Дилнома

Дилнома
Уктамхон Домлажонова
Ажойиб қаламкаш, фалсафа фанлари номзоди Ўктамхон опа Домлажонованинг ушбу "Дилнома" китоби дастлаб бир неча йил аввал чоп этилган эди.Китоб мухлислар қўлига етиб боргач, муаллифга кўплаб миннатдорлик қўнғироқлари, хатлар келди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ушбу истаклар Ўктамхон опага илҳом бағишлади, китобнинг биринчи нашрига кирмай қолган кўплаб қораламаларнинг ёзилишига туртки бўлди. натижада, янада сайқалланган, бадиий жило берилган янги хотиралар, ҳикоялар, кечинмалар ушбу иккинчи нашрдан жой олди.Ўйлаймизки, ушбу "Дилнома" ҳам китобхонлар дилидан мустаҳкам жой олади.

Ўктамхон Домлажонова
Дилнома

ЖОНГА ТУТАШ ДИЛНОМА
Бундан беш-олти йил аввал яхши олима, иқтидорли ёзувчи Ўктамхон Домлажонованинг “Дилнома” китоби чоп этилган эди. Муаллиф болалик ва ёшлик дамларида кўнгил мулкини чароғон этган устозу мураббийлари, ҳаж зиёрати чоғида онаизорига қилган муножоти, Яратганга шукронаси, Қиблагоҳини қандай излагани, умуман, бир орзуманд қалб соҳибаси бўлмиш ҳақгўй, жонсарак аёлнинг хотираларини ёниқ сатрларга терган эди. Ўшанда мен мазкур китобнинг қўлёзмасини ҳавасланиб, завқ билан ўқиб чиққан ва мухтасаргина бир сўзбоши ҳам битган эдим. Келинг, ўша сўзбошини қайта кўздан кечирайлик, сўнг мулоҳазамизни давом эттирайлик.
“Узоқ йиллар толиби илмларга сабоқ берган фазлу камол эгаси, яхшигина қалам соҳибаси Ўктамхон Домлажонова кўрган-билганларини жамлаб уч фаслдан иборат китоб битибди. Агар бу рисолага ном қўйиш лозим бўлса, мен уни “Фарзандингизнинг дил сўзи”, ундан-да мухтасар қилиб “Дилнома” деб атаган бўлур эдим. Зеро, мазкур битиклар муаллифнинг ёшлигидан то бугунги кунгача умр йўлида кечган гоҳ маҳзун, гоҳ севинчли, гоҳо ҳаяжонли, гоҳо аламнок дамларини кўз ўнгингизда жонлантиради. Хусусан, мен Ўктамхоннинг илк қиссасини шавқ билан ўқидим. Қиссада туғилиб, отасини кўрмаган, ота меҳрига зор, қалби ўксик қиз боланинг “Қаердасиз, дадажон? Мен сизни соғиндим!” дея олис ва нотаниш йўлга чиқиши, падари бузрукворини излаб чеккан азоблари баён қилинади. Йўқ, нотўғри дедим. “Баён” қилинмайди, мунгли қўшиқдай тараннум этилади. Сиз Қиблагоҳини йўқлаб, турли гўшаларда адашган, рост кўча-ю, тор кўчаларда яхшиёмон кишиларга йўлиқиб, отасининг дарагини сўраган толмас қизгинанинг дардларига шерик бўласиз, хаёлан унга кўмак бергингиз келади, Оллоҳдан шу сарсари фарзандга иноят тилайсиз.
Қисса сизни оқар сувдек ўзига ром этади. Ота соғинчи туфайли йўл машаққатларини писанд қилмай, бегона элларда падарини излаб юрган қизнинг кўксидан отилиб чиққан муножотларини бефарқ ўқий олмайсиз.
Ва ниҳоят у отасини топади, отасининг бағрига ойдек сингади. Кўз ёшлар бир-бирига қўшилади. Бу ҳаяжонли дақиқалар ўқувчи дийдасига ҳам беихтиёр нам элтади.
Мен бу ибратли қиссани, айниқса, меҳр-оқибат андак ноёброқ бўлиб турган ҳозирги кунда, ёшларимизга тавсия этган бўлардим.
Китобнинг иккинчи фасли ҳаж зиёратига бағишланган. Равшанки, саломатлиги, ҳалол сармояси, умуман, имконияти бор мўмин-мусулмон учун бир карра хонаи муборакни тавоф айлаш фарздир. Мазкур тавсияни чуқур англаган муаллиф ҳаж ибодатларини атрофлича тасвирлайди. У кишининг эҳтиросли ва самимий лафзи орқали ўқувчи Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара мўъжизалари, Арофат, Муздалифа, Мино зиёратлари, ҳақ йўлига бош тиккан ҳожилар ҳаёти ила яқиндан ошно бўлади. Дилингиз фахр, ғурур, шукурга тўлади.
Муаллиф ҳаж зиёратини зикр қилар экан, мақбул бир усул қўллайди. Таассуротларини ҳақ таолога муножот ва марҳума онаизорига мурожаат тарзида баён этади. “Сиз учун ҳаж зиёратини ирода қилган қизингизман”, дейди ва волидасининг чеккан заҳматларини, васиятини эслайди. Мушфиқ онага қалбингизда шафқат, эҳтиром уйғонади. Ул зоти шарифага, фарзандига қўшилиб, сиз ҳам дил-дилдан жаннат фароғатини тилайсиз.
Муаллифнинг кўксидан тоза чашмадек отилиб чиққан мана бу сўзлар юракка ғулу солиб, ҳожи онанинг арзи дилига шерик бўлишга ундайди: “Парвардигор, тилимизни зикрдан толдирма, қалбимизни шукурларга чулғаб қўй, сабрли бандаларинг қаторида доимо ўзингга яқин қил, ўзингга кеча-кундуз муножот қилувчи, ўзингга юзланувчилардан қилгин, Оллоҳим…” Бу фаслни тазарру роҳати, онаизор шафоати дейиш мумкин.
Ниҳоят учинчи фасл. Унда муаллиф устозлари, болалик даври, талабалик йиллари ҳақида баҳс юритади ҳамда камол касб этиб, ўзи мураббийлик мақомига етишган кунлар шукронаси билан эсдаликларини якунлайди.
Келинг, биз ҳам гапни устоздан бошлайлик.
Ҳазрати Навоийнинг бир ҳикматли байти бор:
Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,
Устоз андин рози эрса, Тангри розидур,
дейди буюк шоир. Бу ҳақиқатнинг мағзини чаққан Ўктамхон адабиётдаги илк устози Ғайратий домладан ва унинг оиласидан кўрган мурувватлари борасида самимий сатрлар битади. Ғайратий домла бизларга ҳам раҳнамолик қилган эдилар. У зот хокисор, оқкўнгил, ширинсўз эдилар. Барчага баробар меҳр кўргиза олар эдилар (илоё, устознинг охирати обод бўлсин).
Ўктамхоннинг эсдаликлари илмга ташна, уй ичидаги юмушларга қўли югурук, эл-юрт хизматига ҳамиша ҳозир, тиришқоқ, кўнгилчан, лекин иродали бир ўзбек аёлининг ҳаёт йўлини кўз олдимизга келтиради.
Унда ғофил кимсалар учун ибрат бор, кимгадир ҳикмат мавжуд, ким учундир таскин-тасалли. Яна бировлар учун тазарру бор ушбу дилномада. Мен келгусида муаллифнинг қаламига шиддат ва барака тилайман”.
Мана, орадан йиллар ўтди. Китобча қўлма-қўл бўлиб кетди. Энди ўқувчилар китобнинг тўлдирилган нусхасини қайта нашр этишни талаб қилмоқдалар.
“Қадрингга етганни қадрла”, деганларидек муаллиф “Дилнома”нинг иккинчи қисмини тугатибди. Уни илгаригидек, бир нафас билан хатм қилдим. Китоб аввалги рисоланинг мантиқий давоми бўлибди. Муаллиф олдинги китобида устозлари ҳақида батафсилроқ ёзишга имкон тополмаган эди. Бу сафар уларнинг меҳризиёси, оила аъзоларидан кўрган муруввати, мадади, отадек раҳнамо, онадек мушфиқлиги тўғрисида миннатдор бўлиб, ҳаяжон билан қалам суради. Сиз етук олима, мураббия Қундузхон опа, ўзбекнинг донгдор шоири, камсуқум, оқкўнгил Ғайратий домланинг рафиқаси Шафоат ая, устози аввал Саида Нарзуллаева хусусида битилган хотираларни бефарқ ўқий олмайсиз. Кўнг лингизга илиқ бир нур югуради. Хусусан, Қундузхон опа билан Шафоат аяга бағишланган хотираларда соғинч, ҳавас, армон уфуриб туради, бу эсдаликлар меҳр булоғи аталмиш аёлга ёниқ мадҳиядек янграйди. Ёдингизга яна бир карра, дунёни аёл асрайди, муҳаббат асрайди, деган азалий ҳикмат тушади.
Дунё – бебақо, бу ўткинчи олам – омонат. Лекин айрилиқ деган илоҳий синов ҳам бор. Айниқса, бу айрилиқ ногаҳон рўй берса, одам ўзини йўқотади, ҳушидан айрилади. Муаллифнинг бошига тушган кутилмаган кулфат изтироблари (“Қолди китоб, айтилмаган”) унинг жуфти ҳалоли, неча йиллик дил маҳрами, фарзандларининг падари бузруквори хусусида ёднома бўлибди. Уни пайваста икки руҳий олам ҳақидаги ҳаётбахш марсия, ўкинч тўла шукроналик, аламнок, вале ёруғ хотира дейиш мумкин.
Китобга Ўктамхоннинг сара ҳикоялари ҳам киритилган. Улар ҳаётийлиги, самимийлиги билан диққатингизни тортади. Муаллиф ёшлик йилларидан сўзлайдими, баракали умри давомида кўрган-билганларини зикр этадими, гўё сиз билан юзма-юз ўтириб суҳбатлашаётгандек бўлади. Бундай дилкашлик алалоқибат ўқувчи қалбига ҳам кўчади, сизни ўй-хаёлга чўмдиради. Масалан, “Биринчи қалам ҳақим” ҳикоясини олайлик. Бу – кўнгли тонгги шабнамдек покиза, қалби эзгу амалларга ташна зукко, ғайратли қизгинанинг дил изҳори. Умуман, Ўктамхоннинг битиклари, ёдномаларида бир хил маъно-мағиз бор: бу – инсонсан, инсондек яша, дунёда барча унут бўлғай, илло чин дилдан қилинган яхшиликкина қолади… Беихтиёр ҳазрат Навоийнинг байти эсга тушади:
Бу гулшан ичра йўқдир бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур яхшилик била қолса от.
Мен сабоқдошим, қалами қайралган адиба Ўктамхон Домлажонова бундан кейин ҳам бизни латиф ва мағзи тўқ асарлари билан хурсанд этади, деб умид қиламан.

    Саъдулла СИЁЕВ

ДИЛНОМАНИ ЎҚИБ…

ЭЗГУЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ ҲАҚИДАГИ КИТОБ
Мақтаниб эмас, фахрланиб айтаман. Менда 100 дан ортиқ дастхатлар битилган китоблар бор. Касбининг алломалари бўлган Ҳ.Сулаймонов, Ш.Шомуҳамедов, Ғайбулла ас-Салом, Т.Тўладан тортиб курсдошларим Ў.Ҳошимов, О.Мухторов, О.Ҳожиева каби эл эътирофидаги ижодкорларимиз табаррук сўзлари битилган ижод намуналаридир.
Шулар қаторида Ўктамхон Домлажонованинг “Дилнома”си мен учун алоҳида қадрли. Сабабини қуйида англайсиз. Тошкентнинг “Олимлар” шаҳарчасидаги Нозимахоним номли кўчанинг файзли бир хонадонида менинг меҳридарё қайнсинглим Тошхон ҳожи ая Туроббой ҳожи қизи, сал наридаги ҳовлида Ўктамхон ҳожи аянинг аҳил оиласи истиқомат қилади. “Дилнома” чоп этилган йиллари мен хорижда эдим. Тошхон ҳожи она янги йил арафасида жигарларимнинг оғзи тегсин деб юрт ноз-неъматларидан илинибди. Юборилган нарсалар қаторида Ўктамхон опанинг китоблари ҳам бор, яна дастхати билан.
Болалар уйқуга кетиши билан тунги чироқни ёқиб, чанқоқлик билан китобни ўқишга тушдим.
Китоб қўлимга она юртдан йироқдалигимда теккани учун ҳам ниҳоятда қадрли эди. Боз устига бу болалик, ёшлик хотираларини уйғотган, яқинлар соғинчини оширганди. Ҳар ҳолда, мен шундай ҳис қилдим. Чунки китобдаги жойлар, шахслар, воқеалар менга таниш эди.
Мен Ўктамхон опанинг ноёб овоз тембри (сухандонлар ибораси билан айтганда) оҳанги, ўзларига хос сўзлаш усулларининг шайдосиман. Ҳар ҳолда катта мактаб кўрган олима – педагог-да. Шунинг учун китобни ўқиб, худди ўзларини эшитгандек бўлдим. Сўз равон фикр тиниқ. Воқеа оддий ҳикоя қилинади. Мен шунчаки ўқийдиганлардан эмасман. Лекин Ўктамхон Домлажонованинг “Дилнома”сидаги ўхшатишлар, таърифлар, иборалар гарчи насрда ёзилган бўлса-да, назмдагидек эшитилади.
Ўктамхон опа сўзлаганда наинки талабалар, тенгқурлари, балки ёши улуғлар ҳам сеҳрланиб, анчайин шу суҳбатнинг таъсирида ва хаёлида бўладилар. Муаллиф пурмаъно исм – Муяссар номидан сўзлайди. Бунинг ҳам бир сир-синоати бордир. Буни Ўктамхон опанинг кейинги ижодларидан билиб олсак ажабмас.
“Дилнома” эзгулик, меҳр-оқибат, хотира боқийлиги, яхшилик олдида қарздорлик борасида, устоз С.Сиёев айтганидек, Ўктамхон Домлажонованинг китобхонларга берган “очиқ дарсидир”.

    Насиба Иброҳимова,
    олий тоифали сухандон. Ўзбекистон
    Республикасида хизмат кўрсатган артист.

ҚИССАГА АЙЛАНГАН КЎНГИЛ ДАФТАРИ
Хотира уйғонса гўзал, деб бежиз айтилмаган, албатта. Ҳақиқатан ҳам инсоннинг ҳаёт йўллари унинг кўз олдида жонланмаса, қалбининг тубтубида ухлоқ ёки мудроқ ҳолда қолаверса, хотиралар сатрларга айланиб, оқ қоғозга тизилмаса, инсон улуғликдан ҳам, камолот чўққисидан ҳам баҳраманд бўлолмайди.
Буюк “Бобурнома”ни, Горький ва Ойбекларнинг “Болалик” қиссаларини, А.Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”ини, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши” дил дафтарини ким мутолаа қилмай катта бўлибди, деймиз. Янги ёдноманинг муаллифи ҳам шу асарлардан илҳомланган бўлсалар ажаб эмас.
Фалсафа фанлари номзоди, олти фарзанднинг мунис онаси, невара ва эвараларининг меҳрибон бувижониси Ўктамхон Домлажонованинг кўнгил дафтарлари анчайин қисса бўлибди. Унинг дастлабки саҳифаларида беғубор болаликнинг армонларию ёлқинлари ҳақида жўшиб ҳикоя қилинади. “Мен ўша пайтдаги ҳаётимни ирмоқлардан келган томчининг денгизга қўшилишига қиёслайман”, – дейди адиба. “Илк чечаклар табассуми” сарлавҳаси остида ёзилган сатрлар шеърий насрни эслатади ўқувчига. Муаллиф гўё лирик қўшиқ куйлаяпти дейсиз. Аслида устозга аталган марсия бу.
Волидаи муҳтарамасининг васияти ила унинг учун ҳаж ирода қилган қиз зиёрат таассуротларини шундай шукуҳ билан тасвир этадики, гўё зиёратчи билан ёнма-ён юргандек ҳис этади ўқувчи ўзини.
Шафқатсиз уруш отасидан тирик жудо қилган адибанинг дил оҳларига ўкинмай илож йўқ. Яқинларининг хотирасини эъзозлаш шунчалар бўлар, дейсиз ногаҳон.
Мухтасар қилиб айтганда, адибанинг “Дилнома” қиссаси ибратомуз, таҳсинга лойиқ асар бўлибди. Унинг бир нафасда ўқилиши ҳам адибанинг ҳаёт тажрибалари ниҳоятда бой эканидан далолат беради. Куйлаган шеърлари эса руҳафзолиги билан китобхон юрагидан жой олади.
Миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшиб келаётган ва юксак ғоявий, мазмундор асарлари билан элни мамнун қилиб, олқишига сазовор бўлаётган аёл ижодкорларимиз қаторига яна бир адиба кириб келганлиги нақадар қувончлидир.

    Камоли эҳтиром ила
    Ҳамида ҒАФУРОВА, педагогика фанлари номзоди.

САМИМИЙ “ДИЛНОМА”
Ҳаёт сўқмоқларида турли-туман инсонларни учратамиз. Баъзиларнинг қабиҳликлари, риёкорлиги-ю, иккиюзламачилигидан ҳайрон қоламиз. Яна шундай инсонлар борки, улар борлиқни ўз эзгуликлари билан тўлдириб турадилар. Мен файласуф олима, етук филолог Ўктамхон Домлажоновани шундай инсонлардан деб биламан. Олиманинг “Дилнома” китобини ўқибоқ, бу ҳақда ўз таассуротларимни айтмай, жим туролмадим.
Қисса баёни ўзининг ўта самимийлиги билан мени лол қолдирди. Қиссада ўқиймиз: “Ростини айтсам, ўқувчилар уйи қаерда эканлигини билмас эдим. Бу сирни очмадим-у, бўлган воқеани келиб ўқитувчимиз Маҳкам акага айтдим. Улар менга ўқувчилар уйининг қаердалигини тушунтирганларида, у ерга умуман бора олмаслигимни англадим. Чунки, Чиғатой дарвоза ва Эски Жўвадан нарига ўтмаган мен, қиз бола учун у ерга боришнинг машаққати тушунарли эди”. Қаранг, қандай самимий сўзлар. Қиссани ўқиётиб, буюк Ойбекнинг “Болалик” қиссасига оид самимият, соддалик, камтаринлик ёдимга келаверди. Асардаги сатрларни ташна киши булоқ сувини симиргандек “ютиб” юборар эканман, Ўктамхон опа Домлажонованинг нақадар бетакрор, камтарин инсон эканликларини чуқурроқ англадим. Қиссадаги бир гап мени лол қолдирди: “Ҳар қандай шароитда онамларни эҳтиёт қилиб катта бўлганмиз”. Шундай соддагина жумлада Онага бўлган буюк эҳтиром намоён бўлиб турибди. Ўктамхон Домлажонова Ғайратий, Носир Фозилов, Саида Назруллаева (филологолима), файласуф олимлар – Қодир Фозилхўжаев, К.Содиқов ҳамда А.Аюпов каби эл таниган инсонлар билан биз нонни “нанна” деб юрган кезларимиздаёқ ижодий ҳамкорлик қилиб юрганлар. Муаллиф устозлари Лазокат опа, мактаб ўқитувчилари, Ғайратий домла, Қундузхон опалар ҳақида буюк илтифот билан сўзлайдилар. Ҳаммамизнинг ҳам ўз Лазокат ва Қундузхон опаларимиз бор. Лекин улар ҳақида Ўктамхон Домлажоновадек юксак маҳорат, самимий ва нуктадонлик билан бирон сатр битдикми, уни юзлантириб, фахрлана олдикми? “Ҳа”, деб айтишга юзимиз бетламай туради.
Ҳаж сафарига оид хотирани титроқ, йиғи билан ўқидим. Ўзини мусулмон деб билган, ҳаж зиёратини орзу қилиб юрган ҳар бир юртдошимизга бу китобчани ўқимоқликни тавсия қилардим. Китобда ҳаж амалларининг фазлини дуолар билан мукаммал зикр қилганлар. Хом сут эмган бандаларнинг баъзилари “экскурсия”, баъзилари мансаб – ҳожилик мансаби учун ҳаж қилувчилар ҳам йўқ эмас. Аёл бошлари билан анчайин эркаклар қилиши мумкин бўлган, лекин хаёлларининг кўчасига кирмаган амал, яъни боқийликка даҳл бўлган онанинг гуноҳини Каъбаи Шарифда, Минода, Арофатда, Муздалифада сўраш – бу жасорат дейми, оқибат дейми, фарзандлик бурчи дейми, билмадим, яна не-не сўзлар керак ифодалашга. Зеро, Ҳадиси шарифларда: ота-оналаримизнинг бу дунёда нимаики қарзлари қолган бўлса, иқтисодийми, маънавийми, фарз амалларидами, уни узиб қўйиш фарзанд учун фарз эканлиги қайд этилади. Биров учун биров намоз ўқий олмайди. Аммо ҳаж бадал қилиш ахкомда бор. Шунга кўра, Ўктамхон опа оналарининг гуноҳларини сўраб, Аллоҳга илтижолар қиладилар. Бўлди, онам гуноҳларини сўрадим, деб тинчлана қолмайдилар. Бу ҳақда менга аён бергин, деб зорланадилар.
Китобдаги “чарчоқ – онадан бегона”, “рўзғорикки кишининг қўлида, икки кишининг ақли билан тўқиладиган умр занжири”, “кечириш – бу оний ютқизиш, аммо яхлитни ютиб қолиш” каби ажойиб фикрлари вақти келиб, афоризм бўлиб оммалашиб кетса ажаб эмас.
Устоз Ўктамхон опа Домлажонова неча-неча тунларни бедор ўтказганлиги бесамар кетмабди. Чиндан ҳам ўзбек зиёли аёли ўз мусаффо дилининг номасини ўзбек китобхонларига етказибдилар.
Бир китобхон сифатида, Ўктамхон опа Домлажонова ижодларининг мухлиси сифатида улардан янги асарлар кутиб қоламан.

    Нодира ДЎСТХЎЖАЕВА,
    филология фанлари номзоди, доцент.

ХОТИРАЛАР

БОЛАЛИКНИНГ АРМОНЛАРИ-Ю ЁЛҚИНЛАРИ
Оллоҳ бандасига чексиз неъматларни ато этган. Буларнинг ичида хотира неъмати инсонни ҳам улуғлайди, ҳам камолот чўққиларига олиб чиқади. Хотира учун масофа, давр, воқеа, қўйингки, ҳеч нарса чекланмаган. Балки ҳар ким хотирани ҳар хил тушунар. Шахсан мен бошимдан кечган ҳар бир воқеага, бу воқеанинг содир бўлиш сабабларига, салбий ва ижобий таъсирларига, эртанги куним ва келажагим учун аҳамиятига кўп эътибор бераман. Ёшликда хотира дафтарлар тутганмиз. Баъзан ўтган ҳаётим саҳифаларини варақлаб ўтириб нималар ўтмайди кўз ўнгимдан. Ҳаммасини ёзмоқликка қаламим ожиз. Ожиз қаламимни ушлаб туриб сукутга кетдим. Кечагина ўқиб тугатганим Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобидаги қуйидаги сатрларни айнан кўчирдим:
“…Инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади. Шунинг учун қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни эслаш билан бирга, ота-оналаримиз қатори биз учун энг яқин бўлган яна бир буюк зот – ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз”. Юқоридаги сатрларни кундалик дафтаримда оддий жумлалар ёзилган сатрлар билан қиёслар эканман, қалам тутган қўлимни қўли билан оҳиста ушлаб учта ҳарф иштирокида “ОНА” сўзини ёздирган, мени мактабда ўқиб кетишимга сабабчи бўлган биринчи устозим Лазокат опа Илҳомовани эслаяпман. Урушдан кейинги даврда ҳамма ҳам етти ёшидан мактабга боравермас эди. Аввалги Чиғатой (ҳозирги Фаробий) кўчасида 4 йиллик бошланғич мактаб бўлиб, Ҳожар опа номида аталиб, фақат қизлар ўқирди. Онам (Оллоҳ раҳмат қилсин) мен дан катта опамни ўқишга чиқармаганлар. Иқтисодий қийинчилик. Маҳалла қизлари билан бизникида дўппи тикишарди. Хонадонимизда эркак киши бўлмагани учун қизлар кўпроқ бизникида йиғилишарди. Мен азалдан кўча юмушларига чаққон эдим. Керосинга, нонга навбатга турардим. Керосин дўкони мактабнинг йўлида эди. Навбатда турганимда оқ бўздан тикилган халтага китобларни солиб, сиёҳдонларни сиёҳдон тўрвада кўтариб кетаётган қизларга ҳавас қилиб, мактабга чиқаришлари учун онамга неча бор зорланганман. Рухсат ололмаганман.
Бир куни шундай қизиқ воқеа рўй берди. Мен устозим, деб исмларини тилга олганим Лазокат опа (сочлари тақимларига урган, баланд бўйли, овозлари ниҳоятда ёқимли, кўзлари кулиб турадиган ёшгина эдилар) биздан бир оз нарироқда Бой кўча деб аталадиган кўчадан чиқиб келардилар. Оталарининг исми Илҳом доктор бўлиб, нимага бундай аташарди билолмаганман. Боғлари жуда катта, дарвозалари очиқ турса бир неча тур гуллар одамни ўзига ром этарди. Қўйингки, бир куни керосинга навбатда тургани чиқсам Лазокат опа ҳам навбатда турибдилар. Менинг навбатим уларникидан кейинга тушди.
– Менга қара, – дедилар менга юзланиб.
– Ўзимизнинг маҳаллани қизисан-ку, мен шу мактабга кириб чиқаман, керосин сотувчи келса, менинг идишимга ҳам қуйдириб қўй, – дедилар-да, пулни қўлимга қистириб, мактаб томон кетдилар.
Сотувчи келди. Кимларгадир керосин етмади. Керосин етмаганлар нега бу қиз икки норма олади, деб “разборга” ўтишди. Жон-жаҳдим билан биттаси ўқитувчи опаники эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилардим, ишонишмасди. Охири биттаси:
– Донолик қилиб бизни алдамоқчимисан, қани у ўқитувчи опа, ким ўзи, – деб дағдаға қилиб турганида Лазокат опа келиб қолдилар.
– Нима гап, нега йиғлаяпсан? – дедилар орқамга қилиб олган қўлимдан иккала керосинни олиб. Битта шишадаги керосин у кишиники эканлигини тушунтирганларидан кейин “разборчи”ларнинг чакаги ўчди. Иккаламиз ёнма-ён келаяпмиз, менинг керосинимни ҳам Лазокат опа кўтариб олганлар.
– Йиғлама, нега йиғлайсан, сени ёлғон гапирмаганингга гувоҳ бўлдим-ку, – деганлари сари хўрсиниб йиғлайман.
Бизнинг эшигимиз “жин” кўчанинг ичида эди. Кўча бошида шу ёққа кираман дегандек тўхтадим.
– Вой, шу ерда турасанми? Шошма, сен Мавжуда амманинг қизисан-ку, мактабга борасанми?
– Онам қўймайдилар. Уйимизда мендан бошқа дастёр йўқ, – дедим. Сумкаларидан рўмолча олиб кўз ёшимни артдилар. Сочимни текисламоқчи бўлиб бошимни силаб қўйдилар.
– Эрталаб тайёр бўлиб тур, сени мен ўзим мактабга олиб чиқиб кетаман. Ўқитаман.
Эслолмайман. Бу хабарни онамга айтсаммиканайтмасаммикан. Яхшиси айтмайман. Барибир рухсат бермайдилар. Чунки онам турмушнинг оғирлигиданми, меҳнат эзиб қўйганлигиданми, важоҳатли, бир сўзли эдилар. Гапларини қайтара олмас эдик. Шундай бўлса ҳам кечаси узоқ вақт ўйлаб ётдим. Уйқум қочди. Лазокат опа мени қандай қилиб ўқишга олиб чиқиб кетаркин. Мен ҳам мактабга бораманми? Китобни ким олиб беради менга. Қизлар анча бўлди-ку мактабга боришганига. Ким менга жилд тикиб беради. Матони қаердан оламиз. Сиёҳдоним йўқ. Дарс соатларимни қандай етказиб оламан. Барибир онам юбормайдилар. Яхшиси бормайман. Онам айтганларидек кимгадир шогирдликка бермоқчилар. Лазокат опа чиндан келармикан ёки мени юпатиш учун айтдиларми? Шу кеча ухладимми, ухлай олмадимми эслай олмайман. Онам бомдод намозини тугатдилар-у одатий ҳолда ишга кетдилар. Менинг кўзим эшикда. Ана, эшик оҳиста очилди.
– Мавжуда амма, – Лазокат опанинг овозлари.
– Онам йўқ эдилар, ишга кетдилар, – мендан олдин жавоб қилди опам.
– Муяссар тайёрмисан, юрақол, ишдан қайтаётганда аммажонга ўзим тушунтираман.
Анқайганча опам қолди. Худди мени биров ушлаб қоладигандек Лазокат опадан икки қадам олдинроқ юрмоқдаман. Синфга кириб келганимизда тасаввурим бутунлай ўзгарди. Қизлар ёши жиҳатидан ҳаммаси тенг эмас. Каттароқ ёшдаги қизлар ҳам бор. Мен эшитган биринчи дарс ҳалиҳамон эсимда. Лазокат опа “Ж” ҳарфини тушунтирганлар. Барибир ўша куни Лазокат опам онам билан учраша олмадилар.
Мен мактабга чиққанлигимни онамга айтиб қўймасликларини опамдан кўп илтимос қилдим. Охири сир очилди. Онамнинг бирон маротаба бизга қўл кўтарганларини ёки хивчин билан дағдаға қилганларини кўрмаганман. Бирон нарсадан кўнгиллари тўлмаса қарашларидан сезардик. Сир очилганидан сўнг менга қарамадилар ҳам.
– Муяссар, – дея чақирдилар.
– Ойижон, мен ўзим бормадим, Лазокат опа олиб кетдилар, ўқиш яхши экан, ўқийман, ўқитақолинг…
Мендан олдин онамга йиғи келди. Биз бирон нарсаларни хархаша қилиб йиғласак, онам дарров юпатиб олар эдилар. Онамни ким юпатади?!
Ўтган куни омбордан бекиниб чиқиб, мактабга борганимни билсалар нима бўлади? Нима қилиб қўйдим.
– Бормайман, ойижон, – десамми…
Эшикни кимдир оҳиста тақиллатди. Учиб бордим. Не кўз билан кўрайки, бизни уйдаги ҳолатни сезгандек Лазокат опа билан Аҳмадхўжа ака кириб келишаяпти (Бу киши маҳалла фаолларидан бўлиб, етимлар бор уйга бот-бот кириб турардилар). Лазокат опа, Аҳмадхўжа ака онамни қанчалик юпатмасин, таскин бермасин онам шароитни ўртага солиб ўқишимга раъйлари йўқ эди. Охири Лазокат опа дарсда ёзган варақларимни сумкасидан олди:
– Буни қаранг, Муяссарнинг иқтидорини кўриб туриб, ўқимаслигига йўл қўя олмайман. Ҳали дафтари йўқ, китоби йўқ, варақларда машқ қиляпти. Бу шундай ўқисинки, бизнинг маҳалламизни донғини олиб чиқадиган қиз бўлади.
Яна нималардир деди. Жаҳолат билан ўрнидан тураркан:
– Агар ўқишга ижозат бермасангиз, тегишли жойга арз қиламан, – деди-да, Аҳмадҳўжа акани кутмасдан ўзи чиқиб кетди. Кейин онам Аҳмадҳўжа ака билан нималарнидир гаплашишди.
– Қийинчилик битта сенинг бошингдами, синглим, болаларингга ҳам ота, ҳам она бўлиб турганингни Яратгандан ташқари маҳалла-кўй кўриб туришибди-ку. Яхши ният қил, илм икки дунё чироғи. Фарзандинг келажагига завол бўлмагин. Фарзандингнинг интилувчанлиги сенинг жонингни роҳати, ёшинг улғайгандаги қадринг, обрўйинг эмасми…
У пайтдаги қариялар етим бор уйдан бир қултум сув ҳам ичишмасди. Ҳовлимизда баланд супа бўлиб, супанинг нариги томонида ариқ оқарди. Сув шундай чиройли оқардики, айниқса, ариқ четида кесилган толнинг тўнкасига ўтириб олиб, қўшниникидан оқиб чиқадиган тутларни човлида териб олишни яхши кўрардим. Кўп гапирганларидан Аҳмадҳўжа аканинг томоқлари қақраб кетдими ёки чанқадиларми, ҳассага таяниб супага чиқдилар. Бир ҳовуч сув олиб оғизларида ғарғара қилиб чеккароққа чиқариб ташлаб, бир қултум сувни ариқдан ичиб:
– Муяссар, она қизим, – опам билан менга юзландилар, – онанг айтганини қилинглар. Асли шароит бўлса сен ҳам борсанг яхши бўларди, – деб опамга маъноли қарадилар ва менинг бошимни силаб, – ўқишга бор, борасан, рўзғорда қиладиган дастёрчиликларинг ўлда-жўлда қолиб кетмасин, – дея таъкидлаб эшик томон юрдилар.
Лазокат опанинг менга қилган бу яхшилиги икки дунё эсимдан чиқмайди. Ақлимни таниган сарим бу яхшиликни қадрлашим, ҳам устоз, ҳам келажагимнинг пойдеворини қўйишга фидойилик қилган мураббий эканлигини ҳис қилиб бордим. Албатта, болаликда ҳар нарсани теранлик билан англаб етолмас экан киши. Қаерда кўрсалар “менинг қаҳрамоним” дея бағриларига босганларида ҳам устозлик, ҳам мураббийлик меҳрларидан баҳра олардим. Яхши ўқиганлигимни, тенгқурларим ичидаги эъзозимни эшитганларида қувончдан йиғлаганларига шоҳид бўлганман. Икки йилгина бўлди, 90 ёшларида боқий дунёга рихлат қилдилар. Ўшандоқ қийинчилик даврда мени зулматдан нурга олиб чиққан устоз Лазокат опани кўзим тирик экан, дуоларда ёд этгум.
Ҳожар опанинг тўрт йиллик мактабини битиргач, Чақичмонга кетаверишда биринчи сонли қизлар мактаби бўларди (ҳозирги кунда араб тили мутахассислиги бўйича шаҳар мактабларидан бири ҳисобланади), ўша ерда ўқишни давом эттирдим.
Онам энди аввалги шаштларидан анча тушган, ўқимайсан, деган норозиликлари деярли йўқ эди. Мактаб бизнинг уйдан анча узоқда. Биринчи сменага етиб бориш учун барвақтроқ уйдан чиқиш керак. У пайтларда уйга сув жўмраклари киритилмаган. Қиш вақтида анҳор қаттиқ яхлайди. Анҳор сувининг музи устида сирпанчиқ учамиз. Теша билан музни ёриб, чўмич билан челакка тўлдириб, узоқдан сув ташиймиз. Мени ўқишга юбормай қўйишларидан қўрқиб, нимаики дастёрчилик бўлса µаммасини бажараман.
– Муяссар, челакларни тўлдириб қўйдингми, кўмирни ушатдингми, танчага олов солдингми, ҳовуз бўйи атрофидаги чокларни йиғиб келдингми, эртага икки арава ғўзапоя олиб келгин, ўтин тугаб қолаяпти…
Шунақа бири-бирига уланиб кетган юмушлар эди. Ўтириб, алоҳида вақт ажратиб дарс тайёрлаш қаёқда. Ҳожатхонанинг тўрт девори мен учун доска. Ўўшиш, олиш, илдиз чиқаришни ўша ерда бажариб чиқардим. Бу мактабда тил-адабиёт ўқитувчимиз Нажмиддин ака Расулевни дуоларда ёд этаман. Мени доимо рағбатлантирар, иншо, эркин темаларда баён ёзганимизда айрим жойларини ўқиб бериб, баённинг яхши жиҳатларидан синфдошларимни хабардор қилар эдим.
Еттинчи синфга ўтганимизда мактаб таълими тизимида катта ўзгариш бўлди. Ўғил болалар, қиз болалар мактабининг алоҳидалиги тугатилиб, қиз бола ва ўғил болаларнинг бирга ўқишлари жорий қилинди. Янги ўқув йилида уйимизга яқинроқ Чиғатой чойхонасининг тепароғига жойлашган етти йиллик ўғил болалар мактабининг 7-синфига ўқишга бордим. Бу даврда иқтисодий қийинчиликлар анча енгиллашган, Эски шаҳарнинг ҳунарманд аҳолиси ҳам тараққиётни тушуниб бораётганиданми – фарзандларининг маълум соҳанинг мутахассислари бўлишлари орзусида эканликлари оммалашиб бораётган эди.
Еттинчи синфдаги устозларимдан Миразим Раҳимов (она тили ва адабиёт), Ортиқ Мўминовларни (география) алоҳида эслайман. Гарчи ўша пайтларда илмий доклад деган тушунчани англаб етмаган бўлсам-да, навбатдаги йирик анжуманда сўзга чиқишимда Миразим ва Ортиқ ака менинг ҳам номзодимни киритишган. Миразим ака Ўзбекистон ҳақида шеър ёдлашимни, Ортиқ ака эса республикамиз ҳақида кенгроқ маълумотлар беришимни топширишди. Мен бегона синфдошлар орасига тушиб қолган бўлсам-да, юқоридаги иккита вазифани тиришқоқлик билан бажарганим боис мактаб жамоаси ва шаҳарнинг тил-адабиёт ва география ўқитувчилари орасида кенгроқ танилдим.
Еттинчи синфни ҳам аъло баҳоларга тугатдим. У пайтларда қизлар қизларникида ётиб қолиб дарслар қилардик. Мен кўпроқ синфдошим, ёлғиз фарзанд Гулсара опамларникига борардим. Оналарининг (Оллоҳ раҳмат қилсин) оёқлари тиззадан пасти кесилган, ёғоч оёқда бўлиб, қўлтиқтаёқда юрардилар. Гулсара опам ҳам аълочи эди. Оналари иккаламизни тиббий техникумнинг доришунослик бўлимида ўқишимизни орзу қилар эдилар. Онамларга бу гапнинг бир оз учини чиқардим.
– Ўқитса Гулсарани ўқитаверсин. У ёлғиз қи зини Жаббор устанинг (оталари иморат устаси эди) аркони давлатида катта қилди. Мен учта етимни бир кўзлаб катта қилдим. Опангга совчи келиб жони-ҳолимга қўймаяпти. Етти йил ўқидинг, бўлди, етади…
Гулсара опамнинг оналарини Турсуной опойи деб атардим. Асли исмларини билмайман-у, у кишининг иккала оёғини поезд босиб кетганида ота-оналари Турсуной, Турсуной деб эркалашган экан. Маҳалланинг ичидан қўлтиқтаёқда ёғоч оёқ билан юриб келиб, онамни мени ўқитишларига кўндира олмаганларида юм-юм йиғлаб, анча пайт нохуш бўлиб юрганман. Ёзги таътил вақтлари ҳам ўтди. Ҳар йили ёзда қўшимча ишлаган иш ҳақимга ўқув қуроллари олиб берар эдилар. Опамни турмушга бериш тараддудида ўқишни бутунлай унутдилар шекилли. Опамнинг тўйидан кейин уйимиз ниҳоятда ҳувиллаб қолди. Энди кўча дастёрчилигидан ташқари уй юмушлари ҳам менинг зиммамда. Бунинг устига энг катта опам, биз уч қиз эдик, маҳаллага келин бўлган эдилар. (Жиянларим ёш. Уларникига ҳам бориб, қарашиб туриш керак). Ўша йили сентябрь ойи бошларидаги эсдалик кундалигимни варақласам ҳозир ҳам хўрсинаман, кўзим намланади. Ўқишга кетаётганларга ҳавасим келгани ҳолда сув сепиш баҳона барвақт кўчага чиқиб олардим. Бу даврда мактабга борувчиларга, ўқувчилар формаси жорий этилган, жигарранг кўйлак билан оқ фартук таққан қизларни кўрганимда ўзимни камситиб, нималарни ўйламаганман. Гап нимадан чиққанини эслолмайман. Катта опам маҳаллага тушган бўлсалар ҳам уйга кам келардилар. Бирон марта ётиб қолмаганлар. Қайсидир келганларида онам билан жиғи-биғи бўлиб қолишди. Мен онамдан хавотирдаман. Уйларида бирон нохуш воқеа бўлган-у (бунақа ҳолат бўлиб турарди. Опам келин бўлиб тушган хонадон кўпчилик эди. Қуда холада 5 ўғил, 5 қиз), бу нохушликни опам гапирса, онам юпатиш ўрнига баланд келаяптилар, деб ўйладим. Гап ўқишдан қолиб кетганлигим тўғрисида экан.
– Менинг олтин медалим нима бўлди ойи, турмушимдан нолимайман, лекин ўқисам ёмон бўлармиди?… Синглим Маҳбубага мактаб партасини кўрсатмай турмушга бериб юбордингиз. Ҳозир олдингизда ҳам ўғил, ҳам қиз шу Муяссарнинг ўзику. Ўқишга рухсат бермасангиз йил ўтмай бунга ҳам совчи тайёр. Ҳеч нарсани билмайман, ҳеч ким очяланғоч қолаётгани йўқ, ўқийди. Ана ўн йиллик мактаб. Ораси икки қадам.
– Муяссар, душанбадан бошлаб мактабга чиқ…
Катта опам тўлиб кетган эканларми, қуйилган чой пиёлада, сузиб келаётган овқатим менинг қўлимда қолди. Ўкиниб-ўкиниб ёшларини артиб, ариқдан юзларини ювиб олдилар-да, жадал чиқиб кетдилар. Биринчи чоракнинг охирги бир ҳафтаси қолганида Чиғатой дарвозанинг марказидаги 111- сонли мактабнинг 8-синфига ўқишга чиққанман. 8-синфга биринчи чиққан куним дарс жадвалида тарбиявий соат қўйилган экан. Баланд бўйли, қорачадан келган, тўлагина киши кириб келдилар. Ўқувчилар билан саломлашгач, тарбиявий соатнинг режаси билан таништирдилар. Ҳеч кимни яқиндан танимайман. Синфимизнинг озодалиги, давомат, айрим ўқувчиларнинг паст ўзлаштириши, ўқув қуролларининг етишмаслиги ва кўпгина муаммоларнинг мунозараси қизиб кетди. Охири жим ўтиролмадим. Қўлимни кўтариб, сўз беришларига ижозат олдим. Ҳамманинг эътибори менда.
“Бугунгина синфга кириб келган қиз нимани гапирар экан…”
Ҳамманинг менга ажабтовур қарашидан шу маънони англадим. Сезиб турибман, қисқа гапиришим керак. Мунозара пайтида вақтдан анча ютқазиб қўйгандик. Учта таклифим борлигини айтдим:
1. Ўз синфимизнинг деворий газетаси бўлишини.
2. Ўқув қуроллари тўла бўлмаган ўқувчиларни яхши ўқувчиларга бириктирилишини.
3. Айрим фанлардан бошқа синф билан мусобақалашишни (мусобақалашганда иккала синфга ҳам битта ўқитувчининг кириши шартлигини).
Ҳар ойнинг охирида шу учта масала юзасидан якуний натижаларни кўриб чиқиш. Ёш бўлсам-да, турмушнинг икир-чикирларида бир оз чиниққанимданми ёки ўқишга чиққанимдан суюнганимданми, жамоат ишларида ниҳоятда фаол эдим. Бу ҳолат мактаб жамоаси олдида тез танилишимга сабаб бўлди. Ҳамма фанларни бирдай ўзлаштиришга ҳаракат қилсам-да, тил ва адабиётга муҳаббатим бошқачароқ эди. Менинг бу фаолиятимда Чиғатой дарвозадаги эски тегирмоннинг кутубхона учун таъмирланган эски омбори муҳим роль ўйнади. Қайси жавонда қандай китоблар жойлашганлигини ёддан билардим, десам муболаға бўлмас. Кутубхона мудираси Рая опа (ёшгина эди) ниҳоятда юмшоқ, ҳар бир янги китоб билан ўқувчини таништиришда ҳеч эринмас эди. Кутубхонанинг китоб фонди кундан кунга кўпайиб боргач, Муҳаббат опа деган янада ёшроқ ходим келиб, икки киши бўлишди. Иш соати тугади дейишларига қарамасдан кутубхонанинг бир чеккасидан ажратилган ўқув залидан норози оҳангда чиқардим. Китобларни уйга олиб кетишимга рухсат бўлса-да, уйда вақт ажратишим қийин, китоб устида узоқроқ ўтириб қолсам, ҳамма юмуш онамнинг ўзларига қолиб кетишидан хижолат чекардим.
Кунларнинг бирида тил ва адабиёт ўқитувчимиз Маҳкам ака Бекмуҳамедов қандай бадиий адабиётлар ўқиётганлигим, қандай қаҳрамонларни севишим ҳақида мен билан узоқ суҳбатлашдилар. Уч кунгина олдин эркин темада ёзилган баёнимдан мамнун эканликларини билдириб:
– Пушкин паркидан Себзорга кетаверишдаги “Маданият уйи” қошида адабиёт тўгараги бор, шунга қатнашгин, – дедилар.
Эртасигаёқ учиб бордим. Тўгаракнинг қайси куни ва қай соатда ишлашини аниқлаб, тайин этилган вақтга бордим.
Эсимда, кўрсатилган хонанинг эшигини очдим. Катта ёшдаги бир киши ва ёшлари 20–25 ёшлар чамасида уч-тўртта йигит ўтиришибди. Ўқитувчимиз адабиёт тўгараги ҳақида гапирганларида ўзим тенги ўқувчиларни тасаввур қилганман. Коридорда дуч келган одамдан сўрадим:
– Адабиёт тўгараги қайси хонада олиб борилади?
– Мана бу хонада.
Бояги мен ёпиб қўйган эшикни кўрсатди. Қайтадан тортинибгина очиб, киришга ижозат сўрадим. Бояги мен кўрган катта киши кириб ўтиришимга ишора қилдилар. Суҳбатлари давом этаверди. Англадимки, ўтирганлардан кимнидир “Ноёб кўчат” ҳикоясини муҳокама қилишаяпти, бояги катта киши тўгарак раҳбари Ғайратий эканлар. Машғулот охирида мен билан танишиб олишди. Тўгарак ишчиёшлар тўгараги экан. Мен эса адабиётни ўз назарида ўта севадиган 8-синф ўқувчисиман.
– Ўқувчилар уйи қошида ҳам тўгарак бор. У ерга сиз тенги ўкувчилар қатнайди, истасангиз у ерга боришингиз мумкин. Ростини айтсам, ўқувчилар уйи қаерда эканлигини билмас эдим. Бу сирни очмадим-у, бўлган воқеани келиб ўқитувчимиз Маҳкам акага айтдим. Улар менга ўқувчилар уйининг қаердалигини тушунтирганларида у ерга умуман бора олмаслигимни англадим. Чунки Чиғатой дарвоза ва Эски Жўвадан нарига ўтмаган мен қиз бола учун у ерга боришнинг машаққати тушунарли эди.
Ўқишга киришиб кетиб, жамоат ишларида фаол қатнашаётганлигим оила юмушларимга ҳалақит бериб, онамнинг ранжиб қолишларидан андуҳда эдим.
Ғайратий домланинг тўгарагидаги ишчи-ёшларнинг ёшидан, савиясидан (улар менга қараганда кўп нарсани билишлари яққол сезилади) кўзимни чирт юмдим-да, шу тўгаракка қатнашишга қарор қилдим. Чунки ҳеч қандай сарф-ҳаражатсиз пиёда келиб-кетаман. Чамамда 3–4 марта қатнашганимдан кейин домла Ғайратий:
– Сизда ҳам қалам машқлари борми? Поэзияни севасизми ёки прозани, – деб қолдилар.
Мен ўзимча мактаб ва синф деворий газетасининг муҳарририман. Танқидий ва ҳазил тоифадаги шеърларни ёзиб юраман.
Домланинг саволлари мен учун жиддий имтиҳон бўлди.
– Келгуси машғулотга машқларингиздан бирон нарсани олиб келинг-чи, – дедилар. Шу дақиқадаги имкониятдан енгил тортган бўлсам-да, ҳафта давомида ўй-хаёлим шу бўлиб қолди. Кундалик дафтарларимни варақлайман. Мактаб деворий газетасида чоп этилган “ижодимни” саралайман, бирортасидан кўнглим тўлмайди, тўгарак аъзолари юқорида айтганимдек қаламлари бир оз чархланган, айримлари газета ва журналларда қалам машқлари билан қатнашган.
“Биринчи қадам”. Хаёлимга шу иккита сўз келди. Менга шундай бир воқеа керакки, шу воқеанинг тафсилоти ижодимнинг биринчи қадами бўлсин.
“Биринчи қадам” сўзини ёздим. Гўё соқовман. Қоғоз оппоқ. Ниятимни, мақсадимни тушуниб турибман, қани энди ўрнига қўйиб ёзолсам. Ҳеч нарса ёзолмадим. Нималарнидир тўқидим. Ёзмоқчи бўлган мавзуимни оғзаки тушунтириш ниятида тайинланган соатда тўгаракка кириб келдим. Олдинги сафардагиларга қараганда тўгарак аъзоларининг сони кўпайган, кайфиятлари баланд. Ҳамманинг чеҳрасида хурсандчилик. Ажабо…
– Хўш, Эркинжон, ижод қалай, янги шеърларни кўпроқ олиб келдингизми? Сиздан эшитайлик.
Ҳамма “Эркинжон” деган йигитга қаради. Кўпчиликнинг сири босдими, папка ичидан варақларни чиқариб, алланималарни титкилаб қолди. Сўнг икки-учта варақни ажратиб олиб шеър ўқиди. Ҳамма мамнун. Гўё шеърда ҳеч қандай камчилик ёки ортиқча сатрлар йўқ. Домланинг ўзларидан бошқа ҳеч ким на мазмуни, на қофияси, на мавзунинг долзарблиги тўғрисида лом-мим демади.
Имкон бўлса, ҳамманинг яна шеър эшитгиси бор. Суҳбат давомида англадимки, шеър ўқиб бераётган “Эркинжон” – ҳозирда ўзбек адабиётида машҳур бўлган Эркин Воҳидов экан. Эркин Воҳидов, Тўлқин Имомхўжаев, Юсуф Шомансуров, Тамила Қосимовалар тўгаракда иштирок этишса машғулотларимиз анча жонли ўтар, бошқа пайтларда менга ўхшаган бошловчи қаламкашларни “ишга солишда” домла анча тер тўкар эдилар.
– “Биринчи қадам…”, деб бошланган сатрларимни мен қоғозга тушира бошладим. Бу мавзу орқали мен келажакда қайси касбни эгаллайман ва бунга қандай эришаман…
Домлага ва тўгарак аъзоларига менинг мақсадим маъқул тушди. Бу мавзуни ҳикоя даражасига етказиб тугатганимдан сўнг ўша даврдаги “Гулхан” журналига олиб боришимни тавсия этишди. Таҳририят Лабзакда жойлашган эди. Эски шаҳар шароитида оддий оилада 8-синфга етгунча 4 та мактаб остонасини кўрган мендай оддий қизча учун Лабзакни топиб бориш қанчалик мушкул бўлганини тасаввур қила олмайсиз. Шукур. Топиб бордим. Носир Фозилов деган ходимнинг қабулига киришим керак. Коридорда дуч келган одамдан сўрайман:
– Носир ака қаерда ўтирадилар, мен ўша кишининг олдиларига киришим керак. Кимдир елкасини қисади, кимдир таажжуб билан қарайди.
Бир хонадан ўрта бўйли, сариққина йигит чиқди-ю, қўшни хонага кириб кетди. Шундан сўрамоқчи бўлиб кутяпман. Анчагина ҳаяллаб қолди ва ниҳоят чиқди.
– Кечирасиз, мен Носир аканинг қабулига киришим керак эди.
– Носир ака, – деди-да, эшикни очиб, – Марҳамат, киринг, дегандек ишора қилди. Ҳижолатлигимни сездими:
– Киринг, киринг, – деди далда бериб.
– Хўш, хизмат, нима яхши нарса олиб келдингиз бизга?
Мени қабул қилган бу йигит Носир ака эканлигини сезганимда бир лаҳза жимиб қолдим. Носир Фозилов деганда мен барваста, бир оз қорин қўйган, котибаси орқали қабулига киришим мумкин бўлган одамни тасаввур қилган эдим. Оддийгина бу йигит менинг ҳикоямни қандай тушунар экан. Оғзимдан гап чиқмайди, хаёл кетган.
– Қани кўрайлик-чи, – қўлимдаги қоғозга ишора қилди. Узатдим.
– Ҳа, Муяссар сизмисиз, домла сиз тўғрингизда гапирган эдилар.
Домланинг зимдан қилган ғамхўрликларини эшитиб, тетик тутдим ўзимни.
– Бир ҳафтадан сўнг келасиз. Биз, таҳририят аъзолари кўриб қўямиз.
Кунларни, ҳафталарни, ойларни қандай ўтиб кетганлигини сезмас эдим. Бу бир ҳафта мен учун йиллардан узоқ бўлди-ёв. Қўлёзмани олиб бориб берганман. Қўлимдаги энг ширин суҳбатдошимни йўқотиб қўйгандек хаёлга чўмаман.
Наҳотки камчилик топишади, билиб турибман, биринчи машқингиз экан, кўпроқ машқ қилинг, дейишса-чи… Бир ҳафтани ўтказгунча нима ўйларга бормадим. Бунчалик хушхабар эшитаман деб кутмагандим.
– Яхши, – деб гап бошладилар. Таҳририятга маъқул. Айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Бу камчиликларни тузатиш қўлингиздан келади. Биз журналнинг навбатдаги сонида чоп этиш режасига киритиб қўйдик, – дея айрим ўриндаги тил жиҳатларини янада жонлантириш ва яна баъзи масалаларни тушунтириб, қўлёзмани қўлимга тутқаздилар.
“Биринчи қадам” ҳикоямни ёзиш жараёнида ҳаётимнинг содда жиҳатларини чуқур англадим. Ўзимча кўп ўқияпман деб, ўқиган китобларим қалам тебратиш учун ниҳоятда оз эканлигини, кўп ўқишдан ташқари кўп мушоҳада қилиш зарурлигини, ўзимга ўхшаган бошловчи қаламкашларнинг ижодлари билан яқиндан танишиш зарурлигини тушуниб етдим.
Буларнинг ҳаммасидан ташқари, Ғайратий домладек инсоннинг ҳаётлари, оилага, умр йўлдошга, фарзандларга, адабиёт ва санъат аҳлига бўлган муносабатлари, ўта камтарликлари, умр йўлдошлари Шафоат ойининг оиладаги аёл сийратлари мен учун уддасидан чиқа олсам роман ёзгудек мавзу бўлди. Шафоат ойига домла эркалабми, Шапат деб мурожаат қилар эдилар. Ожизона қаламимга нимаики муносиб бўлган бўлса, унинг ҳам биринчи ўқувчиси, ҳам мураббийси домла Ғайратий эдилар.
Йўқолаётган қадриятларимиз, удумларимиз ҳақида гап кетганда, радио-телевидение орқали шулар ҳақида эшиттиришлар эшитганимда тасвирлашга сўзим ожиз бўлган мендек оддий бир қизни домла Ғайратий ва уларнинг жуфти ҳалоллари томонидан ҳеч қандай ҳақ-таъма қилмаган ҳолда эъзозлаб қадрлаганларини тез-тез эслайман, соғиниб-соғиниб қўмсайман. Домла Ғайратийга ва умр йўлдошлари Шафоат ойига уларнинг суҳбатларида қанча бўлган бўлсам, борганимда-келганимда фарзандлари қатори нозу неъматларни қанча тановул қилган бўлсам, энг зарури – одоб, тарбия, муомала, муносабат бобларида ўлчашга тарозиларнинг тоши етмайдиган меҳрни кўрган бўлсам шунча ва шундан кўп, шундан ҳам мўл миқдорда Оллоҳнинг раҳматини сўрайман. Ҳар гал она авлодим ва очилмаган ғунча қизим Мунирахонни зиёрат қилгани Чиғатой қабристонига кирганимда, домла Ғайратий ҳузурларида узоқ ўтираман.
Оллоҳдан раҳмат сўраб ўрнимдан турар эканман худди менга:
– Қалам ёзмаса ҳам қалб ижоди тўхтамасин, қалам ёзади, албатта ёзади, чунки ёзмоқлик қаламга Оллоҳдан амр қилинган, – деяётгандек мулойим кузатиб қоладилар. Ўрта мактабда ўқиш даврининг охирги уч йили мароқли ва мазмунли ўтди. Китоб оламига чуқурроқ кирдим. Маҳаллий матбуотда қалам машқларим кўрина бошлади. Мактаб ёшлари ичида ўрним бор, устозлар эъзозидаман. У пайтда ҳар бир синфнинг битирув кечаси мактабда нишонланар эди. Битирув кечасида ҳар бир устозга шеър битганим, устозларим бағрига босиб, меҳр қўри билан хайрлашганлари ҳамон кўз ўнгимда.
Синфимиздан икки киши – мен ва дугонам Фарида Расулова мактабни медаль билан тамомладик. Шу йили медаль билан тугатган ўқувчилар ҳам кириш имтиҳонларини ҳамма қатори топширадиган бўлди. Юқори синфда ўқиган давримизда ўзимиз саҳна асарлари тайёрлар, турли мавзуда кечалар, санъат ва адабиёт соҳасининг етук намояндалари билан учрашувлар, синфлараро турли мавзуларда баҳслар ўтказар эдик. Шундай учрашувларнинг бирида САГУ доценти (ҳозирги ЎзМУ) Фотима Йўлдошбоева қатнашган, ўша учрашувнинг ташкилий ишларида фаоллигимни кўриб, “Сиз университетга ўқишга боринг, албатта боринг”, деган эдилар. Мен ўша даврдаги содда дунёқарашим ва оддий оилада вояга етганлигим сабабли университетнинг олий ўқув тизимида бундай катта даргоҳ эканлигини унинг остонасига борганда қисман тушундим. Таваккал қилиб шарқшунослик факультетига ҳужжат топширдим. Кириш имтиҳонларига ҳали анча муддат бор. Жиддий тайёргарлик кўриш керак. Ҳамма устозлар ёзги таътилда. Эшитган шов-шув гапларга қараганда бу факультетга кириш учун инглиз тили асосий роль ўйнайди. Биз битирган 1958 йилда қўшимча дарс ўтадиган репетиторлар оммавий тус олмаган эди. Бунинг устига Эски шаҳарнинг чекка бир мавзесида яшайман. Инглиз тили ўқитувчиси Нафиса опа мактабда ёшлар етакчиси эди. Дарвозага бир юмуш билан чиқиб, кўчада учрашиб қолдик.
– Университетга ҳужжат топширибсиз, деб эшитдик, муваффақиятли бўлсин, – дедилар. Саломлашишга узатган қўлим билан худди қочиб кетаётганларидек қўлларини маҳкам сиқиб олганман. Ҳаяжондан энтикаман.
– Жон Нафиса опа, менга инглиз тилидан яна бир дарс ўтинг. Кириш имтиҳонларига 40 кундан ортиқ муддат бор, жон Нафиса опа…
Хўрсиниб энтикиб кетдим.
– Йиғламанг, нега йиғлайсиз, кирасиз, албатта кирасиз, сиз билан жон деб шуғулланар эдим-у болам ёш, унга қарайдиган одам йўқ, ёлғиз уйдаман…
– Онам қарайдилар, онамга олиб келиб бераман.
Онам болага қараб туришга қандай кўндилар, ҳозир ҳам тасаввур қила олмайман. Бу пайтда онам артелнинг ишини уйга олиб келиб бажарар эдилар.
Нафиса опа тушунтирган манзил бўйича (Эски шаҳардаги Пушти ҳаммом маҳалласида “Шарқ гули” артели филиалининг орқасидаги) уйни топиб бордим.
Ҳар кун эрта тонг соат беш бўлмасдан уйғонаман. Юзимни ювибоқ йўлга тушаман. Нафиса опанинг ўғиллари етти ёки саккиз ойлик бўлиққина Иброҳимни кўтариб, Чиғатой йўли билан пиёда онамларга олиб келаман. Болани ташлаб, ўша йўл билан Эски Жўва деҳқон бозорига кириб, чиллаки узум, икки дона нон, озгина гўшт олиб, Нафиса опаникига қайтадан кириб бораман. Чамамда соат саккиздан бир оз ошади. Гўштни кострюлкага солиб, электр плитага қўямиз, бир бош чиллаки узум ва озгина нон билан нонушта қилиб дарсга ўтирамиз. Дарсни соат ўн иккидан олдин тугатмас эдилар. Рухсат бўлганида турибоқ уйга чопардим. Менга ҳамроҳ бўлиб қолган Иброҳимни кўтариб қайтиб, онаси олдига олиб келгач, тушлик қилардик. Шу кунги вазифаларимни аниқлаб уйга қайтардим. Кўп ҳам бошқа юмушлар билан чалғимасдан эртага топширишим керак бўлган вазифани тайёрлашга ўтирардим.
Орадан қанча кун ўтганини эслолмайман. Иброҳимни қайтариб олиб кетишга келсам онам бутунлай ўзгариб қолибдилар. Ранглари ўчган.
– Бўлди, ўқимайсан. Худо бир асради. Бола сувга чўкиб қолганида нима воқеа бўлишини тасаввур қиласанми…
Бу гапларнинг устига қўшнимиз Жаннат опоқи кириб келдилар.
– Муяссар, онанг ўргилсин, аммажоннинг юзлари ёруғ экан, Худо асради. Боласи тушмагур эмаклаб бориб, ариққа тушиб кетибди. Аммажоннинг овозларига бутун қўшнилар югуриб чиқибмиз, бола билан овора бўлиб, аммажоннинг ҳушларидан кетганларини ҳам сезмай қолибмиз. Ҳозиргина тар қалишгандик қўшнилар. Хавотир олиб, яна чиққандим…
Болани кўтариб яна Чиғатой бўйлаб кетар эканман, бу ҳолатни Нафиса опамга айтайми, айтмайми деган хаёлдаман.
Айтмасам, биронта асорат бўлса-ю, тушликдан кейин боланинг ҳолати ўзгариб қолса-чи.
Ўзларининг турмушлари нотинч бўлиб, бу аҳволда ўтирган эканлар, айтсам бундан ҳам оғир бўлмайдими? Унинг устига онам қатъий оҳангда:
– Энди болани олиб келмайсан, мен эртадан бошлаб барвақт ишга кетаман, – дедилар-ку.
– Яхшиси Нафиса опага айтмайман, бирон тушунмаган нарсамни баҳона қилиб тушдан кейин бир келиб кетаман, аммо эртанги аҳволим не кечади…
Иброҳимни ташлаб қайтиб келгунимга қадар ҳам ўй-хаёлим шу бўлди.
Мен асрдан кейин бориб хабар олишимни айтмасимданоқ онам ўзлари безовта бўла бошладилар.
– Муяссар, тур, дарсга кўмилиб ўтирма, нимани баҳона қилсанг қил, бориб хабар ол, бекор бўлган воқеани айтмабсан, ширингина ўғил бола-я…
Онамни тинчитиш учун ҳам тезроқ чиқиб кетдим. Йўлда безовталанаман, наҳотки, наҳотки… Йўқ, борганимдаги ҳолат мен қўрққанчалик эмас. Иброҳим уй юзида эмаклаб юрар, Нафиса опам нима биландир машғул эдилар.
Қайтаяпман, ўйлайман…
– Эртага эрталаб нима қиламан?! Онам ишга кетсалар, Иброҳимни кимга олиб келиб бераман. Катта опамникига олиб боролмайман, ўзида ёш бола, иккинчи опамга ҳам олиб боролмайман, Шофоизнинг нариги ёғида, жуда узоқда туради.
Боланинг яхши ўйнаб юргани тўғрисида онамларни хотиржам қилдим. Эртага Иброҳимни олиб келишим ёки келмаслигим тўғрисида бир оғиз гап бўлмади. Шом киряпти. Ўртамизда жимлик. Шомдан сўнг қўшни Хадича опоқи чиқдилар. Кундузи бўлган воқеани айтиб, қайтиб чиқиб хабар ололмаганлари учун узр сўрадилар. Яна қайтиб бориб хабар олганимни эшитиб хурсанд бўлдилар. Мендан бир оз ёшроқ Санобар исмли қизлари бор эди. Илтимос қилиб кўрайчи, дедим ўзимга ўзим.
– Хадича опоқи, эртага соат ўн иккигача Санобар Иброҳимга қараб тура олмайдими? Онам ишга боришлари зарур экан.
– Бояги воқеадан кейин ўзим ҳам ўйлаган эдим. Болага қарайдиган бола дастёр ҳам керак. Аммажонга ҳам осон эмас. Бунга, аввало, бешик тайёрлайлик. Ўқийман деб киришдинг, шояд кириб кетсанг. Ўзим бош бўлиб Санобар иккаламиз қараб турамиз. Бизникида ариқ оқмайди-ку. Онасига айтмай қўя қол, хаёли бўлинади…
Хурсандлигимдан овозим борича бақиргим келарди. Эртасига Иброҳимни Хадича опаникига олиб келдим. Онам ҳам ўша ерда кутаётган эканлар.
Мен орзиқиб кутган кириш имтиҳонлари ҳам бошланди. Айтганимдек, биринчи имтиҳон инглиз тилидан. Биринчи кун киришга юрагим дов бермади. Таваккал, иккинчи кун кирдим. Саволлар ўта мураккаб эмас. Стол устига луғат китоблари қўйилган. Нафиса опа луғатдан фойдаланишни жиддий машқ қилдирган эдилар. Имтиҳон олувчи ёшлари улғайиб қолган рус аёли жавобларимдан мамнун ҳолда “4” баҳо қўйиб, сен албатта кирасан, деб рағбатлантириб қўйдилар.
Тил ва адабиётни ҳам муваффақиятли топширдим. Аммо тарих… қандай аҳволга тушганимни ёзолмайман. Ниҳоятда чарчаганлигимни таъсири бўлдими, жавобимдан ўзим қониқмаяпман, ҳижолатдаман, бунинг устига имтиҳон олувчи ўқитувчи (кейин билсам Ғуломжон ака Аҳмаджонов эканлар) ҳозирги аҳволимда юқоридаги яхши баҳоларга қандайдир шубҳаланиб қолдилар, “3” баҳо қўйдилар. Шарқшунослик факультетига конкурс ниҳоятда баланд, бунинг устига шаҳар ва вилоятлар учун маълум миқдорда жой ажратилган.
Тўплаган балим ва айнан марказдан бўлганлигим учун кира олмаслигим аниқ. Қизиқ бир ҳолат. Тарихдан имтиҳон топширадиган куним кечаси ажойиб туш кўрганман. Кенг, чегарасини аниқлаб бўлмайдиган дала. Барқ уриб ўсган майсалар. Бир зумда майсалар йўқ бўлди-ю, битта майса тебраниб-тебраниб турибди. Шамол ҳам бўлди, йиқилмади. Бўрон ҳам увиллади, йиқилиб, синиб кетмади. Кенг далада табиат қанча ёлғиз турган майсага ҳужум қилишга уринмасин, яшашдан умидини узмаган ҳолда йиқилса-да, қаддини тиклашга ҳаракат қиларди… Тонг отди. Тарихдан имтиҳон натижаси юқоридагидек бўлди. Нима қилишим керак? Менинг дардимни ким эшитади? Яратгандан бошқа ҳеч ким тушунмайди менинг ҳолимни. Қабул комиссияси раисининг ҳузурига киришимни маслаҳат беришяпти. Мен қайси юз билан кираман ва аҳволимдаги қайси масалани тушунтира оламан. Ҳижолат чекканимданми ёки ўз ҳуқуқимни ўзим чеклаганимданми, одамларга қарай олмайман. Келиб-келиб тарихдан “3” баҳо оламанми? Мактабдаги тарих ўқитувчимиз Ҳамидулла ака Даминов эшитсалар нима бўлади? Қандайдир бир журъат топиб, тун қоронғисида Ғайратий домланикига катта поччамларни бошлаб бордим. У киши ҳам бўлган ҳолатдан ҳайрон. Эртасига қабул комиссиясининг раиси олдига кириб, менинг ижтимоий аҳволимни тушунтирмоқчи, агар имкон бўлса қалам машқларимни эътиборга олган ҳолда ижтимоий факультетларнинг бошқа биронтасига ўтказишни илтимос қилмоқчи бўлдилар. Менга матбуотда эълон қилинган ҳамма машқларимни олиб келиш тайинланди. Эртасига қабул комиссиясига келсам домла раисни кутиб ўтирибдилар. Эшикка “Қабул комиссиясининг раиси Ўрозаев Ш.З.” деб ёзилган.
Кўпчилик кутаяпти. Назаримда раис келдилар шекилли, ҳамма жонланди. Мен раис деб тахмин қилган киши хонага кирди-ю, кўп ўтмай қайтиб чиқди. Унинг кетаётганига гумон қилдиларми, домла Ғайратий қўл узатиб саломлашиб, менинг муаммоимни айтишга бошладилар. Гапларини охиригача эшитмади. Эшикни очиб, кимнидир чақирди.
– Бу киши ёзувчи Ғайратийман деяптилар, гапларини эшитинг, иложи бўлса ёзма равишда қолдирсинлар…
Шундай оҳангда гапирдики, кесатиқми ёки ёзма равишда тушунтиришларнинг орқасида жиддийроқ савол-жавоб борми, тушуна олмадим. Раис кўрсатган одамнинг қабулида домла узоқ ўтирдилар. Чиққанларида ҳеч қандай ижобий натижанинг йўқлиги кайфиятларидан маълум эди. Ҳужжатларимни педагогика билим юртига ўтказишга кафолат берибди, холос.
Негадир кўрган тушимни унутолмайман. Бийдай далада ёлғиз қолиб яшашга интилаётган гиёҳ-новда кўз олдимга келаверди. Домла келганларига афсус чекдиларми, сездирмасликка ҳаракат қилиб, одатдагидай самимий хайрлашдилар. Яна ўт ичида ёлғиз қолдим. Менга ўхшаган конкурсдан ўтолмай “югуриб” юрганлардан бири:
– Ректорнинг қабулига ёзиламиз, – деб қолди.
Таваккал, мен ҳам ёзилдим. Ректорнинг котибаси ёшгина, муомалали қиз. Ҳар биримиздан нима учун қабулга кираётганимиз тафсилотини сўраб, сўнг ёзди.
Эртасидан ректор қабулини кутдик. Бир неча кун киришнинг иложи бўлмади. Мажлис, комиссия, раҳбарларнинг йиғилиши. Ниҳоят, олтинчи куни имконият бўлганда ўзим кирмадим. Қандайдир қўрқув қуршаб, бошимда қаттиқ оғриқ турди. Кейинги ҳафтанинг биринчи кунидан яна навбат кутяпман. Охири менда кечаётган кечинмани котиба Тамара опага айтдим.
– Нега қўрқасиз, ҳозир мени чақириб қўнғироқ қилганларида орқамдан оҳиста кириб бораверинг…
Худди кутилгандек қўнғироқ. Тамара опа кўзи билан “кираверинг” ишорасини қилди-ю, эшикни қия очиқ қолдириб, ўзи кириб кетди. Эшикни оҳиста очдим. Шундай кўркам, салобатли хонада ректор Тамара опага қандайдир қоғозларни бердилар. Эшикдан икки қадам босганимча қотиб турибман.
– Ие, келсинлар, – ректорнинг бу сўзидан танамга жон югурди. Гўё мен у кишига олдиндан танишдек сездим ўзимни. Ҳар қанча уринмайин кўз ёшимни тия олмадим.
– Мандатдан ўта олмадиларми, ҳечқиси йўқ, янаги йилга кирасиз.
– Янаги йилга кира олмайман.
– Нега, ўқишни яхши кўрсангиз яна жиддийроқ тайёрланасиз.
– Йўқ, менинг шароитимни билмайсиз, онам турмушга бериб юборадилар.
– Ана, холос.
Шундай кулдилар, шундай кулдилар. Катта хона ва ундаги бутун жиҳозлар жаранглаб кетди назаримда.
– Резервга бўлса ҳам бу йил киришим керак, ҳеч кимга айтмайман резервда эканлигимни.
– Оилавий шароитингизни айтиб турибсиз, иқтисодий жиҳатдан қийналасиз, резервнинг анча нозик томонлари бор.
– Қийналмайман, маҳаллий матбуотда қатнашаман, гонорар оламан, дўппи тикишни ҳам биламан, жуда қийналсам сизнинг олдингизга келаман.–Йиғи зўр келди, бошқа гапира олмадим.
Ректор трубкани кўтарди ва унинг шу гапини эшитдим.
– Журналистика бўлимининг бошлиғи ўртоқ Собировни чақиринг.
Ҳеч қанча вақт ўтмай оппоққина, тўладан келган бир киши кириб келди.
– Бу қизнинг гапини эшитинг-а, папкасидаги ижод маҳсуллари бўлса керак, резервнинг ҳар қандай шароитига рози бўляпти. Натижасини хабар қиларсиз.
Тушундимки, телефонда чақирилган Собиров шу киши. У киши билан бошлашиб хоналарига чиқдик. Ижод маҳсулларим билан танишиб чиққач ҳайратомуз қарадилар:
– Шунча эълон қилинган машқларингиз бор экан, нега ҳужжатни журналистика бўлимига топширмагансиз?
Мен мактабимизда университет олимаси Фотима Йўлдошбоева билан бўлган учрашувни гапириб, ўша опадек олима бўлиш орзуим борлигини айтдим. Токи мен йиғидан юпангунимча савол-жавоб билан мени чалғитдилар.
– Сизни масалангизни декан билан маслаҳатлашамиз, натижасини биларсиз, – деб хайрлашдилар.
Октябрь ойининг бошларидан журналистика бўлимига резерв-талаба бўлиб қатнай бошладим. Гарчи бу ҳолатимни биров билиб, биров билмасада, қишки семестр пайтида синов ва имтиҳонларга алоҳида йўлланма билан киришим курсдошларим эътиборини тортди. Юзим ёруғ бўлиб, синовларни ҳам, имтиҳонларни ҳам аъло баҳоларга топширдим. Ёзги семестр ҳам шундай муваффақиятли ўтди. Имтиҳон йўлланмасини кўриб, ҳайрон бўлган устозлар бўлди. Чунки менинг дарслар давомидаги, жамоат ишларидаги фаоллигим, тиришқоқлигим бошқа талабалардан анча устун эди. Аммо эгнимда ўрта мактабдаги форма кўйлагим (фақат оқ фартук киймайман), қишки пальтойим ҳам ўзгармаган. Бир кунга 20 тийиндан ортиқ пул сарфламас эдим. Хадрагача транспортда борсам, Хадрадан университетгача пиёда, Хадрадан транспортга ўтирсам, Чиғатойдан Хадрагача пиёда юрардим. Пиёда юришга сарфланган вақтим ҳам дарсларни такрорлаш билан ўтарди.
Янги ўқув йилининг сентябрь ойидан бошлаб ҳақиқий иккинчи курс талабаси бўлганман. Мен ўша пайтдаги ҳаётимни ирмоқлардан келган томчининг денгизга қўшилишига қиёслайман. Жамоат ишларида фаоллигим кўп ишларда қўл келарди. Университет ижтимоий факультетлари қошида доцент Саида Нарзуллаева (Оллоҳ раҳмат қилсин) раҳбарлигида “Қизлар клуби” фаолият олиб борарди. Клубнинг дастури анча кенг, айниқса, вилоятдан келиб ётоқхоналарда яшайдиган қизлар даврасида таълим-тарбия ишлари, пазандалик, тикишбичиш, факультетлараро қизлар мусобақаси ва яна кўп ишлар кенг йўлга қўйилган эди. Саида опага ўринбосар қилиб мени тайинлашди. Ўўишни тамомлагунча бу вазифани виждонан бажаришга ҳаракат ўилдим. Саида опа ҳаўида ҳали алоҳида тўхталаман.
Университетни битирганимда Сирдарё вилояти янги ташкил топган, кадрларга чанқоқ пайти эди. Ушбу вилоятга ишга юборилдим. 1963 йилнинг июнь ойидан 15 декабригача Сирдарёнинг чўлларини кезганман. Лоқайд раҳбарларни, пахтачилик, чорвачиликнинг энг оғир жабҳаларини ўша ерларда бошимдан кечирганман. Янгиер туманига борсам қўнадиган қўноғим онаси қазо қилган, ёлғиз отаси билан яшайдиган Раъно исмли қизнинг хонадони, Гулистон туманига келсам Сотқиной Алиқуловалар хонадони, Ховостга борсам, Лилия Петровна номли рус аёли, қўйинг-ки, қаерга борсам ётоғим тайин, онамдек меҳрибон, қариндошларимдек эъзозли одамлар даврасида эдим. Ўша ерда ҳам ташкилотчилигим кўпчиликка тинчлик бермас, айримлар бу маданий-маърифий ишлардан хурсанд бўлиб, мен билан бир жонбир тан бўлиб қатнашса, айрим раҳбарлар мени бир ношуд билан яқинлаштириб, ўзи қорасини кўрсатмас эди. Университетни битирганман. Ақлим анча тиниқлашган. Шундай бир катта вилоятда раҳбар лавозимида ишлайман. Пастни-баландни, оқни-қорани, яхши-ёмонни ажратиб қолганимда онамнинг соғлиқлари туфайли шаҳарга, марказга қайтдим. Университет доценти А.Т.Аюповнинг тавсияси билан фалсафа кафедрасида ишлай бошладим.
Мен ассистент лавозимига тайинланган бўлсам-да, олти ой мобайнида ҳеч қандай маъруза ўқимадим. Доцент К.С.Содиқов (Оллоҳдан қабрларига нур, имонларига раҳмат сўрайман) қўлимдан етакламасалар-да, бир курс дарсларида қатнашишга ижозат бердилар. Дарс жадвали бўйича қаерда дарслари бўлса олти ойгача ўша факультетда ҳозиру нозир эдим. Маъруза матнлари неча марта кафедра муҳокамасидан ўтгандан сўнг мустақил дарсга киришга рухсат бўлган эди.
Сезардим. Ҳаётим бутунлай ўзгарди. Жонли аудитория, ҳар бир факультет талабасининг индивидуал характерини ўрганиш, ижтимоий фаоллик, уйимиздаги икир-чикирлар, рўзғор ишларига қарашмай иложим йўқ эди. Тошкентнинг тўртта дарвозаси: Чиғатой Оқтепаси, Самарқанд дарвоза, Кўкча дарвоза ва Чилонзор Оқтепаларига бориб, чок йиғиб келишга ҳам улгуришим керак эди.
Улгурардим ҳам. Оппоқ тонг оттириб китоб устида ўтирган кунларим кўп бўларди. Атрофдагиларнинг ҳам менга қараши ўзгарган.
– Нега турмуш қилмайди, ҳамма совчиларга рад жавоби бераётганмиш, миш-миш гаплар…
Охири турмуш ҳам қурадиган бўлдим. Бу турмуш, аввало, тақдир дейилади-ку, қолаверса, менинг меҳнаткашлигим, ҳалоллигим, ўз устимда қунт билан ишлашим, ҳар қандай ишга эътиборсиз бўлмаганлигим, отасиз оилада катта бўлиб, доимо онам билан ҳамдард бўлганлигим ва яна кўп яхши фазилатлар эвазига топилди, деб ўйлайман.
“Қизлар клуби”ни бошқариб юрган вақтларимда университет хотин-қизлари даврасида кенг танилдим. Айрим олима аёлларнинг эътиборида бўлдим. Суҳбатларда қатнашдим. Москвага аспирантурага кетиш ниятида елиб-югурган пайтимда мени таниган олима аёллардан бири билан яқиндан дўст эдим. Ўзи олима бўлишидан ташқари машҳур олимнинг рафиқаси, уч нафар фарзанднинг онаси, элнинг эъзозига тушган, нимаики аёл жинсига муносиб яхшилик бўлса, шу аёлдан топиши мумкин бўлган, давомини ёза олмайман, чунки бу аёлни тўсатдан йўқотиб қўйишим тушимда аён бўлган эди. Номзодлик диссертациям тайёр бўлиб қолган. Учинчи фарзандим ёшроқ бўлгани учун қайнонамларга олиб бориб бергандик. Янгийўлда туришарди. Эрта тонг барвақт салқинда йўлга чиқиб, ундан хабар оламан, деган режада уйқуга кўзим кетди. Туш кўрдим. Бизда учта она кийик бор экан. Биттаси қандайдир ғорга кириб кетди. Кутдим, кутдим, қайтиб чиқмади. Уйғонсам тушим. Безовталандим. Бу тушнинг таъбири нима бўлади? Учта фарзандимиз бор эди. Наҳотки, дейман-у дардимни айтишга сирдош тополмайман.
Қишлоққа етиб боргунимча не хаёлларга бормадим. Қай кўз билан кўрайки, тинчлик. Ўғлим бирам чиройли ўйнаб юрибди. Узримни айтдим. Март ойлари эди. Ариқлар ичидан ялпизлар териб, қайнонам солиб берган қишлоқнинг иккита нони билан қайтаяпман.
Ўзимизнинг мавзега кирганда мен ҳурмат қиладиган Опахоним овсинлари билан ҳовлида ғивирлаб юришибди. Саломлашиб сўрашдик, илмий ишларимни, болаларни сўрадилар. Қишлоқнинг нони мазали деб, бир бурда ушатиб олдилар. Икки кундан кейин учрашиб, шу ерда кўк сомса ва кўк чучвара қилишга келишиб олдик. Кеч кирди, айнан кечаги тушни яна кўрдим. Таъбирини чиқара олмайман. Уйқум ўчган, тонг ота қолмайди. Онамлардан хавотир оляпман. Тонг отмасдан эшик тақиллади. Нохуш хабар. Қулоқларим битиб қолди. На кўзимга ёш келади, на чинданми деб сўрай оламан. Ўша, кечагина кўк сомса ва кўк чучвара қилиш ниятида хайрлашган Опахон дунёдан ўтибдилар. Соат ўн иккига жаноза.
Мени турмуш қилишга кўндирган, гарчи куёв бўлмишни бирон марта кўрмаган, улар ҳам мени кўрмаган бўлса-да, яхшилигига ишонтирган, кўзимнинг ёши оқмаслигига кафил бўлган, ўзи турмуш қурган даврдаги бўлган воқеаларни эртакдек менга сўзлаб берган… Ўайси жиҳатларини санай, қайси яхшиликларини айтиб улгурай, қалбимда доим ардоқда бўлган Опахоним ўлса-я…
Уларни сўнгги йўлга кузатиб келгандан сўнг “Қундузхон опа” атамаси билан хотира дафтарини тутдим. Опахон билан қандай танишганимиздан бошлаб ёзишга ўтирдим. Хотира қизиқда, баъзида ярим тунда, баъзида ким биландир суҳбатлашаётганингда, баъзида шу одамни, шу ҳолатни қаттиқ соғиниб қўмсаганингда кўз олдингга келиб қолади. Ана шундай пайтлардан то шу кунга қадар “Қундузхон опа” саҳифалари ҳали тугалланмаган. Қуйида битилган сатрлар “Қундузхон опа” хотира дафтаридан бир шингил, холос.

ИЛК ЧЕЧАКЛАРНИНГ ТАБАССУМИ

(Мураббиям – Онадек суюклигим, Тошкент давлат университети биология факультетининг доценти Қундузхон опага ёзилган хотиралар саҳифасидан)
1973 йил 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси ҳавонинг авзойи жуда бузилди. Осмон қора тўнга бурканди, шамол хархаша қила бошлади. Ким билсин, ўлим Қундузхон опани чангалига олганини сезиб, ёру дўстларни хабарлаш учун ҳар бир эшикка урилаётибдими бу шамол… Хуллас, шамол кечаси билан ўзи ҳам безовта бўлди, бошқаларнинг ҳам тинчини бузди. Эрталабга бориб шамолнинг дармони қуриди. Энди у йиғлашга ўтди. Йиғлаб туриб хабар қилди:
– Қундузхон опа ўлди, ҳа ўлди, қутқаришнинг иложи бўлмади.
Осмон йиғлайверди, кўз ёшини дув-дув тўкаверди. Йиғи оқими Қундузхон опа хонадонига йўл олди…
Қундузхон опани кўпдан ва жуда яқиндан танир эдим. Камтаргина кийиниб юрар, ўзига оро бермас, катта-кичик учун баравар, доимо хизматга шайланиб турар эди.
Қундузхон опанинг бой, самимий, беғараз одамийлик сифатлари кўз ўнгимда гавдаланмоқда. Видолашиб бораётганлар оқимига мен ҳам қўшилдим. Гулларга кўмилиб, видолашгани келган халқни қарши олиб ётибди Опа. Қучоқ-қучоқ гул кўтариб кириб келяпти халқ. 48 йиллик умрини мезбон шарафи билан улуғлаган Опа ҳозир ҳам бир илож қилиб кўзини очса-ю, дўсти-ёронларини меҳмонга таклиф қилса. Худди меҳмон кутишга, дилидаги яқин меҳмонларини кутишга шайлангандек ўзига ярашимли, нимранг олмани эслатадиган юзининг руҳида ҳаракат сўнмаган ҳали. Катталар болам, вой болажоним, деб фарёд қилди. Тенгқурлари жигарим, сардорим, деб додлади. Ёшлар онам, онажоним, мураббийим, деб юм-юм йиғлади. Ҳа, Қундузхон опага ҳаётдаги энг қимматбаҳо, энг азиз сўз – она ва фарзанд сўзлари қиёс берилди.
Бу Қундузхон опа меҳрининг улуғлигига, юксак одамийлигига қўйилган ҳайкал эмасми?! Ким Қундузхон опа каби халқнинг қалбига ўз ҳайкалини қўя олган?! Уни охирги йўлга кузатиб бораётганларнинг тилида видолашган сўзи, қўлида гули эмас, уларнинг қалбида Қундузхон опанинг ўлмас сиймоси.
Қундузхон опадан жуда катта мактаб қолди. Бу мактабнинг дастурида одамийлик, одам одамга дўст, биродар шиори битилган. Қундузхон опанинг ҳайкалини қалбида олиб қолган одамлар охирги йўлга кетган Опанинг мактабидан узоқлашмайдилар…
Осмоннинг ҳамон кўз ёши тингани йўқ. Осмоннинг кўз ёшидан баҳра олган чечаклар, бағриларини қон қилиб очилмоққа интилаётган ғунчалар илк табассумлари билан Қундузхон опанинг олисга, борлиққа қайтмасга отланган сафарида ҳамроҳ бўладилар.
Осмоннинг ҳамон кўз ёши тингани йўқ. Ҳамон чечакларни, ғунчаларни шошираяпти.
– Бўл, тез бўлинглар, табассум айлаб очилақолинглар. Меҳмон бўлиб турганимиз бу кўҳна дунё Қундузхон опани жуда катта тайёргарлик, кишини сокин тебратадиган баҳор қўшиқлари билан кузатиб қолишга шошиляпти. Мен у билан ҳар бир учрашувимизни биридан бирини олдин қўйиб эслаяпман. Мана, ундан охирги эшитган сўзларим ҳамма эсдаликларимдан олдин келиб, қулоқларим остида туриб қолди. У билан яқинда, жуда ҳам яқинда икки кунгина аввал учрашган эдик. Боғида дарахтларини парваришлаб, гулларини фарзанди бошини силаётгандек эъзозлаб турганда учрашдик. Кун алламаҳал бўлиб қолган бўлса-да, Опа тушлик қилишни ҳам унутиб, боғига берилиб кетган эди. Бир пиёла чой ичайлик деб кўп қистадим.
– Овора бўлманг, йўлдан келаётган экансиз, мана, Янгийўлнинг нонидан бир бурдадан тамадди қиламиз, – деди-да, инсонпарварлигида қатъий туриб, бир пиёла чойга ҳам койитгиси келмади. Ялпизларни кўп териб, дам олиш кунида учрашишга аҳд қилиб хайрлашдик. Худди ўша он кўз ўнгимда туриб қолди.
Осмоннинг кўз ёши ҳамон тингани йўқ. Ҳамон чечакларни, ғунчаларни шоширяпти:
– Тез, тезроқ очилишга шошилсаларинг-чи, чечакларнинг илк табассумига бурканиб ётсин Опа…
Уч кунгина олдин кўрган тушим миямга урди. Бизда учта она кийик бор экан. Биттаси чуқур ғорга кириб кетди. Кутдим, кутдим чиқмади. Тушнинг таъбирини тушуна олмай кўнглим хира эди. Ҳозир аён бўлди. Учта она кийикнинг биттаси ўз онам, биттаси қайнонам ва биттаси Қундузхон опам экан. Ҳозир чиқмас ғорга қўйишади. Индамаслар оламида ётувчиларнинг қаторига киради. Қорининг осмонни ерга яқинлаштирувчи қироатли тиловатидан сўнг ҳамма бир сиқимдан тупроқ ташлашга шошилади. Қундузхон опани индамаслар оламига кузатиб келган халқнинг тили дуодан узилмаяпти.
– Оллоҳим, жаннатингдан жой бергин, фарзандларига сабрнинг жамилини бергин, умр йўлдошининг ўксик қалбига ўзинг малҳам бўлгин, бу мусибатга ўзинг кифоя қилгин, ажрини улуғ қилиб бергин, бу дунёдаги яхши тилакларини охират йўлида ўзига васила қилгин… Шивирламаган қалб, қимирламаган лаб қолмади.
Дуоларда ва дуолар билан кўмишди. Устларига тортилган тупроқнинг майинлиги дуолар билан қоришганлигиданми, энди очилган ва очилаётган чечакларнинг файзи Қундузхон опа руҳининг мусаффолигиданми, ташлаб кетишга чидай олмай узоқ, оғир сукунатда турганларнинг руҳий ҳолати, Қундузхон опа меҳрининг улуғлигиданми, индамаслар оламининг ҳозирги аҳволини тасвирига сўз ожиз, тиллар лол, кўзлар кимнидир пинҳона излайди.
Опани охирги йўлга кузатгани келган аёллар хоналар ичига сиғмайди. Ичкари-ташқари одамга лиқ. Хонадон ичида ҳамон кезиб юрган булут одамга тўлиб чайқалаётган хонадондан чиқиб, атрофга тарқаб кетолмаяпти.
Хонадон ичида булут кезмоқда,
Атроф чайқалади одамга тўлиб.
Меҳрибон, мунисхон Қундуз опага
Қалбда мотам, боқамиз битта кўз бўлиб…
Ўша даврларда битилган дафтарларнинг кундалик саҳифаларини варақлаб қандай жўмард, қандай пок, қандай меҳрибон одамлар даврасида катта бўлганимга яқин-яқинларда ақлим етди. Балки баъзи яхши қадриятларни қўмсаганимми, риё, зино, шумлик, қувликни асло билмай, доимо фидойи бўлган ҳолатларимизми? Шу ўринларда номларини тилга олиб, ёднома сифатида бир шингилдан бўлган воқеаларни тилга оламанки, шояд бу воқеалар ибрат бўлса. Рудакий айтганидек:
Ҳар киши ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Али тоға. Анваржон ва Акбаржон исмли тоғаларим бўлиб, бирини кучук қопиб, иккинчисини сигир сузиб бевақт ўтишган экан. Отасиз бўлганимиз учун кўнглимизга яўин инсонлар бизга тоға бўлаверган. Исмларини тилга олаётганим Али тоға иккала кўзлари ожиз, бунинг устига ниҳоятда қўл учида кун кечиришарди. Онам биронта қариндошга борадиган бўлсалар бизни ёлғиз ташлаб кетишга кўнгиллари бўлмасмиди:
– Муяссар, Али тоғани олиб келгин, бизникида бир кун турар экансиз деб айт, – дердилар.
Супага сувлар сепиб, Али тоғага жой ҳозирлардик. Бир кунлик емак-ичмакларини қўйиб, қўйилган нарсаларнинг баъзиларини номини эслатардик.
Эртасига келсак номларини айтган нарсаларимизнинг ўзинигина танаввул қилиб, номлари эслатилмаганларига қўл тегизилмаган бўларди.
– Али тоға, мана бу таомларни нега тановул қилмадингиз?
– Сингил (онамларни сингил деб атардилар), номларини айтганингиздан насибамни едим. Кўзим ожизлигини баҳона қилиб номларини айтмаганингизни ҳам еб қўйсам эртага ҳисоби бор-ку, қолаверса, сизни шароитингиз нозик. Бевасиз, етимлар сизнинг қарамоғингизда.
Ҳозирги кунда етим ҳақидан қўрқмайдиган, фақат нафси учун яшаётганларни кўрсам кўзи ожиз Али тоғанинг иродаларини ҳавас қилиб эслайман. Али тоға туфайли гўдак қалбимга муҳрланиб қолган поклик, қаноат ҳурматидан дуоларда ёд этаман.
Ана шундай ҳалол, меҳрибон, жафокаш инсонлардан яна бири Қодир Фозилович Фозилхўжаев–тарих фанлари номзоди, кўп йиллар мобайнида республика “Билим” жамиятида хизмат қилган.
Бу инсон билан танишувимиз роса қизиқ кечган. Юқорида эслаганим “Маданият” хўжалигининг маданий-маърифий ишлари ниҳоятда жонланиб кетди. Фаолиятимизнинг дастлабки даврида колхоз хотин-қизларини жалб қилиш жуда оғир кечган. Колхознинг ҳашаматли клубида 5–6 та аёллар рўмолларига ўраниб зўрға ўтиришар эди. Инсон қалби зиёга, зиё орқали тараладиган нурга ташна экан. Тадбирлар ўтказиладиган кунларда аёл ва қизлар сони борган сари кўпаяверди. Бу борада раис Убай ака Исломов (Оллоҳ раҳмат қилсин) бизга яқиндан доимо ёрдам бердилар. Тадбир ўтадиган кунда раис бува ўзларининг оила аҳлларини, сингиллари, опалари, уларнинг келин ва қизларини битта қолмай келишларини талаб қилар, олис-олис бригадаларга машиналар жўнатиб, хотин-қизларнинг келиб-кетиш шароитига ҳозирлик кўрар эдилар.
Шундай тадбирлардан бирида мен Қодир ака Фозилхўжаевнинг исм-шарифини ҳаяжонланиб нотўғри эълон қилиб юборган эдим. У киши минбарга чиқибоқ:
– Қизимиз ҳаяжонданми, фамилиямни нотўғри ўқиб юборди, мен асли Фозилхўжаевман, – деб ўзларини таништиргандилар ўшанда Қодир ака.
Университет “Қизлар клуби” ташаббуси ва “Маданият” хўжалигида йиллар давомида олиб бораётган фаолиятимиз билан Қодир ака Фозилхўжаев жиддий қизиқдилар. Бу ташаббусни республика миқёсида оммалаштириш учун жонбозлик кўрсатдилар.
Университетни битиргач, янги ташкил топган Сирдарё вилоятида масъул лавозимда ишлашимга ҳам Қодир ака сабабчи бўлган. Вилоятга марказдан жўнатиладиган кадрлар қаторига менинг ҳам номзодимни тавсия этган. 1963 йил июнь ойидан декабргача вилоятдаги Боёвут 1, Боёвут 2, Боёвут 3 совхозларини, Янгиер тумани, Янгиер шаҳари, Гулистон туманининг колхоз-совхозларини эринмасдан кезганман.
Қизиқ-да. Ҳар қандай воқелик ўзининг даври ва мафкурасига боғлиқ экан. Ташкилий-оммавий ишлар, қишлоқ маданиятини юксалтириш, хотинқизларнинг иш шароитига, оилавий муаммоларига эътибор бериш, аёлларга хос тиббий муолажалар ва яна бир қатор маданий-маърифий ишлар юзасидан олиб борадиган фидоийлигимни тушунганлар, тушунмаганлар, тушунишни истамаганлар, тушунсада, лоқайдлик қилиб туриб олганлар, бу соҳага ажратилган сарф-ҳаражатларни бошқа ноқонуний йўлга сарфлаган раҳбарлар ва яна кимлар билан мулоқотларда бўлмадим. Вилоятдаги етти ойлик иш фаолиятим университетни эндигина битирган бир ёш кадрни шундай пиширди.
“Буни умр дерлар,
Кундузли, тунли.
Буни умр дерлар,
Шодлик, қайғули”,
деб бежиз айтилмаган экан.
Сирдарёга кетиб, нима ишлар билан банд бўлиб юрганимни тушуниб етмаган содда онам ҳар келганимда шаҳарга қайтишимни зорланиб сўрардилар. Охири бетоб бўлиб қолдилар. Яна Қодир акага мурожаат қилдим.
– Ишларни йўлга қўйиб, эндигина кўникиб қолгандинг. Онангларни олиб кетишни иложини қилсак-чи?
– Онам асло рози бўлмайдилар. Қайтишим керак, қарорим қатъий, – деб туриб олдим.
– Сени ишга йўллаётганда бу нозикликни теран ўйламаган эканмиз-да, – деб қошлари бир оз чимирилди-ю, бошқа гапирмадилар.
Онамнинг бетобликлари ва устозим К.Содиқов билан учрашганимдаги суҳбатдан кейин республика “Билим” жамиятининг марказдаги филиалига ишга кўчирилдим ва сентябрь ойидан бошлаб фалсафа кафедрасига ассистент лавозимига ўтдим.
Вақт ғанимат. Буни ҳеч ким инкор этмаган, этмайди ҳам. Сирдарё вилоятида ўтказган етти ойлик иш фаолиятимдаги вақт учун шу пайтга қадар хурсанд бўламан. Гоҳида ўша даврда қоралаб қўйган кундалигимни ўқиб, ёқамни ушлайман.
Университетга ишга ўтган кезларим менда бир қизиқ ҳолат кечарди. Ёшим йигирма бирда. Биз ўқишга кираётганимизда армия хизматини тугатганлар учун олий ўқув юртига кириш имтиёзлари берилди. Биз Ғани ака, Маҳкам ака каби армия сафидан қайтган 21–22 ёшни қоралаганлар билан курсдош бўлганмиз. Ҳозирчи, мен ўзимдан 3-4 ёш катта бўлган талабаларга дарсга киришим керак. Оммавий-ташкилий иш фаолиятимда хўжалик раҳбарлари отам, амаким, тоғам тенги ёши улуғ одамлар эди. Баъзида шу ишни бажаришга монелик қилса ёки муддатини орқароқ сурса, жиддий туриб олардим.
Ўзимдан ёши катта бўлган талабаларга нима дейман? Дарсни ўзлаштира олишмаса, семинарларда фаол қатнашмаса, талабаларнинг илмий анжуманларида грантлар ютмаса нима деб сўроқ қиламан. Улар олдида кулолмайман. Кийинишда ва муомалада ниҳоятда жиддий бўлишим керак… Нималарни ўйлаб тонг оттирмас эдим.
Менинг бу руҳий азобимни қалбан сезиб, тарбиямга, илмий фаолиятимга, жамоат ишларидаги фаоллигимга бефарқ қарамаган, меҳр нури билан ўзларидан узоқлатмаган Қ.Фозилхўжаев ва К.Содиқов бўлишди. У даврда университетнинг ўқув бинолари шаҳарнинг ҳар бурчагида.
К.Содиқовнинг дарс жадвали қайси куллиётда бўлса, қўнғироқдан беш дақиқа аввал ўша ерда бўламан… Биринчи олти ой мобайнида на дарс бердим, на мустақил семинар машғулотларини ўтказдим. Фақат дарс эшитдим. Ўқитувчилик маҳоратининг сирларига кирган сарим “Мен шундай уддалай оламанми, домлада кўп йиллик тажриба, менда нима бор?” деган андишадан эзиламан. Фалсафа фани талабидаги тафаккурдек тафаккур қила оламанми? Бу соҳа нафақат ижтимоий фанларни, балки табиий фанларни ҳам чуқурроқ билишни тақозо этяпти-ку. Ёшим етмишга қоралаб қолган ҳозирги кунга қадар аминманки, кўп нарса устозга ва изланувчининг ҳаракатига боғлиқ экан. Лекин мен икки ўт орасидаман. Қиз боламан. Онамнинг ҳар куни мени турмуш қуришим тўғрисидаги “дийдиё”ларини неча маҳал эшитаман. Улардан қочиб юришга ҳаракат қиламан. Бунинг устига қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг ҳам бу масалада муносабатлари жиддийлашиб қолди. Совчи топаётганларнинг сони кўпаймоқда (Турмуш қуришим ҳақидаги воқеотларнинг ўзи бир достон).
Хотиранинг давомини мустақил дарс олиб боришимга ижозат берилди ва турмуш қурдим, деб бошлайлик.
Нолимайман. Баъзи вақтда тақдирга ёқани уш лаб, тилни тишламоқликдан бошқа илож йўқ. Мен турмушга чиқаётган йигитнинг устози менинг жамоат ишларидаги фаоллигимни назоратдан қолдирмай доимо жамоат иши билан банд қилиб турадиган Қ.Фозилхўжаевнинг қайноналари, олима, Нагима опа экан. Қайнона куёв томондан, куёвлари келин томондан келиб, тўй дастурхонида учрашиб қолишди. Тўй тўйлигидан ташқари, олимлар учрашуви рамзида ўтди. Чунки, келин томон университет домлалари, куёв томон Қишлоқ хўжалиги институти домлалари. Ўйин, мусиқа, куй, ҳазилумутойиба соҳасида ўзаро мусобақа ташкил қилишиб, оппоқ тонг отгунча тўй даврасини бўшатишмаган…
Қайнонам Фазилатхон онамиз (Оллоҳ раҳмат қилсин):
– Оиламизда биринчи тўй ва бу бош келин. Келинни қишлоққа, ўз хонадонимизга туширамиз, кейинроқ шаҳардан жой топилса, кетишларига қарши эмасман, – деганлари бўйича қишлоқдан қатнаймиз ишга. Нав қишлоғининг ичкарисидаги Стаханов участкасидан учта жарлик йўл ва Куркулдак устига қўйилган 25 метр чамасидаги қувурни пиёда босиб, марказий йўлга чиқамиз. Бунинг устига тонги соат бешдан йўл ҳаракати. Иккаламизда иккитадан оёқ кийим. Бири қишлоқнинг тиконзор тупроқ йўли учун, иккинчиси марказий йўлга чиққандан кейин шаҳар учун. Навдан тўқимачилик марказига етиб келгач, ундан шаҳарга келиш машаққатига чидаш қийин. Автобус одам зичлигидан бир томонга қийшайиб зўрға юради. Университет остонасига етиб келгунимча дарсдан кечикиб шарманда бўлмай деган хатар тарк этмайди мени. Турмуш ўртоғим Санкт-Петербургда аспирантурани битирган, кичик илмий ходим (69 сўм ойлик), соат тўўўиздан бешгача столини тарк этолмайди. Мен ўқитувчилик лавозимига ўтказилганман (120 сўм ойлик), икки пара дарсдан сўнг ё Навоий кутубхонасининг ўқув залида ёки ОДО паркининг сўлимроқ жойида китоблардан изланаман, баъзан шундай зерикиб кетаманки, ҳеч қаёққа сиғмайман. Соат бешдан кейин иккаламиз учрашиб, эрталабки келган йўлимиз билан шом қоронғисида қишлоққа кириб борамиз. Декабрь ойи бошларида шаҳарга, узоқроқ қариндошимизнинг уйларига кўчиб келиш имконияти туғилди. Шукурки, ишдан чиқиб, тўғри ҳеч кимни кутмасдан уйга кириб, аёл сифатида ғивирлаш имкониятига эга бўлган бўлсамда, бу хонадонда катта синовга тушиб қолдим. Қариндошимизнинг турмуш ўртоғи Германияда ҳарбий врач эди. Қариндошимиз Марғуба опа турмуш ўртоқлари олдига бориб, икки-уч ой туриб келишни режалаштириб қолдилар. Ёшлари тўўсондан ошган, бир кўзлари бир оз хиралашиб қолган қайноналари ва вояга етиб қолган икки ўғил, бир қизлари биз билан қолмоқда. Мен бутунлай бошқа шароитда тарбия топганман, онамнинг беваликдаги ўксик қалбларига малҳам бўлишга, кўпроқ китоб ўқишга, нимаики дастёрчилик бўлса вақтида бажаришга ҳаракат қилганман. Ака-уканинг бир-бирига китоб отиб жанжаллашганини, эшикни ичидан қулфлаб олиб, футбол тўпини бир-бирига отганини, бир кўзлари хира кампирнинг уларни тинчлантиришга зорланганларини кўрмаганман. Ҳафта давомида ишдан келгач олти кишининг хизматини, озиқ-овқатини бажо келтираман, шанба ва дам олиш кунлари онахонимизнинг бошқа ўғилларикелинлари, куёвлари-қизлари, набиралари келишади. Дам олиш кунининг шом қоронғисигача тик оёқда тураман, на қозондан қўлим бўшайди, на мулозаматдан ўзим бўшайман. Бунинг устига ўзим ҳам юкдорман, фарзанд кутяпмиз…
Ижтимоий-сиёсий ишлардаги фаоллигим анча сусайиб қолди. Ўлчоғлик вақт. Бирига етса, иккинчисига улгуролмайман. Иш шароитимда бир оз ушланиб қолсам мен яшаётган уйдаги аҳвол жонланади кўз ўнгимда. Ҳеч нарсани уддасидан чиқа олмай қолган бечора кампирнинг:
– Мастурахон, картошкаларни олиб кел, мен артиб турай, ҳозир Муяссар келса, овқат ҳаракатига тушади, укаларинг ҳам мактабдан келиб қолади, – дея ялинаётган овозлари эшитилаверади қулоғим остида. Мен энди вилоятларга умуман чиқа олмай қолдим. Лекин Қодир ака шаҳарда, паркларда, ишлаб чиқариш корхоналарида, маориф, маданият, тиббиёт соҳасида ўтказиладиган анжуманларда қатнашишимни ва ундаги илмий, оммавий маърузалардан сабоқ олишимни, имкони борича ўз устимда ишлашга, лоқайдлик қилмаслигимни талаб қилардилар. Вақт олий ҳакам. Аҳилчилик бўлса, ҳар қандай довонни ошиб ўтса бўлади. Йиғлашга ўрин йўқ. Дардингни кимга айтасан. Зинҳор онамларга айтолмайман. Ҳар қандай шароитда онамларни эҳтиёт қилиб катта бўлганмиз. Мустаҳкам иродагина бизни юзага чиқара олади. Турмуш ўртоғимнинг илмий ишлари қайтадан ишлашга тавсия этилган, ўзим илм соҳасида тетапоя маҳалим. Ҳозирги шароитдаги мен учун энг оғир ҳолат фалсафанинг ўзини тўлиқ ўзлаштириб олиш. Фалсафа фанидан таянч маълумотга эга бўлмаганим ҳолда кафедрага ишга олишди. Чунки ўша даврда бу соҳа бўйича на аниқ бир бўлим, на факультет бор эди. Кафедрани миллий кадрлар билан тўлдириш учун идрокли, тафаккурга бой бўлган айрим битирувчиларни устозлар тавсияномаси асосида кафедрада қолдиришарди. Мен бундай руҳий толиқишлардан, фарзанд кўргандан кейин, бир оз йироқлашдим. Олдинги кўп қиррали, баъзида ўта заҳматли масъулиятимга энди жиддий масъулият қўшилди. Севинч-қувончнинг чеки йўқ, аммо қуруқ севинч-қувончнинг ўзи ҳеч нарса бера олмаслигини тушуниш ва уни енгиб, унга йўл топа билиш осон эмас экан. Бағримда фарзанд. Шундай ширин, шундай ширинки, гўё шу атрофда мендан ва ундан бошқа ҳеч ким йўқ.
Биринчи фарзанд… Қувончга сўзни қандай топай. Қувончимнинг қайси қиррасини изоҳлаб берай… Мен энди тамом бошқа дунёдаман. Масъулиятим янада жиддийлашганига иқрор бўлмай иложим йўқ. Тун сокинлигида мутолаа қиладиган соатларимда бағримда инсон вужудидан ёруғ дунёга чиққан жажжигина, ширинлиги беқиёс, жонли “жажжи китоб”.
Мен ўқиётган китоблар билан қиёслай олмайман бу жонли “жажжи китоб”ни. Бу китоб мендан алоҳида меҳр, алоҳида эътибор, алоҳида илиқликни талаб қиладики, унинг бу ҳолати она меҳрининг дастурида ёзилган. Яхши кишилар қуршовида бўлсангиз, довонларнинг баландлиги ваҳимали кўринмас экан. Оиламиздаги олти жон устига яна бир жон қўшилдики, бу митти жон ҳар биримизнинг ардоғимизда. Айниқса, бир кўзи хирароқ кўрадиган бувижонимизга “иш” топилди. Болани уларга беришимдан олдин тиззаларига ёстиқ қўяман, унинг устига қордек оппоқ чойшаб тўшайман, сўнг йўргакдаги болани оладилар. Қайнона онамлар билан бувижон орасида “сан ол, ман ол”. Саноқли кунлар ҳам ўтиб боряпти. Гўдак қирқ кунлик бўлганида қайнонам қишлоққа бир бориб келишни режалаштирдилар. Турмуш ўртоғим иш юзасидан сафарда. Турмуш ўртоқлари олдига кетган опахонимизни шу тонгги поездда келишлари ҳақида хабар келди. Қизлари Мастурани ёнимга олиб, йиғар-терарни бошлаб юбордик. Кечда алламаҳалгача ғимирладик. Охири Мастура ётоғига кириб кетди. Мен ҳам ётоғимга кирдим. Бир бешик бўлиб паҳлавондек ётган гўдак “ечгин” деб хархаша қиляпти. Тебратдим. Бўлмади. Қўлини ечиб, бир оз бўшатдим, кўнмади. Охири бешикдан ечдим. Йўргаклаб кроватга солдим, ёнбошладим. Назаримда кимдир деразани тақиллатди. Ажабо, туриб қарадим. Ҳеч ким кўринмади. Хавотирланиб гўдакка қарадим. Митти кўзларини астойдил очиб ниманидир кутаётгандек ўйчан…
Яна ёнбошладим.
– Ухлама, ухлама, дедим-ку, ҳозир тасир-тусур бўлади.
Сакраб тушдим. Ажабо, кимнинг овози, нега мен бунақа алаҳсираяпман. Худди фарзандимнинг кровати билан биров олиб чиқиб кетадигандек кроватни судраб дераза томон юрдим. Ҳа, худди ҳозир айтилганидек тасир-тусур бўлди. Ер қимирлаб кетди. Кроват қўлимдан чиқиб, девор ўртасига ўрнатилган “контрамарка” печкага урилди. Кўча томондан одамларнинг овози эшитилаяпти. Тонг ёришиб қолган. Нариги хонадан эмаклаб бувижон чиқяптилар, Мастура, Ботир, Баҳодирларнинг ранги оқариб кетган. Худди шу дақиқада кутаётган меҳмонимиз – опахонимиз кириб келдилар. Вокзалдан уйга келгунларича шаҳар аҳолисининг кўчадаги аҳволини кўриб, улар ҳам бир аҳволга тушиб қолибдилар. Йўргакдаги гўдакни опахоннинг этакларига ташладим-у, онамларга қараб чопдим. Чопаяпман. Оёқларим чалкашиб кетаяпти. Кўз олдимда мудҳиш манзара. Эски шаҳар атрофидаги ҳамма эски уйлар қулаган, босиб қолган, одамлар тупроқ остидами, иморат тагидами, китоблар турадиган токчалар қуладимикан, онамларни қандай аҳволда топаман, кўра олармиканман…
Шукур ва беҳисоб шукурлар бўлсинки, қўрққаним қувончга айланди. Кўпчилик қўшнилар онам атрофида, уларга таскин беришаяпти:
– Ҳозир биронтамиз бориб хабар оламиз, – деб турганларининг устига мен кириб келдим.
Ҳа, 1966 йил апрель ойидаги ер қимирлашининг асоратлари осонлик билан кечмади. Шаҳарнинг маълум қисми аҳолиси кўчада палаткаларда, айримлари қариндош-уруғлари бағрида, айримлари шаҳардан чеккароқларда яшашга мажбур бўлдилар. Биз яшаб турган 6 сотихлик участканинг ҳовлисида ҳам биздан ташқари яна 4 та оила бирга яшадик. Ўша шароитда дўстларим, ҳамкасбларим мени қўллаб-қувватлашмаганида, мен нима хаёлларга бормаганман…
Фарзандим ёш, ишга чиқиш учун болани ё онамларга ташлайман, ё қайнонамларнинг келишларини кутаман. Уч ёки тўрт кун шаҳарда қолиб кетишлари қайнонамга тўғри келмайди. Қишлоқ шароити. Кунда, кунора нон ёпиш, 6–7 жоннинг қозон ҳаракати. Жажжигина митти овунчоқнинг дунёга келиб бизни қувонтиришининг ўзи эмас экан. Орадан бир йил ўтмай, “Олимлар” шаҳарчасини бунёд этиш қарори билан биз ҳам участка қурадиганлар рўйхатига киритилдик. Иш, илмий изланиш, фарзанд тарбияси, участка қуриш. Ўқитувчилик касби актёрнинг маҳоратига қараганда ҳам кўпроқ меҳнат талаб қилади. Актёр сценарий бўйича ўзи қайси ролга лаёқатлилигини танлаб олади. Ўқитувчи эса, аввало, маъруза матнини ўзи тайёрлайди, ўзи сценарий асосида қайта кўради, актёр сифатида маъруза матни урғуларини, керак бўлса рақамлар орқали жонлантиришни, қиёслаш, таъкидлаш, қўйингки, ҳамма-ҳамма жиҳатларини қалб қўридан ўтказгач, жонли барометр – талабалар билан юзма-юз учрашади. Ўқитувчи шароитида ҳеч қандай гримм, ҳеч қандай ниўоб ва бунга уйғун тушадиган ҳеч қандай манзара йўқ. Лекин бу ҳолатни илми толиблар олдида айнан намойиш қилиш ҳар қандай ўқитувчи учун ҳам осон кечмайди. Бунинг устига сиртдан ўқийдиган талабаларга дарс ўтиш бир оз қийин ва мураккаб кечади. Чунки, улар саноқли кунларгагина келишарди. Кундузи ўқийдиганларга қараганда сиртдан ўқийдиганларнинг ўқув дастури қисқароқ. Шу қисқа дастурда ҳажми катта, мазмуни чуқур, амалий жиҳатлари аниқ бўлган маърузани етказиш керак. Ана шундай шароитда мени эътибордан қолдирмаган ва доимо керакли ёрдамларини дариғ тутмаган Қодир ака Фозилхўжаевни, фалсафа фанидан устозларим К.Содиқов ва А.Аюповларни меҳр билан ардоқлайман.
Ойлар ўтди, йиллар ўтди дегандек, менинг ҳам номзодлик ишим тайёр бўлди (Мавзунинг танланиши, илмий раҳбар, 3 йиллик аспирантура муддати, менинг мавзуим бўйича ижтимоий кафедралараро тортишувлар – булар хотиранинг ҳеч ўлмас саҳифаларидирки, ҳозирча буларга қалам урмаймиз).
Диссертациянинг ҳимояси 1973 йил 18 октябрга тайин этилди. Фарзандимиз 3 нафар. Учинчиси ёш. Битмаган участкада ёлғиз турамиз. Қўшнилар ундабунда кўчиб келишган. Учта болани ёлғиз ташлаб югуриб ишга кетаман. Ҳимоя кунлари яқинлашяпти. Иш ташқи тақриз учун Қишлоқ хўжалиги институтининг фалсафа кафедрасига юборилган эди. Жавобдан дом-дарак йўқ. Биринчи оппонентим фалсафа фанлари доктори С.П.Турсунмуҳамедов 6 ойлик хориж сафарига кетиши тайин. 14 октябрда Қишлоқ хўжалиги институтига ўзим бордим. Институт бўмбўш. Ҳувиллаб ётибди. Маълум бўлдики, улар пахта териш мавсумида қатнашиш учун хўжаликларга эртароқ чиқиб кетишар экан. Кимга мурожаат этишни билмай ректор А. Имомалиев қабулига кирдим. Унга дардимни айтдим.
– Ҳозир пахта компанияси, ҳеч нарсанинг иложи йўқ. Ҳимоя 1–2 ой орқага ўтса ҳеч нарса қилмайди. Сиз айтаётган одамни институт бўйича масъул иш билан жўнатганмиз. Уни чақира олмайман.
Тупугимни ютолмай қолдим. Ўзимни ўнглаб қабулдан зўрға чиқдим. Аҳволдан биринчи оппонентни хабардор қилдим.
– Қолса, 6–8 ойга қолиб кетади, мен хизмат сафарига 20 октябрга етиб боришим керак. Унда бошқа оппонент олишингизга тўғри келади. Қандай лоқайд одам экан, масъулиятни сезмай пахтага кетаверса, ҳеч бўлмаса ёзма равишда тақриз қолдирса бўлади-ку. Қўлидаги ҳужжатда ҳимоя кунининг вақти кўрсатилган-ку. Ихтиёрингизда яна икки кун бор, бир илож чиқиб қолар…
Гўшак қўйилди, гўшакни ушлаб қанча турдим эслолмайман. Дардимнинг давоси кимнинг қўлида. Ноилож қолдим. Илмий раҳбарим бетоб. Шифохонада. Бунинг устига 15–16 октябрда шаҳар олий ўқув юрти талабаларининг пахта терим компаниясида қатнашишлари тўғрисидаги қарор эълон қилинди. Бунинг олдида менинг номзодликка ҳимоям ҳар қандай раҳбар учун ҳеч нарса эмас. Учтўрт кундан бери тайинли қозон қайната олмайман. Ўша йили рўза октябрь ойига тўғри келган. Онам ёшлари улуғ, рўзадор, қайнонам бошқа набиралари бетоб бўлиб, унга шифохонада қараяптилар. Беморлар таналари зирқираб турганларида қандай тонг оттирадилар-ку, менинг шу тундаги аҳволим энг оғир беморнинг аҳволидан оғирроқ кечди.
Тонг отди. Фарзандларимга нонушта тайёрлаб, дадасини ахборотлардан огоҳ қилиб, уйдан чиқдим. “Олимлар” шаҳарчасидан (қандай шаҳарча, на йўл, на транспорт, на алоқа воситаси, на кўчанинг тайин номи бор) “Юбилейний”гача пиёда чиқилади, то университетнинг ўқув биноларига етиб келгунимгача бўлган йўлнинг қишлоқ йўлидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Мен ҳар куни шу йўлдан пиёда ишга келиб кетаман.
Кетяпман. Қаёққа бораман, кимнинг олдига, ўзим билмайман. Борди-ю, ҳимоя қолдирилса, 16 нафар кенгаш аъзоларига бу хабарни етказиш керак. Улар нима деб тушунадилар. 18 октябрда бошқа бир йигит ҳам ҳимоя қилади-ку. Мен туфайли у ҳам азият чекадими?! Ўзим тасаввур қилолмайман: шунча ўй-хаёллар ичида Қодир ака Фозилхўжаевнинг ишхонаси олдига етиб келганимни сезмай қолибман.
Қабулга бунча барвақт келганимдан қоровул ҳайрон. Бир пиёла чой ҳам қуйиб берди. Чамамда озгина жон битди менга. Ходимлар бирин-кетин кела бошлашди, кўпчилик танийди.
– Тинчликми? – деб қўйишди қизиқиб. Ана, машина тўхтади ва ундан Қодир ака тушди.
– Ҳа, тинчликми, барвақт келибсан, ё кўз очиб кўрган жойим деб бир кеча қўриқладингми?
Мен ўкраб йиғлаяпман.
– Нима бўлди? – деганлари сари йиғи авжига чиқаяпти.
– Айтсанг-чи, нима қилди, эринг ўлдими?
– Йўқ, – хўрсиниш ичида овозим баланд чиқиб кетди.
– Гапир бўлмаса.
Ҳимоя билан боғлиқ бўлган айрим муаммоларни ва айниқса, кечаги ҳолатнинг тафсилотини узуқюлуқ қилиб зўрға гапира олдим.
– Шунга шунча тушкунликми, қўрқиб кетибман, оилавий бирон “драма” очдиларингми, деб.
Эшикни оҳиста очиб, котиба кирди.
– Чой ташкил қилгин, Мирзага айт, кирсин.
Шофёр Мирза кирди.
– Йўл варақасини менинг машинамга ол. Шунинг иши битмагунча пахта даласининг қайси бригадасига бориш керак бўлса, бор. Қайтишларинг қоронғига қолиб кетса, уйига олиб бориб қўй, натижасини менга етказ.
Худди шу ернинг ўзидан машинага ўтириб кетадигандек енгилгина турдим.
– Ўтир! – буйруқ оҳангида юзланди Қодир ака, – Бир пиёла чой ич. Нонушта қилганмисан, аҳволингга қара, фарзандларинг, қартайиб қолган онанг, жамият олдида қанча ишларинг бор-ку, нега йиғлоқи бўлиб қолдинг?
Телефон жиринглади. Гўшакни кўтарди. Саломлашди.
– Боришади, албатта боришади, ҳамманинг хабари бор, ваъда собит, – деди-да, гўшакни қўйиб ташқарига чиқди. Котиба қоғозга ўроғлиқ бир нарсани қўлимга тутқазди.
– Йўлга, олиб олар экансиз.
Биз босиб бораётган йўлнинг шаҳар қисми тугаб қишлоқ йўлига бурилдик. Буёғи дала йўллари. Чанг-тўзон, ўнқир-чўнқир, баланд-пастлик. Шу алфозда йўлда давом этаётганимизда қаршимиздан келаётган “Виллис” машина чангни секинлатиб, ёнлаб ўтиб тўхтади. Ҳозиргидек эсимда. Мен кетаётган машинанинг рақами 00-54. У пайтда бундай рақамлар давлат раҳбарларининг машинасига берилар эди. Ёнлаб ўтаётганда, ишора қилдими, Мирза ака ҳам тўхтади. Чанг тарқалгунча эшикни очмай турдик. Чанг тарқагач, ёнимиздан ўтиб нарига бориб тўхтаган машинадан бир одам тушди ва биз томонга юрди. Мирза ака саломлашди. Кейин мени чақирди. Қай кўз билан қарайки, қаршимда турган одам кеча қабулидан ноумид бўлиб чиққан Қишлоқ хўжалиги институти ректори А.Имомалиев эди. Икковимиз ҳам соқов. Сукунатни у бузди.
– Тиниб-тинчимаган экансиз-да, чиқинг нариги машинага, мен ҳозир сиз излаётган одамни топиб келишга ҳаракат қиламан. Ректор келаётган машинага чиқдим. Кўп ҳам юрмай, штаб деб аталмиш марказга келдик. Талабалик пайтида кўрганларим: катта қозон, ердан қазилган ўчоқ, 2-3 та бак самовар, писта поясидан тоғдай уюлган ўтинлар. 3-4 та қизлар хамир қилиб, овқат ҳаракатида эди. Қизиқиб сўрасам, ректор келиши муносабати билан ҳамма бригадирлар тушликка мажлисга чақирилган экан. Овқатга чучвара режалаштирилган. Қизларнинг тайёрлаб қўйган хамиридан кичикроқ зувалани олиб тезликда ёйдим. Қизлар тугишиб юборишди. Менинг кимлигимни, тезда ишга киришиб кетганимнинг сабабини тушунмай, зимдан бир-бирларига қараб қўярди қизлар. Бир челак сув катта қозоннинг тагида кўринмайди ҳам. Шатиллатиб ёқиб, чучварани қуруқ сувда пишириб, иккита лаган ва битта ликопчага солдик.
– Қизлар, келинглар, олдин буни еб олайлик, кейин чучваранинг давомини қиламиз, – дедим.
Қизлар ҳамон ҳайрон. Битта лаганни олдимга тортиб ея бошладим. Хаёлимда худди ҳозир ректор мен излаб келган одамни топиб келади-ю, мен у одамнинг суҳбатида банд бўлиб қоламан. Йўқ, ундай бўлмади. Кўз олдимдан гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўтаётган майда-майда қоралар тарқалиб, штаб атрофи янада ёруғлашди. Қулоғим ичидаги шувиллаш тўхтади. Қолган чучваралар ҳам тугилиб, айнан тушлик вақти яқинлашганда, штаб атрофи гавжум бўлиб қолди. Ректор кетган бизнинг машина ҳам келди. Ичидан ректордан бошқа ҳеч ким тушмади. Яна тамом бўлдим. Демак, тополмаган. Ёки бу масалани эшитгач, диссертацияни кўриб чиқмаган бўлса, келишдан бош тортган. Ректор олдида ҳамон соқовман, оғиз жуфтлайман-у, сўрашга сўз тополмайман. Худди шу дамда чангларини қоқиб, қўлларини ювиб шофёр Мирза ака, “қалайсиз”, дегандек яқинроқ ўтирди. Ректор биздан бир оз нарироқда, мажлисга келаётган бригадирлар даврасида, супада ўтиришибди.
– Нима бўлди? – паст овозда сўрадим Мирза акадан.
– Биз қидириб келган одам институт бўйича бригадирларнинг сардори экан. Бугун иккита бригада мусобақа ўйнашиб, жуда олисга, ҳали қўл тегизилмаган далага кетишибди. Ҳозир ректор олдига солиб олиб келишини тайинлаб, бир одамни отга миндириб юборди. Енгил машина боролмайдиган йўлнинг нариги томонида экан…
Мен Мирза ака гапларининг охирини эшитолмай қолдим. Яна саросимага тушдим.
– У-бу нарсани баҳона қилиб йўққа чиқариб қўйса-я… Нега сиз билан бирга бора қолай демадим, нега бунча андишаликман. Қодир ака, шофёр, машинани овора қилиб шунча йўл юриб келиб қайтиб кетавераманми? Йўқ, энди қайтмайман, ўша одамнинг ўзини кўрмагунимча кетмайман, деб қатъий тураман…
Машина, от туёғининг товушидан хаёлим бўлинди. Машина чангитмаслик учун бир оз нарироқда, от яқинроқ келиб тўхтади.
– Топдингизми? – Бу ректорнинг овози эди.
– Ҳа, келишди, – деди отдан тушаётган одам, кўринишидан шаҳарлик эмас.
Шу орада машинадан тушган тўрт киши ҳам келиб, ўтирганлар билан саломлашишди.
– Ҳа, ўртоқ Абдуллаев, диссертант ҳимоядан олдин пахта даласини яна бир кўриб кетсин, дедингизми?
Баланд чиқаётган ректор овози пастлади. У ёғида нималар дегани бизга эшитилмади. Ноқулай аҳволга тушиб қолганлигини сездирмасликка ҳаракат қилиб, биз томон ўгирилган одамнинг хижолатдан қизариб кетганидан сездимки, ташқи тақризга масъул одам айнан шу. Саломлашиб, диссертацияни ўқиб чиқиб, тақризни тайёрлаб қўйганлигини айтса-да, ҳозирги ҳолатда ўзини қандай оқлашга сўз тополмасди. Нари-бери тамадди қилди-ю, биз билан машинага ўтириб йўлга тушдик.
Нима деб сўрасам экан, ташқи тақриз, балки ижобий эмасдир. Йўғ-е, уларнинг кафедра мажлисида диссертация тўғрисидаги маърузам билан қатнашганман-ку, деярли эътирозлар йўқ эди. Мен яна фикр гирдобида айланар, у олдинги ўриндиқда хотиржам ўтириб келарди. Чанг-тўзонли нотекис йўллар орқада қолди. Катта трассага чиқдигу олдинги ўриндиқдан майингина хуррак овози эшитилди. Шофёр Мирза ака ойнадан менга қараб қўйди. Сезмаган киши бўлиб, мен ерга қарадим. Абдуллаевнинг ниҳоятда чарчаганлиги аҳволидан билиниб турибди. Бошимдан ўтган. Мусобақани ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Тонг ёруғида шабнам кўсакларни ювиб турган чоғда пахта даласининг олис қирғоғига етиб бориш, илғор теримчи талабаларнинг кайфиятларини кўтариб, мусобақада ютишлик руҳини жорий этиш, даланинг шунча олис қисмига нонушта, тушликларни етказиб олиб бориш… Шундай ҳаракатда чопиб юрган одам машинага ўтиргач, жони бир оз ором олди, чамамда. Бир оз тетикландими, кўзи уйқуга кетганига узр сўраб, ўзини бошқатдан ростлаб ўтирди ва Мирза ака билан Қишлоқ хўжалиги институти неча йиллардан бери бу туманга ҳомийлик қилиши, пахта терими мавсумида бўладиган ажойиб эсда қоладиган воқеалардан гапириб, ўртадаги жимликни чалғитиб келаётган бўлса-да, мен бошқа томонда сузаяпман.
Институтнинг фалсафа кафедрасига кириб, тақризни олгунимизча қоронғи тушади, эрталаб соат етти бўлмасдан уйдан чиққан эдим. Фарзандларим нима бўлди, ҳеч ким билмайди. Мен 10–12 соат мобайнида қаерда ва қандай аҳволда юрибман…
Бизни пастда қолдириб тақризни олиб тушган Абдуллаев Мирза акага паст овозда нимадир дедида, қайтиб машинага ўтирди. Сабрим чидамадими, қандай ҳолатдаман, билмайман. Сўрадим.
– Яна қаерга борамиз, яна нима камчилиги бор тақризнинг?
– Тақриздаги имзони кадрлар бўлимининг раиси тасдиқлаб муҳр уриши керак. Раисга бориб, бугунги фавқулоддаги ҳолатни тушунтирамиз. Ишқилиб уйида бўлсин, бирор юмуш билан кетган бўлмасин. Фақат тавба деб ёқамни ушлайман, тилимни тишлайман.
Нега бунчалик мен синовлар қуршовидаман, шаҳарнинг қаеридан, қайси кўчасидан кетаётганимизни ҳам англай олмайман. Кундузги соат ўн бирларда еганим чучваранинг қуввати тугадими, асабларим толиқдими, нохуш сезяпман ўзимни ёки иситмам чиқяпти ёки тинимсиз машинада юрганимдан кўнглим беҳузур. Қандайдир тўққиз қаватлик бино олдида тўхташди. Абдуллаев машинадан тушиб, ичкарига кириб кетганича узоқ вақт йўқ бўлиб кетди. Машинадан тушдим. Атроф назаримда шундай тор, шундай торки, сиғмаяпман. Шайтон васваса қилишдан тинчимайди. Мирза акадан яширган ҳолда аччиқ-аччиқ йиғлаб олдим. Рўмолчам сумкада, машинада қолган. Бош бармоғимни тишлаб машинанинг орқасига ўтиб, суяниб зўрға турибман. Абдуллаевнинг бинодан чиқиб келганини ҳам сезмабман.
– Диссертантимиз мана шу қиз, – Абдуллаевнинг овозидан ҳушёр тортдим.
Қаршимда кайфияти нимадандир норози, ўрта бўйликкина аёл турибди. Сидқидилдан саломлашмади. Ҳақиқатда, кеч кириб қолганда уйидан безовта қилишимизнинг ёқмаётгани аниқ сезилиб турибди.
Кечирим сўрадим. Нима учун шунча югур-югур бўлганимизнинг сабабини тушунтиришга ҳаракат қилдим.
“Шу ишни эрта кундуз куни қилса ҳам бўлардику”, деган аниқ жавобни уқиш қийин эмасди унинг ҳозирги муносабатидан.
Яна бир оз кутишдан сўнг тақриз қўлимизга тегди. Раис аёлни, Абдуллаевни олиб бориб қўйиш ташвиши бошланаётган эди менинг хаёлимда, Абдуллаев Мирза акага қўл узатди:
– Сизларга муваффақият тилаб хайрлашамиз. Узр, ҳимоя қилиш ўзимни ҳам бошимдан ўтган эдику, бу сингилни бир оз қийнаб қўйибмиз-да, раис опани уйларига ўзим ташлаб ўтаман, тонг ёришишга далага етиб боришим керак…
Чиройимиз бир оз очилган ҳолда хайрлашдик. Хиёбондан ўтиб, Офицерлар уйига етмасимиздан яна синов: машина бузилди. Мирза ака анча ғивирлади. Бир-икки машина ҳам тўхтади. Бир шофёр танишроқ эканми, юкхонасидаги сумкасидан қандайдир сим чиқариб ўзи ҳам ёрдамлашди. Шукур. Ҳар қалай юрди, Хадрага келганида яна тўхтади. Кўчада машина ҳаракатлари анча сийраклашган, вақт алламаҳалга бориб қолган кўринади.
Мирза ака машина билан овора. Бирдан ўзим сезмаган ҳолда “вой”, деб овозим чиқиб кетди.
– Нима бўлди яна? – энди Мирза аканинг овозида норозилик оҳанги.
– Кечирасиз, биринчи оппонентга қўнғироқ қилишим керак-ку, тақризни олсангиз хабар қилинг, кеч бўлиб қолди деб тортинманг, деган эдилар. Нега боя институтда турганимизда хаёлимга келмади, ахир, у ерда телефон бор эди-ку, яна қаёққа чопаман, бу ишни эрталабга қолдирсам, қўнғироқ қилишим учун шаҳарнинг бирон жойига чиқишим керак. Бу атрофда автомат телефонлар ҳам йўқ.
– Ҳа, топдим, топилди.
Оёғи куйган товуқдай питиллаётган одам, уловини йўқотиб топиб олган одамдек суюниб кетдим. Ўша йиллари университетнинг тарих, шарқшунослик, филология факультетлари дорихонанинг тепасидаги баланд иморатда эди. Мирза ака ўзи билан ўзи овора, бошини қашийди. Чеккасини ушлайди, папирос чекади. Мен баланд зинадан чиқиб факультет эшигини тақиллатаяпман. Қани энди, қоровул эшита қолса. Охири эшитдими, коридорнинг нариги бошидан хотиржам юриб кела бошлади. Кўрдики, эшик қоқаётган мен, аёл киши.
– Тинчликми, хизмат, – дегандек эшикни очмай қараб турибди. Хаёлимга бир фикр келди. 03 рақамини ёздим. “Тез ёрдам”ни чақиришга телефон қилиш кераклигини ишора билан тушунтирдим. Эшикни очди-ю, менга бошдан оёқ разм солди. Узр сўрадим, шу ерда ишлашимни айтиб, ўзимни таништирдим. Қўнғироқ қилишим зарурлигини ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим. Гапираяпман-у, зўрға ўзимни тутаман. Столини ён томонидаги тумбасини ичига солиб қўйган телефонни олишга шошилмайди ҳам. Тумбани очаётиб узоқ эснади. Аппаратни столга қўйди, рақам тераяпман, қўлим қалтирайди. Олимларни тун қўриқчиси деб бекорга айтишмаган экан. Икки марта чақирмасданоқ гўшак кўтарилди. Саломлашишни ҳам унутдимми, тақриз қўлимда эканлигини айтдим.
– Эй, яхши, қандай яхши, мен ҳам яхши ният билан диссертациянинг айрим бўлимларини қайтадан кўраётган эдим. Ўзим бораман, менга машина керак эмас.
Гўшак қўйилди. Қоровулга минг миннатдорлик билан чиқяпман. У ҳамон ҳайратомуз қарайди. Пастга тушдим, Мирза ака икки чаккасини ушлаб ўтирибди. Демак, “етиб” келганмиз. Саволга ўрин йўқ.
– Энди на илож, дейман ўзимга ўзим. Бирорта такси тўхтатиб кетаверай десам бизнинг мавзега ҳеч қайси такси унамайди. Қайси томондан келсам ҳам уйга етмай тушиб қолишим, қолган йўлни ҳайдалган ер устидан пиёда босиб келишим керак. Ҳозирги аҳволда мени ёлғиз жўнатишга Мирза ака ҳам унамаса керак. Машинанинг капотини очиб қўйган. Қўлини белига қўйиб ўрнидан турди. Яна машинанинг нимаси биландир куймаланаётган эди, шаҳарни айланиб юрган милиция патрули мотоциклда келиб тўхтади. Саломлашишди, ҳужжатларни кўрди. Мен ҳам яқинроқ бордим. Саломлашиш ўрнида савол билан юзландим:
– Укам, исмингиз нима?
– Исмим Саъдулло, – патрул ходими менга ажабтовур қаради.
– Жон укам, бизга ёрдам қилинг, ками 14 соатдан бери йўл ҳаракатидамиз. Шундай масала билан ўралашиб қолдик. Исмимни, иш жойимни, ярим кечада шофёр билан ёлғиз юриш сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилаяпман-у, барибир йиғи мендан устун келди.
– Қаерда турасиз?
– Саъдулло, “Юбилейний”дан у ёғи атиги уч чақирим-ку, лекин йўлимиз оғир, янги участкалар, ҳайдалган дала, ҳали тайинли йўл йўқ.
– Мотоцикл юра олса керак дала йўлидан.
Мирза ака лейтенант Саъдуллони қўлини қисиб, бағрига босди:
– Раҳмат, раҳмат-ей сизга, машина бузилгандан ҳам бурун бу сингилнинг уйига етиб олишидан тинчланмай хижолатда эдим, раҳмат, ҳимматингизга раҳмат.
Неча марта “раҳмат” сўзини ишлатди, мотоцикл кажавасига ўтириб, Чорсудан ўтиб қолганимизда ҳам Мирза аканинг раҳмати садоси жарангларди. Етиб келдик. Стол устидаги лампа ёқиқ. Мотоцикл овозига турмуш ўртоғим югуриб чиқдилар. Безовталиклари сезилиб турибди. Бийдек дала ўртасида кўтарилган том.
Мени етказиб келган милиция формасидаги бу йигит билан аввалдан қадрдондек самимий сўрашдилар. Ўтиришга имконияти йўқлиги, тунда навбатчи эканлигини айтиб, тезда хайрлашди лейтенант Саъдулло. Уйга кирдим, катта ўғлимнинг боши ёстиқда, иккинчиси унинг оёқ томонига бош қўйиб кўндаланг ётибди. Учинчиси уйқусида мени излаганми, акаларидан бир оз узоқда, ўзи ёлғиз. Соат тунги иккидан ошганлигига кўзим тушди. Ўнқир-чўнқир бўлса ҳам, ўзингни уйинг-да. Бир оз нарироқдан катта ариқ ўтарди. Йиғимни дадасидан яшириб, ўзимча муздек сувга юзимни ювиб келдим, назаримда ташвишларимни, менга тинчлик бермаётган руҳий кечинмаларни ҳовучимга жамлаб туриб сув олиш баҳонасида тунда сокин оқаётган сувнинг кенг бағрига ташладим. Сув ичига ютди-ю, узоқларга, жуда узоқларга олиб кетди. Мен кутаётган мусаффо эзгуликни бўшаган ҳовучимга тўлдириб, сув билан бирга олдим. Юзимга суртдим. Салкам ўн йиллик изланишим ҳосиласи – диссертацияни варақлаб, мусаффо тонг отганида кўзимга мудроқ келаётганини сездим.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/uktamhon-domlazhonova/dilnoma-69917713/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Дилнома Уктамхон Домлажонова

Уктамхон Домлажонова

Тип: электронная книга

Жанр: Документальная литература

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 29.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Ажойиб қаламкаш, фалсафа фанлари номзоди Ўктамхон опа Домлажонованинг ушбу "Дилнома" китоби дастлаб бир неча йил аввал чоп этилган эди.Китоб мухлислар қўлига етиб боргач, муаллифга кўплаб миннатдорлик қўнғироқлари, хатлар келди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ушбу истаклар Ўктамхон опага илҳом бағишлади, китобнинг биринчи нашрига кирмай қолган кўплаб қораламаларнинг ёзилишига туртки бўлди. натижада, янада сайқалланган, бадиий жило берилган янги хотиралар, ҳикоялар, кечинмалар ушбу иккинчи нашрдан жой олди.Ўйлаймизки, ушбу "Дилнома" ҳам китобхонлар дилидан мустаҳкам жой олади.

  • Добавить отзыв