Умр карвони
Абдулхамид хожи Абдулахад
Ушбу мўъжазгина китобчада ҳаваскор шоир Ҳожи Абдулҳамид Абдулаҳад турфа олам гўзалликларини ўз тасаввуридан ўтказиб кенг китобхон эътиборига ҳавола этмоқда.Бу ерда келтирилган фалсафий мушоҳадалар кўпчилик эътиборини тортади деган умидддамиз.
Ҳожи Абдулҳамид Абдулаҳад
Умр карвони
Муаллиф ҳақида
Абдулҳамид ҳожи Абдулаҳадов 1946 йилда таваллуд топган. Олий тоифали шифокор-жарроҳ. Ёшлигиданоқ адабиёт ва санъат билан қизиққан. Талабалик йилларида унинг бир талай рисола ва шеърлари газета ва журналларда босилиб чиққан. Ҳаваскор хонанда сифатида бир неча қўшиқ ва ашулалари миллий радио комитетида ёзилган. Бир неча хорижий тилларда равон сўзлашади. Хизмат сафарлари билан кўпгина чет мамлакатларда бўлган. Икки марта ҳаж сафарига мушарраф бўлган. Бўш вақтларида турли мавзуларда шеърлар машқ қилиб юради. Мана шулардан Сиз азиз мухлислар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Табиб тахаллуси билан Ҳожи Абдулҳамид шеърлари
Тўғри инсонни Худо тоабад хор қилмагай
Аммо нопок бўлса ул ким қадамда зор йиғлагай.
Дилда бўлса Оллоҳ зикри қўл ҳалол меҳнатла банд
Хотирин жам қилиб ҳар ким эзгуликни ўйлагай.
Меьёр бериб ҳар амалга, ўзи – қози ул Тангрим
Меъёрдан ошса ким, афвдан умидвор бўлмагай.
Баъзилар келди-ю кетди, Фонийга лаҳза жисм бўлиб
Лек Исм қолмиш ўзгадан боқий мутлоқ ўлмагай.
Ўтди ҳар не алломалар, ибратомуз умр ила,
Шояд, авлодлар таъзим-ла руҳларин шод айлагай.
Кимки, олдидаги борнинг қадрин назарга илмас,
Билсин, олисдаги йўқнинг ҳеч вақосин билмагай.
Бас, шукр қил борига, насибанг шул, эй Табиб,
Қаноатсиз кимсаларнинг кўнгли мудом тўлмагай.
13 сентябрь 1996 йил.
Дубай шаҳри.
«Элликка чиққанда қўлимда қалам…»
Элликка чиққанда қўлимда қалам
Ёзмишдир ўтмиш, келажак тархин.
Дилда ўкинч бирла яширин алам
Совурдим билмайин ёшликнинг нархин.
Ёшликда жисмоний қувват зиёда
Беаёв сарфланар ҳуда – беҳуда.
Кексайиб, ақлдан бўлгач нишона
Самара кўрмоққа кеч бўлар жуда.
Ёшликнинг қувватин жиловлаш учун
Ақл даркор экан, билгил эрта-кеч.
Аммо ёшлик ақлга муҳтож бўлган-чун
Кексаликнинг траддудин қилмас экан, ҳеч.
Дунё гўзал яралмиш, унда кўп неъмат
Қани, барча баробар бўлиб ололса…
Шунинг-чун халқда бор ажиб бир ҳикмат –
«Қанийди ёш билса-ю, кекса – қилолса!»
21 сентябрь 1996 йил.
Дубай шаҳри БАА.
«Элда бор ажиб ибора: «эшаги сувдан ўтгунча»…»
Элда бор ажиб ибора: «эшаги сувдан ўтгунча»,
Баъзилар бошини қашир – то маъносига етгунча.
Бунда кўп сир-синоат йўқ, у – эшак бўлиб яралган,
«Суюкли» маҳлуқ тарзида бутун дунёга таралган.
Кўринишдан беозордир, кучи ҳалол, зўр меҳнаткаш,
Аммо сувнинг фарқин билмас, бироз бефаросат пасткаш.
Шу боис, эшакни ниқтаб, ҳайдарлар кучи етгунча,
Бир кор қилиб қўймасин деб, то сувдан ўтиб кетгунча.
Баъзилар бор эшаксифат, мулойим, жафокаш мунча
Нима буюрсанг бажарар, эшаги сувдан ўтгунча.
Ҳатто, йўқни бор қилади, беҳисоб сарф қилар қанча
Ўзни қурбон, хор билади, эшаги сувдан ўтгунча.
Аммо, сувдан ўтиб олгач, такаббур бўлиб олади,
Қилган барча найранглари ошкора бўлиб қолади.
Шунинг-чун эй қадрдонлар, ишлатманг найранг заррача,
Халқ кулиб демасин «ана – эшаги сувдан ўтгунча».
* * *
«Дўсту-улфат кимга керак, кунда сиз-биз бўлмаса…»
Дўсту-улфат кимга керак, кунда сиз-биз бўлмаса,
Қозон-капгир нега керак, унда жиз-биз бўлмаса.
Бегоналар бўлар яқин, сиз-биз, жиз-биз туфайли
Ака-ука бегонадур, меҳр-шафқат бўлмаса.
Дўсту-ёрга очиқ уйинг, кўнглинг ҳаргиз кенг бўлсин,
Келгандан кўнглинг тўларму, меҳмон ўйнаб-кулмаса.
Ёрга вафо, дўстга – ҳурмат, танга – соғлиқ жоиздур,
Ишқ-муҳаббат ҳар дам даркор ёрнинг кўнгли тўлмаса.
Борига шукр қил доим, йўқни баттар йўнмайин,
Не қиларсан манглайингда омад ҳарфи бўлмаса.
Молу-дунё – қўлнинг кири, кирга ҳирс қўйма, Табиб
Умринг ўтмас хотиржам, соф дўсту ёринг бўлмаса.
* * *
Илтижо
Жамолингга пинҳона ошиқ бўлдим ман эй ёр,
Муродим ҳосил бўлгай, агар кўрсатсанг дийдор.
Биламан бир мен эмас, ҳажрингда қўйиб-ёнган
Эвоҳ, қанийди бўлсам, бир бор меҳрингга қонган.
Васлинга етишмоққа аҳд қилдим, онт ичдим
Ёлғон дунё лаззатининг барчасидан воз кечдим.
Туну-кун ибодат бирла, фикру-ёдим Сен ўзинг
Ўзгани кўрмоқ истамас, менга берган қалб кўзинг.
Бўлди онлар, шайтон-лаъин оздирганда адашдим,
Тўғри йўл туриб, аҳёнан, эгриларга эргашдим.
Фақат афсус ўша онлар кетди зое, бесамар,
Барчасидан етишди бас, иззат – нафсимга зарар.
Ишқинг ўти қайтарди-ку, тўғри йўлга эй, дилдор
Ўзинг паноҳ, қайрилмасман бу йўлдан энди зинҳор.
Жамолингга пинҳона ошиқ бўлдим ман, эй ёр,
Муродга етказувчи ўзингсан Парвардигор.
* * *
Умр карвони
Умр карвонида бир нафар бўлиб,
эзгулик оламин кезмоқдаман мен.
Тобора манзилга интилган сари,
ҳаёт сир-асрорин сезмоқдаман Мен.
Ёлғондан йўл ясаб, Чинга ўтсин деб,
ҳаммага тенг қисмат берди Улуғ зот.
Қанийди ўтолса барча баробар,
бу йўлда қоқилиб-йиқилмай ҳайҳот!
Жонзодлар ичинда сардори бўлиб,
олганмиз буюк ном, аталиб Инсон.
Жаҳонни ўзига буйсундирган ақл,
олий неъматмасму, Тангримдан инъом.
Ким тўғри ишлатса ақлу-фикрини,
собит йўлдан борар бўлмайин ҳайрон.
Бир лаҳза унутса Оллоҳ зикрини,
чалғитиб устидан кулади шайтон.
Жаннатда ўтириб, баъзида, дўстлар,
орзулар қиламиз ўзга Маконни.
Барча ерда бир хулқ, Одам боласи,
иқрор бўлдим кезиб жумла-жаҳонни.
Ўша кўзлар, юзлар, ўша сиймолар,
ўша вафо, жафо ва ўша сийрат.
Борлиги ўшадир, асло фарқи йўқ,
лек қалбим ҳиссига топмадим нисбат.
Киндик қон тўкилган остонам, онам,
эмикдош ўсган юрт – Ватаним менинг
Қоқилганда суяб, йиқилсам кўтарган,
дўстлар бор, диёр – Масканим менинг.
Асл мусулмон рамзидур Устоз-Пирларим
Нақшбанд Яссавий – аждодим менинг.
Нечун фахр этмайин, Табиб, шукр-ла,
Туркистонда йўғрилган жон – таним
менинг.
1997 йил Рас Ал-Хайма.
Б.А.А.
Илк сафар
Ақл кучга тўлиб, соч оқарганда,
сафар қилмоқликни орзу қилдим Мен.
Расул, саҳобалар кезган ўлкани,
зиёрат қилмоқни мавзу қилдим Мен.
Чин дилдан йиғласа тошдан ёш чиқар,
амалда синадим, иқрор бўлдим Мен.
Бу мақсад йўлида риёзат чекиб,
баъзан қийналдим ҳам, гоҳо кулдим Мен.
Араб дунёсининг жавоҳири
Саудия тупроғин илк бор босганда –
Илоҳий ҳис қамраб бутун вужудим,
ҳузурбахш бир чуқур уйга топдим Мен.
Боболар орзиқиб интилган диёр,
Макка-ю, Мадина бағрида инган.
Йигирма беш сана қутлашаётган Амирлик меҳмони
бўлиб қолдим Мен.
Араб билан Эрон ўртасидаги денгизни
азалдан Холиж дейишган
Атрофига ўрнашиб форсий, арабий,
Ислом майизини бўлиб ейишган.
Бир қирғоқда Қувайт, Ироқ, Сурия,
Қатар, Баҳрайн ва форсий Хуросон
Иккинчи тарафда маржон тизилган
Араб Амирлиги ва гўзал Оммон.
Абу-Даби, Дубай, Шариқо, Ажмон, Уммул Қувайн,
Фужайра ва Рас Ал-Хайма
Етти амирликни бирлашган ҳолда,
Араб талаффузида «иморот» деркан.
Денгиз қирғоғида униб-ўсган юрт,
қадимда макони – ертўла, чайла
Ортида ястанган жазира саҳро бўлса ҳам
замири бадавлат экан.
Суви шўр, ери – қум, зироат танқис,
жонзот яшамоқда сабр-ла, мискин.
Эътиқод, ибодат, итоатига,
Оллоҳ ярашиқли берибди ризқин.
Ер остида бойлик – уларга неъмат,
у туфайли мискинлар бўлибди Ғаний.
Чўлда жаннат кўриб яшашдек бахтга,
яратган муяссар этсин барчани.
Бу ўлка муқаддас ҳар муслим учун,
ер юзидан талпинар унга минг-минглаб
Араблар жиддий халқ, бағри кенг, аммо,
қабул қилавермас келганнинг барин.
Минг бор шукр, мени қабул этдилар,
тилимни тушунмаса, дилимни англаб.
Мен ҳам сидқидилдан малҳам бўлайин,
муҳтожларга сарф қилиб меҳримнинг
барин.
1995 йил Абдулҳамид – Табиб.
2 Декабрь
Б.А.А. нинг мустақиллик куни.
Ҳаж сафари
Беш рукн Исломда ҳар муслимга фарз,
Бажо этсанг шукр, бажармасанг қарз.
Туғилганда имкон тўлиқ берилар
Бой берсанг ғафлатда ўзингдан қил арз.
Умр бўйи ақалли бир марта ҳаж қил,
Ҳар йилнинг фарзидур закотни бергил.
Бир йилда ўттиз кун рўзани тутсанг,
Ҳар куни беш маҳал намозни кутсанг.
Иншооллох, иймонинг бутундир ҳамон,
Пок иймонинг қалбингда дардингга дармон.
* * *
Арафат тоғи
«Чин дилдан йиғласа сўқир кўзда ёш…»
Чин дилдан йиғласа сўқир кўзда ёш,
Ҳар кимнинг тилаги ўзига йўлдош.
Биров бой бўлсам дейди, бировлар – подшо
Мен фақир ҳаж йўлида айладим бардош.
Оллоҳга етгандир тилагим, балки
Аввал қабул айлаб, арабнинг халқи.
Сўнгра етақлашди Макка томонга
Маломат қилдирмай, яхши-ёмонга.
1997 йил,
Ҳожи Абдулҳамид Табиб.
«Ҳижрий йил минг тўрт юз ўн еттисининг…»
Ҳижрий йил минг тўрт юз ўн еттисининг
Нийсон ойи учида сафарга кетдик.
Эртасига тонг саҳар Пайғамбар шаҳри
Мадинаи мунавварага келиб етдик (алҳамдулиллоҳ).
Уч кун Набий уйида ибодат қилдик
Муқаддас жойларнинг асрорин билдик.
Масжиднинг қибласида – Муҳаммад қабри
Ёнида қабристон – саҳобалар бари.
«Қубо» масжиди-ю, «Қиблатайн» да
Намозлар ўқидик, айлаб ибодат.
Бадр жангги, бўлган, Уҳуд тоғи ва
Кўп азиз жойларни қилдик зиёрат.
Учинчи кун «Мийқот» да ғусл айладик
Дил – танни поклагач, эҳром бойладик.
«Лаббайка оллоҳумма лаббайк»[1 - Лаббайка оллоҳумма лаббайк. Лаббайка ла шарика лака лаббайк. Иннал ҳамда, вал неъмата, лака валмулк, ла шарика лак.]ни ўқиб
Маккага етгунча дилга жойладик.
Мисли чақалоқдек йўргакда эдик,
Оллоҳ зикри бирлан Маккага келдик.
«Раҳмат эшигинг оч, менга Оллоҳ», – деб
Масжиди ҳаромга илк салом бердик.
Ислом Оламининг пойтахти – Макка,
Макканинг юраги – масжиди Ҳаром.
Ҳовли ўртасида Қора Тош – Каъба
Миллион пора дилга бергуси ором.
Нафақат муслим, балки башарият
Каъба атрофида топгуси таскин.
Ҳатто, шайтон – лаъин, унга минг лаънат!
Бу Азиз диёрда беозор, мискин…
Аббос эшигидан кирдик ичкари
Умра зиёратин бошладик аввал.
«Йўл кўрсат, мадад бер, ўзинг Оллоҳ», – деб
Оломонга урдик ўзни, таваккал…
Оламга Нур бериб турган Каъбани
Етти марта айланиб тавоф айладик.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/abdulhamid-hozhi-abdulahad/umr-karvoni-69866431/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Лаббайка оллоҳумма лаббайк. Лаббайка ла шарика лака лаббайк. Иннал ҳамда, вал неъмата, лака валмулк, ла шарика лак.