Бахтнинг олис манзили

Бахтнинг олис манзили
Нуриддин Исмоилов

Нуриддин Исмоилов
Бахтнинг олис манзили

Нуриддин Исмоилов
БАХТНИНГ ОЛИС МАНЗИЛИ

Саргузашт-детектив роман
Мен севиб қолдим.
Аслида, қишлоқнинг оддий боласиман, бунинг устига, онам уч фарзандини чирқиллатиб, ҳали мен ўнга ҳам кирмасимдан ўлиб кетган. Отам, ўзининг айтишича, эсини таниганидан бери сувчилик қилади. Камбағал. Туманимиз марказидан бошқа жойни кўрмаган. Боришга қўрқади – адашиб кетаман, дейди. Бунинг устига, ўлардай содда. Агар биров киприк қоқмай: “Туянинг думи ерга тегибди”, деса, чиппа-чин ишонади. Ишонганини бировга айтмайди-ю, лекин биз болаларга жўшиб-тошиб, бир хум тилла топиб олган одамдай завқ-шавқ билан гапириб беради. Биз ҳам ёшлигимизда отамнинг гапларига ишонардик. Ёшимиз улғайиб, оқ-қорани таний бошлагач, кўнгли учун кулиб қўядиган бўлдик. Тўғри, баъзан жаҳлимиз чиқарди, лекин отамга ҳеч нарса деёлмасдик. Сабаби, у содда бўлгани билан, чапани эди. Хурсанд пайти биров унга қарши гап айтиб қўйса, тамом, қиёмат қўпди, деяверинг. Қўлига илинган нарса билан тушириб қолади. Болохонадор қилиб сўкишларини-ку, айтмай қўя қолай. Хуллас, икки укам билан шундай бир шароитда катта бўлдик. Четдан қараганда, отамдан бизнинг деярли фарқимиз йўқ эди. Ишонувчан, бир бурда нон бермаса ҳам бировларнинг хизматини қилиб кетаверадиган, эртамиз нима бўлади, деб ўйламайдиган болалар эдик.
Қишлоғимиздаги оғзига кучи етмайдиганлар гоҳ ошкора, гоҳ орқамиздан гапирадиган, куладиган бўлишди. Бунга мен, отам каби, аввал индамай келдим. Бироқ кейинчалик бўлар-бўлмас гаплар оғир бота бошлади. Бирорта одам (у ким бўлишидан қатъи назар) сал ножўя гап айтиб қолса, аямасдан башарасига мушт тушириб қолар, кучим етмаса, қўлимга илинган нарса билан урар эдим. Бу қилиғим оқибатида “тентак” деган лақаб орттирдим. Аммо шу-шу ҳеч ким бизни ерга урадиган гап қилмайдиган, одамга ўхшаб сўрашадиган, гаплашадиган бўлди.
Мактабни битираётганимда, синфимизнинг энг сулув, аълочи қизи Нозимадан хат олдим. Очиғи, ўшанда довдираб қолганман. Чунки бу пайтга келиб синфдошларим аллақачон икки-уч мартадан севишга улгуришган, мен эса юрак ютиб биронта қизга ҳатто тузук-қуруқ қарай олмаганман. Бунга камбағаллигимизми, одамовилигимми сабабчи дейман-у, яна ким билсин…
Ўша қизни зимдан кузата бошладим: юриш-туришига, дугоналари билан, ўғил болалар билан муомаласига қарадим. Ёмонмас. Ҳатто бир-икки марта гапиришга ҳам чоғландим, негадир юрагим бетламади. “Мен сенга ҳазиллашгандим. Сен бечоранинг ҳам кўнглингни бир кўтариб қўяйин дедим-да”, дея изза қиладими, деган хаёлга бордим. Аммо адашганлигимни кейинроқ билдим. Мактабда охирги имтиҳонни топшириб ҳовлига чиқсам, Нозима турган экан.
– Беш бўлдими? – деди у очилиб, чиройли кулиб.
– Уч қўймоқчийди, амаллаб тўрт қўйдирдим, – дедим ундан кўзимни олиб қочиб. – Аслида, уч ҳам бўлаверарди.
– Нега унақа дейсиз? Ўқишга киришингизга асқотиб қолиши мумкин, – деди у ҳеч кутилмаганда мени “сиз”лаб.
Юзимдан “лов” этиб ўт чиқиб кетди гўё.
– Мен… Мен… – дедим бироз довдираб, – ўқишга кирмайман.
– Оддий ишчи бўлмоқчимисиз?
– Билмадим…
– Уйга кетаяпсизми?
– Ҳа, сен… Эй-й, сиз ҳам кетасизми? – дедим ғалати аҳволдан чиқолмай.
– Юринг, бирга кетамиз.
Биз ёнма-ён, жуда секин қадам ташлаб мактабдан узоқлашар эканмиз:
– Нодиржон, – дея мурожаат қилди у менга. Боя сизлаганида юрагим бир ҳаприққан бўлса, бу сафар кўкрагимдан отилиб чиқиб кетай деди. – Мен сизни ака десам майлими?
– Нега? – дедим мен ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам титраб. – Мендан икки ойлик каттасиз-ку.
– Нима қипти? Менинг акам йўқ, иккита опам бор. Кимнидир ака дейишим керак-ку. Ўйлаб-ўйлаб, охири сизни ака деб чақиришга қарор қилдим. Ака бўлганингиздан кейин, “сиз” дейишим керак.
– Фақат шуми? – бирдан тилимни тишладим. Тўғриси, ўзим ҳам бу гапни қандай айтганимни билмай қолдим.
Нозима жим бўлди. Шу бўйи анча вақт ундан садо чиқмади. Бунгача мен неча марталаб ўзимни-ўзим койидим: “Ўл-а, латта, гўл, шундай пайтда шунақанги гапни айтасанми?”
– Нодир ака, – дея бир маҳал тағин тилга кирди Нозима, – мен сизга хат ёзгандим.
– Хат? – дедим мен ўзимни билмаганга олиб.
– Анча бўп кетди, – у бироз сукут сақлади, сўнг чуқур хўрсинди, – ўқимаган бўлсангиз яхши.
Мен жавоб бермадим. Аслида, нима дейишни билмасдим. Шу боис, индамай қўя қолдим. Шундан сўнг гапимиз қовушмади. Қадамларимиз эса тезлашди.
Уйга бориб ўзимни кўрпачанинг устига ташладим, анча вақт шифтга термилиб хаёл суриб ётдим. Ўзимни ниҳоятда аҳмоқона тутганимни сездим. Бир қиз менинг довдирлигимга қарамай юрагидагини айтиб турса-ю, мен товуқмия назарга илмасам! Ўзим кимман-у, тағин осмондан келаман? Уларнинг оиласи ўзига тўқ, отаси тиш дўхтири, онаси мактабда адабиётдан дарс беради… Мен галварс, ҳатто мактабни битирганидан сўнг нима иш қилишини ҳам сўрамабман…
Қаттиқ ҳаяжонландим, шекилли, бошим оғрий бошлади. Чалқанча ётиб, кўзимни чиппа юмдим. Бироздан кейин ухлаб қолибман.
Уйимизда юмуш кам, томорқамиз этакдай, узоғи билан уч сотихча. Картошка, пиёз, помидор, бодринг экилади. Лекин бу ишларни отамнинг бир ўзи эплаб ташлайди. Айниқса, охирги пайтларда ерга эгалар пайдо бўлганидан кейин, отам зерикиб қолмаслик учун эрталабдан ўзини томорқага уради. Эринмай ишлов берилганидан бўлса керак, экинлар гуркираб, роса ҳосил беради. Ҳатто томорқаси бизникидан ўн баравар катта қўни-қўшнилар ҳам қишда у-бу нарса сўраб чиқиб туради. Уйимиздаги сигир-бузоқнинг емишини ҳам отам беради. Хуллас, биз болаларнинг бекорчи вақтимиз кўп, айни шу сабаб, мени кечки овқат маҳалигача биров уйғотмаган.
– Хўш, энди нима қиласан? – сўради отам, овқатдан кейин ёнбошлаб олиб чой ичаркан, мактабни битирганимни эшитиб.
– Билмасам.
– Анави Шокир Нормат билан бирга Тошкентга ишлагани кетаётганмиш. Ипподром деган жой бор экан, шу ер катта бозор бўпти. Шокирнинг айтишига қараганда, ҳар куни оқшом мошин-мошин юк келармиш. Савдогарлар олиб келармиш. Беш-олти кишилашиб шу юкларни туширармиш. Ҳар бировига битта мошинага юз-икки юз сўмдан бераркан. Сенам бормайсанми? – дея отам бир менга, бир укаларимга қараб қўйди.
Юз сўм ўша пайтда катта пул эди. Шу боис, отамнинг гапига кўпам ишонмадим. Яна Шокир отамнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборган бўлса керак, деб ўйладим ва мужмалроқ қилиб:
– Билмасам, – деб жавоб қилдим.
– Энангнинг гўриниям билмайсан сен ит! – деди отам жаҳли чиқиб. – Путингни кўтариб ётишдан бўлак нарсага ярамайсан ўзи.
Отамдан бундан-да “ширинроқ” гапларни илгариям кўп эшитгандим. Миқ этмай пиёладаги чойимни ичавердим.
– Гап шу, эртага нарсаларингни йиғиштириб, сен ҳам шулар билан бирга кетаверасан. Ўзим айтиб қўяман, сенга кўз-қулоқ бўлишади.
Кўнглимда ўқишга кириш ниятим, ўқишни битириб, яхши жойда ишлаб, одамга ўхшаб яшайман, деган умидим бор эди. Лекин айтолмадим. Яна сўкиш эшитиб қолишдан қўрқдим. Индамай бошимни қимирлатиб, розилигимни билдириб қўя қолдим.
Шокир деганлари ён қўшнимиз бўлади. Ориқ, бўйи теракдай. Пешонасини аллақачон ажин босиб, сочига ҳам оқ оралаган. Ёши бўлса, йигирма беш билан ўттиз орасида. Лекин ичидан пишган – гўрдан гўшт олиб чи-қадиганлар хилидан. Бир мақтанса оғзи кўпиради. Армияда Украинада хизмат қилган экан. Ўша томоннинг қизлари жуда бошқача бўлармиш. “Армияга борган кунимоқ биттасини топиб, роса маза қилиб сурганман”, дейди. Лекин ўзи ҳалигача уйланмаган. Сабабини суриштирсангиз, қойиллатиб жавоб беради: “Агар ҳозирдан уйланиб қўйсам, ўсиб келаётган зўр қизчалардан қолиб кетаманда. Ўттиз бешларга кирганда уйлансанг законний бўлади. Хотининг ёшгина, чиройли бўлса, яшаяпман десанг ярашади”.
Нормат деганлари эса Шокир аканинг тескариси, ундан кичиг-у, иккита боласи бор. Хотини, яъни янгамиз фермада соғувчи, Нормат аканинг ўзи молбоқар бўлиб ишлаган. Иккаласи молхонада танишган. Очиғи, мен билмайман-у, лекин одамларнинг айтишича, “гижинг-гижинг” қилиб қўйишганми-ей, хуллас, янгамизнинг қорнида “тарвузча” пайдо бўлиб қолган. Сўнг, илож йўқ, уйланган. Ўзиям янгамиз тўй оқшоми туғруқхонага равона бўлиб, қишлоқдагиларнинг бир неча йил оғизларидан тушмаган. Нормат аканинг уйидагини айтмай қўя қолай.
Хуллас, шу икковига қўшилиб Тошкенти азимга ишлаб пул топиш мақсадида борадиган бўлдим. Кечаси нарсаларимни йиғиштириб, эски латта сумкага жойладим. Хаёлимда бир кунда ўн-ўн беш машина юкни тушириб ташлайдигандайман. Чўнтагимни бир ойда қаппайтиргач, қишлоққа қайтиб келиб: “Пул топиш мана мунақа бўлади-да, сизлар ҳам юрибсизлар-да қишлоқда чориқларингни судраб”, деб мақтанаман. Кейин яна ўша Ипподром деган жойга қайтиб бориб, аввалгидан ҳам кўп пул ишлайман. Тағин чўнтагимни бўшатиш учун қишлоққа қайтаман. Қарабсизки, тўрт-беш ой деганда япянги “Нексия” миниб, ҳамманинг кўзини куйдираман. Ўшанда менинг, отамнинг, укаларимнинг устидан кулганларни бир кўрай тишининг оқини кўрсатганини! Кейин “тойчоғим”ни минволиб, Нозиманинг ёнига бораман. Унинг хурсанд бўлиши тайин. Чунки қизлар машинали йигитларни кўрса бўғини бўшашади. Буниси аниқ.
Шундай ширин хаёллар оғушида тонг отиб-отмай ухлаб қолибман. Бир маҳал отам турткилаяпти:
– Тур! Ўл-а, валакисалак, индамаса пешингача сасиб ётасан!
Сакраб ўрнимдан турдим-да, кўзимни уқалаганча унга қарадим.
– Бор, тезроқ ювиниб кел! – бақирди отам. – Мен Шокир билан гаплашиб келдим. Бир соатдан кейин кетаркан!
Отамнинг гаплари ҳали қулоғимдан кетмай туриб таш-қарига отилдим. Кўз очиб-юмгунча ювиниб қайтдим. Отам мендан-да илдамлаб жойимни йиғиштириб, дастурхон ёзибди. Укаларим чой дамлаш билан овора.
Шоша-пиша нонушта қилиб, кийимларимни кийдимда, тайёр бўлдим.
Отам алмисоқдан қолган, боғичи ингичкалашган, ойнасининг бир чети ёрилган, лекин бинойидек ишлайдиган соатига кўзини қисиб қаради-да:
– Ҳали вақт бор экан, озгина ўтир, – деди.
Лекин менинг ичим ўт бўлиб ёнарди, эртароқ пул хазон бўлиб ётган ерга етгим келаётганди.
– Шокир ака кетиб қолмасин тағин, – дедим ҳовли-қиб.
– Кетмайди, – жеркиб берди отам, – инсофли бола у!
Шокир ака кўзимга олижаноб кўриниб кетди ва бироз бўшашиб кўрпачага чўкдим. Ичим ёниб турганиданми, отам билан суҳбатимиз унча қовушмади. Ҳозир унинг ўшанда менга нималар деганини эслай олмайман.
Орадан бироз ўтиб отам яна соатига қараб олиб:
– Энди юр, кетдик, – деди.
Ўзимда йўқ хурсандман, қўйиб берса, учишга-да тай-ёрман.
Шокир ака кўчага чиқиб турган экан, яқинига боришимизда менга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг бурнимни чимдиб:
– Яхши меҳнаткаш боласан, буни биламан, лекин ўлгудай ўжарсан, қишлоқда уришмаган одаминг қолмаган бўлса керак. Хў-ўш, отангга айтдим, энди ўзинггаям айтиб қўяй, – деб у мендан кўзини узди-да, отамга қараб қўйди. – Бораётган жойимиз шаҳар, унинг олдида қишлоғинг чумчуқнинг инидай, шунинг учун қишлоқда қилган қилиқларингни шаҳарда қилмайсан, чизган чизиғимдан чиқмайсан. Шу шартга розиман, деб отангнинг олдида менга ваъда берсанг, олиб кетай сени.
Отам “гапир” дегандек биқинимга туртиб қўйди.
– Майли, – дедим мен бошимни эгиб, – нима десангиз шу.
– Ишқилиб, – отам мўлтираб Шокир акага қаради, – ўзинг кўз-қулоқ бўлиб турасан-да, бунинг-ку топганига зормасман, боя айтганимдай, кўча кўрсин, кўзи пишсин, дейман-да. Шу одам бўлса, укаларини тортиб кетади-да.
Отамнинг гапини қаранг. Мен боғдан келсам, бу киши тоғда юрибди. Топганимга зор эмасмиш. Топмасам, “Нексия”ни ким олади? Ким Нозиманинг ёнига талтайиб машинада боради? Ким қишлоқдошларнинг оғзини очиб қўяди?..
Жаҳлим чиқди. Лекин лом-мим демадим. Фақат чаккамни қашладим, холос.
– Хавотир олманг, ака, – деди бир ишни қойиллатиб қўйгандай Шокир ака ғўддайиб, – айтганимни қилса, зўр одам бўлади.
Кўп ўтмай, Нормат ака ҳам етиб келди. Мен билан Шокир ака пўрим кийиниб олганмиз. У бўлса қишлоқда киядиганларини эгнига илиб олибди. Шокир ака униям бошдан-оёқ назоратдан ўтказди-да:
– Ҳа, фермер, хотинингнинг путидан чиқолмадингми? – дея чақиб олди.
Дарвоқе, Нормат ака тўйида бўлган ўша ҳангомадан кейин “фермер” деган лақаб орттириб олган. Бошда биров уни шу лақаби билан атаса, жаҳли чиқарди. Астасекин кўникди. Энди ўзининг асл исмини ҳам унутиб юборган бўлса ажабмас.
Биз отам ва укаларим билан хайрлашиб, сумкаларимизни елкамизга олиб, “Қаердасан, Тошкент, пуллар хазондек сочилиб ётган шаҳар?” – дея йўлга тушдик. Нозималарнинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганимизда мен ичикдим: “Қани, ҳозир Нозима чиқиб қолса-ю, менинг қаёққа кетаётганимни кўрса: “Тезроқ қайтиб келинг, мен сизни интизорлик билан кутаман”, деб чиройли табассум ҳадя қилса”, дея ўйладим. Аммо унинг қораси кўринмади. Уйига мўлтираб бир-икки қараб қўйдим-да, шерикларимдан ортда қолмаслик учун шитоб билан юриб кетдим.
Ярим соатларда катта йўлга чиқдик. Шу ердан Тошкентга қатнайдиган автобуслар ўтарди. Анча туриб қолдик. Шокир ака асабийлашиб сўкинар, у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Ниҳоят бизни ўша жаннатга олиб кетадиган қип-қизил “Икарус” кўринди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Сумкамни қўлимда маҳкам ушлаб, нажот манзилига элтувчи уловга термилдим.
Аммо номард ҳайдовчи автобусни тўхтатмади: ёнимизга келганда бир марта сигнал берди-ю, ўтди-кетди. Алам билан ортидан қараб қолдим. Шокир ака эса сўкинди. Нормат ака ғиринг демади. Ҳатто пинагини ҳам бузмади.
Орадан ўн беш дақиқалар ўтиб яна биттаси кўринди, бироқ у ҳам умидларимизни саробга айлантириб кетди.
Ҳартугул, учинчи автобус тўхтади. Худди қолиб кетадигандай шошганча, бир-биримизни турткилаб чиқиб олдик.
Ҳайдовчининг ёнида турган шопмўйлов, билаклари ба-қувват йигит бизга орқа ўриндиқлар бўшлигини айтиб, шу ёққа боришимизни тайинлади.
Аввалига ойнадан ташқарини томоша қилиб кетдим, кейин кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Бир маҳал ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Кўзимни уқалаб қарасам, автобусда бўш жой қолмабди. Қачон шунча одам чиққанини, очиғи, сезмай ҳам қолибман.
Шокир ака уйғонганимни кўриб:
– Уйқудан уй соласанми, баччағар, дарров тарракдай қотиб қолдинг? – деди кесатиб.
Мен унга қараб илжайдим. Бир нима деб унинг қитиқпатига тегмоқчи бўлдим-у, лекин миямга тузук-қуруқ гап келмади. Яна ойнадан ташқарини томоша қила бошладим.
Автобуснинг ичи чиққан пайтимизда жуда тартибли кўринган эди. Аста-секин чанги чиқа бошлади. Айниқса, йўл четига тўхтаганида, энг охирги ўриндиқларда ўтирганимизгами, эшик тирқишидан кирган чанг-тўзон кийимларимизга қўнарди. Йўл узоқ, бунга ҳам кўникдик, бошқа иложимиз қанча?
Орадан чамаси ярим соатлар ўтганидан сўнг, сўл томонда ўтирган икки йигит қарта ўйнай бошлади. Тўғриси, аввал мен бунақанги ўйинни билмасдим, биринчи кўриб туришим. Қизиқ туйилди. Биттаси учта қартани қайириб олиб, олдига қўйилган жомадоннинг устига чақ-қон алмаштириб ташлар, иккинчиси қизилини топишга уринарди. Назаримда, қизил қартани топиш жуда осондай туйилди. Қартабоз иккита қорасини аниқ кўрсатиб ташлайди-да, битта қизил қартани ҳам шеригига кўрсатиб, чеккага қўяди.
“Шуниям топиш қийинмикан?” – деб хаёлимдан ўтказаман. Бир пайт ўрнимдан тура солиб: “Мана!” – деб кўрсатгим келиб қолди. Қартабознинг овсар шериги бўлса, тополмай боши қотаётибди. Агар қартабоз шериги қизил қартани беш-олти марта топиб олганидан кейин: “Энди пулга ўйнайман, бир сўм ташлаб топсанг, икки сўм қилиб қайтариб оласан, тополмасанг бир сўминг думини ушлаб кетади”, демаганда, эҳтимол, зерикиб қарамай қўярмидим? Қизиқ, у шу гапни ажабтовур баланд овозда маънилатиб айтдики, олдинги ўриндиқда ўтирганлар ҳам ўгирилиб қарашди.
– Бўпти, – деди шериги иржайиб, – қани, ташла.
Иккита қора ва битта қизил қарта кетма-кет жомадоннинг устига тушди. Мен ҳаммасини кўриб-билиб турибман, отам чўнтагимга солган пулдан йигирма сўмгинасини олиб, ўша айтган қартасини топсам, пулим кўпаядику, деб ўйладим. Аммо жойимдан туришга улгурмадим: қартабознинг ярамас шериги қизил қартанинг қаерга тушганини пайқаган экан, чўнтагидан битта йигирма беш сўмлик чиқариб қартанинг устига ташлаб очди. “Эсиз, мен ҳам топувдим, ундан олдин пул ташласам бўларкан”, дея хаёлимдан ўтказдим.
Ўйин давом этди. Топқир бир сира уч марта ютганидан кейин ютқазиб қўйди.
Бирпасда уларнинг атрофини одамлар ўраб олди. Ўйинни кўролмай қолдим. Ўрнимдан туриб қарашга тўғри келди. Энди қартабознинг шериги четга чиқиб қолган, бошқалар қизил қартани топиш билан овора эди. Бири ютар, бошқаси ютқазар… Лекин агар мен ўйнасам, ҳаммасини бехато топаман, деб ўйлардим.
– Мана, – деди ўйинчилардан бири қартани қўли билан босиб.
– Ака, – деди қартабоз унинг юзига қараб, – аввал пулни тикинг, пулсиз очмайсиз.
Ўйинчи шошиб чўнтагига қўлини тиқиб бели букилмаган бир пачка юзталик чиқарди-да, қартанинг устига қўйди. Ютди. Қартабоз ҳам ўғил бола экан, шартта чўнтагидан пул чиқариб санаб берди. Шундан кейин ўйин қизигандан қизиб кетди. Ютганлар қийқиради, ютқазган одам бошини чангаллайди. Менинг эса ичим ёниб, ўйнагим келаяпти-ю, хаёлимда кимдир: “Ҳали сен ёшсан, бунақанги ўйинлар ўйнашингга эрта”, деб кўкрагимдан итараётгандай. Охири чидаёлмадим. Шартта чўнтагимдан эллик сўм чиқардим ва бутун диққатимни қартага қаратдим.
– Киссангга тиқ пулингни, – деди Шокир ака, – бир тийинсиз қолиб очингдан ўлмоқчимисан?
– Ака, ютаман! – дедим мен ғўддайиб. – Мана кўрасиз, ютаман!
– Ўтир-э, жипириқи, – жаҳли чиқди Шокир аканинг.
– Қўйинг, боланинг шаштини қайтарманг, – деди кимдир.
Бу гапдан баттар руҳланиб кетдим ва Шокир акага қишлоқда берган ваъдамни унутиб, энди пул тикмоқчи бўлганимда, биттаси чаққонлик қилиб, бир пачка икки юз сўмликни қартанинг устига ташлади.
– Қирққа ўйнайман, – деди қартабоз, – очманг!
– Қирқта пулим йўқ, бор пулимни тикаяпман, – деди ўйинчи ва иккала қўли билан чўнтакларини уриб кўрсатди.
– Бўпти, – деди илжайиб қартабоз, – фақат шу сафар.
Шу пайт кимдир:
– Қартани алмаштирди, қарта алмашган! – дея ба-қирди.
Аммо унинг гапига ўйинчи қулоқ солмади ва ушлаб турган қартани ўгирганди, қора чиқди.
Ўйинчининг манглайига тер тепчиди, юзи қизарди, ҳансираб нафас ола бошлади. У бирор икки дақиқа шу тахлит турганидан сўнг боя кимдир гапирганини эслаб қолди ва бирдан қартабознинг ёқасидан ушлаб бўғди.
– Пулни қайтар, сен мени алдадинг, пулни қайтар! – дея қичқира бошлади.
– Ҳов, ака! – деди тўпланганлар ичидан биттаси ўйин-чининг елкасидан ушлаб. – Биров сизга ўйна дедими? Ютқиздингизми, чидайсиз-да!
– Ҳалол ўйнамадинглар, ғирромлик қилдинглар, ҳамма кўрди! – деди бўғилиб ўйинчи.
– Ким ғирром ўйнабди, бу бола пастаянна ҳалол ўйнаб келган, мен буни яхши биламан! – деди унинг елкасидан ушлаб турган киши.
Ўйинчи гапга қулоқ соладиган аҳволда эмасди. Бунинг устига, ҳўкиздай қорувли эмасми, ориққина қартабозни автобус деразасига тираб:
– Онангникига тиқаман, пулни қайтармасанг! – деб ўкирарди.
– Қўйвор уни, – таҳдид билан унинг биқинига пичоқ тиради қиморбоз билан биринчи ўйнаган шериги, – бўлмаса, ичагингни бошингга салла қиламан!
Унинг таҳдидидан сўнг автобусда ғала-ғовур кўтарилди. Аёллар дод-вой қилишди. Шундан кейин ҳайдовчининг ёнида келаётган барваста киши келди.
– Ў-ў, мараз, – деди қартабознинг шеригига, – ўйин-чоғингни бу ёққа бер!
Унинг овози дўриллаб чиқди. Қаттиқ гапирганда жуда ваҳимали эшитиларкан.
– Биз тоза ўйнадик, ютқазиб аламига чидолмай…
– Тозангни онангникида ўйнайсан! Қартанг қачондан бери тоза бўп қопти, мараз? Бер анави пичоғингни бу ёққа, бўлмаса, ҳозир ўзингни бир ёқли қилиб ташлайман!
Шундан сўнг қиморбоз билан унинг шериги, ҳартугул, инсофга келди, пичоқ билан бирга пулни ҳам қайтариб беришди.
– Ким айтади сизни мўйсафид одам деб? – таъна қилди ҳайдовчининг ёрдамчиси пулни эгасига қайтариб бераркан. – Нима, шу пайтгача уч қарта ўйнамаганмисиз? Бу баччағарлар, – у қартабоз билан шеригига қўлини бигиз қилди, – қанча одамнинг шўрини қуритган. Биласизми, ким буларни ютади? Ўзларининг одамлари. Бош-қалар уларнинг ютганига маст бўлиб ўйнайди, кейин қандай қилиб чув тушганини билмай қолади.
Пулини қайтариб олган ўйинчи-йўловчи қизариб бошини хам қилди.
Ҳайдовчининг ёрдамчиси эса қартабозни шериклари билан қўшиб (улар тўрт киши экан) автобусдан тушириб юборди.
– Кўрдингми? – деди ёнимда ўтирган Шокир ака. – Ўйнаганингда кўрардинг кўргилигингни. Отангнинг олдида берган ваъдангни эсингдан чиқарганга ўхшайсан.
Мен унга жавоб қайтара олмадим. Нимаям дердим? Яна ухламоқчи бўлдим, лекин уйқум келмади. Устигаустак, бошим лўқиллаб оғриди. Кўзимни юмиб жим ўтирдим.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди, бир пайт автобус кескин силкиниб тўхтади, учиб кетаёздим. Ҳайдовчининг болохонадор қилиб сўкингани эшитилди. Кейин у бирдан жимиб қолди. Ҳамма: “Нима бўлди? Нима гап?” – дея бўйнини чўзиб олдинга қарай бошлади.
– Орқага! Орқага ҳайданг, – деди ҳайдовчининг ёрдам-чиси. – Ўтиб кетиб қоламиз.
– Айтгандим мен сенга: “Шулар билан тенглашма, аралашма уларнинг ишларига”, деб. Ана энди, манглайингдан дарча очиб кетади.
– Кўп гапирмай орқага ҳайданг! – бақирди ёрдамчи.
– Кўрмаяпсанми қўлидагини?! – ҳайдовчи ҳам ба-қирди.
– Менда қўл телефони бор, – деди ўртада ўтирган бир йўловчи, – милисага телефон қилайлик.
У қўлидаги кичкина аппаратчанинг тугмаларини босди-да, қулоғига тутиб ким биландир гаплашди. Умримда бунақанги матоҳни кўрмаганман, оғзим очилиб қолди. Анграйганимдан унинг нималар дегани ҳам қулоғимга кирмабди.
Бир маҳал автобуснинг олд эшиги очилди, аёллар изиллаб йиғлай бошлади. Олдинда ўтирганларнинг гапларига қараганда, қандайдир машина автобуснинг олдини тўсиб, ундан қуролланган одамлар тушиб автобусга келаётган экан.
– Бу ёққа туш, ўв ҳўкиз! – деган овоз эшитилди пастдан.
Ким экан бу, деб пешонамни ойнага тираб, ташқарига – автобуснинг очилган эшиги томонига қарамоқчи бўлдим.
– Қарама! – деди Шокир ака қўлимдан тортиб.
Мен унга норози бўлиб кўз ташладим.
– Жим ўтир, – деди у яна қўлини илкис силкиб.
Ҳайдовчининг ёрдамчиси пастга тушиб кетди. Бироздан кейин “қарс-қурс” этган овоз чиқди. Кимдир ингради. Сўнг бирин-кетин икки киши автобусга чиқди. Бирови қўлидаги тўппончани бироз ўйнаб турди-да:
– Ҳамманг чўнтагингда борини чиқар! Агар ким пулини яширса, итдай отиб ташлайман! – деди.
– Қирғин келсин сенларга! – бақирди аёллардан бири. – Йўлтўсарлик қилиб мол топгунча очингдан ўлганинг яхши эмасми?!
– Ҳов, манжалақи, яна бир марта сайрайдиган бўлсанг, тилингни суғуриб оламан, тушундингми?! Босиб ўтир-да, айтганимни сумкачангдан чиқариб тур, ҳозир ёнингга бораман! – деди ўша йигит дағал овозда.
Пешонамдан тер чиқиб кетди. Отам бор-йўғи беш юз сўм берган. Йўл ҳақини тўласам, шимилдириқ ҳам қолмасди. Оёқ-қўлим титраб, бутун умидимни кўзимга жамлаб, Шокир акага қарадим. Кўринишидан у мендан баттар аҳволда эди, биров бўғаётгандай тез-тез нафас олар, кўзлари аланг-жаланг боқарди.
Аксига олиб, зўравон “чўтал” йиғишни энг орқа ўриндиқлардан бошлашини айтди-да, биз томонга лапанглаб кела бошлади.
– Тўхтанг, ука, – деди бир маҳал, боя қўлидаги қана-қадир матоҳ билан телефон қилган киши йўлтўсар унинг ёнидан ўтиб кетаётганида ўрнидан туриб, – бир нарсага келишайлик.
Зўравон тўхтаб унга ўгирилди-да, афтини буриштириб қаради:
– Қани, – деди беписанд оҳангда, – нимага келишмоқчи бўлаяпсан?
– Манавини қаранг, ука, – деди йўловчи бояги матоҳини унга кўрсатиб, – нархи қиммат, “кўк”ида етти юз туради. Шуни сизга берайин-да, бошқаларга тегинмасдан, орқангизга қайтинг.
Йўлтўсар унинг қўлидаги матоҳни олди ва обдон айлантириб кўрди. Сўнг нимадандир норози бўлди, шекилли, афти бужмайди.
– Бунинг нима ўзи? – деб сўради.
– Қўл телефони, – деди йўловчи хотиржам овозда, – бу билан ўзимиз тугул, дунёнинг исталган точкасига телефон қилиш мумкин.
– Йўғ-э! – деди йўлтўсар кўзлари ҳайратдан чақчайиб, – шунақасиям чиқдими ҳали?! Қойил, сим-пим йўқ, хоҳлаган жойингга телефон қилаверасан. Қани кўрсат-чи, қандай ишлатади буни?
Йўловчи эринмасдан, тугмаларни бирма-бир босиб кўрсатди. Сўнг: “Хоҳласангиз, мана ҳозир Тошкентга телефон қиламиз”, деб рақам тера бошлаган эди, зўравон унинг қўлидан матоҳни юлқиб олди-да:
– Бу ёғини ўзимга қўйиб беравер, – деди ўшшайиб, – лекин-чи, бу аппаратинг билан қорин тўйғазиб бўлмайди. Пул керак, муллажиринг керак бизга. Шунда белимизам бақувват бўлади, қорнимизам тўяди. Майли, буни сендан подаркага оламан. Нима қипти, эслаб юрамиз-да, фалон автобусдан интеллигентний кийинган, галстукчалари осилиб турган одамдан совға деб… Энди чўнтагингдагини чиқар!
– Унда телефонни бер, – деди йўловчи бу сафар сенсираб, – биратўла ҳам бўйидан, ҳам энидан урасанми? Ўғри бўл, ғар бўл, инсофи билан бўл-да!
– Вой итдан тарқаган, ҳали биз ғар бўп қолдикми, ўзинг-чи, ўзинг кимсан?! Манавини, – у кўзи чақчайганча қўлидаги матоҳни кўрсатди, – энангнинг эри ўйнаб юришинг учун бериб қўйдими, ифлос?! Бировни қон қақшатиб, пулига сотиб олгансан, яна етти юз “кўк”ида туради, деб ғўддаясан менга?! Чиқар пулни, биринчи сендан оламан!
Йўловчи аста чўнтагига қўлини тиқиб, бир пачка юзталикни олди-да, эринмасдан, зўравоннинг кўзини ўйнатиб санай бошлади. Ўша содда, гўл (қўполлигини қаранг, отам шу гапга қандай чидаб яшаб юрганига ҳайронман) отам: “Пул топиб, ақл топмаган аҳмоқ”, деган гапни бир неча марта айтгани эсимда бор.
– Эй-й, онангни эмгурдан бўлган, нима қилаяпсан?! Бер ҳаммасини! – дея ўкирди йўлтўсар ва бир юлқиб унинг қўлидан пулларини тортиб олди. – Сен итда яна пул бор, қолганиниям ўз ихтиёринг билан чиқармасанг, ҳамманинг олдида голий қиламан, тушундингми?!
– Кейин-чи, – деди пўрим кийинган йўловчи, – бошқаларга тегинмайсанларми?
Унинг бу гапидан нафақат зўравон, балки автобусдагиларнинг бари ҳайрон бўлди. Ҳа, йўловчилар унинг чўнтагидаги бор ақчасини зўравонга қўшқўллаб тутқаза-ётганига эмас, балки “геройлик” қилаётганига ажабсиниб қараб туришарди.
– Сен, – деди тажанглашган зўравон, – шунча аёлнинг кўз олдида қип-яланғоч бўлмоқчимисан?!
– Агар яланғоч бўлишимнинг уларга фойдаси тегса…
– Эркакмисан, ҳезалакмисан? – унинг гапини чўрт кесиб бақирди зўравон.
Пўрим кийинган йўловчи унга тикилганча жим тураверди.
– Шу қолувди, – деди аёллардан бири бардоши тугаб, – бир камимиз сенинг авратингни томоша қилиш қолувди. Уялмаган шарманда, бер пулингни ўзингни бунча ерга ургунча!
Унинг танбеҳи бошқа аёлларга ҳам таъсир қилиб, шовқин кўтарилди. Автобус ичида бирпасда ғала-ғовур қўпди. Ҳатто бир-иккита аёл ўрнидан туриб ҳам кетди.
– Ҳов! – қичқирди уларга йўлтўсар. – Ўтир ҳамманг! Ўлгинг келдими?!
Энди унинг таҳдидидан аёллар қўрқмай қўйган, бари ечинишга тайёр турган эркакни қарғар, қўллари етса унинг сочидан юлишга, юзини тимдалашга шай эдилар. Пўписаси иш бермаганини кўрган зўравон қўлидаги тўппон-чадан тепага қаратиб ўқ узди. Бир зумда ғала-ғовур ўрнини қий-чув, дод-вой эгаллади. Аёллар ҳайҳайлашиб жойжойларига қайтишди, шошганидан баъзилари бир-бирининг устига чиқиб ҳам кетди.
Уларнинг таҳликага тушганини кўриб зўравон маза қилиб кулди. Сўнг бирдан жиддий тортиб:
– Жуда эзмаланиб кетдинг, давай, чўнтагингда борини бу ёққа чўз! – деди бояги йўловчига.
– Бўпти, – деди у ҳам бу гал эзмалик қилиб ўтирмай ва чўнтагидаги бор-будини чиқариб унинг қўлига тутқазди.
– Ўҳ-ҳў! – дея иржайди йўлтўсар қўлидаги пулни салмоқлаб. – Энди анави бармоғингдаги узукни ҳам еч.
– Инсоф қилинглар, – деди йўловчи дадил овозда, – хотинимнинг совғаси бу, ҳеч кимга берилмайдиган.
– Айни шуниси керак-да бизга.
Иягининг остига тўппончанинг учи тиралганидан сўнг, узук ҳам жойидан қўзғалди. Очиғи, унга жудаям ичим ачиб кетди. “Шартмиди ҳамма нарсасидан бирдан айрилиб қолиши? – ўйладим ичимда. – Озгина тилини тийиб турганида, бу падарингга лаънатилар пулларини олиб, қолган нарсаларига тегинмай тушиб кетишарди-ку”.
Бечорани шип-шийдам қилган зўравон автобус охирига келиб ўтирмай, кейинги ўриндиқда ўтирганларни шилиб кела бошлади.
– Манавини ол, – дея биқинимга туртди бир маҳал Шокир ака.
Қарасам, қўлида пул бор.
– Нима қиламан? – пичирлаб сўрадим.
– Анави эшикнинг тагига отиб юбор, – деди у ваҳимали шивирлаб.
Мен зўравондан кўз узмаган кўйи Шокир аканинг қўлидаги пулни олдим. Аммо отиб юборишга улгурмадим. Ташқарида қандайдир машина “ғийқ” этиб тўхтади, кейин “тарс-турс” этган товуш чиқиб, кимнингдир инграгани эшитилди. Миямдан: “Ҳайдовчининг ёрдамчисини бир ёқли қилиб қўйишди-ёв”, деган ўй яшин тезлигида ўтди. Кимдир: “Милиция!” – дея қичқирди.
Зўравон билан унинг ортидан келаётган шериги шошапиша автобуснинг олд томонига югуришди. Аммо орқада кетаётган зўравон эшиккача етиб боролмади. Боягина ҳамманинг кўз олдида ечинишга-да тайёр бўлиб турган ориққина йўловчи ўтирган жойидан сакраб турди-да, ёнидан югуриб ўтиб кетаётган зўравоннинг орқа миясига чунонам мушт туширдики, йўлтўсар овоз чиқаришга-да улгурмай йўлакка юзтубан гурсиллаб қулади. Кейин у бир ҳатлашда йўлтўсарнинг шеригига етиб олди ва икки оёғининг орасига туфлисининг учи билан тепди. Ана энди чинқириқни эшитинг. Ўйлашимча, мендан узоғи билан бир-икки ёшгина катта, манави зўравон акаларининг қаноти остида иягини осмон қилиб юрадиган йўлтўсарваччанинг эркаклиги моматалоққа айланиб кетди-ёв. У нозик жойини икки қўллаб бекитганча, тор йўлакчада буралиб шунақанги ўкирардики, наърасидан баъзи кўнгли бўш хотинларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Қолган воқеалар кўз очиб юмгунча содир бўлди. Автобус ичига ниқоб кийган, ҳарбий кийимдаги, қўлларида автомат ушлаган бақувват йигитлар қирғийдай учиб киришди. Агар энди ҳақиқий қаҳрамонга айланган ўша йўловчи қизил гувоҳномасини чиқариб кўрсатмаганида, бу йигитлар ҳамма эркакларнинг пешонасига қурол тираб, қўлларимизни орқага қайириб пастга олиб тушар, балки бир-иккитамиз мушт ейишгаям улгурармидик?
– Манави иккаласи, – деди ҳалиги киши.
Бирпасда ниқобли одамлар иккала йўлтўсарни ҳам худди қоп кўтаргандай бир силтаб автобусдан туширишди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай автобусни тарк этишимизга тўғри келди.
Ташқарига чиққанимиздан сўнг қарасам, бир эмас, еттита милиция машинаси тепасидаги чироғини айлантириб турибди. Шундагина ҳалиги қўл телефони бор одамнинг йўлтўсарлар билан нега бунча эзмалик қилганини тушунгандай бўлдим. Қизталоқ, у атай вақтни чўзган экан.
Манзилга мўлжалдагидан анча кеч, қуёш уфққа ёнбошлай бошлаган маҳал етиб келдик. Мен нима қилишни билмасдим, карахт бир аҳволда эдим. Шокир аканинг юзидан норозилиги кўриниб турарди. Пешонасини тириштириб, тез-тез нос отиб, зум ўтмай тупуриб ташларди. Нормат ака эса ҳар доимгидек аҳволда, кўринишидан на хафа бўлганини ва на хурсандлигини биласиз.
Автобусдан тушиб, бирор километрча яёв юрдик. Кейин одамлар тўпланиб турган жойга бордик. Тўғриси, бизга ўхшаганлар бунчалик кўп бўлишини ўйламаган эканман. Кўз олдимда гўё ер ёрилган-у, ёриқдан одам бодраб чиққандай. Бири сариқ, бири оқ, бошқаси қора, узун, калта, семиз, ориқ. Биттасининг афти тиришган, бошқасиники қайғули. Ҳамма бесаранжом, яна недандир умидвор. Биз учовлон уларнинг сафига қўшилдик. Шокир ака турганлардан бир-иккитаси билан кўришган бўлди, сўнг биттасидан аҳволини сўради. “Дабдала”, деган қўполгина жавоб эшитилди. “Оббо, – дея ўйладим мен, – энди Нозиманинг олдига нимада бораман? Уфф, қачон қарамайин, омад мендан юз ўгиради”.
Бу Ипподром деганлари ғалати жой экан. Тўғриси, мен бунақа деб тасаввур қилмаганман. Биз турган жойдан сал нарида чойхона бор экан, унинг сўл томонида қатор дўконлар. Қизиғи, бизникига ўхшаш – бири баланд, бири паст, бири кенг, бири тор. Биттасининг томи шифер бўлса, бошқасиники брезент. Шуларни кўриб туриб кайфиятим бутунлай “оёқости” бўлиб кетди. Шу боис, бошқалар қатори бурнимни тортиб, энди ҳеч балодан умид қилмай туравердим.
Бир маҳал узоқдан қандайдир машина кўринди. Одамлар жонланиб қолди. Кимдир: “Бу мошина бизники, ҳаммадан олдин келиб кутиб турибмиз”, дея бақирди. Аммо машина яқинлашганда “меҳнаткаш” йигитлар уни ўраб олиб, юришига қўймади. Иккитаси юк машинанинг зинасига чиқиб олиб, ҳайдовчининг ёнида ўтириб келаётган одам билан савдо қилишга тушиб кетди. Сўнг:
– Бўлди! – дея мамнун қиёфада бақирди. – Мошина зайнит. Бизнинг бригадамиз туширади, ҳеч ким эргашмасин!
Кошки, унинг гапи бировнинг қулоғига кирган бўлса, машина юриши билан беш-олти одам унинг ортидан эргашди. Мен: “Нима қилдик?” – деган маънода Шокир акага қарадим. У бепарво қўл силтаб, кун ботишга қараб олди-да:
– Ана, кеч тушаяпти, энди юк келади, шошилмаслик керак, – деди.
Ҳартугул, алдамаган экан, қуёш ботиб, атрофга қорон-ғилик этагини ёза бошлаганда олдинма-кетин юк машиналари кела бошлади. Шуларнинг биттаси бизга насиб этди. Печенье ортилган экан. Беш киши (бизга яна иккита одам қўшилган эди) бир ярим соатларда юкни дўконга киргизиб тахладик. “Ерга тахлаяпмиз, зах босиб кетса керак”, хаёлимдан ўтди менинг. Бироқ қайғурмадим, чунки кейин нима бўлса бўлар. Муҳими, ҳар биримизга юкнинг эгаси юз эллик сўмдан берди.
Пулни қўлга олганимдан кейин кайфиятим ўзгарди. Уйимизда шифтга қараб ётиб қилган орзуларим хаёлимда тикланди.
Навбатдаги машина ҳам бизни кўп куттирмади. Атиги ярим соатдан кейин «кока-кола» туширишни бошлаб юбордик. Бу сафар мен қутиларни машинадан пастдагиларга узатиб турдим. Менга Шокир ака ёрдам берарди.
Чамамда, машина яримлаб қолганида қаддимни кўтариб бироз нафас ростлаб, Шокир акага қарасам, у клёнкани йиртиб, ўртадаги идишнинг қопқоғини очиб, боядан бери оғзимдан сувимни оқизаётган «кока-кола»дан ичаяпти. “Вой қизиғарнинг боласи, – хаёлимдан ўтказдим, – балонинг калтаги экансан-ку!” Авжим келиб кетди. Шартта битта «кока-кола»нинг оғзини очдим-да, қултуллатиб ичиб олдим. Бирам яйрадимки, бирам яйрадимки, таърифига тил ожиз. Вужудимга қандайдир қувват киргандай бўлди ва янада шиддат билан ишлай бошладим.
Соат тахминан тунги бирларда ошхонага кирдик. Шу маҳалда ҳам бу ер одам билан гавжум экан, амал-тақал қилиб, навбатда туриб, бир косадан палов олдик. Ҳаётимда биринчи марта фақат сувга пиширилган палов ейиш насиб этди. Мазасини, устидаги гўшти чумчуқнинг тилидай майдалаб тўғралганини айтмаганда, оддий ошдан фарқи йўқ. Қорним роса очқаган экан, иштаҳа билан едим. Аммо Нормат ака чимхўрлик қилиб ўтирди.
– Ҳа-а, – деди унга қараб Шокир ака, – ейишинг унмаяпти. Биздан яшириб бирон нима ютганмидинг?
– Шуям ошми? – жавоб қилди Нормат ака. – Сувга қайнатилган гуруч.
– Нормалнийсини, жўражон, уйингга борсанг, хотин-чанг пишириб беради. Бу ерда арзонгинага қорнинг тўйганига шукур қилиб кетавер.
Ярим оқшомдан кейин юк туширувчилар (негадир “мардикорлар” дейишга тилим бормаяпти, дўкондорлардан бири “чоракор” деб чақирганини эшитган эсам-да) камайди. Иш эса кўпайди. Сафдошларимиз нархни кўтарди. Шу пайтгача битта “КамАЗ”ни беш-олти киши юз эллик ва ҳаттоки юз сўмдан туширган бўлса, энди нарх икки юз сўмга чиққанди.
Тонг ота бошлаганида тинкам қуриди. Буни Шокир акага ҳам айтдим. У эса ҳар сафар:
– Ишлагани келдингми ёки энангнинг уйида дам олганими? – дея жеркиб ташларди.
Ҳартугул, соат олтиларда унга инсоф бердими:
– Юринглар, – дея Нормат ака икковимизни қуёш чиқиб келган томонга етаклади. Кўзим юмилиб кетаётганидан қаёққа бораётганимизни билмасдим.
Чамаси бир соатлар юрганимиздан кейин бир дарвоза ёнида тўхтадик. Шокир ака эҳтиёткорлик билан тақиллатди. Кўп ўтмай, юзини ажин босган, сочлари тўзғиган бир аёл чиқиб келди-да:
– Нима керак? – дея сўради афтини бужмайтириб.
– Хола, мардикорлармиз…
– Ҳимм, ухлашга жой керак санларга, – деди аёл Шокир аканинг гапини бўлиб, – киринглар.
Шундай дея у бизга йўл бўшатди. Ичкарига кирдик. Мен кўзимни йириб атрофга қарадим. Бироқ уйқунинг зўрлигидан қовоқларимни оча олмадим.
Биз бир хонага кирдик. Очиғи, эшикни очишимиз билан шунақанги бадбўй ҳид димоққа урилдики, нафасим қайтди.
– Шу ерда ётасанлар, – деди орқамиздан келган кампир.
– Хола, – деди Шокир ака норози бўлиб, – бу ердагиларнинг ўзи бир ёнбошида ётибди-ку, биз қандай си-ғамиз? Бизга бошқа хона топиб беринг.
– Банд, ҳамма хоналарда одам бор. Мана, эшикнинг тубида бўш жой бор, санлар ҳам битта ёнбошларингда ётаверасанлар, уч-тўрт соатга ўлиб қолмайсанлар, ноз қиладиган бўлсанглар, катта кўча! – шанғиллади аёл.
Ноилож кўндик. Аввал Шокир ака, кейин Нормат ака ва охирида аканг қарағай эшикнинг тубидан жой олдик. Кўрпа-тўшак ҳақида гапириш ортиқча, шунчаки юпқагина гилам устига чўзилдик. Шунда ҳам гавдамнинг ярми қуруқ тахта устига тушди. Кўзимни юмишим билан уй-қуга кетибман.
Ҳа, дарвоқе, айтиш эсимдан чиқибди. Ётишимиздан аввал, Шокир ака ҳамма пулларимизни яхшилаб бекитишимизни тайинлади.
Қанча ухлаганимни билмайман, ора-чора тушимдами, ўнгимдами, ишқилиб, биров орқамдан тепгандай бўлди, яна бироздан кейин қаттиқ нарса тегиб ўтди. Сўнг кимнингдир сўкингани ҳам қулоғимга чалинди. Шунда ҳам ширин уйқумни бузмадим.
Кейин қандайдир қўл баданимни сийпалаётгандай бўлди. Аввалига туш кўраяпман, деб ўйладим. Бироқ қўл икки оёғимнинг орасига кирганидан кейин чидаб туролмадим, кулгим қистаб, сапчиб ўрнимдан туриб кетдим. Тепамда соқоли ўсиб кетган, сочлари патак бир одам турар эди.
– Сизга нима керак? – дедим юрагим дукиллаб уриб.
– Тисс, – деди ҳалиги одам лабига кўрсаткич бармоғини босиб, – бошқаларни уйғотиб юборасан, ухлайвер.
Мен унга қараб қотиб қолдим. У бўлса секин ёнимдан ўтиб Шокир аканинг чўнтакларини пайпаслай бошлади.
– Ҳов ака, – дедим мен атай овозимни баландлатиб, – нима қилаяпсиз?
– Ишинг бўлмасин, – деди у важоҳат билан менга қараб, – ухла дедим сенга! Бўлмаса ҳозир каллангни сапчадай узиб ташлайман!
Ногаҳон унинг қўлидаги пичоққа кўзим тушиб, бирдан ўрнимдан туриб кетдим. Тураётиб, ёнимда ётган Нормат акани қаттиқроқ тепиб юбордим. У ҳам бирдан чўчиб уйғонди. Аммо мен унга эътибор бермадим. Саросимага тушган кисавурга безрайганча тикилиб туравердим.
– Нима гап? – деди Нормат ака бошини кўтариб.
– Манави… Манави, – деб қўлим қалтираганча бояги одамни кўрсатдим, – чўнтагимизни титкилаяпти.
Менинг гапимдан кейин чўнтаккесар қўлидаги пичо-ғини Нормат аканинг томоғига тиради-да:
– Ғинг десанг сўйиб ташлайман, – деди.
Мен нажот истаб хонага кўз югуртирдим. Тўрда тўрт киши бир ёнбошда дераза томонга қараб ётибди. Қолганлари аллақачон чиқиб кетибди.
Шовқиндан Шокир ака ҳам уйғониб кетди. Аввалига карахтланиб турди, вазиятни идрок қилгач, бирдан сўкиниб юборди.
Кисавур пичоқни Нормат аканинг томоғидан олиб Шокир аканикига тиради-да:
– Энди учовинг ҳам яширган пулларингни чиқар, бўлмаса, ҳаммангни бўғизлайман, – деди.
Бу сафар у овозини хийла кўтарганди. Шу боис, тўрдагилар ҳам ўринларидан туриб биз томонга қарашди.
– Бўпти, мен бераман, – деди бир маҳал Нормат ака ва чўнтагини ковлаган киши бўлди-ю, мутлақо кутилмаганда кисавурнинг чотига тепиб юборди.
– Вой итдан тарқаган! – дея оғриқдан ўкириб юборди эгилиб қолган кисавур.
Шу маҳал эшик қарсиллаб очилиб, тўрт нафар девқомат йигит бостириб кирди. Мен уларга энг яқин тургандим, биттаси жағимга қарсиллатиб тушириб қолса бўладими? Зарба шунчалик кучли эдики, гурсиллаб гилам устига қуладим. Шу пайтда кимдир ёмон сўкинди ва: “Мана сенга, мана сенга, ур!” деган овозлар янграй бошлади. Очиғи, ўшанда ким кимни ураяпти, ким тинмай сўкинаяпти, идрок этолмасдим. Чунки кўз олдимни туман қоплаб олгандай, қулоғим тинимсиз шанғилларди.
Муштлашиш қанча вақт давом этди, билмайман. Бир маҳал кимдир юзимга сув сепди, секин кўзимни очдим. Нималар бўлганини англаёлмай, гарангсиб ётдим. Кейин сув сепган одам қўлимдан тортди, бир амаллаб ўрнимдан турдим. Бошим лўқиллаб оғрияпти. Аланглаб шерикларимни қидирдим. Ажабо! Улар ёнгинамда туришарди. Фақат Шокир аканинг лабининг бир чеккасидан қон оқар, Нормат ака эса кўзлари ўт бўлиб ёниб, қизариббўзариб турарди. Ерда бўлса, боягина бостириб кирган девқомат йигитлар инқиллаб-синқиллаб ётишарди.
– Яхшимисан, ука? – деди Нормат ака елкамга қўлини қўйиб.
Мен “ҳа” дегандек бошимни қимирлатдим.
– Унда тезроқ бу худо қарғаган уйдан кетайлик, ҳали бу итваччаларнинг қолганлари ҳам келиб қолиши мумкин.
Биз апил-тапил ташқарига чиқдик ва мен қайрилиб пастаккина, сувоқлари кўчган уйга разм солиб қарадим.
Кечаси уйқум зўрлигидан, ҳали айтганимдай, маҳалла оралаб келганимизни пайқамаган эканман. Баланд-паст уйлар оралиғидаги тор йўлдан кетиб бораяпмиз. Шокир ака жағи тинмай Нормат акани мақтайди. Зўравонлар мени уриб ағдарганларидан кейин Нормат ака қутуриб кетибди. Уларни шунақанги тепкилаб ташлабдики, Шокир ака анграйиб қолибди.
– Қаердан ўргангансан бундай муштлашишни? – деди Шокир ака.
Нормат ака жавоб қилмади. Индамай бошини эгганча кетаверди. Бироздан сўнг Шокир акадан:
– Қаерда турамиз энди? – дея сўради.
– Яна битта жой бор, лекин анча узоқ, тахминан яна икки километрча юрамиз, ўзиям маҳалланинг охирида. Эгалари яхши одамлар. Ҳамманиям қўявермайди. Икки кун ётиб кетганман. Ҳар қалай, кўз таниш бўлиб қолганмиз, бизга жой берар, – деди Шокир ака.
– Амаллаб борармиз, тинч бўлса бўлгани, – деди Нормат ака.
Ниҳоят Шокир ака айтган жойга етиб бордик. Хийла батартиб уй экан. Хонадон эгалари ҳам кўринишларидан ёмон одамларга ўхшамади. Шокир акани дарров танишди. Лекин бошида жой йўқлигини, энди ижарага одам қўймасликларини айтиб, изимизга қайтариб юборишмоқ-чи бўлишди. Шокир ака астойдил ялиниб, кунига уч юз сўмдан беришни ваъда қилганидан сўнг, ноилож рози бўлишди.
Бизга ажратилган хонага кўпи билан тўрт киши сиғарди. Бунинг устига, кўрпа-ёстиқлари ҳам бор экан. Қолаверса, ювиниш хонасига ҳам бемалол кириб чиқишимиз мумкин.
– Бундан зўрини топиб бўлмайди, – деди Шокир ака кўрпачалардан бирини тўшаб устига ўтирар экан, – хўжайинлар – эр-хотин қариб қолишган, нарсаларимизни ҳам бемалол қўйиб кетишимиз мумкин. Биров тегинмайди.
– Айтиб бўладими? Яна бирорта хонасига одам қўйса… Ҳозир ўғридан кўпи бормикан, ўзимизга пишиқ бўлиб, бор ашқол-дашқолимиз… – Нормат ака тутилиб қолди. – Ўзи қанчагина нарсамиз бор?
Дарвоқе, у энди гапга қўшиладиган бўлиб қолганди.
Хуллас, биз жойлашиб олганимиздан кейин, яна икки соатлар чамаси дам олдик, сўнг ювиниб ишга отландик.
Пайшанба катта бозор бўларкан, Қозоғистондан савдогарлар келиб мол олиб кетишар экан, иш кўп.
Мен ҳар бир машина юкини тушираётганимизда ўзимча чўнтагимдаги пулнинг ҳисобини оламан, назаримда, ҳали камдай туйилаверади-да, қоним қайнаб, бошқалар битта яшикни кўтарганда мен иккитасини ташишга улгураман.
Бир сафар Шокир ака билан Нормат ака бошқа бир бригадага қўшилиб кетиб қолишди-ю, гала бегоналар орасида қолдим. “Майли, шу сафар дам олиб турай, улар қайтиб келганларидан кейин бошқасига бирга бораман”, дея бир четда тургандим, қорин қўйган, пўрим кийинган бир одам келиб:
– Ишлайсанми? – деб сўради.
– Ҳа, – жавоб қилдим мен хурсанд бўлиб.
– Шерикларинг борми?
– Улар юк туширишаяпти, айтиб келайми?
– Керакмас, юр бу ёққа.
Мен унинг ортидан эргашдим. Ўзимча: “Ҳозир бораман-у, икки-учта одамнинг ишини битта ўзим қилиб ташлайман, кейин уч баробар пул оламан, акалар ҳайрон қолишади”, дея хаёл қилиб кетаяпман.
Унча узоқ юрмадик, чойхонадан эллик қадамча ўтганимиздан кейин, ўнг томондаги биринчи дўконга кирдик.
Менга иш бермоқчи бўлган одам кирган заҳоти дўконнинг ичидаги бир одам билан тортишиб кетди. Мен бўсағада уларга анграйиб қараб турибман.
– Ҳов, паразит! – дея ўкирди бир маҳал мени эргаштириб борган одам ортига ўгрилиб. – Бу ёққа кел!
Мен қўрқа-писа унинг ёнига бордим.
– Сан ишлайсан-а! – деди у ғазабланиб.
Мен довдирай бошладим. Ҳеч нарса деёлмайман. Унинг баттар жаҳли чиқди ва хезланиб аввал бўйнимга, кейин кекирдагимга мушт туширди. Оёғим ердан узилиб учиб кетдим, тахлаб қўйилган қутиларга бориб урилдим. Қутидаги нарсалар устимдан тўкилди. Бир қаттиқ нарса белимга урилиб, инграб юбордим. Шунда мени урган одам жуда ёмон сўкинди. Ёшлигимдан онамнинг номини айтиб сўкинишса кўтаролмасдим, жунуним қўзиб, муштлашишга тушиб кетардим. Сўкинган кишининг ёши катта, кучим етмайдиган одам бўлса, қўлимга илинган нарса билан урардим, тавбасига таянмагунча тинчимасдим. Шундай ҳам бўлганки, оғзи-бурним қонга беланиб, ожизлигимдан ҳўнграб йиғлаганман. Ҳозир ҳам ўрнимдан сап-чиб турдим-да, қўлимга илинган қути билан мени бу ерга алдаб олиб келган одамнинг бошига аямасдан урдим. Бахтига, картон қути экан, унга ҳеч нарса қилмадию, боши қутининг ўртасидан ёриб чиқди. Назаримда, у мендан буни кутмаганди. Шу боис, аввал довдираб қолди, қизариб-бўзарди. Шу лаҳза миям яшин тезлигида ишлаб кетди ва яна битта қути билан унинг бошига солдим. У бир лаҳза менга термилиб кўзи олайиб турди-да, кейин гурсиллаганча орқасига қулади. Энди қочиш керак эди.
Ташқарига қадам қўйганимни биламан, калламга бир нима қарсиллаб урилди. Бошимни ушлаганча, нафасим тиқилиб, ҳарсиллаб қочдим. Тўғриси, ўшанда қаёққа кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Мақсад – қочиш, анавилардан узоқлашиш. Ниҳоят, оёғимдан дармон кетиб, тўхтадим ва бурилиб ортимга қарадим. Мени ҳеч ким қувламаётган экан. “Ўл-а! – дея янидим ичимда ўзимни-ўзим. – Юрак ҳам қуённикидан баттар экан-да”. Лекин негадир хурсанд эдим. Ҳар қалай, бопладим. Ҳақимни бериб қўймадим. Энди бировга қўл кўтаришдан олдин у ёқ-бу ёқни ўйлайди.
Бироқ бироздан кейин кайфиятим тушиб кетди, чунки энди мардикорлар ёнига боролмас, бирорта иш қилолмас эдим. Бошим қотди, нима қиларимни билмай, анча муддат ўйланиб турдим. Миямга тузукроқ бирор фикр келмади. Шундан сўнг, Шокир ака билан Нормат акани топмоқчи бўлдим. Энди битта илинжим шулардан. Ҳартугул, Нормат аканинг қўлидан икки-учта одамни бир ёқли қилиш келаркан. Ўлибдими, бу сафар ҳам яккалатиб қўймас. Кўзим жиққа ёшга тўлди, ўксиндим ва тезтез юриб уларни қидириб кетдим.
Йўқ, юк тушираётганлар орасида улар кўринмади. Сўнг мардикорлар тўдалашиб турган жойга яқин бордим. Улардан беш-олти қадам берида тўхтаб, мушукка ўхшаб пойладим. Юрагим гурсиллаб урар, елкамдан бир дунё хавотир босарди.
Мени дўконига олиб бориб урган одам билан шериги кўринмади. Лекин барибир кўнглимда ҳадик бор, ваҳима босади. Назаримда, у пойлаб тургандай, тўдага қўшилишим билан, кела солиб, ёқамдан бўғадигандай туйилади. Шу боис, пойлаб туравердим. Билмадим, қанча турдим. Бир маҳал Шокир акага кўзим тушди. У елкасининг чангини қоқиб, “ҳамкасблар”ининг ёнига келаётганди. Энтикдим, югурганча унга етиб олдим.
– Ака, – дедим йиғламсираб, – бунақамас-да энди.
– Нима бўлди? – сўради у овозимдан хавфсираб.
Мен гапирмадим, йиғлаб юборишдан уялдим, ортимга ўгирилиб кета бошладим. Табиийки, у: “Тўхта, тўхта”, дея орқамдан эргашди. Икки-уч қадам юргунимча, ҳар қалай, бироз ўзимни босиб олдим ва тўхтаб ортимга ўгирилдим. Қаердандир Нормат ака пайдо бўлибди.
– Ака, – дедим энди Нормат акага мурожаат қилиб, – менга уришишни ўргатинг.
Гапимдан иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб, бир-бирига қараб олишди.
– Ҳов бола, – деди Шокир ака, – гапир бундай, нима бўлди ўзи?
Шундан кейин мен уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Гапимнинг охирида:
– Отамга ваъда берувдингиз-ку, Шокир ака, қараб юраман деб, – дея ўпка-гинамни ҳам билдириб қўйдим.
– Ким юр деса кетаверасанми, эшшак?! – бақирди Шокир ака. – Сал одамнинг турқи-тароватига қараш керак, кимлигини билиш керак, ундан кейин ишга борилади-да!
Мен ғинг демадим, бошимни эгиб туравердим. Бунга сайин, Шокир ака жазавага тушиб, боласини уришгандай бидирлайверди.
– Қўйинг, ака, – деди охири Нормат ака уни “сайраш”дан тўхтатиб, – бу ҳали ёш бола-да, яхши билан ёмоннинг фарқини қаердан билсин? Бу-ку, майли, ўзимиз ҳам ҳозир биров етакласа, кетаверамиз, тўғрими? Кетдик, ҳали иш кўп. У ёғи бир гап бўлар. Дунё сўроқсиз эмас-ку, магазини бўлгани билан осмонни ушлаб турмагандир.
Унинг гапидан кўнглим кўтарилди, ҳурматим ошди. Худди ўзимнинг акамдай кўриб кетдим. Сал қолди қучоқлаб олишимга. Шу маҳал ёнимизга бир йигит келди. Ёши ўттизлар атрофида.
– Йигитлар, иш бор, қиласизларми? – дея сўради.
– Неча пул берасиз? – сўради Шокир ака унга бошдан-оёқ қараб чиқиб.
– Кароче, эллик сўмдан. Фақат яна учта одам. Сизлар камлик қиласизлар.
– Нима иш? – деди Шокир ака.
– Битта тунука бор. Шуни узоғи билан бирор километр наридан олиб келишимиз керак.
– Қўшинг.
– Ўзи битта тунука бўлса, нимасига қўшаман?
– Биз қиладиган меҳнатимизга яраша сўраяпмиз. Бир километр жойга бориб келгунча битта мошинадаги юкни туширса бўлади, олти киши. Юздан ками кам.
– Бўпти, етмиш беш! Бирпасда бўлади.
Шокир ака кўнди, мен хурсанд бўлдим. Ҳар қалай, анави ярамаслардан узоқроқ, кўнглим хотиржам бўлади. Ҳеч кимдан хавфсирамайман.
Бозордан чиқиб, бироз тепаликка юрдик. Дарахтзор бошланди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ҳеч ким гапирмайди, жим кетиб борамиз. Ора-чора дарахт шохида бир қуш сайраб қўяди. Юракка ғулғула тушади. Шериклардан ортда қолмасликка ҳаракат қиламан. Ҳеч юракнинг ўйноғи босилмайди. Сабабки, қабристон ичидан кесиб ўтаяпмиз. Тўғриси, қабристонга кундузи боришга қўрқардим, ҳозир оқшомда юришнинг ўзи бўладими? Ўлганнинг устига тепгандек, олдинда кетаётган иш берувчи: “Эҳтиёт бўлларинг, эски қабрлар омонат, босволиб ичига тушиб кетманглар тағин”, деб огоҳлантириб қўядики, одамнинг юраги ортига тортиб кетади.
Масжидга ўхшаган бир иморат қурилаётган экан: пишиқ ғиштдан терилган баланд деворлари битган, устига шифер қоқилган, лекин ҳали эшик-роми ўрнатилмабди. Бино ичига кирдик. Тўғриси, аввалига ичкарига оёғим тортмади. Чунки кинода кўргандим, одамларни мана шундай овлоқ жойга олиб келишиб, отиб ташлашади. Бироқ ташқарида қолишга ҳам юрагим бетламасди, чунки йигирма қадам нарида, баланд-паст, бирининг атрофи панжара билан ўралган, бошқасининг усти, қоронғида яхши кўринмайди-ю, ҳар қалай, бетонми, мармарми, ишқилиб, нима биландир ёпилган қабрлар дўмпайиб турибди.
Йўл бошловчи тимирскиланиб ниманидир топди-да:
– Келинглар, кўтаринглар, – деди.
Биз у айтган нарсани ушладик, ҳақиқатан ҳам, қана-қадир тунука экан. Эни икки метрча келади-ю, лекин узунасига олти-етти метрдан кам эмас. Оғирлиги ҳам шунга яраша. Олти кишилашиб инқиллаб-синқиллаб кўтардик. Сўнг уни бинонинг ичидан олиб чиқиб, ортимизга қайтдик. Йўлак хийла тор, гоҳ-гоҳида юмшоқ жойларни ҳам босардик. Эҳтимол, бу қабрдир, оёқ остига қарашнинг эса иложи йўқ.
Хуллас, айтилган манзилга тунукани элтиб бердик, очиғи, бўларим бўлди. Айниқса, ўша одамнинг дўкончилардан бири билан талашиб-тортишиб: “Ока, бу нарсани қимматга олганман”, деган гапини эшитганимда, устигаустак, ваъда қилинган пулдан йигирма беш сўмдан қисиб қолганида, қоним кўпчиди.
– Манавини олиб қўйинг, – дея у берган пулни Шокир акага узатдим.
– Нега? – деди у.
Чироқ ёруғида унинг ҳам норозилиги шундоққина юзидан кўриниб турарди.
– Кейинроқ берарсиз. Менга сал илвирагани тушибди. Йиртиб қўяман, пулларингизнинг орасига қўйсангиз, яхши туради.
Бу оқшом ҳам тонг отгунча ишладик. Шерикларимдан камроқ топдим-у, лекин улардан кўпроқ чарчабман. Оёғимни судраб ижара уйга етиб, бошим ёстиққа тегиши билан ухлаб қолдим. Одатда, мен камдан-кам туш кўрардим. Кўрган тушларим ҳам эсимда қолмасди. Ишонасизми, қишлоққа оппоқ “Нексия” миниб борибман. Ҳамма мени кутиб олгани чиққанмиш. Олдинда отам, укаларим турибди. Улардан сал орқароқда Нозима. Пушти ранг кўйлак кийиб олган, сочларини алламбало қилиб, лабини қизилга бўяган… бир сулув-бир сулув эмишки, кўриб кўзимга ишонмасмишман. Яна қариндош-уруғимиз бир четда қолиб, айнан унинг ёнида машинамни тўхтатибман-да:
– Қани, хоним, ўтиринг, – дебман илжайиб.
У ҳам атрофидагиларга “кўриб қўйинглар” дегандек кеккайиб бир сидра қараб чиқибди-да, секин машинага ўтириб, менга жилмайибди. Оҳ, ўшанда унинг сулувлигини бир кўрсангиз эди! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам бу дунёсидан кечиб юборган бўлардингиз! Аммо ширин лаҳзалар узилди, кимдир: “Онагинангни…”, деб сўкди. Ортимга ўгирилиб қарасам, отам. “Ўлдим!” – деб бақирибман ва машинадан туша солиб қочибман…
У ёғини билмайман, нима бўлди? Уйғониб кетдим. Қарасам, шерикларим аллақачон ўринларидан туриб, ювиниб ҳам бўлишибди. Соат кечки бешни кўрсатиб турибди. Ноилож жойимдан турдим.
Кўрган тушим ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Юрганимдаям-турганимдаям хаёлимда айланаверади. Машина миниб қишлоққа борганимга хурсанд бўлсам, отамнинг сўкканидан эса кайфиятим тушиб кетади. Шунданми, билмадим, ишимнинг ҳам тайини бўлмади.
Орадан ўн кун ўтди. Анча-мунча пул жамғариб қўйдик. Энди бу пулларни ўзимиз билан олиб юришимиз ёки ижара уйда (гарчи бу ер аввалгисидан ишончлироқ бўлсада) қолдириб кетиш хавфли эди. Хотин, бола-чақасидан хабар олиб келиш учун Нормат ака қишлоққа кетадиган, биз бир кун ейиш-ичишимизга етадиган пул олиб, қолганини унга бериб юборадиган бўлдик. Лекин мен унинг кетишини ҳечам истамаётган эдим. Ҳар қалай, камгап бўлса-да, Шокир акадан кўра, унга кўпроқ суяниб қолгандим. Хоҳламаётганимнинг яна бир сабаби эса, мени урган ўша дўкончининг (уни бошқа кўрмадим, балки бирон ёққа кетгандир, эҳтимол, шу жипириқ бола билан муштлашиб юраманми, дея қўл силтаб қўя қолгандир) мени қидириб келиб қолишидан хавфсираётгандим. Аммо начора? Унинг бола-чақаси қишлоқда, хабар олиб келиши керак.
Орадан икки кун ўтиб, у қайтиб келди. Айтишича, отамнинг димоғи чоғ бўлибди: “Лақманинг боласидан ҳам одам чиқаркан-да”, деганмиш. Бу гап менга алам қилиб, Нормат акага ўқрайиб қарадим. Назаримда, у менинг, отамнинг, умуман, уруғ-аймоғимнинг лақмалигини эсимга солаётгандай, камситаётгандай эди.
– Ишқилиб, бериб юборган пулларимиздан чўнтагингизда оз-моз қолиб кетмадими? – дедим унга ҳам бир ниш санчиб қўйиш мақсадида.
– Ни-ма?! – деди у бирдан кўзи олайиб устимга бостириб келаркан. – Яна бир қайтар-чи!
– Қўй, – деб унинг олдини тўсди Шокир ака, – ёш бола, билмай гапириб қўйди-да. Шунга уришишинг керакми? Кап-катта, бола-чақали одам…
– Йўқ, эшитдингизми унинг гапини… Ҳов бола! – деди у ўқрайиб. – Бир тийинингни обориб бермайман энди. Сволич! Яхшиликни билмаган ҳайвон!
Шунақанги тилим қичидики, зўрға тишимни-тишимга босиб чидаб турдим. Биламан, агар бирор нима дейдиган бўлсам, аяб ўтирмайди. Бундай пайтда жим туриш – энг яхши йўл (ўша пайтда мен содданинг шунга ақлим етганини қаранг).
Шундан кейин ҳам анча вақтгача Нормат аканинг қовоғи очилмади. Шокир акага гапиради-ю, менинг юзимгаям қарамайди. Ўлай агар, ёрилиб кетай, дедим. Охири кечирим сўрадим. “Билмай гапириб қўйибман”, дедим. Шу-шу олам гулистон, аввалгидек ака-укага айландик.
Бозор энди қишлоғимдай бўлиб қолди. Қаерда нима сотилади, дўкони қанақа-ю одамлари – хуллас, менга беш қўлдай маълум. Энди қаерга бўлса, шерикларимсиз кетавераман. Шундай кунларнинг бирида биз макон қурган чойхона ёнидаги майдончага (дарвоқе, бу чойхонанинг бошлиғи ғалати эди. Бошида оппоқ салла, эгнида оҳори тўкилмаган чопон, оёғида ялтираган маҳси-калиш, чиройли соқол қўйган. Лекин оғзидан боди кириб шоди чиқади. Қаердан бу сўкишларни ўрганган экан, деб ўйлаб қоласан киши. Яна денг, қўлида, албатта, қамчи бўлади. Мабодо, мардикорлар унинг чойхонаси яқинида тўпланиб қолишса, аяб ўтирмайди: инидан учиб чиқиб дуч келган одамни савалаб кетади) кўзойнакли, галстук тақ-қан, қўлида пакет кўтариб олган бир киши келди. У аввал эринмай мардикорларни кузатди. Сўнг менинг ёнимга келиб:
– Бир иш бор эди, ука, – деди мулойим жилмайиб.
Очиғи, унинг юмшоқ муомаласидан ҳайиқдим, бироз орқага тисарилиб:
– Қанақа иш? – дея сўрадим.
У кулди. Менимча, чўчиганимни пайқаб шундай қилди.
– Агар, – деди юзидаги ҳалимликни ўзгартирмай, – бир-иккита акаларингиз (шу пайтгача ҳеч ким, ҳатто укаларим ҳам мени сизламаганди, ғалати бўлдим) ёки шерикларингиз бўлса айтинг, улар ҳам боришсин. Бир ўзингиз эплаёлмайсиз. Камида икки киши керак. Томга шифер қоқиб берсанглар бўлди. Кўп эмас, узоғи билан йигирматача.
Тўғриси, ўшанда: “Юр, иш бор”, деганида, ўлақолсам ҳам бирга кетмаган бўлардим. Лекин нима ишлигини очиқ айтганидан сўнг бироз ишончим ортиб, қишлоқдошларимни қидирдим. Нормат акани топдим-у, лекин Шокир акани кўрмадим. Кетиб қолибди бир машина ортидан. Ҳалиги нотаниш одамга: “Ҳозир келаман”, дедим-у, Нормат аканинг ёнига югурдим. Бориб қанақа иш чиққанини айтдим.
– Яхшиям вақтида усталик ҳам қилган эканман. Борсак бораверамиз. Бугун душанба. Юк кам бўлади. Шу баҳона шаҳарниям томоша қиламиз, – деди у.
Бозордан чиқиб, машинага ўтирдик (бетон йўлнинг ёқасида унинг мен орзу қилган оппоқ “Нексия”си турган экан). Унгача “клиент” (мен бу сўзни шу ерда эшитгандим) бизнинг исмимизни сўради. Кейин ўзиникини айтди: “Мен Маҳкам Тўраевич бўламан”. “Тўраевичига бало борми? Оддийгина: “Маҳкамман”, деса ҳам бўлаверади-ку! Бу шаҳарликлар бунчалик ўзларига бино қўйишмаса?! Юриш-туришини айтмаса ҳам бўлади. Гапиям сипсиллиқ, ғадир-будур йўқ”, дея ўйладим. Албатта, бу – ҳозир айтаётган гапларим. Ўша пайтда у шунчаки Тўраевичлигини айтганида, менга ёқмаганди.
Оппоқ “Нексия”да ўзимни жуда бошқача ҳис этдим, гўё машина меники-ю, ҳайдовчим рулда ўтирибди. Ястаниб орқа ўриндиқда ўтирибман. Пиёда кетаётган одамлар кўзимга бечораҳол бўлиб кўринади
Ғўдайиб ўтириб манзилга етиб келганимизни сезмай қолибман. Қаршимизда ҳайҳотдай кўкимтир дарвоза турибди. Маҳкам Тўраевич ёшига ярашмаган чаққонлик билан машинадан ирғиб тушди-да, қўнғироқни босди. Биласизми, ўшанда сезиб қолдим: у тугмачани жуда эҳти-ёткорлик билан босган эди.
Бироз ўтиб, дарвозанинг кичкина табақаси очилди. Ва… ичкаридан тўлишган ойдай сулув бир санам чиқиб келди, оғзим ланг очилиб қолди. Очиғи, спорт кийими кийган қиз болага шаҳарга келганимдан бери кўзим кўп тушган. Аммо бунақаси… Юзи сутга чайилгандай оппоқ, қоп-қора сочлари елкасини тўлдириб турибди, қайрилма қошу узун киприклар узукка кўз қўйгандай. Келишган қадди-қоматига-ку, очиғи, таъриф йўқ. Менман деган рассом ҳам кўзи билан кўради-ю, лекин ўхшатиб чизолмайди. Буниси аниқ. Чунки бу қизга кўзи тушса, тамом, ҳайратдан қотади. Менга ўхшаб довдирайди… Фақат… Чунки қизғанасиз, қизғанмай иложингиз йўқ. Унинг табассумини бир кўрсангиз эди. Юрагим гупиллаб уриб кетди. Бутун танамга титроқ кирди. Пешонамга тер теп-чиди, чамамда. Бутун дунёни унутиб, дарвоза ёнида хиёл эгилиб отасининг юзидан ўпиб қўяётган қизга бақрайганча қараб қотиб қолибман.
Аммо сулув биз томонга бир қараб ҳам қўймади, дарвозадан қандай чиқиб келган бўлса, шундай ичкарига кириб кетди. Дарвозани эса Маҳкам аканинг ўзи очди.
Ичкаридаги манзарани таърифлашга тил ожиз. Икки қаватли уй қаср, ҳовли ўртасида фаввора отилиб турибди, сал чапроқда ҳовуз. Атрофи кўм-кўк майса. Ҳовуз билан фаввора оралиғида чиройли шийпонча бор, фақат усти очиқ. Уларга алоҳида-алоҳида йўлакчадан борилади. Йўлак четида турли-туман гуллар очилиб ётибди, кўриб кўнглинг яйраб кетади.
Маҳкам ака бизни тўғри шийпонча томон бошлади.
– Мана шунинг устига шифер қоқиш керак, – деди.
Узоғи билан икки соатлик иш. Қўйиб берса, ўзим бунинг уддасидан чиқаман. Маҳкам аканинг юзи рангпар, ўзиям нимжондай. Шиферни ўзи қоқиб ташласаям бўлаверарди, ҳарна, озгина чиниқарди. Бе, бунақанги бойваччалар қўлини совуқ сувга урармиди? Тайёр овқатни оғзига солиб чайнасаям катта гап… Лекин бизни олиб келгани ҳам яхши бўлди-да. Баҳонада анави қизни кўрдим. Дунёда шунақанги сулувлар ҳам бор экан.
– Шифер подвалда. Ҳозир обориб кўрсатаман, – деди Маҳкам ака.
Ертўла, тўғрисини сизга айтсам, бизнинг қишлоқдаги меҳмон кутадиган уйимиздан ўн баравар катта. Бу ерда ҳам ҳовуз. Стол-стул. Оёқ остига чўғдай гилам тўшалган. Юмшоқ ўриндиқлар… У ёғини мендай қишлоқнинг содда боласи қандай таърифласин?
Ишни бошладик. Очиғини айтадиган бўлсам, жон-жаҳдим билан ишладим. Бу сафар кўпроқ пул ишлайман, деган ниятим йўқ эди. Қани, бояги соҳибжамол ҳовлисига чиқса-ю, ишимни кўрса. “Ҳаракатлари чаққонгина бола экан”, деса. Яна ора-чора, туя ҳаммомни орзу қилгандай, ўша соҳибжамол билан гаплашишдан ҳам умидвор бўлиб қўяман.
Эътибор бериб қарасам, Нормат аканинг ҳам қўли-қўлига тегмаяпти. Жаҳлим чиқиб кетди. “Иккита боланинг отасисан, жа ўлиб-тирилиб ишламасанг ҳам бўларди. Бундай қизлар менга ўхшаган бўйдоқларники”, деб ўйладим. Ўшанда, ўнта болали эркакнинг ҳам кўнгли борлиги, гўзалликка дуч келганда унинг ҳам меҳри товланиши хаёлимга келмабди. Буни кейинчалик тушуниб етдим.
Ғайрат қилиб ишни анча тез уддаладик-да, юз-қўлимизни ювиб, кетишга шайландик. Шайланиш қаёқда дейсиз, мажбур эдик кетишга. Ичимизда-ку, шу ерда қолсак, деб ўлиб тургандик.
– Ичкарига киринглар, овқатланиб кетасизлар, – деди ювинаётганимизда Маҳкам ака.
Биз, албатта, номигагина “йўқ” дедик. Буни Маҳкам ака ҳам тушунди, чамаси, астойдил қисталанг қилди. Шу боис, оёқларимизни ювишимизга тўғри келди. Сабабини ўзингиз тушунасиз, оёғимиздаги матоҳ эрталаб кийилса, ётар маҳал ечиларди, ундан атир ҳиди келмаслиги аниқ.
Ичим тўлиқиб бораётир, ўша соҳибжамолни, ҳеч қурса, овқатланадиган жойимизда бир кўриб қолсам керак, деган умидда эдим. Бироқ, чучварани хом санаган эканман – қорасини ҳам кўрсатмади. Ёши элликлардан ошган аёл овқат олиб кирди. Ҳатто Маҳкам ака ҳам биз билан ўтирмай, ёқимли иштаҳа тилади-ю, чиқиб кетди. Нормат ака билан рўпарама-рўпара ўтириб, овқатландик. Сўнг бир-икки пиёла чой ичиб, энди ўрнимиздан турмоқчи эдик, Маҳкам ака кўз-қошларига бўёқ чаплаган, сочини ҳам ғалати турмаклаб олган аёлни эргаштириб кириб келди. Аёл бизга ёқимсизгина иржайиб қараб:
– Яхши ишларкансизлар, йигитлар, – деди жарангдор овозда, берган саломимизни эшитмаганга олиб, – тепадан қизим билан бирга кузатиб турдим. Бундай чақ-қон ишлайдиган йигитлар ҳозир кам топилади, тўғрими, адаси, – деб гапини эрига тасдиқлатиб олди-да, сўнг давом этди: – Шунинг учун сизлар, тўғрироғи, сиз, – деб у мени кўрсатди, – бизникида қолиб, майда-чуйда ишларни қилиб юрсангиз-чи? Эвазига “Ипподром”да ишлаб топаётганингиздан кўпроқ ҳақ тўлаймиз. Яна тоза юриб, тоза ейсиз. Уй-ётоқ муаммоси бўлмайди.
Мен ичимда қолай деб ўлиб турган бўлсам-да, савол назари билан Нормат акага қарадим. У: “Билмасам”, дегандек елка қисди.
– Яхши, – деди аёл, – сизлар бир-бирингизга яқин одамларга ўхшайсизлар. Маслаҳатлашиб олинглар, беш минутдан кейин яна гаплашамиз.
Улар ошхонага қандай кирган бўлишса, шу тахлит чи-қиб кетишди.
– Нима қилай? – сўрадим Нормат акадан.
– Ўзинг биласан. Лекин, тўғриси, қолганинг ҳам маъ-қул. Битга таланиб, эшакдай ишлаганингдан кўра, бу ҳовлида маза қилиб юрганинг тузук. Унақанги оғир иш буюришмаса керак. Бир соатда ҳаммасини тахлаб ташлаб, кейин дам олиб ётсанг ҳам бўлаверади. Отанг ҳам хавотир олмайди. Меникига ўхшаб қишлоқда болаларинг чирқиллаб қолгани йўқ. Булар ёмон одамларга ўхшамайди. Муомаласини кўрдингми? Анави қизи даҳшат экан. Тўғриси, мениям ичим куйиб кетди. Афсус, худди хотинсиз қолиб кетадигандай уйланиб олибман-а! Лекин сен йўлини топсанг, куёв қилиб олишиям мумкин.
Шу гапнинг ўзи менга етиб-ортди. “Ҳаммасидан кечсам кечаманки, шу қизни бир бало қилиб илинтираман”, деган ўй ўтди хаёлимдан ва эру хотин қайтиб келган ҳамон розилигимни билдирдим.
Шундай қилиб, Нормат ака кетди. Мен бўлсам, бир дунё орзуларга берилганимча қолдим.
Аввал яп-янги кийим-бош беришди. Сўнг ҳаммомни кўрсатишди. Бир яйраб чўмилдим, бир яйраб чўмилдим – у ёқ-бу ёғи йўқ. Ўзиям баданимдаги кир бир жойларимда ўрмалаб юрган майда махлуқларга қўшилиб тушиб кетди.
Янги кийимларни кийиб ҳаммомдан чиққанимда, учиб кетгудай шаҳдим бор эди. Кайфиятим чоғлигини айтмасам ҳам бўлаверади. Яна денг, йўлакда анави соҳибжамол билан дуч келиб қолдим, шундоқ ёнгинамдан менга ним табассум инъом этиб ўтиб кетди. Ў-ў, ўлиб қолаёздим. Худди уни биринчи бор кўрганимдагидай юрагим тез уриб кетди.
Ошхона ёнида бизни кутиб олган аёл мен учун ажратилган хонани кўрсатди. У… Яхшиси, келинг, биринчи қаватни ўзим кўрганимча таърифлаб берай.
Ташқаридан киришингиз билан катта залга рўпара бўласиз: эни саккиз-тўққиз метр, бўйига ҳам шунча, қандайдир айлана шаклида. Ҳинд киноларини кўрган бўлсангиз, тасаввур қилаверинг, шуларникига ўхшаб кетади. Ундан иккинчи қаватга зина бор. Тағин, кираверишда чап қўл томонга эшик очилган – бу ошхона. Нормат ака иккаламиз овқатланган жой. Тўғридаги эшикни очсангиз, йўлак келади. Ҳаммом шу ёқда, чамамда, ҳожатхонаям бор. У ерда иккита эшикни кўрдим, бироқ улардан қаёққа кирилади, очиғи, ҳозирча билмайман. Менга беришган хонага ўнг томондаги эшикдан кирилар экан. Уйдаги бошқа хоналар сингари бу ер ҳам алоҳида таъмирланган, оёқ остида чўғдай гилам. Тўрда юмшоқ каравот. Мендай қишлоқ боласига бундан ортиқ яна нима керак? Ўзимни жаннатга тушиб қолгандай ҳис қилдим. Қувончим ичимга сиғмай кетди.
Орадан ярим соатча ўтиб, хонадон аъзолари билан танишув маросими бўлди. Уй бекасининг исми Индирахон экан. Лекин у исмини айтишимни бошданоқ тақиқлади, “Опажон”, деб чақирасиз”, деди табассум билан. Менга нима фарқи бор? Опажон дейманми ёки бошқами, унга ёқса бўлди-да. Шу пайтгача у ёқ-бу ёқни кўрсатиб юрган аёл асли рус экан, ўзбекчани биздан кам билмаскан, исми Соня, бироқ уни уй эгалари Сора деб чақиришаркан. Менинг юрагимга чўғ солган офатижонга эса Нигора деган исм қўйилганига ўн етти йил бўлибди. У танишув маросимида кўринмади. Хонасида бир нима билан шуғулланаяпти, деб қўйишди.
– Элдоржон исмли эрка ўғлимиз бор, – деди Индира опа, менинг ёшимни-ю исмимни, қишлоғимни билиб олганидан сўнг. – У Англияда ўқийди, сиздан бор-йўғи икки ёшгина катта. Бошқа нарсаларни вақт-соати билан билиб олаверасиз. Ҳа, айтиб қўяй, рухсатимизсиз, биронта ортиқча ҳаракат қилмайсиз. Келишдикми?
– Хўп бўлади, – дедим мен итоаткорлик билан.
– Яшанг, – деди Индира опа.
Шу маҳал Нигора хонасидан тушиб келди. У онасининг ёнидаги юмшоқ курсига ўтириб оёқларини чалиштирди ва мафтункор табассум билан менга қаради.
Юрагим ўйнаб кетди. Ҳалигина худди шундай табассумидан энтиккандим. Ундан олдин қиз бола ҳам шундай сулув бўлишини ўйлаб ҳайратга тушган эдим. Аммо унинг кўз қараши бу қадар ўткирлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган экан. Бир қарашнинг ўзидаёқ жонингни суғуриб олиб қўя қолади.
Довдираб турганимни пайқади, шекилли, қиз кулиб юборди.
– Ҳов бола! – деди Индира опа ҳам жилмайиб. – Агар қизимга шундай тикилаверсангиз, ҳайдаб юбораман.
Менга энди бошқа гапнинг кераги йўқ эди, ер ёрилмадики, кириб кетмадим. Ўзиям шолғомдай қизариб-бўзариб бошимни эгдим. Бу аҳволимга қизнинг завқи келди, шекилли, қиқирлаб кулиб юборди. Мен баттар ўсал бўлдим. Маҳкам ака ўзининг борлигини билдириб қўйиш учун томоқ қирди, мен ўзим сезмаган ҳолда эшик томон бир-икки қадам ташладим. Очиғи, йигит бўлиб бундай ноқулай аҳволга тушмагандим.
– Қўйинглар, – деди Маҳкам ака, – қишлоқнинг соддагина боласини уялтираверманглар.
Унинг гапи менга бироз таскин бердими, тўхтадим. Хонадан чиқиб кетолмасдим ҳам. Чунки ихтиёрим алла-қачон анави Нигоранинг қўлига ўтиб бўлганди.
– Бугун кечгача, Нодиржон, хонангизга кириб дам олинг, – деди Индира опа эрининг гапидан кейин.
Елкамдан гўё тоғ ағдарилди, чаққон юриб ошхонадан чиқиб кетдим.
Хонамга кириб, талай муддат шифтга термилиб ётдим. Хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим. Кўз ўнгимдан Нигоранинг табассуми кетмайди. Анчагача ўзимга келолмадим. Ҳаяжонимни босай деб каравотдан тушиб, дераза ёнига бордим ва ойнадан ташқарига қараб турдим. Шу маҳал негадир қишлоққа кетгим, кўримсизгина, ғариб кулбамизга кириб, юзимни ёстиққа қўйиб ётгим келди. Ўгирилиб каравотимга қарадим, ҳа, бу жой мен учун жуда юмшоқлик қиларди. Ҳали бу каравотда қанча ётишимни ўйлаб, очиғи, юрагим орқага тортиб кетди.
Тошкентга келганимдан бери бир маза қилиб тўйиб ухласам, дердим. Мана, энди уйқуданам зерикдим. Тезроқ хизматкор аёл келса-ю, менга юмуш буюрса. Аммо ундан ҳадеганда дарак бўлавермади. Ташқарига чиқиб кетолмасам. Чунки рухсатсиз хонани тарк этишим мумкинмас, деб ўйлардим.
Хуллас, амал-тақал билан кунни кеч қилдим. Ўзимча ташқарига чиқиш учун баҳона ўйлай бошлагандим, эшик тақиллаб қолди. Сўнг: “Нодиржон”, деган хизматкор аёлнинг овози эшитилди. Хурсанд бўлиб кетганимдан сакраб турдим, югуриб бориб эшикни очдим.
– Сени Индирахон чақираяпти, – деди у майин товушда, – манавиларни кийиб чиқаркансан.
Шундай дея у қўлидаги жинси шим билан юпқагина кўк футболкани берди.
Мен дарров кийимларни кийиб, ошхонага бордим. Аммо у ерда Индира опа йўқ эди. Ҳовли томонда машинанинг товуши келди. Шу ёққа югурдим. Қарасам, хонадон маликаси қоп-қора чет эл машинаси (“Мерседес”лигини кейинроқ билдим) ичида талтайиб ўтирибди. Машинага бу аёлнинг ўтириши жуда мос тушган, кўрган одамнинг ҳаваси келарди.
– Дарвозани очайми? – сўрадим ёнига бориб.
У тасдиқ маъносида бош силкиди. Дарров амрини бажо келтирдим. Машина кўчага чиққанидан кейин дарвозани ёпдим. Индира опа машина ойнасини тушириб:
– Ёнимга ўтиринг, – деди.
Индамай кетаяпмиз. Менинг бир нарсаларни сўрагим келади-ю, оғиз очишга ийманаман, кўнглига ўтирмайдиган гап айтиб қўймай, деб чўчийман ҳам. Йўл-йўлакай опа менга бир-икки қараб қўйди. Қарашидан пайқашим-ча, мен нимадир дейишим керак. Кошки, шу маҳал тилимга тузукроқ гап кела қолса. Опанинг қарашига маънисиз, қуруққина қараш билан жавоб бериб қўя қолдим.
– Мошина ҳайдашни биласизми? – сўради опа ниҳоят менга тағин нигоҳ ташлаб қўйиб.
– Йўқ, – дедим мен бош чайқаб.
– Чатоқ экан. Ничего, ҳали ўрганиб кетасиз. Нигора ҳайдашни билади-ю, лекин унга кўпам ишонавермайман. Бечора қизим ўқишига таксида бориб келади.
– Нигора ўқийдими? – деб сўрабман ўзим ҳам сезмаган ҳолда.
Опа кулиб қўйди-да:
– Конечно! Юридическийда! Биринчи курс. Ўз кучи билан кирган, – деди фахрланиб.
Мен миямда ҳисоблашга тушиб кетдим. “Агар ўн еттига кирган бўлса, энди мактабни битириши керак. Қандай қилиб ўқишга кирди экан?.. Опа мени лақиллатаётганга ўхшайди. У ўн еттига кирмаган, ёши каттароқ. Кўринишидан ҳечам ўқийдиган қизга ўхшамайди. Пул билан киритган… Айтганча, қизиям менга тикилиб қаради-ку. Лекин ҳеч ким индамади. Қайтанга мени уялтиришди. Мабодо бизнинг қишлоқда бирорта қиз ота-онасининг олдида бегона йигитга шундай қараса борми, сўйиб ташлайди. Буларда бемалолгарчилик экан-да”. Ҳисоб-китобдан бошланган ўй-хаёлларим ўз-ўзидан мана шундай чалкашиб бошқа томонга кетди. Ўйларимни Индира опанинг овози бўлди. Мен унинг нима деганини англаёлмадим. Шу боис:
– А-а? – дедим.
– Хаёл қаёқда? – кесатди Индира опа.
Шу лаҳзада каллам ишлаб кетди.
– Анов мошинга қараб қолибман, – деб олдимизда кетаётган Индира опанинг уловидай ҳашамдор машинани кўрсатдим.
– Кўрдингизми, одамлар тўрт кунда “БМВ”нинг сўнгги моделини миниб юришибди. Ҳаракат қилса, эришади ундан ҳам зўрига. Лекин-чи, гўзалликни яхши кўраркансиз-а, бу, қайсидир томондан, тузук. Интиласиз-да…
У шундай деб гапини чала қолдириб, мен тушунмайдиган тилда қандайдир қўшиқни хиргойи қила бошлади. Бироз хотиржам тортдим ва ойнадан атрофни томоша қилиб кетавердим.
Машина деразалари қорамтир, девори, ўша кезларда нималигига менинг ақлим етмайдиган, аллақандай нарса билан қопланган бино ёнига тўхтади. Кираверишда кўзим пештоқидаги узундан-узун, ярми қизил, ярми яшил рангдаги ҳарфларда ёзилган “Супермаркет Саратон” деган ёзувга тушди. Бунинг дўконлигини айтсам, ҳозир одамлар кулиши мумкин, аммо ўша пайтда, ҳақиқатан ҳам, унинг дўконлигини мен билмасдим. Ичкарига кириб безаклари кўзни қамаштирадиган турли-туман егулик, ичкиликлар ва яна алламбалоларни кўрганимдан кейингина харид учун келганимизни тушундим.
Индира опа пулнинг бетига қарамас экан, кўзига яхши кўринган, кўнгли тусаган нарсаларни нархини сўрамай менинг қўлимдаги саватга солаверди. Ваҳоланки, мен ишлаган бозорда бу нарсаларни арзонга сотиб олса бўларди.
Хуллас, ярим соат ичида учта сумкани тўлдириб, дўкондан чиқиб, орқамизга қайтдик.
Эртаси куни мен майда-чуйда ишлар билан овора бўлдим. Бир-икки марта Нигорага кўзим тушди. У хонасида ўтирарди. Зерикмаганини қаранг! Мен бўлсам ёрилиб ўлардим.
Одам бир жойда ҳафта-ўн кун яшаса кўзи шу жойга ўрганиб қолар экан. Кўрганларим энди мени ҳаяжонлантирмайди, азалдан шу қасрдай ҳовлида яшаб юргандай индамай кетавераман. Фақат Нигорани кўриб қолсам ёки овозини эшитсам ҳали ҳам ичимда титроқ пайдо бўлади, лекин гаплашишга қўрқардим. Мабодо гаплашиб қолсам Индира опа қувиб юборади, деган хавотирим ҳам бор. Гап у берадиган пулда эмас, албатта. Қувса, яна “Ипподром”га бориб мардикорчилик қилиб юравераман. Қайтанга эркин бўламан, хоҳласам ишлайман, хоҳламасам ижара уйда оёғимни узатиб ётаман. Энг ёмони, қувилсам, Индира опанинг қизи – соҳибжамол Нигорани кўриб туришдан маҳрум бўламан.
Уни энди кўрмасдан туролмайдигандайман. Унинг ха-ёли мени буткул ўзига боғлаб олган, ажрасам, ўлиб қоладигандайман, назаримда. Бу нарса кундан-кунга кучайиб бораяпти.
Бора-бора, ўзим сезмаган ҳолда, унинг жамолини кўриб қаноат ҳосил қилмайдиган бўла бошладим. Бошда, зарурат бўлмаса-да, бирон ишни: “Қилайми, қилмайинми?” – деб атай ундан сўрардим. Унинг жавоби эса, доим бир хил: “Билмадим, ойимлардан сўранг”. Дарвоқе, кузатувларимдан аён бўлдики, бу уйдагилар Индира опанинг амрига бўйсунаркан. Эри Маҳкам ака қўғирчоқдай гап. Индира опанинг измидан бир қарич четга чиқмайди.
Эрталаб ишга (дарвоқе, у институтда дарс берар экан. Уни дастлаб кўрганимдаёқ домла бўлса кераг-ов, деб ўйлагандим. Адашмаган эканман) шошаётган бўлса-да, чой ичмай опани кутиб туради. Бошқа масалада-ку, қўяверасиз: “Индирахон, хўп-хўп…”, “Индирахон, шу ишни қилсак қандоқ бўларкан?” “Индирахон, сиз нима дейсиз?” Баъзан унинг гаплари энсамни қотирадики, дод деб юборгим келарди. Қишлоғимизда эркак кишининг хотинини сизлаганини эшитмаганман. Бунисиям майли, аммо ҳожатхонагаям маслаҳат сўраб борса, чизган чизиғидан чиқмаса – бунисини ҳазм қилиш қийин бўларкан. Тўғри, қишлоғимизда ҳам бор бир-иккита хотинининг қулига айланганлар, лекин улар ҳам бунчалик паст кетмайди. Ҳар қалай, кўп ишларни ўз ихтиёрлари билан қилади.
Шунга қарамай, Маҳкам аканинг бир нарсасига қойил қолардим. Уйда ўзининг алоҳида ишхонаси бор эди. Бирикки марта Сора опа ўша хонани тозалаётганида мени чақирган, оғирроқ столни суриб бергандим. Ишонасизми, у ердаги китобларни бирма-бир ўқиб чиқиш у ёқда турсин, санагунча тинка-мадорингиз қуриб кетади. Маҳкам ака ана шу китоблар орасида кунига камида бешолти соат ўтиради. Ўқийди, бир нарсаларни ёзади, шун-чалик берилиб кетадики, хонасига кирганингизни сезмайди. Бундай пайтда уни ҳеч ким, ҳатто Индира опа ҳам безовта қилмасди. Фақат мен бошида билмасдан кириб қолганман. Сора опа роса койиб берган: “Иккинчи бундай қилма, агар Маҳкам ака ишлаётганда уни безовта қилсанг, сени кечиришмайди”, деган.
Чалғидим шекилли. Нигора ҳақида гапираётгандим. Хуллас, уни аста-секин ўзимга ўргатиб олдим. Энди елкасини қисиб, кулимсираб: “Билмадим, ойимдан сўранг”, демайди. Мен билан чиқишади. Куни кеча: “Гулнинг тагини юмшатиб, ундан кейин сув қуйиш керакми ёки сув қуйиб қўйса ҳам бўлаверадми?” – дея сўрадим. Аслида, гулларнинг парвариши билан мен шуғулланмасдим. Сора опадан ортмайди бундай ишлар. Буни Нигора ҳам билади, бироқ бироз ўйланиб турди, сўнг мен билан гаплашгиси келдими: “Сиз нима деб ўйлайсиз?” – деб саволимга савол билан жавоб берди. Гапимиз туппа-тузук қовушиб кетди. Нигорахон билан бир соатдан мўлроқ суҳбатлашдик. Шунинг учун бўлса керак, мана, бугун у мени ўзининг хонасига чақириб турибди. Ичимда шунақа бир ҳаяжон тошиб келяптики, таърифлашга мендай содда қишлоқ боласида забон қани?!
– Мумкинми? – дедим Нигоранинг эшигини биров эшитмайдиган қилиб тақиллатиб, сўнг қия очарканман.
– Бемалол, – деди Нигора юмшоқ курсидан тураркан, – кираверинг.
Унинг хонасидан хушбўй ҳид димоғимга урилди. Шунданми, киришим билан кайфиятим кўтарилди. Кўзимга фақат Нигора кўринди. Хонасидаги қимматбаҳо жиҳозлар ва умримда энди кўриб турган компьютер деган телевизорга ўхшаш нарсага эътибор бермабман ҳам.
– Мана бу ерга ўтиринг, – деди у иккита юмшоқ курсидан бирини кўрсатиб, – сиз билан гаплашгим келди. Зерикиб кетдим. Кўчага чиқишга эринаяпман.
Менга ҳам шу лаҳзада бундан бўлак ҳеч нарса керак эмасди. Умуман, бу уйда мени тутиб турган аслида Нигора! Шу боис, гапи тугар-тугамас, кўрсатган жойига ястаниб ўтириб олдим ва эшикка хавотирланиб қараб:
– Опа билиб қолсалар (тез кунда тошкентча лаҳжада гапиришга кўникиб қолгандим) хафа бўладилар-да, – дедим.
– Хафа бўлмайдилар, ўзим чақирдим дейман, – дея Нигора хавотиримни тарқатди. – Компьютерда ўйин ўйнашни биласизми?
– Нима у компьютер? – деб юборибман содда бўлмасам.
Нигора қиқирлаб кулди ва ёнидаги стол устида турган телевизорга ўхшаш матоҳни кўрсатиб:
– Мана шу компьютер, – деди.
Мен гўл шундаям тилимни тийиб турмай:
– Унда ўйин ўйнаса бўладими? – дедим ажабланиб.
Бу гапимдан ҳам Нигора ҳузур қилиб кулди. Сўнг:
– Бўлмасам-чи, оддий нарса-ку, ўзим ўргатиб қўяман, – дея узун киприкларини пирпиратди.
– Яхши бўларди, – дедим мен, – фақат бу ерда кўп ўтиролмайман-да.
– Дарров ўрганиб оласиз. Лекин ҳозирча компьютерни қўйиб турайлик. Мен ундан ҳам роса зерикканман. Яхшиси, қишлоғингиз ҳақида гапириб беринг. Мен ҳечам қишлоқда бўлмаганман. Тўғри, Бўстонлиққа – дачамизга кетаётганда, кўп қишлоқларнинг ёнидан ўтганмиз.
– Қишлоқ… – дейишим билан тилим тутилди, чунки туйқусдан қишлоғимиз кўз олдимга келди-ю, уйдагиларни соғинганимни ҳис қилдим. – Бизники кичкинагина, санасангиз, юзтача оила яшайдиган қишлоқ. Кўчалари чанг, ўйдим-чуқур. Лекин оёқяланг тупроқ чангитиб юриш маза. Ёзда одам яйрайди, чўмиладиган жойлар кўп.
Шундай дебман-у, хаёл суриб кетибман: қишлоғимиз ўртасидан кесиб ўтган ариқни, дарахтларни, пастқам уйимизни, отамни, укаларимни…
– Ҳей! – деди бир маҳал Нигора қўли билан туртиб. – Нега ўйланиб қолдингиз?
“Ялт” этиб унга қарадим. У шунақанги гўзал табассум билан тикилиб турардики, меҳрим аввалгидан икки баробар жўшиб кетди.
– Кечирасиз, – дедим айбдор одамдай қизариб.
– Кетгингиз келдими? – деди у меҳрибонлик билан.
– Йўғ-э, ўзим, шунчаки, ўйланиб қолибман.
– Унда, бир нарса сўрасам майлими? – дея айёрона жилмайди у.
– Бемалол.
– Қизингиз борми? Севган қизингиз.
Мен баттар қизардим. Нигорага қарашга ботинолмай компьютер томонга юзланиб:
– Йўқ, – деб жавоб қилдим. Ваҳоланки, худди шу маҳал кўз ўнгимдан синфимизнинг аълочиси, қишлоғимизнинг энг олд қизларидан бири – Нозима ўтган, унинг: “Энди мен сизни ака дейман”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглаган эди. Бироқ мен севаманми-йўқми, билмасдим. Ахир, у шу гаплари, қолаверса, ёзган хати билан менга бўлган муносабатини билдирган, лекин шунда ҳам менинг юрагим жиз этмаган эди.
– Нега? – сўради Нигора ўзини ажабланаётгандай кўрсатиб.
– Билмадим, – дедим елкамни қисиб.
– Қишлоқларингда чиройли қизлар йўқми?
– Кўп. Лекин уларни бошқалар яхши кўради-да.
– Нима қипти? Мана, масалан, мен кўчага айлангани чиқсам, йўқ деганда иккита бола гап отади. Кўзи билан тешиб юбораман, деганлариям кўп бўлган. Мактабни битираётганимда, болалардан олган хатларни институтдагилари билан қўшсам, битта китоб бўлади. Ёнимга келиб, қўлимни сўраганлари қанча! Ўшалар, масалан, бошқа биров менга севги изҳор қилишганини билишади-ку! Шундай бўлсаям, барибир гапираверишади. Биласизми, бир марта учта ўртоқ севги изҳор қилган. Ўшанда уларнинг устидан қотиб кулганман.
– Мен ундай қилолмайман.
– Биламан. Сиз жуда уятчансиз. Кейин соддасиз. Бе-ғубор содда. Мана шунақа одамлар менга ёқади.
Унинг охирги гапи бошқача таъсир қилди. Қандайдир куч вужудимга эниб, Нигоранинг кўзига қарадим. Қизнинг юзида табассум йўқ, кўзида эса бошқача бир ўт бор эди. У мени худди оҳанрабодай ўзига тортар, юрагимдаги қўрқув, ҳаяжон қаёққадир ғойиб бўлганди. Мен қаердалигимни, бу сулув хўжайинларимдан бири эканини унутгандим. Шундай эса-да, танам юрагим измига бўйсунмади, нимадир мени орқага тортди. Орадан бирор дақиқалар ўтиб мен аста-секин ўзимга кела бошладим. Шу маҳал қўлимнинг устида бир нима турганини ҳис этдим. Унинг тафти борган сайин қўлимни куйдирарди. Бу, шубҳасиз, Нигоранинг оппоқ узун бармоқлари…
“Ғийқ” этиб эшик очилиб қолса денг! Нигора чаққон қўлини тортиб олди. Мен дик этиб ўрнимдан турдим. Бўсағада Индира опа турарди. Унинг қошлари чимирилиб, қовоқлари уйилганди. Юрагим “шиғ” этди: “Ўлдим, энди бу хотин мени шарманда қилиб ҳайдайди”, деган ўйдан тиззам қалтираб кетди.
– Ҳа-а, йигит! – деди опа киноя билан. – Бу ерда сиз нима қилиб ўтирибсиз?
– Ойи, мен ўзим чақиргандим, – ёнимни олди Нигора. – Каравотим остига соткам тушиб кетувди. Қўлим етмади. Каравотни суришга чақирувдим.
Нигоранинг овози қалтираб кетди. Билдимки, у ҳам онасидан бошқалар каби ўлгудек қўрқар экан.
– Ҳар нима бўлгандаям, йигит киши қиз боланинг хонасига кириши мумкин эмас. Ана, каравотни суриш керак бўлса, Сорани чақир, бундан кейин хонангда Нодирни кўрмайин, – деди Индира опа қизига қараб, сўнг менга юзланди-да, – сиз ҳам уққандирсиз, яхши йигит? – деди кўзлари билан тешиб юборгудек бўлиб.
– Хўп, хўп, – дедим мен чайналиб.
– Қани, бу ердан марш!
Ёмон изза бўлдим. Ҳовлига чиқиб у ёққа-бу ёққа бориб келаман. Ҳеч ўзимни босолмайман. Индира опа кўзимга жуда хунук кўриниб кетди, илон ундан беҳроқ эди. Бундан кўра, “Ипподром”да машиналарнинг орқасидан югуриб юрганим яхшийди. Чунки биров: “Нега югураяпсан? Орқангга қайт, сенга пишириб қўйибдими?” – демайди, деган тақдирдаям, тўпиғимгача келмайди. У ерда Нигора йўқ, ҳамма бир-бирига қўпол гапиради. Шунга ўрганишган. Шусиз бировга гап уқтириб бўлмайдиям.
“Ўзи мени нега олиб қолди? Мен ялиниб-ёлвормагандим-ку. Агар Нигорани кўрмаганимда, бошимдан тилла сочганидаям рози бўлмасдим бу ялмоғизнинг хизматини қилишга. Бунинг устига, қизининг хонасига мен ўзим кирганим йўқ-ку… Итни ҳайдагандай ҳайдайди”. Хаёлимдан шу фикрлар ўтаётган лаҳзаларда мен ўзимни жуда осмон тутаётганимни билмасдим. Ҳолбуки, нима бўлган тақдирда ҳам, айбдорлигимни ҳис қилмасдим. Агар Нигора билан яна озгина ўтирганимда нима бўларди? Ҳамма нарса кундай ойдинлашганди-ку!
– Нодирбек, – чақириб қолди Индира опа ичкаридан.
Мен овоз келган томонга ўқрайиб қарадим, кейин оёғимни зўрға судраб унинг ёнига бордим.
– Бугун уйга меҳмон айтиб қўйганман, Сора опанг билан бирга бозорга чиқиб келасанлар. Тез кийимларингни алмаштир.
Индира опа гўё ҳеч нарса бўлмагандай буйруқ берарди. Ҳатто юзида қувонч аломатиям бордай. Бу мени ажаблантирди. Ёшликдан бир одатим бор: биров билан гапим сал келишмай қолса, қайтиб юзига қарагим келмайди. Опанинг ўзини тутишидан жаҳлим қўзиди. “Боплаб уришдимми, энди тезда буйруғимни бажар”, деяётгандай. Аммо ҳеч нарса деёлмадим, бошимни қимирлатиб, маъқулладим, холос.
Индира опа билан супермаркетда савдо қилганимда, унинг қўли очиқлигига тушунмагандим. Сора опа ҳам ундан қолишмас экан. Бозордаги сархил меваларнинг нархини суриштирмай: “Икки кило, уч кило тортинг”, деб айтавераркан. “Менга нима, – ўйладим охири, – пулим кетмаётган бўлса, билганини қилмайдими?”
Бозорлаб келишимизга узоғи билан икки соатча вақт кетди. Нарсаларни олиб кетаётиб, ошхонада Нигорага дуч келиб қолдим. Унинг юзида ҳам хафалик аломати кўринмади. Жилмайиб, кўзини қисиб қўйди. Шу билан кўнглимдаги ғубор тумандай тарқаб, кайфиятим кўтарилди. Авжим келиб, сулувга бир нима демоқчи эдим, анави анакондадан қўрқдим ва хаёлимга: “Наҳотки шу илондан ҳам фаришта туғилса?!” – деган ўй келди.
Нигора ошхонадан тез юриб чиқиб кетди. Кўнглим хуфтонга айланди-ю, лекин у тўғри қилди. Ҳозир Индира опа (қизини кўрганимда уни илонга ўхшатгим келмасди) кириб қолса, яна бир нималар деб иккаламизниям чақади.
Тайёргарлик зўр бўлди, меҳмонхонадаги стол устига ёзилган дастурхоннинг кафтдай жойи очиқ қолмади ҳисоб: қази-қарта дейсизми, “кока-кола”дан тортиб, турли хил спиртли ичимликлар дейсизми, шўр данаг-у бодом дейсизми – ҳаммаси тахт. Буларни кўриб: “Меҳмон каттароқ идорада ишласа керак”, деб ўйладим. Ўйим нотўғри чиқди. Қуёш ботиб, атрофга қоронғилик этагини ёзган маҳали, бир-биридан юпун, калта, очиқ-сочиқ кийинган семиз-ориқ, узун-паст олти нафар аёл кириб келди. Индира опа уларни ўзгача тавозе билан кутиб олди. Фақат Маҳкам ака хонасидан чиқмади. Ҳеч ким уни безовтаям қилмади.
Меҳмонлар билан бирга Индира опанинг ёнидан Нигора ҳам жой олди. Уям гарчи ўзининг уйида эса-да, ясан-тусан қилиб олибди. Яна денг, калта юбка билан қизил футболка кийиб олган, киндиги кўриниб турибди. Ғашим келди. Бироқ на илож? Бирон нима дейишга рухсат йўқ.
Очиғи, бу аёлларнинг эркаклардан фарқи йўқ экан: қадаҳларини тўлдириб ароқ ичишади, оғизларини тўлдириб овқат чайнашади. Хохолаб кулишади. Гапларини-ку, айтишга тилим бормайди. Дастлаб эшитганимда қизариб-бўзариб кетдим. Кейин… кейин даврадаги кайфият таъсир қилдими, кўникиб қолдим. Шу боис, ҳеч уялмасдан Сора опа сузиб берган таомларни уларнинг ёнига ташийвердим.
– Вой-вўй! – деди оппоқ елкасидан кийимни кўтариб туриш учун ғалтак ипидай келадиган ип ўтказиб олган, кўкрагининг ярми очиқ, қоп-қора сочлари елкасига тушиб турган, ўттизлар атрофидаги жувон менга қараб. – Бундай кетворган йигитни қаердан топа қолдингиз, Индира опа?
– Топамиз-да! – илжайиб жавоб қилди Индира опа.
– Менгаям шунақасидан битта топиб беринг. Бунинг бўй-бастини!
Аёлларнинг нигоҳи менга қадалди. Юзим ловуллаб ёниб кетди, уялганимдан тез чиқиб кетмоқчи эдим, бироқ:
– Яхши йигит, тўхтанг! – деди ҳалиги жувон. – Сиз билан яхшилаб танишиб олайлик.
Даврада кулги кўтарилди. Мен эса тамом бўлдим. Нажот истаб аввал Индира опага, кейин Нигорага қарадим. Аммо улар жилмайишиб, меҳмоннинг гапини қувватлагандай туришарди.
– Йигитчани қўрқитиб юбординг, Гул! – деди даврадагилардан бири. – Қара, бечора шолғомдай қизариб кетди.
– Ўзимнинг жоним! – деди ўша Гул деганлари. – Қизарганида янаям чиройли бўлиб кетаркан.
Менинг яқин бормаслигимга кўзи етди, чоғи, ўрнидан туриб ёнимга келди ва билагимдан сиқиб ушлаб, Индира опага юзланиб:
– Исмлари нима бу шаҳзоданинг? – деди.
– Ўзидан сўранг, Гуляхон, – жавоб қилди Индира опа.
– Унда ўзимиз танишиб оламиз, қани, бу ёққа юринг, – деб у ўзи ўтирган столга етаклади. Оёғимга тегирмон тоши боғлаб қўйилгандай эди, ҳеч қадам босолмайман Гўё туш кўраётгандайман.
Гуляхоннинг ёнида ўтирган аёл дик этиб ўрнидан туриб, тўрдан жой олди ва менга стулини бўшатди.
Ўтиришим билан Гуляхон катта пиёлани тўлдириб ароқ қуйди-да, қўлимга тутқазди:
– Қани, исмингизни айтиб, мана шу пиёлани битта оқ қилиб беринг, – деди.
– Мен, – дея довдирадим, – ҳалиги, ошхонада тарелкалар бориди…
– Э-й, туради тарелкалар, ҳозир кераги йўқ. Қани, олинг!
Аммо мен ичолмадим, қўлимдаги пиёлага термилганча ўтиравердим.
– Индира опа, – деди шунда Гуляхон, – бирон нима денг. Бўлмаса, шундай шакар йигитни потеря-ю, по-жа-л-с-та, хотяби раз. Для меня.
– Гул. У менга жудаям керак. Мы с ним скора полетим. Так что, его не заставлай.
Индира опанинг гапига тушунмадим. Лекин ичимда тарафимни оляпти, деб суюндим. Аммо Гуля мени қўйиб юбормади.
– Мне всеровно, куда будети летат. Он сегодня мой. Давай, ичинг. Бўлмаса, уялиб қоласиз.
Ана шу лаҳзада кўзим Нигорага тушди. У ўқрайиб қараб турар эди, иложини топса, мени қучган жувонни юмдалаб ташлагудай. Шундан сўнг: “Зора, шу падар лаънатини ичиб, шу билан қутулсам”, деган ўйда бир кўтаришда пиёладаги ароқни ичиб юбордим.
– Маладес, – қарсак чалиб юборди Гуля ва юзимдан ўпиб қўйди.
Шуниси етмай турганди. Одамни шунчалик калака қиладими? Шартта ўрнимдан турдим. Гуля қўлимга ёпишди.
– Ешё не всё, – деди у, – энди рақсга тушамиз.
Уни даврадаги аёллар қўллаб:
– Гу-ля! Гу-ля! Гул-я! – деб қичқиришга тушишди.
– Биз ҳали бу билан Таиландга боришимиз керак, қўйвор, ишини қилсин, – деди Индира опа.
Бу гапни, назаримда, мендан бошқа ҳеч ким эшитмади. Томошага сабри чидамаган Нигора ўрнидан турдида, ташқарига чиқиб кетди. Менинг эса бошим айланиб, кўзим тина бошлади.
Хаёлим чирмовуққа ўхшаб ёпишиб олган Гулянинг бачкана (ҳар қалай, менга шундай туйилаётганди) қилиқларидан аччиқланиб, мени рашк қилиб чиқиб кетган Нигорада эди. Ҳозироқ унинг кўнглини кўтаришим ва меҳмонларнинг ёнига бошқа кирмаслигимни айтишим зарурдек туйилаверди. Шу боис, гарчи оёқларим чалиша-ётган бўлса-да, Гулянинг бўйнимга чирмашган қўлларини олиб ташлашга уриндим. Елимни бир амаллаб кўчириш мумкиндир, лекин бу жувоннинг ёпишқоқ қўлларини ажратишнинг имкони бўлмади. Оч қоринга ичилган бир пиёла ароқ ҳам ёрдам бермади. Димоғимга урилаётган хушбўй атир ҳиди кайфимни кўтарди, чамамда, қуло-ғимга аёлларнинг қаҳқаҳаси мойдай ёқар, кўксимга тиралиб турган юмшоқ тўшдан эса ақлимни йўқотар даражага келган эдим.
– Гуля, – деди бир маҳал Индира опа жувоннинг қўлидан тутиб, – бу йигитча бор-йўғи хизматкор. Паст кетма, жоним!
Мени чақмоқ ургандай бўлди, зумда кайфим тарқади. “Чирмовуқ”ни бир силтаб чангалидан чиқиб кетдим ва Индира опага юзландим. Аммо айтмоқчи бўлган гапларим ичимда қолиб кетди, чунки эшикдан кириб келган Нигора:
– Тез Сора опанинг ёнига бораркансиз, – деди менга қараб.
Ошхонага кирганимда, юзим лов-лов ёнарди. Миям тинимсиз ғувиллар, кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Энг ёмони, Нигоранинг олдида ўзимни гуноҳкор сезаётгандим.
Ошхонада Сора опа йўқ, демак, Нигора атай ёлғон гапириб мени чиқариб юборган. Ақлига қойил қолдим. Қиз бола бўла туриб, мени ноқулай вазиятда қолдирмади. Ҳа, у нафақат гўзал, мафтункор, балки ниҳоятда ақлли ҳам…
Нигора ҳақидаги ўйларим ниҳоясига етмай ошхонага ўзи кириб келди:
– Қалайсиз, раққос? Сизнинг чиройли йигитлигингизни мендан бошқалар ҳам илғади-я! Анави иккита тарелкани олинг-да, дарров ичкарига киринг. Сизни кутиб қолишди. Фақат тез бўлинг, – деди у ва чиқиб кетди.
Очиғи, ҳеч балони тушунмадим. Бу сулув қиз ичкаридагилардан мени рашк қилмаганмиди? Атай бу ёққа ча-қирмаганмиди?.. Қизнинг амрига бўйсуниб, стол устидаги бўш ликопчалардан тўрттасини олдим-да, тағин ғала-ғовур меҳмонхонага бош суқдим ва яна Гуляхоннинг чангалига тушдим.
– Индира опа, – деди у қўлимдан ушлаб ёнидаги бўш стулга ўтқизаркан, – он хоть кто, мне очень понравился, сейчас таких трудно найти. Шунинг учун ўзимнинг жоним опам, менга совға қила қолинг!
Унинг гапидан кейин даврада шўх кулги кўтарилди. Русчанинг “р” ҳарфини ҳам тушунмайдиган мендай чаласавод бу гапларни қандай англасин? Шу боис, анойилигимни сездирмаслик учун бошимни эгиб олдим. Бироқ қоним қайнай бошлади: “Мен нима, буюммидимки, тўғри келган одамга совға қилишса?”
– Я, – дея гапида давом этди кулгидан бироз ноқулай аҳволга тушган жувон, – шунақанги, аёлларни хушламайдиган йигитларни уважаю, чесна-чесна слова.
– Давайте, – деди тўрда ўтирган сариқ сочли жувон, – сиграем, что нибуд, ким ютса, парен ўшаники! Розимисиз, Индира опа?
Унинг бу гапи жинимни қўзиб юборди, сакраб ўрнимдан туриб, сайроқи аёлга ўқрайиб қараб:
– Мени қиморга тикаяпсизми?! – дедим.
Гапим даврадагиларга кулгили туйилди, чоғи, улар кайфи ошган нашавандлардай кулавериб буралиб қолишди.
– О-о-о, йўқ, йўқ!.. Ҳаддиларингдан ошиб кетдиларинг. Я сама еле его нашла, по этому, давайте, бошқа нарса ҳақида гаплашайлик. Яхшиси, бир-иккита эркаклардан таклиф қилсам бўларкан, шунда зерикмасдиларинг, – деди Индира опа унга қараб, сўнг менга юзланди-да: – Иккинчи овқатни олиб келинглар, – деди.
Йигитлик ғурурим топталиб, аёллар орасида қўлма-қўл бўлиб кетишимга оз қолганидан ғазабим тошиб шахдам юриб чиқиб кетдим.
– Овқатни ўзингиз олиб кираркансиз, – дедим Сора опага, – Индира опа шунақа деди.
Сора опа норози қиёфада бир қараб қўйди-да, косаларга овқат сола бошлади. Мен тўғри бориб музлаткични очдим ва бир шиша ароқ олдим-да, пиёлани тўлдириб қуйдим.
– Нима қилаяпсан? – ёвқараш қилди Сора.
– Мардлик учун, – дея пиёладаги ароқни бир кўтаришда ютиб юбордим ва лаб-лунжимни енгимга артиб, тоғорадаги котлетдан бир донасини олиб оғзимга солдим.
– Жинни бўлма, – деди Сора опа бошини сараксарак қилиб, – гап эшитасан.
Мен унга жавоб бермай, иштаҳа билан оғзимдаги луқмани чайнай бошладим. Сора опа овқатни ўзи сузди, ўзи меҳмонларга олиб кирди, ора-сира ўқрайиб қараб қўйганини айтмаса, менга деярли эътибор бермади. Негадир кайфим бу сафар унча ошмади. Лекин иштаҳам карнай, худди стол устидаги меҳмонлардан ортган салатларни, котлетлару колбасаларни биров тортиб оладигандай шошиб-пишиб оғзимга тиқардим. Бу пайтда аёлларнинг гапсўзларини, суйкалишларини ҳам унутдим ҳисоб.
Орадан ўн дақиқа ўтдими ёки зиёдроқми, билмайман, бир пайт икки юзи олмадай қизарган Индира опа келиб қолди. Уни кўришим билан, бўшашиб ўтирган эсам-да, ўрнимдан турдим. “Бу анаконда яна заҳрини сочса керак”, деб ўйладим.
– Сора, – деди у хизматчи аёлга, – биз Нодиржон билан гаплашиб олишимиз керак.
“Тамом, ҳозироқ паттамни тутади”, хаёлимдан ўтди. Сора опа чиққач, кобранинг кўзлари менга кулиб боқди ва секин ёнимга келди. Сўнг мутлақо кутилмаганда бўйнимдан иккала қўлини ўтказиб юзимдан ўпиб қўйдида:
– Маладес! – деб ҳиринглади. – Синовдан зўр ўтдингиз, энди мени подвадить қилиб қўймайсиз. Ишончим комил. Но, Гуля сизни яхши кўриб қолди. Она проста безума от тебя. Балки…
Унинг ўрисча-ўзбекча аралаш гапларини чала-чулпа тушундим. Лекин хурсанд бўлмадим, Индира опа мени қандайдир буюмга ўхшатаётгандай эди. Лекин дардимни бу сафар ҳам ичимга ютдим. Сассиз-садосиз, мутедай туришим Индира опага ёқди, мени ачомлаб, ўпди-да, чиқиб кетди.
Мени бошқа безовта қилишмагач, хонамга кириб ётдим. Лекин ҳадеганда кўзим илинавермади. У ёнбошимдан бу ёнбошимга ағдариламан. “Қанийди, Гуля билан Индира опанинг ўрнига мени Нигора қучоқлаб ўпганида эди”, деб ўйлайман. Ўзимча ҳузурланиб жилмаяман. Хаёлан Нигоранинг ўпичидан лаззатланиб ҳамма нарсадан воз кечиб юборгудай ҳаяжонга тушаман. Бир маҳал тўлқинланиб, ўрнимдан сапчиб турдим-да, кийимларимни кийиб хонадан чиқдим. Ошхонага бордим. Сора опа ўтирибди, ниманидир ковшаб.
– Ҳалитдан ухлаб қолмагин, – деди у ялинчоқ овозда, – бир ўзим қийналаман дастурхонни йиғиштиришга.
Рости, унга ичим ачиди. Бир ўзининг бўйнида қанча иш бор? Ҳаммасини саранжом-саришта қилиши керак. Жонига тўзим берсин бу аёлнинг.
Ҳартугул, меҳмонларнинг базми узоққа чўзилмади. Қиқирлашиб, хохолашиб, бир-бирини суяб меҳмонхонадан чиқишди.
– Анави йигитнинг гули қаерда? Ҳеч қурса, хайрлашайин.
Бу Гуляхоннинг овози эди. Дарров ўзимни панага олдим. Индира опа рус тилида алланималар деди. Шу билан енгилтак жувоннинг уни ўчди.
Дастурхонни йиғиштиришнинг ўзига икки соатдан мўлроқ вақт кетди. Сора опа иккаламизнинг қўлимиз қўлимизга теккани йўқ. Оёғимни судраганча хонамга бориб, ечинишгаям ҳолим келмай каравотга чўзилдим. Билмадим, қаймаҳал, бошимни, елкамни, кейин қўлимни биров силагандай бўлди. Қулоғимга иссиқ нафас урилганини ҳам сездим. Туш кўраяпман, шекилли, деб ўйладим. Силаётган қўл ҳаракати аста-секин тезлашиб, оёқларимда ҳам бурга ўрмалагандай бўлди. Уйғониб кетдим. Лекин кўзимни очишга қўрқдим. Қуённинг терисини шилгандай кийимларим бирма-бир танамни тарк эта бошлади, шундан сўнг хавотирланиб ўгирилдим. Ва мутлақо кутилмаганда қайноқ, хаёлни жинкўчаларга олиб қочув-чи лабга лабим туташ келди…
Қилиб қўйган ишимни ғишт қолипдан кўчганидан кейингина англаб етдим. Умримда ҳали бундай ишга қўл урмагандим, довдираб қолдим. Қўйнимда кўзларини юмиб пишиллаб нафас олаётган Нигорага ҳадиксираб қарадим. Сочларини силадим-да:
– Мени кечиринг, билмасдан…
– Жиннивой, – деди гапимни бўлиб, – ўзим келдим-ку!
Пичирлаб айтилган бу гапда эҳтирос шунчалик сингишиб кетгандики, мойдай эриб кетдим…
Одатдагидан анча кеч уйғондим. “Коньякка шоколад закуска қилгандим, Гулянинг қилиқлари баттар қўзғатиб юборди. Чидолмадим, келавердим”, деган гап қулоғимдан кетмаётганди. Шу гапни эшитгим келиб, жойимдан тургим келмасди. Аммо Индира опа эсимга тушиб, бирдан сергак тортдим, апил-тапил кийиниб, ювиниб, таш-қарига отилдим.
Ҳовлиққаним бекор кетди. Сора опанинг гапига қараганда, “малика” саҳарлаб қаергадир кетибди машинасини миниб.
Эшитиб иржайдим, яна бироз ухламаганимдан афсусландим.
Бундай пайтда Маҳкам ака ҳам уйда бўлмас, дарсга кетарди. Нигорани кўргим келди. Сора опа тайёрлаган нонуштага ҳам қарамай, иккинчи қаватга кўтарилдим. Хаёлимдан: “Хонасига кираман-у, пари-пайкарнинг кўрпасини секин тортаман, бурнини бармоғим билан чимдийман, у уйғониб кетади, сўнг: “Сизмидингиз?” – деб жилмайиб кўзини очади, кейин мени оҳиста қучоқлайди ва ҳоказо… ва ҳоказо”, деган ўйлар кечди. Аммо на кечаси қилиб қўйган ишим ва на бунинг оқибати хаёлимга келади. Унинг: “Ўзим келдим-ку, жиннивой!” – деган бир оғиз гапи далда бўлиб, хавф-хатарни унутгандим.
Нозаниннинг хонасига кирдим. Оёқ учида юриб каравоти ёнига бордим. Ўйлаганимдай кўрпасини бироз тортдим. Оппоқ бадани кўриниб, юрагим бўғзимга тиқилди.
Аввал унинг қоши чимирилди, кейин кўрпанинг ичидан бир қўлини чиқариб, пашшани қувмоқчи бўлгандай сермади. Афтидан, пашша айёрлик қилиб, тутқич бермай жуфтакни ростлади. Париваш эса, яна бир маромда нафас ола бошлади. Аммо хира пашша тағин ҳунарини давом эттирди. Шунда гўзал жаҳл билан кўзини очишга мажбур бўлди.
– Ҳимм, – деди Нигора афтини бужмайтириб, – сизмидингиз? Нима керак, нега кирдингиз бу ерга? Чи-қиб кетинг.
Мен ҳайкалдек қотиб қолдим. Бир зум хаёлларим бошимдан тўзғиб, гарангсиб қолдим. Туни билан қўйнимда тўлғонган бу жонон нега бунча ўзгариб қолди? Ёки мен туш кўрдимми, ҳаммаси тушимда бўлдими? Унда нега бу ерда серрайиб турибман? Энди бу қизнинг бетига қандай қарайман? Яна онасига айтиб берса-я.
– Ҳалиям қаққайиб турибсизми, ойимларни чақирайми? – деди эринчоқлик билан кўзини очиб менга тикилган қиз.
Мен ҳар қанча довдираб, ҳаяжонланиб турган бўлсамда, қизнинг хонасини тарк этишга мажбур эдим. Шундай ҳам қилдим. Энди тунги воқеалар туш эканига ишон-чим комил эди. Бироқ кўнгилнинг бир чеккасида алланима бордай. Шу сабаб, хонамга кириб, каравотимни бир қур назардан ўтказишга қарор қилдим.
Ажабо, ёстиғимдан хушбўй атир ҳиди келар, устида уч дона узун соч толаси чувалашиб ётарди. “Ким кирганди бу ерга? – ўйлай бошладим. – Нигорами ёки… Анави Гуля Индирани чалғитиб, мен ухлаганимдан кейин қайтиб келиб… Икки соатдан зиёд вақт ўтувди-ку. Унгача у қаерда эди? Уйда бўлса, нега мен уни кўрмадим? Ё Индира опанинг ўзи… Бўлиши мумкин эмас, дарров сезардим. Нигора… Нигора… Мен унинг овозини эшитдимку, шивирлашлари ҳалиям қулоғим остида жаранглаб турибди-ку. Нега унда у ҳозир мени ҳайдаб чиқарди? Шунча иш бўлганидан сўнг йиғламайдими, қовоқлари шишиб кетмайдими, “Мени ташлаб кетмайсиз-а?” – деб ялиниб-ёлвормайдими?” Миямда ўралашиб, чарх уриб айланаётган саволларнинг ҳеч бирига жавоб тополмасдим.
Тушга яқин Индира опа қайтиб келди. Қовоғидан қор ёғади. Авзойини пайқаб кўзига кўринмаслик учун узоқроқ юрдим. Лекин туяқушга ўхшаб тумшуғимни қумга тиққаним билан иш битмади, унинг ўзи ёнига чақириб қолди, тағин ётоқхонасига. Шунгача Индира опа бирор марта мени ётоғига чақирмаганди. Ичимдан зил кетди. “Нигора сотганга ўхшайди”, деган фикр ўтди миямдан. Адашмаган эканман. Нигора у билан ёнма-ён икки кишилик ўриндиқда ўтирарди.
– Қани, мана бу ёққа ўтиринг-чи, эркак! – деди Индира опа бироз киноя ҳам дағал овозда курсини кўрсатиб. – Сиз билан би-ир гаплашиб қўяйлик.
Қизариб-бўзариб у кўрсатган жойга чўкдим.
– Қишлоқда мактабга борган бўлсангиз керак-а, – дея гап бошлади аёл ва қўлидаги бир парча қоғозни кўрсатди, – манавини ўқишни биларсиз. Ёки ўзим ўқиб берайинми? Ҳа, шундай қилганим маъқул. “Туман прокурори номига ариза. Мен – Эгамназарова Нигора, ариза ёзишимдан мақсад шуки, Толипов Нодир исмли йигит бугун, яъни 28 июль куни мени алдаб номусимга тегди, топтади. Бир умрга шарманда қилди. Оилам, қўни-қўшнилар олдида бошимни кўтаролмай қолдим. Эрта бир кун турмушга чиқсам, қай аҳволга тушишимни ўйлаб, ҳозирдан қўрқиб кетаяпман. Ўзимни ўлдириш пайида юрибман. Агар сизлар бу жиноятчини тезда ушлаб қамамасангиз, мен шармандаликка чидолмай, ўзимни бир нарса қилиб қўяман”.
Индира опа қоғозда ёзилганларни ўқиб бўлгач, менга ўқрайди. Оёғимгача титраб кетдим. Буни кобра сезди, албатта.
– Зўрлаганга қанча беришини биласизми, эркак?! – деди яна киноя билан.
Мен гунгу кар эдим. Сурдо тилида бўлса ҳам, барибир, ҳеч вақони тушунмасдим. Безрайганча қараб туравердим.
– Менга қара! – деди у ва ўзига ярашмаган чаққонлик билан ўрнидан сапчиб туриб ёнимга келди. – Агар бу иш билан қамаладиган бўлсанг, турмада ўтирганлар сенинг ўзингни хотин қилиб ташлашади. Буниям эшитмаган бўлсанг керак!
Мендан садо чиқмади.
– Ўлиб-пўлиб қолдингми?! – дея бақириб, Анаконда қўлимдан ушлаб силтай бошлади. Шундан кейингина мен ўзимга келдим ва важоҳатидан ит қўрқадиган Индира опага тикилиб:
– Мени кечиринг, – дея олдим, холос.
– Вой, манавининг гапини қара, – деди у қизига, – мени кечиринг эмиш. Қанақа қилиб кечираман? Кечирсам, Нигоранинг номуси тикланиб қоладими?! А-а, тикланиб қоладими?!
Худди шу маҳал Нигора ўхшатиб “оҳ” тортдики, ичим тўкилиб тушай деди.
– Уйланаман, – дедим бошимни эгиб, – ўзи унга уйланиш ниятим бор.
– Ия! – бақириб юборди Нигора сапчиб туриб. – Уйланаман?! Менга-я! Ўлиб қоламан ҳозир, чидолмайман. Қаёқдаги хизматкор менга уйланармиш!
У бу гапларни шунақанги шўх овозда айтдики, ҳеч ким бу қизни номусидан айрилиб қайғу гирдобига тушган, деб ўйламасди.
– Менга уйланадиган одам, биласизми, қанақа бўлиши керак? – деди у ёнимга келиб энкайганча бурнини бурнимга теккизгудек бўлиб. – Менга мана шу хонани тўлдира оладиган даражада пули бор одам уйланади, яхши йигит.
– Нигора, ўзингни бос! – деди овозига зўр бериб Индира опа.
Нигора бошини кўтариб, Индира опага норози қиёфада қараб қўйди.
– Балки Нодирнинг шунча пул топишга қурби етар, – дея дарров юмшади Индира опа қизининг норози нигоҳига эътибор ҳам бермай.
– Топ… Тополмайман, – дедим мен.
Ўша пайтда рангимда ранг қолмаган бўлса керак. Тўғрида, бир уй пулни қаердан топаман? Тополганимда, бу ерларда юрармидим бировнинг қўлига қараб.
– Мен йўлини кўрсатаман, сиз олиб келасиз. Ундан кейин, ажабмас, манави ҳурлиқони никоҳингизга олсангиз, —илжайди Индира опа. – Ўзи бу қизни яхши кўрасизми?
– Ҳа, – дея бошимни қимирлатиб Нигорага бир қараб олдим ва унинг энсаси қотаётганига гувоҳ бўлдим.
– Унда келишдик. Сизга визов бор. Чет элдан. Мен бугун бориб визангизниям гаплашиб келдим. Хў-ўш, эртага тайёр бўлади. Индинига қанот қоқиб, чет элга учиб кетасиз. Борасиз-да, бир самолёт пулни олиб, ортингизга қайтасиз Ундан кейин – тўй. Нигорахон қучоғингизда. Қалай?
Мен ҳангу манг эдим. Бораман, бир самолёт пулни оламан, ортимга қайтаман, тўй. Бунча осон. Агар шунақа бўлса, ҳозироқ учиб кетсам бўлмасмикан?.. Индира опанинг гаплари жиддийдай туйилмади. У устимдан кулаётгандек эди.
– Хўш, нима дейсиз? Розимисиз ёки қамалиб кетаверасизми? Мен бу таклифни Нигора сизни ёқтириб қолгани учунгина айтаяпман. Бўлмаса, ҳозир милисахонада бўлардингиз.
Рози бўлишдан бошқа иложим йўқ эди.
Розилигимдан кўпроқ Нигора қувонди. Қувонмасинми? Тунда ўзи хоҳлаб қўйнимга кирган бўлса-ю, кейин бир дунё молу мулкнинг эгасига айланса! Шубҳасиз, мен олиб келадиган пулнинг тўқсон тўққиз фоизига Индира опа эга чиқади. Содда бўлсам ҳам, бунисига ақлим етади. Ҳар қалай, гўдак эмасман-ку.
Нигора қўлимдан тортиб ўрнимдан турғазди ва онасининг кўз олдида уялмай-нетмай бўйнимга осилиб, лабимдан ўпишга тушиб кетди. Мен ерга кириб кетаёздим ва қизни ўзимдан нари итардим.
Индира опа кулди.
– Нигорахоннинг ўзиям анча шўх қизлардан-да, лекин шўхлиги ўзига ярашади, – деди.
Бу гап қизни руҳлантириб юборди, шекилли, тағин яқинлаша бошлади. Нима бўлган тақдирда ҳам, унинг истагини бажаришга юзим чидамасди. Шунинг учун ташқарига чиқиб кетдим.
Хонамга кириб бироз ўзимни босиб олиб, бўлиб ўтган гап-сўзларни хаёлимда тиклаб, ўзимча таҳлил қила бошладим ва: “Нигора мени севар экан”, деган хулосага келдим. Эҳ, пишмаган калла! Ахир, ўшанда улар осонгина бўйнимга қанча нарсани илиб қўяётганлари кундай аён эди-ку.
Кейинги кунларим хушчақчақ ўтди. Ҳеч ким менга ҳеч қандай иш буюрмади. Нигора доим ёнимда, ниҳоятда юмшоқ, менга меҳрибон, худди хотинимдай муомала қилар, иложи борича зериктирмасликка уринарди. Мен эса мойдай эриб, лаззат оғушига бутун борлиғим билан кириб кетибман-у, вақт ўтганини сезмабман.
Бир куни Индира опа қандайдир идорага олиб борди. У ерда савол-жавоб бўлди. “Таиландга нега бораяпсиз? Неча кун бўласиз? Қайси тилларни биласиз? Ким сизни кутиб олади? Дўстингизнинг кетганига кўп бўлдими?” Индира опа аввалдан бу саволларга мени тайёрлаб қўйганди. Шу боис, тутилмай жавоб беравердим.
– Яхши, – деди мени сўроққа тутган костюм-шимли, оқ кўйлак устидан бўйинбоғ таққан қирқ ёшлар чамасидаги киши қўлимни сиқиб, – сафарингиз бехатар бўлсин.
Индира опанинг қувончи чек-чегарасиз. Машинага етиб келгунимизча бўйнимга осилиб, беш-олти марта ўпиб қўйди, кейин маҳкам бағрига босиб елкамга қоқди-да, рулга ўтириб машинани юрғазди. Пул жуда-а кўп бўлса керак, деб ўйладим, акс ҳолда, опа менга бунчалик ялтоқланмасди. “Майли, кўп бўлгани яхши, машинадан тушираётганимда озгинасини амал-тақал қиламан”. Бироздан кейин бу хаёлимдан ўзимнинг кулгим қистади: Мен шунча пулни олиб келаман, машинага ортаман-у, ҳеч ким билмайдими? Менинг чет элга бориб келишимдан бошқа мақсад кўзланаётгандир-ов. Агар пул бўлган тақдирда ҳам бизники эмас, мен охирги пайтларда кўп эшитаётган доллар бўлса керак. Айтишларича, озгина долларга ҳам кўп нарса сотиб олса бўларкан.
Шундай ўйлар гирдобида уйга етиб келганимизни ҳам сезмабман.
Ўша кундан бошлаб менга эътибор кучайди. Бир-икки марта Нигора билан концертга ҳам тушдик. Ҳа-а, одамлар дам олишни билишаркан. Менга ўхшаганлар бўлса, уйқуни дам олиш, деб юрган экан-да.
Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда Индира опа билан Нигоранинг сирли гапларини эшитиб қолдим. Улар Нигоранинг хонасида ўтирганди. Кечикиб келиб қолдим, шекилли, суҳбатнинг ўртасидан бошлаб эшитдим.
– Кутилганича бўлмади, – нолиди Индира опа, – бор-йўғи еттитага сотдим.
– Яхши-ку, – эътироз билдирди Нигора, – олдингисини тўрттага сотдим дегандингиз.
– Унинг ёши анча катта эди-да. Кейин тез пуллаб юборгандик. Сен ҳам бор-йўғи тўртми-учми оқшомни ўтказгандинг. Харажат кам бўлувди. Бунинг еб-ичганларини ўзинг кўрдинг… Майли, борига шукур.
– Опа-а, ўқишимни ҳалиям тўғриламадик-ку…
– Айтдим-ку, унисидан хавотир олма, деб. Олдинги сафар бир кун ҳам ўқимаган эдинг, лекин сессиянгни тўлиқ ёпиб бердим.
– Битта “дум” қолиб кетган, шуни деб отчисленияга тушиб ўтирибман.
– Яна бир-икки ҳафта сабр қилсанг, ҳаммаси зўр бўлади.
– Опа, ундан кейин анави, – дея чуқур уҳ тортди Нигора, – яна кўнглим айнияпти.
– Обб-о-о, нима бало? Ёнингдан ўтиб кетса ҳам, бўп қолаверадими? Яна харажатми, сен бўлсанг яхши сотилибди, дейсан. Мана шуларни ҳисоблаб чиқсанг, биласанми, қанча пул кетяпти? Одам эҳтиёткор бўлади-да. Йўли бор-ку.
– Билмасам… Ҳаракати жа кўп бўп кетаяпти-да.
– Ўзинггаям ёқиб қолганга ўхшайди… Майли, буниси охиргиси. Яна такрорланадиган бўлса, ўзингнинг бўйнингга қўяман.
Шу ерда сирли гаплар тугади. Улар бошқа мавзуга ўтишди. Менинг эса буткул бошим қотди. Индира опа нимани, қанақа қилиб сотган? “Еб-ичишлари”, дегани нимаси, бирор ҳайвонни айтяптими? Лекин Нигора нега уч-тўрт кечани ўтказади?.. Сессия, отчисления… Тўғриси, бунақа гапларни энди эшитиб турганим учунми, ҳеч балога тушунмадим. Лекин Нигоранинг кўнгил айниши мени баттар ўйга чўмдирди. “Бирорта ёмонроқ нарса еб қўйдими? Унда катта харажат қилишга ҳожат йўқ. Бириккита дори ичса, қолади-ку”. Бунинг учун Индира опа уни койиши жуда ғалати… Ҳа айтганча, Нигора Индира опани “ойи”, демади-я. Ҳар доим “ойи” деб чақирардику! Бунисиям қизиқ!
Эшикдан секин узоқлашиб хонамга бордим. Каравотимда шифтга тикилганча ётиб, тағин уларнинг гапларини мулоҳаза қилдим. Нуқул бир нарсани ўйлаб ётавериш зериктирди. Эшитганларим шунчаки гапдай туйилиб, шу кўйи ухлаб қолибман.
Орадан икки кун ўтиб, Индира опа қўлимга самолёт чиптасини тутқазди, юзимдан ўпиб қўйди ва бугун оқшом учишимни айтди.
Мен сафарга тайёргарлик кўрмадим, ҳисоб. Кийим, егуликларни Сора опа сумкамга жойлаб қўйди. Ўзим Нигора билан овора бўлдим. У билан анча-мунча шўхликларни “хотирага михлаб” қўйганимиздан сўнг, жоду маликаси бўйнимдан қучиб:
– Мен сизни соғинаман. Тезроқ келинг, – деди.
Ўзимни урушга кетаётгандек, Нигорани эса эрини кузатаётган аёлдек тасаввур қилдим. Маҳкам қучоқлаб, со-чларидан узоқ ҳидладим…
Шаҳар ўртасидан кесиб, ер ости йўлидан ўтганимиздан сўнг, Индира опа машинани йўл четидаги чиройли кийинган, бир қўлида қоп-қора дипломат кўтарган киши ёнида тўхтатди ва уни ҳам миндириб олди. Мен орқа ўриндиқда ўтирардим. Бегона одам Индира опанинг ёнидан жой олди. Улар ўпишиб кўришди.
– Это он? – деди бегона киши ортига ўгирилиб менга қўлини узатар экан.
– Тот самий, – машинасига газ берди Индира опа.
– Меня зовут Валерий, – деди бегона.
Мен унинг нима деганини тушундим. Исмимни айтдим. Валерий ҳам кулди ва менинг англашим у ёқда турсин, тилим ҳам буралмайдиган сўзлар билан Индира опага гапирди. Опа хохолаб юборди. Мен бўлса бўзрайиб ўтиравердим. Худди гунг-соқовлардай.
– Нодиржон, – деди бироздан кейин Индира опа йўлдан кўзини узмай, – Валерий сизга ҳамроҳлик қилади. Унинг гапидан чиқманг. Ўзингизча бир нарсалар қиламан, деб юрманг. Уқдингизми?
– Ҳа, – дедим мен бош ирғаб.
Шундан сўнг улар рус тилида гаплашиб кетишди. Бошда қулоқ солдим, бирор нимани англашга уриндим. Аммо уринишим бесамар кетди. Кейин хаёл суриб кетдим. “Агар самолётда чет элга учишимни, яна пул олиб келишимни отам эшитганида борми, осмонга сакрарди. Қўни-қўшниларга: “Мана, ҳамманг шу пайтгача мени лақма деб, устимдан кулиб келдиларинг. Лекин бирортангнинг боланг шу лақманинг улича бўлмади-ку”, деб мақтанарди”. Ўйлаган ўйларимдан кўнглим кўтарилиб, ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб кетдим. Қувонишга арзийдиган иш бўлаяптида ўзиям. Ҳадемай мен ҳам бойлар қаторига қўшилиб қолсам, ажабмас.
Машина аэропортга етиб тўхтади. Индира опа самолётгача кузатиб қўйса керак, деб ўйлагандим. Бироқ у уловидан тушмадиям. Ортига ўгирилиб, мени ўзига тортиб ўпиб қўйди-да:
– Омад ёр бўлсин, – деди, холос.
Машинадан тушиб Индира опага қарадим. Унинг ёнидаги ўриндиқда қоғозга ўралган бир нарсага кўзим тушди. Минаётганимда ҳеч вақо йўқ эди. Ғалати бўлиб кетдим. Негадир бундан икки кун аввал опа билан Нигоранинг қандайдир савдо-сотиқ ҳақида гаплашгани хаёлимга келди. “Мени савдога қўйган бўлмасин тағин”, деган ўй яшин тезлигида хаёлимга келди.
Валерий қўлимдан ушлаб, аэропорт томонга етаклаганда бу хавотир мени тарк этди.
Аэропортга биринчи маротаба кираётганим боис, мени жиҳозлару залнинг кенглиги – салобати босди. Андак ҳаяжонландим, аммо бу ҳаяжон тезда ўтиб кетди.
Учта жойда текширувдан ўтказишгач, самолётга чиқдик. Мен дераза ёнидаги ўриндиққа ўтирдим: осмонга кўтарилганда тепадан ерни томоша қилмоқчийдим.
Самолётнинг ичи (“салон” дейишаркан) аввал менга анча-мунча қизиқ туйилди. Қулоқни қоматга келтириб гуриллаган овоз чиқариб, самолёт жойидан силжий бошлагунча салонни томоша қилдим. Очиғи, жиҳозлару юмшоқ ўриндиқларни кўриб, шуларни одам боласи ясаганига ақлинг бовар қилмайди. Масалан, мана, мендаям саватдай бўлмаса-да, ҳар қалай, бундайроқ калла бор; иккита кўзу иккита қулоқ ҳам ишлаб турибди. Бошқалардай ейман, ичаман, оёғим билан юраман, қўлим ҳам қараб турмайди. Тўрт мучам соғ. Лекин самолётнинг ўзи у ёқда турсин, унинг ўриндиғидаги қоплагичлар нимадан, қандай тўқилганини билмайман. Аммо буни биладиганлар озмунчами? Ҳатто шуларчалик ҳам бўлолмаганман-а! Бундай ўйлаб қарасам, қўлимдан ҳеч вақо келмас экан. Тўғри, кетмон чопишни, экин экишни қойиллатмасам ҳам, уддалайман. Аммо ҳозир айни чоғда кўриб турганларим олдида бу юмушлар ҳеч нарсага арзимайди. Назаримда, дунёда ҳамма ақлли, фақат менинггина каллам ишламайдигандай…
Самолёт учди. Мен думалоқ ойнага ёпишдим. Тепадан туриб, ерни томоша қилишнинг гашти бўлакча экан, худди мен ердан бир неча баробар катта қурилмада учиб кета-ётгандайман. Бинолар, дарёлар, кўкаламзорлар аста-секин майдалашиб, харитадаги чизиқларга ўхшаб қолаётир. Лекин томоша кўпга чўзилмади. Самолёт булутларни ёриб учиб, уларнинг тепасига чиқиб олди. Тагимизда яккамдуккам, баланд-паст қор ёки пахта уюмига ўхшаш оппоқ булутлар сузиб юрибди. Менимча, Антарктика шундай бўлса керак. География ўқитувчимиз тушунтирганда мен худди шундай тасаввур қилган эдим. Бошида булутларни мароқ билан томоша қилаётгандим, кейин зерикдим. Ёнимга қарадим. Валерийнинг кўзи юмуқ, ухлаяпти. Мен ҳам ухламоқчи бўлдим. Лекин улгурмадим. Кичкина аравачасини судраб хизматчи қиз келиб қолди (буни қарангки, унинг стюардессалигини ўша пайтда билмабман. Қачонлардир улар ҳақида эшитган эдим. Аммо калламга келмаган).
Валерий ўзини ухлаганга солиб ўтирган экан. Дарров кўзини очди. Қизга рус тилида алланималар деди илжайиб. Сўнг у олиб келган егуликларни, олдимиздаги ўриндиқнинг орқа томонига ўрнатилган столчани очиб, устига қўйди. Мен ҳам унинг ҳаракатини такрорладим. Фақат пиво олмадим.
– Пиво хороший вешь, нет-нет, надо пить, – дея Валерий бир шиша пивони столчам устига қўйди.
Овқатдан олдин шишадаги сабил қолгурни ичиш керак экан. Валерийнинг гапларига тушунмадим-у, имоишораларидан буни англадим. Алдамабди. Кайфиятим кўтарилди. Валерий билан гаплашгим келди ҳатто. Аммо бирор гапимни уқтиролмадим. Охири қўл силтадим ва ўриндиққа бошимни қўйганча ухлаб қолибман. Тушимда осмонўпар бинолар устида худди самолётдай учиб юрганмишман. Мени ҳеч ким кўрмасмиш. Бироқ мен ҳаммани кўриб турармишман. Ҳамма ёқ қоронғи, кетма-кет электр симларига дуч келиб қоларканман. Шунда ток урмасин деб яшин тезлигида юқорилаб кетармишман. Бир маҳал юрагим ўйнай бошлади. Жуда юқорилиб кетдим, шекилли, деб ўйлаб қўрқа-писа пастга қарадим. Дарҳақиқат, ердан анча олислаб кетибман. Пастда қоронғилик, бирор нарса аниқ кўринмайди. “Ерга қайтиш керак”, деб ўйладим ва шўнғий бошладим. Юрак ўйноғи кучайгандан-кучайди. Худди шу пайтда тубанлик сари тошдай учиб тушардим. Шу тезликда қуласам, ерпарчин бўлишим аниқ… Чўчиб уйғониб кетдим. Атрофимга олазарак қарадим. Валерий саросималаниб уйғонганимни кўриб кулди ва белидан ўтказилган камарни кўрсатди-да, бир нималар деди ва самолёт қўнишга ҳозирлик кўраётганига ишора қилди. Дарров унинг айтганини бажардим. Ўртада юрадиган қизлар камарларимизни бир сидра кўздан кечириб чиқишди.
Самолёт кўтарилаётганида қандай бошни айлантирган, қулоқни қоматга келтирган бўлса, қўнаётганда ҳам худди шундай бўлди. Ундан тушиб, текшир-текширлардан кейин аэропортдан ташқарига чиқдик. Валерий такси ушлади.
Тошкентни биринчи бор кўрганимда ҳайрон қолгандим. Ҳозир Таиланд деб аталган жойни, мен номини ҳам билмайдиган шаҳарининг осмонўпар иморатлари-ю, уларнинг пештоқидаги алламбало ёзувлар битилган, теварагида майда чироқлар ёниб ўралган плакатларни, кўчадаги минг хил машиналарни кўриб оғзим очилиб қолди. Одам деганингиз чумолидай, гўё ер ёрилган-у, ёриғидан одам қайнаб чиқаяпти. Буларнинг бари бу шаҳарга қандай сиғади, ҳайрон қоласан киши. Йўл четидаги турлитуман дарахтлар, гуллар, майсалар кўзни қамаштиради.
Ҳайратим узоққа чўзилмади. Шаҳарга кўзим бироз ўрганганидан сўнг (бир соатдан мўлроқ юргандик) пул ҳақида ўйлай бошладим. Индира опа: “Борасан-у, бир самолёт пулни олиб орқангга қайтасан”, деганди. Лекин машинада шунча вақтдан бери шаҳар айланиб юрибмизу, пулдан дарак йўқ. Умуман, пул деганларига ишончим сўниб бораяпти. Бу ишончсизлик Индирахоннинг машинасидан тушаётганимда ўриндиқ устидаги қоғозга ўроғлиқ нарсани кўрганимда бошланганди. Янаям аниқроғи, Индира опа билан Нигоранинг гапларини эшитганимда кўнглимда бир умидсизлик пайдо бўлган эди…
Икки соатча юрганимиздан сўнг машина ўзимизнинг жинкўчаларга ўхшаш тор, ўнқир-чўнқир кўчага кирди. Энди, чамамда, шаҳар ортда қолган, биз аллақандай гадойтопмас, бинолари ярим вайрона, кўчалари қинғир-қийшиқ бир жойда бораётган эдик. Икки-уч жойда со-қоллари ўсиб кетган, афт-ангори бир аҳволдаги кимсалар (назаримда, улар пиёнисталар бўлса керак) ерга қапишиб секин юраётган таксининг капотига осилиб кўришди. Ҳайдовчи деразадан бошини чиқариб ўзининг тилида алланималар деб бақирди, Дарвоқе, бу ерда мен кўрган одамларнинг бари қисиқ кўзли эди. Тўғри, шаҳар ичидан ўтиб бораётганимизда бир-иккита сариқ сочлиларга ҳам кўзим тушганди, лекин улар жуда озчилик эди.
Машина икки бор чап томонга бурилганидан сўнг, кўримсизгина бир иморат ёнида тўхтади.
Жинкўчага бурилганимиздаёқ тезлашган юрагимнинг уриши баттар авж олди. Қўрқув устун келиб, машинадан тушмаёқ тўрт тарафга аланглаб қарадим.
– Приехали, – деди Валерий кулиб, – давай, влезай.
Қулт этиб ютиндим, сўнг эшикни секин очиб, оёғимни худди тиканнинг устига қўяётгандай эҳтиёткорлик билан ерга қўйдим.
– Не бойся, давай, шевелис, – қўлимдан тортди Валерий.
Шундан сўнггина ноилож машинадан тушдим. Сўнг ҳамроҳимдан:
– Қаерга келиб қолдик? – деб сўрадим.
Шу пайтгача бирон оғиз ҳам ўзбекча гапирмаган бач-чағарнинг боласи гапимни тушунди. Буни унинг бош бармоғини юқорига қилиб:
– Всё будеть окэ! – деган гапидан билдим.
Машинадан тушиб бироз юрдик, сўнг йўлнинг чап тарафига ўтиб, кўриниши хийла тузукроқ, икки қаватли бинонинг ёнида тўхтадик. Валерий менга иржайиб қараб қўйди-да, зиналардан енгил кўтарилиб, қоп-қора темир эшикнинг тугмачасини босди ва ўзича хиргойи қила бошлади. Унинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Демакки, биз ҳазилакам жойга келмадик, йўқса, менинг йўлбошловчим бунчалик ҳаяжонланмасди, деб ўйладим.
Икки-уч дақиқадан сўнг эшик очилиб, бўйи нақ икки метр келадиган, калласи хумдай, сочлари жайранинг сихига ўхшаш тикрайган, кўзлари қисиқ, бадқовоқ, яна шу ҳолига иягининг тагида бир тутамгина соқоли ҳам бор, пешонасининг нақ учта жойи тиртиқ, угри обдан сийлаган шекилли, юзи шудгор бўлиб кетган, бир одамнусха махлуқ чиқиб келди. Уни кўриб рангим оқарди, Валерийга қарадим, унинг-да афт-ангори меникидан қолишмасди. Мени-ку, тушунса бўлади, тушимда ҳам кўрмаган жойга келиб қолганман. Валерий, адашмасам, бу ерга илгариям камида уч-тўрт марта келган. Манави тимсоҳбашарани аввал ҳам кўрган. Шундай бўлгач, унинг юзи нега бўздай оқаради?
Валерий билан тасқара алланималар тўғрисида мен мутлақо тушунмайдиган тилда гаплаша бошлашди. “Шуниси каммиди? – ўйладим мен. – Ўзи Валерийнинг гапига тушунмай, пешонам тиришиб, анқовга ўхшаб юрувдим. Энди “ға-ғу” деган яна бир бало бошланди”. Қизиқ, Валерий бу тилни қаердан ўрганган экан?
Тасқара ёмон гапирмади, шекилли, ҳамроҳимнинг юзига қон югуриб, иржайди.
Тасқара бир нималар деб, ортига бурилди, Валерий унинг орқасидан эргашди. Менга ҳам “юр” деган ишорани қилди.
Ичкарига қадам қўйишим билан этим жимирлаб кетди. Биз кирган йўлакнинг ҳавоси бўғиқ эди, устига-устак, зах, қоронғи. Шифтда осилиб турган товуқнинг тухумидай келадиган қизил чироқнинг хира нури йўлакни ёритолмас, қайтанга ваҳимали тус берарди. “Пул, менимча, шу ерда бўлса керак, – деб ўйладим, – булар-ку, шунчалик сир сақлар экан, мен қандай қилиб бемалол олиб кета оламан? Э, худо, ўзинг мадад бер!” Ўйимни ўйлаб тугатмасимдан чап томонда эшик кўринди. Тасқара қўлидаги узун калитни эшикнинг тешигига тиқиб шарақлатиб очди. Сўнг, ҳе йўқ-бе йўқ, менинг қўлимдан ушлаб ичкарига тортқилади. Камига Валерий ҳам елкамдан итарди, жон-поним чиқиб кетди ва:
– Ёрдам беринглар! Ким бор? Ёрдам беринг! – деб бақириб юбордим.
Бироқ менинг овозим бу зимистондан ташқарига чиқмагани аниқ эди. Ичкарига киришим билан ортимдан эшик қандай очилган бўлса, худди шундай шарақлаб ёпилди.
– Очинглар! Очинглар, қўйворинглар! – деб яна бирикки марта бақирдим. Аммо додимни эшитадиган бирор жон йўқ. Йўлакдан аста-секин узоқлашиб кетаётган оёқ товуши эшитилди, холос. Ноилож дамим ўчиб, хонанинг ичига кўз югуртирдим. Бу ер ҳам йўлакдаги каби зах ва қоронғи эди. Фарқи, ўнг томонда девор тубида каравот турар, унинг устига чойшаб ёпиб қўйилганди.
– Қаерга келиб қолдим? Э, худо, энди нима қиламан?! – дедим ўзимга-ўзим пичирлаб. – Нега бу ерга олиб келишди? Нима қилишмоқчи мени?!
Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ёш боладай ўксиниб, ҳиқиллаб йиғлашга тушдим. Тахминан ярим соатлар ўзимга-ўзим гапириб, кўзимдаги ёшни тез-тез кафтим билан артиб эшик ёнида турдим. Сўнг қўрқа-писа каравотнинг ёнига бордим-да, секин ўтирдим. Миямга жўяли фикр келмайди, юрагимнинг гупиллаб ураётганидан баттар қўрқаман. Шу аҳволдаям, денг, кўнглимни кўтармоқчи бўлиб, яхши нарсалар тўғрисида ўйлашга уринибман. Лекин шуниям эплаёлмадим. Баттар аламим ошди, ўксиндим.
Ҳамма нарсани вақт даволайди, деб бежиз айтишмаган экан. Аста-секин кўзим қоронғиликка ўрганди. Сўнг бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир эслашга ҳам қурбим етди. Мен учун мутлақо кутилмаган чет эл сафари… Индира опа билан Нигоранинг хуфиёна суҳбати… “Малика”нинг машинасида қолдирилган қоғозга ўроғлик нарса…
– Ўл-а, лақма! – дедим паст овозда манглайимга бир муштлаб. – Алдашаётганини кўриб-билиб турувдинг-ку! Нимадан умидвор бўлдинг? Анави Нигоранинг ноз-карашмалариданми?! Эй, аҳмоқ!
Ўзимни кечиришим қийин бўлди. Бир неча марта деворни муштладим. Охиргисида алам кучлилик қилди, шекилли, қаттиқ мушт урганимдан қўлимнинг суяги зириллаб кетиб, шунақанги қаттиқ оғриқ турди, инграб юбордим. Оғриқ босилгунча афтим бужмайиб, қўлимни қучоқлаб ўтирдим. Бироқ энди бошимни тошга урганим билан, томоғимни йиртиб бақирганим билан биров келиб: “Сенга нима бўлди?” – деб ҳол сўрамаслигига ақлим етди ва каравотга чўзилиб ётиб олдим.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди, бир пайт, эшикнинг қулфи шарақлади. Ўрнимдан сакраб турганимни сезмай қолдим; умид, илинжимни кўзимга жойлаб эшикка термилдим. Аммо кўз очиб юмгунча умидим қўрқувга айланди: бирин-кетин кириб келган учта барзанги ва битта жиккаккина одамни кўриб, ортимга тисарилдим. Айниқса, улар киришлари билан эшикнинг қарсиллаб ёпилганини кўриб, ўзимни қассобнинг оёқлари остидаги қўчқордек ҳис этдим. Шу маҳал кутилмаганда шифтда яна битта чироқ ёнди ва мен қамалган хона ичи бутунлай ёришиб кетди. Шундагина келганларнинг афт-ангорига тузукроқ қараш имкони туғилди.
Уларнинг бари куйдирилган калладай иржайиб турган эса-да, юзларидаги совуқ заҳиллик кишининг этини қаҳратон изғиринидай жунжиктириб юборарди. Учта барзангининг кийими ҳам анави тасқараникига ўхшарди. Бироқ булар оқ-сариқдан келган, кўзлари уккиникидай, сочлари маллатоб. Бошларида бир хил оппоқ кепка. Кепканинг соябони устида олтита нуқта. Пакана кўзойнакли одамнинг устида кўк халат, бошида дўхтирлар киядиган қалпоғи бор. Бўйнига нафас олишни эшитиб кўрувчи асбобни осиб олган. Халатининг кўкрак чўнтаги устида олти нуқта туширилган.
– Саломалайкум, – деди кўзойнак менга бошдан-оёқ қараб чиққанидан сўнг ўзбекчалаб.
Унинг оғзидан шу биргина сўзни эшитиб юрагим гурсиллаб уриб кетди. Худди ўзимнинг биродаримни, қариндошимни, акамни кўргандай уни қучоқлаб олдим-да, маҳкам бағримга босдим ва:
– Акажон! Акажон! Бор экансиз-ку! – деб йиғлаб юбордим.
– Нема бўлди? Нема бўлди? – деди у ўзбекчада бузуқ талаффуз билан.
– Ака, мени бу ердан олиб чиқиб кетинг, – дедим юзига мутеларча термилиб.
– Сез, чеқасез, ўртоқ, чеқасез, нема проблем?
– Акажон, – унинг оёғига тиз чўкдим, – илтимос сиздан, бир умр қулингиз бўлай, мени бу ердан тезроқ олиб кетинг, қамаганлар юрагимни ёришди.
Бу гапим кўзойнакка бошқача таъсир қилди, чамамда, қошлари билинар-билинмас чимирилди-да, ёнидаги барзангиларга юзланди. Уларга бир неча сония тикилиб турганидан сўнг чийилдоқ овозда қайсидир тилда шунақанги бақирдики, бечораларнинг кўзлари олайиб кетди. Шундан сўнг, кўзойнак мен томонга юзланиб, жилмайиш билан ниҳоятда майин овозда:
– Юринг мен билан, – деди.
Ичимда чироқ ёнгандай бўлди. Кўзимга кўзойнак меҳрибон кишимдай кўриниб кетди. Ахир, ўзбекча гапирди, тарафимни олиб анави гўрсўхталарни бошқа тилда бўлсаям уришди. Мана энди зимистондан олиб чиқаяпти.
Биз йўлак адоғига қараб юрдик, бироқ охирига етмасдан ўнг тарафда зина бор экан, шу зинадан пастга тушдик. Туйқусдан кўнглимга яна шубҳа оралади: “Буям менга яхши гапириб алдаган бўлса-чи?” Бироқ дарров бу хаёлни миямдан қувдим. Чунки пастки қават чароғон, деворлари европача услубда таъмирланган экан. Оёқ остидаги кафелга қараб бемалол соч тарасангиз ҳам бўлаверади. Лекин нима мақсадда мени бу ерга олиб тушишганига тушунолмадим. Дарвоқе, бу қаватда одам кўп экан. Ҳаммаси оппоқ халатда, дўхтирларникига ўхшаган қалпоқда ва халатларининг кўкрак чўнтаги устида олтита нуқта бор. Улар йўлакда шошиб юришар, эшиклари ойнаванд хоналарга кириб-чиқишарди. Ўзлари билан оворадек туйилди. Аввалига: “Касалхонага келиб қолдим”, деб ўйладим. Қизиқ, уларнинг менга тегишли бўлган пулга қандай алоқаси бор? Дарвоқе, мен яна Индира опа айтган пуллар ҳақида ўйлай бошладим! Касалхонада пул нима қилсин? Беморлар ётади бу ерда, дўхтирлар уларни даволайди. Борингки, озроқ пул ҳам бўлиши мумкин. Лекин кўп эмас. Унда Валерий нега мени бу ерга бошлаб келди? Тағин анави тасқарага ёрдамлашиб зах хонага қамади. Тўхта, у Индира опанинг кўзига чўп тиқиб, пулнинг ҳаммасини ўмариб жуфтакни ростлаб қолган бўлса-чи? Аниқ, шундай қилган! Бекорга тасқара билан ҳиринглашмади. Улар ташқарида келишишган. Пулни менинг ўрнимга Валерий олади. Кейин иккаласи арралайди… Демак, мен ортиқчаман. Мени орадан чиқариб ташлаш керак… Тўхта, Валерий мени самолётдан тушганимиздаёқ адаштириб кетиши ва бу ерга бир ўзи келиши мумкин эди-ку… Айтганча, унинг ўзи қаёққа ғойиб бўлди?… Уфф, бари жонга тегди! Буларни эсимдан чиқаришим, ҳеч кимга ишонмаслигим, уйга омон-эсон бориб олишим керак. Ким билади, манави олдимда юмронқозиққа ўхшаб пилдираб кетаётган кўзойнакнинг нияти нима?
Биз ҳали йўлакда келаётганимизда иккита оқ халатли аравачасини суриб ўтди. Аравачада кимдир ётар, унинг устига оппоқ чойшаб ёпиб қўйилган эди. Чойшабдан ётган одамнинг қўли чиқиб турарди. Қўлнинг қоралигидан, гарчи умримда кўрмаган бўлсам-да, унинг негрлигини билдим. “Бечоранинг касали оғир экан-да, жон таслим қилибди”, дея ўйладим.
Йўлак бўйлаб юриб икки марта чапга, сўнг ўнгга бурилдик. Лекин кўзойнакли юмронқозиқ тўхтай демасди. Эътибор қилсам, қадами тезлашаётгандай. Негадир юрагим ғашланди. Аста-секин бу ғашлик кучайди. Орқаолдимга қараб олдим.
Ниҳоят йўлбошловчи эни икки метрлар чамаси келадиган қоп-қора деразали, икки табақали эшик ёнида тўхтади ва менга ўгирилиб:
– Шу ерга керамез, – деди илжайиб.
Мен индамадим. Кўзойнак эшикни очмади. Эшик ўзи очилди. Бу мени ҳайратлантирди.
Ичкари ёп-ёруғ, хона бир неча алоҳида хоначаларга бўлиниб, оққа бўялган ойна билан ўралган, бу ёқдагилар нариги томондагиларга кўринмайди, бу ёқдагилар нариги томонда ўтирганларга. Бировлар мен тушунмайдиган лаҳжада алланималарни гапираяпти.
Кўзойнакли мени кираверишдаги курсига ўтқазиб қўйиб, ўзи ўша хоначалардан бирига кириб кетди. Бир неча сониядан кейин ўзига ўхшаган кийимдаги киши билан етаклашиб чиқди ва менинг ёнимга келди.
– Кўйлакни еченг, – деди кўзойнак иржайиб.
– Нега? – дедим мен ҳайрон бўлиб. – Соппа-со-ғман-ку!
– Шуне текшерамез.
Мен истар-истамай эгнимдагиларни бирма-бир ечдим. Кўзойнак шериги билан бирга бўйнидаги матоҳининг бир учини қулоғига тиқиб, иккинчи томонидаги темирчасини кўкрагим устида обдан юргизди. Баъзи-баъзида улар кўз уриштириб олар, бир нарсалар деб валдирашарди. Кўкрак қафасимнинг текширилмаган жойи қолмагач, улар мамнун жилмайишиб, қадларини ростлашди.
– Сареқ бўганмисез? – сўради ўша-ўша мулойимлик билан кўзойнак.
– Йўқ.
– Окэ! – деди у бош бармоғини юқорига қилиб ва шеригига қараб яна ўша ёт тилда валдиради. Шериги эса эшик тепасидаги соатни кўрсатиб, бир балолар деб жавради.
Кўзойнак бошини қимирлатиб унинг гапини тасдиқлади ва менга юзланиб:
– Сез, шу ерга ўтираде, без тез келамез, – деди.
– Майли, – дедим рози бўлиб.
Уларнинг оёқ излари совиб улгурмай, кичик ойна билан ўралган хоналардан олдинма-кетин оппоқ халат кийганлар чиқиб келишди ва менга қайрилиб ҳам қарамай ҳалигиларнинг ортларидан равона бўлишди. Мен ёлғиз қолдим. Бир муддат жойимда қимирламай ўтирдим, кейин зерикдимми, ўрнимдан туриб, эшик томонга ўғрин-ча қараб олиб, оҳиста қадам босиб ойнали бўлинмалар томон бордим.
Мен кўрган манзара даҳшат эди. Уни кўргунча, кўзим оқиб тушса мингдан-минг рози эдим. Қўрқа-писа хонача эшигини очдим-у, қотиб қолдим: ўртадаги узунасига икки, энига бир метрча келадиган стол устида кўкрак қафасию қорни очиб ташланган, кўзи олайган мурда ётарди. Оёқ-қўлим қалтиради, юрагим тез ура бошлади, этим увишди. Бақирай дейман-у, овозим чиқмайди. Бир маҳал гурс этганча тиззалаб ўтириб қолдим. Ўтакам ёрила-ёзди ва сакраб ўрнимдан туриб, қочмоқчи бўлиб, кейинги хонанинг ҳам эшигини очиб юборибман. Бунисида кўрганим ундан-да даҳшат эди. Одамнинг кесиб олинган қўл-оёқлари, боши осиб қўйилган, стол устида ичаклар чувалашиб ётибди. Мен адойи тамом бўлдим. Бир йилча бурун оёғи синган ҳўкизчамизни қассобхонага олиб боргандик. Ўшанда қассоб молни ташқарида сўйиб, терисини шилиб, гўштини кушхонага олиб кириб мана шундай чавақлаганди. Ҳозир шу кўз олдимга келди.
Эшикни қандай ёпдим, билмайман. Аста ортимга тисарила бошладим. Миям жуда тез ишга тушиб кетди. Лаҳзада анави кўзойнак ва унинг шериги мени текширувдан ўтказгани хаёлимдан ўтди…
Қишлоғимизда Аброр исмли бир йигит бор. Ўзимизнинг шаҳарда ўқийди. Ҳали ёш бўлсаям, тепакал. Ўша бир гапни айтиб берган. Эски бир шаҳарда битта кўча бор экан. Мабодо ёш бола адашиб бу кўчадан ўтиб қолса, ўша ернинг одамлари уни ушлаб олиб уйларига олиб кирарканлар-да, ертўласига қамаб ширин таомлар билан боқишаркан. Сўнг ўзларининг қанақангидир маросимида семирган болани чўмилтириб, ун солинган супра устига ўтқазаркан-да, атрофини қўлларида бигиз ушлаб ўраб олишаркан. Улардан бири:
– Кел, ўзим сенга шоколад бераман, – деб болани ёнига чақираркан. Қўрққанидан дағ-дағ қалтираган шўрлик бола секин ўзини чақирган одамга яқинлашаркан ва кутилмаганда этига санчилган бигиздан чинқириб, қочмоқчи бўларкан-у, бошқа биттасининг ёнига бориб қоларкан. Бу сафарги бигиз нақ унинг суягигача етиб бораркан. Хонани эса бола бечоранинг ноласи билан бирга, қонхўрларнинг ҳайқириғи эгалларкан…
Аброр қолганини ҳам айтган эди. Лекин мен уни бировга гапириб бериш у ёқда турсин, ҳатто ўйлашга ҳам қўрқаман…
Орадан маълум муддат ўтиб, уларни милиционерлар навбатдаги маросимларини нишонлаётганларида қўлга олишибди. Бироқ ҳаммасини эмас. Баъзилари чет элга қочиб кетибди. Аброрнинг сўзларига қараганда, улар бошқа давлатда ҳозир ҳам шу иш билан шуғулланишаркан. Чунки қон ичмаса, одамнинг қонига қорилган нон емаса, худди нашавандлардай жинни бўлиб қолишаркан.
Орқага тисарилаётганимда, ана шу воқеа хаёлимга келди-ю, одамхўрларга ем бўлиш навбати менга келганини сезиб, тирик мурдага айландим.
Кўз олдимни туман қоплагандек, ҳеч нарса кўринмай қолди. Хаёлимда одамхўрлар қўлида қўйдай сўйилаётганга ўхшардим. Бу айтишга осон, лекин ўша пайтда жоним бўғзимга келиб талвасага тушган, қассобнинг қўлида пи-чоқни кўрган жонивордай типирчилар эдим.
Аброрнинг ҳикоясини эслаганим ва бир неча сония аввал кўрганларим мени шу кўйга солган эди. Ана шундай вазиятда туйқусдан миямга: “Қочиш керак”, деган ўй келди ва мен орқа-олдимга қарамай ўзимни эшикка урдим.
“Қўрққанга қўша кўринар”, деб бежиз айтишмаган экан. Йўлакда югуриб кетаяпман-у, худди биров орқамдан қуваётгандай жоним борича чопишга уринаман.
Тепага чиқиладиган зинага етиб келиб, учта зинани бир қадамлаб сакраганча юқорилай бошладим. Тепага чиқишим билан рўпарамдан Валерий иккимизга эшикни очган тасқарага дуч келдим. Ана шу пайт шифтда қизил чироқлар ёниб, “вай-вай”лаган сирена чалинди. Қўрқувдан оёқларим қалтирай бошлади. Биринчи бор кўрганимдаёқ товонимгача музлаб кетган тасқарага гавдам билан чунонам урилдимки, у орқасига отилиб кетди. Мени ушлаб қолмоқчи бўлганларга чап бериб қочдим.
Бир маҳал эшикка қарсиллаб урилиб, чалқанча қуладим. Аммо шу ондаёқ сакраб оёққа турдим. Чунки ҳар дақиқада ҳаёт-мамотим ҳал бўлиши тайин эди. Ҳаяжондан ҳовлиқаётган эсам-да, эшик зулфинини тортиб очишни эпладим.
Ахлатга кўмилиб кўчада югуриб кетаяпман, одамларнинг бақир-чақири қулоғимга чалинади. Бироқ тўхтадим ва овоз келган томонга қарадим ҳам, жоним борича югуриб кетавердим. Бахтим бор экан, йўлимни биров тўсиб чиқмади. Ортимдан қувлаб келаётганлардан анча узоқлаб кетдим ва одам гавжум, машиналар тирбанд йўлга етдим. Аммо югуришдан тўхтаганим йўқ, йўл-йўлакай: “Эй Худо, ўзинг куч-қувват бер”, дейман ичимда.
Билмадим, қаерларга келиб қолдим, бир маҳал силлам қуриб тўхташга мажбур бўлдим. Оёқларим тарашадай қотган, ўпкам шишиб кетган, энтикиб зўрға нафас олаяпман. Анави тасқара билан эшикка урилганим эсимга тушди – елкаларим зирқираб оғрийди. Тўхтаб тиззаларимга қўлимни тираб ҳансираб нафас оларканман, ортимга аланглаб қараб қўйдим. Ортимдан қуваётган одам ҳам кўринмагач, хотиржам тортдим.
Қаттиқ чарчаганда одамнинг танаси совимасин экан, сўнг юриш ўлимдан қийин бўларкан, худди иккала оёғимга тегирмон тоши боғлаб қўйилгандай. Юриш азоб, бу бир менга ва бир Худога аён. Кўзларимдан тирқираб ёш оқади, устига-устак, борар жойим ҳам йўқ. Бинолар, кўчалар, одамлар – ҳаммаси бегона. Ғамим икки ҳисса ошиб, теваракка жовдираб қарайман, ҳалигилар қидириб келиб қолиш эҳтимоли ҳам юракка ғулғула солади.
Бундай қалтис вазиятда одам ўзини тутиши қийин экан, мен ўзимни ўлдиргим келди. Атрофга қараб қулайроқ жой қидираман. Қани энди топила қолса! Ҳамма ёқда чумолидай одам изғийди.
Ярим соатча оёғимни судраб юриб антиқа, умримда кўрмаган дарахтлар, ям-яшил майсалар, турли анвойи гулларга тўла боққа рўпара келдим. Аммо ҳечам кўрганимдан баҳри-дилим очилмади. Оёғимни судраб босиб боққа кирдим-да, бўш ўриндиқ топиб ўтирдим. Танам яйради. Оёқларимни уқаладим, руҳим тетиклашгандай туйилди. Шундан кейин кўнглимда қандайдир ёруғлик пайдо бўлди. Эгилган бошимни кўтариб, атрофга разм солдим. Боғда ҳам одам кўп эди. Улар бепарво саланглаб, эҳтимол, дам олиб юришарди. Севишган йигит-қизларнинг қўл ушлашиб юришларини кўриб ҳавасим келди.
Мен ўзимнинг аҳволимдан хижолат тортдим. Шу боис, уларни четдан туриб кузатишдан ўзимни тийиб, кўзимни ерга тикиб ўтиравердим.
Бир маҳал кимдир энгашиб, оёғим остига пул ташлаб кетди. Бошимни кўтариб қарадим – тахминан мен тенги оппоқ юзли, киприклари узун, қадди-қомати келишган, оқ кўйлаги ўзига ниҳоятда ярашган, кўзлари шаҳло бир қиз жилмайиб қараб турибди.
Ўзиям ер ёрилмади, мен кириб кетмадим. Назаримда, у мени тиланчи деб ўйлаган. Дарров пулни олиб, қизнинг қўлига тутқаздим. Аммо қиз пулни қайтиб олишни истамай бир нималар деганча бошини сарак-сарак қилди.
– Керакмас, – дедим мен қизариб, – тиланчи эмасман.
Қиз гапимни тушунмади, албатта, бироқ ўзининг тилида алланималар деди. Ўлай агар битта сўзига тушунган бўлсам? Ҳатто унинг гапирганига ҳам ишонмадим. Чунки лаблари қимирлар, ниманидир талаффуз қилгандай бўларди-ю, менга шивирлаган товуш эшитиларди, холос.
– Барибир бир-биримизни тушунмаймиз, яхшиси, мени уялтирма, кетавер, – деб унга йўлни кўрсатиб, бармоқларим билан юраётган ишорани қилдим.
Ҳартугул, қиз нима демоқчи бўлганимни англади ва менга кўзлари ғамга тўлиб бироз қараб турди-да, ортига бурилиб кета бошлади.
“Ортиқ бу ерда ўтирмай, – дея ўйладим мен. – Кўнгли ийган, ичи ачиган одам шу қизга ўхшаб озгина пул бериши мумкин. Лекин, худо кўрсатмасин, буларнинг полицияси кўриб қолса, ўғри-пўғри деб, обориб қамаб қўяди. Ундан кейин додимни кимга айтаман?! Яхшиси, кетганим маъқул”.
Энди ўрнимдан қўзғалган эдим, ҳалиги қиз қайтиб келди-да, қўлимдан ушлади. Мен унинг бу қилиғига тушунмадим ва қошимни кериб: “Нима дейсан?” – деб ишора қилдим. У бўлса:
– Камон, камон, – деб мени боғ ташқарисига етаклади.
Шу пайт хаёлимдан: “Бу анави одамхўрларнинг шериги бўлса керак”, деган ўй ўтди-ю, силкиб қўлимни тортиб олдим.
– Чучварани хом санабсанлар, бориб айт ўша акачаларингга, энди улар менинг қорамни ҳам кўрмайди, тушундингми?! – деб бақириб бердим.
Кошки қиз гапимни англаган бўлса. У киприк қоқмай кўзларини менга тикиб тураверди.
– Уфф, – дедим у ёқ-бу ёққа қараб, – қанақанги ғалчасан?
Бу гапим жавобсиз қолмади, қиз астойдил куйиниб бир нималар деди. Сўнг қўлимдан ушлаб, яна кўча томонга тортқилади. Бу билан шубҳамни баттар кучайтириб юборди.
– Онангни эмгур, шайкаларингнинг ёнига обормоқ-чимисан, ундан кўра бу ёққа юр, гаплашамиз, – дедим мен уни боғнинг ўртароғига тортиб.
Қизиқ, у индамай менга эргашди, ҳатто кулиб қўйди. Бирдан Нигора хаёлимга келди. Бу қиздан у чиройли бўлса чиройли эдики, аммо кам эмасди. Мен лақма чиройга ошиқ бўлиб, мана, не кўйларга тушиб юрибман! Менимча, бу қиз ҳам аввал ўзининг гўзаллигини кўз-кўз қилиб илжайиб, қучоғини очади, кейин катта-кичик ишлар бошланиб кетади ва мен аҳмоқ осонгина қопқонга тушаман. Йўқ, бу сафар ҳийла ўтмайди, кўр ҳам ҳассасини бир маротаба йўқотади-ку. Энди бу қизни шундай ўйнатайинки, онасидан туғилганига пушаймон бўлсин.
Хаёлга алаҳсиб, анча ичкарилаб кетганимизни сезмабман. Ҳатто оёқларимнинг толиққани, елкамнинг оғриғини ҳам унутибман. Бир маҳал рўпарамиздан иккита полициячи чиқиб қолса, денг. Юрагим “шув” этиб, ҳаяжон босди. Лекин буни сездирмаслик учун юришимни ўзгартирмадим. Аммо балонинг ўқига гирифтор бўлгурлар, барибир, сезишибди. Яқинлашганимизда новчаси қисиқ кўзларини баттар қисиб, алламбало дея қўлини ҳавода силкитганча: “Тўхта”, дея ишора қилди. “Оббо, бу ёғи чатоқ бўлди. Шу падарингга лаънат қиз қаёқдан ҳам пайдо бўлди?” – дея ўйладим. Лекин хаёлимни бир жойга йи-ғиб улгурмай қиз олдинга ўтиб, полициячиларга нимадир деди. Тартиб посбонлари қизга қараб илжайишди, оғизларини ғалати қимирлатишиб нимадир сўрашди.
Шундан кейин қиз шунақанги сайраб кетдики, унинг нима деяётганини тушунмасам-да, оғзига термилиб туравердим. Бир маҳал қарасам, полициячилар ҳам анқайиб тикилиб қолишган. Қизнинг товуши тингач, новча полициячи менга қўлини узатиб, қўлимни сиқиб қўйди-да, индамай нари кетди.
“Вой афирист, – хаёлимдан ўтди, – буларни осонгина алдаб юбориб, кейин мени қассобларинг қўлига топширмоқчимисан? Билиб қўй, оғзингдан чиқаётган бу товушинг менга кор қилмайди. Биринчидан, мен тилингни тушунмайман. Тушунган тақдиримдаям энди лақмалик қилмайман, қайтанга ўзингни “сарсон” қилиб бир жойга ташлаб кетаман. Сўнг юрасан, додингни худога айтиб”. Ўзимга кўпроқ ишонаётганимдан руҳим тетикланди, лекин бу қизни қандай қилиб чув туширишни билмасдим. Мушт туширай десам, ҳар қадамда одам. Алдашнинг эса иложи йўқ. Бошим қотди. Тўхтаб, аланглай бошладим. Қиз менга бир муддат тикилиб турди, сўнг қўлимдан тортқилаб, дарахтлар қалин томонни кўрсатди.
Тушундим. Демак, ўша одамхўрлар шу ёқда. Бизнинг боғдан чиқмаганимизни кўриб, бошқа йўл билан бу ерга келишган, қиз уларни кўриб, энди мени шу ёққа етаклаяпти. Мен борсам-у, шериклари бошимга қоп кийгизишса. Хўш, яна нималарни хоҳлайсиз, ойимқиз?
Тавба, буларга менинг гўштимни ким ширин деб айтган экан? Мол-пол, қўй-пўй қуриб кетдими, одам гўштини ейишса? Қаерларга келиб қолдим ўзи? Қутулиб кетишнинг иложи бормикин?
– Бормайман, тушундингми?! Умуман, бу ердан туё-ғингни шиқиллат. Билиб қўй, ҳозир анави, – деб қиз ишора қилган томонга қўл силтадим, – гумашталарингни бу ердан олиб кетмасанг, ҳаммангни полицияга тутиб бераман. Одам ўлдириш, гўштини бурдалаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди сенларга!
Қиз башарамга тикилиб қотиб тураверди, бирорта туки ҳам ўзгармади. Демак, у қўрқмади, гапларимни тушунмаган бўлса ҳам юзимдан жаҳлим чиққаниниям пайқамади, чамамда. Ахир, қовоғимни уйиб турган бўлсам, аччиқланаётганимни сезиши керак-ку! Ёки булар жаҳли чиққанда илжаярмикан?..
– Нима хоҳлайсан мендан? Айт. Турма бу ерда безрайиб! – дедим атайин овозимни бир-икки парда кўтариб.
У қилт этгани йўқ. Бу ғалчани нима қилсам, деб ёнатрофимга қарадим. Кўзим бехосдан сув тўла ҳовузга тушди. “Яхши, – дедим ичимда, – бир йўла бет-қўлимниям ювиб оламан”. Кейин қизга бир қараб қўйдим-да, ҳовуз томон юрдим. Мени қопқонга тушириш қўлидан келмаслигига ақли етиб, энди қайтиб кетса керак, деган хаёлга боргандим. Қаёқда, айлана шаклида қурилган, атрофи мармар ҳовузга эгилиб бир ҳовуч сувни олишим билан қиз ортимдан етиб келиб елкамдан, яна оғриган жойидан туртиб турибди-да! “Имм!” – деб юбордим бехосдан ва ўгирилиб қизга важоҳат билан қарадим. У қўрқиб ортига тисарилди.
– Кўринишингдан нозиккинасан-у, қилиғинг бунча қўпол? – дедим.
Гапим ўзим учун айтилганди. Тўғриси, бу аҳволда жинни бўлиб қолишим ҳеч гапмас: биров мени тушунмайди, уларнинг оғзидан чиқаётган ҳар хил товушларнинг маъносига эса менинг ақлим етмайди. Кўргилик деганлари бундан ортиқ бўлмаса керак.
Аламдан бўғилиб юзимни ювмоқчи бўлгандим, қиз қўлимни силади. Бошқа жой, бошқа вазиятда унинг қилиғи мойдай ёққан бўларди, лекин ҳозир асабимни баттар ўйнатиб юборди. Қиз йигирма қадамча наридаги ўрдакнинг ҳайкалчаси оғзидан бир маромда оқиб турган сувни кўрсатди.
– Бу ерда ювиниш мумкин эмасми? – деб ўзимга ўзим гапирдим-да, у кўрсатган тарафга бордим.
Оқиб турган сувда юзимни, бўйнимни ювдим. Танам роҳатланди. Сўнг шохларининг эгилиб туришидан мажнунтолга ўхшаб кетадиган, лекин барглари шапалоқдайшапалоқдай дарахтнинг тагидаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Шубҳасиз, “дум” ҳам “ялт” этиб ёнимдан қўним топди. Унинг ёпишқоқлигидан кўнглидаги нияти ёмонлигини пайқаб турардим. Ахир, Нигоранинг эркаланиб суйкалишлари, Индира опа, Валерий, кейин анави кўзойнакли юмронқозиқнинг юмшоқ гаплари тагидаги разилликни кеч бўлсаям билдим-ку. Энди бунинг кўнглимни овлаши учун забони камбағаллик қилиб турибди, холос.
Шундай ўй-хаёллар билан ўтирганимда қайси гўрдандир басавлат полициячи пайдо бўлиб қолса денг. Унга мендан олдин қизнинг кўзи тушди ва мени қучоқлаб, юзимни силаб, бурнимни чимдиб:
– Ҳа, хе, ху, ха, – дея (ҳар қалай, менинг қулоғимга унинг гаплари шундай эшитилди) эркаланган бўлди.
Мен ҳам полициячининг қўлига тушиб қолмаслик учун илжайиб қизнинг оғзидан чиққан товушга бошимни силкидим.
Шайтон қизнинг ҳийласи иш берди, полициячи ғиринг демай ўтиб кетди. Кейин қиз кўйлагимни ушлаб бир нималар деди.
– Ҳа, тушундим, – дедим бир қўлим билан кўйлагимни ушлаб, иккинчисини ҳавода қимирлатиб. – Йиртилган. Бошқа йўқ-да, алмаштирай десам. Энди шу кўйлакда юравераман.
Буни қарангки, қиз мени тушунди, бироз кўзимга ўтли нигоҳини қадаб турди-да, кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб, жавради. Сўнг ўрнидан туриб қаёққадир югуриб кетди. Мен аввалига ҳайрон бўлиб, ортидан қараб турдим. Сўнг миямга: “Бу анави шерикларининг ёнига кетди”, деган ўй келди-ю, ўрнимдан туриб кетдим. Қизнинг қораси ўчганидан кейин, аста орқа тарафга, беш-олти метр наридаги дарахтларга, уларга чирмашган чирмовиқларга синчиклаб разм солдим. Назаримда, ўша жойда одамхўрлар бекиниб тургандай туйиларди. Лекин шубҳали ҳеч нарсага кўзим тушмади. Менимча, ўша ёқда йўлак бўлса керак, чунки у ёқдан-бу ёққа оёғига хина қўйгандай бир-бир қадам босиб одамлар ўтиб-кетиб турарди. Демак, қизнинг шериклари бизни йўқотиб қўйишган, ахир, сайр қилиб юрганлар кўп-да. Қизнинг айтганига кўнганим яхши бўлди, бопладим уни, деб ўйладим. Аслида бошида пишиқ бўлишим керак экан. Бироз ўтирганимдан кейин, эртароқ бу ердан жуфтакни ростламоқчи бўлдим, бошқа иложим ҳам йўқ. Қиз гумашталарини етаклаб келса, кейин кеч бўлади.
Ўрнимдан турмоқчи бўлганимда, қўлим бир нарсага тегиб кетди. Қарасам, оппоқ, кичкина сумкача. Мен бу сумкачани қизнинг елкасида кўргандим. Нега ташлаб кетди? Эсидан чиқдимикин? Ёки мени бирон жойга кетиб қолмасин, деб атайин шундай қилдими? Бошим қотди. Бир хаёл, унинг сумка-пумкасига тупуриб, кетвормоқчиям бўлдим. Бироқ нимадир тутиб турарди мени. Ҳа, кўнглимнинг бўшлигидан бу… Хуллас, нима қиларимни билмай, ўтиб-қайтаётганларга қараб ўтиравердим. Кетиб қолишимга яна бир нарса – кийим-бошимнинг абгорлиги йўл қўймаётганди.
Ана кетаман, мана кетаман, деб бир қарорга келгунимча қизалоқ ҳовлиқиб югуриб келиб қолди. Икки қўлида елимхалталар. “Нима балони кўтариб келди бу “елим”?” – деб ўйладим.
Қиз қулоғимга сингиб қолган товушда нималардир деди ва қўлидаги елимхалталарнинг биттасини узатди. Олиб ичини очдим. Битта оппоқ футболка ва кўк жинси шим. Уларни кийишим кераклигини сездим-у, лекин ўзимни гўлликка солиб, қизга қайтардим. Қиз бидирлаб гапирганча футболкани елимхалтадан чиқарди-да, қўлимга тутқазиб, имо-ишора қилди. Унинг айтганини қилиб, кийимларни кийдим. Қиз менга бошдан-оёқ қараб, бош бармоғини юқорига кўтарди, демак, ярашибди. Кейин бошқа елимхалтани кўрсатиб, боши билан “юр” дегандек имо қилди.
Ўша пайтлари шайтон ишончингга кириб олганидан кейин алдашни бошлайди, деган гапдан бехабар эдим. Шу боис, қизга эргашиб бўш ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Елимхалта ичидаги орасига гўшт солинган кулчани иштаҳа билан туширдим. Итдай оч эканман. Эсласам, Индира опанинг уйида овқатланганим, шундан бери туз тотмабман. Қизга кулиб қараб, хурсандчилигимни билдириб қўйдим. У ҳам кулимсиради ва сумкачасини титкилаб, ручка билан кафтдай дафтарча олиб очди-да, уй расмини чизиб, устига сўроқ белгисини қўйди. Кўз ўнгимда беихтиёр қишлоғим, уйимиз, отам, укаларим гавдаланиб, энтикиб кетдим. Қани қанотим бўлса-ю, учсам. Отам роса… Йўқ, сўкмайди. Бир марта бўлсаям пул жўнатдимку. “Келдингми?” – деб бир оғиз сўрайди. Тамом-вассалом.
Ўзиям дунёда менинг отамдай ичи кенг одам бўлмаса керак. Бир ҳисобдан шунисиям яхши…
Қизнинг товуши хаёлимни бўлди. Унга бир қараб қўйдим. Қўлидан ручкасини олиб уйга стрелка қўйдимда, тахмин қилиб, 15 000 км, деб ёздим. Қиз бир менга, бир дафтарчасига қараб бошини сарак-сарак қилди.
– Ана шунча узоқда менинг уйим, – дедим хўрсиниб.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/nuriddin-ismoilov/bahtning-olis-manzili-69916777/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Бахтнинг олис манзили Нуриддин Исмоилов
Бахтнинг олис манзили

Нуриддин Исмоилов

Тип: электронная книга

Жанр: Зарубежные детективы

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 26.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Бахтнинг олис манзили, электронная книга автора Нуриддин Исмоилов на узбекском языке, в жанре зарубежные детективы

  • Добавить отзыв