Алвидо, қурол
Ernest Miller Hemingway
Дунё миқёсида машҳур адиб, "Нобель" мукофоти совриндори Эрнест Хемингуэйнинг "Алвидо, қурол" романи ундаги қаҳрамонларнинг фикр-хаёллари, кечмишлари орқали урушнинг инсоният бошига солган мудҳиш кулфатлари ҳақида ўйлашга, тинчликнинг қадрига етишга чорлайди. Азиз китобхон, серқирра ижодкорнинг миллионлаб нусхаларда чоп этилган асарларини мутолаа қилишга шошилинг.
Эрнест Хемингуэйнинг
Алвидо, қурол!
Муаллиф сўзбошиси[1 - Сўзбоши 1948 йилда чиққан безакли нашрга ёзилган.]
Бу китоб Парижда, Ки-Уэстда, Флоридада, Пиггота, Арканзас, Канзас-Сити, Миссури, Шеридан, Вайомингда ёзилди; 1929 йил кўкламида Парижда сўнгги таҳрирдан чиқарилди.
Биринчи вариантни ёзаётганимда Канзас-Ситида ўғлим Патрик туғилди, уни онасининг қорнини кесиб олдилар. Мен Оук-Паркда, Иллинойсда, сўнгги вариант устида ишлаётганимда отам ўзини отиб қўйди. Бу китобни тугатганимда ҳали ўттизга кирмагандим, у биржада буҳрон рўй берган кун дунё юзини кўрди.
Мен доим, отам шошди, деб ўйлайман, бироқ, балки унинг сабр косаси тўлиб кетгандир. Отамни ниҳоятда севардим, шунинг учун у ҳақда бир нарса деб мулоҳаза юритишим лозиммас.
Мен барча ушбу воқеаларни ва ўзимиз яшаган жойларни, ўша йили бўлган яхши-ёмон гапларнинг ҳаммасини эслайман. Лекин ҳаммасидан ҳам китобда яшаган ҳаётимни, ўзим кунба-кун тўқиб чиқарган ҳаётни яхшироқ хотирлайман. Шу мамлакат, шу одамлар ва уларнинг бошдан кечирганларини тўқир эканман, дунёда мендан ҳам бахтлироқ одам йўқ эди. Ҳар куни мен ёзилганларни бир бошдан ўқиб чиқар ва шундан сўнг давом эттирар ва ҳар куни яхши ёзиб турганимда, бундан бу ёғига нима ёзишим маълум бўлган бир пайтда ишни тўхтатар эдим.
Китоб фожиа билан тугаётгани мени ранжитмасди, чунки, мен умуман ҳаёт – фожиадан иборат, унинг ҳамма кўчалари бир жойга олиб боради, деб билардим. Бироқ ёза олишингдан, ёзганда ҳам ҳаққоний қилиб, кейин ўзинг ўқиганда ҳам лаззатланадиган қилиб ёза олишингдан ва ҳар кунингни мана шу ёқимли иш билан бошлашдан қувончлироқ нарса йўқ бўлса керак. Бунинг олдида бошқа ҳамма нарса арзимас гаплардир.
1926 йилда бир романим чиққан эди. Лекин уни ёзган пайтларим ҳали роман устида қандай ишлаш кераклигини мутлақо билмасдим: мен жуда ҳам тез ёзар ва айтадиган гапим қолмагандагина тўхтардим. Шунинг учун биринчи варианти жуда ҳам ёмон чиқди. Мен уни ярим йилда ёзиб тугатдим, кейин мутлақо қайтадан кўчириб чиқдим. Лекин қайта ишлаётганда мен жуда кўп нарсаларни ўргандим.
Ноширим, Чарльз Скрибнер отларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, нашриёт ишлари ҳақида нимани билиш керак бўлса, барини, эҳтимол, билса ҳам керак, ўрганмаган қулоққа гарчи ғалати эшитилса-да, китобларни ҳам унча-мунча тушунади, мендан безакларга қандай қарайсиз, китобингизни безакли қилиб чиқарсак, розимисиз, деб сўраб қолди. Агар рассом ёзувчидай ўз ишининг устаси бўлмаса, бунга жавоб бериш осон бўлади, чунки ёзувчи ўзи жонли гувоҳ бўлиб кўрган-билган ҳодисаларни, мамлакатларни, нарсаларни булардан бехабар бир кимса томонидан билар-билмас акс эттирилишига сира рози бўлолмайди.
Агар мен воқеаси Багам оролларида кечадиган роман ёзганимда эди, мен унинг безакларини Уинслоу Хомер ишлашини истаган бўлардим, бироқ шундаям ундан бирон нарсани безашни эмас, Багам оролларини ва у ерда кўрганларини чизишни сўраган бўлардим. Агар мен Мопассан бўлганимда (қани эди, ундай бўлиш ўликларга ҳам, тирикларга ҳам насиб бўлса) мен ўз китобларимга безак сифатида Тулуз-Лотрекнинг расм ва суратларини, Ренуар умрининг ўртасида чизган айрим пленерларини олган бўлардим, Норманд табиати манзараларига эса ҳеч кимнинг қўлини урдирмаган бўлардим, чунки ҳеч бир рассом бунда у билан тенглашолмасди.
Агар фалон ё пистон ёзувчи бўлганимда дейиладиган бўлса, уларга муносиб рассомларни топса бўларди. Лекин у ёзувчилар ҳозир бўлмаганларидай, у рассомлар ҳам ҳозир ўлиб кетишган, Макс Перкинс ва яна бошқа кўплар ҳам ўтган йили ўлиб кетишди. Бу йилнинг шуниси яхшики, олдинда бизни қандай айрилиқлар кутаётган бўлмасин, у ўтган йилдан кўра ёмонроқ бўлмайди, ёки 1944 йил, ёки 1945 йилнинг эрта қиш ва кўклам чоғларичалик ёмон бўлмас. Булар айрилиқларнинг мўл ҳосиллари кўтарилган йиллар эди.
Биз ушбу йилни ўртада пул йиғиб шампан сотиб олиб Сан-Вэллида, Айдахода кутиб олганимизда, кимдир бир ўйин таклиф қилди: тортилган арқон ёки ёғоч калтак тагидан елкада судралиб ўтиш керак эди, ўтаётганда ҳеч қаерингиз арқон ёки таёққа тегиб кетмаслиги шарт қилинганди. Мен бир бурчакда Ингрид Бергман билан халфана шампанни ичиб ўтирардим, унга дедим: «Қизим, бу йил йилларнинг энг Худо ургани бўлади» (Сифатлар тушириб қолдирилади).
Мисс Бергман, нега ундай деб ўйлайсиз, деди. Унга ҳозирча ҳамма йиллар бир-биридан яхши бўлиб келган, шунинг учун менинг фикримга қўшилиши қийин эди. Мен сўзга бой эмасман, сўзнинг кифтини келтириб гапиролмайман, шунинг учун бунинг сабабларини сизга батафсил тушунтириб беролмайман, лекин қатор, бир-бирига боғланмаган аломатларга қараганда, яхшилик бўлишини кутиш қийин, таёқнингми, арқоннингми тагидан ўрмалаб ўтаётган бойваччаларнинг кўриниши ҳам яхшиликдан дарак бермайди, дедим. Шу билан гапни тугатдик.
Шундай қилиб, бу китоб биринчи марта 1929 йилда, Нью-Йорк биржасида талафот юз берган куни майдонга чиқди. Безакли нашри бу йил кузда чиқиши керак. Бу вақт ичида Скотт Фицжеральд ўлди, Том Вулф ўлди, Жим Жойс ўлди (у биографлари томонидан ўйлаб ёзилган Жойсга сира ўхшамайди, антиқа ўртоғимиз эди. Бир куни у ичиб ўтирганимизда, ме-нинг китобларим сизга жуда ҳам ибтидоий бўлиб кўринмайдими, деб сўраганди); Жон Бишоп ўлди, Макс Перкинс ўлди. Ўлиши керак бўлган яна бир қанча одамлар ўлиб кетишди; бир хиллари Милан бензен шохобчаларида оёқларидан осилдилар, бошқалари яхшими, ёмонми бомбардимон қилинган немис шаҳарларида осиб қўйилди. Қанчадан-қанча номаълум, номсиз, нишонсиз, бироқ ҳаётни жуда ҳам севган кишилар йўқ бўлиб кетишди.
Бу китоб «Алвидо, қурол!» деб аталади, у ёзилгандан кейинги уч йилдан бу ёғига ер юзининг қаеридадир тўхтовсиз уруш бўляпти. Кўплар ўшанда нега бу одам мунча уруш билан банд бўлиб кетди, деб ҳайрон бўлиб юришганди, лекин 1933 йилдан кейин эндиликда ҳаттоки уларга ҳам ёзувчи одам сурбетларча қилинаётган муттасил қирғинларга, разил жиноятлар билан тўла урушларга ҳеч қачон бефарқ қараб туролмаслиги равшан бўлиб қолди. Мен кўп урушларда қатнашдим, шунинг учун бу масалада ғаразим қаттиқ, ҳатто жуда ҳам қаттиқ. Бу китобнинг муаллифи онгли суратда шу фикрга келдики; урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар, уруш оловини ёққанлар урушнинг биринчи кунларида ёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман.
Бу китобнинг муаллифи, агар жангга кетаётганлар унга лутфан топширсалар, бунақанги отиб ташлаш бўладиган бўлса, уни ташкил этишни ўз зиммасига жон-жон деб олган бўлур эди ва бу ишнинг ҳаммаси имкони борича одамийлик ва ахлоқ-одоб доирасидан чиқмай адо этилишига (ахир отилаётганлар орасида ҳар хил одамлар бўлиши мумкин-да) ҳамда уларнинг жасадлари, шубҳасиз, дафн этилишига риоя қилган бўлурди. Ҳаттоки, уларни целлофанда ёки шунга ўхшаш бирор замонавий синтетик нарсада ўраб кўмилишига ҳам қаршилик қилмасди. Мабодо, охири бориб бошланган урушда менинг ҳам ҳиссам борлиги аниқлангудай бўлса, қанчалик қайғули бўлмасин, майли, мени ҳам ўша ўқчилар взводи отиб ташласин. Кейин мени ҳам истасалар целлофанга ўраб ёки ўрамасдан кўмсинлар, ёхуд менинг урён танимни тоғ ёнбағридан улоқтириб юбора қолсинлар. Розиман.
Шундай қилиб, орадан йигирма йилча ўтди, бинобарин, мана сизга китоб ва мана унга сўзбоши.
Финка-Вижия, Сан-Франциско-де-Паула, Куба
30 июнь 1948 й.
БИРИНЧИ КИТОБ
Биринчи боб
Ўша йили ёз охирларида биз қишлоқда, кулбада турардик. Кулбадан нарида дарё билан водий, улардан ҳам олисроқда тоғлар ястаниб ётарди. Дарёнинг ўзани офтобда оқарган, қуруқ қайрағочлар ва майда шағал билан қопланган, дарё шохобчаларида эса сув тип-тиниқ ва кўм-кўк бўлиб, шўх шалдираб оқиб борарди. Кулба олдидаги йўлдан қўшинлар ўтиб борар, уларнинг оёғидан кўтарилган тўзон оғочларнинг баргларига ўтирарди. Оғочларнинг шохлари ҳам чангга бурканганди, ўша йили япроқлар эрта тўкила бошлаганди, биз бўлсак, йўлдан қўшинларнинг ўтиб боришини, чанг-тўзоннинг кўкка ўрлашини, шамол япроқларни юлқиб-сулқиб учириб кетаётганини, солдатларнинг одимларини, сўнгра эса кимсасиз, бўм-бўш тупроқ йўлда ёлғиз япроқларгина тўкилиб ётишини томоша қилардик.
Водий ерлари ҳосилдор эди, унда боғзорлар сероб эди, водий этагидаги тоғлар эса тақир қўнғир тоғлар эди. Тоғларда жанг кетмоқдайди, кечалари портлашлардан ёлқинлар кўтариларди. Қоронғида улар шафаққа ўхшаб кўринарди: фақат тунлари этни жунжиктириб совуқ турар, ҳаво қуруқ эди.
Баъзан қоронғида деразадан қўшинларнинг ўтиб боришини, тўп-тўпхоналар тортиб келаётганини эшитиб қолардик. Тунда йўлда қатнов зўраяр, иккала томонига яшик-яшик ўқ-дори ортган хачирлар, устига солдатлар тушган, юкларига брезент ташлаган кулранг машиналар шошилмай тўхтовсиз ўтиб турарди. Кундузлари ҳам шатак машиналар оғир тўп ларни судраб борар, тўпларнинг оғир стволларига кўм-кўк шохшаббалар ташлаб қўйилган, шатакчилар ҳам қуюқ яшил шохлар ва ток занглари билан беркитилган эди. Биздан шимол ёқда водий, водийдан нарида каштанзор, каштанзордан ҳам нарида – дарёнинг бу бетида баланд тепалик бор эди. Шу тепаликни эгаллашга бир неча марта уриниб кўрилди, лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Куз кириб, ёмғир кетидан ёмғир қуйиб бергач, каштанларнинг япроқлари дув тўкилдилар-да, шохлари қип-яланғоч бўлиб қолдилар, дарахтларнинг тепалари ёмғирдан қорайиб кетди. Токзорларнинг ҳам ораси очилиб, қуруқ навдаларгина қолди, теварак-атроф қўнғир тусга кирди, ҳамма ёқ рутубат, кузги сўлғинликка чўмди. Дарё усти туман билан қопланган, тоғлар тепасида булутлар сузиб юрарди; юк машиналари йўллардан лой сачратиб борар, ёмғирпўш кийган солдатлар ҳам лойга беланган, ивиган ҳолда борардилар: уларнинг милтиқлари ҳам ҳўл эди; қайишларидаги иккита кулранг чарм патрон сумка 6,5 миллиметрли ингичка патронлар жойланган обоймалардан зил тортиб, ёмғирпўш тагидан кўтарилиб турар ва гўё йўлдан бораётган солдатларни олти ойлик ҳомиладордай қилиб кўрсатарди.
Кичкина оч тусли енгил машиналар ҳам ўтар, уларни тез ҳайдаб боришарди; кўпинча ҳайдовчининг ёнида офицер ўтирар, орқа томонда ҳам офицерлар бўларди. Булар юк машиналарга қараганда кўпроқ лой сачратиб кетарди. Агар офицерлардан бири жуда ҳам пакана бўлиб, орқа ўриндиқда икки генерал ўртасида ўтирган бўлсаю, азбаройи бўйи калталигидан юзи кўринмай, фақат шапкасининг тепасию, торгина елкасигина кўриниб турса ва бунинг устига машина ғоят тез кетаётган бўлса – ажабмаски, шу киши қирол эди. Унинг қароргоҳи Удинада бўлиб, деярли ҳар куни шу йўлдан аҳволни билиш учун ўтиб турар, аҳвол эса жуда ёмон эди.
Қиш бошланиши билан сурункасига ёмғир қуйиб берди, ёмғир билан бирга вабо тарқалди. Лекин унинг олди олинди, вабо давомида қўшинда фақат етти минг кишигина ўлди, холос.
Иккинчи боб
Янги кирган йилда анча ғалаба қозонилди. Водий этагидаги баландлик ва каштанзорлар ишғол қилинди, водийнинг жануб томонидаги ерларда ҳам ғалаба қозонилди ва биз август ойида дарёдан ўтиб, Горицияда жойлашдик; биз турган уйнинг деворларига арғувон вистария чирмашиб кетган, баланд четан билан тўсилган боғда фаввора отилиб турар, қалин, серсоя дарахтлар кўп эди. Энди жанглар шу атрофдаги тоғларда, биздан бир чақирим ҳам келмайдиган жойларда борарди. Шаҳар жуда ажойиб, биз турган уй эса жуда чиройли эди. Дарё бизнинг ортимизда оқарди, шаҳарни ҳам осонгина қўлга киритдик, лекин нарироқдаги тоғларни ишғол қила олмадик; мен шунисига хурсанд эдимки, австрияликлар қачонлардир уруш тугаса, қайтиб борамиз-ку, деган ўй билан бўлса керак, шаҳарни айтарли бомбардимон қилишмас, йўлига пўписа қилиб қўярдилар, холос. Аҳоли кетмай, шаҳарда қолган эди, бу ерда госпиталлар ҳам, қаҳвахоналар ҳам, муюлишларда артиллерия ҳам, бири солдатларга, иккинчиси офицерларга мўлжалланган исловатхона ҳам бор эди; ёз охирлаб, тунлар совуқ бўлиб қолди, яқин тоғлардаги жанглар, снарядлар майиштириб, пачақланган кўприкларнинг темири, жанг бўлиб ўтган дарё бўйидаги бузилган туннель, майдон атрофидаги дарахтлар ва майдонга чиқадиган кўчанинг икки бетидаги қўша-қўша оғочлар – буларнинг бари ва яна шаҳарда ойимтиллаларнинг борлиги, қирол ўзининг оч рангли машинасида ўтиб-кетиб турганлиги, энди унинг башарасини ва дутор бўйин кичкина гавдасини, эчкиникига ўхшаш бир тутам оппоқ соқолини кўриш мумкин бўлиб қолгани – буларнинг бари ва яна деворлари ўпирилган, ичи кўриниб ётган уйлар, боғларда, баъзан эса кўчаларда уюлиб ётган синган ғишт уюмлари, тахта-ёғочлар, Карсода ишлар жўнашиб кетганлиги бу йилги мавсум биз қишлоқда турган пайтимиздаги бултурги кузакдан бутунлай бошқача эканлигини кўрсатиб турарди. Уруш ҳам бошқачароқ бўлиб қолганди.
Шаҳарнинг нариги томонидаги тоғдаги эманзор ўрмон хароб бўлди. Биз шаҳарга кирган маҳалда ёзда бу ўрмон кўмкўк кўкариб турганди, эндиликда эса ўрмондан фақат тўнкалару, мажақланган урён таналаригина қолди; ер ҳам бутунлай ағдар-тўнтар қилиб юборилганди: куз охирлаган кезлар эди, бир куни мен илгариги эманзор ўрмон харобасида туриб, тоғ ортидан бостириб келаётган булутни кўрдим. Булут шитоб билан келдию, бир зумда офтоб хиралашиб, сарғайиб қолди, кейин ҳамма ёқдан нур ўчди, кўк юзи қоронғи тортди, тоғ устини булут ўради ва ҳаш-паш дегунча устимизга ёпирилди, қор келмоқда эди. У шамол билан бўралаб урди, яланғоч ер унинг тагида ғойиб бўлди, фақат тўнгакларгина серрайиб қолдилар, тўпларнинг усти ҳам қор билан қопланди. Хандақларнинг орқа томонидаги ҳожат жойларига излар тушди.
Кечқурун шаҳарга тушиб, мен офицерлар кирадиган исловатхонанинг деразаси олдида ўртоғим билан бир шиша асти ичиб ўтирардим. Ташқарида қор ёғар ва биз унинг оғир ва шошилмай ёғаётганига термилиб ўтириб, қор бу йилги ишларга ҳам ёғаётганлигини англардик. Дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар қўлга киритилмади; дарё орқасидаги тоғларнинг ҳам биронтаси эгалланмади. Буларнинг бари келаси йилга қолади. Оғайним кўчада балчиқлардан оҳиста ўтиб бораётган полкимизнинг руҳонийсини кўриб қолди-да, деразани чертиб уни чақира бошлади. Руҳоний бошини кўтарди. У бизни кўргач, жилмайди. Оғайним уни бармоғи билан имлади. Руҳоний бошини лиқиллатиб, ўтиб кетди. Кечқурун офицерлар ошхонасида спагетти еб бўлингач, спагеттини ҳамма жиддий қиёфада ўтириб, вилкага осилтириб илиб оларди-да, шошапиша дамини чиқармай ичига тортар, кейин эса кажава идишга солинган винодан ҳўпларди. Вино солинган кўза металл токча устида чайқалиб турар, кимга керак бўлса, кўрсаткич бармоғи билан унинг бўғзини энгаштирар, шунда стакан тип-тиниқ, ўткир ва ёқимли арғувоний май билан тўлиб чиқарди, спагетти еб бўлингач, капитан кашишнинг жиғига тега бошлади.
Кашиш ёш эди ва сал нарсага дарров қизариб кетарди, у ҳаммамиз қатори форма кийган, фақат кулранг френчининг сўл кўкрак чўнтаги устида тўқ қизил духобадан салб қадалган эди. Капитан мени назарда тутиб, италянчани бузиб-нетиб гапирар, чамаси, шундай қилсам, гапимни яхши англайди, деб ўйларди.
– Руҳоний бугун ойимчага борди, – деди капитан дам кашишга, дам менга қараб. Кашиш жилмайди ва қизариб кетди, бошини чайқаб қўйди. Капитан у билан ҳазил-мазах қилишни яхши кўрарди.
– Йўқ, денг-чи? – деди капитан. – Мен руҳонийни ойимчада кўрдим.
– Йўқ, – деди кашиш. Бошқа офицерлар капитаннинг майнабозчилигига қўшилиб ўтиришарди.
– Руҳоний ойимчага йўқ, – унамасди капитан. – Руҳоний ойимча билан ҳеч қачон, – тушунтирди у менга. У стаканимни олиб мендан кўз узмай, айни чоғда кашишга ҳам қараб-қараб қўйиб, тўлдириб берди.
– Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Ҳамма кулиб юборди. – Сиз тушундингизми? Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Капитан қўли билан қилиб кўрсатди-да, хахолаб кулди. Кашиш буни ҳазилга йўйиб ўтирарди.
– Папа урушда австрислар ютиб чиқишини хоҳлайди, – деди майор. – У Франц-Иосифни яхши кўради.
Австрислар пулни кимдан олаётганликлари энди равшандир. Мен – худосизман.
– Сиз «Қора тўнғиз»ни ўқимаганмисиз? – сўради лейтенант. – Сизга топиб бераман. Шу китобни ўқиб, динга ишонқирамай қўйдим.
– У ифлос ва расво китоб, – деди кашиш. – У сизга чиндан ёққан бўлиши мумкин эмас.
– Жуда фойдали китоб, – деди лейтенант. – Унда нуқул руҳонийлар ҳақида ёзилган. Сизга маъқул бўлади, – деди у менга.
Мен кашишга қараб жилмайдим, у ҳам шам ортидан менга кулимсиради.
– Ўқиманг уни, – деди у.
– Сизга топиб бераман, – деди лейтенант.
– Калласи бор одамларнинг ҳаммаси атеист бўлади, – деди майор. – Мен ҳатто масонликни[2 - Черковга эркин муносабатда бўлувчилар. (Тарж.)] ҳам тан олмайман.
– Мен эса масонликни тан оламан, – деди лейтенант.
– У жуда олижаноб ташкилот.
Аллаким ичкарига кирди, эшик очилганида ташқарида ҳамон қор ёғаётганини кўрдим.
– Энди ҳужумга ўтмасак керак, қор тушди, – дедим мен.
– Албатта-да, – деди майор. – Энди таътил олсангиз соз бўларди. Римга борсангиз, Неаполга, Сицилияга…
– Қўйинглар, у Амалфига боради, – деди лейтенант.
– Мен сизга Амалфида турувчи ота-онамга хат ёзиб бераман. Улар сизни ўз ўғилларидай қарши олишади.
– У Палермога бора қолсин.
– Капри ундан ҳам яхши.
– Сиз Абруццага бориб, Капракоттада менинг қариндошларимникида қўноқ бўлсангиз деб эдим, – деди кашиш.
– Абруццага бораман деб, кўзи учиб турибди. У ёқда қор бу ердагидан ҳам қалин. Деҳқонларга анқайиб ўтирадими у ерда? Яхшиси, фан ва маданият марказларига борсин.
– Чиройли қизлар бор ерларга демоқчисиз-да. Мен сизга Неаполдаги манзилларни бераман. Шундоқ ҳурилиқо қизлар – яна ҳаммалари оналари билан бирга. Ва-ха-хо-хо!
Капитан панжасини очди-да, бош бармоғини кўтариб, қолганларини деворга соя тушадиган қилиб йирди. Унинг панжа сояси деворга тушди. У яна бузуқ талаффузда сўзлай бошлади:
– Сиз кетганда мана бундай бўлиб кетасиз, – у бош бармоғини кўрсатди, – қайтганда эса мундоқ бўлиб қайтасиз, – у жимжилоғини ушлаб қўйди. Ҳаммалари кулишди.
– Қаранглар, – деди капитан. У яна панжаларини йирди. Яна шам алангаси панжанинг соясини деворга туширди. У бош бармоқдан бошлаб, ҳамма бармоқ- ларга бирма-бир ном бериб чиқди: – sotto-tenete[3 - Кичик лейтенант (итал.).] (бош бармоқ), tenete[4 - Лейтенант (итал.).] (кўрсаткич), capitano[5 - Капитан (итал.).] (ўрта бармоқ), maqgiore[6 - Майор (итал.).] (кичик бармоқ), tenentecolonello[7 - Подполковник (итал.).] (жимжилоқ). – Сиз sotto-tenente бўлиб кетасиз! Сиз tentecolonello бўлиб қайтасиз!
Ҳаммалари кулиб юборишди. Капитаннинг соя ўйини ҳаммага маъқул тушди. У кашишга қараб қичқирди:
– Руҳоний ҳар кечада ўзини ўзи! – ҳамма кулди.
– Дам олишни бир кунга ҳам кечиктирманг, – деди майор.
– Афсус, сиз билан бирга боролмайман, ҳаммасини ўзим кўрсатган бўлардим, – деди лейтенант.
– Қайтиб келаётганингизда граммафон ола келинг.
– Яхши опера пластинкаларидан обкелинг.
– Карузони обкелинг.
– Карузо керак эмас, увиллайди.
– Ўзингиз ўшанақа увиллаб кўринг-чи!
– Увиллайди. Увиллайди деяпман сизга.
– Абруццага борсангиз деган эдим, – деди кашиш. Бошқалар ўз гаплари билан овора эди. – У ерда мазза қилиб ов қилиш мумкин. Одамлари жуда ҳам ажойиб, қиши совуқ бўлсаям, лекин ҳаво қуруқ ва очиқ бўлади. Сиз менинг ота-онамникида туришингиз мумкин. Отам овга муккасидан кетганлардан.
– Қани кетдик, – деди капитан. – Харобатхонага борайлик, яна ёпиб қўйишмасин.
– Хайри тун, – дедим кашишга.
– Хайрли тун, – деди у.
Учинчи боб
Мен дам олиб қайтганимда, биз ҳамон ўша-ўша шаҳарда турардик. Теварак-атрофда тўплар анча кўпайиб қолганди, илк баҳор кирганди. Далалар кўмк ўк майса билан қопланган, узум новдалари найча-куртак отганди; йўл ёқасидаги дарахтлар япроқчалар чиқарган, денгиз томондан шабада эсиб қолганди. Мен шаҳарни, тепаликни, тепаликдаги қалъани, улардан ҳам нарида тоғларни, ён бағирлари олачалпоқ кўкарган қўнғир тоғларни кўрдим. Шаҳар ичида тўплар олдингидан кўпроқ эди, бир қанча янги госпиталлар очилган, кўчаларда инглизлар, аҳён-аҳёнда инглиз хотинлар ҳам учраб қоларди; тўп отишмасидан яна бирмунча уйлар вайрон бўлганди. Кун илиқ эди, кўклам ҳиди эсарди, мен деворга қуёш нури тушиб турган, офтобда исиган қатор дарахтзор кўчадан ўтиб бордим ва биз ҳамон ўша ўзимизнинг уйда турганлигимизни, шунча вақт ўтса-да, ҳамма нарса қандай бўлса шундай қолганлигини кўрдим. Эшик очиқ эди, девор олдидаги «эшик»да ўзини офтобга солиб бир солдат ўтирибди, санитар машина уйнинг биқинидаги эшикда махтал турарди, эшикдан ичкарига қадам қўйишим билан димоғимга нам ғишт билан касалхона ҳиди урилди. Фақат ҳозир баҳор кирган, бошқа ҳамма нарса ўз эски ҳолича қолганди. Мен катта уйнинг эшигидан қараб, стол ёнида майор ўтирганини, дераза очилиб, уй ичига офтоб тушиб турганини кўрдим. У мени кўрмасди, мен эса аввал унга кўринишимни ҳам ёки олдин юқорига чиқиб, ювиниб-тараниб олишимни ҳам билмасдим. Мен аввал юқорига чиқа қолай деб ўйладим.
Мен лейтенант Ринальди билан турадиган уй ҳовлига қараган эди. Дераза ланг очиб юборилган, менинг каравотимга кўрпа тўшаб қўйилган, юмуш-яроқларим эса деворда осиғлиқ турарди, газга қарши кийиладиган мослама узунчоқ тунука ғилофда, пўлат қалпоқ ўша илгакда илиғлигича қолганди. Каравотнинг оёқ томонида сандиқчам, сандиқча устида эса йил-тиратиб мойлаб қўйилган қишлик этигим турарди. Менинг саккиз қиррали, стволи тим қора ва қулай, қўндоғи қорамтир ёнғоқдан чиройли ишланган австрис милтиғим иккита каравотнинг ўртасига осиб қўйилганди. Мен унинг нишонга олувчи телескопини сандиқчага беркитиб қўйганимни эсладим. Ринальди, лейтенант, иккинчи каравотда ухлаб ётарди. Менинг қадам товушимни эшитиб, у ёстиқдан бошини кўтарди.
– Ciao[8 - Италянча салом.] – деди у. – Қалай, яхши ўйнаб келдингизми?
– Зўр.
Қўл олишиб кўришдик, кейин у мени бўйнимдан қучоқлаб, ўпди.
– Уф! – дедим мен.
– Кирлаб кетибсиз, – деди у, – ювиниб олинг. Қаерларга бордингиз, нималар қилдингиз? Бир бошдан айтиб беринг.
– Бормаган жойим қолмади. Милан, Флоренция, Рим, Неаполь, Вилла-Сан-Жованни, Мессина, Таормина…
– Нақ темир йўл маълумотномасининг ўзи-я. Қизиқ саргузаштлар ҳам бўлдими?
– Бўлди.
– Қайда?
– Milano, Florenze, Koma, Napoli…
– Бўлди-е. Энг зўри қайси бирида бўлди?
– Миланда.
– Чунки биринчи учратганингиз шу-да. Уни қаерда учратдингиз? «Кова»дами? Қаёққа бординглар? Қандай бўлди? Оқизмай-томизмай айтинг. Ухладингларми?
– Ҳа.
– Ол-а. Ҳозир бу ерда ҳам онаси ўпмаган ойимтиллалар бор. Попукдеккина, фронтни шу ерга келиб кўриб турган қизлар.
– Қўйинг-е?
– Ишонмайсизми? Бугун борайлик, ўзингиз кўрасиз. Шаҳарда бўлса олмадеккина, ёш инглиз қизлар ҳам бор. Мен ҳозир мисс Барклига ошиқ бўлиб юрибман. Сизни таништириб қўяман. Мен, эҳтимол, мисс Барклига уйлансам керак.
– Мен ювиниб, майорга кўриниш беришим керак. Нима, иш йўқми дейман?
– Сиз кетгандан бери бошимиз совуқ урганлардан, сариққа чалинганлардан, сўзак бўлганлар, атай ўзини майиб қилганлар, ўпкаси шамоллаганлар, ҳар турли чакмазакка йўлиққанлардан чиқмай қолди. Унда-мунда битта-яримтани қоядан тош учиб йиқитмаса. Бир нечта росмана ярадорлар бор. Келаси ҳафтадан яна уруш бошланади. Яъни, демоқчиманки, бошланиб қолса ажабмас. Шунақа миш-мишлар бор. Нима дейсиз, мисс Барклига уйланаверсаммикин, албатта, уруш тугагач?
– Шубҳа бўлиши мумкинмас, – дедим мен тосга сув тўлдирарканман.
– Кечқурун менга оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб берасиз, – деди Ринальди. – Ҳозир мен мисс Барклининг ҳузурига чарақлаб чиройли бўлиб бориш учун ухлаб олишим керак.
Мен френч ва кўйлагимни ечиб, тосдаги муздек сувга ювиндим. Сочиқ билан артинарканман, атрофга разм солиб чиқдим, деразага, ўринда кўзларини юмиб ётган Ринальдига қарадим. У Амалфида туғилган, мен билан тенгдош, келишган йигит эди. Жарроҳ эди, касбига меҳр қўйганди, икковимиз қалин дўст тутингандик. Менинг қараб турганимни сезиб, у кўзини очди.
– Пулингиз борми?
– Бор.
– Менга эллик лир бериб туринг.
Мен қўлимни артиб, деворда илиғлик турган френчимнинг ён чўнтагидан ҳамённи чиқардим. Ринальди пулни олиб, буклади-да, ўрнидан қўзғалмай шимининг чўнтагига солди. У кулимсираб қўйди.
– Мисс Баркли мени давлатманд одам экан деб ўйлашини хоҳлайман. Сиз менинг меҳрибон, садоқатли дўстим, молиявий ҳомийимсиз.
– Олиб қочдингиз-ку, – дедим мен.
Кечқурун офицерлар ошхонасида мен кашиш билан ёнма-ён ўтирдим, у кутилмаганда, Абруццага бормаганим учун, мендан қаттиқ хафа бўлиб қолди. У мен тўғримда отасига ёзиб юборган, боришимга ҳозирлик кўриб қўйишган экан. Ўзим ҳам бормаганимдан қаттиқ пушаймон эдим, нега бормаганим ўзимга ҳам қоронғи эди. Мен боришга қатъий аҳд қилганим, лекин бир нарса кетидан бошқаси чиқиб, ўралашиб қолганимни тушунтиришга уриндим, у ҳам охирида менинг чиндан ҳам бораман, деб отланганимга ишонгандай бўлиб, кўнгли бирмунча таскин топди. Мен жуда кўп вино ичдим, ундан кейин қаҳва ичдим, кайфим тарақ, одам қандай қилиб ўзи кўнглига тугиб қўйган ишни кўнгилдагидай қила олмай қолишини гапирдим; ҳақиқатан ҳеч омадинг келмайди.
Бошқалар ғовур-ғувур қилиб, талашиб-тортишиш билан овора экан, биз у билан ундан-бундан сўзлашиб ўтирдик. Мен Абруццага бормоқчи эдим. Лекин мен йўллари худди темирдай қаттиқ, қатқалоқ, совуғи қуруқ ва аччиқ, қори қуруқ ва майда, қуёнлар қорда из қолдириб кетадиган, деҳқонлари қалпоқларини қўлга олиб, сизни «дон» деб атайдиган, ов бароридан келадиган ерларга боролмадим. Шундоқ жойларга бормадиму, тутунга тўлган қаҳвахоналар, тунлари уй ичи кўз ўнгингда чир айланадиган, айланишини тўхтатиш учун кўзни деворга қадаб туриш керак бўладиган ерларга бордим; бундай учиб қолинган кечаларда, дунёда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ деб биласан, уйғонишинг ҳам жуда ғалати бўлади, ёнингда ким борлигини ҳам билмайсан ва ғира-шира қоронғида дунё кўзингга рўё бўлиб кўринади, рўё ичра ўткир ҳаяжонлари бордай туюладики, шу кечанинг ўзидаёқ ўйлабнетиб ўтирмай барини яна бошдан бошлагинг келади, шундан бошқа ҳеч нарса йўқ дейсан, ҳеч нарса йўқ, йўқ, буни ўйлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Шунда дафъатан чуқур ўйларга толасан, сўнг уйқу элтади, баъзан эрталаб уйғонганингда, кечаги нарсалар бугун йўқолган бўлади ва ҳаммаси юракда сирқироқ оғриқ уйғотади, барчаси аниқ, равшан бўлади, баъзан палатада тортишиб қоласан. Гоҳо ҳарқалай ўзингни яхши ҳис қиласан, меҳрибонинг, қадрдонинг бордай, нонуштанг ва тушлигинг тайёрдай кўринади. Баъзан ҳаммаси кўнгилга уриб кетади, тезроқ кўчага чиқа қолсам дейсан, аммо эртаси куни яна шу такрорланади, кечанг ҳам шундай ўтади. Мен кечалар ҳақида, кечаси билан кундузнинг фарқи ҳақида, нима учун кечаси яхшироғу, кундуз куни фақат совуқ ва ҳамма нарса равшан эканлиги ҳақида айтиб бермоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим, ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Буни бошингиздан кечирган бўлсангиз, биласиз. У бундай аҳволга тушмаган экан, мен чиндан ҳам Абруццага бормоқчи бўлиб, нега боролмай қолганлигимни тушунди ва биз яна дўстлашиб кетдик. Биз бир-биримизга жуда ўхшардик, шунга қарамасдан бутунлай бошқа-бошқа олам эдик. У доимо мен билмаган нарсани билар, билганларини эса унутиб ҳам юбораверар эди. Лекин мен бу нарсани ўшанда эмас, анча кейин англадим. Ошхонада узоқ ўтириб қолдик. Ҳамма егулигини еб бўлган, энди тортишиб ўтирардилар. Биз кашиш билан жимиб қолдик, шунда капитан қичқирди:
– Руҳоний зерикиб қолди. Руҳоний ойимтиллалар бўлмаса ўтиролмайди.
– Зерикканим йўқ, – деди кашиш.
– Руҳоний зерикяпти. Руҳоний урушда австрислар ютиб чиқишига тарафдор, – деди капитан. Бошқалар унинг оғзига қарашди. Руҳоний бошини чайқаб қўйди.
– Йўқ, – деди у.
– Руҳоний ҳужум қилишимизни истамайди. Ҳужум қилишимизни истамайсиз, а, тўғрими?
– Йўқ, уруш бўлгандан кейин, менимча, ҳужум қилишимиз керакка ўхшайди.
– Ҳужум қилишимиз керак. Ҳужум қиламиз.
Руҳоний бош ирғади.
– Уни тинч қўйинг, – деди майор. – У аломат йигит.
– Ҳар ҳолда бу ерда икки қўлини бурнига тиқиб ўлтиришдан бошқа чораси йўқ, – деди капитан.
Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, тарқалдик.
Тўртинчи боб
Эрталаб мени қўшни боғдаги батарея уйғотиб юборди. Деразадан қуёш чарақлаб тушиб турарди, ўрнимдан турдим. Деразадан ташқарига кўз югуртирдим. Йўлкалардаги майда шағал ҳўл, ўт-ўланларни шудринг босганди. Батарея икки маротаба ўқ узди. Ҳар ўқ узилганда ҳаво зириллаб кетар, дераза ойналари зинғиллаб, пиджагимнинг этаклари лап-лап кўтарилиб, тушарди. Тўпларнинг ўзи кўринмасди, лекин, афтидан, снарядлар бизнинг устимиздан учиб ўтарди. Биқинингда батарея жойлашган бўлса, тинчингдан, роҳатингдан айриласан, ишқилиб, энг катта ва оғир тўплар эмас экан-ку, деб ўзингга тасалли ҳам бериб қўясан. Деразадан қараб туриб, йўлга чиқиб бораётган юк машинасининг шовқинини эшитдим. Кийиниб пастга тушдим-да, ошхонада қаҳва ичиб, сўнг гаражга ўтдим.
Узун тим тагида ўнта машина қатор тизилиб турарди. Булар олди тўмтоқ, кузовлари баҳайбат, оч рангга бўялган, мебель ташийдиган фургонларга ўхшаш санитар машиналар эди. Ҳовлида мана шундай машиналардан бирининг ёнида механиклар ўралашишарди. Яна учта машина тоғлардаги тез ёрдам пунктларида эди.
– Анов батареяга ҳам снаряд отишяптими? – деб сўрадим механикларнинг биридан.
– Йўқ, signor tenente[9 - Жаноб лейтенант.]. Уни тепалик тўсиб турибди.
– Ишлар кетяптими?
– Бир нави. Манави машина бутунлай ишдан чиққан, қолганлари ҳаммаси яроқли. – У ишини қўйиб жилмайди. – Сиз дам олиб қайтдингизми?
– Ҳа.
У қўлини тўр кўйлагига артиб, илжайди.
– Димоғни чоғ қилгандирсиз?
Унинг шериклари ҳам илжайишди.
– Шундайроқ, – дедим мен. – У машинага нима бўлибди?
– Ҳеч нарсага ярамайди. Соғ жойи йўқ. Ҳали у, ҳали бу.
– Ҳозир қаери бузилган?
– Поршень ҳалқаларини алмаштириш керак.
Мен уларни мотори очилган, қисмлари олиниб зиначага териб қўйилганидан талон-торожга учрагандай ўксик кўринган машина олдида қолдириб, ўзим тимга ўтиб, барча машиналарни бирма-бир қараб чиқдим. Улар бир нави, артиб, тозалаб қўйилганди, баъзилари ҳозиргина ювилган, бошқа бирларини билинар-билинмас чанг босган эди. Мен тошлар қириб, ёриб юбормаганмикан деб, ҳамма ғилдиракларни диққат билан кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидадек эди. Кўринишдан мен бу ерда ҳаммасини назорат қилиб тураманми, йўқми, фарқсизга ўхшарди. Мен, машиналарнинг қандай аҳволда бўлиши, у ёки бу қисмларни топиб келтириш, тоғлардаги тез ёрдам пунктларидан касал ва ярадорларни кечиктирмай кўчириш, уларни тарқатиш пунктига келтириш ва ҳужжатларда кўрсатилган госпиталларга жойлаштириш кўп жиҳатлардан менга боғлиқ, деб кеккайиб юрарканман. Лекин, афтидан, менинг бу ерда бор-йўқлигимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.
– Керакли қисмларни олишда қийналмадингларми? – сўрадим катта механикдан.
– Йўқ.
– Ёнилғи омбори ҳозир қаерда?
– Ўша, ўз жойида.
– Жуда соз, – дедим мен ва уйга қайтиб офицерлар ошхонасида яна бир стакан қаҳва ичдим. Қаҳва оч бинафша рангли, қуюлган сут қўшилганидан ширин эди. Ташқарида кўкламнинг эрталабки аломат ҳавоси эди. Кун иссиқ бўлишидан дарак бергандай димоққа енгил ҳовур урилди. Шу куни мен тоғлардаги постларни айланиб, уйга кеч кирганда қайтдим.
Мен йўқлигимда ишлар бирмунча ўнгланиб кетгандай кўринарди. Қулоғимга тезда ҳужумга ўтсак ажабмас, деган гаплар чалинди. Биз хизмат кўрсатадиган дивизия дарёнинг юқори томонларида ҳужум қилиши белгиланган эди, шунинг учун майор менга постлар ҳужум пайтига тайёр турсин, деб тайинлади. Ҳужум қилувчи қисмлар даранинг юқорироғида дарёдан кечиб, тоғ этаклари бўйлаб ёйилиши керак эди. Машиналар турадиган постлар иложи борича дарёга яқин бўлиши, панада жойлашиши шарт эди. Жойларни, албатта, пиёда қисмлар кўрсатиши керак бўлиб, режани эса биз ишлаб чиқишимиз кўзда тутиларди. Бу биз ҳам ҳарбий фаолият олиб бораётганимизни кўрсатувчи хўжа кўрсинга қилинадиган тадбирлардан эди.
Ҳамма ёғим чанг-чунг, лойга ботиб қайтдим, ювиниб олиш учун хонамга кўтарилдим. Ринальди Хюгонинг инглиз тили грамматикасини қўлида тутиб, каравотда ўтирган экан. У бошдан-оёқ кийинган – оёғида қора туфли, сочи ялтирар эди.
– Тасанно, – деди у мени кўриб. – Сиз мен билан бирга мисс Барклининг олдига меҳмонга борасиз.
– Йўқ.
– Ҳа. Сиз борасиз, чунки мен буни сиздан ўтиняпман, яна бир гап, унга ёқишга ҳаракат қилинг.
– Ҳай, майли. Сал одамбашара бўлиб олай унда.
– Ювининг-да, шундоқ бораверинг.
Мен ювиндим, сочимни тарадим, йўлга отландик.
– Шошманг, – деди Ринальди, – озгина ичиб олсакмикин дейман, – у сандиқчасини очиб, ичидан шиша олди.
– Фақат стрега ичмаймиз, – дедим мен.
– Йўқ. Граппа.
– Майли.
У икки стаканга қуйди ва биз кўрсаткич бармоқларимизни чиқариб, уриштирдик. Граппа жуда ҳам ўткир эди.
– Яна биттаданми?
– Майли, – дедим мен. Граппанинг иккинчи стаканини ҳам ичиб олдик. Ринальди шишани олиб қўйди, биз пастга тушдик. Шаҳардан кета туриб исиб кетдик, лекин қуёш ботиб бормоқда эди, ўзимизни енгил ҳис қилардик. Инглиз госпитали уруш арафасида алла қандай бир немис қурган каттакон виллада жойлашганди. Мисс Баркли боғда экан. Унинг ёнида яна битта ҳамшира бор эди. Биз дарахтлар орқасидан уларнинг оқ кийимларини кўрдигу, тўғри олдиларига боравердик. Ринальди ҳарбийча салом берди. Мен ҳам шундай қилдим, лекин ўзимни босиқроқ тутдим.
– Салом, – деди мисс Баркли. – Сиз, италиялик эмассиз, шекилли?
– Ҳа.
Ринальди бошқа ҳамшира билан гаплашаётган эди. Улар ҳиҳилашди.
– Италия армиясида хизмат қилиш – ғалати-я.
– Буни армия демаса ҳам бўлади. Бу санитар отряди, холос.
– Барибир ғалати туюлади. Нега бундай қилдингиз?
– Билмадим, – дедим мен. – Сўз билан англатиб бўлмайдиган нарсалар бор.
– Ростдан-а? Менга бўлса, бунақа нарсалар йўқ, деб ўргатишган.
– Хўп қилишган экан.
– Албатта шу йўсинда гаплашишимиз керакми?
– Йўқ, – дедим мен.
– Худога шукр.
– Қўлингиздаги қанақа асо? – сўрадим мен.
Мисс Баркли санамарастадай қиз эди. Унинг эгнидаги мен ҳамшира кийими деб ўйлаган нарса оқ кўйлак бўлиб чиқди, сочлари оқ сарғишдан келган, бадани қизғимтир, тилла ранг, кўзлари ним кўк тус. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди. Унинг қўлида ўйинчоқ таёқчага ўхшаш ингичка ротанг асо бор эди.
– Бу – бир офицерники, у ўтган йили ҳалок бўлди.
– Кечиринг…
– У жуда ҳам ажойиб эди. Мен унга турмушга чиқадиган эдим, уни Соммда ўлдиришди.
– Тоза қирғин-барот бўлган унда.
– Сиз у ерда бўлганмисиз?
– Йўқ.
– Менга айтиб беришганди, – деди у. – Бу ерда уруш унчалик эмас, дейишади. Менга шу таёқчани жўнатишди. Онаси юборибди. Таёқчани бошқа нарсалари билан бирга қайтаришган экан.
– Унашганларингизга анча бўлганмиди?
– Саккиз йил. Бирга катта бўлгандик.
– Нега унга олдинроқ тегмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – деди у. – Аҳмоқлик. Унга олдинроқ тегсам бўлаверарди. Лекин мен унга жавр қиламанми, деб қўрқдим.
– Тушундим.
– Сиз ҳеч севганмисиз?
– Йўқ, – дедим мен.
Биз «эшак»ка ўтирдик ва мен унга қарадим.
– Сочингиз чиройли экан, – дедим мен.
– Сизга ёқдими?
– Жуда.
– У ўлганда кесиб ташламоқчи бўлувдим.
– Қўйинг-э.
– Унинг хотирасига шундай қилмоқчийдим. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим; агар у истаса, мен ундан ҳеч нарсамни аямасдим. Агар сал фаҳмига етсайдим, у истаган нарсасига эриша оларди. Мен унга турмушга чиққан бўлардим ёки турмушга чиқмай ҳам кўнглини олардим. Энди мен буларнинг барини тушунаман. Лекин ўшанда у урушга кетадиган эди, мен эса ҳеч нарсани тушунмасдим, фаросатим етмасди.
Мен индамай қулоқ солиб турдим.
– Мен у пайтда умуман ҳеч нарсага тушунмасдим. Мен шундай қилсам, унга ёмон бўлади, деб ўйлардим. Мен у бунга бардош бериб кетолмайди дердим. Кейин уни ўлдиришди, энди ҳаммаси тамом бўлди.
– Ким билсин.
– Ҳа, ҳа, – деди у. – Энди ҳаммаси тугади.
Биз бошқа ҳамшира билан гаплашаётган Ринальдига қарадик.
– Унинг оти нима?
– Фергюсон. Эллен Фергюсон. Сизнинг дўстингиз, врач, шундайми?
– Ҳа. У жуда ҳам яхши врач.
– Қандай яхши. Фронт яқинида яхши врачлар камдан-кам учрайди. Бу фронт яқини-ку ахир, шундай эмасми?
– Албатта.
– Аҳмоқона фронт, – деди у. – Лекин бу ер жуда чиройли экан. Нима, ҳужум бўлармишми?
– Ҳа.
– Роса ишимиз кўпаяркан-да. Ҳозир ҳеч қандай иш йўқ.
– Сиз анчадан бери ҳамшира бўлиб ишлайсизми?
– Ўн бешинчи йилнинг охиридан бери. У кетиши биланоқ мен ҳам кетдим. У мен ишлайдиган госпиталга тушади, деб ўйлайманми тентак бўлмасам. Қилич зарбидан ярадор бўлиб, боши дока билан ўралган бўлади, деб юрибман. Ёки елкасини ўқ тешиб ўтади, дебман. Шунга ўхшаш романтик хаёлларда юрардим.
– Энг романтик фронт шу ерда, – дедим мен.
– Ҳа, – деди у. – Одамлар уруш Францияда қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қилолмайдилар. Агар тасаввур қилганларида, бу узоқ давом этмаган бўларди. У қилич зарбидан яралангани йўқ. У парча-парча бўлиб кетди.
Мен индамадим.
– Сиз бу узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?
– Йўқ.
– Охири нима бўлади?
– Бирон ерда чирт узилади-кетади.
– Биз узиламиз. Биз Францияда узиламиз. Соммдагига ўхшаш қилғиликни қилиб қўйиб ҳам узилмай бўладими?
– Бу ерда узилмайди, – дедим мен.
– Наҳотки?
– Ҳа. Бултур ёз ишлар ёмон бўлмади.
– Узилиши мумкин, – деди у. – Ҳамма ёқда узилиши мумкин.
– Немисларда ҳам.
– Йўқ, – деди у. – Ундоқ эмас.
Биз Ринальди билан миссис Фергюсоннинг олдига бордик.
– Сиз Италияни севасизми? – деб сўрарди мисс Фергюсондан Ринальди инглизчалаб.
– Тузук, ёмон эмас.
– Тушунмадим. – Ринальди бошини чайқаб қўйди.
– Abbastanza bene[10 - Ёмон эмас (итал.).], – тилмочлик қилдим мен. У бошини чайқади.
– Бу яхши эмас. Сиз Англияни севасизми?
– Унчамас. Биласизми, мен шотландияликман.
Ринальди менга савол назари билан қаради.
– У шотландиялик, шунинг учун Англиядан кўпроқ Шотландияни севади, – дедим мен италянчалаб.
– Аммо Шотландия – ахир Англия-ку.
– Мен унинг сўзларини мисс Фергюсонга таржима қилиб бердим.
– Pasencore[11 - Бўлганича йўқ (франц.).], – деди мисс Фергюсон.
– Бўлганича йўқ?
– Ва ҳеч қачон бўлмайди. Биз инглизларни ёқтирмаймиз.
– Инглизларни ёмон кўрасиз? Мисс Барклини ёмон кўрасизми?
– Э, бу бутунлай бошқа гап. Бундай яланғоч тушуниш ярамайди.
Бир оз ўтгач, биз хайрлашдик. Йўл-йўлакай Ринальди деди:
– Сиз мисс Барклига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолдингиз. Бу кундай равшан. Лекин анов шотландиялик қиз ҳам ёқимтойгина экан.
– Жуда ҳам, – дедим мен. – Мен унга тузукроқ қарамаган эканман. У сизга ёқдими?
– Йўқ, – деди Ринальди.
Бешинчи боб
Эртаси куни мен яна мисс Барклининг олдига бордим. Боғда у кўринмади, шунинг учун мен санитар машиналар келиб-кетиб турган вилла ёнидаги эшикка яқинлашдим. Ичкарига кириб, госпиталнинг катта ҳамширасини кўриб қолдим. У менга, мисс Баркли навбатчилик қиляпти, деди.
– Уруш, биласиз-ку.
Мен, биламан, дедим.
– Сиз италян армиясида хизмат қилиб юрган ўша америкаликмисиз? – деб сўради у.
– Ҳа, мэм.
– Нега ундай қилдингиз? Нега ўзимизга ўтмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – дедим мен. – Энди сизларга ўтсам бўлармикин?
– Энди ўтиб бўлмас дейман. Айтинг-чи, нега италян армиясига кирдингиз?
– Мен Италияда яшаганман, – дедим мен, – мен италянча гаплашаман.
– О! – деди у. – Мен италянчани ўрганяпман. Жуда чиройли тил.
– Уни икки ҳафтада ўрганиб олса бўлади, дейишади.
– Йўғ-э, мен икки ҳафтада ўрганолмасман. Мен бир неча ойлардан бери шуғулланаман. Агар уни кўрмоқчи бўлсангиз, соат еттидан кейин кела қолинг. Унгача ишини топшириб бўлади. Лекин ўзингиз билан қаланғи-қасанғи италянларни судраб юрманг.
– Тили чиройли бўлишига қарамасдан-а?
– Ҳа. Ҳатто чиройли мундирларига ҳам қарамасдан…
– Кўришгунча, – дедим мен.
– Arivederci, tenente[12 - Кўришгунча, лейтенант (итал.).].
– Arivederci. – Мен ҳарбийча қўл силкиб, чиқиб кетдим. Чет элликларга италянчасига ҳарбий салом бериб, одам ўзини ғоят ўнғайсиз сезади. Италянча ҳарбий салом четга чиқаришга мўлжалланмаган экан, шекилли.
Кун иссиқ эди. Мен эрталаб Плава томондаги кўприк олди истеҳкомига бориб келдим. Ҳужум шу ердан бошланиши керак эди. Ўтган йили нариги қирғоқдан деярли юриб бўлмасди, чунки довондан понтон кўприккача ёлғиз биргина йўл бўлиб, у ҳам бир чақирим масофада пулемётлар ва тўплардан ўққа тутилиб турарди. Бундан ташқари ҳужумни таъминлаб берувчи барча транспорт воситалари учун торлик қилганидан, австрислар бизнинг тоза абжағимизни чиқаришлари мумкин эди. Аммо италянлар дарёдан ўтиб, қирғоқ бўйлаб иккала томонига шунчалик силжиб боришган эдики, энди улар дарёнинг Австрияга тегишли қирғоғида бир ярим чақиримча майдонни эгаллаб олишганди. Улар қўлга киритган энг катта устунлик шу эди, австрислар эса энди уларнинг бу ерда мустаҳкамланиб олишларига йўл қўймасликлари керак эди. Ўйлайманки, иккала томон ҳам ўзаро дилозорлик қилишдан тийилгандай, дарёнинг қуйи томонидаги бошқа бир кўприк олди истеҳкоми эса ҳамон австристлар қўлида эди. Австрия хандақлари қуйироқда – тоғнинг этагида, италянлар турган жойдан бир неча қадам нарида эди. Аввал қирғоқда шаҳарча бор эди, лекин ундан ном-нишон қолмади. Булардан нарироқда темир йўл станциясининг вайроналари ҳамда очиқ ялангликда бўлганлигидан тузатиб-нетиб бўлмайдиган бузилган кўприк бор эди.
Мен тор йўлдан дарёга томон тушиб бордим-да, машинани тепалик этагидаги тез ёрдам пунктида қолдириб, тоғ пана қилиб турган понтон кўприкдан ўтдим ва вайрон бўлган шаҳар ўрнида ҳамда тоғ ёнбағрида жойлашган хандақларни айланиб чиқдим. Ҳамма блиндажларга кириб олган эди. Мен артиллериядан ўт очиб ёрдам сўрашга ёки алоқа узилиб қолганлиги-ни маълум қилишга тайёрлаб қўйилган ракеталарни кўрдим. Ҳамма ёқ жимжит, ҳамма ёқ ифлос, кун эса иссиқ эди. Мен сим тўсиқлардан австрия позицияларига қарадим. Жон асари кўринмасди. Мен таниш капитан билан блиндажлардан бирида ичдим-да, кўприкдан ўтиб орқага қайтдим.
Тоғнинг бели оша янги кенг йўл буралиб-буралиб кўприккача бориб тушарди. Мана шу йўл битиши биланоқ ҳужум бошланиши керак эди. У ўрмон ичидан буралиб ўтарди. Режа қуйидагича эди: олдинги қаторга ҳамма нарсалар янги йўлдан олиб келинади; қолган бўш юк машиналари, аравалар, ярадорларни ташувчи санитар машиналари, хуллас, орқага кетадиган барча транспорт эски тор йўлдан қайтиши керак эди. Тез ёрдам пункти Австрия томонидаги тепалик тагида жойлашган бўлиб, ярадорларни замбилларда понтон кўприк орқали олиб ўтиларди. Ҳужум пайтида ҳам шу тартибни сақлаш кўзда тутилмоқда эди. Назаримда, йўлнинг охирги қисмидан бир чақиримдан ошиқроқ масофа қиялик тугаган жойдан бошлаб австрияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилиши мумкин эди. Бунинг оқибати жуда хунук бўларди. Лекин мен йўлнинг мана шу сўнгги хатарли қисмидан ўтилгач, ярадорларни понтон кўприкдан бу томонга олиб ўтилгунча машиналарни қўйиб тургани пана жой топдим. Мен янги йўлдан юрмоқчи ҳам бўлдим-у, лекин ҳали у тугалланмаган эди. Йўл кенг бўлиб, тархи ва кўриниши яхши ҳисобга олинган, ўрмон билан қопланган тоғ ён бағрининг очиқ жойларида унинг қайрилиб кетган жойлари жуда ҳам чиройли кўринарди. Тормозлари кучли бўлган машиналар пастга қийналмай тушишади, бундан ташқари ҳар ҳолда ахир улар пастга бўш кетишади-ку. Мен тор йўл билан орқага қайтдим.
Икки карабинер машинани тўхтатишди. Йўлнинг олд томонида снаряд портлади, биз тўхтаб турган вақт ичида яна учтаси портлади. Булар 77 миллиметрли снарядлар бўлиб, улар учиб бораётганда шувиллаб ҳуштак чалиб ўтар, кейин бирдан қисқа портлаш эшитилар, аланга кўтарилиб, йўл кўкимтир дуд билан қопланарди. Карабинерлар йўлга тушишга ишора қи-лишди. Снаряд портлаган жойларга яқинлашганда, мен ўйиқ чуқурчаларни айланиб ўтдим, димоғимга портловчи модданинг иси ва онтариб ташланган тупроқ, шағал ва кукун бўлиб кетган чақмоқтошнинг ҳиди урилди. Мен Горицияга, ўзимизнинг виллага қайтиб келдим ва боя айтганимдай, мисс Барклининг олдига жўнадим, у эса навбатчилик қилаётган экан.
Тушлик овқатни апил-тапил еб бўлиб, яна тўғри инглиз госпитали жойлашган виллага қараб кетдим. Вилла жуда ҳам катта ва кўркам эди, унинг олдида гўзал дарахтлар ўсиб турарди. Мисс Баркли боғдаги ўриндиқда ўтирган экан. Ёнида мисс Фергюсон бор эди. Улар мени қувониб қарши олишди, кўп ўтмай мисс Фергюсон узр айтиб, ўрнидан турди.
– Сизларни ёлғиз қолдираман, – деди у. – Мен ортиқчага ўхшайман.
– Кетманг, Эллен, – деди мисс Баркли.
– Йўқ, энди кета қолай. Мен хат ёзишим керак эди.
– Хайрли тун, – дедим мен.
– Хайрли тун, мистер Генри.
– Цензорга озор берадиган гапларни ёзиб ўтирманг яна.
– Хотиржам бўлинг. Мен фақат қандай чиройли ерда турганлигимиз, италянларнинг ҳаммаси нечоғлик ботир эканликлари ҳақидагина ёзаман.
– Шундоқ ёзишда давом этинг, орден олмасангиз, мен кафил.
– Хурсанд бўлардим. Хайрли тун, Кэтрин.
– Мен тезда олдингизга бораман, – деди мисс Баркли.
Мисс Фергюсон қоронғиликка сингиб кетди.
– Яхши қиз экан, – дедим мен.
– О, албатта. Жуда ҳам яхши. У ҳамшира.
– Нима, сиз ҳамширамасмимиз?
– О, йўқ, мен VAD[13 - Voluntary Aid Department (ингл.) – ҳаракатдаги армияга хизмат кўрсатувчи аёлларнинг кўнгилли корпуси.] ларданман. Биз тиним билмай ишлаганимиз-ишлаган, лекин бизга ишонишмайди.
– Нега энди?
– Иш йўғида ишонишмайди, иш кўпайса, ишонишади.
– Нима фарқи бор?
– Ҳамшира доктордай одам. Узоқ ўқиш керак. VADлар эса қисқа муддатли курсларни тамомлаб чиқадилар.
– Тушундим.
– Италянлар аёлларни фронтга бунчалар яқинлаштиришга қаршилар. Шу сабабдан биз алоҳида тартибга бўйсунамиз. Биз ҳеч қаёққа чиқмаймиз.
– Лекин мен келиб турсам бўладими?
– Ҳа, албатта. Бу ер монастир эмас.
– Қўйинг, урушни ўйламайлик.
– Бу осон эмас. Бундай жойда урушни ўйламасдан туриш қийин.
– Барибир, унутайлик.
– Яхши.
Биз қоронғида бир-биримизга қараб турардик. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди ва мен унинг қўлидан ушладим. У қўлини тортиб олмади ва мен интилиб, унинг белидан қучдим.
– Керакмас, – деди у. Мен қўйиб юбормадим.
– Нимага?
– Керакмас.
– Керак, – дедим мен. – Шундай яхши.
Мен қоронғиликда уни ўпай деб энгашдим, шунда юзимга қамчи тегиб, куйдириб ўтгандай бўлди. У юзимга қаттиқ урганди. Қўли кўзим аралаш қаншаримга тушди. Кўзим ачишиб, ёшланди.
– Мени кечиринг, – деди у.
– Ўзимни бир қадар устунликка эга бўлгандай сездим. Сиз тўғри қилдингиз.
– Йўқ, сиз мени, илтимос, кечиринг, – деди у. – Дам олиш куни кечқурун ҳамшира офицер билан шундай қилиб ўтирса-я, деб хафа бўлиб кетдим. Қаттиқ тегади, деб ўйламовдим. Оғрияптими?
У қоронғида менга қараб турарди. Мен аччиқланган бўлсам ҳам, лекин шахмат ўйинидагидек, ҳаммасини аниқ олдиндан кўриб турганимдан ўзимгаўзим ишонардим.
– Сиз жуда ҳам тўғри қилдингиз, – дедим мен. – Сиздан сираям хафа эмасман.
– Бечора!
– Биласизми, мен жуда ҳам бемаъни турмуш кечиряпман. Ҳатто инглизча гаплашишга ҳам имконият йўқ. Бунинг устига сиз жудаям чиройлисиз.
Мен унга тикилиб турардим.
– Нимага буларни гапириб ўтирибсиз. Мен ахир кечирим сўрадим-ку. Биз ярашдик.
– Ҳа, – дедим. – Биз урушни ҳам унутдик.
У кулиб юборди. Унинг кулгисини биринчи марта эшитиб турибман. Кўзимни унинг юзидан узмасдим.
– Сиз яхшисиз, – деди у.
– Ундаймас.
– Ҳа. Сиз меҳрибонсиз. Истасангиз, сизни ўзим ўпиб қўяман?
Мен унинг кўзларига тикилиб, яна белидан қучдимда, ўпдим. Мен уни қаттиқ ўпиб, азот бағримга тортдим; лабларини очишга ҳаракат қилдим; у лабларини қаттиқ қимтиб олганди. Мен ҳамон аччиқдан тушмагандим, уни бағримга куч билан тортганимда, у тўсиндан титраб кетди. Мен уни қўйиб юбормай, маҳкам қисиб турардим, унинг юраги қандай ураётганини эшитдим, шунда унинг лаблари очилди ва бошини қўлимга ташлади, у елкамга бош қўйиб йиғлаб юборди.
– Жоним! – деди. – Сиз мени ҳеч қачон хафа қилмайсиз, тўғрими?
«Нима деяпти ўзи», деб ўйладим. Мен унинг сочларини силаб, елкасига қоқиб қўйдим. У йиғларди.
– Хафа қилмайсиз-а? – у кўзларини менга кўтарди. – Чунки бизнинг ҳаётимиз жуда ҳам ғалати бўлади.
Сал ўтгач, мен уни вилланинг эшигигача кузатдим, у кириб кетди, мен уйга жўнадим. Уйга келиб, юқорига кўтарилдим. Ринальди ўринда ётган экан.
У менга қаради.
– Шундай қилиб, мисс Баркли билан ишларингиз олға жиляптими?
– Биз у билан дўстмиз.
– Сиз ҳозир овдаги итга ўхшайсиз.
Тушунмадим.
– Кимга?
У тушунтирди.
– Ўзингиз, – дедим мен, – итга ўхшаб, худди…
– Тўхтанг, – деди у. – Сал бўлмаса бир-биримизни хўп ҳақорат қиладиганга ўхшаймиз. – У кулиб юборди.
– Хайрли тун, – дедим.
– Хайрли тун, ишратпараст.
Мен ёстиқ билан унинг шамини уриб туширдимда, қоронғида ўринга ётдим. Ринальди шамни олиб ёқди ва ўқишда давом этди.
Олтинчи боб
Икки кунгача постларни айланиб юрдим. Уйга қайтганимда вақт алламаҳал бўлиб қолганди, мисс Баркли билан фақат эртаси кунигина учрашолдим. У боғда кўринмади, шунинг учун ҳам мен госпиталнинг идорасида ўтириб, қачон пастга тушаркин деб, кутдим. Идора жойлашган хонанинг девори бўйлаб рангдор ёғоч постаментларда жуда кўп мармар бюстлар турарди. Идора олдидаги пешайвон ҳам бюстларга тўла эди. Мармар ҳайкалчаларнинг умумий хусусиятларига кўра улар гўё бир одамга ишлангандай кўринарди. Мен ҳайкал кўрсам, юрагим сиқилади; бронзадан ишланган бўлса ҳарнов-а, лекин мармар бюстлар доимо мозористонни эслатади. Айтгандай, битта чиройли қабристон бор – Пиза шаҳрида. Бўлмағур мармар ҳайкаллар ҳаммадан ҳам Генуяда кўп. Бу вилланинг со-биқ хўжайини қандайдир немис бойларидан экан, бюстларга унинг хийлагина пули кетгандир. Қизиқ, буларни ким ишлагану, уларга қанча ҳақ тўланган. Мен булар насаб шажарасига тегишли одамларми ёки бошқа бир кишиларми эканлигини аниқлашга уриндим; лекин уларнинг ҳаммасининг кўриниши қадимий бир хил тусда эди. Уларга қараб туриб, ҳеч нарса англаб бўлмасди.
Мен стулда кепкамни ушлаб ўтирган эдим. Биз ҳатто Горицияда ҳам пўлат каскалар кийиб юришимиз керак эди, лекин аҳолиси ҳали эвакуация қилинмаган шаҳарда каска кийиб юриш ўнғайсиз ва фаросатсиз одамнинг қалбаки безагидай бўлиб кўринарди. Мен ўзимникини постларга борганимда кийиб юрардим, бундан ташқари менинг инглиз противогазим ҳам бўлиб, у пайтда буни противогаз ниқоби, деб юритишарди. Биз энди-энди ола бошлаган эдик. Улар чиндан ҳам ниқобга ўхшашиб кетарди. Врачлар ва санитар қисмларнинг офицерларидан тортиб, ҳаммамиз автомат пистолет тақиб юришимиз зарур эди. Мен стул суянчиғига суянсам, пистолет ғашимни келтириб турарди. Пистолетсиз юрган одам қамоққа олиниши керак эди. Ринальди пистолет ўрнига ғилофни ҳожатхона қоғози билан тўлдириб юрарди. Мен ўзимникини ростакам тақиб юрар, то ундан отишга тўғри келгунча, ўзимни худди қуроллангандай ҳис қилардим. Бу «астра» тизимидаги 7,65 калибрлик, тепкиси босилганда, калта стволи дириллаб турганидан азбаройи отиб нишонга тегизиб бўлмайдиган тўппонча эди. Отишни машқ қилганларимда мен нишондан пастроқни мўлжалга олардимда, ярамас стволнинг қалтиллашини тўхтатишга уринардим, ниҳоят, мен йигирма қадамдан туриб, нишонга сал яқин урадиган бўлдим, шунда ёнда пистолет кўтариб юриш умуман бўлмағур бир нарса эканлигини англадим ва мен унга бутунлай эътибор бермай қўйдим, энди унинг орқамда лопиллаб туриши билан ишим йўқ эди, фақат инглизлар ёки америкаликлар билан учрашиб қолинган кезларда бир оз ўнғайсизланар эдим, холос. Мана ҳозир бўлса, мен курсида ўтирар, навбатчи идора хизматчиси эса контора орқасидан менга ўқрайиб қараб қўяр, мен эсам мисс Баркли қачон чиқаркин деб, мармар полни, мармар ҳайкалларни ва деворларга ишланган суратларни томоша қилиб ўтирардим. Девордаги суратлар дид билан ишланганди. Бундай суратлар бўёқлари ёрилиб, кўчиб туша бошлаганда, айниқса, чиройлироқ бўлиб кўринади.
Мен Кэтрин Баркли пешайвонга кирганини кўриб, ўрнимдан турдим. Қаршимда юриб келаётганда унчалик бўйдор бўлиб кўринмади, лекин ғоят дилбар эди.
– Хайрли оқшом, мистер Генри, – деди у.
– Хайрли оқшом, – дедим мен. Контора ортидаги идора хизматчиси қулоғини динг қилиб турарди.
– Шу ерда ўтирамизми ё боққа чиқамизми?
– Юринг чиқайлик. Боғ салқинроқ.
Мен унинг изидан эшикка юрдим, идора хизматчиси кўзи билан таъқиб этиб турарди. Қумтош ётқизилган йўлкадан кетаётганимизда, қиз сўради:
– Қаерларда қолиб кетдингиз?
– Постларни текшириб чиқдим.
– Лоақал икки энли хат ёзиб, айтиб қўйсангиз бўлмасмиди?
– Йўқ, – дедим мен. – Ўнг келмади. Мен шу куниёқ қайтаман девдим.
– Бари бир менга бир оғиз айтиб қўйиш керак эди, жоним.
Биз хиёбондан бурилиб, дарахтлар остидаги йўлкадан юрдик. Мен унинг қўлидан тутдим-да, тўхтаб уни ўпдим.
– Бирон ерга борсак бўлмайдими?
– Йўқ, – деди у. – Биз фақат сайр қилишимиз мумкин. Сиз жуда узоқ йўқ бўлиб кетдингиз.
– Бугун учинчи кун. Лекин мана, келдим-ку.
У менга қаради.
– Сиз мени яхши кўрасиз-а?
– Ҳа.
– Ростдан ҳам ахир сиз мени яхши кўраман, деган эдингиз, а?
– Ҳа, – ёлғонладим мен. – Мен сизни севаман.
Мен унга бундай деб айтмагандим.
– Мени Кэтрин деб чақирасиз-а?
– Кэтрин.
Биз яна озроқ юриб, яна дарахт тагида тўхтадик.
– Бундай денг-чи: кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Жоним, сиз ахир қайтиб келдингиз, тўғрими?
– Ҳа.
– Сизни шундай севаманки, мен шундай ёмон аҳволга тушдимки… Энди бошқа кетмайсиз-а?
– Йўқ. Мен ҳар доим қайтиб келаман.
– Сизни шунчалар севаман. Қўлингизни мана бу ерга қўйинг.
– У доим шу ерда турибди.
Мен уни ўзимга қаратиб олдим, ўпганимда юзи менга кўриниб турарди, кўзларини юмуб олганди. Унинг юмуқ кўзларидан ўпдим. Мен унинг табиатида бир оз девонасорлик бордир, деб ўйладим. Аммо бари бир эмасми? Мен бунинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб ўтирмасдим. Бу ҳар куни кечқурун офицерлар харобатхонасига боришдан кўра маъқулроқ эди, у ерда ойимтиллалар бўйнингизга осилиб олишади-да, кўнгиллари сизда эканлигини кўрсатиш учун. Бошқа офицерлар билан юқорига чиқиб-тушиб туришаркан, сизнинг шапкангизни олдини орқага қилиб кийиб олишади. Мен Кэтрин Барклини яхши кўрмаганимни, яхши кўриб қолиш ниятим ҳам йўқлигини билардим. Бу худди ёлғондакам қимордай гап, фақат бунда қарта ўрнини гап босарди. Ўша ўйинда ўзингни худди кулгилик учун ёки бошқа бирон нарсага ўйнаётгандай қилиб кўрсатасан. Бунда ҳам шундай. Ўйин нима бадалига ўйналаётгани ҳақида бир оғиз ҳам гап бўлмади. Лекин менга бари бир эди.
– Қаёққа борсак экан, – дедим мен. Бошқа эркаклар каби мен ҳам узоқ тик оёқда туриб ишқибозлик қилишни ёқтирмасдим.
– Ҳеч қайга, – деди у. У хаёлидаги оламдан ерга қайтди.
– Шу ерда бирпас ўтирайлик.
Биз япасқи тош ўриндиққа ўтирдик, мен Кэтрин Барклининг қўлини тутдим. У ўзини қучоғимдан олиб қочди.
– Сиз жудаям чарчадингизми?
– Йўқ.
У ерга, майсаларга қараб турарди.
– Сиз билан номаъқул ўйин бошлаб қўйдим.
– Қанақа ўйин?
– Ўзингизни гўлликка солманг.
– Бу хаёлимда ҳам йўқ.
– Сиз ажойибсиз, – деди у, – шунинг учун сиз иложи борича яхшироқ ўйнашга уриняпсиз. Лекин бу ўйин чиндан ҳам жуда ярамас ўйин.
– Сиз доимо бировнинг фикрини ўқийсизми?
– Доим эмас. Лекин сиз нима ўйлашингизни биламан. Сиз ўзингизни мени яхши кўргандай қилиб кўрсатишингизнинг ҳожати йўқ. Бугунга шунчаси етиб ортади. Энди нима ҳақда гаплашмоқчи эдингиз?
– Лекин мен сизни ростданам севаман.
– Қўйинг, бекордан-бекорга бир-биримизни алдаб нима қиламиз. Сиз ўз ролингизни ғоят дўндириб адо қилдингиз, мана энди ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Мен ахир унчалар девона эмасман. Баъзан-баъзан хаёлим опқочади, лекин узоққа эмас.
Мен унинг қўлини қисдим.
– Кэтрин, азизим…
– Қандай кулгили эшитиляпти-я: «Кэтрин». Сиз буни доимо бир хил айтмайсиз. Лекин сиз жуда ажойибсиз. Сиз жуда оқ кўнгилсиз, жуда.
– Руҳоний ҳам шундай дейди.
– Ҳа, сиз оқ кўнгилсиз. Сиз олдимга келиб турасиз-а?
– Албатта.
– Менга севаман деб айтишингизнинг ҳожати йўқ. Бу ҳозирча тамом бўлди. – У ўрнидан туриб, менга қўлини узатди. – Хайрли тун.
Уни ўпгим келди.
– Йўқ, – деди у. – Қаттиқ чарчадим.
– Бари бир мени ўпиб қўйинг, – дедим.
– Қаттиқ чарчадим, жоним.
– Ўпиб қўйинг мени.
– Жуда ҳам керакми?
– Жуда.
Биз ўпишдик, лекин у тўсатдан юлқиниб чиқди.
– Қўйинг. Хайрли тун, жоним.
Биз эшиккача бордик ва мен унинг остона ҳатлаб пешайвондан юриб бораётганини кўриб турдим. Унинг ҳаракатларини кузатиб завқланардим. У даҳлизга ўтиб кўздан йўқолди. Мен уйга кетдим. Жуда дим кеча эди, юқорида, тоғларда ҳамон тўплар отилмоқдайди. Сан-Габриеле томонда ёлқинлар кўринарди.
«Вилла-Росса» олдида тўхтадим. Деразалар тўсиб қўйилган, лекин ичкаридан ҳали шовқин эшитилиб турарди. Кимдир ашула айтарди. Ётоққа кўтарилдим. Ечиниб турганимда, Ринальди кириб келди.
– Э-ҳа, – деди у. – Иш чатоққа ўхшайди-ку. Бэби нохуш кўринади.
– Қаерда эдингиз?
– «Вилла-Росса»да. Юракка малҳам-да, бу, бэби. Биз хор бўлиб ашула айтдик. Ўзингиз қаёқда эдингиз?
– Инглизларнинг олдига борувдим.
– Худога шукрки, мен инглизлардан қутулганман.
Еттинчи боб
Эртасига тоғдаги биринчи постдан қайта туриб, мен машинани imsstemento[14 - Кўчириш пункти (итал.).] олдида тўхтатдим, бу ерда ярадор ва касаллар ҳужжатларига кўра жойларга тарқатилар ва ҳужжатга қайси госпиталга юборилгани ҳақида ёзиб қўйиларди. Мен машинани ўзим ҳайдаб борган эдим, рулдан тушиб ўтирма-дим, ҳужжатларни шофёр кўрсатгани олиб кетди. Кун иссиқ эди, осмон артиб қўйилгандай тиниқ ва кўм-кўк, йўл эса тупроғи ўйнаган, оппоқ эди. Мен «фиат»нинг баланд ўриндиғида ўйсиз ҳолда ўтирардим. Ёнимда йўлдан полк ўтиб борарди, мен сафлар қандай қадам ташлаётганига қараб турардим. Одамлар ҳолдан тойган, терга пишган эдилар. Баъзи бировлар пўлат қалпоқлар кийиб олишган, лекин кўпчилик уларни халталарига осиб олганди. Қалпоқлар кўпларнинг бошига катта бўлиб, деярли қулоқларини ҳам бостириб тушганди. Офицерларнинг ҳаммаси қалпоқ кийган, лекин уларники бошларида ўрнашиб турарди. Бу Базиликат бригадасининг бир қисми эди. Мен уларни оқ-қизил йўл-йўл петлицаларидан танидим. Полк аллақачон ўтиб бўлганига қарамасдан, йўлдан ҳамон орқада қолганлар ўтиб боришарди, булар ўз бўлинмалари билан баробар боришга қурблари етмай қолганлар эди. Уларнинг ҳаммалари абгор, ҳаммаларини тер ва чанг босганди. Баъзи бирлари бутунлай касалга ўхшардилар. Орқада қолганларнинг охиргиси ўтиб кетгач, йўлда яна бир солдат кўринди. У оқсоқланиб борарди. У тўхтаб, йўл чеккасига ўтирди. Мен машинадан тушиб, унинг олдига бордим.
– Нима қилди?
У менга қараб қўйиб, ўрнидан турди.
– Бўлди, кетдим.
– Нима қилди ўзи?
– Уруш-да, падарига…
– Оёғиммас. Чуррам тушган.
– Нега бўлмаса яёв кетяпсиз? – сўрадим мен. – Нега госпиталга ётмадингиз?
– Қўйишмайди. Лейтенант, сен белбоғингни атай ечиб ташлагансан, дейди.
– Менга кўрсатинг.
– Кўтарилиб чиққан.
– Қайси томондан?
– Мана бу ерда.
Мен унинг қорнини ушлаб кўрдим.
– Йўталинг, – дедим мен.
– Яна баттар бўлмасин дейман. Ҳозирнинг ўзида эрталабгисидан икки марта катта бўлиб кетди.
– Машинага ўтиринг, – дедим мен. – Менинг ярадорларимнинг қоғозлари тайёр бўлгач, сизни ўзим санитар қисмингизга элтиб қўяман.
– У жўрттага қилдинг, дейди.
– Улар бунга тирғилишолмайди, – дедим мен. – Бу жароҳат эмас. Аввал ҳам шундай бўлгансиз-ку, тўғрими?
– Лекин мен боғични йўқотиб қўйдим.
– Сизни госпиталга ётқизишади.
– Сиз билан қолсам бўлмайдими, а tenente?
– Йўқ, менда сизнинг ҳужжатингиз йўқ.
Эшикда биз олиб бораётган ярадорларнинг ҳужжатларини кўтарган шофёр кўринди.
– Тўрттасини бир юз бешинчига. Иккитасини бир юз ўттиз иккинчига, – деди у. – Булар нариги қирғоқдаги госпиталлар эди.
– Рулга ўтиринг, – дедим мен.
Мен чурраси тушган солдат ёнимизга чиқиб олишига ёрдам бердим.
– Сиз инглизча сўзлай оласизми?
– Ҳа.
– Бу лаънати уруш ҳақида нима дейсиз?
– Расво нарса.
– Расво деб секинроқ айтасизми, жин урсин. Расво бўлмасинми яна.
– Сиз Штатларда бўлганмисиз?
– Бўлганман. Питтсбургда. Мен сизни америкалик бўлса керак, деб ўйловдим.
– Наҳотки италянчани бузиб гапираётган бўлсам?
– Сизни кўришим билан америкалик, деб ўйладим.
– Яна бир америкалик, – деди шофёр чурраси тушган солдатга қараб италянчалаб.
– Менга қаранг, лейтенант. Сиз мени албатта полкка элтиб ташлашингиз керакми?
– Ҳа.
– Гап шундаки, бош врач чуррам тушганлигини билади. Мен яна жангга кирмаслик учун касалим зўрайсин, деб боғичимни йўқотган эдим.
– Тушундим.
– Балки сиз мени бошқа бирон жойга олиб бориб қўярсиз?
– Биз фронтга яқин бўлганимизда, сизни биринчи тез ёрдам пунктига топширган бўлардим. Лекин бу ерда, фронт орқасида ҳужжатсиз юриш мумкин эмас.
– Мен қайтиб борсам, мени операция қилиб, сўнг доим жангга ташлашади.
– Мен ўйланиб қолдим.
– Сиз доим олдинги сафда бўлишни истармидингиз?
– Йўқ.
– О, лаънати! – деди у. – Қандоқ ярамас нарса бу уруш.
– Қулоқ солинг, – дедим мен. – Машинадан тушиб, йиқилинг-да, бошингизни мўматалоқ қилинг, мен орқага қайтишда сизни оламан-да, госпиталга элтиб ташлайман. Машинани тўхтатиб юборинг-чи, Алдо.
Биз йўл чеккасига ўтиб, тўхтадик. Мен унга тушишга ёрдамлашиб юбордим.
– Мени мана шу ерда топасиз, лейтенант, – деди у.
– Хайр бўлмаса, – дедим мен. Биз йўлимизга кетдик ва бир чақиримча юргач полкни қувиб ўтдик. Сўнг қорлар эриб, бўтана бўлиб қолган, кўприкнинг тагидан шитоб билан оқаётган дарёдан ўтиб, водийни кесиб ўтган йўлдан госпиталларгача бордик ва ярадорларни топширдик. Қайтишда рулга ўзим ўтирдим ва питтсбурглик солдат кутиб ўтирган жойга қичаб ҳайдадим. Биз янада ҳолдан тойган, ҳаракати янада сусайиб кетган полк олдидан ўтиб кетдик; кейин орқада қолганларга дуч келдик. Сўнг йўл ўртасида санитар аравасини кўрдик. Иккита санитар чурраси тушган солдатни кўтаришаётган эди. Уни қидириб келишганди. Мени кўриб, у бошини чайқади. Унинг каскаси тушиб кетган, пешанаси қонга беланган эди. Бурнининг усти шилиниб тушган, мўматалоқ бўлиб ётган яраларига тупроқ ёпишганди. Сочлари ҳам чангга беланганди.
– Қаранг, қандақа шиш-а, лейтенант, – қичқирди у. – Аммо нима ҳам қилиб бўларди. Мени олиб кетгани келишибди.
Мен виллага қайтиб келганимда, соат беш бўлган эди, мен машиналарни ювадиган ерда душга тушгани бордим. Кейин ётоқда – очиқ дераза олдида ёлғиз кўйлак-шимда ўтириб, рапорт тузиб чиқдим. Ҳужум эрта ўтиб индинга бошланадиган бўлиб, мен ўз машиналарим билан Плавага боришим керак эди. Мен Штатларга аллавақтлардан бери хат ёзмасдим, мен ёзмаса бўлмаслигини билардим, лекин бу ишни шунча замонлардан бери орқага суриб келганимдан, энди деярли мутлақо ёзиб бўлмасди. Ёзадиган нарсанинг ўзи йўқ. Мен Zona di Gurerra[15 - Ҳарбий зона (итал.).] деган бир қанча хабарномалар юбордим, матндан «соғ-саломат юрибман» деган сўзлардан бошқа ҳаммасини ўчириб чиқдим. Шундай қилса, тезроқ боради. Америкадагиларга бунақанги ғалати ва сирли хабарномалар жуда ҳам ёқиб тушади, албатта. Уруш бу зонада ғалати ва сирли эди, лекин австрисларга қарши олиб борилган бошқа урушлар ичида бу энг пухта ўйланган ва ёвузроқ бўлиб туюларди менга. Австрия армияси Наполеоннинг ва умуман ўзини Наполеон деб ҳис қилувчи ҳар қандай кишининг ғалаба қозониши учун яратилганди. Бизнинг ҳам Наполеонимиз бўлганда ёмон бўлмасди, лекин бизда фақат семиз ва боқи беғам Le Generale Cadorna билан дутор бўйин, эчки соқол одамча Vittorio-Emmanuele бор эди, холос. Ўнг соҳилдаги қўшинларга герцог Аоста бошлиқ эди. Ҳар нечук, улуғ саркарда даъвоси учун у ҳаддан ташқари хушрўй эди, лекин ташқи кўринишдан у чинакам эркакларга ўхшарди. Кўплар унинг қирол бўлишини истарди. Унинг қирол бўладиган савлати бор эди. У қиролнинг амакиси бўлиб, учинчи армияга қўмондонлик қиларди. Биз иккинчи армияда эдик. Учинчи армияда бир қанча инглиз батареялари бор эди. Миланда мен шу батареяларда хизмат қилган иккита тўпчи билан танишгандим. Улар жуда ҳам одамшаванда йигитлар экан, ўша куни вақ- тихушлик билан ўтди. Улар давангирдай-давангирдай йигит бўлишларига қарамай, кўп нарсаларда тортинчоқлик қилар, айни замонда тортинган нарсаларини ёқтирар ҳам эдилар. Аслида инглиз армиясида хизмат қилсам бўларкан. Унда ҳаммаси жўнгина ўтарди. Бироқ тирик қолишим даргумон эди. Санитар қисмларда эса ундай эмас. Тўғри, инглиз санитар машиналарининг шофёрлари ҳам ҳалок бўлишарди. Лекин мен ҳалок бўлмаслигимни билардим. Бу урушда эмас. Унинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. У менга кинодаги урушдан фарқсиздай туюларди. Шунга қарамасдан мен чин юракдан унинг тезроқ тугашини истардим. Балки, шу бу йилнинг ёзида тамом бўлар. Балки, австрисларни савалашар. Олдинги урушларда уларни ҳар доим савалашган. Бу урушнинг нимаси бор ўзи? Ҳамманинг оғзида французларнинг ҳоли-қудрати кетиб қолди, деган гап. Ринальди, француз солдатлари бош кўтаришибди, қўшинлар Парижга қараб юраётган эмиш, деб айтувди. Мен ундан кейин нима бўлди, деб сўрасам, «уларни тўхтатишган-да», деб жавоб берди. Мен уруш бўлмасаю, Австрияни бир кўриб келсам, деб юрардим. Мен Шварцвальдга боришни истардим. Гарцни кўргим келарди. Айтмоқчи, Гарцнинг ўзи қаерда? Уруш ҳозир Карпат тоғларида кетаётган эди. У ёқларга боргим йўқ эди. Гарчи борилса, албатта, ёмон бўлмасди. Уруш бўлмаганда мен Испанияга боришим мумкин эди. Қуёш ботиб бормоқда, салқин тушиб келмоқда эди. Кечки овқатдан сўнг Кэтрин Барклининг олдига бораман. Мен, қани энди у ҳозир ёнимда бўлсайди, дердим. Мен у билан бирга Миланга боришни истардим. У билан «Кова»да овқатланиб олсанг-да, кейин кечки дим ҳавода Виа-Манцони бўйлаб кетсанг, кўприкдан ўтиб, канал ёқалаб бурилсанг-да, Кэтрин Баркли билан отелга кирсанг. Эҳтимол, у ҳам кирган бўлармиди. Эҳтимолки, у мени Соммда ўлдирилган офицер деб тасаввур қилармиди, унда биз катта эшикдан ичкарига ки-риб борган бўлардик, швейцар шапкасини олиб кутиб олган, мен калитни олиш учун борган, қиз эса мени лифт олдида кутиб турган бўларди, кейин биз лифт ичига кириб, лифт ҳам ҳар қаватда оҳиста жиринглаб, юқорига кўтарилган ва ниҳоят, бизнинг қаватга ҳам чиқарди, лифтчи бола эшикни очади, шунда у чиқади, мен чиқаман, биз даҳлиздан юриб борамиз, мен калит билан эшикни очаман, ичкарига кирамиз ва мен телефон қулоғини кўтариб, бир шиша муз тўла кумуш пақирчага солинган капри бьянка келтиришларини сўрайман, сал ўтмай коридордан челакчадаги музнинг ширқиллаши эшитила бошлайди, кейин бола эшикни тақиллатади, мен эшикнинг олдига қўйиб кета қолинг, дейман. Чунки биз эгнимиздаги бор нарсани ечиб ташлаган бўламиз, чунки кун жудаям иссиқ, деразалар ланг очилган, қалдирғочлар уйларнинг томлари узра учиб юришган бўлади, кейин қоронғи туша бошлайди, дераза олдига келсангиз, уйларнинг ва дарахтларнинг тепасида энди кўршапалаклар учиб юрганини кўрасиз, шунда биз капри ичамиз, эшик берк, хона иссиқ, чойшаб ва тундан бўлак ҳамма нарса унутилади ва биз Миланнинг шу оташин кечасида ўзимизни муҳаббатнинг оғушига батамом топширамиз. Ҳаммаси мана шундоқ бўлиши керак. Мен тезгина овқатланиб олиб, Кэтрин Барклининг олдига бораман.
Овқат устида ғовур-ғувур гап кўп бўлади, мен вино ичдим, чунки агар бугун кечқурун озгина ичмасам, ошна-оғайнигарчиликдан чиқиб қолардим, мен яна кашиш билан архиепископ Айрленд ҳақида суҳбатлашиб ўтирдим. Гап анчайин ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлган бир одамнинг тақдиридаги адолатсизлик, унга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар ҳақида кетди, бу ноҳақликларга мен ҳам америкалик сифатида қисман сабабчи эканман, мен айбим нимадан иборат эканлигини билмасам ҳам ўзимни гўё ростданам айби бордай қилиб кўрсатардим. Бу ишнинг бутун моҳиятига тўла етмасдан туриб, у менга шунчалар тушунтириб кетдики, охирида йўқ ҳеч нарса билмайман, хабарим йўқ, деб туриш одобдан бўлмай қоладиганга ўхшайди. Менга унинг номи жуда ҳам чиройли туюлди, бунинг устига у миннесоталик эди, шунинг учун оти ҳам чиндан ажойиб жаранглар эди: Айрленд Миннесотий, Айрленд Висконсиний, Айрленд Мичигоний. Йўқ, гап бундамас. Масала бундан кўра чуқурроқ. Ҳа, отахон. Тўғри, отахон. Эҳтимол, отахон. Йўқ, отахон. Балки, эҳтимол, шундай бўлса бордир, отахон. Булар сизга кўпроқ маълум, отахон. Кашиш яхши одам эди, лекин одамни зериктириб юборарди. Офицерлар бўлмағур одамлар эди, уларга қараб одамнинг эсноғи келарди. Қирол яхши, лекин зерикарли эди. Вино ёмон, лекин зерикарли эмасди. У тишларимизнинг сирини кўчириб, танглайимизга ёпиштириб қўймоқда эди.
– Шундай қилиб, ўша кашишни қамаб қўйишибди, – дерди Рокка, – чунки унинг ёнидан уч процентли қоғозлардан чиқибди. Бу Франциядаги гап, албатта. Бу ерда уни ҳеч қачон қамаб-памаб ўтиришмасди. У бўлса, беш фоизли қоғозлардан мутлақо бехабарман, дебди. Булар ҳаммаси Безье шаҳрида бўлган гаплар. Мен ўшанда у ерда эдим, бу тўғрида газеталардан ўқиб қолиб, қамоққа бордим ва мени кашишнинг олдига киритишларини сўрадим. Қоғозларни у ўғирлаб олгани тайин эди.
– Ғирт ёлғон гаплар, – деди Ринальди.
– Сизга шундоқ туюлгандир, – деди Рокка. – Лекин мен буни ўзимизнинг кашишга айтяпман. Бу жуда ибратли воқеа. У руҳоний бўлгани учун бунинг маъносини тузукроқ чақади.
Руҳоний жилмайди: – Давом этинг, – деди у. – Қулоғим сизда.
– Албатта, қоғозларнинг бир қисмини барибир топишолмаган, бироқ уч фоизлиларнинг бари руҳонийнинг ёнида экан, яна, қанақалиги аниқ эсимда йўғу, аллақандай маҳаллий заёмларнинг облигациялари ҳам чиққан. Шундай қилиб, мен турмага бордим, – энг қизиғи ҳам шу ерда, – у турган камеранинг олдига келиб, худди тавба қилаётгандай бўлиб: «Менга оқ фотиҳа беринг, падари бузрукворим, зотан сиз гуноҳкор бандасиз», дедим.
Ҳамма хахолаб кулиб юборди.
– У нима деди? – сўради кашиш.
Рокка унга эътибор қилмасдан менга ҳазилининг маъносини тушунтира кетди: – Ана энди тушундингизми маънисига? – агар уни тўғри тушунилса, афтидан, жуда ўткир ҳазилга ўхшайди. Менга яна вино қуйишди ва мен душга туширилган инглиз солдати ҳақидаги латифани айтиб бердим. Кейин майор ўн бир чехословак билан бир венгер капрали ҳақидагисини айтди. Яна винодан ичиб, мен бир тийин топган улоқчи ҳақидаги латифани бошладим. Майор, кечалари ухлолмай чиқадиган герцогиня ҳақида ғалати бир италян латифаси бор, деди. Шунда кашиш ўрнидан туриб чиқиб кетди ва мен Марселга эрталаб соат бешда мистрал эсиб турган пайтда келган коммивояжер ҳақидаги латифани айтиб бердим. Майор, эшитишимга қараганда, сиз ичиб маст бўлмас экансиз, деди. Мен, ундаймас, дедим. У, мен тўғрисини айтяпман, Бахус гувоҳ, мен буни текшириб кўраман, деди. Фақат Бахус эмас, дедим. Бахус эмас. Ҳа, Бахус, деди у. Мен Басси Флиппо Винченца билан ким кўп ичарга ўйнашим керак экан. Басси, бу адолатдан эмас, чунки мен ҳозирнинг ўзида ундан икки ҳисса кўп ичиб қўйдим, деди. Мен, бу ғирт ёлғон, Бахусми, Бахусмасми, Филиппо Винченца Бассими ёки Басси Филиппо Винченцами, ҳали оғзига бир томчи ичкилик олгани йўқ, умуман олганда, унинг номи нима ўзи? У, сизни нима деб чақиришади – Энрико Федерико дебми, ёки Федерико Энрико дебми? – деб сўради. Мен, йўқолсин Бахус, ким кучли бўлса, ўша ютади, дедим ва майор бизга бошламасига бир кружкадан қизил вино берди. Кружканинг ярмини ичиб, қолганини ичгим келмай қолди. Қаёққа кетаётганим эсимга тушди.
– Басси ютди, – дедим мен. – У бақувватроқ. Мен боришим керак.
– Тўғри, бориши керак, – деди Ринальди. – Учрашувга боради. Мен биламан-ку.
– Мен боришим керак.
– Келаси сафаргача, – деди Басси. – Келаси сафаргача куч йиғиб келинг.
У елкамга қоқиб қўйди. Стол устида шамлар ёниб турарди. Ҳамма офицерларнинг кайфлари жойида эди.
– Хайрли тун, жаноблар, – дедим мен.
Ринальди мен билан бирга чиқди. Биз ҳовлига кираверишдаги эшик олдида тўхтадик, у деди:
– Сиз у ерга ичиб бормаганингиз тузук эди.
– Маст эмасман, Ринин. Чин сўзим.
– Жуда бўлмаса қаҳва донидан чайнаб юборинг.
– Бекор гап.
– Ҳозир сизга келтириб бераман, бэби. Шу ерда айланиб туринг. – У бир ҳовуч қовурилган қаҳва донидан кўтариб келди. – Чайнаб юборинг, бэби, Худо сизни ёрлақасин.
– Бахус, – дедим мен.
– Сизни кузатиб қўяман.
– Ҳожати йўқ. Маст эмасман.
Икковлон шаҳар бўйлаб кетдик, мен қаҳва донини чайнаб бордим. Инглизларнинг боғ уйига элтадиган хиёбон олдида Ринальди менга хайрли тун тилаб қолди.
– Хайрли тун, – дедим мен. – Юринг, ўзингиз ҳам.
У бош чайқади.
– Йўқ, – деди у. – Мен бош оғриғи ишларга тобим йўқ.
– Қаҳва учун раҳмат.
– Арзимайди, бэби. Арзимайди.
Хиёбондан юриб кетдим. Икки чеккадаги сарв оғочларининг гавдаси яққол кўзга ташланарди. Мен орқамга ўгирилдим-да, Ринальди изимдан қараб турганини кўрдим, унга қўл силкиб, хайрлашдим.
Мен боғ уй қабулхонасида Кэтрин Барклини кутиб ўтирардим. Кимдир пешайвонга кирди. Ўрнимдан турдим, бироқ бу Кэтрин эмасди. Кирган мисс Фергюсон эди.
– Хэлло, – деди у. – Кэтрин бугун, афсуски, сиз билан кўришолмас экан. Мендан шуни айтиб қўйишни сўради.
– Афсус. Ҳойнаҳой бетоб эмасми?
– Сал тоби қочиб турибди.
– Унинг кўнглини сўраб қўйинг.
– Хўп.
– Балки эртага эрталаб келаймикан?
– Келинг.
– Катта раҳмат, – дедим мен. – Тунингиз хайрли бўлсин.
Қабулхонадан чиқдим, бирдан олам бўм-бўш бўлиб қолди, юрагим сиқилди. Мен Кэтрин билан учрашувга менсимай, назар-писанд қилмай қарадим, кўп ичиб қўйдим, сал бўлмаса келиш эсимдан чиқай деди, энди эса уни кўролмаганимдан сўнг юрагимга қил сиғмасди, дунёда ўзимни ёлғиз, ташландиқ сездим.
Саккизинчи боб
Эртасига биз дарёнинг юқори томонида кечаси ҳужум бўлади, деб эшитдик, биз у ерга тўрт машина билан боришимиз керак экан. Ҳеч кимдан тайинли бир гап чиқмас, лекин ҳамма ўзининг ҳарбий билимини намойиш қилиб, донолик қиларди. Мен биринчи машинада ўтирган эдим. Инглиз госпиталининг олдидан ўтиб кетаётганимизда машинани тўхтатишни буюрдим. Бошқа машиналар ҳам тўхташди. Мен машинадан тушиб, бошқа шофёрларга агар биз етиб олмасак, Кормон йўлининг кесишган жойида кутиб туришни айтдим. Мен хиёбондан шоша-пиша ўтиб, қабулхонага кирдим-да, мисс Барклини чақиришларини сўрадим.
– У навбатчилик қиляпти.
– Уни бир дақиқага кўра оламанми?
Санитарни билиб келгани юборишди, у қиз билан бирга қайтиб келди.
– Соғ-саломатлигингизни билгани кирувдим. Сизни навбатчиликда дейишди ва мен чақириб беришларини сўрадим.
– Соғлиғим дуруст, – деди у. – Кеча иссиқдан бир оз лоҳас бўлдим, шекилли.
– Мен кетишим керак.
– Бир дақиқага сиз билан чиқаман.
– Ўзингиз тузукмисиз, ҳеч қаерингиз оғримаяптими? – сўрадим мен ташқарига чиққанимиздан сўнг.
– Тузукман, жоним. Сиз бугун келасизми?
– Йўқ. Мен ҳозир кетяпман – бугун Плавада масхарабозлик бўлади.
– Масхарабозлик?
– Шунга яқин.
– Ўзингиз қачон қайтасиз?
– Эртага.
У ниманидир ечиб, бўйнидан олди. Менинг қўлимга берди.
– Бу авлиё Антоний, – деди у. – Эртага кечқурун келинг, хўпми?
– Сиз католикмисиз?
– Йўқ. Лекин айтишларига кўра авлиё Антоний бало-қазолардан сақлармиш…
– Сизни деб уни эҳтиёт қиламан. Хайр энди.
– Йўқ, – деди у. – Хайр эмас.
– Хўп.
– Ақлли бўлинг-да, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Йўқ, бу ерда ўпишиш мумкин эмас. Керакмас.
– Хўп.
Мен орқамга қараб, унинг зинада турганини кўрдим. У менга қўл силкиб қўйди, мен унга ғойибона ўпич тақдим қилдим. У яна қўлини силкиди, кейин хиёбон тугади, мен машинага ўтирдим, йўлга тушдик. Авлиё Антоний оқ металлдан ишланган кичкина медальонга жойланган эди. Мен медальонни очиб, қўлимга қоқдим.
– Авлиё Антонийми? – сўради шофёр.
– Ҳа.
– Менда ҳам бор. – У ўнг қўлини рулдан олиб, тугмачасини ечиб, кўйлаги ичидан мендагига ўхшаш медалон чиқарди. – Кўрдингизми?
Мен авлиё Антонийни яна медальон ичига жойлаб, ингичка тилла занжирини йиғдим-да, ҳаммасини ён чўнтагимга солиб қўйдим.
– Сиз уни бўйнингизга осмайсизми?
– Йўқ.
– Яхшиси осиш керак. Бўлмаса нима ҳожати бор?
– Яхши, – дедим. Тилла занжирчани ёздим-да, бўйнимга осиб, занжирини қулфлаб қўйдим. Авлиё ҳарбий френчим устида туриб қолди, мен ёқамни очиб, кўйлагимнинг ёқасини бўшатдим-да, авлиё Антонийни ичимга солиб қўйдим. Машинада ўтирарканман, кўкрагимга унинг металл ғилофи суйкалиб борарди. Кўп ўтмай у эсимдан чиқди. Яраланганимдан сўнг уни қайтиб кўрмадим. Кимдир уни боғлаш пунктида ечиб олган бўлса, ажабмас.
Кўприкдан ўтгач, биз машинани тезроқ ҳайдадик ва кўп ўтмай олдинда бошқа машиналар кўтараётган чангни кўрдик. Бурилишдан ўтганимиздан сўнг учала машина ҳам кўринди; улар қўнғиздай бўлиб кўринмоқда эди, чанг ғилдираклар остидан кўтарилиб, дарахтлар ортига сингарди. Биз уларга етиб олдик, қувиб ўтиб, тоққа томон кетган бошқа йўлга бурилдик. Агар олдинги машинада кетаётган бўлсанг колоннада юриш ёмон нарса эмас, шунинг учун мен ўрнашиброқ ўтириб олиб, атрофни томоша қила бошладим. Биз дарё томондан тоғ этаги билан кетмоқда эдик, йўл юқорилагач, шимол томонда баланд қорли чўққилар кўринди. Орқамга назар ташлаб, қолган учта машинанинг баландликка қандай чиқиб келишини кузатдим, машиналар чанг-тўзон ичида элас-элас кўзга чалинарди. Биз юк ортилган хачирлар карвонини қувиб ўтдик, хачирларнинг ёнида қизил феска кийган ҳайдовчилар боришарди. Булар берсальерлар эди.
Хачирлар карвонидан кейин йўлимизда ҳеч нарса учрамади ва биз адирма-адир ошиб, сўнг узун тоғ ёнбағри бўйлаб дарё этагига тушдик. Бу ерда йўл бўйига дарахтлар экилган экан, ўнг ёқдаги қатор дарахтлар орқасида мен саёз, тин иқ, шошқин дарёни кўрдим. Дарёнинг суви пасайиб, тошлар ва қумлар оралаб арна-арна бўлиб оқарди, баъзан эса таги тошлоқ ўзанидан тонг шафағидай ёйилиб кетарди. Қирғоққа чиқаверишда чўнқир ўрларни кўрдим, уларга тўлиб турган сув осмон каби мовий эди. Дарё узра ёйсимон ғишт кўприкчалар ташланганди, уларга томон йўлдан тармоқ отиб сўқмоқлар тушиб борарди. Мен яна жанубий девори ёқалаб нокзорлар қад кўтарган деҳқонларнинг ғиштин иморатларини ва далалардаги пастактош тўсиқларни кўрдим. Йўл анча вақтгача водий бўйлаб борди, кейин биз бурилдик-да, яна тоққа кўтарила бошладик. Йўл юқорига тик кўтарилиб чиқар, каштанзор ичидан илон изи бўлиб ўтиб, ниҳоят, тоғ тизмалари ёқалаб кетарди. Дарахтлар сийрак жойлардан водий кўриниб турарди, ҳув олисда, пастда икки армияни ажратиб, қуёшда ярқираб иланг-биланг дарё оқарди. Биз адирларнинг нақ белидан тушган янги ҳарбий тош йўлдан кетдик, шимолда икки тоғ тизмаси чўзилиб ётарди, тоғлар асрий қорликларгача арча билан қопланганидан тўқ кўкимтир бўлиб қоронғиликда чулғаниб кўринар, қорли чўққилар эса қуёш нурида ярқираб оппоқ бўлиб ётарди. Кейин яна юқорилаганимизда, мен учинчи тоғ тизмасини, худди бўр сингари оппоқ юксак қорли тоғларни, тоғларнинг ғаройиб ажинларини кўрдим, булардан ҳам нарида яна тоғлар юксалиб борар, лекин уларни кўраётганингни ҳам, кўрмаётганингни ҳам билиб бўлмасди. Буларнинг бари Австрия тоғлари эди, бизда бундай тоғлар йўқ. Олдинда йўл ўнг томонга доира ясаб ўтганди, мен дарахтлар орасидан йўл пастга қараб қанчалар тик тушганини кўрдим. Бу йўлдан қўшинлар, юк машиналари, тоғ тўпларини ортган хачирлар ўтиб борарди, биз шу йўлнинг нақ чеккасидан пастга тушиб борарканмиз, ҳув қуйида, олисда оқаётган дарё, унинг ёнидан ўтган темир йўл излари, темир йўл кўпригини кўрдим, дарёнинг нариги ёғида, тоғ ёнбағрида биз ишғол қилишимиз керак бўлган шаҳарчанинг вайрон бўлган уйлари кўринарди.
Биз пастга тушиб, дарё қирғоғи ёқалаб солинган катта йўлга чиққанимизда қоронғи чўка бошлаган эди.
Тўққизинчи боб
Йўл одамлар ва транспортга тиқилиб кетганди; йўлнинг иккала бети бўйлаб чипта ва похолдан қилинган бўйралар чўзилиб кетган, ҳатто йўлнинг тепаси ҳам бўйралар билан қопланганидан, у худди циркнинг йўлкасига ёки ёввойиларнинг қишлоғига ўхшарди. Шу чайлага ўхшаган йўлдан имиллаб ўтиб, ниҳоят тоза, текис сайҳонликка чиқдик, аввал бунда темир йўл бекати бўлган эди. Йўлнинг бу томони қирғоқ бўйи кўтармасини кесиб тушган эди. Бутун йўл давомида кўтармада пана жойлар қилинган бўлиб, уларга пиёдалар жойлашганди. Кун ботиб борарди, мен кўтарма оша қараб, дарёнинг нариги юзидаги тоғларда қорайиб кўринган Австриянинг кузатув аэростатларини кўрдим. Биз машиналарни ғишт заводининг харобалари панасига қўйдик. Ғишт куйдириладиган ўчоқлар ва бир қанча чуқур ўраларда ярадорлар учун пунктлар қилинганди. Врачлар ичида менинг учта танишим бор эди. Бош врач менга жанг бошланиши билан бизнинг машиналар ярадорларни олиб, қирғоқ бўйлаб пана йўлдан бориб, кейин юқорига, довонга томон юради, довонда ҳамширалар пости бор, бу ерда ярадорларни бошқа машиналар кутиб туради. Йўл тўсилиб қолмаса бўлгани, деди у. Бошқа йўл йўқ эди. Йўл австрисларга кўриниб тургани учун уни кўздан яшириш чоралари кўрилганди. Бу ерда – ғишт заводида қирғоқ кўтармаси бизни милтиқ ва пулемётларнинг ўқидан сақлаб турарди. Дарёнинг у бетидан бу томонга фақат битта бузилай деб қолган кўприк бор эди. Тўплар отишмаси бошлангач, яна битта кўприк солинади, қўшиннинг бир қисми эса дарё қайрилишидаги кечувдан ўтади. Бош врач бўйи пастаккина, шоп мўйлов киши эди. У майор унвонида бўлиб, Ливия урушида қатнашган, икки марта яраланган эди. У, агар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, мени мукофотга тавсия этажагини айтди. Мен, ҳаммаси жойида бўлади, дедим ва унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтдим. Мен шофёрларни жойлаштирадиган каттароқ блиндаж борй ўқлигини сўрадим, у бир солдатни чақириб, менга жой кўрсатишни тайинлади. Солдат билан сал юрмасимиздан шинамгина блиндаж устидан чиқдик. Шофёрлар ундан мамнун бўлишди, уларни шу ерда қолдирдим. Бош врач мени ва яна икки офицерни ичкиликка таклиф қилди. Биз ром ичдик ва мен ўзимни дўстлар ўртасида ўтиргандай сездим. Қош қорая бошлади. Мен, ҳужум қачон бошланади, деб сўрадим, бутунлай қоронғи тушганда, деб жавоб беришди. Мен шофёрлар олдига қайтдим. Улар блиндажда гаплашиб ўтиришарди, мен киришим биланоқ жим бўлиб қолишди. Мен уларга бир қутидан «Македония» сигаретаси бердим, бу сигарета бўш жойланган бўлиб, чекишдан олдин учини бураб қўйиш керак эди. Маньера зажигалкасини ёқиб, ҳаммага чекиб олгани тутди. Зажигалкаси «фиат»нинг радиаторига ўхшатиб ишланган экан. Мен уларга бор билган гапларимни айтиб бердим.
– Бу ёққа келаётганимизда йўлда пост йўқ эдику? – деди Пассини.
– Биз бурилган жойнинг орқасида қолиб кетган эди.
– Бу йўлда тоза онамизни кўрамиз ҳали, – деди Маньера.
– Австрислар кунимизни кўрсатишади, фалонига фалон уларни.
– Бўлмаса-чи.
– Овқат-повқат ҳам бўладими, лейтенант? Бошланиб қолса, бош қашигани вақт бўлмайди.
– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен.
– Шу ерда ўтирайликми ё ташқарига чиқиш ҳам мумкинми?
– Ўтира турганларингиз маъқул.
Мен бош врач олдига бордим, у сайёр ошхона ҳозир етиб келажагини, шофёрлар овқатни олиб кетишлари мумкинлигини айтди. Идишлари бўлмаса, идиш бераман, деди. Мен идишлари бўлса керак, дедим. Мен изимга қайтиб, шофёрларга овқат келтиришлари билан хабар беришимни айтдим. Маньера, отишма бошланмасдан бурун олиб келишса соз бўларди, деди. Мен кетгунимча улар миқ этишмади. Уларнинг тўртовлари ҳам механик бўлиб, урушни кўрарга кўзлари йўқ эди.
Мен атрофда нималар бўлаётганини кўргани бордим, сўнг блиндажга, шофёрлар олдига қайтдим. Ҳаммамиз ерга ўтириб, деворга суянганча сигарет тутатдик. Ғира-шира қоронғи тушди. Блиндажнинг саҳни қуруқ ва илиқ эди, мен деворга суяниб, ҳордиқ чиқардим.
– Жангга ким боради?
– Берсальерлар.
– Берсальерларнинг ўзими?
– Шундайга ўхшайди.
– Росмана жанг қилиш учун бу ердаги одамлар камлик қилади.
– Чамаси бу шунчаки йўлига бир жанг бўлади, чинакам уруш бошқа ерда бўлади.
– Ҳужумга борадиган солдатлар буни билишадими?
– Билишмаса керак.
– Албатта, билишмайди, – деди Маньера. – Билишса, жангга кириб ўтиришармиди.
– Шундай ҳам киришардики, – деди Пассини. – Берсальерлар аҳмоқ.
– Улар мард солдатлар, интизомга риоя қилишади, – дедим мен.
– Бақувват йигитлар, ҳаммаси ҳам яғриндор. Лекин барибир, ҳаммаси аҳмоқ болалар.
– Мана гренадерлар зўр, – деди Маньера.
Бу ҳазил эди. Тўртовлари хахолаб кулишди.
– Улар жангдан бош тортишганда сиз бормидингиз, tenente, кейин ҳар ўн кишидан биттасини отишувди, эсингиздами?
– Йўқ.
– Шундай бўлган эди. Уларни қатор қилиб турғизишди-да, ўнинчи бўлиб турган одамни ажратиб отаверишди. Карабинерлар уларни отиб ташлашди.
– Карабинерлар, – деди Пассини ва ерга тупурди. – Гренадерларни қаранг-а: бўйлари икки метрдан ошиғ-у, бормаймиз деб туришса-я.
– Агар ҳамма баравар бош тортганда эди, уруш тугаган бўларди, – деди Маньера.
– Бе, гренадерлар буни хаёлга ҳам келтиришмаган. Қўрқишган, холос. Офицерларнинг бари асилзодалардан эди-да.
– Баъзи бир офицерлар бир ўзлари жангга киришди.
– Сержант иккита офицерни бош тортганликлари учун отиб ташлади.
– Баъзи оддий солдатлар ҳам жангга киришувди.
– Буларни отишга ўнинчи одам ажратиладиган сафга киритишмаган.
– У ерда менинг ҳамшаҳаримни отиб ташлашди, – деди Пассини. – Баланд бўйли, келишган йигит эди, қуйиб қўйган гренадер дейсиз. Римдан бери келмасди. Ёнидан ойимчалар аримасди. Доим карабинерлар билан бирга юрарди. – У кулди. – Энди бўлса уйининг эшигига милтиқ кўтарган соқчи қўйиб қўйишибди, ҳеч ким унинг онаси, отаси, опа-сингилларини бориб кўриши мумкин эмас, отасини бўлса, барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилишди, ҳатто сайловда ҳам қатнашолмайди. Қонун ҳам энди уларни ҳимоя қилмайди. Истаган одам келиб, кўнгли тусаган нарсасини олиб кета олади.
– Оиласининг боши мана шундай маломатга қолишидан қўрқмаганда, ҳеч ким жангга кириб ўтирмасди.
– Албатта-да. Альп ўқчилари эса жангга киришаверган бўларди. Виктор-Эммануилнинг полки ҳам. Берсальерлар ҳам.
– Берсальерлар ҳам думини кўрсатган пайтлар бўлган. Ҳозир буни эслагилари келмайди.
– Сиз бекор бизни валақлашимизга йўл қўйяпсиз, tenente. Evviva l’esercito![16 - Яшасин армия! (итал.).] – истеҳзоли қўшиб қўйди Пассини.
– Мен бундай гапларни эшитганман, – дедим мен.
– Бироқ ҳамонки сиз рулда ўтириб, ўз ишингизни бажараётган экансиз…
– …ва бошқа офицерлар эшитмайдиган қилиб секин гаплашаётган экансиз, – деб тугатди Маньера.
– Урушни охирига етказиш керак деб ҳисоблайман, – дедим мен. – Бир томон жангдан воз кечгани билан уруш тамом бўлиб қолмайди. Урушмай қўйсак, ҳолимиз бундан бешбаттар бўлади.
– Бундан бешбаттар бўлмайди, – деди одоб билан Пассини. – Урушдан бешбаттарроқ нарса йўқ.
– Мағлубият бешбаттар.
– Ундаймасдир, – деди Пассини ҳамон ҳурмат сақлаб. – Мағлубият нима ўзи? Хўш, уйга қайтамиз.
– Душман орқангиздан боради. Уйингизни олади.
Опа-сингилларингизни олади.
– Унчаликмасдир, – деди Пассини. – Ўлибди-да, ҳар кимнинг ортидан борса. Ҳар ким ўз хонадонини ҳимоя қилсин. Опа-сингилларини эшикка чиқармасин.
– Сизни осишади. Сизни қўлга олиб, яна уруш қилгани жўнатишади. Санитар транспортига эмас, пиёдалар сафига.
– Ўлдими, ҳаммани осишса.
– Бегона давлат ўзи учун урушишга мажбур қилолмайди, – деди Маньера. – Биринчи жангнинг ўзидаёқ ҳамма қочиб кетади.
– Чехларга ўхшаб.
– Сиз мағлуб бўлиш нималигини ҳали яхши билмайсиз, шунинг учун ҳам бу сизга унчалик ёмон эмасга ўхшаб туюлади.
– Теnеntе, – деди Пассини, – сиз бизга гапираверишга изн бергандай бўлдингиз. Мана, эшитинг бўлмаса. Урушдан кўра даҳшатлироқ нарса йўқ. Биз санитар бўлимларда ўтириб уруш қанчалар даҳшатли нарса эканлигини тушуниб етмаймиз. Бунинг даҳшатини фаҳмлаб улгурганлар эса, унга қаршилик қилишга улгуролмайдилар, чунки ақлдан озадилар. Ҳеч қачон ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар бўлади. Ўз офицерларидан қўрқадиган одамлар бор. Мана шундайлар билан урушни давом эттиришади.
– Мен уруш даҳшатли нарса эканлигини биламан, лекин биз уни охирига етказишимиз керак.
– Охири йўқ. Урушнинг охири бўлмайди.
– Йўқ, охири бўлади.
Пассини бошини чайқади.
– Урушни ғалабалар билан ютиб бўлмайди. Хўш, борингки Сан-Габрнелени олдик. Хўш, Карсо, Монфальконе ва Триестни олдик. Кейин-чи? Бугун анови узоқ тоғларни кўрдингизми? Хўш, сиз ўшаларнинг барини биз ололамиз дейсизми? Агар австрислар урушмай қўйса бошқа гап. Бир томон урушни бас қилиши керак. Нега биз қилишимиз мумкин эмас? Агар улар Италиягача боришса, ҳориб-чарчаб, орқага қайтиб кетишади. Уларнинг ўз юртлари бор. Шундоқ экан, ҳайронман, уруш қилмаса, куни ўтмайдими буларнинг.
– Гапни қотирар экансиз.
– Ўйлаяпмиз. Ўқияпмиз. Деҳқон эмасмиз. Биз механиклармиз. Бироқ деҳқонлар ҳам урушга ишонадиган аҳмоқлардан эмас. Бу уруш ҳамманинг жонига теккан.
– Мамлакатни калтафаҳм, ҳеч нимани тушунмайдиган синф бошқармоқда. Шунинг учун ҳам биз урушиб юрибмиз.
– Улар урушдан яна давлат орттирмоқдалар.
– Кўплари ҳатто бойий олмаяпти, – деди Пассини.
– Шунчалар бефаросат улар, қўлларидан бошқа иш келмагани учун шундай қилишмоқда. Тентакликдан.
– Бўлди, бас, – деди Маньера. – Тилимизга жуда эрк бериб юбордик, tеnеntе ҳам хафа бўлиши мумкин.
– Гапимиз унга ёқяпти, – деди Пассини. – Биз уни ўз томонимизга тортамиз.
– Лекин ҳозирчалик етади, – деди Маньера.
– Нима бўлди энди, овқат беришармикан, tеnеntе? – сўради Гавуцци.
– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен. Гордини ўрнидан туриб, мен билан чиқди.
– Балки, бирон нарса қилиш керакдир, tеnеntе? Сизга ёрдам беролмайманми? – У тўртовлари ичида энг ювош, индамас одам эди.
– Истасангиз, мен билан юринг, – дедим мен, – нима гаплигини билиб келамиз.
Қоронғи тушиб қолганди, прожекторларнинг узун тиллари тоғлар узра кезарди. Бизнинг фронтда юк машиналарига ўрнатилган каттакон прожекторлар бор эди, гоҳо тунда фронт чизиғи яқинидан ўтилганда, йўлдан чеккада турган мана шундай юк машинасини, прожекторни бошқараётган офицерни, қўрқиб ўтакаси ёрилган гуруҳни кўриш мумкин эди. Биз завод ҳовлисидан ўтиб асосий боғлаш пунктига келдик. Кираверишда тепага шох-шаббалардан чоғроқ чайла ясаб қўйилган эди, тунги шамол қуёшда қуриган баргларни шитирлатарди. Ичкари ёруғ эди. Бош врач яшикда ўтириб телефонда гаплашмоқда. Врачлардан бири менга ҳужум бир соатга кечиктирилганини айтди. У мени коньяк ичишга таклиф қилди. Мен узунчоқ столларни, ёруғда ялтиллаб турган асбобларни, тослар ва пробкалари маҳкамланган шиша идишларни кўздан кечирдим. Гордини орқамда турган эди. Бош врач телефондан бўшади.
– Ҳозир бошланади, – деди у. – Кечиктирмайдиган бўлишибди.
Мен ташқарига қарадим, қоронғи эди, австрис прожекторларининг нурлари бизнинг ортимиздаги тоғларда изғирди. Бир сония жимлик чўкди, сўнг орқамизда турган барча тўп-замбараклардан ўт очилди.
– Савойя, – деди бош врач.
– Овқат қани? – сўрадим мен. У эшитмади. Мен қайтардим.
– Ҳали обкелишгани йўқ.
Катта снаряд учиб ўтиб завод ҳовлисида портлади. Яна биттаси ёрилди, портлаш шовқинида ғишт парчалари ва майда-чуйда нарсалар пастга ёмғирдай ёғилгани эшитилди.
– Еб олишга бирон нарса топиладими?
– Бир озгина pasta asiutta[17 - Макарон овқат (итал.).] бор, – деди бош врач.
– Ейдиган бўлса беринг.
Бош врач санитарга нимадир деб айтди, у уйнинг ичкари томонига кириб кетди-да, у ердан совиб қолган макарон овқат солинган металл идиш кўтариб чиқди. Мен уни Гординига бердим.
– Пишлоқ йўқмикан?
Бош врач санитарга тўнғиллаб бир нима деди, у яна ичкарига шўнғиб, чорак доира оқ пишлоқ олиб чиқди.
– Раҳмат, – дедим мен.
– Ҳозир ташқарига чиқмай қўя қолинглар. Ташқарида эшик олдига ниманидир қўйишди. Уни олиб келган санитарлардан бири ичкарига қаради.
– Олиб киринг бу ёққа, – деди бош врач. – Қани, нима бўлди? Нима, ўзимиз чиқиб бу ерга олиб кирайликми, а?
Санитарлар ярадорни қўлтиғи ва оёғидан кўтариб ичкарига олиб киришди.
– Енгини кесинглар, – деди бош врач.
У қўлида бир парча дока ҳамда пинцет ушлаб турган эди. Бошқа икки врач шинелларини ечишди.
– Боринглар, – деди бош врач санитарларга.
– Юринг, tenente, – деди Гордини.
– Ўт очиш тўхтамагунча чиқмасанглар бўларди, – деди бизга қарамасдан бош врач.
– Одамлар очқашган, – дедим мен.
– Хўп, ўзларинг биласизлар.
Заводнинг ҳовлисига чиқа солиб, чопа кетдик. Шундоқ қирғоқда снаряд портлади. Бошқасининг учиб келаётганлигини ёнимизда ёрилмагунча пайқамай қолдик.
Икковимиз ҳам ўзимизни ерга отдик ва тўполон-қасирға ичида осколкаларнинг чийиллашини, ғиштларни шатирлаб тушишини эшитдик. Гордини оёққа қалқиб блиндаж томон чопиб кетди. Мен сарғиш чангга беланган пишлоқни кўтариб унинг орқасидан чопдим. Блиндажда учала шофёр ҳамон чекиб ўтиришарди.
– Мана сизга, ватанпарварлар, – дедим мен.
– Машиналар қалай? – сўради Маньера.
– Жойида, – дедим мен.
– Қўрқдингизми, tеnеntе?
– Шундан бўлди, – дедим.
Мен пичоғимни чиқариб, очдим-да, тиғини артиб, пишлоқнинг уст қаватини қириб ташладим. Гавуцци менга макарон солинган тоғорани узатди.
– Сиз бошлаб беринг.
– Йўқ, – дедим мен. – Ерга қўйинг. Биргалашиб еймиз.
– Санчқимиз йўқ.
– Йўқ бўлса бўлар, – дедим инглизчалаб.
Мен пишлоқни бўлак-бўлак қилиб кесиб макароннинг устига ташлаб қўйдим.
– Олинглар, – дедим. Улар яқинроқ сурилишиб, кутиб туришди. Мен макаронга қўлимни тиқиб кўтардим. Қўлимга елимга ўхшаб илашиб чиқди.
– Юқорироқ кўтаринг.
Мен қўлимни елкамга довур кўтарганимдагина макарон тоғорадан узилди. Мен уни оғзимга солдим, кейинги учини лабим билан ушлаб, ичимга тортдимда, чайнай бошладим, кейин бир бўлак пишлоқ олиб, оғзимга солдим, орқасидан вино ҳўпладим. Винодан занг ҳиди келарди. Мен флягани Пассинига бердим.
– Расво, – дедим мен. – Флягада узоқ туриб қолибди. Мен уни машинада ёнимда олиб юрувдим…
Тўртовлари ҳам тоғорага энгашганча, макаронларни сўриб ейишарди. Мен яна оғзимни тўлдириб олдимда, пишлоқдан тишлаб, вино ҳўпладим. Ташқарида нимадир гупиллаб қулади, ер зириллаб кетди.
– Тўрт юз йигирма миллиметрли ёки миномёт, – деди Гавуцци.
– Тоғларда бундай калибрли тўплар бўлмайди, – дедим.
– Уларда Шкода замбараклари бор. Мен снаряднинг чўнқирини кўрдим.
– У уч юз беш миллиметрлиги.
Овқатни давом эттирдик. Йўтал овози эшитилди, паровоз юриб кетгандай вишиллаган товуш чиқди, кейин ерни ларзага солиб портлаш бўлди.
– Блиндаж юзагина экан, – деди Пассини.
– Ана мановиси энди миномёт.
– Рост.
Мен пишлоқдан бир луқма тишлаб, вино ичдим. Шовқин-сурон ичида қулоғимга йўтал овози чалинди, кейин чух-чухчух-чух, деган овоз эшитилди, сўнг худди домна эшиги очилган каби нимадир ярақлаб кетди, кейин аввал оппоқ, сўнг борган сари қизил тусга кириб, қип-қизил, қип-қизил қуюндай бўлиб ғувиллаш, гумбурлаш садоси келди. Мен нафас олиб кўрай десам, нафас ололмадим, назаримда ўзлигимдан чиқиб, қуюн ичра учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай эдим. Бир зумда борлиғим пардай учиб, йўқ бўлиб кетди дедим, ўликдай бўлдим, ўлганингдан кейин ҳеч гап бўлмайди деганлар хато қиладилар, деб ўйладим. Кейин ҳавода суза бошладим, бироқ олдинга эмас, нуқул орқага кетиб қолардим. Сўлиш олдим, шунда мен ўзлигимга қайтганлигимни англадим. Ер титилиб кетганди, шундоқ бошимнинг олдида мажақланган ёғоч тўсин ётарди. Бошим қалтираб турарди, шунда кимнингдир йиғлаётганини эшитдим. Кейин аллаким гўё қичқиргандай бўлди. Мен қимирлай десам, қимир этолмадим. Мен дарёнинг нариги томонида, бутун дарё бўйлаб милтиқ ва пулемётларнинг отишмасини эшитдим. Бир нарса қаттиқ шалоплади ва мен ёритувчи снарядларнинг осмонга учганини кўрдим, улар ёрилиб, ҳамма ёқ сутдай ёриб кетди, ракеталар учди, миналар портлади, мен буларни бир зум ичида кўрдим. Кейин нақ ёнгинамда кимдир:
«Mamma mia! O, mamma mia!»[18 - Онажон! (итал.).] – деди. Мен ўзимни ҳар томонга уриб, ниҳоят, оёғимни бўшатдим, иккинчи томонга ағдарилиб, инграган кишини пайпаслаб кўрдим. Бу Пассини экан, қўлим тегиши ҳамоноқ у чинқириб юборди. У оёғи-ни мен томонга узатган ҳолда ётарди, ўқтин-ўқтин лип этиб тушган ёруғда унинг тиззадан юқориси мажақланган оёқлари кўринарди.
Бир оёғи чўрт узилган эди, иккинчиси эса пайларига ва шимининг увадаларига илиниб турар, дамбадам гўё ўзидан-ўзи лиқир-лиқир қилиб қўярди. У ўз қўлини тишлаб туриб, инграрди: «O, mamma mia, mama mia!» – Кейин: «Dto te Salve, Maria Dio Te Salve Maria»[19 - Худо паноҳ бўлсин, Марям! (итал.).]
– Ё Исо, тезроқ жонимни ол! Христос, жонимни ол, Мamma mia, mama mia. Ё бокира биби Марям, жонимни ол. Чидолмайман. Чидолмайман. Чидолмайман. Ё Исо, ё биби Марям, чидай олмайман. О-о-о-о! Сўнг: «Мmamma mia, mama mia!» деб хирқиради. Сўнг қўлини тишлаганча жим бўлиб қолди, илиниб турган оёғи эса ҳамон қимирлаб турарди.
– Portaferti! – деб қичқирдим ҳовучимни оғзимга қилиб. – Portaferti![20 - Замбил (итал.).] – Мен Пассинига ёрдам берай деб, уриниб, ўрнимдан жилолмадим. Мен яна ҳаракат қилиб кўрдим, бу сафар оёғим бир оз сурилгандай бўлди. Энди мен тирсагим билан сурила олардим. Пассини жим эди. Унинг ёнига ўтириб, френчимнинг тугмаларини ечдим-да, кўйлагимнинг баридан йиртиб олишга уриндим. Ҳадеганда йиртилавермади, шунда кўйлак четини тишим билан йиртдим. Шунда мен унинг обмоткаси бор эди-ю, деб эсладим. Мен жун пайпоқ кийган эдим, лекин Пассини обмотка ўраб юрарди. Ҳамма шофёрлар шундай қилишарди. Бироқ Пассинининг бир оёғи қолганди. Мен обмотканинг учини топиб, бўшатаётганимда, унинг оёғини боғлаб ўтиришга ҳожат қолмаганлигини, Пассини ўлганлигини кўрдим. Мен ўзимга ишонмай яна қарадим, у чиндан ҳам ўлган эди. Бошқа уч кишига нима бўлганлигини аниқлаш лозим эди. Туриб ўтирдим, шунда миямда худди қўғирчоқнинг кўзи қимирлагандек, бир нарса чайқалиб кетди, кўзимдан ўт чиқди, деб ўйладим. Оёқларим иссиқ ва ҳўл бўлиб қолди, оёқ кийимимнинг ичи ҳам иссиқ ва ҳўл бўлди. Мен ярадор бўлганимни пайқадим, энгашиб, қўлимни тиззамга қўйдим. Тиззам йўқ эди. Қўлим билан пастроқни пайпасладим, тиззам шу ерда эди, айланиб кетганди. Мен қўлимни кўйлагимга артдим, аллақаёқдан яна оппоқ ёруғ қуйилиб кела бошлади, шунда оёғимга қарадим, этим жимирлаб кетди. «Худоё, – дедим, – омон-эсон бу ердан қутқар!» Лекин мен яна уч киши ҳам бўлиши кераклигини билардим. Шофёрлар тўрт киши эди. Пассини ўлди. Уч киши қолади. Аллаким қўлтиғимдан олди, яна кимдир оёғимдан кўтара бошлади.
– Яна уч киши бор эди, – дедим мен. – Биттаси ўлди.
– Мен Маньераман. Биз замбилга боргандик, топмадик.
Тузукмисиз, tenente?
– Гордини билан Гавуцци қани?
– Гордини пунктда, ярасини боғлашяпти. Гавуцци оёғингиздан кўтариб турибди. Бўйнимдан ушлаб олинг, tеnеntе. Оғир яраландингизми?
– Оёғимдан. Гординига нима бўлди?
– Арзимаган гап. Мина тушибди. Миномёт снаряди.
– Пассини ҳалок бўлди.
– Ҳа, ҳалок бўлди.
– Ёнгинамизда снаряд портлаб, икковлари ҳам ўзларини ерга отишди, мен йиқилиб тушдим.
– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бўйнимдан ушлаб олинг.
– Сиз мени яна ташлаб юборасиз.
– Қўрқиб кетдик.
– Сизлар яраланмадингларми?
– Икковимиз ҳам яраландик, лекин енгил.
– Гордини машина ҳайдай оладими?
– Қийин-ов.
Пунктга боргунча улар мени яна бир марта ташлаб юборишди.
– Аблаҳлар! – дедим.
– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бошқа қилмаймиз.
Боғлаш пунктида қоронғи ерда анча ярадорлар ётишарди. Замбил кўтарган санитарлар кириб-чиқиб туришарди. Улар ўтиб кета туриб, дарпардани кўтарганларида, менга ичкаридаги ёруғ кўринарди. Ўликлар бир чеккага қўйилганди. Врачлар енг шимариб ишлашар, қассобга ўхшаб қонга беланишган эди. Замбил етишмасди. Баъзи ярадорлар инграшар, лекин кўпчилик жим ётмоқда эди.
Шамол кираверишда эшик соябони устига ташланган шохлардаги япроқларни шитирлатар, совуқ тун ёпирилмоқда эди. Санитарлар тинимсиз келиб туришар, замбилларни ерга қўйиб бўшатишарди-да, яна кетишарди. Пунктга келишимиз биланоқ Маньера фельдшерни бошлаб келди, у оёғимни боғлаб қўйди. Ярангиз тупроқ билан тўлиб кетгандан кам қон йўқотибсиз, деди у менга. Имкон бўлиши билан мени операцияга ётқизишаркан. У пункт биносига кириб кетди. Гордини машина ҳайдолмайди, деди Маньера. Унинг елкаси мажақланган, боши ёрилган. Яра қизиғида оғриғи унча билинмай, ҳозир елкаси оғриқдан қотиб қолибди. Ҳозир анов ғишт деворлардан бирида ўтирибди. Маньера ва Гавуцци ўз машиналарига ярадорларни ортиб жўнашди. Уларга яралари озор бермаётган эди. Иккитадан санитари бор учта инглиз машинаси келди. Менинг олдимга инглиз шофёрларидан бири келди, уни жуда мазаси қочиб қолган, ранги оқариб кетган Гордини бошлаб келди. Шофёр менга томон энгашди:
– Оғир яраландингизми? – сўради у. – Бу баланд бўйли, пўлат кўзойнак таққан киши эди.
– Иккала оёғимдан.
– Хавфли эмасдир, а. Сигарета чекасизми?
– Раҳмат.
– Иккита шофёрдан айрилибсиз, деб эшитдим?
– Ҳа. Биттаси ўлди, иккинчиси – сизни бошлаб келган одам.
– Расво бўлибди. Ёки уларнинг машиналарини биз олиб турайликми?
– Худди шуни сиздан сўрамоқчийдим.
– Бизда улар бузилиб-нетмайди, кейин қайтариб берамиз. Сиз икки юз олтинчидансиз-ку, а?
– Ҳа.
– Ажойиб ерга жойлашгансизлар. Сизни шаҳарда кўрганман. Менга сизни америкалик деб айтишди.
– Шундоқ.
– Мен инглизман.
– Наҳотки?
– Ҳа, инглиз. Сиз италян деб ўйладингизми? Бизнинг бир отрядимизда италянлар ҳам бор.
– Агар машиналаримизни олсангиз жуда соз бўларди, – дедим мен.
– Уларни сизга бузмай-нетмай, қандай бўлса шундай топширамиз. – У қаддини кўтарди. – Шофёрингиз сиз билан келишиб олишимни жуда илтимос қилди. – У Гординининг елкасига уриб қўйди. Гордини сесканиб тушиб, жилмайди. Инглиз италян тилида чала-чулпа сўзлай кетди:
– Бўлди, ҳаммаси жойида. Бошлиғинг tеnеntе билан келишдик. Сизнинг иккала машинангизни оламиз. Энди ташвиш чекмасанг ҳам бўлади. – У сўзини бўлди. – Сизларни бу ердан олиб кетишнинг ҳам йўлини топиш керак. Ҳозир врачлар билан гаплашаман. Кетаётганда сизларни ҳам олиб кетамиз.
У ярадорлар орасидан оҳиста ўтиб, эшикка томон борди. Мен эшикка тутилган кўрпа кўтарилганини, ичкаридаги ёруғни, унинг ичкарига кирганини кўрдим.
– У сизни шундоқ қолдирмайди, tеnеntе, – деди Гордини.
– Ўзингиз қалайсиз, Франко?
– Дуруст.
У ёнимга ўтирди. Шу пайт эшикнинг ёпинғичи кўтарилиб, у ердан иккита санитар билан баланд бўйли инглиз чиқишди. Олдимга келишди.
– Мана америкалик, tеnеntе, – деди у италянчалаб.
– Мен кутиб туришим мумкин, – дедим мен. – Бу ерда мендан кўра оғирроқ ярадорлар бор. Аҳволим унчалик ёмонмас.
– Бўлди, бўлди, – деди у, – ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатмай қўя қолинг. – Кейин италянчалаб деди: – Секин кўтаринглар, айниқса оёғини. Қаттиқ оғрияпти. Бу президент Вильсоннинг қонуний ўғли.
Улар мени кўтаришиб, пункт ичига олиб киришди. Ҳамма столларда жарроҳлар ишламоқда эди. Кичкина бош врач бизга жаҳл билан ўгирилиб қаради. У мени таниди ва қўлидаги асбобларини силкиб қўйди.
– Ga va bien?[21 - Қалай, дурустми? (франц.).]
– Ga va.[22 - Дуруст (франц.).]
– Уни мен олиб келдим, – деди баланд бўйли инглиз италянчалаб. – Америка элчисининг ёлғиз ўғли. Қўлингиз бўшагунча шу ерда ёта турсин. Кейин мен биринчи қатновдаёқ уни олиб келаман. – У мен томонга эгилди. – Мен ҳужжатларингизни тўғрилашга бораман, шунда иш тезроқ кўчади. – У эшикдан энгашиб чиқиб кетди. Бош врач қисқичларни бўшатиб, тосга ташлади. Мен унинг ҳаракатларини кузатиб ётардим. Энди у боғлай бошлади. Кейин санитарлар ярадорни столдан олишди.
– Америкалик tеnentени менга беринглар, – деди врачлардан бири.
Мени кўтариб столга олдилар. Стол қаттиқ ва сирғанчиқ эди. Ҳаво турли-туман ўткир ҳидларга тўла эди, дориларнинг ачимсиқ ҳиди, чучук қон иси келарди. Шимимни ечиб олишди, врач қўли ишдан бўшамай, айни чоқда фельдшер-ассистентга ёздира кетди:
– Чап ва ўнг сони, чап ва ўнг тиззаси, ўнг товонининг юза қисми яраланган ва шилинган. Ўнг тиззаси ва товонининг яраси чуқур. Бошида йиртма яралар бор (у зонд қўйиб кўрди: «Оғрияптими?» – «О-о-о, ярамас! Ҳа!»), бош суяги дарз кетган бўлиши эҳтимол. Жанговар вазиятда яраланган. Шундай десак, жуда бўлмаганда сизни жўрттага ўзини майиб қилган, деб дала судига беришмайди-ку, – деди у. – Бир қултум коньяк ичасизми? Қандай қилиб бу аҳволга тушдингиз? Ўзингизни ўлдирмоқчи бўлдингизми ё? Менга кўкшолга қарши дорини беринг-да, карточкасида иккала оёғини белгилаб қўйинг. Хўп, раҳмат. Ҳозир мен сал тозалаб юваман-да, боғлаб қўяман. Қонингиз тез қотар экан.
Ассистент қоғоздан бошини кўтариб, сўради:
– Нимадан яраланган?
Врач:
– Нима қилиб яраландингиз?
Мен кўзимни юмиб ётарканман, дедим:
– Мина тегди.
Ярамни азоб бериб ковлаётган врач теримни кеса туриб деди:
– Ростданми?
Индамай туриб беришга уриниб, тиғ баданимни тилганда қорнимда қалтироқ турганини сезганча, дедим:
– Ростдан, шекилли.
Врач қизиқарли бир нарса топди, шекилли, деди:
– Душман миналарининг парчаси. Хоҳласангиз, мен зонд қўйиб бу томонни ҳам текшираман, лекин бунинг кераги йўқ. Энди мен бу ерга дори суркаб қўяман ва… Нима, куйдиряптими? Буниси ҳолва. Ҳамма ҳунарини кейин кўрсатади. Ҳали оғриқ бошлангани йўқ. Унга коньяк беринг. Лат еганда оғриқ ўлгандай бўлади. Аммо барибир қўрқинчли ҳеч нима йўқ. Заҳарланиш рўй бермаса бўлгани, ҳозир бу ҳам кам учрайди. Бошингиз қалай?
– О, Худойим! – дедим.
– Унда кўп коньяк ичмаганингиз маъқул. Агар дарз кетган бўлса, яллиғланиб кетиши мумкин, яхши бўлмайди. Нима, мана бу ерингиз оғрияптими?
Мен қора терга тушдим.
– О, Худойим! – деб юбордим.
– Афтидан, дарз борга ўхшаб қолди-ку. Мен ҳозир боғлайман, сиз бошингизни қимирлатманг.
У боғлашга тушди. Қўллари жуда чаққон ҳаракат қилар, қаттиқ ва маҳкам боғларди.
– Ана бўлди, оқ йўл ва Vive la France![23 - Яшасин Франция! (франц.).]
– У америкалик, – деди бошқа врач.
– Мен уни французми деб эшитибман. У французча сўзларкан, – деди врач. – Мен уни олдин ҳам билардим. Мен доим уни француз деб юрардим. – У ярим стакан коньяк ичди. – Хўп, қани жиддийроқларидан беринглар-чи ва кўкшол дорисидан тайёрланг. – У менга қўл силкиб қолди. Мени кўтариб олиб кетишди; дарпарда ўрнига тутилган кўрпа юзимдан сирғалиб ўтди. Мени жойлаштиришгач, фельдшер-ассистент, ёнимга тиз чўкди.
– Фамилиянгиз, – оҳиста сўради у. – Исмингиз? Ёшингиз? Унвонингиз? Туғилган жойингиз? Қайси қисмдан? Қайси корпусдан? – ва ҳоказо. – Бошингга ҳам шикаст егани яхши бўлмабди, tеnentе. Лекин энди сал дуруст сезаётгандирсиз ўзингизни. Сизни инглиз санитар машинаси билан жўнатаман.
– Аҳволим яхши, – дедим мен. – Сиздан ғоят миннатдорман.
Врач айтган оғриқ бошланди, атрофимда рўй бераётган ҳамма нарса ўз маъносини йўқотди. Кўп ўтмай инглиз машинаси келди, мени замбилга солиб, замбилни кузов билан баравар қилиб кўтаришди-да, ичкарига суриб киритишди. Ён томонда бошқа замбиллар ҳам бор экан, шу ерда бутун юзи боғлаб ташланган, фақат шамдай қотган бурнигина кўриниб турган киши ётарди. У оғир нафас оларди. Яна иккита замбилни кўтаришиб тепадаги тасма ҳалқаларига ўрнатишди. Баланд бўйли инглиз шофёр келиб, дарчадан қаради.
– Мен оҳиста юраман, – деди у. – Сизни безовта қилмасликка ҳаракат қиламан. Мен моторнинг гуриллаганини, шофёрнинг олдинги ўриндиққа ўтирганини, тормозни ўчириб, тезлик олганини ҳис қилиб ётдим. Йўлга тушдик. Мен қимир этмай, оғриққа таслим бўлиб ётардим.
Йўл юқорилай бошлагач, машина тезлигини камайтирди, баъзан у тўхтаб қолар, баъзан бурилишда орқага тисарилар, ниҳоят, тоққа томон тезгина юриб кетди. Назаримда, устимдан нимадир оқиб тушаётгандай бўлди. Аввал ора-сира томчилаб турди, кейин сизилиб оқа бошлади. Мен шофёрни чақирдим. У машинани тўхтатиб, орқа ойнадан қаради.
– Нима бўлди?
– Тепамдаги ярадордан қон оқяпти.
– Довонга озгина қолди. Бир ўзим замбилни ололмайман.
Машина яна йўлга тушди. Қон ҳамон оқарди. Қоронғида мен у брезентнинг қаеридан ўтаётганлигини билолмадим. Мен устимга тушмасин деб, четроққа сурилишга уриндим. Кўйлагимнинг орқасига оқиб тушган жойим иссиқ ва пилч-пилч бўлиб қолди. Мен жунжикдим, оёғим шу қадар қаттиқ оғрирдики, азбаройи кўнглим озиб қолай дерди. Сал ўтгач, қон камроқ оқа бошлади, кейин яна томчилашга тушди, мен замбилнинг брезенти қимирлаб қолганини кўрдим, у ердаги одам қулайроқ ётмоқчига ўхшарди.
– Қалай энди? – сўради инглиз орқасига қараб. – Етай деб қолдик.
– Менимча, у ўлганга ўхшайди, – дедим. Томчилар жуда секин узилиб тушарди, қуёш ботгач, сумалакдан томчи шундай тушади. Машина тун қўйнида тоққа кўтарилиб борар, совуқ эди. Постда санитарлар замбилларни чиқаришиб, бошқаларини қўйишди, биз йўлда давом этдик.
Ўнинчи боб
Дала госпиталининг палатасида менга пешиндан кейин одам кўргани келишини айтишди. Кун иссиқ, хона пашша билан тўла эди. Вестовой қоғозни узун-узун қилиб қирқди-да, ёғоч чўпга боғлаб, пашшаларни ҳайдади. Мен уларнинг шифтга ўтиришларини томоша қиламан. У қувишдан тўхтаб, ухлаб қолгач, уларнинг бари пастга ғувиллаб тушишди, мен ҳайдаб кўрдим, алоҳа бўлмагач, юзимни қўлим билан беркитиб, ухлаб қолибман. Кун жуда исиб кетди, уйғонганимда, оёқларим қичишарди. Мен вестовойни уйғотдим ва у яраларимга минерал сув қуйди. Бундан ўрним нам ва салқин бўлиб қолди. Уйғоқ ётганлар палатани бошларига кўтариб гаплашишарди. Тушликдан кейин вақт жуда осойишта ўтарди. Эрталаб учта санитар билан бир врач ҳар бир каравот олдига келишиб, ётган одамни турғизиб, боғлаш пунктига олиб кетишарди, унинг яраларини қайта боғлаб бўлгунча ўринларини ҳам йиғиштириб қўйишарди. Боғлаш хонасига ҳеч ким жон деб боргиси келмасди, албатта, лекин у пайтда мен кишини ётган жойидан турғизмасдан ҳам ўрнини тузатиб қўйиш мумкинлигини билмасдим. Вестовой бор сувни қуйиб бўлгач, ўрним муздек ва ёқимли бўлиб қолди, мен қичишни тўхтатиш учун оёғимнинг қаерини уқалашни вестовойга кўрсатиб турганимда, врачлардан бири палатага Ринальдини олиб кирди. У шитоб билан кириб, каравотга энгашди-да, мени ўпди. Мен у қўлқоп кийганини пайқадим.
– Хўш, ишлар қалай, бэби? Тузукмисиз? Манави сизга… – Унинг қўлида коньяк бор эди. Вестовой унга стул келтирди, у ўтирди. – Яна бир хушхабар ҳам бор. Сизни мукофотга тақдим қилишди. Кумуш медаль бўлади деяверинг, лекин, балким, бронзага айланиб қолиши ҳам мумкин.
– Нимага медаль?
– Сиз ахир оғир яраландингиз. Агар сиз жасорат кўрсатганлигингизга ишонтиролсангиз, кумуш оласиз, деб айтишмоқда. Бўлмаса, бронза экан. Менга бошидан бошлаб айтиб беринг. Жасорат кўрсатдингизми?
– Йўқ, – дедим мен. – Мина портлаган пайтда мен пишлоқ еб турувдим.
– Жинни бўлманг. Сиз ундан олдинроқ ёки кейинроқ бир қаҳрамонлик кўрсатган бўлишингиз керак, албатта. Яхшилаб эслаб кўринг.
– Ҳеч вақо кўрсатмадим.
– Ярадор бўла туриб ҳеч кимни елкангизда олиб чиқмадингизми? Гордини, сиз елкангизда бир нечта одамни олиб чиқдингиз, деяпти, лекин бош врач бу ақлга тўғри келмайди, демоқда. Мукофотга тавсия қоғозига у қўл қўйиши керак.
– Мен ҳеч кимни олиб чиқмадим. Мен қимир этолмасдим.
– Бунинг аҳамияти йўқ, – деди Ринальди. У қўлқопни ечди.
– Нима бўлганда ҳам, биз кумуш бўлишига ҳаракат қиламиз. Балким, сиз тиббий ёрдамни бошқаларга олдинроқ кўрсатинглар дегандирсиз?
– Бу гапда унчалар қаттиқ турганим йўқ.
– Аҳамияти йўқ. Яраланганингиз-чи? Мардоналик қилиб мени олдинги маррага юборинглар, деб туриб олганингиз-чи? Бунинг устига жангда ғолиб чиқдик.
– Демак, дарёдан кечиб ўтибмиз-да?
– Кечиб ўтганда қандоқ! Мингга яқин асир олишди. Ахборотда шундай дейилган. Сиз уни ўқимадингизми?
– Йўқ.
– Сизга олиб келиб бераман. Бу ажойиб Coup de main.[24 - Зарба, босқин (франц.).]
– Ўзингизнинг ишларингиз қандай?
– Зўр. Ҳаммаси яхши. Ҳаммалари сизга қойил қолишяпти. Нима бўлганини менга сўйлаб беринг-чи? Сиз кумуш олишингизга ишонаман. Қани, бошланг. Бир бошдан айтиб беринг. – У ниманидир мулоҳаза қилиб, жимиди. – Балким, сиз яна инглиз медали ҳам олишингиз мумкин. У ерда бир инглиз ҳам бўлган экан. Мен у билан учрашиб, сиз ҳақингизда керакли жойда икки оғиз сўзлаб бера олармикин, сўраб кўраман. Қиламан деса, қўлидан келади. Қаттиқ оғрияптими? Олинг, ичинг. Вестовой, шиша очадиганни олиб келинг. Мен бир одамнинг уч метр ингичка ичагини қандай олиб ташлаганимни бир кўрсангиз эди. Буни «Ништар»га ёзса арзирди. Сиз таржима қилиб берсангиз, «Ништар»га жўнатган бўлардим. Кундан-кунга янги нарса ўрганяпман. Шўрлик бэби, кайфиятингиз дурустми ўзи? Шиша очадиган йўқ бўлиб кетдими нима бало? Сиз сабр қилиб, жимгина ётганингиз учун мен ярадорлигингизни унутиб қўйяпман. – У қўлқопини каравот четига урди.
– Мана очадиган, Signоr tеnentе, – деди вестовой.
– Шишани очинг. Стакан олиб келинг. Ичинг, бэби. Бошингиз тузукми? Мен касаллик тарихини кўрдим. Миянгизда дарз йўқ. Биринчи постдаги ўша врач нима-ю мол дўхтир нима, барибир. Мен шундай қилган бўлардимки, сиз ҳатто сезмай қолардингиз. Мен жуда беозор даволайман. Шунга ҳаракат қиламан. Кундан-кунга қўлим енгил бўлиб, ишим яхши қовушяпти. Мени маъзур тутинг, бэби, кўп вайсаб юборяпман. Жиддий жароҳатланганингиздан кўнглим бузилиб турибди. Қани, ичинг. Яхши коньяк. Бир шишаси ўн беш лир. Яхши бўлса керак. Беш юлдузли. Шу ердан тўғри инглизнинг олдига бораман, у сизга инглиз медали олиб беради.
– Уни олиш осон эмас.
– Сиз ғоятда камтаринсиз. Мен алоқа офицерини юбораман. У инглизларнинг тилини билади.
– Сиз мисс Барклини кўрмадингизми?
– Уни бу ерга олиб келаман. Мен ҳозироқ бориб, уни бошлаб келаман.
– Кетманг, – дедим мен. – Менга Гориция ҳақида гапириб беринг. Ойимчалар қалай?
– Ойимчалар йўқ. Икки ҳафта бўлди, уларни алмаштиришмади. Мен у ерга бораётганим йўқ. Қип-қизил расволик! Улар энди ойимтилла эмас, жанговар ўртоқ бўлиб қолишди.
– Бутунлай бормай қўйдингизми?
– Фақат баъзан бирон янги гап бормикин, деб кириб ўтаман. Шунчаки йўл-йўлакай! Улар сизни сўраб қўйишмайди. Қип-қизил расволик. Шунчалик узоқ қолиб кетишдики, дўстлашиб қоляпмиз.
– Балким, фронтга борадиган талабгорлар бошқа топилмаётгандир?
– Ундаймас. Ойимчалар истаганча топилади. Ташкилоти ярамайди. Уларни фронт ичкарисидаги қаҳрамонларга сақлаб ўтиришибди.
– Шўрлик Ринальди! – дедим мен. – Урушда ёлғиз сўқир боши билан қолибди, унга ҳатто эрмакка янги ойимчалар ҳам йўқ.
Ринальди ўзига ҳам коньяк қуйди.
– Бу сизга зиён қилмайди, бэби. Ичинг.
Мен коньякни ичиб, бутун аъзойи баданимга иссиқлик югураётганини ҳис қилиб турдим. Ринальди яна қуйди. Унинг кўнгли бир оз ўрнига тушди. У ўзининг стаканини кўтарди: – Сизнинг шавкатли жароҳатларингиз учун! Кумуш медаль учун! Айтинг-чи, бэби, узун кун бунақа иссиқда ётиш жонингизга тегмадими?
– Тегяпти.
– Мен бунақасини хаёлимга ҳам келтиролмайман. Жинни бўлиб қолардим.
– Ҳалиям соғмассиз.
– Тезроқ тузалинг-да, ишқилиб. Тунги саргузаштлардан сўнг уйга якка қайтгиси келмайди одамнинг. Ҳазилвонинг йўқ. Қарз бериб турадиганинг йўқ. Ҳамхонам ва тутинган биродарим йўқ. Шу бош оғриғи жароҳатларни орттирмасангиз, камайиб қолармидингиз?
– Руҳонийнинг қитиғига тегмаяпсизми?
– Қўйинг шу руҳонийни! Мен унга ҳеч тегажоғлик қилмайман. Капитан ҳазиллашади. Руҳоний яхши одам. Сизга руҳоний керак бўлса, бизникини ола қолинг. У сизни йўқлаб келмоқчийди. Олдиндан тайёрланиб юрибди.
– Мен уни жуда яхши кўраман.
– Биламан. Менга баъзан сиз у билан сал ҳалигиндақа бўлиб кўринасиз. Биласиз-ку, ўзингиз.
– Бекорларни айтибсиз.
– Рост айтяпман.
– Бўлмағур гап!
У ўрнидан туриб, қўлқопини кийди.
– Сизга азоб беришни бунча яхши кўраман-а, бэби. Бундоқ қараганда, руҳонийга ва инглиз қизга бўлган муносабатларингиздан қатъи назар, сиз дилингизда худди менга ўхшайсиз.
– Ундай эмас.
– Ўхшайсиз, дедимми, ўхшайсиз. Сиз чинакам италянсиз. Турган-битганингиз олов билан тутун, ичингизда эса ҳеч вақо йўқ. Сиз фақат ўзингизни америкаликка оласиз. Биз сиз билан оға-инидекмиз, бир-биримизни яхши кўрамиз.
– Мен йўғимда ақлли бола бўлинг, – дедим мен.
– Сизнинг олдингизга мисс Барклини юбораман, Мен бўлмасам у билан ёзилиброқ гаплашасиз. Сиз маъсумроқ ва дилбарроқсиз.
– Бўлмағур гап!
– Юбораман уни. Сизнинг гўзал ва совуқ илоҳангизни. Инглиз илоҳасини. Ё Раб, бундай аёлга таъзим қилмоқдан ўзга не чоранг бор? Инглиз аёли шундан бошқа яна нимага ҳам ярарди?
– Сиз нодон, вайсақи дагосиз.
– Ким?
– Нодон макаронхўр.
– Макаронхўр. Ўзингиз макаронхўр… юзини совуқ урган макаронхўрсиз.
– Нодон. Калтафаҳм. – Мен бу сўз уни чақиб олганлигини кўриб, давом этдим: – Маданиятсиз, оми. Ўқимаган, фаросати йўқ.
– Ҳали шундайми? Бўлмаса, сизга фаришта қизларингиз ҳақида бир гап айтиб-берайки. Илоҳаларингиз ҳақида. Бокира қиз билан хотин орасидаги фарқ битта. Қиз билан бўлганингда, у оғриқ сезади, холос. Бошқа гап йўқ, – У қўлқопини каравотга урди. – Шуниси ҳам борки, қиз билан бўлганингда, бу унга ёқадими, ёқмайдими, билолмайсан.
– Жаҳлингиз чиқмасин.
– Жаҳлим чиқаётгани йўқ. Мен буни сизнинг фойдангиз учун айтяпман, холос, бэби. Сизни ортиқча даҳмазадан қутқармоқчиман.
– Ҳамма фарқи шундагинами?
– Ҳа. Аммо сизга ўхшаган миллионлаб аҳмоқлар буни билишмайди.
– Буни менга айтиб қўйганлигингиз яхши бўлди.
– Қўйинг, уришмайлик, бэби. Мен сизни жуда яхши кўраман. Жиннилик қилиб юрманг.
– Хўп. Мен сизга ўхшаб ақлли бўламан.
– Жаҳлингиз чиқмасин, бэби. Қовоғингизни очинг. Яна ичинг. Энди мен борай.
– Бари бир сиз ажойибсиз.
– Ана кўрдингизми. Дилингизда худди ўзимсиз. Биз уруш топиштирган қардошлармиз. Хайрлашмай туриб, мени ўпиб қўйинг.
– Суюлиб кетдингиз.
– Ундаймас. Сал кўпроқ отиб қўйдим, чоғи.
Юзимга унинг нафаси урилди.
– Кўришгунча, хайр. Мен тезда яна келаман. – Унинг нафаси юзимдан йироқлашди. – Ўпишмасангиз, майли, кераги йўқ. Олдингизга инглизингизни юбораман. Хайр, бэби. Коньяк каравот тагида. Тезроқ тузалиб чиқинг.
У ғойиб бўлди.
Ўн биринчи боб
Кашиш кирганда, шом қоронғиси тушиб қолганди. Хўрда бериб, тақсимчаларини йиғиштириб олишганди, мен қатор қўйилган каравотларга, дераза ортида дарахтнинг кечки шабадада чайқалиб турган тепасига қараб ётардим. Шабада деразадан ичкарига ҳам ўтмоқда эди, кеч кириши билан салқин тушди. Пашшалар энди уйнинг шифти ва шнурда осилиб турган электр чироқларга мўрмалахдек ёпишиб олишди. Чироқни кечаси бирон ярадор келиб қолса ёки палатада иш чиқиб қолсагина ёқишарди. Шом киргач, тезда қоронғи тушганлигидан ва то эрталабгача ёруғни кўрмаганлигимдан, назаримда, ўзимни яна гўдак бўлиб қолгандай ҳис қилардим. Худди кечки овқатни еб бўлишинг биланоқ сени кўрпага ётқизишадигандек эди. Вестовой каравотлар орасидан ўтиб тўхтади. Унинг ёнида яна кимдир бор эди. Бу кашиш эди. Қорачадан келган, ўрта бўйли бу одам қаршимда тортингансимон бўлиб турарди.
– Қалай, тузукмисиз? – сўради у. Шундоқ ўриннинг олдига, полга у аллақандай ўроғлик нарсаларни қўйди.
– Яхши, отахон.
У боя Ринальдига олиб келинган стулга ўтирди ва кўзини деразага олиб қочди. Башарасидан ҳорғин кўринарди.
– Бир зумга кирдим, – деди у. – Кеч бўлиб қолди.
– Ҳали вақтли. У ёқда ишлар яхшими?
У жилмайди.
– Ҳамон мени эрмак қилишади. – Унинг овози ҳам ҳорғин эшитиларди. – Худога шукр, ҳамма соғ-саломат. – Дардингиз енгил кўчганидан хурсанд бўлдим, – деди у. – Қаттиқ оғримаяптими?
У ғоятда ҳолдан тойган каби кўринарди, мен уни бу аҳволда биринчи кўриб туришим эди.
– Ҳозир унчаликмас.
– Сизнинг йўғингиз менга жуда билиняпти.
– Ўзим ҳам тезроқ қайта қолсам дейман. Сиз билан суҳбатлашишни соғиндим.
– Сизга майда-чуйда олиб келдим, – деди у. – У полдан ўроғлик нарсаларни олди. – Манави чивиндан сақланадиган тўр. Бу вермут. Сиз вермутни яхши кўрасизми? Манавилар инглиз газеталари.
– Қани очиб кўрсатинг-чи.
У хурсанд бўлиб, ўрамларни еча бошлади. Мен қўлимга чивиндан сақлайдиган тўрни олдим. У менга кўрсатиш учун шишани кўтариб, яна ўрин олдидаги столга қўйди. Мен ўрам ичидан битта газетани олдим. Газетани деразадан тушаётган ғира-шира ёруққа солиб, сарлавҳасини ўқий олдим. Бу «Ньюс оф уорлд» эди.
– Бошқалари – суратли варақлар, – деди у.
– Жоним билан ўқиб чиқаман. Қаердан олдингиз?
– Местерга одам юбориб олдириб келтирдим. Яна топиб бераман.
– Йўқлаб келганингиздан бошим осмонга етди, отахон. Вермут ичмайсизми?
– Раҳмат, ичмайман. У сизга.
– Йўқ деманг, ичинг.
– Хўп, майли. Келаси сафар яна обкеламан.
Вестовой стаканлар келтирди ва шишанинг оғзини очди. Пўкаги майдаланиб кетиб, қолганини шиша ичига тушириб юборишга тўғри келди. Руҳоний бундан хафа бўлганини кўрдим, лекин у:
– Майли, ҳечқиси йўқ, – деди.
– Сизнинг саломатлигингизга, отахон.
– Сизнинг соғлигингиз учун.
Кейин у стаканни қўлида ушлаб турди ва биз бир-биримизга тикилиб қолдик. Дўстона суҳбат қуриш учун хўб уриниб кўрдим, лекин нима учундир бугун гап қовушмасди.
– Тинчликми ўзи, отахон. Жуда чарчаган кўринасиз.
– Мен чарчадим, лекин чарчашга ҳақим йўқ.
– Бу иссиқдан.
– Йўқ. Ҳали баҳор-ку. Ичимга чироқ ёқса ёримайди.
– Уруш жонингизга тегдими?
– Йўқ. Лекин уни кўрарга кўзим йўқ.
– У менга ҳам ёқинқирамайди, – дедим мен. У бошини чайқаб деразага қаради.
– У сизга халал бермайди. У сизга кўринмайди. Маъзур тутинг. Биламан, сиз яралангансиз.
– Тасодифан.
– Барибир сиз яраланиб ҳам урушни кўрмайсиз. Мен бунга аминман. Ўзим ҳам уни кўрмайман, лекин мен уни бир оз ҳис қиламан.
– Мен яраланган маҳалимда, биз уруш ҳақида гаплашиб турган эдик. Пассини гапириб турган эди.
Кашиш стаканни қўйди. У аллақандай бошқа бир нарсани ўйламоқда эди.
– Мен уларни тушунаман, чунки ўзим ҳам уларнинг бириман, – деди у.
– Аммо сиз бутунлай бошқачасиз.
– Лекин аслида худди уларга ўхшайман.
– Офицерлар ҳеч нимани кўришмайди.
– Ҳаммасимас. Жуда зукколари бор, уларга бизга қараганда ҳам оғирроқ.
– Унақалари кўп эмас.
– Бунда гап таҳсил кўрганлиги ёки пулда ҳам эмас. Бу ерда бошқа гап бор. Пассинига ўхшаган одамлар ўқимишли бўлиб, пулдор бўлган чоғида ҳам офицер бўлишга розилик бермасди. Мен офицер бўлишни истамасдим.
– Унвонингиз бўйича сиз офицерсиз. Мен ҳам офицерман.
– Йўқ, бунинг фарқи бор. Сиз ҳатто италян эмассиз-ку. Сиз чет мамлакатнинг фуқаросисиз. Аммо сиз оддий аскарлардан кўра офицерларга яқинроқсиз.
– Бунинг фарқи нимада?
– Тушунтириб беришим қийин. Урушга талабгор бўлиб турган одамлар бор. Бизнинг мамлакатимизда бундайлар кўп топилади. Урушни истамайдиган одамлар бор.
– Бироқ олдингилари буларни мажбур қилади.
– Ҳа.
– Мен эса бунга ёрдам беряпман.
– Сиз чет эл одамисиз. Кўнгиллисиз.
– Бояги урушни истамайдиганлар-чи? Улар урушнинг олдини ололадиларми?
– Билмайман.
У яна деразага қаради. Мен унинг юзи ўзгарадими, йўқми – қараб турардим.
– Ахир улар бирон марта урушга тўсқинлик қилолганмилар?
– Улар бирлашишмаган, шунинг учун ҳеч нарсага тўсиқ бўлишолма ган, бирлашган чоғларида эса, йўлбошчилари уларни сотиб қўймоқда.
– Демак, умид йўқ?
– Умидсиз шайтон. Лекин, айтайлик, мен умид қилолмаслигим мумкин. Мен доим умид қилгим келади, бироқ баъзан умидим узилади.
– Лекин уруш ахир бир кун тугайди-ку?
– Умидим бор.
– Ўшанда нима қиласиз?
– Мумкин бўлса Абруццига қайтаман.
Шунда унинг қорача юзи қувончдан ёришиб кетди.
– Сиз Абруццини яхши кўрасизми?
– Ҳа, жуда севаман.
– Ана ўша ерга боринг.
– Жон-жон деб борардим-а. У ерда яшаб, Худога сиғиниб, унга хизмат қилишнинг ўзи бахт-ку.
– Ҳурмат-эътибор қозониш ҳам, – дедим мен.
– Ҳа, ҳурматга сазовор бўлиш ҳам. Нима бўпти?
– Ҳеч нима. Сиз бунга тўла сазоворсиз.
– Гап ундамас. У ерда, мен туғилган ерларда, ўзини Худога бағишлашни табиий бир нарса деб билишади. Бу ярамас масхарабозлик эмас. – Тушунаман.
У менга қараб кулимсиради.
– Тушуниб турасиз-у, лекин Худони суймайсиз.
– Йўқ.
– Сира суймайсизми? – сўради у.
– Баъзан кечалари ундан қўрқаман.
– Сиз уни суйсангиз бўларди.
– Мен айтарли ҳеч кимни суймайман.
– Йўқ, – деди у. – Ёлғон. Сиз менга сўзлаб берган тунлар-чи. Бу муҳаббат эмас. У ҳирс ва шаҳватнинг ўзи, холос. Агар суйсанг, муҳаббатинг ҳақи, бирон нарса қилгинг келади. Фидо бўлсам дейсан. Кўйида юрсам дейсан.
– Мен ҳеч кимни суймайман.
– Сиз севиб қоласиз. Мен биламан, сиз севиб қоласиз. Ўшанда сиз бахтиёр бўласиз.
– Ҳозир ҳам бахтиёрман. Доим бахтиёрман.
– Бу бошқа нарса. Сиз бошингизга тушгунча бунинг нималигини англамайсиз.
– Яхши, – дедим мен, – агар бирон бир кун келиб, мен буни бошдан кечирсам, сизга айтаман.
– Мен сиз билан узоқ ўтириб қолдим, кўп гапириб юбордим, – у типирчилаб қолди.
– Йўқ. Кетманг. Хотин кишини севиш-чи? Агар мен аёл кишини севиб қолсам ҳам, шундай бўлармиди?
– Мен буни билмайман. Мен биронта ҳам аёлни севган эмасман.
– Онангизни-чи?
– Ҳа, онамни севганман, эҳтимол.
– Сиз доимо Худони севганмисиз?
– Болалигимдан бери.
– Хўш, – дедим мен. Нима дейишни билмай қолдим.
– Сиз ҳали жуда ёшсиз.
– Мен ёшман, – деди у. – Бироқ сиз мени отахон деб чақирасиз.
– Одоб юзасидан.
У кулимсиради.
– Ростдан ҳам мен боришим керак, – деди у. – Сизга бирон нарса керак эмасми? – сўради у бир умид билан.
– Йўқ. Гаплашиб турсак, кифоя.
– Бизникиларнинг барига сиздан салом айтаман.
– Совғаларингиз учун раҳмат.
– Арзимайди.
– Яна келинг.
– Келаман. Кўришгунча. – У қўлимга уриб қўйди.
– Хайр, – дедим мен лаҳжада.
– Сiao, – қайтарди у.
Хона қоп-қоронғи эди, боятдан бери каравотнинг оёқ томонида ўтирган вестовой ўрнидан туриб, уни кузатгани чиқди. Кашиш менга жуда ёқарди, шунинг учун унинг Абруццига қайтиш тилаги юзага чиқишини истардим. Офицерлар емак-хонасида уни ҳол-жонига қўйишмас, у буни кўнглига оғир олмасликка тиришарди, бироқ мен у ўз юртида ўзини қандай тутиши устида ўйлардим. Капракоттада, деб ҳикоя қилиб берганди у, шаҳарнинг шундоқ яқинидаги сойда хонбалиқ бор. Кечалари най чалиш ман этилган. Ёш йигитлар ишқий қўшиқлар айтишади, фақат най чалиш мумкин эмас. Мен нимага, деб сўрадим. Чунки най овози қизларга кечаси ёмон таъсир қилар экан. Деҳқонлар сиз билан учрашганда, «дон» деб чақиришади ва шляпаларини бошдан олишади. Унинг отаси ҳар куни ов қилиб, деҳқон кулбаларига тамадди қилгани кирар экан. Бу уларда ҳурмат белгиси саналар экан. Чет элнинг одамлари овга рухсат олишлари учун ҳеч қачон қамоқда ётмаганлиги ҳақида гувоҳнома кўрсатишлари керак экан. Гран-Сассо д’Италиа томонда айиқлар бўларкан, лекин жуда олис экан. Аквила – чиройли шаҳар. Ёз кезлари кечқурунлари салқин тушаркан, кўкламда эса Абруццидан гўзалроқ ерни Италиядан топиб бўлмас экан. Аммо энг яхши фасл куз экан, бу пайтда каштанзорларда ов қилиш мумкин бўларкан. Қушлар узум егани учун жуда мазали эмиш. Овқатнинг ғамини ейишнинг ҳожати йўқ. Чунки деҳқонлар билан бирга овқатлансанг, бундан уларнинг бошлари осмонга етаркан.
Кўп ўтмай ухлаб қолибман.
Ўн иккинчи боб
Палата узунчоқ бўлиб, ўнг томондаги деворида деразалари ва бурчакда боғлаш хонасига олиб чиқадиган эшиги бор эди. Бир қатор каравотлар жумладан, меники ҳам дераза рўпарасидаги девор бўйлаб жойлаштирилган бўлиб, иккинчи қатор эса девор рўпарасида деразалар тагига жойлаштирилган эди. Чап томонимда ётганимда, менга боғлаш хонасининг эшиги кўриниб турарди. Ичкарироқда яна бир эшик бўлиб, ундан баъзан одамлар кириб туришарди. Битта-яримта ярадор ҳолати разм бўлиб қолса, ҳеч ким унинг ўлаётганини кўрмасин деб, атрофини тўсиқ билан беркитиб олишар, шунда тўсиқ та-гидан врачлар ва санитарларнинг оёқ кийимларигина кўриниб турар, баъзан эса охирида шивир-шивир эшитилиб қоларди. Сўнг тўсиқ ортидан руҳоний чиқиб келар, шунда санитарлар яна тўсиқ орқасига ўтиб, у ердан устига бошдан-оёқ кўрпа тортилган мурдани олиб чиқишар ва каравотлар ўртасидаги йўлдан олиб ўтишарди, кимдир тўсиқни йиғиб, олиб чиқиб кетарди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/ernest-heminguey/alvido-k-urol-69875545/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Сўзбоши 1948 йилда чиққан безакли нашрга ёзилган.
2
Черковга эркин муносабатда бўлувчилар. (Тарж.)
3
Кичик лейтенант (итал.).
4
Лейтенант (итал.).
5
Капитан (итал.).
6
Майор (итал.).
7
Подполковник (итал.).
8
Италянча салом.
9
Жаноб лейтенант.
10
Ёмон эмас (итал.).
11
Бўлганича йўқ (франц.).
12
Кўришгунча, лейтенант (итал.).
13
Voluntary Aid Department (ингл.) – ҳаракатдаги армияга хизмат кўрсатувчи аёлларнинг кўнгилли корпуси.
14
Кўчириш пункти (итал.).
15
Ҳарбий зона (итал.).
16
Яшасин армия! (итал.).
17
Макарон овқат (итал.).
18
Онажон! (итал.).
19
Худо паноҳ бўлсин, Марям! (итал.).
20
Замбил (итал.).
21
Қалай, дурустми? (франц.).
22
Дуруст (франц.).
23
Яшасин Франция! (франц.).
24
Зарба, босқин (франц.).