Улуғбек хазинаси
Одил Ёкубов
Одил Ёқубов
Улуғбек хазинаси: роман
Биринчи қисм
1
Вақт тун ярмидан ошган. Расадхона теран сукутда. Одатдагидай, кечаси самовий ҳолатларни кузатиб ўтирган мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи бир пайт вужудида хиёл нохушлик сезиб, ўрнидан турди. Лекин қўлидаги олатларни[1 - Олат – асбоб.] жойига қўйиб улгурмаган ҳам эдики, қаердадир юқорида, биринчи ошиёнада оёқ товушлари эшитилди. Бу товушлар расадхона толиби илмларининг шарпасиз одимларига ўхшамас, сипоҳларнинг бетакаллуф қадамларини эслатарди. Мавлоно сергакланиб юқори ошиёнанинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, нимқоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради:
– Мавлоно Али ибн Муҳаммад Қушчи ҳазратлари! Шаҳриёри фалак-иқтидор[2 - Шаҳриёри фалак-иқтидор – қудратли шоҳ маъносида.] Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳазратлари амр этмишларким, Кўксаройда дарҳол ҳозиру нозир бўлғайсиз!
Али Қушчи кафтини қошлари устига тутиб, навкарларни яхшироқ кўришга уринди, лекин навкарлар машъалларини бошлари узра баланд ушлаб туришар, серсоқол юзлари чала-чулпа кўринарди.
– Бир дақиқа фурсат бергайсиз. Олатларни йиғиштирай, – деди Али Қушчи.
Ғира-шира расадхонада яна бояги таҳдидли овоз янгради:
– Фурсат зиқ, мавлоно. Отлар шай!
Навкарлар нағал қоқилган оғир этиклари билан мармар зиналарни гурс-гурс босишиб, орқага чекинишди. Қўлларидаги машъалларнинг шуъласи деворларнинг тилла суви юритилган нақшларини бир ялаб сўнди, расадхона яна қоронғулашди. Фақат шифтдаги туйнукда оппоқ йирик юлдузлар ғалати чарақлаб турарди. Бу туйнук шундай ясалган эдики, пастда ўрнатилган судси фахри[3 - Судси фахри – секстант.] сатҳида самода сайр этаётган юлдузлар ҳолати кузатилиб борилар эди.
Али Қушчи калтагина чўққи соқолини тутамлаб, бир зум туйнукка тикилиб қолди.
Ўтган куни тонг пайти устод Мирзо Улуғбек расадхонага ташриф буюрган эди. Йўлбарс териси ёпилган ўз курсисида ўтириб, тимқора осмонга разм солиб узоқ хаёл сурди.
Али Қушчи билар, бу йил соҳибқирон Амир Темур туғилган йилдагидай фалак қозиси Муштарий[4 - Муштарий – Юпитер.] билан Зуҳро юлдузлари бир-бирига яқин келиши кутилар эди. Кўнгли нотинч давлатпаноҳ эса бунга аллақандай умид боғлар, ниманидир кутар эди.
Мана, бир-икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Тахт ва салтанат ишқида ёнган Темурий шаҳзодалар қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамади. Ниҳоят, Улуғбек қиличи ўткир чиқиб, мағрибдан машриққа қанот ёзган ҳудудсиз салтанат хиёл осойиш топган эди, тожу тахт валиаҳди шаҳзода Абдуллатиф ўз падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиқди. Ражаб ойининг бошларида аълоҳазратлари лашкар тортиб Жайҳун[5 - Жайҳун – Амударё.] томон отланишга мажбур бўлди. Аммо давлатпаноҳ Жайҳун бўйларида лашкар тортиб турганида дорулмулкда содир бўлган фитналар уни Самарқандга қайтишга мажбур этди. Мана энди уч-тўрт кундирким, шаҳарда ваҳимали мишмишлар: гўё шаҳзода лашкарлари Жайҳундан ўтиб Кешга[6 - Кеш – Шахрисабз.] яқинлашиб қолганмиш…
Тўғри, ўтган куни саҳарда расадхонага кириб келган устод бу тўғрида сўз очмади. Қўлида устурлоб, самони кузатиб узоқ ўтирди, сўнг мармар зинанинг тик пиллапояларидан ҳорғин одимлаб, учинчи ошиёнадаги кутубхонага ўтди. Чеҳраси сўлғин, хаёли паришон, нақшинкор жовонларга терилган китобларни, салкам қирқ йил салтанат тебратиб йиққан нодир қўлёзмаларни бир-бир кўздан кечирди, ёдига устод Қозизода Румий тушди, чамаси, унинг “Риёзиёт”[7 - Риёзиёт – математика.]ини варақлаб узоқ турди, кейин бўйнини хам қилганича лом-мим демай бир-бир босиб чиқиб кетди. У ҳатто Али Қушчи билан хайрлашмади ҳам. Аълоҳазратларини ҳовлига кузатиб чиққан Али Қушчига устод гўё расадхона билан видолашгани келгандай туюлиб, юраги зирқираб кетди. Икки кунгача устоднинг маҳзун нигоҳи кўз олдидан кетмай изтироб чекди, бир неча бор Кўксаройга боришга чоғланди, лекин журъат этолмади. Мана энди устод ўзи уни Кўксаройга чорлабдилар.
Али Қушчи қора духоба такясининг устидан мударра дасторини[8 - Мударра дастори – мударрислик салласи.] ўради, эгнига енгсиз кимхоб нимчасини, унинг устидан оқ чакмонини кийди-да, тик зиналардан юриб, юқорига чиқа бошлади…
2
Само артилган чиннидай тиниқ, юлдузлар чарақлаб турар, лекин шаъбони ойи ўз кучига кирган, тоғдан эсаётган изғирин остида дарахтлар дарёдай шовуллар, кекса тут ва садалар нола чекаётгандай чийиллар, ғийтиллар эди.
Али Қушчи ҳовлига чиқиши билан ўнг қўлидаги бинодан кимдир “лип” этиб чиқиб, йўлини тўсди.
– Тўхтанг, устод! Бу навкарларнинг муроди не? Қайга олиб кетадур сизни?
Али Қушчи суюкли шогирди Мирам Чалабийни таниб, унинг елкасидан қучди.
– Қўрқма, иним, аълоҳазратлари чақирибдурлар. Тезда қайтамен.
Али Қушчи расадхонанинг калитини Мирам Чалабийга топшириб, ҳовлига чиқди. Навкарлардан бири қоронғида бетоқат депсиниб турган арғумоқни рўпара қилиб, қўлтиғидан олди. Лекин Али Қушчи узангини топиб, типирчилаган отга ўзи сапчиб минди-да, жиловини қўлига олди: у “қушчи”[9 - Қушчи – бу ерда моҳир овчи маъносида.] номини бекорга олмаган, аълоҳазратлари билан овга чиққан пайтларида, не-не асов тулпорларни жиловлаб, бир лаҳзада ўзига ўргатиб оларди!…
Тун сукутини от туёқларининг дупури бузди. Навкарлардан бири олдинда, иккинчиси ёнма-ён от чоптириб борарди. Отлиқлар Сиёбдан ўтиб, дўнгга чиққанларида “Шоҳизинда” қабристонининг қўрғони ва қўрғон ортида қатор мақбараларнинг юксак гумбазлари кўринди. Тун ойсиз бўлса ҳам, юлдузлар акс этган фируза гумбазлари аллақандай кўкиш жило таратиб, ғалати ялтиллаб турарди. Қаердандир олисдан, Қусам ибн Аббос дахмаси томондан тиловат қилаётган қорининг мунгли овози келарди. Ҳазин куйга ўхшаган бу товуш гўё бошқа оламдан келаётган чексиз нолага ўхшар, кекса садалар ортидаги улкан қабристонга, қоронғида ҳайбатли кўринган қуббадор дахмаларга аллақандай илоҳий руҳ бахш этар, борлиқ сирли ва мудҳиш туюларди.
Отлиқлар қабристондан ўтиб, масжиди жомега яқинлашганларида ҳар жой-ҳар жойда гулхан ёқиб, давра қуриб ўтирган посбонлар учради. Улар от туёқларининг дупурини эшитиб, ўринларидан сакраб туришар, лекин олдинда бораётган ясовулнинг амри билан йўлни очиб, отлиқларни ўтказиб юборишарди.
Регистон олдидаги кенг майдон лашкарга тўлиб кетган, сарбозлар даҳа-даҳа[10 - Даҳа-даҳа – ўн киши-ўн киши.] бўлиб гулхан ёқиб ўтиришарди. Мирзо Улуғбек мадрасаси рўпарасидаги хонақоҳлардан зикр тушаётган қаландарларнинг овозлари баралла эшитилиб турарди:
Ё олло, дўст, ё олло!
Ҳақ дўст, ё олло!
Шаҳар узра қанот ёзган хавф-хатар сабабми, қаландарларнинг жазава билан ҳу-ҳулаб зикр тушишлари ваҳимали туюлар, гўё улар Аллоҳга ҳамду сано эмас, билъакс, кимгадир таҳдид қилмоқда эдилар.
Тор, тимли расталардан кейин чуқур хандақ билан ўралган Кўксаройнинг кунгурадор деворлари қоронғида чўнг қоядай ҳайбатли туюлади. Қалъа деворлари ортидаги сарой гумбазлари эски дахмалардай вазмин қорайиб турар, қалъа ҳам улкан гўристонни эслатар, гўристондай сирли ва осуда эди. Саройда милт этган чироқ кўринмас, бу ерда ҳатто посбонлар ҳам гулхан ёқишмаган, ҳаммаёқ зимистон эди. Фақат Гўри Амирга қараган майдонга чиққанларидагина йўлларини фонус ушлаган посбонлар тўсишди. Қоронғида уларнинг қалқонлари ялтираб, туғли найзалари кўзга чалинди. Посбонлардан ўтиб, икки ёнидаги буржларига тўп ўрнатилган баланд дарвозахона олдига борганларида уларнинг йўлини яна қилич яланғочлаган сипоҳлар тўсишди. Биринчи ясовул карнай қилиб ўраб олган ёрлиғини кўрсатиб дарвозахонага кирди. Сал ўтмай қулф ва занжирларнинг оғир шарақлаши эшитилиб, Гўри Амирга қараган икки табақали қуйма дарвозанинг ён эшиги секин ғичирлаб очилди. Ичкаридан фонус ушлаган таниш салоҳдор[11 - Салоҳдор – дарвозабон.] чиқди.
Эгардан сакраб тушган Али Қушчи биринчи сипоҳга отининг жиловини тутқазиб, дарвозахонага кирди.
Салоҳдор фонусини баланд кўтарганча рўпарадаги эшикни очиб унга йўл берди.
Баланд кунгурадор девор билан ўралиб, юксак буржларга тўп ўрнатилган ўрдадай ҳовлининг ҳар жой-ҳар жойида тош фонуслар милтираб турарди. Ҳовлининг сўл томонида пастқамроқ бинолар саф тортган бўлиб, – бу девонхона эди. Девонхонанинг ортида баланд девор билан тўсилган ҳарам бинолари оқариб кўринар, ўнг томонда икки ва уч ошиёнали кошоналарнинг тиллакори гумбазлари ял-ял ёнарди. Ҳовли ҳам гўристондай осуда, фақат ер тагидан аллақандай гурс-гурс овозлар қулоққа чалинар, афтидан, сарой остидаги ертўлаларда аслаҳасозлар ишламоқда эди.
Салоҳдор, атрофи арча билан ўралган, ўртасига кумуш фаввора ўрнатилган мармар сарҳовузнинг ёнидан ўтиб, баланд пештоқли кошонага яқинлашди. Рахларига тилла тасма қоқилган ўймакор эшикнинг икки ёнида турган ясовулларнинг бири чапдастлик билан эшикни очиб, уларга йўл берди.
Улар ғира-шира тор йўлакдан ўтиб, тилла шамдонларга терилган шамлардан чароғон хонага киришди. Тагига қирмизи туркман гиламлари тўшалган, деворлари фируза ранг сопол парчинлар билан қопланган бу хонанинг тўрида юқори ошиёнага чиқадиган мармар зина кўринарди.
Уларни эшикда кутиб олган тунд юзли таниш саройбон Али Қушчини юқорига бошлади.
Иккинчи ошиёнадаги катта танобий хона ҳам бўм-бўш эди. Саройбон Али Қушчига шу ерда кутиб туришни имо билан билдириб, рўпарадаги эшикдан аълоҳазратларининг саломхонасига кириб кетди. Эшик очилганда бир зум устоднинг асабийлашган бўғиқ товуши эшитилиб, эшик ёпилиши билан яна тинди.
Али Қушчи хонада ёлғиз қолиши билан кўнгли ғалати бўлиб кетди: ерга шерозий гиламлар тўшалган, шифтидаги олтин қандилда беҳисоб шамлар ёнган бу кенг, чароғон хонанинг ҳамма деворлари устоднинг овдаги ўлжалари-ю, ов анжомлари билан безатилган эди. Ана, қаршидаги қуббадор дарчанинг тепасига лаъл ва инжу қадалган, қулоч етмас архар шохи осилган. Бу архарни узоқ йили кузда Ҳисор тоғларига овга чиққанларида устод ўзи отиб олган, шунинг учун ҳам ҳамиша бўлакча бир фахр билан тилга олардилар. Архар шохининг ёнида, камон ўқлари терилган қизил чарм садоқнинг[12 - Садоқ – ўқдон.] устига йўлбарс териси осилган. Бу йўлбарс Жайҳун бўйларидан, устод Хуросон юришидан қайтиб келаётганида отиб олинган эди.
Олис ва сермашаққат юришдан толиққан давлатпаноҳ Самарқандга чопар юбориб, Али Қушчини Жайҳун бўйларига чақиртириб олган эди. Али Қушчининг пойқадами қутлуғ бўлган, чунки ов пайтида туя бўйи келадиган қамишзордан ногаҳон шу йўлбарс чиқиб қолиб, устодга ҳамла қилган, шунда камонини шай қилиб ёнма-ён бораётган Али Қушчи чапдастлик билан ўқ узган, унинг ўқи ўкириб осмонга сапчиган йиртқичнинг кўзига тегиб, аълоҳазратлари эсон қолган эди. Шу-шу, устод уни кўрганда “халоскорим”, деб ҳазиллашарди…
Али Қушчи бу серҳашам ва сержило хонани томоша қиларкан, хаёлига бир фикр келиб, маъюс кулимсираб қўйди. Бир маҳаллар Мирзо Улуғбекнинг фармони билан бу қасри олийга илк бор қадам қўйганида вужудини шундай зўр бир ҳаяжон чулғаб олган эдики, бояги мармар ҳовузларнинг ёнидан ўтаётганида оёқлари қалтираб кетган эди. Бу кўркам, муаззам саройни соҳибқирон аталмиш Амир Темур Кўрагоний барпо қилдирганини, деворларига тилладан жило берилган бу шинам хоналарда оламни титратган фотиҳи музаффар истиқомат қилганини, шу ерда ўтириб, буткул рўйи заминни фатҳ этмоқ тўғрисида пинҳоний режалар тузганини ўйлаганда вужудини аллақандай муқаддас бир титроқ қамраб олган эди. Ҳайҳот!.. Мана ҳозир яна ўша қасри олийда, улуғ жаҳонгирларнинг дорулмулкида[13 - Дорулмулк – бу ерда турар жой маъносида.] ўтирибди. Лекин қалбида на бир қўрқув бор, на бир ҳаяжон! Фақат дилида теран бир маҳзунлик бор. Йўқ, бу маҳзунлик, сабийлик чоғларида қалбини ҳайратга солган бу муаззам қасрлар емирилаётганидан эмас, йўқ, суюкли устодига куйинганидан, унинг азиз бошини қора булутлар ўраб олганига ачинганидан, холос. Нечун, нечун шундай бўлди? Нечун фалакиёт илмини идрок эта олган, ўткир тафаккури билан коинот сирларини очиб, янги юлдузлар кашф этган алломалар сарбони[14 - Алломалар сарбони – олимлар карвонбошиси.] тахт ва салтанатнинг бевафолигини идрок этолмади. Нечун ҳамма давру даврон, ҳамма давлат ва ҳамма шоҳ ва фотиҳларнинг тарихини беш қўлдай биладиган бу зукко донишманд тож ва ҳокимият ҳеч бир кимсага вафо қилмаганини тушунмади, ёхуд тушунса-да уни тарк этишга иродаси етмади? Нечун ҳокимият деб аталмиш бу сохта шон-шавкатдан воз кечиб, бутун тафаккури, ўткир мушоҳадаси, бутун салоҳиятини илм-фанга, инсонни улуғловчи зиё-маърифатга бахш этмади? Нечун?..
Эшик очилиб Али Қушчининг хаёли бўлинди. Ичкаридан Шайхулислом Бурхониддиннинг таниш ингичка овози чийиллаб эшитилди:
– Ас салотин зиллалоҳу фил-арз! Онҳазратлари шаърий султонимиздур. Бас! Султонимизнинг фармони олийлари барчага амру вожибдур!
Унинг овозини босиб ғала-ғовур кўтарилган эди, устоднинг хиёл бўғиқ, ўктам овози янгради:
– Бас! Фармони ҳумоюн амру вожибдур! Амир Султоншоҳ барлос! Сиз отлиқ ҳировул[15 - Ҳировул – олд қисм қўшинлар.] билан дарҳол йўлга чиққайсиз!.. Амир Султон Жондор тархон, сиз баронғор[16 - Баронғор – ўнг қанот қўшинлар.] суворийлар билан ҳировул қўшинларнинг ортидан юргайсиз. Насиб бўлса довонда учрашармиз. Маслаҳатлар учун ташаккур. Машварат[17 - Машварат – ҳарбий кенгаш.] тамом!
Эшикда шаҳар доруғаси Мироншоҳ, унинг кетидан қилич ва ханжар таққан амирлар, қизил кимхоб тўн кийган девонбеги билан сарой маҳрамлари кўринди. Ҳамманинг қовоғи солиқ, чеҳралари тунд эди. Заррин тўн кийиб, камарга олтин бандли шамшир таққан доруға Мироншоҳ Али Қушчига ер остидан бир қараб қўйди-да, рапидадай кенг юзини тескари буриб, мармар пиллапояларни дукурлатиб, пастга тушиб кетди. Сахт сумбати келишган, қоп-қора соқоли ўзига жуда ярашган амир Султон Жондор тархон кумуш камарига осилган эгри қиличини этагига шарақ-шуруқ уриб, Мироншоҳнинг кетидан шошилди. Эгниларига қизил, кўк, яшил мовут ва кимхоб тўн кийиб, қора қундуз телпак ва бўркларини бошларига бостириб олган бошқа амирлар ҳам нағал қоқилган этиклари билан мармар зиналарни тақ-тақ босиб пастга тушиб кетишди. Уларнинг биронтаси ҳам Али Қушчи билан саломлашмади, ёлғиз Шайхулислом Бурхониддин бир зум тўхтаб, тасбеҳ ушлаган ингичка, оппоқ бармоқларини кўришгани чўзди.
Шайхулислом пастга тушиб кетгач, хона чуқур сукутга чўмди, ҳатто саломхонадан ҳам чурқ этган товуш эшитилмас, давлатпаноҳдан дарак йўқ эди. Ё бошига тушган ташвиш билан бўлиб, шогирдини чақиргани ёдидан кўтарилмадимикин?.. Худди шу пайт, саломхона эшиги оҳиста очилиб, устод кўринди. Эгнида, одатда саройда кийиб юрадиган зарбоф тўн ўрнига кўкяшил мовут чакмон, бошига расадхонада ва мадрасада киядиган учлик қора духоба қалпоқ, оёғида ичига олмахон мўйнаси қопланган қўнжи кенг иссиқ этик, устод остонада тўхтаб, шогирдига аллақандай синовчан тикилди.
Унинг сал тўлиша бошлаган новча бўй-бастида, мисдай қорамтир узунчоқ юзида, қалин қошлари тагидан тикилиб қараган ўйчан нигоҳида ҳам темурийларга хос кишини ўзига ром этувчи шиддат, ҳам қандайдир пинҳоний мажруҳлик бор эди.
Али Қушчи унга яқинлашиб тавозе билан салом берди. Лекин Мирзо Улуғбек ўнг қўлини вазмин кўтариб, уни тўхтатди-да, пастдан чиқиб келган саройбонга юзланди:
– Баковуллар истироҳатда эмасму?
– Онҳазратимнинг хизматига мунтазирдурлар.
– Таом ва шароб! – деди Мирзо Улуғбек саройбоннинг гапини бўлиб, сўнг Али Қушчини елкасидан қучиб, тўрдаги нақшинкор курсиларга бошлади. – Юр, ўғлим, маслаҳат бор…
Мирзо Улуғбек бошқа пайтларда ҳам шогирдини “ўғлим” деб атарди. Лекин бугун устоднинг овозида, шогирдини қучиб сўзлашида бўлакча бир меҳр, самимият, айни замонда қандайдир теран ғам-андуҳ сезилиб турарди.
Устод, кўзлари ярим юмуқ, бошини эгиб, хаёлга толиб ўтирарди. Унинг чўзинчоқ қорамағиз юзи сўлғин, кенг пешонаси ва қийғир бурнининг икки ёнидаги ажинлари қуюқлашган, зотан, бутун вужудида, катта ялпоқ кафтларини тиззасига ҳорғингина ташлаб ўтиришида чуқур изтироб, изҳор этиш қийин бўлган теран бир мунг бор эди.
Али Қушчи юраги зирқираб, тасалли беришга оғиз жуфтлаган ҳам эди, Мирзо Улуғбек, худди ўз-ўзига гапираётгандай қилиб:
– Бу тун… Бу тун тушимда… Устодни кўрдим… – деди-ю, яна хаёлга чўмди.
Али Қушчи ғалати бўлиб кетди. Унинг кўз олдига илиқ баҳор куни келди. Мадрасаи Улуғбек ҳовлисининг мармар саҳнига, чин барг ёзган навқирон чинор атрофига офтобда гул-гул ёнган қизил палослар ёзилган. Энг яхши сарполарини кийиб, ясаниб олган ёш муллаваччалар ҳаяжонда: бу кун улар давр Афлотуни ҳисобланмиш мавлоно Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий билан учрашиб, ундан сабоқ эшитмоқ бахтига мушарраф бўладилар!..
Али Қушчи мавлоно Румий тўғрисида кўп ғаройиб ривоятлар эшитгани учунми, ё бу табаррук зот яратган ва риёзиёт илмининг мураккаб масалаларига бағишланган рисолаларини мутолаа қилиб, ҳайратланиб юргани учунми, ҳикмат эгасини қандайдир басалобат ва калондимоғ бир одам деб тасаввур қилган эди. Аслида эса соч-соқоли оппоқ, нимжонгина бир чолни кўрди.
Кекса донишманднинг соч-соқолигина эмас, қош-киприклари, бошидаги кулоҳга ўхшаган учлик такяси, эгнидаги чакмони – ҳаммаси қордай оппоқ эди!
Ўша илиқ баҳор куни мавлоно Қозизода Румий унинг пешонасидан ўпган, Мирзо Улуғбек эса Кўксаройга ташриф буюришини лутфан илтимос қилган эди… Мана, бу воқеаларнинг бўлганига қанча йиллар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди, аммо-лекин Али Қушчи кўзини бир зум юмса ҳамон кекса алломанинг нуроний чеҳрасини кўради, пешонасида унинг лабларини, юзида майин соқолини ҳис этади…
Мирзо Улуғбек бош чайқаб, мийиғида кулимсираб қўйди.
– Тушимда… жаннатмакон устод каминани қаттиқ койидилар. Бу бевафо салтанатни деб, илм-фандан юз ўгирдинг, дедилар. Тахт соҳиби бўламан деб, шундай етук салоҳиятингни жувонмарг қилдинг, дедилар…
Али Қушчи ўрнидан бир тебраниб, “Ё раббий!” – деб юборди.
Мирзо Улуғбек ялт этиб қаради, чуқур ботган ўйчан кўзларида савол аломати жилва қилди.
– Валинеъмат устод афв этсинлар, – деди Али Қушчи ўнғайсиз ланиб, – ва лекин мен ҳам бир-икки сония муқаддам худди шу фикрни кўнглимдан кечирган эдим…
Мирзо Улуғбек ёқут кўзли олтин узук тақилган ўрта бармоғи билан нақшинкор хонтахтани чертганча яна сукутга толди. Унинг ўсиқ қошлари бир-бирига туташиб, ўртасида чуқур чизиқ пайдо бўлди. Али Қушчи унга тасалли бериш ўрнига аламли қалбини баттар тиғлаганини сезиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди.
– Мавлоно Али! – деди Мирзо Улуғбек, кўзларини бир нуқтадан узмай. – бандаи ожиз Мовароуннаҳрга салкам қирқ йил раҳнамолик қилдим. Наҳот бу борада қилган меҳнатим зое кетди, деб ўйлайсен? Наҳот илм йўлида, Мовароуннаҳр осойишталиги йўлида нафим тегмади деган фикрдасен?
Устоднинг ғам-андуҳга тўла овози фавқулодда титраб кетди-ю, Али Қушчи густоҳлик қилганини сезиб, лабини тишлади. Устоднинг бошида қора булутлар қуюқлашган бир пайтда бу нозик гапни қўзғаб, унинг дилини оғритмоқ инсофданми? Али Қушчи ўз хатосини тузатишга шошилди:
– Маъзур кўргайсиз, устод. Бу борада сиз ҳазратимнинг қилган хизматлари шундай улуғдирким, бунга шак-шубҳа йўқдир…
Мирзо Улуғбек тоқатсизлик билан бош чайқади.
– Камина барига тушунамен, Али! Аммо ҳодисалар силсиласи[18 - Ҳодисалар силсиласи – ҳодисалар йўналиши маъносида.] шундайким, буни илм аҳли идрок этишдан ожиздир. Фозиллар ақли шоҳлар ақлидан ожиз бўлганидан эмас, йўқ! Билъакс, Ҳақ таоло сизларга шундай поклик ато этганким, шоҳлар ҳаётининг мислсиз разолатини идрок этишдан ожиздурсиз!
Мирзо Улуғбек бўғилиб кетгандай томоғини силаб уҳ тортдида, гўё шогирди билан баҳслашаётгандай қўл силтаб:
– Йўқ! – деб хитоб қилди. – Мен салтанатдан айрилишдан қўрқмаймен. Фақат бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган бойлигим – мадрасаю расадхонам, нодир хазинам – тўплаган кутубхонам ва ниҳоят, яратган асарларим – барчаси поймол бўлишидан қўрқамен. Ҳа, фақат шундан қўрқамен. Тағин бир нарсадан – келгуси авлодлар бандаи ожиздан ҳазар қилмасму, деб қўрқамен. Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очмоқни тилаган, фозилликни даъво этган мавлоно, ҳайҳот, охир-оқибат барча шоҳ, барча тахт соҳибларидай салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу тахт талашибдур-да, деган ном қолдирмоқдан қўрқамен, мавлоно Али!
Али Қушчи юраги тикан санчилгандай безиллаб:
– Келгуси авлод тарихга қараб ҳукм юритадур, устод! – деди. – Тарихни эса илм аҳли битадур. Илм аҳли сизнинг маърифат йўлида қилган хизматларингизни эсларидан чиқармас. Бунга шубҳа қилмагайсиз, устод!..
Мирзо Улуғбек бошини оҳиста тебратиб, дардли жилмайиб қўйди.
– Ташаккур, Али…
Шу пайт гурс-гурс оёқ товушлари эшитилиб, олдин саройбон, унинг орқасидан овларда кабобпазлик қиладиган бақалоқ баковул кўринди. Баковулнинг қўлидаги кумуш баркашда бода солинган нафис мунаққаш кўзача билан нозик хитой пиёлачалари терилган эди. Бақалоқ баковулнинг кетидан жизиллаб турган иссиқ кабоб билан аллақандай хушбўй ҳид таратган таомлар тўла баркашларни кўтариб ёрдамчилари кириб келишди. Баковуллар қўлларидаги баркашларни хонтахтага қўйиб чиқиб кетгунларича Мирзо Улуғбек бир нуқтага тикилиб сукутга чўмиб ўтирди, кейин саройбонга юзланиб:
– Мавлоно Муҳиддинга чопар кетдиму? – деб сўради.
– Чопарлар қайтиб келди, онҳазратим.
– Хўш?
– Мавлоно Муҳиддин оғир хаста эмиш, онҳазратим…
– Ҳм… – Мирзо Улуғбек унга “хўп, кетавер!” деб имо қилдида, қовоғини солганича тилла ҳошияли нозик пиёлачаларга шароб қуяркан:
– Хаста эмиш, – деб қўйди. – Сенинг бундан хабаринг борми, Али?
– Йўқ, устод…
– Нечун?
Али Қушчи ўнғайсизланиб, жойида бир қўзғалиб қўйди.
– Эҳтимол эшитгандурсиз, устод. Шу йил кўклам мавлононинг ожизасини… Қаландар Қарноқий деган ёш мударрисга тилаб, совчиликка борган эдим. Мавлоно алхусус унинг отаси Хожа Салоҳиддин заргар қаттиқ ранжитиб қайтарди… Қолганини билурсиз, устод.
Мирзо Улуғбек биллур пиёлалардаги тилла ранг шаробга тикилганича сукут сақлар эди. У чиндан ҳам “қолганини билар” эди. Али Қушчи айтган совчиликдан сал кейин мавлоно Муҳиддин қизини амир Иброҳимбек тархоннинг кенжа ўғлига никоҳлаб берган, бу дабдабали тўйда Мирзо Улуғбек ҳам иштирок этган эди. Лекин кўп ўтмай, Мирзо Улуғбек ўғли Абдуллатифга қарши лашкар тортиб, Жайҳун бўйларига кетганида, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазиз амир Иброҳимбек ўғлини қатл қилдириб, унинг ёш қайлиғини ўз ҳарамига олган, шаҳзоданинг бу машъум иши амирлар орасида қаттиқ норозилик уйғотган эди…
Мирзо Улуғбекнинг кўз олдига бундан бир-икки ҳафта муқаддам ҳарамда кўрган ёш нозанин келди. Нозанин ҳарир пуштиранг парда орқасида бош эгиб турган бўлса ҳам, Мирзо Улуғбек унинг бўлакча ҳуснидан, қайрилма қошларининг нафислиги, қирра бурнининг четидаги катта холи, ёзилиб кетиб, оқ шоҳи қўйлагининг этагига тушган майин сочларининг хаёлий гўзаллигидан лол қолган эди.
– Қизим, – деди Мирзо Улуғбек, унинг масъум ва аллақандай маъюс чеҳрасидан кўзини ололмай. – Бўлар иш бўлибди. Энди саройда қоласенму ё кетмоқни тилайсенму, ихтиёр ўзингда…
Нозанин лабларини билинар-билинмас қимирлатиб:
– Ижозат берсангиз, кетамен, ҳазратим, – дедию юзини қўллари орасига яшириб, пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Гўё фил суягидан ясалгандай бу оппоқ қўллар, тирноқларига хина қўйилган бу нозик бармоқлар Мирзо Улуғбекка мавлоно Муҳиддиннинг бир гапини эслатди:
– Ожизам хаттотликда тенгсиздур, онҳазратим. Тиласангиз рисолаларингизни кўчириб берадур.
Мирзо Улуғбек ўшанда бу гапга ишонқирамаса ҳам тарихий рисолаларидан бирини берди. Бир ойдан кейин эса ипак қоғозга кўчирилган ўз рисоласини кўриб, ҳайратда қолди; рисола чиндан ҳам бўлакча бир ҳуснихат ва нафосат билан кўчирилган эди.
Мирзо Улуғбек унсиз титраб йиғлаётган нозаниннинг яланғоч қўлларини кўрганда англади: бонунинг ҳуснихати хина қўйилган бармоқларидай нозик ва гўзал эди.
Мирзо Улуғбек санамга рухсат берди-ю, ўзи дарҳол шаҳзодага одам юборди. Лекин… не чора? Ғишт қолипдан кўчган эди!..
… Мирзо Улуғбек оғир туш кўриб уйғонган одамдай кўзларини артиб, Али Қушчига қаради.
– Ҳақ таоло шоҳид, бу машъум фожеада бегуноҳмен, мавлоно. Аммо ўз бармоғингни ўзинг чополмас экансен, не қилай, ўз пушти камаримдан бўлган фарзандим…
– Биламен, устод.
– Қаландар Қарноқий не бўлди? Мадрасани тарк этиб, дарвешликни ихтиёр этган эмиш… Бу сўз ҳақиқатму?
– Ҳақиқат, устод. Кўп салоҳиятли йигит эди. Надоматлар бўлғайким, ўшал тўйдан кейин устига жанда, бошига кулоҳ кийиб, мадрасани тарк этди. Алҳол кўча-кўйда гадолик қилиб юрган эмиш.
Мирзо Улуғбек лабини тишлаб яна жим қолди. Мунаққаш пиёлалардаги тилларанг шароб қуйилганича турар, кумуш баркашдаги кабоб совуб қолган, бунинг ҳаммаси устоднинг эсидан чиққан, устод хаёлотнинг тубсиз уммонига чўмган эди. Ниҳоят у чуқур тин олиб:
– О, осий бандалар, бандалар! – деб қўйди. Сўнг:
– Толиби илмлар орасида ишончли йигитлар топилурми? – деб сўради.
– Топилур, устод…
– Топилса… муддаога ўтайлик, мавлоно, – Мирзо Улуғбек кафтини Али Қушчининг тиззасига қўйиб, кўзларига тикилди. – Эҳтимол эшитгандурсен, Мовароуннаҳр осмонини қора булутлар қопламоқда. Шаҳзода Абдуллатиф Жайҳундан ўтиб, Кешга яқинлашиб келмоқда. Букун доруссалтана Самарқанд ҳам хавф остида турибди… Эшитгандурсен?
– Эшитганмен, устод. Аммо… наҳот сулҳ-салоҳнинг чораси топилмас? Агарчи сиз шаҳзоданинг гуноҳидан ўтсангиз…
Мирзо Улуғбек тоқатсизланиб:
– Ҳайҳот! – деб хитоб қилди. – Агарчи масала шаҳзоданинг гуноҳларини кечирмоқда бўлса, юрт осойишталиғи йўлида мен сулҳдан бош тортмас эдим. Аммо… сен шаҳзодани билмайсен, Али. Билмайсен! – Мирзо Улуғбек ўрнидан туриб кетиб, хонани бир айланиб чиқди. – Мақсад не эди? – деди тўхтаб. – Ҳа! Сени бу даргоҳга чақирмоқдан муддао шуким, қирқ йил салтанат тебратиб, орттирган бойлигим, расадхона ва кутубхонам, битилган ва ҳали ниҳоясига етмаган рисолаю китобларим – барчаси сенинг қўлингдадур. Алқисса, бу хазинани жоҳил гумроҳлардан, маҳдуд мутаассиблардан асраб қолмоқ… ёлғиз сенинг ихтиёрингдадур. Аммо… – Мирзо Улуғбек қўлларини кўксида қовуштириб, шогирдига синовчан тикилди. – Аммо эсингда бўлсин: кўп хатарли юмуш бу!
– Биламен, устод.
– Билсанг ҳам ўйлаб кўр, Али.
Али Қушчи қизаринқираб кулимсиради.
– Наҳот фақирдан шубҳа учирд?
– Йўқ! Агар шубҳа қилсам бу сирни очмас эдим, Али. Аммо… сенинг умрингга завол бўлмоқчи эмасмен. Зеро, уламойи киром аталмиш ақли қосир[19 - Ақли қосир – калтафаҳм.] маддоҳлар илм аҳлига тишларини қайраб юрганидин хабаринг бордур…
– Бор, – Али Қушчининг эсига яқинда “Мозори шариф”да рўй берган мудҳиш бир ҳодиса тушди.
Улуғбек мадрасанинг йигирма чоғлик талабалари оғир хасталикдан кейин вафот этган бир муллаваччани дафн этгани “Мозори шариф”га борган эдилар. Улар тобутни кўтариб қабристон қўрғонига яқинлашиб қолганларида, дарвозадан бир гуруҳ мурид ва дарвешлар қуршовида шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари чиқиб келди-ю, қўлидаги нақшинкор асосини ҳавода силкитиб:
– Даф бўл! – деб бақирди. – Оллони унутган диёнатсиз даҳрийлар хоки бу даргоҳи мукаррамни макруҳ қилур! Макруҳ!..
Маросимнинг бошида ҳассакашлик қилиб бораётган Али Қушчи эътироз билдирмоқчи бўлиб, олдинга юрган эди, шайх ҳазратлари яна асосини кўтариб:
– Сен ҳам даф бўл, бетавфиқ! – деб ўшқирди. – Ёдингда бўлсин, мавлоно Алоуддин Али! Ҳамду санони эсидан чиқариб, кофирликка юз тутган барча алломаларнинг ҳоли шу бўлар! Ҳа, шу бўлар!..
– Хўш, нечук ўйланиб қолдинг, Али?
Али Қушчи негадир бир сапчиб тушди. Мирзо Улуғбек унинг тепасида ҳамон қўл қовуштириб турар, ҳорғин кўзлари қисилган эди. Али Қушчи юрагини музлатган совуқ ваҳимани ҳайдаб:
– Устоднинг фармони шогирд учун амри вожибдур, – деди.
– Пухта ўйладингму? Кейин пушаймон чекмайсанму?
– Устод!
– Балли! – Мирзо Улуғбекнинг кўзларидаги синовчан ифода илиқ меҳр билан алмашди.
– Қани, ортимдан юр, сенга айтадурғон яна бир сўзим бор! – Мирзо Улуғбек рўпарадаги саломхона эшигини очиб, ичкарига кирди.
3
Тўрига қуйма тилладан ясалган ўймакор курси ўрнатилган саломхона нимқоронғи эди. Шифтдаги олтин қандилда нечундир бир нечтагина шам ёнар, бу шамлар шуъласида ложувард кошинлар билан қопланган деворлар, қуббасимон шифтдаги нозик безаклар қандайдир ҳазин товланиб, хонага аллақандай сирли бир руҳ бахш этган эди. Али Қушчининг эсига беихтиёр соҳибқирон аталмиш Амир Темур тушди. Бу сирли нимқоронғи хонада, тўрдаги қуйма тилладан ясалган нақшинкор тахтда бир маҳаллар Соҳибқирон ўтиргани кўз олдига келиб, вужуди жимирлаб кетди. Гўё хонада унинг нотинч руҳи ҳоким, бир руҳ гўё унинг суюкли даргоҳига Али Қушчидай фақир бир алломанинг кириб келишидан норизо эди.
Мирзо Улуғбек тахтнинг орқасига ўтиб, деворга тутилган сурма ранг ипак пардани юлқиб очди. Парда очилганда бир киши зўрға сиғадиган, раҳларига мис тасма қоқилган кичикроқ эшик кўринди.
Мирзо Улуғбек белидаги сербар камарига осилган калитни олиб эшикнинг қулфини жаранглатиб очди. Сўнг, қуббасимон токчадан битта шам олиб, Али Қушчига узатди, иккинчи шамни ўзи олиб ёқди-да, кифти билан эшикни итарди.
Пўлат қопланган залворли эшик аста ғичирлаб очилди-ю, қоронғи бўшлиқ кўринди.
Мирзо Улуғбек ярим букилиб эшикдан қоронғиликка шўнғиди. Унинг орқасидан кирган Али Қушчи зим-зиё қудуқни кўрди. Димоғига моғор ҳиди гуп этиб урди. Мирзо Улуғбек, бир қўлида шам, бир қўли билан қудуқнинг сирпанчиқ деворини пайпаслаганича тик пиллапоялардан пастга тушмоқда эди. Ниҳоят, у “қудуқнинг тагига” етди чамаси, яна бир эшикни очиб, ертўлага ўхшаган хонага шўнғиди.
Бу – деворлари қора мармар билан қопланган, шифти паст, торгина чорси хона бўлиб, ичи муздай совуқ эди. Хонанинг тўрт бурчида тўртта пўлат сандиқ турар, сандиқлар оғир занжирлар билан темир қозиқларга боғланган эди.
Совуқ гўрга ўхшаган бу тош сағанада ҳам ўша сирли руҳ ҳоким, гўё сандиқлар ортида, шамларнинг заиф шуъласи ёритолмаган зимистон бурчакларда кимдир бор, кимдир қаҳрли сукут билан уларни кузатиб турарди…
Мирзо Улуғбек кўзларини юмиб ва бошини эгиб, бир лаҳза турди, тиловат қилди чамаси, лаблари пичирлаб, юзига фотиҳа тортди, сўнг, рўпарадаги катта пўлат сандиқнинг қулфига калит соларкан, Али Қушчига қараб: “ёрдам бер”, деган маънода имо қилди.
Сандиқнинг қопқоғи шундай оғир эдики, икки кишилашиб, аранг кўтаришди. Қопқоқ жаранглаб очилиши билан ғира-шира хона гўё чарақлаб кетди.
Катта сандиқ ял-ял ёнган олмос, лаъл, ёқут, инжу, забаржад ва яна қандайдир нафис товланган қимматбаҳо тошлар билан лиммо-лим эди.
Мирзо Улуғбек тошлардан бир ҳовучини олиб ҳайрат билан тикилди.
Тошлар кўк, қизғиш, яшил ва фируза ранг нур таратар, бу нурлар бир-бирига қўшилиб, камалакдай ажиб бир манзара касб этарди.
– Бағдод ва Қоҳира хазиналаридан келтирилған, – деди Мирзо Улуғбек ўйчанлик билан. – Бобом Амир Темур султон Боязидни тору мор этганда олиб қайтган ўлжалари. Лекин ҳазар қилмағил. Аслини суриштирсанг фуқаронинг мулкидир бу. Ундан бир халта олғил.
Али Қушчи ҳайрат билан устодига қаради.
– Буларни не қиламен, валломат?..
– Сенга бойлик керак эмас. Буни биламен. Аммо бу дуру жавоҳирларни боя мен айтган яхши тилак йўлида ишлатурсен!
Мирзо Улуғбек шундай деб, сандиқдаги тошларни бир четга сурди. Ярим қоронғи хона яна ҳам ёришиб кетди: тошларнинг тагида қуйма олтинлар ялтиллади. Юм-юмалоқ қолипларга қуйилган олтинлар худди тўнтарилган пиёлалардай сандиқ тагида қатор терилган эди.
Мирзо Улуғбек тиллалардан биттасини олиб, қўлида салмоқлаб кўрди.
– Нақ уч қадоқ келур, – деди. – Булар жаннатмакон бобомнинг менга қолдирган улушидур. Мен ўз улушимни жаҳонгирлик эмас, салтанатни обод қилмоқ, мадрасалар қуриб, илм-фан ривожига сарф этмак ниятида эдим. Энди ҳам шу ният йўлига сарф бўлғай…
Мирзо Улуғбек сандиқ остидан қалин қизил чарм халтача олиб, пиёладай-пиёладай қуйма олтиндан ўнтасини санаб ол ди, кейин кафтларини тўлдириб, беш-олти ҳовуч гавҳару жавоҳирлардан солди-да, Али Қушчига юзланди:
– Ол!
Али Қушчи чарм халтани сандиқдан олиб ерга қўйди: халта зилдай оғир эди.
Мирзо Улуғбек хаёлга толиб соқолини тутамлади.
– Филҳақиқат, сен бу тиллаларни ишлатмоқ йўлини билмассен, – деди у, анча сукутдан кейин. – Лекин буларни тангага алмаштирмоқ лозим бўлса, Хожа Салоҳиддин заргарга мурожаат қилғил. Зотан, заргар билан унинг ўғли мавлоно Муҳиддинга ҳам саломим, ҳам узр-маъзуримни етказгил. Токи бу мушкул ишда суянган бир тоғим сен бўлсанг, бир тоғим мавлоно Муҳиддиндур… Шаҳзоданинг гуноҳини кечиргай. Саломимни етказгил, Али. –Бош устига, устод…
Мирзо Улуғбек сандиқнинг қопқоғини ёпаркан:
– Биласен: шаҳзода – ногирон, қалби мажруҳ…
Устод Жайҳун бўйларида қўшин тортиб турган маҳалда Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазизнинг мунофиқликлари эсига тушган Али Қушчи: “О, устод, устод! – деди ичида. – Нечун бу фарзандингизга қаттиқ меҳр қўйдингиз? Сизнинг бошингизга тушган барча надоматларга шу фарзанди аржумандингиз[20 - Фарзанди аржуманд – суюкли фарзанд.] сабаб эмасми? Сиз унинг жисмини ногирон, қалбини мажруҳ дейсиз, у бўлса… ўрнингизга Самарқандда қолганида саркардаларингизни тазйиқ остига олди, амир Иброҳимбек ўғлини қатл қилдириб, барча лашкарбошиларингизни сизга қарши қўйди…”
Мирзо Улуғбек, гўё Али Қушчининг фикрларига тушунгандай оҳиста хўрсиниб қўйди:
– Мен ўзимдан қўрқамен, Али. Ҳақ таоло инъом этган умрни яхшидур, ёмондур, ўткардим. Бу норасо дунё лаззати шунчалик бўлур. Аммо… пушти камаримдан бўлган бу фарзандимнинг тақдири не бўлади? Оға-ини бир-бирини не қилади? Буни ўйласам юрагим эзилади, зеро, унинг жисми ногирон, қалби мажруҳ, Али!
Али Қушчи, гўё устодига густоҳлик қилгандай туюлиб, унинг ғамгин чеҳрасидан кўзини олиб қочди.
– Бас! Тангри таоло ўзи мушкулимизни осон қилғай! – Мирзо Улуғбек сандиқнинг қулфини илди-да, шамни қўлига олиб, олдинга ўтди. Саломхонага чиққач, эшикларни очиб, бошқа хоналарга қаради, ҳеч ким йўқлигига ишонгач, Али Қушчига юзланди.
– Кўксаройдан бу жавоҳиротни олиб чиққанингни ҳеч кимса билмаслиги даркор, – деди у. – Белбоғ билан белингга икки қатор қилиб тугиб ол!
Али Қушчи бош ирғаб устодига тикилди.
– Каминадин тағин не тилайсиз, устод?
Мирзо Улуғбекнинг кўзлари қисилиб, чеҳрасида ўйчанлик аралаш шиддатли бир ифода пайдо бўлди.
– Бор тилагимни боя айтдим, мен ўзимнинг чин бойлигим деб тожу тахтни эмас, илм-маърифат йўлида қилган хизматларимни, битган асарларим, тўплаган илм хазинасини билурмен. Бу бебаҳо хазинанинг тақдири сенинг қўлингдадур, Али. Бу хазина буткул Мовароуннаҳр, эҳтимолки буткул башариятнинг бойлигидур. Мабодо ҳақ таоло бандаи ожизни салтанатдан мосуво қилиб, элда хурофотки авжга минса… бу хазинани бўлғуси авлодлар учун асраб қолмоқ сенинг гарданингдадур. Эҳтимолким, уни тоғларга олиб чиқиб, аниқ бир жойга яширурсен. Эҳтиёт шарт, шу букундан уста топиб, ўн-ўн беш пўлат сандиқ ясатиб қўймоқ мақбул бўлур.
– Англадим, устод…
Мирзо Улуғбек қўлларини шогирдининг елкасига қўйди.
– Ҳақ таолога шукурким, ўз пушти камаримдан бўлған фарзандларимдан ёлчитмаса-да, сендай шогирд ато қилди… – Мирзо Улуғбек қалтираган қўллари билан Али Қушчини қучоқлаб, пешонасидан ўпди.
Али Қушчи нечундир яна ўша илиқ баҳор кунини эслади, кўз олдига нимжонгина оппоқ чол – жаннатмакон устоз Қозизода Румий келди . Чол ҳам худди Мирзо Улуғбекка ўхшаб пешонасидан ўпгани, юзига теккан оппоқ майин соқоли ёдига тушиб, кўнгли эриб кетди.
– Биллоҳ, фақир ҳам Оллоҳга шукур қиламенким сиздай меҳрибон устод ато қилди! – Али Қушчи беихтиёр кўзига ёш олди. – Тақдир бошқа йўлни ихтиёр этганда ким бўлар эдим?
Мирзо Улуғбек йирик тилла узук тақилган шаҳодат бармоғи билан кўз ёшларини артиб, тўсатдан шикаста овозда:
– Мен сендан абадул-абад розимен, – деди. – Агарчи дийдор кўришмак насиб этмас, рози бўлғайсен, ўғлим.
У бу кун иккинчи бор Али Қушчини “ўғлим” деди.
– Фақир ҳам розимен, устод, тоабад розимен…
Устод билан шогирд, кўз ёшидан тиллари лол, қаттиқ қучоқлашганларича жимгина қотиб қолдилар.
4
Мирзо Улуғбек Али Қушчини пастки ошиёнагача кузатиб қўйиб, овчилик ўлжалари билан безатилган хонага қайтиб кирди. Бу муаззам саройдаги сон-саноқсиз хоналар орасида Мирзо Улуғбек шу кенг осуда хонани кўпроқ хушлар эди. Саломхонада ўтириб чарчаганида, салтанат ишлари кўнглига текканида аксарият шу хонада ўтириб ҳордиқ чиқарар, мутолаа ва мушоҳада лаззатини сурар эди.
Хонанинг тўридаги хонтахтада кумуш баркашларга солинган кабоб ва патирлар, нозик мунаққаш пиёлаларга қуйилган бода қандай бўлса, шундай турарди.
Мирзо Улуғбек курсига ўтириб, бир ҳўплам шароб истагида пиёлани қўлига олди, лекин шу пайт мармар зиналарда гурс-гурс оёқ товушларини эшитиб, пиёлани жойига қўйди. Хонага тунд юзлик саройбон кириб, бош эгди.
– Бобо Ҳусайн Баҳодир…
– Қани? Айт, кирсин!..
Мирзо Улуғбек сўзини тугатмаган ҳам эдики, остонада кеча Кешга чопар қилиб юборилган суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир кўринди.
Новча, хушқомат, хушсурат Ҳусайн Баҳодир қўл қовуштирганча пойгакка тизза букди. Бошидаги учлик дубулғаси остидан оққан шиғ-шиғ тер томчилари юзини ювиб, қоп-қора соқолмўйловларига томчилар, мис совут тагига яширинган кенг кўкраклари темирчининг босқонидай кўтарилиб-тушиб турарди. Мирзо Улуғбек ранги ўчиб ўрнидан турди.
– Нечук гунгдай қотиб қолдинг? Сўзла!
– Аълоҳазратлари афв этсинлар. Сиз шаҳриёри фалак-иқтидорни хушнуд қиладурғон хабар келтирмадим…
– Сўзла! – бақириб юборди Мирзо Улуғбек.
– Кеш қўлдан кетгани аниқдур, валинеъмат! Қалъа доруғаси Амир Камолиддин Кеш калитини шаҳзодага қаршиликсиз қўш қўллаб топширибдур!
– Амир Арслон қайдадур!
– Амир Арслон ўз лашкари билан довонда турибдур…
Мирзо Улуғбек қўлларини орқасига қилганича хонани бир айланиб чиқди. Унинг кўзлари қисилиб, бурун катаклари пирпирай бошлаган, жағ пайлари туртиб чиққан қорамтир юзида, бутун важоҳатида шафқатсиз бир ифода пайдо бўлган эди. Сукут чўзилиб кетгач, саройбон Ҳусайн Баҳодирни секин туртди. Ҳусайн Баҳодир томоқ қириб:
– Онҳазратимнинг фармонларига тайёрмен, – деди.
Мирзо Улуғбек бошини кўтариб, уйқусизликдан қизарган кўзлари билан навкарига қаради, лекин навкарини кўрмади, хаёли бошқа ёқларда кезиб юрарди.
– Не дединг? Ҳа! Субҳидам лашкар тортиб йўлга чиқамиз. Отанжомлар шай бўлсин!
– Фармони ҳумоюн амри вожибдур, онҳазратим. Ва лекин бир арзим бор…
– Сўзла.
– Арзим шуки, черик[21 - Черик – кўнгиллилар маъносида.] йиғсак.
– Черик?
– Фуқаро сизга содиқдур, валинеъмат! Ижозат этсангиз бешўн минг черик йиғар эдик.
Мирзо Улуғбек соқолини тутамлаб узоқ ўтирди, кейин оҳиста бош чайқаб:
– Йўқ, – деди. – Лашкар бас келмаган жойда черик не қилади? Бор, дамингни ол, Бобо Ҳусайн…
Саройбон билан Бобо Ҳусайн Баҳодир орқалари билан юриб чиқиб кетишди. Мирзо Улуғбек шароб тўла пиёлани қўлига олиб, бир кўтаришда сипқариб ташлади…
Ҳайҳот, унинг сўнгги умиди ҳам чил-чил синди. У шаҳзода Абдуллатифнинг катта қўшин билан Жайҳундан ўтиб, Кешга яқинлашаётганини билса-да, бу мустаҳкам қалъа унга жангжадалсиз таслим бўлишини кутмаган эди. У Амир Камолиддинга ишонар, унинг қалъа калитини шаҳзодага қаршиликсиз топширишини сира кутмаган, чунки уни ўзининг энг содиқ амирларидан бири деб ўйларди!.. Бас, Амир Камолиддинки сотқинлик қилган экан, эндиликда кимга инонмоқ, кимга суянмоқ даркор? Эсига беихтиёр бобосининг бир гапи тушди.
Амир Темур Ҳиротда, “Боғи жаҳонда” Шоҳруҳ Мирзо билан суҳбатлашиб ўтириб, ўғлининг қайси бир амирнинг содиқлиги тўғрисида айтган гапига заҳарханда билан кулган эди.
– Бу амирларга инонма, ўғлим! Уларни содиқ бўлсин десанг, қиличингни илгингда[22 - Илик – қўл.] маҳкам ушла!
Дарҳақиқат, мана, салкам қирқ йил Мовароуннаҳрга салтанатли шоҳ бўлди. Мурувватли фуқаропарвар подшоҳ бўлишга уринди, бутун иқтидори ва салоҳиятини шу давлат, шу эл осойишталигига сарф қилди, аммо букун боши надоматда қолганда… дардини айтадиган на бир ҳабиби, на бир табиби бор!.. Тақдирнинг қандай ўйини эканким, унинг боши маломатдан чиқмай қолди. Ё… ал қасосил миналҳақ! Бобоси Амир Темурнинг қонли қилмишлари учун тақдир ундан ўч олмоқдаму? Ё шафқатсиз Хуросон юришида унинг ихтиёрига қарши тўкилган қон учун ҳақ таоло уни ўз меҳри шафоатидан мосуво қилдиму?
Буни ўйлаши билан отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин Ҳиротга борганида рўй берган бир воқеа эсига тушиб, вужудвужудигача жимирлаб кетди.
Жума куни эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротга кириши муносабати билан барча дин пешволари, аркони ҳарб ва аркони давлатлар масжиди жомега йиғилган эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротнинг аён ва боёнлари қуршовида Мадрасаи Шоҳруҳиядан чиқиб, қиблагоҳи қурдирган қаландарлар хонақосидан ўтаётганида соч-соқоли ўсиб кетган, мажнунсифат бир дарвеш пайдо бўлди-ю, худди зикр тушаётгандай ғалати ҳаракатлар қилиб, бежо кўзларини ўйнатиб, унинг йўлини тўсди.
Олдинда бораётган суворийлар дарвешнинг устига от солдириб, уни йўлдан ҳайдашга уринишди. Лекин Мирзо Улуғбек имо билан уларни четлатиб, дарвешнинг арзини эшитишга мойиллик билдирди. Шунда телба дарвеш жулдур жандасига осилган қўнғироқчаларини жаранглатиб, ғалати қийшанглаганича Мирзо Улуғбекнинг олдига келди. У оғзи кўпириб, “Ё Оллоҳ дўст, ё олло, ҳақ дўст ё олло!” деб зикр тушар ва зикр орасида алланималарни гапирар эди. Дарвеш ғудурлаб гапиргани учунми, Мирзо Улуғбек унинг сўзларига аранг тушунди.
Телба девона унинг саркардалари Ҳирот теварагидаги қишлоқларнигина эмас, ҳатто йўқсиллар ва гадолар хонақоҳларини ҳам талон-торож қилганидан сўзлар, бу иш учун бутун темурийлар авлоди Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлишини башорат қиларди… Мирзо Улуғбек ўзини эшитиб-эшитмаганликка олиб, жадаллаб ўтиб кетди. Лекин ўшандан бери телба дарвешнинг мудҳиш башорати эсидан чиқмайди. Мана ҳозир ҳам ўша манзара ёдига тушиб, этлари жимирлаб кетди…
Ҳа! Бу машъум Хуросон юриши унинг бошига кўп савдолар солди. Бошда уни бу юришга даъват этган амирлар эса зафариятсиз урушдан кейин ундан юз ўгириб, зимдан чоҳ қазиш пайига тушдилар. Лекин на чора? Отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг – покиза руҳи равзаи ризвонда масрур бўлғай! – волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегимнинг кирдикорлари туфайли Ҳирот саройида низо-нифоқ авж олиб, беқиёс салтанат хавф остида қолди!
Мирзо Улуғбек кўзини юмиб бошини секин чайқади. У волидаи меҳрибонига нисбатан кўнглида илиқ бир туйғу уйғотишга ҳаракат қилди. Лекин кўз олдига узун бўйли, кўк ипакдан кенг кўйлак кийиб, бошига кўк рўмол ўраган, қўлидан тасбеҳи тушмайдиган калондимоғ бир хотин келди. У қош-кўзлари қопқора, қийғир бурун, хушсурат хотин бўлса ҳам, фариштаси йўқ, чеҳраси совуқ аёл эди. Бобоси Амир Темур Кўрагоний шаҳодат шаробини ичгандан бери Гавҳаршод бегим бу кийимни, кўк ипак кўйлаги билан кўк рўмолини ташламас, гўё Соҳибқирон учун то ўлгунча мотам тутган, шу билан бу дунё ишларидан қўл ювиб, у дунё ғамига ўтган эди. Ҳайҳот! Амир Темур Оллоҳ раҳматига йўл тутиб, Хуросон тахтига Шоҳруҳ Мирзо ўтирибди ҳамки, Гавҳаршод бегим тожу тахтни ўз қўлига олди. Саройни жоҳил гумроҳлар ила Хоқони Саидни кўролмайдиган бадхоҳларга тўлдириб юборди. Ҳирот фисқи фужур уясига айланди. Шоҳруҳ Мирзони чалғитиб, сайидларни қатл қилдирган, шаҳзодалар орасига низо туширган, суюкли набираси Алоуддавла билан Абдуллатифни бир-бирига қайраб солиб қатлу қирғин чиқарган ҳам, эвоҳ, шу волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегим бўлди!.. Бу фитнаю хунхорликлардан иш чиқмагач, ўз ўғли Мирзо Улуғбекка “шоҳи Шарир”[23 - Шоҳи шарир – бузуқ шоҳ.] деган ном тақиб, шаҳзода Абдуллатифни қайраб солди. Шаҳзода эса… Нақшбандийлар жамоасининг раҳнамоси шайх Низомиддин Хомуш янглиғ дин пешволарининг домига илиниб қолди. О, хурофот ботқоғига ботиб қолган бу жоҳил уламолар! Илгари, Мирзо Улуғбек тахтда муқим ўтирган маҳалда улар тишларини тишларига қўйиб бўлса ҳам чидаб юришган эди. Лекин Мирзо Улуғбек Хуросон юришидан ғолибиятсиз қайтди ҳамки, дарҳол бош кўтариб чиқишди. Мирзо Улуғбек инонган лашкарбошилари эса… Юксак рутба, шон-шавкат ва зеб-зийнатга ўч бу амиру умаро эса… фақат тахт соҳиби кучда турган маҳалдаёқ қўл қовуштириб туради. Салтанат сал тебрансин, дарҳол юз ўгирди. Кимнингки қиличи ўткир – улар шунга хизмат қилади!
Ҳа, Хуросон юришидан кўп бойлик, юксак рутба ва шоншавкат кутган саркардаларнинг ҳамма умидлари пучга чиқди. На чора, бу оғир юриш зафар келтирмади. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек ўз ўғли Абдуллатифга қарши қўшин тортиб, Жайҳун бўйларига отланганида эса, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазиз кўп номақбул ишлар қилиб, бир қанча нуфузли амирларни унга қарши қўйди, урушдан чарчаган фуқаро ҳам ундан совуди. Оқибат, мана қирқ йиллик меҳнати хавф остида турибди!..
Мирзо Улуғбек бу ўйлардан боши ғовлаб, пешонасини ишқалади, яна бир пиёла шароб ичди, лекин уни ўз қаърига тортган туғёнли ўйлар гирдобидан чиқолмади.
У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дилдилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди. Ахир наҳот унинг шунча хизматлари, илми маърифат йўлида чеккан заҳматлари, сарф этган бойликлари, фуқаро учун қурдирган ҳаммому қаздирган ариқлари, наҳот бунинг ҳаммаси инобатга ўтмаса? Наҳот бўлғуси насллар уни бошқа шоҳ ва бошқа фотиҳлардан фарқ этмаса? Али Қушчи ўйлайдики, Мирзо Улуғбек салтанат талашмасдан тожу тахтни шаҳзодаларга бериб, илму идрок йўлига ўтса бас, шаҳзодалар уни ўз ҳолига қўярлар, суюкли ишинг билан шуғуллан деб, расадхона ва мадрасаларнинг дарвозаларини очиб берадилар. Ҳайҳот! Али Қушчи ўйлагандай осон бўлганида Мирзо Улуғбек бу бевафо ҳокимиятни аллақачонлар тарк этиб, ўзини суюкли ишига бағишламас эрдими? Бошидаги тож, тагидаги тахт илми фунун учун даркор эканини тушунмаганида, бу совуқ кошонани, гуноҳи азимга ботиб қолган бу ҳарам, шон-шуҳрат ва мансаб ишқида ҳеч бир разолатдан тоймаган бу амирлар, саркору саройбонлар, хурофот ва таассуб ботқоғига ботган дин пешволаридан юз ўгириб, суюкли талабалари орасига, маърифат даргоҳига кетмас эрдими? Лекин не чора? Бу манҳус тожу тахт, бу салтанат, инсонлар устидан ҳокимлик қилмоқ истаги шундай ширин эканки, унинг нияти поклигига ким инонади? Ким унинг самимийлигига, ўз ихтиёри билан салтанатдан қўл ювганига инониб, тинч қўяди? Агар унга инонсалар, инониб илму идрок билан бамайлихотир шуғулланишга қўйиб берсалар, у ҳозир ҳам вафосиз ҳокимият, бу тожу тахтдан бажону дил воз кечар эрди…
Юрагини ларзага солган бу ташвишли ўйлар, аламли кўнглидаги бу тўфон нақадар зўр бўлмасин, чарчоқ ва бедор ўтган кечалар ўз ишини қилди: Мирзо Улуғбек бошини курсининг суянчиғига ташлаганича кўзлари юмилиб бораркан, хаёлидан яна ўша фикр ўтди. Башарти шаҳзода унинг тилагини ҳурмат қилса, ўз ихтиёри билан салтанатдан воз кечиб, ўзини бус-бутун илмфанга бағишлашни кўнглига тугиб қўйди. Лекин субҳидам саройга йиғилган саркардалар уни уйғотишганда Мирзо Улуғбек кечаси кўнглига туккан аҳду паймонини эслаб ҳам ўтирмади. Олтин камарини белига маҳкам боғлаб, бобоси Амир Темур инъом этган тилла бандлик пўлат шамширини тақиб, жанг-жадалга шайланди. Мирзо Улуғбекнинг иродасидан зўрроқ бир куч уни тахт ва салтанат учун курашга даъват этди. Мирзо Улуғбек бу кучга бўйин эгди…
5
Али Қушчи отининг жиловини дарвозада кутиб олган қоровулга тутқазиб ҳовлига кирди. Ташқарида от туёқларининг дупури эшитилди: уни кузатиб келган сипоҳлар орқага қайтган эди.
Али Қушчи расадхонага қараб юрган эди, қоровул чол:
– Энангиз келмиш, мавлоно, – деди.
– Қайда?
– Китобдорнинг ҳужрасида.
“Китобдор” – Мирам Чалабий бўлиб, кечаю кундуз кутубхонадан чиқмагани учун шу номни олганди.
“Энам бу қора тунда не қилиб юрибди?”
Али Қушчининг хаёли ҳамон Кўксаройда, устодда эди. У кутубхонага ошиқар, у ерда ёлғиз ўтириб, устоднинг гапларини яна бир ўйлаб кўргиси келар, танҳо қолишни хоҳларди. Али Қушчи истар-истамас расадхонанинг орқасидаги толиби илмлар яшайдиган бир қаватли бинога бурилди.
Мирам Чалабий бинонинг энг чеккасидаги торгина ҳужрада истиқомат қиларди. Ҳужрада биттагина шам милтираб турар, Мирам Чалабий ўзи йўқ, энаси Тиллабиби ғира-шира ҳужранинг тўрида тиззаларини қучоқлаганича пинакка кетган эди.
Али Қушчи эшикни оҳиста ёпиб, орқага қайтмоқчи бўлди. Лекин Тиллабиби уйғониб кетиб, апил-тапил ўрнидан турди-да, қушдай пилдираб келиб, ўғлини бўйнидан қучоқлаб олди.
– Қайларда юрибсан, бўталоғим?
Саҳройи манғит уруғидан бўлган Тиллабибининг энг суюкли сўзи “бўта”, “бўталоғим” эди. Али Қушчи кулимсираб энасининг елкасини силади.
– Ўзингиз қайдан келдингиз, энажон? Тун ярмидан ошгандур.
– Энангни қўй, бўтам. Ўзинг сўйла: не бўлди, не қўйди?
– Нени сўрайсиз, энажон?
– Ҳаммаёқда шум хабар: султон Улуғбек тахтдан қулабдур. Барча маҳрамлари, барча шогирдлари қатлу қирғин бўлармиш…
Кампир мижжаларида титраб турган ёш томчиларини сидириб ташлаб, дардли кўзларини ўғлига тикди. Сочлари оппоқ оқарган, юзларини қат-қат ажин босган бу муштдеккина кампирнинг нигоҳи чексиз меҳрга, унсиз бир изтиробга тўла эди.
Али Қушчи кўнгли бир хил бўлиб, энасини оҳиста қучди, уни тинчитиш умидида бепарво кулган бўлди.
– Бу ёлғонни қайси нобакор топмиш, энажон?
– Нечун куласен? Бутун даҳа сўзлайди, бўталоғим. Раҳматли отанг айтгувчи эди: султонлардин олис юрмоқ даркор экан. Қирқ йил жаҳонгирга маҳрам бўлиб, унинг қароргоҳида мулозимлик қилиб не орттирдим? Бошимга бало орттирдим, холос, дегувчи эди…
– Қўрқманг, энажон…
– Қўрқмай не қилай? Султон Улуғбекка шогирд бўламан деб, не топдинг, бўтам? Топганинг китобми? Китоб деб, бефарзанд, сўққабош ўтасенми, бу дунёдин…
– Насиб қилса бўлиб қолар, эна…
– Қачон? Энанг ўлгандами?
Одатда Тиллабибининг бу гапи Али Қушчининг ғашини келтирар, ҳатто баъзан кампирни силтаб ҳам ташлар эди, лекин бу сафар негадир юрагини зирқиратиб юборди…
Али Қушчи энасини аранг тинчитиб, унга тўшак ёзиб бердида, хонадан чиқди.
Тонг яқин. Обираҳмат томондан хўрозлар қичқириғи, итларнинг ҳуриши эшитилар, лекин осмон ҳали юлдузларга тўла эди.
Али Қушчи ўйчан одимлаганича расадхонага кирди, эшик устидаги токчадан шам олиб ёқди-да, тик зиналардан юриб учинчи ошиёнага чиқди. Воажабо, у кутубхонанинг эшигини очиши билан юрагини чулғаб олган ғусса қайгадир тўзғиб кетди-ю, хаёлини қандайдир юксак бир туйғу асир этди. Гўё у кутубхонага эмас, бу чиркин оламдан тамом бошқа, ҳаётнинг икир-чикир ташвишларидан йироқ, мусаффо бир дунёга парвоз қилган эди…
Жомиул улум[24 - Жомиул улум – илм хазинаси.] аталмиш бу хазина учинчи ошиёнанинг иккита катта хонасини эгаллаган эди. Нозик ўймакорлик билан ясалган ва ердан шифтга тегадиган жавонлар китоб ва қўлёзмаларга лим-лим тўла эди.
Али Қушчи белидаги икки белбоғ олтин ва жавоҳирларни ўртадаги курсига “шақ” этказиб ташлади-да, қўлига шамни олиб, жавонларни битта-битта кўздан кечириб чиқди. Мана, ўнг томонда садафдек терилган уч қатор чарм жилдлик оғир, қалин китоблар, бу китоблар олис Қоҳирадан келтирилган. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний Султон Боязид Елдиримга қарши юриш қилганида ўша томонлардан олиб келган. Лекин улар ҳанузгача яхши мутолаа этилиб, шарҳ қилинмаган.
Устоз Мирзо Улуғбек осойишта даврни кутар, Мисрияи Қоҳирадан, Бағдод ва Дамашқ мадрасаларидан фозилларни чақиртириб, бу китоб ва нодир қўлёзмаларнинг мағзини чақтириш, уларни шарҳ эттириш ниятида эди…
Узоқ Мисрдан келтирилган бу қўлёзмалар ёнидаги жавонларга Бағдоддан, ҳикмат хазинаси, деб аталмиш “Ҳизонат ул ҳикмат”дан олиб келинган китоб ва қўлёзмалар терилган. Уларнинг кўк, қизил, яшил сахтиён жилдларидаги тилла суви юритилган гулдор безаклар шам шуъласида нафис зиё сочиб товланади.
Ундан нарироқдаги рахларига ҳайвон ва қушларнинг суратлари ўйилган нақшинкор жавонларга Чин[25 - Чин – Хитой.] ва Ҳиндистондан келтирилган ноёб китоблар терилган бўлиб, уларнинг ҳар бири кўк ва сарғиш ипак матоларга ўралган.
Бундан беш-олти йил муқаддам, Шоҳруҳ Мирзо вафотидан олдин, устод Ҳиндистон билан Чиндан тилла эвазига икки катта алломани чақиртириб олган эди. Ҳинд фозили кўп ўтмай фоний дунёни тарк этди. У ҳатто ҳинд мунажжимлари яратган машҳур “Сидҳаита”[26 - “Сидҳаита” – астрономияга оид машҳур асар.]нинг таржимасини ҳам ниҳоясига етказолмади… Чин-Мочиндан келган гапдон кўса аллома эса, Улуғбек мадрасасида бир неча йил форс ва туркий тилларни ўрганди, арабчадан таҳсил олди, ниҳоят, туркий тилда бидир-бидир қилиб сўзлайдиган ҳам бўлди. Сўнгра Чиндан келтирилган бир қанча китобларни форсий ва туркийга таржима қилди, лекин у ҳам ишни ниҳоясига етказа олмади, элимни соғиндим деб, Чинга отланган савдо карвони билан ўз юртига жўнаб кетди. Ундан қадимий Чин-Мочин мунажжимларининг форсийга таржима қилинган уч жилд китоби қолди…
Хонанинг тўридаги четларига тилла тасмалар қоқилган жавонларни Мовароуннаҳр фозилларининг китобларию нодир қўлёзмалари эгаллаган. Бу китоблару қўлёзмаларнинг ҳар бири алоҳида ишлов берилган яшил ва фируза ранг чарм билан жилдланган. Ҳар бир жилдга муаллифнинг муборак исми шарифлари зарҳал ҳарфлар билан битилганки, мана, ҳозир, шамнинг ҳазин шуъласида гўё сўнмас юлдузлардай ялтираб турибди.
Ана, энг тепада, Абу Абдулла Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг олти жилдлик табаррук асарлари қатор турибди. Ривоятларга қараганда, бу китобларнинг уч жилдини алломалар сарбони мавлоно Хоразмий ҳазратлари ўз муборак қўллари билан битган: улар гўзал Бағдоддан, машҳур “Байтул ҳикма”дан олиб келинган… Унинг ёнида Жомиул улум аталмиш Абу Али ибн Сино ҳазратларининг тиббиёт масалаларига оид йигирма жилдлик “Китоб уш-шифо”си ва яна камида ўн жилдлик “Китоб уннажот” асарлари ва ниҳоят, уч жилдлик шеърий асарлари терилган… Уларнинг ёнида Мавлоно Фаробийнинг ўн олти жилдлик донишмандлик мажмуалари, фозиллар фозили жаннатмакон Абу Райҳон Беруний ҳазратларининг ҳаммаси қизил сахтиён жилдлик китоблари олтиндай жилоланиб, ярқираб турибди. У зоти шарифнинг фақат бир асари, коинот сирларига бағишланган “ал-Қонун ал-Масъудий” деган асаригагина фируза ранг жилдда қопланган. Устод буюк алломанинг бу китобини кўп мутолаа қилар, шунинг учун ҳам уни бошқа китоблар орасидан тез топиб олиш ниятида фируза ранг жилдга ўратган эди… Ундан пастроқда донишлар дониши Аҳмад ибн Абдулла Марвазий, риёзиёт илмининг пири Аҳмад бин Муҳаммад Фарғоний ва мавлоно Абул Вафо ас-Самарқандий, мунажжимлар сарвари Ғиёсиддин Жамшид ҳамда Насириддин Тусий, унинг ёнида жаннатмакон устод Қозизода Румийнинг пурҳикмат асарлари терилган…
Ҳар сафар мавлоно Қозизода Румий – покиза руҳлари гулшани бақода масрур бўлғай! – бу илм масканига кириб, бу жавон олдида тўхтаганида, китобларга қўл узатишдан олдин кўзларини юмиб, лаблари пичирлаб, дуо ўқир, сўнг, танлаган китобини олиб қош-кўзларига суртар, лабига босар, шундан кейингина китобни очиб, мутолаага киришар эди. Устод ўзигина эмас, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир талабадан шундай қилишни талаб этарди.
Али Қушчининг кўз олдига яна ўша илиқ баҳор куни келди. Эсида бор, мавлоно Қозизода Румийни Мирзо Улуғбек ўзи бошлаб келган эди. У маҳалда аълоҳазратлари айни кучга тўлган, ёш. иқтидорли йигит эди. Ўзи ҳам эгнидаги заррин либоси, бошидаги симобий дастори, бутун шиддатли қиёфаси билан ёнидаги барча аъёнлардан ажралиб турарди. Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди. Лекин бу нимжонгина оппоқ чолнинг вужудидан аллақандай ички бир зиё, кишини ўзига ром қилувчи бўлакча бир меҳр ёғилиб турарди!..
Мавлоно билан Мирзо Улуғбек чинор соясидаги баланд курсилардан жой олишди. Сўнгра устод Қозизода Румий онҳазратнинг илтимоси билан зарбоф матога ўралган қалин китобини очиб, риёзиёт илми ҳамда бу илмнинг фалакиётни ўрганишдаги ўрни тўғрисида баҳс юритди. Али Қушчи устоднинг риёзиёт илмига бағишланган бу пурҳикмат китобини мадрасада кўп мутолаа қилган эди. Лекин мутолаадан олган завқи бир бўлди-ю, мавлононинг ўз оғзидан эшитгани бир бўлди. Устод мураккаб риёзиёт масалаларини шундай мулойим овозда, шундай тиниқ бир мантиқ билан ечиб бердики, Али Қушчи, гўё рисола эмас, ажиб мусиқа тинглаётгандек эриб кетди… Фақат Али Қушчи эмас, Мирзо Улуғбек билан бирга келган барча аъёнлар ва барча илм аҳли ва ҳаттоки, илм-фандан узоқ аркони давлатлар ҳам бошларини эгиб, чуқур сукутга чўмиб эшитдилар.
Ниҳоят, устод китобни ёпиб, аълоҳазратларига қаради. Аълоҳазратлари мавлонога ташаккур билдириб, ҳамон сукут сақлаб ўтирган аъёнлар ва толиби илмларга юзланди, чеҳрасига аллақандай маҳобат бағишлаган калта, қалин соқолини силаб, устоднинг каломи аён бўлган-бўлмаганини сўради. Мирзо Улуғбекнинг сўроғига бирор кимса жавоб бермади. Мадраса саҳнини тўлдирган халойиқ бошини хам қилиб, чурқ этмай ўтирарди. Мавлоно Қозизода Румий хафақон бош чайқади, Мирзо Улуғбек эса мийиғида кулимсираб қўйди. Шунда Али Қушчи ийманибгина ўрнидан турди ва қисилиб-қимтиниб унга ҳамма нарса аён эканини изҳор қилди.
Мавлоно Қозизода Румийнинг кўзлари чарақлаб кетди. Мирзо Улуғбек эса илми риёзиёт ва ҳандаса[27 - Ҳандаса – геометрия.] борасида уст-устига саволлар берди.
Али Қушчи аввал тортиниб, кейин эса хиёл далилланиб, ҳамма сўроқларга жавоб берди.
Шундан кейин Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб, авлод-аж додини, қайси мадрасада, кимлардан таълим олганини суриштирди, устод Қозизода Румий эса, майин соқоли билан унинг юзини силаб, пешонасидан ўпди…
Али Қушчи бу эсдаликлардан кўнгли бир хил бўлиб, тўрдаги хонага ўтди.
Бу хонанинг деворларига ҳам безакли жавон ясалиб, ердан шифтгача китоб терилган. Фақат қибла томондаги девор бўш, унга онҳазратларининг самовот жадваллари осилган эди. Мисрияи Қоҳирадан келтирилган қалин ипак қоғозга туширилган зарҳал нуқталар – юлдузлар сурати қоронғида худди чинакам осмону чинакам ситоралардай ярқираб, ажиб бир манзара касб этган эди…
Жадвалнинг тагидаги тилла суви билан битилган шарҳлар ва ҳар хил кўрсаткичлар эса симобдай ялтираб турарди.
Хонанинг тўридаги ҳар хил устурлоблар ёнига баланд суянчиғлик иккита юмшоқ курси қўйилган.
Мирзо Улуғбек кечалари шу ерда ўтириб, мутолаа қилишни суяр, суякли жадвали устида ҳам шу ерда ишлар эди. Али Қушчичи? Ахир тўрдаги деворда ажиб манзара касб этиб ялтиллаб турган бу коинот сурати, бу мураккаб жадвалларнинг бунёдга келишида унинг ҳам, Али Қушчининг ҳам хизматлари бор!.. Ёлғиз жадвал эмас, бу нодир хазина, уммондан жавоҳир қидирган ғаввос машаққати билан топилган бу пурҳикмат асарларни йиғишда ҳам Али Қушчининг меҳнати ва заҳмати бор!
Ана, жадвалларнинг ёнида, бурчакдаги жавонда Мирзо Улуғбекнинг олти жилдлик тарихий асарлари ёнида унинг – Али Қушчининг ҳам китоблари турибди!… Наҳот бу ноёб хазинадан, умрининг энг онгли, энг масъул дамлари ўтган, унга мушоҳада лаззатини бағишлаган, ёлғон дунё ғурбатларини эсидан чиқариб, фалакиёт оламида эркин сузишга ўргатган бу мунаввар масканидан айрилса?!
Боя устод айтган бидъат ва хурофот маддоҳлари уни риндона кайфиятлар оғушида қолган осий банда деб ўйлашади, Али Қушчи эса шу даргоҳни деб, шу илм дурдоналарини деб, барча фоний дунё лаззатларини тарк этди, ҳатто ногирон энасини юм-юм йиғлатиб, уйланмоқ ва фарзанд кўрмоқ бахтидан маҳрум бўлди… Ниҳоят энди, қирқдан ошиб, бебақо умрнинг охири кўриниб қолганида, бу зиё масканидан айрилса? Айрилганда не қилади? Қариган чоғида қайга боради?
Али Қушчининг қалбини ҳазин куйдай тиниқ бир мунг чулғаб олди. Бу мунг, бу ҳазин куй, дилининг энг нозик торларини оҳиста чертиб, кўнглида қандайдир хаста, нотавон ҳислар қўзғатди. Гўё у бу ёруғ дунёда ёлғиз қолган, ҳамма ундан юз ўгирган, ҳамма уни ташлаб кетган эди… тўсатдан у лабларида нордон бир таъм сезиб, ҳушига келди-ю, қўлидаги шамни баландроқ кўтариб, чоратрофига қаради: китоблар, китоблар, китоблар!… Йўқ, бу китобларни ўн-ўн беш эмас, юз сандиққа ҳам сиғдириб бўлмас! Бас! Устод бу ноёб асарларнинг ичидан энг нодирларини, қимматбаҳо тошлар орасидаги лаъл ва инжуларни айтибди! Лекин бу сандиқларни кимга ясатади? Бу нодир хазинани қаерга яширади? – Али Қушчи ўйлаб-ўйлаб, шу бугуноқ малоно Муҳиддиннинг ҳузурига бориш ва унинг отаси Хожа Салоҳиддин заргар билан маслаҳатлашишга аҳд қилди.
У ўйчан одимлаб биринчи хонага чиқди. Белбоққа тугилган олтин ва жавоҳирларни хонтахтадан оларкан, пиёладай-пиёладай қуйма тиллалар қўлидан сидирилиб тушиб, гиламда юмалаб кетди, сочилган лаъл ва инжулардан нимқоронғи хонада юлдузлар чарақлади…
Али Қушчи бу бойликни қаерга яширишини ўйлаб узоқ турди, ниҳоят, эшик устидаги қалин китобларнинг орқасига яширди, кейин ташқарига чиқиб, таҳорат олди, эртароқ бўлса ҳам бомдод намозини ўқиб, чакмонини кийди-да, энасидан хабар олиб туришни қоровулга топшириб, расадхонадан чиқди.
6
Уфқдаги тоғларнинг усти ғира-шира оқарган, лекин осмонда, сийрак булутлар орасида ҳамон милт-милт ёнган юлдузлар кўринади. Этни жунжиктирувчи совуқ шабада эса, йўл бўйидаги дарахтлар ҳамон тундагидай эгилиб-эшилар, рўпарадаги “Боғи майдон” дарёдай шовуллар эди.
Одатда шаъбон ойи бундай совуқ келмас. Самарқанд боғлари нафис қизил-қирмизи рангга бўялиб, илиқ куз офтобида майин товланиб, эркаланиб ётарди… Ҳар куни бу маҳалда қовун-тарвуз ортилган четан араваларда деҳқонлар ўтар, эшакларига сават-сават новвот ранг узум ортган боғбонлар, қип-қизил ёнган чойнакдай-чойнакдай анорлар, нашвати ноклар солинган тоғораларни бошларига қўйган йигитлар бозор томон шошилишар, сурув-сурув қўйлар, гоҳида эса қўнғироқларини жангир-жунгур қилиб туя карвонлари ўтиб қоларди… Букун катта йўлдаги эмас, четан ва пахса девор билан ўралган боғлар, ҳовлилар, уйлар – ҳаммаси жимжит. Гўё доруссалтана Самарқанд таҳлика остида қолганини одамларгина эмас, парранда ва даррандалар ҳам сезгандай, на қушларнинг сайраши эшитилади, на қўй-қўзиларнинг маъраши! Ҳатто итлар ҳам пана-панага кириб кетганга ўхшайди.
Али Қушчи Қусам ибн Аббос мақбарасидан ўтиб чапга бурилганда олдинда, Регистон томонда, йўқ, ундан ҳам нарида, Кўксарой майдонида ноғоралар гумбурлади, ноғораларга карнайларнинг наъраси қўшилиб, еру кўкни ларзага солди…
“Онҳазрат отланибдур!..” – Али Қушчи хаёлан устодга омад тилаб, юзига фотиҳа тортди.
У тош терилган катта кўчага чиқиб, масжиди жомега бурилганида орқадан, Шоҳизинда қабристонининг рўпарасидаги хонақоҳ томондан, “Ё олло, дўст, ё олло!” деган нидо эшитилиб, бир тўда дарвешлар кўринди.
Эгниларида жанда, бошларида эчки терисидан тикилган учлик кулоҳ, қўлларида исириқ тутатилган качкул, дарвешлар кўзларини юмиб бошларини бир меъёрда тебратишиб, жазава билан зикр тушиб келишарди:
Ё олло, дўст, ё олло!
Ҳақ дўст, ё олло!
Фоний дунё деганлар,
Тақвони тарк этганлар,
Ҳамду сано демасдин,
Кайфи сафо деганлар,
Гуноҳи адад йўқ,
Тонг-ла маҳшар мадад йўқ.
Ё олло, дўст, ё олло!
Ҳақ дўст, ё олло!
Қаландарлар исириқнинг ўткир ҳидини таратиб бир меъёрда чайқалишиб, “ёҳу-ҳу”лаганларича Али Қушчининг ёнидан ўтиб кетишди.
Али Қушчи ўзини четга олиб, уларни ўтказиб юбораркан, энг орқада кетаётган, қоп-қора соқоли кўксига тушган, кўзлари ёниб турган барваста дарвеш ўгирилиб қараганини кўрди-ю, юраги “шиғ” этди. Бу ўша, кечаси устод сўраган, Қаландар Қарноқий деган дарвеш эди… Қаландар Қарноқий унга бош ирғаб, билинарбилинмас таъзим қилгандай бўлди.
Али Қушчи унинг яғриндор бақувват қадди-қоматига, жулдури чиқиб титилиб кетган ҳирқасига тикилганича тўхтаб қолди, сўнгра бир-бир босиб масжиди жоменинг ён томонидаги тор кўчага бурилди…
Қаландарларнинг “Ё олло, дўст, ё олло”си узоқлашиб борар, лекин Али Қушчининг кўз олдидан дарвешнинг серсоқол юзи, аллақандай дардли нигоҳи кетмас эди.
Қаландар олис Ясси шаҳри, тўғрироғи, Ясси яқинидаги Қарноқ қалъасидан эди.
У бундан қарийб йигирма йил муқаддам, қипчоқ хони Бароқ ўғлон Сиғноқ ва Яссини босиб олган йили, бир гуруҳ йигитлар билан Мирзо Улуғбекдан мадад тилаб келган эди.
Ўша йили Сайҳун бўйларида Бароқхонга қарши бўлган жангу жадалда Қаландар мислсиз жасорат кўрсатиб, устодни ўлимдан асраб қолганлардан бири бўлган эди. Лекин бу юришда унинг энг азиз дўстлари – Ясси ва Сиғноқ йигитлари ҳалок бўлган, шу боисданми ё Мирзо Улуғбек қаттиқ мағлубиятга учраб, Ясси ғанимлар қўлида қолганиданми, хуллас, Қаландар сипоҳиликни тарк этиб, илм-фанни ихтиёр этган эди.
У сипоҳий кийимларини мадраса толибларининг саруполарига алмаштириб, бошига дастор ўраб, мадрасаи Улуғбекда, Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддин қўлида таҳсил олди. Илм соҳасида ҳам кўп зукко чиқиб, устоднинг меҳрига муяссар бўлди. Хусусан, туркийда кўп нафис шеърлар битди. Аммо бу орада (фалакнинг ўйинини қаранг!) ўз устози мавлоно Муҳиддиннинг қизи Хуршида бонуга ишқи тушиб қолди.
Мавлоно Муҳиддин одамийлик қилиб, шогирдини куёв қилишга ризолик билдирди, аммо отаси Хожа Салоҳиддин заргар фақир шоирни суюкли неварасига номуносиб топиб, шоирнинг раъйини қайтарди. Шу-шу серзавқ, дилкаш шоир тўсатдан ўзини ҳаммадан олиб қочадиган бир зоҳидга айланди. Сал ўтмай, у мадрасани тарк этиб, гадоликка юз тутди… Бу воқеадан кейин Али Қушчи уни бир неча бор кўрган эди, лекин Қаландар устодини кўрса ҳам кўрмаганликка олар, кўзларини юмиб, кулоҳлик бошини тебратиб, зикр тушганича ўтиб кетарди. Бугун нечундир ўгирилиб қаради, бош ирғаб таъзим қилгандай бўлди. Бу таъзим камоли ҳурматданми ё билъакс, таҳдид ишорасими?
Олисда, Кўксарой томонда ҳамон ноғоралар гумбурлар, карнайлар сурон соларди. Кўчалар, гузарлар ҳамон кимсасиз, осуда. Одатда бу маҳалда катта чарм мешларини бўйинларига осиб олган мешкобчилар кўчага сув сепиб, фаррошлар ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудек қилиб супириб-сидириб қўйишар, сўнг кўчанинг икки юзидаги раста-раста дўконлар очилар, темирчилар қўраларга саксовул, кўмир қалаб, гуп-гуп босқон урар, норғул, паҳлавонжусса тақачилар осмонга сапчиган асов отларни зорли кишнатиб тақа қоқар; сангтарошлар мармар тошларни чўкичлаб, нақшинкор буюмлар ясашар; чархчилар учқун сачратиб пичоқ ва ойболта чархлашар; суяктарошлар қилич ва ханжарларга қимматбаҳо даста йўнишар; гиламдўз ва шоҳичилар; сандиқчи ва бешиксозлар, дурадгорлар, кулоллар, чилангарлар, мискарлар ишга киришар – ҳаммаёқ тарақ-туруқ бўлиб кетарди. Бу пайтда нонвойлар нон ёпишга, ҳолвафурушлар ҳолва, сомсапазлар сомса, кабобпазлар кабоб пиширишга киришар, ҳаво иссиқ нон ва сомса, пиёз ва кабобнинг тутун аралаш аччиқ ва хушбўй ҳидига тўларди. Ҳозир эса дўконлар берк, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит.
Али Қушчи бу расталарни севар, қўли бўш кунлари ё мутолаадан чарчаган пайтлари аксарият шу ерга келиб, усталарнинг ишига разм солиб, улар билан суҳбатлашиб ўтиришни яхши кўрар эди. Наҳот сокин дарёдай бир меъёрда оққан бу ҳаёт довулга учраса? Наҳот бу чексиз расталар, бир-бирига туташиб кетган дўкон ва дўкончалар, нозик устахоналар, ҳаммаси зер-забар бўлса?…
Али Қушчи кўнгли бир хил бўлиб қадамини тезлаштирди. Тор кўча чекиниб, олдинда кичикроқ бир гузар кўринди. Гузарнинг ўртасида шохлари қуриб-қовжираб қолган бир туп шотут ўсарди. Шотутнинг ўнг томонида болохонаси кўчага қаратиб қурилган салобатли бино қад кўтарган. Болохонанинг тагида қўштавақали залворли дарвоза, дарвозанинг ўнг қанотида эшик. Майдоннинг чор-атрофи ялпоқ ғиштдан қурилган қатор уйлар билан ўралган. Бу – Салоҳиддин заргарнинг дўконлари бўлиб, улар ҳам берк, ҳар бир эшикда отнинг калласидай қулф.
Али Қушчи дарвоза олдида тўхтаб, оғир мис ҳалқаларни қоқди. Анчадан кейин ичкаридан:
– Савдо йўқ, дўкон ишламайди, – деган бўғиқ, хирилдоқ овоз эшитилди.
– Камина Мадрасаи Улуғбекдан мавлоно Муҳиддинни зиёрат қилгани келдим… Кириб айтинг: биродарингиз Али Қушчи келибдур, денг.
Ичкарида гурс-гурс оёқ товуши эшитилди. Сал ўтмай эшик қийғоч очилиб, белига қилич осган қора барзанги йигит кўринди.
Али Қушчи тепаси ёпиқ қоронғи бостирмага кирди ва тор йўлакдан ўтиб, ўрдадай кенг ҳовлига чиқди. Ҳовлининг тўрт томони ҳам олди айвон бинолар бўлиб, бир-бирига туташиб кетган эди. Нозик нимпушти ва ложувард рангга бўялган баланд пештоқлар, айвоннинг ўймакор устунлари, безакли эшик ва дарчалари ҳозиргина чиққан совуқ куз офтобида чарақлаб, кенг ҳовлини аллақандай нурафшон қилиб юборган эди.
Али Қушчи ҳовлига кирганда ўнг томондаги уйнинг эшиги оҳиста очилиб, бошида тўқ ҳаворанг ипак рўмол, эгнида тўпиғига тушган ҳаворанг шойи кўйлак, оёғида учига ёқут қадалган бежирим кобулий кавуш, тол чивиқдай нозик бир қиз кўринди. Қиз Али Қушчини кўриб, юзини ҳарир ҳаворанг рўмоли билан тўсиб олди, оҳунинг кўзларидай катта серкиприк кўзларини ерга тикиб, кафтини кўксига босиб, бош эгди.
– Ассалом, устоз…
“Ё тавба! Бу не ҳолки, бир неча дақиқа орасида ҳар иккала ошиқ-маъшуқни ҳам кўрса!”
Бону, таълим кўрган эмасми, уни устоз, деди…
Али Қушчи негадир кўнгли эриб:
– Умринг узоқ бўлғай қизим, – деди. – Даданг уйдаларми?
– Уйдадурлар. Марҳамат қилинг, устоз… – Хуршида бону қўлини кўксига қўйганича чекиниб, унга йўл берди. Бонунинг овози ҳам чеҳрасидай мулойим ва хиёл маъюс эди.
Али Қушчи айвонга чиқиб, олдин даҳлизга, даҳлиздан чап қўлдаги таниш хонага кирди. Ерга хитойи ипак гиламлар тўшалган, шифтига тилла қандил осилган бу кенг чорхари хона – мавлоно Муҳиддиннинг истироҳатгоҳи ҳисобланар эди.
Уйнинг тўрида, қат-қат шоҳи кўрпачалар устида, боши пар ёстиққа чўкиб ётган мавлоно Муҳиддин уни кўриб, ўрнидан қўзғалди.
– Қўзғалманг, азизим, қўзғалманг!… – Али Қушчи жадаллаб бориб, биродарининг ёнига тиз чўкди.
Мавлоно Муҳиддин қирқ беш ёшлар чамасидаги, қош-кўзлари қизининг қош-кўзларидай қоп-қора, оқ-сариқдан келган, нозиккина, бўйчан бир одам эди. У пешонасини шойи қийиқча билан боғлаб, бошига учлик қора такя кийиб, авраси мовут қимматбаҳо сувсар пўстинига ўраниб олганди. Мавлоно қўш-қўш олтин узуклар тақилган узун ингичка бармоқларини чўзиб кўришди-да, ёстиққа ёнбошлади.
– Оллоҳ шифо бергай! – Али Қушчи юзига фотиҳа тортиб дўстига қаради. – Қалайсен? Табибга кўриндингму?
Мавлоно Муҳиддин “ҳа” деб бош ирғади-да, кўзини юмди.
Хонага мадраса талабасига ўхшаган ёш маҳрам кириб, ўртага дастурхон ёзди, кумуш баркашларда иссиқ нон, сомса, пиёз пўстидай нозик чинни ликопчаларда асал, бодом, майиз олиб келиб қўйди.
Али Қушчига хонада нимадир етишмаётгандай бўлиб, атрофига қаради, қаради-ю, бир зум ағрайиб қолди. Икки томондаги китобларга тўлиб турадиган қуббали жавонларда на бир китоб бор эди, на бир қўлёзма! Уларнинг ўрнига бежирим хитой чиннилари, четларига тилла суви юритилган мунаққаш пиёлалар, гулдор кумуш баркашлар, ўймакорлик билан ишланган нозик қумғончалар, ранг-баранг кўза ва кўзачалар терилган, бунинг ҳаммаси ярақлаб-чарақлаб кенг хонани заррин жилога тўлдириб юборган эди.
Али Қушчи ҳайрон бўлиб, мавлоно Муҳиддинга қаради. У ҳамон кўзларини юмиб, ёнбошлаб ётарди. Али Қушчи кўнглига ёпирилиб келган аллақандай ёмон туйғуни босиб:
– Кеча устод чақиртирган эркан, Кўксаройда бўлдим, – деди.
Мавлоно Муҳиддин жойида бир қўзғалиб, йўталиб қўйди.
– Каминага ҳам чопар юбормишлар. Таассуфким, хасталик сабаб, изҳори ихлос этмоқнинг чораси бўлмади.
Мавлоно Муҳиддин негадир қизаринқираб, Али Қушчини дастурхонга қистади. Ажабо: у устод тўғрисида бир оғиз гап сўрамади.
– Устод сизга салом йўллади…
– Абадул-абад саломат бўлғайлар. Марҳамат, ноз-неъматдан олғайсиз, азизим… – Мавлоно Муҳиддин шоша-пиша патирларни ушатиб, Али Қушчини дастурхонга қистади. Али Қушчи совуқ кулимсираб:
– Салом билан бирга устод бир нозик тилак билдирдилар, – деди.
Мавлоно Муҳиддиннинг патир ушатаётган нозик бармоқлари ҳаракатдан тўхтаб, ҳавода муаллақ осилиб қолди.
– Не тилак эрмиш?
– Хабарингиз бордур, азизим, букун субҳидам аълоҳазратлари Мовароуннаҳр сарҳадига қўшин тортиб кирган шаҳзодага қарши юриш бошлади… Иншооллоҳ, қирқ йил шафоат қилган Тангри таоло бу сафар ҳам ўз иноятини дариғ тутмас… Ва лекин… – Али Қушчи устоднинг маҳзун чеҳрасини эслаб, бир энтикиб олди. – Ва лекин, бандаи ғофил ҳақ таолонинг ихтиёрини билмоқдан ожиздурмиз. Агарчи ҳумо қуши шаҳзоданинг бошига қўниб, юрт осойиши бузилса… расадхонадаги барча нодир китоблар, барча ноёб қўлёзмаларни асраб қолмоқ сизу бизга юкланибдур, биродари азиз…
Мавлоно Муҳиддин “ялт” этиб Али Қушчига қаради.
– Асраб қолмоқ?… Бунинг учун не қилмоқ керак? Ақлимга сиғмайдур…
– Бунинг учун энг нодир қўлёзмалар билан ноёб китобларни яширмоқ даркор. Расадхонадан олиб чиқиб, ишончли жойга яширмоқ керакдур…
– Ишончли жой… бу даргоҳми?
Мавлоно Муҳиддиннинг юзида шундай зўр бир саросима акс этдики, Али Қушчи кулимсираб бош чайқади.
– Йўқ, биродар, бу даргоҳ тўғри келмас. Сўз бир китоб, ўн китоб эмас, беш-олти туяга юк бўладурғон хазина устида борадур…
Мавлоно Муҳиддин тилла узуклар тақилган ингичка бармоқлари билан дастурхонни ҳимарганича жим қолди.
– Бизнинг даргоҳ тўғри келмаса… камина не қилай? Мақсадингизни англамадим…
– Нечук англамайсиз, азизим? – деди Али Қушчи зардаси қайнаб. – Устод сиз билан мени энг яқин шогирдларим деб, бу юмушни юклагандур. Фақир ҳузурингизга маслаҳат сўраб келдим.
Мавлоно Муҳиддиннинг оқ-сариқ юзига қизиллик югурди.
– Маъзур кўргайсиз, – деди у шошиб. Кўп мушкул юмушдир бу. Камина бу ишга қиблагоҳимдан бемаслаҳат қўл уролмасмен. Ижозат берсангиз ул зотдан маслаҳат сўрар эдим.
Али Қушчи “маъқул”, деган маънода бош ирғади.
Мавлоно Муҳиддин шоша-пиша ўрнидан турди, ялтироқ қора чармдан тикилган қошиқдеккина кавушини оёғига илиб, шип-шип юриб хонадан чиқди.
Али Қушчи қўлидаги гулдор пиёлани айлантирганича чуқур хаёлга толди.
Мавлоно Муҳиддин Улуғбек мадрасасига мударрис этиб тайинланган йили Салоҳиддин заргар худди шу ҳовлида бутун Самарқанд аҳли ирфонига ош берган эди. Ошга жаннатмакон устод Қозизода Румий билан онҳазратлари ҳам ташриф буюрган эдилар. Ўшанда Салоҳиддин заргар суюкли ўғли мавлоно Муҳиддин учун йиққан нодир қўлёзмаларини кўз-кўз қилиб, аълоҳазратларининг таҳсинига сазовор бўлган эди. Зотан бу мавқе, бу обрў, бу бойлик – ҳаммаси Мирзо Улуғбек орқасида орттирилган эди. Устод шогирди мавлоно Муҳиддинни шундай суяр, унинг илми ва салоҳиятларини шундай юксак баҳолар эдики, ёшлигига қарамай мударрисликка кўтариб, катта нафақа тайин қилди. Ўғлига бўлган бу ҳурмат-эҳтиром туфайли отаси Хожа Салоҳиддин заргар “тархон” номини олди, Мирзо Улуғбек унга савдо аҳлидан ҳеч бирига бермаган имтиёзларни берди, ҳатто тамғадан[28 - Тамға – алоҳида] ҳам озод қилди. Қисқаси, Салоҳиддин заргар Мовароуннаҳрдаги энг нуфузли одамлардан бирига, энг катта савдогарга айланди. Энди бўлса… Ҳайҳот! – Али Қушчи оёқ шарпаларини эшитиб бошини кўтарди.
Бўсағада… фил тишидан ясалган оппоқ асосига таяниб, Хожа Салоҳиддин заргар турарди. Эгнида қизил мовут тўн, бошида зар билан тикилган учлик гилам дўппи. Салоҳиддин заргар пойгакда тўхтаб, пахмоқ қошлари остига яширинган тийрак кўзлари билан Али Қушчига тикилиб қолган эди.
Етмишга борган бу чолнинг қадди-қомати, узунчоқ оппоқ юзи, ҳатто кийинишида қандайдир пинҳоний бир гўзаллик бор, ўзиям муштдеккина бўлса-да, зуваласи пишиқ, нигоҳи ўткир эди.
Али Қушчи ўрнидан туриб тавозе билан салом берди.
Чол фил тишидан ясалган, бандига дур ва ёқут қадалган асосини деворга суяб, тўрдаги кўрпачага ўтиб ўтирди, ўтираркан, Али Қушчи билан ўғлига икки ёнидан жой кўрсатди.
Боя дастурхон ёзган ёш маҳрам шарпасиз одимлаб кириб, ўртадаги кумуш баркашни олиб чиқиб кетди ва бир лаҳзадан кейин тилла баркашда янги мева-чева олиб кирди. То бу ишнинг ҳаммаси бажо келтирилмагунча Салоҳиддин заргар чурқ этмади. Ёш маҳрам орқаси билан юриб чиқиб кетгандан кейингина бошини кўтариб, ўткир кўзларини Али Қушчига тикди.
– Кўп бўлди, фақир кулбамизга қадам ранжида қилмаган эдилар. Энди хуш келибсиз, мавлоно!..
Али Қушчи унинг “фақир кулбамиз”, деганига ичида бир кулиб қўйди.
– Ташаккур сизга. Ҳузурингизга бир ниятда ташриф буюрган эдим, тақсир. Мавлоно Муҳиддин баён қилгандур…
Салоҳиддин заргар “баён қилди”, деган маънода бош ирғади. Сўнг, қўлидаги пиёладан хушбўй чой ҳўпларкан, секин деди:
– Бу муаммони муҳокама қилмоқдан бурун сизга айтадурғон бир оғиз сўзим бор, мавлоно… Сиз Мирзо Улуғбек ҳазратлари тожу тахтдан айрилганидан хабарингиз борми?
Чолнинг қалин қошлари тагига яширинган чағир кўзлари тикондай қадалиб турарди.
– Йўқ! Камина тунда онҳазратимнинг ҳузурида эдим. Давлатпаноҳ букун субҳидам лашкар тортиб…
Салоҳиддин тархон тоқатсизланиб елкасини учирди.
– Маълумингиз бўлғай: шаҳзодаи жувонбахт Мирзо Абдуллатифнинг лашкари шу сонияда довонда турибди. Аълоҳазратларининг жамики саркардалари тахтимизнинг валиаҳди Абдуллатифга байъат этгандур[29 - Байъат этмоқ – қасамёд қилмоқ.]…
Али Қушчи буни кечаси устоднинг ўксик руҳиданоқ сезган эди. Лекин Салоҳиддин заргарнинг салтанат сирларини бу қадар яхши билиши уни ҳайратга солди. У лол бўлиб ер остидан мавлоно Муҳиддинга қаради. Мавлоно Муҳиддин, гўё бу нохуш хабардан эзилиб кетаётгандай, бошини елкалари орасига олиб, ғужанак бўлиб ўтирарди.
– Энди сизга бир сўроқ, мавлоно: бу мушкул вазиятда жазм этган юмушингиз нечоғлик хатарли эканини мулоҳаза қилиб кўрдингизму?
Салоҳиддин заргар пиёласини ўғлига узатиб, Али Қушчига тик боқди. Али Қушчи “ҳа, мулоҳаза қилиб кўрдим”, демоқчи эди, лекин чол овозини хиёл кўтариб:
– Яна маълумингиз бўлсинким, – деди, – сиз яшириб олиб қолмоққа жазм этган илм дурдоналари ўтда ёндирилмоққа фатво қилингандур!..
Али Қушчи бир сапчиб тушди.
– Қайси жоҳил бу фатвони бермишдур?
– Бу сўздан хулоса шуким, – деди Салоҳиддин заргар унинг саволига жавоб бермай, – кутубхонани яшириб, куфр китобларни асраб қолмоқни ният қилган осий банда ҳам ўшал китоблар гулханида ёнмоғи муҳаққақдур! Буни астойдил муҳокама қилиб кўрдингизми, ўғлим?
Сўнгги сўзларни айтаётганда чолнинг овози таҳдид билан янгради-ю, Али Қушчи беихтиёр сесканиб кетди. Кўпни кўрган, ҳам бу дунё лаззатини тотган, ҳам умрида кўп азият чеккан бу ўктам чолнинг самимийлиги бешак-бешубҳа эди. Лекин нечун бу сўзлар Али Қушчининг юрагига ғулу солди? Нечун тунда, устод хавф-хатардан сўз очганида чўчимаган одам, энди чўчиди? Ё унда бунчалик қалтис эканини билмас эдими? Бас! Билганда нима қиларди? Танлаган йўлидан қайтармиди? Илм-фанни тарк этиб, тақво йўлига ўтармиди? Улуғбек мадрасасини, расадхонасини ташлаб, масжидга борармиди? Мударрислик тақясини ечиб, бошига имомлик дасторини ўрармиди?
Унинг ўйланиб қолганини кўрган Салоҳиддин заргар:
– Ўғлим Али, – деди овози майинлашиб, – Оллоҳ таоло шоҳид. Мен сизни ўз фарзандимдан аъло кўрамен. Сизнинг бошингизга тушган мусибат ўз пушти камаримдан бўлған ўғлим бошига тушган мусибат бўлур. Алқисса, бу ишда минг чандон эҳтиёт бўлмоғингизни ота ўрнида маслаҳат қиламен…
Чолнинг гапларидаги самимият Али Қушчининг юрагига “жиз” этиб тегди. У миннатдорчилик билдиришга оғиз жуфтлади-ю, эсига яна устод тушиб, ўзидан ғижинди.
– Пурҳикмат насиҳатларингиз учун ташаккур, тақсир, – деди Али Қушчи. – Фақир сизнинг насиҳатларингиз самимий эканига шубҳа қилмасмен. Аммо… – Али Қушчи ҳаяжонланиб, қулт этиб ютинди. – Аммо сўз оддий дурдоналар – тилла ва жавоҳирлар тўғрисида эмас, илм жавоҳирлари тўғрисида борадур. Инсониятнинг энг етук фарзандлари бунёд этган хазина устида борадур. Сизга маълумдир, устод Мирзо Улуғбек бу хазинани салкам қирқ йил йиғмишдир. Фақир эса, устод Мирзо Улуғбекнинг меҳри саховати туфайли одам бўлганмен. Устоднинг нон-тузини, берган илмини унутган шогирд кўр бўлур, тақсир. Бас! Камина ўз бошимни асраб қолмоқ муродида устоднинг раъйини қайтаргандин кўра, сиз айтган хурофот гулханида ёнмоқни афзал кўрурмен!..
Ҳаяжондан нафаси бўғилган Али Қушчи, чуқур тин олиб, зимдан мавлоно Муҳиддинга кўз ташлади. Мавлоно Муҳиддин ҳамон бояги вазиятда чурқ этмай ўтирар, фақат духоба такя кийган боши яна ҳам пастроқ эгилган эди.
– Мавлоно Али Қушчи, – деди чол, оппоқ қошларини силаб. – Сиз кўп баландпарвоз, кўп улуғ сўз айтдингиз. Аммо осий бандани афв этинг, бу сўзни сиздан кўпни кўрган закий мавлоно эрмас, илм даргоҳига энди қадам ранжида қилган ўн беш яшар ёш талаба сўзласа ярашур эди… – Салоҳиддин заргар Али Қушчининг гапирмоқчи эканини кўриб, қўлини кўтарди. Сўзимнинг “берди”сини айтмоққа ижозат этгайсиз, мавлоно! Сиз аълоҳазратларининг меҳри оқибатидан сўзладингиз. Дуруст. Ул зоти шарифнинг меҳри саховатини унутмоқ кўрлик бўлади. Аммо сизга бир саволим бор…
– Марҳамат, тақсир…
– Сиз… суюкли набирам Хуршида бонуни Амир Иброҳимбекнинг кенжа ўғлига никоҳлаб берганимдан хабарингиз бордур?
– Хабарим бор. Аммо…
– Аммо бу ожизамиз шаҳзода Абдулъазиз туфайли бахти қора бўлғонидан хабарингиз борму? – деди Салоҳиддин заргар ва тўсатдан кўзига ёш олди. – Билмасангиз билиб қўйинг, мавлоно. – Мирзо Улуғбекнинг суюкли фарзанди, шаҳзода Абдулъазиз куёвимизни қатл эттириб, бир бандаи мўъминнинг манкуҳасини[30 - Манкуҳа – жуфти ҳалоли.] тортиб олди ҳамда пайғамбир алайҳиссалом макруҳ деб билган ҳарамхонага жория қилди… Биз давлатпаноҳ Мирзо Улуғбекдан меҳр-саховат кўрган бўлсак, унинг суюкли зурриётидан мислсиз азият чекдик, мавлоно Али!..
Чол чўнтагидан анбар ҳиди анқиган ипак рўмолчасини олиб, кўз ёшларини артди. Мавлоно Муҳиддин ҳам ҳиқиллаб қолганини кўрган Али Қушчи кўзларини олиб қочди. Эсига устоднинг гаплари тушди: “Унинг жисми ногирон, Али. Қалби маҳзун…”
Ҳай аттанг! “Жисми ногирон, қалби маҳзун” бу шаҳзода улуғ падарининг бошига не кулфатлар солмади! Бир-икки ой Самарқандда қолганида кўп амирларни тазйиқ остига олиб, онҳазратларига қарши қўйди. Устод эса, ота экан, уни жисми ногирон, қалби маҳзун деб, қон ютади!..
– Устод шаҳзоданинг бу разил кирдикоридан бехабар эркан, узр сўрадилар, – деди Али Қушчи.
Салоҳиддин заргар юзини бужмайтириб қўл силтади.
– Узрдан не фойда? Бўлар иш бўлиб ўтгандур, мавлоно…
Али Қушчининг кўз олдига йўлда учраган Қаландар Қарноқий келиб, эриган кўнгли қайта музлади.
– Ҳа, таассуфлар бўлғайким, ғишт қолипидан кўчгандур. Ва лекин… шаҳзоданинг бу тубан юмуши учун устоддан юз ўгирмоқ инсофдан бўлмас, тақсир…
Салоҳиддин заргар асабийлашиб, бир қўзғолиб олди.
– Мавлоно Али, ҳар бандаи мўъминнинг изми ихтиёри ўзидадур. Сиз бу хатарли юмушга бел боғлабсиз, ихтиёр ўзингизда. Аммо сиз таъриф этган ноёб хазина деб, камина бор-йўғимни, авлоду аждодларимнинг ҳаёт-мамотини қурбон қилмоқни лозим кўрмаймен. Вассалом!
“Ниҳоят, бу қари тулки кўнглидаги бор гапни айтди!” – Али Қушчи вужудини қамраб олган титроқни зўрға босиб, чолга юзланди.
– Сиз бу хатарли юмушдан чўчимасангиз ҳам бўлур эди, тақсир. Ҳузурингизга келмоқдан муаммо озроқ пул ва маслаҳат сўрамоқ эди, холос!
– Пул?
– Қўрқманг, тақсир! – деди Али Қушчи, “пул” сўзини эшитган Салоҳиддин заргарнинг дарҳол сергакланганини кўриб. – Устод бу ишда даркор бўлур деб, бир оз тилла ва қимматбаҳо тошлар қолдирди…
Салоҳиддин тархон энтикиб:
– Қимматбаҳо тошлар? – деб сўради. – Қандай тошлар?
– Камина бу тошларнинг қийматини билмаймен. Аммо устод айтдиларким, бу тошлар бобоси Амир Темурдан қолгандур…
Салоҳиддин заргарнинг юзига қон тепиб, чуқур ботган тийрак кўзлари чақнаб кетди:
– Жаннатмакон Амир Темур тошлари… Мавлоно бу тошларни олиб келдиларми ё яширмишму?
– Яширдим…
– Қайга? – деди чол шивирлаб. – Ишончли жойгаму?
Али Қушчининг кўз олдига китоб терилган жавон келиб, ичида кулимсираб қўйди.
– Ҳа.
– Амир Темур тошлари… эҳтиёт бўлмоқ керак… зинҳор-базинҳор эҳтиёт бўлмоқ керак. Зеро, ажаб эрмаским, Мирзо Улуғбекнинг илм дурдоналарини бобоси Амир Темурнинг шу тошлари асраб қолса!.. Аммо… – чол Али Қушчи томонга энгашиб яна шивирлади.
– Бу сўзни ёлғиз фақир эшитдим, мавлоно. Бошқа бир кимса эшитмасин. Бу сўзни ўғлим ҳам эшитмасин!
Салоҳиддин заргаргина эмас, мавлоно Муҳиддиннинг ҳам ранги ўчиб, кўзлари аллақандай чарақлаб кетганини кўрган Али Қушчининг кўнглидан: “Бу сирни очиб тўғри қилдимму, йўқму?” деган фикр ўтди.
Шу сабаб бўлдими ё Салоҳиддин заргарнинг таҳдидли сўзлари қаттиқ таъсир этдими, ишқилиб, Али Қушчи ота-бола билан хайрлашаркан, юрагига совуқ бир ваҳима ёпирилиб келди-ю, нечундир ҳужрада мунғайиб ўтирган энаси Тиллабиби эсига тушиб, юраги увишиб кетди.
7
Мирзо Улуғбек бултур Бағдод халифаси инъом қилиб юборган арабий оқ бедовида хаёлга чўмиб борарди. Амир Жондор билан амир Султоншоҳ барлос бошчилигидаги ҳировул қисмлар қўшиндан илгарилаб кетган, бир неча туман чап қанот ва қалб лашкари орқада келар, лашкарнинг кетидан аслаҳа ортилган туя ва хачирлар, баковуллар билан сарой маҳрамларининг соябон аравалари судралиб келарди. Бутун қўшин бир-икки тумандан ошмаса ҳам, кенг дашт лашкарга тўлиб кетганга ўхшар, сипоҳлар сон-саноқсиз туялар, отларнинг кишнаши, эшак ва хачирларнинг ҳанграши, туяларнинг бўкириши еру кўкни ларзага солган эди.
Одатда бундай юришларда аълоҳазратни ўраб оладиган амирлар, туман бошлиқлари ва муқарраб-ус султонлар[31 - Муқарриб-ус султонлар – энг яқин кишилари.] бугун бирмунча орқада келар, гўё Мирзо Улуғбекнинг хаёлини бузишни истамас эдилар. Ёлғиз шаҳзода Абдулъазиз устига йўлбарс териси ёпинган бадавий арғумоғини аччиқ қамчилаб, дам олдинга, дам ён-вердаги қирларга чоптириб чиқар, у ўзини беташвиш, бепарво кўрсатишга уринар, лекин аллақандай хасталик чўккан кўзлари бежо чақнар, қалби саросимада экани қонсиз сўник юзида шундоқ акс этиб турарди. Лекин Мирзо Улуғбек ўғлига қарамас, у ҳамон нотинч хаёллар гирдобида тўлғанар эди.
Жайҳун сафаридан қайтганидан бери қантариб қўйилган арабий оқ бедов кумуш сувлиғини чайнаб бетоқат талпинар, депсиниб юлқинар, бу кенг даштда қушдай учгиси келарди. Оқ бедов юлқиниб сакраганида унинг пешонасидаги кокилига боғланган тилла қўғирчоқлар нафис жиринглар, кумуш эгарга тақилган нозик ҳалқачалар ажиб овозлар чиқариб шалдирар, лекин Мирзо Улуғбек буларнинг ҳеч бирини эшитмас, у ҳатто суюкли оқ бедови юлқиниб олдинга талпинаётганини ҳам сезмай, фақат ўзи пайқамагани ҳолда, қўлидаги ипак тизгинни маҳкам ушлаб ўтирарди.
Аввалги куни кечаси ғам-андуҳдан уйқуси қочган Мирзо Улуғбек эски китобларни варақлаб ўтириб, ғаройиб бир ҳикоятга кўзи тушди. Кунлардан бир куни донғи оламга кетган ҳинд подшоси ўзининг энг яқин маҳрамлари билан овга чиққанмиш. Маҳрамлари орасида ёлғиз ўғли ҳам бор экан. Подшо елкасига суюкли қора бургутини қўндириб, дарё ёқалаб от чоптириб бораркан. Орқада амирлар ва навкарлар чопиб келаркан. Подшо узоқлашиб кетаётганини кўрган навкарларидан бири: “Подшоҳи олам, тўхтанг, бу тўқайлар хатарли, қамишзорларда йўлбарс бор”, деб қичқирибди. Лекин подшо унинг гапига қулоқ солмай олдинга интилибди. Арғумоғига аччиқ қамчи босиб тўқайзорга от солдириб кетибди. Баногоҳ от туёқлари тагидан иккита тилларанг тулки чиқиб қочибди. Подшо арғумоғининг бошини қўйиб, қувиб бораркан, тулкилар олдин тўрттага, кейин саккизтага айланган, баъзилари гўё уни мазах қилаётгандай бошларини буриб, тиржайган эмиш. Шунда подшо дарғазаб бўлиб, қанот қоқиб талпинган суюкли бургутини қўйиб юборибди. Лекин осмонга чиққан суюкли бургути от оёқлари остида жилпанглаган тулкиларга эмас, унинг ўзига ҳамла қилибди. Подшо жон аччиғида ханжарини суғуриб олиб, бургутга ўқталибди. Аммо бургут чап бериб, унинг ўнг кўзини ўйиб олибди-ю, чап кўзига чанг солибди. Подшо додлаб ёлғиз кўзи билан қараса, қора бургут бургут эмас, қора либос кийиб бургут қиёфасига кирган ўз фарзанди бўлиб чиқибди…
Мана икки кун бўлди, бу ҳикоят хаёлидан кўтарилмайди. Ҳозир ҳам шу ҳикоятни ўйлаб бораркан, нечундир бундан чорак аср муқаддам қипчоқ хони Бароқхон унга қарши бош кўтариб чиққанида кўрган ёмон бир туши эсига тушди. Бу туши Сайҳун бўйларида, Ясси ва Сиғноқ шаҳарлари учун бўлган жангу жадалда рўёбга чиққан эди!.. Мана, ўша тушни кўрганига салкам чорак аср ўтди, лекин ҳанузгача эсидан чиқмайди…
Ёши ўн бешга тўлмасданоқ Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Улуғбек гўё Ясси шаҳрида, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси тепасида ўйнаб юрармиш, тўғрироғи, носуюкли хотини Ўғабегимдан қочиб мақбара устига чиқиб олганмиш. Хитойи ипак матоларга ўранган, қулоқларига оғир ҳинду зираклари, қўлларига бағдоди олтин билагузуклар таққан, бурни пучуқ, хунук Ўғабегим Мирзо Улуғбекни қувиб дахманинг тепасига чиқармиш. Шунда Мирзо Улуғбек ўзини ложувард гумбаз устидан пастга отармиш, лекин ерга қулаб тушмас эмиш, ногаҳон қанот пайдо қилиб, қуш бўлиб учиб кетармиш. Аммо Ўғабегим ҳам калхатга айланиб, уни яна таъқиб қилармиш…
Мирзо Улуғбек ўзини Ясси боғларига урармиш, лекин калхат қиёфасига кирган Ўғабегим дарҳол боғлар устида пайдо бўлармиш. Мирзо Улуғбек ундан қочиб яна ложувард гумбаз тепасига қўнармиш. Шу пайт дахма ўртасидаги Хўжа Аҳмад Яссавий қабри дарз кетиб, ичидан… соқоли кўксига тушган серсавлат бир кимса чиқармиш. Уни Хўжа Аҳмад Яссавий деб ўйлаган Мирзо Улуғбек – покиза руҳлари гулшани бақода масрур бўлғай! – тавозе билан салом бериб ўтиб кетмоқчи бўлармиш. Шунда қабрдан бобоси Амир Темурнинг ўктам овози янграр эмиш.
– Ҳой, шаҳзода, валиаҳдим Муҳаммад Тарағай! Қайга қочурсен? Тўхта!
Мирзо Улуғбек қараса, қабр устида Хўжа Аҳмад Яссавий эмас, бобоси Амир Темур турар эмиш! Эгнида қора мовут чакмон, бошида учи найзасимон мис дубулға, белидаги камарида олтин сопли қилич, бобоси қовоғини солиб, дарғазаб бўлиб турармиш.
– Султон Муҳаммад Тарағай! – дермиш у, қовоғи ёзилмай. – Мен сени ўн тўрт яшар чоғингда Мовароуннаҳр тахтига ўтқазганимда умидим шу эдими? Қани айт-чи, Моваруннаҳр султони: мен бу дашти азимда Хўжа Аҳмад Яссавийга бу мақбараи муаззамни нечун қурдирдим? Муродим не эди маним?
Уни ҳамиша эркалаб гапирадиган бобосининг товушидаги бу қаҳр Мирзо Улуғбекни сескантирса ҳам ўзини босиб жавоб берармиш:
– Бу мақбараи муаззани қурдиришдан муддаонгиз ул пири муршид Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг покиза руҳини шод этмоқдур, қиблагоҳ…
– Покиза руҳларини шод этмоқ! – деб заҳарханда билан кулармиш Амир Темур. – Бу мақбарани тикламоқдин муродим; бирламчи қора халқни, иккиламчи Олтин Ўрда ила Қалмоқ ва Дашти Қипчоқ хоқонларини титратмоқ эди!.. Нотинч қора халқ бу дахмаи муаззамни кўриб даҳшатга тушсин, туну кун тиз чўкиб тавоф қилсин, эски ғанимларим бўлмиш Олтин Ўрда ила қалмоқ хоқонлари эса менинг сарҳадим шу маҳобатли мақбара эканини билиб даф бўлсин, ани босиб ўтмоқдан ҳайиқсин, деб барпо этган эдим буни! Аттанг! Олтин тахтимни сенга ишониб топширғанимда не бўлди? Ана, пастга қара! Қузғун Бароқбек суворийлари шаҳарни забт этар, бу муқаддас даргоҳни топтар, хор қилар!
Бобоси қалтироқ босиб, қисиқ кўзларида ўт чақнаб, шаҳарга имо қилармиш.
Мирзо Улуғбек қараса, атрофидаги шаҳар кўчаларида, икки ёни раста мавзеларда қалмоқбашара суворийлар, ойсимон эгри қиличларини ўйнатган ясовуллар сурон солиб от ўйнатишар, уйларга ўт қўйишар, ҳаммаёқ дуд ва ёнғин ичида қолган эмиш.
– Мовароуннаҳр ўт ичида қолди! – бақирармиш бобоси. – Сен эса бу орсиз хотининг бирлан бу мозор устида бешарми ҳаё ўйнашиб юрасен! Билиб қўй: бошингга бу тожни мен қўндирган эдим, мен олиб ташлайман!.. Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасен, ё тожимни қайтариб берасен!
Амир Темур қаҳр билан унга томон юрармиш. Мирзо Улуғбек даҳшатга тушиб, орқага тисарилармиш… У гўё асфаласофилинга қулаётгандай бўлиб уйғониб кетди… Лекин ўшанда уни бу мудҳиш тушдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса шу бўлдики, тонг пайтида олис Яссидан унинг ҳузурига ўн нафар йигит арз қилиб келди: Сайҳун соҳилида кўчманчилик қилиб юрган Бароқбек ботир Ясси ва Сиғноқ шаҳарларини забт этиб, шаҳар теварагидаги гулдай қишлоқларни талон-торож қилган эмиш.
Ҳайратга тушган Мирзо Улуғбек ўша заҳотиёқ лашкар тўплаб, Бароқхонга қарши юриш бошлади. Шу шошқалоқлик сабаб бўлдими, бошқами, Сиғноқ ёнида, Сайҳун бўйларида бўлган суронли жангда кўрган туши рўёбга чиқди. Агар тунда Али Қушчи айтган Қаландар Қарноқий ўз йигитлари билан дашти қипчоқлар сафига ёриб кириб, отининг жиловидан тортиб олиб чиқиб кетмаганида, Мирзо Улуғбек, эҳтимол, ўз ғаними Бароҳхон қўлига асир тушиб, шармандаи шармисор бўларди…
Ё раббий! Унда у туш, бу сафар, бу ҳикоят! Ундагидан ҳам даҳшатли ҳикоят! Бир кўзини ўйиб олиб, иккинчи кўзига чанг солган қора бургут! Ишқилиб, ўзинг шафе бўлғайсен, худованди карим!
Мана бир ҳафта бўлдики, у ҳар кеча зойича кўради, юлдузлар ҳаракатини кузатиб, ўз тақдирини билмоқни истайди, лекин аниқ бир фикрга келолмайди: илгари сутдай ойдин кўринадиган нарсалар энди аллақандай туман билан ўралган… Ё кўк унга ўз сирларини очишни тиламас, ё унинг ақл кўзгуси хиралашиб қолган.
Мияси ғовлаб кетган Мирзо Улуғбек бошини кўтариб ёнверига қаради. Офтоб кўринмас, осмонни қора булут қоплаб олган эди. Далалар ва адирларда, ўриб олинган буғдойзорларда, ҳатто олис-яқиндаги боғларда бирон-бир одам қораси кўзга чалинмас, ҳатто қирларда моллар ҳам кўринмас эди. Гўё Мирзо Улуғбек лашкари эмас, таланчи қўшин бостириб келаётгандай тирик жон борки, бари қочиб, ин-инига кириб кетган. Ҳа, фуқаро бобоси Амир Темур давридаёқ жанг-жадалдан безган, юраги зирқираб қолган. Бу қўшин, йўлни чангитиб, қир ва адирларни подадай қоплаб кетаётган бу лашкар кимники, маърифатпарвар шоҳ Мирзо Улуғбекникими ё шаҳзода Абдуллатифникими, ё бошқа бир бешафқат хоқоннинг босқинчи суворийларими, – фуқаро буни билгиси келмайди, у урушдан чарчаган, шоҳларнинг қатлу қирғинидан безган!..
Мирзо Улуғбек оғир хўрсиниб олдинга, кўкимтир туман орасида элас-элас кўзга чалинган тоғларга тикилди. Илгарилаб кетган қўшин кўринмас, фақат олдиндаги ясси қир ва адирларда от ўйнатиб юрган суворийлар гуруҳи кўзга чалинар эди, холос.
Кўкимтир туман орасидан элас-элас кўринган довон ортида аждодларининг юрти ётибди. Раҳматлик бобоси Амир Темур ҳам, Мирзо Улуғбек ҳам кўҳна Кешга бўлакча меҳр қўйган эди. Кешда, Амир Темур ҳукми билан барпо бўлган Оқсарой дахмасида барлос уруғи зодагонларининг хоки ётибди! Бобоси Амир Темур бирламчи – доруссалтана Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган, туман орасидан базўр кўриниб турган довон этагида эса одам кирса адашиб қоладиган “Боғи биҳишт”ни барпо қилдирган эди. Чиндан ҳам биҳиштга ўхшаган бу боққа олис Мисрия хурмоларию, хушбўй хитой олмаларини, Ҳиндистондан эса ажойиб банан дарахтларини келтириб ўстирган эди. Боғда, тоғ этагидаги хушбўй арчазорларда, шохлари қулочга сиғмайдиган оқ архарлар, ўйноқи кийикчалар, кўзлари маъсум оҳулар гала-гала бўлиб юрарди. Тиниқ, шаффоф булоқларда, оқ мармардан ясалган ҳовузларда олтин балиқчалар сузарди… Бобоси Темур қийин сафарлардан чарчаб қайтганида, аксарият шу боғда ҳордиқ чиқарар, тоғ ёнбағридаги хушбўй арчазорларда ов қилар, хорижий улус элчиларини ҳайратга солувчи шоҳона зиёфатлар, маъракалар ўтказарди… Ким билсин, ҳозир бу боғда унинг қўшини турибдими ё шаҳзода Абдуллатифнинг лашкари забт этиб, ҳаммаёқни пайҳон қилмоқдами?.. Боя пешинда амир Султоншоҳдан хабар олгани кетган суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир ҳанузгача қайтмади…
Кимдир орқадан келиб унинг тиззасига қўлини қўйди.
– Аълоҳазратлари афв этсинлар… Қўнмоқ даркор. Намози аср қазо бўлар…
Офтоб ботган бўлса керак, теварак қоронғилашиб қолган, ҳаво совиб, яна кечагидай этни жунжиктирувчи изғирин бошланган эди.
Мирзо Улуғбекнинг кўзи шаҳзода Абдулъазизга тушди. Боя от ўйнатиб юрган шаҳзода энди қундуз ёқали сувсар пўстинига ўраниб, отда ғужанак бўлиб ўтирарди. У аз рўзи азалдан шундай – дам шод-хуррамликдан оламга сиғмай ҳовлиқади, дам ғамандуҳга чўмиб, мажнунсифат бўлиб қолади.
– Саройбон қайда? – деди Улуғбек ўғлига. – Тўхтамоққа фармон бер!
Сал ўтмай, орқада ноғора товуши янгради. Лашкар катта йўлнинг икки томонидаги ялангликда тўхтади. Ўнлик ва юзликларга бўлинган қўшин ҳар жой ҳар жойда тўхтаб, гулхан ёқиб, овқат пиширишга тутинди. Ҳавода тезак ва шувоқ ҳиди анқиб, изғириннинг совуқ нафасини хиёл босгандай бўлди.
Аълоҳазратларининг юз кишилик ипак саропардасини йўлнинг сўл томонидаги “Қароқчи тепа” деган қирнинг этагига тикишди. Ундан пастроққа сарой маҳрамларининг чодирлари тикилди. Баковуллар саксовул ёқиб, найзадан узун сихларга бутун-бутун нимталарни қадаб кабоб пиширишга киришишди. Одатда бундай юришларда кечқурунлари барча амирлар, беклар, юришда иштирок этган саркардалар ва аркони давлатлар аълоҳазратларининг юз кишилик ипак чодирига таклиф қилинар эди. Баковуллар дастурхонга энг яхши таомлар тортишар, олтин косаларда бода ва қимиз кўпирар, гоҳо машшоқлар ва раққосалар таклиф қилиниб, базми жамшид тонг отгунча давом этарди. Лекин ҳозир Мирзо Улуғбекнинг кўнглига қил ҳам сиғмас эди. У намози асрдан кейин тамаддига ёлғиз шайхулислом Бурҳониддин ҳазратларини таклиф этди. Шайхулислом Бурҳониддин қирқларга борган, сочсоқолига битта ҳам оқ ораламаган. Кўринишдан нимжон бўлса ҳам, иқтидорли одам эди. У падари бузруквори Шайхулислом Исомиддиндек доно ва закий муршидлардан бўлмаса-да, ҳар қалай, Мирзо Улуғбекка ён босиб, уни мутаассиб шайхларнинг фисқи фасодларидан муҳофаза қилиб келарди.
Шайхулислом Бурҳониддин беда устига тўшалган гиламни билқ-билқ босиб тўрга ўтди. Мирзо Улуғбек ҳам, шаҳзода Абдулъазиз ҳам бошларини осилтириб, хаёл уммонига шўнғишган эди.
Шайхулислом Мирзо Улуғбекнинг ёнидан жой оларкан:
– Сизга не бўлди, давлатпаноҳ? – деди унинг маҳзун чеҳрасига тикилиб.
Мирзо Улуғбек бошини кўтариб, Шайхулисломга савол назари билан қаради.
– Ас-салотин зиллаллоҳу фил арз! – деди шайхулислом. – Яъники султонлар Оллоҳнинг ердаги кўланкасидур. Иншоллоҳ, ишингиз ўнгидан келур. Бу ғам-андуҳ сиздай Соҳибқиронга ярашмайдур, онҳазратим!
“Булар мени талвасага тушган, деб гумон қиладур. Тожу тахтдан айрилиб қолишдан қўрқади, деб ўйлайдур. О, хом сут эмган одамлар, одамлар!…” – Мирзо Улуғбек ер остидан ўғли Абдулъазизга кўз ташлади, гўё ундан иймангандай:
– Андуҳ чекмай не қилай, тақсир? – деди. – Бандаи ожиз ўз пушти камаримдан бўлған фарзандим билан урушмоқдамен, салтанат талашмоқдамен…
Шайхулислом оғир салласининг печини орқага ташлаб, секин бош чайқади.
– Ўз қиблагоҳининг иродаси фарзанд учун фарзи айндир[32 - Фарзи айн – бажарилмоғи лозим буйруқ.]. Анинг иродасига бош эгмаган фарзанд устидан ҳукм чиқармоқ падар учун ҳам фарз, ҳам қарздур, давлатпаноҳ!
Мирзо Улуғбек буни ўзи ўйлаб юрган бўлса ҳам, шайхулисломнинг сўзи дилига хиёл тасалли бергандай туюлди. Отаси Шоҳруҳ Мирзодан эшитган бир ҳикоят беихтиёр эсига тушди.
Бобоси Амир Темур пирим деб қўл берган Сайид Барака ҳазратлари жаҳонгирнинг юришларида ҳамиша бирга бўлар экан. Сайид Барака ҳазратлари Амир Темурнинг хушнудлигида хушнуд, қайғусида қайғудош экан. Бобоси олис Ўрол соҳилларида Тўхтамишхон билан жанг қилганида унинг аҳволи танг бўлиб, Олтин Ўрда лашкари устун кела бошлабди. Шунда Сайид Барака ҳазратлари бир ҳовуч майда тош олиб, сакраб отга минибди-ю, такбир садосини ўқиб наъра тортганича қўлидаги тошларни ёв томон сочиб юбориб, душман сафига бостириб кирибди. Буни кўрган бутун лашкар “ёв қочди” деган сурон билан ғанимлар сафига от солдириб борибди-ю, душманни пароканда қилибди.
Шайхулислом, гўё унинг ўйларига тушунгандай:
– Тожу тахт қўлингизда эркан, маҳкам туринг, давлатпаноҳ, – деди вазминлик билан. Саҳар-мардон йўлга чиқибмиз, ҳанузгача Кешдан чопар йўқ. Ҳировул қўшинларнинг аҳволи не? Бехабармиз…
Шайхулислом гапини тугатмаган ҳам эдики, ташқарида от туёқларининг дупури, посбонларининг таҳдидли овозлари эшитилди. Кейин кимдир чодирга кириб, пойгакка юмалай кетди. Уни дабдурустдан танимай қолган аълоҳазратлари шайхулисломнинг:
– Амир Жондор тархон? – деганини эшитиб, бир сапчиб тушди.
Ҳа, шайхулислом янглишмаган, ялангбош, белидаги шамшири бир томонга оғиб кетган амир Султон Жондор пойгакда юмалаб ётарди.
Мирзо Улуғбек қалтироқ босиб ўрнидан турди, ўз овозини ўзи танимай:
– Лашкар? – деб бақирди. – Ҳировул қўшинлар не бўлди?
Амир Жондор қаддини ростлади, лекин Мирзо Улуғбекка тик қарашга юраги дов бермади. Қалпоқсиз, қилич изи қолган тақир бошини осилтирганича:
– Аълоҳазратлари, бир қошиқ қонимдан кечгайлар, – деди. – Ҳировул қўшинлар қопқонга тушмиш.
– Сўзла!
– Давлатпаноҳ! – деди Амир Жондор. – Шаҳзодаи жувонбахт камида ўн минг сипоҳни пистирмага қўйиб, довонда кутиб ётган эркан. Бизнинг қўшинларни қопқонга тушириб, наҳангдай ютиб юборди…
– Амир Султоншоҳ қайда?
– Ўлимдан хабарим бор ва лекин амирдан хабарим йўқ, онҳазратим…
Мирзо Улуғбек чодирнинг ўртасида қора қундуз телпаклик катта бошини эгиб, қотиб қолди. Тепадаги шамларнинг титроқ шуъласида у худди чўнг қояни эслатар, бошидаги учига дур қадалган қундуз телпаги, ёноқлари туртиб чиққан мисдай қорамтир юзи, қийғир бурни, ҳатто қалин жингалак соқоли – ҳаммаси тошдан ўйиб ясалганга ўхшарди.
– Тўнгакдай юмалаб ётмай ўрнингдан тур, амир! – деди у амир Жондорга. – Бошингдаги амирлик аломатинг қайда? Белингдаги қиличингни тўғирла! Боракалло сендай саркардага! – Мирзо Улуғбек ҳансираб сўзида тўхтади. Унинг томирларида бобосининг қони жўшар, юрагида бобосининг ҳислари кўпирарди. – Қуёнюрак амирлар! Агарчи сенлар шаҳзодадан қўрқсанглар, у билан ўзим олишамен!
Амир Жондор орқаси билан тисарилиб чодирдан чиқди. Мирзо Улуғбек ялт этиб ўғлига қаради. Шаҳзода Абдулъазиз ранги ўчиб, кўзлари бежо жавдираб ўтирар, пастки жағи ғалати қалтирар эди. Мирзо Улуғбек юраги увишиб:
– Бор! – деди. – Ясовулбошига айт. Барча амирларга, аъёну боёнларга фармон берсин: дарҳол чоноқийга йиғилсин!..
Мирзо Улуғбек жойига бориб ўтирди, у ҳамон қалтирар, кўзларининг чақнашида, бурун катакларининг пирпирашидан бўлакча бир қатъият ва шиддат бор эди. Шайхулислом Бурҳониддин секин эгилиб, унинг тиззасига қўлини қўйди.
– Аълоҳазратлари не қилмоққа жазм этдилар?
– Урушмоқ! – деди Мирзо Улуғбек кескин.
– Иншооллоҳ, ишингиз ўнгидан келгай! – деди шайхулислом. – Аммо… бандаи ожизнинг маслаҳати бу эрур: бир-икки туман лашкарни ишончли амирларга топшириб, қолган лашкар билан Самарқандга қайтмоқ мақбул. Қалъа мустаҳкам, фуқаро сизга содиқ, онҳазратим…
Мирзо Улуғбек мийиғида кулимсиради.
– Ишончли амирлар… кимдур?
– Амир Султоншоҳ бор, амир Жондор бор, онҳазратим…
– Тағин?
– Ўйлаб кўрмоқ даркор… Бу масала бандаи ожиздан кўра сизга аёндур, онҳазратим.
Мирзо Улуғбек индамади. Сал ўтмай, чодирга бирин-кетин лашкарбошилар, туман ва ҳазора саркардалари, сарой маҳрамлари кириб келишди. Сарой удумига кўра, ҳар ким ўз рутбасига қараб катта саропардадан жой олди.
Биринчи бўлиб, ўнг қанот саркардаси амир Идрис тархон кирди. Мўйловга ўхшаган қошлари бир-бирига туташиб кетган бу сертук амир қовоғини ёзмай таъзим қилди-да, камоли виқор билан юриб, Шайхулисломнинг ёнидан жой олди. Ундан кейин семизлигидан ҳансираб нафас олган, юм-юмалоққина амир Искандар барлос кирди, кирди-ю, қўл қовуштирганича пилдираб бориб тўрдаги қоронғироқ бурчакка тиқилди. Амир Инскандар барлосдан кейин амир Жондор кирди. У бошига тилладан жило берилган ва амирлик аломати тақилган пўлат дубулға кийиб олган, эгнида қизил мовут тўн, белида олтин бандли қилич, хатти-ҳаракатларидаги бояги тараддуд ва қўрқув йўқолиб, яна амирларга хос маҳобат ва кибри ҳаво пайдо қилган эди. Мирзо Улуғбекнинг ишораси билан у шайхулисломнинг ёнидан жой олди.
Ҳамма сукут сақларди. Мирзо Улуғбек уйқусизликдан қизарган кўзлари билан амир ва саркардаларига бир-бир тикилди. Мана унинг суянган тоғлари! Ҳаммасининг устида авраси мовут савсар ва тулки пўстин, қимматбаҳо кимхоб тўн, бошларида лаъл ва инжу қадалган қундуз телпак, тилладан жило берилган учлик дубулға, белларида кумуш ва олтин камар, дасталари фил суягидан ясалиб, дур қадалган қилич ва ханжар… Буларнинг ҳаммаси Улуғбек даврида аркони ҳарб ва аркони давлат бўлишди, юксак рутбалар олишди. Лекин букун бошига мушкул тушганида қай бирига инонади? Қай бирига суянади – буни онҳазратларининг ўзи ҳам билмайди!..
Ниҳоят, Мирзо Улуғбек томоқ қириб:
– Шавкатмаоб зоти олийлар! – деди, ҳар бир сўзини салмоқлаб. – Сизларни маслаҳатга чақирмоқдан мурод – машъум хабарни маълум қилмоқдур. Олдинда кетган ҳировул қўшинлари довонда пистирмада ётган шаҳзоданинг қопқонига тушибдур!.. – Мирзо Улуғбек бу сўзлар амирларга қандай таъсир этганини билмоқчи бўлиб, яна ҳаммага бир-бир тикилди. Лекин ҳеч кимнинг кўзига кўзи тушмади: ҳамма бошини эгиб, чурқ этмай ўтирарди. – Бу талофотнинг сабаби шуким, биз инонган лашкарбошилар, мислсиз разолатга бориб, шаҳзода тарафига қочиб ўтмишлар… бу машъум хабарни айтмоқдан яна бир муддао шуким, кимки юрагида шубҳа ва қўрқув сезса… Жанг-жадални кутмай шаҳзода тарафига ўтсин! Биллоҳ, берган туз-ноним, инъом қилган олий мартабаларимга розимен!
Ҳеч кимдан сас чиқмади.
Мирзо Улуғбек истеҳзоли кулимсираб:
– Маълумингиз бўлғай, – деди, – шаҳзода Абдуллатифнинг лашкари қирқ мингдан ортиқдир…
Амир Жондорнинг аллақандай пишиллаб нафас олганини эшитган Мирзо Улуғбек ялт этиб унга қаради.
– Амир Жондор, сиз не маслаҳат берасиз?
Амир Жондор барваста гавдасига мос тушмаган бир чаққонлик билан апил-тапил ўрнидан туриб, бош эгди:
– Давлатпаноҳ нени лозим кўрсалар, биз шунга бош эгамиз.
– Амир Искандар барлос?
Амир Искандар калта қўлларини юмалоқ қорни устига қўйиб бидирлай кетди:
– Амир Жондор ҳақ гапни айтдилар. Ҳукмингизга бўйсунармиз, онҳазратим!
– Ҳукмингизга бўйсунармиз!.. Ўз бошларинг қайда?
– Бошимиз сизнинг қўлингиздадур, давлатпаноҳ…
“Ҳа, бошларинг қўлимда, аммо қалбларинг кимнинг ихтиёрида? Таассуфлар бўлғайким, бундан бехабармен!” Мирзо Улуғбек ер остидан бир амир Идрис тархонга, бир шайхулисломга қараб қўйди: – Ихтиёрим шулким, – деди қовоғини уйиб. – Ҳақ таолодан мадад тилаб… жанг қиламиз! Бошқа не маслаҳат бор?
Ҳеч кимдан ун чиқмади. Шайхулислом ўрнидан бир қўзғалиб қўйди-ю, лекин индамади.
Мирзо Улуғбек шиддат билан қўл силтаб:
– Чаноқий тамом, – деди. – Қўшинлар шай бўлиб турсин. Сизларга рухсат, зоти шарифлар…
Амирлар, гўё шуни кутиб тургандай “гурр” этиб ўринларидан туришди, қўй галасидай бир-бирларини турткилаб, ташқарига отилишди. Зум ўтмай, чодирда фақат шайхулислом билан шаҳзода Абдулъазиз қолди.
Мирзо Улуғбек чодирни бир айланиб, яна ўз жойига ўтди, лекин ўтиришга улгурмади, от туёқларининг дупурини эшитиб, кўрпача устида тўхтади.
Чодирга Бобо Ҳусайн Баҳодир кирди, пойгакка тиз чўкиб, бошини саждага қўйди. Тиз чўкканида суворий либосининг темир ҳалқачалари шалдираб, этигига теккан қиличи шарақлаб кетди. Унинг бошидаги дубулғаси бир томонга қийшайган, сақичдай қоп-қора соқол-мўйлови, бўғриққан юзи қора терга ботган, ўзи ҳансираб нафас оларди.
Мирзо Улуғбек бир ҳатлаб суюкли навкарининг ёнига келди.
– Хўш? Сўзла!
– Давлатпаноҳ… ҳировул қўшинларни шаҳзоданинг комига итарган… амир Султоншоҳ тархонни икки ўғли билан қўлга туширдик…
– Қайда?
– Йўлда келадур. Қочмоққа жазм қилиб турганида қўлга туширдик. Амир қаттиқ жароҳатланган…
Мирзо Улуғбек: “Мана, кирдикорларинг оқибати!” дегандай ўғлига қаради: Султоншоҳ тархон амир Иброҳимбекнинг қайнағаси, шаҳзода қатл қилган бекнинг тоғаси эди…
Шаҳзода Абдулъазиз отасининг қаҳрли нигоҳи остида аллақандай питирлаб, сўз тополмай бидирлаб қолди.
Мирзо Улуғбек уф тортиб суюкли навкарининг ҳорғин чеҳрасига тикилди.
– Хўп, амирни қўлга туширибсен, уни қатл қилурмиз. Хўп. Лекин бундан не фойда? Катта қўшин қопқонга тушган… Энди не қилмоқ даркор? Сўзла, Бобо Ҳусайн!
Бобо Ҳусайн бошини кўтариб, Мирзо Улуғбекка тик қаради.
– Доруссалтанага қайтмоқ даркор, онҳазратим, – деди у қатъий. – Шаҳзода салоҳиятли лашкарбошидур. У қаллоблик йўлига ўтгандур. Бу йўсин барчамизни комига тортадур валинеъмат.
– Доруссалтанага қайтсак комига тортмасму?
– Доруссалтана мустаҳкам, – деди Бобо Ҳусайн. – Лозим бўлса қалъа ёнида жанг қилурмиз, оллонинг паноҳида ғолиб келсак нур устига нур, мағлуб бўлсак доруссалтанага кириб қопқаларни ёпурмиз, давлатпаноҳ…
Мирзо Улуғбек ер остидан шайхулисломга қаради. Шайхулислом Ҳусайн Баҳодирнинг сўзини маъқуллагандай бош ирғади. Шаҳзода Абдулъазиз эса ияги қалтираб:
– Маъқул маслаҳат, – деди дудуғланиб.
Мирзо Улуғбекнинг хаёлидан:
– “Оғасидан қўрқади!” – деган фикр ўтди.
Унинг кўксида ҳамон бир-бирига зид ҳислар туғён қилар, лекин бу туғён сўна бошлаган оловга ўхшар – тафти қайтган эди.
Мирзо Улуғбек навкарига қарамай қўл силтади.
– Хўп… Қўшинларга фармон бер, баҳодир, орқага қайтамиз!
Бобо Ҳусайн бошидаги дубулғасини тўғирлаб, қўлини кўксига қўйганича чодирдан чиқди. Унинг кетидан Шайхулислом Бурҳониддин ҳам қўзғалди. Шаҳзода эса юзтубан тушиб ётиб олди. Буни кўрган Мирзо Улуғбек, юраги зирқираб, ташқарига чиқди.
Машриқ томон билинар-билинмас оқара бошлаган, лекин осмон ҳануз ғуж-ғуж юлдузларга тўла эди. Кечаси саҳрода лов-лов ёнган гулханлар сўнган, лашкарлар, гўё қоронғиликка сингиб кетган, фақат ҳар жой-ҳар жойдаги чодирлар қорайиб кўринар, даштда, айниқса машриқ томонда ўтлаб юрган отлар, туялар, хачирлар кўзга чалинар, қоронғида кишанларнинг шарақлаши эшитилар, олисда узоқлашиб кетаётган от дупури қулоққа чалинарди…
Мирзо Улуғбек қўлларини кўксида қовуштирганича осмонга тикилиб узоқ турди.
О, юлдузлар… юлдузлар!.. Мирзо Улуғбек эллик йил уларга ошифта бўлди. Кечаларни бедор ўтказиб, ҳар бир ситора, ҳар бир юлдузнинг буржини, яъни, ҳаракатидаги чамбар йўлини кузатди. Ҳайҳот! Қирқ йил умрини сарф қилиб, юлдузлар сирини, коинот сирини ўрганди-ю, замин сирига, инсонлар ҳаётига келганда ғафлатда қолди. У фалак сирларини билсам, замин ва ҳаёт сирларини ҳам билурмен, деб ўйлаган эди. Йўқ, янглишди! Фалак сирларининг бир четини хиёл очгандай бўлди, лекин инсоният, наинки инсоният, ҳаттоким ўз пушти камаридан бўлган зурриётларининг юракларига қўл солиб кўролмади, матлаблари не? Билолмади!..
Ана, уфқда, осмон оқара бошлаган жойда, унинг суюкли сайёраси – Зуҳро юлдузи порлаб турибди! Ундан юқорироқда, анча нарида, Муштарий аллақандай сўник милтирайди. Мунажжимлар, бу икки юлдуз бир-бирига яқин келган йили туғилгани сабаб, бобоси Амир Темурнинг бошига ҳумо қуши қўнган, дейдилар. Мана, бу икки ситора яна яқин келди. Лекин қани ўша, мунажжимлар айтган ҳумо қуши? Ё у шаҳзоданинг бошига қўнадурму?..
Мирзо Улуғбекнинг хаёлини ноғораларнинг гумбур-гумбури, карнайларнинг суронли наъраси бўлди. Оқара бошлаган даштда от чоптириб юрган одамлар кўринди, қароргоҳ чўп суқилган ари уясидай ғувиллаб қолди.
Мирзо Улуғбек таҳорат олиб, чодирга қайтди.
Сал ўтмай, оёққа турган қўшин орқага, доруссалтана Самарқандга қараб йўл олди.
8
Шайх Низомиддин Хомуш Қаландар Қарноқийни бомдод намозига чақиртирган эди. Мана, кун ботиб, намози асрга азон айтилди ҳамки, ҳануз ҳузурига таклиф қилмади.
Шайхнинг ички-ташқи ҳовлиси “Мозори шариф”га яқин, ичкари ҳовлисидаги кошоналари масжидга ёндош эди. Лекин шайх ҳазратлари бу кун масжидга ҳам чиқмади. Кун бўйи ҳузурларидан одам аримади. Чопар устига чопар келар, арбоби дин ва аркони давлат, аъён ва боёнлар, амирлар ташриф буюришар, қўш табақали залварли дарвоза бир сония ҳам ёпилмас эди.
Қаландар Қарноқий ташқи ҳовлининг ўртасида мармар сарҳовуз бўйидаги шоҳсупада ўтириб, келган-кетганларни кузатар эди. Бир неча кундан бери Самарқандни ялаб-ямлаб эсаётган изғирин кундуз сал пасайди-ю, кечқурун яна авжга миниб, ҳовуз атрофидаги чинор ва оқ теракларнинг япроқларини тўзғитиб юборди. Шамолда чирс-чирс узилган хазонлар мармар сарҳовузнинг тиниқ сатҳига, ҳовуз атрофидаги гулзорга, ҳовли саҳнига гилам бўлиб ёзилар, бошларига учлик чамбарак қалпоқ кийган ёш муридлар бир лаҳза тинмай тўкилган хазонларни супуриб олишар, меҳмонлар ўтадиган хиёбонларни ёғ тушса ялагудек қилиб тозалашар эди.
Тушгача келган меҳмонларнинг аксарияти тўнлари остидан суворий совут кийиб, камарларига қилич ва ханжар таққан, юриш-туришларидан виқор ёғилиб турган суворийлар, бек ва бекзодалар эди. Тушдан кейин эгниларига қизил зарбоф тўн, бошларига сувсар бўрк ва қора қундуз телпак кийган бир гуруҳ зодагонлар даврасида доруссалтана доруғаси Мироншоҳ кириб келди. Мироншоҳ олтмишлардан ошган, йўғон, норғул одам эди. Унинг рапидадай юм-юмалоқ, қип-қизил юзида, аланг-жаланг кўзларида аллақандай тараддуд бор эди. Мироншоҳдан кейин поча-пўстинлари устидан оқ шойи тўн кийган, бошларига оппоқ ипак салла ўраган ва ўзлари ҳам оқ ғозлардай камоли виқор билан одимлаган бир гуруҳ уламолар кириб келишди. Улар орасида Самарқанд қозиси Хожа Мискин жаноблари ҳам бор эди. Кўзлари тийрак, чеҳрасидан шиддат ёғилиб турган қозиюл-қуззот пешвоз чиққан муридларнинг саломига алик ҳам олмай, асосини дук-дук уриб, ички ҳовлига ўтиб кетди…
Қози жаноблари ичкарида узоқ ўтирди-ю, Қаландар яна ҳовуз бўйида кутиб қолди. Ё уни чақиртиргани шайх ҳазратларининг ёдидан кўтарилдимикин?
Қаландар Қарноқий шайх билан шу йил кўкламда, Хуршида бонудан умидини узиб, Шоҳизинда хонақоҳидаги дарвешлар жамоасига қўшилган пайтларида учрашганди…
Қаландар дарвешлик хирқасини кийишга кийиб, пушаймон чекиб юрган пайтлари эди.
Қаландар Қарноқий мадрасада таълим олиб юрган чоғларида фоний дунё лаззатидан юз ўгириб, фақат у дунёни ўйлаган жулдур кийимли бу дарвешларга ҳавас қилар, бир бурда қаттиқ нон, бир пиёла совуқ сувга сабру қаноат қилиб, кўча-кўйларда ҳамду сано ўқиб юрадиган бу гадолар кўзига фаришта бўлиб кўринар эди.
Кейин билса, кундуз бошларига кулоҳ, эгниларига жулдур жанда кийиб, кўча-кўйларда ҳу-ҳулаб, бозор ва расталарни дарбадар кезиб юрадиган бу гадолар, шоми ғарибонда хонақоҳга қайтгач, тамом бошқа қиёфага кирар экан. Тор хонақоҳда наша ҳиди бурқсир, қора қумғонлар биқирлаб қайнар, баъзилар кўкнори эзар, баъзилар жулдур белбоғларини ечиб, қора дориларини олар, шундан кейин кайфу сафо, фисқи фасод, ғийбат, гоҳида уруш-жанжал бошланиб кетар эди. Ҳайратда қолган Қаландар Қарноқий бир ўйида бошини олиб қочмоқчи ҳам бўлди. Лекин кейин бу ҳам Оллоҳнинг бир синовидур, деган хаёлга бориб, сабр қилди. Хонақоҳнинг энг хилват жойларига кириб олиб, тариқат билан машғул бўлди.
Шайх билан учрашадиган куни ҳам худди шундай бўлди. Қаландар шифти паст қоронғи хонақоҳнинг энг хилват жойига кириб олиб, жимгина тиловат қилиб ўтирарди. Ногаҳон ғала-ғовур тиниб, хонақоҳ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. Қаландар Қарноқий буни сезса ҳам, кўзини очмай оҳиста тебраниб, зикр тушишда давом этди. Шу пайт кимдир уни қаттиқ туртди.
– Бу не гумроҳлик? Не беадаблик?
Қаландар секин бошини кўтарди. Хонақоҳнинг эшигида, нуқул оқ жома кийган муридлар даврасида… оппоқ соқоли кўксига тушган, баланд бўйли, ниҳоятда кўҳлик бир чол унга ўткир кўзларини қадаб турарди. Уни туртган қаландарбоши – “Қашқир” лақабли ғилай дарвеш кўзлари ола-кула бўлиб бақирди:
– Беадаб гумроҳ! Тур ўрнингдан! Валинеъмат пиримиз шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари фақир хонақоҳимизга қадам ранжида қилгандурлар…
Қаландар Қарноқий ўрнидан тура бошлади-ю, боши хонақоҳнинг шифтига тегиб, икки букланганича қолди. Шайх ундан ўткир кўзларини узмай ном-насабини сўради.
– Даргоҳи илоҳийнинг гадойи, – деди Қаландар исмини айтгиси келмай. Шайх, Қаландарнинг куч ёғилиб турган бақувват жуссасига яна бир бошдан-оёқ разм солди-да, индамай хонақоҳдан чиқди. Эртасига шайх уни Бағдод қишлоғи ёнидаги ёзги қароргоҳига чақиртирди. Мусаффо булоқ бўйидаги ёш садалар соясида, шерозий гиламлар тўшалган шосупада ўтириб, Қаландар билан узоқ мусоҳаба қилди, доруссалтанага қачон, не тилакда келганини, насл-насаби, авлод-аждодларини бир-бир суриштирди. Унинг фоний дунёни тарк этиб, гадолик йўлини ихтиёр этганини маъқуллади, юз хил ноз-неъматлар билан меҳмон қилиб, кўнглини олди. Сўнг, Шоҳизинда хонақоҳидан “Мозори шариф” ёнидаги дарвешлар хонақоҳига ўтишини ва теваракка кўз-қулоқ бўлиб туришини топширди, зеро, даҳрий шоҳ боис доруссалтанада диёнатсиз бетавфиқлар кўпайиб кетганини уқтирди. Бундан бир-икки ой муқаддам шайх уни яна чақиртирди. Бу сафар “Мозори шариф” хонақоҳидан Гўри Амир ёнидаги қаландархонага ўтиб, Кўксаройдаги ишлардан воқиф бўлиб туришини тайинлади.
Шайхнинг бу тилаги Қаландарни бир ҳайратга қолдирса, бир изтиробга солди. Ҳайҳот! У зоҳидликка юз тутиб, гадолик йўлига кирганида бу бебақо дунё юмушларидан қўл ювиб, тун-кун тариқат билан бўлурмен, деб ўйлаган эди. Шайх бўлса тариқатни қўйиб, айғоқчилик қил, даҳрий шоҳнинг орқасига туш, деди. Қаландар эса, гарчанд мадрасани тарк этган бўлса ҳам, кўнглида Мирзо Улуғбек ҳазратларига ҳеч бир гина-кудурати йўқ, билъакс юрагининг бир четида ҳамон илиқ ҳислар милтираб турарди. Зотан, айғоқчилик қилиш фикри уни ижирғантириб юборди. У кўнглидаги шубҳаларни шайхга билдирмай, Гўри Амир ёнидаги хонақоҳга кўчиб ўтди, лекин шайх айтгандай кечалари зикр тушиб, Кўксарой атрофида дайдиб юрмади. Мирзо Улуғбек олдига кимлар кириб, кимлар чиқишини пойламади… Мана энди, ҳовуз бўйидаги шосупада келган-кетганларни кузатиб ўтираркан. Қаландар Қарноқий шайхнинг не муддаода чақиртирганини ўйларди. Балки шайх ундан норози бўлгандир ё билъакс, бу икки ойда қилган юмушларидан ҳисоб сўрамоқ мақсадидадир? Сўраса не дейди? Қандай жавоб беради?
Ана, ниҳоят, ичкари ҳовлининг эшиги очилиб, нуқул оқ жома кийган уламолар қуршовида доруссалтана қозиюл қуззоти Хожа Мискин жаноблари кўринди. Лекин қози жанобларини кузатиб чиққан муридлар дарвозанинг зулфинини солиб улгурмаган ҳам эдиларки, у яна тақиллаб қолди.
Қаландар Қарноқий қизиқсиниб, дарвоза томонга қаради, қаради-ю, юраги бир ҳапқириб тушди. Дарвозадан кирган одам… Хожа Салоҳиддин заргар эди!..
Эгнида авраси кимхоб, олмахон пўстин, бошида учига дур қадалган тулки телпак, заргар кичкина, лекин пишиқ қоматини тик тутиб, фил тишидан ясалган асоси билан ерни дук-дук уриб ўтиб кетди. У Қарноқийни кўрмади. Қарноқий ўтирган томонга қайрилиб қарамади, лекин қараганда ҳам соч-соқоли ўсиб кетган, эгнига жанда, бошига эски кулоҳ кийган бу фақир дарвешни танирмиди?
Қарноқийнинг эсига мавлоно Али Қушчининг совчилиги ва бу такаббур чолнинг айтган гаплари тушди: “Бу мусофир шоир мадрасада мутолаа қилурмен деб, ақлидан озибдур… Ул фақир Салоҳиддин заргарнинг набирасини сўрамоқдан аввал қорнини тўйдурсин!”
Рост, Қарноқий бу сўзни мавлоно Али Қушчининг оғзидан эмас, бошқа бир одамнинг оғзидан эшитди. Совчиликдан қайтган устод эса унинг кўнглини кўтаришга, ҳар хил ҳикоялар айтиб уни овунтиришга уринди. Лекин устоднинг маъюс чеҳрасида шундай бир изтироб барқ уриб турдики, Қарноқий гап-сўзсизоқ ҳаммасига тушунди… Мавлоно Муҳиддин-чи? У бир неча кунгача шогирдининг юзига тик боқолмай, ўзини четга олиб юрди. Лекин бундан не фойда? Бунчалик ерга уриб, хор қилар экан, бошда уни шогирдликка олиб не қиларди: уйида ожизалар учун дарсхона очиб, Хуршида бонунинг мутолаасини унга топшириб не қиларди?..
О, ўша кунлар! Мавлоно Муҳиддиннинг жавонлари китобга тўла осуда хонасида ўтган масъуд дақиқалар!.. Хуршида бону ҳамиша юзига қандайдир зар толалар сочилган ҳарир ипак дурра ташлаб, бежирим кобулий ковушчаси билан ерни унсизгина босиб оҳиста кириб келар эди. Бону ўртага тутилган ҳарир дарпарданинг у томонига ўтирар, ўзиям аввал жуда ийманиб, бошини бир томонга эгиб, жимгина қулоқ солар, лекин мутолаа давомида очилиб кетар, юзини тўсиб турган ипак дурраси бир четга сурилиб, ҳаё ва ҳаяжондан ял-ял ёнган мулойим юзи, чарақлаб турган оҳу кўзлари, бутун ёшлик латофати, иффати, хаёлий гўзаллиги билан намоён бўларди… Қаландар Қарноқий ўзининг илк шеърларини ўша мутолаа хонасида битган ва илк бор Хуршида бонуга ўқиб берган, зотан уни шоир қилган ҳам шу дилбар ва оқила қиз эди… Ҳа, ҳаётининг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, ўн гулидан бир гули очилмаган бу нозик қиз… қирққа бориб қолган, чекмаган заҳмати, кўрмаган балоси қолмаган Қаландардан донороқ чиқди: Қарноқий қизга ўз кўнглини очиб, совчи юбормоқчи эканини айтган кечаси… ундан кичик бир мактуб олди. Қиз у билан хилватда учрашмоқни тилаган эди.
* * *
Улар мавлоно Муҳиддиннинг боғида, жар бўйидаги кекса ёнғоқ тагида учрашдилар.
Ургут тоғларидан ғир-ғир шабада эсиб турган, илиқ баҳор оқшоми эди…
Оёғига қўнжи гулдор қизил сахтиён этикча, эгнига пуштиранг шойи кўйлак устидан бели хипча мурсак кийиб, бошини оқ тивит рўмол билан танғиб олган Хуршида бону, қўлида қандайдир тугунча, ёнғоқ остига, айтган пайтига етиб келди. У қалтирар, оёғида зўрға турар эди. Бонунинг келишига ҳануз инонмай титраб турган Қарноқий эс-ҳушини йўқотиб, довдираб қолди. Бону эса, энтика-энтика дарҳол қочишни, Самарқанддан бош олиб чиқиб кетишни илтимос қилди. Қаландар бўлса… (О, саҳройи содда, ҳақ таоло девдай қадди-қомат бериб, ақл бермаган анқов!) Қаландар бўлса устодини ўйлади. Устодини ранжитмоқ, ўз падарини ранжитмоқ билан баробар, деган нақлни эслади. Олдин совчи юборай, агар рад жавоби олинса, кейин қочурмиз, деди. Бону унинг сўзини жимгина эшитди-ю, тўсатдан ёнғоқ тагидан отилиб чиқиб, ҳовлилари томон йўналди. Лекин уч-тўрт қадам ўтмасданоқ нимагадир қоқилиб йиқилди. Турган жойида карахт бўлиб қолган Қаландар бонуга қараб югурди. Бону оҳиста инграб дарахт шохлари орасида питирлаб ётар, рўмоли бошидан тушиб, сочлари тўзғиб кетган эди. Қаландар унинг ёнига тиз чўкди. У қизни белидан қучиб, кўтариб олмоқчи бўлди. Лекин бону: “Қўйинг!” деди-ю, ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.
– Бону!
– Ушламанг! – Бону қўлини тортиб олди-да, бўйнидаги зебзийнатларини шалдиратганича, оқсоқлана-оқсоқлана ҳовлилари томон югурди. Сал ўтмай боғ эшик тарақлаб ёпилди.
Қаландар ҳамон умидини узолмай эшикка борди. Ичкаридан бонунинг пиқ-пиқ йиғиси эшитилар, унинг йиғиси худди ҳақоратланган қизчанинг йиғисидай бедаво, ўксик эди. Қаландар қуруқшаб-қовжираб қолган лабларини эшик тирқишига тутди:
– Бону, азизам!..
Жавоб ўрнига эшик зулфинларининг шарақ-шуруғи эшитилди.
Қаландар сармаст одамдай гандираклай-гандираклай орқасига қайтаркан, боя бону йиқилган жойдаги шох-шаббалар орасида ялтиллаб ётган бир нарсага кўзи тушди. Энгашиб қараса… кафтдеккина дафтарча!
Қизил духобага ўралган дафтарчанинг жилдига – Қаландар буни кейин, мадрасага қайтгач кўрди – зар билан шу сатрлар битилган эди.
“Нигоҳим йўлдадур, келгайми деб, зинҳор билмайсен,
Кўнгил оҳин билурми деб, кутармен, ёр билмайсен.
Топиб ёлғиз, дилим розин баён этмоққа ожизмен,
Узун тунлар хаёлингда ўтар бедор, билмассен!”
Қаландар, қўйнида бонунинг кафтдеккина дафтарчаси, икки қўли бир тепа бўлиб, бор-йўғидан айрилди, қолди. Лекин не чора, айб ўзидан ўтди… аввал совчи юборармиш, кейин, агар рад жавобини олса, сўнгра… Рад жавобидан кейин Салоҳиддин заргарнинг эшиги унинг учун тақа-тақ ёпилди. Хуршида бону тугул унинг босган изларини ҳам кўролмади!.. Кейин-чи? Кейин доруссалтана кўчаларини ларзага солган ноғораларнинг гумбури ва карнай садолари остида амир Иброҳимбек ўғли от ўйнатиб, Салоҳиддин заргар даргоҳига кириб борди…
Ўша оқшом, карнайлар наъра тортиб, амир Иброҳимбек ўғли дабдаба ва асъаса билан Салоҳиддин заргар ҳовлисига от ўйнатиб кириб борганида, мадрасаи Улуғбекнинг осуда хонасида кўксини ерга бериб ётган Қаландар Қарноқий мударрислик сарупосини ечиб, эгнига эски жанда кийди, салласини бир четга улоқтириб, бошига кулоҳ қўндирди-да, гадолар хонақоҳига равона бўлди…
Бу кўргуликлардан юраги лахча чўғ бўлган Қаландар, ўрнидан туриб кетди, телбаларча атрофига тикилиб, яна ўтирди.
Хайрият, шу пайт ичкари ҳовлининг эшиги очилиб, муридлар қуршовида Хожа Салоҳиддин заргар кўринди. Чол яна боягидай пишиқ қаддини хода ютгандай тик тутиб, олтин бандлик асоси билан ерни дук-дук уриб, Қаландарнинг ёнидан ўтиб кетди.
Олтин жаранги қутуртирган баттол! Ҳам Қаландарнинг қанотини қайирди, ҳам суюкли неварасини бахти қора қилди! Токи Қаландар Хуршида бонуга муяссар бўлганида, ўз севгилисини телба шаҳзоданинг ҳарамига бериб қўймас эди. Йўқ! Унинг қўлида ўлса ўлар эдики, лекин севгилисини хор қилмас эди!..
– Ҳей, кўзингни оч, девона! Уйқунгни хонақоҳингда урарсен. Шайх ҳазратлари чорлайдур сени!
Бошига кигиз қалпоқ, оёғига чориқ кийган ёш мурид уни ички ҳовлига бошлади.
Ички ҳовлининг тўрида олди айвон муаззам кошона қад кўтарган эди. Ҳовлининг қоқ ўртасига кошинкор шийпон қурилган, шийпоннинг атрофидаги кумуш фавворалардан отилиб чиққан сув чинни ариқчаларга қуйилар, қатор устунларга осилган кўк-қизил фонуслар шуъласида фаввораларнинг суви камалакдай товланиб, ажиб бир манзара касб этган эди.
Қаландар Қарноқийни бошлаб кирган ёш мурид уни дарвозаларига ипак парда тутилган қаршидаги уйга бошлади, даҳлизга киргач, ўнг қўлдаги ўймакор эшикка имо қилди: “Киравер!..”
Қаландар юраги алланечук бўлиб, эшикни очди.
Шайх Низомиддин Хомуш деворларига қирмизи ранг такатуркман гиламлари осилган кенг хонанинг тўрида, қат-қат шойи кўрпачалар устида, парқу ёстиқларга кўмилиб ёнбошлаб ётарди. Бошида симобий дастор, эгнида қора бахмал тўн устидан кийилган қордай оппоқ ридо, қўлида оғир тасбеҳ, кўзлари юмуқ, шайх мудраб қолганга ўхшарди. Лекин Қаландар эшикда тўхтаб, салом бериши билан сал тўлиша бошлаган бақувват қоматини ростлаб ўтирди, оппоқ пахмоқ қошларининг остидан синовчан тикилган кўзларини Қаландардан узмай:
– Кел, Оллоҳ гадойи, – деди. – Тортинма, болам, юқори ўт! – Шайхнинг овози, нур ёғилиб турган чеҳрасидай мулойим эди.
Қаландар, қўллари кўксида, оёқ учида бир-икки қадам босиб, шайхнинг рўпарасига тиз чўкди. Эшик яна очилиб, икки мурид бири дастурхон, бири катта кумуш баркашда иссиқ нон, асал, мева-чева кўтариб кирди. Шайх яна кўзини юмиб, муридлар чиқиб кетгунча сукутга толди, сўнг:
– Аҳволинг нечук, дарвеш? – деб сўради. – Арзинг бўлса сўзла!
Қаландар бошини кўтармай бир қимирлаб қўйди.
– Оллога шукур, пирим. Оллоҳ гадойида не арз бўлсин! Устим бут, қорним тўқ, пирим…
– Боракалло, бўтам! Иншоллоҳ, ниятингга етгайсен! Ол, болам, Оллоҳнинг нози неъматидан баҳраманд бўл!..
Қаландар ташаккур билдириб, бош эгди. Шайх индамай тасбеҳ ўгиришга киришганини кўриб, ер остидан хонани яна бир бор кўздан кечирди. Ҳаммаёқ гул-гул ёнган гилам, деразаларда бир қат шойи устидан бахмал қопланган оғир дарпардалар, нозик бўёқ юритилган гулдор шифтга олтин қандил, ўймакорлик билан ясалган қуббасимон токчаларда мунаққаш идишлар, олтин баркашлар…
– “Воажабо! Барча гадолар пирим, деб юкунган шайх ҳазратларига бу кўрк, бу ўтар дунё зеб-зийнати не керак?”
Дунё менинг деганлар,
Жаҳон молин олганлар.
Каргас қушдек бўлубон,
Ул ҳаромға ботмишлар…
– Не деб пичирлайсен, дарвеш?
Шайхнинг вазмин овозидан сесканиб кетган Қаландар “Оллоҳга такбир туширмоқдамен, пирим” деб юборди-ю, “осий бандангни ўзинг кечиргайсен, парвардигор!” деб қўйди.
– Болам! – деди шайх яна боягидай мулойим товушда. – Сени чақирмоқдан муддао, сенга бир юмуш юкламоқ эрди. Аммо бу юмушни юкламоқдин аввал сенга бир саволим бор, Оллоҳ гадойи…
Қаландарнинг юраги увишиб кетди. “Тунов кунги юмушни сўраса, не қилурмен?”
– Болам, Қаландар! Сен фоний дунё лаззатини тарк этиб савоби азим юмуш қилдинг. Даргоҳи илоҳининг гадоси – ҳақ таолонинг суюкли бандаси эрур. Аммо ростингни айт: кўнглингда бу йўлни ихтиёр этиб тўғри қилдимму, йўқму, деган бир иштибоҳ йўқму?..
Қаландар Қарноқий олдидан илон чиққан одамдай юраги шиғ этди: шайх унинг кўнглидаги шубҳаларни сезган эди.
– Нечун сукут қилурсен, дарвеш?
Қаландар секин бошини кўтарди. Шайх сал олдинга эгилиб, пахмоқ қошларини бир-бирига туташтириб унга қадалиб ўтирар, қип-қизил, хушсурат чеҳрасида бўлакча бир шиддат, кишини ўзига ром қиладиган бир куч бор эди. Қаландар кўзини олиб қочаркан, бош чайқади:
– Йўқ, пирим, кўнглимда шубҳа йўқ. Ва лекин…
– Сўзла! – деди шайх.
– Ва лекин зоҳидларнинг кирдикорлари ранжитадур, пирим. Кўплар гадоликни танлабди, аммо гадоликка бош эгмайди, гуноҳдан қўрқмай наша чекади, ғийбат қилади, қимор ўйнайди, пирим…
– Инналлоҳо маассобирин, яъники, Оллоҳ сабр қилғонлар билан биргадур. Сабр қилғайсен, дарвеш!
Шайх чуқур хўрсиниб, бир тебраниб қўйди.
– Дилингдан бул иштибоҳни ҳайдаб, истиғфор айлагайсен. Токи, кимки гуноҳ қилса, тонг-ла маҳшарда жазосиз қолмағай! Парвардигори оламга шоҳу гадо баробардур, бўтам. Мана, даҳрий шоҳ Мирзо Улуғбек! Ас-салотин зиллоллоҳу фил арз! Инчунин, мен худонинг ердаги соясидурмен деб, мутакаббирлик қилди. Бобоси Амир Темур… – худованди карим зоти табаррукни бу дунёда соҳиби тож қилғондек, охиратда ҳам муқарриби даргоҳ қилғай!.. Бобоси Соҳибқирон васиятларидан юз ўгириб, дин аҳлини оёқ ости қилди, даҳрийлик йўлини тутиб, фоний дунё лаззатларига шўнғиди. Оқибат, икки дунё мақҳур[33 - Мақҳур – Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлди маъносида.] бўлди… Ҳа болам, халлоқи олам ҳеч бир бандасининг гуноҳини кечмайдур. Токи… Ассавобу бифазлиҳе вал уқобу биадлиҳе ва ла яджибу алайҳе шайъун… Даҳрий шоҳнинг лашкарлари қатлу қирғин бўлибдур. Тахтимизнинг валиаҳди Мирзо Абдуллатиф қўшинлари букун-эрта доруссалтана Самарқандга кириб келадур, болам…
Шайх унга қараб гапираётганини, ундан жавоб кутаётганини билса ҳам, Қаландар бошини кўтармади. У нима дейишини, шайх ҳазратларининг бу гапига қандай жавоб беришини билмас эди. Гарчи у, Мирзо Абдуллатиф лашкар тортиб келаётганини эшитган бўлса ҳам, шайх ҳазратларининг айтганлари кўнглини ағдартўнтар қилиб юборди. Нечун? Ё даҳрий шоҳга ачинганиданми? Ўзинг афв эт, парвардигори олам. Ва лекин… бу шайх не дейди? Осий бандангнинг қай бири даҳрий, қай бири имони басаломат муслимин, ёлғиз ўзингга аён эмасми, худованди карим?..
– Нечун индамайсен, дарвеш?
– Сўзингизни мулоҳаза қилмоқдамен, пирим. Филҳақиқат, ҳақ таолога шоҳу гадо баробардур…
– Камоҳува ҳуққуҳу! – деди шайх. – Иншооллоҳ, эндиликда даҳрий шоҳнинг гуноҳ ишларига чек қўйилур. Диёнатсиз алломалар, иншооллоҳ, Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдалур. Мова роуннаҳрда динул ислом камол топадур! Илоҳи омин! – Шайх юзига фотиҳа тортиб, яна Қарноқийга тикилди.
– Бўтам Қаландар! – деди у, хиёл сукут қилгач, – Мирзо Улуғбек қилган шароратларидин бири – расадхонадур. Расадхонадаги мажусийлар ва бединлар битган китоблардур, болам. Бизга муҳаққақ хабар келдиким, ул диёнатсиз шоҳ бу куфр даргоҳга йиғилган бединлар китобини яширмоқни ният қилибдур ҳам бул гуноҳи азим юмушни бетавфиқ шогирди Али Қушчига топширибдур! Боз хабар келдиким, Мирзо Улуғбек бу иш учун бадкирдор Али Қушчига кўп тилла ва бойлик инъом этибдур!.. Бундан хабаринг йўқму?
Қаландар ялт этиб қаради. Шайх ҳазратлари олдинга эгилганча унга қадалиб қолган эди.
– Йўқ, пирим, ўлимдан хабарим бор, аммо биллоҳ, бундан хабарим йўқдур…
Шайх Низомиддин Хомуш кўзини ундан узиб, бош ирғади.
– Сени чақирмоқдан мурод шулким, бу фариштасиз даргоҳга ва беимон Али Қушчига кўз-қулоқ бўлиб турғайсен. Зероким, жаннатмакон Амир Темур тиллаларини, даҳрий шоҳнинг макруҳ китобларини яширмоққа йўл қўймоқ – гуноҳи азимдур. Мана! – Шайх ҳазратлари ёстиғининг тагидан икки букланган бир қоғоз олиб кўрсатди. – Муршиди муқтадо эшон Убайдулла Хўжа Аҳрор ҳазратлари Шошдин мактуб йўллаб, бул юмушни қаттиқ тайинлабдурлар. Ул шайхул машойих букун-эрта доруссалтанага йўл оладурлар… Нечун индамайсен?
Шайхнинг овозида шундай совуқ бир қатъият, важоҳатида шундай зўр шиддат, ёниб турган кўзларида шундай бир сеҳр бор эдики, Қаландар довдираб:
– Бандаи ожиз не дейман? Пиримнинг амри вожиб эрур! – деб юборди.
Шайх ҳазратлари бош ирғаб маъқуллади-да, важоҳатини ўзгартирмай давом этди:
– Бу ишда фаромушлик қилиб бўлмайдур. Туну кун расадхона теварагидан кетмагил! Баттол Али Қушчини кўз остингдан қўймагил!
“Ё раббий! Қайси гуноҳларим учун фақирнинг бошига бу савдоларни юкладинг? Ҳамду сано ўқиб, хилватда ётмоқ ўрнига айғоқчилик қилсам! Мусофирликда бошимни силаган устодларимнинг яхшилиғига ёмонлик қайтарсам!…”
– Ҳамма юмуш хуфия бўлмоғи лозим, – деди шайх. – Зероким, шаҳзодаи валиаҳд Абдуллатиф доруссалтанани забт этиб, тахтга муқим ўлтирмагунча бул сир-асрорни бир кимса билмагай. Бу сирдан бир кимса воқиф бўлса, алхусус, бетавфиқ Али Қушчи воқиф бўлса – дўзахий бўлурсен, Қаландар! Сўзимни англадингму?
– Англадим, пирим…
– Оллоҳ сенга мадад бергай, илоҳи омин! – Шайх юзига фотиҳа тортиб, дастурхонига ишора қилди:
– Иссиқ нонлардан қўйнингга сол, дарвеш!
Қаландар итоаткорлик билан дастурхондан иккита патир олиб қўйнига тиқди-да, орқаси билан юриб, чароғон хонадан чиқди.
Бояги изғирин пасайган, лекин кун совуқ эди. Хаёли чувалашиб кетган Қаландар, кўз олди қоронғилашиб, устунга суяниб қолди.
– Э, дариғ! Нечун шайх унга ёпишиб олди? Нечун бу нопок юмушни унга топширди?
Шайх уни биринчи кўргандаёқ шубҳа остига олганини, шубҳа остига олганларни эса шу йўл билан синаб кўриш одатлари борлигидан бехабар Қаландар, ҳислар тўфонидан гандираклаб ҳовлидан чиқди.
Шу пайт ташқаридан “Ё олло, дўст, ё олло!” деб зикр тушган овозлар эшитилиб, дарвозадан бир гуруҳ дарвешлар кириб келишди. Қаландар четлаб уларга йўл бераркан, олдинда оқсоқланиб келаётган Қашқир лақабли ғилай дарвешни таниб қолди. Қашқир ҳам уни таниди чоғи, қоронғида қулоғини ликиллатиб, ишшайиб қўйди.
Қаландар Қарноқий ҳамон гандираклаганича дарвозадан чиқ ди, чиқди-ю, аллақандай ички бир ҳиссиётга бўйсуниб, “Мозори шариф” томонга йўл олди.
Зим-зиё қоронғиликда қабристондаги чинорлар, ичлари ковак кекса шотут ва садақайрағочлар аянчли чийиллар, гўё бу ковакларга ажиналар яшириниб, базми жамшид қураётгандай ваҳимали овозлар чиқарар, кулар, йиғлар эди. Кимдир қабристоннинг бир четида қироат билан қуръон ўқир, масжид томондан дарвешларнинг “ҳу-ҳу”лари қулоққа чалинарди.
Қаландар мармар сағаналар, унгурдай ўпирилиб қолган қабрлар орасидан қоронғида қаёққадир қоқилиб-суриниб бораркан, хаёлан ҳамон кўкка тавалло қиларди: “Гуноҳкор бандангни кечиргайсен, эй парвардигори олам! Фақир бу бебақо дунё лаззатларини тарк этиб, ҳақ йўлини танлаганда тариқат ўрнига бундай нопок юмушлар қиламен, деб ўйлаган эдими? Ўз устози, мусофирлик ва йўқчиликда бошини силаган валинеъмати орқасидан айғоқчилик қиламен, деб ўйлаган эдими?.. Мавлоно Али Қушчи даҳрийми, ё имони баркамол бандангми – буни бу такаббур шайх қайдин билур, тангрим?
Мулло, муфти бўлғонлар,
Ноҳақ даъво қилғонлар,
Оқни қаро қилғонлар,
Ул тамуққа кирмишлар…
Ноҳақ даъво қилғонлар… Шайхнинг сўзи ҳам ноҳақ даъво эмасму, эй халлоқи олам?..
Мана, йўлканинг охирида қуриб-қовжираб қолган азим чинор кўзга чалинди. Чинор тагида устига архар шоҳи қўйилган юксак дахма қорайиб турарди. Қаландар Қарноқий қабрнинг бош томонига ўтиб, саждага бош эгаркан, хаёлан пири Баҳовуддин Нақшбандийга илтижо қилди:
“Бу фақир гадога ўзинг мадад бер, эй валинеъмат бузруквор! У дарвешлик йўлига кирганида фоний дунё юмушлари эмас, туну кун тариқат ва ибодат қилмоқ ниятида эди… Эй, буткул аҳли жунунлар, мусофир ва мужовирлар, гадолар ва йўқсиллар ҳомийси Хожа Баҳовуддин Нақшбандий! Эй, парвардигори олам! Гуноҳкор бандангни ўзинг кечиргайсен! Ўзинг кечиргайсен, тангрим! Ўзинг кечиргайсен!”
Қаландар Қарноқий тиз чўкиб, чўғдай пешонасини дахманинг муздай тошига босди.
9
Мирзо Улуғбек яна кечагидай от ўйнатиб олдинда борарди. Остидаги арабий бедовнинг кенг ўмровидаги ёқут ва лаъл қадалган тилла қалқончаси офтобда кўз қамаштириб чарақлар, устидаги заррин ёпинғичи чўғдай гул-гул ёнар, пешонасидаги кокилига тақилган маржон шодалари силкиниб, кумуш эгарнинг олтин ҳалқачалари нафис жаранглар эди. Лекин бу ажиб мусиқа Мирзо Улуғбекнинг қулоғига кирмас, у яна хаёллар уммонига чўмган эди.
Кечаси юрагида жўш урган туғён босилган, дилини қандайдир теран бир лоқайдлик чулғаб олган эди. У фақат бир нарсага пушаймон қиларди: тезроқ жанг бўлмади-ю, шаҳзодани бир кўрмади!..
У кеча жанг қилишни кўнглига туккандан бери негадир хаёлидан шу фикр кетмай қолди: жанг-жадал бўлса-ю, шаҳзода билан юзма-юз тўқнашса, унинг кўзларига тикилса, муддаосига тушунса, сўнгра майли, унинг қўлида ўлса ҳам армони йўқ!.. У қайси юз, қайси виждон билан ўз падарига қўл кўтармоқда? Шуни билса бас! Кейин майли, нима қиламан деса, шаҳзоданинг изми ихтиёрида!..
Э, воҳ! Мирзо Улуғбек бу ўғлини нечундир болалигидан суймади. Ўғлим, деганда юраги сира “жиз” этмади, қалбида бир меҳр уйғонмади… Шаҳзода туғилибдики, узоқ Ҳиротда, волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегим тарбиясида бўлди. Гавҳаршод бегим ўз қўлида, Ҳирот саройида тарбия қилди, вояга етказди. Лекин… ҳазар алҳазар!.. Бобоси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг шаҳзода Алоуддавла билан тожу тахт талашган Абдуллатиф энагаси Гавҳаршод бегимни қўлга тушириб, ҳибс эттирди. Мирзо Улуғбек буни эшитиб сочлари тикка бўлиб кетган эди. Лекин ўз пушти камаридан бўлган фарзанди экан, шаҳзода Алоуддавла Абдуллатифни асир олиб, Ихтиёриддин қалъасига ҳибс этганда чидаб туролмади, қўшин тортиб Хуросонга борди… Нечун ўшанда Мирзо Улуғбек унга бўлишди? Нечун Балхни унга инъом қилди?
Мирзо Улуғбек аламли дуд кўксини ўртаб юбораётгандай, уф тортди-да, бошини кўтарди. Кечаги изғирин пасайган офтоб терак бўйи кўтарилиб қолган эди.
Катта карвон йўлининг икки ёнидаги ясси адирларни черик эгаллаган, ҳаммаёқ эшак, хачир, туяга тўлиб кетган эди. Олдиндаги навкарлар ва ясовуллар от ўйнатиб, йўлдаги черикларни четга сурмоқда, эшак ва хачирларни аёвсиз қамчилаб қувмоқда эди. Қилич ўрнига ойболта, таёқ ва чўқмор кўтарган, суворийлар либоси ўрнига бошларига кигиз телпак, эгниларига эски чакмон ва кенг чолвор кийган юпун деҳқонлар шошилмас, ўзларича сўкиниб секин йўл бўшатишар эди…
Чинакам қурол ўрнига таёқ ва чўқмор кўтарган, умрида жангжадал кўрмаган бу беозор деҳқонлар шаҳзоданинг салкам эллик минг лашкарига қарши нима қила олади? Буларни ким, нечун йиғди?
Мирзо Улуғбек саройбонни чақириб, черик бошлиқларига деҳқонларни тарқатиш тўғрисида фармон берди-да, бетоқат юлқинган оқ байирига қамчи уриб, илгарилаб кетди…
Пешинга яқин олдинда ипакдай майин пуштиранг боғларга кўмилган Димишқ қишлоғи кўринди. Димишқдан кейин, то Самарқандга етгунча боғлар бир-бирига туташиб кетар, гўё бутун олам улкан гулхан орасида ловуллаб ёнарди. Димишқдан сал ўтилса, офтобда ажиб бир манзара касб этган Бибихоним мақбарасининг ложувард гумбази кўринади. Ундан сал берироқда, ўша ҳарир қирмизи парда орасида, Улуғбек мадрасасининг юксак пештоқлари товланади. Ундан чапроқда эса, осмонга санчилган Гўри Амир минораларининг тилларанг бўёқлари нозик жилоланади… Мирзо Улуғбек боғлар ортидан элас-элас кўринган суюкли шаҳрига суқланиб тикилар экан, беихтиёр кўзига ёш олди. Наҳот киндик қони тўкилган, масъуд болалик йиллари ўтган, обод қиламан, деб умрини бахш этган бу суюкли шаҳри азим қўлидан кетса? Донғи буткул рубъи маскунга таралган расадхона-чи? Фахр-ифтихори бўлмиш мадрасаси-чи? Наҳот унинг илм-фан йўлидаги қирқ йиллик уринишлари шамолга совурилса? Қирқ йил йиққан нодир хазинаси-чи? Шогирдлари-чи? Уларнинг тақдири не бўлади? Қирқ йил уруш кўрмаган бу элулус, буткул Мовароуннаҳрнинг аҳволи не кечади?
Мирзо Улуғбек юрагини ўт олиб, арғумоғига аччиқ қамчи босди. Усиз ҳам бетоқат пишқирган оқ бедов сувлиғини чайнаганича бургутдай ер бағирлаб учиб кетди. Унинг юрагидаги пўртанадан бехабар аъёнлар ва боёнлар ҳайрон бўлишиб, бир-бирларига қараб олишди-да, улар ҳам отларига қамчи босишди. Димишққа етмасдан ўнг қўлдаги ялангликда “Боғи жаҳон” кўринди. Баланд девор билан ўралган улкан боғ ўртасида сутдай оппоқ кошона кўзга чалинди. Бобоси Амир Темур оғир юришларидан қайтаётиб, Самарқандга киришдан олдин бу боққа албатта қўниб ўтар эди… Олдинда учиб бораётган Мирзо Улуғбек қандайдир ички бир туйғуга бўйсуниб, отининг бошини “Боғи жаҳонга” бурди.
Дарвозадан бошланган кенг хиёбонга хазонлардан қирмизи пояндоз тўшалган эди. Дарахт шохларидан чирс-чирс узилиб тушаётган япроқлар ҳавода унсиз сузиб, оёқ остига қушдай назокат билан қўнарди. Кошона олдидаги гулзор, гулзор ўртасидаги мармар ҳовуз, ҳаммаси хазонга тўлган, фақат ток япроқлари ҳали тўкилмаган, баланд сўриларидаги токларда ҳар бири отнинг калласидай чарос бошлари қора марвариддай товланиб турарди…
Мирзо Улуғбек истиқболига чиққан ясовулга арғумоғининг жиловини ушлатди-да, орқадагиларни кутмасдан хиёбон бўйлаб кетди. Хиёбоннинг охирида, анорзор тепаликнинг шундоқ ёнбағрида тиниқ бир чашма шилдираб оқарди…
Мирзо Улуғбек чашма бўйига тиз чўкиб, муздай сувга ювинди, таҳорат олди ва мовут тўнини булоқ атрофидаги сарғая бошлаган ажриқзорга ёзиб, пешин намозини ўқиди. Сўнг, аллақандай маъюс эсдаликларга чўмиб, узоқ ўтирди. Эсига негадир яна болалик чоғлари тушди.
У ҳали кичкина бола эди. Бир сафар олис сафардан қайтган бобоси бир-икки ҳафта шу боғда турди. Худди мана шу булоқ бўйига суюкли энагаси Сароймулкхонимнинг ҳаворанг ипак саропардаси тикилган эди. Унинг атрофига кўк, пушти, қизил, нофармон ранг кичик чодирлар жойлашган бўлиб, уларда қилиқлари мулойим, ҳаракатлари назокатга тўла ёш канизлар, баковуллар туришарди. Чодирларнинг орқасидаги яшил бедазорга оқ биялар боғланган, биялардан олисроқда кийикчаларга ўхшаган гўзал тойчалар кишнашиб турарди. Энагаси Сароймулкхоним ҳар куни эрталаб Муҳаммад Тарағайни шу тойчалар олдига етаклаб борарди. Сароймулкхоним кенг юзли, бурни тугмадеккина, кўзлари қисиқ бир хотин эди. Лекин унинг оппоқ, бўлиқ гавдасида, эгнидаги қимматбаҳо саруполари ва нозик зеби зийнатларида, гап-сўзларида бўлакча бир виқор ва маҳобат бор эдиким, ҳамма ундан ҳайиқар, бир гапи икки бўлмас эди. Улуғбекка айниқса, унинг майин қўллари, фируза кўзли қўш-қўш тилла узуклар тақилган узун оппоқ бармоқлари ёқар, энагаси бу қўллари билан унинг бошини силаб эркалаганида ийиб кетиб, тойчоқдай унинг бағрига отлар эди.
Гоҳо энагаси олдига этак тутиб, чодир ёнидаги бўлиқ оқ бияни ўзи соғар, сўнг, алоҳида мешга қуйиб, қиёмига келтириб қимиз қилар ва яхдай булоққа ташлаб қўярди. Аҳён-аҳёнда бу қимизни ичгали ҳаворанг саропардага бобоси Амир Темур келарди. У сезиларлик оқсоқланса ҳам, асо ушламас, новча қаддини йигитлардай тик тутиб: гўё бир ёққа шошаётгандай шитоб билан юрар эди. У ҳеч қачон қимматбаҳо заррин тўнлар киймас, ёзги саратонда ҳам туя жунидан тўқилган оқ-сарғиш чакмонини ечмас, ўтирганда чакмонининг этаги билан майиб оёғини ўраб, тиззасини силаб ўтирар эди. Бобоси Амир Темур от юзли, қийғир бурун, сийраккина чўққи соқол одам эди. Ундан ҳамма ҳайиқар, у сийрак қошларини чимириб, ўткир кўзлари билан қадалиб қараганда, ҳеч ким тоб беролмас, ҳамма кўзини олиб қочар, у келаётганда ҳар ким турган жойида қўл қовуштирганича қотиб қолар эди. Лекин ажабо: кичкина Муҳаммад Тарағайни кўрганда бобосининг қовоғи очилиб, чеҳрасидаги шиддат бўлакча бир мулойимлик билан алмашар, ўткир нигоҳида шўх учқунлар ўйнар эди. Одатда у неварасини тиззасига ўтқазиб эркалар, аксарият мударрисларни чақириб, неварасининг сабоқларини суриштирар эди. Мударрислар Улуғбекнинг зеҳнини мақташса, бобоси неварасининг кенг пешанасидан ўпиб кулар:
– Боракалло сизга! Амир Темур авлодидан ҳам Ҳорун Рашиддай бир фозил подшоҳ чиқсин-да! – деб қўяр эди. Гоҳо эса, билъакс, неварасини мутолаа устида кўрса, жаҳли чиқар, дарғазаб бўлиб навкарларидан бирига:
– Олиб чиқ! От минсин! Қилич ўйнасин! – деб буюрар эди. Шундай пайтларда бобоси қовоғини солиб, неварасининг машқларини зимдан кузатиб турар, Улуғбек отга чаққон минолмаса ё қиличбозликда нўноқлик қилса дарғазаб бўлар, беҳашам пўлат ғилофга солинган қиличини суғуриб оларди-ю, кўзлари ёниб, ёнида ким турса шу билан қиличбозлик қилиб кетарди…
… Мирзо Улуғбек катта йўлдан бир тўп суворийлар от чоптириб ўтганини эшитиб, секин ўрнидан турди, атрофига таажжуб билан тикилди: унга не бўлди? Шундай хатарли пайтда олис болалигини эслаб ўтирса! Тожу тахт ғамини емоқ ўрнига, маҳзун хаёллар гирдобидан чиқолмаса?
Мирзо Улуғбек қирмизи пояндоз тўшалган хиёбондан оҳиста юриб орқага қайтаркан, дарвозанинг ёнида оқ кўпикка чўмилган бир неча отларни кўрди. Кошонадан чиққан шаҳзода Абдулъазиз билан қўлида мактуб ушлаган Шайхулислом Бурҳониддин шоша-пиша унга томон юришди.
“Тағин нохуш хабар!” – хаёлида деди Мирзо Улуғбек.
– Қайда юрибсиз, онҳазратим? – деди шайхулислом ҳансираб. – Амир Искандар барлосдан чопар келубдур.
– Тағин не мужда? – Мирзо Улуғбек тўхтаб номага қўл чўзди. Бир парча сариқ қоғозга палапартиш ёзилган номада амир Искандар шаҳзода Абдуллатифнинг ҳировул қўшинлари пистирмадан чиқиб, унинг қалб қўшинларига ҳамла қилганини ёзган эди. Амирнинг хабар беришича, шаҳзоданинг қўшинида филлар ҳам бор. Бу филлар унинг суворийларига даҳшат солгани боисидан у доруссалтана томон чекинмоқни лозим кўрган…
Мирзо Улуғбек кўзларини номадан узиб, ўғли билан шайхулисломга қаради. У эндигина кошона ёнида турган бир гуруҳ сарой маҳрамларига кўзи тушди. Маҳрамлар орасида жиянлари – шаҳзода Абдулла билан Абу Саид Мирзо ҳам турар, зарбоф тўн ичидан суворий совут, бошларига тилла ҳошияли дубулға кийган бу икки шаҳзоданинг ҳам кўзларида тараддуд, ҳаракатларида тоқатсизлик сезилиб турарди.
Мирзо Улуғбек оёқларини кериб тўхтади. Ажабо: суворий совутлар кийиб, сербар камарларига олтин қилич таққан бу саркардалар, қимматбаҳо саруполарга ўранган бу сарой аҳли нечун бунчалик титрайди, недан қўрқади? Башарти шаҳзодадан қўрқса нечун амир Султоншоҳ тархонга ўхшаб, унинг тарафига қочиб ўтмайдими?..
Мирзо Улуғбек жўрттага овозини кўтариб:
– Шаҳзода лашкари юриш бошлабдур, – деди. – Лашкарларида филлар бор эрмиш.
Шайхулислом Бурҳониддин ранги ўчиб, бошини сарак-сарак қилди.
– Давлатпаноҳ не фармон бергайлар?
Мирзо Улуғбек мийиғида кулимсиради.
– Оллоҳ таоло пешонага нени ёзган бўлса шу бўлади, тақсир.
– Иншоллоҳ пешонангиз ёруғ бўлғай. Ва илло…
– Жанг-жадал қилмоқ!
Шайхулислом чўққи соқолини ушлаб, бош чайқади ва гўё сарой аҳли эшитишини истамагандай:
– Доруссалтанага қайтмоқ даркор, онҳазратим! – деди секин. – Қалъа мустаҳкам…
Мирзо Улуғбек асабий ҳаракат қилиб:
– Ҳайҳот! – деди. – Шаҳзодада тош отғувчи арродалар бордур, тақсир! Буткул шаҳар зер-забар бўлади! Буткул шаҳар!
Чол яна асабийлашиб бошини сарак-сарак қилди.
– Валлоҳи аълам биссавоб! Ва лекин шаҳарни ололмас, султоним! Жамики масжидларга хутба ўқитурмен. Барча фуқаро оёққа турадур, давлатпаноҳ!..
Мирзо Улуғбек жавоб бермади. У Шайхулислом Бурҳониддиннинг самимийлигига шубҳа қилмас, ҳозир бу оғир вазиятда Самарқандга чекиниб, дарвозаларни беркитиб олишдан бошқа чора йўқлигини тушунар, айни замонда ҳали озиқ-овқатни ғамлаб олмаган шаҳар катта қўшиннинг узоқ қамалига тоб бера олмаслигига ҳам ақли етар эди. Лекин энг муҳими, томирларида мудраб ётган бобосининг қони яна кўпира бошлади, у қилич яланғочлаб, жанг қилгиси, бу сотқин лашкарбошилар олдида Амир Темурнинг набираси эканлигини, жон берса ҳам осонликча бўйсунмаслигини бир кўрсатиб қўйгиси, ниҳоят, шаҳзода билан юзма-юз келгиси, у билан бир оғиз гаплашгиси келарди.
Шаҳзоданинг ҳировул қўшинлари довондан чиқиб юриш бошлаган эмиш!.. Бобоси Амир Темур бундай ҳолатларда ғанимнинг ҳировул қўшинларини олдинга ўтказиб юборар, сўнг баногоҳ жаронғир ва баронғир суворийлари билан қуршаб олиб, қопқонга туширар эди. Агарчи ғаним лашкарларига ёрдам келса эҳтиётда турган чоповул ва шақовул[34 - Чоповул ва шақовул – пистирмада турган асосий қўшин.] қўшинларини жангга солиб, қатлу қирғин қиларди… У эса… ҳайҳот! У ҳеч қачон салоҳиятли саркарда бўлган эмас! Ва лекин… йўқ, у ҳам жанг қилади! Жангжадалсиз жон бермайди!..
– Давлатпаноҳ…
– Ўйлаб кўрмоқ даркор, тақсир! – Мирзо Улуғбек қовоғини уйганича кошона томон юрди. Йўлда турган шаҳзодалар шошапиша йўл беришди. Кошонанинг иккинчи ошёнидаги деворлари фируза ранг сопол парчинлар билан безатилган катта хонага шоҳо кўрпачалар тўшалиб, хонтахталар қўйилган, хонтахталар ёғлиқ патирлар, мева-чева, қовурилган ғоз ва кабобларга тўла эди.
Мирзо Улуғбек ичида кулиб қўйди: “Ўлим олдидан базми жамшид!”
У тўрга, бир маҳаллар бобоси Амир Темур ўтирган жойга ўтираркан, пойгакда таъзим қилиб турган баковулга юзланиб:
– Бода келтир! – деб буюрди. Лекин бодани ичиш насиб этмади.
Баковул чиқиб, Мирзо Улуғбек жойлашиброқ ўтирмаган ҳам эдики, саройбон кириб иккинчи келтирган номани тутди. Бу нома суюкли навкари Бобо Ҳусайндан бўлиб, биринчисидан ҳам ваҳимали эди. Шаҳзоданинг ўнг ва чап қанот лашкари юришни жадаллатиб, амир Султон Жондор билан амир Искандар барлос қўшинларини қопқонга туширмоқ ҳаракатида экан. Лекин энг ёмони – амир Султон Жондор қаёққадир қочган, қўшинда ёлғиз амир Искандар барлос қолган эмиш! Бобо Ҳусайн буни хабар қилиб, Мирзо Улуғбекка Самарқандга чекинишни маслаҳат берган, ўзи эса амир Искандар барлос билан Димишқ атрофида жанг қилиб, шаҳзода лашкарларини тўхтатиб туриш ниятида эканини ёзган эди.
Номага қараганда, шаҳзода қўшинлари икки-уч фарсаҳ жойга келиб қолган. Мирзо Улуғбек қандай қарорга келмасин, бу қарорни дарҳол қабул қилмоғи лозим эди! У эса… У ҳамон жанг қилиш, шаҳзода билан юзма-юз келиш истаги билан ёнар эди. Лекин Бобо Ҳусайн йўллаган номани ўқиркан, хаёлига бир фикр келди: доруссалтанага қайтиб ва унинг дарвозаларини беркитиб олиб, шаҳзода билан сулҳ-салоҳ тузса не қилади? Йўқ, шаҳзода унинг тахтда қолишига кўнмас. Лекин Мирзо Улуғбекка минбаъд тожу тахт керак эрмас! Шаҳзода унинг расадхонасию мадрасаларига тегмаса, маърифат йўлидаги ишларини ман этмаса, у тинчгина илму идрок билан машғул бўлса – бас! Унга шундан бошқа не керак?
Лекин шаҳзодани бу шартларга кўндириш учун фуқарони сафарбар қилиб бўлса ҳам, мудофаага ўтмоқ даркор.
Мирзо Улуғбек барча иккиланишларга чек қўйиб, тўрда чурқ этмай ўтирган амир Идрис тархонга юзланди.
– Сиз Димишқда қолиб, Искандар барлос суворийларига кўмак бергайсиз, амир! Бошингиз кетса-да, шу бугун шаҳзода лашкарбошиларни тўхтатгайсиз. Фармони олий аёнми?
– Аён, давлатпаноҳ! – Амир Идрис тархон тўн ичидан кийган совутнинг ҳалқачаларини шинғирлатиб, таъзим қилди.
Мирзо Улуғбек уйқусизликдан қисилган кўзлари ёниб, ўғли Абдулъазизга қаради.
– Сен икки шаҳзодани олиб, дарҳол доруссалтанага чопгайсен. Доруға Мироншоҳга амри олийни етказгайсен: барча аъёну боёнлар дарҳол Кўксаройга йиғилсин. Машварат қилурмен.
Мирзо Улуғбек шитоб билан ўрнидан турди. Бода тўла косасини бир сипқоришда бўшатди-да, ҳеч кимга қарамай кошонадан чиқди.
* * *
Кун ботган, лекин атроф ҳали ёруғ эди. Тушда пасайган изғирин қайта кучайиб, совуқ, ёқимсиз довулга айланмоқда эди. Еру кўк чанг-тўзон ва чархпалак хазонларга тўлиб кетди. Хазонлар худди пўртанада қолган қушлардай ҳавода бетинч чарх урар, юз-кўзларни аёвсиз савалар эди.
Юрагидаги аламли тўфон билан олишиб бораётган Мирзо Улуғбек Димишқдан чиқиши билан сувлиғини чайнаб юлқинган оқ бедовининг бошини қўймоқчи бўлди-ю, унинг бу ҳаракатини ёнидагилар бошқача тушунишларини ўйлаб, отининг жиловини тортди. Димишқ билан Самарқанд ораси олис эмас, кўп бўлса икки фарсаҳ келарди. Димишқдан кейин Бағдод, Бағдоддан кейин Қоҳира қишлоғи келар, бу қишлоқлар бир-бирига туташиб кетар, ҳаммаси боғ-роғ, узумзор, анорзор эди. Лекин ҳозир боғлари туташиб кетган бу қишлоқлар ҳам ташландиқ гўристондай ҳувуллаб қолган, одамлар қаёққадир қочган, яширинган, икки томони пахса девор билан тўсилган тор кўчалар, ҳатто гузарлар ҳам кимсасиз эди. Фақат аҳён-аҳёнда асо ушлаган чоллар, қаровсиз қолган моллар, дайди итлар учрарди.
Қоронғи туша бошлаганидан безовталанган Мирзо Улуғбек отига қамчи урди. Шу пайт олдинда, Қоҳира боғларига кираверишда, от туёқларининг дупури эшитилиб, аллақандай ғалаён кўтарилди, илгарилаб кетган навкарларнинг қаттиқ-қаттиқ товушлари эшитилди. Сўнг бир гуруҳ суворийлар от чоптириб келиб, Мирзо Улуғбекка етмай тўхтади. Мирзо Улуғбек қиличини қинидан суғуриб олди.
– Бу ким?
– Аълоҳазратлари афв этсинлар! Биз доруссалтанага бориб қайтдик!..
Кетма-кет от чоптириб келган шаҳзода Абдулъазиз билан тунд юзли саройбон арғумоғини ниқтаб олдинга ўтди.
– Давлатпаноҳ…
– Сўзла!
– Дарвозалар ёпилган. Салоҳдорлар дарвозаларни очмоқдан бош тортадур, ҳазратим…
– Ёлғон! – Мирзо Улуғбек хаёлида бақириб юборгандай бўлди, лекин унинг овози хириллаб эшитилди-ю, бир зум оғир жимлик чўкди. Қоронғида Шайхулислом Бурҳониддиннинг: “Ё парвардигор!..” деб пичирлагани ва Мирзо Улуғбекнинг ҳансираб нафас олгани эшитилди.
– Доруға Мироншоҳ қайда? Дарвозада борму?
– Йўқ, онҳазратим! Доруға дарвозага келмоқдин бош тортибди.
– Бўшат йўлни! – Мирзо Улуғбек шундай деб бақирди-да, бетоқат пишқирган оқ бедовига қамчи босди. Аччиқ қамчига ўрганмаган арабий арғумоқ осмонга сакради-ю, шамолдай учиб кетди…
“Доруссалтана дарвозаси ёпиқ! Унга, салкам қирқ йил салтанат тебратган, буткул Мовароуннаҳрга ҳокими мутлақ бўлган тождорга дарвоза ёпилган! У бутун умрини бахшида қилган, мадрасаю ҳаммомлар, жаҳонда тенгсиз расадхонаю кутубхоналар барпо этиб, оламга машҳур қилган Самарқанд… унга ўз дарвозасини очмайдур! Ё раббий! Не ёзуқлари учун бу хўрлик, бу ажри интиқомни раво кўрдинг унга?”
Боғларни шовуллатган совуқ изғирин, гўё уни тўхтатмоқчи бўлгандай шитоб билан кўксига урилар, чанг-тўзон ва чархпалак хазонлар юз-кўзларни аёвсиз савалар эди!..
“Энг инонган амири Султоншоҳ барлос сотқинлик қилди, амир Жондор қайгадир қочди, суянган тоғим деган доруға Мироншоҳ доруссалтана дарвозасини беркитди… Эвоҳ! Қандай малъунлик бу, қандай каззоблик, қандай сафолат?.. Бу мардуд салтанатда кимга инонмоқ керак, кимга суянмоқ керак, халлоқи олам?” – Бу ўйлардан юраги аланга олган Мирзо Улуғбек, тишини тишига босиб, отига яна қамчи урди. Бўлиқ оқ байир олтин сувлиқларини чайнаб чинқириб кишнади. Унинг туёқлари остидан отилиб чиққан тош ва кесаклар ҳар томонга визиллаб отилар, осмонда учган хазонлар аёвсиз савалар, лекин у ҳеч нарсани сезмас, қалбида туғён урган алам оғриқни босиб кетган эди. Хаёлан у ҳамон кўкка тавалло қилар, осий бандангни кечиргайсен, қариган чоғимда бу хўрликни раво кўрмагайсен, деб илтижо этарди.
Боғлар чекиниб, атроф хиёл ёришди. Сал ўтмай, олдинда осмон билан туташган доруссалтана қўрғони кўзга чалинди. Қоронғида қўрғоннинг кунгурадор девори шундай юксак ва мустаҳкам кўринар эдики, уни ҳеч бир куч забт этолмайдигандай туюларди.
Суви кўкламдаёқ қуриб қолган чуқур хандақ ёнида Мирзо Улуғбекни яна бир гуруҳ навкарлар қарши олди. Улар орасида шаҳзода Абдулъазиз билан жиянлари Абдулла ва Абу Саид Мирзо ҳам бор эди. Учала шаҳзода ҳам асабий ҳолатда у ёқдан-бу ёққа от ўйнатиб юришар эди. Мирзо Улуғбек шаҳзодаларга эътибор бермай, чуқур хандақдан от чоптириб ўтиб, дўнгликдаги дарвоза олдида тўхтади.
Бобоси Амир Темур ясаттирган ва “Дарвозаи оҳанин” деб ном олган қуйма темир дарвоза чиндан ҳам тақа-тақ берк эди. Дарвозанинг ёнларидаги соқчилар турадиган икки минорада кимлардир кўринар, девор буржлари ва нишон туйнукларида ҳам аллақандай қора кўлагалар кўзга чалинар, лекин ҳеч ким рўйи рост бошини чиқариб қарамас эди. Кўксида жўш урган алам ва туғён ичида ёниб, от чоптириб келган Мирзо Улуғбек, ёпиқ турган бу залворли дарвозани, осмон билан туташган бу юксак кунгурадор деворни кўрганда юрагидаги туғён тўсатдан сўниб, вужуди бўшашиб кетди. У бирдан ёпирилиб келган бу туйғуни зўрға енгиб, саройбонга “дарвозани қоқ”, деб имо қилди. Саройбон отини ниқтаб бориб, қиличи билан дарвозани “шақ-шуқ” урган эди, тепадаги минорадан:
– Бу ким? – деган овоз келди.
– Бу мен! – деди Мирзо Улуғбек, яна қони қайнаб. – Соҳиби тож Мирзо Улуғбек Кўрагоний!
– “Дарвозаи оҳанин” намози асрдан сўнг шоҳу гадо – барчага ёпиқдур!
– Оч дарвозани, малъун!
Мирзо Улуғбек гўё дарвозани ағдара оладигандек, от солдириб борди, асов оқ бедов осмонга сапчиб, олдинги оёқлари билан темир дарвозани қарсиллатб урди-ю, орқага тисарилди. Юқорида бир дақиқа жимлик чўккач:
– Онҳазратларим афв этсинлар! – деди бояги овоз. – Доруға Мироншоҳ жаноблари фармон қилмишлар, дарвоза очилмайдур!
– Соҳиби салтанат мен бўлурмен. Барча фармонларим амри вожиб эрур!.. Дарвозани оч ё доруғани чақир, ёхуд бошинг кетади, салоҳдор!
Мирзо Улуғбек гапини тугатмаган ҳам эдики, девор тепасидаги минорадан қиқирлаб бўғиқ овоз эшитилди.
– Салоҳдорнинг бошини олишга қўлинг калталик қиладур! Бунинг боши эмас, ўз бошингга эҳтиёт бўлғил, Муҳаммад Тарағай!
Мирзо Улуғбек бир дақиқа тили калимага келмай гаранг бўлиб қолди. Бу ингичка, хирилдоқ овознинг эгаси, ҳар бир сўзидан заҳар томчилаб турган одам… амир Султон Жондор эди!..
Воажаб! Бу малъун лашкарни ташлаб қочганда… доруссалтанага келган экан-да! Лекин қачон, қайси йўлдан ўтиб келди? Унга дарвозани ким, нечун очди?.. Бу беимон каззоблар қачон тил бириктирди? Бу диёнатсиз инсонлар, бу амиру умаролар, аркони ҳарб ва аркони давлатлардан ҳазар, алҳазар! Қайга борманг, ҳамма ёқда маккорлик, разолат ва риёкорлик!
Мирзо Улуғбек оёқларини узангига тираб, қаддини ростлади, вужуд-вужудини ларзага солган туғённи зўрға босиб:
– Амир Султон Жондор! – деди. – Ҳумо қуши кимнинг бошига қўнур, буни ёлғиз ҳақ таоло биладур. Ҳумо қуши мени тарк этса – сенинг бахтинг! Ва лекин фалакнинг гардиши билан тожу тахт қўлимда қолса… эсингда бўлсин: оёғингдан дорга осиб, остингдан ўт қўямен! – Мирзо Улуғбек шундай деди-да, амир Жондорнинг жавобини кутмасдан, отининг бошини орқага бурди.
Мирзо Улуғбек хандақдан от чоптириб ўтиши билан уни шаҳзодалар ўраб олишди. Хаёли алғов-далғов бўлиб кетган Мирзо Улуғбек шаҳзоданинг ҳаяжонли сўзларидан фақат бир нарсани, “Шоҳруҳия қалъаси”, деган сўзни тушунди-ю, “майли!” деб, қўл силтади. У қаёққа, нима мақсадда кетаётганини билмас, хаёлини фақат бир фикр – инсонларнинг риёкорлиги, манфурлик ва каззоблиги банд этган эди. Сал ўтмай, Шоҳруҳия қалъасига от чоптириб кетган шаҳзода Абдулъазиз қайтиб келди. У оғир ҳансираб, ғулдураб алланималарни айтар, лекин гапини тушуниш қийин эди.
Мирзо Улуғбек Шоҳруҳия қалъаси ҳам ёпилганини, қалъа бошлиғи туркман беги Иброҳим Пўлат ўғли ҳам сотқинлик қилганини унинг ғулдурашларидан аранг англаб олди. Ақли билан эмас, аллақандай ички туйғу билан илғаб олди-ю, лабини қаттиқ тишлаганича ўйланиб қолди. У бир дақиқагина иккиланди, кўнглидаги ғалаён билан бир сониягина олишди, сўнг, арғумоғининг бошини орқага бурди. У Мирзо Абдуллатифга бош эгишга, яхшилигу ёмонлик бўлса-да, ўз зурриётидан кўришга аҳд қилди.
10
Қаттиқ ухлаб ётган Али Қушчи эшик оҳиста ғичирлаб очилганини сезиб, уйғониб кетди. Расадхона зимистон бўлса ҳам, Али Қушчининг ўткир кўзлари дарров кўрди: пойгакда девқомат бир кимса гавдаси билан эшикни тўсиб, қаққайиб турарди.
Али Қушчи беихтиёр ёстиғи остидаги ханжарга қўл югуртирди.
– Ким бу?
Эшикдаги кимсадан сас чиқмади.
– Сўзла. Кимсен, эй бандаи гунг?
– Бу мен, фақирмен…
Али Қушчи ханжарини ушлаганича ўрнидан сакраб турди.
– Қаландар Қарноқий?
– Балли сизга, мавлоно, ёдингиздан чиқармабсиз.
– Жонингга қасдинг бўлмаса ўрнингдан жилмагайсен!
– Қўрқманг, мавлоно… шамни ёқинг!
– Жилма дедим, жилма! Қайдин келдинг бу даргоҳга?
– Қаландар Қарноқий бировнинг ихтиёри билан юрмайдур, мавлоно. Олтин қидириб келдим бу даргоҳга! Шамни ёқинг, мавлоно!
Али Қушчи ханжарини қинидан шартта суғуриб олди. Хаёлидан: “Ёнингда шерикларинг бўлмаса, сен билан олишиб кўрамен!” деган фикр ўтди. Ўзини босиб:
– Не деб алжирайсен, Қаландар? – деди. – Илм даргоҳида олтин не қилур, тентак?
Қаландар қоронғида секин кулди:
– Бу илм даргоҳида Жаҳонгир тиллалари кўмилмишдур, мавлоно!
– Амир Темур тиллалари? Тушингни сувга айтгайсен, Оллоҳ гадойи!
– Дур ва жавоҳирлари ҳам бордур. Яширмоқдан фойда йўқ, мавлоно.
Али Қушчи нима қилишни билмай бир зум лол бўлиб қолди. “Бу жунунсифат девона тилланинг дарагини қайдин эшитди? Уни бу ерга ким юборди? Ёнида кимлар бор?”
Қаландар қоронғида гумбазга ўхшаган кулоҳлик бошини чайқаб:
– Мавлоно Али Қушчи, – деди истеҳзо билан. – Ким сизни йўлбарс билан олишган шерюрак Али Қушчи дейди! Шамни ёқинг! Шоир Қаландар бу даргоҳга қора ниятда келса, боя пичоқлаб ташлар эди сизни!
Қаландарнинг сўзида жон бор: расадхонага билдирмасдан кирган одам, ғафлат уйқусида ётган мавлононинг бошини танидан жудо қилиши ҳеч гап эмас эди.
Али Қушчи қоронғида пайпасланиб, токчага ўтди ва кечаси ўчиб қолган шамни ёқди. Унинг заиф шуъласида кутубхонанинг деворларига зарҳал нақшлар, жавонлардаги китобларнинг тиллакори жилдлари ялтиллаб кетди. Қаландар Қарноқий эгнида қуроқ жанда, бошида учлик эски кулоҳ, девсифат қомати билан ҳамон эшикни тўсиб турарди. У қўл қовуштириб, таъзим қилди:
– Ассалому алайкум, устод!
Бу сафар у “мавлоно” ҳам демай, “устод” деди. Фосиҳ дарвешлардан ўрганган фирибгарликми бу ё бурунги Қаландар Қарноқийнинг самимийлигими? Али Қушчи қўлидаги шамни баландроқ кўтариб унинг юзига тикилди. Соч-соқоллари ўсиб кетган Қаландар чуқур ботган уйқусиз кўзларини олиб қочмай қаттиқ қадалиб турарди. Девдай қомати ва жулдур кийимларига қарамай, Қаландарнинг соқол босган озғин юзида, уйқусизликдан киртайиб қолган кўзларида аламли бир дард, қандайдир мажруҳлик бор эди. Унинг бошига тушган савдолар Али Қушчининг эсига тушиб, кўнгли сал юмшади.
– Кел, Оллоҳ гадойи, ўлтир!
Қаландар тез юриб келиб унинг қўлини олди ва лабига босди.
“Бунга не бўлди? Нечун бундай қилади?”
– Юқорига ўт, ўлтир, Қаландар…
Қаландар “раҳмат”, деган маънода бош ирғаб:
– Кечиргайсиз, устод, – деди. – Сўзни олтиндан бошлаб, сизни ҳайратга солдум.
– Олтин, олтин!.. Бу сўзни қайдан топдинг, Қаландар?
– Сабр қилгайсиз, устод, аввал сизга бир саволим бор, – Қаландар ғамгин кўзлари билан Али Қушчининг кўзларига тикилди. – Сиздай алломаи замон фақирни ким деб, қандай одам деб, билурсиз?
Дарҳақиқат, бу одам ким ўзи? Олис Яссидан келиб, олдин навкар бўлди, кейин қилични қаламга, суворий совутларини илм аҳлининг камтарин либосларига алмаштириб толиби илм бўлди, сўнгра мадрасани тарк этиб, хилватга кирди. Алҳол, бошида эчки терисидан тикилган эски кулоҳ, эгнида жулдур жанда, унинг олдида сажда қилиб турибди…
Али Қушчи елкасини учирди.
– Бир сўз айтмоққа тилим лолдур, Оллоҳ гадойи…
Қаландар оғир хўрсиниб:
– Фақир бу чаппа дунёдан ҳақиқат излаб тополмаган, адашган бандадурмен, устод! – деб хитоб қилди. – Аввалам соҳиби тож Мирзо Улуғбекдан элимга мадад истаб келиб, мадад топмадим. Юртимдан айрилиб, беватан бир мусофир, кулбасиз бир дайди ит бўлдим. Ҳақиқат деб кирмаган кўчам, бош урмаган эшигим қолмади, ахийри аҳли Оллоҳ гадоларига ихлос қўйдим. Ва лекин… не чора? Гадолар эмас, тилида ҳамду сано, дилида фисқу фужур каззобларни, ақли қосир гумроҳларни кўрдим. Эмди, хоҳ инонинг, хоҳ йўқ, ҳақиқат излаб, тағин даргоҳи илмга келдим, устод!
Қаландар тўсатдан овози дарз кетиб, жим қолди. Унинг самимийлигига шубҳа қилиш қийин эди. Лекин… Али Қушчи зўраки кулди.
– Сўзингда мантиқ йўқдур, Қаландар, ҳақиқат қидириб келдим, дейсан ва лекин ҳақиқат эмас, олтин қидирасен!..
– Бунинг боиси шулким, бу олтин бошингизга етиб, ёстиғингизни қуритадур, мавлоно!
– Менда олтин борлигини қайдан биласен? Айт, дарвеш?
– Йўқ, аввал сиз сўзланг, устод: бу даргоҳга Амир Темур олтинлари кўмилганини бировга айтган эдингизму?
Али Қушчи беихтиёр
– Хожа Салоҳиддин заргар! – деб юборди. – Наҳот?..
Қаландар лабини тишлаб бошини сарак-сарак қилди:
– О, мавлоно, мавлоно! Сиздек етук донишманд бу ишда сабийлик қилубдур. У қари тулки бу сир-асрорни шайх ҳазратларига етказгандур. Олтинни яшириб, дарҳол қочмоғингиз даркор. Билъакс, олтинни тортиб олиб, ўзингизни йўқ қиладурлар, устод!
Ё дариғ! Соч-соқоли ўсиб, кўзлари ёниб турган бу мажнунсифат дарвеш чин сўзни айтмоқдами ё қаллоблик билан унинг сирасрорини билиб олмоқчими? Лекин Салоҳиддин заргар!.. Йўқ, бу дарвеш ёлғон сўзламас!
Унинг кўнглидаги шубҳаларни сезган Қаландар қовоғини солди:
– Фақир ёруғ дунёга келиб икки одамдан ёмонлик кўрмадим. Бири – давлатпаноҳ Мирзо Улуғбек, бири – сиз, оға! Ҳузурингизга бош эгиб келмоқдан мақсад – яхшиликка яхшилик қилмоқдур. Бу ниятимга шубҳа қилсангиз, дарҳол орқамга қайтамен, устод!.. – Қаландар буни қандайдир ўксиб гапирди-ю, Али Қушчининг кўнглидаги сўнгги шубҳаларини тўзғитиб юборди. У кўзини Қаландарнинг ғамгин кўзларидан узиб, жавондаги китобларга қаради:
– Сен тилла ва жавоҳирларни айтдинг, Қаландар. Ва лекин тилладан азиз бу бойликни не қиламиз? Камина бош олиб кетсам, бу ноёб хазинанинг тақдири не бўлади?
Қаландар бошини кўтариб, жавонларга узоқ тикилди. Шайх Низомиддин Хомушнинг макруҳ китоблар тўғрисида айтган таҳдидли сўзлари эсига тушди.
– Яширмоқ керак!
– Бу ҳисобсиз хазинани қайга яширамен? Қандай яширамен, Қаландар?
– Сандиқларга солиб, бошқа шаҳарларга олиб кетмоқ даркор!
– Қайси шаҳарга олиб борамен? Мирзо Абдуллатиф тахтга ўлтирса, унинг қўли етмаган шаҳар қолурми?
– Ҳар нечук бу даргоҳдан олиб кетмоқ даркор, – Қаландар бошидаги кулоҳини тўғирлаб, бир дақиқа ўйланиб турди, сўнг, Али Қушчига қарамай:
– Расадхонада, ташқи чиқадурган лаҳим[35 - Лаҳим – яширин йўл.] борми? – деб сўради.
Али Қушчи хиёл иккиланиб тургач:
– Бор, – деб жавоб берди.
– Олтинларни олиб, мен билан юринг, – деди Қаландар буйруқ оҳангида. – Бир жойга борамиз, устод.
– Қайга?
– Сўраманг. Олтинларни олинг!
Қаландарнинг амри Али Қушчининг кўнглига яна ғулғула солса ҳам, у таваккал қилиб, жавонга нарвон қўйиб, китоблар орқасига яширган тилла ва жавоҳирларни ола бошлади.
Қаландар пиёладай-пиёладай қуйма олтинларни қўлида салмоқлаб кўриб хуржунининг кўзларига жойларкан:
– Бу бойликни яширган хуфия жойингиз шуми? Борокалло сизга, мавлоно! – деб кулиб қўйди. У олтинларни жойлаб бўлиб:
– Лаҳим қайда? Бошланг, мавлоно! – деб амр қилди.
Унинг дағал буйруғи Али Қушчига совуқ эшитилса ҳам, энди чекиниш пайти ўтган эди. У қўйнидаги ханжарни тўғирлаб қўйди-да, шамни қўлига олиб эшикни очди.
Тик зиналар қоронғи йўлакдан ер ости йўлига олиб тушар эди.
Биринчи ошиёнанинг ён томонида торгина ертўла бўлар, ертўланинг ўртасида тегирмон тошига ўхшаган юмалоқ тош билан ёпилган қудуқ бор эди. Қудуқ чуқур эмас, нари борса ўн-ўн беш газ бўлиб, унинг бир томонидан одам аранг сиғадиган туйнук очилган эди. Туйнукка кириб, ер остидаги тор, илон изи лаҳимдан ўтилса… Кўҳак томондаги сойга чиқилар эди. Лаҳимни бутун Мовароуннаҳрда фақат икки киши – Мирзо Улуғбек билан Али Қушчи билар, лекин Али Қушчи ҳам унга умрида бир маротабагина тушган эди.
– Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!
Оғиз-бурнини шоҳи қийиқча билан ўраб олган Али Қушчи белига арқон боғлаб қудуққа биринчи бўлиб тушди. Суви тиззадан келадиган қудуқ зах, муздай совуқ эди. Али Қушчи қудуқ деворларини пайпаслаб туйнукнинг оғзидаги тошни олиб ташлади. Зимистон унгурни кўрганда вужудини қамраб олган нохуш туйғуни аранг енгиб туйнукка кирди. Қурилибдики, одам боласи бош суқмаган камбар лаҳим ўргимчак уяси билан қопланган, зах деворларида қандайдир ҳашаротлар, калтакесаклар, қирқоёқлар ўрмалаб юрар, қўланса моғор ҳиди димоққа “гуп-гуп” урарди. Али Қушчи, қўлида шам, олдинда энгашиб бораркан, шамдан қочиб деворларда изғиб қолган ҳашаротларни кўриб ижирғаниб кетди… Бир сафар илондай совуқ, шилимшиқ бир нарса бўйнига шалоп этиб тушди-ю, тирноқларигача зирқиратиб юборди. Қаландар эса ҳеч нарсага парво қилмай кетма-кет хуржун судраб келар, ўхтин-ўхтин, гўё “жадалланг, мавлоно”, дегандай кифти билан Али Қушчини елкасидан туртиб қўярди. Ниҳоят, зимистон тор йўлак тугаб, катта ғадир-будур тош йўлларда кўндаланг бўлди-ю, улар таққа тўхташди.
Қаландар билан Али Қушчи оёқларини ерга тираб, кифтлари билан тошни азод кўтарган эди, у оҳиста қўзғалиб, тўсатдан “гурс” этиб ағдарилди-ю, димоққа “гуп” этиб мусаффо ҳаво урди…
Лаҳим терак бўйи келадиган жарга чиққан. Жар таги тошлоқ сой эди.
Улар сойга тушиб, икковлашиб катта тошни жойига қўйишдида, жар ёқалаб кетишди.
Али Қушчи ҳайрон эди: Қаландар Қарноқий Самарқандга эмас, билъакс, Ургут томонларга йўл олди. Сал ўтмай, ўнгга бурилиб, “Обираҳмат” ариғини ёқалаб кетди… Ойсиз, зим-зиё тунда юриш қийин, оёқ остидаги тошлар ғачир-ғучур қилар, ариқ бўйидаги тол шохлари юзларига урилар, Қаландар эса, ҳеч нарсага парво қилмай тобора жадаллаб борарди… Бу телба дарвеш уни қайга етаклайди? Нияти покми, ўзи? Пок бўлса қайга боришларини нечун пинҳон тутади?.. Ана, олдинда қандайдир боғлар кўринди. Пастда сой бўйида тегирмон новларидан қуйилган сувнинг бир маромда шовуллаши эшитилди. Улар тегирмонга етмай, катта бир боққа киришди ва аллақандай токзорлардан, ҳали кўмилмаган анорзорлардан ўтиб, қир ёнбағрида жойлашган қишлоққа киришди. Кейин яна ўнгга бурилиб, тор кўча бўйлаб кетишди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/odil-ekubov/ulug-bek-hazinasi-69506062/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Олат – асбоб.
2
Шаҳриёри фалак-иқтидор – қудратли шоҳ маъносида.
3
Судси фахри – секстант.
4
Муштарий – Юпитер.
5
Жайҳун – Амударё.
6
Кеш – Шахрисабз.
7
Риёзиёт – математика.
8
Мударра дастори – мударрислик салласи.
9
Қушчи – бу ерда моҳир овчи маъносида.
10
Даҳа-даҳа – ўн киши-ўн киши.
11
Салоҳдор – дарвозабон.
12
Садоқ – ўқдон.
13
Дорулмулк – бу ерда турар жой маъносида.
14
Алломалар сарбони – олимлар карвонбошиси.
15
Ҳировул – олд қисм қўшинлар.
16
Баронғор – ўнг қанот қўшинлар.
17
Машварат – ҳарбий кенгаш.
18
Ҳодисалар силсиласи – ҳодисалар йўналиши маъносида.
19
Ақли қосир – калтафаҳм.
20
Фарзанди аржуманд – суюкли фарзанд.
21
Черик – кўнгиллилар маъносида.
22
Илик – қўл.
23
Шоҳи шарир – бузуқ шоҳ.
24
Жомиул улум – илм хазинаси.
25
Чин – Хитой.
26
“Сидҳаита” – астрономияга оид машҳур асар.
27
Ҳандаса – геометрия.
28
Тамға – алоҳида
29
Байъат этмоқ – қасамёд қилмоқ.
30
Манкуҳа – жуфти ҳалоли.
31
Муқарриб-ус султонлар – энг яқин кишилари.
32
Фарзи айн – бажарилмоғи лозим буйруқ.
33
Мақҳур – Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлди маъносида.
34
Чоповул ва шақовул – пистирмада турган асосий қўшин.
35
Лаҳим – яширин йўл.