Дарё
Абдукаюм Йулдошев
Ҳаёт оқар дарёга қиёс, дарё ҳам ҳаёт мисоли буҳронли кечади – тўфонлари бор. Ана шундай шиддатли оқимда инсон ўз феъл-атвори, ўй кечинмалари, хатти-ҳаракатлари, орзу, армонлари билан оқади, яшайди.Абдуқаюм Йўлдошевнинг "Дарё" романида бугунги кун нафаси билан яшаётган, тақдир йўллари бир-бири билан баъзан туташган, баъзан айро тушган қаҳрамонлар ички кечинмалари турфа воқеликларда тасвирланади. Улар биз каби ҳаётга талпинадилар, кундалик ташвишлар ичида қолиб қийналадилар, муаммоларга ўралашадилар, шунингдек, қувончли онларни ҳам бошдан ўтказадилар. Бу қаҳрамонлар бизга ҳаётий сабоқ бермоқликни истаган устоздек кўз ўнгимизда жонланадилар. Эртанги кунга бўлган ишонч ва умидни уйғотадилар. Роман ўқувчига ҳақиқий мутолаа завқини беради.
Абдуқаюм Йўлдошевнинг
Дарё
ОДАМИЙЛИК ДАРЁСИ ҚАРҚИНИ
Болалиги ва ёшлиги кечган макон ҳар қандай одамнинг ҳаётида ҳам катта ўрин тутади. Униб-ўсган жой кишининг нафақат хотираси, балки табиатида бир умр ўчмайдиган из қолдиради. Бундай из, айниқса, ижодкор шахсиятларда чуқурроқ бўлади. Улғайган макон санъаткор учун фақат вужудини етилтирган жуғрофий маскангина эмас, балки шахсиятига хос сифатларни шакллантирган маънавий қайноқ ҳам саналади. Шу сабаб барча санъаткорлар илк бор олам ва одамлар билан танишган, дунё ва ундаги нарса-ҳодисалар тўғрисида дастлабки тасаввурлари юзага келган маконга кўзга кўринмас иплар орқали боғланган бўлади. Шундан бўлса керак, ўткир сюжетли қисса, ҳикоя ва романлари билан ўқирманлар эътиборини қозониб келаётган ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош ҳам умрининг асосий қисми кечган ва ҳамон кечмоқда бўлган Сирдарё ҳамда унинг одамларини кўплаб асарларида бот-бот тасвирлаб келарди. Ижоди гуллаган даврда «Дарё» отлиғ роман ёзиб, фарзандлик муҳаббатини йирик жанрдаги асари орқали билдирибди. Лекин бу битик муаллифнинг униб-ўсган юртига ёлғиз эътирофидангина иборат эмас, балки унда ёзувчини безовта қилган, ўйлантириб юрган қатор ижтимоий-маънавий муаммолар инсоний тақдирлар орқали акс эттирилган.
Роман «Дарё» деб номланган бўлсада, унда Сирдарёнинг турфа табиати тасвир қилиниб қолмай, кўпроқ дарёга қай даражададир тегишли бўлган одамларнинг чигалдан-чигал ва бетакрор қисматлари акс эттирилган. «Инсон бир дарё кабидир, сатҳи кўриниб туради, тубида не бўронлар қўпар, не пўртана-лар тошар, сўзламас, жимгина оқарда кетар…», – дейди ҳазрат Румий. Ёзувчи дарёга дахлдор одамлар руҳияти ва ўзаро муносабатларида сиртдан кўзга ташланмайдиган пўртанаю бўронларни бор кўлами билан акс эттиришга уринган. Абдуқаюмнинг кўпчилик асарлари сингари киши руҳиятини қамраб оладиган тезкор сюжет асосига қурилган «Дарё» романи ҳам шавқ билан ўқилади. Бунга асар сюжети ривожидаги қарқин (шиддат), ёзувчи тилининг жозибадорлиги ҳамда роман вужудига сингдириб юборилган адоқсиз дардчил юмор туфайли эришилган.
Ёзувчининг дарё тимсолидан воқеалар кечадиган жуғрофий маконгина эмас, балки асар ритмикасини белгилаш воситаси сифатида ҳам фойдалана билгани, айниқса, ўзгача жозиба бахш этган. Бутун асар давомида дарёга хос долға, қудрат, кўлам, кенглик, сокинлик сингари жиҳатлар бадиий тасвир талабига мувофиқ ўрни билан бирма-бир намоён бўлади. Бошқача айтганда, тўхтовсиз оқаётган дарёга хос турлича маром битикнинг ички мусиқасини ташкил этади.
«Дарё» романидаги Рустам, Дилобар, Толян, Тош тимсолларини ўзбек адабиёти учун том маънодаги янгилик бўлган персонажлар дейиш мумкин. Адабиётимизда нафс қутқусига учган кимсалар кўп тасвирланган. Лекин кўпинча бундай тимсоллар тасвирида ўзига хослик, бетакрорлик, уларни ёвузлик сари ундаган омиллар табиийлиги етарлича кўрсатилмасди. Ушбу романдаги ҳар бир тимсол ўзига хос қайтарилмас жонли одам сифатида тасвирлангани боис уларнинг тутумлари ўқирманни ишонтирибгина қолмай, ўз тақдирларига шерик ҳам қилади.
Болалар уйида вояга етгани, ҳеч кимдан меҳр кўрмай ўсгани сабаб ҳаётдан норози, одамлардан аламзада, нафси етовида ҳаром-хариш йўлларда юриб бедаво спид касалига йўлиққан Тожибой (Толян)нинг: «Нима учун энди мен айни кучга тўлган, навқирон ёшимда индамасдан ўлиб кетаверишим керак экан? Нима учун? Йўқ, мен ўнтаси, йигирматаси, ўттизтаси, юзтасини ўзим билан олиб кетаман! Мен сиғмаган ҳаётда уларгаям ўрин йўқ!» тарзидаги фикрида унинг жоҳил ва ёвуз қиёфаси намоён бўлади. Мутлақо гуноҳсиз одамларга ўз касалини атай юқтириши, ёзиқсиз кишиларни ўлимга маҳкум этиб, қотиллик билан аламдан чиқишга уриниши унинг табиатидаги ёвузлик даражасини намоён қилади.
Романдаги асосий тимсоллардан бири Дилшодга узоқ вақт давомида ўта садоқатли дўст бўлиб кўринишнинг уддасидан чиқадиган сирттан соддаваш, аслида устомон ва хиёнаткор Мансур ҳам аламзада ва норози. Лекин унинг норозилиги ва аламзадалиги сувланадиган қайноқ ҳам, буларнинг миқиёси ҳам ўзгача. Асарда тасвирланишича у: «Ақлини таниганидан бери ичкиликка муккасидан кетган отасидан фақат сўкиш, ҳақорат эшитадиган, уйда эр-хотининг адоғи йўқ жанжалларидан, бундай пайтларда бир-бирларига айтадиган энг разил, энг ифлос, энг тубан… қарғишларидан безиб қолган, алал-оқибат буларнинг ҳаммасини ташлаб, олис-олисларга кетаман, янгича ҳаёт бошлайман дея аҳд қилиб юрган…» омадсиз йигит. Мансур – мунофиқ, омадсиз, аламзада, кинчи (ҳасадгўй), хиёнаткор, аммо қотил эмас. Шу сабаб энг яқин ва беғараз дўсти Дилшодни сота олгани ҳолда унга қарата ўқ узолмайди. Ҳа, узмайди эмас, айнан, узолмайди! Негаки, унинг шахсиятини ташкил этган ёвузлик сифатлари тўқимасида қотиллик хужайраси йўқ ва бу ҳол асарда жуда ишонарли кўрсатилади. Мансур Дилшоднинг мустақил бошлаган ишини барбод қилиб, унинг отасидан йигирма беш минг доллар ундириб, «…ўзини осмон санаб юрган одамнинг (яъни, Дилшоднинг – Қ.Й.) ер билан битта бўлишини…» кўриб завқланмоқчи бўлган олчоқ кимса эди. Бу нияти амалга ошмай қолгач, гувоҳни йўқотиш учун Дилшодни отиб ташлаш керак бўлганда, Мансур бу ишни қилолмайди. Кўринадики, ёзувчи асарида иштирок этган ҳар бир персонажнинг руҳий-амалий имкониятини ғоят аниқ ҳисобга ола билади.
Миллий адабиётимизда ёвуз кимсалар кўринишдан ҳам хунук ва ёқимсиз қилиб кўрсатилар эди. Халқимиз орасидаги: «Туси яхшидан тугилма» нақлига бадиий тасвирда ҳам кўпинча амал қилинарди. Абдуқаюм романда ўзгача йўлдан боради: у устомон ва шафқатсиз Рустамни ташқаридан ғоят бежирим, келишган, истеъдодли одам сифатида кўрсатади. Юзсиз, шаллақи ва тубан Дилобарни эса ҳар қандай қалтис ҳолатда ҳам ўзини тута биладиган, совуққон, топқир, ақлли, ғоят гўзал қиз сифатида тасвирлайди. Шунингдек, товламачи Тош, «бир нималик» бўлиб қолиш илинжида ҳар йўлга юришга ҳозир қўрқоқ ва очкўз Самад, Қаҳҳор сингари персонажларнинг руҳий дунёси ва хатти-ҳаракатлари ҳам ўта табиий, ишонарли акс эттирилган. Бу кимсалар қанчалик ақлли, уддали, топқир ва шафқатсиз бўлишмасин, уларни ҳаракатга ундайдиган омиллар тубан ҳамда кўзлаган мақсадлари ёвуз бўлгани сабаб қисматлари мағлублик экани битикда ғоят ҳаётий ва табиий тасвир этилган.
Гарчи бутун асар миқёсида персонажлар тилини индивидуаллаштиришга етарлича эътибор қилинган деб бўлмасада, ёзувчининг ифода йўсини жозибали эканини алоҳида қайд этиш лозим. Асарда ўзбек сўзининг ҳар қандай нозик ва ингичка ҳаётий вазият ёки руҳоний ҳолатни бор мураккаблиги билан ифодалай олиш қудрати тўла намоён бўлган. Гулноз билан Файзулла, Муқаддам билан Дониёр, Ноила билан Дилшод, Тоҳир билан Бердиқул тақдирларидаги чигалликлар тасвири, уларнинг ўзаро муносабатларидаги дардчил юмор аралашган чегарасиз пичинг ва кесатиқ акс эттирилган ўринларда бу жиҳат, айниқса, бўртиб кўзга ташланади. Турғунбой, Ўктабр ва Серсенбой ота сингари тимсоллар ҳам бадиий сўз ёғдуси билан ичдан нурлантирилгани боис ўқирман ёдида қолади. Ҳатто, биргина лавҳада кўринадиган Маликахон, Муштарий (Муҳтарам), фирибгар Тошнинг аёли, унинг уч ўғли, икки жўраси, истеъдодсиз актриса Роҳатой сингари тимсоллар ҳам шахсиятларидаги ўзига хослик кўрсатилган ҳолда тасвирлангани сабаб ўқирман хотирасига муҳрланади.
«Дарё»даги воқеалар бош қаҳрамон атрофида кечади. Лекин бу бош қаҳрамон бошқа асарлардаги янглиғ бирор шахс эмас, балки Сирдарёнинг ўзи дейиш мумкин. Муаллиф тасвирга тортган тимсоллар қилмишу ҳаракатларининг қандайлигига қараб бош қаҳрамон – дарё турланиб-тусланади: гоҳ кечиримли ва сокин, гоҳ итоаткор ва покловчи, гоҳ долғали ва ғазабнок, гоҳ қутурган ва тажовузкор ҳолатда намоён бўлади. Дарёга муносабат романдаги ҳар бир персонажнинг шахсиятидаги эзгулик ёхуд ёвузликни билдирувчи лакмус қоғоз вазифасини бажаради. Асарда ҳаётнинг ўзидаги каби кўпчилик одам дарёга ҳеч нарса бермагани ҳолда ундан имкон қадар кўпроқ юлиб олишга интилиши ҳаққоний акс эттирилади. Айни вақтда дарё ва унинг бағридаги бойликларнинг мангулигини таъминлаш йўлида, демакки, эзгуликнинг тантанаси учун жонини тиккан шахслар ҳам борлиги ҳаётий тасвирланади. Романдаги қарорида собит, дарё ва унинг бойликларини сақлаш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган инспектор Тоҳир ана шундай жонкуяр шахсдир.
Маълумки, эзгулик осонлик билан амалга ошмайди. У кўнгил хотиржамлигидан бошқа нарса бермагани ҳолда ҳамиша кишидан катта қурбонликлар талаб қиладиган аъмолдир. Эзгулик қилиш осон ва қулай бўлганида ҳамма ҳам яхшилик қуршовида умр кечирган бўларди. Романда ўйлаб иш қиладиган, фикрида собит, қатъиятли Тоҳир учун эзгу амаллар қилиш қанчалар қимматга тушгани кўрсатилар экан, унинг бу йўлга бирданига ўз-ўзидан келиб қолмагани бутун мураккаблиги билан кўрсатилади. Ёзувчи бу жараённи батафсил тасвирлаб ўтирмай, констататив динамика усулидан фойдаланиб иш кўради: «Тоҳир… аста-секинлик билан, заррама-зарра, томчима-томчи… қалбидаги мутеликка монанд туйғуни ситиб чиқара бошлади… Ў, осон кечмади бу жараён, осон кечмади! Эҳ-ҳе, бунинг эвазига не-не қора кунлар тушмади бошига, не-не қарғишларга учрамади, не-не яқин жигарлари, қондош хешлари юз ўгириб кетишмади ундан! Ҳатто ёлғиз опаси… Алкаш эри ов ман этилган мавсумда бир қайиқ балиқ билан қўлга тушиб қолганида аввал оёқлари шишиб кетган опанинг ўзи эланиб келди… кейин… кимлар ақл ўргатишган, ноаён!.. …ягона бойлиги – болали сигирини етаклаб… Йиғлади… Ранги қорайиб кетган укасини кўндиролмаслигини англагач… кўз ёшларига кўмилганча судралиб қайтиб кетди… Жиянларнинг-ку, ҳалигача Тоҳирни кўрарга кўзлари, отарга ўқлари йўқ…». Инспектор шахсиятига хос етакчи хусусиятлар муаллифнинг ана шу тавсифида яққол намоён бўлади. Аслида ҳам пўлат оловда тоблангани янглиғ одам ҳам қийинчиликларда синалади. Эзгулик йўлидаги қийинчиликларга чидаш бериб, манфаат учун эътиқодига хиёнат қилмаган кишиларгина бундай синовлардан ўта олади. Тоҳирнинг ана шундай шахс экани бутун асар давомидаги турли воқеалар тасвири мобайнида аёнлашиб боради.
Тоҳирнинг шахсий ҳаётда омади келмаган: у севган қиз бошқага турмушга чиқади, кўнгилсиз бўлсада, уйланиб фарзанд кўрган, меҳрибонлик қилган аёли Жамила бировни қутқараман деб, дарёга чўкиб кетади. Энг ёмони ўзи хаёлига ҳам келтирмаган ва истамаган ҳолда Жамилани севган Бердиқулнинг ҳаётини синдириб, унинг қаттол душманига айланади. Ҳалол бўлгани, фойда эмас, бурчни ўйлагани боис бири икки бўлмайди, боши ташвишлардан чиқмайди. Лекин у эътиқодига хиёнат қилмайди, ҳалоллигича қолабилади. Ўлим келганда ҳам ҳақ йўлидан қайтмайди. Айни вақтда у – ғоят кўнгилчан ва меҳрибон одам ҳам. Тоҳир фақат дарёнинг, яъни эзгуликнинг душманларигагина аёвсиз. Унинг: «Катта дарёга муҳаббатнинг ёнида ҳамиша инсонга муҳаббат учун ундан ҳам каттароқ жой қоларкан…», – деган тўхтамида шахсиятига хос фазилатларни ҳаракатга келтириб турган одамий одамларга адоқсиз муҳаббатдай маънавий асос акс этган. Тоҳир дарёни қанчалик севса, унинг ёлғизгина ўғли Дилмурод онасини ютиб кетгани учун дарёни шунча ёмон кўриши билан ота ҳаётининг фожиа-вийлик даражасини янада оширади. Қаҳрамонга хос бу жиҳатлар романда ўта таъсирли ифодасини топган.
Асарда Абдуқаюм Йўлдошнинг инсон концепцияси ғоят ўзига хос йўсинда намоён бўлган. У бадиий тасвирда ҳар битта персонаж шахсияти ғоят хилма-хил маънавий иплардан тўқилган рангин мато эканидан келиб чиққан ҳолда иш кўради. Шу сабаб тимсоллар тасвирида турфа ранглардан маҳорат билан фойдаланади. Ўрни келганда қайд этиш керакки, ҳозирги ўзбек адабиётида инсонга шундай концептуал ёндашув тобора ёйилиб бормоқда.
Ёзувчи бир-икки енгил чизги билан бирор тимсолга хос асл қиррани яққол кўрсатиш маҳоратига эга. Чунончи, Тоҳир Рустам уюштирган туҳмат сабаб милицияга тушиб қолганда ўз нафси ва манфаатидан бўлак ташвиши йўқ бош инспектор Равшаннинг: «Бизда бегуноҳларга дело очишмайди», – деган гапи унинг ёнидагиларга бефарқ, ҳақни ноҳақдан ажратишга уринмайдиган ғариб ички оламини яққол кўрсатса, «Кескин гапиришга ўтдими, бу Меҳри холанинг таслим бўла бошлагани аломати эди…» ёхуд «Ичкаридан чиқиб келган Меҳри хола аввал Одинага, кейин Шарофатга қараб «уят» дегандай бетини чимчилади» тасвирлари ўзбек кайвониси табиатига хос бетакрор маънавий сифатларни акс эттиради. Ёзувчи тимсолларни деярли ҳеч қачон батафсил тавсифлаб ўтирмайди, балки хатти-ҳаракатлари орқали уларнинг табиатини кўрсатиб беришга уринади. Табиийки, бу ҳол тасвирнинг таъсир кучини оширади.
Қўлингиздаги романда одам деб аталмиш яратиқнинг ўта чалкаш ва мураккаб ички дунёси, унданда чигал руҳий олами, англаш ҳам, изоҳлаш ҳам мушкул қисмати бутун мураккаблиги билан акс эттирилади. Бир-бирини қаттиқ суйганларидан бола кўрмаётган бўлсаларда, ажралишни хаёлларига ҳам келтирмайдиган Дониёр ва Муқаддам; оилали Дониёрга кўнгил қўйгани боис бошқа одамга теголмай ўтириб қолган покиза Гўзалой; врачликдай касбни бойлик орттириш воситасига айлантирган уятсиз ва бузуқ Камол; орият-чил, ҳар қандай вазиятда ҳам гапида турадиган, аммо қайсар, жанжалкаш, шафқатсиз, ҳалолни ҳаромдан ажратавермайдиган, баъзан жоҳиллиги ёвузликка айланиб кетадиган Бердиқул; қилни қирқ ёрадиган даражада синчков терговчи Жавлон, қорнидан ўзга ташвиши йўқ Ҳамроқул, барча оналардай жонкуяр ва куюнчак Ҳикоятхон, барча оналардан ҳам фидойироқ Солиҳа эна, инсон кўнглига доир юксак туйғулардан холи, қуруқ ва зерикарли, лекин ўз ишининг устаси бўлмиш оқловчи Файзулла, Тоҳирни суйгани ҳолда ўқирманга номаълум сабабларга кўра зерикарли одам Файзуллага турмушга чиққан Гулноза, азбаройи ёшлигида Тоҳир кўнгил қўйгани учун Гулнозани ҳамон ёмон кўрадиган Зуҳра, янглиш коммунистик эътиқодга садоқати сабаб ҳаёти тушунарсиз издан кетган Ўктабр чол, унга фақат бой тадбиркорнинг ўғли деб қарашларидан уялиб, бойликка ҳам, муҳаббатга ҳам ўзи эришишга уринадиган Дилшод, Дилшодни ёқтиргани ҳолда уни пичинг ва қочириқлари билан қийнаб ҳузурланадиган Ноила, борингки, романдаги деярли барча тимсоллар ечилиши ўта қийин ҳаётий ва айниқса, руҳий изтироблар оғушида кўрсатилади.
Айниқса, романдаги Бердиқул образи ўзининг чигал тақдири, маънавий қиёфасини ташкил этган ахлоқий сифатларнинг аралаш-қуралашлиги, тақдирининг фожиавийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бундай кишиларга баҳо бериш ғоят мушкул, уларни тушуниш имконсиз. Асарда кайфиятининг етовида юрганидан исталган дақиқада қарорини ўзгартириши мумкин бўлган, эзгу мақсадга эзгу воситалар билан бориш кераклигини тан олмайдиган беқарор шахснинг қонсиз фожиаси ёзувчи томонидан бутун мураккаблиги билан кўрсатилади. Бердиқулнинг маънавий олами ўзаро келиштириб бўлмайдиган турли хулқий тўқималардан ташкил топган. У – дадил, сўзидан қайтмайдиган, адолатпарвар, қасд қилган ниятига эришмаса тинчимайдиган йигит. Аммо ўзгани тинглаш ва тушунишга уринмаслик ҳамда ўжарлик бу шахснинг энг катта нуқсонидир. Шу сабаб Бердиқулнинг қисқагина умри адоқсиз ғалвалар ичида кечади.
Ёзувчи Бердиқул табиатидаги ҳар бир товланишни мантиқий ва руҳий жиҳатдан чуқур асослашга эришган. Тимсол ички динамизмининг ҳар бир босқичи теран ҳис этилгани образ тасвирининг максимал даражада ҳаётий ва таъсирли чиқишини таъминлаган. Асарнинг бошида ҳеч қандай гап-сўзсиз Тоҳирга ташланиб, уни калтакламоқчи бўлганида Бердиқул ўзини суюклиси учун курашаётган ошиқ ҳисоблайди. Лекин суюклини севишгина етарли бўлмай, унга севилиш ҳам кераклигини ҳисобга олмаган йигит Тоҳир билан Жамиланинг тўйи куни маст бўлиб жанжал чиқарганда ва оқсоқолларнинг ишораси билан йигитлар уни молхонага қамаб қўйишганда, у суйганидан айрилган жабрдийда эди. Аламидан маст бўлиб, бировларни уриб майиб қилиб қамалиб кетганида эса аламзадага эврилганди. Қамоқдан чиққач, унга атай бирор ёмонлик қилмаган Тоҳирга панд бериш учун Самад ва Қаҳҳор сингари қонунбузар кимсаларни ҳимоя қилиб, инспекторнинг қайиғига ўт қўйганида у чинакам жиноятчи бўлади. Рустамнинг тарафига ўтиб, Тоҳир мени уриб оғир ярадор қилди деб, ёзиқсиз инспекторга туҳмат қилиб касалхонага ётиб олганида у ёвуз кимсага айланади. Персонаж табиатидаги мутлақо қарама-қарши жиҳатлар унинг гўё Тоҳир етказган жароҳат учун милицияга шикоят қилмаслик эвазига Гулнозадан пора ундириш ниятида айтган: «Ўзингни ўйламасанг, яқинларингни ўйларкансан. Онангни… Шунақа гаплар. Лекин мен бу гапларни сизнинг раҳмингизни келтириш учун айтмадим. Сиз ҳозир мени сотиб олишга уриняпсиз. Мен бўлса ўзимни қимматроқ сотишга ҳаракат қилаяпман. Бу бизнес, холос. Айтиб қўяй, савдомиз келишса-келишмаса то бу дунёда тирик эканман, мени бебахт қилган, фариштадай қизнинг умрига зомин бўлган Тоҳирни тинч қўймайман», – деган гапларида яққол намоён бўлади.
Шахс руҳияти мантиғига зуғум қилмаган адиб кўп ўринларда Бердиқулда ҳеч қачон йитмайдиган инсоний сифатлар ҳам борлигини кўрсатишдан қочмайди. Бердиқул иши битмаган бўлсада, сўзида туриб, ҳайдовчи йигитга қўчқорини бериб юбориши; Самадга олганидан кўпроқ пул қайтариши; онасини операция қилдиришга астойдил уриниши; Тошнинг абгор аҳволини кўриб, ўзини чув туширган бўлсада, жазоламагани; Рустамнинг асл мақсадини билгач, Дилшоднинг ўрнига уни ўлдириши, хиёнатчи Мансурни жазоламоқчи бўлган ўринлар тасвирида табиатидаги эзгу жиҳатлар бўртиб кўринади. Бердиқулга ўхшаш табиатга эга кишиларнинг эртанги кунини башорат қилиб бўлмайди. Чунки уларнинг тутумлари мантиққа эмас, балки кайфиятга боғлиқ бўлади. Кайфият эса ўзгарувчан ва тушунарсиздир. Бердиқул сингари ижтимоий-маънавий мезонларни тан олмайдиган шахслар – ҳар қандай жамиятга бегона. Унинг айнан эшкаксиз қайиққа чиқиб, дарё оқими бўйлаб кетиши ҳам рамзий маънога эга. Улар ҳаёт дарёсида эшкаксиз қайиқдаги йўловчи каби оқим ихтиёрида юрига маҳкум шахслардир.
Абдуқаюм Йўлдош романда ҳар бир персонаж руҳиятига хос қирраларни маҳорат билан тасвирлай олган. Чунончи, меҳрибон ва самимий қиз Гўзалойнинг янгалари унинг қариқизлигини ғийбат қилишаётганини тасодифан эшитиб қолгандаги ҳолатининг «Эшикдан отилиб чиққанча энтикиб-энтикиб нафас олаётган, вужуди терак баргидай дир-дир титраётган қизнинг мижжаларига аламнинг аччиқ ёшлари қалқиб чиқди…» тарзидаги тасвири аниқ ва таъсирчанлиги билан диққатга лойиқ. Шафқатсиз, тезоб, ўрни келса, талончилигу қотилликдан ҳам қайтмайдиган Бердиқулнинг онаси саратон касалига йўлиққанини билгандаги ҳолатининг: «Бердиқул маст одамдай гандираклаб хонадан чиқди, дарвоза томон юрмоқчи бўлди, аммо бунинг ўрнига бўмбўш молхонага кирди-ю, пичан устига қулади. У ёқасини маҳкам тишлаганча титраб-қақшаб, овозини чиқармасликка уринган ҳолда гавдаси силкиниб-силкиниб бўзлаб юборди: Энажон… энажон…» йўсинидаги ифодаси тасвирида онасини чинакам суйган ўғил руҳияти ҳаққоний кўрсатилган. Сулув хотинини ўринсиз қизғанаверадиган, ўта рашкчи Дониёр руҳий ҳолатининг: «Кўнгил – душман. Айниқса, хотининг чиройли бўлса… Бўлмаса неча марта ўзини тергашга уринди, «Рашк – ишончни ҳақорат қилади. Ана, Отелло ҳам ишончсизлик қурбони бўлган» ёинки «Ишонолмаслик – ўзлари ишончдан маҳрум кимсаларга теккан касаллик» қабилидаги ҳикматли гапларни… ёдлашга, …уларга амал қилишга уриниб кўрди. Аммо воқелик игнаси теккан заҳоти буларнинг ҳаммаси совун пуфагидай «пақ» этиб ёрилади-ю, яна ҳаммаси бошидан бошланади…» шаклидаги тасвири шу персонаж хатти-ҳаракатларини англаш калитига айланади. Асарнинг бошқа бир ўрнидаги «Эрини кўрган Муқаддам адойи тамом бўлди: ранги қув ўчиб, бутун вужуди қалтираб кетди» шаклидаги тасвирда, негадир, хўжайини олдида ҳамиша ўзини айбдор сезадиган ўзбек аёли табиати ёрқин намоён бўлади. Ёхуд ҳиссиз майдакаш эрига кўнгилсиз, имкон топса, ундан ажралмоқчи бўлган Гулнознинг қизига: «Ошни тирик қилма, аданг ётиш олдидан газ сув ичса кечаси безовта бўлади» тарзидаги гапи ўзбек аёлига хос бўлган азалий жонкуярлик, ҳатто, ёқтирмасада, болаларининг отасига бўлган аёвли муносабатнинг ғоят теран илдизларга эгалигини кўрсатиши жиҳатидан тенгсиздир.
Асарнинг кўп ўринларида А. Йўлдош тилнинг ифода имкониятларидан ғоят усталик билан фойдаланиши кўзга ташланади. Дилобар билан Жавлон, Муқаддам билан Дониёр, Дилшод билан Ноила, Ўктабр чол билан Турғунбой ота муносабатлари тасвирида ўзбек тилининг киноя, пичинг, кесатиқ сингари сифатларга, чуқур тагмаъноларга эга экани бор бўйича кўринади. Қуйидаги суҳбат тасвири фикримизга далил бўла олади:
«Муқаддамнинг эси чиқиб кетди:
– Вой ўлай! Нима бўлди? Муштлашдингизми?
Дониёр …юзини яширди:
– Йўқ. Йиқилиб тушдим.
– Кўриб турибман, жуда муваффақиятли йиқилибсиз. …Ўзиям аввал роса мўлжаллаб туриб, кейин йиқилгансиз шекилли, а?»
Кўп йиллик азобли кутишлардан сўнг эндигина юкли бўлган нурдай пок Муқаддамнинг Толян тажовузидан кейин ўзини ўлдирмоқчи бўлгандаги ҳолатининг: «Туйқусдан сумкадаги қўл телефони жиринглаб қолди. Чўчиб кетган Муқаддам атрофга аланглади ва ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, қўлларини буюк бир меҳр билан қорнига қўйганча, аччиқ кўз ёшларига ғарқ бўлган кўйи буюк муҳаббат билан шивирлади:
– Дадаси… дадажониси… Болам… болажоним…
Жувон мана шу ҳолида, қўлларини қорнига қўйган кўйи, узлуксиз жиринглаётган телефонини ҳам эшитмай, дувиллаб оқаётган кўз ёшларини артмасдан бир-бир босганча негадир бирдан бўтана тус олган дарё қаърига кириб бораверди, бораверди… Оқар сув аввал Муқаддамнинг тиззасигача келди, кейин кўкрагигача… Ногоҳ шиддат билан оқаётган сув ости оқими жувоннинг оёқларига урилди. Муқаддам тойиб йиқилди ва ҳеч бир қаршилик кўрсатмасдан, аста-секинлик билан чўкаверди… Дарё икки жонни ўз бағрига олди…» Бу тасвирдаги ҳар бир сўзгина эмас, балки тиниш белгилари ҳам бегуноҳ ўлимга маҳкум этилган одам фожиасини барча қирралари билан кўрсатишга хизмат қилдирилган. Чунончи, дарёнинг «бирдан бўтана тус олган»и ҳам бежиз таъкидланмаган. Ҳаётнинг адолатсизлиги, одамларнинг чегарасиз ёвузлиги тиниқ сувли дарёнинг бўтаналашувига сабаб бўлади. Бундай лойқалик ўқирман руҳиятигада кўчади.
Ёзувчининг ушбу романни ёзишдан кўзда тутган бош нияти Турғунбой отанинг Дилмуродга айтган қуйидаги гапларида намоён бўлган дейиш мумкин: «Она дарё минг, миллион йиллардан бери тўхтамай оқаяпти. Худо хоҳласа яна минг, миллион йиллар тўхтамай оқади. Биз йўқ эдик, Дарё бор эди. Биз келдик, Дарё бор. Биз ўтамиз, Дарё қолади. Дарёмиз худди ҳаёт каби абадий. У неча-неча минглаб, юз минглаб инсонларга жон бахш этди, сувга зорларнинг ташналигини қондирди, саҳроларни гулистонга айлантирди, яна бағрида айнан сен, мен учун балиқларни парваришлайди, уларни бизга тақдим қилади. Дарё бизнинг беминнат онамиздай меҳрибон, ғамхўр. Шунинг учун биз уни Она дарё деб атаймиз. У тириклик ибтидоси. Унинг интиҳоси йўқ». Кўринадики, бу ўринда дарё – ҳаёт мангулиги ва эзгулик барқарорлигининг тимсоли. Дарё истиқбол сари элтувчи тинимсиз ҳаракатнинг рамзи сифатида барча хайрли юмушларга хамиртурушлик вазифасини бажарадиган омил. Одамга хос асл жиҳатлар унга муносабат йўсинида намоён бўлади. Ҳаётга, одамга, эзгуликка муҳаббат дарёга меҳр кўрсатишдан бошланади.
Шунингдек, асарда одам даврни яратгани янглиғ давр ҳам одамнинг нафақат турмуш йўсини, балки руҳият дунёсигада таъсир кўрсатгани Турғунбой отанинг қизи Гулноза билан, Гулнозанинг эри Файзулла билан, Малика, Муштарий ва Ноилаларнинг Дилшод билан, Муҳиддинбойнинг Аббос билан муносабатлари тасвирида яққол намоён бўлган. Бу шахсларнинг муносабат йўсинлари нафақат ярим аср, балки ўн беш-йигирма йил олдин ҳам ўзбеклар учун нотабиийгина эмас, балки уят саналарди. Яъни, она ҳаёт бўла туриб, ота қизининг куёвига кўнгилсизлиги ҳақида сўзлашмасди; қанчалик ўктам бўлмасин, аёл қачондир севган кишиси учун эридан сўроқсиз миниб юрган машинасини сотиб, пулини сарф қилолмасди; ўзбек қизлари куёвликка талабгор йигитлар билан бунчалар эркин муносабатда бўлишмасди; уйдаги бўй қизнинг отаси дўсти билан бўлсада уни эрга бериш борасида асардаги каби очиқ гаплашолмасди ва ҳ.к. Бугун эса, уларга биз қандай баҳо беришимиз, яъни маъқуллаш ёки инкор қилишимиздан қатъи назар, бундай тафаккур тарзи ва руҳият йўсини миллий миқёс касб этиб бормоқдаки, романда айни жиҳат ёрқин акс этганини таъкидлаш лозим. Асарнинг мақташга лойиқ яна бир қанча жиҳатлари борки, улар ўқиш асносида англаб олинишига умид қиламиз.
Айтиш керакки, шунча ютуқлари билан бир қаторда романда ўқирманни унчалик қониқтирмайдиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, деярли барча персонажларнинг руҳият олами индивидуаллаштирилгани ҳолда уларнинг тилига ўзига хослик беришга етарлича эътибор қилинмаган. Деярли барча қаҳрамонларнинг тили муаллиф тилидан сезиларли фарқ қилмайди. Шунингдек, Тошкентда врачликка ўқиган Гулнозанинг отаси ва Ўктабр ота касал бўлиб қолгандаги ҳолати тасвири профессионал тиббиётчининг тутумига мутлақо ўхшамайди. Айниқса, Тоҳирга туҳмат қилаётган Бердиқулнинг жароҳати қанчалик даражада эканини врач сифатида аниқлашга уринмагани ҳам тимсол табиатига мувофиқ эмасдай. Ўктабр чолнинг отаси Мэлс Мэлсович тарзида номлангани ҳам ишончсизроқ чиққан. Ёзувчи ёлғон эътиқодга эргашишнинг суяк суришини, миллат тозалигига эътиборсизликнинг ёмон оқибатларини кучайтириб кўрсатиш ниятида сохталикка йўл қўйгандай. Негаки, 1940 йилда уч ёшларда бўлган Ўктабр чолнинг отаси Мэлс деб аталганига ишониш мумкиндир, лекин унинг отасининг ҳам оти Мэлс бўлиши мантиққа унчалар мувофиқ келмайди. Зеро, нафақат XIX аср охирлари, балки ХХ юзйилликнинг 30-йилларигача ҳам бу тўртала «доҳий» ўзбекларга деярли нотаниш эди.
Нима бўлганда ҳам Абдуқаюм Йўлдошнинг «Дарё» романи муаллифнинг улкан истеъдоди, қайноқ меҳри, заҳматли меҳнати натижасида дунёга келган бадиий жиҳатдан бақувват, қизиқарли ва ўқишли асардир. Унда дарёли юртда яшашга лойиқ чинакам одам бўлиш учун одам бўлиб туғилишнинг ўзигина етарли эмаслиги, балки ҳар бир шахс одамийлик учун курашнинг азобли ва мушкул йўлини босиб ўтиши кераклиги маҳорат билан таъсирли тасвирлаб берилган.
Қозоқбой ЙЎЛДОШ
ДАРЁ
Санжар Бобоевга
Она Дарё минг, миллион йиллардан бери тўхтамай оқаяпти; яна минг, миллион йиллар оқади. Биз йўқ эдик, Дарё бор эди. Биз келдик, Дарё бор. Биз ўтамиз, Дарё қолади. Вақт сув каби оқиб ўтади, деймиз, ваҳоланки, аслида Дарё вақт каби оқиб ўтаверади. У неча-неча минглаб, юз минглаб инсонларга жон бахш этди, сувга зорларнинг ташналигини қондирди, саҳроларни бўстонга айлантирди; яна бағрида балиқларни парваришлайди, уларни бизга тақдим қилади. Дарё ҳаёт мисоли: сиртдан сокин кўринган сув қаърида не-не пўртаналар, не-не гирдоблар, не-не шиддатли оқимлар яширин. Дарё бизнинг беминнат онамиздай меҳрибон, ғамхўр. Шунинг учун биз уни Она Дарё деб атаймиз. У тириклик ибтидоси. Унинг интиҳоси йўқ…
I боб
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида дарё бўйидаги қамиш босиб ётган маконга улкан бульдозерлар, кранлар, юк машиналари, цистерналар келтирилди. Борлиқни тутган техникалар ўкиришига ошиғич тарзда ўрнатилган палаткалару қуёш тиғида ёниб кетгудай исийдиган ғилдиракли темир вагонларда яшай бошлаган, очиқ ҳавода наридан-бери ясалган қўлбола стол-ўриндиқларда, алюмин коса-кружкаларда овқатланиб, чой ичиб кетаверадиган ишчилар ғала-ғовури қўшилди.
Орадан уч ой ўтар-ўтмас кечқурунлари ёнидан ўтишга ҳайиқиб туриладиган қамишзорлару одам бўйи бегона ўтлар ўсадиган, кундузлари мол боқилиб, таппи териладиган дўнгликлар текисланди, қозиқлар қоқилди, чуқурлар қазилди, машина-машина шағал-цемент-арматуралар келтирилди ва шундай юқори суръатда пойдеворлар қуйила бошланди. Тез орада эса сафга тизилган дастлабки бир хилдаги уйларнинг бетон деворлари кўзга ташланиб қолди; асфальт кўчалар пайдо бўлди, симёғочлар ўрнатилиб, симлар тортилди.
Баайни Бобил кўчиб келгандай, турфа тилларда гаплашадиган қурувчилар бир масалада якдил эдилар: уларнинг ҳаммаси янги бунёд бўлаётган қишлоқни «посёлка» деб атардилар…
Ҳар хилликнинг мероси сифатидами, посёлкага турли миллат вакиллари кўчиб келишди, кўчириб келтирилди. Қишлоқ аҳли орасида ўзбеклардан ташқари қозоқлар, тожиклар, руслар, греклар ва ҳаттоки немислар бор эди.
Одамнинг қўли гул. Орадан бир-икки йил ўтар-ўтмас қўққайиб турган хунуккина бетон уйлар ён-атрофи, кўчалар яшилликка буркана бошлади: ахир дарё бўйида яшашади, сув бемалол; яхши ниятлар билан, тўйларга атаб экилган тераклар бўй чўзиб қолди. Ажабки, тирикчилиги дарё ва балиқ билан боғлиқ қишлоқ аҳли ҳам бир масалада якдил чиқиб қолди: кўпчиликнинг «посёлка» атамасига тили келишмаганиданми, қишлоқни бир оғиздан «овул» деб атай бошлашди.
Хуллас, биз қаламга олажак воқеалар юз берган бугунги кунимизда расман ҳам «Сайхуновул» деб юритила бошланган қишлоқ эни-бўйига бир оз кенгайган, йилнинг уч фаслида яшиллик оғушида бўларди. Тўғри, сўнгги пайтлари айниқса ёзнинг иссиқ кунларига келиб дарёда сувнинг камайиб кетиши, улкан, шиддат билан оқадиган дарёнинг жилдираб турган ирмоққа айланиши ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Аммо асосий тирикчилик барибир дарё билан боғлиқ бўлиб қолаверди: ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар аллақачон алоҳида «кўлча»ларига сув ғамлаб олишиб, катта-кичик хусусий балиқ хўжаликлари ташкил этишган, овул аҳлининг аксарияти ўшаларнинг қўлида ишлашади.
Бу орада овулдан йигирма чақиримча узоқликдаги туман маркази рисоладагидай шаҳарчага айланди. Энг асосийси эса, кичкинароқ бўлса ҳам бир нечта консерва цехи, росмана балиқ бозори ишга тушди-ю, сайхуновулликлар кўча бўйида сарғайиб балиқ сотиб ўтириш ташвишидан қутулгандай бўлишди. Катта йўлга яқинлиги боисми, бозор тез орада машҳур бўлиб кетди: сон-саноқсиз йўловчилардан ташқари у ёғи пойтахтдан, бу ёғи Жиззаху Самарқанддан, ҳаттоки қўшни Қозоғистондан мижозлар келадиган бўлишгач, сотувчиларнинг қўли қўлига тегмай қолди. Дарёда сув камайган маҳаллари эса бозорни олис Айдаркўлдан ҳамда шу атрофдаги, балиқ хўжаликларидаги сунъий ҳовузлардан келтирилган балиқлар тўлдирарди. Қўли текканнинг оғзи ҳам тегади. Бозор баҳона яна қанча одам ишли, ризқли бўлиб қолди.
Балиқни етти хазинанинг бири деб бежиз айтишмаган. Аммо азалдан маълум: хазина бор жойда унга осонлик билан эга чиқишни истаганлар кўпаяверади. Шаҳарчадаги балиқ бозорида савдо авж олган сайин қандайдир учар даллоллару, туллак воситачилар, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, бироқ хирмонда ҳозиру нозир ишбилармонлар сафи ҳам орта борди. Улар ўзаро нималарнидир пинҳона келишиб олишар, қандайдир яширинча режалар тузишар, мўлжалларини амалга ҳам оширишар, кимларнидир маҳорат билан бошқаришар, керак жойга узатишар, лозим жойдан чўтал олишар ва алал-оқибат бозор нарх-навосини ўзларига мақбул тарзда ушлаб туришга муваффақ бўлишарди. Айрим пайтлари, мутлақо кутилмаганда бозорда нарх бирдан фавқулодда икки, ҳаттоки уч-тўрт баробарга тушиб кетар, ҳайратга тушган, аслида бу навбатдаги гапга кўнмаган рақибни синдириш учун ишлатилган ҳийла эканлигидан бехабар харидорлар пештахталардаги балиғу қоқбалиқларни шипириб кетишарди. Эртаси куни эрталабдан эса яна ҳаммаси бояги-бояги, бой отамнинг таёғи қабилида давом этаверар, касодга учраган тараф ғолиб тарафга бош эгиб борар ёки бозорда қайтиб қорасини кўрсатмасди.
Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси силлиққина кетавермасди. Овулнинг не-не ўжар йигитлари, саркаш эркаклари «Қани, қўлингдан нима келади! Бир кўрайчи!» дегандай бозорга ёриб киришар, кимларгадир пўписа қилаётгандай тез-тез белларидаги ўткир пичоқларининг дастасини ушлаб-ушлаб қўйишар, чекка-чеккада, одатда намозшом маҳаллари юз берадиган «ур калтак-сур калтак»ларда мардона туриб беришар, йиқилиб, ер билан битта бўлишса ҳам таслим бўлишмас, қайсарлик билан «Мен шу ерликман! Сайхуновулданман! Сенлар ўзларинг кимсанлар?! Эртага келиб ҳаммаларингнинг қоринларингни ёриб ташлайман!» деб тураверишарди. Кўпинча бундай аччиқ ичакдай чўзиладиган ихтилофларнинг якуни шу билан тугардики, «Ҳа, бир тентак тирикчилигини ўтказиб юрса юрибди-да», дея бунақанги бош эгмасларни тинч қўйишар, фақат бундай илтифотни том маънода тортиб олган банда майда сотувчилик мақомидан юқори кўтарилмаслиги шарт эди ва буни ўша одамнинг ўзи ҳам жуда яхши билиб турарди…
Шаҳарчада ёмғирдан кейинги қўзиқорин мисоли янгидан-янги, бири иккинчисидан ҳашаматли қасрлар бодраб чиқа бошлади: балиқ бизнеси ўз ҳосилини бермоқда эди. Шу баробарида янги пайдо бўлаётган гуруҳлар билан эскилари ўртасида зиддиятлар ҳам кучайди. Қайлардадир, нималарнидир ўрганиб қайтган, юлдузни бенарвон урадиган ишбилармонлар дарёдан унинг неъматларини тортиб олишнинг янгидан-янги усулларини ишлата бошладилар: ибтидоий тўрлар ўрнига динамитлар, ҳаттоки дарёнинг маълум қисмини иситадиган ажабтовур мосламалар пайдо бўлди: балиқ илиқ жойга қараб сузади-да…
Яна бир гап. Кейинги йилларда содир бўлган эврилишлар сабаб, овулнинг бир қисм фуқаролари ўз тарихий ватанларига жўнаб кетдилар. Айниқса, олмон Миша дурадгорнинг кўчиши қийин кечди: шўрлик овул қабристонига қўйилган кампирини ташлаб кетишга журъат этолмас, бу ёқда эса фарзандлар «Германия! Фақат Германия!» деб қисталанг қилиб туришибди; уста қайси бармоғини тишласа ҳам оғрийди… Аммо кўнгли ниманидир сезган чоғи, дурадгор бекор тайсалланмаган экан: бечора она юртида тўрт ой яшабди, холос; бир оқшом ухлабдию, қайта уйғонмабди… Буни эшитиб овул аҳли кўп афсусланди, қариялар йиғилишиб, уста Мишанинг ҳақига дуои фотиҳа қилишди…
Россияга, Қозоғистонга кўчиб кетган собиқ сайхуновулликлардан айримлари уч-тўрт йил оралатиб келиб, тўрт-беш кун меҳмон бўлиб кетишади. Ўтган йили эса ўзини «Фамилиям Папакириакопоулос» деб таништириб, суҳбатдошини қийин аҳволга солиб қўядиган, бироқ қишлоқ аҳли аллақачондан бери ўзига ўнғай тарзда «Саша грек» деб атайдиган собиқ этикдўз атай Афинасидан келиб, овулда нақ бир ҳафта қўноқ бўлди. Аввалига «Шаҳарда катта пойабзал фабрикам бор, ишчиларим фақат буюртмага ишлайди, мен бармоғимни ҳам қимирлатмайман, пулнинг ўзи оқиб келиб туради», деб роса оғиз кўпиртирган Александр Папакириакопоулос уч-тўрт пиёла майи ноб ичганидан сўнг нечукдир ҳўнг-ҳўнг йиғлагани, кейин «Э, шу ҳам ҳаёт бўлдими?.. Бирим икки бўлсин деб ўн тўрт соатлаб итдай ишлайман! На дам олиш кунини биламан, на таътилни!.. Туғилган кунимниям ишда ўтказдим – хўжайин жавоб бермади!.. Шунчаки гаплашиб ўтиришга биттагина одам тополмайман… Чойхонаям йўқ…» қабилида шикоятлар қилгани рост. Суяр муаллим закийлигини намойиш этгандай, Саша грекнинг бу арзи ҳолини унинг ота ватанида юз бераётган – вақтинчалик, албатта – иқтисодий буҳрон билан изоҳлади ва шу билан ҳаммаси ҳаммага, айниқса хорижда ариқлардан сув ўрнига сут оқади деб тамшанаётган ёшларга аён бўлди-қолди…
Дарвоқе, кўчиб кетаётганларнинг уйлари нархи овул аҳлининг имкони етмайдиган даражада бирдан кўтарилиб кетди: уларни шаҳарчадан келган қандайдир бадқовоқ, эс-дардлари дарёдан иложи борича кўпроқ балиқ овлаб, бозорга олиб чиқиб сотиш бўлган, шунга яраша қўлларида катта пул ўйнайдиган кимсалар эгаллаб ола бошлашди. Дарвозаларига иккита, баъзан ҳатто учта қулф ўрнатишдек аллатовур одатга оғишмай амал қиладиган бу одамлар гўё муваққат яшашларини таъкидлашаётгандай овул аҳлига аралашмас, тўй-маъракаларда иштирок этишмас, ўзларини бегонадай тутардилар. Равшанки, салом қандай бўлса, алик ҳам шундай: Суяр муаллим айтганидай, минг йил бир қозонда қайнатилса ҳам сайхуновулликларга қони қўшилмайдиган бу кимсалардан овул аҳли ҳам ўзларини четга тортиб юрадиган бўлишди…
* * *
Тоҳир мана шу овулда улғайди. Ҳаётига илоҳий сеҳр, қувонч, масрурлик, ҳаяжон олиб келган, дунёни кўзларига чандон гўзал этган илк муҳаббатини ҳам шу ерда учратди. Афсус, тез орада йигитнинг бутун туриш-турмуши остин-устин бўлиб кетди: деярли нақд бўлиб турган висол қувончи ўрнини ҳижрон азоби эгаллади, кечагина минг бир рангларда товланиб турган олам бирдан зулмат оғушида қолди…
Ногоҳ кўз кўзга тушиб қолганида дув қизаришлар, бармоқлар гўёки тасодифан бир-бирига тегиб кетганида ток ургандай сесканишлар, синфдошлару муаллимларнинг кўзларини шамғалат қилганча энтикиб дил розлари битилган мактуб алмашишлар – буларнинг ҳаммаси парталарга ўйиб ёзилган соддагина «Т+Г=С» ёзуви сингари мактаб дарсхоналарида унут бўлиб қолаверди: дўхтирликка ўқиётган Гулноза биринчи курсни битирар-битирмас бошқа институтда ўқиётган бир толиб билан топишиб… Чапак чалиб қолаверган Тоҳирни айниқса йигитнинг бошқа институтда ўқиётгани ҳайратлантиргани рост: бу қанақаси ахир қачон танишиб улгуришди, қачон бир-бирини синаб-кўриб улгуришди… Наҳот… наҳот умр савдоси шу қадар тез ҳал бўлса…
Эрга теккан Гулноза-ю, Тоҳир овулда бош кўтариб юролмай қолди. Ҳар нечук, баъзи бир синчковроқ яқинларига бўлажак тўй хусусида ҳаяжон яширин ишорали гаплар қилишдан ўзини тийиб туролмаганди-да йигит бечора… Бу ёқда аллақачон Тоҳирни ўзларининг бўлғуси куёвлари сифатида кўраётган – овулда гап ётармиди! – унинг қуюқ саломига синчковлик аралаш алик оладиган, ҳатто сўнгги пайтларга келиб уялинқираганча ўзларидан ошкора қоча бошлаган йигитни кўз остидан масрур кузатиб қоладиган Турғунбой ака билан Маърифат хола хижолатда…
Тез орада овулда «лапашанг, олма пиш, оғзимга туш деб юрган» йигитнинг кўнгил ярасини титкилаб, азоб берадиган учирма гаплар ўрмалаб қолди. Бу аҳволда яшаб бўлмасди…
Тоҳир армияга кетди. Таътилга ҳам келмасдан, олис Сурхонда икки йил хизмат қилди, бироқ Амударёнинг ёввойи шиддат билан оқадиган бўтана сувлари ҳам йигитнинг қалбидаги алам маддаларини ювиб кетолмади… Хизматдан сўнг уйидагилар шунча зўрлашса ҳам ўқишга бормади: шаҳардан кўнгли қолганди унинг.
Бақувват, хизматдан янада чиниқиб келган йигитни инспектор вазифасига ишга олишди. Унинг вазифаси дарёнинг биологик ҳолатини муҳофаза қилиш, балиқларни браконьерлардан асраш эди.
Яхшиям иш бор… Иш балки кимлар учундир тирикчилик, бир бурда нон топиш воситасидир, бироқ Тоҳир учун меҳнат ўзини кундалик ташвишларга андармон этиш, жон-жаҳди билан, то сулайиб қолгунча ҳаракат қилиш, уйга ҳориб-чарчаб, аранг судралиб қайтиш, ўзни таппа ўринга ташлашу ўликдай қотиб ухлаш омили бўлиб қолди. Тоҳирдай кўксида гуриллаб ёниб турган олови вужудини кемираётган забардаст йигит учун бир смена ишлар чўт эмасди, шунинг учун у ҳамкасбларининг ўрнига ҳам навбатчиликка чиқаверар, кўпинча эса соатга ҳам қарамасдан дарёда кезгани-кезган, бирон браконьернинг изига тушганида эса вақт тушунчасини умуман унутар, то мақсадига етмагунча уйқу нималигини билмасдан юраверарди.
Ҳар не бўлганда ҳам, иш Тоҳирни умидсизликдан, бир умр нолиб ўтиш хасталигидан, доимий аламзадаликдан асраб қолди. Бироқ бундай мутаассибларча меҳнат қурбонлик ҳам талаб этарди.
Овул, ҳар қанча кенгайгани билан, унда истиқомат қилаётганлар бир-бирларини таниб-билиб улгуришганди; бунинг устига, тўй бир, маърака бир; борди-келди, қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик деганлариям бор… Шу сабаб, қишлоқнинг бу чеккасида яшайдиган кимдир ноқонуний балиқ ови билан қўлга тушар экан, орадан бир чой ичгулик фурсат ўтар-ўтмас бу тўда дейлик, қишлоқнинг у чеккасида истиқомат қиладиган собиқ синфдош дўстингнинг туғишган укаси ёинки тоғангнинг бирга гап ейдиган ўртоғининг божаси бўлиб чиқиши ҳеч гап эмасди… Табиийки, бундай пайтда орага фалончи-пистончилар, энг оғири – қариндош-уруғлар, яқин жигарлар тушади. Бу дунёда одам кўп нарсадан воз кечиши мумкин, аммо хешларга қўл силтаб кетолмайди, улар ўртага олиб ниманидир илтимос қилиб, баъзи ҳолларда эса талаб қилиб турганида, айтаётган гапларингга мутлақо қулоқ солмаётганида, изоҳларингга ишонмаётганида иложсизликдан «дод!» деб юборгудай бўласан, бошингни қаерга уришни билмай қоласан…
Ишни энди бошлаган кезлари бунақа савдо ҳафтасига ҳеч бўлмаса бир марта Тоҳирнинг бошига тушиб турарди. Аввалига унисини у экан бунисини бу экан, деди ишқилиб, орага тушганларга имкон даражасида қайишиб турди, айрим маҳаллари далилий ашё бўлган балиқларни дарёга қайтариб қўйиб юборишу қонунбузарга пишак дўқи уриб қўйиш билан кифояланди. Аммо, худо шоҳид, бировдан бир сўм олмади, бировнинг битта балиғини уйга кўтариб келмади; дарвоза ёнига ташлаб кетилган совға-саломларни эгаларига қайтарди; шу қилиғи сабаб «Ўз фойдасини билмаган тентак» деган лақаб орттириб олди (тўғри, ишонч билан «Олади. Катта-катта олади. Фақат яширинча олади. Катта-катта мафиялардан олади!» деб юргувчилар ҳам овулда анчагина топиларди). Тез орада эса инспектор қатъий бир хулосага келди: бунақа масалада бир марта ён бердингми, тамом, кейин кўз очирмай қўйишаркан, баённома қоралай бошласанг бас, «Фалончини шундайгина қўйиб юборибсан-ку, ундан бизнинг қаеримиз кам!.. Шу бир парча қоғозинг биздан авло бўлдими?» деб юмма талашаркан. «Бизам хизматдан қочмайдиган, девор бўлмаса кўчани кўрадиганларданмиз», деб писанда қилишаркан, намойишкорона чўнтак кавлашга тушишаркан, «ҳай-ҳай» демасангиз қўйнингизга у-бу тиқиб кетишдан ҳам ҳайиқишмас экан… Тўғри-да, шунақа йўлга юрган, гувоҳлар бор, инчунин, тили қисиқ; қани, бизнинг қариндошни қўйвормай кўрсин-чи, нақ каттасига ёзармиз… Ана, бўйнида айби бор-да, одамга тик қарамайди, кўзини олиб қочгани-қочган…
Бу аҳволда узоқ ишлаб бўлмасди. Ахийри, узоқ мулоҳазалардан сўнг Тоҳир бир қарорга келди ва аста-секинлик билан, заррама-зарра, томчима-томчи ўзининг вужудидаги, қалбидаги мутеликка монанд туйғуни ситиб чиқара бошлади, тошбақа суръат билан бўлса ҳам овулдошларидаги ўзига тепадан беписанд қараш имкониятини йўқота борди. Ў, осон кечмади бу жараён, осон кечмади! Эҳ-ҳе, бунинг эвазига не-не қора кунлар тушмади бошига, не-не қарғишларга учрама-ди, не-не яқин жигарлари, қондош хешлари юз ўгириб кетишмади ундан! Ҳатто ёлғиз опаси… Алкаш эри ов ман этилган мавсумда бир қайиқ балиқ билан қўлга тушиб қолганида аввал оёқлари шишиб кетган опанинг ўзи эланиб келди… кейин… кимлар ақл ўргатишган, ноаён!.. Уйида бир амаллаб асраётган ягона бойлиги – болали сигирини етаклаб… Йиғлади… Ранги қорайиб кетган укасини кўндиролмаслигини англагач… кўз ёшларига кўмилганча судралиб қайтиб кетди… Жиянларнинг-ку, ҳалигача Тоҳирни кўрарга кўзлари, отарга ўқлари йўқ… Арзгўйларнинг ҳам сони бўлди, саноғи бўлмади…
Уста «ёзғувчи»ларнинг шарофати билан Тоҳир икки марта ишдан бўшатилди, бироқ, худонинг иноятини қаранг, икки сафар ҳам ўрнига қайта тикланди. Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди деганлари шу бўлса керак-да.
Охир-оқибат Тоҳир «гапга кўнмайдиган, яхшилик ёқмайдиган, иш деганда отасиниям танимайдиган инспектор» деган ном орттирди-ю, қонунбузар қўлга олинган заҳоти қаёқдандир пайдо бўлиб қолиб, орага тушишни дўндирадиган гала-гала илтимосчилар ва сурбет холис элчилардан қутулди ҳисоб.
Бу орада вақт ҳам бир нарсадан қуруқ қолаётгандай шошиб-ҳовлиқиб елаверди ва Тоҳирнинг ёши йигирма еттига бориб қолди. Овулда шу ёшга етиб ҳам уйланмаслик турли гап-сўзлар ва анчайин нохуш талқинларга сабаб бўлиши аён эди. Ўғлига бу мавзуда гапиравериб чарчаган она ахийри шартта дастурхон кўтариб қўшни қишлоқдаги бир дугонасиникига совчиликка жўнаворди. Қиз ўша йили тикувчиликни битириб, туман марказидаги цехда иш бошлаган экан.
Одатдагидай, қиз томон «биз бир ўйлаб кўрайлик-чи», дейишибди. Янгаларнинг талаби ҳам маълум: «жигит учрашувга чиқсин, иккалови бир гаплашиб кўришсин».
Тоҳир онасига «эртага бораман, индин бораман» дея ишдан қўли бўшамай юрган кунларнинг бирида хўп ғалати ҳангома содир бўлди.
Дарҳақиқат, юмуш билан андармон Тоҳир овулда ўзидан кичик ёшдаги йигитларга эътибор бермас, уларнинг кўпчилигини танимас эди. Тўғри, баъзиларининг юзи танишдай туюлар, аммо ким кимнинг хеши эканлигини ажратиб олиш, айниқса гуриллаб чиқиб келаётган ёшларнинг исмларини эслаб қолиш осон эмасди. Шу сабаб бўлса керак, намозшом палла, энди қайиғидан тушиб келаётган Тоҳир тепалик ортидан отилиб чиққан чамаси йигирма ёшлардаги йигитнинг қутуриб ўзига ташланганини кўрганда шошиб қолмади, зеро, касбининг ўзи ундан доим ҳушёр бўлишни тақозо этарди, фақат шуурини «Самаднинг жияни-ёв» деган ўй чақмоқдай тилиб ўтди. Куни кеча тўртта балиқ билан қўлга тушган Самад далолатномага қўл қўймайман деб роса тихирлик қилган, Тоҳирга хезланиб: «Ҳали сен ит билан бошқа жойда, бошқача гаплашаман! Орқасида одами йўқ деб ўйлама, керак бўлса сени маймундай ўйнатиб қўядиган танишларим бор! Ана ўшанда ўзинг олдимга эмаклаб келасан!» дея бўкирганди. Шу экан-да «гаплашиши»…
Тоҳир ҳатто жияннинг нега ёлғиз эканига ажабланиб ҳам улгурмасдан (одатда, «қасоскорлар» бир-бирларига мадад бергандай уч-тўрт киши бўлиб келишарди) жағига келиб тушган кучли зарбадан икки қадам орқага учиб кетди, мувозанатини сақлай олмасдан йиқилиб тушди. Бунақа пайтлари бир тепки ҳаммасини ҳал қилиши аниқ эди. Бироқ жиян мард экан, ётган рақибини тепмади, унинг ўрнидан туриб олишини кутди, сўнг яна ҳужум бошлади.
Икковлон анча олишишди. Ўзиям садоқатли жияннинг буқадай кучи бор экан… Йўқ, барибир охир-оқибат армия тажрибаси, ёш устунлик қилди: Тоҳир йиқилаётган жойида бир амаллаб йигитчанинг қўлини орқага қайириб олишни уддалади. Инспектор кутганчалик йигит додлаб юбормади, аммо қуйи лабини жон-жаҳди билан тишлаб олгани, томоғидан эса хириллаган товуш чиққани унинг қанчалик кучли оғриққа чидаётганлигини кўрсатиб турарди. Ҳансираб қолган Тоҳир:
– Тоғангга шуни айтиб қўй… – деб гап бошлади.
Бироқ йигитча гап эшитадиган алфозда эмасди шекилли, инспектор мутлақо кутмаганида тўсатдан чақчайиб:
– Яна бир марта Жамилага одам юборсанг, ўлдираман! – деди.
Тоҳир қуйи лабидан қон тизиллаб оқаётган йигитчага анграйиб қараб қолди. Бу яна нимаси бўлди? Қанақа Жамила? Қанақа одам…
Инспекторнинг чангали бўшашганини сезган йигит бир силтаниш билан қўлини бўшатиб олди ва шувиллаб қоронғилик қўйнига сингиди-кетди. Ана шундагина Тоҳир онаси совчиликка борган қизнинг исми Жамила эканлигини эслади.
Бу ёғи қизиқ бўлди-ку… Наҳотки булар аҳдлашишган бўлса-ю… Бир ками энди Қоработир бўлиш қолувди… Аммо агар аҳдлашишганлари чин бўлса, йигит нега энди, Тоҳирдан «одам борганидан» сўнг ғимирлаб қолди?..
Тоҳир қиз билан учрашувга чиқиш олдидан янгалар кўмагида орқаворатдан суриштириб билишга, вазиятга ойдинлик киритишга уринди. Аён бўлдики, овулнинг нариги бошроғидаги уйда уйланган, таксичилик қиладиган акаси, касалмандроқ онаси билан яшайдиган Бердиқул қизга бир эмас, уч марта совчи йўллаган, аммо нимагадир ҳар гал рад жавоби олган. Умуман, овулга кейинроқ кўчиб келганлар сафида бўлган бу оила кўпчиликка унчалик аралашмас, ҳали бошқалар билан қариндош-уруғ бўлиб ҳам улгурмаган эди.
Тоҳир не қилсин?.. Уятчан Жамила билан қисқагина давом этган илк учрашувга чиққанида бу хусусда сўрай олмади, буни эркак кишига ярашмайдиган иш деб ўйлади; аммо «Кўнглингизда кимдир бўлса, янгаларингизга айтинг, мен тушунаман», дея олди; бунга жавобан қиз дув қизариб, ерга қаради, шу билан бошини қайта кўтармади…
Тез орада тўй бўлди. Базм оқшоми Бердиқул деганлари ичиб олиб, тўполон кўтармоқчи бўлди шекилли, йўқ жойдан баҳона топиб, атай уч-тўрт меҳмон билан ғижиллашиб қолди, биттасининг қаншарига ўхшатиб мушт туширишга ҳам улгурди; аммо у пайтлар овулда оқсоқолларнинг обрўйи баланд эди, бундай ғиди-бидилар уларнинг бир маънодор қош учириши билан барҳам топарди: Бердиқулни ҳам тўрт-беш забардаст йигит шартта кўтариб тўйхонадан олиб чиқиб кетишди, кимнингдир молхонасига олиб бориб қамаб қўйишди, устидан қулфлаб кетишни ҳам унутишмади. Роса уринса-да, кафтдай дарчадан чиқиб кетолмаган Бердиқул уриб-тепиб, ахийри бир амаллаб лойсувоқ томни тешиб чиққанида эса аллақачон тонг ёришган, инчунин, бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчган эди…
* * *
Биринчи муҳаббат тошга ўйилган хат мисоли бир умр юракда сақланиб қолади, дейишарди. Ҳақ гап шекилли. Илло Тоҳир – буни ўзи тан олишни истамаса-да – уйланганидан кейин ҳам анча маҳалгача Гулнозани унутолмай юрди. Айниқса баъзан кечалари юраги бир сиқилади-ей… Бунақа маҳаллари «дод» деб кўчага чиқиб кетсанг-у, кетаверсанг, кетаверсанг… қаёққалигини ўзинг ҳам билмасанг… оёқларингни тошлар кесса, юз-баданингни тиканлар тилса… сен шунда ҳам сақичдай зулмат оғушида ортингда қонли из қолдирганча кетаверсанг… ва қай бир манзилга борганингда «гуп» этиб йиқилсанг… ҳеч нарсани ўйлай олмай қолсанг, ҳеч нарсани эслай олмай қолсанг… кўзларингни йирганча беҳис-беруҳ аҳволда ётаверсанг…
Ваҳоланки, Тоҳир Яратганга шукроналар айтса арзирди: қисмат унга оқила, меҳрибон, ғамхўр, болаларча беғубор жилмайиб турадиган аёлни ёстиқдош этганди. Жамила эрини бошига кўтарар даражада самимий, содда жувон эди. Буни сезгани, ҳис қилгани сайин эса Тоҳир баттар азобланарди. У аёлини иззат-ҳурмат қиларди, керак бўлиб қолса ҳеч ўйланиб ўтирмасдан унинг учун жонини ҳам қурбон этарди, аммо – ҳар қанча истаса-да – уни юраги ўртаниб, титраб-қақшаб сева олмади, уйга юмушдан ҳовлиқиб, ҳаяжон билан, жуфти ҳалолини соғиниб қайтмасди; ҳамон вақт қандай ўтганини билмасдан ишида юраверарди, юраверарди… Тоҳирнинг энг қўрққани – қалбидаги пинҳон туйғулардан маъсума рафиқасининг хабардор бўлиб қолиши эди, шу боис ўзини турмушда вазмин, жиддий, камгап эркак каби тутарди…
Фарзандли бўлишди. Ўғил эр-хотинни бир-бирига янада яқинлаштиргандай бўлди. Бироқ Дилмурод етти ёшга етганида кутилмаган фожиа юз берди.
Уйда тикувчилик қиладиган, қўли гуллиги боис буюртмаларга кўмилиб қолган Жамила эрининг ишини яхши кўрарди. Вақт топса бас, дарров дарёга келар, Тоҳирнинг қайиғида бирга сайрга чиқарди. Ўша ёз куни ҳам шундай бўлди. Моторли қайиқда эр-хотин бир оз айланишди.
Қайиқ тез юрар, шамол Жамиланинг сочларини ўйнарди. Тоҳир бир қўлида рулни бошқарар, иккинчи қўлида тутган дурбинида атрофни кузатарди.
Тоҳир бирдан сергак тортиб, қайиқни қирғоқ бўйидаги дарахтзор томон бурди.
Бу ерга келиб торайган дарё айрича шиддат билан оқарди.
Дарахтлар соясидаги қўлбола дастурхон ёнида эллик ёшлардаги, сочлари кумуш тусли, кўзойнак таққан, бўйинбоғли шоир Даврон Комил диққат билан ниманидир ўқиб ўтирарди. Сал нарида, қирғоқ бўйида тахминан тўққиз ва олти ёшлардаги иккита иштончан бола ўйнаб юришибди.
Мотор овозини эшитиб, шоир бошини кўтарди, қўлёзмани ёнига қўйиб, ўрнидан турди. Даврон Комилни таниган Тоҳир ҳазиллашди:
– Ашаддий браконьер ким десам, ўзингиз экансиз-ку, Даврон ака.
Шоир қўлларини кенг ёйди:
– Худди шундоқ, Тоҳиржон. Келинг.
Жамила салом берди, шоир алик олди.
Тоҳир атрофга аланглади:
– Жиноят қуроли бўлган тўр, қармоқ кўринмаяпти.
Даврон Комил кулиб юборди:
– Биз мана шунақа кўрсатмай ишлаймиз-да. Уйда битта эски қармоқ бор эди, униям опкелмадим. Профессионал балиқчи бўлмасак ҳам, «р» ҳарфи йўқ ойларда балиқ овлаб бўлмаслигини яхши биламиз. Май, июнь, июль, август дегандай.
– Яхши-да. Унда «р» ҳарфи бор ойларда бемалол қармоғингизни кўтариб келаверинг. Сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь, январь, февраль, март, апрель дегандай.
– Э, ука, биздан балиқчи чиқармиди. Бош қашишга вақт йўғ-у. Ёшларнинг китобига муҳаррир қилиб қўйишган. Эртага топширишим керак. Уйда ўтириб бўлмай қолди. Дим. Иссиқни бўлса юрак кўтармай қолган. Аксига олиб янгангизам тўйга кетганди. Болаларни олиб тўғри табиат қўйнига келавердик-да.
– Жуда тўғри қипсиз, Даврон ака. Лекин дам оламан десангиз, ўзимизнинг пляжга бора қолмапсиз-да.
– Бир боргандим, у ерда ҳамма ёқ одам, шовқин-сурон. Ишлаб бўлмайди.
– Майли-ю, фақат болаларга эҳтиёт бўлинг. Бу ерда дарё сиртидан сокин кўрингани билан тагида тез оқади. Гирдоб ҳам айнан шу ерда.
– Хўп, ука, хўп. Қани, камтарин дастурхонимизга марҳамат.
– Раҳмат. Хизматчилик. Бормасак бўлмайди. Сиз яхши дам олинг. Фақат эҳтиёт бўлишни унутманг.
Шу билан хайрлашишди. Тоҳир моторни юрғизиб, қайиқни яна дарёга олиб чиқа бошлади.
– Ким бу киши? – деб сўради Жамила.
– Даврон ака. Шоир. Ажойиб одам. Китобини опкелгандим-ку. Даврон Комил деган шоир. Асли шу ўзимизнинг қишлоқдан. Ҳозир шаҳарда яшайди.
Ниманидир эслаган Жамила яшнаб кетди:
– Ҳа, ҳа. Опкелгандингиз! Шеърларини ўқигандим!.. Тирик шоирни биринчи кўришим. Юзида нури бор одам экан.
– Шоирлар шунақа худо ёрлақаган одамлар бўлишади-да, аяси.
Жамила шундай одам билан бемалол гаплашган, ҳазиллашган эрига ҳайрат ва ҳавас билан қаради. Буни сезган Тоҳир мийиғида кулимсираб қўйди.
Тоҳирнинг аниқ ёдида: жувон эҳтиром тўла нигоҳини шоир томон тикди. Инспектор ҳам қандайдир савқи табиийси билан қирғоққа ўгирилди ва болалардан кичиги тепган копток дарёга тушиб кетганини кўрди. Катта бола ўйлаб ўтирмасдан тез оқиб кетаётган тўп ортидан ўзини сувга отди.
Жамила чинқириб юборди:
– Дадаси!
Бу чинқириқ янграмасидан буруноқ Тоҳир қайиқ рулини қирғоқ томон кескин бурганди. Жамила йиқилиб тушди, инспектор аранг мувозанатни сақлаб қолди. Қайиқ қирғоқ томон учди.
Телба сув коптокни ҳам, болакайни ҳам шиддат билан оқизиб кетмоқда эди. Кичкинтой бола додлаб юборди:
– Ака!
Тоҳир яна бир нарсани аниқ кўрди: кичкинтойининг бақирганини эшитган Даврон Комил учиб ўрнидан туриб кетди, қўлидаги қоғозларни отиб юбора сола ўғли томон чопди. Кичкинтой бўзлаб йиғлар ва сув юзасига қалқиб-қалқиб чиқаётган, ҳамон шиддат билан оқиб кетаётган акасига ишора қиларди.
Даврон Комил кийимларини ҳам ечмасдан чопиб бориб ўзини дарёга отди, ўғли томон сузди.
Болакайнинг ёнига Тоҳир биринчи бўлиб етиб келди, унга қўл чўзди. Шу лаҳзада, инспектор томон қўлларини узатаётган болакай бирдан сув остига кириб кетди. Ўзини сувга отиб, болакай ортидан шўнғиётган Тоҳирнинг сўнгги оний сонияда кўргани қайиқ лабида сувга ваҳима билан қараб қолган, кўзлари олайиб кетган Жамила эди… Сўнг нима бўлган? Жамила, ўша мунис жувон кийимлари сувга бўкиб, оғирлашган Даврон Комилнинг бирдан гир айлана бошлаганини, кейин сув остига кириб кетганини, яъни тирик шоирнинг гирдобга тушиб қолганини сезади ва… ўзини сувга отади. Ёрдам бермоқчи, шоирни сувдан олиб чиқмоқчи бўлган-да шўрлик…
Ниҳоят бўтана сув қаъридан отилиб чиққан Тоҳир бир қўли билан беҳуш болакайнинг сочидан ушлаб олганди. У жон-жаҳди билан сузиб қирғоққа етиб келди, болакайни ерга ётқизиб, кўкрагидан босди, сунъий нафас олдирди, ишқилиб унинг ичидаги сувни чиқариб ташлади, ўзига келтирди.
Шундан кейингина Тоҳир ҳамон дод солиб йиғлаётган кичик болакайни овутиш учун бош кўтариб, аввал дарёга қаради ва узоқда лопиллаб кетаётган бўш қайиқни кўрди. Мана, қайиқ тор ўзанга бориб, нимагадир урилди чоғи, ағдарилиб тушди, чўка бошлади…
Тоҳир бўкириб юборди:
– Жамила!
Гирдоб қаъридан сув юзасига бир бўйинбоғ чиқди, бу Даврон Комилнинг шойи галстуги эди…
Тоҳир чопиб бориб ўзини сувга ташлади, то нафаси қайтиб, ўладиган ҳолга етгунга қадар қайта-қайта шўнғиб, дарё бағридан Жамиласини қидираверди-қидираверди…
Бир ҳафтача излашди, оқим бўйича деярли эллик чақирим жойни тит-пит қилиб чиқишди, аммо шоирнинг ҳам, Жамиланинг ҳам майити топилмади…
Тоҳир адойи тамом бўлди…
Ўша кунлари дарёга қараса бас, сувда акс этаётган қуёш ёғдулари орасидан ширингина жилмайиб турган, ўзига ҳайрат аралаш қувонч билан қараётган Жамилани кўрарди…
Бу Тоҳир учун оғир йўқотиш бўлди, даҳшатли даражада оғир йўқотиш. Ўша кунлари у қандай қилиб ақлдан озиб қолмади, буни ўзи ҳам тушунмайди…
Дастлаб жуда қийин бўлди.
Шоирнинг ишхонасидан келишди, оиласидан…
Тоҳир бу кўп сонли ҳамдардларнинг тасалли сўзларини эшитмас, эшитган чоғларида маъносини англамас, уларга ҳеч нима кўрмаётган кўзларини тикканча лоқайд ўтираверарди… Шоирнинг яқин хешларидан кимидир қаердадир хизмат қиларкан, шу амалдор ҳузурига чорлаб икки марта одам юборди, аммо Тоҳир бормади. Илло, ўша мудҳиш воқеа ҳақида ҳар қандай эслатиш унинг юрагини чидаб бўлмайдиган даражада буровга солиб азоблар, айбдорлик ва пушмон ҳислари чоғишган армон эса дунёсини қоронғи этарди…
Балки шу сабаблидир, орадан бир неча йил ўтиб, раҳматли шоирнинг Тоҳир бир пайтлар ажал чангалидан қутқариб қолган тўнғич ўғли атайлабдан яна бир бор миннатдорчилик билдириш учун укаси билан бирга ишхонасига излаб келганида инспектор улар билан гаплашишни, улар билан юзлашишни истамади: қайиққа ўтирдию, дарёга чиқиб кетди…
Бироқ бу дунёда аввалига асло битмайдиган каби туюладиган ҳар қандай қалб ярасининг ягона малҳами бор, у ҳам бўлса вақт… Бу малҳам аста-секинлик билан бўлса-да, Тоҳирга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади. Иш билан раҳматли аёлидан ёдгор қолган фарзанд олдидаги масъулият қалб ярасига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади…
Фурсат чархпалаги тинмай айланиб турган бу рўйи заминда йилнинг уч юз олтмиш беш, кабиса йилининг уч юз олтмиш олти куни қайталаб келаверади, келаверади. Аммо сиртдан икки томчи сувдай бир-бирига ўхшаш кунларнинг айримлари ўзгачароқ эътиборимизни тортади, ҳеч бўлмаганда риёзиёт ёинки фалакиётшунослик нуқтаи назаридан. Дейлик, саратон ойи бошланиши олдидан йилнинг энг узун куни ўтишига шоҳид бўламиз.
Ажабки, биз қаламга олажак воқеаларнинг ибтидоси айнан мана шу кунга, аниқроғи йилнинг энг қисқа тунига тўғри келди.
* * *
Тоҳир учун навбатдаги смена дилхираликдан бошланди.
Дилмурод дарёни ёмон кўриб, ундан нафратланиб ўсди. Шунгами, қачон дадаси уни дарёга таклиф қилса, қовоғини солиб рад жавобини бериб тураверарди. Бугун ҳам шундай бўлди. Дадасининг ишга кетаётганини кўр-ган Дилмурод дуч келган газетани қўлига олди ва ўзини диққат билан мутолаа қилаётгандай тутди.
Тоҳир илтимос қилди:
– Юрақол энди, ўғлим.
Дилмурод газетадан нигоҳини олмай бош чайқади:
– Бормайман.
Сўнг ота-бола ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Барибирам бекор ўтирибсан-ку.
– Нега бекор бўларканман? Мана, газета ўқияпман. Янгиликлардан хабардор бўлаяпман.
– Ахир бу ўтган йилги газета-ку!
– Менга фарқи йўқ.
– Ўғлим, нима қиласан шу тангу тор уйда зерикиб ўтириб? Ундан кўра мен билан юр. Сал кўнглинг ёзилади.
– Ўша… – Дилмуроднинг товуши титраб кетди: – ажалнинг уясига борганимдан кўра шу тангу тор уйда зерикиб ўтирганим яхши!
Тоҳир ўзини босиб олишга, иложи борича хотиржам оҳангда гапиришга уринди:
– Майли, ўғлим, ўзинг биласан.
Тоҳир хонадан чиқди, йўлакка ўтиб этигини кийди, ичкарига кўз ташлади. Дилмурод ҳамон газетадан кўз узмасди.
Тоҳир беихтиёр деворга, рамкага олинган суратга қаради. Сурат фожиадан бир ойча бурун олинганди. Унда Тоҳир рафиқаси Жамила билан. Ўртада матросларнинг йўл-йўл кўйлагини ва матросча шапка кийган Дилмурод. Улар дарё ўртасида, қайиқда суратга тушишган. Учовлоннинг бахтиёр эканликлари суратда шундоққина кўриниб турибди.
Дадасининг қаёққа қараётганини сездими, Дилмурод ўрнидан турди ва чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, намойишкорона тарзда рамка четларини, ойнани арта бошлади…
Қоронғилик тушиб улгурганди. Тоҳир овул ёнида дарёга туташ кичкина, ёп-ёруғ, одамлар «пристан» деб атайдиган қайиқлар тўхташ жойига хижил кайфиятда келди. Арқони устунга бойланган моторли қайиғига боришдан олдин ёнғинга қарши кураш мосламалари осилган доска ёнидаги қум тўлдирилган темир яшикка елкасини тираганча бир муддат ўйланиб қолди.
Шу маҳал ён тарафдан «Камандир!» деган овоз эшитилди ва зулмат бағридан Бердиқул чиқиб келди.
Дарвоқе, Тоҳирнинг тўйидан сўнг орадан икки-уч йилча ўтиб Бердиқул уйланди. Топармон-тутармон акаси алоҳида уй олиб чиқиб кетгач, катта ҳовлида онаси, хотини билан бирга яшай бошлади. Тоҳирнинг орқаворатдан эшитишига қараганда, Бердиқул фарзандли бўлмаган. Ўша… фожиадан сўнг, орадан йигирма кунлар ўтибми, Тоҳир бир оқшом уйи атрофида айланишиб юрган Бердиқулни кўрди, ҳатто унинг тишлари ғижирлаётганини ҳам аниқ-тиниқ эшитди. Ўзи аламзада бўлиб юрган Тоҳир кўчага чиқди. Ой тўлган кеча эди. Атроф сутдай ёруғ. Икки рақиб бир-бирига тик қараб қолишди. Вужуди дир-дир титраётган Бердиқулнинг нигоҳида нафрат ва интиқом ўти ёнарди. Тоҳир кўзларини олиб қочмади, билъакс, баайни ўзининг қайғусига бош айбдор касни учратган каби қадалиб тикилиб тураверди. Улар бир-бирларини нигоҳлари биланоқ пармалаб, янчиб-титиб ташлашга тайёр эдилар гўё… Бердиқул муштларини тугди ва шунда Тоҳир бармоқ суякларининг қисирлаб кетганини ҳам эшитди. Аёвсиз, шафқатсиз олишув бўладигандек эди. Аммо кутилмаганда Бердиқул нафрат билан ерга тупурди ва текис йўлда қоқилиб-суринганча дарё томонга кетди. Тоҳир уни тўхтатиб ўтирмади…
Тез орада эса, аллақайси тўйда ичиб олиб, тўполон кўтарган, якка ўзи ўн беш кишини калтаклаган, биттасининг бурнини, бошқасининг бошини ёрган, буям камдай, «Жамила» деган суюққина қўшиқ айтаётган ҳофизни қорнига бир уриб йиқитгач, ингичка бўйинбоғидан ушлаб судраган, судда эса гувоҳ сифатида иштирок этаётган ўша бечора ҳофизга ташланиб қолган Бердиқул узоқ муддатга қамалиб кетди.
Тоҳирнинг эшитишига қараганда, Бердиқул қамоқда ўтирганининг иккинчи йилидами, учинчи йилидами хотин рози-ризоликлар билан ота-онасининг уйига қайтган.
Икки-уч ой бурун Бердиқул яна овулда пайдо бўлиб қолди: амнистияга илиниб, озодликка чиқибди; шаҳарчадаги қайси бир қурилиш ташкилотида қоровул бўлиб ишлаётганмиш ҳам.
Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, уларнинг муносабатлари ҳамон тушунарсиз эди; кўчада бир кун тасодифан дуч келиб қолишди, ёши кичик сифатида Бердиқул биринчи бўлиб бош ирғади – салом берган бўлди, Тоҳир шу тарзда алик олган бўлди. Шу, холос. Мана энди шу пайт кутилмаганда ердан чиққандай пайдо бўлиб турибди. Ҳар қалай, бежиз эмасдир.
Тоҳир Бердиқулга разм солди. Яна озибди, юз терилари салқиб қолибди, балки зах жойда кўп ишлагандир. Анча улғайибди. Айниқса, мўйлови уни ёшига нисбатан каттароқ кўрсатарди.
Дўппайиб турган салафан халтача кўтариб олган Бердиқул икки қадамча нарида тўхтади:
– Ассалому алайкум, камандир.
– Яхшимисиз, Бердиқул.
Тоҳирнинг «сиз»лагани эриш туюлдими, Бердиқул истеҳзоли илжайиб қўйди:
– Яхшиман, камандир.
– Кечаси бу ерда нима қилиб юрибсиз?
– Ишдан қайтаётгандим. Сизни кўрдиму, балки бизга бирон хизмат бормикан деган ўйда олдингизга келавердим.
Бердиқулнинг мазахомуз, беписанд оҳангда гапиришга ўтиши ғашини келтирган бўлса-да, Тоҳир ўзини босиб, хотиржам сўзлашга ҳаракат қилди:
– Хизмат йўқ, Бердиқул. Бемалол бориб дамингизни олаверинг.
– Хўп бўлади, камандир.
Бердиқул бир муддат Тоҳирга синовчан тикилиб тургач ортига ўгирилди ва қоронғилик қаърига сассиз сингиб кетди.
Тоҳир бу ташрифнинг маъно-мақсади хусусида мулоҳаза юритган ҳолда қайиғи томон бораётганида орқадан шошқин қадам товушлари эшитилди, сўнг Маърифат холанинг хавотирли овози эшитилди:
– Тоҳир, ўғлим.
Бу Гулнозанинг онаси эди. Чол-кампир Тоҳирга анча боғланиб қолишган, айниқса, Маърифат хола вақт-бемаҳал ундан бирон масалада кўмак сўраб туришни канда қилмасди.
Тоҳир шошиб холага пешвоз чиқди:
– Тинчликми?
– Амакингизнинг мазаси бўлмаяпти. Билдирмайман деяпти-ю, билиниб қолаяпти. Анча беҳол. Шунга «Тез ёрдам» чақириб берасизми дегандим.
– Албатта чақирамиз, холажон.
Тоҳир чўнтагидан қўл телефонини олиб, рақам тера бошлади.
– Илоё умрингиздан барака топинг, Тоҳиржон…
* * *
Ўзининг азалий рақиби Тоҳир билан юзма-юз бўлганидан сўнг кўнглидаги ғашлик баттар ортган, қонли интиқом олиш ўрнига ялтоқилик қилгандай тутгани учун ўзини ўзи ёмон кўриб кетаётган Бердиқул оғир хаёллар оғушида бир-бир босиб уйига келарди. Қамоқдан кейинги биринчи учрашув бунақа бўлиши керак эмас эди. Айнан қанақа бўлиши керак эди, буни Бердиқулнинг ўзи аниқ билмасди, аммо лаҳаддай тор камерада, маҳбуслар билан қисилишиб ётган чоғлари, бир парча осмонни кўролмасдан «дод» дегудай бўлган маҳаллари бошқача учрашувни кўз олдига келтирарди, бошқача…
Симёғочга ўрнатилган чироқ хира ёритиб турган дарвоза ёнидаги қўлбола ўриндиқда Солиҳа эна ҳассасига иягини тираганча, йўлга диққат қулоқ тутган кўйи муштдайгина бўлиб ўтирарди.
Онасини кўриб, юраги санчиб кетган Бердиқул қадамини тезлаштирди. Солиҳа эна ўғлининг оёқ товушларини таниди:
– Келдингми, болам?
– Яна кўчага чиқиб олдингизми, эна?
– Хавотир олдим-да, болам.
– Кечроқ келаман дегандим-ку.
– Шу пайтларам мошинлар юрадима?
– Юради, эна, юради. Мана бу сизга, – у қўлидаги ширин кулчалар солинган салафанни берди.
Она-бола одмигина ҳовлига киришди.
– Яна бўличка опкелдингми, болам, – халтачани сиртидан ушлаб кўрди Солиҳа эна. – Овора бўпсан. Кечқурун Қўзибой ош бериб кетди. Сенга опқўйдим. Ҳозир иситиб бераман.
– Овора бўлманг, эна. Қорним тўқ. Эртага ермиз… Эна, дўхтирга учрашдим. «Олиб келинг, худо хоҳласа битта кичкина операция билан онахонга кўз нурини қайтарамиз», деди.
Солиҳа энанинг ажин босган юзига табассум югурди:
– Болам-эй. Ҳеч тинчимадинг-тинчимадинг-да. Ахир менинг кўзимнинг нури – ўзингсан-ку, болам. – Энанинг ўпкаси тўлди: – Шу уйга… келин келса, неварамни тўйиб ҳидласам, бағримга боссам – кўзларим чарақлаб очилиб кетгани шу-да.
– Эна…
– Шунинг учун менга кўп овора бўлаверма. Шу ёшимда апераса қилдириб, олма билан ўрик бўлармидим. Ўзингни ўйла, болам, ўзингни.
– Мана кўрасиз, эна, ҳали ҳаммаси бўлади. Кўзларингизам очилади, неваралиям бўласиз.
– Ўша кунларни кўрсам армоним қолмасди.
Бердиқул ўзини мажбурлаб жилмайди, онасининг қоқшоқ қўлларини ушлади:
– Кетишга шошилманг, эна. Нима, кетганлар қайтиб келаяптими? Аввал неварангизнинг суннат тўйида ўзингиз бош-қош бўласиз, кейин уйлантириб қўясиз. Ана ўшандан кейин кетиш масаласини ўйлаб кўрсак бўлади.
Молхона тарафдан қўчқорнинг маъраши эшитилди.
– Ем бердингизми?
– Ҳа, маккайи қайнатиб бердим.
– Сиз уйга кираверинг, мен сувини кўрай-чи.
Бердиқул молхона томон юрди, Солиҳа эна ичкарига кираркан, ўзига ҳар бир қаричига қадар ёд бўлиб кетган остонада тўхтади:
– Болам, кечаси бир ёқларга тентиб кетмагин яна…
– Хўп, эна, хўп…
Бердиқул бу сўзларни ўзи ўзига ишонқирамаётгандай, иккиланиброқ, дудмалроқ тарзда айтди. Солиҳа эна буни сезди, бироқ индамади…
* * *
Айтиб ўтганимиздай, рисоладагидай шаҳарчага айланган туман марказининг энг таниқли ишбилармон «янги ўзбек»ларидан бири бўлган Муҳиддинбой шу маҳал икки қаватли, каттагина ҳовлисига кўчатлари аллақаёқлардан олиб келиб экилган турли экзотик дарахтлар яшнаб турган, мармар ҳовузли, рангли фавворали уйида қўноғини кузатиб қўймоқда эди.
Неча йиллар бурун, институтда, бир гуруҳда ўқиб юрган кезлари «уч мушкетёр» лақабини олган жўралар – Муҳиддин, Аббос, Қаҳрамоннинг ҳаёт йўллари турлича кечди. Муҳиддин қишлоғига қайтиб келди, қилмаган иши қолмади ҳисоб, ниҳоят қисмат уни дарё бўйидаги мана шу шаҳарчага ирғитди, шу ерда унинг тадбиркорлик салоҳияти намоён бўлди, айнан шу соҳада омади чопди; исмига «бой» қўшимчаси қўшиб айтиладиган бўлди. Аббос билан Қаҳрамон шаҳарда қолишди, ўзларини ўзлари оёққа турғизишди, амал пиллапояларидан аста-секинлик билан бўлса ҳам юқорига кўтарила боришди, ниҳоят бугунга келиб исмлари ёнига ҳурмат билан қўшиб айтиладиган «…вич» мақомига ҳам эга бўлишди.
Меҳмон ҳурматига Муҳиддинбойнинг рафиқаси Ҳикоятхон ҳам ҳовлига чиққан, уй эгасининг бақувват ёрдамчиси Рустам одатига кўра кўзга чалинмасликка уринган ҳолда орқароқда, қўлларини қовуштириб турарди.
– Дугонамни олиб, бемалол ўтирадиган бўлиб келинглар-а, Аббос ака, – қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилди Ҳикоятхон.
– Албатта, келин, албатта. Шунақа режа бор…
Муҳиддинбой кулиб қўйди:
– Режа бор-у, вақт йўқ.
– Вой, унақа деманг, дадаси, булар истасалар вақт топадилар.
– Бу гапингиз тўғри, келин. Истаган имкон топади.
– Яхши боринг. Уйдагиларга салом айтиб қўйинг, Аббос ака.
– Раҳмат. Саломат бўлинг.
Эркакларнинг хайрлашишига халақит бергиси келмаган Ҳикоятхон қўлини кўксига қўйган кўйи уйга кирди.
Икки дўст дарвозага яқинлашишди.
– Аббос Усмонович, мен у ёққа борсам янгамулло ўпкалайди, сиз бу ёққа келсангиз келинингиз. Қачонгача хотинлардан гап эшитиб юрамиз? Келинг, анави масалани ҳам ҳал қилиб қўя қолайлик. Кейин иккита қудағай ўзлари ялашиб-юлқашиб юраверишади.
Мезбонга сездирмасдан ора-сира қорнини ушлаб-ушлаб қўяётган меҳмон кулимсиради:
– Булбулнинг ҳам эркаги сайрайди, Муҳиддинбой. Сиз тарафдан бир ишора бўлмагандан кейин…
– Э, Аббос Усмонович, худога шукр, оқ-қорани тушунган замонавий одамлармиз. Ёшларнинг ўзлари кўришишсин, гаплашишсин. Шояд юлдузи юлдузига тўғри келиб турган бўлса. Ана ундан кейин битта мулла, бир калла қанд, уч сўм пул биздан, жўражон.
– Маъқул. Биз ҳам бунга қарши эмасмиз. Аммо узунқулоқ гапларга қараганда, худди шундоқ ваъда Қаҳрамон Темировичга ҳам айтилган эканми-ей…
Муҳиддинбой қўлларини юқори кўтарди:
– Бўлган, тан оламан, шундай гап бўлган. Аммо ваъда эмас, таклиф, холос. Разведкангиз зўр ишлайди лекин, Аббос Усмонович.
– Разведка эмас, аёллар деяверинг. Аммо биз бунгаям қарши эмасмиз. Буни кўнгил иши, умр савдоси дейдилар. Сиз айтгандай, аввал ёшлар учрашишсин, гаплашишсин, бир-бирини яқиндан танишсин. Тўй бўлса қочмас. Қўйнидан тўкилса қўнжига. Ё мен билан қуда бўларсиз, ё Қаҳрамон Темирович билан. Ҳар кимнинг пешонасига ёзилгани. Биз учун энг муҳими, ёшларнинг бахти.
Улар дарвозадан ташқарига чиқишди.
Дарвоза ёнида қора хизмат «Каптива» машинаси. Қайдандир пайдо бўлиб қолган Рустам машинанинг орқа эшигини очиб турарди.
Меҳмон машинасига чиқди.
– Яхши етиб боринг, Аббос Усмонович.
– Яхши қолинг, Муҳиддинбой.
Рустам эшикни оҳиста ёпди.
«Каптива» йўлга тушди. Муҳиддинбой меҳмон ортидан анча вақт қўл силкиб турди, сўнг, машинанинг орт қизил чироқлари қайрилишда ғойиб бўлгач, орқада қўл қовуштириб турган ёрдамчисига жаҳл билан ўгирилди.
– Мен сенга Аббос Усмонович чўнтагида бир миллион доллари бор, лекин ошқозони тешик меҳмон деб айтганмидим.
Рустам бошини эгди:
– Айтгандингиз, хўжайин.
– Меҳмон ичмайди, чекмайди, диетада юради, деганмидим?
– Дегандингиз.
– Деган бўлсам нега столга йигирма хил ароқ қўйдирдинг?
– Ахир… – Рустам довдираб қолди: – ахир… меҳмоннинг ҳурмати…
– Аҳмоқ! – шартта ёрдамчисининг гапини бўлди Муҳиддинбой. – Аббос Усмоновичга ўхшаган одамлар ўзларининг ҳурматларини сенинг импорт ароқларинг билан ўлчамайди. Тушундингми?
– Тушундим, хўжайин.
– Йўқ, сен ўзбекчани тушунмайсан! – афсус билан бош чайқади Муҳиддинбой. – Ўрисчаниям тушунмайсан! Билмайман, сенга чулчитчалаб гапириш керакми ё? Меҳмон парҳездаги одам деб атай айтиб қўйганман, сен бўлса дастурхонга қази-қарта қўйдириб ўтирибсан? Тандир кабобга бало борми? Айтгандим-ку озгина тил шўрва, қайнатилган гуруч, балиқ шўрва қўйсанг бўлади деб.
– Уларниям қўйдик-ку, хўжайин, – журъатсизроқ тарзда эътироз билдиришга уринди Рустам.
– Қўймаям кўр-чи эди! Лекин нақ бурнининг тагига мойини оқизиб тандир кабобни тиқиб қўйганингдан кейин мезбоннинг ҳурматига бўлсаям тотиб кўради-да меҳмон. Кўрдингми, сенинг касофатингга бечора ошқозонини чангаллаб кетди. Сенга ўхшаган иккита ёрдамчим бўлса, менга душманнинг кераги йўқ экан ўзи.
– Узр, хўжайин.
– Сен узрингни ўзинг пишириб, қовуриб е! Тушундингми?
– Тушундим.
– Тушунган бўлсанг эртага анави нарсани анавинақа қилиб юборинглар.
Ўтган йиллар мобайнида хўжайинининг нима демоқчи эканини наинки ярим оғиз гапи, балки сукутидан ҳам илғаб олишни ўринлатадиган Рустам бир оғиз:
– Хўп, – деди.
– Бошқа тинчликми?
Муҳиддинбой одатда саволни жуда қисқа берар ва жавоб ҳам шундай бўлишини талаб қиларди. Буни яхши биладиган Рустам янада камсўз бўлди:
– Тинчлик.
– Дарё-чи? Ҳеч ким лойқалатмаяптими?
– Тинч. Лекин бир-иккита итбалиқ ғимирлаб қолибди, деб эшитдим.
– Агар қонуний ишлашмаётган бўлса, ўша итбалиқларинг росмана балиқларга айланмасидан бурун йўқот!
– Хўп.
Муҳиддинбой иш юритувчисига синчков назар ташлади:
– Рустам. Менга қара. Орқаворатдан эшитишимга қараганда, бозорда нархни жуда осмонга кўтариб юборганмишсанлар. Ҳатто Тошкент ҳам чангларингда қолиб кетганмишми-ей.
– Йўғ-э, хўжайин. Ҳаммаси талабга қараб.
– Шунақа дегин… Кўзингга қара, бола. Мен иш одамиман, ҳар биттангнинг орқангдан назорат қилиб юришга вақтим йўқ. Лекин айтиб қўяй: агар бир текширсам, мендан бир сўмингни ҳам беркитолмай қоласан. Мен сени ўғирлик қил деб эмас, ўғирликларнинг олдини ол деб қўйганман бу ишга!
– Албатта, хўжайин.
– Агар харажат-паражатинг бўлса, тўғри ўзимдан сўрайвер. Уқдингми?
– Уқдим.
– Уққан бўлсанг, бор, ишингни қил!
– Хўп.
Рустам ним эгилган кўйи олисроқда турган машинаси томон сассиз юрди.
Муҳиддинбой ҳовлига кирди.
Ичкаридан қўлида жимитдай телефон билан Ҳикоятхон чиқиб келди.
– Меҳмонни кузатдингизми, дадаси?
– Кузатдим. Дилшод келдими?
– Ҳозир гаплашдим. Бир соатларда етиб келаман деди.
– Қаерда экан?
– Бир ўртоғи билан дискотекага борибди. Туғилган кун эмиш.
– Майли, – хотиржам қўл силтади Муҳиддинбой, – ҳозир шунақа жойларга борадиган ёшда-да.
Бироқ Ҳикоятхон бу фикрга қўшилмади:
– Уни сал тергаб қўйсангиз бўларди, дадаси. Бунақа жойларда ҳар хил қаланғи-қасанғилар кўп бўлади. Яна биронта доғулиси алдаб-сулдаб, илинтириб олмасин боламизни.
– Бу нима деганинг, хотин? – қизиқсиниб сўради Муҳиддинбой.
– Ҳозир ким кўп – бой эр ё бўлмаса бой куёв излаб юрган кўп. Бунақалардан ҳар балони кутса бўлади. Аввал ўзларини мулойим супурги қилиб кўрсатишади-да, кейин… Дилшоджонимизнинг соддалигиям бор-да, дадаси.
– Кўп куйинаверма. Содда бўлса пишийди. Ҳаётнинг ўзи пишитиб қўяди.
– Ахир не-не орзуларим бор, – дийдиёсини бошлади Ҳикоятхон. – Тагли-тугли оила билан қуда бўлсак дейман…
– Орзу мендаям бор, хотин. Фақат менинг орзуйим ваҳимага эмас, ишончга асосланган.
– Бу нима деганингиз, дадаси?
– Бу шу деганимки… эрта-индин Дилшод шаҳарга бориб соч-почини олдирсин, кейин бир йўла ўзига тузукроқ кийим-бош ҳам олиб келсин. Тушундингми? Аббос Усмонович билан ҳам, Қаҳрамон Темирович билан ҳам келишилган.
Ҳикоятхон бир зум ўйланиб қолди, кейин яшнаб кетди:
– Тушундим, дадажониси, тушундим.
– Тушунган бўлсанг, эртадан бошлаб шу иш билан шуғуллан.
– Хўп, дадажониси, хўп. Шу бугундан, ҳозирдан бошлайман.
Ҳикоятхон зипиллаганча қайтиб уйга кириб кетди. Муҳиддинбой ҳовлини айланиб, ортиқча кўринган чироқларни бир-бир ўчириб чиқа бошлади. Унинг феъли шунақа: исрофгарчиликка тоқати йўқроқ, ҳамма нарсага қийналиб, машаққатлар туфайли эришгани учунми, тежаб-тергашни яхши кўради; бир сўм сарфлаш имконияти мавжуд жойда ҳеч қачон икки сўм сарфламайди: уйида ҳам, офисида ҳам шу одатини канда қилмайди; бошқалардан ҳам шундай муносабатни талаб қилавериб чарчатиб юборади. Қўлида миллиард-миллиард сўмлар ўйнагани ҳолда Муҳиддинбой гоҳи арзимасдай туюладиган бир-икки минг сўм у ёқда турсин, юз-икки юз сўм учун эринмасдан савдолашади, баайни шу арзимас писта пули ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиладигандек астойдил талашиб-тортишади, овози бўғилиб қолгунга қадар баҳслашади, ўзининг ҳақлигини исботлашга жон-жаҳди билан уринади, алоҳа мақсадига эришган маҳаллари эса ёш боладай яйраб кетади. Шунга қарамасдан ҳали ҳеч ким ҳаттоки орқаворатдан ҳам Муҳиддинбойни «зиқна» деб атамаган, илло кўмакка муҳтожларга нисбатан унинг фавқулодда саховатли инсон эканлиги барчага маълум эди. Маҳалла кўчасини асфальтлаш, қийналиб қолган оилаларнинг болалари учун камтаринроқ суннат тўйлари ўтказиб бериш каби масалаларда Муҳиддинбой ҳеч иккиланмасдан миллионларни сарфлайверарди…
* * *
Оиланинг ёлғиз эркатой ўғли (икки қиз ҳали ёш, мактабда ўқишади) Дилшод шу йил молия институтини битирди, энди магистрлик ташвишида юрибди.
Отанинг «бой»га айланганига бирон ўн йиллар бўлди чамаси. Ўшандан кейин оиланинг хеш-уруғлари, таниш-билишлари бирданига кўпайиб кетди. Бу ҳол айниқса тўй-маъракаларда яққол кўриниб қоларди. Бошқа маҳаллари эса бу сон-саноқсиз яқинлар одатда бирон ўтинч-илтимос билан уйга зир қатнаб турадиган бўлишди.
Муҳиддинбой яна бир темир қоидага қатъий амал қиларди: ҳовлисида ҳар қандай меҳмонни иззат-икромини жойига қўйган ҳолда кутиб оларди, аммо ҳеч қачон иш, айниқса қарз ҳақида гаплашмасди, бунақа муаммоларни ҳал қилиш ташвишини офисига ташларди. Бора-бора «бой»нинг бу одатига кўниккан илтимосчилар тўғри ишхонага келадиган бўлишди…
Ким билади, балки шу йўл билан меҳрибон ота фарзандининг бунақа икир-чикирларга андармон бўлиб қолишини истамагандир? Ҳар не бўлганда ҳам, Дилшод отаси истаганидек эмин-эркин ўсди, институтни ҳам ўзи танлади, ўзи бюджетга кирди, ўзи ўқиди. Биринчи ўқув йилини тугаллаганида эса отасидан «Нексия» совға олди…
Дилшод анчайин одамови бўлиб ўсди, унинг бирон даврага, айниқса, нотаниш одамлар гуруҳига киришиб кетиши қийин эди. Тенгдошлари билан ҳам унчалик борди-келди қилавермасди; шу шаҳарчадаги мактабда бирга ўқиган собиқ синфдоши, бозорда балиқ сотиб тирикчилик қиладиган Мансур билан ора-сира кўришиб, гурунглашиб турарди, холос.
Мана шу Мансур шаҳарчадаги ёшлар орасида машҳур «Ором» ресторанида бирга ўтириб, туғилган кунини нишонлашни таклиф қилганида Дилшод йўқ деёлмади, фақат «Мен эрисам бораман, сенга совғам шу бўлади», деган шартни қўйди. Мансур бунга кўнди.
Икковлон кеч тушганда ресторан ёнида кўришишди. Сўнг ичкарига кириб ўтиришди, еб-ичишди, дискотека саҳнасига чиқиб ўйинга тушишди, қизларга гап отишди, улардан иккитасини ўз столларига таклиф этиб, меҳмон қилишди. Ишқилиб, роса яйрашди.
Соат ўндан бир дақиқа ўтар-ўтмас Дилшоднинг қўл телефони қайта-қайта жиринглайверди. Телефонини ўчириб қўйса онасининг ваҳимага тушиб қолишини билган Дилшод чеккароққа ўтиб, вазиятни тушунтирди.
Шу билан она сал хотиржам тортгандай эди. Аммо орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас телефон яна тинимсиз чақираверди. Дилшод қизлардан узр сўраб, ташқарига чиқди.
Рестораннинг икки тавақали, нақшли эман эшигига мармар зинадан чиқилади. Зинанинг бир томони деворга туташ, иккинчи томонига энлигина бетон суянгич ишланган.
Ичкаридан мусиқа эшитилаётган, чироқларнинг ўчиб-ёнаётгани кўриниб турган зинада Дилшод онаси билан гаплашди:
– Бир грамм ҳам ичганим йўқ. Фақат «Кола»… Энди соат ўн бўлди-ку… Хўп, ярим соатда бўламан… Хайр.
Эшикдан Мансур шошиб чиқиб келди.
– Тез юр, ўртоқ, – ичкарига ишора қилди у. – Дўмбоқчаси сени сўраб қўймаяпти… Ўзиям ишкалат экан-а аммо-лекин! Шимининг торлигини қара! Думбаси ёриб юбораман дейди-я… Шундай орқасидан борсанг-у, писка билан тилиб юборсанг…
Дилшод қўл телефонига ишора қилди:
– Кетмасам бўлмайди, ўртоқ.
Мансур тушунди:
– Ойингми?
– Ҳа. Ярим соатда уйда бўлмасам, бу ерга келишданам тоймайдилар.
Мансур икиланиб қолди:
– Биламан-у, аммо-лекин шундай жононларни ташлаб кетаверамизми? Энди қўлга кираётганида!
– На илож, – қўллари ёйди Мансур. – Кейинги сафар би-ир яйраб ўтирамиз.
– Насиб.
– Хоҳласанг сен қолақол.
– Йўғ-э! – кулиб юборди Мансур. – Сенсиз ўтириш татирмиди. Қизлар аламдан сочлари қолиб, мени юлишар… Бирга кетамиз, мен ҳозир, кираману чиқаман.
Дилшод чўнтагидан икки даста пул чиқариб берди:
– Одамни хафа қилма, ўртоқ… Келишганмиз-ку… Мен инглизча хайрлашиб қўя қолай… Қизларгаям тўлаб қўй.
– Мени ноқулай аҳволга солиб қўйяпсан аммо-лекин… Хўп, хўп, мана. Сени хафа қилмаслик учуноқ.
Мансур пулни оларкан, хижолат бўлаётганини яшириш учунми, машиналар қаторлашиб турган майдонга қараб қўйди:
– Бизнинг дулдул жойида турибдими ишқилиб? Жа ошиғи кўп-да аммо-лекин.
Дилшод мийиғида кулимсираб қўйди, Мансур ичкарига кириб кетди.
Дилшод ним қоронғиликда мармардай ялтираб турган майдонча чеккасига ўтиб турди. Шу маҳал унинг ёнгинасида ҳазин илтижо эшитилди:
– Садақа қилинг, амак. Садақа радди бало дейдилар… Садақа қилинг, амак.
Дилшод ўгирилди. Бетон суянгичга ўтириб олган ўттиз ёшлардаги, катак-катак кенг кўйлагига ўраниб олган тиланчи аёл унга мўлтираб қараб, қўл чўзиб турарди.
Йигит чўнтагини кавлаб, ғижимланган икки юз сўмликни олди-да, тиланчига тутди. Аёл афтини буриштирди:
– Каттароғидан йўқми, амак? Бунингизга битта аччиқ буханка ҳам бермайди-ку.
Бу гапдан жаҳли чиққан Дилшод аёлни жеркиб берди:
– Мен пулни супуриб олмайман, олсангиз шу, олмасангиз катта кўча.
Тиланчи кекирдагини чўзди:
– Бўйнингга илоннинг тилидай қилиб галстук бойлаб олибсан-у, тиланиб турган бечора бир аёлга йиртилиб кетган икки юз сўмликни раво кўрасан. Шуми инсоф?
Дилшод эътироз билдирмоқчи бўлди, лекин тилига муносиб сўз ҳадеганда келавермади. У қўл силтади-да, чўнтагидан яна битта икки юз сўмлик чиқариб узатди:
– Етадими?
– Э, амак, бу ердан чиққанлар камида минг беради менга ўхшаганларга.
– Тиланчимисан, талончимисан?
Дилшод кенггина зинанинг бу чеккасига ўта бошлади. Чаққон аёл икки ҳатлашда шу тарафга ўтиб, яна бетон суянчиққа чиқиб ўтириб олди, қўлини чўзди:
– Садақа қилинг, амак…
– Э, жонга тегдинг-ку!..
Дилшод яна бир бор жаҳл билан қўл силтади. Аммо аёл кутилмаганда сал энгашдими, ишқилиб, ногоҳ йигитнинг қўли унинг елкасига тегиб кетдию, чайқалиб кетган тиланчи «Вой!» деганча пастга қулади.
Дилшод жойида донг қотди. Ичкаридан чиқиб келаётган Мансур буни кўриб қолиб, қичқириб юборди:
– Уҳ!
Мансур зиналардан югуриб тушиб юзтубан ҳолида ётган тиланчи аёлга қаради, энгашиб кафтининг орқа томонини унинг бўйнига қўйди ва шу заҳоти отилиб турасола чопиб майдончага чиқди.
– Кет! Дарров кет!
Ҳамон карахт Дилшод аранг сўрай олди:
– Нима… нима бўпти?
Мансур Дилшодни судрагудай қилиб «Нексия»си ёнига олиб борди-да, унинг чўнтагидан калитни олиб, пульт тугмачасини босди, эшикни очиб, йигитни ичкарига киритган заҳоти калитни бураб, моторни ўт олдирди.
– Тез кет, ўртоқ!
– Нима… нима бўпти ўзи?
Мансур қон кафтини кўрсатиб, қаттиқ шивирлади:
– Ўлиб қопти! Томири урмаяпти. Мияси билан бетонга урилипти аммо-лекин. Юзи мажақ бўлган, миясининг қатиғи чиқиб, ҳамма ёққа сочилиб кетган.
Дилшод юзини чангаллаб қолди.
Катта кўчадан ўтаётган «Тез ёрдам» машинасининг чироқлари уларни ёритганди, ваҳимага тушган Мансур беихтиёр гавдаси билан Дилшодни тўсди. Аммо машина тўхтамасдан ўтиб кетди.
– Энди кет, ўртоқ!
Дилшод ташқарига чиқишга уринди:
– Йўқ, мен уни… дўхтирга обораман, тушунтираман. Мен атай қилмадим. Бу тасодиф… эҳтиётсизлик бу…
– Битта гадойни деб келажагингга қора чизиқ тортасанми? Ўзингни ўйламасанг, ота-онангни ўйласанг-чи! Ажалидан беш кун бурун ўлдирмоқчимисан уларни!
– Лекин…
– Лекин-пекини йўқ. Сен кет! Мен қоламан.
Дилшод анграйиб қолди:
– Нима?
– Мен қоламан, ўртоқ.
Дилшод кескин бош чайқади:
– Йўқ, кетсак бирга кетамиз! Қолсак бирга қоламиз!
Қалт-қалт титрай бошлаган Мансур асабий тарзда Дилшоднинг ёқасидан олди:
– Менга қара! Менинг ҳисоб-китоб қилганимни, эшикдан чиққанимни камида ўнта официант кўрди. Бояги қизлар ҳам орқамдан бақрайиб қараб қолишганди. Эртага барибир улар менга қарши гувоҳлик беришади. Сени бўлса ҳеч ким кўрмади. Шундан фойдаланиб қол. Ўзи сени чақирмасам бўларкан.
– Мен тушунтираман! Ҳаммага!
– Ўртоқ! Сен қўрқма! Ҳаммаси яхши бўлади. Ўзини қамоққа обориб тиқдириб қўядиган аҳмоқ йўқ. Сен ҳозир кетавер. Мен… – Мансур ресторан томонга ишора қилди: – мен анавини йўқотишга уриниб кўраман.
Даҳшатга тушган Дилшоднинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди:
– Қ-қанақасига?
Нимагадир қатъий қарор қилгандай туйқусдан сал хотиржам тортган Мансур маъюс жилмайди:
– «Мерс»имда ҳеч кимга кўрсатмай опчиқиб кетсам бўлди. Кейин бир йўлини топардим.
– Мансур! Буни хаёлинггаям келтирма!
– Бу дунё тириклар учун, ўртоқ, ўликлар учун эмас. Тириклар яшаши керак.
– Қўлга тушиб қоласан, ахир!
– Қочганам «худо» дейди, қувганам. Яхши ният қил, ўртоқ! Бор, кет энди! Бўлди, кет деяпман! Бос газни!
Дилшод беихтиёр газни босди, Мансур очиқ ойнадан энгашиб тезлик ричагини қўшди. Машина силтаниб олдинга интилди.
«Нексия» катта кўчага чиққан маҳал вужуди музлаб кетган Дилшод жон-жаҳди билан тормозни босди. Сўнг чироқларни, моторни ўчиргач, олазарак ҳолда ўгирилиб ресторан томонга қаради.
Машиналар қаторлашиб турган майдондан Мансур эски «Москвич»ини ҳайдаб чиқмоқда эди. Мана, у машинасида аёл йиқилиб тушган жойга борди. Тўхтади. Машинадан отилиб тушди, орқа эшикни очди, кейин… кейин тиланчи жасадини кўтариб келиб орқа ўриндиққа жойлаштирди. Эшикни ёпди. Ўрнига ўтирди. «Москвич» гуриллаб олдинга интилди.
Буни кўриб турган Дилшод беихтиёр машинасидан тушди. Бироқ «Москвич» унинг ёнидан шиддат билан ўтди-кетди, тўхтамади.
Дилшод машина ортидан гарангсиб қараб қолган чоғи қўл телефони жиринглади. Йигит митти аппаратнинг экранчасига қарагач, руҳсиз тарзда телефонни қулоғига яқин олиб бориб, шивирлади:
– Йўлга чиқдим, ойижон… Ҳаммаси жойида.
Дилшод қўл телефонини ўчирди, машинага ўтирди ва ногаҳон рулга бошини қўйганча елкалари силкиниб йиғлаб юборди…
Аммо бу руҳни енгиллаштирадиган, қалбни юпантирадиган йиғи эмасди. Билъакс…
Машинани юргизаркан, Дилшод аввалгидан баттар ҳолатда эди.
Ҳали машина тезлашиб улгурмасидан чироқлар ёруғида бир тиланчига ўхшаш аёл чопиб йўлни кесиб ўтгандай бўлди. Дилшод жон ҳолатда тормозни босди, машина чийиллаб тўхтади.
Пешонасига реза-реза тер тошган Дилшод ваҳима билан олдинга, орқага, ён-атрофга қаради. Ҳеч ким йўқ.
Қайрилишдан оқ машина чиқиб келди. «Прадо». Рустамники. Рулда унинг ўзи. «Прадо» «Нексия»нинг ёнидан ўтиб бораётган маҳал тўхтади.
Рустамнинг машинадан тушаётганини кўрган Дилшод жон ҳолатда тезлик ричагини қўшиб, машинага газ берди. Рустам «Нексия» ортидан ҳайрон бўлиб қараб қолди.
Ранги қув ўчган, кўзлари бежо Дилшод эса тобора тезликни оширган кўйи бир неча дақиқа ичида уйига етиб келди.
Машина овозини эшитган Ҳикоятхон уйдан шошиб чиқди:
– Келдингми?
– Ҳм.
Ҳикоятхон ўғлига хавотирланиб қаради:
– Тинчликми, болам?
– Шу… сал чарчадим шекилли.
– Ярим тунгача ресторанма-ресторан санқиб юрганингдан кейин чарчайсан-да, болам. – Жаҳли чиқа бошлаган Ҳикоятхон бирдан мулойимлашди. Ўғлига кўзлари чақнаб қаради. Афтидан, аёл фарзандига янгиликни айтишга шошарди: – Айтгандай, сенга бир гапим бор эди…
– Ойижон, жуда чарчаганман. Миям ҳеч нарсани қабул қилмаяпти. Гапингизни эрталаб айтсангиз ҳам бўладими?
Энди онанинг ростакамига жаҳли чиқиб кетди. Қачондан буён терисига сиғмай қувониб, боласининг йўлига кўз тикиб ўтирса-ю, бу бўлса…
– Нима, аммамнинг ўроғини ўриб келаяпсанми, бунча сулаясан? Ё бирон мочағарни топиб олдингми?
– Э-э!
Дилшод қўл силтамоқчи бўлган жойида бирдан чўчиб тушди, сўнг ёв қувгандай шошиб хонасига кирди-кетди.
– Айтиб қўяй, то мен бу уйда тирик эканман…
Дилшоднинг эшикни қаттиқ ёпгани эшитилди.
Кўнгли оғриган Ҳикоятхон ўз-ўзига гапириб қолаверди:
– Бу замоннинг болалари… Юки енгил бўлгани сайин ётоғи келади-я. Тавба!..
* * *
Нафсиламбрига, тун энди бошланиб келмоқда…
Ким айтади олдимизда йилнинг энг қисқа туни турибди деб? Вақт нисбий. Бизнинг қаламга олажак воқеаларимиз ҳали мўл, инчунин, кимлар учундир бу энг узоқ давом этган, ҳеч тугамайдигандай туюладиган тун бўлиб қолиши муқаррар…
Маърифат хола Тоҳирнинг ёнидан ҳовлиқиб қайтиб келганида Турғунбой ота катта уйдаги ўрнида шифтга тикилганча оғир нафас олиб ётарди. Хонтахта устида чолнинг кейинги пайтлардаги эрмаги – ёғоч бўлагидан ўйиб ясалаётган, бироқ ҳали битмаган елканли кемача.
Чой баҳонасида чиққанини эслаган хола ошхонага кирди, чой дамлаб, нафасини ростлаб олганидан сўнг ичкарига қадам қўйди.
– Тўқсон беш. Аччиққина.
Турғунбой ота кампирига гумонсираб қаради. Буни сезган Маърифат хола токчада турган дорини олди.
– «Энап»дан биттагина ичиб олсин.
Турғунбой ота кампири кўмагида бошини кўтариб, таблеткани оғзига солди, устидан чой ичди.
– Энди яхши бўлиб қолдими?
– Яхшиман.
– Худога шукр. Одамни бир қўрқитди-ей. Яна ўша давления ўлгурми?
– Сен буйтиб элдан бурун ваҳима қилаверма, кампир. Ҳар замон-ҳар замонда бир оғриб турмаса иссиқ жоннинг иссиқ жонлиги қайда қолади?
Маърифат хола қовоқлари салқиган, кўзлари ич-ичига ботган чолига диққат билан разм солди, юраги увишиб кетди.
– Бемаҳалда бирон ҳамсоя-памсояни безовта қилмадингми ишқилиб, Раҳмонқул чегачининг қизи!
Отанинг одати шунақа: рисоладагидай гаплашган маҳаллари «кампир» дейди, лекин сал жаҳли чиқса ё унинг бирон қилиғиданми, гапиданми норози бўлса бас, дарров раҳматли қайнотасини эслаб қолади.
Маърифат хола эътироз билдиришга улгуролмади: дарвоза ёнига келиб тўхтаган машина овози эшитилди. Сўнг уйга оқ халатли шифокор билан ҳамшира салом бериб кириб келишди.
Алик олган Турғунбой ота кампирига ўшшайиб қаради:
– Чақирибсан-да барибир, Раҳмонқул чегачининг қизи.
Хола ноилож қолганлигини тан олди:
– Ўзи қўрқитди-да. Нима қилай…
– Э-э… Қариб, ваҳимачи бўлиб қолибсан. Арзимаган нарсага буларни овора қилишнинг нима кераги бор эди?
Ўзини Дониёр деб таништирган, 35 ёшлардаги шифокор тонометрда отанинг қон босимини ўлчаб кўргач, холанинг ёнини олди:
– Ота, қон босими билан ҳазиллашиб бўлмайди. Холам жуда тўғри иш қилибдилар бизни чақириб.
Отанинг тилини кўриб, юрак уришини эшитгач, шифокор ҳамширага ишора қилди:
– Гўзал, укол.
Ҳамшира отага укол қилаётган маҳал Дониёр журнални тўлдирди, сўнг қоғозчага бир нималарни ёзиб, отага узатди:
– Мана йўлланма, эртага касалхонамизга бориб, учтўрт кун ётиб даволанасиз энди, отахон.
– Умрим бино бўлиб касалхонада ётмаганман, ўғлим.
– Аввал ётмаган бўлсангиз, мана энди ётасиз, отахон. Ахир қачондир бошлаш ҳам керак-ку.
Хонага Турғунбой отанинг тенгдош дўстлари: шляпасини бошидан қўймайдиган, кўса Ўктабр ота билан қовоқ кади қучоқлаб олган, оппоқ соқоли кўкрагига тушган Серсенбой ота оёқ учида кириб келишди. Шифокорнинг сўнгги сўзларини эшитиб қолган Ўктабр ота бирдан тутақиб кетди:
– Ким экан у соппа-соғ одамни касалхонага жўнатиб касал қиладиган?
Дониёр келганларга ҳайрон бўлиб қаради:
– Ассалому алайкум.
– Ваалайкум.
– Салематмисан, балам.
Ўктабр ота Серсенбой отага дийдиё қилди:
– Тилимизам қизиқ-да. Нима эмиш, «касалхона» эмиш. Ахир соппа-соғ одам буни эшитсаям касал бўлади-қўяди-да. Тўғрими, Саке?
– Туври. Ўсини эсабга алиб… им-м, оврувхана дейув керек.
Жаҳли тез Ўктабр отанинг фиғони фалакка чиқди:
– Э, сенам бопладинг, Саке. «Оврувхона» эмиш! «Шифохона» дейиш керак, «ши-фо-хо-на».
Серсенбой отанинг дарров ён бергиси келмади:
– Ўлай айтса-да бўлади, булай айтса-да.
Ўктабр ота энди шифокорга ўгирилди:
– Қисқаси, ука, жўрамизни бурга тепса тепгандир. Шунга шунча ваҳиманинг нима кераги бор?
– Лекин…
– Лекин-пекинингниям қўй, ука. – Ўктабр ота Серсенбойга ишора қилди: – Саке, ўзимизнинг универсал доридан ол.
Серсенбой ота хонтахта устидаги пиёлани қўлига олди-ю, норози бўлиб атрофга аланглади, афтини буриштириб Маърифат холага қаради:
– Келин, каса-паса берсей.
Буларнинг алламбало қилиқларига ўрганиб қолган Маърифат хола индамасдан жавондан каттагина коса олиб берди, Серсенбой унга кадисидан қимиз қуя бошлади.
– Нима бу? – ҳайрон бўлиб сўради Дониёр.
– Қимиз бу, ука, қимиз. Тоғда ўйноқлаб юрган бия сутидан.
– Тап-таза, – дўстининг гапини маъқуллади Серсенбой ота.
– Лекин отахоннинг қон босими…
Ўктабр ота уни гапиргани қўймади:
– Яна «лекин» дейсан-а. Буни бизам биламиз, ука. Шунинг учун тозасидан опкелдик-да, спирт қўшилмаганидан. Бунақаси давленияни туширади, ука, туширади. Унақаси оширади.
Халқ табобатининг бунақа нозик томонларидан бехабар Дониёр кулиб юборди:
– Унда майли.
Мамнун бўлган Ўктабр ота кўз қисиб қўйди:
– Унақасиданам бор, ука. Кўнгил тортса озгинагина, а?
– Раҳмат, ака. Хизматдаман.
Ўктабр ота ташвиқотга зўр берди:
– Бунинг бир косаси турган-битгани витамин. Анави нима дерди… нима дерди, Саке?
– Женшенба?
– Э, унданам зўр. Қисқаси одамўт-да. Бизга ўхшаб захда юрганларга кони фойда бу. Балки озгинагина, а?
– Раҳмат, ака. Бошқа сафар.
– Аммо, айтиб қўяй, жўрамизни барибир ўша… оти совуқ касалхонангга юбормаймиз. Касалхона эмиш-а! Топган гапингни!
Дониёр ўзини кулгидан тўхтатолмади:
– Шифохона бўлса юборасизларми?
– А, уни ўйлаб кўрамиз, – бўш келмади Ўктабр ота. – Икки коса қимиздан кейинам давленияси ёш йигитчаникидай юз йигирмага-саксон бўлмаса, ана унда ўйлаб кўрамиз.
– Майли. – Врач қоғозчани Маърифат холага узатди. – Ҳар эҳтимолга қарши йўлланмани қолдираман… Отахонлар, хайр.
Ўктабр ота шифокорни алқаб қўйди:
– Сен яхши бола экансан.
Серсенбой ота унга жўр бўлди:
– Раҳмет.
Турғунбой ота ҳам бир оғиз:
– Раҳмат, – деди.
Тиббиёт қутичасини қўлига олаётган шифокор уй бекасига қараб «Ташқарига чиқарсиз» дегандай ишора қилди, буни сезган Маърифат хола унга эргашди.
Дарвоза ёнида турган «Тез ёрдам» машинасига яқинлашганлари маҳал Дониёр пастроқ овозда холага мурожаат қилди:
– Гап-гап билан-у, лекин барибир отахонни касал… э, шифохонамизга бир обормасангиз бўлмайди, хола. Ҳамма анализларни кўриб чиқишимиз керак. Нимагадир менга отанинг юрак уриши унчалик ёқмай турибди. Бир эшитсангиз тез, бир эшитсангиз секин. Хуллас, нотекис.
– Албатта оборамиз, ўғлим. Сизга катта раҳмат. Илойим умрингиздан барака топинг.
– Арзимайди, холажон… – Дониёр атрофга аланглади: – Айтгандай, болалар кўринишмадими?
– Ёлғиз қизимиз Тошкентга тушган.
– Ҳм-м.
– Чақирсаммикан?
– Агар келиб-кетиши бемалол бўлса…
– Бемалол, болам, бемалол. Ўзининг мошинаси бор. Ўзи ҳайдайди.
– Унда чақирганингиз тузук. Балки отахон қизини соғингандир… – Дониёр Маърифат холанинг жунжикиб кетганини кўрди: дарё томондан салқин эпкин эса бошлаганди. – Сиз уйга кирақолинг. Қимизбозлик кучайиб кетмасин яна. Хайр.
– Яхши етиб боринглар.
Маърифат хола шошиб уйга кирди.
Дониёр юлдузлар чақнаб турган осмонга қаради, кейин чўнтагидан сигарета олиб чекди. Дарвоза ёнида туриб қолган ҳамшира қўл телефонини унга қаратди:
– Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифасига кирадиган шифокор бурқситиб сигарета тутатмоқда. Изоҳ талаб қилинмайдиган манзара!
– Эсдалик учун суратга олиб қўйишинг мумкин, – кулимсиради Дониёр.
Гўзалой ростданам суратга олди, сўнг қўл телефонини сумкачасига солиб қўйди-да, машинага ишора қилди:
– Термосда сиз яхши кўрадиган аччиққина қаҳва бор. Бир чашка берайми?
– Яхши бўларди…
Шопмўйлов ҳайдовчи Эркин сигнал берди:
– Дониёржон! Шошилинч чақирув!
* * *
Фурсат етди, шаҳри Тошкентдаги кўп қаватли «банковский» уйлардан бирига ҳам бирровгина кўз ташлаб ўтамиз. Бу пойтахт ишбилармонлари орасида анчагина танилиб қолган адвокат Файзулланинг хонадони.
Бу оқшом ҳам Гулноза кайфиятсиз тарзда телевизорга тикилиб ўтираверди, ўтираверди. Ахийри эшик қўнғироғи жиринглади. Жувон илдам бориб очган эшикдан машҳур чарм сумкасини ёнига осган Файзулла гандираклаб кириб келди, тили қалтираб, аранг салом бера олди:
– Ас-ассалому алайкум, хоним.
Эрининг аҳволини кўриб энсаси қотган Гулноза индамасдан ичкарига кирди, пойабзалини ечган Файзулла унга эргашди.
Жувон яна диванга ўтириб олган, қовоғини уйганча телевизор экранига тикиларди. Файзулла чайқалиб бориб хотинининг қаршисидаги креслога ўзини ташлади.
– Уф-ф… Хотин деган жонивор ишдан чарчаб қайтган эрини яйраб-яшнаб, қучоқ очиб, ширин сўзлар билан кутиб олса-да. А, нима дейсиз, хоним?
Гулноза нафрат билан девор томон юз бурди. Файзулла гина қилишда давом этди:
– Ваҳоланки, эр деган жонивор шу рўзғорим, болачақам деб куйиб-пишиб ишлайди…
Гулноза истеҳзо билан гап қўшди:
– Бурнидан чиққунча ичади!
Хотинидан сдао чиққанидан хурсанд бўлиб кетган Файзулла қаддини ростлаб ўтирди, қизғинлик билан ўзини оқлашга тушди:
– Нима қипти ичса? Ахир айтганман-ку, бизнинг соҳада кўп ишлар дастурхон устида ҳал бўлади. Ичмасдан, уккига ўхшаб ҳурпайиб ўтирган одамга ишонишмайди, хоним. Бунақаларга сал… шубҳаланиб қарашади. Бир балоси бор, дегандай…
Гулноза эрига ўгирилди, ўша оҳангда гап қўшди:
– Оғиз-бурунам ўпишишмайди.
– Ҳа, ўпишамиз. Чунки бу орадаги ишончни мустаҳкамлайди. Ишонч эса, эътиборингиз учун, хоним, жарақ-жарақ пул дегани. Мана!
Файзулла сумкасидан даста-даста пулларни олиб, хотинининг ёнига тахлаб қўя бошлади.
– Бу, хоним, ҳалол гонорарим. Она сутидай ҳалол!
Гулнозанинг афти буришиб кетди:
– Боринг, дам олинг, адаси. Пулингизни эртага санарсиз.
– Хўп бўлади. – Пул дасталарини қайтадан сумкасига солган адвокат ўрнидан туриб, сумкасини бағрига босганча ётоқхонага кираркан, таъкидлади: – Мижоз оқланди. Қонуний…
Эрининг ортидан изтироб билан тикилиб қолган Гулноза телевизорни ўчирди, ўтирган жойида бир нуқтага тикилиб қолди.
Қўлида дарслик билан хонага кирган Ноила тиз букиб онасининг ёнига ўтирди-да, хобхонага ишора қилди:
– Янами?
Гулноза тўсатдан қизини маҳкам қучиб олди ва йиғи аралаш титроқ овозда шивирлади:
– Кетамиз, қизим… кетамиз…
* * *
Улкан «КамАЗ»нинг ўткир чироқлари зулмат бағрини ёриб олдинга интилади. Олисда ёнарқуртлардай ўрмалаб келаётган машиналар кўзга ташланади.
Кичикроқ қўрғон ортда қолиб, кимсасиз далалар бошланди. Сўнг далалар дарахтзорга уланиб кетди. Таниш йўл, таниш манзаралар…
Тўсатдан Акбаралининг кўзлари катта-катта очилиб кетди: дарахтлар орасидан иккита оқ либосли аёл чопиб йўлга чиқишди, улардан бири деярли йўл ўртасига чиқиб қўл кўтарди.
– Арвоҳларми нима бало?
Акбарали тормозни босди, барибир, баҳайбат машина жойида қотиб қололмаслиги боис рулни кескин чапга бурганча бир амаллаб аёлни айланиб ўтди, ўн беш-йигирма қадамлар нарига бориб машина тўхтагач энгашиб, ўнг томондаги кўзгуга қаради. Оқ шарпалар шу ёққа югуриб келишмоқда эди. Акбарали ҳамиша ўриндиғи ёнида турадиган каттагина пичоқни олиб, унинг муздай дастасини маҳкам чангаллаганча моторни ўчирмасдан нима бўлишини кута бошлади.
Биринчи бўлиб етиб келган шарпа интилиб, эшикни очди, ҳансираб сўради:
– Обкетасизми, ака?
Акбарали ҳали жавоб бериб улгурмасидан аёл кабинага чиқиб олди ва ҳаприққан ҳолда ортидан етиб келган дугонасига қўлини узатди:
– Кел, Тамарчик.
Иккинчи қиз ҳам кабинага чиқди. Икковлон жойлашиб ўтириб олишгач, сариқ сочли Тамарчик деганлари эшикни ёпди.
Шундан кейингина кутилмаган тунги йўловчилар ҳайдовчига миннатдор бўлиб қарашди.
– Ассалому алайкум.
– Добрий вечер.
– Ваалайкум… – Беихтиёр пичоқни жойига қўйган Акбарали йўловчиларга синчиклаб разм солишга уринди. Оппоқ либосли, ҳатто туфлисининг ранги ҳам оппоқ бўлган… қизлар йигирма беш ёшлар атрофида. Қош-кўзлари бўялган, упа-элик меъёрдан сал кўпроқ, лаблар ҳаддан ортиқ қизил рангда. Кўйлак этаги ҳам тиззадан юқорироқ. У шошиб кўзларини ёнида ўтирган қизнинг оппоқ оёқлардан олиб қочди: – Йўл бўлсин?
– Дарёгача борасиз-а? – шошиб сўради қиз.
– Албатта. Йўлимизда-ку.
Қиз енгил нафас олди:
– Кетдик унда, ака…
Машина ўрнидан қўзғалди.
Иккала қиз бир-бирининг пинжига суқилиб олишди. Машинага биринчи бўлиб чиққан қиз дугонасининг қулоғига нимадир деб шивирлаганди, икковлон бараварига пиқирлаб кулиб юборишди.
Беихтиёр кулимсираб қўйган Акбарали кўнглига келган ўйини айтишга чоғланди:
– Сизлар…
Қора соч қиз ҳайдовчи томон ўгирилди:
– Давом этинг-чи.
– Сизлар… худди тўйдан келаётганга ўхшайсизлар.
– Шунақа десаям бўлади.
– Биров сизларни хафа қилдими?
– Хафа қилмоқчи бўлишди, лекин қочиб кетиб, йўлга чиқиб олдик, ака.
– Ярим кечаси йўлга чиқишга қўрқмадиларингизми? Бу атрофда бўрилар бор дейишади.
Қиз хўрсиниб қўйди:
– Баъзида одамлар бўрилардан кўра хавфлироқ бўлади…
Акбарали бош ирғади:
– Бу гапингизам тўғри.
– Тўйга борсанг тўйиб бор деганлари рост экан, – йўлдан кўз узмай гапирарди қиз. – Ишонасизми, бир бурда нонни ҳалоллаб ейишга қўйишмади аблаҳлар. Шу атрофда яхши бир кафе бор. Овқатланиб олсак, ака. Пулимиз бор. Сизни меҳмон қилишга ҳам бемалол имкониятимиз етади.
Акбарали кулиб юборди, сўнг узр оҳангида изоҳ берди:
– Раҳмат-у, лекин бизнинг бир ёмон одатимиз бор: йўлда овқатланмаймиз. Ҳам пули чақади, ҳам овқатларининг сифатига ишониб бўлмайди. Бир марта, энди иш бошлаганимизда шунақа қилиб йўлда овқат еб қўйиб, кейин эрталабгача буталар орасида ўтириб чиққанмиз: қорнимиз бураб оғриган…
Диққат билан олдинга қараб кетаётган қиз жойида сапчиб кетгудай бўлди:
– Ана, ана мен айтган кафе! Тандир кабобнинг иси келаяпти. Даҳшат! Шу ерда тўхтанг, ака. Бир нарса еб олмасам, ҳозир ўлиб қоламан!
Аммо «КамАЗ» йўл бўйида чироқлари порлаб турган қаҳвахона ёнидан ўтди-кетди. Қиз ҳайдовчига каловланиб қаради.
Қаҳвахона ёнида қаққайиб турган икки мотоциклчига қўл силташга улгурган сариқ сочли қиз ҳам илтимос қилди:
– Ака, тўхтатинг! Орқага қайтинг, чой-пой ичиб олайлик. Илтимос!
– Йўқ, тўхтамайман, – бош чайқади Акбарали. – Биз фақат меҳмонхонада овқатланамиз ё бўлмаса ейдиган нарсаларимизни ўзимиз билан олиб юрамиз. Инструкция шуни талаб қилади. Агар очқаган бўлсаларинг, марҳамат, эрмак қилиб туринглар.
Тезликни пасайтирган ҳайдовчи чўзилиб, орт тарафдан олган салафан халтани қорасоч қизга тутди. Унда кекс, булочкалар, дудланган колбаса, минерал сув бор эди.
Худди шу маҳал пичоқ ёнидаги қўл телефони «пий-пий»лаб қолди-ю, Акбаралининг ортидаги парда сурилди ва иккинчи ҳайдовчи, тақа мўйловли Ғиёснинг уйқусираган юзи кўринди.
Ғиёс хомуза тортиб керишди:
– Бир пасда… – ногоҳ у қизларни кўриб қолди. – Ие! Тушимми, ўнгимми? Ўзингмисан, Акбарали? Э, қойил-э! Кесакданам ўт чиқаркан-ку! Қачон улгура қолдинг?
– Бу менинг сменадошим, – тушунтира бошлади Акбарали. – Оти…
Ғиёс хурсанд бўлиб қичқириб юборди:
– Отим Ғиёс менинг! Ғиёсбек! Бўлди, Акбарали, рулни менга бер!
– Балки яна бир оз дам оларсан.
– Э, йўқ, дам олиб бўлдим, жўра!
– Булар… тўйдан чиқишган экан. Кечроқ. Дарёгача обориб қўйинг, дейишди. Шунга…
– Тўйдан? – Ғиёс қизларга ишонқирамай қаради. – Шунақа дейишдими! Жуда яхши-да! Баҳонада гаплашиб кетамиз. Исмлари нима экан бу жононларнинг?
– Менинг отим Дилобар. Дугонамники Тамара, – бажонидил таништирди қорасоч қиз. – Дугонам ўзи татар, ўзбекчани қотириб қўяди.
– Бўлди. Ҳаммаси тушунарли, – ғайрат билан кафтларини бир-бирига ишқалади Ғиёс. – Қани, Акбартой, машинани чеккага ол-чи. Роса чарчагандирсан-а? Бу ёғига ўзим. Бунақаларнинг тилини мана биздан сўра!
Акбарали машинани йўл ёқасида тўхтатди. Ҳайдовчилар жой алмашишди, Акбарали ортга, ётиб ухлаб кетиладиган жойга ўтди.
Машинани юргизаётган Ғиёс Акбаралига қараб кўз қисиб қўйди:
– Сенга, ўртоқ, дарё бўйидаги меҳмонхонага боргунча «тихий час». – Сўнг қизларга ўгирилди: – Жонон қизлар, ҳозир сизлар билан яхшилаб танишиб оламиз!
Акбарали тайёр ўринга чўзилди. Ғиёс радиони ўчириб, диск қўйди. Кабинани чет элнинг баланд овоздаги шовқинли мусиқаси босди. Ғиёс елкаларини учириб, қош қоқиб ўзини ўйнаётгандай кўрсатди. Қизлар қиқирлаб кулиб юборишди.
Машина гувиллаб олдинга интилди…
* * *
Ой нурида кумушдай товланиб оқаётган дарёда мотори ўчирилган қайиқни ўз ҳолига қўйиб, оқим измида сузиб кетаверишнинг бошқача гашти бор. Кўкка боқасан, ғуж-ғуж юлдузлар, сувга қарайсан, ҳар замонда балиқлар шалоп этиб юзага сакраб чиқиб, тасвирни жимирлатиб юборишини айтмасанг, яна ўша юлдузлар сайли…
Қанчалик такрор бўлиб туюлмасин, бундайин фусункор манзара ҳар гал янгироқ, бошқачароқ кўриниши билан кишини ўзига маҳлиё этиб қўяди. Тоҳир дарёга чиққан кезлари бу гўзалликни мириқиб томоша қилиш ўрнига бутун эътиборини тунги овга келган бирон қонунбузарни қидиришга қаратгани учун ачинади, аммо на илож, касби шуни тақозо этади.
Мана, олдинда қўл чироғи бир ёниб-ўчди, қандайдир шовур эшитилди. Тоҳир эшкакдан рул ўрнида фойдаланганча шу томонга сассиз сузди.
Икки эркак эшкакли қайиқда. Улар сувга ташланган тўрни шоша-пиша тортиб олишмоқда эди. Тоҳир дурбинда қаради: новчароғи Самад, қўлга тушавериб, отнинг қашқасидай танилиб қолган; пастга эгилиб олган иккинчисининг юзи аниқ кўринмади.
Тоҳир уларнинг гап-сўзларини аниқ эшита бошлади.
– Тезроқ, Қаҳҳор! Анави аблаҳ келиб қолмасин яна!
Бу Самаднинг зардали буйруғи эди. Қаҳҳор деганлари қаддини ростлаб, тўрдан олаётган каттакон бир балиқни силади:
– Жониворлар-эй… Э, мен-чи, ўзиям емас, бировгаям бермас унақанги инспекторни битта чинчилоғим билан эзиб ташлайман, ҳа!
Тоҳир барибир Қаҳҳорни танимади. Бу қирқ ёшлардаги, гирдиғум, сочини тақир олдирган эркак эди. Балки янги кўчиб келганлардандир.
– Мақтанма, ғоз… Сен яхшиси унинг қорасини кўрганинг заҳоти бошқа ҳеч қаёққа қарамасдан қуённинг расмини чизиб қол. Шунда қутулиб қолсанг, омадинг чопгани!
– Э, шунча зўр бўлса Рустам акага айтаман, пул билан уриб йиқитади!
Самад пишқирди:
– Бу аблаҳ пулга сотилмайди-да! Бўлмаса-ку, ўзимизам етти авлодига етгудай қилиб таъминлаб ташлардик-а.
Қаҳҳор пиқирлаб кулди:
– Йўғ-э! Роса опқочасан-а! Сотилса керак-у, а-анча қимматга юрса керак-да. Бу дунёда аёл билан инспекторнинг пулга сотилмайдигани бўлмайди, оғайни, фақат нархини билиш керак. Ўша аблаҳнинг ҳам ставкаси бўлса керак, менимча. Балки у бизга ўхшаган майда балиқчаларга қирон келтириб, лаққа балиқлардан оладиганини олиб юргандир. Мўмайгина…
Қайиғининг учи браконьерларнинг қайиғига тегай деб қолган Тоҳир садо берди:
– Унақа эмас.
Қаҳҳор деганлари чўчиб тушди, ваҳима билан шу томонга қаради:
– Ким бу?
– Ўша, сиз ҳозиргина эслаб турган аблаҳ.
Тоҳирни таниган Самад жон алфозда тўрни сувга ташлаб юборди:
– Қочдик!
– А?
Қаҳҳор довдираб, тўрга ўралашиб қолди, Самад қайиққа ўтирасола эшкакка ёпишди.
Тоҳир қайиғи чироғини ёқди. Кучли нур Самаднинг кўзларига тушди.
– Самад ака! Биринчи ўқни оёғингизга отаман. Лекин иккинчисида кўзлаб ўтирмайман! Кўтаринг қўлингизни!
Самад ноилож қўлларини кўтарди. Тўрга баттар чалкашиб-ўралиб бораётган Қаҳҳор сувга ағдарилиб тушдию, сув юзасида қалқиб-қалқиб, дод солиб юборди:
– Вой, чўкяпман! Чўкяпман. Ёрдам беринг! Ёрдам! Самад!.. Самад!..
Тоҳир иштонини ҳўл қилиб қўйган боладай шуурсиз аҳволда қотиб қолган Самадга мурожаат қилди:
– Тортиб олинг шеригингизни! Тўрни ташлаб юборишни эса хаёлингизга ҳам келтирманг! Ўзингиз ташлаб юборсангиз, ўзингиз тушиб опчиқасиз!
Самад жон ҳолатда ёрдамга ошиқиб, чўкаётган Қаҳҳорнинг қўлидан ушлаб тортди. Тангалари ялтираётган катта-кичик балиқлар илиниб турган тўр ҳам Қаҳҳорга илашиб чиқа бошлади.
Тоҳир браконьерларнинг қайиғини ўз қайиғида шатакка олиб келди. Пристанга етгач, қайиғини тўхтатиб, моторни ўчирди-да, тахта супага сакраб тушди, қайиғининг арқонини устунга боғлади. Ишига пухта Тоҳир аллақачон ўлжа қайиқнинг эшкакларини ҳам ўз қайиғига олиб қўйганди. Браконьерлар бўлса ўз қайиғида қўллари орқага боғланган ҳолда, бир уюм балиқ билан тўр ёнида тўрсайиб ўтиришарди.
Пристан ёнидаги ўриндиқ четидан омонатгина жой олган Маърифат холани кўриб, Тоҳир ажабланди:
– Хола, «Тез ёрдам» ҳалиям келмадими?
У жаҳл билан чўнтагидан қўл телефонини олди.
– Келди, болам, келди, – шошиб гапирди хола. – Бунинг учун раҳмат. Дўхтир амакингизни эрта-индин балнисага оборинг деб кетди. Шунга… Гулнозни чақирсамми девдим. Ҳозир ухлаётгандир. Ваҳимага соб қўймайлик униям… Тонг отгандан кейин, агар вақтингиз бўлса яна бир марта телефон қилиб қўясизми деб… – Маърифат хола чўнтагидан қоғозча чиқариб берди. – Манави номери. Ўзи ёзиб бериб кетгани.
Тоҳир беихтиёр рақамлар ёзилган қоғозчани олгач, бир зум ўйланиб қолди, сўнг иккиланиброқ гапирди:
– Холажон, мен жон деб… Лекин ўтган сафар… хуллас, хўжайини кўтариб қолган экан телефонни… анча ғишава қилди… Мастмикан… Гулнозагаям гап тегиб қолди-ёв.
Масаланинг бу томонини ўйламаган экан, холанинг ўзи хижолат тортди:
– Унда майли, болам, эрталаб ўзим почтага бора қоларман. Амакингизга шунча айтдим, шу сабилдан битта олинг деб, қани кўнса…
– Яхшиси, холажон… Келинг, битта хат жўнатайлик. Сизнинг номингиздан.
– Хат?
– Ҳа. Буни SMS дейишади. Гулноза эрталаб туриб хатни кўради. Бўладими?
Хола суюниб кетди:
– Бўлади, болам, бўлади.
– Нима деб ёзай?
– Аввал менинг номимдан салом денг. Ўзига, куёвга, неварамга. Кейин амакингиз номидан ҳам…
– Хола, булар шарт эмас, – жилмайиб қўйди Тоҳир. – Қисқа ёзиш керак. Икки-уч сўз бўлса етади.
– Қисқа? – хола ўйланиб қолди. – «Вақтинг бўлса кел, отангнинг мазаси йўқ», деб ёзса бўладими?
– Бўлади, холажон, бўлади.
Тоҳир қўл телефонида тез-тез SMS терди.
– Мана, бўлди, холажон. Охирида «онанг» деб қўшиб қўйдим. Энди эрталабдан почтага бориб юришингиз шарт эмас. Амакимнинг олдида бўлинг. Агар балнисага оборадиган бўлсангиз, айтинг, машина тўғрилаб бераман.
– Майли, болам, майли. Сизга кўп раҳмат, Тоҳиржон. Илойим болангизнинг роҳатини кўриб яшанг…
Маърифат хола Тоҳирни дуо қила-қила уйи томон кетди.
Тоҳир қайиғига қайтиб бораётган маҳал орқадан таниш овоз келди:
– Камандир!
Тоҳир тўхтади. У янглишмаганди: қоронғиликдан Бердиқул чиқиб келди, нимадандир мамнун, кўзлари чақнаб турибди. «Ичиб келяпти», деган ўй ўтди инспекторнинг кўнглидан.
– Яна бир марта ассалому алайкум, камандир.
Тоҳир ҳайрон қолганини яшириб ўтирмади:
– Бердиқул, сиз ўзи ухлайсизми?
– Ҳали роса ухлашга улгурамиз, камандир, – янада мамнун бўлиб жавоб қайтарди Бердиқул. – Исрофил бурғусини чалгунга қадар «қилт» этмай ухлаймиз.
Бердиқулнинг майнавозчиликка ўтаётганини сезган Тоҳир жиддий тортди:
– Шу совуқ гапни айтиш учун мени кутиб турганмидингиз, Бердиқул?
– Йўғ-э, камандир. Уйқу келмагандан кейин юрибман-да айланиб. Бойқушман, бойқуш. Ўзи мени штатсиз инспектор қилиб олсангиз зўр иш бўларди-да.
– Буни ўйлаб кўрамиз, Бердиқул.
– Ўйлаб кўринг, камандир.
– Қоровуллик қилаётгандингиз шекилли?
– Э, шуям ишми? Бир сутка бир жойда қадалиб ўтир, икки сутка дам ол. Одам тарс ёрилиб кетади. Бўшасамми деб турибман. Лекин ишсиз юришим ҳам мумкин эмас. Рўйхатда турамиз, камандир, рўйхатда.
Тоҳир ўйланиб қолди. Кўп ҳолларда, аниқроғи дўппи тор келиб қолганда браконьер «Бунинг барини инспекторнинг ўзи уюштирди, унинг менда азалдан қас-ди бор!» деб туриб олади, шу йўл билан айбни бўйнидан соқит қилишга уринади. Ё бўлмаса «Инспектор фалон сўм сўради, бунақа катта пулни беролмаганим учун мени айбдор қилиб далолатнома ёзди!» дейди. Ишқилиб, терговниям, судниям аччиқ ичакдай чўзади, бир амаллаб қутулиб кетишга ҳаракат қилади. Ахир чиқмаган жондан умид. Шунақа пайтлари биттагина холис гувоҳ бўлсами, иш анча енгил кўчади…
Тоҳир ахийри бир қарорга келди:
– Сизга бир илтимосим бор, Бердиқул. Фуқаролик бурчингизни бажаришингизга тўғри келади.
– Бу нима деганингиз, камандир? Оддийроқ тилда гапиринг, йиғилишда эмассиз-ку.
Тоҳир қайиқдагиларга ишора қилди:
– Нима гаплигини тушуниб турибсиз. Далолатнома тузаман. Шунга гувоҳ бўласиз. Балиқларни бирга тарозида тортиб, дарёга қўйиб юборамиз. Кейин далолатномага қўл қўйиб берасиз.
– Майли… Шуларми қўлга тушган?
– Ҳа.
– Қайиқлари пишиққина экан. Кўриниб турибди. – Бердиқул кўз қисиб қўйди: – Бегона қилмасак-чи, а?
– Буни хаёлингизгаям келтирманг. Тўр билан қайиқ давлат фойдасига мусодара қилинади.
Тоҳир қайиқни супага яқин тортиб, Самад билан Қаҳҳорни пастга туширди. Ўзининг қайиғидан тарози олиб, ерга қўйгач, сумкасидан далолатнома қоғози чиқариб текислаётган Тоҳирнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонининг экранчадаги рақамига қараб, бирдан сергак тортган инспектор беш-олти қадам узоқлашиб, тескари ўгирилди.
– Эшитаман.
Жуда таниш овоз:
– Ким бу?
– Бу мен, – дея олди томоғи қақраб кетган Тоҳир.
Гулноза таниди:
– Рақамингиз ўзгарибдими?
– Ҳа.
– Ўшандан кейинми?
– Ҳа.
– Нима бўлди? Хабар юборибсизлар.
– Маърифат холам илтимос қилганди.
– Отам…
– Сиз хавотир олманг. Амаким яхши. Холам илтимос қилмаганида…
– Ўзингиз бориб кўрдингизми отамни?
– Тўғриси, сменадайдим.
– Тушунарли. Мен ҳозироқ йўлга тушаман.
– Айтдим-ку…
Аппаратдан қисқа гудоклар эшитилди.
Тоҳир телефонда гаплашаётган пайт Бердиқул ёнидан пичоқ чиқариб, Самад билан Қаҳҳорга кўрсаткич бармоғини лабига босганча «жим» ишорасини қилди-да, мушукдай чаққонлик билан уларнинг ёнига бориб, қўллари боғланган арқонларни кесди, сўнг ҳар икковининг пристанга сассиз чиқиб олишига кўмаклашгач, қайиқ шатакка олиб келинган арқонни ҳам кесди-да, Тоҳирнинг эшкакларини ҳам қўшиб тўр устига ташлаб, қайиқни дарёга итариб юборди. Қайиқ оқимда лапанглаб сузиб кетди. Бердиқул янада чаққонлик билан Тоҳирнинг қайиғидаги моторнинг ингичка бир шлангини юлиб олган эди, қайиқ ичига мотордан бензин жилдираб оқиб туша бошлади.
Шундан кейингина Бердиқул ҳамон гарангсиб турган Самад билан Қаҳҳорнинг ёнига келди ва ўзини берилиб дарёни томоша қилаётгандай тутган кўйи чўнтагидан сигарета чиқариб, хотиржам тутатди.
Бу орада Тошкент билан гаплашиб бўлган Тоҳир телефонини ўчириб, ортига ўгирилдию, кўрган манзарасидан донг қотиб қолди.
– Бердиқул! – ахийри бўкириб юборди Тоҳир.
– Лаббай, камандир.
– Қайиқ… қайиқ қани?
Бердиқул Тоҳирнинг қайиғига ишора қилди:
– Мана, турибди. Бус-бутун.
– Буларники қани? Браконьерларники! Тўр қани? Балиқ қани? Буларнинг қўлини ким ечди?
– Начайник, сизни жин чалиб кетдими? – гапирган сари ҳузур қиларди бир қўлини намойишкорона шими чўнтагига солиб олган Бердиқул. Бироқ эътибор берган одам унинг сигарета тутган қўли дир-дир титраётганини сезарди. – Кўзингизга нима балолар кўринаяпти? Қанақа қайиқ? Қанақа браконьерлар? Мана, биз уч ўртоқ тинчгина соҳилда айланиб юрибмиз. Ё бунга ҳаққимиз йўқми? Ё шунинг учун ҳам сиздан рухсат сўрашимиз керакмиди, камандир?
Тоҳир ҳаммасини тушунди:
– Бердиқул… Уялмайсанми? Бундан кўра, кўчага чиқиб гадойчилик қилганинг яхши эмасми?
– Сен-чи? – Бирдан авзойи бузилди Бердиқулнинг. – Тўртта балиқ учун ўз ҳамқишлоқларингни тутиб беришга уялмадингми! Нима, дарё, ундаги балиқлар катта энангнинг маҳрига тушганми? Ё буларни қон қақшатиб, амал-тақал тирикчилик ўтказиш учун яраб турган охирги қайиғини тортиб олиб, маза қиласанми?
– Бердиқул! Ҳозир ов қилинмайдиган ой эканлигини яхши биласан. Бунақанги ўнта браконьер увилдириқ дардида юз минглаб балиқларни қириб юборишиниям биласан!
– Билмайман! Билишниям истамайман! Раз дарё бўйида яшайманми, демак, унда менинг ҳам ҳаққим бор. Мен дарёдан ўз ҳаққимни ажратиб олишим керак. Булар ҳам худди шундай!
– Бердиқул! Мен барибир буларни қамоққа оламан. Уларга қўшиб сениям!
– Бир уриниб кўр-чи! – яна мазахомуз оҳангга ўтди Бердиқул. – Қайиқ йўқ, балиқ йўқ, тўр йўқ, демак, далил-исботинг ҳам йўқ. Далил-исботсиз қуруқ гап эса туҳмат ҳисобланади. Қасддан туҳмат қилганинг учун учаламиз сени судга бериб, юз миллион сўм моддий-маънавий зарар талаб қилиб туриб олайлик, ана шундан кейин орқангга қалампир суртилгандай диконглаб қоласан! Айбсизлик презумпцияси нима эканини биларсан?
Тоҳир хўрсинди:
– Ҳа, анов ёқларга бориб келганинг билиниб турибди.
Бердиқул тишлари орасидан «чирт» этказиб тупурди:
– Сенинг эса ўша ёқларга бормаганинг билиниб турибди.
– Демак, қайиқни оқимга қўйиб юборгансан. Ҳозир олиб келаман. Мендан осонликча қутулолмайсанлар… Ҳозир…
Тоҳир чопиб бориб арқонни ечди-да, қайиғига сакраб чиқди. У дарёдан кўз узмаган кўйи тугмачани босди, мотор ғириллади, аммо ўт олмади. Шундагина моторга қараган Тоҳир қайиқ тагида кўллаб қолган бензинни кўрди. Тоҳир аланглаб эшкакларни излади.
– Эшкаклар қани, аблаҳ!
Бердиқул хотиржам сигарета тутатишда давом этарди. Тоҳир қайиқдан сакраб тушди, арқонни яна устунга боғлади.
– Ҳозир!
Тоҳир дарёга тикилиб қаради, афтидан, у сув ёқалаб чопишга шайланарди. Бердиқул буни дарров илғади.
– Маслаҳат бермайман, камандир. – У қайиққа ишора қилди. – Бензини, эшкаги бўлмаса ҳам бу давлат мулки. Давлат мулки қўлингизга ишониб бериб қўйилганми, марҳамат қилиб уни асранг. Масалан, мен ўзим чекмайман, лекин ҳозир ким кўп, чекувчи кўп. Билиб бўладими, биронтасининг сигаретасидан билмай битта чўғ учиб келиб қолса ҳам, бу ёнади-кетади. Чўғ бу хусусий, бу давлат мулки деб ажратиб ўтирмайди…
Қанақа қопқонга тушиб қолганлигини тушунган Тоҳир алам билан муштларини бир-бирига урганча, жойида тўхтади.
Бердиқул сигаретасини чуқур тортиб, тутунини осмонга пуфлади, сўнг учи чўғли сигаретасини Тоҳирнинг қайиғи томонга чертди. Сигарета Тоҳирнинг қайиғига келиб тушди. «Пов» этиб ёнган аланга қайиқни ўз домига олди.
Тоҳир жон ҳолатда устун ёнидаги ёнғинга қарши ускуналар қўйилган махсус бурчакдан кўпикли ёнғин ўчиргич олди, йўл-йўлакай унинг юқори қисмини ерга урганча бориб вошиллатиб кўпик сепиб, оловни ўчиришга киришди.
Бердиқул хотиржамлик билан қоронғилик томон юрди. Самад билан Қаҳҳор шошиб унга эргашишди.
Тоҳир тобора гуриллаётган оч олов билан олишарди…
* * *
Юк машинаси шаҳарчага кириб келганда вақт аллақачон ярим тундан ошган эди. «Ором» ёнидан ўтаётганлари маҳал Ғиёс энгашиб чироқлари ўчган ресторанга қаради.
– Ёпиб қўйишибди, – деди у афсусланиб.
Дилобар истеҳзоли кулимсиради:
– Шу пайт ресторан қоладими? Ака, айтгандай, сиз «Қирғоқ»қача борасизми?
– Ҳа, ўша ерда дам оламиз.
Дилобар сумкачасини кавлаб, ҳамёнини чиқарди, қўлига бир даста пул олди:
– Бизни ўша меҳмонхона ёнида қолдирсангиз ҳам бўлади. Борар жойимиз яқин.
– Пулингизни жойига солиб қўйинг, Дилобархон. Одамни хафа қиляпсиз.
Қиз дарҳол пулни ҳамёнига қайтариб солди:
– Майли, сизни хафа қилмай бўлмаса.
– Менда бир таклиф бор, – яна жонланиб қолди Ғиёс. – Келинглар, меҳмонхонада тўрталамиз бир маза қилиб ўтирамиз. Бизда ҳамма нарса бор.
– Сиз, – яна истеҳзоли кулишдан ўзини тийиб туролмади Дилобар, – машинангизга чиққан қизларнинг ҳаммасидан йўл ҳақини шунақа қилиб ундирасизми, Ғиёс ака?
– Ҳаммасидан эмас, Дилобархон. Фақат сизларга ўхшаган гўзаллардан. Келинг энди, йўқ деманг. Бу ўладиган дунёда бир яйраб қолайлик.
Бир муддатлик мулоҳазадан сўнг Дилобар дугонасига ўгирилди:
– Сен нима дейсан, Тамарчик? Яхши йигит бизни меҳмондорчиликка таклиф қиляпти.
Тамара кабина шифтига тикилганча ўйланиб тургач, ноаниқроқ тарзда деди:
– Ўйлаб кўриш керак.
– Э, ўйлаб ўтирасизларми, қизлар? Бир маза қилсак қипмиз-да…
Дилобар эътироз билдирди:
– Лекин биз тўйга паспортимизни кўтариб келмаганмиз.
– У томонини менга қўйиб беринглар, ташкиллаштирамиз. Неча марталаб бу ерда ётиб қолганмиз, ҳаммасини таниймиз…
Машина «Қирғоқ» меҳмонхонаси ёнига келиб тўхтади.
Ҳовлиқиб қолган Ғиёс шоша-пиша шеригини уйғотди. Акбарали ётоғидан каттагина дипломат билан чиқиб келди. Икковлон қабулхонага кириб кетишди.
Навбатчи, ўттиз беш ёшлардаги кўҳликкина, дарҳақиқат, юзи таниш Муқаддам исмли жувон ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштиргач, биринчи қаватдаги икки кишилик хона эшигини уларга очиб берди, аммо Ғиёснинг паспорти уйда қолиб кетган яна икки кишига бир кечага хона бериш ҳақидаги илтимосига кўнмади.
Ноилож қолган Ғиёс чўнтагидан бир даста пул чиқариб, Муқаддамнинг қўлига тутди:
– Опажон, илтимос…
Жувон кескин бош чайқади:
– Бунинг ҳеч иложи йўқ. Мен паспортсиз одамга хона беролмайман. Истаган маҳал текшириб келиб қолишлари мумкин.
– Бир кеча минг кеча эмас-ку, опажон.
– Кўза ҳар куни эмас, кунида синади деган гап ҳам бор, укажон. Хайрли тун.
Муқаддам қайтиб кетди. Ғазабланган Ғиёс тишларини ғижирлатганча хонага кирди. Акбарали нарсаларини шкафга жойламоқда эди. Ғиёс шошиб бориб деразани очди, ташқарига қаради. Автомобиллар тўхташ жойидаги машина ёнида Дилобар билан Тамара гаплашиб туришарди.
Ғиёс қизларга қўл силкиганди, бунга жавобан Дилобар ҳам шундай қилди.
Ғиёс қўлидаги сумкани столга қўйиб, Акбаралига буюрди:
– Майда-чуйдаларни олиб столни безатиб тур. Мен ҳозир.
– Сен қаёққа?
– Эшикдан бўлмаса тешикдан олиб кираман бу жононларни!
Акбарали иккиланиб қолди:
– Шарт эмасдир, Ғиёс.
– Қара, ўзлари ўлиб туришибди. Аёлнинг раъйини қайтариш гуноҳ. Мен гуноҳкор бўлиб қолишни истамайман.
Ғиёс деразадан ошиб ўтди-да, илдам юриб қизларнинг ёнига келди ва уларга ним эгилиб, таъзим қилган бўлди:
– Жон қизлар, жонон қизлар, оққушлар, оппоқ қушлар… Хуллас, камтарона дастурхонимиз сизларга мунтазир. Фақат кириш эшигимиз сал торроқ бўлади, холос. Лекин кўнглимиз кенг…
Аввалига қизлар гап нимадалигини тушунишмади. Ахийри Ғиёс режасини баён қилгач, улар бир оз тайсалланиб туришди, аммо йигит илтимос қилавергач, ахийри кўнишди.
Йўлда чеккароққа ўтган Тамара кимгадир қўнғироқ қилиб, шивирлаб қўйишга ҳам улгурди:
– Ҳаммаси жойида, Жора. План «Б». «Қирғоқ»дамиз.
Бу ёғи хамирдан қил суғургандай осон кечди: қизлар очиқ деразадан мушукдай чаққонлик билан ошиб ўтишдики, ҳатто Ғиёснинг кўмаги ҳам керак бўлмади.
Акбарали столга у-бу қўйиб улгурган экан, қолганига Ғиёс кўмаклашди. Столда нон, колбаса, «кола», пишлоқ, помидор-бодринг, битта ароқ шишаси пайдо бўлди.
Ғиёс пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйди.
– Қани, танишганимиз учун оламиз!
Улар пиёлаларни чўқиштиришди. Ғиёс ароқни бир кўтаришда ичиб юборди, «оқ» қилганини кўрсатиш учун пиёласини қизларга кўрсатди, кейин мақтанди:
– Бизда биринчисига закуска қилинмайди.
Жилмайиб қўйган Акбарали ўзининг пиёласини столга қайтариб қўйди-да, «кола» тўла пиёладан бир ҳўплади. Буни кўрган қизлар бир-бирига қараб қўйишди.
– «Қизил»ига ўтиб кетибсизми, ака? – жилмайди Дилобар.
– Мен ўзи умуман ичмайман, – деди Акбарали.
Дилобар ҳайрон қолди:
– Наҳотки? Ростдан-а?
– Ҳа, – кулимсиради йигит. – Шунақа айбимам бор.
Тамара одатига кўра шифтга қараб гапирди:
– Бу қизиқ…
– Қани, олинглар, қизлар! – вағирлади Ғиёс. – Шеригимга қараманглар. Ўзи ичмайди, лекин бошқа ҳамма томондан зўр йигит.
– Қанақа томонларини айтяпсиз, Ғиёс ака?
– Э, Дилобархон, буни кейин ўзларинг билиб оласизлар.
Кулги кўтарилди. Қизлар пиёлаларга лаб тегизиб қўйишди. Буни кўрган Ғиёс норози бўлди:
– Э, бунақа ичилмайди-да, жонон қизлар.
– Қанақа ичилади, жонон йигит?
– Мана бундай!
Ғиёс Акбаралининг ҳам пиёласини қўлига олиб, ичиб юборди ва уни ҳам «оқ» қилганини қизларга намойиш этди, кейин яна мақтанди:
– Бизда иккинчисигаям закуска қилинмайди.
Қизлар чапак чалиб юборишди. Ғиёс стол ёнига қўйилган қўл телефонининг тугмачасини босган эди, чет элнинг шовқинли мусиқаси янграй бошлади.
– Энди бир вальсга тушсак, – таклиф қилди Ғиёс.
– Вой, – деб юборди ногоҳ нимадир эсига тушган Дилобар, – машинанинг эшиги очиқ қолди-ку.
Ҳалидан буён стол атрофида ўзини сал ўнғайсизроқ ҳис қилаётган Акбарали шошиб ўрнидан турди:
– Мен бориб қулфлаб келаман.
Бу таклифга Ғиёс «маъқул» маъносида бош ирғади. Акбарали хонадан чиққан маҳал Дилобар кўзлари сузила бошлаган Ғиёсга ишвали қараб қўйгач, сумкачасини очди-да, қалам билан лаб бўёғини чиқазди:
– Ғиёс ака. Танцага тушадиган бўлсак, биз сал у ёқбу ёғимизга қараб олсак дегандик. Ахир онангниям отангга бепардоз кўрсатма деганлар.
– Марҳамат, – йигит кириш эшигининг чап тарафидаги яна бир эшикка ишора қилди: – Ванна сизларнинг ихтиёрингизда.
Дилобар норози бўлиб қош чимирди:
– Э, тор жойда юрагим сиқилиб кетади. Ундан кўра сиз кириб туринг ваннага, биз сал ўзимизга оро бериб олайлик. Олдингизда пардоз-андоз қилишга уяламиз ахир.
– Майли, жонон қизлар, майли.
Ғиёс салгина гандираклаганча бориб ювиниш хонасига кираркан, эшикни қия очиқ қолдирди.
– Мўраламанг! – дея буйруқ берган Дилобар дугонасига ишора қилди.
Тамара бориб эшикни қизларни пойлашга уринаётган Ғиёснинг юзига «қарс» этиб ёпди-да, елкаси билан суяниб турди. Дилобар шоша-пиша сумкачасидан кичкина салафан халтачага солинган оқ кукунни олди, бўш пиёлага кукуннинг ярмини солиб, унга ароқ қўшиб аралаштирди. Сўнг қолган кукунни «кола»ли пиёлага солиб аралаштиргач, салафанчани сумкасига яширди-да, жойига ўтириб, лабига бўёқ сурган бўлди. Тамара ҳам чўнтагидан кўзгуча олиб, лабини бўяди.
Дилобар буйруқ берди:
– Марҳамат қилсинлар, жонон йигит!
Тамара илдам келиб жойига ўтирди. Ювиниш хонасидан оғзи қулоғида Ғиёс чиқиб келди, қизларга мастона термилди:
– Ў, очилиб кетибсизлар, жононалар!
Дилобар ароқ тўла пиёлани Ғиёснинг қўлига тутди:
– Қани, биз учун эллик грамм олмайсизми энди?
– Оламиз, жонидан, оламиз.
Ғиёс бу пиёладаги ароқни ҳам «оқ» қилиб ичиб юборди.
Акбарали кириб келганида кўзлари юмилиб кетаётган Ғиёс Тамара билан танца тушмоқда эди.
Дилобар машина калитини стол четига қўйган Акбаралининг қаршисига келиб ўтирди, «кола» тўла пиёлани унинг ёнига сургач, ўзи бир қултум ароқ қуйилган пиёлани қўлига олди.
– Қадаҳ сўзи айтмоқчимисиз? – сўради йигит.
Дилобар негадир маъюс кулди:
– Мен ўзи ичмасдим, ака. Лекин агар жуда қадаҳ сўзи эшитгингиз келаётган бўлса, марҳамат. Мен эркакларнинг камтарин бўлишлари учун ичаман!
Дилобар бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Қизга ялт этиб қараб қўйган Акбарали ҳайрон бўлганча «кола» тўла пиёлани оғзига яқин олиб борган маҳал Ғиёс текис жойда қоқилиб кетди, кейин, ўзини ўнглашга уриниш асносида Тамарани маҳкам қучоқлаганча ёнбошга, Дилобарнинг устига оға бошлади. Тамара бир амаллаб йигитни тутиб қолди. Афти буришиб кетган Дилобар уларни нари итарди:
– Ўзларингни тутсаларинг-чи, Тамарчик!
Тамара яна шифтга қараб жавоб қайтарди:
– Ҳаракат қиламан.
Хавотирга тушган Акбарали пиёлани жойига қўйди:
– Ғиёсга бир бало бўлдими?
Шу сўзлар билан Акбарали ўрнидан турмоқчи бўлганда Дилобар унинг қўлидан тутиб қолди:
– Қадаҳ сўзим ёқмадими, ака? Ё сизам эркакларнинг камтаринлигига қаршимисиз?
– Нега энди? Аксинча…
– Ундай бўлса олинг. Охиригача. Кейин бирга танца тушамиз. Хоҳласангиз, албатта.
Акбарали баттар ҳайрон бўлганча «кола»ни ичди. Шу аснода кўзлари деярли юмилиб қолган Ғиёснинг иккинчи бор қулаб бораётгани кўриб қолдию, отилиб ўрнидан туриб, шеригини ушлаб қолди:
– Ғиёс! Ғиёс! Сенга нима бўлди?
Ғиёс жавоб ўрнига бир нималар деб ғўлдираб бошини Акбаралининг елкасига қўйди ва шу заҳоти қўзичоқдек пишиллаб уйқуга кетди.
– Ғиёс! Ғиёс дейман! – Ажабланган Акбарали шеригини қаттиқ силталади, бироқ бундан фойда йўқлиги-ни кўргач, қизларга қараб узр оҳангида деди: – Биз ҳозир.
Акбарали Ғиёсни судраб ювиниш хонасига олиб кирди, бошига совуқ сув қуя бошлади. Дилобар бориб очиқ қолган эшикни ёпди-да, Тамарага бош ирғади:
– Мижозлар тайёр! Сен у ёқ-бу ёқни қара-чи.
Мамнун Дилобар машина калитини ички чўнтагига жойлаётган маҳал Тамара хонага бир қур кўз ташлади, шкафни очиб, нарсалар орасида турган дипломатни олди. Дипломатнинг қулфланганини кўрган қиз қизиқиш билан сочидан тўғнағич чиқарди ва бир уринишда қулфни очди. Дипломат бир текис тахланган даста-даста пулларга тўла эди.
Буни кутмаган Тамара кафтларини жуфтлаштирганча, шифтга қараб:
– О, худойим! – деб юборди.
Дилобар телефонида рақам тераётган жойида анграйиб қолди.
Иккала қиз бир-бирига саволомуз қарашди.
Кутилмаганда бунча пулни кўриб ҳаяжонланган бўлса-да, мияси тез ишлаб кетган Дилобар буйруқ берди:
– Опкетамиз!
Тамара дипломатни кўтарди. Иккала қиз очиқ дераза томон шошишди. Шу маҳал ювиниш хонаси эшиги очилиб, пишиллаб ухлаётган Ғиёсни аранг судраган Акбарали чиқиб келди. У очиқ дераза раҳига осилаётган Дилобарни кўриб ҳайрон қолди:
– Қаёққа?
Ҳали қиз жавоб бериб улгурмасидан Акбаралининг кўзи Тамаранинг қўлидаги дипломатга тушди-ю, ранги бўзариб кетди:
– Ие!
Акбарали шеригини ташлаб олдинга интилди, полга «гурс» этиб қулаган Ғиёсга эътибор ҳам бермасдан Тамарага отилди. Қиз чаққонлик билан ўзини четга олди. Дилобар дераза рахидан қайтиб тушишга мажбур бўлди. Акбарали жон алфозда деразани ёпди, зулфинни туширди. Кейин ғазаб билан қизларга қаради, аранг гапира олди:
– Ўғ… ўғрилар!
Акбарали қизлар устига бостириб келаверди, улар аста-секин ортга чекинишди. Акбарали ҳамон хориж қўшиғи янграётган телефонга талпинди, аммо уни биринчи бўлиб олиб қўйган Дилобар йигитдан кўз узмаган кўйи дугонасига шивирлади:
– Қўрқма! Ҳозир тамом бўлади…
Гавдаси чайқалиб кетаётган, кўзларини базўр йириб очаётган, алпанг-талпанг қадам ташлаётган Акбарали ўзининг аҳволи оғирлашиб бораётганини сездими, эшик томон юрмоқчи бўлди. Буни сезган Дилобар лип этиб ўтиб эшикни тўсиб олди.
Вужудини сўнгги кучлари тарк этаётган Акбарали иложсиз ҳолда жойида чайқалиб туриб қолди. Сўнг ногоҳ стуллардан бирини олди ва то Дилобар унинг мақсадини англаб олгунга қадар жон-жаҳди билан деразага урди. Дераза жаранглаб синди.
Бундай бўлишини кутмаган қизлар эсанкираб қолишди.
Йўлакдан шу томонга чопиб келаётган одамларнинг қадам товушлари эшитилди. Кимдир эшикни урди.
Эшик ортидан Муқаддамнинг овози эшитилди:
– Очинг! Эшикни очинг! Очинг деяпман!
Ранги ўчиб кетган Тамара дугонасига қаради. Дилобар бир сония ўйланиб қолди, сўнг дугонасини қўлидан тутиб ювиниш хонасига олиб кирди. Бу ерда у аввал дипломатни ваннанинг тагига яшириб қўйди, кейин Тамаранинг кўйлаги ёқасини, енгини йиртди-да, жон алфозда дод солди:
– Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи! Ёрдам беринг!
Дилобар қичқириш асносида Тамарага «Сен ҳам бақир» маъносида ишора қилди. Гап нимадалигини унчалик тушунмаган бўлса-да, дугонасининг топқирлигига, ҳар қандай вазиятдан силлиққина чиқиб кетишига ишонадиган Тамара одатига кўра шифтга қараган кўйи қичқирди:
– Помогите! Насилуют!
– Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи!
Дод-войни эшитган Акбарали эшик томон юрди, лекин кўзлари юмилиб кетаётгани, дармони қуригани боис жуда қийналиб аранг бир қадам ташлай олди, холос.
Бир неча лаҳзада ичкарида қизлар ёрдам сўраб дод солаётган хона эшиги ёнида беш-олтита одам тўпланди. Қўрқиб кетган Муқаддам пишиллаб турган бақувват, сочини тақир олдирган, майкачан эркакка – меҳмонхонанинг доимий мижозларидан бўлган Ибодуллаевга қаради:
– Бузинг эшикни, ака!
Худди шу илтимосни кутиб тургандай, Ибодуллаев уч-тўрт қадам ортга чекинди, сўнг чопиб келиб эшикка елкаси билан урилди-ю, қўпорилган эшик билан бирга ичкарига қулади. Унинг ортидан Муқаддам билан бошқалар ҳам хонага отилиб киришди.
Иккала қиз ҳамон зор йиғлаб кўмак сўрашарди:
– Ёрдам беринглар! Помогите!
Ўрнидан турган Ибодуллаев нафрат билан бир столга, бир базўр ўзини ушлаб турган Акбаралига қаради ва бир оғиз:
– Тушунарли, – деди.
Кирганлар орасида Муқаддамни таниди шекилли, Акбарали унга меровсираб қараб, аранг ғўлдиради:
– О-опа…
– Ифлос! – бўкириб юборди Ибодуллаев. – Сендақаларни ўлдириш ҳам кам!
У қутурган қўтосдай кўкрагига бир калла уришдаёқ Акбаралини ерга қулатди-ю, уриб-тепиб, аёвсиз калтаклашга тушиб кетди.
Жон-пони чиқиб кетган Муқаддам хонага кирганларга ялинди:
– Ўлдириб қўяди! Ёрдам беринглар!
Уч-тўрт эркак Ибодуллаевни Акбаралидан ажратишга тушишди.
Муқаддам милицияга телефон қила бошлади.
* * *
Одамларнинг асабларига бир нима бўлгани рост. Бўлмаса, ёшгина йигит, бор-йўғи йигирма олтида-ю, юраги қисиб қолиб…
Ҳалиям вақтида етиб боришгани. Шунақа пайтларда қўл телефонини ўйлаб топган донишмандга раҳматлар айтгиси келади одамнинг.
Дониёр кислород ниқоби кийдирилган беморни марказий шифохонага топшириб ҳовлига чиқдию, ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олди:
– Улгурдик.
– Бир ўлиб тирилди, энди узоқ яшайди бечора, – деди унинг ортидан бир даста қоғоз кўтариб чиққан Гўзалой.
Дониёрнинг сигарета тутатаётганини кўрган ҳамширанинг афти буришди:
– Яна бошладингизми? Ахир бизни ўқитишган, бунинг бир грамми эшакни…
– Отни.
– Ҳа, ўшани ўлдиради.
– Бунинг эмас, никотиннинг бир грамми.
– Э, нима фарқи бор, Дониёр ака! Нима, ўзингизда қасдингиз борми? Ўпка раки орттириб олиб, ажалингиздан беш кун бурун…
Дониёр кулимсираб қўйди. Сўнг, юлдузлар чарақлаб турган осмонга қараб қўйгач, ўйчан тарзда деди:
– Бусиз ҳам ҳаётнинг ўзи ўлим салтанати томон узлуксиз яқинлашувдан иборат, Гўзалой. Биз туғиламиз, ўсамиз, еймиз, ичамиз, гаплашамиз, ухлаймиз, вояга етамиз, уйланамиз, эрга тегамиз, лекин умримиз дақиқама-дақиқа ўша салтанат томон шиддат билан яқинлашиб бораверади. Буни тўхтатиб қоладиган кучнинг ўзи йўқ.
Гўзалойнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди:
– Сизга нима бўлди, Дониёр ака? Гапларингиз аллақандай жумбоқлими-ей.
– Чарчаган бўлсам керак-да.
Ҳамшира мавзуни ўзгартирмоқчи бўлди:
– Келинг, бошқа гаплардан гаплашайлик.
– Майли, – рози бўлди Дониёр. – Лекин гаплашмасак ҳам майли. Ҳавони қара, қанчалар тоза, симириб ичгинг келади.
– Лекин сиз шу тоза ҳавони булғаб… – асабийлашди Гўзалой. – Майли, майли, ўқрайманг, айтдим-ку, энди бошқа гаплардан гаплашамиз деб… Дониёр ака, янгам билан Тошкентга кўчиб кетмоқчи эмишсизлар, шу ростми?
Шифокор қизга ҳайрон бўлиб қаради:
– Ким айтди сенга бу гапни?
– Одамлар, – аниқ жавобдан ўзини олиб қочди қиз.
– Одамлар гапираверади-да.
– Лекин шамол бўлмаса дарахт қимирламайди.
– Дарахтнинг учи.
– Ҳа, ўша-да.
– Одамлар яна нима дейишаяпти?
– Гаплар ҳар хил. Сизлар пул йиғиб, шаҳардан катта ҳовли олармишсизлар-да, кўчиб кетармишсизлар. Кейин сиз илмий иш қиларкансиз. Шунинг учун оилани режалаштириб, ҳозирча… ҳозирча… яъни ўттиз беш ёшгача чет элликларга ўхшаб… аввал карьера, кейин бола деб…
«Бола» сўзини эшитган Дониёрнинг бирдан авзойи ўзгарди, у сигаретасини жаҳл билан ерга ташлаб, туфлисининг учида босди:
– Кетдик!
Дониёр асабий тарзда бориб машинага ўтирди. Эсанкираб қолган Гўзалой унинг ортидан шошди.
Йўл бўйи индамай кетишди. «Тез ёрдам» «Ором» ресторанидан ўтиб, «Қирғоқ»қа яқинлашаётган маҳал Дониёр зўр бериб эгилиб, меҳмонхонага қарай бошлайди. Буни кўрган Эркин ака тезликни пасайтирди. Гўзалой энсаси қотиб лаб бурди, сўнг ўзи томон ўгирилган ҳайдовчи билан кўз уриштириб олгач, ғаши келгандай бош чайқади. Кулиб қўйган Эркин ака шифокорга қаради:
– Дониёржон, агар зарурат бўлса тўхтатай.
Анча вақтдан бери бирга ишлаётганликлари сабаб ҳайдовчи Дониёрнинг одатини яхши билиб олган-ди: хотини сменада пайти шифокор меҳмонхонага серқатнов бўлиб қоларди. Тўғри, бундан ўзи уялар, ўнғайсизланар, натижада ҳеч қовушмаган баҳоналар ўйлаб топар, аммо барибир шу томонга йўли тушса бас, рафиқасидан хабар олмай кетмасди.
Ҳозир ҳам Дониёр аввалига хижолат чекиб:
– Йўғ-э… – деган бўлди. Кейин чўнтакларини кавлади, ахири айбдорона қиёфада ҳайдовчига қаради: – Эркин ака. Калит қоп кетиптими дейман-да. Келинингизнинг сменаси кечроқ тугайди…
Эркин ака астойдил афсусланиб бош чайқади:
– Ёмон бўпти-ку. Ахир ҳеч замонда уйга калитсиз кириб бўладими? Ҳозир, ҳозир…
Гўзалой мазахомуз тарзда «пиқ» этиб кулиб қўйди.
«Тез ёрдам» меҳмонхона кириш эшиги ёнида тўхтади. Дониёр тез машинадан тушди:
– Мен ҳозир-а…
– Бемалол, Дониёржон, бемалол. Ҳеч шошилманг. Чақириқ йўқ, биз синглимиз билан гаплашиб ўтириб турамиз.
Ҳамшира истеҳзоли оҳангда луқма ташлади:
– Чақ-чақлашиб.
– Раҳмат. Лекин барибир мен тез…
Дониёр ичкарига шошди.
– Калит эмиш, – ҳамон пичинг қиларди Гўзалой. – Топган баҳоналарини. Ҳалиям туморим демади.
Ҳайдовчи мийиғида илжайиб қўйди:
– Дониёржон учун тумори – хотини.
– Буни қаранг-а, – баттар жаҳли чиқди ҳамширанинг. – Доим қўйнида об юрсин унда.
Эркин ака ётиғи билан гапиришга уринди:
– Лекин сиз, Гўзалойхон, кўпам унинг жиғига тегаверманг.
– Жиғига тегиб нима қипман?
– Кўриб турибман-ку. Сиз билан гаплашиб бўлгандан юзига қизил тошиб кетади.
– Шунақа, бировларнинг юзига қизил тоширадиган ёмон қизман-да.
Ҳайдовчи қизга бир муддат қараб турди-да, ногоҳ завқланиб кулиб юборди:
– Эҳ, йигирма ёш орқага қайтсам эди, Гўзалой!
– Нима қилардингиз, Эркин ака?
– Шартта сизни опқочиб кетардим-қўярдим. Бахтли яшардик. Сизам буйтиб юрмасдингиз.
Ҳамшира ҳушёр тортди:
– Хўш, мен нима қилиб юрган эканман?
– Биласиз, мен дангал одамман. Шап-шап деб ўтирмайман, – қизга қаттиқ тикилди ҳайдовчи. – Хуллас, синглим, Дониёржоннинг гулдай хотини бор… Дониёржон уни рашк қилади, демак, яхши кўради…
– Чақ-чақлашишимиз… – алам билан гапирди Гўзалой, – ғийбатга ўтиб кетди-ку, ака.
– Мен сизни синглимдай кўриб, кўнглимда борини айтдим, Гўзалой. Сизга чақиртиканак бўлиб юриш ярашмайди. Ҳали тенгингиз чиқади…
Бу сўзлар маъносини англаб, ногоҳ юраги симиллаб оғриб кетган, кўзларида ғилт-ғилт ёш ҳалқаланган Гўзалой машинадан тушиб, қоронғилик қўйнига юрди. Эркин ака бош чайқаганча унинг ортидан ачиниб қараб қолди.
Қабулхона бўм-бўш эди. Вужуди музлаб кетган Дониёр атрофга аланглади. Қани у…
Шу пайт биринчи қават охирроғидан келаётган шовқин эшитилди. Қўллари мушт бўлиб тугилган Дониёр шу томонга чопди.
Очиқ эшик олдида тўрт-бешта бекорчи томошаталаблар тўпланиб олишганди. Шифокор уларни туртиб-суртиб олдинга ўтди.
Хонада эса майкачан Ибодуллаев юзи қонга беланган Акбаралининг қўлларини орқасига қайириб боғламоқда эди.
Оқ халатли Дониёрга кўзи тушган Дилобар ёқасини тутамлаб олган Тамарага шипшиди:
– Эксперт келди.
Эрини кўрган Муқаддам адойи тамом бўлди: ранги қув ўчиб, бутун вужуди қалтираб кетди.
Иккала қиз Дониёрга қараб бараварига шикоят қилишга тушишди:
– Улар бизни зўрламоқчи бўлишди, ака! Зўрламоқчи бўлишди! Қўрқитишди!
Ибодуллаев бир силташда Акбаралини оёққа турғазди. Кўзларини аранг йириб очган ҳайдовчи қаршисида қалт-қалт титраб турган Муқаддамни кўрди-ю, у томон юришга уринди:
– Биз…
Қўтосдай бақувват Ибодуллаев бир силташда Акбаралини бир қоп пахтадай осонлик билан бир қўлида кўтариб олиб, курсига ўтқазиб қўйди.
Дониёр Муқаддамга қаради:
– Бу ерда нима бўляпти?
Муқаддам жон ҳолатда:
– Мен ҳозир сизга ҳаммасини тушунтириб бераман… – деб бошлади.
Аммо Ибодуллаев жуссасига мос унчалик мос келмайдиган чийилдоқ овозда жувоннинг гапини кесди:
– Ўртоқ доктор. Одатдаги ҳол. Дальнобойшиклар меҳмонхонада қолишган, бу ернинг чўталчи қўшмачилари эса, – у нафрат билан Муқаддамга ишора қилди, – шопирларнинг олдига қизларни киритиб юборишган. Нарх масаласида келиша олишмаган ва орада жанжал кўтарилган. Шу.
Бундай талқиндан буткул эсанкираб қолган Муқаддам:
– А-а… – дея эътироз билдиришга ҳаракат қилди, холос.
Ранги бўзариб кетган Дониёр хотинига ўқдай нигоҳини тикди:
– Шу ростми?
– Мен…
– Мен вилоят ободончилик бошқармасининг масъул ходими Ибодуллаевман, – ўзини таништирди майкали эркак. – Мен ҳам онгли бир фуқаро, ҳам ҳокимият вакили сифатида бу меҳмонхонада бўлаётган ифлосликлар ҳақида тегишли идораларга билдирги ёзиб беришга мажбурман, ўртоқ доктор. Марҳамат қилиб исм-фамилиянгиз, иш жойингизни айтсангиз, мен ўз билдиргимда сизни ҳам гувоҳ сифатида тиркаб қўяман. Мен бу ердаги ифлосгарчиликлар шу ерда, шу ҳолида қолиб кетишига йўл қўймайман. Йўл қўймайман!
– Лекин мен… – ожизона эътироз билдиришга уринди Муқаддам, – лекин мен милицияга хабар бердим.
Ибодуллаев бўш келмади:
– Балки сиз хабар берган милиционер ҳам сиздан чўтал олиб турар, а, ўртоқ нозир? Балки тилларингиз бирдир, мен қаёқдан биламан.
– Вой, бу нима деганингиз?
– Бу мен сизни фош этаман деганим, ҳаммангни, меҳмонхонага жойлашиб олган мафияни илдиз-пилдизинг билан қуритаман, деганим. Тушундингизми! Мана, шунча гувоҳим бор! – Вилоят ободончилик бошқармасининг масъул ходими эшик ёнида турган биринчи кишига мурожаат қилди: – Исм-фамилиянгиз нимайди…
«Гувоҳ» сўзини эшитган эшик ёнида турган томошабинлар фавқулодда тезликда бир-бир ғойиб бўла бошлашди.
Очиқ эшикдан ўттиз ёшлардаги, новча, мўйловли эркак кириб келди.
– Мана сиз гувоҳ бўласиз! – Ҳеч тап тортмай унга мурожаат қилди Ибодуллаев. – Исм-фамилиянгиз нимайди?
– Шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси капитан Жавлон Сулаймоновман. Кечасиям тинч қўймайсизлар-а? – У синган деразадан қарши тарафдаги тўрт қаватли уйга ишора қилди. – Анави «дом»да тураман. Шовқин-суронларингга ярим шаҳар уйғониб кетди-ёв.
Худди шу маҳал Акбарали «гуп» этиб ерга қулади.
Хонага милиционер кирди:
– Ким милицияга қўнғироқ қилганди?
– М-мен… – дея олди Муқаддам…
* * *
Юк машинаси тўхтамай ўтди-кетди.
Йўл бўйида турган икки мотоциклчи «КамАЗ»нинг тез узоқлашаётган орқа қизил чироқларига ажабланиб қараб қолишди.
Тожибой тақир бошини қашиди:
– Тушунмадим.
Жўрабой ўзича тахмин қилди:
– План «Б»га ўтишди-ёв. Майли, бир оз кутайлик-чи, хабар бўлиб қолар.
Улар қаҳвахонага киришди, чеккароқдан жой олишди. Жўрабой егулик айтди, Тожибой ароқ.
Буюртмаларни олиб келган хизматдаги йигитча қўлини кўксига қўйди:
– Камчилик йўқми, акалар?
– Камчиликлар… етарли, – тўнғиллади шоша-пиша ароқни очаётган Тожибой. – Менга қара, ука, ресторанингнинг алоҳида хонаси борми?
– Тушунмадим, ака.
– Нимасини тушунмайсан? Яхши нарса бўлса, пулига гап йўқ, ука.
Йигитча ўта жиддий тарзда жавоб қайтарди:
– Адресда янглишибсиз, ака. Бу ерда унақа ишлар билан шуғулланилмайди. Биз қўшмачилик қилмаймиз.
Шу сўзларни айтгач, ходим нари кетди.
Тожибойнинг қовоғи осилди:
– Тушунмадим. Мен ҳаммага отнинг қашқасидай танилиб қолганманми, нима бало, Жора?
Жўрабой кулимсиради:
– Танимаган одамгаям ўзингни танитяпсан-ку, Толян.
Тожибой алам билан бир пиёла ароқни ичиб юборди.
Йигитлар овқатланиб бўлай деганлари маҳал Тамара қўнғироқ қилиб, Жўрабойнинг тахминини тасдиқлади. Энди, келишувга кўра, булар шаҳарга бориб, меҳмонхонага яқин жойда чақирувни кутиб туришлари лозим эди.
Шаҳарга-ку, бир пасда етиб келишди. Аммо кайфи ошган Тожибойнинг кўнгли меҳмонхонани тусаб қолди:
– Кўзга чиққан сўгалдай бўлиб кўчада турамизми? Йўқ, мен бир соат бўлса ҳам одамга ўхшаб яшашим керак!
Охири унинг ўзига бир хона олишга келишишди. Жўрабой ҳовлида кутиб турадиган бўлди. Тожибойнинг бахтига шу яқин атрофда хусусий меҳмонхона бор экан.
Тожибой ҳали ишора қилиб улгурмасидан бурун қирқ ёшлардаги, ёшига нисбатан анчайин очиқ-сочиқ кийинган маъмуранинг ўзи сирли илжайганча секин шивирлади:
– Агар керак бўлса, яхши қизларим бор, юбораман. Овқатни ҳам хонангизга олиб келишади.
Тожибой жонланиб қолди:
– Ростданми?
Маъмура кўз қисиб қўйди:
– Ўзлари массаж қилиб қўйишади. Бошқа хизматлар бўлса ҳам бемалол. Анавинисини келишиб олсак бўлди.
Тожибой мамнун тарзда кафтларини бир-бирига ишқади:
– Қулоққа мойдай ёқадиган бир гап айтгандай бўлдингизми?
– Кал бўлсангиз ҳам мард экансиз лекин! – қувончини изҳор этишга шошди маъмура ҳам.
– Мен кал эмасман, опажон, имижим шунақа. – Тожибой маъмурага шубҳаланиб қаради: – Ё қизларингиз калларга хизмат кўрсатмайдими?
Маъмура қиқирлаб кулиб юборди, ўзига яқин олганини билдиргиси келдими, тирсаги билан йигитни туртди:
– Йўғ-э, нега унақа деяпсиз? Калликнинг бунга нима алоқаси бор?
– Ундай бўлса калликни тинч қўяйлик-да, мақсадга ўтайлик, опажон.
Маъмура оғзининг таноби қочиб илжайди…
Ҳовлида ўтиравериб чарчаган Жўрабой ахийри хабар олгани «Қирғоқ» меҳмонхонаси яқинига бордию, қизларни милиция машинасида олиб кетишаётганини кўриб қолгач, ёв қувгандай ортига қайтди ва гумбаздай хотиннинг қучоғида ётган жўрасини тўшагидан деярли суғуриб олиб чиқди. Жўрасининг оғзидан чиққан бир оғиз «Атас!» сўзиданоқ вазият жиддийлигини англаган Тожибой ортиқча савол-сўроқсиз унга эргашди: шаҳардан кетиш керакми, кетаверади; унга барибир. Жўрабой эса зўр бериб ўзини ўзи ишонтиришга уринарди:
– Диля тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан… У эплайди… Бир йўлини топади… Мана кўрасан…
* * *
Амалдаги тартиб-қоидага кўра инспектор давлат мулкига етказилган ҳар қандай зарар ҳақида ўз бошлиғига ёзма билдирги топшириши шарт. Зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда билдирги тақдирини бош инспекторнинг ўзи ҳал қилади ёки тегишли ҳайъатга топширади.
Икки қаватли маъмурий бинодаги иккита кенг-мўл кабинетни эгаллаган Равшан ака ичига ғалла тўлдирилган қанордай семириб кетган одам эди. Жуфт рақамни ёқтиради шекилли, икки машинали, икки ҳовлили ва ҳаттоки икки хотинли бош инспектор кейинги пайтлари бурқситиб олифталик билан сигара чекишни ўрганиб олган ва ўрни келса-келмаса бу қилиғини қабулига келганларга кўз-кўзлашни ёқтирарди.
Мана шу одам кийимлари куйган, юзига қора куя сурилиб қолган Тоҳирнинг билдиргисини сигара тутунига кўмилган кўйи ўқиб чиқар-чиқмас тутақиб, бақир-чақирга ўтди:
– Мен буни шундай қолдирмайман, Холиёров. Нима, давлат сизга ишониб топшириб қўйган моторли қайиқ ўйинчоқ бўлдимики, истасангиз сувга чўктирасиз, истасангиз ёқасиз!
Бошлиқ олдинги гал рўй берган ҳодисани тилга олаётганини тушунган Тоҳир изоҳ беришга шошди:
– Чўкиб кетган қайиқнинг пулини тўладим-ку, ўртоқ бошлиқ.
– Тўламадингиз! Ойлигингизни бир йил мобайнида босиб қолдик. Ҳалиям раҳмат денг, бирдан ҳаммасини қуртдек санаб олмадик. Ана унда уйингизни тополмай қолардингиз.
– Раҳмат, Равшан ака, раҳмат. Лекин бу сафарам тасодифан рўй берди. Эҳтиётсизлик оқибати. Ўлай агар атай қилмадим. Мотордан бензин оқиб кетган экан. Билмай чақилган гугуртни ташлаб юборибман.
– Билмай эмиш… – Бош инспектор бирдан Тоҳирга шубҳаланиб қаради: – Чекмасдингиз шекилли?
– Ҳа, энди, баъзан-баъзан. Жуда хумори тутиб қолганда.
Негадир бу гапни эшитган Равшан аканинг мамнунликдан кўзлари чақнаб кетди:
– Кўрдингизми яширинча чекишнинг оқибатини! Чексангиз бизга ўхшаб очиқ-ошкор чекинг-да, ука. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деган машойихлар. Ана ўшанда қайиғингизам ёниб кетмасди. Тўғрими?
– Тушунмадим, ўртоқ бошлиқ.
– Бунинг нимасини тушунмайсиз? – Равшан ака чўнтагидан зажигалка чиқарди. – Агар ҳақиқий кашанда бўлганингизда эди, чўнтагингизда гугурт эмас, зажигалка олиб юрардингиз. Зажигалкани эса ёқиб ташлаб юборолмасдингиз. Демак, қайиғингизам ёнмаган бўларди. Сизам таъмирлаш ҳақини тўлаб юрмаган бўлардингиз.
Тоҳир эътироз билдиришга уринди:
– Лекин, Равшан ака…
– Бўлди, гап тамом-вассалом! Сизга охирги ҳайфсан эълон қиламиз. Қайиғингизни таъмирлашга кетадиган пулни тўлаш шарти билан, албатта. Майли, шунча йил бирга ишлаганимиз ҳурмати, нақд тўлаб юрманг, ойлигингиздан босиб қўя қоламиз.
– Шунисигаям раҳмат, ўртоқ бошлиқ.
– Боринг. Айтгандай, сизга бир акалик маслаҳатим бор.
– Эшитаман.
Равшан ака паға-паға тутунни кўкка пуфлади:
– Чексангиз очиқ чекинг. Айримларга ўхшаб пана-пастқамда тутатиб юрманг. Мана, кўрдингиз оқи-батини. Агар жуда сигарет ёқмаса, мана, – у чўнтагидан носқовоқ чиқарди, – носга ўтинг. Бунинг даҳмазаси камроқ. Гугурт-зажигалкаям деб бошингизни оғритиб юрмайсиз.
Тоҳир беихтиёр кулимсираб қўйди:
– Хўп. Раҳмат, Равшан ака.
– Шунақа бўлсин, ука… Хайр....
* * *
Кенг-мўл ётоқхона юракни сиқиб юборадиган даражада торайиб қолгандай эди. Диванга эса тўшак эмас, янтоқ солингандай…
Дилшод асабий тарзда у ёққа юрди, бу ёққа юрди, чироқни ўчирди, диванга ётди, аммо шу заҳоти ўрнидан сапчиб туриб кетди, яна чироқни ёқди, яна юрди. Ахийри у ўзини бир оз бўлса-да чалғитиш учун компьютерни ёқди, интернетга кирди.
Янгиликлар… Ҳамма ўзи билан ўзи банд… Ҳеч кимнинг Дилшод билан иши йўқ… Бахтиёр одамлар…
Интернетда алоқага чорловчи сигнал пайдо бўлди. Дилшод беихтиёр керакли тугмачани босиб, митти камерани ўзига тўғрилади.
Компьютер экранида қулоғига қулоқчин тақиб олган Ноила кўринди:
– Қалайсиз, Дилшод ака.
– Ёмонмас. Ўзингиз яхшимисиз?
– Ярим кечаси нега ухламаяпсиз?
– Ўзингиз-чи?
– Мен дарс қиляпман. Эртага имтиҳон.
– Мен шундай ўзим. Уйқу қочиб кетди.
– Уйқусиз кеча денг.
– Биласизми, Ноила, ҳозир…
– Ёлғиз қолгингиз келаяпти шекилли, – ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ўтирмади қиз. – Бемалол. Менинг ҳам сиз билан суҳбатлашаман деб кўзим учиб тургани йўқ.
Қиз жаҳл билан компьютерини ўчириб қўйди. Йигит оқариб қолган экранга маънисиз тикилиб ўтираверди.
Оҳиста мусиқа эшитилган маҳал Дилшод ўзига келди ва жон ҳолатда қўл телефонига ёпишиб, ваҳима ичида сўради:
– Нима бўлди?
Мансурнинг шивирлагани эшитилди:
– Ўйланма, ўртоқ. Ҳаммаси жойида.
– Бу нима деганинг?
– Қисқаси, анавини… қопга жойладим. Ичига беш-олтита тошам қўйдим. Ўзиям оғир экан аммо-лекин. Бир қоп гўшт. Хом гўшт.
Дилшод буткул гарангсиб қолди:
– Тош?
– Чўкиб кетсин учун-да. Бўлмаса мурда сув юзасига қалқиб чиқади.
– Сен… ўзи қаердасан?
– Қамишзорда.
Дилшоднинг нафаси ичига тушиб кетди:
– Энди… энди нима қилмоқчисан?
– Айтдим-ку, ҳаммаси жойида бўлади деб. Мен ҳозир буни… сувга чўқтираман. Шу билан… шу билан тамом-вассалом. Туя кўрдингми – йўқ!
Дилшоднинг тишлари такиллади, пешонасига муздай тер тепчиди:
– Мен… мен қўрқиб кетяпман.
Мансур дўстини хотиржам қилишга уринди:
– Сен қўрқма. Бунинг ҳаммасини туш деб қабул қил. Ёмон туш деб. Эрталаб туриб сувга айтасан, бўлди, шу билан эсингдан чиқади-кетади… Бўпти. Шошилишим керак. Яна битта-яримтаси кўриб қолмасин. Хайр. Кўришгунча. Сен ухла.
Буткул эсанкираб қолган Дилшоднинг қўлидан тушиб кетган телефондан қисқа гудоклар эшитилди…
Йилнинг энг қисқа туни яна бир сирнинг шоҳиди бўлди.
Мансур оғир қопни кўтарганча қамишзор ичидан, тизза бўйи сувдан кечиб ўтгач, оқар сувга чиқди. Дарё ой ёғдусида сут каби оқарди.
Мансур елкасидаги юкни пастга туширди-да, қопни оқим бўйлаб сураверди. Қоп аста-секин сувга бота бошлади. Ниҳоят сув юкни олиб кетди. Мансур диққат билан қараб турди, қоп сув юзасига қалқиб чиқмади.
Енгил тортган Мансур кафтларини бир-бирига ишқалади:
– Мана энди бўлди.
Йигит қамишзор оралаб орқага қайтди, қирғоққа чиқиб, «Москвич»ига ўтирди ва қаттиқ газ берганча машинасини вариллатиб ҳайдаб кетди.
* * *
Тоҳир билан гаплашгандан сўнг ростакамига хавотирга тушиб қолган Гулноза сумкасига нарсаларини жойлаб бўлгач, ётоққа бўйлади. Эри хириллаб-пишиллаб ухларди.
Гулноза ғилдиракли жомадони тутқичидан ушлаганча йўлакка ўтди. Қўлида китоб билан хонасидан чиқиб келган Ноила онасини бу аҳволда кўриб ҳайрон қолди:
– Тинчликми, ойижон?
– Бобонгнинг мазалари қочиб қолибди. Қўнғироқ қилишди.
– Вой, нима бўпти?
– Шамоллаш дейишди.
– Бир ўзингиз кетяпсизми? Адам-чи?
Гулноз аввал иккиланиб туриб қолди, сўнг ростига кўчди:
– Аданг… ҳали анча ухлайдилар. Безовта қилмай қўя қолай.
Ноила типирчилаб қолди:
– Менам жон деб сизга қўшилиб борардим-у, лекин сессия пайти…
– Сен дарсингдан қолма. Боргандан ўзим қўнғироқ қиламан, қизим.
– Хўп, ойижон, телефонингизни кутаман. Яхши етиб боринг. Уйдагиларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. – Бир муддатлик мулоҳазадан сўнг Ноила ўз режасини айтди: – Мен яхшиси, агар унгача қайтиб келиб қўймасангиз, шанба куни тушдан кейин йўлга чиқаман. Якшанба куни бирга қайтамиз. Хўпми?
– Телефонлашамиз. Дарсга кетишинг олдидан адангга нонушта тайёрлаб қўй. Устидан сочиқ ёпиб қўйсанг, совиб қолмайди.
– Биламан, ойижон. Эртага бемалолман. Имтиҳон тушдан кейин. Адамни овқатлантириб, кейин кетаман. – У жомадонга қўл чўзди: – Ёрдамлашвораман.
– Ўзим.
Ноила ойисининг икки юзидан чўлпиллатиб ўпди:
– Хайр, ойижон.
* * *
Дарё бўйида ўсган одам оқимнинг қаерда кенгайиб, қаерда торайишини, инчунин, фалон жойда ташланган сувда чўкмас нарсани пистон жойда бемалол тутиб олиш мумкинлигини жуда яхши билади.
Қаҳҳорнинг эскироқ «Жигули»си бор экан. Бердиқул билан Самад йўл кўрсатиб туришди. Ишқилиб, учовлон бир пасда дарё торайган жойга етиб келишди-да, сувдан кўз узмай, сабр билан ўлжаларини кута бошлашди.
– Бердиқулжон, – деб қолди Самад хушомадомуз оҳангда, – анави аблаҳни бопладингиз лекин. Бир яйрадим, бир яйрадим.
Бердиқул бепарво қўл силтади:
– Гапирманг. Бу бошланиши ҳали. У билан ўзимнинг алоҳида ҳисоб-китобим бор.
Ногоҳ Қаҳҳор қичқириб юборди:
– Ана! Ана!
Дарҳақиқат, ой ёғдусида дарё сатҳида оҳиста оқиб келаётган қайиқ кўзга ташланди.
Бердиқул Қаҳҳорга қаради. Бунинг маъносини тушунган Қаҳҳор дарҳол ўзини оқлашга тушди:
– Мен сузишни билмайман. Чўкиб кетаман!
Бердиқул нигоҳини Самадга тикди. Самад ҳам ўзини олиб қочишга уриниб кўрди:
– Хайр қилсанг бутун қил, деганлар, Бердиқулжон. Бу ёғиниям ўзингиз тўғрилаб берасиз-да, а?
Бердиқул унга ўқрайиб қаради:
– Балиғингизни бозорга опчиқиб сотиб, пулиниям опкелиб беришим керакдир балки? Бўлди, тушинг!
Ноилож қолган Самад ечина бошлади:
– Нима бўлса Самад, Самад! Ўлмаган жоним!
– Мендан битта яримта! – таклифини айтди Қаҳҳор.
Самад хурсанд бўлиб кетди:
– Бу бошқа гап!
Самад ўзини сувга ташлади, уҳ-уҳлаганча пишқириб сузиб бориб, қайиққа чиқиб олди. Кейин қалт-қалт титраган ҳолида бир амаллаб эшкак эшиб, яқин келди. Бердиқул билан Қаҳҳор қайиқни қирғоққа тортиб олишди. Қайиқда балиқлар ҳам, тўр ҳам, Тоҳирнинг қайиғидан олинган эшкаклар ҳам бус-бутун турарди.
Шоша-пиша кийинаётган Самад Қаҳҳорга буюрди:
– Қопларни опке!
Энди машинага қараб югурмоқчи бўлаётган Қаҳҳор дарёга кўз ташладию:
– Анавини қаранглар! – дея бақириб юборди.
Бердиқул билан Самад шу томонга қарашди. Сувда оғзи боғланган қоп оқиб келарди.
Самад ҳайрон бўлди:
– Чўкмапти.
– Ичи тўла пул бўлса-я! – ширин тамшанди Қаҳҳор.
– Пул бўлса чўккан бўларди, каллаварам! – шеригини жеркиб ташлади Самад.
Ўз тахмини ўзига маъқул туюлиб кетган Қаҳҳор бўш келмади:
– Салафанга солинган бўлса-чи?
Бу сафар Самад иккиланиб қолди.
– Нима бўлсаям қизиқ… – иягини қашлади Бердиқул ва Самадга маънодор қаради.
Энди кийиниб бўлган Самад тўнғиллай-тўнғиллай ечина бошлади:
– Нима бўлса Самад, Самад! Бу дунёда мендан бошқа одам йўқдай.
– Мендан яна битта яримта! – ҳаяжонланиб хитоб қилди Қаҳҳор.
Самад дарҳол мулойим тортиб, рози бўлди:
– Майли, қўймадиларинг-қўймадиларинг-да.
Самад сузиб бориб, суриб келган қопни Бердиқул билан Қаҳҳор қирғоққа тортиб олиб чиқишди.
Қаҳҳор ҳансираб қолди:
– Оғир экан. Ишқилиб, овора бўлганимизга яраша нарса бўлсин-да.
Бердиқул ерда ётган қоп шаклига қараб қолди:
– Менимча, бу одам.
Самад кийинаётган жойида таққа тўхтади:
– А?
– Тўғрироғи, мурда, – мулоҳазасини давом эттирди Бердиқул. – Қаранглар, мана боши, мана гавдаси, мана оёқлари.
Қаҳҳор бир қадам ортга чекинди:
– Бердиқулжон ука, қайтариб ташлаб юбора қолайлик дарёга.
– Ҳа, шундай қилайлик, – дарҳол рози бўлди Самад. – Ҳов бир йили далада ўра қазиётганимда бир суяк чиқиб қолганида милиса қанча овора қилганди. Кейин аниқлашди, у эшакники экан. Бу одам бўлса.
Қаҳҳор гапни илиб кетди:
– Оч қорнимиз – тинч қулоғимиз, Бердиқулжон ука.
– Қани, аввал кўрайлик-чи, бу эркакми, аёлми. – Бердиқул шерикларига тик қаради: – Балки қулоғида зираги бордир. Балки оғзида тилла тиши.
Самад шошиб ўзини четга олди:
– Йўқ, йўқ, унақа нарсадан худонинг ўзи асрасин.
Қаҳҳор титраб кетди:
– Мен унақа нарсалардан қўрқаман, Бердиқулжон ука.
– Мен барибир очаман.
Бердиқул қоп оғзидаги ипни еча бошлади. Самад билан Қаҳҳор яна бир неча қадам орқага чекинишди.
Ип ечилиб бўлгач, Бердиқул қоп ичига қаради ва ҳуштак чалиб юборди.
– Бердиқулжон, – сўради Самад, – эркакмикан ё аёлми?
Бердиқул бош чайқади:
– Ҳм-м… Менимча… хунаса.
– Йўғ-э?
– Бемалол яқин келаверинглар. Қўрқманглар, бу тишлаб олмайди.
Барибир Самад яқинлашмади:
– Бердиқулжон, укажон, менинг кўришим шарт эмасдир. Ўзи юрагим слабийроқ.
– Мен ўликдан қўрқаман, – унга жўр бўлди Қаҳҳор.
Бердиқулнинг жаҳли чиқди:
– Нима, мен сизларга ғассоллик қилинглар деяпманми? Келиб кўринглар деяпман. Балки танирсизлар. Нимагадир менинг кўзимга жуда иссиқ кўриняпти, лекин қаерда кўрганимни эслолмаяпман.
Самад билан Қаҳҳор қўрқа-писа қопга яқинлашишди.
– Э, худо! Ишқилиб, бир балога гирифтор қилма! – Аянчли нола қилган Самад Қаҳҳорга шивирлади: – Бундан кўра қайиғимиздан айрилиб, отнинг калласидай жарима тўлаганимиз яхшимиди?
– Шунақага ўхшаб турибди.
Икковлон яқинлашган маҳал Бердиқул қопни шартта кўтарганча:
– Жон кирди! Ўликка жон кирди! – дея уларга ташланиб қолса бўладими!
Самад билан Қаҳҳор жон ҳалпида диконглаб қочишди. Қаҳҳор ҳатто додлаб юборди:
– Вой, ўлдим!
Қотиб-қотиб кулаётган Бердиқул ахийри тўхтади. Анча нарига борган Самад билан Қаҳҳор унга хавфсираб қарашди.
– Қайтинглар-э, қуён юраклар! Шу юрак билан эркакман деб юрибсизларми ҳали?!
Самад билан Қаҳҳор ноилож бир-бир босиб яқинлашиб келаверишди. Бердиқул тантанавор тарзда қопни ағдарди.
Қопдан бўйи ўртача одамга тенг полиз қўриқчиси чиқди. Калла ошқовоқдан қилинган. Гавда, қўллар ва оёқлар одамникига ўхшаш.
– Мана сизларга тирик мурда! Танидиларингми?
Ўзини босиб олган Самад қўриқчига диққат билан қаради:
– Бир нарса дейиш қийин. Олтибой бобонинг даласида шунақаси турарди шекилли.
– Йўқ, менимча, бу Каромат опанинг томорқасидан, – билағонлик қилишга уринди Қаҳҳор. – Яна билмадим.
– Болалар… ҳазиллашишган шекилли, – тахминини ўртага ташлади Самад.
– Ҳа, ўшаларнинг иши бу! – деди Қаҳҳор ишонч билан. – Бировнинг юрагини ёриб қўйишдан ҳам тоймайди шумтакалар!
Бердиқул диққат билан қоп ичини кўздан кечирарди:
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/abdukaum-yuldoshev-32768356/dare-69875569/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.