Энг қайғули шодлик

Энг қайғули шодлик
Federico García Lorca
"Энг қайғули шодлик шоир бўлишдир, қолгани ҳисобмас, ҳатто ўлим ҳам", деган эди буюк испан шоири Федерико Гарсиа Лорка. Ушбу китобга шоирнинг барча асарлар мажмуаси – "Шеърлар китоби"дан намуналар, "Канте хондо достони", "Биринчи қўшиқлар" китобидан намуналар, "Қўшиқлар", "Лўли романсероси", "Шоир Нью-Йўркда" китобларидан намуналар, "Игнасио Санчес Мехиасга аза" достони ва "Тамарит девони" ҳамда турли шеърларидан намуналар киритилган.

Федерико Гарсиа Лорка
Энг қайғули шодлик. Шеърлар ва достонлар


El remanso del aire
bajo la rama del eco.
El remanso del agua
bajo fronda de luceros.
El remanso de tu boca
bajo espesura de besos.


ТАРЖИМОНДАН
Ҳар гал Испанияни ўйлаганимда гул йиғисини шеърда янгратган шоирлар, овози ойни уйғотган ҳофизлар-ла бир малаксиймо гул исмидай, бир парикапалак исмидай назокатли Боабдил сўзи хаёлимдан кетмайди. Тарихни сўйлатсак, еттинчи аср бошларидаёқ жанубий Франция қасабаларигача ислом лашкарлари-ла кириб борган, Испанияда Вестгот қироллигини синдириб, мусулмон давлатига тамал тошини қўйган араб саркардалари Мусо ибн Нусайра ва Тариқ ибн Зиёд хотирга тушади. Кейинчалик гоҳ уммавий халифалиги, гоҳ алморавидлар, гоҳ алмоҳадлар салтанати деб аталган Андалусия давлати 1492 йили қирол Фердинанд ва қиролича Изабелла ихтиёрига ўтди. Саккиз юз йил Оврупони ҳайратга солган давлатнинг энг сўнгги қироли Алп Абдуллоҳ Боабдилдир…
Америкадаги Эдинбург дорулфунунининг исломшунос олими У. Монтгомери Уўўт айтишича: «Араб маданияти ўзидан-да қадимийроқ, юксакроқ маданиятларнинг энг яхши фазилатларини ўзлаштириб, янги мусулмон маданиятига асос солди. Исломгача бўлган насроний маданияти Испания маданиятининг кейинги ривожига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Аҳолининг кўпчилиги мусулмон динига кириб, вақт ўтиши билан араблашиб кетди». Чинданам, Андалусия ибн Рушд, иби Туфайл, ибн Халдун, ибн Хазм, Муҳйиддин ибн ал-Арабий каби не-не буюк зотларни эмизган диёрдир. Ҳозиргача Қурдоба, Ғарнота, Севилла қасабаларидаги афсонавий қасрлар, маҳобатли масжидлар, маъмурий бинолар араб маданиятидан хотирадир.
Хулосаласак, Андалусия маданияти шарқу ғарбнинг энг гўзал фазилатларини ўзлаштирган, Испаниянинг жаҳонга машҳур сиймоларини эмизиб улғайтирган бир маданиятдир. Андалусиянинг мана шундай ёруғ юзли сиймоларидан, ҳаёт ва мамот оралиғида ярадор қушдай потирлаган руҳ сувратларидан иборат асарларини бадиий ижод саҳнасига бир даста гулдай отган Федерико Гарсиа Лоркадир.
Асримизнинг йигирманчи йилларида Оврупо адабиётида, хусусан, шеъриятида турли безовта оқимлар пайдо бўлди. Бу оқимлар жадаллашиб кетган сиёсий-ижтимоий тўлқинларнинг бадиий ижоддаги кўринишларидир. Бу даврда Испаниядаги адабий давраларда Оврупонинг бошқа адабиётларида муқимлашган сюрреализм, ултраизм, креацонизм, герметизм каби ҳаёт билан адабиёт бирлигини тан олмайдиган, «Санъат санъат учун» деган ижодий субут атрофида баҳслар қизиди. Лорка мана шу йилларда фаол ижод қилдиким, буни мустаҳкам ижодий субут шарофати, деб билмоқ лозимдир: «Яхшиямки, «Санъат санъат учун» деган ғоянинг мағзи пуч, акс ҳолда бундан-да шафқатсиз ғоя бўлмасди. Бу сохта санъатнинг ўзигагина дахлдор соф санъатга бирортаям виждонли одам ишонмайди. Зиддиятли давримизда ижодкор халқ кулса-кулиб, йиғласа-йиғламоғи, ўз бинафшаларидан воз кечмоғи, белигача ботқоққа ботиб бўлсаям бинафша излаётганларга кўмаклашмоғи шарт». Бундай ижодий субут ижодкорнинг янги-янги ифода шаклларини излашига сираям монелик қилмайди, балки ҳар қандай шаклга соғлом ижтимоий руҳ бермоғи тайин.
Лорка қатнашган адабий даврада мажозийлик бирламчи унсур сифатида тан олиниб, ифода воситасигина ҳисобланиб қолмаган. Мажозийлик Лорка ва бошқа муштарийларнинг рост ва хаёлий дунё бирлигини ифодалаган дунёқарашидан, борлиққа муносабатидан келиб чиққан ижодий субутдир. Кейинчалик бу даврадан испан ва жаҳон адабиётида «27-йил авлоди» деб аталган буюк ижодкорлар – Хорхе Гильен, Педро Салинас, Гарсиа Лорка, Рафаэл Альберти, Херардо Диего, Эмилио Прадос, Луис Сернуда, Дамасо Алонсо, Мануэл Альтолагирре ва ёши улуғроқ Хуан Рамон Хименес ажралиб чиқди.
Лорка ҳам ёзма, ҳам оғзаки маданиятнинг ижобий фазилатларини ўз ижодида омухта қилган. Ёзма маданият, яъни Сервантес, Лопе де Вега, Луис де Гонгорадан жисмлар ва туйғуларнинг тартибсиз дунёсини уйғунлашган дунё сифатида тасаввур қилишни ўрганган бўлса, оғзаки маданият, яъни испан халқ қўшиқларидан табиатнинг ҳар бир унсурини жонлаштириш хусусиятини ўзлаштиргандир. Бундан ташқари испан халқ қўшиқларига хос бўлмиш яна бир хусусият – ранглар ва ўсимликлар тамсилидан жудаям унумли фойдаланган. Ранглар: халқ қўшиқларида сиёҳранг – мотам; бинафшаранг – жудолик, хотира, садоқат; кўкранг – мангулик, ҳақиқат, адолат, сабот; яшилранг – омад, ҳиссиёт; оқранг – ўлим, мангулик, эътиқод, озодлик; кулранг – қайғу; сариқранг – қуёш, буғдой, қувват, илҳом, шуҳрат; қизил – даҳр, қон ранги, изтироб, эҳтирос, ғурур рамзидир. Ўсимликлар: заранг – соф ишқ; гулхайри – алам, маҳкумлик, хиёнат; терак – мағрурлик; бодом – назокат, бевақт ўлим; сабур – оғриқ, қизғалдоқ – таскин, оний умр, бекор тўкилган қон; қушқўнмас – азоб, сарв – қабристон дарахти, қайғу, мотам рамзи; чиннигул – завқ-шавқ; ёсуман ёки суман – садоқат, назокат рамзидир. Лорка ижодида табиатнинг ҳар бир унсури ҳаёт ва мамот оралиғида титраб турган дардчил юракка ҳамдардлик қилади, руҳиятига мослашади. Инсон изтиробининг бу қадар юксалтирилиши шоир дунёқарашида одамийликнинг нечоғлилигидан далолат.
Лорканинг 1921 йили Мадридда нашр этилган биринчи «Шеърлар китоби» қурама шакллар, оҳанглар, кайфиятлардан иборатдирким, Хуан Рамон Хименес, Антонио Мачадо, Рубен Дарио каби улуғ шоирлар ижодидаги айрим фазилатлар таъсирида ёзилган шеърлар, манзумалар шоирнинг шаклланиш жараёнидан нишоналардир. Лорканинг айрича овози «Канте хондо достони», «Қўшиқлар», «Лўли романсероси» китобларидагина очилган. Сохта зиддиятли «Канте хондо достони» ва сохта эркин «Қўшиқлар», «Лўли романсероси» китобларидаги уйғунлик, бутунлик «Шоир Нью-Йўркда» китобидаги шеърларда йўқ, айниқса, «Лўли романсероси», «Шоир Нью-Йўркда» китобига бутунлай қарама-қаршидир. Агар «Лўли романсероси»да шоир тасвирланган воқеа, ҳодиса, фожеаларнинг фақат гувоҳидай намоён бўлиб, жабрланган кимсаларга ҳамдардлик билдирувчи бир муштарий сифатида лўлилар дунёсига пайванд қилинган бўлса, «Шоир Нью-Йўркда» китобидаги шеърларда шоир асосий қаҳрамон, биз унинг кўзи билан вақтнинг қулига айланиб қолган одамлар ва машиналар манзарасини кўрамиз. Нью-Йўрк шоир учун қачонлардир барча тирик мавжудот эмин-эркин нафас олган, бироқ вақт исканжасида ёмонлик, риё тимсолига айланиб қолган замин. Шоир эса бу заминда бор-йўғи дарду аламларга муносабатини билдирувчи ярадор юрак соҳибидир.
Ўттизинчи йилларда энг илғор мамлакатлар қаторида Испания ҳам ўн миллионлаб бегуноҳнинг бошига етган фашизм довулида қолди. Азалдан ҳофизлар, шоирларга суюкли махзан бўлмиш Андалусия қасабаларида шумният фитна қадамидан ўлат бошлангандай, булбулларнинг сарбаст овозларига, ошиқ ва маъшуқаларнинг хўрсиниқларига ўрганган кечаларда кун кўзини очгунга қадар ёбонлардаги қабристонларга қурбон ташиган юк машиналарининг бўғиқ овозлари… Бу Ғарнотада генерал Франко бошчилигидаги фашистлар ҳокимияти енг шимариб ишга тушганидан бир далолат. 1936 йилнинг августида Ғарнота яқинидаги Айндамар, яъни Кўзёш булоғи деб аталмиш хилват бир ёбонда, тунги ёбонда Лорка отилди.
Хуан Кобо таниқли ирланд олими, испаншунос Ян Гибсоннинг «Ғарнота, 1936 й. Федерико Гарсиа Лорканинг ўлдирилиши» деган китобига ёзган сўзбошисида Мексикада чиқадиган «Пренса» газетаси мухбирига генерал Франко айтган сўзларни келтирган: «Чет элларда ғарноталик бир шоир ҳақида шов-шув кўпайди. Нечоғлик истеъдодли экани ва тирик қолганида бу қадар овоза бўлиши ҳам номаълум бу шоир номини қизиллар мафкураси кўтариб юрибди. Бироқ Ғарнотадаги безовта кунларда қўзғолончи унсурларга қўшилиб кетган бу шоирнинг ҳалок бўлганини тан оламиз. Ҳарбий ҳаракатлар пайтида бундай ҳодисалар бўлиб туради. Ғарнота қамал қилинганида республикачиларнинг бефаросат ҳукумати шаҳар аҳолисига қурол-аслаҳа тарқатгани туфайли қуролли тўқнашувлар содир бўлганлиги маълум. Ҳалиги ғарноталик шоир ҳам шундай тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлган. Қисқаси, бир умрга эслаб қолинг, ҳеч қандай шоирни отганимиз йўқ».
Аммо ойни этак билан ёпиб бўлармиди. Гарчи генерал Франко 1975 йилгача, яъни вафотигача Лорка тасодифан ҳалок бўлган деган гаплари билан жаҳон жамоатчилигини чалғитган бўлсаям, Ян Гибсон каби фидойи тадқиқотчиларнинг меҳнати туфайли Лорка фашистлар ҳукуматининг «қора рўйхати»га тушганлиги ошкора бўлди. Шоирнинг номи 1975 йилдан кейингина, яъни Испанияни демократик ҳукумат бошқара бошлаганидагина рўйирост тикланди.
Бундан ўн йил аввал[1 - Мазкур сўзбоши 1989 йилги нашрдан олинганлигини ҳамда таржима деярли ўзгартиришларсиз қолдирилганлигини эслатиб ўтамиз. Шоир Федерико Гарсиа Лорка ва таржимон Шавкат Раҳмонларнинг пок руҳлари шод бўлсин (муҳ.).] дастлабки таржималарим «Сайланма» номи билан нашр этилгани мен учун нечоғли қувончли бўлганини айтмай қўяқолай. Аммо бу қувончнинг умри қисқа экан. Тез орада, ўйлаб қарасам, Лорканимас, Лорканинг таржимонларини таржима қилганим аёнлашди. Рус мутаржимлари, шубҳасиз, энг сўнгги имкониятларини ишлатиб меҳнат қилган бўлсаларам, Лорка шеърларининг асл қиёфасини кўриш иштиёқида ёнавердим. Кейинчалик етти-саккиз ой испан тилидан дарс олдим, анча пайт мустақил шуғулландим, испан тилининг табиатига бироз кўникканимдан кейингина луғат ёрдамида таржима қила бошладим. Бир неча йилга чўзилган бу иш давомида Лорканинг москвалик таржимонларидан Анатолий Гелескул, Павел Грушко, Наталья Малиновская, испаншунослардан Людмила Синянская, Юрий Грейдинглар билан дўстлашдимки, бу хайрихоҳ кишиларнинг кўмаклари бир умр ёдимда. 1986 йил май ойида москвалик испаншунос олим Николай Томашевский ва санкт-петербурглик испаншунос Александра Косс билан бирга Испанияга бориб, буюк испан ёзувчиси Вальо Инклан ижодига бағишланган конгрессда қатнашдим. Мадридда рус адабиётининг таржимони Хосе Фернандес, кейинроқ барселоналик русшунос Элена Видал ва бошқа бир қанча қаламкашлар билан танишдим. Бу мулоқотлар Лорка ижоди, умуман, испан адабиётига мени янаям боғлаб қўйди. Бу боғлиқлик нечоғлик жиддийлигини ҳали йиллар кўрсатар.

“ШЕЪРЛАР КИТОБИ”ДАН
(1921)


БИР ЎЗБОШИМЧА ШИЛЛИҚҚУРТНИНГ САЁҲАТИ
Тонг ҳавоси чақалоқ
нафасидай майиндир.
Дарахтлар қўлларини
чўза бошлар заминга.
Босиб келар далани
ҳарир туман тўлқини.
Ўргимчаклар ҳавода
ипак тўрлар тўқийди.
Тиниқ, мовий кўзгуда
ялтиллайди сўқмоқлар.
Теракзор бир сайҳонда
ариқ куйлар ўйноқлаб.
Тор сўқмоқлик анойи,
фаросатсиз, ғирт оми,
мўмингина шиллиққурт
кузатади дунёни.
Атроф жимжит,
хўрсиниб,
бир қарар-да кулбага,
сўқмоқнинг охирини
кўрайин деб, судралар.
Йўл юрару мўл юрар,
охир етар бир жойга –
чирмоблар газандани
ўраб ўсган маконга.
Ўтирарди серрайиб
икки бақа бир тошда,
буришган таналарин
тоблаб тонгги қуёшга.
«Янгича бу нағмалар –
валдирайди бир бақа –
арзимас ҳеч нарсага».
«Эгачи, – дер бақрайиб,
вужудини росаям
яра босган кўр бақа. –
Қизлигимда биз айтган
қўшиқларни худойим
бир кун охир эшитиб,
ёрлақар деб юрардим.
Умрим битди. Англадим
ғўр ёшликнинг хатосин –
худодан қайтдим, қўшиқ
айтмай қўйдим ҳаттоки…»
Тинмай сакраб майсада
сурбетларча масхара
қилган бир ёш бақадан
икки бақа мўлтираб
сўрар эди садақа.
Шиллиққурт қоп-қоронғи
ўрмонда тўхтаб қолар.
Бақирай дер. Бўғилган.
Бақалар ўраб олар.
«Капалакми, нима у ?»,
деб сўрайди кўр бақа,
«Мугузи бор. Капалак
бўлмас ҳечам мундақа.
Мана, қара, мугузли,
бу шиллиқдир, қаердан
келаяпсан, айт, ўзинг?»
«Кулбам унча узоқмас,
қайтай десам қўрқаман».
«Шиллиқ зоти азалдан
юраксиз», дер кўр бақа.
«Нағма-пағма қиларсан»,
деб бақалар чувиллар.
«Йўқ, йўқ, – дейди бечора, –
айтмаганман умримда».
«Ибодат қиласанми?»
«Ўргатмаган ҳеч кимса»
«Мангу ҳаёт борми, айт?»
«Мангу ҳаёт… бу нима?»
«Буми,
икки ёни гул,
турли нозу неъматли,
суви тиниқ дарёда
мангу яшаш демакдир».
«Йўғ-э, энам бир маҳал,
агар ўлсанг, энг баланд
дарахтларнинг баргида
ўрмалайсан деганди».
«Энангам даҳрий экан,
айтдик сенга ростини.
Ишонмасанг, зўрлаймиз,
кессак билан бостириб».
«Вой, негаям кулбамдан
чиқдим, – деб йиғлар шиллиқ, –
мангу ҳаёт бор, тўғри,
хато қилдим мен, шўрлик».
Мамнун бўлиб бақалар
ўйчан тарқар ҳар ёнга.
Қўрқиб кетган шиллиққурт
яширинар ўрмонда.
Тиланчи бақалар ҳам
Сфинкс каби қотар.
«Эгачи, – деб қурбақа,
оҳиста бир уф тортар –
мангу ҳаёт бор гапми?»
«Бе, ёлғон», – дер кўр бақа.
«Нега энди бор дея
айтдик анов аҳмоққа?»
«Чунки… ўзим ҳайронман, –
кўр бақа дер хўрсиниб. –
Агар айтсам тўғрисин,
ғалати бўп кетаман
зовурдан ёш бақалар
эрта-кечин худога
нола қилса вақиллаб».
Шиллиқ эса бу маҳал
қайтар эди сўқмоқдан.
Терак авжида мавжли
сукунат оларди дам.
Ногоҳ йўлда чумоли
гуруҳига келар дуч.
У ён-бу ён суриниб,
уймалашиб, бўлиб ғуж,
судрашарди чалажон,
боши қуйи солиниб,
мўйловлари шалпайиб
қолган бир чумолини.
«Тўхтайлар, – дейди шиллиқ –
бўлманг бунча бераҳм.
Нега бу бечорани
қийнаб азоб берасиз?
Чинданам айби бўлса,
бирон гап айтай холис.
Нима гуноҳ қилувдинг,
ўзинг айтгин, чумоли?!»
Жон берётган чумоли
шивирланди қийналиб –
«Юлдузларни кўргандим».
«Юлдузлар? Бу нимадир?» –
Вожиллаб чумолилар,
жимликни тағин бузар.
Шиллиқ бир зум довдираб,
қайта сўрар: «Юлдузлар?»
«Ишонийлар, – дер чумоли, –
юлдузларни кўрдим чин.
Чиқдим баланд-баландга,
теракнинг қир учига.
Кўриб минглаб шуълани,
айтган сўзим оҳ бўлди,
очилди кўр кўзларим,
қаро бағрим оқ бўлди».
Шиллиқ сўрар анқайиб,
«Юлдузлар нима ўзи?»
«Юлдузлар бошимизда
ёғду сочган шуъладир»,
Чумолилар қутурар:
«Нега бизлар кўрмаймиз?»
Тан олади шиллиқ ҳам:
«Кўзларим азал ожиз.
Зўрға-зўрға кўраман
майсаларни, қуртларни».
Чумолилар дўқ урар,
айлантириб муртларин:
«Ўлдирамиз. Ялқовсан.
Ғаламис, ярамассан.
Меҳнат қилишинг керак
осмонга қарамасдан».
«Юлдузларни кўрдим, рост», –
дер чалажон чумоли.
«Қўйилар, – дейди шиллиқ, –
шундоғам танг аҳволи
Жон беряпти шекилли,
сўйлашга йўқ мажоли».
Ари ўтар ҳавони
кесганча қанотида.
Нафас олар чумоли
чексиз шом ҳавосидан.
Шивирлайди: «Арижон,
келдингми мени излаб?
Юлдузларга жисмимни
олиб кетгин. Юлдузлар».
Жон берар. Чумолилар
қочиб кетар ўликдан.
Шиллиқ оғир хўрсиниб,
ўрмалар ўз йўлида.
Кўз ўнгида мангулик
очилгандай шу лаҳза.
«Сўқмоқ чексиз, эҳтимол,
юлдузларга туташган. –
Сўйлайди, – юлдузларга
етмак маҳол, бесамар,
қўполман, яшайин соз,
юлдузларни эсламай».
Борлиқда ҳарир туман,
кун нури ҳам ҳориган.
Қўнғироқлар черковга
чорлаб қолди олисдан.
Боқибеғам шиллиққурт,
енгилтак ҳам анойи,
бир тупкадан анқайиб
кузатади атрофни.

САНТ ЯГО
(Содда манзума)
Бугун тунда ўтди Сант Яго
осмоннинг шан йўлкаларидан.
Айтиб берди буни болалар
сойнинг ипак оқимларига.
Қай манзилга боради чексиз
сўқмоқлардан осмон сайёҳи?
Гижинглаган оппоқ тулпорда
борар тонгни кутиб олгани.
Яйраб-яйраб ўйнанг, болалар,
кулгингизни сочинг шамолга!
Пориллаган либосларига
юлдузларни гулдай қадаган
икки юз дов жўмарди билан
Сант Ягони кўрибди кампир;
чиройлимиш Сант Яго оти,
икки шохли ойнинг ўзимиш!
Уйқусида ногоҳ сукунат
тўлқинлари аро ғарқ бўлган
қанотларнинг ёруғ шитирин
эшитганин сўйлади кампир.
Нима учун жим бўлди дарё?
Елиб борар жўмард малаклар.
Яйраб-яйраб ўйнанг, болалар,
кулгингизни сочинг шамолга!
Ой озади бугун кечаси.
Қулоқ солинг, қандай сас келар?
Саратонлар чириллар нега,
нега итлар ҳура бошлади?
– Эна, кўрсат, қани ўша йўл?
Кўрмаяпман уни, энажон!
– Сен яхшироқ қара, тасмадай
ялтираган шуъла биланглар,
ана, оппоқ доғ юмалади.
Кўряпсанми?
– Кўрдим, энажон.
– Эна, қани ўзи Сант Яго?
– Ана, борар мулозимлар-ла,
қўшпари бор дубулғасида,
сипарида ёнарёқутлар,
қуёш унинг кифтига қўнди,
ой ётибди оёқларида.
Туни билан водийда эсар
туманлардан тўқилган эртак.
Яйраб-яйраб ўйнанг, болалар,
Кулгингизни сочинг шамолга!
II
Қишлоқнинг бир четида ғариб
кулбасида қийшиқ урчуғи,
икки қора мушуги билан
яшайдиган кампиршо илиқ
оқшомлари остонасида
пайпоқ тўқиб ўтирар экан,
узуқ-юлуқ, титроқ овозда
қоп-қорайган барглар сасига
жўр бўлганча, қўшни хотинлар
ҳам мишиқи болакайларга
қачонлардир бошидан ўтган
воқеани ҳикоя қилар.
Бир кун, худди шундай оқшомда,
шундай сокин, бир дим оқшомда
Сант Ягони кўрганмиш кампир –
борармиш у осмон йўлида.
– Эна, қандай кийинганди у? –
Икки бола сўрайди бирдан.
– Барқут кўйлак кийганди, яна
қўлда зумрад ҳасса-таёғи.
Остонамга яқинлашган чоқ
қанотларин ёзиб юборди
ухлаётган кабутарларим,
оёқларин ялади итим,
қишдаги ой сингари бирам
дилкаш эди осмон сайёҳи.
– Нима деди сизга у, эна? –
Икки овоз сўрайди бирдан.
– Ўта туриб жилмайди менга,
юрагимга қадади юлдуз.
– Қайга қўйдинг ўша юлдузни? –
деб сўрайди бошқа шум бола.
– Балки сўниб қолгандир юлдуз,
бу эртак-ку, – дейди бошқалар.
– Болаларим, юлдуз сўнмаган,
юрагимда асрадим уни.
– Юракдаги юлдуз қанақа бўлар?
– Қандай бўлар, осмондагидай.
– Кейин, эна! Кейин не бўлди?
Ўша сайёҳ кетди қаёққа?
– Кейин кетди олис тоғларга,
обкетди ит, каптарларимни
лек боғимни тўлдирди суман
ҳам очилган атиргулларга,
ҳали яшил, мўрт новдаларда
узум пишди, саҳарда эса
омборимдан олтин дон топдим.
Жуда сахий эди бу сайёҳ!
– Эна, келган экан омадинг! –
Икки бола хулоса қилар.
Мудраб қолди ҳорғин болалар,
далаларга чўкар сукунат.
Тушингизга туманли роҳдан
Сант Яго кирсин, болалар?
Ёз кечаси, ёп-ёруғ кеча!
Елиб борар кўкда Сант Яго!
Юракдаги бор-йўқ дардимни
сочвораман ойдин йўлларга,
токим тиниқ дарё сувига
чўктирворсин уни болалар,
токим шамол узоқ-узоққа
юлдузли тун оралаб ёйсин.

ИЮЛЬ КУНИ МАНЗУМАСИ
Фавраларнинг бўйнида
ялтирар қўнғироқлар.
– Йўл бўлсин, қор – қуёшдан
тўралган қизалоқ, айт?
– Дасторгуллар тергани
боргум яшил сайҳонга.
– Ҳадемай шом бўлади,
йўл хатарли, осонмас.
– Ишқим шунча кучаюр,
қанча оғир бўлса йўл.
– Қор – қуёш қизалоғи,
қуёшдан эҳтиёт бўл!
– Сочларимнинг тарҳига
жойлаб қўйдим қуёшни.
– Кимсан ўзинг, оппоқ қиз,
келарсан қай ошёндан?
– Ошёним бўлур меҳр
ҳам марварид булоқлар…
Фавраларнинг бўйнида
ялтирар қўнғироқлар.
– Ёришибди дудоғинг
илоҳий бир зиёдан.
– Ўлганида ҳам тирик
севгим ёққан ситора.
– Бир кўрай-чи, қўйнингда
нимани сен яширдинг?
– Ўлганида ҳам тирик
севгим берган шамширдир.
– Недир қора кўзингда
ёниб турган улуғвор?
– Бир умрга ўртаган
ғам-ҳасрат суврати бор.
– Нега энди рўмолинг
ўлимдан-да қорароқ?
– Оҳ, беваман, мендан-да
бахтсиз, ёлғиз одам йўқ.
Эртакдаги Дафнанинг
бевасиман, билмайсан.
– Излаганинг йўқ бўлса,
яна нени излайсан?
– Ўша Граф Дафнанинг
вужудини излайман.
– Ишқ излаб юрибсанми
сарсон бўлиб ҳар қайдан?
Ишқ излаб юрибсанми,
дуч келарсан, албатта!
– Нигоҳларим ҳамиша
юлдузли осмонларда.
Қайдайкин ўшал ёрим –
тирикдай ўлганда ҳам.
– Топармисан ёрингни,
чиннигул, оқ гул аро
ётар ғам гирдобига
тикилиб мотамсаро.
– Ай, сарвларга ўхшаган,
жувонмардим, сувори.
Ойдин тунда дилимни
сенга бергум инониб.
– Ў, хомхаёл Изида,
болсиз, тоза қизалоқ,
оғзинг пистадаккина,
аммо бирам тилинг бор.
Совға қилай қалбимни.
Жувонларнинг кўзидан
ярадор бўлган, нафис
қалбим берай ўзингга.
– Назокатли жувонмард,
худо сенга бўлсин ёр!
Излаб Граф Дафнани
кезаман энди бедор.
– Алвидо, қизалоғим,
уйқудаги атиргул,
ишқинг учун борарсан,
мен эса ўлим учун.
Фавраларнинг бўйнида
ялтирар қўнғироқлар,
Юрагимдан қон оқар
гўёки бир булоқдай.

ОЛМОС
Олмос битта юлдуздай
чақнаб осмон тубидан,
нур қушидай самодан
бўшалмоққа уринар.
Коинотга кишанбанд
эканин билмай асло,
баҳайбат уясидан
потирлайди доимо.
Коинотлик овчилар
сукунат сувларида
юлдузларни овлайди
кумушранг оққушларда.
Ёш тераклар баралла
алифбо ўқир пастда.
Устоз терак қуриган
шохини силкир аста.
Шу пайт олис адирда
мурдалар солиб сурон,
ошиқ ўйнар, жудаям
зерикарли қабристон.
Куйлаворгин, қурвақа,
чирилдоқ, чиқ ковакдан,
қўшиғингиз ўрмонда
янграб кетсин, мен эса
ўз уйимга бораман.
Икки ёбон каптари
миямда потирлайди.
Олис уфқда ваҳмали
вақт чархпалагида
пастлар кундуз пақири.

УЙҚУ
Муздай булоқ бўйида юрагим яйрар.
(Ришта-ла боғла сувни,
фаромуш анкабути.)
Булоқ суви қўшиғин чулдираб айтар.
(Ришта-ла боғла сувни,
фаромуш анкабути.)
Уйғониб кетган юрак сўйлар ишқидан.
(Сирингни тўқи энди,
сукунат анкабути.)
Булоқ суви юракни оғриниб тинглар.
(Сирингни тўқи энди,
сукунат анкабути.)
Юрак булоқ сувига йиқилиб тушди.
(Олисдаги оқ қўллар,
тўсингиз сув йўлини.)
Ўйнаб булоқ сувиям қуйига учди.
(Олисдаги оқ қўллар,
бари оқди сув билан.)

СОКИН ХИЁБОН МАНЗУМАСИ
Сокин оқшом, болалар
бир қўшиқни айтар шод.
Қўнғироқдай овозли,
яхдай суви соз анҳор.
Б о л а л а р
Қувонч тўла бағрингда
оқар қандай садолар?
Мен
Қўнғироқдай туманда
оқаётган наволар.
Болалар
Бу сокин хиёбондан
кетарсан энди наҳот?!
Қўнғироқдай овозли,
яхдан суви соз анҳор.
Баҳорий қўлларингда
нималар бор пинҳоний?..
Мен
Наврўзгуллар шодалари,
атиргулнинг ол қони.
Б о л а л а р
Уларни қўшиғимиз
Сувларида бир чайвол.
Қўнғироқдек овозли,
Яхдай суви соз анҳор!
Пистадай лабларингда
Ниманинг тоти қолди?
М е н
Сўнгакларнинг таъмию
ўлимимнинг бор тоти.
Б о л а л а р
Ич кўҳна қўшиғимиз
сувларидан сўнгги бор.
Қўнғироқдек овозли,
яхдай суви соз анҳор.
Қайга бу хиёбондан
оқаяпсан шарқираб?
М е н
Сеҳргару маликалар
мени тинмай чақирар.
Б о л а л а р
Ким кўрсатди, анҳоржон,
шоирларнинг йўлини?
М е н
Қадимий қўшиқдаги
ойдин булоқ кўрсатди.
Б о л а л а р
Наҳот ер ва денгиздан
воз кечарсан оқибат?
М е н
Қўнғироқнинг қадимий
оҳанглари, боларилар
олтинрангу орзуга
тўлди шойи юрагим.
Йўлим узоқ-узоқдир.
Тоғлар сари кетурман,
ўтурман денгизлардан,
юлдузларга етурман.
Яратгандан тиларман
бер деб, ёғоч яроқли,
бўркига пар чандилган
болажоннинг асотир
эмган қадим қалбини.
Б о л а л а р
Кетарсан хиёбондан,
биз қолурмиз зору зор.
Қўнғироқдек овозли,
яхдай суви соз анҳор.
Чўллаб, оғир нолиган
оғочларнинг шамоллар
чавақлаган кўзларидан
томар жонсиз япроқлар.

ҚУЁШ БОТИБ КЕТДИ
Қуёш ботиб кетди. Оғочлар
ҳайкаллардай хаёлчан.
Йиғилган дон.
Чархпалаклар
хомуш тин олган.
Бир қишлоқи ит
Зуҳрога суқланиб ҳадеб акиллар.
Ҳали ўпилмаган қиздай иболи
Зуҳро улкан олма каби ярқирар.
Ёмғир тулпорлари – искаптопарлар
учиб юрар. Ҳаво дим.
Улкан Пенелопа ойдин кечани
тўқий бошлади нурдан.
«Ухланг, бўри келиб қолади» –
қўзиларин ухлатар қўйлар.
«Дугоналар, куз келдими», –
гул овози титраб сўйлар.
Чўпонлар ҳам подани
ҳайдаб олис тоғдан қайтдилар,
эски ковоқхона остонасида
болакайлар ўйнар пайтида
бинолар ёдлаб олган
ишқий лапарлар ҳам
қайта-қайта айтилар.

(БИР ДИЛЛАРКИ, ДИЛЛАР)
Бир дилларки, диллар –
мовий анвор бор,
сўлиган саҳарлар
вақт барглари аро.
Диллар бор қадимги,
соялар, йиллар
соғинчу дардларин
яширган диллар.
Яна бир дилларда
қўрқинч шарпалар,
мевалар қуртлаган,
намчил дафъада
эшитилиб қолар
гоҳо олис сас –
куйган фарёд саси,
қора оқимдай,
бўсасиз, ноласиз –
ўчган хотира.
Дилимни балоғат
тергайди кўпдан,
энди мавҳум сирдан
руҳим-да тўзар,
Уйқу ғажиб қўйган
ғўрлик тошлари
хаёлнинг тубига
отила бошлар.
Худодан узоқсан
дейди ҳар бир тош.

ҚАРИ КАЛТАКЕСАК
Ёлғизоёқ сўқмоқда
миқти калтакесак – чол
(тимсоҳнинг қариндоши)
сурарди роса хаёл.
Яшил суртукли бу зот
келбатида шайтон ҳам
роҳибга ўхшашлик бор.
Хўп мулойим,
бўйнида
оҳорланган оқ ёқа,
такаббур ва хотиржам
бир олим каби боқар.
Омадсиз артистнинг
кўзларидай кўзлари
сўнаётган оқшомни
ачиниш-ла кузатар.
Дўстим, узр, мумкинми,
кичкина савол берсак,
нега фақат оқшомда
ҳассасиз сайр қилмоқ
ёқар, Дон Калтакесак?
Қаригансиз, сал ўйланг,
сизни бирор тун-пунда
қишлоқ шумтакалари
ранжитмоғи мумкин-да.
Не излайсиз сўқмоқдан
самарасиз ўй суриб,
чаламулло файласуф,
қорайиб бўлди ғуруб.
Қаранг, ёз таровати
бино қилган шарпалар
човутлари осмонни
йиртибди бир лаҳзада.
Сўнаётган осмондан
садақа сўрайсизми?
Бир томчи мовийлик ё
юлдузнинг бўлагини?
Ламартин шеърларини
эслаяпсиз, эҳтимол?
Ё сайроқи қуш саси
этдимикан сизни лол?
(Ёнган уфққа қарайсан,
бақалар аждарҳоси,
ўхшаб одам кўзига
кўзларинг ёнар ҳозир.
Сузар қайиқ-фикрлар
қорайган корачуғинг
қора босган сувида
чайқалади чорасиз.)
Балки савр бошоғидай
ям-яшил, силлиққина
калтакесак гўзалга
келгансиз илиққанча.
Сизни ташлаб кетибди…
Ўтади-да ҳар ишлар.
Ўҳ, қайда гўзал ёшлик,
қайда ишқбўй қамишлар.
Сўйласанг, гап тугамас.
ёқтираман сизни кўп.
Епископ иягидай
иягингиз создир хўп.
Жағингиз сувратида
улуғвор ва маънодор –
«Илондан қаерим кам»,
деган битта ифода.
Туман босган адирлар
аро эрир қуёш ҳам,
йўлларда сап-сариқ чанг
кўтарилар подадан.
Қош қорайди, оғайни,
ўй сурасиз бемалол,
уйга бориб ётволинг,
суравермай кўп хаёл.
Ҳали сизни қумурсқа
галалари еган чоқ
юлдуз тўла осмонни
кўрволасиз яхшироқ.
Қани, ҳа, имилламанг,
қолманг-да тағин бесар,
тунингиз яхши ўтсин,
дўстим, Дон Калтакесак!
Ҳувиллаб қолар дала,
адирларга чўкар тун,
сўқмоқларда бу палла
фақат ёлғиз бод елар,
фақат гоҳо қоронғу
теракларнинг авжидан
какку овози келар.

БУЗИЛГАН ТОМОША
Уйқусираб, тумтайиб
ой жим сузиб келади.
Ўйпараст тун оромин
босиб, бузиб келади.
Муаззин қурвақалар
қайга ғойиб бўлдилар?
Қамишзорни кийволган
ирмоқ бўғиқ ғўлдирар.
Майхонада машшоқ жим,
эшитилмас бирор сас.
Юлдуз яшил сайҳонда
жавлон уриб тушар рақс.
Тоғ пойида ўлтирар
шамол хўрлиги келиб.
Пифагор – кекса терак
кўтарди улкан қўлин,
адабсиз ой юзига
тарсаки урмоқ бўлиб.

ПИНҲОНИЙ МАНЗУМА
Қайда қолди юраги,
илк бора алифбога
эси кетган болакай
юраги қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Қақраган дудоғимдан
баҳорий ёмғир каби
ўтиб кетган хаёлий
биринчи бўса қани,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Биринчи шеърим ҳисси.
Толим-толим сочлари,
хўмрайиб қараган қиз,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Илонлар уймалашган
фалсафа оғочида
эзилиб пишган ёлғиз
юрагим қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Уйқуда моғор босган
сирли соялар тўла
дайди ишқим қасрини
қайдан сўрасам бўлар,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Ў, каттакон дард, оғриқ,
ёлғиз ғорлар зулмати
сени енгмакка қодир,
шундаймасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Адашган юраккинам!
Requiem aeternam!

ДЕНГИЗ СУВИ МАНЗУМАСИ
Жилмаяди
денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
мовий дудоғи.
– Не сотасан сийнаси
очилган хомуш жувон?
– Сув сотаман, сенёрим,
сотаман денгиз сувин.
– Қорамағиз ўспирин,
қонингда не чайқалур?
– Сув оқади, сенёрим,
оқади денгиз суви.
– Кўзёшинг шўрдир, эна,
бу шўрлик қайдан келур?
– Йиғлатади, сенёрим,
йиғлатар денгиз суви.
– Юрак, қайдан келади
бу абадий ғам-қайғу?
– Қайғулидир жудаям,
қайғули денгиз суви.
Жилмаяди
денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
мовий дудоғи.

ОҒОЧЛАР
Оғочлар!
Новаклар
кўкдан узилган.
Сизни қайси алплар заминга отган?
Балки отган юлдузлар?
Мусиқангиз келар қушлар дилидан,
тангри кўзларидан,
баркамол ғамдан.
Оғочлар!
Чайир илдизларингиз
юрагимни танирмикин заминда.

ТУНГИ ШАМОЛ
Даҳшат сунар жудаям
кечаси жонсиз япроқ,
даҳшатлидир кимсасиз
далада ёлғиз қолмоқ.
Тошдай ухлаб ётарман,
ёлғиз сен уйғотарсан,
уйғотмасанг, музлаган
юрагимда қотарсан.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!
Бўйнингдаги маржонда
саҳарлар нури ўйнар.
Нечун ташлаб кетарсан
мени ёлғиз бу йўлда?
Кетарсан олис ёққа,
жон қушим-да сайрамас,
боғимдаги токлар ҳам
ўткир майга айланмас.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!
Буткул билмай қолурсан,
қордай оқ капалагим,
сенинг ишқинг кўксимни
ёққанини нақадар.
Тонг ёришган чоғида
қаттиқ жала қуяжак,
қуриб қолган шохлардан
тўкилади уялар.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!

КАНТЕ ХОНДО ДОСТОНИ
(1921)


УЧ ДАРЁ МАНЗУМАСИ
Гвадалнаҳр равон оқар
зайтунзору норанжзордан.
Ғарнотанинг икки наҳри
воҳаларга қочар қордан.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Гвадалнаҳр мавжларида
балқиб ёнар анор гули.
Ғарнотанинг икки наҳри –
бири қонли, бири мўлдир.
Ай, севги,
қуюндай ўтдинг!
Оқ елканли қайиқчалар
Севиллада сузар тўлиб,
Ғарнотанинг сувларида
фақат сузар оҳу сўлиш.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Гвадалнаҳр, юксак минор,
норанжзорда дайдир шамол.
Минорлардай ҳовуз узра
Дарро, Хенил туради лол.
Ай, севги,
қуюндай ўтдинг!
Доду фарёд, ғам доғини
оқизарми дарё суви.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Андалусия, баҳрларингга
оқар турунж, зайтун гули.
Ай севги,
қуюндай ўтдинг!

ЛЎЛИ СИГИРИЙЯСИ ДОСТОНИ

МАНЗАРА
Зайтунзор
очилур, ёпилур
елпиғич каби.
Зайтунзорга
чўкар бир осмон,
совуқ нурлар каби
қоронғи ёмғур.
Бир сой бўйида
дағ-дағ титрар
қоронғилик ила қамишзор.
Майиб бўлур кулранг бод.
Ҳар зайтунда
лиммолим
фарёд.
Ў, шўрлик
бандилар галаси,
қоронғида қушларнинг узун
думларини ўйнар тун.

ГИТАРА
Бошлар
гитар ноласин.
Синар
тонг пиёласи.
Бошлар
гитар ноласин.
Сўрма энди
жимликни.
Бир маромда йиғлайди,
гўё сувлар йиғлайди,
гўё қорлар устида
ёлғиз шамол йиғлайди.
Сўрма энди
жимликни.
Йиғлар қўмсаб
кимнидир.
Йиғлар куйган саҳролар
камолгул васлин ўйлаб.
Йиғлар тонгсиз кечалар,
бесамар учган ўқлар,
чирқираб баланд шохда
жон беради бир мурғак,
Ў, гитара!
Беш ханжар
қонга бўяган юрак.

ФАРЁД
Фарёд ёйи
туташади тоғдан
тоққа.
Зайтунлар гумбазлари
узра қора камалакдай
чақнар нилий кечада.
Ай!
Таранг турган торларга
камонча урди фарёд,
инграр шамол ғижжаги.
Ай!
(Одамлар шағамларни
ўчиради ғорларда.)
Ай!

ЖИМЛИК
Бу жимликни эшит, болам.
Тўлқинланган бу жимлик,
сирғалиб чўкади акс садолар,
юзларини босар эгилиб
ҳатто осмон ҳам.

СИГИРИЙЯ ЮРИШИ
Қорача қиз кифтларини
босар қора капалаклар,
туманнинг оқ илонлари
ўраб келар теваракдан.
Ёп-ёруғ ер,
ер осмони.
Жисму жонин битта оҳанг
титроқлари қийнар бот-бот,
қондир нуқра юраги ҳам,
ўнг қўлида пичоғи бор.
Сигирийя, бу телбавор
оҳанг билан, айт, қайси бир
ойга йиғиб берадирсан
толгуллару бўр дардини.
Ёп-ёруғ ер,
ер осмони.

УНДАН КЕЙИН
Болалар қарар
олис нуқтага.
Шамлар сўнар оҳиста,
Икки сўқир қизбола
ойга берар саволлар,
ҳарир йиғи торларин
бод обкетар самога.
Тоғлар қарар
олис нуқтага.

КЕЙИН ЭСА
Вақт ковлаган
ғорлар
йўқолди.
(Ёлғиз чўл
қолди.)
Юрак –
истак булоғи
йўқолди.
(Ёлғиз чўл
қолди.)
Сабуҳий сароблар,
бўсалар
йўқолди.
Ёлғиз чўл
қолди.
Тўлқинли чўл
қолди.

СОЛЕА ДОСТОНИ

* * *
Ҳадсиз
кечаларнинг
тошли макони,
сокин макони.
(Зайтунзорда шамол,
Дала-даштда шамол.)
Изтироб
ва шамнинг
қадим
макони.
Чуқур кўллар
макони.
Кўзсиз ўлим,
новаклар
макони.
(Йўлакларда шамол,
теракларда шамол.)

ҚИШЛОҚ
Тоғнинг ўрагида
Танҳо жом минор.
Шан сувлари,
асрий
зайтунлари бор.
Ёмғирпўшли каслар
жимликни бузар,
пирпирак айланар
жом минор узра.
Пирпирак айланар,
айланар
ҳар чоқ.
Шўрлик Андалусда
йўқолган
қишлоқ.

ХАНЖАР
Ханжар
ёриб ташлар юракни
омоч тиши ерни
ёргандай.
Йўқ.
Санчилма менга.
Йўқ.
Ханжар
қуёш ёғдуси каби
ўт қўяди юрак
қаърига.
Йўқ.
Санчилма менга.
Йўқ.

ЧОРРАҲА
Шарқий шамол;
фанору
ханжар
юракка
қадалар.
Кўча –
таранг симлар
титроғи,
улкан сўна
титроғи.
Тўрт тарафда
ажал –
юракка санчилар
ханжар.

АЙ!
Сарв соясидан дод
қолар шамолда.
(Бу далада қолайин,
йиғлаб олайин.)
Фақат ёлғиз жимлик
қолди дунёда.
(Бу далада қолайин,
йиғлаб олайин.)
Гулхан ғажир нурсиз
уфқ самосин.
(Ахир айтдим қолайин,
бу далада
йиғлаб олайин.)

КУТИЛМАГАН ҲОДИСА
Ўлик қолди кўчада,
кўксида ханжар.
Ҳеч ким билмас.
Осмафонус ўчай-ўчай дер.
Эна!
Ўҳ, қандай чайқалар
кўчадаги бу хира фонус!
Тонг ёришар. Бирор кас
кучли шамол очиб кетган
кўзларига қаролмас.
Қолиб кетди тошйўлда
кўксида ханжар билан
эгасиз қолган ўлик.

СОЛЕА
Қора ёпинч кўйлакли,
дунё кичик, юракни
баҳайбат деб ўйлади.
Қора ёпинч кўйлакли.
Ўйлар чўкар деб алам
доду майин сўлишлар
бод оқими қаърига.
Қора ёпинч кўйлакли.
Очиқ манзар эшиги –
тонг манзардан нарида
қуйилади осмонга.
Ай яйяйяй,
қора ёпинч кўйлакли!

ҒОР
Ғордан келар
бўғиқ фарёдлар.
(Қизил
узра сафсар.)
Лўли олис
юртларни ёдлар.
(Миноралар,
номаълум зотлар.)
Овози ҳам
кўзидан келар.
(Қизил
узра қора.)
Оқланган ғор
зарга беланар.
(Қизил
узра оқ ҳам.)

ВИСОЛ
Сен ҳам, мен ҳам
истамаймиз
висолни.
Сен… ўзинг биласан.
Ҳаддан ортиқ суйгандим сени!
Бу сўқмоқдан кетақол энди.
Кафтларимда
михлар
изи бор.
Кўряпсанми
оқаётир қон!
Қайрилмагин,
кетайлик ажраб,
Сан Кайтанга
қилайлик сажда,
ахир икков
истамаймиз висолни.

ТОНГ
Қурдоба занглари
янграйди тонгда.
Ғарнота занглари
саҳармардонда.
Қизлар –
Андалуснинг
баланд-пастидан –
туманлар қўйнида
оҳ урган қизлар
солеа қўшиғин айтишар йиғлаб.
Испания қизлари –
ингичкаоёқ,
заррин кўйлакларда товланиб юрган –
қизлар кўчаларни
тўлдирар нурга.
Қурдоба занглари
янграйди тонгда.
Ғарнота занглари
саҳармардонда.

САЭТА ДОСТОНИ

ЁЙАНДОЗЛАР
Қорамағиз ёйандозлар
Севиллага борадир.
Гвадалнаҳр очиқдир.
Сербар кулранг қалпоқлари,
ёпинчлари қорадир.
Ай, Гвадалнаҳр!
Келишар ғам-ғуссаларга
макон бўлмиш диёрдан.
Гвадалнаҳр очиқдир.
Киришади тош ва биллур,
муҳаббатнинг ғорига.
Ай, Гвадалнаҳр!

ТУН
Шам, мойчироқ,
фонус, ёнарқурт.
Саэта
буржидур.
Тилларанг деразалар
ғира-шира тонг чоғи
аста-аста тебратар
хочларнинг қорасини.
Шам, мойчироқ,
фонус, ёнарқурт.

СЕВИЛЛА
Севилла ёйандозлар
яширинган минордир.
Севилла яралар,
Қурдоба ўлдирар.
Чўзилган мақомларни
шаҳар тутар ҳаводан,
сўнг уларни бурайди
бурама сим сингари,
ўрар куйиб оловда
жингак бўлган новдадай.
Севилла яралар!
Осмон гумбази бўйлаб,
сувдай тиниқ воҳадан
саэта учар мангу
парвоздаги дарёдай.
Қурдоба ўлдирар!
Уфқлардан мастона,
қўшворар шаробига
Дон Хуан заққумию
Диониснинг болини.
Севилла яралар,
Ҳамиша Севилла яралар!

МАРОСИМ
Келишар торкўчадан
ғалати яккашохлар.
Келишар афсонавий
ўрмонданми, қайлардан?
Яқинлашиб ҳар бири
мунажжимга айланар.
Хаёлий Мерлинлару
одам боласи ҳатто,
сеҳрланган Дурандарте,
қаҳри қаттиқ Орландо.

НАМОЙИШ
Маржон таққан мадонна,
оҳ, мадонна Соледад.
яшнабсан сувда сузган
каттакон бир лоладай.
Сув юксалган
шаҳарда,
нурли қайиқда равон
ҳам товлана сузасан
саэталар ёмғирлари,
чинни юлдузлар аро.
Маржон таққан мадонна,
сузасан бу шаҳардан –
кўчалар – сойлар бўйлаб
олис-олис баҳрга.

САЭТА
Исо алайҳиссалом,
қорамағиз, сўлиган,
Иудея гулсафсаридан
ўтар испан чиннигулига.
Қаранг, қай йўлдан келар!
Испания.
Қоронғи, тиниқ осмон,
қақраган замин беқут,
Қуриган ўзанлардан
қочади тасмадай сув.
Исо алайҳиссалом,
куйгандир соч пораси,
чўпдай озғин, оқарган
кўзларининг қораси.
Қаранг, қай йўлдан кетар!

МАНЗАР
Саэталар
айтар Лола.
Тореролар
тўхтаб қолар.
Остонада
ҳатто сартарош
мақомга мос
тебратар бош.
Албаакалар,
гуллар аро,
саэталар
айтар Лола.
Кечагина
сувга қараб
тинчимаган
ўша бола…

ТОНГ
Ёйандозлар,
севги каби
сўқирсиз.
Саэталар
яшил кечада
гулсафсарнинг қайноқ
изларини тешади.
Булутлар ошёнин ой
тўсини йиртиб судрар,
бўшаган садоқларга
тўлиб қолар шудринглар.
Ай, ёйандозлар,
севги каби
сўқирсиз!

ПЕТЕНЕРА СУРОБИ

ҚЎНҒИРОҚ

Нақарот
Сариқ минорада
қўнғироқ
даранги.
Сариқ шабадада
тик сузар
оҳанги.
Сариқ минор узра
эрир
оҳанглар.
Шабада кумушранг
тўсинлар
йўнади чангдан.

ЙЎЛ
Қора кийган юз сувори
қаён борар
норанжзорга соя солган
самоларда?
Боролмаслар Севиллага,
Қурдобага,
денгизларни соғинган
Ғарнотага.
Жилови бўш мудроқ отлар,
отлар борар,
қўшиқларни зир титратган
зуннорзорга.
Юзта фарёд парчинлаган,
қаён борар
андалуслик юз сувори
норанжзордан?

ОЛТИ ТОР
Гитара,
ҳаттоки
тушларимда ҳам йиғлар,
етим кўнгил фарёди
юм-юмалоқ оғзидан
бўшлиққа учиб чиқар.
Ва ўргимчак мисоли
тўқир улкан ситора
ушлаш учун қоп-қора
оғоч ҳовуз сатҳида
сузаётган зорларни.

РАҚС

ПЕТЕНЕРА БОҒИДА
Боғ шомида,
олти лўли қиз,
оқ кўйлакда
ўйнар тўлиқиб.
Боғ шомида,
хўб мушку анбар,
бошларида
қоғоз гулчамбар.
Боғ шомида,
садаф дандонлар
зулумотни
чизиб ёндирар.
Боғ шомида,
униб ҳар ёндан
соялари
тегар осмонга.

ПЕТЕНЕРА ЎЛИМИ
Оқ уйда жон беради
кушандаси эрларнинг.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.
Сўниб борар шағамнинг
юлдузлари қалтираб,
мис сонларни ўраган
юпқа титрар ялтираб.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.
Ўткирлашган соялар
хира уфққа чўзилар,
гитаранинг бир тори
нола қилиб узилар.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.

ФАЛЛСЕТА
Ай, лўли петерераси!
Ай-яй, петенеражон!
Қизлар сени кўмгани
келдилар гирён-гирён.
Қизларки, сочларини
совға қилган Исога,
кийиб олган байрамги
оппоқ ёпинч-ридолар.
Келди сени кўмгани
кул бўлгунча куйганлар,
нафақат юраги-ла,
боши билан суйганлар.
Сиғмади кўчаларга,
сиғмади йиғи-сиғи,
Ай, лўли петенераси!
Ай-яй, лўли қўшиғи!

DE PROFUNDIS
Навқирон юзта ошиқ
ухлаб ётар абадий
қақраган ер тагида.
Андалуснинг йўллари
узун-узун, қизилдир.
Қурдоба – зайтунзорда
юзта оғоч хоч қўярлар
ўчмасин деб ёдлардан.
Навқирон юзта ошиқ
ухлаб ётар абадий.

ДАФН МАРОСИМИ
Сариқ минорада
қўнғироқ
даранги.
Сариқ шабадада
тик сузар
оҳанги.
Йўлда сўлғин
зайтун гулчамбарда
одимлар ўлим.
Куйлар, куйлар
эски қўшиғин,
оқ ғижжакдай
куйлар, куйлар, куйлар.
Сариқ минорада
арир оҳанглар.
Шабада кумуш
тўсинлар йўнади чангдан.

ИККИ ҚИЗ

ЛОЛА
Бир норанж тагида
бўз йўргак чайқар.
Кўзлари зангори,
овози сафсар.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!
Анҳорда қуёшнинг
нури сирқирар.
Зайтун гужумида
чумчуқ чирқирар.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!
Ювиб бўлиши-ла
сўнгги йўргакни,
келар буқавозлар
уни кўргани.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!

АМПАРО
Ампаро
ўз уйида доим ёлғиз,
оқ кўйлакли қиз!
(Настарин ва шумуртлар
аро экватор.)
Қандайин соз куйлайди
боғингдаги фаввора,
Саъва тарар сап-сариқ
сайроғини ҳавода.
Оқшомда ипак ҳарфлар
тушган чоғи палакка,
сарву қушлар титроғига
тўлиб кетар фалаклар.
Ампаро,
ўз уйида доим ёлғиз,
оқ кўйлакли қиз!
Ампаро,
қандоқ айтайин:
севаман ҳадсиз!

ФЛАМЕНКО БЕЗАКЛАРИ

СИЛВЕРИО ФРАНКОНЕТТИ СУВРАТИ
Итолён ҳам
испан оҳанглари аро
қандоқ куйларди
Силверио.
Қўшилганда турунжимизга
итолён боли,
оҳ, қандоқ янграрди
унинг фарёди.
Ҳаволаган чоғда овози
қўпориб чиқарди борин,
ҳар туки тиккайиб кетарди,
ҳаттоки эрирди
кўзгу симоби.
Пардадан-пардага
ўтарди бузмай,
тағин боғбон эди қўли гул,
сукунатга шийпон
қургувчи уста.
Энди унинг навоси
эрир сўнг садосида,
баркамол ва бокира
сўнгги акс садосида.

ХУАН БРЕВА
Хуан дароз,
баҳайбату
қизовоз.
Ўхшаши йўқ навосин,
қайғули
бир пояда етилган
табассум гули.
Малага турунжзори
жонланар навосида,
айрича таъм қўшарди
баҳр тузи фарёдига.
Сўқир Ҳомер сингари
куйлар эди, сасида –
нурсиз денгиз қудрати,
сўлғин норанж ҳасрати.

КАНТАНТЕ МАЙХОНАСИ
Биллурий фонуслар
яшил кўзгулар.
Қоронғи зал супасида
баралла
ўлим билан сўйлашар
Ла Паралла.
Чорлар,
аммо келмас,
Ла Паралла чорлар бот,
бўғизларда
қотар дод.
Яшил кўзгуларда
узун шойи тасмалар
тебраниб сузар.

СЎНГГИ ИЛТИЖО
Қоп-қора осмонда
сариқ илонлар.
Кўзлар ила келувдим,
сўқир кетгум дунёдан.
Улуғ дардлар сенёри!
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Бўлай дедим умрбод
яхшиларнинг ёнида.
Охир келдим, худойим!..
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Сариқ норанж,
норанжзор,
норанж отинг шамолга.
Биласиз-ку ундан сўнг…
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Қоп-қора осмонда
сариқ илонлар.

АФСУН
Титраган қўл
медузага ўхшаб
шамнинг хира
кўзини тўсар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.
Бухўрнинг оқ
тутуни аро
қўл кўрсичқон ва
капалакка ўхшаб борар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.
Қўл қисар кўринмас
бир юракни, қара,
бир юракки, зарбини
шамол қайтарар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.

MEMENTO
Дунёдан қайтганимда,
мени кўминг гитара-ла
қумлоқ соҳилга.
Дунёдан қайтганимда,
мени кўминг майсазорга,
норанжлар орасига.
Дунёдан қайтганимда,
том бошида айланган
пирпиракка кўмилсам.
Дунёдан қайтганимда!

УЧ ШАҲАР

МАЛАГЕНЯ
Ўлим
кирар
майхонага.
Ўтар қора отлар
ва ёвуз рўйлар
гитаранинг чуқур
роҳлари бўйлаб.
Соҳилда титраган
нардлардан анқиб,
майхонага келар
шўртанг қон ҳиди.
Ўлим
кирар,
ўлим кирар,
кираверар, кираверар
майхонага.

ҚУРДОБА МАҲАЛЛАСИ

ОДДИЙ КЎРИНИШ
Биллурий фонусла
Юлдузлар ёғдусидан
яшириндилар бу уйда.
Йиқилади оғир тун.
Ичкарида ўлган қиз
сочларига кўмилган
қорақизил атиргул,
дераза симтўрида
йиғлайди олти булбул.
Эрлар ўтар хўрсиниб,
очиқ қўйиб ўтарлар
гитаранинг кўксини.

ЎЙИН
Севилла шомларида
Кармен ёниб ўйнайди.
Сочлари қордай оппоқ,
ялтирайди кўзлари.
Қизлар,
ёпинг пардани!
Ётар сариқ илондай
тасмадай нур бошида.
Жон ато этар ўйин
маҳобатли мозийга.
Қизлар,
ёпинг пардани!
Кимсасиз кўчаларда,
нурсиз уйлар қаърида
андалус юраклари
қўмсар эски дардларни.
Қизлар,
ёпинг пардани!

ОЛТИ КАПРИЧЧО

ГИТАРА ФОЛИ
Чорраҳа
доирасида
ўйнар
олти қиз,
Учтаси – теридан,
учтаси – симдан,
уларни излар кечаги тушлар,
лек уларни қўймас оғушдан
олтин Полифем.
Гитара!

ШАМ
Ўҳ, қандай оғир ўйга
чўмар шамнинг ёлқини.
Қарар олтин қаърига
мисли ҳинди жодугар,
учар титраб шамолсиз
бир маъвони орзулаб.
Уясидан елимшак
сояларни бирма-бир
чўқийди олов лайлак.
Ногоҳ қарар чўзилиб
ўлган лўли боланинг
дум-думалоқ кўзига.

КРОТАЛО
Кротало.
Кротало.
Кротало.
Сайроқи чигиртка.
Ўргимчакка
ўхшаш қўлдасан,
қизиган ҳавони
уриб бўласан,
оғоч куйларингни,
куйлаб ўласан.
Кротало.
Кротало.
Кротало.
Сайроқи чигиртка.

ЧУМБЕРА КУМАНЖИРИ
Ёввойи Лаокоон.
Қандай созсан
янги ой чиққан тунда!
Қўли кўп чавгончи.
Қандай созсан,
шамолга даҳшат сунар!
Исмсиз, ҳадсиз
оғриғингни билар
Дафнаю Атис.

АГАВА
Тошқотган саккизоёқ.
Тоғ қорнини
кулранг пуштанда тортиб,
унгурларни тишлаб
тошдайин қотдинг.
Тошқотган саккизоёқ.

ХОЧ
Хоч.
(Йўлнинг
сўнгги
нуқтаси.)
Зовурдаги аксига қарар.
(Кўп нуқта.)

ЖАНДЕРМЕРИЯ САРҲАНГИ ҚАТНАШГАН САҲНА
(Байроқхона)

Сержант
Мен жандармерия сарҳангиман!
Сарҳанг
Худди шундай!
Сарҳанг
Биров менга гап қайтармайди.
Сержант
Асло!
Сарҳанг
Учта юлдузим, йигирмата хоч нишоним бор!
Сержант
Худди шундай!
Сарҳанг
Мен билан йигирма беш бинафшали ридо
кийган архиепископ шахсан саломлашади.
Сержант
Худди шундай!
Сарҳанг
Сарҳангман. Сар-ҳанг-ман. Жан-дар-мерия сар-ҳан-гиман.
(Тамаки қутисининг қопқоғида кўк, оқ ва тилларанглар товланган боғда қучоқлашиб ўтирган Ромео ва Жульетта тасвири. Кўча тарафдан ҳиргойи эшитилар.)
Ойдин, ойдин, ойдиндир,
Эзилиб пишган зайтун.
Ярқирайди Косорла,
Бенамеҳда хира тун.
Ойдин, ойдин, ойдиндир,
ойдан хўроз қичқирар.
Қизларинг, сенёр ҳоким,
ойга мунча тикилар.
Сарҳанг
Ким ўзи?
Сержант
Битта лўли.
(Казармага кўзлари буқа кўзларига ўхшаган лўли йигит кириб келар. Сарҳанг кўзларини олайтириб лўлига қарар.)
Сарҳанг
Мен жандармерия сар-ҳан-гиман.
Лўли
Шунақами?
Сарҳанг
Ўзинг ким бўласан?
Лўли
Лўлиман.
Сарҳанг
Лўли ўзи ким?
Лўли
Ким бўса ўша-да.
Сарҳанг
Отинг нимайди?
Лўли
Нимайди-и-и..
Сарҳанг
Гапни айлантирма.
Лўли
Лўлиман.
Сержант
Шахсан ўзим кўрдим, шахсан ўзим ушладим, шахсан ўзим обкелдим.
Сарҳанг
Қаерда юрувдинг?
Лўли
Кўприкда.
С а р ҳ а н г
Ҳм… қайси сойнинг кўпригидайди?
Лўли
Ҳамма сойларнинг.
Сарҳанг
Нима қимоқчийдинг?
Лўли
Шакардан минора қураймикин, деб турувдим.
Сарҳанг
Сержант!
Сержант
Лаббай, жандармерия сарҳанги жаноби олийлари!
Лўли
Хаёлимда қанот ясаб роса учдим. Кўкнори ва олтингугурт рангида лабларим ҳам.
Сарҳанг
Ай!
Лўли
Қанотам гапми. Шундоғам учовраман. Туморлару қора булутлар бўрони бор қонимда.
С а р ҳ а н г
Айй!
Лўли
Норанжларим қаҳратондаям гулловради.
Сарҳанг
Аййй!!!
Лўли
Иннайкейин, қорбўрондаям пишовради.
С а р ҳ а н г
Айййй!!! Гум. Бах. Бух. (Тил тортмай ўлар.)

(Жандармерия сарҳангининг тамаки ва қаҳва рангидаги жони деразадан самога равона бўлар.)
Сержант
Ёрдам берилааар!

(Казарма ҳовлисида тўртта соқчи лўлини калтаклай бошлар.)

КАЛТАКЛАНГАН ЛЎЛИ АЙТГАН ҚЎШИҚ
Йигирмата, йигирма икки,
қулочкашлаб учта зарб яна.
Тун келганда пўла жисмимни
зарқоғозга ўраб қўй, эна!
Томоғимга тикилди жоним,
сув берингиз, майли, бир қултум.
Балиқлари, кемалари-ла
сув берингиз, сув берингиз, сув!
Ай, тепамда ўтирган катта,
ай, жандарм, ай, катта бошлиқ.
Жисмимдаги қонни артгани
топиларми дунёда ёшлиқ!

АМАРГО БИЛАН ГУРУНГ
(Дашт)

Садо
Амарго.
Уйимдаги толгулим.
Юраги – аччиқ мағиз.
Амарго.
(Сербар қалпоқли уч йигит пайдо бўлар.)
Биринчи йигит
Қоронғига қолдик.
Иккинчи йигит
Ҳадемай тун келар.
Биринчи йигит
Шеригимиз қани?
Иккинчи йигит
Орқароқда келяпти.
Биринчи йигит (Чақирар.)
Амарго!
А м а р г о. (Баланд овозда.)
Ҳозир!
Иккинчи йигит. (Чақирар.)
Амарго!
А м а р г о. (Оҳиста.)
Ҳозир!
(Жимлик.)
Биринчи йигит
Зайтунзорни қара!
Иккинчи йигит
Жудаям гўзал!
(Жимлик чўзилади.)
Биринчи йигит
Кечаси юришни ёқтирмайман.
Иккинчи йигит
Менам.
Биринчи йигит
Тунда фақат ухлаш керак.
Иккинчи йигит
Тўғри айтасан.
(Андалус ёзини қурвақалар қуриллаши ва чигирткалар чириллаши босар. Амарго қўлларини белига тираб йўл босар.)
Амарго
Ай яйяйяй.
Сўроқладим ўлимимни.
Ай яйяйяй.
(Унинг дўриллаган овозини эшитган шерикларини совуқ тер босар.)
Биринчи йигит
Амарго!
Иккинчи йигит. (Эшитилар-эшитилмас.)
Амарго-о-о!
(Жимлик.)
(Амарго йўлда бир ўзи. Катта-катта кўк кўзларини қисар-да, калта чакмонини белига боғлар. Баланд тоғлар қуршовида қолар. Йўл босар-да чўнтагидаги соатнинг тобора баландлаб бораётган овозини эшитар. Шу пайт отини ўларига қарамай чоптирган бир сувори Амаргога етар.)
Сувори. (От жиловини тортар.)
Ҳорманг, оғайни!
Амарго
Бор бўлинг!
Сувори
Ғарнотагами?
Амарго
Ғарнотага.
Сувори
Йўлимиз бир экан-да?
Амарго
Ҳа, бир экан.
Сувори
Отга мингашволинг!
Амарго
Ҳали чарчаганим йўқ.
Сувори
Малагадан келяппан.
Амарго
Малагадан денг.
Сувори
Малагада оғаларим бор.
А м а р г о. (Ғамгин.)
Кўпчиликми?
Сувори
Учта. Уччовиям пичоқчи. Пичоқнинг бозори чаққон. Омадлари кеган.
Амарго
Кўз тегмасин.
Сувори
Пичоқмисан пичоқлар-да, олтиниям, кумушиям..
Амарго
Нимадан бўлгандаям, бари бир, пичоқ – пичоқ-да.
Сувори
Хато сўйладингиз.
А м а р г о
Кечириб қўясиз…
С у в о р и
Олтин пичоқлар юракка осонгина санчилақолади, кумуши эса бўғизни новдадай узиб ташлайди.
А м а р г о
Демак, нон кесгани ишлатилмасакан-да.
Сувори
Эрлар нонни қўлда синдиради.
Амарго
Бу тўғри…
(От безовталанар.)
Сувори
Дрррр, тўхта!
Амарго
Қоронғи-да.
(Дўнгир йўл от кўланкасини илондай чўзиб кўрсатар.)
Сувори
Пичоқ берсам олармидинг?
Амарго
Керакмас.
Сувори
Совға қиламан-ку.
Амарго
Совға бўлсаям.
Сувори
Зорим бор, зўрим йўқ.
Амарго
Ким билади.
Сувори
Бошқа пичоқлар бир пулга арзимас. Бошқаларнинг пичоқлари қондан қўрқар. Бизникилар яхдай, тушундингми, санчилмасданоқ энг қайноқ жойни танлайдилар-да, ўша жойда қоладилар.
(Амарго жимир. Бир бўлак олтин ёмбисини ушлагандай ўнг қўли музлай борар.)
Сувори
Чиройли пичоқ!
Амарго
Қиммат бўса керак?
Сувори
Мундақасини берайми?
(Олтин пичоқ кўрсатар, пичоқ учи шамнинг ёлқинидай совуқ ялтирар.)
Амарго
Йўқ дедим-ку!
Сувори
Мингашвосанг-чи!
Амарго
Чарчаганим йўқ.
(От тағин тапир-тупир қилиб безовталанар.)
Сувори
Нима бало бўлди ўзи. (Жиловни тортар.)
Амарго
Қоронғи-да.
(Жим юрадилар.)
Сувори
Боя айтганимдай Малагада уч оғам бор. Ишнинг кўзини билишади. Биргина жоменинг ўзиёқ бутун меҳробларни ва қўнғироқ минорасини безашга икки минг пичоқ сотвопти. Пичоқларга кемалар исми ўйилган. Камбағалроқ балиқчилар ойдин кечаларда балиқ ўрнига бизнинг пичоқлар ёриб ташлаган мурдаларни тутармиш.
Амарго
Чиройли!
Сувори
Чиройлиям гапми.
(Тун юз йиллик чоғирдай қуюқлашар. Жануб осмонининг баҳайбат илони бир кўзини оча бошлар. Ухлаётганлар минг хил хуш бўйларни шопира турган кенгликларнинг жодуваш оғушларига манзарларидан ўзларини отиб, бўғилиб ўлишдай чидаб бўлмас бир истакдан безовта.)
Амарго
Йўлдан адашганга ўхшаймиз.
Сувори. (От жиловини тортар.)
Шунақа шекилли.
Амарго
Гап билан бўлиб…
Сувори
Анов ёқда Ғарнота чироқлари.
Амарго
Қайдам.
Сувори
Дунё ҳам катта-да.
Амарго
Худди қирон келгандай.
Сувори
Бу сўзлар сенга ярашар!
Амарго
Юрагим сиқилар. Ай яйяйяй!
Сувори
Чунки кеп қолдинг. У ёғда нима қиласан?
Амарго
Нима қиласан?
Сувори
Ўз жойингда туриб, тағин нега бошқа жойга борасан?
Амарго
Нега борасан?
Сувори
Мана, мен, отда юриб, пичоқ сотаман, агар шундай қилмасам, нима ўзгарар?
Амарго
Нима ўзгарар?
Сувори
Ғарнотагаям етиб келдик.
Амарго
Наҳотки?
Сувори
Қара, деразалар ёруғ…
Амарго
Чинданам…


Сувори
Энди йўқ демасдан отга мингашарсан?
А м а р г о
Тағин озгина…
Сувори
Мингаша қосанг-чи. Тезроқ. Тонг ёришмасдан улгуриш керак… Ҳозирча манави пичоқни ол. Мендан совға!
Амарго
А-аа-ай!
(Икковлон бир отда Ғарнотага туташган қияликдан тушиб боради. Олис депарадаги тоғлар тиканак ва газандаларга бурканиб кўринар.)

АМАРГОНИНГ ЭНАСИ АЙТГАН ҚЎШИҚ
Хурмо, толгулларим оппоқ рўйжамга
боламни йўргаклаб баланд кўтарган.
Йигирма еттинчи августнинг туни.
Тилло пичоқчада сўйдилар уни.
Хоч. Қайғу йўлида яёв борамиз,
манглайи қорайди ҳам қорамағиз.
Қўшнилар, илтимос, ёмон бўзладим,
берворинг шарбатли қора кўзани.
Хоч. Энди йиғламанг, айтинг ҳаммага,
энди ойда ётар шўрлик Амаргом.

БИРИНЧИ ҚЎШИҚЛАР
(1922)


ЎРАМАЛАР

ЎРАМА
Сарвзор.
(Қорамтир сув.)
Теракзор.
(Биллур сув.)
Толзор.
(Чуқур сув.)
Юрак.
(Қорачиқ суви.)

СЎНГГИ ҚЎШИҚ
Тун келди…
Зулматнинг сандонида
Ой ёғдуси пориллар.
Тун келди…
Кийди ўктам тераклар
шамолнинг навосини.
Тун келди…
Келсайдинг сайҳонликка
қўшиқлар сўқмоғидан.
Тун келди…
Тўртта терак тагида
йиғлар эдинг бошимда.
Тўртта терак тагида
чўмардим кўзёшингга.

ТЎЛИНОЙ
Ой сузади. Юлдузлар
Исинар дам ҳавода.
Мавж тўрларин кесганча
тебранади ой сойда.
Ойни кўзгу деб ўйлаб,
эгилади тар новда.

ТЎРТ САРИҚ МАНЗУМА

I
Баланд тоғ қулласида
ям-яшил, кўркам оғоч.
Чўпон келар,
чўпон ўтар.
Зайтунзор тушларида
жазиллаган бир воҳа.
Чўпон келар,
чўпон ўтар.
На сулуви, кўппаги,
на ҳасса, подаси бор.
Чўпон келар.
Йўқолар тилла доғдай
буғдойзор орасида.
Чўпон ўтар.
II
Сарғайиб кетди
замин.
Соя бор, соя бор,
чўпонвой.
На юлдуз нури бор,
на оппоқ ой сузар.
Соя бор, соя бор,
чўпонвой.
Қорача қиз токларнинг
кўзёшларин узади.
Соя бор, соя бор,
чўпонвой.
III
Икки қизғиш ҳўкиз
олтин далада.
Юришлари
қадим занглар
садосидай оғир, равон,
кўзлари қуш кўзларидай.
Яралгандир улар тонгги
тумонлар-чун бироқ ҳорғин

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/federiko-garsia-lorka/eng-k-ayg-uli-shodlik-69866413/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

notes

1
Мазкур сўзбоши 1989 йилги нашрдан олинганлигини ҳамда таржима деярли ўзгартиришларсиз қолдирилганлигини эслатиб ўтамиз. Шоир Федерико Гарсиа Лорка ва таржимон Шавкат Раҳмонларнинг пок руҳлари шод бўлсин (муҳ.).
Энг қайғули шодлик Федерико Гарсиа Лорка
Энг қайғули шодлик

Федерико Гарсиа Лорка

Тип: электронная книга

Жанр: Стихи и поэзия

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 28.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: "Энг қайғули шодлик шоир бўлишдир, қолгани ҳисобмас, ҳатто ўлим ҳам", деган эди буюк испан шоири Федерико Гарсиа Лорка. Ушбу китобга шоирнинг барча асарлар мажмуаси – "Шеърлар китоби"дан намуналар, "Канте хондо достони", "Биринчи қўшиқлар" китобидан намуналар, "Қўшиқлар", "Лўли романсероси", "Шоир Нью-Йўркда" китобларидан намуналар, "Игнасио Санчес Мехиасга аза" достони ва "Тамарит девони" ҳамда турли шеърларидан намуналар киритилган.

  • Добавить отзыв