Энг яхши даво
Абдукарим Усмонхужаев
"Ушбу китоб ""Енг яхши даво"" деб аталади. У дард ҳам, давоси ҳам инсоннинг ўзида эканлигини кўрсатиб беради.Ҳакимларнинг ҳам, психологларнинг ҳам муолажасидан кейин дардидан бутунлай холос бўла олмаган беморга энг яхши даво нима? Дарддан фориғ бўлишнинг охирги йўли қандай?Мазкур китобдан айнан шу саволларга жавоб топишингиз мумкин. Ҳаракатнинг шифобахш куч эканлиги, саломатликнинг асл манбалари каби ўзингиз учун ниҳоятда зарур маълумотлар билан танишиб, саломатлик ва навқиронликнинг соҳиби бўлишдек бахтга эришасиз деган умиддамиз."
Абдукарим Усмонхўжаев
ЭНГ ЯХШИ ДАВО
СЎЗ БОШИ ЎРНИДА
Муҳтарам китобхон!
Бир неча дақиқалардан кейин сизни ажойиб бир учрашув кутаяпти десам, муболаға бўлмас. Негаки, қўлингиздаги китобда сизу биз билган-билмаган, таниш-нотаниш нарсалар ҳақида сўз юритилади. Янаям аниқроғи, бу китоб сизу бизга маълум нарсаларнинг номаълум қирралари ҳақида.
Айтайлик, бирон бемор ҳузурига бордингиз дейлик. Унинг сўлғин чеҳрасига, ҳасратли боққан кўзларига эътибор бермай, «Бугун кўринишингиз жуда яхши, анча соғайиб қолибсиз» денг! Унинг юз-кўзлари ёришиб кетади, юрагининг аллақайси бурчида ҳаётга муҳаббат учқунлари алангаланиб, кўнглининг бир чеккасида умид уйғонади.
Ана шу ҳолатнинг ўзи мўъжиза эмасми?
Ёхуд, ўзбек аёллари қошларига ўсма қўядилар. Бу нима? Шунчаки, пардоз-андоз дерсиз? Ота-боболаримиз «Қош ўсмадан сув ичар» деб бежиз айтишмагандир-ку, ахир?
Ё бўлмаса, ҳовлиларимизда муаттар бўй таратиб турадиган райҳонларни ким билмайди? Таассуфки, худди ана шу беозор ўсимликни бошоғриғи ё асаб толиқишида, уйқусизликда, хотира сусайишида, ошқозон касалликларида ва бошқа хасталикларда ҳидлашнинг ўзиёқ қанчалар ижобий таъсир кўрсатишини, кекса отахонлару онахонларнинг чаккаларига райҳон қистириб юришларининг сабаби шунда эканлигини кўпчилик билмайди.
Дейлик, қаршингиздан сизга мутлақо номаълум бир одам келаётганини кўрасизу, негадир ўзингизни ёмон ҳис қиласиз, кўз олдингиз қоронғилашиб, бошингизда оғриқ пайдо бўлади, худди бутун вужудингизни оғир, кўзга кўринмас юк босиб тушаётгандек ҳис қиласиз.
Ёки, йўл-йўлакай бошқа бир нотаниш аёл ё эркакни учратасиз ва кутилмаганда мўъжиза рўй беради. Бирдан дилингиз ёришиб ўзингизни қушдек ҳис қилабошлайсиз. Нега? Нима учун? Сиз ахир бу одамларни илгари кўрмагансиз, билмагансиз, бу қандай сир-синоат бўлди?
Ёки, баъзан сочи оқариб, юз-кўзини ажин босган 30—40 ёшлардаги аёлу эркакларни, ё аксинча, 70—80 ёшларида ҳам «қиличдек» бўлиб юрган кексаларни кўриб ҳайратга тушасиз ва яна ўша саволлар қуйилиб келабошлайди. Нега? Нима учун? Бунинг сабаби нимада?
Қўлингиздаги китоб ана шундай мўъжизалар ҳақида ҳикоя қилади. Очиқроқ айтганда, у бизни ўз вужудимиз бўйлаб ғаройиб «саёҳат»га чорлайди.
Айтишларича, инсон ўз ҳаёти мобайнида ўзининг мияси ва руҳияти имкониятларининг атиги 10 фоизидангина фойдаланаркан. Миясини қўшимча ишлашга мажбур қиладиган, бошқалар кўра олмайдиган ва ҳис эта олмайдиган оламни пайқашга уринадиган Хитой ва Тибет ламалари бу захиранинг яна 10 фоизини ишга сола оларканлар, холос. Хўш, қолган 80 фоизи қаерда ва унда қандай фазилатларимиз яширинган деб ўйлайсиз?
Кўринаяптики, бу фоний дунёдаги барча дарду ҳасратлар инсоннинг руҳиятига, унинг саломатлигига боғлиқ экан. Аммо, шуни унутмаслик керакки, бизнинг руҳиятимиз бўшлиқларида, яъни ботиний онгимизда ишлатилмай келаётган жуда улкан имкониятлар яшириниб ётганлиги ва уларни ҳаракатга келтириш ҳамда саломатликни тиклаш усуллари жуда кўп экан.
Ушбу китоб муаллифи эса, буни оддийгина қилиб, «ташқаридан келадиган ҳар қандай таъсирот инсонга ўз ички дунёси орқали ўтиб таъсир қилади» дея изоҳлайди ва ўз фикрини давом эттира бориб, «инсон ўз-ўзини англаш ҳамда соғломлаштириш усулларини ўрганиб, ўзини ўзи бошқариш орқали ички имкониятларини ҳаракатга келтириши туфайли руҳий ва жисмоний баркамолликка эришиши мумкин. Инсон ўзи ва ташқи олам билан доимий уйғунлик ҳолатида ҳар қандай қийин амалий, шахсий муаммоларни осон ҳамда тез ечади, ҳаётнинг барча қувончларидан оқилона фойдаланади, энг муҳими ўзини соғлом ва бахтли деб ҳис қилади» деган хулосага келади.
Шу маънода мен, бу китоб руҳият сирлари, ўзликни англаш, шахс тушунчаси, касаллик ва саломатликнинг манбаи, ўз-ўзини даволаш йўлида сизларга яқин ҳамроҳ ва сирдош бўлиб қолишига ишонаман.
Агар сезган бўлсангиз, мен муаллиф ҳақида қарийб тўхталмадим. Сабаби, «Мадади Сино» соғломлаштириш академиясининг раиси, олиму фозил, ҳакиму адиб Абдукарим Усмонхўжаевни юртимизда яхши билишади. У киши ортиқча таърифу тавсифларга муҳтож ҳам эмас. Устознинг «Минг дард давоси», «Юрак малҳамлари», «Шамоллашнинг беозор даволари», «Саломатлик ва навқиронликка йўл», «Руҳиятни соғломлаштириш усуллари», «Эзгуликка интилиб», «Дорисиз қалб давоси» сингари ўнлаб китоблари минг-минглаб нусхаларда тарқалиб, аллақачон қўлма-қўл бўлиб кетган.
Ўйлайманки, муаллифнинг ушбу китоби ҳам жавонингиз тўридан муносиб ўрин олади. Мен эса, у кишига «Яхшиям сиздек одамлар бор, Абдукарим ака!» дегим келади ва қўлимни кўксимга қўйиб таъзим қилиб қоламан.
Сиз азиз китобхонларни эса «китобдан яхши ёр бўлмас» деганларидек, янги бир дўст билан муборакбод этаман!
Эркин УСМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
МУҚАДДИМА
Инсон вужуди мураккаб тузилган ва бажараётган хизмати поёнсиздир. Шунинг учун ҳам инсонда одамийлик, Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги меҳр-шафқат, вафодорлик, саховат, дўстлик, илмга, ҳунарга интилиш, ўзгалар бахтидан қувониш ва яна жуда кўп ижобий хислатлар борки, булар билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Одамзод бу дунёда яшар экан, вақти-вақти билан уни қандайдир ноаниқ бир ваҳима, қўрқув безовта қилиб туради. Қўрқув ҳолати оддий, одатдаги вазиятларда ҳам пайдо бўлаверади. Баъзида у кўпгина руҳий бузилишларга олиб келади. Ваҳима, қўрқув, номаълум бир хавф-хатарни кутиб яшаш одамнинг мўътадил ахлоқи-хулқи ва руҳий фаолиятларининг иккиламчи бузилишини келтириб чиқаради. Ваҳимада қолган одам ўзини йўқотиб қўяди, фақат қўрқинчли нарсаларни ўйлайди, унинг фаолият кўрсатиш, ўйлаш ва фикрлаш қобилияти йўқола бошлайди, ғайриихтиёрий хулқи ва таъсиротларининг мақсадга мувофиқ ҳолда ҳаракат қилиш лаёқати бузилади. Қўрқув инсоннинг руҳий фаолиятини сусайтиради, ақли-ҳушини учиради.
Тиббиёт тарихидан маълумки, бундан 2400 йил муқаддам Суқротнинг шогирди Афлотун шундай деган: «Жуда катта хатолик содир бўлаяпти: вужуд ва руҳият касалликларини алоҳида-алоҳида ҳакимлар даволаяптилар. Ахир, вужуд ва руҳ бир-бирларидан ажралган ҳолда эмас-ку?». Ҳақиқатан, шу кунга қадар ҳакимлар одамни «тақсимлаб» даволамоқдалар. Оқибатда, психосоматик хасталиклар руҳий ва жисмоний катта куч сарфланган ҳолда аста-секин имиллаб даволанаяпти.
Кейинги вақтларда руҳшунослар ва ҳакимлар ҳамкорлигида турли касалликларнинг ўзига хос руҳий сабаблари кўрсатиб берилди. Кўп ҳолларда касалликлар кишида аниқланмаган сабаблар ва қўрқув орқасида вужудга келар экан. Буларни оддийгина англашнинг ўзи ҳам, кўп ҳолларда, хасталикнинг енгиллашувига сабаб бўлади.
Онгимиз таркиби бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, руҳий фаолият давом этаверади. Айбдорлик, қониқмаслик, норозилик, виждон азоби, амалга ошмаган, қондирилмаган талаб ва эҳтиёжлар каби турли ўй-фикрлар ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий равишда бизнинг хулқимизни чегаралаб туради. Қўрқув ҳисси ҳам ана шунга тааллуқли бир туйғудир. Доимо қўрқув исканжаси остида одамзод ўзи ҳам билмаган бир тарзда шошқалоқлик билан фикрлайди, шу аснода қарорлар қабул қилади, атрофидаги нарсаларга ҳам шу қўрқув туйғуси ила қарайди. Агар одам ўзидаги бу истак ва майлларнинг асл ўзаги қайда эканлигини билмаса, унда бу қўрқув туйғуси янада кучаяди ва оғир оқибатларга олиб келади.
Онгнинг танага таъсир ўтказиш қудрати ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Бу соҳада Тибет лама(шайх)лари олдига тушадигани йўқ, деб ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, бизнинг фикримиз ва ҳиссиётларимиз танамизга асаб-гуморал тузилмалар воситасида таъсир кўрсатади.
Тиббиётда мавжуд бўлган ва беморларга ишлатиладиган дори-дармонларнинг хусусиятлари, таъсири, ва ниҳоят, одам вужудига шифо бахш этиш борасида келиб чиқадиган оқибатлари ҳамон охиригача аниқланмаган экан, одамзоднинг энг ишончли бирдан-бир нажот манбаи, бу ўз вужудини руҳият орқали бошқариб, ўз-ўзини даволашга ўргатиб ва кўниктириб бориш бўлиб қолади.
Муолажа жараёнида энг ҳал қилувчи ўринни беморнинг ўзи эгаллайди. Табиати қувноқ, ҳаракатчан, ҳар бир кўнгилсизлик ва бахтсизликка сабр-тоқат қиладиган одамларда ҳар қандай хасталик жуда тез ўтиб кетади. Арзимаган нарсадан ваҳимага тушадиган, сал мазаси қочса, умри тугагандек фиғон қиладиган кимсаларда енгил дард ҳам жуда узоққа чўзилиб, оғир кечади.
Фалсафий тушунчада шахснинг маъноси нимада кўринади? Шахс – бу, доимо инсоннинг маънавий мусаффолиги, мустақиллиги ва такрорланмаслигидир. Инсонда эҳтирос, ирода, инон-ихтиёр, қизиқишлар, сезги, туйғулар унинг шахсини ташкил этади.
Ҳар бир шахс учун ўзи ва атрофдагилар билан келишиш, хулқ-атворнинг яхлитлиги, ижтимоий муҳитга мослаша олиш, ички озодлик, санъатни баҳолай олиш қобилияти, кенг дунёқараш ва ҳазилкашлик, унга хос маънавийруҳий гўзаллик, ҳаётсеварлик инсон сийратининг мазмунини ташкил этади. Қалб – сезгилар, ҳиссиётлар, қизиқишлар, фикр ва олий мақсадларнинг шахсий тизими. Қалб – бу, энг аввало, ибтидоий эмас, балки англашилган, идрок этилган кечинмалар, ҳиссиётлар олами.
Инсон бирор хасталикка йўлиқар экан, демак, аввало унинг руҳияти хасталанган бўлади. Руҳни даволаш одамнинг ўз қўлида. Вужуд касалланса, ҳаким ёрдам беради, аммо руҳият бузилганида, одам ўз ички воситаларини онгли равишда ишга солиши талаб қилинади. Демак, ҳали айтганимиздек, одам онгли равишда ўз-ўзини бошқариши керак ва зарур.
Одамзоднинг туғма тарзда орттирган ўзини-ўзи бошқариш маркази ташқаридан бўладиган ҳар қандай тажовузларга қарши курашиш қобилиятига эга. Одамзодда ташқи таъсирларга қаршилик кўрсатиш даражаси кучли бўлади. Одамнинг куч-қуввати ҳам шунга яраша. Машқ қилиш орқали маълум ҳиссиёт ва туйғулар юзага келади. Чунки айнан салбий ҳиссиётлар касалликнинг пайдо бўлишига сабабдир. Агар салбий ҳиссиётлар онгли равишда ижобий туйғуларга айлантирилса, касалликдан халос бўлиш мумкин.
Бир қарашда бизнинг бу қарашларимиз анъанавий назарияларга қарши бормоқда, аммо таъкидлаб айтамизки, «Мадади Сино» соғломлаштириш академиясининг соғломлаштириш босқичларида саломатлигини тиклаган 3000 дан ортиқ тингловчилар орасида бирор касаллик сабабини ахтарар эканмиз, бунда руҳият, кайфият ва тасаввурлар хасталикларнинг пайдо бўлишида бирламчидир, деган қатъий хулосага келамиз. Ана шунинг учун ҳам одам, энг аввало, ўзининг ҳис-туйғулари, кайфиятларини оқилона бошқаришни ўрганса, ўз саломатлигини тиклай олади.
Одам ўз руҳиятини онгли равишда бошқара билса, бемалол қон босимини, қанд моддаси ва гормонлар миқдорини идора этиши, қон томирларини кенгайтириши, юрак уришини тартибга солиши, оғриқ ва чарчоқларни бартараф қилиши, тана ҳароратини тушириши, нохуш асабий тангликлардан сақланиши мумкин деб айта оламиз.
САЛОМАТЛИКДАН ФОЙДА ТОПИНГ
Энди биз дори-дармонлардан, жарроҳилардан ва физиотерапевтик муолажалардан сўз очмаймиз. Келинг, биз соғлиғимизга бошқа кўз билан назар солайлик. Одамнинг руҳий ҳолати тўғрисида гаплашайлик. Уйдагиларнинг бирортаси хасталаниб қолганда, ҳозирги замон психотерапевтлари ҳақида, қариндошлари ўзларини қандай тутишлари тўғрисида гаплашайлик.
Ҳа, дорилар ва жарроҳилардан ташқари, хасталикни унутиш ва тезроқ соғайишга ёрдам берадиган бошқа нарсалар ҳам борми? Кўпчилик инсонлар, агарда ширин сўзли, мулойим, зўр ҳакимнинг ҳамма тавсияларини каму кўстсиз бажарсалар, ана шунда саломатликка анча яхши таъсир этарди, деб ўйлайдилар. Ҳозирги замон Ғарб ва Шарқ психотерапевтларининг бу борадаги нуқтаи назари бутунлай бошқача. Уларнинг таъбири бўйича, агар ҳаким билан беморнинг муносабатлари бир-бирига мос бўлса, у ҳолда ҳар бири ўзига хос масъулиятни ҳис қилса, соғайиш тез амалга ошади.
Ҳар қандай ҳаким, ҳар қандай руҳшунос, руҳий муолажакор фақат мижоз учун ишламаслиги керак, балки биргаликда ишлаши лозим. Абу Али ибн Сино айтганидек: «Биз учтамиз: мен, сен ва касаллик. Агарда мен билан сен бирлашсак, албатта, касалликни енгамиз, агарда сен касаллик ёнига тушадиган бўлсанг—мен ожизман». Бу—терапевтик келишувга биринчи қадам. Бу дегани—бир-бирига ахборли ёндошув. Одам терапияда қандай усуллар қўлланишини, таваккалчилик ва хавфсизлик томонларини яхши билиши керак. Бу эса, инсон ўзининг касаллигини қандайдир англаши ва унинг ташқи муҳитга мослашиши усулларидаги жараёндир.
Иккинчи қадам эса, бу тақсимланган масъулиятдир. Икки томон ҳам масъулиятни яхши ҳис қилса, натижа ҳар томонлама хайрли бўлади.
Психотерапевтга мурожаат қилаётган ҳар бир инсон ўзига ишончини, қадрини ва ўзига хос асл моҳиятни бузиб кўрсатади. Чунончи, қачонки инсон ўзининг саломатлиги тўғрисида қайғурса, соғлом мослашиш рўй беради. Қачонки, руҳий азобланиш ҳолатлари: шилқимлик, қўрқув, ваҳима беморда кучли бўлса, унга ёрдам бериш шунчалик қийин кечади.
Маълумки, болаларга касал бўлиш, кўпинча ёқади. Одам билиши керак, нима учун касал бўлиш фойдали? Ва нима учун соғ бўлиш фойдали? Касал бўлишнинг фойдали томони шундаки, у атрофдагиларнинг эътиборини ўзига жалб қилади. Бундан ташқари, у касаллиги туфайли атрофдаги кишиларга ҳийла-найранг ишлатиши мумкин. Шунинг учун ҳам болаларга касал бўлиш ёқадики, бу пайтда унга ҳамма ғамхўрлик кўрсата бошлайди, бирор нарсани қилишга мажбурлашмайди—мазза!
Касал вақтида атрофдагилар беморга алоҳида муносабатда бўлишади. Шунинг учун ҳам касал бола ҳакимдан худди туғишганлари каби кетидан юришини, ёрдам беришини, раҳм-шафқатни кутади.
Бизнинг одамлар ўзлари тўғрисида бирор яхши нарса гапиришдан қўрқишади. Аёллар эса буни кўз тегиши ёки кинна киришидан асраниш, деб талқин қилишади. Бундай эски фикрлар бозор иқтисодиёти вақтида юзага қалқиб чиқади. Ана шундай вақтда кишилар руҳияти ўзгаради ва гап кўтаролмайдиган, кўнгли нозик бўлиб қолади.
Салбий фикрлаш тиббиётда кўп учрайдиган касаллик—руҳий азобланиш ҳолати билан боғлиқ муаммоларнинг бир қисмидир.
Болага соғлом бўлиш фойдали эканлигини ва бунинг учун тезроқ тузалишга интилишни қандай тушунтириш мумкин?
Ҳар бир одамда шахснинг уч туридан бири бор: катта одамлар шахси, болалар шахси ва ота-она шахси. Ҳар ким соғломликдан ўз туҳфасини олиши керак. «Тузалганингда иккаламиз биргаликда ҳайвонот боғига борамиз. У ерда ҳар хил ҳайвонларни, илонларни кўрасан. Маймунларга конфет берасан. У ерда турли ўйинлар бўлади, сен эса унда иштирок этасан» (бу – болалар шахсига мурожаат) ва ҳоказо.
Менинг қизим касал бўлганда: «Сен ҳозир касалсан, нима хоҳласанг сотиб олиб бераман. Кўп нарса олиб бераман. Агар 10 кунда тузалсанг, ўн баробар кўп нарса олиб бераман. Бордию, 5 кунда тузалсанг 20 баробар кўп нарса олиб бераман. Агар 20 кунда тузалсанг ҳеч нарса олиб бермайман», дедим. Қарангки, қизим беш кунда тузалди.
Касаллик вақтида болани шу тариқа рағбатлантириш хулқ-атвор руҳияти деб аталади. Катта ёшдаги одам, бола шахсининг соғлом қисмига мурожаат қилиб, соғлом бўлишга курашиш учун унинг шахсини ва ички имкониятларини рағбатлантиради.
Шундай вазиятни тасаввур қилинг! Иккита бола чопа кетатуриб, улардан биттаси йиқилиб тушади ва лат ейди. Агар олдинда уларни бирор хурсандчилик кутаётган бўлса, у, йиғлаб ётмай, дарров ўрнидан туради, оқсоқланиб бўлсада, иккинчисига етиб олишга уринади.
КАСАЛНИНГ СПЕКТАКЛИДА ИШТИРОК ЭТИШ
«Сени соғайишингни байрамдай кутаётган одамлар борлигини билганингда, ҳатто касал бўлиш ҳам ёқимлидир».
А.П.ЧЕХОВ
Бир хил инсонлар касал бўлганларида, бировларни безовта қилишни ва улар ётган хонага ҳеч ким кирмаслигини афзал кўрадилар. Бошқалар эса, аксинча: «Касал одамни оғриғи билан шундай аҳволда ёлғиз қолдириш мумкинми? Беморни ёлғизлатмай, унинг соғайиши жараёнига фаол ёрдамчи бўлишга ҳаракат қилмаймизми?»—дейдилар.
Менинг ҳакимлик фаолиятимда шундай воқеа юз берган: ҳузуримга никоҳлари бузилай деб турган эр-хотинлар келишди. Вазиятнинг нега бундай ҳолга келганлиги сабабини тушунтириш керак эди. Ўшанда бундай бўлган экан: эри касал бўлганда, хотини уни ёлғиз қолдиришга ҳаракат қилибди. Хотинининг бу хатти-ҳаракати эрига худди уни тушунмагандай, севмагандай ва чиндан ачинмаётгандай туюлибди. Мен руҳий ҳолатни тушуниб, фақатгина эрининг уйида қўлланилган хулқ-атвор моделини (адаси, ойиси, опаси уни силаб-сийпаб, касал бўлганда тинчлантиришган) қўллангандагина ҳаммаси жой-жойига тушади, дедим. Ана шунда эр менинг жонкуярим йўқ, ёлғизман, деган фикрлардан халос бўлади. Хотиним менинг нохушлигимда бирга қайғурар экан, деб анча енгиллашади. Касал инсонда унга руҳан енгиллик берувчи инсонлар билан мулоқот қилишга мойиллик бўлади. Дори-дармондан кўра, уларнинг ҳиссиётли таъсиридан кўпроқ таъсирланади ва шу билан бирга бемор кишида ўзини ва ўзгаларни баҳолашга имконият туғилади.
Психотерапевтнинг асосий вазифаси инсоннинг ички имкониятларини сафарбар қилишга, саломатликни тиклашга, ўзининг имкониятларидан энг юқори даражада фойдаланишга ўргатишдан иборат.
Агар бемор даволаниш жараёнида сусткаш бўлса, даволашдан катта фойда бўлмайди. Айниқса, ҳаким: «Мен яхши мутахассисман, нима қилаётганимни ўзим яхши биламан, пулини тўланг, бошқаси билан ишингиз бўлмасин!»—дейдиган бўлса, бу мутлақо тўғри эмас. Ундай ёки бундай бузилишларни енгишда руҳиятнинг аҳамияти беқиёс каттадир.
Агар касал одамга спектакль керак бўлса, туғишганлар спектаклда иштирок этишга мажбурлар (ҳар хил ролларни бажариш орқали).
Агарда инсон касали билан яккама-якка курашишни хоҳласаю, уни енгиб чиқса, у қаҳрамонларча тарбия топган бўлади. Маълум бир вақтда одам бир ўзи қолишини ихтиёр қилади. Масалан, ўртамиёна (соғ бўлган) эркакка кунида 2—3 соат танҳо бўлиш зарур. Аёллар тўғрисида ҳозир бир нарса дея олмайман. Чунки аёллар эркакларга нисбатан 17 марта сўзамолроқ ва мураккаброқдир.
Жалолиддин Румий «Маснавий маънавий» асарида беморни кўришга кирган одамнинг кулгили ҳолатини тасвирлайди: қулоғи эшитмайдиган бир одам қўшниси анчадан бери касал ётганини билиб қолибди ва уни кўриб чиқсам савоб бўлади, деган фикрга келибди. Йўл-йўлакай, ўзича бемор билан қандай савол-жавоб қилишни ўйлаб олибди. Ахир мен беморнинг жавобини эшитмайман-ку, лекин тахминан гапиравераман, дебди. «Мен бемор қўшнимдан «Тузалай деб қолдингми?» деб сўрайман. Бемор «Ҳа, бир оз дурустман», дейди. Мен «Худога шукр, яхши бўлибди» дейман. Яна «Қандай таомлар еябсан?»деб сўрайман. У қайси таомни айтса ҳам, мен «Бу таом сенга жуда ёқади» дейман. Сўнг «Сени қайси табиб даволаяпти?»деб сўрайман. У кимнидир айтади. Мен «Ҳа, у ўз ишига жуда моҳир, унга ишонавер, у ўз ишини охиригача етказади»,дейман».
Шуларни пухталаб, карқулоқ одам бемор қўшнисини кўришга кирибди. У, ўйлаб қўйгандай, ҳол-аҳвол сўрай бошлабди:
– Тузалай деб қолдингми, қўшнижон?
Беморнинг аҳволи оғирлашиб турган экан.
– Ўлай деб қолдим, аҳволим ёмон, – дебди у.
Карқулоқ қўшни:
– Худога шукр, яхши бўлибди, – дебди.
– Қандай таомлар еябсан?
– Еганим заҳар-заққум, – дебди бемор.
Дўсти:
– Ҳа, сенга шу ёқади, – дебди. Бемор бу сўзларни эшитиб, жаҳли чиқибди.
– Сенга қайси табиб қараяпти? – сўрабди кар қўшни.
– Азроил қараяпти, – дебди бемор жаҳл билан.
Кар қўшниси эса:
– Ҳа у ўз ишига жуда моҳир, бошлаган ишни охиригача етказади, бунга ишончим комил, – дебди ва чиқиб кетибди.
У чиқиб кетгач, беморнинг аҳволи янада оғирлашиб қолибди.
Бу ҳикоятда бефаросат зиёратчилар ҳажв қилинган.
Касал одамга қайси сўзлар ёқимли бўлиб ҳисобланиши керак? Менимча, соғ одамнинг гўзал ҳаётини манзара қилиб кўрсатиш лозим. У билан бирга гўзал ҳаёт орзусида суҳбат қуриш керак. «Қачон сиз тузалганингизда…» ва «Сизни биз жуда яхши кўрамиз», деган ёқимли сўзлар очқич вазифасини ўтайди.
Агар одам жарроҳидан бош тортса, унда нима қилиш керак?
Кўпчилигимизда касал бўлишга шунчаки вақт йўқ. Одамлар юқори нафас йўллари шамоллаши ва бошқа касалликлар билан ҳам ишга боради. Одамлар ўзларини ва атрофдагиларни авайлашни қандай ўрганишлари керак? Касал бўлишга «вақт йўқ», дейиши бу яхши, аммо «Касалликка тупурдим, майли, ўлсам ўламан» дейиш бу жуда ёмон.
Бундай ҳолларда яширин руҳий азобланиш ҳолати тўғрисида ўйлаш керак. Касални инкор қилиш жуда ёқимсиз ҳодиса. Касал одам метро, автобус ёки трамвайда кетатуриб, атрофдагиларга йўталиши ҳамда аксириши бирдамлик муносабати эмас, балки ўзига ҳам, атрофдагиларга ҳам беписанд муносабатда бўлмоқликдир. Ҳар биримиз ўз хатти-ҳаракатларимиз ва фикр-мулоҳазаларимизга ўзганинг кўзи билан қарашимиз лозим. Шу вақти йўқлик ҳам ҳар қандай кутилаётган касалликларнинг олдини олиш имконини беради. Ўз-ўзига таъсир қилиш орқали барчасини енгиш мумкин бўлади. Дориларнинг вужудга ижобий ёки салбий таъсир қилиши шу шахснинг ўз-ўзини ишонтиришига, ўзига таъсир ўтказишга ҳам боғлиқдир. Шахснинг мизожий хусусиятлари ҳам бундан истисно эмас.
Агар бемор дори-дармон қабул қилишдан бош тортса нима қилмоқ керак? Агар инсон, мисол учун, қон босимининг зўрайиши билан оғриган бўлса, ҳаким дорилар мажмуасини тавсия қилиш билан бирга, даволаниш унинг яхши ҳаёт кечириш ва узоқ умр кўришига ижобий таъсир қилишини тушунтириши керак.
Агар одам буни билиб олмаса, унда тақсимланган масъулият қонуни кучга киради: бу унинг хоҳиши, бу унинг ҳуқуқи.
Бир хил одамлар дориларнинг қўшимча таъсири ёки асоратидан қўрқиб, буюрилган дориларни қабул қилмайдилар. Бу масалада савол туғилади: одамларга дориларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида қанчалик уқтириш керак? Менимча, асосий масала шундаки, биз жуда кўп хил дориларни бир вақтнинг ўзида тавсия қиламиз.
Антибиотик ва бошқа кимёвий дориларга қизиқиш ҳозирги замон тиббиётида жиддий бўҳронлар келтириб чиқармоқда.
Одамнинг мураккаб вужудига қандай таъсир қилишини билмасдан, одамнинг руҳий ҳолатига қандай ўзгариш ясашини англамасдан туриб, кўп миқдордаги дориларни буюриш вужудда аслига қайтариб бўлмайдиган жараёнларга олиб келиши мумкин.
Психиатрияда дунё андозаси мавжуд, жумладан, бир вақтнинг ўзида 3 тадан ортиқ дорини тавсия қилиб бўлмайди, чунки вужудда уларнинг бир-бирига таъсири олдиндан айтиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Иккинчи жиҳати ҳам бор. Бугунги нейрокимё, психофармакология соҳасидаги танлаб таъсир қилиш даражаси жуда юқори, уларнинг қўшимча таъсир ўтказиш хусусияти энг кам даражада.
Одамларнинг дорилар сифати устидаги маълумотларини ошириш учун аҳолига мўлжалланган тиббий-маърифий дастур тайёрлаш керак.
Антибиотиклар тўғрисида ўзимнинг чиқиша олмаслик жиҳатларимни айтишим мумкин. Агар биз бугун антибиотикларнинг ишлатилишини тўхтатсак, хавфли касалликлар ва ўлимга элтувчи пневмонияларга олиб келиши мумкин. Бошқа муаммолар бор: нотўғри тавсиялар,анадозаларнинг бажарилмаслиги, антибиотикларни ортиқча меъёрда тавсия қилиш муаммолари. Ҳар бир нарсада меъёрни сақлаш керак, дори-дармон борасида ҳам худди шундай. Ёппасига эмас, балки меъёрида ишлатилса ва ўз руҳиятимизни доимо бошқара олсак, албатта фойдадан холи эмас.
РУҲИЙ ЁРДАМ УСУЛЛАРИ
Одамга тез тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари турли-туман бўлади. Танасига шикаст етганларга ёрдам бериш усулларини деярли ҳамма билади. Қўлингизни кесиб олсангиз, кўкдори (зелёнка) суртиб боғлаб қўясиз. Бошқа ҳоллар юз берганда ҳам, бари бир кимдир биринчи ёрдам усулини қўллашни билади. Аммо руҳий жароҳат олганда нима қилмоқ керак? Кимдир кўчада унинг дилини оғритди ёки энг яқин одами оламдан ўтди, умр йўлдоши хиёнат қилди, ишхонада асабга тегишди… Асабий тарангликларнинг келиб чиқиш манбаларининг чек-чегараси йўқ, сабабларининг ҳам. Таътил олиб, ҳордиқ чиқарай деб, оилангни бирор ёққа жўнатсанг шундоққина қўшнинг «евроремонт» бошлаб қолади. Хуллас, бу бепоён оламда тинчгина нафас ростлаб олиш учун бир қарич ҳам жой йўқдек гўё. Барига тишни-тишга қўйиб, тоқат қилиш керакми ёки ақлдан озмаслик учун руҳшуносга бориш керакми? Аммо руҳий-асабий тарангликлар ўта оғир бўлса, руҳшуноснинг ёрдами азоблардан бутунлай халос этолмаса ҳам, ҳар ҳолда дардни бир оз енгиллаштиради.
Энг яхши даво—ташвишларни унутишдир. Муаммоларга қўл силтаб, уларни эсдан чиқариб, кўнгилга хуш ёқадиган бошқа ишга уннашдир. Бу энг умидбахш ва шифобахш усул. У фавқулодда вазиятлардан кейин юз берадиган ҳиссиётли муаммолардан халос қилади. Аввало шу нохуш вазиятни жуда чуқур таҳлил қилиб чиқиш керак. Ёнингизда бирор ақлли-ҳушли инсон, жонкуяр бир биродарингиз турса, Сизга осон бўлади. Икки киши бўлиб бирор холис бурчак топинглар, у жойда Сизларни 2—3 соат давомида ҳеч ким безовта қилмасин. Бу суҳбат давомида ҳаяжонли ҳиссиётлар ва ғам-кулфатлар ҳақида гаплашмай, балки шу фожеага расмий тарзда баҳо бериб чиқинглар, шу воқеага четдан туриб баҳо беринглар. Ундан кейин ички ҳиссиётларингизни юзага чиқаринг, ғам-аламларингизни тўкиб солинг, бу босқичда йиғи-сиғи ҳам фойда беради. Шу вақтда ичингиздаги салбий ҳиссиёт ачиниш ҳислари, кўз ёшлари билан қўшилиб чиқиб кетади. То кўнглингиз бўшагунча ҳиссиётларингизни ифода қилинг. Кўнгил бўшадими, дам олинг, кўнгил тортса, овқатланинг, бир оз сайр қилинг. Энди бошқа бировдан шу воқеа ҳақида фикрини сўранг. Бу билан Сиз шу ҳодисани ўзингиздан узоқлаштирган бўласиз. Агар истасангиз шу воқеани ўзингиз ҳам шарҳлаб беринг. Қайта-қайта такрорлаш орқали Сизнинг кўнглингиз, асабларингиз шу воқеадан «безор бўлади», «чарчайди» ва Сиз уни унута бошлайсиз. Агар унутиш бари бир қийин бўлса, суҳбатни яна қайтаринг.
Қўрқиш, рашк балоси, хафа бўлиш, қаҳр-ғазаб ва аламлар юз берганида ҳам шу усулни қўлланг. Бу ҳолатда Сизни хафа қилган, алам ўтказган одам билан хаёлан суҳбат қуриш ва унга нисбатан қалбингизда жўш урган барча хафачилик ва аламларни тўкиб солиш орқали шу ортиқча нохушликлардан қутуласиз-қўясиз. Суҳбат вақтида овоз чиқариб ёки пичирлаб гапириш яхши натижа беради. Кўнглингиздаги барча гапларни айтиб бўлиб, энди у одамдан «эшитинг». У ҳам Сизга нисбатан ўз фикрини «айтсин». Бу худди шахмат столининг икки томонида ҳам бир одамнинг жой алмашиб, ўзи билан ўзи ўйнаётган ҳолатига ўхшаб кетади. Ўз фикрингизни айтаётган вақтда бир жойда ўтиринг. Мухолифингизнинг Сизга нисбатан «ўз фикрини тўкиб солаётган пайтида», унинг ўтирган жойини қаерда деб тасаввур қилсангиз, ўша жойга ўтиб ўтиринг. Мабодо бировга ёрдам бераётган вақтингизда ҳам, бу ҳолатга эътибор қилинг: танишингиз ўз фикрини айтаётганида бир жойга ўтирсин, бошқанинг фикрини баён этаётганида, жойини алмаштирсин. Суҳбатни то кўнглингиз бўшамагунича давом эттираверинг. Ўша вақтнинг ўзида енгиллик сезмасангиз ҳам, бари бир маълум вақтдан кейин кўнглингиз бўшайди. Фақат бу усулни чала бажарманг, «суҳбат» ярмида чала қолмасин.
Бундан ташқари, асабий таранглик оқибатида ҳиссиётли ҳолатлардан ташқари, айримларда психосоматик оғриқлар ҳам юз беради. Бизга кўпинча ҳамроҳ бўлиб юрадиган оғриқлар руҳий сабаблар оқибатида келиб чиқади. Уларнинг давоси дори-дармонлар эмас, балки тинчлантирувчи ва руҳий ёрдам бўлади.
Психосоматик оғриқ аломатлари:
– чўзилувчан ва бўғиқ оғриқ;
– давомий оғриқлар;
– руҳий эзилишлар вақтида вужудга келувчи;
– антидепрессантлар қабул қилинса, йўқолувчи.
Бунинг давоси бор:
1. Хаёлан ўз танангизни кўздан кечиринг, энг қаттиқ оғриётган майдонни топинг, айрим мушаклар ва мушаклар гуруҳини аниқланг.
2. Оғриқ жойига эътибор қилинг. Диққатингизни ўша нуқтага тўпланг. Оқибатда нохуш сезгилар пайдо бўлади, аммо Сиз тўғри йўлдасиз.
3. Агар оғриқ жуда кучли бўлмаса, уни янада кучайтиринг.
Ана шунда бирдан оғриқ йўқолади ва Сиз енгил тортасиз. Таъсир кучли бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, бари бир, оғриқдан бутунлай қутулиш учун бу усулни бир неча марта такрорланг. Ана шундагина ундан бутунлай қутуласиз.
Иккинчи усул, аввал айтиб ўтганимиздек, иккита жойдан иборат бўлади. Ўзингиз бир жойга ўтириб оласиз, иккинчи томонга, рўпарангизга ўзингизни безовта қилган ўша аъзоингизни ўтқазасиз. У билан чин дилдан суҳбат қуринг. Ундан аҳвол сўранг, Сизни қачон нима учун безовта қилишини, нима учун оғришини сўранг. Ўзингизга нисбатан қандай фикрда ва ичингизда ўзини қандай ҳис қилишини сўраб-суриштиринг. Четдан қараган одамга худди шу одам ақлдан озиб, ўзи билан ўзи гаплашаётгандай туюлса-да, бари бир, гаплашаверинг. Чунки бу усул жуда фойдали бўлиб, кўпгина «юраги касаллар» ўз юраклари билан суҳбатлашиб, ундан секинроқ, тинчроқ уришини, яхши ишлашини сўраб мурожаат қилганлар ва шу йўл билан соғайиб кетганлар. Бирор аъзо касалланса, шу аъзо соҳиби уни савқи табиий (интуитив) тарзда топиб олади. Бу аъзо билан чин дилдан «суҳбат қуриш ва ўзингизни безовта қилмасликни ундан сўраш»ни амалга ошириш энди ўз қўлингизда. Бу усулларни қўллашдан эринсангиз, асаб бузилганида, асабий тарангликлар рўй берганида, ўша оғриқли жойни ҳеч бўлмаса қўлингиз, бармоғингиз билан босиб, ушлаб туринг, ўзи ўтиб кетади.
Асаб бузилиши, уйқусизлик балосининг давоси сифатида аутотренинг машқларини қўллашни кўпчилик аллақачон ўрганиб олган. Бу усулни қўллашнинг қийин томони шуки, кутилган натижага эришиш учун уни узоқ вақт мобайнида ўрганиш керак бўлади. Замонавий тиббиёт эринчоқларга қўл келадиган усул—тимсолли гипноз орқали бўшашиш усулини таклиф қилмоқда. Бу усул ҳар қандай оғриқли вазиятда ҳам, оғир вазиятда ҳам жуда тез бўшашишга имкон беради. Ёмон оқибатлари ҳам йўқ.
Биринчи машқ: обдан бўшашиш учун ўнғай ўтириб олинг ёки ётинг.
Иккинчи машқ: шундай бўшашиш ҳолатида қанча қолишни истасангиз ва бундан мақсадингиз нима эканлиги ҳақида ўзингизга буйруқ беринг. «Мен шу ҳолатда 10 дақиқа қолмоқчиман ва кечаси соат 11 да ухлайман». Ёки: «Мен раҳбаримнинг гапидан ҳаяжонланишни истамайман, уни унутаман».
Учинчи машқ: «Мен уйқудан қушдай енгил бўлиб тураман, яхши кайфият билан ишга бораман».
Тўртинчи машқ: тимсолли тасвирли гипноз. Аввал кўз очиқ бўлади, кейин ёпиқ. Тимсоллар изчиллигига эътибор қилинг.
Диққатни бир жойга тўплаш учун бирор жабҳани танланг. Аввал унинг бирор қисмига, кейин иккинчи қисмига, учинчисига қаранг, кейин диққатни товушларга қаратинг: соат чиқиллаяпти, ойна ортида машиналар гувиллаяпти, барглар шитирлаяпти. Ҳар бирини бажаришда аста-секин сезги тимсолларига ўтинг. Кийимларингиз баданингизга тегиб турипти, юзингизга енгил шабада урилаяпти, оғзингизда овқат таъмини сезаяпсиз. Босқичлар бошидан такрорланади—аввал кўз орқали, кейин эшитиш ва ниҳоят, сезиш босқичи келади. Аста-секин кўзлар юмилади ва энди бутун диққат-эътибор ички тимсолларга қаратилади. Аввал Сиз учун жуда кўнгилли бўлган воқеани тасаввур қилинг. Бултур қаерда дам олгансиз, қайси воқеалар кўнглингизни чоғ этган. Хаёлан табиатнинг гўзал, сўлим гўшаларини, қадимий, афсонавий ўлкалар, саройларни кўз олдингизга келтиринг. Сиз ўша жойларда ҳузур-ҳаловатда бўлгансиз. Ҳозир ҳам шу афсонавий масканларда юрибсиз, энг севган мусиқангиз эшитилиб турибди, энг севган гулларингизни ҳидлаяпсиз, яхши кўрган одамингизнинг қўли Сизнинг қўлингизга тегиб турибди, энг ёқтирган одамингизнинг товушини эшитаяпсиз, кўнглингиз қувончга тўлган, яхши кўрган таомингизни емоқдасиз, жонингиз ҳузур-ҳаловат топаяпти…
Ўз-ўзини тимсолли гипноз қилиш вақтида кўпчилик жуда тез ухлаб қолади. Бу қўрқинчли эмас, ёқимли дамлар тушингизда ҳам давом этаверади. Агар миядан онгга амр берилган бўлса, бу ҳолат тушда ҳам давом этаверади. Агар бу кўзбахшилик Сизга енгиллик бахш этса, уни яхшилаб ўрганиб олинг, ана шунда бу гипноз давомийлиги вақтини қисқартириб, ҳатто иш вақтида ҳам, танаффус вақтларида ҳам қўллайверсангиз бўлади.
Асабий таранглик таъсирлари. Асабий таранглик—одам ўзи учун фавқулодда хавфли, деб қабул қилган вазиятга тушиб қолиши натижасида юз берадиган вужуд ҳолатидир. Бунда одам фақат хавфли, деб қабул қилган хавф ҳақида гап кетаяпти, бу хатар ҳақиқийми ёки шунчаки тасаввур қилиниш оқибатими, бунинг фарқи йўқ. Бу ўзгаришлар кўлами одамнинг бу вазиятни қанчалик даражада жиддий қабул қилиши ва унга қаршилик кўрсата олишига қурби етади, деб ўйлашига боғлиқ бўлади.
Одам қанчалик кучли даражада хавфсираса, асабий таранглик таъсирлари шунчалик шиддатли бўлади. Асабий таранглик таъсирлари баъзида ижобий ўрин ҳам тутади. У организмни кучлироқ фаолият кўрсатишга ва тирик қолишга ҳаракат қилишга ундайди. Инсон баъзида қочиб қолади, баъзан қаршилик кўрсатади. Асабий таранглик вақтида қон босими кўтарилади, ҳаво алмашинуви кучаяди, юрак уриши мароми тезлашади, кислородга талаб кучаяди, суяк мушакларига кўп миқдорда қон оқиб келади, тер кўп ажралади, мушак тонуси ошади. Бу ижобий томонларнинг ўзига яраша қайта алоқаси ҳам бор. Агар одам доимий равишда бунақа асабий таранглик ҳолатларини бошидан кечираверса, бу ҳолат узоқ давом этса, бунақа физиологик ўзгаришлар одамнинг касалликларга бўлган қаршилик кўрсатиш кучини заифлаштиради ва танасининг ўз-ўзини даволаш тузилмалари самарадорлигини пасайтиради.
Асабий тарангликдан сақланиш воситалари. Асаб бузилишларининг пайдо бўлишига энг асосий сабаб – асабий тарангликлар ҳисобланади. Асабий таранглик нима ўзи? Вужуднинг ҳар қандай кучли ташқи таъсирларга жавобан юзага келадиган ўзига хос таъсироти «стресс» атамаси билан ифодаланади. Асабий тарангликлар вужуднинг ҳимоя кучларини бутунлай ўзгартириб юборади.
Асабий таранглик ҳолатлари ҳис-ҳаяжонли ва руҳий бузилишларнинг шаклланишига олиб келади. Бу жараён эркак ва аёлларда бир хилда юз бермайди. Аёлларда асабий таранглик ҳолати эркаклардагидан кўра икки баробар кўп учрар экан. Ҳатто бу асабий таранглик ҳолатлари сурункали турга ҳам ўтиб кетар экан.
Асабий таранглик фақат асабни бузиб қолмайди, балки оғир касалликларга ҳам сабаб бўлади. Унинг натижасида қон босимининг зўрайиши касалликлари, юракнинг ишемик хасталиклари, меъда яраси ва ўн икки бармоқ ичак яраси, қандли диабет, тиреотоксикоз, мигрен ва бошқалар пайдо бўлади.
Ҳаддан зиёд толиқиш, руҳий таранглик, жиззакилик, қўрқув, кайфиятнинг тез-тез тушкунликка ва сиқилишга ўтиб туриши, хавф-хатар туйғуси, хавотирлик, йиғлоқилик, бош ва белда оғриқ қўзғалиши, уйқунинг бузилиши (ухлаш қийинлиги ёки жуда эрта уйқу қочиш) ва шунга ўхшаш ҳолларда саломатликка эътиборни қаратиш лозимлиги ва ҳатто зарурлигига эҳтиёж сезилади. Бунинг учун, энг аввало шу асабий тарангликка сабаб бўладиган ҳолларни йўқотиш зарур: зарур бўлса, ишни, иш жойини ўзгартириб, ўрганиб қолинган одатларни, ҳаёт урфини ислоҳ қилиш ва ёқимсиз ҳоллардан қутулиш йўлларини топинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, унда шу вазиятларга бўлган муносабатни оширувчи бир қатор кураш усуллари мавжуд, булар: бадантарбия билан шуғулланиш, нафас олиш машқлари, йога машқлари, аутотренинг, ходими (массаж) ва бошқалардир. Иродаси кучли инсонлар асабий тарангликка кам учрайдилар ёки бардош берадилар.
Яна қўшимча равишда, бир қанча дори-дармонлар ҳам мавжуд, улар асосан ўсимликлардан олинган дорилар бўлиб, асабни тинчлантиради, хавотирлик, қўрқув ва асабийлашиш туйғуларига барҳам беради. Аммо ҳар қандай зарарсиз ҳисобланган дорини ҳам ҳаким тавсияси асосида қўллаган маъқул.
Даволанишнинг қай бир усулидан фойдаланманг, қандай дори-дармонларни қўлламанг, ҳаётнинг ҳар бир зарбасига, ҳар бир кўнгилсизликларига донишмандона муносабатда бўлинг, ҳар бир тўсиқдан ўзингизга даҳшатли фожеани тасаввур қилманг, бу дунёда яхши нарса ҳам, ёмон нарса ҳам учрайди, аммо ҳамма нарса ўткинчидир, ҳаммаси ўтиб кетади.
Асаб торлари таранглашганда… Кўнгли нотинч, асаби бузуқ одам овқат еганда ҳамма кўнгилсиз ҳодисаларни унутиб юбориши керак, акс ҳолда, у овқатни эмас, балки овқат уни ейди. Меъда ярасининг сабаби ейилган овқат эмас, балки шу овқатнинг «одамни ейиши» бўлади.
Агар беморлар юракларини ўртаб ётган ғам-кулфатни бутунлай унутиб юборсалар, ўз дардларидан дори-дармонсиз ҳам қутулган бўлардилар. Ҳолбуки, психосоматик касалликлар миқдори борган сари ошиб бормоқда. Одамлар касал бўлганлари заҳоти ҳакимга бориб, дори-дармонлар қабул қиладилар ёки экстрасенсларга югурадилар. Ваҳоланки, ўз дардларига ўзлари ҳам даво топа олишлари мумкинлиги хаёлларига ҳам келмайди. Ахир, ҳамма касалликлар сабаби аввало ўзимизда, ўзимизнинг асабларимиз ва кайфиятларимизга боғлиқ бўлади.
Ҳиссиётли таранглик мушакларга тарқалади ва бош оғриғи, остеохондроз, артрозларни келтириб чиқаради. Кўз ёшлари билан қўшилиб чиқиб кетмаган кулфат диққинафасликка олиб боради. Доимий ғазабланиб, аччиқланиб юриш меъдага таъсир қилади, хавф-хатар юрак уриши маромини бузади, кўнгилга ёқмайдиган одамлар билан доимий муомалада бўлишга мажбурлик сурункали бурун битишига олиб келади, ўз кўнглидаги ишларни қилиш имконияти йўқлиги онкологик касалликларга олиб келади. Меҳр-муҳаббатга, эркаланишларга ташна бўлган кўнгил ўз ниятига етолмаса, аламлар терида намоён бўлади.
Бунақа руҳий ва жисмоний азоблардан қутулишнинг бир йўли бор, бу—кўнгилсиз ҳодисаларни умуман эсдан чиқариб юбориш ва ижобий ҳодисаларни эслаб юришдан иборатдир. Аммо буни айтиш осон, амалда бажариш анча қийин кечади. Ҳозирги вақтда ҳаёт мароми шунчалик шиддат билан илгарилаб кетаяптики, ҳатто кўпинча кайфият нимадан тушиб кетганлиги, асабий тарангликлар нимадан келиб чиққанлиги ёки ҳаддан зиёд толиқиш сабабини англаб ҳам улгурмайди киши. Англаб етмаган салбий кайфиятлар ботиний онгда тўпланиб бораверади ва вақти келганда, руҳиятга «ҳужум қилади», уни эзиб ташлайди. Шунинг учун одам ўзини тинчлантириш, кайфиятни яхшилаш, тасаввурини ижобий томонга буриш каби машқларини ҳар дақиқада, ҳар хил усулда бажариб бориши талаб қилинади. Энг яхши усул, ҳамма ёмон кайфиятларни, ғанимларни эсдан чиқаришдир, Эркин Воҳидов айтганидек:
Дўстим, хотирангдан қилма шикоят,
Ёддан чиқармоқлик ҳам яхши одат,
Ёддан чиқармоқлик ҳам бир саодат,
Унутмаслик дарди оғир ниҳоят!
Вақтида унутсанг ором топар жон,
Қалб кўтариб юрмас оғир жафони,
Мана мен йилларки, куяман ҳамон,
Ёддан чиқаролмай бир бевафони.
Маслаҳатимиз: ушбу шеърни ёд олинг ва унга доимо амал қилинг! Эсдан чиқариш фақат «бевафолар»га эмас, ҳамма кўнгилсиз нарсалар ва ҳодисаларга тааллуқлидир.
АҚЛЛИЛИК БАЛОСИ
Асабий таранглик бутун инсоният оламини қамраб олган. Буни илк бора канадалик олим Ганс Селье 1936 йилда қўллади. У ана шу техникага оид бўлган «босим» ва «тазйиқ», «исканжага олиш», деган маънони билдирувчи бу атамани моддалар қаршилиги ҳақидаги фандан олиб қўллади. Олим тинмай ривожланаётган тараққиёт даврида энг кўп тарқалган хасталикни «стресс», деб атади ва унинг келиб чиқишини аниқлаб берди. Олимнинг фикрича, асабий тарангликнинг икки хил тавсифи бор экан.
Биринчи тавсиф—илмий доираларга тегишли экан: «Стресс—биологик тизимда ўзига хос бўлмаган ўзгаришларни қамраб олувчи, ўзига хос синдром орқали намоён бўладиган ҳолатдир». Бу ифода сал мураккаб бўлса-да, бу жараёнда инсоният саломатлиги остига қўйилган соат тузилмали бомба борлиги сезилиб турибди.
Иккинчиси эса, сал умид бахш этувчи бўлиб, худди биринчисини рад этаётгандек туюлади. «Стресс – бу ҳаёт лаззати ва мушк-анбаридир». Ҳақиқатан ҳам ҳамма ҳиссиётлар ва кечинмалар асабий таранглик билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Психотерапевтлар бу ҳолатни «Стендал синдроми» номи билан атаганлар.
Стендал 1817 йилда, Флоренция музейларидан бирида Уйғониш даври тасвирий асарларини кўриб чиқаётган пайтида, бу ҳисни бошидан кечирган эди. Таассуроти шундай кучли эдики, у шу ернинг ўзида ҳушидан кетиб йиқилди. Бунақа ҳодисалар содир бўлиб тургани учун туризм бошқармаси бунақа асабий таранглик табиатини ўрганишга бир неча ўнлаб миллион долларни ажратди.
Бу ҳолат ҳаммада ҳам юз беравермайди, ҳар бир томошабин ҳам гўзаллик олдида ҳушидан кетиб, йиқилмайди. Биз, гўзал қизни ойнаижаҳонда кўриб қолиб ёки қизнинг юзидаги парда кўтарилиб кетган пайтида уни кўриб қолиб, ҳушидан кетган йигитлар ҳақидаги достон ва эртакларни кўп эшитганмиз, аммо гўзал санъат олдида ҳушини йўқотиш ҳақида кам нарса биламиз.
Бир неча йил аввал Санкт-Петербургдаги Эрмитажда «Иван Грозний ўз ўғлини ўлдирмоқда», деб номланган картинани томоша қилиб, азбаройи таъсирланиб кетганидан, Иван Грознийнинг кўзини пичоқ билан дабдала қилиб ташлаган Максим Балашов деган йигит ҳақида рўзномалар шовшув кўтаришиб, уни салкам жиннига чиқариб қўйишганди. Балки М. Балашовни бу ишда қоралаб бўлмас, балки у санъат олдида, мусаввир санъати олдида лол қолганидан шу ишга қўл ургандир. Балки у санъатни бошқалардан кўра теран ҳис этар. Бунинг учун қалб жуда нозик бўлиши керакдир? Унда, гўзаллик мусобақаси ғолибасининг юзига кислота сепиб юбориш ёки жуда машҳур одамларни, санъаткорларни маҳв этишга уринишларни, «фанат»ларнинг ўз «кумирлари» орқасидан нариги дунёга ҳам кетишдан тоймайдиганларини қандай тушунмоқ керак?
Олимларнинг фикрича, салбий ҳис-туйғулардан кўра, ижобий ҳис-туйғулар асабни камроқ қўзғатар экан. Аммо баъзилари қувончнинг ҳаддан зиёдалигидан ҳушдан кетадилар, кутилмаган бахтдан ўлиб қоладилар.
Француз комедианти Пьер Огюстен Бомарше отасига ўзининг «Севиля сартароши» асарини ўқиб берар экан, бундан тўлқинланиб кетган ота ўша ернинг ўзида жон таслим қилди. Бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Раж Капур ўз мамлакатининг энг олий даражадаги кинематография мукофотини Ҳиндистон президенти қўлидан олиш вақтида ҳушидан кетиб қолди ва орадан кўп ўтмай дунёдан ўтди. Ёки ўзимиздан мисол келтирсак, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилиб юрган ўғлидан қорахат олган она мотам тутиб юрганида, кутилмаганда дарвозадан соппа-соғ кириб келган ўғлини бир марта бағрига босиб, ўша ернинг ўзида жон таслим қилгани ҳақида эшитганмиз. Бу ҳолларнинг ҳаммасида инсон умрига завол бўлган қотил – асабий таранглик сабабчиси – адреналиндир. У қонда босимни шунчалик кескин кўтариб юборадики, босимга қон томири деворлари дош беролмай, ёрилиб кетади…
Худога шукрки, ҳар кунги асабий тарангликлар бизда бу даражада кучли ҳиссиёт уйғотмайди.
Кейинги ўн йилликларда бу ҳолат бизга шунчалик ҳамроҳ бўлиб қолдики, мутахассислар бу асаб қўзғалишларига оддий ҳол сифатида қарашга ўрганиб қолганлар ва энди уни касаллик деб ҳисобламай қўйганлар. Уларнинг айтишларича: «Асабий тарангликларни бошдан кечириш жуда оддий ҳол. Ундан қутулишнинг йўли – одамзод қадам босмаган бирор оролга бош олиб кетиш ёки беҳуш бўлиб ётишдир».
Ёки яна бир учинчи йўли: «Қанақалигидан қатъи назар, бирор-бир эҳромнинг устига ёки бошқа баланд жойга жойлашиб олинг, у фақат баланд бўлсин, таги мустаҳкам бўлсин. У ерда ўйин-кулги йўқ, аммо ташвиш ҳам йўқ. Сиз у ерда ёлғизсиз, аммо тинчсиз, ҳеч ким билан тортишмайсиз».
Аммо ҳаммани ёппасига эҳром тепасига чиқишга даъват қилишга ҳожат йўқ. Инсон ўз бошидан кечираётган асабий тарангликларни камайтириши мумкин. Асабий тарангликлар одамга ички имкониятларини ишга солиш, куч-қувватини сафарбар қилиб, ҳамма ишларига муваффақиятли ечим топишга, истакларини амалга оширишга ундаб турар экан, ёлғизликка интилишга ҳам эрта. Бундай асабий таранглик ижобий бўлиб, унинг таъсири остида спортчилар жаҳон рекордини ўрнатадилар, махфий айғоқчилар террорчиларни ушлайдилар, талабалар имтиҳонлардан яхши ўтадилар. Мутахассисларнинг фикрича, стрессиз тараққиёт ҳам йўқ экан. Асаб таранглашганида ҳакимлар вужуд аъзоларини бўшаштириб, тинчлантириб, асабий тарангликнинг олдини олишга давъат этадилар. Аммо доимий бўшашиш ҳолатида юриб бўлмайди, бўшашиш ҳолатининг узлуксиз бўлиши асабий тарангликдан ҳам даҳшатли бўлади! Биз кечқурунлари роҳат-фароғат оғушида уйқуга кетар эканмиз, тақдир ана шу роҳат вақтида бизга энг машъум зарбаларини тайёрлаб қўйишини баъзан билмай қоламиз…
Аммо доимо «энг юқори пардада» ҳам юриб бўлмайди. Унинг узоқ давом этиши ҳам хавфли. «Яхши» асабий тарангликни «ёмон» асабий тарангликдан ажратувчи чегарани босиб ўтишингизни «ёмон» асабий тарангликнинг ажралмас йўлдоши—руҳий азобланиш бошланганидан билиб оласиз. Руҳий азобланиш ҳолати шундайки, бирор арзимас ҳодиса юз бериб қолса, инсоннинг бутун ҳаёти худди шу ҳодисага боғлиқ бўлиб қолгандек, шу ҳодиса туфайли ҳаётнинг маъниси қолмагандек туюлади. Не умидлар билан тайёрланган лойиҳангиз бир дақиқада кераксиз қоғоз уюмига айланиб қолади, илмий ишларингиз бир оғиз сўз билан чиппакка чиқади, кимлардир маломат тошларини отишади, орқангиздан ғийбат ва туҳматлар қилишади, энг севган, ишонган кишингиз ёки дўстингиз хиёнат қилади, яқинларингизнинг Сизга бўлган муносабатлари ёмон томонга ўзгаради, ҳеч кимни кўргингиз, ҳеч қаёққа чиққингиз келмай қолади, ҳамма нарсадан тўйиб кетасиз… Ўзингиз билган, ҳакимлар тавсия қилган дори-дармонларни қабул қилишни бошлайсиз. Қалб туғёнини, вужудингиз фарёдини дорилар билан бўғиб ташлайсиз ёки бўғиб ташламоқчи бўласиз. Ҳакимлар фақат дори ёзиб беради. Шу дорилар балки ичингиздан тошиб келаётган ҳайқириқни бўғди ҳам дейлик. Аммо бу вақтинчага, то навбатдаги асабий тарангликкача давом этади. Асаб тарангликлари оша боргани сари, вужудда заиф жойлар ва аъзолар ҳам кўпая боради. Асабий тарангликлар Сизнинг эсингиздан чиқиб кетган бўлса ҳам, танангиз уни «унутмайди», у ҳар қандай сабаб ва баҳона топилишини кутади, холос. Баҳона топилди дегунча, асабий тарангликлардан қутулиб қолишга ҳаракат қилади. Бу вулқон отилишига ўхшаб кетади. Бундан қутулишнинг энг яхши ва осон йўли—унга қарши курашиш бўлади. Тезда кураш бошланмас экан, асабий тарангликлар одамнинг иродасини букади, ҳаёт гўзаллигини сезишдан маҳрум қилади, аъзоларини бирин-кетин ишдан чиқариб, бутун вужудни ўзига қул қилиб қўяди.
Қалб туғён урганда… Ҳис-ҳаяжонга тушган одамнинг ички муҳитида ҳақиқий нейроэндокрин бўрони юз бермоқда: асаб системасининг қўриқчиси бўлган гипоталамус гипофизга биокимёвий аломат—кортиколиберин гормонини юборади, бу билан уни кучли равишда адренокортикотроп гормонларини (АКТГ) ишлаб чиқаришга мажбур қилади. АКТГ қон билан биргаликда буйракусти бези пўстлоғига келиб тушади ва у ерда, вужудни асабий тарангликлардан ҳимоя қилувчи кортикостероидларнинг пайдо бўлишини рағбатлантиради. Айни пайтда буйракусти безларининг мия моддаларида «хавф-хатар гормонлари»—адреналин ва норадреналин зўр бериб ишлаб чиқарилади. Улар бизни қарши ҳаракат қилишга чоғлантиради —ё ҳужумга ўтилади ёки қочиб қолинади, яъни уларнинг таъсири остида юрак тез-тез ура бошлайди, мушак тонуси ва қонда қанд миқдори ошади, қон томирлари тораяди, қонни қуюқлаштиради ва унинг ивиш хусусияти (томирда қоннинг қуюқлашиши хусусияти)ни оширади, агар ғаним бизни жароҳатлантирса, қоннинг ивиши кўп қон йўқотишдан сақлайди.
Бу жараёнларнинг артерия қон томирлари босимини кескин кўтариб юбориш вазияти унчалик муҳим эмас. Агар биз ҳамма баҳсларни куч ишлатиш орқали ҳал қилсак, унда мушаклардаги жисмоний фаоллик оқибатида сут кислотаси ҳосил бўлади. Бу кислота қон томирларини кенгайтиради, натижада вужуд қон босимининг зўрайишидан сақланиб қолади ва юракка юк камроқ тушади.
Ҳозирги замон одамларининг бахтсизлигими ёки шўрими шундаки, улар «ҳаракатсиз стресс»ни бошидан кечиришга маҳкум. Баҳсларни ҳадеб мушт ёрдамида ҳал қилавериш ҳозирги замон одамига хос эмас. Ҳолбуки, табиатнинг ўзи шундай жиддий вазиятда вужуднинг хатарли ҳоллардан ҳимоя қилинишини кўзда тутиб, ундан халос бўлишга имкон яратиб берган. Муштлашув ёрдамида муаммоларни ҳал қилиб қўяқолиш вужудда юз берган издан чиқишларда, уни изга солишга ёрдам беради. Аммо бу сўзларни ҳар бир баҳсли ҳолларда муштларни ишга солиб, қўл жангига ўтишга даъват қилинаяпти, деб тушунилмасин. Биз бошқача йўл тутамиз.
Ўткир асабий таранглик ҳолатининг аломатлари – кучли, шовқинли нафас олиш, юрак уришининг тезлашиши, юзга қон қуйилиши (тепиши), қўл бармоқлари ва тиззаларда титроқ сезгиси, бошдан тер қуйилиши, оғиз қуриб қолгандек бўлиши, томоққа тугун тиқилиб қолгандек туюлиши, овознинг «бўғилиб қолиши», қўл-оёқнинг музлай бошлаши каби белгилари юзага келган заҳоти ўзингизни қўлга олинг: 10 гача сананг, кейин бурнингиз билан чуқур нафас олинг, нафасни ушлаб туринг ва яна бурун орқали чиқаринг, бутун танангиз билан керишинг, беш марта тинч нафас олинг, бир вақтнинг ўзида қорин мушакларини бўшаштиринг. Нафасни жуда чуқур олинг ва шундай жуда чуқур чиқаринг. Машқни 4 марта қайтаринг. Ҳар бир нафас даври давомида нафас олганда ҳам, чиқарганда ҳам мушак гуруҳларидан бирини бўшаштириб боринг: аввало оёқ, кейин қўл ва тананинг юқори қисми мушакларини, ундан сўнг жағ ва ниҳоят, қорин прессини бўшаштиринг.
Асабий тарангликка қарши коктейллардан фойдаланинг: бир ош қошиқ қуритилган мармарак барглари устидан бир стакан совуқ сут қуйинг, қайнагач, 10 дақиқа давомида паст оловда тутиб туринг, докадан ўтказинг ва яна қайнатиб, сал совигач дарҳол ичинг. Ёки бир чой қошиқ оддий ялпиз, мойчечак ёки лимонўтни бир пиёла қайноқ сувга чойдек дамлаб ичсангиз ҳам бўлади.
Бақбақанинг ички қисми марказини, шунингдек, билак-тирсак бурмаларидан уч бармоқ юқоридаги билакнинг ички томон сирти марказидаги антистресс нуқталарини шаҳодат бармоқ билан айлана-доира ҳолатида ходими(массаж) қилинг (соат миллари бўйлаб 9 марта айлантирасиз ва унинг тескари томони бўйлаб 3—4 дақиқа давомида уқалайсиз). Ўрта бармоқларни босинг, сиқинг ва бир оз тортиб қўйинг, ҳар қўлни 2—3 дақиқадан уқаланг, бу қон босими ва юрак фаолиятини асли ҳолига қайтаради.
Асабий таранглик юз бергани заҳотиёқ ундан қочинг. 20 дақиқа давомида тез-тез юриш, секин, лўкиллаб чопиш ҳам эндокрин тизими фаолиятини яхшилайди ва бузилган асабларни тинчлантиради. Иложи бўлса, табиат қўйнига саёҳатга чиқинг, дарёларда чўмилинг, эшкак эшинг, Чимёнга чиқиб чанғида учинг, хуллас кўнгилни нима шод этса, шуни қилинг.
Асабий таранглик юз беришини олдиндан тусмоллаб қўйинг ва уни тўлиқ қуролланган ҳолда кутиб туринг. Агар нохуш учрашув кутилаётган бўлса, сал олдинроқ (бир соатча олдин) 15—20 томчи валокордин, корвалол, новопассит ёки арслонқуйруқ дамламасидан ичиб олинг. У ҳам тинчлантиради, ҳам қон босимини пасайтиради.
Агар хизмат жойида низо юз берса ва уйга кетишга ҳали вақт бўлса, унда у столга қапишиб қолманг. У ёқ-бу ёққа юринг, машқ қилинг, бошқа қаватларга чиқиб-тушинг. Уйда эса, у ёқ-бу ёқни йиғиштиринг, аввалдан қолиб кетган кирларни ювиб қўйинг, қўлингиз тегмай ётган ишларингизни битириб олинг.
Ёки атрофга қаранг, кўзингиз тушган нарса ва буюмларнинг хусусиятларини хаёлингиздан ўтказинг, ҳар ҳолда шу ҳам фикрингизни чалғитади. Осмонга боқинг, қизиқроқ китоб ёки рўзнома топиб ўқинг, аквариумдаги балиқларни томоша қилинг, ўзингизга нима ёқса, шуни бажаринг.
Кўзингизни юминг, хаёлан бир расмни чизаётганлигингизни тасаввур қилинг. Бирорта белгини ҳам чизиб кўринг, хаёлий суратлар фикрни тинчлантиради ва уни тартибга солади.
Асабларни хушбўй ҳидлар билан тинчлантиринг. Хонанинг эшик-деразаларини зичлаб беркитинг, ўзингизга энг ёққан атирми ёки гулни хонага олиб киринг ва ярим соатча уни ҳидлаб ўтиринг. Бу муолажани дастлаб ярим соат давом эттириб, кейинчалик 2—3 соатгача етказинг.
Иссиқ ванна қабул қилинг. 10 томчи эфир ёғини ваннага солиб қўйинг. Унга хушбўй ҳидли томчилар қўшинг, истаган тарафга ёнбошлаб олиб, елка ва бўйнингизни ишқалаб, массаж қилинг. Уйдан ташқарида юрганда дастрўмолчангизга атир сепиб юринг ва уни тез-тез ҳидлаб қўйинг.
АСАБИЙ ТАРАНГЛИККА ҚАРШИ ҲИДЛАР
Руҳияти бузилган, асаблари таранглашган беморларни хушбўй ҳидлар билан даволашга уриниш қадим замонлардан буён қўлланилиб келмоқда. Райҳон, раъно каби ҳиди ўткир гиёҳларни руҳи бузила бошлаган беморлар ётган хонага киритиб қўйганлар, уларнинг кўзини қувнатадиган воситалар—чиройли очилган гуллар, каштанлар уй ичига илиб қўйилган. Уларнинг таомига ҳам гиёҳлар кўп қўшилган. Айниқса, ароматерапия, ҳозирги вақтда бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. Асабни тинчлантирувчи хушбўй гиёҳлар бизнинг ўлкамизда мўл-кўл, фақат уни топиб фойдаланилса, бўлди.
Салбий ҳис-туйғулар ҳаддан ошиб кетганини сезсангиз райҳон, хушбўй ноклар, ёронгул, долчин, сарв дарахтларининг барги ва гулларини топиб ҳидланг, хонангизга осиб қўйинг.
Қаттиқ чарчаганингизни сезсангиз пўртахол (апельсин), ёронгул, туринж (лимон), қораарча, ялпиз ҳидланг.
Бош оғриғи, асаб толиқишидарайҳон, қалампирмунчоқ (чиннигул), туринж, ялпиз ҳидланг, уларга қараб ўтиринг.
Уйқусизликдарайҳон, ёсумангули, арпабодиён, долчинни ҳидланг.
Ақлий толиқишдарайҳон, ялпиз, тизимгул, қораарча, жамбил ҳидланг.
Хотира сусайганида райҳон, қалампирмунчоқ, атиргул, хушбўй олмалар ҳидланг, таомга қўшиб тановул қилинг.
Толиқишдарайҳон, тизимгул, долчин, занжабил ҳидланади, чойга ёки таомга ҳам қўшилади.
Асаб бузилишида—арпабодиён, ванилин, тоғрайҳон, лавзей ҳидланади.
Йиғлоқиликдагрейфрут, тоғрайҳон, лаванда, сандал ҳидланг.
Ваҳимага тушган одамарпабодиён, пўртахол, атиргул ҳидласин, уларни еса ҳам бўлади.
Руҳий азобланишда пўртахол, долчин, миртагул, ялпиз, оққарағай, атиргул, мармарак ҳидлансин.
Тунда даҳшатга тушиш, қўрқувлар юз берсаарпабодиён, пўртахол, атиргул ва сандал ҳиди ҳидлансин.
Терида асабий тарангликлар оқибатида доғлар пайдо бўлсагрейфрут, лимонўт, атиргул, мойчечак ҳидлансин.
Соч тўкилишида грейфрут, занжабил, қарағай, мармарак, эвкалипт ҳидланса, фойда беради.
Қизил қон томирлари босими ошганда ёронгул, туринж, қораарча, шивит ҳидланади, дамлаб ичилади.
Юрак уриши тезлашганда (тахикардия) арпабодиён, ялпиз, лавандалар ҳидланади.
Юракда оғриқ турсаёронгул, лаванда, иланг-иланг, ялпиз, розмарин олмаси ҳидланади.
Ошқозон оғриғидаарпабодиён, ялпиз, йирик нок, тизимгул, сарв барги, райҳон, атиргул, қалампирмунчоқ, қарағай, арпабодиён ҳидланади.
Қонда қанд моддаси ошсаёронгул, грейфрут, туринж, қораарча, эвкалиптни ҳидлаш ёрдам беради.
Мушаклар тиришишидатизимгул, қалампирмунчоқ, тоғрайҳон, занжабил, долчин, ялпиз, мойчечак, розмарин ҳидланг.
Вужуднинг ҳимоя кучлари заифлашганда арпабодиён, қалампирмунчоқ, тоғрайҳон, арча шохлари, қарағай, долчин, туринж, ялпиз, норанж (мандарин), миртагул, қораарча, оққарағай, розмарин, мойчечак, тоғжамбил, эвкалипт шохлари Сизга қувват беради.
Энг қўрқоқ жонивор ҳисобланган қуённинг буйракусти безлари, асосан адреналин ишлаб чиқаради, ваҳший ҳайвонларники эса – норадреналин ишлаб чиқаради. Бунақа аломатлар одамларда ҳам учрайди. Масалан, йили шер бўлган одамда ҳиссиётли асабий таранглик пайтида кўп миқдорда норадреналин ишлаб чиқарилади. Бунақа одамлар асабий таранглик вазиятларида ўзларини жуда бардам тутадилар, ўзларини йўқотиб қўймай, дарҳол чора-тадбир кўришга киришиб кетадилар. Уларда ички имконият захираси кучли бўлади. Бунақа одамларни «Шердек юраги бор», дейишади. Бу турдаги одамлар оддий, бир маромда кечадиган ҳаётга тоқат қилолмайдилар, уларга доимо ўз кучларини сарф қиладиган вазиятлар керак бўлади. Уларга маслаҳатимиз: ҳар куни иложи борича тоза ҳавода кўпроқ юринг, далага, қишлоққа боринг, тоққа чиқинг, истироҳат боғларида аста-секин яёв юриб сайр қилинг. Ўрмонларда, сердарахт жойларда ҳаво манфий ионлар билан бой бўлади, бу ҳаво Сиздаги асаб таранглигини пасайтиради, тинчлантиради.
«Қуёнсифат» одамлар яхши ишлайдилар, яхши дам оладилар, аммо фавқулодда бир ҳолат юз бергудек бўлса, ўзларини йўқотиб қўядилар. Улар фикрларини бир жойга тўплашлари ва тетикланишлари учун уйда бир шаршара ҳосил қилишлари лозим бўлади. Бу шаршара уйдаги мусбат ионларни йўқотади. Бу мусбат ионлар одамни паришонхотир, бўшанг қилиб қўяди. Муздай сувни бор босими билан оқизиб қўйиш керак. Сув оқими қўлювгич чаноғи четларига урилиб оқаётганида, унинг яқинида, ярим метр (50 см) масофада ўтирилади. Сув зарралари бутун атрофни қоплайди, ҳаммаёққа сачрайди. Унинг олдида ўтирган одам ўзини кучли, бақувват ҳис қилади.
Вулқон одам—бу одамларда ҳамма ҳис-туйғулар бирга қўшилиб келади. Уларда хавф-хатар гормони ҳам, барқарорлик гормонлари ҳам етарлича бўлади. Улар ҳис-туйғу жиҳатдан беқарор бўладилар, воқеа-ҳодисаларга дадил жавоб қайтарадилар, кайфиятлари кескин ўзгариб туради ва улардан ҳар нарса кутиш мумкин. Агар ана шу хусусиятлар кимда бўлса, бу инсоннинг уйида доимо паст овозда ёқимли мусиқа янграб турсин. Мусиқа асаб бузилишларини бир мувозанатга солади.
ОММАВИЙ ВАҚТ ТАРАНГЛИГИ
АҚШ Саломатлик ва касбий хавфсизлик Миллий институтининг берган маълумотларига кўра, 46 фоиз америкалик иш вақтига ҳар ҳафтада 40 соат вақт сарфласа, 45 фоизи иш вақтидан ташқари ҳам кўпроқ ишлашга мажбур экан.
Америкаликлар бутун умрлари давомида юриб кетаётган поездга сакраб чиқар ва ҳали тўхтамаган поезддан сакраб тушиб қолар экан. Ҳозирги оммавий вақт танглигидан бутун олам қийналмоқда.
Эрталаб ишга шошилиш, сўнг уйга ошиқиш, уй ишларини қилиб улгуришга шошиб-пишиш сабабли одамлар етарлича ҳордиқ чиқара олмайдилар, севган ишлари билан шуғуллана олмайдилар, болалар тарбиясига ҳам вақт кам ажратилади. Иши дурустроқ бўлганлар ишидан ажралиб қолишдан қўрқиб, раҳбарига ёқиш учун кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар.
Бозор иқтисодиёти домига илинганлар қишин-ёзин чангтўзонга тўлган, ёзда тандирдек қизиб кетадиган, қишда қаҳратон совуқ бўладиган бозорларда ўтирадилар. У ердаги шовқин-сурон, бақир-чақирлар, қўпол муомалалар асабни тез орада ишдан чиқаради. Бозорда қанча кўп ўтирса, савдоси ва фойдаси кўп бўлишига ишонган «бизнесчи» дам олиш нималигини ҳам унутади.
Қадимги жамоа тузумида одамлар ўзлари учун ов қилганлар. Қулдорлик даврида уларнинг эгалари қамчи остида ишлашга мажбур қилган. Феодализм даврида очлик мажбур қилган. Эндиги даврда ҳам худди ана шу эҳтиёж, яхшироқ яшаш истаги уларни дам олмай ишлашга мажбур қилмоқда. Ишлаш мажбурияти одамларни ўз домига шунчалик қаттиқ тортганки, улар ҳатто еб-ичишдан орттирган тақдирларида ҳам қониқмайдилар. Яна ва яна ишлайверадилар. Ҳакимлар ва руҳшунослар одамлардаги хавфли бу одатни майпарастликка тенглаштирмоқдалар.
Бир журналда ҳазилми-чинми қилиб: «Меҳнат одамни маймунга айлантиради», деб ёзишган эди. Ҳар бир ҳазилнинг остида оз бўлса-да, ҳақиқат ётади. Чунки одамларнинг ҳаётида ишдан бошқа ўзига тортадиган ҳеч нарса қолмагандек. Фақат ишхонада кўпчилик ўзини енгил ҳис қилади, кўнгли ёзилади, одам қаторига қўшилгандек бўлади. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр ва чегара бўлади. Иш, меҳнат тирикчиликнинг энг асосий манбаи бўлиши билан бир қаторда, асабий тарангликнинг ҳам энг асосий ўчоғи ҳисобланади.
Хориж олимларининг аниқлашларича, ишдан энг кўп азоб чекадиганлар ва асабий тарангликка мубтало бўлгувчилар: шахтёрлар, учувчилар, полиция ходимлари, журналистлар, стоматологлар экан.
Асабий таранглик хавфи камроқ бўлган касблар: ўқитувчилик, сотувчилик, муҳандислик ва ҳисобчилик, дастурловчилик, банк хизматида банд бўлмоқлик экан.
Ишдаги асабий тарангликлар руҳонийлар, астрономлар, музей ходимлари ва кутубхоначиларда камроқ экан.
Қизиқарли ва ижодий иш одамнинг ҳаётини чўзади. Британия тиббиёт журнали муаллифлари: «Зерикарли ва аҳамияти кам бўлган ишлар одамни ўлдиради», деб ҳисоблашади.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/abdukarim-usmonhuzhaev/eng-yahshi-davo-69866803/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.