Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Arthur Conan Doyle

Артур Конан Дойл
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари

РАҚҚОС ОДАМЧАЛАР
Шерлок Холмс, ичида ниҳоятда бадбўй бир нарса биқирлаб қайнаётган шиша пробиркадан букчайганча узоқ вақт кўз узмай ўтирди. Унинг боши кўксига эгилган, шунинг учун у озиб-тўзиб кетган, ёпишқоқ патли, қора кокилли ғалати қушга ўхшаб кетарди.
– Демак, Уотсон, – деди у кутилмаганда, – сиз, жамғармангизни Жанубий Африка заёмига сарфламоқчи эмассиз?
Мен таажжубдан сесканиб тушдим. Холмснинг ғайритабиий топқирлик лаёқатига кўникиб қолган бўлсам ҳам, қандай қилиб ҳозир дабдурустдан дилимдаги гапни топганига ҳеч ақлим бовар қилмади.
– Ие, қандай билдингиз буни, азбаройи шифо? – деб сўрадим мен.
У қўлида буғланиб турган пробирка билан ўтирган ерида мен томон бурилди; топқирлигидан қаноат қилган чуқур кўзлари порлаб турарди.
– Уотсон, ҳозир сиз мутлақо гангиб қолгансиз, тўғрими? – деб сўради у.
– Тўғри.
– Шу иқрорингизни қоғозга ёздириб, тагига имзо чектиришим лозим эди сизга.
– Нима учун?
– Чунки сиз беш дақиқадан кейин, ие, бу оддийгина нарса экан-ку, дейсиз.
– Йўқ, айтмайман.
– Биласизми, азизим Уотсон… – Холмс пробиркани сепояга ўрнатиб қўйиб, худди аудиторияга кирган профессордек менга маъруза ўқий кетди. – Фикр юритилганда эришилган ҳар бир хулоса ўзидан олдинги хулосадан келиб чиқади; шу зайлда хулосалар занжирини осонгина вужудга келтириш мумкин. Агар шундан кейин занжирнинг ўрта бўғинларини олиб ташлаб, фақат биринчи ва охирги бўғинини қолдирсак, бу ҳол кишига, гарчи сохта бўлса ҳам, ҳайратомуз таъсир этади. Шунга кўра, чап қўлингизнинг бош ва кўрсаткич бармоқлари оралиғига кўзим тушган ҳамоноқ, топган-таянган сармоянгизни олтин кони учун сарфлаш ниятингиз йўқ, деган хулосага келдим.
– Ахир бу икки ҳолат ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ-ку!
– Ҳа, тўғри. Аммо алоқа борлигини сизга бир зумда исботлаб беришим мумкин. Мана ўша хулосалар занжиридан олиб ташланган ҳалқалар: биринчидан, кеча кечқурун клубдан қайтганимизда чап қўлингизнинг бош ва кўрсаткич бармоғи орасида бўр юқи бор эди; иккинчидан, сиз ҳар гал бильярд ўйнаганингизда, кий яхши сирғаниши учун қўлингизнинг шу ерига бўр сурасиз; учинчидан, фақат Сэрстон билан бильярд ўйнайсиз; тўртинчидан, бундан бир ой бурун, Сэрстон менга Жанубий Африка заёмини шерикликда сотиб олишни таклиф қиляпти, у бир ойдан кейин сотила бошлар экан, деб айтган эдингиз; бешинчидан, чек дафтарчангиз ёзув столим ғаладонида қулфлоғлиқ турипти ва сиз ҳанузгача мендан калит сўрамадингиз; олтинчидан, бинобарин, сиз Жанубий Африка заёми учун пул сарфламоқчи эмассиз.
– О, оппа-осон экан-у! – дедим мен.
– Бўлмасам-чи, – деди у хиёл ранжиб, – ҳар қандай жумбоқ ҳам тўққиз пулдек тушунтирилгандан кейин осон бўлиб кўринади-да. Мана сизга ҳали ечилмаган янги жумбоқ. Кўрамиз, дўстим Уотсон, уни еча олармикинсиз.
У столда ётган бир варақ қоғозни олиб менга узатди ва ўзи яна кимёвий тажриба билан шуғуллана бошлади.
Мен қоғозга чизилган аллақандай маънисиз белгиларни кўриб ҳайрон қолдим.
– Кечирасиз, Холмс, ахир бу гўдак чизган расмлар-ку! – дедим мен.
– Сиз шундай деб ўйлайсизми?
– Бўлмаса, нима бўлиши мумкин?
– Норфолкдаги Ридлинг-Торп-Мэнорда яшовчи мистер Хилтон Кьюбитт ҳам бунинг нималигини билишни истайди. Бу кичкина ребусни бизга шу одам эрталабки почта билан юборипти, ўзи эса изма-из поездда йўлга чиққан. Ана, эшитяпсизми, Уотсон, қўнғироқ жиринглади. Бу ўша бўлиши керак.
Зинадан вазмин оёқ товуши эшитилди, бир дақиқа ўтар-ўтмас баланд бўйли, соқол-мўйлови силлиқ қилиб олинган, икки юзи анордек қипқизил бир жентльмен хонага кирди. Чақмоқдек кўзлари ва гул-гул яшнаган чеҳрасидан унинг туманли Бейкер-стритдан олисда яшаши кўриниб турарди. Ҳозир у гўё хонамизга шарқий соҳилнинг шиддатли ва соф нафасини ўзи билан олиб киргандек туюлди. У биз билан қўл сиқишиб, энди курсига ўтирмоқчи бўлган эди, бирдан кўзи ҳозиргина мен кўриб, стол устига қўйган аломат белгилар чизилган қоғозга тушди.
– Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз, мистер Холмс? – деди у. – Менга сизнинг ҳар хил сирли воқеаларга қизиқишингизни айтишувди, бунақа аломат нарсани учратмаган бўлсангиз керак деб ўйлаб, етиб келгунимча бош қотириб кўрарсиз деган умидда почта орқали юбордим.
– Ҳақиқатан ҳам бу ниҳоятда қизиқарли сурат, – деди Холмс. – Биринчи қараганда уни болалар эрмаги деб ўйлаш мумкин. Очиғи, рақс тушаётган бу жажжи одамчаларни болалардан бошқа ким ҳам чизиши мумкин? Хўш, ўзингиз нега бунчалик эътибор бердингиз бу арзимаган нарсага?
– Мен-ку эътибор бермасдим-а, агар хотиним эътибор бермаганида. У буни кўриб қаттиқ қўрқиб кетди. Ўзи ҳеч нима демаяпти-ю, лекин кўзларида даҳшат кўряпман. Мана шунинг учун ҳам, қўрқувнинг сабабини билмоқчи бўлдим.
Холмс қоғозни қўлига олди, қуёш нури қоғоз бетини ёритди. Бу ён дафтардан йиртиб олинган варақ эди. Унга қалам билан жажжи одамчалар сурати чизилган эди. Мана улар:


Холмс қоғозга диққат билан тикилди, сўнг уни авайлаб буклади-да, ҳамёнига солиб қўйди.
– Бу кўп қизиқарли ва ажойиб нарса бўлиши керак, – деди у. – Сиз, мистер Хилтон Кьюбитт, менга ёзган хатингизда юз берган воқеани қисман баён қилган эдингиз, лекин агар илтифот кўрсатиб, ҳикоянгизни дўстим доктор Уотсон учун такрор сўзлаб берсангиз, мени беҳад хурсанд қилган бўлардингиз.
– Мен гапга нўноқман, – деди меҳмонимиз каттакон ва бақувват кафтларини асабдан гоҳ ёзиб, гоҳ мушт тугаркан. – Агар баёнимда бирон нарса тушунарли бўлмаса, илтимос, савол беринглар. Ҳикоямни ўтган йили уйланганимдан бошлайман… Лекин олдиндан шуни айтиб қўйишим керакки, гарчи ўзим бадавлат одам бўлмасам ҳам, аждодларимиз Ридлинг-Торпда беш асрдан бери яшаб келади ва бутун Норфолк графлигида энг машҳур зотлар деб ҳисобланади. Ўтган йили мен байрамда Лондонга келиб Рассел боғидаги меҳмонхонага жойлашгандим, чунки бутхонамиз руҳонийси ҳазрат Паркер ҳам шу ердан хона олган эди. Бу меҳмонхонада америкалик ёш бир хоним яшарди, унинг исми шарифи Патрик, Илсио Патрик эди. Биз у билан бир зумда дўстлашиб олдик. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, мен уни чин юракдан севиб қолдим. Кейин ими-жимида никоҳ ўқитдикда, иккаламиз менинг уйимга, Норфолкка жўнаб кетдик.
Нуфузли кўҳна авлод намояндаси бўлган мендек одамнинг нотаниш бир аёлга уйлана туриб, унинг ўтмишини ҳам, ота-онасини ҳам сўраб-суриштирмаслиги сизга жуда ғалати туюлган бўлса керак, мистер Холмс? Лекин сиз агар хотинимни кўрганингизда, унга уйланишим сабабини осонгина тушунган бўлардингиз. У, яъни хотиним Илси мен билан рўй-рост, самимий гаплашди, ихтиёримни ўзимга бериб, агар хоҳласам унга уйланмаслигим мумкинлигини айтди. «Илгари ҳаётимда ниҳоятда кўнгилсиз учрашувлар бўлган, – деди у, – мен уларни унутишни истайман. Ўтмишимни хотирламоқчи эмасман, чунки у хотиралар мени қаттиқ изтиробга солади. Агар менга уйланишни хоҳласангиз, Хилтон, ўз ихтиёри билан иснодга қолдирадиган ҳеч қандай иш қилмаган аёлга уйланасиз, аммо менга тўла ишонишингиз ҳамда шу пайтгача кечирган ҳаётим ҳақида оғиз очмаслигимга имкон беришингиз лозим. Мабодо, бу шартим сизга оғир ботадиган бўлса, майли, уйингизга – Норфолкка қайтинг, мен ҳам яна боягибоягидек сўққабош ҳаёт кечираверай».
Бу гапни у тўйимиздан бир кун олдин айтган эди. Унга, хоҳишинг мен учун қонун, деб айтдим, сўзимнинг устидан чиқдим ҳам. Мана, бир йилдирки эр-хотинмиз, биз жуда бахтиёр ҳаёт кечирдик. Лекин бундан бир ой бурун, июнь ойининг охирида тепамизга бостириб келаётган фалокатнинг биринчи белгилари кўринди. Хотиним Америкадан хат олди – конвертга Америка маркаси ёпиштирилган эди. Илси хатни кўрди-ю, мурдадек оқариб кетди, ўқиб чиқиб, каминдаги оловга ташлади. Шундан кейин, хат ҳақида у бир марта ҳам оғиз очмади, мен ҳам ҳеч нима сўрамадим, чунки суриштирмасликка сўз берган эдим. Аммо хотиним ўша дақиқадан бошлаб бутунлай тинчини йўқотди. Ҳозир у муттасил ҳаяжонда, назаримда, қандайдир фалокат юз беришини кутаётгандай. Ундан кўра юрагини менга ёзса яхши бўларди-я. Ана унда қанчалик вафодор эр эканлигимни билган бўларди. Гап шундаки, мистер Холмс, Илсийим ҳеч алдай олмайди, унинг ўтмиши қанчалик зулматга чулғанган бўлмасин, барибир, унда заррача ҳам гуноҳ йўқ. Мен норфолклик камтарин бир заминдорман. Аммо ўз авлодимиз номини пок сақлашда бутун Англияда менга тенг келадиган одам йўқ, десам ҳам бўлади. Илси буни билади, тўйимиздан олдин ҳам биларди. Шунинг учун, агар бу никоҳ шаънимга заррача доғ туширадиган бўлса, менга сира ҳам турмушга чиқмаган бўларди.
Энди турмушимизда содир бўлган ажабтовур воқеани сўзлай. Тахминан бир ҳафтача бурун, сешанба куни эди шекилли, мен деразалардан бирининг рафида бояги қоғозда чизилган одамчаларга ўхшаган расмларни кўриб қолдим. Раққос одамчаларнинг сурати бўр билан чизилган эди. Мен, буни отхонамда ишлайдиган бола чизган бўлса керак, деб ўйладим, лекин у, ҳеч нимани билмайман, деб онт ичди. Одамчаларнинг сурати кечаси пайдо бўлган эди. Мен уни ювиб ташладим, кейин, Илси билан ўтирганимда тасодифан бу ҳақда гапирган эдим, хотиним бу гапни кўнглига яқин олиб, мени жуда ҳайрон қолдирди ва агар шунақа одамчалар суратини яна учратсангиз, менга кўрсатинг, деб илтимос қилди. Шу ўтган ҳафта ичида одамчалар суратини бошқа учратмадим, лекин кеча, эрталаб боғимиздаги қуёш соати устида ҳалиги қоғозни кўриб қолдим. Уни Илсига кўрсатган эдим, қоғозни кўриб ҳушидан кетди. Шундан бери хотиним паришон бўлиб қолди, кўзларида ҳамиша даҳшат кўраман. Шунинг учун ҳам сизга хат ёзиб, ҳалиги варақни илова қилиб юборган эдим, мистер Холмс. Полицияга мурожаат эта олмасдим, чунки у ерда албатта мазах қилиб кулишган бўларди, лекин сиз менга йўл-йўриқ кўрсатишингиз мумкин. Мен бадавлат одам эмасман, аммо агар хотинимга бирор фалокат таҳдид солаётган бўлса, уни ҳимоя қилиш учун, бутун бойлигимни охирги тийинигача сарфлашга тайёрман.
Бу кўҳна Англия фуқароси соддадил, истараси иссиқ, йирик кўзлари кўм-кўк, дили пок, қувликни билмайдиган ростгўй, ҳалол одам эди. У хотинини севар, унга ишонарди. Холмс унинг ҳикоясини зўр эътибор билан тинглади, кейин ўйга толиб узоқ вақт жим қолди.
– Мистер Кьюбитт, – деди у ниҳоят, – биринчи навбатда сиз тўғридан-тўғри хотинингизга мурожаат этсангиз-у, сирингни мендан яширма, деб илтимос қилсангиз тўғри бўлмасмиди?
Хилтон Кьюбитт каттакон бошини чайқади:
– Сўз берганман, сўзимнинг устидан чиқишим керак, мистер Холмс. Илсининг ихтиёри ўзида: хоҳласа сирини менга шундоқ ҳам айтаверади, хоҳламаса, уни мажбур қилмайман. Лекин ҳамма гапни синчковлик билан ўзим билиб олишим ҳам мумкин-ку, демак, мен ана шу ҳуқуқимдан фойдаланмоқчиман.
– Ундай бўлса, сизга бажонидил ёрдам бераман. Айтинг-чи, яқин атрофингизда биронта бегона одам пайдо бўлмадими?
– Йўқ.
– Билишимча, сиз яшаб турган жой анча овлоқ экан. Бинобарин, у ерга янги келган ҳар бир одам дарров кўзга ташланиши керак.
– Тўғри, агар атрофимиздаги қўшни қўрғонларга янги одам келган бўлса, дарҳол дарагини эшитган бўлардим. Аммо биздан сал нарироқда, соҳил бўйида қулай пляжлари бўлган қишлоқлар бор, у ердаги фермерлар дам олгани келганларга хоналарини ижарага берадилар.
– Бу антиқа одамчалар, шубҳасиз, қандайдир маънони ифодалайди. Агар бу ҳеч қандай мақсадни кўзламай эрмак учун чизилган расм бўлса, биз бу жумбоқни ҳеч қачон еча олмаймиз, борди-ю буларда қандайдир маъно кўзланган бўлса, шакшубҳасиз, унинг тагига етмай қўймайман. Лекин менга юборган қоғозингиздаги ёзув шу қадар қисқаки, ундан бирон нимани аниқлашим мушкул, айни пайтда, сиз ҳозир келтирган мавҳум далиллар ҳам бирон хулоса чиқариш учун етарли эмас. Менимча, сиз ҳозир Норфолкка қайтиб боришингиз ва атрофда бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатишингиз лозим. Агар бирон ерда ана шу раққос одамчаларни учратсангиз, уларни ниҳоятда ҳафсала билан қоғозга кўчиринг. Минг афсуски, дераза рафига бўр билан чизилган одамчаларнинг суратини кўчириб олмабсиз! Яқин атрофингизда пайдо бўлган барча нотаниш одамларнинг кимлигини сўраб-суриштиринг. Бирон янгиликни сезган заҳотингиз дарҳол ҳузуримга югуринг. Ҳозирча сизга берадиган энг яхши маслаҳатим шу, мистер Хилтон Кьюбитт. Агар зарурат туғилса, мен Норфолкдаги уйингизга ташриф қилишга доим тайёрман.
Шу учрашувдан сўнг Шерлок Холмс тез-тез чуқур хаёлга толадиган бўлиб қолди. У ўша бир варақ қоғозни ҳамёнидан олиб, ундаги аломат қиёфаларга узоқ вақт тикилиб ўтирарди. Бу ҳол икки ҳафта давом этди. Фақат шундан кейингина у яна ўша воқеа ҳақида гап очди. Отланиб энди кетмоқчи бўлиб турган эдим, бирдан Холмс:
– Уйда қолсангиз яхши бўларди, Уотсон, – деб мени тўхтатди.
– Нега?
– Негаки, бугун эрталаб Хилтон Кьюбиттдан телеграмма олдим. Бизга раққос одамчалар сурати билан мурожаат қилган Хилтон Кьюбитт эсингиздами? У Лондонга соат биру йигирмада етиб келиши керак. Ҳадемай шу ерда бўлади. Телеграммадан маълум бўлишича, жуда муҳим янгиликлар бор.
Биз Хилтонни кўп кутмадик: норфолклик заминдор поезддан туша солиб тўғри бизникига шамолдек елиб келипти. У жуда ташвишли, дилсиёҳ кўринарди. Кўзлари маъюс боқар, пешонасида ажинлар пайдо бўлган эди.
– Бу воқеа асабимни ишдан чиқарди, мистер Холмс, – деди у беҳол курсига чўкаркан. – Қандайдир мавҳум, кўринмас одамлар чор атрофдан ўраб олиб, сени тўрга илинтирмоқчи бўлаётганини ҳис этиш жуда ҳам ёмон бўларкан, бу ҳам баҳарнави-я, аммо хотинимнинг муттасил изтироб чекаётганини, кун сайин умри хазон бўлаётганини кўришга ҳеч тоқатим қолмади! Илси кўз ўнгимда ўлиб боряпти.
– Хотинингиз сизга бирон гап айтдими?
– Йўқ, мистер Холмс, ҳеч нима айтмади. Баъзи-баъзида у шўрлик менга жудаям юрагини ёзгиси келаётгандек бўлади-ю, лекин дадиллик етишмаётганини сезаман. Унга кўмаклашмоқчи бўлдим, лекин бу уринишим қўпол чиқиб, уни чўчитиб юбордим, холос. Хотиним кўпинча аждодларимнинг қанчалик қадимий эканлиги, бутун графликда бизни қанчалик эъзозлашлари, оиламиз шаънига заррача ҳам доғ тушмаганидан нақадар ғурурланишимиз ҳақида гап очади, шундай пайтларда мен ҳар гал унинг яна нималарнидир айтишга оғиз жуфтлаганини, аммо негадир гапиришга тили бормай жим бўлиб қолганини сезаман.
– Ўзингиз бирон янгилик учратдингизми?
– Кўп учратдим, мистер Холмс. Сизга бир талай янги раққос одамчаларни олиб келдим. Энг муҳими, ўзини кўрдим…
– Кимни? Расмларни чизган одамними?
– Ҳа, уни иш устида кўрдим. Лекин, ижозатингиз билан бир бошдан ҳикоя қилиб берсам…
Бу ердан қайтиб борган кунимнинг эртасига эрталаб одамчаларнинг янги суратини кўриб қолдим. Бу сафар сурат майсазор чеккасига қурилган пичанхонанинг қора тахта эшигига бўр билан чизилган эди: пичанхона уйимизнинг деразасидан яққол кўриниб туради. Мен у суратларни битта қўймай кўчириб олдим. Мана ўша одамчалар.
Хилтон ёнидан бир варақ қоғоз олиб, уни стол устига ёзиб қўйди. Қоғозда қуйидаги белгилар тасвирланган эди.


– Жуда соз! – деди Холмс. – Офарин! Давом этинг, қулоғим сизда.
– Мен бу ёзувни кўчириб олдим-да, сўнг ўчириб ташладим, лекин икки кундан кейин яна ўша эшикда янги ёзув пайдо бўлди. Мана у:


Холмс мамнуният билан қўлларини бир-бирига ишқаб, кулиб қўйди.
– Материалларга бойияпмиз, – деди у.
Уч кундан кейин қуёш соати устида қоғозга чизилган одамчаларни топиб олдим. Қоғозга тош бостириб қўйилган эди. Мана ўша қоғоз. Кўряпсизки, бу ердаги одамчалар ҳам бундан олдинги белгиларнинг ўзгинаси. Шундан кейин мен ўша рассомни пойламоқчи бўлдим. Қўлимга тўппонча олиб, кечаси соат иккиларда кабинетим деразаси олдига ўтириб олдим; бу ердан майсазор ҳам, боғ ҳам яққол кўриниб туради. Соат тунги иккилар эди, мен ой ёғдусига ғарқ бўлган боғдан кўзимни узмай ўтиргандим, бирдан орқамда оёқ товуши эшитилди, ўгирилиб тунги кийимда турган хотинимни кўрдим. У, ўрнингизга бориб ётинг, деб ёлвора бошлади. Мен бўлсам, шу аҳмоқона иш билан ким шуғулланаётганини кўрмоқчиман, деб ниятимни очиқ айтдимқўйдим. Хотиним менга, бу бемаъни бир ҳазил бўлиши керак, эътибор беришга ҳам арзимайди, деди.
«Агар шу нарса ғашингизга тегаётган бўлса, Хилтон, келинг, яхшиси, иккаламиз саёҳатга жўнайлик, унда ҳеч ким бизни безовта қилмайди», – деди.
«Нима? Қандайдир бир ҳазилкашдан қўрқиб, ўз уйимни ташлаб кетайми? – дедим мен. – Ахир бутун вилоят аҳли устимдан кулади-ку!»
«Юринг, кириб ётинг, – деди хотиним. – Бу ҳақда эрталаб гаплашамиз».
Шу пайт бирдан унинг ранги докадек оқариб кетганини тунги ой ёруғида ҳам яққол кўрдим, бармоқлари елкамни маҳкам чангаллади. Пичанхона соясида алланима ғимирлаётган эди. Муюлишда қора шарпа кўринди, у энгашганча юриб келиб, пичанхона эшиги олдига чўнқайиб ўтирди. Мен тўппончамни олиб, ташқарига отилдим, лекин хотиним қалтираб мени маҳкам қучоқлаб олди-ю, ҳовлига чиқишимга имкон бермади. Уни итариб юбормоқчи бўлдим, лекин у менга яна ҳам жон-жаҳди билан ёпишди. Ниҳоят, хотинимнинг қўлидан қутулиб, эшикни очиб, пичанхона олдига югуриб борганимда, шарпа ғойиб бўлган эди. Лекин у бекорга келмаган экан: эшикка раққос одамчаларнинг расмини чизиб кетипти. Мен бутун боғни югуриб қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим.. Лекин қизиғи шундаки, у шубҳасиз, ҳеч қаёққа кетмаган эди, чунки эрталаб пичанхона эшигида тунги чизилган одамчалар сурати тагида яна бир нечта одамчалар пайдо бўлганди.
– Сиз уларни кўчириб олдингизми?
– Ҳа. Улар тўрттагина эди. Мана улар.
У бизга яна бир варақни кўрсатди. Янги рақснинг кўриниши қуйидагича эди:


– Айтинг-чи, – деди Холмс, унинг кўзларида қаттиқ ҳаяжон акс этарди, – бу одамчалар олдинги ёзувга илова қилинганмиди ёки алоҳида ерга чизилганмиди?
– Булар эшикнинг пастки қисмига чизилган эди.
– Жуда соз! Биз учун бу ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Мен бундан таскин топдим. Марҳамат, мистер Хилтон Кьюбитт, қизиқарли ҳикоянгизни давом эттираверинг.
– Бошқа айтадиган гапим қолмади, мистер Холмс, фақат шуни илова қилишим мумкинки, анави маълум рассомни қўлга туширишимга халал бергани учун хотинимдан қаттиқ аччиқландим. У, сиздан хавотир олгандим, деб ишонтирди мени. Аввалига, хотиним мендан эмас, ўша сураткашдан хавотир олган, деб шубҳа қила бошладим, чунки у одамнинг кимлиги ҳам, аломат ёзувларнинг қандай маънони билдириши ҳам хотинимга маълумлигига заррача гумоним қолмаган эди. Лекин, мистер Холмс, хотинимнинг овози ва нигоҳи ҳар қандай шубҳани бартараф қилиш қобилиятига эга, шунинг учун энди унинг, дарҳақиқат, мендан хавотирланганига имоним комил… Бор гап шу. Энди, бундан бу ёғига нима қилишим керак, маслаҳат берсангиз. Сирасини айтсам, қишлоғимизнинг бешолтита азамат йигитини буталар орасига пистирмага қўйиб, ўша рассомнинг бир пўстагини қоқиб, хумордан чиқсам дейман, ўшанда бизни тинч қўярмиди балки.
– Менимча, бу мураккаб дардни бундай усул билан даволаб бўлмайди, – деди Холмс. – Лондонда яна қанча вақт бўласиз?
– Шу бугуноқ уйга қайтишим керак. Хотинимни кечасига ёлғиз қолдира олмайман. Уйдан чиққанимда унинг кўнгли жуда ғаш эди, тезроқ қайтиб келинг, деб илтимос қилди.
– Тўғри қиласиз. Лекин агар қолишга имконингиз бўлганида, бир-икки кундан кейин мен ҳам сиз билан бирга кетган бўлардим. Бўлмаса, бу қоғозларни менга қолдиринг. Яқин орада ўзим ҳузурингизда бўламан, ана унда, бу ишни бир оз бўлса ҳам ойдинлаштирсам керак, деб ўйлайман.
Шерлок Холмс ўз касбига кўра хотиржам эди, лекин унинг феълини жуда яхши ўрганганим учун, қаттиқ безовталанаётганини яққол кўриб турардим. Яғриндор Хилтон Кьюбитт эшикдан чиқиб кетиши билан дўстим стол олдига югуриб бориб, раққос одамчаларнинг сурати чизилган қоғозларни ёйди ва аллақандай мураккаб ҳисоблар билан шуғуллана бошлади. У икки соат муттасил бошини кўтармай қанчадан-қанча оқ қоғозларни рақамлар ва ҳарфлар билан тўлдириб ташлади. Бу машғулотга у шу қадар берилиб кетган эдики, ҳатто менинг шу ерда ўтирганимни ҳам унутиб юборгандек кўринарди. Иши юришган пайтларда у хиргойи қилиб, ҳуштак чала бошлар, лекин мушкул аҳволга тушган пайтларда, кўзлари бежо бўлиб узоқ вақт пешонасини тириштириб ўтирарди. Ниҳоят у, кўнгли таскин топгандек қийқириб юборди, ўрнидан туриб, кафтларини бир-бирига ишқалаганча хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Кейин у узундан-узун телеграмма ёзиб жўнатди.
– Агар телеграммага ўзим кўзлагандек жавоб келса, Уотсон, китобингиз яна янги бир саргузашт билан бойийди, – деди у. – Назаримда, эртага сиз билан Норфолкка жўнасак керак, у ерда биз дўстимиз бошига кўп мусибатлар солган сирни батамом фош қилсак ҳам ажаб эмас.
Очиғини айтсам, синчковлигим мени тинч қўймаётган эди-ю, лекин Холмс юз берган воқеани фақат ўзи зарур топган пайтдагина изоҳлашни яхши кўрар эди, шунга кўра, унинг кашфиётини мен билан ўртоқлашадиган пайтини бардош-ла кутардим.
Лекин телеграммага ҳадеганда жавоб келавермади: икки кунгача Холмс «тиқ» этса эшикка қараб, сабрсизлик билан хабар кутди. Биз иккинчи куни кечқурун Хилтон Кьюбиттдан мактуб олдик. Унинг хабар қилишича, хотиржамлик экан; фақат бугун эрталаб қуёш соати ўрнатилган супачада узундан-узун янги ёзув пайдо бўлипти. Ана шу ёзувнинг айнан нусхаси мактубга илова қилинган эди. Мана ўша ёзув:


Холмс энгашиб, бу антиқа одамчаларга тикилиб ўтирди-да, бирдан ҳам таажжуб, ҳам жаҳл билан «дик» этиб туриб кетди. У безовта ва ташвишли кўринарди.
– Биз бу ишни анча ўтказиб юборибмиз, – деди у. – Кечқурун Норт-Уолшемга қандай поездлар бор экан?
Жадвалга қарадим. Охирги поезд ҳозиргина жўнаб кетган эди.
– Эрталаб барвақт нонушта қилиб, биринчи поездда жўнашимизга тўғри келади, – деди Холмс. – Биз албатта у ерда бўлишимиз шарт! Ана! Мен кутган телеграмма ҳам келди. Бир зумгина кетмай туринг, миссис Хадсон, эҳтимол жавоб ёзиб юборишимга тўғри келар. Йўқ, ҳаммаси худди мен фараз қилгандай. Бу телеграммадан маълум бўлишича, мистер Хилтон Кьюбиттни энди ортиқ ғафлатда ушлаб туришга ҳаққимиз йўқ, чунки бизнинг норфолклик соддадил заминдоримиз фавқулодда хатарли аҳволга тушиб қолган.
Айнан Холмс айтгандек бўлиб чиқди. Мен аввалига тутуруқсиз, аломат кўринган бу машъум воқеанинг интиҳосини ҳикоя қилишга ўтарканман, ўша пайтда бошимдан кечирган барча ваҳима яна кўз олдимда гавдаланди. Кошкийди, китобхонларга мен, бу воқеа яхшилик билан тугади, деб айта олсам! Лекин менинг китобим – далиллардан ташкил топган аниқ солномадир, шунга кўра, бир неча кундан кейин бутун Англияда дув-дув гап бўлган Ридлинг-Торп-Мэнор қўрғонида юз берган аломат воқеалар силсиласини то нохуш якунигача бир бошдан кузатишга мажбурман.
Бир Норт-Уолшемда поезддан тушиб, қаёққа боришимизни айтишимиз биланоқ, олдимизга бекат бошлиғи югуриб келди.
– Сизлар Лондондан келган изқуварлар бўлсангиз керак-а? – деб сўради у.
Холмс унга хавотирланиб қаради.
– Нега ундай деб ўйлаяпсиз?
– Негаки, норижлик инспектор Мартин ҳозиргина бу ердан ўтиб кетди. Балки сизлар врачдирсизлар? Аёл ҳали тирик. Эҳтимол, уни ўлимдан асраб қолишга улгурарсиз ҳам… кейин дорга осиш учун.
Холмс хўмрайди.
– Биз Ридлинг-Торп-Мэнорга кетяпмиз, – деди у. – Аммо у ерда нима бўлганидан бехабармиз.
– Даҳшат! – деди бекат бошлиғи. – Уларнинг иккови: мистер Хилтон Кьюбитт ҳам, хотини ҳам отилган. Хотин олдин эрини, кейин ўзини отган. Хизматчи аёллар шундай дейишяпти. Эр ўлган, хотин чалажон ётипти. Ё тангрим, Норфолк графлигида энг қадимий авлод-а! Бу ерда уни ҳамма ҳурмат қилар эди!
Холмс бир оғиз ҳам гапирмай, сакраб файтонга чиқди, у етти милялик йўл давомида чурқ этиб оғиз очмади. Мен уни бундай нохуш кайфиятда жуда кам кўрганман. У аввалроқ, Лондондан чиққанимиздаёқ бутун йўл давомида эрталабки газеталарни қандайдир безовталик билан кўздан кечириб келган эди; лекин энди, унинг кўнглини ғаш қилган шубҳа кутилмаганда тўғри бўлиб чиққач, бутунлай тумшайиб олди. У ўриндиққа суянганча, қовоқ солиб алланималар ҳақида ўйларди.
Бу аснода биз Англиянинг энг диққатга сазовор ерларидан ўтиб борардик. Бу ўлканинг бугунги аҳолиси тарқоқ ҳолда – онда-сонда кўзга ташланувчи қўрғонларда истиқомат қилишар, аммо бу ям-яшил текисликнинг ҳар қадамида черковларнинг тўрт қиррали улкан минораларини учратиш мумкин эдики, бу манзара кўҳна Шарқий Англиянинг ўтмишда равнақ топгани, довруқ қозонганидан далолат берарди.
Ниҳоят, яшил жарликнинг нариги томонида немис денгизининг бинафшаранг соҳили кўринди, шунда аравакаш қуюқ дарахтзор ортида қад кўтарган иккита ўткир қиррали томни қамчиси билан кўрсатиб деди:
– Ана сиз сўраган ўша Ридлинг-Торп-Мэнор.
Биз уй олдига етиб келдик; шунда мен аввало уй олдидаги теннис майдончаси орқасида қад кўтарган қора пичанхона билан супачага ўрнатилган қуёш соатини кўрдим. Худди шу пайт, мўйловини қорага бўяб пардозлаган эпчил бир одам икки ғилдиракли извошдан чаққон сакраб тушди. Бу одам Норфолк полиция бошқармасининг инспектори Мартин эди. У дўстимнинг исмини эшитиб ҳайрон бўлди.
– Мен таажжубдаман, мистер Холмс. Ахир жиноят тонгги соат учда содир бўлган-ку! Сиз Лондонда туриб бунинг дарагини қандай эшитдингиз-у, қандай қилиб мен билан бир вақтда бу ерга етиб келишга улгурдингиз?
– Мен Хилтонни фалокатдан огоҳлантиргани келган эдим.
– Бундан чиқди, сизда биз билмаган маълумотлар бор экан-да. Кўпчиликнинг фикрига қараганда, эр-хотин жуда тотув яшашар экан.
– Менда фақат раққос одамчалардан олинган маълумотлар бор, холос, – деди Холмс. – Бу ҳақда кейин сўзлаб бераман. Мен кечикиб келдим, фожианинг олдини ололмадим… Ҳай, илож қанча: бас, шундай экан, мен билган маълумотларнинг адолатли ҳукм чиқаришга ёрдам беришини истайман. Сиз тергов олиб боришда менга ҳамдам бўласизми? Ёки ўзим мустақил иш олиб борганимни маъқул кўрасизми?
– Сиз билан бирга ишлаш мен учун улкан бахт, мистер Холмс, – самимият билан жавоб қилди инспектор.
– Ундай бўлса, ҳозирнинг ўзида гувоҳларнинг маълумотини эшитсам ҳамда жиноят содир бўлган ерни кўрсам девдим.
Инспектор Мартин фаросатли одам экан: ишни қандай олиб боришни дўстимнинг ўзига қўйиб берди. Ўзи эса Холмснинг хатти-ҳаракатини диққат бўлиб кузатиш билан чекланди. Ҳозиргина миссис Хилтон Кьюбиттнинг хонасидан чиққан шу ерлик врач, оппоқ соқолли қария, аёлнинг аҳволи оғир, аммо тирик қолишига умид бор, шунга қарамай, ҳали-бери ҳушига келмайди, чунки ўқ унинг миясини ялаб ўтган, деб хабар қилди. Миссис ўзиниўзи отибдими ё бошқа одам отган ўқдан яраланганми, деб берилган саволга врач аниқ жавоб айта олмади, ҳарқалай, ўқ жуда яқин масофадан отилгани аниқ эди. Хонада фақат битта револьвер топилган; унинг иккала қувури ҳам бўш экан. Мистер Хилтон Кьюбитт юрагига теккан ўқдан ўлган. У олдин хотинини отиб, сўнг ўзини ўлдирган деб фараз қилиш ҳам, аксинча, жиноятчи хотин бўлган дейиш ҳам мумкин эди, чунки револьвер икковидан бир хил масофадаги ерда ётган эди.
– Ўликка текканингиз йўқми? – деб сўради Холмс.
– Йўқ. Биз фақат ледини у ердан кўтариб олиб чиқиб кетдик. Зеро, уни бундай вазиятда қолдира ололмадик.
– Бу ерга келганингизга кўп бўлдими, доктор?
– Тонгги соат тўртдан бери шу ердаман.
– Сиздан бошқа яна ҳеч ким келдими?
– Ҳа, констебль келиб кетди.
– Бу ерда бирон нарсани жойидан қўзғатдингизми?
– Йўқ.
– Тўғри қилгансиз. Сизни ким чақирди бу ерга?
– Уй ходимаси Сондерс.
– Биринчи бўлиб фожиани сезган ўша эканми?
– У билан ошпаз хотин – миссис Кинг.
– Улар ҳозир қаерда?
– Ошхонада бўлишса керак.
– Ундай бўлса, биринчи навбатда шу икки аёлнинг гапини эшитамиз.
Деворларига эман тахтаси қопланган, деразалари баланд, қадимий зал тергов хонасига айланди. Холмс эскича бичимдаги каттакон креслога ўтирди; унинг чеҳраси бадқаҳр, нигоҳлари қатъий эди. Кўзлари ўзи ўлимдан асраб қололмаган одам учун ҳеч бўлмаса энди ўч олиш мақсадида жонидан кечишга ҳам тайёр эканлигини айтиб турар эди. Бизнинг бу антиқа жамоада мендан ташқари яна олифта инспектор Мартин, мўйсафид қишлоқ врачи ва шу ерлик овсарнамо полисмен бор эди.
Иккала аёл берган маълумот аниқ ва ўхшаш эди. Улар ўқ овозидан уйғониб кетишган; орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас иккинчи ўқ овозини эшитишган. Уларнинг ётоқхоналари ёнма-ён экан, шунда миссис Кинг Сондерсникига югуриб кирибди. Икковлари зинадан бирга тушишибди. Кабинет эшиги очиқ, столда шам ёниб турган экан. Уй соҳиби хона ўртасида юзтубан ётганмиш. У ўлган экан. Дераза олдида унинг хотини бошини деворга тираганча жон талвасасида тўлғанаётган экан. Унинг жароҳати оғир – бир юзи қопқора қонга бўялганмиш. У нафас олаётган бўлса ҳам, лекин ҳеч нима дея олмабди. Йўлак ҳам, хона ҳам тутунга, порох ҳидига тўлганмиш. Дераза берк, ичкаридан илгакланган экан, иккала аёл ҳам буни қатъий ишонч билан гапиришди. Улар шу заҳоти доктор билан полицияни чақиртиришибди. Кейин отбоқар билан унинг шогирди ёрдамида ярадор бекани ўз хонасига олиб кириб ётқизишибди. Ўрин солиб қўйилган, демак, эр-хотин ухлагани ётмоқчи бўлиб турган. Хотиннинг эгнида кўйлак, эр эса ички кўйлак устидан халат кийган экан. Эр-хотин ҳеч қачон жанжаллашмаган экан. Ҳамма уларнинг тотув ҳаёт кечиришига ҳавас қиларкан.
Хизматчилардан олинган асосий маълумотлар шулардан иборат. Инспектор Мартиннинг сўроғига жавобан аёллар, уйнинг ҳамма эшиклари ичидан беркитилган эди, демак, ҳеч бир кимса уйдан чиқиб кета олмаган, деб гувоҳлик беришди. Улар Холмснинг саволига жавоб қайтаришар экан, иккинчи қаватдаги ўз хоналаридан чиқишган заҳоти димоғларига порох ҳиди урилганини эслашди.
– Айнан мана шу далилга жиддий эътибор беринг, – деди Холмс инспектор Мартинга. – Энди, менимча, жиноят содир бўлган хонани кўздан кечиришимиз лозим.
Кабинет мўъжазгина хона экан. Унинг уч деворини китоб рафлари банд қилган ёзув столи эса, боққа очиладиган дераза олдида турарди. Биринчи навбатда, диққатимиз бахтиқаро заминдорнинг ерда узала тушиб ётган маҳобатли жасадига қаратилди. Уст-бошининг носаришталиги унинг ўриндан шоша-пиша турганини билдирарди. Ўқ унинг юрагини тешиб ўтиб ўпкасида қадалиб қолипти. У ҳеч қандай оғриқни сезмай зумда жон берган. Унинг эгнидаги халатида ҳам, қўлида ҳам порохнинг ҳеч қандай изи топилмаган. Қишлоқ врачининг таъкидлашича, порох доғи миссис Кьюбиттнинг қўлида эмас, юзида топилган.
– Қўлда доғнинг йўқлиги ҳеч нимани исботламайди, аммо борлиги ҳамма нарсани исботлайди, – деди Холмс. – Агар, мабодо яхши беркитилмаган фишанг[1 - Фишанг – патрон.] дан тасодифан порох тўкилмаса, қанча ўқ отманг, қўлингиз доғ бўлмайди… Энди мистер Кьюбиттнинг жасадини олиб кетсалар ҳам бўлади. Сиз, доктор, ледини яралаган ўқни топа олмаган бўлсангиз керак-а?
– Бунинг учун ниҳоятда мураккаб операция қилиш лозим бўлади. Лекин револьверда яна тўртта ўқ қолган. Иккита ўқ отилган, жароҳат ҳам иккита, шунга кўра, ҳар иккала ўқнинг қисматини аниқлаш қийин эмас.
– Сизга шундай туюляпти, – деди Холмс. – Анави дераза зийини тешиб ўтган ўқ ҳақида нима дейсиз?
Дўстим шартта бурилиб, узун ва ингичка бармоғи билан ромнинг пастки кўндаланг ёғочидаги тешикни кўрсатди.
– Ё тавба! – деди инспектор. – Қандай топдингиз?
– Мен қидирдим, шунинг учун топдим.
– Во ажаб! – деди қишлоқ врачи. – Сиз мутлақо ҳақсиз, сэр: бундан чиқди учта ўқ отилган, демак, учинчи одам ҳам бўлган. Лекин у ким бўлди-ю, қаёққа йўқолди?
– Ҳозир биз мана шу саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз, – деди Шерлок Холмс. – Эсингиздами, инспектор Мартин, хизматкор аёллар ўз хоналаридан чиқишганида димоғларига порох ҳиди кирганини айтишган эди, шунда мен сизга, бу далилга алоҳида эътибор бериш керак, деб айтган эдим. Эсингиздами?
– Эсимда, сэр. Лекин, очиғини айтсам, фикрингизни унчалик фаҳмлай олмаган эдим.
– Бу ҳол эшикнинг ҳам, деразаларнинг ҳам жиноят содир бўлган пайтда ланг очиқ бўлганидан далолат беради. Акс ҳолда порох ҳиди бутун уйга бунчалик тез тарқалмаган бўлар эди. Фақат елвизак бу ҳидни шунча олисга учириб борган бўлиши мумкин. Бу хонада эшик ҳам, дераза ҳам очиқ бўлган, аммо жуда қисқа муддатга очилган.
– Нима учун қисқа муддатга?
– Чунки – мана, ўзингиз кўринг – шамнинг бир томони хиёлгина эриган, холос.
– Тўғри, тўғри! – деди инспектор.
– Фожиа пайтида деразанинг очиқ бўлганига ишонганимдан кейин, ташқарида учинчи одам бўлган ва деразага қарата ўқ узган, деган хулосага келдим. Мана шу учинчи одамга қарата отилган ҳар қандай ўқ албатта дераза ромига тегиши керак эди. Шунда ромга тикилиб, чиндан ҳам ўқ изини топдим.
– Лекин қандай қилиб дераза ёпилиб қолди экан?
– Уни аёл ёпган, ғайриихтиёрий равишда ёпган. Ёпган-у, донг қотиб қолган… Ие, бу нима бўлди? А!
Хонадаги столда устига кумушдан гул солинган, тимсоҳ терисидан тикилган аёлларнинг жажжигина сумкачаси ётарди. Холмс уни очиб, ичидаги нарсаларни столга тўкди! Ичидан резина билан боғланган йигирмата эллик фунтли қоғоз пул тушди, холос.
– Буни олинг, судда далилий ашё сифатида керак бўлади, – деди Холмс сумкачани ичидаги пул билан инспекторга узатар экан. – Энди учинчи ўқ кимга қаратилганини аниқлаш лозим. Дераза ромидаги ошпаз хотин миссис Кинг билан гаплашсам девдим… Сиз, миссис Кинг, гумбурлаган ўқ овозидан уйғониб кетганингизни айтдингиз. Бу билан сиз биринчи отилган ўқ иккинчисидан қаттиқроқ гумбурлади, демоқчи эмасмисиз?
– Мен ухлаб ётган эдим, сэр, шунинг учун аниқ бир нарса дея олмайман. Назаримда ўқ жуда қаттиқ гумбурлагандай бўлди, сэр.
– Бу гумбурлаш, сизнингча, деярли баравар отилган икки ўқнинг овози эмасмикин?
– Мен бунинг фаҳмига ета олмайман, сэр.
– Шундай бўлган, бунга ишончим комил. Ўйлайманки, инспектор Мартин, бу хонада биз бошқа ҳеч нима била олмаймиз. Агар мен билан юришга рози бўлсангиз, ҳозир боққа чиқамиз; қарайликчи, у ерда диққатга сазовор бирон нима топилиб қолармикин.
Деразанинг шундоққина пасти гулзор экан. Биз шу ерга яқин бордик: гуллар топталган, нам ерда оёқ излари аниқ кўзга ташланарди; бу учи найза, узун пойабзал кийган эркак кишининг изи эди. Холмс худди яраланган қушни қидираётган този итдек ўтлар, япроқлар орасини титкиларди. Бирдан у севинчдан чинқириб юборди, энгашиб ердан жажжигина мис цилиндрча олди.
– Ўзим ҳам шундай ўйлаган эдим! – деди у. – Пистолетнинг қайтаргичи бўлган. Мана учинчи гильза. Инспектор Мартин, энди терговни деярли тугади десак ҳам бўлади.
Бу гапни эшитган қишлоқи инспектор ҳангманг бўлиб қолди: унинг Холмсдаги тезкорлик ва маҳоратига қойил қолгани яққол кўриниб турарди. Аввалига у ўз фикрини ўтказишга уриниб кўрган эди, лекин хиёл вақт ўтмай, Холмснинг фаолиятига қойил қолиб, бутунлай унинг измида юра бошлади.
– Кимдан шубҳаланяпсиз? – деб сўради у.
– Буни сизга кейинроқ айтаман. Бу масала бир неча моддадан иборат, аммо ҳозирча уларни сизга изоҳлай олмайман. Очиғи, менинг бу кашфиётим жуда таранглашиб кетди, шунга кўра, агар яна бир оз сабр қилиб, кейин ҳамма гапни бир йўла изоҳлаб берсам, оқилона иш бўлади, менимча.
– Ихтиёрингиз, мистер Холмс, ишқилиб, қотил қўлимиздан чиқиб кетмаса бўлгани.
– Мен ҳеч нимани сир тутмоқчи эмасман, гап шундаки қидирув иши қизғин бораётган пайтда кўзлаган режамга узундан-узун ва муфассал изоҳ бериб ўтиришнинг асло иложи йўқ. Мазкур жиноятни фош этувчи далиллар қўлимда. Баайни леди ҳеч қачон ҳушига келмаган тақдирда ҳам, бу тунда юз берган барча воқеаларни тиклаймиз ва жиноятчини одил суд ҳукмига албатта топширамиз. Энг аввал мен шуни билмоқчи эдим: бу яқин ўртада Элриж деган одам йўқми?
Бу ҳақда хизматкорлардан сўраб, суриштира бошлашди, лекин ҳеч ким бундай одамнинг дарагини эшитмаган экан. Фақат отбоқарнинг шогирди бирдан эслаб қолди:
– Бу ердан бир неча миля нарида, Ист-Рэстонга яқин жойда Элриж деган фермер яшайди.
– Унинг фермаси бошқаларникидан четдами?
– Ҳа, анча овлоқроқ ерда, сэр.
– Демак, бугун кечаси бу ерда юз берган воқеалардан Элриж фермасидагилар бехабар бўлишлари ҳам мумкиндир-а?
– Ҳа, эшитмаган бўлишлари керак, сэр.
Холмс ўйланиб қолди, сўнг бирдан чеҳрасида муғамбирона жилва пайдо бўлди.
– Қани, отни эгарла йигитча! – деди у. – Мен хат ёзаман, уни Элриж фермасига элтиб берасан.
Холмс чўнтагидан раққос одамларнинг тасвири туширилган бир неча варақ қоғоз олди. Сўнг кабинетга кириб, уларни стол устига ёйди-да, ўтириб ишга тушиб кетди. Ниҳоят хат тайёр бўлди; Холмс уни отбоқар шогирдининг қўлига тутқазиб, буни хатда номи ёзилган одамнинг шахсан ўз қўлига топширасан, лекин ҳеч қандай саволга жавоб бермайсан, деб тайинлади. Хат устидаги манзилга кўзим тушди – у Холмснинг одатдаги равон дастхатига мутлақо ўхшамас, қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан ажи-бужи қилиб ёзилган эди. Манзилда «Норфолкдаги Ист-Рэстон, Элриж фермаси, мистер Аб Сленига» деган сўзлар бор эди.
– Менимча, инспектор, – деди Холмс, – сиз ҳозир телеграф орқали соқчи чақиртиришингиз керак, чунки агар тахминим тўғри чиқса, ўта хавфли жиноятчини вилоят қамоқхонасига жўнатишингиз лозим бўлади. Хатимни олиб кетаётган бола бир йўла сизнинг телеграммангизни ҳам жўнатиши мумкин. Биз шаҳарга тушдан кейин ўтадиган поездда қайтамиз, Уотсон, чунки бугун кечқурун мен бир қизиқарли кимёвий тажрибамни албатта ниҳоясига етказишим керак. Бизни бу ерга бошлаб келган иш эса, ҳадемай ечилади.
Шогирд бола от чоптириб кетгандан кейин, Шерлок Холмс ҳамма хизматкорларни йиғди.
– Бу хонадонга ташриф буюрган ва миссис Хилтон Кьюбиттни кўришни истаган ҳар қандай одамни дарҳол тўғри меҳмонхонага бошлаб боринглар, – деб тайинлади у. – Лекин бу ерда содир бўлган воқеа ҳақида чурқ этиб оғиз оча кўрманглар. Буйруғимни мутлақо бехато бажаришингизни талаб қиламан.
Кейин у меҳмонхона сари йўл оларкан, энди қолган ишни бизсиз бажараверишади, бизнинг вазифамиз тузоғимизга қандай илинишини сабр қилиб кутишдан иборат, деб илова қилди. Доктор беморларни даволагани жўнаб кетди. Холмснинг олдида фақат мен-у, инспектор қолдик.
– Энди сиз билан биз қолган вақтни қизиқарли ва самарали ўтказишга уриниб кўрамиз, – деди Холмс стулини столга яқин суриб ўтираркан; у ёнидан раққос одамчаларнинг тасвири туширилган бир талай қоғоз олиб стол устига ёйди. – Азизим Уотсон, сизнинг олдингизда ўз айбимни ювишим керак: мен синчковлигингизни қўзғаб қўйдим-у, лекин жумбоқнинг сирини очмай, узоқ вақт ғашингизга тегдим. Сиз учун эса, инспектор, бу ишлар касбингизни такомиллаштиришда ғоят ажойиб сабоқ бўлади. Даставвал мен сизга мистер Хилтон Кьюбитт билан Бейкер-стритдаги учрашувларим ҳақида сўзлаб беришим керак.
Шундан кейин у бизга маълум бўлган воқеаларни инспекторга қисқача сўзлаб берди.
– Мана, кўз олдимда аломат расмлар ётипти, агарда булар даҳшатли фожиа даракчиси бўлмаганида, кўрган одамнинг кулгисини қистатарди. Мен хуфия ёзувларнинг барча турларини биламан, ўзим ҳам бу соҳада кичик илмий иш ёзиб, унда бир юз олтмишта турли хил шифрларни таҳлил қилганман, бироқ бу шифрнинг мен учун мутлақо бегона эканлигини эътироф этмай иложим йўқ. Ушбу усулни кашф этган одамнинг кўзлаган мақсади, чамаси, бу белгиларни ёзув эканлигини сир сақлаш ва уларни болалар чизган сурат деб кўрсатиш бўлса керак. Лекин бу белгилар ҳарфларни ифодалашини фаҳмлаган ҳар бир одам, агар шифрларни ўқий олишнинг оддий қоидаларидан фойдаланса, уларнинг мазмунини осонгина билиб олиши мумкин. Биринчи ёзув қисқагина эди, ундан мен фақат биттагина тахминга келдим: шукурки, бу тахминим кейинчалик тўғри бўлиб чиқди. Мен расмдаги байроқларни назарда тутяпман. Улар фақат ҳар бир сўз охирида ишлатилар экан. Биринчи ёзувдан бошқа ҳеч нима аниқлай олмадим. Менга яна янги материал керак эди. Мистер Хилтон Кьюбитт иккинчи марта ташриф буюрганида яна учта янги ёзув олиб келади; учинчи ёзув, чамаси, биргина сўздан иборат бўлса керак, чунки унда байроқча йўқ эди. Хатларнинг қолган иккитаси, шубҳасиз, тўрт ҳарфдан иборат бир хил сўз билан бошланган эди. Мана ўша сўз:


Кўриб турибсизки, бу сўз қандай ҳарф билан бошланган бўлса, шундай ҳарф билан тугаяпти. Шунда миямга бирдан ажойиб бир фикр келди. Кўпинча хат кимга қаратилган бўлса, ўша одамнинг исми билан бошланади. Миссис Кьюбиттга бу антиқа хатларни ёзаётган одам, шубҳасиз, унинг яқин таниши бўлиши керак. Демак, тўғридан-тўғри унинг исмини ёзиб мурожаат қилган бўлиши табиий ҳол. Аёлнинг исми эса, тўртта ҳарфдан иборат ва у қандай ҳарф билан бошланса, шундай ҳарф билан тугайди: яъни унинг исми Илси. Шундай қилиб, мен учта ҳарфни кашф этдим. Булар: И, Л, ва С.
Қисқаси, у одам ўзининг иккита хатида миссис Кьюбиттга унинг исмини ёзиб мурожаат қилган ва ундан, билишимча, ниманидир талаб қилаётган эди. Хўш, у нима талаб қилиши мумкин? Миссис Кьюбитт билан суҳбатлашиш учун уни бирон ерга чақирмаяптимикин? Шунда мен учинчи ёзувдаги иккинчи сўзга эътибор бердим. Мана у:


Бу сўз еттита ҳарфдан иборат: унинг учинчи ва охирги ҳарфлари – Л. Мен буни «КЕЛА ҚОЛ» деган сўз бўлса керак деб тахмин қилдим, натижада яна бешта янги ҳарф кашф этдим. Булар К, Е, А, Қ, О. Шундан кейин фақат биргина сўздан ташкил топган ёзувни таҳлил қила бошладим. Сизга маълумки, бу ёзув пичанхона эшигининг пастки қисмида, олдинги ёзувдан анча чеккада пайдо бўлган эди. Мен бу сўзни миссис Кьюбиттнинг жавоби деб фараз қилдим. Мана ўша сўз:


Одамчалар тагига бизга маълум бўлган ҳарфларни қўйиб чиққан эдим:

АСЛО
деган сўз пайдо бўлди. Мен анча-мунча ҳарфни билиб олган эдим, демак, энди энг олдинги ёзувга қайтишим мумкин. Мана ўша ёзув:


Агар бу ёзув остига таниш ҳарфларни қўйиб чиқсак, қуйидаги белгилар пайдо бўлади:

.Е. КЕЛ.И.А.СЛЕ.И
Охирги сўзни «СЛЕНИ» деб фараз қилайлик. Бу фамилия Америкада жуда кенг тарқалган. Бу фамилия олдидаги иккитагина ҳарфдан иборат қисқа сўз, тахминимизча, исм бўлса керак. Хўш, қандай исм икки ҳарфдан иборат бўлиши ва «А» билан бошланиши мумкин? Америкада «Аб» деган исм жуда кўп учрайди. Мана, АБ СЛЕНИ деган исм ва фамилия ҳосил бўлди. Энди иккинчи сўзга қайтайлик. Бу сўзда иккита ҳарф етишмаяпти. Агар уни «КЕЛДИМ» деган сўз деб фараз қиладиган бўлсак, биринчи сўз, ўз-ўзидан «МЕН» олмоши бўлиб чиқади. Демак, энг биринчи хатда: «МЕН КЕЛДИМ, АБ СЛЕНИ», деган сўзлар ёзилган экан. Энди ҳарфларга анча бойиб қолганимдан кейин, иккинчи хатни ҳеч қийналмай ўқидим. Унда шундай ёзилган эди: «ИЛСИ, МЕН ЭЛ.И.НИКИДАМАН». Мактуб эгаси ўзининг кимнингдир уйида ё меҳмонхонасида турганини хабар қилган. Мен «ЭЛ,И,» сўзида етишмаган икки ҳарфни Р ва Ж деб тахмин қилиб, ЭЛРИЖ фамилиясини кашф қилдим, зеро бундай фамилия бизда кўп учраб туради. Натижада: «ИЛСИ, МЕН ЭЛРИЖНИКИДАМАН», деган жумла ҳосил бўлди.
Инспектор Мартин билан мен дўстимнинг раққос одамчалар сирини қандай очгани ҳақидаги муфассал ва аниқ изоҳини зўр эътибор билан тингладик.
– Кейин нима қилардингиз, сэр? – деб сўради инспектор.
– «АБ» деган исм фақат Америкада мактуб келиши билан бошлангани сабабли, Аб Сленини америкалик деб тахмин қилишимга етарли асос пайдо бўлди. Ундан ташқари, мен бу ишнинг замирида қандайдир жиноят бўлиши керак деб гумон қила бошладим. Бундай гумон қилишимга миссис Кьюбиттнинг ўз ўтмишини эридан астойдил яширишга урингани сабаб бўлди. Мен Нью-Йорк полицияси бошлиғи мистер Килсон Харгривга телеграмма юбориб, ундан Аб Сленининг кимлигини сўрадим. Биз мистер Харгрив билан кўпдан мулоқот қиламиз: мен унга Лондон жиноий муҳити ҳақида маълумотлар бериб тураман. Аб Слени тўғрисида у шундай жавоб қилди: «Чикагода энг хавфли бандит». Бу жавобни олган куним кечқурун Хилтон Кьюбитт менга Сленининг охирги ёзувини юборган эди. Мен бу раққос одамчалар тагига таниш ҳарфларни қўйгач, шундай жумла ҳосил бўлди:

ИЛСИ АЖАЛИН. Е.ДИ
Натижада яна иккита янги ҳарфни: шу пайтгача учрамаган Г ва Т ҳарфларини билиб олдим. Хатда «ИЛСИ, АЖАЛИНГ ЕТДИ!» деб ёзилган эди. Демак, у аблаҳ илтимос қилишдан пўписага ўтипти. Менга маълумки, чикаголик бандитлар айтганини қилмай қўйишмайди. Шу заҳоти дўстим ва ёрдамчим доктор Уотсон билан биргаликда Норфолкка йўл олдим, лекин, бахтга қарши, биз фалокат юз бериб бўлгандан кейин етиб келдик.
– Сиз билан бирга ишлаб жиноятларни фош қилиш – катта бахт, – деди инспектор эҳтиром билан. – Лекин, ижозатингиз билан, сизга бир-икки оғиз самимий гапимни айтсам. Сиз ўзингиз учун ўзингиз жавоб берасиз, мен бўлсам бошлиқларим олдида жавоб бераман. Агар Элрижникида турган анави Аб Слени ҳақиқий қотил бўлса-ю, мен бу ерда ўтирган пайтимда қочиб кетса, бошимга кўп ёмон кўнгилсизликлар тушиши мумкин.
– Сиз асло безовта бўлманг: у қочишни хаёлига ҳам келтирмайди.
– Қаёқдан биласиз?
– Қочиш – айбига иқрор бўлиш демак.
– Ундай бўлса, юринг, бориб ҳибсга олайлик уни.
– Мен уни шу ерда кутаман: ҳадемай келиб қолади.
– Нега энди уни келади деб ўйлаяпсиз?
– Мен унга хат ёзиб, келишини илтимос қилдим.
– Мен бунга ишона олмайман, мистер Холмс! Наҳотки у, илтимосингизни ерда қолдирмай ҳузурингизга келса? Аксинча, мактубингиз унда шубҳа уйғотмасмикин, натижада ўзини панага олишга уринмасмикин?
– Ҳамма нарса хатни қандай ёзишга боғлиқ, – деди Шерлок Холмс. – Агар янглишмасам, ўша жентльмен ҳов анави йўлкадан биз томонга ўз оёғи билан келяпти.
Дарҳақиқат, уйга келадиган йўлкадан бир одам келар эди. Бу эгнида кулранг костюм, бошига кенг соябонли шляпа кийган қорамағиздан келган, қуюқ соқоли тимқора, каттакон қирғий бурунли, бўйи дароз, хушбичим йигит эди. У қўлидаги ҳассасини ўйнатиб келаркан, ўзини худди теваракатрофнинг хўжайинидек тутарди. Ниҳоят эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади.
– Менимча, жентльменлар, – деди Холмс хотиржам оҳангда, – сизлар эшик орқасига яширинишингиз керак. Бундай одам билан тўқнашганда барча эҳтиёт чораларини қўлламоқ лозим. Инспектор, қўлкишанни тайёрлаб туринг. У билан гаплашишни менга қўйиб беринглар.
Бутун бир дақиқа сукутда ўтди – бундай дақиқани ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Кейин эшик очилиб, меҳмонимиз хонага кирди. Шу лаҳзанинг ўзида Холмс унинг пешонасига тўппонча тиради, Мартин эса, унинг билакларига кишан солди.
Буларнинг ҳаммаси шу қадар чаққонлик ва эпчиллик билан бажарилдики, асиримиз ҳамла қилувчиларни кўрмасданоқ тутқунга айланган эди. У чўғдек ёниб турган қора кўзларини дам Холмсга, дам инспекторга қаратди-да, сўнг бирдан аччиқ алам билан кулди.
– Қойил, жентльменлар, бу сафар мени илинтирдинглар! Назаримда, темир иродали одамга тўқнаш келганга ўхшайман… Бироқ, мени бу ерга миссис Хилтос Кьюбитт хат ёзиб таклиф қилган эди… Йўқ, гапирманглар, унинг сизлар билан тил бириктирганига асло ишонмайман. Наҳотки мени шу тузоққа илинтиришда унинг қўли бўлса?
– Миссис Хилтос Кьюбитт оғир яраланган, у ўлим тўшагида ётипти.
Маҳбус чинқириб юборди, унинг бу алам тўла ноласи бутун уйни ларзага келтирди.
– Бекорларни айтибсиз! – деб бақирди у жон ҳолатда. – У эмас, эри яраланган! Наҳотки, жажжи Илсини яралашга биронта одамнинг ҳадди сиғса? Тўғри, мен унга пўписа қилганман, бунинг учун Худо кечирсин мени, аммо бу гўзал жувонни ҳатто чертишга ҳам қўлим бормасди. Ҳей, сизга айтяпман – бу сўзингизни қайтиб олинг! Илси яраланмаган, деб айтинг.
– Уни эрининг ўлик жасади ёнида оғир ярадор ҳолда топдик.
Аб Слени аянчли инграб диванга ўтирди ва қўллари билан юзини беркитди. Шу алфозда у беш дақиқача чурқ этмай ўтирди. Сўнг юзини очиб, ночор аҳволга тушган одамга хос хотиржам гапира бошлади:
– Сизлардан яширадиган гапим йўқ, жентльменлар, – деди у. – Тўғри, мен мистер Хилтонга ўқ уздим, аммо у ҳам менга қарата ўқ отган эдида, демак, буни қотиллик деб бўлмайди. Агар сизлар ўша аёлни отишга мени қодир деб ўйласанглар, демак, мени ҳам, уни ҳам яхши билмас экансизлар.
Дунёда ҳеч бир эркак ҳеч қайси аёлни мен Илсини севганчалик севган эмас. Мен уни ўзимники дейишга тўла ҳаққим бор эди. У анча йил бурун менга аталиб қўйилган эди. Хўш, анави инглиз нимага асосланиб ўртамизга ғов бўлди? Биринчи бўлиб Илси менга ваъда қилинган эди, демак мен ўзимга тегишли аёлни талаб қилган эдим.
– У аёл кимлигингизни билгандан кейин сиздан юз ўгирган, – деди жаҳл билан Холмс. – У сиздан яшириниш мақсадида Америкадан Англияга қочган ва бу ерда ўз бахтини топиб, иззат-эътиборли бир зот билан турмуш қурган. Сиз бўлсангиз унга таҳдид қилгансиз, уни муттасил таъқиб этиб, шўрликнинг ҳаётини жаҳаннамга айлантиргансиз, севикли эридан воз кечишга ва сиз билан бирга қочишга мажбур қилгансиз… Лекин у сиздан қўрқар, нафратланар эди. Шунда сиз бир олижаноб инсонни отиб ўлдиргансиз, унинг хотинини ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келгансиз. Мана сизнинг кўрсатаётган хизматларингиз, мистер Аб Слени, бу қилмишларингиз учун энди жавоб беришингизга тўғри келади.
– Агар Илси ўлса, унда мен учун ҳаётнинг сариқ чақалик қиймати қолмайди: мени нима қилсанглар ҳам барибир, – деди америкалик.
У муштини ёзиб кафтида ётган хатни кўрди.
– Менга қаранг, мистер, – деб бирдан чинқириб юборди у, кўзлари шубҳали порлади, – сиз мени лақиллатиб қўрқитмоқчи эмасмисиз мабодо? Агар леди оғир ярадор бўлса, унда бу хатни ким ёзди?
Шундай деб у хатни стол устига отди.
– Уни мен ёздим, мақсад: сизни бу ерга келишингиз эди.
– Ростдан-а? Сиз ёздингизми уни? Ахир бу раққос одамчалар сирини бизнинг тўдамиз аъзоларидан бошқа бутун ер куррасида биронта ҳам одам билмайди-ку. Сиз уни қандай ёздингиз?
– Одамзод кашф этган нарсани инсон боласи тушуниб олиши муқаррар, – деди Холмс. – Ана кэб[2 - Кэб – извош, файтон.] келяпти, сизни бу кэбда Норижга жўнатишади, мистер, юмшатиш учун имконият бор сизда. Миссис Хилтон Кьюбиттни жуда оғир жиноятга қўл урган, яъни ўз эрини отиб ўлдирган деб гумон қила бошлашган эди, фақат менинг бу ерда бўлишим ва излаб топган маълумотларим ледини бундай айбдан озод қилди – шу нарсадан хабарингиз борми? Энди сиз мистер Хилтоннинг фожиали ўлимида хотинининг ҳам бевосита, ҳам билвосита айби йўқлигини бутун дунёга овоза қилишингиз шарт.
– Мен ҳам шундай қилмоқчиман, – деди америкалик. – Билсам, фақат чин ҳақиқатни гапирганим маъқулга ўхшайди. Сизларга маълум бўлсинки, жентльменлар, мен бу леди билан танишганимда, у ҳали гўдак қизалоқ эди. Чикагода тузган тўдамиз етти кишидан иборат бўлиб, Илсининг отаси бошлиғимиз эди. Қария Патрик жуда ақлли одам эди! Болаларнинг ажи-бужи суратини эслатувчи ва эндиликда сиз ўқишнинг йўлини топган ўша ҳарфларни шу чол кашф этган эди. Илси бизнинг баъзи ишларимизни сезиб қолиб, даҳшатдан сочлари тиккайди, унинг ўз меҳнати билан жамғарган оз-моз пули бор эди, ана шу пулини ишлатиб, Лондонга қочиб келди. Биз у билан унаштириб қўйилган эдик, агар касбимни ўзгартирганимда, у менга турмушга чиққан бўлар эди. Ўзгартирмаганим учун у мендан бутунлай юз ўгирди. Илси анави инглизга турмушга чиққанидан кейингина унинг қаердалигини билиб олдим. Унга мактуб ёздим, аммо жавоб бўлмади. Шундан кейин, ўзим бу ерга келдим, ёзган хатларим Илсининг қўлига тегмаслиги мумкинлигини билиб, унинг кўзи тушадиган ерларда сирли хат ёзиб қолдира бошладим.
Мен бу ерда бир ойдан бери турибман. Бир фермага жойлашганман. Мен ижарага олган хона биринчи қаватда: кечалари уй соҳибига сездирмай ташқарига чиқишим учун жуда қулай. Илсини ўз томонимга оғдириш учун роса уриндим. Мен ёзиб қолдираётган раққос одамчаларни Илси ўқиётганини билардим, чунки бир куни мен ўз ёзувим остида у ёзган жавобни ўқидим. Ниҳоят, тоқатим тоқ бўлиб уни қўрқита бошладим. Шундан кейин у менга хат юборди: хатида менга илтижо қилиб, бу ердан жўнаб кетишимни, агар эри бирор можарога йўлиқса, қалби чилпарчин бўлишини ёзипти. Яна у ўз хатида, агар уни тинч қўйиб, юртимга жўнаб кетишга сўз берсам, эри уйқуга кетгандан кейин, тунги соат учда дераза орқали мен билан суҳбатлашишга рози бўлипти.
Кейин у мен билан суҳбатлаша туриб, мендан қутулиш учун пул таклиф қила бошлади. Бу таклифи ғазабимни қайнатди, шунда унинг билагидан ушлаб дераза орқали тортиб олмоқчи бўлдим. Худди шу маҳал қўлида тўппонча билан эри югуриб келди. Илси ҳушидан кетиб ерга йиқилди-ю, биз – икки рақиб юзма-юз тўқнашдик. Мен ҳам қуролланган эдим, уни чўчитиш ва шу йўл билан қочиб қолиш мақсадида револьверимни унга ўқталдим. У менга ўқ узди, лекин ўқи хато кетди. Мен ҳам деярли у билан бир пайтда ўқ уздим, у «гурс» этиб қулади. Шунда мен боғни тикка кесиб қоча бошладим, орқамда деразанинг «қарс» этиб ёпилгани эшитилди… Шуларнинг ҳаммаси рост гап, жентльменлар, лекин ундан кейин то анави йигитча от чоптириб бориб қўлимга хат тутқизгунча нималар бўлганидан мутлақо бехабарман. Мен хатни ўқиган заҳотим бу ёққа югуриб келдим, келдим-у, қўлингизга тушдим…
Бу аснода уй олдига кэб келиб тўхтади: унда икки нафар полисмен ўтирарди.
Инспектор Мартин ўрнидан туриб, маҳбуснинг елкасига оҳиста қўлини теккизди.
– Жўнаш керак.
– Кетиш олдидан Илсини бир кўрсам девдим, мумкинми?
– Йўқ, у ҳали ҳам беҳуш ётибди… Мистер Шерлок Холмс, менинг бирдан-бир умидим шуки, агарда зиммамга биронта йирик ишни тергов қилиш тушса-ю яна сиз билан бирга ишласам, ўзимни бениҳоя бахтиёр ҳисоблаган бўлур эдим.
Биз дераза олдида турарканмиз, узоқлаб бораётган кэбни кузатардик. Орқамга ўгирилиб, жиноятчи стол устида қолдирган қоғозни кўрдим. Бу Холмснинг Аб Сленига юборган хати эди.
– Қани, Уотсон, ўқишга уриниб кўринг-чи, – деди жилмайиб дўстим.
Хатга қуйидаги раққос одамчаларнинг тасвири туширилган эди:


– Агар изоҳим эсингизда бўлса, бу ерда «ЖАДАЛ ЕТИБ КЕЛ», деган сўзлар ёзилган. Таклифномам уни бу ерга бошлаб келишига ҳеч шубҳам йўқ эди, зеро, у миссис Кьюбиттдан бошқа ҳеч ким бунақа хат ёза олмаслигига мутлақо ишонар эди. Қисқаси, азизим Уотсон, узоқ вақт ёвузликка хизмат қилиб келган бу одамчаларни биз ниҳоят эзгулик учун хизмат қилишга мажбур этдик… Менимча, бу ишим билан сизнинг китобингизни яна бир саргузашт билан бойитаман деб берган ваъдамнинг устидан чиқдим. Поездимиз соат уч-у қирқда жўнайди, демак, биз Бейкерр-стритга айни тушки овқат пайтига етиб борамиз.
Ҳикоям ниҳоясида яна икки-уч оғиз сўз айтмоқчиман. Америкалик Аб Слени Нориж шаҳри судининг қишки сессиясида ўлимга ҳукм қилинди. Лекин гуноҳни енгиллаштирувчи жиҳатларни ҳамда биринчи бўлиб унга Хилтон Кьюбитт ўқ узганини эътиборга олиб, суд ўлим ҳукмини сургун билан алмаштирди. Энди миссис Хилтон Кьюбитт масаласига келсак, менга маълум бўлишича, у тамомила соғайиб кетган, ҳали ҳам бева, бутун ҳаётини қашшоқларга ғамхўрлик қилиш ҳамда эрининг мулкини бошқаришга бағишлаган, дейдилар.

ТИЛЛА БАНДЛИ ПЕНСНЕ
Бизнинг 1894 йилдаги фаолиятимиз ҳақида қалин-қалин учта жилд материал йиғилган. Шуни эътироф этишим керакки, бу олам-олам материаллар ичидан мазмунан ўта қизиқарли ва айни пайтда дўстимнинг ғайритабиий қобилиятини кенг ёритиб бера оладиган воқеаларни танлаб олиш жуда мушкул эди. Мен ёзувларимни тараддудланиб варақлайман. Мана, жирканч қизил залук воқеаси: эсласанг, даҳшатдан бутун вужудинг титраб кетади, буниси банкир Кросбининг мудҳиш ўлими ҳақида. Элтонда юз берган фожиа ҳам, қадимий тупроқ-қўрғонда топилган антиқа топилма ҳам шу йилнинг маҳсули. Смит-Мортимернинг мероси ҳақидаги машҳур иш ҳам шу пайтда содир бўлган. Хиёбонларни ўзига маскан қилган қотил Юрэ ҳам айнан шу йили таъқиб қилиниб, қўлга туширилган эди – бу хизмати учун Холмс Франция президентидан ташаккурнома ҳамда Фахрий легион нишонини олган эди. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам китобхонлар диққатини ўзига тортиши муқаррар, лекин умуман олганда, менимча уларнинг биронтаси ҳам ўзининг қизиқарли жиҳати билан Йоксли-Олд-плейсда содир бўлган ҳодисага тенг кела олмайди. Бу билан мен нафақат ёш йигит Уиллоуби Смитнинг фожиали ўлимини, балки шунингдек, бу ўлимдан кейин рўй берган воқеаларни ҳам назарда тутяпманки, айнан шу воқеалар жиноят сабабини ниҳоятда ғаройиб тарзда ёритиб берган эди.
Ноябрь ойининг охирлари эди. Ҳаво айниб, бўрон кўтарилган бир оқшомда Холмс икковимиз Бейкер-стритдаги уйимизнинг меҳмонхонасида ўтирардик. Мен жарроҳлик илми бўйича қилинган сўнгги тадқиқотларни мук тушиб ўрганар, Холмс бўлса, шишаси жуда қалин заррабин[3 - Заррабин – лупа] орқали палимпсест[4 - Палимпсест – пергаментдаги ювилиб кетган ё қириб ташланган матн устидан қайта ёзилган қўлёзма.] даги дастлабки ёзув қолдиқларини ўқишга уринарди. Биз сукут сақлардик, чунки ҳар қайсимиз ўз ишимиз билан машғул эдик. Ёмғир шиддат билан дераза ойналарини савалар, шамол эса, Бейкер-стрит узра увиллаб эсарди. Қизиқ манзара, шундай эмасми? Биз азим шаҳарнинг қоқ марказида эдик, бинобарин, атрофимиздаги ўн милядан кўпроқ масофага жо бўлган, одамзод қўли билан яратилган буюмлар бизни қуршаб олган ва айни вақтда табиатнинг қаҳҳор қуббаси асир этган эди; бу қубба олдида бутун Лондон кўрсичқон уяси устига уйилган тепачадек бир нарса эди, холос. Мен дераза олдига бориб ҳувиллаб ётган кўчага қарадим. Фонусларнинг шуъласи кўча ва йўлканинг у ер-бу ерида ҳалқоб бўлиб қолган ёмғир суви сатҳида беҳисоб чироқчалар бўлиб акс этарди. Битта кэб Оксфордстритдан чиқиб ғилдираклари ҳалқобларни шалоплатиб ўтди.
– Ҳа, Уотсон, яхшиямки бундай оқшомда ҳеч қаёққа боришимиз керак эмас, – деди Холмс заррабинни четга қўйиб, кўҳна қўлёзмани найча қилиб ўраркан, – бугунга етар. Бу иш кўзни тез толиқтиради. Фаҳмимча, бу ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярмида ёзилган аббатликка тааллуқли ҳисоб-китоб ҳужжатидан бўлак нарсага ўхшамайди. Ие, тўхтанг-чи. Бу нима бўлдийкин? – дўстимнинг бу охирги сўзларни айтишига сабаб, шамолнинг увиллаши аралаш қулоғимизга от туёқлари тарақлаши, сўнгра ғилдиракнинг йўлка қиррасига урилиб ғижирлагани эшитилган эди. Чамаси, мен боя деразадан кўрган кэб уйимиз эшиги олдида тўхтаган бўлса керак.
Ҳа, кэбдан кимдир тушди.
– Шу бемаҳалда нима керак экан бу одамга? – деб ажабландим.
– Нима керак бўларди? Биз керакмиз унга. Биз эса, бечора дўстим Уотсон, бўйнимизга шарф ўраб, эгнимизга пальто, оёғимизга калиш, қисқаси, ёғингарчилик пайтида кийиш учун одам боласи ўйлаб чиқарган барча либосларни кийишимиз лозимга ўхшайди. Тўхтанг-чи! Кэб жўнаб кетяпти. Энди уйдан чиқмасликка умид бор. Агар келган одам бизни олиб кетмоқчи бўлганида, кэбни жўнатиб юбормасди. Тушиб эшикни очишингизга тўғри келади, чунки бу пайтда ҳамма тамизли одамлар маст уйқуда.
Йўлакда чироқ шуъласи тунги меҳмонимизнинг юзини ёритди. Мен бир кўришдаёқ уни танидим. Бу истиқболи порлоқ навқирон изқувар Стэнли Хопкинс бўлиб, Холмс унинг хизмат фаолиятини қизиқиш билан кузатиб борарди.
– Уйдами? – деб сўради Хопкинс.
Юқоридан Холмснинг:
– Ҳа, ҳа, уйдаман, сэр, – деган овози эшитилди. – Ҳарқалай, шундай кечада бизни бирон ерга судраб кетмассиз деб ўйлайман.
Изқувар юқорига кўтарилди. Чироқ ёруғида унинг плаши худди балиқнинг ҳўл тангачаларидек ялтирарди. Холмс каминга қаланган палёнларни титкилаш билан овора бўлганида мен Хопкинснинг ечинишига кўмаклашдим.
– Қани, буёққа келинг, азизим Хопкинс, оёқларингизни оловга тутинг, – деди у. – Мана сизга сигара, докторимизда эса, таркибида қайноқ сув ва лимон бўлган ажойиб шифобахш дори бор. Бундай рутубатли тунда ундан яхшироқ дармондори топилмайди. Шундай жала қуйиб турган пайтда сизни уйдан чиқишга жуда муҳим бир иш мажбур этган бўлса керак, а?
– Топдингиз, мистер Холмс. Бугунги куним жуда беҳаловат ўтди-да! Сиз Йоксли воқеаси ҳақида сўнгги янгиликларни ўқигандирсиз?
– Мен бугун ўқиган сўнгги янгиликлар ўн бешинчи асрга тааллуқли.
– Ҳечқиси йўқ. Ўша хабар атиги бир бандгина эди, холос, у ҳам ғирт ёлғон гаплардан иборат, айтмоқчиманки, агар ўқимаган бўлсангиз, ҳеч нима йўқотмабсиз. Очиғини айтсам, мен вақтни бекор ўтказмадим. Йоксли Кент вилоятига жойлашган, у Чатамдан етти миля ва темир йўлдан уч миля масофада. Телеграмма қўлимга соат уч-у чоракда тегди, соат бешда Йокслида эдим. У ерда тергов ўтказиб бўлиб, охирги поезд билан Лондонга қайтиб келдим-у, Чаринг-Кросс бекатидан тўғри ҳузурингизга келавердим.
– Гапингиздан маълум бўлишича, сизга баъзи нарсалар ойдин эмас.
– Баъзи нарсалар? Йўқ, менга ҳеч нима ойдин эмас. Бунақа чалкаш ишни ҳеч қачон учратмаганман. Лекин олдинига, бу иш оппа-осон, уни ечиш ҳеч гап эмас, деб ўйлагандим. Гап шундаки, жиноятнинг сабаби йўқ, мистер Холмс. Мана шу сабабнинг йўқлиги менга ҳеч тинчлик бермаяпти! Одам ўлдирилган, буни инкор этиб бўлмайди, лекин ким унинг ўлимини хоҳлаган – шу нарса жумбоқ бўлиб қоляпти.
Холмс сигарасини ёндириб креслога суянди.
– Бир бошдан сўзлаб беринг, – деб таклиф қилди у.
– Ҳамма далилларни муфассал ўрганиб чиқдим, – деб ҳикоясини бошлади Стэнли Хопкинс, – лекин ўша далилларнинг маъносига тушунишни истардим. Бундан бир неча йил бурун, шаҳар ташқарисидаги Йоксли-Олд-плейс уйи ўзини профессор Крэм деб танитган бир одам томонидан ижарага олинган. Профессорнинг дарди анча оғир. У гоҳ тўшагидан турмай ётар, гоҳ ҳасса таяниб уй ичида судралиб юраркан, ё бўлмаса боғбон уни аравачага ўтказиб боғда сайр қилдираркан. Қўшнилар билан тотув экан, улар профессорни кўргани кириб туришаркан. Одамлар уни жуда донишманд одам дейишаяпти. Профессорнинг уйида хизмат қилувчилар: рўзғор соҳибаси кекса миссис Маркер билан оқсоч Сьюзен Тарлтонлардан иборат. Улар профессор шу уйга кўчиб келган вақтдан унинг хизматида, икковлари ҳам мутлақо беқусур. Профессор қандайдир илмий иш ёзаётганмиш. Бундан бир йилча бурун у ўзига котиб зарурлигини айтган. Ишлагани келган котибларнинг дастлабки иккитаси унга маъқул бўлмаган, лекин учинчиси – эндигина дорилфунунни битирган ёш йигит мистер Уиллоуби Смит айнан профессор орзу қилган котиб бўлиб чиқади. У эрталаблари профессор айтиб турган илмий ишни ёзган, кечқурунлари эса, эртанги иш учун материаллар танлаган. Бу Смит бирон марта бўлсин, на Аппингемда ўқиган пайтида, на Кембриж дорилфунунида, мутлақо ёмон йўлга кирмаган. Мен унга берилган тавсифномаларни кўздан кечириб чиқдим. Тавсифномалардан маълум бўлишича, у доим хушмуомала, ювош, илмга тиришқоқ йигит бўлган, унда ҳеч қандай иллат бўлмаган. Мана шу йигит бугун тонгда профессорнинг кабинетида ўлган, аммо вазият, ҳеч шак-шубҳасиз, унинг ўлдирилганидан далолат беряпти.
Хопкинс жим қолди. Шамол увиллар, дераза ойналари унинг шиддаткор ҳамласидан аянчли зирилларди. Холмс ҳам, мен ҳам оловга яқинроқ сурилиб ўтириб, ёш изқуварнинг қизиқарли ҳикоясини тинглай бошладик. У шошмасдан, тадрижий изчиллик билан ҳикоя қиларди.
– Бутун Англияни кезиб чиқсангиз ҳам, – деб гапида давом этди Хопкинс, – ташқи муҳит таъсирида мутлақо иҳота қилинган бундай аҳил жамоани топа олмайсиз. Уларнинг биронтаси ҳам ҳафталаб дарвозадан ташқарига чиқмас экан. Профессор бутун вужуди билан ўз ишига шўнғиб кетган, бинобарин, уни бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Ёш йигит Смит қўшниларнинг биронтаси билан таниш бўлмаган, демак, унинг турмуш тарзи профессорникидан фарқ қилмаган. Аёлларни ҳам уйдан ташқарида ҳеч нима қизиқтирмайди. Профессорни аравага ўтказиб боғда сайр қилдирувчи Мортимер эса, Қрим уруши қатнашчиси, пенсияга чиққан кекса солдат, хулқи мутлақо беқусур. У уйнинг ўзида эмас, балки боғнинг этагидаги уч хонали коттежда туради. Қўрғонда шу одамлардан бошқа ҳеч ким йўқ. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, боғ дарвозасидан юз ярдча наридан Лондонни Чатам билан улайдиган тош йўл ўтган. Дарвоза ҳамиша илгакланган, турган гапки, бегона одамнинг боққа кириши қийин эмас.
Энди, ижозатингиз билан, Сьюзен Тарлтон берган маълумотни сизга баён қилай, чунки бу ҳодиса ҳақида озми-кўпми гапира олиши мумкин бўлган ягона шахс шу. Соат ўн бирдан ошганда у юқорида, деразалари уйнинг орқа томонига очиладиган хобхонада пардаларни осаётган экан. Профессор ҳали тўшакда экан (ҳаво айниган пайтларда у камдан-кам соат ўн иккидан олдин тураркан). Рўзғор соҳибаси ошхонада ўз иши билан банд бўлган. Смит юқоридаги ўз хонасида ишлаётган экан; оқсоч унинг йўлакдан юриб ўтиб, пастга, кабинетга тушганини эшитган (кабинет оқсоч деразаларига парда илаётган хобхонанинг тагида). Сьюзен йўлакдан юриб ўтган одамнинг мистер Смит эканлигига аниқ ишоняпти, чунки йигитнинг шаҳдам-шаҳдам ва жадал юриш одати унга жуда яхши таниш экан. Оқсоч кабинет эшигининг ёпилганини эшитмабди-ю, лекин орадан тахминан бир дақиқача вақт ўтгач, пастдаги кабинетдан мудҳиш бир чинқириқ эшитилипти. Бу хириллаган, жазавали фарёд ниҳоятда ғайритабиий бўлиб эшитилган, чунки чинқираётган одамнинг аёллигини ҳам, эркаклигини ҳам аниқлаб бўлмаган. Шу пайт оғир бир нарса гурсиллаб қулаб, бутун уй ларзага келипти, кейин ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолипти. Оқсоч даҳшатдан бир неча фурсат шамдек қотиб қолган, лекин кейин ўзини қўлга олиб югурганича зинадан пастга тушган-у, кабинет эшигини ланг очган. У ёш йигит Смитнинг ерда узала тушиб ётганини кўрган. Аввалига оқсоч ҳеч қандай ғайритабиий ҳолни пайқамаган. У Смитни кўтармоқчи бўлган, шундагина йигитнинг бўйнидан пастроқдаги жароҳатдан қон оқаётганини кўриб қолган. Жароҳат кичкина, аммо чуқур бўлиб, чамаси уйқу томири лат еган бўлса керак. Шу ерда у, Смитнинг ёнида жиноят қуроли: сопи фил суягидан ясалган, дами қайрилмайдиган пичоқ ётганини кўрипти; бундай пичоқларни кўпинча кўҳна ёзув столлари устида кўриш мумкин – уларнинг тиғи билан одатда конвертларнинг мум муҳрлари кўчирилади. Бу пичоқ ҳамиша профессорнинг столида ётаркан.
Оқсоч қиз Смитни ўлган деб ўйлапти, лекин шунга қарамай, графиндаги сувдан унинг юзига пуркаган экан, у бир зумгагина кўзини очибди-ю, «Профессор, бу ўша аёл» – деб ғўлдирабди. Оқсоч, бу сўзларни аниқ эшитдим, деб қасам ичди. Бахтиқаро йигит астойдил уриниб, яна бирон гап айтмоқчи бўлипти, ҳатто ўнг қўлини юқорига кўтарибди ҳам. Лекин қўли шу заҳоти яна «шилқ» этиб тушиб, Смит бошқа қимирламабди.
Кейин хонага рўзғор соҳибаси югуриб кирибди. Лекин у Смитнинг охирги сўзларини эшитмаган. У Сьюзенни жасад олдида қолдириб, ўзи профессор қошига чопган. Профессор тўшагида қаттиқ ҳаяжонланиб ўтирган экан. Фарёдни у ҳам эшитган ва уйда бирон бахтсизлик юз берди, деб ўйлаган. Миссис Маркер, профессор тунги пижамада эди, деб айтди, бу гапини тасдиқлаш учун у қасам ичишга ҳам тайёр, қолаверса, бу қария Мортимернинг ёрдамисиз ўзи кийина олмас ҳам экан, боғбонга эса, у соат ўн иккида келишни тайинлаган экан. Профессор менга, уйнинг ичкарисидан, қаердандир чинқириқ эшитганини, шундан бошқа ҳеч нима билмаслигини айтди. У котибининг: «Профессор, бу ўша аёл! – деб айтган сўзларини қандай изоҳлашни ҳам билмайди. Эҳтимол, бу жон талвасасидаги алаҳлаш бўлса керак. Профессорнинг фикрича, Смитнинг биронта ҳам душмани бўлмаган, шу боис котибининг ўлдирилиш сабабини била олмай боши қотиб ўтирипти. Биринчи навбатда, профессор боғбон Мортимерни полицияни чақириб келишга юборипти. Кейин констебль менга хабар қилди. То мен етиб боргунимча, уйда ҳеч бир нарсага тегишмаган, ундан ташқари, уйдан кўчага бориладиган йўлкадан ҳеч ким юрмасин, деб қаттиқ тайинлашган. Ҳа, мистер Шерлок Холмс, бу сизнинг назарияларингизни амалда қўллаб кўриш учун жуда ажойиб ҳодиса. Бунинг учун ҳамма нарса тайёр.
– Фақат Шерлок Холмсдан бошқа, – деди дўстим хиёлгина ачитиб. – Яхши, келинг, энди сизнинг у ерда нима ишлар қилганингизни эшитайлик.
– Даставвал, мистер Холмс, хоналарнинг жойлашиш ўрнини бир кўздан кечирсангиз. Шунда сиз профессорнинг кабинети ва ўзга хоналарнинг қаерда эканлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўласиз, баёнимни тушунишингиз ҳам осон бўлади.
У чизиб келган лойиҳасини олиб, Холмснинг тиззасига ёйди. Мен ҳам дўстимнинг орқасида туриб, лойиҳани кўздан кечира бошладим.
– Бу хомаки лойиҳа, албатта, мен фақат ишга дахлдор жойларнигина тасвирлаганман. Қолганларини кейинроқ, ўзингиз борганингизда кўрасиз. Қотилни уйга ташқаридан кирган деб фараз қилайлик. Хўш, у қандай кириши мумкин? Турган гапки, у боғ орқали хиёбондан юриб келиб, уйга орқа эшикдан кирган, у ердан кабинетга ўтиш оппа-осон. Бошқа ҳамма йўллар ниҳоятда мураккаб. Жиноятчи яна ўша келган йўли орқали ғойиб бўлган бўлиши мумкин, чунки қолган яна иккита йўлдан чекинишга имкон бўлмаган. Биринчи йўлда у чинқириқни эшитиб, зинадан тушиб келаётган Сьюзенга дуч келган бўларди. Иккинчи йўл эса, профессорнинг хобхонасига олиб борарди. Табиийки, шунда мен бутун диққат-эътиборимни боғдаги хиёбонга қаратдим. Бундан сал олдин ёмғир ёғиб, ер ивиган эди, демак излар аниқ сақланган бўлиши керак.


Мен сўқмоқ йўлни синчиклаб кузатиб чиқиб, жиноятчининг жуда эҳтиёткор ва тажрибали одам эканини тушундим. Хиёбонда ҳеч қандай из топилмади! Лекин кимдир ерда из қолдирмаслик мақсадида майсадан юрибди. Бу ерда ҳам яққол кўзга ташланадиган аниқ из йўқ, аммо ўтлар топталган эди – демак, кимдир юриб ўтган. Бу фақат қотилнинг изи бўлиши мумкин: боғбон ҳам, бошқа ҳамма уй хизматчилари ҳам эрталаб бу ердан юрмаган, ёмғир эса кечаси ёққанди.
– Сабр қилинг, – деб унинг сўзини бўлди Холмс. – Бу хиёбон қаёққа олиб боради?
– Тош кўчага.
– Тош кўчага чиқиб олиш учун бу йўлдан қанча юриш мумкин?
– Тахминан юз ярд.
– Ҳеч бўлмаса дарвоза олдидаги йўлкада из қолган бўлиши керак деб фараз қилайлик. Ўша изни албатта пайқаган бўлармидингиз?
– Афсуски, дарвоза яқинидаги йўлкада ғишт ётқизилган.
– Хўш, катта йўлда-чи?
– Катта йўлда ҳам ҳеч қандай из учратмадим. Йўлда ёмғир суви ҳалқоб бўлиб ётипти.
– Ана холос! Айтинг-чи, майса устидаги оёқ изи уй томонга юрганми ё аксинчами?
– Буни айта олмайман. Излар аниқ эмас.
– Излар катта оёқникимиди ё кичкина оёқникимиди?
– Буни ҳам аниқ айта олмайман.
Холмс «аттанг» дегандек тилини тақиллатиб қўйди. Чеҳрасидан ранжигани сезилиб турарди.
– Ёмғир ҳамон шаррос қуйяпти, шамол ҳам тингани йўқ, – деди у. – Бу изларни изоҳлаш кўҳна қўлёзмаларни кашфи рамз қилишдан ҳам мушкулроқ бўлиши мумкин! Ҳай, иложимиз қанча! Шундай қилиб, Хопкинс, сиз бу ишда фақат бир нарсани: ҳеч нима топа олмаганингизни аниқлагансиз. Хўш, шундан кейин қандай тадбир кўрдингиз?
– Мен ҳеч нима топа олмадим деб ҳисоблайман ўзимни, мистер Холмс. Биринчидан, кимнингдир ташқаридан уйга кирганини аниқладим. Сўнг йўлакдаги полни кўздан кечирдим. Бу ерда полга норжил баргидан тўқилган бордон тўшалган бўлиб, унда ҳеч қандай из йўқ эди. Кейин кабинетга йўл олдим. Кабинетда, агар маҳобатли ёзув столи билан секретер[5 - Секретер – тикка туриб ишлашга мўлжалланган усти қия ёзув столи.] ни ҳисобга олинмаса, ҳеч қандай мебель йўқ эди. Секретернинг ён ғаладонлари қулфланмаган, ўрта ғаладони қулфлоғлиқ. Чамаси, ён ғаладонлар ҳеч қачон қулфланмаган бўлса керак, чунки уларга ҳеч қачон ҳеч қандай қимматбаҳо нарса қўйилмаган. Ўрта ғаладонда жуда муҳим ҳужжатлар сақланар экан, лекин улар жойида қолган. Демак, жиноятдан мақсад ўғирлик бўлмаган. Кейин Смитнинг жасадини кўздан кечирдим. У ёзув столидан сал чапроқда ётарди – чизган тарҳимга қаранг. Жароҳати бўйнининг ўнг томонида, орқадан зарба берилган. Кўриниб турибдики, у ўзига-ўзи пичоқ ура олмаган.
– Агар у пичоқ устига йиқилиб тушган бўлмаса, – деди Холмс.
– Жуда тўғри айтдингиз. Бу фикр менинг ҳам миямга келган эди. Лекин пичоқ жасаддан бир неча фут нарида ётарди. Демак, йигитча пичоқ устига йиқилиб тушган бўлиши мумкин эмас. Ундан кейин, марҳумнинг охирги сўзларига эътибор беринг. Ва ниҳоят Смит ўнг қўли билан ғоятда муҳим далилий ашёни чангаллаган эди.
Хопкинс чўнтагидан қоғоз пакет чиқариб, ундан тилла бандли пенсне[6 - Пенсне – гардиши ва қулоққа иладиган чўпи бўлмаган, фақат икки шиша ўртасидаги тутқич билан бурун устига қўндириладиган кўзойнак.] олди. Пенснега пишитилган қора ипак боғланган бўлиб, иккала ипнинг ҳам учи узилган эди.
– Смитнинг кўзи жуда яхши кўрган, – деди Хопкинс. – Демак, пенснени у қотилнинг юзидан юлиб олган.
Шерлок Холмс пенснени қўлига олиб, уни зўр эътибор ва қизиқиш билан кўздан кечира бошлади. Кейин уни бурнига қўндириб, китоб ўқишга уриниб кўрди, дераза олдига бориб, яқин атрофдаги уйларга қаради, сўнг пенснени ечиб, уни чироққа яқин тутганча яна синчиклаб текшира бошлади, ахири мамнун жилмайиб қўйди-да, стол ортига ўтириб бир парча қоғозга беш-олти сатр хат ёзди ва уни Хопкинсга узатди.
– Ушланг, сиз учун қўлимдан келган энг яхши хизматим мана шу, – деди у. – Фойдаси тегса керак, деб ўйлайман.
Ҳайрон қолган изқувар хатни овоз чиқариб ўқиди: «Ҳашаматли уйда ёки квартирада истиқомат қилувчи башанг кийинган хоним қидирилади. Унинг бурни йўғон ва гўштдор, кўзлари бирбирига яқин жойлашган. У ҳамиша пешонасини тириштириб, узоқни яхши кўролмаганидан кўзини сузиб қарайди, эҳтимол, елкаси букчайган бўлиши ҳам мумкин. Мавжуд далилларга қараганда, у сўнгги бир неча ой мобайнида оптикага камида икки марта мурожаат қилган. Хонимнинг пенснесидаги шишалар ниҳоятда қалин бўлгани, оптика мутахассислари эса, унча кўп эмаслиги сабабли, у аёлни қидириб топиш унча қийинлик туғдирмайди».
Холмс таажжубда қолганимизни кўриб жилмайди.
– Бунинг ҳеч қийин томони йўқ, – деди у. – Ҳеч бир буюм кўзойнак ё пенснечалик бой маълумот бера олмайди, мана бундай ноёб кўзли пенснеку, инчунун. Пенсненинг эгаси аёл эканини қаердан билдим? Бунинг қанчалик нафис ишланганига эътибор беринг. Ундан ташқари, марҳумнинг сўнгги сўзларини эсладим. Энди хонимнинг серҳашам, серпардозлигига келсак, буни аниқлаш ҳам қийин бўлмади: пенсненинг тутқичи қимматбаҳо, соф олтиндан ишланган, шунга кўра, бундай пенсне таққан хонимнинг бошқа жиҳатлар бўйича ҳам басавлат, серҳашамликка интилишига имоним комил. Сиз пенснени тақиб кўринг, у бурнингизда қўниб турмайди. Демак, ўша хонимнинг бурни йўғон бўлиши керак. Бундай бурун, бир қатор истиснолари бўлишига қарамай, одатда калта ва гўштдор бўлади. Шунинг учун ҳам ўз баёнимда бу тафсилотларга тўхталиб ўтиришни шарт деб ҳисобламайман. Менинг юзим чўзиқ, шунга қарамай, пенсне таққанимда, кўзларим оралиғидаги масофанинг пенсне шишалари оралиғидаги масофага нисбатан кенгроқ эканлигини аниқладим. Бошқача қилиб айтганда, у аёлнинг кўзлари бирбирига яқин жойлашган. Эътибор беринг-а, Уотсон, пенсне шишалари ботиқ ва ниҳоятда қалин. Аёл кўзининг бу даража хиралиги унинг ташқи қиёфасига таъсир этмай қўймайди. Мен пешонадаги ажинлар, кўзни сузиб қараш, елканинг букиклигини назарда тутяпман.
– Тушунарли, – дедим. – Лекин хонимнинг оптикага икки марта борганини қандай билдингиз?
Холмс пенснени қўлига олди.
– Эътибор беринг: пенсненинг қисқичи баданга қаттиқ ботмаслиги учун унинг ички томонига пробкадан ёстиқча қўйилган. Ёстиқчалардан бирининг сал охори тўкилиб едирилган, иккинчиси яп-янги. Чамаси, янги ёстиқча яқинда ўрнатилган. Лекин эскисининг қўйилганига ҳам бор-йўғи бир неча ой булган. Натижада, иккала ёстиқчанинг бир хил шаклда эканлигини кўриб, хоним ўз пенснесини тузатиш учун битта оптикага икки марта мурожаат қилган, деган хулосага келдим.
– Қойил! – деб қичқирди Хопкинс. – Ё тавба, шу далилларнинг ҳаммаси ўз қўлимда эди-ю, мен бўлсам ҳеч ниманинг фаҳмига етмабман-а! Тўғри, менда Лондондаги оптикаларни айланиб чиқиш нияти йўқ эмасди.
– Албатта айланиб чиқинг. Ҳозир эса, бу иш юзасидан яна нималарни билганингизни сўзлаб беринг.
– Бошқа ҳеч нима маълум эмас, мистер Холмс. Энди, назаримда, сиз бу иш ҳақида мендан кўпроқ билсангиз-биласиз, аммо кам билмайсиз. Биз, темир йўл бекатида ёки унга яқин йўлларидан бирида нотаниш одам учрамадими, деб суриштириб чиқдик. Маълум бўлишича, ҳеч кимни кўришмаган. Мени ҳаммадан ҳам кўпроқ гангитиб қўйган нарса – жиноят содир бўлишига ҳеч қандай сабабнинг йўқлиги. Ҳатто, биронта туртки ҳам йўғ-а!
– Бу борада сизга ёрдам бера олмайман. Лекин фаҳмимча, сиз эртага жиноят содир бўлган ерга бизни бошлаб бормоқчига ўхшайсиз.
– Агар сизга малол келмаса, мистер Холмс. Эртага эрталаб соат олтида Чаринг-Кросс вокзалидан Чатамга поезд жўнайди, шунда биз соат саккиздан ошганида Йокслига етиб оламиз.
– Яхши, биз шу поездда жўнаймиз. Ишингизда баъзи бир қизиқарли тафсилотлар бор, шунинг учун бу ишни жиддийроқ ўрганиш ниятидаман. Лекин ҳозир вақт ярим кечадан оғиб кетди, биз сафар олдидан бир неча соатгина мизғиб олишимиз керак. Сизга камин олдидаги мана бу диванга жой солиб берамиз. Эрталаб спирт чироқда қаҳва дамлайман, кейин йўлга чиқамиз.
Эрталаб шамол тинди. Темза дарёси ёқасидаги кўримсиз ботқоқликлар узра нурсиз қуёш бош кўтариб чиқа бошлади. Узоқ ва толиқтирувчи саёҳатдан сўнг биз Чатамдан бир неча миля берироқдаги мўъжазгина бекатда поезддан тушдик. То файтонга от қўшишгунча шу ердаги меҳмонхонада наридан-бери нонушта қилиб олдик, шу боис Йокслига етиб борганимиз ҳамоно ишга киришдик. Полициячи бизни боғ дарвозаси олдида кутиб турарди.
– Хўш, Уилсон, янгилик борми?
– Ҳеч ниманинг дараги йўқ, сэр.
– Биронта янги келган одамни учратмадингизми?
– Йўқ, сэр. Полициянинг таъкидлашича, кеча бу ерга ҳеч ким келмаган ҳам, бу ердан ҳеч қандай кимса чиқиб кетмаган ҳам.
– Ҳамма меҳмонхона-ю, мусофирхоналарни айланиб чиқдингизми?
– Ҳа, сэр. Биронта ҳам шубҳали шахсни учратмадик.
– Қолаверса, бу ердан Чатамгача пиёда жўнаш мумкин. Демак, келган одам ўша ерга яшириниши ёки сездирмай поездга чиқиб олган бўлиши ҳам мумкин. Мистер Холмс, мана ўша сизга айтган хиёбон. Кафолат бериб айтаманки, кеча бу ерда ҳеч қандай из бўлмаган эди.
– Майса устидаги излар хиёбоннинг қайси томонида эди?
– Мана бу томонида, сэр. Хиёбон билан гул пуштаси оралиғидаги торгина узун ўтлоқни кўряпсизми? Кеча шу ўт устида излар аниқ кўринган эди, ҳозир кўрмаяпман.
– Ҳа, ҳа, дарҳақиқат, бу ердан кимдир юриб ўтган, – деб тасдиқлади Холмс, энгашиб майсани кўздан кечирар экан. – Хонимимиз ниҳоятда эҳтиётлик билан юрипти, шундай эмасми? Агар у қоқилиб кетиб, ё бу, ё у томонга қадам босганида борми, хиёбонда ҳам, пуштада ҳам изи қолган бўларди, пуштада-ку жуда ҳам аниқ кўринган бўларди.
– Ҳа, сэр, хоним ўз ишига пишиқ кўринади!
Шу пайт Холмснинг чеҳраси бир зумгагина жиддийлашди.
– Сиз аёлни қайтишда ҳам шу йўлдан ўтган деяпсизми?
– Ҳа, сэр, бошқа юрадиган йўл йўқ.
– Яъни мана шу торгина майса йўлдан бошқа-я?
– Албатта, мистер Холмс.
– Ҳм! Офарин! Оламшумул жасорат! Хўп, яхши, хиёбондаги ишимиз тугади. Энди бошқа жойларни кўрайлик. Бу эшик одатда очиқ бўладими? Демак, аёлнинг боққа осонгина киришига ҳеч нима халақит бермаган. Турган гапки, унда қотиллик қилиш нияти бўлмаган. Акс ҳолда, ўзи билан биронта қурол олиб келган ва ёзув столида ётган пичоқдан фойдаланмаган бўларди. У бордон сатҳида из қолдирмасдан мана шу йўлакдан юриб ўтган. Кейин кабинетга кирган. У кабинетда қанча вақт бўлган? Буни биз аниқ айта олмаймиз.
– Аёл кабинетда фақат бир неча дақиқагина бўлган сэр. Сизга айтишни унутибман: рўзғор соҳибаси миссис Маркер фожиа юз беришидан тахминан чорак соат олдин кабинетни йиғиштириб чиқиб кетган экан, у шундай деб тасдиқлаяпти.
– Демак, узоғи билан чорак соат. Шундай қилиб, хонимимиз хонага киради. Стол олдига боради. Унга нима керак ўзи? Чамаси, ён ғаладонларда унинг учун керакли нарса йўқ. Акс ҳолда, ғаладонлар қулфлоғлиқ бўларди. Қисқаси, аёлни ўрта ғаладон қизиқтиради. Ие! Бу ер қирилганми? Уотсон, гугурт чақинг. Нега бу тўғрида ҳеч нима демаган эдингиз, Хопкинс?
Биз кўрган чизиқ қулф тешиги атрофидаги биринж безакнинг ўнг томонидан бошланиб, кейин локланган ёғоч бўйлаб тахминан тўрт энлик жойга чўзилиб борган эди.
– Мен бу чизиқни кўрган эдим, мистер Холмс. Лекин ҳар қандай қулф тешиги атрофида ҳам бунақа қирилган ерлар бўлади-ку.
– Бу жой яқинда қирилган, у жуда янги чизиқ. Биринждаги чизиқнинг ярақлашини кўринг. Агар у эски бўлса, аллақачон хира тортиб, биринжнинг қолган сатҳидан фарқ қилмай қоларди. Қирилган ерга сиз заррабин орқали қаранг. Чизиқнинг икки лаби худди янги ҳайдалган ердаги эгатга ўхшайди. Миссис Маркер қаерда?
Хонага чеҳраси маъюс ва ҳорғин кекса аёл кирди.
– Кеча эрталаб бу ернинг чангини артганмидингиз?
– Ҳа, сэр.
– Мана бу қирилган жойни кўрувдингизми?
– Йўқ, сэр, кўрмовдим.
– Албатта кўрмагансиз. Сиз секретернинг чангини артаётганингизда у ҳали қирилмаган эди, акс ҳолда локнинг мана бу кўз илғамас ушоқларини латта билан сидириб юборган бўлардингиз. Секретернинг калити кимда?
– Профессор уни соатининг занжирига илиб олган.
– Калит оддийми?
– Йўқ, сэр, жимжимадор.
– Жуда яхши. Кетишингиз мумкин, миссис Маркер. Дуруст, иш анча ойдинлаша бошлади. Бизнинг хоним хонага кириб, тўғри ўрта ғаладон олдига боради, кейин уни очади ёки, йўқ деганда, очмоқчи бўлади. Бу пайт хонада ёш йигит Смит пайдо бўлади. Буни кўрган хоним калитни қулф тешигидан шошқалоқлик билан тортиб олаётганида қулф атрофини қириб юборади. Йигит уни ушламоқчи бўлади, лекин аёл қўлига биринчи бўлиб илинган қуролни (яъни стол устида ётган пичоқни) олади-ю Смитга санчади, йигит чалқанчасига йиқилади, шунда аёл, ўзи излаб келган нарсасини, эҳтимол, бир қўлида чангаллаганча, қочиб кетади. Оқсоч қиз Сьюзен шу ердами? Айтинг-чи, Сьюзен, сиз чинқирган овозни эшитганингиздан кейин бирон киши манави эшикдан чиқиб кетишга улгурармиди?
– Йўқ, сэр, ҳеч ким чиқиб кета олмасди. Негаки, мен зинадан югуриб тушиб келаётганимда йўлакда ўша одамни албатта учратган бўлардим. Ундан кейин, бу эшик очилганиям йўқ, очилса албатта эшитиларди.
– Бундан чиқди, хоним ўзи келган йўлдан қайтиб чиқиб кета олмаган. Бу йўлак профессорнинг хобхонасига олиб борадими? Бу ёқдан ташқарига чиқадиган йўл йўқми?
– Йўқ, сэр.
– Энди юринглар, бориб профессор билан танишайлик. Буни қаранг, Хопкинс! Профессорнинг кабинетига олиб борадиган йўлакка ҳам боягиндек норжил бордони тўшалипти. Бу жуда муҳим, жуда, жуда муҳим!
– Муҳим денг!
– Иккала йўлак ўртасида қандай боғланиш борлигини кўрмаяпсизми?.. Эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Лекин бундай қараганда… Ҳа, яхши, юринг, мени профессор билан таништиринг.
Биз йўлакдан ўтдик. Бу ҳам тахминан, бояги, орқа эшиги боққа очиладиган йўлак билан бир хил узунликда эди. Йўлак охирида бир неча пиллапоя бўлиб, шуни босиб чиққач, эшикка етиларди. Ҳамроҳимиз шу эшикни тақиллатди, сўнг биз профессорнинг хобхонасига кирдик.
Хона катта бўлиб, унинг ҳамма девори сидирғасига китоб рафлари билан тўсилган эди, бир қисм китоблар хонанинг бурчакларида ва рафлар тагида ерда тўп-тўп бўлиб ётарди. Каравот ўртада бўлиб, уй соҳиби ёстиқларга ёнбошлаб ўтирарди. Мен унинг чеҳрасига боқиб ҳайратландим: чувак юз, қирғий бурун, худди соябондек пастга қайрилган бароқ қошлари остидан косасига чуқур ўрнашган тимқора кўзлари қаттиқ тикилиб боқарди. Унинг сочи ва соқоли, агар оғзи атрофидаги ажабтовур сарғишликни истисно қилинса, қордек оппоқ эди. Унинг бутун юзини қоплаган қуюқ оппоқ тук орасидан тутаётган папироснинг учи чиқиб турарди, хона қуюқ тамаки тутунига тўлганидан нафас олиш қийин эди. Профессор кўришиш учун Холмсга қўл чўзган эди, мен унинг бармоқлари ҳам никотиндан сарғайиб кетганини кўрдим.
– Чекасизми, мистер Холмс? – деб сўради профессор. У ҳар бир сўзни синчковлик билан танлаб-танлаб гапирар, нутқида аллақандай ғалати талаффуз мавжуд эди. – Марҳамат қилинг. Сизчи, сэр? Сизга манави сигареталарни тавсия қиламан. Буларни шахсан мен учун Искандарияда тайёрлашади. Бир йўла минг донадан юбориб туришади, лекин таассуфки, ҳар икки ҳафтада яна янгитдан буюртма беришимга тўғри келади. Аҳволим ёмон, сэр, жуда ёмон. Қари чолда қандай кўнгилхуши бўларди. Тамаки-ю иш. Шундан бошқа эрмагим қолмаган ҳаётда.
Холмс сигарета тутатди. Айни пайтда у хонани пинҳона кузата бошлади.
– Ҳа, бутун эрмагим тамаки билан иш. Энди бўлса, куним фақат тамакига қолди, – деди профессор маъюс оҳангда. – Бу мудҳиш фалокат ишимнинг белига тепди! Бундай машъум ёвузлик кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Қандай қобил йигит эди-я. Атиги бир неча ойлик сабоқдан кейин энг лаёқатли ёрдамчимга айланувди. Бу фожиа ҳақида сиз қандай фикрдасиз, мистер Холмс?
– Ҳозирча бирон нарса дейишим қийин.
– Бу мавҳум ишнинг чигилини ечсангиз яхши бўларди. Мендек китоб жинниси ва бемор чол учун бу жуда оғир кулфат бўлди. Назаримда, фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлгандекман. Лекин сиз ишчан, серғайрат одамсиз. Сиз учун бу одатдаги иш. Ҳар қандай фалокат содир бўлганда ҳам асло руҳингиз тушмайди. Бахтимиз бор экан, бу ишни айнан сиз олиб боришга рози бўлибсиз.
Профессор гапираётганида Холмс хонада у ёқдан-бу ёққа юриб турди. Назар ташласам, у сигарета кетидан сигарета чекарди. Чамаси, уй соҳибининг Искандариядан юборилган сигареталарга кашандалиги дўстимга ҳам юққан кўринарди.
– Ҳа, сэр, бу ниҳоятда оғир кулфат, – деди профессор. – Анави ерда, столча устида бир даста қоғоз уюлиб ётибди, у менинг «тадпит opus»им. Яъни Сурия ва Мисрда истиқомат қилувчи коптларнинг[7 - Коптлар – Миср ва Сурияда яшовчи христиан динидаги араблар. Улар араб тилида сўзлашадилар.] монастирларидан топилган ҳужжатлар таҳлили. Бу янги кашф этилган дин негизи ҳақидаги жиддий тадқиқот. Мен кутилмаганда ёрдамчидан жудо бўлдим; ҳозир соғлигим шу қадар ёмонки, қилаётган ишимни ёрдамчимсиз тугатишимга ҳам кўзим етмаяпти. Вой-бў, мистер Холмс! Қарасам сиз менданам ўтиб кетган кашанда экансиз-ку!
Холмс жилмайиб қўйди.
– Ҳа, тамакининг пириман, – деди у қутичадан тўртинчи сигаретани олиб, уни қўлидаги сигарета қолдиғидан тутатар экан. – Ҳар хил саволлар билан сизнинг миянгизни ачитиб ўтирмоқчи эмасман, профессор Корэм, зеро, жиноят содир бўлган чоғда сиз тўшагингизда ётган бўлгансиз, бинобарин, нима бўлганидан бехабарсиз. Сизга фақат битта савол бермоқчиман: бахтиқаро йигит «Профессор, бу ўша аёл», деганида нимани назарда тутди экан? Шу ҳақда сиз нима дейсиз?
Профессор бош чайқади.
– Мьюзен – қишлоқи қиз, – деди у. – Ўзингиздан қолар гап йўқ, авом халқ ўлгудек овсар бўлади. Менимча, шўрлик йигит жон талвасасида бир нима деб алаҳлаган бўлиши мумкин, қиз бўлса алланималарни валдираб юрипти.
– Тушунарли. Ўзингиз бу фожиани хиёл бўлса ҳам изоҳлаб беролмайсизми?
– Эҳтимол, бу бахтсиз ҳодисадир. Ё бўлмаса, бу гап ўртамизда қолсин-у, йигит ўз жонига қасд қилгандир. Ёшларимиз ҳамиша қандайдир махфий ҳасратга, чунончи, толесиз муҳаббат дардига чалинган бўлишадики, биз кексалар бундан, одатда, ғофил бўламиз. Оқибат, мана, у ўзиниўзи ўлдирган. Менимча, қотилликдан кўра шу тахмин ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади.
– Хўш, пенсне ҳақида нима дейсиз?
– Пенсне? Дарвоқе, пенсне! Афсуски, мен борйўғи хаёлот осмонида парвоз қилувчи олим одамман, холос. Демак, амалий ҳаётдан мутлақо бехабарман. Лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, азиз дўстим, севги учун энг ғайритабиий буюмлар далил бўлиши мумкин. Олинг, олаверинг яна. Сигаретамни ёқтириб қолганингиздан хурсандман. Айтмоқчиманки, ўз жонига қасд қилган одам сўнгги дамда қўлига нималарни олмайди дейсиз, у нарса – елпиғич ҳам, қўлқоп ҳам ёки пенсне ҳам бўлиши мумкин. Мана бу жентльмен майса устидаги излар ҳақида гапирди. Ахир у ҳам адашиши мумкин-ку. Энди пичоқ масаласига келсак, шўрлик йигит ерга чалқанчасига йиқилганида, отилиб кетиб, нарига тушишиям мумкин. Эҳтимол, мулоҳазаларим ёш боланинг гапидек тутуриқсиздир, лекин фаҳмимча, Уиллоуби Смит ўз жонига қасд қилган.
Бу назария Холмсга таъсир этгандек бўлди, чунки у чуқур ўйга толиб ва кетини узмай папирос чекиб, хонада у ёқдан-бу ёққа тинмай бориб келди.
– Айтинг-чи, профессор Корэм, – деди у ниҳоят, – секретерингизнинг ўрта ғаладонида нима асрайсиз?
– Ўғрини қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ у ерда. Оилавий ҳужжатлар, раҳматли хотинимнинг мактублари, мени профессорлик шарафига муяссар қилган дорилфунунларнинг дипломлари. Мана калит. Ўзингиз кўришингиз мумкин.
Холмс калитни қўлига олди, сўнг профессорнинг юзига тикилиб туриб уни яна қайтариб берди.
– Миннатдорман. Энди бунинг аҳамияти қолмади, – деди у. – Ижозатингиз билан мен боққа чиқсам-у, бафуржа бир бош қотириб кўрсам. Сизнинг ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги назариянгизда маъно борга ўхшайди. Хуллас, ҳузурингизга бостириб кирганимиз учун бизни афв этгайсиз, профессор Корэм. Ҳозирча сизни бошқа безовта қилмасликка сўз бераман. Агар ижозат берсангиз, қошингизга иккинчи нонуштадан кейин, соат иккида кирамиз-да, ўтган вақт ичида қандай воқеалар содир бўлгани ҳақида сизга сўзлаб берамиз.
Холмснинг нимадандир кўнгли ғаш эди, шунинг учун у боғдаги хиёбонда сукутга толиб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
– Калаванинг учини топдингизми? – деб сўрадим ниҳоят сабрим чидамай.
– Ҳаммаси мен чеккан сигареталарга боғлиқ, – деди у. – Эҳтимол, янглишаётгандирман. Лекин сигареталар аниқлаб беради.
– Азизим Холмс, – дедим мен, – ахир қанақасига сигареталар…
– Бунга ўзингиз шоҳид бўласиз. Агар янглишган бўлсам, ҳечқиси йўқ. Унда пенсне замирида иш олиб борамиз. Мен ҳар қандай изланишда ҳам, иложи борича қисқароқ йўлдан боришни яхши кўраман. Ана бизнинг муҳтарама миссис Маркер. У билан беш дақиқача суҳбатлашамиз, зора биронта янгилик эшитсак.
Мен Холмс хушмуомалалиги билан аёллар эътиборини қозона олиши ҳақида илгари айтиб ўтган эдим. Ҳозир ҳам улар орадан икки дақиқа вақт ўтар-ўтмас худди кўп йиллардан бери таниш одамлардек чақчақлашиб кетишди.
– Ҳа, мистер Холмс, ҳақ гапни айтдингиз, сэр. Профессор жуда кўп чекади. Кун бўйи, баъзида кечаси билан сурункасига тутатиб чиқади, сэр. Эрталаблари хонасига кирсанг борми, нақ ҳақиқий Лондон тумани дейсан, сэр. Раҳматли мистер Смит ҳам чекарди, лекин профессорчалик кўп чекмасди. Энди профессорнинг соғлиғига келсак, бу кашандаликдан тузалаётганиниям, ёмонлашаётганиниям билмайман.
– Ҳар ҳолда, бунақа чекишда иштаҳаси бўғилса керак дейман, а?
– Мен ундай деёлмайман, сэр.
– Профессор жуда кам овқат еса керак-а?
– Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ, сэр.
– Онт ичиб айтаманки, бугун у нонушта қилмаган бўлиши керак. Бунақа чекишда у ҳали иккинчи нонуштадан ҳам воз кечади.
– Янглишдингиз, сэр. Аксинча, бугун эрталаб у жуда кўп овқат еди. Илгари бунчалик тўйиб нонушта қилганини эслолмайман. Бугунги иккинчи нонуштага бўлса, ошпичоқ билан уриб юмшатиб қовурилган гўшт буюрди. Эшитиб ҳайрон қолдим, чунки мен кеча ерда чўзилиб ётган бечора мистер Смитнинг жасадини кўрганимдан бери, овқат деса кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Лекин одам одамга ўхшамас экан. Айтмоқчиманки, профессорнинг иштаҳаси асло бўғилган эмас.
Биз чошгоҳгача боғни айланиб юрдик. Хопкинс, кеча эрталаб Чатам йўлида нотаниш бир аёлни кўришибди, деган миш-мишни аниқлагани қишлоққа кетди. Энди дўстимга келсак, у ўзи текшираётган ишга бутунлай қизиқмай қўйган эди. Унинг терговни бу даражада ҳафсаласизлик билан олиб борганини ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳаттоки Хопкинс қайтиб келиб, қишлоқ болалари ҳақиқатан ҳам Холмс тасвирлаган қиёфадаги аёлни кўришгани, боз устига, унинг пенсне таққани ҳақида гапирганида ҳам дўстим бу янгиликка лоқайд қаради. Фақат нонушта пайтида бизга хизмат қилаётган Сьюзен: мистер Смит кеча эрталаб боғда сайр қилиб, фалокат юз беришидан ярим соат олдин уйга кирган эди, деб айтганидагина Холмс сал жонлангандай бўлди. Мен бу ҳолнинг ўзимиз текшираётган иш учун қандай аҳамияти борлигини кўз олдимга келтира олмадим. Шунга қарамай, Холмс бу воқеани ҳам ўз тасаввуридаги умумий манзарага тиркади шекилли, деб ўйладим. Бирдан у соатига қараб, ўрнидан туриб кетди.
– Соат икки бўлди, жентльменлар, – деди у, – юринглар, юқорига чиқиб, дўстимиз профессор билан очиқчасига гаплашиб олайлик.
Кекса профессор иккинчи нонуштани тановул қилиб бўлган эди, овқат келтирилган тақсимчанинг бўм-бўшлиги рўзғорбошининг гапи тўғри эканлигидан далолат берарди: профессорнинг иштаҳаси зўр кўринади. У тук босган юзини ўгириб, чўғдек ёниб турган ботиқ кўзларини бизга тикканида қиёфаси ниҳоятда ваҳимали бўлиб кетди. Турган гапки, у ҳозир ҳам чекаётган эди. Уни кийинтиришган, энди у олов яқинидаги креслода ўтирарди.
– Хўш, мистер Холмс, бу мудҳиш фалокат сирини фош қила олдингизми?
У сигарета қутисини Холмс томонга сурди. Холмс ҳам у билан баравар қўлини сигаретага узатди, шунда қути ерга тушиб сигареталар сочилиб кетди. Ҳаммамиз чўққайиб ўтириб, энг ноқулай ерларга думалаб кириб кетган сигареталарни тера бошладик. Биз ўрнимиздан турганимизда, қарасам, Холмснинг кўзлари порлаган, яноқларига қон югурган. Бу ғалабадан дарак эканлигини яхши билардим.
– Ҳа, – деди дўстим. – Мен уни фош қилдим.
Стэнли Хопкинс билан мен унга ҳанг-манг бўлиб тикилиб қолдик. Кекса профессорнинг чувакдек озғин юзида сезилар-сезилмас жилва пайдо бўлди.
– Фош қилдингизми? Қаерда, боғдами?
– Йўқ, шу ерда.
– Шу ерда-я? Қачон?
– Ҳозиргина.
– Ҳазиллашяпсиз, мистер Холмс. Кечирасиз-у, ниҳоятда жиддий бу ишни ҳазилга айлантириш яхшимас.
– Профессор Корэм, мен ўз мулоҳазаларим занжиридаги ҳар бир ҳалқани синчковлик билан текшириб, ниҳоятда пухта тоблаганман, аминманки, бу занжир бенуқсондир. Мен сизнинг ниятларингиздан бехабарман ва бу ғайриоддий воқеага қанчалик дахлдорлигингизни ҳам билмайман. Балки бу тўғрида яна бир неча дақиқадан сўнг ўзингиздан билиб оларман. Унгача, ижозатингиз билан, бу воқеанинг қандай содир бўлганини сизга сўзлаб берсам, токи сиз бутун воқеани мукаммал тасвирлаш учун яна нималар етишмаганини билсангиз. Кеча сизнинг кабинетингизга бир хоним келган. У секретерингизнинг ўрта ғаладонидан қандайдир ҳужжатларни олмоқчи бўлган. Бунинг учун, унинг ўзида калит бўлган. Мен сизнинг калитингизни кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва унда лок юқи йўқлигига ишонч ҳосил қилдим. Демак, сиз ўша хонимнинг шериги эмассиз. У, менинг тушунишимча, бу ерга сизнинг нарсангизни ўғирлагани, демакки, сизга билдирмай кирган.
Профессор оғзидан паға-паға тутун чиқарди.
– Гапларингиз қизиқарли ва ибратли, албатта, – деди у. – Лекин кейин нима бўлипти? Сиз у хонимнинг ҳар бир қўйган қадамидан воқиф экансиз, кейин унинг қаёққа кетганини ҳам айта оларсиз, балки?
– Уриниб кўраман. Шундай қилиб, котибингиз ўша аёлни ушлаб олган, аёл эса, ўз жонини сақлаш мақсадида йигитга пичоқ санчган… Мен бу фожиани бахтсиз ҳодиса демоқчиман, зеро, хонимнинг бу мудҳиш жиноятга қўл уриш нияти йўқлигига имоним қомил. Негаки, қотил қуролсиз келмайди. Аёл қилиб қўйган ишидан даҳшатга келиб, қутулиш йўлини ахтарганча хонада зир югура бошлаган. Бунинг устига, омаднинг юрмаганини қарангки, йигит билан олишув пайтида хоним пенснесини йўқотиб қўйган, натижада, кўзи узоқни кўрмагани сабабли, бутунлай ночор аҳволга тушиб қолган. Ниҳоят, у йўлакка отилиб чиқиб югуриб кетган; чунки ўша йўлакни ўзи ҳовлидан кириб келган йўлак деб ўйлаган: ахир иккала йўлакка ҳам бир хил бордон тўшалган-да. Хоним бошқа йўлакка кириб қолганини ва қочиш учун нажот йўли тўсилганини пайқаганида вақт ўтган эди. Хўш, у нима қилиши керак? Орқага чекина олмасди. Йўлакда қолиш ҳам хавфли. Демак, шу йўлакнинг ўзидан олға юравериш керак. Хоним шундай қилган. Пиллапоялардан кўтарилиб эшикни очган-у, сизнинг хонангизга кириб қолган.
Кекса профессор Холмсга тикилиб қолди, пастки лаби осилиб тушди, унинг маънодор чеҳрасида ҳам даҳшат, ҳам таажжуб аломатлари яққол акс этар эди. У ўзини қўлга олишга уриниб, елкаларини учирди ва ясама табассум қилди.
– Бу ҳаммаси яхши, мистер Холмс, – деди у. – Аммо сизнинг бу оламшумул назариянгизда кичкинагина бир камчилик бор. Мен ҳамма вақт шу хонада эдим, кун бўйи ташқарига чиқмовдим.
– Бундан хабарим бор, профессор Корэм.
– Демак, мен ўз каравотимда ётиб хонамга аёл киши кирганини пайқамабман-да. Сиз шундай демоқчимисиз?
– Мен ундай деганим йўқ. Сиз аёл кишининг кирганини кўргансиз. У билан гаплашгансиз ҳам. Сиз уни танигансиз. Ниҳоят, унинг фалокатдан қутулишига ёрдам ҳам бергансиз.
Профессор яна носамимий кулди. У креслодан турди, кўзлари худди лаққа чўғдек ёнарди.
– Сиз телба бўлиб қолибсиз! – деб чийиллади у. – Сиз алаҳлаяпсиз! Мен уни қутқарибманми? Хўш, бўлмаса ўша аёл қаерда ҳозир?
– Аёл ҳўв анави ерда, – деди Холмс хона бурчагида турган баланд китоб шкафини кўрсатиб.
Кекса профессор қўлларини силкитди, маҳзун чеҳраси жуда ҳам бадбашара бўлиб кетди-ю, креслога «гурс»иллаб чўкди. Худди шу пайт Холмс тилга олган китоб шкафининг ошиқ-мошиғи ғижирлаб, унинг ичидан хонага бир аёл чиқди.
– Сиз ҳақсиз. – Аёл ғалати талаффуз билан гапирди. – Сиз ҳақсиз. Ҳа, мен шу ердаман.
Унинг ҳаммаёғи чанг ва ис эди, чамаси, бу ису чангни ўзи яширинган ердан юқтирган бўлса керак. Хунуккина юзининг ҳаммаёғи исқирт эди. Холмс унинг юз тузилишини тўғри топган экан, бундан ташқари, аёлнинг ияги чўзинчоқ бўлиб, бу унинг ўжар эканлигидан далолат берарди. У кўзининг ожизлиги ва кутилмаганда қоронғидан ёруққа чиқиб қолгани сабабли, кимлигимизни билишга уриниб нуқул кўзларини қисар, пирпиратар эди. Гарчи бу аёл бизга ўзини мутлақо ноқулай вазиятда намойиш қилган бўлса ҳам, унинг бутун қиёфасидан олижаноблиги, иягининг чўзинчоқлиги ва бошини мағрур тутиши мардлигидан далолат берар эдики, бу ҳол бизда унга нисбатан эҳтиром, ҳаттоки самимий майл уйғотди. Стэнли Хопкинс хонимнинг қўлига аста қўл тегизиб, сиз ҳибсга олиндингиз, деб эълон қилди, лекин аёл унинг қўлини мулойимгина, аммо виқор билан шундай четлатдики, унинг бу рафторига итоат этмай бўлмасди. Қари профессор креслода чўзилиб ётар, унинг юзи пир-пир учаркан, хонимга худди қопқонга илинган жонивордек мўлтираб қарарди.
– Ҳа, сэр, мен маҳбусингизман, – деди аёл. – Мен ҳамма гапни эшитдим, билсам, бутун ҳақиқатдан воқиф экансиз. Ҳаммасини бўйнимга оламан. Ҳа, мен ўлдирдим ўша йигитни. Лекин сиз, буни бахтсиз ҳодиса, деб тўғри айтдингиз. Мен ҳатто қўлимга олганим пичоқ эканлигини ҳам билмовдим, чунки йигитнинг қўлидан қутулиш учун, аччиқ устида дуч келган биринчи нарсани олиб унга зарба ургандим. Мен рост гапиряпман.
– Хоним, – деди Холмс, – гапингизнинг ростлигига заррача шубҳам йўқ. Балки ўтирарсиз, назаримда, ўзингизни ёмон ҳис қилаётганга ўхшайсиз.
Аёлнинг ранги мурданикидек оқариб кетганди, юзидаги исқирт доғлар гезарган юзини янада мудҳишроқ қилиб кўрсатарди. У каравот четига омонатгина ўтирди.
– Менинг вақтим оз, – деб гапида давом этди хоним, – лекин бор ҳақиқатни сизларга сўзлаб беришни истардим. Мен бу одамнинг хотини бўламан. У инглиз эмас. Рус. Исмини айтмайман.
Кекса профессор биринчи марта ўтирган ўрнида қимирлаб қўйди.
– Худодан қўрқ, Анна! – деб қичқирди у. – Худодан қўрқ!
Аёл унга чексиз нафрат билан қаради.
– Шу мараз ҳаётингга мунча ҳам канадек ёпишиб олмасанг, Сергей. – деди у. – Сен қанчаданқанча одамларни бадбахт қилдинг, аммо ҳеч бир кимсага, ҳатто ўзингга ҳам бирон марта бўлсин, яхшилик қилмадинг. Лекин қўрқма, мен бу нотавон умрингнинг чирик риштасини вақти-соати келмагунча узмайман. Мен бу касофат уйнинг остонасини ҳатлаб ўтганимдан буён, шундоқ ҳам ўз виждонимни беҳисоб гуноҳлар билан булғадим. Ҳай, мен ҳикоямни давом эттиришим керак, йўқса кеч бўлади. Ҳа, жентльменлар, мен бу одамнинг хотиниман. Биз турмуш қурганимизда у элликда, мен бўлсам йигирма ёшли тентак қиз эдим. Бу воқеа Россиядаги бир дорилфунунда бўлган эди, дорилфунуннинг номини сизларга айтмайман.
– Худодан қўрқсанг-чи, Анна, – деб ғўлдиради яна қари профессор.
– Биз инқилобчилар эдик, яъни нигилистлар, ўзингиз биласиз. У ҳам, мен ҳам, яна кўпчилик. Кейин бизни таъқиб қила бошладилар, чунки юксак мартабали полиция амалдори ўлдирилган эди. Кўпчилик ҳибсга олинди. Шунда эрим жонини омон сақлаб қолиш ва катта мукофот олиш мақсадида ўз хотинини ва ўртоқларини сотди. Бизларни қамашди. Баъзилар дорга осилди, қолганлар, шулар қатори мен ҳам Сибирга сургун қилиндик. Менинг сургуним муддатли эди. Эрим эса, дўстларининг қони билан бўялган пулларни олиб Англияга жўнади-ю, мана шу ерга жойлашиб узлатда кун кечира бошлади, чунки агар ташкилотимиз унинг қаерда бекиниб ётганини билса, узоғи билан бир ҳафта ичида устидан чиқарилган адолатли ҳукмни амалга ошириши муқаррар эди.
Кекса профессор қалтираётган қўлини чўзиб сигарета олди.
– Ўзимни ихтиёрингга топширдим, Анна, – деди у, – лекин сен ҳамиша менга меҳрибон эдинг.
– Ҳали мен унинг энг разил жинояти ҳақида гапирганим йўқ, – деб гапида давом этди аёл. – Ташкилотимиз аъзолари орасида дўстим бор эди. У олижаноб, беғараз одам эди, мени севарди, хуллас, эримнинг мутлақо тескариси эди. У зулмистибдоддан нафратланарди. Агар шу айб ҳисобланса, биз ҳаммамиз айбдор эдик, аммо у бегуноҳ эди. У мактублар ёзиб, мени ўзга йўлни танлашга даъват этарди. Ана шу мактублар ҳамда шу одамга бўлган ҳиссиётларимни ва ҳар хил мулоҳазаларимни муттасил қайд қилиб борган кундалик дафтарим дўстимни сургундан қутқарган бўлар эди. Аммо эрим шу кундалигимни ва Алексейдан келган мактубларни топиб олиб яшириб қўйди. У Алексейни ўлимга ҳукм қилишларини истаб, уни қоралай бошлади. Лекин қўлидан келмади. Алексей Сибирга сургун қилинди. Ҳозир, сиз билан биз бу ерда ўтирган пайтимизда у у ёқда, туз конида изтироб чекмоқда. Сен шуни ўйла, аблаҳ, разил аблаҳ! Алексей кишанбанд бўлиб қуллик азобини тортмоқда, аммо унинг ҳатто исмини тилга олишга ҳам арзимайдиган сен бўлсанг, бу ерда фароғатда яшамоқдасан. Ҳаётинг ҳозир менинг қўлимда, аммо мен қўлимни булғамоқчи эмасман!
– Сен мудом олиҳиммат аёл бўлгансан, Анна, – деди у сигарета тутунини чуқур-чуқур тортаркан.
Аёл оёққа турди, лекин шу заҳоти қаттиқ оғриқдан инграб, яна ўтириб қолди.
– Гапимни ниҳоясига етказишим керак, – деди у. – Сургун муддатим тугагач, мен қандай қилиб бўлмасин кундалик билан мактубларни қўлга киритишга ва уларни Россия ҳукуматига жўнатишга аҳд қилдим: фақат шундагина дўстимни озодликка чиқаришлари мумкин эди. Мен эримнинг Англияда эканлигини билардим. Бир неча ой давом этган бесамар қидирувлардан кейин, ахири уни топдим. Унинг кундалигимни асраб қўйганини ҳам билардим, чунки Сибирдалигимда ундан хат олган эдим; у хатида кундалигимдан лавҳа келтириб гинахонлик қилган эди. Лекин унинг ичиқора одамлигини билардим, демак, кундалигимни ўз ихтиёри билан менга қайтариб бермаслигига имоним комил эди. Демак, уни ўғирлашим лозим эди. Мен шу мақсадда хусусий хуфия агент ёлладим, у эримга котиб сифатида ишга ёлланди. Бу сенинг иккинчи котибинг эди, Сергей; у сал вақт ўтар-ўтмас бўшаб кетди. У кундалик билан мактублар секретернинг ўрта ғаладонида сақланишини аниқлаб берди, яна ғаладон калити шаклини ясаб берди. У бошқа ҳеч нима қилишни истамади. У менга уйнинг режасини топшириб, куннинг иккинчи ярмида кабинетда ҳеч ким бўлмаслигини айтди. Чунки бу пайтда котиб юқорида, яъни бу ерда ишлар экан. Қисқаси, мен таваккал қилдим-у, ҳужжатларни қўлга киритиш учун ўзим уйга кириб келдим. Тўғри, мен кўзлаган нарсаларимни олдим, лекин бу жуда қимматга тушди! Ҳужжатларни қўлимда ушлаб, ғаладонни қулфлай бошлаган эдим, шу пайт анави йигит мени тутиб олди. Уни эрталаб кўрган эдим. Мен у йигитга катта йўлда тўқнаш келиб, ундан профессор Корэм қаерда туради, деб сўраган эдим: профессорга котиблик қилишини қаёқдан билибман!
– Жуда тўғри! – деди Холмс. – Котиб уйга келиб бу учрашув ҳақида хўжайинига сўзлаб берган. Кейин, жон бераётиб, қотил ўша, яъни профессорга сўзлаб берган эрталабки аёл эканлигини айтмоқчи бўлган
– Гапимни тугатишга имкон беринг! – деди аёл буйруқ оҳангида, шунда дардининг оғирлигидан афти буришиб кетди. – Йигит ерга чалқанча йиқилиб тушганидан кейин, мен хонадан отилиб чиқиб кетдим, лекин адашиб эримнинг хобхонасига кириб қолдим. У мени тутиб бермоқчи бўлди. Лекин унга, ҳаёти менинг қўлимда эканлигини, агар мени адлия маъмурларига топширадиган бўлса, уни ташкилотимизга чақиб беражагимни айтдим. Мен жонимни сақлаш ниятида яшамоқчи эмасдим, балки кўзлаган ниятимни амалга оширишим керак эди. Эрим сўзимнинг устидан чиқишимни, тақдири менинг қўлимда эканлигини биларди. Мана шу сабабга кўра, фақат шу сабабга кўра у мени яширди. У мени ўтмишдан қолган ва ёлғиз унинг ўзигагина маълум бўлган мана шу хуфия ерга итариб киритди. Шундан буён у ўз хобхонасида овқатланадиган ва овқатининг бир қисмини менга қолдирадиган бўлди. Биз шундай аҳдлашиб олдик: полиция уйни тарк этганидан кейин, тунда бу ердан сездирмай чиқиб кетадиган ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келмайдиган бўлдим. Лекин сизлар буни қандай билиб олгансиз – ҳайронман.
У кўйлаги ичига, кўксига қўл тиқиб кичкинагина бир пакет чиқарди.
– Охирги сўзларимни яхшилаб эшитинг. Бу қоғозлар Алексейни сургундан қутқаради, мен уларни виждонингиз ва адолатпешалигингизга ишониб сизга топшираман. Олинг уларни. Олиб бориб рус элчихонасига топширинг. Мен ўз бурчимни бажардим, энди…
– Тўхтатинг уни! – деб чинқирди Холмс.
У аёлга ташланиб қўлидан кичкинагина шиша идишни тортиб олди.
– Кечикдингиз, – деди аёл каравотга чалқанча бўлиб йиқиларкан. – Мен боя беркинган еримдан чиқаётганимда заҳар ичган эдим. Бошим айланяпти. Мен ўламан. Илтимос қиламан, сэр, ҳужжатларни топширишни унутманг.
– Оддий бир воқеа, лекин шу билан бирга айрим жиҳатлари ниҳоятда ибратли, – деди Холмс биз шаҳарга қайтаётганимизда. – Ҳамма гап пенснега бориб боғланган эди. Агар бахтли тасодиф туфайли котиб йигит жон бера туриб пенснени юлиб олмаганида, аминманки, бундай қарорга келолмаган бўлардик. Менга бир нарса аниқ эди: шишалари ниҳоятда кучли пенснесидан жудо бўлган одам худди кўр одамдек каловлаб қолиши керак эди. Эсингиздами, аёл орқага қайтаётганида яна ўша ўт босган ингичка йўлакдан ўтган ва қадамини бир марта ҳам четга босмаган, деб мени ишонтирмоқчи бўлган эдингиз, шунда мен буни оламшумул жасорат деб атаган эдим. Лекин ичимда бу мумкин эмас, деган қарорга келгандим, фақат агар аёлнинг ёнида эҳтиёт шарт олиб юрган иккинчи пенснеси бўлсагина гапингизга ишониш мумкин эди. Ана шунда мен, пенсне эгаси уйда бўлиши керак, деган тахминга қаттиқ ёпишиб олдим. Кейин икки йўлакнинг бир-бирига ўхшашлигини кўриб, аёл йўлдан адашган бўлса ажаб эмас, деб ўйладим. Агар шу тўғри бўлса, у албатта профессорнинг хобхонасига кириб қолиши керак. Бу мулоҳазам мени ҳушёр бўлишга ундади, шунга кўра, бу ерда биронта хуфия жой белгисини топиш учун, хонани ниҳоятда синчковлик билан кўздан кечириб чиқдим. Хонадаги гилам яхлит ва ерга таранг қилиб ёзилган эди, шунинг учун ертўла ҳақидаги фикримни миямдан чиқариб ташладим. Китоблар орқасида камгак ер бўлиши мумкин эди – қадимги кутубхоналарда бунақа жойлар учрайди. Мен хонанинг ҳаммаёғида, ерда девор ёқалаб китоблар уюлиб ётганига эътибор бердим, фақатгина ўша шкаф олди китоблардан холи эди. Бундан чиқди, бу шкаф эшик вазифасини ўташи мумкин эди. Лекин фаразимни исботлайдиган бошқа ҳеч қандай белги ё аломат йўқ эди. Шунда мен диққатимни яна гиламга қаратдим. У оч жигарранг тусда эди, бинобарин осонгина кўзлаган тажрибамни қўллаб кўришим мумкин эди. Бунинг учун мен ўша олий нав сигареталардан қанчадан-қанчасини узлуксиз чекиб, кулини шубҳали туюлган шкаф олдидаги гилам устига тўкавердим. Бу энг одми найранг жуда ҳам яхши самара берди. Кейин биз пастга тушдик, шунда мен, профессорнинг иштаҳаси очилиб кетганига ишонч ҳосил қилдим (ваҳоланки, миссис Маркерга нима мақсадда бундай савол бераётганимни сиз, Уотсон, унча тушунмадингиз ҳам). Шундай бўлиши турган гап эди, чунки профессор яна бир одамни боқаётган эди. Кейин биз яна ётоқхонага кўтарилдик. Мен бир қути сигаретани тўкиб юбориб, гилам сатҳини диққат билан кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва бизнинг йўқлигимизда маҳбус аёл беркинган жойдан чиққанига ишонч ҳосил қилдим. Мана, Хопкинс, Чаринг-Кросс бекатига ҳам етиб келдик. Олиб борган тергов ишингизнинг муваффақиятли чиққани билан табриклайман. Сиз бу ердан тўғри Скотленд-Ярдга борсангиз керак, албатта. Биз эса, Уотсон, рус элчихонасига йўл оламиз.

ТОВЛАМАЧИНИНГ ТУГАТИЛИШИ
Мен ҳикоя қилаётган ушбу воқеанинг юз берганига анча йил бўлди, шунга қарамай, уни ниҳоятда эҳтиётлик билан баён қилишимга тўғри келади. Узоқ вақтгача бунинг ҳатто учини чиқариш ҳам мумкин бўлмаган эди, аммо ҳикоямнинг асосий қаҳрамонига адлия қонунининг қўли етмайдиган эндиги пайтда, ҳеч кимга зиён тегмайдиган қилиб, айрим қисқартиришлар билан уни ошкор қилсам бўлади. Бу нарса Шерлок Холмснинг, шунингдек, менинг ҳам фаолиятимда қиёси йўқ ягона ҳодиса эди. Башарти, ҳикоям тизмасидан воқеа юз берган пайтни ёинки унинг ҳақиқий иштирокчиларига шама қилувчи бирон бир далилни олиб ташласам, китобхон мени кечирар деб умид қиламан.
Қаҳратон қиш оқшоми эди. Холмс билан мен одатдаги кечки сайрдан уйга соат олтиларда қайтардик. Холмс чироқни ёқди, шунда унинг шуъласи столда ётган ташрифномани ёритди. Дўстим унга бир қиё боқди-ю, жирканч нидо билан уни ерга отди.
Мен ташрифномани ердан олиб ўқидим:

ЧАРЛЬЗ ОГАСТЕС МИЛВЕРТОН
АПЛДОР ТАУЭРС ХЕМПСТЕД
АГЕНТ
– Ким бу? – деб сўрадим.
– Бутун Лондонда энг мараз одам шу бўлади, – деб жавоб қилди Холмс камин қаршисига ўтириб оёғини оловга тутаркан. – Ташрифноманинг орқасида ҳеч қандай ёзув йўқми?
Мен уни ўгириб:
– «Соат 6.30 да ҳузурингизда бўламан. «Ч.О.М.», – деган ёзувни ўқидим.
– Ҳм! Демак, ҳозир кириб келади. Сиз, Уотсон, ҳайвонот боғида илонлар олдига борганингизда, кўзлари совуқ боқувчи ясси тумшуқли ўша шилимшиқ, заҳарли махлуқлардан ҳазар қилганмисиз, жирканганмисиз? Милвертон ҳам менда худди шундай жирканч ҳиссиёт уйғотади. Ўз фаолиятим давомида элликта қотилнинг ишини кўришимга тўғри келган, лекин улар ичида энг марази ҳам менда бу бадкирдорчилик жирканч ҳиссиёт уйғотмаган. Лекин шунга қарамай, у билан алоқа қилмай иложим йўқ… Қисқаси, бу ерга у менинг таклифим билан келяпти.
– Ахир қандай одам ўзи у?
– Ҳозир сизга айтиб бераман, Уотсон. Бу одамни барча товламачиларнинг қироли деса ҳам бўлади. Пок номи Милвертоннинг чангалига тушган эркакка (агар ўша шўрпешона аёл киши бўлса, инчунин) Худонинг ўзи мададкор бўлсин. Зеро, бу бадкирдор одамларнинг нозик сирларини билиб олиб, мудом тиржайганча, ўта шафқатсизлик билан шўрликларнинг то қуруқ турқи қолгунча сиқиб сувини ичаверади, ичаверади. Уни маълум даражада даҳо деса бўлади: агар шу истеъдодини у ҳалол тижорат ишига бағишлаганида борми, жуда машҳур бўлиб кетиши мумкин эди. Милвертоннинг иш услуби қуйидагича: у бадавлат ёки мансабдор одамларнинг нуфузига доғ туширувчи мактублар учун катта пул беражаги ҳақида овоза тарқатади. Бундай молни у нафақат ўз соҳибларига хиёнат қилишдан ҳазар қилмайдиган хизматкорлару оқсочлардан, балки аксарият пайт, олижаноб аёлларнинг ишончи ва ихлосини қозонган асилзода аблаҳлардан ҳам сотиб олади. Бу борада у асло хасислик қилмайди. Мен унинг бир малайга икки сатрли хат учун етти юз фунт тўлаганини биламан, оқибат ана шу хатча нуфузли бир оилани хонавайрон қилган эди. Харидга чиқарилган бундай молларнинг бари Милвертоннинг қўлига бориб тушади, зотан унинг номини эшитганда ранги қув учиб кетувчи одамлар бу улкан пойтахт шаҳарда юзлаб топилади. Эртага у кимни хароб қилади – буни ҳеч ким билмайди, чунки у жуда бадавлат, жуда айёр одам, демак, унинг ҳар куни пул ишлаб топиши шарт эмас. У қиморга тикилган довнинг жуда катта миқдорга етишини кутиб, қўлидаги қартани бир неча йиллаб очмай сақлайди. Мен уни бутун Лондонда энг мараз одам деб айтдим, дарҳақиқат, қани, менга айтинг-чи, шеригини жаҳл устида сўйил билан уриб ўлдирган қароқчини олтинга шундоқ ҳам тўлиб кетган хазинасини яна ҳам ошириб-тошириш мақсадида инсон қалбини тадрижий равишда ҳеч шошмасдан қийноққа солувчи, асабларини бузувчи бу одамга қиёс қилиб бўладими?
Дўстимнинг бунақа қизишиб гапирганини жуда кам кўрганман.
– Ахир қонун бор-ку, – деб эътироз билдирдим. – Демак, бу одамнинг ҳам танобини тортиб қўйиш мумкин.
– Назарий жиҳатдан мумкин, лекин амалда мумкин эмас. Уни бир неча ойга қаматган аёл нима манфаат кўрарди дейсиз: ахир у малъун қамоқдан чиққан заҳоти бечора аёлнинг бошини ейди-ку! Милвертоннинг домига илинган шўрпешона унинг зарбасини қайтаришга журъат эта олмайди. Агарда у бирон марта бегуноҳ одамни товлаганида эди, ана унда чинакамига уни тузоққа илинтирсак бўларди, лекин у худди шайтондек айёр. Йўқ, йўқ, унга қарши курашиш учун бошқа усулни ўйлаб топиш керак.
– У нега келмоқчи бу ерга?
– Обрў-эътиборли бир хоним менга ўзининг кулфатли ишини топширди. Бу – ўтган мавсумдан бошлаб жамоа орасида кўрина бошлаган Лондондаги энг латофатли қиз леди Ева Брэкуэл. Яна икки ҳафтадан кейин бу ледининг герцог Доверкор билан никоҳ тўйи бўлиши керак. Лекин анави касофатнинг қўлига хонимнинг камбағал бир заминдор йигитга эҳтиётсизлик билан, ҳа, ҳа, Уотсон, фақат эҳтиётсизлик билан ёзган бир неча мактуби тушиб қолган. Никоҳни бузиш учун шу мактубларнинг ўзи кифоя. Агар леди талаб қилинаётган йирик миқдордаги пулни Милвертонга бермаса, у ўша мактубларни герцогга жўнатади. Менга ана шу товламачи билан учрашиб, у билан битим тузиш топширилган.
Шу пайт кўчадан от туёқларининг ва файтон ғилдирагининг тарақлаши эшитилди. Деразадан қараб, бир жуфт тўриқ от қўшилган ғоят ҳашаматли каретани кўрдим; карета томига ўрнатилган фонуснинг ёруғ шуъласи зотдор жониворларнинг ярақлаган сағрисида товланарди. Хизматкор каретанинг эшигини очди, ундан эгнига қоракўл ёқали пальто кийган, паст бўйли бақалоқ бир одам тушди. У бир дақиқадан кейин хонамизга чиқиб келди.
Чарльз Огастес Милвертон эллик ёшлар чамасидаги, калласи катта, кўринишидан фаросатли одам эди; унинг соқол-мўйлови олинган, сохта жилва қотиб қолган юзи юм-юмалоқ ва лўппи, ўткир қўй кўзлари олтин гардишли кўзойнаги орқали одамга қаттиқ тикиларди. Агарда унинг табассуми худди ёпиштириб қўйилгандек сохта, кўзлари олазарак ва совуқ бўлмаганда бу одам Пиквик[8 - Пиквик – Чарльз Диккенс романининг қаҳрамони.] ни эслатарди. Овози биринчи қарашда оқкўнгил бўлиб кўринган бу одамнинг ташқи қиёфаси сингари мулойим ва ёқимли эди: у Холмсга яқин келиб, дўмбоқ қўлчасини узатаркан, биринчи ташрифида бизни учрата олмаганидан таассуф қилди.
Холмс узатилган қўлни эътиборсиз қолдирди, унинг чеҳрасида кескинлик вужудга келди-ю, худди тошдек қотиб қолган эди. Лекин тиржайиб турган Милвертоннинг оғзининг таноби қочди; у кифтини учириб қўйиб, пальтосини ечди, авайлаб тахлади-да, стул суянчиғига осиб, ўзи ўтирди.
– Бу жентльмен ким? – деб сўради у боши билан мен томонга мулойимгина ишора қиларкан. – Бегона одамнинг иштироки ножўя бўлмасмикин?
– Доктор Уотсон менинг дўстим ва ҳамкасбим.
– Ундай бўлса, жуда соз, мистер Холмс. Мен фақат мижозимнинг манфаатини кўзлаб эътироз билдираётувдим. Зеро, бу ғоятда нозик иш…
– Доктор Уотсоннинг бундан хабари бор.
– Демак, ишга киришаверсак ҳам бўлар экан. Сиз леди Еванинг номидан ҳаракат қилаётганингизни айтгандингиз. У хоним шартимни қабул қилиш учун сизга ваколат бердими?
– Шартингиз қандай?
– Етти минг фунт.
– Агар рози бўлмаса-чи?
– Азизим сэр, бу ҳақда музокара юритиш мен учун жуда оғир, лекин агар ўша пул ўн тўртинчигача тўланмаса, турган гапки, ўн саккизинчида никоҳ тўйи бўлмайди.
Унинг меъдага тегувчи жилваси яна ҳам назокатлироқ кўриниш олди.
Холмс бир оз ўйланиб қолди.
– Назаримда, – деди у ниҳоят, – ҳозир сиз кўзлаган режангизга қаттиқ ишонган ҳолда ҳаракат қилаётганга ўхшайсиз. Мактубларнинг мазмуни менга маълум. Бинобарин, мижозим албатта менинг маслаҳатимга амал қилади. Мен бўлсам унга ҳамма гапни бўлғуси эрига очиқ айтишни ва унинг олиҳимматлигига умид боғлашни маслаҳат бераман.
Милвертон кулиб юборди.
– Сиз герцогни билмас экансиз, назаримда, – деди у.
Холмснинг таъби хира бўлганини кўриб, герцогнинг қанақа одамлигини яхши билишини сездим.
– Мактубларда ҳеч қандай ножўя гап йўқ, – деди у.
– Улар жўшқин… ғоятда жўшқин қалб билан ёзилган, – деб жавоб қилди Милвертон. – Ледининг услуби ниҳоятда дилбар. Аммо сизни ишонтириб айтишим мумкинки, герцог Доверкорский бу услубни қадрлай олмайди. Лекин, агар сиз бошқача фикрда бўлсангиз, унда ишимизга хотима ясаб қўя қолайлик. Чунки бу масалани фақат пул билан ҳал қилиш мумкин. Сиз, агар бу мактублар герцогнинг қўлига бориб тушса, мижозингиз бундан ҳеч қандай зиён кўрмайди деб ҳисоблаяпсиз – яхши, агар шундай бўлишига қатъий ишонсангиз, у ҳолда мактубларни йирик пулга сотиб олишингиз бемаънилик бўлар эди.
Милвертон ўрнидан туриб, пальтосини қўлига олди.
Холмснинг ранги ғазаб ва аламдан гезариб кетди.
– Тўхтанг, – деди у. – Жуда ҳам шошқалоқ экансиз. Биз бу нозик ишнинг жанжалга сабаб бўлмаслиги учун қўлимиздан келганча уриниб кўрамиз, албатта.
Милвертон яна жойига ўтирди.
– Бу ишга айнан шундай ёндашишингизни билардим, – деди у минғирлаб.
– Шуниси ҳам борки, – деб гапида давом этди Холмс, – леди Ева бадавлат аёллардан эмас. Гапимга ишонинг, у ўша мактублар учун сизга ҳатто икки минг фунт тўлаганида ҳам хонавайрон бўлади, аммо сиз белгилаган миқдордаги ақчани тўлашга унинг мутлақо қурби етмайди. Шунинг учун, илтимос қиламан сиздан, талабингизни бир оз чекланг-у, ҳозир мен тилга олган ақча эвазига мактубларни қайтариб беринг, гапимга ишонинг, леди Еванинг шу пулдан бир чақа ҳам ортиқ маблағи йўқ.
Милвертоннинг юзи табассумдан баркашдек ёйилиб кетди, кўзларида шўх учқунлар чақнади.
– Биламан, ледининг имконияти ҳақида айтганларингиз тўғри, – деди у. – Лекин бир ўйлаб кўринг: бу никоҳ тўйи муносабати билан хонимнинг дўстлари-ю, хешлари албатта унга ул-бул нарса совға қилиш тараддудига тушадилар. Сиз уларга, Лондондаги барча совғабоп қандиллар-у, кўзалардан ҳам кўра, шу бир даста мактуб келиннинг кўнглини кўпроқ хушнуд қилади, деб тушунтиринг.
– Бунинг иложи йўқ, – деб эътироз билдирди Холмс.
– Э Худо, қандай ачинарли ҳол! – деди Милвертон киссасидан қалин ёндафтар чиқараркан. – Таассуфки, хонимларимизнинг маслаҳатчилари донишманд эмас, деб ўйлашга мажбурман: улар йўл-йўриқ кўрсатишни билмайдилар. Мана буни кўринг!
У муҳрланган конверт ичидан хат чиқарди.
– Буни ёзган… йўқ, беандишалик қилиш яхши эмас. Аммо эртага бу мактуб, уни ёзган хонимнинг эрига бориб тегади. Бундай бўлишига борйўқ сабаб шуки, хоним бу мактуб учун арзимаган ҳақ тўлашдан бош тортаяпти, ҳолбуки, ўша талаб қилинган ҳақни ярим соат ичида – бриллиантларини қалбакисига айрибошлаб топса бўларди. Афсус, афсус! Айтинг-чи, мисси Майлс билан полковник Доркингнинг никоҳ тўйи бузилгани эсингиздами? Бу ҳақда «Morning post» газетаси никоҳга атиги икки кун қолганида хабар қилган эди. Хўш, нега бундай бўлган эди? Йўқ, ҳеч ақл бовар қилмайди бунга – арзимаган бир минг икки юз фунт пул билан ишни пиширса бўларди. Ахир бу аянчли эмасми? Сиз эса, шундай бамаъни одам бўла туриб, мижозингизнинг номуси ва келажаги ҳал бўлаётган чоғда савдолашиб ўтирибсиз-а! Мени ҳайрон қолдиряпсиз, мистер Холмс.
– Мен очиғини айтдим, – эътироз билдирди Холмс. – Мижозим бунча пулни топа олмайди. Лекин мен айтган нарх ҳам кам пул эмас. Шунча ақчадан воз кечиб бир бечора аёлни бахтиқаро қилиш яхшими? Ахир сиз бундан ҳеч қандай манфаат кўрмайсиз-ку.
– Янглишдингиз, мистер Холмс, орқаваротдан тарқатилган миш-мишлар менга жуда катта фойда келтиради. Ҳозир худди шунга ўхшаган ишлардан саккиз-ўнтаси қўлимга илинай деб турипти. Агар леди Евани жазолаганим ҳақида овоза тарқалса, бошқалар мулоҳазали бўлиб қолишади. Энди тушундингизми?
Холмс сапчиб ўрнидан туриб кетди.
– Уотсон, орқасига ўтинг! Уйдан қочиб чиқмасин! Ҳозир, сэр, ёндафтарингизда нималар ёзилганини ўқиб кўрамиз.
Милвертон «шип» этиб бурчакка ўтди ва орқасини деворга тираб туриб олди.
– Мистер Холмс, мистер Холмс, – деди у камзулининг олдини очиб, қўйин чўнтагидан оғзи чиқиб турган каттакон тўппончасини кўрсатаркан. – Мен сизнинг бундан дурустроқ усул қўллашингизни кутган эдим. Бунақа муносабатни менга кўп ишлатишган, лекин ҳеч қачон ҳеч нимага эриша олишмаган. Шуни яхши билингки, мен тиш-тирноғимгача қуролланганман ва истаган пайтимда қурол ишлата оламан, зеро, қонун мени ҳимоя қилишини яхши биламан. Қолаверса, ўша сиз тилга олган мактубларни ёнимга солиб келадиган даражада аҳмоқ ҳам эмасман. Айтмоқчиманки, сиз яна бир марта хатога йўл қўйдингиз, мистер Холмс. Хўп, саломат бўлинглар, жентльменлар, бугун кечқурун мен яна икки киши билан учрашишим лозим, ўзингиз биласиз, бу ердан Хемстедгача анча йўл.
Милвертон юриб келиб, стул суянчиғига ташлаган пальтосини олди ва қўлини револьверига қўйганча эшик томон йўл олди. Шунда мен стулни олиб унга отмоқчи бўлган эдим, лекин Холмснинг бош чайқаганини кўриб, яна уни ерга қўйдим. Милвертон тиржайганча бизга таъзим қилиб ва қошларини учириб хонадан чиқди, орадан бир зум ўтгач, кўчадан карета эшигининг «қарс» этиб ёпилгани ва ғилдиракларнинг шалдираб юриб кетгани эшитилди.
Холмс қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб, бошини эгганча, кўзини каминдаги лаққа чўғдан узмай ўтирарди. Шу алфозда у ярим соатча чурқ этмай ўтирди. Сўнг қатъий бир қарорга келган одамдек сапчиб ўрнидан турди-да, ётоқхонаси томон юрди. Салдан кейин у ердан қилиқлари анча бетакаллуф, эчкисоқол, олифта бир ҳунарманд йигит чиқди. У сопол трубкасини чироқдан тутатиб олиб, эшик тутқичидан ушлади.
– Мен тезда қайтаман, Уотсон, – деди у ва зулмат тун қўйнига кириб кўздан ғойиб бўлди.
Тушунишимча, дўстим Чарльз Огастес Милвертонга қарши жанг бошлаган эди. Лекин бу жангнинг нима билан тугаши етти ухлаб тушимга кирмаган эди.
Холмс бир неча кун муттасил ҳар хил пайтда шу қиёфада уйдан чиқиб юрди. Тўғри, дўстимнинг Хемстедга қатнаётганини ва вақтини бекор ўтказмаётганини билардим, аммо унинг қандай иш билан шуғулланаётганидан мутлақо бехабар эдим. Ниҳоят, ташқарида бўрон қутураётган рутубатли оқшомларнинг бирида, у уйга қайтиб келиб, либосини ечди ва оловга яқин ўтириб самимият билан хандон отиб кулиб юборди.
– Сиз, Уотсон, менда уйланишга мойиллик борлигини ҳеч сезганмидингиз?
– Йўқ, сезмагандим.
– Бўлмаса, билиб қўйинг, мен бир қиз билан аҳд-паймон қилиб келдим.
– Азиз дўстим! Табрикла…
– Қаллиғим –Милвертоннинг уй ходимаси.
– Ё тавба, бу нима қилиқ, Холмс?
– Менга Милвертон тўғрисида маълумотлар керак эди.
– Ҳатто шу даражага бордингизми?
– Ўзга иложим йўқ эди. Камина омади юришган мисгарман, исмим – Эскот. Биз ҳар куни кечқурун сайр қилдик, суҳбатлашдик. Э Худо! Ҳиқилдоғимга келди у суҳбатлар! Лекин ниятимга етдим. Энди мен Милвертоннинг уйини худди беш қўлимдек биламан.
– Ахир, қиз нима бўлади, Холмс?
У елкасини учириб қўйди.
– Бошқа иложимиз йўқ эди, азизим Уотсон. Ов қилгандан кейин биракай ов қилиш керак. Лекин мен мамнуният билан сизга шуни баён қилишим мумкинки, бу борада рақибим бор, у қиздан юз ўгирганимни кўрган заҳоти албатта ўрнимни эгаллайди. Қандай ажойиб тун!
– Сизга ёқадими шунақа ҳаво?
– Бу айни муддао. Мен бугун тунда Милвертоннинг уйига кирмоқчиман, Уотсон.
Унинг ниҳоятда жиддият ва қатъият билан айтган бу гапини эшитдим-у, нафасим ичимга тушиб, аъзойи баданим жимирлаб кетди. Зулмат тун қўйнида чақмоқ чақиб, поёнсиз қишлоқ манзарасининг энг майда икир-чикирларигача бир зумга ялт этиб ёритгандек, мен ҳам Холмснинг бундай қилмиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган барча фалокатларни оний фурсатда ақлий нигоҳим билан кузатиб чиқдим – азиз дўстим қўлга тушиши, ҳибсга олиниши, натижада унинг обрўси тўкилиб шарманда бўлиши ва мараз Милвертоннинг тузоғига илиниши мумкин эди.
– Худо ҳаққи, Холмс, ўйлаб иш кўринг! – деб чинқириб юбордим.
– Азиз дўстим, ўзингиз яхши биласиз, мен бемулоҳаза иш кўришни ёқтирмайман, ҳаммасини пухта ўйлаб кўрдим, бинобарин, агарда бошқа йўл топилганида ҳеч қачон бундай хатарли тадбирга қўл урмаган бўлардим. Келинг, масалага жиддий ёндашиб кўрайлик. Ўйлайманки, маънавий жиҳатдан сиз бу ниятимни маъқуллайсиз, яъни бу қилмишим фақат қонун олдидагина жиноят ҳисобланади. Милвертоннинг уйига ўғриликка тушишдан мақсад – бор-йўғи, куч ишлатиб бўлса ҳам, унинг ёндафтарини тортиб олиш. Бу ишда ўзингиз ҳам менга кўмаклашмоқчи бўлган эдингиз.
Мен ўйланиб қолдим.
– Ҳа, – деб тасдиқладим, – ниятимиз – Милвертондан фақат ғайриқонуний мақсадда фойдаланаётган буюмнигина тортиб олиш экан, бу иш маънавий жиҳатдан қонунга зид бўлмайди.
– Балли. Агар бу иш маънавий нуқтаи назардан қонуний ҳисобланар экан, дангал қалтис ишга қўл уришдан ўзга чора йўқ. Лекин аёл кишининг ёрдамга муҳтожлигини кўрган ҳақиқий жентльмен қалтис ишдан ҳам қайтмаслиги керак.
– Сиз ноқулай аҳволга тушиб қолишингиз мумкин.
– Шунинг учун ҳам бу қалтис иш-да. Мактубларни қўлга киритишда қўл келадиган бошқа йўлни кўрмаяпман. Шўрлик ледида бунақа кўп пул йўқ, хешлари орасида бўлса, биронта ишончли одам йўқки, бечора қиз унга юрагини ёза олса. Эртага охирги кун, демак, агар бугун кечаси ўша мактубларни қўлга киритмасак, анави аблаҳ эртага сўзининг устидан чиқади-ю, ледини жувонмарг қилади. Шунинг учун мен ё тақдирга тан бериб қўл қовуштириб ўтиришим керак, ё бўлмаса шу охирги чорани қўллашим лозим. Очиғи, Уотсон, буни мен билан Милвертон ўртасидаги махсус олишув деса ҳам бўлади. Бу олишувнинг муқаддимасида, ўзингиз кўрдингиз, унинг қўли баланд келди, бас, шундай экан, пок номим ва қадру қийматим мени жангни давом эттиришга даъват этади.
– Бу иш менга ёқмаяпти, лекин шундай қилишимиз шартга ўхшайди, – дедим. – Қачон жўнаймиз.
– Бу гал сиз мен билан бормайсиз.
– Унда сиз ҳам бормайсиз, – деб эътироз билдирдим. – Онт ичиб айтаманки (биласиз, умримда ҳеч қачон сўзимнинг устидан чиқмай қолмаганман), агар бирга бормасам, ҳозироқ кўчага чиқиб кэб ёллайман-да, полиция маҳкамасига бориб сизни чақиб бераман.
– Сиз менга бу ишда ёрдам бера олмайсиз.
– Қаёқдан биласиз? Нима бўлиши маълум эмас. У ерда не ҳол юз бермасин, қарорим қатъий. Ўз қадрини ҳис этадиган, номини пок сақлашга уринадиган одам фақат сиз эмассиз.
Холмс аввалига ранжигандай бўлиб кўринганди, лекин энди, шу гапимдан кейин юзи ёришиб, елкамга қўлини ташлади.
– Майли, азиз дўстим, сизнингча бўла қолсин. Биз жуда кўп йил ҳамхона бўлиб яшадик, эндиликда шу анъанамиздан юз ўгиришимиз яхши эмас. Агар омадимиз юришмаса, битта камерани баҳам кўрармиз. Очиғини айтсам, Уотсон, мендан ажойиб жиноятчи чиққан бўларди деб ўйлардим ҳамиша. Мана, ниҳоят, бунинг учун зўр имконият туғилди!
Холмс стол ғаладонидан пишиқ бир чарм ғилоф олиб, уни очди-да, ичига терилган бир неча ялтироқ асбобни кўрсатди.
– Бу ўғриларнинг сўнгги пайтда кашф этилган энг олий нав асбоблари; бу ерда никелланган жажжи мисранг[9 - Мисранг – лом.], ойна кесиш учун олмос, очқичлар-у, ривож топаётган дунёвий маданият талабига жавоб берувчи энг янги мосламалар бор. Мана яна хуфия чироқ. Ҳаммаси жобажо. Сизда таги юмшоқ ботинка борми?
– Ҳа, бор. Теннис ўйнашга мосланган таги резинка ботинкам бор.
– Жуда соз. Ниқоб-чи?
– Қора шойидан ясаб олишим мумкин.
– Назаримда, бунақа ишга сизда туғма мойиллик мавжуд. Жуда яхши; ниқобни ясанг. Жўнаш олдидан енгилроқ тамадди қилиб оламиз. Ҳозир соат саккиз ярим. Соат ўн бирда Черчроуга етиб олишимиз керак. У ердан Аплдор Тауэрсга чорак соатда пиёда юриб борса бўлади. Ишни тун ярим бўлмасданоқ бошлаймиз. Милвертон ҳар доим соат ўн яримда ухлагани ётаркан, уйқуси жуда ҳам қаттиқмиш. Агар бизга омад ёр бўлса, чўнтагимизда леди Еванинг мактублари билан тунги соат иккида уйга қайтиб келамиз.
Биз театрдан қайтаётган одамларга ўхшаш учун эгнимизга фрак кийдик. Оксфорд-стритга чиқиб кэб ёлладик ва шу кэбда Хемстедгача бордик. Сўнг извошчига кира ҳақини тўлаб кун жуда ҳам совуқ бўлгани ва кишининг суяк-суягигача қақшатувчи шиддатли шамол эсаётгани сабабли, пальтоларимизнинг ёқасини кўтариб, энг юқори тугмаларигача қадаб олдик-да, Хис дарёси ёқалаб юриб кетдик.
– Бу ниҳоятда қалтис иш, – деди Холмс. – Ҳужжатлар Милвертоннинг кабинетида, темир сандиққа солиб қулфлаб қўйилган. Хобхонаси эса шундоққина кабинетга туташган. Лекин соғлиғидан шикоят қилмайдиган ҳамма бақалоқ одамлар сингари Милвертон ҳам қаттиқ ухлар экан. Агатанинг айтишича (қаллиғимнинг исми шундай), хўжайинини замбарак отиб ҳам уйғотиб бўлмас эмиш. Милвертоннинг жуда садоқатли бир котиби бор. Кундуз кунлари у кабинетдан ҳеч қаёққа чиқмайди: мана шунинг учун ҳам биз кечаси келяпмиз. Бутун уйни бир қопағон ит қўриқлайди, тунда уни ечиб юборишади. Лекин мен кейинги пайтда Агата билан учрашгани икки марта кечаси қоронғида бордим, шунинг учун у итни ҳужрага киритиб, устидан қулфлаб қўядиган бўлди. Ана ўша уй. Ҳув ана, боғ этагида қад кўтариб турипти. Юринг, дарвозадан кирамиз, энди дафна буталари орасидаги йўлкадан ўнгга юрамиз. Менимча, ниқобларни тақадиган пайт келди. Кўряпсизми, биронта ҳам деразада чироқ йўқ. Ишимиз ҳозирча яхши кетяпти.
Биз кўзимизга ниқобларни тақиб, ҳақиқий қароқчиларга айландик ва сукутга чўмган, зулмат босган улкан уй олдига оёқ учида юриб бордик. Уйнинг бир томони усти ёпиқ узун равон билан тўсилган бўлиб, унинг бир нечта деразаси, ичкарида эса иккита эшиги бор эди.
– Ана унинг хобхонаси, – деб пичирлади Холмс. – Ёнидаги эшикдан кабинетга кирилади. Лекин, афсуски, у ҳам ичидан сурма зулфин билан беркитилган, ҳам қулфланган. Демак, бу эшикни товуш чиқармай очиб бўлмайди. Яхшиси, юринг, уйнинг орқа томонига ўтиб кўрамиз. У ёқда ойнаванд гулхона бор, ўша ердан меҳмонхонага кириш мумкин.
Гулхонанинг эшиги ҳам қулфлоғ эди. Лекин Холмс эшик ойнасини олмос билан кесди ва қўлини тиқиб, ичкаридан калитни буради. Сўнг, ичкарига кирган заҳотимиз яна эшикни қулфлади-ю, шу дақиқадан бошлаб биз қонун олдида жиноятчига айландик-қолдик. Бизни қишки боғнинг иссиқ ва нам ҳавоси қамраб олди, димоғимизга антиқа ўсимликларнинг кишини сармаст этувчи ўткир ҳиди кирди. Холмс қоронғуда қўлимдан ушлаб, жадал юрганча, мени гул буталари ёнидан олиб ўта бошлади; ҳар қадамда навдалар юзимизга уриларди. Дўстим қоронғуда кўра оладиган ажойиб хислатга эга эди. У қўлимни қўйиб юбормай бир эшикни очди, шунда мен катта бир хонага кирганимизни ҳис қилдим; бу ерда яқин орада сигара чекишган эди. Холмс мебелларга урилиб кетмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилар эди. Кейин у яна бир эшикни очди, ичкарига кирган заҳотимиз дўстим уни ҳам қулфлади. Мен қўл узатган эдим, қўлим деворга осилган бир нечта пальтога тегди, шунда йўлакка чиққанимизни тушундим. Биз яна бир оз юрдик, кейин Холмс ўнг томондаги эшикни ниҳоятда эҳтиётлик билан очди. Бир нима устимизга «тап» этиб сакради, қўрққанимдан юрагим «шув» этиб кетди. Билсам, бу мушук экан, шунда қўрқоқлигимдан кулиб юборишимга сал қолди. Хонада, каминда олов ёниб турар, бу ерни ҳам тамаки ҳиди босганди. Холмс хонага оёқ учида юриб кирди, кейин мени киритди-да, ниҳоятда эҳтиётлик билан эшикни ёпди. Биз Милвертоннинг кабинетига кирган эдик. Унинг хобхонасига очиладиган эшик биз кирган эшикнинг қарама-қарши томонида, қалин парда орқасида эди.
Каминда ланғиллаб ёнаётган олов хонани ёритиб турарди. Эшик яқинида деворда электр тугмаси бор эди, лекин ҳеч қандай хавф бўлмаган тақдирда ҳам, чироқ ёқишга эҳтиёж йўқ эди. Каминнинг бир ёнига осилган қалин вазмин парда ташқарига туртиб чиққан камгак ердаги деразани тўсиб турарди. Каминнинг иккинчи ёнида эса ровонга чиқадиган эшик бор эди. Хонанинг қоқ ўртасида ёзув столи, стол ёнига қип-қизил чарм қопланган айланувчи курси қўйилган. Стол қаршисида катта китоб шкафи бўлиб, унинг устида Афина[10 - Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.] нинг мармар бюсти турарди. Китоб шкафи билан девор оралиғидаги бурчакда яшил рангли каттакон темир сандиқнинг ярақлатиб тозаланган мис бандида каминдаги олов мавжланарди. Холмс шу темир сандиқ олдига оҳиста юриб борди ва уни синчиклаб кўздан кечирди. Кейин хобхона эшигига оёқ учида бориб, қулоғини эшик тирқишига тутди. Ичкари сув қуйгандек жимжит эди. Бу аснода миямга, ҳар эҳтимолга қарши ташқарига чиқадиган эшик орқали чекиниш тараддудини кўриб қўйиш керак, деган фикр келди-ю, шу эшикни кўздан кечирдим. Таажжубки, эшик на қулфланган, на илгакланган эди. Мен қўлимни Холмснинг қўлига теккиздим, у ниқоб таққан юзини эшик томонга бурди. У ҳам таажжубда эди.
– Бу менга ёқмаяпти, – деб пичирлади у қулоғимга. – Ҳайронман, нега очиқ қолдирдийкин. Нима бўлганда ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.
– Сизга ёрдам беришим мумкинми?
– Ҳа, эшик олдига бориб туринг. Агар бирон кишининг шарпасини эшитсангиз дарҳол эшик зулфинини суринг, биз ўзимиз келган йўлдан чиқиб кетамиз. Агар бу ерга қишки боғ томондан киришса-ю, биз ишни тугатган бўлсак, унда манави эшик орқали чиқиб кетамиз. Мабодо ҳужжатларни олишга улгурмасак, унда дераза пардаси орқасига яширинамиз. Тушундингизми?
Мен бош ирғаб, эшик олдига бориб турдим. Юрагимга ғулғула солган бояги қўрқув туйғуси ўтиб кетган ва энди вужудимни шундай ўткир завқ қамраб олган эдики, бундай ҳузурни қонунни ҳимоя қилган пайтларимизда қонунга қарши иш кўраётган ҳозирги пайтдагидек ҳис қилмаган эдим. Олий мақсадни кўзлаган, бизни бу ишга даъват этган нарса худбинлик эмас, балки одамохунлик истаги эканлигини идрок этиш, ғанимимизнинг мурдорлигидан нафратланиш – мана шу ҳиссиётларнинг ҳаммаси бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшарди. Мен ўзимни айбдор ҳисобламасдим, балки, аксинча, бундай хатарли ишга қўл урганимиздан қувонардим, ҳаяжонланардим. Мен Холмснинг хатти-ҳаракатини завқ билан кузатардим. У чарм жилдни очиб, худди ўта мураккаб операцияга тайёрланаётган жарроҳ сингари, керакли асбобларни бамайлихотирлик билан бир-бир танлаб ола бошлади. Темир сандиқларни очишда ҳеч ким Холмснинг олдига туша олмаслигини яхши билардим, шунинг учун, кўп дилбар хонимларнинг қисматини ўз комида сақлаб турган бу аждар, олтин суви юритилган бу яшил махлуқ билан юзмаюз тўқнашганидан унинг кўнгли чоғ бўлиб кетганини фаҳмлаётган эдим. Холмс пальтосини ечиб стулга қўйди, камзулининг енгини шимариб, қўлига иккита парма, кичкина мисранг ва бир нечта очқич олди. Мен ровонга чиқадиган эшик олдида ҳар қандай ҳодисага шай бўлиб, бошқа эшиклардан кўз узмай турардим; ваҳоланки, сирасини айтганда, кимдир бизга халақит қилгудек бўлса, қандай чора кўришни билмас эдим. Холмс бир асбобни қўйиб, иккинчисини оларкан, уларни мутахассис-механик сингари зўр куч ва маҳорат билан ишлатиб, ярим соатча қатъий ҳаракат қилди. Ниҳоят, «шиқ» этган товуш эшитилди-ю, темир сандиқнинг кенг яшил эшиги очилди, шунда кўзим сандиқ ичига тахланган бир неча пакетга тушди: улар даста-даста қилиб боғланган, муҳрланган бўлиб, устига нималардир ёзилган эди. Холмс шу пакетлардан бирини қўлига олди, аммо каминдаги оловнинг милтираган ёруғида ўқиш маҳол бўлгани учун, ёнидан жажжигина хуфия чироқни чиқарди, чунки Милвертоннинг хобхонаси яқинида электр чироғини ёқиш хавфли эди. Лекин шу пайт Холмс бирдан бошини кўтарди ва ташқарига диққат билан қулоқ сола бошлади. Кейин шоша-пиша темир сандиқнинг эшигини итариб ёпди, пальтосини қўлига олди, асбобларни чўнтагига солди-да, менга, орқамдан юринг, дегандек ишора қилиб, ўзини дераза пардаси орқасига олди.
Мен Холмсга яқин борганимдан кейингина унинг нимадан хавфсираганини тушундим. Катта хонадоннинг қаеридадир эшик «қарс» этиб ёпилди. Бир меъёрда гурс-гурс қадам ташлаб биз томонга тез яқинлашиб келаётган оёқ товуши аниқ эшитилди. Товуш кабинет эшиги тагига келиб тинди. Эшик очилди. Электр чироқ тугмаси «шиқ» этди. Эшик ёпилди, шунда димоғимизга ўткир сигаранинг аччиқ тутуни урилди. Сўнг оёқ товуши биздан бир неча ярд[11 - Ярд – Англияда 91,44 см.га тенг узунлик.] масофадан эшитила бошлади, кимдир хона ичида у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Ахир оёқ товуши тиниб, стул ғижирлади, шунда қулоғимга қоғоз шитирлагани эшитилди.
Шу пайтгача парда орасидан мўралаб қарашга журъат эта олмаган эдим, лекин энди пардани оҳиста суриб, торгина тирқишидан хонага қарадим. Холмс пинжимга кириб кетди, демак, у ҳам кузатаётган эди. Биз шундоққина рўпарамизда, қўл чўзса етадиган масофада Милвертоннинг кенг ва дўнг елкасини кўрдик. Бу одамнинг турмуш тарзи ҳақидаги тахминларимиз мутлақо хато эканлиги бизга аниқ бўлди. У ётоқхонага ҳатто кирмаган ҳам, балки ҳовлининг этагидаги деразаси кўзимизга ташланмаган чекка уйда бирон чекиш хонасида ёки биллиардхонада ўтирган бўлиши керак. Унинг сочига оқ оралай бошлаган, тепакал, ялтироқ каттакон боши шундоққина кўз олдимизда турарди. У қизил чарм қопланган креслога суяниб, оёқларини узатиб ўтирарди, оғзидаги узун қора сигара юқорига тиккайган эди. Эгнига қора духоба ёқали қирмизранг калта камзул кийганди. У оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарар экан, қўлидаги узун бир ҳужжатни эринчоқлик билан ўқирди. Унинг жуда бемалол жойлашиб ўтириши ва ўзини хотиржам тутиши, ҳали-бери кабинетни тарк этмаслигидан далолат берарди.
Шу пайт Холмснинг қўли қўлимга тегди ва таскин маъносида сиқиб қўйди. Бу ҳаракати билан у гўё, шундай бўлишини билган эдим, хотирингиз жам бўлсин, демоқчидай эди. Лекин у мен кўриб турган нарсани, яъни темир сандиқнинг эшикчаси зич ёпилмаганини кўрган-кўрмаганини билмасдим, ахир Милвертон буни ҳар дақиқада пайқаб қолиши мумкин эди-ку. Мен ўзимча шундай қарорга келиб қўйдим: мабодо у темир сандиқнинг очилганини сезиб қолса, дарҳол пистирмамдан отилиб чиқаман-у, пальтомни Милвертоннинг бошига ёпиб, қўлини боғлайман, у ёғини Холмснинг ўзи тинчитади. Лекин Милвертон бир марта ҳам темир сандиқ томонга қарамади. У қўлидаги бир даста қоғозни саҳифама-саҳифа ҳеч шошмасдан ўқиб ўтирарди. Мен унинг ҳужжатларни ўқиб тугатиб, сигарасини чекиб бўлгач, ётоқхонасига кириб кетади деб умид қилган эдим, бироқ у ўқишни ҳам, чекишни ҳам тугатмасидан мутлақо биз кутмаган воқеа содир бўлди.
Мен Милвертоннинг бир неча марта соатга қараб-қараб қўйганини, бир марта эса бетоқат бўлиб ўрнидан туриб, яна ўтирганини кузатдим. Аммо шундай бемаҳалда унинг ким биландир учрашиши мутлақо хаёлимга келмаган эди. Шу чоғ бирдан ровон томондан аллакимнинг оёқ товуши элас-элас эшитилди. Милвертон қоғозларни столга ташлаб, ўтирган жойида оёқларини узатди. Салдан кейин кимдир эшикни оҳиста тақиллатди. Милвертон туриб бориб уни очди.
– Сиз ярим соат кечикиб келдингиз, – деди у жаҳл билан.
Э, ҳа, эшикни очиқ қолдирганига, Милвертоннинг ярим тунгача бедор ўтирганига сабаб бу экан-да! Қулоғимизга аёл кўйлагининг оҳиста елпингани эшитилди. Милвертоннинг юзи энди биз томонга ўгирилган эди, шунинг учун пардани суриб, тирқишини беркитган эдим, аммо синчковлигим устун чиқиб, яна парда оралиғини хиёлгина очдим. Милвертон энди креслода ўтирар, оғзидаги сигара ҳамон такаббурона тиккайиб турарди. Электр чироғи билан ёритилган хона ўртасида эгнидаги плашининг қора қайтарма қалпоғи боғичини энгагидан боғлаб олган, юзини рўйпўш тўр билан тўсган қадди-қомати келишган норғул бир аёл турарди. У ҳансираб нафас олар, нозик жуссаси қаттиқ ҳаяжондан дағ-дағ титрарди.
– Сиз мени тунги оромимдан маҳрум қилдингиз, тасаддуқ, – деди Милвертон. – Шу хизматим эвазига мени хушнуд этсангиз керак деган умиддаман. Барвақтроқ келишнинг иложи бўлмадими?
Аёл «йўқ» дегандек бош чайқади.
– Ҳай, бўлмаган бўлса, бўлмабди-да. Гапингизга қараганда, графиня сизга қўпол муомала қиладиган бўлиб қолган-у, ҳозир сиз ундан қасд олиш имконига эгасиз, шундайми? Ие, нима бўлди сизга, яхши қиз? Нега бунча қалтираяпсиз? Мана сув, ичинг. Енгил тортасиз! Энди ишга киришайлик. – У стол ғаладонидан бир хат олди. – Қўлингизда графиня Д’ Альбернинг обрўсини тўкиши мумкин бўлган бешта мактуб борлиги ҳақида ёзибсиз. Сиз шу мактубларни сотиш ниятидасиз, мен уларни харид қилмоқчиман. Яхши. Энди уларга нарх белгилашимиз керак. Бунинг учун мен албатта у мактубларни кўздан кечиришим керак: кўрайлик-чи, чиндан ҳам сотиб олишга арзийдими-йўқми… Ё қудратингдан, наҳотки бу сиз?
Аёл бир оғиз ҳам гапирмай, юзини тўсиб турган тўрни кўтарди, қайтарма қалпоқни бошидан ечди. Бу ниҳоятда дилбар, қорасоч аёл бўлиб, юзи хушбичим эди; бурни бежирим, қуюқ қошлари остида қора, нафрат тўла кўзлари порлаб турар, нозик лаблари истеҳзоли жилмаяр эди.
– Ҳа, менман, – деб жавоб қилди аёл. – Сиз жувонмарг қилган ўша бахтиқаро бўламан.
Милвертон кулиб юборди, лекин унинг кулгисида қўрқув сезилиб турарди.
– Ўзингиз ҳам ўжарлик қилувдингиз-да, – деди у. – Бунчалик оёқ тираб олишнинг нима ҳожати бор эди? Гапимга ишонинг, мен ўз хоҳишим билан пашшага ҳам озор бермаганман. Аммо ҳар бир одам ўз билганича кун кечиради. Хўш, мен нима қилишим мумкин эди? Ахир сизнинг имкониятингиздан келиб чиқиб нарх қўйган эдим. Аммо сиз уни тўлашни истамадингиз.
– Шундан кейин сиз мактубларимни эримга юбордингиз; бу билан сиз энг олижаноб бир инсоннинг дилини вайрон қилдингиз. Мен у инсоннинг ҳатто ботинкасининг ипини боғлашга ҳам номуносиб ҳисоблардим ўзимни. Натижада, у ўлди. Мана шу ерда, шу хонада кечаси, менга раҳм қилинг, деб ялиниб-ёлборганларим эсингиздами? Ўшанда сиз юзимга бақрайиб туриб хахолаб кулган эдингиз! Ҳозир ҳам кулмоқчи бўляпсиз, лекин лабларингиз титраяпти. Аблаҳ! Қўрқоқ махлуқ! Мени бошқа кўришни ўйламаган бўлсангиз керак? Лекин мен айнан ўша кечаси қандай қилиб ҳузурингизга киришни ва сизни ёлғиз учратиш мумкинлигини билиб олган эдим. Хўш, Чарльз Милвертон, менга айтадиган яна қандай гапингиз бор?
– Қўрқитдим деб ўйламай қўя қолинг, – деб жавоб қилди Милвертон ўрнидан тураркан. – Агар товуш чиқарсам, шу заҳоти хизматчиларим кириб келиб сизни қўлга олишади. Лекин мен раҳм қиламан, зеро, нега бунчалик дарғазаб эканлигингизни тушунаман. Яхшиликча чиқиб кетинг бу ердан. Шу билан мусоҳабага барҳам берайлик.
Лекин аёл ҳамон қўлларини плаши ичига яшириб, заҳарханда жилмайганча жойидан жилмай турарди.
– Сиз мени жувонмарг қилган эдингиз, аммо энди бошқа ҳеч кимнинг умрига зомин бўла олмайсиз. Сиз менинг дилимни вайрон қилган эдингиз, энди ҳеч бир кимсанинг қалбини эза олмайсиз. Мен башариятни сиздек заҳарли илондан халос этаман. Мана, ол тегишингни, кўппак!
Аёлнинг қўлида жажжигина пистолет ялт этди. Устма-уст битта, иккита, учта ўқ узилди… Пистолетнинг оғзи Милвертоннинг кўксидан ярим метр масофада эди. У гандираклаб столга юзтубан йиқилди, йўтали тутиб қоғозларни чангаллади. Кейин каловланиб ўрнидан турди-да, стол ортидан чиқди. Олтинчи ўқ гумбирлади-ю, у ерга «гурс» этиб қулади.
– Мени едингиз, – деб пичирлай олди, холос. Аёл мурдага тикилиб турди-да, пошнаси билан унинг юзига бир тепди. Кейин яна тикилди – Милвертон инграмади ҳам, қимирламади ҳам. Аёл жойидан қўзғалгани эшитилди, дим хонага тунги салқин ҳаво эсиб кирди-ю, қасоскор хоним ғойиб бўлди. Биз бу фалокатга йўл қўймаслик учун минг уринганимизда ҳам у одамни ўз қисматидан қутқариб қололмаган бўлардик; лекин шунга қарамай, агар аёл гандираклаётган Милвертонга кетма-кет ўқ узаётган пайтда Холмс қўлимдан маҳкам ушлаб қолмаганида борми, албатта ёрдамга отилиб чиққан бўлардим. Мен дўстимнинг қай маънода қўлимни маҳкам сиққанига тушундим. Бу билан Холмс, буни бизга дахли йўқ, ниҳоят одил суд бу разолат бандаси устидан чиқарган ҳукмини ижро этди, бизнинг ўз бурчимиз, ўз мақсадимиз бор, шуни унутмаслигимиз керак, демоқчи бўлган эди. Аёл ғойиб бўлган ҳамоно Холмс ички эшик олдига шипиллаб бориб калитни бураб, уни қулфлади. Айни шу пайт уйнинг ҳар томонидан шовқин-сурон ва югурган оёқ товушлари эшитила бошлади. Ўқ овози бутун хонадонни оёққа турғизган эди. Холмс ҳеч ҳовлиқмасдан темир сандиқ олдига борди, у ердаги даста-даста мактубларни иккала қўли билан сидириб олиб, оловга ташлади, кейин яна ва яна олиб ташлайверди, хуллас, сандиқни шипшийдам қилди. Шу пайт кимдир эшик бандини босди, сўнг уни тапиллата бошлади. Холмс атрофга тез кўз югуртириб чиқди. Милвертоннинг столида ўлим даракчиси – қонга бўялган мактуб ётарди. Холмс уни ҳам каминга ташлади. Кейин у сиртқи эшикнинг калитини олиб, мени эшикдан чиқарди, сўнг ўзи ҳам чиқиб эшикни қулфлади.
– Бу ёққа, Уотсон, – деди у, – боғ деворидан ошишимизга тўғри келади.
Бутун уйни ваҳима шунчалик тез қамраб олишини тасаввур қилмаган эдим. Орқамга ўгирилиб, уйдаги ҳамма деразаларнинг чироқдан ёруғлигини кўрдим. Уйнинг асосий эшиги ланг очилган, хиёбонда кимлардир югуриб юрарди. Боғ ғиж-ғиж одам эди. Аллаким бизнинг ровондан отилиб чиққанимизни кўриб қолди, қичқирганча орқамиздан қува бошлади. Холмс боғдаги ҳар бир йўлакни пухта ўрганган эди, шунинг учун, дарахтлар ва буталар орасидан дадил олға югуриб борар эди. Мен ундан бир қадам ҳам орқада қолмасликка уринардим. Орқамдан изма-из биров қувиб келаётган эди – мен унинг ҳансираб нафас олишини эшитдим. Йўлимизга олти фут[12 - Фут – 30,48 см.га тенг узунлик ўлчови.] баландликдаги девор ғов бўлди. Холмс бир сакрашда ундан ошиб тушди. Мен ҳам сакрадим, лекин девор бошига қўлларим билан маҳкам ёпишганимни биламан, шу пайт, кимдир оёғимдан торта бошлади. Мен оёғимни бир силтаб тортиб олиб, деворнинг синиқ шишалар билан ихота қилинган бошига бир амаллаб чиқиб олдим, сўнг деворнинг нариги ёғига юз тубан йиқилдим. Холмс бир зумда мени оёққа турғизди, шундан сўнг поёни йўқ Хемстед майдонидан югуриб кетдик. Шу югуришда биз тахминан икки миляча[13 - Миля – 7420 метр.] йўл босдик, шундан кейингина Холмс тўхтаб қулоқ солди.
Атроф худди сув қуйгандек жимжит эди. Демак, таъқибдан қутулибмиз.
Эртаси куни эрталаб биз нонушта қилиб бўлиб, трубка чекиб ўтирган эдик, ғарибона меҳмонхонамизга Скотленд-Ярд инспектори Лестрейд кириб келди. Унинг кўриниши виқорли ва маънодор эди.
– Яхши ётиб турдингизми, мистер Холмс, – деди у, – хайрли эрта. Марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳозир жуда ҳам бандмисиз?
– Бандман, аммо сизнинг гапларингизни бажонидил эшитаман.
– Бугун кечаси Хемстедда жуда антиқа бир иш содир бўлган; шу ишни текширишда бизга ёрдам бера олмайсизми?
– Ё тавба! – деб юборди Холмс. – Нима содир бўлипти у ерда?
– Қотиллик… Ўта фожиавий ва айни пайтда жуда ажойиб қотиллик. Сизнинг бундай ҳодисаларга қизиқишингизни биламан, шунга кўра, агар Аплдор Тауэрсга борсангиз-у, биздан ёрдамингизни аямасангиз, мени ғоят миннатдор қилган бўлардингиз. Бу – ғайритабиий жиноят. Биз ўлдирилган одамни бир неча вақтдан бери кузатиб юрардик. Гап шу ерда қолсин-у, у учига чиққан аблаҳ эди. Унинг темир сандиғида кишиларни обрўсизлантирувчи қоғозлар сақланарди, шу қоғозлардан у товламачилик мақсадида фойдаланарди. Лекин қотиллар ўша қоғозларнинг ҳаммасини ёқиб юборишган. Биронта ҳам қимматбаҳо буюм ўғирланмаган. Тахминимизча, жиноятчилар – оқсуяклар жамиятидан бўлишса керак. Чамаси, улар ягона бир режани – одамларни бадном бўлишига йўл қўймасликни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.
– Жиноятчилар нечта экан? – деб сўради Холмс.
– Иккита. Уларни жиноят устида тутиб олишларига сал қолипти. Бизда уларнинг оёқ излари ҳам, ташқи қиёфалари тасвири ҳам бор; уларни топишимизга тўқсон тўққиз фоиз ишонаман. Биттаси жуда ҳам эпчил бўлган, иккинчиси боғбон тутиб олай деганида қочиб қолипти. Буниси ўрта бўйли, жуссадор, юзи япалоқ, бўйни йўғон, юзига ниқоб таққан мўйловли одам бўлган.
– Белгилари анча мавҳум, – деб эътироз билдирди Шерлок Холмс. – У белгиларни, масалан, Уотсонга ёпиштирса ҳам бўлади.
– Тўғри, худди ўзгинаси, – деб жилмайди инспектор: бу ўхшатиш унга қизиқ туюлган эди. – Қуйиб қўйгандек Уотсон-а.
– Сизга бу ишда ёрдам бера олмасман деб ўйлайман, Лестрейд, – деди Холмс. – Гап шундаки, мен ўша Милвертоннинг қандай одамлигини билардим, шунга кўра, уни Лондонда энг хавфли одамлардан бири деб ҳисоблайман. Менимча, қонунда татбиқ этилмайдиган жиноятлар ҳам бўлади. Қўйинг, мен билан тортишманг. Қарорим қатъий. Мен қурбон бўлган одамга эмас, жиноятчиларга мойиллик билдираман. Мен бу ишга аралашмайман.
Шу куни эрталаб Холмс, ўзимиз шоҳиди бўлган фожиа ҳақида чурқ этиб ҳам оғиз очмади. Лекин у худди ниманидир эслашга уринаётган одамга ўхшаб ниҳоятда чуқур ўйга толган ва паришонхотир эди. Бир вақт у тўсатдан сапчиб туриб кетди.
– Юпитер[14 - Юпитер – Рим мифологиясида олий худо.] ҳаққи, Уотсон, – деб юборди у. – Эсимга тушди! Шляпангизни кийинг! Мен билан юринг!
Биз бутун Бейкер-стрит ва Оксфорд-стрит бўйлаб деярли чопиб ўтдик, Рижент-серкес майдонига етай деб қолганимиздагина югуришдан тўхтадик. Бу ерда, чап томонда бир магазин бўлиб, унинг ойнасига сўнгги кунларда довруқ қозонган одамларнинг, ҳамма маълума ва машҳура гўзал хонимларнинг фотосуратлари қўйиларди. Холмснинг нигоҳи шу дилбар хонимлардан бирига қаратилди, мен ҳам унинг нигоҳига эргашдим, шунда кўзим эгнига сарой аъёнлари либосини кийган, улуғвор бошига муҳташам бриллиант тож қўндирган такаббур қиёфали соҳибжамол аёлнинг портретига тушди. Мен бу хилқатнинг бежирим бурни, қуюқ қошлари, чиройли оғзи ва жажжи иягини кўздан кечирдим. Портрет остига ёзилган неча-неча асрлардан бери довруғи оламга таралиб келган буюк мансабдор ва давлат арбобининг исмини ўқидим-у, нафасим ичимга тушиб кетди, зеро, бу гўзал хоним шу зотнинг рафиқаси бўлган эди. Шунда кўзим Холмснинг кўзига тушди, лекин у «жим» демоқчи бўлгандай бармоғини лабига босди.

ШЕРЛОК ХОЛМС ЎЛИМ ТЎШАГИДА
Шерлок Холмс ижарада яшаётган уй бекаси миссис Хадсон унинг дастидан жуда кўп азоб чекарди. Уйининг иккинчи қаватига куннинг истаган пайтида номаълум шахслар, баъзан турқи совуқ одамлар кириб келиши етмагандай атоқли уй ижарачиси ўз бесаранжомлиги ва тоқатсизлиги билан бекасининг асабларини синамоқчидай бўларди. Холмснинг ҳаддан зиёд батартиблиги, кишилар ором оладиган пайтларда мусиқа билан шуғулланиши, хонада тўппонча отиши, ғалати ҳидли тажрибалар ўтказишдек ақлга сиғмайдиган қилиқлари, атрофини қуршаган жиноят ва хавф-хатар уни Лондондаги энг ноқобил ижарачига айлантирганди. Аммо у подшолардек ҳақ тўларди. Мен дўстим шу уйда яшаган йиллари ижарага шоҳона пул тўлаганини биламан, у ҳатто миссис Хадсоннинг уйини ҳам бемалол сотиб олиш мумкинлигига ҳеч шубҳа қилмайман.
Шу туфайли миссис Хадсон Холмснинг олдида жуда мулойим бўлишга мажбур эди. Холмс аёлларга нисбатан мулойим муносабатда бўлгани миссис Хадсонга жуда ёқарди. Ҳа, дарвоқе, Холмс ҳеч қачон аёлларни ёқтирмаган. Аммо уларга ишонмаса ҳам аёлларга нисбатан рицарларча хушмуомалада бўларди. Миссис Хадсоннинг дўстимга бўлган илтифотини билганим учун ҳам уйланганимнинг иккинчи йили у меникига ҳовлиқиб келиб, бечора дўстимнинг оғир касал бўлиб қолганини айтганда, жуда ҳаяжонландим.
– Доктор Уотсон, у жон беряпти, – деди миссис Хадсон. – Унинг бетоб бўлганига уч кун бўлди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашяпти. Эртагача яшайдими, йўқми, буни Парвардигорнинг ўзи билади. Аммо у доктор чақиришга рухсат бермаяпти. Бугун эрталаб унинг суягига ёпишиб кетган терисини ва жавдираётган кўзини кўриб чидай олмадим. «Рози бўласизми ё йўқми, жаноб Холмс, ҳозироқ доктор чақираман», – дедим. Шунда у: «Ундай бўлса, марҳамат қилиб Уотсонни таклиф этинг», деб рози бўлди. Ўтинаман, сэр, бир дақиқа ҳам вақтни бой берманг. Акс ҳолда уни тирик кўрмайсиз!
Мен Холмснинг бирон касали йўқлигини билганим учун ҳайрон қолдим. Пальто билан шляпамни олиб кўчага қандай отилиб чиққанимни тасвирлаб ўтирмайман. Йўлда миссис Хадсондан суриштира бошладим.
– Сэр, мен сизга жуда оз нарса айтишим мумкин, – деди у. –Яқинда у Розерхайтда, ҳалиги дарё бўйидаги жин кўчаларда бир жиноий ишни текширган эди, бу касални ўша ерда юқтирган бўлиши мумкин. Чоршанба куни пешинларда мазаси бўлмай ётганича ўрнидан тургани йўқ. Мана шу ўтган уч кун ичида ҳеч нарса егани ҳам, ичгани ҳам йўқ.
– Ё Парвардигор! Нега шу вақтгача доктор чақирмадингиз?
– Сэр, ахир у рухсат бермади-да… Унинг бир сўзлигини биласиз-ку. Мен унинг гапини икки қилолмадим. Аммо, бир назар ташлашингиз билан у кўп яшамаслигига ишонч ҳосил қиласиз.
Дарҳақиқат, Холмснинг кўриниши даҳшатли эди. Ноябрь ойининг туманли кунларидан бири бўлгани учун унинг ётоқхонаси ғира-шира ёруғ эди, айниқса, ёстиқдаги бир бурда озғин, аянчли кўринган унинг юзи мени даҳшатга солди. Кўзлари жавдираб ёнарди, ёноқлари иситмадан қизариб кетган, лаблари эса қорайиб қуруқшаб кетганди. Озғин қўллари кўрпани ғижимлар, овози бўғиқ ва синиқ эди. Мен хонага кириб келганимда у қимир этмай ётганди, аммо кўзларида нимадир ялт этди – у мени таниди, чоғи.
– Хўш, Уотсон, куним битганга ўхшайди, – деди у сўниқ, аммо бурунги ҳазил оҳангида.
– Қадрли дўстим! – деб хитоб қилдим унга яқинлашарканман.
– Тўхтанг! Яқинлашманг! – деб буйруқ қилди у энг танг дақиқаларда пайдо бўладиган қатъий оҳангда. – Агар менга яқинлашсангиз, бу ердан ҳозироқ чиқиб кетишингизни сўрайман.
– Нега ахир?
– Чунки мен шуни истайман. Нима, шунинг ўзи сизга кифоя қилмайдими?
Миссис Хадсон ҳақ гапни айтган экан. Дарҳақиқат, уни қаттиққўллик тарк этмаган, аммо кўриниши анча аянчли эди.
– Ахир мен сизга ёрдам бермоқчиман-ку, – дедим унга.
– Тўғри. Агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, буюрган ишни қилинг.
– Яхши, Холмс.
Шундан сўнг у сал юмшаган бўлиб:
– Мендан жаҳлингиз чиқмаяптими? – деб бўғиқ овозда сўради.
Бечора! Ахир, шу аҳволда ётса-ю, мен қандай қилиб ундан ранжишим мумкин!
– Бу сизнинг манфаатингиз учун, – деди у яна ўша бўғиқ овозда.
– Менинг манфаатим учун?!
– Менга нима бўлганини яхши биламан. Бу касалликнинг Ватани – Суматра. Голландлар бу ҳақда биздан кўпроқ билишади, аммо улар ҳам уни кам ўрганишган. Лекин бу касаллик давосиз ва жуда юқумлилиги сўзсиз, аниқ ва равшан.
Мени гўё нарига итараётгандек унинг узун қўллари безовта қалтирар, титраб гапирарди.
– Уотсон, қўл тегса юқади, фақат қўл тегса! Шунинг учун мендан нарироқда турсангиз, аминманки ҳаммаси яхши бўлади!
– Вой Худойим, Холмс! Наҳотки бу касал юқади, деб ўзини четга оладиган одам бўлсам. Бегона бўлган тақдирда ҳам мен томошабин бўла олмайман. Шундай экан, бурчимни адо этиб, сиздек қадрдон дўстимни даволаш учун менга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.
Мен у томон яна бир қадам ташладим. Шунда у ғазаб билан мендан нари сурилди…
– Жойингиздан қимирламасангиз сиз билан гаплашаман. Акс ҳолда бу ердан чиқиб кетишингизга тўғри келади.
Мен дўстимнинг ғаройиб истеъдодини жуда ҳурмат қилардим. Ҳатто гоҳида тушунмасам ҳам унга итоат этардим. Лекин бу вазиятда менинг вазифам, касбим устунлик қилди. Бошқа пайтда Холмс менга нисбатан ўз ҳукмини ўтказса индай олмайман, аммо ҳозир мен – касалнинг ёнида турган шифокорман.
– Холмс, – дедим унга, – сиз қилмишларингизга ўзингиз тушуниб етмаяпсиз. Касал одам гўё ёш боладек бўлади. Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам сизни текширишим ва зудлик билан даволашим керак.
У ғазаб билан менга қаради.
– Агарда менинг розилигимсиз даволамоқчи бўлишса, ҳеч бўлмаса ишонадиган одамим бўлмоғи лозим.
– Ундан чиқди сиз менга ишонмас экансизда?
– Сизнинг дўстлигингизга, албатта, ишонаман. Аммо факт фактлигича қолади. Уотсон, дўстим, сиз албатта маълум тажрибага эга бўлган врачсиз, лекин чекланган мутахассиссиз. Бу гапларни сизга мен, яъни яқин дўстингиз гапириши қийин, аммо илож қанча…
Бу гаплардан мен ўзимни ҳақоратланган ҳисобладим.
– Холмс, бу сўзлар сизнинг гапларингизга ўхшамайди. Бу асабларингизнинг анча бўшашиб кетганининг далолати. Майли, менга ишонмас экансиз, ҳадеб жиғингизга тегмайман. Аммо ижозат беринг, мен сизнинг ҳузурингизга Жаспер Мик ёки Пензор Фишер, ёки Лондондаги истаган энг яхши врачларни таклиф этишим мумкин. Ахир, кимдир сизга ёрдам бериши керак-ку. Агарда ўлимингизни хотиржамлик билан томоша қилади, деб ўйлаётган бўлсангиз, у ҳолда катта хатога йўл қўйган бўласиз.
– Уотсон, сиз менга яхшилик истайсиз, – деди Холмс бўғиқ овозда. – Сизнинг жоҳиллигингизни исботлаб беришимни истайсизми? Марҳамат қилиб айтинг-чи, Тапанули вилоятидаги иситма касали ёки формоза қора куйдиргиси ҳақида нима биласиз?
– Мен бу хил касалликларни биринчи марта эшитиб турибман.
– Азизим Уотсон, Шарқда жуда кўп ғалати касалликлар мавжуд. Бу одатдаги касаллардан анча фарқ қилади. – Ҳар бир жумладан сўнг, Холмс тўхтаб суҳбатини давом эттириш учун куч тўпларди. – Мен бу хулосаларни охирги марта ўтказган тиббий-жиноий терговимда чиқардим. Айнан шу иш билан шуғулланаётган пайтда юқтирган бўлишим ҳам мумкин. Менга ёрдам бера олмайсиз, Уотсон.
– Бўлиши мумкин. Аммо жаҳон бўйича тропик касалликлар билимдони доктор Энстри ҳозир Лондонда, мен буни тасодифан эшитдим. Холмс, эътироз билдирманг, мен зудлик билан унинг ҳузурига бораман!
Мен шаҳд билан эшик томон бурилдим.
Мен ҳеч қачон бу даражада ҳайратга тушмаганман! Кўз очиб юмгунча жон бераётган одам шердек сапчиб йўлимни тўсди. Шиддат билан калитнинг буралгани ва эшик қулфланганини эшитдим. Яна бир неча дақиқадан сўнг Холмс ўрнига бориб ётганини ва оғир нафас олиб ҳансираётганини кўрдим.
– Куч ишлатиб мендан калитни ололмайсиз, Уотсон. Қўлга тушдингизми, азизим! Мен сизни озод қилмагунимча шу ерда ўтириб туришингизга тўғри келади. Аммо сиз кўп изтироб чекманг. – У базўр нафас олиб бўлиб-бўлиб гапирарди. – Сиз менга ёрдам бермоқчисиз, бунга мен заррача ҳам шубҳаланмайман. Майли, сиз айтганча бўлсин, фақат менга бир оз вақт беринг, сал ўзимга келай. Сабр қилинг, Уотсон. Ҳозир соат тўрт бўлибди. Соат олтида эса, сизни чиқариб юбораман.
– Холмс, бу ахир нодонлик-ку!
– Кўп эмас, атиги икки соат, Уотсон. Чин сўзим, соат олтида кетасиз. Чидайсизми?
– Бошқа иложим йўқ.
– Худди шундай. Раҳмат, Уотсон, кўрпамни ўзим тўғрилайман. Яқинлашманг, иложи борича мендан нарироқ туринг! Яна бир шартим бор, Уотсон. Сиз доктор Энстрини эмас, мен айтган одамни бошлаб келасиз.
– Розиман.
– Бу хонага кириб келганингиздан бери биринчи маротаба ақлли сўз айтдингиз, Уотсон. Зерикмаслик учун ана у жавондаги китобларни варақлаб чиқишингиз мумкин. Мен бир оз чарчадим. Қизиқ, электр токи тахтадан ўтаётганда нимани ҳис қиларкин?.. Уотсон, соат олтида биз суҳбатимизни давом эттирамиз.
Аммо суҳбатимиз дўстим айтган вақтда эмас, ундан анча вақтлироқ ва мени жуда ҳаяжонга солган Холмснинг эшикка югурганидан ҳам ғалатироқ йўсинда бошланди.
Мен каравотда ҳолсиз ётган Холмсга бир неча дақиқа ҳайратомуз қараб турдим. Унинг кўзи деярли юмуқ эди, гўё у ухлаб ётгандек эди.
Мен китоб варақлайдиган кайфиятда эмасдим, шунинг учун хонада юриб деворларга осилган номи чиққан жиноятчиларнинг суратларини томоша қила бошладим. Шу алпозда томоша қилиб каминга яқинлашдим. Каминнинг токчасида тартибсиз ҳолда ҳар хил шприцлар, тамакидонлар, паккилар, тўппонча ўқлари, тамаки трубкалари ва майда-чуйдалар ётарди. Шулар орасидаги фил суягидан ясалган ва қора, оқ нақшлар ўйилган, суриладиган қопқоқли қутича диққатимни ўзига тортди. Бу буюм жуда чиройли эди, мен тузукроқ томоша қилиш мақсадида беихтиёр қўл узатганимни биламан, аммо тўсатдан…
Холмс шундай қичқирдики, менимча кўчанинг энг йироқ бурчакларидаги одамлар ҳам эшитган бўлса керак. Бу ҳайқириқдан, танам музлаб, сочларим тикка бўлиб кетди. Ўгирилиб қараганимда Холмснинг юзи даҳшатли даражада ўзгариб, кўзлари ёнаётгандек кўринди. Қўлимдаги қутичани маҳкам ушлаганча тошдек қотиб қолдим.
– Ҳозироқ жойига қўйинг! Эшитяпсизми, Уотсон, ҳозироқ жойига қўйинг!
Қутичани ўрнига қўйганимдан сўнг у енгил тин олиб, ўзини яна ёстиққа ташлади.
– Уотсон, нарсаларимга бировнинг текканини ёмон кўраман. Ахир сиз буни яхши биласиз-ку. Нимага ҳадеб юраверасиз, бунга чидолмайман. Врач бўлатуриб беморни жинни қилиб қўйишингиз ҳеч гап эмас! Оромимни бузмай тинч ўтиринг.
Бу воқеа менга ҳаддан ташқари оғир таъсир қилди. Холмсга мансуб бўлмаган қизиққонлик, сабабсиз ҳайқириш, унинг асаби қанчалик бўшашиб кетганидан далолат берарди. Шундай ақл эгасининг бу ҳолатга тушганини кўриш қандай даҳшатли-а?.. Энг тушкун хаёллар билан айтилган муддат келгунча стулда михлангандек жим ўтирдим. Холмс ҳам соатини кузатиб турган бўлса керак. Чунки соат роппа-роса олти бўлиши билан яна ўша ҳаяжонли титроқ овозда гап бошлади.
– Уотсон, ёнингизда майда пул борми? – деб сўради.
– Ҳа, бор.
– Кумушми?
– Ҳа, етарлича.
– Ярим кронликдан қанча?
– Бешта.
– Кам, жуда кам! – деб хитоб қилди. – Афсус! Шундай бўлса ҳам сиз ҳамма майдангизни соат чўнтагингизга солиб қўйинг, қолган пулларни шимингизни чап чўнтагига жойланг. Худди шундай. Раҳмат! Бу мувозанатингизни сақлайди.
Бу гап яққол эсдан оғишнинг ўзи эди. У сесканиб, ё йўталди, ё йиғлади.
– Энди, Уотсон, газни ёқинг. Илтимос қиламан, жуда ҳам эҳтиёт бўлиб, газни фақат ярмигача очинг. Жуда яхши, раҳмат. Йўқ, йўқ пардани ёпманг. Энди-чи, Уотсон, анави қанд оладиган тутқични кўрдингизми? Шу билан ҳалиги қора қутичани олинг-да, столга, қоғозлар орасига эҳтиёт бўлиб қўйинг. Офарин! Энди эса Лоуэр-Бэрк-стрит кўчасидаги ўн учинчи уйда яшовчи мистер Кэлвертон Смитни менинг ҳузуримга бошлаб келинг.
Очиғини айтганда, врачга боргим келмай қолганди, чунки бечора дўстимни алаҳсираётганини кўриб, уни ёлғиз ташлаб кетишга қўрқаётгандим. Ажабланарлиси шундаки, у аввал врачдан қандай бош тортган бўлса, худди шундай ўжарлик билан Смитни олиб келишни талаб қилаётганди.
– Бундай одам борлигини эшитмаганман, – дедим.
– Бўлиши мумкин, азизим Уотсон. Бундай касалликнинг мутахассиси врач эмас, балки плантаторлиги сизни ажаблантирар. Мистер Кэлвертон Смит – Суматрада мунтазам яшайди ва у юртларда жуда таниқли одам. Лондонга эса фақат иш билан келган. Унинг плантацияларида бу касаллик тез-тез пайдо бўлгани, даволаш муассасалари анча йироқ бўлгани учун шахсан ўзи шу масала билан жиддий шуғулланган ва маълум муваффақиятга эришган. Смит жуда режали одам. Мен унинг уйда бўлмаслигини билиб, сизни олтидан олдин юбормай турувдим. Агарда уни бу ерга келишга кўндира олсангиз, у киши табобат илмидаги маҳоратини ишга солса, шубҳасиз, менга ёрдам бера олади.
Мен Холмснинг сўзларини сизларга равон ва яхлит қилиб етказяпман. Аслида эса унинг сўзлари узуқ-юлуқ бўлиб, қўллари титраб; унинг қанчалар азоб чекаётганини кўрсатиб турарди. Мен унинг ёнида бўлган пайтимда аҳволи анча оғирлашди, юзлари яна ҳам сўниб, кўзлари киртайиб, аҳён-аҳёнда пешонасида муздек тер ялтирарди. Аммо барибир шунча изтироб чекса ҳам у осойишта, равон гапирарди. Ҳа, сўнгги дақиқагача у ўзгармай қолади!
– Сиз менинг аҳволим ҳақида унга, яъни Смитга батафсил гапириб берарсиз, – деди у. – Алаҳсираётганимни ва умуман жон бераётганимни, шунингдек, ўзингиз қандай фикрда эканингизни гапириб беринг… Қизиқ, нега океан туби чиғаноқлар билан қопланмаган, ахир улар жуда тез кўпайишади-ку… Оббо, мен яна алаҳлаяпман шекилли! Мия ўзини-ўзи қандай назорат қиларкин… Уотсон, нима деётган эдим.
– Сиз мистер Кэлвертон Смит ҳақида гапираётган эдингиз.
– Ҳа, дарвоқе, эсимда. Уотсон, менинг ҳаётим унинг қўлида. Уни кўндиришга ҳаракат қилинг. У билан муносабатим ёмон. Унинг жияни ўлди, Уотсон… Мен бунга Смитнинг дахли бор деб гумон қилган эдим, у буни сезган. Бояқиш йигит даҳшатли азобда ўлди. Смитнинг эса мендан жаҳли чиқди. Нима қилсангиз ҳам унинг кўнглини олинг, Уотсон. Ялининг, ёлворинг, лекин қандай бўлмасин уни шу ерга бошлаб келинг. У, фақатгина у мени ўлимдан қутқариши мумкин!
– Ҳатто файтонгача кўтариб чиқишга тўғри келса ҳам албатта бошлаб келишга ваъда бераман.
– Йўқ, ундай қилманг. Сиз уни албатта ўз хоҳиши билан келишга кўндиринг. Ўзингиз эса ундан сал олдинроқ келинг. У билан бирга келмаслик учун бирон важ топинг. Уотсон, унутманг ва менга панд бериб қўйманг. Ахир сиз менга ҳеч қачон панд бермагансиз-ку… Қандайдир табиий кучлар чиғаноқларнинг кўпайиб кетишига йўл қўйишмаётгани шубҳасиз. Биз, Уотсон, сиз билан бор имкониятни ишга солдик. Наҳотки, бутун олам чиғаноқлар билан тўлиб кетса? Йўқ, йўқ, бу даҳшат-ку… Унга таассуротингизни иложи борича батафсил айтиб беринг.
Мен ёш боладек валдираётган, лекин жуда ҳам доно одамнинг сиймосини олиб кетдим. Менга калитни берганда бирданига миямга, Холмс хонани ичидан қулфлаб олмаслиги учун уни ёнимда олиб кетаман, деган фикр келди. Миссис Хадсон йиғлаганча мени йўлакда кутиб турган экан. Кета туриб Холмснинг ингичка, баланд овозда бир бемаъни ашулани айтаётганини эшитдим.
Кўчада файтон тўхтатаётганимда туман орасидан қора шарпа яқинлашди.
– Мистер Холмснинг соғлиқлари қалай? – деб сўради ҳалиги шарпа.
Бу Скотленд Ярд[15 - Скотленд-Ярд – Лондон полициячиларининг бошқармаси.] даги гражданча кийиниб олган эски танишим инспектор Мортон эди.
– Жуда ёмон, – дедим унга.
У менга ғалати қараш қилди. Агар ишонганимда, эшик тепасидаги деразадан тушиб турган ёруғликда унинг юзида қониқишни сездим, дердим.
– Ҳа, бу ҳақда эшитгандим, – деди у. Файтон келиб тўхтади ва биз шу ерда ажралишдик.
Лоуэр-Бэрк-стрит бир қатор узун шинам қурилган уйлардан иборат бўлиб, Ноттинг-Хилл ва Кенсингтон кўчаларининг ўртасида экан. Файтон ҳашаматли бино рўпарасида тўхтади. Икки табақали салмоқдор эшик, ялтироқ мис тутқичлар ва ҳовлини ўраб олган қадимий услубдаги темир панжаралар уйга салобат бериб турарди. Бу таассуротни тасдиқлагандек ҳашаматли кийимда хизматкор чиқди.
– Ҳа, мистер Кэлвертон Смит уйдалар. Доктор Уотсон, дедингизми? Яхши, жаноб, мумкин бўлса ташриф қоғозингизни берсангиз.
Менинг камтарин исмим ва касбим мистер Кэлвертон Смитга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганга ўхшайди. Чунки, қия очиқ эшикдан унинг ингичка, асабий овозини эшитдим:
– Ким экан? Унга нима керак? Ахир сизга неча маротаба айтаман, Стэплс, мен ишлаётганимда халақит берманг деб.
Хизматкор итоаткорона шивирлаб уни тинчлантирмоқчи бўлди.
– Стэплс, уни қабул қилмайман. Халақит беришганини ёмон кўраман. Унга мени уйда йўқ деб айта қолинг. Агарда жуда керак бўлсам, майли, эртага эрталаб келсин.
Яна паст овоздаги шивирлаш:
– Боринг, боринг, айтганимни қилинг. Эрталаб кела қолсин ёки умуман келмасин.
Кўз олдимга Холмснинг тўшакда ғужанак бўлиб, ёрдам кутиб ётгани келди. Ҳозир одоб сақлайдиган пайт эмаслигини тушундим. Холмснинг ҳаёти менинг хатти-ҳаракатимга ва менинг қудратимга боғлиқ эди. Хизматкор чиқиб хўжайинининг фармонини айтмоқчи бўлганди, уни четга суриб хонага отилиб кирдим.
Камин ёнидаги креслода ўтирган одам ғазаб билан бақириб ўрнидан туриб кетди. Шунда мен сариқ, қўпол юзли, семиз, бағбақалари осилган, пахмоқ сариқ қошлар тагидан менга тикилиб турган кулранг ғазабнок кўзларни кўрдим.
Пуштиранг кал бошига сал қийшайтириб духоба телпак кийиб олган. Аммо боши ҳаддан ташқари катта эди. Лекин нигоҳим пастга тушган сайин унинг танаси қилтириқ, елкалари тушиб кетган ва хиёл қийшайганини аниқладим. Менимча, ёшлигида бу одам рахит бўлган.
– Бу нимаси энди? – деб ўшқирди ингичка овозда. – Нега бостириб кирдингиз? Мен ахир эртага келсин, деб айтгандим-ку!
– Кечирасиз, – дедим, – аммо бу жуда ҳам зарур. Шерлок Холмс жаноблари…
– Сиз… Холмснинг олдидан келдингизми?
– Мен ҳозиргина унинг ҳузуридан келдим.
– Холмсга нима бўлди?
– У ҳозир жуда қаттиқ бетоб. Шунинг учун ҳам сизнинг ёнингизга келдим.
Уй эгаси мени ўтиришга таклиф этди ва ўз креслоси томон ўгирилди. Камин устидаги тошойнада унинг акси ялт этиб кўринди. Қасамёд қилиб айтишим мумкинки, унинг юзида қандайдир жирканч ёвузона жилмайиш бор эди. Шунда мен, «бу жилмайиш эмас, асабдан томир тортилиши бўлса керак», деб ўйладим. Аммо яна бир дақиқадан сўнг менга ўгирилиб ўтирганда юзида ўша ҳамдардлик пайдо бўлди.
– Бу хабарни эшитиш мен учун жуда оғир, – деди у. – Мен жаноб Холмс билан фақат иш юзасидангина учрашгандим, аммо уни фақат буюк истеъдоди учунгина эмас, балки асл инсон бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламан. У жиноятларни топиш билимдони, мен эса беморларни даволаш билимдони; у ёвузлар билан курашса, мен микроблар билан курашаман. Мана менинг маҳбусларим, – давом этди у, стол устида қатор турган шиша идишларни кўрсатиб. – Бу идишларда жуда ҳам хатарли жиноятчилар ҳар хил муддатларни ўташмоқда.
– Холмс бу соҳадаги буюк истеъдодингизни юқори баҳолаб сизга юборди. Унинг фикрича, Лондон бўйича бу ишда фақат биргина сиз ёрдам бера олар экансиз.
Кичкина одамча сесканиб кетди. Шунда унинг олифта қалпоқчаси ерга тушди.
– Нега энди? – сўради у. – Нега мистер Холмс айнан мен ёрдам беришим мумкин деб ўйлаяпти?
– Чунки, сиз шарқий касалликлар билимдонисиз.
– Нега энди унга юққан касални айнан шарқий деб топди?
– Чунки у Хитой матрослари орасида кўп йиллар ишлаган, шунда бу соҳада анча маҳорат орттирган.
Кэлвертон Смит илтифотли тиржайди-да, ердан қалпоқчасини олди.
– Шундай денг… – деди у. – Ўйлайманки, бу касал сиз ташвишланаётганчалик хавфли бўлмаса керак. Дарвоқе, неча кундан бери у бетоб?
– Тахминан, уч кун.
– Алаҳсираяптими?
– Аҳён-аҳёнда.
– Ҳмм! Буниси ёмон. Унинг илтимосига рад жавоби беришни ваҳшийлик деб биламан. Мен, доктор Уотсон, ишдан қолдиришганини ёқтирмайман, аммо бу истисно. Шу сабабли мен ҳозироқ сиз билан бирга кетаман.
Холмснинг тайинлагани ёдимга тушди:
– Кечирасиз, ҳозир мени бошқа бир жойда кутишяпти, – дедим.
– Яхши, ундай бўлса, ўзим боравераман. Жаноб Холмснинг манзили менда ёзилган. Ярим соатлардан сўнг етиб бораман.
Холмснинг хонасига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Шу вақт ичида энг нохуш воқеа содир бўлиши мумкин эди. Аммо унинг аҳволи анча енгиллашган эди. Юзлари ҳамон мурданикидек оқ эди-ю, лекин алаҳсирашдан асар ҳам қолмаганди. Заиф, бўғиқ товушда гапиргани билан фикрлаши жуда аниқ ва тиниқ эди.
– Уотсон, сиз уни кўрдингизми?
– Ҳа, у ҳозир келади.
– Яшанг, Уотсон, жуда соз. Сиз энг яхши хабарчисиз.
– У мен билан бирга келмоқчи эди.
– Бу мутлақо мумкин эмас, Уотсон. Бунга ҳечам йўл қўйиш керак эмас. Менинг касалим сабабларини сўрадими?
– Мен унга Ист-Энд денгизчилари ҳақида гапирдим.
– Жуда соз! Ҳақиқий дўстнинг ишини қилдингиз. Энди, Уотсон, сиз саҳнадан чиқиб кетсангиз ҳам бўлади.
– Холмс, мен уни кутиб туришим ва фикрини билишим керак.
– Албатта. Агарда биз у билан холи бўлсак, унда анча очиқчасига фикрини баён этиши мумкин, деб ўйлайман. Бош тарафимда, девор билан каравот ўртасида сизга етарли жой бор, Уотсон.
– Азизим Холмс!
– Бошқа иложингиз йўқ, деб қўрқаман, Уотсон. Хонада беркинадиган жой ҳам йўқ, ҳатто шундай бўлгани маъқул, шубҳа уйғотмайди. Аммо бу ерга яширинсангиз, Уотсон, биз ҳеч нарса йўқотмаймиз.
У бирданига ўтириб олди. Озғин юзида дадиллик сезилди.
– Уотсон, ғилдираклар тарақлашини эшитяпман. Агарда мени севсангиз, тезроқ беркининг. Нима воқеа бўлишидан қатъи назар, қимир этманг. Эшитдингизми, нима воқеа бўлишидан қатъи назар! Қимир этманг, лом-мим деманг. Фақат диққат билан унинг гапларини эшитиб олинг.
Анча ўзига келган касал тўсатдан яна оғирлашиб, узуқ-юлуқ гаплар гапириб алаҳлай бошлади.
Мен паноҳгоҳимдан олдинига зинадан кўтарилаётган ва яқинлашаётган оёқлар товушини, кейин хона эшиги очилганини ва ёпилганини эшитдим. Сўнгра, мени ҳайратга солган сукунат бошланди. Фақат касалнинг оғир нафас олиши ва секин алжираши эшитиларди.
Бизнинг меҳмон касал тепасида туриб, бечора беморнинг қандай азоб чекаётганини томоша қилаётганини тасаввур қилдим. Ниҳоят, бу ғалати сукунат бузилди.
– Холмс! – деди ухлаётган одамни уйғотаётгандек кескин овозда Смит. – Холмс! Мени эшитяпсизми?
У касалнинг елкасидан қўполлик билан силтаётганини сездим.
– Ҳа-а, жаноб Смит, сизми бу? – пичирлади Холмс. – Ростини айтганда, сизнинг келишингизга унча ишонмагандим.
Смит хохолаб кулди.
– Бўлмасам-чи, – деди у. – Аммо кўриб турибсизки, мен шу ерда. Ёмонликка яхшилик қиляпман, Холмс, ёвузликка яхшилик қайтаряпман.
– Бу жуда яхши, бу сизнинг олижаноблигингиз. Мен сизнинг билимдонлигингизни жуда юқори баҳолайман.
Меҳмон илжайиб қўйди.
– Бахтимга бутун Лондон бўйича бу дардни фақат сиз яхши тушунасиз. Сизга нима бўлганини биласизми?
– Худди ўшанинг ўзи, – деди Холмс.
– Шундай денг! Сиз ҳатто касалнинг аломатларини ҳам сезяпсизми?
– Ҳа, жудаям яхши сезяпман.
– Наилож, Холмс, жуда ҳам бўлиши мумкин. Худди ўшандай деса ҳам бўлаверади. Агарда рост бўлса, унда ишингиз чатоқ. Бечора жияним Виктор тўртинчи куниёқ оламдан ўтди, у эса сизга нисбатан анча ёш, бақувват, соғлом эди. Сиз ўшанда қандай қилиб Лондоннинг қоқ ўртасида бу шарқий касалликни юқтириш мумкин, деб ҳайрон қолгандингиз… Ваҳоланки, айнан шу касалликни мен ўрганаётгандим. Холмс, бу тасодифни қаранг. Сиз жуда синчковсиз, шунинг учун ҳам бу тасодифни дарров пайқадингиз, аммо ўлимнинг сабаби айнан шунда деганингиз менга ёқмади.
– Биламан, бу сизнинг ишингиз…
– Шундайми, билармидингиз? Аммо ҳеч нарсани исботлаб беролмадингиз. Олдинига менга қарши айб қўйдингиз, бошингизга ташвиш тушиши билан ёрдам сўраб ялиндингиз, ахир бу иккиюзламачилик эмасми? Ёки бунинг бошқача бирор номи борми? Хўш?
Мен зўрға гапираётган хириллашни эшитдим.
– Менга сув беринг, – деб касал базўр шивирлади.
– Кунингиз битган, азизим, яқинда нариги дунёга жўнайсиз. Аммо сиз билан гаплашиб олмагунимча кетмайман. Айнан шунинг учун ҳам сизга сув беряпман. Ушланг! Тўкилмасин. Шундай. Мен нима деяётганимни тушуняпсизми?
Холмс ингради.
– Бир иложини қилинг, менга ёрдам беринг. Ўтган гапга саловат… Келинг, унутайлик, – деб шивирлади у. – Мен бу ишни мутлақо миямдан чиқариб юбораман. Қасамёд қилишим мумкин. Мен унутаман, мени даволасангиз бас.
– Нимани унутасиз?
– Виктор Сэвежнинг ўлимини. Ҳозир сиз ўз жиноятингизга иқрор бўлдингиз. Мен ана шуни унутаман.
– Ихтиёрингиз, ёдда тутасизми, унутасизми, бу сизнинг ишингиз. Мен гувоҳлар орасида сизни кўрмайман. Сиз бошқа ерда бўласиз, азизим Холмс. Менинг жияним нимадан ўлганини билсангиз билаверинг. Ҳозир гап у ҳақда эмас, сиз ҳақингизда.
– Ҳа, ҳа.
– Ҳузуримга юборган дўстингиз, исми эсимда қолмади, сизни бу дардни Ист-Эндда матрослардан юқтирган, – деди.
– Мен фақат ўша ерда юқтирган бўлишим мумкин, деб ўйлайман.
– Холмс, яна ақллиман, деб кеккайиб юрасиз! Сиз ўзингизни жудаям фаросатли деб биласиз, тўғрими? Аммо сиздан ақллироқ шахс топилди. Ўйлаб кўринг-чи, Холмс, бу касалликни бошқа йўл билан юқтирган бўлишингиз мумкин эмасми?
– Мен ўйлашга қодир эмасман. Бошим ишламаяпти. Худо ҳақи, ёрдам беринг!..
– Ҳа, мен сизга ёрдам бераман, фақат қандай юқтирганингизни тушунишгагина ёрдам бераман. Ўлимингиздан олдин шуни тушуниб олишингизни жуда истайман.
– Бу оғриқларни енгиллаштирадиган бирор нарса беринг, илтимос!
– Ҳа, оғриқлар пайдо бўлдими? Менинг сичқонларим ҳам ўлимидан олдин чийиллашарди. Гўё пайлар тортишиб қолгандек-а?
– Ҳа, ҳа, худди чангакдек.
– Ҳечқиси йўқ. Бу гапимни эшитишингизга халақит бермайди. Эшитинг! Эслаб кўринг-чи, касал бўлишингиздан олдин ҳаётингизда бирор бир ғаройиб воқеа содир бўлганми, йўқми?
– Йўқ, йўқ, ҳеч нарса.
– Яхшироқ ўйланг.
– Мен жуда оғир касалман, ўйлашга қодир эмасман.
– Ундай бўлса, сизга ёрдамлашиб юбораман. Почта орқали бирор нарса олмадингизми?
– Почта орқали?
– Масалан, қутича.
– Ҳозир, ҳозир, эслаб кўрай-чи. Тинкам қуриб боряпти!
– Холмс, эшитинг! – у жон бераётганни елкасидан қаттиқ силкиди шекилли. Мен ўз жойимда зўрға чидаб ўтирардим. – Сиз мени эшитиб олишингиз керак! Фил суягидан ясалган қутича эсингиздами? Сиз уни чоршанба куни олдингиз. Уни очдингиз… эсингиздами?..
– Ҳа, ҳа, мен уни очдим, унда ўткир пружина бор эди. Қандайдир ҳазил…
– Бу ҳазил эмас, сиз бунга тез орада ишонасиз. Сиз аҳмоқ одам, энди ўзингиздан ўпкалайверинг. Менинг йўлимга тўғаноқ бўлишни ким қўйибди сизга? Агарда менга тегмаганингизда, сизга ёмонлик қилмасдим.
– Эсимга тушди! – хириллади Холмс. – Пружина! Мен эҳтиётсизлик қилиб панжамни ўшанда қонатиб олган эдим. Ана ўша қутича, стол устида.
– Худди ўша! У ҳозир чўнтагимда ғойиб бўлади. Шундай қилиб, бу ерда ҳеч қандай далилий ашё қолмайди. Шундай қилиб, Холмс, сиз энди бутун ҳақиқатни биласиз ва мен сизни ўлдирганим ҳақидаги маълумотни нариги дунёга олиб кетасиз. Сиз Виктор Сэвеж ҳақида кўп маълумотга эгасиз ва шунинг учун ҳам унинг куни сизнинг бошингизга тушди. Сиз яқин орада ўласиз, Холмс. Мен шу ерда ўтириб сизнинг ўлаётганингизни томоша қиламан. Холмснинг овози жуда пасайиб, шивирларди.
– Нима? – деб сўради Смит. – Газнинг оловини кўтарайми? Нима бало, кўзингиз олди қоронғилашяптими? Мен жон талвасангизни кўриш учун, оловни албатта ўзим кўтараман. – У уйни кесиб ўтиб дераза ёнида турган плитага қўл узатди ва шу заҳотиёқ хона ёришиб кетди. – Балки яна бирор хизмат керакдир, тортинманг, ўлимингиз олдидан айтаверинг, азизим!
– Папирос билан гугурт!
Мен хурсанд бўлганимдан бақириб юборишимга сал қолди. Бир оз ҳорғин бўлса-да, аммо Холмс ўзининг табиий, мен яхши билган овозида гапирди. Чуқур сукунат чўкди, Кэлвертон Смит ажабланиб Холмсга тикилиб қолганини сезиб турибман.
– Буни қандай тушунмоқ керак? – деб совуқ ва қатъий оҳангда сўради у.
– Ролни яхши ўйнаш учун, – жавоб берди Холмс, – уни ҳаётга сингдириб юбориш керак. Сиз менга бир стакан сув бергунингизча уч кун ва уч кеча на овқат едим, на сув ичдим. Чин сўзим. Энг қийини уч кун чекмаганман. Ҳа, дарвоқе, мана папиросим! – Мен гугуртнинг чақилганини эшитдим. – Мана энди сал ўзимга келдим. Оҳо, дўстимнинг оёқ товушларини эшитяпман шекилли.
Ташқарида оёқ товушлари яқинлашди ва эшик очилиб, инспектор Мортон пайдо бўлди.
– Ҳаммаси жойида. Уни олиб кетишингиз мумкин, – деди Холмс.
– Виктор Сэвежнинг ўлимида айбланганингиз учун ҳибсга олиндингиз, – деди инспектор.
– Яна шуни ҳам қўшиб қўйишингиз мумкин. Шерлок Холмснинг ҳаётига суиқасд қилгани учун, – деб дўстим мийиғида кулиб қўйди. – Касални безовта қилмаслик учун Кэлвертон Смит жаноблари ўзлари газнинг оловини кўтариш билан сизга ишора бердилар. Айтгандек, маҳбуснинг ўнг чўнтагида қутича бор. Уни эҳтиёт бўлиб олинг. Мана бу ерга қўйинг. Бу қутича судда керак бўлади.
Тўсатдан сакраш, қандайдир кураш, занжир товуши ва ниҳоят оғриқдан чинқириш эшитилди.
– Фойдаси йўқ. Фақат ўзингизни майиб қиласиз, – деди инспектор. – Тек туринг!
Қўлга кишан солишганини яққол эшитдим.
– Ҳали шундайми?! Пистирма! – чинқириқ овоз эшитилди. – Холмс, бу қилмишингиз учун жавоб берасиз, мен эмас, балки сиз қора курсига ўтирасиз. У мени ўзини даволаш учун чақиртирди. Унга раҳмим келиб етиб келдим. Энди у албатта ҳар хил бўҳтонларни айтиб, қандайдир шубҳаларини менинг бошимга ёғдиради. Марҳамат, Холмс, истаганингизча ёлғон гапиришингиз мумкин. Менинг сўзларимнинг тоши сизникидан балки оғирроқдир…
– Ё Худо! – хитоб қилди Холмс. – Уни бутунлай унутибман. Минг бор узр, азизим Уотсон, мени кечиринг. Бу ердалигингиз мутлақо хаёлимдан чиқибди! Сизни мистер Кэлвертон Смит билан таништиришимнинг ҳожати йўқ бўлса керак, чунки бугун кўришгансизлар. Инспектор, файтонингиз борми? Мен кийинишим билан кетингиздан етиб бораман. Балки полицияга ёрдамим керак бўлиб қолар.
Холмс кийина туриб, бир неча бўлак бисквитни еди ва устидан бир стакан шарбат ичди.
– Назаримда ҳеч қачон бундай иштаҳа билан овқат емаганман, – деди у. – Бироқ ҳаётим бошқаларникидан тубдан фарқ қилгани учун менга бу қаҳрамонликлар енгилроқ. Миссис Хадсон касалимга ишонишини жуда-жуда истардим, чунки у сизга хабар бериши керак эди, сиз эса Смитга. Уотсон, хафа бўлмадингизми? Сизнинг беҳисоб истеъдодингизга қалбаки касал бўлиш кирмайди албатта, иқрор бўлинг бунга. Аммо агарда сиз менинг муғомбирлик қилаётганимни билганингизда Смитни бу ерга келишига кўндира олмаган бўлар эдингиз, бу эса менинг режаларимнинг энг асосий қисми эди. Мен унинг қасоскорлигини билганим учун, бу ерга келишига ва ўз қурбонини томоша қилишига ишонардим.
– Аммо сизнинг кўринишингиз, Холмс, мурдалардек оқариб кетган юзингиз?..
– Уч кун оғизга ҳеч вақо олмаса одамнинг албатта чиройи йўқолади. Қолгани грим. Бўртиб чиққан яноқларга қизил суриш, пешонага вазелин, кўзга белладон сепиш ва ниҳоят, лабга суртилган мумбулар ҳаммаси ўз таъсирини кўрсатади. Ўзини касалга солиш – бу менинг навбатдаги мавзуим. Монографияларимдан бирини шунга бағишламоқчиман. Ярим крон, чиғаноқлар ва бошқа шунга ўхшаш, асосий мавзуга оид бўлмаган гаплар алаҳсираш вазифасини яхши кўрсатди…
– Агарда ҳеч қанақа юқумли касал бўлмаса, унда нега олдингизга яқинлашишга йўл қўймадингиз?
– Азизим Уотсон, шуниям сўраб ўтирибсиз-а?! Мен сизнинг тиббий билимингизни юқори баҳоламайман, деб ўйлайсиз шекилли? Жон бераётган одамнинг иситмаси, томир уриши ўзгаришини сизнинг истеъдодингиздан яшириб бўлармиди? Фақат тўрт-беш қадам наридан сизни алдаш мумкин эди, холос… Агарда фош бўлганимда унда менга Смитни ким келтирарди? Уотсон, у қутичага тегманг. Агарда ён тарафидан синчиклаб қарасангиз, ўшандагина найзага ўхшаш пружинача қаердан очганда пайдо бўлишини сезишингиз мумкин. Балки шунга ўхшаш бирон нарса орқали бечора Виктор Сэвеж ўлдирилгандир. Чунки у шу махлуқ Смит билан катта бой меросни бўлишиб олишда келишолмаган эди.
Сизга маълум, мен ғаройиб посилкалар оламан, шунинг учун жуда эҳтиёт бўламан. Смитнинг режаси амалга ошганини унга ишонтиролсам, у бор гапни айтиб беришига ишонардим. Касаллик ролини эса ҳақиқий актёрлардек ўйнадим.
Раҳмат сизга, Уотсон, энди илтимос, пальтомни кийишимга ёрдамлашиб юборинг. Биз полицияда ишларимизни битказиб, Симпсоннинг ошхонасига биргаликда келсак, менимча, ёмон бўлмайди.

ТЎРТЛАР БЕЛГИСИ

I БОБ
Холмс дедуктив услубининг моҳияти
Шерлок Холмс каминдан шишача олди-да, ихчамгина сохтиён қутичадан тери остига укол қиладиган шприцни чиқарди. Оппоқ титроқ бармоқлари билан нинани шприцга ўрнатди-да, кўйлагининг чап енгини тирсагигача шимариб қўйди. У илгариги уколлардан сон-саноқсиз нуқталар қолган забардаст қўлига бир зум ўйчан тикилди. Сўнг нинани санчди-да, бахмал курси суянчиғига суяниб, ҳузур қилиб чуқур нафас олди.
Мен кўп ойлар давомида кунига уч марта шу бир хил манзаранинг шоҳиди бўлдиму, лекин унга сира-сира кўниколмасдим. Аксинча, кун сайин ғазабим ортиб, унга қаршилик кўрсатишга қурбим етмаганидан азият чекардим. Дўстимнинг бу одати ҳақидаги фикримни унга очиқ-ошкора айтаман деб ўзимга қайта-қайта сўз берардиму, лекин совуққон, вазмин табиати уни тўғри йўлга солиш тўғрисидаги ҳар қандай ниятимни пучга чиқарарди. Дўстимнинг ақл-заковати, бир сўзлиги, амирона хулқини, бошқа ажойиб, ноёб хислатларини билганим учун ҳам ҳадиксираб, айтмоқчи бўлган гапим бўғзимда қоларди. Лекин ўша куни нонушта пайтида жиндек ичиб олганим учунми ё Холмснинг ўжарлигидан жазавам тутганиданми, хуллас, ортиқ чидаёлмай ғазабимни тўкиб солдим:
– Бугун қайси бири, – деб сўрадим, – морфийми ё кокаинми?
Холмс лотин ҳарфда ёзилган эски китобдан кўзини узди.
– Кокаин, – деб жавоб қилди у. – Етти фоизли. Синаб кўрасизми?
– Раҳмат, ўзларига буюрсин! – дедим шартта. – Афғон урушидан кейин ҳалиям ўзимга келолганимча йўқ. Ўзимга ортиқча юк ортишни истамайман.
Жаҳлим чиққанига Холмс мийиғида кулиб қўйди.
– Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, Уотсон, – деди у. – Наркотик моддалар ҳам соғлиқ учун зарар. Лекин, у ақлни ишлатишга, фикрнинг равшанлашишига ёрдам беришини кашф этдим. Бинобарин, уларнинг зарарли таъсирини эътиборга олмаса ҳам бўлади.
– Ахир, ўйласангиз-чи, – дедим қизишиб, – булар сиз учун жуда қимматга тушади-ку! Ҳа, ана, миянгиз жуда тез ишлади дейлик, лекин бунинг турган-битгани зарар, асабни ишдан чиқариб, охир-оқибатда ақли заифликка олиб боради. Кейин одамнинг қандай руҳий ҳолатга тушишини яхши биласиз. Йўқ, Холмс, бу арзийдиган иш эмас! Наҳотки, бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат деб табиат сизга инъом этган ноёб ақл-истеъдодни қурбон қилсангиз? Тушунсангиз-чи, сиз билан дўст эмас, балки ўз мижозининг соғлиғи учун жавоб берадиган шифокор сифатида гаплашяпман.
Шерлок Холмс ранжимади. Аксинча, бу гаплар унинг кўнглини очаётгандай эди.
– Менинг миям, – деди у тирсаги билан курсига суяниб, бармоқларини бир-бирига жуфтларкан, – бекорчиликка қарши исён кўтаради. Менга иш беринг! Менга энг мураккаб муаммони, ҳал қилиб бўлмайдиган вазифани, чигал воқеани беринг – ўша заҳотиёқ сунъий дори-дармонларни унутаман. Ақлим қаттиқ ишлаши керак. Худди шунинг учун ҳам мен ўзим учун ноёб бир касбни танлаганман, тўғрироғи, уни яратдим, чунки бу дунёда иккинчи Шерлок Холмс йўқ.
– Нима, сиз бу дунёда яккаю ягона хуфиямисиз? – деб сўрадим, қошларимни чимириб.
– Яккаю ягона хусусий хуфия-маслаҳатчи, – деб жавоб берди Шерлок Холмс. – Энг сўнгги ва олий инстанция. Грегсон, Лестрейд ёхуд Этелни Джонс мушкул аҳволга тушиб қолганларида, дарров менга мурожаат қилишади. Мен иш билан батафсил танишиб чиқиб, ўз фикримни, мутахассис фикрини айтаман. Шон-шуҳрат кетидан қувмайман. Бирор ишнинг чигалини ечишга муваффақ бўлсам, номим газеталарда тилга олинмайди. Ишнинг ўзи, ўз услубимни амалда қўллай олсам, шунинг ўзи мен учун олий мукофот. Сиз, Уотсон, уни яхши биласиз. Ақалли Джефферсон Хоуп ишини бир эсланг-а.
– Ҳа, эсимда, – дедим анча юмшаб. – Антиқа ҳодиса. Мен ҳатто бу тўғрида «Шафақ рангидаги этюд» деган ном билан қиссага ўхшаган бир нарса ёзганман.
– Қиссангизга кўзим тушувди, – Холмс қуруққина бош чайқаб қўйди. – Эътироф этишим керакки, сизни муваффақият билан табриклай олмайман, жиноятни текшириш, очиш – бу аниқ фан, ҳар ҳолда аслида шундай бўлиши керак. Бу ишни эҳтиросга берилмай, жуда аниқ ва изчил тасвирлаш керак. Китобингиз эса йиғлоқи бир руҳда ёзилган. Бу Эвклиднинг бешинчи постулоти тўғрисидаги мулоҳазаларга ишқий можарони аралаштиришдай бир гап.
– Ахир, унда чинданам романтик бир воқеа бор эди-да, – деб эътироз билдирдим. – Мен шунчаки фактларга қатъий амал қилдим.
– Баъзи бир нарсалар тўғрисида оғиз очмаса ҳам бўларди, ақалли фактларни баён этишда меъёрдан чиқмаслик керак эди. Бу ишда кишининг эътиборини тортадиган бирдан-бир нарса бу натижа-ю, сабабга оид фикр-мулоҳазалар сираси. Ишнинг чигалини муваффақиятли ечишга худди шу нарса ёрдам берди.
Бу сўзлар менга оғир ботди – ахир, кўнглини кўтариш учун Холмснинг ишини тасвирлаган эдим. Унинг худбинлиги ҳам жаҳлимни чиқарди, китобимнинг ҳар бир сатрини унинг бебаҳо услубига бағишлашим керак экан-да. Дўстим билан Бейкер-стритда бир неча йил бирга истиқомат қилиб, вазмин, насиҳатомуз гап-сўзлари замирида яширинган қандайдир манманлик, шуҳратпарастликни неча-неча бор пайқаганман. Лекин унга ҳеч нима деб жавоб қилмадим, афғон милтиғидан отилган ўқни яқингинада чиқариб олишган ярадор оёғимни қимирлатганимча индамай ўтиравердим. Жароҳат юришимга халақит бермаса-да, лекин ҳаво айниганда оёғим зирқираб оғрирди.
– Яқиндан буён қитъадаги жиноятларни очишда қатнаша бошладим, – деди бир зумдан кейин Холмс, трубкасига тамаки соларкан. – Ўтган ҳафтада Франсуа ле Виллар маслаҳат сўраб менга мурожаат қилди, сиз билсангиз керак, кейинги вақтда у Франциянинг энг зўр изқуварлари қаторига қўшилди. У кельт ирқига хос бўлган жудаям тез сезиш қобилиятига эга, лекин у энг зўр изқувар сифатида санъатимизнинг махсус соҳаларини етарлича билмайди. Иш бир васиятнома билан боғлиқ бўлиб, унда бир қанча қизиқарли деталлар бор эди. Мен Вилларга худди шунга ўхшаш икки воқеани эслатдим – биттаси 1857 йилда Ригада, иккинчиси 1871 йилда Сент-Луисда текширилди. Худди шу нарса унинг бир қарорга келиши учун туртки бўлди. Бугун эрталаб ундан хат олдим, ёрдамим учун миннатдорчилик билдирибди.
У шундай деб туриб, менга иккига букланган чет эл қоғозини узатди. Ундаги mednifudv, coupov-maitre dctoursov-force[16 - Гўзал – моҳирона, доҳиёна (французча).] деган сўзларга кўзим тушди, бу французнинг жуда қойил қолганидан далолат берарди.
– У устозига мурожаат қилган шогирд сифатида ёзибди-да, – дедим.
– У ёрдамимга ортиқча баҳо бериб юборган, – деди Холмс бепарвогина. – Унинг ўзи ҳам жуда истеъдодли одам, идеал хуфиялар учун зарур бўлган уч хислатнинг камида иккитасига эга: у кузатишга уста, ўз кузатувлари асосида хулосалар чиқара олади. Ҳозирча унга билим етишмайди, лекин вақтсоати билан билим ҳам келади. У ҳозир китобларимни французчага таржима қиляпти.
– Нима, сиз ҳам ёзасизми?
– Ҳа, шу касалим ҳам бор, – Холмс кулиб юборди. – Мен бир нечта рисола ёздим. Улардан бири «Кулига қараб тамаки навини аниқлаш» деб аталиб, сигара, сигарет ва трубка тамакисининг юз қирқ нави таърифлаб берилган. Унга қўшимча равишда турли кулларни кўрсатувчи рангли расмлар берилган. Тамаки кули – энг кўп учрайдиган далил. Баъзида жуда муҳим ҳисобланади. Масалан, агар сиз қотиллик қилган одам ҳинд тамакисини чекади деб аниқ айтолсангиз, табиийки, қидирув доираси тораяди. Картошка карамдан қанчалик фарқ қилса, Трихинополь тамакисининг қора кули ҳам «қуш кўзининг» оппоқ баргларидан шунчалик катта фарқ қилишини тажрибали кўз дарров пайқайди.
– Майда-чуйда нарсаларни ҳам пайқайдиган ажойиб қобилиятингиз бор-да, – дедим.
– Шунчаки уларнинг муҳимлигини тушунаман. Ёки оёқ излари тўғрисидаги рисоламни олайлик. Унда ўша изни сақлаб қолиш учун гипсдан фойдаланиш тўғрисида гапирилади. Кичик бир тадқиқот касбнинг қўл шаклига таъсирига бағишланган, унда тунукачи, денгизчи, композитор, тўқувчи ва олмос пардозловчи қўлларнинг литографияси берилган. Бу тадқиқот ўз касбини фан, илм деб билувчи жосус учун катта амалий аҳамиятга эга. Ўликни аниқлаш ёки жиноятчининг нима билан шуғулланишини билиш керак бўлганида бу усул айниқса қўл келади. Лекин кўриб турибман, ўзим билган, яхши кўрган нарсам ҳақида кўп гапириб, сабр-чидамингизни суиистеъмол қиляпман.
– Заррача! – қизғин эътироз билдирдим. – Бу нарсалар мен учун ҳаддан зиёд қизиқ, айниқса шунинг учунки, билимларингизни амалда қандай қўлланилишини ўз кўзим билан кўрганман. Мана, сиз кузата билиш ва хулоса чиқара олиш қобилияти хусусида гапирдингиз. Мен бўлсам, буларнинг иккови ҳам бир нарса деб юрардим.
– Йўқ, булар бошқа-бошқа нарсалар, – деб жавоб қилди Шерлок Холмс, курсининг юмшоқ суянчиғига ҳузур қилиб суянар ва трубкасидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқараркан. – Мана, масалан, кузатув менга шуни кўрсатдики, сиз эрталаб Уигмор-стритдаги почтада бўлгансиз, мантиқий фикрлаш қобилияти эса менга, сиз у ерга телеграмма жўнатиш учун борганингиз тўғрисида хулоса чиқаришимга имкон берди.
– Қойил-э! – деб хитоб қилдим. – Топдингиз.
Лекин тан олишим керакки, буни қандай фаҳмлаганингизни билолмаяпман. Мен почтага тасодифан кириб қолдим, буни битта-яримтага гапирганимни эслолмайман.
– Бундан осони борми, – ҳайрон бўлганимни кўриб Шерлок Холмс мийиғида кулиб қўйди. – Шу қадар жўнки, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Лекин шу мисолда сизга кузата билиш қобилияти билан хулоса чиқара билиш салоҳияти ўртасидаги фарқни кўрсатиб беришим мумкин эди. Кузатувлар шуни кўрсатдики, ботинкангизнинг тагчармига қизғиш лой ёпишган. Уигмор-стритдаги почтанинг олдида худди ўша пайтда ер қазишаётганди. Ҳаммаёқ қазиб ташланганидан почтага лойни босмасдан кириб бўлмасди. У ерларнинг тупроғи ўзига хос, қизғиш рангда, яқин атрофда бунақа тупроқ учрамайди. Кузатувлар натижаси шундай бўлди. Қолганларини мантиқий хулоса қилдим.
– Хўш, телеграмма жўнатганимни қаёқдан билдингиз?
– Буям жуда осон. Эрталаб ҳеч қандай хат ёзмаганингиз менга маълум эди-да, ахир, эрталаб анчагача рўпарангизда ўтирдим. Столингизнинг очиқ тортмасида бир даста почта откриткаси билан бир варақ маркага кўзим тушди. Хўш, почтага телеграмма жўнатиш учун бормасангиз, яна нима мақсадда боришингиз мумкин? Ортиқча, ўринсиз нарсаларни олиб ташласангиз, биргина фактнинг ўзи қолади, худди ўша факт ҳақиқатдир.
– Чинданам, ҳаммаси жўнгина-я, – дедим бир зум жим турганимдан кейин. – Лекин, ўзингиз ҳам сезиб турибсизки, бу жуда оддий, жўн воқеа. Хиралигимни кечирасиз-у, лекин услубингизни оғир бир синовдан ўтказишни истардим.
– Жуда хурсанд бўлардим. Бу мени ортиқча кокаин ичишдан халос этади. Истаган вазифангизни топширинг.
– Эсимда, бир пайт, агар бирор буюм узоқ ишлатилса, унда албатта эгасининг шахсига тегишли бирор из қолади, дегандингиз. Тажрибали одам ундан кўп нарсаларни уқиб олиши мумкин. Яқинда бир соат қўлимга тушди. Марҳамат қилиб айтсангиз, ўша соатнинг энг охирги эгасининг хулқатвори, одатлари қанақа бўлган?
Унга соатни қандайдир бир ички мамнуният билан узатдим, чунки, назаримда бу ечиб бўлмайдиган муаммо эди, мақсадим оғайнимнинг сал бўлсаям попугини пасайтириб қўйиш эди, зеро, унинг эътирозга ўрин қолдирмайдиган бир оҳангдаги гаплари, ўгит-насиҳатлари баъзида жаҳлимни чиқарарди. У соатни гўё салмоқлаб кўраётгандай қўлида бир зум ушлаб турди-да, кейин аввалига шундай, сўнгра икки қавариқли кучли лупа билан механизмини кўздан кечира бошлади. Холмс соат қопқоғини шиқ этказиб ёпиб, ҳафсаласизлик билан менга узатганида кулиб юборишимга сал қолди.
– Бир нима дейиш қийин, – деди у. – Соат яқиндагина устанинг қўлидан чиққан, у яхшилаб тозалаган. Шунинг учун ҳам қатъий бир нарса деёлмайман.
– Сиз ҳақсиз, – дедим. – Менга беришларидан олдин у чинданам соатсознинг қўлига тушган.
Унинг муваффақиятсизлигига ишонарсиз, шундай бир арзимас баҳона билан изоҳлагани учун кўнглимда оғайнимдан ўпкаладим.
Қизиқ, у тозаланмаган соатдан нималарни билиши мумкин?
– Гарчи натижаларим билан мақтана олмасамда, лекин ҳар ҳолда, унда баъзи бир нарсаларни кўрдим, – деди у шифтга паришонлик билан тикилиб. – Агар янглишгудай бўлсам, илтимос, мени тузатинг, Уотсон. Шундай қилиб, менимча, бу соат акангизники, унга отангиздан мерос қолган.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/arthur-konan-doyle/sherlok-holms-va-doktor-uotsonning-sarguzashtlari-69866698/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

notes

1
Фишанг – патрон.

2
Кэб – извош, файтон.

3
Заррабин – лупа

4
Палимпсест – пергаментдаги ювилиб кетган ё қириб ташланган матн устидан қайта ёзилган қўлёзма.

5
Секретер – тикка туриб ишлашга мўлжалланган усти қия ёзув столи.

6
Пенсне – гардиши ва қулоққа иладиган чўпи бўлмаган, фақат икки шиша ўртасидаги тутқич билан бурун устига қўндириладиган кўзойнак.

7
Коптлар – Миср ва Сурияда яшовчи христиан динидаги араблар. Улар араб тилида сўзлашадилар.

8
Пиквик – Чарльз Диккенс романининг қаҳрамони.

9
Мисранг – лом.

10
Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.

11
Ярд – Англияда 91,44 см.га тенг узунлик.

12
Фут – 30,48 см.га тенг узунлик ўлчови.

13
Миля – 7420 метр.

14
Юпитер – Рим мифологиясида олий худо.

15
Скотленд-Ярд – Лондон полициячиларининг бошқармаси.

16
Гўзал – моҳирона, доҳиёна (французча).
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари Артур Конан Дойл
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари

Артур Конан Дойл

Тип: электронная книга

Жанр: Книги о приключениях

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 28.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари, электронная книга автора Артур Конан Дойл на узбекском языке, в жанре книги о приключениях

  • Добавить отзыв