Муҳаббат йўлида
Закирджан Халмухаммад-оглы Фуркат
"O'zining betakror ovozi va iste'dodiga ega Zokirjon Holmuhammad o'g'li Furqat nafaqat o'z ijodi, balki xalqning ma'rifatli farzandi, shoir, tarjimon, publisist sifatida ham o'zbek mumtoz adabiyotida mustahkam o'rin egallagan yirik iste'dod egasidir. Shorining ayrim g'azallari mashhur hofizlarimiz tomonidan kuyga solinib ijro etilgan va xalqning dilidan mustahkam joy olgan. E'tiboringizga havola etilayotgan mazkur she'rlari shoir ijod olamining eng sara gulg'unchasi desak mubolag'a bo'lmaydi. Aziz kitobxon! Umid qilamizki, Furqat g'azallari mutolaasi sizning shoir ijodiga bo'lgan muhabbatingizni yana bir karra oshiradi."
Фурқат
Муҳаббат йўлида
ФУРҚАТ ВА ЗАМОНАМИЗ
XIX аср охири ва XX аср бошларидаги ўзбек адабиётида шоир Фурқат ижоди алоҳида ўринга эга. Шунинг учун ҳам унинг ижодий мероси Ўзбекистонда кенг ўрганиб келинмоқда.
Икки оғиз сўз Фурқатнинг таржимаи ҳоли ҳақида.
Фурқат 1858 йили Қўқон шаҳрида туғилди. Шу ерда ўқиб таълим олди. Сўнг янги Марғилон, Хўжанд шаҳарларида бир оз вақт яшади. 1889-1891 йиллари Тошкентда турди. Бу ерда у маърифатпарвар сифатида шаклланди. Сўнг 1891 йили Тошкентдан чиқиб Самарқандга борди. Сўнг чет элларга кетди. “Миср ила Истанбулу Булғорларни” кезди. Маккаи Мунавварани зиёрат этди. Сўнг шоир ёзади:
Икки ойдурким, келибон Маккадан Бўмбай даен…
Фурқат Ҳиндистонни сайр этди, Кашмирда бўлди, у ердан Хитойга қарашли Ёркент шаҳрига келиб, шу ерда муқим яшаб қолди.
Фурқат 1913 йили Ёркентда вафот этди. Оромгоҳи ҳозир ўша ердадир.
Фурқат XIX асрнинг учинчи чорагида адабий майдонга кириб келганида ёш талантли шоир сифатида Қўқон адабий муҳитида тезда эътироф қозонди. Унинг устози ҳаммаҳалласи шоир Нисбатий бўлган. Сўнг Нисбатий орқали шоир Муқимий билан танишди ва улар ўртасида ҳам ижодий, ҳам шахсий дўстлик ўрнашди. Бу дўстона ҳамкорлик то Муқимийнинг вафотигача давом этди.
Фурқат ижодининг бошида унинг ёзган ғазаллари мумтоз адабиёт намуналарига хос латиф лирик лавҳалардан иборат. Унда ёр гўзаллиги, унинг нафосатли суврати, безакларининг ўзига ярашганлиги, дилни мафтун этувчи фусункор чиройи ўз аксини топган. Фурқат улуғ шоир Фузулий шеъри таъсири остида бундай гўзал мисраларини яратган эди:
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларинг,
Ғозидин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.
Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳул,
Рўймол оғушидин пешонанинг аҳволи танг.
Бори нозук панжалар олтун узукдин зебнок,
Қўл биларзукдан музайян, нуқрадин оғизда чанг…
Аммо 1875-76 йиллар Қўқон хонлигида юз берган алғов-далғовлар, қонли урушлар, ўлканинг Россия чоризми томонидан босиб олиниши, мамлакатда юз берган моддий ва маънавий хонавайронликлар Фурқат ижодига сиёсий йўналиш берди. Унинг ўзи хабар берадики, бу воқеаларни тасвир этувчи бир тарих китоби ёзган. Аммо бу китоб ҳалигача бизга таниш эмас. У тахтдан ағдарилган ва чоризм томонидан сургун этилган Қўқон хони Худоёрхон тилидан ёзган мухаммасида садоқатсизлик ва сотқинликни кескин айблайди:
Бошингга тушса иш биз бош берай деб лоф урганлар,
Ўзим бирга ҳама давлатни ҳам, роҳатни кўрганлар,
Шукуҳи шавкатимни балки мендан яхши сурганлар,
Бузиб аҳдин ёмонлиғ кунда мендин юз ўгирганлар,
Бугун ул кўрнамаклар, аҳди ялғонлар қаён қолди.
Чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати халқ ҳаётини янада оғирлаштирган эди. Халқпарвар шоирнинг қалби элу юрт бошига тушган балолардан; бозорнинг касодлиги, ҳунарманд усталарнинг иши юришмай синаётганлиги, номуносиб кимсаларнинг ёмонлик билан иш тутиб бойиб бораётгани, элу юрт ғамини чекувчиларнинг дил кўзгусидаги доғларни алам билан тасвирлаб ёзади:
Не журм ўтдики, биздин бунчалик Фарғона танг бўлди,
Яна бозори йўқдин халқимиз неча гаранг бўлди,
Кетиб дастмоя қўлдин устакор аҳли саранг бўлди,
Неча парвоси йўқлар базмида қонуну чанг бўлди,
Анингчун яхшиларнинг дилларин кўзгуси занг бўлди.
Фурқат ҳаётида Тошкентда яшаган даври алоҳида аҳамиятга эга. Фурқат ўз халқининг замонавий турмуш тарзига эришмоғини тилар эди. Бунинг учун илм-маърифат эгаси бўлмоқ керак.
Шоир мамлакатда маориф ривож топишини, кишиларимизнинг илм-фан чўққиларини эгаллашларини чин юрагидан тилар, маърифатпарварлик ғояларини эҳтирос ва илҳом билан ташвиқ этар эди.
Жаҳон басту кушоди илм бирла,
Нодур дилнинг муроди иш бирла.
Кўнгулларнинг сурури илмдандур,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандур…
Фурқат Ҳижозга бориб Макка зиёратини адо этгач, у ўз ватанига қайтиб кела олмади. Сўнгги деярли икки ўн йиллик умри ғурбатда ўтди ва охирига етди. Бу тўғрида шоир чуқур дард билан ёзган эди:
Айди, эй бечора, нечун айладинг тарки ватан,
Мен дедим, ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда.
Аммо Фурқат ўз ватани Ўзбекистонни жону дилидан севар, у ердаги ёру биродарлари, яқинларини соғинар, уларга дуолар йўллаб таскин топмоққа ҳаракат қилар эди:
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирлан,
Туруб эрдим қутулмай ғуссау ранжу инолардин.
Ўзбекистон мустақиллиги мумтоз адабиётимиз ёдгорликларини кенг ва ҳар томонлама ўрганмоқ ва ташвиқ этмоқ учун кенг имкониятлар яратиб берди. Фарғона вилояти ҳокимияти ва жамоатчилигининг ташаббуси билан нашр этилаётган ушбу Фурқат шеърлари тўплами ҳам шундан нишон беради. Фурқатнинг ижодий мероси ранг-баранг ва сермазмун. Биз уни муттасил тадқиқ этиб бормоғимиз шарт. Бу ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эгадир.
Азиз ҚАЮМОВ, академик
2010 йил, март
ҒАЗАЛЛАР
«Баҳор айёми бўлдию, тушубдур бошима савдо…»
Баҳор айёми бўлдию, тушубдур бошима савдо,
Ки лола баргидек кўнглумда юз минг доғлар пайдо.
Насими хуш тегиб, бўлди ҳама ер сабзау ҳуррам,
Бисоти ранг-барангдин топти зийнат боғ ила саҳро.
Димоғига тегиб накҳат, хуруш айлаб чаман аҳли,
Бири қумри, бири тўти, биридур булбули шайдо.
Аён этмиш ўзини, юзларидин бурқаин ташлаб,
Бири гулдур, бир наргис, бири савсан, бири раъно.
Худони санъатидин гул чиқармиш чангалистонлар,
Кўкарди санги хородин ажойиб лолаи ҳумро.
На мумкин борина азми тамошои чаман этмоқ,
Они ҳар бир гулидур жонға гўё наштари хоро.
Паривашларни доғи бир тараф, кўнглумда юз минг ғам,
Тўлуб-тошар юрогим дам-бадам монандаи дарё.
Кима айтай бу ўтлуқ ҳасратимни, эй мусулмонлар,
Ҳама жисмим куюб ахгар бўлубдур, қолмайин асло.
Асири дарди ҳижронинг бўлубдур мубтало Фурқат,
Чу қумри доимо йиғлаб, деюр фарёду вовайло.
«Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо…»
Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо,
Қадди мавзунинг хаёли сарв илкиға асо.
Мақдаминг ташрифидин, эй, навбаҳор ижод шўх,
Очди гулшан ҳар гулининг баргидин дасти дуо.
Чарх майдониға сурдинг тунд, эй, чобуксувор,
Етмасун пойи самандинг наълиға гарди қазо.
Чашми мардум рухларинг миръотидин касб этти нур,
Дил кўзи айлар анинг-чун хоки пойинг тўтиё.
Жуз хати лаълинг мени дилхастага манзур эмас,
Хизр зулматдин кетурса, боқмағум оби бақо.
Май ичиб тонг отқуча, рашк айлабон хуноби ғам,
Ғайр ила соғар чекиб ҳар қайда сен, эй, дилрабо.
Азми бозор айладинг ҳар су боқиб танноз ўлуб,
Неча юз минг аҳли дониш бўлди ақлидин жудо.
Пойбўсинг орзусида ҳамиша жон чекиб,
Ўлтурур доим йўлингда Фурқатий бедасту по.
«Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво…»
Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво,
Вей, фатонат иқтидорида Фалотундин расо.
Оразингдин хира моҳу офтоби ховарий,
Гарданинг байзолиғидин тийрадур субҳи сафо.
Сафҳаи рухсоринг авроқида хатлар ёзилан,
Мисраи баржастаси мазмунидур во-ҳасрато.
Жилва савдоси билан кулбам сари қилғил хиром,
Мақдаминг тупроғидур жон дийдасиға тўтиё.
Мушки анбар бўйи кўнглумни паришон айлади,
Кош келтурса шамими сунбулунг боди сабо.
Қосидеким еткурур кўйинг фазосидин хабар.
Сонурам билфавр келди ҳудҳуди шаҳри Сабо.
Кулбаи эҳзонда доим зор Фурқат интизор,
Кўз уйин ашкида ғалтон ашкидин бедасту по.
«Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга…»
Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга,
На эмиш бир жон фидойинг, айлагай минг жон санга.
Бисмил ижод айлади қотил кўзинг бир йўл боқиб,
Қон ила оғушта айлаб кўрсатур юз жон санга.
Дастаи райҳон узоринг, хатти бир гулдур юзинг,
Андалиби мастдек ушшоқлар нолон санга.
Рашҳаи нолам Масиҳоға етар ҳар кечаси,
Мунча фазли савт бермиш ҳазрати Раҳмон санга.
Одам ичра кўрмадим сендек пари рухсорни,
Жаннат ул-аълода таҳсин айлади ғилмон санга.
Қайси бир боғи Эрамни булбули хушхонисен,
Ё магар Довуддин мерос бу илҳон санга.
Хол эмасдур сафҳаи ҳуснунгда мушкин нуқталар,
Хатти лаълинг ёзди мисраъ хомаи Яздон санга.
Асрасун ҳосид кўзидин ҳазрати Қаҳҳор эгам,
Айласун юз пора душман бор эрур чандон санга.
Номуносиблар юзиға очмағил ҳаргиз басар,
На равоким, ўлса манзури назар бир он санга.
Қил карам Фурқат қулунгға ушбу журмидин ўтуб,
Бир мувашшаҳ айлади густаҳ ўлуб жонон санга.
«Сунбули зулфинг эрур азбаски, эй, дилбар, қаро…»
Сунбули зулфинг эрур азбаски, эй, дилбар, қаро,
Мушк ила олди хижолатдин Хўтанга сар қаро.
Кокилингни накҳатидин рашк ўтида куюб,
Бўлди ўз жисмини дудидин ўзи анбар қаро.
Кокилу холу хатин кетмас қаролиқ зийнати,
Бу варақни айлагандур холиқи акбар қаро.
Кокилинг торини ҳарсў тебратиб боди сабо,
Бахтим ила рўзгорим айлади яксар қаро.
Касб айлаб нуқта холингдин шаби ялдо савод,
Бўлди шоми тийра-тийра зулмати тар қаро.
Дилбаро, хаттинг саводидин юзинг зийнат топиб,
Мусҳаф ичра филмасал зебо эрур аҳмар қаро.
Шавкати ҳуснинг учун боли ҳумони сояси,
Бўлди сочинг аксидин бошингда ё миъжар қаро.
Бул қароларким, кўрарман сенда онинг олдида,
Йўқ жилоси арсаи оламда бордур ҳар қаро.
Қошларинг ёйин муқаввас айласанг Фурқат учун,
Тийри дилдўзидурур мижгонларинг ким, пар қаро.
«Бу замона хўбрўсида вафо…»
Бу замона хўбрўсида вафо,
Йўқ, тамаъ қилмоқ басе андин хато.
Ошнолар бўлубон бегонаваш,
Он ҳама бегоналарга ошно.
Эттилар «ҳойи» ҳаётим қатъини,
Ҳарфи «жим»дин чектилар тиғи жафо.
Зулфидин ул шўхлар марғул очиб,
Солдилар бошимға савдойи қаро.
Бу жаҳон раъносиға ҳар ким вафо,
Қилса кўрмайдур бажуз жавру жафо.
Ул «алиф»дек қоматини ҳасрати,
«Дол» янглиғ айлади қаддим дуто.
Кўзларини ғамзаси айни итоб,
Қошларини шеваси барқи бало.
Шаҳсувориким, самандин наълиға,
Тегмагай майдон аро гарди қазо.
Фурқатийни оқибат ҳижрон ўти,
Куйдуруб хокистарин қилди фано.
«Яшнаб ўтсанг лолагун хилъат кийиб, айлаб шитоб…»
Яшнаб ўтсанг лолагун хилъат кийиб, айлаб шитоб,
Тушмағайму раста аҳлин жонлариға печу тоб.
Волаи рухсоринг, эй, гул, гулшан ичра андалиб,
Тонг эмас, шавқинг ўтида ўртаниб бўлса кабоб.
Салтанат Мисри Азизи сен малоҳат тахтида,
Юсуфи Канъон ғуломинг хайлида тобти ҳисоб.
Фош ўлур оламға охир ламъаи меҳри руҳинг,
Моҳрўлар айладилар зарра янглиғ изтироб.
Жавр этиб, боқмай тағофул этганинг етмасмуди?
Юз шиканж айлаб, тахи қошингни айларсен итоб.
Ою кун токим фалакнинг тоқида равшан эрур,
Туғмади даврон аноси сен каби олижаноб.
Номи некинг назмидин ўлди жаҳонға мунташир,
Неча минг ноком бўлди Фурқатийдек комёб.
«Табассум бирла чиқди гулрухим гулдин савол айлаб…»
Табассум бирла чиқди гулрухим гулдин савол айлаб,
Қилибон ғунчани хомуш ҳам булбулни лол айлаб.
Тамошоға чиқиб эрди кўрарға қаддини шамшод,
Сурубон рахши нози ўтди они поймол айлаб.
Кўруб ҳар ой бошин жонимни қурбон айласам, тонг йўқ,
Ҳилоли ийд янглиғ юз уза қошин хаёл айлаб.
Сабо машшотаси кўб ҳам мутарро қилмасин зулфин,
Паришон айлади кўнглум, мени ошифтаҳол айлаб.
Чекиб сурма қаро наргислариға, айлади оро,
Мени ўлдирди охир ғоза бирла юзға хол айлаб.
Фано бўлди муҳаббат даштида кўб пўя қилмоқдин,
Севиндинг доимо, Фурқат, таманнойи висол айлаб.
«Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб…»
Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб,
Ани умри кироми, ҳасрато, бўлғай адо истаб.
Неча бош урдим охир шайхларнинг остониға,
Назар ҳолимға, шояд, айлагайлар деб дуо истаб.
Неча юрдим адошиб тўғри йўлдин бесару сомон,
Тутуб илгимни, йўлға солса, деб бир раҳнамо истаб.
Неча ерга суриб юз, яхшилар йўлида ўлтурдум,
Ғубори доманидин жон кўзиға тўтиё истаб.
Неча зоҳид аёғига ниёз айлаб ўзум солдим,
Мени ул савмаидин қувғоли турди асо истаб.
Неча изҳор қилдим, сирри пинҳонимни билмасдин,
Ўзимға он ҳама бегоналарни ошино истаб.
Юрай дерман чиқиб саҳроға эмди ваҳшилар бирла,
Замона мардумидин топмадим ҳаргиз вафо истаб.
Балодин, носиҳо, қўрқутмоғинг эрмас насиҳатдин,
Ҳамиша ишқ эли юрмасму бу йўлда бало истаб?
Бало урган менингдак бормукин бир хастаю маъюс,
Жаҳонда ҳожатиға топмаган ҳаргиз раво истаб.
Бу ғамлар шарҳа-шарҳа айлаган кўнглум ғами шарҳин,
Қилурға топмасам, найлай, анису ғамзудо истаб.
Ётиб эрдим кеча йиғлаб, башорат берди бир марде:
«Ки дунё бебақо, Фурқат, қадам ургил худо истаб».
«Келди баҳор! Ёмғури ёғди шатир-шутур қилиб…»
Келди баҳор! Ёмғури ёғди шатир-шутур қилиб,
Тоғ уза қўй ила қўзи чопти такир-тукур қилиб.
Сакради бир-бири уза қўйлар, ўтға шошилиб,
Қўзи етолмай, орқадин чопти баъур-буъур қилиб.
Қатрафишон булутлари, бир соридин эсиб насим,
Яшнади тоғлари, униб сабза бадир-будур қилиб.
Тоғ кийик, қулонлари, дашт уза қўй ила қўзи,
Чайнашади жони билан майса касир-кусур қилиб.
Сайри сафолар айласак, қани, беш-олти аҳли дил,
Борғуча от чопиб кетиб, йўлда тасир-тусур қилиб.
Чайнаса отимиз сўлуқ, якка юрурда арс-урс,
Наъл тегиб узангуга, кетса шақир-шуқур қилиб.
Кўлға етиб, довул қоқиб, лочину қарчиғай солиб,
Ўрдагу ғозни овласак, учса патир-путур қилиб.
Беша ароласак гаҳи, бир соридин қуён қочиб,
Чопса қамишни синдириб този ҳасир-ҳусур қилиб.
Ўрдагу ғозни бир тараф зира-пиёз айлабон,
Сихда кабоб айласак, турса жазир-жузур қилиб.
Сайру тафарруж айласак гуллар аросида гаҳи,
Миркон кафшни кийиб, боғда ғажир-ғужур қилиб.
Нуқл – кабоб ширада, жоми шароб бир тараф,
Чойи сафед ила палов турса бақир-буқур қилиб.
Ўйнаса бир пари туруб, қўлға бири дутор олиб,
Чолса бири ғазал ўқиб, дафни дафир-дуфур қилиб.
Ҳайф, беш-олти танга деб, умрим ўтар дўкон очиб,
Дори ясаб ҳавончада, кунда тақир-туқур қилиб.
Бўйла нишот кўрмайин, Фурқатий, даҳр боғида,
Бир куни умримиз синар нахли қасир-қусур қилиб.
«Кўрдумки, бир париваш қошу кўзи пириллаб…»
Кўрдумки, бир париваш қошу кўзи пириллаб,
Қон оқди кўзларимдин ёш ўрниға тириллаб.
Тоқат қилиб бўлурму, ўлтурса рўбарўда,
Тишлаб қўлин учини, гаҳ сескониб, дириллаб?
Чеккан фиғонимизға ҳажрида қурт-қушлар,
Ҳар кечаси ётолмай тонг отқуча чириллаб.
Излаб юруб тополмай, ногаҳ йўлида учраб,
Арз эмди бошлағанга ташлаб кетар ғириллаб.
Шул орзу: иковлон қилсак экан тамошо,
Пружиналик коляска бирга тушуб шириллаб.
Ёнса жамоли шамъи маҳфил аро, нетойлик,
Парвонадек бошидин айлонайин гириллаб.
Бўлдим асир қайдин ишқида они, Фурқат,
Чит растасида умрим ўтса керак зириллаб.
«Қорайған дилға бергил нури покиндин зиё, ё раб…»
Қорайған дилға бергил нури покиндин зиё, ё раб,
Кетиб занги гунаҳ, ойинадек топсун зиё, ё раб.
Иноят айлағил, чиқсун кўнгилдин мосиво меҳри,
Бўлай тарки ҳавас қилмоқда Адҳамдек гадо, ё раб.
Замон аҳли ҳама бегонадур роҳи ҳақиқатда,
Ўзингдин ўзга йўқтур қўл тутарга ошно, ё раб.
Келибман даргоҳингга бош уруб, навмид ёндурма,
Агарчи айладим ғафлатда кўб журму хато, ё раб.
Насиб эт Каъба тавфин рўзи айлаб равзаи ҳазрат,
Турарга қолмади тоқат, санга бу илтижо, ё раб.
Ҳарам ичра кириб рўйи сиёҳим ерлара суртуб,
Ғуборин чашми муштоқимға қилсам тўтиё, ё раб.
Тўкуб қонлиғ сиришким, нола тортиб ҳар тараф борсам,
Қабису Марвау Мийно била айлаб сафо, ё раб.
Ғурури даҳри фоний тушти дилға, ваҳми уқбо йўқ,
Фаромуш айлаб ўз жонимға қилдим кўб жафо, ё раб.
Бу бадкирдорлақ бирла ўлуб, ер остиға борсам,
«Кечар ҳолим нечук?» деб дилда кўб хавфу рижо, ё раб.
Халойиқ ичра тонгла қилмағайсан хаста Фурқатни,
Ҳабибинг ҳурмати, шармандаи рўзи жазо, ё раб.
«Эй, висолингга етушмак кору бориб, соғиниб…»
Эй, висолингга етушмак кору бориб, соғиниб,
Қолмади бир заррае сабру қарорим, соғиниб.
Ёдима тушган чоғи афъоли хушхислатларинг,
Тинмагай бир лаҳза чашми ашкборим, соғиниб.
Мубтало ул кунки бўлдум ошнолиғ домига,
Бир йўли кетти қўлимдин ихтиёрим, соғиниб.
Эй, сабо, ул ёр кўйидин гузор этсанг агар,
Бир хабар бергил, мани келгайму ёрим соғиниб.
Фурқату ҳажринг басе ағёрлиғнинг устига,
Қолмади бу шаҳрда эмди турорим, соғиниб.
«Дилрабо, бизга нечук мунча азоб…»
Дилрабо, бизга нечук мунча азоб,
Оташи ҳажринг неча қилди хароб?
Ўзгаларга комронлиғлар қилиб,
Мен каби шўридаға қаҳру итоб.
Ҳасратингда зарра уйқу кўзда йўқ,
Кечалардур кору борим печу тоб.
Соқиё, май тутки, бу даврон аро,
Шум фалакдин кўрмадим жуз инқилоб.
Қил пушаймон, зуҳддин бир жом ила,
Кирса зоҳид айламоққа иҳтисоб.
Ҳажридин расвойи олам бўлмишам,
Ғам ўтида бўлди бу жонлар кабоб.
Айлади ҳар уқдаси юз дилни банд,
Кокулингдур ҳалқа-ҳалқа, тоб-тоб.
Дарбадар қулға тараҳҳум айлағил,
Дилрабо, сенга керакмасму савоб?
Фурқат ичра ўлсаму маҳшар аро
Доманингдин ушласам надур жавоб?
«Пари рўйим юз очиб қўлға олиб…»
Пари рўйим юз очиб қўлға олиб,
Неча ойинани ҳайратга солиб.
Эзиб бағрини оғзи ҳасратидин,
Чаманда ғунчалар, қонға бўёлиб.
Камон абрўларидин тийри мужгон,
Тегиб, пайваста жонимға қадолиб.
Биров базмида тун хуррам этиб ул,
Ғаму андуҳ ила мен мунда қолиб.
Агар келса кетар ҳолим кўрибон,
Ажал жонимни олмасдин уёлиб.
Тонг отқунча чекибман мунда фарёд,
Ул анда кечалар танбур чолиб.
Бу кеча ҳажр ўтидин йиғлай-йиғлай,
Йиқилди Фурқатийни бағри толиб.
«Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат…»
Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат,
Гули наврастаи боғи латофат.
Хирад бобида Афлотун фатонат,
Такаллум чоғида тўти фасоҳат.
Ана қадду, ана ҳусну, ана хулқ,
Киши кўрган эмас мундоғ латофат.
Қаю бир васфини тақрир этарман,
Аёғдин бошғача кони малоҳат.
Юзингдин пардани олсанг на бўлғай?
Сонурман гўиё бўлди қиёмат.
Жафо бўлмас, нигоро, мундин ортуқ,
Ғамингдин қолмади жонимда тоқат.
Мени йиғлатма кўб, эй, меҳри йўқ ёр,
Ўзинг инсоф қил кимда бу ҳолат?
Кўнгул афгор ўлуб эл таънасидин,
Тегиб бошимға кўб санги маломат.
На бўлғай, йўқласанг Фурқат қулингни,
Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат?
«Келди ҳолимни сўраб бул кун нигорим, хайрият…»
Келди ҳолимни сўраб бул кун нигорим, хайрият,
Етти ўхшар кеча чеккан оҳу зорим, хайрият.
Лашкари ғам поймол этган эди айлаб ҳужум,
Ногаҳон келди етиб ул шаҳсуворим, хайрият.
Ул парирў ҳажрида ҳар лаҳза қон йиғлар эдим,
Вожгун этмиш жаҳонни ашкборим, хайрият.
Жавр этиб, солса қаро кунлар бошимға, найлагум?
Шодлик бирла ўтар лайлу наҳорим, хайрият.
Наҳси ҳижрондин чиқиб топдим висоли саъдни,
Толеъим ҳамдам бўлубдур, бахт ёрим, хайрият.
Қолди кўнглум ажрамай ул ёр ила вақти видоъ,
Келди қолмай, яхши жони беқарорим, хайрият.
Келди якбора саманди нозни жавлон бериб,
Қайда Фурқат зор деб, чобуксуворим, хайрият.
«Бу ерга, шўхи барно, бир келиб кет…»
Бу ерга, шўхи барно, бир келиб кет,
Худо ҳақки, нигоро, бир келиб кет.
Юзинг гул, қоматинг шамшоди жаннат,
Аё зулфи сумансо, бир келиб кет.
Жамолинг соғиниб девона бўлдум,
Эрурмен зору танҳо, бир келиб кет.
Агарчанде бу ёна келмасанг ҳам,
Қилиб маҳзи тамошо бир келиб кет.
Фидо бўлсун сенга бу жисму жоним,
На қилсанг қилғил, аммо бир келиб кет.
Ўлукға бир сўз ила жон берурсен,
Лаби лаълинг Масиҳо бир келиб кет.
Жамолинг кўргали, эй дастаи гул,
Бўлурмен турфа шайдо, бир келиб кет.
Аё, эй қумрийи боғи малоҳат,
Аё, эй қадди раъно, бир келиб кет.
Мурувват қил менга ҳуснунг закотин,
Бўлур дафъи бало, ё бир келиб кет.
Тунумдур тийрау ошуфта ҳолим,
Бўлуб ойдин мусаффо бир келиб кет.
Ҳамиша мунтазир Фурқат ғуломинг –
Ки бўлсун дафъи савдо, бир келиб кет.
«Кел эмди, нозанино, бир келиб кет…»
Кел эмди, нозанино, бир келиб кет,
Қилибман кўп тавалло, бир келиб кет.
Оқарди кўз, қаролаб йўлларингга,
Тараҳҳум бирла мундо бир келиб кет.
Агарчандики ноқобил эсам ман,
Қилиб навъе муросо, бир келиб кет.
Ки, ҳижрон заҳридин бас талх комим,
Аё, васли шакархо, бир келиб кет.
Бу сунбул бўйидин бўлдум паришон,
Қилиб зулфинг мутарро бир келиб кет.
Паёмингни кетурди Эрмуҳаммад,
Ўзунг айлаб тақозо бир келиб кет.
Букун гар бўлмаса фурсат келурға,
Баҳона бирла фардо бир келиб кет.
Қулум деб, йўхлагил, Аҳмадқулижон,
Манинг кулбамга гоҳо бир келиб кет.
Камина Фурқатий ишқингда ҳайрон,
Этиб ҳолин тамошо, бир келиб кет.
«Айлама маълум ҳаргиз ағниёга эҳтиёж…»
Айлама маълум ҳаргиз ағниёга эҳтиёж,
Балки қониъ бўлсанг, этма подшога эҳтиёж.
Ошнолардин санга етмас вафо, ғайр аз жафо,
Қилма равшан, эй биродар, ошнога эҳтиёж.
Сенда гар бўлса таваккул, шоҳлардин уз тамаъ,
Чунки шаҳлар қилғучидур авлиёга эҳтиёж.
Шахс эҳсонига кўнгул боғлама, эй бехирад,
Хор ўлурсан, айласанг аҳли сахога эҳтиёж.
Ҳийладур зоҳид иши, андин дуо қилманг умид,
Хомлиғдур айламоқ аҳли риёга эҳтиёж.
Ҳимматим шулким, агар дард айласа жоним ҳалок,
Бўлмагай дардим учун менда давога эҳтиёж.
Айлагил, Фурқат, тамошо даҳр атвориниким,
Этдилар охир расолар норасога эҳтиёж.
«Ерга помол ўлди гул сайри гулистон айлагач…»
Ерга помол ўлди гул сайри гулистон айлагач,
Ғунча қон ютти яна лаълини хандон айлагач.
Ул бараҳманзода ҳар дам барқдек ўйнаб-кулар,
Йиғлатиб, кўз ёшими абри баҳорон айлагач.
Ақл ила ҳушим кетиб, ҳайратда қолдим ул даме,
Бурқаъин очиб юзин андак намоён айлагач.
Тутмиш олам арсасини сунбулу райҳон иси,
Хасталар кўнгли каби зулфин паришон айлагач.
Бўлди Мажнундек муқими дашти андуҳи фироқ,
Ҳар кишиким орзуйи васли жонон айлагач.
Чун нигор этмиш қўлин хун ила ийд ўлғоч нигор,
Кўрсатиб бир йўл ҳилолин элни қурбон айлагач,
Фурқат, ул ошуби даврон этмади бир қатла ёд,
Бизни расвойи жаҳону зору ҳайрон айлагач.
«Муҳаббат домиға кўнглум гирифтор айлади ул шўх…»
Муҳаббат домиға кўнглум гирифтор айлади ул шўх,
Қачонким донаи холин намудор айлади ул шўх.
Харобот ичра келгач муҳтасиб таъзир этмоқчун,
Тутуб бир жом ани ҳам масти идбор айлади ул шўх.
Қурубдур ғамза тийрини, қочинг, турманг, мусулмонлар,
Чекиб абру камонин азми бозор айлади ул шўх.
Бўлуб помол шамшоду сановбарким хижолатдин,
Бу қад бирла гулистон ичра рафтор айлади ул шўх.
Рақибо, бўлма хуррам васлига маҳрам бўлурмен деб,
Менингдек мубталосин мунча афгор айлади ул шўх.
Неча қон йиғласам нозу тағофулдин, назар солмас,
Кўзумча кўзи шум ағёрни ёр айлади ул шўх.
Ўтарда туҳфаси бирла юзин ҳар ёна тўлғайдур,
Магар девона Фурқатни кўруб ор айлади ул шўх.
«Қоматинг гулшандағи сарву сановбардин баланд…»
Қоматинг гулшандағи сарву сановбардин баланд,
Оразинг гулдин, хатинг райҳони аҳзардин баланд.
Лабларинг ҳайвон булоғи кокулинг зулмотида,
Дона холинг роҳбар Хизри паямбардин баланд.
Нозу истиғно била ҳар кимга боқиб сўзласанг,
Сен малоҳат бобида бу жумла дилбардин баланд.
Даста-даста кокулингни тебратур боди сабо,
Сунбули тардур агарчи мушку анбардин баланд.
Раҳм айла, эй суманбар, ошиқи расволаринг,
Ишқ ўтида ўртанур мурғи самандардин баланд.
Хира бўлди оразингдин офтоби ховарий,
Май ичиб чиқсанг баногаҳ моҳи анвардин баланд.
Орзу бирла халойиқ бош қўярлар йўлингга,
Ким, ғубори мақдаминг тожи Сикандардин баланд.
Ним бисмил айладинг, ҳар кимга қилдинг бир нигоҳ,
Қош ила мижгонларинг юз тиғу ханжардин баланд.
Номи хўбингни эшитгондин бери Фурқат қулунг,
Бир нишонинг топмади излаб қаландардин баланд.
«Ийдким халқи жаҳонға бордурур рўзи саид…»
Ийдким халқи жаҳонға бордурур рўзи саид,
Дилбаро, ҳар лаҳза бир кўрмак жамолинг менга ийд.
Янги ой кўрган кишини истагайлар ийд учун,
Ораз очғилким, қошинг бир кўрмак айлармен умид.
Шодлиғдин кўз ёшим тарқатти васлинг муждасин,
Тифллар гўё югургай ийддан етгач навид.
Ийд айёми агар хурсанд қилмоқ истасанг,
Ҳажринга этма қарийбу қилма васлингдин баид.
Халқи олам ийди бир кунда тамом ўлғой, вале –
Оразинг кўргач бўлур ҳар кун мени ийдим жадид.
Туғмади даврон аноси ҳусн аро бир сен каби,
Нодири асру ваҳиди даҳр фарзанди рашид.
Ийд мардумға агар чанди фароғат рўзидур,
Фурқатий берўзиға сенсиз эрур явмуш-шадид.
«Уммати саргаштаман, ё Мустафо, айланг мадад…»
Уммати саргаштаман, ё Мустафо, айланг мадад!
Тутмадим суннат йўлин, рўзи жазо айланг мадад!
Ё Абубакр, тақи сиз ёриғори Мустафо,
Уммари одили айни босафо, айланг мадад!
Ёриғори сеюм жомиъал Қуръон – Усмони ғаний,
Шаҳсувори Ҳал ото, Шери Худо, айланг мадад!
Хоки пойингиз эрур тожи сарири авлиё,
Шайхи Муҳйиддини маҳбуби Худо, айланг мадад!
Кулфате бошимга тушти, турфа ҳожатмандман,
Ё Баҳоуддин валий мушкулкушо, айланг мадад!
Дар Самарқанд Шоҳи Зинда – ҳазрати Саййид Қусам,
Ибн Аббос сокини ғори фано, айланг мадад!
Илгим олинг, йўлда қолдим, ё имоми Шаҳрисабз,
Бу яна ҳазрат Али Шери Худо, айланг мадад!
Тошкандда Хожа Нуриддин ила шайхи Заҳир,
Руҳингиздин ўргулай, Занги ото, айланг мадад!
Қолмишам йўлларда, шайхи Маслаҳатдини Хўжанд,
Қотти бошим, бекасу бераҳнамо, айланг мадад!
Сизга молу жон тасаддуқ, мавлавий Жомий пирим,
Манга йўқтур сиздин ўзга муқтадо, айланг мадад!
Шаҳри Хўқанд тавфгоҳи ҳазрати Шоҳи Жарир,
Бу яна Эрҳубби, Қароёзи ото, айланг мадад!
Авлиёйи бегумонсиз, шайхи Султон Боязид,
Ожизе дармондаман, бадаступо, айланг мадад!
Қум аро Хожа Туроб шайхи кибори файзбахш,
Ҳазрати Бўёб пирим порсо, айланг мадад!
Марғилоннинг сайлгоҳи, Ё Мағоз бинни Жалил,
Ҳазрати Мўйи Муборак ибтидо, айланг мадад!
Муфлиси бечораман, тахти Сулаймони набий,
Аҳмад Арқам, Осаф ибни Бурҳиё, айланг мадад!
Аҳмади Нармий валий, Ҳазрат Сулаймон Порсо,
Жамъи асҳоби кибори пешво, айланг мадад!
Найнаво шаҳрида ётган ҳазрати Юнус яно,
Ҳазрати Идрис, Арслонбоб ото, айланг мадад!
Ҳазрати Айюб пайғамбар Худо суйган қули,
Хастадилман, чашмаи доруш-шифо, айланг мадад!
Ўзгандда шайхи Бурҳони Қиличиддин яно,
Андижон мулкида Мир Пўстин ото, айланг мадад!
Саййиди олийнасаб, эй, ҳазрати мавлойи Чуст,
Келдим уммид айлабон сиздин дуо, айланг мадад!
Ё ғуломи шайхи Ғавси қодирия, раҳбарим,
Бўлдингиз шаҳри Намангонда фано, айланг мадад!
Ман нечук қилғум бу кўтаҳ сўз билан бир-бир баён,
Ўтган оламдин жамиъи авлиё, айланг мадад!
Фурқатий йўлларда қолди, Ғавси Аъзам дастгир,
Қўл тутарга йўқ эрур бир раҳнамо, айланг мадад!
«Кошки кулбам аро як бора ёрим келсалар…»
Кошки кулбам аро як бора ёрим келсалар,
Йўлларига жон нисор айлай, нигорим келсалар.
Бир фақири бебизоат, хаста дил, қашшоқмен,
Жондин ўзга туҳфа йўқтур, шаҳсуворим келсалар.
Сўрсалар аҳволими, ғам жаврини торттинг дебон,
Дод этиб ушлаб инон, чобуксуворим келсалар.
Гул яқосин пора айлаб, ғунча бағрин қон қилиб,
Сайри боғ айларга ногаҳ гулузорим келсалар.
Сабру ҳушидин кетиб, жону кўнгул мажнун бўлур,
Нозу истиғно била лайлишиорим келсалар.
Бўлғуси наврўзи олам, то чиқиб ҳижрон қиши,
Юз очиб, бир-бир босиб фасли баҳорим келсалар.
Неча муддатдин бери Фурқатда қолган зормен,
Не саодатдур сўрорга ҳоли зорим келсалар.
«Кўз тутуб мен нотавон, бу кеча жононим келур…»
Кўз тутуб мен нотавон, бу кеча жононим келур,
Келмади жононим эмди, ҳалқума жоним келур.
Шод ўлунглар зулмати ҳижрондағи муштоқлар,
Арзи дийдор айлаб ул хуршиди рахшоним келур.
Барча ерни лолагун этса сиришким, тонг эмас,
Йиғлаб ул гул ҳажрида эзган жигар қоним келур.
Кўзларим мардумлари чиқти тамошо қилғоли,
Ҳар тарафға тўлғониб сарви хиромоним келур.
Бешаи ҳасратда бўлдум, турфа бир саргаштамен,
Ҳар қаю хори алам илкида домоним келур.
Кўзларимни пардасин йўлиға пойандоз этиб,
Нақди жонимни нисор айлайки, султоним келур.
Итларини қутиға бағрим кесиб айлай кабоб,
Фурқатий, кулбамға мундоғ яхши меҳмоним келур.
«Ул паридек қайси дилбарни рухи гулгуни бор…»
Ул паридек қайси дилбарни рухи гулгуни бор?
Ҳам тишидек қайси дарёни дуру макнуни бор?
Сарвни жониға ўт солди ўзин айлаб фароз,
Оллоҳ-оллоҳ, они қайдоғ қомати мавзуни бор?
Фикрат аҳли диққатидин ҳеч равшан бўлмағой,
Нуқтаи оғзини ҳар ҳарфини минг мазмуни бор.
Кўзларимдин мавж урар ашки муҳаббат, айб эмас,
Дилда айлайдур талотум, ишқни Жайҳуни бор.
Меҳрибонлик шева айлаб шодком айлай деса,
Қайда мендек, Фурқатий, бир хотири маҳзуни бор?
«Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур…»
Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур,
Балки андин даҳр эли ортуқча ғавғо тортадур.
Қошлари остида гўё икки фаттон кўзлари,
Икки ҳинду баччадурким, ёндашиб ё тортадур.
Телбаланмиш зулфини савдосидин девоналар,
Қайға борса ўлтуруб ерға чалипо тортадур.
Жон ила кўнгул талошур, эй санам, дарду ғаминг,
Бирни сол кўнглумғаким, жон бирни танҳо тортадур.
Кокулингдан бўй олган боғнинг тупроғидур,
Боғбон сотмоққа доим мушксоро тортадур.
Не билур Юсуфки, нозу ҳусн ила мағрурдур,
Ул қадарким ишқ дардини Зулайҳо тортадур.
Ишқни пинҳон тутарға бўлма шайдо, э кўнгул,
Мушк пинҳон бўлса бўйи ошкоро тортадур.
Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғман,
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур.
Сориғ олтун касрати кўнгулни айлайдур қаро,
Чунки сафро бўлса ғолиб, ўзга савдо тортадур.
Булҳаваслар торта олмас нозанинлар нозини,
Фурқатийдек бекасу шўрида, расво тортадур.
«Маҳвашо, сенсиз менга маҳзун қаронғу кечалар…»
Маҳвашо, сенсиз менга маҳзун қаронғу кечалар,
Йиғларам андоқки, ашкимдин улус сув кечалар.
Ҳуснингға баркаш қилурға тонгға тегру интизор,
Оч юзингким, кўкда ой бирла тарозу кечалар.
Ёдима холинг саводи тушгач, эй ваҳшийнигоҳ,
Кўзларимға мутлақо келмайди уйқу кечалар.
Эй, назокат гулшанида сарв қадди наврасим,
Тортарам қумри каби ҳажрингда ёҳу кечалар.
Ламъаи ҳуснинг тушиб, солғай жаҳонға барқлар,
Раҳм қил жону жаҳонға, боқма кўзгу кечалар.
Дилбаро, васлинг муяссар бўлмаса йиғлаб ётай,
Тобакай ҳажрингда оғушимда зону кечалар?
Йўл адошиб кўкда ой ҳоли паришон ўлмасун,
Бир мурувват кўргаз-у, тарқатма гису кечалар.
Нўш этиб ҳар қайда сан ағёр ила гулгун шароб,
Рашкдин мунда ичиб мен заҳри қайғу кечалар.
Халқ ичига тушмасин ошуб, кўрдик деб ҳилол,
Кўчага чиқма, намоён этма абру кечалар.
Айларам то субҳ мен йиғлаб гирибонимни чок,
Айлабон сен ғайрни базмида кулгу кечалар.
Нега Фурқат, чекмайин кунлар ғамингдин оҳким?
Муттасил афғон ишимдур сендин айру кечалар.
«Кўйига беҳуд мени ул чашму абрў келтурур…»
Кўйига беҳуд мени ул чашму абрў келтурур,
Соҳиредурким, нетай, тебранса бир мў келтурур.
Зулфидин ёрим юзи ўлмас намоён, не ажаб?
Расм эрур: ой ёрими тунни қоронғу келтурур.
Ўчти уйқу, белу оғзидин дегач бир бору йўқ,
Дер эмиш ровий ғалат: афсона уйқу келтурур.
Ашки доғ эзган жигарни келтуруб кўз йўлидин,
Пора-пора лола баргин гўиё сув келтурур.
Чеҳраи зардим кўриб шод ўлса, айб эрмаски, ёр,
Заъфароний бода ичган чоғда кулгу келтурур.
Ишқ савдосидин ўлғон дардисарға, эй табиб,
Берма сандалким, иложи бор, зону келтурур!
Маҳвашимни ҳусниға баркаш қилурға ҳар кеча,
Тонгға тегру чарх ой бирла тарозу келтурур.
Дояи даҳр ахтариб топмай мисоли, оқибат,
Макр ила ночор қаршисиға кўзгу келтурур.
Кўзлари бир ғамза бирла ваҳши кўнглим қилса сайд,
Фурқатий, ёлғон эмас, гар Чиндин оҳу келтурур.
«Фасли гулдур, мен била бир сайри боғ этсанг нетар…»
Фасли гулдур, мен била бир сайри боғ этсанг нетар,
Хаста кўнглум эски ғамлардин фароғ этсанг нетар?
Юз очиб, гулни қилиб охир паришон рўзгор,
Ғунчани табъин табассум бирла чоғ этсанг нетар?
Тушти жонлар риштасиға фикрдин то бу гиреҳ,
Печ торидин очиб, зулфинг тароғ этсанг нетар?
Даври гардун инқилобидин басе ғамнокман,
Дилбаро, бир жом ила табъимни чоғ этсанг нетар?
Телбадурмен кокулинг занжирининг савдосида,
Ташлабон бўйниға бу мажнунни соғ этсанг нетар?
Қон қилиб гулшанда гул бағрин қизил дастордин,
Лола кўксин дашт аро доғ узра доғ этсанг нетар?
Фурқат ўлди оқибат ишқингда беному нишон,
Бор эди бир хастае, дебким сўроғ этсанг нетар?
«Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар…»
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.
Субҳидам тушуб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам ёғди абри найсонлар.
Настаран ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,
Наргис очибон кўзни интизори ёронлар.
Бир саҳар эдим уйғоқ, ўт тутошди оламға,
Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.
Қумрилар қилиб ку-ку, булбул айлабон чаҳ-чаҳ,
Сарву гул уза доим тортар оҳу афғонлар.
Булбул ўқуғоч йиғлаб субҳидам хазон фаслин,
Ғунча қон ютуб, юз чок этти гул гирибонлар.
Кечтилар вафо аҳли қолмайин тутуб, савсан,
Кийди кўк, қилиб сунбул зулфини паришонлар.
Куймасун бу савдода не учун димоғимким,
Ранжу ғуссада доно, кечса шод нодонлар.
«Мени номеҳрибоним кўб ситамкор ўлди ўхшайдур…»
Мени номеҳрибоним кўб ситамкор ўлди ўхшайдур,
Жафожўю ғазабноку дилозор ўлди ўхшайдур.
Рақиби рўсияҳларга вафою марҳамат айлаб,
Мени маҳзунға жавру зулми бисёр ўлди ўхшайдур.
Ўшал нозик бадан, сиймин зақан маҳбублар шоҳи,
Мени кўздин солиб, ағёра дилдор ўлди ўхшайдур.
Таҳайюрдин ҳамиша волау мадҳуш ўлмишмен,
Кўзум ойинаси то қатъи дийдор ўлди ўхшайдур.
Мени кўрган кишилар кўҳна хашхоший хаёл этти,
Басе ҳажрингда чеҳрам заъфаронвор ўлди ўхшайдур.
Кўзин мардумлари диним уйини айлади торож,
Сочи ҳар торидин бўйнумға зуннор ўлди ўхшайдур.
Такаллум айламас нечун мени Мажнун адосиға?
Магар оҳу фиғонимдинму озор ўлди ўхшайдур.
Бало дор ул-қазосида чу ишқим маҳзарин олмас,
Мени даъволарим билкулли бекор ўлди ўхшайдур.
Бу ҳасрат ўтида кул бўлди Фурқат ўртаниб охир,
Тани бир ўтга тушган барги ашжор ўлди ўхшайдур.
«Тулуъи оразингдин нури хуршид иктисоб айлар…»
Тулуъи оразингдин нури хуршид иктисоб айлар,
Фалак тоқи уза андин кейин оламға тоб айлар.
Ул икки майпараст наргисларингким, бир нигаҳ бирла,
Жаҳон аҳлиға ҳосил нашъаи хумми шароб айлар.
Ҳужуми хатти сабзинг лаълинг атрофида андоқким,
Тушубон хайли тўти тоза шаккар интихоб айлар.
Руҳингда бода тобидин арақларким ўлур зоҳир,
Муаттар арсаи оламни чун бўйи гулоб айлар.
Агар йўқ тоқати мадди нигоҳингға, нетонг, кўнглум,
Ани тасвири минг ойинани бағрини об айлар.
Жамоли бокамолинг қайси бир васфин адо қилғой,
Дақойиқ бобида шоир агар юз минг китоб айлар.
Эрур саргашта бошим юз нишонлиғ ғамнинг тошидин,
Ҳазин жонимға ҳажринг, айланай, мунча азоб айлар.
На хуш эрди висол оромгоҳида омон бир дам,
Етиб ҳажринг бошимға, эмди ҳар дам инқилоб айлар.
Нигорим, анда сен шаб ноз айлаб ғайр базмида,
Қулунг Фурқат бу ерда нола торини рубоб айлар.
«Сарву гулда йўх тароват, қадду рухсорингдадур…»
Сарву гулда йўх тароват, қадду рухсорингдадур,
На фасоҳат тўтида, нутқи шакарбонингдадур.
Юсуфи Мисри малоҳат сен, жаҳон аҳли ҳамма,
Нақди жон қўлға олиб бир умр бозорингдадур.
Даҳрни кўб фитна қўзғоб қон ила тўлдурғуси,
Бўйла сеҳромузлиқким чашми маккорингдадур.
Қайси лоф ишқингда урган инжимас жавринг чекиб,
Сабру тоқат айламоқ мендек жигархорингдадур.
Урмасун машшота тор очмоққа бепарво тароғ,
Мискин этган юз кўнгул шабранги тарорингдадур.
Сен жафоға мойил этдинг ёрими десам, фалак,
Деди: мендин кўрмаким, золимлиғ ўз ёрингдадур.
Мурдаларни юз нафас бирла Масиҳо тиргузур,
Бўлса юз жонбахшлиғ бир лафзи гуфторингдадур.
Хўб эмас аҳли муҳаббатға жафодин инжимоқ,
Негаким, юз лутфу эҳсон ҳар бир озорингдадур.
Ўлса бок эрмас аёғинг остида гулшан аро,
Хун баҳойи юз чаман товус рафторингдадур.
Нозпарвар сиймбарлар кўб эрур ҳусн аҳлидин,
Деса бўлғай аз қатори кафшбардорингдадур.
Ишқ аро шўридаи нокомларнинг шеваси,
Фурқатий, ошифта ҳоли сийнаафкорингдадур.
«Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур…»
Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур,
Жунун аҳли эрур ёрим, бало дашти диёримдур.
Баҳор айёми саҳрода очилғон лолалар эрмас,
Юзи ҳажрида ҳар бир қатра қонлиғ ашкборимдур.
Чаманда гунча деманг, қонға тўлғон таҳ-батаҳ бағрим,
Эмас наргис, анинг йўлида чашми интизоримдур.
Қаронғу кеча эрмас, тийра бахтим, таҳ-батаҳ ҳолим,
Сочи савдосидин токим қораргон рўзгоримдур.
Қаю ерда хазонлиғ барг ё парри самон бўлса,
Менинг ғурбат аро ғам бирла сарғарғон узоримдур.
Ер узра поймол ўлғон эмастур сояйи девор,
Йиқилган чарх зулми бирла жисми бемадоримдур.
Агар ёр остони узра бир афтода кўрсанглар,
Қуюнларким, кўнгул отлиғ хароби хоксоримдур.
Фалакда раъд, барқ этманг гумон, ул ой фироқинда,
Менинг савти фиғоним бирла оҳи пуршароримдур.
Шаҳид ўлсам, бошоқлиғ ўқини бошимға қўйғайсиз,
Ўзи мил-у, ёнар пайкони бир шамъи мазоримдур.
Муҳаббат йўлида бир неча расвойи жаҳон бўлдим,
Биҳамдиллаҳки, бу дунёда топгон эътиборимдур.
Фиғоним эшитиб, аҳбоблар қошинда сўрганда,
На бўлғай десалар, Фурқат деган бир беқароримдур.
«Йиғламоқдин бир пари ҳажрида, эй, аҳбоблар…»
Йиғламоқдин бир пари ҳажрида, эй, аҳбоблар,
Ўнг кўзимдин оқди қону сўнггидин зардоблар.
Турралиғ зулфини ёдини қилиб бутхонада,
Тушти тарсоларни зуннориға печу тоблар.
Бехабар зоҳид санамлар ишқиға мункир ҳануз,
Қоши қайғуси била хам бўлса ҳам меҳроблар.
Айбим этма, соқиё, даврон аро маст ўлмасам,
Шарбати лаълидек эрмас бодаи унноблар.
Қатра-қатра ашкими сочдим, ғамидин ҳар бири,
Ишқнинг дарёсидиндур гавҳари ноёблар.
Кеча туш кўрдимки, зулфин тебратур эрди насим,
Қилди ошуфта димоғим бу паришон хоблар.
Ғайр ила ёрим шароби ноб ичиб, мен Фурқатий,
Рашк жомидин ичиб тонг отқуча хуноблар.
«Тариқи ишқ аро ким қадди дуто кўрунур…»
Тариқи ишқ аро ким қадди дуто кўрунур,
Мани кўзумға ўшал пир раҳнамо кўрунур.
Ажаб хатарлиқ эмиш, ё раб, ишқ саҳроси,
Заиф мури онинг мисли аждаҳо кўрунур.
Ҳаёт хирқасиға ҳар куни солур чок,
Шуоъи меҳр, дема, панжаи қазо кўрунур.
Дилим муҳаббат ила бўлди равзат уш-шуҳадо,
Анинг учун бу кўнгил мисли Карбало кўрунур.
Тариқат ичра кимиким, вужуд нафйи этса,
Қаю тарафға назар айласа – Худо кўрунур.
Жаҳонни шоҳидиға боғлама кўнгил ҳаргиз,
Ки олданурсан, анинг айши бевафо кўрунур.
Абас кечурмағил аҳди шабобинг эй, Фурқат,
«Худо», дегилки, бу дам дурри бебаҳо кўрунур.
«Жомаи саркаш кийиб, от ўйнатиб, чиқсанг нигор…»
Жомаи саркаш кийиб, от ўйнатиб, чиқсанг нигор,
Бўлмағайму заррадек хуршиду ховар беқарор.
Лаъли жонбахш узра хат қилма намоён, бўлмасун,
Хизр ерда мунфаил, кўкда Масиҳо шармисор.
Ол ниқобинг, эй, пари, ҳуснунгға баркеш қилғали,
Ҳар кеча то субҳ ой бирла тарозу интизор.
Лайлию Ширинни санга, ваҳ, на деб ташбеҳ этай,
Айлағум Мажнун ила Фарҳоддин номусу ор.
Хомаи наққош азалда суратинг чекканда ман
Бор эдим, ёзди дилим лавҳига меҳриндин нигор.
Ошно қил кўзларимга мақдаминг туфроғини,
Бўйла лутфингға кўнгил муштоқ, жон-уммидвор.
Номи хўбингни ҳуруфин зеб учун Фурқат қулунг,
Риштаи ашъориға терди чу дурри шоҳвор.
«Тушумда бир пари кўрдум, насибим бўлса ёрим бор…»
Тушумда бир пари кўрдум, насибим бўлса ёрим бор,
Юрогим тийри ишқи пора қилди, оҳу зорим бор.
Тамоми ҳури жаннат рашк этарга оразинг кўргач,
Тамошо қилғали, искаб турарга икки норим бор.
Юзини кўрдуму бошимға тушди они савдоси,
Қарору сабрим олди, кеча-кундуз интизорим бор.
Кечибман жону дилдан кўрмагунча ҳусни раъносин,
Етурдум кўз юмуб очгунча-бир чобуксуворим бор.
Муҳаббат ўтига куйди дилу жоним, аё дўстлар,
Мани айб этманг айтиб йиғласам, не ихтиёрим бор?
Азал соқийси сунди шароби ишқ жомидин,
Ичиб сархуш бўлуб ёрим диёридин гузорим бор.
Тегиб ишқ оташи ёндурди, айб этманг Зулайҳони,
Умидим васлидин, Фурқат, мани фасли баҳорим бор.
«Қиё-қиё боқишинг банда қилди, эй, дилдор…»
Қиё-қиё боқишинг банда қилди, эй, дилдор,
Табассум айлаганинг олди сабр ила қарор.
Лабинг сучуклишдин сўзларинг ажаб ширин,
Ҳамани ақлин олиб тўтидек қилиб гуфтор.
Насибам ўлди алам заҳрию ғами ҳижрон,
Ишим фиғону юрак қону ҳам бағир афгор.
Дилу тилимда ҳамиша жамолинг авсофи,
Мудом матлабим ўлди висолинг, эй, дилдор.
Равому бағри адо қулларингға зулм этмоқ,
Вафо кўзила назар қил, бошингда Тангри бор.
Хароблиқ қиладур кўнгил юзинг кўрмай,
Чекиб чу булбули хаста фиғону нолау зор.
Ўшал куники сани бир кўруб асир ўлдум,
Қилур ишимни билолмай юрубдурман ночор.
Нечук таҳаммул этай, дилбаро, жудоликка,
Хуш ул замоне эдим санга маҳрами дийдор.
Камина Фурқатий ҳайрон жон ила ғулом ўлдум,
Шоҳи малоҳат эрурсан, эмасму қул даркор?
«Нозпарвар ёр агарчи табъи зулм ососи бор…»
Нозпарвар ёр агарчи табъи зулм ососи бор,
Ошиқ ўлтурмакда қон тўкмакка истиғноси бор.
Войким, солмас тағофулдин назар аҳволима,
Юз манингдек хаста расво ўлса не парвоси бор?
Расми маҳвашлардур: ошиқ олдида ағёрға,
Лутф этиб дегайлар, они ўзга бир барноси бор.
Ман гадога хоки кўйинг маскан этмак орзу,
Эрмиш аммо итларинг ҳар гўшадин ғавғоси бор.
Ҳури жаннат васфин этмиш зуҳд аҳли муддао,
Ишқ эли маҳшар куни маъшуқиға даъвоси бор.
Майл этар гулзори ҳар ким ёрдин маҳрум эрур,
Найласун ризвонни улким, сан каби раъноси бор.
Дам чиқармас сидқ ила даъвойи ишқ этган киши,
Булҳавасдур, ишқ ойинида «оҳ»у, «во»си бор.
Бўстони назм аро ҳар бандидин бир гул узуб,
Даста қилким, ёрни исми чаман ороси бор.
«Ҳар кишиким даҳр аро сендек малак сиймоси бор…»
Ҳар кишиким даҳр аро сендек малак сиймоси бор,
Ҳури жаннат юзига боқмоқдин истиғноси бор.
Айлагил рафтарким, шарманда бўлсун боғ аро,
Жилва бобида санга товусни даъвоси бор.
Дилбаро, олмас жамолингдин назар бир ламъае,
Ҳар кимиким, даҳр аро гар дийдаи бийноси бор.
Жон чиқар ҳолинда лаълингни сувидин раҳм этиб,
Солки, ҳар бир қатрасида юз Масиҳ анфоси бор.
Жон қачон қолғай саломат, боғласанг қош ёсиға,
Тийри мужгонингни, жоно, нўгида олмоси бор.
Айлади масти шароби ноз золим кўзларинг,
Юз менингдек ўлса эмди они не парвоси бор?
Нома иншо айладим, Фурқат, муҳаббат шавқидин,
Ҳар ҳатеким, ҳарфи исмингдин ани туғроси бор.
«Бу баҳор айёми бўлди, келинг, эй аҳбоблар…»
Бу баҳор айёми бўлди, келинг, эй аҳбоблар,
Боғ аро нўш айлайлик биз ҳам шароби ноблар.
Эмди жонпарвар насим бўлғоч, булут қатрафишон,
Ғунчалар кулдию, юз очди гули сероблар.
Сарв уза қумри, гул узра андалиб афғонидин,
Ўчди якбора чўчиб, наргис кўзидин хоблар.
Сабзалар узра мусалсал бўлди сунбул турраси,
Бир тараф савсан аросидин равондур облар.
Қони бир ёреки, гулгашт айласак қўл ушлашиб,
Бехалал, оҳиста-оҳиста, шаби маҳтоблар.
Лаългун соғарда, соқий, арғувоний бодани,
Сибқориб бергум эрур, ғамдин дилим хуноблар.
Айб эмас, бош олмасам, Фурқат, нигор абрўсидин,
Ким сужуд этмабди, топса бу сифат меҳроблар?
«Саҳарларда мени ҳолимға мурғони чаман йиғлар…»
Саҳарларда мени ҳолимға мурғони чаман йиғлар,
Фиғонимдин сабо ҳар дам қизил гул пираҳан йиғлар.
Жигар уди куюб бағри биёбон гардиға тушса,
Ушолди қадри мушкин, деб ғизолони Хўтан йиғлар.
Юракда оташи дардим олиб борсам лаҳад ичра,
Қиёмат тонги отқунча куюб гўру кафан йиғлар.
Сани дардинг билан йиғлаб, фиғону нолалар қилсам,
Кечиб фарзанду молидин, бўлуб эл беватан йиғлар.
Етилмай меваи мақеад, аруси жон эрур ҳайрон,
Чидолмай жустужў айлаб, юруб тун-кун… йиғлар.
Саҳарларда «Юсуф», деб оҳ уруб пири Канъондек,
Фиғонимдин фиғон айлаб, куюб байт ул-ҳазон йиғлар.
Кел, эмди, Фурқатий (қўй), Лайли деб юзланма саҳроға,
Бўяб лола кўзумни қонға гулгун пираҳан йиғлар.
«Муанбар хатларингнинг бўйи на мушки Хўтантандур…»
Муанбар хатларингнинг бўйи на мушки Хўтантандур,
Магар райҳони жаннат ерга тушган ўлса, андандур.
Лабинг ёқути нобийдур ва на маржони серобий,
Нечук ўхшар анго, лаъли Бадахшону Ямандандур.
Эмас жоно, гирибонингдадур дурр тугмалар ранги,
Мунаққаш кўйлагингнинг оқлиги акси бадандандур.
Узоринг барги гулдин нозику хушрангу хушбўйроқ,
Бу янглиғ тозаю тар гулки, ё раб, қай чамандандур?
Бағирга лабларинг ёдида тушган қонни бўҳтондин,
Кўзум айтурки: «Сандандур», кўнгул айтурки: «Сандандур!»
Дубора кўрмасун ҳар ким, хатингдин бенасиб ўлсун,
Бузуб қуллуғни аҳдинким, агар паймоншикандандур.
Қачон лойиқ лабинг шаҳди хирадсиз булҳавасларга,
Эмас тўти алар табъи, басе зоғу зағандандур.
Олиб нусха баҳори хилъатингдин бўстонларга,
Гули аҳмар руҳингдин, ғунчаси дуржи даҳандандур.
Демаким: «Отмайин тийри мижам, нечун асир ўлдинг?»
Асир ўлмоғлиғим, эй, шўх, чашми сеҳрфандандур.
Раводур, кўзларингдин парвариш топти десам наргис,
Қадингнинг нахли бу гулшан аро сарву сумандандур.
Жаҳон раъноларин ўзга гирифтору ғулом эттинг,
Бу хосият шакарафшони жаннатлик сухандандур.
Асар қилмас сиришким мавжи-ю ҳам тийри афғоним,
Кўзингнинг сеҳридин хоро дема, руҳи на тантандур.
Нигини ҳарфи исминг ҳотамин назмиғаким, Фурқат,
Қилибдур дарж, кўрганлар деди: «Дурри Адандандур».
«Умр қарори йўқ, чунон барқи гузар ўтар-кетар…»
Умр қарори йўқ, чунон барқи гузар ўтар-кетар,
Даҳр мадори ҳам яна мисли шарар ўтар-кетар.
Умри азиз ақабидин тез борур даму қадам,
Қайда борурни билмадим, шамсу қамар ўтар-кетар.
Кеча тамом ётмаган бори улуш олай десанг,
Токи қўпай дегунчалик файзи саҳар ўтар-кетар.
Асли ҳунар будур, кўруб боқма кишини айбиға,
На сан, на манда ул қолур айбу ҳунар, ўтар-кетар.
Хайри мухайяри ўлуб айлама шар, башар эсанг,
Мадҳу маломатга қолур, хайр ила шар ўтар-кетар.
Нафъ кўрай десанг зарар кўрма раво чибинға ҳам,
Қилсангу қилмасанг агар нафъу зарар ўтар-кетар.
Фақр эли кўрса юз алам арқосидин етиб борур,
Хайлу ҳашам била агар соҳиби зар ўтар-кетар.
«Қон юқи юзларингни пок айла», деманг ёш ила,
Гиря қилур маҳал яна хуни жигар ўтар-кетар.
Даври замона мунқалиб, бўлма малул келса ғам,
Гулға шамолдин агар етса асар ўтар-кетар.
Яхшини сиҳҳатин кўруб, яхши сухан эшитки, сан,
Яхши кўруб-эшитмайин кўр ила кар ўтар-кетар.
Қолмағуси жаҳон аро ҳеч киши, Фурқатий, яна,
Сочса агарчи назмидан дуру гуҳар ўтар-кетар.
«Эй, кўнгил, сабр айла, ул маҳ ошно кам-кам бўлур…»
Эй, кўнгил, сабр айла, ул маҳ ошно кам-кам бўлур,
Байтул-аҳзонинг ахири пурзиё кам-кам бўлур.
Дафъатан, меҳру вафо ойинини тутумас, дема,
Ёш, ҳоло (ғўра)дур, ақли расо кам-кам бўлур.
Ёр васлиға тааммул еткурур, аҳбоблар,
Гар саломатликни қўйса, муддао кам-кам бўлур.
Бора-бора хаста ушшоқини қадрини билиб,
Булҳавасдин эҳтироз айлаб жудо кам-кам бўлур.
Мурғи ваҳшийни қилолмас ҳеч ким якбора ром,
Донау домики қурдунг, мубтало кам-кам бўлур.
Касб этар оҳиста-оҳиста киши фазлу ҳунар,
Боғ аро булбул болоси хушнаво кам-кам бўлур.
Бехабар, деб Фурқатийға таъна қилманг, дўстлар,
Лутфи Ҳақ бўлса агар машқи бажо кам-кам бўлур.
«Йиғлатиб ошиқ деганни зор қилмоқ шунчалар…»
Йиғлатиб ошиқ деганни зор қилмоқ шунчалар,
Раҳм ила бир боқмайин афгор қилмоқ шунчалар.
Ўзга ерлик одамега неча айлаб илтифот,
Бир маҳалла одамини хор қилмоқ шунчалар.
Лаъли майгун устина изҳор этибон хатти сабз,
Зор қолган кўнглими зангор қилмоқ шунчалар.
Мубталоларга боқиб ҳоли дилини сўрмайин,
Ҳар нечук одамлара гуфтор қилмоқ шунчалар.
Боғни сайр этгали товусдек айлаб хиром,
Сарву гулни ер била ҳамвор қилмоқ шунчалар.
Сен қулум деб, мендин аввал хатти иқрори олиб,
Ўз қулидин охири инкор қилмоқ шунчалар.
Қаҳру, жавру зулмни устодидин олиб сабоқ,
Бевафолик дарсини такрор қилмоқ шунчалар.
Куйдуруб рашк ўтиға пайванд дили бечорани,
Ҳар нечук ножинсларни ёр қилмоқ шунчалар.
Рўбарў келганда боқмай, бир такаллум айламай,
Фурқатий шўридадилдин ор қилмоқ шунчалар.
«Эй, лутфи каму жафоси чўх ёр…»
Эй, лутфи каму жафоси чўх ёр!
То чанд чекай ғамингда озор?
Йўқтур кечалар кўзимда уйқу,
То субҳ ўлуб ғамингда бедор.
Ҳайҳот, бу чархи вожгунни,
Бир жонима кулфати бу миқдор.
Моҳи рамазонки, файзи чўхдур,
Охир менга сенсизин на даркор?
Ҳар шом менга наволаи ғам,
Қисмат бўлубон қилурга ифтор.
Хуни жигарим шажарда шарбат,
Юз пора кўнгул кабоби тайёр.
Оз тоқатиму кўб эътиқодим,
Эй, сенга фидо, бу озу бисёр.
Эй, қоши камон, мижанг ўқидин,
Юз чок кўнгул, бағирлар афгор.
Авбош ҳужуми бир тарафдин,
Бир сори жафойи таъни ағёр.
Бедард изоси бир тарафдин,
Бир сори жафойи чархи ғаддор.
Қон йиғламайин ҳамиша Фурқат,
Нетсун сенга бўлса ошиқи зор.
«Ҳасратий, кел-кел бери, ул шўхи жонондин гапур…»
Ҳасратий, кел-кел бери, ул шўхи жонондин гапур,
Фитна солған олама ошуби даврондин гапур.
Боғ аро мен пистау бодом ила йўқтур ишим,
Ул кўзи шаҳлодин айтиб, лаъли хандондин гапур.
Лашкари ғам остида қолдим чунон помол ўлуб,
Мўр аҳволин кўруб, бир дам Сулаймондин гапур…
Кокули савдосидин ошуфта ўлди жону дил,
Ўзгалар савдоларин зулфи паришондин гапур.
Бошинг учун, эй муҳаббат баҳрининг ғаввосиким,
Камбаҳо тошингни ташлаб, дурру маржондин гапур.
Ваъдалар айлаб эди: бориб сени қатл айлагум!
Аҳдини синдирдиму ? Ул ваъда ялғондин гапур.
Қумрии жўлидаға сарви равон таъриф қил,
Булбули дилхастага саҳни гулистондин гапур.
Кўнглум олғонда деди: Сенсен висолим маҳрами!
Эмди ташлаб ҳажрига, табъи пушаймондин гапур.
Сайри гулшандин менга дам урмағил, эй боғбон,
Ул пари Мажнунимен, дашту биёбондин гапур.
Васлидин дам урма кўб, эй ошиқони булҳавас,
Гар муҳаббат аҳли эрсанг, доғи ҳижрондин гапур.
Ўз диёридин адашган, Фурқатий девонамен,
Чуғзи ҳар вайронадурмен, байт ул-эҳзондин гапур.
«Масти бодаи ҳуснунг бўлмағон нечук жондур…»
Масти бодаи ҳуснунг бўлмағон нечук жондур?
Ақлини бериб барбод, жумла халқ ҳайрондур.
Лоладек жамолингни бир йўли кўриб зоҳид,
Неча йилғи зуҳдидин доғ ўлуб, пушаймондур.
Айлайин фидо минг жон, қўй қадам юзим узра,
Кўзга гарди наълингни сурмаи Сулаймондур.
Оразинг зиёсидин кечалар бўлуб равшан,
Хатларинг саводидин гарчи зулматистондур.
Боғ аро хиром этсанг барча эл кўруб айтур:
«Ҳур эрурки жаннатдин ер юзиға тушкондур».
Қоматингни нахлидин сарв ўлуб хижолатрез,
Хилъатинг баҳоридин мунфаил гулистондур.
Жаъди анбарин зулфинг ҳар хаму шиканжида,
Минг асир мен янглиғ хотири паришондур.
Юзларинг гули аҳмар гулшани малоҳатда,
Гулни шохидек қаддинг ҳар тарафга ларзондур.
Фурқатий дилафгоринг телба, офият топгай,
Кўзларингки, ҳар соат қон тўкарга майлондур.
«Сарвқад, сийминбадан, гулпираҳан, мастоналар…»
Сарвқад, сийминбадан, гулпираҳан, мастоналар,
Кўрмаям меҳри руҳинг, саргаштаю афсоналар.
Лайливаш, ширинмисол хўблар санга чокар ўлуб,
Руб этар фаррош каби ҳар субҳидам остоналар.
Тоқатин торож этар Мажнун каби ҳуснинг кўруб,
Чарх уруб дашти жунун, оворадур жононалар.
Нурфишон қўли била субҳ дояси кокулларинг,
Шонаи боди сабо бирла ани чун шоналар.
Наргиси мастинг сузиб, лутфинг майи-ла бир туни,
Лабрез айла базми васлинг ичраким паймоналар.
Зулм ила ҳижрон ўтидин шуъла солма кўксима,
Жон куюб, ахгар бўлуб, тан бўлмасун вайроналар.
Ранжу меҳнатлар чекуб, ҳижрон ғамидин дил заиф,
Дарди дил дорусиға май истарам, майхоналар.
Хилват айлаб ғайрдин, кўрсат жамолинг шамъини,
То кўруб жону дилим бўлсун анга парвоналар.
Ўткарур ҳижрон тунин Восиф йиғи-ла доимо,
Бир келиб ҳолин сўра, то билмасун бегоналар.
Назм ичинда Фурқат исминг ҳарфининг болосида,
Риштаи маржон этиб чун гавҳари фарзоналар.
«Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур…»
Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур,
Жунун аҳли эрур ёрим, бало дашти диёримдур.
Баҳор айёми саҳрода очилғон лолалар эрмас,
Юзи ҳажрида ҳар бир қатра қонлиғ ашкборимдур.
Чаманда ғунча деманг, қонға тўлғон таҳ-батаҳ бағрим,
Эмас наргис, анинг йўлида чашми интизоримдур.
Қаронғу кеча эрмас, тийра бахтим, таҳ-батаҳ ҳолим,
Сочи савдосидин токим қораргон рўзгоримдур.
Қаю ерда хазонлиғ барг ё парри самон бўлса,
Менинг ғурбат аро ғам бирла сарғарғон узоримдур.
Ер узра поймол ўлғон эмастур сояйи девор,
Йиқилган чарх зулми бирла жисми бемадоримдур.
Агар ёр остони узра бир афтода кўрсанглар,
Қуюнларким, кўнгул отлиғ хароби хоксоримдур.
Фалакда раъд, барқ этманг гумон, ул ой фироқинда,
Менинг савти фиғоним бирла оҳи пуршароримдур.
Шаҳид ўлсам, бошоқлиғ ўқини бошимға қўйғайсиз,
Ўзи мил-у, ёнар пайкони бир шамъи мазоримдур.
Муҳаббат йўлида бир неча расвойи жаҳон бўлдим,
Биҳамдиллаҳки, бу дунёда топгон эътиборимдур.
Фиғоним эшитиб, аҳбоблар қошинда сўрганда,
На бўлғай десалар, Фурқат деган бир беқароримдур.
«Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз…»
Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агарчандики хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.
Умид этгонимиз аксар саодат бўтаи ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз, қиммати тиллоға бормасмиз.
Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз озода деб, ҳар жоға бормасмиз.
Ҳаво лойиға ботган моуманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ кам зарофат маскани аъдоға бормасмиз.
Биз эллар – фақр элимиз, парча нонға сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.
Эмасдур онча асбоби жаҳонға фикримиз Фурқат,
Вале кетгунча жуз андишаи фардоға бормасмиз.
«Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз…»
Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз,
Кўзи шум ағёрлардин анда пинҳон иккимиз.
Ҳар замон даврон жафосидин қилибон бода нўш,
Мастликдин айласак қайғуни яксон иккимиз.
Ул замон сайри гулистон айласак қўл ушлашиб,
Рашкдин айлаб гулу булбулни яксон иккимиз.
Даҳрнинг озоридин масти хароботий бўлуб,
Тарки ҳуш айлаб, бўлуб ул ерда ҳайрон иккимиз.
Қумриларни доғи ҳижронга гирифтор айлабон,
Ерга помол айласак сарви хиромон иккимиз.
Ногаҳондин азми бозор айлаб, эй жон, шавқ ила,
Солиб олам аҳлига кўб шўру тўфон иккимиз.
Камтарин Фурқат бу янглиғ муддаоға етмади,
Кошки бир ерда бўлсак эрди, жонон иккимиз.
«На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз…»
На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз,
Гулдек очилиб, ғунчаи ҳумро, қарамайсиз.
Ё ўзга кишилар сиза сўз ўргатадурми?
Йўқса нега ҳеч сўз демайин, ё қарамайсиз?
Ҳар кун ўтасиз тўффини боша қўюб эгри,
Олифта бўлуб мунча таманно, қарамайсиз?
Кўрганда мени мунча шитоб айлаб ўтарсиз,
Борму магар ул ёна тамошо, қарамайсиз?
Ҳар шому саҳар тинмайин афғон чекадурмен,
Булбул қулингизга гули зебо, қарамайсиз.
Хўблар била келганда-ку мендин қиласиз ор,
Энди ўзингиз яккау танҳо, қарамайсиз.
Фурқат қулингиз мисли гадо йўлда ётодур,
Бир лутфу карам қилғоли, шоҳо, қарамайсиз.
«Зиҳи ситамки менга мунча, дилрабо, қиласиз…»
Зиҳи ситамки менга мунча, дилрабо, қиласиз,
Билиб туруб куёримни яна жафо қиласиз.
Кўнгулни олдингизу, жонни ҳам олинг ботроқ,
Ғариб элни нега бир-бирин жудо қиласиз?
Мени – асирни этиб эмдиликда девона,
Рақиби сияхрўни бори ошно қиласиз.
Жудолиғ айлар экансиз келиб-келиб охир,
На деб мурувват этиб аввал вафо қиласиз?
Вафо қилурға менга бердингиз чу минг ваъда,
Ўшал ваъдани бирига қачон вафо қиласиз?
Нечук эрурки, собир худога дод этсам,
Жафоларики менга мунда ҳолиё қиласиз.
Суруб таковарингиз, қатл этиб халойиқни,
Бу ерни қон ила чун дашти Карбало қиласиз.
Фироқингизда бу беморликда ётганим-ётган,
Келарсиз ўзингизу васлдин даво қиласиз.
Тағофул ўлса сизи феълингиз ҳамиша нигор,
Камина Фурқатийни ғам билан адо қиласиз.
«Ўртанур токай фироқинг оташида жонимиз…»
Ўртанур токай фироқинг оташида жонимиз,
Жонимизға раҳм қил бўлсанг агар жононимиз.
Сен каби товус пайкар нега келтирсун хиром,
Чуғз қўнмас кўзга илмай кулбаи вайронимиз.
Қайда бўлсанг гул юзинг ёдида ул ердур бизи –
Боғимиз, бўстонимиз ҳам равзаи ризвонимиз.
Онқадар қилдинг жафою жаврлар, эй шўхким,
Онча бор эрди чекарга қолмади имконимиз.
Ноламиздин кечалар гардун қулоғи бўлди кар,
Оҳким, етмас сенга бир нолаю афғонимиз.
Сели ғам бедодидин ет додимизга, адл қил,
Сенки бордурсен малоҳат мулкида султонимиз.
Ҳар замон кўз бошинга сурсак агар бир важҳи бор,
Зийнат ортар, кокулингга шонадур мужгонимиз.
Турмайин аҳдингда паймонингни синдурдинг ахир,
На эди аввалда, Фурқат, аҳд ила паймонимиз.
«Ишқ изҳор этганимға қаҳр этиб, эй, сарвиноз…»
Ишқ изҳор этганимға қаҳр этиб, эй, сарвиноз,
Жисм ила жоним итоб ўтиға то бердинг гудоз.
Ҳар неча элдин кўнгулда айласам пинҳон бу дард,
Ашки олу чеҳраи зардим этар ифшойи роз.
Ул куни гулгун кийиб миндинг саманди ноз уза,
Қилдинг, эй, қотил, кўнгул майдони ичра турктоз.
Қумри янглиғ иштиёқингда нечук қон йиғламай,
Сарв осо қад била бўлсанг кўзимға жилвасоз.
На эмиш ишқингда барбод айламоқ бир хонумон,
Сен каби маҳвашқа минг жон ўлса танда ёна оз.
Бир пари зинжири зулфидин халос ўлмай ҳануз,
Зор кўнглум сен ситамгарга гирифтор ўлди боз.
Тийри афғонимғаким ҳар тун сурайёдур нишон,
Бежигарлар оҳидин албатта қилғил иҳтироз.
Ўзга дилбарларга нозе бордур истиғно тўни,
Айланай, қаддингға лойиқ хилъати дебойи ноз.
Мунтазирликдин йўлингда ўзни туфроғ айлади,
Бир нигоҳинг бирла қилғил Фурқатийни сарфароз.
«Анбарин хаттеки қилдинг ошкор, эй, сарвиноз…»
Анбарин хаттеки қилдинг ошкор, эй, сарвиноз,
Кўрдиму чиқти кўнгуллардин ғубор, эй, сарвиноз.
Кўксима ўқларки отдинг ғамзадин, пайконларинг,
Чекмаким, жонимға қолсун ёдгор, эй, сарвиноз.
Демадинг ҳаргизки: менсиз кечти аҳволинг нечук?
Тиғи ҳижронингдин эрдим дилфигор, эй, сарвиноз.
Жаъди мушкинингдин очиб ҳар тараф марғулалар,
Айладинг бизни паришон рўзгор, эй, сарвиноз.
Лаъли нобинг ҳасратидин ғунча янглиғ қон ютуб,
Гул юзинг ёдида чектим хор-хор, эй, сарвиноз.
Йўқмен ўзда, ҳушима келганда келсанг ёдима,
Тортадурмен нолаи беихтиёр, эй, сарвиноз.
Лоф урармиш гул тароват бобида гулшан аро,
Бир бориб юз очки, бўлсун шармсор, эй, сарвиноз.
Хўбрўлардин мурувват гарчи ғайри расм эрур,
Мен хаёли хом этиб, уммидвор, эй, сарвиноз.
Айғил охир бир кўриб, маҳзун кўнгулни сўрмасанг,
Тобакай тортай йўлингда интизор, эй, сарвиноз.
Назмими силкиға чектим, Фурқатий, зийнат учун,
Ҳарфи номинг мисли дурри шоҳвор, эй, сарвиноз.
«Бир боқиб жонимни олди наргиси хумморингиз…»
Бир боқиб жонимни олди наргиси хумморингиз,
Берди бир сўз ила қайтиб лаъли шаккарборингиз.
Лаҳза-лаҳза айлабон жон душманиға илтифот,
Мен каби маҳзунғаму юз жавру минг озорингиз?
Бош чекиб хуршид машриқдин валекин қилди паст,
Барқ уруб мағриб саридин шуълаи рухсорингиз.
Йўлингизга термулуб доим оқарди кўзларим,
Оҳ, қачон бўлғай муяссар давлати дийдорингиз.
Йиғлатиб булбул каби гул юзингизни жилваси,
Қумридек дар нола қилди шеваи рафторингиз.
Кунжи ғамда жавр ила бедодингиздин, эй пари,
Лабға жоним етти, олинг, бўлса шул даркорингиз.
Туздингиз хилват тутиб ағёр ила то сози базм,
Ўлди бемор ушбу ғамдин Фурқатий афгорингиз.
«Васл ароким, гул каби очтинг узор, эй сарвиноз…»
Васл ароким, гул каби очтинг узор, эй сарвиноз,
Қилма кўнглум хори ҳижрондин фигор, эй, сарвиноз.
Айласанг-чи кўзларим равшан, келиб наргис каби,
Тобакай тортай йўлингда интизор, эй, сарвиноз.
Кетма кўздин нориким, бир дам жамолинг кўрмасам,
Турғуси менда қачон сабру қарор, эй, сарвиноз.
Ихтиёрим кетди қўлдин ул куни, андин бери,
Тортадурмен нолаи беихтиёр, эй, сарвиноз.
Тўтиёлиқға оқарғон кўзларимға кошки,
Етса эрди доманингдин бир ғубор, эй, сарвиноз.
Бу қаду рухсор ила кел боғ аро кўргиз хиром,
Сарв эгилсун ҳам гул ўлсун шармсор, эй, сарвиноз.
Ой юзингсиз, Фурқатий, то субҳ йиғлаб ётмадим,
Бўлди андоқким қаронғу кеча тор, эй, сарвиноз.
«Кўзларинг ҳар гўшаси бир манзалу маъвойи ноз…»
Кўзларинг ҳар гўшаси бир манзалу маъвойи ноз,
Қошларингни хамлиги ҳам боиси иймойи ноз.
Фаҳм этиб ошиқлигим қилдинг итоб узра итоб,
Англадим бу шеваниким ноз бир болойи ноз.
Эй, жафопеша, тағофул этганинг етмасмуди,
Дардими афзун қилурсан, айлаб истиғнойи ноз.
Рашк жомидан ичибман гўшаи ҳасратда қон,
Сан чекиб ағёр ила тун соғари саҳбойи ноз.
Нозанинлар ноз иншосин азал котиблари,
Ёздилар, лекин сени номинг учун туғройи ноз.
Ўзга маҳвашларга нозебодур истиғно тўни,
Дилбаро, қаддингга лойиқ хилъати дебойи ноз.
Офтоби оразинг тўлди шуоъи олама,
Бўлди зарроти жаҳон чун роғиби савдойи ноз.
Эй, парипайкар, мани ўлдурдинг истиғно қилиб,
Кўз уйина айламай ташриф бир йўл пойи ноз.
Хўблиқ мулкидадурсан бир амири комрон,
Ҳусн тахтида начоғлиқ ноз қилсанг жойи ноз.
Гулшан ичра ғунча эрди, бош чекиб бўлди хазон,
Тутмайин поси адаб гул айлагач ифшойи ноз.
Умр қатъ ўлсун ажал дорулқазосиға бориб,
Ҳар парирўким, қилур бўлса санга даъвойи ноз.
Ҳуш нақдин бир тарафдин кўзларинг торож этиб,
Бузди бу кўнглумни мулкин устиға яғмойи ноз.
Қилса саҳрони ватан Мажнун каби Фурқат нетонг,
Сен каби Лайли нигоҳидин эрур шайдойи ноз.
«Қайси бир боғи Эрамни ғунчаи ҳамросисиз…»
Қайси бир боғи Эрамни ғунчаи ҳамросисиз?
Ё малоҳат гулшанини бир гули раъносисиз?
Раҳна солиб сабр таъмириға бир наззорадин,
Кимни бир бераҳм қотил, кўзлари яғмосисиз?
Бора-бора жон қушини қумридек нолон этиб,
Қай латофат боғини сарви чаманоросисиз?
Ахтариб топмас жаҳон баҳрини кўб ғаввослар,
Рост айтинг, қайси дарёни дури яктосисиз?
На башарсиз, на пари, на ҳуру ғилмони жинон,
Балки афлоки фасоҳатни малак паймосисиз?
Чиқсангиз майдона гар, ушшоқ эли бўлғай ҳалок,
Тавсани шўхи фалаксиз, жаҳон иҳмосисиз.
Эй, парилар сарвари, эй, дилбари оромижон,
Ҳусн аҳли гарчи кўбдур, барчадин аълосиз.
Нозанинлар зубдаси, хулди бариндур кўйингиз,
Ошиқи дилхасталарни жаннат ул-маъвосисиз.
Ҳад на бўлғай номингиз ҳарфини зикр этмак манга,
Фурқатий дилхастани султони олийжосисиз.
«Тавафи Каъбаға раҳнамо билан борамиз…»
Тавафи Каъбаға раҳнамо билан борамиз,
Ўлумни чоғлаб ўза қазо билан борамиз.
Муроди манзилиға айлабон яна Мийно,
Умиди Марва истабон Сафо билан борамиз.
Ки ҳаж қилурда кўб эрмиш шароити аркон,
Бажо этарга бир неча расо билан борамиз.
Умид беҳад этиб журмимиз маофиға,
Мадина сориға бу муддао билан борамиз.
Келинглар, аҳли муҳаббатки, жон нисор айлаб,
Мазори шери Худо – Муртазо билан борамиз.
Келингки, ҳаддин ошубон фужур кўб қилдук,
Фиғону нолау воҳасрато билан борамиз.
Ото-оноу қариндошдин умидни узуб,
Имоми лахтаи жигардек ризо билан борамиз.
Яқони чок этибон бу йўлда қон йиғлаб,
Имом Ҳусайн-шаҳиди Карбало билан борамиз.
Кел эмди, Фурқати бедил, турарга тоқат йўқ,
Тавофи Каъбаға раҳнамо билан борамиз.
«Оҳким, раҳм қилиб, бир йўли ёд этмадингиз…»
Оҳким, раҳм қилиб, бир йўли ёд этмадингиз,
Мани мағмумни хотирини шод этмадингиз.
Олмайин бир йўли жон ғуссадин айлаб озод,
Ё қилиб қатъи назар, дардни зиёд этмадингиз.
Хуни дилдин ёзибон номаи шавқим борадур,
Лафзи дашном ила бир парча савод этмадингиз.
Зулм тиғила тўкуб ғамзодалар қонини,
Бошингиз Ҳаққи учун тарки фасод этмадингиз.
Сизки, иқлими малоҳат шаҳидурсиз, жоно,
Ошиқи бечоралара адл ила дод этмадингиз.
Каъбаи дилни хароб этти чу ғами куффори,
Бир ҳимоят бўлубон ҳеч мадод этмадингиз.
Жони тоза берибон ҳар кима бир тиғ била,
Фурқатий дилхастага бир ўқни кушод этмадингиз.
«Не эрур журмимки, кўрса ул ситамкор индамас…»
Не эрур журмимки, кўрса ул ситамкор индамас,
Гарчи ишқида қилурмен нолаю зор, индамас.
Учрадим қандоғ ситамгар дилрабоға, оҳким,
Тиғи жавридин қилиб бағримни афгор индамас.
Лоуболу шўхдурким, маҳзи истиғно қилиб,
Бўлса ҳам аҳволи зоримдин хабардор, индамас.
Йўлида бошимни помол айласам ҳам соядек,
Зарра парвоси йўқ ул хуршиди рухсор индамас.
Индаса раҳми келиб шоядки деб, Фурқат, анга,
Тўғри бўлсам лоақал кўрганда бозор, индамас.
«Сен каби бадмеҳрликни ҳеч мусулмон айламас…»
Сен каби бадмеҳрликни ҳеч мусулмон айламас,
Айлағай, лекин жафоу жавр чандон айламас.
Орази хўбингни ҳар ким кўрса гулшан сайрида,
Орзуйи жаннат ул-фирдавсу ризвон айламас.
Ўйнасанг чун ламъа ҳайрон кўзларимда, эй пари,
Жилвасин ойинаи хуршиди рахшон айламас.
Айладинг жонимға бедод устиға бедодлар,
Душманиға бу ситам ҳеч номусулмон айламас.
Ийди рухсоринг аро икки ҳилолингни кўруб,
Қандоғ одамдурки бир жонини қурбон айламас.
Бодаи лаъли лабингдин қатра нўш эткан киши,
Умр ичида ёд ҳаргиз оби ҳайвон айламас.
Маҳрам ўлмай васлингга кўз ёшим ўлди бешариқ,
Сенсиз, эй оромижон, най манча[1 - Маҳрам, Бешариқ ва Найманча – Қўқон атрофидаги қишлоқ номи, лекин биз шеърнинг асли мазмунини чиқариш учун бу сўзларни кичик ҳарф билан ёздик.] афғон айламас.
Кеттинг ағёр ила Юсуф талъатим саҳро сори,
Байт ул-эҳзон йўлға мендек пири Канъон айламас.
Васл савдосиға берди Фурқатий жон нақдини,
Кўрмаса суде агарчанди, пушаймон айламас.
«Жаҳон боғини ахтарсам сенингдек гул узор ўлмас…»
Жаҳон боғини ахтарсам сенингдек гул узор ўлмас,
Суманбар, сарв қомат, ғунча оғизлиқ нигор ўлмас.
Йўлинг узра бўлиб гар тупроғимдин юз забон наргис,
Очилса сен учун, тонг йўқ, демаким интизор ўлмас.
Кўзинг махмуридурман сипқориб ўтган билан соқий,
Шароби ноб ортиқ, дурддин рафъи хумор ўлмас.
Нечук бедодгар, бераҳм дилбарсанки, ишқ аҳли,
Жаҳон таркин қилибон, жон бериб ҳам эътибор ўлмас.
Қулингман, ҳар на қилсанг айлагилким, ихтиёрингдур,
Инону ихтиёрим сенда, менда ихтиёр ўлмас.
Кечубдурман, сени ёр ўлса шояд деб, диёримдин,
Кетай ёр ўлмасанг эмди, диёринг ҳам диёр ўлмас.
На деб ранжида бўлдингким, бу ёзган номада дебсан:
«Қасам ичсам агар сендек киши бизларга ёр ўлмас».
Бўлиб савдозада ишқинг ҳавосидан ҳазин кўнглум,
Дами гул накҳатидин тургали Фурқат қарор ўлмас.
«Бўлса ким хилватнишин, сайри чаман лозим эмас…»
Бўлса ким хилватнишин, сайри чаман лозим эмас,
Узлат этган одамига анжуман лозим эмас.
Бенаволарни кўруб, таън этманг, эй, аҳбоблар,
Ким, харобот аҳлига ҳаргиз ватан лозим эмас.
Булбул эрмас ғордин гар ошиён этмас бино,
Чуғзи ғурбат бўлмаса байт ул-ҳазан лозим эмас.
Қосир ақлинг бирла сунъи Кибриёдин урмадам,
Билмаган одамга бир нозик сухан лозим эмас.
Лайливаш бир дилбари раъноға ошиқ бўлмасанг,
Юрмағил беҳуда бул дашти миҳан лозим эмас.
Кўҳи ғамни нохуни сабрим била қаздим бу кун,
Урма дам Фарҳоддин-ул Кўҳкан лозим эмас.
Фурқато, айғил такаббур аҳлиға Машраб деди:
«Қатраи оби манийга моуман лозим эмас».
«Ваҳм бирла ғаллани қиммат қилур ҳаннотлар…»
Ваҳм бирла ғаллани қиммат қилур ҳаннотлар,
Икки-уч кун тўҳтамасдин ёғса ногоҳ қор, қиш [2 - Бу ғазалнинг матлаъи ва мақтаъи асл нусхада тушиб қолган. Сарлавҳа ўрнида «Фурқатни қиш ва совуқ ҳақида айтган шеъри» деган жумла мавжуд.].
Шаҳр эли барча емак-ичмак балосиға қолур,
Кам бўлуб байъи широ, тўхтаб қолур бозор, қиш.
Уйда ўлтурсанг совуқдин қақшабон бу бир бало,
Сандали бирла ўчоғ айлар путунг нокор қиш.
Кўчаға чиқсанг тириклик боиси авқот ўлур,
Совуқидин еткурур жонингға кўб озор қиш.
Ҳар кишида бўлса икки-уч нафар аҳли аёл,
Дафъатандин уйға ун, ғўло ўтун даркор қиш.
Иссиғ уйда бўлса асбоб маишат жо бажо,
Чиқмасанг ташқориға деса бўлур: гулзор, қиш.
Боқмайин бору йўқингға сарф айлаб бўлмағай,
Ёз бўлғунча қўлингда дарҳаму динор қиш.
Камзулу пўстун била иссиғи йўқ тандурга,
Тез бўл, тайёр қил, деб пахталиғ шалвор, қиш.
На қилайким, ўлтурай деса, совуқни зўридин,
Эрта оқшомда чиқар ҳар кўчаға ночор қиш.
«Бошладим аввал ба номи холиқи Акбар баёз…»
Бошладим аввал ба номи холиқи Акбар баёз,
Бўлмағай деб то қиёмат даҳр аро абтар баёз.
Қодиреким қудратидин айлабон лайлу наҳор,
Нуру зулматдин яратти ҳар савод-у, ҳар баёз.
Ҳамд ҳарфидин ўзига зеблар пайдо қилиб,
Топти наъти Саййиди кавнайнидин зевар баёз.
Фахри олам, афзали одам, Расули коинот,
Шаръидин бўлди жаҳон зулматлари яксар, баёз.
Ҳазрати Бубакр сидқидину адли нуридин,
Айлади олам саводи ҳазрати Уммар баёз.
Берди динға ҳилму тамкини била Усмон ривож,
Куфр зулмотин қилиб самсомидин Ҳайдар баёз.
Бўлди ҳар мавжи ғазал бирла сафобахши жаҳон,
Зоҳир айлаб мисраенинг тийғидин жавҳар баёз.
Топти оройиш ғазаллардинки, ҳар бир мисраъе,
Қомати баржастаи бир шўхи симинбар баёз.
Ҳар саводи нуқтаю хатти эрур мушки Хито,
Ҳар баёзи байни сатри қитъаи анбар баёз.
Жонфизо мазмунларидин тийрадилларни қилиб,
.........................................................[3 - Кўпнуқта ўрнидаги ёзув йиртилиб йўқолган.] Искандар баёз.
Ҳар қачонким очти табъим боғидин бир тоза гул,
Боғладим гулдаста, Фурқат, айладим дафтар, баёз.
«Шеваи меҳру вафо дилдорлардиндур ғалат…»
Шеваи меҳру вафо дилдорлардиндур ғалат,
Зулфи сунбул орази гулнорлардиндур ғалат.
Айламас ҳаргиз мурувват ошнолар, ёрлар,
Айламоқ гашти вафо ағёрлардиндур ғалат.
Ҳар нафас юз минг жафога мубтало айлар кўзи,
Истамок хурсандлик хунхорлардиндур ғалат.
Лабларидан нуши дору айламанг уммидким,
Орзу этмок даво беморлардиндур ғалат.
Кеча-кундуз жон узар бечоралар бир пул учун,
Айламоқ чашми карам тужжорлардиндур ғалат.
Тошбағирлардин мурувват истамоғликдур хато,
Шишага раҳм айламоқ сангхорлардиндур ғалат.
Фисқ аҳлидин хато уммиди эҳсону сахо,
Зуҳду тақво истамоқ фужжорлардиндур ғалат.
Фурқат, абнои замондин шиква қилмоқлик на суд,
Чунки уммиди вафо ғаддорлардиндур ғалат.
«Сўрғоли ҳолимни, эй қоши қалам, кел эртароғ…»
Сўрғоли ҳолимни, эй қоши қалам, кел эртароғ,
Йиғламоқдин қолмади кўзларда нам, кел эртароғ!
Сендин айру гўшаи ҳижрон аро ёлғиз топиб,
Ўртаға олди мени дарду алам, кел эртароғ!
Марҳабо, бош устина, айлаб карамлик шаҳсувор,
Кўзларимни устина қўйғил қадам, кел эртароғ!
Муддатедур даҳр аро топмай вужудингдин сўроғ,
Эл аро анқо каби бўлдим адам, кел эртароғ!
Эй хуш ул тунлар фориқинг ёдима келмас эди,
Билмайин комим висоли муғтанам, кел эртароғ!
Бистарим хоки мазаллат, ҳамдамим андуҳдур,
Ҳасратингда масканим бўлғунча ғам, кел эртароғ!
Фурқатий ошуфтадил то чанд тортар интизор,
Дилда тоқат қолмади, жоним-танам, кел эртароғ!
«Тортаман бечоралиғда ҳар кеча бедорлиғ…»
Тортаман бечоралиғда ҳар кеча бедорлиғ,
Бир кўруб ҳоли дилимни, бермадинг дилдорлиғ.
Қошларинг тийғин чекиб, гоҳи мижангнинг ханжарин,
Кўзларингким бошладилар шеваи хунхорлиғ.
Айлағил дардимға чора ёки ўлдурғил мани,
Меҳнату андуҳ ила токай чекарман хорлиғ.
Ман асиру хастага айлаб лабингни заҳрханд,
Ўзгаларнинг базмида бўлдунг шакаргуфторлиғ.
Ман ғаминг новакларидин сийначоку дилфигор,
Сан қилиб ғайриға, эй, ороми жон, ғамхорлиғ.
Қўймадинг кўзга қадам, мардумлиғ айлаб бир йўли,
Билмадинг меҳру вафо йўлида мардумдорлиғ.
Телбае расво эрур деб, эй париваш, ор этиб,
Фурқатий дилхастадин олдинг хати безорлиғ.
«Ул пари ҳажрида чеккан нолау зоримға боқ…»
Ул пари ҳажрида чеккан нолау зоримға боқ,
Осмонға ўрлади, оҳи шарарборимға боқ.
Гулжабину ғунчалабнинг ҳасратида қон ютуб,
Сарғарибдурман, хазондек жисми беморимға боқ.
Заъфарон юз узра қонлиғ ёш тўкарман, эй, рафиқ,
Қилмадинг бовар агар бу ранги рухсоримға боқ.
Умрлардур бўйла бир бетараҳҳум ёр учун,
Дўсту душмандин эшитган таъна-озоримға боқ.
Таън қилғунча мени, бедардлар, кўзум ўюб,
Ол, кўзинг ўрниға солғил, сўнгра дилдоримға боқ.
Ишқ савдосидин ўлдум гарчи кўб ошуфтаҳол,
Эй, жунунни шаклидин бўйнумда тумморимға боқ.
Эй, муҳаббат аҳли, рамзи ишқ фаҳм айлай десанг,
Ёзилан хуни жигардин, Фурқат, ашъоримға боқ.
«Кўнгул қўймоқ хатодур, ҳусн аҳлининг вафоси йўқ…»
Кўнгул қўймоқ хатодур, ҳусн аҳлининг вафоси йўқ,
Хинонинг рангли янглиғдур, кетар бир кун, бақоси йўқ.
Ўшал маҳвашки олам халқи анга мубталодурлар,
Ва лекин ман каби онлар ичинда мубталоси йўқ.
Ишонманглар, мусулмонлар, вафога ваъдалар қилса,
Булар ялғончилардур, аҳдининг ҳаргиз вафоси йўқ.
Ғаразгў, шум рақибларнинг юрар арқосидин истаб,
Қочар андинки, ишқдин ўзга дилда муддаоси йўқ.
Фалотун бўлса баъзи, мақтама, ул бехирад бўлғай,
Жаҳон раъноларининг қай бирининг норасоси йўқ.
Тағофул бирла оҳиста кетар ҳар сў, қарор этмай,
Замоне ўлтурурга ошиқ олдида ризоси йўқ.
Замона хўбрўсидин ўзингни қил, бадар, Фурқат,
Агар юз йил бу янглиғ умр кўрсанг, ҳеч бақоси йўқ.
«Жаннатнинг гулларидин гулзорингиз чиройлик…»
Жаннатнинг гулларидин гулзорингиз чиройлик,
Ҳуру пари юзидин рухсорингиз чиройлик.
Кўрганда қоматингиз бўлғой хижил сановбар,
Товуснинг жилвасидин рафторингиз чиройлик.
Ҳар қанча айласангиз келмас малол ҳаргиз,
Яхши эрур жафонгиз, озорингиз чиройлик.
Ҳар бир-биридин аҳсан афъолу хислатингиз,
Кирдорингиз ярашган, атворингиз чиройлик.
Олма қизил юзингиз, бодом эрур кўзингиз,
Таърифи анжирингиз, анорингиз чиройлик.
Фурқат, кўриб кўнгуллар бўлмас нечук паришон?
Белларда кокулингиз, тумморингиз чиройлик.
«Чаман саҳнида дерлар сарв бирла ёсуман нозик…»
Чаман саҳнида дерлар сарв бирла ёсуман нозик,
Ғалатдур, қоматинг олдида гулдан пираҳан нозик.
Қачон ул Юсуфи Мисрийда бу ҳусну малоҳат бор?
Фасоҳатда, сабоҳатда, ҳама тўғрида сан нозик.
Фалакни даврида кўп давр кечти, даҳр золидин,
Вужуда келмади асло сенингдек оқ бадан нозик.
Каломингдин ҳаловат топмоғи жонларни ондинким,
Даҳон нозик, забон нозик, ки лаб нозик, сухан нозик.
Қошинг саркашлик айлаб, қон тўкарга ўлтириб эрди,
Нечук бўлдики, бош чекмиш кўзинга ул чафан нозик.
Муносибдур сенингдек андалиби жаннатий, йўқса,130
Қачон бўлди жаҳон боғида ҳар зоғу заған нозик.
Қулинг Фурқат, дилим дардини кўп ифшо қилолмасмен,
Кўтармас табъи мавзунинг, анинг фикрича, сан нозик.
«Келинг Мулло Раҳим, ёр ахтарайлук…»
Келинг Мулло Раҳим, ёр ахтарайлук,
Кўнгул марғуби дилдор ахтарайлук.
Агарчи топмасак бир яхши дилбар,
Ёмондур, гар ситамкор, ахтарайлук.
Йўлуқтурди фалак якбора ғамни,
Демасдук ранжу озор ахтарайлук.
Юракда дарди йўқларни нетармиз?
Ўзимиздек дилафгор ахтарайлук.
Жаҳон боғини маҳзун булбулимиз,
Гулеки бўлса бехор, ахтарайлук.
Вафолик ёрни аҳволи шулму?
Қўйинг эмди, жафокор ахтарайлук.
Бўлуб ҳайрон бу ерда турмасак хўб,
Кезиб элни чи миқдор ахтарайлук.
Неча кундур иковлан Фурқатиймиз,
Висолини бўлуб зор ахтарайлук.
«Ишқ аро ошиқ ҳамиша волаи мажнун керак…»
Ишқ аро ошиқ ҳамиша волаи мажнун керак,
Оҳи сўзон, сина бирён, кўзлари пурхун керак.
Ғунча янглиғ ҳар саҳар хунобаи ҳасрат ютуб,
Ашки хунолуду пурхун жомаси гулгун керак.
Кори ҳар номард эмасдур ишққа қўймоқ қадам,
Рустами достон керак ё марди Афлотун керак.
Эл аро йиртиб яқосин, дод этиб, йиғлаб юруб,
Кўксига нохун уруб, нолон, кўзи Жайҳун керак.
Фурқато, ишқ аҳлини ноласи афғониким,
Булбули шўридадек ҳар рўзи шаб афзун керак.
«Сурмадин кўзлар қаро, қўллар ҳинодин лола ранг,8…»
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар ҳинодин лола ранг,[4 - Фурқат бу мисрани Фузулийга тазмин қилган.Қаранг: Фузулий. Асарлар, икки жилдлик биринчи жилд. Девон. Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, –Тошкент: 1968, 338-бет.]
Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.
Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳур,
Рўймол оғушидин пешонани аҳволи танг.
Бори нозик панжалар олтун узукдин зебнок,
Қўл биларзукдин музайян, нуқрадин оғизда чанг.
Гавҳар осқон ҳалқалар сиймин баногўшида банд,
Кўринур зулфи тунида субҳи содиқдек аранг.
Ғамза бирла ўлтурур, гаҳ жилвалар бирла юрур,
Турфа бир ноз, офарин, пур ишва таннозу сатанг.
Ақл, ҳуш элтар агар турса паридек силкиниб,
Одамизод ичра ҳам мундоғ бўлурму шўх-шанг?
Йўқ қутулмоқлиғ менга, ул офати жон дастидин,
Қасдима қошлар камон, пайваста мужгонлар ҳаданг.
Ул париваш ишқидинки, телбадурмен, гоҳ соғ,
Чунки бордур орамизда гоҳ сулҳу, гоҳи жанг.
Жаврларким, Фурқат, ул шўхи жафожў айлади,
Мунча бедоду ситам қилмас мусулмонға фаранг.
«Не балолиғ эрди, эй шўхи дилоро, суратинг…»
Не балолиғ эрди, эй шўхи дилоро, суратинг,
Ақлими лол этти қилғунча тамошо суратинг.
Кетти бир кўргач ани сабру қарорим шеваси,
Айлади тоқат нечук чекканда тарсо, суратинг?
Ёки Гуландом эрурсан, боз келдинг дар вужуд,
Айлади Баҳромдек бизларни шайдо суратинг.
Сарвқадлар суратин чекканда наққоши азал,
Бир алиф шаклида ёзмиш қадди зебо суратинг.
Нақши пойингни чеколмас эрди Чин суратгари,
Олғуси миръот ила рус аҳли қайдо суратинг?
Бу латофатлар била борса калисоға агар,
Қўймағайму бош-аёғига чалипо, суратинг?
Турфаким тасвири лаълинг мурдаларға жон берур,
Йўқ эрур, жоно, ажаб бўлса Масиҳо суратинг.
Кеча-кундуз журъат айлаб моҳу меҳр ойинаси,
Бўлмади кўрмоқ ила мустағни асло суратинг.
Фурқатий қошу кўзинг айни тасаввур айлагач,
Солди ғорат кўнглига, жониға яғмо суратинг.
«Нигори дилнавозим, доғи ҳижрон айладинг кетдинг…»
Нигори дилнавозим, доғи ҳижрон айладинг кетдинг,
Фироқинг ўтиға бағримни сўзон айладинг кетдинг.
Қадингни жилвапиро қилдинг эрса ҳури жаннатдек,
Ҳамани қумридек ҳасратда нолон айладинг кетдинг.
Асири ишқ бўлғонлар ҳамамиз йиғлашиб қолдик,
Мунингдек ҳасрату ғам ичра нолон айладинг кетдинг.
Табассум айладинг гулдек, такаллум айлабон ул кун,
Мисоли ғунчадек бағрим тўла қон айладинг кетдинг.
Сафар қилдинг, шаҳаншоҳим, шукуҳу салтанат бирла,
Қулинг Фурқатни бу ғурбатда нодон айладинг кетдинг.
«Мунча золим бўлмиш ул хунрез тарсо кўзларинг –…»
Мунча золим бўлмиш ул хунрез тарсо кўзларинг –
Ким, солур ислом элиға онча яғмо кўзларинг.
Ҳалқаи зулфинг кўнгулларни саросар банд этиб,
Қатлима тортар қошингдин тиғи бурро кўзларинг.
Кеткил ул ён, деб ишорат қилса ҳар гаҳ қошларинг,
Кел бери, деб айлашур оҳиста иймо кўзларинг.
Майдин эрмас ул киши, жоно, сияҳ маст ўлмоғи,
Кўрди бир ғамза ҳарифи нашъа паймо кўзларинг.
Хирқаи зуҳдумни ҳуснинг панжасидин чок этиб,
Офият аҳли қошида қилди расво кўзларинг.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/zakirdzhan-halmuhammad-ogly-furkat/mukh-abbat-yulida-69917872/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Маҳрам, Бешариқ ва Найманча – Қўқон атрофидаги қишлоқ номи, лекин биз шеърнинг асли мазмунини чиқариш учун бу сўзларни кичик ҳарф билан ёздик.
2
Бу ғазалнинг матлаъи ва мақтаъи асл нусхада тушиб қолган. Сарлавҳа ўрнида «Фурқатни қиш ва совуқ ҳақида айтган шеъри» деган жумла мавжуд.
3
Кўпнуқта ўрнидаги ёзув йиртилиб йўқолган.
4
Фурқат бу мисрани Фузулийга тазмин қилган.
Қаранг: Фузулий. Асарлар, икки жилдлик биринчи жилд. Девон. Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, –Тошкент: 1968, 338-бет.