Уч мушкетёр

Уч мушкетёр
Александр Дюма
"Уч мушкетёр" романи муаллифнинг бошқа асарлари сингари жаҳон адабиётидаги энг сара асарлар рўйхатидан ўрин олган.17 аср Франция ҳаётидаги воқеалардан ҳикоя қилувчи ушбу асарда улуғвор ғоялар, ўлмас туйғулар, инсонийлик, шахс эркинлиги, орзулар сари интилишга қаратилган турли хил йўллар талқини ўз аҳамиятини сақлаган ҳолда ўқувчининг қалбига кириб боради…Бу дурдона асар икки қисмдан иборат, воқеаларнинг ҳар қандай уйдирмалардан ҳоли тарзда, ҳаққоний ифодаланганлиги унинг бугунги кунгача қадрини йўқотмаганлигига сабабдир…

Дюма Александр
Уч мушкетёр

БИРИНЧИ ҚИСМ

МУАЛЛИФ СЎЗБОШИСИ
Бунда, биз китобхонларга ҳикоя қилишга мушарраф қисса қаҳрамонларида, гарчи уларнинг номлари «ос» ва «ис» билан тугалланса-да афсонавий ҳеч нима йўқлиги аниқланади.
Тахминан бир йил муқаддам Қирол кутубхонасида Людовик XIII тарихига доир қидирувлар билан машғул пайтимда мен иттифоқо ҳақиқатни айтишга интилган, кейин узоқ ёки қисқа муддатга Бастилияга равона бўлишга майли бўлмаган муаллифларнинг аксар асарлари сингари Амстердамда, Пер Ружникида нашр этилган «Жаноб д’Артаньян» хотираларига йўлиқиб қолдим. Мени сарлавҳа қизиқтириб қўйди: мен мемуарларни уйга, албатта кутубхона қўриқловчиси ижозати билан олиб кетдим-у, харислик билан уларга ёпишдим.
Мен бу ерда шу аломат асарни муфассал таҳлил қилмоқчи эмасман, фақат китобхонларимнинг ўтмиш лавҳаларини қадрлай биладиганларига улар билан танишиб чиқишни маслаҳат бермоқчиман. Улар бу мемуарларда моҳир қўл билан қораланган портретларни топадилар, гарчи бу енгил-елпи лавҳалар аксар ҳолларда казарма эшиклари ва қовоқхона деворларида солинган бўлса-да, барибир китобхонлар улардан Людовик XIII, Анна Австрийская[1 - Анна Австрийская – Франция қироличаси, Людовик XIII нинг ратиқаси ва Австрия қиролининг синглиси.], Ришелье, Мазарини ва ўша давр саройи аҳлидан талай кишиларнинг тасвирларини, худди жаноб Анкетил тарихидаги[2 - Аббат Анкетил (1723-1806) – Франция кўп жилдли тарихининг муаллифи.] сингари тўғри тасвирларни таниб олади.
Бироқ, маълум бўлганидек, ёзувчининг нозик идрокини гоҳида кенг китобхонлар оммаси илғамаган нарсалар тўлқинлантириб юборади. Қойил қолишлари шубҳасиз бошқалар сингари мемуарларнинг бу ерда таъкидлаб ўтилган фазилатларидан завқланиб, биз ҳарҳолда, бизгача афтидан ҳеч кимса заррача парво қилмаган бир жиҳатдан ҳайратда қолдик.
Д’Артаньян ҳикоя қиладики, у қирол мушкетёрлари капитани ҳузурига дастлаб ташриф буюрганда унинг қабулхонасида ўзи қабул этилиш шарафига эришмоқчи бўлиб юрган шавкатли полкда хизмат қилгувчи, номлари – Атос, Портос ва Арамис бўлган уч йигитни учратган.
Эътироф этамиз, қулоқларимизга бегона номлар бизни таажжублантирди ва дафъатан буларнинг ҳаммаси замирида: фақат бу лақабларнинг эгалари тантиликдан, аламдан ёхуд қашшоқликдан оддий мушкетёрлик ридосини кийган кун танлаб олмаган тақдирда, д’Артаньян эҳтимол машҳур номларни яширган, деган гап кўнглимизга келди.
Ўша пайтга эътиборан бизнинг қизғин синчковлигимизни қўзғатган бу ғаройиб номларнинг бирор изини топишга уриниб, ором билмадик.
Шу ниятда биз мутолаа қилган китоблар рўйхатининг ўзи бутун бошли бир бобни ташкил қилган бўлурди, бу нарса балки ибратли бўлармиди, лекин китобхонларимиз учун мароқли бўлиши амри маҳол. Шу сабабдан биз фақат узоқ ва натижасиз уринишлардан ҳафсаламиз пир бўлиб, қидирувларимизни ташлашга қарор қилиб турган пайтда, биз ниҳоят машҳур ва донишманд дўстимиз Полен Париснинг насиҳатларига амал қилиб ¹4772 ва ¹4773 деб қайд этилган, аниғи хотирамизда йўқ, ва: «Қирол Людовик XIII подшоҳлигининг пироварди ва Қирол Людовик XIV подшоҳлигининг бошларида Францияда кечган баъзи воқеалар тўғрисида граф де Ла Фернинг хотиралари» деб номланган қўлёзмани топиб олганимизни айтиб ўтамиз, холос.
Бу қўлёзмани, ўзимизнинг сўнгги илинжимизни варақлаб туриб, йигирманчи саҳифада Атоснинг, йигирма еттинчида – Портоснинг, ўттиз биринчисида эса – Арамиснинг номларини топиб олганда қувончимиз нақадар кучли бўлганини тасаввур этмоқ мумкин.
Тарих фани тараққиёти шу қадар юқори даражага етган бир даврда мутлақо номаълум қўлёзманинг топилиб қолиши бизга мўъжизадек туюлди. Биз бир кун келиб ўзгалар хазинаси билан, мабодо ўзимизники билан – бу жуда эҳтимол нарса – Франция Академиясига қабул қилинолмасак, Ёзувчилар ва Нафис Адабиёт Академиясига учраш ниятида уни нашр этиш учун рухсат сўрашга ошиқдик.
Бундай ижозат бизга берилдики, бу нарсани шу ерда қайд этиб ўтамиз, токи, биз, яшаб турган даврда ҳокимият адибларга нисбатан унча хайриҳоҳ эмас, деб таъкидлаб юрган қора кўнгил кишиларнинг ёлғончилиги фош бўлсин.
Биз ҳозир китобхонларимизга бу бебаҳо қўлёзманинг биринчи қисмини ўзига муносиб сарлавҳани тиклаган ҳолда ҳавола этмоқдамиз ва бу биринчи қисми ўзи арзийдиган, бизнинг имконимиз комил муваффақиятни қозонган тақдирда, иккинчисини ҳам ошиғич эълон қилишни зиммасига оламиз.
Ҳозирча эса қабул этгувчи иккинчи ота бўлиши сабабли китобхонни ўз завқлари ёки зиқлиги манбаи деб гарф де Ла Ферни эмас, бизни билишга таклиф этамиз.
Шуни аниқлаб олгач, ҳикоямизга ўтамиз.

I
Ота-д’Артаньян жанобларининг уч армуғони
1625 йил апрелининг биринчи душанба куни бир замонлар «Атиргул ҳақида роман»[3 - «Атиргул ҳақида роман» – машҳур ўрта аср француз поэмаси (XIII). Поэмани Гилём де Лоррис бошлаган, иккинчи қисми Жон Клопинел (Менгский) томонидан яратилган.]нинг муаллифи таваллуд топган Менг шаҳарчасининг аҳолиси, гўё гугенотлар[4 - Гугенотлар – Францияда калвинист (протестан) динининг тарафдорлари. XVI асрнинг иккинчи ярми – XVII асрнинг бошида асосан қирол ҳокимияти ўтказган марказлаштириш сиёсатидан норози дворянлар ва феодал аъёнларининг бир қисми гугенот бўлган.] уни иккинчи Ларошелга[5 - Ларошел – Атлантик океани соҳилидаги шаҳар. Гугенотларнинг таянчи, 1628 йили кардинал Ришелье томонидан узоқ қамалдан кейин эгаллаб олинган.] айлантиришга шайлангандай бесаранжом кўринарди. Асосий кўча томон чопиб бораётган аёлларни кўрган ва уйлар бўсағасидан келаётган болаларнинг қий-чувини эшитган шаҳарликларнинг баъзилари шоша-пиша кийинишар, яроғ-аслаҳаларини олишар, ўзларига диловарроқ тус бермоқ учун ким пилта, ким биротар милтиқ билан қуролланганча қаршисида шовқинли оломон тўпланиб, дақиқа сайин кўпайиб бораётган «Озод тегирмончи» меҳмонхонаси томон ғизиллардилар.
У замонлар бундай тўполонлар одатий ҳол бўлиб, камдан-кам кунлардагина у ёки бу шаҳар ўз солномасига шу хил ҳодисаларни қайд этолмай қоларди. Аслзода жаноблар бир-бировлари билан тортишардилар, қирол кардинал билан урушарди; испанлар қиролга қарши жанг олиб борардилар. Аммо гоҳ босиқ, гоҳ очиқ, гоҳ пинҳоний, гоҳ ошкор бу курашдан бўлак яна гадойлар, гугенотлар, дайди ва хизматкорлар бор эдики, улар ҳамма билан олишардилар. Шаҳарликлар ўғриларга, дайдиларга, хизматкорларга қарши қуролланишларди-ю, бироқ, кардинал ёки испанларга қарши ҳаргиз қўл кўтаришмасди. Мана шу сингиб кетган одатга кўра юқорида зикр этилган 1625 йил апрелининг биринчи душанбаси куни шаҳарликлар шовқин-суронни эшитган ҳолда герсог Ришелье[6 - Ришелье Арман Жандю Плесси – нуфузли герсог, машҳур француз давлат арбоби. 1622 йилда қиролнинг илтимоси билан Рим папасидан кардинал (католик черковининг энг катта амалдори) унвонини олган ва 1624 йилда қудратли министр бўлган. Ришельенинг асосий вазифаси қирол ҳокимиятини кучайтириш, мамлакатнинг феодал тарқоқлигини ва қадимий феодаллик имтиёзларини йўқотишдан иборат эди.] мулозимларининг уқали либосларини, сариқ, қизил белгиларини кўрмасдан «Озод тегирмончи» меҳмонхонаси томон югуриб қолдилар.
Фақат ўша ердагина тўс-тўполоннинг сабаби аён бўлди.
Ёш йигит… Унинг хомаки тасвирини чизиб беришга ҳаракат қилайлик: ўн саккиз ёшдаги дон Кихотни, совут ва яроғ-аслаҳасиз, кўк ранги қизғиш ва мовийлар ўртасидаги бир тусга кирган камзуллик дон Кихотни кўз олдингизга келтиринг. Чўзинчоқ буғдойранг юз, туртиб чиққан ёноқлар – муғомбирлик нишонаси; жағ мушакларининг ҳаддан ортиқ чайирлиги, ҳатто, берети бўлмаганда ҳам гасконлик[7 - Гаскон – Франциянинг жанубидаги область (вилоят). Гаскон зодагонлари одатда қирол гвардиясида хизмат қилишган.] эканини дарров билдириб қўювчи яққол белги, ёш йигит эса пат мисол нарса билан безатилган берет кийиб олган эди: нигоҳи самимий ва оқил. Бурни қирғий, аммо нозик қуйилган, бўйи ўспирин учун ортиқ даражада баланд, балоғат ёшидаги эркак киши учун кам. Мабодо яёв юрса эгасининг оёқларига уриладиган, отга минса ёлини тўзғитадиган қайишга осиғлиқ узун қиличи бўлмаганда тажрибасиз одам уни сафарга чиққан ферма эгасининг ўғли, деб ўйлаши мумкин эди.
Зеро, йигитчамизнинг оти бўлиб, яна шунақанги аломат хилидан эдики, у ҳамманинг назарига тушдиқўйди. Бу ўн икки, ҳатто, ўн тўрт ёшлар чамасидаги бақайлари шишиб кетган, думи туллаган, сарғиш малла тусдаги беарн[8 - Беарн – Франциянинг жанубидаги, Пиреней тоғлари этагидаги область (вилоят).] ахта оти эди. Бу от бошини тиззаларидан ҳам қуйироққа солинтириб, шу билан эгасини сувлуқ тортиш ташвишидан қутқариб йўртса-да, ҳарҳолда, кунига саккиз ле[9 - Ле – узунлик ўлчови.] масофани босиб ўтишга қодир эди. Бахтга қарши, отнинг бу хусусиятлари унинг бесўнақай кўриниши-ю ғаройиб ранги билан тўсилиб қолган, ҳамма синчи бўлган ўша йилларда юқорида зикр қилинган отнинг чорак соат илгари Божанси дарвозасидан кириб, Менг шаҳрида зоҳир бўлиши шу қадар нохуш таассурот қолдирдики, ҳатто, суворийнинг ўзига ҳам доғ тушириб қўйди.
Буни ҳис қилиш ёш д’Артаньянга (янги Россинантда ўтирган янги дон Кихотнинг номи шундай эди) у ўзи қанча яхши суворий бўлмасин, бундай отда у нечоғлик кулгили кўринишга мажбурлигини ўз-ўзидан яшириб ҳам ўтирмаганлиги учун янада кучлироқ алам қиларди. Бу армуғонни ота-д’Артаньяндан қабул қилар чоғида у ўзини тиёлмай оғир энтикиб қўйгани бежиз эмас эди. Бундай отнинг баҳоси кўп деганда йигирма ливр бўлишини у биларди. Бироқ, армуғонга илова қилинган сўзларнинг бебаҳолигини инкор этиб бўлмас.
– Ўғлим! – Генрих IV[10 - Генрих IV Бурбон – француз қироли (1589-1610). Тахтга ўтиришидан илгари гугенотлар йўлбошчиси бўлган. Кейинчалик сиёсий мулоҳазалар билан католизмга оғиб кетган. 1598 йилда у Нонт эдикт (фармон) нашр қилган, унга биноан гугенотларга эътиқод эрки билан бирмунча сиёсий мустақиллик берилган.] сўнгги кунларигача унутолмаган ўша соф беарн талаффузида сўзлаганди гаскон дворяни. – Ўғлим, бу от ўн уч йил муқаддам отангизнинг уйида ёруғ дунёни кўрди ва шу йиллар давомида садоқат билан хизмат қилиб келдики, бу сизни унга нисбатан риояли қилиши керак. Уни ҳеч бир шароитда сота кўрманг, унга иззат-ҳурматда бўлинг ва қариликда тинчгина ўлишига имкон беринг. Борди-ю унда сафарга отлангудай бўлсангиз, кекса хизматкорни аягандай унга шафқат қилинг. Саройда, – давом этди ота-д’Артаньян, – мабодо у ерда қабул этилганингиз тақдирда, дарвоқе, бу ҳуқуқни сизга насабингизнинг қадимийлиги беради, ўзингиз ва яқин кишиларингиз ҳақи, ота-боболарингиз беш юз йиллар давомида шараф билан аталиб келган дворян номингизнинг номусини сақланг. Яқин кишиларингиз, деб мен сизнинг қариндош-уруғларингиз ва дўстларингизни назарда тутяпман. Қирол ва кардиналдан бўлак ҳеч кимсага итоат этманг. Фақат жасорат билан – эшитяпсизми, ёлғиз жасорат билан бизнинг кунда дворян ўзига йўл солиши мумкин. Кимда-ким бир зумгина бўшашиб қолса, толеи айни шу дақиқада инъом этган фурсатни бой бериб қўйиши мумкин. Сиз ёшсиз ҳамда икки сабабга кўра жасур бўлишга мажбурсиз: авваламбор, сиз гасконлик, иккиламчи менинг ўғлимсиз. Тасодифлардан чўчиманг, саргузашт овлайверинг. Мен қилич тутишни ўрганишингизга имкон яратиб бердим. Сизнинг болдирларингиз метиндек, чангалингиз пўлатдек. Бўлар-бўлмас баҳона билан жангга кираверинг, мубораза[11 - Мубораза – яккама-якка олишув.] қилинг, устига-устак муборазалар ҳозир тақиқланган ва бинобарин, мубораза қилиш учун икки баробар мардроқ бўлиш зарур. Мен сизга бор-йўғи ўн беш экю пул, от ва ҳозиргина ўзингиз эшитган насиҳатларни бериб юборишим мумкин, ўғлим. Онангиз буларга лўлидан олган қандайдир малҳамнинг қўлланмасини қўшади, бу малҳам мўъжизакор кучга эга ва кўнгил дардларидан бўлак ҳар қанақа жароҳатни тузатади. Шу нарсаларнинг ҳаммасидан баҳра олиб, узоқ ва бахтли умр кўринг… Энди яна бир нарсани қўшимча қилишим: яъни, сизга тимсол кўрсатишим қолди – ўзимнимас, зеро, мен сира саройда бўлмаганман, эътиқод учун бўлган урушлардагина кўнгилли бўлиб иштирок этганман. Мен бир вақтлар қўшним бўлган жаноб де Тревилни назарда тутяпман. Болалигида у қиролимиз Людовик Ўн Учинчи[12 - Людовик XIII – француз қироли (1610-1643). У ўзининг биринчи министри кардинал Ришельенинг батамом таъсирида бўлган.] билан – илоё уни худо асрасин – ўйнаш шарафига ноил бўлган. Ўйинлар жанжалга айланган пайтлар бўлган, бу урушларда эса ҳар доим ҳам қирол устун келавермаган. Ўзи еган муштлар қиролда жаноб де Тревилга нисбатан дўстона туйғулар ва катта ҳурмат уйғотган. Кейинчалик, Парижга қилган сафари пайти жаноб де Тревиль бошқа шахслар билан беш марта, раҳматлик қирол вафотидан кейин ёш қирол балоғатга етгунча – етти марта, ўша балоғат ёшидан ҳанузгача эса, урушюришларни ҳисобламаганда, юз мартача уришган!
Ҳозир эса унинг олий фармон, буйруқ ва қарорларни юз-хотир қилмасдан мушкетёрлар[13 - Мушкетёрлар – Франция гвардиясининг энг имтиёзли отрядларидан бири.]га, яъни кардинал ҳайиқадиган ҳамда қирол жуда қадрлайдиган сезар легионига капитанлиги бежиз эмас. У анча-мунча нарсадан қўрқмайди, бу ҳаммага маълум. Бундан ташқари, у йилига ўн минг экю маош олади. Бинобарин, у жуда катта амалдор. У худди сиздек бошлаган. Унинг ҳузурига мана шу мактуб билан боринг, ундан ибрат олинг, худди унингдек ҳаракат қилинг.
Шу сўзлардан кейин ота-д’Артаньян жаноблари ўзининг шахсий қиличини ўғлига топширди, унинг иккала юзидан меҳрибонлик билан ўпди-да, оқ фотиҳа берди.
Отасининг хонасидан чиқа туриб, йигит юқорида келтирилган насиҳатларга кўра, келгусида тез-тез ишлатиш эҳтимоли бўлган ғаройиб малҳам қўлланмаси билан ўзига мунтазир турган онасини кўрди. Бу ерда видолашув юмшоқроқ бўлиб, анча чўзилди, негаки, жаноб д’Артаньян эркак киши эди, ўзининг яккаю ягона фарзанди бўлмиш ўғлини ёмон кўрмаса ҳамки, эркак киши учун ўз ҳисларига эрк беришни макруҳ ҳисоблаган бўлур эди, ҳолбуки, д’Артаньян хоним аёл ва она эди. У зор-зор йиғлади ва кичик – жаноб д’Артаньяннинг шаънига, тан олиш керакки, у ўзини бўлғуси мушкетёрга муносиб тарзда тутишга нечоғлик уринмасин, ҳис-туйғулари устун келди-ю, кўп кўз-ёши тўкди, ҳали булар ҳам зўр машаққат билан ярмини яширишга муваффақ бўлгани эди.
Ўша куниёқ йигит биз айтиб ўтган ўн беш экю пул, от ва жаноб де Тревилга мактубдан иборат учала ота армуғонлари билан йўлга отланди. Насиҳатлар ҳисоб эмас, албатта.
Шу зайл хайр-маъзур қилгач, унинг тасвирини қоралаб беришни ҳикоячилик бурчи биздан талаб этганда, жуда ўринли қиёс қилганимиздек, д’Артаньян ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан Сервантес қаҳрамонига айнан ўхшаб қолган эди. Дон Кихотга шамол тегирмонлари улкан паҳлавонлар, қўйлар суруви эса бутун бошли армия бўлиб туюлган эди. Д’Артаньян ҳар табассумни таҳқир, ҳар нигоҳни эса беодоблик деб қабул қиларди. Шунинг учун Тарбдан Менггача у муштумини очмасдан кунига кам деганда ўн марта қиличининг сопига ёпишди. Ҳар қалай, унинг мушти ҳеч кимнинг чакагини ёрмади, қилич эса қинини тарк этмади. Рост, бадбахт йўрғанинг кўриниши бир неча марта йўловчиларнинг мийиғида кулиб қўйишларига сабаб бўлди, бироқ, отнинг биқинига анча салобатли қилич урилиб тургани, юқорироқда эса ориятдан кўра кўпроқ ғазабдан порлаган кўзлар чақнаб тургани учун йўловчилар кулгиларини босар, борди-ю хушчақчақлик эҳтиёткорликдан зўр келса, қадимий ниқоблар сингари юзларининг ярми билангина илжайишга ҳаракат қилишарди. Д’Артаньян шу тарзда қоматининг маҳобати ва бор жиззакилигини сақлаган ҳолда машъум Менг шаҳрига етиб олди.
Аммо, у ерда, «Озод тегирмончи» дарвозасининг нақ тагида мусофир узангисидан тутиб тургувчи хўжайин, хизматкор ёки отбоқарларнинг ёрдамисиз отдан туша туриб, иккинчи қаватдаги очиқ деразага – новча ва басавлат дворянга д’Артаньяннинг кўзи тушиб қолди. Нохуш ва такаббур чеҳрали бу дворян ўзини илтифот билан тинглаётган ҳамроҳларига алланималар деяётгандай кўринди.
Д’Артаньян одатига кўра шу замон гапни ўзи тўғрисида деб гумон қилди-да, қулоғига зўр берди. Бу гал у янглишмаган ёки фақат қисман хато қилган эди: гап унинг тўғрисида эмас, оти ҳақида борарди. Афтидан, нотаниш киши унинг ҳамма фазилатларини бир-бир санар, юқорида зикр этганимиздек, тингловчилари унга жуда илтифотли муносабатда бўлганлари сабабли унинг ҳар бир сўзидан шарақлаб кулишарди. Ҳатто, енгил табассум ҳам қаҳрамонимизнинг жаҳлини чиқариш учун кифоя қилиниши назарга олиб, шўхликнинг бундай қизғин ифодаси унга қандай ботганини тасаввур қилиш осон.
Д’Артаньян аввало уни хўрлашни раво кўрган сурбетнинг башарасини тузукроқ кўриб қўйишни ихтиёр этди. У мағрур нигоҳини нотаниш кишига қадаб, ўткир қора кўзли рангпар юзли, бурни йирик, қора мўйловлари жуда ҳафсала билан текисланган қирқ ёшлардаги одамни кўрди. Эгнидаги сафар камзулиштоннинг боғичлари ҳам шу рангда, орасидан кўйлаги кўриниб турган, одатдагича ўйилган тешиклардан бўлак безаги йўқ. Иштон ҳам, камзул ҳам яп-янги, лекин сандиқда кўп туриб қолган нарсалар сингари жуда аҳволга келиб қолган. буларнинг ҳаммасини д’Артаньян, эҳтимол, яна бу киши ҳаётида анча-мунча роль ўйнашини унга шипшиб турган туйғуга бўйсуниб, ўткир кузатувчининг назари билан бир зумда илғаб олди.
Шундай қилиб, худди д’Артаньян сафсар камзуллик кишига тикилган пайтда у беарн тойчасининг шаънига ўзининг энг нозик, маъноли фикрларидан бирини қотди. Унинг тингловчилари хахолаб кулиб юборишди, сўзлаётган кишининг юзига ҳам ошкора ярашмай нурсиз табассумга ўхшаш нарса маълум бўлди. Бу дафъа шубҳага ўрин қолмаган: д’Артаньян чинакамига ҳақорат этилган эди.
Буни тўла-тўкис тушунгач, у беретини бостириброқ кийди ҳамда Гасконда аслзода сайёҳларида кўрган сарой қилиқларига тақлид қилишга уриниб, бир қўли билан қиличининг сопини тутди, бошқасини белига тираб, олдинга чиқди. Бахтга қарши лаҳза сайин унинг ғазаби ошар ва пировардида ўзи, мағрур ва кибрли ибораларга чулғамоқ ниятида бўлган даъво ўрнига, у жон-жаҳди билан имо-ишора қилиб, бир-икки оғиз дағал сўз айта олди, холос.
– Ҳой, тақсир! – қичқирди у. – Сиз! Ҳа, ўша дарчанинг орқасига беркинаётган сиз! Илтифот қилиб, нимадан кулаётганингизни айтсангиз, бирга кулишардик!
Аслзода мусофир шошмасдан нигоҳини отдан суворийга кўчирди. Бундай ғаройиб таъналар ўзига қарата айтилганини у дафъатан тушунмаган кўринарди. Гумонларга ўрин қолмагандан кейин, унинг қошлари хиёл чимирилди ҳамда анча давомли сукутдан сўнг у истеҳзо ва такаббурликка тўлиб-тошган бир оҳангда жавоб берди:
– Мен сиз билан гаплашаётганим йўқ, муҳтарам афандим.
– Аммо, мен сиз билан гаплашаётирман! – хитоб қилди бетамизлик ва назокат, илтифот ва нафратнинг бу омухтасидан ғазаби қайнаган йигит.
Нотаниш киши яна бир неча лаҳза кўзини узмай д’Артаньянга тикилиб турди, кейин эса деразадан узоқлашиб, меҳмонхонанинг эшигидан аста-секин чиқиб келди-да, йигитдан икки одим нарида, унинг оти рўпарасида тўхтади. Унинг хотиржамлиги ва юзидаги истеҳзоли ифода ҳамон дераза олдида турган суҳбатдошларининг хурсандчилигини янаям ошириб юборди.
У яқинлашиб келаётган вақтда д’Артаньян қиличини ғилофидан роса бир футга чиқариб қўйди.
– Бу отнинг ранги ростданам сап-сариқми ёки бир вақтлар шунақа бўлганми, – гасконлик йигитнинг ўзи билан улфатлари ўртасида турганига қарамасдан, дераза ортида қолган тингловчиларига юзланган ҳолда, гўё д’Артаньяннинг тажанглигини пайқамагандай давом этди нотаниш киши. – Ўсимликлар оламида ғоят кенг тарқалган бу ранг ҳалига довур отларда кам қайд этилган.
– Эгасидан кулишга журъат этолмаган одам отидан кулади! – қаҳру ғазаб билан хитоб қилди де Тревилнинг тақлидчиси.
– Мен кам куламан, тақсир, – деди нотаниш киши. – Сиз буни юзимнинг ифодасидан кўришингиз мумкин эди. Бироқ, мен хоҳлаганимда кулиш ҳуқуқини ўзимда қолдиришга умидворман.
– Мен бўлсам, – хитоб қилди д’Артаньян, – ўзим хоҳламаганда кулишингизга йўл қўймайман!
– Ростдан-а, тақсир? – янаям хотиржам оҳангда қайта сўради нотаниш киши. – Хўш, нима қипти, жуда тўғри.
У пошналарида орқасига бурилиб, д’Артаньян кўриб улгурган эгарлоғлиқ от турган меҳмонхона дарвозасига қараб юриб кетди.
Бироқ, д’Артаньян ўзини таҳқирлашга журъат этган одамни қўйиб юборадиган хилидан эмас эди. У қиличини қинидан бутунлай суғуриб олди-да:
– Ўгирилинг, ўгирилсангиз-чи, тақсир, сизни орқангиздан уриб қўймай тағин, – дея қичқириб, дилозорининг орқасидан отилди.
– Мени уриб? – пошналарида кескин ўгирилиб ва йигитга таажжуб ҳамда худди шундай нафрат билан тикилиб хитоб қилди нотаниш киши. – Сизга нима бўлди, сизга нима бўлди, азизим, сиз ақлдан озган бўлсангиз керак!
Шу заҳоти у паст товушда ўз-ўзи билан сўзлашаётгандай қўшиб қўйди:
– Аттанг! Мушкетёрлар сафини тўлдираман, деб жасур кишиларни қидирмаган жойи қолмаган ҳазрат олийлари учун қандай топилма-я…
У ҳали гапини тугатмасидан д’Артаньян шундай шиддатли ҳамла қилдики, нотаниш киши дарров сакраб чап бермаганда бу ҳазил ҳаётида энг сўнггиси бўлиб қолармиди. Нотаниш киши ҳангома жиддий тусга кираётганини фаҳмлаб, қиличини чиқарди ва рақибига таъзим қилиб, чинакамига ҳимояга шайланди. Худди шу пайтда унинг иккала шериги саройбон билан биргаликда таёқ, белкурак, оташкураклар билан қуролланган ҳолда д’Артаньянга ташланишди. Бу ногаҳон ҳужум олишувнинг оқимини кескин ўзгартириб юборди-ю, д’Артаньян ёғилаётган калтаклар ёмғирига кўксини қалқон қилиш учун тескари ўгирилганда унинг рақиби аввалгидек бамайлихотир қиличини ғилофига қайтариб солиб қўйди. Боягина ўзи иштирокчи бўлиб қолаёзган жанжалда у энди томошабинга айланди ва бу ролни ҳам ўзига хос вазминлик билан уддалади.
– Бу гасконликлар қуриб кетсин! – ҳарҳолда тўнғиллаб қўйди у. – Уни шу жийрон отига ўтқизиб қўйинглар, даф бўлсин.
– Сени жонингни олганимдан кейин, номард! – учала рақибига қараган кўйи ҳамон дўлдек ёғилаётган зарбаларни қўлидан келганча қайтара туриб, қичқирди д’Артаньян.
– Гасконча чираниш! – тўнғиллади нотаниш киши. – Виждон ҳақи онт ичаманки, бу гасконликларни тузатишнинг иложи йўқ. Қани, ўзи хоҳлагандан кейин боплаб таъзирини беринг. Жонидан ўтса, ўзи айтар.
Бироқ, нотаниш киши қандай қайсарга йўлиққанини ҳали билмасди. Д’Артаньян раҳм-шафқат сўрайдиганлардан эмасди. Шунинг учун олишув яна бир неча зум давом этди. Аммо, ниҳоят гасконлик йигит ҳолдан тойиб, таёқ зарбидан иккига бўлинган қиличини қўлидан чиқариб юборди. Навбатдаги зарба унинг манглайини ёрди-да, у қонга беланиб, ҳушидан кетай-кетай деб қулаб тушди.
Худди шу пайтда можаро жойига халойиқ чопиб келганди. Хўжайин ортиқча гап-сўзлардан чўчиб, хизматкорлари кўмагида ярадорни ошхонага олиб кетгандан кейин ўша ерда унга ёрдам кўрсатган бўлишди.
Бу орада нотаниш киши дераза ёнидаги жойига қайтиб ўзининг иштироки билан, афтидан, ғоят ғашига тегаётган оломонга ошкора нохушлик билан қараб-қараб қўярди.
– Хўш, у телбанинг аҳволи қалай? – очилган эшикнинг товушига оъгирилиб, ўзидан хабар олгани келган харобот[14 - Харобот – қовоқхона, майхона.] эгасига юзланиб сўради у.
– Жаноб олийлари соғ-саломатми, зиён-заҳмат етмадими? – сўради саройбон.
– Соппа-соғман, қимматли хўжайин. Бироқ, мен йигитчамизнинг аҳволини билмоқчи эдим.
– Аҳволи тузук, – жавоб берди соҳиб. – У тамом ҳушидан кетди.
– Ростданми? – такрор сўради нотаниш киши.
– Аммо, унгача у бор кучини йиғиб, сизни чақирди, сўкинди, рози қилишингизни талаб қилди.
– Бу шайтоннинг ўзи-ку! – хитоб қилди нотаниш киши.
– Йўғ-э, жаноб олийлари, – лабларини нафратомуз ишшайтириб эътироз қилди соҳиб. – Биз беҳушлигида уни тинтиб чиқдик. Унинг бўғчасида атиги битта кўйлаги-у, ҳамёнида – ўн бир экю пул бор экан, холос. Аммо, шунга қарамай, ҳушидан кета туриб, нуқул бу ҳодиса Парижда бўлганда борми, сиз турган жойингизда пушаймон бўлишингизни, энди эса кейинроқ афсус қилишингизни ҳадеб такрорлайверди.
– Унда уст-бошини ўзгартирган қароқчи бўлса керак-да, – совуққина деди нотаниш киши.
– Мен ҳазир бўлинг, сизни огоҳлантириб қўйишни лозим топдим, жаноб олийлари, – гап қистирди хўжайин.
– Жаҳл устида у ҳеч кимнинг номини айтиб қўймадими?
– Бўлмасам-чи, айтди-да! У чўнтакларига уриб-уриб: «Кўрамиз, шафелигидаги одамни хўрлашганидан хабар топса, жаноб де Тревиль нима деркин», деб такрорлади.
– Жаноб де Тревиль? – ҳушёр тортиб сўзлади нотаниш киши. – Чўнтакларига уриб-уриб, жаноб де Тревилнинг номини тилга олди денг?.. Хўш, қалай, муҳтарам хўжайин? Йигитчамиз беҳуш ётганда ўша чўнтакчани ҳам кўриб қўйиш хотирангиздан кўтарилмагандир. Унда нима бор экан?
– Мушкетёрлар капитани жаноб де Тревилнинг номига ёзилган мактуб.
– Шундай денг?
– Худди мен жаноб олийларини бохабар қилганимдек.
Унчалик зийрак бўлмаган хўжайин шу сўзлардан кейин нотаниш кишининг юзида пайдо бўлган ифодани пайқамади. Шу пайтга қадар кесакисига суяниб турган деразадан нарига кетиб, ташвишланиб қовоғини солди у.
– Шайтон! – деди у ижирғаниб. – Наҳот Тревиль бу гасконлик йигитни ёнимга юборган бўлса? У ахир жуда ёш-ку! Аммо, ёши нечада бўлмасин, қасд қилган кишининг қилич зарбаси – бу қилич зарбаси-да. Бола эса менга унча хавф солаётгани йўқ. Пайти келганда арзимаган ишкал улуғ мақсадга етишга ғов бўлиши мумкин.
Нотаниш киши бир неча дақиқа ўйга чўмиб қолди.
– Қулоқ солинг, соҳиб! – охири деди у. – Шу телбадан мени халос қилишни бўйнинггизга ололмайсизми? Уни ўлдиришга виждоним қўймаяпти, аслида эса… – унинг юзида қаҳрли совуқ ифода пайдо бўлди, – аслида у менга халал беряпти. У қаерда ҳозир?
– Хотинимнинг хонасида, иккинчи қаватда. Унинг ярасини боғлашяпти.
– Анжомлари ва ён халтаси ўзи биланми? Камзулини ечгани йўқми?
– Камзулиям, ён халтасиям пастда, ошхонада қолди. Энди бу ёш девона сизга халал бераётган экан…
– Халал беряпти, албатта меҳмонхонангизда дуруст одамларнинг тинчини бузиб, тўполон қиляпти… Боринг-да, менга ҳисобни тайёрлаб, хизматкоримни огоҳлантириб қўйинг.
– Ие? Жаноб олийлари бизни ташлаб кетяптиларми ҳали?
– Бу сизга аввал ҳам маълум эди. Мен отимни эгарлаб қўйишни буюриб эдим-ку. Буйруғим бажарилмадими ҳали?
– Бажарилди. Жаноб олийларининг ўзлари кўриб, ишонч ҳосил қилишлари мумкин – от эгарланган, дарвозанинг ёнида турибди.
– Яхши, ундай бўлса, айтганларимни қилинг.
«Ана холос! – ўйлади хўжайин, – У боладан қўрққан бўлмасин тағин?»
Бироқ, нотаниш кишининг нуфузли нигоҳи унинг фикр оқимини таққа тўхтатди. У ялтоқланиб таъзим қилди-да, чиқиб кетди.
«Бу муттаҳам миледини кўриб қолмаса бўлгани, – хаёл сурарди нотаниш киши. – У тез орада ўтиб кетиши керак. У ҳаяллаб ҳам қолди. Яхшиси, мен отда унинг истиқболига юрақолай… Қани энди де Тревилга ёзилган ўша мактубда нималар ёзилганини билолсам!..»
Нотаниш киши ўзича алланималарни шивирлаб, ошхонага йўл олди.
Бу орада харобот эгаси ёш йигитнинг шу ердалиги нотаниш кишини мусофирхонани тарк этишга мажбур қилгани хусусида ҳеч гумон қилмасдан хотинининг хонасига чиқди. Д’Артаньян ўзини анча ўнглаб олган эди. Кибор мансабдор билан – нотаниш кишининг киборлигига харобот эгаси шубҳаланмасди – жанжал қўзғагани учун полиция аралашуви мумкинлигини шама қилиб, хўжайин д’Артаньянни, дармонсизлигига қарамай, ўрнидан туриб, йўлга отланишга ундамоқчи бўларди. Д’Артаньян ҳалиям ярим гангиган, камзулсиз бошига сочиқ боғланган ҳолда қўзғалди ва хўжайин томонидан аста-аста туртилиб, зинапоядан туша бошлади. Аммо, ошхона бўзағасидан ҳатлаб ўтгач, деразага ногоҳ қараганда кўзига чалинган биринчи киши катта-катта қўш норманд отлари қўшилган ёпиқ фаетоннинг зинасида туриб, аллаким билан бемалол сўзлашаётган ўзининг дилозори бўлди.
Унинг файтон деразаси ромидан боши кўриниб турган суҳбатдоши йигирма-йигирма икки ёшлардаги ёш жувон эди. Биз д’Артаньяннинг инсон юзи хусусиятларини қандай тез кўра билишини зикр этиб ўтгандик. У хонимнинг ёшлиги ва соҳибжамоллигини кўрди. Бу ҳусн д’Артаньян шу маҳалгача ўзи яшаб келган жанубий Франция учун мутлақо хос бўлмагани билан уни кўпроқ таажжублантирди. У узун зулфлари елкасигача тушган, дудоқлари қирмизи, қўллари бўрдай оппоқ, сарғиш сочли, мовий хумор кўзли рангпар аёл эди. У алланималар ҳақида нотаниш киши билан жонланиб суҳбатлашарди.
– Хуллас, падари бузрукворнинг менга амр қилганлари… – деярди хоним.
– … дарҳол Англияга қайтасиз ва, башарти, герсог Лондонни тарк этса, у ердан ошиғич хабар юборасиз.
– Қолган фармойишлар-чи?
– Уларни Ламаншнинг нариги томонида, мана бу қутичани очиб, ичидан топасиз.
– Жуда соз. Хўш, сиз-чи, нима қилмоқчисиз?
– Мен Парижга қайтиб кетяпман.
– Бу қўрс боланинг адабини бермасдан-а?
Нотаниш киши жавоб бермоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди ҳамки, бутун суҳбатни эшитиб олган д’Артаньян бўсағада пайдо бўлди.
– Ўша қўрс боланинг ўзи кимни бўлса адабини бериб қўяди! – хитоб қилди у. – Умид қиламанки, у адабини бермоқчи бўлган кимса, бу гал ундан беркинмайди.
– Бекинмайди? – қошларини чимириб, қайта сўради нотаниш киши.
– Хотинимнинг кўз ўнгида қочишга юрагингиз бетламас, деб ўйлайман?
– Хотирга олинг, – нотаниш киши қилич сопига ёпишганини кўриб, қичқирди миледи, – сал пайсалга солсангиз, ҳаммаси барбод бўлиш мумкинлигини хотирга олинг!
– Сиз ҳақсиз, – шошиб гапирди нотаниш киши. – Ўз йўлингиздан боринг. Мен ўзимникидан кетаман.
Хонимга таъзим қилиб, у сакраб эгарга минди, файтоннинг кучери эса отларнинг устига кетма-кет қамчи босди. Нотаниш киши ва унинг суҳбатдоши қарамақарши томонларга елдек учиб кетдилар.
– Ҳисоб-чи, ҳисобни ким қилади? – Унинг ҳисобкитоб қилмасдан узоқлашаётганини кўрган заҳоти меҳмонга илтифоти чуқур нафратга айланиб, бўкириб юборди хўжайин.
– Тўлаб қўй, ялқов! – деб суворий отини тўхтатмасдан хизматкорига қичқирди, униси харобот эгасининг оёқлари остига бир-иккита кумуш танга улоқтирди-да, соҳибининг кетидан от қўйди.
– Номард! Аблаҳ! Қаллоб дворян! – ўз навбатида хизматкор кетидан қувиб қичқирди д’Артаньян.
Бироқ, йигит бундай ҳаяжонга дош бериш учун ҳали жуда заиф эди. У ўн қадам ҳам чопиб ўтмасидан қулоқлари шанғиллаб, боши айланиб кетди, кўзларини қонли булут қоплади, ҳамон:
– Номард! Номард! Номард! – дея қичқирганича кўчанинг ўртасига гуп этиб йиқилди.
– Ростданам хасис номард экан! – д’Артаньянга яқинлашиб ҳамда масалда қарқара шиллиқ қуртга панд берганидек, хушомад билан бояқишнинг кўнглини овлаб, уни алдашга ҳаракат қилиб гапга тушди хўжайин.
– Ҳа, манфур номард, – шивирлади д’Артаньян. – Аммо униси қандай гўзал-а!
– Ким униси? – сўради харобот эгаси.
– Миледи, – шивирлади д’Артаньян ва иккинчи бор ҳушидан кетди.
– На чора, – деди хўжайин. – Иккитасини бой бериб қўйдим. Аммо, буниси бир-икки кун шу ерда қолиб кетади, деб ишонсам бўлади. Ишқилиб, ўн бир экю ишлаб қоламан-ку.
Бизнинг хабаримиз бор – д’Артаньяннинг ҳамёнида қолган бор бисоти ўн бир экю эди.
Харобот эгаси меҳмонини кунига бир экюдан тўлаб, ўн бир кун бетоб ётади, деб мўлжаллаганди, бироқ, у ўз меҳмонини билмас экан. Эртасига д’Артаньян тонг саҳарда туриб, ўзи ошхонага тушди ва тўла рўйхати бизгача етиб келмаган баъзи бир дориворлар, яна бундан ташқари, вино, мой, розмарин топиб беришларини сўради ҳамда онаси берган қўлланмани қўлида ушлаб туриб, малҳам тайёрлади-да, ёнига бирор табибни йўлатмасдан уни беҳисоб жароҳатларига суриб, қайта боғлаб олди. Д’Артаньяннинг ўша куниёқ кечқурун оёққа тургани ва келгуси куни аллақачон буткул соғайиб кетгани малҳамнинг шифобахш хусусиятларидан ёки, эҳтимол, табибнинг аралашмаганидан бўлса, ажаб эмас.
Аммо, саман тойчанинг нафси бўйига яраша мўлжалдан, хўжайиннинг даъвосича, уч ҳисса ёмон чиққан бўлса-да, ўзи ўта қатъий парҳез сақлаб, шу куни тановул қилган бирдан-бир нарсалар – розмарин, мой ва вино учун ҳисоб-китоб қилар пайтида йигит чўнтагидан ичидаги ўн бир экюси билан ишқаланиб кетган бахмал ҳамёнини топди, холос. Жаноб де Тревилга ёзилган мактуб йўқолган эди.
Мактубни йигит дастлаб жуда синчиклаб, астойдил излади. Иштон ва камзулининг чўнтакларини йигирма мартача ағдариб, ён халтасини қайта-қайта пайпаслаб кўрди. Аммо мактубнинг йўқолганига тамом ишонч ҳосил қилгач, унинг чунон жаҳли чиқдики, сал бўлмаса, вино-ю, хушбўй мойга яна эҳтиёж туғилаёзди, зеро, ёш меҳмоннинг мактубини топиб беришмаса, дўконни остин-устун қилиб ташлайман деб таҳдид солиб, тутақиб кетганини кўриб, хўжайин – тўқмоқ, хотини – супурги, қароллар эса икки кун муқаддам ишга солган таёқларининг худди ўзи билан қуролланиб олдилар.
– Мактуб, тавсиянома билан мактуб? – қичқирарди д’Артаньян. – Мактубимни топиб беринглар, минг лаънат! Ёки ҳаммангизни какликдай сихга санчиб қўяман!
Бахтга қарши пўписасини амалга оширишда йигитга бир нарса монелик қиларди. Биз баён қилганимиздек, унинг қиличи биринчи олишувда иккига бўлиниб кетган, буни у мутлақ унутаёзган эди. Шу важдан у қиличини суғуриб кўрганда харобот эгаси учидан шпиглайдиган нина[15 - Шпиглайдиган нина – гўштнинг ора-орасига чўчқа ёғи тиқиш учун ишлатиладиган нина.] ясаш ниятида уни ўзига қолдириб, ғилофга яхшилаб тиқиб қўйган бир-икки дюйм узунликдаги чўлтоқ нарса билан қуролланиб қолди.
Башарти хўжайиннинг ўзи меҳмоннинг талаби тўғри, деган хулосага келмаганда бу ҳол жўшқин йигитимизни тўхтатолмасди, эҳтимол.
– Ростдан ҳам, – деди у тўқмоғини тушириб, – мактуб қаёққа йўқолди экан?
– Ҳа, мактуб қани ахир? – қичқирди д’Артаньян. – Аввало, сизни огоҳлантириб қўяй: мактуб жаноб де Тревилга ёзилган, у топилиши шарт. Мабодо топилмаса, жаноб де Тревиль уни топишга мажбур этади, гапимга ишонинг.
Бу пўписа хўжайинни бутунлай чўчитиб юборди. Қирол ва жаноб кардиналдан сўнг жаноб де Тревилнинг номини нафақат ҳарбийлар, балки шаҳарликлар ҳам энг кўп тилга олишган, дейиш мумкин. Тўғри, яна «Жозеф ота»[16 - Жозеф ота – Жозеф дю Трамбле (1577 йилда туғилган). «Жозеф ота» ёки «бўз кардинал» номи билан танилган. Энг махфий ишлари бўйича кардинал Ришельенинг ишончли кишиси бўлган. Шуҳратпараст, уддабурон, жоҳил Жозеф ота ҳеч қандай расмий мансаби бўлмагани ҳолда катта обрў ва ҳокимиятга эга бўлган.] бор эди, аммо унинг номи шивирлашдан ўзгача тилга олинмасди: кардинал Ришельенинг дўсти «бўз маҳлуқ» олдидаги даҳшат шу қадар кучли эди.
Тўқмоқни четга улоқтириб ва хотинига супургини, хизматкорига эса таёқларни ташлашни ишора билан буюриб, харобот эгасининг ўзи яхши ибрат кўрсатди ҳамда мактубни қидириш билан машғул бўлди.
– Бу мактубга бирор қимматбаҳо нарса солинганмиди? – беҳуда изланишлардан кейин сўради у.
– Бўлмаса-чи! – хитоб қилди саройга ўзи учун шу мактуб йўл очишига ишонган йигит. – Менинг бор мулким ўшанда эди.
– Испан бонларими? – хавотирланиб суриштирди хўжайин.
– Ҳазрат олийларининг шахсий хазинасидан пул олиб берадиган бонлар, – деб д’Артаньян мактуб ёрдами билан қирол хизматига киришни ният қилгани учун ёлғон-яшиқсиз бу анча қалтис жавобни беришга ўзини ҳақли деб билди.
– Жин урсин! – тамом каловланиб хитоб қилди харобот эгаси.
– Аммо, муҳими бу эмас, – гасконликларга хос лоф билан давом этди д’Артаньян, – муҳими бу эмас, пул арзимас нарса. Мактубнинг ўзи – алоҳида аҳамиятга эга нарса. Мактубдан маҳрум бўлгандан кўра, минг пистолни йўқотишни афзал кўрардим.
Худди шу тазрда у «йигирма минг» ҳам деб юбориши мумкин эди, аммо йигитлик ҳаёси тийиб қолди.
Тўсатдан ҳамма хоналарни беҳуда тинтиб юрган хўжайиннинг миясида ялт этиб нур чақнагандай бўлди.
– Мактуб асло йўқолмаган! – деди у.
– Нима? – қичқириб юборди д’Артаньян.
– Йўқ. У сиздан ўғирланган.
– Аммо, ким ўғирлаган?
– Кечаги нотаниш дворян. У ошхонага, сизнинг камзулингиз турган ерга тушиб эди. У ерда ёлғиз қолиб эди. Гаров бойлашаман, бу ўшанинг қилмиши.
– Шунақа денг! – иккиланиб гапирди д’Артаньян.
Ахир мактубнинг фақат ўзи учун аҳамияти борлиги унга бошқалардан кўра яхшироқ маълум бўлиб, бирор кимсанинг унга кўзи ўтиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмасди. Мусофирхонадаги қўноқларнинг ҳеч бири, хизматкорларнинг ҳеч бири ундан наф кўра олмаслиги шак-шубҳасиз эди.
– Демак, сиз ўша сурбет дворяндан гумон қиляпман, дедингизми, – яна сўради д’Артаньян.
– Бунга ишончим комил деяпман-ку, сизга, – тасдиқлади хўжайин. – Мен унга, муҳтарам афандимга жаноб де Тревиль шафе эканлар, ҳатто, унда шавкатли аслзодага мактуб ҳам бор деганимда, у очиқдан-очиқ безовта бўлиб, ўша мактуб қаердалигини сўради ва шу заҳоти ошхонага тушиб кетди, камзулингиз ўша ерда ётгани унга маълум эди.
– Унда ўғри – ўша! – хитоб қилди д’Артаньян. – Мен жаноб де Тревилга арз қиламан, жаноб де Тревиль эса қиролга айтиб қўяди!
Сўнгра салобат билан чўнтагидан икки экю чиқариб, уни дарвозагача қалпоғини ечиб кузатиб чиққан хўжайинга узатди. Шу жойда йигит ўзининг сариқ-малла отига сакраб минди-ю, Париж шаҳрининг Сент Антуан дарвозасигача бесаргузашт етиб олди. У ерда д’Артаньян отини уч экюга – саёҳатнинг ниҳоясигача эгаси роса ҳолдан кеткизганини ҳисобга олганда, анча дуруст нархга сотиб юборди. Шу важдан д’Артаньян олибсотарга отни юқорида кўрсатилган пулга бой берганида, у бу қулоқ эшитмаган нархга фақат отнинг ғаройиб тусига учиб, кўнганини ёш йигитга шама қилиб қолди.
Шу зайл д’Артаньян бўғчасини қўлтиқлаб, Парижга яёв қадам қўйди ва ўзининг озроқ маблағига яраша хонани ижарага олиш насиб қилмагунча кўча-кўйларда тентираб юрди.
Бўнагини тўлаб, д’Артаньян дарҳол ўз хонасига кўчиб кирди ва кун қайтгунча иш билан машғул бўлди: онаси ота-д’Артаньян жанобларининг ҳали яп-янги камзулидан сўтиб, яширинча ўғлига берган уқаларни иштон ва камзулларига қадади. Сўнгра Темир Лом соҳилига бориб, қиличини янги тиғ қилиш учун бериб келди. Шундан кейин у Лувргача[17 - Лувр – Париждаги қирол саройи.] юриб борди-да, биринчи дуч келган мушкетёрдан жаноб де Тревилнинг уйи қаердалигини суриштириб, билиб олди. Бу уй Эски Каптархона кўчасида, д’Артаньян томонидан муваффақиятнинг нишонаси деб таъбир қилинган жиҳати, у қўнган жойнинг яқингинасида экан.
Сўнгра у ўзининг Менгдаги хатти-ҳаракатидан мамнун ҳолда ўтмишдан ўкинмасдан, ҳозирги кунидан кўнгли тўқ бўлиб, келажагидан умидларга тўлиб-тошиб, қаттиқ уйқуга кетди.
Асл вилоят кишиси сифатида у эрталаб соат тўққизгача ухлади, кейин ўрнидан туриб, ота-д’Артаньян жанобларининг наздида, қиролликда учинчи шахс бўлмиш шавкатли жаноб де Тревилнинг ҳузурига йўл олди.

II
Жаноб де Тревилнинг қабулхонаси
Гаскондаги уруғ-авмоқлари ҳанузгача аталиб келаётган ном – жаноб де Труавил ёки у Парижга бориб ўзини пировардида атай бошлаганидек – де Тревиль ўз йўлини ҳақиқатан ҳам худди д’Артаньяндек, яъни чўнтагида бирор су пулсиз, аммо зийраклик, ҳозиржавоблик, шижоатнинг ўша энг камбағал гаскон дворянчасининг ҳам кўпинча ота орзуларининг энг дадилларини рўёбга чиқаришга, мерос имкониятларга таянган энг бадавлат перигор ва берри дворянларидан кўпроқ нарсаларга эришиб келишига имкон бергувчи хазинаси билан бошлаган. Унинг қўрс мардлиги, янада қўрс омадлилиги қилич зарбалари дўлдай ёғилаётган бир пайтда уни сарой мартабаси деб аталмиш, ўзи уч поғона оша ҳатлаган зинапоянинг энг юқори чўққисига чиқариб қўйди.
У ўз отаси Генрих IV нинг хотирасини чуқур ҳурматлаши ҳаммага маълум бўлган қиролнинг дўсти эди. Жаноб де Тревилнинг отаси Лигага қарши урушларда унга бирам садоқат билан хизмат қилган эдики, нақд пулнинг камлигидан – қарзларини ўзида сероб бўлган бирдан-бир нарса – ҳазил-мутойибалар билан узиб юрган у беарнлик киши умр бўйи нақд пулга зориқиб ўтган – айтиб ўтганимиздек, нақд пулнинг камчилигидан Париж олингандан сўнг унга ўз гербига топпон устига осилган шер билан фиделис ит фортис[18 - Содиқ ва кучли (лот.).] деган девизини қўшиб олишга қирол ижозат берган. Бу катта шараф, лекин кам даромад эди. Ажал соати етгач, улуғ Генрихнинг шонли сафдоши ўғлига мерос қилиб, қиличи билан девизини қолдирди, холос. Шу мерос ҳамда доғ тушмаган номи туфайли жаноб де Тревиль ёш шаҳзода саройида қабул қилиниб, у ерда ўз қиличи билан шу қадар мардона хизмат қилдики, азалий девизига шунчалик содиқ қолдики, қиролликнинг энг яхши қиличбозларидан бўлмиш Людовик XIII, одатда, борди-ю, дўстларимдан битта-яримтаси мубораза қилмоқчи бўлиб қолса, ҳакамликка дастлаб ўзимни, кейин – де Тревилни мукаллаф этишни, ҳатто, эҳтимол, уни аъло кўришни маслаҳат берардим, дерди.
Людовик XIII де Тревилга чинакам меҳр қўйган, рост, бу қиролча, худбин меҳр бўлса-да, ҳарҳолда, меҳр эди. Гап шундаки, бу мушкул вақтларда юқори мартабали кишилар ўзларини, умуман, де Тревиль тахлит кишилар билан ўраб олишга уринардилар. Де Тревиллар гербидаги ёзувнинг иккинчи қисми – «кучли» сўзини ўз девизи деб ҳисоблай оладиганлар кўплаб топилиши мумкин эди-ю, аммо дворянлардан камданками бу ёзувнинг биринчи қисмини ташкил этган «содиқ» ташбеҳига даъво қила оларди. Тревиль бу ҳуқуққа эга бўлган. У зеҳни ўткир, чангали маҳкам, ўша содиқ итлардай бемулоҳаза, кўр-кўрона итоат қиладиган ноёб кишиларнинг бири эди. Кўзлари – қирол бирор кимсадан жаҳли чиққан-чиқмаганини пайқаб олмоқ, қўллари эса гуноҳкорни – бирор Бема ёки Мореверними, Полтроними, де Мере ёки Витриними жазосини бермоқ учун унга хизмат қиларди. Шу дамгача ўзини кўрсатиш учун фақат баҳона бўлмаган, аммо кези келганда, ўша баҳонанинг гирибонидан дарҳол тутиш учун у пайт пойлаб юрарди. Генрих III нинг ординар соқчилари, Людовик XI нинг шотланд гвардияси қандай роль ўйнаган бўлса, худди шундай аҳамиятга молик ўз мушкетёрларига Людовик XIII капитан қилиб, де Тревилни бежиз тайинламаган эди.
Кардинал бу жиҳатдан қиролга ён бермасди. Людовик XIII ўзини мумтоз кишиларнинг қандай ҳайбатли сафи билан ўраб олганини кўриб, Франциянинг бу иккинчи ёки, тўғрироғи, биринчи ҳукмдори ҳам ўз гвардиясига эга бўлишни ихтиёр қилиб қолди. Шунинг учун Людовик XIII нинг ўз мушкетёрлари бўлганидек, у ҳам ўзиникига эга бўлган ва бу икки рақиб-ҳукмдорларнинг барча Франция вилоятларидан, ҳатто, чет эл давлатларидан ўзининг жанговар қаҳрамонликлари билан донг чиқарган кишиларни териб олишларини кузатиш мумкин бўлган. Кўпинча оқшомлари Ришелье ва Людовик XIII шахмат партияси устида ўз жангчиларининг фазилатлари борасида баҳслашиб ҳам қолардилар. Уларнинг ҳар бири ўзиникининг хушқадлиги, ботирлигидан керилар ва оғзида тўқнашув ва муборазаларни қоралаб, зимдан ўз шахсий соқчиларини тўқнашувларга ундарди. Мушкетёрларининг ғалабаси ёки мағлубияти уларга чексиз қувонч бахш этар ёки чинакам қайғуга соларди. Шу ғалабаларнинг кўпига ва баъзи мағлубиятларга иштирокчи бўлган киши ўз мемуарларида лоақал шундай тасвирлаган.
Тревиль ўз ҳукмдорининг бўш жойини билиб олди ва бунинг учун дўстликда субутсизлиги билан донг чиқарган қиролнинг узлуксиз илтифотидан миннатдор бўлмоғи лозим эди. Кардинал Арман дю Плесси Ришельенинг олдидан мушкетёрларини парад марши билан ўтказган кезларда унинг такаббур сиёҳи бузрукворнинг оппоқ мўйловларини диккайтириб юборарди. Ё душманлари ҳисобига, ё ватандошлари ҳисобига кун кўришга тўғри келган ўша замон уруш санъатини у ипидан игнасигача биларди; унинг аскарлари ёлғиз ўзига итоат қиладиган бебош зўравонларнинг легионини ташкил этганди.
Қиролнинг ёки, тўғрироғи, жаноб де Тревилнинг сармаст, тирналган, пала-партиш кийинган мушкетёрлари қовоқхоналарда, кўнгилочар жойларда мўйловларини бураб, қиличларини пеша қилиб, бақириб-чақириб юришарди, йўлларида дуч келган кардинал шахсий соқчиларининг жиғига тегиб ҳузур қилишарди. Кейин минг қайта пичинглар билан қиличлар қинидан чиқариларди. Уларни ўлдиришган ва улар мотам тутиб, ўзлари учун қасос олишларига комил ишонч билан йиқилган ҳоллар ҳам бўлган, кўпинча эса қамоқхонада чириб кетишга йўл қўймасликларидан кўнгиллари тўқ ҳолда уларнинг ўзлари ўлдиришарди: жаноб де Тревиль уларни халос қилади-да. Бу кишилар ўзлари жон-лили билан севган жаноб де Тревилни ҳар кўйга солиб, кўкларга кўтаришарди, ҳаммаси жуда довюрак бўлса-да, унинг ҳузурида талабалар устози олдида тургандек безиллаб туришарди, унинг биринчи каломига бўйсунишар ва заррача дашномини ўзларидан соқит қилиш учун жон беришга тайёр эдилар.
Жаноб де Тревиль бу қудратли воситадан, даставвал, қирол ва унинг тарафдорлари манфаати учун, сўнгроқ, ўзи ва дўсту биродарлари манфаати учун фойдаланди. Дарвоқе душманлари ҳам – улар эса қалам соҳиблари сингари қилич соҳиблари орасида ҳам талайгина бўлган – ҳатто, душманлари ҳам бу ўктам кишини содиқ аскарлари кўрсатган ёрдам эвазига бирор ришва олган, деб айблагани ўша даврнинг ҳеч бир мемуаридан аён эмас. Фитна қилиш қобилияти пихини ёрган фитначилардан кам бўлмагани ҳолда у ҳалол кишилигича қолганди. Яна силла қуритадиган сафарлардан, ҳарбий ҳаётнинг ҳамма машаққатларидан қатъи назар, у қизиқ саргузаштларнинг ўта кетган ишқибози, ўрни келганда, олифтагарчилик қилиб, латиф мадригал[19 - Мадригал – мақтов тарзида ёзилган мўъжаз лирик шеър.] ҳам айта биладиган ғоят назокатли аёллар жазмани бўлган. Йигирма йил илгари Бассомпер[20 - Бассомпер Француа (1579-1646) – Франция маршали ва дипломати. Ришельега қарши саров фитнасида қатнашган ва муваффақиятсизликка учрагандан кейин қудратли кардинал буйруғи билан 12 йил қамоқда бўлган.]нинг кўнгил ишлари тўғрисида қанча бўлса, унинг аёлларни мағлуб қилгани ҳақида ҳам худди шунча миш-мишлар юрардики – бунинг анча-мунча маъноси бўлган. Мушкетёрлар капитани одамларни мафтун қилар, уларнинг қўрқув ва муҳаббатини қўзғатарди – бошқача қилиб айтганда, бахт ва омаднинг чўққисига етган эди.
Людовик XIV ўз саройининг барча майда-чуйда буржларини оламтоб кўрки билан тўсиб, ютиб юборди, ваҳоланки, отаси плурибус импар[21 - Кўпларнинг тенги бўлмаган (лот.).] қуёш арзандаларининг ҳар бирига, муқаррибларининг ҳар бирига ўз-ўзича порлашга имкон берган. Қирол ва кардиналнинг эрталабки қабулидан ташқари яна алоҳида диққатга сазовор икки юздан зиёд «эрталабки қабул»лар бўлиб турган. Шулар қаторида де Тревилнинг эрталабки қабули томошабинларнинг энг кўп сонини жалб қилиб келарди.
Эски Каптархона кўчасида жойлашган унинг данғиллама иморатининг ҳовлиси саҳарданоқ – ёзда соат олтидан, қишда саккиздан – қароргоҳга ўхшаб қоларди. Эллик ёки олтмиш чоғли мушкетёр, одам сонини бирдай ваҳимали сақлаш учун, аҳён-аҳёнда алмашиниб бўлса керак, ҳамиша тиш-тирноғигача қуролланган, ҳар нарсага шай ҳолда ҳовлида юргани-юрган эди. Ўрнида замонавий қурувчи бемалол бутун бошли уй қурса-қургудай кенг зинапоядан бирор марҳаматдан умидвор толиблар, мушкетёрликка қабул қилинишни ҳавас қилиб, вилоятлардан келган дворянлар, ўз хўжайинларидан номалар келтирган ранг-баранг зарбоф либос кийган мулозимлар чиқиб, тушиб турардилар. Қабулхонадаги деворлар бўйлаб қўйилган узун-узун курсиларда мумтоз яъни, соҳиб томонидан мукаллаф бўлган кишилар ўтирардилар. Эртадан то кечгача қабулхонада шовқин-сурон тинмасди, бу орада де Тревиль қўшни хонадаги кабинетида меҳмон қабул қилар, арзлар тинглар, фармойишлар берар ва деразага яқинлашиб, қирол Луврдаги ровонида тургандек, ўз кишилари ва қурол-аслаҳасига кўрик ўтказарди.
Д’Артаньян бу ерга дастлаб келган куни тўпланганлар давраси, хусусан, вилоят кишиси кўзига ғоят салобатли кўринди. Рост, бу вилоят кишиси юртдошлари у маҳаллар бирор нимадан хижолат қилиш мушкул одамлар сифатида донг чиқарган гаскондан эди. Келганлар узун-узун мурабба қолпоқли михлар қоқилган каттакон дарвозадан ўтгандан кейин қуролланган кишилар тўпига қўшилиб кетардилар. Бу одамлар ҳали ўйин, ҳали жанжал бошлаб, бир-бирларини чақиришиб, ҳовлида айланиб юрардилар. Бу мавж ураётган тирик пўртанани ичидан ёриб ўтиш учун ё офицер, ё мансабдор ёки хушрўйгина аёл бўлиш лозим эди.
Йигитимиз юраги ҳаприқиб, меъёрдан узун қиличини ориқ оёқларига босган, кенг соябонли шляпасининг четларидан қўлини узмаган ҳолда вилоят кишисининг ўз хижолатини босиш ҳаракатидаги ғарибона табассуми билан илжайиб, бу тиқилинч тўполонда йўл солиб борарди. У ёки бу гуруҳдан ўтиб олгач, у хийла енгил тортиб нафас олар, аммо ҳозир бўлганлар унинг кетидан ўгирилиб қараётганларини яққол ҳис қиларди ва ўз шахси тўғрисида анча дуруст фикрда юрган д’Артаньян умрида биринчи бор ўз-ўзига бесунақай ва кулгили кўринарди.
Зинапоянинг олдигинасида вазият яна оғирлашди. Пастки поғоналарда тўрт нафар мушкетёр шўх ўйин эрмак қилишмоқда, бу орада уларнинг ҳовли саҳнида тўдаланишиб турган ўн ё йигирма чоғли улфатлари ўйинда иштирок этиш учун ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Тўртовидан бири бошқалардан бир поғона юқорида туриб, қиличини яланғочлаганча учаласини зинадан чиқишга қўймас ёки қўймасликка ҳаракат қиларди. Бу учовлари қиличларини моҳирлик билан ўйнатиб, унга ҳамла қилишарди.
Д’Артаньян дастлаб бу қиличларни учлари ниқобланган машқ рапиралари деб ўйлади. Лекин, ҳадемай, ўйин иштирокчилари юзларининг баъзи жойлари тилинганидан, тиғлари жуда ҳафсала билан қайралиб, ўткирланганини тушунди. Ҳар гал янги тирналганда томошабинлар тугул жабрланганларнинг ўзлари ҳам қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборишарди.
Бу дақиқада юқори поғонани эгаллаб турган мушкетёр қойил қилиб, ўз рақибларини даф этарди. Уларнинг атрофида бир талай одам йиғилиб қолди. Ўйин шартлари шундан иборат эдики, биринчи гал тирналгандаёқ ярадор ўйиндан чиқиб, унинг навбати ғолибга ўтар эди. Ҳаш-паш дегунча беш дақиқа ўтар-ўтмас, бирининг қўли, иккинчисининг ияги, учинчисининг қулоғи тирналиб, уч киши шикастланди-ю, лекин зина мудофаачисига бирон марта тиғ тегмади. Шартларга кўра, бундай чаққонлик уч навбат сурилиш билан тақдирланарди.
Ёш сайёҳимизни ҳайрон қилиш ёки, тўғрироғи, уни ўзини таажжубланганга солишга мажбур этиш нечоғлик мушкул бўлса-да, ўйин уни ҳайратда қолдирган эди. Унинг ватанида, бўлар-бўлмасга қон мияга урадиган ўша диёрда, муборазага чақириш учун қандай бўлмасин, ҳар қалай, бирор важ талаб этиларди. Тўрт ўйинчининг томошаси унга, ҳатто, Гасконнинг ўзида ҳам қачондир ўзи эшитган-билганларининг энг ғаройиби бўлиб туюлди. Унга ўзи Гулливер бориб қолиб, қанча ваҳшатларни бошидан кечирган улкан паҳлавонларнинг ғалати мамлакатига тушиб қолгандай кўриниб кетди. Аслида эса мақсад олис: ҳали зина супаси билан қабулхона турарди.
Супада энди уришишмас – у ерда аёллар тўғрисида, қабулхонада эса – қирол саройи тўғрисида ғийбат қилишарди. Майдончада д’Артаньян қизариб кетди, қабулхонада титрай бошлади. Гасконда ёшгина оқсоч қизлар, гоҳида эса уларнинг ёш бекалари учун ҳам хавфли қилгувчи унинг жонли, дадил тасаввури ҳеч қачон, ҳатто, иситмадан аланглаб ётганда ҳам ҳозир бу ерда суҳбатга мавзу бўлаётган ва бир-бир санаб ўтилаётган сирли тафсилотлар-у, машҳур номлардан алоҳида кескинлик касб этаётган ишқий нашидаларнинг ярмини, севги йўлидаги қаҳрамонликларнинг, ҳатто, чорагини ҳам тасвир этолмасди. Бироқ, майдончада унинг иффатига нуқс теккан бўлса, қабулхонада кардиналга бўлган ҳурмати зил кетди. Бу ерда д’Артаньян бутун Европани ларзага келтираётган сиёсатни танқид қилишаётганини ўта таажжуб билан эшитди; кардиналнинг шахсий ҳаёти ҳам унга суқилишга заррача уриниш учун, д’Артаньяннинг билишича, қанчадан-қанча қудратли кибор мансабдорлар жабр кўрган бўлса-да, бу ерда маломатга қолаётган эди. Ота-д’Артаньян жаноблари роса чуқур ҳурмат қилган шу улуғ киши бу ерда жаноб де Тревилнинг мушкетёрларига калака бўлмоқда эди. Бир хиллари унинг маймоқ оёғлари билан букир елкаларини мазах қилишарди; баъзан бировлари унинг маъшуқаси мадам д’Егилён билан унинг жияни де Комбале хоним ҳақида қўшиқлар куйлашарди; бошқалари эса шу ернинг ўзида кардиналнинг ғуломлари ва шахсий соқчиларини кулги қилишга келишиб олардилар – д’Артаньянга буларнинг ҳаммаси ақл бовар қилмас ёввойи нарсалар бўлиб туюларди.
Лекин, кардиналга аталган бу аччиқ, ҳажвияларга ногаҳон қиролнинг номи ўралашиб қолса, гўё аллакимнинг кўринмас қўли бу заҳарханда лабларни бир зумга юмиб қўярди. Суҳбатлашаётганлар товушлари девордан ўтиб, жаноб де Тревилнинг кабинетига етишидан чўчиётгандай хижолатли аланглашарди. Аммо, деярли шу заҳоти, гап орасида ташланган ишора суҳбатни яна падари-бузрукворга ўтказар, товушлар яна баланд янграр ҳамда улуғ кардиналнинг бирор қилиғи сояда қолиб кетмасди.
«Бу кишиларнинг ҳаммасини муқаррар Бастилияга қамаб, осиб ташлашади, – даҳшат ичида ўйларди д’Артаньян. – Мени ҳам уларга қўшиб олиб кетишади: уларнинг гапларига қулоқ солганимдан, эшитганимдан кейин мени уларга шерик деб ҳисоблашади. Кардинални ҳурмат қилишни тинмай уқтириб келган отам-чи, бунақа шаккокларнинг даврасида турганимдан хабар топса, нималар деяркин!»
Тушуниш қийин эмаски, д’Артаньян шу важдан суҳбатга аралашишга ботинолмай турарди. Лекин, у ўзининг бешала сезгисига зўр бериб, кўзларини бақрайтириб қарар, бирор гапни қочирмаслик ғамида иштиёқ билан тингларди. Ота насиҳатларига ҳурматидан қатъи назар, у ўз майли ва таъбига эргашиб, атрофида юз бераётган нарсаларни қоралашдан кўра, маъқуллашга мойилроқ эди.
Бироқ, де Тревиль мухлисларининг бу тўдасида у мутлақо бегона эканини эътиборга олиб, ташриф мақсадини билиш учун унинг ёнига келдилар. Д’Артаньян камтаринлик билан номини айтди ва ўзининг жаноб де Тревиль юртдоши эканини баҳона қилиб, савол билан ёнига келган мулозимга бир-икки дақиқа вақтини дариғ тутмаслигини жаноб де Тревилдан илтимос қилишни топширди. Мулозим илтимосни ўз вақтида етказишга нуфузли оҳангда ваъда берди.
Дастлабки хижолатдан бир оз ўнгланиб олган д’Артаньян энди бекорчиликда атрофдагиларнинг устбошларини ва юзларини дурустроқ кўздан кечириши мумкин эди.
Энг гавжум гуруҳлардан бири ўртасида ғаройиб либоси умумий диққатни жалб этаётган такаббур юзли, бўйчан мушкетёр турарди. Унинг эгнида у пайтлар – камроқ эрк-у кўпроқ мустақиллик пайтлари – кийилиши шарт ҳисобланмаган формали уст-бош эмас, балки анча ўнгиб, эскириб қолган камзул бўлиб, унинг устидаги кўркам зар тасма пешинги қуёш шуълаларининг сув сатҳидаги жилвасидай ялтирарди. Каттакон қилич осиғлиқ кўз қамаштирувчи тасмани фақат олд томонидан кўришга имкон бериб турган алвон бахмалдан тикилган узун ридо унинг елкаларидан нафис қуйилиб тушган эди. Бу мушкетёр боягина қоровулликдан бўшаган, тумовдан нолиб, жўрттага йўталиб-йўталиб қўярди. Бошқалар ва ҳаммадан кўпроқ д’Артаньян шовқин солиб, зар тасмани мақташаётганда у мўйловларини бураб-бураб, шу сабабдан ҳам ридо ташлаб олишга тўғри келганини бепарво тушунтирарди.
– На чора, – деярди мушкетёр, – бу расмга айланаяпти. Бу исрофгарчилик, ўзим ҳам биламан, аммо расм бўлиб қолди. Дарвоқе ота-онанинг пулини бирор нарсага ишлатиш керак-да.
– Оҳ, Портос, – хитоб қилди шу ердагилардан бири, – бу тасма ота саховатидан, деб бизни ишонтиришга уринма! Уни якшанба куни Сент-Оноре дарвозаси олдида сен билан учратганим, ҳижоб[22 - Ҳ и ж о б – нафис тўр.] ёпинган хоним сенга тортиқ қилган бўлмасин тағин?
– Йўқ, виждоним ҳақи қасам ичаман ва дворянлик сўзи билан айтаманки, мен уни ўз шахсий пулларимга харид қилдим, – жавоб берди Портос деб аталмиш киши.
– Ҳа, – сўз қотди мушкетёрларнинг бири, – мен мана бу янги ҳамёнимни қандай харид қилган бўлсам худди шундай олгансан-да: ўша маъшуқам эскисига солиб қўйган пулларнинг ўзгинасига.
– Йўқ, рост ахир, – эътироз билдирди Портос, – мен унга ўн икки пистол тўлаганимни тасдиқлаб беришим мумкин.
Мақтов хитоблари кучайиб кетди-ю, лекин гумон тарқамади.
– Тўғримасми, Арамис? – бошқа мушкетёрга юзланиб сўради Портос.
Бу мушкетёр унга Арамис деб мурожаат қилган кишининг тамоман акси эди. Бу соддадил ва чучмал чеҳрали, куз шафтолисидай майин тук билан қопланган қирмизи юзли, кўзлари қоп-қора, йигирма икки ёки йигирма уч ёшлардаги йигит эди. Ингичка мўйловлар бежирим тўғри чизиқ каби ўтиб, устки лабини яққол кўрсатарди. Томирлари бўртиб чиқишидан ҳадиксираб, қўлларини туширишдан ўзини тияётгандай туюларди. Нафис ранги ва тиниқлигини сақлаб қолиш учун у қулоқ солинчакларини гоҳ-гоҳ чимчилаб қўярди. У салмоқлаб, кам гапирар, тез-тез таъзим қилар, ўзининг бошидан оёғигача оро берганидай, афтидан, ҳафсала билан парвариш қилгувчи чиройли тишларини кўрсатиб, товушсиз куларди. У ўз дўстининг саволини маъқуллаб, бошини ирғаш билан жавоб қилди.
Бу таъкидлаш тасма борасидаги ҳамма гумонларга барҳам берди, шекилли, уни томоша қилавердилар, лекин у ҳақидаги гап-сўзлар тўхтатилди ва суҳбат кутилмаган руҳий жиҳатларга бўйсуниб, бошқа мавзуга ўтиб кетди.
– Жаноб де Шаленинг отбоқари ҳикоя қилаётган нарсалар тўғрисида сизлар қандай фикрдасиз? – алоҳида, ҳеч кимсага, лекин шу ердагиларнинг барчасига бир йўла мурожаат қилиб сўради бошқа бир мушкетёр.
– Хўш, у нималарни ҳикоя қиляпти? – салобат билан сўрарди Портос.
– У Брюсселда Рошфор билан, бу кардиналнинг энг содиқ хизматкори билан учрашиб қолганини ҳикоя қиляпти. Рошфор капутсин либосида эди ва шундай ниқобдан фойдаланиб, бу лаънати Рошфор жаноб де Легани бориб турган лавангдек лақиллатиб кетган.
– Бориб турган лавангдек, – такрорлади Портос. – Бироқ бу рост гапмикан?
– Мен бу ҳақда Арамисдан эшитдим, – маълум қилди мушкетёр.
– Чиндан-а?
– Ахир сизга бу жуда яхши маълум-ку, Портос, – деди Арамис. – Мен бу ҳақда сизга кеча ҳикоя қилгандим. Бунга қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
– «Қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» – хитоб қилди Портос. – Сиз шундай ўйлайсизми? «Қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» Азбаройи шифо, сиз қандай тез ҳал қиласиз-а!.. Қандай! Кардинал дворян кишини пойлайди, у сотқин, қароқчи, осилиши лозим одам ёрдамида унинг мактубларини ўғирлайди ва ҳамон ўша жосусдан фойдаланиб, шу мактублар асосида, гўё Шале қиролни ўлдириб, герсог Орлеанскийни қироличага уйлантирмоқчи бўлган, деган бемаъни баҳона билан Шалени қатл қилишга эришади! Ҳеч ким бу жумбоқнинг калитини тополмаётган эди. Сиз, ҳаммани мамнун қилиб, буни бизга кеча маълум қиласиз-да, биз ҳали, ҳатто, ҳушимизга келмасимиздан бугун: «Бунга қайтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ!» деб эълон қиласиз.
– Хўш, шунчалик хоҳласангиз, қайта қолайлик, – тоқат билан рози бўлди Арамис.
– Мен жаноб де Шаленинг отбоқари бўлганимда борми, – хитоб қилди Портос. – Бу Рошфорнинг адабини бериб қўярдим.
– «Қизил герсог» эса сизнинг адабингизни бериб қўярди, – деб қўйди Арамис хотиржамгина.
– «Қизил герсог…» жуда соз, жуда соз! «Қизил герсог!..» – чапак чалиб маъқуллаб, бошини сарак-сарак қилиб, қичқириб юборди Портос. – «Қизил герсог» – бу жуда зўр. Мен бу аскияни тарқатишга ҳаракат қиламан, хотиржам бўлинг. Зап аскиячи-да, бу Арамис!.. Ўз истеъдодингизга эргашолмаганингиз роса ачинарли-да, азизим! Сиздан қандай дилбар аббат[23 - Аббат – руҳоний.] чиққан бўларди-я!
– О, бу вақтинча хаёл, холос. – деб қўйди Арамис. – Бир кунмас бир кун мен, барибир, аббат бўламан. Шунга кўзим етиб, ақоидни ўрганишни давом эттираётганимни сиз биласиз-ку, ахир, Портос.
– У ниятига етади, – деди Портос. – Эртами-кечми, лекин, етади.
– Эрта денг, – жавоб берди Арамис.
– У фақат бир нарсани – жовонида мушкетёрлик либосининг орқасида осиғлиқ турган жуббани яна кийишни кутаяпти! – хитоб қилди мушкетёрларнинг бири.
– У нимани кутаяпти ўзи? – сўради бошқаси.
– Қиролича мамлакатга меросхўр ато қилишини.
– Жаноблар, бу хусусда ҳазил қилишнинг кераги йўқ, – деб қўйди Портос. – Қиролича, худога шукур, ҳали шундай ёшдаки, бу имкон хорижида эмас.
– Лорд Бэкингем[24 - Бэкингем Джордж Виллерс, лорд (1592-1628) – инглиз сиёсий арбоби, қироллардан Яков I ва Карл I арзандаси.] Францияда дейишади! – бу гўё беғараз сўзларга ғалати икки тус бергувчи қув кулги билан хитоб қилди Арамис.
– Арамис, дўстим, бу гал сиз ноҳақсиз, – унинг сўзини бўлди Портос, – аскияга майлингиз сизни маълум меъёрдан ошишга мажбур этяпти. Жаноб де Тревиль эшитиб қолгудай бўлса, бу хил сўзлар учун сизга яхши бўлмас.
– Менга ўргатмоқчимасмисиз, Портос? – юввош нигоҳида ногаҳон ўт чақнаб сўради Арамис.
– Дўстим, – жавоб берди Портос, – мушкетёр ё аббат бўлинг, лекин бир вақтнинг ўзида униси ҳам, буниси ҳам эмас. Эслаб кўринг, куни кеча Атос сизга: ҳамма ёғлиқ жойлардан тотиниб юрасиз, деб эди… Йўқ, йўқ, илтимос қиламан, жанжаллашмайлик. Бунинг ҳожати йўқ. Сиз, Атос ва менинг қилган аҳдимиз сизга яхши маълум-ку. Сиз ахир д’Егилён хонимникида бўлиб турасиз, унинг кўнглини овлайсиз, сиз де Шеврез хонимнинг холаваччаси де Буа Траси хонимникида ҳам бўласиз ва айтишларича, бу хонимнинг кўпданкўп илтифотидан баҳрамандсиз. О тангрим, бахтингизга иқрор бўлишингизнинг кераги йўқ, ҳеч ким сиздан тавба-тазарру қилишингизни талаб этаётгани йўқ – сизнинг сиполигингизни ким билмайди, дейсиз! Лекин, азбаройи шифо, модомики, жим юриш қобилиятига эга экансиз, гап ҳазрат олиялари ҳақида бораётганда, буни унутманг. Ким бўлса ҳам қирол ва кардинал хусусида нимани хоҳласа, вайсайверсин, лекин қиролича муқаддасдир, модомики, у тўғрисида гап очилган экан, фақат яхши сўзларни айтсинлар.
– Портос, сиз Нарсиссдай ўзбилармонсиз, буни билиб қўйинг, – деди Арамис. – Сизга маълум-ку, ахир, мен насиҳатларга тоқат қилолмайман, уларни ёлғиз Атосдан эшитишга тайёрман. Сизга келганда эса, азизим, сизнинг ўта дабдабали тасмангиз олижаноб туйғуларингизга нисбатан унчалик ишонч қўзғатмайди. Мабодо лозим топсам, аббат бўламан, ҳозирча мен мушкетёрман ва шу сифатда кўнглимга нимаики келса айтавераман. Ҳозир жонимга текканингизни айтгим келди.
– Арамис!
– Портос!
– Жаноблар! Жаноблар! – эшитилди ҳар томондан.
– Жаноб де Тревиль жаноб д’Артаньянга мунтазир! – кабинет эшигини ланг очиб, уларнинг гапини бўлди мулозим.
Бу сўзлар айтилаётган пайти кабинет эшиги очиқ қолган ва ҳамма бирдан жимиб кетган эди. Бу сукунат ўртасида ёш гасконлик йигит қабулхонани кесиб ўтди ва бу ғаройиб жанжалнинг хотимасига аралашиб қолишдан вақтида қутулганидан ич-ичидан қувониб, мушкетёрлар капитани ҳузурига кирди.

III
Қабул
Жаноб де Тревиль энг нохуш кайфиятда эди. Ҳар қалай, сал бўлмаса ергача эгилиб, қуюқ таъзим қилган ёш йигитни у тавозе билан қарши олди ва унинг сўзларини табассум билан тинглади. Йигитнинг беарнча талаффузи ёшлигини, туғилган диёрини – ҳар қандай ёшда ҳам инсонни қувонтира оладиган хотираларни унинг ёдига солди. Лекин, шу заҳоти қабулхона эшигига яқинлашиб, аввал бошқаларни бир ёқли қилиб, кейин эса у билан суҳбат бошлашга д’Артаньяндан рухсат сўрагандай маънода қўлини кўтариб, уч марта товушини гал сайин кучайтириб, шундай қичқирдики, унда оҳангларнинг буйруқдан ғазабгача бўлган бутун қатори янграб кетди:
– Атос! Партос! Арамис!
Биз танишиб улгурмаган охирги икки исмлар соҳиби бўлмиш мушкетёрлар дарҳол дўстларидан ажралиб, бўсағадан ўтиши билан уларнинг ортидан кабинетнинг эшиги ёпилди. Буткул хотиржам бўлмасаларда, уларнинг бир вақтнинг ўзида ҳам виқор, ҳам итоат билан туриб, ўзларини бемалол тутишлари бу кишиларни ярим худолар-у уларнинг сардорини гумбирлатиб чақмоқ чақишга шай даҳшатли Юпитер деб билаётган д’Артаньяннинг ҳавасини келтирди.
Иккала мушкетёр ичкари кириб, ортидан эшик ёпилгандан кейин, мушкетёрларнинг чақирилиши янги хўрак бўлган гап-сўзларнинг ғовур-ғувури яна кучайиб кетгандан сўнг, ниҳоят, жаноб де Тревиль қовоғини солиб, кўрикда сингари қаддини ростлаб, унсиз турган Портос ва Арамисларнинг ёнидан ўтиб, кабинетни уч ёки тўрт марта жимгина айланиб чиқди, сўнг қўққисдан уларнинг қаршисида тўхтади-да, мушкетёрларнинг бошидан оёғигача қаҳрли назар ташлаб, деди:
– Узоғи билан кеча кечқурун менга қирол нима дегани сизларга маълумми, жаноблар? Сизларга бу маълумми?
– Йўқ, – қисқа сукутдан сўнг жавоб қилдилар иккала мушкетёр. – Йўқ, тақсир, бизга ҳеч нарса маълум эмас.
– Лекин, бизларга илтифот кўрсатиб, маълум қиларсиз, деган умиддамиз, ғоят даражада тавозе билан илова қилди Арамис ва назокатли таъзим бажо келтирди.
– У менга мушкетёрларни келгусида жаноб кардинал гвардиячилардан танлаб олишини айтди.
– Жаноб кардиналнинг гвардиячиларидан? Бу қанақаси бўлди? – қичқириб юборди Портос.
– У, ўзининг нордон виносига яхши вино қўшиш эҳтиёжи туғилди, деган хулосага келди.
Иккала мушкетёр қулоқларигача қизариб кетишди. Д’Артаньян ўзини қаёққа уришни билмас, ер ёрилса кириб кетгудай ҳолатда эди.
– Ҳа, ҳа, тобора қизишиб давом этди жаноб де Тревиль, – Ҳазрат олийлари тамоман ҳақлар, зеро, виждоним ҳақи онт ичаманки, жаноб мушкетёрлар саройда хунук роль ўйнаётирлар! Кеча кечқурун жаноб кардинал шахмат ўйини устида менинг ғашимга тегадиган ҳамдард оҳангда, – бу лаънати мушкетёрлар, бу каллакесарлар, – деб ҳикоя қилишга тутинди, бу сўзларни у менга янаям кам манзур бўлган бошқача заҳархандалик билан талаффуз этди, – бу қассоблар, – менга ўзининг ёввойи мушукникига ўхшаган кўзлари билан қараб-қараб, қўшиб қўйди, – Феру кўчасидаги майхонада рухсат этилган соатдан кейин ҳам қолишибди. Унинг гвардиячилари, – у юзимга қараб, кулиб юборадигандай туюларди, – тун осойишталиги бузғунчиларини ушлашга мажбур бўлишган. Минг лаънат! Сизлар биласизми, бу нима деган гап! Мушкетёрларни ҳибсга олиш! Сизлар шу даврада бўлгансиз… ҳа, сизлар, тонмай қўя қолинг, сизларни таниб қолишган, кардинал номларингизни ҳам айтди. Гуноҳ мен-да, гуноҳ менинг ўзим-да, ахир одамларни ўзим танлаб оламан-да. Лоақал сизни олайлик, Арамис: сизга шунчалик жубба ярашаркан-у, нега мендан мушкетёрлик камзулини сўраб олдингиз? Хўш, сиз-чи, Портос… сизга бундай ажойиб олтин тасма похол қилич осиш учун керакдир. Атос бўлса… Мен Атосни кўрмаяпман. Қани у?
– Тақсир, – маъюс гапирди Арамис, – у бетоб, жуда бетоб.
– Бетоб? Жуда бетоб дедингизми? Унга нима бўпти?
– Чечакми, деб қўрқишяпти, тақсир, – ўзининг ҳам сўзини қистиришга интилиб деди Портос. – Ғоят қайғули воқеа: бу дард унинг юзини расво қилиши мумкин.
– Чечак?.. Ана, холос. Сиз ажабтовур ҳикоя айтаяпсиз-ку, Портос! Унинг шу ёшида чечак чиқса! Йўқ, йўқ!.. У яраланган бўлса керак… ёки ўлдирилган… Оҳ, кошки мен билолсам эди!.. Минг лаънат! Жаноб мушкетёрлар, одамларимнинг шубҳали жойларда санқиб юришларини, кўча-кўйларда жанжал чиқаришларини, қоронғи бурчакларда қилични ишга солишларини мен хоҳламайман! Хуллас, одамларимни жаноб кардиналнинг гвардиячиларига калака бўлишларини истамайман. Бу гвардиячилар тинч болалар, чаққон, одамшаванда. Улар ҳибсга олишга муносиб эмас, бундан ташқари, улар ўзларини қамоққа олдириб ўтирмасдилар. Бунга ишончим комил! Бирон қадам чекингандан кўра улар ўлимни раво кўрган бўлардилар. Жонини қутқариш, қочиш, жуфтакни ростлаш – булар қирол мушкетёрларининг қўлидан келади, холос!
Портос ва Арамис ғазаби қайнаб, титраб-қақшаб туришарди. Кўнглининг тубида фақат ўзларига нисбатан оташин муҳаббатгина уни шу йўсинда гапиришга мажбур этаётганини англаб етмаганларида жаноб де Тревилни улар бўғиб қўйишлари турган гап эди. Улар пошналарини гиламга уриб-уриб қўйишар, лабларини қонагунча тишлар ва жон-жаҳдлари билан қилич сопларини қисишарди.
Қабулхонада Атос, Портос ва Арамиснинг чақирилганини эшитишган ва жаноб де Тревилнинг товушидан унинг қаттиқ жаҳли чиққанини пайқашган эди. Синчковлик азобида қолган ўнлаб бошлар бирорта ҳам сўзни қочирмаслик ниятида эшикка ёпишган, тирқишга босилган қулоқлар бирор товушни оқизмайтомизмай эшитаётган бир пайтда юзлар қаҳру ғазабдан бўзарар, оғизлар эса капитаннинг ҳақоратли сўзларини шу ердагиларнинг ҳаммасига бирма-бир етказиб турарди. Бир зумда бутун уй, кабинет эшигидан то дарвозахонагача, қайнаётган қозонга айланиб кетди.
– Шундай денг! Қирол мушкетёрлари кардинал гвардиячиларига ўзларини ҳибсга олдириб ўтирса! – юрагининг тўрида ғазаби аскарлариникидай тошган жаноб де Тревиль сўзларни чертиб ва гўё қилич зарбидай тингловчиларининг кўксига санчиб-санчиб давом этарди. – Шунақами ҳали! Кардиналнинг олти гвардиячиси ҳазрат олийларининг олти мушкетёрини ҳибсга олса! Минг лаънат! Мен бир қарорга келдим. Шу ерданоқ Луврга жўнайман-да, бўшайман, қирол мушкетёрлари капитани унвонидан кечиб, кардинал гвардиячиларига лейтенант қилиб қўйишларини илтимос қиламан. Борди-ю, рад этишса, минг лаънат, аббат бўлиб оламан!
Шу сўзлардан сўнг девор ортидаги шовқин тўполонга айланиб кетди. Ҳар томондан лаънатлар ва сўкинишлар ёғила бошлади. «Минг лаънат!», «Худо-ю бор фаришталар!», «Ажал ва дўзах!» сингари хитоблар ҳавода муаллақ туриб қолди. Д’Артаньян кўзлари билан ўзи яширинса бўладиган бирор дарпарда қидирар ва енгиб бўлмас даражада столнинг остига кириб кетгиси келарди.
– Бўлмаса гап бундай, жаноб капитан! – ўзини тутолмай хитоб қилди Портос. – Биз ростдан ҳам олти кишига қарши олтита эдик, аммо бизга туйқусдан ҳужум қилишди, биз қиличларимизни яланғочлаб улгурмасдан иккитамиз шарт ўлдирилди, Атос эса чунон оғир яраландики, ўликлардан кам фарқ қиларди; у икки марта туришга уриниб, иккала сафар ҳам ерга қулаб тушаверди. Барибир, бўш келмадик. Йўқ! Бизни зўрлик билан судраб кетишди. Йўлда биз яшириниб қолдик. Атосга келганда, уни ўлик ҳисоблаб, овора бўлишга арзимайди, деб жанг майдонида тинч қолдириб кетишибди. Мана, иш қандай бўлган. Азбаройи шифо, капитан! Ҳар қандай жангда ҳам ютиб бўлавермайди. Улуғ Помпей Фарсал жангини, эшитишимча, унча-мунча донғи чиққан қирол Францик Биринчи эса Павиядаги жангни ютқазган.
– Мен ҳам маълум қилишга мушаррафманки, – деди Арамис, – ҳужум қилаётганларнинг бирини мен унинг ўз қиличи билан чопиб ташладим, чунки менинг қиличим биринчи ҳамладаёқ синиб кетди. Ўлдирдимми ёки чопиб ташладимми – сизга қай бири маъқул бўлса, шуниси, тақсир.
– Мен буни билмабман, – бир оз юмшаб гапирди жаноб де Тревиль, – назаримда, жаноб кардинал унчамунча оширган кўринади.
– Лекин, илтижо қиламан, тақсир, – де Тревилнинг юмшаганини кўргач, энди унга илтимос билан мурожаат этишга журъат қилиб давом этди Арамис, – илтижо қиламан, тақсир, ҳеч кимсага Атоснинг жароҳатланганини айтмасангиз. Бундан қирол хабар топгудай бўлса, унинг кўнгли хира бўлади. Лекин, жароҳат оғир бўлгани важҳидан тиғ кифтни тешиб, кўксига етган – қўрқиш мумкинми…
Шу дақиқа дарпарданинг чети кўтарилди ва бўсағада ўктам ва гўзал, лекин ҳаддан ташқари рангпар юзли мушкетёр кўринди.
– Атос! – қичқириб юборишди иккала мушкетёр…
– Атос! – уларнинг кетидан такрорлади де Тревиль.
– Сиз мени чақирибсиз, жаноб капитан, – жаноб де Тревилга юзланиб деди Атос. Унинг овози заиф, лекин, мутлақо хотиржам эшитиларди. – Дўстларимнинг маълум қилишларича, мени чақирибсиз, ҳузурингизга шошдим. Амрингизга мунтазирман, тақсир!
Шу сўзларни айтиб, уст-боши бежирим ва ҳамишагидай қадди расо мушкетёр шахдам одимлар билан кабинетга кирди. Жасоратнинг бундай намунасидан дил-дилидан таъсирланган де Тревиль унга отилди.
– Мен боягина бу жанобларга мушкетёрларимнинг жонини эҳтиёжсиз хавф остида қолдиришларини тақиқлайман, деб эдим, – деди де Тревиль. – Мард кишилар қиролга азиздир, мушкетёрларнинг эса ер юзидаги энг жасур кишилар экани қиролга маълум. Қўлингизни беринг, Атос!
Киргувчининг дўстона туйғуларнинг бу туғёнига жавоб қилишини кутиб ўтирмасдан де Тревиль Атоснинг ўнг қўлини тутди-да, ўзининг бор матонатига қарамай унинг оғриқдан сесканиб кетгани ва гарчанд, бу имкон хорижида туюлса-да, ранги янаям оқариб кетганини пайқамай, уни кучининг борича қисди.
Эшик қия очилганича қолган эди. Бу ишлар атрофидаги махфиятдан қатъи назар, жароҳати кўпчиликка ошкор бўлган Атоснинг пайдо бўлиши ҳаммани ҳайрон қолдирди. Капитаннинг сўнгги сўзлари мамнуният шовқини билан қарши олинган ва икки-уч калла завқи жўшиб, дарпарда орасидан суқилган эди. Де Тревиль, эҳтимол, одоб қоидасининг бундай бузилишини аччиқ танбеҳ билан жазолашни унутмасди, лекин қўққисдан Атоснинг қўли унинг қўлида талвасада қалтираб кетганини сезиб қолди ва нигоҳини мушкетёрга кўчириб, унинг ҳушидан кетай-кетай деб турганини кўрди. Айни шу дам оғриқни босиш учун бор кучини йиғиб, барибир, енгилган Атос полга жонсиздай қулаб тушди.
– Табиб! – қичқириб юборди де Тревиль. – Меникими ё қиролникими – энг яхшисини! Табиб, ёки, минг лаънат, менинг мард Атосим ўлиб қолади!
Де Тревилнинг овозига у ёпиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмаган эшикдан қабулхонада тўпланганларнинг ҳаммаси кабинетга ёпирилиб кирди. Ярадорга ҳамма парвона бўлиш билан овора. Лекин, табиб уйнинг ўзидан чиқиб қолмаган тақдирда барча уринишлар беҳуда кетарди. Оломонни итариб йўл очиб, у ҳамон беҳуш ётган Атосга яқинлашди ҳамда шовқин ва тўполон унга халал бераётгани сабабли беморни қўшни хонага ўтказишларини қатъий талаб этди. Жаноб де Тревиль шошиб эшикни очди-да, дўстларини қўлларида кўтариб бораётган Портос ва Арамисга йўл кўрсатгани кўйи ўзи олдинда юрди. Унинг кетидан табиб эргашди, табибдан кейин эшик ёпилди.
Шунда келувчиларни ҳамиша ҳаяжонга солиб келган жаноб де Тревилнинг кабинети қабулхона бўлимига айланиб қолди. Тўпланганлар маҳмадоналик қилишар, товушларини пасайтирмай вайсашар ва қўпол иборалардан ҳам тап тортмай кардинал билан унинг гвардиячиларини жинлар маконига жўнатар эдилар.
Хийла вақт ўтгач, Портос ва Арамис қайтиб чиқишди. Ярадорнинг олдида де Тревиль билан табиб қолишди, холос.
Ниҳоят, жаноб де Тревиль ҳам қайтди. Унинг сўзларига қараганда ярадор ҳушига келган эди. Табиб беморнинг аҳволи дўстларини хавотирга солмаслиги керак, чунки дармонсизликка кўп қон йўқотиш сабаб бўлган деб ҳисобларди.
Сўнгра жаноб де Тревилнинг қўл имоси билан, гасконликка хос бир сўзлик ила ўзига қабул тайинланганлигини унутмай жойида қолган д’Артаньяндан бўлак ҳамма чиқиб кетди.
Эшик ёпилгач, де Тревиль ўгирилди-да, ёш йигит билан юзма-юз тўқнашди. Рўй берган воқеалар унинг хаёллар риштасини узиб қўйган эди. У саботли зиёратчининг истаги нималигини суриштирди. Д’Артаньян де Тревилнинг хаёлида ҳам ўтмишни, ҳам ҳозирги кунларни бир йўла уйғотиб, ўзини танитди.
– Узр, муҳтарам юртдошим, – деди у табассум билан, – мен сизни мутлақ унутиб қўйибман. Иложим қанча: капитан – бу оила бошлиғининг худди ўзи, фақат оддий отадан кўра кўпроқ нарсаларга жавобгар. Аскарлар – бу ёши катта гўдаклар, лекин мен қиролнинг ва хусусан жаноб кардиналнинг фармойишларини бажарилишини талаб этганим сабабли…
Д’Артаньян табассумини яширолмади. Бу табассум жаноб де Тревилга қаршисидаги йигит ҳаргиз фаросатсиз эмаслигини кўрсатди-ю, у дарҳол ишга кўча қолди.
– Мен отангизни жуда севардим, – деди у. – Ўғлига қандай нафим тегаркин? Тезроқ гапиринг, вақтим тугай деб қолди.
– Тақсир, – деди д’Артаньян, – Тарбдан Парижга жўнаётганимда сиз унутмаган ўша дўстлик ҳурмати сиздан мушкетёрлик ридосини сўраб олишни умид қилган эдим. Лекин, шу икки соат мобайнида кўрган нарсаларимдан кейин бу марҳамат қандай улканлигини идрок этиб, унга арзимайманми, деб қўрқяпман.
– Ҳа, йигитча, бу ҳақиқатан ҳам марҳамат, – жавоб берди жаноб де Тревиль. – Лекин, сиз учун ўйлаганингиздек ёки ўйлаганга солаётганингиздек қўл етмас бўлмаса керак. Дарвоқе, ҳазрат олийларининг бир фармойиши бундай ҳолни назарда тутади ва таассуфки, сизга маълум қилишим лозимки, у ҳеч кимсани бир неча жангларда синалмагунча, бирор ёрқин қаҳрамонликлар кўрсатмагунча ёки бизникидан жўнроқ полкда икки йил хизмат ўтамагунча мушкетёрликка қабул қилмайди.
Д’Артаньян индамай таъзим қилди. Ниятига етиш нечоғлик мушкуллигини билганидан бери у мушкетёрлик либосини яна ҳам кучли қўмсай бошлади.
– Лекин, – ўз юртдошига, гўё унинг юрагига қўл солиб кўрмоқчидай, унга ўткир нигоҳини қадаб давом этди де Тревиль, – лекин, отангизга, сизга айтганимдек эски дўстимга бўлган ҳурматим туфайли сиз учун бирор нарса қиларман, йигитча. Бизнинг беарнлик йигитларимиз камдан-кам бадавлат бўлишади, мен қадрдон ўлкани ташлаб кетганимдан бери аҳвол кўп ўзгармагандир, деб ўйлайман. Олиб келган пулларингиз кун кечиришга етиши маҳолдир.
Д’Артаньян бутун қиёфаси билан ҳеч кимдан садақа сўрамаётганини кўрсатиб, мағрур қад ростлади.
– Бас, бас, йигитча, – давом этди де Тревиль, – менга бу қилиқлар таниш. Мен Парижга чўнтагимда тўрт экю пул билан келганман ва менга Луврни сотиб олишга қурби етмайди, дейишга журъат этолган ҳар кимсани муборазага чақиришим турган гап эди.
Д’Артаньян бошини баландроқ кўтарди. Отни сотиш шарофати билан у ўз мартабасини дастлабки пайтлар де Тревил эга бўлганидан тўрт экю кўпроқ пул билан бошламоқда эди.
– Демак, – давом этди капитан, – келтирган маблағингизни, у қанчалик кўп бўлмасин, сақлаб қўйишингиз лозим. Лекин, яна қурол тутиш санъатини такомиллаштиришингиз лозим – бу дворян кишига зарур. Мен бугун Қирол академиясининг бошлиғига мактуб ёзиб бераман ва эртадан бошлаб у сизни ҳеч бир ҳақ талаб этмасдан қабул қилади. Бундан бош тортманг. Бизнинг ёш дворянларимиз, ҳатто, энг аслзода ва бадавлатлари ҳам кўпинча у ерга киришга беҳуда уриниб юрадилар. Сиз от миниш, қиличбозлик ва рақслар ўрганасиз. Фойдали таниш-билишлар орттирасиз, менинг ҳузуримга эса ора-сира келиб турасиз, ишларингиз қандай бораётгани, сизга қандай ёрдам қилишим тўғрисида менга ахборот бериб турасиз.
Сарой ҳийлалари д’Артаньян учун нечоғлик бегона бўлмасин, барибир, у бу қабулнинг совуқлигини ҳис қилди.
– Эвоҳ! – хитоб қилди у. – Отам берган тавсиянома билан мактубнинг ҳозир ўрни қандай билинаётганини кўриб турибман.
– Дарҳақиқат, – жавоб берди де Тревил, – биз беарнликларга шу қадар зарур, ўша ягона сеҳрли калитсиз бунча олис сафарга отланганингиздан таажжубдаман.
– Мактубим бор эди, тақсир, худога шукур, туппатузук ҳам ёзилган эди! – хитоб қилди д’Артаньян. – Лекин, уни мендан ҳийла билан ўғирлаб кетишди!
Шундан кейин у Менгда юз берган воқеаларнинг ҳаммасини ҳикоя қилиб, нотаниш дворянни барча тафсилотлари билан тасвирлаб берди. Унинг жўшқин нутқидан уфуриб турган самимият де Тревилга манзур бўлди.
– Ғалати воқеа… – ўйчан гапирди мушкетёрлар капитани. – Сиз, демак, баланд овоз билан менинг номимни тилга олдингизми?
– Ҳа, албатта. Мен эҳтиётсизлик қилиб қўйдим. Лекин, иложим қанча, сизники сингари ном йўлда менга қалқон бўлиб хизмат қилиши керак эди-да. Уни қанча кўп дастак қилганимни ўзингиз ўйлаб кўринг.
Хушомад у маҳаллар расм бўлган эди, де Тревиль ҳам ҳар қандай қирол ёки кардинал сингари мақтовдан таъсирланарди. Шу сабабдан у мамнун бўлганини ифода этгувчи табассумни тиёлмади, лекин, табассум бирпасда сўнди.
– Айтинг-чи, – Менгдаги воқеага қайтиб, ўзи гап бошлади у, – айтинг-чи, ўша дворяннинг чаккасида енгил чандиқ йўқмиди?
– Ҳа, ўқ тешиб ўтгандай.
– У келишган кишимиди?
– Ҳа.
– Барвастамиди?
– Ҳа.
– Рангпар, сочлари қорами?
– Ҳа, ҳа, худди шундай. Сиз қаердан у кишини танийсиз, тақсир? Оҳ, зора мен уни бирор кун қидириб топсам – онт ичаманки, мен уни дўзахдан бўлсаям қидириб топаман…
– У аёл кишини кутармиди? – унинг сўзини бўлди де Тревиль.
– Ҳарҳолда, ўша аёл билан бир-икки оғиз гаплашиб олгандан кейингина жўнаб кетди-ку.
– Улар нималарни гаплашганини сиз билмайсизми?
– У аёлга қутича бериб, ундан фармойишларни топажагини айтди ва қутичани фақат Лондонда очишни таклиф этди.
– Ўша аёл инглизмиди?
– У, миледи деб гапирди.
– Бу ўша! – шивирлади де Тревиль. – Бу ўша! Мен бўлсам уни ҳалиям Брюсселда деб ўйлаб юрибман.
– О, тақсир, – хитоб қилди д’Артаньян, – унинг ким ва қаерданлигини менга айтиб беринг, мен сиздан бундан бўлак ҳеч нарсани, ҳатто, мушкетёрликка қабул қилишингизни ҳам сўрамай қўя қоламан! Негаки, мен аввало у билан ҳисоб-китоб қилишим керак.
– Сизни худо асрасин бундан, йигитча! – хитоб қилди де Тревиль. – Уни кўчада учратиб қолгудай бўлсангиз – дарҳол бошқа томонга ўтиб олишга шошилинг. Бу қояга йўлиқманг – шишадай синиб кетасиз.
– Барибир, – деб қўйди д’Артаньян, – агар уни учратиб қолсам…
– Ҳарҳолда, ҳозирча уни қидиришингизни маслаҳат бермайман, – деди де Тревиль.
Тўсатдан кўнглига ғалати шубҳа келиб, де Тревиль жимиб қолди. Отасининг мактубини гўё ўғирлаган кишига нисбатан йигит билдираётган жўшқин нафрат… Ким билсин, бу нафрат остида маккор режа яширинганми? Бу йигитни падари бузруквор юборган бўлсачи? У де Тревилни қўлга тушириш ниятида келган бўлса-чи? Ўзини д’Артаньян деб танитаётган бу одам, бошқаларнинг бошига тушгандек, унинг ҳам пинжига кириб, кейин ҳалок қилмоқчи бўлган жосус эмасмикан? У д’Артаньянга аввалгидан ҳам синчиклаброқ разм солди. Ақл, муғамбирлик ва сохта сиполикни ифодалаб турган бу серҳаракат чеҳра унинг кўнглига унчалик таскин бермади.
«Рост, мен унинг гаскондан эканини биламан, – хаёлидан ўтказди де Тревиль. – Лекин, у ўз қобилиятини худди менга қабилида кардинал учун ҳам ишга солиши мумкин-ку. Уни бир синаб кўрайлик…»
– Дўстим, – шошмасдан гапирди у, – ўзимнинг эски дўстимнинг ўғли олдида – зеро, мактуб воқеасининг ҳаммасини инобатга олаяпман – дарров рўйхуш бермаганимни ювиш учун сиёсатимизнинг сирларини сизга очиб бермоқчиман. Қирол билан кардинал – энг яхши дўстдирлар. Улар орасидаги ёлғондакам келишмовчиликлар фаросатсиз одамларни алдаш учунгина хизмат қилади. Омад учун яратилган гўзал, келишган йигит, менинг юртдошим бу найрангларга учиб, панд еб қолишини унга раво кўрмайман. Шуни эслаб қўйингки, мен бу икки қудратли жанобларга содиқман ва ҳар қадамим қиролга ва Франция қачонлардир яратган энг улуғ донишмандларнинг бири бўлмиш жаноб кардиналга хизмат қилишни кўзда тутади. Ҳозирдан эътиборан буни маълумотингизга олинг ва мабодо кўнгил кўйига кирибми, оилавий ёки дўстона алоқалар орқасиданми, кардиналга нисбатан бир хил дворянлар сингари кек сақлаб юрган бўлсангиз, сиз билан хайр-маъзур қиламиз. Мен ҳар қандай шароитда сизга мадад бераман, лекин ўзимга яқинлаштирмайман. Ҳар қалай, очиқ сўзлигим сизни менга хайрихоҳ қилади, деган умиддаман, зеро, сиз шу маҳалгача мен шу зайл гаплашган бирдан-бир йигитсиз.
«Мабодо бу тулкини ёнимга кардинал юборган бўлса, – ўйларди де Тревиль, – ундан қанчалар нафратланишимни билиб, ишончимни қозониш учун у тўғрисида оғизга келганни жавраш энг яхши усул деб уқтиргани аниқ. Бу маккор таъкидлашларимга қарамай, падари бузруквордан ҳазар қиламан, деб мени ишонтириши турган гап».
Аммо, ҳаммаси де Тревиль кутгандай эмас – тамом бошқача бўлди.
– Тақсир, – оддийгина қилиб деди у, – мен Парижга худди шу ниятлар билан келганман. Отам Франциянинг биринчи кишилари деб ҳисоблагувчи қирол, жаноб кардинал ва сиздан бўлак ҳеч кимга бўйсунмасликни менга насиҳат қилган эди.
Д’Артаньян де Тревилнинг номини аввалги икки номга қўшимча қилиб гапирганини пайқаш мумкин. Лекин, бу қўшимча, унинг наздида, ишни пачава қилолмасди.
– Шунинг учун, – давом этди у, – мен жаноб кардинални чуқур иззат қиламан, унинг ҳаракатларига тан бераман… Сиз менга айтганингиздек, тўла самимият билан гапирган бўлсангиз, мен учун тағин яхши. Демак, сиз фикрларимизнинг ўхшашлигини пайқаб, менга илтифот кўрсатгансиз. Лекин, мабодо сиз менга ишонқирамай муомала қилган бўлсангиз – бу эса жуда табиий гап – унда бу сўзлар билан ўзимни, сизнинг назарингизда, бебурд қилаяпман. Лекин, барибир, сиз менинг ростгўйлигимнинг қадрига етасиз, ўзим учун эса оламда мен тўғримдаги сизнинг дуруст фикрингиздан қимматлироқ нарса йўқ.
Де Тревиль ҳангу манг бўлиб қолди. Бундай зако, бундай самимият уни қойил қолдирар, лекин шубҳаларини буткул тарқатолмас эди. Бу йигитнинг бошқа ёшларга нисбатан афзаллиги қанчалик аён бўлса, башарти, де Тревиль ундан адашган тақдирда, эҳтиёт бўлиш учун омиллар шунча кўпаярди.
– Сиз софдил кишисиз, – деди у д’Артаньяннинг қўлини қисиб, – лекин ҳозир сиз учун фақат таклиф этган нарсаларимни қилоламан. Уйимнинг эшиги сиз учун ҳамиша очиқ бўлади. Ҳузуримга истаган маҳал келиб туриш ва бинобарин, қулай фурсатни топиш имконига эга бўлиб, ният қилган нарсангизга кейинроқ етсангиз, ажаб эмас.
– Бошқача қилиб айтганда, – деди д’Артаньян, – сиз мени шу марҳаматга муносиб бўлишимни кутяпсиз, тақсир. Хўп, майли, – гасконлик кишига хос бамайлихотир қўшиб қўйди у: – Сиз узоқ кутиб қолмайсиз.
Энди қолган нарсалар ёлғиз ўзига тааллуқли бўлиб қолгандай у кетишга чоғланиб, таъзим қилди.
– Сабр қилсангиз-чи, – уни тўхтатиб деди де Тревиль. – Мен Қирол академияси бошлиғига мактуб ваъда қилгандим сизга. Ёки уни мендан олишга ориятингиз келяптими, йигитча?
– Йўқ, тақсир, – эътироз билдирди д’Артаньян. – Мен унинг қисмати отамнинг мактуби сингари бўлмайди, деб сизга кафолат бераман. Уни бирам авайлаб сақлайманки, қасам ичаман, у тайинлаган жойга етади ва уни мендан ўғирламоқчи бўлганнинг ҳолига вой!
Бу мақтаниш де Тревилнинг лабларига табассум қўндирди. Ёш йигитни улар ҳозиргина суҳбатлашган дераза олдида қолдириб, у ваъда қилинган мактубни ёзиш учун столга ўтирди. Бу орада бўш қолган д’Артаньян уйни бирин-сирин тарк этаётган мушкетёрларни кўча муюлишигача нигоҳи билан кузатган ҳолда ойнада қай бир маршни чертарди.
Жаноб де Тревиль мактубни ёзиб бўлиб, уни елимлади, конвертни йигитга топшириш учун ўрнидан туриб, унга қараб юрди. Лекин д’Артаньян мактубга айни қўл чўзган пайти де Тревиль таажжуб билан йигитнинг бирдан сесканиб кетганини ва ғазабдан бўғилиб, жонжаҳди билан:
– Йўқ, минг лаънат! Бу гал мендан қутулиб бўпсан! – дея қичқирганича кабинетдан отилиб чиқиб кетганини кўрди.
– Ким? Ким? – сўраб қолди де Тревиль.
– Ўша, ўғри! – йўл-йўлакай жавоб берди д’Артаньян. – Оҳ, лаънати! – Шу сўзлар билан у эшик ортида ғойиб бўлди.
– Телба! – тўнғиллади де Тревиль. – Агар фақат… – секин қўшиб қўйди у, бу ҳунари ўтмаганига ақли етиб, жуфтакни ростлаш учун топган ҳийласи бўлмаса.

IV
Атоснинг кифти, Портоснинг тасмаси ва Арамиснинг рўмолчаси
Д’Артаньян қутургандай уч ҳатлаб, қабулхонадан учиб ўтди ва ундан сакраб тушмоқчи бўлиб, энди зина майдончасига чиққанда жаноб де Тревиль ҳузуридан, ён эшикдан чиқаётган мушкетёрга зарб билан урилиб кетди. Мушкетёр оғриқдан бақириб ёки тўғрироғи, бўкириб юборди.
– Мени авф этинг, – йўлида давом этиш ниятида деди д’Артаньян, – мени авф этинг, шошиб турибман.
У кейинги зинага тушгунча бўлмай, метиндек қўл уни тасмасидан тутиб, таққа тўхтади.
– Сиз шошиб турибсиз, – хитоб қилди ранги мурданикидай ўчган мушкетёр, – ва шуни баҳона қилиб, менга ташланасиз-да, «авф этинг» дейсиз-у, шу билан иш битди, деб ўйлайсизми? Бундай эмас, йигитча. Жаноб де Тревиль бугун бизга кескин гапирган бўлса, буларни менсимай муомала қилсам бўлаверади, деб хаёл қилдингизми? Хато қиласиз, йигитча. Сиз жаноб де Тревиль эмассиз.
– Гапимга ишонинг, – яраси боғлангандан сўнг қайтаётган Атосни таниб жавоб берди д’Артаньян, – гапимга ишонинг, буни билмасдан қилдим, билмасдан қилиб қўйиб, сизга «Мени авф этинг» дедим. Менимча, шу кифоя. Ҳозир эса такрор айтаяпман – бу, эҳтимол, ортиқча ҳамдир – мен шошиб турибман, жуда шошяпман. Шунинг учун сиздан илтимос қиламан: мени қўйворинг, мени тўсманг.
– Тақсир, – тасмани қўйиб юбориб деди Атос, – сиз беодобсиз. Олисдан келганингиз дарров билиниб турибди.
Д’Артаньян уч зинадан тушиб улгурган эди, лекин Атоснинг сўзлари уни таққа тўхтатиб қўйди.
– Минг лаънат, тақсир! – деди у. – Олисдан келган бўлсам ҳам мени яхши қилиқларга ўргатадиган киши сиз эмассиз, сизни огоҳлантириб қўяй.
– Ким билади дейсиз! – деди Атос.
– Оҳ, кошки мен шунчалик шошмасам эди, – хитоб қилди д’Артаньян, – кошки бир кишини қувмасам эди…
– Гап бундай, жаноб шошқалоқ, мени қувламасдан топасиз, эшитяпсизми?
– Хўш қаерда, айтолмайсизми?
– Дешо монастри олдида.
– Қай соатда?
– Ўн иккиларда.
– Ўн иккилардами? Яхши, жойида бўламан.
– Мени кутдирмасликка ҳаракат қилинг. Ўн иккидан чорак ўтганда, бирпасда қулоқларингизни қирқиб қўяман.
– Яхши, – қичқирди д’Артаньян, – ўнта кам ўн иккида ҳозир бўламан!
Шошмасдан кетаётгани учун унча узоқлашмагандир деб ҳамон нотаниш кишини қувиб етишга умидвор бўлиб, у савдойи сингари ғизиллаб чопиб кетди.
Бироқ, дарвоза ёнида у қоровул билан суҳбатлашиб турган Портосни кўриб қолди. Иккала ҳамсуҳбат орасида бир киши сирғалиб ўтгудек бўш жой бор эди. Д’Артаньянга бу жой етарлидай туюлди-ю, улар орасидан ўқдай учиб ўтиб кетишни мўлжаллаб, ўзини тиккасига урди. Лекин, д’Артаньян шамолни ҳисобга олмаган эди. У ҳамсуҳбатлар орасидан лип этиб ўтиб кетмоқчи бўлиб турган пайти шамол Портоснинг узун ридосини ёйиб юборди, д’Артаньян унинг қатлари орасида ўралашиб қолди. Либосининг бу қисмидан ажралмаслик учун Портоснинг жиддий сабаблари бор эди, шекилли, у ушлаб турган барини қўйиб юбориш ўрнига уни ўзига қаратиб тортди, натижада, д’Артаньян ўжар Портоснинг айби билан қандайдир айланма ҳаракат қилиб, ридо бахмалига бутунлай ўралдиқолди.
Ўзининг шаънига мушкетёр ёғдираётган лаънатларни эшитиб, у ридонинг остидан чиқиб кетишга уринар, унинг бурмаларини кўрга ўхшаб пайпасларди. Ҳаммадан кўра у биз ҳикоя қилиб ўтган кўркам тасмага бирор зиён етказиб қўйишдан қўрқарди. Аммо, у қўрқа-писа кўзларини хиёл очиб, бурни Портоснинг орқасига, худди кураклари ўртасига, бошқача қилиб айтганда, нақ тасманинг ўзига тиралиб қолганини кўрди.
Ҳайҳот, бу оламдаги усти ялтироқ кўп нарсалар сингари Портос тасмасининг олд томонидаги зар кашталари ял-ял ёнарди, холос, орқаси эса оддий қўтос терисидан эди. Портос зар тасмани харид қилолмай асл мақтанчоқ сифатида лоақал олдига зар тикилганини олган эди. Уйдирма тумов ҳам, ридонинг зарурлиги ҳам шу важдан эди.
– Шайтон! – орқасида тимирскиланаётган д’Артаньяндан қутулиш учун ақлга сиғмайдиган ҳаракатлар қилиб, бўкириб юборди Портос. – Сиз ақлдан озганмисизки, одамларга ташланасиз?
– Авф этинг, – паҳлавоннинг тирсаги остидан мўралаб деди д’Артаньян, – лекин мен жуда шошиб турибман, бир кишини қувиб кетяпман…
– Бировни қуваётганда кўзларингизни уйда қолдирасизми, нима бало? – деб бақирди Портос.
– Йўқ, – ранжиб гапирди д’Артаньян, – йўқ, менинг кўзларим бошқаларнинг кўзи ўтмайдиган нарсаларни ҳам кўришга имкон беради.
Портос тушундими ёки тушунмадими, лекин ўз ғазабига тўла эрк берди.
– Тақсир, – деб тўнғиллади у, – сизни огоҳлантириб қўяй: мушкетёрларга тегажоқлик қилсангиз, охири адабингизни еб қоласиз.
– Адабимни-я? – қайта сўради д’Артаньян. – Зўр гап бўлдими?
– Душманининг юзига тик қарашга одатланган одамнинг гапи бўлди.
– Бўлмачам-чи! Орқангизни ҳеч кимга кўрсатмаслигингиз менга яхши маълум.
Ўзининг шўх ҳазилидан завқи жўшган йигит овозини баралла қўйиб, хахолаганча нари кетди.
Қаҳри келган Портос дилозорига ташланмоқчи бўлиб, талпинди.
– Кейин, кейин! – қичқирди унга д’Артаньян. – Эгнингизда ридоингиз бўлмаганда.
– Демак, соат бирда, Люксембург саройининг орқасида.
– Жуда соз, соат бирда! – муюлишга бурила туриб жавоб берди д’Артаньян.
Лекин, на ўзи югуриб ўтган кўчада, на нигоҳи қамрай оладиган бу кўчада бирор қора кўринмасди. Нотаниш киши нечоғлик секин юрмасин, барибир, кўздан ғойиб бўлишга ёки бирор уйга кириб кетишга улгурган эди. Д’Артаньян дуч келган кишиларнинг ҳаммасидан уни суриштириб кўрди, сув бўйига тушди, Сена кўчасига қайтиб келди, Қизил Крест кўчасини кезиб чиқди. Ҳеч гап йўқ, мутлақо йўқ! Ҳар қалай, бу таъқибнинг унга нафи тегди: манглайидан тер чиққан сайин, юраги бўшайверди.
У рўй берган воқеалар тўғрисида хаёл суриб, ўйга ботди. Бу воқеалар кўп, лекин ҳаммаси ҳам нохуш эди. Ҳали энди эрталабки соат ўн бир эди-ю, бу эрта аллақачон де Тревилнинг ғазабига дучор бўлишга улгурди, чунки д’Артаньяннинг кутилмаганда кетиб қолишини у одобсизлик ифодаси, деб ўйламай қолмасди.
Бундан ташқари, ҳар бири учта д’Артаньянни ўлдиришга қодир кишилар билан, хуллас, икки мушкетёр билан, яъни ўзи чуқур эҳтиром билан қараб, кўнглида барча кишилардан юқори қўйиб юрган зотлар билан икки муборазага чалинди.
Аҳвол кўнгилсиз эди. Атос томонидан ўлдирилишига ишонган ҳолда, Портос билан муборазадан унча хавотирланмагани турган гап. Ҳар қалай, модомики, умид инсон қалбида сўнгувчи энг охирги нарса экан, у, даҳшатли жароҳатлар олсам ҳам, ҳарҳолда, тирик қоламан, деб умидвор бўла бошлади ва эҳтиёт шарт, келгуси ҳаётини режаларкан, хатолари учун ўзини койиди:
«Мен қандай фаросатсиз, қўполман-а! Бу бечора, мард Атос мен молга ўхшаб бошим билан туртиб юборган кифтидан яралаган эди. Ўша жойнинг ўзида мени ўлдириб қўя қолмаганига ҳайрон қоласан, киши – бунга унинг ҳақи бор эди: мен унга қаттиқ азоб бердим, шекилли. Портосга келганда эса… о, Портосга келганда – худо ҳақи, иш қизиқроқ!…»
Ўзининг хомуш хаёлларига қарамай, бу бесабаб кулги бирортасини ранжитиб қўймасмикин деб ҳарҳолда, атрофга аланглаб олиб, у ўзини кулгидан тиёлмай қолди.
«Портосга келганда иш қизиқроқ. Лекин, мен ҳам аҳмоқман. Одамларга шундай ташланиб бўларканми – буни қаранг-а! Яна йўқ нарсани кўриш учун ридосининг остига кириб чиққанимни айтмайсизми? Бу лаънати тасмани пеша қилиб унга ёпишиб олмаганимда у мени кечирарди, албатта. Рост, мен шама қилдим, холос, лекин, қандай боплаб шама қилдим-а! Эй, мен шайтон гасконлиг-эй, лўзахнинг қозонида ҳам аския қилганим бўлсин… Дўстим д’Артаньян, – ўзига жуда тушунарли меҳрибонлик билан мурожаат қилиб давом этди у, мабодо омон қолсанг, бу маҳол гапку-я, бундан кейин ибрат бўлгудай илтифотли бўлиш керак. Ҳозирдан эътиборан ҳамма сени ҳавас қилиши ва сени ўрнак қилиб кўрсатиши керак. Одобли ва эътиборли бўлиш қўрқоқлик деган гап эмас. Арамисга бир қара! Арамис мулойимликнинг ўзгинаси, нафосатнинг мужассами, Арамисни қўрқоқ дейиш бирор кимсанинг хаёлига келадими, ахир? Албатта, йўқ! Ҳозирдан эътиборан мен ҳамма нарсадан ўрнак оламан. Э-э, ана унинг ўзи!»
Д’Артаньян ҳамон ўзига-ўзи гапирганча д’Егилён иморати қаршисига келиб қолди ҳамда бу ерда, уй олдигинасида тўхтаб, қиролнинг икки гвардиячиси билан суҳбатлашаётган Арамисни кўрди. Арамиснинг кўзи ҳам д’Артаньянга тушди. Бугун эрталаб шу йигит иштирокида де Тревилнинг аччиғи чиққанини у унутмаган эди. Мушкетёрларга ёғдирилган таъналарни эшитиб қолган киши Арамисга хуш ёқмасди, шу учун у ўзини д’Артаньянни кўрмаётганга солиб қўя қолди. Бу орада ўзининг илтифот ва одоб намунаси бўлиш тўғрисидаги режалари билан банд д’Артаньян йигитларга яқинлашди-да, энг илтифотли табассумини қўшиб, ғоят назокатли таъзим бажо келтирди. Арамис хиёл эгилди-ю, жилмаймади. Учалови ҳам субҳатни узиб қўйишди.
Д’Артаньян ўзининг ортиқча бўлиб турганини сезмайдиган фаросатсиз эмасди. Лекин, чала таниш одамларнинг ёнига бориб, ўзига даҳлсиз суҳбатга аралашиб қолган кишининг ноқулай аҳволдан қутулиб кетиш учун у ҳали олий табақа одатларининг ҳадисини етарли даражада олмаган эди. У ўз ҳамиятига путур етказмасдан бу ердан жўнаб қолишга чора тополмай турган пайти қўққис Арамис рўмолчасини тушириб юборганини ва паришонликдан бўлса керак, уни оёғи билан босиб олганини кўриб қолди. Хижолатдан чиқиш учун баҳона топгандай туюлди д’Артаньянга. Эгилиб, энг дилкаш бир қиёфада мушкетёрнинг оёғи остидан, у зўр бериб босишига қарамай, рўмолчани суғуриб олди.
– Мана рўмолчангиз, тақсир, – ғоят тавозе билан деди у, – уни йўқотиш сизга алам қилар, эҳтимол.
Рўмолчага чиндан ҳам серҳашам кашта туширилган бўлиб, бир бурчида тож билан герб ажралиб кўринарди. Арамис қип-қизариб кетди-ю, рўмолчани гасконлик йигитнинг қўлидан нақ юлқиб олди.
– Ана холос, – хитоб қилди гвардиячилардан бири, – бу дилбар хоним шунчалар илтифот кўрсатиб, рўмолчасини бериб тургандан кейин писмиқ Арамисимиз де Буа-Траси хоним билан орамиз бузуқ, деб бизни ишонтирмайди энди.
Арамис д’Артаньянга ашаддий душман орттирганини равшан англатгувчи бир қараш қилди-да, шу заҳоти ўзининг одатий чучмал оҳангига ўтиб олди.
– Сизлар янглишяпсиз, жаноблар, – деди у. – Бу рўмолча асти меники эмас, билмайман, нега сизларнинг бирортангизга эмас, айнан менга узатиш бу жанобнинг хаёлига келдийкин? Менинг рўмолчам чўнтагимдалиги сўзларимнинг энг яхши далили бўлиши мумкин.
Шу сўзлар билан у чўнтагидан энг юпқа батистдан қилинган – батист эса ўша йилларда жуда қиммат турарди – буниси ҳам жуда нафис, лекин, ҳеч қандай кашта ва гербсиз, атиги эгасининг монограммаси[25 - Монограмма – номларнинг бош ҳарфлари чатиб тузилган гулдор ёзув.] белгиланган ўз шахсий рўмолчасини чиқарди.
Бу дафъа д’Артаньян индамади: у ўз хатосини тушунган эди. Лекин, Арамиснинг улфатлари унинг барча исботларига қарамай бўш келишмади. Уларнинг бири ясама жиддият билан мушкетёрга юзланди.
– Мабодо, гап сен айтаётгандай бўлса, азизим Арамис, – деди у, – мен сендан бу рўмолчани талаб қилишга мажбурман. Сенга маълумки, Буа-Траси менинг яқин дўстим бўлади, бирор киши унинг рафиқасига тегишли нарсани пеш қилиб юришини истамайман.
– Илтимос қилишни сен эплаёлмадинг, – жавоб берди Арамис. – Сенинг талабинг тўғрилигини тан олганим ҳолда унга берилган шакл учун рад қиламан.
– Дарвоқе, – журъатсизгина илова қилди д’Артаньян, – рўмолча жаноб Арамиснинг чўнтагидан тушганини мен кўрганим йўқ. Жаноб Арамис уни босиб олди, шу учун рўмолча уникимикан, деб ўйладим.
– Ҳам янглишдингиз, – д’Артаньяннинг ўз гуноҳини ювиш истагини гўё пайқамай совуқ гапирди Арамис. – Айтгандек, – Буа-Траси билан дўстлигини баҳона қилган гвардиячига юзланиб давом этди Арамис, – менинг Буа-Траси билан меҳру оқибатларим сеникидан, унинг қалин дўстиникидан кам эмаслиги эсимга тушиб кетди, шунга кўра… рўмолча худди меники сингари сенинг чўнтагингдан тушган бўлиши мумкин.
– Йўқ, виждоним ҳақи қасам ичаман! – хитоб қилди ҳазрат олийларининг гвардиячиси.
– Сен виждонинг ҳақи онт ичасан, мен эса – чин сўзимни кафилга қўяман, лекин, иккимиздан биримиз ёлғон гапираётганимиз, шубҳасиз, Биласанми нима, Монтаран? Кел, яхшиси, уни бўлишиб олайлик.
– Рўмолчаними?
– Ҳа.
– Офарин! – қичқириб юборишди гвардиячи улфатлар. – Соломон суди! Арамис, чиндан ҳам мужассам ақлсан!
Йиғитлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди, бутун гап шу билан барҳам топгани ҳар кимсага аён эди. Бир неча дақиқадан сўнг суҳбат узилди ва ҳамсуҳбатлар бир-бирларининг қўлларини самимият билан қисиб, хўшлашдилар. Гвардиячилар бир тарафга, Арамис – бошқа томонга юриб кетишди.
«Мана, бу олижаноб киши билан ярашиб оладиган қулай фурсат», – ўйлади суҳбат давомида четга чиқиб турган д’Артаньян.
У хайрли туйғуга бўйсуниб, унга ортиқ парво қилмай кетаётган мушкетёрни қувиб етишга шошилди.
– Тақсир, – мушкетёрга етай-етай деб қолганда гапирди д’Артаньян, – мени авф этасиз, деб умид қиламан…
– Муҳтарам жаноб, – унинг сўзини бўлди Арамис, – бу масалада сиз ўзингизни олижаноб кишига ярашмаган тарзда тутганингизни айтиб ўтишга ижозат бергайсиз.
– Ие, муҳтарам жаноб! – хитоб қилди д’Артаньян. – Сиз ҳали ўйлайсизки…
– Мен ўйлайманки, тақсир, сиз аҳмоқ эмассиз ва Гаскондан келган бўлсангиз ҳам рўмолчага сабабсиз оёқ қўйилмаслиги сизга маълум бўлса керак. Париж батис рўмолчалар билан қопланганмас, азбаройи шифо!
– Тақсир, мени камситишга бекор уринаяпсиз, – жиззаки феъли тинч ниятларидан устун кела бошлаб деди д’Артаньян. – Мен ҳақиқатан ҳам Гаскондан келганман ва, модомики, бу сизга маълум экан, гасконликлар унчалик тўзимли бўлмайди, деб эслатиб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Гарчи, номаъқулчилик қилган тақдирда ҳам улар бир қур узр сўраб, керагидан икки ҳисса ошириб юбордик, деб ишониб юришади.
– Тақсир, мен буни ҳаргиз сиз билан жанжаллашиш истагида айтмадим. Мен, худога шукур, аллақандай уришқоқ эмасман, мушкетёрлигим ҳам омонат, холос. Мен фақат ноилож қолганда уришаман, ҳамиша кўнглим тортмай туради. Лекин, бу гал иш ҳазилакам эмас, бунда гап сиз обрўсини тўккан хоним ҳақида кетаяпти.
– Биз обрўсини тўккан! – хитоб қилди д’Артаньян.
– Менга рўмолчани узатганингиз нимаси?
– Рўмолчани туширганингиз нимаси?
– Мен сизга бир айтдим ва такрор айтаман, бу рўмолча менинг чўнтагимдан тушгани йўқ.
– Демак, сиз икки марта ёлғон гапирдингиз, тақсир, зеро уни худди сизнинг чўнтагингиздан тушганини ўзим кўрдим.
– Аҳ, ҳали шунақа гаплашаман денг, жаноб гасконлик! Мен сизга муомалани ўргатиб қўяман!
– Мен бўлсам, сизни ибодат қиладиган жойингизга қайтариб юбораман, жаноб аббат! Марҳамат қилиб, қиличингизни чиқаринг, қани, бўлинг!
– Йўқ, йўқ, азизим, бу ердамас, ишқилиб. Сиз кўрмаяпсизми ахир, биз кардинал ҳамтовоқларига тўлибтошган д’Егилёнлар уйининг қаршисида турибмиз. Бошимни келтиришни сизга падари бузруквор буюрмаган, деб ким кафил бўлади? Биласизми, мен кулгили равишда ўз бошимни қадирлайман. У елкаларимда жуда ярашиб тургандай кўринади менга. Шунинг учун мен сизни ўлдиришга розиман, хотиржам бўлинг, лекин, ажалингизни сиз ҳеч кимга кўз-кўз қилолмайдиган овлоқроқ жойда шов-шувсиз ўлдираман.
– Хўп, майли. Фақат кўп ўзбилармонлик қилмай, рўмолчангизни ола келинг: у сизга тегишлими ёки йўқми, лекин асқотиб қолиши мумкин.
– Сиз гасконликмисиз, тақсир? – истеҳзо билан сўради Арамис.
– Ҳа. Гасконликлар одати эҳтиёткорлик қилиб муборазани кечиктиришмайди.
– Эҳтиёткорлик мушкетёр учун ортиқча фазилат, буни биламан. Лекин, руҳонийга у зарур. Мен фақат вақтинча мушкетёр бўлганим важҳидан эҳтиёткорликни афзал биламан. Соат иккида жаноб де Тревилнинг уйида сиз билан учрашиш шарафига мушарраф бўламан. У ерда муборазага қулай жойни сизга кўрсатаман.
Йигитлар таъзим қилишгач, Арамис Люксембург саройи томон кетган йўлдан йироқлашди, д’Артаньян эса вақт хийла кеч бўлганини кўриб, Дешо монастири сари юрди.
«На чора, – ўзича мулоҳаза қиларди у, – ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди. Биргина юпанч: агар ўлиб кетсам, мени мушкетёр ўлдирган бўлади-ку».

V
Қирол мушкетёрлари ва жаноб кардинал гвардиячилари
Д’Артаньяннинг Парижда бирор таниши йўқ эди. Шунинг учун у Атос билан олишувга рақибининг ҳакамлари билан қаноатланишга қарор қилиб, ўзи жўнади. Айтганча, у мард мушкетёрдан албатта бўшанглик қилмасдан, қўлидан келганча узр сўрашга жазм қилди. У ёш, бақувват йигитнинг яраланган, дармонсиз киши билан бу хил муборазасининг оғир оқибатларидан ҳадиксираб, шу қарорга келди. Агар у мағлуб бўлса, рақиб икки ҳисса кўпроқ тантана қилади, борди-ю ғолиб чиқса, уни айёрликда айблайдилар, муваффақиятга осонгина эришган дейдилар.
Дарвоқе, биз саргузаштталаб йигитимизнинг феълатворини тузук тасвирлаёлмадик, ёки д’Артаньяннинг сал бошқачароқ одам бўлганини китобхон пайқаши лозим эди. У ҳалокатининг муқаррарлигини ўз-ўзига таъкидласа ҳамки, бу ўлим олдида итоат билан бош эголмасди, унинг ўрнида шижоати кам, ваҳимачироқ одам бўлганда шундай қилган бўларди.
У ўзи уришадиган кишилар табиатидаги тафовутларни синчиклаб хаёлидан ўтказарди. Жиддий чеҳраси ва улуғсифат қомати билан унда ғоят яхши таассурот қолдирган Атосдан у узр сўраб, унинг дўстона муносабатига ноил бўламан, деб умид қиларди. Ўлмай қолган тақдирда ҳаммага тарқатиши мумкин бўлган тасма воқеаси билан Портосни қўрқитаман, деб у ўзини юпатардики, ўз ўрнида маълум қилинган бу ҳикоя Портосни дўсту биродарларига кулгили кўрсатмай қололмасди. Ҳийлагар Арамисга келганда, д’Артаньян ундан айтарли чўчимасди. Унгача навбат етади, деб фараз қилинган чоғда ҳам, д’Артаньян уни бир ёқли қилиб қўя қолишга ёки Цезар Помпей аскарлари хусусида берган маслаҳатига амал қилиб у ҳам рақибининг ошкор бино қўйиб юрган ҳуснига путур етказишга қасд қилди.
Бундан ташқари, д’Артаньянда асл маъноси «Қирол, кардинал ва жаноб де Тревилдан бўлак ҳеч кимга бўйсунмаслик» деган гапдан иборат ота насиҳатларига асосланган мустаҳкам журъат яшарди. Шу учун ҳам у Дешо монастири томон юрмасди, балки, учиб борарди. Бу ойналари пачоқ, ҳувиллаган бино худди Пре-о-Клерк сингари эҳтиёжларга хизмат қилувчи унумсиз дашт билан ўралган эди: одатда у ерда вақти тиғиз кишилар уришиб турардилар.
Д’Артаньян монастир яқинидаги қирга етганда тушликка занг урилди. Атос уни бор-йўғи беш дақиқа кутган эди – бинобарин, мубораза қонунларининг энг қаттиққўл ҳаками ҳам унга таъзир беришга баҳона тополмасди.
Гарчи, де Тревилнинг табиби янгидан боғлаб қўйган бўлса-да, яраси ҳали анча азоб бераётган Атос харсангда ўтирар ва ҳар вақтдагидай виқор билан, хотиржам ҳолда рақибини кутарди. Д’Артаньянга кўзи тушиб, у ўрнидан қўзғалди ва одоб билан унинг истиқболига бир-икки қадам босди. Д’Артаньян ўз навбатида шляпасини патлари ерда судралгудай қўлда тутиб, рақибига яқинлашди.
– Тақсир, – деди Атос, – мен икки дўстимни чақиртирган эдим, шулар менинг ҳакамларим бўлишади. Лекин, бу дўстлар ҳали келишмади. Уларнинг ҳаялланганига ҳайронман: уларнинг бундай одати йўқ эди.
– Менинг ҳакамларим йўқ, – деди д’Артаньян. – Парижга кечагина келдим, бу ерда жаноб де Тревилдан бўлак бирор танишим йўқ, мени у кишига бир вақтлар дўсти бўлишга мушарраф бўлган отам тавсия қилган.
Атос бир зум ўйланиб қолди.
– Сиз фақат жаноб де Тревиль билан танишмисиз?
– Ҳа, тақсир, мен фақат у киши билан танишман.
– Роса қизиқ бўлди-ку! – ҳамсуҳбатига қандай бўлса, ўзига ҳам худди шундай мурожаат билан гапирди Атос! – Роса қизиқ бўлди-ку! Бироқ, мен сизни ўлдириб қўйсам, ёш болага зомин бўлган, деб номим чиқади-ку.
– Унчаликмас, тақсир, – ориятдан холи бўлмаган таъзим билан эътироз билдирди д’Артаньян. – Сизни шубҳасиз безовта қилаётган ярангизни аямасдан мени ўзингиз билан уришишга мушарраф қилганингиздан кейин, унчаликмас.
– Жуда безовта қилаяпти, чин сўзим. Эътироф қилишга мажбурман, сиз мени жуда ёмон туртиб юбордингиз. Лекин, мен қилични чап қўлимда тутаман, бундай пайтларда ҳамиша шундай қиламан. Бундан аҳволингизни енгиллашди, деб ўйламанг, мен иккала қўлим билан ҳам бирдай эркин ҳаракат қиламан. Бу сизга бир оз ноқулайлик ҳам туғдиради. Бунга ҳозирланмаган рақибни чапақай анча қисиб қўяди. Бу ҳолни сизга аввалроқ маълум қилиб қўймаганимдан афсусдаман.
– Сиз бениҳоя илтифот қилаяпсиз, тақсир, – деди д’Артаньян, – мен жуда миннатдорман.
– Рости, мен сизнинг сўзларингиздан ҳижолат чекаяпман, – назокатли илтифот билан деди Атос. – Агар қаршилигингиз бўлмаса, яхшиси, бошқа нарсалар ҳақида гаплашсак… Уҳ, шайтон сиз қандай оғритдингиз-а! Елкам шундай ёняпти!
– Агар ижозат берганингизда эди, – қўрқа-писа ғўлдиради д’Артаньян.
– Нима эди, тақсир?
– Менда жароҳатларни даволаш учун мўъжизакор малҳам бор. Бу малҳамни менга волидам берган, мен уни ўзимда синаб кўрганман.
– Хўш, нима бўпти?
– Гап шундаки, уч кунга бормай – бунга ишончим комил – соғайиб кетасиз, бу уч кун ўтгач, сиз тузалганингиздан кейин эса, тақсир, сиз билан қиличлашишни улуғ марҳамат деб билгайман.
Д’Артаньян бу сўзларни ўз одобига ярашиқ, айни замонда мардлигига шак-шубҳа қолдирмайдиган бир соддадиллик билан айтди.
– Худо ҳаққи, тақсир, – жавоб берди Атос, – бу таклиф менга манзур. Бунга розиман дейман-у, лекин бутун бир мил нарида ҳам дворяннинг олижаноблиги мана мен деб турибди. Улуғ Карл замонининг жангчилари шу зайл сўзлаб, ҳаракат қилишган, ҳар бир кавалер уларга таассуб қилиши лозим. Лекин, таассуфки, биз улуғ император замонида яшамаймиз. Биз муҳтарам жаноб кардинал даврида яшаяпмиз ва уч кун ичида сиримизни нечоғлик пухта асрамайлик, ошкор бўлиб, ниятимизни амалга оширишга халал беришадими, дейман. Ҳа, бу ялқовларни дом-дараги йўққа ўхшайди!
– Агар шошиб турган бўлсангиз, тақсир, – бир дақиқа бурун Атосга муборазани уч кунга кечиктиришни таклиф этган ўша кўнгилчанлиги билан сўзлади д’Артаньян, – агар шошиб турган бўлсангиз ва мени дарҳол тугатиб қўйгингиз бўлса, илтимос қиламан – тортиниб ўтирманг.
– Бу сўзлар ҳам менга манзур, – деди Атос д’Артаньянга очиқ юз билан бош ирғаб. – Бу ақлли ва шубҳасиз, олижаноб кишининг сўзлари. Тақсир, мен сизга ўхшаш одамларни жуда ёқтираман, башарти, бир-биримизни ўлдирмасак, кейинчалик сиз билан улфатчилик қилишдан ғоят мамнун бўлишимни кўриб турибман. Дўстларимни кутайлик, илтимос қиламан, менинг шошадиган жойим йўқ, шундай қилсак, дурустроқ бўлади. Ие, ана улардан бири келяпти, шекилли!
Дарҳақиқат, шу он Вожирар кўчасининг охирида Портоснинг баҳайбат қомати кўринди.
– Ие? – хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг биринчи ҳакамингиз жаноб Портосми?
– Ҳа. Сизга бу малол келяптими?
– Йўқ, йўқ!
– Иккинчиси ҳам ана.
Д’Артаньян Атос кўрсатган томонга ўгирилиб, Арамисни таниди.
– Ие? – биринчи галгидан ҳам ортиқроқ таажжубни ифодаловчи оҳангда хитоб қилди д’Артаньян. – Сизнинг иккинчи ҳакамингиз – жаноб Арамисми?
– Албатта. Бизни ҳаргиз бир-биримизсиз кўрмасликларидан, мушкетёрлар сингари гвардиячилар орасида ҳам, сарой ва шаҳарда ҳам бизларни Атос, Портос ва Арамис ёки уч ажралмаслар деб аташларидан сизнинг хабарингиз йўқми ҳали. Дарвоқе, сиз эндигина Даксдан ёки По…
– Тарбдан, – тузатди д’Артаньян.
– … келганингиз учун бу тафсилотларни билмаслигингиз, узрли.
– Чин сўзим, – деди д’Артаньян, – лақабларингиз боп экан, муҳтарам афандилар. Менинг воқеам, у овоза бўлган тақдирда, сизларнинг дўстлигингизга табиатларингизнинг тафовути эмас, балки ўхшашлиги асос солганининг исботи бўлиб хизмат қилади.
Шу пайт Портос яқинроқ келиб, Атосга қўл силкитиб салом берди, сўнг ўгирилиб, д’Артаньянни таниган заҳоти таажжубдан анқайиб қолди.
Бу орада Портос ридосини ташлаб, тасмасини алмаштириб олганини ҳарна эслатиб қўяйлик.
– Хў-ўш, – чўзиб деди у. – Бу қандай гап?
– Мен шу жаноб билан уришаяпман, – қўли билан д’Артаньянни кўрсатиб ҳамда шу ҳаракатнинг ўзи билан уни қутлагандай қилиб деди Атос.
– Лекин, мен ҳам худди шу киши билан уришаман, – маълум қилди Портос.
– Фақат, кундуз соат бирда, – тинчлантирувчи оҳангда деб қўйди д’Артаньян.
– Лекин, мен ҳам шу жаноб билан уришаман, – уларга яқинлашаркан ўз навбатида эълон қилди Арамис.
– Фақат, соат иккида, – ҳамон ўша вазминлик билан деди д’Артаньян.
– Сен нима важдан уришаяпсан, Атос? – сўради Арамис.
– Тўғриси, жавоб беришга қийналаман, – деди Атос. – У елкамга ёмон туртиб юборди. Сен-чи, Портос?
– Мен бўлсам, шунчаки уришаётганим учун уришаяпман, – қип-қизариб жавоб берди Портос.
Ҳеч нарса назаридан қочмайдиган Атос гасконлик йигитнинг лабларидан сирпаниб ўтган хиёл табассумни пайқади.
– Биз либос масаласида тортишиб қолдик, – деди ёш йигит.
– Сен-чи, Арамис?
– Мен ақоиднинг бир масаласида келишолмай уришаяпман, – муборазанинг асл сабабини яширишини д’Артаньянга имо қилиб, деди Арамис.
Атос гасконлик йигитнинг лабларига яна табассум қўнганини пайқади.
– Наинки? – қайта сўради Атос.
– Ҳа, дарвешона Августиннинг бир жойида фикрларимиз мос келинади.
«У шубҳасиз ақлли», кўнглидан ўтказди Атос.
– Энди эса, муҳтарам афандилар, ҳаммаларингиз тўплангандан кейин, – деди д’Артаньян, – сизлардан узр сўрашга ижозат бергайсиз.
«Узр» сўзини эшитиб, Атоснинг юзи хиралашди, Портос истиғно билан мийиғида кулиб қўйди, Арамис эса бошини салбий чайқади.
– Сизлар мени тушунмадингиз, жаноблар, – деди бошини кўтариб д’Артаньян. Шу маҳал унинг бошига қуёш ёғдуси тушиб, латиф ва жасур чеҳрасини яққол кўрсатди. – Мен учалангизни ҳам рози қилолмасам, деб узр сўрадим. Ахир, жаноб Атоснинг мени биринчи бўлиб ўлдиришга ҳақи бор; бу сизга нисбатан инсофсизлик бўлади, жаноб Портос; сизга берган мажбуриятим эса, жаноб Арамис, қарийб йўққа чиқади. Энди эса, муҳтарам афандилар, яна бир такрорлайман: мени маъзур тутинг, шу учун халос… Бошласак бўлар?
Шу сўзлар билан ёш гасконлик йигит қиличини дадил чиқарди.
Унинг боши қизиб кетди. Шу лаҳзада у қиличини ҳозир Атос, Портос ва Арамисга қарши яланғочлагандай қиролликнинг барча мушкетёрларига қарши яланғочлашга тайёр эди.
Соат ўн иккидан чоракта ўтган. Қуёш қиёмида турар ва дуэл учун танланган жой унинг жазирама нурларига кўмилган эди.
– Иссиқ, – ўз набатида қиличини яланғочлаб деди Атос. – Аслида эса камзулимни ечиб ташлашнинг иложи йўқ. Мен жароҳатим қонаётганини сезиб турибман, лекин, рақибимга ўзи чиқармаган қонни кўрсатиб, уни хижолат қилишдан қўрқаман.
– Ҳа, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян. – Бу қонни мен чиқарганманми, ўзга кишими, лекин бунча мард дворяннинг қонини кўриш мен учун ҳамиша оғир. Мен сиз сингари камзулимни ечмай уришаман.
– Буларнинг ҳаммаси жуда дуруст! – хитоб қилди Портос. – Аммо, ширинсуханлик етар! Биз ҳам навбат кутаётганимизни унутманглар.
– Бундай бемаъни гапларни айтаётганда ўзингиз номингиздан гапиринг, Портос, – унинг сўзини бўлди Арамис. – Менга келганда, бу икки жанобнинг ҳамма гаплари, менинг назаримда, жуда соз ва икки олижаноб дворянга бутунлай муносиб.
– Бош устига, тақсир, – дея жойига бориб турди Атос.
– Мен сўзингизни кутдим, холос, – у билан қиличини чалиштириб жавоб берди д’Артаньян, Бироқ, тиғлар бир-бирига тегиб жаранглагунча бўлмай, монастир муюлишида жаноб де Жюссак командаси остида кардинал гвардиячиларининг отряди кўринди.
– Кардинал гвардиячилари! – бир овоздан қичқиришди Портос билан Арамис. – Қиличларни қинига солинг, жаноблар! Қиличларни қинига солинг!
Аммо вақт ўтганди. Ниятлари борасида шак-шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда гвардиячилар рақибларнинг устидан чиқиб қолдилар.
– Ҳой! – улар томонга қадам ташлаб ҳамда қўл остидаги кишиларга эргашишни ишора қилиб, қичқирди де Жюссак. – Ҳой мушкетёрлар! Сизлар шу ерда уришмоқчимисиз? Фармонлар нима бўлади?
– Сизлар ўта илтифот қиляпсизлар, жаноблар, – алам билан деди Атос, чунки де Жюссак икки кун муқаддам содир бўлган ҳужумнинг иштирокчиси бўлганди. – Агар сизлар уришаётганингиз устидан чиқиб қолганимизда, сизларни ишонтиришим мумкинки, биз халал бериб ўтирмасдик. Бизни ўз ҳолимизга қўйинг, шунда заҳмат чекмасдан, маза қиласиз.
– Муҳтарам жаноблар, – деди де Жюссак, – минг афсуски, бунинг иложи йўқ, деб сизларга маълум қилишга мажбурман. Биз учун бурч – ҳаммасидан афзал. Қиличларни қинига солиб, орқамиздан юринг.
– Муҳтарам жаноб, – де Жюссакни мазах қилиб, деди Арамис, – бу бизга боғлиқ бўлганда илтифотли таклифингизга жон-жон деб кўнардик. Лекин, бахтга қарши, бунинг иложи йўқ: жаноб де Тревил буни тақиқлаб қўйган. Қани, йўлингиздан қолманг – бундан тузук чорангиз йўқ.
Масхарадан де Жюссакнинг жони чиқиб кетди.
– Агар итоат қилмасангиз, – хитоб қилди у, – биз сизга ҳужум қиламиз!
– Улар беш киши, – нимтовуш билан гапирди Атос, – биз уч кишимиз, холос. Биз яна мағлубиятга дучор бўламиз ёки турган жойимизда ўлишимизга тўғри келади, зеро, сизларга маълум қиламанки, мағлуб бўлиб, мен капитаннинг кўзига кўринмайман.
Атос, Портос ва Арамис шу заҳоти бир-бирларига яқинроқ сурилиб олишди, де Жюссак эса аскарларини сафга тизишга шошилди.
Шу дақиқа д’Артаньян учун кифоя қилди: у бир қарорга келди. Инсон тақдирини ҳал қилувчи воқеалардан бири содир бўлди. У қирол ёки кардинални танлаши, танлаб олгач эса, шунга риоя қилиши лозим эди.
Жангга кирмоқ – қонунга бўйсинмаслик демак эди, бошини тикиш демак эди, қиролнинг ўзидан кўра қудратлироқ министрнинг душмани бўлиш демак эди. Буларнинг ҳаммасини ёш йигит бирпасда тушуниб олди. Унинг шаънига шуни айтишимиз зарурки: у бир лаҳза ҳам иккиланмади.
– Жаноблар, – Атос ва унинг дўстларига юзланиб деди у, – сизни тузатишга ижозат берсангиз. Сиз уч кишимиз, дедингиз, лекин, менимча, биз тўрт кишимиз.
– Сиз мушкетёр эмассиз-да, – эътироз билдирди Портос.
– Бу ҳақ гап, – маъқуллади д’Артаньян, – эгнимда мушкетёрлик либоси йўқ, лекин, дилимда мушкетёрман. Менинг қалбим – мушкетёрнинг қалби. Мен худди мушкетёр сингари ҳис қилиб, ҳаракат қиляпман.
– Йигитча, нари туринг! – д’Артаньяннинг имо-ишораси ва авзоидан унинг ниятини пайқаб бўлса керак, қичқирди де Жюссак. – Сиз кетаверишингиз мумкин, қаршилигимиз йўқ. Жонингизни қутқариб қолинг! Тезроқ қимирланг!
Д’Артаньян турган жойидан силжимади.
– Сиз чиндан ҳам ажойиб йигит экансиз, – унинг қўлини қиса туриб деди Атос.
– Тезроқ, тезроқ ҳал қилинг!– қичқирди де Жюссак.
– Тезроқ, – деб гапира бошлашди Портос билан Арамис, – бирор нарса қилиш керак.
– Бу йигит тантилик қилаяпти, – деб қўйди Атос.
Лекин, учовини ҳам д’Артаньяннинг ёшлиги ва тажрибасизлиги хавотирга соларди.
– Биз уч киши бўламиз, бундан бири ярадор, бунинг устига ёш йигит деярли гўдак-у, тўрт киши эди, дейишади.
– Ҳа, лекин, чекиниш!.. – хитоб қилди Портос.
– Бунинг иложи йўқ, – деди Атос.
Д’Артаньян уларнинг иккиланиш сабабини тушунди.
– Муҳтарам афандилар, – деди у, – мени синаб кўринг, виждоним ҳаққи қасам ичаманки, мағлуб бўлсак бу ердан кетмайман.
– Исмингиз нима, мард йигит? – сўради Атос.
– Д’Артаньян, тақсир.
– Демак, Атос, Портос, Арамис, д’Артаньян! Олға! – қичқирди Атос.
– Хўш, қалай, афандиларим, – суриштирди де Жюссак, – ҳал қиласизларми-йўқми, ахир?
– Ҳаммаси ҳал, тақсир, – жавоб берди Атос.
– Қарор қандай бўлди? – сўради де Жюссак.
– Биз сизларга ҳужум қилишга мушарраф бўламиз, – бир қўли билан шляпасини кўтариб, иккинчиси билан қиличини яланғочлаб деди Арамис.
– Шундайми ҳали сиз қаршилик қилаяпсиз! – хитоб қилди де Жюссак.
– Минг лаънат! Бунга ажабланаяпсизми?
Тўққиз киши, албатта, ҳаракатларининг маълум мўлжалини истисно қилмаган ғазаб билан бир-бирига ташланишди.
Атос кардиналнинг арзандаси – аллақандай Каюзак билан уришарди. Портосга Бикара тушди, Арамис бўлса, икки рақибга юзма-юз келиб қолди.
Д’Артаньянга келганда де Жюссакнинг ўзи унга рақиб бўлди.
Ёш гасконлик йигитнинг юраги шундай ҳаприрардики, кўксини ёриб ташлагудай эди. Худо шоҳид, қўрқувдан эмас – у заррача қўрқувни ҳис қилмасди – ҳаяжондан. У рақибининг атрофида қутурган йўлбарсдай гир айланиб, турган жойини ва услубини йигирма бор алмаштиришиб олишарди. Де Жюссак, ўша маҳал ибораси бўйича «тиғ устаси» бўлиб, яна пихини ёрганлардан эди. Лекин, барибир, у дақиқа сайин умумий қоидаларни тан олмай, бир вақтнинг ўзида ҳамма томондан ҳужум қилиб, ҳамда зарбаларни терисини жуда авайлаётган одам сингари қайтараётган қайишқоқ ва эпчил рақибидан ўзини жуда қийналиб мудофаа қиларди.
Ахийри бу кураш де Жюссакнинг тоқатини тоқ қилди. Ўзи ғўр деб ҳисоблаган рақибни уддалаёлмаётганидан ғазаби қайнаб, у хато кетидан хатога йўл қўя бошлади. Кўп тажриба орттирмаган, лекин, назария ёдида турган д’Артаньян ҳаракат тезлигини икки марта оширди. Жюссак рақибга даҳшатли зарб билан уни тугатиб қўя қолишга интилиб, бирдан ҳамла қилди. Лекин, д’Артаньян уни боплаб қайтарди ва Жюссак қаддини тиклаётган онда гасконлик йигит унинг қўли остидан илондай сирғаниб чиқиб, қиличини унга паррон санчди. Жюссак шилқ этиб йиқилди.
Рақибидан қутулиб олган д’Артаньяндан дарҳол жанг майдонига ташвишли назар ташлади.
Арамис рақибларининг бирини тугатиб улгурган эди, лекин иккинчиси уни анча сиқиб, чекинтирганди. Ҳар қалай, Арамиснинг аҳволи дуруст, у ҳали ўзини ҳимоя қилиши мумкин эди.
Портос билан Бикара қиличларини моҳирлик билан ўйнатмоқда эдилар. Портос аллақачон билагидан, Бикара сонидан яраланган эдилар. На у яра, на буниси ҳаётни таҳликага солмас, ҳар иккаласи ҳам янада шиддат билан қиличбозлик санъатида устомонлик қилишарди.
Каюзак томонидан иккинчи марта яраланган Атоснинг дақиқа сайин ранги ўчиб борарди-ю, лекин у бир қадам ҳам чекинмасди. У фақат қиличини бошқа қўлига олиб, энди чап қўли билан уришарди.
Д’Артаньян ўша вақтлар қабул қилинган мубораза қонунларига биноан уришгувчиларнинг бирига мадад бериши мумкин эди. Унинг кўмаги кимга кўпроқ даркорлигини билмай, тараддудланиб турганда у тўсатдан Атоснинг нигоҳини пайқади. Бу нигоҳнинг уқубатли маъноси равшан эди. Атос ёрдамга чақиргандан кўра ўлиб қўя қоларди. Лекин, қараши ва нигоҳи билан мадад сўраши мумкин эди. Д’Артаньян тушунди-ю, олға ташланиб, Каюзакка ён томонидан ҳужум қилди:
– Жаноб гвардиячи, менга қаранг! Сизни мен ўлдираман!
Каюзак ўгирилиб қаради. Мадад вақтида келган эди. Фақат мислсиз матонати тутиб турган Атос чўккалаб қолди.
– Лаънат! – қичқирди у. – Уни ўлдириб қўйманг, йигит. Тузалиб, соғ бўлганимда у билан қиладиган ҳисобкитобим бор. Уни қуролсизлантиринг, қиличини чиқариб ташланг… Ана шундай… Жуда яхши! Жуда яхши!
Каюзакнинг қиличи йигирма қадамча нарига учиб кетгандан кейин Атоснинг оғзидан шу хитоб чиқиб кетди. Д’Артаньян билан Каюзак бир вақтда унга ташланишди: бири ўзига қайтариш, иккинчиси эгаллаб олиш учун. Эпчилроқ д’Артаньян аввал чопиб бориб қиличга оёғини қўйди.
Каюзак сакраб Арамис ўлдирган гвардиячининг қиличини олди ва д’Артаньяннинг олдига қайтишга шайлангани ҳамон шу қисқа муддатда нафасини ростлашга улгурган Атосга дуч келди, д’Артаньян душманини ўлдириб қўйишидан қўрқиб, у жангни қайтадан бошлашни истарди.
Унга халал берса, Атосни ранжитиб қўйишини д’Артаньян тушунди. Дарҳақиқат, зум ўтмай, Каюзак йиқилди. Атоснинг қиличи унинг бўғзига санчилган эди.
Худди шу маҳал Арамис қиличини рақибининг кўксига тақаб, мағлуб бўлганини тан олишга мажбур этди.
Портос ва Бикара қолган эди. Портос, унинг фикрича, соат неча бўлганини сўраб, Наварр полкида акаси олган рота билан уни табриклаб, қизиқчилик қиларди. Аммо бу масхаралар ҳеч натижа бермади. Бикара жони чиққандагина йиқиладиган метин тоифа кишилардан бири эди.
Шу асно ишни тугатиш пайти бўлиб қолганди. Соқчилар келиб қолиши ва дуэлнинг барча иштирокчиларини – омон қолганлару ярадорларни, қиролчилару кардиналчиларни ҳибсга олиши мумкин эди. Атос, Арамис ва д’Артаньян таслим бўлишни таклиф этиб, Бикарани ўраб олишди. Ҳаммага қарши ёлғиз ўзи қолган, сонидан яраланган Бикара, барибир, бош тортди. Лекин, Жюссак тирсагига таяниб, таслим бўлавер, деб қичқирди. Бикара д’Артаньян сингари гасконлик эди. У парво қилмай кулди, холос. Уришишда давом этиб, у икки ҳамла орасида қиличининг учи билан ерда бир нуқта кўрсатди.
– Шу ерда, – Тавротнинг[26 - Таврот – диний китоб.] сўзларини ҳажв қилиб деди у, – Бикара, ўзи билан бўлмиш ҳаммадан бири, шу ерда қазо қилади.
– Лекин, ёлғиз сенга қарши улар тўрт киши-ку. Таслим бўл, буюраман сенга!
– Агар буюрсанг, бу бошқа гап, – деди Бикара. – Менинг бошлиғимсан, сенга итоат қилишим керак!
У бирдан орқага сакраб, қиличини душманга бермаслик учун иккига бўлди. Синиқларини монастир деворидан ошириб ташлаб, аллақандай кардиналча қўшиқни хиргойи қилганча қўлларини қовуштирди.
Жасорат, ҳатто, бу душманнинг жасорати бўлган тақдирда ҳам ҳамиша ҳурмат қўзғатади. Мушкетёрлар қиличлари билан жасур гвардиячига салют бериб, уларни қинига солиб қўйдилар. Д’Артаньян уларга таъсиб қилди, сўнгра тик қолган ягона гвардиячи ёрдамида монастир пешайвонига Жюссак, Каюзакни ва Арамиснинг фақат яраланган рақибини элтиб қўйди. Тўртинчи гвардиячи айтганимиздек ўлдирилган эди. Сўнгра кираверишдаги қўнғироқларни чалиб қўйиб ва беш қиличдан тўрттасини ўзлари билан олиб, шодликдан маст ҳолда, жаноб де Тревилнинг уйига йўл олдилар.
Улар кўчанинг бор энини эгаллаб, қўл ушлашиб, дуч келган ҳамма мушкетёрларга гап қотиб боришардики, пировардида бу тантанали юришга ўхшаб қолди. Д’Артаньян сархуш эди. У Атос билан Портослар орасида, уларни меҳр билан қучиб борарди.
– Мен ҳали мушкетёр бўлмасам ҳам, – де Тревиль уйининг бўсағасида янги дўстларига юзланиб гапирди у, – ҳарҳолда, шогирд бўлдим, деб ҳисоблашим мумкин, тўғрими?

VI
Қирол Людовик XIII ҳазрат олийлари
Бу воқеа кўп шов-шувга сабаб бўлди. Жаноб де Тревиль ўз мушкетёрларини оғзида сўкар, зимдан эса табрикларди. Бироқ, вақт ғанимат: зудлик билан қиролни огоҳлантириб қўйиш лозим. Жаноб де Тревиль ҳам Луврга ошиқди. Лекин фурсат ўтган: қирол кардинал билан эшикни ичидан беркитиб ўтирарди. Де Тревилга қирол ҳозир жуда банд, ҳеч кимни қабул қилолмайди, деб айтилди. Де Тревиль кечқурун соат бирда, қирол карта ўйнаётган пайти ташриф буюрди. Қирол ютмоқда эди ва бошқалардан фарқли ўлароқ ҳазрат олийлари ўта хасис бўлгани учун шу муносабат билан жуда димоғи чоғ эди.
– Қани, бу ёққа келинг жаноб капитан! – анча йироқдан капитанга кўзи тушиб қичқирди у. – Яқинроқ келинг, мен сизни яхшилаб койиб қўяй. Мушкетёрларингиздан арз қилиб, ҳузуримга падари бузруквор келгани ва азбаройи ҳаяжонланганидан суҳбатдан кейин, ҳатто, ётиб қолгани сизга маълумми? Бу қандай гап: мушкетёрларингиз каллакесар, шайтон-пайтонми ўзи?
– Йўқ, ҳазрат олийлари, – бир луқмадан кейиноқ гап қаёққа айланишини фаҳмлаб, жавоб берди де Тревиль. – Йўқ, худди акси: булар энг кўнгилчан, энг беозор, кафилманки, ёлғиз бир нарсани, қиличлар ғилофни ҳазрат олийларининг хизмати учунгина тарк этишини ният қилган одамлар. Лекин, на чора: жаноб кардиналнинг гвардиячилари ҳар ерда уларнинг жиғига теккани-теккан, йигит бечоралар лоақал полкининг шарафи учун ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлиб қолишяпти.
– Қулоқ солинг, жаноб де Тревиль! – хитоб қилди қирол. – Қулоқ солинг! Гап роҳибалар жамоаси хусусида деб ўйлаш мумкин. Дарҳақиқат, азиз капитаним, сизни капитанлик унвонидан маҳрум этиб, монастир нозири қиламан, деб ваъда берганим мадмуазел де Шамрога тортиқ қилиб юбориш истаги туғиляпти менда. Лекин, сўзларимга ишонади деб хаёл қилманг. Мени-чи, жаноб де Тревиль, Одил Людовик дейишади, қани, ҳозир кўрамиз…
– Айни шу адолатдан кўнглим тўқ бўлгани учун, қарорингизни сабр-қаноат ва тўла хотиржамлик билан кутаман, ҳазрат олийлари.
– Кутинг, кутаверинг, – деди қирол, – мен сизни кўп куттириб қўймайман.
Бу орада ўйиндаги омад қиролдан юз ўгира бошлади: у ютқаза бошлаб, бундай иборамизни кечирсинлар-у, ғирромлик қилишдан ҳам тоймасди. Бир-икки дақиқадан сўнг қирол ўрнидан қўзғалди ва олдидаги столда турган, ўзи қарийб ютган ҳамма пулларни чўнтагига яшира туриб, деди:
– Ле Вевил, ўрнимни эгалланг. Мен жаноб де Тревиль билан муҳим масала юзасидан гаплашиб олишим зарур. Ҳа-я, бу ерда саксон луи турган эди – худди шунча тикинг, токи ютқазганлар зиён кўрмасинлар. Адолат – ҳамма нарсадан афзал.
Сўнгра у де Тревилга ўгирилди.
– Шундай қилиб, тақсир, – деразаларнинг бирига томон юра туриб, деди у, – мушкетёрларингиз билан жанжални падари бузруквор гвардиячиларнинг ўзлари қўзиган, деб таъкидлаяпсизми?
– Ҳа, ҳазрат олийлари, ҳар доимгидай-да.
– Бу қандай содир бўпти? Сўзлаб беринг. Ахир ҳакам ҳар иккала томонни ҳам эшитиши зарурлигидан сиз воқиф бўлсангиз керак.
– Худоё тавба! Бундан жўн нарса бўлмайди. Менинг энг яхши уч нафар аскарим – уларнинг номлари сизга яхши таниш, ҳазрат олийлари йигитларнинг садоқатига кўп тан берганлар, улар бутун қалби билан ўз хизматига содиқ деб сиз ҳазрат олийларини ишонтиришим мумкин – демак, уч нафар аскарим Атос, Портос ва Арамислар эътиборига мен бугунгина ҳавола қилган бир ёш гасконлик йигит билан сайрга отланишган. Улар, янглишмасам, Сен Жерменга бормоқчи бўлиб, учрашув жойи қилиб Дешо монастири олдидаги ялангликни тайин қилишган. Тўсатдан жаноб Каюзак, жаноб Бикара, яна икки гвардиячи ҳамроҳлигида жаноб де Жюссак пайдо бўлган. Бу жаноблар кўпчилик бўлиб, фармонни бузиш ниятидан холи бўлишмаган чоғи.
– Хўш, хўш, мен энди тушундим, – деди қирол. – Уларнинг ўзлари шу ерда уришмоқчимикан?
– Мен уларни айбламайман, ҳазрат олийлари, лекин ҳазрат олийлари, ўзингиз бир ўйлаб кўринг: беш нафар қуролланган киши роҳиблар монастрининг атрофидай хилват жойга нима мақсадда боришлари мумкин?
– Сиз ҳақсиз, де Тревиль сиз ҳақсиз!
– Лекин, мушкетёрларимни кўриб қолиб, уларнинг нияти бузилган ва шахсий хусумат полклар орасидаги адоватга ўрин берган. Ҳазрат олийларига маълумку, ахир: қиролга ва ёлғиз қиролга содиқ мушкетёрлар жаноб кардиналга содиқ гвардиячиларнинг азалий душманлари!
– Ҳа, Тревиль, ҳа, – ғамгин гапирди қирол. – Францияни икки қароргоҳга бўлиниб кетганини кўриш жуда қайғули. Қиролликнинг боши иккиталиги жуда қайғули ҳол. Лекин, ҳаммаси барҳам топади, Тревиль барҳам топади. Демак, гвардиячилар мушкетёрлар билан жанжал чиқаришган дедингизми?
– Мен иш худди шундай бўлди, шекилли, деяпман. Лекин, кафил бўлолмайман. Ҳақиқатни аниқлаш нечоғлик мушкуллигини сиз биласиз. Бунинг учун ўша Людовик XIII Одил Людовик деб ном чиқаришига сабаб бўлган ажойиб фаросатга молик бўлмоқ лозим.
– Сиз ҳақсиз, Тревиль. Лекин, мушкетёрларингиз ёлғиз эмас эди. Улар билан бир ёш йигит, қарийб ёш бола бўлган.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, яна бири ярадор эди, шунга кўра, бири ярадор, орасида ёш бола бўлган уч қирол мушкетёрлари жаноб кардиналнинг энг машҳур беш гвардиячисига бас келганлар, ҳаттоки, уларнинг тўрттасини узала туширганлар.
– Ахир бу ғалаба-ку! – юзлари ёришиб хитоб қилди қирол. – Тўла-тўкис ғалаба!
– Ҳа, ҳазрат олийлари, худди Седаги сингари тўлатўкис…
– Тўрт киши, улардан бири ярадор, яна бири қарийб ёш бола дедингизми?
– Уни йигит дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўқнашув пайти у ўзини бирам зўр тутганки, уни сиз ҳазрат олийларига тавсия этишга журъат қиламан.
– Унинг исми нима?
– Д’Артаньян, ҳазрат олийлари. Бу менинг энг эски дўстларимдан бирининг ўғли. Сиз ҳазрат олийларининг оталари билан урушда кўнгилли бўлиб қатнашган кишининг ўғли.
– Шу йигит ўзини яхши тутган денг? Буни менга батафсилроқ сўзлаб беринг, Тревиль: мен уруш ва жанглар мавзусидаги ҳикояларни яхши кўришимни биласиз-ку, ахир.
Шундан кейин қирол Людовик XIII виқор билан орқага суяниб, мўйловини бураб қўйди.
– Ҳазрат олийлари, – давом этди де Тревиль, – сизга айтганимдек, жаноб д’Артаньян – ҳали деярли ўспирин, мушкетёр бўлиш шарафига ноил бўлмагани важҳидан шаҳарлик кишидай кийинган эди. Жаноб кардиналнинг гвардиячилари унинг ҳаддан ташқари ёшлигини ва хусусан полкка дахлсиз бўлганини назар-эътибор қилиб, улар ҳужум бошламасидан кетишини таклиф қилишган…
– Кўряпсизми, Тревиль, – унинг сўзини бўлди қирол, – биринчи улар ҳужум қилишган.
– Мутлақо тўғри, ҳазрат олийлари, бунга шубҳа йўқ. Демак, улар кетишни таклиф қилганлар, у эса қалбида мушкетёрлиги, сиз ҳазрат олийларига тамомила содиқлиги ва бинобарин, мушкетёр жаноблар билан қолажагини айтиб, жавоб қилган.
– Ажойиб йигит! – шивирлади қирол.
– У ҳақиқатда бирга қолган, ҳазрат олийлари ажойиб жангчига эга бўлдилар, зеро, жаноб кардинални қутуртираётган ўша даҳшатли қилич зарбини де Жюссакка ўша берган.
– Жюссакни ўша яралаганми ҳали? – хитоб қилди қирол. – Ўша-я! Бола-я? Бу мумкин эмас, Тревиль!
– Ҳаммаси худди мен сизга маълум қилишга мушарраф бўлгандек рўй берган.
– Жюссак – бутун Франциянинг энг яхши қиличбозларидан бири-ку!
– Нима бўпти, ҳазрат олийлари, у ўзидан кучли рақибга дуч келипти-да.
– Мен у йигитни бир кўрай, Тревиль уни бир кўрай, агар унинг учун бирор нарса қилишнинг иложи бўлса, биз бу билан шуғулланамиз.
– Ҳазрат олийлари уни қачон қабул қилишни мақбул кўрадилар?
– Эртага пешинда, Тревиль.
– Ёлғиз ўзини бошлаб келайми?
– Йўқ, тўртовини бирга келтиринг. Мен уларга бир вақтда миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Содиқ кишилар ҳадеб учрайвермайди, Тревиль, садоқат мукофотга арзийди.
– Пешинда Луврда бўламиз, ҳазрат олийлари.
– Кичик дарвозадан, Тревиль, кичик дарвозадан. Кардинал ғофил қола қолсин.
– Эшитаман, жаноб олийлари.
– Сиз тушунасиз, Тревиль: фармон бу, барибир, фармон. Ахир ҳарҳолда уришиш тақиқланганлиги бор-да.
– Бироқ, бу тўқнашув оддий мубораза доирасидан мутлақо чиқиб кетган. Бу жанг, энг яхши далил эса шуки – менинг уч мушкетёрим билан жаноб д’Артаньянга қарши кардинал гвардиячилари беш нафар эдилар.
– Тўғри, – деди қирол. – Лекин, барибир, кичик дарвозадан келинг, Тревиль.
Тревиль жилмайди. У боланинг устозига қарши бош кўтаришга эришган, бу эса катта гап эди. У қирол қаршисида илтифот билан эгилиб, чиқиб кетишга ижозат сўради. Ўша оқшомдаёқ учала мушкетёр ҳам ўзларига кўрсатилажак марҳаматдан огоҳ қилинди. Қиролни анчадан бери билганлари сабабли улар кўп ҳаяжонланмадилар. Лекин, д’Артаньян ўзининг гасконча тасаввури билан бу воқеада келгуси муваффақиятларнинг нишонасини кўрди ва тун бўйи ёрқин лавҳаларни чизиб чиқди. Эрталаб соат саккизда у аллақачон Атосникида эди.
Д’Артаньян мушкетёрнинг кийиниб чиқишга чоғланиб тургани устидан чиқди. Қиролнинг қабули пешинга тайинлангани учун Атос Люксембург ошхоналари ёнидаги майхонага бориб, у ерда бир оз копток ўйнаш тўғрисида Портос ва Арамис билан ваъдалашган эди. У д’Артаньянга ўзи билан бирга кетишни таклиф қилди. Гарчи, ўйинни билмаса-да, у рози бўлди. Вақт энди тўққиз бўлиб, йигит ўн иккига қадар нима қиларини билмай турган эди.
Портос билан Арамис аллақачон келган ва эрмак учун бир-бирларига копток ирғитишмоқда эдилар. Ҳамма жисмоний машқларда жуда чаққонлик кўрсатадиган Атос д’Артаньян билан майдончанинг қарши томонида туриб, уларга суришишни таклиф қилди. Лекин, гарчи, чап қўли билан ўйнаса-да, бу хил машқ учун жароҳати ҳали жуда янгилигини тушунди. Шу зайл д’Артаньян ёлғиз қолди, ҳамма қоидалар бўйича ўйнамоқ учун ҳали ўта тажрибасизлигини огоҳлантириб қўйгани учун мушкетёрлар ҳамон очко ҳисобламай, копток ирғитардилар. Портоснинг забардаст қўлидан чиққан бир копток учиб ўта туриб, д’Артаньяннинг юзига тегаёзди, агар копток учиб ўтиб кетмай, унинг юзига теккан тақдирда, эҳтимол қабулнинг иложи бўлмаслиги йигитнинг хаёлидан ўтди, чунки унинг бора олиши даргумон бўлиб қолади. Ахир гасконча тасаввурида намоён бўлишича, унинг бутун истиқболи шу қабулга боғлиқ эди-да. У илтифот ила Портос билан Арамисга таъзим қилди-да, улар билан беллашишга қурби етганда ўйинни давом эттиражагини айтди. Шу сўзлар билан у арқоннинг нарёғига ўтиб, томошабинлар орасидан ўрин олди.
Д’Артаньяннинг бахтига қарши падари бузруквор гвардиясиларидан бири томошабинлар орасида эди. Биродарлари кеча учраган мағлубиятдан куйиниб, бу гвардиячи қасос олишга ўз-ўзига сўз берган эди.
– Мана бу йигит коптокдан қўрқса, ажаб эмас, – қўшнисига мурожаат қилиб деди у. – Бу – мушкетёрларнинг шогирди бўлса керак.
Д’Артаньян илон чақиб олгандай ялт этиб ўгирилди-да, бу қўрс сўзларни айтган гвардиячига тикилиб қаради.
– Нима гап? – мўйловини масхараомуз бураб, давом этди гвардиячи. – Менга хоҳлаганингизча қарайверинг, азизим, айтдим-қўйдим-да.
– Бироқ, айтганларингиз ниҳоятда равшан бўлиб, изоҳ талаб этмагани важҳидан, – жавоб берди д’Артаньян, – мен орқамдан юришингизни сўрайман.
– Қачон экан? – ҳамон ўша масхарали оҳангда сўради гвардиячи.
– Шу заҳоти, қани, марҳамат қилинг.
– Сизга менинг кимлигим маълумдир, деган умиддаман.
– Бу менга сира маълум эмас, бунинг устига фарқи ҳам йўқ.
– Аттанг! Номимни билгач, бу қадар шошмай қолармидингиз.
– Хўш, номингиз нима экан?
– Бернажу, хизматингизга тайёр.
– Демак, жаноб Бернажу, – хотиржам жавоб берди д’Артаньян, – мен сизни чиқаверишда кутаман.
– Бораверинг, тақсир. Орқангиздан кетяпман.
– Ортиқча шошма-шошарлик қилманг, тақсир, токи бирга чиққанимизни ҳеч ким пайқаб қолмасин. Биз шуғулланажак ишга ортиқча гувоҳларнинг кераги йўқ.
– Яхши, – номи лозим таассурот қолдирмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, рози бўлди гвардиячи.
Бернажунинг номи ҳақиқатан ҳам ҳаммага маълум эди, ёлғиз д’Артаньянгина бундан истисно бўлса, эҳтимол. Зеро, бу қирол ва кардиналнинг фармонларини юз-хотир қилмасдан ҳар кун содир бўлиб турган тўқнашув ва олишувларнинг деярли ҳаммаси иштирокчисининг номи эди.
Портос билан Арамис ўйин билан шу қадар андармон, Атос бўлса уларни шу қадар берилиб кузатмоқда эдики, гвардиячига ваъда қилганидек, чиқиб бўсағада тўхтаган ёш йигитнинг кетганини уларнинг ҳеч бири сезмади. Бир-икки дақиқадан кейин гвардиячи унинг изидан чиқди. Д’Артаньян пешинга тайинланган қирол қабулига кечикишдан қўрқиб, интиқарди. Атрофга аланглаб, у кўчанинг бўм-бўшлигини кўрди.
– Худо ҳаққи, – рақибига мурожаат қилиб гапирди у, – ўзингизни Бернажу десангиз ҳам омадингиз бор экан! Сиз фақат шогирд-мушкетёрга йўлиқибсиз. Дарвоқе, ташвиш тортманг: мен қўлимдан келганини аямайман. Ҳимоя қилинг ўзингизни!
– Назаримда, – деди д’Артаньян чорлаган гвардиячи, – назаримда, жой нобопроқ танланган. Сен-Жерменнинг орқасида, ёки, Пре-о-Клеркда учрашсак, бемалолроқ бўлармиди.
– Сўзларингиз жуда ўринли, – деди д’Артаньян. – Афсуски, вақтим зиқ. Роппа-роса соат ўн иккида мулоқотим бор. Шунинг учун ўзингизни ҳимоя қилинг, тақсир, ҳимоя қилинг!
Бернажу бу хил таклифни такрорлатиб ўтирадиганлардан эмасди. Шу заҳотиёқ у қўлда қиличини ярақлатиб, ёшлигини юз-хотир қилиб, фақат бир қўрқитиб қўймоқчи бўлган рақибига ташланди.
Лекин, д’Артаньян куни-кеча яхши сабоқ олган эди. Ғалаба иштиёқидан бутун вужудини титроқ босиб, кутилажак марҳаматдан фахрланиб, у бирор қадам чекинмасликка қатъий қасд қилган эди. Қиличлар жаранглаб чалишди. Д’Артаньян дадил турди, рақиб эса бир қадам чекинишга мажбур бўлиб қолди. Бу ҳаракат пайти Бернажунинг қиличи сал оғишганидан фойдаланиб, д’Артаньян қиличини бўшатиб олди-да олға ташланиб, тиғни рақибнинг кифтига тегизди. Д’Артаньян шу замон орқага чекиниб, қиличини кўтарди. Лекин, Бернажу, бу ҳеч гап эмас, деб қичқирди-да, дадил олға чиқиб, д’Артаньяннинг қиличига ўзи бориб урилди. Лекин, барибир, у йиқилмас, ўзини мағлуб деб ҳам тан олмас, фақат ўзини бир қариндоши хизматда бўлган де Ла Тремул иморати сари чекинарди, холос, ўзи рақибига берган сўнгги жароҳатнинг нақадар оғирлиги тасаввурида ҳам йўқ д’Артаньян шиддат билан уни қисиб борар, эҳтимол, ўлдириб ҳам қўярди. Бироқ, кўчадаги шовқинни копток ўйналаётган хонада эшитиб қолишди. Гвардиячининг дўстларидан уни д’Артаньян билан бир-икки оғиз сўз ташлашиб, кейин унинг орқасидан чиқиб кетганига кўзи тушган икки нафари қиличларини суғуриб, хонадан чопиб чиқиб, ғолибга ёпишдилар. Аммо, айни шу онда Атос, Портос ва Арамислар ҳам ўз навбатида бўсағада пайдо бўлдилар ва ёш дўстларига ҳужум қилаётган икки гвардиячига ёпирилиб, уларни ўзлари томон ўгирилишга мажбур қилдилар. Шу пайт Бернажу йиқилиб тушди, тўрт кишига қарши иккаловигина қолган гвардиячилар шовқин кўтаришди:
– Де Ла Тремулнинг одамлари, ёрдамга!
Бу нидога де Ла Тремулнинг уйида бор одамлар ёғилиб чиқди-ю, тўрт мушкетёрга ташланишди.
Лекин, мушкетёрлар ҳам ўз навбатида жанговар наъра тортдилар:
– Мушкетёрлар, ёрдамга!
Бу ҳайқириққа ҳамиша лаббай дейиларди. Мушкетёрлар падари бузрукворнинг душмани эканини ҳамма билар, кардиналга бўлган бу адовати учун улар манзур эдилар. Шунинг учун Арамис айтгувчи Қизил Герсогга хизмат қилмаган бўлак полкларнинг гвардиячилари шу хил тўқнашувларда қирол мушкетёрларининг ёнини олардилар. Айни шу пайтда жаноб Дезессара полкидан уч гвардиячи ўтиб кетмоқда эди, улардан икки киши тўрт биродарларига ёрдамга отилди, бу орада учинчиси эса:
– Мушкетёрлар, ёрдамга! Ёрдамга! – дея бақирганича де Тревиль уйига қараб, елдек учиб кетди.
Ҳар доимгидай жаноб де Тревилнинг ҳовлиси ўз полкидаги аскарлар билан гавжум бўлиб, улар биродарларининг ёнини олгани югуришди. Умумий ур-йиқит келиб чиқди, лекин, устунлик жаноб де Тревиль одамларида эди. Кардиналнинг гвардиячилари билан жаноб де Ла Тремулнинг одамлари рақибаларининг ҳам ўзлари билан киришига тўсқинлик қилиш учун дарвозани беркитишга аранг улгуриб, ҳовлининг ичкарисига чекинишди. Ярадор Бернажу бундан илгарироқ жуда оғир аҳволда уйга олиб кетилган эди.
Мушкетёрлар билан уларнинг шериклари ҳаяжони авжига чиқиб кетди, энди де Ла Тремул одамлари қирол мушкетёрларига ҳужум қилишга ботингани қасдига уйга ўт қўйиб юбориш керакмикин, деган фикр туғила бошлади. Кимдир ўртага ташлаган бу таклиф завқ билан қабул қилинди. Аммо, хайриятки, соат ўн бирга занг уриб қолди. Д’Артаньян билан унинг дўстлари қабулни эслаб қолишди. Шундай қойилмақом ҳазил уларнинг иштирокисиз ижро этилишидан қўрқиб, бу бебош каллаларни совутишга ҳаракат қилишди. Ҳар қалай бир-иккита тош учиб бориб, дарвозага тегди. Лекин, дарвоза мустаҳкам экан. Бу оломоннинг шаштини қайтарди. Бундан ташқари, сарбонлар оломондан ажралиб чиқиб кетишган ва аллақачон ҳамма гапдан хабар топган де Тревилнинг уйига томон кетмоқда эдилар.
– Дарров Луврга! – деди у. – Луврга, бирор дақиқа зое кетмасин, қирол билан, уни кардинал огоҳлантирмасдан илгари учрашиб кўрайлик. Биз бу ишни кечагининг давоми қилиб кўрсатамиз, иккаласи бир кета қолади.
Жаноб де Тревиль тўрт оғайни ҳамроҳлигида Луврга шошилди. Лекин, у ерда мушкетёрлар капитанини лол қолдириб, қиролнинг Сен-Жермен ўрмонига буғу овлагани жўнаб кетганини хабар қилдилар. Жаноб де Тревиль бу янгиликни икки марта такрорлашга мажбур қилиб, гал сайин кўпроқ қовоғини соларди.
– Овга чиқишга ҳазрат олийлари кеча қарор қилдиларми? – сўради у.
– Йўқ, жаноб олийлари, – жавоб берди маҳрам, – тунда буғу қуршаб олинганини бош мерган бугун эрталаб уларга хабар қилди. Қирол аввал бормайман деди, кейин бундай эрмакдан воз кечгани кўнгли бўлмай – барибир кетди.
– Қирол кетиш олдидан кардинал билан кўришганмиди? – сўради жаноб де Тревиль.
– Шундай бўлса, эҳтимол, – жавоб берди маҳрам. – Падари бузрукворнинг қўшилган извошини бугун эрталаб дарвозахонада кўриб эдим. У қаёққа бормоқчи, десам, менга Сен-Жерменга деб жавоб қилишди.
– Биздан ўзиб кетишипти, – деди де Тревиль. – Бугун кечқурун мен қиролни кўраман, жаноблар. Сизларга келганда эса, қиролга рўбарў бўлишни маслаҳат бермайман.
Маслаҳат жуда тўғри, энг муҳими, қиролни тўкис билган кишидан чиққан эдики, тўрт оғайни у киши билан баҳслашиб ҳам ўтирмадилар. Жаноб де Тревиль уй-уйига тарқаб, кейинги маълумотларни кутишни таклиф этди.
Уйга қайтгач, де Тревиль шошилинч, биринчи бўлиб арз қилиш керак, деб кўнглидан кечирди. У мулозимларининг бирини жаноб де Ла Тремул ҳузурига мактуб билан юборди, унда кардинал хизматида бўлган гвардиячини ўз уйидан ҳайдаб чиқаришини ва мушкетёрларга ҳужум қилишга журъат этганлари учун ўз одамларига танбеҳ беришни ўтинган эди. Бернажуга рақобати бўлган ўз отбоқари томонидан аллақачон огоҳ қилинган жаноб де Ла Тремул жаноб де Тревилнинг ҳам, мушкетёрларнинг ҳам арз қилишлари ярашмаган қилиқ, чунки, аксинча, мен ўзим шикоят қилсам бўлади, зеро, мушкетёрлар хизматкорларимга ҳужум қилишган, ҳатто, уйимга ўт қўймоқчи ҳам бўлишган деб жавоб қилди. Бу икки мансабдорнинг жанжали анча узоқ чўзилиши мумкин эди, уларнинг ҳар бири ҳам ўз сўзида туриб олиши аён эди, лекин, де Тревиль бир чора ўйлаб топдики, у ҳаммасини равшанлаштириши зарур эди. У шахсан ўзи жаноб де Ла Тремулникига боришга аҳд қилди.
Жаноб де Ла Тремулнинг уйига етиб, у ўзи тўғрисида ахборот беришни буюрди.
Мансабдорлар илтифот билан таъзим қилдилар. Гарчи, дўстлик ришталари билан боғланмаган бўлсалар-да, улар бир-бирларини иззат қилишарди. Протестант ўлароқ де Ла Тремул саройда кам бўлар ва шунинг учун ҳеч бир партияга кирмагани сабабли, у, одатда, ўзининг кишилар билан муносабатларига эгри фикр аралаштирмасди. Бу дафъа де Тревиль тавозе билан бўлса-да, ҳар вақтдагидан совуқроқ манзират қилинди.
– Тақсир, – деди мушкетёрлар капитани, – иккимиз ҳам ўзимизни озор топган, деб ҳисобламоқдамиз, мен сиз билан биргаликда бу ишнинг ҳамма жиҳатларини аниқлаш учун ҳузурингизга ташриф буюрдим.
– Жоним билан, – жавоб берди де Ла Тремул, – лекин, огоҳлантириб қўяй, менинг жуда яхши хабарим бор, ҳамма гуноҳ сизнинг мушкетёрларингизда.
– Сиз ўта мулоҳазали ва ҳаққоний кишисиз, тақсир, мен айтмоқчи бўлиб, ҳузурингизга келган таклифни рад қилмассиз.
– Марҳамат, тақсир, қулоғим сизда.
– Отбоқарингизнинг қариндоши жаноб Бернажу ўзини қандай ҳис қиляпти?
– Аҳволи оғир, тақсир. Ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган билакдаги ярадан ташқари, ўпкасига иккинчи зарба ҳам берилган. Табиб унинг соғайиб кетишига деярли умид қилмаяпти.
– Ярадор ҳушидами?
– Ҳа, ҳуши жойида.
– У гапира оладими?
– Зўрға-ю, лекин, гапиряпти.
– Гап бундай, тақсир, унинг ёнига борайлик, тез ора унинг жонини олиб кетиши, эҳтимол, худони ўртага солиб ҳақиқатни айтишини илтижо қилайлик. Майли, ўз шахсий ишида унинг ўзи ҳакам бўлсин, мен ҳам у нимаики деса, ҳаммасига ишонаман.
Жаноб де Ла Тремул бир зум ўйланиб қолди, лекин бундан тўғрироқ таклиф қилиш мушкул, деган қарорга келиб, дарҳол рози бўлди.
Улар иккаласи ярадор ётган хонага тушдилар. Ўзидан хабар олгани келган бу мартабали жанобларни кўриб, бемор каравотида қўзғалишга ҳаракат қилди, лекин у шу қадар заиф эдики, қилган ҳаракатидан мадори қуриб, деярли ҳушидан кетиб, орқасига ағдарилиб тушди.
Жаноб де Тревиль унинг ёнига бориб, юзига тутган шишадаги дори уни ўзига келтирди. Шунда жаноб де Тревиль беморга таъсирини ўтказган, деб маломат қилишларини истамай, де Ла Тремулнинг ўзи тергашини таклиф этди.
Ҳаммаси худди жаноб де Тревиль ўйлагандай бўлиб чиқди. Ҳаёт-мамот ўртасида тураркан, Бернажу ҳақиқатни яширолмади. У бор гапни асли қандай рўй берган бўлса, худди шундай сўзлаб берди.
Де Тревилнинг айни муддаоси шу эди. У Бернажуга тезроқ соғайишини тилаб, де Ла Тремул билан хайрмаъзур қилди-да, уйига қайтиб, тўрт оғайнини пешинликка кутажагини айттириб, зудлик билан одам юборди.
Жаноб де Тревилникида энг яхши давра – хонаси келганда шуни айтиш керакки, ёппасига кардинал душманлари йиғилгувчи эди. Шунинг учун бутун овқат давомида суҳбат падари бузрукворнинг гвардиячилари учраган қўш мағлубият атрофида айлангани тушунарли. Иккала жангнинг ҳам қаҳрамони д’Артаньян бўлгани сабабли ҳамма олқишлар худди ўшанга ёғилди. Атос, Портос ва Арамислар эса фақат кўнгилчан дўстларгина эмас, балки, кўп мадҳ этилавериб кўнглига урган, бу гал ўз насибасидан бош тортиши мумкин кишилар сифатида унга бажонудил ён берган эдилар.
Соат олтига етганда де Тревиль Луврга жўнаш пайти келди, деб эълон қилди. Лекин, аудиэнсия учун тайинланган вақт ўтиб кетгани сабабли у энди кичик дарвозадан киришга ижозат сўрамади, балки, ўзининг тўрт ҳамроҳи билан қабулхонадан ўрин олди. Қирол ҳали овдан қайтганича йўқ эди.
Ёш дўстларимиз ярим соатча кутганларидан кейин бирдан ҳамма эшиклар ланг очилиб, ҳазрат олийларининг етиб келгани тантанали маълум қилинди. Д’Артаньян қалтирай бошлади. Кейинги дақиқалар, афтидан, унинг бутун келгуси тақдирини ҳал қилиб бериши лозим эди. Нафаси ичига тушиб, у нигоҳини қирол кирадиган эшикка қадади.
Бўсағада Людовик XIII кўринди. У ҳамроҳларидан илгари келарди. Қирол роса чангга ботган ов либосида эди. Қўлларида қамчи. Д’Артаньян бир қарашдаёқ унинг қаҳр-ғазаб сочишини фаҳмлади.
Қиролнинг авзойи ёмонлиги нечоғлик равшан бўлмасин, барибир, сарой аҳли унинг йўлида сафга тизилиб турди: қирол қабулхоналарида ғазабли назарга тушишни, умуман, кўзга илинмасликдан афзал кўрадилар. Шунинг учун учала мушкетёр ҳам сира иккиланмасдан бир қадам олдинга чиқдилар, д’Артаньян эса аксинча, уларнинг орқасида пана бўлишга ҳаракат қилди. Де Тревилга келганда, қиролнинг нигоҳи унга қадалганда, у бу нигоҳга шунча қатъият билан дош бердики, қирол беихтиёр кўзларини олиб қочди. Бундан кейин ҳазрат олийлари аллақандай мубҳам товушлар чиқариб, ҳашаматли хонасига ўтиб кетди.
– Ишлар пачава, – табассум билан деди Атос. – Бизга орден инъом қилиниши ҳали пешанамизда йўқ экан.
– Шу ерда ўн дақиқа кута туринг, – деди жаноб де Тревиль. – Бу орада қайтмасам, меникига жўнайверинг: ортиқ кутишнинг фойдаси йўқ.
Тўртала дўстлар ўн дақиқа кутишди, чорак соат, йигирма дақиқа. Де Тревилнинг дараги йўқлигини кўриб, улар жуда безовта бўлиб, йироқлашдилар.
Жаноб де Тревиль бу орада қирол кабинетига далил кириб борди ва қиролнинг энг нохуш кайфияти устидан чиқди. Қирол қамчи сопини ботфортларига уриб-уриб, креслода ўтирарди. Де Тревиль хижолат чекмасдан, пинагини бузмай унинг сиҳатини суриштирди.
– Ёмон, тақсир, ўзимни ёмон ҳис қиляпман, – жавоб берди қирол. – Зерикаяпман.
Дарҳақиқат, бу Людовик XIII нинг энг оғир дардларидан бири эди. У муқаррибларидан бирортасини дераза ёнига етаклаб, унга: «Зерикиб кетяпман, тақсир, келинг, бирга зерикайлик» – деган ҳоллар ҳам бўлиб турарди.
– Қандай? – хитоб қилди де Тревиль. – Ҳазрат олийлари шикордан роҳат қилмадиларми ҳали?
– Роса роҳат бўпти-да! – тўнғиллади қирол. – Ҳамма нарса айнияпти, азбаройи худо! Билмайман, энди парранда из қолдирмай қўйдими, итлар сезгирлигини йўқотишдими. Биз каттакон буғунинг пайига тушиб, олти соат таъқиб қиляпмиз денг, уни Сен-Симонга қамай-қамай деганда ғалабани овоза қилайлик, деб энди мугузни лабимизга тутишимизни биламиз, гала тўсатдан сапчиб, аллақандай бир яшарига ёпишса бўладими. Мана, кўрасиз, лочин ови сингари буни ҳам йиғиштириб қўйишимга тўғри келади. Э, жаноб де Тревиль, мен бахти қаро қиролман! Битта шунқорим қолган эди, у ҳам тунов куни ҳаром ўлди.
– Ростданам, ҳазрат олийлари, бу катта бахтсизлик, дилгирлигингизни тушунаман. Лекин, назаримда, лочин, қирғий ва бўлак овчи қушларингиз ҳали анча-мунча қолгандир?
– Уларни ўргатиш қўлидан келадиган ҳеч ким йўқ. Қўшбегиларнинг уруғи қуриб кетаётир. Ёлғиз мен ҳали лочин ови санъатига эгаман. Мендан кейин ҳаммаси тамом бўлади. Қопқон, тузоқ қўйиб ов қилишади. Кошки эди, шогирд тайёрлашга улгурсам… Лекин, қаерда, жаноб кардинал бир зум тинч қўймайди, ҳадеб, Испанияни гапиради, Австрияни гапиради, Англияни гапиради! Ҳа, дарвоқе, кардинал хусусида: жаноб де Тревиль, мен сиздан норозиман.
Де Тревиль шуни кутарди, холос. Қиролни у кўпдан бери биларди, унинг ҳамма ҳасрат-надоматлари борйўғи бир дебоча, унга журъат бахшида қиладиган қўзғатувчи воситага монанд нарсалигини тушунди. Ўзи айтмоқчи бўлган нарсаларни у мана энди гапиради.
– Ҳазрат олийлари олдида мен нима гуноҳ қилибман? – юзида ғоят зўр таажжуб ифодалаб сўради де Тревиль.
– Сиз бурчингизни шундай бажаряпсизми ҳали, тақсир? – дангал жавобдан қочиб, давом этди қирол. – Измингиздаги кишилар одамларни ўлдирсин, бутун бошлиқ даҳани бошига кўтарсин, сал бўлмаса бутун Парижга ўт қўйсин, деб мен сизни мушкетёрлар капитани қилиб тайинлабманми? Сиз бу хусусда лом-мим демайсиз-а? Айтгандек, – давом этди қирол, – мен сиздан бекорга нолиятганга ўхшайман. Эҳтимол, улар аллақачон қамалиб, жазосини тортгандир, уларнинг суд қилинганини менга маълум қилгани келгандирсиз.
– Йўқ, ҳазрат олийлари, – хотиржам жавоб берди де Тревиль, – мен сиздан суд бўлишини илтимос қилиб келган эдим.
– Кимлар устидан ахир? – хитоб қилди қирол.
– Туҳмат қилганлар устидан, – деди де Тревиль.
– Зап янгилик-ку, бу! – хитоб қилди қирол. – Уч лаънати мушкетёрингиз, бу Атос, Портос билан Арамисингиз ўша беарнлик муттаҳам билан бирга шўрлик Бернажуга қутургандай ёпирилганини ҳали сиз инкор этарсиз, уни шу қадар дўппослашганки, эҳтимол у ҳозир ажал тўшагида ётгандир? Бунинг кетидан де Ла Тремулнинг уйини қуршаб, унга ўт қўймоқчи бўлганларини ҳам инкор этарсиз – уруш пайти бўлса, майли эди, унча ёмон бўлмасди, зеро ўша уй гугенотларнинг ростмана уяси, лекин, тинч вақтда бу кўнгилсиз воқеа ибрат бўлиши мумкин. Қани энди айтинг: шу гапларнинг ҳаммасини инкор қилмоқчимисиз?
– Ҳазрат олийларига бу эртакни ким айтиб берди ўзи? – ҳамон ўша босиқлик билан гапирди де Тревиль.
– Ким айтиб берди дейсизми, тақсир? Ким бўларди, ўша мен ухлаганда бедор юрган, мен яйраётганда, мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги – Франция ва Европадаги ишларини бошқараётган кишининг ўзи-да?
– Ҳазрат олийлари, олло таолонинг ўзини назарда тутаётган бўлсалар керак, – деди де Тревиль, – зеро, менинг назаримда, ёлғиз худо ҳазрат олийларидан шу қадар юқори туриши мумкин.
– Йўқ, тақсир, мен қиролликнинг истисноси, менинг ягона чокарим, ягона дўстим – жаноб кардинални айтяпман.
– Жаноб кардинал ҳали авлиё эмас.
– Нима демоқчисиз, тақсир?
– Ёлғиз папагина беиллатдир, бу беиллатлик кардиналларга дахлсиз.
– Сиз у алдаяпти, хоинлик қилаяпти демоқчимисиз? Бинобарин, сиз уни айблаяпсиз-да? Қани, тўғрисини айтинг, уни айблаётганингизга иқрор бўлинг.
– Йўқ, ҳазрат олийлари. Лекин, мен унинг ўзи алданган деяпман. Мен ҳазрат олийларининг мушкетёрларига адолатсизлик қилиб, уларни айблашда у шошма-шошарлик қилган, маълумотларни ёмон манбалардан тўплаган демоқчиман.
– Айблаётган жаноб де Ла Тремул герсогнинг ўзи.
– Мен герсогнинг холислигига ишониб бўлмас, негаки, у бу ишни кўнглига жуда яқин оляпти деб жавоб қилишим мумкин эди, ҳазрат олийлари. Лекин, мен бундан йироқман, ҳазрат олийлари. Мен герсогни олижаноб, виждонли киши сифатида биламан, унинг ўзига ишонишга тайёрман, фақат бир шарт билан…
– Қандай шарт билан?
– Истардимки, ҳазрат олийлари у кишини чақиртириб, сўроқ қилсалар, лекин, гувоҳларсиз, ёлғиз сўроқ қилсалар, кейин ҳазрат олийлари герсог кетган заҳоти мени қабул этсалар.
– Шундай денг? – деди қирол. – Жаноб де Ла Тремулнинг ҳамма гапларига тамомила ишонасизми?
– Ҳа, ҳазрат олийлари.
– Сиз унинг ҳукмига итоат қиласизми?
– Ҳа.
– Неки талаб этса, рози бўласизми?
– Ҳа, ҳазрат олийлари.
– Ла Шене! – қичқирди қирол. – Ла Шене!
Людовик XIII нинг ҳамиша эшик пойлагувчи ишончли маҳрами хонага кириб келди.
– Ла Шене, – деди қирол, – дарҳол жаноб де Ла Тремулга жўнасинлар. Бугуноқ кечқурун у киши билан гаплашиб олишим зарур.
– Де Ла Тремул билан менинг орамда ҳеч кимни қабул қилмайман деб, ҳазрат олийлари сўз берадиларми? – сўради де Тревиль.
– Ҳеч кимни, – жавоб берди қирол.
– Унда эртагача, ҳазрат олийлари.
– Эртагача, тақсир.
– Ҳазрат олийлари қай вақтни буюрадилар?
– Сиз истаган вақтни.
– Лекин, мен жуда эрта келиб қўйиб, ҳазрат олийларини уйғотиб қўйишдан қўрқаман.
– Мени уйғотиб юборишдан? Мен ухлармишманми? Мен ортиқ ухламай қўйдим, тақсир. Гоҳида мизғийман, холос. Истаганингизча эрта келаверинг, соат еттида бўлсаям, майли. Лекин айб мушкетёрларингизда бўлса, эҳтиёт бўлинг!
– Айб мушкетёрларимда бўлса, айбдорлар ҳазрат олийларининг қўлларига топширилади, лозим кўрган чорангизни қўллайсиз. Ҳазрат олийларининг яна бошқа истаклари борми? Қулоғим сизда, Итоат қилишга тайёрман.
– Йўқ, тақсир. Йўқ. Мени бекорга Одил Людовик дейишмайди. Эртагача, тақсир, эртагача.
– Ҳазрати олийларини худо паноҳида асрасин!
Бу тун қирол нечоғлиқ ёмон ухласа-да, жаноб де Тревиль ундан ҳам бадтарроқ ухлади. У оқшомдаёқ уч мушкетёр ва уларнинг дўстига саҳарда роппа-роса олти яримда ўзиникида бўлишини айттириб қўйди. Ҳеч қандай ваъда бермай, ҳеч нарсага кафил бўлмай, уларни ўзи билан саройга олиб кетди, уларнинг тақдири худди ўзиники сингари қил устида турганини ҳам яширмади.
Кичик дарвозадан киргач, у кутишни буюрди. Қирол жаҳлидан ҳануз тушмаган бўлса, улар билдирмай жўнаб қоладилар. Борди-ю, қирол қабул қилишга розилик берса, уларни чақирадилар.
Қиролнинг шахсий қабулхонасида жаноб де Тревиль Ла Шенени кўриб қолди, у кеча кечқурун герсог де Ла Тремулни уйидан топиш иложи бўлмагани, уйига қайтганда алламаҳал бўлиб, саройга келолмагани ва герсог боягина ташриф буюриб, шу дақиқада қирол ҳузуридалигини маълум қилди.
Сўнгги вазият жаноб де Тревилга жуда маъқул эди. Энди у де Ла Тремулнинг кетиши билан шахсан ўзининг қирол ҳузурида бўлиши оралиғида ҳеч қандай бегона таъсир ўтиб улгурмаслигига ишонса бўларди.
Дарҳақиқат, ўн дақиқа ўтар-ўтмас эшиклар очилди ҳамда де Тревиль кабинетдан чиқиб келаётган де Ла Тремулни кўрди. Герсог тўппа-тўғри унга қараб юрди.
– Жаноб де Тревиль, – деди у, – ҳазрат олийлари уйимнинг олдида содир бўлган воқеанинг ҳамма тафсилотларини билиш учун мени чақиртирибдилар. Мен у кишига тўғрисини айтдим, яъни айб менинг одамларимда бўлганини, сиздан узр сўрашга тайёрлигимни тан олдим. Сиз билан учрашиб қолган эканман, бу нарсани ҳозир бажо келтиришга ижозат бергайсиз, мени ҳамиша ўз дўстларингиз қаторида санашингизни илтимос қиламан.
– Жаноб герсог, – гапирди де Тревил, – мен сизнинг ортиқ даражада ҳалоллигингизга шу қадар ишонган эдимки, қирол олдида сиздан бўлак шафени кўнглим истамади. Мен хато қилмаганимни кўриб турибман, шаънига ҳозирги гапларимни янглишмай бўладиган эркакларнинг Францияда ҳали уруғи қуримагани учун сизга ташаккур.
– Жуда соз, жуда соз! – хитоб қилди эшикда турган ҳолда бу суҳбатни эшитган қирол. – Ўзини сизнинг дўстингиз деяётгандан кейин унга фақат айтиб қўйинг, Тревиль, мен ҳам у кишининг дўстлари қаторида бўлишни истардим, лекин у менга парво қилмайди. У кишини кўрмаганимга, мана яқинда уч йил тўлади, фақат чақиртирганимдан кейин кўрдим. Менинг номимдан шуни айтиб қўйинг, зеро, булар қирол ўзи айтолмайдиган нарсалардир.
– Ташаккур, ҳазрат олийлари, ташаккур. Лекин, мен ҳазрат олийларини ишонтириб қўйишни истардимки – бунинг де Тревилга алоқаси йўқ, албатта – мен ҳазрат олийларини ишонтириб қўйишни истардимки, энг садоқатли кишилар ҳазрат олийлари истаган маҳал кўриниб юрганлар эмас.
– Демак, сиз гапимни эшитибсиз-да герсог? Яна яхши, яна яхши! – дея бир қадам олға юриб гапирди қирол. – Ҳа, сизмидингиз, Тревиль? Мушкетёрларингиз қани ўзи? Мен тунов куни уларни олиб келинг, деб илтимос қилган эдим-ку. Нега буни қилмадингиз?
– Улар пастда, ҳазрат олийлари, рухсатингиз билан Ла Шене уларни чақириб келади.
– Ҳа, ҳа, дарҳол ҳузуримга келсинлар. Ҳали замон саккиз бўлади, тўққизда эса мен баъзи бировларни кутяпман… Кетишингиз мумкин, герсог, албатта, саройда бўлиб туринг… Кираверинг, Тревиль.
Герсог таъзим қилиб, чиқиш томон юрди. У эшикни очаётган пайти зинанинг юқори супасида уч мушкетёр билан д’Артанян кўриниб қолишди. Уларни Ла Шене етаклаб келган эди.
– Яқинроқ келинг, ботирлар, яқинроқ келинг, – деди қирол. – Сизларни бир койиб қўяй.
Мушкетёрлар таъзим билан яқинроқ бордилар. Д’Артаньян орқароқда юрди.
– Шайтонлар-эй! Қандай қилиб бу тўрт киши икки кунда кардиналнинг етти гвардиясини ишдан чиқариб қўйдиларинг? – давом этди Людовик XIII. – Бу кўп, қуюшқондан ташқари кўп. Иш шу қабилида борса, уч ҳафтадан кейин падари бузруквор ротасини янгилашига тўғри келиб қолади. Мен бўлсам, фармонларни жуда қаттиққўллик билан тадбиқ этишга мажбур бўлиб қоламан. Биттаси ҳам майли, энди эътироз қилмайман. Лекин, икки кун ичида етти кишини – такрор айтаман, бу кўп, қуюшқондан ташқари кўп.
– Худди шунинг учун, ҳазрат олийлари, кўриб турганларидек, улар хижолатда, жуда пушаймонда, ҳам узр сўраяптилар, – Хижолатда? Жуда пушаймонми? Ҳм… – ишонқирамай гапирди қирол. – Мен уларнинг муғомбир башараларига ишонмайман. Айниқса, ҳув анави гасконча келбатлисига. Қани, яқинроқ келинг-чи, афандим!
Бу сўзлар ўзига дахлдорлигини тушуниб, жуда ўсал бир қиёфада яқинроқ борди д’Артаньян.
– Шунақами ҳали? Нега энди сиз аллақандай йигит тўғрисида гапириб ўтирибсиз? Ахир бу гўдак-ку, норасида гўдак! Шундай даҳшатли зарбани Жюссакка шу бола урди денг ҳали?
– Бернажуга ҳам икки қилич зарбасини.
– Ростдан-а?
– Шуниси ҳисоб хорижидаки, – сўз қистирди Атос, – агар у мени Каюзакнинг қўлидан халос қилмаганида шу дақиқа ўзимнинг хокисор эҳтиромимни ҳазрат олийларига билдиришга мушарраф бўлолмасдим.
– Демак, чинакам шайтон экан-да, бу ёш беарнлигингиз, раҳматлик отам айтгувчи, шайтонлар-эй! Бу туришда озмунча қилич синиб, камзул йиртиладими? Гасконликлар эса аввалгидек камбағал, тўғрими?
– Тан олишим керак, ҳазрат олийлари, – деди де Тревиль, – олтин хазиналар уларнинг тоғларида ҳали-бери топилганича йўқ, гарчанд, раҳматлик отангизнинг тахт учун курашида қўллаб-қувватлаганлари учун худойим шундай мўъжиза яратса бўларди.
– Бундан чиқди, отамнинг ўғли бўлганимдан кейин мени ҳам гасконликлар қирол қилиб қўйибдилар-да, тўғрими, Тревиль? Хўш, бош устига, бу менга маъқул… Ла Шене, бориб менинг ҳамма чўнтакларимни кавлаштириб кўринг – қирқ пистол топилармикан, агар топилса, бу ёққа келтиринг. Унгача эса ҳаммаси қандай содир бўлганини қўлингизни кўксингизга қўйиб, сўзлаб беринг, йигитча.
Д’Артаньян кечаги ҳодисани майда-чуйда тафсилотларигача: ҳазрат олийларини кўраман деб азбаройи қувонганидан уйқуси қочиб, ўз дўстларининг ёнига қабулдан уч соат илгари ташриф буюргани, улар биргалашиб майхонага жўнаганлари ва Бернажу уни юзига копток тегиб кетишидан ҳадиксираётганини пайқаб, мазах қила бошлагани ва бу масхаралари касрига ҳаётини бой бераёзгани, бунга мутлақо алоқаси йўқ де Ла Тремул эса товонига уйидан Болупар бўлишига сал қолганларини ҳикоя қилди.
– Шундай! Ҳаммаси худди менга герсог сўзлаб бергандай!.. Шўрлик кардинал! Икки кунда етти киши-я, яна энг кўнглига яқинлари!… Лекин, энди бас, жаноблар, эшитаяпсизми? Бас! Сизлар Феру кўчасининг қусурини, ҳатто, ортиғи билан чиқардиларинг. Кўнглингиз тўлса бўлади.
– Ҳазрат олийларининг кўнгиллари тўлган бўлса, бизники ҳам тўлди, – деди де Тревиль.
– Ҳа, кўнглим тўлди, – деди қирол ва Ла Шененинг қўлларидан бир ҳовуч олтин тангаларни олиб, уларни д’Артаньяннинг ҳовучига солиб қўйди. – мана, – қўшиб қўйди у, – кўнглим тўлганининг исботи.
У замонларда бизнинг кунларда тарқалган ғурур тўғрисидаги тушунчалар ҳали расм бўлмаган эди. Дворян қирол қўлларидан пул олар экан, сира орияти келмасди. Шунинг учун д’Артаньян олган қирқ пистолни тортинмасдан чўнтагига солиб қўйиб, ҳатто, қуюқ миннатдорчилик ҳам билдирди.
– Хўш, жуда соз, – девор соатига кўз югуртириб деди қирол. – Жуда соз. Ҳозир саккиз ярим бўлиб қолибди. Тўққизда баъзи бировларни кутяпман, деб айтиб эдимку. Садоқатингиз учун ташаккур, жаноблар. Мен унга келгусида ҳам ишонсам бўлади, тўғрими?
– Ҳазрат олийлари, – бир овоз билан хитоб қилди тўрт улфат, – қиролимиз учун ўзимизни тилка-тилка қилдирардик.
– Яхши, яхши! Лекин, тилка-тилка бўлмаганингиз маъқул. Шунда мен учун яхшироқ ҳам нафи кўпроқ бўлади… Тревиль, – ёш йигитлар чиқаётган пайтда нимтовушда қўшиб қўйди қирол, – полкингизда бўш ўрин бўлмагани важҳидан, бунинг устига полкка синовсиз қабул қилмасликка қарор ҳам қилиб қўйдик, бу йигитни куёвингиз жаноб Дезессаранинг гвардия ротасига жойлаштириб қўйинг… Эҳ, азбаройи шифо, кардиналнинг афти буришишига ҳозирдан қувоняпман! Унинг жони чиқиб кетади, лекин менга барибир. Мен адолат юзасидан иш тутдим.
Қиролнинг илтифотли ишораси билан жавоб олган де Тревиль мушкетёрларининг олдига жўнади. У д’Артаньян олган қирқ пистолни улар бўлишаётганларининг устидан чиқди.
Қирол ўйлагандай кардиналнинг чиндан ҳам аччиғи чиқди, у бутун ҳафта мобайнида кечқурунлари шахмат ўйнагани келмай юрди. Бу қиролнинг дуч келганда уни дилбар табассум билан қаршилаб, ғоят мулойим товуш билан:
– Хўш, жаноб кардинал, сизнинг содиқ соқчиларингиз – бу бояқиш Бернажу билан Жюссакнинг аҳволи қалай? – деб ҳол сўрашига монелик қилмасди.

VII
Мушкетёрлар ўз уйида
Луврни тарк этгач, д’Артаньян қирқ пистолнинг ўз улушини қай йўсинда тузукроқ ишлатишни ўз дўстларидан сўраганида Атос «Қарағай бужури»да яхши зиёфат буюртиришни, Портос хизматкор ёллашни, Арамис эса муносиб маъшуқа тутишни маслаҳат бердилар.
Зиёфат ўша куниёқ берилди, янги хизматкор ҳам дастурхонга қарашиб турди. Зиёфат Атос томонидан буюртирилган, хизматкорни эса Портос тавсия қилган эди. Бу шавкатли мушкетёр худди ўша куни, шу зиёфат муносабати билан ёллаган киши пикардиялик эди; у Планшени – хизматкорнинг номи шундай эди – сувга туфлаб ёйилаётган доираларни томоша қилиб турган пайти Ла Турнел кўпригида кўриб қолган эди. Портос бундай машғулот мушоҳадага мойиллик ва тадбиркорликдан далолат беради, деб таъкидлаб, ортиқ суриштирмасдан уни эргаштириб кетди. Планшенинг тахмини, у хизматга кираётган дворяннинг салобатли кўриниши уни ром қилиб қўйди, лекин, ўрин Мушкетон исмли бир шериги томонидан аллақачон банд бўлиб қолганини кўриб, хийла ихлоси қайтиб кетди. Портос рўзғори мўл-кўл бўлгани ҳолда бир хизматкорга муҳтожлиги ва Планшенинг д’Артаньянга хизматга киришига тўғри келишини уқтирди. Бироқ, хўжайини бераётган базмда хизмат қила туриб ва ҳисоблашиш пайти унинг чўнтагидан бир қисм олтин танга чиқарганини кўриб Планше бахтга ёлчидим, деган қарорга келди-да, шундай бойга йўлиққани учун фалакка қуллуқ қилди. Зиёфат ниҳоясига етиб, унинг сарқитлари билан узоқ парҳез учун ўзини сийлагунича у шу кўнгил тўқлигида юрди. Лекин, кечқурун хўжайинига ўрин тўшаётганда унинг ёрқин орзулари тарқади-кетди. Даҳлиз ва ётоқхонадан иборат бутун хонадонда биттагина каравот бор эди. Планше д’Артаньяннинг каравотидан олинган, шу дамдан эътиборан соҳиби қуруқ қолган кўрпага ўралиб, даҳлизда ётди.
Атоснинг ҳам ўзига хос тарзда тарбияланган хизматкори бор эди. Унинг исми Гримо эди. Бу мўътабар жаноб – биз, албатта, Атосни назарда тутяпмиз – жуда камсухан эди. Мана, беш ёки олти йилдирки, улар Портос ва Арамис билан ораларидан қил ўтмасдан кун кечирардилар. Шу орада дўстлари унинг юзида табассумни бир неча бор кўришган, лекин ҳеч қачон кулгисини эшитмаган эдилар. Унинг сўзлари қисқа ва фасиҳ бўларди, у ҳамиша айтмоқчи бўлган гапини айтарди, холос, ортиқ ҳеч нарса: ҳеч қандай муболаға, ҳашам, гўзаллик қўшмасди. У тафсилотларга тўхталмасдан фақат моҳиятини гапирарди.
Атоснинг ёши ўттиздан ошмаган, бўй-басти ҳам, дили ҳам гўзал бўлса-да, ҳеч ким унинг маъшуқаси борлигини эшитмаганди. У ҳеч қачон аёллар ҳақида гапирмас, лекин, гарчи, ўзи аҳён-аҳёнда аччиқ сўз ёки ҳазин фикр қўшгувчи бу хил суҳбат унинг учун ўта кўнгилсизлигини пайқаш осон бўлса-да, ўзгаларнинг бу мавзуда гапиришига халал бермасди. Сиполиги, одамови, камсуханлиги уни деярли чол қилиб қўярди. Шунинг учун ўзининг одатларини ўзгартиришни лозим ҳисобламай, талабларини ўрнига қўйишга Гримони ўргатиб олган: у оддий ишора ёки лабларининг хиёл қимирлашига итоат қиларди. Атос у билан энг ғайри оддий ҳоллардагина сўзлашарди.
Гарчанд, хўжайинига қаттиқ меҳри тушиб, ақлига сажда қилса-да, ундан оловдан қўрққандай ҳайиқадиган Гримо истагини уқдим, деб ошиқиб, Атос ихтиёр қилган нарсанинг айни аксини бажарган дамлар ҳам бўларди. Шунда Атос елкаларини қисиб қўяр ва заррача жаҳлсиз Гримони дўппосларди. Бундай кунларда у хийла гапирадиган бўлиб қоларди.
Портос, биз аллақачон билиб олганимиздек, Атоснинг тўла тескариси эди: у кўп гапирибгина қолмай, қаттиқ-қаттиқ ҳам сўзларди. Дарвоқе, унга тан бериш керак: ўзига қулоқ соляптиларми-йўқми унинг учун сира фарқи йўқ эди. У ўз кўнглини очиш учун – ўзиниўзи эшитиб, ҳузур қилиш учун гапирарди. Ўзининг сўзлашича, олимлар унда болалик кезларидан чуқур нафрат қўзғатишларини баҳона қилиб, у фанлардан мустасно, мутлақо ҳамма нарса тўғрисида гап юритарди. Унинг кўриниши Атосникидай улуғвор эмас, Атоснинг устунлигини ҳис қилиш улар танишлигининг дастлабки пайтлари Портоснинг кўп жиғига тегиб юрди. Шунинг учун лоақал либосининг ҳашамати билан ундан ўтиб кетишга уриниб, у хўп овора бўларди. Лекин, Атос оддий мушкетёрлик ридосида бошларини орқага ташлаб, бир қадам қўйди дегунча, у дарҳол ясанган-тусанган Портосни орқага суриб, ўзига муносиб ўринни эгалларди.
Портос бунинг юпанчи учун жаноб Тревиль қабулхонасини ва Лувнинг қоровулхонасини баланд овоз билан аёллар устидан эришган муваффақиятлари тўғрисидаги ҳикояларга тўлғазарди. Атос зинҳор бундай қилмасди. Энг сўнгги пайтлар таниқли ҳакамларнинг рафиқаларидан машҳур ҳарбийларнинг рафиқаларига, мансабдор хонимлардан барон хонимларга ўтиб, Портос ўзига ишқибоз бўлган аллақандай чет эл маликасига очиқ шаъма қиларди.
Эски мақолда: эшагига яраша тушови дейди. Шунинг учун Атоснинг хизматкоридан Портоснинг хизматкорига, Гримодан Мушкетонга ўта қолайлик.
Мушкетон нормандиялик эди, хўжайини унинг Бонифаций деган беозор исмини анча жарангдорроқ – Мушкетонга алмаштириб қўйганди. У ўзини бекамикўст боқиб кийинтиришларини шарт қилиб, Портосга хизматга кирган эди. Бундан ташқари, у, бошқа эҳтиёжларини қоплаши лозим бўлган ҳунари билан машғул бўлиш учун ҳар куни икки соат бўш вақт ажратилишини илтимос қилди. Портос бу шартларга кўнди: булар унга роса маъқул келган эди. У Мушкетонга камзуллар буюртирар, улар Портоснинг эски либослари, ортиқча ридоларидан бичилар эди. Ўзи эски-тускиларни ағдариб, қайта тикадиган, рафиқаси эса Портоснинг кибор қилиқларидан рўй-рост айнитиш ниятида юрган бу тикувчининг уддабуронлиги туфайли соҳибига ҳамроҳ бўлган кезлар Мушкетоннинг сиёқи жуда салобатли бўларди.
Табиатининг, гарчи ривожини худди дўстлариники сингари кейинчалик мушоҳада қилсак-да, биз бирмунча дуруст таърифлаган Арамисга келганда – унинг хизматкорининг исми Базен эди.
Хўжайини бир кун келиб, диний мартабага эришмоқ умидида бўлгани сабабли у руҳоний кишининг хизматкорига хос нуқул қора кийиб юрарди. Бу ўттиз беш-қирқ ёшлардаги ювош, хотиржам, тўлагина беррийлик киши эди. Соҳиби берган бўш вақтларни у диний китоблар мутолаа қилишга бағишларди, зарурат туғилганда, бир-икки хил бўлса ҳамки, жуда соз таомлардан иборат туппа-тузук зиёфат тайёрлаш унинг қўлидан келарди. Қолган масалаларда у кўр ва кар, унинг садоқати ҳар қандай синовга дош бериши мумкин эди.
Энди юзаки бўлса-да, жаноблар ҳамда уларнинг хизматкорлари билан танишиб олгач, ҳар бирининг уйжойига ўтамиз. Атос Люксембургдан икки қадамлик Феру кўчасида истиқомат қиларди. Ҳали унча қаримаган, жуда гўзал, унга беҳуда термилиб юрувчи уй бекаси ижарага қўйган иккита кичикроқ, шинам жиҳозланган хоналарни эгаллаганди у. Ўтмишдаги зийнатларнинг қолган-қутганлари бу жўнгина масканнинг деворларида, унда-мунда кўзга ташланарди, масалан: серҳашам, шубҳасиз, Франсиск I даврига мансуб қилич, унинг асл тошлар билан безатилган сопининг ўзи икки юз пистолдан кам турмаса керак. Бироқ, Атос, ҳатто, энг мушкул дамларда ҳам уни гаровга қўйиш ёки сотишга бирор гал розилик бермаган. Бу қилич кўп вақт Портосга армон бўлиб юрди. Унга эга бўлиш учун у умрининг ўн йилини беришга тайёр эди.
Кунлардан бир кун у аллақандай герсог хоним билан учрашувга ҳозирлик кўра туриб, уни Атосдан вақтинча олиб туришга уриниб кўрди. Атос лом-мим демай, бор чўнтакларини ағдарди, ўзидаги жамики арзигулик нарсаларни йиғиштириб, уларни Портосга таклиф қилди. Қиличга келсак, у деворга қоқилган, деди у, эгаси шу маконни тарк этгандагина ундан узилади. Қиличдан ташқари, яна, Генрих III замонининг ғоят нафис кийинган, кўксига илоҳий Руҳ ордени таққан кибор аъёнининг портрети диққатни тортарди. Бу портретнинг Атос билан маълум ўхшашлиги, бу кибор аъён, қирол орденларининг кавалери унга аждод бўлишини кўрсатувчи истарасининг ўхшашлиги бор эди.
Пировардида булар – ажойиб заргарлик меҳнати сингган қилич ва портретдаги герб билан безатилган қути ўзининг латиф нафосати билан теваракдаги ҳамма нарсалардан кескин ажралиб, камин супасида кўз-кўз бўлиб турарди. Бу қутининг калитини Атос ҳамиша ўзи билан олиб юрарди. Лекин, бир гал уни Портоснинг олдида очиб қолди, шунда Портос унинг ичида фақат мактуб ва қоғозлар – ишқий мактублар ва оила архиви борлигини билиб олди.
Портос Эски Каптархона кўчасида катта, кўринишидан ҳашаматли уйни эгаллаган. Улфатларидан бирортаси билан ҳамиша Мушкетон тантанали либос кийиб турадиган хона деразалари ёнидан ўтган маҳаллар Портос ҳар гал бошини кўтарар ва қўли билан юқорини кўрсатиб: «Мана, менинг масканим» – деб қўярди. Лекин, ҳеч ким уни уйидан топа олмас ва ҳеч кимса бу дабдабали сирт орқасида қандай ҳақиқий қўр-қут яширингани тўғрисида тасаввур ҳосил қилолмасди.
Арамисга келсак, у меҳмонхона, ошхона ва ётоқхонадан иборат мўъжаз уйчада истиқомат қиларди. Биринчи қаватдаги бўлак ҳамма хоналар сингари ётоқхона деразаси қуюқ ўсимликлари синчков назардан уни пана қилгувчи чоққина серсоя ва салқин боғчага қараб турарди.
Д’Артаньяннинг қандай ўрнашгани бизга маълум, унинг хизматкори Планше билан ҳам танишиб улгурдик.
Д’Артаньян табиатан синчков, дарвоқе, у фитна қилиш қобилиятига эга аскар кишилар сингари эди. У Атос, Портос, Арамисларнинг аслида кимлигини билиш учун бор уқувини зўр бериб ишга соларди. Зеро, бу лақаблар замирида уларнинг ҳаммаси ўз дворянлик номларини яширардилар, хусусан Атос, унинг кибор кишилигини бир чақирим наридан ҳам пайқаб олиш мумкин эди. У Атос ва Арамис тўғрисида маълумот олиш мақсадида Портосга, Портоснинг кимлигини билиш учун эса Арамисга мурожаат қилди.
Таассуфки, Портос ўзининг индамас дўсти тўғрисида миш-мишлардан маълум нарсаларнигина биларди, холос. У оғир мусибат чеккан, бунга муҳаббат сабаб бўлган ва кимнингдир разил бевафолиги бу мўътабар кишининг ҳаётини заҳарлаган дейишарди. Лекин, бу бевафоликнинг тафсилотлари хусусида ҳеч ким ҳеч нарса билмасди.
Портосга келганда, худди иккала дўстларининг исмлари сингари ёлғиз жаноб де Тревилгагина маълум ҳақиқий исмидан мустасно, унинг ҳаёти тўғрисида ҳамма нарсаларни билиб олиш қийин эмас эди. У шуҳратпараст ва сергап бўлиб, ичу таши биллурдай кўриниб турарди. Фақат ўзи тўғрисида ўзи айтаётган мақтов гапларнинг ҳаммасига ишониб, унинг хусусида хатога йўл қўйиш мумкин эди.
Аммо, Арамис, гарчи, унинг ҳеч қандай сир-асрори йўқдай туюлса-да, борлиғи билан махфиятга чулғанган эди. Ўзгаларга алоқадор саволларга зўрға жавоб бериб, унинг ўзига тааллуқли ҳамма нарсага у пухталик билан чап берарди. Кунлардан бир кун, узоқ суриштиришлардан сўнг, д’Артаньян Арамисдан, гўё уларнинг умумий дўсти Портос, аллақандай герсог хонимни таслим қилибди, деган миш-мишларни билиб олиб, ўз ҳамсуҳбатининг ишқий саргузаштлари сирини очишга уриниб кўрди.
– Сиз-чи, муҳтарам дўстим, деди у, – сиз ўзгаларнинг барон, граф ва герсог хонимлар билан алоқаларини бирам боплаб ҳикоя қиласиз, хўш, сизнинг ўзингиз-чи?
– Кечирасиз, – унинг сўзини бўлди Арамис. – Мен бу нарсалар ҳақида Портоснинг ўзи вайсаб юргани ва менинг олдимда шовқин солиб, бу дилкушо ҳангомаларни айтиб бергани учун гапираётибман. Лекин, менга ишонинг, муҳтарам жаноб д’Артаньян, мабодо улар менга бошқа манбадан маълум бўлган ёки уларни махфий гап сифатида айтган тақдирда мендан андишали сирдош топилмасди.
– Мен бунга шубҳа қилмайман, – деди д’Артаньян, – лекин, ҳар тугил менга, баъзи бир герблар сизга ҳам хийла яхши танишдай туюлади, биз шарофати билан танишиб қолган бир каштали рўмолча шундан далолат беради.
Арамис бу гал аччиқланмади, балки, энг беодоб бир қиёфага кириб, юмшоқ жавоб қилди:
– Хотирангиздан чиқарманг, дўстим, мен черковга кетмоқчиман ва шунинг учун кибор эрмаклардан ўзимни тортиб юраман. Сиз кўрган рўмолча менга тортиқ қилинмаган эди, уни дўстларимдан бири меникида унутиб қолдирганди, холос. Мен уларнинг – унинг ва у севадиган хонимнинг обрўси тўкилмасин, деб уни яшириб қўйишга мажбур бўлиб қолдим… Менга келганда эса, маъшуқам йўқ, бу жиҳатдан Атоснинг оқил тимсолига эргашиб, ошиқ бўлишни ҳам истамаганман, унинг ҳам мен сингари ёри йўқ.
– Лекин, сиз мушкетёр бўлганингиздан кейин руҳоний эмассиз-ку, азбаройи шифо!
– Фақат вақтинча мушкетёр, азизим, кардинал айтгандай – ихтиёрга хилоф мушкетёр. Лекин, кўнглимда мен черков чокариман, гапимга ишонинг. Атос билан Портос мени бирор нарса билан машғул бўлсин, деб бу ишга аралаштириб қўйишди. Худди рутба бериш пайтида сал дилсиёҳлик ўтиб, бир… Дарвоқе, сиз бунга қизиқмаслигингиз керак, сизнинг қимматли вақтингизни оляпман.
– Зинҳор йўқ, мен бу нарсаларнинг ҳаммасига жуда қизиқаман! – хитоб қилди д’Артаньян. – Ҳозир ҳеч қанақа ишим ҳам йўқ.
– Ҳа, лекин, менинг ибодат қиладиган вақтим бўлди, – деди Арамис, – сўнгра д’Егилён хоним илтимос қилган шеърларни битишим керак. Ундан кейин Сент-Оноре кўчасига бориб, де Шеврез хонимга упа-элик харид қилишим керак. Кўриб турибсизки, азизим, сиз шошмасангиз ҳам, лекин мен жуда шошилиб турибман.
Арамис ёш дўстига илтифот билан қўл узатиб, у билан хайр-маъзур қилди.
Д’Артаньян нечоғлик уринмасин, у ўзининг уч янги дўсти ҳақида ортиқ ҳеч нарса билолмади. Келажак батафсилроқ ва аниқроқ маълумотлар қўшади, деган умидда у ҳозирча улар ҳақида ҳикоя қилинаётган нарсаларга ишона туришга қарор қилди. Ҳозирча Атос унга – Ахилл, Портос – Аякс, Арамис эса – Иосиф бўлиб кўринарди.
Умуман, йигитлар шод-хуррам кун кечирардилар. Атос қимор ўйнар ва ҳамиша омади келмасди. Лекин, гарчи, ҳамёни улар учун ҳамиша очиқ бўлса-да, у дўстларидан ҳаргиз бирор су қарз сўрамасди. Борди-ю, насияга ўйнаган тақдирда ҳам у келгуси куниёқ қарзи бор кишини тегишли пулни топшириш учун тонг-саҳарда уйғотарди.
Портос аҳён-аҳёнда ўйнаб қоларди. Бундай кунлари, агар ютган бўлса, у димоғдор ва қўрс бўлиб кетарди. Борди-ю, ютқазиб қўйса, бир-икки кунга дом-дараксиз ғойиб бўларди, кейин юзлари сўлишган, синиққан ҳолатда, лекин чўнтагида пул билан қайтиб келарди.
Арамис ҳеч қачон ўйнамасди. У энг бемаъни мушкетёр дастурхон устида эса энг зерикарли меҳмон эди. Ҳамиша унинг машғулотга бориши зарур бўлиб қоларди. Базм авжида суҳбат қизиб, майдан кайфлари ошиб, ҳамма дастурхон устида яна икки, ҳатто уч соат ўтиришни чамалаб туришганда, Арамис соатига кўз ташлаб қўзғалар ва лабларида назокатли табассум билан, ўзининг айтишича, унга мулоқот тайинлаган ақоидшунос олим билан кўришишга шошиб хайр-маъзур қиларди. Бошқа дафъа у диссертация устида бир оз бош қотириш учун ошиқар ҳамда уни алахситмасликни дўстларидан илтимос қиларди.
Бундай пайтларда Атос ўктам юзига бирам ярашиқ фусункор табассуми билан жилмайиб қўяр, Портос эса ичиб, Арамисдан жуда борганда қишлоқ руҳонийси чиқади, деб онт ичарди.
Д’Артаньяннинг хизматкори Планше ғойибдан келган омадни тақводорлик билан қабул қилди. У кунига ўттиз су ҳақ олиб, бир ой мобайнида уйига қушдай енгил, хушнуд бўлиб қайтиб, хўжайинига ҳам меҳрэътибор билан муомала қилиб юрди. Гўрковлар кўчасидаги уй устида қора булутлар йиғила бошлагач, бошқача қилиб айтганда, қирол Людовик XIII нинг қирқ пистоли ном-нишонсиз тарқаб бўлгандан кейин Планше арз-ҳолини бошладики, буни Атос беҳузур қилгувчи, Портос беодоб, Арамис эса асти кулгили деб ҳисоблардилар. Атос д’Артаньянга бу муттаҳамни бўшатиб юборишни маслаҳат берди; Портос хамир учидан уни бир савалаш керак, деб таклиф қиларди; Арамис эса соҳиб ўзининг шаънига мадҳиядан ўзгача гап эшитмаслиги шарт деб қўйди.
– Сизларнинг ҳаммангизга айтиш осон, – деди д’Артаньян, – сизга, Атос, Гримога гапиришни тақиқлаб, чурқ этмасдан кун ўтказиб, ўзингиз тўғрингизда минбаъд нохуш гап эшитмасангиз, сизга, Портос, ҳашаматли ҳаёт кечирсангиз ва Мушкетонингизга худо бўлиб туюлсангиз; ниҳоят, сизга Арамис, мудом диний машғулотларга ғарқ бўлиб, шунинг ўзи биланоқ хизматкорингиз Базенда, ювош-мўмин кишида, чуқур эҳтиром уйғота билсангиз. Лекин, менга-чи, на таянчсиз, на маблағсиз, на мушкетёр бўлмай, на, ҳатто, гвардиячи бўлмай, менга нисбатан меҳр, қўрқув ёки эҳтиромни Планшенида қандай қўзғатай?
– Муҳим масала, – дейишди уч дўст. – Бу ички уй иши. Хизматкорларни аёллар сингари қай ўринда кўрмоқчи бўлсанг бир йўла ўша ерга қўйишни эплаш лозим, Буни мулоҳаза қилиб кўринг.
Д’Артаньян мулоҳаза қилиб кўриб, ҳар эҳтимолга қарши Планшени калтаклашга қарор қилиб, буни ҳам қилган ҳамма ишлари сингари астойдил бажарди. Уни боплаб дўппослаб уй ва хизматни ташлаб кетишни Планшега ман қилиб қўйди.
– Билиб қўй, – деб қўшимча қилди д’Артаньян, – истиқболинг сенга панд бермайди. Дурустроқ замонлар келади, агар мен билан қолсанг, иқболинг очилади. Мен бўлсам, тақдирингга зомин бўлишингга йўл қўйиш учун ортиқ даражада раҳмдил хўжайинман, илтижо қилаётганингдек, сенга жавоб беролмайман, Бу ҳаракат услуби мушкетёрларда д’Артаньяннинг дипломатик лаёқатига нисбатан чуқур ҳурмат уйғотди. Планшенинг ўзи ҳам қойил қолиб, кетиш тўғрисида ортиқ ғиринг деб оғиз очмади.
Ёш йигитлар аста-секин муштарак ҳаёт кечира бошладилар. Одатлардан холи д’Артаньян вилоятдан дастлаб келгани ва унинг учун тамомила янги ҳаётга шўнғигани сабабли ўз дўстларининг одатларини ўзлаштириб олди.
Қишда соат саккизда, ёзда соат олтида ўриндан туришар, паромдан хабар олгани ва ҳавода нима янги гаплар кезиб юрганини илғаб олишга уриниб кўргани жаноб де Тревилникига борардилар. Д’Артаньян мушкетёр бўлмаса-да, сел қилгувчи сидқидиллик билан хизмат қиларди. У муттасил қоровуллик қиларди, чунки, доим ўз дўстларининг посбонлик хизмати ўтаётганига ҳамроҳ бўларди. Уни мушкетёрлар казармасида танишар, ҳамма уни хушфеъл ўртоқ деб ҳисобларди. Бир қарашда унга тан берган ва унга самимий хайрихоҳ бўлган жаноб де Тревиль уни нуқул қиролга мақтагани-мақтаган эди.
Учала мушкетёрлар ҳам ўзларининг ёш дўстини бағоят севардилар. Бу тўрт одамни боғлаб турган дўстлик ва ҳар куни бир-икки маротаба – гоҳ бирор олишув баҳонасида, гоҳ иш юзасидан, гоҳ бирор маишат туфайли бир-бирини кўришга бўлган доимий эҳтиёж уларни кун бўйи бир-бирини қувиб юришга мажбур этарди. Люксембургдан Сен-Сюлпис майдонига ёки Эски Каптархона кўчасидан Люксембурггача бир-бирини қидириб қатнаётган бу ажралмасларни ҳар вақт учратиб қолиш мумкин эди.
Де Тревиль берган ваъдалар шу аснода тадрижан амалга ошиб бормоқда эди. Бир кун келиб, қирол кавалер Дезессарага ўз гвардия ротасида д’Артаньянни кадет қилиб олишни буюрди. Д’Артаньян хўрсиниб, гвардия сарпосини кийди: мушкетёрлик ридосига мавоза қилиш учун у умрининг ўн йилидан кечган бўлурди. Лекин, жаноб де Тревиль икки йиллик синовдан илгари бу марҳаматни дариғ тутажагини айтган эди – дарвоқе, фалакнинг гардиши билан д’Артаньян қиролга хизмат кўрсатолса ёки бошқача йўсинда ўзини алоҳида кўрсатолса, бу муддат қисқарилиши мумкин эди. Бу ваъдани олгач, д’Артаньян йироқлашди ва келгуси куниёқ ўз хизматини ўташга киришди.
Энди у посбонликда турган чоғда д’Артаньян билан биргаликда соқчиликка бориш навбати Атос, Портос ва Арамисларга келди. Шу зайл жаноб Дезессара ротаси унга д’Артаньян қўшилган куни бир эмас, тўрт кишини ўз сафларига қабул қилди.

VIII
Сарой фитнаси
Бу орада ёруғ дунёдаги ибтидога молик жамики нарсалар сингари қирол Людовик XIII нинг қирқ пистолининг куни битди. Шу пайтдан эътиборан тўрт ўртоқ учун мушкул кунлар бошланди. Дастлаб бутун тўпни ўз маблағига Атос боқиб юрди. Сўнгра навбат Портосга ўтди ва ҳамма кўникиб қолган бедарак кетишларининг бири туфайли у яна икки ҳафтача уларнинг ризқрўзини таъминлай олди. Ниҳоят, ўзининг айтишича, диний китобларини сотиб, бир-икки пистол жамғарган Арамиснинг ҳам гали келди.
Сўнгра ҳар доимгидек ўзларига тегишли маошдан озроқ бўнак берган жаноб де Тревилнинг ёрдамига таянишга тўғри келди. Лекин, тўланмаган қарзлари анча йиғилиб қолган уч мушкетёр билан ҳали буткул қарзи йўқ бир гвардиячи бу пулларга узоқ тирикчилик қилолмасдилар.
Ахийри тез орада энг зарур нарсаларга риёзат чекилиши аён бўлгач, улар қоқиб-суқиб зўрға саккиз ёки ўн пистол тўпладилар-да, Портос қимор ўйнагани жўнади. Лекин, унинг бу кун омади келмади: у бор пулни бой бериб, насияга яна йигирма беш пистол ҳам ютқазиб қўйди.
Шунда танг аҳвол чинакам муҳтожликка айланди. Бирор дўсти меҳмон қилиб қолишидан умидвор бўлиб, хизматкорларини эргаштириб, кўча-кўйларда изғиб юрган, очиққан мушкетёрларни учратиш мумкин эди. Зеро, Арамиснинг гапларига қараганда, мусибат кунлари аҳён-аҳёнда бўлса ҳамки, натижасидан баҳра олиш учун равнақ кунлари зиёфатларни ўнгу сўлга сочиш лозим эди.
Атос тўрт марта муқаллаф бўлиб, ҳар сафар ҳам ўз дўстларини хизматкорлари билан бирга олиб борди. Портос олти марта таклиф этилиб, ўз дўстларини улардан баҳраманд қилди. Арамис саккиз марта чорланди. Пайқаш мумкинки, бу киши шовқинни кам қилиб, ишни дўндириб қўярди.
Д’Артаньянга келсак, унинг пойтахтда сира танишбилиши йўқ бўлиб, унга фақат таги гасконлик руҳонийникида шоколад билан нонушта қилиш – гвардия корнетникига бир марта зиёфатга мукаллаф бўлиш насиб қилди. Улар ғамланган икки ойлик озуқасини паққос тушириб қўйишган руҳонийникига ҳам, мислсиз ҳотамтойлик қилган корнетникига ҳам у ўзининг бутун армиясини бошлаб борди. Лекин Планше айтгандек, қанча емагин, барибир, бир марта ейсан, холос-да.
Д’Артаньян фақат бир яримта зиёфат ундира олганидан хижолатда эди. Атос, Портос ва Арамислар сийлаган базмлар шукронасига руҳонийникидаги нонушта ўтса, фақат ярим зиёфатнинг ўрнига ўтарди. Ўспиринларча соддадиллик қилиб у бутун тўпни бир ой мобайнида боққанини унутиб, бошқаларга дардисар бўляпман, деб ҳисобларди. Унинг жонсарак ақли фаол ишлаб кетди. У тўрт нафар ёш, жасур, топқир ва қатъий ижодкор кишилар иттиҳоди ўз олдиларига сармаст алфозда сайр қилишлар, қиличбозлик машғулотлари-ю, бир нав ўткир ҳазиллардан бўлак мақсад қўйиши лозим эди, деган хулосага келди.
Дарҳақиқат, улар сингари тўрт киши, бир-бири учун ҳамёнидан тортиб, жонигача фидо қилишга тайёр, бир-бирини ҳамиша қўллаб-қувватлагувчи, ҳеч қачон чекинмасдан ҳамжиҳат чиқарилган ҳар қандай қарорни бирга ёки тарқоқ амалга оширгувчи тўрт киши, ҳар қандай душманга бирга ёки тарқоқ таҳдид қилувчи тўрт муштум ошкор ёки пинҳонми, тик ёки эгри йўл биланми, ҳийла ёки куч биланми, мўлжалланган ният сари у нечоғлик олис бўлмасин, у нечоғлик устувор қўриқланмасин, муқаррар йўл очиши лозим эди. Д’Артаньянни фақат бу нарса аллақачонлар дўстларининг ақлига келмагани таажжубга соларди.
У Архимед ричагига таянгандай дунёни остин-устун қилиш мумкин бўлган восита бўлмиш – бунга у шубҳа қилмасди – бу ғаройиб, тўрт карра зўрайган куч қай йўлга солиниши зарурлиги устида бош қотириб, бу ҳақда, ҳатто жуда астойдил мулоҳаза қилиб турган эди, қўққис эшик журъатсиз тақиллаётгани эшитилиб қолди. Д’Артаньян Планшени уйғотиб, эшикни очишни буюрди.
Китобхон бу – «Планшени уйғотиб» – деган сўзлардан тун бўлибди-ю, ҳали тонг отмабди, деб хулоса чиқармасин тағин. Бўлмағур гап. Соат эндигина тўртга занг урган. Икки соат илгари соҳибининг ҳузурига овқат беришини илтимос қилиб келганда унга «Ухлаганинг – овқат еганинг» деб мақол билан жавоб қилган эди. Планше ҳам овқатнинг ўрнини уйқу билан босган эди.
Планше хонага кўримсиз кийинган, афтидан, шаҳарлик кишини олиб кирди.
Планшенинг десерт ўрнида гап нима устида кетишини жуда билгиси келарди, лекин, меҳмон сир сақлашни талаб этадиган муҳим масала юзасидан гаплашиб олиши зарурлигини маълум қилди.
Д’Артаньян Планшени чиқариб юборди-да, меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Ўртага сукут чўкди. Мезбон ва меҳмон гўё бир-бири ҳақида олдиндан тасаввур ҳосил қилмоқчидай бир-бирига тикилишарди. Ниҳоят, д’Артаньян эшитишга тайёрлигини билдириб, таъзим қилди.
– Менга жаноб д’Артаньян ҳақида мард йигит сифатида гапиришган эди, – деди меҳмон. – У муносиб равишда қозонган бу шуҳрат мени унга ўз сиримни ишонишга ундади.
– Гапиринг, тақсир, гапиринг, – ишдан аллақандай фойдаларнинг дараги келаётганини илғаб, деди д’Артаньян.
Меҳмон яна бир зум жим қолди-ю, сўнгра давом этди:
– Рафиқам қироличада кийим-кечаклар бошқарувчиси бўлиб хизмат қилади. У гўзал ва оқила аёл. Мени унга уйлантириб қўйганларига мана уч йилча бўляпти. Гарчи, сепи катта бўлмаса ҳам, қироличанинг маҳрами жаноб де Ла Порт унинг чўқинтирган отаси бўлади, ҳам унга валинеъматлик қилади.
– У ёғи-чи, тақсир, у ёғи нима? – шоширди д’Артаньян.
– У ёғи эса… – деди меҳмон, – у ёғи шуки, рафиқамни кеча эрталаб кийим-кечак омборидан чиқаётган пайтда ўғирлаб кетишибди.
– Рафиқангизни ким ўғирлабди?
– Мен, турган гап, даъво қилолмайман, лекин бир кишидан шубҳам бор.
– Кимдан экан у шубҳангиз?
– Анчадан бери унинг пайида юрган кишидан.
– Азбаройи шифо!
– Лекин, тақсир, назаримда, бу ишга муҳаббатдан кўра сиёсат аралашганга ўхшаб қолди…
– Муҳаббатдан кўра сиёсат… – ўйчан такрорлади д’Артаньян. – Хўш, нима тахмин қилаяпсиз?
– Қайдам, нима тахмин қилаётганимни сизга айта олармикинман…
– Тақсир, эътиборга олингки, мен сиздан ҳеч нарсани сўраганим йўқ. Сиз ўзингиз меникига ташриф буюрдингиз. Сиз ўзингиз ишониб, сизга махфий гап айтмоқчиман, дедингиз. Кўнглингиз нима тусаса, шуни қилаверинг. Сиз ҳали менга ҳеч нимани ошкор этмасдан жўнаб қолишингиз ҳам мумкин.
– Йўқ, тақсир, йўқ! Сиз менга виждонли йигит бўлиб кўринасиз, сизга ишонаман. Назаримда, бунга сабаб – рафиқамнинг шахсий кўнгил ишларимас-у, ундан мартабаси кўп улуғ бир хонимнинг кўнгил ишлари бўлса керак.
– Шундоқ! Де Буа-Траси хонимнинг кўнгил ишлари бўлмасин тағин? – меҳмонига ўзини сарой ҳаётидан яхши воқиф қилиб кўрсатгиси келиб, хитоб қилди д’Артаньян.
– Улуғроқ, тақсир, кўп улуғроқ.
– Д’Егилён хонимнингми?
– Яна улуғроқ.
– Де Шеврез хонимнингми?
– Улуғроқ, кўп улуғроқ.
– Ахир бу…
– Ҳа, тақсир, худди шундай, – даҳшат ичида зўрға эшиттириб шивирлади меҳмон.
– Ким билан?
– Ким билан бўларди, герсог билан-да…
– Герсог билан?..
– Ҳа, тақсир, – янаям мужмал қилиб ғўлдиради меҳмон.
– Лекин, буларнинг ҳаммаси сизга қайдан маълум?
– Ҳаҳ… қайдан маълум-а!
– Ҳа, қайдан? Тўла ишонч, ёки… ўзингиз тушунасиз…
– Мен буларни рафиқамдан биламан, тақсир, ўзимнинг рафиқамдан.
– Унинг ўзи-чи, қайдан билади?
– Жаноб де Ла Портдан. Ахир қироличанинг ишончли кишиси бўлмиш жаноб де Ла Портнинг у чўқинтирган қизи бўлади, деб айтмабмидим сизга. Хўш, шўрлик қироличамизнинг, қирол тарк этган, кардинал таъқиб этаётган, ҳамма хиёнат қилган бу бечоранинг ёнида ўзи ишона оладиган бирор кимса бўлиши учун жаноб де Ла Порт рафиқамни ҳазрат олияларининг олдига жойлаштириб қўйган.
– Хўш, хўш, аҳвол равшанлашяптими?
– Рафиқам тўрт кун бурун меникига келган эди, тақсир – ҳафтада икки марта мендан хабар олишга рухсат унинг хизмати шартларидан бири эди. Сизга уқтиришга мушарраф бўлганимдек, рафиқам мени жуда севади, шундай қилиб, у меникига келиб, қироличанинг ҳозир жуда ташвишда юрганини зимдан айтиб берди.
– Ростдан-а?
– Ҳа. Рафиқамнинг сўзларига қараганда жаноб кардинал қироличани ҳар қачонгидан кўпроқ таъқиб этиб, зулм ўтказаётганмиш. У сарабанда воқеаси учун уни кечиролмай юрибди. Сарабанда воқеасидан хабарингиз борми ўзи?
– Бўлмасам-чи! Менинг хабарим бўлмасмишми? – жавоб қилди ҳеч нарсадан хабарсиз, лекин ўзини ҳамма гапдан бохабардай кўрсатмоқчи бўлган д’Артаньян.
– Шундай қилиб, ҳозир бу адоват эмас – қасос!
– Ажабо?
– Қиролича ҳам гумон қилмоқдаки…
– Қиролича нима гумон қилмоқда?
– У герсог Бэкингемга ўзининг номидан мактуб юборилмаганмикан деб гумон қилмоқда.
– Қироличанинг номиданми?
– Ҳа, уни Парижга чақириб олиб, келгандан сўнг эса бирор тузоққа илинтириш пайида.
– Азбаройи шифо!.. Лекин, рафиқангиз-чи, тақсирим, буларнинг ҳаммасига сизнинг рафиқангизнинг нима алоқаси бор?
– Унинг қироличага садоқати ҳаммага маълум. Уни ё бекачидан нари қилишмоқчи, ё қўрқитиб, ҳазрат олияларининг сир-асрорини билиб олишмоқчи, ёинки, уни пулга қизиқтириб, жосус қилиб олишмоқчи.
– Эҳтимол, – деди д’Артаньян. – Лекин уни ўғирлаган киши сизга танишми?
– Сизга ҳали айтдим-ку, уни танисам керак деб.
– Унинг номи?
– Номини билмайман. Менга у, кардиналнинг итдай содиқ арзандаси экани маълум.
– Лекин, бирор пайт уни кўришингизга тўғри келганми?
– Ҳа, бир кун рафиқам уни менга кўрсатган эди.
– Унинг таниса бўладиган ҳеч қандай нишоналари йўқмиди?
– О, албатта! Бу басавлат, буғдойранг, қора соч, нигоҳи ўткир ва тишлари оппоқ жаноб. Чаккасида чандиғи ҳам бор.
– Чаккасида чандиғи! – хитоб қилди д’Артаньян. – Яна бунинг устига тишлари оппоқ, нигоҳи ўткир, ўзи буғдойранг, қорасоч, басавлат. Бу ўша, Менгдаги нотаниш киши!
– Менгдаги нотаниш киши дедингизми?
– Ҳа, ҳа! Лекин, бунинг ишга алоқаси йўқ. Яъни, мен адашиб кетдим: бу уни жуда осонлаштиради. Сизнинг душманингиз бир йўла меники ҳам эканми, мен иккаламиз учун ҳам ўч оламан, вассалом. Лекин, бу одамни қайдан топаман?
– Бунисини билмайман.
– Унинг яшаш жойи борасида ҳеч маълумотингиз йўқми?
– Мутлақо. Бир куни рафиқамни Луврга қайтариб, кузатиб қўяётганимда, худди рафиқам кираётган дамда у ичкаридан чиқиб қолиб, рафиқам уни кўрсатиб қўйган эди.
– Иблис! иблис! – тўнғиллади д’Артаньян. – Буларнинг ҳаммаси жуда мубҳам. Рафиқангизнинг ўғирланишини сизга ким хабар қилди?
– Жаноб де Ла Порт.
– У бирон бир тафсилотларини ҳам сизга маълум қилдими?
– Булар унга маълум эмасди.
– Сиз бошқа манбалардан ҳам ҳеч нима билолмадингизми?
– Баъзи нарсаларни билиб олдим. Мен олган…
– Нимани олгансиз?
– Қайдам… Эҳтимол, бу мен томондан роса эҳтиётсизлик бўлар…
– Сиз яна ўша гапга қайтяпсиз. Лекин, қайд қилиб ўтишим шартки, энди орқага ташлашга фурсат ўтди.
– Мен орқага ташлаётганим ҳам йўқ, минг лаънат! – қарғишлар воситаси билан журъатини тиклашга уриниб, хитоб қилди меҳмон. – Бонасе шаънига онт ичаман…
– Исми шарифингиз Бонасеми?
– Ҳа, бу менинг фамилиям.
– Демак, сиз «Бонасе шаънига онт ичаман»… дедингиз. Гапингизни бўлганим учун, узр. Лекин, мен аллақаерда исмингизни эшитгандай бўлдим.
– Бўлса бордир, тақсир. Мен шу уйнинг эгаси бўламан.
– Ие, шундай денг! – сал қўзғалиб таъзим қилган кўйи деди д’Артаньян. – Сиз шу уйнинг эгасимисиз?
– Ҳа, тақсир, ҳа. Ундан кейин сиз менинг уйимда мана уч ой истиқомат қиляпсиз ва муҳим ишларингиз кўплигидан бўлса керак, ижара ҳақини тўлаб қўйишни унутаётибсиз, мен бўлсам сизни бирон марта безовта қилмаганим важҳидан илтифотимни инобатга оларсиз, деб ўйладим…
– Бўлмасам-чи, албатта, жаноб Бонасе! – деди д’Артаньян. – Гапимга ишонинг, бунақа манзират учун мен хўп миннатдорман, башарти бирор нарса билан нафим тегса, ўз бурчим деб билгайман…
– Мен сизга ишонаман, ишонаман, тақсир! Сизга худди шундай демоқчи эдим. Бонасе шаънига онт ичаманки, мен сизга тўла ишонаман.
– Бу ҳолда давом этинг-да, ҳамма гапни охиригача сўзлаб беринг.
Меҳмон чўнтагидан бир варақ қоғоз олиб, уни д’Артаньянга узатди.
– Мактуб! – хитоб қилди ёш йигит.
– Бугун эрталаб олинган.
Д’Артаньян уни очди-да, қош қорая бошлагани сабабли деразага яқинлашди, Меҳмон унга эргашди.
«Рафиқангизни қидирманг, – деб ўқиди д’Артаньян. – ҳожати қолмагандан кейин уни сизга қайтарадилар. Қидиришга заррача уринган ҳолда хароб бўласиз».
– Лоақал шуниси равшан бўлди, – деди д’Артаньян. – лекин, бу пўписа, холос-ку, ахир.
– Ҳа, лекин, бу пўписа мени даҳшатга солмоқда. Мен ахир ҳарбий одам эмасман, тақсир, ҳам Бастилиядан қўрқаман.
– Ҳим… Мен ҳам Бастилияни сиздан ортиқ ёқтирмайман. Гап қилични ишга солиш ҳақида борганда – бошқа гап эди.
– Мен бўлсам бу ишда сизга роса ишониб ўтирибман!
– Наинки?
– Сизни доим шундай шукуҳли мушкетёрлар даврасида кўриб, улар жаноб де Тревилнинг мушкетёрлари, бинобарин, жаноб кардиналнинг душманлари бўлишини билганим ҳолда, мен сиз билан дўстларингиз шўрлик қироличамизнинг ёнини олади, шу билан бузрукворга қалтис ҳазил қилиб, кайфи чоғ бўлади, деб ўйлабман.
– Албатта.
– Сўнгра мен ўйладимки, модомики, сиз уч ойлик ижара ҳақига қарздор бўлсангиз мен ҳам сизга буни миннат қилмаган эканман…
– Ҳа, ҳа, сиз бу баҳонани кўрсатиб бўлдингиз, мен уни асосли топдим.
– Бундан ташқари, марҳамат қилиб, уйимда қанча истиқомат қилсангиз-да, келгусида ҳам ижара ҳақи тўғрисида оғиз очмасликни кўзлаб…
– Жуда яхши.
– Мен бундан ташқари, эҳтимолга хилоф равишда, андак камхарж бўлсангиз, сизга бирон эллик пистол тақдим этиш ниятидаман…
– Жуда соз! Демак, сиз бадавлат экансиз-да, жаноб Бонасе?
– Мен ўзимга тўқ одамман, десам ҳақиқатга яқинроқ. Атторлик моллари билан савдо қилиб, йилига бир-икки минг экю даромад бергудек сармоя жамғардим. Бундан ташқари, машҳур денгиз сайёҳи Жан Мокенинг сўнгги сафарига бир мунча пул қўшдим. Хуллас, ўзингиздан қолар гап йўқ, тақсир… Лекин, бу нима гап? – ногоҳ қичқириб юборди жаноб Бонасе.
– Нима? – сўради д’Артаньян.
– У ёқда, у ёқда…
– Қаёқда?
– Кўчада, деразангиз қаршисида, кираверишда! Ридога бурканган киши.
– Бу ўша! – ҳар бири ўз душманини таниб, д’Артаньян билан Бонасе иккиси баб-баравар қичқириб юборишди.
– А, бу дафъа, – хитоб қилди д’Артанян, – бу дафъа мендан қутулиб бўпти!
Кейин у қиличини суғуриб, хонадан югуриб чиқиб кетди.
Зинада у ўзиникига келаётган Атос ва Портос билан тўқнашиб кетди. Улар ўзларини четга олиб, йўл бергач, д’Артаньян уларнинг орасидан ўқ мисол ўтиб кетди.
– Қаёққа чопиб кетяпсан? – деб изидан қичқириб қолди иккала мушкетёр.
– Менгдаги нотаниш киши! – қичқирди жавобан д’Артаньян ва ғойиб бўлди.
Д’Артаньян ўз дўстларига нотаниш киши билан учрашуви ҳамда ўша киши бир муҳим номани ишониб топширишга журъат этган соҳибжамол сайёҳ хонимнинг намоён бўлиши ҳақида кўп ҳикоя қилган эди.
Атос ота мактубини д’Артаньян тўс-тўполонда йўқотиб қўйган, деб ҳисобларди. Унинг наздида дворян, д’Артаньяннинг тавсифи бўйича эса, у нотаниш киши, шубҳасиз, дворян деган хулоса чиқарган эди – дворян мактуб ўғирлашдай пасткашликка боролмасди.
Портос бу воқеанинг ҳаммасида хоним маҳбубига ёки маҳбуби хонимга тайинланган шунчаки ишқий мулоқот, д’Артаньян билан унинг малла оти тўғаноқ бўлишган мулоқот деб йўйишга мойил эди.
Арамис эса, бу воқеа аллақандай сирга ўралган, яхшиси бунақа нарсаларни ечишга уринмаслик керак, деб айтди.
Шунинг учун дафъатан д’Артаньяннинг оғзидан чиққан сўзлардан улар гап ким ҳақидалигини фаҳмлаб олдилар. Д’Артаньян нотаниш кишига етиб ёки уни назардан қочириб, ахийри уйга қайтади, деб ҳисоблаб зинада чиқишда давом этдилар.
Улар кириб келган пайтда д’Артаньяннинг хонаси бўм-бўш эди: уй эгаси ижорадори билан нотаниш киши ўртасида содир бўлажак тўқнашувнинг оқибатларидан чўчиб ҳамда д’Артаньяннинг ўзи зикр этган фазилатларига асосланиб, жуфтакни ростлаганим дуруст, деб қарор қилган эди.

IX
Д’Артаньяннинг табиати равшанлашмоқда
Ярим соат ўтгач, худди Атос билан Портос ўйлаганларидек, д’Артаньян уйига қайтиб келди. Бу дафъа ҳам у гўё сеҳр билан ғойиб бўлган нотаниш кишини яна қўлдан чиқариб юборган эди. Д’Артаньян қўлда қиличи билан яқин-орадаги ҳамма кўчаларни кезиб чиқди, лекин у қидираётган кишини эслатувчи ҳеч кимга дуч келмади. Пировардида, у эҳтимол бошда қилиниши зарур нарсагача етди: у нотаниш киши суяниб турган эшикни қоқди. Лекин, у болға билан эшикни сидрасига ўн-ўн икки марта беҳуда урган эди – ҳеч ким садо бермади. Шовқинга қизиқиб, уйларининг бўсағаларида кўринган ёки деразалардан мўралаган қўни-қўшнилар эшиклари зич беркитилган бу бино мана олти ойдирки, кимсасиз ҳувиллаб ётибди, деб уни ишонтирдилар.
Д’Артаньян эшикларни қоқиб, кўчама-кўча чопиб юрган пайтда Арамис келиб, иккала ўртоғига қўшилишга улгурди, шунинг учун д’Артаньян қайтиб келгач, бутун тўп жам бўлганининг устидан чиқди.
– Хўш, нима гап? – деб жиққа терга ботиб, афти ғазабдан буришиб кирган д’Артаньянга кўз ташлаб, бир овоздан сўрашди учала мушкетёр.
– Нима гап бўларди! – шляпасини каравотга улоқтириб хитоб қилди йигит. – Бу одам иблиснинг ўзи бўлса керак. У соядай, шарпадай, арвоҳдай ғойиб бўлди.
– Сиз арвоҳларга ишонасизми? – деб Атос Портосдан сўради.
– Мен фақат кўрган нарсаларимга ишонаман, лекин арвоҳларни, модомики кўрмаган эканман, уларга ишонмайман, – жавоб берди Портос.
– Библия, – дея гапирди Арамис, – уларга ишонишни тақозо қилади: Самуилнинг сояси Саулга намоён бўлган, бу эътиқод ақидаси, ундан шубҳага боришнинг иложи йўқ, деб ҳисоблайман.
– Нима бўлганда ҳам инсонми ёки иблисми, жисмоний мавжудот ёки соями, хомхаёлми ёки ҳақиқатми, лекин бу одам менинг бошимни ейиш учун яратилган. Унинг қочиб кетиши мени юз пистол ҳатто, ундан ҳам кўпроқ пул топиб берадиган ишни бой беришга мажбур қилиб қўйди.
– Қандай қилиб? – бир овоздан хитоб қилишди Портос билан Арамис.
– Атос ҳар қачонгидай ортиқча сўзлардан қочиб, д’Артаньянга савол назарини ташлади, холос.
– Планше, – эшикни қия очганича узуқ-юлуқ бўлсада, суҳбат маъносига етиш учун бошини суқиб турган хизматкорига юзланиб деди д’Артаньян, – пастга, шу уйнинг эгаси жаноб Бонасенинг олдига тушинг ҳамда бизга олти шиша Божанси шаробидан чиқариб юборишни сўранг. Мен буни бўлак ҳаммасидан афзал кўраман.
– Ана холос! – хитоб қилди Портос. – Хўжайинингизда чексиз ҳаддингиз борга ўхшайдими?
– Ҳа, – жавоб берди д’Артаньян. – Бугунги кундан эътиборан. Кўнглингиз тўқ бўлсин: шароб тузук чиқмаса, бошқасига юборамиз.
– Истеъмол қилиш керак, суиистеъмол эмас, – насиҳатомуз оҳангда илова қилди Арамис.
– Мен ҳамиша тўртовимизнинг орамизда энг доноси д’Артаньян деб юрардим, – деди Атос ва д’Артаньян таъзим билан жавоб қилган бу сўзларни айтиб, ўзининг одатий скунатига ғарқ бўлди.
– Лекин, ҳарҳолда, ўзи нима бўлди? – сўради Портос.
– Ҳа, бу сирдан бизни воқиф этинг, азиз дўстим, – гапни илиб кетди Арамис. – Фақат бу воқеага аёл кишининг номуси аралашмаган бўлса: башарти шундай бўлса, сирингизни ўзингизда қолдирганингиз маъқул.
– Хотиржам бўлинг, – деди д’Артаньян, – мен маълум қилишим зарур гапдан ҳеч кимнинг номусига путур етмайди.
Сўнгра у ўзининг уй эгаси билан бўлган суҳбатини, бу ҳурматли шаҳарлик киши рафиқасининг ўғриси ўзи «Озод тегирмончи» меҳмонхонасида тўқнашиб қолган кишининг худди ўзи бўлиб чиққанининг ҳаммасини муфассал гапириб берди.
– Иш чакки эмас, – шинаванда алфозда шаробдан ҳўплаб кўриб ва бош ирғаш билан унинг яхшилигини маъқуллаб деди Атос. – Бу соддадил кишидан элликолтмиш пистол ундирса бўлади. Олтмиш пистолни деб тўрт бошни тикса арзийдими-йўқми, шуни мулоҳаза қилиб олиш қолди, холос.
– Хотирингиздан чиқмасин, – хитоб қилди д’Артаньян, – бу ерда гап аёл киши ҳақида, ўғирланган, дўқпўписа, эҳтимол, азоб-уқубатларга дучор қилиниши шаксиз аёл киши ҳақида бораётир, яна буларнинг ҳаммаси фақат азбаройи соҳибасига садоқати учун-а!
– Секинроқ д’Артаньян, секинроқ! – деди Арамис. – Менимча, сиз Бонасе хонимнинг тақдирини кўнглингизга жуда яқин олиб юборяпсиз. Аёл киши бошимизни балога гирифтор қилиш учун яратилган, ҳамма фалокатларимизнинг уяси ҳам ўша.
Атос Арамиснинг бу сўзларидан лабини тишлаб, қовоғини солиб олди.
– Мен Бонасе хоним тўғрисида жон куйдираётганим йўқ, – хитоб қилди д’Артаньян, – балки, қирол тарк этган, кардинал таъқиб қилаётган, мухлислари ҳаммасининг бошлари бирин-сирин қулашини кўриб турган қиролича ҳақида!
– Нега у биз кимни энг ёмон кўрсак, ўшаларни – испан ё инглизларни севади?
– Испания унинг ватани, – жавоб берди д’Артаньян, – она тупроғининг фарзандларини севиши жуда табиий ҳол. Иккинчи таънангизга келсак, менга айтишларича, у инглизларни эмас, бир инглизни севади.
– Эътироф қилишим керакки, – илова қилди Атос, – ўша инглиз муҳаббатга шоёндир. Сиймоси ундан ўктамроқ кишини умрим бино бўлиб учратмаганман.
– Унинг беқиёс кийинишини айтмайсизми, – гап қўшди Портос. – У дурларини сочганда мен Луврда эдим ва худо ҳаққи, икки марваридни териб олиб, кейин донасини ўн пистолдан сотдим. Сен-чи, Арамис, уни танийсанми?
– Худди сизлар сингари яхши танийман, жаноблар. Мен уни амен боғида тутганларнинг бири бўлганман, мени у ерга қироличанинг отбоқари жаноб Пютанж олиб кирган эди. Бу воқеа, назаримда, қиролни ранжитган.
– Барибир-да, – деди д’Артаньян, – башарти герсог Бэкингемнинг қаердалигини билганимда эди, ақалли кардиналнинг жонига тегиш учун унинг қўлларидан ушлаб, қироличанинг ҳузурига элтиб қўйган бўлурдим. Ахир бизнинг энг ашаддий душманимиз – кардиналку, башарти, унга бирор қалтис ҳазил қилишга баҳона топилганда эди, мен ҳатто, бошимни тикишга тайёр бўлардим.
– Аттор ҳам, – сўради Атос, – Бэкингемни бу ёққа сохта мактуб билан чақирганлар, деб қиролича чўчиётганини рамз қилдими сизга, д’Артаньян.
– У шундан қўрқаётир.
– Сабр қилинг, – деди Арамис.
– Нима гап? – сўради Портос.
– Ҳеч нима, давом этаверинг. Мен баъзи жиҳатларини эслашга уриняпман.
– Ҳозир эса ишончим комилки, – деб давом этди д’Артаньян, – ишончим комилки, бу аёлнинг ўғирланиши биз гапирган воқеалар билан, эҳтимол, герсог Бэкингемнинг Парижга келиши билан ҳам вобаста.
– Бу гасконликнинг зеҳни ғоят ўткир-да! – қойил бўлиб хитоб қилди Портос.
– Мен уни тинглашни жуда севаман, – деди Атос. – Унинг талаффузи кўнглимни очади.
– Қулоқ солинг, муҳтарам жаноблар! – дея гап бошлади Арамис.
– Арамисни эшитайлик! – хитоб қилишди дўстлар.
– Кеча мен овлоқ даҳада бир ақоидшунос олимникида эдим, илмий ишларим талаб этганда у билан маслаҳатлашиб тураман…
Атос жилмайиб қўйди.
– Машғулотлар йўсини ва ўз ҳавасларига мувофиқ, – давом этди Арамис, – у йироқ даҳада истиқомат қилади. Шундай қилиб, мен уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Шу ерда Арамиснинг нафаси ичига тушиб кетди.
– Хўш, нима бўлди? Сиз уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Арамис ёлғон гапира-гапира ногоҳ тўсиққа қоқилиб кетган киши сингари тараддудланиб қолди. Лекин, тингловчиларнинг кўзлари унга қадалган, ҳамма зориқиб, ҳикоянинг давомини кутар ҳамда чекиниш учун фурсат ўтган эди.
– Ўша ақоидшуноснинг жияни бор… – давом этди Арамис.
– Шундай денг! Унинг жияни бор денг! – деб унинг сўзини бўлди Портос.
– Жуда ҳурматли хоним, – изоҳ берди Арамис.
Учала дўст кулиб юборди.
– Агар сўзларимдан шубҳа қилиб кулаётган бўлсангиз, – деди Арамис, – ортиқча ҳеч нарса билмайсиз.
– Биз мусулмонлар каби мўминмиз ва катафалк[27 - Катафалк – мурдани мозорга олиб борадиган темир арава.] каби гунгмиз, – деди Атос.
– Демак, мен давом этяпман, – яна сўз бошлади Арамис. – Ўша жиян аҳён-аҳёнда тоғасидан хабар олиб туради. Кеча иттифоқо у мен билан бир вақтда бориб қолиб, уни извошгача кузатиб қўйишимга тўғри келди…
– Э, шунақа денг ҳали! Извош бор эканми, ўша ақоидшуноснинг жиянида? – деб асосий қусури тилни тишлаб тура билмасликдан иборат бўлган Портос яна унинг сўзини бўлди. – Ажойиб танишлик, дўстим.
– Портос, – деди Арамис, – етарли даражада камтар эмассиз, бу аёллар назарида сизни камситади, деб сизга бир қур айтиб ўтган эдим.
– Жаноблар, жаноблар, – бутун воқеанинг тагидаги гапга фаҳми етиб, хитоб қилди д’Артаньян, – иш жиддий! Иложи бўлса ҳазиллашмасликка ҳаракат қилсак. Давом этинг, Арамис, давом этинг!
– Туйқусдан баланд бўйли, қорасоч, қилиқлари дворянга хос, сизнинг нотаниш кишингизни эслатгувчи бир киши, д’Артаньян.
– Эҳтимол, ўшанинг ўзидир, – луқма ташлади д’Артаньян.
– …Ўн одим орқароқда келаётган беш ё олти чоғлик кишининг ҳамроҳлигида ёнимга келиб, деди: «Жаноб герсог», сўнгра эса энди қўлимга суяниб турган хонимга юзланиб давом этди: «Сиз ҳам хоним»…
– Ақоидшуноснинг жиянигами?
– Жим бўлсангиз-чи, ахир, Портос! – уни жеркиб ташлади Атос. – Ҳеч тутуруғингиз йўқ.
– «Илтифот қилиб извошга ўтиринг ва қаршилик кўрсатишга ёки заррача шовқин чиқаришга уринманг», – ўша киши шундай деди.
– У сизни Бэкингем деб ўйлапти! – хитоб қилди д’Артаньян.
– Шундай гумон қиляпман, – жавоб берди Арамис.
– Хонимни-чи? – сўради Портос.
– Уни қиролича деб ўйлаган! – деди д’Артаньян.
– Мутлақо тўғри, – тасдиқлади Арамис.
– Бу гасконлик шайтоннинг нақ ўзи! – хитоб қилди Атос. – Ундан ҳеч нарса қочиб қутулмайди.
– Дарҳақиқат, деди Портос, бўй-басти ва рафтори билан Арамис гўзал герсогни эслатади. Лекин, назаримда, мушкетёрлик либоси…
– Эгнимда узун ридо эди, – деди Арамис.
– Июль ойида-я! – хитоб қилди Портос. – Наҳотки, олиминг танилиб қолишингдан чўчиса?
– Жосусга қадди-қомати панд берган бўлишига бовар қиламан, лекин, юзи…
– Мен кенг соябонли шляпада эдим, – тушунтирди Арамис…
– Ё алҳазар! – хитоб қилди Портос, – ақоидни ўрганиш учун қанча эҳтиёт чоралар!
– Жаноблар, жаноблар! – уларнинг сўзини бўлди д’Артаньян. – Ҳазил-ҳузулга вақтни йўқотмайлик. Ҳар тарафга тарқаб, атторнинг рафиқасини қидиришга киришайлик – бутун фитнанинг калити шунда.
– Насаби шунча паст аёлда-я! Наҳотки сиз шундай деб ўйласангиз, д’Артаньян? – истиғно билан пастки лабини чўччайтириб сўради Портос.
– У қироличанинг ишончли маҳрами де Ла Портнинг чўқинтирган қизи бўлади. Мен бу гапни сизларга айтмабмидим, жаноблар? Бундан ташқари, шунча пастдан мадад излаш бу дафъа ҳазрат олияларининг айни мўлжали бўлса, ажаб эмас. Улуғ кишиларнинг бошлари йироқдан назарга тушади, кардиналнинг эса кўзлари иттик.
– Хўш, майли, – деди Портос, – аттор билан гапни бир жойга қўяверинг, фақат баҳоси дуруст бўлсин.
– Бунинг ҳожати йўқ, – деди д’Артаньян. – Назаримда, ҳақини у бермаган тақдирда бошқалар яхшилаб тўлаб қўядилар.
Шу чоқ зинада шошилинч қадамлар эшитилди, эшик тарақлаб очилиб, оғайнилар кенгашаётган хонага шўрпешана аттор отилиб кирди.
– Жаноблар, – дея фарёд қилди у. – Авлиёлар ҳақи мени қутқаринг! Пастда тўрт соқчи турибди, улар мени қамоққа олгани келишган. Мени қутқаринглар! Қутқаринглар!
Портос билан Арамис ўрнидан туриб кетишди.
– Бир зумгина сабр қилинг! – уларга ярим яланғоч қиличларни қинига қайта солиб қўйишни ишора қилиб, хитоб қилди д’Артаньян. – Бу ерда жасорат эмас, эҳтиёткорлик даркор.
– Ахир йўл қўйишимиз… – эътироз билдирди Портос.
– Д’Артаньянни ўз ихтиёрига қўйинг, – деди Атос. – Сизларга такрор айтаман: у ҳаммамиздан ақлли. Мен, зўр келса, унга итоат қилажагимни маълум қиламан. Билганингни қил, д’Артаньян.
Шу дақиқа даҳлиз эшигида тўрт аскар пайдо бўлди. Лекин, қиличларини таққан тўрт мушкетёрни кўриб, ундан нари юришга юраклари дов бермай, тўхтаб қолдилар.
– Кираверинг, жаноблар, кираверинг! – қичқирди уларга д’Артаньян. – Бу ерда сизлар меникидасиз, биз ҳаммамиз эса қирол ва жаноб кардиналнинг содиқ чокарларимиз.
– Ундай бўлса, олган буйруқларни адо этишимизга тўсқинлик қилмассизлар, муҳтарам жаноблар? – сўради улардан бири, афтидан отряд саркори бўлса керак.
– Аксинча, жаноблар, агар зарурати чиқиб қолса, сизларга ҳатто, қарашишга тайёрмиз.
– Нималар деяпти бу ўзи?– тўнғиллади Портос.
– Сен овсарсан, – шивирлади Атос, – жим бўл!
– Лекин, сиз менга ваъда бериб эдингиз ахир… – товуши зўрға чиқиб, минғирлади бечора аттор.
– Биз сизни фақат эркинликда қолиб, халос қилишимиз мумкин, – деб шивирлади унга д’Артаньян, – мабодо сизга ён босишга уринсак, ҳаммамизни сизга қўшиб қамоққа олиб кетишади.
– Лекин, назаримда…
– Марҳамат, жаноблар, марҳамат, – баланд овоз билан гапирди д’Артаньян. – Бу кишини ҳимоя қилишга ҳеч қандай асосларим йўқ. Мен уни бугун биринчи бор кўрдим, яна қанақанги шароитда денг, сизларга ўзи айтиб беради: у мендан ижара ҳақини қистагани келибди! Гапим тўғрими, жаноб Бонасе! Жавоб беринг.
– Тўппа-тўғри, – ғўлдиради аттор. – Лекин, жаноб мушкетёр айтмадиларки…
– На мен ҳақимда, на дўстларим ҳақида, на хусусан қиролича ҳақида оғиз очманг, йўқса, ҳаммани хароб қиласиз! – деб шивирлади д’Артаньян. – Ҳаракат қилинг, жаноблар, ҳаракат қилинг! Бу кишини олиб кетинг.
Шундан кейин д’Артаньян тамом гангиб қолган атторни итариб, соқчиларнинг қўлларига солиб қўйди.
– Сиз беодоб экансиз, азизим. Пул қистагани келасиз… мендан-а, мушкетёрдан! Қамоққа! Сизларга такрор айтаман, жаноблар, уни қамоққа олиб кетинг-да, қамоқда мумкин қадар кўпроқ қулфлаб туринг, токи, мен тўловга пул тўплагани улгурай.
Миршаблар ташаккур сўзларини қуюқ айтиб, қурбонни олиб кетишди.
Д’Артаньян саркорнинг елкасига қўққис шап этиб урганда, улар аллақачон зинадан туша бошлаган эдилар.
– Мен сизнинг саломатлигингиз учун, сиз эса менинг соғлиғим учун бир ичсакмикин? – икки қадаҳни жаноб Бонаседан олинган Божанси шароби билан тўлата туриб, таклиф қилди у.
– Менга ортиқча марҳамат бўлиб кетади, – тўнғиллади миршабларнинг саркори. – Жуда миннатдорман.
– Демак, саломатлигингиз учун, жаноб… исму шарифингиз нима?
– Буаренар.
– Жаноб Буаренар!
– Сизники учун, муҳтарам афанди! Ҳурматли номингиз нима, сўрашга ижозат бергайсиз энди?
– Д’Артаньян.
– Саломатлигингиз учун, жаноб д’Артаньян!
– Энг асосийси эса – мана, кимнинг саломатлиги учун! – гўё завқи жўшиб қичқирди д’Артаньян. – Қирол ва кардинал саломатлиги учун!
Шароб ёмон бўлганда миршаблар саркори эҳтимол, д’Артаньяннинг самимийлигидан шубҳа қилган бўларди, лекин, шароб яхши эди, у ҳам ишона қолди.
– Қандай қабоҳат қилдингиз бу ерда? – миршабларнинг саркори қўл остидаги кишиларнинг изидан йироқлашиб, тўрт оғайни ёлғиз қолишгандан сўнг деди Портос. – Уялмайсизми! Тўрт бошлиқ мушкетёр улардан мадад сўраган бечорани қамоққа олинишига йўл қўйиб ўтирса! Дворян изқувар билан ичса!
– Портос, – деди Арамис, – Атос сенга овсарсан деб айтди, менинг ҳам шунга қўшилишимга тўғри келяпти… Д’Артаньян, сен улуғ инсонсан, жаноб де Тревилнинг ўрнини олганингда мен сендан валинеъматлик қилишингни ва монастирга нозир бўлишимга ёрдам беришингни тавалло қиламан.
– Ҳеч нарсага ақлим етмай қолди! – хитоб қилди Портос. – Сизлар д’Артаньяннинг қилиғини маъқуллаяпсизларми?
– Бўлмасам-чи, азбаройи шифо! – деди Арамис. – У қилган нарсани нафақат маъқуллайман, балки табриклайман ҳам.
– Энди эса жаноблар, – ўз хулқини Портосга изоҳлаб беришга ҳаракат ҳам қилмасдан сўзлади д’Артаньян, – бир киши ҳамма учун ва ҳамма бир киши учун – шу дамдан эътиборан бу бизнинг шиоримиз, тўғрими?
– Лекин… – сўзламоқчи бўлди Портос.
– Қўлингни чўз-да, қасамёд қил! – бир овоздан хитоб қилишди Арамис билан Атос.
Уларнинг ҳаракатидан эси оғиб, лекин, ҳарҳолда, ўзича алланималарни минғирлаб, Портос қўлини чўзди ва тўртовлон жўр бўлиб, д’Артаньян айтган сўзларни айтишди.
– Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун!
– Жуда яхши. Энди ҳар биримиз ўз уйимизга жўнасак, – гўё умр бўйи буйруқ бериб юргандай деди д’Артаньян. – Ва эҳтиёт бўлинглар, зеро, шу дақиқадан биз кардинал билан кураш бошладик.

X
Ўн еттинчи асрдаги қопқон
Қопқон асло бизнинг кунлар ихтироси эмас. Жамият миршабларни кашф этган бўлса, миршаблар қопқонни ўйлаб топишган.
Китобхонларимиз Париж миршабларининг махсус тилига ҳали кўникмагани ва ўн беш йилдан ортиқ ёзувчилик ишимиз асносида бу иборани шу нарсага татбиқан биринчи бор қўллаётганимизни эътиборга олиб, гап нима хусусида кетаётганини изоҳлаб беришга уриниб кўрамиз.
Бирор уйда, қай биридалигининг фарқи йўқ, жиноятда шубҳа қилинган одам қамоққа олинса, унинг қамалгани сир тутилади. Уйнинг биринчи хонасида тўрт ёки беш миршабдан иборат пистирма қўйилади, эшикни кимки тақиллатса, очишади-да, кетидан ёпиб, келган кишини ҳибсга олишади. Шу йўсинда икки-уч кун ичида ўша уйнинг доимий меҳмонлари қамалиб қолишади.
Мана қопқон нима.
Жаноб Бонасенинг уйида айнан шундай қопқон қўйилди, у ерга кимки ораласа, ўшани кардиналнинг одамлари тутиб тергайвердилар. Иккинчи қаватдаги д’Артаньян эгаллаган бўлманинг махсус йўли бўлгани сабабли унинг меҳмонлари ҳеч қандай дилсиёҳликка йўлиқмасдилар.
Дарвоқе уникига уч дўсти келарди, холос. Улар учаласи ҳам ҳар қайси ўз ҳолича қидирув ишлари билан андармон юрар, лекин ҳали ҳеч нима топмаган, ҳеч ниманинг дарагини билмаган эди. Атос, ҳатто, жаноб де Тревилга бир-иккита савол беришга қарор қилди, машҳур мушкетёрнинг камсухан феълини назарга олганда бу нарса капитанни ўта ҳайратга солди. Лекин ўзи ўша кардинални, қирол ва қироличани сўнгги дафъа учратган куни кардинал бесарамжон, қирол алланарсадан кўнгли ғаш, қиролича эса ё тунни бедор ўтказган, ё йиғлаган каби кўзлари қизариб юрганидан бўлак ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Сўнгги ҳол уни ҳайрон қолдирмаган: қиролича турмуш қургандан бери тез-тез тунқотиб чиқар ва кўп кўзёши тўкар эди.
Жаноб де Тревиль ҳар эҳтимолга қарши Атосга унинг қиролга, хусусан, қироличага садоқат билан хизмат қилмоғи зарурлигини тайинлаган бўлди ва бу истакни дўстларига ҳам етказишни илтимос қилди.
Д’Артаньянга келсак, у уйда ўтириб қолди. Ўз хонасини у кузатув нуқтасига айлантирди. Кимки келиб қопқонга тушса, у ҳаммасини деразадан кўриб турарди. Сўнгра паркетни кўчириб, тергов ўтаётган қуйи хонани фақатгина шип ажратган ҳолда, у изқувар ва маъюб[28 - Маъюб – айбланувчи.] ўртасидаги ҳамма гапни эшитиш имконига эга бўларди. Тутқинларни олдин синчиклаб тинтиб чиқилгач, сўроқлар нуқул деярли қуйидаги гапларга бориб тақаларди:
– Бонасе хоним эрига ёки бўлак шахсга бирор нарса элтиб беришни топширганмиди?
– Жаноб, Бонасе рафиқаси ёки бўлак шахсга бирор нарса элтиб беришни топширганмиди?
– Сизга улар бирор махфий гапни оғзаки равишда айтишганмиди?
«Мабодо уларга бирор гап маълум бўлганда, – кўнглидан ўтказди д’Артаньян, – улар бу хил нарсаларни суриштириб ўтиришмасди. Энди савол. Улар ўзи ниманинг тагига етмоқчи? Турган гап. Бэкингем Парижда турибдими, йўқми, у қироличанинг висолига етдими ёки энди етадими?»
Д’Артаньян эҳтимолдан холи бўлмаган шу тахминда тўхталди.
Қопқон эса ҳозирча муттасил ҳаракат қилар, д’Артаньяннинг диққати ҳам сусаймасди.
Шўрлик Бонасе ҳибсга олингач, келаси куни кечқурун, жаноб де Тревилнинг ҳузурига равона бўлган Атос чиқиб кетгандан кейин, соат энди тўққизга занг уриб, ҳали ўрин тўшамаган Планше шу ишга киришмоққа тараддудланиб турганда аллаким кўча эшигини қоқди. Эшик дарҳол очилди-ю, сўнгра ёпилиб қолди: кимдир қопқонга тушди.
Д’Артаньян пол кўчирилган жойга ташланиб, узала тушиб ётди-да, бор диққатини тўплаб, қулоқ солди.
Тез орада дод-фарёд, сўнгра, афтидан, бўғишга уринилган нолалар эшитилди. Сўроқдан ном-нишон ҳам йўқ эди.
«Иблис! – ўйлади д’Артаньян. – Назаримда, бу аёл киши: уни тинтишяпти, у қаршилик қиляпти… Улар зўравонлик қилишяпти… Аблаҳлар!»
Пастда кечаётган ҳодисаларга аралашиб қолмаслик учун д’Артаньяннинг бор иродасини қўлга олишига тўғри келди.
– Жаноблар, мен бу уйнинг бекасиман, деяпман-ку сизларга, мен Бонасе хонимман, қироличага хизмат қиламан, деяпман-ку сизларга! – қирқирарди шўрлик аёл.
– Бонасе хоним! – шивирлади д’Артаньян. – Наҳотки омадим келиб, ҳамма қидираётган нарсани топган бўлсам!
– Биз худди сизни кутиб турган эдик! – деб жавоб бердилар унга.
Товуш тобора бўғилиб борарди. Аллақандай тўстўполон кўтарилди.
Аёл киши тўрт нафар эркак кишига қандай қаршилик кўрсата олса, аёл шундай қаршилик қилмоқда эди.
– Қўйиб юборинг мени, қўйиб… – эшитилди яна аёлнинг товуши. Бу сўнгги аниқ товушлар эди.
– Улар оғзига сўлиқ тиқишяпти, уни ҳозир олиб кетишади! – пружинада ўтирган сингари сапчиб туриб, хитоб қилди д’Артаньян. – Қилични!.. Ҳа, ўзимда экан… Планше!
– Лаббай?
– Атос, Портос ва Арамисларга чоп. Учаласидан бирини топишинг аниқ, эҳтимол, учови ҳам аллақачон уйига қайтгандир. Қуролини ҳам ола келишсин, шошилишсин, бу ёққа чопишсин… Уҳ, эсим қурсин. Атос де Тревилникида-ку.
– Лекин, ўзингиз қаёққа, ўзингиз қаёққа ахир, тақсир?
– Мен деразадан пастга тушаман! – қичқирди д’Артаньян. – Шунда тезроқ бўлади. Сен бўлсанг паркетдаги тешикни тўғрила, полни супуриб қўй, эшикдан чиқиб, мен буюрган жойга чоп.
– О, тақсир, тақсир, йиқилиб майиб бўласиз! – қичқириб юборди Планше.
– Жим бўл, эшак! – деб ҳайқирди д’Артаньян.
Шундан кейин у қўллари билан дераза токчасини маҳкам тутиб, бахтига унча баланд бўлмаган иккинчи қаватдан сакраб тушди, ҳатто, лат ҳам емади.
Шу заҳоти у кўча эшигига яқинлашди-ю, эшикни аста қоқиб, шивирлади:
– Ҳозир қопқонга илинаман, шундай сичқонга тегишга журъат қиладиган мушуклар ҳолига вой!
Болғача эшикка урилмасданоқ, ичкаридаги тўстўполон тинди. Қадамлар товуши эшитилди, эшик очилди-да, д’Артаньян қиличини яланғочлаганича жаноб Бонасенинг уйига бостириб кирди, афтидан, пружина қўндирилган эшик унинг ортидан ўзи ёпилиб қолди.
Шунда бу машъум уйдаги бошқа кишилар ҳамда яқин-орадаги қўни-қўшнилар дод-фарёдлари, дупур-дупур товушлари, қиличларнинг жаранги-ю сурилаётган уй анжомларининг тақир-туқурини эшитишди. Ҳаял ўтгач, тўс-тўполондан безовта бўлган ва нима гаплигини билмоқ учун деразадан бошини чиқарганларнинг ҳаммаси эшик яна очилиб, ундан қора либос кийган тўрт киши ҳуркитилган қарғаларга монанд қанотларидан юлинган патлари, бошқача қилиб айтганда – устбошининг қийқимлари билан ридоларининг парчаларини пол ва бурчак-бурчакда қолдириб, чопиб эмас, отилиб чиққанларини кўришлари мумкин бўлди.
Шуни айтиш лозимки, д’Артаньянга ғалаба бир мунча осон насиб бўлди, чунки, изқуварлардан фақат биттаси қуролланган экан, у ҳам бўлса, ўзини хўжакўрсинга мудофаа қилиб турди. Рост, қолганлари ёш йигитга стул, курси, ҳатто, тувакларни ирғитиб гангитишга уриндилар. Лекин, гасконлик йигит қиличини бирикки сирпаши уларнинг қутини учириб юборди. Уларга узил-кесил зарба бериб, жанг майдонининг ҳокими бўлиш учун д’Артаньянга ўн дақиқа кифоя қилди.
Ўша муттасил қўзғолон ва қуролли тўқнашувлар замонига мансуб, парижликларга хос совуққонлик билан деразаларини очган қўни-қўшнилар қора либосли тўрт киши қочиб кетгани ҳамон уларни яна ёпиб олдилар. Ҳозирча ҳамма нарса барҳам топганига уларнинг фаҳми етган эди.
Бундан ташқари, вақт хуфтонга бориб қолган ўша маҳалларда, худди ҳозирги сингари, Люксембург саройига туташ даҳада эрта ётиларди.
Д’Артаньян Бонасе хоним билан ёлғиз қолгач, унга ўгирилди. Шўрлик аёл деярли беҳуш ҳолатда креслода ётарди. Д’Артаньян унга тез разм солиб чиқди.
Бу йигирма беш ёки йигирма олти ёшлар чамасидаги сумбул соч, мовийкўз, бурни сал-пал пучуқ, тишлари инжудай дилбар жувон эди. Унинг симбар бадани опал мисоли пушти товланиб турарди. Бироқ, уни кибор доирага мансуб аёл деган хаёлга элтувчи фазилатлари шу билан тугарди. Қўллари оппоқ бўлса-да, бичими дағалроқ эди. Оёқлари ҳам олий насабдан дарак бермасди. Яхшиямки, бу хил икир-чикирлар д’Артаньянни ўсал қилишга ҳали ожиз эди.
Бонасе хонимни кўздан кечирган кўйи, айтиб ўтганимиздек, назарини оёқчаларида тўхтатгач, ётган батист рўмолчага кўзи тушиб, уни ердан олди. Рўмолчанинг бурчида сал бўлмаса Арамис билан бир-бирини бўғизлаб қўйишига сабаб бўлаёзган рўмолчада у бир қур кўрган герб яққол ажралиб турарди. Ўша пайтдан бери герблик рўмолларга д’Артаньяннинг кўнгли чопмасди Шунинг учун у индамай олган рўмолчани Бонасе хонимнинг чўнтагига қайтариб солиб қўйди. Шу пайт жувон ҳушига келди. Кўзларини очиб ва қўрқаписа теварагига аланглаб, у хонанинг бўм-бўшлиги ва халоскори билан ўзи ёлғиз эканини кўрди. У дафъатан жилмайиб унга қўлларини узатди. Бонасе хонимнинг табассумидан жозиба ёғиларди.
– Вой, тақсир, – дея сўзлади у, – сиз мени халос этдингиз. Сизга ташаккур айтишга рухсат этинг.
– Хоним, – жавоб берди д’Артаньян, – менинг ўрнимда бўлса, ҳар қандай дворян ҳам шундай қилган бўларди. Шунинг учун мендан ҳеч қандай ташаккур қарзингиз йўқ.
– Оҳ, йўқ, йўқ, оқибатли бўлиш қўлимдан келишини сизга исботлайман, деб умид қиламан. Бироқ, мен дастлаб қароқчилар деб гумон қилган бу одамларга нима даркор эди, кейин нега бу ерда жаноб Бонасе йўқ?
– Бу одамлар қароқчилардан бешбаттар хавфлироқ, хоним. Булар жаноб кардиналнинг одамлари. Сизнинг эрингиз жаноб Бонасега келсак, у шу сабабдан бу ерда йўқки, уни кеча ҳибсга олиб, Бастилияга етаклаб кетишди.
– Эрим Бастилиядами? – хитоб қилди Бонасе хоним. – У нима қилиб қўйдийкин-а? Ахир у покдомонликнинг ўзи-ку!
Жувоннинг ҳамон қўрқув чангалидаги юзига табассумга ўхшаш бир нарса қўниб ўтди.
– Нима қилди дейсизми? – деди д’Артаньян. – Назаримда, унинг бирдан-бир жинояти шундан иборатки, у сизнинг эрингиз бўлишдек бахтга, ҳам бахтсизликка бир йўла моликдир.
– Лекин, демак, сизнинг хабарингиз бор эканда, тақсир…
– Сизнинг ўғирланганингиздан хабарим бор.
– Лекин, ким, ким томонидан? Буниси сизга маълумми? О, агар билсангиз, менга айтинг?
– Қирқ-қирқ беш ёшлардаги қорасоч, буғдойранг, чап чаккасида чандиғи бор киши…
– Тўғри, тўғри! Унинг исмичи?
– Исмими?.. Ана шунисини билмайман-да.
– Эрим-чи, мени олиб қочишганини билармиди?
– У буни ўғрининг ўзи ёзган мактубдан билди.
– Бу ўғриликнинг сабабини-чи, – хижолат чекиб сўради Бонасе хоним, – у пайқадимикин?
– Назаримда, у бунга сиёсат аралашган, деб гумон қилаётган эди.
– Бошда мен шубҳаланган эдим, лекин ҳозир мен ҳам шу фикрдаман. Демак, бу соддадил жаноб Бонасе мендан бир нафас ҳам гумон қилмапти-да.
– О, бир нафас ҳам! Сизнинг фаросатингиз ва сизнинг муҳаббатингиздан унинг боши осмонда эди.
Табассум бу кўҳликкина жувоннинг ҳақиқ лабларига, пушти дудоқларига яна бир бор билинар-билинмас сирпаниб ўтди.
– Лекин, ўзингиз-чи, қочишни қандай эпладингиз? – ўсмоқчилашда давом этарди д’Артаньян.
– Мен ёлғиз қолган пайтимдан фойдаланиб қолдим, ўғирланишим сабаблари менга бугун эрталаб аён бўлгани учун мен рўйжолар ёрдамида деразадан тушдим. Эрим уйда деб ўйлаб, шу ерга чопиб келдим.
– Ундан паноҳ қидирибми?
– Вой, йўғ-э! Менинг қимматли бояқиш эрим! Мени ҳимоя қилиш унинг қўлидан келмаслигини билардим. Лекин, мен уни огоҳлантириб қўймоқчи бўлдим, чунки бизга унинг бошқа йўсинда нафи тегиши мумкин эди.
– Нима тўғрисида?
– Йўқ, бу энди менинг сирим! Уни сизга очолмайман.
– Айтгандек, – деди д’Артаньян, – авф этасиз, хоним, мен, гарчи гвардиячи бўлсам ҳам сизни эҳтиёт бўлишга ноилож даъват этаман: назаримда, сир-асрор айтишга бу жой нобопроқ. Мен қувган изқуварлар мадад қўшиб, қайтиб келишади. Агар устимизга келиб қолишса, ҳалок бўламиз. Рост, мен уч оғайнимга хабар бериш учун одам юбордим, лекин, уларни уйидан топишдими-йўқми, ким билади дейсиз.
– Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз! – қўрқиб хитоб қилди Бонасе хоним. – Қочайлик, тезроқ пана бўлайлик бу ердан!
Шу сўзлар билан у д’Артаньянни қўлтиқлаб, эшик сари судради.
– Лекин, қаёққа қочамиз? – Беихтиёр сўради д’Артаньян. – Қаёққа пана бўламиз!
– Аввало шу уйдан нарироққа! Кейин кўрамиз.
Ҳатто, эшикни ҳам ёпиб қўймасдан уйдан чиқиб, улар Гўрковлар кўчасидан югуриб кетишди. Қирол Ўрига бурилиб, фақат Сен-Сюлпис майдони чеккасида тўхтадилар.
– Энди нима қиламиз? – сўради д’Артаньян. – Сизни қаёққа кузатиб қўяй?
– Рости, нима жавоб беришимга ҳайронман, – деди Бонасе хоним. – Мен эрим орқали жаноб де Ла Портни чақиртирмоқчи ва ундан сўнгги уч кунда нималар кечди, у эрда кўринишим хавфлими-йўқми, билиб олмоқчи эдим.
– Лекин, мен боришим ва жаноб де Ла Портни чақириб беришим мумкин-ку, ахир, – деди д’Артаньян.
– Албатта. Лекин, бало шундаки, жаноб Бонасени Луврда танишарди, уни ўтказиб юборган бўлардилар, сизни эса танишмайди, эшиклар сиз учун берк бўлади.
– Бу ҳеч гап эмас! – эътироз қилди д’Артаньян. – Лувр дарвозаларининг бирортасида сизга содиқ дарбон борлиги аниқ, у паролни эшитиб…
Бонасе хоним ёш йигитга синчиклаб разм солди.
– Мабодо ўша паролни сизга айтсам, – шивирлади у. – Истифода қилиб бўлган заҳоти уни унутиб юборасизми?
– Чин сўзим, дворян сўзим! – шак-шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда деди д’Артаньян.
– Яхши. Мен сизга ишонаман. Сиз жуда яхши йигит кўринасиз. Иқболингиз садоқатингизга боғлиқ бўлса, ажаб эмас.
– Мен ваъдалар талаб қилаётганим йўқ, қиролга хизмат қилиш, қироличага манзур бўлиш учун қурбим етган ҳамма ишни ҳалол адо этаман, – деди д’Артаньян. – Мени бир дўст билиб, ихтиёримни олаверинг.
– Лекин, бу орада мени қаерга яширасиз?
– Бирор одамингиз йўқми, жаноб де Ла Порт сизни йўқлаб, ўша кишига учраса.
– Йўқ, бу ишни ҳеч кимга билдиргим йўқ.
– Менга қаранг, – деди д’Артаньян. – Биз Атоснинг уйи ёнидамиз… Ҳа, тўғри.
– Атос деганингиз ким?
– Дўстларимдан бири.
– У уйида бўлса-ю, мени кўриб қолса-чи?
– У уйида йўқ, сизни уйга киргизиб, калитни ўзим билан олиб кетаман.
– Қайтиб келиб қолса-чи?
– Қайтиб келмайди. Зўр келса, менинг бир аёлни бошлаб келганимни, ўша аёл уйидагилигини унга айтишар.
– Лекин, бу нарса менинг обрўимни тўкиши мумкин, шунга ақлингиз етадими ўзи?
– Сизнинг нима ишингиз бор? У ерда сизни ҳеч ким танимайди. Бунинг устига биз шундай аҳволдамизки, одоб-подоб деб ўтирмасак бўлади.
– Яхши, дўстингизникига юра қолинг. У қаерда туради?
– Феру кўчасида, шу ердан икки қадам нарида.
– Кетдик.
Улар шу томонга югуриб кетишди. Худди д’Артаньян ўйлаганидек, Атос уйида йўқ эди. Д’Артаньян Атоснинг дўсти сифатида ўзига эътирозсиз берилгувчи калитни олиб, зинадан чиқди-да, Бонасе хонимни биз юқорида тавсиф этган шинам уйга киргизди.
– Ўз уйингиздай бемалол ўтиринг, – деди у. – Тўхтанг: эшикни ичидан қулфлаб олинг ва уч марта тақиллатмагунча ҳеч кимга очманг… Мана бундай. – У икки марта сирасига хийла қаттиқ, учинчи марта паузадан кейин сустроқ қилиб, уч марта тақиллатди.
– Яхши, – деди Бонасе хоним, – энди йўл-йўриқ бериш навбати меники.
– Қулоғим сизда.
– Луврга боринг ва Эшел кўчасига қараган дарвозани тақиллатинг. Жерменни сўранг.
– Яхши, Кейин-чи?
– У нима ишингиз бор, деб сўрайди, сиз жавоб ўринга: Тур ва Брюссел деган икки сўзни айтинг. Ўшанда у амрингизни бажо келтиради.
– Мен унга нимани буюраман?
– Қироличанинг маҳрами жаноб де Ла Портни чақириб беришини.
– У чақириб берса ва жаноб де Ла Порт чиқса-чи?
– Сиз уни ҳузуримга юборасиз.
– Жуда соз. Лекин, сизни яна қачон ва қаерда кўраман?
– Мен билан жуда учрашгингиз борми?
– Албатта!
– Унда бу тўғрида ғам ейишни менга қўйиб беринг-у, хотирингиз жам бўлсин.
– Сўзингизга ишонаман.
– Кўнглингиз тўқ бўлсин.
Д’Артаньян Бонасе хонимга унинг кичкина жуссасини қамраб олишга қодир энг шайдойи назар ташлаб, таъзим қилди ва зинадан туша туриб, орқасидан эшик ёпилгани ва калит қулфда икки марта айланганини эшитди. Зум ўтмай, у Луврга етди. Дарвозага Эшел кўчаси томондан яқинлашган пайти соат ўнга занг ургани қулоғига чалинди. Биз ҳозиргина тавсиф этган воқеаларнинг ҳаммаси атиги ярим соат ичида ялт этиб ўтиб кетди.
Ҳаммаси худди Бонасе хоним айтгандай содир бўлди. Паролни эшитгач, Жермен таъзим қилди. Ўн дақиқа ўтар-ўтмас Ла Порт дарбон хонасида ҳозир бўлди. Д’Артаньян ҳаммасини икки оғиз қилиб сўзлаб берди ва Бонасе хонимнинг қаердалигини маълум қилди. Ла Порт адресни икки марта такрорлаб, йўлак томонга шошилди. Лекин, икки қадам ҳам босмасдан у қўққис изига қайтди.
– Йигитча, – деди у д’Артаньянга юзланиб, – бир маслаҳат беришга рухсат этинг.
– Хўш, қандай?
– Юз берган нарсалар сизни ташвишга солиб қўйиши мумкин.
– Шундай денг?
– Ҳа. Соати орқада қолиб юрадиган дўстингиз йўқми?
– Хўш, у ёғи нима?
– Кейинчалик сизни соат тўққиз яримда меникида эди, деб гувоҳлик бера олсин учун ундан бир хабар олинг. Юристлар буни алиби дейишади.
Д’Артаньян маслаҳатни мулоҳазали деб топиб жаноб де Тревилникига ғизиллаб кетди. Лекин, ҳамиша гавжум меҳмонхонага кириб ўтирмасдан у кабинетга ўтишга рухсат сўради. Д’Артаньян бу ерда тез-тез келиб тургувчи эди, шунинг учун унинг илтимосини дарҳол қондирдилар, мулозим ёш ҳамюрти аллақандай муҳим нарсани маълум қилиш истагида қабул этилишини ўтиниб сўраганини жавоб де Тревилга етказиш учун кетди. Беш дақиқадан сўнг жаноб де Тревиль кабинетга ўтиб бўлган эди. У д’Артаньяндан ўзининг унга нима нафи тегиши ҳамда унинг бунча бемаҳал ташрифининг боисини сўради.
– Авф этгайсиз, тақсир! – деди ёлғиз қолган дақиқалардан фойдаланиб, соатни чорак соат орқага суриб қўйган д’Артаньян. – Мен соат тўққиздан йигирма беш дақиқа ўтганда сизникига қадам ранжида қилиш учун ҳали бемаҳал эмас, деб ўйлабман.
– Тўққиздан йигирма беш дақиқа ўтди денг? – девор соатга ўгирилиб, хитоб қилди жаноб де Тревиль. – Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас!
– Ўзингиз бир қараб кўринг, – деди д’Артаньян, – амин бўласиз.
– Ҳа, тўғри, – деди де Тревиль. – Мен кечроқ деб ишониб эдим. Лекин, менда нима ишингиз бор?
Шунда д’Артаньян қиролича хусусида тарқоқ ҳикоя қилишга тутинди. Унинг аҳволи борасидаги ташвишларини баҳам кўрди, кардиналнинг Бэкингемга қарши қаратилган режаларига оид эшитган гапларини маълум қилди. Унинг нутқи шунча ишонч, шунча хотиржамлик билан суғорилган эдики, де Тревилнинг унга ишонмасдан иложи йўқ эди, устига-устак унинг ўзи ҳам кардинал, қирол ва қироличаларнинг муносабатларида, айтиб ўтганимиздек, аллақандай янги бир нарсани пайқаган эди.
Соат ўнга занг урганда д’Артаньян етказган маълумотлари учун унга миннатдорчилик билдирган ҳамда қирол билан қироличага ҳамиша жон-дили билан хизмат қилаверишини насиҳат қилиб, меҳмонхонага қайтиб кирган жаноб де Тревиль билан хўшлашди.
Зинадан тушиб бўлиб, д’Артаньян бирдан асони унутиб қолдирганини эслади. Шунинг учун у жадал изига қайтиб, кабинетга кирди-ю, шу заҳоти соатнинг милини – унинг орқада қолаётганини келаси тонг ҳеч ким сезиб қолмаслиги учун бирпасда жойига суриб қўйди. Энди унинг алибисини аниқлаб бергувчи гувоҳи борлигига комил ишонч билан у пастга тушиб, кўчага чиқди.

XI
Фитна бошланмоқда
Жаноб де Тревилнинг ҳузуридан чиқиб, д’Артаньян хаёлга чўмганча уйига қайтиш учун энг олис йўлни танлади.
Ўз йўлидан шунчалар оғиб, юлдузларга термилиб ва дам жилмайиб, дам хўрсиниб, гасконлик йигит нималарни ўйлади экан?
У Бонасе хонимни ўйларди. Шогирд – мушкетёрга бу жувон сал бўлмаса маъшуқалик омоли бўлиб кўринарди. Кўҳликкина, турган-битгани сирдан иборат бўлгани, қарийб ҳамма сарой фитналаридан воқифлиги дилбар чеҳрасига алоҳида ташвиш сояси ташлаб тургани ҳолда у унчалик димоғдор кўринмасди, бу нарса ғўр ошиқ назарида аёл кишига мислсиз жозиба бахш этарди. Бундан ташқари, д’Артаньян уни тинтишга ва эҳтимол қийноққа солишга шайланиб турган азроиллар чангалидан юлиб олди, бу унутилмас яхшилиги унда нозикроқ бир нарсага айланиши осон бўлган миннатдорчилик туйғусини уйғотди.
Д’Артаньяннинг тасаввурида аллақачон – орзуларнинг хаёл қанотида учишини қаранг – ёш жувон юборган одам унга яқинлашиб, кутилажак висолдан дарак берувчи номани топширар, сийловига эса олтин занжир ёки олмос кўзли узук ҳадя қиларди. У замоннинг йигитлари ўз қиролидан тортинмасдан ҳадялар олишини биз айтиб ўтган эдик. Ахлоқ талаблари паст ўша маҳаллар улар маъшуқалари билан ҳам орият талашиб ўтирмасдилар. Уларнинг хонимлари деярли ҳамма вақт гўё беқарор туйғуларини ўз тортиқларининг собит пухталиги билан боғлаб қўймоқчидай, эсдалик учун қимматбаҳо ва ноёб совғалар қолдиришарди.
У замонлар аёл кишининг ёрдами билан ўзларига йўл очишдан ор қилмасдилар. Фақатгина гўзал бўлганлар ўз ҳуснларини тортиқ қилардилар, «енг соҳибжамол қиз ўзида борини бера олади, холос» деган мақол шундан тарқалган бўлса, ажаб эмас. Бадавлатлари эса пулларининг бир қисмини бериб юборишарди. Ўша серсаргузашт замон қаҳрамонларининг эгарларига маъшуқалари боғлаб қўйган сила ёки лиқ тўла ҳамёнлари бўлмаган тақдирда на мансабларга, на жанг майдонидаги ғалабаларга эришиши даргумон бир талай номларни айтиб ўтиш мумкин.
Д’Артаньян фақир эди. Уч мушкетёр дўстлари унга сингдирган хийла бадахлоқ насиҳатлар қуюни унинг қишлоқча журъатсизлигини – бу нозик гул, бу шафтоли тукини – бирпасда асар ҳам қолдирмай учириб кетди. Ўз замонининг ғаройиб таомилларига бўйин эгиб, д’Артаньян ўзини Парижда қарийб Фландрияда юрган сингари, истило қилинган шаҳарда сингари ҳис қиларди: у ёқда – испанлар, бу ёқда – аёллар. Унда ҳам, бунда ҳам курашиш лозим. Душман мавжуд, тўланиши лозим хирож бор эди.
Ҳарҳолда, ҳозир д’Артаньянни анча юксак ва беминнатроқ туйғу идора қилаётганини айтмоғимиз зарур. Рост, аттор унга бадавлат эканини айтганди. Жаноб Бонасе сингари гўл эрнинг ҳамёнини рафиқаси бошқариши жуда эҳтимоллигига д’Артаньяннинг фаҳми етиши қийин эмасди. Лекин, буларнинг ҳаммаси Бонасе хонимни кўрган замон лов этиб аланга олган ҳиссиётларига таъсир этмади, қалбида куртак ёзган муҳаббат қарийб мутлақ таъмадан холи эди. Биз қарийб деяпмиз, негаки, гўзал, дилкаш, бурро ёш жувон, бунинг устига бадавлат ҳам бўлса, бу хусусидаги хаёл эҳтиросга халал бермайди, ҳатто, аксинча – уни кучайтиради.
Давлатмандлик бир талай кибор икир-чикирлар билан вобастаки, улар ҳуснга, узукка кўз солгандай мос тушади. Нафис, оппоқ рангидан кўз қамаштиргувчи пайпоқ, тўр ёқа, бежирим кавушча, сочга тақилган чиройли тасма бадбашара аёлни хушрўй қилолмайди, лекин, хушрўйининг жамолини очиб юборади, қўллар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади, чунки улар бу нарсаларнинг ҳаммасидан фойда қилади. Аёл қўллари гўзаллигини йўқотмаслиги учун бекорчи бўлиши лозим.
Бундан ташқари, д’Артаньян – унинг маблағлари ҳолатини китобхондан яширмадик – д’Артаньян лак минг пулга эга эмасди. Тўғри, у бир кун келиб, шундай бўлишини орзу қиларди. Лекин, бу хуштабаддул учун унинг ўзи тайин қилган муддат анча йироқ эди. Ҳозирча эса, севгили аёлнинг, бу заифа мавжудотларнинг бор қувончини ташкил қилгувчи минг-минглаб майдачуйда нарсаларга зорлигини кўриб туриб, унга шу сон минг майда-чуйдаларни тақдим этиш имконига эга бўлмаслик – не даҳшат! Агар аёл бадавлат-у, ошиғи фақир бўлса, у тақдим қилолмаган нарсаларни лоақал аёлнинг ўзи харид қилиши мумкин. Гарчанд, бу арзимас нарсаларни у одатда эрининг пулига харид қилса-да, жуда нодир ҳолларда унинг қадрига етилади.
Д’Артаньян назокатли маҳбуб бўлишга ҳозирланар экан, ғоят садоқатли дўстлигича қолганди. Латофатли Бонасе хонимга буткул мафтун бўлгани ҳолда у дўстларини хотиридан чиқармасди. У аёл Атос, Портос ва Арамисларни эргаштириб, Сен-Дени чимзорида ёки Сен-Жермен ярмаркасида бирга сайр қилишга ярашиқли эди, д’Артаньяннинг уларнинг олдида ўз ғалабаси билан бир мақтаниб қўйгиси ҳам бор эди. Узоқ сайрдан кейин иштаҳа очилади. Яқин орадан бери д’Артаньян шунинг фаҳмига ета.бошлади. Ора-сира қўл дўстнинг қўлига, оёқлар эса маъшуқанинг оёқчасига тегиб тургувчи ўша сўлим зиёфатлардан бирининг эвини қилиш мумкин бўлади. Ниҳоят, алоҳида мушкул дақиқаларда д’Артаньян оғайниларининг жонига оро кириш имконига эга бўлади.
Хўш, д’Артаньян баралла товуш билан баҳридан ўтиб, шивирлаб, нажот ва мадад ваъда этиб, изқуварларнинг қўлига топшириб юборган жаноб Бонасечи? Китобхонларимиз олдида шуни эътироф этишга мажбурмизки, д’Артаньян уни эсига ҳам олмасди, мабодо хотирга олганда ҳам, у қаерда бўлмасин маконида қолаверишига хаёлан тилакдош бўлиш учунгина эсларди. Эҳтироснинг барча турлари ичида муҳаббат – энг худбинидир.
Бироқ, китобхонларимиз хавотир олмасинлар: қайга жўнатганларидан ғофил қолганини баҳона қилиб, д’Артаньян уни унутган ёки ўзини унутганга солаётган бўлса ҳам биз уни эсимиздан чиқарганимиз йўқ-ку, унинг турган макони бизга маълум-ку. Лекин, ошиқ гасконлик йигитдан вақтинча намуна олиб, муҳтарам атторга кейинроқ қайтайлик.
Ишқий хаёлларга ғарқ бўлиб, тунги само билан суҳбат қуриб, юлдузларга табассум қилиб, д’Артаньян Шерш Миди ёки ўша йиллари уни атаганларидек, Шасс-Миди кўчасининг бошига томон юриб бормоқда эди. Арамис истиқомат қилгувчи уйнинг яқинига бориб қолгач, у дўстиникига кириб, не важдан зудлик билан, «қопқонга» келишини илтимос қилиб, Планшени юборганини изоҳлаб беришга қарор қилди.
Планше борганда Арамис уйида бўлган тақдирда, у шубҳасиз, Гўрковлар кўчасига ошиққан, унда ўзининг икки дўстидан бўлак ҳеч кимни тополмай, буларнинг ҳаммасининг маъносига тушунолмаган. Д’Артаньян дўстини нега чорлаганини шарҳлаб бериши зарур эди. Д’Артаньян баралла товуш билан ўз-ўзига мана нималарни сўзламоқда эди.
Кўнглининг тўрида у, қалбини бўлмаса ҳамки, хаёлларини тамом асир этган дилбар Бонасе хоним тўғрисида гурунглашиш учун буни қулай баҳона деб билмоқда эди. Сир сақлаш лаёқатини илк ошиқдан талаб этиш маҳол гап. Биринчи муҳаббатга шунчалар жўшқин қувонч ҳамроҳ бўладики, уни баҳам кўриш зарур, акс ҳолда у ошиқни бўғиб қўяди.
Икки соатки, Париж зулматга чўмган, кўчалар ҳам ҳувиллаб қолган. Сен-Жермен теварагидаги ҳамма соатлар ўн бирга занг урди. Ҳаво илиқ, сокин. Д’Артаньян ҳозирги Асса кўчаси кесиб ўтган жойда мавжуд бўлган тор кўчада бормоқда эди. Вожирар кўчасидан, кечки шабнам ва тун рутубатидан тирилган боғлардан шабада уфураётган муаттар бўйлар ҳавони босиб кетган. Олислардан, гарчи, зич ёпиқ дарчалар ичидан бўлса-да, қай бир хароботда вақтихушлик қилгувчи санқиларнинг қўшиқлари келарди. Тор кўчанинг сўнгига етгач, д’Артаньян чапга бурилди. Арамис истиқомат қилгувчи уй Кассет кўчаси билан Сервандони кўчаларининг орасида жойлашган эди.
Д’Артаньян Кассет кўчасидан ўтиб олди, заранг шаббалари ғовлаб ўсган, ёввойи узум билан ўралашиб, тепасида зич яшил бостирма ҳосил қилган дўстининг уйи эшигига йироқданоқ кўзи тушди. Туйқусдан аллақандай шарпа Сервандони кўчасидан ўтгандай туюлди д’Артаньянга. Бу шарпа ридога бурканган бўлиб, д’Артаньянга дастлаб у эркак кишига ўхшаб кўринди. Лекин, паст бўйи, рафтори ва ҳаракатларининг журъатсизлиги қаршисида аёл киши турганига уни бирпасда ишонтирди. Гўё ўзи ахтарган уйнинг шу эканлигига гумон қилгандай, аёл ўзи турган жойни тузукроқ аниқлаш учун бошини кўтарар, тўхтаб қолар, ортига бир-икки одим ташлаб, яна илгари юрарди. Д’Артаньян қизиқиб қолди.
«Унга хизматимни таклиф қилсаммикин, – хаёлидан ўтказди у. – Рафторига қараганда, у ёш, эҳтимол, хушрўйдир. Албатта! Лекин, бундай бемаҳалда кўчаларда изғиб юрган аёл фақат маҳбуби билан дийдор кўришмоққа чиққан бўлиши керак. Азбаройи шифо! Мулоқотга халал бериш – таниш орттириш учун макруҳ баҳона».
Жувон бу орада уй ва деразаларни саноқдан ўтказиб, илгари силжиб бормоқда эди. Дарвоқе, бу на алоҳида уринишни, на вақт талаб этарди. Кўчанинг бу бўлагида фақат уч иморат бўлиб, бор-йўғи икки дераза шу кўчага қараган эди. Улардан бири Арамис банд қилган уйга мувозий тушган ёндош бостирманинг деразаси, иккинчиси эса Арамиснинг деразаси эди.
«Худо ҳаққи!» – деб ўйлади бирдан ақоидшуноснинг жияни ёдига тушган д’Артаньян. – Худо ҳаққи, бу каптарча бемаҳалда дўстимизнинг уйини ахтариб юрган бўлса, зап қизиқ иш бўларди-да. Лекин, ўлай агар, шунга ўхшаб қолди. Хўш, азизим Арамис, бу дафъа ҳақиқатга етганим бўлсин».
Д’Артаньян камроқ жой олишга ҳаракат қилиб, энг қоронғи кунжакда, аллақандай кавакнинг тўрида турган тош тахтанинг олдида яширинди.
Жувон ҳамон яқинлашиб келарди. Унинг ёшлиги борасида шак-шубҳага ўрин қолмаган эди: уни дафъатан фош этган рафторидан ташқари товуши ҳам уни ошкор қилмоқда эди: у хиёл йўталиб қўйди, бу йўталдан д’Артаньян унинг товуши соғлом ва жарангдор эканини аниқлаб олди. Шу заҳоти бу йўтал – шартли сигналмикан, деб кўнглидан ўтказди.
Бу сигналга худди шу сингари сигнал билан жавоб қилиндими ёки ахири у ўзга ёрдамсиз ҳам мақсадига етганини аниқладими, аммо бирдан у Арамиснинг деразаси томон дадил йўналди ва дарчани гажак қилинган бармоғи билан уч карра бир маромда тақиллатди.
– Ҳа, албатта, у Арамисникини тақиллатяпти! – шивирлади д’Артаньян. – Ана холос, жаноб риёкор! Ақоидни қандай ўрганишингизни энди билиб олдим!
Аёл тақиллатиб ҳам бўлмасдан ички ром очилди ва дарчаларнинг тирқишидан лип этиб, ёруғ кўринди.
– Аҳа, – деди эшикдан кўра деразага яқинроқ жойда қулоқ солиб турган йигит, – аҳа, келган хонимга кўз тутишган экан-да! Ҳозир дарча очилади-да, хоним деразадан кириб кетади. Жуда соз!
Лекин д’Артаньянни ғоятда таажжублантириб, дарча берклигича турарди. Бир зум йилт этган шуъла йўқолди-ю борлиқ қайта зулматга чўмди. Д’Артаньян бу узоққа бормас, деб қарор қилди-да, бутун вужуди билан кўз ва қулоққа айланди.
У ҳақ экан. Бир неча лаҳзадан сўнг дарча ичкаридан икки марта тақиллади.
Кўчада турган жувон унга жавобан бир марта тақиллатгач, дарча очилди.
Д’Артаньян нечоғлик харислик билан тикилганини, тинглаганини тасаввур этмоқ мумкин.
Бахтга қарши ёруғлик манбайи бошқа хонага ўтказилган эди. Лекин, йигитнинг кўзлари қоронғиликка ўрганиб қолди. Бундан ташқари, таъкидлашларича, гасконликларнинг кўзлари худди мушукларнинг кўзлари сингари қоронғида ҳам кўравериш қобилиятига эга эмиш.
Ёш жувон чўнтагидан аллақандай оқ жимит бўғча чиқариб, уни шоша-пиша ёзганини д’Артаньян кўрди. Бу рўмолча эди. Рўмолчани ёзиб, суҳбатдошига унинг бурчини кўрсатди.
Ўзи Бонасе хонимнинг оёқлари остидан топиб олган, Арамис тушириб юборганини эсига солган рўмолча д’Артаньяннинг кўз ўнгида аниқ намоён бўлди.
– Бу рўмолчанинг аҳамияти нима экан ўзи, азбаройи шифо?
Ўзи турган жойдан гасконлик йигит Арамисни кўролмас эди – дераза тагида турган хоним билан Арамис сўзлашаётганига унда бир зум ҳам шубҳа туғилмади. Синчковлик эҳтиёткорликдан устун келди-ю, бу манзаранинг иккала иштирокчиси диққатини батамом рўмолча жалб қилганидан фойдаланиб, у яшин тезлигида бирон шарпа чиқармай югурганича, кўчани кесиб ўтди ва деворнинг Арамис хонаси ичкарисига кўзи ўтадиган жойига ёпишди.
Деразага назар ташлаб, д’Артаньян сал бўлмаса қичқириб юбораёзди: тунги меҳмон билан Арамис эмас, аёл киши сўзлашмоқда эди. Таассуфки, д’Артаньян, гарчи, унинг қоматини қоронғида фарқласа-да, юзини кўра олмасди.
Шу дам хонада турган аёл чўнтагидан бошқа рўмолча чиқариб, ўзига узатилганини ўша билан алмаштириб қўйди. Шундан сўнг икки аёл бир-икки оғиз сўзлашдилар. Ниҳоят, дарча ёпилди. Кўчада турган аёл ўгирилиб, ридосининг ёпинчисини юзига тушириб, д’Артаньяндан бир-икки қадам наридан ўтиб кетди. Лекин, бу эҳтиёт чораси ҳаяллаган, д’Артаньян Бонасе хонимни таниб қолган эди.
Бонасе хоним! Бу, ўша деган гумон у чўнтагидан рўмолча чиқарган ҳамон бир чақнаб ўтган эди. Лекин, ўзини Луврга кузатиб қўйиши учун жаноб де Ла Портни чақиртирган Бонасе хонимнинг яна ўғирланиш хавфи остида тунги соат ўн бир яримда кўчама-кўча изғиб юриши эҳтимолдан нақадар йироқ эди!
Демак, бу жуда муҳим бир иш юзасидан қилинмоқда. Хўш, йигирма беш яшар жувон учун муҳим иш муҳаббат бўлмай нима?
Лекин, у жон ҳовучлаб, ўзининг манфаати учун юрибдими ёки бирор учинчи шахс манфаати учунми? Д’Артаньян ўз-ўзига берган савол мана шу эди. Рашк азоби гўё у тан олинган ошиқ бўлгани каби қалбини тилкаламоқда эди.
Дарвоқе, Бонасе хонимнинг қайга интиқаётганини тасдиқлаб олишнинг одми воситаси мавжуд эди. Бу восита шу қадар жўн эдики, д’Артаньян ўйлаб-нетиб ўтирмасдан унга мурожаат қилди.
Лекин, тахмондан чиққан ҳайкал сингари девордан ажралган йигитни кўрган, унинг оёқ шарпаларини эшитган заҳоти Бонасе хоним қичқириб юборди-да, қочиб қолди.
Д’Артаньян уни қувиб кетди. Ридосининг бурмаларига ўралашиб кетгувчи аёлга етиб олмоқ д’Артаньян учун ҳеч гап эмасди. У аёл ўзи бурилган кўчанинг учдан бир бўлагини чопиб ўтмасдан унга етиб олди. Чарчоқдан кўра қўрқувдан унинг сира дармони қолмаган, д’Артаньян қўлини унинг елкасига қўйганда, у бир тиззаси билан чўккалаб тушди ва бўғиқ товуш билан қичқириб юборди:
– Истасангиз, мени ўлдиринг! Барибир, мен ҳеч нима айтмайман!
Д’Артаньян уни қучиб, ўрнидан турғизди. Лекин, қўлларида зил-замбил бўлиб осилиб қолганини сезиб, ҳушдан кетишига сал қолганини тушуниб, ўзининг садоқатини таъкидлаганича, уни юпатишга киришди. Бу таъкидларнинг Бонасе хоним учун аҳамияти йўқ: ёмон ниятда ҳам шундай ваъдалар ёғдириш мумкин. Лекин, ҳамма гап уларни талаффуз этган овозда эди. Жувон бу овозни таниётгандай бўлди. У кўзларини очиб, ўзини хўп қаттиқ қўрқитган кишига қаради-ю, д’Артаньянни таниб, қувончи ичига сиғмай, қийқириб юборди:
– Оҳ, бу сизмисиз! – деб такрорларди у. – Худойим, сенга шукур.
– Ҳа, бу менман, – деди д’Артаньян. – Худо сизни қўриқлаш учун юборган мен бўламан.
– Фақат шу сабабдан мени кузатибсиз-да? – истеҳзоли феъли устунлик қилиб қув табассум билан сўради жувон. Душман деб ўйлаган одами, ўз дўстилигини билган замон унинг қўрқуви босилди.
– Йўқ, – жавоб берди д’Артаньян, – йўқ, эътироф қиламан сизга. Тасодиф мени йўлингизга солиб қўйди. Дўстларимдан бирининг деразасини аёл киши тақиллатаётганини кўриб қолдим…
– Дўстларингиздан бирини? – унинг сўзини бўлди Бонасе хоним.
– Албатта, Арамис менинг энг қалин ошналаримдан бири.
– Арамис? У ким?
– Қўйсангиз-чи? Наҳотки, Арамисни танимайман, деб мени ишонтирсангиз?
– Мен бу номни биринчи марта эшитиб турибман.
– Демак, бу уйга биринчи марта келишингизми?
– Албатта.
– Бу ерда ёш йигит истиқомат қилишидан хабарингиз йўқмиди?
– Йўқ.
– Мушкетёр-а?
– Йўқ, ахир, йўқ!
– Бинобарин, сиз уни қидирмагансиз?
– Албатта, йўқ. Ўзингиз ҳам кўргандирсиз, мен сўзлашган киши – аёл эди.
– Бу рост. Лекин, бу аёл – Арамиснинг танишими?
– Қайдам.
– Уникида истиқомат қилса-я?
– Бунинг менга даҳли йўқ.
– Лекин, у ўзи ким?
– О, бу сир – меники эмас.
– Азиз Бонасе хоним, сиз дилбар, лекин, шу билан бирга бағоят сирли аёлсиз…
– Нима, бу ярашмаяптими?
– Йўқ, аксинча, сиз жуда зебосиз.
– Бундай экан, қўлингизни беринг, суяниб олай.
– Жоним билан. Энди-чи?
– Энди мени кузатиб қўйинг.
– Қаёққа.
– Мен кетадиган ёққа.
– Лекин, сиз қаёққа кетяпсиз?
– Эшикнинг тагигача обориб қўйганингиздан кейин кўрасиз-да.
– Сизни кутиш керак бўладими?
– Йўқ, буниси беҳуда.
– Демак, сиз ёлғиз қайтмас экансиз-да?
– Эҳтимол – ҳа, эҳтимол – йўқ.
– Лекин, сизни кузатажак шахс-чи, у эркак киши бўладими, ёки аёл.
– Буни ҳали билмайман.
– Бўлмаса мен билиб оламан!
– Қай тарзда?
– Мен пойлаб тураман-у, сизнинг ким билан чиқишингизни кўриб оламан.
– Бу ҳолда – алвидо!
– Бу қанақаси бўлди.
– Сизнинг менга ортиқ заруратингиз йўқ.
– Лекин, ўзингиз илтимос қилиб эдингиз…
– Дворяннинг ёрдамини, жосуснинг азмойишини эмас.
– Бу ўта шафқатсиз сўз.
– Одамни ихтиёрга хилоф равишда пойлаб юрган кишини нима деб атайдилар?
– Андишасиз деб.
– Бу сўз ўта юмшоқ.
– Иложим қанча, хоним. Кўриб турибман, истакларингизни адо этишдан ўзга чора йўқ.
– Нега бу истакни дарҳол бажариш хизматидан бўйин товладингиз?
– Тавба қилиш хизмат эмасми?
– Сиз чиндан тавба қиляпсизми?
– Ўзим ҳам билмай қолдим. Бир нарсани биламан: агар ўзингиз кетаётган жойгача кузатиб қўйишга ижозат берсангиз, сиз нимаики истасангиз, ҳаммасини бажо келтираман.
– Кейин-чи, мени холи қолдирасизми?
– Ҳа.
– Мени пойламайсиз ҳамми?
– Йўқ.
– Чин сўзми?
– Дворян сўзим!
– Унда қўлингизни беринг – кетдик!
Д’Артаньян қўлини берди. Чеҳраси хандон, лекин, ҳамон зириллаб турган жувон унинг қўлига суянди. Улар шу зайл Лагарп кўчасига етиб олдилар. Бу ерда жувон илгари Вожирар кўчасида иккилангандай тараддудланиб қолди, лекин, кейин баъзи нишонларидан бўлса керак, зарур эшикни таниди.
– Энди бўлса, – ўша эшикка яқинлашиб деди у, – мен шу ерга киришим зарур. Олижаноб ёрдамингиз учун минг бор ташаккур. Ёлғиз бўлганим тақдирда эҳтимол дучор бўлишим мумкин хавф-хатарлардан мени сақлаб қолдингиз. Лекин, ваъдангизга вафо қиладиган вақт келди. Мен керакли жойга келиб бўлдим.
– Орқага қайтишда-чи, сиз хавфсирайдиган ҳеч нарса бўлмайдими?
– Бўлса, ўғрилар, бўлади-да.
– Бу ҳеч нарса бўлмаганими ҳали?
– Улар мендан нимани олишарди, ёнимда бир мири йўқ.
– Сиз герб тикилган кўркам рўмолчани хотирингиздан чиқараётибсиз…
– Қайси рўмолчани?
– Оёғингиз остидан топиб, чўнтагингизга солиб қўйганимни-да!
– Жим бўлинг, жим бўлинг, бадбахт! – хитоб қилди жувон. – Ёки мени хароб қилмоқчимисиз?
– Ўзингиз кўриб турибсиз, сизни шундай безиллатиш учун бир сўз кифоя қилгандан кейин сизга ҳали хатар таҳдид солар экан, бу сўз бирор кимсанинг қулоғига етгудай бўлса, хароб бўлишингизни ўзингиз ҳам тан оляпсиз. Қулоқ солинг, хоним, – қўлини ушлаб, унга оташин нигоҳини қадаган ҳолда хитоб қилди д’Артаньян. – Қулоқ солинг, дадилроқ бўлинг, менга ишонинг! Наҳот кўзларимдан қалбим сизга нисбатан хайрихоҳлик ва садоқатга лиммо-лимлигини уқиб олмаган бўлсангиз.
– Мен буни сезиб турибман. Шунинг учун бир сирасроримни суриштирсангиз, майли, лекин ўзгаларнинг сирлари – бу бошқа нарса.
– Яхши, – деди д’Артаньян, – лекин, мен уларни тагига етаман. Башарти, ўша сирлар тақдирингизга таъсир этоларканми, улар меники ҳам бўлиши шарт.
– Сизни бундан худо асрасин! – хитоб қилди жувон, унинг товушида эса шунча хавотир эшитилдики, д’Артаньян бехос сесканиб тушди. – Илтижо қиламан, менга дахлдор ҳеч нарсага аралашманг, зиммамга юкланган нарсани бажаришимда менга ёрдам беришга уринманг. Менга нисбатан ҳис қилаётган туйғуларингиз ҳақи, менга қилган, умрим бўйи ёдимдан чиқармайдиган яхшилигингиз ҳақи илтижо қиламан. Сўзларимга ишонинг. Мени ортиқ ўйламанг, мен энди сиз учун мавжуд эмасман, гўёки сиз мени ҳеч қачон танимагансиз.
– Арамис ўзини худди мен сингари тутиши керакми? – унинг сўзлари оғир ботиб, сўради д’Артаньян.
– Бу номни, мана, уч-тўрт марта тилга олдингиз, тақсир. Ваҳоланки, менга у таниш эмас, деб сизга айтган эдим.
– Сиз деразасини чертган одамни танимайсизми? Қўйсангиз-чи, хоним! Сиз мени жуда лақма деб биляпсиз.
– Фақат мени очиқ гапиришга ундамоқ ниятида шу воқеанинг ҳаммасини тўқиб, ўша Арамисни ўйлаб чиқарганингизни бўйнингизга олинг.
– Мен ҳеч нимани тўқиганим йўқ, хоним, ҳеч нимани ўйлаб чиқарганим йўқ. Бор ҳақиқатни айтаяпман.
– Сиз ошналаримдан бири шу уйда истиқомат қилади деяпсизми?
– Мен шундай деяпман ва учинчи марта такрорлайман: бу дўстим истиқомат қиладиган уй, ўша дўстим эса – Арамис.
– Мавриди билан ҳаммаси ойдинлашади, – шивирлади жувон, – ҳозирча эса оғиз очманг, тақсир!
– Башарти, сизга шайдо қалбимни ўқиёлганингизда эди, – деди д’Артаньян, – сиз унда шунчалар синчковлик кўрардингизки, менга раҳмингиз келарди, шунчалар муҳаббат кўрардингизки, ўша синчковликни дарҳол қондирган бўлурдингиз. Сизни севадиганлардан ҳадиксираш ярамайди.
– Сиз муҳаббат тўғрисида жуда тез гап очдингиз, – бошини чайқаб деди жувон.
– Муҳаббат менда илк бор ва тез уйғонди. Ахир мен йигирма ёшга ҳам тўлганим йўқ-да.
Бонасе хоним унга зимдан қараб қўйди.
– Қулоқ солинг, мен учини топдим, – деди д’Артаньян. – Уч ой муқаддам мен Арамис билан худди сиз унинг уйидаги аёлга кўрсатганингиздек рўмолча важидан, айнан шундай герблик рўмолча важидан мубораза қилишимга сал қолган.
– Қасам ичаманки, тақсир, – деди жувон, – сиз шу тергашларингиз билан менинг тинкамни қуритяпсиз.
– Лекин, сиз-чи, хоним, бирам эҳтиёткор ўзингизчи, мабодо ҳибсга олиш пайти шу хил рўмолчани сиздан топиб олишганда бу обрўйингизни тўкмасмиди?
– Нега? Ахир ҳарфлар меники эмасми? «К. Б.». Констанция Бонасе.
– Ёки Камилла де Буа-Траси.
– Жим бўлинг, тақсир! Жим бўлинг! Агар менинг бошимдаги хавф-хатар сизни тўхтатолмаса ўзингизга таҳдид солгувчи хатарларни ўйлаб кўринг.
– Менгами?
– Ҳа, сизга. Мен билан танишлигингиз касрига қамоққа тушиб қолишингиз, ҳаётингизни қурбон қилишингиз мумкин.
– Унда энди ёнингиздан қимирламайман!
– Тақсир, – тавалло қилиб қўлларини қайирган кўйи деди жувон, – тақсир, мен ҳарбий кишининг виждонига, дворяннинг инсофига даъват қиламан – кетинг! Эшитяпсизми, соат ярим кечага занг уряпти, менга бу соатда мунтазирлар.
– Хоним, – таъзим билан деди д’Артаньян, – мен бунча ўтинган кишига рад қилишга журъат этолмайман. Тинчланинг, кетяпман.
– Сиз ортимдан бормайсизми, мени пойламайсими?
– Мен бу тобда уйимга қайтиб кетаман.
– Оҳ, мен билганман, сиз софдил йигитсиз! – бир қўлини унга узатиб, бошқаси билан тош деворга ўрнатилган чоққина эшикнинг болғачасини ушлаб, хитоб қилди Бонасе хоним.
Д’Артаньян ўзига узатилган қўлни ушлаб олиб, эҳтирос билан унга лабларини босди.
– Сизни сира учратмаганим яхшироқмиди! – деб хаёллар қаърига назар солмоқ имконини бергувчи ва ҳислар идрокдан устун келаётганини исбот қилгувчи, кўпинча аёллар нозик такаллуфдан аъло кўргувчи ўша қўполлик билан хитоб қилди д’Артаньян.
– Йўқ, – ҳалиям қўйиб юбормаган д’Артаньяннинг қўлини қиса туриб, қарийб мулойим гапирди Бонасе хоним, – йўқ, шундай деб айтолмайман: бугун иложи йўқ нарса, эҳтимол, келгусида рўёбга чиқар. Ким билсин, бир кун келиб, озод бўлсам, ўшанда синчковлигингизга малҳам бўлмасмикинман…
– Муҳаббатим-чи, у ҳам шундай рижо қилса бўладими? – завқ туғёни ичида хитоб қилди йигит.
– О, бу масалада ўзимни боғламоқчи эмасман. Кўнглимни топа билишингизга боғлиқ бўлади.
– Демак, хоним, ҳозирча…
– Ҳозирча мен фақат миннатдорлик ҳис қиляпман, тақсир.
– Сиз бениҳоят дилкашсиз, – маъюс гапирди д’Артаньян, – муҳаббатимни суиистеъмол қиляпсиз.
– Йўқ, мен ўктамлигингиздан баҳра оляпман, холос, тақсир. Лекин, ишонинг, ваъдаларини фаромуш қилмаслик қўлидан келгувчи одамлар бор.
– О, сиз мени энг бахтли бандага айлантириб қўймоқдасиз! Бу оқшомни унутманг, шу ваъдани унутманг.
– Хотиржам бўлинг. Пайти келганда мен ҳаммасини ёд этаман. Ҳозир эса кетинг, барча авлиёлар ҳаққи, кетинг! Роппа-роса ўн иккида менга кўз тиккан эдилар, кечикиб қоляпман.
– Беш дақиқагина.
– Маълум шароитда беш дақиқа бу беш аср.
– Севганингда.
– Гап ошиқ хусусида эмас, деб сизга ким айтди?
– Сизни эркак киши кутмоқда! – қичқириб юборди д’Артаньян. – Эркак киши!
– Ана холос, мунозарамиз янгитдан бошланяпти, – билинар-билинмас бетоқатлик аралаш хиёл табассум билан деди Бонасе хоним.
– Йўқ, йўқ! Мен кетяпман, кетяпман. Мен сизга ишонаман, мен садоқатимдан, гарчи, бу садоқат тентакликка яқин турса-да, кўнглингиз тўқ бўлишини истайман. Яхши қолинг, хоним, яхши қолинг!
Шундан кейин унинг қўлини, гўё шартта ажралишдан ўзгача йўсинда қўйиб юборишга қурби етмагандай, у қўққис четга отилди. Бонасе хоним бу орада қўлига болғачани олиб, худди аввал деразани чертганидай, бир маромда уч марта суст зарб билан тақиллатди. Муюлишгача югуриб бориб, д’Артаньян ўгирилиб қаради. Эшик очилиб ва ёпилиб бўлган эди. Атторнинг хушрўй рафиқаси энди кўринмасди.
Д’Артаньян йўлида давом этарди. У Бонасе хонимни пойламасликка сўз берди ва ҳатто, ҳаёт-мамоти унинг қай томонга кетгани ёки уни ким кузатишига боғлиқ бўлган тақдирда ҳам сўз бергандан кейин, барибир, уйига кетган бўларди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас у Гўрковлар кўчасида ҳозир бўлди.
«Бечора Атос! – ўйларди у. – У буларнинг ҳаммаси маъносига тушунмайди. У мени кута-кута ухлаб қолгандир ёки уйига кетгандир, у ерда эса, ўзиникида аёл киши ўтирганидан хабар топгандир. Атоснинг уйида аёл киши! Дарвоқе, Арамисникида аёл бор эди-ку. Буларнинг ҳаммаси жуда ғалати, бу нарсаларнинг оқибати нима бўлишини жуда билгим бор».
– Чатоқ, тақсир, чатоқ! – деган товуш эшитилиб д’Артаньян унинг Планше овозилигини таниди.
Гап шундаки, бирор нарсадан қаттиқ безовта бўлган кишиларда учраб турганидек, у ўз-ўзи билан баралла сўзлаганича, ичкарисида юқорига элтгувчи зинаси бор уйнинг дарвозахонасига ўзи билмай келиб қолганди.
– Нима чатоқ? Бу билан нима демоқчисан, аҳмоқ? – сўради д’Артаньян. – Нималар содир бўлди бу ерда?
– Ҳар қанақа фалокатлар.
– Қандай?
– Авваламбор, жаноб Атосни ҳибсга олдилар.
– Ҳибсга олдилар? Атос қамалдими? Нима учун?
– Уни бизникида кўриб қолишди. Уни сиз деб ўйлашди.
– Уни ким қамоққа олди?
– Соқчилар. Уларни ўша сиз қувган қора кийимли кишилар чақиришди.
– Лекин, нега у ўзини танитмади, нега бу ишга сира алоқаси йўқлигини уқтирмади?
– У зинҳор бундай қилмасди, тақсир. Бунинг ўрнига у менга яқин келиб шивирладики: «Ҳозир сенинг соҳибинг фориғ бўлиши зарур, мен эмас. Унга ҳамма нарса маълум, менга эса ҳеч нарса. Майли, уни қамоқда, деб ўйлайверсинлар, бу вақт унга ғанимат. Уч кунлардан кейин ўзимнинг кимлигимни уларга айтаман, уларнинг мени қўйиб юборишига тўғри келади».
– Офарин, Атос! Олижаноб қалб! – шивирлади д’Артаньян. – Уни қилиғидан таниб турибман. Хўш, соқчилар нима қилишди?
– Тўрттаси уни олиб кетди, билмадим қаёққа – Бастилиягами ёки Фор-Левекками. Ҳаммаёқни тинтиб, ҳамма қоғозларни олиб кетган қора кийимлилар билан иккитаси қолди. Бошқа иккитаси бу орада эшикни пойлаб турди. Сўнгра, ишини тугатгач, уйни остинустун қилиб, эшикларни ланг очиқ қолдириб, улар ҳаммаси кетишди.
– Портос билан Арамис-чи?
– Уларни тополмадим, келганларича йўқ.
– Ҳали замон келиб қолишлари мумкин. Уларни пойлаб ўтирганимни айтиб қўйишларини илтимос қилдингми, ахир.
– Ҳа, тақсир.
– Яхши. Унда жойингда қол. Агар улар келиб қолишса, рўй берган ҳодисани сўзлаб бер. Мени «Қарағай бужури» хароботида кутсинлар. Бу ерда қолиш бехатар эмас. Уйни кузатишаётган бўлса, эҳтимол. Мен жаноб де Тревилнинг ҳузурига уни воқиф қилиб қўйиш учун шошилинч кетяпман, уларнинг олдига – хароботга бораман.
– Бош устига, тақсир, – деди Планше.
– Лекин, сен шу ерда бўласанми? Қўрқмайсанми? – орқасига қайтиб ва хизматкорининг кўнглини кўтаришга уриниб сўради д’Артаньян.
– Хотиржам бўлинг, тақсир, – жавоб берди Планше. – Сиз ҳали мени билмайсиз. Мен қунт қилсам, мард бўлишни биламан, гапимга ишонинг. Бутун гап қунт қилишда. Бундан ташқари, мен Пикардияданман.
– Демак, келишдик, – деди д’Артаньян, – жонингдан кечсанг-кечасанки, посбонлигингни тарк этмайсан-а?
– Ҳа, тақсир. Хўжайинимга садоқатимни исботлаш учун мен эплаёлмайдиган нарса йўқ.
«Жуда соз! – кўнглидан кечирди д’Артаньян. – Бу йигитга қўллаган чорам жўяли чиқди, шекилли. Кези келганда ундан фойдаланиб турмоқ лозим».
Шундан кейин унинг шу куннинг югур-югуридан ҳийла ҳориган оёқлари бор тезликда жадаллаб, у Эски Каптархона кўчасига йўлланди.
Жаноб де Тревиль уйида йўқ эди. Унинг ротаси Луврда посбонлик қилмоқда эди. У ўша ерда ўз ротаси билан бирга эди.
Жаноб де Тревилнинг ҳузурига етиш зарур эди. Уни рўй берган воқеадан огоҳ этиш лозим эди.
Д’Артаньян Луврга киришга бир уриниб кўрмоққа жазм қилди. Жаноб Дезессара гвардия ротасининг уст-боши унинг учун рухсатнома вазифасини ўтамоғи керак эди.
У янги кўприкдан ўтишни мўлжаллаб, Пти-Огюстен кўчасидан сўнг соҳилдан юриб кетди. Паромдан фойдаланиш фикри хаёлига бир келди-ю, лекин дарё ёқасига тушиб бўлгач, қўлини беихтиёр чўнтагига солиб кўриб, тўлов учун ҳеч нимаси йўқлигига ишонч ҳосил қилди.
Генего кўчасига етганда қўққис Дофин кўчаси муюлишидан чиқиб келгувчи одамларга кўзи тушди. Улар икки киши – эркак билан аёл эди. Уларнинг қиёфасида недир д’Артаньянни таажжубга солди.
Аёл қомати билан Бонасе хонимни эслатар, эркак киши эса танг қолдирадиган даражада Арамисга ўхшарди.
Бунинг устига аёл, д’Артаньян Вожирар кўчасидаги дераза ва Лагарп кўчасидаги эшик фонида қандай кўрган бўлса, худди шу тахлит хотирида маҳкам ўрнашиб қолган қора ёпинчиқга бурканиб олганди. Эркак киши эса мушкетёр либосида эди.
Ёпинчиқнинг бош қисми юзларигача туширилган, эркак киши эса юзини дастрўмолча билан пана қилиб борарди. Бу эҳтиёт чораси иккаласининг ҳам танилиб қолмасликка уринаётганидан далолат берарди.
Улар кўприкдан юриб кетдилар. Д’Артаньяннинг йўли ҳам, у Луврга отлангани сабабли, кўприкка тушарди. Д’Артаньян уларга эргашди.
У ўн қадам юрмасдан аёл – Бонасе хоним-у, эркак – Арамислигига қатъий амин бўлди.
Шунда дафъатан рашк туғдирган ҳамма шубҳаларни унинг кўнглида яна бош кўтарди.
У панд еган, ўз дўстидан панд еган, аллақачон ўз ёридай севиб қолган аёлдан панд еган эди. Бонасе хоним жамики худоларни ўртага солиб, Арамисни танимайман деб қасам ичди, чорак соат ўтар-ўтмас уни Арамис билан қўлтиқлашган ҳолда учратиб ўтирибди.
Д’Артаньян хушрўй аттор хоним билан атиги уч соатча илгари танишиб қолгани, ўзини олиб қочмоққа шайланиб турган изқуварлар қўлидан халос этгани учун миннатдорлик туйғуси демаса, унинг ўзи билан бўлак иши йўқлигини, ўзига ҳеч қандай ваъда бермаганини, ҳатто, хаёлига ҳам келтирмади. У ўзини таҳқир этилган, алданган, шармисор қилинган маҳбуб деб ҳис қилмоқда эди. Унинг вужудини ғазаб қамраб, юзлари бўғриқиб кетди.
Жувон билан унинг ҳамроҳи ўзларини таъқиб қилишаётганини пайқаб, қадамларини тезлатдилар. Д’Артаньян қарийб югурганича улардан ўзиб кетди, сўнгра изига қайтди. Кўприкнинг бутун шу бўлагига ёғду сочгувчи фонус ёритиб турган Самарит аёли ҳайкали ёнидан ўтаётган онда улар тўқнаш келишди.
Д’Артаньян уларнинг қаршисида тўхтади, улар ҳам тўхташга мажбур бўлдилар.
– Сизга нима керак, тақсир? – бир қадам орқага тисланиб сўради мушкетёр, унинг хорижий талаффузи, д’Артаньянни, шубҳаларининг бир қисмида, ҳарҳолда, хатога йўл қўйганини тушунишга мажбур этди.
– Бу Арамис эмас! – қичқирди у.
– Йўқ, тақсир, бу Арамис эмас. Ундовингизга қараганда сиз мени бошқа киши деб ўйлагансиз, шунинг учун сизни авф этдим.
– Сиз мени авф этдингиз? – хитоб қилди д’Артаньян.
– Ҳа, – деди номаълум киши. – менда ҳеч қандай ишингиз йўқ экан, ўтишга ижозат беринг.
– Сиз ҳақсиз, тақсир, – деди д’Артаньян, – сизда ҳеч қандай ишим йўқ. Лекин хонимингизда менинг ишим бор.
– Хонимимда? Сиз уни танимайсиз! – таажжуб билан деди номаълум киши.
– Сиз янглишяпсиз, тақсир, мен уни танийман.
– Уҳ, – ўпкалаб хитоб қилди Бонасе хоним, – сиз менга дворяннинг, ҳарбий кишининг сўзини бердингиз, мен сизнинг лафзингизга ишонса бўлади, деб ўтирибман!
– Сиз-чи, хоним, сиз… – ўсал бўлиб ғўлдиради д’Артаньян, – сиз менга ваъда бергансиз…
– Қўлимга суянинг, хоним, – деди ажнабий, – юраверинг.
Д’Артаньян гангиб, довдираб, Бонасе хоним билан унинг ҳамроҳи қаршисида қўлларини қовуштирганича тураверди.
Мушкетёр олға қадам ташлаб, қўли билан д’Артаньянни четга суриб қўйди.
Д’Артаньян орқага сапчиб тушиб, қиличини суғурди. Ажнабий ҳам яшин тезлигида ўзиникини олди.
– Авлиёлар ҳаққи, милорд! – уларнинг ўртасига ташланиб, қўллари билан қиличларга осилиб, қичқириб юборди Бонасе хоним.
– Милорд! – Бирдан хаёлига ярқ этиб бир фикр келиб, қичқирди д’Артаньян. – Милорд!.. Узр, тақсир… Лекин, наҳот сиз…
– Милорд – герсог Бэкингем, – нимтовушда гапирди Бонасе хоним. – энди сиз ҳаммамизни ҳалок қилишингиз мумкин.
– Милорд, сиз ҳам хоним, тавалло қиламан, кечиринглар, мени кечиринглар! Лекин, мен уни севардимда, ахир милорд, ҳам рашк қилардим. Муҳаббат нималигини сиз биласиз-ку, ахир, милорд. Мени кечиринг, айтинг, лутфи карамингиз учун жонимни фидо қилолмайманми?
– Сиз виждонли йигитсиз, – дея герсог узатган қўлини д’Артаньян эҳтиром билан қисди, – сиз хизматларингизни таклиф қиляпсиз – мен уларни қабул этдим. Бизни Лувргача кузатиб қўйинг ва битта-яримтаси бизни пойлаётганини мабодо пайқаб қолсангиз, ўша кишини ўлдиринг.
Д’Артаньян қўлида яланғоч қиличини тутган кўйи Бонасе хоним билан герсогни йигирма одимча олдинга ўтказиб юборди ва Карл I нинг ўктам ва назокатли министрининг амрини аниқ бажо қилишга шай ҳолда уларга эргашди.
Бироқ, яхшиямки, бу кеч ўз садоқатини амалда исбот қилиш учун ёш қаҳрамонга баҳона ўнг келмади ва жувон виқорли мушкетёр билан бирга безовта бўлмай, Луврга етиб, Эшел кўчаси қаршисидаги дарвозадан кириб кетди. Д’Артаньянга келганда, у Портос билан Арамис кўз тутиб ўтиришган «Қарағай Бужури» хароботига ошиқди.
Нима важдан уларни безовта қилганини изоҳлаб ўтирмасдан фақат уларнинг ёрдами зарурдай туюлган ишни ўзи уддалаганини уларга маълум қилди.
Энди эса ҳикоямизга берилиб, уч дўстнинг ҳар бирининг ўз уйига қайтишига имкон бериб, Луврнинг иланг-биланг йўлларидан герсог Бэкингем билан унинг ҳамроҳи кетидан юрайлик.

XII
Жорж Виллерс, Герсог Бэкингемский
Бонасе хоним билан герсог ортиқча мушкулотсиз Луврга кириб олдилар. Бонасе хонимни қироличанинг штатига мансуб аёл сифатида танишар, герсог эса ўша оқшом, биз зикр қилгандек, саройда посбонлик қилгувчи жаноб де Тревилнинг мушкетёрлари либосида эди. Дарвоқе, Жермен қироличага кўр-кўрона содиқ бўлиб, бирор гап кечган тақдирда ҳам Луврга ўз хушторини олиб киргани учун Бонасе хонимни айблаган бўлардилар, холос. Ҳаммасига шу билан хотима бериларди. Айбни у ўз бўйнига олган бўларди, гарчи, унинг пок номи булғанса-да, лекин, жаҳон зўравонлари учун аллақандай ғариб аттор аёлининг пок номи нима бўпти!
Ҳовлига киргач, герсог билан Бонасе хоним йигирма қадамча тош девор бўйлаб юрдилар. Сўнгра, Бонасе хоним кундузлари очиқ, лекин тунлари одатда беркилгувчи чоққина хизмат эшигининг дастагини босди. Эшик сурилди. Улар ичкарига кирдилар. Атроф қопқоронғи, лекин Луврнинг сарой хизматчилари учун ажратилган бу қисмидаги ҳамма йўлкалар Бонасе хонимга яхши таниш эди. Эшикни ортидан беркитиб, у герсогнинг қўлидан ушлади, оҳиста бир-икки қадам ташлади, панжарани тутиб, оёғини зинага тегизди-да, тепага чиқа бошлади. Герсог унга эргашиб бормоқда эди. Улар учинчи қаватга етиб олдилар. Шу ерда Бонасе хоним ўнгга бурилди, ҳамроҳини узун йўлакдан ўтказиб, қуйи қаватга тушди, яна бир-икки қадам юргач, калитни қулфга солиб, эшикни очди ва герсогни тунги чироқ билан ёритилган хонага киритиб қўйди.
– Шу ерда тура туринг, милорд, – шивирлади у. – Ҳозир келадилар.
Шу гапни айтиб, у ўша эшикнинг ўзидан қайтиб чиқди, уни қулфлаб, герсогни шу сўзнинг том маъноси билан асир қилиб қўйди.
Ўзи батамом танҳо қолганига қарамай, герсог Бэкингемнинг ваҳимага тушмаганини қайд этмаслик мумкин эмас. Унинг табиатидаги энг ажойиб жиҳатларидан бири саргузаштларга ташналик, бутун романтик нарсаларга ишқибозлик эди. Жасур, мард бўлгани ҳолда шу хил шароитда унинг биринчи дафъа ҳаётини хавф остида қолдириши эмасди. Парижга учиб келишга ундаган Анна Австрийскаянинг номаси сохталиги уни алдаб қўлга тушириши кераклиги унга аллақачон маълум бўлган эди. Лекин, Лондонга қайтиш ўрнига у воқе бўлган нарсалардан фойдаланиб, қиролича билан дийдор кўришмасдан кетмаслигини, буни унга етказишларини илтимос қилди. Қиролича аввалига қатъиян рад этди, сўнгра ўзининг рад жавобидан дилабгор бўлиб, герсог бирор ножўя иш қилиб қўйишидан ҳадиксираб, жўнаб кетишга кўндириш ниятида уни қабул қилишга қарор қилди. Лекин, у худди шу қарорга келган оқшом герсогни Луврга олиб кириш топширилган Бонасе хонимни олиб қочишди. Икки кун ҳеч ким унинг дарагини топмади, ҳамма иш тўхтаб қолди. Бироқ, Бонасе хоним қутулиб чиқиб, де Ла Порт билан кўришган ҳамоно ҳаммаси яна ҳаракатга келди-ю, у ўзи олиб қочилмаган тақдирда уч кун илгарироқ амалга ошгувчи қалтис ташаббусни ниҳоясига етказди.
Ёлғиз қолиб, герсог кўзгуга яқинлашди. Мушкетёрлик либоси унга жуда ярашган эди.
У ўттиз беш ёшда бўлиб, бутун Франция сингари Англияда ҳам унинг энг гўзал кибор киши ва энг бежирим жазман деб донг чиқаргани бежиз эмасди.
Ўзи мислсиз ҳокимиятни истифода қилган мамлакатни фақат ўз таъбига бўйин эгиб, ҳали титратиб, ҳали тинчитиб турган, икки қиролнинг арзандаси, талай миллионларнинг эгаси Жорж Виллерс, герсог Бэкингемский, ҳатто, асрлар ўтгач ҳам авлодларни лол қолдиришга қодир афсонавий ҳаёт кечирарди.
Ўзига бино қўйиб, бошқа кишиларни идора қилгувчи қонунларнинг ўзига дахлдор эмаслигига ишониб, ўз қудратига эътиқод қилиб, у олдига қўйган мақсади сари тик бормоқда эди, гарчанд ўша мақсад шу қадар ёрқин ва улуғ эдики, ўзга ҳар кишига уни хаёл қилишнинг ўзи телбалик бўлиб туюлган бўларди. Шулардан ҳаммаси жамланиб, гўзал, қўл етмас Астрийскаянинг висолига етиш, мафтун этиб, унда муҳаббат уйғотиш учун журъат берди.
Шундай қилиб, Жорж Виллерс, айтганимиздек, кўзгу олдида тўхтади. Ўзининг мушкетёр шляпаси бир оз тўзғитган олтинсимон сочларини тузатиб, мўйловларини бураб қўйиб, қувончи ичига сиғмай, ўзи зоринтизор бўлган дамнинг яқинлигидан маъсуд ва мағрур бўлиб, у ўзининг кўзгудаги аксига умид ва ифтихор барқ уриб турган табассум билан жилмайиб қўйди.
Худди шу нафас девор сирмасига яширилган эшик очилди ва хонага аёл кириб келди. Герсог уни кўзгудан кўриб, қичқириб юборди – бу қиролича эди.
Ўша маҳаллар Анна Австрийская йигирма олти ёки йигирма етти ёшда бўлиб, у ўзининг ҳусни жамолининг авжи очилган палласида эди.
У фаришталардек хиром этарди. Мовий товлангувчи кўзлари ҳусннинг фазлу камолидай туюлар, улар латофат, шу билан бирга малоҳатга тўлиқ эди.
Кичкина лаъли даҳанини, ҳатто, Австриянинг бутун қирол наслига хос сал чўччайган пастки дудоғи ҳам бузмасди, жилмайганда у дилрабо кўринар, лекин, чуқур истиғно ҳам ифодалай оларди.
Унинг эти ўзининг нафис бахмалсимон майинлиги билан машҳур бўлиб, қўл ва елкаларининг гўзал шакли ҳайратда қолдирар, даврнинг жамики шоирлари ўз шеърларида уларни тараннум этгандилар. Ниҳоят, энг жиддий мунаққид бор-йўғи камроқ таровату энг талабчан ҳайкалтарош эса бурун бичимининг бежиримроқ бўлишини тилай оладиган рухсорини ёшлигида сарғиш бўлиб, бора-бора қўнғир тусга кирган сочлари фусун бериб ўраб турарди.
Герсог Бэкингем кўзлари қамашиб, бир зум қотиб қолди: зиёфат, тўй-томоша, кўнгилочар базмларда унга Анна Австрийская ўзининг испан оқсочлари орасида қирол рашки ва кардинал Ришелье найрангларининг қурбони бўлмаган ёлғиз киши – доня Эстефания ҳамроҳлигида оддий оқ шоҳи кўйлакда хонага кириб келган ҳозирги сингари гўзал кўринмаганди.
Анна Австрийская герсогга пешвоз бир қадам юрди. Бэкингем унинг пойига йиқилиб, қиролича унга халал беришга улгурмай кўйлагининг баридан тутиб, лабларига тегизди.
– Герсог, ўша мактубни мен ёздирмаганимни сиз энди биласиз.
– Ҳа, албатта, хоним, ҳа, ҳазрат олиялари! – хитоб қилди герсог. – Мармарга жон кириши, қор иссиқ чиқариши мумкин деб ишониб, мен аҳмоқ, телба бўлиб юрганимни биламан. Бироқ, иложим қанча: ошиқ бўлгандан кейин маъшуқанинг муҳаббатига ишониб кетиш бирам осон. Кейин эса дийдорингизни кўриш, ҳар қалай насиб қилган экан, мен бу саёҳатга бежиз чиқмабман.
– Ҳа, – жавоб берди Анна Австрийская, – лекин, сиз билан кўришишга нега кўнганим сизга маълум. Менинг барча азиятларимга раҳмингиз келмай, сиз бу шаҳарни тарк этишдан ўжарлик билан бош тортаётирсиз, гарчи, бу ерда қолиш билан ҳаётингизни хавф остида қолдираётирсиз, мени ҳам номусимни таҳликага солишга мажбур этаётирсиз. Денгиз тублари, қиролликларимиз орасидаги нифоқ, ичилган қасамларнинг муқаддаслиги – ҳаммаси бизни ажратиб турганини сизга айтиб қўйиш учун сиз билан кўришишга рози бўлдим. Буларнинг ҳаммасига қарши курашиш – шаккоклик бўлурди, милорд! Ниҳоят, биз ортиқ учрашмаслигимиз керак, деб айтиб қўйиш учун сиз билан кўришишга рози бўлдим.
– Давом этинг, хоним, давом этаверинг, қиролича! – сўзлади Бэкингем. – Товушингиз нафосати сўзларингиз қаҳрини юмшатаётир… Сиз шаккоклик хусусида сўзлаётирсиз. Бироқ, тангри бир-бири учун яратган қалбларни жудо қилиш – шаккокликдир.
– Милорд, – хитоб қилди қиролича, – сиз хотирингиздан чиқараётирсиз: мен ҳеч қачон сизни севаман деган эмасман!
– Бироқ, сиз ҳеч қачон мени севмаслигингизни ҳам айтмагансиз-да. Аслида, бундай сўзларни айтиш – сиз ҳазрат олиялари томонидан ўта шафқатсизлик бўлурди. Зеро, менга айтинг-чи, меники сингари муҳаббатни – на ҳижрон, на вақт, на руҳий тушкунлик сўндиришга ожизлик қилган муҳаббатни қайдан топасиз? Тушиб қолган тасма, ўйчан нигоҳ, нохос айтилган калом билан таскин топишга рози муҳаббатни? Мен сизни илк бор кўрганимга уч йил бўлди, хоним, мана уч йилдирки, мен сизни шунчалар севаман. Ихтиёр қиласизми, дастлаб кўрганимда қандай либосда бўлганингизни сўзлаб бераман? Ихтиёр қиласизми, кўйлагингизнинг ҳар бир безагини муфассал таърифлаб бераман?.. Мен сизни худди ҳозир кўраётгандайман. Сиз болишларда испан таомили бўйича ўтирган эдингиз. Эгнингизда симу зар тикилган яшил атлас кўйлак, унинг чиройли қўлларингизни, мана шу ажиб қўлларни очиқ қолдириб тирсаккача шимарилган сербар енгларига олмослар қадалган. Бошингизда худди кўйлак рангидаги мўъжаз қалпоқча, қалпоқчада эса – қарқара пати… О, ҳа, ҳа, кўзларимни юмаманда – ўша дамда қандай бўлсангиз сизни шу тахлитда кўраман, очганимда эса, сизни ҳозиргидек, яъни юз карра гўзалроқ қиёфада кўраман.
– Қандай телбалик! – унинг сиймосини ўз қалбида шу қадар ардоқлаб асрагани учун герсогга жаҳл қилмоққа бардоши етмай шивирлади Анна Австрийская. – Бу хил хотиралар билан беҳуда эҳтиросни қўзғаб юриш қандай телбалик!
– Қандай кун кечирай бўлмаса? Ахир менинг хотиралардан бўлак ҳеч нимам йўқ! Улар менинг саодатим, менинг ганжинам, менинг армоним. Сиз билан бўлган ҳар мулоқот – бу қалб ганжинамга яшириб юрган олмосдир. Бугунги мулоқот сиз тушириб қўйган-у мен териб олган тўртинчи гавҳардир. Ахир уч йилда мен сизни атиги уч дафъа кўрдим, хоним: биринчи мулоқот хусусида сизга боягина гапирдим, иккинчи дафъа, мен сизни де Шеврез хонимникида кўрган эдим, учинчи дафъа амен боғларида…
– Герсог, – қизариб кетиб, шивирлади қиролича, – ўша оқшомни эсламанг!
– Йўғ-э, аксинча: уни бир ёд этайлик, хоним! У ҳаётимдаги энг масъуд, энг қувончли оқшомдир. Оқшом қандай эди, ёдингиздами? Ҳаво майин, муаттар бўйга тўйинган эди. Нилий осмонда юлдузлар жимирларди. О, ўша дафъа сиз билан қисқа муддатга холи қолиш менга насиб қилди. Ўшанда бор гапни – ёлғизлигингиз, қалбингиз изтироблари ҳақида менга сўзлаб беришга майлингиз бор эди. Сиз менинг қўлимга таянардингиз… худди мана шу қўлнинг ўзига. Эгилаётганда сеҳрли сочларингиз юзимга тегиб турганини сезардим-у, бошимдан оёғимгача титроқ босарди. Қиролича, о, қироличам! Бундай онда қандай илоҳий бахт, қандай жаннатий лаззат жо қилинганидан сиз бехабарсиз. Бор мулкимни, давлатимни, шуҳратимни, умримнинг боқий кунларининг ҳаммасини шундай он учун, шундай оқшом учун беришга тайёрман. Зеро, ўша оқшом, хоним, онт ичаман сизга, ўша оқшом, сиз мени севгансиз!..
– Милорд, эҳтимол… ҳа, жойнинг таровати, ўша ғаройиб оқшомнинг сўлимлиги, нигоҳингизнинг таъсири, гоҳи маҳаллар аёл кишини хароб қилиш учун жам бўлгувчи саноқсиз жиҳатлар ўша машъум оқшомда менга қарши тил бириктирдилар. Лекин, сиз кўрдингиз, милорд, бўшашиб бораётган аёлга қиролича мадад берди: оғиз очишга журъат этганингиз, жавобимни тақозо этгувчи ҳаракат қилганингиз маҳал мен чўрини чақирдим.
– Ҳа, албатта, бу рост. Меникидан бўлак ҳар қандай муҳаббат бундай синовга дош беролмасди. Лекин, менинг муҳаббатим уни енгиб, бадтарроқ алангаланди, қалбимни бир умрга асир этиб қўйди. Сиз Парижга қайтиб келгач, мендан қутулдим, деб ўйладингиз, сиз мени султони қўриқлаш учун топширган хазинани ташлаб келишга ҳадди сиғмайди, деб ўйладингиз. Лекин, менинг бутун ер юзидаги барча хазиналар, жамики қироллар билан нима ишим бор! Бир ҳафта ҳам ўтмасдан мен қайтиб келдим, хоним. Бу дафъа сиз мендан ҳеч важдан гина қилолмасдингиз. Лоақал бир зум дийдорингизни кўриш учун мен қиролимнинг лутфикарамини тикдим, ҳаётимни таҳлика остида қолдирдим, мен, ҳатто, қўлингизни ҳам ушламадим ҳамда сиз менинг тавба қилганимни, бўйин эгиб турганимни кўриб, мени кечирдингиз.
– Ҳа, бироқ, бу телбаликларнинг ҳаммасидан ғийбат истифода қилди, менинг буларда гуноҳим йўқ эди. Буни сиз ўзингиз биласиз, милорд. Жаноб кардиналнинг иғволарига учган қирол ёмон қаҳрланди. Де Верне хоним четлатилди. Пютанж Франциядан бадарға қилинди, де Шеврез хоним ғазабга дучор бўлди. Сиз элчи сифатида Францияга қайтишни тилаганингизда қирол шахсан ўзи – буни хотирга олинг, милорд – қирол шахсан ўзи қарши чиқди.
– Ҳа, қиролининг рад жавоби учун Франция ҳам уруш билан товон тўлайди. Мен сизни кўриш имконидан маҳрумман, хоним – начора, менинг тўғримда ҳар кун эшитиб туришингизни орзу қиламан. Биласизми, Ре оролига қилинган экспедициянинг ва мен кўнглимга тугиб юрган Ларошел протестантлари билан тузилажак иттифоқнинг мақсади нима? Сизни кўриш иштиёқи. Мен қўлда қурол билан Парижни босиб олишни хаёл қила олмайман, буни биламан. Лекин, бу уруш кетидан сулҳ тузилади, сулҳ эса, музокараларни талаб этади, музокараларни олиб бориш менга топширилади. Унда энди мени қабул этмасликка журъат этолмайдилар, мен сизни лоақал бир нафас кўраман, бахтиёр бўламан. Рост, минглаб кишилар бу бахт учун ҳаётини қурбон қиладилар. Лекин, менинг бу билан сира ишим бўлмайди, сизни кўрсам бўлгани! Буларнинг ҳаммаси телба-тескари гаплардир, лекин, айтингиз-чи, қай бир аёлнинг бундан эҳтирослироқ шайдоси бўлган? Қай қироличанинг бундан фидойироқ хизматчиси бўлган?
– Милорд, милорд, ўзингизни оқлаш учун сиз иснодга қолдиргувчи баҳоналар қилаётирсиз. Сиз айтаётган севги далиллари – ахир улар деярли жиноят-ку, милорд.
– Сиз мени севмаслигингиз боисидан шундай, холос, хоним. Борди-ю, менда кўнглингиз бўлганда эди, буларнинг ҳаммаси сизга ўзгача кўринган бўларди. Лекин, мени севганингизда борми… мени севганингизда борми, бахтимни ҳазм қилолмасдим, мен ақлдан озган бўлурдим. Ҳа, де Шеврез хоним, сиз боя тилга олган де Шеврез хоним шафқатлироқ эди: Голланд уни севган, у ҳам кўнгил берган.
– Де Шеврез хоним қиролича эмасди, – бундай теран туйғулар ифодаси қаршисида ўзини эплашга қурби етмай шивирлади Анна Австрийская.
– Демак, қиролича бўлмаган тақдирда мени севаркансиз-да, хоним? Айтинг, севаркансиз-да? Ёлғиз мансабгина сизни шу қадар қатъий қиляпти, деб ишонишга журъат этсам бўладими? Сиз де Шеврез хоним бўлганингизда шўрлик Бэкингем рижо қилиши мумкин эди, деб ишонсам бўладими?.. Шу ширин сўзларингиз учун ташаккур, соҳибжамол қироличам, минг бор ташаккур!
– Милорд, милорд, сиз мени тўғри тушунмадингиз, сўзларимни тўғри шарҳламадингиз. Мен айтмоқчи эмас эдим…
– Қўйинг, гапирманг! – деди герсог. – Менга хато бахт ато этган бўлса, уни тузатиб, шафқатсизлик қилманг. Ўзингиз айтдингиз: мени алдаб, тузоққа туширганлар. Бу нарса менинг бошимни емасайди… Бирам қизиқ: сўнгги маҳаллар ажал яқинлигини кўнглим сезиб турибди… – герсог мийиғида кулиб қўйди.
– Ё раббий! – хитоб қилди Анна Австрийская, унинг товушида янграган даҳшат, герогга бўлган ҳисларининг ўзи билдиришни хоҳлаганидан нечоғлиқ кучлилигини ҳар қандай сўзлардан равшанроқ фош этиб турарди.
– Мен бу гапни асти сизни қўрқитиш ниятида айтганим йўқ, хоним. Йўғ-э! Мен айтган нарса, шунчаки кулгили, ишонинг, тасаввурнинг бундай ўйини менга қилча малол келмайди. Бироқ, ҳозиргина оғзингиздан чиққан сўзлар, менга берилган умид учқуни ҳалитдан ҳаммасини, ҳатто, менинг ҳалокатимни ҳам оқлаб юборди.
– Энди мен ҳам иқрор бўлай, герсог, – гапирди Анна. – Менинг ҳам кўнглим ғаш, тушлар ором бермайди. Тушимда сизни кўрибман: сиз ерда қонга беланиб, жароҳатланиб ётганмишсиз.
– Чап биқинимга ханжар билан яраланиб-а? – унинг сўзини бўлди герсог.
– Ҳа, худди шундай, милорд: чап биқинга ханжар билан. Менинг бундай туш кўрганимни сизга ким айтдийкин? Мен уларни ёлғиз худога ибодат пайти ошкор қилганман, холос.
– Шуниси кифоя, хоним. Сиз мени севасиз, вассалом.
– Мен сизни севаманми? Мен-а?
– Ҳа, сиз. Ахир мени севмаганингизда худойим сизга ҳам меники сингари тушларни юборармиди? Ахир қалбларимиз ҳаётимизни боғлаб турмаса, бизни бир хил васваса босармиди? Сиз мени севасиз, менинг қироличам. Менга аза тутасизми?
– Ё раббий, ё раббий? – нидо қилди Анна Австрийская. – Буниси менинг бардошимдан ортиқ. Герсог, ялинаман сизга, авлиёлар ҳаққи, мени ҳоли қолдиринг, кетинг! Мен сизни севаманми ёки йўқми, билмайман, лекин ўз қасамларимни бузмаслигимни аниқ биламан. Менга раҳм қилинг, жўнаб кетинг! Агар сизни Францияда жароҳатласалар, агар сиз Францияда жон берсангиз, агар менга бўлган муҳаббат ҳалокатингизга сабаб бўлди, деган фикр ақалли хаёлимга келса, мен бунга чидаёлмайман, мен ақлдан озаман. Жўнаб кетсангиз-чи, ахир, жўнаб кетинг, илтижо қиламан!
– О, сиз нақадар гўзалсиз-а, ҳозир! Мен сизни нақадар севаман! – деди Бэкингем.
– Жўнаб кетинг! Жўнаб кетинг! Ялинаман сизга! Кейинроқ қайтасиз. Бу ерга элчи сифатида, министр сифатида қайтиб келинг, сизни ҳимоя қилишга шай соқчилар, сизни қўриқлашга мажбур мулозимлар ҳамроҳлигида қайтиб келинг. Ўшанда ҳаётингиз учун титраб-қақшаб турмайман, сизни кўришдан бахтиёр бўламан.
– Ажабо, сиз айтаётган гаплар ростми?
– Ҳа…
– Унда… Унда авф этганингиз белгиси ўрнида бирор нарсангизни, шуларнинг ҳаммаси тушим эмаслигини исбот этгувчи ўзингизга қарашли бирор арзимаган нарсангизни беринг. Ўзингиз тақиб юрган, мен ҳам тақсам бўлгудай бирор нарса… узукми, занжирми…
– Агар илтимосингизни бажо келтирсам, сиз кетасизми, жўнаб кетасизми?
– Ҳа.
– Шу тобда-я?
– Ҳа.
– Сиз Францияни тарк этасизми? Англияга қайтасизми?
– Ҳа, қасам ичаман.
– Унда сабр қилинг, сабр қилинг.
Анна Австрийская ўз хонасига кириб кетди ва қарийб шу лаҳзада қайтиб, қўлида монограммаси нусхасида олтин нақш солинган, қизғиш ёғочдан ясалган қутича кўтариб келди.
– Шуни олинг, милорд, – деди у, – олинг-да, мендан эсдалик учун асраб юринг.
Герсог Бэкингем қутичани олди-ю, яна унинг пойига йиқилди.
– Сиз кетишни ваъда қилиб эдингиз.
– Лафзим устидан чиқаман ҳам. Қўлингизни беринг, хоним, қўлингизни беринг, кейин кетаман.
Қиролича Анна кўзларини юмган ва бир қўли билан Эстефанияга суянган кўйи бошқа қўлини унга узатди, негаки, дармони қуриётганини ўзи сезиб турарди.
Бэкингем бу гўзал қўлга эҳтирос билан лабларини босди.
– Ярим йил ўтмасдан, – ўрнидан тураркан деди у, – гарчи, бунинг учун еру осмонни остин-устун қилишимга тўғри келса ҳам, мен сизни кўраман, хоним.
Кейин у лафзида туриб, хонадан чопиб чиқиб кетди.
Даҳлизда у Бонасе хонимни топди, у илгариги эҳтиёт чоралари ва ўша муваффақият билан уни Луврдан ташқарига чиқариб қўйди.

XIII
Жаноб Бонасе
Китобхон пайқаган бўлса керак, бу воқеанинг ҳаммасида бир киши бор эдики, мушкул аҳволига қарамасдан, у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Бу киши рицарлик қаҳрамонликларга ва айни замонда ишқий саргузаштларга бой ўша даврда чамбарчас боғланиб кетган сиёсий ва ишқий фитналарнинг муҳтарам қурбони жаноб Бонасе эди.
Хайриятки, китобхон уни эсласа-эсламаса ҳам, биз уни назардан қочирмасликни ваъда қилган эдик.
Ҳибсга олган изқуварлар уни тўппа-тўғри Бастилияга жўнатишди ва у ерда мушкетларини ўқлаб турган бир взвод аскарлар ёнидан уни зириллатиб етаклаб ўтдилар.
Сўнгра ним ертўла узун даҳлизга тушиб қолиб, у ўз кузатувчиларининг шафқатсиз муомаласига йўлиқди, шаънига энг қўпол сўкишлар ёғилди. Изқуварлар паст насабли кишига ишлари тушганини кўриб, у билан энг хароб гадой сингари муносабатда бўлдилар.
Ярим соат ўтгач, мирза келди, уни тергов хонасига олиб боришга фармойиш бериб, тутқуннинг хавотирларига эмас-у, азобларига барҳам берди. Одатда ҳибсга олинганлар ўз камераларида тергов қилинарди, бироқ, жаноб Бонасе билан муомалада тортиниб ўтиришни лозим ҳисобламасдилар. Икки соқчи шўрпешона атторни ушлаб олиб, ҳовлидан ўтишга мажбур этдилар, уч посбон турган даҳлизга олиб кириб, аллақандай эшикни очдилар-да, уни гумбазсимон шифтли, фақат стол, стули бор комиссар ўтирган хонага туртиб киргизиб қўйдилар. Комиссар стулда ўтириб, стол устида алланималарни ёзмоқда эди.
Соқчилар маҳбусни стол ёнига келтирдилар ва комиссарнинг ишораси билан унинг овози етмайдиганроқ жойга бориб турдилар.
Шу пайтгача қоғозлари устида бошини эгиб ўтирган комиссар, қаршисида ким турганини текшириб кўргиси келгандай тўсатдан киприкларини кўтариб, қаради. Комиссарнинг чеҳраси тунд эди – учли бурун, туртиб чиққан заъфарон ёноқлар, кўзлар кичкина, лекин тийран ва ўткир. Унинг юзида ҳам сувсарнинг, ҳам тулкининг истараси бор эди. Совути остидан чўзилиб чиққан тошбақанинг калласига монанд боши қора ҳакамлик ридонинг ичидан чиқиб турган узун, ҳаракатчан гарданида чайқалиб турарди.
Комиссар, аввало, жаноб Бонасенинг исму шарифи, касби кори, тураржойини суриштирди.
Сўроқ бергувчи, номим Жак-Мишел Бонасе, ёшим эллик бирда, ҳозирда савдо-сотиқ ишларини ташлаган, атторлик дўконининг собиқ эгаси бўламан. Гўрковлар кўчасидаги ўн биринчи уйда истиқомат қиламан, деб жавоб берди.
Шундан сўнг сўроқни давом этиш ўрнига комиссар сиёсатга суқилишга журъат этган кичкина одам бошидаги хавф-хатар хусусида узоқ ваъз ўқиди. Бундан ташқари, у, жаноб кардиналнинг ҳокимияти ва хаттиҳаракатларига жазосини тортмасдан тўсқинлик қилиш ҳеч кимсанинг қўлидан келмайдиган жаноб кардиналнинг, бу тенги йўқ министрнинг, бўлажак министрлар учун ёрқин тимсол бўлган бу собиқ министрлар фотиҳининг куч-қудрати борасида эзмаланиб ҳикоя бошлади.
Нутқининг бу қисми ниҳоясига етгач, комиссар шўрлик Бонасега ёв қараш қилиб, ўз аҳволи ҳақида бош қотириб кўришни маслаҳат берди.
Атторнинг мулоҳазалари мураккаб эмасди: жаноб де Ла Порт уни ўзининг чўқинтирган қизига уйлантиришни хаёл қилган кун ва соатга, хусусан, ўша чўқинтирган қиз қироличанинг кийимхонасига олинган соатга у лаънат ўқирди.
Ўта кетган номардлик аралаш ўлгудек зиқналиги билан муштарак чуқур худбинлиги жаноб Бонасе табиатининг негизи эди. Ёш рафиқасига бўлган муҳаббати қўшимча туйғу бўлиб, ҳозиргина зикр этилган туғма хусусиятлар билан беллашолмасди.
Бонасе ўзига айтилган гапни жиддий ўйлаб кўрди.
– Лекин, жаноб комиссар, – дея пинагини бузмай сўз бошлади у, – ишонинг, лутф айлаб, бизни бошқариб турган падари бузрукворнинг ҳамма фазилатларини ҳар кимдан ортиқ биламан ва қадрлайман.
– Ажабо? – ишонқирамай сўради комиссар. – Агар гап ростдан шундай бўлса, унда сиз қандай қилиб Бастилияга тушиб қолдингиз?
– Қандай қилиб, ёки, тўғрироғи, нима сабабдан мен шу ердаман – мана шунисини сизга ҳеч айтиб беролмайман, зеро, бу нарса ўзимга ҳам маълум эмас. Жаноб кардиналнинг таъбига ёқмаган бирор қилиқ учун бўлса керак-да.
– Лекин, сизни давлат хоини деб айблаётганларидан кейин, бирор жиноят қилган бўлишингиз керак.
– Давлат хоини деб? – даҳшат ичида қичқириб юборди Бонасе. – Давлат хоини деб? Ахир испанларни ёмон кўрадиган, гугенотларни кўрарга кўзи йўқ бир бечора аттор қандай қилиб давлат хоини деб айбланиши мумкин? Ўзингиз ўйлаб кўринг, жаноб комиссар. Ахир бу, мутлақо ақлга сиғмайдиган гап-ку!
– Жаноб Бонасе, – гўё юрак қаъридагини ўқиш лаёқатига эга бит кўзларини айбланувчига тикиб сўради комиссар. – Жаноб Бонасе, рафиқангиз борми?
– Ҳа, тақсир, – чигал энди бошланишини сезиб, титраб жавоб берди аттор. – Менинг… менинг рафиқам бўлган.
– Бўлган деганингиз нимаси? Бўлган бўлса уни қаёққа йўқотдингиз?
– Уни ўғирлаб кетганлар, тақсир.
– Ўғирлаб кетганлар? – қайта сўради комиссар. – Шундай денг!
Ана шу «шундай денг»дан Бонасе иш бадтар чалкашаётганини тушунди.
– Демак, уни ўғирлаб кетганлар, – давом этди комиссар. – Хўш, айнан ким ўғирлаган, биласизми?
– Назаримда, биламан.
– Ким экан у?
– Мен ҳеч нимани таъкидлаётганим йўқ, жаноб комиссар, шунисига эътибор қилсангиз. Фақат шубҳа қиляпман.
– Кимдан шубҳа қиляпсиз? Хўш, очиғини айтинг.
Жаноб Бонасе довдираб қолди: унинг ҳаммасидан тониши керакми ёки бор гапни тўкиб солсинми? Мабодо ҳаммасини инкор этаверса, у ҳаддан кўп нарсани билади-ю, иқрор бўлишга ботинмаяпти, деб ўйлашлари мумкин. Тан олган ҳолда у ўзининг ҳалол ниятини исбот этган бўлади. Шу боисдан у ҳаммасини айтиб беришга қарор қилди.
– Мен кибор мансабдорга ўхшаш салобатли, қора соч, қорамағиз кишидан шубҳа қиляпман. Бир-икки марта мен Лувр олдида рафиқамни кутиб олиб, уни уйга олиб кетаётганимда ўша киши кетимиздан эргашгандек туюлганди менга.
Комиссар хиёл бесаранжом бўлиб қолди.
– Исми нима эди? – сўради у.
– Унинг исмини билмайман. Лекин, у билан учрашиб қолиш насиб қилгудай бўлса, бошқа кишиларнинг мингтаси ичидан ҳам таниб олар эдим, бунга кафилман.
Комиссар қовоғини солди.
– Бошқа кишиларнинг мингтаси ичидан ҳам уни таниб олар эдим, дедингизми? – такрор сўради у.
– Мен айтмоқчи эдимки… – ноўрин жавоб қилганини пайқаб, тўнғиллади Бонасе. – Мен айтмоқчи эдимки…
– Сиз уни танир эдим, дедингиз, – деди комиссар, – яхши. Бугунга етар. Ушбу суҳбатимизни давом этишдан илгари рафиқангизнинг ўғриси сизга танишлигидан баъзи бировларни огоҳ этиб қўйиш зарур.
– Лекин, сизга уни танийман деганим йўқ-ку ахир! – алам билан хитоб қилди Бонасе. – Мен сизга аксини айтиб эдим…
– Маҳбусни олиб кетинг! – икки соқчига юзланиб буюрди комиссар.
– Қаерга элтиб қўйишни буюрасиз? – сўради мирза.
– Камерага.
– Қайси бирига.
– Оббо, қайсига бўлса, майли. Маҳкамроқ қулфланса бўлди, – шўрлик Бонасенинг жон-понини чиқариб юборган лоқайд товуш билан деди комиссар.
«Э, парвардигор! – хаёл сурарди у. – Бошимга кулфат тушди. Хотиним бирор ёмон жиноят қилган бўлса керак. Мени шериги деб ҳисоблаб, унга қўшиб жазолашса керак. У ҳамма гапдан мени хабардор қилиб юрганини айтган, айбини бўйнига олган бўлса керак. Аёллар заифа махлуқлар-да, ахир! Камерага, дуч келганига! Ҳа, албатта! Тун қисқа… Эртага бўлса – чархпалак, дор… Э, парвардигор! Менга раҳм-шафқат қил!»
Жаноб Бонасенинг ҳасрату нолаларига, улар бу хил ҳасратларга кўникиб ҳам қолиши лозим эди, заррача парво қилмай, соқчилар икки ёндан қўлтиқлаб, маҳбусни камерага олиб кетдилар. Комиссар аллақандай ошиғич мактуб ёзишга тутинди. Мирза маҳтал бўлиб, унинг ёнида турарди.
Бу кеча Бонасе мижжа қоқмади – камерасининг ғоят ноқулайлиги эмас, балки даҳшатли ваҳима уйқу бермади. Тиқ этган товушдан сесканиб, у тун бўйи курсида ўтириб чиқди. Куннинг дастлабки шуълалари дераза панжараси орасидан мўралаганда эса унга қуёшнинг ўзи ҳам мотам тусига киргандай кўриниб кетди.
Тўсатдан у эшик тамбаси сурилаётганини эшитиб қолди-ю, қўрқувдан, ҳатто, сапчиб тушди. У мени дор остига элтиш учун келишди, деб хаёл қилди. Шунинг учун эшикда жаллод ўрнига кечаги комиссар билан мирза кўринганида уларнинг бўйнига осилиб олишига сал қолди.
– Кечаги кундан бери сизнинг ишингиз жуда чалкашиб кетди, азизим, – деди комиссар, – мен сизга ҳақиқатни айтишни маслаҳат бераман. Фақат самимий тавба-тазарруингиз кардиналнинг қаҳрини юмшатиши мумкин.
– Мен ҳаммасини айтиб беришга тайёрман! – хитоб қилди Бонасе. – Лоақал ўзим билганларимнинг ҳаммасини. Илтимос қиламан, сўрайверинг.
– Энг аввало: рафиқангиз қаерда?
– Мен сизга айтдим-ку, у ўғирланган.
– Ҳа, лекин, кеча кундузи соат бешдан кейин у сизнинг шарофатингиз билан қочган.
– Менинг рафиқам қочдими? – нидо қилди Бонасе. – Шўринг қурғур! Лекин, у қочган бўлса, менинг айбим билан эмас, тақсир, қасам ичаман!
– Сиз кундузи ўзингиз алланималар ҳақида узоқ кенгашган жаноб д’Артаньяннинг олдига нима учун кирган эдингиз?
– Ҳа, бу рост гап, жаноб комиссар, бунга иқрорман, бунинг хатолигини тан оламан. Чиндан ҳам д’Артаньянникида бўлдим.
– Уникига нима мақсадда кирган эдингиз?
– Рафиқамни қидириб, топиб беришини илтимос қилиш мақсадида. Уни қайтариб беришни талаб қилишга ҳаққим бор, деб ўйлабман. Хато қилибман, шекилли, мени авф этишингизни ўтиниб сўрайман.
– Жаноб д’Артаньян сизга нима жавоб қилди ўзи?
– Жаноб д’Артаньян менга ёрдам қилишни ваъда берди. Лекин, кўп ўтмай, мени лақиллатганига ишонч ҳосил қилдим.
– Сиз судни чалғитишга уриняпсиз! Д’Артаньян сиз билан тил бириктирган, шунга кўра рафиқангизни ҳибсга олган миршабларни ҳайдаб юборган, уни таъқибдан яширган.
– Жаноб д’Артаньян рафиқамни ўғирлабдими? Сиз менга нималар деяпсиз ўзи?
– Хайриятки, жаноб д’Артаньян қўлимизда, сизларни қамти қиламиз.
– Жуда яхши, рости, мен бундан хурсандман! – хитоб қилди жаноб Бонасе. – Бирор таниш чеҳрани кўргим бор.
– Жаноб д’Артаньянни олиб киринг! – соқчиларга мурожаат қилиб, буюрди комиссар.
Соқчилар Атосни олиб кирдилар.
– Жаноб д’Артаньян. – Атосга юзланиб гапирди комиссар, – сиз билан мана бу жаноб ўртасида нима гап ўтди, сўзлаб беринг.
– Бироқ, бу киши асло жаноб д’Артаньян эмас! – бақириб юборди Бонасе.
– Қанақасига жаноб д’Артаньян эмас? – ўз навбатида қичқирди комиссар.
– Албатта, у эмас-да! – деди Бонасе.
– Бўлмаса бу жанобнинг исми нима? – сўради комиссар.
– Айтолмайман, мен у кишини танимайман.
– Сиз у билан танишмасмисиз?
– Йўқ.
– Сиз уни ҳеч қачон кўрмаганмисиз?
– Кўрганман, лекин, исмини билмайман.
– Исмингиз нима?
– Атос.
– Бироқ, бу инсон исми эмас-ку, ахир, бу бирорта тоғнинг номи! – сўради гангий бошлаган комиссар.
– Менинг исмим шу, – хотиржам деди Атос.
– Бироқ, сиз исмим д’Артаньян дегансиз.
– Бу гапни мен айтганмидим?
– Ҳа, сиз.
– Рухсат этинг! Мендан: «Сиз жаноб д’Артаньянмисиз?», деб сўрадилар, бунга мен «Сиз шу фикрдамисиз?» – деб сўрадим. Миршаблар бунга ишончимиз комил, деб бақирдилар. Мен улар билан тортишиб ўтирмадим. Бундан ташқари, янглишган бўлишим мумкин, ахир.
– Тақсир, сиз суднинг обрўсини тўкяпсиз.
– Асло, – хотиржам деди Атос.
– Сиз жаноб д’Артаньянсиз!
– Кўрдингизми, сиз яна шу гапни таъкидлаётирсиз.
– Лекин, жаноб комиссар, – бақирди Бонасе, – сизни ишонтириб айтаман, бунда шак-шубҳага ўрин йўқ! Жаноб д’Артаньян – менинг ижарадорим ва, бинобарин, у ижара ҳақини тўламаса ҳам ёки, худди шу сабабдан мен уни танишим шарт-ку, ахир. Жаноб д’Артаньян ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги йигит, бу жаноб эса кам деганда ўттиз ёшда. Жаноб д’Артаньян жаноб Дезессаранинг гвардия ротасидан, бу жаноб эса жаноб де Тревил ротасининг мушкетёри. Унинг усти-бошига бир қаранг, жаноб комиссар, усти-бошига қаранг!
– Тўғри! – тўнғиллади комиссар. – Буниси тўғри, азбаройи шифо!
Шу дақиқа эшик ланг очилди ва Бастилия нозирларидан бири бошлаб кирган чопар комиссарга бир мактуб узатди.
– Оҳ, ярамас-эй! – хитоб қилди комиссар.
– Нима? Нима дедингиз? Кимни айтяпсиз? Ишқилиб, менинг рафиқамнимасми?
– Йўқ, худди ўшани. Ишларингиз жойида, нима ҳам дердик!
– Бу нима кўргулик ўзи? – ичидан зил кетиб, хитоб қилди аттор. – Малол келмаса тушунтириб берсангиз, жаноб комиссар, мен қамоқда ўтирган бир пайтда рафиқам қилиб юрган ишлардан қандай қилиб менинг ишим чатоқлашади.
– Чунки, рафиқангиз бажараётган ишлар – биргаликда тузилган режанинг давоми, холос! Қабиҳ режанинг!
– Қасам ичаманки, сиз жуда хато фикрдасиз, жаноб комиссар, рафиқам амалга оширмоқчи ишлар тасаввуримда ҳам йўқ, у қилган ишларга заррача алоқам йўқ, агар у номаъқул ишлар қилган бўлса, мен унинг баҳридан ўтаман, ундан юз ўгираман, унга лаънат ўқийман!
– Гап бундай, жаноб комиссар, – деди бирдан Атос. – Ортиқ заруратим бўлмаса, мени бирор жойга элтиб қўйишни буюрсангиз. Анча жонимга тегди бу жаноб Бонасенгиз.
– Маҳбусларни камераларга элтиб қўйинг, – бир ҳаракат билан Атос ҳамда Бонасени кўрсатиб деди комиссар, – уларни мумкин қадар қаттиқ қўриқласинлар.
– Агар жаноб д’Артаньянга даъвонгиз бўлса, – одатдаги хотиржамлик билан гапирди Атос, – мен қай даражада унинг ўрнини босишимга унчалик ақлим етмай турибди.
– Буюрилган нарсани қилинг! – қичқириб юборди комиссар. – Ташқи дунё билан алоқа-палоқаси ҳам йўқ! Эшитдингизми?
Атос елкаларини қисиб, соқчиларга эргашди. Бонасе эса йўл бўйи шу қадар кўз ёши тўкиб, оҳ-воҳ чекиб бордики, йўлбарснинг раҳмини келтириши мумкин эди.
Атторни ўзи тунаган камерага элтиб, кун бўйи ўша ерда қолдирдилар. Кун бўйи Бонасе чинакам аттор сингари йиғлаб ўтирди: ахир ўзининг сўзларига қараганда унда ҳарбий руҳ деган гапдан соя ҳам йўқ эдида.
Кечки соат тўққизларда у ухламоқчи бўлиб турганда йўлакдан оёқ шарпаларини эшитиб қолди. Шарпалар унинг эшиги томон яқинлашди-ю, эшик очилиб, соқчи аскарлар кириб келдилар.
– Ортимиздан юринг, – деди аскарлар билан бирга кирган миршабхона мутасаддиси.
– Ортингиздан юрай? – хитоб қилди Бонасе. – Шундай бемаҳалда ортингиздан юрайми? Қаерга экан, худо паноҳингда асра!
– Сизни қаерга элтиш амр қилинган бўлса, ўша ерга.
– Бу жавоб эмас-да, энди!
– Биз сизга айта оладиган бирдан-бир гап шу.
– Э, парвардигор, парвардигор! – шивирлади шўрпешана аттор. – Бу гал хароб бўлдим!
У кўнгли тамом вайрон бўлиб, қаршилик қилиб ўтирмасдан соқчиларга эргашди.
Уни ўзи илгари ўтган ҳовлидан етакладилар, сўнгра улар бир ҳовлини кесиб, бошқа бинонинг ичидан юриб ўтдилар ва ниҳоят, тўрт суворий қуршовидаги извош турган бош ҳовли дарвозасига етиб олдилар. Бонасени извошга ўтқазишди, миршабхона мутасаддиси унинг ёнига ўрнашиб ўтирди, эшиклар калит билан қулфланиб, икковлон кўчма қамоққа тушиб қолгандай бўлдилар.
Извош мотам маҳобаси сингари оҳиста илгари юриб кетди. Деразани тўсиб турган панжарадан маҳбус фақат иморатлар-у, тош йўлни кўра оларди. Лекин, туб парижлик киши сифатида Бонасе ҳар бир кўчани устун, ёзув лавҳалар ва фонуслардан таниб оларди. Бастилия тутқунлари қатл этилгувчи авлиё Павел ибодатхонасига яқинлашиб қолганда ҳушидан кетай-кетай, деб икки марта чўқиниб олди. У извош шу ерда тўхтайди деб ўйлаган эди. Лекин, извош ўтиб кетди. Бирпасдан кейин, у яна беҳудуд даҳшатни бошидан кечирди. Улар давлат жиноятчилари дафн этилгувчи авлиё Яков қабристони ёқалаб бормоқда эдилар. Ёлғиз бир нарса сал унинг жонига ора кирди: дафн этишдан аввал уларнинг боши олинарди, унинг боши эса ҳали елкасида турибди. Бироқ, извош Грев майдонига бурилаётганини кўргандан, шаҳар ратушасининг найзадор томига кўзи тушгандан ва извош пештоқлар остига кириб боргандан кейин у куним битди, деган қарорга келди-ю, миршабхона мутасаддисига тавба-тазарруларини айтишга уриниб кўрди. Мутасадди уни тинглашни рад этганидан кейин у бирам мунгли фарёд кўтардики, агар овозини ўчирмаса, оғзига сўлиқ тиқиб қўйишини айтиб, мутасадди пўписа қилиб қўйди.
Бу пўписа Бонасега анча таскин берди. Грев майдонида қатл этишга қасд қилинган ҳолда унинг оғзини ёпишга ҳожат қолмасди: улар қатл жойига деярли етиб қолишган эди-да. Дарҳақиқат, извош машъум майдондан тўхтамасдан ўтиб кетди. Энди Мотам Крестидан ҳадиксираш қолди. Извош эса худди ўша ерга бурилди.
Бу дафъа шубҳага ўрин қолмаган эди: Мотам Крести майдонида паст табақадан бўлган маҳкумлар қатл қилинар эди. Бонасе ўзини авлиё Павел ёки Грев майдонларига муносиб кўриб, ўзини беҳуда овутган эди. Унинг сафари ва умри Мотам Крести остида тугайди. У ҳали машъум крестни кўрмасди, лекин, бу крест унга пешвоз сурилиб келишини ҳис қиларди. Мудҳиш жойдан йигирма қадамча берида у қўққисдан оломоннинг шовқин-суронини эшитиб қолди, извош ҳам таққа тўхтади. Кечирган ҳаяжонларидан жигар-бағри хун бўлган шўрлик Бонасенинг бунга бардош беришга мадори етмасди. Ажали етган кишининг сўнгги сасига ўхшаш заиф нола билан у ҳушидан кетди.

XIV
Менглик номаълум киши
Майдондаги халойиқ осилиши лозим кишига илҳақ бўлиб эмас, осилган кишини кўриш учун йиғилиб қолган эди.
Шу боисдан извош бир зум ҳаяллаб, нари қўзғалди, оломонни оралаб ўтиб, Сент-Оноре кўчасидан кетди, Беозор Гўдаклар кўчасига бурилиб, пастак дарвоза олдида тўхтади.
Эшиклар ланг очилиб, миршаблар суяб турган Бонасени икки гвардиячи қўлтиқлаб олди. Уни турта-турта катта даҳлизга киргизиб, аллақандай зинадан юқорига олиб чиқдилар-да, кираверишдаги бир хонада қолдирдилар. Ўзидан талаб этилган ҳамма ҳаракатларни у беҳушларча ижро этарди.
У уйқуда сингари юрар, теварак-атрофни гўё туман ичида кўрарди. Сезгилари аллақандай товушларни илғарди-ю, лекин, маъносига етмасди. Шу дақиқаларда уни қатл этишган тақдирда ўзини ҳимоя қилиш учун у бирор ҳаракат қилмаган, гуноҳидан ўтишларини сўраб, бирор садо чиқармаган бўларди.
У соқчилар ўтқазиб қўйган жойнинг ўзида қўлларини туширган ва деворга суянган ҳолича ўтираверди.
Лекин, аста-секин атрофга аланглаб, ҳаётига хавф солгувчи ҳеч қандай нарсага, таҳлика туғдиргувчи ҳеч нимага кўзи тушмагач, деворлар юмшоқ сахтиён чарм билан қопланганини, оғир алвон шоҳи дарпардалар олтин боғичлар билан боғланганини, ўзи ўтирган курси анча юмшоқ ва қулайлигини кўриб, хавотирлари беҳудалигига унинг ақли етди ва бошини дам ўнгга-ю сўлга буриб, дам кўтариб, тушира бошлади. Ҳеч ким халал бермаган бу ҳаракатлар уни бир қадар дадиллантирди ва юрак бетлаб, дастлаб бир оёғини, сўнгра бошқасини букиб кўрди. Пировардида, у қўлларини суянчиққа тираб, хиёл қўзғалди-ю, оёққа турди.
Шу пайт салобатли бир офицер қўшни хонада аллаким билан сўзлашишда давом этган кўйи дарпардани кўтарди. Сўнгра маҳбусга ўгирилди.
– Бонасе сизмисиз? – сўради у.
– Ҳа, жаноб офицер, – қўрқувдан қути ўчиб минғирлади аттор, – мен бўламан, хизматингизга тайёрман.
– Киринг, – деди офицер.
Маҳбусга йўл бериб, у четланиб турди. Бонасе сўзсиз итоат қилиб, афтидан, ўзига кўз тутилмоқда бўлган хонага кирди.
Бу – деворларига ҳар турли яроқ-аслаҳа осиғлик кенг кабинет эди; ташқаридан бирор товуш бу ерга келмасди. Гарчи ҳали сентябрнинг охири бўлса-да, каминда олов ёнарди. Хонанинг бутун ўртасини банд этган мурабба шаклли столда қоғоз ва китоблар устидан Ларошел шаҳрининг каттакон харитасини ёзиб ташланган эди.
Камин ёнида мағрур, такаббур, нигоҳи тийрак, манглайи кенг, ўрта бўйли киши турарди. Унинг қотма юзини шоп мўйловлар остидаги учли соқол янада чўзинчоқ кўрсатарди. Бу кишининг ёши ўттиз олтиўттиз еттидан ошгани даргумон, лекин, соч ва соқолларига оқ оралаб қолган эди. Ёнида қиличи бўлмаса ҳам, ҳарҳолда, у ҳарбий кишига ўхшарди, этикларининг гарди эса бугун унинг от минганидан далолат берарди.
Бу киши Арман Жан дю Плесси, Кардинал де Ришелье, бизда тавсиф этиш расм бўлганидек, яъни оғир дарддан азоб чекгувчи бўшашган, товуши хиралашган, бевақт қабр сингари чуқур креслога ботган, ёлғиз ақлу фаросатининг қудрати билан яшаб, биргина заковатининг зўри билан Европа билан курашни тутиб турган нуроний мўйсафид эмас, у кезлар аслида қандай бўлса шундай: ўша пайти ҳам жисмонан заиф-у, иродасининг уни ўз замонасининг энг атоқли кишиларининг бири қилиб қўйган беқиёс тафти билан тетик юрган эпчил ва назокатли йигит эди. Герсог Неверскийни унинг мантуан мулкларида қўллаб-қувватлаб, Ним, Кастр ва Юзесни истило қилиб, инглизларни Ре оролидан қувиб чиқаришга, Ларошелни қамал қилишга ҳозирлик кўрмоқда эди.
Шу зайл унинг кардиналлигини бир қарашда ҳеч нима фош этмасди, уни юзидан танимаган киши учун қаршисида ким турганини пайқаб олиш мушкул эди.
Шўрпешана аттор остонада тўхтаб қолди, биз ҳозиргина таърифини келтирган кишининг нигоҳи гўё ўтмиши тагига етмоқчи бўлиб, унга қадалди.
– Бу ўша Бонасеми? – бир оз сукутдан сўнг сўради у.
– Ҳа, зоти олийлари, – жавоб берди офицер.
– Яхши. Менга унинг қоғозларини олиб беринг-да, бизни холи қолдиринг.
Офицер талаб этилган қоғозларни столдан олиб узатди ва чуқур таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Бонасе бу қоғозлар ўзининг Бастилиядаги сўроқлари протоколлари эканини пайқади. Камин ёнидаги киши аҳён-аҳёнда кўзларини қоғозлардан узиб, маҳбусга тикиларди, шунда бояқишга икки ништар бориб, қоқ юрагига санчилаётгандай туюларди.
Ўн дақиқа мутолаа ва ўн сония мушоҳададан сўнг кардиналга ҳаммаси равшан бўлганди.
– Бу махлуқ фитнада ҳеч қачон иштирок этмаган, – шивирлади у. – ҳар қалай, кўрамиз.
– Сиз давлатга хиёнатда айбланасиз, – оҳиста сўзлади кардинал.
– Менга буни етказишди, зоти олийлари! – ҳамсуҳбатини бояги офицер сингари унвон билан атаб, хитоб қилди Бонасе. – Лекин, онт ичаман, менинг ҳеч гапдан хабарим йўқ.
Кардинал мийиғида кулиб қўйди.
– Сиз рафиқангиз, де Шеврез хоним ва герсог Бэкингемлар билан тил бириктиргансиз.
– Рост, зоти олийлари, – деди Бонасе, – рафиқам менинг ҳузуримда бу номларни тилга олган эди.
– Нима важҳидан?
– У кардинал де Ришелье герсог Бэкингемни, унга қўшиб қироличани ҳам ҳалок қилиш учун уни Парижга алдаб чақирган деб эди.
– У шундай дедими ҳали? – қаҳр билан қичқирди кардинал.
– Ҳа, зоти олийлари, лекин мен унга уқтирган эдим, бунақа гапларни айтиб юриш ярамайди, падари бузруквор қўлларидан…
– Жим бўлсангиз-чи, овсар! – деди кардинал.
– Рафиқам ҳам худди шу гапни айтиб эди, зоти олийлари.
– Рафиқангизни ким олиб қочгани сизга маълумми?
– Йўқ, зоти олийлари.
– Бироқ, сизнинг аллакимдан шубҳангиз бор эди?
– Ҳа, зоти олийлари. Лекин ўша шубҳалар жаноб комиссарнинг кайфини бузгандай бўлди, мен улардан воз кечдим.
– Сизнинг рафиқангиз қочган. Бундан хабарингиз бўлганми?
– Йўқ, зоти олийлари. Мен буни жаноб комиссар орқали билиб олдим. У киши жуда сулукатли одам эканлар.
Кардинал иккинчи дафъа мийиғида кулиб қўйди.
– Демак, рафиқангиз қаёққа ғойиб бўлгани сизга маълум эмас экан-да?
– Мутлақо, зоти олийлари. Луврга қайтган бўлса керак-да.
– Соат бирда у ерда йўқ эди.
– Худоё худовандо! Унга нима бўлди экан-а?
– Бу маълум бўлади, хавотирланманг. Кардиналдан ҳеч гап қочиб қутулмайди. Кардинал ҳамма нарсани билади.
– Ундай бўлса сиз нима дейсиз, зоти олийлари, рафиқам қаёққа ғойиб бўлганини менга билдиришга кардинал рози бўлмасмиканлар?
– Бўлиши мумкин. Лекин, аввал сиз рафиқангиз билан де Шеврез хоним ўртасидаги муносабатлар ҳақида билганларингизни сўзлаб беришингиз лозим.
– Лекин, зоти олийлари, мен тамом ҳеч нима билмайман. Мен ҳеч қачон бу хонимни кўрмаганман.
– Рафиқангизни олиб кетиш учун Луврга борганингизда у тўғри уйга қайтармиди?
– Йўқ ҳисоб. Унинг аллақандай баззозларда иши бўларди, уни ўша ерга кузатиб қўярдим.
– Ўша баззозлар неча киши эди.
– Икки киши, зоти олийлари.
– Улар қаерда истиқомат қилишарди.
– Биттаси Вожирар кўчасида, иккинчиси Лагарп кўчасида.
– Сиз ҳам у билан бирга кирармидингиз?
– Ҳеч қачон. Мен уни ташқарида кутиб турардим.
– Ўзининг ёлғиз кириш истагини у қандай изоҳлар эди?
– Ҳеч қандай изоҳлаб ўтирмасди. Кутиб туринг, дерди – мен кутиб тураверардим.
– Сиз жуда ҳам ройиш эр экансиз, муҳтарам жаноб Бонасе! – деди кардинал.
«У мени «муҳтарам жаноб Бонасе» деб атаяпти, кўнглидан ўтказди аттор, ишлар чаккимас, азбаройи шифо!»
– У кириб юрган эшикларни таний олармидингиз?
– Ҳа.
– Рақами хотирингиздами?
– Ҳа.
– Айтиб беринг.
– Вожирар кўчасида йигирма бешинчи сон, Лагапр кўчасида етмиш бешинчи.
– Яхши, – деди кардинал. Кейин столдан кумуш қўнғироқчани олиб, чалди.
Яна бояги офицер кирди.
– Рошфорни айтиб келинг, – ним товушда буюрди Ришеле, – қайтган бўлса, дарҳол етиб келсин.
– Граф шу ерда, – деди офицер. – Падари бузруквордан қабул қилишни ўтиниб илтимос қиляпти.
– Майли, кирсин! – хитоб қилди кардинал. – Кираверсин.
Офицер кардиналнинг амрини ўринлатишга интилгувчи жамики мулозимларига хос зудлик билан югуриб чиқиб кетди.
– Оҳ, «Падари буриквор»! – даҳшатдан кўзлари олакула бўлиб, шивирлади Бонасе.
Офицер чиқиб кетгач, беш дақиқа ўтар-ўтмас эшик очилди-ю, янги киши кириб келди.
– Бу ўша! – бақириб юборди Бонасе.
– Ўшаси ким? – сўради кардинал.
– Рафиқамнинг ўғриси!
Кардинал яна қўнғироқ қилди. Офицер кириб келди.
– Бу одамни олиб бориб, уни келтирган аскарларга топширинг. Мен қайта чақиришимга қадар кутиб турсин.
– Йўқ, зоти олийлари: йўқ, бу ўша эмас! – бўкира бошлади Бонасе. – Мен янглишдим! Уни олиб қочган бўлак одам, бу кишига сира ўхшамайди! Бу жаноб – ҳалол одам!
– Бу овсарни олиб кетинг! – деди кардинал.
Офицер уни тирсагидан тутиб, соқчилар кутиб турган даҳлизга чиқариб қўйди.
Кардинал ҳузурига эндигина кириб келган киши Бонасени бетоқат назар билан кузатди-да, унинг кетидан эшик ёпилган замон шахдам юриб, Ришельега яқинлашди.
– Улар кўришдилар, – деди у.
– Кимлар? – сўради кардинал.
– Хоним билан у.
– Қиролича билан герсогми? – хитоб қилди Ришелье.
– Ҳа.
– Хўш, қаерда?
– Луврда.
– Аминмисиз?
– Мутлақо аминман.
– Сизга ким айтди?
– Де Ланнуа хоним, у кишининг падари бузрукворга астойдил ихлоси ўзингизга маълум.
– Нега буни эртароқ маълум қилмабди?
– Тасодифанми, гумонсирабми, де Сюржи хонимга қиролича ўзининг ётоқхонасида тунаб қолишни буюрган, кейин ҳам кун бўйи жавоб бермаган.
– Хўш… Биз мағлубиятга учрадик. Ўч қайтаришга уриниб кўрамиз.
– Зоти олийларига мадад бериш учун бор кучимни ишга соламан. Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Бу қачон содир бўлган?
– Тун ярмидан оғганда қиролича сарой хонимлари даврасида ўтирган эди…
– Баайни қаерда?
– Ўз ётоқхонасида.
– Хўш.
– Тўсатдан унга кийим-кечаклар бекаси юборган рўмолчани бериб қолишган…
– Ундан кейин!
– Қиролича қаттиқ ҳаяжонга тушиб, упа-элигига қарамай, хийла ранги ўчган…
– Ундан кейин! Ундан кейин!
– Қўзғалиб, ўзгарган товуш билан: «Мени ўн дақиқа кутинглар, бирпасда қайтаман» деган-у, эшикни очиб, чиқиб кетган.
– Нега де Ланнуа хоним ҳамма гапни бизга дарров маълум қилмабди?
– Унинг ҳали тўла ишончи бўлмаган. Бунинг устига қиролича «Мени кутиб туринглар» деган-да, ахир. Ўзбошимчалик қилишга журъат этолмаган.
– Қироличанинг қанча вақт дараги бўлмаган?
– Чорак кам бир соат.
– Сарой хонимларидан ҳеч ким уни кузатиб бормаганми?
– Ёлғиз доня Эстефания, холос.
– Кейин қиролича қайтганми?
– Ҳа, лекин фақат ўзининг монограммаси билан нақшланган қизғиш ёғочдан қилинган қутичани олиш учунгина. Уни олгач, чиқиб кетган.
– Қайтган пайтида-чи, қутича ўзида бўлганми?
– Йўқ.
– Қутичада нима бўлганидан де Ланнуа хонимнинг хабари борми?
– Ҳа. Ҳазрат олийлари қироличага тортиқ қилган олмос тақинчоқлар.
– У ўша қутичасиз қайтиб келдими?
– Ҳа.
– Бинобарин, де Ланнуа хоним қиролича қутичани герсог Бэкингемга бериб юборган, деб гумон қиляптими?
– Бунга унинг ишончи комил.
– Нега?
– Кундузи қироличанинг камер-фрейлинаси де Ланнуа хоним қутичани қидирмаган жойи қолмаган, ўзини унинг йўқолганидан хавотирланганга солган, охири, қаерга йўқолганини билмайсизми, деб қироличадан сўраган.
– Хўш, қиролича-чи?..
– Қиролича қип-қизариб, арафада тақинчоқларнинг бирини синдириб қўйиб, заргарга созлатгани юборганини айтган.
– Қирол заргари ҳузурига кириб, бу гап ростмийўқми, билиш керак.
– Мен у ерда бўлдим.
– Хўш, нима гап? Заргар нима деди?
– Заргарнинг ҳеч гапдан хабари йўқ.
– Жуда соз! Жуда соз, Рошфор! Ҳали ҳаммаси қўлдан кетмабди, яна ким билсин, ким билсин… қайтага ҳаммаси яхшироқ бўлаётгандир.
– Мен заррача шубҳа қилмайман, падари бузрукворимнинг даҳолари…
– …Ўз жосусининг хатоларини тузатишига, шундай эмасми?
– Падари бузрукворим гапимни тугатишга ижозат берганларида мен худди шу гапни айтмоқчи бўлиб тургандим.
– Энди… герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингем қаерга яширинганидан воқифмисиз?
– Йўқ, зоти олийлари. Жосусларим бу борада ҳеч қандай аниқ маълумот беролмадилар.
– Мен бўлсам биламан.
– Зоти олийлари, сиз-а?
– Ҳа, Ҳар қалай, кўнглим сезяпти.
– Падари бузрукворим иккаласини ҳибсга олишга фармойиш беришимни истайдиларми?
– Фурсат ўтди. Улар жўнаб кетгандир.
– Мумкин. Ҳарҳолда, ишонч ҳосил қилиш мумкин…
– Ўзингиз билан ўн нафар гвардиячимни олинг-да, иккала уйда тафтиш ўтказинг.
– Бош устига, падари бузрукворим.
Рошфор шошиб чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал бир зумлик мулоҳазадан сўнг учинчи дафъа қўнғироқ қилди.
Эшикда яна ўша офицер пайдо бўлди.
– Маҳбусни олиб киринг! – деди кардинал.
Жаноб Бонасени яна кабинетга олиб кирдилар. Офицер кардиналнинг ишораси билан чиқиб кетди.
– Сиз менга панд берибсиз, – жиддий гапирди кардинал.
– Мен-а? – қичқириб юборди Бонасе. – Мен падари бузрукворимга панд берсам-а!..
– Рафиқангиз Вожирар кўчасига ва Лагарп кўчасига борганда асло баззозлар ҳузурига кирмаган.
– Кимникига кирибди экан, тавба?
– У герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингемнинг олдига кирган.
– Ҳа, – хотираларга ғарқ бўлиб сўзлади Бонасе, – ҳа, тўғри, падари бузрукворим ҳақлар. Рафиқамга бирикки бор айтиб эдим, баззозлар шундай иморатларда – ёзув лавҳаларисиз уйларда яшаши қизиқ деб. Ҳар сафар рафиқам қотиб-қотиб кула бошларди. Оҳ, зоти олийлари, – падари бузрукворнинг пойига йиқилиб, давом этди Бонасе, – сиз ростдан ҳам кардиналсиз, улуғ кардиналсиз, ҳамма топингувчи даҳосиз!
Бонасе сингари аянч махлуқ устидан қилинган тантана нечоғлиқ ғариб бўлмасин, кардинал, барибир, бир нафас роҳатланди.
Сўнгра гўё хаёлига лоп этиб бир фикр келди-ю, лабларига қўнган хиёл табассум билан атторга қўлини чўзди.
– Ўрнингиздан туринг, дўстим, – деди у, – сиз ҳалол одамсиз.
– Кардинал қўлимни ушлади, мен улуғ инсоннинг қўлини ушладим! – қичқириб юборди Бонасе. – Улуғ инсон мени дўстим деди!..
– Ҳа, дўстим, ҳа! – оталарча оҳанг билан, Ришельени тузук билмаган кишиларнигина ғафлатда қолдириши мумкин оҳанг билан деди кардинал. – Сизни беҳуда айблашибди, шунинг учун сизни рози қилиш лозим. Мана бу кармонни олинг, ичида юз пистол бор ва мени авфу этинг.
– Мен сизни авфу этсам, зоти олийлари! – афтидан, буларнинг ҳаммаси ҳазил деган ҳадик билан пул тўла қопчиққа қўл тегизишга ботинолмай деди Бонасе. – Мени ҳибсга олиш, қийноққа солиш, дорга осиш сизнинг ихтиёрингизда эди, сиз бизнинг ҳукмдоримизсиз, мен бўлсам миқ этолмасдим. Сизни авфу этсам-а, зоти олийлари! Қандай даҳшат!
– Оҳ, муҳтарам жаноб Бонасе, сиз ажаб валламат одам экансиз! Кўриб турибман ва ташаккур билдираман. Демак, сиз бу кармонни олиб, унча ранжимай кетасиз-а.
– Мен роса қойил бўлиб кетяпман.
– Демак, хайр. Ёки – яхшиси – кўришгунча, зеро, мен яна кўришармиз, деган умиддаман.
– Падари бузрукворимнинг кўнгли истаган пайти! Мен падари бузрукворимнинг хизматларига тайёрман.
– Биз бот-бот кўришиб турамиз, хотиржам бўлинг. Сиз билан суҳбат менга бағоят манзур бўлди.
– О, падари бузрукворим!..
– Кўришгунча, жаноб Бонасе, кўришгунча!
Кардинал қўли билан ишора қилди, бунга жавобан Бонасе чуқур таъзим бажо келтирди. Сўнгра, орқасига тисарилганича у хонадан чиқиб кетди, кардинал даҳлизда унинг жони борича: «Яшасин зоти олийлари! Яшасин падари бузруквор! Яшасин улуғ кардинал!» дея бўкирганини эшитди.
Кардинал метр Бонасенинг жўшқин туйғуларининг бу суронли ифодасига жилмайиб, бир оз қулоқ солди.
– Мана шу топдан эътиборан мени деб жонини ҳам берадиган одам, – Бонасенинг бақириқ-чақириқлари олисда сўнгандан кейин, деди у.
Шундан кейин кардинал, айтиб ўтганимиздек, столи устида ёзиғлик Ларошел харитаси устига зўр диққат билан энгашиб, унга бир ярим йил ўтгач, қамалда қолган шаҳар кўрфазига йўлни тўсиб қўйган машҳур кўтарманинг чизиғини қалам билан тортишга киришди. У ўзининг стратегик режаларига боши билан шўнғиб ўтирганда тўсатдан эшик яна очилиб, Рошфор кириб келди.
– Хўш, қалай? – дарров сўради кардинал, унинг ўрнидан туришдаги чаққонлиги эса ўзи графга берган топшириққа нақадар катта аҳамият берганини кўрсатиб турарди.
– Вазият бундай экан, – жавоб берди граф. – Падари бузрукворим кўрсатган уйларда ҳақиқатан ҳам йигирма олти-йигирма саккиз ёшлардаги жувон билан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги эркак киши истиқомат қилишган. Эркак киши у ерда тўрт кун турган, аёл – беш кун. Аёл бугун тунда, эркак эса – саҳарда жўнаб кетишган.
– Ўшалар! – хитоб қилди кардинал ва девор соатига бир кўз югуртиб қўшиб қўйди: – Ҳозир улар кетидан қувишга фурсат ўтди – герсогиня Турга, герсог Бэкингем эса Булонга етиб бўлишди. Уни Лондонгача қувиб боришга тўғри келади.
– Падари бузрукворимнинг қандай фармойишлари бор?
– Содир бўлган воқеа ҳақида лом-мим демайсиз. Қиролича ҳеч нарсани пайқамай турсин, сирларининг тагига етганимиздан ғофил қолсин. Бизларни аллақандай фитнани очиш билан машғул деб ўйлайверсин… Ҳузуримга канцлер Сегени чақириб юборинг.
– Падари бузрукворим ҳалиги одамни нима қилдилар?
– Қайси одамни? – сўради кардинал.
– Ўша Бонасени-да?
– Уни нимаики қилиш мумкин бўлса, шуни қилдим. Мен уни жосус қилиб қўйдим, у ўз-ўзини, рафиқасини кузатиб юради.
Граф Рошфор ўз ҳукмдорининг қўл етмас даражада юксаклигига тан берган киши қиёфасида таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал креслога чўкди, бир мактубни қоралаб, уни ўзининг шахсий тамғаси билан сурғичлагач, қўнғироқ қилди. Яна ўша офицернинг ўзи кирди.
– Ҳузуримга Витрени чақириб юборинг, – деди кардинал, – унга олис сафарга чиқишга шай туражагини айтинг.
Бир-икки дақиқадан сўнг йўқлаган кишиси қўнжи баланд шпорли ботфорт кийиб, сафарга чиқишга тахт ҳолда унинг ҳузурида турарди.
– Витре, – деди Ришелье, – сиз зудлик билан Лондонга учасиз. Йўлнинг ҳеч қаерида бир нафас ҳам тўхтамайсиз. Сиз шу мактубни миледининг қўлига топширасиз. Мана, икки юз пистол учун буйруқ. Хазиначимнинг ҳузурига боринг, у сизга нақд топширади. Борди-ю, топшириғимни яхши бажариб, олти кун ичида қайтсангиз, яна шунча оласиз.
Бирор сўз демасдан чопар таъзим қилди, мактубни ва икки юз пистолга чекни олиб чиқиб кетди.
Мактубда мана нималар ёзилган эди:

«Миледи! Бэкингем кўринадиган биринчи базмдаёқ ҳозир бўлинг. Унинг камзулида ўн иккита олмос тақинчоқларни кўрасиз; унга яқинлашиб, иккитасини қирқиб олинг.
Тақинчоқлар қўлингизга тушган заҳоти менга хабар қилинг».

XV
Ҳарбийлар ва ҳакамлар
Шу воқеалар кечгандан сўнг келаси куни д’Артаньян билан Портос Атоснинг дараги йўқлигини кўриб, унинг ғойиб бўлганини жаноб де Тревилга хабар қилдилар.
Арамисга келсак, у одамларнинг гапларига кўра, беш кунлик ҳордиққа ижозат олиб, оилавий юмушлар билан Руанга кетиб қолган эди.
Жаноб де Тревиль ўз аскарларининг падари эди. Мушкетёрлик сарпосини кияр-киймас уларнинг энг кўримсиз ва бетайини ҳам ўз оғасига ишонгандек, капитаннинг нусратидан кўнгли тўқ бўлиши мумкин эди.
Шу боисдан де Тревиль дафъатан жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ҳузурига йўл олди. Қизил Крест тагидаги посбонлар саркорини чақиришди ва олинган маълумотларни таққослаб кўриб, Атоснинг Фор-Левекка жойлаштирилганини бир амаллаб аниқлашди.
Гувоҳ бўлганимиздек, Бонасе йўлиққан барча синовларни Атос ҳам бошидан кечирди.
Иккала ҳибсга олинганлар юзлаштирилганидан хабаримиз бор. Д’Артаньянни безовта қилиб уни зарур ҳаракат эркидан маҳрум этишларидан чўчиб, шу дамгача индамай келган Атос энди менинг номим д’Артаньян эмас, Атос деб таъкидламоқда эди.
Бундан ташқари у, на жаноб Бонасе, на хонимни танимаслигини маълум қилди. Кечқурун соат ўнлар чамаси у ўз дўсти жаноб д’Артаньяндан хабар олгани кирган, лекин ўша соатгача жаноб де Тревиль ҳузурида тамадди қилган. Бу жиҳатни кам деганда йигирма киши тасдиқлаб бериши мумкин. Кейин у талай казоказоларнинг номларини, шулар қаторида герсог де Ла Тремулнинг номини ҳам санаб берди.
Иккинчи комиссар худди биринчиси сингари бу мушкетёрнинг содда ва аниқ кўрсатмаларидан хижолат чекса-да, аслида, ҳакам мутасаддилари ҳарбий кишилар билан курашда ҳамиша ҳавас қилганларидек устун келишга ташна эди. Лекин, жаноб де Тревил ва герсог де Ла Тремулнинг номлари уни мулзам қилиб қўйди.
Атосни ҳам кардинал ҳузурига олиб бордилар, лекин, бахтга қарши, кардинал Луврда, қирол ҳузурида экан.
Бу айни жаноб де Тревиль жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ва Фор-Левек нозири олдидан Атосни кўролмай чиқиб, қирол ҳузурига етиб келган пайт эди.
Қиролнинг қироличадан шубҳалари: фитналар бобида эркак кишилардан кўра аёллардан кўпроқ ҳадиксирагувчи кардинал моҳирлик билан авжига миндириб келаётган шубҳалари нақадар кучлилигини биз биламиз. Унинг Анна Австрийскаяга қарши адоватининг асосий сабабларидан бири қироличанинг де Шеврез хоним билан қалинлиги эди. Бу икки аёл уни Испания билан урушлар, Англия билан муросасизлик ва маблағларнинг чигал аҳволидан кўра кўпроқ хавотирга солмоқда эди. Унинг чуқур эътиқоди ва фикрича, де Шеврез хоним қироличага нафақат сиёсий фитналар – уни янада бадтарроқ чўчитаётган нарса – ишқий фитналарда ҳам ёрдам берарди.
Турга бадарға этилган ва ўша ерда деб гумон қилинаётган де Шеврез хоним махфий суратда Парижга келгани ҳамда беш кун туриб, миршабларни чалғитиб кетгани хусусидаги кардиналнинг дастлабки сўзлариданоқ қирол тутақиб кетди. Инжиқ ва беқарор бўлгани ҳолда у ўзини Одил Людовик ва Маъсум Людовик деб аташларини истарди. Саноқсиз омиллар келтириб, лекин мулоҳазалардан қочиб тарих изоҳлаб беришга ҳаракат қилаётган бу феъл-атворнинг тагига авлодлар машаққат билан етишар.
Кардинал де Шеврез хоним Парижга ёлғиз ўзи келмаганини, балки қиролича у билан алоқани ўша маҳаллар каббалиотик деб аталмиш шифр ёрдамида тиклаганини илова қилганда у, кардинал, бу фитнанинг ғоят нозик ришталари учини топай-топай деб, бор далилу исботлар билан қуролланган ҳолда қувғинди билан қиролича ўртасидаги воситачи аёлни жиноят устида ҳибсга олай деб турган бир пайтда аллақандай бир мушкетёр терговни узиб қўйишга журъат этган ва ҳаммасини қиролга етказиш учун зиммасига бу ишни холисона текшириш юкланган ҳалол мутасаддиларга қилич яланғочлаб ҳужум қилган, деб таъкидлай бошлаганда Людовик XIII ўзини сира идора қилолмай қолди. Тошиб кетган кезлар бу ҳокимни ўта шафқатсиз ишлар қилишга ундагувчи унсиз қаҳр алангасида ранги ўчиб, у қироличанинг кўшки томон бир қадам ташлади. Кардинал эса бу орада Бэкингемнинг номини ҳали тилга олиб улгурмаган эди.
Айни шу дақиқада бошдан-оёқ вазмин, одобли, беками кўст де Тревиль пайдо бўлган эди. Бу ерда кардинални кўриб, қиролнинг буришган чеҳрасига кўз қирини ташлаб, де Тревиль нима гап ўтганини фаҳмлади-ю, ўзини филистимлар қошида турган Самсон сингари дадил ҳис этди.
Людовик XIII эшик тутқичидан тутиб бўлган эди. Де Тревилнинг қадам товушлари уни ўгирилишга мажбур этди.
– Сиз ўз вақтида ташриф буюрдингиз, – деди ҳисларига эрк берганда ичида гап сақлаш лаёқатини йўқотиб қўядиган қирол. – Мушкетёрларингиз ҳақида менга зап нарсаларни ҳикоя қиляптилар!
– Менда эса, – совуққина жавоб берди де Тревиль, – уларнинг ҳакамлари ҳақида ҳазрат олийларига сўзлагудек анча-мунча дуруст гаплар топилади.
– Гапингизга тушунмадим, – такаббур оҳангда гапирди қирол.
– Ҳазрат олийларига маълум қилишга мушаррафманки, – аввалгидек хотиржам давом этди де Тревиль, – бир тўп мутасадди, комиссар ва миршаблар, ғоят эътиборли, лекин, афтидан ҳарбий кишиларга нисбатан ўта адоватли кишилар мушкетёрларимдан ёки, тўғрироғи, сизнинг мушкетёрларингиздан бирини, феъли-хулқи бенуқсон, довруғи достон бўлган, қолаверса, ҳазрат олийларига энг яхши жиҳатдан таниш кишини – жаноб Атосни бир уйда ҳибсга олиб, кўчалардан рўй-рост олиб ўтишни ва Фор-Левекка қамаб қўйишни ўзларига эп кўрганлар, ҳазрат олийлари – бунинг ҳаммасига менга кўрсатишга розилик беришмаган буйруқ баҳона.
– Атосни-я? – беихтиёр такрорлади қирол. – Ҳа, менга бу исм танишга ўхшайди…
– Малол келмаса, ҳазрат олийлари бир эслаб кўрсинлар, – деди де Тревиль, – жаноб Атос – бу сизга маълум муборазада жаноб де Каюзакни оғир жароҳатлаб қўйган мушкетёрнинг ўзгинаси бўлади… Ҳа, дарвоқе, падари бузруквор, – кардиналга юзланиб деди де Тревиль, – жаноб де Каюзак соғайиб қолгандир, тўғрими?
– Ҳа, ташаккур, – ғазабдан лабини тишлаб гапирди кардинал.
– Шундай қилиб, жаноб Атос ҳазрат олийларининг кадет гвардияси Дезессара ротасидаги ўз дўсти беарнлик йигитдан хабар олгани кирган. Ёш йигит уйида бўлмаган. Жаноб Атос дўстини кутиш ниятида стулга ўтириб, қўлига китоб олгунча бўлмай, бир тўда изқувар ва аскарлар аралаш-қуралаш бўлиб, бинони қуршаб олган, бир неча эшикларни синдирган…
Кардинал қиролга имо билан изоҳ берди: «Бу ўша мен айтган иш юзасидан…».
– Буларнинг ҳаммасидан хабаримиз бор, – деди қирол. – Негаки, ҳаммаси бизнинг манфаатимиз йўлида қилинган.
– Демак, – гапида давом этди де Тревиль, – сизнинг манфаатингиз учун мушкетёрларимдан бирини, бегуноҳ кишини ушлаганлар, сизнинг манфаатингиз учун у икки аскарнинг соқчилигида ҳазрат олийлари йўлида ўнлаб марта қонини тўккан ва ҳар дақиқа яна тўкишга тайёр бу ўктам киши шаънига ҳақоратлар ёғдиргувчи оломон орасидан, кўча-кўйлардан олиб ўтилган.
– Шундай денг! – иккиланиб деди қирол… – Наинки воқеа шундай кечган бўлса?
– Жаноб де Тревиль, – пинагини бузмай гапирди кардинал, – ўша бегуноҳ мушкетёр, ўша ўктам киши қўлга олинишидан бир соат илгари мен фавқулодда аҳамиятга эга бир ишни текшириш учун юборган тўрт нафар комиссарга қилич яланғочлаб, ҳамла қилганини сизга айтмади.
– Падари бузруквор буни исботлаб берсинлар! – ғирт гасконча самимият ва ғирт ҳарбийча қўполлик билан хитоб қилди де Тревиль. – Гап шундаки, ундан бир соат илгари жаноб Атос, сиз ҳазрат олийларига маълум қилишга журъат этсам, бағоят нажиб насабли киши уйимда тамадди қилиш шарафига мени ноил этиб, меҳмонхонамда герсог де Ла Тремул ва граф де Шалю билан суҳбатлашиб ўтирган.
Қирол кардиналга қараб қўйди.
– Мен неки деган бўлсам, – қиролнинг унсиз саволига жавобан деди кардинал, – жабр кўрганлар тузган қарорда баён этилган. Уни ҳазрат олийларига топширишга мушаррафман.
– Ҳарбий кишининг лафзи ҳакамларнинг протоколига арзимайдими ҳали? – мағрур сўради де Тревиль.
– Бас, бас, Тревиль, – деди қирол, – жим бўлинг.
– Мабодо падари бузрукворнинг мушкетёрларимнинг бирортасидан шубҳаси бўлса, – жавоб берди де Тревиль, – мен ўзим тергов қилишни илтимос қиламан, жаноб кардиналнинг адолати ҳаммага барибир маълум-ку ахир.
– Тафтиш ўтказилган уйда, – ҳамон сир бой бермай давом этди кардинал, – ўша мушкетёрнинг дўсти, янглишмасам, аллақандай беарнлик йигит истиқомат қилади, а?
– Падари бузруквор д’Артаньянни назарда тутяптиларми?
– Мен сиз валинеъматлик қилиб келаётган ёш йигитни назарда тутяпман.
– Ҳа, падари бузруквор мутлақо ҳақлар.
– Сизнингча, эҳтимолга яқин эмасми, ўша ёш йигит ёмон таъсир қилаётган…
– …жаноб Атосга, ўзидан ёши икки ҳисса улуғ одамгами? – гапни бўлди де Тревиль. – Йўқ, зоти олийлари, эҳтимолга яқин эмас. Бундан ташқари, жаноб д’Артаньян ҳам оқшомни менинг уйимда ўтказган.
– Ана холос! – хитоб қилди кардинал. – Оқшомни ёппасига ҳамма сизникида ўтказганми дейман!
– Падари бузруквор сўзларимдан шубҳа қилмаяптиларми? – чеҳраси ғазаб оташида ёниб сўради де Тревиль.
– Йўғ-эй, худо сақласин! – деди кардинал. – Лекин, д’Артаньян қай маҳалда сизникида бўлди?
– О, буни падари бузрукворга мутлақо аниқ маълум қилишим мумкин: у кириб келганда соат тўққиз яримни кўрсатаётганига кўзим тушган эди, гарчанд, менга анча кечроқ туюлган эди.
– Уйингиздан қай соатда чиқиб кетди?
– Ўн яримда. Шу воқеалардан бир соат кейин.
– Лекин, пировардида, – деди де Тревиль сўзларининг чинлигига бир зум ҳам шубҳаланмай, ғалаба қўлдан чиқиб кетаётганига фаҳми етиб турган кардинал, – пировардида, Атосни Гўрковлар кўчасидаги ўша уйнинг ўзида қўлга олишган-ку ахир.
– Ёр-биродарларнинг бир-бирларини йўқлаб туриши, менинг ротам мушкетёрларининг жаноб Дезессара ротасининг гвардиячиси билан қардошларча дўст тутиниши тақиқ этилганми ҳали?
– Агар у дўсти билан мулоқот қилаётган уй шубҳали бўлса, ҳа.
– Ахир гап ўша уйнинг шубҳалилигида-да, Тревиль, – луқма ташлади қирол. – сизнинг бундан хабарингиз бўлмагандир.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, дарҳақиқат, бундан хабарим йўқ эди. Лекин, бу нарсанинг жаноб д’Артаньян эгаллаб турган бўлагига алоқаси йўқлигига аминман, зеро, сизни ишонтириб айтишим мумкинки, сиз ҳазрат олийларининг ундан фидойироқ қароли ва жаноб кардиналининг ундан ўткирроқ мухлиси йўқдир.
– Монастир ёнидаги машъум олишувда де Жюссакни худди шу д’Артаньян жароҳатлаганмиди? – аламидан қизариб кетган кардиналга кўз ташлаб сўради қирол.
– Келаси куни эса Бернажуни шикастлаган эди, – илова қилишга шошди де Тревиль. – Ҳа, ҳазрат олийлари, худди ўзи; ҳазрат олийларининг хотиралари аъло экан.
– Хўш, нима қарорга келдик ўзи?– сўради қирол.
– Бу мендан кўра кўпроқ сизнинг ишингиз, сиз ҳазрат олийларининг иши, – деди кардинал, – мен ўша Атос гуноҳкор деган гапимда тураман.
– Мен эсам буни инкор этаман! – хитоб қилди де Тревиль. – Лекин, ҳазрат олийларининг ҳакамлари бор-ку, бу ишни ўшалар ҳал қиладилар.
– Тўппа-тўғри, – деди қирол. – бу ишнинг ҳаммасини ҳакамларга қўйиб берайлик. Ҳукм чиқармоқ уларнинг иши, ўшалар бир ёқли қиладилар.
– Ҳар қалай, ачинасан киши, – яна сўз бошлади де Тревиль, – бизники сингари аросат замонда энг беғубор ҳаёт, энг шаксиз тийнат одамни иснод ва таъқиблардан сақлаёлмайди. Армия ҳам миршабларнинг аллақандай ғалвалари важҳидан шафқатсиз таъқиблар нишонига айланаётганидан унчалик мамнун бўлмаса керак, деб сизни ишонтиришга журъат этаман.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/aleksandr-duma/uch-mushketer-69875542/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

notes

1
Анна Австрийская – Франция қироличаси, Людовик XIII нинг ратиқаси ва Австрия қиролининг синглиси.

2
Аббат Анкетил (1723-1806) – Франция кўп жилдли тарихининг муаллифи.

3
«Атиргул ҳақида роман» – машҳур ўрта аср француз поэмаси (XIII). Поэмани Гилём де Лоррис бошлаган, иккинчи қисми Жон Клопинел (Менгский) томонидан яратилган.

4
Гугенотлар – Францияда калвинист (протестан) динининг тарафдорлари. XVI асрнинг иккинчи ярми – XVII асрнинг бошида асосан қирол ҳокимияти ўтказган марказлаштириш сиёсатидан норози дворянлар ва феодал аъёнларининг бир қисми гугенот бўлган.

5
Ларошел – Атлантик океани соҳилидаги шаҳар. Гугенотларнинг таянчи, 1628 йили кардинал Ришелье томонидан узоқ қамалдан кейин эгаллаб олинган.

6
Ришелье Арман Жандю Плесси – нуфузли герсог, машҳур француз давлат арбоби. 1622 йилда қиролнинг илтимоси билан Рим папасидан кардинал (католик черковининг энг катта амалдори) унвонини олган ва 1624 йилда қудратли министр бўлган. Ришельенинг асосий вазифаси қирол ҳокимиятини кучайтириш, мамлакатнинг феодал тарқоқлигини ва қадимий феодаллик имтиёзларини йўқотишдан иборат эди.

7
Гаскон – Франциянинг жанубидаги область (вилоят). Гаскон зодагонлари одатда қирол гвардиясида хизмат қилишган.

8
Беарн – Франциянинг жанубидаги, Пиреней тоғлари этагидаги область (вилоят).

9
Ле – узунлик ўлчови.

10
Генрих IV Бурбон – француз қироли (1589-1610). Тахтга ўтиришидан илгари гугенотлар йўлбошчиси бўлган. Кейинчалик сиёсий мулоҳазалар билан католизмга оғиб кетган. 1598 йилда у Нонт эдикт (фармон) нашр қилган, унга биноан гугенотларга эътиқод эрки билан бирмунча сиёсий мустақиллик берилган.

11
Мубораза – яккама-якка олишув.

12
Людовик XIII – француз қироли (1610-1643). У ўзининг биринчи министри кардинал Ришельенинг батамом таъсирида бўлган.

13
Мушкетёрлар – Франция гвардиясининг энг имтиёзли отрядларидан бири.

14
Харобот – қовоқхона, майхона.

15
Шпиглайдиган нина – гўштнинг ора-орасига чўчқа ёғи тиқиш учун ишлатиладиган нина.

16
Жозеф ота – Жозеф дю Трамбле (1577 йилда туғилган). «Жозеф ота» ёки «бўз кардинал» номи билан танилган. Энг махфий ишлари бўйича кардинал Ришельенинг ишончли кишиси бўлган. Шуҳратпараст, уддабурон, жоҳил Жозеф ота ҳеч қандай расмий мансаби бўлмагани ҳолда катта обрў ва ҳокимиятга эга бўлган.

17
Лувр – Париждаги қирол саройи.

18
Содиқ ва кучли (лот.).

19
Мадригал – мақтов тарзида ёзилган мўъжаз лирик шеър.

20
Бассомпер Француа (1579-1646) – Франция маршали ва дипломати. Ришельега қарши саров фитнасида қатнашган ва муваффақиятсизликка учрагандан кейин қудратли кардинал буйруғи билан 12 йил қамоқда бўлган.

21
Кўпларнинг тенги бўлмаган (лот.).

22
Ҳ и ж о б – нафис тўр.

23
Аббат – руҳоний.

24
Бэкингем Джордж Виллерс, лорд (1592-1628) – инглиз сиёсий арбоби, қироллардан Яков I ва Карл I арзандаси.

25
Монограмма – номларнинг бош ҳарфлари чатиб тузилган гулдор ёзув.

26
Таврот – диний китоб.

27
Катафалк – мурдани мозорга олиб борадиган темир арава.

28
Маъюб – айбланувчи.
Уч мушкетёр Александр Дюма
Уч мушкетёр

Александр Дюма

Тип: электронная книга

Жанр: Легкая проза

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 25.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: "Уч мушкетёр" романи муаллифнинг бошқа асарлари сингари жаҳон адабиётидаги энг сара асарлар рўйхатидан ўрин олган.17 аср Франция ҳаётидаги воқеалардан ҳикоя қилувчи ушбу асарда улуғвор ғоялар, ўлмас туйғулар, инсонийлик, шахс эркинлиги, орзулар сари интилишга қаратилган турли хил йўллар талқини ўз аҳамиятини сақлаган ҳолда ўқувчининг қалбига кириб боради…Бу дурдона асар икки қисмдан иборат, воқеаларнинг ҳар қандай уйдирмалардан ҳоли тарзда, ҳаққоний ифодаланганлиги унинг бугунги кунгача қадрини йўқотмаганлигига сабабдир…

  • Добавить отзыв