Тўғри нафас олиш сирлари

Тўғри нафас олиш сирлари
А. Моськин
Ушбу китобда Поль Брэггнинг тўғри яшаш бўйича гапирган гаплари, ўтказган тажрибалари, турли маслаҳатлари батафсил тушунтириб берилган экан, бу борада янада муҳим маълумотларга эга бўласиз ва Поль Брэггни теранроқ, тушунасиз.Қўлингиздаги китоб Моськин китобининг 3-қисми бўлиб, унда асосан гўзаллик ва ёшлик сирлари ҳақида гап боради.

А. Моськин
Тўғри нафас олиш сирлари

ТУЗСИЗ АЧИТИЛГАН КАРАМ – СЕҲРЛИ МАҲСУЛОТ

Юқорида бир неча марта айилганидек, Поль Брэгг тузни инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи омил деб ҳисоблайди. У бизнинг умуртқа ва бўғимларимизни тош қотган бўлакларга айлантиради, бизнинг ҳаракатчанлигимиз ва эгилувчанлигимизни олиб қўяди.
Натрий хлорид – қон томирларнинг асосий душмани. Қон босимининг баландлиги, гипертония – бу инсоннинг ош тузини ортиқча истеъмол қилгани учун тўлови.
Аммо шу билан бирга бизнинг танамизга натрий ҳаёт учун муҳим, унинг танага давомий тушмаслиги натижасида ички муҳит мувозанати бузилади. Қон таркиби ўзгаради, ҳатто у ўзининг вазифасини бажара олмай қолади. Нима қилиш керак, қандай қилиб танага керакли натрийни зарар етказмайдиган даражада истеъмол қилиш мумкин?
Ягона усул – ош тузини истеъмол қилишни кескин камайтириш зарур. Аммо бунда мазали овқатларсиз қандай бўлади, ахир уларни тузсиз тайёрлашнинг сира иложи йўқ? Масалан, ҳаммамиз яхши кўрадиган, энг фойдали маҳсулот ҳисобланган, витаминларга бой тузланган карамсиз дастурхонимизни тасаввур қилиш қийин. Ишониш қийин, аммо Поль Брэгг бутун бошли бир китобда қандай қилиб шўр карамни тузсиз ҳам мазали қилиб тайёрлаш мумкинлигини ёзиб қолдирган! Шўр карам инсониятга қадим замонлардан бери таниш озуқа. Баъзи маълумотларга қараганда, европаликлар у ҳақида қадимги Рим даврида ҳам билишган, унинг рецепти Хитойдан келтирилган. Қадимги Рим тарихчиси Плиний шўр карамнинг тайёрланишини батафсил ёзиб қолдирган. Аммо Рим ҳокимияти қулаши билан ўарб дунёси бироз муддат бу унчалик машҳур бўлмаган таом ҳақида токи мўғуллар уни Европага олиб келгунларига қадар унутди. Шунинг учун шўр карам Шарқий Европада, славян давлатларида, Германия ва Австрияда машҳур. Карам ўз ҳолича ейилса ҳам – фойдали, аммо ачитилгандан сўнг у мўъжизакор хусусиятга эга бўлади. Ахир, ферментация жараёнида у кўп сонли микроорганизмлар таъсирига учраб, ҳар биридан ўзига хос бир нарса қабул қилади. Шўр карамнинг кимёвий таркиби таҳлил қилинганда унда инсон танаси учун муҳим саналган кўплаб моддалар мавжудлиги аниқланган – кальций, темир, А, В, С витаминлари шулар жумласидан. Шундай қимматли маҳсулотдан уни тайёрлашда туз ишлатилгани учун воз кечиш яхши бўлармикан?
Брэггнинг ёзишича, ачитилган карамни тайёрлаш учун туздан фойдаланиш шарт, деган тушунча катта хатодир! Ахир, асосий ачитиш, яъни ферментация жараёнида туз эмас, балки карамнинг ўзи, сув ва қўшилган кўкатлар (укроп, кашнич, зира) иштирок этади. Тузсиз тайёрланганда тузни кўп истеъмол қиладиган одамлар учун бироз ғалати туюлиши мумкин, аммо зираворлар миқдори бироз оширилса, бу нарса унчалик сезилмайди. Эвазига туздан воз кечиш орқали ажойиб фойдали маҳсулотга, витамин ва бирикмаларга эга бўласиз. Брэгг уни шифобахш озуқалар ичида энг ажойиби деб атаган. Ватикан аҳолисининг овқатларини кузатиб, уларнинг узоқ умр кўришига асосий сабаб овқатдаги сут кислотасининг мавжудлиги деб билган. Ачитилган карам эса унинг асосий манбаи ҳисобланади. Айнан ўша ерда, Болқонда Брэгг тузсиз ачитилган карам рецептини ёзиб, ўқувчилари билан ўртоқлашган.
Тайёрлаш: сизга майдаланган бир бош карам керак бўлади, унга тўғралган пиёз, сабзи, шолғом, бутун-бутун унчалик катта бўлмаган кўк помидор, кичкина бодринглар, кичкина қизил қалампир қаламчалари, майдаланган саримсоқ, кашнич, рангли карам қўшиш мумкин. Бу сабзавотларни таъбингизга қараб карам қаватлари ва қўшимча ингредиентларнинг орасига қўшинг. Ҳар 1 бош карамга 1,5 ошқошиқ аралашма – зира уруғи, укроп ва кашнич солиш керак бўлади. Уруғларни бутун ҳолича қўшиш мумкин бўлсада, кукун ҳолида майдалаш тавсия этилади. Бу аралашма туз эмас, шунинг учун ундан кўпроқ қўшилса ҳам, қўрқинчли жойи йўқ. Уларнинг карамдаги миқдори ферментация жараёнида иштирок этади ва сут кислотаси ҳосил бўлишига ёрдам беради. Бу зираворлардан ташқари Брэгг денгиз сувўтларини (унинг оилавий рецептида 1 бош карамга 1 ошқошиқ солиш тавсия этилади) солиш мумкинлигини айтади. Қўшимчасига у карам қаватлари орасига саримсоқ ҳам қўшади, аммо бу ҳар кимнинг таъбига қараб бўлади.
Карам тайёрлашда ҳеч қачон эмал қатламига эга бўлмаган металл идишлардан фойдаланиш мумкин эмас, чунки ажралган кислота металл билан тайёр маҳсулотга аралашиб кетадиган тузни ҳосил қилади. Айниқса, алюминий жуда хавфли саналади. Энг муносиб идишлар – сопол ёки ёғоч идиш ҳисобланади, шиша идиш ҳам тўғри келади.
Карам ва қўшимча маҳсулотларни юқоридан ачиш жараёнида ҳосил бўлган газ чиқиб кетиши учун 8-10 см баландликда жой қолдириб жойлаштириш зарур. Карам юқорисидан одатдаги "тузли" карам тайёрлашдаги каби қопқоқ бостириб қўйилади. Идишни тоза сочиқ билан ёпиб қўйиш керак ва 22-270С ҳароратдаги иссиқ хонага қўйиб қўйилади. Акс ҳолда ферментация жараёни юз бермайди ёки жуда секин содир бўлади, натижада карам юмшоқ бўлиб қолади. Агар карам бурқсиб ачий бошласа, пол ҳўл бўлмаслиги учун карам солинган идишни товоқчага ёки патнисга қўйинг. Карам ачиши даврида бир кунда бир неча марта уни текшириб туринг. Юзага чиқиб қолган кўпикларни олиб ташланг, қопқоқ карамни суюқлик ичида бостириб ушлаб туришини назорат қилинг.
Қоидага кўра ачиш жараёни бир ҳафта давом этади, аммо ҳарорат нормадан паст бўлса, 10 кунга чўзилиши ҳам мумкин. Маҳсулотнинг тайёр бўлганлигини таъмидан билса бўлади –агар у тўғри тайёрланган бўлса, худди одатдаги тузли шўр карам каби бўлади (фақат туз борлиги сезилмайди), демак, карам тайёр бўлган. Уни қулай идишга жойлаб музлатгичга қўйинг. Эсингизда бўлсин, карам сок билан қопланган бўлиши зарур. Бунинг учун ҳар бир идишга қопқоқ қўйган маъқул. Тайёр бўлган карамнинг ўзини овқат сифатида еса ҳам бўлади ёки бирор овқатга, шўрвага салат сифатида ҳам ишлатиш мумкин. Фақат шуни ёдда тутиш лозимки, ачитилган карамда тана учун зарур сут кислотаси ва ферментлар мавжуд. Шунинг учун уни иссиқлик билан ишлов бермасдан еган маъқулроқ. Иссиқ овқат билан қўшиб ейилганда уни иситмаслик зарур, чунки бунда сут кислотаси ҳам, витаминлар ҳам, фойдали ферментлар ҳам йўқолади. Брэгг ўзининг китобида ачитилган карамдан тайёрлаш мумкин бўлган ҳамда ўзининг оиласида севиб истеъмол қилинадиган бир қатор овқатларнинг мазали ва фойдали рецептини келтиради. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

Брэггнинг "Янги метла (попукли ёввойи ўт)" лактобактерияли саломатлик салати
Сизга 2 стакан тузсиз ачитилган карам, 1 дона апельсин шарбати, 1 дона қирғичдан ўтказилган сабзи, 1 дона қирғичдан ўтказилган лавлаги, 1 стакан майдаланган кашнич, майдаланган карам барги, майдаланган қизил бош карам, 1 дона тўғралган яшил қалампир, яримта тўғралган қизил қалампир, 1 дона тўғралган бодринг, 3 та тўғралган помидор, майда тўғралган шнитт-пиёз, хитой петрушкаси, 1 дона бўлакланган авокадо, 1 бош татука (сутчўп), 1 дона тўғралган пиёз, ярим стакан тўғралган артишок (полиз ўти), 2 ошқошиқ кедр ёнғоғи, ярим стакан йўнғичқа уруғи (уларни тўғри овқатланиш дўконларида ёки супермаркетларда топиш ёхуд уруғидан уйда ўстириш мумкин), ярим стакан янги яшил нўхат, кашнич барглари, майда тўғралган петрушка, зираворлар (гиёҳлар, укроп, зайтун ёки бошқа қадоқланмаган ёғлар, олма сиркаси, саримсоқ кукуни, денгиз сувўтларидан тайёрланган зираворлар) керак бўлади.
Лавлаги ва сабзини қирғичдан ўтказинг, бошқа масаллиқларни ҳам майдалаб тўғранг ва ҳаммасини аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмага апельсин шарбатини сепинг ва яна бир бор аралаштиринг. Тайёр бўлган таомни дастурхонга тортилгунга қадар музлатгичга солиб қўйинг. Истеъмол қилишдан аввал, албатта, ачитилган карам баргини, помидор ва авокадони қўшинг. Зиравор масаллиқларини аралаштиринг ва салатга қўшинг.

Янги сабзавотдан тайёрланадиган ичимлик
Сизга қуйидагилар керак бўлади: 1 стакан ачитилган карам суви, 3 стакан томат шарбати, 1 дона тўғралган кичкина пиёз, 1 дона кичкина лавр япроғи, ярим стакан майда тўғралган сабзи, кашнич, яшил қалампир, 1 дона кашнич пояси, 2 бўлак лимон, 1 ошқошиқ денгиз сувўтларидан тайёрланган зиравор, желатин, кўкатли салат.
Томат шарбати, кашнич, пиёз, лимон, лавр япроғи, қўшимча масаллиқларни аралаштиринг. Аралашмани паст оловда қопқоғини ёпмасдан 10 дақиқа давомида қайнатинг. Сузгичдан ўтказинг. Аралашма қайнаётган вақтда ачитилган карам шарбатига уни янада юмшатиш учун желатин қўшинг: ҳосил бўлган қайноқ аралашмани желатин аралашиб кетгунича аралаштиринг. Кейин тухум оқсилига ўхшаш қуюқ моддага айлангунича совутинг. Сўнг уни тайёр бўлган сабзавотларга қўшинг. Ҳосил бўлган аралашмани алоҳида бўлаклар шаклида ёки битта тахминан 1 литрлик шаклда сузинг. Бу елимсимон моддани қотгунича совутинг. Майонез ёки қаймоқ қўшишингиз мумкин.

Помидорли ачитилган карам
Сизга қуйидагилар зарур бўлади: ярим стакан майда қилиб кесилган пиёз, 2 ошқошиқ қадоқланмаган ўсимлик мойи, 1 ошқошиқ соя ёки буғдой уни, 4 стакан тузсиз ачитилган карам, бир ярим стакан томат шарбати, 2 дона лавр япроғи, саримсоқ, таъбга кўра гиёҳлар ва зираворлар.
Ярим стакан майда қилиб тўғралган пиёзни 2 ошқошиқ ёғда олтин ранг бўлгунича қовуринг. Унинг устига ун, ачитилган карам, томат шарбати, лавр япроғи, 1 ошқошиқ денгиз сувўтларидан тайёрланган зиравор қўшинг. Паст оловда 15 дақиқа давомида қайнатинг. Лавр баргини суғуриб олинг ва 1 ошқошиқ асал қўшинг.

Бигус
Сизга қуйидагилар керак бўлади: 700 г тузсиз ачитилган карам, 1 дона майда кесилган пиёз, 30 г соя уни, 30 г тузсиз ёғ, денгиз сувўтларидан тайёрланган зираворлар, 450 г қайнатилган гўшт (қўй гўшти бўлмаслиги керак ёки қуш гўшти), 600 г шўрва, янчилган қалампир, таъбга қараб ҳар хил кўкатлар.
Ачитилган карамни шўрвага солиб, паст оловда 30 дақиқа атрофида қайнатинг. Пиёзни ёғда қовуринг, унинг устига соя унини қўшинг ва яна 1 дақиқа қайнатинг. Ачитилган карамни майдалаб тўғранг ва унга пиёзли аралашмани қўшинг. Гўштни унча катта бўлмаган бўлаклар шаклида тўғранг. Шўрвали кастрюлкага гўшт ва ачитилган карамни солинг, унинг устига денгиз сувўтлари ва кўкатлардан тайёрланган зираворларни қўшинг, сўнг яхшилаб аралаштиринг, қопқоғини ёпиб, духовкада 1 соат мобайнида паст оловда қайнатинг.

Қўзиқоринли ачитилган карам
Сизга қуйидагилар зарур бўлади: 450 г тузсиз ачитилган карам, 30 г қуруқ қўзиқорин, 150 г қаймоқ.
Қўзиқоринларни озгина сувда қайнатиб олинг. Қўзиқоринларнинг сувини сиқиб олинг, 4 ошқошиқ қайнатмани қолдиринг. Қўзиқоринларни кесинг ва ачитилган карам билан аралаштиринг. Аралашмага қаймоқ ва қайнатмани қўшинг ҳамда паст оловда 20 дақиқа давомида қовуринг.

ШИФОБАХШ МЎЪЖИЗАКОР ОЛМА СИРКАСИ

Поль Брэгг олма сиркасига кўплаб касалликларга шифо бўлувчи шифобахш неъмат сифатида катта эътибор берган. Брэгг унга алоҳида битта китоб бағишлаган. Олма сиркасини мустақил тайёрласа ҳам, дўконлардан сотиб олса ҳам бўлади, фақат агар маҳсулот табиий усулда тайёрланганига амин бўлсангиз. Бошқа сиркалар олма сиркасининг ўрнини боса олмайди.
Олма сиркасини тайёрлашнинг ҳамма учун мумкин бўлган икки хил усулини келтирамиз: асосийси сизда етарли даражада олма бўлиши керак.

Биринчи усул
Олмани яхшилаб ювинг. Қуртлаган ва чириган жойларини олиб ташланг. Сўнгра шарбатсиққичдан ёки катта қирғичдан ўтказинг. Тайёр бўлган олма бўтқасини керакли катталикдаги идишга солинг ва ҳар 400 г олмага ярим литр иссиқ қайнатилган сув қўшинг. Сўнгра ҳар бир литр сувга 100 г асал ёки шакар солинг. 10 г хамиртуруш, 20 г қуруқ қора нон ҳам қўшинг.
Аралашма солинган идишни 20-300С ҳароратли хонада очиқ қолдиринг. Идиш шишадан, ёғочдан ёки сополдан ясалган бўлсин (эмалланган кастрюлка ҳам ишлатса бўлади). 10 кун давомида қоронғу хонада турсин. Ҳар куни бўтқани ёғоч қошиқ билан 2-3 марта аралаштириб туришни унутманг. 10 кундан сўнг ҳосил бўлган бўтқани дока халтачага солинг ва сиқинг. Ҳосил бўлган сокни яна бир марта докадан ўтказинг ва оғзи катта тоза идишга солинг. Сокнинг ҳар бир литрига 50-100 г асал ёки шакар қўшиб аралаштириш керак. Сўнгра идиш дока билан ёпилади, яна реакция жараёни давом этиши учун оғзи боғланади, шундан сўнг суюқлик охирги нуқтагача етиб келиб, тиниб, шаффоф ҳолга келади. Одатда бу бир ярим, икки ойлардан сўнг юз беради. Сўнгра ҳосил бўлган олма сиркасини дока билан фильтрлаб, шиша идиш (бутилка)ларга солинади. Идишлар оғзи тиқин билан маҳкам беркитилади ва совуқ жойда сақланади.

Иккинчи усул
Бунинг учун олма пўстлоғи, малина ёки смородина кунжараси, шунчаки мевасини олса ҳам бўлаверади, нокнинг кесилган майда бўлаклари олинади. Мевалар ботиб турадиган даражада сув; шакар керак бўлади.
Катта банкани ўзимизга халал бермайдиган жойга қўямиз. Унга олма пўстини, шунингдек, ўзимизда мавжуд бўлган мева ёки резавор мева чиқиндиларини соламиз. Олмани арчишдан олдин тозалаб ювиш ва артиш зарур. Банкага олма ва нокнинг кесилган бўлакларини ҳам солиш мумкин. Банкада мавжуд бўлган аралашма устига совуқ сув соламиз. Унинг миқдори меваларни кўмадиган даражада бўлиши шарт. Сўнгра банкага бироз шакар сепамиз. Унинг миқдори биз қандай ўткирликдаги сирка олишимизга қараб ҳар хил бўлиши мумкин. Қанча кўп шакар қўшсак, сирка шунча ўткир бўлади. Банкани дока ёки яхши ҳаво ўтказадиган бирор мато билан ёпамиз. Сирканинг "пишиб етилиши" бир неча ойга чўзилиши мумкин. Дастлабки уч ҳафтада банкага мева пўстлоқларини ёки бутун меваларни қўшиб туриш мумкин, фақат бир шарт билан – улар умуман айнимаган бўлиши керак.
Бундай сирка жуда арзонга тушади, чунки у деярли ташлаб юбориладиган чиқиндилардан тайёрланади, шу билан бирга ҳеч қандай зарарли қўшимчалар бўлмагани учун жуда фойдали ҳисобланади.
Энди эса олма сиркасини қандай ҳолатларда қўллаш мумкинлиги ҳақида гаплашамиз. Бир нечта олма сиркаси ёрдамида даволаш рецептларини келтириб ўтамиз.

Ангина касаллигида
Ангина касаллигида томоқ бўшлиғини олма сиркаси билан артиш фойда қилади. 1 стакан сувга 1 ошқошиқ олма сиркаси солинади. Бу аралашма билан томоқни ҳар бир соатда артиб туриш зарур. Бунинг учун сирка бутун оғизни тўлдириб олинади ва ютилади. Ютилганда сирка одатдагидек артилганда тегиб бўлмайдиган томоқнинг орқа деворини ювади. Томоқдаги оғриқнинг камайишига қараб артиш оралиғини 2 соатгача камайтириш мумкин.

Оёқ оғриганда
Оёқ оғриганда 1 дона тухум сариғига 1 ошқошиқ скипидар (ўткир ҳидли суюқлик) ва 1 ошқошиқ олма сиркаси аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани аста-секинлик билан терига суртинг. Эрталаб ва кечқурун олма сиркасини варикоз бўлган оёқнинг кенгайган вена томирларига суртинг. Сиркани оёққа суртиш даврида кунига 2 ошқошиқ олма сиркаси қўшилган 1 стакан сув ичиш керак.

Йўтални даволашда
Йўтални даволашда ишлатиладиган асосий восита қуйидагича: ярим стакан асал, 1 ошқошиқ алоэ шарбати ва 3 ошқошиқ олма сиркаси олинади. Аффирмация куни овқат ейишдан олдин 3-4 марта 2 ошқошиқдан истеъмол қилиш зарур.
* * *
Йўтални даволовчи яна бир рецепт: 5 ошқошиқ олма сиркаси 1 стакан асалга аралаштирилади. Эрталаб ва кечқурун 1 ошқошиқдан истеъмол қилинади. Иккала ҳолатда ҳам йўтал тезда бартараф бўлади.

Мигрен касаллигида
Мигрен касаллигида сувга аралаштирилган ёки асал солинган олма сиркаси яхши фойда беради.
* * *
Буғли ваннани ҳам ишлатиш мумкин. Сув ва олма сиркаси бир хил миқдорда солинган идишни олов устига қўйинг, қайнатинг, сўнгра оловни охиригача пасайтиринг. Юқоридан буғ чиқа бошлаганида бошингизни идиш устига эгинг. Буғдан чуқур нафас олинг. Одатда бундан сўнг бош оғриғи тўхтайди. Агар у яна пайдо бўлса ҳам, унчалик қаттиқ оғримайди. Бунақа ваннадан бош оғриғига қарши таблетка ўрнида фойдаланиш мумкин.

Сурункали чарчашда
Сурункали чарчашда 3 ошқошиқ олма сиркасини 1 стакан асал билан аралаштиринг. Уйқу олдидан 2 ошқошиқ аралашмани қабул қилинг. Агар бу етарли бўлмаса, икки баробар оширинг ва сиз тиниқиб, маза қилиб ухлайсиз.

Кальций етишмаганда
Кальций етишмаганда махсус "кальцийли" қўшимчани овқатга қўшиш мумкин. Унинг рецепти қуйидагича: шиша банкага тухум пўчоғи солинади ва устига олма сиркаси қуйилади, банка қопқоқ билан ёпилади. Бир ёки икки кундан сўнг пўчоқ аралашиб кетади.

Танани чиниқтириш учун
Танани касалликлардан сақлаш мақсадида чиниқтириш учун эрталаб 1 стакан сувга 1-2 ошқошиқ олма сиркаси аралаштириб ичиш тавсия этилади. Тушлик вақтида – 2 ошқошиқ олма сиркаси ва асал қўшилган 1 стакан сув ичиш керак. Кечки овқатда ҳам шунақа аралашма ичилади.

СУВ – БУ ҲАЁТ

Энг ажойиб модда
Поль Брэгг бизга берилган неъматлар ичида энг шифобахш, энг қимматли неъмат – оддий сув деб ҳисоблаган. Инсон ҳар куни 2-3 литр сувни ўз ҳолича, бошқа ичимликлар сифатида ёки овқат билан бирга истеъмол қилади. Аммо биз истеъмол қиладиган сув танамизга қай даражада фойдали? Ҳа, сув – бу ажойиб шифобахш модда, фақат ундан "тўғри" фойдаланилса, яъни тоза, табиий равишда ишлатилса. Биз ҳар куни ичадиган суюқликлар танамиз қониқадиган даражада деб бўлмайди. Кўпчилик кишилар шаҳарларда яшашади, демак, водопровод орқали келадиган сувни ичишади. Кўп ҳолатларда, аниқроғи, одатда 90 фоиз ҳолатда бу сувни тоза деб бўлмайди. Албатта, у шифокорлар томонидан қўйилган талабларга жавоб беради, аммо у инсонларнинг табиий эҳтиёжларини қондира оладими?
Ҳаттоки сувга экологик салбий омиллар таъсир кўрсатилмайдиган ҳудудларда ҳам у инсон саломатлиги учун энг биринчи навбатда ўзининг қаттиқлиги билан хавфли бўлиши мумкин. Брэгг ўзининг изланишларида сувнинг кимёвий таркиби инсон саломатлигига қай даражада зарар қилиши мумкинлигини яққол кўрсатиб берган, бундай сув қон томирлар деворларининг оҳақ билан қопланишига олиб келади. Аммо шунга қарамай, сув аввал ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам ер юзида ҳаётнинг асосий манбаи бўлиб қолаверади. Бу ҳақиқатдан ҳам ғаройиб модда. Унинг фойда келтириши учун эса хусусиятлари билан танишиш ва ичиш учун керакли сувни танлай билиш зарур. Моддий тузилишига кўра коинотда сувнинг бирор-бир ўхшаши йўқ. Унинг кўпгина хусусиятлари ғайритабиий ва олимлар ҳанузгача унинг ҳамма хусусиятларини ўрганиб бўлмаган. Ҳар йили бу борада янгидан-янги кашфиётлар қилинади. Сувнинг сиртида таранглик кучи; товушнинг тарқалиш тезлиги (ҳаводаги товуш тезлигидан деярли 6 баробар кўп!); буғ ҳосил қилиш иссиқлиги; қайнаш ҳамда музлаш ҳарорати ва кўплаб бошқа хусусиятлари бор.
Сув – ажойиб кимёвий реагент. Танамизда рўй берадиган деярли ҳамма кимёвий реакцияда у иштирок этади. Қоннинг асосий ташкил этувчиси сифатида сув барча тўқималарни бирлаштириб, ягона танани ташкил этиб туради. Бундан ташқари, инсон танасининг сувли структураси худди бармоқларнинг учи каби бир-бирига ўхшамайди. Сувнинг сифати қоннинг сифатини ташкил қилади, оксидланиш-қайтарилиш жараёнига таъсир кўрсатади. Инсон физиологияси тўлалигича сувга боғлиқ, шунинг учун бизнинг танамиз қандай бўлмасин, захирадаги суюқликни сақлаш ва тўғри тақсимлашга интилади. Сув етишмаганда унинг захираси фақат шу вақтда яшаш учун муҳим зарурий аъзо ва тизимларга етказиб берилади.
Танамиздаги оқсил ва ферментлар ёпишқоқлик кам бўлган муҳитда, яъни сув билан тўйинган суюқлик муҳитида самарали ишлайди. Ҳужайралар суюқлиги камайиши билан у қалинроқ, қайишқоқ бўлиб қолади ва биокимёвий жараёнлардаги асосий катализаторларнинг самарадорлиги бир неча бор камаяди. Ҳужайралар ичидаги сувнинг камайиши ҳужайра ичидаги барча бўлиниш ва синтезланиш жараёнларининг кескин асталашишига олиб келади. Сувнинг камайиши оқибатида кўплаб оқсил ва ферментларнинг тузилиши ўзгаришига, шунингдек, уларнинг иш қобилиятини йўқотишига олиб келади. Мия 85% сувдан иборат, шунинг учун у сувсизликка жуда сезгир. Бу миқдордаги сувнинг ҳатто 1 фоизи йўқотилса ҳам, унинг ҳужайралари ҳалок бўлишига олиб келади. Тана орқа мия суюқлигини ишлаб чиқариши учун мияга сув етарли даражада келиб туриши зарур. Ҳатто бутун тана сув етишмаслигини бошидан кечираётган вақтда ҳам мия бошқа тизим ва аъзоларга сув бермаслик эвазига ўзига керакли миқдордаги сувни қабул қилади. Қаттиқ сувсизланганда мия ва асаб тизими тиклаб бўлмайдиган ҳолатга тушади, тез орада нобуд бўлади.
Қариш – бу тўлиғича суюқлик йўқотиш билан боғлиқ жараён.
Буюк Британияда ўтказилган изланишлар кекса ёшли кишиларнинг ёшларга нисбатан чанқоқни камроқ ҳис қилишларини кўрсатди. Кўрсаткичлар (қон таҳлили) тананинг кучли даражадаги сувсизланишини кўрсатиб турса ҳам, тажрибада қатнашган кексалар умуман сув ичиш истагини билдиришмаган.
1985 йилда Англиянинг тиббиётга оид машҳур журнали "Bancel" кекса кишилар танасида 3,5 литрдан 6 литргача суюқлик йўқотиш бўлиши ҳақида мақола эълон қилди!
Бу тажриба Поль Брэггнинг сувнинг инсон танасидаги ўрни ҳақидаги изланишларини эълон қилдирганидан сўнг ўтказилди. У ўша вақтдаёқ сув етишмаслиги кишиларнинг эрта қариш сабабларидан бири эканлигини эътироф этганди. Шу сабабли узоқ вақт саломат ҳаёт кечириш учун етарли даражада сув ичиш зарур.

Бизнинг танамиз чанқоқни ҳис қилади
Ҳар биримиз сув етишмаслик белгиларини пайқай олишимиз даркор, шунда бу жараён ёмон оқибатларга олиб келишининг олди олинади. Ташқи чанқоқлик бизга танамиз сувга муҳтожлигини дарров билдиради, аммо у бироз кечикиб билинади. Биз чанқаганимизда танамиз қаттиқ сувсизликни ҳис қилаётган бўлади. Аммо чанқоқни қондиргандан сўнг ҳам анча вақтгача сувсизлик аломатларидан азоб чекасиз (диққатнинг бузилиши, қалтироқ, толиқиш, бош оғриғи). Бу хавфли эмас, аммо яхши ҳолат ҳаммас. Шунинг учун танани бу аломатлар сезилгунча сувсизликка ташлаб қўйиш керак эмас. "Ушлаб қолиш"нинг бунақа механизми бор – танани ҳимоя қилувчи кучлар ҳар доим суюқликни асраб қолади ва ҳар гал бизни нормадан бироз кўпроқ сув ичишга ундайди. Танада сув етишмаслигини аниқлашнинг яна бир қатор усуллари бор.
Оғизнинг қуриб қолиши – бу сув етишмаслиги энг юқори даражага чиққанлиги ва миянинг нормал ишлаши учун жиддий хавф солаётганлигининг аломатидир. Тана бу ҳолатда "фавқулодда вазият" ҳолатида ишлай бошлайди, бунда баъзи тизимлар ишдан чиқади, ишлаши учун сув зарур бўлган баъзи ферментлар умумий биокимёвий жараёндан чиқиб кетади. Агар ташналик сурункали юз берадиган бўлса, ферментация етишмаслиги билан боғлиқ бир қатор оғир касалликлар, масалан, инсулин етишмаслиги диабети келиб чиқади. Бунда мия ўзига керакли сувни олиб, инсулин ишлаб чиқарувчи ошқозон ости безини қурбон қилади. Бир марта сувсизликни ҳис қилган танада кўпгина вазифаларнинг бажарилишига жавоб берувчи аъзолар ва тизимлар "ўчиб қолиш"га мослашиб қолади. Натижада улар доимий равишда қисқариб боради ва ҳалок бўлади. Энг хавфли томони шундаки, бу жараённи кўпинча тўхтатиб бўлмайди. Сувдан узиб қўйилган ҳужайра ҳалок бўлади. Бу сувсизликнинг тузатиб бўлмайдиган босқичи бўлиб, бунда йўқотилган у ёки бу вазифани қайта тиклаб бўлмайди. Шунинг учун танамиз бизга сув етишмаслиги тўғрисида берадиган ҳар бир хабарни билиб туришимиз зарур. Келинг, бунинг учун сув мувозанати механизми билан танишамиз.
Асосий модда – бу жараённи бошқарувчи гистамин – ташналик ҳисси танада гистамин ҳамда унга бўйсунувчи механизмларнинг кўплиги ва фаоллиги натижасидир. Гистаминнинг кўпайиши ҳозирги пайтда астма, аллергия, гастритдаги оғриқ белгилари, қулунж (йўғон ичакнинг яллиғланиши) ва бошқа ошқозон-ичак йўли хасталиклари, бел ҳамда бўғимлардаги оғриқлар, томоқдаги оғриқлар, бош оғриғи (мигрен) каби касалликларда намоён бўлмоқда. Бундан келиб чиқадики, аллергия, астма, гипертония, ревматизм билан оғриганлар, шунингдек, қандли диабет ва семиришдан азоб тортувчи беморлар – буларнинг ҳаммаси сувсизланиш қурбони ҳисобланишади, улар ўз вақтида гистамин миқдорининг кўпайишини пайқамаган ва тоза оддий сувнинг антигистаминлик хусусиятини билмаган кишилардир.
Сув – энг яхши сийдик ҳайдовчи, антигистамин воситадир. Бу далилни англаш – бутун бошли азоб берувчи касалликлар қўшинини енгиш учун тўғри йўл, чекилаётган азобларни сезиларли даражада камайтириш имконидир.
Агар танага нормал ишлаши учун етарли даражада сув тушмаса, у сувни ўзига энг керакли ерларга тақсимлай бошлайди, бу жараёнда ниманидир қурбон қилишга тўғри келади. Ва ана шунда ўз имкониятларидан ортиқ даражада ишлашга мажбур бўлган тизим ишдан чиқади. Охирги кучлари билан мувозанатни ушлаб турган тана ёпирилиб келаётган вазиятларга дош бера олмай, бирор тизимга катта миқдорда сув керак бўлганда ўз вазифасини бажаришга қийналиб қолади. Аммо сувсизлик ҳаддан ташқари кучайганда тананинг вазифаларини бошқариш тизими яхши ишламай қолади. Сув захираси энг керакли бўлган у ёки бу аъзоларгагина етказиб берилади. Сув етиб бормаётган аъзо ва тизимлар маълум белгилар билан хабар бера бошлайди. Бу биринчи навбатда ҳеч қандай сабабсиз чарчаш ҳолатидир. Бугунги кундаги энг катта етишмовчиликлардан бири – сурункали чарчаш синдроми, бу қувватнинг камлиги, ҳаётий кучнинг тобора камайиб бораётганлиги билан ифодаланадиган тананинг сувсизланиш аломатидир. Юз қисмига қон қуйилиши ҳам муҳим хабар. Агар сувсизлик натижасида мияга етарли даражада сув етиб бормаса, у қон айланиш тизимига уни озиқлантирадиган томирларни кенгайтиришни буюради. Шунга кўра катта миқдордаги қон юз қисмига қуйилади. Депрессия ҳолати маълум гормонлар етишмаслиги натижасида келиб чиқади (серотанин, мелатонин, триптофан ва тирозин). Сув танқислиги ҳолатида жигар бу моддалардаги заҳарли чиқиндиларни зарарсизлантириб, ҳужайралар ҳаётий фаолиятини тиклаш учун ишлатишга мажбур бўлади. Натижа – босим остидаги депрессия ҳолати.
Қалтироқ, сержаҳллик, ғазаб сув танқислигининг ҳар хил даражаси ҳақида хабар беради. Агар бизни сабабсиз қалтироқ тутса, бу бизнинг танамиз қувват сарфлаш билан боғлиқ бўлган қандайдир вазифани бажаришдан бош тортаётганлиги аломатидир. Бу вақтда бажариш керак бўлган иш – бир стакан сув ичишдир. Сув танқислигининг яна бир аломати асаб тизимида пайдо бўладиган хавотирланиш ҳисси, бадгумонлик, уйқусизлик, диққатни жамлай олмасликдир.

Сувсизланиш нималарга олиб келади
Юқорида айтилганидек, аллергик касалликлар, шу жумладан, бронхиал астма – сурункали сувсизланишнинг дастлабки оқибатларидан биридир. Аммо сув танқислиги яна бошқа, янада оғирроқ оқибатларга ҳам олиб келади.
Гипертония ҳозирги куннинг асосий офатларидан ҳисобланиб, у ҳам танамиздаги сув танқислиги оқибатида келиб чиқади. Тана сув танқислигига учраганда аввало тананинг ҳаётий фаолияти учун зарур бўлган, тўқималар ва аъзолар тириклиги учун зарур кислород билан таъминлайдиган юрак-қон томир тизимининг яхлитлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Аммо бунда ўзини сақлаб қолиш учун юракқон томир тизими капилляр томирлар тўрини сиқади, бу, албатта, ўзининг салбий натижасини беради. Танада қуюқ қоннинг доимий айланиши натижасида қон томирлар коллапси (сусайиши) юзага келади. Сув танқислигига мослаша бориб, қон айланиш тизими ўзининг ҳажмини қисқартиради. Катта томирлар кичраяди, кичиклари (капилляр) эса бутунлай ёпилади. Натижа – қон айланиш тизими яхлитлигига путур етиши ва катта артерия томирларида босимнинг сезиларли даражада ошиши. Сўнгра қон тақсимлаш тизимида қуйидагилар бошланади: аввал томирлардаги босим ортади, шу билан бир вақтда танадаги сувни сақлаб қолиш учун тузларнинг йиғилиб қолиши юз беради. Демак, бундан келиб чиқадики, танада туз йиғилиши – тананинг қимматбаҳо суюқликни асраб қолиш йўлида қўллайдиган тадбири экан. Ортиқча туздан қутулишнинг ягона йўли етарли даражада сув ичиб, сув-туз мувозанатини сақлаб туриш ҳисобланади, шунда гипертония ривожланишининг олди олинади.
Диабет – бу ҳам сурункали сув танқислигининг оқибати ҳисобланади. Дастлаб мия катта миқдордаги сувга муҳтож бўлади. Агар у етарли даражада етказиб берилмаса, мия қон таркибидаги глюкоза миқдорини оширишга буйруқ бериб, мустақил равишда ўзига керакли қувватни ҳосил қилишга интилади. Натижада мия глюкозага қувват манбаи сифатида "суяниб" қолади. Фавқулодда вазиятларда миянинг глюкоза ёрдамида 85 фоиз қувватни олиши аниқланган. Мия ҳужайраларининг ўзига хослиги шундаки, глюкоза ҳужайрага тушиши учун бошқа барча ҳужайралардан фарқли равишда инсулинга муҳтож бўлмайди. Узоқ давом этган сувсизлик ва миянинг глюкоза қувватига бўлган талаби туфайли тана мустақил равишда инсулин ишлаб чиқара олмай қолади. Сувсизлик туфайли келиб чиқадиган касалликларга ҳар хил турдаги оғриқлар ҳам киради.
Оғриқ – бу тананинг сувга муҳтожлиги тўғрисидаги хабари. Оғриқ синдромининг юзага келиш сабаби – ҳужайраларнинг кислотали "куйиши"дир. Кислота миқдори ошган бу ўчоқларнинг жойлашган ерига қараб тананинг ҳар хил жойларида оғриқ пайдо бўлади. Оғриқнинг кўп учрайдиган турлари – бу кучли сув оқими билан ювиш керак бўлган кислоталар йиғилиб қолган жойлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантиришдир. Бунақа оғриқларга жиғилдон қайнаши, ангина, ревматизм, мигрен кабилар киради.
Гап шундаки, ҳужайра ичидаги суюқликнинг нормал ҳолати – бўш, тарқоқ муҳит. Тирик организмлар учун водород иони концентрациясини нормал ҳолатда тутиб туриш учун ёки, бошқача қилиб айтганда, 7,4 га тенг бўлган рН учун етарли даражада сув зарур. Сув етишмаганда кислота ҳужайра ва аъзолар ичида тўпланиб, қайнаши, куйиши оқибатида оғриққа айланади. Танадан кислотани самарали чиқариш кўрсаткичи – сийдикнинг тиниқ рангда бўлиши. Агар ажралаётган суюқлик ёрқин сариқ ёки жигарранг тусга кирса – бу сувсизликнинг хавфли даражаси ҳақида огоҳлантирувчи хабар демакдир. Танадаги кислота концентрацияси меъёридан ошиб кетганлигининг биринчи аломати – бу жиғилдон қайнагандаги оғриқдир. Шилимшиқ кўринишдаги ошқозон шу тахлит танамизга сув кераклигини билдиради.
Қулунж (йўғон ичак яллиғланиши) – йўғон ичакдаги оғриқлар ҳам сувни етарли даражада истеъмол қилмаслик натижаси. Ҳазм қилишнинг сўнгги босқичида овқатнинг охирги қолдиқлари ичакдан яхши ўтиши учун ҳам сув зарур бўлади. Ичакнинг бу қисмида овқатнинг "қуруқ қолдиғи"га охирги ишлов берилади ва сув билан етарли даражада таъминланмаса, ичакнинг кенгайиб-торайиши кучаяди, натижада оғриқ пайдо бўлади. Бундай вазиятда эрталаб оч қоринга 2-3 стакан сув ичиш зарур ва ана шунда йўғон ичакдан ахлат чиққанда пайдо бўладиган оғриқлар ўз-ўзидан йўқолади.
Булимия – ҳар қанча ғалати туюлмасин, чанқоқ ҳиссининг яна бир кўриниши. Булимия билан оғриган беморлар шунчаки очлик ҳиссини чанқоқ ҳиссидан фарқлай олмай қолади.
Булимия билан оғриган беморлардаги қайт қилиш ҳолати – шунчаки тананинг кўп миқдордаги овқатни ҳазм қилиш ва сингдириш учун керакли бўладиган сув етишмаслиги оқибатларини бартараф қилиш учун ҳимоявий жавоб реакцияси ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, биз дори-дармон ва аналгетик (оғриқ қолдирувчи восита)лар билан даволамоқчи бўлган кўпгина касалликлар аслида чанқаш оқибатида келиб чиқар экан. Демак, танадаги сув мувозанатини тиклаш орқали бу хасталикларни даволаса бўлади. Яъни, етарли даражада сув ичиш зарур экан. Аммо ичишни тўғри равишда амалга ошириш керак, акс ҳолда ичилган суюқлик енгиллик келтирмайди, балки касалликлар келтириб чиқаради.

Сувни қанча, қачон ва қандай тарзда ичиш керак
Бир кунда тана суюқлик танқислигини ҳис қилмаслиги учун қанча сув ичиш кераклигини қандай билиш мумкин?
Баъзи усулларга кўра 1 кг вазнга 40 мл сув тўғри келади, яъни ўртача 2,5-2,8 литр.
Ичимлик суви ва овқатлардаги сувларни қўшган ҳолда бир кунда 1,5-2 литр сув ичамиз (мева ва сабзавот сувлари билан бирга). Ички жараёнлар ҳисобига ажраладиган сув тахминан 400 мл.ни ташкил қилади. Умумий ҳаётий фаолият учун бир суткада 2-2,5 литр сув зарурлигини ҳисоблаб топиш қийин эмас. Йога билан шуғулланувчи кишилар бир кунда 8-10 стакан сув ичишни тавсия қилишади, яъни тахминан 2 литр. Баъзи мутахассислар 1,5 литр сув ҳам кифоя қилишини айтишади. Фақат бу сув шарбатлар тарзида ёки овқатлар ҳисобига эмас, тоза сув бўлиши шарт. Спортчилар билан ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, агар спортчи ташналигини қондирадиган миқдордан кўпроқ сув ичса, ўзининг чидамлилигини оширади. Китобнинг бошида Брэггнинг ҳаётида бўлиб ўтган воқеа – қандай қилиб чўлни кесиб ўтгани ёдингиздадир? Ўшанда у фақат сув ичганди, бошқалар эса овқат ва шарбатлар ичишганди. Аммо манзилга фақат Брэгг етиб борди. Агар танада суюқлик етарли бўлмаса, натрий ҳужайралардаги барча сувни қонга беришга мажбур қилади. Бу хабарни бош миянинг бўлимларидан бири – гипоталамусда жойлашган осморецепторлар қабул қилади. Бу ҳужайралар сийдик ишлаб чиқаришни камайтирадиган махсус антидиуретик гормон (АДГ) ишлаб чиқаради. Бу гормон буйракка тушади ва биз учун зарур бўлган сувни ушлаб қолишга мажбур қилади. Натижада биз ташналикни ҳис этамиз.
Чанқоқ тана 1 фоиз вазн йўқотганда ҳосил бўлади. Масалан, кишининг оғирлиги 70 кг бўлса, 700 мл сув йўқотганда чанқоқни ҳис қила бошлайди. Аммо биз 700 мл.дан кам сув истеъмол қиламиз, яъни танамизга керакли миқдордан кам сув ичамиз. Натижада биз доимий равишда кўпгина касалликлар, юқорида айтганимиздек, гипертония, умуртқа дискининг қисилиши каби хасталикнинг сабаби ҳисобланган ташналикдан қийналамиз. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўзимиз хоҳлагандан 3-4 баробар кўпроқ сув ичишимиз керак экан. Бундан ташқари, сиз танангизда сув захирасини аввалдан тўлдириб қўйганингизда барча тизимлар ва аъзолар ишини нормаллаштириб, танани сув билан тўйинтиришнинг яна бир самарасини ҳосил қиласиз – бу оқсил-энзима ва ферментлар ишини фаоллаштиришдир. Ахир, уларнинг иш қобилияти тўғридан-тўғри сув миқдорига боғлиқ. Кўпчилик кишилар кўп сув ичишдан қўрқишади. Аслида эса танада суюқликнинг исроф бўлиши мумкин эмас. Агар биз ўзимиз хоҳлагандан кўра кўпроқ сув ичишга ўргансак, бунинг натижасида фақат бир нарса содир бўлади – буйраклар бу сувни ишлатиб, тана ҳужайраларининг керакли функцияларини фаоллаштириб, уни танадан чиқариб ташлайди.
Агар танада сувнинг кўплиги кузатилса, тескари жараён бошланади, натрий осморецепторларни сувни шимишга мажбур қилади ва улар АДГ ишлаб чиқаришни тўхтатади, натижада буйраклар бутун қуввати билан ишлай бошлайди. Агар киши соғлом бўлса, бу тизим жуда самарали ишлайди. Сувсизланганда эса буйраклар бир суткада 1 литр сув ажрата бошлайди. Буйрак ишлаб чиқариш қуввати эса суткасига 20 литрни ташкил қилади. Буйракларимиз танадаги намликни жуда самарали равишда чиқариб ташлаш имконига эга. Чунки бу механизм танадаги сув-туз мувозанати бузилганлиги тўғрисидаги кичкина хабар билан ишга тушади – сув 1 фоиз етишмай қолганда тана кучли чанқоқни ҳис қилади. Шундай вазиятлар ҳам борки, ҳақиқатдан ҳам кўп сув ичишга тўғри келади. Уларни батафсил кўриб чиқамиз.

Об-ҳавонинг иссиқ ёки совуқлиги
Иссиқда танамиз суюқликни тер билан чиқариб юбориши ҳаммага маълум. Аммо қуруқ совуқ об-ҳаво шароитида ҳам бундан кам йўқотиш юз бермайди. Фақат у 40 градусли иссиқда бўлгани каби танадан оқиб чиқаётган тердек кўзга ташланмайди. 40 градусли совуқда ҳам намлик оғиздан буғ шаклида чиқиб кетади. Шу йўл билан сиз тери орқали эмас, ўпка орқали суюқликни йўқотасиз. Шунинг учун ҳам совуқ ҳавода одатдагидек сув ичиш зарур. Қишда уйдан чиқишдан олдин бир стакан сув (қайноқ чой ҳам бўлади) ичиш – сувсизлик белгиларининг олдини олишнинг зарур чорасидир.

Жисмоний меҳнат
Жисмоний зўриқишда, масалан, спорт машғулотлари вақтида ҳар соатда 1 литр атрофида бўлади. Шунинг учун вазиятни қувиб ўтиш мақсадида машқдан олдин ярим ёки 1 стакан сув ичиш, сўнгра бу муолажани ҳар ярим соатда такрорлаш зарур.
Бошқача йўл тутиш ҳам мумкин: машқдан аввал ва кейин тарозида вазн ўлчаб кўрилади ва йўқотилган ҳар бир грамм вазн ўрнини шунча миқдордаги сув билан тўлдирилади (ҳеч бир ҳолатда кола, лимонад ёки қувват берувчи ичимликлар мумкин эмас).

Авиасаёҳат
Бу вазиятда сувсизлик сабаби – самолёт салонидаги қуруқ ва сунъий ҳаво. Шунинг учун парвоз пайтида, албатта, тоза сув ичиш зарур.

Қандай қилиб кун давомида сув ичиш мумкин
Буни уйқудан уйғонган заҳоти бошлаш керак. Аввал томоқни, кейин тишларни чайиб ташлаш зарур, кейин 1 стакан сув ичиш лозим. Сўнг нонушта қилинади. Бунинг ортидан дарров яна сув ичиш мумкин эмас. 15-20 дақиқа кутиб туриш зарур. Овқат ейиладиган пайтда эмас, балки овқатланиш орасидаги вақтларда сув ичиш жуда муҳим. Шунингдек, уйқу олдидан ҳам сув ичиш тавсия этилмайди. Табиатан ошқозонга тушадиган овқат фақат сўлак билан ҳўлланиши керак. Нима учун кўпчилик кишилар овқатланганда сув ичишади? Чунки улар овқатни яхшилаб чайнашга дангасалик қилишади ёки бунга вақтлари етмайди, ошқозонни овқатга тезроқ "бўктириш" учун замонавий кишилар сувга ботиришни маъқул кўришади. Аммо бунинг ўрнига овқатни бўтқа ҳолига келгунича яхшилаб чайнаш ва шу йўл билан овқатнинг ошқозонга табиий равишда тушишини таъминлаш зарур. Овқат вақтида ёки ундан сўнг дарров сув ичиш – бузилган инсоният тараққиётининг аҳмоқона одати, холос. Овқатланиш вақтида сув ичганимизда ошқозонга қаттиқ овқат ва суюқлик тушади. Бунда сўлак безлари ишлаб чиқарилиши тўхтайди. Бу вазиятда сўлак билан ҳўлланмаган озуқа қайта ишланмаган ишқор ва ферментлардан иборат бўлиб қолади, демак, у ҳазм қилишга тайёр бўлмайди. Бунинг устига суюқлик ошқозон сокига аралашади ва озуқа ошқозон сокида мавжуд бўлган кислота билан етарли миқдорда ишлов берилмай қолади. Натижада озуқа сўлак ва ошқозон сокининг табиий сингдириш катализаторлари билан аралашмайди, демак, етарли даражада ҳазм бўлмайди ҳамда сингимайди. Шунинг учун тана нафақат озуқадан ўзига керакли моддаларни ажрата олмайди, балки айниган овқат қолдиқлари билан заҳарланади. Шунинг учун овқат вақтида сув ичиш ўзининг ҳазм қилиш тизимини барбод қилиш демакдир. Худди шундай овқат егандан сўнг бирдан сув ичиш ҳам мумкин эмас. Қачон сув ичса бўлади? Овқат ейишдан камида 15-20 дақиқа олдин – ошқозон сувни молекулаларга ажратиши учун айнан шунча вақт зарур бўлади. Шундан сўнг сув яхши сўрилиб, ўзининг тозаловчилик вазифасини бошлагач, ошқозонга овқат "ташласа" бўлади. Фақат қизилўнгачдан осон ўтиши учун яхши чайналган бўлиши керак.
Овқатланишдан сўнг ҳазм қилиш бошланган жараёнда ҳам сув ичиш мумкин эмас. Оқсил сингиб ҳазм бўладиган вақтни ҳисобга олиб, 1,5-2 соатдан сўнг сув ичиш мумкин.

Қандай сувни ичиш мумкин
Поль Брэгг китобларида ўзининг доим энг тоза сув сифатида дистилланган сув ичишини айтган. Ҳақиқатдан ҳам бунақа сувда сувдан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас. Аммо охирги ўтказилган текширувлар дистилланган сув бизнинг танамиз учун унчалик фойдали эмаслигини кўрсатди. Бизнинг танамиз сувда эриган минерал моддаларга муҳтож. Бундан ташқари, кейинги ўн йилликда олиб борилган изланишлар сувнинг тоза кимёвий таркибдан бошқа яна бир қанча хусусиятларга эгалигини аниқлади. Улар ҳам сувнинг фойдали хусусиятларига таъсир қилади. Дистилланган сув ўрнига Поль Брэгг тоза муз ёки қордан эритиб олинган сувни ишлатган. Ҳозирги вақтда табиатда, бахтга қарши, идеал тоза муз ёки қорнинг сувини топиб бўлмайди. Ҳаттоки Брэгг ўз умрининг бир неча йилини ўтказган Алп тоғларида ҳам шамол саноат марказларидан ҳар хил кимёвий заҳарли моддаларни келтириб ташлайди. Шунинг учун тоза эритилган сувни уй шароитида музлатгичда тайёрлаган маъқул. Ва фақат уни ичимликларнинг энг яхшиси деб ҳисоблаш мумкин.

Эритилган сув
Сув-муз-сув фазаларидан ўтган сув ички ва ташқи томондан истеъмол қилиш мумкин бўлган энг ижобий самарага олиб келадиган хусусиятларга эга бўлади. Ҳозирги кунда муз ва сувни ўрганишга доир кўплаб тажрибалар ўтказиш натижасида шу нарса аниқландики, сув молекулаларининг қаттиқ агрегат ҳолатидаги ўзаро жойлашуви, музнинг тузилиши ва сувнинг ўзининг молекулалари тузилиши бир-бири билан боғлиқ. Музлатилгандан сўнг сув молекуласи юқорисида тўрт зарядли нуқтага эга тетраэдр шаклида бўлади. Фаннинг айтишича, эриган сув структураси танамизнинг ҳужайра суюқлиги билан ўхшаш – чунки музлаб, кейин эритилган сувдаги молекула диаметри ўзгаради ва улар ҳужайра мембранаси орқали ўтади. Шунинг учун танадаги кимёвий реакция тезроқ юз беради ҳамда тузлар алмашинуви фаоллашади. Халқда аввалдан эриган сув танани яшартиради, деган тушунча мавжуд. Эриган сувда крандан оқаётган сувдан фарқли равишда танага жиддий зарар етказадиган оғир дейтерия йўқ. Олимлар дейтерияни йўқотиш танадаги ҳаётий жараёнга сезиларли даражада таъсир қилишини аниқлашди. Ўз-ўзидан эриган сув катта ички қувватга эга.
Эритилган сувни оддий кран сувини музлатгичда музлатиб олиш мумкин. Табиийки, аввал уни фильтрдан ўтказиб олиш зарур. Тана учун зарарли бўлган дейтерийни йўқотиш учун сув музлай бошлаган вақтда янги ҳосил бўлган устки қатламни олиб ташлаш керак бўлади. Музнинг лойқаланган, хира тортган қисмларини қиртишлаб олинг ёки сувда ювиб ташланг, чунки айнан шу жойларда туз ва бошқа зарарли кимёвий бирикмалар мавжуд бўлади. Дейтерий ("қаттиқ сув") айнан шу ерда йиғилади ва биринчи бўлиб музлайди. Қиш кунларида сувни балконда музлатиш мумкин. Ифлос қор ва чанг тушмаслиги учун идиш оғзи қопқоқ билан ёпилади. Даволовчи самара кўрсатиши учун керакли миқдор қуйидагича ҳисобланади: ҳар 1 кг вазнга 4-6 г эриган сув тўғри келади. Семиришда, модда алмашинуви бузилганда сув миқдори оширилади. Эсингизда бўлсин, эриган сувни тез ичиш зарур – уни узоқ вақт сақлаб туриб бўлмайди. Кун давомида эриган сувни ичиш ҳам фойдали ҳисобланади. Бир стакан чойни бир стакан эриган сувга алмаштиринг, аммо у иссиқ бўлмаслиги, балки совутилган бўлиши керак. Аммо тўлиғича эриган сув ичишга ўтиб олмаслик лозим. Сиз истеъмол қиладиган ҳамма сувнинг кўпи билан 30 фоизи эриган сув бўлиши керак. Бошқа вақтларда тинитилган сув ичинг.

Кумуш сув
Бу сувни кумуш билан ионлаштириб ҳосил қилинади, унинг бактерияларни ўлдириш хусусияти қадим замонлардан маълум бўлган. Бу металл билан қадимги Ҳиндистонда сувни зарарсизлантиришган. Шарқдаги ҳукмдорлар эса сувни фақат кумуш идишларда сақлашган. Ва ҳар галгидек қадимги билимлар ҳозирда ўз тасдиғини топган. XIX аср охирида француз шифокори Бене Креде сепсис (қон заҳарланиши)ни кумуш ионлари ёрдамида муваффақиятли даволади. У эришган муваффақиятидан руҳланиб шуни аниқладики, кумуш уч кун ичида дифтерия таёқчаларини ўлдиради, икки кунда эса – стафилококк, сил касаллигини юқтирувчиларни эса бир суткада ўлдиради. Бу ҳайратланарли натижа ўша вақтдаги тиббиёт олами учун шов-шувли воқеа бўлди. Сувли эритмаларда ҳар қандай ионлашув моддалар фаоллигини оширади. Бу вазиятда гап атомлар ҳақида бораётгани йўқ, балки мусбат зарядланган кумуш ионлари ҳақида бормоқда. У содда микроорганизмлар ҳаётий фаолияти учун ҳал қилувчи ўрин тутади. Кумуш катионлари касаллик ҳосил қилувчи бактериялар, вируслар, замбуруғлардаги кислород алмашинувини тўхтатиб қўяди – булар 700 турдаги касаллик ҳосил қилувчи "флора" ва "фауна"ларни йўқотади. Чунки бу "зараркунандалар"ни йўқотиш тезлиги эритмадаги кумуш ионлари концентрациясига боғлиқ. У қанча кўп бўлса, сувдаги патоген (касаллик ҳосил қилувчи) муҳит шунча тез йўқолади. Масалан, ичак таёқчалари кумуш концентрацияси 1 мг/л бўлганда 3 дақиқадан сўнг ҳалок бўлади, агар 0,5 мг/л бўлса – 20 дақиқадан сўнг, 0,2 мг/л бўлса – 50 дақиқадан сўнг, 0,05 мг/л бўлса – 2 соатдан сўнг ҳалок бўлади.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/a-moskin-32767963/tug-ri-nafas-olish-sirlari-69866671/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Тўғри нафас олиш сирлари А. Моськин
Тўғри нафас олиш сирлари

А. Моськин

Тип: электронная книга

Жанр: Здоровье

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 29.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Ушбу китобда Поль Брэггнинг тўғри яшаш бўйича гапирган гаплари, ўтказган тажрибалари, турли маслаҳатлари батафсил тушунтириб берилган экан, бу борада янада муҳим маълумотларга эга бўласиз ва Поль Брэггни теранроқ, тушунасиз.Қўлингиздаги китоб Моськин китобининг 3-қисми бўлиб, унда асосан гўзаллик ва ёшлик сирлари ҳақида гап боради.

  • Добавить отзыв