Темурий ижодкорлар
Тулкин Хайит
Маълумки, темурийлар орасидан ўттиздан ортиқ ижодкорлар етишиб чиққан, лекин шу кунгача мазкур шахслар ҳақида тўплам, тазкира ёки ихчам рисола деярли йўқ ҳисоби эди. Ўзининг "Турон тунлари", "Вафо маликаси", "Шоҳи Зинда", "Улуғ Амир ўгитлари", "Амир Темур ҳақида ҳикоялар", "Қора Шаҳзода", "Баҳоуддин Нақшбанд ёхуд Бўроқ водийси" қиссаси, "Одамнинг яхшиси" каби тарихий-бадиий асарлари билан сизларга яхши таниш бўлган ёзувчи Тўлқин Ҳайит ана шу сермашаққат ишни амалга оширди. Мазкур рисолани кенг китобхонлар ҳамда ўқув юртларининг муаллимлари, ўқувчилари, талабалари қизиқиш билан кутиб оладилар, деган умиддамиз.
Тўлқин Ҳайит
Темурий ижодкорларРисола
Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланади.
МУАЛЛИФДАН
Ҳар бир ижодкорнинг ўз мақсади бўлади, айниқса, бугунги кунда бой тарихимизнинг очилмаган чашмалари борки, уларнинг оби ҳаётидан шавкатли элимизни баҳраманд этиш айни пайтдаги заруратдир. Чунончи, темурий маликалар ҳақида яхши биламиз, аммо тарихда асосий ўрин тутган беназир темурий ижодкорларнинг бой маънавий олами тўғрисида тўла маълумотга эга эмасмиз. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай сўзлар бор: “Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз эса, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборат. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт, деб ҳисоблайман”. Мазкур мўъжаз рисолани ана шу йўлдаги бир уриниш, дастлабки тажриба, деб билгайсиз, зеро, шу баҳона Темурий ижодкорлар ҳақида бир фикрлашиб кўришни истадик. Улар фақат амирзодалар эмас, балки юксак маънавият соҳиблари ҳам эдилар. Биргина амирзода Бойсунғур Мирзони олайлик: бу олижаноб амирзоданинг ажойиб ғазаллар битгани, Ҳирот тасвирий санъат мактабига асос солгани, у ерда бой кутубхона ташкил этиб, унда ўз даврининг машҳур хаттотлари, наққошлари, мусаввирлари, саҳҳоф ва заркорлари тўпланиб, илмий ва ижодий иш олиб борганлари, 1425-26 йилларда бевосита унинг буйруғи ва аралашуви билан Фирдавсий «Шоҳнома»сининг қирққа яқин қўлёзмалари солиштирилиб, мукаммал матн тузилгани, ҳуснихатда ҳам унга тенг келадиган хаттот топилмагани, бугунги кунда Эрондаги «Қуръон музейи»нинг тўрт томон деворларини Қуръон оятларидан настаълиқ хатида кўчирган ҳуснихат намуналари безаб тургани таҳсинга сазовордир, яна бир аҳамиятли томони, мозийшунос экспертлар ана шу битикларнинг бир қатори қийматини йигирма миллиард АҚШ долларига баҳолашган экан. Қаранг-а, у нақадар етук маърифатли ҳукмдорлардан бири бўлган. Рисолада бундай мисолларга анчагина ўрин берилганки, Темурий ижодкорлар маънавий оламидан олинган бу ёрқин намуналар ўзимизга, бугун ҳаётга катта умид билан дадил кириб келаётган ёшларимизга ҳам арзирли сабоқ бўлишига ишонамиз.
АМИР ТЕМУР – ИЖОД АҲЛИ ҲОМИЙСИ
«Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек, бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор»
Алишер Навоий
АМИР ТЕМУР
(1336 – 1405)
Ўзбек давлатчилиги тарихида Амир Темурнинг ўрни беқиёс ва жуда катта аҳамиятга эга эканлигини жаҳон тан олади. Бу зот нафақат юртини чингизийлар асоратидан озод этди, балки давлатчилик, илм ва фан, ҳарбий ва бунёдкорлик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда ҳам салмоқли фаолият олиб борди.
Ҳақли равишда айтиш керакки, агар ота юрти чингизийлар истибдоди остида бўлмаганида Амир Темур ҳам йирик алломалардан бири сифатида жаҳонга танилиши муқаррар эди, чунки бу зотнинг ҳатто ҳарбий саркардалик фаолияти ҳам юксак салоҳиятининг бир қирраси, холос.
Уни аслида Темурбек, деб эъзозлашган. Ёшлигида кучли хотираси, қувваи ҳофизасининг беқиёслиги билан ўз даврининг етук олимларини, алломаларини ҳайратга солган. Мактабдошлари ичида ҳам ўзининг ҳайротомуз ҳаракатлари билан тенгдошларидан ажралиб турган. Тўққиз ёшида Қуръони каримни ёд билгани, кўпгина масалаларда катталардек фикр юритиб, ўша давр олимларининг меҳрини қозонгани ҳақида айтадилар. Ҳали ўсмирлик пайтиданоқ мустамлака юртининг «юрак азоблари»ни англаб, ғаними кимлигини, халқининг озод бўлишини, тенглар ичра тенг яшашини орзу қилган. Ўсмир ёшида ҳамма ҳам эл-юрт аҳволини бу даражада идрок этолмайди.
Темурбек Жалолиддин Румийнинг «Маънавийи маснавий», озарбайжонлик шоир Маҳмуд Шабистарийнинг «Гулшани роз» («Сирлар гулшани») китобларидаги шеърларни ёд олган эди. Ҳофиз Шерозийга кўрсатган марҳамати эса афсонага айланиб кетган. Нақл қиладиларки, буюк Соҳибқирон шоир Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ҳақида ёзган ғазали учун ҳузурига чақиртирган эмиш. Ўша ғазалдан бир байт келтирамиз.
Агар кўнглимни шод этса шерозлик турк жонони,
Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Бу икки мисра, биринчидан, Амир Темур қайта сайқал берган Самарқанд билан Бухоро шаҳарларининг нуфузи ҳақиқатан ҳам дунёда машҳурлигини намоён этган бўлса, иккинчидан, Соҳибқироннинг ўз одати бўйича улуғ шоирга катта эҳтиром кўрсатганини ҳам билдиради. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу улуғ зотнинг ўзи тарих, адабиёт ва санъат мухлиси, шайдоси бўлган ва бу туйғу авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтган.
У жаҳон сиёсатини, иқтисодини, тарих, фалсафа, илмфаннинг турли соҳаларини яхши билар, бунёдкорлик, меъморчилик ва бошқа кўпгина сир-асрорлардан хабардор эди. Унда авлиёлик қобилияти ҳам бор эди, десак янглишмаган бўламиз. Дунёнинг ўша пайтдаги машҳур олими Ибн Халдун 35 кун мулоқот қилиб, унга юксак баҳо бергани кўпчиликка маълум.
Алишер Навоий ҳазратларининг унинг ҳақида айтган сўзлари бизда жуда машҳур. Олимлар, тарихчилар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам бу сўзни хушнудлик билан такрор этадилар. «Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор». Бу ўринда, унинг «Темур тузуклари»да амир Ҳусайнга ёзган байти шоирлик иқтидори борлигига ёрқин ишора эмасми?!
Ёрга еткур, сабо, ким макр қилмишдир манга,
Қилди эрса кимга макр, қайтадур бир кун анга.
Манбаларда ўттиздан ортиқ темурий шоирлар ҳақида етарли маълумотлар бор. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз 22 темурий ижодкорнинг исм-шарифларини зикр этиб, қисқача тўхталиб ўтган. Улар орасида Ҳусайн Бойқаро, Халил Султон, Улуғбек Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Абулқосим Бобур Мирзо, Шоҳ Ғариб Мирзо ва бошқалар бор.
Бу даврда ўзбек тилида Мавлоно Лутфий, Мавлоно Атойи, Мавлоно Амирий, Мавлоно Яқиний, Мавлоно Гадойи, Мавлоно Муқимий, Мавлоно Латифий, Ҳайдар Хоразмий, Дурбек, Саййид Ҳасан Ардашер, Аҳмадий кабилар яшаб, ажойиб шеър ва достонлар битдилар. Шу билан бирга форсийзабон шоирлар – Амир Қосим Анвар, Мавлоно Котибий, Хожа Исматилло, Мавлоно Бисотий, Мавлоно Яҳё Себак, Мавлоно Тусий, Бобо Савдойи, Мир Шоҳий, Мавлоно Шарафиддин Али Яздий, Мавлоно Муҳаммад Муаммойи, Хожа Масъуд Қумийлар ҳам шеъриятнинг турли жанрларида муваффақият билан ижод этдилар.
Самарқандда ўша даврнинг энг атоқли шоирлари жам бўлган эдилар. Мавлоно Камол Бадахший уларга сардор эди. Улуғбек Мирзонинг ўзи ҳам шеърлар ёзар, шоирлар унга ўзларини яқин тутарди. Унинг шеърият ҳақидаги тушунчалари ниҳоятда юқори бўлганини Саккокий ўз қасидаларининг бирида алоҳида таъкидлаб ўтган.
Улуғбек Мирзо Мавлоно Лутфий битикларини ХIV асрнинг машҳур шоири Салмон Соважий шеърлари билан тенг кўрган эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида рассомчилик, наққошлик санъати ҳам юксак тараққий этди. Дунёга машҳур Камолиддин Беҳзод ва Шоҳ Музаффар номлари бу даврнинг энг кўзга кўринган намояндалари сифатида тилга олинади.
Амир Темур саройида Абдулла исмли мусаввирнинг яшаб ижод этгани маълум. Самарқандда Хўжа Абдулҳай, Мавлоно Шаҳобиддин Абдулла, Мавлоно Заҳириддин Азҳар, Устод Шамсиддин, Жунайд Наққош, Пир Аҳмад Боғишамолий ва бошқалар китоб безаш билан машғул бўлганлар.
Хожа Мирак Наққош хитой чиннисини ясаш ва унга безак беришда тенгги йўқ уста эди. Тарихчи Мирхонднинг ёзишича, у кейинчалик соат ясаб, ёғоч сандиққа ўрнатган.
Бу даврда хаттотлик санъати ҳам ривож топди. Султон Али Машҳадий, Рафиқий тахаллусини олган Мир Али Мажнун, Камолиддин Маҳмуд, Хўжа Абдулқодир Гўянда каби хаттотлар бу санъатни юқори поғонага кўтаришда муносиб ҳисса қўшдилар.
Биз ўша давр манбаларида мусиқа санъатининг юқори даражага кўтарилганининг гувоҳи бўламиз. Самарқандда раққосалар, қўшиқчилар ва мусиқачилар кўп эди. Улар орасида Дарвеш Аҳмад Қонуний, Султон Аҳмад «девона», Султон Аҳмад Удий Самарқандий, мавлоно Девонаи Самарқандий ва бошқалар ажралиб турарди.
Абдулқодир ибн Ғайбий «Мақосид ул-алҳон» («Мусиқанинг мақсадлари») деган рисола ҳам ёзган.
Бастакорлар:
Абдулла Марварид, Ҳофиз Шарбатий, Паҳлавон Муҳаммад;
Хонандалар:
Мавлоно Айний, Ҳофиз Қозоқ;
Созандалар:
Хожа Камолиддин Удий, Али Кармал, Хўжа Абдуллоҳ Садр ва бошқалардир.
Темурийлар даврида тилшуносликка ҳам катта эътибор берилган. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийдан ташқари, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абул – Лайсий, Абулқосим ибн Абу Бакр Лайсий Самарқандий, Исомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ Исрафонийлар тилшунослик соҳасида жуда катта асарлар ёзиб қолдирганлар.
Шулардан ҳам кўринадики, Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган йилларда нафақат юртимизда, балки жаҳонда ҳам ҳар соҳада ривожланиш, кўтарилиш, ўсиш ва тараққиёт даври бўлган эди. Хулласи калом, бугун эса сиз билан Амир Темур ва темурийлар даври адабиёти, санъати тўғрисида сўз юритамиз. Бунинг сиз учун ҳам қизиқарли ҳамда аҳамиятли эканлигига шак-шубҳа йўқ: улуғларни эслаб туриш, уларнинг номларига, бизга қолдирган меросларига ҳурмат кўрсатиш бурчимиздир. Барчаларининг руҳлари шод бўлсин!
ШОҲРУХ МИРЗО
(1377–1447)
Амир Темурнинг тўртинчи ўғли, 1377 йилнинг 20 августида пайшанба куни туғилган. Машҳур тарихчи Хондамирнинг «Насабнома»сида айтилишича, онаси Тоғай Туркон оқадир. Сарой-мулкхоним қўлида тарбия топган.
Нақл қилишларича, Шоҳрух Мирзо туғилиши билан хушхабар етказилганда, Амир Темур шоҳмот билан машғул бўлиб, қўлида «рух» ушлаб турган экан. «Рух» донасига боққан Соҳибқирон ҳазратлари суюнганча «Исми Шоҳрух бўла қолсин» деган эмиш.
У отаси Амир Темур вафотигача Хуросон ҳокими бўлиб турди, сўнгра 1409 йилда эса хиёнаткор жияни Халил Султон юзага келтирган парокандалик ва ўзи бўларчиликка барҳам бериб, уни тахтдан тушириб, ўрнига 15 ёшли Улуғбек Мирзони тайинлаб, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ироқ, Хуросондан иборат катта давлат жиловини узоқ йиллар ўз қўлида тутди. Умуман, Амир Темурнинг ўғиллари орасида энг иқтидорлиси, оғир-босиқ ва ўта адолатли, тадбиркор, илоҳиётни яхши англаган ва узоқ ҳукмдорлик қил-ган ҳам шу Шоҳрух Мирзо эди. Алишер Навоий ҳазратлари уни «Ҳоқон саййид Шоҳрух Мирзо» дея таърифлаб, қуйидагича ёзади:
«Бу фақири ҳақир Бобур Султон муборак тилидан мундоқ эшиттимким, бир мажлисда акобир сари боқиб Шоҳрух Мирзодин нақл қилдиларким, устод Қивомиддин меъморға бир иморат жиҳатидин эътироз қилиб, бир йил мулозаматидин маҳрум эткондур. Йил бошида тақвим истихрож қилиб, бу васила била шояд Мирзонинг муборак дийдорин кўра олғайман деб, эшикка келиб, судурни восита қилиб, они судур кўргузуб тақвимин арз қилибтурлар. Мирзо табассум қилиб, бу байтни ўқубдурлар:
Замин ишида амалинг дурустдур,
Осмон ишида ружулигинг недур.
Бу шуни кўрсатадики, Шоҳрух Мирзонинг ҳам назм ошуфтаси бўлганлиги рост.
СУЛТОН ИСКАНДАР ШЕРОЗИЙ
(1384–1415)
Умар Шайх Мирзонинг учинчи ўғли. 1384 йилда туғилган. Онаси Мулкат оқа бегимдир.
Амир Темур бобоси уни жуда эъзозлаган. 1403 йилда Ҳамадон вилоятининг ҳокими этиб тайинлаши бунга мисолдир. 1410 йилда эса акаси Пир Муҳаммад Мирзо Шерозий Дучоҳа мавзеъида амир Хожа Ҳусайн томонидан қатл этилгач, ворис сифатида унинг ўрнига тахтга ўтиради.
Султон Искандар Шерозий деб аталиши шундан келиб чиққан. У тез орада Ироқ ва Шом вилоятига қойим бўлиб, хутбани ўз номига ўқитади.
1414 йилда ҳоқон Шоҳрух Мирзо қўшинига қарши дадил отланиб чиқади, аммо енгилиб, Исфаҳон қалъасига беркиниб олади ва 1414 йилнинг 20 июлида асир тушади, 1415 йилнинг июнь ойида эса қатл этилади.
Унинг адабиётга, санъатга ошуфта инсон бўлганлиги манбаларда қайд этилган, хусусан, ҳазратимиз Алишер Навоийнинг ёзишича, «Султон Искандарни дерларким, таъби назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурлар.
Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Ҳалабни ё Руми».
ХАЛИЛ СУЛТОН
(1384 –1411)
Халил Султон – Амир Темур жанобларининг вафотидан сўнг Турон тахтига беш йил эгалик қилган ҳукмдор, шу билан бирга ажойиб ғазаллар битган шоир ҳам эди. Алишер Навоий «ўзи шеър айтур эрди» дейди ва унинг бир девони борлигини ҳам эслатиб, дилига тушган қуйидаги байтини тилга олган:
Эй турки пари пайкаримиз, тарки жафо қил,
Коми дилимиз, лаъли равонбахш раво қил.
Тарихда фожиали тақдирга эга бу амирзода ҳақида кўп ёзишган. Ҳақиқатан ҳам, унинг ўзгаларнинг сўзига кириб, улуғ Соҳибқирон бобосининг васиятига тескари боргани бошига бало келтирди. Улуғ салтанат тахтига аслида Пир Муҳаммад Мирзо ўтириши керак эди. Бу ҳам катта сабоқ: дунёнинг биз сезмайдиган, англолмайдиган ўз тошу тарозиси борки, у бор ҳақиқатни вақти келиб, ўз ўрнига қўяди.
Тарихдан маълумки, бу амирзода Мироншоҳ Мирзонинг учинчи ўғли бўлиб, 1384 йилда туғилган. Ёшлигида Сароймулкхоним қўлида тарбия топган. Онаси Ўзбекхоннинг невараси, хоразмлик Хонзодахон (Севинч бека)дир.
Шарафиддин Али Яздий ёзиб қолдирган маълумотларга кўра, у жуда истеъдодли, қатъиятли ва жасоратли баҳодир йигит бўлган. 1398 йилнинг 18 ноябрида Деҳли остонасида Амир Темур билан Султон Маҳмудхон ўртасидаги жангда жасорат кўрсатиб, назарга тушган. Ўшанда айнан унинг тадбири билан жанговар филларга қарши олов ёқилган туялар жангга киритилган ва Ҳинд қўшини орасида парокандалик юзага келиб, Турон қўшинларига ғалаба ёр бўлган эди.
Амирзода Халил Султон улуғ бобосининг 1398–1404 йиллардаги етти йиллик юришларида ҳам иштирок этди. 1402 йилда эса Соҳибқирон Амир Темур Туркистон чегараларида олий қўмондонликни унга ишониб топширган эди.
Халил Султон Самарқанд шаҳрининг қуйи табақасига мансуб Шодимулк исмли канизакни севиб қолган ва унга уйланган. Бу нарса бобосининг ғашига теккан бўлса-да, кейинчалик унинг гуноҳидан ўтган, акс ҳолда, Амир Темурдек улуғ зот Хитойга юриш пайтида уни ўзи билан бирга олиб кетмас эди.
1409 йилнинг 30 мартида амир Худойдод томонидан асир олиниб, Самарқандга олиб келинади. Шартномага мувофиқ, Халил Султон Мовароуннаҳр ҳукмронлигидан воз кечади ва Рай вилояти унга берилади. Шоҳрух Мирзонинг тавсияси билан хотини Шодимулк ҳам унга қайтарилади.
Халил Султон Мирзо орадан икки йил ўтиб, 1411 йилнинг 4 ноябрь Рай шаҳрида касалланиб вафот этади. Айтишларича, унга кучли таъсир этувчи заҳар беришган.
Бу қайноқ қалб темурийзода ижодкорнинг битикларини топиб, тайёрлаб, нашр эттириш муҳтарам тадқиқотчиларимиз зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир.
САЙДИ АҲМАД МИРЗО
(1391–1429)
Амир Темурнинг жўмард набираларидан бири. Шарафиддин Али уни Умар Шайх Мирзонинг фарзанди, деб белгиласа, Хондамир Мироншоҳ Мирзонинг ўғли, деб қайд этган. Фикримизча, Шарафиддин Али Яздийнинг маълумоти анча аниқроқдир, акс ҳолда у бу маълумотни ўзининг «Зафарнома» китобига киритмаган бўларди. Сайди Аҳмад Мирзонинг онаси – Туғлуқсултон жалойир.
1404 йилнинг сентябрь ойида бобоси Амир Темур Конигилда унинг уйланиш тўйида бошчилик қилгани тарихдан маълум.
Фасиҳ Ҳавофийнинг маълумотига кўра, 1407 йилда Шоҳруҳ Мирзо унга Шибирғон вилоятини суюрғол қилиб берган.
Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Аҳмад Мирзони «салим таъб, зеҳнли киши», деб тилга олар экан, «ҳам ғазал, ҳам маснавий, ҳам туркий, ҳам форсий ғазал таврида девони бор»лигини, маснавий тарзида ёзилган «Латофатнома» асари мавжудлигини эслатиб ўтган. Лекин «Латофатнома» достони шу кунгача топилган эмас.
Унинг «Таашшуқнома» достони ҳижрий 839 йилда ёзилган бўлиб, 319 байтни ташкил этади, бизгача тўлиқ етиб келган. Бу достон шахсий кутубхонамда ҳам сақланади. Ажойиб асар. Ўқисангиз, баҳри дилингиз очилади ва жуда кўп таассуротлар оласиз. Муаллифнинг ўзи достоннинг номини, уни қай тариқа ва қачон ёзганини аниқ кўрсатган.
Ҳикоятким, «Таашшуқнома» бўлғай,
Улуғлар қошида аллома бўлғай…
«Таашшуқнома»ни ҳиммат бўлиб ёр,
Тугаттим етти кунда бемададкор.
Секиз юз ўттузу тўққузда эрди,
Ки сўз поёна элтмак даст берди.
УЛУҒБЕК МИРЗО
(1394 – 1449)
Буюк олим, шавкатли султон Мирзо Улуғбек номи жаҳонда машҳурдир.
Унинг дунёга келиши хосиятли кечган экан. Яна бир набира кўрганлиги хушхабарни эшитиб, суюнган Амир Темур жаноблари гарчи Мординлик камонбоз томонидан шавкатли ўғли Умаршайх шаҳид этилган бўлса-да, қалъа аҳлига омонлик инъом этган эди.
Улуғбек Мирзони фалакиёт илмига қизиқтирган ҳам айнан ҳукмдор бобосининг ўзидир. Зеро олимларни ҳаддан зиёд эъзозлаган Соҳибқирон кўнглида армон қолган орзуларни шу невараси тимсолида рўёбга чиқаришни кўзлагани аниқ.
Улуғбек Мирзо томонидан тартиб берилган «Зижи Кўрагоний», яъни юлдузлар жадвали ўз даврининг мукаммал асари эди. Бугун ҳам дунё олимлари унинг астрономик асбоблари қандай ясалганига, 1018 та юлдузни қай тариқа аниқ ҳисоблаганига қизиқадилар. Бу борада ҳали-ҳануз ҳайратлари чексиз. Агар орадаги дақиқалар ихтилофи ҳақида тўхталадиган бўлсак, шунча аср давомида Ер шари ўз ўқи атрофидан неча дақиқа оғганлигини эътиборга олиш лозим. Бундан келиб чиқадики, Улуғбек Мирзо юлдузларнинг координатларини аниқлашда хатога йўл қўйган эмас.
Адолатли султон, машҳур олим Улуғбек Мирзо жонкуяр ота ҳам эди. Ўғли Абдулатиф Мирзо ночор аҳволда қолганида қўшин тортиб бориб, уни ғанимлари қўлидан озод этганлиги тарихдан яхши маълум.
Уларни бир-бирига қарши қўйган темурийларнинг азалий ғанимлари эди. Вазиятдан фойдаланган бузғунчилар Улуғбек Мирзодек буюк инсоннинг умрига зомин бўлишди. Абдулатиф Мирзо эса «падаркуш» деган иснод билан тарихнинг қора саҳифаларидан ўрин олди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/tulkin-hayit/temuriy-izhodkorlar-69917626/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.