Хотинимнинг уруғидан ўргулай
Хайдар Мухаммад
Ҳайдар Муҳаммадни ўқувчилар шоир ва драматург сифатида яхши танийдилар. У кўп қиррали ижодкор бўлиш билан биргаликда бир қатор ичакузди ҳажвиялар, ҳангомалар муаллифи ҳамдир. Қўлингиздаги мажмуа-адибнинг энг яхши ҳажвия ва ҳангомаларидан тартиб берилган. Бу йил ўзининг табаррук 60 ёшини нишонлаган адибнинг ўз ўқувчиларига янги туҳфаси яхши таассурот уйғотишига ишончимиз комил.
Ҳайдар Муҳаммадни
Хотинимнинг уруғидан ўргулай: (Ҳажвиялар, латифалар, интермедиялар)
ХУШОМАД
Телефон дегани ишлаб турса ёмон нарса эмас. Олисингни яқин қилади. Мушкулингни осон, вақтингни тежайди. Баъзан менинг дилимни хушнуд, кайфиятимни чоғ ҳам қилади. Одам баъзан чарчаганда хушомадни ҳам ёқтириб қолар экан. Хушомад қиладиган одамларнинг 99 фоизи сенга бир нарсадан иши тушадиган одамлар бўлади. Мана, менга иши тушадиганлардан бири. Унинг хушомади менга ёқади, илтимосини, билмай бажаравераман.
Телефон номерини тердим. Трубкани хушомадгўйимнинг ўзи олди. Унинг майин овози трубкадан қулоғимга оқа бошлади: «Оҳ, оҳ, қадрдоним, дўстим, жигарим ҳозиргина Сизни ўйлаб, қўнғироқ қилсаммикан деб турувдим. Ҳизирни йўқласам бўларкан. Ўзингизнинг ширингина, ёқимли қўнғироғингиз жаранглаб қолди. Шундай олиб қулоғимга тутаманми денг, нафасингиз гупиллаб димоғимга урилиб турибди-да, ёқимли, қадрдон нафас, хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Қайнанангиз суйган йигит экансиз. Қайси қайнанам дейсизми? Ҳаммаси, ўнта бўлса, юзта бўлса қайнанайиз сизни бошиздан сув ўгириб ичади. Сизга ўхшаган дуру якдона бораканми? Тўғрисини айтсам ҳақиқий ўғилбола йигитга учта қайнана етмайди. Ҳа. Етмайди. Сиз қаҳрамонлик қилиб, битта қайнана билан юрибсиз. Офарин. Орден бериш керак. Қизил китобга ёзиш керак. Ҳа, айтгандай, гапнинг ўғил боласи эсдан чиқай депти-ю. Шу десангиз, келинингиз эрталабдан сомсага уннаган. Свежий сўйилган гўшт обкелгандим. Келинингиз, кўз тегмасин, ҳусни жамолига яраша пазандаям-да, сомсани илик қилиб юборади. Оҳ, оҳ, оғзингизга солсангиз ўзи эриб кетади. Мен ҳеч нарсани билмайман, ҳозир келасиз, вассалом, бир сомсахўрлик қиламиз. Сервантнинг бурчагида беш юлдузли, уч-тўртта арман коняклари зерикиб ётипти. Келинг, юлдузларни бенарвон урамиз. Ростини айтайми, роса соғиндим. Ё сомсани тоғорага тугиб, тагига грелка қўйиб машинада ғирр этиб олиб борайми? йўқ, деманг, жон ака, бир тушган иш, хўп денг… Барибир бораман. Уйдан жилмай турасиз. Хафа бўламан. Майлими? Яшанг. Энди кейинги дам олиш кунлари бир четроққа чиқиб салқин сувларнинг бўйида бир ош-пош қилайлик. Қимиз опкеламиз. Шопириб-шопириб ичамиз. Оҳ, оҳ, тортинманг. Машина бор. Бу омонат дунёда ҳадеб ишлайвериш керакми? Нима ишлашга туғилганмисиз? Гапни тўғрисини айтайми, энди «йўқ, йўғи» нгизга қарамай ошши ҳаражатини қилиб, қўрани олиб, сизни машинага босиб олиб кетаман. Ҳа, айтиб қўяй, шунақа резкийроқ одатим ҳам бор. Қани, йўқ деб кўринг-чи, жононларга арз қиламан. Раҳмонберди Каримбердиевич олдидан табассум билан эмас, ҳўмрайиб ўтасанлар. Саккизинчи мартда гул совға қилса, олмайсанлар, дейман. Ҳа, биз арз қилиш йўллариниям биламиз. Гап тамом, вассалом. Сомса билан йўлга чиқяпмиз.
Бирпас роҳат қилдим. Келади қурғур, бир ишни ундириб ҳам кетади. Ундан кейин емаган сомсагаям иш ундиради.
Телефон шунақа…
ТАНИШ ЯХШИ-ДА
Мен чой қўйиш учун човгум кўтариб эркаклар ҳожатхонасига кириб умивальникдан сув тўлдираётган эдим, орқамдан биров дағдағали ҳукмрон овозда:
– Плита борми деймам?– деди.
Мен билдим, янги келган пожарний команданинг ходими. Ҳа, бор десам, «Хонада чой қайнатиш мумкин эмас», деб шартта човгумни қўлимдан олиб 25 сўм штраф қилиши мумкин. Олдингиси шунақа қилган. Шунинг учун ярим тушунмайдиган овозда: «Йўқ,– дедим. У ҳақиқатдан тушунмади, шекилли. Овозини бир парда баландлатиб, «кипитильний борми, девоман?»деди менсимай ғолибона. Индамадим. У сукут аломати ризо дегандек, кипитильник борлигига ишонч ҳосил қилди шекилли. «Бўлмаса…» деб гап бошлади-да, бирдан бир поғона паст тушиб:
– Ака, шу ходимларимизга айтинг, шамани туалетга тўкишмасин,– деди.
– Хўп ходимларим йўғу лекин ҳар замонда бир пиёла чой ичиб турмасам, бошим оғриб, томоғим қақрайди. Лекин хотиржам бўлинг, шамани туалетга тўкмайман. Идиш бор,– дедим.
Аввал менинг савлатимдан раҳбар деб ўйлаган экан, шекилли. Гапимдан кейин қўрсроқ гапира бошлади.
– Укам, бир огоҳлантираман, иккинчи марта кўрсам, шартта қўлиздан тортиб олиб, 50 сўм штраф қиламан. Кейин худога бориб ялинсангиз ҳам тўғри келмайди. Мени феълим шунақа, оловни орасида юрган одамман,– деди човгумни ҳозир тортиб оладигандек зарда билан.
Бу гап менинг ҳам бир оз асабимга тегди-да:
– Хўп пажарний ака… мунча дўқ қиласиз. Чой ичмасак, хонага ароқ олиб келиб ичиб турармиз. Вой-бу, шунга ҳам ота гўри қозихонами?—дедим беписандроқ келиб, ярим ҳазил.
– Ҳа, мулла йигит, ота гўри қозихона, ўт тушириб юборсангиз миллион сўмлар ёниб кетади. Ким жавоб беради? Сизни қақраган томоғизми, ёки оғриган бошизми? Унда кўплар панжарада бўлади. Ароқ ичсангиз, биргина ўзингизга жавоб берасиз, – деди жиддий. «Икки марта хонада ароқ ичинг, думингизга челак боғлаб юборишади» деган мазмунда.
– Пияниста бўлиб қолсам ким жавоб беради?
– Майнавозчилик қилманг. Сиз билан пожариий команда ипспектори Мирбадалов гаплашяпти. Сиз ортиқча яна битта гапирсангиз тегишли жойда гаплашиб қўяман. Ҳа, мен ўз номимга яраша ўтдан-сувдан тоймайман.
Бу Мирбадалов дегани ким экан, деб орқамга қарасам, олдинги маҳалламиздаги Мирсолаканинг ўғли Мирҳоди экан. Мендан уч-тўрт ёш катта, элликлардан сағал ошган. Танидим. У ҳам таниди.
– Ия, Аптикариммисан?—деди қадрдонлар овозида.
– Ҳа, ўша, ёнғоқ ўйнаб юрадиган Аптикаримман,дедим мен, пожарний ака таниш чиқиб қолганидан қувониб.
– Анча йилдан бери ишлайсанми бу ерда?
– Ҳа, 17 йил бўлди.
– Мен бир ҳафта бўлди, бу ёққа ўтганимга. Хафа бўлма мени гапимга.
– Йўқ… вазифангиз…– дедим ён босиб.
– Майли, чойни қайнатиб ичавер лекин, кипитильнийни ичиб бўлганингдан кейин тортмангга бекитиб қўй. Ҳеч ким кўрмасин. Қолганларникини ҳаммасини битта қўймай олиб (Қўяман,– деди ўзини қаттиққўллигини билдириш учун.
Сўнг чой қайнатиб ичдим. Ҳузур қилдим. Хаёлимдан «таниш яхши-да» деган фикр айланаверди. «Бўлмаса пияниста бўлиб қолармидим» деган ҳазилга ўхшаш гап ҳам ўтди. Лекин янги бинода бакда доим сув қайнаб турармиш, чой дамлаб ичиш мумкин бўлади, деган гаплар ҳам эсимга келди. Лекин мана янги бинога уч йил ҳам ўтяпти. Ҳали бак бирон марта қайнагани йўқ.
«ДЕЗДИМОНА»НИНГТУҒИЛГАНКУНИ
Артистлар… артистлар… ноёб таланг саҳна учун, ҳаётда ўз манфаати учун «артист» бўлиш ёмон. Театр инстнтутининг студентлари бўлажак артистлар. Аслида зўрроқ артистлар шулар. Ролга кирса қийиб қўяди. Нақ ўзи бўб кетади. Гапириб беришларига қараганда бир куни қаттиққўл домланинг икки пара дарси Ойҳожи – Дездемонанинг тугилган кунига тўғри келиб қолади. Курсдошлари кесатибми, ёки ҳақиқатан Дездемона ролини ўзини тайёрлаб юргани учунми, ёки баланд бўйли, қора, сочи жингалак йигит Отелломан деб шилқимлик қилиб юргани учунми, ҳарқалай Дездемона дейишарди. Ким бу лақабни тарқатгани ҳозир ҳеч кимнинг эсида йўқ. Дездемона, Дездемона бўб кетган. Ўзиям бу лақабни ғурур билан қабул қилган. Театр институти студентларига бу масалада худо беради. Лақаб қўйиш, тақлид қилиш, устидан кулишда рекорд қўйишади. Нима балоларни ўйлаб топишмайди дейсиз.
Тарас Булба – асли оти Қобилжон. Ўзига унча ярашмасди, ўстириб тақа мўйлов қўйгани учун юзи ялпоқ, калласи катта бўлганлиги Тарас Булбанинг сувратига қаеридир ўхшаб кетади. Шунинг учун Тарас Булба деб юборишган. Тарас Булба курсдошларига:
– Йигитлар, қизлар! Бугун туғилган кунга эртароқ кетамиз. «Ана шундоқ, ана шундоқ» домлани касалга чиқарамиз. Келишдикми ?
Ҳамма баравар, «келишдик» дейишди. Кираверишда, аудиторияда, коридорда иккита-иккитадан, учтадан турадиган бўлишди. Улар домлани кўриш билан: «Вуй, домла нима бўлди рангингиз ўзгариб кетибди» дейишга келишишди. Ҳаммаси келишган жойларига жўнашди.
Ана, домла сариқ портфелини гўё оғир юк кўтаргандай бир ёққа қийшайтириб кўтариб кела бошлади. Кўринишидан яхши ухлаб дам олган, отдай гижинглаб, мамнун саломлашиб келаверди. Биринчи учлик олдига пешвоз чиқиб, бирин-кетин:
– Ассалому алайкум, домла! Вой, нима бўлди?—Мазайз йўқми? Рангингиз оқариб кетибди,– дейишди.
– Салом, салом… Яхшиман, отдайман,—домла бепарво илгарилаб юрди. Фоэдаги иккилик домлани қаршисига ўтди.
Новча гап бошлади:
– Яхши келяпсизми, домла? – иккинчиси келиб илиб кетди:
– Вуй домла, тобингиз йўқми? Кўзларингиз ичига ботиб турибди. Яхши ухламадингизми?—деди ачингандай бўлиб образга кириб.
– Йўқ, нега? Ҳа, кечаси бироз ўйқум қочгандай бўлувдими,– деб домла хаёлан тунини эслади.
– Вой, домлажон, бепарво бўлманг, дўхтирга қаратинг, ҳа, бепарво бўлманг, қўшнимиз шунақа бепарво юравериб…
– Худо кўрсатмасин, пақ этиб…– деди иккиликнинг ўрта бўйлиси ачиниброқ.
– Қаратамиз… Жа унчаликмас.
Коридорда турган жингалак соч йигит келиб, қўлини чўзиб, юзига тикилиб:
– Ассалому алайкум, домла…– деди. Домлани алик олишига ҳам қўймасдан «давомини» тўкиб солди.– Шу ҳолда ишга келавердизми, фидойилик ҳам эви биланда, домлажон. Қаранг, рангингизни, – ёнидан ойнача олиб юзига тутди. Оқ деворнинг яқинида турганлиги, унинг устига неон чироғи ўчирилмаганлиги туфайли юзи оқариб, рангпар бўлиб кўринди.
– Дарвоқе, юзим сағал ўзимга ҳам ёқинқирамай турибди. Уйдан чиқаётганда яхшийдим, шекилли…—Домланинг ўзига шубҳаси ортди.
– Сағалмас, домлажон, росмана рангингиз бўзариб кетган. Бепарво бўлманг. Домлажон, сиз бизга кераксиз.
Ҳа… Домлани юрагига росмана шубҳа тушди. Бирдан юраги санчгандай бўлди. Лекин эътибор бермагандай деканатга кириб, шошилинч пальтосини ечиб чиқди. Аудитория эшиги олдида кўзларини пириллатиб турган «Дездемона» саволга тутди:
– Домлажон, ассалому алайкум, ҳамма студентлар жам, дарсни бошлаймизми?
– Бошлаймиз,– деди домла, лекин овози хастароқ чиққандай бўлди.
– Домлажон, кўзимга сағал мазайз йўғроқ кўриняптими?.. Нима бўлди?.. Рангингизда қон қолмаптию… Вуй, қўйинг, бугун дам олинг, ўзимиз тайёрланиб келақоламиз.
Бирдан домланннг юраги санчди. Тер қуйди. Студентлар бир-бирига маъноли қарашиб стул беришди. Домла беҳол ўтирди. Кимдир «тез ёрдам»га югуриб чиқиб кетди. Йигит-қизлар домлани елпиган, қоровулдан қанд чой топиб келган. Бир вақт бўйнига плендаскоп осган ёшгина «тез ёрдам» врачи кириб келди. Орқасидан дори-дармон кўтарган семиз ҳамшира кирди.
Врач домланинг юрагини эшитар экан;
– Инфаркт, касалхонага…—деди. Домлани медицина замбилида машинага олиб чиқиб кетишди. Студентлар қиқирлашиб «Дездемона»нинг туғилган кунига жўнашди. Йўлда Тарас Булба:
– Келаси ҳафта Отеллонинг туғилган куни,– деди.
ЯША, ШУНАҚА ВОҚЕАЛАРДАН ЁЗИ Б ТУР!
Икки дўст – Тўлаган билан Раҳимжон армияда бир взводда хизмат қилишарди. Бир куни Тўлаганга хат келди. Тўлаган постда эди. Раҳимжон «хат билан Тўлаганни бир хурсанд қиламан» деб хатни олди. «Кимдан экан» деб қараса, «О. Маҳкамова» деб ёзилган. «Ия, бу қайси жонондан экан, писмиқ, айтмайдиям» деб секин пичоқнинг юзи билан конвертни қопқоғини очаётган эди, қирқворди. «Майли, нима бўлса бўлди», деб хатни олиб ўқиди. Қараса, жонондан эмас, шоир дўсти Маҳкамовдан экан. Русчасига «от Маҳкамова» деганини тушунган экан. «Энди очилган хатни бериш одобдан эмас, яхшиси йиртиб ташлайман, билиб ўтирибдими? —деди-да, йиртиб, ахлат яшикка ташлади, Лекин дўстига хиёнат қилганидан кўнгли ғаш бўлаверди. Юрса ҳам, турса ҳам хаёлидан кетмасди. Уч кун чидади. Тўртинчи куни «Яхшиси кечирим сўрайман» деб қатъий фикрга келди. Тўлаган «Красный уголок»да газета ўқирди. Раҳимжон олдига бориб ялипчоқ оҳангда.
– Яхшимисан?– деди.
– Ҳа, маъюссан, тинчликми?– деди Тўлаган.
– Тинчликка, тинчлигу лекин бир хижолатлик иш қилиб қўйиб, узр сўрагани келдим,– деди елкасига қўлини қўйиб.
– Ҳар қандай дарёдан кечиртирвораман, нима гуноҳ қилдинг?—деди ҳазил аралаш Тўлаган.
– Гуноҳим шуки, дўстим, сенга келган хатни очиб ўқигандим, «от Маҳкамова» деганига бирон жонондан бўлса керак деб ўйласам, оғайнингдан экан, сўнг очиқ хатни беришдан ҳижолат тортиб йиртиб ташладим. Гуноҳим шу, кечир, дўстим.
– Шуми?
– Шу.
– Ташвиш тортма, нима ёзган экан?—деб тантилик қилди.
– Охиригача ўқимадим. Шеъри ҳам бормиди-ей,дудмал қилди Раҳим.
– Зарари йўқ. Жавоб ёзиб юбораман, – деб Тўлаган Раҳимжонни хижолатдан қутқарди. Раҳимжон енгил тортди. Оғайнисини бағри кенглигидан хурсанд бўлди.
Тўлаган кечқурун гўё хатни олиб ўқиганидан хурсанд бўлиб Маҳкамовга хат ёзди:
«Обиджон хатингни олиб чексиз хурсанд бўлдим. Шеъринг ҳам зўр чиқибди. Ёзган янгилигинг мени беҳад қувонтирди. Ана шунақанги мени шодлантирадиган воқеалардан ёзиб тур. Сенга бир дунё илҳом тилаб дўстинг, Тўлаган». Хатни конвертга солиб тезда жўнатиб юборди.
Тўлаган билан Раҳимжон хизматни бажо қилиб юраверишди. Орадан 17 кун ўтгандан кенин Обиджондан жавоб хати келди. Тўлаган дўстининг дарров жавоб ёзганлигидан хурсанд бўлиб, конвертни ёнини қиймалаб очиб, қисқа, ярим бетча ёзилган хатни ўқидию қулоғигача қизариб кетди.
Хатда бундай ёзилган эди: «Дўстим, Тўлаган, наҳотки сен отамнинг вафотидан чексиз хурсанд бўлган бўлсанг. Яна шунақа воқеалардан ёзиб тур дебсан, онам ўлишиниям кутаётувдинггми? Бу гал сени албатта, шодлантира олмайман. Дўстлигимизни бунчалик мўрт, сени шунчалик енгилтак деб ўйламаган эдим. Балли… Обиджон».
Тўлаганнинг боши айланиб кетди.
ХОТИНИМНИНГ УРУҒИДАН ЎРГИЛАЙ
Хотинимнинг қизиқ одати бор, бошқа хотинларда ҳам шунақа одат борми? Йўқми?.. Билмадим. Агар бошқа хотинларда ҳам шунақа одат бўлса унда ҳамма хотинларнинг уруғи бир деса бўлаверади.
Мана, унинг одатидан бир шингил. Мен уйга ичиб келган куни кўзлари олайнб сўрайди:
– Яна, ким билан топиша қолдингиз?—деб.
– Ҳа, оғайним билан учрашиб қолувдим…– десам, тамом магнитафон айланиб кетади:
– Ҳа, нима кўп, итти божасн кўп дегандек, сизнииг оғайниз кўп. Ҳали институтда бирга ўқиган, ҳали бирга ишлайдиган, ҳали биттасини ўғил тўйи, биттасини қиз тўйи, ойлик олган кунингиз, ҳали пахтада танишган дўстиз, ҳали касалхонада бирга ётган оғайниз. Ҳали бир нарсадан хунобсиз. Бунинг чеки бўлади-ми? Йўқми? Ичкилик балоси бир кун бошиззи ейди. Бир кун кўчада гандираклаб, сўлакайиз оқиб, кўзиз жиннини кўзидай бемаъно боқиб кетвотганизда, бир ўпкасини қўлтиғлаган машина қоқади кетади, ундан кейин, кўзиз мошдай очилади. Йўқ кўзиз юмилади. Ана ундан кейин худо кўрсатмасин мана бу арзандалариз… айтишга тилим бормайди… деб узоқ жаврайди. Ичган бир стакан ароғим, еган яримта шўр бодрингим ичимга заҳар бўлиб киради. Ҳа, ишонаверинг.
Агар хотиним:
– Яна ким билан тотина қолдингиз?—деб сўраганда:
– Аканг Абдуллони кўрувдим. Қўймай ресторанга олиб кирдим. Шунга ичишдик…– десам, магнитафоннинг лентаси ағдариб қўйилади.
– Акмал акам яхши юрганканлами? Болалари тинчканми? Ойимла нега уч-тўрт кундан бери келмаётганаканла, соғлиқлари яхши эканми? Адамла курортдан кептилами?—деб юмшоқ оҳангда саволларга кўмиб ташлайди. Ҳаммасига «ҳа», ё «йўқ» жавобини олгач: «Адаси, ана калавотга жой тайёрлаб қўйдим. Кириб ётақолинг, бир ухлаб турсангиз, тиниқиб турасиз», дейди. Камина дўмбиллаб кириб кетиб ётадилар. Кайфим ва кайфиятим яна юз чандон кўтарилади.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/haydar-muhammad/hotinimning-urug-idan-urgulay-69917950/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.