Сизни излайман
Халима Маликова
Ҳалима Маликова
Сизни излайман
«ОЗГИНА МЕҲРГА ТАШНА ЮРАГИМ…»
Шеър қалб эҳтиёжидир. Уни режалаштириб ёзиб бўлмайди. Назм минбарига чиқиб келган кўплаб ҳаваскорларни биламан. Баъзилар маълум муддат ёзиб, кейин ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларига дуч келгач, ижодни ҳам, ўзларини ҳам унутиб юборишади, ташвишларга кўмилиб кетишади. Ҳаёт ташвишларидан илҳомланиб, уни назм ипига тизган ва бундан роҳатланганлар ҳам борки, уларни ижодкор деса арзийди. Ҳалима Маликова ана шундай ижодкорлардан. У Самарқанддаги хотин-қизлар билим юртида деворий газетага шеърлар ёза бошлаган кундан буён ўзини шеърият шайдоси деб билади ва уни ҳаётининг ажралмас бир қисми деб келади. Қувонч ва ташвишларини назмда ҳам, насрда ҳам ифодалаш истаги уни тарк этмади. Болаларига она, уйда яхши бека ва мактабда намунали муаллима бўлишни ҳам эплай олди, бирини деб биридан воз кечмади. Ушбу ташвишлар унинг тимсолида бир-бирини тақозо этган ажиб бир якдиллик сифатида намоён бўлди.
Биз мактабда ўқиб юрган кезларда Ҳалима Маликованинг болаларга аталган шеърлари республика газета ва журналларида тез-тез чиқиб тургани эсимда. Унинг ижоди йилдан йилга камолга етиб, мазмун ва қамрови ҳам кенгайиб борди. Самарқанд университетини тамомлагандан сўнг у тақдир тақозоси билан Форишнинг тоғ қишлоқларидан бирида жойлашган мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади ва маҳаллий халқ мақол ва маталларини тўплади. Кейинчалик уларни ўз шеърларида ва насрий асарларида ишлатишга интилди.
Унинг шеърлари самимий ва миллий бир ҳаё билан суғорилгандек бўлиб туюлади менга. Уларда инсоннинг меҳрга, эътиборга ташналиги тилга олинади. Инсоннинг бахтли бўлиши, ўзини хотиржам ҳис қилиб яшаши учун унчалик ҳам кўп нарса керак эмас, бир-бирига эътибор ва озгина эъзоз керак, холос. Шоира «Қўмсаб қоламан» деган шеърида ёзади:
Қоқилиб йиқилсам йўлларда ногоҳ,
Кел, дўстим, сен менинг бўлгин тирагим.
Йўлдаги тўсиқлар, ғовлардан ўтай,
Озгина меҳрга ташна юрагим.
Шоиранинг кўпгина шеърларида аёл ибоси, ҳаёси барқ уриб туради. Аёлнинг қадри унинг ибосида эканини билган шоира ушбу миллий қадриятларимизни ўз ижодида кўрсатишга уринган ва бу интилиш, айниқса, миллий менталитетимизга таҳдидлар пайдо бўлаётган, атрофдан «оммавий маданият» маҳсулотлари селдек босиб келаётган ҳозирги даврда уларнинг таъсирчанлигини янада оширгандек туюлади. Шу онда унинг «Дил изҳори» номли дуэтини эсладим, унда йигит ва қиз айтишувидаги одоб ва ахлоққа бир эътибор қилинг:
Йигит: Навосиз дутор ҳам соз бўла олмас,
Ўрдак учган билан ғоз бўла олмас,
Рашку муҳаббатни билмаган юрак
Гўё қиш – у баҳор, ёз бўла олмас.
Қиз:Кесатиқ беҳуда, эй азиз йигит,
Агар севсанг шубҳа-гумонинг унут.
Ахир, мени қийнар ҳаё, андиша,
Қизлар учун билсанг, севгидир сукут.
Мактаб илмий бўлим мудири, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси лавозимларида ишлаган, бой ҳаётий тажриба тўплаган Ҳалима Маликованинг ижоди кейинги йилларда янада самарали бўлаётганини кўрмоқдамиз. Умри Мирзачўлда халқ хизматида ўтган Ҳалима опанинг «Эзгу умид», «Наврўз», «Отам ёди» шеърий китоблари билан бирга «Фориш қиссаси», «Лўли қизнинг бахти», «Икки қалб қиссаси» каби насрий асарларини ҳам китобхонлар илиқ кутиб олдилар.
Ҳалима Маликова кейинги йилларда қўшиқчи шоира сифатида ҳам танилиб қолди. Ҳозир унинг ўттизга яқин шеърлари ашула қилиб айтилмоқда. Улар ичида хонандалар Аслиддин Дўстов ижросидаги «Ранжитманг», «Билмайсиз», Қурсия Эсонова ижросидаги «Эркаклар», «Ғанижон устоз», Умида Мирҳамидова севиб куйлайдиган «Сен фақат меники бўлишинг керак» ва бошқа қўшиқлар бор.
Шоиранинг қўлингиздаги китобига киритилган шеърлари турли йилларда ёзилган. Уларни бирлаштириб турган хислатлар – самимийлик ва таъсирчанлик. Ҳалима Маликова ҳар бир шеърида тугал бир фикр айтишга интилади, шеърлари воқеабанд, уларда ибратлилик оҳанглари устувор. Ижодни ўз қисмати деб билган ва бу йўлда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган ҳамкасбимизга ижодий зафарлар тилаймиз ва сиз азиз китобхонни ушбу ижод гулшанига хуш келибсиз, деймиз.
«Озгина меҳрга ташна юрак»лар меҳрга тўйсин, деймиз.
Азим СУЮН.
ТУШИМГА КИРДИНГИЗ
Тушимга кирдингиз, кулиб турибсиз,
Менинг ёнгинамда – бирга юрибсиз.
Юрсангиз қанийди ўнгимда ҳам сиз,
Менинг тўражоним, азиз йўлдошим.
Уйғондим дунё тинч, ўнгги-сўлим тинч,
Юракда ҳижрондан ўкинчларим зинч.
Ҳаловатли бўлинг, бўлмайин нотинч,
Менинг тўражоним, азиз йўлдошим.
Азизим, ўрнингиз жуда билинди,
Мангу айрилиқдан бағрим тилинди.
Аччиқ ёш шу онда кўзимга инди,
Менинг тўражоним, азиз йўлдошим.
Шукур, ҳаётимиз давомчиси бор,
Ватан хизматига бўлишмоқда кор.
Ҳар онда қадрингиз, ёдингиз такрор,
Менинг тўражоним, азиз йўлдошим.
ВАТАНИМ
Кўп юртларда бўлдим ва ҳар гал
Қайтиш фурсатини кутдим интизор.
Божхонага етдик, юрак ҳаприқиб,
Дилимизда чексиз буюк ифтихор.
Ҳадемай ёқимли шаббода эсиб,
Ором бағишлайди жонга ва танга.
Озроқ фурсат ўтиб қадам қўямиз
Жонимиздай ширин азиз Ватанга.
Расмиятчиликлар тугаб, божхона
Орқамизда қолди бир неча қадам.
Она тупроғимга етиб келганда
Чексиз ғурур келди қалбимга шу дам.
Балки ҳар кимсага азиз макони,
Балки уларга ҳам юрти лазиздир.
Мен учун ягона, буюк, муқаддас
Ўзбек деган диёр тенгсиз, азиздир.
ХОТИРА МАЙДОНИДА
Дунёдан дардли кетган қанча инсон ҳурмати,
Ғолиб бўлиб топширган у шаҳид жон ҳурмати,
Жондай азиз улуғвор дилда иймон ҳурмати
Бу муқаддас даргоҳдан бошлар эгиб ўтингиз.
Минг-минглаб оналарнинг тўккан кўзёши ҳаққи,
Қайдасан болам, деб оҳ урган бардоши ҳаққи,
Мотам тутиб эгилган азиз шу боши ҳаққи
Бу табаррук даргоҳдан бошлар эгиб ўтингиз.
Чимилдиғи йиғилмай уруш сари йўл олган,
Келинчакка энг сўнгги сўзин айтолмай қолган,
Шу мўътабар гўшада мангуга Ватан топган
Мардлар хотирасига бошлар эгиб ўтингиз.
Учрашувга хат ёзиб, висол дамин сурмаган,
Тўй кунини белгилаб куёв бўлиб кўрмаган,
Сўнгги нафас олганда ўз ерини қўмсаган
Баҳодирлар ётибди, бошлар эгиб ўтингиз.
Олтмиш йил ўтса ҳамки кутган онаизор бор,
Болам деб қучоқлашга, ҳатто на бир мозор бор,
Ҳамон йиғлаб интизор, қалбда қанча озор бор,
Шу марҳумлар ҳурмати бошлар эгиб ўтингиз.
Орзую армонини тупроққа олиб кетган,
Йигитлик ёш умрини Ватанга қалқон этган,
Энг сўнгги тилагини дилига солиб кетган,
Армон ёзилган бунда, бошлар эгиб ўтингиз.
Ўзи жонидан кечиб, ёвни беомон қувган,
Юзини бўса эмас, ажалнинг қони ювган,
Киндик қони тўкилган юртни қўролмай ўлган
Ўғлон ёзилган бунда, бошлар эгиб ўтингиз.
Тўрт йил ёвла курашиб, ёвни қабрга тиққан,
Уруш деган оловда тобланиб куйиб чиққан,
Кўксига ғолибликнинг олтин нишонин таққан
Нишондор юртдошларга таъзим айлаб ўтингиз.
Ўқ текканда «она» деб айтилган сўнгги сўзи,
Дунё бахтига тўймай очиқ кетгандир кўзи,
Халқи учун курашган жасур, паҳлавон ўзи,
Паҳлавонлар пойига таъзим айлаб ўтингиз.
Ёлғиз боласи билан ўн тўққизда тул қолган,
Бир умр ёрин кутиб, садоқатда гул қолган,
Ой юзин ажинида – висол учун йўл қолган
Онaлар ҳурматигa бошлар эгиб ўтингиз.
Ҳотирангиз ҳурматин эъзозлар Юртбошимиз,
Гўё чарақлаб чиқди мангуга қуёшимиз,
Сизни эслаб кўзларда оқар соғинч ёшимиз,
Мард ўғлонлар пойига бошлар эгиб ўтингиз.
Мустақиллик майдони бугун сизга ошиён,
Она юртда сиз мангу топдингиз энди макон,
Иккинчи бор ҳаётни кўришга бўлди имкон,
Кўнгилда юксак ғурур, тиловатла ўтингиз.
Гўё сафимиздасиз, сиз ҳамиша бордексиз,
Ҳеч қандай куч енголмас қаторимда нордексиз,
Мустақил диёримга сиз номусу ордексиз,
Ҳурмат айлаб ўтингиз, сукут сақлаб ўтингиз.
Қаранг, минглаб одамлар ўтмоқда айлаб таъзим,
Жасоратлар ҳурматин битмоққа этар жазм,
Қалам олиб қўлига Ҳалима битди назм,
Бугун мардлар шаънини хотирлаб бош эгингиз,
Мотамсаро онага ҳурмат бажо этингиз.
АЁЛЛИК БАХТИ
Суйган ёринг доим бўлса ёнингда,
Қийналганда, ҳам роҳатли онингда,
Яшаш завқи кўпирганда қонингда,
Аёл учун бундан ортиқ бахт борми.
Ўғилларинг турса ҳар ишга тайёр,
Эл-юртининг мушкулига мададкор,
Ота изин босишганида такрор,
Аёл учун бундан ортиқ бахт борми.
Ой қизларинг ойдай тўлиб юрсалар,
Куёв билан давру даврон сурсалар,
Қудаларинг рози бўлиб турсалар,
Аёл учун бундан ортиқ бахт борми.
Ажал фариштаси назарин солса,
Кўзинг юмсанг қизлар зор йиғлаб қолса,
Тобутинг ўғиллар елкага олса,
Она учун бундан ортиқ бахт борми.
АСКАРЛАР
Атроф сокин, олам уйқуда,
Бутун борлиқ тинч олар нафас.
Сергак турар ботир аскарлар
Садоқатли ўғлонларга хос.
Ором олар ота-оналар,
Тинч ҳаётга шукрона қилиб.
Ҳушёр турар бизнинг аскарлар
Жанговарлик ҳиссига тўлиб.
Ўзбек юрти – Ўзбекистоним,
Фахрлансин ўғлони билан.
Керак бўлса қалқон бўлишар
Ватанига жон-қони билан.
ТОПМАДИМ
Дарё бўйларидан изладим сени,
Изингни шамоллар олиб кетибди.
Овозингни қайта эшитгим келди,
Афсус, ҳижрон они келиб етибди.
Қўмсаб тоғ-тошларга бордим кўргали,
Висол онларини эсладим, бироқ
Изладим, топмадим, сўнгра ўкиндим,
Сен биздан йироқлаб кетибсан йироқ.
Боғу чаманлардан исинг изладим,
Ҳидингга ўхшамас бирор гул-ғунча.
Изладим, топмадим сени ҳеч қайдан,
Англадим, топмасман энди ўлгунча.
ҚЎМСАБ ҚОЛАМАН
Кўтарилмоқдами оқибат балки,
Баъзан меҳрсизлик эзади қалбим.
Дўстлар даврасини қўмсаб қолади
Озгина меҳрга ташна юрагим.
Агар инсонийлик тарк этса бизни
Ўйлагин, не учун менинг керагим.
Олам ташвишидан безган чоғимда
Озгина меҳрга ташна юрагим.
Қоқилиб йиқилсам йўлларда ногоҳ,
Кел дўстим, сен менинг бўлгин тирагим.
Ўксиган кўнглимга сен бўлгин малҳам —
Озгина меҳрга ташна юрагим.
КЎНИБ ЯШАГИН
Учирма қушгинам сенга тилагим,
Ёрингнинг уйига қўниб яшагин.
Туп қўй, палак ёзгин кенг қулоч отиб,
Ҳеч қачон сўлмагин, униб яшагин.
Ҳаёт бир текисда равон бўлмайди,
Пасту баландига кўниб яшагин.
Вафо, садоқатда, иймонда бўлгин,
Ой каби балқигин, тўниб яшагин.
СЕВГИНГ КЕРАК
Мен учун даркор эмас,
Давлату молинг сенинг.
Кўрсатиб турган мурувват
Ҳамда амолинг сенинг.
Йўқ, менинг орзум бўлакча,
Аҳд ила паймоним, бироқ
Қудратинг кўз-кўз қилиб сен
Бўлдинг муҳаббатдан йироқ.
Молу дунёнг ўзгаларга,
Менга ҳадя эт юрак.
Бойлигинг қолмайди бир кун,
Менга чин севгинг керак.
ҚИШЛОҚ АЁЛИ
Тонг уйғонмай уйғонасиз азали,
Сигирлар соғасиз, азон маҳали,
Қанча тирикчилик олдинда ҳали,
Тиниб-тинчимаган қишлоқ аёли.
Тандирни тўлдириб ёпиб иссиқ нон,
Далага шошасиз елкада кетмон,
Қирқтага бўлинган жуссадаги жон,
Тиниб-тинчимаган қишлоқ аёли.
Тирноқ бўямайсиз, қўл хинонгиз бор,
Тергашга ҳар доим қайнонангиз бор,
Ранг-бўёқ керакмас, ўз жилвангиз бор,
Тиниб-тинчимаган қишлоқ аёли.
Кун ора, кунда ҳам меҳмон кутасиз,
Ишдаги чарчоқни тез унутасиз,
Кунингиз сокинмас, қувноқ ўтасиз,
Тиниб-тинчимаган қишлоқ аёли.
НАСИҲАТ
Енгил турмуш ҳавас қилма қизалоқ,
Сўзларимга эътиборла сол қулоқ,
Ҳаётингни ўйин билма сен бироқ,
Бошингдаги бахт қушингни учирма.
Аёл-қизнинг бахти кулиб келаркан,
Атрофида парвонадек еларкан,
Унга иймон ила инсоф тиларкан,
Бошингдаги бахт қушингни учирма.
Бахтинг қуши учса балки қайтмайди,
Шунда сенга ҳеч ким раҳмат айтмайди,
Омад тонги аввалгидек отмайди,
Бошингдаги бахт қушингни учирма.
Турмуш дейди, чида, қисгин муштингни,
Оллоҳ берар шунда каму кўстингни,
Қадрлагин умрдошинг – дўстингни,
Бошингдаги бахт қушингни учирма.
ҒУНЧАГА ҚАРАСАМ
Ғунчага қарасам қочади хаёл,
Бунча гўзалликни қайдан олган у.
Шунчалар софлигу бокираликни
Ўзида жамлаган, келишган, сулув.
Тонг саҳар бу ғунча очилмоқ бўлиб,
Иффор тарқатишга шошди, шайланди.
Тўхта, гўзаллигинг яширгин, дедим,
Очилдию парвонага айланди.
Бори гўзаллигин этиб намойиш,
Жами латофатин айлади кўз-кўз.
Унга боқишаркан ўтган-кетганлар
Таърифин айлашга топишолмас сўз.
Ким-кимлар ҳидлади лабларин босиб,
Қайсидир битта қўл узди аёвсиз.
Сўлди, қовжиради, ташланди четга,
Ётар тароватсиз, ҳидсиз, иффорсиз.
Эрта очилишга шошилма ғунча.
ЭРКАК БЎЛМАСА
(Туроб Ниёзнинг «Аёл бўлмаса» шеърига ҳазил ўхшатма)
Севги қандай бўларди пайдо,
Мардлик, жасорат ҳам мабодо.
Аёл қайдан бўларди шайдо
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Аёлларга таянч ким бўлар,
Дунё сокин, мутлaқ жим бўлар,
Йўлимиз ўт босган чим бўлар
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Уйим деб ким югуриб-елар,
Аёл сочин қайси қўл силар,
Азизам деб ким ҳам эркалар
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Улкан қурилишлар ҳам ана,
Бунёдкорлик қилмас тантана,
Юксалишлар тўхтайди яна
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Бу тириклик тириклик бўлмас,
Паҳлавонлар асло туғилмас,
Аёлларнинг чеҳраси кулмас
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Ким аритар аёл ғамини,
Кимлар артар кўзин намини,
Ким ёқади ҳаёт шамини
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Шеъру достон ёзилмай қолар,
Зебу зийнат тақилмай қолар,
Упа-элик сурилмай қолар
Бу дунёда эркак бўлмаса.
Эрнинг қадрин билгин эй аёл,
Чалғитмасин ўзга бир ҳаёл.
Омад бўлмас, кулмайди иқбол
Бу дунёда эркак бўлмаса.
УМИДИМ ЎЧМАЙДИ
Ҳеч қачон умидим сўнмайди,
Умидсизлик шайтонларга мос.
Орзу қилиб яшанг одамлар,
Орзу фақат инсонларга хос.
Қандай гўзал кўринар олам.
Умид билан қадамингни бос.
Орзу асли энг олий туйғу,
Орзу фақат инсонларга хос.
Эй фарзандим, бир келар дунё,
Насиҳатим қулоғингга ос.
Чўққиларга интилиб яша,
Орзу фақат инсонларга хос.
ЁЛҒИЗЛИК
Тиқ этса эшикка қарайди,
Сочларин умидла тарайди,
Оллоҳдан неларни сўрайди,
Аёлни ёлғизлик қаритар.
Кутиш, кутиш…о, мудҳиш кутиш,
Кўп оғир ҳижронни унутиш,
Унданда оғирроқ тоқ ўтиш,
Аёлни ёлғизлик қаритар.
Эшиги ғирчиллар шамолдан,
Ҳам бахтли, бахтсиз йўқ аёлдан,
Оҳ, нелар ўтмайди хаёлдан,
Аёлни ёлғизлик қаритар.
Кўзгуга боқади бир маҳзун,
Бунчалар узоқ-а, қаро тун,
Юраги эзилар бир дилхун,
Аёлни ёлғизлик қаритар.
Донли бошоқ эгилади тўлган сайин,
Ерга дув-дув тўкилади теккан сайин.
Ер ҳам тўяр, қуш ҳам тўяр, чумоли ҳам,
Донли бошоқ кўпайсину бўлмасин кам.
Донсиз бошоқ эгилмасдан мағрур ўсар,
Эрта уни нелар кутар у бехабар.
Эгилсанг ҳам мевали бўл бу ҳаётда,
Донли бошоқ каби доим иноятда.
ТОБУТ КЕТАЁТИР
Тобут кетаётир лопиллаб,
Бир маҳзун тин олиб қарайман.
Қандай одам эди у марҳум,
Дея одамлардан сўрайман.
Кимдир елкасини қисади,
Таниш бўлса ҳамки бепарво.
Кимдир бошин чайқаб кетмоқда,
Кимдир қараб турар бемаъно.
Марҳум ёмон эди, деёлмай
Кўнгилда кечмоқда мунгли сас.
Қийналиб кузатдим уларни,
Дилда ўйим кучайди абас.
Ўтсанг, дўстлар сени соғиниб,
Яхши инсон эди, деса бас.
Шундай яшагинки ҳаётда,
Ўлиминг ҳам келтирсин ҳавас.
ДОНЛИ БОШОҚ
Сен ҳали ёшсан қўзим,
Не ўйли инсонлар бор.
Болам ҳали олдинда
Гоҳ тўсиқ,довонлар бор.
Ҳаётингда кўрасан
Не зайли замонлар бор.
Йўлинг гоҳ равон бўлса,
Гоҳ тўсиқ, довонлар бор.
Ниятингни пок қилсанг
Не мақсад имконлар бор.
Баъзан йўлинг боғловчи
Гоҳ тўсиқ, довонлар бор.
Бир ёмонга ўн яхши,
Инсоф-иймонлилар бор.
Лекин афсус, ҳаётда
Гоҳ тўсиқ, довонлар бор.
СЎНГГИ ЯПРОҚ
Бутоқда осилган энг сўнгги япроқ,
Уни аямасдан силкитар шамол.
Кузакнинг охирги кунида
Титраб-титраб узилди беҳол.
Сарғайган шугина япроқ ҳам
Узилмаслик учун тиришди.
Охирги умиди сўнгунча
Тўкилмай яшашга эришди.
ДОВОНЛАР БОР ОНА МАДҲИ
Онажон, бугун айлабон таъзим,
Мадҳинг куйлайин жўшиб баралла.
Қайда эди бахт, ютуқ, парвозим,
Меҳрибоним, сен айтмасанг алла.
Янграмасди шўх бу юрак созим,
Жонажоним, сен айтмасанг алла.
Энди ҳар ишга тайёр бўлайин,
Белингга қувват, мадор бўлайин,
Кулмасди иқбол иқрор бўлайин,
Онажон сен айтмасанг алла.
Қайдан бу завқлар гар зор бўлайин,
Меҳрибоним, сен айтмасанг алла.
Берган оқ сутинг оқлаб ўтгайман.
Ҳар эзгу сўзинг ёдда тутгайман.
Бу шод кунларга қандай етгайман,
Гар соғ ўстириб, айтмасанг алла.
Ҳалима шунча ашъор битгайми,
Меҳрибоним, сен айтмасанг алла.
Ҳар инсонга зарур бир дўсту тиргак,
Зарур энг меҳрибон умрдош зийрак,
Нафис туйғуларни сезгувчи юрак,
Бахту истиқболдан бергувчи дарак,
Сен фақат меники бўлишинг керак.
Ҳар бир ютуғимда сенинг ҳиссанг бор.
Меҳринг гўё қуёш, чеҳрангда баҳор,
Шул сабаб дилда завқ, иштиёқ бисёр,
Ҳаётимга киргил, эй гўзал малак,
Сен фақат меники бўлишинг керак.
Сенга ҳавас қилар барча йигит-қиз,
Мен учун дунёда бўлдинг энг азиз,
Дўстона ёрдаминг унутмам ҳаргиз,
Вафо осмонимда ёрқин камалак,
Сен фақат меники бўлишинг керак.
Ёнимдан ўтарсан гоҳо бепарво,
Ширин жонгинамга қиларсан жафо,
Кўзимдан сезмасанг кўнглим мабодо,
Ошкора сўзлайин дилдан бир истак —
Сен фақат меники бўлишинг керак.
Ўзга бахт излама, кўзларимга боқ,
Тақдир юлдузлари кўринсин порлоқ,
Умр дарёсида бирга-бирга оқ,
Кулиб боқсин бизга ёрқин келажак,
Сен фақат меники бўлишинг керак.
СЕН ФАҚАТ МЕНИКИ БЎЛИШИНГ КЕРАК
Писандмас бардошга на тоғ, на ғовлар,
Раҳна сололмагай ишққа бировлар,
Сочларга қўнсада кумуш қировлар,
Ҳалимага ҳамроҳ доим бир тилак —
Сен фақат меники бўлишинг керак.
ОҒИР САВОЛ
Онам бизни ўстирмоқда,
Устимиз бут, қорнимиз тўқ.
Дунё тўла дадаларга,
Нега бизнинг дадамиз йўқ?
Тенгларимиз дадам деса,
Термуламиз кўзимиз лўқ.
Бошқаларнинг дадаси бор,
Нега бизнинг дадамиз йўқ?
«Етим» сўзи жон-жонингни,
Тешиб кетар гўёки ўқ.
Она азиз, ўрни бўлак,
Нега бизнинг дадамиз йўқ?
Кўнгил ярим, оддий сўз ҳам
Эшитилар ургандай дўқ.
Ота сўзи бизга буюк,
Нега бизнинг дадамиз йўқ?
ЎЗИНГ АСРА
Ит ҳам ялоғини қизғонар,
Гўдак бермас қўлида нонин.
Во ажаб, учрайди ҳаётда
Асло рашк қилмаслар хотинин.
Рашки йўқ инсондан асрагин,
Бандаларга бергин нур, иймон.
Эркак аёлини қизғонсин,
Қизғонмаслар ёмондан ёмон.
КУЛИБ ҚАРАГАНДА
Нуридийда фарзанди бемор,
Волидаси туну кун бедор.
Онаизор бўлар бахтиёр
Кулиб қараганда боласи.
Миннати йўқ мудом парвона,
Бўлсин дейди соғу омон-а.
Ўзин қачон шод кўрар она —
Кулиб қараганда боласи.
Чарчоғи хам унут бўлади,
Уйда барака-қут бўлади.
Яшамоқдан кўнгли тўлади
Кулиб қараганда боласи.
СУРАТ
Титроқ қўлларимда бир сурат,
Хушбичим қиз кулиб турибди.
Тундек узун, қаро сочлари
Унга ўзга чирой берибди.
Чиройданми, севгидан мамнун,
Кўзларида ўзгача шукуҳ.
Унга боқарканман ногаҳон
Ич-ичимдан отилди бир «уҳ».
Наҳотки кўзлари порлаган
Шу санам, шу дилбар мен бўлсам.
Оқарган сочимни силайман,
Пичирлайман: «Дунё бири кам».
ДАРДИМНИ АЙТДИМ
Дардим айтдим бир дўстимга ишониб,
Сирим очдим унга кўнглимни ёриб.
Лекин ўша ишонганим менинг сиримни
Ўзгаларга айтди, лойларга қориб.
Сой бўйига бордим, ўйчан ва ҳорғин,
Арз қилдим сиримни, ортиқ-камимни.
Сой суви тинглади, чайқалди шу он,
Сувлар олиб кетди дилда ғамимни.
Муҳаббат қалбингга ин қурган ҳамон,
Чиройлидир, ҳатто замину замон,
Лекин қийнар энди бир нарса ёмон,
Севги хаёлидан ўзгасин унут,
Аёлга ярашар ҳаё ва сукут!
Ногоҳ учрашганда қизарса юзинг,
Майли, тилинг эмас, сўзласин кўзинг,
Дилинг ўртаса ҳам авайла сўзинг,
Ғурурингни сақла, ўзинг мағрур тут,
Аёлга ярашар ҳаё ва сукут!
Севги қаршисида қолсанг ҳамки лол,
Қийналма, ўкинма, эй қоши ҳилол,
Майлига пинҳона ошиқ бўлиб қол,
Эй Ҳалима, йигит изҳорини кут,
Аёлга ярашар ҳаё ва сукут!
ОРТИНГГА ҚАРА
Давлатманд бўлдим деб бурнинг кўтарма,
Ўзингни барчадан юқори тутма.
Секин фикр қилиб, ортингга қара
Аввали ким эдинг, асло унутма.
Ундай қилвораман, бундай қиламан,
Кошона қураман, сураман даврон,
Дея келажагинг башорат қилма,
Уни фақат Раббим билади, инсон.
АЁЛГА ЯРАШАР ҲАЁ ВА СУКУТ
Қадримга етгувчи қизларим,
Кўнглимга қарайсиз нақадар.
Бунчалар қалбимга ошносиз,
Жонимга яқинсиз жон қадар.
Жаннатга элтувчи қизларим,
Қадримга етгувчи қизларим.
Оқибатларингиз бир уммон,
Йиғласам йиғлаган ёнимда.
Мен учун ғамхўрсиз ҳар қачон,
Шодонсиз шодумон онимда.
Жаннатга элтувчи қизларим,
Қадримга етгувчи қизларим.
Бу ёруғ оламда яқинсиз,
Боқий дунёда ҳам кўмакдош.
Ҳадиси шарифда бир сўз бор:
«Қизи бахтли беҳиштга йўлдош».
Жаннатга элтувчи қизларим,
Қадримга етгувчи қизларим.
Сизларга бахт тилай қизларим,
Оллоҳдан олтиндан тахт тилай.
Ҳар доим чехрангиз барқ урсин,
Ўзим бўйларингдан ўргилай.
Жаннатга элтувчи қизларим,
Қадримга етгувчи қизларим.
ҚИЗЛАРИМГА ВАФОДОР БЎЛИБ
Бир кўрдиму ёнди юрак шайдо беқарор бўлиб,
Бағрим завққа тўлди гўзал гўёки баҳор бўлиб,
Шундан бери қийналаман йўлга интизор бўлиб,
Бош айланар кўзларимга ёруғ олам тор бўлиб,
Ой юзингни ахтараман бир кўришга зор бўлиб.
Қайлардасан, масканинг айт, кўчангдан бир ўтай мен,
Ё узоқдан кўрсам ҳамки, васлингга ёр етай мен,
Ақлу ҳушдан бегонадай бўлдим энди, нетай мен,
Сендан шифо излагайман ҳажрингда бемор бўлиб,
Оҳ, азизим, кутай майли қора сочим қор бўлиб.
Билармисан, сен шунчалар севиклигинг ўзингни,
Энтикаман ёнгинамда эшитгандай сўзингни,
Висолда ҳеч узмасайдинг кўзларимдан кўзингни,
Ҳаётимга киргил жоним, бир умрлик ёр бўлиб,
Ҳалима дер: «Сени бахтли этай вафодор бўлиб».
ЭЗГУЛИККА ИНТИЛИБ
Садоқатда ўтдим бир умр,
Нопокликка қўймадим қадам.
Фақат эзгуликка интилдим,
Балолардан асрагин Эгам.
Яшаб ўтай ҳалол, хокисор,
Ортимда қолдирай яхши ном.
Билганлар соғиниб эсласин,
Мен учун бу энг улуғ инъом.
ЭРИ СУЙГАН АЁЛ
Эй йигит, аёлинг кўнглига қара,
Бўлмасин юраги ҳижронда яра,
Сен учун оламда вафоли сара,
Эри суйганидан бахтли аёл йўқ.
Озор берма унга, ҳеч кечирмайди,
Аёл кўнгли нозик, синса битмайди,
Оғир кунингда ҳеч ташлаб кетмайди,
Эри суйганидан бахтли аёл йўқ.
Камчилик, йўқчилик унга чикора,
Сенинг озорингга чидар бечора,
Фақат сендан бўлса илтифот зора,
Эри суйганидан бахтли аёл йўқ.
Аёлга бойликмас, керак эътибор,
Уни ёлғизлатиб қўймагин зинҳор,
Аёл ёр ёнида мангу бахтиёр,
Эри суйганидан бахтли аёл йўқ.
СЕВГИМ БЕБАҲО
Наҳот ҳануз ишқим сезмадинг дилдор,
Мағрурлигинг мени айлади бемор,
Хаёлингда ўтар тунларим бедор,
Ўзинг қалбим ёқиб, бўлдинг бепарво,
Сен барибир менга дунёда танҳо.
Севги деган дардим мададкори сен,
Ўтсиз ёнган бағрим шифокори сен,
Ахир ҳаётимнинг гул, баҳори сен,
Мени ҳам севган кўп, билиб қўй аммо
Мен учун азизсан, дунёда танҳо.
Ҳажрингда кўзларим тўлди ёшларга,
Бош олиб кетмадим тоғу тошларга,
Боқмадим ё ўзга қалам қошларга,
Чунки юрагимни ўртар бир сиймо,
Мен учун азизсан, дунёда танҳо.
Қадримга етмадинг, хайр энди, жоним,
Сенга фидо бўлсин жону жаҳоним,
Сен менинг қалбимда қолган армоним,
Нетай, меҳрингни ҳеч кўрмадинг раво,
Лекин мангу яшар севгим бебаҳо.
ТАВБА ҚИЛСАНГ
Яхшилик қил, қайтар яхшилик,
Ҳеч кимсага қазимагин чоҳ.
Чин дилингдан илтижо қилиб,
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
Ютуқлардан гердайма асло,
Кулфат келар сездирмай ногоҳ.
Қайғу ғамдан қутулайин деб,
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
Билмай берсанг кимсага озор,
Гуноҳингга қўшилса гуноҳ.
Дил-дилингдан чекиб надомат
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
Такрор қилма хатоларингни,
Кеч бўлади сўнгги оҳу воҳ.
Тўғри йўлга қўйиб қадаминг
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
ТАҚДИР АЗАЛИМ
Сен менинг қисматим – тақдир азалим,
Пешонамга битган азиз илҳомим.
Сен туфайли доим бедорман – бедор,
Сен туфайли ўчмас мангуга номим.
Айланайин Раббим, ўзингга шукур,
Шундайин неъматни қилгансан раво.
Шу боис йўлларим доимо равон,
Шу эрур ёзмишим, айни муддао.
Ғам чексам ғуборим ёзгувчи шеърим,
Шод бўлсам илҳомга қўшилар илҳом.
Ҳар на бўлганда ҳам сен менинг бахтим,
Яхшими-ёмонми шоир деган ном.
ИЗЛАРМАН
Беш кунлик бўлса ҳам дунё аслида,
Орзу-армон бўлар одам наслида.
Севгим ғунча ёзган баҳор фаслида
Йўқотган бахтимни ҳамон изларман.
Не фойда топдилар айириб бизни,
Икки томон тортқилаб иккимизни.
Айрилиқда ўтказдик умримизни,
Йўқотган бахтимни ҳамон изларман.
ОЛИСЛАБ КЕТДИНГ
Узатсам етмайди қўлларим,
Узоқдан-узоқдир йўлларим,
Ботқоқдир ҳам ўнгу сўлларим,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
Чақирсам етмайди овозим,
Етмайди сен томон парвозим,
Торлари узилди шўҳ созим,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
Ҳар сўзинг эслайман туну кун,
Топмайин изингни мен дилхун,
Азиз, қадрлисан мен учун,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
Ҳар тонг туриб такрор ва такрор,
Ёд айласам сени неча бор,
Тиловатим бўлсин мангу ёр,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
ҲИЖРОНИНГ ҲАМ БАХТ
Тақдиримга сенинг севгингни боғлаб
Яратгандан шодман, беҳад чинакам.
Ҳиссиз одам билан юз йил яшашдан
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
Сени севганимга афсус чекмайман,
Ширин ёдинг билан яшайман ҳар дам.
Ўтган умримни гар сарҳисоб қилсам
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
Биллурдек соф қалбинг, умидинг чексиз,
Ироданг метиндек, мангу мустаҳкам.
Сенинг ҳаёлинг-ла яшай бошласам
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
Сенинг юрган йўлинг нурларга тўлсин,
Сендек эъзоз топсин ҳар битта одам.
Босган изларингни кўзимга суртиб,
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
Ҳар йигиту қизга омад ёр бўлсин,
Дилда эзгу ниятлар бисёр бўлсин,
Қариндошлар доим мададкор бўлсин,
Ҳар инсоннинг ёри вафодор бўлсин,
Суянчиғинг, содиқ дўстинг бор бўлсин.
Ғамда ғамдош, шодликда шод бўлар дўст,
Сенинг учун фақат зафар тилар дўст,
Икки дунёда ҳам вафо қилар дўст.
Ҳар балога қалқон дўстинг бор бўлсин,
«Мол» дўстингмас, «жон-жон» дўстинг бор бўлсин.
Сен қийналсанг бошин урармиш тошга,
Сен йиғласанг кўзи тўлади ёшга,
Ҳалима дер: «Дўст тенгдир ой, қуёшга».
Дўст борки, пок ҳислар барқарор бўлсин,
Ҳаммага ҳар куни у дийдор бўлсин.
ТОҒАЛАР
Дейдиларки, яхши тоғалар,
Еттита отага тенг бўлар.
Улар қадрин билинг ҳамиша
Дуо қилса дунёнг минг бўлар.
Тоғаларнинг меҳри уммондир,
Сингил боласига туганмас кондир,
Тоға унутмасин улуғлигини
Унутса, охири замондир.
СОДИҚ ДЎСТИНГ БОР БЎЛСИН ҚАДРИГА ЕТИНГ
Севгини ўйин билманг, уни асраб авайланг,
Синдирманг дил ойнасин, берманг беҳуда озор.
Минг-мингларча ошиқлар етмаган орзусига,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
Ота-она ғанимат, ҳаёт пайти қадрланг,
Ўксимасин кўнгли ҳеч, ёддан чиқарманг зинҳор.
Қанча-қанча инсонлар ўсган ота-онасиз,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
Фарзанд ҳаёт қувончи, арзимаган ғавғога
Ажралиб эру хотин болани қилманг абгор.
Қаердадир ким-кимлар етмаган тирноғига,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
АЪЛОСИ СОҒЛИҚ
Ҳаётда кўп бўлар қувончли дамлар,
Ёнингда дўстларинг сенга эш бўлар.
Бахт қадаҳи камроқ, баъзида тўлар,
Барча аълолардан аълоси соғлиқ.
Беморга мол-дунё кўринмайди,
Амал, шуҳрат жонга оро кирмайди.
Яратгандан ўзга ёрдам бермайди,
Барча аълолардан аълоси соғлиқ.
УМИДИМ КЎП ҲАЛИ…
Олам жозибали, қувончли бўлар
Дилга илҳом, ижод келган маҳали.
Ёшим бир жойдаю қаламим ўткир —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
Бижилдоқ, ғижилдоқ невараларим,
Шулар ҳаётимнинг боли-асали.
Қараганим сари завқим келади —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
Ҳаёт бир маромда ўтмайди асло,
Гоҳо ғамли бўлса, гоҳ шодлик гали.
Барибир саботла олға босаман —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
ИШОНЧ
Ҳаётнинг қоронғи сўқмоқларида
Адашдим, ёмонлар отди чоҳларга.
Гоҳ эгри, гоҳ баланд довонларида
Қалбимни тўлдирди оҳу воҳларга.
Эгилган қаддимни тиклаб оларман,
Барча зарбаларга бераман бардош.
Ижодим қалбимга ишонч сингдирган,
Имоним йўлимни ёритган қуёш.
ЧИМИЛДИҚДАН ЧИҚҚАН КЕЛИНЧАК
Бахтдан порлаб ёнар кўзларинг,
Ҳаё билан тўсдинг юзларинг,
Майин-майин ширин сўзларинг
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
Сен бахтлисан, бахтдан масрурсан,
Юрагингда ўзгача ғурур.
Ёринг билан мангу даврон сур
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
Сенда жамдир ибо, назокат,
Барқ уради ишқ тўла ҳаёт.
Тарк этмасин асло муҳаббат
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
ҲАВОЛАНМА
Парвоз этма самоларга
Бир кун ерга қўнишинг бор.
Ютуғингдан ҳаволанма
Ахир бир кун сўнишинг бор.
Оёғинг узилса ердан
Тақдирингга кўнишинг бор.
Инсонсан – инсондай яша
Шунда ўсиб, унишинг бор.
МУҲАББАТ ШИРИН
Севги қудратлидир, севги муқаддас,
Унда шодлик, висол, қайғу яширин.
Қанчалар ҳижрони бағрим тилмасин
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
Севгисига етмай бағри куйганлар
Етиша олмаган бирига бирин.
Ҳижрони аччиқдан-аччиқ бўлса ҳам
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
Етган бор, оламда етмаганлар бор,
Ҳеч кимса билмаган севгининг сирин.
Ишқ туфайли қийноқ, озор топса ҳам
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
ҲИЖРОНИНГГА БЕРДИМ ДОШ
Ташлаб кетдинг бевафо,
Кўзларимга тўлди ёш.
Қанча азоб тортсам ҳам
Ҳижронингга бердим дош.
Келдинг бир кун ёнимга,
Остонамга уриб бош.
Аммо қабул қилмадим –
Ҳижронингга бердим дош.
ШОИР ЎЗИ ШУНАҚА
(Ҳазил)
Ўчмас юрак олови,
Қўлида ишқ жилови,
Гоҳида одамови —
Шоир ўзи шунақа.
Доим давраларга бош,
Кексайса ҳам кўнгил ёш,
Чарақлаб турган қуёш —
Шоир ўзи шунақа.
Ишқ деб ёзар чарчамас,
Севгидан тўйдим демас,
Гўзаллар кўп, ғам емас —
Шоир ўзи шунақа.
Бирини кўзин севар,
Бошқасин ўзин севар,
Биттасин сўзин севар —
Шоир ўзи шунақа.
Шоҳу гадо бари бир,
Қилмайди юзи-хотир,
Фақат ҳақиқатни дер —
Шоир ўзи шунақа.
ЯХШИЛАР
Яхшиларга ҳар онда
Учрайди тўсиқ, довон.
Уларнинг ҳаётида
Севинч, алам ёнма-ён.
Ҳақсизликка яхшилар
Қараб тура олмас жим.
Уларни тўғри йўлдан
Қайтара олмас ҳеч ким.
Мангу яшаб ўтади
Покиза виждон билан.
Уларнинг ҳаёт тарзи
Кураш, шараф-шон билан.
БАНДАНГМАН
Бандам дегин Раббим ҳар маҳал,
Ибодатда бўлай бетакрор.
Мушарраф қил марҳаматингга,
Ғазабингга қилмагин дучор.
Билмам жойим дўзаҳ ё жаннат,
Мен бандангман, бордир гуноҳим.
Лекин дилдан садоқатдаман,
Кечиргувчи ўзинг Паноҳим.
КЕКСАЛИК ЗАВҚИ
Хизматингга шай бўлса фарзанд,
Неваралар турса асал-қанд,
Беморлик танангга бермаганда панд
Кексалик ҳам бир давр экан.
Чол кампир ёнида мададкор,
Иззат-ҳурмат бўлса пурвиқор,
Ризқу рўзинг бўлганда бисёр
Кексалик ҳам бир давр экан.
Тану жонинг бўлса саломат,
Яшаш тарзинг ҳузур-ҳаловат,
Кимса чектирмаса надомат
Кексалик ҳам бир давр экан.
Тўй-ҳашамнинг азиз меҳмони,
Ором олса роҳатда жони,
Ҳамроҳ бўлса инсоф, иймони
Кексалик ҳам бир давр экан.
ҚЎЙГИЛ ҲОЛИМГА
Болалигим ўтди мисоли чақмоқ,
Наздимда порлайди ёрқин ҳамма ёқ.
Ўксиниб эслайман, хаёлим тарқоқ,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
Товон қадар сочим бўй қизлигимда,
Олма каби таранг ой юзлигимда,
Аҳдимга вафода бир сўзлигимда,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
Ошиқлар юрарди йўлимда сарсон,
Муҳаббатдан сармаст, кўпирганда қон.
Гўёки бош эгар замину замон,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
Болаликни қўмсаб эзилар бағрим,
Ёшликни эсласам дил оғрир сим-сим.
У кунларга қайтмас ҳаётда ҳеч ким,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
БИР ШИРИН ДАРД
Муҳаббатинг чексиз алангасидир
Қалбимдаги ўчмас нурафшон ёғду.
Энг қимматли азиз бойлигим ўзинг,
Сенсиз чекар мангу юрагим қайғу.
Эҳтиросим зоҳир тутдим, сақладим,
Севгимни ҳеч қачон этмасман ошкор.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/halima-malikova/sizni-izlayman-69917986/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.