Бургут тоғда улғаяди 1-китоб

Бургут тоғда улғаяди 1-китоб
Нуриддин Исмоилов

Нуриддин Исмоилов
Бургут тоғда улғаядиСаргузашт-детектив роман

Фаррух қишлоқдан тушга яқин қайтиб келди-ю, қўйларнинг қўрада маъраб туришганлигини кўриб ҳайрон бўлди. Ахир отаси уни қишлоққа юбораркан: "Сен келгунингча қўйларни ўзим боқиб тураман", – деганди.
Фаррух хавотирланиб шоша-пиша чайлага кирди. Бироқ отаси бу ерда ҳам кўринмади. Шунда йигитнинг хаёлига отасининг: "Товда бўри пайдо бўпти, эҳтиёт бўл", – деган гапи келди. "Агар, – дея тахмин қилди у, – бўри ҳамла қилганида, аввал қўйларни бир ёқли қиларди. Ундан кейин отамга… Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Қўйларнинг бир-иккитасини гум қилгач, одам билан иши бўлмай қолади бўрининг. Лекин қўйлар ҳечам безовтага ўхшамайди. Қаерга кетдийкин отам унда?"
Фаррух қўра олдига борди-да, атрофга олазарак боқиб:
– Ота-а-а! – дея бақирди.
Аммо ҳеч қаердан жавоб келмади. Унинг ўрнига тоғ тошларига урилган овози акс-садо берди. Бирдан Фаррухнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди. Гўё унинг отасига бирон нима бўлгандай. Йигит арчазор томонга чопиб кетди. Нафас олишга қийналиб, ҳансираб қолгунча югурди. Ҳолдан тойгач, югуришдан тўхтаб, ўтирди. Сўнг яна бақириб овоз берди:
– Ота-а-а!
Унга бу тоғларда тез-тез ғаройиб воқеалар содир бўлиб туришини отаси айтган: баъзи кезлари жин-ажиналар аввал одамлар билан ўйнашар, кейин уларни шол қилиб кетишаркан. Буларни Фаррух эшитганида саккиз ёшли болакай эди. Мана, орадан ўн йил ўтибдики, эсидан чиқаролмайди.
Фаррух одатда ҳали қуёш ботмасидан бурун қўйларни қўрага ҳайдаб келади. Қишлоққа егулик олиб келишга борсаям тез қайтади – ёлғиз қолган отасини жин-ажиналар ўртага олишидан қўрқади.
Фаррух арчазор орасидан ўтган сўқмоқ йўлга чиқиб олгач, шаршара томонга кўтарила бошлади. Тўсатдан қонга беланган майсаларга кўзи тушиб эсхонаси чиқиб кетди. Бир муддат майсаларга термилиб қолганидан кейин, секин қон томган томонга юра бошлади. Қон борган сари кўпайиб борар, бунга сайин Фаррухни ваҳима босарди. Ичида "Эй-й, худо, ишқилиб, отам бўлмасин", дея илтижо қилар эди. Йигирма қадамлар юрганида оёғининг остидан қуённинг калласи чиқиб қолди-ю, у бирдан бўшашиб кетди. Тулкими, бўрими қуённи обдон нимталаб еган эди.
Отасининг айнан шаршара ёнида эканлигига Фаррухнинг гумони бор эди. Марди чўпон у томонга камданкам борарди. Боргандаям раис бува меҳмон олиб келса, биронта қўйни ўша ёққа етаклаб кетар ҳамда ўша ерда сўйиб, меҳмонларга тандир кабоб қилиб берар, чой-пой дамлаб хизмат қилар эди. Фаррух шаршара томонга юрар экан, ҳали чайладалигида қўйларни санамаганлигидан афсусланди. У тоғнинг исталган жойига чиқишга ҳечам қийналмасди, ўрганиб қолган эди. Аммо ҳозир негадир оёқлари қалтираб кетаверди. Бу унинг ваҳимасини янада кучайтирди. Тезроқ манзилга етиб олишга ҳаракат қилди.
Шаршарага етмасдан уч юз-тўрт юз метрлар пастда яланглик бор эди. Шаршарадан ҳосил бўлган ирмоқ оқиб ўтадиган бу жойдан тепадагилар ҳам бемалол кўринарди. Шу ерга етганда Фаррух тўхтаб тепага қаради. У томонда иккита одамнинг қораси кўринди, улардан бири – хуш қомат, оппоқ кийимда, иккинчиси ундан сал пастроғ-у, калта шим ва майкада эди. Улар бир-бирига копток отиб ўйнашарди. Кўнгли бироз таскин топган Фаррухнинг юраги ҳаприқиб кегди. У қишлоғидаги пастқамгина мактабда тузук-қуруқ ўқимади. Отаси: "Бизнинг авлод-аждодимиз чўпон ўтган. Ота боболаринг мана шу тоғларда таёқ кўтариб умргузаронлик қилишган. Шунинг учун ҳаммаси юздан кам яшамаган. Менам етмишдан ошдим. Ҳали бақувватман. Қишлоқдаги мен тенгилар мункайиб қолишган. Ўқиганинг билан барибир ҳеч ким бўлолмайсан. Бўлса раиснинг боласи бўлади, буғалтирнинг боласи бўлади, лекин сенмас". деб Фаррухни бешинчи синфдан кейин тоққа олиб кетди ва қўлига чўпон таёғини тутқазди. Фаррух ҳар гал тоғдан пастга – қишлоққа тушганида, тенгқурларининг копток ўйнашларини кўрар, ўзининг ҳам ўйнагиси келарди. Ана шу туйғу унинг кўнглида жонланиб, тепадагиларга синчиклаб қаради ва оппоқ кийимдагининг қиз бола эканлигини кўрди. Йигит янада тез юқорилай бошлади.
Фаррух мўлжаллаган жойига етишига йигирма қадамча қолганида қизнинг қўлидаги коптоги пастга думалаб кетди. Қиз унинг орқасидан қувлади. Копток атайин қилгандай шаршара сувига тушди. Сув тез оқарди. Қиз эса ундан-да тез югуришга ҳаракат қиларди. Унинг бунақа қилаётганини кўрган Фаррухнинг капалаги учиб кетди. Чунки энди қиз коптокни ушлаб олиш у ёқда турсин, ўзини тўхтатиб ҳам қололмасди. Йигитча қарама-қарши томондан югура бошлади. Қиз бир-икки марта ўзини тўхтатмоқчи бўлди, лекин уддасидан чиқолмади. Кейин "Ойи-ж-о-о-н!!!" дея бақириб юборди, Аммо унга ҳеч ким ёрдам беролмасди. Биргина Фаррухдан бўлак. Агар Фаррух ҳам уни тўхтатолмаса, олдинда баҳайбат қоя, қиз тиккасига бориб унга урилиши ҳеч гап эмасди!
Фаррух жон ҳолатда "Кут-қа-ри-нг!" дея бақирган қизнинг белидан қучоқлаб олди-ю, қиз балан бир бўлиб ерга қулади. Улар бамисоли қўшалоқ қилиб боғланган ғўладек икки-уч маротаба бир-бирининг устидан ўтиб думалаб боргачгина йигит оёғини бўртиб чиқиб турган тоғ тошига тираб қолишга улгурди.
Ранги бўздай оқариб кетган қиз Фаррухнинг кўкрагига бошини қўйганча ҳансираб нафас олар, йигит эса ундан таралаётган хушбўй атир ҳидидан маст бўлаёзганди. Орадан икки дақиқалар ўтганидан кейин қиз тўсатдан йиғлаб юборди. Умрида аёл зотининг ёнига йўламаган Фаррух ҳаяжонланиб кетганча секинлик билан устидаги малакни турғиза бошлади. Афтидан, қиз ҳам қўрққанидан нима содир бўлганини унутганди. Чайир қўл қўлидан тутганда қиз чўчиб тушди ва Фаррухга қаради. Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Бир зум улар ҳамма нарсани унутишди гўё. Фаррух қоп-қора сочнинг қуёш нурида товланаётганини, силлиқ оппоқ юзни, камон қош-у, узун киприкларни кўрмасди, у қизнинг ўзи акс этиб турган гўзал кўзига термулганча қолганди.
Энди мўйлови сабза урган йигитнинг нигоҳидаги ўт қизни ўзига мафтун қилиб қўйди. Қиз ўрнидан туришга шошилмас, соатлаб шу нигоҳнинг асирасига айланишни истарди.
– Падарингга лаънатлар! Ўлдираман ҳаммангни! Бир жойи тирналган бўлса калланг кетади! – дея баландда янграган овоз қиз билан йигитни сергаклантирди.
Қиз йигитга мафтункор жилмайиб қўйиб, ўрнидан турди.
Тепадан ҳовлиққанча тушиб келган олти одамдан биттаси ошиқиб қизни қучоқлади. Қолганлари жойларида серрайганча қолишди. Уларнинг орасида Фаррухнинг отаси билан раис бува ҳам бор эди.
– Моҳирўй, қизгинам, пичоқсиз сўйиб қўйишингга озгина қолди-ку! – деди ҳалиги одам кўзда ёш билан. – Копток пастга тушиб йўқ бўлиб кетмайдими, нега ортидан қувдинг?!
– Дадажон, ҳеч нарса бўлмади-ку, – деди қиз қайрилиб Фаррух томонга қараб қўяр экан. – Манави йигит мени ушлаб қолди.
Шундан кейин ота қизини қучоғидан бўшатиб, Фаррухнинг ёнига келди.
– Ука, катта раҳмат, агар сен бўлмаганингда… Худо асрасин, – деди қориндор киши Фаррухнинг елкасига қоқиб.
– Бу болакай, – бирдан гапга араташди раис бува қилпанглаб, – Марди чўпонни ули бўлади.
– Шунақами? – қизнинг отаси Марди чўпонга қаради. Чўпон айб иш қилиб қўйган ёш боладай бошини эгиб турарди. – Маладес, зўр ўғлинг бор экан!
Мақтов Фаррухни қизартириб юборди. У ҳам худди отаси каби бошини эгди.
– Қани кетдик, тепада қизимнинг омон қолганини байрам қиламиз, – деди ҳалиги киши.
Ҳамма юқорилай бошлади. Бироқ Фаррух жойидан қимирламади. Отасининг қўлидан ушлаб баландлаб бораётган қиз ортига бир ўгирилди-да, тўхтади. Буни кўрган ота ҳам тўхтади. Сўнг Фаррухнинг ўзларига қўшилиб чиқмаётганлигига ҳайрон бўлиб:
– Сен нега турибсан? – дея сўради.
– Қўйлар бугун боқилгани йўқ ҳали, – деди Фаррух қиздан кўзини узмай.
– Қўявер уларни, очидан ўлиб кетмайдими! Юр, мен қизимнинг халоскорига яхшилаб зиёфат бераман!
– Боролмайман.
– Ўжарлик қилма, болакай, ҳеч қурса озгина ўтир, – деди қизнинг отаси ялиниш оҳангида.
– Агар сиз чиқмасангиз, мен ҳам чиқмайман, – деди қиз табассум билан ширали овозда отасининг гапини маъқуллар экан.
Бир кўришдаёқ семиз кишини ёқтирмай қолган Фаррухнинг улар билан бирга тепага чиқиб ўтиргиси келмади. Аммо қизнинг сўзини қайтаролмади. Ноилож у ҳам секин-секин кўтарила бошлади. Қиз атайлабдан Фаррухнинг ўзига етиб олишини кутиб турди. Йигит етиб келгач эса, унинг қўлидан ушлаб олди. Отаси қизининг бундай қилиғига эътироз билдирмади. "Қочиб кетишидан қўрқаяпсанми?" деб қўйди, холос.
Қизнинг отаси бироз юргач, ҳансираб қолди. Қаддиқомати спортчиларникига ўхшайдиган икки йигит унинг икки томонидан ушлаб тоққа чиқишига кўмаклаша бошлашди. Моҳирўй эса Фаррухнинг қўлидан маҳкам ушлаб олганди. Фаррух ўгирилиб қараса, у жилмаярди. Бундан йигитни баттар ҳаяжон босар, аъзойи баданидан тер чиқиб кетарди.
Шаршара ёнига ҳамма чиқиб олганидан кейин Моҳирўйнинг онаси югуриб келиб қизини маҳкам қучоқлади.
– Дочка моя, родная, нима бўлди?! – деди у ҳаяжон билан. – Менинг ўлиб қолишимга чут-чут қолди.
– Ойижон, – деди эркаланиб Моҳирўй, – ҳеч нарса бўлгани йўқ. Салгина йиқилиб тушдим, холос.
– Салгина йиқилганмишлар, – деди унга жавобан отаси кесатиб. – Агар чўпоннинг ўғли келиб қолмаганида…
– Нафасингизни иссиқ қилинг, – дея лўппи юзли аёл унинг гапини бўлди, – моя дочка счастливая.
Ота бошини чайқаб турди-да, кўкаламзорга ёзилган дастурхон гирдидаги кўрпачага ёнбошлади ва:
– Пиво-миволарингдан олиб келинглар, – дея буюрди.
Хизматга шай бўлиб турган раис бува чўпонга имо қилиб, муздай сувга ташлаб қўйилган бир яшик пиводан олиб келишни тайинлади.
Раиснинг ёши элликдан эндигина ошган, лекин уни кўрган одам камида олтмиш бешга кирган деб ўйларди. У қорин қўйиб юборган, бағбақаси осилиб тушган, қуёш нурида қорайган пешонасида бир тўда ажинлар макон қурган эди. Унинг ялтоқланиши шунчалик бачкана эдики, кўрган одамнинг асабини қўзғатишдан бошқага ярамасди. Аммо унинг қаҳри ўзига узукка кўз қўйгандек мос тушарди.
Марди чўпон шу кунгача раиснинг бирон оғиз гапини ерда қолдирмаган. Бироқ катта амалдорга раиснинг ялтоқланиши-ю, ўзига ўқрайиб қараши унга оғир ботди. Шундай бўлса-да у ҳеч нарса демасдан, буюрилган ишни бажариш учун шаршаранинг суви келиб урилаётган жойга қараб кета бошлади.
– Ҳов, йигитча, – дея Фаррухни чақирди Моҳирўйнинг отаси, – нега туриб қолдинг? Бу ёққа кел-чи.
Фаррух истар-истамас унинг ёнига борди.
– Қани, мана бу ерга ўтир, – деб унга жой кўрсатди амалдор.
Фаррух ийманибгина кўрпачанинг бир чеккасидан жой олди.
– Мохи, ты тоже иди сюда, – дея қизини чақирди ота.
Моҳирўй онаси билан қучоқлашганча келди.
– Қани, қизим, бу акангга битта "Раҳмат!" де-чи.
Моҳирўй Фаррухга ўзининг ўтли нигоҳи билан қаради-да:
– Сизга коттакон раҳмат, яхшилигингизни бир умр ёдимдан чиқармайман, – деди жилмайиб.
– Браво! – дея хитоб қилди икки юзи лўппи аёл. – Дадаси, қизингиззи ақли бало!
Бошини эгиб олган Фаррух қизариб кетган, жойида базўр ўтирар эди. У ҳали бирон марта ҳам бунақа дастурхонни кўрмаган, бундай одамларнинг суҳбатида бўлмаганди.
– Энди манавини ол, – дея амалдор унинг қўлига бир пиёла ароқ узатди.
– Мен ичмайман, – деди паст овозда Фаррух.
– Биламан ичмаслигингни. Лекин сен қутқариб қолган қиз учун ичмасанг бўлмайди.
Отаси Фаррухнинг қўлига ароқ тутқазаётгани Моҳирўйга ёқмади. У истараси иссиқ бу йигитнинг ароқ ичишини, кейин кундадай думалаб ётишини ҳечам истамас эди. Чунки отаси кимки унинг кўнглидагидай иш қилса, ўшани тўйгунича ароқ билан суғорар, кейин маст бўлиб буткул ўзини йўқотиб қўйгач, томоша қилишни хуш кўрарди. Моҳирўй бир неча марта бунга гувоҳ бўлганди.
– Пепси-кола ичиб кўринг, муздайгина, – деди Моҳирўй жилмайиб Фаррухга.
– Аввал манави обизамзамни татиб кўрсин, закускасига кола ичади, – деди амалдор қизининг шумлигига кулгиси қистаб.
– Дада-а-ж-о-н, – деди Моҳирўй нозланиб, – ҳали кичкина йигит экан-у, кола ичиб қўяқолсин.
Амалдор қизининг мана шундай эркаланиб гапиришини хуш кўрарди. Қизининг бундай сўзлаши учун жонини ҳам бериб юборишга тайёр эди. Шу боис дарров қизига ён босди.
Фаррухга эса Моҳирўйнинг кичкина бола-ку, деган гапи ўтиришмади. У аллақачон ўзини катта одам деб ҳисоблар эди. Шу боисдан уятчанликни унутиб, амалдорнинг қўлидаги пиёлани олди-да, бир кўтаришда бўшатди. Бироқ ароқнинг аччиқлигидан унинг афти бужмайиб кетган эди.
Унинг аҳволини кўрган Моҳирўй шунақанги хандон отиб кулдики, овози тоғу тошларга урилиб, акс-садо бериб юборди. Фаррух унинг кулгисига чидаб туролмади. Ўрнидан шартга турди-да, арчазор томонга югурди.
Моҳирўй кулиб, уни хафа қилиб қўяман деб ҳечам ўйламаган эди. Шу боис Фаррух югуриб кетиши билан бирдан кулгидан тўхтади-да, бироз унинг ортидан қараб туриб, кейин ўзи ҳам ўша томонга чопиб кетди.
– Қаёққа?! – дея қичқирди унинг ортидан онаси. – Остановись, а то опять упадёшь!
Моҳирўй онасининг гапига қулоқ ҳам солмай югуришда давом этаверди. Амалдор хизматкорларига ўқрайиб қаради-да:
– Қайтаринглар, – дея буйруқ берди, йигитлар тезликда беш-олти қадам босишгач эса: – Иккаласини ҳам, – деб қўшиб қўйди.
Моҳирўйни тутиш йигитларга қийин бўлмади. Аммо арчаларни оралаб, тошдан тошга енгиллик билан сакраб ўтаётган Фаррухга ета олишмади. Шунда раисга забон битиб, Марди чўпонга бақирди:
– Қайтар улингди!
Боя раиснинг ўқрайиб қараганидан ҳали-ҳануз ўзига келолмаётган чўпоннинг бу гапдан кейин қони қайнаб кетди. Агар унга ёшлик даврида шундай дейишганида ўша одамни ер билан битта қилиб ташлаган бўларди. Бироқ ҳозир яна ўзини босди. Аламини ичига ютди. У ўғлининг орқасидан бироз қараб тургач:
– Фар-рух! – дея чақирди.
Отасининг овозини эшитган йигит югуришдан тўхтаб ортига ўгирилди. Бу ерда арча сийрак ўсган, шу боис ота-ўғил бир-бирига яққол кўриниб турарди. Фаррух отасининг пастга туш ишорасидан кейин умрида илк бора унинг айтганини қилмай тош устига ўтириб олди. Ота ўғлининг қилиғидан асабийлашмади, қайтанга ичида хурсанд бўлди. "Агар унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шундай қилган бўлардим. Худди ўзимга ўхшаган қайсар, баччағар", – дея хаёлидан ўтказди у.
Хизматкор йигитлар Фаррухни олиб келиш учун энди хезланишган эди, Моҳирўй уларни тўхтатди.
– Ўзим олиб келаман, – деди у ва йигит ўтирган томонга югуриб кетди.
Ўзи томонга яқинлашиб келаётган қизга кўзи тушган Фаррухнинг жаҳли чиқди. "Энди бу ёққа келиб яна устимдан кулмоқчими бу арзанда?" – деб ўйлади у. Ва қизга бургут қараш қилиб турди. Қиз худди Фаррухга ўхшаб тез югуришга шунча ҳаракат қилмасин, барибир уддасидан чиқолмас, қайтанга оёғи тойиб кетиб йиқилиб кетишига озгина қоларди. Ниҳоят у ҳориб-толиб, нозик, чиройли оёқтари оғриб кўзлаган ерига етиб келди ва ҳансираб:
– Мени… мени кечиринг! Мен сизни хафа қилиб қўймоқчи эмасдим. Мана ҳозир, мен сизни, – дея бошини эгиб ўтирган йигитнинг юзидан ўпиб олди.
Фаррух худди ток ургандай сапчиб тушиб, ҳаяжонланган кўйи қизга қаради.
– Кечирдингизми? – дея сўради қиз энтикиб.
Йигит нима қиларини билмай бошини қимирлатиб "ҳа" ишорасини қилди.
– Энди менам сизнинг ёнингизда ўтираман, – деди Моҳирўй ва Фаррухга жуда яқин жойга, тошнинг устига ўтириб олди.
– Отангиз кўрса уришади, – деди Фаррух бошқа гап тополмай.
У яна худди боягидай, қиз унинг устига йиқилиб ётгандаги ҳолатга тушган эди.
– Ҳечам уришмайди. Уришса хафа бўламан. Дадам мени хафа қилиб қўйишдан қўрқади, – деди Моҳирўй ва осмонга қараб чуқур нафас олди.
Шунда унинг етилган кўкраги бир кўтарилиб тушди. Бўртиб турган жодунинг бундай ҳаракатига ногаҳон кўзи тушган Фаррухнинг бўларича бўлди. Унинг ички титроғи кучайиб, пешонасида реза-реза тер томчилари пайдо бўлди.
– Бу ерларга менинг биринчи келишим, – деди ҳеч нарсадан хабари йўқ Моҳирўй, – жудаям чиройли экан. Бунақа манзаралар фақат Швейцарияда бўлса керак, деб ўйлаб юрардим. Шундоққина бурнимизнинг тагида ҳам бор экан. Сизга мазза, куну тун шу ердасиз, тўғрими?
– Менга анави ер, – дея Фаррух ўзларидан анча наридаги оппоқ қорга бурканган қояни кўрсатди, – кўпроқ ёқади.
Моҳирўй йигит кўрсатган томонга бирор муддат қараб турди-да, соддадиллик билан сўради:
– Сиз у ерга борганмисиз?
– Бўмасам-чи, ҳар икки кунда бориб келаман, қорга думалаб ўйнайман, роса мазза жой! – деди у. – Хоҳласангиз сизниям олиб бораман.
Моҳирўй энтикиб кетди. Бир муддат ўша қоядан кўзини узолмай қараб турди-да, кейин бошини эгганча:
– Боргим келгани билан мени у ёққа қўйиб юборишмайди, – деди афсусланиб. – Лекин боргим келаяпти, ҳозироқ.
– Пастдагилар сизга рухсат беришмайдими? – деди унга кулиб қараган Фаррух.
– Пастдагилар… – дея гапини давом этказолмай қолди Моҳирўй. – Дадам аввалига хафа бўлсаям кейин дарров буни унутади. Лекин ойимни кўндириш қийин. Жаҳли чиқса, сочимни юлишдан ҳам тоймайди… Лекин шундай жойга бориб маза қилиб келиш арзимайдими озгина азобланишга?
– У ер анча олисда, ундан кейин отам сизни олиб кетганим учун мени уришади. Мен шу пайтгача отамнинг гапини икки қилмаганман.
– Мен рухсат сўрасам борасизми?
– Бўлмасам-чи, – деди бирдан қувониб кетган Фаррух.
Моҳирўй ўрнидан туриб пастга қаради. Иккита хизматкор йигит булар томондан кўз узмасди. Қолганлари ўзлари билан ўзлари овора. Гўёки уларга тегишли бўлган қиз тепада бегона йигит билан гаплашиб ўтиришганидан хабарсиздай.
– Ой-и-и! – дея қичқирди Моҳирўй. Бироқ пастдагилар ҳеч нарсани эшитишмади шекилли, булар томонга қараб ҳам қўйишмади. – Ой-и-и! – деб яна бақирди Моҳирўй.
Икки юзи лўппи аёл ўтирган жойида тепага бир нигоҳ ташлаб эрига:
– Қизингиз чақираяпти, тинчликмикин ишқилиб? – деди.
Раис билан кетма-кет уч марта пиёла тўқиштирган амалдор Моҳирўйнинг тепага чиқиб кетганини унутиб қўяёзган эди.
– Нима қилаяпти у? – дея хотинидан сўради.
– Анави болани қайтариб келаман деб чиқиб кетувдику, – деди аёл норози қиёфада.
– Полвон! – деди амалдор раисга қараб. – Неча марта шу ерга келган бўлсам, ҳамма вақт менинг ақлимни мана шу ароғинг билан олиб қўйгансан, айт анави чўпонингга, боласи энди ўлиб кетсаям майлига, фақат Моҳирўйни олиб тушиб қўйсин.
Раис инқиллаб ўрнидан турди. Унинг кайфи чоғ эди. Зеро, келганидан бери қовоғидан қор ёғиб турган амалдор энди-энди у билан сал очилиб гаплашаётганди.
– Марди ака, – деди у тандир атрофида куймаланиб юрган чўпонга, – тандирингиз пишай деб қоддими, одамнинг қорни пиёз пўсти бўлиб кетди-ку.
Раис азалдан бу қайсар чўпоннинг "тили"ни яхши биларди. Бу чол қанчалик ўжар, акс бўлмасин, бир оғиз ширин сўздан мумдайин эриб кетарди. Шу боис доим юмшоқ гапириб унинг "жони"ни оларди. Боя амалдорнинг олдида илк маротаба чўпонга ўқрайиб қараганди ва ўшандаёқ унда пайдо бўлган ўзгаришни сезган эди. Ҳар тугул, ўшанда Марди чўпонники тутиб қолмади, йўқса, раис амалдорнинг оддида роса изза бўлар эди.
– Бу дейман, – деди раис улардан эллик-олтмиш метрлар чамаси баландликда гаплашиб ўтирган йигит билан қизни кўрсатиб, – анави иккови чиқишиб қолди-ёв.
Марди чўпон ўғли ўтирган томонга бирров кўз ташлади-да, ўзининг ишини давом этказар экан:
– Ўжар бола, – деди, – ҳовуридан тушса ўзи қайтиб келади.
– Каттадан балога қолиб кетмайлик тағин, биттаю битта эрка қизи, уларнинг бундай ўтириши уят.
Марди чўпон каттадан балога қолишдан қўрқмасди. У айни уятдан кўпроқ қўрқар эди. Раис буни билгани учун атайин гапининг сўнгида шундай деб айтди.
Бу орада Моҳирўй яна бир марта қичқириб қолди. Амалдор эринибгина қўлтиғидаги ёстиғини иккинчи томонига олиб қўяр экан, хизматкорларга буюрди:
– Чиқинглар-чи, нима гап экан?
Кўл қовуштириб хизматга шай бўлиб турган йигитлар бирдан арчазор томонга югуришди.
Ўзлари томонга югуриб келаётган йигитларни кўрган Моҳирўй афтини бужмайтириб:
– Буларнинг қулоғи том битган шекилли, – деди. Худди ўша пайт Марди чўпон ўғлини яна чақирди.
Фаррух ўрнидан туриб отасининг пастга туш деб имо қилаётганлигини кўрди.
– Чақиришаяпти, – деди у Моҳирўйга ташвишли қиёфада.
– Бормаймиз! – деди Моҳирўй кўзи чақнаб. – Улардан сўрамасдан кетиб қоламиз.
– Анави йигитларни кутайлик-чи, нима дейишаркан? – деди унга жавобан Фаррух.
– Нима дейишларини биламан. "Дадангиз билан ойингиз безовта бўлишаяпти, пастга, уларнинг олдиларига тушармишсиз". Бу гаплар, тўғрисини айтсам, жонимга тегиб кетди. Ёш боламасман-ку, ҳадеб мени тергайвергани, – деб Моҳирўй бояги жойига яна ўтирди-да, бошини эгиб олди.
Ҳалидан бери йигит билан қизни кўздан қочирмай туришган йигитлар ҳансираб-пишнаб етиб келишди.
– Дадангиз… дадангиз, – деди улардан бири зўрға нафас олиб, – сиздан нима деяётганлигингизни билиб келиш учун юборди.
– Дадамга айтинг! – деди ўрнидан сапчиб турган қиз.
– Мен Фаррух билан ҳов анави қорли тоққа бориб келмоқчиман.
Хизматкор йигитлар бир-бирларига қарашди. Чунки бунга амалдор ҳеч қачон рухсат бермаслигини аниқ билишар эди.
– Биз сизни ҳозир пастга олиб тушишга мажбурмиз, – деди новча хизматкор, – отангиз рухсат берса олиб бориб келамиз.
– Иккаланг ҳам туёғингни шиқиллат, сизлар билан ҳатто пастгаям бирга тушмайман. Мен кетаяпман, – дея Фаррухнинг қўлидан тутди қиз.
– Раим, – деди новча йигит ёнидаги шеригига, – сен бориб буларнинг мақсадини каттага айт. Мен булар билан бирга бораман.
– Бекорларни айтибсан! – деб бақириб юборди Моҳирўй. – Ўзимиз бориб келамиз. Боя йиқилаётганимда мени қутқариб қолиш қўлларингдан келмадими? Энди менинг орқамдан думдай эргашманглар. Ҳе, садқайи одам кет!
Ҳақорат зиғирча бўлсин йигитларга таъсир қилмади. Бунақа сўкишларни эшитаверган йигитларнинг эти қотиб кетган эди. Новча айтганидай, Раим пастга эниб кетди, унинг ўзи эса бирор беш қадам орқада йигит билан қизнинг ортидан тушди.
– Ҳалигинда сиз билан бирга копток ўйнаётган болани кўрувдим, – деди Фаррух қизнинг ортда қолиб кетмаслиги учун секин-аста кетаётиб.
– Укам, – ҳафсаласизлик билан изоҳ берди Моҳирўй.
– Биз бир-биримизга ҳечам ўхшамаймиз. У кўпроқ дадамга ўхшаса керак. Фақат ўзини ўйлайди. Кўрган бўлсангиз, бирга копток ўйнаётганимизда ёнгинамда эди у. Пастга қараб "шўнғиб" кетганимни дадам билан ойимга айтибди-да, ўзи қаердадир дадамнинг асраётган шерларини кўргани кетибди.
Фаррух тўхтаб Моҳирўйга қаради:
– Мен бу тоғларнинг ҳаммаёғини беш қўлимдай биламан, лекин ҳеч қаерда шерни учратмаганман.
– Шерзоднинг айтишича, дадам зоопаркдан учта шер олиб келиб шу атрофдаги ғорга қамаб қўйганмиш. Бу гапларни у дадам раис бувага айтаётганида эшитиб қолганмиш.
– Ғор бу атрофда фақат битта жойда бор, биз борадиган қоянинг тагида. Ўзиям роса қўрқинчли жойлар, у ерларда илон кўп. Укангиз қандай бир ўзи кетди?
– Бир ўзи боришга унда юрак йўқ. Хизматкорларнинг бирортаси олиб кетган. Яна дадамни алдаб кетган. Атрофни айланиб келамиз деб… Агар одам тоғда кўп вақт юрса сизга ўхшаб чаққон бўлиб қоладими?
– Билмадим, – дея жавоб қилди Фаррух, – мен ёшлигимдан тоққа чиқиб юрганман.
– Мениям шунақа арчазорлар, тоғларда яшагим келади. Шаҳар жонимга тегиб кетган, – деди Моҳирўй ва оёғи сирпаниб кетиб "вой!" дея бақириб юборди.
Фаррух бирдан ортига бурилиб, пастликка энкайиб турган қизнинг қўлидан ушлади.
Ҳовлиқиб пастга тушган Раим амалдорнинг ёнига борди-да:
– Кизингиз анави йигит билан, – дея қўли билан қаёққадир йўл бошлаб кетаётган Фаррухни кўрсатди, – қорли қояга бориб келармиш.
– Ни-ма?! – дея бақирганча ўрнидан туриб кетди амалдор. – Бориб мажбурлаб бўлсаям олиб келинглар уни. Ўзи итдан тарқаган бу бола қайси гўрдан пайдо бўлиб қолди?! Ҳе, характерингга … сендақа болани!
– Дадаси, шу қизингизнинг йиқилишига шубҳа боров, балки пастга қараб тез югуриб кетгандир… Ўзим кўрмадим-ку-я, кўнгил душман-да… Булар иккиси мабодо аввалдан таниш эмасмикин? Ҳар қалай, тасодиф де-гандай… Может қизингиз ему влюбилась, тогда что? Нима, ойдай қизингизни қаердаги чўпонга берасизми? – деди амалдорнинг хотини ваҳима аралаш.
Бу гапларни эшитган амалдорнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. "Ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин буни ҳеч кимга бериб қўймайман", дея ўйлади у…
* * *
…Обкомнинг иккинчи котиби Турғун Ғаниевич ёнида лўмбиллабгина турган Зулайҳохон билан турмуш қурганларидан кейин ўн йил ўтса ҳам фарзанд кўраверишмади. Зулайҳонинг отаси ўша кезлари катта бир корхонани бошқарарди. Шу боисдан ҳам Турғун Ғаниевич бу туғмас хотин билан ажрашиб кетолмасди. Бир куни Зулайҳохоннинг ўзи фарзанд кўрмаётганлигидан шикоят қилиб қолди. Турғун Ғаниевич: "Айб сенда, сен туғмас хотинсан, бошқаси бўлганида аллақачон потиллатиб туғиб ташлаган бўларди, – деб айта олмади. Албатта, бундай дейишга унинг асоси бор эди. У ўзини дўхтирларга текширтирганда: "Сиз соппа-соғсиз, ҳар қандай соғлом аёл сиздан бола туғиши мумкин", дейишганди. Бироқ ўшанда бу гапларни хотинига айтиш билан у ўз бошига ғавғо орттириши ҳеч гап эмасди. Мум тишлади. Гўё бирон нарсани ўйлаётгандай пешонасини тириштирди. Эридан садо чиқавермагач, Зулайҳонинг ўзи: "Бола асраб олайлик, – деди, – ҳарна менга овунчоқ бўлиб юрарди-да". Турғун Ғаниевич ўйлаб қараса, шундан маъқулроқ йўл йўқ экан. "Зора, – деб хаёлидан ўтказди у, – шу билан бунинг жағи сал тинса. Ҳар хил бўлмағур гаплари билан миямни эговламаса". Турмушнинг дастлабки йиллари улар бир-бири билан иноқ яшашди. Аммо бола бўлавермагач, жувоннинг жағи очилиб кетаверди. Охири эр шўрлик уйига келишгаям безиллаб қолди.
Улар биргалашиб болалар уйига боришди. Ота-онаси ичувчи ёки бирор шикаста жойи бўлмаган бола сўрашди. Шунда Турғун Ғаниевичнинг қайнотаси кимлигини яхши билган болалар уйининг директори ота-онаси машина авариясида ҳалок бўлган бир ярим ёшли қизалоқни уларнинг қўлларига тутқазди. Эр-хотинга бу жуда маъқул тушди.
Шу билан улар яшаш жойларини ўзгартиришиб, қизалоқни катга қила бошлашди. Моҳирўй етти ёшга тўлганида эса кутилмаганда худо уларнинг ўзларига ҳам фарзанд берди. Шу билан эр-хотин икки фарзанднинг отаонасига айланишди.
Моҳирўй бўй чўзиб боргани сайин гўзаллашиб кетаверди. Кулчага мойиллиги бўлган оппоқ юзи силлиқ, қошлари ингичка, мисоли ёй, қоп-қора киприклари узун-узун, қалин, сал қизғиштоб сочи елкасидан, тор кийим кийганидан қадди-қомати юракни суғуриб олиш даражасидаги бу қизнинг ошиқлари ўн олти ёшга тўлмасидан кўп эди. Мактабда синфдошлари, юқори синфдагилар камлик қилганидай, ўзидан кичик ўғил болалар ҳам муҳаббат изҳор қилишар, камини эса маҳалладагилар тўлдиришарди. Қайнотаси ўлгунича мансаб пиллапоясидан анча юқорилаб улгурган Турғун Ғаниевич кўз ўнгида қизининг бунчалик офатижон малакка айланиб бораётганидан феъли айниди. "Шунча йил бу гулни парваришлаб улғайтирдимми, энди роҳатини ҳам ўзим кўришим керак. Моҳирўй фақатгина менга тегишли ва бир умр меники бўлиб қолади", деган ниҳоятда тубан фикрга келганди у.
Зулайҳо опа эрида содир бўлаётган ўзгаришни анчадан бери сезиб юрарди. Айниқса, Турғун Ғаниевич ишдан қайтиб келганида Моҳирўй унинг юзидан ўпиб қўяр, бундан эрининг кўзлари чақнаб кетарди. Ҳозир аёл атайлабдан Моҳирўй тўғрисида шунақа гап айтди. Натижа эса кутилганидан ҳам ортиқроқ бўлди. Хизматкорлар қолиб, Турғун Ғаниевичнинг ўзи қизининг орқасидан югуриб кетишига бир баҳя қолди.
Пастдаги воқеалардан бехабар қиз билан йигит тезроқ қорли тоққа етиб олиш учун янада илдамлашди.
– Ҳой-й-й!!! – деган овоз келди уларнинг орқа томонидан.
– Раим бизни чақираяпти, – деди новча хизматкор ҳеч нарсага эътибор бермасдан кетаётган йигит билан қизга.
– Нима иши бор экан? – деди Моҳирўй ўгирилиб.
– Билмадим, ҳар қалай, дадангиз бирон нима дегандир, бироз тўхтаб турайлик-чи.
– Уфф…
Оғир хўрсинган Моҳирўй Фаррухга "сиз нима дейсиз?" мазмунида қаради.
–Зарур гап айтгандир, – деди Фаррух гўё Моҳирўйнинг гапини уқиб олгандай.
Беш-олти дақиқалардан кейин жиққа терга ботган Раим етиб келди. У тез югурганидан қийналиб нафас олар эди.
– Нима деди менинг меҳрибон дадажоним? – сўради Моҳирўй киноя билан.
– "Ортига қайтсин, у ёққа бормасин", деди. Иши чиқиб қолганмиш, шаҳарга қайтиб кетармиш, – дея Раим Турғун Ғаниевичнинг гапларига ўзидан ҳам қўшиб, пешонасидаги терни артди.
Бирдан Моҳирўйнинг кўзида ёш пайдо бўлди. У лабини тишлаган кўйи майсалар гилами устига ўтириб қоларкан, икки қўли билан юзини беркитди.
–Ҳеч қачон мени ўз ҳолимга кўймайди. Қачон қарама, унинг биронта иши чиқиб қолиб, менинг йўлимга тўғаноқ бўлади. Ҳаммаси жонга тегиб кетди, – деди Моҳирўй йиғлоқи овозда.
Унинг бундай овозда гапириши Фаррухга қаттиқ таъсир қилди. Нима қиларини билмаган йигит қизга термилиб тураверди.
– Шу сафар дадамнинг айтганини қилмайман, – деди Моҳирўй ўжарлик билан.
– Лекин биз у кишининг буйруғини бажармасдан иложимиз йўқ. Ўзингиз бормасангиз, зўрлаб олиб кетишга мажбурмиз, – деди Раим. – Дадангиз шунақа деб тайинлади. У киши чўпон билан кетганингиз учун жуда дарғазаб.
Ўзининг камситилганини эшитган Фаррух қизариб кетди. Моҳирўй қўлини юзидан олиб Раимга термулиб қолди. Хизматкорлар эса аста-секин унинг ёнига келиб, иккиси икки қўлидан ушлашди. Моҳирўй кўзида ёш билан нажот истаб Фаррух томонга қаради. Буни кўрган Фаррух ич-ичидан эзилиб кетди.
– Қўйиб юборинглар уни! – деди у титраб-қалтираб.
Ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак, бунинг устига, чўпон боладан шундай гап чиққанидан иккала хизматчи ҳам ажабланиб анграйиб қолишди.
– Нималар деяпсан?! – деди новча иржайиб. – Оғзингдан қандайдир гап чиққандай бўлдими? Ёки менинг қулоғимга шундай эшитилдими?
– Қўйиб юборинглар! – деди муштлари маҳкам тугилган Фаррух.
Раим Моҳирўйни бўшатиб, унга яқинлашиб борди-да:
– Қўйиб юбормасак нима қиласан? – деди майна қилиб.
Фаррух ҳеч нарса деб жавоб қайтармай, жойидан қимирламаган кўйи титраб тураверди.
– Ҳов, жипириқи, обрўйинг борида бу ердан туёғингни шиқиллат, бир мартагина Моҳирўйни йиқилишдан асраб қолганинг учун энди бошимизни ёрмоқчимисан?!
Бу дўқ-пўписа Фаррухга зиғирча таъсир қилмади.
– Қўйиб юборинглар! – деди у таҳдид билан.
Қаердаги гўдак билан тортишиб ўтириш новчанинг иззат-нафсига тегди. У Моҳирўйни ўз ҳолига қўйиб, Фаррухнинг ёнига келди-да, унинг бетига шапалоқ тортиб юборди. Бу билан новча ёниб турган оловга мой сепиб юборганини юзига келиб тушган кучли муштдан кейин билди. Шеригининг орқага қулаганини кўрган Раим бирдан шер мисоли Фаррухга отилди. Фаррух умрида биров билан ёқалашмаганди. У муштлашиш нималигини билмасди. Аммо тошдан-тошга сакраб юриш, тўрт юз-беш юз метр баландликка қийинчиликсиз югуриш унинг учун чўт эмасди. Йигитнинг вужудида табиий чаққонлик бор эди. Шу боис Раимга осонлик билан чап бериб, ўзи озгина баландликка, тоғ бағридан бўртиб турган тош устига чиқиб олди. Ҳавони боплаб "муштлаган" Раим тез ҳаракат қилганидан мувозанатини йўқотиб, пастликка юмалаб кетишига озгина қолди. Буни кўриб Моҳирўй қарсак чалиб юборди.
– Баттар бўлларинг! Кичкина, қўлидан ҳеч нарса келмайди, деб ўйлаганмидиларинг? Фаррух, яхшилаб буларнинг адабини бериб қўйинг, сўнгги пайтларда жа қулоқсиз бўлиб кетишаётганди.
Моҳирўйнинг гапларидан иккала барзанги йигит қутуриб кетди. Қиз боланинг олдида ўзларини кўрсатиб қўймоқчи бўлишиб, бирдан Фаррухнинг икки томонидан ҳужумга ўтишди. Тоғлик йигит шу заҳоти бошқа тошга сакраб ўтди. Шу бўйича улар ўн дақиқача қувлашмачоқ ўйнашди. Ахийри қувлаётганларнинг иккаласи ҳам ҳолдан тойиб, тиллари осилиб қолди. Шундан кейингина Фаррух уларнинг ёнига борди ва иккаласининг ҳам сочидан чангаллаб ушлаб, бошларини бир-бирига урди. Худди ўша пайт Моҳирўи "Фар-р-р-у-х!" дея бақириб юборди. Қиз томонга шошиб ўгирилган йигит бошига тушган зарбадан кўзи тиниб, орқасига қулади-ю, ҳушидан кетди.
Моҳирўйнинг укаси билан кетган хизматчи икки шеригининг ким биландир қувлашаётганини узоқдан кўрган ва нега бунақа қилишаётганини билиш учун бу ёққа югурган эди. Афсуски, тепадан, арчалар орасидан келганлиги учун уни на Фаррух ва на Моҳирўй кўрган эди.
– Нима қилиб қўйдинг?! – дея Моҳирўй бақириб юборди ва югуриб келди-да, йигитнинг бошини кўтарди.
Фаррухнинг боши ёрилган, базўр нафас оларди.
– Ҳозир, ҳозир, – дея қиз ҳансираб кўйлагини йиртди-да, Фаррухнинг бошини боғлашга тушиб кетди.
Вақтида етиб келгани учун шеригига миннатдорчилик билдирган новча билан Раим яна Моҳирўйнинг иккала қўлидан ушлашди.
– Кетамиз, дадангиз кутиб қолди, – деди новча.
– Йўқол-л-л-а-ринг, итлар, йиртқичлар! – деб Моҳирўй иккаласининг ҳам қўлини силтаб ташламоқчи бўлди, аммо кучи етмади.
Хизматчилар қизнинг чинқириғига, кўзидан оқаётган ёшга ҳам эътибор қилмасдан, уни пастга судраб олиб кетишди. Уларга учинчи хизматчидан кейин етиб келган озғингина, кўзлари мудом ўйнаб турувчи Моҳирўйнинг укаси – Достон ҳам кўмаклашиб юборди. У ҳатто хизматчилардан нима гаплигини сўраб ҳам ўтирмади. Сабаби, новча хизматчининг гапларини эшитганди. Бундан ташқари, у ҳар доим қилган ишларидан камчилик топувчи опасини кўпам ёқтиравермас эди.
Моҳирўйни Тургун Ғаниевичнинг ёнига шу ачфозда олиб боришди.
– Итдан тарқаганлар, менинг қизимни бунақа қилиб олиб келишларингга қандай ҳаддиларинг сиғди?! – дея бақирди у хизматчиларига. – Сенларга қайтариб келинглар дегандим, судраб олиб келинглар демагандим!
Учала хизматчи ҳам бирдан бошларини эгишди. Турғун Ғаниевич асабий равишда уларнинг ҳар бирини шапалоқ билан сийлади.
– Сен чўчқаларни дастидан, – дея гапини давом этказди амалдор, – дам олиш ҳам ҳаром бўлди! Йиғиштирларинг ҳамма нарсани, тамом, кетамиз!
– Хўжайин, тандир пишиб қолганди, – деди раис сохта илжайиб.
– Тандирингни орқангга ур. Падарингга лаънат, шумиди мақтаган чўпонинг?! – деди баттар тутоқиб кетган амалдор.
Кўрпачанинг бир чеккасида бошини эгиб турган Моҳирўй дадасининг гапларидан ялт этиб унга қаради ва ўрнидан турди-ю, шаршара ёнида тепада нима воқеа содир бўлганлигини билолмай гаранг бўлиб турган Марди чўпоннинг ёнига югурди. Бу "шайтон" қизнинг қилиғидан эр-хотин ҳанг-манг бўлиб қолганди.
– Амаки! – деди Моҳирўй шошиб. – Анави гўрсўхталар тепада Фаррухнинг бошига тош билан уриб ёришди. У хушидан кетиб ётибди. Тез бормасангиз, ўлиб қолади!
– Уришди?! – деди Марди чўпон кўзлари олайиб. – Нега уришади?!
– Мен билан қорли қояга бормоқчи бўлгани учун!
Чўпоннинг вужудига титроқ кирди, у раиснинг ёнига югуриб келди-да, ёқасидан ушлаб:
– Агар Фаррухга бирон нима бўлса, биринчи ўринда сенинг қонингни ичаман, кейин анавиларнинг! – деди ғазаб билан.
Раис чўпоннинг важоҳатидан қўрқиб кетди ҳамда унинг қўлларидан ёқасини айирмоқчи бўлди. Бироқ чайир қўлларга кучи етмади. Қайтанга, ўзининг кўйлаги йиртилгани қолди.
– Ў-ў, чўпон! – деди аламидан бўғилиб амалдор. – Кимнинг қонини ичасан?!
Марди чўпон ғазабдан тишини ғижирлатиб бир зум унга қараб турди-да, кейин арчазор томонга югурди.
– Буни, – деди амалдор аламзадалик билан раисга, – йўқ қил!
– Хўп… хўп бўлади, хўжайин, – раис икки қўлини кўксига қўйиб, бошини эгди.
Ҳамма лаш-лушиар машинага ортиб бўлингандан сўнг Турғун Ғаниевич ерга қараганча у ёқдан-бу ёққа бироз юрди-да, раисни ёнига чақирди.
– Хизмат, хўжайин, – деди раис қўлини кўксига қўйиб.
– Машинанинг биттасини ўзим ҳайдаб кетаман. Иккита йигит сен билан қолади. Улар ғордаги "шер"лардан хабар олиб туришсин. Яна очидан ўлдириб қўйма, менга улар ҳали кўп керак бўлади. Чўпон масаласини сенга айтдим. Бир ҳафтадан кейин келаман. Келганимда унинг қораси кўринмасин, – деди амалдор ва машина томонга кетди.
Орқа ўриндиқда ўтирган Моҳирўй Фаррух қонига беланиб ётган баландликка қарағанча йиғлаб, ичида ўзиниўзи қарғарди. "Агар, – дея ўйлаётганди у, – мен ўжарлик қилиб қорга борамиз демаганимда, бечора йигит бундай аҳволга тушиб қолмаган бўларди".
– Моҳи, бунча кўзингдан сувингни оқиздинг? Сенга нима? Битта чўпон ўлса ўлибди-да, – деди машинани бошқариб кетаётган хизматчининг ёнида ўтирган Достон орқасига қараб, опасининг кўз ёш тўкиб кетаётганлигини кўргач.
– Учир овозингни! – деди Моҳирўй аламидан бўғилиб. – Ҳозир ўзингни бир ёқли қилиб қўяман.
– Менда нима айб? – деди ука афтини бужмайтириб.
– Сенам манави гўрсўхталарнинг биттасисан! – дея Моҳирўй хизматчини кўрсатди. – Тушундингми?!
Хизматчи тишини-тишига босди. Хўжайиннинг эркатойи ҳаддидан ошиб бораётгани унинг ғазабини қўзғатди. Аммо у тилини тишлашдан бошқа илож топа олмади. Моҳирўй эса кимдан аламини оларини билмаганидан баттар тутоқиб кетди.
–У-ку, мени бир ўлимдан олиб қолди. Сенлар бўлса, зиғирча ҳам айби бўлмаган одамни қонига беладиларинг, айт, ў-ў, гўрсўхта, унинг нима гуноҳи бор эди?! – дея Моҳирўй хизматчининг елкасига ниқтади.
Хизматчи алам билан ортига бир қараб олди-да:
– Биз буйруқни бажардик, – деди.
– Буйруғинг билан қўшмозор бўл! Тўхтат мошинани, буям сенга буйруқ! Мен тушиб қоламан!
– Жиннимисан?! – деди Достон. – Дадам билиб қолса шу гапларингни, нима дейди?
– Билса билавермайдими, тўхтат машинани деяпман! – дея бақириб юборди бутунлай ақлини йўқотаёзган Моҳирўй.
Хизматчи машина чироқларини ёқиб, олдинда кетаётган Турғун Ғаниевичга "тўхтанг" ишорасини қилди.
Иккала машина ҳам олдинма-кейин тўхташди. Хизматчи шошиб машинадан тушди-да, эшикни очиб, булар томонга қараб турган Турғун Ғаниевичнинг ёнига бориб, Моҳирўйнинг тўполонларидан хўжайинни хабардор қилди.
Жаҳли чиқиб кетган амалдор машинадан салобат билан тушди-да, бир-бир қадам босиб, Моҳирўй ўтирган машина ёнига келди ва:
– Тинчликми, қизим? – деди.
Унинг ўқрайиб қарашидан ҳар доим беғам-беташвиш юрадиган Достон ҳам қўрқиб кетди.
– Дада! – деди Моҳирўй йиғлаган кўйи. – Фаррухда айб йўқ эди. Уни бекорга уришди.
– Бунинг учун ҳали булар жазосини олади, – деди ота хунук илжайиб. – Юр, нариги машинада кетасан.
* * *
Марди чўпон арчанинг шох-шаббалари бирин-сирин юзига урилаётганига ҳам эътибор қилмай ўғлининг ёнига югурар, кўзига ҳеч нарса кўринмас, "Болам, ишқилиб, тирик бўлсин", дея илтижо қиларди. Ниҳоят сирпаниб, қоқилиб ўғлининг ёнига етиб борасола ҳамон қўзини очмасдан хириллаб ётган Фаррухнинг бошини кўтардида:
– Болам, кўзингни оч! Оч, кўзингни, болагинам! – дея йиғлаб юборди.
Сўнг Фаррухнинг ёнида Моҳирўйнинг қонга беланиб ётган кийимидан қолган парчани ўғлининг бошидан ҳалигача сизиб оқаётган қон устига босди.
– Ҳозир, – дея шивирлади ота кўз ёшларини артиб, – ҳозир чайлага етиб олайлик, кейин бошингни яхшилаб боғлаб қўяман. Ҳеч нима кўрмагандай бўп кетасан!
Етмишга кирган чол бўй етган ўғлини кўтариб олди. Чайлагача масофа анчагина олис эди. У ергача одам ҳеч нарса кўтармасдан фақат ўзи юриб борса ҳам ҳолдан тояр эди. Аммо ҳозир Марди чўпон шундай ҳолатда эдики, ўғлини кўтарганча, илдам қадам босиб кетди.
Ярим йўлга еттанида барибир қарилик ўз ишини қилди. Марди чўпоннинг дармони қуриб, ўғлини опичлаш у ёқда турсин, ўзи базўр қадам босадиган даражага келди. Етиб келган жойи яланглик эди. Бу ерда йиртқичлар кундуз кунлари изғимасди. Аммо кечаси ўлжа тополмаган бир оч бўри бор эдики, икки тош наридан ҳам қон исини оларди.
– Шу ерда, – деди Марди чўпон ҳансираб нафас оларкан, – озгина ётиб тур. Мен чопиб бориб, отни миниб келаман!
Хаёлида ўғлини эртароқ чайлага олиб боришдан бошқа ўйи бўлмаган чўпон гоҳ эмаклаб, гоҳ йиқилиб югуриб кетди…
…Фаррух ётган жойдан икки қир наридаги арчазорда бўри увиллади. Димоғига урилган ўзи учун ниҳоятда хушбўй қон исидан сўлаги оқди. Иснинг элас-элас етиб келаётганидан сездики, ўлжа анча нарида. Бироқ очиққан бўри учун ҳозир масофанинг аҳамияти йўқ эди. Шу боис у бир югуриб, бир тўхтаб ўзи томон эсаётган шамолни ҳидлаб кетаверди. Битта қирни бўри жуда оз фурсатда босиб ўтди. Шу пайт бир қаноти синиб учолмай ётган какликка кўзи тушди-ю, бирдан унга ҳамла қилди. Какликни паққос туширган бўри лабини ялади-да, қорни тўймаганидан, яна ҳавони хидлади. Энди шамол бошқа томондан эсиб, унинг бурнига қандайдир ёқимсиз ислар келиб урилди. Бундан жаҳлланган бўри осмонга қараб увлаб юборди-да, умид билан каклик патларини қайта титкилади. Бироқ бир тишлам ҳам гўшт тополмади. Шундан кейин у ортига қайтди. Аммо юз қадамча юрмасидан шамол яна йўналишини ўзгартириб, унинг димоғига бояги ёқимли ҳидни "тақдим" этди. Бўри юришдан тўхтаб, бошини орқа томонга чўзганча ҳавони қайта-қайта ҳидлаб кўрди ва тағин сўлаги оқиб изига қайтди…
…Чайлага нафаси бўғзига тиқилиб етиб келган чўпон бир чойнак сувни олди-да, дарров боғлиқ турган отнинг ипини ечиб, аввалгидек бир сакраб устига минмоқчи бўлди. Аммо уддалай олмади. Сўнг узангига оёғини кўйиб, инқиллаб-синқиллаб отнинг устига чиқиб олди ва от сағрисига қамчи босди. Аммо от ҳам аввалгидек бирдан югуриб кетмади. У чанқаганидан, югуришни истамасди.
– Эганг ўлгур, чуҳ! – деб бақирган чўпон қайта-қайта отни қамчилади.
Шундан кейингина от унинг измига бўйсунди. Бироқ чўпоннинг назарида у жуда секин югураётганга ўхшарди. Шу боис яна савалашда давом этди…
…Бўри ўлжасига юз қадамча чамаси қолганда сўлаги баттар оқиб, югуришга тушди. Аммо ўлжага энди етдим деганда бирдан тўхтади. Бўрини кўриб кўзи косасидан чиққудек бўлган чўпон унга қамчисини отган ва унинг устига от ҳайдаган эди.
Очликдан силласи қуриган бўри кутилмаган рақибини бурда-бурда қилиб ташламоқчи бўлди-ю, бироқ тикилиб турган чўпоннинг ўткир нигоҳларига дош беролмай, алам билан ортига қайтишга мажбур бўлди.
Отдан тушган чўпон қора терга ботиб кетган, вужуди тинмай қалтирарди. У ўғлининг кўксига қулоғини қўйиб, Фаррухнинг юраги ураётганлигига амин бўлгач, озгина ўзига келди-да, "Ўзингга шукр, худойим, боламни яна бир асрадинг-а", деди йиғлоқи овозда пичирлаб. Кейин Фаррухнинг бошига сув қуймоқчи бўлиб чойнакни қидирди, бироқ чойнак чўпон отга минишга қайта-қайта уринган жойида қолиб кетган эди…
…Марди чўпон чайлада Фаррухнинг бошини ювиб боғлади. Бироқ ўғли ўзига келмади. Шундан кейин бошқатдан уни отга ўнгариб, қишлоққа олиб кетди.
Кишлокда одамлардан кўра молларни яхшироқ даволайдиган Мамаюсуф исмли дўхтир бор эди. У Фаррухнинг ёрилган бошини кўриб:
– Ёмон йиқилибди-ку, – деди Марди чўпонга қараб афсус билан бош чайқар экан.
– Бир амал қилиб беринг, умрим етгунча қулингиз бўламан, – деди чўпон кўзида ёш билан.
У ўғлининг бошига тош билан уришганини дўхтирга айтмаган, "Отдан йиқилди", деганди.
– Район баннисасига обориб тикиш керак бу ярани, менда асбоблар йўқ, – мижғовланди Мамаюсуф дўхтир.
– Битта қўй бераман! – деди бирдан Марди чўпон дўхтирга тикилиб.
Шундан кейин дўхтир бироз ўйланиб турди-да:
– Уриниб кўрайлик-чи, – деди паст овозда ва сумка-часини очиб, ичидан қайчи олиб, эринмасдан Фаррухнинг боши ёрилган жойидаги сочни қирқа бошлади.
Унинг бемалолхўжалигини кўрган Марди чўпоннинг ичи қайнаб кетди.
– Балки, – деди у дўхтирнинг қилаётган ишидан кўзини узмай, – аввал укол-пукол қилсангиз яхши бўлармиди?
– Менга ақл ўргатманг! – бирдан бақириб юборди дўхтир. – Нима қилишни ўзим яхши биламан.
Мулзам бўлиб қолган чўпон бошини эгди.
Мамаюсуф дўхтир Фаррухнинг яраси атрофидаги сочларни қирқиб бўлгач, унинг ярасига майдаланган кукун дори сепди ва маҳкам боғлади. Кейин чўпоннинг кўнгли қолмасин деган ўйда иситма туширадиган укол ҳам қилиб қўйди. Айнан жароҳат қай даражада, орқа мияга таъсири борми-йўқми, бунга у қизиқмади ҳам.
– Ана, бўлди, – деди у ишини тамомлагач, илжайиб, – худо хоҳласа, одам бўлиб кетади. Ҳа, анави қўйни эрта-перта олиб келсангиз ҳам бўлаверади. Бугун кеч бўп қолди. Тоққа чиқиб тушишга қийналиб қоласиз, ундан кейин бизда емиш масаласиям анча чатоқ.
Марди чўпон дўхтирнинг ҳамма гапига "хўп, хўп", дея жавоб қайтарди-да, ўғлини опйчлаб ташқарига олиб чиқди.
Фаррух кечга бориб кўзини очди. У бироз шифтга қараб ётди-да:
– Мен қаердаман? – дея сўради ёнида ўтирган отасидан.
– Хайрият, – деди Марди чўпон қувониб, – ўзингга келдинг. Юрагим ёрилишига озгина қолди.
– Нима бўлди? – деди Фаррух туришга уриниб.
– Қимирлама. Сенга мумкинмас ҳали, – дея Марди чўпон ўғлининг кўкрагидан бироз босди. – Худога шукр, уйдасан. Мана, кўзингни очиб гапираяпсан. Энди дарров тузалиб кетасан. Мамаюсуфни одамлар мол дўхтири дейиши бекор экан. Мана, сени дарров тузатиб қўйди.
– Менга нима бўлди? – дея сўради Фаррух ҳайрон бўлиб.
– Э-й-й, эслатма, болам. Одамни шундай пайтда ёлғизлиги билиниб қоларкан. Уруғ-аймоғинг кўп бўлса сенга биров зиён етказишга ҳайиқади. Ҳеч киминг бўлмагандан кейин шундай кўйга солишаркан-да. Бахтингга қарши, энангам эрта ўтиб кетган, на уканг, на аканг бор. Бор-йўғи битта ўзингсан, зурриётим. Агар сенам мени ташлаб кетганингда нима қилардим?.. – дея Марди чўпон бошини эгди.
Жиққа ёшга тўлган кўзини ўғлидан яширди. У шу пайтгача ўғлига бунақа гапларни айтмаганди. Ўзининг, ўғлининг ёлғизлигидан ёзғирмаган эди. Лекин бугун тўлиб кетди. Гапирмаса бўлмади. Ичидагиларни озгина тўккиси келди.
– Ота-а, – деди гапни бошқа томонга бурган Марди чўпонга Фаррух. – Нега мен уйда ётибман?
– Эслолмайсанми? – дея сўради Марди чўпон "Болам хотирасини йўқотиб қўймадимикин?" деган ўйдан хавотирланиб.
Фаррух бошини чайқаб, "йўқ" ишорасини қилди.
– Мени, қўйларни, чайлани эслайсанми?
– Эслайман, – деди Фаррух отасининг бунақа гапларидан ҳайрон бўлиб.
– Шу ёғиям етади. Баччағарнинг болаларини эсингдан чиқариб ташлаганинг яхши. Уларга сен билан мен тенг бўлолмаймиз. Ҳаммасини худога солдим. Худонинг ўзи уларнинг жазосини берсин, – деди Марди чўпон бироз ўзига келиб.
– Анави қиз қаерда? – сўради Фаррух кутилмаганда.
– Қайси? – деди Марди чўпон пешонасини тириштириб, гўё ўзини ҳеч қандай қизни кўрмаганга олиб.
– Анави қиз-чи, йиқилаётганда мен ушлаб қолган? Оти Моҳирўй эди. Қаерга кетди у қиз?
Чўпон чуқур нафас олди. Кейин офтобда кийиб юрилаверганидан асл рангини ҳам йўқотган қалпоғини қўлига олди-да, бошини қашлаб:
– У аллақачон уйига кетиб бўлди. Шу қизни деб сен мана шундай аҳволга тушиб ўтирибсан… Яхшиликни билмаган, ит эмганлар! – деб Марди чўпон энди ўрнидан турмоқчи бўлганида, бели қирс этиб кетди-ю, "Воҳ!" деганча тиззалаб ўтириб қолди.
– Нима бўлди, ота? – дея бирдан ўрнидан туриб кетди Фаррух.
– Ҳайронман, – деди белини ушлаб Марди чўпон, – ўз-ўзидан белим… Сен турма ўрнингдан, ҳозир ўтиб кетади.
Ўғил отасининг гапига қулоқ солмай ўрнидан туриб чўпоннинг қўлтиғидан ушлади ва унинг туришига кўмаклашди. Бир амаллаб ўзини ўнглаб олган чўпон Фаррухнинг оёққа туриб кетганини кўриб суюниб кетди. Ва белини ушлаган кўйи ташқарига юрар экан:
– Қўйларам бугун очидан ўлди, – деди.
Шу куни улар қишлоқдаги бор-йўғи битта хонаси бўлган уйида қолишди. Ота тоққа кетай деса, бели кўп "айтганини" қилмаяпти. Ўғлини жўнатай деса, унинг аҳволи отасиникидан баттар. Шундан кейин у Фаррухга бир кеча шу ерда қолишларини айтиб, қўйларни худога топширди.
Эртасига ота-бола чайлага боришганида уларни раис, амалдорнинг новча хизматкори ва ўзларининг қишлоғидан Сайфи исмли қирқ беш-элликлар атрофидаги сочи пўстак бўлиб кетган одам кутиб турарди.
– Қўйларни кимга топшириб кетгандингиз, Марди ака? – деди раис совуқ иржайиб, ота-бола ҳали отдан тушмасларидан бурун салом-атикниям яқинига бормай.
Чўпон жавоб қилмади. Бунинг ўрнига отдан тушмоқчи бўлди. Иложини қилолмади. Бели қаттиқ оғриганидан, унинг афти бужмайиб кетди. Отга минаётгандаям оғриқ бўлганди. Лекин бунақа даражада эмас. Боши боғланган Фаррух эса сакраб тушди.
– Отданам тушолмай қолган экансиз, айтмайсизми, дарров ўрнингизга одам қўйиб қўймаймизми? – деди раис Марди чўпоннинг ҳолатини кўриб ичида қувонар экан.
– Қўй керакми сенга?! – деди жаҳл билан Марди чўпон. – Ана, олавер. Менинг эллик йил бу қўйларнинг орқасидан чопганим етар, энди бошқаларам боқсин-да.
– Мен ўзим келганим йўқ, Марди ака. Мени шу ерга олиб келишгандан кейин қўй боқасан, дейишди, – деди Сайфи пўстак бирдан гапга аралашиб.
– Ўчир! – дея унга бақирган раис Сайфининг бошига шапалоқлаб урди. – Шунақанги лақмалигинг бўлса боқмаслигинг аниқ.
– Чайлани бузиб ташлаймиз, бўрибосарларниям ўзимиз билан олиб кетамиз! – деди келганидан бери новчага ўқрайиб қараб турган Фаррух.
– Сен бола, – деб кулди раис, – айниб қопсанми? Илгари туппа-тузук эдинг. Ёки каттани қизи бошингни айлантириб қўйдими?
– Шунга бошини боғлаб олганга ўхшайди, – деб кулиб юборди новча.
– Ҳов, итдан тарқаган! – дея бирдан бақирди Фаррух. – Ҳали сенинг энангни кўзингга кўрсатаман!
Тирмизаккина боланинг оғзидан чиққан гап новчанинг суяк-суягигача етиб борди. У Фаррух томонга юра бошлади.
* * *
Уйга етиб келганларидан кейин Моҳирўй ўзининг хонасига қамалиб олди. Бундан Зулайҳонинг фиғони фалакка ўрлади. "Падарингга лаънат етимча! – дея ўйлади у. – Шунча вақт кўнглингга қараб келдик. Индамасак, бошимизга чиқиб, билган нағмангни чаласан, шекилли? Бир танобингни тортиб қўйиш вақти келиб қолганга ўхшайди".
– Дадаси, – деди Зулайҳо диванда ўтириб бир нуқтага тикилиб қолган эрига, – бу қиз билан очиқчасига гаплашиб қўймасам, кўп майнавозчиликлар қиладиганга ўхшайди.
– Нима қилмоқчисан? – деди эр ҳолатини ўзгартирмай.
– Кимлигини эслатиб қўйиш вақти келиб қолмадимикин?
Турғун Ғаниевич хотинининг гапидан кейин бирдан унга ўқрайиб қаради.
– Товуқмия бўлиб бораяпсанми кундан-кунга, – деди у Зулайҳога, – қачон қарама, битта фалокатни бошлаб юрасан.
Зулайҳо шу пайтгача эридан бундай қўпол ҳақорат эшитмаганди. Амалдорга тикилган кўйи музлагандек қотди. Унинг бундай безрайиб туриши амалдорни баттар "тутатиб" юборди.
– Нимага менга бундай анқайиб қараб қолдинг?! – дея бақирди у.
– Мен сизни танимай қолдим, – деди Зулайҳо кўзи ёшга тўлиб, – сиз мутлақо бегона одамга ўхшаб кўринаяпсиз.
– Қачондан бери? – дея мийиғида илжайди амалдор.
– Бунга анча бўлди. Менимча, ўзингизни осмонга чиқиб кетганман, деб ўйлаяпсиз. Ҳали шошманг, бунинг учун озгина вақт бор.
Амалдор ўрнидан туриб кетди.
– Мени қўрқитмоқчи бўлаяпсанми?!
– Сизни мен қўрқитмайман. Сиз қўрқиш даражасидан ўтиб бўлдингиз. Ҳар эҳтимолга қарши, айтиб қўйяпман-да, – дея Зулайҳо ортига бурилди-ю, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди.
Хотинининг бу тахлит муомаласи Турғун Ғаниевични бироз довдиратди. У Зулайҳо бошини эгиб қолса керак, деб ўйлаганди, аммо у худди отаси тириклигидагидай бурро-бурро гапирди. Ҳатто эрига таҳдид қилишдан ҳам тоймади.
Алам билан ошхонага кирган Зулайҳо музлаткични очди-да, ярми ичилган ароқ шишасини олиб пиёлага тўлдириб қуйди ва бир кўтаришда ичиб юборди. Орқасидан газак ҳам қилмай, столга ўтирди. "Кўрнамак, – дея пичирлади унинг лаблари, – ҳали мен товуқмия бўлиб қолдимми? Ўзинг қачон одамга айланганингни эсингдан чиқарганга ўхшайсан. Майли, ҳали кўрамиз… Ўз қизингга айланган гўдакка қандай қараш қилаётганингни сезиб юрибман. Агар гумоним тўғри чиқса, ўша ўзим эркалаб катта қилган қизни бўғиб ўлдираман".
Шу пайт айвондаги телефон асабий жиринглаб қолди. Зулайҳо ўрнидан эриниб турди-да, бориб гўшакни кўтарди.
– Алё, – деган ёқимли овоз келди симнинг нариги учидан. Бу овозни эшитиб аёлнинг бирдан юзига табассум югурди, – безовта қилиб қўймадимми?
– Вой, нега, ўзим ҳозиргина ўйлаб турувдим, – деди Зулайҳо эшик томонга бир қараб олиб. – Телефон ҳам қилмай кетдингиз. Қанчадан бери кутаман. Берган кўйлагим битай деб қолдими?
– Уйда душман борми, дейман? – деган овоз келди гўшакдан.
– Да-а-а, – деди Зулайҳо лабини буриб.
– Яхши, қачон учрашамиз?
– Битдими, озгина чаласи қолди? Ну ладно, ҳозир бораман, – деб гўшакни қўйди Зулайҳо.
Аёл бироз ўйланиб тургач, тағин қовоғини уйиб ётоғига кирди.
Турғун Ғаниевич хотинининг телефондаги гапини эшитгандан сўнг энсаси қотди. "Икки ҳафта олдинам бу ойимча кўйлак тиктирганди. Кўйлакка тўймайдими, нима бало, яна бошқасини тиктирибди", дея ўйлади ҳамда шишада қолган пивони охиригача ичиб бўлгач, ташқарига чиқди.
Зулайҳо ҳатто эридан рухсат ҳам сўрамасдан уйидан чиқди. Хўжайинининг хотини пардоз-андоз қилиб йўлга отланаётганини кўрган хизматкор дарров унинг қаршисига чиқиб:
– Хизмат борми? – дея сўради.
– Керакмас, – деди Зулайҳо зарда билан ва унинг ёнидан шиддат билан ўтиб кетди.
Кўчага чиққанидан кейин такси тўхтатиб манзилни айтди-да, машинанинг орқа ўриндиғига ястаниб ўтириб олди ва орқасига бир қараб қўйди.
Такси шаҳарнинг нариги чеккасидаги кўп қаватли уйларнинг бири ёнига борганидан кейин тўхтади. Зулайҳо пастга тушаётиб ҳам орқасига бир қараб олишни унутмади.
Учинчи қаватга кўтарилганида у кириши керак бўлган уйнинг эшиги очиқ эди. Буни кўриб Зулайҳо "чевар"нинг ақллилигидан қувониб кетди ва эшик қўнғироғини босиб ҳам ўтирмасдан ичкарига кирди.
Меҳмонхонада Тўйчи оёғини чалиштирганча сигарета чекиб телевизорга тикилиб ўтирар эди. Зулайҳо бир-бир қадам босиб унинг ёнига келди-да, кўзини беркитди.
– Бизни шунчалик соғинтирган санам наҳотки етиб келган бўлса? – деди Тўйчи Зулайҳонинг дўмбоқ қўлини силаб.
– Кутдириб қўйдимми? – деди Зулайҳо ўзига ярашмаган ноз билан қўлини секин олар экан.
– Кутдириш ҳам гапми, минг йиллар ўтиб кетгандай бўлди, – деди Тўйчи ва жувоннинг қўлидан ушлаб ўзи томонга тортди…
* * *
Кўзидаги ёш қуриб битгунча ёстиқни қучоқлаб ётган Моҳирўй чуқур нафас олди-да, ухламоқчи бўлиб кўзини юмди. Бироқ уйқу ҳам унга хиёнат қилганча, ўзига бошқа мижоз қидириб кетди. Шундан кейин Моҳирўй шифтга қараб ётиб олди.
Елкалари кенг, қўлларининг чайирлигидан томирлари бўртиб чиққан, юзи офтоб нурида бироз қорайган, гўзал табассумга эга бўлган, овози энди-энди дўриллай бошлаган чўпон йигит – Фаррух унинг ақлини бутунлай олиб қўйган эди. Моҳирўй ўзига ошиқ бўлган, доим соясалқинларни хуш кўрувчи юзлари оқ шаҳар йигитлари билан уни таққослаб кўрди. Лекин уларнинг биронтаси ҳам Фаррухнинг ҳатто яқинига йўлай олишмади. "Менинг шаҳзодам фақат ўша чўпон йигит бўлади", дея хаёлидан ўтказди у. Сўнг йигит Моҳирўй пастга ўзини тўхтатолмай югуриб кетаётганида ушлаб қолгани, бирга йиқилган Фаррухнинг кўксига бошини қўйиб ётгани ҳақида ўйлади ва ширин энтикиб қўйди.
Моҳирўйнинг эшиги қия очилди. Одатда, унинг хонасини тақиллатишар эди. Келгувчининг сўроқсиз эшик очиши, бунинг устига, ширин ўйларини бузгани Моҳирўйнинг жаҳлини чиқариб юборди. У нафрат билан эшикка қаради. Бироз ўтиб Достоннинг боши кўринди.
– Пишириб қўйибдими?! – дея бирдан бақириб юборди Моҳирўй уни кўрган заҳоти.
– Нимага бақирасан? – дея ўдағайлади Достон ҳам.
– Нега менинг хонамга сўроқсиз кирдинг?
– Дадам: "Чақириб кел", деди. Бўлмаса умуман кирмасдим, – деди Достон, кейин паст овозда: – ўлиб кетсанг ҳам, – дея қўшиб қўйди.
Моҳирўй укасига ўқрайиб қараб турди-да:
– Нима ишлари бор экан? – деди.
– Мен қаёқдан билай? – деб Достон шартта ортига ўгирилиб чиқиб кетди.
Моҳирўйнинг ранги синиқиб қолганини кўрган Турғун Ғаниевич қизи ёнига келиши билан уни қучоқлади.
– Мени кечир, қизим, – деди сохта синиқ овозда, – сени дам олишга олиб бориб хафа қилиб қўяман, деб ўйламаган эдим.
Дадасининг гапларидан кейин Моҳирўйнинг яна кўнгли бўшаб кетди. Кўзида ёш жилваланди.
– Буниси энди ортиқча, – деди амалдор қизини қучоғидан бўшатгач, унинг кўзидаги ёшни кўриб, – айбимни ювиш учун бугунги концертга уканг икковингга билет олиб қўйдим. Бориб бир яйраб келасизлар.
– Ҳеч қачон! – деб бирдан бақириб юборди Моҳирўй. – Достон билан бирга бормайман!
– Ҳалиям ит-мушукликларинг қолмадими? – деди Турғун Ғаниевич бошини сарак-сарак қилиб кулар экан.
– Унда анави хизматкор билан бирга борасан. Уйда бунақа қилиб сиқилиб ўтиришингга мени кўнглим бўлмайди.
Моҳирўй бирдан йўқ демоқчи бўлди-ю, сўнг дарров тилини тишлаб қолди. Унинг хаёлига яшин тезлигида бир шумлик келган эди. Бу шумлик ҳатто унинг гўзал лабида жилмайиш ҳам пайдо қилди. Қизида рўй берган бунақанги тез ўзгаришдан амалдор бошқача хаёлга борди. Ва: "Гапимни қайтиб олсамми?" дея ўйлади ҳам. Бироқ у ўзи айтган таклифни қайтариб олишига энди кеч бўлганди. Шундай қилса, қизининг олдида бебурд бўлиб қоларди.
– Фақат сизларни олиб келишга ўзим бораман, шу баҳонада озгина шамоллаб келаман, – дея қўшиб қўйди амалдор.
Моҳирўй индамай бошини эгди-да, дадаси яна биронта гап айтармикин, дея кутиб турди. Амалдор бошқа сўз айтмагач, у ўзининг хонасига борди-да, концерт режасини туза бошлади.
Турғун Ғаниевичнинг юраги сиқилди. У тоғдан қайтиб келганидан бери ўзига келолмаётганди. Шу боисдан тинимсиз пиво ичиб турганди. Бироқ пиво ҳам унинг сиқилишини тарқатиб юбора олмади. Ўлганнинг устига тепгандай қилиб хотинининг: "Жа, осмонга сакрайверманг, бунга ҳали вақт бор", деган гапи унга наштардай ботганди. "Шунга уйланганимдан бери сочим оқарди, қанчаси тўкилиб ҳам кетди. Аёл боши билан отаси тириклигида менга озмунча зулм ўтказдими? Камситишлар, келиб чиқишимни қайта-қайта эслатаверишлар… Менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида аллақачон қон босими ошиб ўлиб кетган бўларди. Яхшики, иродам метиндан экан. Энди менинг даврим ҳам келди. Унинг суянадигани йўқ. Қариндошларининг ҳаммасидан ҳар томонлама устунман. Шундай экан, бунақа ялмоғизнинг баҳридан ўтиб қўйишим зарур", – дея хаёл сурганча уйнинг ичида Турғун Ғаниевич у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
* * *
Моҳирўй хизматчи билан концерт залининг олдинги қаторларидан жой олгач, хонанданинг чиқишини кута бошлади. Аксига олиб, қўшиқчиям тезда кўринавермади. Қиз сиқилиб кетганидан бир-икки марта уф тортиб ҳам юборди. У ёнида тиржайиб, дунёда ўзидан бахтли, омадли ҳеч ким йўқдай ўтирган хизматчини илгаридан ёмон кўрарди. Кўзи доим олма-кесак терадиган бу одам Моҳирўйларнинг уйига келган куниёқ унга ғалати қараш қилганди. Шунда қиз "Намунча совуқ бунинг қарашлари?" – дея ўйлаган, бироқ ўз ўйини ҳеч кимга айтмаган эди. Бироқ кун сайин Мамарасул (хизматчининг исми шундай эди) Моҳирўйга еб кўйгудек қарашда ҳаддидан ошиб бораверар, бирорта баҳона топиб қиз билан гаплашишга ҳаракат қиларди. Унинг бунақа қилиқларидан безган қиз икки-уч марта хизматкорнинг хурмача қилиқларидан отасини хабардор қилиб қўймоқчи ҳам бўлди. Лекин турли сабаблар чиқавериб, қизнинг ичидагилари ташига чиқмай қолаверди.
Мамарасул Моҳирўйнинг сиқилишига эьтибор ҳам қилмади. "Эртароқ концерт бошланса-ю, қизга тиқилиброқ ўтирсам, иложини топиб у ёқ-бу ёғидан ушласам", деган хаёлда эди у. Ниҳоят қиз билан хизматчи интиқиб кутган дақиқалар ҳам келди. Бошловчи хонандани обдон таърифлаб, саҳнани тарк этгач, қорин қўйган ҳофиз унинг ўрнини эгаллади. Ҳофизни кўриб Моҳирўйнинг афти бужмайди. Бу хонанданинг қўшиқларини у мутлақо ёқтирмас, телевизорда чиқиб қолсаям дарров бошқа каналга оларди. Бир хаёл шу заҳоти кетворсамми деб ўйлади. Кейин бирданига тузган режаси ёдига тушиб, ниятидан қайтди. Ўзини хурсанд кўрсатиш мақсадида бошқаларга қўшилиб қарсак чалди. Бурилиб Мамарасулга қараганча, унга табассум ҳадя қилди.
Ёнгинасида ўтирган ниҳоятда гўзал санамнинг бундай инъомидан сўнг йигитнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У жойида ўтиролмай қолди. Аввал Моҳирўй томонга бироз энгашди. Уларнинг елкалари туташ келди. Қизнинг яланғоч елкасидан ўтаётган ҳароратдан Мамарасулнинг эти жимирлаб кетди. У озроқ фурсат шунга қаноат қилди, лаззатланди. Кейин бу унга камлик қилаётгандай туюлаверди ва кўпроқ нарсага эришиш мақсадида секин, ички бир ҳадик билан қизнинг билагига қўлини юборди. "Ҳозир етиб боради, секин ушлайман. Кейин силайман… Индамаса, белига қўлимни юбораман…" деган ширин орзуда эди у. Мамарасулнинг қўли қизнинг бармоқлари ёнига жуда яқин борди. Аввал у жимжилоғини Моҳирўйнинг оппоқ бармоқларига теккизди. Қиз қўлини бирозгина тортган бўлди. Бундан ўзгача бир далда олган хизматчи секин унинг қўлини ушлаб олди. Моҳирўй унга жилмайиб қаради-да:
– Мумкинмас, – дея қўлини тортиб олди.
Қиз бу сўзни шунақа бир назокат, ноз билан айтдики, йигит уни қучоқлаб олишига сал қолди.
Шу пайт ҳофиз биринчи қўшиғини тугатди. Моҳирўй ўрнидан туриб қарсак чалиб юборди. Мамарасулга унинг туриб кетиши шунчалик ёқмадики, ғазаб билан тишларини ғижирлатиб қўйди.
– Яхши айтди-я, – деди қиз жойига қайта ўтираётиб.
– Яхши, – деди Мамарасул қовоғи бироз осилиб. Ҳофиз иккинчи қўшиғини бошлагач, хизматкорнинг қўли яна ишга тушди. Бироқ қизнинг бир марта хўмрайиб қараши унинг шаштини қайтарди. Ноилож қолган Мамарасул қўшиқ тинглашга мажбур бўлди.
Концерт ўрталарига етганда, Моҳирўй Мамарасул томонга бурилиб:
– Мен ташқарига чиқиб келаман, – дея секин пичирлади, – сиз шу ерда ўтириб туринг. Жойимизни бошқалар олиб қўймасин тағин.
Хизматчи қўшилиб бормоқчи бўлганида қиз "Сизга мумкинмас", дея уни жойига михлаб қўйди.
Моҳирўй ташқарига чиқди-ю, тўғри келган биринчи кўчага қараб югуриб кетди. Талай муддат чамаси югургач, тўхтаб орқасига ўгирилди-да, жилмайиб қўйди.
* * *
Нафси қонгач, Зулайҳо Тўйчини нари суриб, инқиллаб ўрнидан турди.
– Одам қарийверса, ҳеч нарсага ярамай қоларкан. Шунчалик чарчатиб ташладингки, суякларимгача зирқираб кетди-я! Лекин шу нарса ёқса нима қилай!.. Анави бир оёғи гўрнинг тубига бориб қолгандан умид йўқ, – деди у ва оғир қадамлар ташлаб ювиниш хонаси томон юрди.
– Унда озгина ёрдам бериб юборилса, гўрга тушиб кетар экан. Кейин бехавотир, а?.. Нима дедингиз, хоним? – деди Тўйчи аёлнинг орқасидан.
– Сўнг сен мени боқасанми? – дея тўхтаб орқасига ўгирилди Зулайҳо.
– Бир амаллардик.
– Бир амал билан менинг қорнимни тўйғазиб бўлмайди. Мен катта еб ўрганиб қолганман. Сен мен хоҳлаган ишга ярайсан. Шунинг учун қўлингдан келадиган ишни қилиб юравер, – деди мийиғида кулиб аёл ва йўлида давом этди…
Улар диванда ёнма-ён ўтирганларида аёлнинг ҳасрат қилгиси келиб қолди. Унинг ичидаги "юк" тинимсиз босаётгандек эди.
– Ўгай бола ҳақиқатан ҳам оғзи-бурнингни қон қиларкан, – деди у худди ўз-ўзига гапираётгандай.
– Нега унақа деяпсиз? – сўради Тўйчи ҳайрон бўлиб.
– Канақанги ўгай?
– Кўп нарсани билмайсан-да. Оҳ, қанчалик қийинчиликларни бошимдан ўтказаётганим фақат ўзимга ва худога аён.
Тўйчи кулиб юборди.
– Сизлар ҳам худога ишонасизларми? Амалдорлар Худо йўқ, дейишади-ку.
Зулайҳо жазманига хўмрайиб қаради. Бошқа пайт бўлганида унга яхшилаб бобиллаб берган бўларди.
– Мен-ку, азалдан ишонаман. Ҳар қадамимда уни эслайман.
– Мен билан ишрат қилаётганингиздаямми? – деди Тўйчи тиржайиб.
Бундан аёлнинг фиғони фалакка етди.
– Сен нималар деб валдираяпсан?! – деди жахл билан.
– Пардон!.. – деди ҳамон куйдирилган калладай иршайиб турган Тўйчи. – Билмасдан оғзимдан чиқиб кетибди.
– Ўзи ўйнашдан дўст чиқмайди, деб бежиз айтишмаган экан. Мен дардимни айтмоқчи бўлсам, сен менинг устимдан куласан, – деди Зулайҳо ўксик овозда.
– Товба қилдик, дедим-ку. Хоҳласангиз оёғингизга бошимизни урамиз, маликам, – кечирим сўраган бўлди қўлини кўксига қўйган Тўйчи.
– Эрим охирги пайтларда айниб қолди. Аслида у аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай. Фақат анави ҳаромзода кундан-кунга унинг олдида қилпаланглаб, миясини айнитаяпти, – деди Зулайҳо Тўйчининг кечиримига эътибор ҳам қилмай.
Тўйчи диванга ястаниб ўтириб олди.
– Ким экан у?
– Ким бўларди, ўгай қиз-да (Қизим дейишга тили бормади унинг).
– Ҳали ўгай қизингиз ҳам борми? Мен билмаган эканман. Бир қизингиз борлигидан хабарим бор. Лекин қаёқдан ўгай қиз топиб олдингиз, шунисига ҳайронман. Ёки Турғун Ғаниевичнинг бошқа хотиниям…
– Канақа бошқа хотини, агар бошқасини топганида бир кун ҳам яшатмаган бўлардим. Ўша сен биладиган қиз ўгай-да. Уни ёшлигида асраб олганмиз, шунинг учун ҳеч ким билмайди. Моҳирўйнинг ўзи ҳам. Мана, биринчи марта сенга айтаяпман… Ёмон томони, ўйлашимча, эрим ўзининг қизига ошиқ бўп қолганга ўхшайди.
– Йўғ-э! – деди Тўйчи кўзлари ола-кула бўлиб. – Даҳшат-ку, а!..
– "Кошмар", десанг-чи! Ҳеч замонда ота қизигаям ошиқ бўладйми?
–– Ўгай экан-ку.
– Барибир қизим деганми? Бу эркакларнинг ҳаммаси бир гўрми дейман. Сенам эримнинг ёнини оласан. Ундан кейин уларнинг ёши орасида осмон билан ерча фарқ бор!
– Нима қилмоқчисиз? – дея сўради Тўйчи Зулайҳонинг елкасига қўлини қўйиб.
– Бошим қотган. Қизни бир бало қилиб юборай десам, ёшгина жони увол бўлади. Индамай юраверай десам, Худо кўрсатмасин, эртага бирон гап чиқиб қолса… Ўн еримга пичоқ урсамам жойига тушмайди.
– Ҳа-а, вазият ҳам оғир, ҳам қалтис.
– Миямга бир фикр келиб қолди, – дея бирдан Зулайҳо жазманига қаради, – Сен ёрдам бериб юборолмайсанми?
– Қандай қилиб?
– Оддий. Қизни йўлдан урасан. Кейин сенга турмушга бериб юбораман-у қутуламан.
– Ўзлари кейин қийналиб қолмайдиларми, ишқилиб? Ҳар қалай, таъминлаб турибман.
– Оҳ! – дея бошини ушлади Зулайҳо. – Бу ёғиям бор-а ҳали… Унда… Унда сен битта ўртоғингни топасан. Ёшроқ бўлсин.
У қушчани икки марта кўрганман. Кетворган нарса. Шундай қизни бировга бериб қўйсам, умрбод ўзимни кечирмасам керак. Яхшиси, бу кампирнинг қулоғига лағмон илиб, ўзим унга эга чиқаман", – дея хаёлидан ўтказди Тўйчи.
– Агар сиз шуни хоҳласангиз, мен ташкил қилишим мумкин. Аммо битта лекини бор. Қизнинг ниҳоятда гўзаллигидан хабардорман. Шундай қизни, яна кимсан Турғун Ғаниевичнинг эркатойини беш-бегонага текиндантекинга бериб юборишимиз инсофнинг ҳеч битта қиррасига тўғри келмайди, – деди у аёлни озгина юмшатиш мақсадида.
– Менга деса, – деди Зулайҳо ўқрайиб, – итларга хотин бўлсин! Хонадонимдан йўқолсин!
– Гап бўлиши мумкин эмас, ҳеч кимга насиб этмайдиган қилиб қўяқоламиз бирданига. Шунда сизнинг безовталанишингизга ўрин қолмайди. Келишдикми?
– Қаттиқ кетиб қолмаймизми? Всё-таки ёшлигидан катта қилганман.
– Мен фақат сизнинг безовта бўлмаслигингизни ўйлаб шундай дедим. Фақат пулини олдиндан берасиз.
– Жуда ишингга пухтасан-да. Майли, мен аввал ўйлаб кўрай, кейин сенга қўнғироқ қилиб, нима қилиш кераклигини айтаман, – дея Зулайҳо нарсаларини йиғиштир-ди-да, кетиш учун эшик ёнига боргач, жазманига ҳаводан ўпич йўллади.
– Ҳали тикувчиникидан битта кўйлак ҳам олишим керак, – дея аёл тўнғиллаганча ташқарига чиқиб кетди.
Зулайҳо уйига етиб борганида амалдор кийиниб, энди машина ёнига келган эди. Хотинининг шошиб кириб келаётганини кўрган Турғун Ғаниевич бир зум тўхтаб унга қараб турди-да, сўнг машинага ўтирди.
– Йўл бўлсин? – деди хотини унинг ёнига келиб.
– Хоним, сиз тоққа бориб келиб ҳам чарчамаган экансиз, мана, тўрт соатга яқин қаёқлардадир санқиб келдингиз. Ўйлаб қарасам, менда ҳам чарчоқ йўқ экан. Энди мен ҳам сиздайин шаҳарда гадой қопимни кўтариб бир айланиб келайин, – деди эр киноя билан.
– Биз гадой бўлиб қолибмизми? – деди хотин ҳам бўш келмасдан.
– Шунча вақт йўқ бўлиб кетганингиздан кейин сизни бошқа нима деб аташ мумкин? – деди Турғун Ғаниевич қовоғини уйиб.
Унинг гапи Зулайҳога қаттиқ ботди. Илгарилари Турғун Ғаниевич ҳечам бундай муомала қилмасди. Хотини қай маҳал уйига келишидан қатъий назар, "Яхши келдингизми, чарчамадиларми?" – дерди кулиб. "Отам ўлиб, тилинг ҳам чиқди, қарашларинг ҳам ўзгарди. Сен билан шунча йил битта ёстиққа бош қўйиб, энди кимлигингни билаяпман. Кўрамиз ҳали, бу айёрликларинг билан қаергача борасан?.. Ҳали анави кўнглинг кетган қизча ҳам керагича "мукофот"ини олади", – дея ўйлади аёл ва тез-тез юриб уйига кириб кетди. Унинг ортидан бироз қараб турган амалдор машинасини юрғазди.
Концерт саройи олдида дам у ёққа, дам бу ёққа югуриб юрган одамни кўрган Турғун Ғаниевич "Жиннипинни бўлганми бу?" дея хаёлидан ўтказди. Машинасини бир четга тўхтатиб, ўша одамнинг олдига боргач эса капалаги учиб кетди.
– Мамарасул! – дея бақирди у ақлини йўқотаёзган йигитга қараб. – Нима бўлди?!
Хўжайинини кўрган Мамарасул баттар довдираганча, унинг ёнига югуриб келди.
– Хўжайин… Хўжайин! – деди у ҳовлиқиб. – Қизингиз ҳозир келаман, деб ташқарига чиқувди, анчагача ичкарида кутиб ўтирдим, келмади…
– Ҳе, онангни… Бирга чиқсанг ўлармидинг, ифлос?! Топ тез, топмасанг терингни шилиб сомон тиқаман!
Амалдорнинг дўқ-пўписасидан Мамарасулнинг кўзидан ёш чиқиб кетди. У концерт саройининг ичига қараб югурди. Бу пайтда концерт тугаган, томошабинлар ташқарига чиқишга ошиқарди…
* * *
– Ҳозир тилингни орқангга тиқиб қўяман! – деди новча хизматкор Фаррухнинг яқинига бориб ва унинг юзига шапалоқ тортиб юборди.
Орқага тисарилиб кетган Фаррух қўлига ерда ётган кичкина тошни олди-да, новчага қараб улоқтирди. Новча-ку, энкайиб қолиб, келаётган тошга чап беришга улгурди. Аммо раис пешонасига тош келиб тегишини мутлақо кутмаган эди. У "уҳ!" дея ўтириб қолди.
– Нима қилдинг, мараз?! – деди ортига қараб, раиснинг пешонасидан оқаётган қонни кўрган новча.
– Ҳозир сениям абжағингни чиқараман! – деб бақирди Фаррух.
– Кўйинглар, қўйинглар! – югуриб келган Сайфи Фаррухни қучоқлаб олди. – Сен ёшсан, битта гапдан қол.
– Кўйвор мени! – дея Сайфига бақирди Фаррух. – Сенларнинг ҳамманг бир гўрсан.
– Онангни эмгурнинг боласи, тоза жонимга тегиб кетдинг-ку! – дея бўкирганча новча югуриб келди-да, Фаррухни тепди.
Йигит биқинини ушлаганча ерга қулади.
– Тегма унга! – дея хитоб қилган Марди чўпон отдан тушмоқчи бўлиб энгашган эди, гуп этиб ерга қулади.
У йиқилган жойда чанг кўтарилди. Буни кўрган Фаррух новча билан уришаётгани-ю, биқинида пайдо бўлган оғриқни ҳам унутиб, югурганча келди.
– Ота! – деди у кўзида ёш билан. – Ҳозир ҳаммасининг энасини кўзига кўрсатаман!
Марди чўпон қалтироқ қўли билан ўғлининг енгидан тутди.
– Қўй, – деди ота оғриқнинг зўридан афти буж-майиб, – улар билан тенг бўлма. Ҳамма нарсани олсин, уларнинг битта чўпиям бизга керакмас.
– Қамаласан! – дея бақирганча раис уларнинг тепасига пешонасидан оқаётган қонни қўлрўмолчаси билан артганча келди. – Умринг қамоқда ўтади.
Фаррух азбаройи отасининг бир оғиз гапидан кейин тишини-тишига босиб чидаб турди. Новча яна хезланиб келганди, уни раис тўхтатди.
– Индама, бу кўрнамакларни ҳали туғилганига пушаймон едираман, – деди у, сўнг Сайфига қараб: – Бор, қўйларни қўрадан чиқар-да, боқиб кел! – дея буйруқ бериб, ўзи машинаси томонга кетди.
Фаррух душманлари кетиб бўлгач, отасининг туришига ёрдамлашмоқчи бўлиб, қўлидан кўтармоқчи бўлганида, Марди чўпон инқиллаб юборди-ю, қўли билан "қўй, қўй" ишорасини қилди. Кейин бироз чуқур-чуқур нафас олиб ётгач, афти тиришиб-буришиб секин чўккалаб ўтирди. Сўнг бир муддат кўзини юмиб ўтирди-да, ёнида ўзига термулиб турган Фаррухга отни олиб келишни буюрди. Ўғли унинг айтганини бажаргач, Марди чўпон отнинг олдинги оёғини силаганча "чўк, жонивор, чўк", деди юмшоқ овозда. От думи билан устига қўнган чивинларни ҳайдаган бўлди-да, секин эгасининг ёнига ётди.
Буни унга Фаррух ёшлигида ўргатган эди. Аввал битта қанд берган, кейин "Ёт! Ёт!" теб тойчоқнинг бўйнидан босган. Бироқ ҳеч нарсага тушунмаган той унинг айтганини бажармаган, шунда Фаррух яна қанд билан сийлаган ва тағин ётишга даъват қилганди. Биринчи кун ҳеч нарсага эришилмади. Бироқ бир ой мобайнида шундай қилавергач, ахийри тойчоқ унинг амрига бўйсунган, бора-бора қанд ейиш умидида Фаррухни кўрди дегунча унинг ёнига ётиб оладиган бўлганди. Улғайгач эса фақат буйруқ берилгандан кейингина отларга хос бўлмаган амални бажарадиган бўлди.
Чўпоннинг ёнига ётган от умид билан Фаррухга қаради. Аммо эгасидан бу сафар "иссиқ"лик чиқмади. Шундай бўлса-да, от ўрнидан туриб кетмади.
Отасини бир амаллаб эгар устига қорни билан ётқизган йигит отни турғазди…
…Ҳовлисидаги чорпояда чордона қуриб ўтириб олган Мамаюсуф дўхтирга Фаррух: "Отам сизни чақираяпти", деб айтган эди, бирдан дўхтирнинг юзи ёришиб кетди.
–Отангга айт, ҳозир бораман, – деди у Фаррухга юмшоқлик билан ва "Ё бисмилло", дея ўрнидан тураркан, "Нима қиларкан, мени овора қилиб? Ўзи етаклаб келсаям биров уришмасди", деб тўнғиллаб қўйди. Кейин "Балки, "Қўйларнинг орасидан ўзингиз танлаб олинг, деб айтар", дея хаёл қилиб энтикиб қўйди.
Марди чўпоннинг ҳовлисига келгандан кейин эса унинг бирдан ҳафсаласи пир бўлди. Чунки атрофда биронта ҳам қўй кўринмас эди. Уй ичкарисида чўпоннинг кўрпатўшак қилиб ётганини кўргандан кейин дўхтирнинг фиғони фалакка ўрлади. Шундай бўлса-да, умид билан чўпоннинг ёнига келиб, у билан қуюқ саломлашди.
– Сизгаям роса дардисар бўлдик, – деди Марди чўпон, – энди ўзим йиқилиб ўтирсам денг…
– Бунақа йиқитадиган отнинг баҳридан ўтиш керак. Нима бўлди ўзи, қаерингиз оғрияпти? – дея қўй олиш умидини йўқотмаган кўйи Мамаюсуф дўхтир унинг қўл томирини ушлаб кўрган бўлди.
Чўпоннинг юраги тез урар, қон босими ошганди. Лекин дўхтир бунга парво ҳам қилмади.
– Ҳаммаси зўр, – деди у илжайиб, – энди, ака, сиздай бақувват одамга арзимаган касалликни деб ётиб олиш уят бўлади.
– Шу белим оғриб қўймаяпти-да, – деди Марди чўпон Мамаюсуфнинг мақтовидан кейин худди ҳеч қаери оғримаётгандек ўзини жиддий тутишга уриниб.
– Бу белнинг оғримаган пайти бормикан? Мана, менинг ўзимам ҳалитдан белангиман. Парво қилманг, ўтиб кетади. Фаррухбекка айтамиз, орқангизга яхшилаб қўй ёғидан суртиб қўяди. Сўнг бирон кило қўй гўштини қайнатма шўрва қилдиринг, эртасига ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз, – деди Мамаюсуф доноларча маслаҳат бериб. – Ҳалиги қўйни тоғдан олиб тушолмабсиз-да. Ҳечқиси йўқ. Бугун бўлмаса эртага Фаррухнинг ўзи етаклаб келар. Жа шошиб турган жойимиз йўқ.
Марди чўпон қизарди. Бир хаёли энди "Қўйдан умидингни уз", демоқчи бўлди. Лекин айтолмади. Тили бормади унақа дейишга. Мамаюсуф эса чўпоннинг қизарга-нини оғриқ азобига йўйганча ўрнидан туриб хайрлашдида, ташқарига чиқди. Ҳовлида бошини қуйи эгганча ўтирган Фаррухга чўпонга айтганларини такрорлади ва гапининг охирида қўйни эртадан қолдирмасдан олиб келишини тайинлаб, уйига равона бўлди. Фаррух дўхтирнинг қанақа қўй ҳақида гапирганига тушунмай, унинг ортидан қараганча қолаверди.
Чўпоннинг уйида қўй ёғи озгина топилди-ю, аммо гўшт топилмади. Ҳаммаси чайлада қолган эди. У ёққа боришга Марди чўпон Фаррухга рухсат бермади.
Қуёш энди-энди уфққа ёнбошлаган маҳал чўпоннинг уйи олдида милиция машинаси тўхтади. Ундан битта қориндор, иккита озғин милиционер тушиб, қийшайиб ётган дарвозадан ичкарига киришди. Бу пайтда Фаррух отасининг олдида хомуш ўтирар эди.
– Чўпон! – дея бақирди бақалоқ милиционер ҳовлига кирганидан кейин.
Фаррух деразадан ташқарига қараб, милиционерларни кўрди-ю, юраги шув этиб кетди. Бироқ отасининг "Ким келибди?" дегаи гапига "Билмасам", дея жавоб қайтарди-да, ўрнидан турди.
– Полвон, ўзингмисан? – деди бақалоқ Фаррух уйдан ташқарига чиққач.
– Қанақа полвон? – деди йигит ҳеч нарсага тушунмай.
– Отанг уйдами? – дея энди бошқа савол берди милиционер.
– Ҳа, уйда, – деди Фаррух истар-истамай.
– Бир кўриб кетгани келдик.
– Киринг, – дея Фаррух йўл бўшатди.
Унга тиржайиб қараган бақалоқ қорнини селкиллатиб ўтиб кетди. Иккита озғин милиционер эса бирданига унга ташланиб қолди. Фаррух уларнинг бундай қилишларини кутмаганди. Шу боис ҳеч нарса қилолмади. Унинг қўлини бир пасда кишанлаб ташлашди.
– Ана энди бўлди, – деди уйга кирмасдан даҳлиздан қайтиб келган бақалоқ, – биз билан ҳозир участкага борасан-да, нима ишлар қилганингни айтиб берасан.
– Отам касал, – деди аламидан қизариб кетган Фаррух.
– Ҳозир отангга сени олиб кетаётганимизни айтиб қўяман, – деб бақалоқ ичкарига бошқатдан кириб кетди.
Марди чўпон милиционерни кўриб ўрнидан туриб кегаёзди. Бироқ бирдан бошида қаттиқ оғриқ туриб, инқиллаб юборди.
– Маза йўқми, дейман? – деди бақалоқ сувоғи кўчиб кетган деворга қараб бошини сарак-сарак қиларкан.
Марди чўпон жавоб қилмади. Индамай шифтга қараб ётаверди.
– Ҳечқиси йўқ, ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз. Хўў-ш, ўғлингизнинг тоғда нима каромат кўрсатганини кўргансиз. Энди шу қилган ишлари учун биз уни олиб кетаяпмиз, – деди чўпонга ачиниб қараб қўйган бақалоқ.
– Олиб кетманглар. Худо хайрларингни берсин. Менинг ўзим раиснинг олдига бориб узр сўрайман, – деди чўпон паст овозда, кўзидан ёши оқиб.
– Фақат кечирим сўраш билан иш битиб қолмайдида, отам. Болангиз жиноят қилган. Жиноятчи эса жазоланиши шарт… Бўпти, майли, мен кетдим. Керак бўлиб қолсангиз, сизниям чақирамиз. Тезроқ соғайиб кетинг, – дея бақалоқ ортига бурилди.
– Ҳов, ука, тўхтанг. Олиб кетманглар, мен касалман! Ҳеч қурса эрталабгача шошманглар, у кетса мен ўлиб қоламан! – дея ялинди чўпон.
Аммо бақалоқ унинг гапига қулоқ ҳам солмасдан ташқарига чиқиб кетди.
– Болам, болам! – деганча инграётган чўпон эшик томонга эмаклай бошлади.
Марди чўпон белида қўзғалган қаттиқ оғриққа ҳам эътибор қилмади. Даҳлиздан ўтиб, ташқари эшиккача борди. Ўғлини судрашиб дарвозадан олиб чиқаётганларини кўрди.
– Ўғ… – дея олди холос, ота.
Отанинг боши шилқ этиб остонага тушди.
* * *
Моҳирўй ярим соатдан зиёдроқ у кўчадан-бу кўчага ўтиб юрди. Аввал бошда одамлар сероб эди кўчаларда, бора-бора улар сийраклашиб, ниҳоят онда-сонда биттаиккита одам дуч кела бошлади. Моҳирўй уларнинг би-ронтасита эътибор бермас, нуқул Фаррух ҳақида хаёл сурар, унинг ёнига кетиб қолгиси келарди. Жинси шимининг чўнтагига қўлини тиқиб кўрди. Бор-йўғи ўн сўмгина чикди. "Эсиз, кўпроқ олсам бўларкан", дея ўйлади у ва яна йўлида давом этаверди.
Бир пайт унинг кўзи ўзи томонга келаётган уч кишига тушди. Улар қадам олишидан мастларга ўхшарди. Бири катта кўчанинг у бошидан-бу бошига бориб ўтар, яна биттаси шеригининг елкасига осилиб олган. Моҳирўй қўрқиб кетди ва ортига бурилиб, бошқа кўчага кирмоқчи бўлди. Аммо бу ниятидан тезда қайтди. "Агар уларнинг ёнидан ҳеч нарсани кўрмагандай ўтиб кетсам, балки индашмас", дея ўйлади у ва қадамини тезлатди. Лекин у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Йўлнинг у ёғидан-бу ёғига сайр қилиб келаётгани қизнинг рўпарасида тўхтади.
– О-о, жонидан, – деди у оғзидан ароқнинг сассиқ ҳиди анқиб, – зерикиб кўчага чиқдингми? Мана биз сенинг зерикишингни дарров йўққа чиқарамиз-да.
Моҳирўй унинг гапига эътибор бермай ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлганди, шеригини йўл ёқасига ётқизиб келган иккинчи алкаш унинг йўлига ғов бўлди.
– Менимча, – деди у шеригига қараб, – бу қушча мен билан кукулашмоқчига ўхшайди.
– Уйимга кеч қолдим, акалар, – деди Моҳирўй ялинчоқ овозда. – Илтимос, ўтказиб юборинглар.
– Фигураси даҳшат-ку бунинг, – деди биринчи алкаш, Моҳирўйга тебраниб-тебраниб разм соларкан.
– Ўзиям жонингни суғуриб оладиганлар хилиданга ўхшайди, – деди иккинчиси. – Биринчи навбат меники бўлади.
– Милиса амаки! – дея қичқирди Моҳирўй уларнинг орқа томонига қараб.
Йўлтўсарларнинг иккови ҳам бирдан ортига қарашди. Вазиятдан фойдаланган Моҳирўй уларнинг ёнидан ўтдию, югуриб кетди.
– Ушла! – деб бақирди биринчи алкаш.
– Тўхта! – дея қичқирди иккинчиси.
Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам қизнинг орқасидан қувадиган аҳволда эмас эди. Шу боис беш-олти қадам югуришди-да, тўхташди. Сўнг иккаласи ҳам сўкина-сўкина ортларига бурилиб кетишди.
Моҳирўй нафаси бўғзига келиб қолгунча югурди. Охири чарчаб, қўрқа-писа орқасига қаради. Ҳеч ким қувиб келмаётганини кўргач, йўл четидаги дарахтлардан бирининг тагига бориб ўтирди. Кўзига жиққа ёш тўлди. Лекин йиғламади. Йиғлаб овоз чиқаришдан, яна биронта анави алкашларга ўхшаган шилқим эшитиб қолишидан қўрқди. Бироз ўтиргач, "Энди нима қиламан?" – деб ўйлади. У концертдан чиқиб кетиб ярим тунгача кўчада айланиб юрмоқчи, кейин уйига бормоқчи эди. "Агар шундай қилсам, хизматкор мени тополмайди, эвазига дадам унинг роса адабини беради", деб ўйлаган эди. Аммо ярим кечада шаҳарнинг ичида асосан маст-аластлар, кўчабезорилар санқишини у хаёлига ҳам келтирмаганди.
Қиз дарахт тагида ўтириб нафасини ростлаб олгач, аста ўрнидан турди-да, атрофга олазарак боққанча йўлга тушди. Бахтига, бу гал унинг йўлини биров тўсмади. Битта-иккита одам учради, лекин улар Моҳирўйга эътибор ҳам қилмасдан ўтиб кетишди.
У марказий йўлга келганида светофор тагида ўтирган икки аёлга дуч келиб қолди. "Нега булар бу ерда ўтиришибди?" – дея ўйлади у ҳайрон бўлиб ва аёлларнинг ёнига бориб салом берди. Ёши элликларга бориб қолган, юзини ажин босган аёл ҳар-ҳар замон инқиллаб қўяётган йигирма ёшлар атрофидаги жувонни қучоқлаб ўтирар, "Озгина сабр қил", дея далда берарди. Уларнинг иккиси ҳам Моҳирўйнинг саломини эшитмади чоғи, алик олишмади. Қиз қайтадан салом берди. Шунда кўзлари изтиробга тўла аёл йиғлаб юборгудек бўлиб унга қараб бошини қимирлатиб қўйди.
– Тинчликми? – дея сўради Моҳирўй уларга янада яқин бориб.
Шунда кўрдики, инқиллаётган жувон ҳомиладор экан.
– Сизларга ёрдамим керакмасми? – деди қиз даҳшатга тушиб.
– Қизим, – деди аёл йиғлоқи овозда, – боламнинг ой-куни яқин. Роддомга обормасам бўлмайди. Шу ергача базўр опкелдим. Мошиналарга қўл кўтарсам, тўхтаган уч-тўрттаси "Пул берсанглар обориб қўяман", дейди. Биз камбағал бечораларда бир сўм ҳам йўқ. Агар иложини қилсанг бир-икки сўм бериб кет. Мендан қайтмаса худодан қайтсин!
– Пулим бор, – деди Моҳирўй шошиб, – ҳозир ўзим мошина тўхтатиб бераман.
Жинси шим, юпқа елкалари спорт кийимида кўкраги бўртиб турган қизни кўрган биринчи машина бирдан унинг ёнида тормоз берди.
– Роддомгача олиб бориб қўйинг, пулини икки ҳисса бераман, – деди Моҳирўй эшикни очиб.
Бу гапни эшитган ҳайдовчи афтини бужмайтирди, қизнинг елкаси оша светофор остида ўтирганларга қаради ва бироз ўйланиб тургач, рози бўлди.
Туғруқхонага етиб борганларида, қабулхонада ўтирган ҳамшира: "Одам кўп, ётқизишга жой йўқ", деб пича тихирлик қилди. Моҳирўй дарров ёнидан беш сўм чиқариб, унинг чўнтагига солиб қўйганди, жой ҳам топилди, муомалаям ўзгарди. Шундан кейин ҳам Моҳирўй аёлнинг бир ўзини ёлғиз қолдирмай, жувоннинг кўзи ёришини кутиб ўтирди. Аёл беминнат ёрдам бераётган қизни дуо қилиб чарчамас, ҳар икки гапининг бирида унга яхши жойлардан ато қилишини Худодан тилар эди. Охири Моҳирўй бундай раҳматномалардан ноқулай аҳволга тушди ва гапни бошқа томонга буриш учун:
– Хола, кечирасиз, қизингизнинг эри бирон жойга кетганми? – дея сўради.
– Эй-й, қизим, – деди аёл бошидаги рўмоли билан кўз ёшини артиб, – бизлар асли шўрпешоналармиз. Оила қурганимдан бери бошим ғамдан чиқмайди. Аввалига раҳматли эрим билан яхшигина яшардик. Эскироқ бўлсаям мошинамиз бор эди. Бир куни эрим икковимиз шу мошинада меҳмонга кетаётиб аварияга учрадик. Эрим шу заҳоти жон берди. Мен дўхтирхонада ўзимга келдим. Лекин хаёлим кирди-чиқди бўп қолган экан. Битта бир ярим ёшли, битта уч ёшли қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ эди. Эрим икковимизам детдомда катта бўлгандик. Шунинг учун авариядан орттирган жароҳатларим тузалгач, дўхтирлар мени психбалнисага жўнатишди, қизларимни бўлса, детдомга топширишибди. У ерда мен узоқ қоп кетдим. Тузалганимдан кейин қизларимни олгани борсам, кичкинасини кимдир олиб кетибди. Ишқилиб, қизимни улар қийнаб қўйишмасин, деб эрта-ю кеч Худога ёлвордим.
Шу битта қизниям минг бир азобда катта қилдим. Мендай психбалнисадан чиққан одамга биров иш берармиди?! Бир сўм топиш учун қанча азобларни бошимдан ўтказмадим. Ўзимни неча марталаб ўлдирмоқчиям бўлдим. Лекин шу норасида гўдакни ўйлаб ниятимдан қайтдим.
Қизимнинг бўйи етганида бир бола: "Ўламан саттор, шу қизга уйланаман!" – деб туриб олди. Бемаза оиланинг боласи экан. Бермайман десам, "Бир куни келиб қизингизни ўлдириб кетаман, кейин ўзимниям ўлдираман", дейди. Қўрққанимдан бердим. Икки ойча улар яхши яшашди, кейин куёв ичкиликбозликни, бировларнинг уйига ўғирликка тушишни бошлаб юборибди. Бунинг устига, қизимни урмаган куни йўқ экан. Нима эмиш, Марҳабо жудаям чиройлимиш, қўшнилари унга кўп қарармиш. Яхшиям куёв беш ой деганда ўғирликда қўлга тушиб, қамалиб кетди. Бўлмаса қизимни уриб бир нарса қилиб қўярмиди…
Қизимнинг бўйида бўп қолган экан. Ўзим амал-тақал қилиб парваришлаб турувдим. Бирданига туғишига яқин қолганда оғриб қолсам бўладими? Қизим бечоранинг туғишига деб йиғиб қўйган тўрт беш-сўмимнинг ҳаммасини ўзимни даволатишга совурдим. Куни кеча касалхонадан чиқдим. Қўни-қўшнидан бир-икки сўм қарз оламан, деб ўйлагандим. Ҳеч ким бермади. Ҳаммасидан йигирма-ўттиз сўмгача олиб қўйгандик… Бахтимизга сен учраб қолдинг, – дея аёл яна кўзига ёш олди.
– Қўйинг, йиғламанг, – деди Моҳирўйнинг кўнгли бузилиб, – кўрасиз, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Шундан кейин уларнинг суҳбати узилиб қолди. Моҳирўй Фаррух ҳақида ўйлар, унинг қалбида энтикишга ўхшаш бир туйғу пайдо бўлган эди. "Биз, – дерди у хаёлида ўзига-ўзи, – турмуш қурсак ҳаммадан бахтли яшаймиз. Ҳеч қачон бир-биримиздан ажрамаймиз".
– Қизим, – деб қолди бир маҳал аёл, – сўраганнинг айби йўқ. Қиз боласан. Бунинг устига кўзга яқин экансан, бир ўзинг қандай қилиб қўрқмасдан шу пайтда кўчада юрибсан?
– Уйимиз яқин, – дея ёлғон гапирди Моҳирўй, – спорт тўгарагига қатнашаман. Тренировкадан қайтаётиб сизларни кўриб қолдим. Аҳволингизни билганимдан кейин ташлаб кетгим келмади.
– Умрингдан барака топ, қизим, – деб аёл Моҳирўйнинг пешонасидан ўпди. – Тағин, қизим, сен бизга ёрдам бераман деб уйингдагилардан гап эшитиб қолмагин.
– Мен асли студентман, – деб қиз иккинчи ёлғонни бошлаб юборди, – дадамлар қишлоқда туришади. Менга бу ердан уй олиб беришган. Битта дугонам билан тураман. Уям ҳозир йўқ. Уйига кетган.
Моҳирўй ўзи тўқиб ташлаётган ёлғонларга ҳатто ўзи ҳам ишониб қолаёзди. Ичида "Қани, шундай бўлса", дея ўйлади.
Шу пайт ичкаридан ҳамшира қиз чиқиб келиб:
– Марҳабонинг яқинлари сизмисизлар? – дея сўради.
Аёл дарров ўрнидан туриб:
– Ҳа, ҳа, биз, – деди шошиб.
– Марҳабо ўғил туғди, табриклайман, – деди ҳамшира жилмайиб.
– Вой, айланайин-а, қутулиб олди, денг, ўзи тузукми, яхшими ўзи? – деди буткул довдираб қолган аёл.
– Бола соғлом туғилди. Лекин онасининг қони кам экан. Эртага эрталаб новвот олиб келинг. Кейин бизда бир-иккита дорилар йўқ, эртага дўхтирлар келгандан сўнг ёзиб беришади, униям олиб келиб берасиз, – деди ҳамшира ва бирон нимани кутгандай қараб тураверди.
Унинг ниятини сезган аёл саросималаниб қолди.
– Ҳалиги, ҳалиги, – деди нима қилишини билмай.
– Манавини бугунча олиб туринг, – дея Моҳирўй чўнтагида қолган сўнгги уч сўмни чиқариб ҳамширанинг қўлига тутқазди. – Қолганини эртага берамиз.
Ҳамшира индамай пулни олди-да, алланималар деб тўнғиллаганча туғруқхона ичига кириб кетди.
Улар кўчага чиққанларидан кейин Моҳирўй аёлни уйига таклиф қилмоқчи бўлди-ю, ёлғони фош бўлиб қолишидан, бундан ташқари уйида содир бўлиши кутилаётган жанжалдан қўрқди.
– Энди мен борай, – деди у аёлга қараб, – анча кеч бўлиб қолди.
– Мен билан юр, ёлғиз ўзинг экансан, биргалашиб тонг отқизардик, – деди аёл ундан кўзини узмай.
– Борардим-у, дарсларим бор, – дея навбатдаги марта ёлғон тўқиди Моҳирўй. – Ҳозир биронта машина ушлайлик, кейин сизни кузатиб қўяман.
– Қизим, бу ёғига энди ўзим етиб оламан. Шунча сени овора қилганим ҳам етар, – деди аёл синиқ жилмайиб.
– Барибир мен мошинада кетаман, бир йўла сизни ташлаб ўтамиз, – деди Моҳирўй ва йўлга чиқиб, ондасонда ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади.
У уйига етиб келганида соат миллари тунги иккини кўрсатар эди. Онаси аллақачон уйқуни уриб ётар, Турғун Ғаниевич эса Мамарасулни калтаклайвериб чарчаб қолган бўлса-да, гоҳ уйга, гоҳ ҳовлига чиқиб тинимсиз сигарета чекар, милицияга телефон қилмоқчи бўлар, сўнг бирдан ниятидан қайтар, "Шундай одамнинг қизи йўқолиб қолибди", деган гап унинг учун тавқи лаънатдек туйилиб кетаверарди.
У Моҳирўйнинг дарвозадан кириб келаётганини кўргач, аввал бироз бўшашди. Сўнг яна асаблари таранглашиб, боягина хизматкорни савалаган қамчинни қўлига олди.
* * *
Мамаюсуф дўхтир эртасига эрталаб яна Марди чўпоннинг уйига келди. "Агар ўзим бориб ниқтамасам, буларнинг ўзлари билиб қўйни олиб келмайдиганга ўхшайди. Ишим битди, эшагим сувдан ўтди, деб ўйлашаяпти", дея хаёлидан ўтказиб келган дўхтир чўпоннинг ҳовлисига кирди-ю, эшик бўсағасида чўзилиб ётган Марди чўпонни кўриб қотиб қолди.
– Ҳов, – деди у киприклари пирпираб, – Марди ака, бу ерга нима қилиб ётибсиз?!
Бироқ бу саволга чўпондан жавоб бўлмади. У қимир этмасдан ётар эди. "Ўлиб қолганми нима бало? – дея ўйлади Мамаюсуф. – Ўғли қайси гўрда экан?"
– Фаррух! – деб бақирди у.
Бироқ унинг чақирувига ҳеч ким жавоб қилмади. Шундан кейин дўхтир юрак ютиб аста чўпон ётган жойга яқинлашди. Марҳумнинг боши устида ғуж-ғуж пашша визиллаб учар, бир қисм пашша эса чўпоннинг оғзидан оқиб, остонада қотиб қолган қонга қўниб, ўзларининг насибасини эртароқ олиш билан овора эди. Буни кўрган Мамаюсуф дўхтирнинг чўпон ўлиб қолганига шубҳаси қолмади. У аста-секин орқасига тисарилди, кейин эса ўгириласола тез-тез қадам босганча ҳовлидан чиқиб кетди.
Дўхтир кўчада дуч келган одамга чўпоннинг ўлиб ётганлигини, уйда ҳеч ким йўқлигини айтиб кетаверди. Бирпасда қишлоқнинг одами Марди чўпоннинг ҳовлисида тўпланди. Биров чўпонни икки кун аввал, бошқа биров бир кун аввал кўрганлигини айтди. Лекин саксондан ошган Баҳромқул бобо келмагунча жасадга тегинишмади. Шунчаки томоша қилиб, афсусланиб тураверишди. Фақатгина Мамаюсуф қийналди. "Кечанинг ўзида ўғлини етаклаб, тоққа бориб келсам бўларкан. Эсиз, қилган хизматим бекорга кетди", – дея ўйларди у.
Марди чўпонни (Баҳромқул бобонинг дўқ-пўписаларидан кейин) қишлоқ одамлари ювиб, кафанлашди, сўнг жаноза ўқишди-да, тезликда кўмиб келишди. Ўликнинг орқасидан ҳеч ким йиғлаб қолмади. Таъзияга йиғилганлар орасидан биронтаси чиқиб, худойиси фалон куни деб эълон қилмади.
* * *
Фаррухни машинага ўтқазишаёттанда у отасининг остонага эмаклаб келганлигини, сўнг чўзилиб қолганини кўрганди.
– Отам… Отамга бир нарса бўлди, қўйинглар, бориб кўрайин! – дея ялинди у милиционерларга.
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ҳали кўришга улгурасан, – дея бепарво жавоб қилди бақалоқ.
– Акажон! – деди кўзидан ёш сизиб чиққан Фаррух. – Ҳеч қаерга қочиб кетмайман, бирга борайлик, отам ўзидан кетиб қолганга ўхшайди.
Аммо унинг илтимоси ҳавога учди. Бақалоқ унга бир хўмрайиб қараб қўйди-да:
– Ҳайда, – деди рулда ўтирган милиционерга.
– Агар, – деди титраб кетган Фаррух, – бирон нима бўлган бўлса, сени ўлдираман!
Бу гапни эшитиб бақалоқ орқасига ўгирилганча:
– Ўлдираман, дедингми? Сен-а? Ҳозир отделга етиб борайлик, ундан кейин кўрасан ким кимни ўлдиришини, – деди иржайиб.
Фаррух тишларини ғижирлатди. Қўлини мушт қилиб тугганча алам билан йўлга қараб кетаверди.
Орадан ўн беш дақиқалар ўтгач, бақалоқ тилга кирди.
– Сен, – деди у орқасига бесўнақай ўгирилиб, – раисни боплабсан. Баччағардан ҳамма қўрқарди. Сен бўлсанг, пешонасидан дарча очиб қўйибсан. Лекин у бақувват, илдизи узоқларга кетган. Шуниси чатоқ бўптида. Отинг Фаррухмиди? Ука, сен биздан хафа бўлма. Бизам буйруқни бажарадиган одаммиз.
– Ураркансан, – дея гапга аралашди ҳайдовчи, – қон чиқмайдиган жойига қўймайсанми? Бирдан чўзилиб қолмайдими! Кейин бизгаям шикоят қилолмасди.
– Ана кўрдингми, – деди унинг гапини маъқуллаган бақалоқ, – аканг нима қилишни билади. Кўпни кўрганда!..
Фаррух уларга бир оғиз ҳам жавоб қилмади. Унинг ўйхаёли отасида, ёнидагиларнинг гапини эшитмаётганди ҳисоб. У ҳатто "Машинадан сакраб тушиб қолсамми?" деб ҳам ўйлади. Аммо ёнида ўтирган милиционер қўлидан маҳкам ушлаб олгани, боз устига, кишанланганлиги бундай қилишига йўл бермасди.
Милиция бошқармасига етиб келганларидан кейин Фаррухни худди ўта хавфли жиноятчини тутиб келтиришгандай икки ёнидан иккитаси маҳкам ушлаб олишди. Бақалоқ билдирмайгина унинг биқинига бир мушт туширди. Сўнг маҳбусни тўғри терговчининг олдига олиб киришди.
– "Тоғ бургути" келибди-ку, – деди қотмадан келган, пешонаси кенг, бурни узун киши Фаррухни кўрганидан кейин. – Аввал яхшилаб "ювинтириб-чайинтириб" оламизми ё бирдан терговни бошлайверамизми?
Фаррух унинг гапига тушунмади. Шу боис индамай қараб тураверди.
– Овсарми дейман бунинг? – деди терговчи бақалоққа қараб.
– Келгунча яхшигина сайраб келаётганди. Сизни кўрганидан кейин дами ичига тушиб кетди шекилли, ўртоқ командир, – деди бақалоқ кулиб.
– Бургутлар осонлик билан жон берадиган қушлар тоифасига кирмайди. Улар анча мағрур бўлишади. Лекин биз керак бўлса йўлбарсни ҳам қўлга ўргатамиз, – дедида, терговчи Фаррухнинг ёнига келиб, унинг елкасига қоқди. – Шундайми?
Фаррух яна унга ҳеч нарса демади. Беш-бегона одам-нинг елкасига ургани асабини қўзғатди. Шундан кейин терговчи жойига бориб ўтириб, бақалоққа жавоб бериб юборди. Фаррухга эса ўзининг қарама-қарши томонидаги столга ўтиришни буюрди.
– Қани, раис билан ораларингда нима бўлганини битта қолдирмай менга айтиб бер-чи, – деди терговчи тортмасидан сигарета олиб лабига қистираркан.
– Ўзларидан бўлди, – деди ниҳоят Фаррух тилга кириб.
– Ўзлариданми, сенданми, нима фарқи бор? Бир бошдан гапиравер.
Фаррух нима деярини билмай терговчига қараганча қотиб тураверди.
– Нега менга бақраясан? – деди терговчи унга хунук қараш қилиб. – Саволимга жавоб бер. Мен сен валакисаланг билан эзмаланиб ўтирмоқчимасман.
– Аввал улар менга қўл кўтаришди. Кейин мен… Тошни раисгамас, анави новчага отгандим, – деди Фаррух бошини эгиб, кейин тағин отаси ёдига тушиб қолиб, ялинди: – Командир ака (бақалоқ шунақа деб атагани учун унинг оти бўлса керак, деб ўйлаганди), отамнинг мазаси йўқ, менга ҳозирга рухсат беринг, борай. Анавилар мени қўйиб юборишмади.
– Отангнинг мазаси йўқ? – деди терговчи уни мазах қилиб. – Нима қилай шунга? Отангни ўйларкансан, бировга кучингни кўрсатмагин эди.
– Мен биринчи бўлиб урмадим, дедим-ку сизга! – деди жаҳли чиқиб кетган Фаррух овозини бир парда кўтариб.
– Битта шапалоққа ўлиб қолдингми? Катта одам бўлганидан кейин уради-да. Сен бўлса унинг пешонасини ёргансан. Бунинг учун неча йилга кетасан, биласанми? Камида ўн йил. Ўша мазаси йўқ отанг срогинг тугагунча борми-йўқми, худо билади, тушундингми?! Кейин иккинчи бу ерда бақирганингни эшитмайин,– деди терговчи кўзлари олайганча сигаретасини кулдонга асабий эзар экан.
Отаси ҳақидаги гап Фаррухнинг суяк-суягидан ўтиб кетди. Бошқа пайт бўлганида шундай дегани учун бу одамнинг жағини эзиб қўйган бўларди.
– Қулоғинг том битганми? Тушундингми? —дея яна терговчи овозига зўр берди.
– Ўзингиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз-ку! – бақириб юборди Фаррух ҳам ўзи билмаган ҳолда.
Терговчи ўрнидан туриб кетди.
– Нима дединг? Тилинг бурро экан-ку, а! Соқчи!
Шу заҳоти эшикдан милиция формасидаги бақувват йигит кириб келди.
– Бунинг ақлини киритиб қўйинглар, ундан кейин гаплашамиз! – деди терговчи соқчига қараб.
Соқчи бир қўли билан Фаррухни жойидан турғазиб қўйди-да, "юр", дея судраб хонадан олиб чиқиб кетди. "Тоғ бургути" қалин темир эшикли камерага кирди-ю, аммо орқасига ўгирилолмади. Бели-ю биқини аралаш тушган зарбдан камеранинг ўртасига бориб йиқилди. Ўрнидан энди турмоқчи бўлганида эса кўкрагидан тепки еб яна қулади. Шу тариқа тепкилар ёмғири бошланиб кетди. Фаррухнинг юзидан бўлак соғ жойи қолмади. У ҳушидан кетгандан кейингина соқчи уришдан тўхтади. Ва эшикни даранглатиб ёпиб, камерадан чиқиб кетди.
Фаррух қанча вақт беҳуш ётгани чамасини ололмади. Ўзига келди-ю, баданидаги оғриқдан афти бужмайди. У инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туриб ўтирди. Жароҳатланган жойларини силади. Сонлари, кўкрак ва биқинида кўкарган ерларини кўриб хўрлиги келди. Бироқ йиғламади. Тишини-тишига босди-да, "Ҳали буларнинг бари учун жавоб берасанлар!" – дея хаёлидан ўтказди.
Орадан яна ярим соатча вақт ўтгач, бошқа соқчи келиб эшикни очди-да, ёвғон шўрва билан икки бўлак нон бериб кетди. Фаррухнинг қорни роса очқаган эди. Шу боис овқатдан ноз қилиб ўтирмай, борини паққос туширди. Аммо барибир қорни тўймади. Яна берармикин деган ўйда эшикка термулди. Лекин ҳеч ким унга бошқа овқат кўтариб келмади. Тахминан бир соатдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин бояги соқчи келиб, косасини олиб кетди. Кейин бошқаси келиб, йигитни янги камерага олиб борди. Бу ерда, наригисидан фарқли ўлароқ, иккита каравот бор эди. Унинг биттасида соч-соқоли ўсиб кетган одам ухлаб ётарди. Бу маҳбус соқчининг тарақтуруқ қилиб эшик очганига уйғонмади ҳам.
Фаррух ўзига кўрсатилган каравотга чўзилди. Шундагина вужуди бироз ором олгандай бўлди-ю, дарров пинакка кетди.
Фаррух эрталаб уйғонганида қўшниси папирос чекиб ўтирарди.
– Кимсан? – дея сўради у.
Фаррух исмини айтиб, энди ўрнидан қўзғалмоқчи эди, белида қаттиқ оғриқ туриб, инграб юборди.
– Обдон "сийлаш"ганга ўхшайди-а? – деди қўшниси папироснинг аччиқ тутунини хузур қилиб ичига тортаркан. – Ҳечқиси йўқ. Бу ерга келганларнинг пешонасида бор нарса. Мениям биринчи келган куним обдон элакдан ўтказишганди. Шундан бери фақат боқишади… Лекин раисни боплабсан. Уни мен яхши танийман. Унда одамгарчиликдан зиғирча ҳам йўқ.
– Сиз қаердан билдингиз? – дея сўради Фаррух белини ушлаб базўр туриб ўтираркан.
– Мен билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ бу дунёда. Сени олиб келишгандаёқ менинг қўшним бўлишингни етказишганди. Беш йилга кесиласан. Аслида бу жиноятинг учун кечириб юборишсаям ёки жуда узоқ кетганида бир йил берсаям бўларди. Лекин раис шунақа талаб қўйибди, – Фаррухнинг бадбашара қўшниси шундай деб жойига ёнбошлади.
Фаррух пешонасини ушлаб бироз турди.
– Отам, – деди у йиғламсираб, – отамни кўролмасканман-да.
– Хе-хе-хе, – кулди қўшниси, – отангни беш йилдан кейин кўраверасан, агар орада бўйнингга бошқа нарсани илиб юборишмаса. Отинг Фаррухмиди?
–Ҳа.
– Меники Ғиёс, лақабим "Босс". Турма менинг уйимдай бўп қолган. Ёшим ҳозир элликда, шунинг ўттиз икки йилини мана шунга ўхшаш, – дея у атрофдаги бетон деворларни кўрсатди, – ерларда ўтказдим. На отам, на онам бор. Ака-укаларим менинг борлигимниям унутиб юборишган. Биринчи марта худди сенга ўхшаб қамалиб қолгандим. Кейин турмада бошқа айбларниям бўйнимга илиб ташлашди. Мана, шунгаям ўттиз икки йил бўлибди-я. Кўринишингдан тузуккина болага ўхшай-сан. Агар менинг айтганимни қилсанг, бир йилга қолмасдан бу ердан чиқариб юбораман. Кейин маза қилиб яшайсан.
– Ўзингиз ўттиз икки йилдан бери чиқолмай юрган экансиз, мени қандай чиқариб юборасиз? – деди Фаррух ҳайрон бўлиб.
– Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Кейин ўзинг тушуниб оласан. Агар хоҳласам, ҳозирнинг ўзидаёқ чиқиб кетаман. Лекин бунинг менга мутлақо кераги йўқ.
Фаррух барибир ҳеч нимага тушунмади. Бақрайиб тураверди. Унинг қарашини кўрган Босс мийиғида кулдида, мохорка олиб қоғозга ўрай бошлади. Йигит умрида сигаретани бунақа қилиб чекишларини кўрмаганди. Қишлоғида нос, сигарета чекувчилар кўп эди. Лекин уларнинг биронтаси тамакини қоғозга ўрамасди.
Эшик шарақ-шуруқ этиб очилди-да, кечаги соқчи кириб келди. Унинг қўлида иккита сумка нарсаларга тўла эди.
– Босс, завтрак олиб келишди, – деган соқчи алланималарни умид қилгандай иржайганча туриб қолди.
– Боравер, – деди Босс унга совуқ қараш қилиб ва эринибгина ўрнидан турди.
Бирдан башараси тундлашган соқчи индамай чиқиб кетди. Ғиёс ака унинг орқасидан кулиб қараб қоларкан:
– Падарингга лаънатлар, бир сафар олишмаса ўлиб қолишади, – деди ҳамда сеткаларнинг ичидагиларни бирма-бир стол устига қўя бошлади.
– Мен сенга айтсам, – дея гапида давом этди у, – бу ер ташқаридаги бош оғриқдан минг чандон яхшироқ.
Фаррух стол устига қўйилган ноз-неъматлару ҳил-ҳил пишган гўшт ва ҳатто бир шиша ароқни кўриб ҳайрон қолди.
– Менга, – деди у ҳайратини яширолмай, – кеча кечқурун бир бўлак нон билан шилдир шўрва беришганди.
– Бу кўрганларинг чепуха, – деди қисқагина қилиб Босс ва Фаррухни биргаликда «завтрак»ка таклиф этди.
Фаррухни тушдан кейин яна терговчининг ёнига олиб боришди.
– Қалайсан? – деди терговчи кулиб. – Ақлинг кириб қолдими? Шунақа, бу ерда асов тойларни ҳам дарров қўлга ўргатиб қўйишади.
Фаррух ўқрайиб қараб тураверди. Унинг нигоҳида бир олам алам, нафрат ва қасос борлигини уқиш мумкин эди.
Терговчи бу сафар гапни чўзиб ўтирмади. Аввалдан ўзи ёзиб тайёрлаб қўйган олти саҳифа қоғозга қўл қўйдиртирди-да:
– Бўлди, тамом, эртага судинг бўлади, – деди ва соқчини чақириб, маҳбусни олиб кетишларини буюрди.
Бу сафар Фаррух унчалик ҳам тушкунликка тушмади. Отасини кўриб келиш, ҳеч қурса бу ерга чақиртириш тўғрисида сўрамади ҳам.
– Ҳозиргина, – деди Босс Фаррухни ғамгин қиёфада қарши олиб, – ёмон хабар эшитдим. Бардам бўл, йигит.
Фаррух ҳеч нарсани англамай унга қараб қолди.
– Кеча, сени уйингдан олиб кетишганидан кейин отанг омонатини топширибди.
– Ни-ма?! – деди унга бақрайиб қараб қолган Фаррух. – Отам… Ўлдирам-а-а-а-н!!!
– Ўзингни бос, – деди Ғиёс ака уни қучиб, – Ўзингни бос, ука, бир кунмас-бир кун ҳаммамиз ҳам ўламиз. Тақдир…
Фаррух ўкириб йиғлаб юборди.
– Ҳали отам ўлмаслиги керак эди… Отам ҳали яшаши керак эди… Мени олиб кетишганига чидолмаган отам…
У эртасига эрталабгача чурқ этмади. Каравотида бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Босс амал-тақал қилиб кечқурунги овқатдан едирди, холос.
Фаррух судга ёши улғайиб қолган одамлардай ғамгин кириб келди. Каталакдай суд залида раис ва новча хизматкор тиржайиб ўтиришарди. Улар Фаррухни кўрганлари заҳоти ўринларидан туриб, қарсак чалган бўлишди.
* * *
Агар Моҳирўй бундан бир йилгина аввал мана шундай кеч келганида ёки биронта ножўя иш қилиб қўйганида Турғун Ғаниевичнинг парвойига ҳам келмаган, қизининг қилиқларини шунчаки эркатойликка йўйган бўларди. Бироқ айни дамда амалдорнинг назари бошқа эди. Моҳирўйга қизига қарагандек қарамасди, жаҳли чиққанининг сабаби ҳам шунда эди.
– Қайси гўрда юрибсан?! – деди у қовоғини уйиб.
Моҳирўй бу гапни эшитиши билан жойида ҳайкалдек қотиб қолди. У дадасидан умрида бунақанги қўпол гап эшитмаган эди. Худди илк бор бу одамни кўраётгандек тикилиб тураверди. "Дадам бошқача гапирди, менинг қулоғимга шундай эшитилди, шекилли", – дея ўйлади у.
– Сендан сўраяпман, қайси гўрда санқиб юргандинг? – дея яна гапини қайтарди амалдор ва қўлидаги қамчинни ерга қарсиллатиб урди.
Бундан чўчиб тушган Моҳирўй шундагина дадасининг қўлидаги қамчинни кўрди-ю, бирдан ранги оқариб кетди. Вазият у ўйлаганидан кўра анча жиддий эди.
– Шаҳарни айланиб… – дея Моҳирўй гапини бошлади-ю, бироқ давом этказолмади, кўзидан ёш қуйилиб келди.
– Ким билан бирга эдинг?! – дея вишиллади Турғун Ғаниевич.
Унинг бу саволига қиз бошини чайқаб "ҳеч ким билан" ишорасини қилди.
Шу заҳоти унинг елкасига қамчи келиб тушди. Моҳирўй гиламнинг устига йиқилиб тушди-ю, бақириб юборди. Унинг овози амалдорга илҳом бағишладими, у қизни тинмай савалашга тушиб кетди. Моҳирўй думалаб кетар, дадасидан тинимсиз шафқат сўрарди.
– Сен! – дея Турғун Ғаниевич оғзидан кўпик сачратиб ўшқирди. – Сен тоғдаям мени шарманда қилгандинг! Ер билан битта қилгандинг!
Унинг бу гапларини Моҳирўй эшитадиган аҳволда эмасди. Қиз қандай бўлмасин, тинимсиз елкасига, белига келиб тушаётган қамчининг зарбасидан қутулиб қолиш учун нима қилишини билмай ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлар эди. Бироқ амалдор мўлжалдан адашмас, худди жонсиз бир нарсани савалаётгандек қамчилашни тўхтатмасди. Қизнинг аллақачон танаси кўкариб кетган, баъзи жойларига икки-уч мартадан қамчин келиб тушганидан, қон ҳам оқмоқда эди. Ниҳоят, Моҳирўйнинг қимирлашга ҳоли қолмади, у дадаси ҳар урганда "и-ии", дерди нимжон овозда.
– Ўлиб қолса товонига қоласиз, – деди Моҳирўй дастлаб овоз чиқаргандаёқ ширин уйқусидан уйғониб ке-тиб, "Нима бўлаяпти?" деган хавотирда хонасидан чиқиб, вазиятни кўрганидан кейин қувониб кетган Зулайҳо.
– Ўлса бутунлай қутулардим! – деди ҳансираб амалдор ва қизни савалашдан тўхтаб, хотинига қаради.
– Етимча бўлсаям шунча йил боқдингиз кўпчилик сизнинг қизингиз борлигини билади. Тўсатдаи бу қиз ғойиб бўлса ҳар хил гап-сўзлар кўпаяди. Агар шу қиздан қутулиш ниятингиз бўлса, уни ўлдириш шарт эмас, йўлйўриғи бор ўзининг.
Шу пайт дарвоза қўнғироғи устма-уст жиринглади. Эрхотин бир-бирига хавотир билан қарашди.
– Ким бўлиши мумкин ярим кечаси? – дея савол қотди Зулайҳо эрига.
– Мен қаёқдан билай?! – дея уни жеркиб ташлади амалдор ва қўлидаги қамчисини отиб юбориб, секин ташқарига чиқди-да, дарвозанинг ёнига бориб, унинг кичкина табақасини очди. Остонада оддийгина кийинган, ёши қирқлардан ошган одам турарди.
– Сизга нима керак? – дея сўради амалдор ундан дағаллик билан.
– Таксичиман. Бир қизни олиб келгандим. У шу уйга кириб кетди, такси пулини ҳозир олиб чиқиб бераман деб. Анчадан бери пойлаб ўтирибман, ҳеч дараги бўлмаяпти, – деди такси ҳайдовчиси.
Амалдор чўнтагини ковлади-да, битта ўн сўмлик чиқариб, таксичининг башарасига отиб юбораркан:
– Йўқол, кўзимга кўринма! – деди ўшқириб ва дарвозани даранглатиб ёпганча уйига кириб кетди.
Амалдор Моҳирўйнинг тепасига келиб бироз қараб турди. У пича жаҳлидан тушган, ҳатто кўнглида қизга нисбатан ачиниш ҳам пайдо бўлганди.
– Зулайҳо! – дея бақирди у.
– Нима дейсиз? – дея хотини ётоғидан кўзини уқалаганча чиқиб келди. – Энди ухлаган эканман.
– Манавини тозалаб олмасдан дарров уйқуга кирдингми?! – дея энди амалдор хотинига заҳрини сочди.
– Ўзингиз ўлса қутуламан, деяётгандингиз-ку, – деди Зулайҳо норози тўнғиллаб.
– Бўл, тез ваннага обор! – дея амалдор ошхонага кириб кетди.
Моҳирўйни ювиниш хонасига олиб борган Зулайҳо аввал уни ечинтириб томоша қилди. Қизнинг баданида соғ жойи қолмаган, бироқ унинг юзи ўша-ўша мафтункор эди. Аёл унга қараб тураркан, баданининг аҳволидан кўнгли тўлган эса-да, чеҳрасининг жозибасидан дили ғаш бўлди. ''Ҳозир юзингни қайноққина сувга бир чайиб оламиз, ундан кейин ҳаммаси жойига тушади. Менам хотиржам бўламан, сениям қулоғинг тинчийди, мана бунақа калтак еб ўтирмайсан… Ўзимнинг оппоққина қизим-а, кел, шу чиройли юзингдан охирги марта бир ўпай, кейин башарангнинг жирканчлигини кўриб саломингга алик оламанми-йўқми, худо билади", дея хаёлидан ўтказди у. Аёл энгашиб Моҳирўйнинг юзидан ўпиб қўйди, сўнг жўмракни бураб, сув қайноқ бўлишини кута бошлади. Шариллаб оқаётган сувда энди буғ пайдо бўлганида, тўсатдан хонага амалдор келиб қолди.
– Нима қилаяпсан?! – дея ўдағайлади у хотинига.
– Менми… менми? – дея довдираб қолди Зулайҳо. – Иш… буюрган ишингизни қилаяпман.
Хотинининг довдираб қолганидан Турғун Ғаниевичнинг кўнглига шубҳа оралади.
– Нега иссиқ сувга совуғидан аралаштирмадинг?
– Аралаштирмоқчийдим… Анақа… Иссиқ сув келгунча уйқу босибди, – деди Зулайҳо кўзини олиб қочиб.
– Бошқа нарса босиб қолмадими, ишқилиб? Бўл тез, совуқ сувни оч, ҳамма ёқни ҳаммом қиворибсан-ку!
Зулайҳо шоша-пиша эрининг айтганини бажарди-да, Моҳирўйга қаради. У ҳеч нарсани билмасдан қип-яланғоч ҳолда ётарди. Амалдор эса уялмасдан унга термулиб турарди.
– Уят бўлади-я, – деди бироз ўзига келган Зулайҳо.
– Фақат юзини ювсанг бўлди, кейин менга тезда егулик тайёрлаб бер, ароқ олиб келишни эсингдан чиқарма! – дея амалдор ювиниш хонасидан нари кетди.
Аёл режаси амалга ошмай қолганидан унчалик ҳам куйинмади. Чунки бу режа фавқулодда миясига келиб қолган, ҳали унчалик ҳам пишмаган эди. Бироқ бунақа қулай вазият ҳар доим ҳам бўлавермасди.
Моҳирўй дадаси калтаклашни тўхтатганида ҳали ҳуши ўзида эди. Шу боис, эр-хотиннинг гапларини тўлалигича эшитди. Шундан кейингина ҳушидан кетди.
Юзига муздай сув теккач, у кўзини очди. Боши карахт эди, шунинг учун дабдурустдан нима бўлаётганлигини англаёлмади. Унинг кўз очганини кўрган Зулайҳо баттар хўмрайди.
– Ўзингга келдингми? – деди у қўпол овозда.
– Ойи, – деди синиқ овозда Моҳирўй, – менга нима бўлди?
– Нима бўлганлигини эртага гаплашамиз, ўрнингдан туроласанми, сени бу ерга олиб келгунимча белим чиқиб кетай деди. Ҳеч иш қилмаганлигингдан оғирлашиб кетибсан, – деди аёл ва Моҳирўйнинг ўрнидан туришига кўмаклашган киши бўлиб қўлидан тортди. У қизнинг жароҳатланган жойидан чанг солиб ушлаб олганлиги сабабли Моҳирўй инграб юборди.
– Мушукнинг орқаси яра бўпти, унга нима даво бўпти, шунга шунчами? Қийинчилик кўрмагансан-да, сал нарсага дод-вой соласан! – дея жеркиган аёл унинг қўлидан қаттиқроқ тортди.
– Ой-и-и! – дея бақириб юборди Моҳирўй. – Қўйинг, ўзим тураман.
– Ҳе, нозик ойим…
Зулайҳо шу заҳоти Моҳирўйнинг қўлини қўйиб юборди-да, эри буюрган ишни бажаришга кетди.
Ўрнидан базўр туриб олган қиз секин-аста қадам босиб ётоғига борди ва каравотига чўзилди.
Эртасига эрталаб Тўйчи қўнғироқ қилди. Бу пайтда амалдор ишга кетган, Зулайҳо эса энди уйқудан уйғонган эди. Ўзига таниш овозни эшитган аёлнинг юзига табассум югурди.
– Шахсий чеваримнинг ишлари қалай, янги-янги кўйлакларни ижод қилаяптими? – деди Тўйчини эркалаб.
– Анавинга одам топиб қўйдим, – дея бирдан мақсадга ўтди Тўйчи.
– Дарров ишдан гапирасан-а, сал бундай одамни эркалатиш, кўнглини кўтаришни билмайсан, – деди Зулайҳо ўзига ярашмаган ноз билан.
– Ҳеч ким йўқми дейман уйда, жонидан?
– Борларини орқамга қисмайман.
– Ишни бугундан бошлаб юбораверамизми?
– Аҳвол ўзгариб қолди. Кеча оқшом шунақа томошалар бўлдики, айтсам ҳайратдан оғзинг очилиб қолади. Эсизгина, сенсизам анавиндан қутулишимга озгина қолувди-я, ўзим бузиб қўйдим-да. Энди бир-икки кунга тўхтаб турамиз. У салгина ўзига келиб олсин. Ундан кейин маслаҳатлашиб, ишни бошлаймиз, – деди Зулайҳо эснаб.
– Нима бўлди ўзи?! – дея сўради Тўйчи аёлнинг гапларидан қониқмай.
– Телефонда айтадиган гап эмас. Кейин айтиб бераман.
– Бўпти, унда мен тезроқ "клиент"ни огоҳлантириб қўяйин, йўқса кутиб ўтираверади, – деди Тўйчи аёл билан ортиқча гаплашишни истамай.
Зулайҳонинг ҳам бир дунё ишлари бор эди. Шу боисдан "хўп", деди-ю, гўшакни жойига қўйди.
Уларнинг уйида учта хизматчи аёл эртадан кечгача ишлар, Зулайҳо эса қўлини совуқ сувга урмасди. Кечаги воқеалар содир бўлгач, аёлнинг эрига озгина хизмат қилишига тўғри келиб қолди. Ўша пайт у "Хизматкорларнинг биронтасини энди кечгаям олиб қоламан", дея ўйлаган эди. Энди шу нарсаларни бажариб қўйиш учун хизматкорларни ёнига чақирди.
Моҳирўй уйқудан кўзини очганда соат миллари кундузги ўн иккини кўрсатар эди. У бироз шифтга қараб ётди ва кеча содир бўлган воқеаларни бирма-бир хотирасида тиклади. "Наҳотки, – дея ўйлади у, – дадамнинг мени шунчалик савалашга ҳадди сиққан бўлса? Илгари қўл кўтариш у ёқда турсин, қаттиқ гапирмасди ҳам… Тўхта, тўхта. Ойим мени етимча дедими? Нима, мен бу одамларга бегонаманми? Қанақасига энди? Хеч нарсага ақлим етмаяпти. Агар мен буларнинг қизи бўлмасам… Унда менинг ота-онам ким? Нега бу ерда юрибман?"
– Қизим, уйғондингми? – дея мулойим гапирганча Зулайҳо кириб келди унинг хонасига.
Аёлнинг ўта мулойим гапириши Моҳирўйнинг ўпкасини тўлдириб юборди. Унинг кўзида ёш пайдо бўлди.
– Ий-и! Бу нимаси? – Зулайҳо тез-тез қадам босиб келди-да, Моҳирўйнинг каравоти чеккасига омонатгина ўтириб, унинг кўзидаги ёшни эҳтиёткорлик билан артди. – Қўй, қизим, йиғлама, даданг кеча жа ошириб юбор-ди… Ўзиям келгунингча давленаси кўтарилиб кетиб, ўлиб қолишига сал қолганди… Яхшиям мен тўхтатиб қолдим. А то бог знает, нима бўларди?
У атайлабдан, кейинги ишларини силлиққина бажариш учун Моҳирўйнинг кўнглини овлашга уринаётган эди. Агар ҳозир қизни ўзига худди илгаригидек иситиб олса, ундан кейин оппа-осон қутуларди-қўярди.
– Овқатинг таппа-тайёр, ўрнингдан тургин-да, еб олгин. – Аёл қизнинг пешонасига қўлини қўйди. – Вой, иситманг бор-ку. Қимирлама, ёт. Ҳозир мен дори олиб келаман. Овқатингниям шу ерга келтиришади.
Зулайҳо тезгина хонадан чиқиб кетгач, Моҳирўй кеча тунда ювиниш хонасида унинг айтган гапларини эсладию, эзилиб йиғлаб юборди.
Бир қўлида пиёла, иккинчи қўлида қанақадир дори кўтарган Зулайҳо хонага қайтиб кирганида Моҳирўй унга еб қўйгудек қаради. Бироқ қизнинг қовоғини уйгани ҳам ўзига ярашиб турарди.
– Ойи, – деди қиз Зулайҳо тутган дорини оғзига олмай, юзини бурар экан, – мен сизга кимман?
* * *
Суд кўп давом этмади. Бирпасда ҳамма айблар Фаррухнинг бўйнига қўйилгач, худди Босс башорат қилганидай, суд уни беш йилга озодликдан маҳрум этди.
– Ҳалиям мен инсоф қилдим, – деди раис Фаррухни олиб кетишларидан олдин унинг ёнига келиб. – Ўрнимда бошқаси бўлганида, умрингни қамоқда чиритарди.
Фаррух унга нафрат тўла нигоҳини тикиб, алам билан шивирлади:
– Шунисигаям раҳмат!
Шундан кейин унинг қўлларини кишанлаб, Босс ётган камерага олиб кетишди. Раис тўғри суд залидан қамоққа равона бўлади деб ўйлаганди Фаррухни. Лекин унинг ўйлагани бўлиб чиқмади. Шу боис, у ажабланиб суд раисига қаради. Суд раиси Фаррух яна бир кун "меҳмон" қилиниб, эртасига керакли жойга жўнатилишини айтди. Аслида эса, йигитнинг яна камерасига қайтиши Босс томонидан буюрилганди.
– Энди ҳақиқий «зэк»ка айландинг, – деди уни кутиб олган Босс мийиғида жилмайиб. Унинг бу кулиши эзгин, ҳамдардликка ўхшаб кетарди. – Одамлар жиноят-чи бўлиб туғилмайдилар, балки уларни жиноятчига айлантиришади.
Фаррух бошини қуйи эгган кўйи каравотига бориб ўтирди. Кўзларига ёш қалқди. Йигитчанинг бундай иродасизлигини кўрган Босснинг жаҳли чиқиб кетди.
– Гўдакмисан ёки қиз болага товунлик томонинг борми? Кўзингнинг сувини оқизасан! Бўйнингга юклашдими, демак, энди сен қайтариб уларникига юклашинг керак, йўқса, бир умр раисга ўхшаган қоринбойларнинг оёғи тагида поллатта бўп ўтасан. Тушундингми, қонга – қон, жонга – жон! Бошқа йўл йўқ.
Фаррух Босснинг гапидан илҳомланиб, билаклари кучга тўлиб бораётгандай сеза бошлади ўзини. Агар қамалган бўлмаганида, тўғри раиснинг ёнига бориб, унинг меш қорнига пичоқ санчишгаям тайёр эди. Ундаги ўзгаришни Босс тезда англаб етди. Босс ҳар бир шогирдини тайёрлаётганда унинг юзида содир бўладиган ўзгаришга диққат-эътиборини қаратар ва шунга қараб шогирднинг қандай ишларга қодирлигини билиб оларди. Фаррухда содир бўлган ўзгариш унга ёқиб тушди. Агар уни ўзи ўйлаганчалик тарбиялай олса, келажакда йигитдан кўп ишларда фойдаланса бўлади. Ҳатто «чевар»ликкаям яраб қолса ажабмас.
– Сени эртага олиб кетишади, – деди Босс йигитга қирғий нигоҳини тикиб. – Эртагача вақт бор, унгача мен сенга анча-мунча нарсани ўргатаман, фақат мен чизган чизиқдан чиқмайсан. Шунда кимки ёмонлик қилган бўлса, ҳаммасидан ўч оласан.
– Нима қилишим керак? – деди Фаррух бирдан ҳовлиқиб.
– Шошилма, аввал гапларимни яхшилаб эшитиб ол, қилишинг керак бўлган нарсаларга ҳали анча бор. Ҳозир ҳовлиқасан-да, мениям, ўзингниям шарманда қиласан. Турмага борганингдан кейин…
– Бу ер турмамасми? – дея ҳайрон бўлиб сўради Фаррух Босснинг гапини бўлиб.
Унинг соддалиги Босснинг энсасини қотирди.
– Қаерда ётганингни ҳалиям билмайсанми? – дея сўради у Фаррухдан.
– Йўқ, – деди Фаррух бошини чайқаб.
– Бу аҳволингда мени куйдириб юборадиганга ўхшайсан. Сени ёнимга олиб тўғри иш қилаётганимга гумон пайдо бўлаяпти. Майли, бу ёғи таваккал. Қаерда ётганингниям вақти келиб билиб оласан. Хуллас, турмага борганингдан кейин сени совға-салом билан кутиб олишмайди. Битта-иккита лайчалар қитиқ-патингга тегиб кўришади. Сен улардан асло қўрқма, думини ликиллатиб-ликиллатиб, кейин нари кетади. Ёмони, у ерда аждаҳолар, йиртқичлар бор. Ана шуларнинг ёнида обрўйингни йўқотиб қўймаслигинг керак. Уларнинг ҳаммасиям бизнинг одамлар эмас. Бегоналари, "мент"ларга хизмат қиладиганларидан эҳтиёт бўлиш керак.
– Уларни қандай ажратиб оламан? – дея сўради Фаррух Босснинг юзига тикилиб.
– Бунда ўзингнинг сезгингдан бўлак ҳеч нарса сенга ёрдам беролмайди. Бунинг устига, сен пешонасини ёрган раис обкомда ишлайдиган биттасига қулдай сиғинади…
– Кўрганман ўша одамни, – деди бирдан Фаррух.
– Қаерда? – дея ҳайрон бўлиб сўради босс.
– Тоғда, – деди Фаррух қисқагина қилиб.
– У ёқда нима қилиб юрган экан?
– Билмайман, – дея Фаррух бироз бошини қашлаб турди-да, кўрганларининг ҳаммасини бирма-бир айтиб берди.
Унинг гапидан кейин Босс ўйланиб қолди. Ўрнидан туриб гоҳ эшик ёнига борди, гоҳ каравотига келиб ўтирди. Ўзича бир нималарни чамалаб кўрди. Кейин юзи ғамгин тортди ва Фаррухнинг кўзига синчков тикилдида:
– Ўша ғорнинг қаердалигини биласанми? – дея сўради.
– Биламан, – деди, ғор Боссга нима учун керак бўлиб қолганига ҳайрон бўлган Фаррух.
– Ўша амалдорнинг қизи айтган "шер"ларнинг нима эканлигини биласанми? – дея сўради савол беришда давом этган Босс.
– Йўқ.
– Улар шер эмас, одамлар. Яқинда менинг яқин одамларим йўқолиб қолишди, бирданига учтаси. Демак, улар ўша ерда. Лекин мен амалдор билан уларнинг орасида нима бўлганлигини билмаяпман. Тўғри, уларнинг танишлиги бор эди. Лекин биргаликда иш қилишганлигини ҳечам эшитмаган эдим. Улар ҳеч қачон ҳамтовоқ бўлмаган, бир нарса бўлса, билардим. Лекин нега уларни қафасга солиб қўйганига ҳайронман… Майли, бу иш билан кейинроқ шуғулланаман. Сенга айтмоқчи бўлганим, ўша амалдорга хизмат қилаётганлар сен борадиган турмада ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Эшитишимча, сени раис хоҳлаган турмага жўнатади. Бу дегани, ўша қамоқхонада сени бошқача кутиб олишади… Икки кундан кейин менинг ўзим ҳам у ерга бораман. Лекин боргунимча сенинг ишингни бир ёқли қилиб қўймаса бўлгани улар.
Босснинг гапларидан кейин Фаррухнинг кўнглига ғулғула тушди. У ҳаётида фақат отаси айтиб берган жинажиналардангина қўрқарди. Энди эса Босс айтиб берган бир-биридан бадбашара одамсифат махлуқлар ҳам унда қўрқув уйғотди. Хаёлида ҳамма ёғини жун босган девқомат барзангилар сарғайиб кетган курак тишларини кўрсатиб уни кутиб туришгандай бўлаверди. Қамоқхонага кириб бориши билан унга ҳаммаси бараварига ташланишиб, гўштларини нимта-нимта қилиб ташламоққа шайлангандай кўриниб кетаверди.
– Ҳа, рангинг ўчиб кетяпти?! – дея сўраб қолди Босс. Шу гапнинг ўзидан Фаррух чўчиб тушди.
– Нима гап? – қайтадан сўради Босс.
– Отам эсимга тушди, – деди Фаррух ичидаги ҳаяжонни билдирмаслик мақсадида бошини эгиб.
Босс айнан ўзининг гапидан кейин Фаррухнинг ранги гезариб кетганини сезганди.
– Ўтганлар ўтиб кетди. Энди минг хохлаганинг билан уларни қайтаролмайсан. Шунинг учун тушкунликка тушма. Умуман, бунақа юришга сенинг ҳаққинг йўқ. Сен отангнинг хунини олишинг керак. Бу аҳволда узоққа боролмайсан.
Ўша куни тонгга қадар Фаррухнинг уйқуси келмади. Кўзи юмилди дегунча қамоқхонадагилар унга ҳужум қилаётгандай туюлаверди. Турди, ўтирди, хона бўйлаб юрди. Барибир уйқу деган нарса келмади. Шунда у хаёлидаги бемаза нарсаларни қувиш учун Моҳирўй ҳақида ўйлади. Унинг гўзал чеҳрасини кўз ўнгида тикламоқчи бўлди. Лекин бу иш унинг қўлидан келмади. Қизнинг майин ширали овози ёдида, лекин чеҳрасини ҳечам эслолмади. Фақат тонг отиш арафасида Фаррух уйқуга кетди.
Босс туни билан ҳамхонасининг ухламай чиққанини билар эди. У гарчи Фаррухнинг назарида ухлаётган бўлиб кўринган эса-да, талай муддат кўзини юмиб хаёл суриб ётган эди. Ҳали она сути оғзидан кетмаган бу йигитчага гоҳ ачинар, гоҳида эса аччиқланар эди. Баъзан Фаррухни илк бора кўрганидаги тасаввури ёлғон туюлиб, адашганлигидан жаҳли ҳам чиқарди. "Бўлиши мумкинмас, менинг сезгим ҳеч қачон алдамаган. Фаррухнинг кўзидан ўт чақнайди. Унинг қўлидан кўп иш келади. Фақат у ҳали ҳеч балони билмайди. Билганда эса уни тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмай қолади… Бўладиган бола бошдан дейишади. Лекин бу бола мен турма ҳақида озгина гапириб берганимдан дарров тушкунликка тушиб қолди. Балки ҳеч ким чиқмас бундан", деган бир-бирига қарама-қарши ўйлар унинг бошини оғритарди. Босснинг ўзи одати бўйича саҳарлабдан уйғониб олган эса-да, Фаррухга индамади. "Дамини олсин, келаётган тунда ухлайдими-йўқми, Худо билади", – дея ўйлади.
Соат тўққизларга яқин Босснинг нонуштасини олиб келишди. Шундан кейингина у Фаррухни уйғотди. Нонушта устида улар анча вақт гаплашиб ўтиришди. Босс Фаррухга қамоқхонага борганидан кейин "Чувалчанг" лақабли маҳбусга салом айтиб қўйишни тайинлади.
Тушга яқин улар ўтирган камерага иккита қўриқчи милиционер келди ва Боссга ёқиб қолган йигитчанинг қўлларини кишанлашиб, олиб кетишди.
Ҳамма томони темирдан, кичкина деразаси панжарали машинада Фаррухни тўрт соат мобайнида аллақаёққадир олиб кетишди. Фаррух ташқарини кузатиб кетар экан, отасининг ортидан эмаклаб келганини яна эслади. Йиғлади. Қўллари аламдан мушт бўлиб тугилди.
Босс айтганидек, турмада уни совға-салом билан кутиб олишмади. Тахминан ўттиз-қирқ кишилик камерага олиб киришаётганида ҳар хил машғулотлар билан шуғулланаётган асирлар калака қилишаётгандай туюлди унга.
– Сени қийнаб қўйишибди-ку, а, – деди қўриқчи чиқиб кетгач қилтириққина, тепакал асир унинг ёнига келиб. – Нима гуноҳ қилгандингки, сени бу кўйга солишди? Бечорагина.
Фаррух унга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб, энди ўзига ажратилган каравотга ўтирганди ҳамки, иккинчи қаватдаги бошқа маҳбус:
– Ий-и, тўкилиб кетди! – дея унинг устига бир кружка иссиқ чойни тўкиб юборди.
Фаррух сакраб ўрнидан туриб кетди-да:
– Нима қилдинг?! – дея бақирди унга.
– Вой, – дея ўшшайди ёнида турган Қилтириқ, – тилинг бунча узун экан. Какрас, бугун бутерброд егим келаётганди. Одам бирон нимани астойдил истаса, Худо унга шуни бераркан.
Фаррух унга ўқрайиб қараб қўйди-да, ҳўл бўлган бошини арта-арта яна каравотга ўтирмоқчи бўлганида, Қилтириқ унинг енгидан ушлади.
– Аввал қарзни тўлаб қўймайсанми? – деди у ҳайратланган одамдай кўзларини катта-катта очиб.
– Қанақа қарз? – деди Фаррух пешонаси тиришиб.
– Қанақа бўларди, менинг бутербродимнинг гўштида.
– Олиб бўпсан, олиб бўпсан! – дея ҳиринглади тепадагиси майнавозчилик қилиб.
– Ола-м-а-н, – деди Қилтириқ ва қўлини Фаррухнинг оғзи томонга чўзган эди ҳамки, жони ҳалқумида турган йигит унинг қорнига тепиб юборди.
Қилтириқ орқаси билан тисарилиб бориб бошқа каравотга, газета ўқиган киши бўлиб, бўлаётган воқеага кўз қирини ташлаб ётган семиз маҳбуснинг устига ўтириб қолди.
– Эй-й, онангни… – дея Қилтириқнинг калласига мушт туширган семиз ўрнидан турди-ю, Фаррухнинг ёқасидан ушлади ва қорнига тиззаси билан зарба берди.
Фаррух "Ҳинқ", деди-ю, букчайди. Кейин белига тушган муштдан полга қулади. Семиз бу билан ҳам қаноатланмай яна уч-тўрт марта унинг қорнига тепди.
Базўр нафас олаётган, ўрнидан туришга қийналаётган Фаррухнинг хаёлига Босснинг "Нима бўлсаям, ҳеч нарсадан қайтма, агар дабдалангни чиқаришиб ташлаган тақдирдаям", деган гапи келди.
– Энди берарсан? – дея қийпаланглаб, унинг тепасида яна ўша Қилтириқ пайдо бўлди.
– Ҳозир, – деди Фаррух ва бир қўли билан каравотдан ушлаб инқиллаганча ўрнидан турди. – Сенинг бутербродингга гўшт керакмиди? – дея мийиғида кулдида, Қилтириқнинг башарасига қулочкашлаб мушт туширди.
Зарба шунчалик кучли эдики, Қилтириқ "иш"и битиб, яна жойига энди чўзилган семизнинг устидан ўмбалоқ ошиб ўтиб кетди. Бирдан қони кўпчиган семиз айиққа ўхшаб бесўнақайлик билан ўрнидан тураётганида, Фаррух унинг кўкрагига тепди, пешонасига мушт туширди. Семиз унинг оёғи остига қулаб тушди. Шу пайт, Фаррух мутлақо кутмаганда, иккинчи қаватдаги боягина тепасидан чой тўкиб юбориб "ўйин"ни очиб берган майнавоз унинг бошига кружкаси билан қаттиқ урди.
– Аҳ! – дея орқасига бурилган Фаррух бироз бошини ушлаб турди-да, сўнг ёнига қулади.
Бурнидан оқаётган қонни қўли билан артиб ўрнидан турган семиз аввал Фаррухни тепкиламоқчи бўлди. Сўнг бирдан кўзи унинг бошини ушлаганча қимир этмай ётганлигига тушди-да, ниятидан қайтиб, майнавозга қаради.
– Ўлдириб қўймадингми тағин? – дея сўради семиз. Ранги ўчиб кетган майнавоз секин "ин"идан пастга тушди-да, Фаррухнинг томирини ушлаб кўрди, сўнг бошини кўтариб:
– Юраги ураяпти, тирик, – деди.
Бу пайтда камерадагиларнинг ҳаммаси уларнинг атрофида тўпланганди.
– Бир ой қолганди озодликка чиқишингга, – деди уларнинг орасидаги энг новча, кўзойнакли маҳбус. – Ўлиб қолса, умринг шу ерда чирийди.
Бу гапни эшитиб майнавознинг кўзи ўйнаб кетди ва югуриб борганча бир кружка муздай сув олиб келиб Фаррухнинг юзига сепиб юборди. Сесканиб тушган йигит аста-секин ўзига кела бошлади. Дарров уни иккита маҳбус икки ёнидан ушлади-да, каравотига ётқизиб қўйди.
Шу билан кириш қисми тугади. Ҳамма яна боягидек ўз иши билан шуғулланишга тушиб кетди. Орадан икки соат ўтиб, камерага иккита алпқомат барзанги ҳамроҳли-гида ёши олтмишлардан ошган, юзини ажин босган, икки жойида тиртиғи бор, сочи оппоқ, "Кобра" лақабли қамоқхона етакчиларидан бири кириб келди. У Фаррухнинг тепасида бироз туриб, унинғ юзига тикилгач:
– Ким? – дея сўради ёқимсиз қўпол овозда.
Майнавоз қалтирабгина унинг ёнига келди-да, бошини эгиб:
– Мен, – деди деярли пичирлаб.
Кобранинг кайфияти яхши эди. Шунинг учун майнавозга индамади. Бошини силаб қўйди, холос. Лекин унинг ёнидаги барзангилар биттадан тепки ҳадя этишди унга. Кобранинг майнавознинг бошини силаши шунга ишора эди. Агар илон шапалоқ туширганда борми, майнавознинг ҳолига маймунлар йиғлар эди.
– Биринчи кун ҳамма бу ерда меҳмон бўлади, меҳмонни хафа қилиш одобсизликка киради, – деди у ва камеранинг тўрига ўтиб ўзининг каравотига чўзилди-да, яхшилаб керишиб олгач: – Тўрткўз, – дея бояги новча кўзойнакли маҳбусни чақирди.
– Лаббай, – дея унинг ёнига Тўрткўз югуриб келди.
– Меҳмонни даволаб қўй, яна психбалнисага кетиб қолмасин. Ҳали у билан олди-берди қилишга улгурганимизча йўқ.
– Хўп бўлади, – дея Тўрткўз яна ўзининг каравоти ёнига югуриб борди-да, тумбочкасини очиб, дори-дармон олди ва Фаррухнинг ёнига бориб, аввал бошининг ёрилган жойи атрофини ювиб ташлаб, сўнг дори суртди, кейин бинт билан боғлаб қўйди.
У ишини тугатиб бўлгач, Фаррух калласини қимирлатиб, "раҳмат", ишорасини қилди.
Орадан ярим соат ўтганидан кейин Фаррух бироз ўзига келиб, атрофига аланглади, кузатди. Шу пайт қамоқхона соқчиларидан бири кириб келди. Ҳамма бирдан ўрнидан турди. Фақат Кобра қимир этмади. Фаррухнинг ётганига эса соқчи эътибор ҳам қилмади. У тўғри Кобранинг ёнига борди-да, қанақангидир қоғозчани қўлига берди, кейин тезда камерадан чиқиб кетди.
Эринчокдик билан ўрнидан турган Кобра ёнидан кўзойнагини олиб, букланган қоғозни эринчоқлик билан очдида, уни ҳижжалаб ўқиб чиқди. Кейин тиржайиб Фаррухнинг ёнига келди.
– Сенинг ҳамма ёғинг тилло экан-у, билмаган эканман, – деди у кўрсаткич бармоғи билан унинг юзига бир уриб қўйиб.
– Сиз кимсиз? – деди Фаррух устидан бунақа кулишлар жонига тегиб.
– Оббо сен-э, – деди Кобра кулиб, – менинг кимлигимни билмоқчимисан? Жуда қизиқувчан болага ўхшайсан. Менга ёқиб қолдинг. Сендай йигитчаларни ҳурмат қиламан. Ишонмасанг, манавилардан сўра, – у камерадагиларни қўли билан кўрсатди. – Қани, бир ўрнингдан тур-чи, бўй-бастингга яхшилаб қараб олай.
Фаррух оғриниб ўрнидан тураётганда, боши айланиб кетди ва каравотига йиқилиб тушди.
– Қанжиқ! – дея бақирди жаҳли чиқиб кетган Кобра. – Ипирисқи!
Майнавоз унинг олдига югуриб келди-да, оёғини ўпишга тушиб кетди.
– Итдан бўган! Маразнинг боласи! – деб бўкирган Кобра уни тепкилай бошлади.
Зумда унинг ёнига иккита барзанги ҳам қўшилди. Бирпасда Ипирисқининг соғ жойи қолмади. У буткул хириллаб қолгачгина, Кобра Тўрткўзга нима қилиб бўлсаям Фаррухни эртагача тузатишни буюрди. Ўзи эса каравотнинг олдига бориб тумбочкасини очди ва Россияда ишлаб чиқарилган пиводан олиб, ютоқиб-ютоқиб ичди, шундан сўнггина бироз чиройи очилди ва столга ўтириб:
– Сигарета! – деди.
Барзангилардан бири ёнидан сигарета чиқариб, тезда тутатди-да, Кобранинг қўлига тутқазди. У мириқиб тутунни ичига тортиб столга ўтиргач, бироз кўзини юмиб турди. Сўнг битта кўзини очиб барзангига қаради-да:
– Бу тойчоқни шу кеча байталга айлантирасан, – деди.
* * *
Моҳирўйнинг гапи жавобсиз қолди. Зулайҳо у берган саволга жавобан ўзини ўйланиб қолган кишидай тутиб, қошини чимириб турди-турди-да:
– Қизалоғим, – деди иложи борича майин овозда гапиришга уриниб, – бўлар-бўлмас бемаза гапларни каллангдан чиқариб ташла. Даданг сенга қўполлик қилган бўлса, бунинг сабаби битта. У ҳам бўлса сенинг келажагинг. Энди ўжарлик қилмасдан манави дорини ичиб олчи, – дея у қўлидаги дорини қизнинг оғзига тиқди.
Моҳирўй дорини ичди-ю, лекин келтирилган таомга қарамади. Болишга бошини қўйди. Ва дарров ухлаб қолди. Туш кўрди. Тўрт томонидан тўртта аждаҳо унга яқинлашиб кела бошлашди. Бирининг оғзидан олов, иккинчисиникидан сув, учинчисиникидан қон, сўнггисининг оғзидан эса кўпикка ўхшаган бир нарса отилиб чиқар эди. Моҳирўй шунча ҳаракат қилмасин, қочиб кетолмас, бақирай деса, овози чиқмасди. Аждаҳолар унга яқинлашган сайин биттаси дадасига ўхшаб кетаверса, иккинчиси ойиси шаклини оларди. Қолган иккитаси ҳам одам башарага айланарди-ю, бироқ уларни Моҳирўй ҳечам кўрмаганди. Улар қизнинг яқинигинасига келиб қолишганда, Моҳирўй "Энди тамом, ўлдим!" деб ўйлаб кўзини чирт юмиб олди. Бироқ, ҳадеганда унга махлуқлар тегинаверишмади. Ҳайрон бўлган қиз кўзини очса, аждаҳолар бир-бири билан уришиб ётган эмиш. Гоҳ ойиси дадасининг бўйнидан маҳкам тишлаб, узиб олишга ҳаракат қилар, аммо унинг бўйни қанча чўзилмасин, барибир узилиб кетмас эди. Кейин эркак аждаҳо урғочининг бўйнига ҳамла қиларди. Лекин у ҳам шунча ҳаракат қилмасин, ойисини ўлдиролмасди. Бирдан қаердандир улардан уч ҳисса катта келадиган махлуқ пайдо бўлди-да, иккисини ҳам бир ямлашда ютиб юбориб, Моҳирўйга яқинлаша бошлади. Қўрқиб кетган қиз, "А-а!" дея бақириб юборди ва уйғониб кетди. Унинг тепасида "меҳрибон" ойижониси турарди.
– Қизгинам, сенга нима бўлди? – дея сўради Зулайҳо юмшоқлик билан.
– Аждаҳо, – деди пешонасидан тер қуйилиб келаётган Моҳирўй йиғлаб, – менга аждаҳолар ҳужум қилишди.
– Тавба, – деди кулиб Зулайҳо, – шунга йиғлаб ётибсанми? Тушга нималар кирмайди. Ҳаммасига йиғлайверсанг, кўзингда ёшинг қолмайди… Мен дўхтирга телефон қиддим. Ҳозир етиб келса керак. Манави яраларингни қаратмасак бўлмайди. Тушингга кираётган ҳар хил инсу жинсларнинг ҳам сабаби шунда.
– Ойи, – деди Моҳирўй хаста овозда, – мен нимагадир уйда сиқилиб кетаяпман. Бирон жойга кетсам, салгина ёзилиб келармидим. Майли, иккита соқчи қўйиб қўйинглар ишонмасанглар менга.
Бу таклиф Зулайҳога мойдай ёқиб тушди. Унинг лабида қувонч учқунлари пайдо бўлди. "Шу баҳонада сендан қутулиб оларканман-да, эрка қизим", дея хаёлидан ўтказди у.
– Дўхтир келсин, аввал сени яхшилаб кўрикдан ўтказсин. Кейин дадангга телефон қилиб, ўзим рухсат олиб бераман, – деди у кулиб.
Эшик бирдан қарс этиб очилиб кетди. Остонада куйдирилган каллага ўхшаб тиржайганча Достон турарди.
– Нима керак сенга бу ерда? – дея сўради ойиси ундан.
– Боягина анавини, – дея у Моҳирўйни қўли билан кўрсатди, – дадам оқшом роса безаганини менга айтиб беришди. Шунга бир кўриб қўяйин деб келувдим.
– Кет! – дея бирдан йиғлаб юборди Моҳирўй. – Сендақа укадан кечдим.
"Ким бўпсан-у, шундай олийнасаб боладан кечсанг. Бунинг тирноғигаям арзимайсан-ку", дея хаёлидан ўтказган Зулайҳо қизга бир ўқрайиб қараб қўйди-да:
– Достонжон, унақа демагин-да, уят бўлади, – деди.
– Бунга энг яхши гапирганим шу. Ўзи мени қанча калака қилади, бировингиз ҳам индамайсиз-ку. Менам энди бир устидан кулиб қўяйин-да, – деди Достон афти бирдан жиддий тус олиб.
– Йўқол! – дея яна бақирди Моҳирўй. Бу сафар унинг овози хириллаб чиқди.
– Аввал ўзинг уй қуриб қўй, кейин мени уйдан ҳайдайсан, саёқ. Бу кунингдан баттар бўл. Агар дадамнинг ўрнида мен бўлганимда, бирдан ўлдирган бўлардим, – деди Достон ва орқасига бурилиб чиқиб кета бошлади.
Ўғлининг гапларидан Зулайҳо мамнун эди. Достон айнан унинг кўнглидаги гапни топиб айтганди. Агар ҳозир унинг режалари бўлмаганда, уйдан ҳайдаш қанақа бўлишини бу етимчага кўрсатиб қўйган бўларди.
– Хафа бўлма, қизим, ўзим ҳозир ташқарига чиқиб, яхшилаб адабини бериб қўяман. Келиб сендан кечирим сўрайди, – деди Зулайҳо Моҳирўйнинг сочидан силаб.
– Керакмас, мендан кечирим сўрамасин. Шунинг қорасини кўрмасам бўлди, – дея қиз юзини ёстиғи билан бекитиб йиғлашга тушди.
Бироз унга қараб турган Зулайҳо Моҳирўйга ўзини яқин олган киши бўлиб, чуқур хўрсинди-да, секин ўғлининг орқасидан чиқиб кетди.
"Ниятларинг нима ўзи? – дея пичирлади у чиқиб кетганидан кейин Моҳирўй. – Нега мени бунчалик қийнайсанлар? Биринг уриб чалажон қилиб ташладинг, иккинчинг етимчага чиқардинг, энди манави жинқарчанг келиб устимдан кулаяпти. Агар сенларга жуда керагим бўлмаса, уйларингдан ҳайдаб юборинглар, бира-тўла ҳамманг қутуласан… Менимча, ўзимнинг бош олиб кетишимни истаяпсанлар. Яхши, мен бунгаям кўнаман. Фақат бироз сабр қилинглар. Озгина оёққа туриб олай, кейин беозоргина, ҳеч кимга билдирмасдан, зиён етказмасдан кетаман".
Икки соатдан кейин Зулайҳо айтган дўхтир келиб, обдон Моҳирўйни кўрикдан ўтказгач, лабини тишлаб, бошини сарак-сарак қилди-да, уй бекасини имлаб, ташқарига чиқишга ундади.
– У сиз айтганчалик йиқилиб тушмаган, қаттиқ калтакланибди. Бу аҳволда майиб бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди, – деди дўхтир қабариқ кўзойнагини қўлига олиб.
– Баҳром ака, қизиқсиз-а, – деди Зулайҳо, – бизнинг уйга ким ҳам кириб қизимизни калтаклаб кетиши мумкин? Агар у ер-бу ери кўкарган бўлса, ҳечқиси йўқ, тузалиб кетади. Фақат жароҳати жиддий эмасми, чунки иситмалаб қолди-да.
– Жароҳати жиддий эмас, – деди дўхтир хўрсиниб, – лекин қиз бола бошига шунчалик калтаклаш шарт эдими? Ўзиям кўзга яқин экан.
– Балки шунинг учун ҳам ушбу хонадондан амалдорлар етишиб чиқаётган бўлса керак. Бу ёғини бизга қўйиб беринг. Нима қилиш кераклигини ўзимиз яхши биламиз.
– Ўзингиз биласиз, – деди дўхтир қўлини икки ёнга ёзиб, – менинг вазифам айтиб қўйиш, огоҳлантириш, холос.
Дўхтир Моҳирўйнинг жароҳатини тезроқ тузатадиган дори-дармонлардан ёзиб берганидан кейин битта укол қилди-да, чиқиб кетди.
Моҳирўй икки кундан кейин бутунлай оёққа туриб кетди. Бироқ у энди ҳардамхаёл бўлиб қолганди. Қиз кулмас, доим жиддий қиёфада юрар эди.

Турғун Ғаниевич ишга чиқиши билан унга марказдан текширувчилар келишганлигини, уларни область бўйича олиб юриш унинг зиммасига юкланганлигини айтишди. У парво ҳам қилмай, тўғри биринчи котибнинг олдига кириб борди.
–Комиссия билан бирга юрадиган биздан бошқа одам қуриб кетган экан-да, – деди у салом-аликдан кейин дарров мақсадга кўчиб. – Шу ердаям ишларимиз тиқилиб ётган эди.
– Турғун Ғаниевич, сизнинг обрўйингиз областда қанақалигини яхши биласиз, – деди биринчи котиб, – ҳатто марказдагилар ҳам бундан хабардорлиги ҳеч кимга сир эмас. Келган меҳмонлар нозикроқ, улар билан тил топишиш фақат сизнинг қўлингиздан келади. Шунинг учун бу вазифани ишониб сизга топширдик.
– Ўзи қачон қараманг, доим мен "крайний" бўлиб қоламан, – деди Турғун Ғаниевич кулиб. – Фақат биздаям кичкинагина илтимос бор.
– Қанақа экан ўша илтимос? – деди биринчи котиб сергак тортиб.
– Меҳмонларни кузатиб қўйганимдан кейин бир ой дам берсангиз. Йил давомида тинимсиз ишлагандан кейин одамнинг тинкаси қуриб кетар экан.
– Бу муаммо эмас, сиз ишни уддаланг, кейин, майли, Сочига йўлланмани биз берамиз.
– Швейцарияга йўлланма келган деб эшитгандим. Хорижга чиқиб келсак, кайфият бошқача бўлармиди?
– Ернинг тагида илон қимирласа хабар топадиганлардансиз-да, – дея ўрнидан туриб Турғун Ғаниевичнинг ёнига келган котиб унинг елкасига қоқди. – Бир йилда қарийб уч мартадан чет элга чиқиб келаяпсиз. Бу сафар бошқаларга шу бор-йўғи иккитагинани берсакмикин деб ўйлаб тургандим.
– Швейцария деган мамлакат харитадагина борлигини билиб қолмайлик, хўжайин. Бунинг устига, қизимиз бетобланиб турибди, ҳаво алмаштириб келса, дардига дармон бўладими, деб ўйлагандик-да.
– Майли, Турғун Ғаниевич, ўйлашиб кўрайлик. Сиз ишни битириб келишингиз билан, ажабмаски, ижобий жавоб тайёрлаб қўйсак, – дея кайфияти бузилган кўйи жойига бориб ўтирди биринчи котиб.
"Рози бўлмай қаёққа ҳам борардинг? Жиловинг менинг қўлимда. Озгина тайсалласанг, онангни Учқўрғондан кўрсатиб юбораман", дея ўйлаган Турғун Ғаниевич ўрнидан турди-да:
– Меҳмонлардан хавотир олманг, уларни рисоладагидай қилиб кузатиб қўяман, – деди.
Амалдор чиқиб кетгач, биринчи котиб алам билан столни муштлади. "Падарингга минг лаънат сендақа итни! Қайси гўрдан ҳам тузоғингга илиниб қолдим? Агар олдингда тилим қисиқлиги бўлмаганида, йўқ қилиб юборган бўлардим. Бор-йўғи ҳар икки йилда бир марта келадиган йўлланмага ҳам эга чиқмоқчисан-а! Сенинг шунақа қилиғингни билганим учун кетма-кет чет эл сафарларига юборгандим. Барибир кўрнамаклик қилдинг", дея хаёлидан ўтказди у.
Бундан беш йил бурун биринчи котиб марказда ишлаб юрганида ўғли иккита қизни зўрлаб, кейин ўлдириб қўйгани учун ҳибсга олинган эди. Шубҳасиз, мабодо у қамалиб кетадиган бўлса, ота амалидан айрилар, партиядан ўчирилар эди. Ота елиб-югурди. Бироқ шаҳар прокурорининг қайсарлиги тутиб, унинг айтганини бажармади. "Ўғлингизни қамашдан бошқа иложимиз йўқ", деб туриб олди. Шунда у бу прокурорга "калит" қидиришга тушди ҳамда кутилмаганда марказга иш билан келиб қолган Турғун Ғаниевич билан дуч бўлди. Биринчи котиб у билан Москвада, съездда танишган эди. Ушанда Турғун Ғаниевич анчагина ҳотамтойлик қилиб, мажлисдан кейин ресторанга олиб борган, ундан кейин эса иккита оқбилакни топиб, котибга совға қилган эди. Табиийки, буларнинг бари бекорга эмасди. Кейинчалик марказда ишлайдиган бу амалдор икки марта Турғун Ғаниевич ишлайдиган областга борганида унинг найрангларини сезган ва кўзини юмганди.
– Нега бунчалик қайғулисиз? – дея сўраганди саломаликдан кейин Турғун Ғаниевич бирданига.
Биринчи котиб бироз "Айтсамми, айтмасамми?" – деб иккиланиб қолади.
– Ака, сизга қарздормиз, муаммонгизга шерик бўлолмасак, уят бўлади, – деган шунда Турғун Ғаниевич юзига қайғули тус бериб.
Шундан кейиғнина биринчи котиб дардини достон қилганди.
– Уни ўйламасангиз ҳам бўлади. Сизга ҳурматимиз баланд. Шугина муаммонгизни ҳал қилиб беролмасак, нима қилиб укалик қилиб юрибмиз, – деган эди Турғун Ғаниевич.
Бу гапдан кейин котиб тилло топиб олган одамдай қувониб кетган ва Турғун Ғаниевични қучоқлаб олганди.
Орадан бир ҳафта ўтганидан кейин шаҳар прокурорининг автомобиль ҳалокати натижасида ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг ўрнига бошқаси тайинланди. У тезда биринчи котибнинг ишини ҳал қилиб берди. Тўғрироғи, биринчи котиб умуман аралашмади. Барини хамирдан қил суғургандай қилиб Турғун Ғаниевич бажарди.
Тақдир чархпалаги айланиб, орадан уч йил ўтганидан кейин марказда ишлаётган амалдор Турғун Ғаниевичнинг областига биринчи котиб бўлиб келди. Улар бир йилча иноқ ишлашди. Ҳатто орасидан қил ўтмайдиган даражада дўстлашиб ҳам кетишди. Аммо бир йилдан кейин биринчи котиб Турғун Ғаниевичнинг кўп қинғирликларидан воқиф бўлиб қолди ва уни лавозимида ушлаб туриш ўзига ажални чорлаш билан баробар эканлигини сезиб, ишдан бўшатмоқчи бўлди. Ана шундан кейин Турғун Ғаниевич қўлида бор фактларнинг биринчисини унга кўрсатди. Бу биринчи котибнинг Москвадаги оқбилаклар билан бирга ўтказган ишқий лаҳзалари сурати эди.
– Менда прокурорнинг тасодифий ўлими ва бир амалдорнинг ўғлининг қилган майнавозчиликлари тўғрисидаги фактлар ҳам бор. Албатта, улар бир неча нусхада. Оригиналлари Москвада сакланади, – деган эди Турғун Ғаниевич иржайиб.
Шу воқеадан кейин биринчи котиб Турғун Ғаниевичга ортиқча гап-сўз қилолмай қолди. У нимаики айтса, ҳаммасини шундайича адо этадиган бўлди.
* * *
Марказдан келган меҳмонлар икки киши экан. Бири Турғун Ғаниевич билан бирга партия мактабида ўқиган эди. Уни кўриши билан амалдор бирдан қучоғини очди:
– Дўстим, сен келишингни билганимда, ўзим йўлга чиқиб кутиб олган бўлардим, қўнғироқ қилиб бир оғизгина бораяпман деганингда бўларди-ку.
Улар қучоқлашиб кўришишгач, машинага ўтирдиларда, тўғри ресторанга йўл олдилар. Меҳмондорчиликни ҳар доимгидай қуюқ қилган Турғун Ғаниевич "Хўш, энди нима қиламиз?" деган назар билан текширувчига қаради.
– Расмиятчилик учун, – деди Турғун Ғаниевичнинг нигоҳидаги маънони уққан текширувчи, – бир-иккита объектга борамиз, ундан кейин бутунлай ихтиёрингда бўламан, дўстим.
– Бу гап бошқача бўлди, – дея илжайди Турғун Ғаниевич. – Эркак шундай гапиради-да. Унда мен сенга режамни айтайин, ҳозирдан тайёргарлигингни кўриб қўймасанг, кейин қийналиб қоласан.
– Ишқилиб, устимга тегирмон тошини ортмайсанми?
– дея ҳазиллашган бўлди текширувчи.
– Тегирмон тоши нима экан! Шундай юкни орқалатаманки, белингдан қувватинг кетади.
Иккала дўст ҳам бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди.
– Унда шу юкни эртароқ ортгин, белдаги қувват туравериб айнибам кетди.
– Гап бўлиши мумкин эмас, – дея Турғун Ғаниевич ўрнидан туриб, ресторанда хизмат қилиб юрган хизматчи аёл ёнига борди-да, унинг қулоғига: – Иккита янгисидан бўлсин, икки соатдан кейин олиб кетаман, – деди пичирлаб.
– Хўп, акаси жонидан, – деди жувон кўзини сузиб, – сиздай ҳотамтой одам айтади-ю, бажармасак уят бўлар.
– Жуда шумтакасан-да, бирдан пулни эслатасан, – деди Турғун Ғаниевич жилмайиб.
– Ака, касбим шунақа. Ўрганиш бўп қолган, шунинг учун айбга буюрмайсиз, – деди жувон.
– Бўпти, унда мени уялтириб қўймайсан, деган умиддаман. Меҳмон анча нозик. Келишдик-а?
– Бўлмасам-чи, – дея жилмайганча жувон нари кетди.
– Ҳаммаси ҳал бўлди, дўстим, – деди Турғун Ғаниевич меҳмоннинг ёнига бориб, креслога ўтирар экан. – Ишни бошлайверсак ҳам бўлар.
Аввал улар чой қадоқлаш фабрикасига боришди, текширувчи жиддий тортиб, ишчилар билан гаплашган, уларнинг қилаётган ишларини кузатган бўлди. Кейин директорнинг аввалдан тайёрлаб қўйган "бир пиёла чой"ига ҳам қарамасдан, цемент заводига кетишди. У ерда ҳам номига ҳужжатлар кўрилди, дастгоҳдар кўздан кечирилди ва ишни битиришди. Бу вақт мобайнида Турғун Ғаниевич югурдакларига қўнғироқ қилиб тоғда яхшигина жой тайёрлаб қўйишни ва ресторандаги иккита оқбилакни олиб кетишни буюрди.
– Билсанг, – деди йўлда кетаётганларида текширувчи Мурод Болиевич амалдорнинг тиззасига юмшоққина уриб, – ҳамма нарсадан чарчадим. Тўғриси, бу ерга сен билан дам олиб кетиш учун келгандим. Шунинг учун каттага: "Бориб келайин, ҳам областдаги ишларни кўздан кечираман, ҳам дам оламан", дедим. Катта жуда тушунадиган одам, йўқ демади. "Одам ишлашниям, дам олишниям билиши керак", деди.
– Тўғри айтибди, – деди Турғун Ғаниевич деразадан ташқарига қараб кетар экан, – ўрнига мен бўлганимдаям шунақа деган бўлардим. Ҳаётга бир марта келсак. Шуниям итнинг кунидай қилиб ўтказишимиз керакми?.. Шунақангиларига "заказ" бериб қўйдимки, кўрсанг оғзингдан сувинг оқади.
– Биламан, дидинг бало! – деди Мурод Болиевич кулиб ва ёнидан сигарета олиб лабига қистирди.
Дид ҳақида гап бошланиши билан Турғун Ғаниевич Моҳирўй ҳақида ўйлади.
* * *
Кобра нари кетгач, Фаррухни ўз ҳолига қўйишди. Фаррух унинг нима демоқчи бўлганини яхши англаган эди. Шу боис қони бирдан кўпириб кетди. Ўрнидан тура солиб илоннинг бошини мажаклаб ташламоқчи ҳам бўлди. Бироқ вужудидаги оғриқ қўзғалишга йўл қўймади. У кўзини юмди-да, лабини маҳкам тишлади. "Нима бало қил-моқчи булар, одамлар орасига тушдимми ўзи? Мени ким деб ўйлашаяпти? Йўқ, бунисига чидолмайман. Майли, ўлсам ўлиб кетаман, лекин ўзимни шарманда қилдириб қўймайман", дея хаёлидан ўтказди у.
– Яхши бўлиб қолдингми? – деган овозни эшитган Фаррух чўчиб кўзини очди.
Унинг тепасида ҳалиги Турткўз турарди. Фаррух унинг кўзига тикилган кўйи жим тураверди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Тўрткўз, – бардам бўл, оғайни. Буларнинг одати шунақа. Аввал тегиниб кўришади. Агар юмшоқлик қилсанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Яхшики, ўзингга пишиқ экансан. Агар шундай давом этказсанг, марра сеники бўлади.
Фаррух унинг гапларига қулоқ солиб ётар экан, вақти келиб марра уники бўлишига кўзи етмасди.
– Жа бу билан тил топишиб қолганга ўхшайсан-а, – деди уларнинг ёнига келган барзанги. – Шефнинг гапини эшитдингми? Бу той бугун меники бўлади. Унгача биронтанг олдига яқинлашма, ҳуркитиб қўясан.
– Акам, сизнинг гапингиз гап, – дея Тўрткўз нари кетди.
– Ўзимнинг тойчоғимдан! – дея барзанги Фаррухнинг юзидан чимдиб қўйди.
Асаблари таранглашиб турган Фаррух унинг қўлини силтаб ташлади.
Бирдан жаҳли чиқиб кетган барзанги унга энди қўл кўтармоқчи бўлганида:
– Тўхта, – дея уни тўхтатиб қолди Кобра, – ҳали вақт бор. Бироз ўзига келиб олсин, кейин…
Фаррухни кечки овқатга ўнг томондаги қўшни маҳбус етаклаб борди. Унга Кобра шунақа буйруқ берган эди.
Беш юздан зиёд маҳбус навбатда туриб овқат олишар, сўнг сал наридаги умумий столга ўтириб, шоша-пиша овқатланишга тушишарди. Айрим маҳбуслар эса, навбат ҳам кутмай, тўғридан-тўғри столга ўтиб ўтиришарди. Улар "авторитет" унвонига сазовор бўлганлар эди. Бундайларнинг емакларини югурдаклари етказиб беришарди.
Фаррух биринчи луқмани оғзига солганидан кейин уни чайнашга қийналди. Жағи оғриб кетаверди. Шундай бўлса-да, амал-тақал қилиб, тўрт-беш қошиқ овқат ютишни уддалади.
– Шуми, бугун келган йигитча? – деган овоз келди ёнгинасидан.
Фаррух бошини кўтариб тепасига қаради. Басавлат, соқоли қиртишлаб олинган, сочи силлиқ таралган, кўзи чақнаб турган қирқ ёшлардаги киши унга жилмайиб қараб турарди. Унинг ёнида эса иккита барзанги атрофга олазарак боқарди.
Фаррух ўзи билмаган ҳолда ўрнидан туриб кетди.
– Ўтиравер, ўтиравер, – деди ҳалиги одам йигитнинг елкасидан босиб, – бемалол овқатингни еявер. Менга, мана, ёнингдан жой бўшатишди.
У Фаррухга гапира бошлаганидаёқ, овқатлари "заҳар" бўлган ёнидаги маҳбуслар ўрниларидан туриб кетишди. Шунинг ўзиданоқ чўпон йигит келгувчининг мавқеи қай даражада эканлигини билиб олди. Шу боисдан ҳам яна биронта машмаша бошланиб қолишидан хавотирланганча, "хўп", дегандек бош силкиди-да, қайтадан жойига ўтирди.
– Таълим-тарбия ишларини нафас олишга улгурмасингдан бурун бошлаб юборишибди-да, – дея гапини давом этказди Фаррухнинг ёнидан жой олган маҳбус ёнатрофига қараб оларкан. – Исминг Фаррухми?
– Ҳа, – деди йигит овқатидан кўзини узмай.
– Бировнинг қарз гапини ўз вақтида етказмаслик яхшимас.
"Бунисиям ўйинини бошлади-ку", дея хаёлидан ўтказган Фаррух "Тушунмадим" маъносида келгувчига қаради.
– Босснинг саломини нега ўз вақтида етказмадинг?
Бу саволни эшитиши билан Фаррухнинг кўнглида қаршисидаги кишига нисбатан қандайдир илиқлик пайдо бўлди. Унинг ички ўзгариши ташига ҳам кўчиб, юзига табассум югурди.
– Сиз Чувалчангмисиз? – деган савол беихтиёр оғзидан чиқиб кетди.
Чувалчанг ўзини бундай аташларини ёқтирмасди. Буни билган танишлари унинг ҳақиқий исмини айтиб чақиришарди. Лекин "авторитетлар" ўзлари қўйган лақабни афзал билишар эди.
– Бундан бу ёғига, – деди Чувалчанг қошини чимириб, – мени Баҳодир ака деб чақирасан. Уқдингми?
– Хўп, – деди қизариб кетган Фаррух.
– Босс тузукмилар?
– Ҳа, яхши. Мен у кишининг гапини келганимданоқ сизга етказмоқчи эдим. Лекин имкони бўлмади. Бирдан фалончи ким деб сўраш ноқулай бўлди.
Чувалчанг унинг ёш болаларга ўхшаб гапиришидан кулди. Бошини силаб қўйди.
– Ноқулайлик "гражданка"да бўлади. Бу ерда нимаики гапирсанг, ҳаммаси қулай. Фақат нима гапиришни яхши билиш зарур. Бўпти, сен билан бошқа гапларни эртага гаплашамиз. Энди сени безовта қилишмайди, – дея Чувалчанг ўрнидан турди-да, тўғри Кобра ўтирган жойга кетди.
Илон Чувалчангнинг Фаррухнинг ёнига борганлигини, у билан гаплашганлигини ва ҳатто "тойчоқ"нинг бошини силаганлигини кўрганди. "Чувалчангга унинг нима алоқаси бор? Нега у билан ҳол-аҳвол сўрашди? Нима ҳакда гаплашишди улар?" каби саволлар унинг миясида ғужғон ўйнар эди. Азалий рақиб саналган Чувалчангнинг ўзи томонга келаётганлигини кўрганидан кейин эса, бирдан ҳушёр тортди. Ёнида ўзи каби ҳушёр ўтирган йигитини ҳар эҳтимолга қарши туртиб қўйди.
– Менинг чегарамни буздинг, – деди Кобра гўё овқатланаётгандай олдидаги косадан бир қошиқ луқмани оғзига солаётиб.
– Сен Босснинг дарахтини юлибсан, – деди пинагини бузмай Чувалчанг.
Босснинг номини эшитиб, Кобранинг кўзлари олайиб кетди. Вужудига енгил титроқ кириб, ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Оғзидаги луқмасини ҳам ютолмай қолди.
– Боссга тегишли эмас у, – деди Кобра ўзида содир бўлган ўзгаришни сездирмаслик мақсадида.
– Тегишли ё тегишли эмаслигини эртага билиб оласан. Унгача унинг ёнидан ел ҳам ўтмаслиги керак. Яна бир нарса: эртагача унинг жароҳатларини тузатиб қўйишни ҳам эсингдан чиқарма, – деди Чувалчанг ва Кобранинг олдидаги нондан бир бурда синдириб олди-да, оғзига солганча ундан нари кетди.
Кобра ўтирган жойида музлаб қолганди. Нигоҳи бир нуқтага қадалган, хаёли даҳшатнинг минг бир кўчасига кириб чиқарди.
Бугунги олган хабари унга амалдордан, аниқроғи, унинг "лайча"си ҳисобланмиш Новчадан келганди. Бундай буйруқ келдими, демак, у албатта бажарилиши шарт эди. Чунки Кобра Турғун Ғаниевичнинг одами ҳисобланарди. Бир пайтлар Кобра наша чекиб ўзининг хотини билан қизини ўлдириб қўйган ва ўлим жазосига ҳукм қилинганида, Турғун Ғаниевич уни бу жазодан қутқариб қолганди (Ҳолбуки, судья танаси бурда-бурда қилиб ташланган она-боланинг хуни учун, қотиллик ҳаддан ташқари даҳшатли бўлганлигини сабаб қилиб кўрсатди-да, ўлим жазоси бермоқчи эди. Аммо кундан-кунга мавқеи ошиб, кўп жойларда ўзининг одамига эга бўлишга улгурган Турғун Ғаниевич унинг йўлига тўғаноқ бўлди. Турғун Ғаниевич Кобранинг қилмиши ҳақида эшитганидан кейин: "Бирор коримга яраб қолар", деган ўйда уни ўлимдан олиб қолди. Ва айнан унинг қўллаб-қувватлаши билан Кобра шу даражага етди. Айни пайтгача Кобра амалдорнинг саккизта буюртмасини бажарди. Шулардан олтитаси қотиллик эди).
Амалдорнинг буйруғига кўра, Фаррух қамоқхонадан умрбод чиқмаслиги керак эди. Яъни, Фаррух ўлмайди, лекин бир умр қамоқхонада яшаб, итнинг кунини кўради.
Аммо кутилмаганда бу гўдакнинг Боссга тегишли чиқиб қолиши Кобрани саросимага солди. Икки ўт орасида қолган илон чора излади. Ниҳоят, кечки овқатдан сўнг ўша чорани топгандай бўлди.
Фаррух камерага қайтиб борганидан кейин ўзига нисбатан муомала бутунлай ўзгарганлигини кўриб ҳайрон бўлди. Ҳеч ким унга ёвқараш қилмади. Кочиримли гап айтмади. Девсифат барзанги ёнига келиб, "Ука, мендан ўтибди, ортиқча гапириб қўйибман, ҳазиллашгандим. Буни тўғри қабул қиларсан. Сенам эркаксан-ку. Эркаклар ҳамма гапни гапириб кетаверади", – дея кечирим сўраган бўлди. Лекин Кобра унинг ёнига келмади, кечирим сўрамади. Орияти йўл қўймади унинг. Фақат ётган жойида тиржайиб қараб турганлигини Фаррух кўрдию, Чувалчангнинг қанчатил кучга эга эканлигини тан олди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, унга нисбатан ҳар қанча юмшоқлик бўлмасин, чироқ ўчганидан кейин ҳам Фаррух анча маҳалгача ухламасдан ётди. Хаёлида ҳозир анави барзангилардан бири келиб, унга ташланиб қоладигандек бўлаверди. Фаррух ёшлигидан кўп ухламасликка ўрганган эди. Шундай кунлари бўлганки, туни билан мижжа қоқмасдан фонус кўтариб қўранинг атрофини айланиб юрган.
Ҳамма тошдек қотиб ухлагандан кейин Кобранинг каравоти ғижирлади. Фаррух бутун диққат-эътиборини шу томонга қаратди. Кобра секин ўрнидан турди-да, чап томонида ухлаб ётган маҳкумни туртиб уйғотди. Бу барзанги эди. Барзанги каравотидан тушгач, унинг қулоғига илон аллаиималар деб шивирлади-да, яна қайтиб каравотига чўзилди. Барзанги овоз чиқармасдан қадам ташлаб борди-да, шеригини уйғотди. Иккаласи алланималарни келишиб олганларидан сўнг, секин Фаррух томонга яқинлаша бошлашди. Фаррух мабодо улар ташланиб қолишса, ён томонини мўлжаллаб турди. Бироқ иккала барзанги ҳам унга ташланмади. Балки, кундуз куни уни обдон элакдан ўтказганлардан бири – Қилтириқнинг ёнига боришди ва унга бироз қараб турганларидан кейин Кобра уйғотган барзанги ёнидан пичоқ чиқарди. Иккинчи барзанги эса, Қилтириқнинг ёстиғини тортиб олиб, унинг юзига босди. Қилтириқ типирчилаб қолганида кўкрагига ханжар санчилди. Яна озгина муддат типирчилаб ётган Қилтириқ тинчиб қолди. Шундан кейин навбат Фарррухнинг ёнидаги маҳбусга етди. У ҳам худди шу усулда ёруғ дунёни тарк этди. Энди барзангилар Фаррухнинг ёнига яқинлашишди. Йигитнинг ичи музлаб кетди. У хиёл кўзини очиб, мабодо ёстиғини тортиб олмоқчи бўлишса, бирдан ўрнидан туриб кетмоққа шайланди. Бироқ барзангилар унинг ёстиғини тортиб олишмади. Иккитасини тинчитган барзанги секинлик билан қонга бўялиб ётган пичоқни Фаррухнинг болиши остига тиқиб кўйди. Бу лаҳза шунчалик ваҳимали кечдики, йигит адойи тамом бўлаёзди.
Ҳамма ишни битирганларидан кейин барзангилар яна жойларига бориб ётишди. Орадан ярим соат ўтгач, уларнинг хурраги эшитила бошлади. Аммо Фаррухнинг уйқуси буткул ўчиб кетган, вужуди дағ-дағ қалтирар эди. Шу алпозда у яна талай муддат ётди. Кейин унинг миясига "Нега улар пичоқни менинг ёстиғим тагига тиқиб қўйишди? – деган ўй келиб, янаям сергакланди. – Бу бекорга бўлмаса керак. Булар бирон нимани мўлжаллашган кўринади. Балки, қилган ишларини менинг бўйнимга ағдармоқчи бўлишгандир? Ҳа, худди шундай қилишмоқчи булар. Агар ҳозироқ бунинг олдини олмасам, қутулмас балога қолиб кетаман". Фаррух секин бошини кўтариб атрофига қаради. Иккита мурдадан бўлак ҳамманинг уйқуси осудалигини кўргач оҳиста ўрнидан туриб, эҳтиёткорлик билан болишининг остидаги пичоқни олди-да, шундоққина тепасидаги каравотда, иккинчи қаватда дунёбехабар бўлиб ётган Майнавознинг кўрпаси тагига тиқиб қўйдию, яна ўрнига чўзилди. Бироз ўтгандан кейин эса тағин ўрнидан туришга тўғри келди. Сабабки, болишида ҳам қон доғи қолганлигига унинг шубҳаси йўқ эди. Болиш худди бояги усулда Қилтириқникига алмаштирилди. Кўнгли бироз хотиржам тортган Фаррух чойшабини ҳам кўрикдан ўтказди. Бахтига, унга қон юқи тегмаган эди.
Эрталаб бирдан ҳамма ёқ тўполон бўлиб кетди. Ўн бештача соқчи йигитлар қўлларида резина таёқча кўтарганларича югуриб киришди. Бурчакка сафланишга улгурган маҳбус улгурди, улгурмагани икки-уч мартадан резина таёқнинг "маза"сини татиб кўришга мажбур бўлди. Албатта, ҳали қамоқхонанинг паст-баландини тушуниб улгурмаган Фаррух ҳам бу насибадан қуруқ қолмади.
Тинтув бошланди. Ҳамма маҳбуснинг тумбочкаларидан тортиб, кўрпа-ёстиқларигача ағдар-тўнтар қилиб ташланди. Бундан Кобранинг қувончи чексиз эди. У ҳатто бироз жилмайиб ҳам турарди. Бироқ бу жилмайиш узоққа чўзилмади. Кутилмаганда Фаррухнинг эмас, балки Майнавознинг кўрпаси тагидан қонга бўялган ханжар чиқиб қолди. Бу матоҳ топилиши билан бараварига тўртта соқчи Майнавозга ташланишди. Уни аввал обдон тепкилашди. Сулайиб полга чўзилиб қолганидан кейин судраб олиб чиқиб кетишди. Кобранинг эса қовоғидан қор ёғар эди.
– Бу, – деди қамоқхона бошлиғи ҳамма иш тамом бўлганидан кейин кириб келиб, – битта одамнинг иши эмас. Қолаверса, Бердиқул шундай иш қилолмайди. Кимлардир қилғиликни қилиб қўйиб, беозоргина одамга ағдарган. Агар ўша одам ўзининг хоҳиши билан ўртага чиқиб, айбини тан олмаса, ҳаммангни онадан туғилганларингга пушаймон едираман!
Бироқ ҳеч ким "Менман ўша қотил", демади. Ҳамма мум тишлагандай жим тураверди.
– Яхши, – деди қамоқхона бошлиғи қалин қошлари бир-бирига туташиб, – унда сен, сен, – дея элликта одам ичидан танлай бошлади у, – олдинга бир қадам чиқинглар.
Танланганлар орасида Кобранинг шериклари ҳамда Фаррух ҳам бор эди.
Ўн икки кишини махсус жазо камерасининг ёнига олиб боришди. Кобранинг шерикларини бошқа ёққа олиб кетишди.
Жазо камерасига икки кишидан киритиларди. Колганлар эса аввалги кирганларнинг чинқириқлари, нолаларини эшитишиб, олдиндан адойи тамом бўлишар эди. Фаррухга "Сен ёшсан, аввал кириб чиқ", дейишмади. Атайдан уни охиргига қўйишди. Умуман, у ерда ёш танланмас эди, бир бошдан киритиб юборилавериши керак эди жазо камерасига. Фаррух олдинги қаторда турган эса-да, ҳар доим "Сен кейинроқ тур", дейишиб, ундан ортдагиларни киритиб юбораверишди. Кирганлар йигирма дақиқа мобайнида дунёга келганларига пушаймон еб бақиришар, ташқаридагилар навбати келгунча уларнинг азобли овозларидан кўпроқ азият чекишарди. Ниҳоят Фаррухга ҳам навбат етди.
– Бу азобдан қутулишнинг ягона чораси бор. Бирбиримизга ёрдам беришимиз керак, – деди унга шерик бўлиб қолган маҳбус жазо камерасига киришлари арафасида. – Мен сенинг бошингни ёпаман, сен меникини. Агар бир-биримизга ёрдам бермасак, иккаламиз ҳам тамом қоламиз. Тушундингми?
– Ҳа, – деди Фаррух қалтираб.
Уларни олиб киришди-да, махсус мосламага киргизишди. Бунда қўл баландга қилиб, оёқ икки ёнга ёзилиб кишанланар, бош эса қимирламайдиган қилиб маҳкамланарди. Сўнг тепадан бошнинг қоқ марказига қайноқ сув томчилай бошлар эди. У аста-секин шунчалик ёмон таъсир қилардики, худди бошингдан мих қоқаётгандек сезардинг ўзингни.
– Қўлинг билан бошимни ёп! – деди Фаррухнинг шериги сув томчилай бошлаши билан.
Фаррух қўлини бироз айлантириб орқа томонига чўзди. Тепадан келаётган сув унинг қўлига тегиб, қўли орқали баданига оқиб туша бошлади. Гарчи у қўлини куйдириб юбораётган эса-да, баданига етиб келгунча анча совиб қоларди. Асосийси эса, бошга бирон томчи ҳам сув тушмасди.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/nuriddin-ismoilov/burgut-tog-da-ulg-ayadi-1-kitob-69916792/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Бургут тоғда улғаяди 1-китоб Нуриддин Исмоилов
Бургут тоғда улғаяди 1-китоб

Нуриддин Исмоилов

Тип: электронная книга

Жанр: Зарубежные детективы

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 28.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Бургут тоғда улғаяди 1-китоб, электронная книга автора Нуриддин Исмоилов на узбекском языке, в жанре зарубежные детективы

  • Добавить отзыв