Мугат фолбин
Абдужалол Рахимов
Марказий Осиё лўлилари ўзларини мугатлар деб аташади. "Мугат фолбин" саргузашт қиссасида Забаржад момонинг оиласида юз берган фожиа, унинг ечими асносида мугатлар ҳаётига кириб борилади. Ушбу тўпламга киритилган ҳикояларда эса инсон ҳаёти ва инсониятга тааллуқли муаммолар тасвирланган…
Раҳимов Абдужамол
Мугат фолбин : саргузашт қисса ҳикоялар
МУГАТ ФОЛБИН
(саргузашт қисса)
Тунги шарпалар
Ёзнинг чилласи ўтган бўлса ҳам бу кеча ҳаво дим бўлди. Тун ярмидан оғган. Ой тўлишган палла. Тўлиной юлдузли осмонда беғам сузади. Катта ҳовли этагидаги бўшаб ётган молхона, ундан наридаги бутазор ой ёруғидан панада қолган. Буларнинг бари, ой нури тушмаётган узоқдаги тоғлар ҳам шаффоф кумушранг парда ортида сирли кўринади.
Бу тунда Забаржаднинг уйқуси қочди. Очиқ деразадан ташқарига термулиб ётарди. Бирдан кўз олди қоронғилашди. Авваллари, фол очаётганида ана шундай бўларди. Кейин, хаёлида бир ҳудуд аста-секин ёришиб, қаршисида ўтирган одамни кўрарди. У билан фикран мулоқотга киришиб, йўқотган буюми ёки молини топар, дардини билиб ўзига айтарди. Шундан кейин бироз боши оғрирди. У пайтларда фол кўриш катта қувват талаб қилишини билмасди. Энди бўлса, қариб, фол кўрмай қўйганига ҳам анча бўлди.
Ҳозир кўз олди ўшандагидай қоронғилашиши юрагига ваҳима солди. «Энди мугат[1 - Марказий Осиё лўлилари ўзларини мугат, (муғ-оташпараст) деб аташади.] кампир кимга ҳам керак?» деб ўйлади. Ёши етмишдами, саксондами, ўзиям билмайди. Фақат узоқ, жуда узоқ яшади.
Забаржад ётган жойида қалқиб кетди. Кўз олди ёриша бошлади. Ёруғликда икки киши кўринди. «Ё Оллоҳ! Бу кимсалар у билан чоли ётган шу хонага яқинлашишди! Ниятлари ёмон! Улар эшикни итаришди. Йўқ! Забаржад уларни орқага қайтариши керак! Авваллари у буни эплаган. Руҳий қувватини йиғиб, уларнинг фикрини чалғитади. Кейин, бу ердан чиқиб кетишга мажбур қилади!».
«Оҳ, бўлмади! Қари мугат қувватдан қолибди…».
Забаржад эплолмаслигини сезди. Бўйнидаги сарғиш-яшил тошлардан тизилган маржонига ойнинг нури тушиши керак. Шунда, руҳий таъсир қуввати ўн, юз чандон ортади. У бунга улгурмади. Ўзини хаёлидаги қоронғиликка урди. Кўз олдида очиқ деразадан мўралаб турган тўлиной пайдо бўлди.
Тунги сукунатни бузиб хона эшиги ғижирлади. Овоз чиқармай икки шарпа кирди. Улар девдай-девдай йигитлар эди. Забаржад босқинчиларни мақсадлари пул эканлигини тушунди. У жим ётарди.
Шу ҳолатда фикран қоронғиликка шўнғиди. Кейин ёруғ ҳудудга ўтди. Кўз ўнгида чоли билан ётган хона ёришди. Энди икки босқинчини аниқ-тиниқ кўрди. Уларни таниёлмади. Бири – қоп-қора, кўзлари катта-катта, бўйдор йигит. Иккинчисининг бўйи уникидан бироз паст, юзи, сочлари маллатоб.
– Ризо, деразани ёпиб, пардасини тушир, – деб пичирлади қора йигит.
– Ит ҳам йўқ-ку, нимадан чўчийсан?
– Айтганимни қил, хотиржам бўламан!
Малла индамади. Деразани ёпаётганида ой нури тушиб турган ҳовлига хавотир билан қараб қўйди. «Унинг исми Ризо экан». Забаржад эслаб қолишга ҳаракат қилди. У ухлаётгандай ётсада, аслида ҳамма воқеаларнинг ичида эди. Қора йигит Ризога Забаржадни кўрсатди. Ўзи чолга ташланди.
Ризо чап қўлини Забаржадни оғзига босди. Юзига мушт туширди. Қоқ суяк, озғин мугат кампир жим бўлиб қолди. Бу пайтда қора босқинчи чолни уйғотиб олганди. Сафар лўли (уни шундай деб аташарди) хириллар, нима бўлаётганини тушунмай, кўзларини катта-катта очиб ётарди.
– Пул қаерда?! – деди қора босқинчи илондек вишиллаб.
Чол қўрққанидан дағ-дағ титрар, бу азоблар тушидами ё ўнгида эканлигини ҳали яхши ажратолмаганди. Жонини олгани келган ғаддор ким?! Ё унинг умри интиҳосига етгану, бўғаётган Азроилми?.. Ниҳоят, кекса Сафар «пул, пул» деган сўроқлардан қийноқнинг моҳиятини англагандай бўлди. Уйнинг бурчагига ишора қилди.
– Эшқул, кампир тамом бўлганга ўхшайди, – деб қолди Ризо овози титраб. – Бўйнидаги шиша тақинчоғидан бошқа ҳеч вақоси йўқ уни!
Чол билан овора бўлаётган Эшқул унинг гапига эътибор бермади. Забаржад бўйнидаги маржон ҳақида гап бораётганини билиб титраб кетди. Бу сариқ-яшил шаффоф тошлар унга бувисидан ёдгорлик.
– Гапирмадими? – деди чолни қийнашда давом этаётган Эшқул.
– Йўқ, жони бўш экан. Бир муштда ўчди.
– Аҳмоқ, нега шошдинг!? Чол пул қаердалигини билмаса-чи?
Эшқул чолни яна бўға бошлади.
– Пул қани, гапир!? Ўлдираман!
– Бурчакда, кўмилган, – деди чол базўр.
– Яна, яна қаерда?! Биламан, лўли, пулинг кўп! Айт, бўлмаса жонингни оламан?!
Забаржад қимир этолмасди. Ризо унинг бўйнига қўлини қўйди. Томири урмай, танаси совиб қолган. Аслида, Забаржаднинг ўзи танасини шу ҳолатга туширди. Буни ботиний овоз буюрди: «Жонингни асрашинг учун қимирлама, нафас ҳам олма!». Забаржад шундай қилди. Лекин, юраги секин, жуда секин, ҳар дақиқада икки-учтадан ураётганини сезди.
Чол ўзларининг ўлимлик пуллари кўмилган бурчакни кўрсатганди. Ризо сапчиб турди-да, бориб кигизни кўтарди. Энди улар ҳовлиқиб қолишганди.
– Кампирни ўлгани ишни пачава қилди! – деди пишиллаб Эшқул. – Тезроқ бўл! Манави чолниям тинчитамиз энди.
Ризо бўйра остидаги ўрани топди. Ўрадан бир қопчиқ пул олди.
– Қолгани қани?! – Эшқул чолни яктагидан ушлаб силкитарди.
Сафар лўли индамади. «Ўғлимизни пулларини айтмади» деб ўйлади Забаржад. У бу даҳшатларнинг ҳаммасини кўриб ётарди. Фикран бегига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аввалига, бардам бўлишини сўради. Бироқ беги буни англайдиган аҳволда эмасди. Забаржад уни ҳам қоронғилик орқали ўз оламига чақириб олишга уринди. Лекин қуввати етмади. Бегининг хириллаб ҳаёт билан видолашаётганини кўрди. Қора босқинчи қулоғига зарб билан бигиз санчганида бир тўлғаниб, жим бўлиб қолди. Забаржад ўзини базўр қўлга олди. «Бегим, – деди ботинан, – қийналиб кетган бегим! Полвоним, меҳрибоним!». Унинг кўзларидан ёш қуйилди. Пул тўла қопчиқни қўлтиқлаб чиқиб кетаётган босқинчилар буни сезишмади.
Забаржад чақмоқдек тез фикрлай бошлади. У босқинчиларни йўқотиб қўймаслиги керак! Улар узоқлашмасидан бунинг чорасини кўради. Қотиллар ҳали унинг таъсир доирасида.
Забаржад фикран қоронғилик қаърига сизиб кирди. Кўзини очиб, ўрнидан турди. Деразадан тушиб турган ой ёруғига келди. Ойнинг нури бўйнидаги маржонига тушди. Маржон қизиб кетди. Забаржад учар юлдуздек бир силкиниб, қопчиқни қўлтиқлаб қочаётган икки шарпанинг олдида пайдо бўлди. Аввал, бегига наштар санчган қора босқинчи – Эшқулнинг қўлини ушлади. У юпқа қўлқоп кийган экан. Забаржад қўлқоп четидан сизиб кирган қўлини унинг кафтига қўйди.
– Қўлим қичияпти, яна пул топамиз, – деди Эшқул.
– Мениям қўлим жимирлашиб кетди. – Ризо хавотирга тушиб қолди. – Юр, яхшиси тезроқ кетайлик! Лўлиларни жини борга ўхшайди.
– Бу тарафларда жин бўлса, уям сенсан, – «хи-хихи»лади Эшқул. – Сариқ жин!
Ризо бунга жавобан нимадир деб ғингшиди. Улар қадамларини тезлатиб кўздан ғойиб бўлишди.
Забаржад орқага қайтди. Энди бу икки босқинчини истаган пайтида топа олади. Исмларини ҳам билиб олди: бегининг қотили Эшқул, малласи Ризо. «Балога йўлуқларинг!» деди уларнинг орқасидан. У бегининг ҳолидан хабар олишга шошарди. Бор кучини тўплаб ўзини қоронғиликка урди. Зимистондан бир лаҳзада сизиб ўтди. Кўзини очганида чап юзида оғриқ сезди. Бу, малла Ризо урган муштнинг оғриғи эди. Бунга эътибор бермади. Қаршисида оппоқ кийимда, худди ухлаётгандек бўлиб чоли ётарди. Ўзини унинг устига отди.
– Оҳ, бегим, чи шуд?![2 - Оҳ, бегим, нима бўлди?!]
Забаржад бегидан айирилганини тушунди. Кўзларидан оққан ёш Сафар лўлининг юзига томди. Хаёлида биргина фикр совуқ тошдек қотиб қолганди: «Наҳот беги энди ҳеч қачон кўзини очмаса?!». У беихтиёр Сафарнинг совий бошлаган пешонасини силарди.
Забаржад шу аҳволда узоқ ўтирди. Сафар билан ўтган умри кўз ўнгидан ўтаверди. Сафарнинг ёшлик даврлари, ўт-оловлиги, тунлари ёш Забаржадни қўлларида кўтариб юрганлари…
Тим қора қалин мўйловлик, қадди сарвдек келишган мугат йигити дунёга бир келдию, кетди.
Фарёд
Ҳовлидаги хўроз бирор кор-ҳолдан хабар бермоқчидек жон-жаҳди билан қичқирди. Хўрознинг қичқириғи Забаржаднинг изтиробли хаёлларини бўлди. Мияси чақмоқдек тез ишлай бошлади: энди нима бўлади? Улар қотил. Кампир ҳам ўлган, деб ўйлашаётир. Агар тирик қолганини билишса-чи?! Қора илон билан сариқ илон заҳар солгани қайта келиши аниқ! Чунки, Забаржад қилмишларига гувоҳ.
У икки кафтини чеккасига босди. Бошини кўринмас тиғ пармалайди. Аслида, яшашидан маъно ҳам қолмади. Болалар ўз йўлларини топишган. Бегидан айрилгани – ёшлик хотиралари, тотли кунлари, умридан айрилгани. Энди яшашнинг қизиғи йўқ. Бироқ… улар ялло қилиб юраверсинми? Болаларига, борингки, яна бирор кимсага – мўмин инсонга ёмонлик қилишмайди, қотиллик қилишмайди, деб бўладими? Забаржад – кексайиб, умрини яшаган мугат фолбин. Қанчадан-қанча одамларга яхшилик қилди. Кимнидир йўқотган сигирини, отини топиб берди. Не-не танноз санамларга ўғирлатган олмосу тиллоларини қайтарди. Фолбинлик – Яратгандан берилган хислат. Уни яхшиликка ишлатди. Умр бўйи эзгуликка хизмат қилди… Забаржад шундай жафоларга лойиқмиди?
Унинг аждодлари ҳам эзгу ишлар қилиб ўтишган.
Уруш йиллари кўчманчилик қилиб кун кўришарди. Қирларда ертўла кавлаб қишлашган. Очликдан ёввойи буталарнинг мевасини териб ейишарди. Дайдиб юрган етим-есирлар кўпайиб кетди. Бир куни бувиси бозордан ўн-ўн бир ёшлардаги қизчани бошлаб келди. Исми Садинисо экан. Ота-онаси ўлиб кетган. Қизча кўчада қолибди. Ўзлари нима аҳволда-ю… Лекин бувисининг қарорига ҳеч ким қарши чиқолмасди. Садинисо мугатлар оиласида фарзанд бўлиб қолди. Бўй етганда мугат йигитга турмушга беришди. Ҳозир Садинисо бибиси ҳаёт. Бир этак невара-чеваралари бор.
Забаржадни бувиси ана шундай эди. Унга ҳам эзгу ишларни ўргатди. Бугун нега унинг бағрини қон қилдилар? Нега уни бегидан айирдилар?! Балки, бу ҳам тақдирнинг аччиқ бир синовидир? Кўз ёшларидан на фойда…
Тонг ёришмоқда. Бироз ўтиб қўлида иккита иссиқ нон билан тўнғич ўғли Садир кириб келади. Отасини унга топширди. Оҳ, болажоним-а! Забаржад эса, Забаржад фолбин энди ҳамма учун йўқ бўлади.
У ихраб-сихраб ўрнидан турди. Қулоғидан оққан қони қотиб қолган бегига кўзи тушиб ичидан момақалдироқдек кучли бир фарёд келди. Қари фолбин уни базўр тўхтатиб қолди. Деразадан мўралаётган тўлиной узоқдаги тоғлар ортига ботиб борарди.
Забаржад хона бурчагидаги михда осилиб турган боғичли халтани олди. Унга кўйлаги, майда-чуйда буюмларини солди. Дераза токчасидаги сув тўла човгумни ҳам олди. Чиқиб кетишидан аввал кўнгли бесар бўлиб яна бегининг олдига келди. Чўк тушиб, пешонасини силади. Юмуқ кўзидан охирги марта ўпиб, ўрнидан турди.
Забаржад ҳовлига чиқди. Ташландиқ молхона ортидаги бутазорга қараб юрди. Бу ерда бир-бирига чирмашиб наъматак, маймунжон ўсиб ётибди. У деворга яқин бориб, ерни тимирскилади. Ёғоч қопқоқнинг зулфинини топди. Устини ажириқ босган қопқоқни базўр кўтарди. Зинадан ертўлага тушиб, қопқоқни яна беркитди. Тимирскилаб бориб ёғоч сўрига ўтирди. Қўлидаги човгумни ерга қўйди. Кейин халтасини бошига ёстиқ қилиб сўрига ётди.
Ертўлада
Забаржад кўзини очганида ертўла зинасига қопқоқ тирқишидан қуёш нури тушиб турарди. У бироз ана шу нурга тикилиб ўтирди. Кейин энди бу оламда Сафар йўқлигини эслаб ўкинди. Уҳ тортиб, ўйга чўмди: Сафар ёшлигидан жуда эҳтиёткор эди. Унинг бу фазилати Забаржадниям, фарзандлариниям кўп бор фалокатдан, бало-қазолардан асраган. Молхона қураётганида шу ертўлани кавлаб, ҳеч кимга билдирмай устини ёпиб қўйди.
– Буни нега кавладингиз, Садирни отаси? – деди Забаржад ажабланиб.
Улар, мугатлар одатига кўра, бир-бирларини тўнғич ўғилларининг исми билан чақиришарди. Сафар қилаётган ишини тўхтатиб, белкуракка суяниб турди-да:
– Бир куни керак бўлиб қолади. Ё санга, ё манга, балким иккаламизга, Садирни онаси, – деди.
– Ўзингиз биласиз, – деб Забаржад нари кетди.
Чол ҳар замонда ертўлани тозалаб турарди. Қопчиқдаги қотган нонларни ҳам олиб тушиб қўярди. Забаржад бурчакда осилиб турган қопчиққа қаради. Кўзига ёш қуйилиб келди. Шу пайт ташқаридан қий-чув овозлар эшитилди. Ҳойнаҳой болалари, қариндошуруғлар йиғилишган. Энди Забаржад азадор: у секин соч ўрамларини еча бошлади. Мугатлар одатига кўра бегининг қирқи ўтгунича сочини ёйиб юриши лозим. Қирқи ўтиб, қабр тепасига боришганида яқин қариндош аёллардан бири сочини ўради. У ким бўларкин? Қабрга «гандум» – ундирилган буғдойни ким олиб келаркин? Ахир, яшил буғдой майсаси марҳум руҳига тасбеҳ ўгириб туриши керакку.
Забаржаднинг юраги қалқиб кетди. У ҳозир бегининг ёнида бўлиши шарт! Уни сўнгги манзилига кузатиши, фарёд қилиши керак эмасми? Болаларининг олдида оталарининг фазилатларини айтиб йиғлаши лозим. Лекин ҳозир, бунинг иложи йўқ!
Кўз олдига Эшқул билан Ризони қиёфаси келди. Бу икки босқинчи, қотилнинг совуқ башараларини сира-сира унутолмайди. Уларни жазоси олдинда. Ҳозир болаларининг юрагига таскин бериши керак.
У кўзини юмди. Қоронғиликдан бир сонияда соҳир ёруғликка ўтди. Бу ҳолатда танаси ертўлада қолиб, фикран истаган ҳудудига бора оларди. Забаржад беги ётган хонага кирди. Чолнинг бош томонида катта ўғли Садир ўтирибди. Кўзлари қизариб кетибди, боши эгик. Эрка қизи Малоҳат сочларини ёйиб йиғламоқда.
– Апам, апам қани?! – дея йиғи аралаш оҳ урарди у.
Кенжа ўғли Наврўз отасининг оёқларини қучоқлаб олганича надомат чекаётир:
– Нега ман шу тунда уйда бўлмадим? Меҳмонга кетгандим, ата, бормай адо бўлай, атажон! Апам қаерда, апамни топиб беринг, атажон, атажоним!
Забаржад кенжатойининг зорланишларига чидаб туролмади. Йирик-йирик тим қора кўзлари, қуюқ мўйлаби отасининг ёшлигига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Забаржад фикран унинг қўлини ушлади.
Наврўзнинг қўли қизиди. У қўлини бошига қўйиб жим бўлиб қолди.
– Ака, апам тирик, – деди. – Апам тирик!
Садир бошини кўтариб укасига қаради. Сочлари ёйилган Малоҳат йиғидан тўхтади.
– Қаёқдан билдинг?! – Малоҳат укасини елкасидан қучоқлаб олди.
– Менга хабар келди, – ёш боладек кўзини пирпиратди Наврўз.
– Қандай хабар, ико[3 - Ико – ука.]?
– Билмайман, биби[4 - Биби – опа.], билмайман. Мани апам хаёлимга кириб ана шундай овутардилар. Бари рост чиқарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Апам тирик! Язнамга[5 - Язна – почча.] айтинг, қидирсунлар?!
Шу пайт ҳовлига беш-олтита милиция ходимлари кириб келишди. Улар билан оқ халат кийган икки нафар «тез ёрдам» шифокори ҳам бор. «Энди бегимга ҳеч ким ёрдам беролмайди», дея ўйлади Забаржад. Бўйнидаги маржони қизий бошлади. У қайтиши кераклигини тушунди. Ҳамма воқеаларни кўриб-била оладиган ёруғликдан қоронғилик қаърига шўнғиди. Кўзини очганида ертўладаги сўрида ўтирарди. Кетмон билан қаттиқ тупроқни текис ўйиб ишланган зинада қопқоқ тирқишидан тушаётган қуёш нури ўйнарди.
Жаноза
Забаржад танасида қаттиқ чарчоқ ҳис қилди. Сўрига ётиб дам ола бошлади. Хаёлан, қиладиган ишларига режа тузди: аввало, қувватини йиғиб, бегини сўнгги манзилига кузатади. Бу кузатиш фоний дунёда беги билан ёнма-ён бўла оладиган, унга содиқлигини изҳор эта оладиган сўнгги имкондир. Ахир, мугат аёллари бегларини ниҳоятда қаттиқ ҳурмат қилишади. Мугат аёл эри нима қилса ҳам кечиради. Уни доим ҳақ, деб билади. Фарзанд – Худонинг неъмати. Бештами, саккиз, ўнтами – хомиладор бўлса туғаверади. Фарзанди хасталанса жонини фидо қилишга тайёр. Мугат онаси ҳамма оналар каби қуёшдан оташ меҳр, чеҳрасига ойдан нур олган. Забаржад ҳам мугат аёли, Забаржад ҳам она. Унинг беги, суюкли Сафари – мугат эркакларининг сардори эди…
Забаржаднинг кўзига яна ёш қуйилиб келди. У қувват тўплаши керак. Халтасидан пиёла олди. Човгумидан тўлдириб сув қўйди. Ертўла бурчагида илиниб турган қопчиқдан қотган нон олди. Нонни сувга ивитиб қўйди. Бироздан кейин бир чимдимдан олиб ея бошлади. Кейин сўрига ётиб мудради.
Забаржад ҳовлида кўтарилган қий-чувдан ўзига келди. Тобут кўтарилаётганини тушунди. Кўзини юмиб, фикрини жамлади. Лаҳза ўтмай қоронғилик қаъридан ёруғликка чиқиб олди. Фикран юқорига кўтарилди. Ҳовлини одам босган. Қизи, қариндош аёллар сочларини ёйиб йиғлашмоқда. Ёш-қари, бир тўп эркаклар тобутни елкаларига олишди. Тобут кўтарган оломон дарвоза томонга юрди. Забаржад фикран бориб тобутнинг бош томонига ёпилган чакмонни силади: «Бегим! Осмонни йиғлатган оғриқларга бардош берган, бегим! Сизни ўзим кузатиб бораман. Ман, Забаржад ёнингиздаман!» деди. Сафарнинг қулоғига Эшқул санчган бигиз кўз олдига келди. Беги бир ихрагани, кейин жим бўлиб қолганини эслади. Ичу ташида титроқ турди. «Худо жазоларингни беради, ман ҳали тирикман!» деди.
Қабристон қишлоқ четида эди. Жаноза аҳли «Авлиё ота» қабристонининг лўлилар хилхонаси» деб ёзилган дарвозадан кириб борди. Олдинда – тўн кийиб, хасса тутган ўғиллари. Янги кавланган қабр тупроғини кўриб Забаржаднинг ичидан фарёд келди: Энди беги совуқ тупроққа кўмилади! Уни ҳеч қачон кўролмайди! Унинг эркаловчи, ширали овозини эшитолмайди…
Сафар лўлини лаҳадга катта ўғли Садир билан ёши улуғроқ қариндошлардан бири қўйишди. Дам тупроғи йиғилди. Зум ўтмай қабр тупроққа тўлди. Имом «Сураи Мулк»ни тиловат қила бошлади: Бисмилла’ ҳир роҳма’нир роҳийм «Таба’ рокал-лазий би-йадиҳил мулку ва ҳува ъала’ кулли шай-ин қодийр.»…
Масжид имомининг овози қабристон узра сирли таралди. Уфқни қизил шафақ қоплади. Шом намозига яқинлашганда жаноза аҳли қабристондан қайтди. Забаржад одамларнинг кўзига кўринмаса-да, улар билан бирга эди. Танаси ертўлада бўлгани ҳолда фикран ўғиллари, уруғ-аймоқлари орасида бўлди. Унга маржон ёрдамида ўта олган ёрқин олам шу имкониятни берди. Узоқ-яқиндан жанозага келган тумонат одамни кўриб кўнгли бироз таскин топди. Ташвишли кунларда мугатлар доимо бирга бўлганлар. Бундай пайтларда гина-қудуратлар унутилади, муаммолар ортга сурилади. Забаржад қўни-қўшниларидан ҳам миннатдор бўлди. Ахир, бегини шу одамлар сўнгги йўлга кузатдилар. Фолбин уларни тарк этар экан, қалбларига нурли тилаклар йўллади.
Забаржад танасини ертўладаги сўрида ҳис қилганида қуввати қолмаганди. Юраги беҳол, кўнгли шикаста ўтирарди. Буларнинг барини кексаликка йўйди. Ётиб, кўзини юмди.
У ширин туш кўрди: ёш келинлик пайти экан. Бўйнида бувисидан қолган ёдгорлик маржон. Сочи кумуш тангалик ипак иплар қўшиб ўрилган. Қўлларига хино қўйилган. Эгнида бинафшаранг крепдешин кўйлаги. Кўзлари ёшлик эҳтиросидан ёнади. Шундай ҳимо билан юрадики, бундан ўзи уялиб кетади. Сафар ҳам самбитдек бўйлик, қора қош, қора кўз йигит. Забаржад уни ҳаммадан қизғанарди. Шу куни Сафар нимагадир қоронғи тушганда кириб келди.
– Бегим! – деб Забаржад унинг бўйнидан қучоқлади. – Нега кеч келасиз? Ман соғиндим!
У бегининг кўзларига тикилди. Сафарни эти жимирлашиб кетди.
– Хаёлингга бошқа нарса келдими? – деди.
– Ким билсин…
– Мугат йигитлари хотинига садоқатли бўлишини биласан-ку? Мани борим, тану-жоним саники, Забаржад!
У шундай деб, бақувват қўллари билан Забаржадни кўтариб олди. Забаржад унинг қайноқ қучоғида эриб, ўзидан кетай деди. Ҳушини йўқотмаслик учун уйғониб кетди…
Ҳаммаси туш экан. Забаржаднинг юраги тез урар, нафаси қисиб, пешонасидан тер қуйиларди. Кўзини очиб, зимистон ертўлада эканлигини ҳис қилди. Ўрнидан туриб, пайпаслаб зинани топди. Икки қўли билан қопқоқни юқорига кўтарди. Қопқоқ кўтарилганда юзига салқин ҳаво урилди. Юлдузли осмонга кўзи тушди. Энди ертўла қопқоғини баралла кўтарди. Тўлиной тоғ томонга яқинлашмоқда. Демак, бир-икки соатдан кейин тонг ёришади. У шошилиши керак!
Забаржад халтасини олиб ташқарига чиқди. Ертўла қопқоғини эҳтиётлик билан ёпди. Қаддини ростлаб, атрофга аланглади. Ойдин кеча. Атроф жимжит. Гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Ҳовлида осойишталик. Уйда қолган хассакашлар чарчаб ухлаб қолишган. У бутазордан чиқиб дарвоза томонга юрди… Ажаб, дарвоза илгаги туширилган, очиқ экан. «Беркитишни унутишибди», деб қўйди пичирлаб Забаржад. Ташқарига чиқиб, дарвозани маҳкам беркитди. Халтасини елкасига осди-да, катта асфальт йўлга қараб кетди.
Забаржаднинг фоли
Тонг ёришишига ҳали бироз бор. Қишлоқ кўчаларида ҳеч ким кўринмайди. Ҳар ер-ҳар ерда олапар итлар эринчоқлик билан хуришади.
Юз-кўзини рўмол билан ўраб олган Забаржад тез-тез юриб бормоқда. Уни ҳеч ким таниб қолмаслиги керак. Кўрган тақдирда ҳам тонг саҳарлаб биринчи автобусга шошаётган мугат аёлига ҳеч ким эътибор бермасди. Забаржад дадил қадам ташлаб кетаверди. У биринчи автобусга улгуриши лозим. Бу автобус бозорчи қишлоқ аёлларини йиғиб шаҳарга боради. Аёлларнинг кўпчилиги сут-қатиқ сотишади. Парранда, мева-чева олиб кетаётганлар ҳам бўлади. Забаржад икки чақиримча юриб, яйдоқ даладаги бекатга яқинлашди. Шу пайт бекатдан бир аёл ўзига тикилиб турганини кўриб қолди.
– Ё Оллоҳ! Синглим, Зарбиби-ку, – пичирлади у.
Бекатдаги аёл ҳам шошиб у томонга юрди.
– Биби, бибижон! – деди у Забаржадни жон-жаҳди билан қучоқлаб. – Ўзингизми? Тирикмисиз?!
– Тирикман, Зарбиби, хохаржон, [6 - Хохар – сингил.] тирикман. Лекин овозингни чиқарма. Буни ер ҳам билмасин.
– Биби, бибижоним, нима бўлди?! Язнамни ким ўлдирди?.. Ман сизникида ётиб қолган эдим. Ҳозир йўлга чиқдим.
– Дарвозани сан очдингми?
– Ман, бибижон, ман. – Зарбиби кўзига ёш олди. – Уйингизда қололмадим. Тирик бўлсангиз маникига келасиз, деб ўйладим, бибижоним! Сизсиз уйингизга сиғмай қолдим, чидолмадим!
– Бас, Зарбиби, бас! Ана, автобус келопти. Гапирмай, жим ўтир. Ҳозир саникига жўнаймиз. Уйингга борганда ҳаммасини айтаман. Тириклигимни сандан бошқаси билмасин, болаларинг ҳам! Уқдингми?
– Уқдим бибижон, уқдим. Нима десангиз – шу, бибижоним!
Бекатга автобус келиб тўхтади. Оғизларигача рўмоллари билан беркитилган икки мугат кампир ихрабсихраб чиқиб олишди. Улар бир оғиз гапирмай бўш ўринларга ўтиришди. Автобусда йигирма чоғли хотинхалаж бор. Ёнларида оқ халта, сут тўла алюмин идишлари. Забаржад юзига фотиҳа тортди. Ҳамма жим ўтирарди. Бир пайт ўрта яшар бир аёл Забаржадга майда пул кўтариб келди:
– Хола, дуо қилинг, бозоримни берсин, – деди.
Забаржад фолбин эди. Садақа сўрамаган. Лекин бу аёлга рад этса бўлмайди, бошқача тушуниши мумкин.
– Оллоҳ бозорингни берсин, болам, – деди замзамали овозда. – Беш нафар фарзандингни ризқини олиб қайт. Сан яхши аёлсан. Яхшилар яшасин бу оламда, ўргулай.
Бозорчи аёлнинг оғзи очилиб қолди. Раҳмат айтиб, жойига бориб ўтирди. Ёнидаги шеригига нимадир деб пичирлади.
Забаржадни олдига яна бир сутчи аёл пул кўтариб келди. Униям алқаб, фарзандларига ризқ тилади. Яна бироз фурсат ўтиб ёшгина келинчак ёнида туриб олиб минг сўмлик пул узатди.
– Хола…
Забаржад унинг қўлидаги пулни нари итарди.
– Ёнимга ўтир, – деди.
У ўтирди. Бироздан кейин:
– Хола, эрим бошқаси билан юради. Шунга фол очиб қўйсангиз, – деди йиғламсираб.
– Бегингга яхши кўриб теккансан. Шундайми?
– Ҳа.
– У ҳам сани яхши кўради.
– Лекин…
– «Лекин»и йўқ, қизим. Ўртангиздаги илиқликни авайла. Уни музга айлантирма. Севгилингга етишганингга шукур қилмайсанми! Бизни қишлоқда Бекмурод деган йигит бор. Ёшлигида ниҳоятда келишган, ёқимтой эди. Уни Ойша исмли қиз севиб қолди. Бир йил учрашиб юришди. Қиз Бекмуродсиз яшолмасди. Лекин онаси уни камбағал йигитга бермади. Биз мугатларда ҳам мол-дунёга хирс қўйиб, фарзандларини бебахт қилиб қўяётганлар бор. Ойша жудоликка чидай олмади, ўзига ўт қўйди. У фарёд чекиб катта ҳовлида югурар, гуриллаб ёнарди. Ёнаётган қизни ушлаш осон бўлмади. У ҳижронга, жудоликка, севгисиз ҳаётга ўт қўйди. Қизнинг ҳазон бўлган умрига йиғламаган одам қолмади. Йигит мажнунсифат бўлиб қолди… Сан севгилингга етишгансан-ку! Нега шукр қилмайсан?
Аёл Забаржадга тикилиб жим бўлди.
– Эринг сани яхши кўради, – давом этди Забаржад. – Уни қийнаб юборгансан. Ҳозир орқангга қайт! Тўрт яшар ўғлингга хатар бор.
Келинчакнинг ранги оқариб кетди.
– Ўғлимни қаёқдан билдингиз?
– Ман ҳаммасини кўриб турибман, қизим. Ҳозироқ қайт, кечикиб қолма… Ҳа-я, тўхта, қўлингдаги узукни ҳеч қачон ечма. – У келинчакнинг сариқ-яшил кўзлик узугига ишора қилди.
Автобус навбатдаги бекатда тўхтади. Келинчак гандираклаганича ўзини эшикка урди. Шу заҳоти биринчи дуо олган аёл Забаржадни олдига келди:
– Хола, унга нима дедингиз?
– Эринг сани яхши кўради, болангга хатар бор, тез уйингга қайт, дедим, болажоним!
– Яхши қилибсиз. Манга дардини айтиб келаётганди… Хатар ҳам ростми?
– Рост, ўргулай болажоним, рост!
– У нима?
– Бола қаровсиз қолди… У кўчага чиқиб кетади. Эгнидаги кийими қизил экан. Пода билан келаётган буқа у томонга югуради…
– Худо сақласин!
– Худо сақлайди… Лекин бу аёл бегини кўп хафа қилган. Феъли бор. Эрни ҳурмат қилиш керак, болажоним! Йўл устидамиз.
Аё, дўстлар, бу йўлларнинг уқубаси кўб,
Ўтса бўлмас пир хизматин қилмағунча,
Юз минг бало, меҳнат, офат, хатари кўб,
Туйса бўлмас пир хизматин қилмағунча.[7 - Аҳмад Яссавий, «Девони ҳикмат», 132-ҳикматдан.]
Забаржад байтга дардини қўшиб айтди. Икки-уч аёл кўзларига ёш олишди. Бошқа ҳеч ким Забаржаднинг олдига келмади.
Автобус тоғ этагидаги қишлоққа етди. Забаржад билан Зарбиби бекатда тушишди. Бозорчи аёллар ортларидан қараб қолишди. Улар тез-тез юриб кетишди.
Маржоннинг сири
Зарбибининг ҳаёти силлиқ кечмади. Ўн еттига тўлартўлмас хотини ўлган мугат йигитига эрга беришди. Бегининг аввалги хотинидан Эркин исмли икки яшар ўғли қолганди. Зарбиби Эркинга ўз боласидек меҳр берди. У ҳам Зарбибини «апа» деди. Йиллар ўтаверди. Зарбиби бирин-кетин тўққиз фарзанд кўрди. Ўғилқизлари улғайиб, уй-жойлик бўлишди.
Зарбибининг Эркинга меҳри бўлакча эди. У отасига жуда-жуда ўхшашлигиданми ёки гўдаклигида уни дарров «апа» деганиданми, ким билсин, Эркин болачақалик бўлганидаям Зарбибининг ёнидан жилмади. Ҳовлилари ҳозир ҳам ёнма-ён. Эркин кунда бир хабар олмаса кўнгли тинчимайди.
Зарбиби билан кичик ўғли бирга туради. У икки кун аввал хотинини олиб қайнотасиникига кетди. Зарбиби уйда ёлғиз қолганди. Дарвозани ўзининг калити билан очди.
– Ҳеч ким йўқми? – деди Забаржад ажабланиб.
– Болалар қуданикига кетишган, уч-тўрт кун туриб келишади.
– Ёлғиз бўлсанг янаям яхши… Дам олишим керак. Қолганини кейин кўрармиз.
– Биби, юрагим шошади, нима бўлганини айтинг? – деди синглиси хонага киришганда.
– Язнангни икки босқинчи ўлдириб, пулини олиб кетди.
– Ё худо! Сиз-чи?
– Мани ўлган, деб ўйлашди. Биласан, ўзимни ҳар ҳолатга сола оламан. Мани шу асраб қолди.
– Ким у, ер юткур босқинчилар? – Кўрпача солаётган Зарбиби опасига қаради.
– Ёмон одамлар… Ман дам олай, Зарбиби?
– Вой худо, мангина ўлай! Бибижон, ҳозир чой қайнатаман. Чой ичамиз, кейин ухлайсиз, жоним қурбон!
Зарбиби шошиб чиқиб кетди. Забаржад кўрпачага ўтириб, атрофга аланглади. Хона ўша-ўша эди: тўрда кўрпалар тахланган сандиқ. Унинг ёнида кўҳна жавон. Жавонда коса, пиёла, чойнаклар. Энг юқорисида уч-тўртта янги пақир билан иккита ялтироқ тоғора бор. «Синглим пухта аёл», деб қўйди ўзича Забаржад. Бўйнидаги маржонини ушлади: «Ҳали ҳаммаси олдинда».
Зарбиби кириб дастурхон ёзди:
– Бир товуғим бор, тухумини яширади.
У қовурилган тухум тўла тақсимчани дастурхонга қўйди.
– Мангина тухум қўядиган ҳамма жойларини биламан. Ҳозир тандирни ичидан тўртта тухум олдим.
– Нима дединг?. .
Ўз хаёллари билан банд бўлган Забаржад унга қаради. Зарбиби гапини қайтарди:
– Товуғим тандирга тухум қўйганини айтаман-да.
Зарбиби опасининг аҳволи яхши эмаслигини кўриббилиб турарди. Ўз билганича руҳий азоблардан чалғитишга уринарди:
– Шу десангиз, бир куни келин нон ёпиб, тандирни беркитишни унутибди. Ана шу товуғим, ўзи энг бўлиқ товуқ, ҳар тухуми муштумдай-муштумдай келади, тухум қўймоқчи бўлиб тандирга учиб кирибди. Ўша заҳоти оёғи куйган денг, қақоғлаб оламни бошига кўтарди. Ҳовлини юз марта айланди ўзиям. «Оёғи куйган товуқдек», деганларини шунда билдим.
У Забаржадга синовчан назар ташлади. Забаржад ҳамон хомуш, карахт ўтирарди.
– Гиред овқата, биби[8 - Овқатдан олинг, опа.], – деди Зарбиби.
Забаржад, иштаҳаси бўлмаса ҳам, қовурилган тухумдан еди. Устидан босиб-босиб чой ичиб, бироз ўзига келди. Зарбиби ичкари хонага жой солиб берди. У бир-икки ағанаб ётдида, қаттиқ уйқуга кетди. Шу бўйи туш пайтида уйғонди. Зарбиби тайёрлаб берган сувга ювиниб олди. Кейин Сафар бегининг руҳига тиловат қила бошлади. Узоқ тиловат қилди. Унга умрбод содиқ бўлганини, беги энг азиз одами, жондан азиз фарзандларининг отаси эканини қўшиб айтди. Яратгандан қотилларнинг қилмишларига яраша жазо беришини сўради.
Тушликдан кейин Зарбиби билан гаплашиб ўтиришди.
– Ухлаб ётганингизда Эркин ўғлим чиқди, – деди Зарбиби. – Қўшнилар «икки киши бўлиб келишди», дейишибди. «Шеригим йўловчи мугат аёл эди», деб қўя қолдим. Ё тўнғичимга айтаверайми? У жуда ақлли-да, ўзини босиб олган.
– Йўқ, – деди Забаржад ўйлаб ўтирмай. – Айтганимни қил! Ҳозирча ҳеч ким билмасин. Вақти келиб, айтарсан.
– Хўп, бибижон.
– Дарвоза қулф турсин.
– Хўп.
– Биров келса, ман ичкарига кираман, кейин очасан.
– Нима десангиз, шу. Сизни ҳам ўлдириб кетишганда нима қилардим?! – Зарбиби кўзига ёш олди.
Опа-сингил болаликдан аҳил эдилар. Бу аҳиллик турмуш қуриб кетишгандан кейин янаям мустаҳкамланди. Забаржад синглисига кўп ёрдам берди. Зарбиби эри ўлгандан кейин жўжабирдай жон бўлиб қолди. Опаси орттирганидан рўмолини учига тугиб келар, синглисининг болаларига кийим-кечак қилиб берарди. Зарбиби ҳам болаларидан Забаржадни «апа» дейишларини талаб қиларди.
Уни оғир кунларида ана шу меҳр бу ерга бошлаб келди. Яна бир сабаб: Забаржад синглисиникига келибкетиб юрган пайтларида ўзи учун бир сирни кашф этди. Бу, бувиси унга қолдирган, ҳеч қачон бўйнидан ечмайдиган маржоннинг сири эди. Кунлардан бирида Забаржад тоғ томонга гиёҳ тергани борди. Момосидан қолган бироз табиблиги ҳам бор эди. Гиёҳларни қайнатиб, мугатлар маҳалласидаги хаста болалар, аёлларни даволаб кетаверарди. Тоғда гиёҳ териб юриб бир харсанг тошни орқасига ўтганида бўйнидаги маржон қуёш нурида товланиб, қизий бошлади. У кўзини юмиб олди. Кўз олди қоронғилашди. Бирдан ёп-ёруғ нурли ҳудуд пайдо бўлди. У ёруғликка ўтди. Чўчиб кетганидан кўз олдига Зарбибининг уйи келди. Кўзини очиб… ўзини синглисининг уйида кўрди. Шунда, маржон ёрдамида кўп ишларни қила олишини тушунди. Ҳозир бошида оғир ташвиш билан Зарбибининг уйида ўтирар экан, ана шулар хаёлидан ўтди. Қишлоққа тун пардасини ёя бошлаганда Забаржад бир қарорга келди.
– Манга ҳовлидаги сўрига жой сол, – деди синглисига.
– Кечаси салқин-ку, биби?
– Тоғни ҳавоси даво.
– Майлига, ман ҳам ёнингизда ётаман.
– Йўқ, Зарбиби, сан уйда ёт!
Опаси илгарилари ҳам бир ўзи ташқарида ётарди. Унинг қизиқ-қизиқ одатлари бор. Шунинг учун Зарбиби индамай, кўнди. У опасининг тирик қолганига минг бор шукур қилар, нима деса шунга рози эди. Ҳовлидаги сўрига жой солди. Забаржадга хайрли тун тилаб, хонага кириб кетди.
Забаржад бошини ёстиққа қўйиб ётиб ухлаб қолди. Тун ярмида терлаб, босинқираб уйғонди. Тоғли қишлоқда асад ойининг салқин тунлари бошланганди. Рутубатли тоғ ҳавоси хуш ёқди. Ўша даҳшатли кечадаги тўлиной ҳамон фалакда осилиб турибди. Кўз олдига бувиси келди. Катта оқ рўмол ўраган, боқишлари тийрак кампир хаёлида қўрғошиндек ўрнашиб қолган. Ўшанда у юз ёшдан ошганди. Фикри тиниқ, хотираси кучли эди. Набираларидан Забаржадга алоҳида эътибор билан қаради. Имкон топди дегунча ёнига чақириб фол кўришнинг сир-синоатларини тушунтирарди. Йиллар ўтиб Забаржад кўҳлик, бўй етган қизга айланди. Бу пайтда бувисининг анча-мунча «сир»ларидан воқиф эди. Кекса момо кучдан кетиб, тўшакда ётиб қолган кунларидан бирида Забаржадни ёнига чақирди:
– Бўйнимдаги маржонни ол! – деди.
– Моможон, керакмас! – Забаржад титраб кетди.
– Вақт етди, айтганимни қил!
Забаржад сариқ-яшил шаффоф тошлардан тизилган маржонни бувисининг бўйнидан ечди.
– Тақиб ол!
У қўллари қалтираб, маржон шодасини бўйнига тақди.
– Ҳеч нарса сезмадингми?
– Йўқ.
– Ҳали ўзинг ҳаммасини билиб оласан. Бу тошларнинг номи «забаржад».
– Моможон?!
– Қўрқма, ман айниб қолганим йўқ. Забаржад ман эмас, мана шу тошлар аслида. Бу исмни момом берган. Айтганки, бу соҳир тошлар гардундан[9 - Гардун – фалак, осмон.] ёғилган. Унинг эгаси фол кўради ва… уёғини билмайман. Уни билиш балки санга насиб қилар. Маржонни ҳеч қачон бўйнингдан ечма! Нима ҳодиса юз берса ҳам қўрқма, забаржад тошлар сани асрайди. Билиб қўй, маржонни қудрати чексиз. Ман уни доим сезиб турганман. Мани асрагани етар. Энди санга…
Бувиси чуқур «уф» тортиб, кўзларини юмди. Забаржад «Момо, моможон!», дея додлаб юборди.
У момосининг исми Забаржад эканлигини ўшанда билди. Унга ҳам шу исмни қўйган экан.
Забаржад шуларни эслаб дадил ўрнидан турди. Эгнига қора нимчасини кийди. Бошига катта кўк рўмол ташлади. Қумғондаги сувда юз-қўлини ювди. Кейин дарвозани овозсиз очиб, чиқиб кетди.
Харсангтош ортида
У тоғ томонга юрди. Кеча ойдин. Тўлишган моҳитобнинг сирли ёғдуси йўлларини ёритди. Шу ёғду билан тўғрига кетаверди. Анча юриб, таниш харсангтошга етганда тўхтади.
Харсангтошнинг атрофида на бирор бута, на бир дарахт бор эди. Йўғонлиги икки қулоч, бўйи тўрт-беш одам бўйи келади. Баҳайбат тошни юқорисида бир қулоч катталикдаги доира тешик бор. Тешикдан увиллаб шамол ўтиб турибди. Гоҳ чақалоқ йиғисига, гоҳ аёл фарёдига ўхшаш овоз эшитилади. Бу овоз одамни ваҳимага соладиган, ҳеч қандай оҳанг билан қиёслаб бўлмайдиган ғайриоддий куйга айланди. Забаржадни бўйнидаги маржони қизий бошлади. Кўзини юмиб, қоронғиликка кирди. Кейин ёруғликка сизиб ўтди. Бир-бир қадам ташлаб харсангтош ортига юрди. Ўнг қўли билан муздек тошни ушлаб узоқ-узоқларга термулди. Фикран Эшқулни қиёфасини тасаввур қилди. Забаржад қараб турган ҳудуд ёришиб, эски енгил машинада тоғ томонга келаётган Эшқул билан Ризо кўринди. Машинани Ризо бошқарарди.
– Кампир тириклигини қаёқдан билдинг? – деди Эшқул.
– Кира қилиб юрганимда йўловчилар гапиришди.
– Ишни хом қилган экансан-да?!
– У ўлганди, аниқ биламан! Юраги урмаётганди, баданиям совиб қолди. Кампирни фолбин, дейишганди. Бир балоси бор экан-да?!
– Энди, чала ишингни ўзинг битирасан! Синглиси билан кетибди, дедингми?
– Аниқ, синглиси билан. Тоғ томонга, уни уйига. Мугатлардан битта мижозим бор. Ҳар куни шаҳарга олиб бораман, косиб йигит, сапожник, ўша айтди.
Эшқул ёмон сўкиниб, тиззасига шапатилади.
– Агар хабар қилган бўлса, санам, манам чиққан жойимизга кетамиз, узо-оқ срокка!
– Нафасингни иссиқ қил!
– Нима, пешанангни силашадими?
– Жим бўл! Блокпост!
Забаржад улар ўзини излаб келишаётганини тушунди. Ой тўлишган тунда, харсангтош ортидаги сирли жойда маржон унга мислсиз катта қувват бағишлади. Ҳозир Забаржаднинг имкониятлари чексиз. Истаган ерига фикран, ҳам жисман бора олади. Хоҳлаган одамига таъсир ўтказади. Ўша, даҳшатли тунда шундай қилолганидами?! Сафар беги тирик қоларди…
Забаржад нажот йўлини излади. Фикр кўпириб-тошаётган дарёдек қуйилиб келарди. Ризони машинасидан синглисининг уйигача бўлган йўлни бир зумда кузатиб чиқди. Топди! Йўлда «блокпост» бор. Нажот ана шу жойда! Блокпостда беш-олти нафар махсус кийим-бошдаги хизматчилар туришибди. Забаржад улардан ёши каттасини танлади: шуниси бошлиқ бўлиши керак. «Катта»га фикран таъсир эта бошлади. У безовталаниб қолди. Йўлда Ризо бошқараётган «Москвич» елиб келарди.
– Машинани тўхтатиб, текшир! – деди постдаги йигитга.
– Нима гап, ўртоқ командир?
– Ҳеч гап йўқ. Бир нарсани сезгандек бўляпман. Ит билан текшир!
Олча рангли эски «Москвич» «Stop» белгисида тўхтади. Постдаги сержант «жезл» таёғини кўтарди. У ўзини таништириб, ҳайдовчининг ҳужжатларини сўради. Ризони ранги оқариб кетди. Қўли қалтираб, техник паспорт билан ҳайдовчилик гувоҳномасини узатди. Бу пайтда иккинчи хизматчи ит билан машинага яқинлашди. Ит бирдан ҳайдовчининг ёнида ўтирган Эшқулга ташланди. У кабинага ётиб олиб, «итингни ол!» дея қичқира бошлади. Шу пайт яна икки нафар форма кийган милиция ходимлари келишди.
– Машинадан туш! – деди улардан бири Эшқулга.
Эшқулни бўйсунишдан бошқа иложи қолмади. Кабинадан чиқиб, икки қўлини машинага қўйиб турди. Сержант касбига хос чаққонлик билан чўнтакларини бир-бир пайпаслаб чиқди. Шимининг чап чўнтагидан гугурт қутисини олганда ит занжирини узгудек бўлиб сакрай бошлади. Сержант гугурт қутини очиб, ундаги қўнғир рангли кукунни ҳидлади.
– Наша экан, – деди.
Эшқулни тишлари ғижирлади. Энкайиб турганича жон-жаҳди билан машинани бир урди. Ўша заҳоти бақувват йигитлар қўлига кишан уришди. Ризога машинани четга олиш буюрилди.
Забаржад умрида одамларга ёмонлик қилмаганди. Эшқул билан Ризонинг ҳолини кўриб, иккиланди: «Тўғри қилдимми? Уларниям бола-чақаси бордир. Жабр бўлмасмикин?». Бу ўй унга тинчлик бермади. Фикран Эшқулни уйини излай бошлади. Кейин, харсангтош ортида йўқ бўлиб қолди.
Олмагул
Эшқул Қирорти қишлоғилик эди. Бу қишлоқ Забаржадни уйидан беш-олти чақирим нарида. Унга баланд-баланд қирлар ошиб борилади. Катта йўлдан овлоқда жойлашган.
Эшқулнинг уйи қишлоқ четида экан. Кўҳна пахса деворга темир дарвоза ўрнатилган. Забаржад бўёқ кўрмай занглаб кетган дарвозани тақиллатганида тонг ёришганди. Ичкаридан ёш келинчак чиқди. Лўли кампирни кўриб иккиланиб қолди.
– Қизим, ман фолбинман. Чарчаб қолдим. Рухсат берсанг, бироз дам олай? – деди Забаржад.
– Киринг хола, – келинчак йўл берди.
Забаржад унинг ортидан юрди. Бу ҳовли қишлоқдаги сўлим, файзли хонадонларга ўхшамасди. Каттагина саҳнга дарахт, ҳатто ток экилмаган. Кетмон тегмаган ер қақраб ётибди. Ҳовли тўрида бир туп ўрик ўсган. Остида беўхшов ёғоч сўри. Забаржад сўри четига ўтирди. Қўлини фотиҳага очиб, дуо қилди. Бинафша гулли кўйлакдаги, яшил шоҳи дурра ўраган келинчак хомуш эди. У ўрнидан қўзғалди.
– Ўтир, қизим, – деди Забаржад. – Исминг нима?
– Олмагул.
– Ҳаётинг яхши эмас экан.
Олмагул бошини кўтармай ўтирарди.
– Хўжайин келиб қолади, – деди секин.
– Келмайди!
– Сиз қаёқдан биласиз?
– Ман фолбин-ку, қизим. Уни яхши кўрасанми?
– Қўрқаман… Қўрқаман, хола, жудаям қўрқаман! Умримни хазон қилди!
Олмагул йиғлаб юборди. Кўз ёшини рўмолининг учи билан артиб, Забаржадга қаради:
– Дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Юрагим зардобга тўлди. Яшагим келмаяпти, хола! – Унинг кўзларидан дув-дув ёш қўйилди.
– Ундай дема, қизим. Сан ҳали ёшсан. Қўлингни берчи манга?
Олмагул ўнг қўлини узатди. Забаржад унинг кафтини силади.
– Дардинг арийди, болам.
– Йўқ!
– У сани зўрлаб олган.
– Қаёқдан билдингиз?
– Манга айтиб бер, юрагинг бўшайди.
– Айтмаганимдаям бутун қишлоқ билади, хола! Юзим қора мани, – пиқиллаб йиғларди Олмагул.
– Ота-онанг яхши одамлар экан.
– Уларнинг бошлари эгилди. Пешанам шўр экан… Ўша куни уйда ёлғиз эдим. Кун кеч бўлиб қолганди. Эшқул пойлаб юрган экан. Ҳеч ким йўғида кириб келди. Кўзлари қип-қизил. Мастга ўхшарди. Қўрққанимдан овозим чиқмай қолди. Уйга қочиб кирдим. Эшикни беркитолмадим. У орқамдан кирди. Ўзимни деразага отдим. Ушлаб олиб бошимга мушт туширди. Ўзимдан кетиб қолибман. Белимдаги қаттиқ оғриқдан ҳушимга келдим…
Олмагул икки кафтини юзига босиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. «Йиғлаб ол, енгил тортасан» деди кўнглида Забаржад. У юрагидаги бор аламини тўкмоқчидай анча пайт йиғлади. Кейин кафтларини юзига босиб, оққан ёшларини сидирди-да, давом этди:
– Қип яланғоч Эшқул устимда ётарди… Кейин… «энди мен билан юр, уйимга олиб кетаман, бошқа иложинг йўқ» деди. Уни айтганини қилдим. Нима деса шуни қилдим. Икки ой бўлди, аҳвол шу. Отам билан онам ҳам адо бўлишди.
– Уч кун аввал тунда қаерда эди?
– Ризо деган шериги бор. Уям шу қишлоқда туради. Иккаласиям қамалиб чиққан. Ўша билан кетганича саҳарда кириб келди… Нега сўраяпсиз?
– Керак, болажоним, керак. Қўлида нима бор эди?
Олмагул Забаржадга ажабланиб қараб қолди.
– Қопчиқ бор эди, – деди. – Омборга олиб кириб кетди. Унда нима бор? Кўрайми?
– Одамлар келиб сўрашса, кўрсатасан. Ўзингни қўлга ол, қизим. Ақл билан иш қил.
Забаржад фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. Олмагул нима дейишни ҳам, нима қилишини ҳам билмай ўсал бўлиб қолди. Фолчи кампир дарвоза томонга юриб, кўринмай кетди.
Жиноят фош бўлди
Забаржад Эшқулнинг ҳовлисидан чиқди. Тонг отиб, қуёш заррин нурларини қишлоққа ёйиб улгурганди. Қирорти қишлоғи эрта уйғонади. Чўпон йигит подани қирга ҳайдаб кетди. Сигирлар ортидан вовуллаб югурган итлар Эшқулни уйидан наригача бориб, тўхташди. Бир-икки ҳуриб, қишлоққа қайтишди. Итлар йўл четида тикилиб турган мугат кампирга қараб ҳам қўйишмади. Забаржад қирлар ўртасидаги йўлга тикилиб қолди. Йўлдан иккита машина елиб келарди.
Машиналар Эшқулни дарвозасига келиб тўхташди. Улардан форма кийган милиция ходимлари, фуқаро кийимидаги икки нафар йигитлар тушишди. Охирида қўллари кишанланган Эшқул, унинг орқасидан Ризо чиқди. Уларни аввалги «кишнаб» юришларидан урвоқ ҳам қолмаганди. Эшқул кўзларини ола-кула қилиб дарвозасига тикилди. Кўк катак кўйлаги ғижимланган, сочи тўзғиган, лабини қимтиб, алам билан тишларини ғижирлатди. Малла Ризони аҳволиям уникидан яхшимас. Билагидаги кишан бўйнидан ҳам бўғаётгандек оғзини очиб турибди. Милиция ходимларидан бири дарвозани тақиллатди. Кўзларини катта-катта очиб, ажабланганича Олмагул чиқди. Милиция ходимларини кўриб қўрқиб кетди. Эшқулга кўзи тушиб, орқага тисарилди.
– Келин, уйда ким бор? – деди фуқаро кийимидаги ходим. – Мен терговчиман. – У гувоҳномасини очиб кўрсатди.
– Ҳеч ким, – деди Олмагул қўрқа-писа Эшқулга қараб.
Эшқул юзини бошқа томонга бурди. Терговчи Олмагулга уйни тинтишга рухсатномани кўрсатди.
Қўни-қўшнилар йиғилиб қолишганди. Забаржад уларга қўшилиб кетди. Эшқул билан Ризони дарвозадан ичкарига олиб кириб кетишди. Йиғилган одамлар ҳам уларга эргашишди. Ҳеч ким қаршилик қилмади. Ҳовлини ўртасида уларни тўхтатишди.
– Илтимос, шу ерда тура туринглар, – деди милиция кийимидаги йигит. – Уй тинтув қилинади. Гувоҳлар керак.
Олмагул ҳамқишлоқларидан уялиб, хонасига кириб кетди.
– Эшқул, ўзинг кўрсат, нима бор? – деди терговчи. – Терговга ёрдам берсанг ҳисобга олинади. Буни яхши биласан.
– Ҳеч нарса йўқ, – деди тўнғиллаб Эшқул. – Нашани ўзим чекаман. Бошқа ҳеч вақо йўқ. Бўйнимга илолмайсила!
– Кўрамиз, қани бошланглар-чи, – деди терговчи.
Тинтув бошланди. Бироз вақт ўтиб чордоқдан бир қучоқ қурий бошлаган ўтни улоқтиришди.
– Бу, наша ўсимлиги, – деди терговчи. – Далолатнома тузинглар. Гувоҳлар имзо қўйишсин.
Бир йигит суратга тушира бошлади. Забаржад ўзини панага олди. У Олмагулни кутарди. Унинг омборхонадаги пул тўла қопчиқни кўрсатиши муҳим эди. Лекин Олмагул уйдан чиқавермади. Забаржад тинтув қилаётган йигитлардан бирига тикилиб қолди.
– Ўртоқ командир, омборни очиш керак, – деди у.
Олмагулдан калитни олиб чиқишди. Омборда синчковлик билан тинтув бошланди. Ниҳоят, оқ қопчиқни топиб чиқишди. Ўша заҳоти гувоҳлар иштирокида қопчиқ очилди.
– Бу қандай пул? – деди терговчи Эшқулга.
– Пулдақа пул, ўзимни йиққан пулим.
– Уч кун аввал қўшни қишлоқда мугат чол ўлдириб кетилганди. Уни уйидан ҳудди шунга ўхшаш қопчиқдаги пул йўқолган?
– Ҳеч қандай мугат чолни билмайман! – Эшқулнинг ранги оқариб кетди.
– Келинни чақиринглар, – деди терговчи.
Уйдан кўзи ёшланган Олмагул чиқди. У қалтирар, одамларнинг кўзига қаролмасди.
– Бу кимники? – қопчиққа ишора қилди терговчи.
Олмагул пиқиллаб Эшқул томонга ишора қилди.
– Эшқулники, шундайми?
– Ҳа.
– Қачон олиб келган?
– Ўтган куни, саҳарда.
Эшқул бирдан Олмагулга ташланди:
– Онангни…
Уни милиция ходимлари ушлаб қолишди. Олмагул дафъатан нима бўлганини тушунолмади. Эшқулнинг важоҳатидан қўрқиб ўзини ташлаб юборди. У ҳушидан кетганди. Одамлар орасида шов-шув бошланди. Ўрта ёшлардаги икки аёл югуриб келиб Олмагулни кўтариб олишди. Уни ўрик остидаги сўрига ётқизишди. Шу пайт дарвозадан бир эркак билан бир аёл кириб келишди. Одамлар издиҳоми икки четга сурилди. Эркак «Топганингни онасини…» деб қўлларини мушт қилиб олдинга ташланди. Сўрида беҳуш ётган Олмагулга кўзи тушиб тўхтади. Ёнидаги аёл бирдан Эшқулнинг юзига чанг солди.
– Номард, боламни нима қилдинг?! Падарингга лаънат! Отанг ҳам қишлоқни булғаганди, сенам итлик қилдинг, уйинг куйгур!
Милиция ходимлари тўхтатгунларича у Эшқулнинг башарасини юлиб ташлади. Юзидан қон оқаётган Эшқул ўзини орқага олди.
– Баттар бўл! – деди одамлар орасида турган қари кампир. – Йигит ўлгур, гулдек қизни хор қилдинг!
Бу гапни эшитиб Олмагулнинг отаси аламдан ўкириб юборди. Яна Эшқулга ташланди. Унинг йўлини милиция ходимлари тўсишди.
– Амаки, ўзингизни босинг, – деди ёш сержант. – У қилмишига лойиқ жазо олади.
– Бутун қишлоққа шарманда қилди, бўйнимни букди, итвачча!
Ота бошига муштлаб йиғлаб юборди. Икки эркак келиб уни қўлтиғидан олиб кетишди.
Қопчиқдаги пулга ҳам далолатнома тузилди. Омборхона билан қўшиб суратга туширишди. Шундан кейин милиция ходимлари Эшқул билан Ризони олиб чиқиб кетишди.
Бу пайтда Олмагул ўзига келиб қолганди. Ўрик остидаги сўрида карахт ҳолатда ўтирарди.
– Бор, кийимларингни олиб чиқ, – деди онаси. – Қорнимга сиққан уйимгаям сиғасан. Елкангни чуқури кўрсин бу гўристонни. Уруғини уйи куйсин! Бўйни узилмаса розимасман…
Аёл яна узоқ қарғади. Йиғилиб ётган аламларини айтиб йиғлади. Юрагидаги мадда бойлаган яра ситилиб чиқарди гўё. Ҳамқишлоқлари аҳволини тушуниб жим қараб туришарди. Бу пайтда Забаржад одамлар орасидан сирғалиб чиқди. Унга ҳеч ким эътибор бермади. Узун қора либосдаги мугат кампир қир томонга юрди. Энди бу ерда қиладиган иши қолмади. Кўнглида ёқимли енгиллик ҳис қилди. Бўйнидаги маржонини силаб, алланималар дея пичирлади.
У яна харсангтош ортида пайдо бўлганида асат ойининг қуёши тоғу тошларни қиздирарди.
Эркин
Вақт тушга яқинлашди. Забаржад оч, чарчаган бўлишига қарамай енгил одимлаб қишлоқ томонга юрди. Мугатлар қишлоғида ҳар кунги ҳаёт давом этарди. Кимдир эшак аравада салом бериб ўтиб кетди. Оқ яктакли бир киши иккита қўчқорини дарвозадан киритолмай ҳалак. Ажириқ ўсган ерга бағрини бериб, тилини осилтириб ётган катта олапар ит ўйноқлаётган қўчқорлардан безор бўлиб, ўрнидан турди-да, нари кетди.
Зарбибининг дарвозаси очиқ экан. Забаржад кириб келганида хонада Зарбиби билан унинг тўнғич ўғли Эркин хомуш ўтиришарди. Эркин сакраб ўрнидан турди.
– Холажон, бормисиз?! – деди қувониб истиқболига чиқаркан.
Эллик ёшлардаги, соч-мўйлови оқара бошлаган девдек эркакни ёш боладек қувониши Забаржаднинг кўнглини бузди. Ўзини тошдек тутиб юрган кампир мумдек эриди. Кўзларидан дув этиб ёш қуйилди.
– Сандек жияним бўлганидан кейин бор бўламанда, – деди елкасидан олиб кўришаркан.
– Бибижон-ей, мани музтар қилдингиз? – дея Зарбиби ҳам ўрнидан турди. – Йўқлигингизни кўриб, кутдим, кутдим-да, охири чидай олмадим, Эркинимга ичимни ёрдим… Хато қилибманми?
– Йўқ, хато қилмагансан.
– Бир гап бўлдими?
– Бўлди, Зарбиби, бўлди бир гап.
– Айтинг, ахир юрагим ёрилиб кетади?!
– Язнангни қотиллари топилди.
– Ё Худо! Ким экан у иймонсизлар?
– Зарбиби, кўрмаяпсанми, ҳолдан тойганман, йиқилай деяпман. Чой-нонингни обкел?
– Ҳозир, бибижон, ҳозир! Мангина ўлай! Сизни кутавериб миягинам айниб қолибди…
Зарбиби яна алланималар дея жавраганича чиқиб кетди.
– Ўтиринг, хола, – деди Эркин ҳануз тик турган Забаржадга.
Забаржад «Худога шукур!», дея кўрпачага ўтирди. Эркин ёстиқ устидаги елпиғични олиб уни елпиди.
– Борлигингга шукур, – деди Забаржад жиянига меҳри товланиб. – Сан хафа бўлма. Ҳозирча тириклигимни ҳеч ким билмагани маъқул эди. Шунинг учун ҳеч кимга айттирмадим.
– Ман сизни ташлаб қўярмидим, холажон?!
– Бола-чақангни ўйладим. Биламан, апангниям, маниям бировга хафа қилдирмайсан. Лекин, улар одам эмас, улар – илон! Ундайларнинг на миллати, на жинси бор. Қоп-қора юракларига банг[10 - Банг – гиёҳванд модда демоқчи.] билан қувват берадилар. Улардан бизгина эмас, қўни-қўшнилари, ҳамқишлоқлариям жабр кўрдилар. Энди жазоларини олишади.
Хонага Зарбиби кирди. Хонтахтага дастурхон ёзиб, тўртта иссиқ нон қўйди.
– Тандирга нон ёпиштиргандим, – деди. – Қизариб пишибди. Сизнинг насибангиз-да, бибижон. Нон азиз, азиз нон билан кириб келдингиз. Бундан буёғи хайрли бўлади.
– Чой қайнадими, апа? – деди Эркин уни гапдан тўхтатиш учун.
– Ҳозир, мангина ўлай, яна тандирни оғзини беркитмабман-ку? Семиз товуғимни аёғи куяди-я!
Эркин билан Забаржад бир-бирларига қараб кулиб қўйишди. Зарбиби чой дамлаб кирди. Забаржад кетма-кет икки пиёла чой ичди, иссиқ нондан еди. Синглиси билан жияни унинг оғзини пойлашарди. Буни сезиб, қисқагина тушунтирди:
– Қотиллар Қирорти қишлоғидан экан. Пул учун босқинчилик қилишган. Мани ўлган, деб ташлаб кетишганди. Тириклигимни билиб қолишибди. Буёққа келаётганларида мелисалар ушлашди.
– Бечора язнамни қотиллари қўлга тушдими?
– Ҳа.
– Ё тавба! – деди Зарбиби кўзларини ола-кула қилиб. – Ҳаммамизни Худо асрабди.
– Шундай. Эрта саҳарлаб йўлга чиқамиз. Эртадан кейин бегимнинг худойисини ўтказамиз.
– Ухлайсизми? – деди Эркин холасига ачиниб.
– Йўқ, бироз ўтирайлик.
– Майли.
– Укаларингни аҳволи қандай? Уларга қараб турибсанми?
– Қараб турибман, хола. Тўртта укам фермерда ишлайди.
– Эркингинам укаларига бош, худога шукур, – дея қўшимча қилди Зарбиби.
– Фермер ойлик тўлайди, – деди Эркин. – Бир тоннадан буғдой ҳам берди. Буғдойдан бўшаган ерга маккажўхори экиб олишади.
Забаржад кўзини юмиб олди.
– Эркин, ўғлинг келопти, – деди туйқусдан.
– Қайси ўғлим? – Эркин ажабланди.
– Эрмамат, армиядаги кенжа ўғлинг.
– Ий-е, ҳали вақт бор келишига. Қишда келади у.
– Чиқ, у келди. Эрмамат армияни тугатиб, мелисага ишга киради.
– Йўғ-е, хола?
– Отпускасида уйлантирамиз, тақдирига ёзилган қиз бор.
Бу гапларни эшитиб Эркин каловланиб қолди. Шу пайт деразани кимдир чертди.
– Момо? – деган овоз эшитилди.
– Эрмамат-ку! – Эркин сакраб ўрнидан турди.
Зарбиби эшикни очишга улгурмади. Аскар кийимида Эрмамат кириб келди.
– Ман келдим, момо!.. Ата! Катта момо, сиз ҳам шу ердами? Зўр-ку!
Эрмамат кулар, ҳаммани бир-бир қучоқлаб ўпарди.
– Момомни дарвозаси очиқ экан, шу ерга кирдим, – деди у оппоқ тишларини ялтиратиб куларкан.
– Тўғри қилгансан, – деди Эркин ўғли билан фахрланиб, – аввали момонг, ундан кейин ман тураман.
Бу гапни эшитиб Зарбиби кўзига ёш олди.
– Эркиним, тўнғичим, бегимдан ёдгорим, – деди енги билан кўз ёшларини артиб .
– Чегара бузувчини тутиб олдим, – деди Эрмамат самимий жилмайиб. – Шунга мукофотлаб, таътил беришди.
– Биз ҳам сани мукофотлаймиз, – деди Забаржад. – Уйланасан!
Эрмамат ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Бу гап ҳазилми ё чинлигини билолмай, кулди.
– Ўғлимни тақдирига ёзилган қиз ким, хола? – деди Эркин.
– Кимлигини кейин айтаман. Фақат билиб қўйинглар, иймонли инсонлар муҳтожларга, йўлда қолган бахти қароларга моли ва жони билан ҳам ёрдам беради. Шундай одамни иши ўнгидан келади, ҳаёти фаровон бўлади. Қари фолбиннинг гапига ишонинглар, болаларим!
Эрмамат бошини эгганича Забаржаднинг гапини тингларди. Унинг очиқ чеҳраси, ҳарбий кийимдаги бақувват гавдасига қараб отаси ҳам ўй суриб қолди. Зарбиби опасининг гапларини қувватлади:
– Бибижон ҳеч қачон хато гапирмаган. Бу гапларда ҳам бир ҳикмат бор, ҳа!
Улар Эрмаматни сўроққа тутиб кунни кеч қилишди. Айниқса, Зарбиби неварасининг олдидан жилгиси келмасди. Унга Эрмаматнинг ҳарбийда нима билан шуғуллангани, қандай овқатлар егани, ўртоқлари кимлиги, бари-бари қизиқ эди. Эрмамат Сафар дадасининг фожиали ўлимини эшитиб қаттиқ қайғурди. Ғазабдан титраб, қотиллардан ўч олишга тайёрлигини билдирди. Уни Забаржад овутди:
– Қотилларнинг жазосини Худо берди, – деди. – Ман унинг бир бандаси, сан ҳам, ўғлим!
Уйқуга ётишдан аввал тонгда йўлга чиқишга келишиб олишди.
Узук
Забаржад охирги уч кунги воқеалар таъсирида ниҳоятда ҳолдан тойганди. Бунинг устига фолчилик (у фикран ва жисман ғайриоддий сафар қилишларини шундай атарди) катта қувватини олди. Ниҳоят, бу тун тинч ухлади. Тонг ёришганида тиниқиб уйғонди.
Зарбиби аллақачон йўл тадоригини кўриб ғимирлаб юрарди. У таҳорат олиб, бомдод намозини ўқиди. Ҳовлига чиққанида дарвоза очилди. Эркин билан Эрмамат киришди. Бўйлари бўйларига тенг ота-болаларни кўриб Забаржаднинг кўнгли кўтарилди.
– Яхши ётиб турдингизми, момо? – дея Эрмамат унинг олдига келиб елкасини тутди.
Эркин ҳам жилмайиб салом берди. Ҳаммалари бошлашиб уйга киришди. Зарбиби дастурхон ёзиб, чой дамлаб қўйган экан. Ўтириб, бирга чой ичишди. Улар шошилишарди. Забаржад дастурхонга фотиҳа қилган ҳамон ўрниларидан туришди. Дарвозани қулфлаб, йўлга тушганларида энди тонг ёриша бошлаганди.
Қишлоқ тонгининг ҳавоси дилни яйратади. Забаржад, Зарбиби, Эркин ва Эрмамат икки тарафи ажириқзор, жинғил буталари ўсиб ётган сўқмоқдан катта йўлга қараб кетишди.
Бекатга етиб келганларида биринчи автобус ғизиллаб келиб тўхтади. Ҳаммалари автобусга чиқишди. Автобусда одам сийрак эди. Кимдир мудраб, кимдир ойнага термулиб жимгина боришмоқда. Забаржаднинг ёнида ёш келинчак ўтирарди. Тиззасида тўрт ёшлардаги боласи. У мунчоқ кўзларини катта-катта очганича ажабланиб Забаржадни кузата бошлади. Забаржад боланинг укпар қадалган дўпписини тўғирлаб қўйди.
– Ана шундай, болам, – деди пешонасини силаб.
Келинчак ҳам Забаржадга тикилиб қолган. Унинг ичида бир нима тўлқинланар, сиртига чиқаролмай қийналмоқда эди.
– Бувингга салом бер, ўғлим, – деди овози титраб.
Бола қўлини Забаржадга узатди. Забаржад қўлидан ўпиб қўйди.
– Хола, бизни танимадингизми? – деди келинчак.
– Танидим, балам… Ўғлингни асраб қолдинг. Умри узоқ бўлсин.
– Ўша куни, сиз «болангга хатар бор» деб йўлдан қайтарган кунингиз…
У бироз жим бўлиб, икки кафтини юзига босди. Ўғлини қучоқлаб ўпди. Бола онасининг қўйнидан қутилишга уриниб типирчилади. Келинчак боланинг бошини силаб тинчлантирди. Кейин гапида давом этди:
– Ўша куни дуч келган машинага ўтириб уйимга қайтдим. Қишлоққа етгунимча титраб-қақшаб, юрагим шошиб бордим. Машинадан тушибоқ югуриб кетдим. Дарвозамизга етай деганимда кўчадан пода ўтаётганди. Уйдан болам чиқиб қолди. Эгнига отаси олиб келган қизил майка-иштонни кийдириб қўйишибди. Қизил рангни кўриб подадаги ола буқа сакрай бошлади. Бир лаҳзада подадан ажралиб чиқди-да, бола томонга югурди. Буқа ўғлимга ташлангунича қандай қилиб учиб борганимни билмайман. Уни қучоқлаб, ўзимни дарвозага урдим! Худо асради! Сиз туфайли болам тирик қолди!
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/abduzhalol-rahimov/mugat-folbin-69875617/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Марказий Осиё лўлилари ўзларини мугат, (муғ-оташпараст) деб аташади.
2
Оҳ, бегим, нима бўлди?!
3
Ико – ука.
4
Биби – опа.
5
Язна – почча.
6
Хохар – сингил.
7
Аҳмад Яссавий, «Девони ҳикмат», 132-ҳикматдан.
8
Овқатдан олинг, опа.
9
Гардун – фалак, осмон.
10
Банг – гиёҳванд модда демоқчи.