Тожмаҳал
Узбектош Киличбек
Ўзбектош Қиличбекнинг характер ярата олиш қобилияти кучли. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий зиддиятларнинг эзгулик фойдасига ҳал бўлиши, яъни адабиётнинг тарбиявий аҳамиятини, умуминсоний, аҳлоқ, бурч масъулиятини ҳис этиши яққол сезилади. Кичик воқеалардан катта хулосалар чиқариш, мавзу, материалларнинг ҳам янгироғини топишга интилиши ҳам диққатга лойиқ. Хуллас, Ўзбектош Қиличбекнинг келгусида миллий адабиётимизда ўз ўрнини белгилаб берадиган катта-катта, яхши асарлар ёза олишига ишонаман.
Ўзбектош Қиличбек
ТожмаҳалПьесалар, эртаклар
ТОЖМАҲАЛ
Бир пардали, ўн бир кўринишли мусиқали драма
ҚАТНАШУВЧИЛАР:
1. ЖАҲОНГИРШОҲ – САЛИМ МИРЗО.
2. ШОҲЖАҲОН – ХУРРАМБАХТ БАҲОДИР МИРЗО, 15 ёш.
3. МУМТОЗМАҲАЛ – АРЖУМАНД БОНУ, 13 ёш.
4. ГУЛ – ҳарамдаги канизаги.
5. ШОҲЖАҲОН – ХУРРАМШОҲ МИРЗО, 50 ёш (1592-1666).
6. МУМТОЗМАҲАЛ – АРЖУМАНДБОНУ БЕГИМ, 38 ёш (1593-1631).
7. МЕҲРИНИСО СУЛТОН БЕГИМ
8. ХУСРАВ МИРЗО
9. АВРАНГЗЕБ ОЛАМГИР (1618-1707).
10. ЖАҲОНОРО СУЛТОН БЕГИМ
11. ҲАРАМ БЕКАСИ
12. САРОЙ МУННАЖЖИМИ
13. КАНИЗАКЛАР, НАВКАРЛАР, САРОЙ АЁНЛАРИ.
БИРИНЧИ ПАРДА, БИРИНЧИ КЎРИНИШ. ҲАРАМ
Ҳарир қизил парда ортида чорпояда ётоқхона. Оқиш устунлар. Кенг саҳнда қирқ каниз қизлар ўзига оро бериш, ҳазил-ҳузул билан овора.
Канизак-1: Бир йилда бир бўладиган юз очиш маросим байрамига. (бармоғида кунлар санаб)
Канизак-2: Роса бир ою юз кун қолди.
Гул: У кунгача (ҳасса таянгандай) кампир бўлиб қоламиз.
Канизак-3: Ҳарам бекамиздан ўргансангчи! Кампир бўлса юз очиб, 18 ёшли қиздай безаниб, кийиниб чиқади. Билдирмай тайёрланиб юрибди.
Канизак-1: Шаҳзодалар назарига тушаман деб ўйласа керакда?
Ҳарир пардалар ортидан “Ҳарам юлдузи” бўлмиш Аржуманд Бону чиқади. Қирқ каниз уни ўраб олади. Аржумандбону канизаги Гулнинг қўлидаги ҳиндча либосларини кийиб олади.
Канизак-1: Сизнинг тимсолингизда, худди хушчирой, Осмонидан тушди бугун ерга ой, Қачон йиқилади ҳарам девори!?
Тутмасмикан гулдай қизлар уволи?
Ўртада Аржумандбони, атрофида қирқ каниз рақси адо бўлмай қорамтир паранжили Ҳарам бекаси келади. Унинг ортида икки қуролланган навкар. Ҳарам бекаси барча каниз қизларни диққат билан кузатади. Қўли билан Канизак-1 ни кўрсатади.
Ҳарам бекаси: Шу. Ушланглар. Жаллодга топширинглар.
Икки навкар канизак сари юради. Канизлар қирғий қувган жўжалардай турли томонга сочилади. Навкар қаршилик қилаётган Канизак-1 ни узун сочларидан ушлаб олади. Қиз ўтириб қолади. Кейин икки навкар канизакни судраб олиб чиқиб кетади.
Ҳарам бекаси: Ҳарамдан берухсат чиққанларнинг жазоси мана шундай ўлим.
Аржуманд бону (тиз чўкиб): Бир қошиқ қонидан кечинг.
Ҳарам бекаси: Йўқ. (туришга ишора қилиб) Нечун қул қизларнинг кийимларини кийиб олдингиз? Сочларингизни ёйиб олганингиз нимаси? Сиз оқсуяксиз. Салтанатимиз устуни подшоҳи оламнинг маслаҳатчиси вазир Ашрафхоннинг фарзанди Аржумандисиз. Шу номга муносиб бўлинг.
Ҳарам бекаси чиқиб кетади. Аржумандбону чорпоя зинасига чиқиб туриб олади.
Канизак-2: Мен бозорга бораман. Дугонамнинг ўлимга ҳам рози бўлишга арзийдиган нима бор экан, кўриб келмоқчиман. (ўзига оро бериб)
Гул: Сени лғиз юбормаймиз. Сенга шерик танлаймиз. (Гул этагини денгиз чиғаноқларига тўлдиради.) Уларнинг биттасининг ичида Аржуманд бонунинг тилла сирғалари бўлади.
Битта чиғаноқ ичига тилла сирғани жойлаштиради. Ҳамма канизаклар бир-бир тортади. Лекин очишга юраги бетламайди. Гул ўз этагидан чиғаноқ олмоқчи бўлади. Аржуманд бону қўлини узатади. Ваҳимали мусиқа янграйди. Ҳамма чўчиб тушади. Момақалдироқ янграйди.
Гул: Сиз тортмайсиз, азизим.
Аржуманд бону қўлини узатиб тураверади. Гул ноилож унинг ёнига келади. Аржуманд бону кўкка қараб Гулнинг этагидан чиғаноқ олади. Охирида қолган чиғаноқни Гулнинг ўзи олади. Ҳамма қўлларидаги чиғаноқларни очади. Барча канизаклар чиғаноқ ичи бўшлигидан хурсанд бўлади. Фақат Аржуманд бону жим туради. Қўлидаги чиғаноқ ичида тилла сирғаси порлаб турарди.
Гул: Йўўўўўўўқ. Дооооод!
Аржуманд бону: Аллоҳнинг иродаси билан фаришталар бу чиғаноқни менинг қўлимга тутди. Келишувни бажарамиз.
Аржуманд бону Канизакнинг упа-элигидан ўз пешонасига қора хол қўяди. Гул Аржуманд бону қўлидан тутиб, ҳинд қизи каби юришни, қарашни ўргатади.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ. БОЗОР
Саҳнада қора шарпалар пайдо бўлади. Улар устунларни йиқитмоқчи бўлади. Оқиш устунлар ўрнида қизил, қирмиз, пушти устунлар шаклланади. Канизаклар ғойиб бўлади. Фақат Аржуманд бону ва канизаги бозор майдонида пайдо бўлади. Улар атрофида от афзаллари, ширинликлар, тақинчоқлар сотувчилар айланади. Аржуманд бону рақс воситасида улардан қай бирини танлашни билмаслигини ифода этади.
Сотувчи-1: Кунжут ҳолва, пашмак, отнон.
Сотувчи-2: Исфаҳон қиличлари. Ражпутлар ханжари. Моворауннаҳр камонлари.
Аржуманд бону Бухоро қиличини қўлига олади.
Сотувчи-2: Ҳақиқий пўлатдан қилинган.
Аржуманд бону: (қилични ҳавода бир-икки ўйнатиб) Жуда енгил. Асл қилич оғир бўлади.
Аржуманд бонунинг бу ҳаракати ортда юқорида мулозимлари қуршовида пайдо бўлган шаҳзода Хуррамбахт Баҳодир Мирзонинг эътиборини ўзига тортади.
Овозлар: Шаҳзода келяптилар.
Йўл беринглар.
Бозор аҳли шаҳзодага таъзим қилади. Ўзини билдирмасликка уринган Аржуманд бону китоб растаси томон бурилади. Шаҳзода ўша томонга юради. Сотувчи Аржуманд бонунинг йўлини тўсади. Шаҳзода сотувчининг бўйнига қилич қадайди.
Хуррамбахт Мирзо: Қизни тинч қўй. У сенинг молингни ҳақиқий баҳосини айтди.
Сотувчи тиз чўкади.
Сотувчи-3: Китоблар. “Бобурнома”. Самарқанд қоғози.
Аржуманд бону: Низомий Ганжавий “Хусрав ва Ширин”.
Аржуманд бону китобни канизакка олиб беради. Канизак пул тўлайди. Аржуманд бону тақинчоқлар растаси ичига ўзини уради. Шаҳзода ҳам худди шундай китобни олади. Кейин абжирлик билан Аржуманд бонунинг йўлини кесиб чиқади.
Аржуманд бону: Мендан не истайсиз, шаҳзодам?
Хуррамбахт Мирзо: Қилични фарқлай оладиган, ноёб китоблар ўқигучи, форсийни биладиган бозордаги мўъжиза қиз билан танишмоқчимен!
Канизак: Бизни бир қошиқ қонимиздан кечинг.
Хуррамбахт Мирзо: Ҳали гуноҳ қилмадингиз. Нега авф сўрайсиз? Айтинг, кимсиз?
Аржуманд бону: Мен оддий раққосаман.
Хуррамбахт Мирзо: Мен шаҳзодаман. Раққоса билан оқсуяк хонимни ажратиб ололмасам, валиаҳдлигим бекордур.
Аржуманд бону: Мен ҳинд қизиман.
Хуррамбахт Мирзо: Исботингиз борму?
Аржуманд бону: Бор. Мана, пешонамдаги синдур айтсин.
Хуррамбахт Мирзо:Ҳар бир қиз бир синдур суриш билан ҳинд қизига айланганда, дунёда бошқа қизлар қолмаган бўларди.
Хуррамбахт Мирзо Аржумандбонунинг пешонасидаги синдурни ниҳоятда эҳтиёткорлик бармоғи билан артади.
Хуррамбахт Мирзо: Ёшлигидан синдур қўйиб юрган қизларнинг пешонасида доғи қолади. Сизда эса йўқ.
Аржуманд бону: Нечун бунча сўроқ қилурсиз?
Хуррамбахт Мирзо: Ҳаётимда ил бор ўзимга ёққан қизни учратдим.
Аржуманд бону: Сизга муносиб ёр йўқ бу атроф… бу жаҳонда.
Хуррамбахт Мирзо: Менга муносибини ўзим кўрсатаман.
Аржуманд бону: Кўрсатинг.
Хуррамбахт Мирзо Аржуманд бонунинг иягидан кўтариб ўзига қаратади.
Хуррамбахт Мирзо: Мана ул! Сизни эртага шу ерда кутаман.
Икки қиз зудликда кўздан йўқолади. Хуррамбахт Мирзо уларнинг ортидан қараб қолади. Қўлидаги китобни обдон томоша қилиб, ўқишга тушади.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ. ДОР ОСТИДАН ЧИМИЛДИҚҚА ЙЎЛ
Жаҳонгиршоҳ саройи. Ўртада тахт. Атрофда сарой аёнлари. Хуррамбахт Мирзо ва Хусрав Мирзолар икки ёнда. Ортда ўша пайтдаги дунё харитаси. Француз врач харитани тушунтириш билан овора. Ҳарам бекаси киради. Жаҳонгиршоҳ уни ўлдирмоқ учун ханжари дастасини маҳкам қисади.
Ҳарам бекаси: Авф этинг, шаҳаншоҳ. Шаҳзоданинг фикрини ўғирлаган қизни топдим, олампаноҳ.
Жаҳонгиршоҳ: Ким экан?
Ҳарам бекаси: Аржумандбону…
Жаҳонгиршоҳ: Дарҳол келтиринг уни… жаллод…
Ҳарам бекаси: Ғиёсбекнинг невараси.
Жаҳонгиршоҳ: Ахир неварасини жазолаш, унинг ўзини жазолаш кабику? Бу қандай балолиғ бўлди?
Хуррамбахт Мирзо (секин келиб шоҳ отаси қаршисида тиз чўкади.): Ул бегуноҳ, ёлғиз мен айбдормен. Унинг гуноҳидан ўтинг, отажон.
Жаҳонгиршоҳ: Акангиз Хусрав афюнга ружу қўюб унақа куфр иш қилса, сиз бундайин бетайинлик билан бозор ичинда тилга тушсангиз. Эртага салтанат тақдирини кимга ишонажакмиз?!
Хуррамбахт Мирзо: Кечиргайсиз. Қиладиган ҳар қандай қарорингиз бошим устига. Сўнгги ўтинчим шулки, уни осонроқ йўл билан ўлдиришга фармон беришиингизни сўрайман.
Хусрав сени деб мен ҳам гап эшитдим деган маънода Хуррамбахт Мирзога ўқрайиб қарайди. Шоҳжаҳон ўйланиб қолади. Остонада Меҳринисо бегим кўринади. У икки навкарнинг найзаларини бир четга суриб, шоҳга яқинлашади. Шоҳжаҳон имо қилади. Икки хизматкор Меҳринисо бегимга ўтиришга чорпояча олиб келади. Меҳринисобегим ҳарам бекасига кетишга имо қилади. У кетади.
Жаҳонгиршоҳ: Хуш келибсиз.
Меҳринисо Султонбегим: Мен икки ёшнинг гуноҳини сўраб келдим. Қадимда бир шоҳ бўлган экан. Унинг ўғли ҳарамдаги бир қизни яхши кўрганлиги учун жазоламоқчи бўлибди. Лекин доно вазири шоҳга ўзининг ҳам ёш бўлганлигини ва ҳозирги маликага севгиси туфайли эришганлигини эслатибди. Шунда оқил подшоҳ икки ёшнинг бошини қовуштириб қўйибди.
Шоҳжаҳон: (вазирига ўқрайиб) Чиройингиз ҳам ортгани сайин фаросатингиз ҳам тўлишганини кўряпман. Мени ноқулай аҳволдан қутқардингиз.
Меҳринисо Султонбегим: (қарсак чалиб) Мунажжимни чорланг. Шаҳзоданинг юлдузига қараб қачон тўй бўлиши кераклигини айтсин.
Катта китоб кўтарган сарой мунажжими киради. Ортида икки шогирди устурлоб кўтариб олган. Довуллар даранглайди.
Чопар: Жанубда исёнчилар бош кўтарибди. Улар пойтахт Агра томон бостириб келмоқда.
Ҳамма жанга отланади. Жаҳонгиршоҳ ва Меҳринисо Султонбегим қолади.
УЧИНЧИ КЎРИНИШ. ВИСОЛ
Ҳарам олди. Устунларни йиқитмоққа уринган қора шарпалар кезиб юради. Аржумандбонунинг икки қўлидан занжирлаб, сочидан тепага боғлаб ўлимга ҳозирлашади. Юзига қора ниқоб таққан Ҳарам бекаси қўли билан ўлдиришга имо қилиб кўздан йўқолади. Навкар қиличини қинидан суғуради. Ўйланади. Сўнг қиличини Аржумандбону боши узра баланд кўтаради. Бир зум унинг чиройига маҳлиё бўлиб тикилиб қолади. Қиличини зарб билан уради. Отилиб кирган Хуррамбахт Мирзо қиличи билан навкарнинг зарбини тўсади. Икки қилич ўртасидан олов сачрайди. Хуррамбахт Мирзо навкарни тирсаги билан итариб йиқитади. Хуррамбахт Мирзо Аржумандбонунинг қўлларини бўшатади. Беҳуш Аржумандбону унинг бағрига тушади. Шаҳзода Аржумандбонунинг сочларини ечади. Аржумандбону шаҳзода бағрида ҳушига келади. У қилич, қалқон, камон осган шаҳзоданинг ҳар бир буюмини ушлаб кўради. Навкарлар кетади. Аржуманд бону: Ўлим олдидан сизни кўриш тилагим эрди. Тилагимга етдим. Энди ўлсам ҳам ризомен.
Хуррамбахт Мирзо: Мен бир булбул киби, гулу бўстонимни топдим, Энди бўлмас ҳижрон, армоннинг йўлин ёпдим.
Аржуманд бону: (Жанга чорловчи довул сасларини тинглаб) Кетманг, шаҳзодам.
Хуррамбахт Мирзо: Кетиш-кетмаслигимиз Аллоҳнинг ердаги сояси валинеъматимиз иродаларида.
Аржуманд бону: Уруш ўлсин!
Хуррамбахт Мирзо: Инсон бор экан улар ўртасида уруш бўлаверади. Урушни куч билан тугатиб бўлмайди. Токим урушни меҳр ва севги билан енгиш даркор. Сиз бу йўлда менинг суянчиғим, севиклигим бўлгайсиз.
Аржуманд бону: Ўртамизга ҳеч бир инсон тўсиқ бўлолмагай. Фақат сиз урушдан йироқ бўлсангиз деб эдим.
Хуррамбахт Мирзо: Сиз энди маликасиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Сабрли ва шукурли бўлинг.
Шаҳзода Аржуманд бонуга китоб совға қилади. Аржуманд бону китобни кўзига суради. Сўнг шаҳзода ҳозирланиб лашкарлари сари йўл олади. Пардалар ортидан шаҳзодага Аржумандбону боқади. Энтикиб кузатади. Шаҳзода олисларга қарар, хаёли жангда эди.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ. ФИТНА
Ҳарам. Тун. Аржуманд Бону Хуррамбахт Мирзо берган китобни мутолааси билан банд. Бир жуфт шам ёнади. У шам ёруғида бир дам китоб китоб ўқиса, бир дам ширин ўйга толади. Кўзача кўтарган Ҳарам бекаси киради.
Ҳарам бекаси: Тунингиз осуда ўтсин, маликам.
Аржуманд бону: Қўлингиздаги недур?
Ҳарам бекаси жавоб бергунча бўлмай, Аржуманд бону шаддод кулиб, кўзачани олиб ундан бир хўплайдию гандираклаб кетади. Ҳарам бекаси Аржуманд бонуни қўлидан тутиб қолади. Аржуманд бонунинг қўлидан китоб тушади. Ҳарам бекаси Аржуманд Бонуни пардалар ортигаолиб кетади. Сарой мунажжими катта китобини қўлтиқлаганча кириб келади. У ёқ-бу ёққа ўтади. Ҳарам бекаси чиқиб китобни олиб, сарой мунажжимига тескари қараб туради. Сарой мунажжими яқин келиб тиз чўкади.
Сарой мунажжими: Чорлаган экансиз, маликам. Маликам?
Ҳарам бекаси Аржуманд бонунинг ҳарир рўмолини бошидан олади.
Сарой мунажжими: (ўрнидан туриб) Мени малика Аржумандбону чорлаган деб эдингизку?!
Ҳарам бекаси: Мени нимам кам маликалардан?
Сарой мунажжими: Э, маликани чақиринг.
Ҳарам бекаси: маликамитз шаҳзода Хуррамбахт Мирзо билан тўйларини қачонга белгиланишини билмоқчилар…
Сарой мунажжими: Буни фақат подшоҳи олам сўрасаларгина айтаман.
Сарой мунажжимига бир халтачада тилла беради.
Сарой мунажжими: (халтачани яктаги ичига беркитиб) Подшоҳимиз амрига кўра шаҳзоданинг юлдузига назар ташлагандим. Тўй бўлишига ҳеч қандай монеълик йўқ. йилнинг ҳар қандай кунида тўй қилиниши хайрлидир.
Ҳарам бекаси: Юлдузлар тўй бўлишига қарши. Аржумандбону билан шаҳзоданинг тўйи бехосият денг. Ким сўраса, жавоб шундай бўлади. Қачон тўй бўлишини ўзим айтаман.
Сарой мунажжими: Ахир сиз башоратгўй юлдуз эмассиз. Мен бошим кетишини истамасмен.
Ҳарам бекаси: Бу Аржуманд Бонунинг тилагидир. У шаҳзодага хотун бўлишни истамагай.
Қаердадир дарвоза очилади. Сарой мунажжими зудликда чиқади.
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ. ҲИЖРОН
Ҳарам. Тун. Аржумандбону уйқу дори таъсирида чиқади. Ҳар ёқдан жанг овози – ҳайқириқлар, қиличлар жаранги эшитилиб туради. Бутун уруш даҳшати бир аёл бошига тушган каби Аржумандбону минг томонга ўзини оҳудек уриб, шаҳзодасини қутқаришга уринади. Жанглар бўлаверади, аёллар тўлғонаверади. Аржумандбону шаҳзодага мактублар битиб қирқ канизига беради. Қирқ каниз қирқ жавоб мактубини унга келтиради. Аржумандбону ҳар бир хатни ўқийдию аммо севгисига ишонч топа олмайди.
Жанг тугаб, ғалаба садолари янграйди. Ғалаба садолари тўй садоларига уланади. Ҳарам аҳли янги маликани кутиб олишга тараддуланиб, таъзимга чўкишади. Аржумандбону жим қолади. Куёв-келин либосидаги шаҳзода Хуррамбахт ва унинг ёри кириб келади. Келинчак ичкарига кириб кетади.
Аржумандбону: Наҳот ёлғон севгиси
Ёт ёрга уйланяпти.
Бундан ҳаттоки кўзим,
Сўзларим уяляпти.
Шаҳзода хизматкор патносда келтирган шаробни ичади.
Аржумандбону: Тўйларинг муборак, шаҳзодам. Куёвлик либослари ярашибди.
Хуррамбахт: Аразингни бас қил. (куёвлик чопонини ерга отади.) Мунажжимлар башоратига кўра, беш йил ичида бизга мос кун йўқ экан. Эй, юлдузлар…
Ёрим бугун нозда, аразда, Юзини бир кўрай, шу басда.
Аржмунд бону: Хотинингиз бўлмай, майли, қулингиз бўлай.
Фақат сиз опкетинг. Ёнингизда юрай.
Аржумандбону ва Хуррамбахт қўлларини ушлаб бир-бирига қараб қолади. Хуррамбахт Мирзо қарсак чалади. Қул сариқ рангли ихчам қутичани келтиради. Хуррамбахт Мирзо қутичани Аржумандбонуга беради. Аржуманд бону қутичани очиб, юрак шаклидаги ярқираган олмосни олади. Уларни шу нур ёритади. Чироқ ўчади.
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ. БИР КУНДА ИККИ ТЎЙ
Сарой. Ним қоронғи. Қора шарпалар сарой устунларини қулатишга уринишади. Чироқлар ёришади. Кексайган Жаҳонгиршоҳ тахтда ўтиради. Мунажжимлар тўпланган.
Жаҳонгиршоҳ: Бугун жондан суюкли фарзандимиз Хуррамбахт Мирзо салтанатимиз сарҳадларини кенгайтириб яна бир шаҳарни туҳфа этди. Биз ҳам унга муносиб туҳфа ҳозирлашимиз зарур.
Вазир: Шаҳзодага ўзи қўлга киритган ерни суюрғол сифатида тақдим этинг.
Жаҳонгиршоҳ: Бу кичик туҳфани шаҳзоданинг ўзи шаҳарни забт этганда ўзиники қилган. Аммо биз юксакроқ туҳфа билан валиаҳдимизни хушнуд этмоқчимиз.
Вазир: Амирларнинг қизларидан бирини хотин сифатида тавсия этинг.
Жаҳонгиршоҳ: Икки хотиндан фарзанд бўлсагина учинчи хотинни олишни мувофиқ кўргаймиз. Дарвоқе, нега шаҳзоданинг икки хотинидан ҳам фарзанд бўлмаяпти?
Вазир: Бу саволга бош мунажжим жавоб бергайлар.
Юлдузлар харитасини кўтарган сарой мунажжими тиз чўкади.
Сарой мунажжими: Фарзанд бўлмагани боиси шаҳзоданинг тан маҳрамларига кўнгилсиз эканлигидир.
Жаҳонгиршоҳ: Унда кўнглидаги тилагига етказайлик.
Сарой мунажжими: Шоҳим.
Жаҳонгиршоҳ: Бас!!! Икки юрак бир-бирига талпинсаю юлдузи юлдузига тўғри келмаса?! Бу қандай бедодлик? Шаҳзода келгунича юлдузларингизни тўғирлаб қўйинг. Элга эълон қиламиз. Йўқса, бошингиз кетгусидир. Беш йил кутганим етар.
Мусиқачилар дабдабали оҳангга жўр бўлишади. Ҳамма шаҳзодани кутади. Меҳринисо Султон Бегим саройни безатади. Ҳорган, аммо ўктам қиёфадаги шаҳзода Хуррамбахт Мирзо кўринади. У тиз чўкиб, мағлуб юрт шоҳининг қиличини отаси пойига қўяди.
Жаҳонгиршоҳ: Бугун сиз бобурийлар сулоласи учун ғоят муҳим вазифани удда қилдингиз. Узоқ чегарамизни мустаҳкамлаб, катта жасорат кўрсатиб, яна душманнинг шаҳрини ишғол қилдингиз. Бугундан бошлаб сизнинг исмингизга, ўғлим, Баҳодир сўзини қўшиб, Хуррамбахт Баҳодир Шоҳжаҳон деб шаҳаншоҳлик қилишини тилайман.
Сарой ичра олқишлар янграйди. Мунажжим шоҳга тиз чўкиб нималарнидир пичирлайди.
Жаҳонгиршоҳ: Бутун сарой шаҳзоданинг тўйига тайёрлансин. Тўй бутун асрга татигулик бўлсин. Шаҳзоданинг завжаи мўътабарлари Аржуманд бонгуга бугундан бошлаб Мумтоз-маҳал, яъни ноёд сарой жавоҳири деб ном берурмиз. Шаҳзодага муносиб ёр кўплаб фарзандларни туҳфа этишини оллодан сўраймиз.
Тўй бошланади. Шоҳжаҳон ва Мумтозмаҳал бир-бирига яқин келади.
Мумтозмаҳал арияси: Тақдиримдин норизомен, Наҳот, сизга, суюклим, ўн саккизимда, Наҳотки, учинчи хотин бўлсам ман?
Шоҳжаҳон: Ўнинчи навбатда турмушга чиққанлар ичинда биринчи хотин даражасигача кўтарилганлар ҳам бор. Энг муҳими қалбимда сиз биринчиси бўлгайсиз умрбод!
Шоҳжаҳон Аржумандбонуга рўмолча беради.
Шоҳжаҳон: Орзуингиз недур?
Аржумандбону: Мен ёлғиз ўсдим, энди болаларим ёлғиз яшамаслиги керак. Фарзандларимиз кўп бўлишини тилаймен.
Шоҳжаҳон: Ниятларингиз эзгудир. Ниятларимдан ниятлари эзгу ёрни еткурганига тангрига кўп бор шукур.
ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ. 14 ФАРЗАНД – 14 ГУЛ
Ҳамма бир-бир саройни тарк этади. Қора шарпалар шамларни ўчирмоққа уринишади. Сарой канизак раққосалар кўмагида чимилдиққа айланади. Шоҳжаҳон яна жанга отланади. Мумтозмаҳал бири-биридан хушбўй ўн уч гул тимсолида ўн уч фарзанд туҳфа этади. Канизаклар чақалоқ кўтариб Шоҳжаҳон атрофида айланишади. Шоҳжаҳон ҳар бир чақалоқа мафтун бўлиб қарайди. Айниқса, Аврангзебга термулиб тўймайди. Шоҳжаҳон болалари ўртасида маст бўлиб, аёлига қарайди. Аёли ўн тўртинчи фарзандга ҳомиладор эди. Шоҳжаҳон Мумтозмаҳалнинг сочларини силайди. Мумтозмаҳал Шоҳжаҳоннинг ханжарини олиб, жангдан қайтармоқчи бўлади. Аммо Шоҳжаҳон кетишга чоғланади.
Мумтозмаҳал: Мени ҳам олиб кетинг.
Шоҳжаҳон: Жанг аёлларнинг иши эмас.
Мумтозмаҳал тиз чўкиб Шоҳжаҳоннинг оёқларини қучиб олади.
Мумтозмаҳал: Йўқса, сизни қўйиб юбормасмен.
Шоҳжаҳон ноилож кўнади. Мумтозмаҳални тахтиравонга солиб опкетишади.
САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ. ДЕҲҚОНЛАР ИСЁНИ
Номаълум маскан. Кун. Мумтозмаҳал оғир аҳволда. Қора шарпалар унинг атрофида тинмай изғийди. Канизаги Гул унга сув тутади. Мумтозмаҳал унинг қўлини нари итаради.
Мумтозмаҳал: Шаҳаншоҳни чорлатинг. Ул инсон қўлидан бир томчи сув ичмоқчимен. Ўлимим олдидан дийдорини кўрмоқчимен.
Гул: Ухласангиз яхши бўлади.
Мумтозмаҳал: Ухласам, бу сўнгги уйқум бўлади. Олампаноҳга яна чопар жўнатинг.
Шоҳжаҳон келади. Канизаклар унга чақалоқни тутишади. Шоҳжаҳон чақалоқни кўтариб, ёрига сув тутади. Мумтозмаҳал унинг қўлларини икки қўлига олиб, юзларига суради.
Мумтозмаҳал: Сизни кўрмасам, жоним узилиши қийин бўлди. Сиз мени севганчалик, сизни севолмадим, султоним. Сиз билан кечган бир лаҳзалик умрим учун бутун умримдан мингдан минг шодмен! (эрига юрак шаклида йирик олмосни беради.) Сизга юрагимни берганимдан шодман. Сиздан ризомен. Мени унутманг.
Мумтозмаҳал жон беради. Дод фарёд оламни тутади. Шоҳшаҳон чақалоқни маҳкам бағрига босганча карахт каби туради.
ТЎҚҚИЗИНЧИ КЎРИНИШ. САККИЗ КУН АЗА
Шоҳжаҳоннинг хосхонаси. Тун. Эшиклар маҳкам қулфланган. У ёлғиз. У қўлларини осмонга чўзиб, бир юлдузга тикилгандек ўтирган кўйи қотиб қолган. Саккиз кунлик ёлғизликдаги мотам куйи юрак пардаларини йиртгудек.
ЎНИНЧИ КЎРИНИШ. ТОЖМАҲАЛ РЕЖАСИ
Сарой. Тун. Шоҳжаҳон ўша ҳолатда ўтиради. Осмондан бир тушади. Шоҳжаҳон ўша нур сари юради. Нур дарё бўйидаги бир обод манзилга тушганди. Шоҳжаҳон ўша манзилга тикилиб қолади. Атрофини сарой аёнлари қуршайди.
Шоҳжаҳон: Қоғоз қалам келтиринг.
Хизматкорлар катта қоғоз ва патқалам келтиришади. Шоҳжаҳон “Тожмаҳал” нинг чизмасини кўрсатади. Кейин тахтига ўтиради. Эшикбонлар рус, француз, форс, ҳинд, турк усталарини бошлаб киришади.
Шоҳжаҳон арияси: Бир сарой тиклатайки, Унда ёр ором олсин.
Урушларни енгишни, Оламм мендин ўргансин.
Ҳеч ким ёрини мендек, Севмаганлигин билсун, Ўн тўрт бурчак чизинг қошига, Фарзандларин тимсоли бўлсин.
Қадрласин борида ёрин, Кеч бўлганда ёрмасин бағрин.
ЎН БИРИНЧИ КЎРИНИШ. МУМТОЗМАҲАЛ ОЛМОСИ
Шоҳжаҳон 22 йил қурилишни кузатади. Филлар у ёқ, бу ёққа ўтишади. Асирлар тинмай ишлайди.
Мумтоз маҳал: Мени кучли севманг. Менинг болаларим сизга ташвиш бўлмасин, илойим.
Жаҳоноро шошиб киради.
Жаҳоноро: Отажон, акам Аврангзеб Оламгир Сизга қасд айламиш.
Шоҳжаҳон: Биламен. У тез кунда тахтга муяссар бўлади. Аммо отасин ўлдиришга юраги чопмайди.
Жаҳоноро: Сизнинг “Тожмаҳал” ингизни буздиришидан чўчийдирмен.
Шоҳжаҳон: “Тожмаҳал” менинг кўз ёшларимдин бунёд бўлди. Уни ҳеч қандай куч бузолмагай. Илло, бул сарой минг йилларки замин зумради бўлиб осмонга салом йўллаб тургай!
Жаҳоноро отасининг қўлларидан ўпади. Отаси бахмал мато орасидан юрак шаклидаги олмосни беради.
Шоҳжаҳон: Қизим, “Кўҳинур” дан ҳам бебаҳо онанг номидаги ноёб олмос. Уни асра. Сен ҳозироқ қоч. Золим аканг ҳали замон келиб қолади.
Эшик қаттиқ тақиллайди. Жаҳоноро қочади. Эшик бузилади. Ичкарига мулозимларини эргаштириб, қилич кўтарган Аврангзеб киради. У Жаҳонорони қувиб етолмайди.
Аврангзеб: Қидиринг. Изланг. “Тожмаҳал” олмоси шундадир. Агар тополсак, бутун “Тожмаҳал” саройини сирин биламиз. Навкарлар ҳар ерни тинтишади.
Шоҳжаҳон: Сен отангни енгдинг, аммо унинг қилган ишлари устидан яна ҳам юксакроқ ишлар қилолмагайсан. Сўнгги ўтинчим шуки, “Тожмаҳал” ни бузмагин. Тарих лаънатига дучор бўлмагил.
Апофеоз.
Устунларни қора шарпалар йиқитишга ҳаракат қилиб юришади. Бу рақс орқали кўринишдан кўринишга ўтишга восита ҳисобланади. Улар гоҳ ҳарам бекалари, гоҳ табиблар, гоҳ навкарлар қиёфасида гавдаланади.
Ер қимирлайди. Одам қиёфасидаги устунлар қулаб, осмондан фаришталар кўмагида саҳнага Тожмаҳал биноси тушади ва ўша қора шарпаларни босиб қолади.
Шоҳжаҳон олисда юлдуздек унга боқиб туради.
ПАРДА
30 июль, 2017 йил
Гастроллар уюштириб чет элга кўрсатишга арзигулик ушбу “Тожмаҳал” асари тарихий ютуқларни кўрсатиб, халқ кўнглида келажакка ишончни мустаҳкамлаш билан бирга китоб ўқиганларгина шундай буюк ишлар қилишга қодирлигини исботловчи бадиий воситадир.
БАХТЛИ ФАЙЛАСУФ
Эзоп саргузаштлари ҳақидаги ривоятлар асосида
Ҳаёт кўз ёшлардан иборат бўлмайди.
ҚАҲРАМОНЛАР:
ЭЗОП
ЗЕНАС
ҲЕРМА
АГОФОПОД
КСАНФ – файласуф, бой.
КЛЕЯ – файласуфнинг оми хотини.
МЕЛИ
КРЕЗ
ЭЛЧИ
НАВКАР
ДЕҲҚОН
МУЗАЛАР
ТАЛАБАЛАР
КОҲИНЛАР
ЖОРИЯЛАР
Тарихга қайтиб келажакка сўз айта олиш хислати бор учун ушбу асарга қўл урдим. Бугун Ўзбекистон буюк давлат қуриш остонасида турибди. Бунда олға силжишлар учун шундай асарлар муҳим. Эзоп асар аввалида гунг бўлади. Соқовнинг тили калимага келиши Ўзбекистонни иттифоқдан ажралиб мустақилликка эришиши, сўз эркинлигидек бахтга муяссар бўлганлигини рамзий ифода этади.
Бир эркак бир оилани обод қилиб кейин юртга, халққа фойдаси тегиши кераклиги ҳақида, зиёлиларни асраш – замондошларнинг бурчи эканлиги мазмунидаги ушбу асар ёшларни ватан равнақи йўлида ҳаракатга келтирувчи катта қудратга эга.
Бугунги театрларга керакми шу асар?! Керак бўлса, саҳналаштириш учун қабул қилсин.
Тошкент-2017 йил
ПРОЛОГ
Милоддан аввалги VI аср садоси. Юнонистон.
Коҳин овози: Оламда бир улкан қаср бор, қасрда бир устун бўлиб, устунга ўн иккита уй жойлашган, хар бир уйнинг шифтида, том тагида ўттизтадан тўсин бор, ҳар қайси тўсин атрофида иккитадан аёл қувлашмачоқ ўйнашади. Бу нима?
БИРИНЧИ ПАРДА, БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Зайтунзор. Тонг. Бу ерда турфа хил чечаклар чамандек очилган, жилға жилдираб, оқиб турарди. Оромбахш шаббода майин эсиб, ям-яшил япроқларни шитирлатарди. Новдаларда чирилдоқлар чириллар, дарахт шохларида турфа хил қушлар минг оҳангда сайрашар, чуғурлашарди; булбул янгроқ овоз билан хониш қилар, зайтун новдалари унга тараххум айлаб, ноласига жўр бўларди.
Қулдор Зенас киради. Икки қул Агофопод ва Ҳерма уни таъзим билан кутиб олади. Ва қулдор ортидан кирган қули Эзопга анграйиб қараб қолишади. Эзоп ўта бадбашара: қорни қозондай, калласи хумдай, бурни картошкадай, аъзойи баданини қасмоқ босган, қўллари калта, елкаси букўр, лаби дўрдоқ-хуллас, шундай бир махлуқ эдики, унга назар ташлаган одамнинг лабига қўрққанидан учуқ тошиб кетар эди. Эзоп зайтун остига ўтиради, елкасидаги хуржуни, белкурагини ерга ташлайди.
Зенас: Мана бу қулнинг исми Эзоп. У кўриниши билан шаҳарда ишлашга нолойиқ. Энди қишлоқдаги шу еримда ишлайди.
Икки қул бир-бирини итариб, чўчиб Эзопга яқинлашади.
Ҳерма: Салом.
Зенас: Эзоп ғирт гунг. У ҳеч гапира олмайди.
Агофопод бир четга чиқиб хил-хил пишган бир талай анжир солинган патнисни кўтариб келади.
Агофопод: Мана, бегим, боғингизнинг чиллаки анжиридан татиб кўринг.
Зенас: (Анжирни еб) Ўлай агар, жуда ейишли бўлибди! Сен буни омборхонага яшириб қўй. Ҳали ювиниб бўлганимдан кейин олдимга қўярсан.
Зенас кўздан йўқолади. Агофопод анжирни олиб кетаётганида, кўзи очлик қилиб, ундан бир жуфтини ейди.
Агофопод: (егани қўрқиб) Қанийди, қолганини ҳам еб қўя қолсам.
Ҳерма: Ҳозир дилингдан нима кечаётганини биламан, оғайни, шу анжирнинг ҳаммасини егинг келяпти.
Агофопод: Топдинг.
Ҳерма: Агар хўп десанг, шу анжирларни қандай қилиб ейиш йўлини ўргатаман сенга.
Агофопод: Фойдаси йўқ, ҳозир хожамиз келиб, қани, анжирни опке, деса, нима, шўппайиб тураверамизми? Унда холимиз нима кечади?
Ҳерма: Хожамиз сўраса…
Ҳерма Агофоподнинг қулоғига пичирлайди. Кейин улар мириқиб кулиб, анжирни ея бошлайдилар. Улар барча анжирни пок-поқиза туширишади. Бу аснода заминдор даладан қайтади.
Зенас: Агафопод, қани, олиб кел энди анжирни!
Агофопод: Омборхонанинг эшиги очиқ қолган экан, Эзоп бехосдан кириб анжирни кўриб, ҳаммасини еб қўйибди.
Зенас: Қани, Эзоп кел бу ёққа! (Қамчисини олиб Эзопга ўшқиради) Ҳали сен мени назарингга илмайдиган ҳам бўлиб қолдингми, бадбахт? Нечун анжиримни еб қўйдинг, касофат?
Эзоп андак сабр қилинг, хожам, демоқчи бўлгандай заминдорнинг оёғига бош уради. Заминдор рози бўлади. Эзоп шу ерда турган ёғлоғини қўлига оладида, сув ичади. Кейин кекириб, заминдорга яқин бориб пуфлайди.
Зенас: Пуф, бунча сассиқ. Демак, анжирни ҳиди келмаяпти?
Эзоп бошқа қулларнинг ҳам шундай қилишини талаб этади.
Зенас: (Бу усул маъқул тушиб, кулади) Сен икковинг ҳам сув ичиб пуфла.
Қуллар қўрқиб иссиб қолган сувни ичишади. Улар қорнида сафро қайната бошлагани боис қоринларини ушлаб қолишади. Зенас уларга яқин келади.
Зенас: Пуфла.
Улар оғизларини очиб жим туришади.
Зенас: Пуфлашларинг ҳам шартмас. Шундоқ анжирнинг ҳиди анқиб турибди. Ҳали сенлар, анжирни ўзларинг еб, келиб-келиб, ўзини ҳимоя қила олмайдиган бир нотавонга туҳмат қилдиларингми? Қани, ечининглар!
Икки нобакорни қамчи билан роса савалаб Зенас кетади. Икки қул Эзопга ёмон қараб қолади. Эзоп белкурагини олиб ишлашга тўшади. Сеҳрли наво таралади. Бу наво Эзопни аллалайди. Маъбуда Исида тўққизта санъат туридаги Музалар кузатувида Эзопнинг тепасига келиб тўшади.
Исида: Қизларим, мана бу одамга қаранглар: гарчи у кўринишдан бадбашара бўлса ҳам унинг диёнати ва хайрли ишлари таҳсинга лойиқдир. У адашиб қолган ҳалойиқни йўлга солиб юборади; сизларни бу ерга бошлаб келишимдан мақсад, мен уни тақдирлайман. Унга овоз ато этгум, сизлар эса, уни шул овозига муносиб нутқ ила бойитинглар. (Маъбуда Эзопнинг гапиришига халал бераётган тилидаги ўсимталарни олиб ташлайди.) Ҳар қайсингиз бул бандани бисотингиздаги лаёқатлар билан хушнуд этинг. Нутқ сўзлаганда чиройли сўзлар топа олсин, масаллар тўқиш лаёқатини бахш этинглар. (маъбуда самога қўл чўзиб) Шон-шухрат тилайман.
Музалар ҳар бири Эзопга ўз туҳфасини қолдириб, қуёшга томон парвоз этадилар. Бу аснода Эзоп уйқудан уйғониб, кўзини очади.
Эзоп: Роса қотиб ухлабману. (Пауза) Воажаб! (хандон ташлаб кулади) Белкурак халта, хуржун, эркак, эшшак. (баралла овоз билан) Мен гапирмоқдаман! Музалар хақи қасамки, гапирмоқдаман! Минг шукур. (сажда қилади.)
БИРИНЧИ ПАРДА, ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Зайтунзор. Эзоп севинчдан терисига сиғмай қўлига белкуракни олиб, ғайрат билан ишлаяпти. Агофопод Ҳермани таёқ билан савалаб кира бошлайди.
Эзоп: Биродар, бу одам сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмадику, нечун унинг дилини оғритмоқдасан, боз устига, уялмай-нетмай зулм ўтказмоқдасан? Ҳолбуки, бизларни фақат хожамиз уришга ҳақли. Чунки сен ҳам қулсан!
Эзоп Агофопод томон келади ва Ҳермани паноҳига олиб нари кетади.
Агофопод: (ҳайрон) Ие, бу қанақаси? Эзоп гапиряптими? Тавба, у гапирибгина қолмай, азбаройи худо, менга пўписа қилиб, ақл ҳам ўргатмоқдаку! Иссиғида бўйнига бирон айб қўйиб, попугини пасайтириб қўймасам, мени саркорлик лавозимимдан маҳрум қилиши турган гап. У соқов пайтида ҳам имо-ишоралар билан тилим бўлмаса ҳам қўлим билан тушунтира оламан ва шундай тахдид қилган, энди тили чиққанда бошимга касофат ёғдиради бу.
Агофопод: (жонхолатда): Хожам!
Зенас: (чопиб киради) Ҳа, ёв қувдими?
Агофопод: Мулкингизда ғаройиб мўъжиза юз берди!
Зенас: Нима дединг? Нима, дарахтдаги мевалар бемаврид пишиб етилдими? Ё биронта сигир одам боласини туғдими?
Агофопод: Йўқ, хожам. Эзоп бор эди-ку, халиги… қорни қозондек танбални айтяпман…
Зенас: Нима? У туғдими?
Агофопод: Йўғe, у илгари ғирт гунг эди, энди бирдан гапира бошлади.
Зенас: Ха, нима бўпти шунга? Ҳали, шуни мўъжиза деяпсанми?
Агофопод: Бўлмасам-чи!
Зенас: Бунинг нимаси мўъжиза?
Агофопод: Албатта-да, хўжайин. Нега десангиз, у оғзини очган ҳамоно ақл бовар қилмайдиган нарсалар хақида жаврай бошлади: мени… бўралаб сўкди, ҳатто сизни ҳам шунақанги хақорат қилдики…
Зенас: Ундай бўлса, сотиб юбор у бадбахтни.
Агофопод: Қизиқмисиз, хожам! Унинг қанчалик бадбашара эканлиги эсингиздан чиқдими? Ким ҳам қул қилиб сотиб оларди бунақа маймунбашарани.
Зенас: Харидор топилмаса, текинга бериб юбор, агар шундаям уни ҳеч ким олмаса, то жони ўзилгунча калтакла!
Агофопод: (пичирлаб) Мана энди Эзопнинг тақдири менинг ихтиёримда: истасам, сотаман, хохласам, coвға қиламан, хоҳласам, ўлдираман.
БИРИНЧИ ПАРДА, УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Шу пайт қишлоқдан шaҳapгa жўнашга чоғланган файласуф Ксанф бир нечта талабаси ва турли юклар кўтарган ёлланма қуллар билан кириб келади.
Зенас: Файласуф Ксанфга саломлар!
Ксанф: Деҳқон Зенасга саломлар! Шаҳарга юк олиб кетаётган қулларни қийнаб қўймаслик учун қишлоқдан биронта улов ёлламоқчиман, сенда ёллаш ё сотиб олиш учун биронта хачирми ё эшакми топиладими?
Зенас: Зевс шоҳид, йўқ дўстим, аммо битта эркак қулим бор, арзон-гаровга, бир эшак баҳосида сотаман, агар хохласанг. Бир эмас, уч эшакнинг кучи бор.
Қуллар ўртага тахта супа қўйишади. Агофопод қилтириқ болдири ва хунук тақимини ёпиш мақсадида жуда ўз ун хитон ва баланд пошнали бошмоқ кийдирилган, сочларини тараб, елкасига ёпинчиқ ташланган созанда хушруй қул йигитни супага олиб чиқади ва кейин чиққан Эзопга дағал бўз кўйлак кийдириб, белини увада латта билан боғлайди-да, ўртага тургизиб қўяди. Агофопод Эзопни турткилайди.
Эзоп: Оҳ, қулнинг қўлида қул бўлиш қандай оғир мусибат! Хатто Музалар ҳам буни хуш кўрмайдилар. “Эзоп, ошхонани йиғиштир! Эзоп, ҳаммомга ўт ёқ! Эзоп, сув олиб кел! Эзоп, молларга ем бер!” Доим жамики қабиҳ, разил ва жирканч ишларни фақат Эзоп бажариши керак.
Талаба1: “Қара, зўр йигит эканми? (созандани кўрсатиб) Лекин анави хуснбузар нима қилиб ўртага суқулиб олибди?
Талаба2: Ха, фақат шу бадбуруш манзарани бузиб турибди!
Талаба3: Хей, ўртадаги бедавони гумдон қилинглар!”
Зенас: (Эзопни кўрсатиб) Мана шу қулни ол. Исми Эзоп.
Ксанф: Паканалар турналар билан жанг қилганида бу тасқара бурғу чалиб турса керак… Тавба, нима ўзи бу: одамми ё шолғомми? Агар гапирмаганида буни икки оёқли қозон, ё бир қоп гўнг, ё бўлмаса, ғознинг тухуми, деб ўйлаган бўлардим! Сендан хафаман, Зенас. Шунча вақтимни олдинг-а. Аллақачон уйимга етиб олган бўлардим. Сотадиган молинг бунақа қасанғи эмас, сал-пал пичоққа илинадиган бўлсаям майли эди.
Ксанф орқасига ўгирилиб кета бошлайди.
Эзоп: (этагидан ушлаб).Менга қара!
Ксанф: Қўйвор, азобинг ортгур! Нега этагимдан тортасан?
Эзоп: Айт, нега келувдинг ўзи бу ерга?
Ксанф: Сени сотиб олгани.
Эзоп: Бўлмаса, нега сотиб олмадинг?
Ксанф:Бу сенинг ишингмас, хохламадим, вассалом.
Эзоп: Мени сотиб ол, хожам: маъбуда Исида ҳаққи қасам ичаманки, мендан жуда кўп наф кўрасан!
Ксанф:Ана, бир ахмоқдик қилиб сени сотиб олдим ҳам дейлик. Хуш, нима каромат кўрсатган бўлардинг?
Эзоп: Айт-чи, қўл остингда ҳали ҳеч қандай ишга ярамайдиган, фақат овқат сўрайдиган қулваччалар йўқми?
Ксанф: Бор, Эзоп: Гап бундай, сен мени сотиб олиб, шу гўдакларга мураббий қилиб қўй. Улар менинг башарамни қўрқ кетишади-ю, тўполон қилмайдиган бўлишади.
Ксанф: Шу жирканч башаранг ҳаққим қасамки, маъқул фикр! Аммо хотиним ўлгудай нозиктаъб, инжиқ аёл, уйимиз остонасига ҳам яқин йўлатмайди сендақа бедаво қулни. Хотиним бугун менга шундай деди: “Тасаддуқ ўзинг биласан; уйимизда эркак қуллар жуда кам, сен бўлсанг нуқул менинг жорияларимни тортиб олиб куймоқдасан. Биронта кўҳликроқ йигитни харид қил уйдаги хизматларимизни қилиб юради”
Ксанф: Маъбуда Хера ҳаққи қасамки, бу ғоят зўр кашфиёт! Қулфурушга тасанно, ҳам муғамбир, ҳам фаросатли экан; воажаб, уни ҳақикий файласуф деса бўлади!
Талаба1: Нимани гапиряпсиз, устоз? Нимадан таажжуб қиляпсиз? Билганларингизни яширмай бизга ҳам айтинг.
Ксанф: Эй муҳтарам талабаларим, фалсафа илми ёлғиз мухокама ва мулоҳазалардангина иборат деб уйламанг: йўқ фалсафа харакат билан ҳам ифодаланади, кўпинча ана шундай сўз сиз фалсафа сўз билан ифодаланган фалсафадан устунлик қилади. Ана, қаранглар, қулфуруш бозорга икки нафар қул – хушқомат ва хушсурат бир йигит билан битта хунуқ бедаво қулни сотгани олиб чиқибди. Кейин у бедаво қулни ўктам супа ўртасига қўйиб қўйибдики, бундан мақсад у бедавонинг бадбашаралиги билан йигитнинг хуснини янада орттириб кўрсатмоқчи бўлган: агар у шундай қилмаганида, йигитнинг гўзаллиги унчалик яхши сезилмасди.
Талаба1: Офарин, устоз! Сиз шундай доно, шундай зако зотсизки, бир қарашдаёк анави қулфурушнинг ниятини пайқаб олдингиз!
Ксанф (қулга яқинлашди): Сен қаердансан?
Созанда қул: Лидиядан.
Ксанф:Нима ишни биласан?
Созанда қул: Ҳамма ишни!
Эзоп хахолаб кулади.
Талабалар: Нимага куляпти ўзи бу?
Ксанф (Зенасга юзланиб): Қанча туради бу созанда?
Зенас: Минг денарий (кумуш танга).
Ксанф бунақа баҳони эшитиб, бошқа чурқ этмай, орқасига ўгирилади ва нари кета бошлади. Талабалар ундан сўрашади:
Нима, қуллар сизга ёқмадими, устоз?
Ксанф:Ёқишга-ку, ёқди, аммо менда шундай бир одат бор: ҳеч качон киммат қулларни харид қилмайман, фақат арзонларидан фойдаланаман.
Эзоп: Ахир эркакларга хотинларнинг гапига қулоқ солмаслик керак деб ўргатилганку.
Ксанф: (Ҳайрон талабаларининг оғзини ёпиш учун) Ха, яхши, қани, суриштириб кўрайлик-чи, қўлидан нима иш келаркин, тағин пулни бекорга ҳавога совурмайлик. (Эзопга яқин бориб) Саломатмисан?
Эзоп: Нима, мен касалмидим?
Талабалар: “Музалар ҳақки қасамки, гапи рост! Ахир у касал эмас-ку!
Ксанф: Кимсан?
Эзоп: Жисм ва жондан таркиб топган одамман.
Ксанф: Мен уни сўраётганим йўқ. Қаердан чиққансан?
Эзоп: Онамнинг қорнидан.
Ксанф: Оббо бадбахт-е! Мен сендан буни сўраётганим йўқ. Сен ўзи қаерда дунёга келгансан?
Эзоп: Онам менга бу ҳақда гапирмаган. Балки хобхонададир, балки ошхонададир.
Ксанф: Айт-чи, қайси қабиладансан?
Эзоп: Фригияликман.
Ксанф: Қандай ишларни биласан?
Эзоп: Ҳеч қандай!
Ксанф: Қанақасига?
Эзоп: Шунақасига. Ахир манави йигит менсиз ҳам ҳамма ишни қойиллатар экан-ку!
Талаба1: Боплади-ю, баччағар! Ха, анави икки йигит хатога йўл қўйди: дарҳақикат, ҳамма нарсани биладиган одам йўқ бутун дунёда. Шунинг учун ҳам бу, ҳеч нима билмайман, деди. Боя у шунинг учун қулган экан-да”.
Сени сотиб олмоқчиман – нима дейсан?
Эзоп: Нима, мени халитдан ўзингга маслахатчи қилиб олдингми? Бошингга урасанми менинг маслахатимни? Хоҳласанг – сотиб ол, хохламасанг – аравангни судра: мени сотиб оласанми, йўқми – парвойим фалак. Мени сотаётган қулфуруш харидорларни илгак ташлаб ўзига тортаётгани йўқ мени сотиб олишга ҳеч ким мажбур қилмайди сени: таъбинг ўзингда. Агар сенга керак бўлсам – пулни чиқару нархимни тўла, хоҳламасанг – тишингнинг оқини кўришга зор эмасман.
Ксанф: Сен ҳамиша ҳам шунақа булбўлигўё бўлиб сайрайсанми?
Эзоп: Сайроқи қушлар қиммат туради.
Талабалар: Маъбуда ҳаққи қасамки, бу Эзоп тушмагур устозга ёмон танбех (дашном) берди!
Ксанф: Бўпти, мен сени сотиб оламан, ишқилиб, қочиб кетмайсанми?
Эзоп: Истасам, қочиб кетавераман; сендан сўраб ўтирмайман, сен мендан сўрагандай, Ундан кейин, кочиш-кочмаслигим кимга боглиқ: сенгами ё менгами?
Ксанф: Албатта, сенга-да!
Эзоп: Йўқ, сенга.
Ксанф: Нега энди менга?
Эзоп: Агар сен қулларга яхши қарасанг, ҳеч ким қочиб кетмайди: қайси аҳмоқ яхши ҳаётдан воз кечиб, оч-яланғоч, боз устига, юрагини ховучлаб, бошпанасиз тентираб юришни афзал кўрардик? Бордию сен қулларингга шафқатсиз зулм ўтказсанг, унда мен сенинг қўл остингда бир соат ҳам, хатто бир дақиқа ҳам қолмайман.
Ксанф: Бу ҳамма айтган гапларинг одам боласига ярашади, лекин сен бадбашара бир махлуксан-ку!
Эзоп: Сен менинг афт-ангоримга қарама. Зар адрас либослар кийиб юрган диёнатсиз одамлар эмас, ғарибона кийимда бўлса ҳам эл хурматини қозонган шоиста кишилар қадрлидирлар. Мақтанчоқ қуш Товус тилларанг қанотларини кўз-кўз қилиб камсукум Турна билан гап талашаркан, унинг кўримсиз патларини масхара қилиб қуларкан. Турна унга жавоб қилади: “Лекин мен баралла қийқириб, то юлдузларгача ҳам учиб чиқа оламан, сен бўлсанг худди хурозга ўхшаб ердан салгина кутариласан, холос, ҳеч ким ҳеч качон сени осмонда кўрмаган”.
Ксанф: Анави қулинг қанча туради?
Зенас: Ие, нима, мени мазах қиляпсанми?
Ксанф: Нега мазах қиларканман?
Зенас: Шундай қулинг ўргилсин йигит турганда, келиб-келиб, тасқарага харидор бўлганинг – мазах қилмаганингми? Сен манави йигитни сотиб олгин, сийловига сенга ўша бедавони ҳам қўшиб берай!
Ксанф: Хар холда, айт, шу қул учун канча сўрайсан?
Зенас: Ўзим уни олтмиш денарийга олган эдим. Боқувига ўн беш денарий кетди; шу сарфлаган пулимни берсанг, кифоя.
Талаба2: Хожамиз нима жин уриб бу тасқарани харид қилдийкин?
Талаба1: Бизларни ёмон кўздан асраш учун!
Ксанф: Хў-ўш, азаматлар, мана, бахтингиз очиладиган пайт келди; лекин сизларнинг азиз жонингиз ҳаққи қасамки, юкларни ортиш учун мен биронта ҳам юк ҳайвонини на ёллай, на харид қила олдим. Шунинг учун ҳамма юкларни ўзларингиз бўлашиб олинглар, жўнаймиз.
Ксанф пулни беради. Талабалар иккита-иккита бўлиб юкларни булашиб ола бошладилар. Шунда Эзоп бирдан уларнинг қаршисига тиз чўкиб илтижо қилади.
Эзоп: Дўстларим, худо хайрингизни берсин, мен даврангизда янги одамман, шунинг учун менга биронта енгилроқ буюмни беринглар. Ҳаммангиз иш билан банд бўлганда, мен такасалтанглик қилсам, хўжайин кўриб нима дейди?
Талаба1: Майли, хоҳлаганингни кўтарақол!
Эзоп юкларини бир-бир кўздан кечирди: ўтин борми, хумчалар борми, ўрин-кўрпапар борми, сандиқ, бўйралар, хар хил ашёлар солинган қоплар, ўринкўрпа, хумчалар, саватлар ҳаммасини. Эзоп тўртта талаба кўтармоқчи бўлган нон солинган каттакон саватни олади.
Эзоп: Биродарлар, менга фақат шу биттагина саватни берақолинглар.
Тўрт талаба: Тавба, умримиз бино бўлиб бунақанги ахмоқни кўрмаган эдик.
Талаба1: У аҳмоқ эмас, шўрликнинг қорни оч, шунчаки, нонга яқинроқ бўлишни, яъни бошқалардан кўпроқ нон ейишни хохламоқда: майли, ўзи шуни талаб қилган экан, кўтарақолсин!
Тўрт йигит саватни бараварига кучаниб кутариб Эзопнинг елкасига қўяди. Эзоп худди жафокаш каби елкасида зилдай сават билан гандираклаб-гандираклаб кета бошлади.
Ксанф: Ё қудратингдан! Бу Эзоп тушмагур роса тиришқоқ экан-у, бошқаларгаям ибрат бўлади бу харакатчанлиги! Зотан, уни харид қилиб ютибман: ахир у кўтарган нарса бир эшакка юк бўлади-я!
Ҳамма тарқалади. Чироқ хиралашади.
БАХТ САРИ ЙЎЛБОШЛОВЧИ БИРИНЧИ ПАРДА, ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Талабалар кўпчилик эди, Эзоп уларга нон улашади. (Томошабинларга ҳам) Сават ярмига бўшаб қолади. Улар овқатланиб олишиб, юкларни ортмоқлашадида, яна йўлга тушишди. Кейинроқ яна бир нуқтада тўхташади. Эзоп яна талабаларга нон улашиб чиқади. Энди сават деярли бўшаб қолган эди. Шу боис у энди саватни елкасига қўйиб, елкасидаги хуржунни қисганча ҳамманинг олдига тушиб, йўлбошлаб кета бошлади.
Биринчи талаба: Анави оёғини қўлига олиб пилдираб кетаётган ким бўлдиа? Ўзимизникиларданми ё бегонами?
Иккинчи талаба:Ха, ўзи муштдаккина-ю, ақли пишиккина кўринади!
Учинчи талаба:Мана шунақа муштдаккина одамчалар, зохиран кўримсизгина бўлишса ҳам жуда ақли расо бўлишади! У нон саватини бекорга сўрамади, мана, саватда нон тобора камайиб бормоқда, бизлар бўлсак сафар олдидан ортмоқлаган юкларимизни ҳамон ихраб-сихраб кўтариб кетяпмиз.
Тўртинчи талаба:Эҳ қул,қанийди шунақаларни дорга тортиб бир хўз ур қилсанг!
БИРИНЧИ ПАРДА, БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Ксанфнинг уйи. Парда олди. Ксанфнинг ортидан хуржун кўтарган Эзоп келади.
Ксанф: Эзоп, сен шу ерда, дарвоза олдида туратур, мен кириб аввал хотинимни гапга кўндирай: бўлмаса, кўзи нусхангга тушиши билан бутун сепларини олади-ю, онасиникига жўнаб қолади.
Эзоп: Начора, хотинингга бошвоғингни бериб қўйган экансан, майли, билганингни қил.
Ксанф кетади. Парда очилиб Ксанфнинг уйи намоён бўлади. Турли ёзувларга тўла қабртошлар турли томонда сочилиб ётибди. Хотини Клеянинг сочини жориялар тарамоқда. Жория қиз Мели ажралиб туради.
КЛЕЯ. Сиз қуллар атрофда бўлаётган воқеаларни биз озод аёлларга қараганда яхшироқ биласизлар.
МЕЛИ. Озод аёллар уйдан чиқишмайди, қайсидир муносабатларда улар бизга қараганда кўпроқ қулликда ҳаёт кечиришади.
КЛЕЯ. Бу ҳақ гап. (пауза.) Сен озод бўлишни истармидинг?
МЕЛИ. Йўқ. Менга шу ерда яхши, ҳамма мен билан ҳисоблашади. Сенинг эрингдек машҳур одамнинг қули бўлиш ёмон эмас. Эрингга тегишли бўлганим менинг омадим.
КЛЕЯ. Бу сенга таскин берадими?
МЕЛИ. Бу мен учун катта шараф. Ахир у файласуфку, Клея!
КЛЕЯ. Мен уни камроқ файласуф, кўпроқ эр бўлишини истагандим. Мен шу уйдек ва қолган жориялари қатори унинг мулкининг бир қисмиман, холос.
МЕЛИ. Эринг Ксанф машҳур.
КЛЕЯ. У доим фалсафа сўқийди… ҳақсизлик ҳақиқат деб, азобланиш хурсандчилик деб, сафсата сотади, дунё унинг учун яхши вино ичиш учун, ҳашаматли уйга эга бўлиш учун, гўзал аёлни севиш учун яратилган.(бефарқлик билан). Менинг файласуфим… файласуфлар – бир сўз билан айтганда, кекса ёшли болаларга ўхшайди.
МЕЛИ. У қаердан қайтса ҳам сенга совғалар олиб келадику.
КЛЕЯ. Эркаклар ўз аёлларига севганидан эмас, мақтанчоқлигидан ёки виждон азоби қийнаганидан совға қилишади.
МЕЛИ. Сен уни севмайсан. Аммо у сени севади. Эринг бугун келади, Клея.
КЛЕЯ. У кириб, (эшикни кўрсатиб) шундай дейди: "Клея, қувончим мани, мен сенга совға олиб келдим".
КСАНФ (киради). Клея, қувончим мани, мен сенга совға олиб келдим! Мен сенга жуда қизиқ ва ажойиб совға олиб келдим.
КЛЕЯ. Уни столга қўй.
КСАНФ. У жуда улкан.
КЛЕЯ. Ё муаззама маъбуда Афродита, ўзингга шукр! Сенинг қудратинг беназир, сен ато этган тушлар ҳамиша тўғри чиқади! Бугун тушимда, тасаддуқ сен менга бир келишган, хушруй қулни туҳфа қилганмишсан. Мана, тушим ўнгидан келди!
КСАНФ. Сен, жонгинам, ҳовлиқма, ҳали шунақанги хушчехра йигитни кўрасанки, бунақаси дунёда бўлмаган: кўрасан-у, ё тавба, бу ким бўлди, Аполлонми, ё Гераклми, деб огзинг ланг очилиб қолади. Ха, чиқиб қаранглар, бунақанги йигитларнинг гули бўлмаган!
Жория1: (суюниб) Вой, хожам менга эр сотиб олиб келибди!
Жория2: Йўқ у меники, чунки мен ҳам уни тушимда кўрдим!
Жория-3 дугоналарининг тортишаётганидан фойдаланиб остонага чиқади.
Жория-3: Қани менинг янги келган дилбаргина, асалгина, кўҳликкина махбубим?
Эзоп (унга ўгирилиб): Шу ерда, яхши қиз!
Жория-3: Вой, хали сенмисан янги қул?
Эзоп: Ҳа, менман, акаси.
Жория-3: Ундай бўлса, думинг қани?
Эзоп: Думим сен ўйлаган жойда эмас: бутунлай бошқа жойда!
Жория-3: Сен, тасаддуқ қани, юр бу ёкка. Секин кир. Бўлмаса, уйдагилар башарангни кўришади-ю, алвасти келди, деб хар томонга тирақайлаб қочиб кетишади.
Эзоп кириб Клеянинг рўпарасига туриб олади.
Жория-1: Вой, башарагинанг кўрсин, тасқара! Хали бизлар сен, қора таппини деб талашиб-тортишиб ётибмизми?
Жория-2: Вой яшшамагур, гўрсўхта-е! Асло менга қўлингни теккизма, яқин ҳам йўлай кўрма!
Клея: (Эзопдан кўзини олиб қочиб) Ха, энди билдим, Ксанф, сен қув шайтон экансан, файласуф бўлсанг ҳам, жуда муғомбир файласуф экансан! Сен бошқа хотинга уйланмоқчи бўлгансан-у, аммо бу ниятингни дангал юзимга айтиб, сени қўйдим, дейишга истихола қилгансан. Ана шунда, сен менинг нақадар нозиктаъб эканлигимни билиб, манави нотавон махлукни сотиб олиб келгансанки, бунақа қулни кўришдан хазар қилиб, ўз ихтиёри билан уйни тарк этиб чиқиб кетади, деб ўйлагансан мени! Топдимми? Ха, яхши! Сепларимни қайтариб бер, мен отамникига кетаман.
Ксанф (Эзопга юзланиб): Ха, нега мум тишлаб турибсан, баччағар. Боя тилингни бир қарич қилиб роса жавраган эдинг, энди манави хотин олдида лол бўлиб қолдингми?
Эзоп: Нима қиламан гапириб? Кетса кетавермайдими истаган томонига! Садқаи cap!
Ксанф: Ўчир овозингни, ҳайвон! Билиб турибсанку, мен уни жонимдан ортиқ яхши кўраман!
Эзоп Сен хали яхши кўрасанми уни?
Ксанф Ҳа-да!.
Эзоп Демак, сен, хотинингнинг кетиб қолишини хохламайсан?
Ха, деяпман-ку, аҳмоқ!
Ундай бўлса, хотинингга сен талаб қилгандек жавоб қайтараман.
Эзоп: (ўртага чиқиб, ер депсинади ва бақириб гапира бошлайди) : Билсам, файласуф Ксанф бошвоғини хотинининг қўлига бериб қўйган экан, мен эртагаёқ ҳамма мактабларга бориб, Ксанфнинг нотавон ва ношуд эр эканлигини овоза қиламан!
Ксанф: Бу нима деганинг, бадбахт?
Эзоп (уй бекасига ўгирилиб): Хей хотин, сенга маслаҳатим шу: эринг бирон ёққа жўнаб кетганида сен ўзингга кўзлари чақмоқдек, зулфи жингалақ хушрўйгина, ёқимтойгина бир қул йигитни сотиб ол.
Клея: Нима қиламан уни?
Эзоп: Нима қилардинг? Ўша кўҳлик йигит сени ҳаммомга кузатиб боради, ўша кўҳлик йигит ечинганингда кийимларингни қўлингдан олади, кейин, ҳаммомдан чиққанингда сени кийинтиради, тиз чўкиб, оёғингга шиппагингни кийдиради ва боғичларини боғлаб қўяди, бора-бора у гўё сени ёқтириб қолгандай сен билан ўйнаша бошлайди, гўё ўзини сен билан бирга сотиб олинган чўридек кўриб, жамолингга махлиё бўлиб тикила бошлайди; оҳ қани энди сен унга ишва қилсанг, қани энди унга суқланиб қарасанг, қани энди оёқларингни уқалатиш учун уни хобхонангга чақиртирсанг, кейин ўзингни лохас ҳис этиб уни қучоқласанг, кейин қучоқлаб туриб бўса олсанг, ундан кейин қабиҳона беҳаёликларинг даъвати билан бошқа мараз ишларга ҳам муккангдан кетсанг; файласуф эса бу ёқда бадном ва шармандаи шармисор бўлиб қолаверса! Эй, шавкатли Еврипид, айтган калималаринг бебаҳо экан:
Даҳшатлидир қутурганда денгиз тўфони,
Дахшатлидир сув тошқини, ёнғин балоси,
Дахшатлидир қашшоқлик… лек жоҳил аёлнинг
Ғазабидек қахрдор даҳшат йўқдир ва бўлмас!
Наҳотки сен, файласуфнинг завжаси, оқила аёл бўлатуриб, хизматингда келишган қул йигитлар бўлишини хохлаб қолган бўлсанг, наҳотки бу рафторинг билан эрингни қандай иснодга қўйишингни тушунмасанг? Йўқ, менимча, сен ғирт фоҳишасан, фақат шунинг учун ҳам сен бу янги қулингнинг хали нималарга қодирлигидан ғофилсан.
Клея: Қай гўрдан чиқди бу фалокат? Музалар номига қасамки, назаримда, бу одам гарчи бадбашара бўлса ҳам, ақлли кўринади. Майли, у билан ярашганим бўлсин.
Ксанф: Ана, Эзоп, беканг сен билан ярашмоқчи.
Эзоп: Кўрдингми, хожам, аёл зотини мот қилишни ва “гаҳ” деганда қўлга қўнадиган қилишни билиш керак!
Ксанф. Оббо касофат-е!
Икки боғлам сабзавотлар кўтарган Деҳқон киради.
Деҳқон: Файласуф Ксанфга шарафлар бўлсин. (Бир боғлам сабзавотни Эзопга беради. Ксанф ҳамёнини кавлаганини кузатиб) Нима қилмоқчисиз, устоз?
Ксанф. Сабзавотларинг учун хақ тўламоқчиман.
Деҳқон: Менга ҳақ керак эмас. Менинг бутун полизим ҳам, унда ўсаётган жамики сабзавотлар ҳам сизнинг бир нигоҳингизга арзимайди. Сиз менга, яхшиси, фақат бир нарсани айтиб беринг.
Ксанф. Музалар ҳаққи қасамки, сабзавотларинг ўзингга буюрсин, майли, пулимни ҳам ол, эй полизчи, айт, сенга қандай фойдали нарсани айтишим мумкин? Ахир мен ҳунарманд ҳам, темирчи ҳам бўлмасам, сенга ўроқ ҳам, белкурак ҳам ясаб беролмасам! Камина – файласуфман!
Деҳқон: Эй, саховатли жаноб, менга жудаям катта ёрдам беришингиз мумкинда. Бир жумбоқ бор, шу менга ҳеч тинчлик бермайди; кечаси ҳам, кундўз и ҳам шу ҳақда бош қотирганим-қотирган: экин экаман, чопиқ қиламан, суғораман, хуллас, бахоли қудрат парвариш қиламан – аммо шунга қарамай, бегона улар мен эккан экинлардан олдин ердан ниш уриб чиқади. Нега шунақа экан-а?
Ксанф: Ўзи шунақа қилиб яратилган.
Ксанфнинг орқасида турган Эзоп бу жавобни эшитиб хахолаб кулиб юборди.
Ксанф (Орқасига ўгирилиб): Эзоп, сен менга жўр бўлиб куляпсанми ё мендан куляпсанми?
Эзоп: Йўқ, сендан кулаётганим йўқ.
Ксанф: Бўлмаса нимадан куляпсан?
Эзоп: Сен ижозат бер, мен жавоб қилай. Агар жўяли жавоб берсам, мени озод қиласан!
Деҳқон: Тавба, ҳали шу тасқара саводхонми?
Эзоп (кулиб): Ҳали сен мен била шунақа муомала қиляпсанми, нодон?
Деҳқон: Ким, мен нодонманми?
Эзоп: Ахир сен полизчисан-ку – шундайми?
Деҳқон: Ха, полизчиман.
Эзоп: Баски полизчи экансан, сени нодон деганимга нега аччиғинг чиқади? Демак, сен экин экиб, уни чопасан, суғорасан, парвариш қиласан-у, аммо, шунга қарамай, негадир бегона ўтлар сенинг экинингдан олдин ердан униб чиқадилар? Сен шуни билмоқчимидинг? Бўлмаса, диққат бериб эшит: фараз қилайлиқ бир болали хотин иккинчи марта эрга тегди, аммо бу эрининг ҳам олдинги хотинидан болалари бор. Ўз-ўзидан маълумки, бу хотин ўз орқасида келган болалари учун —она, эрининг болаларига эса – ўгай онадир. Бунинг фарқи жуда катта. Хотин ўзи туққан болаларини оналик мехри билан ардоклайди, парвариш қилади, аммо бегона аёл тўлғоқ азоби билан туққан болаларга ғайирлик қилади, улардан нафратланади, иложини топса, бу ўгай болаларнинг оғзидаги ошини ҳам тортиб олиб ўз болаларига берса… Сабабки, бу хотиннинг болалари унга қондош, жондош, эрининг болалари эса, бегонадир. Худди шунга ўхшаш, мен сенга айтсам, ер ҳам ўзи туккан ўтўланларга – она, вале сен эккан ўсимликлар учун ўгай онадир; бинобарин, у сенинг экинларингга, яъни ўгай болаларга эмас, балки ўзи яратган фарзандларига кўпроқ ғамхўрлик қилади.
Деҳқон: Сен мени катта бир ташвишдан қутқардинг. (иккинчи боғламни ҳам ўз атиб) Бу сабзавотлар сенга совға. Раҳмат.
Деҳқон кетади. Ксанф ҳам унга эргашади
Эзоп: Энди мен озодманми?
Ксанф: Мен ўйлаб кўришим керак. (чиқади.) Ксанф турли қабртошларига нотекис ўйиб ёзилган ҳарфларга қизиқсиниб ўқий бошлади. (γαλψδΩσρβω) ДЎБТО. Бу қанақа ёзув бўлди, маъноси нима экан, (руҳи тушиб) кимсан – файласуф бўлатуриб шу оддий ҳарфларнинг маънисини чақа олмасама?! Эзоп, сен қандай тушунасан бу харфларни? Бу хатларда нима маъно англатишини топасан. Унгача мактабимга қатнайсан. (чиқади).
Эзоп ёзувларга тикилиб қолади.
Клея: Сенга озодлик нега керак?
Эзоп: (бесаранжом монолог ўқийди) Озодлик тоза юраклиларга насиб этувчи энг улуғ туҳфа. Бу дунёнинг барча неъматлари озодликнинг мевалари. Севги ва меҳр озодликнинг энг энг тотли мевалари. Шу мевалар насиб қилмаса ҳам мен озодликка эришмоқчиман. Ахир инсон бўлиб туғилганман, нега ҳайвондек яшашим керак?! Бир умр қул бўлиб юзга киргандан кўра бир кун бўлса ҳам озод бўлиб яшаган афзал.
Клея: Ҳамма меҳмонларни кутиб олишга тайёрлансин.
БИРИНЧИ ПАРДА, ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Ксанфнинг уйи. Талабалар йиғилган. Тўрда Ксанф ёнбошлаб олиб овқатланмоқда. Талаба-1 кўзадан косаларга шароб қуйиб беради. Эзоп хизматда.
Талаба-2: Одамлар орасида энг катта тўс-тўполон қачон бўлиши мумкин?
Ксанф: Ҳамма ўликлар тирилиб, ўз мол-давлатларини талаб қилишганда.
Ҳамма қаҳ-каҳ уриб кулиб юборади.
Талаба-1: Устоз, менга айтингчи, нима сабабдан қўйни қассобга етаклаб кетишаётганида у индамайди-ю, чўчқани олиб боришаётганда ҳаммаёқни бошига кўтариб, жонҳолатда чинқира бошлайди?
Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Куй тиниб ҳамма жимиб қолади.
Эзоп: Бунинг сабаби шуки, қўйларнинг сути ҳам фойдали, юнги ҳам бебаходир, вақти-вақти билан уларнинг юнгини олиб, сутини соғиб турадилар, бундан қўйлар ўзларини енгил ҳис, қила бошлайдилар: мана шунинг учун ҳам қўй ҳеч нимадан хавотирланмай, қассоб хўз урига хотиржам бораверади ва пичоқни кўрганида ҳам асло чўчимайди. Чўчқадан эса на жун, на сут олинади, мана шунинг учун уни қушхонага олиб кетишаётганда азза-базза чинқира бошлайди, зеро у ўзининг гўштдан бошқа ҳеч нимага ярамаслигини яхши билади.
Талабалар: Жуда оқилона жавоб!
Талабалар тарқалади. Ортидан жориялари доим эргаштириб юрадиган соҳибжамол Клея киради. Эзоп нарсаларни йиғиштира бошлайди.
Ксанф: Ўтинаман, сен ҳадеб ўз мулоҳазаларинг билан гапга аралашаверма, фақат буюрилган ишни қил – бир баҳя ортиқ ҳам, кам ҳам бўлмасин. Акс ҳолда, қилмишингдан яхшилик кутма!
Клея: (кириб кетаётган эрига) Нега уни ноҳақ жазолайверасан?
Ксанф: Бу бадбашара мени файласуф деб тан олмаса. Нима қилишим керак?
Клея: Мукофотлашинг керак! Чунки у сен билмаган саволларга жавоб берди.
Ксанф: Сен шу бедавони эрингдан афзал билдингми? Ҳали шунақами? Баски айб хотинимда экан, мен уни хозирнинг ўзида тириклайин гулханда ёндираман! Бу ёққа шох-шаббаларни ташиб кел. Шу ерда, хонанинг ўртасида гулхан ёқ.
Эзоп олам-жахон шохларни судраб келиб гулхан учун уяди. Ксанф хотинининг билагидан ушлаб хона ўртасига судраб келади.
Талаба-1: Хотинингизни гулханда ёқмоқчи экансиз, бирпас сабр қилинг, мен уйимга ғизиллаб бориб, хотинимни бошлаб келай: икковини бирга ёқворамиз!
Клея: Ахир Эзопнинг бизнинг муносабатларга нима дахли бор? Бўлди, қизлар, мен ортиқ бир зум ҳам Ксанф билан яшай олмайман. Сепларимни оламану уйимга кетаман. Бу қанақаси? Фақат ўзини азиз биладиган одам билан яшайдиган ахмоқ йўқ!
Ксанф: (йўлини тўсиб) Тўхта.
Клея: Йўқол кўзимдан! Бориб ўз аксинг билан оғиз-бурун ўпиш, менга эса сепимни қайтариб бер! Бугундан эътиборан бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин!
Ксанф: Ана холос! Эзоп тушмагур? Шумқадам Эзоп!!!
Клея оромхонаси эшигини “қарс” этиб ёпиб, чиқиб кетади.
Ксанф: Эзоп, хотиним сени деб уйига кетмоқчи. Уни қайтар.
Эзоп: Сенга, вафодоринг хотининг эмас, итинг, деган эдим. Хўш, гапим рост чиқдими?
Эзоп кўзаларни кўтариб кетади. Ксанф ёлғиз қолади. Клеянинг кўйлагини кийиб олган Мели кириб Ксанфни сеҳрламоқчи бўлади. Ксанфнинг кайфияти кўтарилади. (Мели арияси)
Эзоп (Ксанф ва Мелини кузатиб кўчага жар солади): Менга қаранг, биродарлар, бу ерда ғоз, товуқ ва яна никоҳ дастурхонини безайдиган бошқа ноз-неъматлар сотадиган одам йўқми? Эртага менинг хожам файласуф Ксанф уйланмоқда!
Клея: (кетаётиб таққа тўхтайди) Ксанф, мен тирик эканман, бу уйга биронта ҳам аёл қадам қўймайди!
Клея киради. Мели йиғлаганча кетади.
Эзоп: Энди менга озодлик бериш ҳақида қоғозга имзо чек! Ахир суюкли хотинингни яна бағрингга қайтардимку!
Ксанф: Агар яна бир марта озодлик сўрасанг, сени савалатаман. Мен хотиним қайтганига зиёфат бермоқчиман! Эзоп, сен бориб, бизга дунёда энг асл, энг ажойиб таом пишир!
Меҳмонлар бирин-кетин ташриф буюради.
Ксанф: Қани, Эзоп, суз овқатни!
Эзоп хар бир меҳмоннинг олдига зираворлар солиб пиширилган тил қўйиб чиқади.
Талаба-1: Ўҳ-ҳў, устоз, бизлар хонтахта атрофига ёнбошлаб улгурмасимиздан, қаранг, дастурхонга нодир газак – тил торта бошлашди!
Ксанф: Эзоп, обкелмайсанми овқатингни!
Эзоп бу сафар хар бир меҳмонга қалампир сепилиб, шўр қилиб қовурилган патнисда олов ёниб турган тил тортди.
Талаба: Илохий таом, устоз, офарин! Ёқимли ва хуштаъм. Мазза.
Ксанф: Эзоп, обкелсанг-чи ахир овқатни!
Эзоп хар бир меҳмоннинг олдига устига ошкўклар сепилган яхна тил қўяди.
Талаба-1: Оҳ дўстим Демокрит, пайдар-пай тил кавшайверганимдан ўзимнинг тилим оғрий бошлади.
Ксанф: Нахотки бошқа овқат бўлмаса? Ха, дарҳақиқат, Эзоп аралашган ишдан хайр кутиб бўлмайди! Эзоп, қани, суюқ овқатни олиб кел!
Эзоп тил пиширилган сувни сузиб меҳмонларга тортди. Меҳмонлар бу овқатга тескари ўгирилишди.
Ксанф: Ана, бу энди бошимизга таёқ урган билан баробар бўлди: ха, Эзоп пиширган бу тиллар бизни адойи тамом қиладиганга ўхшайди. Эзоп! Бошқа ҳеч қанақа овқатимиз йўқми?
Эзоп: Бошқа ҳеч қанақа овқатимиз йўқ.
Ксанф: Нега йўқ бўларкан, касофат? Ахир мен сенга: “Дунёда энг асл, энг ажойиб нарсаларни харид қил”, демаганмидим?
Эзоп: Яхшиямки, сен менга мана бу ахти илм олдида маломат қилмоқдасан. Сен менга: “Дунёда энг асл, энг ажойиб нарсаларни харид қил”, деб айтгандинг – шундайми? Ахир ўзинг ўйлаб кўр, дунёда тилдан аслроқ ажойиброқ нима бор? Бутун фалсафа ва жамики илму фан тил билан тирик эмасми? Тилсиз ҳеч нима қилиб бўлмайди – на бирон нарса ола оласан, на бера оласан, на харид қила оласан; тил туфайли мамлакатда тартиб ўрнатилади, қонунлар жорий қилинади, қарорлар ва фармонлар чиқарилади. Бутун хаётимиз пойдевори – тилдир. Бинобарин, дунёда ундан асл, ундан лазиз нарса йўқ.
Талабалар: Музалар номига қасамки…
Талаба-1: Бу – бағоят доно мулоҳаза! Сиз уни ноҳак койидингиз, устоз.
Қорни оғриган талабалар рақс ижро этишади. Клея, Мели ва Эзоп хизматда.
Клея: Уни жазолама.
Ксанф: Сен уни севасанми?
Клея: Йўқ.
Ксанф: Ундай бўлса, унинг тарафини олма. Эй менинг аллома дўстларим, айб менда эмас, ҳамма қилғилиқни қилган менинг бадкор қулим Эзоп. Мана, кўрасиз, бугун аламларингиз хиссасини чиқараман: ҳозир қандай буйруқ беришимни эшитасиз. Баски, сен ҳамма айтилган ишнинг тескарисини қилар экансан, бугун менинг топшириғим бундай бўлади: ҳозир дунёдаги энг бемаза, энг ярамас нарсаларни олиб кел!
Эзоп ҳар бир меҳмон олдига сирка сепилган шўр тил қўяди.
Талаба-2: Ие, яна тилми?
Ксанф (азбаройи жахли чиққанидан кўкариб): Обкелсанг-чи ахир овқатингни!
Эзоп энди хар бир меҳмоннинг олдига қовурилган тил қўйиб чиқади.
Талаба-1: Бу қанақаси? Бу галварс бизни тилга бўктириб, тинкамизни кўритмоқчи, шекилли?
Ксанф: Сен яна эски найрангингни бошладингми, ярамас? Қандай ҳаддинг сиғди яна тил олиб келишга? Ахир мен сенга энг бемаза, энг ярамас нарсаларни харид қил!” демаганмидим?
Эзоп: Хўш, тилдан ярамасрок нарса борми дунёда? Тил одамлар орасига низо солади, фитна уюштиради, бўҳтон гапларга, можароларга, фасоду нифоқларга, уруш бошланишига сабаб бўлади, оилаларни ажратади. Болаларни етим қилади. Қани, айтинглар, тилдан ҳам манфурроқ яна нима бор дунёда?
Ҳамма жим бўлиб қолади.
Ксанф: Эзоп, кўзингни юм. Мен талабаларимдан бир нечтасини кўчага чиқараман. Сен кўзингни бир лаҳзада очиб, юмиб нечта талаба борлигини айтишинг керак.
Эзоп кўзини юмади. Унинг атрофида талабалар айлана бошлайди. Эзоп кўзини бир юмиб очади. Бир талаба оёқ остидаги тошни олиб ташлайди.
Ксанф: Нечта одам бор?
Эзоп: Хожам, бу уйда фақат битта одам бор.
Ксанф: Нима, ростданми? Агар сўзинг ёлғон бўлса ўла-ўлгунингча савалатаман
Эзоп: Розиман. Агар сўзим исботи билан бўлса, менга озодликни туҳфа қиласан
Ксанф: Кўзингни оч. Мана, қара, атрофда виж-виж одам. Лекин сен менга: “Фақат битта одам бор”, дединг!
Эзоп: Рост-да! Ҳув анави тошни кўряпсанми? У мана бу ерда, йўл ўртасида ётган эди. Ўтган ҳам, кетган ҳам шу тошга қоқилиб ўтди-ю, лекин уни йўлдан олиб ташлаш биронта одамнинг ақлига келмади. Фақат битта одам уни четга отиб юборди, негаки, у бошқалар ҳам қоқилмасин, деб ўйлади-да. Шунинг учун мен, шунча оломон ичида атиги битта одам бор экан, деб ўйлаб, сенга шундай деб айтган эдим.
Ксанф. Оббо! Бу Эзоп тушмагурда доим ўзини оқлашга важ топилади-я! Озодлик сўраганинг учун сени зиёфатдан кейин калтаклатаман.
Эзоп: Мен барибир озодлик сўрайвераман. Мен озод бўлишга лойиқман. Ё озод яша, ёки ўлим топ.
Ксанф: Қуй.
Эзоп: Май худоси Дионис одамларга май туҳфа этганида, майни учта қадаҳга қуйиб, уни қандай ичишни кўрсатган экан: биринчи қадаҳ
лаззатланиш учун, иккинчи қадаҳ – хурсандчилик учун, учинчи қадах
бош оғриғига. Сен, хожам, лаззатланиш учун, хурсандчилик учун ҳам ичдинг. Етар.
Эзоп: Ўч-чир, насиҳатингни нариги дунёда қиласан!
Талаба-1: (сархуш) Айтинг-чи, устоз: одамнинг қўлидан келмайдиган иш борми?
Ксанф: Ким у ҳазрати одамга шубҳа билдираётган? Одамнинг қўли гул, у қила олмайдиган иш йўқ дунёда.
Талаба-1: Одам бутун бир денгизни ичиб юбориши мумкинми?
Ксанф: Бундан осони йўқ! Агар хоҳласам, мен ҳам ичиб юбораман.
Талаба-1: Агар ичолмасангиз-чи? Унда нима бўлади?
Ксанф (маст) Бас бойлайман! Гаровга бутун мол-давлатимни, хотинимни, уйимни… ҳатто мана шу қулимни ҳам тикаман! Агар ичолмасам, майли – қашшоқликда кун кечирай!
Қўл олишиб гаров боғлашади, лафздан қайтмаслик учун бармоқларидан ўз узукларини ечишди. Ксанфнинг оёқ томонида турган Эзоп хожасининг тўпиғидан ушлаб тортди:
Эсингни йиғ, хожам! Нима қиляпсан? Ахир қандай қилиб денгиз сувини ичасан?
Ксанф. Сен аралашма, зоти паст! (ўдағайлаб)
Талабалар Ксанфни олиб чиқиб кетишади.
Клея: Озод бўлишинг учун мен сенга ёрдам бераман. Қочиб кетишинг учун шароит яратиб бераман.
Эзоп: Йўқ. бўрилар билан қўйлар ўртасида уруш бўлибди. Урушда бўриларнинг қўли баланд келиб, қўйлар енгила бошлаган бир пайтда итлар қўйларга ёрдамга келиб, бўриларни қувиб юборибди. Шундан кейин, итлардан қўрқиб қолган бўрилар қўйлар хузурига элчи юборишибди. “Агар сизлар, ўртамизда уруш бўлмасин, десанглар, итларни бизга топширинглар, ана унда хеч нимадан қўрқмай бахузур халоватда ухлашингиз мумкин”. Куйлар шу заҳоти итларни бўриларга топширибди, бўрилар, турган гапки, итларни бир зумда гажиб ташлашибди; орадан бир оз вакт ўтгач, қўйлар хам бўриларга ем бўлибди…
Клея: Сен билан кетаман, десам рози бўласанми?
Эзоп бошини йўқ маъносида силкитиб кетмоқчи бўлади. Клея унинг йўлини тўсади.
Клея: Бўлмаса, тонгача мен билан суҳбат қурасан. Бу тун менинг хизматимда бўласан, оёқларимни уқала. Шиппагимни кийгизиб қўй.
БИРИНЧИ ПАРДА, ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ
Тонг ёриша бошлайди. Ташқарида тушунарсиз шовқин эшитилади. Кейин овозлар аниқлашади.
Талабалар: Ё денгиз сувини бир томчи қолдирмай ич, ё бўлмаса бутун молдавлатингни менга бер!
Ксанф чиқади. Қўлида узук йўқлигини билади.
Ксанф: Ахир мен қандай ичаман денгиз сувини?
Эзоп: Бунинг иложи йўқ!
Ксанф бу гапни эшитиб, шу заҳоти “гурс” этиб тиз чўкади.
Ксанф: Эзоп! (зор қақшаб) Ўтинаман сендан, бир уриниб кўр, ахир донишмандсан-ку. Гаровда ютиб чиқишнинг, ҳеч бўлмаса, ундан осон кутулишнинг бирон иложини топ.
Эзоп: Бу гаровда асло ютиб чиқа олмайсан, аммо осон қутулишнинг йўли бор.
Эзоп Ксанфга нимадир пичирлаб, четга олиб ўтиб қўяди. Қўлида коса билан талабалар кириб келади.
Талаба-1: Ўҳ-хў, Эзоп-ку, энди сен Ксанфнинг эмас, менинг қулимсан!
Эзоп: Йўқ, сен бойлигингни йиғиштириб олиб кел. Хозир денгизнинг ярми ичиб бўлинди хисоб.
Ксанф чорпояга ёнбошлади. Талабалар унга косаларни узатади.
Талаба-1: Нима бало, ростданам у бутун денгиз сувини ичмоқчими, дейман?
Ксанф: Хўш, шартимиз қандай эди?
Талаба-1: Шарт – денгизни ичиш, Талаба-2: Шўр денгизни ичиб тугатиш.
Ксанф. Бор-йўғи шуми?
Талаба-1: Шу!
Ксанф: Менинг азиз ҳамшаҳарларим, биласизларки, денгизга жуда кўп тошқин ва азим дарёларнинг суви оқиб тушади. Лекин мен денгизга оқиб тушаётган дарёларнинг сувини эмас, фақат соф денгиз сувини ичиш ҳақида бас боғлаганман. Шунинг учун ракибим олдин ҳамма дарёларга ғов солсин, шундан кейин мен денгиз сувини ичай. Бўлмаса, дарё сувларини ҳам денгиз сувига қўшиб ичиб юборишимга тўғри келади!
Талаба устозининг оёғига бош уради.
Талаба-1: Эй устоз, сиз улуғ инсонсиз! Сиз баҳсда ютдингиз, мен буни тан оламан, ҳа, тан оламан! Энди, ўтинаман сиздан, келинг, қилган аҳдларимизни қайтиб олайлик!
Улар узукларини бир-бирига қайтариб беришади.
Эзоп: Ана, кўрдингми, хожам, мен сенинг бутун мол-давлатингни асраб қолдим; энди шу яхшилигим эвазига мени қулликдан озод қилишинг керак.
Ксанф: Ўчир, касофат! (дағдаға қилиб) Нима қилиш кераклигини сенсиз ҳам ўзим яхши биламан. Унинг оёқ-қўлини боғлаб ўрага ташланглар.
Эзоп: Дилим қаттик оғриди. “Шошмай тур хали, сендан қасдимни олмасам юрган эканман!”
Клея: Ундан қасдингни олишда мен ёрдам бераман.
Эзоп: Мени ўйинчоқ қилиб сотиб олишингга имкон бермайман.
Икки қул кириб Эзопни олиб кетишади.
Клея: Сенинг топган тиллаларингга эмас, тилла топиш қобилиятинг учун севиб қолдим.
Коҳин: (кириб) Фалокат! Бугун шу пайтгача бўлмаган воқеа рўй берди. Кимдир чақалоқни бир четдаги ахлатхонага, бир қулнинг қўйнига ташлаб кетибди. Худойихурлик билан қорин қаппайтирувчи ва ўзларини хушаҳлок қилиб кўрсатиб, давлат мулкини худа-бедудага совурувчи мана бу нобакорларнинг гапига қулоқ солишдан бизга нима наф? Тўғри, юз берган бу холни таъбирлаш осон эмас, бу жумбоқни фақат барча илмларни мукаммал урганган комил алломагина еча олиши мумкин. Шунинг учун, Ксанф, сенинг олдингга келдик.
Ксанф: Чақалоқ… қул… ахлатхона… менга муҳлат беринглар.
Коҳин кетади.
Ксанф: Эзопни бу ёққа чақиринглар!.
Оёқ-қўли боғлиқ Эзопни етаклаб келишди.
Ксанф: Қўлини ечинглар уни.
Эзоп. Мен сендан, қўлимни еч, деб сўраганим йўқ!
Ксанф: Қўйсанг-чи шу гапларни, Эзоп, бўлди энди, нафратни шафқатга айлантир.
Эзоп: Хўш, мендан нима истайсан, хожам?
Ксанф: Нима бўлганлигини эшитдинг. Ушбу аломат ҳақида сўзлаб бер.
Эзоп: Хожам, агар бирон сўзнинг маъносини чақиш лозим бўлганда, ўша заҳоти буни сенга айтган бўлардим; аммо бу айтаётган ишингга менинг тишим ўтмайди, чунки у мен учун мутлақо мавҳум нарса.
Эзоп ўтиради. Ксанф бир четда турган арқонни олиб бўйнига солади. Эзоп унинг орқасидан югуради. Икки қул қараб туради.
Эзоп: Шошма, хожам!
Ксанф: Ана холос, яна Эзоп тутқаноқ бўлди. Нечун мени ҳақ йўлдан чалгитмоқчисан, Эзоп?
Эзоп: Хожам, кайда қолди сенинг фалсафий мулоҳазаларинг? Қани ўша керилиб гапирган билимдонлигинг? Қани сенинг алломаларга хос салобатинг? Наҳот, сен, хожам, шунчалик иродаси заиф, шунчалик енгилтак одамсанки, ўйламай-нетмай бошингни сиртмоққа тиқмоқдасан? Эсингни йиғ, хожам!
Ксанф: Қўйвор мени, Эзоп, шармандаи шармисор бўлиб яшаганимдан кўра, ўз обрўим билан ўлганим яхши.
Эзоп: Қани, чиқар бошингни сиртмоқдан, хожам, майли, мен ўша юз берган илохий нишонани сен учун таъбирлаб берақолай.
Ксанф. Қандай таъбирлайсан?
Эзоп: Сен мени ўзинг билан бирга театрга олиб борасан; у ерда тўпланган ҳалойиққа биронта ишонарли важ айтасан. Чунончи: фолбинлик қилиш – файласуф олимга ярашмаган қилиқ дейишинг мумкин; кейин жамоага мени ўз талабанг сифатида тавсия қиласан. Мен одамларга ҳамма гапни худди тўққиз пулдай қилиб тушунтириб бераман.
Оломон кириб кела бошлайди. Ксанфнинг уйи театрга айланади.
Ксанф (халқ олдига чиқиб): Одамнинг бўйи пакана эканлиги бир қарашдаёқ маълум бўлади, лекин унинг ақли қанақалигини дарров билиб бўлмайди, шунинг учун уни дабдурустдан таҳкирлаш яхши эмас. Зотан табиб ҳам беморнинг афтига қараб эмас; балки томирини ушлаб дардини аниқлайди. Ким хумдаги май хақида уни татиб кўрмай, фақат кўринишига қараб фикр айта олади? Билингки, Музанинг қадри – театрда, одамнинг ақли эса унинг нутқида билинади. Менинг қулим Эзоп сизга бу воқеа нимадан далолат беришини изоҳлаб беради.
Эзоп: Азиз фукаро, юз берган илохий аломатни сиздек озод халқ олдида мендек бир қул томонидан таъбирланиши сира-сира ақлга тўғри келмайди. Шу боис илтимос қиламан: ижозат беринг, мен сизларга озод инсон сифатида гапирай, мабодо айтган жавобим мақбул бўлса, мени озод одамдек тақдирланг, агар номақбул жавоб қилсам, мени қулдек эмас, озод одамдек жазога тортинглар. Сизлар менга нутқ эркинлиги берингларки, мен жонимни ҳовучламай бемалол гапира олай!
Коҳинлар: Ксанф, биз сендан илтимос қиламиз: Эзопни қулликдан озод қил!
Талабалар: Эзопни озод қил!
Ксанф: Йўқ хохламайман, у қўлимда кўпдан бери хизмат қилади – унга ўрганиб қолганман.
Бош коҳин: Ундай бўлса, қулингнинг ҳақини олиб, уни менга бер, ўзим уни давлат номи билан қулликдан озод этаман.
Ксанф: (пулни ҳисоблаб, кейин озод бўлиш ҳақидаги қоғозни узатади.) Менким, Ксанф, Самос халқининг илтимосига кўра, Эзопни қулликдан озод қилдим!!!
Эзоп: Азиз Самос аҳли, ўзингиз ўз ташвишингизни қиладиган, ўз эркингиз ҳақида ўйлайдиган пайт келди, зеро осмондан тушган аломат сизларга уруш ва қулликдан дарак бермоқда. Биринчи навбатда уруш бостириб келади. Билингларки, чақалоқлар – халқнинг норасмий подшоҳи. Ўзингиз шохид бўлдингиз, ана шу хукмронлик рамзи бўлмиш давлат боласини, яъни ўғри чақалоқни чангалига олиб, уни давлат четидаги ахлатхонага, бир қулнинг қўйнига ташлади. Унинг таъбири бу турур: болаларимизни асролмасак, умидли эрк кисмати умидсиз қуллик зулми билан алмашгай!!! Мана сизга жумбоқнинг ечими: бирон салтанатнинг подшохи, мукаррар, сизларни пул бериб, қарзни қайтаролмаслингиз ҳисобига ёки зўравонлик билан эркингиздан махрум этмоқчи, давлатингиз қонунларини йўққа чиқариб, устингиздан хукмронлик қилмоқчи.
Элчи: (кириб хатни ўқийди) “Лидия шохи Крездан Самос хукмдорларига ва халқ кенгашига салом. Ушбу кундан эътиборан менга бож ва хирож тўлаб тургайсиз. Борди-ю бу амримга итоат этмасангиз, бутун ҳарб кучимни сизларга қарши қаратгум”.
Коҳинлар: (Эзопга юзланиб): “Қандай иш тутганимиз маъқул – итоат этайликми ё рад жавобини берайликми?” Маслахат бер!
Эзоп: Майли, агар маслаҳатим ўринли бўлса, менга ибодатхона қуришга изн берасизлар.
Халқ: Розимиз.
Эзоп: Бир замонлар Прометей тангри Зевснинг амри билан одамларга иккита йўлни – озодликка элтувчи ва қулликка олиб борувчи йўлларни кўрсатган экан. Озодлик йўлининг дастлабки чақиримларини ҳаммаёғини чақиртиканаклар қоплаган, сувсизликдан қақраган, нотекис, тор, қияма ва ўта хатарли, вале йўлнинг нихояси, шу тобгача чекилган йўл азобларга мукофот тариқасида икки чеккасидан айқириб сувлар оқиб турган, дарахтларда турфа хил мевалар хил-хил пишган, соя-салқин, равон ва теп-текис бўстон экан. Лекин қуллик йўли аввалига равон ва текис, гуллар атри уфуриб турган ҳаловатли бўлиб, унинг охири жуда тор, қияма ва тошлоқ экан…
Самосликлар театрни бошларига кутариб шовкин солишади.
Бош коҳин: Эзоп бизга тўғри йўлни кўрсатди. Биз унга ибодатхона қуришга рухсат берамиз. Эзопга жуда катта хурмат-эхтиром кўрсатиб, бу ерни “Эзопеон” деб атаймиз. Биз (шоҳ Крезнинг элчисига) машаққатли йўлни танладик. Озодлигимиз учун курашамиз!
Ибодатхона қурилиш бошланади. Ҳайкаллар олиб кирилади.
БИРИНЧИ ПАРДА, САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ
Крез пайдо бўлади. Элчи Крез олдига бориб тиз чўкади.
Навкар: Бутун кучни сафарбар қилиб, қуролланиш керак.
Лашкарбоши: Олға, аъло хазрат, сиз бу оролга бостириб боринг! Биз уни забт этиб, баҳри мухитга судраб олиб бориб ташлагаймиз, токи бошқа халқлар бундан ибрат олиб, сиздек буюк подшога қарши бош кўтармайдиган бўлишсин!
Вазир: Онҳазратлари, бошингдаги муборак тож ҳаққи қасамки, то ўша аломатни халқига шарҳлаб берган Эзоп тирик экан ва у Самос аҳлига маслахат бериб турар экан, сен у халқни ўзингга тобе этолмассен!!! Сен Эзопни талаб қилиб ёрлиқ юбор.
Крез: “Эзопнинг эвазига нима сўрасангиз, ҳамма айтганларингизни берурман!”
Бош коҳин: Майли, олақол, бердик Эзопни шоҳ Крезга!
Эзоп (халқ олдига чиқиб): Эй Самос фуқаролари, мен подшонинг oёғи остида жон таслим қилишга тайёрман. Аммо олдин сизларга бир масал айтиб бермоқчиманки, уни қабрим устига қўйиладиган тошга ўйиб ёзиб қўйишингларни сўрайман Ўзингизга керакли одамларни душман қўлига топширманг.
Коҳин: Бизга тинчлик керак.
Эзоп: Сиз, самосликлар, денгиз тўлқинлари оқизиб юрган чириган тўнкага ўхшайсизлар: узоқдан қараган одам, денгизда биронта эътиборга лойиқ нарса оқиб юрибди, деб ўйлаши мумкин, лекин яқинрок бориб, унинг сариқ чақага ҳам арзимайдиган ташландиқ нарса эканлигини кўради-ю, хафсаласи пир бўлади. Мен сизларни бой-бадавлат ва саховатли одамлар бўлсангиз керак деб ўйлаган эдим, энди кўрсам, сизлар ҳақингизда ҳам, шахрингиз ҳақда ҳам хато ўйлаган эканман: сизларда биронта ҳам яхши фазилат кўрмадим, билсам, дунёдаги барча одамлардан ҳам баттар кун кечирар экансиз, бу борада сизлар ўз аждодларингиздан ҳам ўзиб кетибсиз.
Аждодларингиз қул бўлишган, агар билмаган бўлсанглар, билиб олинглар. қадим-қадим замонда юнонларда шундай бир одат бўлган: урушда душман юрти босиб олинганда ўлжанинг ундан бири Аполлонга армуғон сифатида юборилиб турган – хар юз қорамолдан, эчкидан ўнтаси, бошқа хил ўлжаларнинг ҳам – хоҳ у пул бўлсин, хоҳ қул ё чўри – юздан уни маъбуд Аполлонга туҳфа этилган. Сизлар ана шу қуллардан дунёга келгансиз, бинобарин, сизларни ҳам озод халқ эмас, қуллар деса бўлади: сизлар она қорнидан тушганингиздаёк эллинларнинг қули бўлиб туғилгансиз. Мен чирилдоқ мисол бош ураман. Менга раҳм қил! Мен бир заиф одамман, мен бир бадбашара одамман, бинобарин, чиройли ҳусним билан ҳакамларни ўзимга ром қилиб ғийбат тарқатмайман. Мен жисман ношудман, қўлимдан келадигани: фақат фоний бандаларга фойда келтирувчи доно маслаҳатлар беришдир.
Эзоп ҳуржунини олади. Уни оғирлашиб қолганини пайқайди.
Коҳин: Шошма. Сен бизнинг халқимизнинг мулкини олиб кетмаяпсанми? (Коҳин ҳуржундан тилла идишни олади.) Бу нима?
Эзоп: Бу қандай қилиб ҳуржунимга тушиб қолганини билмайман.
Бош коҳин: (идишни халққа намойиш қилиб) Халқ мулкини ўғирлаганинг учун Эзоп қоя бошидан жарликка ташлансин. Биз сени шаккоклик қилганинг, бўҳтон сўзлар айтганинг учун шу йўсинда қатл этишга қарор қилдик зеро сенинг жасадинг дафн этилишга лойиқ эмас. Ўлимга ҳозирлан.
Эзоп: Аввал… бир масал эшитинглар. Бир дехкон бор экан, у бир умр қишлоқда яшабди ва бирон марта ҳам шаҳарни кўрмабди. Мана, у қариган чоғида болаларидан, агар рози бўлсанглар кўзим очиқлигида бир шахарга бориб томоша қилиб келсам, деб илтимос қилибди. Болалари аравага бир жуфт эшакни қўшиб унга шундай дейишибди: “Сиз буларни халалаб турсангиз бўлди – ўзлари тўғри шахарни топиб боришади”. Лекин чол йўлда кетаётганида қоронғи тушибди, ҳаво айнибди ва эшаклар йўлдан адашиб, тўғри жар ёқасига бориб қолишибди. Чол ўзининг қандай фалокатга дучор бўлаётганини кўриб нола қилибди: “Эй само султони, не гуноҳим учун менга бундай машъум ўлимни раво кўрдинг? Отларнинг айби билан ўлсам ҳам шукр қилардим, лекин ҳаммадан ҳам мараз эшакларнинг касофатига ўлиб кетаётганим алам қилади менга!” Шунга ўхшаб, менга ҳам нуфўзли инсонлар қулида эмас, балки сиз қулваччалар дастидан улиб кетаётганим алам қилади…
Коҳинлар Эзопни қоя чўққисига, тик жар ёқасига олиб чиқиб куйдилар.
Клея: Йўўўўўўўўқ. У менинг қулим.
Коҳин: Агар ростдан қул бўлса, уни жазодан сақлаб қоламиз. Айт, сен қулмисан?
Эзоп: Йўқ. Мен озод ва ҳур одамман!
Клея: Ксанф, у сенинг қулингку. Айт.
Ксанф: Халқимга ҳақиқатни гапиргани учун уни қулим демайман. Қаёқдаги қул мендан устун бўлмаслиги керак. Бу гапни мен файласуф айтишим керак эди.
Клея: Сенинг номинг файласуф, холос. Аслида сафсатабоз, лўттибозсан. (халққа) У менинг қулим.
Коҳин: Орхирги марта сўрайман. Сен унинг қулимисан?
Эзоп: Йўқ.
Коҳин: Унда сени эркин одамлардек жазолаймиз.
Эзоп: Эркин одамдек яшолмасам ҳам эркин одамдек ўлишни истайман!!!
Клея: Бир лаҳзага менинг қулим бўлиб тур. Кейин сени озод қиламан.
Эзоп: Ўзи қул бўлганларга қул бўлишдан батарроқ ҳақорат йўқ.
Клея додлайди. Тиз чўкади.
Клея: Эзопим менинг. Эзопим…
Эзоп ўзининг бегуноҳ ўлиб кетаётгани учун пичирлаб лаънатлар айтиб, жарга сакраб, ўзумрига хотима ясайди.Чўққи устидаги нур сўнади. Қоронғилик бостириб келади.Оломоннинг додлаши тобора авжига чиқади.
ЭПИЛОГ
Эзоп овози: Қинғирликка қарши курашмоқчи бўласан. Бўлмаса, нега ўзинг доим қинғир иш қиласан? Агар уйингда тўғри тартиб ўрнатганингдами, менинг хизматим сенга самара берган буларди. Лекин хафа бўлма, хожам, ўзинг жорий қилган бу қоидалар ўзингга асқотади. Энди сен мактабингда хатога йўл куймайдиган бщласан. Сабабки, ўта даражада тор ёки жудаям кенг миқёсда мулоҳаза юритиш – бу анчагина катта хатодир.
КАТТА ПАРДА
Эзоп ҳақидаги ривоятлар асосида
Рус тилидан Ўзбектош Сайхун, Қодир Мирмуҳамедов таржималари
Юнонлар эрамиздан олдинги VI асрда яшаган Эзопни ўзларининг энг биринчи масал устаси деб ҳисоблаганлар. Ўша замондан бери бадиий адабиётда масал жанри тилга олинганида, ана шу афсонавий донишманд Эзоп қз олдимизда намоён бҳлади, яъни масал жанрини Эзопсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юнонлар ва римликлар ҳзларининг барча масалларини “Эзоп масаллари” деб атаганлар. Юнон ва лотин тилларида яратилган бу масаллар 500 га якдндир.
КАРМЕН
Мусиқали драма
Душманларингни олисдан излама!
Проспер Мерименинг «Кармен» романи асосида
Ўзбектош Қилич инцсенировкаси
Қатнашчилар:
КАРМЕН
Дон ХОСЕИТО (Хосе) Наварро Лиссарабенгоа
1-соқчи кейинчалик ПОРУЧИК 1-ҚУРБОН
2-соқчи
ДАНКЕЙРО ШАЙКАБОШИ
ПОЛКОВНИК
Ғилай Гарсия 2-ҚУРБОН
РЕМЕНДАДО ШАЙКА 4-АЪЗОСИ
АЖНАБИЙ ОҚСУЯК (МИЛОРД) 3-ҚУРБОН туналади
ЛУКАС ПИКАДОР
ҲАРБИЙЛАР, ЛЎЛИЛАР
БИРИНЧИ ПРОЛОГ: ДАСТЛАБКИ ТЕНТАКЛИК!
Биринчи парда, биринчи кўриниш.
Парда очилади. Саҳнанинг чап томонида ярим метр баландликда соқчи либосидаги ХОСЕИТО милтиғига жез симдан занжир тўқиб ўтирибди.
Саҳна ортидан: Лўли қиз келяпти, «Ана лўли қиз».
Лўли қиз КАРМЕН кириб келади. Унинг эгнида жуда калта қизил юбка бўлиб, қўлида қора елпиғич, анча ери йиртилган ипак пайпоғи, бежирим қилиб тикилган ва сариқ лента билан боғланган сариқ сахтиён туфлисини баралла кўриш мумкин. У елкаси ва кўйлаги ёқасига қадаб қўйган катта бир даста акац гули куриниб турсин, деб мантильясини кифтидан пастга тушириб олган эди. Унинг оғзида ҳам акац гули булиб, ёш байталга ўхшаб қилпиллаб келар эди. КАРМЕН беҳаё кўзларини сузиб, лўлиларга ўхшаб белини ушлаб, турарди. У ХОСЕИТОга ёқмайди, шунинг учун яна ишини қилаверади.
КАРМЕН: «Кел, кел деса нози келур, келма деса ўзи келур».
Жўражон, занжирингни менга бер, пул қўядиган сандиғимнинг калитини осиб юрай.
ХОСЕИТО: Буни қиличимга ясаяпман.
КАРМЕН: Қиличимга эмиш! (кулиб) Тўғнағич керак бўлиб қолган бўлса, жаноб, тўр тўқиб ётган экан-да.
Саҳна ортидан: Гур этиб кулгу кўтарилади.
КАРМЕН: Жонгинам, мантильямга етти метр қopa тўр тўқиб бергин, азизим!
Кармен оғзидаги акац гулини олиб, унга қараб чертиб юборди, гул қаншарига келиб тегади. ХОСЕИТО ўқ теккандай сапчиб тушади. ХОСЕИТО уялганидан қочгани жой тополмай, қоққан қoзиқдай қаққайиб тураверади. У ўтиб кетганидан кейин, ХОСЕИТО оёғи остида ётган акац гули сездирмай олиб, авайлаб, ҳидлаб курткасининг чўнтагига солиб қўяди. (лейтм) ХОСЕИТО жойига чиқиб ўтиради. Чироқ ўчади.
БИРИНЧИ ТУЗОҚ. УНВОНДАН АЙРИЛИШ
Биринчи парда, иккинчи кўриниш.
Шовқин остида чироқ ёнади.
Саҳна ортидан: Ушла, ушла.
Соқчи: Лўли хотин қочиб кетмасин.
Ранги бўздек оқариб кетган 1-соқчи ичкаридан ҳовлиқиб чиқади.
1-соқчи: Бир хотинни ўлдиришди, (ХОСЕИТОни топиб, унга қарайди.) ўша ерга бориш керак, бошлиқ.
ХОСЕИТО: Нега ўлдиради?
1-соқчи: Анави лўли биттасининг икки тилла тангасини ўмараётганда қўлга тушибди. Кейин шўрликнинг юзининг узунасига ва кўндалангига пичоқ тортган.
ХОСЕИТО соқчи келган томонга бораётганда 2-соқчи КАРМЕНнинг қўлидан судраб чиқади. 1-соқчи КАРМЕНнинг бошқа қўлидан олади. 2-соқчи елпиғичини тортиб олиб, тангани қидиради, ҳидлайди. 1-соқчи нима қилай дегандай ХОСЕИТОга қарайди. ХОСЕИТО имо қилади. 1-соқчи ҳам КАРМЕНни текширади. Соқчилар КАРМЕНни титкилаб тангаларни тополмайди. Кармен бир соқчининг қўлини силтаб ташлайди.
ХОСЕИТО: Нима гaп?
КАРМЕН: Бир марта ушлаган жойингни иккинчи марта ушлама! Қитиғим бор.
1-соқчи: Тилла тангаларини ўмарибсан, юзини тилишга бало борми?
КАРМЕН: Тилингга эҳтиёт бўлмасанг, (Кармен олдингга энкайганда кўкрагидан бир томони қизил сигара қирқувчи пичоқ тушади. Уни ердан олиб соқчига қарата ҳавода крест чизади.) сениям юзингга крест чизаман.
Хосеито Карменнинг тирсагидан тутади.
Хосито: «Синглим, қани, (пичоқни олиб) юринг биз билан».
КАРМЕН (итоат билан): «Юринг, кетдик. Менинг мантильям қани?»
У мантильясини ердан олиб, фақат битта шаҳло кўзигина кўринадиган қилиб ёпинади. КАРМЕНни икки соқчи ўртага олади, ХОСЕИТО орқада юради.
КАРМЕН: (мантильясини кифтига тушириб, ХОСЕИТО томонга ўгирилиб): Жаноб офицер, мени қаерга олиб кетяпсиз?
ХОСЕИТО: Қамоқхонага, шўр пешона гўзалим.
КАРМЕН: Эвоҳ! Менинг ҳолим нима кечади? Жаноб офицер, менга раҳм қилинг. Сиз шу қадар ёш, шу қадар севимли йигитсиз!..(Кейин овозини пасайтириб):—Хўп денг, мен қочиб кетай, (ХОСЕИТОнинг реакциясни кутиб) сизга бир бўлак «сеҳрли тош» бераман, шундан кейин ҳамма хотинқизлар сизга ошиқи шайдо бўлишади. Бир чимдимини қириб олиб, бир стакан қатиққа солиб хотин кишига ичирсангиз, у ўзини тўхтата олмайди.
ХОСЕИТО: (иложи борича жиддийлик билан) Биз бу ерга бўлмағур гапларни гаплашиш учун келганим йўқ. Қамоқхонага бориш лозим, буйруқ шундай, сизга бирон ёрдам беришнинг иложи йўқ.
КАРМЕН: Сиз ҳам вилоятдан сиза?
ХОСЕИТО: Қаердан билдингиз? (Уст-бошига қараб)
КАРМЕН: Шевангиздан, дилбандим, бизлар ҳам хамшаҳар эканмиз-а?
ХОСЕИТО: Бизнинг шевамиз шу қадар ажойибки, бегона юртларда уни эшитганимда тўлқинланиб кетаман.
КАРМЕН: А?
ХОСЕИТО: Мен вилоят марказиданман.
КАРМЕН: Мен бўлсам қўшни қишлоқданман! Бу сиз яшайдиган вилоят марказидан тўрт соатлик йўл нарида. Мени лўлилар бу шаҳарга олиб келишган. Мен унча-мунча пул тўплаб, онам шўрликнинг ёнига қайтиш учун ишлаб юрган эдим, онамнинг мендан, йигирма тупча сидр олмаси бор кичкинагина боғидан бўлак ҳеч вақоси йуқ. Оҳ, қани энди уйимда бўлсам! Мени ҳақорат қилишди, чунки мен бу сасиган апельсин билан савдо қилувчи муттаҳамлар юртидан эмасман; бу беҳаёларнинг ҳаммаси менга ёпишди, бунинг сабаби шуки, мен уларга, сизларнинг олифта шаҳарликларингиз, бизнинг жайдари кийинган биргина бўз боламизни ҳатто пичоқлари билан ҳам қўрқита олмайдилар, дедим. Улар менга танга ўғирладинг, деб туҳмат қилди. Ўртоқ, дўстим, наҳотки, вилоятдошингизни, ҳамқишлоғингизни халос этиш учун бирор чора кўрмасангиз?
ХОСЕИТО: Агар олифталар менинг ватанимни, бирон қишлоқдошимни таҳқирлашга журъат этгудай булсалар, КАРМЕН дугонасининг башарасини қандай дабдала қилган бўлса, мен қам уларнинг башараларини шундай қилардим.
КАРМЕН: А? ХОСЕИТО: …
КАРМЕН: Мен туртиб юборсаму сиз йиқилсангиз эди, ҳамшаҳар, (Лўли шевасида) манови ҳарбийга янги олинган думбуллар у дунё-ю бу дунё мени тутиша олмайди…
ХОСЕИТО: Қани, ҳамшаҳар, бир ғайрат қилинг, худойим мададкорингиз бўлсин!
Қўққисдан КАРМЕН ўгирилади-ю Хосеитонинг кўкрагига мушт туширади. У жўрттага юз тубан йиқилади. КАРМЕН дик этиб устидан сакраб ўтиб, қочиб қолади!.. ХОСЕИТО ирғиб ўрнимдан туриб, қиличини қия тутиб соқчиларни йиқитади. Хаш-паш дегунча асира кўздан ғойиб бўлади.
ҚАМОҚХОНА. АФСУС БИЛАН ТАШРИФ БУЮРГАН СЕВГИ
Хосеито жўрттага ўзини кўкраги оғригандай, нафаси қисаётган кишидек тутади. Икки соқчи уни икки томонидан ўраб келади.
1-соқчи: Буларнинг ҳаммаси шубҳали?
2-соқчи: Сен лўли билан “япти-япти” деб ўз шевасида гаплашдинг. (чопиб чиқиб кетади.)
1-соқчи: Нозикниҳол қиз бир мушт уриб сендай азамат йигитни ағдариб кетиши ақлга тўғри келмайдиган гап. Сен лўлига ён босдинг?
ХОСЕИТО: Ён босмадим.
1-соқчи: Энди сени унвонингдан маҳрум қилиб, оддий қоровуликка туширишади.
2-соқчи: (тез кириб) Ҳамда бир ой муддатга қамоқхонага.
2-соқчи унинг қуролларини, кийимини ечиб олади 1-соқчи унинг қўлини қайириб панжара ортига олиб ўтади. Хосеито худди тор қафасдаги қушдек ўтиради. Боши айланаётгандек чироқлар айланиб, бир ёниб, бир ўчади.
ХОСЕИТО: Ҳеч бўлмаганда офицер даражасига кўтариламан, деб хаёл қилгандим. Ахир, ватандошларимдан бир нечаси генерал даражасигача кўтарилдилар. Машҳур полковник билан неча марталаб тўп ўйнагандим. Ҳозир бўлса, ўз-ўзимга: «Шунча маҳалдан бери ҳалол хизмат қилганинг бекор кетди. Энди сен ёмонлар қаторига ўтдинг, қайтадан бошлиқларнинг ишончини қозониш учун ҳарбий хизматга кирган вақтингдагига қараганда ўн чандон ортиқроқ ишлашинг керак бўлади! Нимани деб шу жазога дучор бўлдим? Мени мазах қилиб кулган, ҳозир шаҳарнинг аллақайси бир ерида ўғирлик қилиб юрган фирибгар лўли қизни деб». Бу ҳолга тушгандан кўра мени отиб ташлашса яхшироқ эди: ёлғиз ётасан; одамлар сенга ёмон кўзда қарайди.
Биз учун энг муқаддас нарса озодлик! Бир кун ҳам қамоқда ётмаслик учун бутун бошли шаҳарга ўт қўйиб юборишга ҳам ҳозирман. Шундай булса-да, мен беихтиёр ўша қизни ўйлаяпман. Ишонасизми, унинг пастдан юқоригача очиб кўрсатган йиртиқ пайпоғи кўз ўнгимдан сира кетмаяпти. Мен қамоқхонаси панжараси орасидан кўчага қарайман. У ёқ-бу ёққа ўтиб турган хотин-қизлар орасидан ўша шайтон қиз билан тенглашадиган бирорта аёлни тополмайман. Кейин, у менга ташлаган, ҳатто қуриб қолганида ҳам хушбуйини йўқотмаган акац гулини ғайри ихтиёрий равишда ҳидлайман… Агар дунёда жодугар бор бўлса, унда шу аёл жодугар эди.
Қамоқхона назоратчиси 1-соқчи кириб қизил дуррага ўралган патир нони беради.
1-соқчи: Манг, буни сизга холангизнинг қизи берди.
ХОСЕИТО: (Оч қолганидан очкўзлик билан тугунни очиб, нонни ҳидлайди.) Бу шаҳарда ҳеч қанақа холаваччам йўқ. Балки янглишгандир?
1-соқчи қўлини узатади. Хосеито бошини йўқ маъносида қимирлатиб бағрига босади, кейин тишлайди. Соқчи Хосеитонинг шунчалик катта тишлаганини кўриб, ҳайрон қолади.
ХОСЕИТО: Нонни катта тишласанг ҳам, катта гапирма.
Соқчи чиқиб кетади. Нон қарс этиб унинг тишига ботади. Хосеито тишига теккан тилла тангани ёруққа солиб кўради. У тангани бир чеккага ташлаб, нонни ейишда давом этади. Бир неча тишламдан кейин унинг оғзидан қоғоз пул чиқади. У ерда ётган тилла тангани олиб, қоғоз пул устига қўйиб ўйланиб қолади.
ХОСЕИТО: Қамоқда ётганингда аллақаерда сенга меҳрибон одам борлигини эслаш кишига хуш ёқади.
Хосеито пулни ва тангани бағрига босади. Чироқ ўчади.
ИККИНЧИ ПРОЛОГ
Қоронғиликда Карменнинг шарпаси кўринади. Унинг қўлида қамчи, қайроғини шақиллатиб рақс ижро этади. Унинг ҳаракатига мос куй бошланади. Кармен халтасидан фол очишга керак бўлган кружкага кофе солади, қанақадир кукун солади. Қўлларини ҳаракатлантириб, фол очади. Хосеито чиқиб унга қўшилади.
КАРМЕН: Башорат айтади кофе қуйқаси, Иккимизни кутар ўлим шарпаси.
Иккови бирга бир эшикка кириб кетиб, қучоқлашишади. Қаттиқ ҳаракатланганларидан девор бўлиб турган қамиш қаторининг озроқ қисми йиқилади Кармен ва Хосеито чироқлар ёрқинланишидан аввалроқ чиқиб кетишади.
БИРИНЧИ ХИЁНАТ
Биринчи парда, учинчи кўриниш.
Хосеито соқчилик кийимларини тузатганча чиқиб келадида, ерда ётган қиличини олиб, йиқилган девор яқинига қоровулликка туради. Икки соқчи эшикни очади. Қийқириқлар ва қўшиқ бошланади. Полковникнинг коляскаси келиб ўртадаги дарвоза олдида тўхтайди. Коляскадан бамисоли қўғирчоқдай ясатилган, ленталар тақилган, кўйлагига ва зангори туфлисига ялтироқлар қадалган Кармен тушади. Полковник унга йўл кўрсатади. Кармен ХОСЕИТО таниб, бир-бирига қараб қошини қоқади.
КАРМЕН: Жаноб офицер, сен худди ҳарбийга янги олинганлардай соқчиликда турибсан!
ХОСЕИТО: Сиз эса…
Кармен бузилган деворни диққат билан кузатиб полковникни қўлтиқлаб, кириб кетади.
ХОСЕИТО кўча эшикдан қараб, ичкарида бўлаётган ҳодисани кузатади.
Саҳна ортидан: Ҳа, қитиғи ўлмаган эчки.
Саҳна ортидан: Қани, сакра, қуёнга ўхшаб. Мегажин, қанжиқ…
Карменнинг қиқирлаб кулгани эшитилиб туради. ХОСЕИТО енгилтак кишиларнинг қорнига қилич санчиш учун уч-тўрт марта ичкарига киришга чоғланади. У қиличини қиндан суғуриб кираётганда қўлида вино тўла идиш тутган полковник чиқади.
Полковник: Байрам давом этади. Қани, кетдик. (лейтм)
КАРМЕН: (икки йигит қучоғида чиқади. Хосеитога) Ҳамқишлоқ, яхши қовурилган балиқни ёқтирадиган одам шаҳар бурчагидаги хилват жойга боради.
ХОСЕИТО: Сеньорита, қамоқхонада ётганимда юборган совғангиз учун сизга миннатдорлик билдиришим лозим. Нонни едим…
Кармен Хосеитога қарашга уринса ҳам шериклари унг йўл бермай коляскага кўтариб қўяди. Коляска жўнаб кетади. Чироқ ўчади.
ИККИНЧИ ТУЗОҚ. ҲАРБИЙЛИКДАН КЕТИШ
Биринчи парда, тўртинчи кўриниш.
Тун. ХОСЕИТО асабий тарзда қиличини эговлаб ўтирибди. Полковник атрофни кузатиб кетган заҳоти хотин киши кела бошлайди.
ХОСЕИТО: (Кармен эканига ишонса ҳам бақиради.) Йўқол! Йўл йўқ!
КАРМЕН: Мунча жаҳлингиз чиқмасин, (Бошқача кийимларин кўз-кўз қилиб) Бу мен сизнинг лўли қизингиз… Сизга балиқ олиб келдим.
ХОСЕИТО: Бу сизмисиз, Кармен?
КАРМЕН: Ҳа, ҳамқишлоғим, бу мен. Иннайкейин, гап бундай. Бир тилла танга ишлаб олишни истайсанми? Бу ердан юк кўтарган одамлар ўтишади; уларга халал берма.
ХОСЕИТО: Йўқ, уларни ўтказишга ҳақим йўқ, буйруқ шундай.
КАРМЕН: Буйруқ! Буйруқ! Мушт туширганимда буйруқни ўйламагандингку?
ХОСЕИТО: Оҳ. Ўзимни йўқотиб қўйдим. У вақтда ҳар қандай буйруқни унутиш осон эди; лекин менга контрабандистлар пули керак эмас.
КАРМЕН: Хўп яхши, сенга пул керак бўлмаса, истайсанми, яна қамоқхонадан чиққанингда хурсанд қилганимдай яна бирга овқатланамиз, маишат қиламиз?
ХОСЕИТО: Йўқ, (Бўғилиб) Бора олмайман.
Кармен: Жуда соз. Сен шунақанги гап уқмайдиган бўлсанг, мен кимга мурожаат қилишни биламан. Полковнигингни хилватхонамга таклиф қиламан. Похол устида бирга бир кечани ўтказамиз, десам, бошлиғинг жон-жон деб кўнса керак. (ХОСЕИТОНИНГ юзига уриб қўяди.) Унутма, энди сен офицер эмассан. Бошлиғинг яхши йигитга ўхшайди, кейин соқчиликка кўриш лозим бўлган нарсанигина одамни қўяди. Алвидо, канарейка. Сени осишга буйруқ чиққанида хандон ташлаб куламан.
ХОСЕИТО: Тўхтанг. (Кармен келиб унинг қўлини ушлайди) Оламдаги барча лўлиларни ўтказиб юборишга xозирман, фақат орзу қилиб юрган ягона мукофот ўзимга тегса бас!
Кармен (ХОСЕИТОни ўпа кетади.) Ваъдамни эртага бажо келтираман. Қасам ичаман. (хуштак чалади.)
ХОСЕИТО ва Кармен икки ёққа кўз-қулоқ бўлиб туришади. Буринлари ерга теккудай юк ортган беш киши кўз очиб юмгунча ўтиб кетишади. Кармен охирги кишининг юки устидаги икки халта егуликни олади. Халтага сиғмаган апельсинлар Хосеитонинг оёқлари остига думалаб келади. Хосеито апельсинни ҳавога отиб ушлаб олади.
КАРМЕН: Шунча ноз-неъмат солинган халтани кўтариш оғир менга.
ХОСЕИТО: Сиз юкларни кўтариб тураверинг. Мен сизни кўтариб оламан.
Кармен: Яна байрам давом этади. (лейтм)
Бугун сиз билан, эртага бошқа.
ХОСЕИТО КАРМЕНни бели ва тиззаси остидан кўтариб айлантиради. Кармен халталарни ташлаб юбориб, қўлларини ёяди, егуликлар сочилиб кетади.
Кармен: «Сен менинг ёримсан,
Мен сенга ёрман,
Менинг ёримсан бир умрга. (ашула айтиб, телбалардай хохолаб кула бошлайди.) «Мен қарзимни узаман, мен қарзимни узаман! Лўлиларнинг қонуни шундай: бизнинг ҳеч кимда қарзимиз бўлмайди.», (буйнига осилиб) Эҳ, сеньор, шу кун, шу кун!.. Мен шу тунни эслаганимда, эртани тамоман унутиб юбораман. (худди олти яшар болага ўхшаб конфетларни сиқим-сиқим ХОСЕИТОнинг оғзига тиқа бошлайди. Унда шўхлигу бемаънилик аралаш эди.)
ХОСЕИТО: Казармага, йўқламага борадиган вақтим бўлди.
Кармен: Казармага? (нафратланиб). Сен қулмисанки, буйнингга арқонча солиб судраб юрсалар? Сен кийим-кечагинг билан ҳам, хулқатворинг билан ҳам ҳақиқий канарейканинг ўзисан. Юрагинг ҳам чумчуқникидай экан. Яна байрам давом этади. Сени мажаж қилиб қўёман!
Кармен ХОСЕИТОнинг кийимларини ечиб устига чиқиб олади. «Ромалис» деган рақс ижро этилади. Тонг ёришиб қош қораяди, тонг отади. Соқчиларни чорловчи дўмбира овози эшитилади. Улар тинчиб қолишади. Чироқ ўчади.
Биринчи парда, бешинчи кўриниш.
Кармен кийиниб чиқиб келади.
Кармен: Менга кара, Хосеито, ахир, мен қарзимдан қутулгандирман? Биз лўлиларнинг қонунимизга кўра, сендан ҳеч қанақа қарзим йўқ, чунки сен аскар йигит, лекин чиройли йигитсан, менга ёқиб қолдинг. Орамиз очиқ.Саломат бўл.
ХОСЕИТО: Қачон учрашамиз?
Кармен: Сенга сал ақл кирганда, (кулиб Кейин анча жиддий оҳангда илова қилди). Биласанми, қўзичоғим, чамамда сени салгина севиб қолганга ўхшайман. Лекин бу кўпга чўзилмайди. Ит билан бўри чиқиша олмайди. Борди-ю, сен лўлилар қонунини қабул қилсанг, балки мен сенга ёр бўлишга розилик берармидим. Лекин бу ақмоқона иш; ҳеч қачон ундай бўлиши мумкинмас. Йўқ, қўзичоғим, гапимга ишон. Сен жуда осонликча қутулдинг. Сен шайтонга дуч келдинг, шайтонга, у ҳамиша ҳам ичи қоралик қилавермайди, бошингга кулфат ҳам солгани йўқ. Қўй терисида бўлсам-да, лекин қўй эмасман. Дуо ўқи. Хўш, яна бир бор, алвидо. Кетавер. Карменсите тўғрисида ўйлаб хомтама бўлма, йўқса, сени ёғоч оёқли бевага дорга уйлантириб қўяман.
Кармен эшикнинг тамбасини суриб, мантильясига ўралиб, тескари ўгирилади. Чироқ ўчади.
ИККИНЧИ ХИЁНАТ, БИРИНЧИ ҚУРБОН
Биринчи парда, олтинчи кўриниш.
Карменнинг хохолаб кулгани эшитилади. Чироқ ёришади. Кармен ва мансаби ошган, Хосеитонинг офицерлик кийимини кийган 1-соқчи билан қўлтиқлашиб ширакайф бўлиб келади.
Кармен: Мана шу ер. Яна байрам…
Кармен эшикни очади. Ичкаридан соқоллари ўсган Хосеито чиқади. Кармен гапин тугатолмайди.
Кармен: Кет!
1-соқчи:Сен бу ерда нима қиляпсан? Қани, жўнаб қол постингга!
Кармен: Мана шу ер менинг постим. Ўзинг жўна.
Офицер қолиш учун кийимимни ҳам ечаётганини куриб ХОСЕИТОнинг ёқасидан ушлайди-да, силкитади. ХОСЕИТО уни ҳам силтаб юборади.
1-соқчи: Майли, кетаман. (ортига ўгирилиб чаққонлик билан қиличини суғуриб, Хосеитога ташланади.) Лекин аввал сени ўлдириб кетаман. Кармен бугун меники.
Хосеито чап бериб қолади. Кармен ХОСЕИТОнинг қўлидан маҳкам ушлайди, бундан фойдаланган 1-соқчи пешонасига қилич солади, қиличининг изи тушади. ХОСЕИТО ўзини орқага ташлаб ва тирсаги билан туртиб Карменни йиқитади; кейин поручик ҳамла қилаётганини кўриб, унга қилич санчади. Шунда Кармен чироқни ўчиради. ХОСЕИТО отилиб кучага чиқади. Кармен ҳам ХОСЕИТОнинг ортидан бирга кетади.
Кармен: Тентак канарейка! Бемаъниликдан бошқани билмайсан. Ахир, мен сенга бахтсизлик келтираман демабмидим. Ҳечқиси йуқ, мендек лўли билан иноқ булсанг, ҳамма ишни тўғирлаш мумкин. Ҳаммадан олдин бошингни манави рўмол билан боғлаб олда, қайишингни ечиб ташла.
Кармен ХОСЕИТОнинг пешонасини боғлаб, ичкаридан бошқача эски йўл-йўл плашч кийдирадида елкасидан олиб кетади.
ҚАРОҚЧИ ЛЎЛИЛАР МАКОНИ
Биринчи парда, еттинчи кўриниш.
Хилват апельсинзор. Кармен эртаси куни ХОСЕИТОни қўлтиқлаб, бир апельсин бутаси остига ётқизади. Кармен ХОСЕИТОнинг бошидаги рўмолни ечиб, қонни артиб, бошқа рўмол боғлайди. ХОСЕИТО турмоқчи бўлади, лекин Кармен уни ётқизади.
Кармен: Ҳадемай тузалиб кетасан. Лекин иложи борича тезроқ бу шаҳардан жўнашинг зарур. Чунки одам ўлдирдинг, бу ерда қўлга тушгудай бўлсанг, отиб ташлашлари аниқ. Қўзичоғим, сен бирор иш билан шуғулланишинг керак. Ҳарбийлар энди сени гуруч билан ҳам, балиқ билан ҳам боқмайди. Пул топиш тўғрисида бош қотиришинг керак. Ўғрилик қилишга жуда хомсан, лекин эпчил, бақувватсан; агар сен ўктам йигит бўлсанг, денгиз бўйига бориб контрабандистлик қил. Сени дор остига олиб бораман, деб ваъда қилмабмидим! Бу – отилиб ўлишдан кўра дурустроқ. Шуниси ҳам борки, ишга киришсанг, соқчилар тутиб олгунигача ошиқона ҳаёт кечирасан.
ХОСЕИТО: (ўзига ўзи) Бу хатарли турмуш бизнинг алоқамизни янада мустақкамлайди.
Кармен: (биқинини ушлаб қотиб-қотиб кулиб) Эрлар хотинларини олиб, кичкинагина чайлаларига кириб кетиб, ўтказган кечаларидан яхши нарса йўқ.
ХОСЕИТО: Иккаламиз тоғларга чиқиб кетсак, сендан хотиржам бўламан! У ерда мен ўйнашларинг билан талашиб-тортишиб юрмасдим.
Кармен: Ҳа, рашк қиляпсан! Ўзингга қийин. Наҳотки, шунчалар тентаксан-а? Ахир, бирор марта қам сендан пул талаб қилганим йўқ-ку, шу сени севишим нишонаси эканини кўрмаяпсанми? Фақат ҳаммага бу менинг хотиним деб мақтанишинг шарт эмас.
ХОСЕИТО туриб, Карменни бўғмоқчи бўлади. Тўдабоши Данкейро вино бочкасини кўтариб кириб келади.
Данкейро: (ХОСЕИТО билан кўришади.) Тўдамизга хуш келибсан. (лейтм) байрам давом этади.
Данкейро: Тўдамиз кенгайгани учун ичамиз. (бочкадан вино олиб ичади) Ва яна, Кармен эрини озод қилгани учун!
Кармен чиқиб кетади.
ХОСЕИТО: Нима-нима? Эринини қутқарди!? Демак, у эpгa текканми?
Данкейро: Ҳа, бир кўзи кўр Гарсияга, худди ўзига ўхшаш айёр лўлига теккан. Шўрлик қамоқхонада эди. Кармен қамоқхона врачининг шу қадар бошини айлантирдики, (ХОСЕИТОнинг елкасига қўл ташлаб косани унга узатади.) натижада, эрини халос этишга муяссар бўлди.
Кармен қайроғини шақиллатиб, хуштак чалади.
Данкейро: Келяпти, тайёргарлик кўр.
Данкейро ва Кармен апельсинлар ортига яширишинишади. Қора шарпа уларга яқинлашади. Унинг ортидан Кармен келади. Данкейро бир арқонни тортади, тепада катта тўр билан билинмай турган кичик тўр шарпанинг устига тушади. Данкейро уни ўраб оғзи-бурнини қисиб ҳушдан кеткизади. Хосеито ҳам ёрдамга келиб, уни бир чеккага олишади. Бу вақт давомида Кармен йўловчининг ҳамёнини, соатини, узукларини олади.
Данкейро: (ҳаракат қилиш мобайнида) Бу хотин эмас, олтин! Икки йилдан бери эрини қутқариш ҳаракатида юрди. То врачни ўзгартирмагунларича ҳеч қандай натижа чиқмади. Афтидан янги врач билан тезгина “ўша масалада” келишиб олганга ўхшайди.
Хосеито ўйланиб қолади. Ҳамма битта косадан вино ичади. Куй бошланади. Данкейро чиқиб кетади. Кармен ва ХОСЕИТО дуэт айтиб, рақс тушишади. Бир кўзи ғилай Гарсия келиб, ўртасига туриб олиб қўшилгач, трио бўлишади. Кейин тўданинг 4-аъзоси қўшилади.
ХОСЕИТО: Бу шаҳарда баққол, мисгарман, У шаҳарда эса савдогарман.
Ҳаммасини суриштирсангиз, Ўғри, каззоб, қароқчиман.
Кармен аҳён-аҳёнда қайроқни шақиллатар, пичирламоқчи бўлгандай энгашарди-да, Гарсияга билдирмай деярли мажбур қилиб ХОСЕИТОни ўпарди, бу ҳол икки-уч марта такрорланади.
ХОСЕИТО: Сен иблиссан!
Шу пайт милтиқлардан ўқ узилади. Ҳамма дув тарқалади. Ҳарбийлар бостириб келади. Тўданинг 4-аъзосига ўқ тегиб йиқилади. ХОСЕИТО унга кўмаклашмоқчи бўлади. Гарсия Хосеитони силтаб ташлайди.
Гарсия: Ақмоқ! Бизга ўлаксанинг нима кераги бор? Уни саранжомла, қўрқма, ҳеч нима бўлмайди. Бизни таниб қолишмасин.
Гарсия тўданинг 4-аъзосига ўзи ёрдамлашмоқчи бўлади. Лекин Хосеито кетиш билан унинг юзига ўн марта ўқ узади ва кетади.
Гарсия: Ана энди уни таниб олса-олишаверсин.
Хосеито ва Гарсия ҳам кўздан йўқолади.
КАРМЕННИНГ ИККИНЧИ ЭРИ
Биринчи парда, саккизинчи кўриниш.
Хосеито апельсин тўла сават кўтариб Карменни излаб юради. Ҳар томонга мўралаб юради.
Кармен: (юқоридаги парда ортидан) Ҳой, апельсинфуруш!
ХОСЕИТО Карменни излаб қолади. Юқоридаги айвонга ипак халат кийган Кармен чиқади. Малласоч ажнабий келиб Карменнинг белидан қучоқлайди. Кармен унинг юзини силайди.
Ажнабий: Сеньорита апельсин хочет. Принеси…
Хосеито юқорига чиқиб, Карменга апельсин узатади.
Кармен: Мен билан бир оғиз ҳам русча гаплашмайсан, мени танимайсан. (Кейин ажнабийга қараб) Я вам сказал, его знал первим взглядом, он из кишлака. Қандай ажойиб. Унинг башараси тентакнамо-а, тўғрими? (Хосеитонинг сочини силаб) Худди омборхонада қўлга тушган мушукка ўхшайди.
ХОСЕИТО: Сенинг башаранг эса, беномус фоҳишаникига ўхшайди! Жазманингни олдида афти башарангни дабдала қилиб ташлагим келяпти.
Кармен: Жазманинг олдида эмиш! Айт-чи, шу гапни ўз ақлинг билан топдингми? Шу ақмоқдан мени рашк қиляпсанми? Похол устида сен билан ётганимиздагидан ҳам тентакроқ бўлиб қолибсан, ҳозир мен лўлилар иши билан банд эканимни, шу ишни дўндираётганимни кўрмаяпсанми, каллаварам. Бу уй меники, пуллари меники! Мен унинг тумшуғидан сим ўтказиб судраб юрибман, уни шундай бир жойга бошлаб бораманки, у ердан икки дунёдаям чиқиб кета олмайди.
ХОСЕИТО: Мен булсам, биз лўлилар ишини шу хилда бажарадиган бўлсанг, шундай адабингни бераманки, бундай ишни қайтиб орзу қилмайсан.
Кармен: Бир ками шу эди! Нима, сен эриммисанки, менга хўжайинлик қиласан? Бир кўзи кўр эрим бу ишимни маъқуллайди, хўш, сенинг нима дахлинг бор? Мени жазманим бўлиб аталишга сазовор бўлган ягона одам эканинг сенга камлик қилдими?
Ажнабий: Что?
Кармен: У ичким келяпти, бир стакан вино беришса йўқ демасдим,деяпти!
Кармен хохолаб кулади. Ажнабий вино идишини ХОСЕИТОга узатади.
Кармен: Унинг қулидаги узукни кўряпсанми? Хоҳласанг, шуни сенга совға қиламан.
ХОСЕИТО: Мен сенинг ажнабий келгиндинг билан тоғда учрашиш ва ҳар биримизнинг қўлимизда биттадан мана шунақа узук бўлиши учун бармоғимни беришга тайёрман.
Ажнабий: Узук? Это что?
Кармен: Узук… (ҳамон куларкан) апельсин дегани.
Ажнабий: Вот так? (ХОСЕИТОга бир танга бериб) Завтра тоже принеси…
Кармен ўзи юраолмайдигандай унга қўлини тутди. Ажнабий ва Кармен қўлтиқлашиб ичкарига кириб кетади. ХОСЕИТО пастда кутиб ўтиради. Қоронғилик чўкади. Кармен чиқади.
Кармен: Жонгинам мен ажнабийни қишлоққа боришга кўндирдим. (Шундай деб қотиб-қотиб кулди.) Мен у билан ўтадиган йўлларимизни сенга кўрсатаман. Сизлар унга ҳужум қиласизлар; ҳамма нарсасини шилиб оласизлар. Аввал бу ажнабийнинг қаршисига бир кўзи кўр эрим чиқсин. Сизлар сал кейинроқда туринглар, у довюрак, эпчил; унинг тўппончалари жуда яхши… Тушундингми?
ХОСЕИТО: Йўқ, у сенинг эринг бўлса ҳам мен унинг ўлиши учун бундай номардлик қилолмайман. Балки, бир куни сени ундан халос этарман, лекин биз эркаккклар одати бўйича орани очти қиламиз. Мен тасодифий лўлиман; лекин баъзи бир нарсаларда, халқ ибораси билан айтганда, ҳалол эркак бўлиб қоламан.
Кармен: Сен ақмоқсан, миянг йўқ. Сен узоққа тупура олганидан ўзини новча одам деб ўйлайдиган паканафақирсан. Сен мени севмайсан, жўна.
ХОСЕИТО: Кетишга, шерикларим ёнига қайтишга ва ажнабийни кутишга ваъда бераман.
Кармен: (Хосеитони ўпиб) Мен ҳам ёнингга қайтгунча уйни ёнимга йўлатмайман, ўзимни касалга солиб юришга ваъда бераман.
Кармен кетади.
Ажнабий: Моя бабочка, где ти?
Кармен шошиб, ичкарига кириб кетади. Хосеито қолади. Нур хиралашади.
ХОСЕИТО: Ўв, бир кўзли маҳлуқ, эшитишимча, пичоқбозлик қилишда полвон бўз болалардан қолишмасмишсан? Мен билан пичоқбозлик қилишга журъатинг етадими?
ХОСЕИТО қўйнидан пичоқ чиқариб, ўзини жанга тайёрлайди. Чап қўлини юқори кўтариб чап оёғини олдинга қўйиб, пичоқни ўнг сони ёнида тутади. Учап оёғимда гир айланиб, пичоқни тўғрига санчиб олади. Кейин бир четга яширинади.Нур ёришади. Юқоридан сафарга отланган Ажнабий ва Кармен тушиб келишади. Бир четда Данкейро пайдо бўлади ва Хосеито иккаласи пойлай бошлашади. Данкейро арқонни тортади, тўр Ажнабийнинг устига тушади, лекин у чаққонлик қилиб, Данкейронинг ўзини тўрга туширади. Кармен Ажнабийни туртиб юборади. Хосеито иккинчи тўрни тушириб, Ажнабийни ўраб олади. Данкейро тўрдан чиқиб, Ажнабийни судраб кетади.
Кармен: Ғилай қани? Эрим…
ХОСЕИТО: Энди сен бевасан.
Кармен: Сен ўлганингда ўзгарасан. Ғилай сени ўлдирган бўларди. Сенинг усулинг бачкана нарса, у бўлса сендан кўра зўрроқларни ҳам нариги дунёга жўнатган. Лекин афтидан, унинг куни битган экан. Сенинг ҳам кунинг битади.
ХОСЕИТО: Менга ҳалол хотин бўлмасанг, сенинг ҳам кунинг битади.
Кармен: Хўш, нима бўпти! Мен иккаламизнинг бирга ўлишимизни кофе қуйқасида бир неча бор кўрганман. (қайроқни асабий шақиллатади.) Майли! Нима бўлса бўлар энди.
ХОСЕИТО: Энди сенинг ҳақиқий эринг менман.
Кармен: Биласанми, менга ҳақиқий эр бўлганингдан бери, ўйнашлик вақтингдагидан кўра сенга муҳаббатим совиди. Мени азоблашларини, ҳаммадан ҳам муҳимроғи менга хўжайинлик қилишларини ёқтирмайман. Менинг бирдан-бир хоҳишим эркин бўлиш, кўнглимга келган ишни қилишдир. Кўзингга қара, сабр косамни тўлдирма. Жонимга тегаверсанг, бирорта бўз болани ахтариб топаман, сен бир кўзи кўрни нима бўлсанг, у ҳам сени шундай қилади.
Кармен қайроқ шақиллатиб рақсга тушади. Хосеитони хурсанд қилади. От дупури эшитилади. Хуштак чалиб Данкейро шошиб кириб, ўз юкини олиб қочади.
Данкейро: Ҳарбийлар келишяпти. Қочинглар…
Хосеитонинг тиззасида ўтирган Кармен ҳам чаққон қочиб қолади.Ўқ овози эшитилади.Қаттиқ ярадор бўлган ХОСЕИТО йиқилади.Кармен уни олиб кетади.Бир четга яшириб қўяди.Ҳарбийлар уни тополмайди.Кармен ҳушидан кетган Хосеитонинг жароҳатини рўмоли биланбоғлайди.Унга тикилиб туради
КАРМЕННИНГ ҚЎЛИНИ СЎРАШ
Биринчи парда, тўққизинчи кўриниш.
Ҳаммёқда апельсин сочилиб ётади. Ниҳоят, ХОСЕИТО тузалади.
ХОСЕИТО: (Карменнинг сочларини силаб) Бу шаҳарни тарк этиб, бошқа шаҳарда ҳалол яшашга уриниб кўрайлик!
Кармен: (масхаралаб кулиб) Биз карам экиш учун яратилган эмасмиз, паильо ҳисобига яшаш пешонамизга, ёзилган. Ҳа, айтгандай, мен Натан бен Юсуф билан бир иш ҳозирлаб қўйдим. Унинг ип-газламаси бор, ўша газламалар йўлга чиқиш учун фақат сенга маҳтал бўлиб турибди. Унинг умиди сендан. Ўз сўзингнинг устидан чиқмасанг, шерикларимиз нима дейишади?
Кармен кетади. ХОСЕИТО ҳолсиз ўтиради.
Данкейро: Буқа жанги бўлувди, Кармен унга борган экан. У Лукас деган жуда абжир бир пикадорни кўп гапирди. Кейин Кармен билан Лукасни бир савдогарнинг уйида кўрдим.
ХОСЕИТО: (Кирган Карменга) Пикадор билан кандай вазиятда, нима учун танишгансан?.
Данкейро: У қўлидан иш келадиган йигит. Агар дарё шовилласа, унда ё сув бор, ёки тош. У буқа жангида бир минг икки юз реал ишлади. Иккидан бири: ё уша пулларни тортиб олиш керак, ёки яхши чавандоз, довюрак одам бўлгани учун шайкамизга жалб этишимиз мумкин. Фалончи-фалончилар ўлиб кетишди, сен уларнинг ўрнига одам олишинг лозим. Лукасни шайкангга қабул қил.
ХОСЕИТО: Менга унинг пули ҳам, ўзи ҳам керак эмас, у билан гаплашишингни ман қиламан!
Кармен: Эхтиёт бўл. Жиғимга тегишни бас қил, Мен ҳам қасдмақасдликка қиламан.
ХОСЕИТО бир шапалоқ уради, Карменнинг ранги қариб кетиб йиғлаб юборади.
Кармен: Мен эсимни таниганимдан бери ҳеч ким урмаган!
ХОСЕИТО: Мени кечир.
Кармен аразлаб кетади.
Кармен: Балиқ қовоқхоансида байрам, ўша ёққа боргим келяпти. У ерда ким серпул бўлиб қайтганини билиб, сенга айтаман.
ХОСЕИТО рухсат бергандай бош силкийди. Кармен кетади. ХОСЕИТО ҳам унинг ортидан эргашади.
Биринчи парда, ўнинчи кўриниш.
Саҳнанинг икки четидаги скамейкада ХОСЕИТО ва Кармен бир-бирига қарама-қарши ўтиради. Ўртадан қизил мато ушлаган Лукас чиқиб, рақс ижро этади. У ўзини илтифотли қилиб кўрсатади. Карменга таъзим қилади. У гўёки буқанинг какардасини юлқиболиб, Карменга тақдим этади. Кармен бўлса, уни ўша заҳотиёқ сочига тақиб олди. Хосеито ўрнидан туриб кетади. Лекин кетолмайди. Лукас рақсини яримтлатиб кириб кетади.
ХОСЕИТО: (Карменнинг қўлидан ушлаб) Мен билан юр!
Кармен: Нима бўпти, кетдик!
ХОСЕИТО: Менга қара, мен бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммасини эсимдан чиқараман. Сенга ҳеч нарса демайман, мен бир нарсани, яъни мен билан бошқа шаҳарга жўнаб, ўша ерда тинчгина яшашни ваъда қил.
Кармен: Йўқ, мен мана шу юртимни ташлаб кетишни истамайман. Менга шу ерда яхши.
ХОСЕИТО: Чунки бу ерда Лукас пикадор билан биргасан-да, лекин эсингда бўлсин: у ҳам узоқ яшамайди. (бурилиб) Эй, у билан пачакилашиб юриш менга зарур келибдими! Жазманларингни ўлдиравериш жонимга тегди, энди ўзингни ўлдираман.
Кармен: (кўзларини чақчайтириб тикилдида): Ҳамиша сен мени ўлдирасан деб ўйлардим. Сени биринчи марта кўрган куним, уйимдан чиқиб, руҳоний билан учрашган эдим. Бугун кечаси чиққанимизда ҳеч нарсани пайқамадингми? Мушук йўлимизни кесиб, ўтди. Бу тақдир.
ХОСЕИТО: Карменсите, сен мени ортиқ севмайсанми? (Кармен жавоб бермаййди. У устида оёқларини чалиштириб ўтирар ва ер чизар эди.) Кел, энди бошқача яшайлик, Кармен, ҳеч нарса бир-биримиздан жудо қилмайдиган бирор ерга борамиз. Ўзингнинг хабаринг бор, шу ерга яқин жойда, эман дарахти остига кўмиб қўйган бир юз йигирма тилламиз бор…
Кармен (жилмайиб): Аввал мен, кейин сен. Менга аён, худи шундай булиши керак.
ХОСЕИТО: Яхшилаб ўйла. сабр-тоқатим тугаяпти. Қўрқяпман. Қани, бир қарорга кел, йўқса, масалани ўз билганимча ҳал қилиб қўя қоламан. Мен ибодат қилиб келаман.
Кармени кўйлагининг этагини ёриб, у, ерга яшириб қўйилган қўрғошинни олиб шиша бокалга термилиб ўтиради. Бутун фикру хаёли фол очиш билан банд. ХОСЕИТО кирганини пайқамайди. У гоҳ, бир бўлак қўрғошинни олиб ғамгинлик билан у ёқ-буёғини айлантириб кўрарди, гоҳо аллақандай сеҳргарликка оид қўшиқни хиргойи қиларди.
ХОСЕИТО (тиз чўкиб) Кармен, сиз мен билан ке тасизми?
Камрен ўрнидан туради, бошига рўмолини ёпинади.
ХОСЕИТО : Хўш, шундай қилиб, Карменим, сен мен билан бирга, битта оила бўлишни истайсан-а?
Кармен: Мен ўлгунимча сен билан бирга бўламану лекин сен билан яшамайман. Мени шу ерда ўлдирасанми? Ҳа, шу ердами? (У рўмолини бошидан олади ва оёқлари остига ташлаб, икки қўлини биқинига тирайди-да, тик боқиб тураверади.) Муддаоинг мени ўлдириш, буни биламан. Тақдир шундай экан, лекин сенга бўйсунмайман.
ХОСЕИТО: Сендан ўтиниб сўрайман, эс-ҳушингни йиғ. Гапимга қулоқ сол! Ўтган ишга салавот. Аммо ўзинг ҳам яхши биласанки, сен мени нобуд қилдинг; сени деб ўгри бўлдим, қотил бўлдим. Кармен! Карменжоним! Кел, сени халос этай, сен билан бирга ўзим ҳам халос бўлай. Оила қурайлик.
Кармен: Хосеито, сен мендан қўлимдан келмайдиган нарсани талаб қиляпсан. Мен сени ортиқ севмайман; сен бўлсанг, ҳали ҳам севасан, шунинг учун ўлдирмоқчисан. Мен сенга яна ёлғон гапиришим мумкин эди, лекин ундай қилишга эриняпман. Орамиз очиқ. Менинг эрим бўлганинг учун мени ўлдиришга ҳақинг бор, лекин Кармен ҳамиша эркин бўлади. Лўли бўлиб туғилган экан, лўли бўлиб ўлади.
ХОСЕИТО: Демак сен Лукас пикадорни севасанми?
Кармен: Ҳа, сени севганим сингари уни ҳам бир дақиқагагина севгандим; эҳтимолки, уни сендан кўра камроқ севгандим, энди мен ҳеч кимни севмайман, бир маҳалда сени севганим учун эса, ўзимдан нафратланаман.
ХОСЕИТО (унинг оёғига йиқилади. Қўлларидан тутиб, уларни кўз ёшлари билан ювади.) :Бирга кечирган бахтиёр онларимизни эсла. Агар хоҳласанг қароқчи бўлиб қоламан.
Кармен: Мен сени яна севолмайман. Сен билан яшашни эса истамайман!
ХОСЕИТО ғазаби жўш уриб кетади. Шартта пичоқни суғуриб, намойишкорона яқинлашади.
ХОСЕИТО: Сўнгги марта айтаман! Мен билан қоласанми?
Кармен: Йўқ! Йўқ! Йўқ!
Ажнабийдан олиб, совға қилинган узукни бармоғидан суғуриб олиб, буталар орасига улоқтириб юборади.
ХОСЕИТО Карменга икки марта пичоқ уради. Иккинчи марта пичоқ урилганда, Кармен ҳиқ этмай йиқилади. ХОСЕИТОга тикилиб туради.
Кармен: Кошки ўрмонга кўмилсам…
ХОСЕИТО узукни анча ахтариб, алоҳа топади. Узукнимурданинг ёнига қўяди. Хосеито хўнграб йиғлайди. Юқоридаги қора тўр унинг устига тушади. Икки соқчи келади. Парда тушади.
ПАРДА
26 март, 2017 йил
Таржимон: Р. Комилов (1967 йил)
СОВЧИЛАР
Бир пардали комедия
ҚАТНАШЧИЛАР:
ОЙЗОДА АЯ – оила бошлиғи, 55 ёшли кайвони аёл.
УМИДА – оиланинг кенжа қизи, ёши ўттизга бориб қолган, ҳамшира.
СУЛТОН – Умиданинг тоғаси, эллик ёшларда, замонавий кийинган, ўзига яраша бой. Ўзини яхши статистикачи деб санайди. Лекин статистика ҳақида ҳеч қанақа китоб, газета ўқиган эмас. Ўйлаганлари унинг-чун статистика.
ТОХИР – Зумраднинг эри, мақолнавис, бозордаги бизнесмен.
ЎҒИЛОЙ – оилада ўртанча қиз, ўғил бола характерли, шаддод жувон.
ИХТИЁР – Ўғилойнинг эри, лақаби "Шоиржон-шеърчи", таксичи.
ЭЛЁР – ўта ҳазилкаш бўйдоқ йигит, ёши ўттиз бешда.
ПОШШОХОН – қўшни хотин. Укасининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр.
ЗУМРАД – қўшни аёл, иримчи.
ҲУШЁРБЕК – Зумраднинг ўғли, ўзини ўта ақлли ҳисоблайдиган бўйдоқ.
ШАХСИДДИН – ўзини қори деб эълон қилган, аслида қидирувдаги жиноятчи.
ЎРОЗБЕК – Саломатнинг укаси, собиқ маҳбус, 40 ёшли, чандиқ юзли тепакал.
Қўни-қўшнилар.
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Маҳалла гузари. Карнайдан оқсоқолнинг овози эшитилади.
Овоз: Ҳой, маҳалла аҳли, ҳамма сайлга! Келинглар, сайл бошланди.
Халқ сайлига марҳамат.
Саҳна четиданОйзода ая бозорхалта кўтарган ўртанчақизи Ўғилой, куёвлари билан келади.
ЎҒИЛОЙ: Ойи, шу ҳашари бизсиз ўтмайдими? Келишимиз шартмиди?
ОЙЗОДА АЯ: Элдан айрилган эллик йил йиғлар деган гап бор. Маҳаллада байрамга тайёргарлик бўлаётган экан, қатнашишимиз шарт, болам, шарт.
ТОХИР: Ҳашаргамас, ойи, очиғини айтаверинг, разведкага боряпсизку. Кичкина қизингизга куёв топгани кетяпмиз. Манави божамниям, эсингизда бўлса, ҳосил байрамида илинтиргансиз.
ИХТИЁР: Нима мен сизга балиқмидим, илинадиган? Мен акуламан.
ОЙЗОДА АЯ: Ўв, балиқ. Ўв, қурумсоқ балиқ, шунақа қурумсоқлигингизни билганимда, икки дунё қармоқ ташлаб қизимни ҳўрак қилмасдим.
УҒИЛОЙ: Бўпти, ойи яна бошламанг. Ундан кўра Умидангизни ғамини енг, махаллада юролмайдиган бўлиб қолдик, ахир ёши ўттизга чиқди. "Фақат дипломлига эрга тегаман" деб юрмаганда, аллақачон неварали бўларди.
ИХТИЁР: Эварали бўларди, денг!
ТОХИР: Ҳа, чеварали бўларди!..
УҒИЛОЙ: Сизларга қуруқ гап бўлса… Бундай эркакка ўхшаб тузукроқ фикр айтсаларинг-чи… Синглимнинг тақдирини ҳам ҳазил қиласизларми?..
ТОХИР: Сенга эркакча фикр керакми, а? Ундай бўлса, эшит… Димоғдор қиз эрга ёлчимас, деган гап бор! Ўттизга чиқиб ўтириб қолган қизни…
ЎҒИЛОЙ: Менинг синглим ҳеч қанақа ўтириб қолмаган!
ОЙЗОДА АЯ: Ҳа, тикка туриб қолган, ўша арзанда синглинг! Бўлдими? Қўй, гапирсин. Дарров томоғидан оласан, а? Тавба!
ИХТИЁР: Майли, синглимизни… яъни ўша ўттиз ёшли ҳамшира қизни ё хотини ўлган бевага узатиш керак…
ТОХИР: Ё унга бир бобойни топиш керак…
ОЙЗОДА АЯ: Бойроқ бўлса, унданам яхши…. Икки-уч йил оёғини уқалаб юрса, катта бойликка эга чиқади.
ЎҒИЛОЙ: Ойи! Яна бошладингизми шу гапни. Умида мана шундай қари қиз булиб қолиб қолишига, кечирасиз-у ойижон, узингиз сабабчи. Кимнинг қорни катта-ю чўнтаги кенг бўлса, ўшангга кенжатой-эркатой Умидамизни узатамиз дедингиз, пули бўлсин, мансаби бўлсин, давлати бўлсин дедингиз, мана оқибати.
ИХТИЁР: Ха, туппа-тўғри, ана гўрковни ўғли Шухратни совчиларини хам қувиб солдингиз.
ОЙЗОДА АЯ: (Жеркиб) Бўпти-бўпти. (Бироздан кейин) Вақтида, эшигимиздан совчилар аримасди. Бирини чўлоқ, бирини бўталоқ деб вақт ҳам ўтди. Энди унинг кўнгилчасига қарамаймиз. Куёвларим!
ТОХИР ва ИХТИЁР : (Бир овозда) Лаббай ойижон
ОЙЗОДА АЯ: Сизларга топшириқ: менга қишлоқданми – шаҳарданми; ёшми – қарими, озғинми-семизми, калтами – узунми, оддийми – жиддийми, ТОХИР: Танишми – билишми, тоғликми –боғликми, соқовми – моховми…
ОЙЗОДА АЯ: Малчать! Сиз кимдан рухсат сураб аралашяпсиз?
ИХТИЁР: Ха, сиз кимдан сураб аралашяп…
ОЙЗОДА АЯ: Стоп! Қисқаси куёв топинглар… Энди танлаш йўқ… Шартта биттасига узатамиз қўямиз. Тушунарлими?
КУЁВЛАР: Худди шундай!
Гузар ҳовлиси одамлар билан гавжум. Кимдир ўчоққа ўтин қалаяпти, кимдир қозонга кафгир солган, кимнингдир қўлида супурги. Саломатхон, Зумрад уларга пешвоз чиқади.
ЗУМРАД: Ҳой, қўшнижон, келмайсизларми?
САЛОМАТХОН: (ОЙЗОДА аяга) Ҳа, келинг-келинг. (Зумрадга) Ҳм, жонимлаб қопсизми, қачондан? Кечагина ит-мушук бўлиб юрувдингизку?
ОЙЗОДА АЯ: Ҳорманглар, қўшнилар. Эрталабдан кўзим учаётганди, шунга эканда!?
Аёллар кўришадилар. Келганлар ишга шўнғиб кетишади. Зумрад Саломатхонни имлаб четга бошлайди.
САЛОМАТХОН: Қалай, жон қўшнингиз қизини етаклаб келмаптими?
ЗУМРАД: Қўйинг, номи ўчсин ўшани… Ўша қариқизи бехосият. Холис ният билан бошлаган ишимизга унинг қўли тегса, қизларимизга ҳам касри уради.
САЛОМАТХОН: Тавба, тавба деб гапиринг. Худо сақласин.
Оқ халат кийган Ҳушёрбек югуриб киради.
ХУШЁРБЕК: Ойи, ойи эшитдингизми?
ЗУМРАД: Нимани жон болам?
ХУШЁРБЕК: Филдай келадиган, тўртта отни кўтарадиган, хўкизга ўхшаган иномаркада қариқизни чучқадай тоғаси чет элдан келибди.
САЛОМАТХОН: Вой, Султонбойми? Қани?
ХУШЁРБЕК: Ана, сомонхона. .. э, гузар ичкарисига кириб кетди.
ЗУМРАД: Ха, Францияга кетган бизнесмен укаси келдими?
ХУШЁРБЕК: Ха, жуда бақувват бўлиб келган шекилли.
Карнайдан СУЛТОН ва ОЙЗОДА АЯнинг овози бутун гузарга эшитилади. Хамма ишидан тухтаб қулоқ солади.
СУЛТОН: Шундай бўлишига ким айбдор, биласизми? Сиз! Иккинчи навбатда мен – қурумсоқ тоғаси айбдор! Статистика маълумотларига қараганда, тўқсон фоиз сепли қизлар ўз вақтида эрга чиқиб кетаркан. Э, опа, сепда гап кўп!!! Шунинг учун, (У сумкасидан калитлар шодасини олиб шиқирлатади.) манави машинани Умиданинг сепига бермоқчиман. Ўшанда кўрасиз, совчиларнинг ёғилиб келишини! (Қўшнилар қилт этмай эшитишади) ОЙЗОДА АЯ: (Ишонқирамай) Нима, жиянингга ростдан ҳам машина совға қилмоқчимисан?
СУЛТОН: Э, опажон агар куёв жентелмен бўлса, икки қаватли уйимни ҳам бервораман. Нима қиламан, учта уйни – меросхўрим бўлмаса!
ОЙЗОДА: Вой, рахмат укажон. Умрингдан барака топ! (овоз учади)
Хамма саросимада ғимирлаб қолишади
ХУШЁРБЕК: Ойи, тушунмадим нима деди?
ЗУМРАДХОН: Хой довдир, жиянига машина ва шахардан квартира берди.
ХУШЁРБЕК: Бу нима дегани?
ЗУМРАДХОН: Бу, отни қамчилаш керак дегани!
ХУШЁРБЕК: Қайси отни?
ЗУМРАДХОН: Ландовур, темирни қизиғида бос дегани.
ХУШЁРБЕК: Қайси темирни?
ЗУМРАДХОН: Хой овсар, сен кимга тортгансан билмайман? Срочно совчиликка бориш керак дегани?
ХУШЁРБЕК: Кимга совчиликка?
ЗУМРАДХОН: (асабий)Катта холангга!
ХУШЁРБЕК: Ойи, катта холам эрга текканку?!
ЗУМРАДХОН: Вой куйдирги, сепи мил-мил Умиданикига совчиликка.
ХУШЁРБЕК: Ие узингиз унинг тили захар дердингизку?
ЗУМРАДХОН: Эй болам, ишинг тушганда эшакниям тога дейсан. Куп гап эшакка юк, қани юр, олдимга туш, отни қамчилаш керак. (чиқиб кетади)
ХУШЁРБЕК: (ортидан) Қайси отни, қайси эшакни?! Ойи…
Тохир Ихтиёрнинг бир қўли билан елкасидан ушлаб бир четга бошлайди.
ТОХИР: Битта яхши фикр бор. Агар шу фикр амалга ошса, машинанинг ярим пули бизники бўлади!
ИХТИЁР: Йўғ-э, осон экан-да?
ТОХИР: Буни менга қўйиб беринг. Маҳалламизнинг имоми бор. Самарқанднинг қайсидир мадрасасидан келган. Чала битган уйида бир ўзи яшайди. Қоп-қора соқолини айтмаса, анча ёш… Сиз қатори-да! Фақат Худони деган: мол-дунёга ўч эмас. Бориб айтамиз: сизга хотин топдик, келин тарафни рози қилиш, тўй харажатлари – биздан деймиз.
ИХТИЁР: Сиз Умидани унга узатамиз демоқчимисиз?
ТОХИР: Ҳа-да! Имомга ўзимиз совчилик қиламиз деймиз. Биз кампирни рози қилсак, уёғи – бир қадам! Мен бошлайман. Сиз қўшилиб ёнимни оласиз.
ИХТИЁР: Қандай бўларкин?
ТОХИР: Қанддай бўлади. Мошинани иккимиз бўлишиб оламиз.Ҳозир биласиз-ку, “иномаркалар” қиммат. Ярмиям йигирмадан ошади-да!!!
ИХТИЁР: Вой-бў!!! Бунга сенинг имоминг рози бўлармикан?
ТОХИР: Э, у машинани шундоқ ҳам берворади. Айтдим-ку, пулга қизиқмайди деб. Унинг устига, биз унга хизматини қиладиган икки оёқлиииии… мошина олиб беряпмиз-ку!!! Қолаверса кампирни ўзи куёв топинглар деб топшириқ бердику.
ИХТИЁР: Тўғрику-я, лекин мен ойижонимдан қурқаяпман, агар бу машмашани, биз мошина учун қилаётганимизни билиб қолсалар, синдирадилар.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/uzbektosh-kilichbek/tozhmakh-al-69917704/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.