Келиннома

Келиннома
Рахима Шомансурова
Сизга тақдим этилаётган ушбу китобдаги мавзу бир қарашда жузъий кўринса-да, аслида уни синчиклаб ўқисангиз, ундаги фикрлар эндигина турмушга чиқаётган қизларга, келинларга, ёш жувонларга айтиладиган зарур гаплар эканига ишонч ҳосил қиласиз. Китобда хусусан ўзбек аёлларига хос бўлган – зукколик, дилбарлик, фидойижонлик, меҳр ва вафо улашиш, яхшилик излаш, ҳаётсеварлик каби гўзал фазилатларнинг шаклланишида энг масъулиятли ва "қалтис" давр ҳисобланган келинлик даврининг қирралари очиб берилади. Мазкур китоб эрта-индин эшигида сурнай навоси янграйдиган қизларга, янги уйларига қадам босган келинчакларга турмуш сабоги бўлади, деб умид қиламиз.

Раҳима Шомансурова
Келиннома

НАШРИЁТДАН
Оила – нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати. Негаки, башариятнинг тириклиги, узлуксизлиги – оиладан! Ахир оиланинг бирламчи – бевосита вазифаси – инсониятнинг авлодлар занжирига ҳам соғлом, ҳам баркамол авлод ҳалқасини улаб боришдан иборат-ку! Бу ҳамма миллат, ҳамма давлат, ҳамма халқларга тегишли. Миллатидан қатъи назар ҳамма халқлар ҳам оилани муқаддас даргоҳ, ўзгаларнинг мўралаши ман этилган мустаҳкам қалъа деб тушунишади.
Замонлар ўзгараверади, оила эса мангу. Бу муқаддас даргоҳнинг устувор қонун-қоидалари ҳам мангудир. Қайси юртда яшамасинлар, бахтли ҳаёт кечираётганларга эътибор берсангиз, улар қалъасининг пойдевори ҳам, девори ҳам, томи ҳам асрлар давомида синалиб келинган муҳаббат, вафо ва садоқат, фидойиликдан таркиб топганини кўрасиз. Одам Ато ва Момо Ҳаводан бери шундай.
Башариятнинг оила, муҳаббат дарди бир. Бу борада йўл қўйиладиган хатолар оқибатида келадиган изтироб, дардлари ҳам бир.
Шарқда оила қадим-қадимдан муқаддас қўрғон ҳисобланган. Биз – ўзбекларнинг ҳам бошқаларга ўрнак бўлгулик ўзимизга хос оиланомаларимиз мавжуд. Хусусан, ўзбек оилаларининг серилдизлик, сербутоқлик хусусиятлари, каттанинг етовига юриш, кичикнинг иззатини жойига қўйиш, меҳмондўстлик каби фазилатлари қадим-қадимдан ва бугунги кунда бошқа миллат кишиларида ҳам ҳайрат, ҳам ҳурмат уйғотган. Ушбу китобда ана шу муқаддас қўрғоннинг посбонлари – қиз, аёл, оналарнинг ўрни хусусида сўз юритилади.
Халқимиз, миллатимизга оид қайси манба, қайси қўлёзмага мурожаат этманг, она, аёл шу оиланинг муқаддаслигини таъминловчи мўътабар инсон сифатида таърифланади.
Қуръони каримда, ҳадисларда аёл – онани улуғлаш кераклиги ҳақида кўплаб ибратли кўрсатмалар бор. Уларнинг ҳаммаси аёл – онанинг оилада тутган ўрнидан келиб чиқиб айтилганини унутмасак бас. Негаки, дунёга янги келган фарзанд учун оила – илк тарбия маскани бўлса, аёл – она шу тарбия маскани, шу муқаддас даргоҳнинг маънавий-ахлоқий муҳитини яратувчи мўътабар зотдир.
Момоларимиз ўз чекларига тушган бу қутлуғ вазифани жуда сидқидилдан бажариб келганлар. Ана шу момолар ўгитини эсда тутиш, мағзини тўқ қилиш, тиклаш ва ривожлантиришни ҳозирги кунда олдимизда турган катта вазифаларнинг бир зарраси деб билмоқ керак. Китобдаги ҳар бир ҳаётий воқеаҳикояда муаллиф қайта-қайта миллатнинг юзи, нозик қалби, ор-номуси оиладан бошланишини яхши билган момоларимизга мурожаат этади, уларга қувват бериб турган омилларга эҳтиром билан қарайди.
Қалбнинг иймонли ва раҳмонлиги ёки, аксинча, бағритошлик, дажжоллик ҳам оилада шаклланади.
Оналаримиз оилада фарзанд тарбиясидек муқаддас вазифани жуда оддий йўл билан, яъни оила одоби, демакки халқ одобининг энг ибтидоий қирралари – каттага ҳурмат, кичикка иззат, муросаи-мадора, юлдузга юлдузни мослаб яшаш кабиларни сингдириш, ривожлантириш билан ўтаганлар. Оқибатда халқимизга улуғ фарзандларни етиштириб берганлар. Бунинг остида улуғ ҳаётий фалсафа – ўз оиласида тинчтотув яшаган, аввало ўз инсоний ҳурмати-ю бурчини чуқур англаган, яқинлари, жигарларини иззат қилган киши жамиятда ҳам, Ватанида ҳам тинчлик, осойишталик ўрнатиш, истиқлолни мустаҳкамлаш учун курашади, деган ишонч ётибди.
Муаллиф қарийб ҳар бир ҳикоя – суҳбатида Қуръони карим ва Ҳадислар каби муқаддас китобларга, адабиётимизнинг Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Хусайн Воиз Кошифий, Жалолиддин Румий, Юсуф хос Ҳожиб, Имом Исмоил ал-Бухорий, Имом Ғаззолий, Фаридиддин Аттор каби халқимизга ўлмас ахлоқнома ва одобномалар қолдирган мумтозларига бежиз мурожаат қилмагани сезилиб туради. Мумтозларнинг бокира булоғидан унинг ўзи кўп нарса олибгина қолмай, у оламга сизни ҳам етаклайди ва чуқурлашганингиз сари қалбингиз ёришиб бораётганини ҳис қиласиз.
Мазкур китобда муаллифнинг ижоди давомида шу мавзуга оид яратган асарлари жамланган. Ҳар рисола остида унинг яралган йили ҳам кўрсатилди. Бу бежиз эмас. Ҳаёт – бетиним дарё. Оилавий муносабатлар – ўчмас мавзу…
Бир қараганда оилавий муносабатлар, қайнона, келин, қизлар одоблари кўпчиликка азалий тойинчоқ мавзудек кўриниши мумкин.
Муаллиф бу нозик мавзуга юраги ачишганидан киришганини ҳар саҳифада сезиб турасиз. Негаки, қай бир вақт – касби туфайли, қай бир вақт – ногаҳон, у гул қизларимизнинг ўз бурчлари, жамият, миллат олдидаги вазифаларини англаш, уни бажариш у ёқда турсин, бирламчи ўринга ўз талабларини қўяётганларини, шу талаблар аксарият ўринсиз ва мавридсиз эканлигини тушунмаслик оқибатида турмушнинг илк синовлари олдидаёқ саросимага тушиб қолаётганларига кўп дуч келади. Бу – яқин ўтмишимиздаги аёлнинг эркаклар билан тенг бўлиш, имкон борича ҳатто улардан ўтиш истак-интилишларининг оқибатидир.
Ёшлар ичида уй иши ижросини, бекалар уҳдасидаги вазифаларни аёл учун таҳқир деб тушунадиганлар анчагина. Айримларнинг қарашича, у – қиз, у – келин, у – онами, демак ҳамма эътибор унга бўлиши керак! Ҳатто Қуръону ҳадислардан мисол келтириб, муқаддас китобларда аёлларни эъзозлаш буюрилган, деб ўзларига иззат талаб қиладиганлар ҳам талайгина. Аёлга, онага баҳони, биринчи навбатда, улар ўзларининг асл вазифаларини қандай бажараётганларига қараб берилишини унутадилар. Китобдаги фикрлар шу вазифаларни эслатишнинг нозик шакли холос. Эслатилганда ҳам пешонага мушт ургандек даққи қилиб эмас, мулойим, самимий, оналарча куюнчаклик билан эслатишдир.
«Эру хотин – қўш ҳўкиз» деган мақолни кўп эшитганмиз. Бу оиланинг иқтисодиёти аксарият эркакда бўлса, маънавияти аёлда, онада, хотинда, яъни бекада эканлигига ишорадир.
Қадимий удумларимиз бўйича қозондаги овқатнинг олди қарияларга, отага сузилади. Қариялардан, отадан аввал дастурхонга қўл узатилмайди. Одобимизнинг кичик зарраси бўлган шу масалага чуқур қаранг-а! Ахир бу – нон топиб егизаётган одамга ҳурмат кўрсатиш, унинг қадрини жойига қўйишнинг нозик маънавият пардасига ўралган шакли-ку! Бу катта одобимизнинг томчидаги аксидир. Опа-сингилларимиз, оналаримиз шу тариқа заррама-зарра халқ одобномасини оилада болаларга, ёшларга сингдириб борадилар.
Сени таъминлагувчи, сени тўйдиргувчини берган Аллоҳга аввал ҳамду сано ва шукр изҳор қилиб, сўнг шу кишининг иззатини жойига қўйган, ўзи бошқаларга мурувват кўрсатгангина мурувват кўради! Уй ичидаги ишларини билиб қилган, ҳар нарсани ўрнида тутган, ҳар бир кишига ўзига яраша муомала қилган аёлгина аввало ўз уйида, оиласида энг қадрли ва энг севимли аёл бўлиб қолади.
Оналар, бувиларнинг қизларига айтадиган гаплари ҳамиша кўп бўлади. Муаллиф нуронийлик, дуогўйлик фаслига етгани шукри қуввати ила набира қизларига, келинларга, умуман ёшларга айтмоқчи бўлганларини шу китобга жо қилиб, чин дилдан сизга туҳфа этмоқда.

Янги ҳаёт остонасида

Ҳаётингиз янги босқичга ўтганини ҳис қилаяпсизми, қизим? Энди сиз янги ҳаёт бўсағасидасиз. У ҳаёт сирлилиги билан юрагингизни ҳаяжонга солса, мавҳумлиги билан вужудингизни увуштиради.
Унда сизни нима кутмоқда?
Бахтли, омадли бўласизми? Ёки умрингиз изтиробда ўтадими?
Шулар ҳақида ўйлаганингизда мавҳумлик енгиб чиқаётганга ўхшайди. Ўша мавҳумлик ҳозирги дамни ғанимат билиб, ўйнаб-кулиб қолишга ундаётганга, «Ёшлик вақтинча, у тез ўтиб кетади, ўйнаб қолиш керак! Кейинги ҳаёт бир гaп бўлар», деяётганга ўхшайди-а?
Агар сиз иродасиз, мулоҳазасиз, андишасиз қиз бўлсангиз, бу даъватга бўйсунасиз ҳам.
Яратганнинг сизнинг уҳдангизга юклаган асосий вазифа – наслни давом эттиришга тайёр бўлишингизда айнан бу давр, яъни балоғат, «бўйга етиш» даври жуда муҳим давр ҳисобланади. «Соғ танда – соғлом ақл», деб бежиз айтилмаган. Соғлом қиз, соғлом аёлгина миллатга соғлом фарзанд ҳадя эта олади. Шунинг учун ҳам мактабда устозларингиз, коллежда ўқитувчи ва тарбиячиларингиз, уйда буви ва ойингиз, кеннойингиз сизгинанинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом ривожланишингизга кўп аҳамият беришади.
Бу даврда сизга сирдош бўладиган одамга муҳтожсиз. Шундай кишини бегоналар орасидан эмас, ўз уйингиздан ахтаринг – бувингиз, ойингиз, опа ёки келинойингиз сизни яхши билишади ва тўғри маслаҳат беришади.
Ёшликни ҳаётнинг баҳори дейишади. Бу умрнинг энг гўзал фасли.
Аслида умрнинг ҳар дами ҳам гўзал, ҳар дами ҳам бетакрор, ҳар дами ҳам ғанимат. Лекин ким билан суҳбатлашманг, ёшликка ўзгача баҳо беришади. Чунки инсон айнан ёшликда кўп нарсани кашф қилади. Ҳаётга, оламга, одамга қарашлари шаклланади, ҳис-туйғулари муқимлашади, яъни турғун бўлиб боради. Кун, соат, дақиқа сайин билими кўпайиб, қомати муайян, яъни фақат ўзига хос шаклга келиб боргани каби характери ҳам ойдинлашиб боради. Орзулар, ҳаваслар, интилишлар қалбда барқ уради.
Ёшлик шунинг учун ҳам эмоцияларга, яъни ҳис-туйғуларнинг анча юқори пардаларидаги ифодасига тўлиқ бўлади.
Кейинчалик бутун ҳаётингиз давомида бир умр сизга йўлдош бўладиган танловлар ҳам айнан ёшликдадир. Қандай танловлар экан дейсизми?
Келажак ҳақида, эгаллайдиган касбингиз ҳақида болалигингизда сал-сал ўйлаган бўлсангиз ҳам, айнан ёшликда орзуйингизга эришиш учун қатъиян ҳаракат қила бошлайсиз.
Иккинчи танлов ҳам муҳим, жуда муҳим! Яъни ўзингизга умр йўлдошини танлашингиз ҳам айнан ёшликда рўй беради. Бу танловлар кўп жиҳатдан сизнинг келажакда қандай инсон, қандай ёр, қандай аёл, қандай бека, қандай она бўлишингизни, бахтингизни белгилаб беради.
Кекса аёллар кўпинча: «Оҳ, бахтли бўлиш нақадар қийина!» дейишади-а? Чунки кўп кўришган, айрим ҳолатларда кўп куйишган-да!
Лекин айнан кексалар яна: «Бахтингиз ўз қўлингизда!» деб кўп таъкидлашади ҳам. Чунки улар бахтибекамликка киши айнан ёшликда замин тайёрлашини ва бунинг учун кўп меҳнат қилиниши кераклигини билишади.
Меҳнат деганда, бирон корхонада ёки муассасадаги меҳнатнигина назарда тутишмайди улар.
Сиз кичкиналик даврингизданоқ ойингизга уй ишларида қарашиб, аста-аста қизларга оид кўп кўникмаларни ҳосил қилдингиз. Бу ҳам меҳнат. Энди сиз келажакда ўзингизга керак бўладиган фазилатлар – мақсад сари собитлик билан оғишмай бориш, ирода, қатъийлик, меҳр-муҳаббат ва яна кўп яхши фазилатларни шакллантириш, муқим қила бориш йўлидаги меҳнатни ҳам яхши билишингиз керак. Бу эса аввалгиларидан анча мураккаброқ. Лекин сиз ҳам энди балоғат ёшига етиб, ёшлик фаслига, умрингизга пойдевор бўладиган даврга қадам қўйдингиз, демак бу ишларни уддалайсиз.
Қолаверса, ҳамма керакли нарсаларни Яратган сизга инъом этган: шукр, соғ ва саломатсиз, қоматингизнинг тузилишида ҳам бирон нуқсон ё камчилик йўқ. Чаққонсиз, қувноқсиз, ҳаётсеварсиз… Шукр, эшитганингизни эслаб қола оласиз, узоқ вақтгача эсдан чиқармайсиз. Булар энг муҳими. Лекин сиз ҳозир худо берган бу фазилатларнинг ўзи билангина кифояланиб қолмаслик кераклигини англайдиган ёшдасиз.
Бу ёшдагилар ўзида борини, яъни худо берганларни асраб қолиш билан бирга, уларни ривожлантириш ҳақида ҳам қайғурадилар. Сиз энди ота-онангиз, устозларингиз айтмасалар ҳам ўз хатти-ҳаракатларингизнинг яхши-ёмонлиги устида кўп ўйлайдиган, ҳар ишингизни мушоҳада қиладиган фаслдасиз. Чунки сиз ҳуқуқингиз, бурчингиз, вазифангиз, орзу, ҳаёт ва реаллик каби зарур тушунчаларни яхши биласиз. Қолаверса, боридан чиройлироқ, худо бергандан назокатлироқ, мафтункорроқ кўрингингиз ҳам келади. Бу эса осон эмас. Бунинг учун ҳам кўп меҳнат қилишингиз керак бўлади.
Сиз билан суҳбатларда ёшликнинг бир умрга татигулик захираси бўлиши кераклиги ҳақида гаплашдик. Чунки ёшликда эгалланган барча билим, кўникма, дунёқарашингиз, отаонангиздан қониб олган меҳр-муҳаббат, бошқаларга меҳр улашиш фазилати, олам ва одамга муносабатингиз – буларнинг ҳаммаси сиздан айро эмас, сизнинг ўзингизда бўлиб, бир умр сизга ҳамроҳдир.
Сизга «Қиз бола узатилгандан сўнг, янги ҳаёт бошланади. Бу бутунлай бошқача олам ва унда аввалги оламидан бирон нарса қолмайди. Кўриб қолган, даврон суриб қолган ғанимат!» деб «ақл» ўргатувчилар ҳам бўлади. Уларнинг ҳаётини бир таҳлил қилиб кўринг-а. Аксарият бундай аёллар эътироф этгилари келмаса ҳам, ҳаётда бахт топишмаган бўлади ва уларнинг асосий хатолари ҳам янги ҳаётда (турмуш қургач) бутунлай бошқа оламда, бошқа одамлар билан, бошқача турмуш тарзида яшайман деб, ёшликдан ҳеч нарсани мулк қилиб олиб ўтмаганларида, бахтли ҳаёт пойдеворини ёшликда қурмаганларидадир.
Турмуш қуриш, кейинги ҳаёт ёшликнинг давоми, узлуксиз умрнинг навбатдаги босқичи холос. Ёшликнинг бир умрлигини эътироф этар эканмиз, бу даврда эришилган ҳеч бир нарсанинг изсиз кетмаслигини ҳам билишингиз керак. Чунки ёшликда тарбияланган одатлар ва кўникмалар, шунингдек ўрганишлар ҳам бир умрга сақланиб қолади. Инсоннинг ўзлиги шундай пайдо бўлади ва умр бўйи муқимлашиб бораверади.
«Меҳнатсиз, бирон нарсага куймаланмай туролмайман», онангиз ёки бувингизнинг шундай деганларини кўп эшитгандирсиз. Кузатинг, улар шу меҳнатни, уйдаги шу оддий юмушни ҳам завқ билан бажаришадики, беихтиёр ёнларига кириб, уларга қарашиб, сиз ҳам қалбингизга шу завқни, кўзингизга шу нурни олиб киргингиз келади-а. Илоҳо, юққани рост бўлсин! Меҳнатдан, интилишдан қочган дангасадан бахтсизроқ одам бўлмаса керак…
Ёшликдан ота-онангиз, буви-бувангиз, ака-укангиз, опасинглингизни севиб, улар меҳрига қониб ва ўзингиз меҳр улашишга ўрганган бўлсангиз, бу яхши фазилатларни, инсонга энг керак хислатларни нега «янги ҳаёт»га олиб ўтмаслигингиз керак? Янги ҳаётингизда, бутун умрингиз давомида сизга қувват берадиган фазилатлар айнан шулар-ку! Янги ҳаётда меҳр оладиган яқинларингиз, сиз меҳр улашадиган кишиларингиз давраси кенгаяркан холос. Агар буни юракдан ҳис қилмасангиз ва ичингизда «Ҳамманинг меҳри фақат менга бўлсин!» деб туриб олсангиз, ёлғизланиб қоласиз.
Ёшликда киши қандай бўлса, янги ҳаётда, ҳатто кексаликда ҳам шундай бўлиб қолади. Ёшликда ўзингизга мулк қилиб олган эзгу тилаклар, яхши кўникмалар турмушингизни енгиллаштириши мумкин. Аксинча, ёмон одатлар ва фақат ўз манфаатингизнигина кўзлаб иш қилсангиз, ҳаётингиз тобора мураккаблашиб, турмушингиз қийинлашиб бораверади. Шаънингизга яхши гап эшитиш амримаҳол бўлиб қолади. Чунки шаън ҳам бир умргадир. Бу – «ёшлик шаъни», «бу – катталарнинг шаъни» деб бўлмайдику, ахир! Ёшликда нимаки хаттиҳаракат қилинса, умр бўйи қолади. Яхши ишлар, яхши хаттиҳаракатлар, яхши фазилатлар, тиниқ онг, кучли билим, назокат ва дилбарлик киши дилини қувонтирса, ёмонлари умр бўйи уйқу бермайди.
Шунинг учун ҳам айнан ёшликда, умрнинг кейинги босқичига ўтишда киши ўзини ўзи «Нималарга эришдим? Яна нималарга эришишим керак?» деб тез-тез имтиҳон қилиб туриши керак. Шунда келажакка фақат яхшиликлар билан ўтамиз.
Кейинги ҳаёт деб атаётганимиз, турмуш қуриш ҳам ёшликнинг давоми, яъни умр деб аталмиш яхлит бир нарсанинг кейинги босқичи холос.
Ниятларингиз, амалларингиз хайрли бўлсин, ойзода қизим!

ОРАСТАСИЗ – ФАРИШТАСИЗ
Қизларимиз азалдан орасталик, озодалик, саришталик рамзи-ю ҳомили бўлиб келганлар. Шунга қарамай…
Келинг, озгина бўлсада балоғат ёшидаги қизлар гигиенаси хусусида сўз юритайлик.
Ёшликнинг ўзи гўзаллик. Ёшликнинг ўзи нафосат. Ёшликнинг ўзи саломатлик. Бу ҳақида катта ёшдагилардан – бувиларингиз, оналарингиз, опаларингиздан кўп эшитгансиз, албатта. Бу – ҳақиқат.
Лекин ҳозир сиз шундай ёшдасизки, буни ҳали англаб ета олмайсиз. Балоғатнинг, улғайишнинг кейинги босқичига ўтгандан кейин ҳаётингиз, феъл-атворингиз, дунёқарашингиз бир маромга тушиб олганидан кейин ишонинг, олам кўзингизга катталар айтганидек мунаввар кўрина бошлайди. Ҳозир эса…
Ҳозир эса соат сайин ўсаётган бўйингиз, айниқса, ўзингизга беўхшов кўринади, чўпдек оёқ-қўлларингизни, тароққа бўйсунмаётган сочларингизни, сизнинг ихтиёрингизсиз бодраб чиқаётган ҳуснбузарларни қайra яширишни билмайсиз. Тўғри, сизга қийин. Жуда қийин. Айни пайтда шу «қулоқсиз» вужудингизга ҳам парвариш керак. Ўз ташқи кўринишингизга эътиборингиз ортгани сари бу эътиборни, парваришни тўғри йуналтиришга, албатта, энг яқин сирдошингиз – онангиз ёрдам берадилар.
Рангингизнинг тиниқлиги, терингизнинг силлиқлиги, зулфингизнинг қоралиги – ёшлигингиз, соғломлигингиздан нишон. Уларнинг узоқ вақт шундай бўлиб қолишини жуда-жуда истайсиз, албатта. Шундай экан, кунда эрталаб барвақт туринг. Ишни эрталабки бадантарбиядан бошланг. Машқларни очиқ ҳавода бажарганингиз маъқул.
Бадантарбия сизга бугун беўхшов бўлиб кўринаётган гавдангизни расолайди, мушакларингизни тўғри шакл олдиради, бўғинлар фаолиятини, танада қон айланишини яхшилайди. Ўпкаларингиз кенгайиб, овқат яхши ҳазм бўлади. Кун сайин, ҳафта сайин, ой сайин кайфиятингиз яхшилана боради. Мунтазам бадантарбия қилиш оқибатида сиз қўл-оёқларингизни ўзингизга бўйсундирибгина қолмай, тобора иродали, мақсадли, саботли, бошқаларга меҳрли бўла борасиз. Бу фазилатлар келажак ҳаётда сизга жуда асқотади!
Тозалик – сиҳат-саломатликнинг энг бирламчи шарти эканини биласиз. Озодалик, орасталик, покизаликни бир умр ўзингизга ҳамроҳ қилсангиз, ишонинг – вақти келиб «фаришталиккина қиз экан» деганларини эшитасиз. Негаки ҳеч бир нарса инсонга озодалик, орасталик, покизалик каби ишонч ва руҳий мувозанат бахш эта олмайди.
Парча-ю кимхоблардан тикилган энгил кийиб, зеб-зийнатлар тақиб бир даврага кирсангиз-у биринчи табассумингиздаёқ тишларингиз сариғи кўринса, кишиларнинг сиз ҳақингиздаги фикри ўзгаради. Руҳий мувозанатингиз бузилади. Энг сўнгги модада кийинсангиз-у сочларингизни тарамаган бўлсангиз, ҳеч қачон сизни ораста дейишмайди. Яна руҳий мувозанатингиз бузилади. Тушкунликка тушиб кетасиз.
Янги кийимлар, чиройли либослар кир баданни яшира олмайди-да. Худди шунга ўхшаб ювилмаган юзингизга қанча оро бериб, усталик билан пардоз қилманг, терингизнинг тоза эмаслиги билиниб туради.
Сездингизми, орасталик аввало сизнинг ўзингизга керак. Инсон баданини биров учун тоза тутади, дейиш кулгили туюлади. Бу фақат сизга керак.
Ўз хонангизни, алоҳида хонангиз бўлмаса, ўқув анжомларингиз турадиган бурчакнинг, ётиб-турадиган жойингизнинг, ички кийимларингизнинг аҳволи ҳам сизнинг нечоғли орасталигингизни кўрсатади. Уларни биров кўрмайди-ку дейсизми? Ўзингиз кўрасиз! Улар аҳволи сизга сезилмаган ҳолда кайфиятингиз, руҳиятингиз, ҳатто одимингизга ҳам таъсир қилади!
Китоб-дафтарингиз, папка, ҳатто ручка ва қаламларингизнинг аҳволи ҳам сизнинг қандай қиз эканингизни намоён этади. Пайпоқлар, оёқ кийимларингиз ҳақида-ку айтмасак ҳам бўлади.
Булар ҳақида онангиз ҳам кўп гапирадиларми? У кишининг сўзлари, талабларини майда-чуйдага ўчакиш деб қабул қилманг. Она-да! Ҳозир айрим камчиликларингизни айтиб ўтиш билан улар сариштасизлик, орастасизлик, пала-партишлик кейин ҳаёт тарзингизга айланиб қолишидан қўрқадилар.
Оналар ҳамиша ўз қизлари ҳақида «Орасталиккина – фаришталиккина» деган сифатни эшитишни истайдилар.

КИТОБ СИЗНИ ДОНИШМАНД ҚИЛАДИ (Мафтунага очиқ хат)
Мафтуна қизгинам! Мактабингиздаги ўша учрашувда гарчи кўп хатчалар олган бўлсам-да, сизникини айириб, узоқ мулоҳаза қилиб юрдим. Саволингиз эсингиздами: «Ҳозир китобниниг қадри йўқ. Одамлар китоб ўқимайдиган бўлиб кетишган. Кишиларнинг вақтини ҳам, қалбини ҳам телевидение эгаллаб олган. Бу кўриниб турган нарса. Шундай бўлгандан кейин кўп маблағ сарф қилиб, китобларни нашр қилишнинг нима ҳожати бор?..»
Сизга матбуот орқали очиқ хат билан жавоб беришга қарор қилганимга ҳайрон бўлманг. Чунки китоб ва китобхонлик ҳақида бундай янглиш фикр кейинги вақтларда бир сизнинг эмас, кўпчиликнинг, ҳатто катта ёшдагиларнинг ҳам кўнглида турғун бўлиб қолганга ўхшайди. Шу сабаб фикрингизга бефарқ бўла олмаймиз.
Ўша учрашувда бошқа қизларнинг саволларига жавоб беришга улгуриш учун, сизга жавобан китобнинг инсоният яратган энг ноёб мўъжиза эканлиги, авлодларнинг маданияти, маънавиятини ўстирувчи, инсониятни цивилизация пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам берувчи энг қувватли ва қудратли восита эканлиги ҳақида гапирдим ва бир ривоят айтиб бердим. Эсингиздами?

Қадим-қадимда ўз давлатининг куч-қудрати ёки хазинасининг беададлиги билан эмас, балки ҳамма нарсани билишга хоҳиши кучлилиги билан донг таратган подшоҳ бўлган экан. Унинг саройидаги кутубхонани жамики янги китоблар билан тўлдириб туришар, подшоҳ бўш вақтида ўқигани ўқиган экан. Йил сайин унинг аркони давлати кўпайиб, қудрати ошиб бораверибди.
Подшоҳ кексайиб қолгач, ўз кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб улгуришга кучи етмаслигини англаб, мамлакатидаги барча донишмандларни йиғибди ва ўзи учун барча китобларни саралаб, улардаги илмларни жамлаб беришларини сўрабди. Илмга бой деб сараланган китоблар сарой кутубхонасидаги китоблардан кўпайса кўпайибди-ки, кам бўлмабди. Шунда подшоҳ китоблар ичидан энг муҳимларини ажратиб, бир кичкина хонага йиғишни буюрибди. Донишмандлар бор китобларни ўқиб-ўқиб, муҳимлари ичидан янада муҳимларини ажратиб беришибди. Бироқ унгача яна анча вақт ўтибди. Подшоҳ кексайиб қолибди. Сараланган китобларга қараб, донишмандларга шундай дебди:
– Умрим охирлаб қолди. Китоблардаги бор илмларни яна саралаб, битта китобга жо қилинг, токи ўқиб улгурай…
Донишмандлар ишга киришибдилар. Кунлар кетидан кунлар ўтаверибди, бироқ подшоҳ буюрган китоб тайёр бўлавермабди. Ахир ҳамма билимларни битта китобга жойлаштиришнинг ўзи бўладими?
Хулласи калом, подшоҳ мункиллаб, кўзлари хира тортиб, зўрға юрадиган бир ҳолатга келиб қолганида илмлар китоби тайёр бўлибди. Қанийди, подшоҳ уни ўқий олса! Донишмандлардан бири уни ўқиб берган тақдирда ҳам, тугатишга умри етмаслигини англабди. Шунда подшоҳ энг улуғ донишмандни чақириб, ҳамма илмларни битта жумлада ифодалаб беришни сўрабди.
Донишманд узоқ ўйлаб, ниҳоят шундай дебди:
– Эй, подшоҳи олам! Инсон билиши лозим бўлган битта илм бор, у ҳам бўлса – «Олам бепоён ва мураккабдир!»

Шунақа, Мафтуна қизим, илмлар олами ниҳоятда чексиз, чегарасиз… Аммо фақат инсонгина бу бепоёнликдан, бу мураккабликдан қўрқмай, қадамба-қадам забт этишга қодир. Албатта, уни ўрганишга ҳам, забт этишга ҳам бир одамнинг кучи, умри ҳам етмаслиги аниқ. Авлоддан авлодга бу буюк куч-қудратни китоблар етказади. Китоблар бўлмаса, одамзод ибтидоий дунёдан нарига ўтолмас эди. Китоб – инсоният цивилизациясининг энг ноёб неъмати.
Китоб билан дўстлашган киши эса цивилизациянинг олдида юрибгина қолмай, иродали, ижодкор, ташаббускор, мақсади йўлида собит, ички олами бой, ўз ҳаёт йўлини ҳар қандай муҳитда ҳам тўғри туза олишга қодир бўлади. Кўп ўқиган, мулоҳаза билан ўқиган одамлар, донишманд айтмоқчи оламнинг бепоён ва мураккаблигини тез англаб етадилар, шу оламда адашмасликка ҳаракат қиладилар.
Сизга ўша куни шулар ҳақида ва яна одамлар китоб ўқимай қўйди, деган фикрингизга қўшилолмаслигимни, шундай янглиш ўйдаги одамларнинг ўзлари китоб ўқишдан оладиган завқдан, китобнинг қалбни тўлдириш суруридан бебаҳра эканликларини ҳам айтмоқчи эдим. Сизга очиқ хат ёзаётганимнинг боиси ҳам сизнинг нотўғри фикрда эканингизга инонтириш, қўлимдан келса, китоб ўқиш билан инсоннинг бошқалардан маънан юксак бўлишини кўрсатишдир.
Сизнинг мактабингиздаги учрашув таъсирида уйга келсам, келиним билан қўшни аёл китоб жовонларимиз олдида гурунглашиб туришган экан. Аёл хижолатомуз деди:
– Келинингиздан илтимос қилиб, китобларингиздан олиб ўқиб турсам…
Аёл билан китоблар, ҳаёт, турмуш, олам ҳақида анча суҳбатлашиб қолдик. Ҳаёт ҳақидаги теран фикрлари, турмушнинг икир-чикирлари таъсирига берилмагани, олам ва одамни тушунишга ҳаракат қилиб, тиниқ қараши менга жуда ёқди. Ҳойнаҳой, сиз ҳам у бирор нуфузли идорада ишласа керак, деб ўйлагандирсиз? Ундай эмас экан, қизим.
Аёл чекка вилоятдан келган, маълумоти ўрта мактаб доирасида, ҳозир эри билан биргаликда бадавлат бир қўшнимизнинг уй ишларига қарашиб юрар экан. Ўша бой хонадонда ўқийдиган биронта китоб топмабди. Бизникидан китобларни ўзи ва болалари учун оларкан. Аёл китобни кишининг энг содиқ дўсти деб айтди. Гап орасида мактабда ўқиб юрган вақтидаёқ мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб чиққанини, китоб қидириб дугоналари билан туман марказидаги кутубхонага қатнаганлари ҳақида сўзлаб берди. Ёлғиз нолиган нарсаси – вилоят мактабларининг савияси анча пасайгани, кутубхоналарнинг камбағаллашиб кетгани, болаларига яхши таълим ва тарбия бериш учун шароитнинг йўқлиги бўлди. Шаҳарга келиб қолганининг боиси ҳам шу экан. Амаллаб болаларини мактабга жойлабди. Болалар тарбиясига ота-оналар жон куйдирмасалар, ёлғиз мактабнинг ўзи бу ишни уддалай олмаслигини куйиниб гапирди. Фарзандларининг чин зиёли, билимли, яхши инсон бўлиб ўсишини орзу қиларкан.
Ростини айтсам, қўшнимизникида ижара турган бу аёл дунёқарашининг кенглиги, донишмандлиги мени лол қолдирди. Унинг ҳамма донишмандлиги китобдан эканини билиб севиндим. Китоб киши қалбини бойитишга қодир улуғ неъмат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
– Ўтган гал А.П.Чеховнинг китобини олган эдим. Бир ерда укасига ёзган мактубини ўқиб, тушунганимча, ўзим учун кўп фикрларини ёзиб олдим. Укасининг “Тарбияли одам қандай бўлади?” деган саволига ёзувчи жуда батафсил жавоб берар экан, тарбияли, зиёли одамларнинг биринчи ва асл фазилати – инсонпарварликдир дейди. Бошқалар шахсини ҳурмат қилган одам кечирувчан, мулойим, ширинсўз бўлиб, арзир-арзимасга жанжал кўтармайди, ёнидагиларга миннат қилмайди, уйидан чиқа туриб бошқаларга: “Сизлар билан яшаб бўлмайди!” деб айтмайди, деб уқдиради. Китобда бир варақнигина эгаллаган шу мактубни бандма-банд болаларим билан ўқиб, бирга фикрлашдик. Тарбияли кишилар ноқулайликлар учун бировни айбламай, ўзлари чора излашлари кераклигини, ҳар бир айбни бировларга тўнкайвермасликларини, ёлғондан нафратланишларини, ёлғон гапирувчининг обрўси тез тушиб кетиши мумкинлигини, тарбияли кишилар ўзларини боридан кўра яхшироқ, бойроқ кўрсатмасликларини, ҳаммага дилларини дастурхон қилавермасликларини, оз ишларини кўп қилиб кўрсатишга уринмасликларини, обрў талашмасликларини, “Мен! Мен!” деб бақиравермасликларини айтганимда, болаларим мисол қилиб айрим ўқитувчиларини эслашди. Уларнинг ибратли томонларини келтиришар экан, устозларининг илмли-билимли, тарбияли, истеъдодли бўлиш учун киши кунда ва кўп меҳнат қилиши кераклигини уқдиришларини айтишди…
Қўшни аёл сўзларига қулоқ солар эканман, ҳаётда шундай кишилар кўп эканлигидан севиндим. Уларнинг ёши ёки касбидан қатъи назар улар билан суҳбатлашганда қалбинг тўлишиб бораётганини сезасан. Одамлар ҳаётнинг бирон бир чигал масаласини ҳал қилишда кўмак беришларини сўраб, уларга мурожаат қиладилар. Улар билдирган фикрни ғоят қадрлайдилар ҳам, маслаҳатларига кирадилар ҳам.
Атрофингизга диққат билан қаранг: шундай донишманд, обрўли одамларни сиз ҳам танийсизми? Улар оилангизнинг яқин қариндоши, отангиз ёки онангизнинг яқин дўсти, ўқитувчингиз, устозингиз бўлиши мумкин. Муҳими сиз ҳам, оила аъзоларингиз ҳам бошларига бир мушкул иш тушганида бу одамларга бориб дардини айтишга тортинмайдилар. Бундай одамлар бошқаларнинг руҳий аҳволидан кулмайдилар, биров сир айтса, бошқага етказмайдилар, маслаҳат сўраб келганларга бир жўяли кўрсатма беришга ҳамиша қодир бўладилар.
Бундай авторитетнинг боиси нимада деб ўйлайсиз, қизим?
Одатда «ақл ўргатиш, шиор ташлаш – осон», дейишади. Ақлли гап айтиб, тўғри шиор ташлаган билан, ҳаётда ўз гапига ўзи унча итоат қилмайдиганлар ҳам бор. Бундай одамлар ҳурматининг умри қисқа бўлади.
Сиз маслаҳат сўраб борган одамлардаги қатъиятлик, мақсадлилик, ирода, ҳаётсеварлик сизда ишонч уйғотади. Улар ҳаётни кенгроқ, инсон кўнглини чуқурроқ тушунадилар. Сиз шундай донишманд одамларга диққат қилинг-а, қизим. Уларнинг аксарияти ички маданияти ривожланган, кишиларни тинглай биладиган, мулоҳазакор, вазмин, кўп ўқийдиган кишилардир. Кўп ўқиш, ҳаётни бетиним кузатиш уларга донишмандлик, сўзларига ҳикмат беради.
Ҳаёт ва китобнинг, Мафтуна қизим, турган битгани ҳикматдир. Ички оламингизни ҳеч нарса китобчалик беназир бойита олмайди. Руҳиятингизни ҳеч нарса китобчалик, ўқиш, ўрганиш, меҳнатчалик мувозанатга, тўғри йўлга сола олмайди. Интеллектуал ривожланишда китоб асосий ўринни тутиши ҳақида кўп эшитгансиз, кўп ўқигансиз, албатта. Биласизми нега шундай? Чунки кишининг ўзини ўзи тарбиялашида китоб ҳам билим манбаи, ҳам ўзингизни кўриш, таққослаш, тақлид қилиш, мунозара юритиш, баҳслашишда маълум даражада кўзгу вазифасини ўтайди.
Ҳозир одамлар кўп тақчилликлардан шикоят қилганларини эшитасиз.
Ҳамма тақчилликлар ичида онг, маърифат ва маданият тақчиллиги, бировга беназир яхшилик қилиш тақчиллиги, интизом тақчиллиги, эзгулик, чиройли муомала тақчиллиги деган нарсалар ҳам борки, уларни бартараф этишнинг энг асосий йўли китобдир. Бошқа ҳеч нарса китобчалик киши қалбини, ўзини тўлдириш, руҳиятини ислоҳ қилиб, қайта қуриш қудратига эга эмас. Ишонинг, энг яхши телекўрсатувлар, соатлаб вақтимизни оладиган фильм-сериалларнинг ҳам қудрати қўлимиздаги мана шу китобларчалик эмас.
Мен сизга айтсам, кўп, жуда кўп азиятлардан қутилиш йўли ҳам китоб ўқишдир. Аммо, эътироф этиш керак, китоб ўқишда ҳам ўқиш бор.
Сизларнинг ёшингизда қизиқ бир нарсани кузатиш мумкин. Нималигини айтайми? Дугоналарингизнинг айримлари бир кечада катта роман ёки қиссани «тушириб» келганлари ҳақида мақтаниб гапиришади. Бунинг нимаси яхши? Улар китобдан нимани ўрганишди? Нимани билиб олишди? Шу китобнинг қаҳрамони бўлган «йигит» + «қиз»нинг муҳаббат йўлининг «бошланиши» ва «тугашини» кузатишди, холос. Лекин улар шу «йигит» ва «қиз»нинг кечинмалари, атрофдагилар билан муносабатларини ўрганмаганлари учун бу дугоналарингиз китоб қаҳрамонлари яхши ёки ёмон инсонлигини ҳам, уларга ҳавас қилиш керакми ёки йўқлигини ҳам билишмайди.
Ахир, Мафтуна қизим, одам ҳаётда ёлғиз ўзи яшамайдику! Ҳаммамиз ҳам одамлар, муҳит, табиат билан муносабатда бўламиз. Ана шу муносабатларда қийналган, тўғри йўл излаган пайтда суйган китобимизга, руҳи руҳиятимизга яқин бўлган қаҳрамонлар кечинмасига мурожаат қиламиз. Кўпинча улардан қувват олиб, айни пайтда бизга оғир бўлса ҳам, улар тутган йўлни тутамиз. Нега шундай? Чунки биз биламиз, шу қаҳрамон бошида қийинчилик кўрган бўлса ҳам, уни ирода билан енгиб ўтгач, юраги анча ҳаловат топган эди. Демак, биз ундан ирода, сабот, маълум даражада кечиримли бўлишни, чекинишни ўргандик. Эвазига ҳаловат топдик, яъни руҳий мувозанатимизни тўғриладик.
Ҳалиги, китобдан фақат «қиз» + «йигит»нинг муҳаббат чизиғини юза кузатган дугонангиз шу чизиқнинг нима билан тугаганини билди, холос. Эрталаб қаҳрамонларнинг «топишгани» ёки «ажралишгани» ҳақида сизга хабар берди холос. У ҳатто қаҳрамонларни «оқлаш» ёки «қоралаш»га ҳам ожиз. Чунки уларни бошқалар билан муносабатда, яъни инсоннинг ички ва ташқи мураккаблиги жараёнида кўра билмади. Уларнинг у ёки бу ҳаракати заминида нима ётганини ҳам билмайди.
Китобни бундай «ўқиган» қизлар, Мафтунахон, яъни ҳаётни, атрофни, одамларни кузата билмайдиган, мушоҳада қила билмайдиган қизлар ҳаётда ҳам мустақил фикрга, иродага, мулоҳазакорликка эга бўлмаган инсонга айланиб қолишлари осон. Айрим шундай дугоналарингиз ҳақида «енгил учиб юрган капалакка ўхшайди», дейишганини ҳам эшитгандирсиз. Бу сизнинг ёшингизда эшитиш ножоиз бўлган сифат. Лекин шундайлар, яъни ҳаётга учиб келиб, ҳаёт устидан учиб кетадиганлар тоифаси ҳам бор-да. Шунинг учун ҳам, ўқийдиган китобларингизда улар образини ёритишга кўп аҳамият берилиши бежиз эмас. Улар ўз фикрларига, қарашларига эга бўлмаганлари, беқарорликлари туфайли кўпларнинг дилига озор беришлари, яқинларини бахтсиз қилишлари ёки руҳий мувозанатдан чиқаришлари мумкинлиги билан хавфлидирлар.
Китоб бизга улкан таъсир кўрсатиб, жуда катта, чуқур ҳаётий тажриба беришини донишмандлар кўп марта қайд этишган: «Китоб кишини зиёли қилади, унда гўзаллик туйғусинигина эмас, ҳаётни, унинг бутун мураккабликларини тушунтириш каби қимматли туйғуни ривожлантиради, бошқа даврлар ва бошқа халқларни тушунишда йўлбошчилик қилади, сизга кишиларнинг қалбини очиб беради. Бир сўз билан айтганда, китоб сизни донишманд қилади».
Китобга меҳр қўйинг, Мафтуна қизим. Бу меҳр эвазига у сизга энг яхши инсоний фазилатларни инъом этади.

ҚИЗЛАР ДАФТАРИ
Қизлар дафтари ҳақида сўз юритаётганимиз бежиз эмас. Ҳамма қизлар саводлари чиқиб, сўзни сўзга улашга ўрганганлариданоқ ҳавас билан шундай дафтар тутишади. Юқори синфларда, коллеж ёки лицейда, ҳатто олий ўқув юртларда ўқиб юрган даврларда ҳам қадрдон дафтарларини йўқотмасликка ҳаракат қилишади. Ҳали яқин дугоналари йўқ вақтида улар шу дафтар билан сирлашадилар. Сабаби қизлар табиатан ҳис-ҳаяжонга берилувчан бўладилар. Атрофдаги воқеа ва ҳодисалар улар онгидан аввал юрагига таъсир қилиши ҳам рост. Айниқса ўн беш – ўн саккиз ёшларда улар бир яқин сирдошга орзуманд бўладилар. Бу сирдош она ёки опа бўлса, қандай яхши! Чунки оналар ҳеч бир даврда ўз қизларига ёмонликни раво кўрмайдилар. Оналарнинг фарзандларига фидойилиги ҳақида кўп ривоятлар эшитиб, ўқиб ҳаяжонга тушганимиз ана шу фидойиликни ҳар дам ўзимизда ҳис қилиб туришимиздандир. Шундай эмасми?
Яна бу даврда аксари қизлар кундалик дафтар тутишга ҳаракат қиладилар. Шеър ёзмаган қиз кам бу даврда! Бу табиий ҳол. Қолаверса, кундалик дафтар тутишга иштиёқмандлик кундалик эгасининг қалби жуда нозиклигидан, ўзи мулоҳазакор, кўнгли мумтозликка мойиллигидан далолат. Ахир қизлар табиатан ҳис-ҳаяжонга берилувчан бўладилар, деб айтдик-ку.
Машҳур француз рассоми Пабло Пикассо «Мен расм чизаётганимда нима излаётганимни эмас, нима кашф қилганимни кўрсатишга ҳаракат қиламан», деган экан.
Қизлар дафтарида (кундалигида, илк шеърий машқларида) эса аксарият ёш қалбнинг «нима излаётгани» акс этиши табиий. Баъзида ойингиз ёки опангиз:
– Кундалик ёза бошлаганинг яхши. Демак, катта қиз бўлиб қолибсан, аммо эҳтиёт бўл, унга дуч келган нарсани ёзиб бўлмайди, – дейишса ҳайрон бўласиз.
Чунки сиз биринчи туйғу, биринчи ҳаяжон, биринчи кечинмалар тўлқинини ҳис қилибоқ, томирларингиз қизиб, ёноқларингиз тез-тез дув қизариб қалам тебратаяпсиз. Сиз ҳали ёзиш учунгина ёзиш керак эмаслигини, ўзингизни борингиздан кўра яхшироқ қилиб кўрсатишга уринишингизнинг маълум юки, масъулияти, ҳатто жавобгарлиги ҳам бўлишини билмайсиз. Ҳатто дафтар шахсан ўзингизники бўлса ҳам, унга ўз бошингиздан кечирган ҳамма фикрни, ҳамма ҳаяжонни ҳам ёзавериш мумкин эмаслигини билмайсиз.
Сиз бугун ҳали ўз кечинмаларингиз, ўз қарашларингизни умумлаштира олмайсиз, ўзингизга нима бўлаётганини ҳам англаб етмайсиз. Шуларни – ҳали ўзингиз ҳам тўла тушуниб етмаган туйғуларни ёзиб қўйиш керак деб, шошиб-пишиб дафтарга туширишингиз тўғримикин?
Эртага балоғатга етасиз. Маълум даражада бугунги – ўткинчи тўлқинлар тинади. Эртага сизнинг ўзингизга ҳам шу кечинмалар балки кулгили, балки аянчли бўлиб туюлар. Ҳатто кеча қизиқ устида дафтарга ёзганларингиз ҳам бугун ҳали «етилмаганини» тушунасиз. Инсон қалбига бундай беқарор туйғу-кечинмалар бундан буён ҳам онда-сонда эшик қоқиб туришини англайсиз. У пайтда сиз ўзингизни қандай тутишни биласиз… Чунки балоғат ёшидасиз. Бу вақтда кўп фазилатларингиз барқарорлашган бўлади.
Аммо буни тушуниб етгунингизга қадар дафтарингиз бошқалар қўлига тушса, сизни нотўғри тушунишлари, нозик кўнглингизни дарз кетказиб қўйишлари мумкин. Бу ҳаётнинг сизга берган илк нохуш сабоғи бўлади.
Аксарият шундай сабоқлардан сўнг қизлар чиройли ёзилган нарса ҳамиша ҳам чиройли туйғу, ҳақиқий туйғу, ҳақиқий қарашлар акси бўлавермаслигини англаб ета бошлайдилар. Ўшанда дафтарга дуч келган нарсани эмас, ҳаммадан кўриб «менинг ундан қаерим кам?» деб эмас, фақат ўз қалби кашфиётини ёзиш кераклигини, кундалик дафтар муаллифи, яъни дафтар эгасининг қалб кўзгуси эканини ажиб бир сокин ва тиниқ туйғу билан англайдилар. Бу уларнинг балоғатга етаётганларидан нишона.
Қизлар дафтари…
Жаҳон адабиётида улар маълум жанр мақомини эгаллаганини биласизми?
Шоҳ Бобур ва Дилдор бегимнинг қизлари Гулбадан бегимнинг дунёга машҳур «Ҳумоюннома» асари ҳақида эшитгансиз, албатта. Ўқимаган бўлсангиз, кутубхоналардан топиб, ўқиб, ўзингизни, қалбингизни бойитиб олинг. Бу ҳам, таъбир жоиз бўлса, оддий «қизлар дафтари»дан жаҳоншумуллик даражасига кўтарилган асар. Бу ноёб дафтарнинг 83 варақдан иборат ягона қўлёзма нусхаси Англиянинг Британия музейида сақланади. Ёшлигиданоқ адабиёт ва тарихга қизиққан Гулбадан бегимнинг бу асари сизга XV асрнинг охири ва XVI асрнинг ўрталарида Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудларида рўй берган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Ундан ўзбеклар ҳаёти, шоҳлар хонадони, мазкур мамлакатларнинг маданияти, адабиёти, удумлари ҳақида кўплаб маълумотлар оласиз.
Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида «Отам бағрида» номи билан нашр қилиниб, қўлма-қўл ўқилган Лев Николаевич Толстойнинг қизи Татьяна Львовна Толстая-Сухотинанинг кундалик дафтари отаси – буюк ёзувчининг биз билмаган кўп ноёб фазилатларини очиб берди. Бу кундалик дафтарни ўқиган киши фақат унинг муаллифигагина эмас, унинг машҳур отасига ва онасига ҳам бошқа назар билан қарай бошлайди, ҳаёт қанчалик мураккаб бўлса, ундан ортиқ ноёблигини ҳам тан ола бошлайди.
Яна бир қизнинг кундалик дафтаридан кўчирма олинган бир китобни ҳамон бот-бот ёстиғингиз остига қўйиб ухлайсиз. Бунга сабаб ҳам бор. Чунки сиз ўн саккиз ёшдасиз. Тушингизда ҳам, ўнгингизда ҳам чин муҳаббат, пок муҳаббат, майли изтироблари билан бўлса-да, аммо охири ёрқин саодат билан тугайдиган муҳаббатнинг қалбингизга меҳмон бўлишини жуда-жуда истайсиз. Бу турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» романи. Аёлнинг буюк садоқати уни жуда иродали ва кучли қилишидан, Фариданинг шукри ва сабридан андоза олмаяпсизми ахир?
Мисол келтирилган бу кундалик дафтарлар қизларимизга кўп нарсадан, хусусан ота-онага, диёрга, ёрга, одамга ва оламга чин муҳаббатдан сабоқ беради. Фақат шуми, деяётгандирсиз? Йўқ, албатта! Чунки биз кундалик дафтарларни муаллифи, яъни эгасининг кўнгил кўзгуси дедик.
Улар биринчи навбатда Гулбадан бегимнинг, Татьянанинг, Фариданинг, умуман, қиз қалбининг покизалигидан, билими ва назокатидан, чексиз садоқату вафосидан самимий сўзлагани билан қадрлидир.
Мисол келтирилган бу кундалик дафтарлар миллатни дунёга танитган, бебаҳо маънавий қадрият даражасига кўтарилган дафтарлардир.

ҚИЗ БОЛАНИНГ ШАЪНИ
Кўп марта эшитгандирсиз…
Оналар ўртасида қизлар тарбиясига оид гап кетса, кўпинча «Оқ қанддай авайлаб, гард юқтирмай ўстирдим», дейишади.
Оқ қанд… Дарҳақиқат, жуда нозик ўхшатиш. Нозиклиги шундаки, оқ қандга бехосдан бирор гард юқиб қолгудек бўлса, уни тозалаш қийин – ўша гард теккан жойини кесиб ёки қирқиб олиб ташлаш керак бўлади. Кўпинча эса тозалаб бўлмагани сабабли, гард теккан қанд бўлаги мол охурига ёки парранда донлари орасига ташлаб юборилади.
Қиз боланинг номига илашган ёмон доғ – исноднинг кетиши ҳам шунақа қийин. Баъзида кўрмайин босилган тикан жабрини бир умр тортиб юришга тўғри келади. Баъзан у киши кўнглини бир умр кемиради. Кишини умрбод гумон, шубҳа, демакки бахти бекамлик эмас, бахти кемтиклик қийноғига солиб қўяди. Ҳаммасига кўпинча ўйламай иш қилишлик, ирода жиловининг бир-икки дақиқага бўш қўйилиши сабаб бўлади.
Қиз боланинг шаъни… Бу ҳақда жуда кўп ва ҳар сўзига алоҳида урғу, алоҳида салмоқ бериб гапирилади. Инсоний фазилатлар, маънавий қадриятлар ҳақида сўз кетса, айни шулар қиз болада энг олий даражада бўлиши талаб қилинади. Ахир у қиз бола-да! Миллатнинг кўрки, миллатнинг келажаги.
Қиз бола шунчаки қиз боланинг ўзигина бўлиб қола олмайди. У жуда назокатли, иффатли, иболи, сабр-бардошли, оқила, меҳрибон… бўлиши керак.
Ҳатто қиз болага берилган нисбат, ўлчов, мезонлар ҳам ўртамиёна, ярим, нимтаъриф, чала нисбат бўла олмайди. Улар устуннинг ё энг тепаси ё энг пасти бўлади.
Айб ёки гуноҳ иш қилиб қўйган бошқа ҳамма киши кечирилиши мумкин. Фақат қиз бола кечирилмайди. Қиз болага келганда ҳукм ҳам ғоят мухтасар: «Ўғил бола шу ишни қилганда – бошқа гап эди. Аммо у – қиз бола-я!» Тамом – вассалом!
Қиз боланинг исми, жисми, маънавияти, борлиғи, хаттиҳаракатига ҳамиша ўлчов бошқача бўлиб келган!
Сўрамишлар:
– Дунёда ўлимдан ёмони нима?
– Қизингнинг ноқобил бўлиши!
Бу даҳшатни бошидан кечирганларнинг дилидан-да, тилидан-да бундан даҳшатлироқ нидо чиқади:
– Қиз асрагандан кўра, туз асрасам бўлмасмиди?
Дол бўлган қадлар, эгилган бошларга келадиган хулоса ундан ҳам даҳшатли:
– Қиз келтирган номус – ўлимдан кучли!
Асрлар, замонлар бу азалий маталларнинг маъносини ўчира олмаганидек, тиғини ҳам ўтмаслаштира олмайди.
Ўзбек хонадони борки, агар унда қиз ўсаётган бўлса, шу хонадон соҳибларининг кўнглида ғурур, сурур, шуур ва қиз шаъни билан боғлиқ ор-номус ҳам юқори бўлади.
Шунинг учун ҳам халқимиз қиз боланинг маънавий етук, комил инсон бўлиб ўсиши учун алоҳида аҳамият беради. Уни «оқ қанддай ўраб, авайлаб, гард теккизмасликка» ҳаракат қилади.

АЙТ-ЧИ, КЎЗГУ…
Нега кўзгу олдида узоқ-узоқ туриб қолаяпсиз? Гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Гўё кўзгудан сўраяпсиз: «Айт-чи, кўзгу, мен гўзалми?..»
Ёшликнинг ўзи гўзаллик. Соғлом ва беғубор гўзаллик.
Ёшликни баҳорга, қизларни гулга қиёсланиши ҳақида кўп эшитгансиз. Бу бежиз эмас. Баҳор гўзал фасл. Гул номи борки, у ҳам гўзал. Ҳар бир гул ўзлиги, ўз таровати билан гўзал. Қизлар ҳам худди шундай. Буни сиз сал кейинроқ, албатта, англайсиз.
Баҳорнинг ўз чеки-чегараси бор, ёшликнинг эса умрини узайтирса бўлади. Қандай дейсизми? Ёшликдан ўз саломатлигига қараб юрганларгина бунга эриша оладилар. Кўзингиздаги нур, орасталик, озодалик, қатъият ва шиддат, чаққонлик, сертабассумлик, руҳингизнинг кўтаринкилиги бир тарафдан саломатлигингиз аломати бўлса, иккинчи тарафдан эса сизни чиройли қилиб кўрсатади. Бунинг қадрига етиш, бу фаслни узоқроққа чўзишга интилиш керак.
Қизлар ўзларининг табиий чиройлари билан кўҳликдирлар. Шу бор чиройингиз устига яна ўринсиз оро берсангиз, Яратганнинг сизга атаб берган чиройини сунъийлаштириб қўйишингиз мумкин. Қолаверса, ҳаддан зиёд бўяниш, қўша-қўша тақинчоқлар тақиш, қимматбаҳо кийимлар кийишга интилсангиз, ўзингиз сезмаган ҳолда сизга зимдан қаровчилар «енгилтак», «қўғирчоқ» сифатини сирачлаб, яъни «михлаб» қўйишлари мумкин.
Йигитлар бундайларга бемалол «гап ташлайдилар». Йўқ, бу «гап» шайдо бўлганлик, мафтункорлик белгиси – «комплимент» эмас. Бу бошқача хушомад. Шундай хушомад эшитгудек бўлсангиз, огоҳ бўлинг, гап ташлаганлари билан йигитлар бундай қизларга уйланиш фикридан анча йироқ бўладилар. Яна бир нарсани қулоғингизга айтиб қўяйлик, ўзларига умр йўлдоши қилиб танлаётган қизларга йигитлар бундай бепарда «комплимент» айтишга журъат этмайдилар.
Унутманг, ўзбек хонадонларида қизларни жуда эъзозлайдилар, уларни «онам», «офтобим» деб атайдилар. Ана шундай меҳрга жавобан сиз ҳам атрофингиздагиларга эътиборли, ҳаёли, иболи, зийрак, меҳрли, хушмуомала бўлишингиз керак.
Шундай қизларни кўҳликкина экан дейишади. Кўҳлик бу – «чиройли», «гўзал» сўзларининг синонимидир.
Ўзингизни бамисоли оила қуёши деб тасаввур қилинг. Бундай офтоб қизлар ўз хонадонларию ундаги буюмларнигина эмас, оила аъзоларининг қалбини ҳам ёритиб турадилар. Оиладаги турли келишмовчилик, зиддиятларни оналарига ўхшаб зийраклик, мулойимлик, холислик билан бартараф этадилар. Оилада каттаю кичикни ўз «сўзларига киргазишга» эришадилар. Бир умр шундай олижаноб фазилатли бўлиб қолишга қизлар айнан балоғат ёшида замин тайёрлашини асло унутманг.
Мавзудан озгина чекинганимиз учун узр. Биз пардоз ҳақида сўзлашмоқчи эдик. Лекин кишининг ташқи кўриниши унинг ички оламини намоён этишини яхши биласиз-ку.
Аслида пардоз санъати қадим-қадимдан маълум. Одамзод ҳали нон нималигини билмай туриб, муаттар ҳид нима-ю, тери ва сочга нималар суртса, чиройли кўриниши ва муаттар бўй бериши мумкинлигини билган экан, десак ишонинг.
Даврлар ўтиши билан чиройга нисбатан фикрлар ўзгариб бориши, пардознинг ҳам шаклларию воситалари ҳам ўзгариб боргани табиий. Лекин рўйи азалдан тери, сочларни, тишларни соғлом сақлаш, нуқсонларни бартараф этиш, уларни моҳирона яшириш – чиройли бўлишнинг бош омили ҳисобланиб келинган. Шу нуқтаи назардан косметикани уч турга бўлганлар. Булар: гигиеник косметика, даволаш косметикаси, декоратив косметика.
Гигиеник косметика тери, соч, тиш ва тирноқларга яхши таъсир этиб, уларни зарарли атмосфера ва микробиологик таъсирлардан асрайди, нуқсонлар пайдо бўлишининг олдини олади. Гигиеник косметика воситаларига тери, оғиз бўшлиғи, тирноқларни ва бошқаларни тозаловчи, муҳофаза этувчи, юмшатувчи, озиқлантирувчи, дезинфекция қилувчи воситалар киради. Бундай косметик воситалар ёрдамида шифокоркосметолог иштирокисиз кишининг ўзи ўз нуқсонларини бартараф этиши мумкин.
Даволовчи косметика воситалари эса терини ҳуснбузарлар, сепкиллар, офтоб уриш оқибатидаги куйишдан асрашда, тери доғларини кетказишда, терлашнинг олдини олишда, қасмоқни йўқотиш каби ҳолатларда қўлланилади.
Декоратив косметика – яъни гримлар ва бўёқли косметика ташқи кўринишингизни ўзгартириш ва косметик нуқсонларни яшириш учун ишлатилади.
Бундай косметика анжомларини сиз жуда яхши биласиз ва уларнинг айрим турлари сумкангизда ҳамиша бор. Чунки кундалик грим учун сиз упа, лаб бўёғи, оқартирувчи ва қизартирувчи крем ёки бўёқлардан, қошга суртадиган қалам, соч бўёқлари, қовоққа суртадиган бўёқ ва тирноқ лакларидан кунда бўлмаса ҳам, вақти-вақтида фойдаланиб турасиз.
Терингизнинг аҳволи бутун организмингизнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Ички аъзоларингиз ва асаб тизимингизнинг нормал фаолияти бузилса, озми-кўпми вақт ўтиб, бу терингиз ҳолатига ҳам таъсир қилади. Даво косметикаси билан гигиеник косметиканинг уйғунлиги шундан. Ташқи кўринишингизга гигиеник парвариш қилиш билан сиз ёшликни маълум даражада муҳофаза қиласиз ва умуман организмингизнинг, шу жумладан терингизнинг қариши жараёнини анча орқага сурасиз.
Айрим қизларга балоғат ёшида хуснбузарлар тошади. Уларни сиқиб ташлашга уринсангиз, оқибатда ўрнида тиртиқ ёки доғ қолиши мумкин. Яхшиси, косметик кабинетга мурожаат этганингиз, терингиз парваришига оид тўғри маслаҳат олганингиз, зарур бўлса, улар назоратида даволанганингиз маъқул.
Қизларга асосан уларнинг ижобий фазилатларига қараб баҳо берилади. Борини чиройли қилиб кўрсатиш, камчиликларни озгина юмшатиш, табиат йўл қўйган хатони табиийликка яқин қилиб моҳирона ва эҳтиёткорлик билан безарар тузатиш ўн саккиз ёшлиларнинг қўлидан келади. Бироқ кийим танлашда бўлгани каби, пардоз-андоз (косметика) танлашда ҳам ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш керак.
Нега дейсизми?
Негаки, косметика воситаларидан билмасдан ва ҳаддан зиёд фойдаланиш салбий натижаларга, хусусан киши терисининг барвақт қаришига олиб келиши мумкин. Қолаверса, косметикадан тўғри фойдаланишни билмайдиган, пардоз-андозга ружу қўйган катта ёшдаги аёлларга кўр-кўрона эргашиш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Декоратив косметикадан фойдаланадиган қизчалар, айниқса, эҳтиёт бўлишлари керак.
Косметика ёрдамида юзларини «фалончига ўхшатиб» кўрсатишга уринадиган тенгдошларингиз ҳам йўқ эмас. Кўз четларига қоп-қора қалам суртиб, қовоқлари ва кўзлари остини қуюқ қилиб «соялаб» (тень суртиб), тушь билан киприкларини пахмоқлатиб, қошларини табиий кўринишдан анча узоқ антиқа эгар қилиб, лабларига қалин қип-қизил (ҳатто қора) помада суртиб юрадиганлар, булар ҳам камлик қилгандек сочларини ё нотабиий сариқ ё оч жигарранг ё тўқ қора рангга бўяб оладиганлар ҳам бор.
Бу тасвирлаганларимизнинг бирортаси ҳам тенгдошингизнинг ёшига, кўзига, «оппоқ пахтадеккина», «оқ сариқдан келган», «қора мағиз» терисига, хуллас бутун борлиғига тўғри келмаслиги мумкин.
Ҳа, декоратив косметикадан эвида фойдаланмасангиз, аслида худо берган «чиройли», «кўҳликкина», «иссиққина» чеҳрангизни бузиб қўйишингиз ҳам мумкин. Баъзан бир қарашда «унчалик эмас»дек кўринган лаб, бурун шакли, ёноқдаги билинар-билинмас майда сепкил ёки хол, «бодом қовоқ» ҳам тикилиб турсангиз, фақат сизгагина хосликни англатади, бетакрорлигингизни, бу фақат сиз, бошқа ҳеч ким эмаслигини қайд этаётгандек бўлади.
Аслида гўзаллик мезонига келсак, фикрлар, қарашлар шундай турли-туманки, бошингиз айланиб кетиши турган гап. Яхшиси, ҳар бир қиз, аёл ўзича чиройли, лекин ҳар бир қиз ҳам, аёл ҳам янада чиройли бўлишга интилади ва бунга эришиши мумкин, деган фикрда қарор топайлик.
Балки шунинг учун ҳам кўзгу олдидан кетолмаётгандирсиз? Ўзингизни, ўзгинангизни кўраяпсизми? Гўзал ва ёқимтойсиз-а?
Ёки кийган кийимларингизнинг ўзингизга ярашган ёки ярашмаганини билмоқчимисиз? Келинг, кийинишингиз ҳақида ҳам озгина суҳбатлашайлик.

КИЙИНИШ
Эсингизни таниганингиздан то табаррук ёшга етгунингизга қадар ҳам ҳаётингиздаги муҳим масалалар – ўқиш, иш, ейиш-ичиш, рўзғор, уй, бола-чақа масалалари каби кийиниш ҳам биринчи ўриндаги долзарб масала бўлиб қолаверади. Айниқса, агар ишлайдиган бўлсангиз, кўпнинг ичига кирадиган бўлсангиз, бу муаммо кунда бўртиб, кўндаланг бўлиб тураверади. Чунки «кўп», бу – сиз иштирок этадиган жамоа, тўй, йиғин, маърака… Жамоа эса сиз учун бамисоли – кўзгу!
Яна «Кутиб олиш энгилга қараб, хайр-хўш эса ақлга қараб», деган гапни ҳам кўп эшитгансиз. Айнан ёшлигингизда шу нарсалар сизга кўпроқ таъсир қилади, кайфиятингизни бузади. Назарингизда яхши («бойроқ» дегингиз ҳам келаяпти-а?) кийинганлар жуда яйраётгандек, сизгина эса эътибордан четда қолаётгандексиз. Чунки кийим-кечакнинг киши кайфиятига таъсири доим катта бўлиб келган.
Дид билан ва ўзингизга ярашадиган кийим кийсангиз, гарчи у қиммат бўлмаса ҳам, кайфиятингиз кўтарилади, ўзингизни даврада эркинроқ тутасиз, гап-сўзингиз ҳам шунга яраша бўлади.
Қисқаси, кийимингиз ички оламингизни, маданиятингизни, ички интизомингизни, яъни ўз хоҳишларингизни нечоғли жиловлай олишингизни-ю, ўзингизни нечоғли идора эта олишингизни намойиш этади. Бунинг ортида бир катта ҳақиқат ётибди: гўзаллик, дид, фаросат ҳамиша кишига тегишли кайфият бахш этади, кишининг юриш-туриши, ахлоқий маданиятини бошқаради, кишини олижаноб, зиёли қилиб кўрсатади.
Киши кийинишда ҳам ўзини идора этиши керакми, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Керак, жуда ҳам керак, ойим қизим. Чунки афсуски, дид билан, фаросат ва чиройли кийиниш маданиятини кишиларга «Мана бундай кийинсангиз, чиройли бўлади, мана буниси эса хунук», дейиш билан юқтириб ҳам, сингдириб ҳам бўлмайди. Кийиниш маданиятини ҳар ким ўзида ўзи аста-секин, қунт билан тарбиялаб боради. Табиийки, бу ишда ҳар бир кишининг ўзи астойдил ва кўп ҳаракат қилиши керак. Токи бехос айтилган «Вуй, чиройлилигини!» ёки «Мунча хунук!» каби иборалар шу чиройга ёки хунукликка нисбатан кишининг онгли муносабатига айлансин. Киши ҳар бир нарсада – табиатда, санъатда, меҳнатда, ҳатто инсон тузилишидаги гармонияда ҳам гўзалликни кўра билишга ўрганиши, шунга кўникма ҳосил қилиши керак.
Дид билан кийиниш кишидан маълум даражада билим ва ҳаракатни талаб қилади. Ҳақиқий гўзалликни англай билганлар мода деган нарсага кўр-кўрона эргашмайдилар ёки қиммат кийимларга, буюмларга айнан қиммат бўлгани учун берилмайдилар.
Шунинг учун ҳамма замонларда ҳам мода жиддий ўрганилади, таҳлил этилади, киши ўзига нисбатан тадбиқ қилганда унинг қандай кўринишда бўлишини мулоҳаза этади.
Ана шундай мулоҳаза ва таҳлил қилмаган қизлар, одатда, дуч келган нарсани чиройли деб, ўзларига қабул қилаверадилар. Дидсизлик, бачканалик, сохта чирой шундан келиб чиқади.
Шу даражага етиб бормаслик учун қизлар, биринчи навбатда, қандай ранглар ўзаро уйғунлигини, бу рангларнинг қай бири ўзларига мос келишини, кийимнинг у ёки бу модели, бичими уларнинг ёшига, ташқи кўриниши, ҳатто феъл-атворига тўғри келиши ёки келмаслигини белгилашга ўрганишлари ҳам керак.
Эътибор берган бўлсангиз, дидли қизлар ҳеч қачон бошқа қизда чиройли кўрингани учунгина ёки бошқалар «модный» деб ҳисоблаганига қараб кийим танламайдилар. Бировга тақлид қилиб, бачканалик даражасига тушиб қолиш мумкинлигини улар яхши биладилар.
Модага кўр-кўрона эргашганлар кўпинча ноқулай аҳволга тушиб қолишлари мумкинлигини унутманг. Моданинг энг олди ҳисобланган либослар, кийимлар ичидан ҳам сизни сиз қилиб кўрсатадиган, ўзлигингизни намойиш этадиганларинигина танлаб олиш керак. Бу эса асло осон эмас. Нега деганда, мода осмондан тушмайди. Мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. У ҳам маълум даражада кишилар ҳаёти, фикри, кайфияти, руҳиятининг, жамият ижтимоий аҳволининг аксидир.
Сизнинг ёшингиздагилар кўпинча яна бир хатога йўл қўядилар. Улар ўзларига кийим танлаётганларида бу кийимнинг ўзларига ярашиш-ярашмаслигини эмас, қайси машҳур фирманинг маҳсули эканига қараб олишади. Яна шу фирманинг ёрлиғи кийимнинг энг кўринадиган жойида бўлиши керак. Кийимнинг қулайлиги, унинг қайси ерларга кийилиши мумкин эканлиги ҳақида мутлақо ўйламайдилар. Ҳолбуки, сиз кийимда ўзингизни қулай сезаётган бўлсангиз, у сизга ярашиб турган бўлса ва уни ўрнида кийган бўлсангизгина бошқалардан фарқланиб турасиз. Чунки унда сизнинг кийим кийишдаги ўз услубингиз акс этган бўлади. Бу – сиз. Ўзингизга хос жозиба ҳам шунда «мана мен» деб турибди гўё. Сизни энди ҳеч ким билан адаштириб бўлмайди. Энди сиз ўз жозибангиз, ўз услубингизга эришиб олдингиз, энди сиз «ҳамма қаторида» йўқолиб ҳам кета олмайсиз.
Ҳозир сиз шундай ёшдасиз-ки, ота-онангиз сизнинг кийинишга, тўғрироғи – ясан-тусанга чексиз ружу қилишингиз, ортиқча берилиб кетишингиздан, бу нарса кейинги ҳаётингизга ўз изнини киритиши мумкинлигидан ҳам қўрқишар. Четдагиларга «чиройли» кўринаман деб, мода ва ясан-тусанларга берилиш ёмон оқибатларга олиб келишини улар яхши билишади. Ўзингиз ва имкониятингизга қараб кийиниб юрсангиз, яқинларингизнинг яхши фикрини қозонган, қадрингизни сақлаган бўласиз. Уларнинг асосий мақсади – қизларининг эслик-хушлик бўлиб етилишини кўриш. Эслилик-хушлиликнинг биринчи аломати ўз дугоналаридан ажралмаслик, имкони етган кийимга қаноатланиш, озода ва покиза сақлаш, кийимларнинг келишимлигини танлай билишдир.
Қолаверса, сиз ҳозир шундай ёшдасизки, модалар ҳақида эмас, кўпроқ онангизнинг гапига кириб, аксарият ўзингизни ораста тутиш, соч ва баданингизни озода тутиш ҳақида ўйлашингиз тўғрироқ бўлади. Чунки кишининг кийиниш борасида ўз услубига эга бўлиши, худди характерининг шаклланиши каби тез рўёбга чиқа қолмайди. Ахир бир-икки кийим кийиш билангина киши ўзини намоён қила олмайди-ку. Бунинг учун ҳам йиллар керак, ўқиш, ўрганиш, изланиш керак.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, кўзгу олдида узоқ-узоқ туриб қоласиз. Хонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда унга умидвор тикилиб, гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Қани энди кўзгуга жон кирса-ю ўз тили билан сизга баҳо бериб деса: «Нақадар гўзалсан! Нақадар чиройлисан!». Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват беради, одимингиз шўхроқ, кулгингиз жилғалар оҳангини олади. Кишилар ичида шоиртабиати кўп бўлади. Шулар тилидан бирдамас-бирда бу сифатни очиқ-ошкор эшитганингизда ҳам ҳавойиланиб кетманг.
Яратган чиройда кам қилмаган айрим тенгдошларингизнинг ўринли-ўринсиз ўз ҳуснини кўз-кўз қилиши атрофдагиларнинг ғашини келтиради. Худди шуларга ўхшаб, аксинча хунукман деб, ҳадеб изтироб чекаверадиган, буни ошкор кўрсатишга уринадиганлар ҳам кишида ачиниш уйғотади. Сизнинг ёшингиздагиларнинг кўпи ачинишни ҳақорат билан тенг кўрадилар. Демак, ачиниш туйғусини уйғотишни истаганлар ҳам тез назардан қоладилар.
Дунёда мутлақ гўзал бўлмаганидек, мутлақ хунук аёл ҳам бўлмаслигига кўп ўтмай, ўзингиз ҳам амин бўласиз. Ҳар бир аёл ўзича чиройлилигига, лекин ҳар бир аёл боридан кўра чиройлироқ кўринишга уринишига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Қизларни кўпинча гулга қиёс қилишади. Ҳар бир гулнинг эса ўз таровати бор.
Гўзаллик мезонига келсак, фикрлар, қарашлар шундай турли-туманки, бошингиз айланиб кетиши турган гап. Яхшиси, ҳар бир аёл ўзича чиройли, лекин ҳар бир аёл яна ҳам чиройли бўлишга интилади, деган фикрда қарор топайлик.
Лекин сиз ҳамон кўзгу олдидан кетмаяпсиз. Бунинг боиси, балки кийган кийимингизнинг ўзингизга ярашган ёки ярашмаганини билмоқчидирсиз? Энди катта қиз бўлиб қолдингиз. Кўзгуга тикилишдан мақсад, фақат қадду қомат, қошу кўз, қўлу оёқни кўриш эмаслигини сиз энди яхши биласиз. Кийинишда ўз жозибангиз, ўз йўлингиз, ўз усулингизни кашф қиладиган даврга келганингизни ҳис қилаяпсиз. Кийинишда ҳам «йўл», «услуб» бўлиши сизни бироз чўчитаяптими?
Оддийроқ қилиб айта қолайлик. Қайси кийимларда ўзингизни эркин ҳис қилаяпсиз? Қайси либосларингизда юрганингизда, юқорида айтганимиздек, орқангиздан сездириб-сездирмай яхши қараб қолишаётганини сезаяпсиз? Ҳамма кийимларда яхши юраман дейсизми? Ҳаммасида ҳам маъқул қарашни сезаман дейсизми? Унда – кийимларингиз буюрсин! Ўйнаб-ўйнаб кияверинг! Демак, сиз ўз «йўл» ва «услубингизни» топиб олибсиз ёки тўғри йўлдасиз.
Айрим қизларга ўхшаб бошламасида билиб-билмай мода кетидан кўр-кўрона қувиб кетиш яхшимас. Мода осмондан тушмайди. Модага эргашилмайди, негаки мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. Баъзи пайтлар эски киноларни кўрганда ёки бувингизнинг ёшликдаги суратларини кўздан кечираётганда бувингизнинг моданинг олдида бўлганларига ҳавасингиз келгандир? Бу ҳам моданинг осмондан тушмаслигига далил. Яна бир нарсага диққат қилинг: модага кўр-кўрона эргашиш анча давлатманд аёлларни ҳам хонавайрон қилиши мумкин, лекин ўша аёлнинг ўзлигини заррача бўлса ҳам намоён этмайди. Ҳа, ҳайрон бўлманг, кийим ҳам кишининг ички дунёсини ошкор қиладиган энг аниқ восита ҳисобланади.
Ўз кийиниш услубингизни танлаб олгунча, қадду қоматингиз, бўйингиз, танангиз аъзоларининг тузилиши билан ҳисоблашишга тўғри келади. Ҳеч ким сизнинг гавдангиз тузилишини, айрим аъзоларингизнинг ўзига хослигини ўзингизчалик яхши билмайди. Ўзига хослиги деб айтаяпмиз, зинҳор уларни нуқсон деб тушунманг ва хоҳ пинҳон, хоҳ ошкор бундан изтироб чекманг. Кийим харид қилаётганда ёки кийим тиктираётганда шуларни инобатга олсангиз (чевар унинг чорасини топади, албатта) ишонинг, сиздан кўҳлик қиз бўлмайди.
Бошқалардан қолмасликка интилишингиз вақтинчалик, албатта. Айниқса кийиниш масаласида ўзингизга талабчан бўлишга тўғри келади. Чунки сиз оилада битта эмассиз. Отаонангизнинг ҳам сизнинг «ҳаммадан қолмаслик» талабингизни бажо қилишга имкони борми-йўқми, буни ҳам инобатга олишингиз керак. Ҳамма айтганларингизни бажо қилмаётганларининг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмасдир.
Ўзингизгагини хос жозиба, услубларга келсак, улар балоғатнинг иккинчи босқичида, албатта, келади. Ёшингиз йигирмадан ошганидан сўнг сизни на кўринишда, на кийинишда ҳеч ким билан адаштириб ҳам, алмаштириб ҳам бўлмайди! Сиз – фақат сиз бўлиб қоласиз.

ЗЕБ-ЗИЙНАТИНГИЗ…
Ўн етти ёшга тўлганингизда бувингиз бир узук совға қилиб дедилар:
– Меники табаррук, она қизим, буни менга сендек вақтимда онамлар раҳматли тақиб қўйган эдилар. Мана, энди сен ҳам катта қиз бўлиб қолдинг. Жойи-жойида, эҳтиётини қилиб тақиб юргин…
Кейин ўн саккизга тўлганингиз баҳонаси билан дадангиз билагингизга бежирим билакузук тақдилар. Бувингиз ўғиллари ва сизни дуо қилар эканлар, яна тайинладилар: «…жойижойида, эҳтиётини қилиб тақиб юргин»…
Тақинчоқларингиз, зеб-зийнатингиз кўпайиб бораётганидан севиняпсиз.
Зеб-зийнатни қиз-аёллар кўрк учун тақадилар, буни жуда яхши биласиз. Мана шу кўрк ҳаддан зиёд бўлганида таъсири ҳам салбий бўлади. Сабаби зеб-зийнатнинг ҳам ўзига яраша маънавий юки, ўзига яраша маънавий қадрияти борки, «жойижойида, эҳтиёти билан» тақилмаса, зеб-зийнатнинг қадр-қиммати жуда тушиб кетади, у бойлик, борлик, етуклик, гўзаллик белгиси бўлиш ўрнига, бачканалик, мешчанлик, буюмпарастлик ифодаси бўлиб қолади.
Тенгдошларингиз ичида қиз-аёлларга баҳо шу тақинчоқларнинг сонига ва қийматига қараб берилади, улар қанча кўп бўлса, жамоат фикри ҳам улар ҳақида бошқача, юқорироқ бўлади деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун тўйларга ва зиёфатларга, баъзан ёшлар йиғинларига ҳам борганларида бисотларида бор зеб-зийнатларининг ҳаммасини тақиб оладилар. Шу таққан тақинчоқлар рангларига, соч турмакларига, кийган кўйлакларига мосми, мос эмасми – бу билан уларнинг гўё ишлари йўқ. Гўё уларнинг мақсади бошқа: кўрдингизми, менинг қадрим баланд, нимани хоҳласам шуни олдиришга қурбим етади, демоқчи бўладилар. Чин жамоат фикри деган нарсани улар шу қадар тор тушунадилар. Кўпчилик ҳурматини шу тақинчоқлар билан оламан дегувчилар, улар ҳақида шу кўпчилик аллақачон «бозорчи аёлга ўхшайди-я» ҳукмини чиқариб қўйганини билмайди, билса ҳам, «ҳасад қиляпти» деб яна бошқа хатога йўл қўяди.
Зеб-зийнатнинг, тақинчоқнинг ўзига яраша маънавий юки, ўзига яраша маънавий қадрияти, тарбиявий аҳамияти бор деганда бошқа қиз-аёлларни назарда тутган эдик.
Бу тоифадагилар, бувингиз айтмоқчи, «жойи-жойида, эҳтиётини қилиб», хилини-хилига, рангини-рангига, кийган либосларига мослаб тақинчоқ тақадилар. Бу тақинчоқлар жойига қараб, балки қиммат ҳам бўлмас, лекин улар либосга уйғун бўлгани учун яхлит гўзал бир ансамблни ташкил этади. Одатда зиёли, диди юксак аёлларимиз шундай кийинадилар. Борини бозор қилиш, йўғини қўшнидан ёки қариндошдан «прокатга» олиб туриш уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.
Мен бир аёлни биламан. Беш фарзанди бор. Эллик ёшигача бир ташкилотда меҳнат қилди. Зирак, бир-иккита узук дегандек, бир аёлга лойиқ тақинчоқларга ҳам эга эди. Камтар, меҳнаткаш… Яқин-яқиндан оилавий тантаналарда, тўйҳашамларда у тилла билакузук тақиб юра бошлади. Болаларининг ҳаммаси вояга етган, ишлайди, одобли, яхши хулқли болалар. Аёл эллик ёшга кирганида фарзандлари бир бўлиб, шу билакузукни совға қилишибди.
Зийнатини кўз-кўз қилиш керак бўлса, назаримда, шу аёл қилиши мумкин эди. Лекин у ҳуда-беҳудага билакузукни тақавермайди, худди болаларининг меҳнатини аягандек, эҳтиётлик билан улар совғасини улуғлаб тақади. Ҳар таққанида болалари меҳрини туйиб тургандек, уларни дуо қилади, бундан мамнун фарзандларининг меҳри яна ҳам товланади. Чунки инсонда ўз меҳнатининг қадрига етишаётганини ҳис қилиб туришдек олий туйғу бўлмаса керак. Ана шу меҳр эвазига, болалари қалбига жо қилган яхши тарбия эвазига аёл яна кўп марта бошқа қимматбаҳо совғалар олса ажаб эмас.
Шу муносабат билан яна бир аёлни эсладим. У яккаю ёлғиз қиз эди. Ота-онасидан мерос бўлиб қолган ҳовли-жойни сотишиб, ўрнига «болаларингизга ишлатарсиз» деб қариндошлар бир дунё тилла буюмлар олиб беришди. Лекин аёл уларни тўлатўкис таққанини ҳеч кўрмаймиз.
Аёллар ҳам қизиқ… Унинг зеб-зийнати кўплигини билганлар баъзан «Ҳаммасини тақиб яйраб юрмайсизми?» дейишади. Бундайларга аёл асталик билан ўз андишасини айтади: «Болаларим ҳали жуда ёш. Ҳар бирининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз керак. Ҳали бир касбнинг бошини тутиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишгани йўқ. Улар олдида мен товланиб юрсам, яхши бўлмас… Буларни тақишнинг ҳам вақти-соати бўлиб қолар…»
Ҳа, зеб-зийнатлар, тақинчоқларнинг ҳам ўзига яраша маънавий юки, ўзига яраша маънавий қадрияти, тарбиявий аҳамияти бор.

ҚАРИ ҚИЗ МОНОЛОГИ
«Гуноҳларнинг энг каттаси – қари қизни ғийбат қилишдир…»
    (Элдан эшитганим)
Ёшим йигирма бешга етди.
Кимдир мени «Ўтириб қолган қиз» дейди, бировлар эса «қари қиз». Атрофимдагиларнинг менга қараши ҳам аллақачон ўзгарган. Назаримда, уларнинг бири менга менсимагандек қараса, бошқаси ачиниб, яна бири куюниб қараётгандек. Лекин улар юзимга мавриди билан «қиз боланинг вақтида уйлик бўлгани маъқул» деб насиҳат қилишдан тортинишмайди. Буни ёши катталар айтса майли-я, мен тенги ёки икки-уч ёш кичиклар, лекин бир-икки болалик бўлиб улгурганлар айтишса, юрагим узилгандек бўлади.
Уйда, яқинларингнинг мунгли қарашига дош бериш яна ҳам қийноқли. Фақат онамгина индамайдилар. Назаримда, мени фақат онамгина тушунадилар. Фақат у киши ҳам мен кутган нарсани астойдил чин дилдан кутадилар, мен илҳақ бўлгандек, у киши ҳам унга – БАХТга жуда-жуда илҳақлар. Фақат онам олдиларидагина ўзгаларнинг наздида менга аянчли бўлиб туйилиши керак бўлган оламни унута оламан.
Айрим қариндошлар онамга:
– Ҳамма айб ўзингизда! Қиз боланинг кўнглига қараб ўтирмай, дурустроқ жой чиққанда бериб юборавериш керак эди! – дейишади.
Онам эса бир оғиз ҳам менга таъна қилмайдилар. Лекин барибир ҳамма менга муносиб куёв қидириш билан банд…
Мен учун эса олам улар ўйлаганчалик аянчли эмас. Бир айбим – йигирма бешга чиққаним. Ўқидим. Ишлаяпман. Баъзи қизлар сингари гулдан-гулга кўниб, мақсадим дурустини танлаш бўлаётгани ҳам йўқ. «Алданганлар» қарғишидан ҳам қўрқаётганим йўқ. Чунки мен туфайли бирон йигит ё қиз муҳаббатдан безигани йўқ.
Айримлар менга ўхшаш «қари қиз»ларнинг дарди фақат битта – куёв, деб ўйлашади. Бу – ёлғон. Айнан шу ҳақда мен жуда кам ўйлайман. Ишимни севаман. Шундай севаманки, дарсга киришим билан бутун борлиқ унут бўлади. Дарс тамом бўлиб, қўнғироқ чалингандагина мен ҳам, ўқувчиларим ҳам ўзимизга келамиз.
Айримлар айтгандек «ҳиссиз» ҳам эмасман. Қалбим тўфонлари ўзимгагина аён…
Кеча Хадрага яқинлашганимда олдимдан Ширин боласини етаклаб чиқиб қолди. У мактабни битирган йилиёқ турмушга чиққан эди. Қиз мажлисига борганимиз ҳам эсимда. Ўғилчаси уч ёшлар бўлиб қолибди. Иккинчиси экан. Дўмбоққина! Вой, унинг жиддийлиги! Ўзига лойиққина костюм-шим кийгазиб қўйибди. Оппоқ кўйлагига капалаксимон қора галстук тақибди. Бошида бир ёқ чеккасига сал эгикроқ берет. Шунақанги ширин кўриниб кетдики кўзимга! Ҳеч қайси дугонамга бундай қилмаган эдим. Кеча Шириннинг ўғлини кўрдим-у ё ўзи кайфиятим шунга мойилмиди, билмадим, ишқилиб юрагимда нимадир узилгандек бўлди. Негадир кўзимга ғилтиллаб ёш келди. Нима бўлаётганини билмайман. Бола бечорани бағримга босиб юзларидан ўпаман. Ерга қўйгим келмайди. Талай жойгача кўтариб бордим. Ҳали-ҳали эсласам, уяламан. Тавба, дейман ўзимга ўзим. Китобларда вақти етганда турмуш қурмаса ҳам қизларнинг қалби бола қўмсайди, бу табиий, деб ёзишарди. Балки ёзувчилар тўғри пайқашгандир буни? Кеча бутун вужудимда ҳукмрон бўлган туйғуни таърифлашдан ожизман. Бу менга нотаниш, аммо ич-ичингда, юрак-юрагингда титроқ турғизадиган бир нима эди.
Жуда-жуда ғалати бўлиб қолдим. Юрагимда алланарса йиғилиб қолганини, энди уни кўтариб юриш менга оғирлигини аниқ ҳис қилдим. Бу – меҳрлигини, юрагимдаги бор меҳримни бошқага, бошқаларга беришим кераклигини англадим.
Кўплар «Жуда танлаяпти, ишқилиб тозисига учрамасин-да», дейишади. Йўқ, мен асло танлаётганим йўқ. Нима қилай, ҳар гал «куёв кўрар»га чиққанимда кеча ҳис қилганим тўфонли, томирни қиздирувчи туйғулардан йироқ бўлардим. Қалбимдаги сокинлик атрофда ҳам ҳукм сурарди. Ҳеч кандай ўзгариш сезмасдим ўзимда ҳам, атрофда ҳам. Шовқин билан одатдагидек трамвайлар ўтади. Троллейбусларнинг вишиллаши ҳам одатдагидек. Ҳамма ўзи билан ўзи оворадек туюлади. Менга эса бахтнинг сокини керак эмас. Ҳақиқий бахтнинг киши томирларидан илиқлик югуртиришига, қалбингга ҳали айтганимдек, ўзинг ҳам тасвирлай олмайдиган туйғу солишга қодирлигига ишонаман, ишондим. Кеча, майли, кеч бўлса-да шу кичкинтойни бағримга босганимдаги туйғунинг қалбимга ошно бўлганидан бахтиёрман. Унинг бундан-да жўшқин, бундан-да ёрқин, бундан-да улкан бир туйғуга йўл очиб берганига ҳам ишонаман. Ҳа, шундай!
Менга ҳозир ачиниб қараётганлар, содир бўлажак ёрқин бахтимга ҳавас қилишга ҳам тайёрланиб туринг.

МАФТУН ЭТАЙ ДЕСАНГИЗ
Сизда ҳам ҳамма қизларда бўлгани каби бир пинҳоний орзуйингиз бор. Сиз ҳам ҳамма дугоналарингиз каби бировларни шайдо этишни, ўзгаларнинг бир умр ўзингизга мафтун бўлиб юришини хоҳлайсиз. Айтиш керакки, табиат сизга шунга яраша асос ҳам берган. Қизларнинг гулга қиёс қилиниши бежиз эмас. «Қиз бола уйнинг гули, элнинг кўрки», дейди халқимиз. Бу иборага не маъно, не умид жо қилингани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Умид – инсоннинг келажак билан боғлиқ риштаси. Сизни болаликдан «Онам!», «Она қизим!», «Ойим!» деб эркалагувчилар келажакда сизнинг тимсолингизда оналардек улуғ сифатли ва фазилатли, элнинг кўрки бўладиган аёлларни кўриш умидидадир.
Тўғри, худо сизни гул қилиб яратган. Лекин кўркни бир умр ўзингиз кашф қилиб, ўзингизда мужассам қилиб борасиз. Минг шукрки, андоза оладиганларингиз кўп.
Беҳзодлар, Чингиз Ахмаровлар чизган ўзбек аёллари суратларига узоқ-узоқ ҳавас билан қарашингиз, қай бир чизгиларидан ўзингизга ўхшашликни ахтаришингиз сир эмас. Кўзингизнинг қувнаши, қалбингизнинг оловланишига арзигулик санамлар-а!
Навоий, Саъдий, Қодирийлар сийратини тасвирлаган битикларни тунлари билан мижжа қоқмай ўқишингиз, улардаги кўп фазилатларни ўзингизга юқтиришга интилишингиз ҳам сир эмас. Орзу-ҳавасингизга барака! Негаки руҳингиз улардан қувват олади, ул санамлар авлодининг давомчилари эканингиздан кўнглингиз тоғдек кўтарилади.
Ҳар бир аёлда ҳам ерлилик, ҳам самовийлик мавжуд дейишади. Бу гап рост бўлса керакки, юртимизда бўй етган ҳар икки қизнинг бири шеър машқ қилади. Самовийлигимиз ана шу шоир табиатимиздан, аждодлару ҳозиргилар насру назмидан қувват олади. Негаки, бу насру назмлар кўнгилни тозартади, кишининг томирини тўлғизиб, умидли яшашга, ҳаётга тўғри қapaшгa ўргатади.
Ҳаётга тўғри қараган одам умри давомида мураккабликларга дуч келса, уларни енгиб ўтиши нисбатан енгилроқ бўлади. Ҳаётга тўғри қараш айнан сизнинг ёшингизда қapop топади.
Ҳаётга тўғри қараш ўзлигини англаб етишдан бошланади. Ўзини англаб етмаган, ўзлигини топмаган, ўзига холис баҳо бериб, ўзи ҳақида холис ҳукм чиқаришни ўрганмаган одам бошқаларни қандай англасин? Қандай билсин? Қандай танисин? Бошқаларга қандай эргашсин? Сиз – кимсиз ўзи? Ҳаётда мақбуллар сирасига кирасизми ёки номақбуллар? Сизда ерлилик кўпми ёки самовийлик?
Инсоннинг моҳияти унинг хоҳишларида акс этади, дейишади. Сиз нимани хоҳлайсиз? Биринчи хоҳишингиз қорнингизнинг тўқ, эгнингизнинг бут бўлиши албатта! Бу бир сизнинггина эмас, инсон зоти борки – илк табиий талаби шу! Иккинчи талабингиз нима? Қимматбаҳо кўйлак, зеб-зийнатми ёки яхши китоб? Қаршингизда уларнинг ҳаммаси муҳайё бўлса-ю, фақат бирини танлашингиз керак бўлса, қўлингизни қай бири томон узатасиз?
Қўлларингизга кўрсатмани қалбингиз, руҳингиз, юрагингиз беради. Унинг оч ёки тўқлиги қай даражада?
Умуман, ҳаётдан кўпроқ олиш истагингиз кучлими ёки ҳаётга бериш?
Кўрдингизми? Ақлингизни таниб борганингиз сари бир дунё саволлар кўндаланг бўлаверади. Сиз ўйлашни, фикр юритишни ўрганиб бораверасиз. Ўзингиз ҳам сезмаганингиз ҳолда билимингизни ошириш, мулоҳаза юритиш ҳаётий заруратга айланиб бораверади. Яна атрофдагилар билан муомала, муносабат ҳам сизни ўзингизни англашингизга ёрдам беради. Одамлар орасидагина ўзингизни кашф қила, топа борасиз. Кўрдингизми, ҳаётга тўғри қарашнинг энг муҳим шартларидан бири ана шу муомала, муносабатни билиш, ўрганиш, энг яхшиларини ўзингизга юқтиришдир.
Ҳаётда аёл киши яхши олим бўлиши шарт эмасдир, аммо яхши одам бўлиши шарт. «Биттагина хайрли иш бир олам илмдан афзал», дейди донишмандлар. Аёл киши дунёга келганидан то кетгунига қадар хайрли иш қилишга даъват этилган. Шунинг учун у қайси касб ёки мартаба эгаси бўлишидан қатъи назар, аёл жинсидаги киши ҳаётдан изсиз кетмайди.
Яна кичиклигингиздан сизга-ю дугоналарингизга, умуман қиз отлиқ мўъжизага «уйнинг гули» деб келинганини айтдик. Гул… Ғунча… Бу тушунчалар кишининг эстетик завқи, шайдолиги ва ҳоказо туйғулари билан боғлиқ. Сиз «ғунча», «гул» бўлиб уйингиздагиларнинг кўзини қувнатиб келгансиз. Олдингизда эса… Олдингизда эса бир умр атрофингиздагиларни мафтун этиш вазифаси турибди. Бу ҳам аёл аталмиш мўъжизанинг пешонасига битилган. Мафтун этиш учун эса қалб гўзаллиги бўлиши керак. Англаяпсизми, қизим, шайдолик тан гўзаллигига бўлса, мафтункорлик қалб гўзаллигигадир.
Ана шу қалб гўзаллигини меҳнатсевар асалари каби узоқ ва заррама-зарра йиғасиз. Нектар олиш манбаларингиз ҳам антиқа: онангиз, бувингиз, келинойингиз, ҳаётнинг ўзи, китоблар, санъат асарлари, томошалар, орзу-ҳавас, муҳаббат, оналик ва яна кўп нарсалар…
Мафтун этиш сирларидан яна бири ҳаётга қиз бола бўлиб келганингиздан оғринмаслик, аксинча қувона билишда, аёллик қисматини шараф деб қабул қила олишда, ҳар назар, ҳар одимда ўзингизни олдинга ундайдиган шодлик кўра билишда, бировларни ҳам шодлантира билишда. Бир сўз билан айтганда, ерда туриб, самовий бўлиб қола билишда. Буларнинг ҳаммаси меҳнат, заҳмат албатта. Аммо мукофоти катта – шайдолик, тан гўзаллигига шайдолик тез ўтиб кетса, қалби гўзал аёлга бир умр мафтун бўлиб қолаверадилар, чироққа интилгандек, унга интилаверадилар.
Шунинг учун ҳам, бировларни мафтун қилиб юрай десангиз, қалбингизни муттасил озиқлантириб боришингиз, уни ҳеч бир сония оч қолдирмаслигингиз керак. Қорин оч қолса, уни тўйғизгач, оч вақтингиз тез унут бўлар. Қалб очиққандаги узилишни тўлғазиш қийин. Унинг асорати кўпга кетади, одамларнинг сизга мафтункорлиги пасаяди, борабора йўқолади.
Суҳбат давомида анчагина тест монанд саволлар бердик. Қалб тўлғазиб турилса, уларнинг кўпига жавоб ўз-ўзидан пайдо бўлади. Ишончим комил, бу тестдан, ҳаёт тестидан энг юқори балл билан ўтасиз. Хусусан, ўзингизнинг мақбуллар сирасига киришингизни, сизда самовийлик кўплигини, қўлингиз биринчи зеб-зийнатга эмас, китобга узатилишини биласиз. Булар сиз учун ҳаётий заруратга айланади-да.
Илоҳим, бир умр бошқаларни мафтун қилиб юрадиган гўзал қалбли қиз бўлинг!

МЕН АЙТАР ДУО
Бу манзарани сиз кўп кузатгансиз…
Яқин дугонангиз, синфдош ўртоғингиз тўйида, қиз ўзи туғилиб ўсган хонадонидан чиқиб кетар олдида ҳаммани келинбарорга, куёвникидаги катта базму жамшидга чорлаётган сурнай навоси бир дам тинади. Оппоқ ҳарир кўйлакдаги дугонангизни буваси ёки отаси олдига етаклаб келиб, оқ фотиҳа беришни сўрайдилар. «Қадаминг қутли бўлсин! Борган жойинг гул бўлсин!» деб дуо қиладилар табаррук одамлар. Шунда сиз ҳам дугоналарингиз қатори қўлингизни оминга очасиз. Сизгинанинг ичингиздан нималар ўтганини, хаёлингизга, кўз ўнгингизга нималар келганини тасаввур қилаяпман. Ахир «Ўн саккизга кирмаган ким бор», деб бежиз айтишмаган. Сизнинг ҳам эшигингиздан совчилар аримаяпти. Ичингиздаги энг яхши тилакларингиздан кафтингиз қизиб кетаётганини сезаяпсизми. Сиз шунда кўп қатори ҳароратли кафтингизни «Омин!» деб анор рангидаги юзингизга тортасиз. «Илоҳо, омин!» дейман мен ҳам сизга жўр бўлиб.
Ёшим дуо қилгувчилар, оқ фотиҳа бергувчилар ёшига етиб, шундай улуғ иш бир-икки бор менга топширилганда мен ўша дуони «Борган жойингни гул қилгин!» деб айтдим. Айримлар ҳаяжондан дуони сал ўзгартирдингиз шекилли, дейишди. Йўқ, атай қилдим. Қалдирғоч қанотидек қаро қошларингизни чимирмай туринг-да шу икки жумла фарқини бир мушоҳада қилиб кўрайлик…
Назаримда, биринчи дуо жумласи: «Борган жойинг гул бўлсин!» да сизга нисбатан фақат яхши ниятдан ортиқ нарса кўрмаётгандекман: илоҳим, борган жойингиз гул бўлсиней… Вассалом…
Менинг эса сизга меҳрим ҳам, ишончим ҳам бўлакча, жон қизим! Сизни шунчакигина ижрочи сифатидагина эмас, ижодкор, ташаббускор, оловқалб, журъатли кўришни жуда-жуда истайман. Борган жойингиз гул бўлса, суюниб, гул бўлмаса куйиниб, кўникиб кетманг демоқчиман, холос.
Иккинчи дуо – «Борган жойингни гул қил!» мағзида эса бахт деб аталмиш неъматни ҳеч ким қўлингизга тайёргина тутқазмайди, буни англаб етинг, дейилаётганини англаяпсизми? Буни англаб етиш ва унга амал қилишнинг ўзи турган-битгани ижодкорликдир. Худди шахматдагидек: бир катакдан иккинчи катакка ўтгунча минг бир ўйланади. Ҳаёт ҳам шахматдай гап. Умр-муросада гап кўп, ҳар қадамингни ўйлаб, кейинини чамалаб, мушоҳада билан қўймасанг мот бўлиб қоласан.
Ҳозир ўқимаган қизнинг ўзи йўқ. Бўлмаганда ўрта маълумотга эгасиз. Демак, сизга ортиқча гапнинг ҳам ҳожати йўқ. Англаб етишингиз керак бўлган биринчи нарса етти келиннинг қайнонаси бўлган Фармон кампир айтмоқчи ҳар бир оиланинг ўз аъмоли, ўз қоидаси, ўз «ҳукумати», ўз йўриғининг бўлишидир. Сиз бораётган оиланинг қонун-қоидаси қай бир жиҳатлари биландир сиз ўсган оиланикига ўхшамаслиги мумкин. Ижодкорлик, ташаббускорлик кўрсатаман деб, зинҳор тезоблик билан у ерда ўзингиз ўрганган қоидаларни сингдиришга ҳаракат қилманг. Аввалам бор сиз биттасиз, демак озчиликсиз, у ердаги тартибга ўрганиб, итоат этиб келаётганлар – кўпчилик. Озчилик доим кўпчиликка ён босиб келади. Иккинчидан, сиз энди қўшилдингиз бу оилага. Ундаги тартиб-қоидалар эса азалдан бор. Сиз сингдирмоқчи бўлган тартиблар яхшилик бўлса ҳам, барибир – янгилик. Янгилик эса муайян синовдан сўнг сингишади ҳамиша. Ана шу синов даврида сизга тоқат берсин худо! Айрим дугоналарингизга ўхшаб «характеримиз келишмади» хулосасини байроқ қилиб олманг. Бунга ҳамиша улгуриш мумкин.
Келин ўз оиласида ҳукумат бошлиғи бўлмаса ҳам, лекин яхшигина дипломат бўлиши шарт. Ҳукуматимиз бошлиқлари не-не давлатларга боришмайди, дунёнинг манаман деган нене подшоҳлари билан учрашишмайди, дейсиз. Юртимизга келаётганларнинг асти чеки йўқ. Эътибор беринг-а, бир-бирига қарама-қарши давлат кишилари сўзлашиб туришса ҳам, табассум билан сўзлашадилар, қўл сиқишиб, таъзим қилишадилар. Нега? Негаки одил ва ақлли ҳукумат бошлиқларининг кўзлагани – ер юзида тинчликни сақлаб қолиш, одамлар ҳаётини фаровон қилиш. Ана шу катта мақсад деб ҳар нарсага тайёр туришади…
Оила ҳам кичкина ҳукумат, деган гапни кўп эшитгансиз. Кўпчиликнинг кўзи, жамоатнинг фикри ҳар бир оилани имтиҳондан ўтказади. Имтиҳон берувчи кўпинча аёл киши бўлади. Оилада осойишталик сақлаш, бахтли, фаровон ҳаёт қуриш учун аёл киши катта ҳукумат бошлиқларидек зукко бўлиши керак. Аввало ҳаётнинг шоҳ масала-мақсадини аниқ англаб етиши керак.
Шоҳ масала-мақсаднинг бири – аёл, қизнинг ўз умр йўлдошига муҳаббати. Бу муҳаббат бўлмаса ва у гуллаб, муаттар ҳидини атрофга таратиб турмаса, оила қоғоздан ясалган гулга, яъни сунъий гулга ўхшаб қолади. Оилада бўлиб турадиган йўқчиликни енгувчи қудрат ҳам шу муҳаббатда. Шу муҳаббат бўлмаса, кўнгил ҳувиллагани бир сари, бошқаларнинг кўнглини ҳам гармсел уриши ҳеч гап эмас. Муҳаббатнинг чироғи қаршингизда, қалбингизда ёниб турса, ҳамма қийинчиликларни енгиб ўтасиз. Кийган чит кўйлагингиз ҳам шоҳидан аъло туйилиб, кўзингизни қувнатади. Агар шу муҳаббат юрагингизда ниш олмаган бўлса, борган жойингизни гул қилиш у ёқда турсин, нақ гулзор ўртасига («Борган жойинг гул бўлсин!» дуоси ижобат бўлиб) тушсангиз ҳам уни тезда қуритасиз. Аёл кишининг аввало эрига, уй-жойига, оила аъзоларига, фарзандларига меҳри бўлиши керак. Бу – ҳаётнинг энг бирламчи шарти, талаби деб тўғри айтишади.
Бунга эришган аёл ўз қўрғонининг содиқ посбони бўлади. Оиласининг сирини четга чиқармайди. Бир марта сири ошкор бўлган оила ҳақида атрофда ғийбат кўп бўлади. Оила элакдан ғалвирга, ғалвирдан дўмбирага тушаверади. Борган жойини гул қилишни истаган қиз бунга асло йўл қўймайди.
Айтмоқчи бўлган дуо атиги бир жумладан иборат бўлса ҳам, унинг мағзини кўпроқ, ўзим тушунганимча айтдим-да.
Алқисса: «Борган жойингни гул қил!»

СИЗ – ЭРТАГА КЕЛИНСИЗ
Эшикдан кириб келган бегона аёлларга ойингизнинг очиқ чеҳра билан пешвоз чиқишлари сизни ҳам ҳайратга солди, ҳам юрагингизни шувиллатди-а?
«Мунча? – дедингиз хаёлан онаижонингизга зарда қилгандек. – Энди кўриб турган одамларга ҳам шундай яшнаб муомала қиладими одам?»
Келган одамлар – элчилар. Элчига эса ўлим йўқ, дейдилар. Улар – «Бир ёмонларининг бошини икки қилиш илинжида юрган» совчилар. Қизлик уй эса карвонсарой – унга шоҳ ҳам, гадо ҳам бош эгиб келаверади. Совчилар кўпайибдими, демак, сиз – эртага келинсиз!
Шу келаётган аёлларнинг бири сизни меҳр билан ўз гўшасига олиб кетади. Сиз ҳозир бу аёллардан ҳуркибгина турибсиз, аслида бу кечинма уларда сиздагидан ҳам кучлироқ.
Дунёдаги ҳеч бир халқда оилада келин мавқеига шарқ халқлари, хусусан ўзбекларчалик катта ўрин берилмайди.
Одатда, келин туширилаётган, хусусан сиз борадиган хонадонда ҳам катта тайёргарлик кўрилади. Ёш оилага атаб янги уй солинади ёки шу хонадондаги энг яхши хоналар таъмирланиб, янги ҳолатга келтирилади.
Куёв томонга осон, дегувчилар қаттиқ янглишадилар. Келинга, яъни сизга атаб сарполар, совғалар тайёрланади. Гап уларнинг сони ёки сифатида эмас, гап уларнинг ҳаммаси сизнинг, фақат сизнинг хаёлингиз билан энтикиб тайёрланишида!
Энг муҳими, хонадоннинг каттадан кичигигача оиланинг бўлажак янги аъзоси – сиз билан учрашувга, сиз билан бирга яшашга ўзини руҳан тайёрлайди. Кишилар руҳида кўтаринкилик, меҳр-муҳаббат, эзгулик, ҳаё қарор топади.
Эшигингиздан кириб келган совчиларнинг ҳаяжонида ўз уйидаги шу руҳият, шу кўтаринкилик ва сиздан умидворлик ҳам акс этади.
«Келиннинг қадами қутлуғ келсин!» – дея дуо қилишади кексалар. Ҳали келин – сиз кирмасингизданоқ хонадон гўё файзли-фариштали пардага ўралади. Бу руҳиятни синдирманг, қизим!
Қутлуғ қадам! Қайноналар бу дуодаги қутлуғ қадамда бундан кейин айтар сўзларини, кўрар кўзларини, дилларидаги армонларини, юрмаган йўлларининг рўёсини кўргандек бўлиб энтикадилар. Улар умидига қанот бўлинг, қизим!
Сингиллар бу қутлуғ қадам ила ўзларига ибрат келаётганидан севинадилар. Севинчларини оқлаш – сиздан, қизим!
Биринчи қадам, биринчи учрашувлар, биринчи тилаклар, биринчи орзуларнинг самимийлиги, эзгулиги келинларга дастлабки масъулиятли даврда қувват беради, қадамларини қутлуғ қилади.
Ўзбекларда турмушга чиққан қиз борки, келинликнинг нозик даврини албатта бошидан кечиради. Ҳатто ота ва онаси бўлмаган, ҳеч кими йўқ йигитга турмушга чиққан қиз ҳам маҳаллага, куёвнинг ишхонасидагиларга, дўстларига – келин!
Азалдан оила бор. Лекин келинликнинг муайян бир номаси йўқ. Ҳар бир қиз ўз пешонасига битилган бахтни ўзи маҳкам ушлаб қолиши керак. Сиз ҳам бахтингизни маҳкам ушлашга ўрганинг, қизим. Бунда момолар, оналар, янгалар ўгити, ибрати сизга кўмак бўлсин. Ҳатто бугун онангизнинг бегона аёлларга яшнаб пешвоз чиқишларида ҳам бир сабоқ бор: қизнинг онаси очиқ чеҳрали, меҳмондўст, кенг феълли аёл эканини намоён қилдилар. Кўпинча қизлар оналарига ўхшайдилар. Совчиларда яхши таассуротни онангиз аввало сиз учун, сизни деб қолдирдилар. Негаки…
Қизи вояга етаётган она борки, кўнглининг бир чеккасида ҳамиша эзгу ниятлар яшайди. У аввало бўлажак куёвининг қизига муносиб, бир умрга вафоли, қизини қадрлайдиган бўлишини орзу қилади. Шу билан бирга, ўз қизининг ҳам куёв бўлмишга садоқатли, меҳр-муҳаббатли, ҳурмат-иззатини жойига қўядиган, вафоли ёр, келин бўлиб борган хонадонининг саранжом-сариштали, чаққон, пазанда бекаси бўлишини умид қилади. Онангиз ҳам шу умид кучи билан сизни тарбиялаб келганлар.
Бир китобда қизини унаштирган онанинг уни ёнига чақириб ана шу умидлари кучи билан қизига шундай насиҳат қилганини ўқигандим. Буни сиз ҳам қулоғингизга олинг, қизим!
«Севимли қизим, тез кунлар ичида бизнинг қўлимиздан кетиб, чет одамга ёр ва умрлик йўлдош бўласан. Сенга бахтсаодат тиловчи онанг томонидан берилган ушбу насиҳатларни тингла, шу насиҳатларга имконинг борича амал қил.
Эринг ўзига йўлдош, шодлик ва қайғули кунларида бирга шодланувчи ва қайғурувчи ўртоқ бўлишингни умид этиб, сени танлади. У ҳар вақт «Шукр, мақсадим ҳосил бўлди», деб севиниб, сўзлаб юрсин ва сендан рози бўлсин.
Тез кунлар ичида уй бекаси бўласан. Эътиборга олишинг лозим бўлган нарсалар бор: эрингнинг яқин кишиларини, хусусан, қайнота ва қайнонангни ҳурмат қил, уларни ўз отанг ва онанг қаторида кўр, болаларини ака-ука, опа-сингилларинг ҳукмида ҳисоб қил. Қайнотанг ва қайнонангнинг насиҳатларини яхши тинглаб, уларга амал эт. Оила аъзоларининг хулқ ва табиатларини яхши ўрганиб, уларга мулойим муомалали бўл. Улар билан оранг бузилишидан сақлан, чунки бунинг оғирлиги эринг устига тушади. Сени деса, уларнинг кўнгиллари қолади, уларни деса, сени қизғанади. Шу сабабли эринг икки ўт орасида қолиб, жуда қийналади, эрингни азоб ичида қўйма, унинг оила аъзолари билан тотувликда яша.
Эрингдан ҳеч бир сирингни яширма. Эрингдан бошқа ҳеч кимга сир сўзлама. Эринг ёнида бир киши турган бўлса, эрингга қарши бир оғиз сўз айтма. Эрлар хотинларининг кўп камчиликларини кечирадилар, аммо чет киши олдида айтган сўзларини кечира олмайдилар. Бу нарса уларнинг табиатларига хилоф нарсадир. Бу тўғрида уларни айблаб бўлмайди. Агар эрингнинг бирон ножўя одати бўлса, ёнида ҳеч ким бўлмаган вақтида ўзига айтиб, унинг яхши йўлдан юришига ғайрат қил.
Эринг севмайдиган ва кўнгли тўлмайдиган ишлардан, унинг рашкини келтирадиган одатлардан узоқ бўл!
Қайнонангга қараб турмасдан, кучинг етадиган ишларни ўз қўлингга ол, унинг розилигини, дуосини ол. Уйинг топ-тоза, бежирим ва ҳар нарса ўз ўрнида бўлсин. Болаларингнинг эрингга, эрингнинг болаларингга муҳаббатли бўлишларига ғайрат қил. Оталарнинг ўз оилалари билан овунишлари доим улар билан бирга бўлишларига сабаб бўлади. Болалари билан овуниб, шодланиб, ножўя йўлларга қадам қўймайдилар.
Эрингдан бир нарсани сўрасанг, уни бир-икки марта эсига тушир. Шундан ортиқ даражада эрингни безор этиб, ҳадеб қистама.
Эрларнинг энг севган нарсалари хотинларининг ўйнаб-кулиб, ишларини қилиб юрган вақтларидир. Эри ёнида юрувчи, ўйнаб-кулиб хизмат қилувчи хотинларни ёмонлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Эринг ишга кетишга отланса, ҳамма нарсасини тайёрлаб, кейин эрингни шодлик билан кузатиб қўй. Ишдан қайтганида эса очиқ юзлик билан қарши ол.
Турмуш ҳамма вақт бир хил кечмайди. Турмушнинг шод кунлари бўлгани каби заҳарли, тиконли кунлари ҳам бўлади. Эринг билан орангга совуқчилик тушса, ўзингни оғир тут, совуққонлик билан сўзлаб қизишма, юзингни буриштириб, бақириб-чақириб сўзлама. Яхши муомала қил. Сўзингда ҳақли бўлсанг, мулойим сўзлаб, ётиғи билан тушунтир. Эринг бу гўзал муомалангни кўриб, дарров ғазабдан тушади, муҳаббати сенга яна ҳам зиёда бўлади.
Болаларингни яхши тарбиялаб ўстир, яхши хулқларга одатлантир. Бу ҳамма айтган сўзларимни бажо келтириш ақлли ва тадбиркор хотинлар учун оғир иш эмас. Куч-қувват билан қилиб бўлмайдиган ишларни яхши хотинлар ўз ақллари билан қила оладилар.

ОИЛА ҲАҚИДА СУҲБАТЛАР
Ҳамма давраларда, ёшлар, айниқса қизлар билан бўлган суҳбатларда мавзу бориб, албатта, оилага тақалади ва узоқ турғун бўлиб қолади. Уларда баъзан юрагингни увуштирадиган гаплар эшитасан:
Талаба қиз: – Дугонам эрга тегиб, бир болалик бўлгач, ажрашиб кетди. Тўйгача шундай шошган эди, шошган эди-ки… Совчилар келиб қўймаяпти, мен эса қўрқаман. Нега эрга тегиш осон, этигини тортиш қийин дейишади?..
Судья: – Ажралишаман деб ариза берган аксарият аёлларни кўпроқ оилани сақлаб қолиш муаммоси эмас, қайнонаси қилган сарпо (кийилган-кийилмагани, тиктирилган-тиктирилмагани) унда қоладими ёки йўқми деган муаммо қизиқтиради. Улар оила қураётганларида оила олдидаги бурчлари ҳақида мутлақо ўйламайдиганга ўхшайдилар. Камдан-кам қиз оила кодекси билан таниш… Никоҳ контракти ҳам уларга бегона…
Муаллима: – Ўрта мактабдаёқ, махсус дарсларда оила ҳақида кўп гапирилади. Лекин таъсири жуда кам. Негадир қизларимиз оила қуришга никоҳ ўқитилаётганда, ҳокимият идорасида никоҳ қайд этилаётганда ўз оғизлари билан розиликларини билдирадилар-у, тасаввурда эса тўйдан нарисини кўролмайдилар. Кўпчилик қизлар оила қуришни ўзларининг зеб-зийнатлари, янги кийим-сарполарининг кўпайиши деб тушунадилар. Буни ҳатто яширмайдилар ҳам. Оила қуриш икки томон зиммасига жуда катта вазифа, бурч юклашини тушуниб етмайдилар. Тўйдан сўнг ана шу бурч ва вазифалар биринчи ўринга чиқа бошлаши билан оила ҳам қумга қурилган иморатдек сочилиб кетаяпти..
Она: – Оила икки кишининг пайвандидир. Лекин барибир оғирлик асосан аёлда… Қизларнинг онаси турмушда шу қийинчиликларнинг табиийлигини тушунтиришлари керак. Ичига ютган юзага чиқади ахир бир кун…
Қайнона: – Бировнинг боласи, туртилмасин, суртилмасин деганим сари ҳар бир ҳаракатимни келин болам тескари олдилар. Болам туфайли келган болам, ўғлимга йўлдош деганим сари «Мени ҳамма ерга уради!» деб оналарига додлаб боравердилар. Майли, жинига тўғри келмадик шекилли деб, рўзғорини бўлак қилиб қўйдик. Эру хотин яхши бўлса бўлди-да! Уч йил ўқитдим. Неварагинамни икки ёшигача парваришладим. Бир ойлигидан энагалик қилдим. Рўзғори бўлак бўлгач, ўғлимни менсимайдиган бўлди. Алоҳида яшай бошлаганига бир ой ҳам бўлмай, ўқиши битди-ю, болани ҳам олиб чиқиб кетди. Кўп ўйлаб, келиним хотинликни, оналикни тан оладиганлар сирасидан эмас экан, деган қарорга келдим. Катта хонадонимнинг меҳрига тузлуққа тупургандек тупириб кетди. Худонинг ҳукмига солдим! Бошқа чорам йўқ, ўғлимни қайта уйлантираяпман… Яна ич-ичимдан унга ачинаман. Онасига ачинаман. Ҳе йўқ, бе йўқ, қизини ажратиб олиб кетди. Ҳадисда ўқиган эдим: муслима аёллар ўз синглисининг талоқ қилинмоғини талаб қилиши макруҳ экан. «Бундай аёлнинг бети қурсин! Зеро, унга ҳам кўз тиккан бало бордур!» дейилган ўша ҳадисда. Охирати у ёқда турсин, эртанги кунини ҳам ўйламайди шекилли улар…
Кунда эшитамиз шундай гапларни. Хотирангга михлаб, қалбингга оғир тош бўлиб чўкиб қолади улар. Ўйлайсан… Ўйлайсан…
Дунёда неча хил халқ, неча хил мамлакат бўлса, уларнинг нашр этган беҳисоб адабиётлари ичида оила, оилавий муносабатлар, оиланинг жамиятда тутган ўрни хусусида алоҳида варақлардан тортиб, катта-катта энциклопедияларгача, ҳукумат қарорлари, низомларидан тортиб, кодексларгача учратиш мумкин. Оила нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати. Инсониятнинг тириклиги, узлуксизлиги – оиладан. Чунки оиланинг бирламчи, бевосита вазифаси башарият занжирини соғлом авлодлар билан улаб боришдан иборат. Шунинг учун оила – муқаддас, буюк ҳисобланади ва оилани тузиш, мамлакатни ташкил қилиш каби муҳим деб саналади, оиланинг барқарор ва бахтли ҳаёти – шу мамлакатнинг юзи, обрўйи деб қаралади.
Оилага нима учун бундай катта эътибор берилади? Шунча адабиёт чиқаришдан кўзланган мақсад нима? Ислом никоҳ, оилага қандай қарайди?
Ислом динида роҳиблик йўқ. Аксинча, Қуръони каримда, Ҳадиси шарифда уйланиш, оила қуриш ҳақида кўп чиройли амрлар бор. Оила, яхши оила диннинг саломатлигини, иймоннинг барқарорлигини сақлаб қолувчи, уни ривожлантирувчи хуш хулқлик, солиҳ кишиларни, ибратли инсонларни тарбиялаб етиштирадиган қутлуғ даргоҳ эканлигига ишора бор. «Тақдир илоҳий», «Осмон никоҳи» деймиз. Бу – шу ишоранинг қалбимизга сингиб кетганидан далолат. Қалбимизнинг шу тўқ жойига шукрлар қилганча умид ва ҳукмимизни ҳатто ёрёрларда ифода этамиз:
Заргар қилган занжирни узиб бўлмас ёр-ёр,
Оллоҳ битган тақдирни бузиб бўлмас ёр-ёр.
Бинобарин вояга етаётган ҳар бир киши оила тўғрисидаги кўрсатма, йўриқ, тузук, қонун-қоидаларни яхши билиши керак ва уларга амал қилишга тайёр бўлиши лозим. Ана шу билим ва истак уларнинг ўз оилаларини кўркам тузувларига, шу кичкина мамлакатларини тўғри идора этувларига ёрдам беради. Оилада роҳатли умр кечириш, баракотли умр кечириш деганидир.
Бунинг иккинчи жиҳати янада аҳамиятлидир. Демоқчимизки, ўз оиласида тинч-тотув яшаган, аввало ўз инсоний ҳурматини-ю бурчини чуқур англаган, яқинлари, жигарларини иззат қилган киши жамиятда ҳам, Ватанида ҳам тинчлик, осойишталик ўрнатиш, истиқлолни мустаҳкамлаш учун курашади ва бунинг минг бир иложини топади.
Борди-ю оила тузук бўлмаса, тарбияга ҳам эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам бундай миллат дунёда узоқ яшай олмаслигини донишмандлар кўп таъкидлашган: «Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлар-у, дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса ҳеч бир замон эътибор бермасдан келадиганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради… Агар бир миллатга бундай ҳол рўбару келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади…»
Шунинг учун ҳам ҳамма асрларда, ҳамма халқ ва миллатларда дунёнинг буюк олим ва фузалолари, таниқли адиблари умрларининг қимматли соатларини оилани яратиш, уни барқарорлаштириш, инсонни энг ноёб фароғатдан баҳраманд қилиш бахтига муяссар этиш устида бош қотириб ўтказадилар.
Авлодлар бардавомлиги оиладан, дедик. Бу унинг бирламчи вазифаси, дедик. Бу масалага ҳам қизлар (айримлари) анча юза қарашаётгандек кўринади.
Даврлар ўзгариши билан оиланинг мақсад ва вазифалари ҳам ўзгариб, тобора такомиллашиб боради.
Турмушни иқтисодий ташкил этувчи уюшма сифатида оила ибтидоий даврдан мавжуд бўлиб келган. Айнан шунинг ўзида у даврда оиланинг мақсад ва вазифалари тугаган эди. Ҳозирчи?
Уй, оила деганда фақат уй-жой, мол-мулк, мебелларни тушуниш керак эмаслигини таъкидлаб ўтиш керак. Буларнинг ҳаммаси оиланинг ҳаёт кечириши учун зарур воситаларгина холос. Зинҳор мақсади ва вазифаси эмас. Оиланинг энг муҳим вазифаси авлодлар бардавомлигини таъминлаш экани ҳақида юқорида сўзлаб ўтдик. Оила эркак ва аёлнинг эр-хотинлигини, оталиги ва оналигини, болалар тарбиясини таъминловчи муҳим даргоҳ. Бунда ҳам оқила момоларимиз аёллар зиммасига жуда катта вазифалар қўйишган.
«Фарзанд – пайванд» дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, боласиз оилалар омонат бўлади. Бола ҳам уйни, ҳам кўнгилни тўлдиради. Шукрларнинг энг улуғи фарзандлик бўлгандаги шукроналикдир. Ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг отаонага жавоб меҳрини элимизда табиатнинг инсонга бахшида этган энг олий неъмати деб баҳолайдилар. «Бу дунёнинг зийнати. Кўрсатганига шукр!» деб фахрланадилар.
Авлодлар занжирини ўз зурриёди билан улаш фахри билан бирга, оила соҳибларида бу зурриёднинг ҳар томонлама комил ва солиҳ инсон бўлиши учун ғамхўрлик қилиш туйғуси ҳам пайдо бўлади. Бу башарият олдидаги ўз бурч ва вазифаларини тўғри тушунганлик аломатидир.
Оила барқарорлиги, фарзанднинг ҳам ота, ҳам она меҳридан қониб қўш қанотли бўлиб ўсиши учун ўзини, борлиғини, лозим бўлса мансаби, илмдаги мавқеи, соғлиғидан кечиш фақат аёлларга хос қурбонлик. Бу фидойиликни хокисорлик ва камтаринлик билан фақат аёллар қила олишади. Эрга қараб: «Мен ҳам сенга ўхшаган одамман, мартабам сеники билан тенг. Энди болага сен қара, лозим бўлса ишингдан, мартабангдан кеч!» деб туриш – аввал ҳам, ҳозир ҳам ярашмаган савдо. Аёл, она берган қурбонликлари эвазига катта мукофотни аллақачон олиб бўлган: «Жаннат оналар оёғи остидадир!»
Анча кейин олинадиган ва бу дунёдагиларнинг ҳеч бири кўрмайдиган, қарсак чалиб олқишламайдиган бу унвон, бу мукофот ҳақиқий аёл, чин оналарга бугун қувват беришини англамаган аёлларгина осон ажралиб кетаверишади. Улар фақат ўзларини ўйлайдилар, кейинги пушаймон, армон дардини туймайдилар, деганлар фикрига қўшиламан. Аммо бу дунёдаги энг олий мукофот – болалар меҳридан бебаҳраликларига ачинаман ҳам. Ёшлигида иккинчи қаноти – ота меҳридан айирганларни болалар кечирармикин, севармикин? Севса, бу қандай севги бўлади? Ҳар назаридан нур ёғилиб турадиган севгими ёки ҳар қарашида армон, ўкинч, ўксиклик дилни эзадиган севгими?
Кўп қизларимиз баъзида «катта хонадонларга тушганлари»дан, серфарзанд жойларга «қул бўлганлари»дан нолийдилар. Катта охурдан емак ҳам, меҳр ҳам тегмайди, дейишади. Ростмикин? Бу ҳам калта қарич билан катта оламни ўлчашга беҳуда уриниш эмасмикин? Кўпчилик жойда ҳар бир кишидан бир фазилат олинса ҳам, инсон камолотга етади-ку!
Қайсидир китобда ўқиганим эсимда: бастакор Г.Ф.Гендель, Наполеон Бонапарт – саккиз болалик, файласуф И.Кант, бастакор Р.Вагнер – тўққиз болалик, И.С.Бах – ўн икки болалик оилада ўсган, микробиолог Р.Кох эса катта хонадоннинг ўн учинчи фарзанди бўлиб туғилган. Композитор Ф.Шуберт эса ўн тўрт болалик оиладан эди. Америкалик сиёсий арбоб ва ёзувчи В.Франклин оилада ўн еттинчи фарзанд, рассом А.Дюрер ўн саккизинчи фарзанд бўлиб туғилган экан. Қолаверса, Шарқнинг бирор олими, ёзувчиси, шоири оилада ягона фарзанд бўлган эмас. Оилада ёлғиз ўсган тантиқ фарзанднинг пайти келиб бошига не-не оғир кунлар тушиши ҳақида хусусан ўзбек, умуман Шарқ халқлари орасида афсона, ривоят, эртак, мақол ва маталлар беҳисоб. Булар ҳам қалбнинг эзгуликка тўлиқ ёки аксинча бағритош бўлиши аслида оиладан, оиланинг тарбиячилик вазифасини нечоғли ўтаганидан эканлигига ишора.
Оила қуриш остонасида турган қизларга оиланинг чин мақсади ва вазифаларини тушунтириш, уларни бир кунда ўтиб кетадиган тўй тантаналарига эмас, узоқ ва бахтли оила қурмоққа, унинг барқарорлиги, биринчи навбатда, унга – қиз, келин, аёлга боғлиқлигини дил-дилига сингдириш керак.

АТРОФИНГИЗДАГИЛАР
Агар ким гўзал бўлса,
Фақат кўзга қувонч, нур.
Агар ким яхши бўлса,
Шундоқ ҳам гўзал эрур.
Кишига ҳамроҳ бўладиган сифатларнинг аксарияти ташқи кўринишга қараб берилса, «яхши қиз» сифати сизнинг атрофингиздагилар билан муомала, мулоқот, муносабатингизга қараб берилади.
Балоғат ёшига етганингиздан кейин атрофингизда одамларнинг – бобо ва бувингизнинг, ота-онангизнинг, ака-укаларингиз, опа-сингилларингизнинг, ёр-биродарлар, қариндошлар, дугоналарингиз, синфдошларингизнинг борлиги катта бахт эканини англай бошладингиз. Инсон якка ўзи, бошқалар билан мулоқот ва муносабатда бўлмай яшай олмаслигини тушундингиз. Киши учун энг оғир дард – унинг ёлғизланиб, яккаланиб қолиши эканини ҳам яхши биласиз. Қадим-қадимдан энг оғир жазога маҳкум этилганлар кимсасиз чўл- биёбонларга сургун қилингани, ёлғиз камераларга қамалгани бежиз эмас.
Ота-онангиз – сизнинг энг яқин одамларингиз. Сизнинг соғлом ўсишингиз, аъло ўқишингиз, оқила бўлишингиз, қувноқ, меҳнатсевар, шафқатли, меҳрибон қиз сифатида катта бўлишингиз учун улар ҳеч нарсани аяшмаган, аяшмайди. Чунки уларнинг энг бирламчи вазифаси сизни нафақат оиланинг офтоби қилиб, балки жамиятнинг ҳам корига ярайдиган баркамол инсон қилиб тарбиялашдир.
Кичиклигингизда баъзан ота-онангиз «Бу мумкин эмас!», «Бундай қилма!» дейишса, эсингиздами сиз хафа бўлардингиз. Балоғат ёшига етгач эса уларнинг ҳаёт тажрибаси борлиги учун сизни бирон ёмон кор-ҳол бўлишидан асраб шундай қилишганини яхши тушуниб етаяпсиз. Энди жаҳлингиз чиқмаяпти. Уларга нисбатан анча «юмшадингиз». Бу – атрофдагиларни тўғри тушуниб етишга уриниб, улар билан тўғри муносабатга киришганингизнинг биринчи белгиси. Бу муносабат аста ўсиб боради. Қандай дейсизми?
Сиз аввало одамларни тинглашни, улар фикри ўзанини топишни, шунга лойиқ муносабатингизни билдиришни, ўз фикрқарашларингизга мувофиқ амал қилишни ўрганасиз. Ахир сиз ёшсиз, мустақил фикрлашга интилиш сизга хос. Сизнинг фикрингиз бошқаларники билан бир хил бўлмай қолганда, бошқа фикрларни ҳурмат қилган ҳолда, ҳақ бўлсангиз, ўз фикрингизни тушунтиришга ўрганишингиз ҳам керак. Ғурурингизни топталган ҳисобламай, чиройли чекина билишингиз ҳам керак.
Камолотга киши маълум тажрибалар оша етишади. Тажрибага эса ҳаёт сўқмоқларида баланд чиқиб, паст тушиб эришилади. Эришган тажрибаларингиз фикрингиз, қарашингиз, амалингиз мағзини тобора тўлдириб боради. Ўз тажрибангизда кўрган, билганингиз сизни ўз фикрингизда собит туришга ундайди. Оқибатда ким нима деса, қайга бошласа, шунга эргашиб кетавермайдиган бўласиз. Атрофингиздагиларнинг муҳим вазифаси аслида сизни шундай тарбиялаш эди.
Бобо ва бувингизнинг ўгити, ота-онангиз берган маслаҳатлар ҳаётий тажрибаларга суянгани учун ҳам кўпинча тўғри бўлади. Баъзан уларнинг айтганлари сизга маъқул эмасдек кўринса ҳам, гарчи сизнинг ҳам ҳаётий тажрибангиз кун сайин ошиб бораётган бўлса ҳам, шу тажрибаларга ишониб отаонангиз, яқинларингизнинг айтганларига терс иш қилишга, уларни ёмон кўриб қолишга шошилманг. Уларнинг вақт-бевақт «Қаерга кетаяпсан? Ким билан борасан? Дугонанг ким? Қачон қайтасан?» деб сўрашлари, баъзан заруратдан бир ерга ёлғиз кетаётган бўлсангиз, акангиз ёки укангизни ҳамроҳ қилишлари, ҳеч ким бўлмаса, ўзлари кузатиб боришлари бежиз эмас. Чунки улар дунёда яхши одамлар кўплигига ишонганлари ҳолда, ёмон одамлар ҳам йўқ эмаслигини билишади. Сизнинг ўзингиз учун жавоб бера олишингизни улар яхши билишади, лекин сиз учун улар ҳам масъулдирлар. Шунинг учун баъзан уларнинг тергаб туришларини сизнинг эркингизни бўғиш маъносида тушунманг. Эркинлик – кўнглига келган ишни қилиш эмаслигини, шундай деб тушунаётганлар ҳаётда тойиб қолаётганларига катталар кўп дуч келишмоқда. Сизни айнан шундай тойишлардан асраш учун, сизга бу ишлар ёқмаса ҳам, сўраб, суриштириб туришади. Бу – уларнинг вазифаси.
Сиз катта бўлишни орзу қиласиз. Катталар ҳаёти анча узоқ давом этадиган ҳаёт. Шу катта ҳаётдаги муаммоларни ҳал этишни сиз атрофингиздагилардан ўрганасиз. Келажакда «Қуш ўз уясида кўрганини қилади» деган гапни кўп эшитасиз. «Ўз уянгиз»нинг юзини ерга қаратмайдиган амал ва ҳаракатларни ўрганинг.
Атрофингиздагилар, оилангиз аъзоларининг ҳаммаси билан ҳам қандай муомала қилаётганингизни, қандай муносабатда бўлаётганингизни кузатинг. Ҳамма билан бирдек мулойиммисиз, терслик қилмаяпсизми, ўзингизнинг ёмон кайфиятингизни бировга сездирмаяпсизми ёки «Нега фақат мен, бошқалар-чи?» дея ҳаммага шу кайфиятни юқтираяпсизми?
Ўзингизни ушлай билган, қовоғингизни уюш ўрнига жилмайган, оилангиз аъзоларига меҳр улашган вақтингизда ўзингиз устингиздан катта ғалаба қилганингизни пайқайсиз ва бу ғолибликдан шундай хурсанд бўласизки, асти қўяверинг. Баъзан арзимаган нарсалар билан кишининг кўнглини кўтариб, хурсанд қилиш мумкин. Хона ичида қовоқ уюб ўтиргандан кўра ошхонада ойингизга жиндек қарашиб юборсангиз, қандай хурсанд бўладилар. Кўзларидаги нурни кўриб ўзингизнинг ҳам баҳри-дилингиз очилади. Яхшилик кишига тез юқади. Буни айниқса «бир жойга» борганингизда, яъни янги, узоқ ҳаётингизда унутманг. Тунд, «ичимдагини топ» қабилида иш тутадиган келин ҳеч кимга ёқмайди. Иноқ, бир-бирига меҳрли оилаларда ҳар қандай мураккаб муаммолар ҳам биргаликда осонликча ҳал этилади.
Атрофингиздагилардан олган яхши энергетика – ижобий қувват сизга умр бўйи ҳаёт синовларидан ўтишда, дўст танлашда, маданиятли муомала қилишда, ўзингиздаги жаҳолатни жиловлашда асқотади.

ЎША «БИР ЖОЙ» – ҚАЛЪАНГИЗ!
Бўйингиз етиб, чиройингиз очила боргани сари тез-тез бувингиз, онангиздан «бир жойга борадиган қиз» эканлигингиз ҳақида, бунинг учун тайёрланиш кераклиги ҳақида тобора кўпроқ эшитаяпсиз-а? Баъзида индамай ишингизни қилишда давом этасиз. Баъзида эса «Уф-ф! «Бир жой», «бир жой» деяверасизлар! Ўша «бир жой» ҳам жонимга тегди!» дейсиз.
Шошилманг, қизим! Ўша «бир жой» – сизнинг бўлажак қалъангиз. Ўша жойда яшашга кўникмани ҳозирдан оласиз. Катталарнинг куйиниши – сизнинг «ўша жойда» қийналмай илдиз олишингиз истагидандир.
Бизни аёл қилиб яратганда Оллоҳнинг ўзи қалбимизга нене эркаклар ҳам қойил қоладиган қаноат, сабр, бардош, итоатни жо қилганини билишингизни, шунга бўйсунишингизни истайди улар. Келинг, шу ҳақида бироз суҳбатлашайлик.
Қани, ўзингиз ўйлаб кўринг-чи: куёвларни бир кеча бўлса ҳам қайинотасиникида ётиб қолишга мажбур қилиб бўлармикин? Шундай меҳрибон адангиз ҳам тоғаларингиз тўйида роса хизмат қиладилар-у, ётиб қолишга келганда секин, ҳеч кимга билдирмай уларга деб солиб қўйилган қават-қават юмшоқ кўрпачаларни («Куёвларни пайғамбарлар сийлаган») ҳам ҳайрон қолдириб, уйга жўнаб қоладилар-а?
Қаранг-а, икки соатгина бўлса ҳам мизғиб олиш учун шаҳарнинг нариги чеккасидаги ўз уйларига келиб, ўз ўринларида ётадилар. Баъзида ойингиз буни катта одамнинг ўжарлигига йўядилар:
– Мен бир умр сизнинг уйингизда яшаб келаяпман-ку, сиз отамникига бир тунга сиғмайсизми? – дейдилар.
Ойингизнинг койишлари адангизнинг бемаҳалда ёлғиз юришларидан хавотирланганларидан. Аслида эса улар адангизнинг ўз ўринларини қўмсаб кетганларидан севинадилар. Ишонмасангиз ўзларидан сўранг. Адангиз ҳам кўпинча ойингизнинг койишларига кулиб:
– Аёлларга худо тўзим берсин! Сизга Оллоҳ қирқта жон берган! – дейдилар-а?
Ў, қизим-а! Қаранг, қиз бола нарса «бир жой»га аслини олганда илдизини кўчириб, бир умрга, яна ғурурли бошини эгиб кириб боради-я! Оллоҳ қалбига солган бир дунё сабр-бардош билан бу илдизнинг «ўша жой»да жон олишини, барқ уришини кутади!
Эркаклар-ку қайнотасиникида парқу кўрпаларда ётгиси келмайди. Қизлар бўлса «бир жой»нинг тақир шолчасига-ю, бору йўғига, оби-ёвғонига қаноатланиб, чидаб, кўникиб кетади. Оллоҳ бизларни шундай яратган-да! Пешонамизга шу қисмат битилган. Бувингиз, ойингиз аслида сизга шуларни сингдиришмоқчи.
Дугоналарингиз ичида бу қисматга кўнмаганлар, кўникмаганлар ҳам бордир. Улар беш-ўн йил кейинги ўз руҳиятларида рўй берадиган ўзгаришларни билмайдилар-да. Тўғрироғи, ёшликнинг ғурурли юксаклигидан туриб билгилари келмайди. Шу ғурур қуввати билан хато қилаётганларини тушунтирмоқчи бўлганларга терс кетадилар.
Бундайларнинг кейинчалик – ҳаётнинг маъниси, аёлнинг ўрни, онанинг бурчи, инсонлик шаъни ҳақидаги тушунчаларини англаб ета бошлаганларида ўз руҳлари ила тўқнаш келадиган зиддиятларга бардош беришлари қийин бўлади. Жуда қийин бўлади.
Аёллик қисматини тан олган, худо қовуштирган никоҳга бўйин эгувчи одобли қизлар учун «ўша жой», яъни келин бўлиб тушган уйлари – қалъа! Бу хонадоннинг аъзолари энг яқин кишилари бўлиб қолиши керак. Шу уйда «тош қотиш» – тиниб-тинчиб кетиш уларнинг мақсади ҳам. Айни шу нарса уларга қувват бўлади.
Халқимизда «Бир оғирга – бир енгил», «Бир яхшига – бир ёмон» деган иборалар бор. Дунёда нечта одам бўлса, шунча феъл-атвор мавжуд. Биров «пов» этиб ёнса, бирлари «тепса ҳам – тебранмас» бўладилар. Айрим келинлар ловиллаб турганида дилига-ю тилига келганини қайтармай, гапириб-гапириб олишни тўғри деб биладилар. Тилнинг суяги йўқлигини, айтилган сўз – ўқлигини, кейинги армон ва пушаймон ҳам уни жойига тушира олмаслигини англамайдилар. Устига-устак ўжарликнинг «Бўлганим – шу!» отига минадилар. Аммо бу уловда узоққа бориб бўлмайди. У кўпинча «қайтган қиз» манзилига олиб келади.
Одамга феъл, мижоз, «оғирлик» ёки «енгиллик» туғма берилиши тўғри. Бироқ, уларни доимий, ўзгармас деб қабул қилмаслик керак. Келинда онг, одоб бўлса, тушган жойининг шаклшамойилига қараб, ундаги кишилар таъсирида, айниқса оқила қайнона тарбиясига кўра аввало эри, турли феъл-атворли, турли мижоздаги овсин ва қайин-бўйинлари билан муросаи мадора қилиб, муносабатни мослаб яшай олади.
Юлдузни юлдузга мослашнинг муҳим шарти – ният яхши, мақсад тўғри бўлиши керак. Одамий яшаш, одамий ният қилиш, шу ниятларнинг амалга ошишида инсонларча ҳаракат қилиш керак. Яхши ният, тўғри мақсад, агар одобли келин бўлсангиз, сизга энг таранг вазиятларда ҳам тўғри йўл кўрсатади, мувозанатни, инсонийликни сақлаб қолишингизга кўмак беради. Шунинг учун ҳам ҳаёт кўрган, аччиқ-чучукни туйган аёллар «Энг шаддод, энг ғурурлилар, осмонда учиб юрганлар ҳам оила, бола-чақа мазасини, жуфтлик қудратини туйгач, майиздай мулойимлашиб ерга тушадилар!» дейишади. Бунда ҳаётий ҳақиқат кўп.
Айрим келинларга бошқаларнинг уйида пишган ош тотлироқ, дугоналарининг эри чиройлироқ, топағонроқ кўринади. Бошқалар кийган кийим бадавлатлик рамзи бўлиб туюлади. Улар ҳа деса уйларига, оналари олдига ёки акалари олдига югуриб, ўз бахтсизликларидан шикоят қиладилар, «яхши жойга» тушмаганларидан нолийверадилар.
Бу – қиз болалик даврида уларнинг «бир жойга» боришга яхши тайёрланмаганининг оқибати. Агар она бўлмиш қизининг гапига берилиб, қизишса, кейинини ўйламай иш тутса, ҳеч ҳайрон қоларлик жойи йўқ – бундайлар қизининг «бир жойда» илдиз олиб, палак отишга эмас, ҳаммадан устун бўлишликка тайёрлаганлар.
«Ерни сув бузади, қизни – онаси», деган мақол бежиз эмас. Қиз бола келин бўлгач, анча қийналади, қоқилади-суқилади.
Қизини узатган онага ҳам осонмас. Лекин қизи шикоят билан келганда уни обдон эшитиб, оғир бўлишни тайинлаши, «турмушнинг мушти», «гулнинг тикони» борлигини тушунтириши керак. Юк кўтарган ютади, деб бежиз айтишмаган. Тушган жойининг пасти-баландига ўзи тушуниб етмай туриб, чор атрофга шикоят қиладиган келинлар аввало қудалар ўртасига совуқчилик туширадилар, яъни ўз қалъаларининг пойдеворига шикаст етказадилар. Қарабсизки, ўз бахтлари аста-секин нураб бораверади.
Келин ўз бахтини, лозим бўлганда ҳимояни тушган жойидан ахтариши керак, дейди доно халқимиз. Нечоғли ҳикмат кўп бу гапда! Бахтини ўз уйидан тополмаган аёл уни кенг оламдан ҳам топа олмайди. Ўз юрагингга сиғмаган ҳасрат ўзганинг кўксига ҳам сиғмайди. Ўзига керакли ҳимояни ўз уйидан тополмаган, ўз яқинларига ишониб, суяна олмаган аёл бу ҳимояни, бу суянчни кенг жаҳондан ҳам топа олмайди.
Ҳар кимнинг уйи жонажон қалъасидир. Ўша бувингиз айтмоқчи «бир жой» сизнинг бўлажак қалъангиз. Унга муҳаббатингиз ҳозирдан илдиз отмоғи керак.

НОЗИК МАСАЛА (Қизи бор оналарга)
Айтишларича, биринчи қовушув кечаси қизларнинг онасини дард тутармиш… Худодан сизга паноҳ тилайман! Бизни аёл қилиб яратган Оллоҳнинг ўзи қалбимизга қирқ туяга юк бўларлик қаноат, сабр-бардош, меҳр ва муҳаббат, итоат жо қилганини эслатиб ўтмоқчимиз. Кучни шу эслатишдан оласиз, дея умид қиламиз. Зеро, бизгача шундай бўлиб келган, биздан сўнг ҳам шундай бўлиб қолади, иншоаллоҳ!
Кеча, қизингиз тўйи кунида Тангри ато этган шу куч қадамларингизни дадил қилди. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда балоғатга етган қизни тенгини топиб эрга бериш ота-онанинг буюк бурчи, қилган ва қилажак савобларининг энг каттаси экани ҳақида қалбингизни тўлқинлантирадиган гапларни ўқиганда шу кунлар ҳақида орзу қилмаганмидингиз ахир?! Шунинг учун ҳам кеча қизингизнинг катта бўлиб қолганига, балоғатга етганига, эшигингиз зулфини қизингизга харидор совчилар узиб, остонангизни едирганига, уйингиз шипини карнай-сурнай навоси, куёвингиз жўраларининг қийқириғи титратганига ва яна кўп, жуда кўп нарсаларга ҳароратли нафасингиз билан Яратгувчига шукр айта-айта нозик ниҳолингизни илдизи билан кўтариб «бир жой»га қўйиб келдингиз! Парваришини бундан буён ўзингиздек мулойим қайнонага топширдингиз. Энди худо қалбингизга солган бир дунё сабр-бардош билан ўз ниҳолингизнинг борган жойида кўкариб, палак отиб, униб-ўсишини Парвардигордан ич-ичингиздан сўраяпсиз.
Бу сўровларингизнинг ижобат бўлиши кўп жиҳатдан бугунги биринчи висол кечасига, куёв болангиз ва қизингизнинг ўзларини қандай тутувларига, илк қовушувнинг бир умрлик қовушувга айланиб кетишига интилувларига боғлиқ.
Иншоаллоҳ, эрталаб яхши хабар эшитиб қоласиз. Ахир бу кеча сир-синоатларини унга тушунтирганингиз, она-бола узоқузоқ сирлашганингиз эсингиздадир? Гарчи…
Гарчи бу масала хусусида китоблар етарли эмас. Очиқ суҳбатлашувдан ҳам кўпчилик тортинади. Бироқ сиз ҳам бу ҳақида кўпчилик ўйлагандек, қизларимизга кўпроқ гапиришимиз керак деб ўйлайсиз. Чунки сиз ҳам жуда кўп оилаларнинг бузилишига гарчи «қайнона-келин» можароси ёки «характеримиз тўғри келмади» каби сабаблар кўрсатилаётган бўлса ҳам, аслида оила тинчи, эру хотин аҳиллиги тўшакдан эканлигини тан олганлардансиз.
Тўғри, асл сабаб ошкор айтилмайди. Буни тузатишга ақлимиз етганича гапиришни ўринсиз биламиз, ақли етадиган мутахассисларга бориш кераклигини айтишни ҳам ор биламиз. Орият билан боғлиқ масалада кишининг руҳий тўсиқни енгиб ўтиши жуда қийин. Уни ўтишда кишига биринчи тиргак – онг, ирода, мақсад эзгулигидир. Энг нозик ерларда айнан шу нарсалар бизда ё етишмайди ё вужудимизни сотқинларча тарк этади…
Иншоаллоҳ, сизни бу кеча ва бундан кейин ҳам қизингизнинг ўз эгаси билан қовушуви билан боғлиқ дил титратар кечинма-ю ташвишлар тарк этгай. Чунки…
Чунки ўз бошингиздан кечганларингиз, бу соҳада борини ўқиганларингиз асосида қизингизни нафақат умумахлоқий, балки ғоят дўстона, назокатли тарзда жинсий тарбиясини ҳам унутмай, ўринли эплаб келгансиз. Қизгинангизнинг тақдир битгани билан чин қовушиб кетишини орзу қилгансиз.
Одатда, «қовушув» деганда ўзбекчиликда янги келин ва куёвнинг биринчи висол кечаси назарда тутилади. Бу кечанинг сири, ҳаяжони, кечинмасини сўз билан ифодалаб бўлмайди дегувчилар ҳақ. Балки келин-куёв руҳият қушларининг энг юксак парвози айнан шу кунидир?! Лекин қовушув шунинг ўзигинами?
Келин билан куёвни (айниқса қизларни) оилага, турмушга (рўзғор тутишга), ҳатто бўлажак фарзандларини тарбиялашга тайёрлаш ҳақида кўп гапирилади. Бунинг барча тадориги кўрилади ҳам. Ўргатувчилар ёллаб қизларга айрим таомларни пиширишни, чок тикишни, таван (тоғора) қилишда керак бўладиган пишириқларни тайёрлашни ўргатишга ҳаракат қилинади. Умумахлоқий тарбиянинг ажралмас қисми бўлган жинсий тарбиянинг асосий вазифаси ўзига тақдир битган жуфти билан биологик, руҳий, ижтимоий қовушувга эришиш эканини, энг асосийси бундай тарбия қизимиз (ўғлимиз) туғилганидан бошлабоқ поғонама-поғона олиб борилиши кераклигини кўп ҳолларда унутиб қўйилади. Ҳатто биринчи висол кечасига, ундан кейинги кечаларга тайёрлашни тўй куни шошиб тайинланган «куёв янга», «келин янга», «куёв жўра»ларга топшириб қўйилишини тўғри деб ўйлайсизми?
Келин билан куёвни «Қўша қаринглар!» деб дуо қиламиз, биргаликда бир умр турмуш кечиришни тайинлаймиз-у шу ҳаётнинг пойдевори ҳақида тушунча беришни «янгалар»га топширамиз. Тўғри, дейсиз сиз, янгалар яқинимиз, қадрдонимизку. Қадим-қадимдан удумимиз шундай-ку!
«…Келин-куёв қутлуғ остонани ҳатлаб, чимилдиққа кирар экан, янгалар энагалар мисоли уларга бош-қош бўладилар, – деб фикр юритади янгалар ҳақида Ўктам Муҳаммад Мурод ўзининг «Келинликнинг оқ либоси» китобида. – Ёш оиланинг илк қадам босишидаги барча масъулият ҳамиша уларнинг зиммасига юкланади. Бу урф-одат ким томонидан ва қачон жорий этилган, буни-ку бирор кимса аниқ айтиб беролмайди, аммо удумнинг ўзи тўйларимизда никоҳ каби муқаддас бўлиб қолган…
… Албатта, бу урф-одатлар шунчаки эрмак учун ўйлаб топилмаган. Унинг ҳали биз англаб етмаган, бефарқ қарайдиган жиҳатлари кўп. Ота-боболаримиз жуда донишманд ўтишган. Улар ёш оиланинг кейинги ҳаёт йўли, фарзандларига нисбатан ва ўзаро меҳр-муҳаббати биринчи никоҳ оқшомига ҳар томонлама боғлиқлигини чуқур ҳис этишган. Мана шу масъулиятни юракдан туйган ҳолда янгаларни энага мисол танлаган бўлсалар ажаб эмас. Бошқа бир томондан, эҳтимол бу асосий жинсий сабоқ усули ҳисоблангандир. Янгалар бу қутлуғ оқшом боис, икки ёшнинг қиёматли сирдошига айланган. Ҳатто айтиш мумкинки, шу тун уларнинг дарди, кечмишлари билан яшашган…»
Балки шунинг учундир янгаликка қариндошлар ичидан энг қадрдон, энг ишончли кишилар танланган. Лекин улар қанча яқин, қанча табаррук, қанча ибратли бўлишмасин, биринчи висол кечаси олдидан мўлжални бир умрга олиб энтикаётган қизингизни сиз билганчалик билишмайди. Қолаверса, қизингиз ҳам ҳаяжон чўққисида турганида янгасининг йўл-йўлакай, ўлда-жўлда айтган сўзларини айни шу куни эсида олиб қола олмайди. Бу гапларни сиз қизингизга анча аввалдан ва мавриди билан айтиб келган бўлишингиз керак.
Ахир қизларнинг биринчи сирдоши ҳам, яқин дугонаси ҳам она-ку! Оналарнинг эса қизларига айтар гаплари ҳамиша кўп бўлади. Биринчи нозик кеча ҳақида ҳам ҳойнаҳой дегандирсиз:
«Она қизим! Аллоҳга беадад шукр, бўй етиб, эрта-индин бир хонадоннинг суюкли келини бўласиз. Янги ҳаётингиз ҳақида кўп эшитгансиз, мен берган китоблар ва бошқа жойларда кўп ўқиганингиз бордир. Мен бу хусусда озгина қўшимча қилмоқчиман. Токи, дуч келган кишилардан турли гапларни эшитиб, гангиб, каловланиб юрманг.
Аёл зоти бу дунёга худонинг инояти билан авлодлар занжирини улагани, фарзандларини иймонли қилиб тарбиялагани, бир хонадонни ва унинг кишиларини яшнатгани келишига, минг шукр, идрокингиз етиб турибди. Отангиз билан ҳаётимиз, сизга бўлган меҳримизда акс этиши ҳам сизга ибрат. Ўша, сиз кейин жонингизни ҳам беришга тайёр бўладиган фарзандлар эру хотин муҳаббатидан, нозик муносабатидан дунёга келишини ҳам биласиз. Ота-она меҳрида ўсган болаларнинг юзларидан файз нури ёғилиб туриши ҳақида ҳам эшитгансиз. Шундай экан, эр-хотинчиликдаги нозик муносабатлар асл муҳаббат чўққиси эканлигини унутманг ва қовушиш учун фақат куёв масъул, деб ўйламанг.
Биринчи висол кечаси ҳақида ҳар кимлар турли ваҳимали сўзларни айтишади. Гўё қизлик пардаси олинишида даҳшатли оғриқ бўлиши мумкин эмиш. Гўё эркаклар ҳайвон мисол ваҳшийлашармиш… ва ҳоказо. Тўғри, қизликдан жувонликка ўтишда бироз оғриқ бўлиши мумкин. Сиз ўқиган унча-мунча китобларда агар гавдани бўш тутилмаса, куёвни душман билиб, нотўғри хатти-ҳаракатлар билан унга қаттиқ қаршилик қилинса, қин мускуллари қисқариши қийинлашади, оғриқ шундан келиб чиқади, деб тушунтирилади.
Она қизим! Қаршингизда турган одам асло бегона эмас, ваҳший ҳам эмас, бир умрлик йўлдошингиз, ишонсангиз, суянсангиз арзийдиган одам эканини, отангизу онангиз сизни унга ишониб топшираётганини эслаб, ўзингизни тўғри тутсангиз, бу нозик муносабат сизга лаззат олиб келади. Кейинги учрашувларни ҳаяжон билан кутадиган бўласиз.
Аксинча, худонинг тақдирига-ю куёвнинг талабига ҳаддан ортиқ қаршилик қилиш билан ўзингизга кўп ташвиш орттиришингиз мумкин. Аввало куёвда сиз ҳақингизда «Мени севармикин?» дан тортиб «Бошқа севадигани йўқмикин?» гача аллақандай шубҳалар пайдо бўлади. Сизга нисбатан унинг ўз ихтиёрисиз иштиёқи сўна бошлайди. Худо асрасин-у, бу ҳол уни бора-бора руҳий жинсий заифликка олиб келиши мумкинлигини ҳам унутманг. Аслида бу сизнинг ўзингизга битмас-туганмас изтироб олиб келади. Бу ҳақида агар диққат қилсангиз, ҳаётда мисоллар жуда кўп.
Эрлар мақсадга эришмасалар жуда қаттиқ изтироб чекадилар. Эрингизнииг (бу сўзни сизга нисбатан биринчи марта ишлатаяпман, лекин бундан бу ёқ сизга энг яқин кишингизни сифатлашга бундан ортиқ маъноли сўз топа олмадим) изтироби – сизнинг изтиробингиздир, она қизим! Унга далда беринг, анча идрокли қизсиз, руҳини кўтариб, кўмаклашинг.
Йўқ, йўқ, хаёлингизга бошқа нарсалар келмасин. «Далда беринг», «кўмаклашинг», деганда асло қайдадир эшитган, айрим беҳаё ёзувларда тасвирлангандек «Мен ҳам бу соҳада анойилардан эмасман» қабилида иш тутиб, ташаббускорликка интилишни назарда тутаётганим йўқ. Бундай беандишалик, бир китобда ўқиганим бор эди, ҳарамида юзлаб канизаклари бўлган подшоҳни ҳам ориятига тегаркан. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай қилган бундай беандиша ташаббускорлик оқибати, худонинг ўзи асрасин, эрингизнинг кўнглини синдиради, дилига шубҳа илони киради, шавқи кетади, сизга ҳаёсиз аёлга қарагандек қарай бошлайди.
«Далда беринг»нинг маъноси аксинча, мулойим, итоаткор, майин бўлиб, энг асосийси Тангри сизга жуфт қилиб берган кишингизга ишончингиз кўп эканини билдириб, рағбат беринг. Эрга аёл рағбатидан, итоатидан ортиқ мукофот бўлмас. У ҳам сиз бошингиздан кечираётган кечинмаларни кечиради, унинг бир умрлик йўлдоши эканлигингизни билади, сизни тушунади, сизни ўзи учун ҳам аяй бошлайди…»
Ишонинг, она оғзидан меҳр ва ишонч ҳамда самимият билан айтилган ўгитларни қизларжон қулоғила эшитибгина қолмасдан, қалбининг энг чуқур ерига жойлайди ҳам. Зеро, Момо Ҳаводан бери шундай бўлиб келаётганига ишонч сизга бугун қувват бермаяптими ахир?!
Айтишларича, биринчи қовушув кечаси қизларнинг онасини дард тутармиш… Янги аёлнинг дунёга келишида оналарнинг масъулияти катталигини ич-ичларидан ҳис килганлари учун шундаймасмикин? Аллоҳдан уларга Отабек ва Кумушнинг висол кечасини сўранг. Илоҳим қизингиз қалбининг тўри ўз эгасини, бир умр керагини, тоабад тирагини топгани рост бўлсин!

КЕЛИН – ПАЙВАНД
Ўзбекчиликда қудалардан ортиқ ҳурматли ва иззатли меҳмон бўлмайди. Қудалар ўғил-қиз туфайли юзага келадиган янги қариндошлардир. Жондан азиз қизларимизни «бегона» жойга ишониб узатамиз. Эвазига ўзимиз ҳам ўғлимизга умрлик йўлдош сифатида тўйгача «биров» бўлиб ҳисобланган кишиларнинг фарзандларини оиламизга аъзо қилиб олиб келамиз.
Ҳар иккала ҳолда ҳам тўйгача юракнинг бир чеккасини увуштириб «биров» бўлиб турганлар тўйдан кейинроқ ака-ука, эгачи-сингилдан ҳам яқин қадрдонларга айланиб кетишади, яқиндагина «бегона» бўлиб турган қудалар оиланинг эъзозли аъзоси бўлиб қолишади. Уларнинг ҳар галги учрашуви, дийдор кўришуви ана шу қадрдонлик туйғуси билан йўғрилади, азизлик нурига, меҳрига, эъзозига айланади.
Буларнинг ҳаммаси келин ва куёвнинг пайвандлиги оқибати. Дарҳақиқат, куёвнинг пайвандлиги шундаки, у «ёв»лик қилмай, келинга дуруст муомала қилиб, унинг куёв хонадонидаги илк даври – ҳали кўплар билан танишмаган, кўпчиликнинг феълу атворини билмаган, янги тушган хонадонининг сиру синоатларини англаб етмаган даврида унга ёрдам бериб, бу даврдан авайлаб олиб ўтишга ҳаракат қилса, келиннинг ҳар бир ҳаракатида бу яхшилик сезилиб туради. Қолаверса, қизнинг ота-оналари куёвларининг қизларига меҳрибонлигини кўриб, уни тарбиялаган қудаларига нисбатан меҳрлари тобланади, улар билан қадрдонлашиб борадилар.
Келиннинг пайвандлиги шундаки, у тушган жойида яйраб, атрофидагиларни ўз ота-онасидек, ака-укасидек кўрса, ортиқча гап-сўз чиқишига йўл қўймай, ҳаммани бирдек иззат қилса, унинг яхши тарбия олганига ишонч ҳосил қилган куёвнинг ота-онаси аввало қудаларини ҳурмат қилиб, улар билан қадрдонлашиб кетишга ҳаракат қиладилар.
Ҳа, қудаларни бир-бирига илиқ-иссиқ кўрсатадиган, вақти келиб ўз жигарларидек, эгачи-сингил, ака-укаларидек «ўзлариники» қиладиганлар – фарзандлар. Ёшлар ўзларининг шу пайвандлик бурчларини унутмасликлари керак. Баъзан қудаларнинг муросалари келишмай қолибди, дейишади. Уларни муросага ёшлар олиб келадилар. Сиз ўз ота-онангизни янги ота-онангизга қандай кўрсатсангиз, улар кўпинча шундай қабул қилишади.
«Ўзимизники» деганда айримлар сингари бемеҳрлик, оқибатсизлик, баъзан фаросатсизлик ифодаси даражасида эътиборсизликка тушиб қолмаслик керак. Опангиз ёки синглингиз меҳмон бўлиб келганда «ўзимники-ку» деб тагига янги кўрпача солишни унутиб, дастурхон тузатишни ортиқча деб билсангиз, яхши эмас. Қанчалик узоқ ёки яқиндан келишганига қарамай, бир коса иссиқ таомсиз кузатган опа-сингиллар ҳам йўқ эмасдир. Ҳарна бўлганда ҳам, булар қадимқадимдан меҳмоннинг ҳурмати, иззатининг белгиси бўлиб келган. Айниқса, қудаларга алоҳида ҳурмат ва эъзоз кўрсатилади. Қудалар келишига алоҳида тайёргарлик кўрилади.
Қудалар қудаларникига зарурат бўлгандагина келишади. Қудалар даргоҳига ҳуда-беҳуда бостириб киравериш яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида кексаларимиз кўп гапиришади. Ўртада уринтирмайлик, қудаларимизни ортиқча чиқимларга мажбур этмайлик, деган минг бир андиша туради.
Қудалар бир-бириникига меҳмонга келганда ана шу андишани кўтариш учун мезбон қудалар, айниқса, келинлар сертабассум, мулозаматли, самимий бўлишлари керак. Агар шу самимият, меҳмон келганидан севинч мезбонлар юзида, руҳиятида акс этиб турмас экан, меҳмон қудалар жуда катта совғалар, тоғоралар билан келган бўлсалар ҳам, мезбон қудалар уларга деб дастурхонга йўқ нарсаларни муҳайё қилган бўлсалар ҳам, қудачилик гашти, сурури ҳис қилинмайди.
Борди-ю ота-онаси меҳмон бўлиб келган келин яйраб юрса, қудалар ҳам севинчларини сездириб юрсалар-у уйда борини дастурхонга қўйсалар, дастурхон тўлишдан анча йироқ бўлса ҳам, меҳмон қудалар кетаётганларида «Раҳмат сизларга! Жуда яхши ўтирдик, анчадан бери шундай ёзилишиб, яйрашиб ўтиришмаган эдик», деб кетишади. Шунинг учун ҳам халқимизда буғдой нондан ҳам аълороқ нарса буғдой сўз эканлиги ҳақида жуда кўп ҳикматлар бор.
Бу гаплардан сўнг қайнона-қайнотангиз, қайинбўйнингиз дилида ҳам илиқлик пайдо бўлади. Бунга ҳам сабаб – сиз. Отаонангиз сизнинг хотиржамлигингиздан кўнгли яйрайди, қайнона-қайнотангиз уларни хурсанд қилганидан. Икки томонга илиқлик ришталари боғланади. Икки томон ҳам кўришиб турмасалар соғинишларини ҳис қилишади. Азизлар дийдорини соғиниб туриш ҳаётнинг улуғ неъмати!
Келин бамисоли пайванд дейишнинг яна бир боиси бор. Бир томондан, сиз ўз ота-онангизнинг қандай таомларни, қандай муомала-мавзуларни хуш кўришларини яхши биласиз. Қайнона-кайнотангизнинг ҳам бу томонлари сизга анча аён бўлиб қолди. Қадрдонлар соғинишса учрашувга сабаб кўп дейдилар. Куёв ва қайнона-қайнотангиз бу сабаб билан қиз уйингизга ёки ота-онангиз сизларникига келишганда, сезаяпсизми, шу пайвандлик айниқса асқотади. Уларнинг бир-бирларини яхши ўрганиш, синашта бўлишларида асосий ролни сиз ўйнайсиз. Иккала томоннинг ҳам кўпроқ яхши томонларини намоён этиб, уларни яна ҳам қадрдон қиласиз.

АСАЛ ОЙИ
Улар аразлашиб қолишди. Бирга ҳаёт қурганларидан бери ўтган йигирма кун ичида биринчи бор кутилмаганда аразлашиб қолишди. Аччиқ-тиғиз гап ҳам ўтмади ораларида. Иккиси ҳам икки ёқда ўз ёғига ўзи қоврилади. Ҳамхонасига ичидагини тўкиб солгиси келади-ю яқинлаша олмайди. Иккиси ҳам бир-бирини шу даражада яхши кўради-ки, бири иккинчисига ўзини лойиқ деб билмайди. Назарида унга яқинлашиши билан кўнглига озор берадигандек. Келин тунда ёрига сездирмай қайноқ ёшларини ёстиққа томизади. Куёв бўлса дардини скрипканинг мунгида сўзламоқчидай уни қўлига олади-ю нидоси узуқ-юлуқ чиқиб, жойига қўйиб қўяди.
Шу алфозда икки кун ўтди. Иккиси ҳам ортиқ чидай олмаслигига ақли етади, лекин биринчи бўлиб ора очдига қадам қўя олмайди…
Ҳаммаси арзимаган гулхатдан чиқди. Янги йил арафасида бу хонадонга жуда кўп келди бундай табрик хатлари. Лекин аразга сабабчи бўлгани, келинни ўртагани – биттаси, келин учун нотаниш бўлган қизники эди.
«Ҳурматли Анваржон!
Сиз ижро этган куйларни радиодан тез-тез эшитиб тураман. Болалигимизда синфда менинг шеъримга басталаган биринчи куйингизни эслайман, хиргойи қиламан. У куй ҳозиргиларга тенг эмас, албатта. Ютуғингиздан, бахтингиздан шодман. Ижодий муваффақият тилайман!»
Шугина холос.
Келин ўша куйни чалиб беришни илтимос қилди. Анвар ҳеч ёдига тушира олмади, охири қийнала-қийнала чалиб берди. Келин ўзини маъюс қилиб кўрсатди. Аслида у маъюс ҳам, хафа ҳам эмасди. Юрагини ғашлик ҳам қамрамаган эди. У ўзи ҳам истамаган ҳолда аллақандай ролни ўйнашга киришиб кетган эди… У ўқиган китобларида аёл ўз эрини аллақачонлар ўтиб кетган, ҳатто ҳаётида из ҳам қолдирмаган тасаввурий илк муҳаббатига рашк қилади. Қайси келин ўзини бир дамгина бўлса ҳам камолга етган аёл ўрнида кўргиси келмайди?! Бу келин ҳам ўша аёлларга ўхшагиси келди.
Куёв келиндаги ўзгаришни пайқамай қолмади. Келиб эркалади, кўзларига интилди. Келин жавоб бермади, кўзларини бўсага тутмади.
– Ахир биз бир синфда ўқиганмиз холос, – деди куёв.
Келин кўп қийнамоқчи эмас эди. У ёрига ишонарди. Лекин шу сўзлари билан куёв унинг кўзига ўзини оқлаётгандек бўлиб кўринди. «Ораларида ҳеч нарса йўқмикин?» бошидан шу хаёл ялт этиб ўтди-ю шу заҳоти йўқ бўлди. Йўқ, у бундай хаёлларни миясида ушлаб турмайди, асло ушлаб турмайди.
– Гулим, шунча аразингизга арзийдиган иш эмас бу! – куёвнинг назарида севгилисининг кўзидаги маъюслик жудажуда кўпга чўзилиб кетгандек туюлди, – хоҳласангиз, мана, йиртиб ташлайман уни!
Келин энди оғзини жуфтлаган ҳам эди, гулхат стол устига тўрт бўлак бўлиб тушди. Назарида, унда тасвирланган ялтироқ арча, қорбобо қопидаги совға – муҳаббат парча-парча бўлди!
«Нега йиртди? – ўйлади келин, – ахир қиз унинг болаликдаги дўсти экан-ку. Наҳотки севгилисининг ўринсиз нозига жавобан ўз дўстидан келган илиқ сўзларни сўндириш керак?»
Энди келиннинг ростакам жаҳли чиқди. Куёв бўлса уни ҳамон рашк ўтида қоврилаяпти деб ўйлаб, кўнглини қандай овлашни билмайди. Шу арзимас баҳона уч кунлик аразга сабаб бўлди. Иккиси ҳам бир-бирига юрагини очишга зору тили айланмайди, одатдагидек бири иккинчисининг кўзидан дилини ўқишни истайди-ю бу кўзларга тик қарай олмайди.
Уч кундан сўнг консерваториянинг катта залида Анвар Бетховеннинг муҳаббат ҳақидаги «Ойдин кеча сонатаси»ни чалди. Зал оёққа туриб олқишлади. «Келганмикин? – хаёлидан кечирди Анвар. – Менинг бу куйни унга атаб ижро этганимни билганмикин?» Эрталаб стол устида «Бугун кечроқ келаман. Хавотирланманг. Консерваториянинг катта залида жуда-жуда масъулиятли концертим бор», деб ёзиб қолдирган эди.
У келган эди. Залнинг бир чеккасида ўтириб тинглар экан, назарида пианино эмас, севгилисининг дили нидо чекди, фиғон қилди, куйлади, шодланди, дунё-дунё муҳаббат ваъда қилди. Келин бу куй ўзига аталганини ҳис қилди, ғурурланди, барча аразни унутди. Бир даста атиргул билан ёрини саҳна олдида қарши олди. Куёв ҳам унинг қўлларини бир дақиқагина тутиб қолди. Улар унсизгина кўз чақини билан сўзлашиб олишди. Болаликни эсга солган битта ғўр куй деб муҳаббат аталмиш улуғ куйга озор беришлигига оз қолганини англашди.
«Сиз менинг қалбимдаги сўнмас куйсиз!» – дерди йигит кўзлари.
«Биламан!» – беғубор чақнаб жавоб берди келиннинг кўзлари.

ОРТИҚЧА ЮК КИМГА КЕРАК
Қизларнинг аксарияти, айниқса, сизнинг ёшингизда ва айниқса, вазни нормадан ортиқроқ бўлганларнинг кеча-кундуз дарди бир нарса: қандай қилиб озсам экан деган хаёл билан банд. Ростда, ортиқча юк кимга керак?
Қуйида тавсия этилаётган тест саволларига холисанлиллоҳ рост жавоб берсангиз, бу жавоблар йиғиндиси сизга қандай қилиб озишни ўргатмаса ҳам, озишингиз мумкинми ёки йўқлигини аниқлаб беради.
Шундай қилиб, сизга ўн савол берамиз. Уларнинг ҳар бирига виждонан «Ҳа!» деб жавоб бера олсангиз, савол тўғрисига 10 очко ёзиб қўйинг. Агар жавобингиз «йўқ» бўлса, у 0 очкога тенг бўлади.
Қоғоз варағининг ўнг томонидан очколар учун жой қолдириб, чап томонига саволларни ёзиб олинг:
1. Эрталаб бадантарбия машқларини мунтазам, яъни кунда бажарасизми?
2. Ўзингиз тановул қиладиган овқатлар калориясини ҳамиша ҳам ҳисобга оласизми?
3. Тез-тез, дейлик кунига беш-олти марта ва оз-оздан овқатланасизми?
4. Мунтазам равишда, дейлик ҳафтада бир марта бўлса ҳам ўз вазнингизни назорат қилиб турасизми?
5. Ҳамиша ҳам уйингизда парҳез маҳсулотлари, дейлик, творог, пишлоқ, қайнатилган гўшт бўладими?
6. Қорнингиз тўқ бўлса-ю, кимдир бирга овқатланишни таклиф қилса, таклифдан воз кеча оласизми?
7. Уйингиздаги ширинликлар узоқ турадими ёки тез еб тамом қилганингизни билмай қоласизми?
8. Қорнингиз тўйгач, коса ёки ликобчадаги қолган овқатни олиб қўйишга қодирмисиз ёки яхши овқат қолиб кетмасин деб, ўзингизни зўрлаб бўлса ҳам уни тугатиб қўясизми?
9. Вақти-вақти билан яхши кўрган овқатингизни соғинасизми?
10. Шу тарздаги овқатланиш режимида ўзингизни яхши ҳис қиласизми?
Агар очколар йиғиндиси 30 гача бўлса, овқатланиш режимингизни тўла ўзгартиришингиз керак, йўқса ортиқча вазндан ҳеч қачон фориғ бўла олмайсиз.
Агар 40 очкодан 60 очкогача йиғган бўлсангиз, овқатланиш тарзингизга яна ҳам эътиборлироқ бўлиб, бадантарбия машқларини мунтазам бажариб турсангиз, ортиқча вазндан қутилишингиз мумкин.
Очколарингиз 70 билан 100 орасида бўлса, бу – иродангизнинг кучлилигидан ва сиз яна ҳам ҳаракат қилсангиз, тез орада ортиқча вазндан ҳалос бўлишингиз мумкинлигидан далолат беради.
Демак, кўп нарса кишининг нафси ва иродасига боғлиқ экан.
Иродангиз кучлилигига ва нафсингизни тия олишингизга ишониб, бир синалган парҳезни тавсия этмоқчимиз. Икки ҳафта давомида унга қатьий риоя қилинса, шу усул туфайли 7-8 килограммга озиш мумкин. Модда алмашинувининг ўзгариши натижасида кейин меъёрида овқатланилса, узоқ муддатгача ёки 3 йилгача эришилган вазнни сақлаб қолиш мумкин бўлади.
Икки ҳафта мобайнида туз, шакар, спиртли ичимлик, хамирли овқатлар, қанд ейишдан бутунлай «юз ўгирасиз». Овқатланиш орасида маъданли сув ичиш лозим. Парҳез тартиби кўрсатилгани бўйича бузилмасдан қилинсагина модда алмашинуви ўзгариши мумкин. Акс ҳолда…

Биринчи кун:
Нонушта – бир стакан қора қаҳва.
Тушлик – қаттиқ қилиб сувда пиширилган 2 дона тухум, ўсимлик мойи аралаштирилган янги карам салати, 1 стакан помидор суви ёки помидор.
Кечки таом – бир бўлак қоврилган ёки қайнатилган балиқ, ўсимлик мойи аралаштирилган янги карам салати.

Иккинчи кун:
Нонушта – бир стакан қора қаҳва, қотирилган нон бўлакчаси.
Тушлик – бир бўлак қоврилган ёки қайнатилган балиқ, ўсимлик мойи аралаштирилган янги карам салати.
Кечки таом – 200 гр. қайнатилган мол гўшти, 1 стакан кефир.

Учинчи кун:
Нонушта – бир стакан қора қаҳва, қотирилган нон бўлакчаси.
Тушлик – ўсимлик мойида қоврилган сабзи, олма ёки мандарин.
Кечки таом – қаттиқ қилиб сувда пиширилган 2 дона тухум, 200 гр. қайнатилган мол гўшти, ўсимлик мойи аралаштирилган янги карам салати.

Тўртинчи кун:
Нонушта – бир стакан қора қаҳва.
Тушлик – 1 та хом тухум, ўсимлик мойида қоврилган 3 та йирик сабзи, 150 гр. қирғичдан ўтказилган пишлоқ.
Кечки таом – мевалар (олма,нок 1 донадан).

Бешинчи кун:
Нонушта – қирғичдан ўтказилган ва лимон шарбати аралаштирилган сабзи.
Тушлик – 500 гр. қоврилган балиқ, 1 стакан помидор шарбати.
Кечки таом – бир бўлак қоврилган балиқ, ўсимлик мойи аралаштирилган янги карам салати.

Олтинчи кун:
Нонушта – бир стакан қора қаҳва.
Тушлик – яримта қайнатилган товуқ, янги карам ва сабзили салат.
Кечки таом – сувда қаттиқ қилиб пиширилган 1 дона тухум, қирғичдан ўтказилган ва ўсимлик мойи аралаштирилган 1 стакан хом сабзи.

Еттинчи кун:
Нонушта – чой.
Тушлик – 200 гр. қайнатилган мол гўшти, мевалар.
Кечки таом – хоҳишингизга қараб илгариги кунлардаги таомлардан оз-оздан истеъмол қилишингиз мумкин. Фақат 3- кундаги парҳезни такрорламанг.

Иккинчи ҳафта кунларида ҳам парҳезни юқори тартибда такрорланг.
8-9 кг вазн «ташлагач», 2-3 йил семиришдан қўрқмасдан меъёрида овқат ейишингиз мумкин.
Бу ажойиб таомлар таркибида оқсиллар, дармондорилар бисёр. Тавсия қилинган таомларнинг ўрнини ўзгартирмаслик – ПАРҲЕЗнинг қатъий қоидаси. Тартиб ва шароит унга кучли таъсир қилади. Мижозга «хоҳлаган пайтингда, хоҳлаганингча овқатланавер» дегандан кўра, аниқ тартиб жорий қилиш фойдалироқ. Агар инсон ниҳоятда «бақувват» овқатланса, яна тўлишиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу яна одамнинг ҳаракатчанлигига ҳам боғлиқ.
Агар вазнингиз хусусида муаммо туғилгудек бўлса, билингки, танангизда ёғни парчаловчи В6 дармондориси етишмаяпти. Унутманг, бу дармондори карамда, балиқ, қора нон ва сабзида мавжуд.

ОНАСИНИ КЎРИБ
Бу мавзуда сўз юритиш мушкул. Аёллар ҳақида бундайроқ сўз айтиш жуда қийин… Аммо ҳаёт, ҳаёт экан-да…
Ҳаётда кўп нарса қарама-қарши жуфти билан мавжуд: яхши-ёмон, оқ-қора, оғир-енгил, баланд-паст…
Биз – аёллар оламида ҳам Момо Ҳаводан бери ҳаёли-ҳаёсиз, вафоли-вафосиз, бахтли-бахтсиз сифатлари мавжуд бўлган… Ҳозир ҳам бор бу сифатлар.
«Онасини кўриб, қизини ол», «Қуш уясида кўрганини қилади», «Ерни сув бузади, қизни – онаси» каби мақолларнинг авлоддан авлодга ўчмай келаётгани ҳам, феълимизда ҳамон ззгулигимиз, улуғлигимиз билан бирга, илғаб бўлмас қандайдир ёмон иллатларнинг ҳам яшаб келаётганидан далолат бермайдими?
Шаънимизга илашган ёмонликни тан олишимиз, эътироф этишимиз ҳам нақадар қийин.
Яхшиси қайнотамлардан (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) эшитган бир ривоятни айтиб бера қолай, нима демоқчи эканимни ўзингиз англаб оласиз.
Қайнимизга келин қидираётганимизда, қайнотамлар:
– Аввало қизнинг онасига эътибор беринглар! – деб шу ривоятни айтиб берган эдилар.
…Қадим замонларда бир бадавлат, анча инсофли ва иймонли савдогар бўлган экан. Унинг кўп умри она шаҳридан йироқда, карвон билан юртма-юрт кезишда ўтар экан. Бир вақт унинг карвони олдида юрадиган ишончли туяси қариб, ишга яроқсиз бўлиб қолибди. Савдогар унинг парваришини уйидагиларга тайинлаб, унинг ўрнига янги туя олиш учун бозорга борибди. Бозорни кўп айланибди, лекин ҳар гал бир оппоқ, ёш туя олдида тўхтайверибди. Савдогарнинг унга ишқи тушиб қолган экан-да. Охири савдолашиб, шу туяни сотиб олишга қарор қилибди. Туянинг эгаси оқ туянинг арқонини унга тутар экан, савдогар берган олтин тангаларни ҳамёнига солаётиб шундай дебди:
– Биродар, ишқингиз тушиб шу туяни сотиб олдингиз, берган тангаларингизга рози бўлинг. Лекин туянинг онасида бир касал, иллат бор эди, шуни сизга айтиб қўйишим керак… Токи виждоним қийналмасин…
– Иллат туянинг онасида бўлса, бунга нима алоқаси бор, биродар?
– Мен молимни сотаяпман, унга тўла кафил бўлсамгина савдо орқасида бола-чақамга едирган ноним ҳалол бўлади, биродар! Бу чиройли туяга ишончим тўлиқ деб айта олмайман…
– Нима касали бор эди туянинг онасида, айтинг бўлмасам…
– У анча юк кўтара олар, узоқ йўлдан чарчамас, аммо дарёлардан кечув пайтида дарё ўртасига борганда чўкиб ётиб олар экан. Уни уриб ҳам, туртиб ҳам турғазиб бўлмайди, дейишарди савдогарлар. Қанча-қанча мол-мулк оқиб кетган ёки сувга бўкиб яроқсиз бўлиб қолган ҳоллар кўп бўлган экан… Бу ўша туянинг бўталоғи эди… Онасининг иллатини қайтармасмикин деб олдингиздан ўтаяпман… Куни келиб, айтмабди деб мени койиб юрманг яна…
Савдогар ўйланиб қолибди. Пулини қайтариб олай деса, оқ туяга ишқи тушиб, унинг карвон бошида кетаётгани шундай кўз олдига келаверибди. Қолаверса, туянинг қараб туришида ажиб бир ялинишга ўхшаш маъно ҳам кўргандек бўлибди.
Хуллас, таваккал қилиб туяни сотиб олибди. Уни карвон бошида юришга ўргатиб олгунига қадар арзимас мол ортиб, устига ўзи минишга қарор қилибди.
Кунлар ўтиб, сафарга отланишибди. Йўл юришибди, йўл юришса ҳам мўл юришибди. Савдогар ўша оқ туяда, зимдан уни кузатиб ҳам борибди. Аммо норизо бўлишга ҳеч қандай сабаб кўрмабди. Туя жуда итоатли, чарчамас экан. Бора-бора туякашнинг гапи савдогарнинг хаёлидан кўтарилиб ҳам кетибди.
Неча мамлакат ўтиб, катта дарё олдидан чиқишибди. Кечув жойини топиб аста сувга тушишибди. Савдогар сув тегмасин деб оёқларини туя ўркачлари орасига кўтариб олганича олдинда йўл бошлаб борибди. Дарё ўртасига етганда савдогарнинг оқ туяси шартта мункиб, чўкиб олибди. Оёқларини кўтариб бамайлихотир келаётган савдогар туянинг кутилмагандаги бу ҳаракатидан отилиб кетиб, сувга ағдарилиб тушибди.
Йўлдошлари уни катта қийинчиликлар билан тутиб, қирғоққа олиб чиқишибди. Оқ туяга эргашиб чўккан бошқа туялардаги кўп мол-мулк оқиб кетибди. Жони омон қолган савдогарлар ивиган молларини йиғиб, карвонни илгари силжитиш ҳаракатини қила бошлашибди.
Шунда савдогар ёш бир сарбонни чақириб унга дебди:
– Сен бугуноқ изингга қайт. Мана бу сарпо билан ҳамённи фалон бозордаги фалончи туякашга бериб, раҳматимни айт. Мана бу туяни эса ҳовлимга олиб бориб бойлагин-да, хотинимни чақириб, уни талоқ қилганимни айт. Уйдан истаган нарсасини олиб, шу туяга ортиб онасиникига кетишини буюрганимни ҳам айт, – дебди.
Ёш сарбон устози сўзига ҳайрон бўлибди. Лекин ҳаялламай, савдогар айтганини бажаришга киришибди. Туякашга воқеани айтиб, сарполарни топширганида у афсус билан бошини силкитиб, хаёл суриб қолибди…
Йигит савдогарнинг уйига борибди. Туяни ташқари ҳовлига боғлаб, ичкари ҳовлидан савдогарнинг хотинини йўқлабди. Аёл чиққач, савдогарнинг гапларини сўзма-сўз унга қайтарибди:
– Акам сизни талоқ қилдилар. Уйдан истаган нарсангизни олиб, мана бу туяга ортар экансиз-да, онангизникига қайтар экансиз…
– Менга ўзлари кўнгил қўйиб уйланган эдилар-ку! Ўша вақтлар кимдир онамнинг отамга вафосизлик қилганини айтганида акангиз: «Онанг бошқа, сен бошқа!» деган эдилар. Йўлда нима воқеа бўлдики, бундай қарорга келдилар? – деб сўрабди аёл.
Ёш сарбон йигит бўлган воқеани айтишга чоғланиб турганида ичкари ҳовлининг эшиги очилиб, ярим яланғоч бегона эркак кўринибди:
– Қайда қолиб кетдингиз, жонидан?
Ёш сарбон ҳанг-манг бўлибди. Савдогарнинг гапига-ю ҳукмига энди тушуниб етибди…
– «Онасини кўриб, қизини ол!» деб бежиз айтишмаган, – дегандилар ўшанда раҳматли қайнотам…
Йиллар ўтди. Ривоятга монанд ҳодисаларга дуч ҳам келдим, кўп эшитдим ҳам. Аммо ҳар гал ҳам юрагимнинг тепкини оғриқли бўлади.
Кўпроқ қизлар ҳақида ўйлайман. Шундай онанинг қизлари ўзини қўлга олса, тоймаса, бир ўзинигина эмас, онасини ҳам дўзах азобидан қутқариб қолади, деган ишонч юрагимни тарк этмайди. Авлоднинг олдинги авлоддан кучлироқ, онглироқ, покроқ, диёнатлироқ, ибратлироқ келиши табиий экани ҳақидаги ҳикматларга таянгим келади.

СИЗ – ОИЛА ШИФОКОРИ
Бир эътибор беринг-а. Уйингизда кимнингдир боши оғриб қолса, кимдир бармоғини кесиб олса, кимнидир бехосдан ари чақиб олса ҳам, биринчи бўлиб ойингизга, келинойингизга, улар бўлмаса – сизга мурожаат қилишади. Чунки қиз-аёллар ўз меҳри билан бир ажралиб туришса, саранжом-саришталиги билан бир ажралиб туришади. Шунинг учун ҳам қизлар, оналар, бувилар тиббиёт соҳасида ҳам кўп нарса билишлари, бир сўз билан айтганда, оиланинг шифокори бўлишлари керак.
Дейлик, кўк дори ёки йод керак бўлиб қолганда, қизларга айтсангиз, уни бир зумда топиб келишади. Агар шу ишни ўғил болаларнинг биридан илтимос қилсангиз, улар йодни қидириб, анча вақтгача ўзлари ҳам йўқ бўлиб кетишади. Ўғил болаларни хафа қилмоқчи эмасмиз, саришталик қизларга хос бирламчи фазилат эканини қайд этмоқчимиз холос. Улар уйда, рўзғорда қайси нарса қаерда туришини яхши билишади. Яна битта яхши хусусиятлари: олган нарсаларини ишлатиб бўлганларидан сўнг, албатта, жойига қўйишади. Шундай қилинса, керак бўлиб қолганда, ўша нарсани кўп қидириб юрилмайди-да.
Ҳа, бизнинг табиатимиз шундай. Бизни ҳатто «уйимизнинг қўли енгил шифокори» деб аташлиги ҳам бежиз эмас.
Келинг, шунга лойиқ иш қилайлик, яъни қизлар тиббиётдан билиши керак бўлган нарсаларни ўрганиб олайлик.
Саломатлик – олий неъмат. Бу ҳикматнинг маъносига етишга ҳаракат қилинг. «Соғлом инсон – табиат яратган ноёб асарларнинг энг бебаҳоси», деб бежиз айтишмаган. Ёшлигингизда унча эътибор бермассиз, аммо соғлом бўлиш ҳам катта илмлиги рост. Ана шу илмнинг дебочасини академик Н.М. Амосов шундай таърифлайди: «Инсоннинг нақадар буюклигини кўринг! Унинг қадами аллақачон Ойга етди ва тезда бошқа планеталарга ҳам ташриф буюради. Тез орада у сунъий ҳаёт ва сунъий онгни барпо қилиши, улар табиий борлиқ билан алоқага киришуви, табиат яратганларини такомиллаштируви мумкин. Яна шундай суръатлар билан ривожланяпмизки, яратувчи бўлган инсонни – худо деворгинг келади!
Энди бошқа манзарани кўринг. Катта шаҳарнинг кўчаларидан ўтсангиз, кавушини асфалтда судраб босаётган, зўрға нафас олаётган, семириб кетган, кўзлари нурсиз кишиларни ҳам кўплаб учратасиз. Улар дард ва ўлимдан шундай қўрқадиларки… Беихтиёр космосни забт этган, Бетховен сонаталарини яратган, инсонпарвар гармоник жамиятнинг буюк улкулари (идеаллари)ни илгари сурган ҳам шу инсонми ўзи, деб ўйлаб қоласан киши. Эътибор қилинг:
* Кўп касалликларнинг келиб чиқишига табиат эмас, жамият ҳам эмас, фақат одамнинг ўзи сабабчидир. Кўпинча у дангасалиги ва қизғанчиқлиги, айрим ҳолларда эса онгсизлиги сабабли касал бўлади.
* Тиббиётга кўпда умид боғламанг. Тўғри, у кўп касалликларни даволаши мумкин, бироқ инсонни буткул соғлом қила олмайди. Ҳозирча у одамни қандай қилиб соғлом бўлиши мумкинлигини ҳам ўргата олмайди.
* Соғлом бўлиш учун кишининг ўзида муттасил ва мақсад-моҳиятли ҳаракат бўлиши керак. Уларни бошқа бирон нарса билан алмаштириб бўлмайди. Инсон шу даражада мукаммалки, соғлигини у қоқилган нуқтадан тиклаши мумкин. Фақат кексалик ва хасталикларнинг чуқурлашуви натижасида ҳалиги айтилган ҳаракат ҳам кучайиб боради.
* Ҳар қандай ҳаракатнинг катта-кичиклиги рағбат берувчи омиллар билан белгиланади, рағбатлантирувчи омиллар эса мақсад-моҳияти, вақт ва шу мақсадга эришиш эҳтимоли билан белгиланади. Бунда яна кишининг характери ҳам муҳим рол ўйнайди. Афсуски, саломатлик кишининг олдида муҳим мақсад сифатида ўлим эҳтимолдан ҳоли бўлмай қолгандагина кўндаланг бўлади. Бироқ иродаси мустаҳкам кишига ҳатто ўлим ҳам кўп таҳдид қила олмайди.
* Саломатлик учун бараварига тўрт омил зарурдир: жисмоний ҳаракат, таомда чекланиш, чиниқиш, дам олиш вақти ва ҳордиқ чиқариш малакасига эга бўлиш. Ва яна бешинчиси – бахтли ҳаёт! Афсуски, аввалги тўртта омилларсиз айтганимиз бешинчи омилнинг ўзи саломатликни таъминлай олмайди. Бироқ агар ҳаётда бахт деган нарса бўлмаса, унда зўр бериб олдинга интилиш ва очликка чидаш учун киши рағбатни қайдан оларди? Афсуски, бундай рағбатни топа олмайди!
* Табиатнинг бизга ҳиммати жуда баланд. Баъзан кунига йигирма дақиқа ёки ярим соат жисмоний машқларни бажариш, бажарганда ҳам астойдил, терлаб-пишиб, томир урушлари икки баробар тезлашгунча бажариш билан саломатликни жойига келтирса бўлади. Табиатнинг бизга ҳиммати шу-да! Жисмоний машқлар вақтини икки баравар кўпайтирсангиз, ундан ҳам яхши!
* Ҳаддан зиёд кўп емаслик, тўғри овқатланиш – бу масалага онгли ёндошиш керак.
* Ҳордиқ чиқариш, билсангиз, бир илм, лекин бунинг учун ҳам характер керак. Агар у бўлса, албатта!
* Энди бахтли ҳаёт ҳақида. Саломатликнинг ўзи бахт дейишади. Бу жуда ҳам тўғри эмасдек. Чунки саломатликка киши тез ва осон кўникиб кетади, ҳатто уни пайқамай қолиши ҳам мумкин. Бироқ айнан шу саломатлик кишига ўз хонадони ва ишида бахтли бўлишига ёрдам беради. Ёрдам бериши мумкин, лекин бахтни «ма, ол!» деб тайёр қўлингизга тутмайди. Аммо хасталикнинг ўзи, айниқса агар у оғирроқ кечаётган бўлса бахтсизликнинг айнан ўзилиги аниқ.
Айнан ёшлар учун шу ерда яна кичкинагина қўшимча қилмоқчимиз. Албатта, ҳозир сиз ёшсиз ва қачонлардир келадиган қандайдир хасталиклар ҳақида бош қотириб ўтириш учун ҳали эрта. Аммо вақт бу – оқар дарё! Кўз очиб-юмгунингизча ўттиз-қирқ ёшингизни нишонлайсиз, келажак ҳақида жиддий қайғурадиган вақт ҳам келганини сезмай қоласиз. Ундан ташқари, ҳозирнинг ўзида, ҳаммангизни ҳам, афсуски, соғлом деб бўлмайди.
Баъзан қабулимга ваҳимали ҳолда йигит ва қизлар келишади. Улар кўкракларининг чап тарафига қўлларини қўйиб юришга аллақачон ўрганиб қолишган, юраклари уришидан шикоят қилишиб элекрокардиограмма қоғозлари ўрамини қўлимга тутишади. Ҳартугул уларнинг кўпчилигида ҳаракатсизликдан бўлак касалликдан асар ҳам бўлмайди. Бундайларнинг кўксини рентгенга солсангиз, юраги ҳаракатсизликдан кичрайиб қолганини кўрасиз. Бундайлар кунда югуриш, жилла бўлмаса рақсга тушиш ўрнига, китобга, столга, компьютерга ёпишиб оладилар, бу ҳам камдек, оғизларидан папиросларини қўйишмайди. Бундайлар аллақачондан бери дорилар билан уйқуга ётишади. Бундайлар китоб ўқишларини, компьютер билан ошно бўлишларини давом этаверганлари маъқулдир балки. Ахир аксарият ёшлар сўзга ишонмайдилар, дарров исбот талаб қилишади (тўғри қилишади, албатта). Керак исботни зора ўша китобларидан, интернетдан топсалар…
Бироқ китоб ўқишни яхши кўрмайдиган ёшлар ҳам ҳаракат, кўкатли таомлар, баданни чиниқтириш, уйқу ва фаол ҳордиқ учун, албатта, вақт топишлари кераклигини эсдан чиқармасликлари керак. Менга ишонаверинг».
Эътибор билан ўқидингизми? Ҳақиқатда булар саломатлик асосидир.
Агар эътибор берсангиз, даволашгина эмас, биринчи навбатда кишида касалликни енгувчи куч пайдо қиладиган, соғлом бўлишга ўргатадиган бундай суҳбатларни кўп учратасиз. Бундай куч, албатта, ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Киши аввало буни ўзига қатьий мақсад қилиб олиши керак, у ўзини табиатнинг бир бўлагиман деб ҳис қилсагина, дили ва жони билан қуёш, сув, ҳаво билан уйғун бўлсагина, улкан дарахтга ўхшаб бақувват илдизлари билан ерга чуқурлашиб кетади.
Сиз энди катта қизсиз, танингизнинг соғ, кайфиятингизнинг чоғ бўлиши учун биринчи навбатда, ўзингиз масъуллигингизни яхши биласиз. Барибир бир нечта умумий маслаҳат бермоқчимиз.
* Аввало киши атроф-муҳитни, яъни ўзини ўраб турган табиатни севиши керак. Ўзига меҳр билдирганлардан табиат ҳеч қачон «қарздор» бўлиб қолмайди, албатта, кишининг дилини яйратади. Ҳар нарсадан хайрат, ҳар чечакдан гўзаллик топа билинг.
* Саломат бўлишни хоҳлайсизми, ҳаммага, айниқса катта ёшдагиларга салом беринг, яъни саломатлик тиланг. Улар олган алик сизга саломатлик тиланган чиройли дуодир. Кўпнинг, айниқса кексаларнинг дуоси, албатта, ижобат бўлади.
* Кишиларга, айниқса кам таъминланганларга, хасталарга, бошига қайғу тушганларга, бировдан озор чекканларга, зориққанларга қўлингиздан келганича ёрдам беринг. Унинг шикаста қалбига қалбингиз «Лаббай!» деганидан, бировга ёрдам беришга қодирлигингиздан севининг, дилингиз яйрасин. Билингки, шу кундан эътиборан сиз дўст-қадрдонга эга бўлдингиз, демак бойидингиз.
* Одамларга ишонинг ва уларни севинг. Бунга ўз-ўзидан эриша олмайсиз, албатта. Сиз аввал ўзингиздаги мавжуд ёмон хислатларни, айниқса, қизғанчиқлик, қўрқоқлик, ишончсизлик, таъмагирлик, иккиюзламалик, кибрни енгиб олинг. Кишиларга нисбатан ноҳақлик қилманг. Кишилар ҳақида эшитган биринчи ёмон фикрларга дарров ишониб, одамлардан юз ўгирманг.
* Бошингиздаги нохуш ва ёмон фикрлар: хасталиклар, ҳолсизлик, силла қуришлар, етишмовчиликлар, ўлим ва охират ҳақидаги фикрлардан фориғ бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши ният билан бошлаган ҳар бир ишингизда ғолиб келасиз.
* Гап билан амалингиз бир бўлсин. Ваъдангиз устидан ҳамиша чиқинг. Бир яхши нарса ҳақида ўқиганингиз, ҳавасингиз келгани яхши. Бироқ ҳамма нарса амали билан бўлса, ундан ҳам яхши.
* Ана шу яхши иш ва тажрибангиз ҳақида ҳаммага сўзланг, ўртоқлашинг, бироқ ҳеч мақтанманг, ўзингизни ҳаммадан устунман деб ҳисобламанг. Камтарлик – инсоннинг энг улуғ фазилати.
Ана энди ўзингизни кузатиб кўринг. Атрофингиздагиларни ҳам. Сиз турмуш тарзингизда жисмоний ҳаракат, таомда чекланиш, чиниқиш, дам олиш вақти ва ҳордиқ чиқариш малакасига эга бўлишнинг ўрни қандай? Тез-тез касал бўлмаяпсизми? Тўхтанг! Уйда бор ва телевизорда шу касалга оид қайта-қайта айлантирилаётган реклама роликларидаги дориларни билиб-билмай ичишни тўхтатинг. Аввал касаллик сабабини аниқланг.
Оиланинг дори қутичаси. Одатда, ҳар бир хонадонда дори қутичаси бўлади. Унда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш дори-дармонлари, ўз-ўзига ва ўзаро ёрдам беришда ишлатиладиган дори-дармонлар, оналар ва эмадиган чақалоқни парвариш қилиш учун керакли нарсалар (сўрғич, сўрғич-пустишка, клизма учун ишлатиладиган юмшоқ учли спринцовка, кўзга дори томизиладиган пипетка, сув температурасини ўлчайдиган термометр, гавда температурасини ўлчайдиган термометр, губка, полиэтилен плёнка, дока, болалар совуни, антисептик моддалар – йоднинг спиртдаги эритмаси, калий перманганат порошоги, борат кислота порошоги; боғлов материаллари – стерилланган бинт, стерилланган пахта, бактерицид малҳамлар; шунингдек вазелин мойи, болалар креми, тери бурмаларига сепиладиган болалар присипкаси) сақланади.
Булардан ташқари, врач рецепти бўйича олинган турли дорилар ҳам шу ерда сақланади. Дорилар сақланиш жараёнида қуёш нури, иссиқлик, намлик таъсирида парчаланиб, фаол бўлмаган моддалар, баъзан заҳарли маҳсулотлар ҳосил қилиши мумкин. Шунга кўра, дориларнинг этикеткасида белгиланган сақланиш муддатига ва сақланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Қоғози, қутисида яроқлилик муддати кўрсатилмаган дориларни беш йилдан ортиқ сақлаб бўлмайди. «Ёруғлик тушмайдиган салқин жойда сақлансин», деб кўрсатилган дориларни холодильникда сақлаш керак. Этикеткасида «Заҳар», «Эҳтиётлик билан ишлатинг», «Ўтдан сақланг», «Болалардан сақланг» каби кўрсатмаси бор дориларни алоҳида шароитларда сақлаш зарур.
Оила дори қутичасида сақланаётган дориларни камида ярим йилда бир марта кўздан кечириб қўйиш керак. Ана шу вақтда этикеткаси йўқ ёки этикеткасидаги ёзувни тушуниб бўлмайдиган, ташқи кўриниши ўзгарган (доғ босган, хиралашган, лойқаланган), шунингдек яроқлилик муддати тугаган дорилар ташлаб юборилади.
Кўнгилсиз ва бахтсиз ходисалар содир бўлмаслиги учун дориларни болаларнинг қўли етмайдиган жойларда сақлаш керак. Уй аптечкаси сифатида қулфланадиган девор шкафчаларидан фойдаланиш жуда қулай. Аптечканинг бир токчасига ичиладиган дорилар, иккинчи токчасига эса сиртдан суриладиган дорилар қўйилгани маъқул.
Ўта кучли ва ўткир дориларни бошқаларидан алоҳида, болалар учун мўлжалланган дориларни ҳам алоҳида сақлангани яхши.
Ҳар бир уйда дори қутисининг (аптечка) бўлиши зарурлиги ҳақида айтдик. Унда йод, бинт, пахта, термометр, нашатир спирти, шунингдек оила аъзолари ичида сурункали касали бор шахсларга доктор тавсия этган дори-дармонлар, дейлик, юрак касалликларида валидол, нитроглицерин бўлиши керак. Бироқ бу дорилардан ўз билгингизча фойдаланиб бўлмайди, касаллик бошланганда, албатта, врачга мурожаат қилиш ва доридармондан унинг кўрсатмасига кўра фойдаланиш керак.
Аввало гигиена. Эътибор берган бўлсангиз, биз гигиена турларидан бири ҳисобланадиган косметика гигиенаси ҳақида шу бўлимнинг «Айт-чи, кўзгу» суҳбатимизда қисман тўхталгандик.
Умуман эса саломатликка, биринчи навбатда, гигиенага риоя қилиш орқали эришилади. Гигиена – саломатлик гарови, деб бекорга айтишмаган. Тозалик – сиҳат-саломатликнинг бирламчи шарти. Озодалик, орасталик, покизаликни бир умр ўзингизга ҳамроҳ қилсангиз, ҳеч қачон ўзингизга нисбатан ишончингиз, руҳий мувозанатингиз бузилмайди. Ўн уч-ўн тўрт ёшгача ойингиз «Қиз бола доим озода бўлиши керак!» деб тайинлашдан чарчамасдилар. Сизнинг вақтида тишингизни ювишингиз, сочларингизни озода ва тараб юришингиз, хонангиз ҳам саришта ва тоза бўлиши, ич кийимларингизнинг бенуқсон бўлиши доим улар назоратида эди. Шундай бўлишига кўникиб ҳам қолдингиз. Энди ука ва сингилларингизни ўзингиз назорат қилаяпсиз. Биргаликда сиз оила аъзоларининг биронтаси ҳам касал бўлмаслиги учун, хуш кайфиятда юриши учун аввало гигиенага, яъни уйингизда гард бўлмаслигига, ҳавосининг тоза бўлишига, орасталик ва саришталикка риоя қиласизлар.
Биринчи ёрдам
Кўпинча болалар, ўсмирлар у ер-бу ерларини уриб олиб ёрдамга муҳтож бўладилар. Урилган жой терисининг ости қонталаш бўлади, оддий қилиб айтганда, кўкариб қолади. Оғриқни камайтириш, шишнинг олдини олиш учун бу ерга тоза латтани совуқ сувда ҳўллаб (совуқ компресс) қўйилади. Аммо бош урилган бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Баъзан бош уриб олинганда кўкарган, шишган, тирналган жой билинмайди-ю, киши ҳушидан кетиши, ранги оқариши, кўнгли айниши мумкин. Бундай жароҳат олган кишини дарров ётқизилиб, тинч бўлишини таъминлаш, бошига совуқ компресс қўйиб, мумкин қадар тезроқ шифокорга кўрсатиш керак.
У ер-бу ерини тирнаб олиш, унча чуқур бўлмаган жароҳатларда тирналган ёки кесиб олинган жой дезинфекция қилувчи суюқликлар (йод, кўк дори) ёки одеколон билан тозалаб артилади ва кейин пластир ёки бинт, тоза дока билан боғланади. Жиддийроқ жароҳатларда ҳам тезда мутахассисга кўрсатиш керак. Айримлар жароҳатланган жойга «халқда шундай» деб лой суртиб, барглар ёпиштириб қўйишади. Бундай қилиш мумкин эмас.
Жароҳат чуқур бўлмаса ва қонни тўхтатиш учун баъзан жароҳатланган қўлни кўтариш, ботиқроқ қилиб боғлаш кифоя қилади.
Болалар ва ўсмирларнинг кўпинча бурунлари қонаб туради. Бундай ҳолда бурни қонаётган кишининг бошини кўтариб ўтқазилади, кийимларига қон тегмаслиги учун тоза дастрўмол ёки пахта қўйиб, икки қош ораси ва пешананинг бурун қисмига совуқ компресс қўйилади.
Шу ерда биринчи ёрдам кўрсатиш тафсилотларига берилмай, бир ажойиб китоб – тиббиётдан оммабоп қўлланманинг ҳамманинг уйида бўлишини тавсия этмоқчимиз. Бу китоб «Беморларни уйда ва шифохонада парвариш қилиш» деб аталиб, у 2011 йилда нашр қилинган.
Умрлик тақвим
Сарлавҳани ўқиб «Шундай узун тақвим ҳам бўларканми?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бўлади, агар ўйлаб тузилса. Қолаверса, ҳайрон бўлганингизча бор, бу ҳақиқатда ҳам бошқача тақвим. Гап сизнинг шахсий ҳайз тақвимингиз ҳақида кетяпти. Бундай тақвим ҳамма қиз-аёлларда бўлиши керак, деб ўйлаймиз.
Қизларнинг балоғатга етишининг асосий белгиси уларнинг вақти келиб мунтазам ҳайз кўра бошлаши эканини биласиз. Сиз бунга одатланиб улгурдингиз. Бу қизларнинг 12-14 ёшидан бошланадиган ва ҳар 21-30 (кўпинча – 28) кунда содир бўладиган жараён эканлигига ҳам ишонч ҳосил қилдингиз. Чунки Сизда у аллақачоноқ даврийликда муқимликка эга бўлди. Шундайми?
Қизларнинг қачон ҳайз кўра бошлаши ва унинг неча кун давом этиши уларнинг соғлиғи ва турмуш тарзига, шунингдек, турар жойи ва иқлимига боғлиқ. Ойлик қон келишининг мароми, муддати, кўп ёки озлиги, оғриқли ёки оғриқсиз кечиши қиз боланинг аҳволига, унинг шахсий гигиенага нечоғли риоя этишига боғлиқ.
Одатда соғлом, чиниққан, жисмоний тарбия билан шуғулланадиган ва тўғри овқатланадиган қизларда ҳайз келиши нисбатан билинмай ўтади. Аксинча, нимжон, салга касалга чалиниб, тез-тез толиқиб қоладиган қизлар, вазни нормадан ортиқлар, яъни семизлар ҳайз пайтида силлалари қуриб, бошлари оғриётганидан шикоят қиладилар. Ҳайз бир неча ой давомида бир маромга тушиб, оғриқ йўқолмаса, врачга мурожаат қилиш кераклигини ҳам дугоналарингизда кўрдингиз.
Қиз бола организми балоғатга етиш даврида ҳиссиётларга бой, яхши ва ёмон кайфиятларга ўта берилувчан бўлади. Асабий ва руҳий бузилишлар, турмушдаги нохушликлар, жисмонан ва ақлий зўриқиш, толиқишлар, шунингдек айрим юқумли касалликлар ҳайз маромининг бузилишига сабаб бўлишини энди дугоналарингизда, ўзингизда ҳам синаб кўрдингиз. Шунинг учун бу даврда қизлар билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб муомала қилиш, уларнинг руҳан ва жисмонан зўриқишига, толиқишига йўл қўймаслик керак. Булар ҳақида синглингиз, жиянларингизга айтиб, тушунтириб қўйиш сизнинг бурчингиз, чунки энди катта қизсиз, маълум даражада оиланинг шифокорисиз. Акс ҳолда бу жараённинг кутилмаганда бошланиши, оғриқли кечиши синглингиз, жиянингизда қўрқувгина эмас, бошқа нохуш кайфиятларни ҳам юзага келтириши мумкин.
Ҳайз табиий физиологик жараён бўлишига қарамай, ёш организм учун катта синовдир. Соғлом қизлар ҳам ой кўриш кунларида ўзларида енгил ҳолсизликни туйишлари мумкин. Аммо бу хасталик ҳолати бўлмагани учун ҳам одатий жисмоний ва ақлий машғулотларни давом эттираверганлари маъқул. Фақат жисмоний тарбия дарсларида отда юриш, сакраш, велосипед ҳайдаш, оғирлик кўтариш каби ўта жисмоний зўриқишни талаб этадиган машғулотларда вақтинча иштирок этмаганлари маъқул.
Ана энди навбат юқорида айтилган тақвимга келди.
Ҳайз кўрувчи сизга ўхшаш катта қизлар, айниқса ёш жувонлар ўзларига мослаб махсус ҳайз тақвими (календарь) тузиб жуда тўғри қиладилар.
Шундай тақвимларнинг икки турини тавсия этамиз, ўзингизга қулайини танлаб олинг.
Кўриб турганингиздек, бу тақвимларга қиз-жувонлар ой кўрган кунлари, неча кун давом этганини, изоҳ бўлимида эса қон оз ёки кўп кетгани, оғриқли ёки оғриқсиз кечганини оймаой, йилма-йил қайд этиб борадилар. Натижада, то қондан қолиш давригача ҳайз маромини кузатишга, ўзгаришни дарҳол пайқаш имконига эга бўладилар.
Ҳайз кўриш даврида гигиена қоидаларига қаттиқ амал қилиш керак. Айниқса, жинсий аъзоларни озода тутиш лозим. Чунки ҳайз қони инфекция кўпайиши, унинг қин ва бачадонга кириши учун қулай ҳисобланади. Ҳайз кўрганда кунига камида икки-уч мартадан қайнатилган илиқ сув билан қизлар остларини ювишлари лозим. Жинсий аъзоларни фақат хўжалик совуни билан ювган маъқул. Атир совун, паста ва турли шампунларни ишлатмаганингиз яхши.
Ҳайз даврида ванна қабул қилиш, очиқ сув ҳавзаларида, ҳовузларда чўмилиш, қуёш нурида тобланиш тавсия этилмайди. Фақат илиқ душ қабул қилиш мумкин. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жисмоний зўриқтирадиган машқлар билан шуғулланмаслик керак, лекин эрталабки бадантарбия машқларини бажариш мумкин, ҳатто керак ҳам. Ҳайз кўришда қўйиладиган боғловни тез-тез алмаштириб туриш зарур. Шароитга қараб бу боғловларни пахта, дока, бошқа юмшоқ рангсиз матодан ўзингиз тайёрласангиз ҳам бўлади. Дорихоналардан тайёр гигиеник пакетлар ҳам олиш мумкин. Ҳайз вақтида овқатга алоҳида эътибор бериш: аччиқ, нордон, шўр емаслик керак.
Ёз ойларида ҳайз пайтида атрофи берк, баданга ёпишиб турадиган лозим (трусик), куз ва қишда эса иссиқ трико ёки рейтуза кийиш керак.

Ҳайз тақвими намуналари:




Келин бўлиш сирлари

(Келинлик остонасида турган қизлар билан ўтказилган суҳбатлар чизгилари)

ТИЛЛО ОСТОНА ОРЗУСИ
Йиғлама қиз, йиғлама, тўй сеники, ёр-ёр.
Остонаси тиллодан уй уй сеники, ёр-ёр.
    (Халқ термаларидан)
Эртага эшигида сурнай хонишини кутаётган қиз борки, тилло остонани орзу қилади. Ойдин бахтли, олтин тахтли бўлишни ким ҳам истамайди, дейсиз?
Келинлик китобини ҳар бир келин ўзи ёзади, деб айтишади. Тўғримикин?
Тўғридир.
Лекин эътироф этиш ҳам керакки, аёллар умрининг ана шу нозик фаслига – келинликка оид кўп китоблар ёзилган, ёзилаяпти ва яна кўп ёзилишига шубҳа йўқ. Ҳаёт бу ахир! Унинг энг кичкина манзаралари ҳам катта-катта китобларга туганмас мавзу бўлиб келган. Бироқ уларнинг ҳеч бирининг «алиф»идан «ё»сигача алоҳида олганда бир келиннинг ҳаётига бобмабоб тўғри келади, деб бўлмайди. У ери бўлмаса, бу ерида энг ақлли китоблар ҳам панд бериб қолади. У ҳолда бундай китоблардан нима фойда, дерсиз.
Уларни ёзишдан, қўлингизга етказишга уринишдан мақсад, сизни – келинлик остонасида турган қизларни сал сезгир, мулоҳазали бўлишга чақириш холос.
Ҳар гал балоғатга етган қизлар билан учрашувларга юрагим титрабгина бораман. Ҳар гал ёшлигимда бўлиб ўтган шундай ҳайратли ва ҳаяжонли учрашувлар кўз ўнгимга келаверади.
«Саодат» журналида янги иш бошлаган кезларим. Журнал атрофида замондош донишманд аёлларнинг кўплиги мени ёқимли ҳайратга соларди. Адиба ва шоира, олимаю фозила, актрисаю бастакор аёллар тез-тез йиғилишиб туришар, дилдан суҳбатларга бош муҳарриримиз Зулфияхоним биз – ёшларни ҳам чорлардилар. Музайяна Алавия, Саида Зуннунова, Маҳбуба Раҳим қизи, Саодат Шамсиева каби адиба ва журналистлар, Мукаррама Турғунбоева каби санъаткорлар, Ҳалима Муҳитдинова, Зоҳида Жамолова, Асолат Қодирова каби олималар, Ёдгор Насриддинова, Қамара Маҳкамова каби жамоат арбобларининг давраси кўз ўнгимда, овозлари, сўзлари қулоғимда турибди.
Ишдан, адабиётдан, санъату маданиятдан кўчиб, суҳбатимиз кўпинча турмуш, қизлар-келинлар-аёллар, ҳаёт, унинг пасту баланд сўқмоқлари, ёрқин ва хира руҳияти, турфа қарашлар устида турғун бўлиб қоларди. Биз ёш эдик, уларнинг ҳар бир сўзини жон қулоғимиз билан эшитардик. Кўп кўрганлари, кўп куйганлари учунми, уларнинг ҳар гапида кишининг кўнглини тозартадиган, умидли яшашга ўргатадиган ҳикмат, маънавий юксакликка ундайдиган ажиб виқор доимо бўртиб турарди. Кишининг томирини тўлғизадиган суҳбатлар бўларди. Ҳар бирлари ўз соҳаларининг баркамол кишилари бўлганлари ҳолда сўзда, санъатда, илмда кўп юртларни лол қолдирганлари ҳолда, улар ўзимизнинг оддий қиз-аёлларимизни ҳаётнинг, турмушнинг маънавий устуни деб билишар, ўзбек аёлининг қиёси йўқлигини тан олишар, элнинг кўрки бўлган қизлар тарбиясига катта аҳамият беришарди.
Устозларнинг охирати обод бўлсин!
Ажабо, дунё бир айланиб, энди ўзимиз ўша ёшларга етибмиз. Умрнинг муайян, лекин катта қисми орқада қолганидан кейин киши ҳаётнинг қадри ва маъносига ета бошларкан. Қанчалик аччиқ бўлмасин, бу – ҳақиқат. Яна бир нарсани англаб тургандекман: катта ёшдагилар ёшларнинг руҳи бемаврид ёки бемаҳал синмасин учун ҳам, уларнинг ёшлигидаёқ ҳаётга, унинг пасту баландига тўғри қарашларини ўрганиб олишларини истайдилар. Ҳаётга тўғри қараган одам умри давомида мураккабликларга дуч келса ҳам, уларни енгиб ўтиши осон бўлади.
Оддийгина «Кишининг бахти ўз қўлида» деган иборани олинг. Жуда кўп эшитгансиз бу иборани. Катталар ўгитига қулоқ солсангиз, инсон ўз бахти учун курашни ўзи билан курашишдан бошлаши кераклигини англайсиз. Ҳа-ҳа, киши ўзини муттасил тарбиялаб бориши, ўзида бахтли бўла билиш малакасини, бахтиёрлик истеъдодини ривожлантириши кераклигини англайсиз! Кейинни кўзлаб ўзингиздаги ғазаб, жаҳолатни вақтида тизгинлай билиш, атрофингиздагиларни бахтсиз қилмасликка уриниш ҳам, шу малака, шу истеъдоднинг қирралари. Буларни, айниқса, ёшлигимиздан ўзимизга сингдириб олишимиз керак. Бунинг учун айнан шу даврда қиз боланинг кўзига мумкин қадар кўпроқ атроф-муҳитни кўрсатиб, қулоғига кўпроқ нарса қуйиш керак экан. Бу вазифани бажариш оналар, бувилар, устозлар, умуман – катта ёшдаги кишиларнинг зиммасидадир.
Гарчи келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларни олиб бориш «қарилик гаштини сураётган», умримнинг катта қисми ортда қолган даврга тўғри келган бўлса ҳам, сизлар билан суҳбатга юрагим титрабгина киришдим. Сизнинг қулоғингизга бугун ва кейин қуймоқчи бўлган гапларнинг ҳаммаси меникимикин? Айтилаётган гапларнинг аксарияти юқорида айтганимдек, катталардан жон қулоғим билан эшитганларим, бир умр кўнглим мулки бўлиб Олам ва Одамга қарашларимни, инсон бахти ҳақидаги тушунчамни белгилаган ҳикмат-насиҳатлар бўлса ажаб эрмас.
Буни бирга-бирга муҳокама ва мулоҳаза этамиз. Биргаликда орзуйингиз – остонаси тиллодан уйингиз томон одимлаймиз.
Ҳаёт кечириш – тайёр рецепт билан бирон таом пишириш эмас, албатта. Ҳойнаҳой, ҳозир хаёлингиздан «Аниқ битта рецепт билан ўн киши тайёрлаган ўнта пишириқ ҳам ўн хил чиқади-ку!» фикри ўтгандир-а? Тўғри фикрлаяпсиз. Чунки ҳар кимнинг қўли, кўзи, онги, меҳри, руҳияти ҳар хил бўлади! Ҳар биримизни Яратган турлук-турлук қилиб яратган!
Келинлик ҳақидаги сабоқлар ҳам сизнинг янги ҳаётингизни аниқ кўрсатиб беради, демоқчи эмасмиз. Сиз уларни ўқинг, мушоҳада қилинг. Излаганингиз – тўғри йўлни эса юрагингиз, онгингиз кўрсатади.
Яратгувчи ҳар бир инсонни бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратгани каби, қизлар ҳам келинлик, оила, аёллик, оналик ролини фақат ўзларига атаб яратилган, пешоналарига битилган сценарийга кўра ўйнайдилар.
Оилада янги тушган келинларга дастлаб кичик-кичик роллар ажратилади. Уларга аввал оила, рўзғор юритишнинг умумий саҳна кўринишларида иштирок этиш ўргатилади. Моҳир артистлар кичкина ролни ҳам маҳорат билан ўйнаб, етакчи роллар даражасига кўтарганларидек, чиндан ўз бахтини топиб, шу уйда «туб қўйиб, палак отиш»ни истаган келинлар ўзларига ажратилган шу кичкина ролларни очиқ кўнгиллик, дил равшанлиги, энг асосийси, самимият ва яхши мақсадни кўзлаб ўйнайдилар ва шу оиланинг тенг аъзоси даражасига кўтарила оладилар. Бундайларнинг оддий остонаси ҳам тилло бўлиб туюлади.
Келинлик даврини фақат ясан-тусан давридир, деб билганлар бундан мустасно, албатта.
Аслини олганда келинлик – оиланинг энг кичик роли. Бу ролга айрим қизларимиз кўп эътибор беришмаганидан афсусдамиз. Ҳолбуки, умрнинг ҳеч бир дамига беэътибор бўлинмаганидек, келинлик даврини ҳам умрнинг бундан кейинги катта қисмининг пойдевори деб билиш керак. Пойдеворга жуда катта аҳамият берилиши зарурлигини ҳозир айтиб ўтиришнинг мавриди эмас, албатта. Лекин сиз эртага остонасидан қадам қўйиб ўтадиган оилада келин, аёлнинг ўрни буюклигини эътироф этмай иложимиз йўқ.
Бу воқеага кўп йиллар бўлди. Аммо шу воқеа томиримизга киритган илиқлик ва тиниқлик ҳали ҳам руҳимизга қувват бериб туради.
Катта келинимизни тушираётганимизда, яхши ниятлар билан чарм муқовали катта дафтарнинг биринчи саҳифасига «ОИЛАНОМА» деб ёздириб, янги келинга совға қилар эканмиз:
– Бугундан эътиборан шу дафтар оилангизнинг энг ёруғ кунлари хотираси ёзиб қўйиладиган кундалик вазифасини ўтасин! Илоҳим, ёруғ кунларингиз кўп бўлсин! – деб истак билдирдик.
Келин боламиз шу дафтарни уйларидагиларга ҳам кўрсатган эканлар, дадалари – қудамиз, таниқли олим, академик Наби Мажидов (Охиратлари обод бўлсин!) қизларига бироз насиҳат қилиб, сўнг дафтар саҳифасига бир ривоят битиб берибдилар:
«Тангри таоло Одам Ато ва Момо Ҳавони яратиб, уларга фазилат улашаётганда Одам Атога куч-қудрат, уддабуронлик, тадбиркорлик, шафқатлилик бериб, Момо Ҳавога биргина калит берган экан. Шунда Момо Ҳаво дилида исён кўтарилибди:
– Нега Одамга кўп фазилат берилди-ю менга эса фақат биргина калит!?
– Одамни сизга қўриқчи, сиз суянадиган тоғ қилиб яратдик! – деган жавоб бўлибди. – Одам сизга ризқ келтириб бергувчи, сизни ҳимоя қилгувчи қалқондир. Сиз эса унинг топганини баракотли қилиб, унинг кўнглини олиб, шу калит билан бахт, осойишталик, файзу баракотли хонадон эшигини очиб ўтирасиз. Файзу барака сочилмасин учун қулфини қўлда маҳкам тутасиз…»
Демак, бугунги учрашувимизда ва кейинги суҳбатларимизда айнан қизларнинг, келин-аёлларнинг оиладаги ўрни хусусида сўзлашамиз.
Бизнингча, балоғатга етган қизнинг, эртага келин – хотин – она – хонадон соҳибаси бўладиган қизнинг етакчи фазилати мулоҳазакорлик бўлиши керак.
Инсон учун фикр юритиш – кўзгуга қараш билан баробар – унда ақли бор киши ўзининг яхши ва ёмон томонларини кўриши мумкин. Ақлини ишлатган одам ўз тақдирининг ёмон томонга бурилиб кетишидан асраб қола олади, оддий остонасини тиллога айлантиради. Бу гапни фозил кишилардан эшитгандик!
Келинлик остонасида турганлар айниқса «Оила нима?», «Эр ким?» саволини ўзларига кўп беришлари, ота-оналарнинг қадри, жигарларнинг ўрни, оилада ўзларининг ўрни ва ўзлиги ҳақида кўп мулоҳаза юритишлари керак. Мулоҳазакорлик билан улар ўзларида қайтарилиши мумкин бўлган «Нега Одамга шунча нарса, менга эса фақат калит?!» каби Момо Ҳаво исёнининг олдини олиб қоладилар. Остоналарининг тилло зарини кўчирмайдилар.
Шуни эсдан чиқармангки, айниқса келинлик даврида исёнкорлик кўнглингизга тез-тез меҳмон бўлиб, унда тез илдиз отадиган туйғуларнинг бирига айланиб қолади. Унинг оқибатида ўзингизга тикмоқчи бўлган кўйлагингизни қўшнига, бошқаларга қараб бича бошлайсиз. Бировнинг кийими бошқага тўғри келмаслигини унутасиз. Бунга йўл қўйдингизми, кейин келадигани маълум:
– Нега фалончида бор, менда йўқ?
– Нега фалончининг эри топармон, меники эса йўқ?
– Нега фалончи туни билан дискотекада ялло қилиб юради, мен эса йўқ?
Ва ҳоказо…
Ва ҳоказо…
Оқибат, аввало икки оила бошида пайдо бўлган бу можаро географияси тобора кенгая боради. Аввал бу можаро яқин қариндошлар ўртасида муҳокама этилса, кейин маҳаллага чиқади… Кўпинча эслик-хушлик қизлар бу саволларни дилларига асло яқинлаштирмайдилар, тилларига эса чиқармайдилар.
Келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларда шунга йўл қўймасликнинг айрим қирралари ҳақида суҳбатлашамиз. Келинлик остонасидан ўтаётган қизлар, яъни сизлар ўз иродангиз, ўз ақлингиз, ўз муҳаббатингизга ишонсангиз, фикрингиз тиниқ бўлса бўлди. Демак, сиз ҳам бахтингизни маҳкам ушлай оласиз.
Илоҳо, шундай бўлсин! Сабоқ-суҳбатлар сўнгида келинлик остонасида турган қизларимизни дуо қилинг, деб илтимос қилишганди. Шунга кўра:
Дуо: Илоҳо, қалбингиз меҳрли, кўзингиз нурли, ниятларингиз хайрли бўлиб, чин уйим деб босган янги уйингиз остонаси тиллодан бўлсин! Омин!

ҚИЗ БОЛА – ЭЛНИНГ КЎРКИ
«Қиз бола – элнинг кўрки» деган гапни сиз ҳам, албатта, кўп эшитгансиз. Балки маъносига етишга ҳам кўп урингандирсиз.
Қадим-қадимдан шарқ оилаларида қизлар тарбиясига алоҳида аҳамият бериб келинади.
Қизларимиз ҳам қизлик – аёллик – оналик даврларида ўз зиммаларига уй тутишдек қутлуғ иш юклатилганини англаб, ёшликданоқ эплик бўлиш тадоригини кўриб келадилар. Болаликда қўғирчоқ ўйнаганингиз, унинг юз-қўлини ювиб, сочларини тараганингиз, яъни уни ораста бўлишига интилиб, жажжи идишчаларда вақтида унга таом беришга уринганингиз, ойингизга ҳар ишда қарашишга уриниб, атрофларида гилдиллаб юрганингиз – шу тадорик ибтидоси. «Хола-хола», «Меҳмонмеҳмон» ўйинлари эсингиздами? Аслида, бу сизнинг дастурхон безаш, меҳмон кутиш, муомала, мулозаматни ўрганиш йўлидаги биринчи сабоқларингиз эмасмиди? Йиллар ўтгани сайин бу сабоқлар тобора жиддийроқ тус олиб, тобора мураккаблашиб борди-а.
Ҳозир қай бирингиздан «Қандай курслар ёки тўгаракларга боргансиз?» деб сўрасак, ҳар бирингиз бундай курсларнинг камида уч-тўрт хилини тилга олишингиз турган гап.
Мактабнинг бошланғич қисмини тугатишингиз билан ойингиз сизларни бичиш-тикиш, тўқиш, каштачилик тўгаракларига олиб борганлар. Бармоқлар «игна ушлашни билиши», қўлингиз сал «келиб қолиши» биланоқ, сизни яна «Буларни ҳам ўрганиб ол!» дея пазандачилик, ҳар хил пишириқлар курсларида ўқитишган. Тўғрими? Ҳа, баракалла. Илоҳим, ҳамма билганларингиз ўзингизга бир умр қувват бўлсин, обрўйингизга файз ва барака олиб келсин.
Ҳозирги энг «модный» курслар – оила иқтисодиёти, назокат сири, рўзғор юритиш, дизайн курсларидан, ҳатто бошланғич тиббиёт сабоқлари, соч турмаги ва маникюр-педикюр каби курсларидан ҳам қуруқ қолмагансиз. Ойингиз сизнинг ўрганган ва билганларингизни юзага олиб чиқадиган, ўзингизнинг кимлигингизни кўрсатадиган давр – келинлик остонасида турганингизни билганлар. Эрта-индин, «бошингизга тушганда» булар сизга асқотади.
Ўрганиш учун киши ёшининг аҳамияти йўқлигини унутманг. Кўпроқ билишга интилсангиз бас. Бундай интилиши бор киши билмаганини ўрганишга вақт ҳам, имкон ҳам албатта топади. Янги оилангиздаги кишилар ҳам сизнинг билишга интилишингиздан севинишади, сизга рағбат беришади. Чунки улар ҳам сизнинг «элнинг кўрки» бўлиб юришингизни исташади. Ўзи лобар, тили дилбар, назокатли, уйига меҳмон келса, минг турлук ноз-неъмат билан жонини фидо қилиб кутиб оладиган келинни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Келинининг келажак турмушида, болалари тарбиясида асқотади деб, ўзлари турли курслар қидириб юрадиган қайноналар ҳам кўп. Бўлажак қайнонангиз шундай қилсалар, у кишига парвона бўлинг, энг яқин кишингиз деб билинг.
Эътибор берган бўлсангиз, бутун дунё сизга ёрдам беришга, сизнинг элнинг кўрки бўлиб ўсишингизга пойдевор бўлаётганга ўхшайди. Мактабдаги «Одобнома»лардан ташқари, турли-туман тўгараклар, ҳар маҳалла гузари қошида эса сизнинг имкон қадар кўп нарсани билишингиз, ҳар ишда уқувли бўлишингиз учун пулсиз бичиш-тикиш ва пазандачилик курслари очилган.
Балки орангизда «Буларнинг ҳаммасини билиш менга зарурми?» деб ўйлайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бадавлат жойга тушдим, хонадонимда уч-тўрт хизматкор бор деб, ўзингизни асосий вазифа – уй тутишдан четга олсангиз, келажагингиз ҳам, бахтингиз ҳам қил устида деяверинг.
Тўйгача бўлган уч-тўрт ойлик учрашувлар фасли ва тўйнинг кўтаринки руҳиятини катта ёшдаги аёллар «поэзия» даври деб атайдилар. Тўйдан кейин эса айтишларича «проза» бошланармиш.
Бу ўхшатиш нечоғли тўғрилигини билмадим-у аммо айрим насрий асарларни қўлдан қўймай ўқиладиган даражада зўр ёзилишига ишончим комил бўлгани учун ҳам, тўйдан кейинги ҳаётимизни қандай ўтказиш – кўнгилни кўкларга кўтарадиган шаклидами ёки бир хил ва зерикарли шаклидами – бу кўп, жуда кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ, деб ўйлайман. Ҳаётимизнинг чиройли ёки хунук кечиши, борингки бахтли ёки бахтсиз бўлишимиз ҳам кўп жиҳатдан бизнинг қанча кўп билишимизга, уқувимизга, эплилигимизга, ҳаётдан нима излаб, нималарга интилаётганимизга боғлиқ.
«Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё», деб бежиз айтишмаган.
Яхши уй бекаси бўлиш, яхши уй тутиш қутлуғ вазифа. Шуни яхши уддаласангиз, билингки сиз жамиятнинг олди кишисисиз.
«Мен бир оила келиниман холос, менинг жамиятга қандай алоқам бор?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Чуқурроқ ўйлаб кўринг-чи.
Бугун ақлли, эслик-хушлик қиз деган ном олиб, эртага лобар келин, дилбар аёл, меҳрибон она «мартаба»сига эришсангиз, билингки сиз баркамол жамият учун курашаётганларнинг энг пешқадамисиз. Бугун озода, саранжом ва саришта бўлиб, соғлиғингизга қараб юрсангиз – эртага сиз келажакнинг соғлом авлодини таъминлагувчи кишисиз.
Яхши фарзандларни тарбиялаш, жамиятга олижаноб кишиларни етказиб бериш ҳам аслида келинлик фаслидан бошланади. Келажакда эрингиз яхши топармон бўлиши, оғзингиздан чиққанини муҳайё қилиши мумкиндир. Аммо унинг топганини билиб-билиб ишлатмасангиз, юзага олиб чиқмасангиз, ёнига қўшмасангиз, эртага кексалар айтмоқчи «Ётиб еганга – тоғ ҳам чидамас»лигига ўзингиз ҳам амин бўласиз. Эрининг топганига файзу баракани уйдаги аёли бағишлайди. «Қилич тутган саркардадан, игна ушлаган аёл афзал!» деб бекорга айтилмаган.
Пул топиб, уйига ризқ-рўз йиғиб келишдан ортиқ бойлигига яна бойлик қўшиш илинжида юрган эркаклар ана шу яхши ниятларига эришишлари учун доим ёнларида энг садоқатли, ақлли, идрокли, заковатли, фаросатли, иродали, жасоратли, меҳрли, ҳалол, покиза ва шунга ўхшаш кўп-кўп фазилатларга эга бўлган аёлнинг доимий ҳамроҳ бўлишини орзу қилишлари табиий. Аёлларни оиланинг устуни, яхшиликка илҳомлантирувчи деб қарайдиган бўлсак, «Эрни эр қилиш», уй тутишни уддалаш, атрофдагиларга нур таратиб туриш учун ҳам юқорида санаб ўтилган фазилатлар сизга ортиқ даражада керак. Илм ва одоб тенги йўқ хазина, деб элимиз бекор урғу бермаган. Оиласида ақлли, фаросатли, ҳалол, покизалик билан донг таратган аёлнинг бойлиги ортиши билан бирга, қадру қиммати ҳам ортиб боради. Бу фазилатлар ёшликда «Элнинг кўрки» сифатини олишга муваффақ бўлган, илм ўрганган, тарбия кўрган, яхши ниятли, фидойи аёлларга юқади. Камини бундай аёллар умр бўйи яна ўқиб-ўрганиш билан тўлдириб бораверадилар, ҳеч қачон тинмайдилар. Бундайларнинг чиройи тобора очилиб, файз кириб, кўзлари нурли бўла боргани каби, қадамлари етган ер гулзорга айланиб бораверади.
Суҳбат охирида илтимосингизга кўра яхши одамлардан эшитганим бир
Дуо: Борган ерингизда ҳар бирингиз ҳам бахтли, тожу тахтли бўлинг! Тебратганингиз бешик, кўрганингиз бир эшик бўлсин! Бир оиланинг беназир бекаси, кўпнинг тўрга ўтар ўктам эркаси бўлинг! Омин, Оллоҳу Акбар!

ТАНГРИНИНГ ТАҚДИРИДАН ҚОЧИБ БЎЛМАС
Ота-онангиз уйида «меҳмон»лик муддатингиз тугаб бораётганини ҳар куни юрагингиз увушибгина сезаяпсиз. Тўғрими? Йигирманчи, айримларингиз йигирма биринчи, йигирма иккинчи баҳорингизда «Пешонангизга битилганини», яъни «Тақдир кишингизни» танлаб бўлдингиз. У кишини аввал отаонангиз танлашди. Кейин ҳар томонлама мулоҳазаларини сизга етказишди. Ойингиз, опангиз, келинойингиз билан қилинган суҳбатлар эсингиздами? Улар куёвнинг оиласи, ота-онаси, ака ва укаси, уйи-жойи ҳақида, куёвнинг ўзлари пайқаган айрим фазилатлари ҳақида гапириб беришди. Аммо ҳеч бирлари «Фақат шу йигитга турмушга чиқасан, вассалом!» деб туриб олишгани йўқ. Тўғрими? Ўзингизга ҳавола қилишди. Агар билсангиз, бу ҳам миллатимиз ички маданияти юксаклигининг тимсоли. Бизда қизларни жуда ҳурмат қилишади, уларнинг эркини ҳимоя қилишади.
Бир қарорга келгунингизча неча-неча тунларни юлдуз санаб ўтказдингиз.
Келажагингизни лоақал тасаввурда ҳам кўра олмаяпсиз-а? Ўйлаяпсиз… Ўйлаяпсиз… Ўйламай иложи борми? Чунки турмушни сиз қиласиз. Чунки сиз яшайсиз, кўплашиб танланган куёв билан…
Кўп нарса энди сизнинг ҳаётга нечоғли тайёрлигингизга, феълингизга, одобингиз, олган тарбиянгиз, уқувингизга, иродангизга, оила тутиш сирларини эгаллашга нечоғли уринганлигингизга ва сиз билан суҳбатлашувчиларга нечоғли ишонишингизга, уларга ҳурматингизга боғлиқ.
Заргар қилган занжирни узиб бўлмас ёр-ёр,
Оллоҳ битган тақдирни бузиб бўлмас ёр-ёр…
Тўйингиз оқшомида жаранглайдиган бу сўзлар сизга бир умр қувват бўлсин, қизларжон!
Эй, Навоий, қочмоқ ўлмас
Тангрининг тақдиридан…
Буюк Навоий айтмоқчи «Тангрининг тақдиридан қочиб бўлмас»лиги руҳингизга мадад берсин, она қизларим!
Ана шу мадад ва қувватни яхши ҳис қилиш учун бугун яхшилаб ўйланг. Тўйдан сўнг кўп нарсага кўз юмишга тўғри келгани сабабли ҳам, тўйдан олдин ҳамма нарсага кўзни катта очиб қараш керак, деган гапни сизлар ҳам кўп марта эшитган бўлсангиз керак. Янги уйингиздаги ҳаётингизнинг ҳар сонияси ана шу ўйлаганингиз оқибати қабул қилган қарорингиз амалига имтиҳондир. Қарорида муқим бўлган одам амалда ҳам муқимдир.
Иродали, мулоҳазали келин сифатини олиш учун ҳар қадамингизни ўйлаб босишингизга тўғри келади. Шунинг учун ҳар сўз, ҳар иш, ҳар фикрингизни изҳор этишдан аввал яхшилаб ўйлаб олиш керак. Кейин эса ҳар сўз, ҳар иш, ҳар фикрингизда муқим бўлинг. Фикрингизни тез-тез ўзгартираверманг. Хато қилганингизни англаган бўлсангиз, яхшиси секингина қайнона ойингизга айтиб кўринг. Яхши оналар ўз уйларидаги сирни кўчага олиб чиқмаслик чорасини кўрадилар. Сизнинг уларга бўлган ишончингиз, уларни сизга сирдош қилади.
Ким нима деса, ўшанга оғиб кетаверманг. Чунки тил бошқаларники, фикр бошқаларники, турмуш савдоси эса сизнинг бошингизда. Ҳар нарса ҳақида ўз қарашингиз бўлгани яхши, албатта. Аммо бу қарашни бўлар-бўлмасга «кўз-кўз» қилавериш яхши эмас.
Ҳаммага сир айтаверманг. Ёшларнинг катталарга ақл ўргатавериши ҳам хунук кўринади.
Янги уйингиздагиларга (энди бу сизнинг ҳам чин уйингиз) энг аввало қайнона-қайнотангиз, куёвингиз, қайин ака-укалар, опа-сингилларга ишонинг.
Аввало жуфтингиз олдида, ўз оилангизда қадр топсангизгина бошқалар олдида ҳам қадр топишингизни унутманг. «Элга суюкли бўлиш учун аввало, эрга суюкли бўлиш керак» деган гапни дилингиздан чиқарманг.
Айрим вақтлар бу уй аъзолари ва эрингизнинг кўнглини олиш, уларга хуш ёқадиган ишни қилиш учун ўз кўнглингизни, ўз раъйингизни вақтинча унутишга, қарашларингиздан бироз чекинишга тўғри келади. Бундан келадиган ютуқ – бахтибекамликдир. Вақтида бир гапдан қола билган аёллар ўз уйларининг маликасига айланганларига мисоллар жуда кўп. Юк кўтарган ютади, деб бежиз айтишмаган.
Ҳа, она қизларим, Тангрининг тақдиридан осонликча кечиб бўлмайди. «Эрдан кечмоқлик – жондан кечмоқлик» лигини унутманг.
Момоларимизнинг айтишларича, ҳар бир аёлнинг бошида уч ўлим бор эмиш. Бири унинг табиий ўлими, яъни вақти қазоси келиб, ажали етгандаги ўлими экан. Иккинчисига аёл ўз ихтиёри билан бир неча бор рўбарў келармиш. Тўлғоқ дардларини, маълумки, аёллар бир неча бор бошларидан кечирадилар. Ҳар гал, ўхшатиш жоиз бўлса, ажал билан юзма-юз турадилар. Чақалоқнинг ингаси аслида аёл матонатига мадҳиядир дегувчилар ҳақ.
Эрдан ажраш номуси шу даражада кучли эканки, уни аёлнинг учинчи ўлими билан тенглаштирадилар. Бунда турмушнинг икир-чикирларига ёки кичик синовларга ҳам дош бера олмай ёки оилада тенг ҳуқуқлилик даъвоси ўлароқ, «Характеримиз тўғри келмади», «Юлдузимиз бир-бирига мос эмас экан» деб оила бузилиши назарда тутилаяпти, албатта. Афсуски, бунга мисолларни ўзингиз ҳам кўплаб келтиришингиз мумкин. Айрим келин-куёвлар никоҳ кийимларининг оҳори тўкилиб улгурмай, ажралиш ҳақида ариза кўтариб юрибдилар.
Қадим-қадимдан халқимизда «Бир оғирга – бир енгил», «Бир яхшига – бир ёмон» деган гаплар бор. Дунёда нечта одам бўлса, шунча феъл-атвор бўлади. Кишиларнинг ҳамиша мижози бирбирига тўғри келиши қийин. Биров «пов-в» этиб ёнса, бировнинг кўзида битта учқун ёқиш қиёматдан қийин дейишади.
Одамга феъл, мижоз, «оғирлик» ва «енгиллик» туғма берилгани билан, улар доимий ва ўзгармас экан деб ўйлаш нотўғри. Одам – тирик жон ахир! Унинг ёши улғайиши, оила ва иш шароити, таълим-тарбия таъсири натижасида инсон руҳиятида ҳам турфа ўзгаришлар рўй беради. Демоқчимизки, эрхотиннинг юлдузи бир-бирига мос келмаган, турли характердаги ва турли мижоздаги одамлар бўлишига қарамай, ният яхши бўлса, мақсад тўғри бўлса, юлдузларни бир-бирига мослаб, муросаи-мадора қилиб келишиб, суюшиб, муносабатни мослаб бориш керак.
Одамий яшаш, одамий ният қилиш, шу ниятларнинг амалга ошишида одамий ҳаракат қилиш керак деганимизда, инсоннинг ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларни бошқаришга қодирлиги, зарур ерда бу туйғуларга муайян йўналиш бера билишга қодирлигини назарда тутяпмиз. Баркамол кишиларнинг бунга қодирлигига фозил кишилар қадимдан урғу бериб келганлар.
Қизлар, келинлар, аёл-оналар ҳақида гап кетганида кўпинча уларга оиланинг маънавий муҳитини яратувчилар, бу муҳитни яхшилик ва умидлилик пардасида сақлаб турувчилар деб баҳо берилишини унутмасангиз бўлгани. Бизнинг ўзлигимизни ифода этувчи асосий фазилатларимиз – келишувчанлик, кечирувчанлик, фидойилигимиздир.
Аёл зоти табиатан моҳир руҳшунос қилиб яратилган. Аёллар ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларини бошқара олишга, юраккиналарига керакли йўналиш бера олишга қодирдирлар. Бежиз бизга «Сув келса – симириб, тош келса – кемириб кетишади», деб нисбат берилмаган.
Юлдуз юлдузга чап бўлиб турган вақтларда момоларимиз ҳамиша оила масъулияти юкини кўпроқ аёллар уҳдасига ортадилар. «Ақл билан иш қилинг! Бир гапдан қолинг!» деб ўргатадилар. Ақл ва виждон жиловини қўлида маҳкам тутган аёл ҳам, эр ҳам асосий мақсадни аниқ белгилаб олиши мумкин бўлади. Бирга турмуш қуриб, бирга яшашдан мақсад – оилани муқаддас билиб, болалар боши узра ёғду сочиб турган Қуёш – отани, Ой – онани асраб қолиш бўлса, демак, аввало икки томон, қолаверса асосан аёллар кўпроқ, юлдузни юлдузга мослаштиришга уринишлари, келишишга ҳаракат қилишлари лозим. Инсон ўз жуфти-ҳалолининг юлдузини кўзлаб, юлдузларни бир-бирига мослаб юришга интилиши билан ҳам табиатнинг бошқа мавжудодларидан фарқ қилишини доим эсда тутинг. Шунга эришилгандагина «Тангрининг тақдиридан қочиб», «Оллоҳ битган тақдирни бузиб» бўлмайди.
Қизлар доим ёрқин муҳаббатга ташна бўладилар. Ёрқин, энг садоқатли муҳаббатнинг бирдан келиши кам учрайдиган ҳолат. Бундай муҳаббат умрини чақмоқ умри билан қиёс қилишади. Бир-биридан яхшилик излаб, бир-бирининг яхшилигини ошириб, йиллар давомида бир-бирининг кўнглини овлаш эвазига эришилган муҳаббатнинг умри узун, меваси шириндир.
Дуо: Илоҳо, Оллоҳ ҳар бирингизнинг пешонангизни кўҳлик қилиб, ёрқин тақдирни мангуга битган бўлсин. Танлаган кишингиз сизга меҳр-муҳаббатли бўлиб, юлдузингиз ҳамиша бир-бирингизга иссиқ кўринсин! Бахт юлдузингиз ҳамиша чарақлаб турсин! Омин, Оллоҳу Акбар!

СИЗНИНГ ОСТОНАНГИЗ
Бугун сизлар билан остона ҳақида сўзлашишни хаёлимдан ўтказганимдан бери, хотирамга бир вақтлар бувимдан эшитган бир ривоят келаверди.
Қадим замонларда бир мусофир йигит бир кўҳна кентда ов қилиб, ўтин териб тирикчилик қилар экан. Кунларнинг бирида у уйланибди. Кўп вақт ўтар-ўтмас, унинг уйланганини эшитган отаси ҳол-аҳволидан хабар олиш учун бошқа узоқ кентдан туя миниб келибди. Сўраб-суриштириб, ўғлининг уйини топиб, дарвозасини қоқибди.
Эшикни очган аёл мўйсафидга салом берибди. Аёл қайнотасини ҳали кўрмагани учун келган кишини танимабди. Ўғлининг уйда йўқлигини эшитган ота уйга кирмабди. Шу ерда турибоқ ҳол-аҳвол сўрабди:
– Рўзғорингиз бутми, ҳаётингиз яхшими, болам?
– Аҳволимиз анча ночор. Рўзғорда ҳеч нарса йўқ. Овқат қилай десам, гўшт ҳам йўқ…
– Майли, уй эгасига салом денг.
– Ким келди деб айтай?
– Кимлигимни ўзи билиб олади. Овдан қайтганида унга: «Бир мўйсафид келди, ўғлим остонасини алмаштирсин!» деб тайинлаб кетди, десангиз бўлгани.
Мўйсафид шундай деб йўлга равона бўлибди. Аёл эса ҳеч нарса тушунмай, остонасига тикилганича қолаверибди.
Эри қайтгач, хотини унга бўлган воқеани ва чол тайинлаб кетган гапни айтибди.
– Остонанинг нимасини алмаштирамиз, бинойи турибдику, – дебди хотин ҳайратини яширмай.
Йигит ўйланиб қолибди. Эртаси куни у хотинининг жавобини бериб, кўп ўтмай, бошқа аёлга уйланибди.
Орадан анча вақт ўтибди. Ўша мўйсафид бир куни яна шу эшикни тақиллатибди.
Аммо бу гал эшикни бошқа аёл очибди.
– Ассалому алайкум! – дебди у тавозе билан чолга.
Чол алик олгач, аёл мулойим дебди:
– Уйга марҳамат қилинг, отахон! Узоқ йўл босиб келаётган экансиз. Тезда хожам ҳам қайтиб қоладилар.
Чол мамнуният билан мўйлабини силаб қўйибди, аммо бу келини ҳам уни ҳали таниб улгурмагани учун ўғлиники бўлса ҳам, эркаги йўқ уйга кирмабди.
– Тирикчилигингиз қандай ўтаяпти, қизим? – сўрабди чол.
– Оллоҳга шукрлар бўлсин, Ўзи берган ризқимизни териб юрибмиз. Юрт қаторимиз, – дебди келин.
Аёл тезда уйга кириб, косани тўлдириб сув олиб чиқиб, мўйсафиднинг чанқоғини қондирибди, махси-кавушларини артиб қўйибди. Эри келганида албатта келиб меҳмон бўлишини тайинлабди.
– Йўлингиз анча олисга ўхшайди, отахон, – деб сочиққа нон ўраб, қўлига берибди.
Чол уни узоқ дуо қилибди.
– Кимлигингизни, қайси қавмдан эканлигингизни айтинг, отахон. Ҳали-замон хожам келиб қоладилар. Фалончи ота келдилар, сиз йўқ бўлганингиз учун уйга кирмадилар. Дуо қилдилар, деб айтаман.
– Барака топ, қизим. Эринг келганида айт, остонасини маҳкам ушласин. Шу гапни десанг, кимлигимни ўзи билади! – дебди ва йўлга равона бўлибди.
Ов қилиб, йўл-йўлакай ўтин териб келган эрини аёл очиқ чеҳра билан кутиб олибди. Йигит чангини қоқиб, қўлини ювгач, олдига чой билан бир бурда нон қўйибди. Сўнгра унинг ёнига ўтириб, кундузи бир мўйсафид эшикларини қоқиб келганини, аммо уйда эркак киши бўлмагани сабабли ичкари кирмаганини айтибди. Аёл бу нуроний чолга раҳми келганини, уйда бор нонни – икковининг насибасини бериб юборганини ҳам узр билан айтибди.
Қўлидаги қотган нонини сувга ботирар экан, йигит сўрабди:
– Мўйсафид кимлигини, қайси қавмдан эканини айтмадиларми?
Шунда аёл чолнинг тайинлаб кетган ғалати гапини айтибди:
– «Эрингизга айтинг, остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» деб тайинладилар. Шу гапни айтсам, сиз у кишининг кимлигини билар эмишсиз… У кишини танийсизми?
– Эшигимизга келган мўйсафид – отам эканлар! Сенинг муомалангдан у киши жуда мамнун бўлибдилар. «Остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» дейишлари билан оиламни мустаҳкамлашни буюрибдилар, – тушунтирибди йигит.
Бу ривоятни эслаганимнинг боиси, шу ерда учраган остона сўзининг ҳаётда неча хил маънода келишига, келинг, биргаликда аҳамият берайлик.
Остона – оила… Остона – уй… Остона – аёл, қиз, хотин… Остона – оиланинг маънавий муҳити, ахлоқ даражасини кўрсатувчи кўзгу… Остона – эрта-индин сизларга бериладиган рамзий баҳо…
Чунки халқимизда «Келинлик уйга тезда қулф тушмайди», деган гап бор. Келинлик уйдан вақт-бевақт меҳмон аримайди. Буни келинлар жуда яхши билишади. Барвақт туриб эшикни очиб, ҳовлини супириб-сидириб, ҳамма ёқни озода тутишади. Кексаларнинг гапига қараганда, барвақт туриб очилган эшикдан қут-барака кириб келармиш. Озода остонадан ўтганларнинг дуолари вожиб бўлармиш.
Оилани кўпинча бир кичик мамлакатга ўхшатишади. Бу бежиз эмас. Аёл кишининг вазифаси шу кичик мамлакатнинг ичини бошқариш. Бу сўзларни эшитганда, демак, аёл кишининг вазифаси уйни озода тутиш, овқат пишириш, болага қараш эканда, дегувчилар бўлади, албатта. Тўғри, бу уларнинг бирламчи вазифаси. Аммо юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, аёл – шу кичик мамлакатнинг ташқари билан муносабатининг ҳам рамзи, юзи экан.
Овчининг биринчи аёли ўзи ҳали таниб улгурмаган, эндигина кўриб турган кишиси – қайнотасига сирини олдирди, рўзғорида ҳеч нарса йўқлигидан зорланиб ҳам улгурди. Шу билан остонасининг – турмушининг омонатлигини ошкор этди. Эътибор беринг, иккинчи аёли ҳам айнан шундай шароитда турмуш кечиради. Аммо берилган саволга «Худога шукр, эл қатори насибамизни териб юрибмиз!» деб жавоб берди. Яна ночорлигини мутлақ ошкор қилмайдиган ҳаракатни қилди – уйидаги бор нонини «Йўлда ерсиз!» деб олиб чиқиб берди. Эвазига дуо олди. Эрининг ови бароридан келганини шу мўйсафид кишининг дуоси туфайли деб қабул қилди, суюнди. Шундай суюнч кайфиятда эрини кутиб олди. Ўзининг ҳам, эрининг ҳам кайфияти кўтарилди. Шундан кўриниб турибдики, келиннинг ял-ял ёниб юришигина эмас, яшнаб, ўзидан нур таратиб юришида ҳам гап кўп экан.
Диққат қилган бўлсангиз, уйда ойингизнинг йиғ-тер, ишга бориб келишдан ташқари яна кўп вазифалари бор. Улар ўз болалари ўртасидаги муносабатнинг яхши бўлиши учун астойдил ҳаракат қиладилар. Ҳар бирингизнинг иш-ўқишингиздан бохабарлар. Кўпинча сизнинг ҳар бирингизга тегишли, адангиз ишига тегишли жуда яхши маслаҳатлар берадилар. Баъзида ойингизнинг жуда кўп нарсаларни билишларидан, ҳар соҳада билимдон эканликларидан ўзингиз ҳам завқланасиз. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан муроса қилишларини кузатганмисиз? Нақ дипломат бўлиб кетадилар-а! Чунки улар ўз «мамлакатлари» – оилалари ҳақида атрофда заррача бўлса ҳам ёмон фикр туғилишини истамайдилар. Бунга йўл қўймайдилар ҳам. Бу сизларга ўрнак бўлсин!
Келин бўлиб тушаётган ерингизда ҳам остонасини муқаддас биладиган шундай аёл – қайнонангиз бор. Сидқидилдан уларга эргашсангиз, сизни бека, соҳибалик йўлидан аста авайлаб олиб ўтадилар, остонангизни асрашга ўргатадилар.
Яхши ният, яхши ҳаракат, меҳр-муҳаббат билангина тўйингизда айтилган «Ёр-ёр»да ваъда қилинган тилло остоналик уйга эришасиз.
Дуо: Илоҳим, остонангиз ҳамиша покиза, ҳамиша мустаҳкам бўлсин! Илоҳим, қулфи дилингиз очиқ бўлсин! Остонангиз сизни шу хонадон аъзолари-ю меҳмонларига ҳамиша меҳрли, марҳаматли кўрсатсин! Остонангиздан ўтганларнинг яхши ниятлари вожиб бўлиб, сизга «рисоладагидек келин» мақомини олиш ва бахтибекам бўлиш насиб этсин! Буларнинг оқибати ўлароқ, шу кичик мамлакатингизнинг чин маликаси бўлиб юринг! Омин!

СИЗНИНГ ТАШРИФНОМАНГИЗ
Ҳозир кўпчилик ёнида ташрифнома (визитка) олиб юришни урф қилган. Сизларда ҳам бордир. Унинг кўп қулайликлари борлиги шубҳасиз.
Аммо ёнингиздаги шу жажжи ташрифномангизни узатгунингизга қадар қаршингизда турган кишида сиз ҳақингизда муайян фикр уйғотадиган бошқа «ташрифнома» ҳам бўлади. Кўпинча биринчи таассурот тўғри бўлиб чиқади.
Бу – сизнинг сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз. Бу ташрифнома билан сиз дастлаб кишилар қалбига бамайлихотир кириб борасиз. Баъзида қаршингиздаги эндигина танишган кишининг сизни негадир хушламаётганини сезасиз, улар учун номигагина муомала кишисига айланасиз… Баъзида эса сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз, кийинишингиз ёрдамида ҳамсуҳбатингизда ишонч уйғотасиз, шу қалбда узоқ қоласиз. Шунинг учун ҳам кишининг кўзига биринчи ташланадиган нарсалар жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, сизнинг очиқ кўнглингиз ва самимиятингиз рамзи бўлган ним табассум ҳам жуда муҳим.
«Кутиб олиш – сувратга, кузатиш – сийратга қараб» деган гап бор. Одамнинг суврати ҳам, сийрати ҳам гўзал бўлиши керак, деган гапни ҳам кўп эшитгансиз. Аммо уларнинг иккаласини уйғун, яхлит гармонияда олиб юриш нақадар қийинлигини сиз ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз!
Балки суҳбатимиз мавзуси сизга жуда эриш туюлар. Балки минг марта эшитганингизни қайтараётгандирмиз… Панд бериб қўяётганлар бўлмаганида-ку, суҳбатимиз мавзуси ҳам ўзга бўларди. На илож, такрор-такрор ўтилган дарс эсда кўпроқ қолишини яхши биласиз. Қолаверса, ҳаётнинг ҳар сонияси сабоқ, имтиҳонлардан иборат…
Бу воқеани бировдан эшитганим йўқ. Ўз кўзим билан куни кеча, шу сизга яқин бекатда кўрдим. Ва билмадим, нечанчи бор ёшларимизнинг суврати-ю сийрати ҳақидаги, яширмай айтишим керак, оғир ўйлар яна дилимни ўртади. Шу сабабли уни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман…
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз! Ҳозирги қизларимизнинг суврати гўзал кўрингани билан сийрати ана шунақа – мажруҳ! Буни дегувчи киши ойнага қараб ўтирар, чамаси ички алғов-далғов фикрларига якун ясади шекилли.
Автобусга чиққанимда орқадаги ўриндиқда уч қиз атрофларида улардан бошқа ҳеч ким йўқдек, автобусни бошларига кўтаргудек бўлиб, баралла чақ-чақлашиб келишарди. Олдинги ўриндиқлардаги ўтирган аёллар ва мўйсафид киши баъзан ўгирилиб, баъзан эса ҳайдовчи тепасидаги кўзгудан қизларга норизо қараб қўйишар, қизлар буни пайқашса ҳам парво қилишмасди. Бирининг мини юбкаси ўтирганида яна ҳам юқори кўтарилган, беўхшов керилган оёқлари орасидан яланғоч сонигина эмас, ич кийимлари ҳам бемалол кўриниб турарди. Иккинчисининг икки ёни баланд қийилган кўйлагининг олд этаги тиззалари орасига тушиб, оппоқ сони очилиб қолганди. Учинчиси ҳартугул шим кийган экан. Бироқ у ҳам оёқларини бесўнақай чалиштириб, олдинги ўриндиқнинг суянчиғини ҳайдовчи радиосидан таралаётган мусиқа оҳангига мос тап-тап тепиб ўтирарди.
Қизлар сўнгги бекатда ҳам тушишмади. Уларнинг хаттиҳаракатига ҳайдовчининг тоқати тугади шекилли, автобус силжиганда тепасидаги кўзгу орқали уларга мурожаат қилди:
– Қизлар, қаерда тушасизлар?
– Оқтепада! – жавоб берди уларнинг бири чимирилиб.
Уччаловининг вужудидан «Сенга нима?!» ёғилиб турарди.
– Ҳозир ўтдик-ку Оқтепадан! Нега туша қолмадинглар? Маҳалла ичини айланиб, охирига бориб қайтгунча қанча вақтингиз бекор кетади!
– Йўлкирангни олгандан кейин нима ишинг бор? Йўлга қараб кетавер!
Буни дегувчи ёни кесиқли кўйлак кийган қиз эди. У оёғини ликиллатиб, чеҳрасини тунд қилиб, ойнага қараб гўё секин айтди бу сўзни. Лекин ҳамма бемалол эшитди.
Ҳайдовчининг ижирғангани кўриниб турарди-ю, индамади. Ундан кейин қизларнинг бири томонидан айтилган куракда турмайдиган сўзни ҳам эшитмаганга олди. Қизларнинг отаси тенги бу одам ичидаги зардобини тупугига жамлаб кўчага қараб тупурди…
– Болам, тўхтат мошинани! Тушириб юбор бу юзсизларни! – Бу мўйсафид кишининг сўзлари эди. – Ёшларни кўрганда дилинг яйрагувчи эди, булар бўлса автобуснинг ҳам ҳавосини бузади-я! Падарилаънатилар…
– Ҳозир тушамиз, бобой! Кейин сизга ўхшаган эзмалардан тўрт соат дарс эшитамиз…
– Хайф сенларга дарс! – кекса киши титраб кетди.
Автобус Оқтепага яқинлашганда қизлар ўринларидан туриб, худди кийимларини намойиш қилаётган манекенлар каби саллоланиб юриб, олдинги эшикка яқинлашишди.
– Фақат бизни уришасизми? Мана бу хотинлар ҳам биз билан баробар катайса қилиб юришибди. Йўл ҳақини двойной олинг улардан ҳам! – деди уларнинг бири ҳайдовчига олдинда ўтирган аёлларни кўрсатиб.
Ерга қараб жим келаётган аёлларнинг бири бехосдан тилга кирди:
– Сизни келин қилмоқчи эдим… Кеча уйингизга совчиликка бориб, онангиз билан танишдим. Бугун ўғлимдан қаерда ўқишингизни билиб, кўчада, ўқишда қандай экансиз, ўғлим янглишмаяптими, деб ортингиздан кузатиб келаётган эдим… Афсус…
– Вой, Зебош, шунақа эскишаҳаровский простой хотинларга келин бўласанми? – узун, аммо икки ёни қирқилган кўйлак кийган қиз, аёл мурожаат этган қизнинг елкасига бир туртиб хахолаб куларди.
Автобус тўхташи билан қизлар сакраб тушиб кетишди.
– Зебош, қайнанашкангга «бай-бай» де! – ҳамон куларди бояги қиз.
– Бир пас жимгин! – шим кийган қиз аёлнинг гапидан тош қотган эди.
– Вой, опа-ей, сизни худо асради! Ҳозирги қизлар жуда ўзгариб кетган… Шуларнинг бири уйингизга келин бўлиб қолса борми? Зебо эмас, офат-а, офат!
Иккинчи аёл секин гапираётган бўлса-да, унинг сўзларини ҳамма эшитиб турарди.
Қизларнинг иккитаси автобусдан тушгач, билим юрти томон кулишиб, тез юриб кетишди. Фақат ҳалиги, аёл мурожаат қилган қизгина автобусдан тушган ерига михлангандек, дугоналари кетидан юришини ҳам, автобусга чиқиб аёлларга бир нима дейишини ҳам билмай тик қотиб қолган эди. У кўзини ердан узмасди. Айни пайтда дугоналари унинг қолиб кетганини пайқашмади ҳам.
Ана шу жимжитликда мўйсафиднинг ранжиган сўзлари яққол эшитилди:
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз. Ҳозирги кўп қизларимизнинг суврати гўзалдек кўрингани билан сийрати мана шунақа – мажруҳ!
Орага оғир сукунат чўкди.
Одатда, автобус охирги бекатда узоқ туради. Ниҳоят у силжиди. Автобус бурилаётганида аёл секин орқага қаради. Қиз ҳамон жойида қотиб турарди…
У ҳали жуда ниҳол эди… Унинг жойида қотиб қолгани, ниҳоллиги дилимга умид бериб, беихтиёр унинг олдига қайтиб, қулоғига аста шивирлагим келди. Уни сиз ҳам эшитинг:
Оҳ, қизгинам-а! Мана ҳаётдаги биринчи зарбани ҳам олдингиз… Илоҳим бу охиргиси бўлсин. Бу асосан ўзингизга боғлиқ.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, ҳамма нарсага тез бериласиз. Ҳозир кийимингиз туфайли жуда оғир гапни эшитдингиз. Эҳтимол, бу кийимни сиз кўр-кўрона дугоналарингизга эргашиб кийгандирсиз. Шунинг учун берилган баҳо ҳам умумий бўлди. Умумий бир умр жузъийга айланиб қолмасин-да!
Дуо: Суврат ва сийратингиз ҳамиша гўзал ва уйғун бўлсин! Сиз келин бўлиб тушаётган хонадондагиларнинг сизни келин қилиб танлаётгандаги туйғулари сизга нисбатан меҳрмуҳаббат, сизга ишонч ва сизга суяниш туйғуларига ўсиб, қалбларини бир умрга илитиб турсин! Омин!

ОДДИЙ НАРСА-Ю…
(Талаба қизлар одобига уларнинг ўз назари)
Муҳаббатнинг адабгоҳи кўтармас қувнамакликни,
Ки шабнамдан очилур гул ва кўз ёшлардан нигоҳ анда…
    Мирзо Бедил
Иқтибосдан сезиб турибсиз-ки, суҳбатимиз одоб ҳақида…
Бу жуда оддий нарса-ку, шунга бутун бир машғулотни бағишлаш тўғрими, деб ўйлаётгандирсиз. Чунки кўп ёшлар айнан шу мавзуда суҳбат юритишни – вақтни беҳуда ўтказиш деб ўйлайдилар. Аслида мана шу – жуда оддий бўлиб кўринаётган мавзу ҳаётимизнинг туб кўриниши, бизнинг кимлигимизни, ички маданиятимиз, борлиғимиз, ҳаётга қарашимизни рўй-рост ошкор қиладиган масалалардир. Шунинг учун ҳам буюк шоир Мирзо Бедил инсоннинг одоб ва адаб олами енгил-елпиликни сингиштирмайди, деб таъкидлайдилар.
Ҳар ёшда, ҳар жойда, ҳар иш ижросида ўзига яраша одоб қоидалари бўлади ва ҳаммамиз унга итоат этишга мажбурмиз.
Эртага келинлик либосини кийишга тайёрланаётган сиз – ойим қизларимизнинг аксариятингиз бугун талабасиз. Келинг, бугун қурбимиз етганича талабалар, яъни илм олувчиларнинг одоби ҳақида суҳбат юритайлик. Бу суҳбатни сизнинг фаол иштирокингиз билан ўтказамиз, деб умид қиламан. Бунинг учун ҳозир ҳар бирингиз талаба қизларнинг одоби чизгиларини айтиб чиқасиз. Фикрларингизни ҳаммамиз эшитамиз, мунозара, баҳсли фикрларни биргаликда ҳал этамиз. Шу тариқа бугун кўплашиб илм олувчининг ўзига хос кодексини яратамиз. Биринчи фикрни ижозатингиз билан мен ўртага ташлайман:
– Аввало талаба қиз бахти кулиб олий ёки ўрта махсус ўқув юртига кирган экан, ўзининг илм олиш, ўқиш мақсади ҳақиқатда ҳам қатъиймиди деб ўйлаши, мақсади аниқ бўлса, унга эришишда собит бўлиши керак. Шу тезис маъқул бўлса, уни ўзингиз давом эттириб кўринг-чи. Мен фикрингизни ёзиб бораман, кейин бирга муҳокама қиламиз. Маъқулми?
– Бунинг учун у дарс вақтидагина эмас, ҳаётининг бутун талабалик фаслида шу эзгу мақсадига эришишида унга бевосита халақит берадиган ва иккинчи даражали бўлиб кўринган нарсалардан ўзини тия билиши керак…
– Авваламбор у ўзи аъзо бўлган жамоанинг ўзига яраша қоидаларига сўзсиз итоат этиши керак…
– Жамоанинг бошқа аъзоларини ҳурмат қилиши, камтар, камсуқум бўлиши керак…
– Қизлар ҳар бир ҳаракатларида ўзларининг гўзал хулқодобларини намоён этишлари керак…
– Яхши хулққа эга бўлиш учун аввало ёмон хулқдан тийилиш керак…
– Бу тезисни аввалгисининг давомидан ёзилса, тўғрироқ бўларди. Яъни «Қизлар ўз ҳаракатларида гўзал хулқ-одобни намоён этишлари, бунинг учун аввало ёмон хулқдан тийилишлари керак»…
– Диққат билан эшитаётганингиздан мамнунмиз, қизим. Ўзингизнинг шу мулоҳазаларга айтадиган қўшимча фикрингиз ҳам борми?
– Боболаримиз илм олишни игна билан қудуқ қазишдек машаққатли дейишади. Талаба қиз қийинчиликлардан қўрқмаслиги, чўчимаслиги керак…
– Талаба қизларнинг башанг кийинишига йўл қўймаслик керак.
– Бу – инсон эркини бўғиш-ку!
– Мен кийинишда қизларнинг одоб доирасидан четга чиқмасликларини назарда тутаяпман. Дарсга худди тўйга келгандек кийиниб келиш, шу қизнинг диди ҳали шаклланмаганини, унинг мешчанлик ботқоғига ботиш хавфи борлигини намойиш этади, холос!
– Фикрларингиз тўғри, лекин фикр айтишда бундай кескинликка кетиш жуда яхши бўлмаса керак…
– Ўқитувчидан ўтказиб кийиниш ҳам тўғримас. Аввал ўқитувчидаги бор билимларга эга бўлиб олсин-чи! Бу – муаллимга нисбатан ҳурматсизлик ҳам!
– Тўғри, аксарият башанг кийинган қизлар аудиторияда ҳам, автобусда ҳам баланд овозда гаплашадилар. Ўзларини ножўя тутиб, ҳаммани эътиборини жалб этадилар… Улар оилада, боғча ва мактабда, коллеж ва институтда кийиниш маданияти ҳақида эшитмаганга ўхшашади…
– Бундайларнинг бошига дарс киришига ишониб бўлмайди. Имтиҳонни ҳам амма-тоғалар воситасида топширишади…
– Олим ва фозил кишилар ўзларининг хушфеъллиги, кишига салобат бахш этадиган чиройли виқори билан ажралиб туришади. Салга жизиллаб кетишмайди. Қизларнинг характерида, айниқса, шу фазилатлар устувор бўлиши керак…
– Ўзидан аълочироқ қизларга ҳасад қилиш қизларда кўп учрайдиган иллат… Йиғи-сиғи, ёлғон-яшиқ билан дугонасининг биқинидан туртиб, олдиндагининг товонини босиб, оёғидан чалиб олдинга ўтиб олувчилар ҳам йўқ эмас. Илм олишга астойдил интилганларни шундай ҳам муаллимлар, дугоналар зарур пайтда сийлашади…
– Бировларни ғийбат қилишдан йироқ бўлиши керак…
– Илм, билим олиш учун қизлар, биринчи навбатда, қалбни ҳар хил нопокликдан, масалан, мақтанчоқлик ва кибрдан тоза тутишлари керак. Донишмандлар кибрли ва такаббур одамларга билим беришни баланд жойга сув чиқариш азоби билан тенглаштиришади…
– Шунга яқин яна бир гап айтмоқчиман. Муаллимни ҳурмат қилган талабанинг ақлли бемор шифокорнинг айтганини қилиб тез тузалганидек, кундан-кунга билими ортиб боради. Демак, ўзига сабоқ бераётган муаллимга унинг ишончи кучли бўлиши керак…
– Дарсга бирон сабаб билан кеч келган талаба қиз, ўзига ҳамманинг эътиборини тортиб, туфлисини тақиллатиб олдинга ўтмасдан, бир чеккадан жой топиб ўтириб, танаффусгача сабр қилиши керак…
– Қизларнинг ўз билимларини намойиш этиш учун бировларнинг суҳбатини бузиб, ўртага суқилиб, ўзиникини маъқуллаши ҳунук кўринади…
– Айтилганни ўқиб бўлдим, бундан ортиқ билишим – ортиқ, деб қаноатланиш калтабинликни англатади. Киши ўзи билганидан ортиқроқ яна нима ўрганиш имкони бўлса, албатта, ўрганиши керак…
– Ўз билганларини дугоналарига ўргатишдан қизғанмаслик керак. Шу ўргатгани учун бирон нарса таъма қилиши ҳам яхши эмас. Таъма – кишининг кишидан кўнгли қолишига олиб келадиган, ишончини йўқотадиган ярамас иллат…
– Қийинчиликлар инсон зеҳни, идроки, ақли, тафаккурини чархлайди, деб бежиз айтишмаган, ҳақиқий илм ҳеч қачон осонгина киши онгига жойлашиб олмайди. Дугоналаримиз қийинчиликдан қўрқишса, ожизлик ботқоғига ботишади…
–…
– Ойим қизлар! Барча фикр-мулоҳазаларни ҳаммамиз диққат билан эшитганимиздан, бир-биримизни тўлдирганимиздан, айрим фикрларга ҳатто кескинроқ бўлса-да эътироз билдирганимиздан бугунги мавзуга ҳеч биримиз бефарқ эмаслигимизни англаш мумкин. Бугунги суҳбат мавзусини биргаликда ва кўп қиррали қилиб ёритганимиз яхши бўлди. Айтганларимиз фақат талабаларгагина оид эмаслигини ҳаммангиз яхши англаб турибсиз. Фақат уларга амал қилиш ёдингиздан чиқмасин! Шунга кўра:
Дуо: Илоҳо илмга, билимга бўлган самимий ва чин ихлосингиз кам бўлмасин! Кишининг ҳақиқий бойлиги илми ортидан келадиган маънавий бойлик эканига ишонч қалбингизни машъалдек ёритиб турсин!

НАЗОКАТ
Ёшликда инсон куй ва қўшиққа жуда берилувчан бўлади. Сиз ҳам шундайсиз, албатта. Баъзида уйда ҳеч ким йўқ вақтида ойингиз буюриб кетган, аммо ўзингизга унчалик ҳам ёқинқирамайдиган уй йиғиштириш, чанг артиш, чинни турган жовонларни тозалаш каби ишларни бажаришни енгиллатиш учун магнитофонни аста хиргойи қилдириб қўясиз-а? Кейин ўзингиз ҳам сезмаганингиз ҳолда қалбингизга тўлқин бўлиб кирган куй оҳангига шундай эшилиб-эшилиб рақс тушасиз-ки, кўрган одам сизга маҳлиё бўлмай иложи йўқ. Аммо сизни ҳеч ким кўрмайди. Бу кичик сирингизни ошкор қилаётганимиз учун узр. Лекин айни мана шундай қалб «эриган» пайтда қалбу жисм ҳаракати уйғунлиги содир бўлади. Буни ўзингиз ҳам сезасиз. Назарингизда, ҳаётингизда бир пиллапоя кўтарилгандек бўласиз. Тўғри, шундай ҳис қилишингиз ҳам табиий, чунки бу хаёлий пиллапоя – назокат пиллапоясидир.

«Янги келинчаклар каби бизга хиром айлаб келинг…»

Бу қўшиқни ҳам кўп эшитгансиз. Балки дилингизда байтнинг оҳангига эргашиб, қилаётган ишингизни ҳам унутиб, у ёқдан-бу ёққа «янги келинчаклар каби» юриб ҳам кўргандирсиз?
Янги келинчакнинг чиройли юриши – хиромида ўзига хос ибо, иффат, назокат ва гўзаллик бўлгани учун неча-неча бор уларга маҳлиё боққансиз, албатта. Ҳозир эса уларга тақлид қилаяпсиз.
Янги келинчакларнинг юриши бўлакча эканининг сири нимадалигини билишни истайсизми? Янги келинчаклар ўзларига ҳамма қизиқсиниб қарашини яхши биладилар. Шундан ҳар бир хатти-ҳаракатларини ўзлари синчковлик билан назорат қиладилар. Ҳар бир одим, бурилишларигача кўзгу олдида, бунинг имкони бўлмаса – хаёлан неча-неча бор машқ қиладилар. Шунинг оқибатида улар шунчаки юрмайдилар – хиром айлайдилар, яъни чиройли ва нафис юрадилар. Янги келинлар шарақлаб кулмайдилар – чиройли ва майин табассум қиладилар… Айни келинлик пайтида улар ҳамма нарсалари чиройли бўлишини жуда-жуда истайдилар. Истак ва ҳаракатлари уйғунлашиб, оқибат шоирона ташбеҳларга лойиқ бўладилар. Келинликнинг ўзи назокат, гўзаллик, нафосат тимсолига айланади. Ишончим комил, бу туйғуларни ҳар бирингиз, албатта, бошингиздан кечирасиз. Фақат бу жуда тез ўтиб кетмаслиги керак.
Бизга, қиз-аёлларга чиройли, назокатли кўриниш истаги, шундай бўлишга интилиш ва уриниш ҳамиша ҳамроҳ бўлиши кераклигини суҳбатларда қайта-қайта таъкидлаб ўтишимиз бежиз эмас. У ёғи ўзингизга боғлиқ.
Бу гапларни келинлик остонасида турганингизда айтаётганимизнинг боиси, айнан ҳозир сизнинг оламга-ю одамга, ҳамма-ҳамма нарсага қизиқишингиз ортган пайт. Айнан ҳозир ҳаёт, турмуш, муносабатлар, муҳаббат ва назокат бобида кўрган, эшитганларингизни илиб олиб, умр дастурингиз бобларига «михлаб» қўясиз.
Қиз боланинг, аёлнинг юриш-туриши, гап-сўзи назокатли, дилбар бўлиши керак, деган кўрсатмани қалбингизда айнан шу вақтда қарор топтирсангиз яхши бўлади.
«Агар аёл эркакликни даъво қилмай, охиригача аёллигини қилса, у кўпроқ иззат-ҳурматга сазавор бўлади. Аёлда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш унга зиён етказиш демакдир», деган экан бир донишманд.
Бу фикрни бир мушоҳада қилиб кўринг.
Аёллик… Эркаклик… Бу тоифаларни бир-биридан ажратиб турадиган хислатларни яхши биласиз. Қолаверса, «қиз бола», «аёл» тушунчалари, уларга ҳамроҳ жисмоний ва маънавий фазилатлар ҳақида кўп эшитгансиз, кўп ўйлагансиз. Ҳамма нарса сизга тушунарлидек. Бироқ негадир бунга лўнда таъриф беришга қийналяпсиз-а?
Одатда, имтиҳон вақтида жуда яхши тайёрланган саволингиз тушиб қолганда ҳам шундай бўлади-а? Лўнда таъриф қидириб уринмай ҳам қўя қолинг. Аёллик, бу – аёллик! Ана шу қисқа сўзда аёлларга, яъни бизга хос бўлган ташқи ва ички дунё акс этмайдими ахир?!
Сифатларга келсак, улар жуда кўп. Эркакларга кўпроқ меҳнатга ғайрати, жамоатчилик фаолияти, ташкилотчилиги, рўзғор сардори, куч-қудратига қараб баҳо берилади. Бу сифат, фазилатлар уларда етакчи ҳисобланади. Аёлларда эса кўпроқ назокат, меҳр-шафқат, эзгу ҳис-туйғуларга тўлиқлик устувордир. Нафсиламбирини айтганда, айнан шу хислатлар аёлга кўп қийинчиликларни енгишига, зиддиятларни бартараф этишига ёрдам беради.
Кўриб турганингиздек, қиз, аёлларга нисбат берилганда биринчи бўлиб «назокат», «дилбарлик» сифатлари эсга келади. Айнан шу сўзларда қиз-аёлларга хос бўлган хулқ, ахлоқ, одоб акс этади-да.
Назокат, дилбарлик деганда мулойимлик, нозик хатти-ҳаракат, юмшоқлик тушунилади. Қаттиқ гапириш, қаттиқ кулиш, қўлларни силтаб, ҳаммани ўзига қаратиш назокатдан йироқдир. Аксинча, тили ширин, чеҳраси гулгун, иболи, малоҳатли қиз-аёллар ўз оиласининг бахту саодати, ота-онасининг фахри бўлибгина қолмай, ўз элининг, миллатининг кўрки ҳам.
Демак, қизларда, аёл кишида, биринчи навбатда, ақлу фаросат, идроку назокат бўлиши керак.
Яна бир нарсага эътибор бериш керак. Назокат ҳамиша меҳр булоғидан сув ичади. Меҳр эса аёллигини англаган, зиммасидаги вазифа ва бурчларни шараф деб билганларда тинимсиз жўшиб туради.
Дилида меҳри йўқнинг файзи, назокати ҳам йўқ бўлади. Аёл киши нима учун яшаётганини, оила, турмуш, бола-чақа, эр нима эканини чуқур англаб етмаган бўлса, турмушдан ҳеч қандай лаззат топа олмайди.
Назокатли аёл ҳар қандай шароитда ҳам ўзини тута билади, номус ва иффатини, қадр-қимматини, шарм-ҳаёсини сақлаб қола олади. Том маънодаги назокатли аёлга (қизга) ёмон эркакларнинг тегажоғлик қилишга ҳам ҳадди сиғмайди. Бундайлар қаршисида энг чапани эркаклар ҳам вазминлашади. Кўп давраларда назокатли аёлларнинг салобати босиб, зиёфатлар чиройли ўтади.
Бундан чиқадиган хулоса шуки, қиз-аёлларнинг назокати уларнинг феъл-атворида, хулқининг латифлигида, одоб, тарбия ва садоқатида намоён бўларкан. Қизлар маънавий камол топаётганда ўз руҳиятларига масъуллик, бурч, уят, меҳрибонлик, фидойижонлик, жигаржонлик, вафо билан бирга, назокатни ҳам сингдириб боришлари керак. Шарқона феълимиздаги қондан-қонга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган орият туйғуси, авлодларнинг, хусусан қиз-аёлларнинг шаънини пок сақлаш, оилани муқаддас билиб, унинг шаънига доғ туширмаслик туйғуси қизлар учун жавоҳирлардан ҳам юксакроқ фазилатдир.
Шундай хислат-фазилатларни ўзида мужассам этган қизлар ўз уйларида ҳам, келин бўлиб тушган оилаларида ҳам, жамиятда ҳам нозик гул мисол ардоқланадилар ва эъзоз топадилар.
Дуо: Илоҳо, қалбингизнинг нафосату назокати кўзларингизни ҳамиша нурлантириб турсин! Илоҳо, «дилбар келин», «дилбар аёл» ташбеҳи сизга ҳамиша йўлдош бўлсин! Омин!

АЁЛ – ЎҚИЛМАГАН КИТОБ
Аёл – ўқилмаган китоб…
Бу ташбеҳни биринчи марта ўтган асрнинг олтмишинчи йилларининг бошида, “Саодат” журналида янги иш бошлаганимда, журналимизнинг бош муҳаррири, асримизнинг буюк шоираси Зулфияхонимдан эшитгандим. Кейин ҳам бошқалардан кўп эшитганман. Лекин ҳар гал эшитганимда, яширмайман, ҳайратдан лол қолиш билан бирга, ичимда тушунуксиз ва бир-бирига зид туйғулар пайдо бўларди: аёл зоти шунчалар сирлими? Унга не-не сифатларни лойиқ кўришмайди! Бир АЁЛ бошига шунча сифатлар кўплик қилмасмикин?
Ҳар гал ҳайратим билан тенг ёшлигимда ўқиганим бир шеър бот-бот эсимга тушаверарди. Шеър «Муҳаббат, Хиёнат ва Сеҳргар» деб аталарди. Москвада чиқадиган газеталарнинг бирида ўқигандим уни ва одатимга кўра, қалбимнинг бир изтиробли нуқтасига малҳам бўлгани учунми, ўйлантиргани учунми, ўша таниш туйғуларни уйғотгани учунми дафтаримга кўчириб ҳам олгандим.
Орадан кўп йиллар ўтди. Навбатдаги юрак хуружидан сўнг Қибрайдаги санаторийга қувватлангани юборишди.
– Қандайсиз бугун? – деб сўради эрта билан ишга келган даволовчи шифокор Валентина Фёдоровна, – оғриқлар йўқми юракда?
– Оғриқлар йўқ ҳисоби-ю…
– Аммо-лекинчи? – деди енгил, аммо ишончли табассум билан.
Мен ҳам борини яширмадим:
– Ҳаловатим йўқ…
– Ҳа-а! Хайрият-ей! Бу энди ҳақиқий аёлларга, айниқса, ижодкорларга, кўп мулоҳаза юритадиган аёлларга таниш туйғу! Бусиз иложи ҳам йўқ-да…
– Беҳаловатликнинг нимаси яхши? Яна навбатдаги инфарктга олиб келади-ку?
– Менимча, йўқ. Биласизми, менга шундай ҳолатимда мана бу шеър ёрдам беради. Беҳаловатлигимнинг асл илдизини топаман уни ўқиб. Кейин ҳаммасини яхши томонга буришга ҳаракат қиламан.
– Психолог бўлиб кетинг-а!
– Рост айтаяпман! Ишонмасангиз, ўзингиз синаб кўринг!
Бу ўша таниш шеър эди. Бизнинг авлодда бу шеърга мурожаат қилиб турадиган бир мен эмас эканман шекилли. Ҳам бекорчилик, ҳам руҳан қувват олишни ният қилиб, ўшанда қўлдан келганча уни ўзбекчага ўгирдим. Мана эшитинг:

    Э. АСАДОВдан
Муҳаббат, хиёнат ва сеҳргар
Қаҳрдан суяги қоқ, хаёли бузғун,
Ўлтирар Хиёнат қояга миниб.
Ёнида Муҳаббат, олча тагида
Ўлтирмиш шамс нури сочларин ювиб.
Эрта тонгдан териб ўт-илдиз, энди
Тоғ кўли бўйида ором олишар.
Бирин юзи чақнаб, иккинчиси – тунд,
Охири кўринмас баҳс юритишар.
Муҳаббат дер: – Оламда энг кераги –
Садоқат, диёнат, покликдир асли!
Юзимиз меҳрла нурларга тўлсин,
Гўзаллик – ҳар недан устувор ахир!
Хиёнат дер дарғазаб: – Бекор!
Раҳмат демас шунга ҳеч биров!
Устингдан куладир миясизлар ҳам,
Ичаги узилар, гўё сен мохов!
Яшаш – бу сабоқ: айёр бўл, ҳам оқил,
Кезида – ожиза, кези – юлғич бўл!
Бойлик кўрсанг, жойин тишла, уз-у, қоч!
Ол! Олавер! Жавобини берар гўл!
– Андишасиз яшаш – қоидамда йўқ!
Сен ҳалол бўла кўр! Бўлсин севгинг зўр!
– Айт, гуноҳ завқидан юксак нима бор!
«Ҳалол бўлгин!» эмиш! Ўқимаган, ғўр!
Авжга минди баҳсу суронлар бир кун,
Уйғонди серсоқол қария ҳатто.
Уч минг йил ғорида ухлаб ётганди,
Бу улуғ Сеҳргар, жаҳли қаттиқ чол.
Қаҳри қайнаб деди: – Бу нима уруш?!
Жодугарнинг тинчин бузиш! Хап, сенга!
Ҳозироқ унингни ўчириш учун
Сизни хумга тиқиб эритай бирга!
Жоду қўли ила тутди Севгини,
Хиёнатни олди бошқа қўлига.
Аямай ғижимлаб шодлик, ғамни ҳам,
Ҳаммасини тиқди қора хумига!
Садоқату қаҳр, эзгулик ва оғу,
Чин-у ночин, ҳатто қабиҳ ёлғонни,
Хумга солиб олов ёққани замон,
Қора тутун қоплаб олди жаҳонни!
Тутун ўрлаб кетди чўққилар томон,
Жодугар хумидан бир дам кўз узмас.
Ҳаммаси эригач, оқиб, қуйилгач,
Не бало чиқаркин хумидан – билмас!
Мана хум совиди. Тажриба тайёр,
Чарсиллаб ёрилди хум ости хиёл.
Атрофга сочилди юзлаб бўлаклар,
Ва… Чиқиб келди, (ажаб!) хумчадан АЁЛ!
Бу – бизнинг мураккаблигимизга урғу эмасми? Балки шунинг учун ҳам кўп кишилар кўнглида «Ҳар бир аёлда ҳам ерлилик, ҳам самовийлик мужассам!» деган ақида яшар?! Балки шунинг учун ҳам «Аёл – муқаддас!», «Аёл – ўқилмаган китоб!», «Аёлнинг турган битгани – сирлилик!» дейишар.
Қаранг-а, хумдан-ку биргина аёл чиқиб келибди. Лекин хумга солинганлари нақадар кўп эди: муҳаббат, хиёнат, меҳр, шодлик, ғам, садоқат, қаҳр, эзгулик, чин ва ёлғон, оғу… Бирбирига зид фазилатлар ва иллатлар…
Инсон ҳамиша зид орасида яшашга мажбурлигига, аёл зоти айниқса мураккаб олам эканлигига ишора эмасми бу?
Инсон қалбида, айниқса, биз аёллар қалбимизнинг тубида доим кулча илон вишиллаб туриши билан бирга, қалбимиз тепасида оппоқ кабутарнинг парпираб туришига аниқ ишораку бу!
Сиз ҳам шу АЁЛ жинсига мансубсиз, сиз ҳам “ўқилмаган китоблар” сирасига кирасиз. Ўзингизни яхшилаб имтиҳон қилиб кўринг. Сизнинг ҳам муштдеккина қалбингизда шеърда тасвирланган фазилат, хислат, ҳатто иллат ҳисобланганларнинг ҳаммаси мавжудлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Шунинг оқибати яна ўзингиз билан ўзингиз баҳслашиб кетасиз: бир одамда шунча фазилатлару иллатлар бир вақтнинг ўзида мужассам бўлса, нега айрим аёлларда бир хил сифат турғун бўлади? Нега айрим аёлларни «рисоладагидек аёл» дейишса, айримларини «илондек совуқ» дейишади? Нега ҳар бир аёлнинг ҳеч ўзгармайдиган «яхши аёл», «ёмон аёл» деган содда ташбеҳи ҳамиша ўзи билан бирга юради?
Ҳар биримизнинг ичимизда шеърда санаб ўтилган фазилатлар ва иллатларнинг ҳаммаси мавжудлиги рост. Бизга бериладиган «яхши» ёки «ёмон» сифатлари хумга сиққани каби кичкинагина қалбимизга жо бўлгани ҳам рост. Шу “яхши” ва “ёмон”ларнинг қай бири қалбимизни забт этиб, бутун аъзойи баданимизга тарқалса, вужудимизда ҳукмронлик қилса, бундан кейин тилимиздан чиқадиган сўзимиз, бажарадиган амалларимиз, хатти-ҳаракатимиз уларга боғлиқ бўлади.
Булардан келиб чиқадиган мантиқий хулоса ҳам доимгидек битта: ҳар сўзимизни айтардан олдин, қадамимизни қўярдан олдин унинг оқибатини, шундан кейин бизга «ёпиштириладиган ёрлиқ»ни, яъни аксарият умр бўйи бизга ҳамроҳ бўладиган ташбеҳни ўйлашимиз керак бўлади.
«…Аёл ҳақиқатан мўрт! – деб ёзадилар Турсуной Содиқова ўзларининг «Ҳазрати аёл» китобларида бизга берилган минг бир сифатга яна бир сифат қўшиб. – Тўрт-беш етимни битта қанот билан боқсада, лочиндай боқади, болаларига келган балони арслондай даф қилади, бу заҳматларни тортар экан, битта жонида ўнта эркакнинг иродасини ясайди. Аммо кунлардан бир кун битта фаҳми калта: «Эрингиз ўттиз йил бурун ўлиб кетган фалончини ёқтирган экан», деб қўйса, бўш қопдай ер бағирлаб қолади. Қадди дол бўлади. Ўлиб кетган эрининг ўлиб кетган муҳаббати учун!..»
Менга қолса, Турсунойнинг китобига ўхшаган китобларни ҳар бир узатилаётган қизларга сеп қилиб, гулдор зар қоғозларга ўраб беришни таклиф қилардим. Фақат – ўқиш, тушуниб ўқиш, уқиб ўқиш шарти билан, албатта!
Ўқиганини тушуниб ўқишга, уқиб ўқишга ҳаракат қилганлар, эшитган гапини мушоҳада қилиб, тегишли хулосалар чиқара билганлар, кўрганидан қалбига чиройли рангларни олиб кира билганлар, ўз қалбидаги доим мавжуд зид фазилатлар ичида яхшиларининг устун бўлишига эришишлари, ўзларида яхши фазилатларни тарбиялашдан ортиқ, уларни идора этишга қодир ҳам бўладилар. Аксарият шундай аёлларга муҳаббатлари, меҳрлари, назокатлари, ҳаётсеварликлари, яхши умидлари ва келажакка ишончлари, садоқатлари, ростгўйликлари ва яна кўп фазилатлари учун «Рисоладагидек аёл», «Комила аёл» сифати берилади. Аксарият шундай аёлларимизга «Сеҳри қирқ туяга юк бўлгулик», деб айтишади. Шунча сеҳрларини улар оила мустаҳкамлигига, болалар тарбиясига бағишлайдилар.
Бу эса бахтибекамликнинг энг мустаҳкам устунидир.
Дуо: Илоҳо, қирқ туяга юк бўлгулик сеҳрингизнинг ҳаммаси меҳр ва муҳаббатингиз, қалбингизнинг туганмас ёғдусидан қувват олсин! Комила аёл ташбеҳи сизнинг бир умрлик ёрлиғингиз бўлсин!

«СИЗ»ГА НИМА ЕТСИН
Эрта-индин бошланадиган янги келинлик даврингизда кўп латифанамо воқеаларни эшитасиз.
Эмишки бир келинчак эрталаб ҳаммани чойга чақирмоқчи бўлиб:
– Ойижон, чойгум қайнадилар! – деганмиш…
Яна бир келинчак азонда ҳовлини сув сепиб супурай деб ташқарига чиқмоқчи бўлса, эшиги остонасида куёвнинг ёшликдан боқиб катта қилган Олапари ётганини кўриб:
– Вой, пошёлинг! Мен ўтиб олай, пошёлинг! – дермиш (русча «пошёл» – «нари кет!» дегани).

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/rahima-shomansurova/kelinnoma-69917224/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Келиннома Рахима Шомансурова
Келиннома

Рахима Шомансурова

Тип: электронная книга

Жанр: Руководства

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 25.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Сизга тақдим этилаётган ушбу китобдаги мавзу бир қарашда жузъий кўринса-да, аслида уни синчиклаб ўқисангиз, ундаги фикрлар эндигина турмушга чиқаётган қизларга, келинларга, ёш жувонларга айтиладиган зарур гаплар эканига ишонч ҳосил қиласиз. Китобда хусусан ўзбек аёлларига хос бўлган – зукколик, дилбарлик, фидойижонлик, меҳр ва вафо улашиш, яхшилик излаш, ҳаётсеварлик каби гўзал фазилатларнинг шаклланишида энг масъулиятли ва "қалтис" давр ҳисобланган келинлик даврининг қирралари очиб берилади. Мазкур китоб эрта-индин эшигида сурнай навоси янграйдиган қизларга, янги уйларига қадам босган келинчакларга турмуш сабоги бўлади, деб умид қиламиз.

  • Добавить отзыв