давраси, мажлиси тарзида ташкил топган.
Харрозия тариқатига Абу Саъид Харроз (ваф. 286/899 й.) асос солган. «Фано» ва «бақо» мавзуларига эътибор қаратган. Абу Саъид Харроз банданинг Ҳаққа бандачилигини орзу билан топиб бўлмаслиги, лекин истаган топиши ва топмагунча тиламаслигини эътироф этган.
Хафифия тариқатига Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хафиф Шерозий (ваф. 372/982 й.) асос солган. «Ғайбат», «ҳузур», «тавҳид» ва «тажрид» масалаларига эътибор қаратган. Унинг фикрича, «ғайбат» – қалбда Аллоҳдан ўзга барча нарсанинг ўз ҳолидан ғойиб бўлишидир. Соликнинг ўз ҳолидан ғойиб бўлиши Аллоҳ билан («ҳузур») бўлишидир.
Сайёрия тариқатига марвлик имом Абулаббос Сайёрий (ваф. 342/953 й.) асос солган. Абулаббос «жамъ» (қўшилиш) ва «тафриқа» (фарқланиш), «тавҳид маърифати» масалаларини таҳлил этган ва тавҳидни «қалбда Аллоҳдан ўзганинг ёди бўлмаслигидир» деб изоҳлаган.
Ҳалложия мактаби Форис Динаварий номи билан боғлиқ бўлиб, Мансур Ҳаллож йўлидан борган ва унинг қарашларини талқин қилишда адашиб, ҳулул ва таносуҳ ҳақидаги фикрларни Ҳаллождан олганини даъво қилган. Ҳужвирий «Кашф ул-маҳжуб» асарида Ибн Фориснинг даъволари асоссизлиги ва унинг Мансур Ҳаллож қарашлари билан боғлиқ жиҳатлари йўқлигини эътироф этиб, «Фориснинг кимлигидан қатъи назар, кимки Аллоҳнинг бирлиги ва ҳақлигига қарши гапирар экан, унинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқдир» деб, уларнинг нафақат тасаввуф, ҳатто динга алоқаси йўқлиги, айниқса, руҳ масаласида адашганликларини қайд этган.
Рифоия тариқатига басралик сўфий Саййид Аҳмад Рифоий (ваф. 578/1182 й.) асос солган. Яқин Шарқ, Эрон, Туркияда кенг тарқалган.
Шозилия тариқати асосчиси Шайх Абулҳасан Мағрибий Шозилий (ваф. 654/1256 й.) бўлиб, «муҳаббат», «маърифат», «тавҳид», «иймон» масалаларини таҳлил этган. Ваъзларида Аллоҳдан қўрқиш, шариат кўрсатмаларига қатъий риоя этиш, суннатни бажариш, дунё лаззатларидан юз ўгиришга даъват этган. Шозилия ҳозирда Шимолий Африкадаги энг йирик сўфийлик тариқати ҳисобланади.
Бадавия тариқатига мисрлик Саййид Аҳмад Бадавий (ваф. 675/1276 й.) асос солган. Тариқат Мисрда кенг тарқалган.
Чиштия тариқатига Хожа Абу Исҳоқ Шомий (ваф. 491/1097 й.) асос солган. Ҳиндистонда кенг тарқалган. Тариқат йўли шариат, тариқат, ҳақиқат босқичидан иборат. Шунингдек, фақр, қаноат, риёзат, самоъга амал қилинади. Тариқат пешвоси Муйниддин Чиштий (XII асрда яшаган) Ҳирот яқинида туғилиб, Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида ўқиган. Сўнг Бағдодга борган. Машҳур шайх Хожа Усмон Ҳоруний ҳузурида йигирма йил хизмат қилиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Ҳиндистонга бориб, ўзининг сўфийлик мактабини яратган. Муйниддин Чиштий фикрича, Аллоҳ барчани тенг яратгани учун бандалари баробар яшаши зарур. Шунинг учун дардмандларга дармон бўлиш, очларни тўйдириш олийжаноб инсоний фазилатдир. Уларнинг ақидасича, ҳар бир мўмин «дарёдек сахий», «офтобдек нурпош», «заминдек таъзим-тавазуъ»да бўлиши даркор. Зеро, Аллоҳ ана шундай бандаларини севади.
Чиштия тариқатининг кенг ёйилишида Шайх Низомуддин Авлиёнинг (ваф. 726/1325 й.) таъсири катта бўлган.
Суҳравардия тариқатига Шиҳобуддин Суҳравардий (ваф. 539/1144 й.) асос солган. Тариқат Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Афғонистонда кенг тарқалган. Унинг асосини ибодат, зуҳд ва мужоҳада ташкил этади. Абдураҳмон Жомий Шайх Суҳравардийни «зоҳир ва ботин илмларда барча улуғ шайхларнинг устози, раббоний олим, нурлар манбаи, ҳақиқат таржимони» деб таърифлаган. Унинг «Авориф улмаориф» китоби сўфийликнинг тамал манбаси ҳисобланиб, ирфон, ахлоқ ва руҳият тарбияси амалиётига бағишланган. Суҳравардия силсиласи Ҳиндистонда Баҳоуддин Закариё Мўлтоний томонидан ривожлантирилган. Ҳозир ҳам Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда суҳравардия таълимотининг давомчилари бор.
Қодирия тариқатига машҳур шайх, «Ғавс ул-аъзам» Абдулқодир Жийлоний (ваф. 562/1166 й.) асос солган. Тариқат Ироқ, Мовароуннаҳр ва Хуросонда, жумладан, Фарғона водийсида кенг тарқалган. Абдулқодир Жийлоний тасаввуфдаги «ҳушёрлик» мақомини ривожлантириб, «саховат», «ризо», «сабр», «ишорат», «ғурбат», «саёҳат», «фақр» каби масалаларга эътибор қаратган.
Қодирия таълимотининг асосини қалб риёзати ташкил этади. Бу таълимотнинг кўп жиҳатлари шофеъия ва ҳанбалия мазҳаблари дунёқарашига яқин. Абдулқодир Жийлоний ҳанбалия суннийларидан бўлиб, «Шайхи Машриқ» номи билан ҳам шуҳрат топган. Сафавийлар даврида шиалар назарияси ўртасидаги зиддият туфайли Жийлоний Бағдодга кўчиб ўтган. Қодирия тариқатининг рамзи яшил рангдир. Тариқатнинг зикр тартиби «Зикри даврон» (сўфийларнинг ўтириб, тик туриб ва гир айланган ҳолда овоз чиқариб Аллоҳ исмларини такрорлаши) бўлиб, сўфийлар зикрга алоҳида (зикри хафий) ва биргаликда (зикри жаҳрий) тушишган. Қодирия тариқатидан 29 та тармоқ ажралиб чиққан.
Мавлавия тариқатига Мавлоно Жалолиддин Румий (ваф. 672/1273 й.) асос солган. Эрон, Туркияда кенг тарқалган. Тариқат «ишқ», «жазба», «самоъ» ва «сафо»га асосланган. Тариқат аҳли фикрича, «самоъ» – Мутлақ руҳнинг инсон қалбидаги зарраси мусиқа таъсирида, зикр пайтида тиниқлашиб, покланади, яъни ўз ўзагига яқинлашади, Аллоҳга муҳаббатини тўлароқ ифодалашга ёрдам беради. Тариқат «Гирди дарвешон» («чарх уриб айланувчи дарвешлар») номи билан машҳурдир. Дарвешлар шиддатли ҳаракат ва рақс жараёнида ўзидан кетишни – «Ҳаққа етиш они» деб билишган. Тариқат асосан Усмонли Туркияда равнақ топган. Тариқат аҳли чўққили қалпоқ кийиб юришга одатланишган. Ҳозир ҳам Туркиянинг Кўния шаҳридаги Мавлавий мақбарасидан куй таралиб туради.
Хилватия тариқатига Сирожиддин Умар Хилватий (ваф. 800/1397 й.) асос солган. Миср, Туркияда кенг тарқалган. Тариқат «жаҳрий зикр»га асосланган ва «зикри даврон»га амал қилинган.
Бектошия тариқати асосчиси Ҳожи Бектош Валий (ваф. 669/1270 й.) бўлиб, Туркия ва Ироқда тарқалган. Бектошийлар Ҳазрат Али (р.а.)га муҳаббат қўйиб, шиаларнинг ўн икки имомини ардоқлаб, Аллоҳга ва унинг элчиси Муҳаммад (с.а.в.)га эътиқод қўйиш, шаръий таом ва шароб тановул этиш, аҳду паймонда собитқадам бўлишга риоя қилишган. Бектошийлар хонақоҳи муршид («бобо» деб аталган) томонидан назорат ва идора қилинган. XIX асрга қадар бектошийлар Туркия сиёсатида кучли таъсирга эга эдилар. Улар мамлакатдаги асосий сиёсий оқим яничарларни қўллабқувватлашган. 1242/1826 йилда яничарлар корпуси тормор этилгач, бектошийлар фаолияти ҳукумат томонидан тақиқлаб қўйилди. Ушбу тариқат йирик ғоявий, ижтимоийсиёсий оқимга айланиши натижасида тарқатиб юборилган бўлса ҳам, бектошийлар яширин фаолият олиб боришган. Кейинчалик ўз қароргоҳларини Албанияга кўчирганлар. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг эса мамлакатда бектошийлар сафи кенгайган.
Неъматуллоҳия тариқатига Саййид Неъматуллоҳ Валий (ваф. 835/1431 й.) асос солган. Эронда кенг тарқалган. Тариқатда «таслим», «зуҳд», «фақр», «ридо», «вафо», «фано»га аҳамият берилган. Саййид Неъматуллоҳ фикрича, қалбни ислоҳ қилиш ва ўзликни поклаш учун барчага меҳрмуҳаббат кўрсатиш ва халққа холис хизмат қилиш керак. У Хожагон тариқатининг «хилват дар анжуман» қоидасига амал қилиб, халқ ичида яшаб, Ҳаққа хизмат қилишни тарғиб этган. Неъматуллоҳия тариқати сиёсий фаолияти, давлатнинг ички ҳаётига фаол таъсир кўрсатиши билан бошқа тариқатлардан ажралиб турган.
Ишқия тариқати асосчиси Шайх Абулҳасан Ишқий бўлиб, Боязид Бистомийнинг (ваф. 261/874 й.) «сукр» йўлини тутган. Самарқанд (Остона бобо) ва Қашқадарёда (Лангар) тарқалган. Шайх Абулҳасан «сукр» маърифати асосида шоҳу гадони тарбиялаган. Алишер Навоий ишқия тариқати аҳли ҳақида «уларнинг ажабтовур кароматлари ва ҳайратангиз сўзлари кўп ва ҳаттоки султонлар уларга мурид тушганлар» деб зикр қилган.
Кубровия тариқати Ўрта Осиёда пайдо бўлиб, унга Шайх Нажмуддин Кубро Хоразмий (ваф. 618/1221 й.) асос солган. Мазкур таълимот негизини «хуфия зикр» ташкил қилади. Нажмуддин Кубро тариқат қоидаларини «Усули Ашара» (ўнта усул)да баён этган ва мурид тарбиясига алоҳида аҳамият берган. Нажмуддин Кубро инсон руҳиятининг имкониятлари, унинг яратувчанлик ва мўъжизакорлик қувватини «валийлик», «каромат» тушунчалари орқали баён этган. Нажмуддин Кубро тасаввуфдаги «сукр» ва «саҳв» йўналишини бирлаштириб, тафаккурий билим билан кароматни уйғунлаштирган, ирфон фалсафаси ривожига салмоқли таъсир кўрсатган.
Мажидуддин Бағдодий (ваф. 618/1221 й.), Сайфиддин Боҳарзий (ваф. 659/1260 й.), Саъдуддин Ҳамавий (ваф. 650/1252 й.) Нажмуддин Кубронинг издошларидир.
Яссавия тариқатига туркистонлик Аҳмад Яссавий (ваф. 563/1167 й.) асос солган. Тариқат шимолда Қозонгача, ғарбда Болқон яриморолигача етиб борган. Яссавия тариқати Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг маънавий, маданий ва ижтимоий тараққиётига жиддий таъсир кўрсатган. Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарган, шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари билан суғорилган. «Қалбингда Аллоҳ бор, Аллоҳга чекин» дейди Яссавий. Узлатга чекинмоқ – ўз-ўзингга чекинмоқ демакдир. Аввал ботинни англамоқ, тарбияламоқ даркор, бу нафсни поклашдан бошланади. Унинг маънавийруҳий олами шунчалик юксак бўлганки, Алишер Навоий Хожа Аҳмад Яссавийни «Туркистон аҳлининг қиблаи дуоси» деб улуғлаган. Яссавия тариқати бошқа тариқатлардан одоб ва аркон жиҳатдан ҳам фарқланган ва бу тамойиллар Сўфий Муҳаммад Донишнинг «Миръот ул-қулуб» (XIII аср) асарида мухтасар баён қилинган. Академик В.В.Бартольд «Аҳмад Яссавий тарбия ва тарғибот ишлари билан халқнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган мутасаввифдир, бу ҳурмат туркий халқларда ҳозиргача давом этмоқда» деб эътироф этган.
Нақшбандия тариқати асосчиси «Баҳоуддин Балогардон» номи билан машҳур бўлган бухоролик Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (ваф. 792/1389 й.)дир. Тариқат асоси Абдулхолиқ Ғиждувоний (ваф. 575/1179 й.)нинг «зикри хуфия» (Аллоҳ исмларини овоз чиқармасдан такрорлаш) ва «рашҳа»лардан шакллантирилган. Бу рашҳалар ҳар бир нафасдан огоҳ бўлиш, қадамни назорат қилиш, Ҳақ томон юриш, халқ ичида Ҳақ билан ёлғиз бўлиш, қалб ва тил билан тавҳид зикрини қилиш, мақсад Аллоҳ ризоси эканини билиш, қалбни хавотирдан сақлаш, ҳар нафасда Аллоҳ билан бўлишдир.
Нақшбандия таълимотига кўра, ҳар бир сўфий фаол ҳаёт кечириши, бирон-бир касб-кор билан шуғулланиб, қўл кучи билан топилган ризқу рўзи эвазига кун кўриши лозим, яъни «Дил ба ёру даст ба кор» (кўнгил Аллоҳда, қўл эса ишда бўлсин). Баҳоуддин Нақшбандий «гўшанишинлик» ва «таркидунёчилик»ни қатьий рад этган. Нақшбандийликда мурид тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Шу сабабли бу таълимот Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Туркия ҳатто Кавказ каби минтақаларда кенг тарқалган.
Юқорида қайд этилган тариқатлардан янги тармоқлар келиб чиққан ва улар ҳам алоҳида фаолият кўрсатишган. Ислом динининг бошқа давлатларда кенг тарқалишида тариқатларнинг амалий аҳамияти катта бўлиб, ҳозирга келиб тариқатлар сони уч юз элликдан ошиб кетган.
1. УВАЙС ҚАРАНИЙ
Ўтмишда тасаввуф тарихига бағишлаб ёзилган барча тазкираларда «икки жаҳон қуёши» Суҳайл ибн Омир Увайс Қараний чуқур эҳтиром билан тилга олинган. Уни «Яман юлдузи» деб ҳам аташган.
Суҳайл 1/621 йилда Яман вилоятига қарашли Қаран қабиласининг сарбони Мурод ибн Амир оиласида туғилган. Гўдаклигида отаси вафот этиб, онаси қарамоғида қолган. Ривоятларга кўра, Суҳайл «худрўй» – туғма руҳий иқтидор соҳиби бўлган. Қабиладаги пешқадам уламолардан сабоқ олган.
Суҳайл Қаранийни «Увайс» дейилишининг сабаби шуки, у ҳеч бир ҳожат ва воситасиз Пайғамбар (с.а.в.) руҳидан тарбия топган. Улар зоҳирда бир-бирларини кўрмадилар, аммо ботиндан файзу футуҳ топдилар. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган олий мақомдир. Бунинг далили Аллоҳнинг муборак сўзи билан тасдиқланади: «Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берар. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир»[1 - Қуръони карим. Ҳадид сураси, 21-оят.].
Увайс Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ғойибона меҳрига мушарраф бўлган. Расули акрам (с.а.в.) юзларини Яман тарафга қаратиб, марҳамат қилганлар: «Увайс эҳсону иффат ва тавсифда тобеъинларнинг яхшисидир. Раҳмон нафасларидан бири Яман тарафдан келади». Увайс Қараний дейдики, «Севишнинг шарти севгили учун ҳамма нарсага рози бўлиш, унинг ҳолатини тушуниш. Тушунмагунча севдим дейиш ноўриндир. Мен уни (бу ерда Пайғамбаримиз (с.а.в.) назарда тутиляпти) дунёвий кўзим билан кўрмадим, аммо шариатини, яъни ҳолатини тушундим. Уни маъқуллаш диндир»[2 - Мустафо Нажотий Бурсали. Увайс Қараний. – Т.: «Истиқлол», 2007. 4-бет.].
Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуд тоғидаги жангда тишларидан биридан ажраганлар (бошқа манбаларга кўра олдинги пастки жағларидаги бир тишларига тош тегиб синиб кетган). Бундан воқиф бўлган Увайс Қараний Муҳаммад (с.а.в.)га бўлган юксак эҳтироми юзасидан, у зотга душманлар етказган ситамни ўзида синаш мақсадида аввал бир тишини, сўнгра шубҳага ўрин қолмаслиги учун барча тишларини суғуриб ташлаган[3 - Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 23-бет.].
Ривоятга кўра, Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан олдин қимматбаҳо тўнларини тобеъинлар қибласи, арбаъинлар пешвоси, пинҳони офтоб, раҳмон ҳамнафаси бўлган Увайс Қаранийга мерос қолдирганлар. Уни эгасига топширишни ўз яқинларига васият қилганлар. Расули акрам вафотларидан сўнг Ҳазрати Умар (р.а.) ва Али (р.а.) тўнни Увайс Қаранийга олиб боришган[4 - Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 11-бет.].
Увайс Қараний бир умр дарвешона кийиниб, одамларнинг туясини боқиб, ожиза онаси билан кун кечирган. Халқ «девона», «телба» деб айтган.
Увайс саҳрода зикр қилаётган вақтда рўпарасига бир туя келиб чўкади. Унинг устидан бир мусофир тушиб салом беради. Бу Ҳазрати Али (р.а.) юборган чопар Мансур эди. Ҳазрати Али (р.а.)га Увайс Қаранийнинг Сиффин жангида иштирок этиб, шаҳид бўлиши башорат қилинган эди.
Увайс 37/656 йилда Сиффин жангида шаҳид бўлган. Увайснинг тобутини олиш учун етти қабила ўртасида тортишув бўлган. Муаммони Ҳазрати Али (р.а.) қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилган. Барча қабила вакиллари хурсанд бўлиб тобутларни араваларга юклайдилар. Бунинг сабаби шундаки, Увайс Қараний етти тобутда ҳам бирдай кўринган. Аслида Аллоҳ йўлида жон берганлар ўлмайдилар.
Мусулмон мамлакатлари, жумладан, Шомнинг Сўфа кентида, Суриянинг Сибон шаҳрида, Раққа шаҳрида, Туркияда, Озарбайжонда, Ўзбекистоннинг икки гўшаси Наманган ва Қорақалпоғистонда Увайс Қаранийнинг қадамжойлари мавжуд. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Увайс Қаранийга ҳадя қилган хирқалари бугунги кунда Истанбул шаҳридаги «хирқаи шариф» жомеъ масжидида сақланади.
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Султон Увайс мақбараси ҳамда мақбарадан икки километр узоқликда Султон Увайс бобо тоғи бор. Тоғдаги энг баланд қоя «Увайс Аллоҳга муножот этган жой», «Муножот тоғи» деб аталади. Қояларда Увайс Қараний тишларини синдирган вақтида сачраган қон доғларининг излари муҳрланиб қолган.
Мақбара Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ буйруғи билан бунёд этилган бўлиб, 1221 йилда мўғуллар босқини туфайли вайрон қилинган. Амир Темурнинг буйруғи билан қайта тикланган. 1805–1806 йилларда мақбара Хива хони Элтузархон томонидан таъмирланган. 1836 йилда Оллоқулихон даврида мақбара қайта тикланган.
* * *
Анбиё (с.а.в.) вафотларидан олдин саҳобалар сўрадилар:
– Муборак хирқангизни кимга берайлик?
Расули акрам (с.а.в.) дедилар:
– Увайс Қаранийга беринглар.
Сўрадилар:
– Уни қаердан топамиз?
Расули акрам (с.а.в.) дедилар:
– Яман вилоятининг Қарн кентидан.
Сўрадилар:
– Эй Оламлар сарвари, Сиз уни кўрганмисиз?
Расули акрам (с.а.в.) дедилар:
– Кўрганман, лекин зоҳирда кўрмаганман. У ҳам мени кўрган, лекин зоҳирда кўрмаган.
Сўрадилар:
– Нима учун сизни кўрмаган?
Расули акрам (с.а.в.) дедилар:
– Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси ҳол ғалабасидан, иккинчиси шариат амрига мувофиқдирки, кўзи ожиз онаси бор. Уни нафақасиз ва қаровсиз ташлаб кета олмай, оналик ҳаққига риоя этди.
Сўрадилар:
– Биз Увайсни кўрамизми?
Расули акрам (с.а.в.) дедилар:
– Абу Бакр (р.а.) кўрмайди, Умар (р.а.) билан Али (р.а.) кўришади.
* * *
Пайғамбар (с.а.в.) вафотларидан сўнг Умар (р.а.) билан Али (р.а.) Яманнинг Қарн кентига йўл олдилар. Увайсни суриштирдилар.
Қарнликлар дедилар:
– Бир далли девона, фақир бор. Туя боқади. Халққа аралашмайди, ҳамма кулса, у йиғлайди. Ҳамма йиғласа, у кулади. Дунё шодлиги ва ғамини билмайди. Бировдан ҳеч нарса тиламайди. Туя боқиб топган пулини онаси ва фақирларга нифоқ этади.
Ҳазрати Умар (р.а.) ва Али (р.а.) Увайсни излаб туя боқадиган водийга бордилар. Увайс туяларини ўтлоққа қўйиб, ибодат қилаётган эди. Салом бердилар. Увайс алик олди. Умар (р.а.) унинг исмини сўради. Увайс деди:
– Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қулиман).
Умар (р.а.) унинг ўз исмини сўради.
Увайс деди:
– Увайсдирман.
Умар (р.а.) деди:
– Сенга Мустафо (с.а.в.)нинг саломини олиб келдик. У зот муборак хирқаларини бериб, умматимни дуо ва шафоат қилсин дедилар.
Увайс хирқани олиб, ўпди, кўзига суртди. Мураққаъ (хирқа)ни ерга қўйиб, юзини тупроққа қўйди ва Аллоҳга ёлвориб илтижо қилди:
– Эй Роббим, Сарвари олам (с.а.в.) мен ожиз бандани шафеъ тутиб, хирқани берибдилар. Муҳаммад (с.а.в.)нинг барча умматини мағфират қилмагунингча (кечирмагунингча) уни эгнимга солмасман. Увайс анча вақтгача муножот қилди. Унинг ҳаяллаганидан хавотир олган Умар (р.а.) Увайсдан сўради:
– Нима учун хирқани киймадинг?
Увайс деди:
– Умматнинг барчасига шафоат қилмагунича хирқани киймайман деб Роббимга ёлвораётган эдим. Бас, сабр қилмадингиз.
Ҳотифдан нидо келди:
– Увайс ҳурматига умматимга Робиъ ва Мудор қабиласи қўйларининг юнги саноғича шафоат қилингай.
Увайс хирқани кийди. Қарн қишлоғида Увайс маълум ва машҳур бўлди. Увайс Куфага йўл олди. Батамом Ҳақ зикри билан машғул бўлиб, одамлар назаридан йироқ юрди. Турли юртлардан зиёрат қилгани келган одамлар уни топа олмай қайтиб кетишди. Фақат бир сафар Ҳурмиз ибн Ҳассон уни кўриб суҳбатлашишга муяссар бўлди.
* * *
Ҳурмиз ибн Ҳассон (р.а.) деди:
– Увайс ҳақидаги ҳикоятларни эшитиб, уни кўришга ошиқдим. Уни кўп қидирдим. Излаб Куфага бордим. Фрот дарёсида таҳорат қилаётган одамни кўриб, Увайс ҳақида эшитганларимдан нишона топдим. Ёнига келдим. Саломаликдан сўнг унинг этагини тавоф қилишни сўрадим. Увайс рози бўлмади.
Ҳурмиз ибн Ҳассон Увайснинг заиф ҳолига куйиб йиғлади ва деди:
– Нечуксиз?
Увайс ҳам йиғлади ва деди:
– Эй Ҳурмиз ибн Ҳассон, менга ким йўл кўрсатди?
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Эй Увайс, сиз мени кўрмай ва эшитмай мени ва отамнинг исмини қаердан билдингиз?
Увайс деди:
– Ҳақ субҳанаҳу ва таоло хабар берди. Ҳеч нарса унинг илми ва хабаридан ташқари эмас. Менинг руҳим сенинг руҳингни таниди. Мўминлар руҳи шундайки, агар кўришмасалар ҳам уларнинг руҳлари бир-бирларини танийдилар.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Ҳазрати Расули (с.а.в.)дан бир ҳадис ривоят қилинг.
Увайс деди:
– Мен ҳамиша Аллоҳ билан машғулманки, ҳадис айтишга, фатво беришга, тафсир қилишга, зикр айтишга хоҳишим йўқдир.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Қуръондан бир оят ўқинг.
Увайс Ҳурмиз ибн Ҳассоннинг қўлидан тутиб, деди:
– Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм[5 - Малъун шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.]. Қуръондан бир оят ўқиди: Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! Осмонлар ва ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни ишамалдадир[6 - Қуръони карим. Зорият сураси, 57–58-оятлар.].
Увайс деди:
– Эй Ҳассоннинг ўғли, олдимга келишингнинг боиси нима?
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Сизни кўриш, сўзларингиздан баҳра олиш, дуоларингиздан Ҳақ марҳаматига эришиш учун келдим.
Увайс деди:
– Худони таниган Худодан ўзгаси билан улфат, сўзига муҳтож бўлмайди.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Менга ўгит беринг.
Увайс деди:
– Эй Ҳурмиз, ухласанг ўлимни бошинг остидаги ёстиқ деб бил. Уйғонсанг ўлимни икки кўзинг ўртасида кўр. Гуноҳнинг катта-кичиклигига қарама. Аллоҳнинг улуғлигини тафаккур қил. Агар гуноҳни кичик деб билсанг, Худони кичик деб билган бўласан. Агар кичик гуноҳни ҳам улуғ деб билсанг, Худони улуғ билган бўласан.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Эй Увайс, қаерни маскан тутай?
Увайс деди:
– Шомни ватан қил.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Менга васият қил.
Увайс деди:
– Эй Ҳассоннинг ўғли, отанг ўлди. Одам (а.с.) ва Ҳавво ўлди. Нуҳ (а.с.), Иброҳим Халил (а.с.) ва Мусои Калим (а.с.), Довуд (а.с.), Исо (а.с.) ва Муҳаммад (с.а.в.), ва халифалар Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), Умар (р.а.) ўлдилар.
Увайс «оҳ» урди.
Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:
– Умар ўлгани йўқку?
Увайс деди:
– Роббим билдирди. Умар бугун дунёдан ўтди.
Увайс Умар (р.а.)нинг ҳаққига дуо ўқиб, саловат айтди.
Увайс Ҳурмиз ибн Ҳассоннинг ҳаққига дуо қилиб деди:
– Сенга ўгитим шуки, Қуръон ҳукмларини маҳкам тут, солиҳлар йўлидан чиқма. Эй Ҳассоннинг ўғли, бор, энди на сен мени кўрасан, ва на мен сени кўраман. Мени дуода ёд қил ва мен ҳам сени дуода ёд қиламан. Энди сен ўз йўлингдан кет ва мен ҳам ўз йўлимдан кетайин.
Ҳурмиз деди:
– Увайсга эргашдим. Қўймади. Йиғлади ва мени ҳам йиғлатди. Сўнг бир зовияга кириб кетди. Шундан сўнг унинг дарагини топмадим. Маънавий-руҳий такомилимни Увайснинг дуолари шарофатидан деб билдим.
* * *
Увайс умрида бирон кеча тўйиб ухламади. Ҳар кеча бугун «Лайлат ул-қиём», бугун «Лайлат ур-рукуъ», бугун «Лайлат ус-сужуд» деб, тонгга қадар саждадан бошини кўтармади.
Сўрадилар:
– Эй Увайс, тунни бундай риёзат билан ўтказишга қандай тоқат қиласиз?
Увайс деди:
– Бир дафъа «субҳана роббиал-ъало» деб бошимни саждага қўйишим билан тонг отади. Орзуим ва хоҳишим шуки, фаришталар ибодатига ўхшасин.
* * *
Сўрадилар:
– Намозда хушуъ нима?
Увайс деди:
– Намоз ўқиётган вақтингда сенга найза бирла санчсалар, оғриқни бир зарра сезмаслигингдир.
* * *
Увайс Қараний қалб кўзи билан инсонларнинг кўнглидагиларни ўқир, жоҳил ва нодон кишиларнинг ҳолидан йиғлар ва дер эди:
– Уларнинг на юзида ранги, на қалбида завқи, на дудоқларида кулгуси бор. Залолатда қовурилаётган бу одамлардан муҳаббат илҳомини кутиш мумкинми? Эй Роббим, бечораларнинг қалб кўзларини боғлаб, қилган хатолари учун жаҳаннамга ташламай, залолат ботқоғидан поклагинки, қалбларида маърифатуллоҳ дарахтлари илдиз отсин.
* * *
Увайсга хабар бердилар:
– Бир дарвеш ўттиз йил аввал гўр ковлаб, кафан билан гўр бошида ўтирибди. Ҳамиша кўзи ёшли, на кечаси уйқуси бор, на кундузи ороми. Бунинг ҳикмати нимада?
Увайс деди:
– Унинг олдига мени олиб боринг.
Келдилар. Риёзатдан тани сарғайган, кўзлари хира тортган заиф кишини кўрдилар.
Увайс деди:
– Ўттиз йил гўр ва кафан билан шу даражада овора бўлибсанки, Худодан ғофил қолибсан. Худодан йироқлашиб, гўр билан кафанга боғланибсан.
Дарвешга ҳолатининг ҳақиқати ошкор бўлди. Наъра тортиб, ўзини гўрга ташлади ва жонини таслим қилди.
Увайс деди:
– Эй биродарлар, кўринг ва огоҳ бўлингки, гўр билан кафан Худога етиш учун парда (тўсиқ) бўлса, бошқа нарсалар нима бўлиши мумкин? Ўзини Худога бағишлаган ва дунёни тарк этган кишига гўр билан кафаннинг қизиғи йўқ, банданинг қаерда ва қандай ҳолатда ўлимни қарши олиши унинг ихтиёрида эмасдир.
* * *
Рабиҳ Ҳошим Увайс Қаранийни кўриш учун борди.
Увайс ибодат билан машғул бўлгани учун кутиб ўтирди ва кўнглидан ўтказди:
– Увайс менга ҳам бир ўгит берса эди.
Увайс Қараний дуога қўл очиб дебди:
– Аллоҳим, кўп ухлар кўздан ва кўп еяр қориндан Ўзингдан паноҳ тилайман.
Бу сўзларни эшитган Рабиҳ Ҳошим «менга шу ўгит етарли» деб уйига қайтди.
* * *
Увайснинг қўшнилари дедилар:
– Увайсни девона хаёл қилдик. Унинг қандай тирикчилик қилишидан хабаримиз йўқ. Ҳар доим рўза тутгани учун унинг бирон жойда таом еганини кўрмадик. Битта пўстини бор эди, унинг ямоқ солинмаган жойи қолмаган эди. Бомдод намозидан аввал уйдан чиқар ва хуфтондан сўнг қайтар эди. Туш вақтида онасига егулик олиб келган вақтида ёш болалар унга тош отиб, йўлини тўсар эдилар. Увайс уларни эркалаб, олиб келган таомидан берар ва дер эди:
– Оёқларим заифдир. Кичикроқ тош отинг, оёғимга тегиб, жароҳат қилмасин, токи қон чиқиб, намоздан қолмайин. Намоздан қолиб, оёғим ғамини емай, намозим ғамини қилайин.
* * *
Жамоадан ажралишдан сақланинг, чунки ўзингиз сезмаган ҳолда динингиздан ажраб қоласиз ва қиёмат куни дўзахга кирасиз.
* * *
Ҳар ким яхши ейиш, яхши кийиш, баднафс ва бадахлоқ аёл билан ўтиришни севса, шайтон уни тез йўлдан оздиради.
* * *
Аллоҳ деди: Авлиёларим қуббам остидадирлар, уларни Мендан (Аллоҳ) ўзга билмагай.
* * *
Ҳар ким Аллоҳни таниса, унга ҳеч нарса махфий қолмайди. Кимки Аллоҳни Аллоҳ билан таниса, у ҳамма нарсани билади.
* * *
Саломатлик танҳоликдир.
2. ҲАСАН БАСРИЙ
Кўплаб шайхларга пешволик қилган, замонасининг аксарият арбобларини ақлу заковати билан лол қолдирган машойихлардан бири Ҳасан Басрийдир.
Ҳасан Басрий Мадинада, Пайғамбаримиз (с.а.в.) хотинлари Умму Салама (р.а.)нинг озод этилган чўрилари хонадонида 22/642 йилда таваллуд топган. Унинг отаси саҳоба Зайд ибн Собитнинг озод этилган қули Ясор эди. Унинг исмини Умму Салама «Ҳасан» деб қўйган. Ҳаттоки Ҳасаннинг чақалоқлигида Умму Салама кўкрак тутган. Ҳасан Басрийнинг илму ҳикмат ва саодатга мушарраф бўлгани Умму Саламани эмгани ҳамда болалик чоғида Муҳаммад (с.а.в.) унинг ҳаққига қилган дуолари шарофатидандир.
Ҳасан Басрий тарбияси билан Умму Салама шуғулланган. Ҳасаннинг камолотида Ҳазрат Али (р.а.)нинг даъвату ваъзлари, ҳикматлари, шахсий ибратлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. 37/657 йилда Ҳасан 14 ёшга етганида оиласи Басрага кўчиб кетади. Бу ерда Абдуллоҳ ибн Аббосдан тафсир, ҳадис, қироат илмларини ўрганган. Басра илм-маърифат ва маданият марказига айланган ва кўплаб илм ҳалқалари фаолият кўрсатган. Ҳасан Басрий замонасидаги барча илмларни ўзлаштириб, забардаст фиқҳ донишманди даражасига етган. Халқ наздида ваъз айтиб, «Ҳасан Басрий» номи билан шуҳрат қозонган. Хосу ом унинг маърузаларини мароқ билан тинглаб, ҳикматларини ёд олишган. Ҳасан умр бўйи мўминларни маърифатга, золимларни адолатга ҳидоят этган. Робиъа Адавия, Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрийнинг дуосини олган, унинг қўлидан хирқа кийишган. Унинг ҳикматли сўзлари ва кашфу кароматлари тазкира ва маноқиблардан жой олган.
Ҳасан Басрий 43/663–665 йилда Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий юришда қатнашган. Халифа Умар ибн Абдулазиз (ваф. 102/720 й.) даврида Басрада қозилик қилган. Ҳасан Басрийнинг обрўси шу даражада бўлганки, илоҳиёт олимлари унинг атрофида жам бўлишган. Ҳасан Басрийнинг умавийлар давлатининг барқарорлиги йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Ҳасан Басрий мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлган.
Ҳасан Басрий 110/728 йилда Басрада вафот этган.
* * *
Ҳасан Басрий деди:
– Эй одам боласи, нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар Аллоҳ суйгани сабабли у бандага неъмат ато қилган бўлса, сен Аллоҳ суйган бандага қандай ҳасад қиласан? Агар унинг мол-давлат топишига бошқа сабаб бўлса (яъни, ҳаром йўллар билан топган бўлса), оқибатда дўзахга элтувчи бўлган мол-давлатнинг нимасига ҳасад қиласан?
* * *
Сўрадилар:
– Дунё ва охиратнинг ҳолати қандай?
Ҳасан Басрий деди:
– Дунё ва охират Машриқ ва Мағриб ҳолатига ўхшайди. Уларнинг бирига қанча яқин борсанг, иккинчисидан шунча узоқлашасан.
* * *
Сўрадилар:
– Дунё нима?
Ҳасан Басрий деди:
– Мен аввали азоб-уқубат, охири йўқлик бўлмиш бу дунёнинг нимасини тавсиф қилайин! Унинг ҳалолида мукофот, ҳаромида азоб бор. Бунда ким бойиса, фитнага дучор бўлади, кимки қашшоқлашса, маҳзунлик эгаллайди.
* * *
Ҳолимизга вой бўлсин! Ўзимизга ўзимиз нима қилиб қўйдик? Динимизни хорладик, дунёмизни заҳарладик, хулқимизни буздик, кийим-кечак ва кўрпа-тўшагимизни янгиладик.
* * *
Кимдир қинғир йўлга кириб, бировнинг молини ейди. Унинг таоми зўрлик, хизмати мажбурийликдир. У киши аччиқдан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуруқдан сўнг серсувликни хоҳлайди. Жуда тўйиб кетса, овқатни ҳазм қила олмаганидан кекириб: «Эй хизматкор овқатни ҳазм қиладиган бирон егулик келтир» деб буюради.
Эй нодон, сен шу йўсинда ўз динингни ҳазм қиляпсан, холос. Муҳтож қўшнинг ҳолига боқ! Сенга кўз тикиб турган бечораларнинг ҳоли не кечди? Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилганинг шуми?! Кошки умр ўткинчи эканини билсанг эди.
* * *
Ҳажжож ибн Юсуф Ироққа ҳоким бўлгач, Куфа билан Басра орасидаги Восит шаҳрида ўзига муҳташам уй қурдиради. Сўнгра еб-ичиб, байрам қилиб, кейин ҳақига дуо этишлари учун одамларни чорлайди. Ҳасан жамоат жам бўлган фурсатдан фойдаланишни кўнглига тугиб, одамларга панд-насиҳат қилиш, Аллоҳни эслатиш, дунё зеб-зийнатларига ҳирс қўйишдан қайтариш ниятида Ҳажжожнинг уйига боради. Қурилган бинони кўриб, жимжимадор безаклар ҳашаматидан ажабланади. Одамлар қасрни тавоф қилишар эди. Ҳасан ниятига мувофиқ равишда оломонга деди:
– Биз золимлар золими нима қурганини кўрдик. Албатта, Фиръавн бундан ҳам баланд ва кўркам бино қурдирганини яхши биламиз. Бироқ Аллоҳ таоло Фиръавнни ҳалок этди ва биносини қулатди.
Ҳасан шу зайлда сўзлайверди. Шунда ўша ерда ҳозир бўлганлардан бири золим ҳокимнинг ҳайбатидан қўрқиб деди:
– Кифоя қилар энди, эй Ҳасан, кифоя қилар энди?
Ҳасан Басрий деди:
– Аллоҳ таоло илм аҳлига билганларини яширмай, одамларга очиқ баён этиш масъулиятини юклаган!
Ғазабланган Ҳажжож ибн Юсуф эртасига мулозимларига заҳрини сочди:
– Ўлим сизларга! Басралик бир қул чиқиб бизга хоҳлаган гапини айтса-ю бирон тирик жон унга рад жавобини бера олмаса. Аллоҳга қасамки, мен сизларга унинг қонини ичираман, эй қўрқоқлар жамоаси!
Шундан сўнг Ҳажжож қилич ва кунда ҳозирлашга буюрди. Мосламалар тайёрланди. Жаллодлар чақирилди. Ҳасанни олиб келиш учун миршаблар жўнатилди. Бирпасдан сўнг Ҳасан кириб келди. У қилич, кунда ва жаллодни кўрган маҳали лабларини қимирлатиб қўйди. Ҳажжож ҳузурида мўминларнинг улуғи, Аллоҳ йўлига даъват этувчиларнинг энг саботлиси турган эди. Ҳасанни бундай ҳайбатли ҳолда кўрган Ҳажжож шошиб:
– Мана бу ерга, эй Ҳасан Басрий, марҳамат қилсинлар… – дея дудуқланди. Саройда ҳозир бўлганлар бу манзарани ҳайратланиб томоша қилар эдилар. Чунки Ҳажжож Ҳасан Басрийни ўз ўрнига, яъни тахтига ўтқазиб қўйган эди.
Ҳасан Басрий тахтга жойлашиб олгач, Ҳажжож ундан баъзи ишлар хусусида масала сўради. Олим унга шошилмай, лўнда, чиройли ибора ва қатъий асос билан жавоблар қайтарди.
Ҳажжож деди:
– Сиз илмлар улуғисиз, эй Ҳасан.
Ҳажжож барча масалаларга қаноатланарли жавоб олгач, ораларидаги зиддиятни бартараф этиш ниятида Ҳасан Басрийнинг қўлини ўпиб, эшиккача кузатиб қўйди.
Ҳасан Басрийнинг изидан бир хизматкор эргашди ва сўради:
– Эй олимлар улуғи, Ҳажжож сизни мутлақо бошқа ниятда чақирган эди. Келган пайтингизда лабларингиз қимирлаганини кўрдим. Шунда нималар деган эдингиз?
Ҳасан деди:
– «Эй неъмат ато этгувчи ва кулфатда паноҳ бергувчи Эгам! Оловни Иброҳимга совуқ қилиб, саломат қолдирганингдек, мени ҳам золим Ҳажжож азобидан асраб, саломат қилгин» деб илтижо қилдим.
* * *
Нақл қилишларича, шайхнинг муридларидан бири Қуръондан оят ўқилса фарёд қилиб ўзини ерга урар эди.
Ҳасан Басрий деди:
– Бундай қилма.
Мурид деди:
– Бу иш менинг қўлимда эмас.
Ҳасан Басрий деди:
– Агар келсин деб шундай қилсанг, раҳмонийдир, агар чақирмасдан бақирар экансан, бу шайтонийдир.
* * *
Ҳажжож ибн Юсуф мингта мулозими билан Ҳасан Басрийнинг зиёратига келди. Ҳасан уларга парво қилмасдан маърузасини давом эттираверди.
Ҳажжож мулозимларига деди:
– Дунёда эр йигитни кўрмоқчи бўлсангиз, Ҳасан Басрийни кўринг.
* * *
Ҳасан Басрий намозда кўп йиғлади. Хонақоҳ эшиги олдида бир киши ўтирган эди. У кишининг устига ногоҳ сув томчилади.
Ҳасан деди:
– Эй азиз, ташвишланманг, бу мен осийнинг кўз ёшларимдир.
* * *
– Золимларни, фосиқларни, нафсига қул бўлганларни ғийбат қилиш раводир.
* * *
– Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик.
* * *
Очлик Худойи таолонинг Ер юзидаги лаззатли таомидирки, содиқларнинг бадани ундан қувват олади.
* * *
Очлик риёзати муридларга тавбадир.
* * *
Олимларнинг жазоланиши қалбларнинг ўлганидир.
* * *
Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.
* * *
Олимлар юлдузларга ўхшайдилар. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади.
* * *
Бир кишининг илм ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатиши ҳам амал ҳисобланади.
* * *
Сўз амал билан дуруст бўлади, амал билан сўз ният билан дуруст бўлади.
* * *
Мўмин деган ўз нафсининг ҳокими бўлиши керак. У нафсига Аллоҳ учун ҳисоб бердиради.
* * *
Оқил киши зикрдан тафаккурга, тафаккурдан зикрга ўтади. Оқил қалбининг гапиришини талаб қилади. Қалб ҳикматли сўзларни айта бошлайди.
* * *
Пул азиз қилган ҳар бир инсонни Аллоҳ хор этади.
* * *
Одамзод уч нарсага афсусланиб бу дунёдан ўтади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эриша олмайди, охират ҳаёти учун ҳозирлигини қила олмайди.
Энг ваҳший ҳайвон ҳам нафсингчалик қармоқ билан илинтиришга лойиқ эмас.
* * *
Торлик (зиқналик) қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади.
* * *
Тўртта нарса кишининг мурувватидандир: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши.
* * *
Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бир дунёлик беради. Тугаса яна беради. Агар бандасининг наздида ўша дунёлик ҳақир кўринса, Аллоҳ янада кўпроқ беради.
* * *
Биродарларимиз биз учун аҳли оиламиздан ҳам қимматлироқдир. Чунки аҳлимиз бизга нуқул дунёни эслатади, биродарларимиз эса охиратни!
* * *
Киши аҳли аёлга ишлатиш учун қарз сўраб, кейин уни узишга ҳаракат қилса-ю шу қарз билан вафот этиб қолса, Аллоҳ таоло унинг даъвогарларини рози қилади.
* * *
Фикр кўз кабидир, гуноҳ ва савобни кўрсатади.
* * *
Ҳар кимнинг ибрат назари бўлмаса, қилган амали бекор ва хатоликдир.
3. ҲАБИБ АЪЖАМИЙ
Ҳабиб Аъжамий Шарқ тасаввуфининг буюк намояндаларидандир. Унинг риёзату мужоҳадаси бениҳоя, сидқ ва каромат соҳиби, сирлар маҳрами, қуббаи ибрат валийси бўлган. Басрада сарватманд оилада туғилган. Отасидан катта бойлик мерос қолгани учун ана шу маблағни одамларга қарзга бериб, фойда эвазига судхўрлик билан кун кечирган.
Унинг Ҳақ йўлига кириши ва тавбасига сабаб шуки, бир қарздорнинг уйига қарз ундиргани бориб, пул топиб бера олмагани учун ундан оёқ ҳаққи эвазига бир парча этни зўрлаб ундирган. Уйга келгач, хотинига этни бериб, овқат тайёрлашини буюрган. Хотин этни пиширган. Шу пайт тиланчи Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, «Аллоҳ йўлига бирор нарса бер» деб сўрайди. Ҳабиб уни ҳайдаб юборади. Тиланчи ноумид ва маҳрум бўлиб қайтади. Ҳабибнинг хотини овқат сузмоқчи бўлиб, қозонни очади. Қозон қип-қизил қонга тўлганини кўриб, фарёд қилади ва эрини чақиради.
Ҳабиб дейди:
– Тиланчини ноумид қилганимиз учун мана шу балога йўлиқдик.
Ҳабибнинг кўнглига ўт тушиб, қилган ишидан пушаймон бўлади. Эртасига барча қарзларидан кечади. Фрот дарёси қирғоғига келиб, ўзига ибодатгоҳ қуради. Шу ерда ўтириб, тоат билан машғул бўлади. Кечалари тонг отгунча ухламай ибодат қилади. Қуръонни дуруст ўқий олмаса ҳам, шарҳлашда бениҳоя гўзал фиросат соҳиби эди.
Басрада қаҳатчилик бўлган пайтда фақирларнинг қорнини тўйдирди. Унинг бир ҳамёни бўлиб, қачон қўл суқса, олтин танга чиқар эди. Бу азим каромат эди.
* * *
Шом вақтида Ҳасан Басрий Ҳабибнинг масжиди олдидан ўтди. Ҳабиб намозга такбир айтди. Ҳасан масжидга кирди. Ҳабиб намозга турди. Ҳасан иқтидо қилмоқчи эди.
Ҳабиб «алҳамдулиллаҳ»ни «алҳемдулиллаҳ» деб ўқиди. Ҳасан «унинг орқасида намоз ўқиш раво эмас» деб намозни танҳо ўқиди. Кечаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолога илтижо қилди.
Ҳасан Басрий сўради:
– Эй Аллоҳим, сенинг розилигингга қандай эришай?
Ҳақ таоло деди:
– Эй Ҳасан, розилигимни топган эдинг, лекин қадрини билмадинг.
Ҳасан Басрий деди:
– Эй Аллоҳ, у нима эди?
Ҳақ таоло деди:
– Эй Ҳасан, агар Ҳабибнинг ортида намоз ўқисанг эди, бу намозинг умринг бўйи қилган ибодатларингдан афзалроқ бўлар эди. Сен ибратнинг ғайрини кўрдинг, ниятинг ростлигига боқмадинг. Зеро, «иннамал аъмалу бин нияти» – амалларнинг қабули ниятнинг ростлиги биландир.
* * *
Қурбон ҳайитига икки кун қолганда Ҳабибни Басрада кўришди. Эртаси куни Арофатда кўришди. Бунинг боиси шуки, ҳадисда «Ҳақ таоло сизларнинг сўзларингизга ва қилган амалларингизга боқмайди, лекин кўнглингизнинг ниятига боқади» дейилган. Кўнгил билан тил орасида тафовут ва фарқ бисёрдир.
* * *
Ҳасан Басрий Ҳажжож ибн Юсуфнинг мулозимларидан беркиниб, Ҳабиб Аъжамийнинг масжидига яширинди. Мулозимлар Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, ундан сўрашди:
– Бугун Ҳасан Басрийни кўрдингизми?
Ҳабиб деди:
– Кўрдим.
Сўрадилар:
– Қаерда кўрдингиз?
Ҳабиб деди:
– Масжидга кирди.
Масжидга кириб, ҳарчанд қидирсалар ҳам Ҳасанни топа олмадилар. Неча марта қўллари унга тегса ҳам, Ҳасанни кўра олмай, ноилож ортларига қайтдилар.
Ҳасан Басрий Ҳабибга зорланиб деди:
– Эй Ҳабиб, нима учун устозлик ҳаққини сақламай, душманларга нишон бердинг?
Ҳабиб деди:
– Эй устоз, менинг рост сўзларим туфайли иккимиз ҳам халос бўлдик. Агар ёлғон сўзлаганимда, иккимизга ҳам қийин бўлар эди.
– Эй Ҳабиб, сен қайси дуони ўқидингки, мени улар кўра олмадилар?
Ҳабиб айтди:
– Ўн маротаба «Оят ал-курсий» ва ўн маротаба «Омин ар-росул» ва ўн маротаба «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидим ва дедим: «Худовандо, Ҳасанни Ўзингга топширдим».
* * *
Ҳасан Басрий дарё лабига келиб, кемада ўтиш андишасида ўтирган эди. Ҳабиб етиб келди.
Ҳабиб айтди:
– Эй имом, не важҳдин тўхтаб турдингиз?
Ҳасан Басрий деди:
– Кемани кутяпман.
Ҳабиб деди:
– Устоз, бу илмни сиздан ўргандим. Халойиққа ҳасад қилишни кўнглингиздан чиқаринг ва дунёдан кўнгилни узинг. Худойи таолодан келган балони ғанимат билиб, барча ишни Худодан кўринг. Кейин дарёга қадам қўйинг ва ўтинг.
Ҳабиб сувга қадам қўйди-да, ўтиб кетди. Ҳасан беҳуш бўлиб йиқилди. Ҳушига келгач, сўрадилар:
– Эй имом, сизга нима бўлди?
Ҳасан деди:
– Ҳабиб мени шогирдим эди, бу вақтда менга маломат ва эътироз қилди ва дарёдан ўтиб кетди. Мен дарёдан ўта олмадим. Қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтинглар, десалар, ҳолим нима кечади?
* * *
Ҳасан айтди:
– Эй Ҳабиб, бу мартабани қандай топдинг?
Ҳабиб айтди:
– Сиз қоғоз юзини қора қилган илм билан менинг кўнглим саҳифаси оқарди. Сиздан ўрганганларимга амал қилганим учун бу мартабани топдим.
Ҳасан йиғлаб деди:
– Бошқаларга фойда келтирган илмим менга фойда этмади.
«Ҳабиб Аъжамийнинг даражаси Ҳасан Басрийнинг даражасидан баланд экан» деган шубҳага ўрин йўқ. Чунки Худо йўлидаги ҳеч бир мақом ва мартаба илмнинг мақом ва мартабасидан зиёда бўлмайди. Бунинг тасдиғини «Қул Рабби золини уламом» (Айтгил, эй Муҳаммад (с.а.в.), Парвардигоро, менга бу илмни зиёда қилғил) деган оят[7 - Қуръони карим. Тоҳа сураси, 114-оят.] тасдиқлайди. Машойихлар китобида каромат ўн тўртинчи мартабада, тариқат илми ўн саккизинчи даражададир. Каромат кўп риёзатдан, илм эса тафаккурдан пайдо бўлади.
4. ЗУННУН МИСРИЙ
Савбон ибн Иброҳим ибн Абулфайз Зуннун Мисрий IX–X асрларда яшаган улуғ машойих, ўз даврининг қутби, маърифат султони, тариқат акобири, илоҳий сирлар маъданидир.
Зуннун Мисрий Мисрнинг Ихмим мавзесида таваллуд топган. Миср ҳамда Бағдод мадрасаларида таълим олган. Молик ибн Анасдан тариқат илмини ўрганган. Шайх Исрофилдан иршод олган.
Зуннун Мисрий ишоратни иборатга келтириб, биринчи бўлиб тасаввуф илмидан сўз айтган бўлса, Жунайд Бағдодий Зуннуннинг сўзларини баст қилиб, китоб битган. Шиблий уни минбарга олиб чиқиб, ошкор қилган.
Зуннун Миср халқига ўзини беодоб қилиб кўрсатгани учун уни зиндиқ (даҳрий) деб маломат қилишган. Аббосий халифа Мутаваккил уни Бағдодга элтиб, зиндонга ташлаган. Айби йўқлиги учун қирқ кундан кейин зиндондан озод этилган. Зуннунни саройга чақирадилар. Зуннун халифа Мутаваккил ва аркони давлат ҳузурида ваъз айтади. Халифа бошлиқ ҳамма юм-юм йиғлаб, фасоҳат ва балоғат тўла нутқнинг таъсирида унга мурид бўладилар.
Бир куни Зуннун Мисрий кемага чиқади. Савдогарлардан бирининг жавоҳири йўқолиб қолади. Ҳамма жойни қидирадилар. Зуннунни ўғирликда айблайдилар. Кўп ҳақоратлар қилиб, озор берадилар. Шайх Аллоҳ даргоҳига муножот қилиб, денгизга қараса, мингдан зиёд балиқлар оғзида жавоҳир олиб чиқади. Зуннун улардан бирини олиб савдогарга беради. Кема аҳли бу кароматни кўриб, унинг оёғига бош қўядилар. Узр сўраб «Бу Зуннун (балиқ соҳиби) экан» дейишади. Шайхнинг лақаби «Зуннун»
бўлиб қолади.
Зуннун уч марта маънавий сафар қилиб, уч илм олиб келди. Биринчи сафарда олиб келган илми (тавба) барчага манзур бўлиб, уни хос ҳам, омма ҳам хушнудлик билан қабул қилишди. Иккинчи сафар илм (маърифат) келтирганда хос қабул қилди, лекин омма қабул қилмади. Учинчи сафар илм (ҳақиқат) келтирганда хос ҳам, омма ҳам қабул қилмади. Ҳеч ким англамади ва бу илмни инкор қилдилар. Зуннун қочоқ, қувғин ва мискин бўлиб қолди.
Зуннун Мисрий 245/859 йилда вафот этган. Қабри Мисрда.
* * *
Зуннун Мисрий дейди:
– Тоғда кезар эдим. Бир жамоага дуч келдим. Бирининг кўзи кўр, бирининг оёғи йўқ, бирининг қулоғи кар, бири соқов, бирини яра босган. Улардан сўрадим:
– Бу ерда нима қиляпсиз?
Дедилар:
– Бу ерда ғор бор. Унда тақводор обид яшайди. Йилда бир марта ташқарига чиқади. Дардмандларга назар ташлаб, дуо қилади. Барча касалликдан тузалади. Сўнг яна ғорга кириб кетади.
Зуннун Мисрий бир муддат жамоа билан яшади. Обиднинг ғордан чиқар вақти бўлди. Дардмандларга назар солди, бари тузалди. Зуннун обиднинг этагига ёпишиб, обидга деди:
– Эй обид, менинг пинҳон дардимни ҳам муолажа қил.
Обид деди:
– Эй Зуннун, қўлингни торт, Аллоҳ сенинг ҳолатингни кўриб тургани ҳолда, Уни қўйиб менинг этагимни тутдингки, иккимизни ҳалок қилади.
Шу сўзларни айтиб, обид ғорга кириб кетди.
* * *
Сўрадилар:
– Нечуксиз?
Зуннун деди:
– Ҳолим шундайки, хавф бемор қилди, шавқ куйдирди, муҳаббат ўлдирди, Аллоҳ тирилтирди.
* * *
Зуннуннинг хизматига бир ўғлон келди ва деди:
– Отамдан мерос қолган юз минг кумуш бор. Уни сизнинг хизматингизда сарф этсам деб ният қилдим.
Зуннун деди:
– Сенинг молингни сарф қилмоқ раво эмас. Балоғатга етгунингча сабр қил.
Ҳалиги ўғлон йигит бўлди. Зуннуннинг хизматига кирди ва барча пулини хонақоҳга харж этди. Пул тугагач, камхаржлик бошланди. Йигит афсус қилиб айтдики:
– Агар яна пулим бўлса, хонақоҳ учун сарфлаб, сўфийларнинг оғирини енгил қилар эдим.
Шайх унинг сўзларини эшитиб, «ҳануз ҳақиқат ишининг фаҳмига етмабди, ҳали ҳам унинг кўнглида дунё молига қизиқиш сўнмабди» деб тафаккур қилди. Йигитни чақириб, буюрди:
– Фалон атторнинг дўконига бориб, айтилган дориларни олиб кел.
Йигит шайхнинг айтганларини бажарди. Шайх дориларни аралаштириб, дуо ўқиди. Дори шодалари ёқутга айланди. Ёқутларни йигитнинг қўлига бериб, нархини билиб келиш учун гавҳарфурушнинг дўконига юборди. Гавҳарфуруш ҳар бир гавҳарни юз минг кумушга баҳолади. Йигит хонақоҳга қайтиб, нархларни айтди. Шайх деди:
– Энди ёқутларни дарёга ташлаб кел. Билгинки, дарвешлар ош-нон ташвишини қилмайдилар. Очлик риёзатини тортиш, мужоҳада қилиш уларнинг ихтиёридадир.
Йигит шайхнинг сўзларини тинглаб, хатосини англади. Тавба қилиб, ғафлат уйқусидан уйғонди. Кўнглида дунёнинг заррача қадр-қиммати қолмади.
* * *
Бир йигит сўфийларни инкор қилди. Зуннун йигитга узугини бериб, иккита нон сотиб олишни айтди. Нонвой нон ҳам бермади, узукни ҳам олмади. Зуннун йигитга узукни жавоҳирфурушга олиб боришни айтди. Узукни минг тиллага баҳоладилар. Йигит деди:
– Нонвой узукни битта нонга ҳам олмади. Жавоҳирфуруш узукни минг тиллага сўради.
Зуннун деди:
– Нонвой узукнинг қадрини қаердан билсин. Сен ҳам сўфийларнинг қадрини шу нонвой каби биласан.
Йигит тавба қилди. Қайтиб сўфийларнинг сўзларини инкор қилмади, мухлис ва эътиқодли бўлди.
* * *
Сўрадилар:
–Узлат нима?
Зуннун деди: – Нафсдан кесилишдир.
* * *
Сўрадилар:
– Кўнгил хасталигининг нишонаси нима?
Зуннун деди:
– Тоатда ҳаловат топмаслик, кўнгилда Аллоҳ қўрқуви бўлмаслиги, нарсаларга ибрат кўзи билан боқмаслик, насиҳатни эшитиб, қулоққа олмаслик.
* * *
Аллоҳдан қўрқуви бўлмаган бандаларга Аллоҳ ғазабини йўллайди.
* * *
Илгари олим одам молини илм йўлига сарфлар эди. Бугун-чи? Илми орқали мол-дунё тўплайди.
* * *
Бир киши Зуннуннинг олдига келиб деди:
– Эй Зуннун, қарздорман, ҳеч нарсам йўқ.
Зуннун ерда ётган тошни олиб, дуо ўқиди ва қарздорнинг қўлига берди. У тошни бозорга олиб бориб, тўрт тиллога сотди ва барча қарзларидан озод бўлди.
* * *
Аллоҳ бандасининг нафсини унга хор қилиб кўрсатиши уни улуғ қиладиган ҳар қандай нарсадан азизроқ ва муҳимроқдир.
* * *
Тўғри сўз Аллоҳнинг ердаги қиличидир, ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.
* * *
Аллоҳга яқин бўлиш ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.
* * *
Қилган амали билан мақтанган кишининг яхшилиги ёмонликка айланади.
* * *
Ҳожат сўрасанг ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўра.
* * *
Маърифатнинг ҳақиқати ҳайратдир.
* * *
Зоҳидлар охират подшоҳидир ва орифлар зоҳидлар подшоҳидир.
* * *
Аллоҳнинг зикри менинг жонимдир, ҳаё эса менинг либосимдир.
* * *
Мурид талаб қилади ва мурод қочади.
5. ФУЗАЙЛ ИБН ИЁЗ
Тасаввуф тарихида сўфийлар ҳаёти ва фаолиятида ажабтовур воқеалар, фавқулодда ҳодисалар, ногаҳоний таъсир натижасида янги ҳаёт тарзини бошлаш ҳолатлари кўп учрайди. Машҳур Шайх Фузайл ибн Иёзнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай кечган.
Фузайл тахминан 110/728 йилда Марв шаҳрида туғилган. Унинг болалик ва йигитлик онлари Сарахс, Обевард шаҳрида ўтган. Фузайлнинг йигитлик палласида инсонпарвар, адолатпарвар, халққа зулм ўтказадиган ҳукмрону зодагонларга нафрат кўзи билан қарагани учун йўлтўсарлар гуруҳига қўшилиб кетгани, сўнг тавба қилиб, ирфон йўлига ўтиши ҳақида кўплаб ривояту ҳикоятлар тарқалган.
Нақл қилишларича, Фузайл Марв саҳросида чодир тикиб, бошига қора қалпоқ кийиб, бўйнига тасбеҳ тақиб, уззукун ибодат билан машғул бўлар ва шу ҳоли билан қароқчиларнинг бошлиғи эди. Йўл тўсиб, карвонларни ғорат қилар, қўлга киритилган ўлжани ҳалол тақсимлар, жамоатсиз намоз ўқимас эди.
Кунларнинг бирида Фузайл янги карвон ўтишини пойлаб, пистирмада ўтиради. Карвонда болали аёл бўлиб, боласи бақириб йиғлайди. Боласини юпатиш учун она дейди:
– Эй кўзимнинг нури, болам, жим бўл! Фузайл овозингни эшитса, бизларни талайди.
Фузайл онанинг сўзларидан ҳушёр тортиб, қилмишидан пушаймон бўлади:
– Наҳотки оналар менинг номимни айтиб, фарзандларини қўрқитиб, тинчлантирадиган даражага етган бўлишса?
Фузайлнинг юрагига ўт тушиб, бошини саждага қўяди ва ихлос билан тавба қилгач, карвондагиларга омонлик беради. Карвондагилар унинг сўзларини эшитиб, хотиржам йўлларига равона бўладилар.
Қароқчиликни ташлаган Фузайл кўп шаҳарларни кезиб, машойих суҳбатидан баҳраманд бўлади. Куфа шаҳрида Мансур ибн Мўътамар, Имом Жаъфар Содиқ, Сулаймон Тамимий, Ҳамид Товал, Яҳё Ансорий каби донишмандлардан дарс олади. Шайх Суфён Саврий билан дўстлашади, кўплаб ровийлардан ҳадис тинглайди. Тез орада буюк мутасаввиф сифатида танилади. Дин ва дунё, замон ва охират масаласидаги баҳсларда Куфа уламолари билан Фузайл ўртасида зиддият пайдо бўлиб, Маккага кўчиб кетишга мажбур бўлади. Фузайлнинг зодагонлар, бою ҳокимлар томонидан бериладиган инъом «ҳалол-ҳаромлиги аниқ эмас», «инъом қаердан олинганини билиш керак» деган сўзлари куфаликларга мақбул келмаган.
Фузайл Маккада фаррошлик билан кун кечирган. Куфада юз берган дилгирлик Фузайлни батамом хокисор, одамлардан четда, бурчак-кунжакда яшашга олиб келган. Бу «Ҳақ билан бўлиш» ва «Ҳаққа етиш» нишонаси эди.
Маккаликлар унинг суҳбатида бўлиш ва дуосини олишни истарди. Аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид Фузайлни кўрмоқчи бўлиб, унинг чодирига келган. Унга бир халта олтин инъом этганида Фузайл уни рад қилиб, халифага қайтарган.
Фузайлнинг Зуннун Мисрий, Исмоил ибн Водод, Абу Маҳмуд ибн Хадаш Толиқоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Асад Нишопурий, Абул Абдураҳмон Муҳаммад ибн Ҳорун Ансорий каби кўплаб муридлари бўлган.
Фузайл маломатия оқимининг тарафдори ва фаол тарғиботчиларидан бўлган. «Инсон ўз фазилат ва яхшиликларини пинҳон тутмоғи лозим. Уларни кўз-кўз қилиш кишини худбинлик ва такаббурлик сари етаклайди. Бандаларнинг амали ва ўзгаларга қилаётган яхшиликларини Аллоҳ кўриб турибди, уни халққа ошкор этиш шарт эмас. Аксинча, одамлар айбу нуқсонимиз, хато ва гуноҳларимизни топиб «маломат» қилишга интилишсин» деган ақидага амал қилган Фузайл бутун ҳаёти ва фаолияти давомида уни кенг халқ оммаси орасига ёйишга интилган.
Фузайл 265/878 йилда Маккада вафот этган.
* * *
Жалолиддин Румий дейди:
Ул Фузайл йўлларни тўсгайди давом,
Тавба қилди, йўлни ўзгартди тамом[8 - Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. 603-бет.].
* * *
Ўзингга алоқаси бўлмаган нарса ҳақида бош қотирма.
* * *
Агар инсон ҳаммага яхшилик қилса ҳам, уйидаги товуғига бефарқ қараса ҳақиқий мусулмон эмасдир.
* * *
Сўрадилар:
– Бадбахтлик аломати нима?
Фузайл деди:
– Кўнгил қаттиқлиги, кўздан ёш келмаслиги, ҳаёсизлик, дунёга меҳр қўйиш, узун орзулар қилиш бадбахтлик нишонасидир.
* * *
Ҳамиша очиқ кўнгилли бўлинг. Чунки Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни севади.
* * *
Бишри Ҳофий сўради:
– Эй Фузайл, зуҳд яхшими, ризо яхшими?
Фузайл деди:
– Албатта, ризо яхши. Зеро, ризода тама бўлмайди.
* * *
Фузайл деди:
– Агар менга: «Сен бир дуо қилгин, мустажоб бўлади» десалар, албатта, султонни дуо қиламан. Уни дуо қилсам, савоби бутун халққа тегади. Подшоҳ Аллоҳнинг соясидир ва халқ унинг соясида фароғат топади.
* * *
Туҳмат орага аралашдими, биродарликка рахна тушади. Биродарлик руҳият мевасидир.
* * *
Аллоҳга танҳолик билан муножот қилиб яшашдан яхшироқ ҳаловат йўқ.
* * *
Сўрадилар:
– Эй Фузайл, асл дин нима? Фузайл деди:
– Ақл.
– Ҳақиқий ақл нима? Фузайл деди:
– Ҳилм.
– Ҳақиқий ҳилм нима? Фузайл деди:
– Сабр.
* * *
Бу замона халқининг дўстлиги бозордаги таомлар каби, яъни ранги, бўйи бор, аммо мазаси (таъми) йўқ.
* * *
Ҳар ким биродарига тилида дўстлик изҳор қилиб, кўнглида душманлиги бўлса, Аллоҳ лаънатига учрайди. Унинг кўнгил кўзи кўр ва қулоғи кар бўлади.
* * *
Ҳар ким яхши амал қилиб, халқ меҳрини қозонмоқчи бўлса, Аллоҳнинг раҳматидан бенасиба қолади.
* * *
Бу замонда уч нарса оз бўлади. Биринчиси, илмига амал қиладиган олимлар, иккинчиси, ихлос билан амал қиладиган мусулмонлар, беайб кишилар.
* * *
Сўрадилар:
– Эй Фузайл, ақлнинг закоти нима?
Фузайл деди:
– Ҳар нарсанинг закоти бўлгани каби ақлнинг ҳам закоти бор. У охират андишасидир.
* * *
Дедилар:
– Эй Фузайл, бизга адаб беринг.
Фузайл деди:
– Кишининг кўнглида Аллоҳ қўрқуви бўлса, унинг тилига беандоза сўз келмайди.
* * *
Дунёга киришмоқ осон, ундан қайтиб чиқмоқ қийиндир.
* * *
Бир азиз киши сўради:
– Эй Фузайл, ўгит беринг.
Фузайл деди:
– Сенга ушбу ояти карима кифоядир: «Эй зиндондош дўстларим, тарқоқ, турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?»[9 - Қуръони карим. Юсуф сураси, 39-оят.]
* * *
Оқил киши аҳмоқ билан ҳолва ейишдан (улфат бўлишдан) сақланади.
* * *
Уч нарса кўнгилни ўлдиради: тўйиб овқатланиш, кўп ухлаш ва беҳуда сўзлашдир.
* * *
Сенга нима етса, Аллоҳнинг тақдиридан деб бил, халқни маломат қилма. Тилингни сақла, халойиқ ундан саломат бўлсин, шунда Аллоҳнинг азобидан омонда бўласан. «Роббингнинг «сенга ризқ бераман» деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳнинг зикрини кўпайтир, шунда гуноҳлардан сақланасан.
* * *
Икки нарса аҳмоқлик нишонасидир: бири бесабаб кулиш ва яна бири сўрамасалар ҳам жавоб қайтаришдир.
* * *
Ким бидъат аҳли билан ҳамсуҳбат бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳикматдан бебаҳра қилади.
* * *
Аллоҳ тақводор бандаларига ризқ-насиба инъом этгани учун ҳам уларнинг ризқлари туганмасдир.
* * *
Фикрлаш бир ойнадир, сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатади.
* * *
Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан илгари унинг эгаси бўлмаган бўлсин. Яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмасин.
* * *
Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Ниҳояси эса жаҳаннам оташидир.
* * *
Нафсининг ёмонлигини қайтарган тоатининг сурурини йўқотмайди.
* * *
Кишилар орасида уч тоифага кўпроқ ачинаман: олдин халқининг йўлбошчиси бўлиб, кейин хорликка юз тутган кишига, аввал бой бўлиб, кейин фақир бўлган кишига, илмига амал қилмаган олимга.
* * *
Ҳақиқатга бўйинсун, танқидни тан ол, эшитганингдан қатъи назар ҳақиқатни қабул эт.
* * *
Эшигингни ёпасан, пардаларингни туширасан, одамлардан уяласан, нега қалбинг Эгаси, ҳар бир махфий нарсани билгувчи улуғ Зотдан ҳаё қилмайсан?
* * *
Замоннинг эврилишидан, дўстларнинг бевафолигидан қилаётган шикоятинг гуноҳларингнинг сенга қолдирган меросидир.
* * *
Аёлларга онанг каби муомалада бўл.
* * *
Буюклик қиёмат кунида надоматдир.
6. МАЪРУФ КАРХИЙ
Тариқат пешвоси, ҳақиқат раҳнамоси, илоҳий сирлар билимдони, «орифлар гултожи» Маъруф Кархий тахминан 114/732 йилда Хуросонда таваллуд топган. Унинг отаси насроний бўлган. Маъруфни роҳиблар мактабига беришган. Маъруф мактабдан қочиб кетган. Имом Али (р.а.) ҳузурида таълим олган ва унинг хизматида юриб исломни қабул қилган. Ота-онаси Маъруфнинг даъвати билан мусулмон бўлишган. Сўнг оиласи билан Бағдодга кўчишган.
Маъруф Кархий Сарий Сақатийга устозлик қилган. Довуд Тойи билан суҳбат қурган. Унинг кароматлари ошкора, риёзат ва тақвоси кучли, сидқ ичида ҳамма ишора қиладиган даражага эришган. Тариқат ишида баланд мартаба ва улуғ сўзлари бор эди.
Маъруф Кархийнинг лутфи, шафқати, халққа муомаласи гўзал бўлгани учун халқ ундан рози ва хушнуд бўлган.
Маъруф Кархий 200/815 йилда вафот этган. Нақл қилишларича, Маъруф дунёдан ўтган куни мусулмонларга қўшилиб, бошқа дин вакиллари ҳам фарёд чекиб йиғлашган экан. Маъруфнинг қабри Бағдоднинг Карх мавзесида.
* * *
Сарий Сақатий деди:
– Маъруф менга айтдики, қачон Аллоҳдан ҳожат тиласанг, «илоҳи, Маъруф ҳаққи учун менинг ҳожатларимни раво қил» деб дуо қилгин, шунда дарҳол ҳожатинг раво бўлади.
* * *
Саъдий Шерозий деди:
– Карҳда турбат кўп, аммо ҳеч бири Маъруф қабридек «маъруф» эмасдир.
* * *
Маъруф таҳорат олиш учун дарёга борди. Мусҳафи ва жойнамозни бир четга қўйди. Бир кекса аёл қўйган нарсаларини олиб кетаётганини кўрди.
Маъруф аёлнинг ортидан югуриб борди:
– Эй пиразол, фарзандларинг борми?
Аёл деди:
– Йўқ, ёлғизман.
Маъруф деди:
– Қуръонни менга бер, жойнамоз сенга ҳалол бўлсин.
Аёл бу ҳукмдан таажжубга тушиб, ҳар икки буюмни ҳам ташлаб кетди.
* * *
Аллоҳ бандасига яхшилик истаса, солиҳ амаллар эшигини очиб, ялқовлик эшигини беркитиб қўяди.
* * *
Маъруфнинг хонақоҳига мусофирлар келишди. Қиблани билмай, бошқа тарафга боқиб намоз ўқишди. Бир соатдан кейин намоз вақти бўлди. Жамоа билан намоз ўқишга чоғландилар. Энди қибла тарафга боқиб намоз ўқидилар. Кўнгиллари хижил бўлиб, сўрадилар:
– Жуда хижолатдамиз, нима учун бизларга қибла ҳақида аввалроқ хабар бермадилар?
Маъруф деди:
– Бизлар дарвешлармиз. Дарвешлар ўзгалар ишини тасарруф қилмайди, эътироз ҳам этмайди. Сизлар узрликсиз.
* * *
Сўрадилар:
– Муҳаббат ҳақида нима дейсиз?
Маъруф деди:
– Муҳаббат халқ ўргатадиган нарса эмас, у Ҳақнинг инъоми ва фазлидир. Муҳаббатнинг ҳақиқати шундаки, лутф била ортмайди, жафо била камаймайди.
* * *
Маъруфнинг холаси бор эди. Шаҳар улуғларидан эди. У Маъруфнинг бир вайронада бир кучук билан ўтирганини кўрди. Маъруф бир луқма нонни оғзига солса, иккинчи луқмани кучукнинг олдига ташлар эди.
Холаси бу ҳолдан уялиб деди:
– Эй Маъруф, уятдан ўлдирдингку. Нима учун уйингда, аёлинг ва фарзандларинг билан эмас, ташландиқ харобада ва яна ит билан овқатланиб ўтирибсан?
Маъруф деди:
– Уялганимдан итга нон беряпман. Ким Худодан ҳаё қилса, ҳамма нарса ундан уялади.
* * *
Сўрадилар:
– Сўфий кимдир?
Маъруф деди:
– Сўфий бу дунёда меҳмон кабидир. Меҳмон тақозоси мезбонга жафодир. Адабли меҳмонга мезбон мунтазир бўлади, акс ҳолда мутақозий, яъни қаттиқ туриб талаб қилгувчи бўлади.
* * *
Маъруф дарё бўйида кетаётган эди. Азон овози эшитилди. Маъруф дарҳол таяммум қилди. Ёронлари сўрадилар:
– Олдингизда сув туриб, нега таяммум қиласиз?
Маъруф деди:
– Дарёга бориб таҳорат олгунимча ўлмаслигимга кафолат бера оласанми?
* * *
Сўрадилар:
– Жавонмардликнинг нишонаси нима?
Маъруф деди:
– Уч нарсадир: биринчиси, вафосига содиқ бўлиш, иккинчиси, ҳеч бир тамасиз одамларга ҳурматини жойига қўйиб, яхшилик қилиш, учинчиси, бирор нарса сўрамасларидан аввал қўлларига тутқазишдир.
* * *
Маъруф деди:
– Банданинг ҳаққи ва Худойи таоло ғазабининг нишонаси шуки, банда нафсининг роҳати учун керак бўлмаган нарсалар учун жонини куйдиради.
* * *
Аллоҳ авлиёларининг уч нишонаси бор. Биринчиси, тафаккури Худо учун бўлиши, иккинчиси, ором ва қарори Худо билан бўлиши, учинчиси, машғуллиги Худо учун бўлишидир.
* * *
Банда халққа сарвар (раҳбар) бўлишга ошиқади. Ваҳоланки, топгани ранж ва аламдирки, унга ҳеч бир нажот келтирмайди.
* * *
Худога элтадиган йўл шуки, «берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир» ҳадисига амал қил. Ҳеч кимсанинг қўлидан ҳеч нарса емагин ва берсанг, ҳаммага тенг бер, ҳеч нарсанг бўлмаса чучук сўзингни аяма.
* * *
Бировни яхши дейишдан тилингизни тийинг. Бировни ёмон дейишдан парҳез қилинг. Яхши-ёмон ғийбатдан тийилинг.
* * *
Ҳар нима тиласанг, У (Аллоҳ)нинг даргоҳидан тилагинки, ҳамма дардларнинг давоси Ундадир.
* * *
Кишига етган ҳар қандай бало, ранж, мусибатнинг хушвақтлиги (манфаати) ўша ҳолни пинҳон тутганда пинҳон ҳосил бўлади.
* * *
Бир киши Маъруфга бойлиги билан фахрланди. Маъруф деди:
– Худойи таоло сени кўриб турибди. Ўзингни гадолар қаторида тутиб, улуғвор қўрсатишдан ҳазар қил.
* * *
Маъруф рўзадор эди. Пешин намози учун муридлари билан масжидга кетаётганида бир мешкобчининг қичқириғини эшитди.
Мешкобчи деди:
– Менинг сувимдан ичган бандани Аллоҳ ярлақасин.
Маъруф дарҳол унинг сувидан сотиб олиб ичди.
Муридлар сўрадилар:
– Нима учун рўзангизни очдингиз?
Маъруф деди:
– Мешкобчининг дуосига умидвор бўлдим.
Маъруфнинг вафотидан сўнг улуғлардан бири уни тушида кўриб сўради:
– Аллоҳ сенга нима қилди?
Маъруф деди:
– Ўша мешкобчининг дуоси билан Аллоҳ мени мағфират қилди.
* * *
Солиҳ амалсиз жаннат талаб қилиш гуноҳлардан биридир, асоссиз шафоат кутиш ғурур ифодасидир.
* * *
Аллоҳга итоат қилмасдан Ундан раҳмат сўраш жаҳолат ва аҳмоқликдир.
* * *
Аллоҳ сени мискин суратидан бошқа суратда кўришидан эҳтиёт бўл.
7. ИБРОҲИМ АДҲАМ
Шарқда «Умм ул-булдон», «Қуббат ул-ислом» номи билан машҳур бўлган Балх энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бу кўҳна маданий манзилдан кўплаб дин, илм-фан, бадиий сўз санъати арбоблари етишиб чиққан. Улардан бири – саргузашти халқ орасида сонсиз ҳикояту ривоят, қиссалар пайдо бўлишига замин яратган Иброҳим Адҳамдир.
Иброҳим Адҳам зодагон оилада дунёга келган. Ёшлигида яхши билим олган. Илоҳий илмга қизиқиб, Ҳақ йўлига кирган. Шаҳар ҳокими бўлган.
Иброҳим Адҳамнинг Ҳақ йўлига кириши ҳақида ибратли нақл бор: Иброҳим Адҳам саройида ухлаб ётса, томда биров юргандек бўлади. Ҳовлига чиқиб қараса, ҳақиқатдан ҳам томда биров юрибди.
Иброҳим Адҳам сўради:
– Ҳой, кимсан, кечаси томда нима қилиб юрибсан?
Томдан овоз келди:
– Туямни қидириб юрибман.
Иброҳим Адҳам деди:
– Қанақа одамсан, томда туя нима қилади?
Таниш овоз жавоб берди:
– Сен ҳокимлик тахтида ўтириб «Ҳаққа етаман» деб юрганингдан кейин мен томда туямни қидирсам нима қилибди?
Бу сўзлар Иброҳим Адҳамнинг кўнглига таъсир қилиб, бутун давлати, оиласидан воз кечиб, Ҳақ йўлида саҳрога чиқиб кетган. Бир чўпонга шоҳона кийимларини бериб, дарвешлар либосини кийган.
Иброҳим аввал Марв, сўнг Нишопурда яшаган. Нишопурдаги бир ғорда тўққиз йил ибодат билан машғул бўлган. Ғор «Иброҳим ғори» деган ном билан ҳозирга қадар маълум ва машҳурдир. Иброҳим Адҳам ҳалоллик, тўғрилик, ўз кучи билан яшаш, кишилар назр-ниёзи, инъом-эҳсонини олмаслик тарафдори эди. Шунинг учун умр бўйи ҳалол меҳнат билан кун кечирган. Ўн тўрт йиллик ибодатдан сўнг Маккага йўл олган. Бир муддат шу ерда яшаган.
Иброҳим Адҳам замонасининг машойихлари Абу Ханифа, Фузайл ибн Иёз, Суфён Саврий каби сўфийлар суҳбатида бўлган. Шомга бориб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Тахминан 144/761 йилда Бизон дарёси учун бўлган жангда ҳалок бўлган.
* * *
Жунайд Бағдодий деди:
– Иброҳим Адҳам «мифтоҳ ул-улум», яъни тариқат илмларининг калитидир.
* * *
Нақл қилишларича, уч киши Иброҳим Адҳам билан ҳамроҳ бўлдилар. Бир кеча бир кўҳна масжидга кириб ибодат қилдилар. Тунда қаттиқ совуқ бўлди. Масжиднинг эшиги йўқ эди. Иброҳим тонгга қадар эшикни тўсиб, намоз ўқиб чиқди. Ҳамроҳлари сўрашди:
– Эй Иброҳим, нима учун ухламадинг?
Иброҳим Адҳам деди:
– Сизларга совуқнинг заҳмати етмасин деб эшик ўрнида турдим.
Ҳамроҳлар Иброҳимнинг қилган ишидан ажабландилар.
* * *
Суҳайл ибн Иброҳим деди:
– Иброҳим Адҳам билан сафарга чиқдим. Йўлда хаста бўлдим. Иброҳим топган нарсасини менга едирди. Бир куни кўнглим ширинлик тилади. Иброҳим ширинлик олиб келди. Соғайдим. Ундан сўрадим:
– Нега пиёда кетяпсан, уловинг қани?
Иброҳим Адҳам деди:
– Сотдим.
Суҳайл ибн Иброҳим деди:
– Мен заифман, узоқ юра олмайман.
Иброҳим уч кунгача Суҳайлни опичлаб юрди.
* * *
Бир тақводор киши Иброҳимга ҳамсафар бўлиш истагида эканини айтди.
Иброҳим Адҳам деди:
– Уч шартим бор, рози бўлсангиз йўлдош бўламан. Биринчиси, хизмат қилиш. Иккинчиси, намозга азон айтиш.
Учинчиси, қўлимизга тушган ҳамма нарса сизники бўлади.
* * *
Бир оқил киши деди:
– Эй Иброҳим, менинг айбимни айтинг. Иброҳим Адҳам деди:
– Сизнинг айбингизни ахтарадиган эмасман. Сизга дўстлик кўзи билан боқдим, шунинг учун сизда нимани кўрсам, хуш кўрдим.
* * *
Сўрадилар:
– Дунёда нима иш қилдинг?
Иброҳим Адҳам деди:
– Дунёни дунё аҳлига бердим. Охиратни ҳам истаганларга қўйдим. Ўзим Унинг дийдорини истаб Ҳақ зикрига машғул бўлдим.
* * *
Сўрадилар:
– Сени жуда қаттиқ бахил дейдилар?
Иброҳим Адҳам деди:
– Рост айтадилар. Бахиллигим учун Балх подшоҳлигини тарк этдим.
* * *
Сўрадилар:
–Мўмин кишининг белгиси нима?
Иброҳим Адҳам деди:
– Мўмин кишининг белгиси шуки, сукути фикр бўлади, қарагани ибрат бўлади, юргани тоат бўлади.
* * *
Иброҳим Адҳамдан сўрадилар:
– Кунингизни қандай ўтказасиз?
Иброҳим Адҳам деди:
– Тўрт от сақлайман: бирининг номи шукур, бирининг номи сабр, бирининг номи ихлос ва бирининг номи тавба. Агар менга неъмат келса, шукур отига миниб, унинг олдига чиқаман. Агар менга малол юзланса, ихлос отига миниб, рўбарў бўламан. Агар менга бало келиб, офатга йўлиқсам, сабр уловига миниб келажакка интиламан. Ва агар менда гуноҳ пайдо бўлса, тавба отига миниб, қувлаб қочаман.
* * *
Иброҳим Адҳам деди:
Дунёни ямадик, йиртиб олиб динимиздан,
Дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан.
* * *
Иброҳим Адҳам деди:
– Эй ғийбатчи, дўстларингга дунёинг билан бахиллик қилдинг, душманларингга охиратинг билан сахийлик қилдинг. Сен бахиллик қилган ўрнингда кечирилмайсан, сахийлик қилган ўрнингда мақталмайсан.
* * *
Бир кўнгилга икки нарса – Худо ва дунё муҳаббати сиғмайди.
* * *
Бир қавмга ҳукмрон бўлгандан кўра бир нафсга ҳоким бўлган афзалроқ.
* * *
Амалсиз ақл – ақл эмас.
* * *
Киши ҳалол луқма емагунча Аллоҳга етишмайди.
8. РОБИЪА АДАВИЯ
Робиъа Адавия илоҳий ишқ ғоясини тарғиб этган биринчи мутасаввиф аёлдир. Робиъа тахминан 95/713 йилда Басрада туғилган. Оилада тўртинчи фарзанд бўлгани учун унга «Робиъа» деб исм қўйишган. Тақводор оилада тарбия топган Робиъанинг Аллоҳга иштиёқи кучли бўлган. Басрада қаҳатчилик бўлиб, кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Робиъанинг ота-онаси, сўнг опалари ҳам вафот этишган. Робиъа оғир жудоликда ҳам Аллоҳга шукр ва сабр билан яшайди. Бир жоҳил одам унинг уйига эгалик қилиб, Робиаъни арзимас пулга сотиб юборади. Робиъа ўсмир бўлишига қарамай, хожаси буюрган ишларни сўзсиз адо этади. Кундузи меҳнат билан, кечаси ибодат билан машғул бўлади.
Бир куни хожаси уйғониб кетиб, Робиъанинг хонасидан таралаётган шуълани пайқайди. Бу ҳолдан ғазабланиб, эшикни очиб ҳайратда қолади. Занжирсиз қандил Робиъанинг саждагоҳи устида порлаб турар, хонанинг ичи кун каби равшан, Робиъа ибодат қилаётган эди. Хожа ўзига келиб, тафаккур қилади ва тонг отгач Робиъани чақириб, назр-ниёз бериб, уни қулликдан озод қилади.
Робиъа саҳрога йўл олиб, чодир ясайди ва ибодатга шўнғийди. Робиъа ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб, уни кўриш умидида бўлганлар саҳрога келадилар. Робиаънинг ҳолидан таъсирланган аёллар ундан Ҳақ сабоғини олиш учун мурид бўладилар. Робиъанинг сўзлари барчага бирдек мақбул келади. Унинг маърифат мажлисига юзлаб ишқталаблар ҳозир бўлишган.
Замонасининг улуғларидан бўлган Ҳасан Басрий Робиъанинг зоҳидона ҳаёти ва художўйлиги ҳақида эшитгач, уни кўргани боради. Робиъа билан ҳақиқат, тариқат ва маърифат ҳақида сўзлашади. Робиъанинг Ҳақ муомаласи ва маърифати бобида беназир эканини эътироф этган Ҳасан Басрий маърифат мажлисида Робиъа ҳозир бўлмагунча ваъз бошламай, «фил учун ҳозирланган бир луқма чумолининг оғзига сиғарми?»[10 - Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 15-бет.] деб сукут сақлаган.
Робиъанинг кўплаб муножотлари халқ руҳиятига сингиб кетган. Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» ҳамда «Мантиқ ут-тайр» достонида Робиъанинг илоҳий манзумаларидан намуналар келтирилиб, унинг илоҳий ҳикматларга тўлиқ сўзлари ва илтижолари нақл этилган.
Робиъа доим муножотида «Аллоҳ, агар мен дўзахдан қўрқиб Сенга топинсам, мени дўзахга ташла. Агар жаннат умиди билан топинсам, жаннатни менга ҳаром қил. Агар Сенинг Ўзинг учунгина топинсам, менга дийдорингни насиби рўзи айла» дер эди. Мумтоз адабиётдаги муножот (Аллоҳга илтижо) жанри Робиъанинг илтижоларидан бошланган. Робиъанинг ақидасича, азалият ҳақиқати, ишқи илоҳий маърифатнинг асл моҳиятидир. Обид билан ориф ўртасидаги фарқ ҳам ана шу ҳақиқат моҳиятини қандай англаб етишидадир.
Робиъанинг ривоятга айланган ҳаёти ва илму маърифатдаги камолоти, ишқ йўлидаги шижоати тилларда достон бўлган. Бу ҳақда Абдуррофеъ Ҳақиқат «Боязид Бистомийдан Нуралишоҳ Гунободийгача» китобида зикр этган.
Робиъа Адавия умрининг охирларида Байт ул-муқаддасга кўчиб бориб яшаган ва ўша ерда 165/781 йилда вафот этган.
* * *
Робиъани бир қўлида челак тўла сув, иккинчи қўлида машъала кўтарган ҳолда Басра кўчаларида кетаётганини кўришди. Йўловчилар унинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлиб, сабабини сўрашди.
Робиъа деди:
– Сув билан дўзах оловини ўчирмоқчиман, машъала билан жаннатга ўт қўймоқчиман. Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги бу икки пардани йўқотмоқчиман, токи бандалар Аллоҳга дўзах оташида куйишдан қўрқишгани ёки жаннат иқболидан умидвор бўлишгани учун эмас, балки унинг Аллоҳ экани, биру борлиги ва боқий гўзаллиги учун ибодат қилишсин[11 - Шиммел Аннемари. Жонон менинг жонимда. Ислом оламида хотин-қизлар сиймоси / Олмон тилидан Й.Парда таржимаси. – Т.: «Шарқ», 1999. 44-бет.].
* * *
Ҳасан Басрий Робиъанинг чодирига бориб деди:
– Эй Робиъа! Аллоҳ ўргатган, бошқа ҳеч кимдан ўрганмаган ва ҳеч ким эшитмаган пайваста кўнглингга тушган илоҳий илмдан бир ҳарф ўргатгин.
Робиъа деди:
– Тирикчилик учун бир неча калава ип йигирдим. Уни икки пулга сотдим. Бирини бир қўлимга олдим, яна бирини иккинчи қўлимга олдим ва қўрқдимки, иккисини бир қўлимга олсам, икки пул жам бўлиб мени йўлдан оздирарлар. Бир пул менга бир кун қувват бўлади. Яна бир пулни эрта учун захира қилиб бўлмайди. Бугун кўнглимга тушган кушойиш ушбудир.
* * *
Бир гуруҳ кишилар Робиъани синаш учун унинг чодирига келдилар.
Айтдилар:
– Эй Робиъа, намунча улуғланмасанг, ахир аёлсан. Аёлларга ҳеч вақт валийлик ва пайғамбарлик келмаган. Жами фазилатларни Аллоҳ эр кишига берди. Пайғамбарлик тожини ҳам эркаклар бошига қўйди.
Робиъа деди:
– Бу сўзларнинг барчаси ҳақиқатдир. Аммо манманлик даъвоси ҳаргиз аёллардан содир бўлмади. «Сизнинг худойингизман» деган даъво ҳам эранлардан чиқди. Ҳеч хотин «ҳожи қиз» бўлмади ва барчаси эранлардан чиқди. Манманлик даъвоси ҳам эранлардан чиқди.
* * *
Модомики гуноҳларингизни яширишга интилар экансиз, қилган яхшиликларингизни ҳам пинҳон тутишга одатланинг.
* * *
Бир куни Робиъанинг ходимаси таом тайёрламоқчи бўлди. Лекин пиёз топа олмади. Робиъадан қўшнилардан пиёз олиб чиқишга изн сўради.
Робиъа айтди:
– Ўзидан ўзгадан ҳеч нарса сўрамайман, деб Аллоҳга аҳд қилганман.
Робиъа қуруқ нонни еди.
* * *
Робиъа Ҳасан Басрийга мум, игна ва қил берди: яъни мумдек мулойим бўлинг, игнадек ҳамманинг ҳожатини адо этинг, риёзатингиз шу даражага етсинки, қилдек нозик бўлинг.
* * *
Ҳар ким нимани севса, уни кўпроқ ёд этади.
* * *
Сўрадилар:
– Қаердан келяпсан?
Робиъа деди:
– У жаҳондан келяпман.
Яна сўрадилар:
– Қаерга боряпсан?
Робиъа деди:
– У жаҳонга боряпман.
* * *
Сўрадилар:
– Аллоҳ бандаларининг қайси ишидан рози бўлади?
Робиъа деди:
– Берганига шукр қилса, балосига сабр қилса, бошига тушган яхши ва ёмон кунни Унинг синови деб билиб, хушнуд бўлса.
* * *
Сўрадилар:
– Гуноҳлардан қандай покланилади? Робиъа деди:
– Тавба қилиш ва қилган гуноҳларига пушаймонлик билан йиғлаш. Тавбага У (Аллоҳ)нинг айтганларидан ўзга ишни қилмаслик орқали эришилади. Тавбани бандага Худонинг Ўзи мушарраф қилади.
* * *
Аллоҳга тамасиз тоат қилишнинг уддасидан чиқиш маҳолдирки, у хос (кишилар)лар ишидир.
* * *
Бир кишининг қайғу-алам билан додлаганини эшитган Робиъа унга деди:
– Сен қайғусизликдан дод дегин.
* * *
Робиъа ҳамиша йиғлар ва илтижо қилар эди.
Сўрадилар:
– Нима учун мунча йиғлайсан?
Робиъа деди:
– Аллоҳ билан дўст тутинганман. Ўлим вақти келгач, дўстим (Аллоҳ)нинг «сен Менга керак эмассан» дейишидан қўрқаман.
9. ШАҚИҚ ИБН ИБРОҲИМ АЛ-БАЛХИЙ
Тариқат аҳлининг пешвоси ва мутасаввифларнинг ягонаси Абу Али Шақиқ Балхий шиаларнинг еттинчи имоми Мусо ал-Козимнинг шогирди ва яқин сафдошларидан эди.
Шақиқнинг отаси савдогар бўлган. Отасининг изидан бориб, Шақиқ ҳам юрт кезиб, савдогарчилик қилган. Бир марта бутпарастлар юртига савдо учун бориб, бутга сиғинаётган одамга танбеҳ берди. Бутпараст «сенинг элдан-элга кезиб беҳуда заҳмат чекишинг бутпарастлик эмасми? Сенга тақдир бўлган ризқ сенга етмасми» деб жавоб берди. Бу сўзлардан таъсирланган Шақиқ дунёдан буткул кечди. Балхга қайтиб, тасаввуф йўлига кирди. Тариқат илмини Иброҳим Адҳамдан ўрганди.
Шақиқ бутун умрини таваккул билан ўтказган. Замонасидаги барча билимларни мукаммал эгаллаган. 1700 устоддан таълим олган, бир неча хачир кўтаргудек китоблар ёзган бўлса ҳам, асарлари ҳозирга қадар сақланиб қолмаган. Каъба зиёратига кетаётганида халифа Ҳорун ар-Рашид ҳузурига таклиф қилиб, маърифий суҳбат қурган. Шайх Ҳотам Асаммга устозлик қилган.
Шақиқ 177/793 йилда Хутталонда уюштирилган фитна туфайли ўлдирилган. Қабри Балхда.
* * *
Сўрадилар:
– Оқил кимдир?
Шақиқ деди:
– Дунёга қул бўлмаган кишидир.
Сўрадилар:
– Зийрак кимдир?
Шақиқ деди:
– Дунёга алданмаган кишидир.
Сўрадилар:
– Бой кимдир?
Шақиқ деди:
– Аллоҳнинг берганига рози бўлган кишидир.
Сўрадилар:
– Фақр кимдир?
Шақиқ деди:
– Кўнгли бой ва дунёга ўзини сотмаган кишидир.
Сўрадилар:
– Бахил кимдир?
Шақиқ деди:
– Аллоҳ берган неъматларини Аллоҳ бандаларидан қизғонадиган кишидир.
* * *
Бир киши Шақиқнинг олдига келиб деди:
– Гуноҳим кўп, тавба қилгани келдим.
Шақиқ деди:
– Кеч қолибсанку?
Деди:
– Кеч эмас, эрта келдим. Ҳар банда ўлмасдан бурун тавба қилса, тавбаси қабул бўлади, деб эшитганман.
Шақиқ деди:
– Тўғри айтдинг, хуш келибсан.
* * *
Шақиқ деди:
– Эй мусулмонлар! Кекса бўлсангиз, қабристонга, ўғлон бўлсангиз мактабга ва агар қул бўлсангиз қуллик шартини бажаришга шошилинглар.
* * *
Ҳар ким мусибат ичида сабр қилмасдан дод солиб йиғласа, гўё қўлига найза олиб, Аллоҳ билан урушгандек бўлади.
* * *
Ҳар ким бой бўлса, унга йўқлиги хуш кўринмайди. Яна бой бўлсам, деб ҳаракат қилиб, умрини беҳуда ўтказади. На дунёда роҳат кўради, на охиратда.
* * *
Шақиқ деди:
– Аллоҳ йўлини ризқ учун қайғурмасликда, ҳар ишни ихлос билан адо этишда, ўлимни кўз олдида ҳозир кўриб, унинг тадоригини қилишда, шайтонни душман деб билишда топдим.
* * *
Халқнинг ҳалокатга йўлиқишининг сабаби шундаки, аввал тавба умидида гуноҳ қилади. Тириклик умидида тавба қилмайди. Раҳмат умидида тавба қилмайди. Бундай киши қачон тавба қилади?
* * *
Қуръонни йигирма йил ўрганиб, дунё ва охират фарқини тушуниб етдим.
* * *
Тоат аҳли ўлса тирилади, гуноҳ аҳли тириклигида ўликдир.
* * *
Шақиқ дейди:
– Мен учун меҳмондан улуғроқ кимса йўқдир, чунки унинг ризқини Аллоҳ беради, савоби эса менгадир.
* * *
Инсоннинг тақвоси уч нарсада билинади: олишда, беришда ва сўзида.
* * *
Кимнинг қалбида уч нарса – ҳалоллик, қўрқув ва изтироб бўлмас экан, дўзах азобидан қутулмайди.
10. ДОВУД ТОЙИ АЛ-БАЛХИЙ
Довуд Тойи ўз даврининг машойихларининг улуғи, марди Худо, фиқҳ илмида баркамол, тариқат олими ва маърифат шамчироғи бўлган. Балх шаҳрида туғилган. Ёшлигида ҳеч кимга қўшилмас, кўп вақтини тафаккур қилиш билан ўтказган. Унинг юзидан Аллоҳдан қўрқув билиниб турган. Унинг тавбасига сабаб бўлган воқеа жуда ибратли. Қулоғига ногаҳон бир байт чалинади: «Дунё ўткинчидир, охират барқарордир». Бу сўзлар кўнглига таъсир қилиб, ҳоли ўзгаради ва сабоқ олишга ҳам рағбати қолмай, ибодат билан машғул бўлади.
Имом Аъзам унинг ҳолидан огоҳ бўлиб, уни ҳузурига чорлайди. Довуд Имом Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганиб, йигирма йил хизматини қилади.
Ҳабиб Роийнинг ҳузурида унга кашф ҳосил бўлади. Китобларни қўйиб, узлатга чекинади. Халқдан умидини узиб, Ҳақ йўлини тутади. Умрининг асосий қисмини бедорликда, гўшанишинликда ўтказади.
Довуд Балхий Арабистон, Ироқнинг кўп шаҳарларини кезиб, кўплаб машойих суҳбатидан баҳраманд бўлган. Ана шундай сафарлардан бирида Маккада Иброҳим Адҳам билан учрашиб, ўз кароматлари билан уни лол қолдирган.
* * *
Довудга отасидан йигирма олтин танга мерос қолган бўлиб, уни баққолга бериб, йигирма йил рўзғор тебратган.
Ёронлар Довуднинг дунё молини сақлаганига эътироз билдирдилар:
– Тариқат дунёни ийсор қилиш эмасми?
Довуд деди:
– Бу олтинларни шунинг учун сақларманки, дунёдан фориғ бўлишимга сабаб бўлади. То ўлгунча, унга қаноат қилиб яшайман. Аллоҳдан тиларманки, мерос тугагач, жонимни олгай. Менинг дуоимни қабул этар, деган умиддаман.
Баққол ҳар кунги харажатни ҳисоб-китоб қилар эди. Довуднинг сармояси тамом бўлган куни жони узилди.
* * *
Шайх Абубакр Аббос Довуднинг уйига келди. Довуд қўлида бир парча нонни ушлаганча йиғлаб ўтирар эди. Абубакр сўради:
– Йиғлашингнинг боиси нима?
Довуд деди:
– Бу парча нонни ейиш учун қўлимга олдим, лекин унинг ҳалолми ёки ҳаромлигини билмайман.
* * *
Сарий Сақатий Довуднинг уйига келди. Довуд офтоб тиғида терга ботиб, зикр қилиб ўтирибди. Сарий сўради:
– Эй Довуд, рўзадор бўлсанг, яна офтобда ўтирибсан, сояда ўтирсанг бўлмайдими?
Довуд деди:
– Эй Сарий, бу ерга офтоб тушмасдан аввал келиб ўтирдим. Устимга офтоб тушди. Энди нафсим учун сояга ўтишга Аллоҳдан қўрқаман.
* * *
Довуднинг ҳовлиси уйларга тўла эди. У бир уйда яшар, уй нураб кетса, бошқасига ўтар эди. Шу тариқа, бирин-кетин уйлар хароб бўлиб, қулаб тушди.
Сўрадилар:
– Нима учун уйингни таъмир қилдирмайсан?
Довуд деди:
– Дунёда хароб бўлмайдиган уй борми? Мен Ҳақ таоло билан ҳеч қачон таъмирланган уйда ўтирмаслик, дунёни обод қилмасликка аҳдлашганман.
Ниҳоят, охирги уй ҳам қулаб тушди. Довуд даҳлиз ичида қолди. Ўша кеча Довуд вафот этгач, даҳлиз ҳам ағанади.
* * *
Довуд охират ғамида доимо қайғули эди. Ҳеч ким унинг кулганини кўрган ва эшитган эмас эди. Бир куни дўстларидан бири Довуднинг уйига бориб, унинг кулиб ўтирганини кўрди. Довуддан кулишининг сабабини сўради:
– Ҳеч қачон кулмаган эдинг, бугун нима бўлди, кулиб ўтирибсан?
Довуд деди:
– Кеча Аллоҳ менга дўстлик шарбатини ичирди, бугун байрам қилдим, шунинг учун шодонман ва куларман.
* * *
Нақл қилишларича, бир кеча ойдин эди. Довуд девор устига чиқди. Осмон тарафга боқди. Беҳуд бўлиб ҳамсоянинг уйига йиқилди. Қўшни уйимга ўғри келибди, деб гумон қилиб, қўлига қилич олиб ҳовлига чиқди. Довудни кўрди. Қўлидан тутиб сўради:
– Бу ерга қандай келиб қолдинг?
Довуд деди:
– Беҳуд эдим, қаердан келиб қаерга тушиб қолганимни билмайман.
* * *
Фузайл деди:
– Эй Довуд, менга насиҳат қил. Довуд деди:
– Жоҳиллардан қочгин.
* * *
Эй одамзод, бойлик ва амалингга эришганда севиндинг. Лекин билиб қўйки, ажалинг яқинлашди, умринг битаётир. Келажак учун тўплаган сармоянгнинг фойдасини бошқалар кўради.
* * *
Сўрадилар:
– Эй Довуд, нега одамлардан ўзингни олиб қочасан?
Довуд деди:
– Ўғлонлар билан ўтирсам, ибодатдан чалғитадилар. Улуғлар билан ўтирсам айбимни ошкор этмайдилар. Нега Холиқ суҳбатини қўйиб, махлуқ суҳбатини ихтиёр этайин?
11. АБУ ТУРОБ НАХШАБИЙ
Валийлик саҳросининг сайёҳи, Хуросон тасаввуф мактабининг йирик намояндаси Асқар ибн Ҳусайн Абу Туроб Нахшабий IX асрнинг буюк машойихларидан биридир. У тахминан 191/806 йилда Нахшаб (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилган. Бухоро ва Сарахс мадрасаларида таҳсил олган. Шарқ мамлакатлари бўйлаб кўп сафарларда бўлган. Фиқҳ илмини Аҳмад ибн Ҳанбалдан ўрганган. Басрада Шайх Ҳасан Басрийдан таълим олган ва унинг қўлидан хирқа кийган.
Абу Туроб Нахшабий футувват ва таваккул назариётчиси эди. Абу Туроб илм, фатво, зуҳд ва тақвода машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Жалло, Абу Обид Басрий унинг қўлида тарбияланишган.
Шарқда унинг кашфу кароматлари ҳақида кўп ҳикояту ривоятлар тарқалган. Абу Туроб «сабрнинг буюк тимсоли» деб улуғланган. Аллоҳдан ҳаё қилиб, орқасини тўшакка, бошини ёстиққа қўймаган, мужоҳада ва тақвоси билан барчани ҳайратга солган. Абу Туроб ҳаж зиёратига қирқ маротаба пиёда борган.
Абу Туроб Нахшабий тахминан 274/887 йилда Басра йўлида намоз ўқиётган вақтида вафот этган. Унинг жасади кимсасиз саҳрода қолган бўлса ҳам, на ҳайвонлар, ва на қушлар тегмаган.
* * *
Шайх Ибн Жалло деди:
– Уч юз пири комилни кўрдим. Уларнинг орасида тўрт машойихдан улуғроғи йўқ эди. Улардан бири Абу Туроб Нахшабийдир.
* * *
Абу Туроб муридларида бирор ёмон ишни кўриб қолса, ҳеч нарса демай, ўзи тавба қилиб, дер эди:
– У (мурид) бу балога мен сабабли йўлиқди.
* * *
Ниятингизни асранг, у барча ишлар муқаддимасидир. Ҳар кимнинг нияти дуруст бўлса, унинг амаллари ҳам дуруст бўлади.
* * *
Нақл қилишларича, Абу Туроб муридлари билан биёбонда кетар эди. Асҳоблар ташна бўлдилар. Таҳоратга зарурат туғилди. Шайхга айтдилар. Абу Туроб оёғини ерга суқди (ерни тепди) ва булоқ пайдо бўлди.
* * *
Абу Туроб Нахшабий деди:
– Бир кеча биёбонда кетаётиб ҳабашга дуч келдим. Унинг минорадек узун бўйидан қўрқиб, дедим:
– Девмисан, ё одаммисан?
Ҳабаш деди:
– Мусулмонмисан, ё кофирмисан?
Абу Туроб Нахшабий деди:
– Мусулмон!
Ҳабаш деди:
– Мусулмон киши ҳаргиз Худодан бошқасидан қўрқмайди.
* * *
Худо йўлига кирганга озиқасизликнинг ўзи озиқадир.
* * *
Сўрадилар:
– Нима учун қалбимиз таскин топмайди? Абу Туроб деди:
– Уч нарсани севасиз, улар сизларники эмас. Жонингизни севасиз, жон эса Аллоҳникидир. Мол-дунёни севасиз, у эса меросхўрларникидир. Дунёни севасиз, ҳолбуки, дунё ўткинчидир. Бас, қалбингиз қандай таскин топсин?
* * *
Ҳақиқий бойлик шуки, Аллоҳдан бошқасидан беҳожат бўласан. Ҳақиқий йўқсиллик шуки, Аллоҳдан ўзга барчага муҳтож бўласан.
* * *
Икки нарса борки, бу дунёда истайсизу топмайсиз: биринчиси – шодлик ва хушвақтлик, иккинчиси – роҳат ва ором. Улар жаннатда қўлга киради.
* * *
Таваккул шуки, ўзингни қуллик ва бандалик дарёсига ташлайсан ва кўнглингни Аллоҳга ташлайсан – агар берса, шукур қиласан, агар олса, сабр этасан.
* * *
Аллоҳ таоло васлига етмоқлик – ўн етти даражага кўтарилмоқликдир: энг биринчиси – итоат ва олийси Унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.
* * *
Қаноат – ризқни Аллоҳдан олишдир.
* * *
Таваккул – инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.
* * *
Али ибн Ҳусайн деди:
– Эй Абу Туроб, йўл узоқ, саҳрода озиқ топиш мушкул, захиранг қани?
Абу Туроб деди:
– Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак.
* * *
Энг шарафли қалб – Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, Аллоҳ зикри билан тирик қалбдир.
* * *
Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замон аҳли муаммоларини замон уламолари тилига қўйиб гапиртиради.
12. АҲМАД АЛ-ХУЗРАВИЯ АЛ-БАЛХИЙ
Хуросон машойихларининг улуғи Аҳмад Хузравия тариқат ва ҳақиқат ичра комил, маърифат ва тавҳид илмида камолотга эришган, тариқат тасарруфчиси эди.
Аҳмад Хузравия VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи чорагида Балхда яшаган. Ҳотам Асаммнинг муриди бўлган. Абу Туроб Нахшабий, Иброҳим Адҳам, Яҳё Маъоз, Ҳотам Асамм билан ҳамсуҳбат бўлган. Аҳмад Хузравия бир неча марта Макка ва Мадинада бўлган. Ҳаж сафарларидан бирида Нишопур ва Бистом шаҳарларида бўлиб, машҳур донишмандлар Абу Ҳафс Ҳаддод, Боязид Бистомийнинг муборак нафасларидан файз топган. Аҳмад мурувват ва футуват бобида мислсиз мартабага эришган.
Шайх Хузравия доим аскарлар либосида юрган. Унинг мингдан ошиқ муриди бўлиб, «ҳар бири сув устида юриш, қушдек учиш» даражасига етган.
Аҳмад Хузравия тахминан 240/854 йилда вафот этган. Қабри Хуросонда.
* * *
Аҳмад Хузравиянинг уйига ўғри тушди. Кўп айланиб, ҳеч нарса тополмади. Ноумид бўлиб қайтиб кетмоқчи бўлди.
Аҳмад деди:
– Эй йигит! Челакни олгин-да сув тўлдириб кел! Таҳорат олиб, намозга машғул бўл! Шу орада қўлимга бирор нарса тушса сенга бераман, токи уйимдан қуруқ қўл билан қайтиб кетмагин.
Йигит шайхнинг айтганини қилди. Тонг отгач бир одам шайхнинг ҳузурига юз эллик динор келтирди.
Шайх йигитга деди:
– Ол, бу динорлар бир кечалик намозинг мукофотидир.
Ўғрининг ҳолати ўзгариб, аъзои баданига титроқ тушиб, йиғлаб юборди. Йигит деди:
– Йўлдан адашган эканман. Бу кеча Аллоҳ таолога ибодат қилганим боис менга шунчалик иззат-икром этди.
Йигит тавба қилиб, Аллоҳ йўлига кирди. Олтинларни қабул қилмади. Шайхнинг содиқ муридларидан бири бўлди.
* * *
Нақл қилишларича, бир дарвеш Шайх Аҳмаднинг уйига меҳмон бўлиб келди. Шайх етмишта шам ёқди. Дарвеш деди:
– Кўп шам ёқишнинг ҳожати йўқ, зеро, такаллуф тасаввуфга мувофиқ эмасдир.
Шайх Аҳмад деди:
– Шамларнинг қай бири Аллоҳ учун ёқилмаган бўлса, уни ўчир.
Дарвеш тонгга қадар шамларни ўчиришга уринди, сув ва тупроқ билан ҳам етмишта шамнинг биронтасини ўчира олмади. Тонг отгач, Аҳмад дарвешга деди:
– Таажжубга ўрин йўқ. Юр, сенга бунданда ажойиброғини кўрсатаман.
Роҳиблар ибодатхонасига бордилар. Унда тарсо роҳиблар жам эди. Улар Аҳмадни кўриб, ичкарига таклиф этдилар:
– Киринглар. Сизга мунтазирмиз.
Кириб ўтирдилар. Дастурхон ёзиб, таом келтирдилар.
Роҳиб деди:
– Эй Аҳмад, егил.
Аҳмад деди:
– Аллоҳнинг дўстлари Аллоҳнинг душмани билан таом емайди.
Роҳиб деди:
– Бизларга тавҳид калимасини ўргат.
Роҳиблардан жами етмиш киши иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Ўша кеча Аҳмад тушида Ҳақ таолонинг: «Эй Аҳмад! Сен биз учун етмишта шам ёқдинг. Биз сен учун етмишта кўнгилда иймон нурини ёқдик» деб марҳамат қилганини кўрган эди.
* * *
Абу Ҳафсдан сўрадилар:
– Бу тоифа ичида кўнглингизга мақбул бўлган ким?
Абу Ҳафс деди:
– Аҳмад Ҳузравиядан ҳимматли ва содиқроқ кишини кўрмадим. Агар Аҳмад бўлмаса эди, олийжаноблик ва некбинлик бўлмас эди.
* * *
Аҳмад Хузравия Балх ҳокимининг қизи Фотимага уйланди. Фотима ҳам тариқатга кириб, Аллоҳ ишқида жавлон урди.
Боязид Бистомий деди:
– Кимки аёл суратида пинҳон мардни кўрмоқчи бўлса, Фотимани кўрсин.
* * *
Кимки дарвешлар хизматини қилса, унда тавозеъ, гўзал одоб ва саховат фазилатлари мужассам бўлади.
* * *
Кимки Аллоҳ ўзи билан бирга бўлишини хоҳласа, сиддиқлар билан бирга бўлсин. Чунки Аллоҳ содиқ зотлар билан биргадир.
* * *
Сўрадилар:
– Энг афзал амал нима?
Аҳмад Хузравия деди:
– Ўз сирини Аллоҳдан ўзгага очмасликдир.
* * *
Сабр чорасизлар таомидир, ризо шайхлар даражасидир.
* * *
Ҳақиқий маърифат Аллоҳни дил билан севиш, тил билан зикр қилиш ва Ундан бошқа ҳамма нарсадан ҳимматни уза олмасликдир.
* * *
Фақирларга хизмат қилган киши уч фазилатга сазовор бўлади: камтарлик, гўзал одоб ва дил саховатига.
13. ЯҲЁ ИБН МАЪОЗ
Абу Закариё Яҳё ибн Маъоз IX асрнинг буюк машойихларидан бўлиб, Балхда тақводор оилада дунёга келган.
Шарқда унинг риёзат ва кароматлари ҳақида кўп нақл ва ривоятлар тарқалган. Юсуф ибн Ҳусайн Розий «бир юз йигирмата шаҳарни кезиб чиқиб, кўплаб уламо ҳамда шайхлар суҳбатида бўлдим, аммо Яҳё ибн Маъоздек қудратли донишмандни учратмадим» деб айтган.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий Яҳё Маъозни «ул чашмаи равзаи ризо, ул нотиқи ҳақойиқ, ул воизи халойиқ» деб таърифлаган. Халқ орасида «Яҳё Воиз» номи билан шуҳрат қозонган Яҳё Маъоз илми амалига муштарак, собитқадам, олийҳиммат ва гўзал хулқ соҳиби бўлган. Яҳё Маъоз араб ва форс тилларида кўплаб рисола ва шеърлар битган.
Яҳё Маъоз 258/871 йилда вафот этган.
* * *
Айтадиларки:
– Ҳақ сўзли кишини истайдиган бўлсангиз, Яҳё ибн Маъоз суҳбатига боринг. Аллоҳ таолонинг Яҳё деган икки дўсти бор: Бири пайғамбар, бири валийдир. Яҳё (а.с.) пайғамбарларнинг, Яҳё ибн Маъоз валийларнинг улуғидир.
* * *
Яҳёнинг бир биродари бор эди. Маккага боргач, анча вақт истиқомат қилди. Бир куни биродаридан Яҳёга хат келди. Унда шундай сўзлар мужассам эди:
– Менинг уч ҳожатим бор эди. Икки муродим ҳосил бўлди. Ҳарамга келиш орзусида эдим, раво бўлди. Ўзимга муносиб хизматкор тилаган эдим, етишдим. Битта ҳожатим қолди. Истардимки, ўлмасимдан бурун сенинг жамолингни кўрсам ва бу дунёдан армонсиз ўтсам дейман.
Яҳё Маъоз жавоб ёзиб деди:
– Ҳарамдан ўзга ерда Аллоҳ йўқми? Эр киши шуки, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ билан бўлгай. Махдумлик Аллоҳнинг сифатидир. Ходимлик эса банданинг сифатидир. Банда Аллоҳнинг сифатини тиласа, фиръавнликдир. «Сўнгги тилагим сенсан» дебсан. Агар сенинг Аллоҳдан хабаринг бўлганида эди, вужудинг Аллоҳга шундай тўлган бўлар эдики, унга қариндошинг сиғадиган жой қолмаган бўлар эди. Агар Аллоҳни топган бўлсанг, мени нима қиласан?
* * *
Ғафлат билан умр кечирган олим, амирларга хушомад қиладиган уламо, тасаввуфдан сўз айтадиган муқаллид суҳбатидан йироқ бўлингки, ундан ҳеч бир наф йўқдир.
* * *
Касал бўлишдан қўрқиб таомдан парҳез қиладиган, бироқ дўзахга тушишдан қўрқиб гуноҳдан парҳез қилмайдиган кишининг ҳолидан ажабланаман.
* * *
Ҳар ким андишасиз сўзласа, пушаймон бўлади.
* * *
Бир киши Яҳё Маъоздан насиҳат қилишини сўради:
– Менга тўғри йўл кўрсатинг, нафсим азобидаман.
Яҳё Маъоз деди:
– Аввал ўзимнинг нафсимга ўгит берай, кейин сенга насиҳат қиламан. Агар нафсим менинг ўгитларимни олса, сен ҳам насиҳатни қабул қиласан.
* * *
Айтдилар:
– Бир гуруҳ кишилар сиз ҳақингизда бўлмағур сўзларни айтиб, айблаяптилар, нима дейсиз?
Яҳё Маъоз деди:
– Агар Аллоҳ мағфиратига эришсам, уларнинг айбларидан зиён кўрмайман. Агар Аллоҳ мағфиратидан мосуво бўлсам, уларнинг айбларидан ҳам баттарман.
* * *
Ўлимни бир товоққа солиб бозорда сотадиган бўлсалар, унга охиратни севадиганлар харидор бўлади, холос.
* * *
Уч хислат авлиёлар сифатидир. Ҳар бир ишда Аллоҳга эътиқод қилиш, яхши ва ёмон ишларни Аллоҳдан деб билиш, қазога рози бўлиш ва балога сабр қилишдир.
* * *
Сўрадилар:
– Солиҳ киши қандай бўлади?
Яҳё Маъоз деди:
– Бойларга насиҳат кўзи билан боқадиган, йўқсилларга шафқат кўзи билан назар соладиган, ҳеч кимга кибр кўзи билан қарамайдиган, фақир кишиларга мухлис ва эътиқодли одам солиҳ бандадир.
* * *
Аҳли дунё хизматини дунёпарастлар қиладилар. Аҳли охират хизматини дунёдан озурда авлиёлар қиладилар.
* * *
Ҳар ким Аллоҳ билан бой бўлса, у доим йўқсилдир.
* * *
Сўрадилар:
– Ҳикмат ва донишмандлик илмига қандай эришилади?
Яҳё Маъоз деди:
– Дунё аҳлига насиҳат кўзи билан қараб, ҳеч кимга ҳасад қилмайдиган, аҳли аёлига шафқат ва меҳрибонлик билан боқадиган, дарвешларга тавозеъ ва иззат кўзи билан қарайдиган, ҳеч кимсага кибр кўзи билан боқмайдиган кишиларда ҳикмат ва донишмандлик мужассам бўлади.
* * *
Авлиёлар риёкор бўлмайдилар, мунофиқлик ҳам қилмайдилар.
* * *
Ҳар ким Аллоҳни дўст билса, нафсини душман тутади.
* * *
Сўрадилар:
– Мўмин ким?
Яҳё Маъоз деди:
– Мўмин шундай бандаки, агар фойдаси тегмаса, зарари ҳам тегмайди. Агар хурсанд эта олмаса, хафа ҳам қилмайди. Агар кўнглингни кўтарадиган гап топа олмаса, ёмон сўз айтиб кўнглингни чўктирмайди.
* * *
Сўрадилар:
– Ёлғон нима?
Яҳё Маъоз деди:
– Ёлғон худди биров дўзах ишини қилиб, жаннатни орзу қилгани кабидир.
* * *
Ҳар ким Аллоҳ қуллигини севса, бутун олам уни севади. Ҳар кимнинг кўзи Ҳақ билан равшан бўлса, оламдаги барча мавжудоту махлуқот уни кўришни орзу қилади.
* * *
Бу дунё мисоли шайтоннинг дўконидир. Зинҳор ундан ҳеч нарса олмагинки, уни қайтариб бермагунингча ўз ҳолингга қўймайди.
* * *
Банданинг кўнгли саждада, хилватда, қабристонда охиратга майл қилади.
* * *
Бу дунё бошидан охиригача бир соат ғам чекишга арзимайди, бу дунёдаги улуш ва насибанг шунчалик кам экан, умрингни ғамда ўтказиб нима қиласан?!
* * *
Инсоннинг душмани дунё, шайтон ва нафсдир.
* * *
Ким ҳаёт эшигини ўлчов, меъёр калитисиз очаркан, махлуқлар қаторидан жой олади.
* * *
Сўрадилар:
– Дунё ва охират ҳақида нима дейсан?
Яҳё Маъоз деди:
– Бу дунё бир туш кабидир. Охират эса уйғоқликдир. Кимки тушида йиғласа, таъбири кулги ва шодликдир. Энди сен бу дунё тушида йиғлагинки, тонгда – охират уйғоқлигида шодон бўласан.
* * *
Ибодатни тарк этиш ўлимдан ёмонроқ ва қаттиқроқдир. Зеро, ўлсанг халқдан узиласан. Ибодатни тарк этсанг Худодан йироқ бўласан.
* * *
Зеб-зийнат (олтин-кумуш) чаён кабидир. Унинг афсуни (дуоси)ни ўрганмагунча қўл узатмагинки, сени ҳалок қилади. Унинг афсуни эса ҳалолдан ризқ топиб, Ҳақ йўлида тўғри йўлда харж этишдир.
14. БОЯЗИД БИСТОМИЙ
Шарқда «Султон ул-орифин», «Бурҳон ул-муҳаққиқин» деб улуғланган Абу Язид Тайфур Исо ўғли Бистомий VIII аср охирида Эроннинг Бистом шаҳрида таваллуд топган. Илк таълимни Бистомда олган. Сўнг Шом вилоятига бориб, Жаъфар Содиқдан етти йил сабоқ олган. Ўз даврининг буюк муршиди, ҳақиқат сирларининг кашфиётчиси даражасига етишган.
Боязид Нишопур, Рай, Ҳамадон, Ироқ, Арабистонларга сафар қилган. Аҳмад Хузравия, Абу Ҳафс, Яҳё Маъоз, Шақиқи Балхий каби машойих билан суҳбат қурган.
Боязид нафс тарбиясига эътибор қаратиб, риёзатга берилган. Унинг ақидасича, инсон ирода, хоҳиш ва истагидан, яъни бу дунёга рағбатдан батамом холи бўлиб, бутун хаёли, фикру зикрини маҳбуб (Худо) томон йўналтириши, яъни ҳайвоний табиат руҳонийга, моддий – маънавийга айланиши, банда билан Худо ўртасида ягоналик, яқинлик пайдо бўлиши лозим.
Боязид Бистомийнинг пурмаъно сўзлари ва кашфу кароматлари Суламий, Қушайрий ва Ҳужвирийнинг асарларида келтирилган. Имом Ғаззолий ўз асарларида унинг ҳикоят ва шеърларидан истифода этган.
«Китоб ан-нур мин калимоти абий ал-Тайфур», «Шатҳиёт» маноқибларида Боязиднинг қариндошлари, шогирду сафдошлари томонидан айтилган, нақл этилган кўплаб ҳикоят, ривоятлар келтирилган.
Боязид Бистомий 262/875 йилда 103 ёшида оламдан ўтган. Қабри Бистом шаҳрида. Мўътабар зиёратгоҳлардан ҳисобланади.
* * *
Боязид деди:
– Онам сув сўради. Ариқдан музни ёриб, сув келтирдим. Онам уйқуга кетган экан, сувни унинг олдида тутиб турдим. Қўлларим қотиб қолди. Онам уйғонди. Кўзани кўтариб турганимни кўриб, сувни ичди ва мени дуо қилди. Аллоҳ ато этган барча мартабани онамнинг дуосидан топдим.
* * *
Жунайд Бағдодий деди:
– Боязид бизларнинг орамизда худди Жаброил фаришталар орасида бўлгани кабидир.
* * *
Боязид Жаъфар Содиқдан таълим олди. Бир куни Жаъфар деди:
– Фалон токчадаги китобни келтир.
Боязид сўради:
– Қайси токчадаги китобни келтирай?
Жаъфар Содиқ деди:
– Шунча йилдан бери ҳузуримда ўқиб, қайси токчада қандай китоб туришини кўрмадингми?
Боязид деди:
– Мен бу ерга токча томоша қилиб, китоб кўргани эмас, билим олгани келганман.
Жаъфар Содиқ деди:
– Таҳсилинг тамом бўлибди. Бор, халқни Ҳақ йўлига чақиргин.
* * *
Боязид ҳаж зиёратидан қайтишда Ҳамадон шаҳрига кирди. Бозорда гул уруғ сотиб олиб, уйига келди. Гул уруғини экмоқчи бўлиб, халтани очди. Уруғ ичида бир неча чумолини кўриб, Ҳамадонга қайтиб, чумолиларни уруғ олган жойига келтирди ва деди:
– Аллоҳнинг амрига таъзим. Аллоҳнинг махлуқотига шафқат.
* * *
Боязид қирқ йил масжидга қатнади. Унинг масжидга киядиган либоси алоҳида, таҳорат оладиган кийими алоҳида эди.
* * *
Агар инсон сен билан яқинлашиб, ёмонлик қилса, унга гўзал ахлоқ билан жавоб бер. Шунда ҳаётинг гўзаллашади.
* * *
Бистомда қаҳатчилик бўлди. Жамоат Боязиднинг олдига келиб, қаҳатчиликдан шикоят қилиб дедилар:
– Эй Шайх, Ҳақ таолодан ёмғир юборишини сўраб дуо қилинг.
Боязид бир соат бошини қуйи солиб ўтирди ва бошини кўтариб деди:
– Тарновларни тўғриланг, ёмғир бошлади.
Ўша фурсат ёмғир ёғди ва кечгача тўхтамади.
* * *
Боязид йўлда кетаётган эди. Бир йигит Боязиднинг оёғи изларини босиб, унга эргашди.
Боязид деди:
– Нима қиляпсан?
Йигит деди:
– Сизнинг изингиздан босиб кетяпман, зора сиз каби бўлсам. Кийимингиздан бир парча берсангиз, унинг баракасидан файз олар эдим.
Боязид деди:
– Токи Боязид қилган иш (риёзат)ни қилмас экансан, унинг кийими тугул, терисини олсанг ҳам фойдаси йўқдир.
* * *
Бир киши Боязиддан сўради:
– Менга ўгит бергинки, унинг сабабидан дўзах ўтидан халос бўлайин.
Боязид деди:
– Икки ишни ёдингда тут: бири шуки, Худойи таоло сенинг ҳолингдин огоҳдир. Нимаики қилсанг кўради ва билади. Иккинчиси шуки, ибодатинг миннатли бўлмасинки, Худойи таолонинг тоат-ибодатингга эҳтиёжи йўқдир.
* * *
Ориф Аллоҳ зикрида чарчамайди, ундан ўзга билан суҳбатдош бўлмайди.
* * *
Орифнинг камолоти шуки, муҳаббат ўтида куйгай.
* * *
Тавҳиднинг аввалги манзили шуки, ҳар нима сўзласа, ҳилм (мулойимлик) билан сўзлар ва ҳар нимани эшитса, тафаккур (илм) билан эшитар.
* * *
Аллоҳ севган бандаларнинг саховати дарёга, шафқати қуёшга, тавозеъси ерга ўхшайди.
* * *
Ўттиз йил илм олдим. Илмдан юксакроқ нарса топмадим. Агар олимларнинг ихтилофи бўлмаганда шу майдонда қолар эдим.
* * *
Аллоҳнинг авлиё бандаларини сев, уларнинг кўнглини олишга урин. Чунки Аллоҳ таоло ҳар куни орифлар қалбига уч юз олтмиш марта назар солади. Шояд Аллоҳ сени ҳам у ерда кўрса.
* * *
Ҳиммат аҳлининг куфри миннат аҳлининг иймонидан саломатроқдир.
* * *
Халқ Худо ва бандалар ҳурматини сақламагани ҳамда Аллоҳ неъматларининг шукрини қилмаслиги туфайли ҳалокатга юз тутади.
* * *
Энг яхши кишининг икки қўли ҳам тўғри бўлади, у бир қўли билан эмас, икки қўли билан яхшилик қилади.
* * *
Гина-адоватдан узоқ бўл. Кучинг етмайдиган ишга киришма. Сўз юритувчи, чақимчиларнинг сўзларига ишонма. Чунки улар фитна-фасод йўлини излаб юрувчи ярамас одамлардир.
* * *
Ишқинг сени ўлдирди орифу омни,
Маҳв айлади савдойинг ҳар эзгу номни.
Май рангли лабинг завқи чиқармиш, кўргил,
Бу савмаадан Боязид Бистомийни.
* * *
Бизнинг йўлимиз ишқ ичра бадномликдир,
Куйганлар аро насибамиз хомликдир.
Нокомлигимиз Ёр дилининг коми экан,
Дил коми ҳамиша энди нокомликдир.
* * *
Дил дер: Бу ғамим маҳрами ҳеч жон бўлмас,
Ҳар кимга бу сўзни англаш осон бўлмас.
Мендай киши бу жаҳонда кофир бўлса,
Бас, Ер юзида мусулмон бўлмас[12 - Боязид Бистомий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 9–10-бетлар.].
15. ҲАМДУН ҚАССОР
Абу Солиҳ Ҳамдун ибн Аҳмад ибн Умар Қассор маломатийлик тариқатининг асосчиси ва тарғиботчиси, завқ арбоби ва шавқ асҳоби, тақво пири, мужоҳада ва мушоҳадада замонасининг ягонаси, соҳибназар шайх бўлган.
Ҳамдун Қассор Нишопурда руҳоний оиласида дунёга келган. Суфён Саврийни ўзига устоз деб билган. Шарқда фиқҳ ва ҳадис илми донишманди сифатида шуҳрат топган.
Ҳамдун Қассор Абу Туроб Нахшабийнинг қўлида тарбия кўрган бўлиб, Нишопурда маломатия аҳлининг бош имоми ва пешво шайхи сифатида тариқатнинг кенг қулоч ёйилишига ҳисса қўшган ва халқ оммасини ўзига эргаштира олган. Унинг ваъзлари халқ орасида машҳур бўлиб, минглаб мухлислар тинглашган.
Ҳамдун Қассорни «сўфийлар устози» деб улуғлашган. Саҳл Тустарий ва Жунайд Бағдодий унинг қарашларини қўллаб-қувватлаб, Ироқ сўфийлари орасида тарғиб этишган. Қассор Абдуллоҳ Муборакнинг пири бўлган.
Ҳамдун Қассор 271/884 йилда Ҳиротда вафот этган.
* * *
Акобирлардан бири сўради:
– Эй Аҳмад, менга ўгит бергин.
Аҳмад Қассор деди:
– Кимда яхши хислат кўрсанг, ундан ажрамагинки, унинг баракотидан сенга ҳам наф етади.
* * *
Дедилар:
– Эй Аҳмад, бизларга васият қил.
Аҳмад Қассор деди:
– Олимлар суҳбатини тарк этманг, жоҳиллар суҳбатидан йироқ бўлинг.
* * *
Дедилар:
– Эй Аҳмад, ғафлатнинг белгисини айтинг.
Аҳмад Қассор деди:
– Банданинг ғафлатга тушганининг белгиси Худонинг буюрганларини чеккага суриб қўйиб, ўзининг сиёсати билан машғул бўлишдир.
* * *
Муҳаммад ибн Аҳмад деди:
– Эй Аҳмад, менга васият қилинг.
Аҳмад Қассор деди:
– Қўлингдан келса, бу дунёнинг ҳеч бир ишига хафа бўлма, ғазабланма.
* * *
Сўрадилар:
– Таваккул нима?
Аҳмад Қассор деди:
– Агар минг танга қарзингиз бўлса-ю, тўлашга бир чақангиз ҳам бўлмаса, уни адо қилишда Аллоҳдан умидингизни узмайсиз.
* * *
Ҳар ким салафи солиҳийн сийратига назар солса, ўзининг камчиликларини кўради ва одамлардан ортда қолганини англайди.
* * *
Дедилар:
– Минбарга чиқ ва халққа ваъз айт.
Аҳмад Қассор деди:
– Кўнглим дунё мансабига машғулдир. Менинг сўзим фойда қилмайди. Таъсирсиз сўз айтиш эса илмни хор қилишдир. Сўз айтиш шундай кишига лойиқдирки, сўзласа дин салоҳ (тўғрилик)га келади, сўзламаса дин фасодга айланади. Сўз, аввало одамнинг ўзига таъсир қилиши керак, шундан сўнг халойиққа таъсир этади. Агар сўз ўзига таъсир этмаса, ўзгага ҳам таъсир қилмайди.
* * *
Ўз нафсига бандалик қилганни Аллоҳ суймайди.
* * *
Оға-инилар ўртасидан муҳаббатни кўтарувчи нарса молдунёдир.
* * *
Дарвешнинг ҳоли тавозеъдир.
* * *
Ҳар ким дунё талабида бўлса, икки дунёда ҳам хорликка учрайди.
* * *
Иймоннинг офати порахўрликдир.
* * *
Дунёни хор тутсанг, аҳли дунёнинг олдида азиз ва улуғ бўласан.
* * *
Иллатларнинг боши кўп емоқликдир. Дин офати ҳам кўп емоқликдир.
* * *
Охиратни ўйламай умрини мол-дунё ғамида ўтказганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўладилар.
* * *
Ким ўзини элдан ортиқ билса, унинг қабри Фиръавнникидан ортиқдир.
* * *
Халқ илмидан Ҳақ илми яхшироқдир, яъни хилватда Аллоҳ билан бўлиш халқ орасида муомала қилишдан яхшироқдир.
* * *
Аллоҳни айблаганнинг боши мусибатдан чиқмайди.
16. ҲОТАМ АСАММ
Абу Абдураҳмон Ҳотам Асамм Юсуф ўғли Шарқнинг буюк сўфий шайхларидандир. Ҳотам Асамм 151/768 йилда Балхда таваллуд топган.
Умри мобайнида бир дам Аллоҳдан айру ерга қадам босмаган, бир дам ихлоссиз, мартабасиз бўлмаган. Иброҳим Адҳам, Шақиқ Балхий суҳбатида бўлган ва тарбиясини олган. Ҳотам Асамм сўфийларнинг маънавий мажбуриятларига алоҳида эътибор берган.
Ҳотамнинг қулоғи кар эмас эди. Ҳотам Асамм дейишларининг сабаби шундаки, ҳузурига масала сўраб келган хотинни ғафлат босиб, ел чиқаради. Хотин мулзам бўлмасин деб, Ҳотам Асамм унинг сўзларини эшитмаганликка олиб, саволни қайта-қайта сўраган. Хотин саволни баланд овозда берганидан сўнг жавоб қайтаради. Ўн беш йил давомида ўзини карликка солиб юрган. Хотин вафот этганидан сўнг ўз холича гаплашаверган.
Ҳотамнинг художўйлиги, тақвоси, ихлоси, риёзати бемисл ва беназир бўлган. Аҳмад Хузравийнинг устозидир.
Ҳотам Асамм 238/852 йилда вафот этган. Қабри Балхда.
* * *
Ҳотам Асаммнинг камолоти шу даражада юксалди. Жунайд деди:
– Бизнинг замонамизнинг сиддиқи Ҳотам Асаммдир.
* * *
Ҳотам деди:
– Ҳар бир сўфий тўрт ўлимни қабул қилиши лозим:
1. Оқ ўлим, яъни очликни қабул қилиш;
2. Қора ўлим, яъни турмуш машаққатига бардош бериш;
3. Қизил ўлим, яъни шаҳвоний нафсни чеклаш;
4. Яшил ўлим, яъни ҳамиша қора ёки яшил либос кийиб юриш мажбуриятини олиши зарур.
* * *
Мунофиқ дунёдан оладиганини ҳирс билан олади, шубҳа билан сақлайди, риё билан сарфлайди. Мўмин эса қўрқув билан олади, суннатга мувофиқ сақлайди. Аллоҳга ихлос билан сарфлайди.
* * *
Сўрадилар:
– Эй муридлар, Ҳотам Асаммдан нимани ўргандингиз?
Муридлар дедилар:
– Қўлда бор ҳар нарсага ҳурсанд бўлишни, ва халқдан умид узишни ўргандик.
* * *
Шошқалоқликнинг барча кўринишлари шайтондан бўлиб, бештаси бундан мустасно: меҳмон келганда дарҳол дастурхон ёзиш, майитни дафнга тайёрлаш, қиз болани турмушга бериш, фарзни адо этиш, гуноҳ содир бўлиши билан тавба қилишлик.
* * *
Ер ва осмон хазиналари Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар буни англамайдилар.
* * *
Мўминнинг белгиси шуки, ҳар нима берса, Аллоҳ розилиги учун беради. Ҳар иш қилса, Аллоҳ учун қилади.
17. САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ
Ҳақиқат дарёси дурларининг ғаввоси ва тариқат султони Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий 203/818 йилда Аҳвоз шаҳрида туғилган. Ёшлигидан амакиси Муҳаммад ибн Савор қўлида тарбияланган. Сўнг Аҳвоздаги мактаблардан бирида таълим олган. Улғайгач, илм излаб Басрага борган.
Мисрга бориб, кўнглидаги саволларга жавоб топа олмагач, Ободонга келиб, Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абдуллоҳ Ободоний қўлида таҳсил кўрган. Тустарга қайтгач, ҳаж сафарига жўнайди. Зуннун Мисрий билан учрашади. Унинг фазлу камолидан руҳланиб, унинг хизматига киради. Зуннун Мисрий унга пири муршиди бўлади. Тустарий шариату тариқатда, риёзату муомалада юксак мақомларга сазовор бўлган.
Абдуллоҳ Тустарий замонасининг «мустажоб уд-дуо»си эди, яъни дуолари билан кишиларни дарддан фориғ этган, ўзининг дардига эса сабр қилиб, «неки Тангридан келган хушдир»[13 - Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 21-бет.] деган ҳикматга амал қилган.
Тустарий ўз даврининг фозиллари бўлган Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож ҳамда Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Ҳаририй билан суҳбатлашган. Умрининг охирги йилларида ҳам унинг атрофида 400 дан ортиқ мурид жамланган эди.
Абдуллоҳ Тустарий 283/895 йилда оламдан ўтган. Қабри Басрада.
* * *
Саҳл ибн Абдуллоҳ масжидда ўтирган эди. Бир кабутар ўқдек учиб келиб, ўзини Саҳлнинг оёғи остига ташлаб, жон берди. Саҳл деди:
– Бу соат Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этди.
Одамлар Саҳлнинг сўзларини эслаб қолдилар. Бир неча кундан кейин чиндан ҳам ўша соатда Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.
* * *
Гуноҳлардан нари юриш сиддиқ бандаларнинг қўлидангина келади.
* * *
Илмнинг шукри амалдир, амалнинг шукри илмнинг зиёда бўлишлигидир.
* * *
Саҳл ибн Абдуллоҳни сув устида юриб кетаётганини кўришди.
Сўрадилар:
– Сув устида юрасан, қадаминг ҳам ҳўл бўлмайди. Шу ростми?
Саҳл деди:
– Муаззин ростгўйроқ, яхшиси ундан сўранглар.
Муаззиндан сўрашди. У шундай деди:
– Саҳлнинг сув устида юрганидан хабарим йўқ, лекин тунов куни кўлда ғусл қилаётганида сувга чўкишига бир баҳя қолди. Агар мен бўлмасам, ҳалок бўлар эди.
Шайх Абу Али Даққоқ деди:
– Унинг каромати ҳақ, элдан яшириш учун ўзини сувга чўккандек кўрсатди.
* * *
Бузрук зотлардан бири Саҳлни зиёрат қилиш учун уйига борди. Даҳлизда катта илон ётганини кўриб, ортига тисарилди. Бузрукворнинг қўрқиб, остонада туриб қолганини кўрган Саҳл деди:
– Киравер, илон сенга тегмайди. Иймони ҳақиқатга етган киши Худодан бошқасидан қўрқмайди.
* * *
Тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.
* * *
Ҳар киши бир кеча-кундузда бир марта таомланса, сиддиқлар ғизоси бўлади.
* * *
Саҳл Тустарийнинг амакиси Муҳаммад ибн Савор унга ўгит берди:
– Эй Саҳл, доим Аллоҳ билан бўлгин, кечалари уйғонганда айтгинки, «Аллоҳ мен билан бирга. Аллоҳ мени кўриб турибди. Аллоҳ менга гувоҳ бўлиб турибди».
Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:
– Амаким ибн Саворнинг ўгитига амал қилиб, жуда кўп фазилатлар топдим.
* * *
Сўрадилар:
– Аллоҳ розилигига эришиш учун нима қилиш лозим?
Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:
– Қуръон ҳукмига амал қилиш, Пайғамбар (с.а.в.) суннатига эргашиш, ҳалол ризқ топиш, ҳаромни тарк этиш, кимнинг ҳаққи бўлса, уни адо этиш, ёмон ишлардан йироқ бўлиш билан.
* * *
Аллоҳдан ўзга Қодир йўқ, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўзга далил йўқ, тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.
* * *
Зарурати Худога бўлмаган одам ўз нафсининг гадосидир.
* * *
Аллоҳ билан ўзининг орасидаги муносабатга бошқаларнинг эътиборини тортмоқчи бўлган одам ғофилдир.
* * *
Ҳаёт тўрт алфозда ўтади. Фаришталар ҳаёти тоатда, анбиёларники илмда ва ваҳий интизорида. Солиҳ бандалар ҳаёти иқтидода, қолган барча одамларнинг, хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил, хоҳ дарвеш бўлсин, хоҳ зоҳид, хоҳ обид – ейишда ва ичишдадир.
* * *
Амаллар тавфиқ биландир. Тавфиқ Аллоҳдандир. Тавфиқнинг калити дуо ва тазаррудадир.
* * *
Бу иш (ҳақиқат)нинг боши шундай илмдирки, уни идрок қилиб бўлмайди, охири ҳам илмдирки, тамом бўлмайди, фақат ўз тажрибаси ва ўз феълидан сўзловчи кишигина бу илм ҳақида гапириши жоиздир.
* * *
Банданинг Аллоҳ билан ўртасидаги энг катта тўсиқ даъво, иддаодир.
18. АБУЛҲУСАЙН НУРИЙ
Абулҳусайн Аҳмад Нурий Хуросонда етишиб чиққан машҳур шайхлардандир. Шайх Нурий «замонасинииг ягонаси ва вақтининг муқтадоси ва тасаввуф аҳлининг зарофатликлари ҳамда муҳаббат аҳлинииг шарофатликларидан эди» деб улуғланган. Машойихлар орасида «Амир ул-қулуб ва қамар ус-сўфия» деб фахр билан тилга олинган.
Унинг «Нурий» деб айтилиши сабаби шундаки, қоронғу уйда суҳбат қурса, уй ёришиб кетган. Бундан ташқари, фаросат нури билан кишиларнинг қалбларидаги ҳар қандай фикрни билиб олган. Шайх Нурий бир неча йиллар мужоҳада ва риёзат чекиб, муродига етиш йўлида жидду жаҳд кўрсатган. Қирқ йил нафсига ҳукмини ўтказган. Тоат бобида беназир, фақрни ўзига ғолиб қилган, қоронғу кечада сўзласа, оғзидан нур таралиб, вужуди равшан бўлган.
Нақл қилишларича, Шайх Нурийнинг ибодат қиладиган хонақоҳи кечалари шайх ибодат қилаётган вақтда мунаввар бўлиб, яқин атрофдагилар Шайх Нурийнинг дарчасидан чиқаётган нурни томоша қилгани келишган.
Абулҳусайн Нурий Жунайд Бағдодийнинг қариндошларидан бўлиб, Шайх Аҳмад Жаворийнинг яқин дўсти бўлган. Шайх Нурий машҳур Шайх Сарий Сақатийнинг муриди эди.
Абулҳусайн Нурий 296/908 йилда вафот этган.
* * *
Нақл қилишларича, унинг муножотини эшитганлар ҳайратга тушган. Шайх Нурий дер эди:
– Илоҳим, жаҳаннамга лойиқ бўлган бандаларингни яратдинг. Энди уларни қиёматда жаҳаннамга ташлайсан. Илоҳим, уларнинг ўрнига мени жаҳаннамга ташлаб, уларни дўзах азобидан озод эт.
* * *
Шайх Нурий бир кишининг қўли билан соқолини ўйнатиб намоз ўқиётганини кўриб деди:
– Худонинг соқолидан қўлингни торт.
Шайх Нурийнинг сўзларини куфрга йўйган мутаассиблар дарҳол бу ҳақда халифани огоҳ этдилар. Олимлар келишиб, «Шайх Нурий бу сўзни айтиш билан кофир бўлди» дедилар.
Шайх Нурийни халифанинг ҳузурига чақирдилар.
Халифа сўради:
– Сен чиндан ҳам «Худонинг соқолидан қўлингни торт» дедингми?
Нурий деди:
– Шундай.
Халифа ажабланиб сўради:
– Нима учун бундай дединг?
Нурий деди:
– Банда кимники бўлса, соқоли ҳам Уникидир.
Халифа хато иш қилиб қўймаганидан хурсанд бўлиб, деди:
– Алҳамдулиллоҳ, Худо бир асради. Мен Шайх Нурийни ўлдириб юборишимга бир баҳя қолди.
* * *
Бир покдомон кишининг эшаги узала тушиб ётибди. Ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, турғизишнинг иложи бўлмайди. Шайх Нурий эшакни оёғи билан тепиб деди:
– Тур, ҳозир уйқунинг вақти эмас.
Эшак дарҳол ағанаб, ўрнидан силжиди. Эшакнинг эгаси юкларини ортиб, йўлига равона бўлди.
* * *
Шайх Нурий бемор бўлди. Ёронлари ҳар куни уни зиёрат қилар, унинг тузалиб кетиши учун дуо ўқир эдилар. Бир куни Жунайд бир қўлида гул ва бир лаган мева олиб келиб, Шайх Нурийнинг олдига қўйди. Нурий тузалди.
Бир неча фурсатдан сўнг Жунайд оғриб қолди. Шайх Нурий асҳоблари билан Жунайдни кўргани йўл олиб, уларга деди:
– Ҳар қайсингиз Жунайднинг оғриғидан бир парчадан олинг.
Асҳоб дедилар:
– Шундай қиламиз.
Жунайд дарҳол соғайиб ўрнидан турди ва дўстларига лутф кўрсатди.
Нурий деди:
– Эй Жунайд, энди касал кўргани борсангиз биз каби боринг ва беморнинг дардини олинг.
* * *
Шайх Нурий деди:
– Бир заиф ва камқувват кишини кўрдум. Уни ўғирликда айблаб, қамчи билан савалар эдилар. Лекин сабр қилар эди. Сўнг зиндонга солдилар.
Шайх Нурий зиндонга кириб, унинг ҳолини сўради:
– Бу қадар заифлик ва камқувватлик билан қамчи зарбига қандай сабр қилдинг?
Мазлум деди:
– Эй Нурий, балога сабр қилиш учун ҳиммат керакдир.
Шайх Нурий деди:
– Сабр недир?
Мазлум деди:
– Сабр шуки, бало келганда ўша балони роҳат ва ҳузур деб қабул қилишдир.
* * *
Замонамизнинг энг азиз нарсаларидан бири илмига амал қилган олим бўлса, иккинчиси Аллоҳ ҳақиқатидан сўзловчи орифдир.
* * *
Инсон умрни Аллоҳ қўрқуви билан кечириши қандай яхши давлат. Ҳар ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳдан паноҳ тилайди.
* * *
Сўрадилар:
– Авлиёлар халққа ваъз айтиш мартабасига қачон сазовор бўладилар?
Шайх Нурий деди:
– Қачонки авлиёнинг айтар сўзи Худонинг даргоҳидан қуйилиб келса ва ўша сўзларни халқнинг қалбига етказиш фаҳмига етса, у вақтда халққа ваъз айтишга лойиқ бўлади.
* * *
Ким дўст бўлиб келса, муҳаббат қозонади. Ҳар ишда муҳаббат билан иш тутса, Ҳақ бандалари қаторидан жой олади.
* * *
Гуноҳ йўқотишдан, тоат макрдан холи эмасдир.
* * *
Ҳар бир нарсанинг уқубати бўлади. Орифларнинг уқубати Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдир.
* * *
Ҳар ким ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билса, унинг қайтиши ҳар ишда Аллоҳга бўлади.
* * *
Сўрадилар:
– Мусулмонлик нима?
Шайх Нурий деди:
– Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларига итоат этишдир.
* * *
Сўрадилар:
– Тасаввуф нима?
Шайх Нурий деди:
– Тасаввуф русум, илм эмас, Аллоҳ хулқларидан бири, яъни Аллоҳ хулқлари билан хулқланиш, озодлик ва мардлик, такаллуфни тарк этиш ва охиратни дўст тутишдир.
* * *
Сўрадилар:
– Таваккул нима?
Шайх Нурий деди:
– Сенинг тадбиринг Унинг тақдири ичида фоний бўлишидир, яъни Аллоҳга ҳар ишда рози бўласан. Аллоҳ сенинг ишингга вакилдир.
* * *
Шайх Нурийнинг муроқаба ҳолида ўтирганини кўрган дўстлари сўрашди.
– Бу қандай муроқаба?
Шайх Нурий деди:
– Бу муроқабани мушукдан ўргандим. Эр киши Ҳақ таоло йўлида мушук каби бўлиши керак. Зеро, сичқон тешик ичига кирса, мушук тешик ташқарисида туриб, сичқонни пойлайди. Эр киши ҳам Аллоҳни истаб, худди шундай ҳозир бўлиши лозимдир.
19. ЖУНАЙД БАҒДОДИЙ
Шарқда «Тож ул-орифийн», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Устод ул-тариқат» номи билан машҳур бўлган жунайдия тариқати асосчиси Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммад алҚаворирий ал-Хаззоз ал-Бағдодий 207/822 йилда Бағдодда туғилган. Гўдаклигида отадан етим қолиб, тоғаси Сарий Сақатий қўлида тарбия топган. Бағдод мадрасаларида таълим олган.
Ислом ҳуқуқи ва ҳадис илмини ўз даврининг машҳур фақиҳи Иброҳим Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуф илмидан тоғаси Сақатий ва Ҳорис Муҳосибий устозлик қилган. Жунайд руҳий покланишга алоҳида эътибор қаратиб, тасаввуф амалиётини исломга мослаштирган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий Жунайднинг ҳаммаслаклари бўлишган.
Бағдод аҳли Жунайдни «саййид ут-тоифа» деб атаган. Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмида бениҳоят олий даража ва мақом соҳиби бўлган. Суфён Саврийнинг қарашларини маъқуллаган. Бағдод машойихининг барчаси Жунайд йўлини тутишган.
Жунайд Бағдодий ислом тарихи, назарияси ҳамда тасаввуфга доир кўплаб рисолалар ёзган бўлса ҳам, ҳозиргача етиб келмаган. Алишер Навоий унинг «Тафсир» номли асари ҳақида эслатган. Шунингдек, Жунайднинг «Расоил» номли асарида Жунайднинг замондошлари билан ёзишмалари, мактублари, сўфийликка доир мақолалари ҳамда Қуръоннинг айрим оятларига шарҳлар жамлангани таъкидланган.
Жунайднинг сўзлари тариқатда ҳужжат, тасаввуф ичида қутб даражасига эришган бўлса ҳам, ақидапараст ва мазҳабпараст мунофиқлар томонидан кўп ранж чеккан. Ҳаттоки, Жунайдни «зиндиқ» деб жонига қасд этмоқчи бўлишган. Душманларнинг қўли калталик қилиб, Жунайдга ҳеч бир ёмонлик қила олишмаган, аксинча, руҳий хасталик, кўр ва тузалмас беморликка учраганлар. Бунинг далили шундаки, ҳар ким авлиёларни синаса ва бежо дахл қилса, икки дунёда ҳам зарарга учрайди. Авлиёлар нимаики иш қилсалар ҳам, гарчи шариатга хилоф деб билсалар ҳам, бу ҳақда сўраш ёки танбеҳ бериш раво эмас. Қанчалик узрхоҳлик қилмасин, авлиё сўзи ўқдир.
Жунайд 91 йил умр кўриб, 298/910 йилда Бағдодда вафот этган.
* * *
Шайх Шиблий деди:
– Агар ақл киши суратига кирса эди, Жунайд суратида бўлар эди.
* * *
Сарий Сақатий деди:
– Жунайднинг шавқ, маърифат, кашф ва ишқ бобидаги мартабаси бағоят олийдир.
* * *
Жунайд доим рўза тутар, ёронлари зиёратга келса, меҳмон ҳурмати рўзасини очар эди. Жунайд дейди:
– Рўза тутганнинг фазилати дўстларнинг кўнглини обод қилишдан зиёда эмасдир.
* * *
Жунайд Бағдодий ва Абу Бакр Каттоний суҳбатдош бўлишган. Уларнинг ўртасида маърифат ва ҳақиқат борасидаги минг масала яширин эди. Абу Бакр Каттоний вафотидан олдин Жунайдга улар ўртасидаги сирлар зоҳир бўлмаслигини васият қилди. Жунайд сирни халққа ошкор қилмади.
* * *
Жунайд уламолар тўнини кияр эди.
Сўрадилар:
– Нима учун хирқа киймайсиз?
Жунайд деди:
– Хирқа кийиш билан мурод ҳосил бўлганда, темирдан жанда кияр эдим. Аллоҳ даргоҳида хирқаю жандага эътибор йўқ, балки эътибор кўнгил даргоҳигадир. Кишининг кўнглида Аллоҳ дарди бўлмаса, хоҳ хирқа кийсин, хоҳ жанда кийсин – фойдаси йўқдир.
* * *
Жунайднинг сўзлари бағоят таъсирли эди. Сарий Сақатий деди:
– Халққа панд-насиҳат қилар вақтинг келди, минбарга чиқ.
Жунайд деди:
– Сиздек муршидим ҳузурида сўз айтишга менга йўл бўлсин?
Жунайд кечаси Муҳаммад (с.а.в.)ни туш кўрди. Сарвари коинот (с.а.в.) Жунайдга умматларга ваъз қилишга изн берди. Жунайд уйғонди. Тушини айтиш учун пири Сарий Сақатийнинг ҳузурига йўл олди.
Сарий деди:
– Сарвари олам (с.а.в.)нинг ўзлари изн бердилар, энди халққа сўз айтарсан?!
Жунайд минбарга йўл олди.
* * *
Жунайднинг кўзи оғриди. Табиб келди. Дори бериб деди:
– Кўзингга сув тегмасин, яллиғланиб кетади.
Табиб кетди. Жунайд таҳорат олиб, намоз ўқиди. Эртасига табиб келди. Жунайднинг кўзи тузалганини кўрди.
Табиб сўради:
– Нима даво қилдинг?
Жунайд деди:
– Таҳорат олиб, намоз ўқидим.
Табиб Жунайднинг қўлидан тутиб, иқрорини айтди:
– Бу даво Холиқнинг давосидир, халқнинг давоси эмасдир. Чин табиб У (Аллоҳ)нинг ўзидир.
* * *
Амалларнинг яхшироғи нафсни сақлашдир. Ким нафсини сақласа, динини ҳам сақлайди.
* * *
Жунайд деди:
– Ҳиммат Аллоҳнинг ишоратидир. Иродат фаришталарнинг ишоратидир. Миннат султонларнинг ишоратидир. Шаҳват нафснинг ишоратидир. Ҳаво куфрнинг ишоратидир.
* * *
Сўрадилар:
– Футувват нима?
Жунайд деди:
– Фақирлардан ор қилмасанг ва бойларга фахр билан қарамасанг футувват шудир.
* * *
Сенга тақдир этилган нарса, албатта, сенга етади.
* * *
Тавбанинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, золимлар зулмидан ўзини сақлаш, ёмон жойларга оёқ босмаслик.
* * *
Тафаккур тўрт қисмдир. Биринчиси, Аллоҳнинг оятларини тафаккур қилиш. Бундан маърифат ҳосил бўлади. Иккинчиси, Аллоҳ неъматларини тафаккур қилиш. Бундан муҳаббат ҳосил бўлади. Учинчиси, Аллоҳнинг ваъдаларини тафаккур қилиш. Бундан хавф ва умид ҳосил бўлади. Тўртинчиси, Аллоҳнинг раҳматини тафаккур қилиш. Бундан ғайрат ҳосил бўлади.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/hamidzhon-homidiy/tasavvuf-allomalari-69917995/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Қуръони карим. Ҳадид сураси, 21-оят.
2
Мустафо Нажотий Бурсали. Увайс Қараний. – Т.: «Истиқлол», 2007. 4-бет.
3
Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 23-бет.
4
Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 11-бет.
5
Малъун шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.
6
Қуръони карим. Зорият сураси, 57–58-оятлар.
7
Қуръони карим. Тоҳа сураси, 114-оят.
8
Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. 603-бет.
9
Қуръони карим. Юсуф сураси, 39-оят.
10
Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 15-бет.
11
Шиммел Аннемари. Жонон менинг жонимда. Ислом оламида хотин-қизлар сиймоси / Олмон тилидан Й.Парда таржимаси. – Т.: «Шарқ», 1999. 44-бет.
12
Боязид Бистомий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 9–10-бетлар.
13
Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 21-бет.