Икки жаҳон оворалари

Икки жаҳон оворалари
Абдужаббор Обидов

Абдужаббор Обидов
Икки жаҳон оворалари: роман

ИККИ ЖАҲОН ОВОРАЛАРИ

Сўз боши ўрнида
Абдужаббор Обидовнинг янги ёзиб битирган, бир неча йиллик машаққатли ижодий меҳнати, изланишларининг маҳсули бўлган анча йирик ҳажмдаги романини ўқишга жазм қилдиму, муаллиф ва унинг қаҳрамонлари билан бирга ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги ҳаёт тарзига, унинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, руҳоний (диний)-психологик ёзилган-ёзилмаган қонуниятлари билан чамбарчас боғланган можаролар, ҳангомалар, савдолар денгизига шўнғиб кетдим. Барча катта-кичик ишлар тугал хуфия энг асосийси, буйруқвозлик, ҳарбий-коммунизмча усулнинг идорада юритиладиган ҳамда шул усул ҳоким идоралар (ташкилотлар), корхоналар, санаторийлар, касалхоналарга худди ўша замонлардек кирдим, аэропланлар заҳматкаш деҳқонлар устидан заҳарли бутифослар сепиб ўтадиган, серғалва, серталваса далаларда ўша замон авлодлари билан пахталар тердим. Ёмғир-қорларда қолдим, лойларда бўкдим, инсон ҳақ-ҳуқуқлари батамом топталгани, инсон сохтадан сохта “совет кишиси” деган манқуртнамо схемага айлантирила борганлигига яна карра-карра гувоҳ бўлдим. Абдужаббор ўз ёшлиги ўтган давр воқеаларини бўямай-безамай, ҳаққоний қаламга олиб, бадиий баён қилибди. Бу ажабтовур одамлар, ажабтовур воқеалар менга – томир-томирларигача мос, ўша даврлар тарихига тамомила сингиб ётган ХХ аср одамига ҳужайра-ҳужайрасигача таниш туюлди.
Муаллиф ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий, маънавий талафотлар оқимида ўша даврнинг хос ишқий можароларини ранг-баранг кўринишларда кузатади, воқеалар ва қаҳрамонларни дам Масковга, дам Кавказга, дам Украина, дам Қора денгизнинг курорт шаҳарларига кўчиради, “соф курорт романи” воқеаларини кўп миллатли “совет персонажлари” иштирокида жуда қизиқарли ва таъсирчан гавдалантиради. Воқеалар барча чигал коллизиялари билан Қалдирғоч, Оловиддин, Қуддус, Гулсина, Акобир сингари ўз замонига хос қаҳрамонлари атрофида айланади. Булар эса бари Қалдирғоч атрофида, унинг мислсиз гўзаллиги, жозибаси теварагида ҳаракат қиладилар. Роман бошдан-оёқ шу гўзалдан ҳайратланиш асосига қурилган. Муаллиф уни романтик қаҳрамон каби талқин қилади. Ва барча персонажлар ҳам унга шундай қарайдилар.
Агар “роман” деган тушунчани шу асар бадиий материали асосида “сериал” деган тушунча билан алмаштириш мумкин бўлсайди, бу асарни романдан кўра бадиий “сериал” деб аташ тўғрироқ, ўринлироқ бўлар, зеро, унинг қаҳрамонлари сериалча қаҳрамонлардир. Эҳтимол ўзгараётган дунёдаги тинимсиз янгиланаётган бадиий роман модификацияларидан бири, дейишга асос ҳам беради.

    Иброҳим Ғафуров,
    Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти лауреати
    11 декабрь 2021 й.

БИРИНЧИ ҚИСМ

1. ШЎХ ОЛОВИДДИН
Маҳамат эси киргач, ўзига тўқ деҳқон оиласида дунёга келганини, унинг учта опаси борлигини билди. Вақти-соати келиб Ҳасанбойга яқин ерлардаги уч-тўрт гектарлик боғ-роғ, уй-жой, улоқ, қўй-қўзи, қорамол отаси вафотидан сўнг унга ўтди. Аммо, коллективлаштириш даври – ўтган асрнинг ўттизинчи йиллар охирида кўп молидан, еридан ажраб, атиги қирқ сотихча боғини амаллаб асраб қолди. Уйланди, бола-чақа қилди, отасига тортиб, уч қиз, бир ўғил кўрди. Фарзандига Оловиддин деб исм қўйди.
Ўғли ўзидек тик бўлмаса-да, гавдаси пишиқ, ғайратли чиқди. 1949 йил айни қовун пишиғида таваллуд топган. Қозон атрофидан, ўттизинчи йиллардаги очарчилик вақтларда келиб қолган Алфия дояликни эпларкан, киндигини рўзғорда ишлатиладиган катта қайчида кесди. Онаси, эвазига бир пақир шафтоли берган экан. Алфия ён қўшниларининг уйида ижарага туриб, аравакашлар артелида буюртма қабул қилувчи бўлиб ишларди. У ҳам русчада, ҳам ўзбек тилида бехато сўзлашишни ўрнига қўядиган бўлганидан унга дарров иш топилганди. Яна уни аёллик малоҳатини ишга солиб, бошлиқлар билан тез тил топишиб кетади, дейишарди.
Отаси Маҳамат Иккинчи жаҳон урушидан ногирон келганлиги касрига уч йил ўтар-ўтмай қазо қилди. Боғ-роғга қараб туриш катта тоғасининг зиммасига тушди. Оловиддинни меҳнатга солган, касб-ҳунарга ўргатган ҳам ўша.
Тоғасининг ёнига кириб, катта бўлди, боғ-роғ ишларига ёшлигидан меҳр қўйди. Аммо ўқишга ортиқча қунти йўқ. билимини оширишни ўйламас, бўш қолди дегунча, тоғасининг ҳунарини – дурадгорчилик касбини ҳам эгаллашга интилди. Чунки тоғасига уйнинг пойдеворидан то томигача девор кўтариш, ёғочдан қалам, қош териш, том ёпиш чўт эмас эди. У меҳнаткаш, ишдан қочмас, аммо ўт-олов бола. Кўчада, мактабда уришмаган куни йўқ. Ўқитувчилар билимига уч-тўрт баҳони тортишмай қўйишарди, аммо табелга “ахлоқдан қониқарсиз” деган ёзув тушган пайтлари кўп бўларди. Ҳатто мактабдан ҳайдаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилганда, Тўхтамурод тоғасининг зўри, савлати ва касб-ҳунарининг ҳурмати юзидан ўта олишмади.
Тоғаси танбеҳ берардию, мийиғида кулиб қўярди. Чунки, ўзи ҳам чапани, дўпписи ерга тушиб кетса, пул бериб олдирадиганлар тоифасидан. Дўлвори табиат, маҳалланинг ном чиқарган зўрларидан эди.
Оловиддин билакда кучи йиғилиб, елкалари туртиб чиққанида, ўн бешдан сал ошган, ўнг мушти билан бир урса гап талашганни ё йиқитар, ё оғзи-бурни қонга тўларди, зарби кучли эди.
Қизларга илакишишни ҳам шу ёшида бошлаб юборган, чиройлиларини кўриб, аввал хўрсиниб юрган ўсмир, энди хилватроқ жой топса, хиралик қилишга ўтиб олди.
Учрашувга чиққан қизни ҳе йўқ, бе йўқ, ўпиб олишни ҳеч нарса бўлмаган ҳисобларди. Қизлар унинг бебош шўхлигидан безиб, учрашувга чиқиш у ёқда турсин, ҳатто гап отишига юзларини буриб, бир чақирим наридан ўтиб кетадиган бўлишди. Айниқса, синфдошлари Гулсара воқеаси сабаб бўлганди.
Оловиддин бир-икки марта портфелида Гулсарага нок ташиб, кўнглини олди. Уни боғга нокхўрликка таклиф этди. Бошқа синфдошлар ҳам бўлади, деб ишонтирди.
Гулсара унинг сўзини рост билиб борса, “дугоналарингни иши чиқиб қолибди, ҳозиргина кетишди, кир, ана ноклар пишган”, деб ичкарига бошлади. Катта нок боғнинг ўртасида, қуюқ соя ҳосил қилган. Тагида супача. Кўрпача тўшалган.
Қиз аввалига қаршилик қилди, анча типирчилади, лекин йигит унинг орига дахл қилмади. Қизнинг ўзи ҳам илк туйғуларга асир бўлди чоғи, индамай қўйди.
Қизариб қолган жойлари учун ойиси роса таъзирини берди, уриб, калтаклади. Алам зўридан Гулсара йигит билан гаплашмай қўйди, қизларга Оловиддинни ёмонлашни ҳам унутмади.
Йигит ёшига етиб, техникумга кирди. Токарликни яхши ўзлаштирди. Ҳозир ишлаётган заводида амалиётини ўтади. Унинг ишга лаёқатини кўрган, украин миллатига мансуб Жиждик фамилияли цех мастери ишга оладиган бўлди. “Ўзбекдан токар кам чиқади. Тузук, зеҳнинг ўткир экан”, деди у ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризага қўл қўяркан, аммо, қизлардан нарироқ юр, деб тайинлади. Бу гапларни ҳазиллашиб айтса-да, бир нимани билиб сўйлаганди, чунки заводнинг ётоқхонаси яқин, икки юз метрлар нарида жойлашган бўлиб, четдан келган ёлғиз қиз-жувонлар кўп эди. Шундай бўлгач, кўзи ўйнаб турган қизлар учраса, шўхлик қилишдан тийилиш йигит ёшида қийин. Буни уста шунчаки айтмаганди. Аммо Оловиддинга инсоф бериб, у анча жиддий тортган, тоғасининг насиҳатлари, даккилари кор қилибми, хаёлини касб ўрганишга қаратганди.
Сўнг заводга ишга кирдиям, ҳарбий хизматга чақирилди. Армия мактабини ўтади. Тартиб, қоида, устав – ҳаммасига амал қилишни ўрганди. Хизматга борган йигит тез улғаяди. Мусофирчилик, янги одамлар, тенгқурлар. Турли феълли йигитлар. Айниқса, бошқа давлатда хизмат ўтаса. У Украинада бўлган, командирлари русчани бенуқсон гапиришидан, асосийси буйруқларни вақтида ва тўғри бажаришидан, навбатчиликларни ишончли ўташидан, постда ухлаб қолмасликларини ҳисобга олиб, бир неча бор мақтов қоғозлари беришди. Шунинг учун яхши ном билан оила бағрига қўшилди.
Ҳарбий хизматдан сўнг май ойларида заводига қайтган бўлса, октябрда Оловиддинни пахтага жўнатишди. Узоққамас, Тошкент вилоятининг бир туманига, “Порлоқ келажак” совхозига заводдан борган ҳашарчиларнинг ҳар тўртта-бештасига совхоз хонадонларидан жой ажратди. Яшаши, ётиб туриши учун шароит қилиб берган. Оловиддин уч шериги: дядя Толик, Ринат, Яша билан Акобир деган ёш агрономнинг уйига тақсимланди.
Совхоздаги уйлар бир хил лойиҳа билан қурилган. Кираверишда дарвозахона, ундан юриб, чапга қайрилиб, ромли айвонга кирасан, ичкарида иккита уй: биринчиси меҳмонхона, ундан ёндаги эшикдан ётоқхонага ўтилади. Итальян русумидаги деразалар кўчага қараган. Ромли айвондан ўнг ёндаги эшикда яна бир хонага кирилади. Бу хонада онахон − кампир туради. Ҳовли тарафга дераза бор. Шу уй тарафда очиқ айвон, ошхона, ҳаммом, заруратхона кетган. Бу қатор давомида яна сомонхона ва молхона мавжуд. Сомонхона пастида мол-хол емаклари, кепак, шелуха турса, тепада сомон, хашак сақланадиган жой. Молхона каттагина, лекин унда атиги иккита говмиш ва битта буқача боқиларди.
Дарвозахонанинг бир қисмини Акобир минадиган “Москвич” автомашинаси бандлаган, зина билан кўтариладиган болохонада турли майда-чуйдалар: бузилган радиола, эски мис тоғора, сопол хум, чинни идишлар, кўрпа-тўшак дегандек, бўхчаларда келинининг ва ўғлининг эски кийимлари. Курси, хонтахта ҳам кўринади. Ирим қилиб эски бешиккача сақлаб қўйилган.
Бироқ мана тўй бўлганига неча йил ўтди, аммо, ҳануз бу хонадондан чақалоқ йиғиси эшитилмайди. Шунга келин бир-икки ота уйимга кетаман деб гапирганида, эри унамади. Кампир ялинди: сабр қилинг, зора худо раҳми келиб, марҳамат қилса. Баъзилар бир умр кутади, Сизга нима нари борса беш йил ҳам бўлмади, – деб аврашга тушади.
Келини жуда мағрур бўлса-да, камгаплиги, ишларни билиб-билиб қилиши, озода, саришта юришини қайнанаси хуш кўради. Қўли бўшади, уйларни ярқиратиб тозалайди. Бунга эринмайди. Қошига ўсма қўйиб, сочини қирқ кокил қилиб ўришни ёқтирмайди. У замонавий. Яна ўзи кўркам, истараси иссиқ. Қоматлари ҳам мутаносиб. Келишган, ёқимли даражада дўмбоқ. Ҳамма-ҳаммаси кампирга хуш келадию, битта ёқмайдиган сифати юрган-турганида кўкси бироз селкиллайди. Чунки шу билан меҳмон-икром, бегона назарига тушиб, улар келинидан кўз узолмай қолган пайтларни кўп сезган. Бир-икки дакки берди: айланай келин, ўтингизни қимирлатманг. Бўлмади. Қўшни аёллар: “Келинингизни бадани бунча шўх”, деб қочирим ҳам қилишди. Охири, келини кўчага чиқса кенг кўйлакда юришини тайинлади. Келини яхши, гап қайтармайди. Чизган чизиғидан чиқмайди. Қайнанаси айтганча қилди. Нима қилсин!? Қалдирғочнинг қомати ёш қизлигидан чиройли, тик, белдан юқори қисми, калласигача сал силкиниб юришга мойил.
Молхонадан кейин яна бир очиқ бостирма, ундан кейин ҳужра бор. Ҳужра пахта мавсумида уйга айлантирилиб, тўртта темир кроват қўйилиб, ҳашарчиларни қабул қилади. У вақтда, хусусий мулкка урғу берилмаган даврда, ҳашарчиларни уйга киритмаслик катта хато ҳисобланар, керак бўлса, танбеҳ, дашном ўз йўлига, иши колхоз правлениясида кўрилиши мумкин эди.
Уйга яқинроқ жойга иккитадан оқ шафтоли ва кузги олма экилган. Кўча тарафга олинган девор қаторидаги уйлардан ташқари, дарвозадан яна ўн қадамча қўшилиб, эни – жами йигирма қадамга ва узунлигига эллик қадамча чўзилган. Тепа қисмига макка ва пастки томорқа бўлагига асосан картошка ва сабзавотлар экилган. Бу ҳовли кўчанинг охирига тўғри келиб, уйга кираверишдан сўлда, ўн метрча ёндан ҳовлини ярим доира шаклида айланиб сой оқиб ўтади. Шунинг учун пастки тарафдан яна ўн қадамча полизбоп ер Акобир томорқасига қўшилиб кетган.
Ҳовли ўртасидан кўндалангига ариқ қазилган, бироқ у сувсиз қовжираб ётибди. Мазмунан чиллада, ёзда сув келса керак. Аммо ариқ бўйининг маълум қисмида оқ ва қизил гуллар экилган бўлиб, улар барқ уриб очилган.
У йиллар макка кўп экиларди. Донни эзғилаб, тегирмонда ёки ўғирда майдаланиб ун қилинар, зоғора нонлар ёпиларди. Чунки, ўттизинчи, қирқинчи йиллардаги очарчилик, етмишинчи йиллардаги буғдой тақчиллиги таъсиридан халқ макка донини ҳам кенг истеъмол қиларди. Яна, Хрушчевнинг бу сиёсати туфайли бутун Иттифоқ қанча жабр кўрди. У мансабдан четлашгач, макка экиладиган майдонлар яна ўзининг ҳақиқий эгаси – ғаллага қайтарилди.

2. ҲАШАРЧИЛАР КЕЛИШДИ
Оловиддин эрталаб сут ёки қаймоқ бўлмаса, ўзини нонушта қилмаган ҳисоблайди. У саҳарлаб, ўзлари жойлашган хонадон ҳовлисида ивирсиб юрган кампирга юзланди:
− Сут топиладими?
Кампир ўгирилиб қаради. У олтмиш ёшлардан ошган, жиккаккина, ҳаракатчан, сиёсатлилиги юзидан билиниб турган, зардали аёл эди. Ҳозир у йигитга салом йўқ, исташ йўқ дегандек сал қаҳрли қаради. Оловиддин ҳушёрлик билан хатосини тузатди: салом берди. Кампир чеҳраси сал очилиб алик оларкан, “Ўзингами?” деб сўради.
− Ҳа.
− Ана, ҳовури чиқиб турибди, ошхонада. Ҳозир келинимни чақирай, − шундай деб, кампир овозини кўтарди. − Қалдирғоч.
Қайнанасининг овози ўткир эди, келини дарров югуриб чиқди. Бошига момиқгул расми туширилган қора дуррача ўраган, сириб нимча кийган, узун сарғиш кўйлагининг олд томони липпасига қистирилиб, кўйлак остидаги почаси бўғиқ, кўк сатин чолвори яққол кўриниб турган кўйда, қўллари сут юқидаги жувон кўринди. У кампирнинг келини – Қалдирғоч эди. Кампир Оловуддинга:
− Бор, ичкарига кира қол. Келин бир коса қуйиб берсин, – деди.
Оловиддин янга узатган косани қўлига оларкан, секин шимириб ичди. «Келин офатижон экан», деб суқланганча унга бош-оёқ разм солди. Ноқулайлик, хижолатпазликдан чиқиш учун, «ошхонангиз шинам, озода-саришта-ку», деб мақтади. Чиндан ошхонадаги бор ортиқча буюмлар шкафларга терилган, катта стол устидаги челак, тоғоралар усти докалар билан ёпилган, фақат қозон ўчоқ атрофидаги, мўрига чиққунча атроф тутундан қорайиб кетганини айтмаса, кираверишдаги, идиш-товоқлар қисмидаги оқланган девор ранги синиқмаган эди. Йигит «Раҳмат янга», деганича ташқарига йўналди. Янга ҳам нимадир деди. Фақат унинг сўзини Оловиддин англамади. У паст овозда сўзлаганди.
Оловиддин кампирга танга узатди:
− Мана пулини олинг!
Кампир, тумтайиб, жеркиди:
− Уйимда турган ҳашарчидан пул оламанми? Эсинг борми, сен шаҳарликни.
− Ҳа, энди хафа бўлмайсиз. Йўлига…
Сўнг, индамай кетсам, муомалани ҳам билмас экан деб ўйламасин деган хаёлда:
− Ўзимда ҳам қорамол бор, уни меҳнатини биламан, − деди.
− Шунақами?
Кампир йигитга зимдан тикилиб, белини кўтарди.
− Сигирингиз кўп сут берадими, зоти қанақа?
− Зотини ким билади. Иккитаси йигирма литрча сут беради.
− Ўҳў, яхши-ку!
− Акобир ишга кетаётганида фермага топшириб ўтади.
− А-а-а. Шунақами? Кўрсам майлими?
Кампир индамай молхона томонга бошлади.
− Молга ўзим қарайман. Ўғлимни вақти кам.
Оловиддин йиғилиб қолган гўнглар кўплигидан ва улар устида ётган ола-чипор молни аҳволига ачиниб кетди.
− Мана бунисини йўқотиш керак. Бефаросат экан. Молнинг ҳам озодаси бўлади. Иложи бўлса алмаштириш ёки кунда тагини икки-уч марта тозалаб турмаса, баданидаги ахлатга чидаш қийин. Ўзи ҳам бетоқат бўлиб, пашша ёғилади.
− Раҳматли хўжайиним борида ёғ тушса ялагудек эди. Келинга бу иш маъқулмас. Уни мажбурлай олмасам. Ўзим ҳафсалам келганда тагини қиртишлайман.
− Яхши, пахтадан вақтли келсам, бир йиғиштириб берай. Гўнгни ташишга чуқур бордир.
− Бор, томорқанинг охирида, − деб кампир йигитнинг ваъдасига ишониш, ишонмасликни билмай, олдиндан ташаккурини билдирди: − Шундоқ деганингни ўзига катта раҳмат, болам.
− Замбилғалтак ҳам топиладими?
− Ҳа, ана бостирма ичида. Акобир ясаттирган. Нима, нима, асбоблар бадастур. Бунисига ўғлим ҳафсалалик.
Ҳашарчилар режадаги теримни бажарса-да, пахта майдонидан чиқишга рухсат тегмас эди. Оловиддин юз эллик кило пахта териб бўлганида ҳали соат уч ҳам бўлмаганди, у бригадиридан рухсат сўради. Катталари, Оловиддин нормасини бажарганини ҳисобчидан билгандан сўнггина, унга жавоб бераркан, шунда ҳам катта кўчадан юрмай, пахтазор бўйлаб боришни тайинлади.
Оловиддин кампирга берган ваъдасини бажаришга шошса-да, пахта майдони ичра йўлга тушди.
Шериклари уни кечки овқатга чақирганда ҳам у ҳали ишни тугалламаган эди. Кечаси ойдин бўлганига яна бир соатлардан кейингина у охирги тўп гўнгни томорқа четидаги чуқурга ағдарди ва кўнгли тинчиди. Ўзи одати шунақа, тоғаси айтганидек: ё одам ўлсин, ё иш ўлсин.
Сўнг, ҳўл бўлиб кетган қалин кўйлагини ечиб, ювинишни бошлаганда, янга сув қуйиб турди. Кампир келинига: «Қоронғуда, совуқ кунда тимирскиланиб юрмасин, ҳаммомни чироғи бузилганини ўзингиз биласиз, ҳовлида сув қуйиб туринг», деб буюрганди.
Бир-икки совунлаб йигит қўлини чўзиб елкасига етмади, шунда: «янга, ишқалаб қўйинг», − деди бироз эркалик қилиб.
Қалдирғоч, аввалига ҳайрон, унга тикилиб қолди, сўнг унинг жиддий оҳангда сўраганидан, хафа бўлдими, қўлидаги бор сувни йигит устидан ағдариб, нари кетди.
Кампир бу ҳолатни кузатиб турган экан, «болам тез хонангга югур, ичларинггача сув ўтиб кетгандир», деб кулди.
Тонг отди.
Оловиддин ҳовлига чиқиб аланглади. Кампир кўринмасди. Ошхонага бош суқди. Янга сутни оқ докадан ўтказарди.
− Холам қанилар? Менга ким сут беради?
Янга индамай амалида давом этди. Йигит энди йўталди. Барибир унга эътибор бўлмади.
Ниҳоят, янга ишини якунлаб, қўли бўшагач, косага сут қуйиб қайрилмай узатди.
Бу манзират Оловиддиннинг иззат-нафсига тегиб, у сутга ҳам қайрилмай, жаҳл қилиб нари кетди. Тандирда ёпган нонини, ҳамсоя ҳақи деб, қўшнисиникига ташлаб чиқаётган кампир, ҳовлиққан йигитни кўриб, тўхтатди:
− Ҳай, ҳай Оловиддин, нима бўлди? Сут беришмадими?
Оловиддин индамади. Кампир:
– Мен ҳозир, сен кетмай тур, − деди.
Бир зум ўтмай, Оловиддин кампир узатган косадаги сутни аста-секин ҳўплаб ичаркан, кампир қуюқ дуо қилди. Бошқа кунлар ҳам, пахтазордан вақтли қайтган дамларда, кампир айтса-айтмаса, Оловиддин у ёқ-бу ёқни тозалаб, молларга қараб қўядиган бўлди.
Кампир эса, уни эрталаб нонуштага чақирадиган одат чиқарди.
Оловиддин юқорида, ёнидаги кўрпачада кампир, тўғрисида, қуйида, янга ўтираркан, йигитнинг нигоҳи беихтиёр унинг юз тузилишига тушганда қош-кўзларини қиёслаб, «бекорга Қалдирғоч деб номлашмаган экан», деб ўйларди. Янганинг қошлари узун, кўзлари қора, лекин у ортиқча чўғланмай, сипо боқарди.
Бироқ унинг бу ҳолати йигитнинг ғурурига тегиб, негадир янганинг у билан очилиб гаплашишини, ҳазил-ҳузул гапларига қўшилиши, дилдан суҳбат қуришини кун ўтган сари истаб борар, меҳрини қозонишни, мақтов ёки олқишини эшитиш, хайрихоҳлигини уйғотиш учун бу ҳовлидаги эркаклар қиладиган барча майда-чуйда ишларни бажаришга тайёр эди. Чунки бир гал бирга тамадди қилишаётганда, янганинг «ойи, ҳовлига сув сеполмаяпман, ариққа қачон сув келади? Ўғлингизга айтмайсизми», деган сўзи қулоғига кирди. У эртасиёқ ариқнинг боши тарафга юриб, юз эллик метрлар нарида ариқ тўсилиб қолиб, бор сув ўша ердаги қўшни уйидан сойга оқиб ётганини билди. Бир соатлар ҳаракат қилиб, бир неча арава тупроқ аралаш тошни суриб, ариқни сув оқадиган қилиб очди. Лойқаланиб оққан сувдан кейин тоза, зилол сув тонгга яқин яна ҳовлиларидан оқаркан, янга челак-челак сув олиб, ҳовлининг тупроғи билқиллаган жойларига сепганда ва ювингани чиққан Оловиддинга биринчи бор миннатдор қараб қўйганда, кўнгли янада унга суст кетди.
Нонушта вақтида кампир дуода раҳматини қайта-қайта айтаркан, сўз орасида, «бу шерикларинг ичида электрга тушунадигани йўқми? Бўлмаса Акобир, ўқиган-у, лекин ток деса бир чақиримга қочади, юраги бу ишга дов бермайди», деди.
− Ўзим тушунаман. Нима қилиш керак? − деб сўради Оловиддин.
− Молхонани, ҳаммомни чироғи ёнмайди.
− Ҳозироқ кўриб қўйишим мумкин, фақат инструмент топиладими, − деди йигит кўз қирини янгага ташлаб.
− Ертўлада бор. Ана, келин кўрсатади.
− Юринг, бошланг-чи, − деб Оловиддин янгани шоширди.
Ертўла унчалик чуқурмас, деворларининг пастки қисми ердан иборат, бир метрлар баландлик бўйлаб сўл, ўнг ва тепа тарафда туртиб чиққан ер токча вазифасини ўтарди. Пастгина эшикдан кираверишдан, ҳовли тарафга, ўнгда кичик дарча очилган бўлсада, қоронғироқ. Оловиддин кириш билан эшикни қўйиб юборган эди, бандига боғланган, чўзиладиган тасма қисқариб, эшик юзига ёпилдию ертўланинг бу қисми бутунлай зимистонда қолди. Оловиддин, аввалига қоронғуликка ўрганмай, кўзини юмиб бир-икки қадам қўйганди, янганинг мана топдим, деган овозидан ўгирилди. Шу тобдаёқ биқинига қадалган отверткани учини сезди. У чўзилиб отверткали қўлни ушлаб олди, четга суриш ўрнига, нияти бузилиб, янгани биқинига қўл юбориб, ўзига тортди. Янганинг яқиндан нафаси келиб турганди, энди тамоман бағрига урилди. Оловиддиннинг йигитлик завқи қўзғалганди. У янгани қучоқлаб, бўйни, сочларидан ўпишга тушди. Йигитни янаям завқи тошиб бағрида йўқ бўлиб кетгандек, титраётган баданга янада қаттиқроқ ёпишди. Кейин бир нарса тақ этиб ерга тушди.
Бу отвертка эди.
− Эшикни очинг, − деди янга тўлғониб.
Оловиддин уни қучоғидан қўйишни ўйламасди. Шунда, росмана силтаниб, унинг қўлларидан чиққан янга, ташқарига отилди. Оловиддин ертўладан чироқ ёққичларни ҳам топиб чиқди-ю, кампирга қараб, ҳамма нарса бор экан, бирпасда тузатаман деб кериларкан, унинг кайфияти чоғ эди.
Кампир: шундай қил болам, деди. Унинг хаёли келинида: нега отилиб чиққанини, йигит унинг атрофида гирдикапалак бўлаётганини фаҳмлаган, лекин, Қалдирғоч ўзига пишиқ, бу шаҳарликка йўл бўлсин, деб ўзини тинчлантирди.
Оловиддин иккала ёққични ўрнатиб, бир-икки бор босиб, ўчириб текширди-да, яқин атрофда юрган янгани чақирди:
− Келинг, қабул қилиб олинг. Энди ҳаммомга истаган пайтингизда кира оласиз.
Янга унинг бебошлигидан аччиғи келганини билдирганча, кўз қирини ташламади ҳам, бир бор бўлсада у ёққа ўгирилмай, ҳовлини супириб-сидиришда давом этди. Кравотда кўзи кетган кампир кўзини очиб, йигитга бошини силкиганча: «Барака топ, чироғим», деди қувониб.
Кечки пайт, ромли айвонда шўрвани мақтаб-мақтаб ичаркан, кампир: янгангни қўли ширин, тўғрими? деб гап қўшиб ўтирарди. Чордона қуриб ўтирган Оловиддин бу мақтовга қўшилганча, янгага тикилди-да, «чиндан ҳам мазали, қуйқали шўрва бўлибди. Ўзи шунақа қуюқроқ шўрвани ёқтираман, янга, қўлингиз дард кўрмасин», деди.
Қалдирғоч эса ўз хаёллари билан банд, улар суҳбатига на ҳа, на йўқ деб, ўзини йўқдек билишларини истаб, сўзсиз чойини хўплаб қўярди.
Кампир йигитни жиддий суҳбатга тортди.
− Сен институтга кирсанг бўлмайдими? Миянг бутун экан.
− Техникумни битирганман. Етади. Ўқишга хушим йўқ.
− Ундоқ дема, кечкида ёки сиртқида бўлса ҳам беш-олти йил ўқисанг дипломли бўласан.
− Сиз нима дейсиз? Ўқишга кирайми? − дея Оловиддин янгага мурожаат қилди.
Кампир ҳам нима деб жавоб бераркин деб қизиқиб келинига қаради.
Келини елкасини қисди.
− Айтақолинг янга. Сизнинг фикрингиз менга муҳим, − деди, йигит қисталанг қилиб.
− Ҳа, қизим, бир нима де, ё ўқимаса ҳам бўладими?
− Ҳа, ҳа айтинг. Ё ўқимай қўяқолайми? – яна сўроқлади Оловиддин.
Янга беихтиёр кўксига ўнг қўлини босди, чунки боя, ертўлада, йигит уни қаттиқ бағрига босгандан бери, сийналарига бир нима бўлди. Ачишяптими, оғрияптими? Англай олмаётган Қалдирғоч аста, лекин дона-дона қилиб:
– Халқда: «эшакка тўқим, одамга билим», деган гап бор, − деди.
Гарчи мақол бироз бузиб айтилган бўлса-да, кампир ҳи-ҳилаб кулиб юборди.
− Баракалла, келин! Мот қилдингиз!
Оловиддинни, изза бўлиб, боши эгилди.
Шу воқеадан кейин унинг бу хонадон келинига нисбатан фикри тамоман ўзгарди. Аввалига янгани чиройли, ҳар тарафидан томоша қиладиган, фақат боссагина овоз чиқарадиган ўйинчоқ деб қабул қилган, эрмакталаблик билан вақт ўтказишга ярайдиган жисм ўрнида кўрган бўлса, ақлу фаросати ва бир оғиз сўз билан мот қилгани учун тегиниш, хиралик тугул, оддий сўзлашишда ҳам ўйлаб гапирадиган бўлди.
− Энди дазмолниям тузатиб берсанг, энг катта раҳматни олардинг, − деди кампир бир куни Оловиддинга илтижоли боқиб. − Ҳар бир кийимига дазмол босмай у кийишни ёқтирмайди. Ўшанга чироқни ҳам энг кўп пулини биз тўлаган бўлардик, ҳалигидака, ҳисоблагичи бўлса. Сиз томонларда, бу матаҳ ҳар бир хонадонларда бор экан-ку!? Тўғрими? Холамнинг қизи шаҳарлик бўлиб кетган. Қошчилик деган жойда туради. Сизларга бу жой яқинми? Яқин дегин. Дазмолимиз куйиб қолган. Ўн беш кунлар бўлди. Ўғлимга айтиб чарчадим. Бу кишининг хотинни кўнглига қарашга вақтлари йўқ. Отаси нима десам, тезда муҳайё қиларди, бу кимга ўхшади, билмадим. Қўлингдан келадими? Уриниб кўрасанми. Шундай қил. Зора, тузалса. Келинимга сюрприз бўларди. Бекитиб тузатиш бўлса, кечаси хонамда кўраман дейсанми? Яхши. Бирпасдан кейин келгин, келиндан яширинча дазмолни чиқариб бераман.
Эртаси нонушта пайтида негадир қайнанаси унга тез-тез қараб қўйишидан, келин соч турмаклари, дуррачасини ушлаб, тўғрилаб ҳайрон ўтирарди. Йигит ҳам, одатдагидан кўпроқ, ер остидан кўз ташлайди.
Ўшангами, у ҳам «ойи чой берайми, йўқса, булар ичармиканлар» деб қайнанасидан сўрарди. Ниҳоят, нонушта охирлаганда, кампир хонтахта остига қўлини узатиб, дазмол чиқарди:
− Келин, дазмол тузалди. Қаранг!
− Вой, ростданми?
Келин хурсандлигидан оғзи очилиб, чап қўли билан уни тўсишга уринарди. Бирор зумни ўтказиб, қайнанаси: текшириб кўрмайсизми? – деб дазмолни унга узатди. Келини зиппиллаб ромли айвонга ўтиб кетди. Оловиддин янганинг бунчалик тез ҳаракатини энди кўриши, кўзини ундан узолмай қолди.
Сўнг янганинг «ойи, ишлаяпти», деган шодон овози келди ва бир зум ўтмай очиқ деразада гулгун чеҳраси кўринди.
Кейин қизиқ воқеа бўлди.
Янга қўлида каттагина термос кўтариб чиқди. Юқорироқ қисмида даста ишланган қизил, кўк, сариқ ранглар қоришиғидаги гулзор, боғ-роғ ичида товус расми туширилган.
Оловиддиннинг кўзи ўйнади, аммо сир бой бермас, кампир, «қилган хизматларингга бу кам, лекин кўп ўрнида кўр, олгин», – деб қўлига тутди.
Йигит қабул қилмади.
Аммо, қайнана-келин ҳам бўш келмас, Оловиддин йўқ деган сари янга, «ойи, нега унақалар, бизни хафа қилмоқчиларми?» деса, кампир, «мозор босиб келган, хитойники, бундан келинда кўп. Отаси завмаг, олавер», деб қистарди. Шериклари чақириб қолмаганида, бу манзиратни чеки бўлмасмиди?
Оёқларида бири этик, бошқалари қалин ботинка кийган, эгнида пахтанинг қуриган шохлари титиб юбормайдиган қалин ишчи халат, шимлар кийиб, бўйнига пахта терадиган фартук осиб олган шериклари айвон олдидан ўтарканлар, дядя Толик: «спасибо за чай и кашу», деди.
Янга қўли кўксида бошини бироз тушириб таъзим қилди. Унинг ўрнига кампир: «на здоровья, на здоровья», деб қўйди.
Оловиддин шошиб дуо ўқиганча, ўрнидан тура солиб ҳужрага югурди. Шериклари унинг ортидан: «Сам догонишь», деб ташқарига йўл олишди. Кампир келинига юзланиб:
– Боринг, иссиғида термосни бериб келинг. Йўқ дейишига қўйманг, – деди.
Янга, қўлида термос, оёғи ерга тегар-тегмас ҳаракатлар билан ҳужрага кетма-кет етиб бориб, эшикни тақиллатди. Ичкаридан ҳа деган овоз ва бир зум ўтмай Оловиддин кўринди. У майкачан эди. Янга кўзини олиб қочганча, бошини қуйи тушириб:
– Термосни олинг, одамни овора қилавермай…, – деб уни ерга қўйганча нари кетди.
Оловиддинга бу овоз юмшоқ ва шу билан бирга ҳукмли англашилди. Йигит кўнди. Ғурурини четга суриб, биринчи марта унга янга шунақа истиғноли сўз айтди. Таъсир қилди. Ораларидаги мавҳумликни йитиб, вазият қадрдон қилиб қўйгандек туюлди.
Янга пилдираганча қайнанаси томон кетаркан, таманноли юришлари эсдан чиққандек эди.
Шаҳардан келган юзга яқин ҳашарчиларнинг ўн кунлик якуни йиғилишида касаба уюшма вакиллари илғорларни мақтаган, пул мукофотлари топширганлар ичида Оловиддин ҳам бор эди. Унга яхши пахта терими учун олтмиш сўм мукофот беришди. Ҳарна. Ишхонадаги маоши ўз йўлига кетаверади. Яна унинг номига биринчилар қаторида мақтов қоғози ёзилди.
Акобир кечки дастурхон атрофида бу хабарни айтганида ёнида онаси ва хотини бор эди.
− Пахтани ҳам худди колхозчидек теради. Ҳатто маҳаллий теримчиларга бас келаяпти, правленияда ҳам унинг тиришқоқлигини тан олишди, − деганча онасига қаради.
− Меҳнатда тоғаси роса тоблаган. Ўзиям чаққон, ўт, олов-а, − деб четга бошини буриб, гап қўшди онаси: − ўғил деган шундай бўлишини орзу қилгандим. Акобир оғзидаги луқмани зўрға ютиб, аччиқланиб онасига қаради:
− Ойи, сизга нима етишмайди? Нолиманг.
Қалдирғоч уларнинг суҳбатларига қўшилмас, жим ўтиришни одат қилган. Бундай гина, дашномли норозиликка хос иддаоларни қайнанаси кўп қилади. Лекин ўғлини яхши кўради. Ишдан сал кеч қолса, егани ичига тушмайди. Ўзи ухлаб қолиши мумкин, лекин қайнанаси тиқ этса эшикка қараб, гоҳо тонггача кўз юммай илҳақ.
У қайнанасининг бу йигит ҳақидаги «роса чиниққан экан-да, нима иш қилса чиппа ёпишади», деган мақтовларига бироз қулоқ бердию, яна бепарволикка изн берди, унга ўз хаёллари оғуши маъқул. Қалдирғоч ўзи қизлигидан ўй суришга мойил. Чиройли жойлар, кўркам дала, тоғ-қирларда очилган лолаларми, гулларни териб чамбарак ясаб бошига қўндириб олса, ёнидан оқ, новвотранг отлар югурласа, югурганда майсаларни эзғиламай, худди сув остида сузган бегемотлар каби ҳаракатланса, туёқлари тупроқни тўзғитмай учсалар.
Шундай ўйлардан сўнг, отларнинг қанотлари пайдо бўлсаю, Қалдирғоч оппоқ отда қип-қизил кийимда, янада хушрўй, юзларида қувонч ва шодлик барқ уриб турган давридагидек сийратда бўларди. Шамолда енгсиз халат остидан кийган ҳарир, юпқа кўйлаги ҳилпирайди. Сочлари шамолда ёйилиб, кетма-кет юзларига урилади. Бир қўли от юганида, бир қўли билан сочларини юзидан суриб, кўзларини очади. Узоқларда тенгсиз чиройли манзаралар, яшил боғроғлар, фақат улардаги мевалар ҳеч қаерда учратмаган ранг, шаклу шамойилга эга. Уларни қўл узатиб узиб олишга чоғланса, мевалар чиройли қизчаларга айланиб қолади. Шунда у янада шошади....
Бундай ўйлар неча бор хаёлидан ўтган, балки тушида кўргандир. Охири тушу ўй қўшилиб у анча хаёлпарастликка юз тутинди. Уй-жойдаги бир хил муҳит, бир хил иш, турмуш касри урди. Бир томони кечаю кундуз Яратганга қилган илтижолари инобатсиз колганидан, сўраган ниятлари амалга ошмай, фарзандсизлик номи унинг дийдасини қотириб, унча-мунча нарсага ҳайратланмаслик, кулмаслик, чеҳрани очмасликни ўзига қоида қилиб олган. Бу кеча она-бола ўртасида бошланган норозилик саҳарлаб давом этиб, қаттиқ айтишувга айланди.
Оловиддин бақириқ-чақириқдан уйғониб кетди. Деразадан бўйнини чўзиб қулоқ солса, кампир ўғлига дашном бераяпти. Бўйнига сочиқ ташлаб, сойга йўл олди. Қайтиб келса, ҳамон кампирни жағи тинмаганди. Уларнинг қошига беихтиёр юрди.
Унинг қулоғига: «Мунча лоқайд бўлмасанг, бултур ҳам ҳосил ерда қолиб, чириб кетди. Икки тоннача картошка тешиб чиқадими? Ҳеч бўлмаса, уволидан қўрқ», деган важ етиб келди.
Бу кампирнинг сўзи эди.
Акобир пиёладаги чойни тез-тез ҳўпларкан:
− Вақти келса қазилади, − деди онасининг аччиғига парво қилмай. Мазмунан у онасининг аччиқ-қуруқ гапларига ўрганган.
− Ҳар йили шу аҳвол. Аканг бўлмаса, уканг бўлмаса. Бу қишлоқда қариндош-уруғимиз йўқ, яқинда кўчиб келган бўлсак. Кимдан мадад кутяпсан?
− Ўзим эплайман. Пахта планини тўлдириб олайлик, – Акобир шундай деб пиёлани дастурхонга қўйди.
Хотини яна чой қуяй деганига бошини чайқаб, «ишим кўп, кейин», деб ўрнидан қўзғалди.
Кампир дарвозахонада ҳам жаврашга тушди:
− Бу ёқда маккани ўриш керак. Мол-ҳолга тайёр ем. Ёмғир бошланса, намиқиб, қорайиб кетади. Сен лоқайд, қанақа эркак бўлдинг.
Бу гап Акобирнинг этидан ўтиб кетди. Айниқса, бу гапдан у титрайди. Чунки, хотини Қалдирғоч билан турганига неча йил бўлса-да, болалари йўқ. Ўшанга, охирги пайт ўзидан ҳам айб қидирарди. Шу ернинг шифокори «ота бўласиз, ҳаммаси жойида», деган бўлса-да, катта шаҳарларга бориб текширтириб келишга юраги дов бермайди.
− Ойи, бўлди-да энди. Ҳаддингиздан ошманг. Аввал давлат режаси бажарилмасдан хусусий мулкка зўр бериб бўлмайди. Шуниям тушунмайсизми?
− Сен бунча қулоқсиз бўлдинг. Катта ўғлим ҳарбийда, Корея жангида ўлмаганида, сенга ялиниб юрармидим, – кампир энди ўкириб йиғлаб юборди.
Қалдирғоч қайнанасини тинчлантириш учун қучоқлаб олди.
Акобир ойисига нима дейишини билмай, бошини қашиди ва Оловиддинга кўзи тушиб сўради:
− Хўш, илғор, бир нима демоқчимисан?
− Мен ўша картошкани қазиб беришим мумкин.
− Нима, − деб қулоқларига ишонмай сўради Акобир. − Сенга йўл бўлсин. Кетмон уриб, ярмини нишхўртга чиқариб берарсан.
− Ҳасанбойда сабзавот экавериб пишиб кетганман. Яна ўзингиз биласиз. Айтдим қўйдим-да.
Акобир ойиси томон ўгирилди. Бу билан «ойи, нима дейсиз, жавобини сиз айтинг», дегани эди.
Кампир ёшини артиб:
− Бошқа ишларни эплаган буни ҳам қойиллатиши турган гап. Ҳа барака топ, − деб кампир хурсанд қўлини дуога чоғлади.
− Теримга чиқмасанг, қанча пахта ёзиб қўяман, − деди Акобир, ойисининг жағи ёпилишидан хурсанд.
− Ўзингиз биласиз. Ҳимматингиз…
− Териб юрганингча ёзиб бораман. Ўшанда гап чиқмайди.
− Яхши.
− Келишдикми?
− Келишдик, фақат қоплашга битта ёрдамчи берасиз.
Акобир бошини қашиб бир нима дегунча, кампир: «сен энди ишингга боравер. Ёрдамчи топилар, қийин ишмас-ку», деб у келинига кўрсатди.
Нонуштада кампир: «Ол ўғлим, каттароқ тишла, бугун ўзингни кўрсатмасанг бўлмайди», – деди қаймоқни Оловиддин томон сураркан.
Келинига уни ишга солишлари унча маъқул келмаган шекилли, қайнанасининг қулоғига пичирлади. Кампир, «вой албатта, ким қийнаб қўярди. Шунчаки, қопни ушлаб турсангиз бўлгани», деди йигитга кўзини қисиб. Йигит кампирнинг қарашидан: «олиб бориб қандай ишлатиш ўзингга ҳавола, келин деган жуда «белоручка» бўлса, гап бермай қўяркан», деганини англаб, у ҳам жавобан кўз қисди.

3. ХАЁЛЧАН ЯНГА
Янганинг ишлаши Оловиддинга ёқмади. Жон куйдириб ҳаракат қилмас экан. Ўзи бўлмаса йигирма бешга кирган ё кирмаган, семизмас, лекин ортиқча энгайишни хоҳламаскан. Қўлида қўлқоп, сочларини йиғиб дурра остида танғиган, бўйнидаги ингичка дурни ечмапти ҳам. Тиккаланганда ғоз туриб, узоқларга қора кўзларини тикиб, ўйга чўмадими, қарашидаги мунг ва ҳасрат ҳаётга гинаси борлигин англатадими, билиб бўлмайди.
Шу пайт осмондан турналар арғамчи солиб учиб қолдилар: қур-эй, қур-эй.
Янга бу товушларни эшитиб, бошини кўтариб, қўлини соябонлаб, уларни томоша қилишга чоғланди. Ҳайратда кўзлари ёниб аста бақириб қўйди:
− Қалдирғочдан салом сизга турналар.
− Сизга эса, қадим Тошкентдан салом, − деди бу ҳайқириққа жўр бўлганча йигит.
Янга унга ялт этиб қарадию, аммо индамади. Турналар йўқолгунча кўкдан нигоҳини олмади. Бошидаги икки кун меҳнат оғир бўлди. Оловиддин макканинг сўтакларини тортқилаб юлиб, ерга ташлайди. Янга қоплайди. Қоп яримласа, пақирга йиғиб, тўлган ерида қолдириб, бошқа бўш қопни қўлга олади. Уч-тўрт жўякни ўтишгач, Оловиддин макканинг пояларини чопқилаб чиқади. Уларни тўдалаб, сой бўйига олиб бориб ёяди.
Макка йиғишга уч кун вақт кетди. Янганинг ҳам ҳаракати сал тезлашди. Очиқ ҳавода ишлаш унга ёқаётганди. Йигит тиниб-тинчимас чиқиб қолди, ортиқча танаффус қилишга, ўтириб дам олишга ружу қўймаган, ич-ичдан ғайрати жўшар, ҳамроҳининг шашти, шиддатли юришларидан, гоҳо четга ўтишга улгурмаса, туртиб кетишларига ўрганди. Фақат биринчи бор кутмаганида йигитнинг елкаси тегиб, йиқилаёзди, шунда йигит қўлидаги пояларни ташлаб, чаққонлик билан унинг кўйлак енгидан тутиб қолай деса, елка қисмидан енги тирсиллаб йиртилди. Сал бўлмаса, ердан туртиб қолган кесик, учли макка сўтасига туртилармиди, ёки ундан ёмони ёнбоши билан йиқилармиди, унда нима бўларди, худо билади.
Яхшиям йигит унинг тирсагининг юқорироғидан ушлаб қолди. Янга, шу ерини силаркан, «намунча қўли омбурдек» деб ўйлаб, йигитнинг кенг ўмровига кўз ташлади. Сўнг, беихтиёр, сўз қотди:
− Бирорта шеърни ёддан биласизми?
Оловиддин эндигина макка пояларини қучоқлаб, бир-икки қадам ташлаганди, шартта ортига ўгирилди. У янга билан очиқ гаплашмаслигига кўника бошлаганди. Наҳотки у сўз қотди. Илтимос қилдими? Яна қандай лузум овозда. Бу сўроқни жавобсиз қолдирмоқ мумкинми? У ҳолда умридаги энг катта аҳмоқлиги шу бўлишини англади. Англадию шошиб кетди, миясида биладиган шеърларининг сўзларини тезда эсларкан, катта опасининг йиғиб юрган китоблари ичидан суйиб ёд олган шеърни танлади. У Хенрих Хейнега тегишли. Фақат дадиллашиб олиш учун янгага кўз ташлади, «бирам ўзига тортадики», деб беихтиёр пичирлади:
− Шеър айтишимни сўрадингиз-а?
− Ҳа, лирик шеър…
Оловиддин сой тарафдаги жийдаларга нигоҳини тикиб, ёдида қолган шеърни ифодали айтишга уринди:
− Билиб туриб менинг азобим,
Қандоқ қилиб ухлайсан беғам.
Гар қўзғалса эски ғазабим,
Парчалагум кишанларни ҳам.
Эсингдами кўҳна эртакда,
Халқлар шуни нақл қилганин.
Мурда йигит тунда ёрини,
Қора гўрга олиб кетганин.
Чиройлигим, сени деганман,
Сўзларимга ишон, кўник сан,
Мен ҳаётда тирик эканман,
Кучлироқман барча ўликдан!
Оловиддин охирги сўзларига урғу бериб, шивирлаб айтди. Сўнг у бир зум сукут қилди-да, янгага яна кўз қирин отиб, секин узоқлашди.
Янга қимирламасди. У ҳам боя сой тарафга беихтиёр қараб олганди. Ҳозир ҳам шу кўйи турар, шеър сўзларини ичида бир-икки қайтариб, жунбушга келиб, қўлларини бир ёнига, бир олдига, бир бошига олиб бориб, гавдаси соллоланиб, пичирларди:
− Билиб туриб менинг азобим,
Қандоқ қилиб ухлайсан беғам.
Шеър шиддат билан бошланиб, хотимаси ундан-да кучли хитоб билан тугатилган эди:
− Мен ҳаётда тирик эканман,
Кучлироқман барча ўликдан!
У ҳозир хаёлга чўмиб, «Мен-чи, мен тирик бўлсам, нима қилишга улгурдим, севишгами, севилишгами, ҳаётим майитникидан ҳам хароб», деган армонли ўйни бошидан ўтказди.
Макка йиғиб олиниб, эртага картошкага тушиладиган кун келди. Акобир кунда қилинган ишлар тўғрисидаги мақтовли ҳисоботларни онасидан эшитаркан, кўзлари юмилган ҳолда уйқуга кетди.
− Шаҳарда ўсган бўлса, бунақа юмушларни қайдан биларкин? Макканинг донини алоҳида қоплаб, пояларини ғарамлаб, ҳаммасини бостирмага жойлади. Қалдирғоч ҳам йигитнинг ҳаракати тез, чарчаб қолаяпман, деб нолиб қўяди. Лекин келиннинг ҳам дала шароитида, бунақа ишларда пишгани маъқул.
Акобир саҳарлаб ювинаётган йигитни елкасига қоқиб, − маккани дўндирибсан. Раҳмат. Биз ҳам ваъдага вафо дегандек уч кунингга беш юз кило ёздирдим. Бўладими? − деб сўради.
− Инсоф ўзингизга берсин. Мен рози.
− Бугун картошкага тушсанг, икки кун етар. Сени сўраб-суриштираётган ғаламислар чиқиб қолди.
− У ҳолда…
− Қўявер гап-сўзни. Сен томорқадаги ишни битказ. Икки кун муҳлат. Етадими?
− Бу энди фақат ўзимгамас, янгага ҳам боғлиқ. – Йигит шундай деб, Қалдирғоч тарафга суҳбат жиловини бурди.
Янга бунақа суҳбатларда иштирок этишни ўзига эп кўрмайди эмас, кўпроқ фикрини билдиришни ортиқча ёқтирмаслигидан бошини қуйи тушириб, миқ этмади.
Унинг ўрнига Акобир шошиб жавоб қилди:
− Сен янгангни қаттиқ ишга солма. Ҳар ҳолда хотин киши. Мени маломатга қўясан.
Йигит норози елкасини қисди:
− Меҳнатдан ҳеч ким ўлмаган.
Қалдирғоч бу гапдан қизариб-бўзариб эрини туртган бўлди:
− Нега унақа дейсиз? Қачон маломат қилибман, ё бирор марта чарчадим дедимми?
Оловиддин янганинг жўшқин иқтибосидан маъно топиб, ўзини оқлаш учун эрига зардали қарашини кузатди ва ҳар иккисига ҳайрон тикиларкан, Акобирни хотини олдида ўзини йўқотиб қўйишини сезди. Чунки шу заҳотиёқ у ўзини ҳимоя қилишга ўтиб, «Шунчаки айтдим. Мендан хафа бўлманг. Хоҳласангиз, қўйинг бу ишни. Бозор тўла сабзавот», − деди. Қалдирғоч лабини бурди. Унга эрининг бундай тез таслим бўлиши ва манзират учун меҳрибончилик қилиши ёқмади. Унинг арзимаган гап-сўз учун фикрини ўзгартиришини маъқулламай кучанди:
− Йўқ, энди бир ишни бошлагандан кейин охиригача етказиш ҳам фарз, ҳам қарз. Мен ҳақимда ўйламанг! Шерик бўлса, қайтангга дала ишини қилиб турган соғлиққа фойдали бўларкан.
Акобир бир нима дейман деб оғиз жуфтлаганди, Оловиддин ундан ўзиб ҳазил қилди:
− Почча, янганинг иштаҳаси очилган кўринади, картошка йиғимидан сўнг пахта теримига ташланг, − деб кулди.
Аммо унинг кулгисини ҳеч ким қувватламади. Аксинча, Қалдирғоч қовоғини осиб нари кетди. Акобир ҳай деганича қолди.
Нонуштадан кейин Оловиддин бир ўзи картошка пайкалига тушди. Картошка кавлаганда жўякма жўяк қазиб борилса, тупроқ остида ҳосил қолиб кетмайди. У энг четдаги жўякдан бошлаб кетмон уриб, қазишни бошлади. Ҳар кетмон урганда бир ҳокандоз, бир ҳокандоз ҳосил кўчарди.
Бироз вақт ўтиб, Оловиддин ўн қадамлардан ўтганда Қалдирғоч келиб қўшилди. Эгнида кечаги чипор халати. Йиртилган енгини чатиб олибди. Чеҳраси очиқ, аммо хаёллари узоқда, бир зум ён атрофга, олисдаги тоққа, кўкка кўз тикиб шивирлаб шеър ўқиди:
− Муҳаббат кутганда келмаган эдинг,
Бағримга отганинг умуман бошқа.
Осуда чашмани лойқалаб нетдинг,
Қисмат йўриғи деб тенг қилдинг лошга.
Шуни ҳаёт билиб қандай яшайман,
Кўксима ботади гулмас тиканлар.
Қувноқ ёшлигимга қайтишга шайман,
Юришга лек қўймас симсиз кишанлар.
Оловиддин: «У қанақа шеър, ёки ўзингиз тўқиганмисиз?» – деб сўради.
− Ҳа. Ўзим ёзганман, – жавоб қилди янга.
Оловиддин ортиқча шеърга тушунмаса-да, «жуда яхши ёзибсиз, маъноли экан», деди оғиз тўлдириб.
Мақтов кимга ёқмайди. Янганинг ҳам чеҳраси сал очилди. Аммо, ҳамон қандайдир мустар ўйдан халос бўлмай, атрофга хаёлчан боқарди.
Орага жимлик қўнди.
Йигит янгани гапга солиш учун суҳбатни кийимига қаратди:
− Мен эса либосингиз зарарини тўлаб беришга қарор қилдим.
Янга жилмайиб, тикилган енгига ишора қилиб кучанди:
− Шу матони йиртдингиз-а? Харникидек куч бор экан-да ўзи?
«Нима учун хар. Хар дегани бу – эшак, лекин от эмас. Демак, янга уни мазахлашга ўтдими, бефарқмас», деб ўйлади йигит. Буни синаш учун ножўя ҳазил қилишга жазм этди:
− Эшак минилган бўлади, мен эса хўтикман ҳали, − деди Оловиддин унга нигоҳини қадаб, жавоб кутаркан. Аслида бу ҳазилда на маъни, на матра бор эди. Хўтик деб ёшига, балоғатга етмаганга айтилса, Оловиддин эса бу ўлчов теграсига тушмасди. Ўшангами, янга бу сўзларни эшитмаганга олиб, қаддини қайта тиклаб, қўлпоғини ечиб, дуррасини, сочини тўғрилаган бўлди, чўнтагидан юмалоқ ойна олиб, ўзини кўзгуга соларкан, сўнг бу ҳаракатларига йигит қизиқиб қараётганини фаҳмлаб, кўксини киши билмас силаб қўйди. Энди Оловиддиннинг кўзлари ёлқинланиб, бежоланди.
Янга майна қилгандек гап қотди:
− Нимага ишламаяпсиз? Менга қарашингиз шартми?
Оловиддин худди полизга, қовун ўғирлашга кириб, қўлга тушиб қолган боладек изза бўлиб нари кетди. Ўгирилиб қараса, уни калака қилган янга, энди оддий ёрдамчидек, дўмпайиб жўякка энкайган. Ва бу ҳолатда қадди янада жозибали кўринарди.
Қоплашни бошлашди. Янга қопни очиб тураркан иягида илжайишми, жилмайишми бор, у андек ҳаяжон билан йигитга кўз қирини ташлаб қўяр, гап-сўзсиз, қоп тўлса, янгисини ушлаб тутиб турар, яқинида йигитнинг тер ҳиди келиб димоғига урилар, лекин нимагадир бу ислар беҳузур қилмаётганига ҳайрон. Чунки, бунақа пайт бегонадан, ҳаттоки эрининг ҳидини кўтара олмасди.
Тушгача ўн беш қоп картошка терилганди. Яна ери ағдарилган икки жўяк турибди. Ўшанга тушликдан сўнг, бироз дам олиб бўлишгач, бир соатлардан сўнг ишни бошлашга келишиб олишди. Кампир ҳам уларнинг қарорини маъқуллаб, «анча иш бўлибди, дам олиб-дам олиб ишланглар», деб қўйди.
Кампир идиш-товоқларни ошхонага кўтариб ўтганди, келини ортидан эргашди.
− Сиз айвонга кириб бироз дамингизни олинг.
− Шу ҳолатда-я.
− Ҳолатингизга нима бўлибди? – у келинига обдон қараркан, боши билан имлаб: – Қани гапирингчи, нима муаммо? – дегандек бўлди.
− Анавингиз, – у ҳашарчи турадиган ҳужра томон кўрсатиб гапирарди: − Ҳаммаёқни тўзитиб, чангитиб кетмон чопишидан ичларимгача тупроққа тўлди.
Кампир ҳингиллаб кулди.
− Шунақами? Жуда ғайратли чиқди-да бу ҳашарчи! Майли, унда бориб душ қабул қилиб олинг. Сиғимдаги сув илиқдир. Кун бугун жуда исиди, – деб ҳовлининг энг четидан хиёл пастда оқиб ўтадиган сув бўйидаги катта тол остидаги супача тарафга кўрсатди.
− Йўғ-эй? – деб келини талмовсиради.
− Кун тиғга келди. Маза қиласиз. Чарчоқ ҳам чиқади. Ё уяляпсизми?
Келини эътироз билдирди:
− Йўғ-эй, ойи. Ахир номаҳрамлар бор…
− Оловиддинми? У ҳужрага кириб, аллақачон уйқуга кетган, − деди кампир мамнун. − Тушда бир соатча мизғиб олиши одат-ку!
− Йигит кишини кундузи ухлаши ғалати-а, ойи?!
− Вақтли турса. Мол-ҳолга қараса, тагини тозаласа. Бир ишга ёпишса астойдил бажарса, ўзи бўлмайди, − деб кампир йигитга ён босди.
Келини суҳбатни буриб, эркаланди:
− Ойи, мен бир ўзим бормайман! Ечиниш, ювиниш… Холи жой бўлса, одам чўчийди. Атрофимда қўриқчи…
− Яхши. Мен ўзим у ёқ-бу ёққа қараб турганим бўлсин, − деди кампир.
Бирпасдан кейин қайнанаси зўрлаб, келинини қўлидан тутиб катта тол тагига олиб борди. Катта тол тагида тахта супача бор, унга шолча устидан кўрпача, болиш ташлаб қўйилган. Кампир ўшанга чиқиб ёнбошлади.
Қалдирғоч сал наридаги душга кирди.
Бўйи, эни бир қулочга ҳам етмайдиган кичик душ фанерлар билан тўсилган, бирорта ҳам тирқиши йўқ, бехавотир чўмилиб олиш учун қулай жой.

4. КЎЗНИ НИМАГА ЧИҚАРГАН
Оловиддин ҳар куни ўз ҳужрасига кириб ухлаб олади. Озгина. Бу болалигидан теккан касал. Тоғасининг маслаҳати. Боғда кун бўйи иш қилиб бўлмайди.
Саҳарлаб иш бошладингми, тушликдан кейин бир соатча мизғиб олиш одат. Ғайрати, тинимсиз ҳаракатини кўриб, кампир унинг бу кўникмасига қаршилиги йўқ, индамайди.
Бугун негадир Оловиддиннинг уйқуси қочди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Бошқалар ҳам дам оляпти шекилли, деб шовқин қилмай, томорқага чиқди. Ортиқча ҳафсаласизлик билан қўлига кетмон олиб, жўякка эгилиб иш бошлашни мўлжаллаган дамда, сойда балиқ шалоплади. Ия балиқ бор эканми?
Сойга тикилиб қараб чиқди, натижасиз. Сув тиниқ, бир-икки майда балиқни илғаганини айтмаса, овора бўлганга арзимайди. У катта балиқ қайга йўқолди. Кўринмади. Шунда у бироз салқинлаб олишни мўлжаллади.
Эгилган дарахт шохларига кийимларини осиб, сувга тушди. Сув совуқроқлиги унга билинмади. Чунки қишда ҳам анҳорга бориб чўмилади, ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта бир шўнғиб туради.
Оқимга қарши бироз сузиб, ҳориди. Яхшиси оқим бўйлаб сузишни ўйлаб, ён атрофга кўз ташлаб қўяркан, иккинчи жийдадан ҳам ўтди, энди сув айланиб катта толга етади. Бу жой пастқамроқ, сой ёйилиб, қирғоққа тошиб чиққудек тўлиб оқаркан. Сувга сакраб тушишга қулай. Тайёр чўмиладиган жой. Кийим алмаштирадиган, фанер билан ўралган будкаси ҳам бор экан, қизиқ. Сал сузса қўшни ҳудудига кириб кетади, ўшанга эгилган шохни торта-торта сувдан чиқди. Бу пайт будкадан хиргойи овози эшитилди.
Оловиддин бу товуш янгага тегишлилигини аввалига англамади. Ким экан, деган қизиқиш унинг оёқларини будка томон судради. Бир-икки қадам қўйдию, илгаги бузилиб, зич ёпилмайдиган эшик тирқишидан ичкарига тикилди. У бундай қилиши мумкинмаслигини биларди, аммо иродасини ақл эмас, ҳиссиёт бошқариб, ўта қизиқувчан субъектга айланган ҳолда, бақрайиб қаради. Ўзига ром этиб, дилини қитиқлаган овоз соҳибаси, у чамалагандек, янга экан. Кўксигача очиқ, бошқа ерини ингичка тасмага осилган ниҳоятда ҳарир сарафан тиззаларига етар-етмас узунликда ёпган, тугмалари ҳам ўлда-жўлда тақилганидан, юпқа либос остидагиси яққол кўринмаса-да, сочини қуритиш учун сочиқни босиш ҳаракатидан бир ерлари дириллаб одамни бетоқат қилар, қорни тортилган, оёқлари тўғри, лекин ингичка экан, деб баҳолаган йигит ҳаваси кўзининг шокосадан чиқиб кетар даражада эди.
Томошани давом эттириб, бир дам яна турса, ўзини ичкарига отиши ҳам ҳеч гапмас. Фақат бу одим отиши ўзига ҳам қийин туюлиб, ичини ҳадик, хавфсираш чулғаб, атрофга олазарак қараркан, ногаҳон супачадан қўзғалиб, тикка ўтириб олган кампирга кўзи тушди-ю қути ўчди. Кампирнинг уни аяди шекилли, қаттиқ гапирмади:
– Оловиддин, сенми?! Нима қиляпсан бу ерда? Бор жийда тагига, ўшатда чўмил. Бу жой аёллар учун.
Кампир шунча хизмат қилиб, марҳаматига муяссар бўлган ҳашарчига, «эй, иймонсиз», демоқчи бўлдию, лекин бу гапи унга қаттиқ тегиб кетишини англаб, воқеани хас-пўшлашни маъқул кўрган эди.
Оловиддиннинг қулоғига гап кирмас алфозда эди-ю, бироқ у яхши тарбия олганини намоён қилиб, базўр яхши деди. Кетар экан, будка ичига яна бир назар солишни унутмай, калласидан хиёнаткорона бир ўй ўтди: янгани, эндиям бағримга бир босмасам, дунёдан армонда ўтсам керак.
Уларнинг ғўнғир-ғўнғирига югуриб чиққан Қалдирғоч: биров борми? Ким, деганида, орқасига ўгирилмай узоқлашаётган йигитга кўзи тушди.
− Ойижон, шу туришимга кўзи тушдими? − деб қўли билан кўксини тўсди. − Қаердан пайдо бўла қолди?
− Ким билади дейсиз. Ухламабди шекилли. Қўяверинг, бу кўзни нимага чиқарган?! Йигит киши йигитлигига боради. Уятсизлиги ҳам бир сифати, − деди кампир Оловиддиннинг қилиғи нашъа қилиб.
Биринчи жийда тагига борган заҳоти Оловиддин ўзини сувга отди. Сувдан чиқмай, хаёли бояги манзарани такрор-такрор қайтарарди. Аёлларни бунча чиройли қилиб яратган-а, худойим. Бор аъзоси, ҳамма жойи кўзга яқин. Қадди-басти, қош-кўзларидан тортиб, лутфи карамигача ажиб. Ё буларни мен Қалдирғочда кўриб, ҳаловатим йўқолдими? Ё сеҳр тузоғига тушдимми? Йўғ-эй, тирик жонлиги маълумку. Фақат, уни унутиш… Асло. Айниқса, ушбу ҳолатини.
Сувдан чиқиб, йиқилиб қолган эски терак устига бироз чўзилди. Хаёллар гирдобида боши ғувилларди. Стендалнинг “Қизил ва қора” романидаги бўйдоқ йигит, болалар тарбиячиси, икки фарзанди бор оила соҳибасини севиб қолади. Лекин аёлларда бурч муқаддас. Оила обрўси, фарзандининг саодати биринчи ўринда қўйилади. Шунинг учун ҳис-туйғулар пўртанасига тушиб қолсалар (бундай ҳоллар ҳам учраб туради), барибир ўзини саодатини биринчи ўринга қўймай, бировни яхши кўриб қолса-да, муҳаббат қалбини асир қилса-да, ёниб, куйиб адо бўлса-да, муҳаббат деб, оиласидан кечган аёллар кам, Анна Каренина бундан мустасно, чунки у китобларда ёзилган қаҳрамон, холос. Ҳаёт эса бошқа. Балки, ҳозирги даврда, озод Европанинг эркин аёллари ўн тўққизинчи асрнинг романтикасини ҳис қилмай яшар, севгидаги жунунликни касаллик деб билган ҳолда, номи аёл – аслида прагматик субъектга айланиб улгуришгандир, бироқ Шарқ – бу Шарқ. Айниқса ўзбек аёли ўта андишали. У оиласига ўта садоқатли, деган фикрда эди.
Бирор сония ўтди. Балки сал кўпроқ, ва у энди, ҳозиргина миясидан ўтказган умумбашарий ахлоққа мойил қарашлардан воз кечиб, қарама-қарши ўйларга изн берди: янгага нимадир етишмаяпти? Йўқса унинг шеъриятга, хаёл суришларга мойиллиги бекоргамас. Бу аёл муҳаббатга маҳтал…
Бир вақт, хаёллар тарк этиб, кўзига уйқу инди.
Тушидами, ўнгидами таниш овоз келди:
− Турақолинг, кун оғди, – шундан сўнг, тошми, кесакми ёнига келиб тушди.
У ўрнидан керишиб турганида, янга жўякларда картошкани пақирларди.
Эртаси куни янада ажиб, лекин тушуниксиз ўтди.
Бирпасда ишни тугатишди ҳам. Аммо на униси, на буниси гапиришга журъатсиз, бир-бирларининг кўзларига қарашга юраклари дов бермай, аммо ҳар ким ўз ишини қилиб, бирпасда картошка йиғимини ҳам якунлашди.
Вақтида томорқадаги бор юмушларни амаллашган экан, эртаси эрталабдан ёмғир ёға бошлади.
Кампир деразага қараб:
− Вой, ёмғирми! Худога шукр, йиғиб-териб олдик. Энди ёғаверсин. Тўғрими? − деб келинига қаради.
− Майлику, лекин тўй бор деётгандингиз.
− Ҳа-я. Тўй узоқ қариндошларникида. Бекободга бориб келиш керак.
Кампир ўйга чўмди.
Оловиддин чойни шошилиб ичар, янгага ора-чора кўз ташлаб қўйса-да, миқ этмасди. Аввалги сурлигидан асар қолмаган. Яна «бугун янга бошқача», деб ўйлади йигит. Мийиғида кулиб, ундан кўз қирини узмаётгандек туюлар. Авваллари табиатга, дов-дарахт, осмону кўкка нигоҳини тикадиган, дастурхон попугини ўйнаб, кўзини бировга қадаб гапирмайдиган бу гўзалга нима бўлган? Нега уни руҳан таъқиб этяпти, хаёлини бузиб уйланмаган йигитнинг қонини кўпиртиради. Мияси қизиб, юзи оловланадиган бўлиб қолди, ахир. Эҳтирос тўла кўзларни қаерга яширса бўлади? Ташқарида ёмғир ёғаяпти. Айни муддао. Бошини ёмғирга тутади, шашти пасайса, эҳтимол. У ўрнидан сирғалиб, сизларга омонат, деб турди. Очиқ ҳавода секин юриб хонасига етди. Шерикларидан хабар олди. Карта ўйнаётган эканлар, бир-икки қўл пирра ташлашди. Кравотда чўзилиб, чала қолиб кетган китобини ўқишга тушди ҳам хаёли янгада. Уф. Энди нима бўлади? Қўлидаги китоб: «Граф Монте-Кристо». У Дюманинг асарини рус тилида ўқиркан, дядя Толик:
− О, машҳур ёзувчини танлабсан-ку? − деб кулди.
Негадир унинг кўнгли ғаш, ҳафсаласи йўқроқ, ўқиётган жумлалар ҳам бошига кирмаяпти ҳисоб, шунгами атрофидан келган бу савол ҳам ёқмадию, дағал жавоб берди:
− Нима, фақат сиз ўқишингиз керакми?
− Нега жаҳлинг чиқади, сўрадим-да. Ё бирор кимса хафа қилдими?
− Ҳеч ким хафа қилмади.
− Айтавер, балки бекачададир муаммо, − деб суҳбатга энди Ринат қўшилди.
Бари бу гапга ҳо-ҳолаб кулишди.
Ана, холос, улар нимага шама қилишяпти. Ҳар ҳолда кўр эмаслар. Ёқтириб қолганимни сезишган, шекилли.
Оловиддин шундай ўйдан кейин юмшади:
− Ғийбатни қўйсангларчи, ёш жувондан шубҳалангунча.
− Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деган ўзбек мақоли бор. Тўғрими? − деб яна Ринат ҳужумга ўтди.
− Эй, сенларни. Ундан кўра, юз грамм қуйларинг. Борми, ўзи?
Оловиддиннинг бу саволига дядя Толик жонланиб деди:
− Ҳозир карта чийлаймиз, ким ютқазса бориб келади. Сен эса пулинг бўлса чиқар.
Оловиддин уларнинг оғзини ёпиш учун бақувват пул ташлади.
Хурсанд бўлиб кетган шериклари кулишди:
− Энди бека билан истаганча юравер, биз қаршилик қилмаймиз.
− Ҳей, аблаҳлар. Ҳеч гап йўқ, ахир.
− Ўзингни оқлагунча, қаддингни ур шоввоз! Токи, кейин армон бўлиб юрмасин, − деб учинчи шериги гапни нуқталади.
Оловиддин ҳанг-манг бўлиб ўйга тушди: шерикларим вино ичиш билан овора, ҳеч нарсадан хабари йўқ деса. Балони билишаркан.
Пешиндан ўтганда кампир тушликка чақириб кетди.
Шериклари туртиб: бор тутинган ўғил. Биз кўрмаган иззатни сен кўр, − дейишди ҳингиллаб. Оловиддин бориш, бормаслигини ҳам билмасди. Одамгарчилик юзасидан чақиришяпти. Тўғри, хизматларини қилди, лекин ҳақини тўлашди. Ҳадеб суллоҳдек бораверса, яхшимас деган ўйда, ҳужрадан чиқиб, бостирма тагида тўхтади. Атрофга назар солди. Симиллаб ёғаётган ёмғирни кузатди. Ҳаво тоза, лекин бироз совуқроқ. Осмонга қарасанг, тунд, қора манзарани кўрасан. Тизиллаб кетма-кет тушаётган томчилар, квадрат уялаб экиладиган чигитлар каби ерда тўр ҳосил қилаяпти. Ана пуфакчалар ҳам бир хил оралиқда тарқалиб ёриляпти. Шуни кашф қилгандек, у такиллаб ерга тегаётган томчиларни бетўхтовлигига маҳлиё туриб қолди.
Сўнг, уй тарафга қаради. Ромли айвонда кампир қўлини силкиб келинига нимадир деди, шекилли, Қалдирғоч ўрнидан туриб ташқарига чиқди. У ошхонага яқинлашганда, Оловиддинни кўриб тўхтади. Бошига қизил гулли таги кўк рўмол танғиган, эгнида охори тўкилмаган шойи халат.
Энди бормаса бўлмайди, йигит юришини тезлатди.
− Кирмайсизми? Қайнанам сўраяптилар, − деди Қалдирғоч паст овозда.
− Янга-чи? − деди Оловиддин паст овозда, нигоҳини четга буриб.
Қалдирғоч индамади. Бошини эгиб, бепарво тусда гапирди:
− Ҳозир, беш дақиқада ошни сузаман.
Дастурхонда аччиқ-чучук, турп тарелкаларга солинган, нон бурдаланган, қўл сочиқлар тахт.
Кампир уни тўрга ўтказди.
Ош келди. «Мазали бўлибди», деб мақтаб ейилди.
− Тўй Тепанинг гуручи ширали. Оши яхши чиқади, − деди кампир. − Тошкентда ҳам бу гуручдан ишлатишадими?
− Ярим Тошкент шу гуручга маҳтал-ку.
− Шунақами? Лекин мошни ҳам кўп ейсизлар, шекилли.
− Ким мошни хушламайди. Мошкичири, мошхўрда, мошқовоқ, мошугра. Жони дилимиз.
Ўртада қандайдир ноқулайлик зоҳир эди. Кампир, буни сезиб, аҳамиятсиз гаплардан сўзлаб, аввалгидек ҳазил-ҳузулли даврани ҳосил қилмоқчи бўлардию, барибир гап-сўз қовушмасди.
Бир вақт, жимгина ҳар ким чой ҳўплаб ўтираркан, тарвуз кўтариб Акобир келиб қолди.
− Ия, илғор, шу ерда экансан, яхшидей. Иш бўлмаса шу тарвузни чиройли сўйиб, лаганга терсанг, мен ҳозир, − деб ичкарига кирди.
Ортидан янга эргашди.
Эр-хотиннинг меҳрибончилигидан ғаши келиб, Оловиддин не ҳасратда тарвузни кесди. Шунгами, бир-икки тилим тарвуз едими-йўқми, қўлини артиб, ўрнидан турди.
Кампир: ҳа, болам, ўтир, яна егин, − деб қистади. Оловиддин қўлини томоғига кўндаланг тираб, тўйдим ишорасини қилди.
Шомга яқин машина пориллаб, ўт олганда, Оловиддин мол-ҳолдан хабар олгани ҳовлига чиққанди. Ясан-тусан қилган кампир унга юзланди:
− Болам, сигирларга эрталаб ем бериш сендан. Янгангдан ҳам хабардор бўлиб тур. Йўл узоқ, мабодо, кеч қайтишимиз мумкин.
− Ўзи, қаёққа кетяпсизлар, номозшомда, шошилиб.
− Шу ҳаво баҳона, тўйга тўёнани бериб келамиз.
− Эртага далага чиқиб кетсам-чи. У ҳолда…
− Уч кун шунақа ҳаво бўлармиш. Акобир тайинли жойдан билибди.
− Ҳимм.
Дарвозадан чиқишда, кампир уй-жойига кўз югуртириб: «илоҳо омин! Келин уйни сизга, сизни худога топширдим», деб дуо қила, Қалдирғочни чўлп этиб ўпди.
Акобир машинанинг орқа ўриндиғига бўхча, совғаларни териб, онасини ёнига ўтказди. Сўнг газни босиб, кўчани бурқситиб, йўлга тушишди.
Машина қораси ўчгунча, Қалдирғоч бўйнини чўзиб, нигоҳини узмай тек қотди. Оловиддин шақиллатиб дарвозаларни ёпа бошлади.
Шундагина янга қотиб турган жойидан қўзғалиб, ромли айвонга кўтарилиб, индамай ичкарига кириб кетди. Унга қайнанасининг дуоси эриш туюлганди.
Оловиддин эса шерикларининг қошида, ҳозир шу ҳақда ўйлаб, ўйига етолмас, янганинг эри қолиб бировни севиб қолиши мумкинмаслигига шубҳаси тасдиқ топгандек, тарвузи қўлтиғидан тушиб, мақсадсиз ўйлар уммонида кезар, ғингшиб чўзилиб олганча ётдию, зерикди. Нима қилишини билмай, вақт ўтказиш учун карта ўйнади. Ёқмади. Шерикларига қўшилиб ичсинми. У қўлига бир стакан винони ушлаган ҳам эди, ички овоз бундай қилмасликка азм этди.
Кеч бўлди. Ёмғир тезлашди. Деворлар, тунука томларга урилаётган ёмғир томчилари тезлашиб, энди челаклаб қуйишга ўтиб, турли товушлар сувнинг шовиллаши билан уйғунлашиб кетгандек ваҳима берарди. Ичиб, кайфи ошган шериклари уйқуга кетди. Фақат дядя Толик ҳали ҳушёрроқ. У йигитнинг дилидаги гапни айтди:
− Менга қара. Сен бекачадан хабар ол. Бу ҳавода қарс-қурсдан қўрқиши мумкин. Кўрдинг, она-бола қайгадир кетди. Қачон қайтади, худо билади. Келгунча ўша ерда ўтирмайсанми? Сендақа жентельмендан ўргилдим.
Оловиддин шундагина аҳмоқлик қилганига, гап-сўзлардан чўчиб, оддий одамгарчиликни унутганидан пушаймон, сал дурустроқ кийиниб ташқарига югурди.
Ҳавода чақин чақиб, гулдурос урадию, аҳамият бермаганини қара, ромли айвон чироғи ёқиқ, узоқдан кўрди.
Тақиллатиб эшикни очса, диванда адёлга ғужанак бўлиб, ўралиб олган янга, хўрпайиб, тескари қараб олди.
− Бир ўзингизсиз? Хавотир олиб келдим.
− Ҳимм.
− Ҳавони авзойини қаранг.
− Ҳимм.
− Қўрқмадингизми?
Янга ҳамон бир сўз демасди.
− Нега индамайсиз? Андиша қилдим, киришга − деб, Қалдирғочнинг қўлини беихтиёр ушлади. − Ия, совуқ-ку!
Оловиддин чўчиган, қўрққан одамда қон қочади, демакки, танаси совиб кетса керак, деб ўйлади ва жувоннинг ёнига чўкди.
Шу пайт осмон яна қарсиллади. Ва у жуда яқиндан эшитилиб, ҳовли ёришгандек бўлди. Сўнг кетма-кет момақалдироқ гумбурлаб қулоқни қоматга келтирди. Атроф эса энди қоронғулашиб, зимистон босди. Фақат айвонда липиллаб турган шамни этмаса, Акобирнинг кенггина дала ҳовлисини ҳам зулмат қоплаб, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Бу табиат ҳодисаларидан безор янга йигитга ёпишди. У дағ-дағ титрарди.
Шунда Оловиддин бир қабиҳликка қўл урди. Бағридаги жувоннинг яқинлигидан бошидан хуши учиб, аста елкаларидан силашга, унинг лабларидан ўпишга тутинди. Бир ўпди, икки…
Жувон сакраб турди-да, ўзини ичкарига уриб, хонаси эшигини ёпиб олди. Оловиддин: «раъйига қарамай аҳмоқлик қилиб қўйдим. Ҳеч бўлмаса, шошилмаслик керак эди», деган ўйда бошини қашлашга ҳам улгурмай, яна чақин чақиб, момақалдироқ қалдиради. Бир бора-икки бора.
Тентакнамо кўйда яна янга пайдо бўлди. Унинг кўзлари қинидан чиқиб кетгудек ваҳмага тушган, қўлларини кўкка чўзиб нолишга ўтди: «Эй, Тангрим бутун ваҳмингни шу тунга солдингми? Эрим йўқ, ёлғизлигимда, ҳимоясизлигимда-я! Айт, табиат дағдаға қилиб, энка-тенкамни чиқармасин. Йўқса, ёнимдаги басир ҳамроҳликка ҳам ярамайди. Худди оч бўрининг ўзи. Менинг тинчим-ҳаловатим эмас, бузғунчилик керак унга. Айш керакдир, балки. Менинг номимни қора қилиш ё шунчалик зарурми? Ё, қодир худо, ўзинг раҳм қил. Табиатинг ғазабларин чекласин».
Оловиддинни уят босиб боши эгилди. Қўлларига ортиқ эрк бермасликка ўз-ўзига сўз берди. Аксига олиб, табиат аномалиялари: яшин, чақмоқ чақишлар узоқ вақт тўхтамади.
Саҳарга яқин, ғира-ширада, хабар олгани чиққан, ўрта яшар қўшни жувон, ромли айвонга кўз ташлаб, ғалати манзарага гувоҳ бўлди: диванда Рихси кампирнинг келини ҳашарчи йигит елкасига бош қўйиб ухларди. У бир зум қотиб турди-да, нари кетди.
Кейин воқеалар тезлашиб, бошқа ўзанда оқди.
Йигит уйғониб кўзини очса, диванда ёлғиз ўзи, совуқ ўтиб, эти увишган, керишиб, қўлларини ёзиб турди. Атрофга аланглади. Ҳовлидан пақирнинг тарақ-туруқ товушлари келарди. Оловиддин ҳужрасига шошди. Сочиғини кўтариб чиқди ва ариққа энгашиб ювинди. Артиниб, шоша-пиша молхона тарафга юрди, сочиғини йўлига рўпару келган, сарғайган япроқларини бутунлай тўкишга улгурмаган, бўй-басти унча баландмас шафтоли дарахтининг сийрак шохларидан бирига осди.
Янга молхонада экан. Саломлашди. Қалдирғоч бошини кўтармай: сигирларни ушлаб туринг, ийдириш қийин бўлаяпти деб, сут соғишга уринарди.
Тарғил ювош экан, осон соғилди. Оласига гал келганда елинини ушлатмай, хуноб қилди. Оловиддин, ҳа, жонивор, нима бўлди, бегона қўлни билдингми, деб силаб, сийпалади.
Шунда ҳам, бироз соғдиргач, орқа оёғини силтаб, орқага тисарилиб безовта бўларди.
Қалдирғоч ўзига гапиргандек: «Нега унақа дейсиз. Доим ўзим соғаман, тирноғим тегиб, ғашини келтиряпти, холос. Дўхтирларни ингичка, резинка қўлқопини кийсам бўларкан», дерди.
Бир амаллаб соғиб бўлишгач, пақирни кўтариб ошхонага йўналган янга: раҳмат, деди.
Оловиддин нимага Қалдирғоч раҳмат деганига тушуна олмай, унга қараб қолди ва ичида: «кечасидаги вазият учун ташаккур билдирди, шекилли, мендан хафа эмас экан», деб ўйлади.
Бир пайт дарвозани тақиллатмай, қўшни йигит кириб, «Фермага ажратилган сут қани?» – деб сўради.
Янга билан олдинма кетин ошхонага кириб, бидонни елкасига олдида, атрофга, айниқса Оловиддинга синчиклаб кўз ташлаганча, кўчага юрди. Сўнг унинг, бидонни аравага дўқ этиб ташлагани ва ҳиҳ, жонивор, деб эшак-аравасини юргазиб жўнагани эшитилди.
− Бошқа пайтлар Акобир ака уларда йиғилган сутни фермага топшириб қўядилар, − деб янга, қўшнилари билан аҳиллигини тасдиқламоқчи бўлиб гап қистирди.
Кейин бошини кўтариб астойдил таклиф қилди: самовар қайнаб турибди. Юринг, чой дамлайман.
Ёмғир тинди, аммо пахтазорга кириб бўлмайди. Барибир далага чиқиш керак. У шерикларига қўшилиб, машина, арава юравериб, зичлаган қаттиқ йўлдан бораркан, ажабтовур ўтган тун ҳақида ўйлаб кетарди.
Пахта терилмаса ҳам, пахтазорга кириб туриш ҳақида кўрсатма бўлди. Ҳамма қатори у ҳам қимирлади. Битта ўқ ариқни мўлжаллаб тўхтади.
Офтоб қиздириб, ернинг нами бироз кетиб, оёққа палахса-палахса лой ёпишмайдиган паллада пахта теримига тушилди. Оловиддин бир вақт ҳаммадан ўтиб, шитоб билан ҳаракат қилаётганига ўзи ҳайрон бўлди. Унинг кайфияти яхши, димоғи чоғ эди.
Кечгача, ҳавода нам бўлгани учунми, Оловиддин терган пахтаси икки юз килога етай деганди. У бугун яхши ҳаракат қилди. Қандайдир куч далда бериб турди. Унинг кўп пахта терганини кўпчилик олдида эълон қилишганда, дядя Толик кўзини қисиб қўйди. Бу билан, биламан қайси сабабдан ғайратинг ошиб кетган, дегандек бўлдими, Оловиддинга қоронғу.
Йиғилиш сўнггида, бригадирлари, Оловиддинни шерикларига мурожаат қилиб: бугундан бошлаб хирмонда, кўсак чувишда ишлашини ва шу ерда туришларини эълон қилиб, хона кўрсатди. Улар пахтани кам териб, нуқул гап эшитишарди, индамай рози бўлишди. Кийим-кечаклари, сумкаларигача келтириб қўйилганидан ҳатто ҳайрон қолишди. Уйга, ҳужрага ёлғиз Оловиддин қайтди, у илғор, унинг мушугини биров пишт демасди.
Ромли айвонда, дастурхон тепасида саллали домла, қуйида кампир бор эди. Акобир ва янга кўринмасди.
Эшикдан бошини суқиб саломлашиб, яхши бориб келдингларми деб кампир билан ҳол-аҳвол сўрашганди, тинмай бошини силкиб тасдиқ қилаётган кампир, ё, пирим, деб ўрнидан туриб, унинг истиқболига чиқди.
− Болам, ювиниб, тараниб, дурустроқ кийиниб ол, меҳмон бор.
Оловиддин маъқул деб хонасига шошди.
Озгина фурсатдан кейин, у дурустроқ кийимда кириб, домла билан қўл беришиб сўрашиб, ёнидаги бўш жойга ўтирди. Дастурхонга кўз ташлади, сур гўшт, пишлоқ, қанд-қурс, турли ҳўл мевалар, чучвара, сомсами бор эди. У ҳайрон бўлди. Бирор маърака тўғрисида аввалроқ унга айтишмаганди. Озгина ўтмай, кампир унинг олдига бир коса шўрва қўяркан, уни шоширди: «Олинг, олинг болам, кун бўйи даладасиз. Қорин ҳам очиққан чиқар». Оловиддин тезгина тамаддисини тугатдиям, кампир овқат ейишини кузатиб турган эканми, Оловиддинни бу ёққа қаранг деб, ўз хонасига бошлади.

5. ВАҚТИНЧАЛИК НИКОҲ
Кампир хонасида эшитган гапларига Оловиддин дод дейдиган даражада жаҳли чиқиб, ҳозир шу ерда Акобир бўлса уриб, пўстагини қоқишга тайёр эди. Нимамиш, Акобир Қалдирғочдан шубҳаланиб уч талоқ қилибди. Вой, ярамас-эй! Хотин яхши-ёмонини ажратишни билмаган гўрсўхта. Шундоқ рафиқасига туҳмат қилса, кўр бўлмайдими? Тўнғиз қопгур. Лекин, кампир айтишича, хато қилганини тезда пайқамаганмиш. Жаҳолатга қул бўлиб, ақлдан ўша пайт айрилганда, оғзига келган сўзни айтибди экан. Ўғлимга ёрдам қил, бу иш фақат сенинг қўлингдан келади. Ёпиқлик қозон, ёпиқлигича қолсин. Ўзи ҳам бошини олиб чиқиб кетди. Сени укам деган. Хўп дея қол, деб кампир унга роса ялинди.
− Мендан нима истайсиз, − деди, кампирнинг мақсадини англамай, қаҳри босилмаган Оловиддин.
− Ҳеч нима ҳисоб. Тинчланиб ол, илтимос. Бўлар иш бўлди. Машойихлар, ҳар қандай масалага ечим топилади, фақат яхшилаб фикр қилинса бўлди, дейишади. Акобир хотинини урмади, сўкмади, фақат нодонлик қилиб, қўшни жувоннинг иғвосига учиб, бу ажрим сўзини оғзига олган.
− Қўшни жувон нима депти? Улар билан ортиқча кирди-чиқдингиз йўқ, шекилли?
− Бор. Нега йўқ бўлсин. Кўздек қўшни. Шунга ўртамизда девор номигагина, тахтадан пастак қоқилган. Эшиги ҳам бор, қулфсиз, доимо кириб-чиқиб туриш мумкин.
Оловиддин энди бир нимани сезгандек ҳушёр тортди:
− Хўш!
− У сени келиним билан бирга, ромли айвонда, саҳардами кўрибди, шу ростми?
Оловиддин лов этиб қизарди. Тили танглайига ёпишди. Мана гап қаерда экан! Одамлар қанчалар жосус бўлмаса. Ҳозир қайси сабаб билан ромли айвонга ташриф буюргани ҳеч кимга қизиқмас. Одамгарчиликни ҳам бўҳтонларга йўйиб ўтиришибди, лекин индамаслик ундан бадтар гумон туғдиради.
− Рост. Лекин…
− Лекинингни қўйиб тур, болам.
− Хола оғзимга урманг, йўқса ҳозир шартта туриб чиқиб кетаман. Керак бўлса келинингизни текширтиринг. У соппа-соғ.
− Келинимни сенга даъвоси йўқ, тентак.
− У ҳолда, гап нимада?
− Сен оқ кўнгил, палаги тоза йигитсан. Ўзингни бос.
Кампир Оловиддинни елкасига қоқди:
− Вой, болам-эй. Оллоҳ, яна ўғил бермайдими, уни сендек бўлишини сўрардим.
Оловиддин юмшади. Жаҳлдан тушди.
− Янга қанилар ўзи?
− Янганг шу ерда. Ўз хонасида. У ҳаммадан қийналяпти. Тинмай йиғлайди.
− Мен…
− Қимирлама. У ҳеч кимни кўришни истамаяпти. Лекин сенга хусумати йўқ. Кирсанг балки дарди арирди. Аммо меҳмон кўрса, номаҳрамсан, яна шубҳа туғилади. Шу ерда ўтириб тур.
− Сиз қаёққа?
− Мен келинимдан хабар олиб чиқай, сен ҳеч қаёққа чиқма.
Оловиддин Акобир қўлимга тушса таъзирини берардим деган фикрдан энди йироқлашиб, қўшни хотиннинг ғаламислик қилганини фаҳмлаб, агар гап-сўз чиқариб юборса, янга мени ҳечам кечирмайди, деган ўйда бошини эгди.
Шу дам кампир кирди.
− Ҳа, болам, айтдим-ку, Қалдирғоч сендан ранжимаган. Фақат шу ердалигингни эшитиб, сал талмовсираб қолди. Иложи бўлса бугуноқ бу уйни тарк этсинлар, деяпти.
− Майли. Кетишим керак бўлса ҳозироқ даф бўламан. У шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, кампир қўлидан ушлаб қолди.
− Шошма, бошқа гап бор!
− Яна қанақа гап?
− Сен эркак бўлиб туғилгансан. Ҳеч қачон хотин кишини, яъни келиним бошига тушиши мумкин бўлган маломатларни ўйламайсан.
− Унчаликмас. Йигит кишида ҳам ғурур бор.
− Тўғри, лекин аёлни, эрли жувонни гап-сўз йиқитади. Ҳаётини поймол қилиши мумкинлигини ҳам билмассан. У кейин қаддини кўтара олмай, бир умр мажруҳдек яшашига нима дейсан?
Оловиддин ҳамон тўлқинланганидан ўзини боса олмай бақирди.
− Қисқаси, бу иддаодан мақсад?
− Ҳозир айтаман. Қалдирғоч дедики…
− Янга… мени ҳайдаган бўлса…
− Ҳайдамади. Сен унга кераксан.
− Керакман?! Ростданми?
− Уни никоҳингга оласан!
− Нима?
Оловиддин ғазаб билан қўзғалганди, кампир яна қўлидан ушлаб олиб, чўктирди.
− Сен уйланмагансан, тўғрими?
− Ҳимм.
− Демак, никоҳингга олсанг бўлади.
− Уйланганлардан топинг. Ана, тўрттагача никоҳ ўқитиш мумкин.
− У номзод хотинининг олдидан ўтиши керак. Хотини ким, нимага экан деб қизиқади. Ҳеч бир замонда рози бўлмайди. Демак, гап кўпаяди. Билдингми, айланай. Сени бу ерда ҳеч киминг йўқ. Вақтинчалик никоҳда бўлганингни ўзинг гуллаб қўймасанг, бўлди: олам гулистон. Тўғрими?
− Зарил келгани йўқ!
− Буни Қалдирғочнинг ўзи илтимос қилган бўлса-чи?
Оловиддин энди ўйланиб қолди.
− Чиндан янганинг истагими?
− Бўлмасамчи! Нима, ҳали менинг гапларимга ишонмадингми? Сени ўғлимдек кўриб келардим. Оқибати шуми?
Кампир ёлғондакам йиғига ўзини солди.
− Ҳайронман, нима дейишга − деб, Оловиддин юмшагандек эди, кампир қайтадан уни аврашга тутинди.
− Оловиддин ҳурмат-иззатни жойига қўяди. Синашта, орли йигит, деб сени янганг мақтаганига ҳам инонмайсанми?
− Янга, янга дейсиз, тоғам қулоғига бу шикаста ишлар етса, бошим ғалвага қолиб кетмайдими? − деб Оловиддин яна гумонга ўтди.
− Етмайди. Сен миқ этмасанг бас. “Ўрага сичқон тушди, гулдур гуп”. Ўзингга ўзинг душманмассанку?! Булар ҳаммаси енг ичида қолиб кетадиган, хуфиёна ишлар. Бировга айтадиган, мақтанадиган гапмас. Тушундингми?
Оловиддин кепкасини олиб бошини қашиб, ўрнидан туриб кетди. Бирданига бошидан кечадиган бу воқеаларни ҳар томонлама ўйлаб кўришига имкон бермай, тиқилинч қилаётган бу айёр кампирдан шубҳаланиб, ўйлаб қолди: бу ерда бошқа гап бормикин. Ҳеч вақт қайнана ўз келинини бошқага узатадими?
− Рози бўлмасамчи, − деб йигит кампирга синовчан қаради.
− Рози бўлишга мажбурсан: Қалдирғочни номини бадном қилдингми, энди ўзинг оқлаб берасан. Гап тамом вассалом! − деди кампир бўш келмай.
Суҳбат тамом бўлган эди.
Кампир ўрнидан туриб эшик олдига бориб ўгирилди:
− Қалдирғочга нима дейин?
Оловиддин четга, ҳовлига қараб тураркан, бу айёр кампирга бас келолмаслигини тушунди, яна шунча пайт хаёл қилган муҳаббатга ройиши, хоҳиш-истаги бунчалик осон амалга ошаётганидан, яна буни ўзгалар ҳам маъқуллаётганидан, ич-ичидан енгиллик туйиб, бу хийлайи шаръий амалларга изн беришни маъқул кўрди:
− Ўзингиз биласиз. Сизни дилингизни оғритсам бўлмас.
− О, шум! Шаҳарликлар қув бўлади, дейишарди, рост экан, – деб кампир хурсанд чиқди.
Келинни бу қарорга келтириш қийинроқ кечди.
Қалдирғочни қўққисдан, ҳақсиз айбланиши, айвонда йигит билан бирга тунаганидан келиб чиққан маломатларни бўйнига қўйилиши ва жаҳолат устида эрининг уни талоқ қилиши кўз ўнгида жуда тез содир бўлдики, катта бир фожеага тенг бу воқеани у ортиқча қайғурмай қабул қилди. Асоссиз айблов – мисоли қўлга, баданга, кийимга теккан лой, уни ювиб ташласа кетади, кўрмагандек ҳолат юз беради. Аммо, киши бирор жойини қаттиқ куйдириб олса, чандиқ бир умрлик. Ҳаётда эса бу фалсафа қўл келмайди. Ҳақсиз айблов ҳам оғир оқибатларни бошлаб келиши мумкин. Энди у эри талоқ қилган хотин номини олади.
Ўз хонасида ёлғизликда бўлиб ўтган воқеалар оқибатини тобора кўпроқ англаб, ҳис қилиб, эзила борди. У уйига бутунлай кетмоқ истагини билдирганди, қайнанаси розилик бермади, ялинди, ёлворди:
− Ўғлимни аҳмоқлигини кечиринг. Эркак кишида ор кучли. Рашки қўзғаган. Сизни ҳеч кимга ишонмайди. Яхши кўради, бу вазиятда маслаҳатлашилмайди. Қизим, мусулмонмиз, энди қоидали амал зарур.
− Шунинг учун ота-онам қошига кетай, рози бўлинглар!
− Содда келиним-эй! У ёққа борсангиз, гап бадтар чувалайди. Қудамни елкасини букмоқчимисиз. Қизи қайтиб кепти, деган гап қайси отага ёқади.
Қалдирғоч яхши кўриб, талтайтириб ўстирган падарини қаддини дол кўришни, албатта, истамасди. У пиқиллаб йиғлашга тушди. Кампир келинининг сочини силаб, уни тинчлантирар, орасида: «Шу келиним хиёнатни биларканми!? Эй, Оллоҳ, нега ўғлимни бундай калтабин қилиб яратдинг», деб нолиб қўярди.
Бироз вақт ўтиб, келини тинчиб, чўзилиб ётиб олди. Кампир ўрнидан аста туриб, келини устига адёл ташлаб ётоқхонадан сирғалиб чиқди.
Ўғлини домлага юборганди, мана келиб ўтирибди. Қайлардандир топиб келди. Вақти зиқ эмиш. Шоширяпти. Ҳар ким ҳам никоҳ ўқий бермайди. Бу домладан яна «бу сирни ҳеч кимга, ҳеч қачон ошкор этмайман» деган ваъдаси олинган. Замон оғир. Эскича амалга қаршилар кўп. Йўқса, домлага ҳам гап тегади, ҳатто қамаб қўйишлари мумкин.
Домла бир-икки кунга бўлса ҳам, келин бегона никоҳига кириб чиқиши лозимлигини уқтирди, сўнгра, ўғли билан қайта никоҳлаш мумкинлигини зикр қилди.
Шариатда, талоқ қилган хотинини ҳалоллаб қайта никоҳлаб олишга бошқа йўл йўқ эмиш. Кампир буни биларди. Ўғли ўз оғзи билан тақводор одамдан эшитса ишончли, ўғли бу гапларни эшитдию, бўлари бўлди. Тайёр хотинини ўз қўли билан бошқа эркакка тутиш алами бошини эгди. “Талоқ қилмасанг, қўшни гапни кўпайтириб юборса, доим боши эгик юради”, деб ойиси қўймагач, Акобир бу сўзни айтишга жазм этди. Келинига бу шариат йўлини учини чиқарганди, у мушукдек ҳурпайиб олди.
− Ҳечам, керак эмас. Яқинлар эшитса нима дейишади.
− Бўлмаса, қишлоқ сизнинг бегона эркак билан бир жойда тунаганингизни билсинми? Ё ишлар катталашиб, бошингизга мағзава ағдарилишини хоҳлаяпсизми? Ҳаёт шафқатсиз. Одамлар томошабин. Ё қарсак уриб олқишлашади, ё ҳуштак чалиб ортингиздан мазахлашга ишқибоз.
– Сизни ёлғиз қолдириб, биз хато қилдик.
− Шундоқми? У ҳолда ҳайдаб чиқарасизми?
− Сиздек келинни мендек бедаво кампир ҳайдаб чиқарса, эй, ёсуман, уйингга тушган малакни сиғдирмадингми, деб айтгувчилар топилмайдими? − деб, кампир келинига хайрихоҳ қараганди, Қалдирғоч сал юмшаб сўради:
− Буёғи нима бўлади, ойи?
− Ҳеч нима. Фақат вақтинчалик никоҳга кирасиз!
− Вой, бу нимаси, яна?! – норози сўради янга.
Кампир келиннинг кайфияти яхшиланганда бор гапни айтиб олишни лозим топди.
− Куёв ҳам нақд.
− Куёв?
− Ҳа, Оловиддинни кўндирамиз.
− Ойи, бу мавзуда ҳазил қилманг. Бу ёлғон томошадан унга нима манфаат?
− Ия, ахир, ўша сабаб бу гап-сўз қўзғалдику, энди чорасини ҳам ўзи топади. Қани йўқ десинчи!
− Бунақа зуғум билан керакмас.
− Мени десангиз, кажбаҳслик қилманг, келин. Бошқа йўлини кўрмаяпман, − деб кампир қаттиқроқ гапирди.
Шундан кейин, келини бутунлай шаштидан тушди.
− Бошим айланиб кетди, ҳозир тарс этиб ёрилади. Бу машмашадан ота-онам хабар топишса нима бўлади?
Қайнанаси унинг бошини бағрига босганча, сочларини силаркан, ийдирадиган қилиб сўз айтди.
− Мен ҳам бу машмашанинг иси чиқмасин деб уриняпман, жон келин.
Домла меҳмонхонага кирганда, эгнига оҳорли либос кийган Оловиддин ўрнидан туриб қарши олди, кампир бу кийимларни ва тилла узукни, бу воқеалар ривожини олдиндан ҳис қилгандек, бирпасда топдириб қўйган экан. Ётоқхонада атлас кўйлак, сирма нимчада, бошига узун кўкиш шарф ташлаган Қалдирғоч ҳам тайёр эди. Кампир уни етаклаб чиқди.
Домла никоҳ шартлари ва талабларини айтиб, Оловиддинга маҳрамга нима берасиз деб сўради, йигит: тилла деди.
Домла тилла узукми, зиракми ё соатми деб майдалашиб сўрамадида, у ҳолда бу масала ҳам очиқ экан, никоҳни ўқишга важлар етарли деб қўлини очиб, хутбани ўқиб, савол-жавоб қисмида Оловиддинга мурожаат қилди: Сизким Оловиддин Маҳамат ўғли Қалдирғоч Борий қизини ўзингизга шаръий хотинликка қабул қиласизми? Оловиддин кўпчиликни маҳтал қилмас учун «қабул қилдик», деди.
Энди Қалдирғочга савол берилганида, янга индамади. Оловиддин кампир кўндира олмагандир деб ўйлаб, унга тикилди. Қалдирғоч бу қарашлар маъносини фаҳмлар, лекин нима қилсин? Унинг ичида ҳалигача иккиланишлар бор эди. Фақат иккинчи бора домланинг «сизким Қалдирғоч Борий қизи ўзингизни Оловиддин Маҳамат ўғлига бахшида қиласизми?» – деган саволига кампирнинг туртиши билан, паст овозда, «ҳа» деди. Домла бошқача айтишни тушунтирди, шунда Қалдирғоч, барчанинг нигоҳларини ўзида ҳис қилиб, аввалига ўзини йўқотди. У қайнанасининг ҳа-ҳа деб қувватлашини кутди. Туртишини сезмай миқ этмай қолди, қайнанаси бу гал далда бермай, негадир кўзидаги намни артиб, четга нигоҳини бекитди, бу вақт домла учинчи бора саволини қайтараётган эди, Қалдирғоч, қайнанасига ачинибми, розиман деб юборди. Унинг овози бу гал дадил ва ишончли чиқди. Сўнг домла, алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ билан никоҳни тугатди.
Оловиддин домлани ташқаригача кузатиб чиқди. Киши билмас чўнтагига пул солди. Домла мамнун бўлди, шекилли, шивирлаб, ҳақингиз бор, маҳрамлик, эрлик мақоми ўрнида ҳаракат қилмоқ бу никоҳ таомили. Ёдингизда турсин. Мусулмончиликка зидмас, безино амал, – деб уч ғилдиракли пат-патини патиллатиб жўнаворди.
Оловиддин очиқ ҳавода шундан кейин ҳам бироз турди. Унинг димоғи чоғ эди, аммо ичида қандайдир тортинишми, ҳадикми, кўнглига ғулғула солиб турарди. Гарчи, домланинг сўроғига янганинг бир оғиз розиман деган иддаоси хурсанд қилиб юборган, ҳозир ҳам қулоқ остида жаранглаётган туюлса-да, у ўзининг бу саргузаштли ҳолатининг нима билан тугашига ошуфта қизиқсиниш ҳолатида эди.
Бир вақт эти увишганини ҳис қилди-да уйга шошди.
Ромли айвонда ҳеч ким кўринмади. Бу айвондан ўтиб, меҳмонхона эшигини энди очмоқчи эди, кампир хонасидан чиқиб, унга қўл силкиди. Оловиддин тўхтаб, унга қараб қолди. Кампир унга қовоғининг ич-ичига ботган, мошдек кўзларини тикиб, бирорта сўз айтолмас ҳолатда эдими, дуо, далда қолиб, барибир нимадир дейишини англаб, лаб жуфтлади: келинимни хафа қилма.
Оловиддин, бунга жавобан, унинг гапларига энсаси қотиб қаради-да, ичкарига ўзини урди. Қалдирғоч бир тўхтамга келган эди. Ҳозир шу ишни амалга ошириш учун шоша-пиша трюмо тумбаларини титкилаб, таблеткаларни топди. Улар ишончли ерда. Қайнанасига пачкалаб келтириб қўйилган. Уйқуси қочганда кампир келинидан сўрайди.
Гоҳида бутун, гоҳида яримтасини бера қолинг, ўзи уйқум келиб турибди дейди. Ичиши билан уйқуга тортиб, бирпасда ташқаридан овози эшитилмай қолади. Кучли дори, шекилли. Яримта таблеткани оғзига солди. Кетидан ярим пиёлача сувни ютоқиб ичгач, шундагина кўнгли тинчиб, юрак уриши босилгандек бўлди. «Худога шукр: қайнанамнинг нағмасида ортиқ қатнашмайман. Билганларини қилсинлар. Менинг ихтиёримсиз кечмиш воқеаларни менга заррача қизиғи йўқдир», деб ўйлади.
Бирпас ўтмай, ётоқхонада, абажурли лампа икки тавақали дераза остига қўйилган столда хира ёниб турар, унга тиркалган икки стулдан бирида ўтирган янга, иягига қўлини тираб, бепарво хаёллар оғушида жимгина ташқарига тикилиб, эшик очилишини кутаркан, «Оловиддин киргунча қанийди ухлаб қолсам», деган хаёлда эди. Хонанинг ўртасидан парда тўсилиб, ортида икки темир каравот ёнма-ён. Бир тусдаги гулли читдан кўрпача, кўрпалар тўшалган, ёстиқлар терилган. Кўрпа ва ёстиқларнинг ҳар иккиси қизил духобадан. Бари оҳори тўкилмаган, илк бор тўшалиши тасдиғи димоққа урилаётган исда.
Оловиддин эшикдан бир-икки қадам кирганча, бўш стулга тўғри бориб ўтирсамми ёки янгани таклифини кутсамми, деган ўйда иккиланганча туриб қолди. Бирмунча вақт ўтди. Ниҳоят янга у томонга бир қараб қўйдию, аммо индамади.
Йигит: “Кун бўйи пахта терганни чарчоғи, ўтирмасам бўлмайди. Майлими?” дедию, бир-икки қадам ташлаб, ичкари кирди-да, қарама-қарши стулга чўкди ва беозоргина нигоҳ билан унга назар солди: «Янга, анча ўзини олдириб қўйибди. Юзлари синиққан, бир бурдадек. Жуссаси ҳам тортилибди, шекилли», деб ўйлади.
Анча пайт жим ўтиришди. Янга ташқарига нигоҳини тиккан, Оловиддин унга қараб кўзини узмасди. Хонада қандайдир руҳ босиб, оғирлиги йигитга сезилар. Унинг забонини қулфлаб қўйгандек эди. Унинг хаёлига Акобир келди. Бу унинг руҳи, шекилли. Қаёқларга кетди. Шундоқ хотинини бировга икки қўллаб топшириш осон бўлмагандир. Қайси гўрга бошини олиб кетиб яширинган. Янгага ишқибозлигимни наҳот сезмаган. Гумроҳ! Ишқ бошқа, ҳавас бошқа. Ичимни ёндираётган нима экан? Бағримга бир босганда биламан, ўзидан кўрсин! Фақат шошилиш керак эмас. Яъни унга ҳурдек, аста-секин дилини топиб, муомала қилиш лозим. Оловиддин хаёлидан бир зумда шунга ўхшаган гаплар ўтди.
Шу пайт Қалдирғоч аста йўталди. Оловиддин дарров тушунди. Янга эзилган ва унинг кўнглини кўтаришларини истаяпти. Ҳозироқ суҳбатга тортганим бўлсин, деб оҳиста сўз қотди:
− Бу ола-тасирлар роса чарчатгандир?
− Чарчадим. Умримдаги энг оғир кун бўлди. Яна, бошим бироз оғрияпти, − деб Қалдирғоч чаккасини ушлади.
− Ундай бўлса, тортинмай чўзилинг. Мен қўриқчингиз бўлай.
Янга кучаниб жилмайди.
− Раҳмат, кечаги пойлоқчилигингиз шундоқ ҳам менга қимматга тушди.
Янга ўрнидан туриб кетди. Бироз оёғини чигилини ёзгандек, бетўхтов, маънисиз юрди-да, унга шунчаки гап қотди: сиз ҳам афсус қилаётгандирсиз?
− Афсус?! Мен хафагарчиликдан кейин туғилганман. Қайтангга бу воқеалар саргузаштга ўхшайди. Қизиқ туюляпти.
Янга бундай жавоб кутмаганди. Йигитнинг сўзлари ўйлатиб, у жимиб қолди.
Пайтдан фойдаланиб, йигит боя кампир негадир қўлига тутган духоба билан ситилган қутичани янгага узатди.
– Бу сизга ишқим рамзи ўрнида.
Янга унинг сўзларини бўлиб:
− Қўйинг бу бачканаликни, юракка сиғмайди, − деди чеҳраси очилмай.
− Ҳимм…
Кейин, ўрнидан туриб, деразадан ташқарига кўз тикиб шеър ўқиди:
− Ишқдан, муҳаббатдан сўз очма шунқор,
Дилимда маҳзунлик, руҳим-чи абгор.
Забунлик юзимга қўйиб олди ин,
Бўҳтоннинг тузоғи бунчалар бадбин.
Ё Раб, мен ким учун севимли бўлай,
Юзимга тарсаки ургандек тақдир.
Кўпларни зорлатган Қалдирғоч эдинг,
Энди ўзинг зордек излайсан тадбир.
Шеър ўқилишини индамай эшитган Оловиддин, охирги мисраларда ўзини босиб тура олмади.
− Менда изланг ўша зорликни, − деганча, ўрнидан турмаёқ, янганинг пойига ўзини отди.
Унга чўчиб, ҳайиқиб ўгирилган янганинг оёқларини маҳкам қучоқлаб олди. Сўнг, нигоҳини тепага кўтарганда, унга қараб, лол қолишлик ва ҳайратни ифодаловчи қора кўзлардаги маъюс ҳолат уни чилпарчин қилди. Қилган ишидан истиҳола сезиб, бўшашганча ўрнидан турди, аммо унинг кўзлари ҳамон йилтиллаб турганини англаган Қалдирғоч чўчиб четланаркан, кўнгли бир нимани сезди. Бу йигит осонликча уни ўз ҳолига қўймайди. Шу билан бирга, Оловиддинга нисбатан ўзида ҳеч қандай ҳиссиёт йўқлигини, ҳаттоки, бироз безор эканлигини англаб ундан қутилиш, уни, бир амаллаб доғда қолдирмоқ режасини тузишга шайланди.
− Узугингиз чиройли экан, − деб хаёли ўзидамас, қўлида очилган духоба қутича, янга мавзуни ўзгартирмоққа бошлади.
− Сизга ёқдими?
Оловиддиннинг овози қанақадир бошқача, бўғиқ чиқди.
− Ёмонмас. Фақат битта саволим бор. Сўрайми?
− Албатта, сўранг, − деб шоширган йигитнинг ички туғёнлари тинчлик бермай, юраги ҳаприқарди.
Қалдирғоч стулга чўкиб, уни ҳам ўтиришини сўради.
Йигит стол атрофидаги иккинчи стулни танлади.
Чой қуйиб узатгач, Қалдирғоч, мева-чева таклиф этиб, йигитни асл мақсадини англашга ҳаракат қиларкан, ўзига ҳам чой қуйиб бир-икки ҳўплади ва аста сўз қотди:
− Нега бу фитнага рози бўлдингиз?
− Ўзингизчи?
Қалдирғочнинг энсаси қотди.
− Жавоб бергингиз келмаса, суҳбат мухтасар.
Оловиддин янга тумтайиб олса бас, на бир ширин сўз, на бир лутф кўрсатади, деб ўйлаб шошиб сўзлади.
− Сизни шу аҳволда ташлаб кетишни ўзимга эп кўрмадим?
Бу жўмардликни тагида яширин сир бор, мени алдай олмайсан дегандек, янга унга тик қаради.
Оловиддин бу қарашга чидаёлмай ёрилди.
− Сизни яхши кўриб қолганман?
Қалдирғоч жаҳли тезлади.
− Уялмайсизми?
− Севги сўраб ўтирарканми!
− Турмушим бўлса!
− Менга фарқсиз.
− Сурбетлик ҳам эви билан-да! − деб янга деразага қараб, ҳорғингина ташқарига кўзини тикиб олди.
Қалдирғоч севдим, куйдим деган сўзлар ҳар қандай шароитда ҳам аёлни бироз қизиқтириб, ўйлантириб, ҳис этиб, кўзлари учқунлаганини йигитга сездирмай, ташқарига нигоҳини йўналтирди.
− Сиз жуда чиройлисиз. Турмушга чиққанингиз ҳечам билинмайди. Ҳам нозанин, ҳам гўзал, − деб Оловиддин ҳамон ялтоқланарди.
Янга унинг гапларига учмади, писанд ҳам қилмай, ҳорғинлигини узмай бошқача савол берди.
− Вақтинчалик никоҳ муддати бир кунми?
− Бу ҳақда қайнанангиз айтмадими?
− Йўқ.
− Сиз нима десангиз шу бўлади.
Оловиддин ёлғонга қўл уриб, айёрлик билан жавоб қайтарди.
Қалдирғочнинг фикри қочди. Йигитлар бундай пайтларда, висолга етишиш учун истаганча ёлғон гапиришлари, қуруқ ваъдалар беришлари мумкинлигини китобларда ўқиган, ҳаётда кўп эшитган, шунинг учун суҳбат мазмунини бошқа ўзанга буриб қўя қолди ва бепарво эсноғи тутиб сўради.
− Қачондан бери мени ёқтирасиз?
Оловиддин ўйлаб қолди, қўллари бўшашди. У хаёлга толди. Чайналди. Биринчи бор бағримга босганимда деса, янга ҳирс туфайли мени севибди деб ўйламасмикан, деган андишада эди.
− Эслай олмаяпсиз, балки сўзингиз алдоқдир, − деб янга уни синашга қарор қилди.
− Алдоқмас, биринчи бор кўйлагингизни қистирилган ҳолатда ошхонадан шошиб чиқиб келганингиз эсингиздами? Менга кўзингиз тушиши билан вой деб, ичкарига ўзингизни урганингиздан, шармли жувон экан дегандим.
Янганинг чеҳраси сал очилди:
− Ёдимга тушди. Яхши эслатдингиз. Яна-чи?
− Институтга кирайми? Ё ўқимай қўяқолайми?, деб сўраганимда мақол билан жавоб берганингиз эсингиздами? «Эшакка тўқим, одамга либос». Бу асл мақолнинг матни, сиз эса либос ўрнига билимни келтирдингиз. Чиндан ҳам инсонни билим безайди. Ўшанда сизни ақлли экан деб баҳолаганман.
Янга, бу гапдан фаросатли аёлларга хос, қошларини пирпиратиб, сўзсиз бу иддаодан мамнунлигини билдириб, сўради:
− Бўлдими?
− Елкамни ишқалаб қўйинг десам, устимга пақирлаб сув қуйганингиз?
− Сизни ўзига бино қўйган, тарбиясиз деб ўйлагандим, ўшанда, − деди янга ўша иши ўзига нашъа қилиб.
− Энди-чи?
− Йўқ-йўқ, қарши савол билан асосий мавзудан четлашманг. Ҳали бошқа девоналик сабабларни келтирмадингиз, чоғи.
− Айтмадим, тўғри сезибсиз. Сизга нимани биринчи етказай, чиройли шеър ўқиб романтиклигингизни англатган колхозчи аёл кийимидаги ҳолатингизними?
− Ҳимм.
− Ёки тамоман савдойига айлантирган ертўладаги вазиятними?
Оловиддин катта тол остида, будкада узун сочини сув парисидек тараётганингизга кўзим тушгани дейишга ҳали бормаса-да, Қалдирғоч қизаринди, аммо бу гаплар эриш туюлганини яширмади.
− Шоир бўлиб кетинг-эй! Кўнглим равшан тортди. Энди тинчгина ухласам бўлади.
− Майли. Ўзингиз биласиз, – деб Оловиддин бўшашди.
− Фақат мен чўзилиб олгунимча у ёққа, Қалдирғоч парда тўсилган тарафни кўрсатди, қараманг!
− Шундоқ ҳам ранги тўқ пардадан ҳатто шарпа илғанмайди, − деб Оловиддин янгани тинчлантирди.
Бирпас ўтмай шундоқ кийими билан чўзилган янганинг яқиндан пиш-пиш нафас олгани келди.
Оловиддин бирпас нима қиларини билмай анг-танг ўтирдию, сўнг бўлак кравотда у ёқ-бу ёққа бир-икки бор ағдарилганди, тезда уйқу босди. Кун бўйи пахта териб қаттиқ толиққани устун келганди.
Кампир бекорга бу ҳийлани ўйлаб чиқармаган. Унга худонинг кутилмаган марҳамати керак. Бошқа йўли топилмади. Барча шифолар наф бермади, қанча дўхтирлар ваъдаси ваъдадан нарига ўтмади. Самарасизликдан кўнгиллар чўкиб, ўргимчаклар ин қурди. Оила эса фарзандсиз қуриб чирийди. Устунлари ағдарилаб нурайди. Қийин, қийин, ўғлига қийин бўлади. Мана шунинг учун…
Келинни ётоқхонаси ва ромли айвон ўртасидаги деворга голланд печи ўрнатилган бўлиб, ўтхонаси айвон тарафда. Ёшлар совуқда қолмасин деб, дам-бадам бу ўтхонанинг оловига қараса, ўтин, кўмир ташлаб қўйса, яна нима керак! Буларнинг эса парвойи палак. Бири у кравотда, бошқаси бунисида беғамгина, иссиқ элитиб мазза қилиб уйқуни уришяпти.
Оловиддин деган ҳашарчиям, рамағдажондек қотибди. Нима бало, хосхонага нега кирганини тушунмайдими? Бунақа баёв кўринмаганди.
Сўнг кампир келини тепасига борди. Бир зум кўз ташладию, ия, янги атлас кўйлак адо бўлибди-ку, деганча пайпаслаб, устки кийимига ёпишди.
− Шундай либос ғижим бўладими? Ечиб қўй арзанда келин бўлсанг ҳам. Ўзи бу намозшом атлас ҳайф сендек таннозларга.
Кампир молининг терисини шилгандек келинидан атлас кўйлакни сидириб ечиб олдиям, Қалдирғоч уйғонмади. Кўйлакни ярмидан буклаб стул суянчиғига ташлади, ортига қайтаркан, эшикдан чиқар пайтида, энди йигитга эшитиладиган қилиб аччиқ кулгида луқма ташлади.
Оловиддин, туш кўришга ҳам улгурди. Бироқ бу тушлари алаҳ-чалағ, тайинсиз эди.
Бир пайт унинг қулоғига кулги, сўнг танбеҳлар келди.
− Нега кулмай? Сени чув тушириб, ҳеч нарса бўлмагандек, пинак ургани, хуррак отишини қара, заб келиним бор-да! Сенга келсак, ҳали хом экансан. Эссиз!
У қаттиқ уйқудалигидан зўрға кўзини очди. Аввалига эриш туюлган товушлар борган сари иззат-нафсига тегиб, унинг аччиғини қўзитди.
Оловиддинни муштлари қисилди: − Кампир, мунча келинини мақтади, − деб кўз қирини янга эгаллаган кравот томонга бурдию анг-танг қотди. Сўнг миясига бир фикр келиб, ўрнидан қўзғалди. Янга тепасига бориб бир зум қараб қолди.
Қалдирғоч, атлас кўйлагидан халос қилинган (қачон чечинди, йигит сезмабди), ички кийимини ингичка тизимчаси сирғалиб нозик билаклари устида осилиб, бутунлай яланг силлиқ елкалари-ю, ўнг кўкраги, унинг қорамтир учигача яққол кўриниб, қизил рангдаги духобали кўрпа туси билан уйғунлашиб манаман деб, ойнинг хира нурларидан шуълаланар, янганинг ўзи эса донг қотиб ухларди. Оловиддин бу ҳолатни чапаничасига тушуниб улгурганди: “Ана ўзи тайёр. Ечиниб олгани, ҳаракатингни қил, галварс” дегани. Шундан сўнг бу манзарага томошабин бўлиб туришга ортиқ сабри чидамай, келин аталмишга қўлини чўзиб ёнига кирди. Эрталабки соғилган сутдан бир косасини сипқориб, қўйнига битта жайдари нон солган Оловиддин вақтлидан-вақтли далага жўнаб қолди ва кун бўйи миқ этмай, ҳеч кимга қўшилмай пахтасини териб юрди. Миясида бир фикрни пишитди. Ҳали-бери талоқ қилиш йўқ, деган ўйдан семириб кунни кеч қилди.
Ҳеч нима бўлмагандек кечки овқатга кириб келиши янга тугул, кампирни ҳам шошириб қўйди.
Аммо кампир сир бой бермай, кел, мошхўрдани шаҳарликлар хуш кўради, деб эшитганман. Ўтир, − деди.
− Ҳа, мошхўрда, яхши. Одамни танаси яйрайди, – деб Оловиддин кампирга бир зумгина ҳам нигоҳ ташламай, янгага кўзини лўқ қилиб қаради. Бир-икки қошиқ суюқ овқатдан татиб кўргач: – Эй, санъатингизга қойилман, янга. Зўр пазандаю, созандасиз-да, − деди.
Кампир ҳи-ҳилаб кулди.
− Нега созанда дейсан. Нима артистлик қилибтими келиним?
− Ўзлари билади.
− Мен билмас эканманми?
Оловидин жавоб бериш ўрнига, косани қўлига олганча ёғоч қошиқни шақиллатмай, хўриллатиб овқатни симираркан, янгадан кўзини узмас, бирор нима дейиши кераклигини билса-да, сўз тополмай овора эди.
− Айтмайман. Бу сир. Ҳали анаву уйга кирганимда, – деб у янгани ётоқхонасига қараб имлаб гапирарди, – ўзларига етказаман.
Янга қайнанасига кескин ўгирилди ва бир нима денг, бу нима деган гап, бир кечамасми вақтинчалик никоҳ шарти, уни бу уйдан даф қилинг, дегандек қараш қилди.
Аммо, кампир йигитга сотилгандек, ёки унга тарафкашми, индамади. Бошини қуйи тушириб, бир кун минг кунмас болам. Аъмоли битмаган иш борми, бир гап бўлар, деди.
Шунда янга аччиқланиб гапирди:
− Бу уйда менинг ҳам фикрим бордир. Иззатингизни билинг, эй сиз, молбоқар йигит, − деб ўрнидан туриб кетди.
Аммо, бироз вақт ўтгандан кейин, яна йигит ётоқхона томон суринди. Кампир йигитнинг раъйидан чўчиб индамади. Ёки қаршилик қилишини истамадими, худо билади. Аммо, бу индамагани изн бериш билан баробар эди. Бир уйғониб тургач, янга бирам енгил бўлганини англади, кўзларини ярим очиб, қаерда ётганини идрок этди, у ўз уйи, ўз хонаси, ҳатто отаси олиб берган мебелда. Фақат ёнидаги янги куёвга ҳали кўникмади. Тўғри, ўртага никоҳ тушди. У илоҳий битим. Лекин аввалги эрига боғланган аёлни бошқа эркакка дарров ўрганиши осонми? Нима у билан ишқий муносабат ўрнатадими? Ҳечам-да. Аммо у севаман, ўламан, ёнаман деб ичини қиздиряпти-ку. Балки шунчаки қуруқ гапдан нарига ўтмайдиган хаёл ўғрисидир. Ундай деса, холи қолишган биринчи вазиятдаёқ хижолатга солиб, ҳиссиётларининг нозик торига чертганичи. Бу нима? Ҳозир андишада, шекилли. Ё қайнанам тегмайсан деб шарт қўйгандир. Бу уларнинг қўлидан келади. Ундоқ бўлса, унданам яхши. Менга вақтинчалик ҳис-туйғулар ҳечам керакмас. Яна, қайнанам сергак қўриқчим. Мени қийнамасин деб, пул бергандирлар. Ҳозир уйғонса дилидаги нияти билинар, балки ишқи фақат сўздадир. Фақат бу сўзлар унга лузуммас. Ҳеч бақосиз манфаат.
Қайнанасидан мадад бўлмагач, у бир иш қилди. Йигитни ҳайдаб чиқариш, жанжал кўтариш фикридан узоқ макр ўйлаб топди. Оловиддинни қовунни хуш кўришини аввалдан билгани учун, ҳовлидаги устига хашак ташланган қовунлардан кичикроқ, лекин шираси тилни ёрадиганини танлади. Боя жаҳл билан айвондан чиқиб кетганда шу ҳийла хаёлига келганди, қовунни ярмини чиройли ликопчага кесиб, столга қўйди.
Йигитга унча кўзга ташланмайдиган, чўчитиб қўймайдиган жуда кичик илтифот кўрсатди. Аввалига анча вақт суҳбатга тортди. Ота-оналари, болалиги, ҳаёти ҳақида айтиб беришини сўраркан, кейин ўртада паузалар кўпайган сари, олинг қовун сўйгандим, ширин экан, деб унинг эътиборини дастурхонга қаратди. Оловиддин хурсанд, янгани дилини топдим, гапларим унга маъқул келяпти, деган кўйи қовунга қўл чўзаркан, орасида гапдан бўшамасди. Лекин бу узоққа бормади. Озгина вақт ўтмай кўзлари юмилиб тинчиб қолди…

6. КЕЛИН ҚОЧИБДИ
Йигит кўзини очиб, атрофга аланглади. Тонг отишига ҳали бор. Бошини кўтарай деса… Ия қизиқ-ку! Қўллари кўтарилмади. Танасига тортиб оёқ-қўллари чандиб боғланганми? Ким боғлади. Наҳот Қалдирғоч бўлса? Вой, шайтон янга-я! Роса боплабди-ку, деб атрофга қараса ҳеч ким йўқ. Шкаф очилган, мазмунан кийимлар танланган бўлса керак, палапартиш ҳолатда. Товуши қулоққа етиб, уйғотиб юбормаслик учун, дераза ойнаси ҳам қаттиқ ёпилмаган. Э-воҳ, янга қаерга кетди экан. Бақирса, кўмакка чақирса, кампир кириши, қўлини ечиши мумкин. Лекин сен ҳам йигитмисан деб маломатда устидан кулиб, мазахга ўтади. Яхшиси бир амаллаб, тиши билан бўлса ҳам арқон тугунини ечади ёки тишлаб узади…
Тун ойдин бўлса-да, совуқроқ экан. Яхши эгнимда қалин кийим, оёғимда резинка бўтикча деганча сув ёқалаб чўзилган, фақат трактор, от-арава юра оладиган чақир йўлдан икки чақиримча юрган Қалдирғоч қўрқмаса ҳам бўларди, унга Арслон бўрибосари эргашган. Асфальтланган катта кўчага озгина қолди. Узоқдан битта-яримта кучук вовиллаганини айтмаса, ҳамма уйқуда. Уни ҳеч ким кўрмади. Шошиб кетишидан орқага ҳам қарамас, ичида: «эҳ, Акобир ака, нега шундай қилдингиз. Менга нега ишонмадингиз, бор умидим, ҳаётимни сизга тиккандим, эвазига нима олдим? Қуруқ бўҳтон ва туҳмат. Шуям эр-хотинлими? Бир ёстиққа умид билан бош қўйган ёрига ҳурмат ва вафо шунақа бўлса, у ҳолда муҳаббатни гапирмаса ҳам бўлади», деб бир хўрлиги, бир алами хуруж қилиб, пиқиллаб йиғлаб борарди.
Фақат катта кўчага чиққач, четдаги ариққа энгашиб муздек сувга юз-бетларини чайиб, оғизда сув ғарғара қилиб ташлади. Тивит рўмолини четига артинди. Чуқур-чуқур бир-икки нафас олиб, энди йўлга тушаман деганда, узоқдан ёниб келаётган чироқ унга яқинлашди. Янга бу машинами ёки нимайкан деб фикрини охиригача етказгунча, олдига мотоцикл келиб тўхтади ва уни минган ҳайдовчининг ўктам овози рус тилида келди:
− Адашиб қолмадингизми?
Қалдирғоч, ҳайрон бошини кўтарди. Жавоб берайми ё йўқми деб, узун бўйли, озғин, эгнига оддийроқ кийим кийган ўриснамо кишига қараб қолди. Унга бақрайиб қараб турган киши, бироз жилмайиб, кўзини узмасди. Қалдирғоч бошини буриб, йўлида давом этмоқчи эди, у киши ортидан юрди.
− Мен “Правда” газетасининг корреспонденти Зинат Сайкинман. Балки эшитгандирсиз?
− Йўқ!
− Бу ҳавода йўл бўлсин. Совуқ ўтмадими?
− Ҳимм.
− Ўтиринг мотоциклга. Қани йўқ деб кўрингчи. У ҳолда ўзингизга жабр қиласиз!
Қалдирғоч шошиб турган бўлсам, энди нима қилдим деб тўхтади. Ва паст овозда: «Сизни овора қилиш ниятим йўқ. Яна яхши танимасам», деди мухбирга. Мени кейинчалик бирор жойда учрашса, таниб қолмасин деган ўйда, юзини паналаб жавоб берди у.
Шундоқ ҳам Сайкин: аёл киши бошингиз билан қаерга бу бемаҳалда кетяпсиз, ёки кимсиз, қаерда турасиз деган бемавруд саволларга кўмиб ташламай, ҳатто афт-ангорига, нигоҳини қадаб тикилмас, ортиқча хижолатга солмаслик учун беғараз ёрдамини бермоқчи эканлигини шундоқ туришидан намоён этарди.
Қалдирғоч бошқа вақт бўлганда, нотаниш одамни мотоциклига чиқиш у ёқда турсин, гаплашиб туришни ўзи ортиқча деб биларди, лекин ҳозир ёнида ити борлиги унга далда бериб, кўнгли хотиржам, чунки Арслони корреспондентга қараб ирилламади. Демак, яхши одамлигини сезган деган ўйда саволларига жавоб учун оғиз очганди.
− Узоқ қишлоқдаги ном чиқарган механизаторнинг ҳаёти тўғрисида очерк ёзишга боргандим, туман маркази томон кетяпман. Сизни қаерга ташлаб қўяй?
− Кўккўлга.
− Яхши. Лекин йўлни ўзингиз кўрсатарсиз.
− Ҳимм.
У мотоцикл кажавасини бўшатиш учун бор қоғоз, ёзув машинкаси ва фотоаппаратини алоҳида хуржунчага солиб, Қалдирғочга марҳамат, ўтиринг, деди-да, хуржунчани эса орқа ўриндиққа маҳкамлаб қўйди.
Қалдирғоч, индамайгина жойлашаркан, Арслон уйга қайт, деб бир неча айтишига қарамай, ити анча жойгача ортларидан югуриб борди ва ниҳоят толиб тўхтаркан, улар кўздан йўқолгунча тикилиб қолди.
Янга юзини бесўнақайроқ, бироқ бор ерини ўраб олганидан, фақат кўзи кўринар, неча ёшдалиги аниқ билинмаса-да, Сайкин овозидан, ўзини тутишидан унинг ёш, арзанда жувонлигини англаган, лекин уни ортиқча саволга тутмай, фақат манзилга яқинлашгандагина йўлни айтиб туришни сўради.
Қалдирғоч қизлик ҳовлисининг эшигини очиб кириб кетаётганидагина ортига ўгирилиб, катта раҳмат деди, холос. Мухбирга шу ташаккурини ўзи етарли эди. У кулиб бош чайқади-да, йўлида давом этишга шошилди. Сайкин йиққан материалини телеграф орқали тезда жўнатиб юбориш учун мотоциклини янада потиллатиб, марказга йўл олди. Шундоқ уйлари орқасидан келган мотоцикл овозидан уйғонган онаси энди зинадан тушиб кўча эшикка юргунча, ҳовлида уни кутиб олган қизи бўйнига осилиб йиғлаб юборди.
Ойиси ён-атрофга олазарак қараб: жим, жим деганча уни ичкарига, ўз хонасига бошлади ва то тонг отгунча қизининг дийдиёсини миқ этмай эшитди.
Ҳарбий хизмат кўрган йигитга бу чандиб боғланган тугунларни ечиш иш эканми. Яна бу тугунлар унинг қорин қисмига келиб, энгашиб тишлари билан илиши аввалига қийиндек эди. Сўнгра, эса бироз ҳаракат қилиб, қорнини ичига тортиб, оёқларини калласи томон эгди. Бир эгди, кучаниб яна эгди ва ниҳоят, оғзи арқон тугунига етди. Тишлаб тортишга киришганида аввалига иши юришмади. Ипак ип астойдил чандилган, яна силлиқлигидан тугуни битиб кетгандек эди. Бу ёқда эгилиб ётишидан қорни қисилиб нафас етмай қолса бўладими, ўзини қўйиб, бироз тўғриланиб ётди ва яна ҳаракатини давом эттирди.
Бир амаллаб ечишига озмунча вақт кетмади. Тонг отишига озгина қолибди.
Уч-тўрт қават қалин ипак ипдан тўқилган арқончани бир бурчакка улоқтираркан, енгил нафас олгани дераза олдига борса, кўзи бир парча қоғозга тушди. Унга хат ёзилган эди. Қалдирғочнинг сўзларини ўқиди:
«Агар зиғирча бўлса ҳам ҳурмат қилсангиз, тонг отгачгина мени қизлик уйимга кетиб қолганимни уларга етказинг.
Қалдирғоч.
P.S. Ҳа, мендан умидвор бўлманг!»
Оловиддин бошини ушлаб ромга суянганча, бошини ликиллатиб, янгани лақиллатиб кетгани хумори тутардию, бирор сўз демай: қойил-эй, шайтон янга, деб қўярди, холос.
Тонг ҳам отди.
Йигит Қалдирғоч тайинлаган ишни қилди.
Кампир баланддан келиб унга не маломатлар қилмасин, у ҳам бўш келмас, қайнана-келин майнавозчилик қилиш учун бу никоҳни ўйлаб чиқаргансизлар. Мен содда, холис хизмат қиламан деб аросатда қолдим. Яна нега қочириб юбординг, йигитмисан ўзинг деб писанда қилишларига ўласанми? Муғомбир кампирни нағмасига кўнган мен аҳмоқ ҳолатини биров эшитса роса кулади. Калака бўлдим. Бир умрга етадиган мазахга қолдим. Эҳ, сенларни. Ҳали мендан кўрасизлар, деб у ҳужрасига ўзини урди.
Бирор зум ҳам ўтмай, у фартугини кўтариб далага югурди. Нонушта қилмайсанми? Жилла бўлмаса сутингни ичиб кет, деган кампирни гапларига ҳам эътибор бермай, эшикни тарақлатиб ёпди. Унинг тўполонига Арслон бошини бир кўтарди-да, яна калласини пинжига тиқиб пинакка кетди. Чунки у тунда янгани анча жойгача кузатиб чарчаган, ҳориганини буларга айта олишга забони йўқлигиданмас, сирни сақлашим керак деган ўйда индамади.
Кампир йўлга отланиб, кийинди, айтадиган гапларини ичида маҳкамлаб, бироз ивирсиб юрди-да, сўнг қўшнисига катта йўлга ташлаб қўярсан, деб буйруғини етказди.
У бирор соат ўтмаёқ қудасиникига, Кўккўлга етиб келганди.
Икки қуда ичкари уйда роса валақлашди, гина-кудуратларини ёйишди, охири бир қарорда тўхташиб, сўнг нонушта қилишга ўтиришди.
Дастурхонга қўйилган яхна гўштдан майдалаб чайнаркан, кампир: келиним олдимга тушиб уйга кетармикин ё йўқми, деган хаёлда эди..
Қалдирғоч бошқа уйда ухлаб қолганча ҳали уйғонмаган, ҳовлида ҳеч зот бўлмаганидан унга халал берадиган кимса йўқ. Борий ака Московда. Ўғли Илғор ўқишда, Тошкентда. Бошқа қизи Таманно ҳовлининг пастига жой солиб олган. Ҳозир у ҳам болалари билан ўша ерда қотиб ётишибди, деган ўйда Қадрия ойи беихтиёр яна гап очди:
− У йигитни никоҳига ўтиб қолган бўлса, энди нима бўлади?
Кампир оғзидаги луқмани тамом чайнашга ўтаркан, Қадрия ойи сукутга чўкиб, қўлидаги пиёлада чойни айлантириб, айлантириб ҳўплашга тушди.
– Сал ўжарроқ бу ҳашарчи. Аммо роса меҳнаткаш. Ҳар бир нарсага қўли чиппа-чип келади. Бироқ зўравонликни қилиш қўлидан келмайди. Бўлмаса, оғзидаги ошини олдириб, Қалдирғочни бекордан-бекорга қўйиб юборармиди…
Қадрия ойи ҳамон йигитни алқаётган қудасини оғзига урмади. Ўйлаб қолди. Қалдирғочни ажратиб олсак, отасини, айниқса юридик соҳада ўқиётган ўғлини шохи синади. Делога ёзиладиган гап. Бўлмайди. На илож, фарзандсиз ўта қолади. Қудам бало, ўйлаб топган макрини қара. Қизингиз сал рўйхушлик берса, олам гулистон бўларди, деб режасидан ҳали ҳам кечмаяпти. Нима уни қўллашим керакмиди? Шу йўл билан невара сотиб олмоқчими? Қалдирғочни кўнглига ким қарайди унда.
– Қуда, сабр қилайлик. Бир гап бўлар. Қалдирғоч ҳали нима дейди.
– Ундан сўраб ўтириш бефойда. Хаёли осмонда учгани учган. Ердаги ҳаётни сиз, менчалик билмаса.
– Ким бўлмасин, ўз фикри бордир. Ҳали Акобир билан тураман дейдими ёки йўқми?
– Нима, уни ажратиб олмоқчимисиз? − деб кампир ўшшайди.
– Бўлмасам бошқа никоҳни ташкил қилиш зарурмиди?
– Қанақа никоҳ. Ҳийлаи шаърий.
– Шариат ман қилган ишни ҳийла билан амалга ошириш, гуноҳдан қутулиш учун қўлланиладиган тадбир. Шундайми?
– Айтдим-ку. Қўшни жувоннинг кўзи тушибди. Гап тарқатиб юборса, ўғлим нима деган эр бўларди?
– У ҳолда, энди Акобир унга номаҳрам, – бўш келмади Қадрия ойи ҳам.
– Номаҳрамми, йўқми? Ўзингиз биласиз, ўғлим яхши кўради. Бўлмаса, унга тегаман деганлар сероб, − деб кампир ҳам сўзини бермасди.
– Болалик жувонларми?
– Баайни шундай бўлсин. Ёмонми? Бировни боласига оталик қилади: савобли, ҳам шарафли.
– Партия кишиси бўлса, уни ажрашишига ким рухсат берарди. Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмайсиз. Бунча такаббурлик яхшимас, − деди Қадрия ойи суҳбатни мухтасар қилмоқ ниятида.
– Бўлмаса қадрини оширманг-да, қизингизни бозорга солиб.
Шу пайт Қалдирғоч кирганди, улар жимиб, унга тикилиб қолишди.
Ораста кийинган, белбурма халат, бошида дуррача, очиқ чеҳра билан хумор кўзларини ишқалаб: Ассалому алайкум, деб у салом берганди, иккалалари баробар алик олишди.
– Ваалайкум ассалом.
Қалдирғоч нонушта қилиб олгунча ҳар икки она индамай ўтириб, уни е, буни е деб манзират қилиб ўтиришди. Қўлини артгани заҳоти эса, гапга солишди.
Қадрия ойи: қизим уйингга қайтасанми, адангни феълини биласан. Менга қолса, қизлик ҳовлингда, мени қошимда истаганча юравер, дердим.
Қалдирғоч бошини кўтармай, дастурхон попугини чимдиб олганча индамади.
Кампир, ҳеч бир воқеа содир бўлмагандек, оҳиста тўнғиллади: сигир соғилмаган. Елинида сут ачиб қолади. Тезроқ қайтмасак… Бу биринчисимас, яна бунақа кетиб қоладиган бўлсангиз, юрагим ёмон, мени йиқитасиз.
Қалдирғоч эркаликлари ҳисобсиз, инжиқликлари ундан-да бисёр, у истаган пайтида бир-икки кийимини йўлхалтасига тиқиб, кўчага отилади, қайнанасини кўзини шамғалат қилиб, кўздан йўқолиб қолганини кампир кейин англайди. Бир соатга бормай у қизлик уйида пайдо. На онаси Қадрия, на отаси бир сўз дейишмайди. Қизимизни кўнгли яримта, феъли эса янгилик, эркинликни истайди, учиб, ёниб яшашни хоҳлайди… Романтикали. Бир кун қуюлиб қолар, деб ўз ҳолига қўйиб беришади. Бир ҳафтадан оширмай Акобир индамай олиб кетади. Хотинига бирор танбеҳ ёки дакки айтмайди. Кулиб: мен билан юрасизми? Сизни жуда соғинишди уйдагилар. Биринчи навбатда мен, деб аста шивирлайди.
Қалдирғоч бундай пайтлар, бора қолай ойи, бўлмаса, менсиз ҳамма ёқ ивирсиб кетади, деб қандай келган бўлса, шундай бир зумдаёқ кетишга тайёр бўлади…
– Айб мендами? Идиш-товоқлар ювилмай қалашиб ётибди. Ҳовли супирилмаган. Аччиқ қиласиз! Биров кирса, нима деб ўйлайди. Юра қолинг.
Кампир уни кетишга ундарди.
– Мен энди бировнинг хасми, − деб келини маъносиз кўзлардаги нурни қайнанаси томон бурди.
Кампир илжайди: шундай қилишга мажбур эдик. Бу ишлар шунчаки йўлига… ўтди-кетди, ҳисоб.
– У талоқ бермаган бўлса, ҳали амалда-ку!
Шу гапдан кейин ҳар иккала она чувиллаб, ҳеч қандай никоҳ-пикоҳларни шартларига у амал қилмаслиги мумкинлигини, энди ихтиёри ўзидалигини таъкидлаб, Қалдирғочнинг барча рўкачларини рад қилиб тинишмади.
− На мен, на отангни хабари бор, – деб Қадрия опа юзини бурди. – Ғирт масхарабозликни ўзи.
− Билмасам, ана ойим ўйлаб чиқардилар. Улардан сўранг, − деди Қалдирғоч дастурхонни попугини ўйнаб.
У ўзини бепарво тутишга ҳаракат қилса-да, ичида ғазаб вулқони отилай дерди.
Қадрия опа қудасига, ўзингиз пиширган ош, қаловини ҳам энди ўзингиз топинг дегандек қаради.
Кампир бепарво кўз қисди-да, гапга тушди:
− Бу машмашасиз битадиган иш. Фақат жойида ҳал бўлади. Гапсўз у уйланмаган йигитга ҳам керакмас. Ади-бади деса, қариндош-уруғи олдига бориб, “дод” деб келаман. Ҳозир эса, бугуноқ уйимдан кўчади. Бўлдими?! Қани юринг келин, олдимга тушинг!
− Шунча гапдан кейин-а? − деб Қалдирғоч норози оҳангда онасига қаради.
− Қўй, қизим, энди сен ҳам пашшадан фил ясама, – деб онаси бўшашди.
− У йигит менга тазйиқ ўтказса-чи, ҳақи бор. Ким мени ҳимоя қилади.
Кампир бамайлихотир: мен айтаман, у сизни талоқ қилади, деб бўйнига сўз олгач, бу ёқда онаси ҳам қудасининг авраши, алдаб-сулдашларига учиб, Қалдирғочга: қизим, ёпиқлиқ қозон ёпиқлигача қолсин, уйингга бора қол, сир бой бермай яшайвер, ўзинг эримни яхши кўраман деб айтардинг-ку, деб қайнанаси олдида сирини ошкор қилиб қўйгани ҳаммасидан ўтиб тушди.
– Яхши кўрганим қачонлар эди, бу гапларни айтганимга ҳам неча йиллар бўлиб кетди, ҳозир эрни фақат ҳурмат қилишга зўрға сабрим етади, аввалги қизиқишларим, туйғуларим сўнган деб, онасига айтиши, гап қайтариши мумкин эди, лекин ботина олмади ва онаси яна бир-икки ёлворишларини қайтаргач, Қалдирғоч ноилож сал юмшади: лекин ичида Оловиддинни танғиб ташлаб кетганим, осонгина лақиллатганим учун ўзимга нашъа қиляпти, аммо у қасдини олиш учун бир ҳунар ўйлаб топса керак, деб кўнгли хавотирда эди.
Қалдирғочлар уйга келгунча пешин ҳам бўлди. Мол-ҳолга қараш, супириш-сидиришга овора бўлиб кетди. Гиналарни унутиб, ўзини ишга урганди.
Ортиқча гап-сўз бўлмади, чунки қайнанаси сукут сақлаб, ўзини четларга олиб юрди. Айланиб ён қўшнисиникига чиқди. Бу ташрифни сабаби бор эди. Уйларидаги воқеа, ҳодисаларни анқовроқ бўлса-да, бу судралган жувон исини олмадимикан деган шубҳа, гумон остида эди. Шунинг учун узоқ ҳол-аҳвол сўради: эрини, ҳали боғчадан келишмаган иккита қизчалари ҳам навбатдан тушиб қолмади. Орасида сукут солиб, қўшни жувоннинг ўзидан бирор гапми, саволми кутди, аммо, ҳеч нарсадан уларни хабари йўқ, шекилли, индамас, ўз ишини давом эттирганча, дастурхонни тузаб, туршакми, майизми келтириб қўйишда давом этарди.
Бу тарздаги суҳбатга кампир қаноат қилмай, ўзи турли мавзуда: бошқа қўшнилар, у тенгиларнинг ҳаёти, турмуши, ғам-ташвишлари ҳақида сўради. “Барча пахта даласига чиқиб кетган бўлса, ҳеч ким ўзидан ортаётгани йўқ. Режа битса ана ўшанда ўйин-кулгулар, тўй-ҳашамлар бошланиб, бирортасини кўриб, тўйиб гаплашмасам, ҳозир вақт қайда”, − деди анқовроқ келин.
“Ҳа, ҳамма ёқ сув қуйгандек тинч экан, худога шукр”, деб турганди кампир, қўққисдан, бир нимани эслагандек: “Ўтган куни кечки пайт мотоциклни патиллатиб кетган ким?” − деб сўради қўшни жувон. Кампир тилини тишлаб қолди: “анқов бўлса ҳам кўрибдику, писмиқ ўлгур”, деганча пиёладаги чойни айлантириб ичаркан, ўзини бепарво тутганча жавоб қилди.
− Кимни сўраяпсиз? Ҳа, энди пахта мавсуми. Акобир кун ора дирекцияда. Ўзи навбатчиларни кузатмаса, тепасида турмаса бўладими? Бола пақир ишга туғилган экан. Нима қиламиз? Ёнига иш ўрганишга, маслаҳат учун келиб туришади, шекилли. Бошқа тумандан келган битта-яримтадир-да, − деб кампир эснаб қўйди.
− Узоқ қишлоқдаги домлага ўхшаркан, − деди қўшни хотин бўшашиб.
− Одам одамга ўхшайди, – деди кампир чойини ҳўплашда давом этиб.
Қўшни хотин дастурхон тузаганди. Яна бир-икки гап айлангач, у бориб ошхонада қайнаб турган шўрвасидан ярим коса сузиб келди.
− Олинг, бизни овқат пишди.
У кампир бунақа узоқ ўтиришининг сабабини билмай, ўйлай-ўйлай, охири келини билан гап қочганмикан, деган фикрга борди.
− Қалдирғоч опам яхшимилар? Неча кундан бери кўрмайман. Ёки…
У шубҳали гап айтгунча, кампир оғзига урди.
− Уй кўтаряпти. Бўш қолди тозалашдаш боши чиқмайди.
− Шунақами?
− Жуда озода!
− Ҳа, биз ҳам озодалик тарафдори. Лекин бу бола, мол-ҳол, дала ишидан бўш вақт қани? Балки биз ҳам уйда ўтирсак…, − деган куйда дийдиёсини бошлаганди, кампир унга эътибор бермай шўрвасини хўриллатиб озгина ичди-да, дуога қўл очди.
− Мазали бўлибди. Раҳмат. Қўлингиз дард кўрмасин. Буни эса эр-хотин эрмак қиларсизлар − деб, чўнтагидан айиқчани расми туширилган қоғозга ўралган беш-олтита шоколад чиқарди.
Кампирни кўнглига хотиржамлик кирди. Қўшнини ҳеч гапдан хабари йўқ.
Шом ўтиб кеч тушганда келини билан бироз овқат тотинди.
Ҳашарчига бир коса шавлани кампирнинг ўзи ҳужрага ташлаб, сирли бир қараш қилди. Бу билан: сен ҳам юрибсан-да йигитман деб деганими, ёки кўнглингни чўктирма, ҳали ҳаммаси олдинда, сен билан бир иш қилайлик-ки, кўплар доғда қолсин деганими, йигит тушунмади.
Яна бир соат ҳам ўтмай: ойи, мени уйқу босяпти деб, келини уйга кириб кетди.
Озгина ўтмай ҳовлида Оловиддин кўринди. У молхона томонга ўтадими деса, йўқ, нақ айвонлари атрофида ўралашиб тўхтади.
Кампир қўли билан «бор ҳужрангга» деган имо қилди. Йигит нима деяпсиз? Тушунмадим, дегандек имо билан жавоб қайтарди. Кампир энди жиғибийрон бўлганча яна ўша ишораларини қилса, йигит яна боягидақа жавоб қилди. Ўзини жинниликка солиб жўрттага майнавозчилик қиляпти, деб ўйлади кампир. Унинг жаҳли қўзиганди, бақириб берди.
− Эртага вақтли турсанг, бор кириб ухла.
− Қаёққа бораман, менинг жойим шу ер, − деганча келини ётоқхонасини безларча кўрсатди ҳашарчи.
Кампир муштини унга ниқталадию, лекин бирор сўз айтмади.
Оловиддин, бу пайтда, айвонга кўтарилиб олганди.
− Бир нима дедингизми? – деб кампирга иршайиб қаради. − Кечагида ўзингиз куёв бўлиб бер деб, ялиниб-ёлворганингиз эсдан чиқдими? Ё эсингиз…
− Бир кечага сўрагандим, аҳмоққина.
− Бир кечамас, минг кеча денг, – шундай деб Оловиддин ётоқхона томон юрди…
Бугун кун бўйи Оловиддин кўп пахта тера олмади. Хаёли Қалдирғочда бўлди. Бекордан-бекорга уни талоқ қилсинми? Ҳечам-да! Йигитга алам қилди. Ёнида чиройли жувон тўмпайиб ётса-ю, у ғафлатда тунни ўтказса, куёвлиги қаерда қолди. Пешонасига бир урган бўлдию, менга нима, қайнанаси ўзи шуни хоҳлади. Никоҳ ўқиттирди. Бу ўз изми билан бағримга солгани билан баробар. Шундай экан, васлига тўймагунча, хотин қўйиш йўқ. Ҳеч ким мени айблай олмайди. Ўз шаръий хотиним, истасам… Унга айниқса бу гап нашъа қилди.
Ётоқхона эшиклари қулф экан, бу уйдагиларнинг найрангларидан безгандек унга ёлвориб қаради, кампир эса: “Аҳволни кўриб турибсан, Қалдирғочни талоқ қиласанми?” деб кўзларини чақчайтириб сўраганда, у “йўқ” деганча олайиб қаради.
− Бўлди, айб ўзингда, синов муддати ўтди. Талоғини бер.
− Муддатини мен ўзим ўрнатаман, − деди жаҳлда Олловиддин.
− Азбаройи ёмон кўрганидан, қочиб қутилибди. Иккалангни ортиқ бир хонада қолдирмайман, келинимга жабр қилиб. Тушингни сувга айтасан.
Кампир, ётоқхона эшигига яқинлаб, жўртага шанғиллаб гапирар экан, келиним эшитсин деган ниятда эди.
− Ҳаддингиздан ошманг, хола! Мен. Мен…
Шу сўздан нари ўта олмай Оловиддин тутилди.
− Миянг суюлиб қолибди сени. Келинимни ўз ҳолига қўй. Лафзсиз, номард.
Бу гап Оловиддинни ич-ичидан ўтиб кетса-да, негадир унчалик таъсир қилмас, чунки унинг хаёли, фикри-зикри Қалдирғоч билан эди.
− Қўйиб бўпман. Энди ўзларингдан кўринглар.
У айвон эшигини тарақлатиб, ўз ҳужраси томон кетди. Кампир ҳам тинчланиб, ўз хонасига кирди. Акобирдан дарак йўқ. Ўз кабинетида навбатчиликдадир, деган ўйда кўзларини мудроқ босганди ҳисоб, аввал ғирчиллаган, сўнг тап этган товуш эшитди. Нима экан бу, деб бошини кўтаргунча овоз тинди. Шундан сўнг ҳамма ёқни сукут эгаллаб, кампир хотиржам уйқуга кетди.

7. ТАЛОҚНИ БЕРМАЙСАНМИ, НОМАРД
Саҳарлаб эса, анча инсофга келган Оловиддин индамай келиб улар нонуштасига қўшилди, натижада учовлари ортиқча гап-сўзсиз чой ичиб бўлишган ҳам эди, кампир унга маъноли қараб:
− Нон-тузимизни ичдинг. Хизматлар қилдинг. Сендан миннатдормиз. Қилган меҳнатларингга рози бўл.
− Розиман.
− Бу ёғига ҳам яхши муносабатларда қолайлик. Дуоларимиз ижобати аввалидан келинимга талоғини бер.
Кампир йигитга, келини унга қараш вазиятига тушишди.
Оловиддин яхши, фақат мени шоширманглар, деб бош эгди.
Тушда табелчи уни эски шериклари ёнига кўчирилганини айтди. Аслида у эрталабданоқ Акобир уни қидириб келар деб, ташрифини кутганди. Кун асрдан оғдиям, ундан дарак бўлмай, уни йўқлаб, пахта тераётган эгатида, дядя Толик кўринди. Яқинлашдию, “ҳа йўқ, бе йўқ” саволга тутди.
– Нега сени ёш агроном ҳайдади? Хотинига илакишиб юрганингни сезгандир-да.
Оловиддин жаҳли чиқиб бақириб берди:
− Нималар деяверасиз? Ҳазил ҳам эви билан-да!
− Бўлмаса янгани яхши кўриб қолганим ёлғон дегин-чи?
Оловиддин сир бой бергиси келмай елкасини қисди:
− У оилали бўлса.
Дядя Толик бирпас индамай, унга синовчан қараб қолди-да, сўнг:
– Майли, хафа бўлма, эри қувғин қилган бўлса, хотини сени барибир излаб келди, – деб қўлига хат тутди: – Калдиргач передала. Малодесь, такую красотку прихватил, – деб, қойил қолганини, бошини бир-икки силкиб билдирди-да, хирмонига қайтиб кетди.
Қалдирғоч шошилиб, ҳис-ҳаяжонга тўлибми ёзган шекилли, хатда жумбоққа тўла саволлар кўп экан. Оловиддин ўқишни бошлади:
– Тўғрисини айтсам, сиздан бундай бебурдликни кутмагандим. Талоқни чўзишингиз қайнанамни ағдарди. Уларнинг режаларида қайсарлик қилишингиз йўқ эди-да! Энди нима бўлади. Севдим-куйдимингиз эса сира менга керакмас! Боши ёпиқ жувон бўлсам. Муносабатларни чигаллаштирманг. Қайнанам анчагача ўзларига келмай, ичимда илон асрабман, яшамагур деб қарғадилар. Уларни дилини оғритса яхши бўлмайди, одамлари бор. Ўзингизга зарар бўлмасин тағин. Инсоф билан айтганда, сизнинг менда заррача ҳақингиз йўқ! Аввало бу ишга розилик бериш сизнинг хатоингиз, балки менинг ҳамдир. Умримдаги энг катта аҳмоқлигим учун кечиринг ва талоғимни беринг. Агар…
Эртаси ҳам Оловиддиннинг қўли ишга бормай, кечгача зўрға эллик кило пахта терди.
Табелчи кўпчилик ичида «мана илғорлар ҳам панд беришяпти», деганда уни назарда тутганини дядя Толик сезибди. Кейин ўзлари ёлғиз қолишганда уни гапга солди. Дардингни ёз. Сенга нима бўляпти, деб қўймади. Оловиддин ёрилди. Боши қотганини, юрса ҳам, турса ҳам Қалдирғоч кўз ўнгида турганини, ҳаловати йўқолганини айтди.
– Уни эри бор. Нима, хушторлик қилмоқчимисан? Тошбўронга қолиб кетасан. Бу ер қишлоқ бўлса, ақлингни йиғ, – деди.
Шунда бор гапни дядя Толикка айтиб юборишига озгина қолди. Охирги паллада тилини тишлаб, бошқача гапирди:
– Сиздан ҳеч нима керакмас, фақат кечалари йўқолиб қолсам биров сўраб келса, шу атрофда юрибди, деб баҳона топиб қўйсангиз бўлди.
– Нима, росмана жигарингдан урганми? Тунлари бекани ёнига борасанми? У сен билан учрашмайди. Овора бўлма!
– Заррача бўлса ҳам умид бор жойда кўнгилни тинчи бўларканми.
– Майли, сиринг ошкор бўлмайди. Сўз бераман. Лекин ўзингга эҳтиёт бўл. Ёшлик, бебошлик деб, бир балога гирифтор бўлма тағин, – деб елкасига урди.
Оловиддин оёғига этик кийиб олган, пахтазорни кесиб бораркан, унда-мунда бойқушларнинг совуқ товуши, кўппакларнинг қисқа акиллашидан бўлак сас келмас, йўлда ҳеч бир зоғ учрамади. Атроф ойдин. Шундоқ тепада ой хира нурини сочар, шудгор оралаб лойлироқ ерларни айланиб ўтиб, у сой бўйидаги буталар панасида Қалдирғочлар уйига тезда етиб келди.
Сой тарафга қараган ётоқхона деразасини қийинчиликсиз қоралаб яқинлашди. Ташқарида ётган Акобирнинг катта ити Оловиддинни таниб, думини ликиллатиб, югуриб келди, ғингшиб чакагини очди. Ҳар доимгидек олдига ташланган суякларни ғажишга тушди. Оловиддин бу уйда турганида, тушда ҳашарчилардан қолган суякларни йиғиб, Акобирнинг итига таший бериб, уни ўзига ўргатиб қўйгани ҳозир қўл келди. Йўқса, акиллайвериб, ҳаммани уйғотиб юборарди.
У бундай сокин вазиятдан мамнун, ром табақаларига қўлини чўзди. Табақаларнинг шпангалети солинганлиги эса сал ҳафсаласини пир қилди. Нима қилиш керак! Тақиллатса кампир эшитиб қолади, у жуда сергак. Аммо на илож. Бекорга икки чақиримча йўл босиб келмади-ку! Ичкарига қараса-чи! Ром оппоқ сурп пардалар билан пастаккина тўсилган экан, уйнинг пойдевори ҳам баландмас. Дераза раҳини ушлаб, пойдеворга оёқ қўйиб, ичкарига тикилди. Ётоқхона ўша бўйи ўзгармаган, шекилли. Ўртадаги парда олиб ташланибди, холос. Иккала кравот жойида. Ия, фақат янга кўринмайдими? У қаерда экан. Кампирни олдига чиқиб ётгандир-да. Бир ўзи қўрққан. Энди нима қилади? Шартта ҳовлига, ундан айвонга ўтиб ётоқхонага бостириб кирсамчи, деган ўй ҳам бошида ғужғон урди. Ё бирпас кутсами? Янга ташқарига чиққандир! Шу пайт эшик очилиб, ундан эгнига қалин халат ташлаб олган Қалдирғоч кўринди. Унинг қўлидаги лампали чироқ пилиги пастроқ ёниб, хира нур сочарди.
Оловиддин дераза ойнасини ҳовлиқиб чертди. Қалдирғоч чироғини ром томонга тўғрилаб чўзди-да, уни таниди. Бошини сарак-сарак қилиб, ҳайратдан очилган кўзларини унга тикаркан, вой деб бақириб юбормаслик учун оғзини қўли билан паналади.
Йигитнинг, очинг деган имо-ишорасидан кейин, дераза табақасининг шпангалетини кўтарди. Шилқ этган товуш чиқди. Янга ойнанинг бир табақасини очди. Оловиддин деразага осилди.
− Худди ўрта аср романткасининг ўзи-я!
− У қанақа эди?
− Итальян ошиқларини айтаман-да! Маъшуқаси висолига етиш учун туни билан деразаси тагида гондолаларда сайр қилиб, гитара чертиб, қўшиқ куйлашган. Гул дасталарини муҳаббатим изҳори деб отишган.
− Ёки Ромеодек, деворларга тирмашиб, Жульеттаси васфига шошган, шундоқми? − деб, у янгага қўлини чўзди.
Янга, нима қиларини билмагандек, маъносиз нигоҳларини кўкка тикканча бўшашган ҳолатда эди. Аслида, у хаёли ўзида экан, аниқ-тиниқ гапирди:
− Келманг дегандим-ку! Кетинг!
− Нима?
Оловиддиннинг бу ҳайқириғига жавобан янга дераза табақасини ёпди.
Ғира-шира қоронғуда ётоқхона деразаси олдида узоқ вақт турган, келинига эланиб, ёлвориб уни ичкарига киритишларини сўраб илтижо қилаётган Оловиддинни кампир кўрди. Йигитнинг сўзларига келинининг: «керакмас, мени тинч қўйинг, кўнглим вайрон, худди қўғирчоққа каби муносабатингизни алқайми? Ҳечам-да! Сизни ёқтирмайман», деган сўзларини кампир ҳам эшитди, сўнг ич-ичидан “баракалла, келин” деганча ўзини нарига олди.
Бу ҳол ҳашарчилар шаҳарга қайтишлари ҳақида буйруқ келмагунча бир неча бора қайтарилди.
Акобир ҳам бу ҳолни аллақачон сезибди.
Онасининг кўзига неча кун қарай олмади-да, Оловиддин келишини пойлади. Қўлида кетмон сопидан бироз ингичка, тол дарахтидан териси шилинган ҳўлроқ таёқ. Йигит кўриниб, деразадан ичкарига қараб янгага қўлини силкиган ҳам эдики, елкасига тушган зарбдан чайқалиб кетди. Акобир жаҳл билан урган бўлсада, Оловиддин “аҳ” дедию, бир уришда таъзирини бераман деб ўйлаб, бу ёғига анқайиб туриб қолган Акобирнинг қўлидан осонгина таёқни тортиб олди. Унинг ўзига қараб таёқни кўтарганди, қаердандир қоронғуликдан чиқиб келган кампир «дод» деб унинг қўлига ёпишди.
Оловиддин таёқни четга отиб юборганча, “менинг йўлимга тўғоноқ бўлманглар”, деганча пахта майдони томон кетди. Ичкаридан бу ҳолатни кузатиб турган Қалдирғоч қайнанаси пайдо бўлиши билан ўзини четга олди. Хонанинг бурчагига тиқилиб, бошини деворга тираганча ғамбодаликка инди. Кўзидан бир-икки ёш думалади. Қисматидан нолиган кўйи, қалб-қалбидан оғриқ ҳис қилди.
Кампир ўғлини: “юра қол, қўни-қўшни бу машмашани кўрмадими, ишқилиб”, деб ҳовлига бошлади.
− Айб ўзимизда, энди ғалва чиқармай, сабр қилмоқ зарур. Уқдингми? На Қалдирғочнинг уйидагилар, на совхоз раҳбарияти ўз қўлимиз билан Қалдирғочни бу йигитга тутганимизни маъқуллашмайди. Эскича таомиллар ҳам қурсин. Бу ёқда зўрлик, зуғум ўтказаман десанг. Йигитни кўраяпсан, ҳеч нарсадан тафт тортмайди. Янада каттароқ ғалвага дучор бўламиз. Сабр қил, ҳашарчилар муддати битиб қолар, ўшанда мана кўрасан, келин ўзимизга қолади. Қалдирғочни бу йигит уйига олиб кета олмайди. Бунга мен йўл қўймайман ҳам. Ундан кўра сен нари-нарида юриб тур.
Онасининг бу гапларидан кейин ва қаттиқ тайинлагани учун Акобир бу воқеаларга умуман аралашмай, ўзини ҳеч нарса билмаган, сезмаганга солиб, бор гапни ичига ютиб, хотинидан нарида юриши осон кечмади. Хаёлида хотинимнинг жавобини берсам нима бўлади. Шунча гап-сўз, ғалвадан қутилардим. Мен ҳам шод, у эса озод. Ҳали бу ишлар тинчиб кетгач, юзимга соладиган гина-қудуратлари, эрлик ғуруримга қарши гапиришларидан биратўласига қутулармидим. Онам бир оғиз айтса, қувватласа бўлгани эди. Афсус, ҳалигача онам у тарафда. Шу ҳам ўз ўғлини манфаатини ўйлашми? Вақтинчаликка бошқа эр кўрган аёлинг худди бировникидек бир умр кўксингда доғдек ўрнашса керак. Ҳозирнинг ўзида аламим қўзиб, ётишга жой тополмасам: Кейинчалик-чи, кейинчалик тинчгина қайта яшаб кетишни ўзи бўлармикин? Мен уни қайта қабул қилишим мумкинми ўзи? Тўғрими ё нотўғрими?
Туш вақтида: «Кечки пайт буюмларни тахт қилиб қўйинглар, эртага вақтли Тошкентга йўл олинади», деб эълон қилишди. Пахта мавсуми ёрдамчилар учун тугади.
Ўшангами, кун қораймасдан анча олдин, ҳашарчилар пахта майдонини тарк этиб, биров ювинишга, бошқаси баъзи кийимини чайишга, ўзига қараб, сочини тарашга, соқолини қиртишлашга тушди.
Табелчи сўнгги бор кўмакчиларни йиғиб, ташаккур айтиб турганида совхоз директорининг ўзи, «Вилис» машинасида икки маъмурият вакиллари билан келишди.
Директор совхоз давлат олдидаги пахта топшириш планини ортиғи билан бажарганини, бунда маҳаллий аҳоли билан бир қаторда сиз, Тошкент компрессор заводи ишчиларининг хизматларингиз катта. Сидқидилдан жонбозлик кўрсатиб, ёғингарчилик, намгарчилик демай дала майдонларини ташлаб чиқмадингиз. Сизларга туман раҳбарияти, давлат хўжалиги маъмурияти ва аҳолиси номидан чуқур миннатдорчилик билдиришга рухсат берасизлар, деб сўз бошлади.
Гапининг шу ерида бақириқ-чақириқ бўлиб қарсаклар чалинди.
Директор бироз кутиб давом этди.
− Шижоатли меҳнатларингизни инобатга олиб, пахта теримингиз учун ўз вақтида пул тўлаб турилди, бир вақт текин овқат билан таъминланди. Ҳашарчилар қийналмасин деб, иссиқ, қулай турар жойлар ажратилди.
Одамлар ташаккур билдириб: “раҳмат! Миннатдормиз. Камчиликлар бўлмади”, деб жой-жойидан гапиришди.
Директор бу паллада ёнидагилар билан маслаҳатга киришиб, уларнинг бири узатган қоғозни қўлида ушлаб, сўзини давом эттирди:
− Энди, режамиз бўйича, тақдирлаш маросими, илтимос, қулоқ беринглар. Учта мукофот ажратдик, розимисизлар.
− Розимиз.
− Энг кўп пахта терган Элбўсинова Ойгулга радиоприемник. Марҳамат келинг.
− Ойгул. Қани Элбўсинова, – деб одамлар уни қидиришарди.
Биринчи қаторда, чеккароқда турган тортинчоқ, озғин, жиккаккина қиз бир қадам олдинга чиқди. Кўпчилик танимас эканми, ҳайрон бўлиб қараб қолишди. Аммо қиз приемникни ўзи азот кўтариб олганини кўрган давра қарсак чалиб, уни шодон олқишлади.
Иккинчи ўрин Оловиддинга насиб қилиб, унга йигирма саккиз русумли велосипед тегди. Давра уни ҳам табриклаб, айниқса шериклари кўпроқ бақириқ-чақириқ қилиб чапак чалишди.
Учинчи ўриндаги Ноила деган бадқовоққина қизга саккизтепкилик хон атлас насиб қилди. Шу билан ҳамма илғорларини қутлаб, катталарга ташаккурини билдирган ҳолда йиғин тарқади.
Оловиддин велосипедини хирмондаги шериклари турган хонага олиб кириши билан чўнтагини кавлади.
Чунки шериклари ювмайсанми деб тама қилишни давранинг ўзида бошлашганди. Айниқса, Ринат шошириб: «Эй, илғор, пулдан тезроқ чиқармайсанми, дўкон ёпилиб қолмасин», деркан, ундан беш сўм ундирди.
Йигит сочини тараб, дурустроқ кийинаркан, маишатни бошлаб юборган шериклари: атир ҳам сепиб ол. Илло, бугун дилдоранг билан хайрлашсанг керак ёки уни чемоданингга солиб, яширинча уйингга олиб кетасанми, деб кесатишарди.
Оловиддин: кўп гап эшакка юк, дея кулиб қўя қолди ва ташқарига шитоб билан отилди.
Уни кампир билан жиддий суҳбат кутаётганди.
Ромли айвондаги ясатиғлик дастурхон атрофида, тўрда Оловиддин, чордона қуриб, бир қўлини хонтахта четига тираб жойлашган, ўнг ёнида кампир, унинг рўпарасида келини ўтириб, жимгина ош ейишди, чой ичишди. Озгина вақт ўтмай лаганда текис сўйилган тарвуз келди.
Тамадди вақтида бирор гап кўтарилмади. Ҳамма одоб билан сукут сақлаб ўтирганди, кейин кампир секин суҳбатга тортди.
− Мукофотлар олибсан. Баракалла. Иш деган мана бунақа бўлибди.
− Раҳмат, − деб Оловиддин кампирга кўз қирини ташлади ва “жаҳлдан тушмаган, лекин адовати бир оз чекинибди”, деб ўйлади.
Қалдирғоч уларнинг бир-бирига зимдан қарашларидан хавотирга тушиб:
− Чой берайми, − деди.
Улар унинг гапига эътибор бермай, бирпас яна сукутда қотдилар-у, у ёғига Оловиддин гап қўшди:
− Нон, тузингизни кўп марта едим, рози бўлинглар.
Шундай деб аввал кампирга, сўнгра Қалдирғочга қаради.
Кампир: «розиман. Мингбад розиман. Сен ҳам қилган меҳнатларингни роҳатини кўр! Бизга кўп ёрдамларинг тегди. Барака топ!» − деди.
− Меҳнат бўлмаса, бу ўтиришлар қайда? Мен сизларни, сизлар мени синашта билмай, дангаса, ялқов бир ҳашарчи, ҳеч бир ишга ярамас экан, − деган баҳо олиб, қайтиб кетган бўлардим.
Кампир иягини қашлаб бошқа гапни айтди.
− Урушдан ногирон келган бўлса-да, раҳматли чолим меҳнатдан қочмаган. Бу хоналарнимас-ку, ёрдамчи хўжаликни, сизлар турган ҳужрани ўз қўли билан кўтарган эди. Ҳеч қийинчиликдан қўрқмасди. Илоҳо омин! Жойлари жаннатда бўлсин!
У қўлини дуога очганди, бошқалар ҳам қўшилишди.
Оловиддин: “шунча вақт ўтирдим, бир садо чиқмади, бу дуо менинг туришим лозимлигига ишора”, деб ўйлади. Иззати битганини англаб, менга ҳам рухсат, вақтли жўнар эканмиз, деди.
Кампир тумтайиб унга қаради-да: “кетсанг, Қалдирғочни ҳам ўша Тошкандингга олиб кет”, деди. Йигит индамай қолди. Боксчилар таъбири билан айтганда, кампир унинг белидан пастига урди, букчайиб, ўзини йўқотгандек ҳолатга келдию, шунда ҳам паст келгиси келмай: “олиб кетаман, хотинимни сизларга қолдирадиган аҳмоқ йўқ, фақат”, деганча талмовсиради.
− Нима? Ўйлаб гапиряпсанми? Турмушни а ҳарфини билмай, ҳис қилмай оғзингга келганини сўзлай берасанми?
− Ўйлаганман.
− Унда нима қилмоқчисан? Келинимни иссиққина жойидан қўзғатиб, қайга борасан? Турар-жойинг тайин бўлмаса?
− Уйга борсам, маслаҳатлашиб, кейин олиб кетгани келаман.
− Бўлмаган гапни қўй! Бу пишмайдиган савдо. Қачон онаси ёлғиз ўғлига жувонни олиб берган.
Бу гапдан Қалдирғоч дув қизарди. Кўзидан маржондек икки ёш думалади.
− Менинг онам бошқача.
− Сенинг онанг: ё мени де, ёки бу хотинни деб шарт қўяди. Сезиб турибман, − деб ўшқирди кампир.
− Йўқса нима қил дейсиз?
− Қалдирғочни эртагаёқ олиб кетсанг кет, бўлмаса тинч қўй.
− Нима?
− Талоғини бер! Ва аввалги эркин қушдек, дўппингни осмонга отиб юравер. Ҳали сенинг уйланишингга вақтли.
− Яшаб турсин! Мен тезда уйга бориб, ишни пишитиб қайтаман. Гап битта.
− Ҳечам кераги йўқ! У энди сенга маҳрам, Акобирга номаҳрам ҳисобланади, тушунсангчи, − деб кампир, бирдан ҳиқиллаб йиғлаб юборди. − Эсиз шундоқ келиним. Қаерларда энди хор-зор бўлиб юраркин?
Қалдирғоч қайнанасининг ёнига ўтиб, силаб-сийпалашга тушди. Оловиддинга кўз остидан қараб, суҳбатдаги ҳар бир сўзга жавоб топишидан, иродасини унча-бунчага букиб бўлмаслигини англаб, ҳайрон эди.
Кампир ҳам бўш келмай, ниҳоят, суҳбатнинг энг нозик тарафга бурди.
− Сўра, Қалдирғочдан сўра, сарсонлик-саргардонлик, танимаган-билмаган янги жойда, таънаю дашном гапларни кўтариб юриш унга керакми?
− Муҳаббатнинг азоблари ҳам бўлади. Янга чидайди. Мен уларга ишонаман, − деб йигит Қалдирғочга кўз ташлади.
Янга бунақа жавобни кутмаганди, аввалроқ, қайнанаси, суҳбат қандоқ кечса ҳам сиз қўшилманг. Ўзим ишора қилсам гапирасиз деганди. Мана қайнанаси, уни суҳбатга қўшиб, номини қистириб, ишора қилди. Қалдирғоч энди фикрини айтиши мумкин. Фақат бирор нарса дейишга тили лол. Ўзи билиб-билмай Акобирга хиёнат қилгандек мулзам. Уй-жой, тўй-ҳашам, сарсондорликми ёки бошқа оқибатларними асосий санамай, вафо-садоқат ўйларидан қутула олмай гаранг. Ойисига ён босса Оловиддинга раҳми келар, ёш йигит ўйин билиб, катталар ҳаётига кирдию, ногаҳон барқ урган ҳислар тўри уни ўз домига тортиб, гирён қилди. У ўзига жавоб беролмайдиган даражада, ошиқликни бошидан ўтказар, янга буни идрок этар, ундан қутилиш чораларини излади. Тополмади. Энди нима бўлади, деган фикрдан ҳайиқарди. Шунинг учун, янга уларнинг ҳеч бирининг кўнглини оғритиш нияти йўқлигидан индамасликни маъқул кўрди.
Кампир сўзини қайтарди:
− Меҳнатда тобланиб улғайган бўлсанг-да, турмуш, ҳаёт ҳақида фикрларинг йўқ ҳисоб. Ҳали хомсан. Хотин қўйганинг энг маъқул йўл. Йўқса, Акобир қаерда қолиб кетади. Булар аввалгидек бир эшикдан кириб юрсинми? Эртага қўшнилар: «ҳашарчи йигит бешўн кун никоҳига олиб, сўнг ташлаб кетди. Қалдирғоч, энди ҳар иккала эрдан бебаҳра қолди. Таннозлиги панд берди. Бадтар бўлсин», деб гап чиқаради. Сенга шу таъна ёқадими? Бизларга: менга, келинимга бу иснод.
Янга “Вой, ойи…” деганча қайнанасини бағрига кўзини яширди.
Оловиддин ўйланиб қолди. Кампирнинг ҳар бир сўзи мантиқли. Бошқа илож ҳам йўқ, шекилли. Қалдирғоч нима деркин?! Лекин у қайнанасининг ҳар сўзини маъқуллагандек, миқ этмаяпти. Ҳатто, силаб-сийпаб, пинжига кириб олди. Қўлимдан шу тобда, севдим-куйдим дейишдан бошқа, турмуш, оилавий амалий иш келмагач, тихирлик қилавериш бефойда. Обрў кетгани қолади.
− Яхши, − деди Оловиддин ютиниб ва янгага қарамай кампирга юзланди. – Майли, сиз айтганча бўлсин!
Кампир ўзини йўқотмай, хурсандлигини яшириб, писанда қилди:
− Кейин сўзингдан қайтмайсанми?
Оловиддин ғижинди:
− Хола, бошимни қотирмай, ҳаракатингизни тезроқ қилинг, йўқса…
Кампир шошиб қолди:
− Ҳозир, ҳозир болам. Туринг келин, дастурхонни олинг.
Қалдирғоч оҳиста турди, Оловиддин кўзим тушса айнаб қолмай деб бошини пастга қаратиб ўтирганини кўрди ва енгилгина қадам билан ҳовлига чиқди.
Талоқ қилиш мушкул иш экан. Оловиддиннинг оғзига бу сўз келавермас, ҳаётда дадил, дангалчи бўлса-да, ҳиссиётларига қуллиги билиниб қолди. Беихтиёр кўзи янгага тушган сари, бор вужуди яллиғланиб, қулоқлари шанғиллар. Тили танглайига ёпишган куйи, ич-ичидан ҳеч қачон, ҳеч қачон деган нидо оғзи-қулфини боғлаб қўйганди.
− Оловиддин, Оловиддин, сенга айтаяпман, − деб чақирди кампир, унинг эътиборини ўзига қаратиб. − Нима бўлди яна? Айтмайсанми, гапингни!
Йигитнинг қулоғи эшитмасди. Кўзи фақат янгани кўрар, ундан бундай ажралишни ҳечам хоҳламаётгани даврага сезилди.
Кампир аччиғланиб, йигитга юзланди.
− Оловиддин, ўзингни сўзинг билан йиғилдик. Энди қарорингни билдир. Ё айнаб қолдингми?
Оловиддин бош чайқаб, даврага бир қараб олгач, кўзи янгада тўхтади:
− Йўқ деяпманми, ҳозир. Сиз мен билан юрингчи, − деди.
Янга қачон ўрнидан турди, нимага унга эргашди, ўзи ҳам билмасди. Йигит уни ётоқхонага бошлади.
Кампир: «Дод, келинимни ўз ҳолига қўясанми, йўқми, олчоқ!» – деди. Ичкаридан аввалига товуш эшитилмади. Сўнгра, келиннинг ўктам овози келди: бу гапларни қўйинг, қийналиб кетдим. Йигит: «Мен сизни ҳеч кимга бериб қўймайман», деди. Аммо айвондагилар учун бу сўзлар ўрнига ғўлдираш эшитилди, холос. Сўнгра овозлар тинчиб, озгина вақт ўтди.
Бироз сочлари тўзиганини, кийимлари тахи бузилганини, ўзи қизариб-бўзарганини айтмаса, келини аввал чиқиб, ўз жойига чўкди ва ташқарига қараган куйи қотди. Руҳияти сўниб, тарвузи қўлтиғидан тушган Оловиддин ҳам келиб жойига ўтирди-да, менга дуо қилинг, мен кетаман, деди.
Ичкарида янга унга рўйхуш бермади. Бағримга босиб бир-икки ўпсам мени дейди, деб ўйлаганди, чучварани хом санабди. Янга жаҳли қўзиб, ўзидан итариб ташлади, ҳазил айтганим йўқ, сизга нисбатан заррача ҳиссиётим йўқ, қўлингизни тортинг, бас, мени нотўғри тушунибсиз, деб койиб берди. Сўнг янада жўшиб бир гап айтдики, Оловиддин ер билан яксон бўлди: “У қулоғингиз ва бу қулоғингиз билан эшитиб қўйинг, мен сиздек бетакаллуф, ожиза гаранглиги, хобидан фойдаланиш ила айшини сурган фаросатсизни ҳеч қачон эр қилмайман”…
Кампир йигитга ҳанг-манг қараб қолди-да, бизларни аросатда қолдирма, деди.
− Дуо берасизми, йўқми? – деб силтади йигит.
− Балоларга йўлиқмасанг аста розимасман.
− Ойи, ундоқ деманг. Бундай қарғаманг, − деб янга йиғлаб юборди.
Кампир укки кўзларини бир нуқтага йўллаб, қотиб ўтирарди.
− Бошқа гапим йўқ.
Оловиддин важоҳати қўзғалиб, жаҳлда ўзига қисқа дуо қилди: тинчлик, хотиржамлик бўлсин!
Фотиҳага қўл тортиб ўрнидан турди ҳам, кампир ўзини ташлаб юборди.
Қалдирғоч войлаганча уни тепасига келди, сўнг югурлаб, бир коса сув келтирди.
Кампир юзига сув сепилди. У кўзини очиб, ҳой, қаердаман! Акобир, ўғлим. Менга қаранг, Қалдирғоч, деб чақирди.
− Ҳа, ойижон яхшимисиз? Одамни қўрқитиб юбордингиз.
− Ҳа-я, анаву ким? – деди кампир, Оловиддинга энгаш дегандек имо-ишора қилиб.
Йигит ҳайрон бош эгиб, Оловиддинман, деди.
Кампир яна ўзидан кетиб йиқилаётганида, йигит унинг бошидан ушлаб қолди.
Қалдирғоч: мени ўз ҳолимга қўйинг деб неча марта айтдик. Бунчалик қайсар бўлишлик…
У йиғлашга тушди.
− Бунчалик пешонам шўр бўлмаса. Дил истагим қолиб, бошқалар ҳавасининг қули бўлишим керакми? Ким менинг дардимни тинглайди? Қалбимни нидосига ким қулоқ тутади?
− Мен деяпман-у, − деди Оловиддин.
Янга кескин бош чайқаб, “оғзингизни юминг” дегандек қўлини Оловиддин юзига яқинлаб силкиди. Бу ишорадан яна: “Сиздан қачон қутиламиз. Қорангизни қанча тез ўчирсангиз, шунча яхши”, деган маъно илғаган Оловиддин, ўзининг мунчалик пастга урилишини кутмаган эдими, боши эгилди: майли, холам ўзларига келсинлар. Шунчалик бедаво туюлсам, Сиз айтганча бўлсин. Талоғингизни бераман, − деди.
Келини манглайи, қош, юзларини силай бергач, кампир ўзига келиб кўзини очди.
Қалдирғоч кесатди: бу йигит вақтинчалик хотинини қўярмиш, эшитинг, деди.
− Сўзини айта оладими? − деб сўради кампир аста.
Оловиддин елкасини сиқди.
− Мен ҳам билмайман, − деди Қалдирғоч.
Кампир кучанди: ўзим айтиб тураман, мени чалғитмай, кетма-кет қайтар.
− Яхши, яхши, бошлай қолинг! − деди янга чувиллаб.
Кампир аввал, кетидан бошини ердан узмаган ҳолда Оловиддин қайтарарди.
− Мен ким Оловиддин кимнингдир ўғли…
− Мен ким Оловиддин Маҳамат ўғли…
− Қалдирғоч Борий қизини…
− Қалдирғоч Борий қизини…
Шу сўзни айтганида йигитнинг овози қалтираб кетди. Бу янгага сезилди. Бир ёқда унга кўз соққасидан чиқиб кетгудек бақрайиб тикилганини ҳам фаҳмлади. Аммо, сир бой бермай, йигитга қарамасликка ҳаракат қилишни давом эттирди.
− Уч талоқ, уч талоқ, уч талоқ қилдим.
Йигит бу сўзларни зўрға қайтараркан, охирги марта уч талоқ дейиш олдидан янгани нигоҳини, унинг юз-афгорини қидирди. Қалдирғоч унга қадалган нигоҳга дош беролмай, ботини дод деб, кўзларига ёш қуйилиб келганини, бошини беихтиёр кўтариб йигитга кўрсатди. Оловиддин тезроқ бу машмашалардан қутилсам, ўрнимдан тураману, янгани овутаман, кўнглини кўтарсам бўлар деган ўйда, жуда паст овозда, чўзиб, уч талоқ қилдим, деб юборганини сезмай қолди. Чунки унинг хаёли бўлак, тилдан чиққан сўзлар бошқа эди.
У оғзидан чиққан сўзнинг оқибатини, кампир эшитдик, энди Қалдирғоч озод бўлди деганидан ва шу тобдаёқ қайнана ўзига келиб, кўзини очганидан англади. Йигитни кампир чув туширганини фаҳмлаб аччиқландию, лекин вақт ўтганди.
Кампир сир бой бермай, «келин чой борми, оғзим қурияпти», деб ўрнига иҳраб-сиқтаб ўтирди. Қалдирғоч узатган чойдан бир-икки ҳўпларкан, киши билмас, даврага миннатдор қаради.
− Олинглар, чой ичинглар. Дастурхонга қаранглар.
Қалдирғоч кампирга ажабланиб қараб, мен чой олиб келай, деб ташқарига чиққанида, шохи синиб, бўйни эгилиб қолгандек аянчли аҳволдаги Оловиддинга кампир бир гап айтди:
− Сен ҳеч қачон бу қишлоққа келма. На пахтага, на бошқа иш билан, уқдингми гапимни. Қалдирғочни эса унут, излама, таъқиб этма. Ўзингни оромингни ўйлаб, ўғлимни оиласини тинчлигини бузма. Бошқаларни ҳурмат қилиш ҳам савоб. Сенга эса инсофли, иймонли қиз учрасин! Илоҳо омин! Оқ йўл сенга.
− Яхши.
− Ҳа. Қалдирғоч энди номаҳрам. У билан ҳам узоқ хайрлашмай, кета қол.
Йигит эса кампирга берган сўзини бузмай, неча азобда вақтинчалик хотинини талоқ қилгани аламини ютиб бу ҳовлини бир умрга тарк этди.

8. ШЎР НАРСА ЕГИМ КЕЛАЯПТИ
Орадан бирмунча вақт ўтди.
Шундай кунларнинг бирида, овқат қила бошлаган янга, ошхонадан югуриб чиқди.
− Ойи, овқатга ўзингиз қаранг. Ёғ ҳидидан кўнглим беҳузур бўлаяпти.
Кампир қошини чимириб бир қараб қўйдию, лекин индамай капгирни қўлига олди ва овқат пишгунча довур тепасида ўзи турди, сузиб келди ҳам миқ этмади. Қўшнисидан сўраб чиққан тўрт дона шўр бодрингни, қуш расми туширилган оқ тарелкага солиб, келини олдига қўйди.
− Вой, шўр нарса егим келаётганини қайдан билдингиз?
Қалдирғоч шундай деб, бодрингларни сувини оқизиб, тирсиллатиб ейишга тушди, таом ҳам бир чеккада қолиб кетди.
Бироз вақт ўтиб, тамадди қилиб бўлишди ҳамки, кампир келинини гапга солди.
− Ойингизникига бориб уч-тўрт кун меҳмон бўлиб келмайсизми?
Келини қайнанам бекорга бу гапни айтмади, коса тагида нимкоса қабилида иш кўради, деган ўйда, сир бой бермай, майли, сиз нима десангиз шу, деди.
− Фақат ҳомиладор аёл бир ўзи бориши нораво. Эҳтиёт бўласиз йўлда.
− Нимани айтаяпсиз? Ким ҳомиладор, ойи? − деди келини ҳайрон.
− Олтмишга кирган мен бўлармидим, сиз-да ҳомиладор, − деди кампир, кўзлари ўйнаб.
Сўнгра, катта тўлқиндан кейин қирғоққа улоқтирилган балиқнинг сувсизликдан каппадек оғзини очишига қиёс, келини, оғзи очиқ, анқайиб, унга бир зум тикилиб қолди. Ва иккалалари баравар уввос солиб, йиғлашга тушди.
Янга югуриб қайнанасини қучиб олган, кўзларида ёш қуйиларкан, у астойдил йиғлаб:
− Ростми? Ойи… Ойижон.., − деб ҳиқилларди.
Улар анча вақт шу алфозда, бир-бирларини қучоқлаб, елкаларидан силаб, ёноқларига ёноқларини суйкаб, бир йиғлаб, бир тин олиб ўтирдилар.
− Ана, келин, ниятларингизга етдингиз. Йиғлаб-сиғтаб кетаман деб куйдирардингиз. Марҳамати кенг эгам билгувчидир, кимга, қачон саховат кўрсатишни ўзи ҳал қилади − деб, келинининг сочларини бошқача бир меҳр билан силар, нуқул юзлари, пешонасидан қуруқсиқ лаблари билан ўпарди.
Уларнинг ҳар иккисини кўзи то тонггача юмилмади. Хурсандчилик, кўтаринкиликдан мижжа қоқишмади. Акобир хўжалик идорасида навбатчиликка қолгани учун ҳали бу янгиликдан хабари йўқ эди.
Эртаси мол-ҳолга югуриб, елиб қараётган келинига, ҳой шошманг, югурманг, оғир кўтарманг, айланай, деб танбеҳ берганча, кампир оғзи қулоғида хурсанд, икки қўли орқасида, ниманидир ўйлаб, фикр қиларди.
Нонуштадан кейин кампир келинини секин суҳбатга чорлади.
− Қалдирғоч, ой келиним! Хурсандмисиз? Она бўласиз!
− Билмасам.
− Бу шундай бахтки! Дунёдаги энг катта ҳашамлару бойликлар, мартабалар унинг олдида бир пул.
− Ҳимм…
Келини сергакланди.
− Узоқ кутилган фарзанд. Бу севинчли янгиликдан ота-онангиз, қариндош-уруғ, опа-укангиз хабардор, хурсандчилик, шод-хуррамликка ошно бўлишади, тўғрими?
− Албатта, тўғри, − деганча қайнанасининг кейин нима демоқчилиги янганинг ичини қиздирарди.
Кампир бир нима демоқчи эдию, аммо сўнгги дамда тилини тишлади.
Ўғлининг туғилиш гувоҳномасига қайнанаси Равшан деб исм қўйдирганини эшитган Қалдирғоч, бош силкиб қўя қолди. Бу ном кўпчиликка ҳам маъқул бўлди.
− Қошлари бунча қалин, − деб қайнанаси, ўз одатига кўра бир нима дейиши керакдек минғирлаб, чақалоқни қарши олди.
− Хуш келибсан, ўғлим, − деди Акобир унга энгашиб ва бу сўздан кейин хотини унга анграйиб қолганини фаҳмлаб, яна қўшиб қўйди: − Мени танияпсанми, мен сенинг отангман.
Унинг овози бир оз қалтираб чиқди. Буни фақат кампиру Қалдирғоч сезди. Бошқа хурсандчиликка келганлар ўзи билан ўзи овора, бу сўзга эътибор ҳам беришмади.
− Эсон-омон қутилиб, боланг иккаланг соғ-саломат қолганинг кароматига шукр, − деб қизининг елкасига қимматбаҳо плаш ташлаб, қўлига зумрад кўзли узук тақди ойиси. − булар отангдан, ўзи сафарда юрибди, − деб қўшиб қўйди.
Сўнгра қараб турганлардан истиҳола қилгандек, камтаринлик билан кампирга бир пачка пул узатиб: бу суюнчи, ўргилай қуда, деди.
Кампир шундан кейингина илжайиб, чеҳраси очилди.
− Илоҳо, омин. Набирамиз қадами қутлуғ, бахти улуғ бўлсин! Бу уйга хотиржамлик, тотувлик олиб келсин. Илоҳо, омин, ўғлим ва келинимнинг бахтини бардавом қилсин! Бир-бирларига боғланган меҳрни Оллоҳим ҳечам узмасин! Илоҳо, омин!
Барча, қуда-андалар, яқин қариндош, битта-яримта қўшнилар дуога очиб турган қўлларини юзларига тортиб, омин деб қўйдилар. Шу жумладан Қалдирғоч ҳам омин қилди ва ҳиқиллашга бошлаган ўғлини болалар кравотидан оҳиста кўтариб бағрига босди. Четроққа ўтиб, кенгроқ кийган халатининг сўл барини очди ва чап кўкрагини чақалоқнинг оғзига тутди. Нарироқда турадиган, бахилроқ қўшни хотин яқинига атай бориб, эмаётган болага кўз ташлаганди, Қалдирғоч қўли билан паналади.
− Бунча арзанда қилмасангиз, бир нарса айтмоқчи эдим.
Янга шапиллатиб бир текис эмаётган чақалоқнинг оғзидан кўзини узмай, секин сўради.
− Нима экан?
− Сутингиз келяптими? Етадими?
− Ҳа. Биринчи кунлар озроқ эди.
− Кўкрагингиз йўқдек экан!
− Тўлиб қолади. Туққанлар менда ҳам шундай бўлган, дейишяпти.
− Ростданми?
− Ҳа.
− Шунақа ҳам кўкрак бўларканми? Бир сиқим-а, − деб бахил қўшни хотин уни камситиб узоқлашаркан, Қалдирғоч унинг олдини ёстиқдек тўлдириб турган кўксига қараб, юзини терс бурганча, худо сақласин, − деб ўйлади.
Саҳарлаб қушлар сайраб, хониш қиладиган дам. Янганинг кўзлари очилиб кетди. Ташқаридан жавзонинг эрталабки салқин ҳавоси, еллар димоқларини қитиқлар, у ястаниб ётганча керишди. Ўрнидан туришга шошилмади. Унинг ҳақиқий бекалигини намоён қиладиган замонлар келди. Офтоб сарғиш нурларини текис ёйиб, хобхонанинг ўнг деворини ҳам ёруққа солиб жилваланади. Авваллари бу пайт у молхонада сигир соғарди. Ҳозир ҳамма иш қайнанаси бўйнида. Бироқ, меҳмонлар ҳам бор. Уларнинг ҳурмати, нонуштага вақтида чиқмаса бўлмас. У ўрнидан туриш учун кескинроқ ҳаракат қилганди, “вой-вой”лаб ўтириб қолди. Чап кўкси оғриётганини ҳис қилди.
Нонуштада беҳаловатроқ ўтирди. Ойиси «аҳволинг яхшими, нимадан безовтасан» деб сўраганди, халатини тугмаларини ечди. Қайнанаси уни шишиб қолган кўкрагини кузатаркан, ваҳмаси тошиб қудасига қараб кўз уриштириб олди.
− Яшамагур, кўзинг тешилгурни киннаси кирган.
− Кимни айтаяпсиз?
− Кечаги бахилни, кўчанинг охирида туради. Ҳамманинг уйидан ўтадиган сой менга етиб бормайди, деб нолигани нолиган. Ундан ташқари, етти қўшни этагидан сой ўтмайди. Уларнинг ери тепалик бўлса, ҳамма ёққа хат ёзавериб кўпчилик раҳбарларни безор қилган.
− Қалдирғочни дўхтирга олиб борамизми?
Кампир янгича фикрлайдиган қудасининг хавотирли юзига қараб бошини силкиди.
− Аввал эскича қилиб кўрайлик. Дўхтирга борсанг “тиғ ураман”дан бошлайди.
Қалдирғоч худди ҳозироқ кўкрагини кесишлари мумкиндек, қўли билан уларни тўсди.
− Кўкишкўлнинг тепасидаги қишлоқда Чўписхон эна бор.
− Эшитганман. Ҳозир Акобирни юборамиз. Нафаси ўткир кинначи. Отинлик ҳам қилади, шекилли.
− Ҳа, − деб кампирни гапини тасдиқлади қудаси.
Чамаси икки соатга яқин муддатда Акобир кинначини уйини топиб, ўзи билан бирга олиб келди. Фақат шомга қолмай қишлоғига етказиб қўйиши шарт экан, ўшанга Чўписхон эна Қалдирғочнинг орасталигини англаб, ундан: “таҳоратингиз борми”, деб сўрамади.
Ромли айвонга тўшалган қалин кўрпачалар устида чордона қуриб олган озғин (Чўписхон) эна ўзининг қурушқоқ қўллари билан қоқиб-суқишдан олдин Қуръон сураларидан ўқиди. Унинг овози ғариб одамникидек ҳазин, лекин таъсирчан экан, деб ўйлади янга.
− Қора кўзлиларники бўлса чиқ! Чағир кўзлиларники бўлса чиқ. Амалдан, илмдан кирган бўлсанг чиқ. Етмиш икки минг томиридан кирган бўлса чиқ. Кўздан, сўздан, нафасдан, ҳавасдан кирган бўлсанг чиқ…
Борган сари, янганинг қулоғига кинна сўзлари кирмай, оёғини узатиб ўтирганича бутун бадани бўшашиб борар, елкаларини қоқаётган, билакларини сиқиб, сонлари, болдирларини тутамлаб уқалаётган қўллар, кинна орасида эсноғи келиб, ў-ўлаб оғзини очганча, “қаттиқ кинна кирибди, ҳаҳ кўзларингга тош”, деганча Чўписхон эна амалини давом этарди. Энди бу қўллар биқини, бели, қорнини уқалаб, сийпаб юқорилаб бориб кўкраклари атрофини секинроқ силаб, кейин кўксига ўтди. Эна яна елкаларини уқалашга ўтди, оғзида кинна сўзларини бир зум ҳам тўхтатмай қайтарарди. “Қад-қоматига кирган бўлсанг чиқ, силлиқ елкаларига кирган бўлсанг чиқ, лўппи сийналарига кирган бўлсанг чиқ”. Бу гапни эшитган ташқаридагилар ҳам, ромли айвонга янада яқинладилар, янга эса зора ҳозир сут отилиб чиқса деб умидвор энанинг кейинги ҳаракатларини пойларди.
− Қизим, оғриётган тарафингни оч, − деб эна кўксига ишора қилди.
Қалдирғоч, ўнг қўли билан кенг халат барини суриб, осонгина сўл кўкрагини кўрсатди. Эна яна бир бор дуоли сўзлар айтиб, “ҳах, кўзи теккан жойини қаранг! Тошдек қотибди-я! Шу ерларига кирган бўлсанг чиқ! Тоғу тошларга бор, кимсасиз сайҳонларга бор!”, оғриқли эмчаги устидан қўлига нон бўлакларини ўраган оппоқ бўз матосини бир неча марта астойдил босаркан, эснаб, эснаб: “кўз теккан, ёмон кўзлиларники теккан. Ғайрдан теккан бўлсанг чиқ, бахилдан теккан бўлсанг чиқ”, деганча кинна уришда давом этди.
Сўнг қўлини янганинг боши узра айлантираркан, “коса борми? Узатинглар”, деди. Ташқаридан берилган пахта гулли косани қайтарди: Оддийроғи ҳам бўлаверади. Кейин ташлаб юборасиз.
− Одамдан азиз эканми? Отин ойи. Олаверинг!
Қайнанасини шаҳдам овозини Қалдирғоч эшитиб, ташқарига беихтиёр қаради ва уларга умидвор қараб турган ойиси ва қайнанасини кўрди.
− Яхши. Бўлмаса қизим, эмғични сиқинг. Сутингиз тошсин.
Қалдирғоч эплаши қийин бўлди.
Эна унинг лўппи сийнасини аявотганини сезиб, далда берди.
− Қаттиқроқ сиқинг, бошқа илож йўқ.
− Оғрияпти, ойи.
− Тортиб, тортиб эмғични учини эзғилаш керак.
Янга яна уриниб, дод деб туриб кетмоқчи эди. Эна елкасидан босди.
− Бесабр бўлманг.
Шундай деб, бош ва кўрсаткич бармоғи билан янганинг кўкрагининг эмизғичидан омбурдек қисиб олди-да: “ўзим бажармасам бўлмайди, шекилли”, деб эзишга киришди. Қалдирғоч “аҳ-аҳлаб”, пастки лабини тишлаб, кинначининг ҳаракатларини кузатар. Ром ойнасидан онаси бошини силкиганча унга ҳамдардлик билдириб турса, унинг ёнида: “шунақаям кўз бўладими, келинимни битта қарашда йиқитай деди-я, палакат, ичи қора”, деганча қудасига сўз айтаётган қайнанасини англади. Ниҳоят, кинначи эмизғични аста бураб, бошқа қўли билан Қалдирғочни оғриётган кўкрагини қаттиқ тортган эди. Янга дод деб юбордию, аммо шу пайт ўзида сут отилиб чиқди. Ҳамма чуқур хўрсиниб: худога шукр дейишди. Қалдирғоч, базўр илжайиб ойисига қаради. Ойиси бир нима дегунча, эна уни туртди.
− Сутни чиқариб ташлаш керак. Бу ёққа қаранг.
Қалдирғоч миннатдор энага ўгирилди, аммо у заррача жилмаймай, жиддий: “Энди кўкракни остидан бошлаб ғижимлаб-ғижимлаб ситинг, вақт ўтмасин ё кўрсатайми?” Эна унинг жавобини кутмай, сийнасини эзғилашга бошлаганди, косага тизиллаб сут отила бошлади.
Энани ҳақига дуолар қилиб, қўлига атаганларидан ҳам сероброқ пул тутган кампир: “Чўписхон эна юзга киринг, Оллоҳ умр берсин! Ундан ҳам ёшингиз ошиб юрсин. Сиз билганни дўхтирлар ҳам билмайди”, деганди, эна унинг сўзини кесиб, “уруш вақтида ҳамшира бўлганман, тиббиётдан хабарим бор”, деди кўча эшигига шошиб.
«Москвич»ини қиздириб турган Акобир орқа ўриндиққа эна ўтирган замон машинасига газ берди. У хотинининг дарди осон ариганидан хурсанд ҳовлиқар, кета-кетгунча энага ташаккурини айтиб борди.
Бу вақтда Қалдирғоч ичкарида, ётоқхонасида, тиғсиз, операциясиз бу дарддан фориқ бўлганига бир ишониб, бир ишонмай чўзилиб ётаркан кўкрагини, эмизғичларини ушлаб кўрар ва оғриқ сезмаётганига ишонч ҳосил қилганча димоғида ашула ижро этаркан, ойисини олдига кириб: «Хўш қизим, аҳволинг қалай? Яхши бўлиб қолдингми?» – деган саволига қўлини шипга томон кўтариб, михдек деб ишора қилди, қўшиғини узмай.

9. ҚАТТИҚҚЎЛ БРИГАДИР
Бир йиллар ўтиб, Оловиддин Политехника институтига, кечки ўқишга жойлашди. Ўз соҳаси бўйича механика факультетини танлади. Уни бригадир қилиб кўтаришди. Шунинг учун пахта мавсуми бошланганда, у энди ҳашарчилар сафига қўшилмади. Заводда қолди.
Ҳашарчилар бир ярим ой деганда қайтиб келишди, ўша ишёқмас, ичкиликни яхши кўрадиган шерикларидан Ринат аввалроқ ишдан бўшатилган, Яша ЖЭКка ишга ўтган, фақат дядя Толик пенсияси яқин бўлгани учун ишлаб турарди. Пахта теришга ёрдам учун бултур боришган туман, ўша колхоз, ўша бригадада бўлишибди. Ҳаво яхши, ёмғир кўп ёғмай безор қилмаганидан режа вақтли бажарилибди. Дядя Толик ёш бригадирни четга чақириб: Оловиддин, сенга қизиқ гап топиб келдим, деди эрталаб кўришганларидаёқ.
Унинг сўзи бўйича: туман марказидаги катта дўконда янгани кўриб қолибди, қўлида чақалоғи борлиги, мальчик-девочка, деб сўраса, ғурур билан мальчик деганини, Қалдирғоч ҳаётдан мамнун, кўзлари порлаб, чеҳраси кулган, красавица бўлиб кетганини, яна оҳорли, чиройли кийиниб, қарашларида ғурури янада ортганини, шунингдек суҳбатларини ҳеч ким эшитмай, танҳо гаплашишганини, кетар олдидан танишларга, шу жумладан Оловиддинга салом деб сўраб қўйишни илтимос қилибди.
Йигит бошини ушлаганча, ростданми, деб чуқур ўйга ботди. Чунки, унга янгани унутиш қийин кечарди. Катта дўкон, отасиники бўлса керак. У бундай муносабатларга оддий кўз билан қарашга ўрганиб қолган, ҳеч бир қизга бунчалик боғланиб дард чекмаган, чапани йигитдан жунун аҳволига тушган ошиққа айланганига бир йилча бўлди.
Айниқса, дядя Колянинг янги гапи уни адойи тамом қилди. Кечалари кўзларига уйқу келмай, ҳар турли режалар тузар, янганинг олдига боришни хаёл қилар, нима дейишини такрорларди: «Ўшанда сизни олиб кетсам бўларкан? Ҳали ҳам кеч эмас. Бахтимиз қўлимизда», дейди. Ёки: «Сизни ўйламаган куним ҳам бўлмади. Фарзанд туғилибди. Муборак бўлсин. Акобир ака ниҳоят ота бўлибди. Уни ҳам табриклайман. Эрингиз яхши одам… Бебурдлик ёмон». Ва шунга ўхшаган бошқа гаплар.
Кундан-кун Оловиддиннинг ишга қизиқиши камайиб, бригадани ташлаб қўйди. Ҳар ҳафтадаги цех йиғилишида у танқидий фикрлар ичида қолди. Шунда ҳам Оловиддин ўзгармади. Уни бригадирликдан олиб токарлик станогига, эски жойига қайтаришди. Тоғасига бу хабар етгач, Оловиддинни тезлаб уйлантириб қўйишни энг мақбул йўл, деб айтган жузъий маслаҳати шу бўлди.
Оловиддинга Қорасувдан деҳқон қизини олиб беришди. Тоғаси бу оилани яхши биларкан, совчиликка борган ойиси бир кўргандаёқ, шу қизни келин қиламан, деб туриб олди. У йўқ демади. Қиз − оддий далачи қиз, яъни далада ўсган, мол-ҳол ушлаган, товуқ боққан, гектарчи – ижарага ер олиб картошка, сабзавот экиб, давлатга топшириб келаётган пудратчи деҳқоннинг меҳнатда чиниққан фарзанди эди. Бу вақтда Оловиддинларнинг ҳам ўттиз-қирқ сотих боғида иш кўп, боғ ишидан, уй юмушидан нолимайдиган шундай хотинга у муҳтож эди.
Кейинчалик боғлари мусодара бўлиб, бу ерларга катта йўл тушди. Улар кўчада қолишмади, шаҳар ижроия қўмитаси ичкарироқдан олти сотих ер ажратди. Тоғаси бош бўлиб участкани тезда кўтариб олишди, томорқанинг пастига молхона ҳам тиклаш ёддан кўтарилмади.
Мана шу тўполонларда янга Оловиддиннинг эсидан чиқди. Оиласига меҳрини берди. Бу орада беш-олти йил ўтиб, у икки қизли бўлди.
Заводда цех бошлиғининг муовини даражасига етди. Ҳар ҳолда юзга яқин одам ишлайдиган цехда катта обрў эди. Хотини Қутбиниса ҳам уйга сиғмай қолди, эри уни завод ошхонасига жойлаб қўйди. Ошпазга ёрдамчи. Яхши-да. Кунда помой тушади. Сигирга тайёр озуқа. Бир сирли челак тўла помойни кунда уйига ташигани-ташиган. Хўрандалардан қолган овқат-повқат, тишланган нон, пўчоқлар ўз йўлига. Яна битта-яримта қўл тегмаган котлет қизларига насиба. Гўштга ҳам бозорга тушилмайди. Завод магазинидан ёки завхоздан лаҳмини сотиб олади. Аслида ҳафтасига икки кило гўштни шеф повар шундоқ хизмат ҳақига қўшимча беради. Йўқса ошпаз ёрдамчисини маоши арзимаган пул. Ўшанга текинга келган сарёғ, колбасалар ҳам «Саратов» холодильнигида етарлича.
Оловиддин шундай ҳаётга кўникди. Яна озгина ишласа, балки цех бошлиғи бўлар.
Уларнинг цехи чет элга юбориладиган экспорт маҳсулотларига ёғоч, фанерлардан стандарт шаклдаги қутилар ясаб, жойлаштиришади. Вагонларга жойлаш учун тайёр ҳолга келтиришади. Цех шундай ёрдамчи вазифаларни, асосан дурадгорлик ишларини бажаради. Давлат қуриб бераётган уй-жойларга эшик, ромлар ясаш ҳам уларнинг йўналишларидан бири.
Иш вақти саккиздан то кечки еттиларгача, Оловиддиннинг умри цехда ўтади. Ўз кабинети, ҳатто котибагача бор. Тўғри, бу котиба аслида цех бошлиғига қарайди, лекин раҳбари депутат. Кўпинча халқ талаб, истаклари, турли органлар сўрови билан ишдан ташқаридаги юмушлар, мажлисларда банд бўлганидан, цех ишини олиб бориш, режага жавоб бериш Оловиддин бўйнида.
Ҳар куни эрталабдан у беш дақиқалик йиғилиш ўтказади. Баъзан беш дақиқалик йиғилиш тез тугаганда ярим соат, йўқса бир соатга чўзилади. Нима қилсин? Тушунтириш, талаб қилиш, режани вақтида бажармаётганларга танбеҳ бериш, ўшанда ҳам ўзгариш бўлмаса, мукофотини қирқишга ўтади. Ишдан ҳам ҳайдаш мумкин, лекин у бу чорани ҳеч қўлламаган. Бу охирги чора. Кейин, ишдан ҳайдалган деган сўзни маҳаллада унча-мунча одам кўтариб юра олмайди. Йўқса бундай ишчининг хотини, бола-чақалари домангир бўлсинми. Худодан қўрқади. Ёмонлик қилиш осон.
Йўлга солиш-чи қийин, лекин шарафли. У шу усулни тутган.
Бироқ қаттиққўллик қилмаса, жамоада тартибни ушлаб туриш мушкул. Жамоа фақат ишда эмас, дам олишда ҳам бирга кўпроқ вақт ўтказишса, жипслашиб, ўзаро ҳурмат ва бир-бирини ўрнини билдирмай меҳнат қилиш ҳисси ошади. Бу японларга хос удумлар, осиё халқлари, жумладан ўзбекларда ҳам кенг тарқалган. Жамоа бўлиб тўйларга, ҳашамларга бориш. Ойда бир ёки икки марта чойхонада ош ташкил қилиб туришлар шулар жумласидандир. Ҳазил-ҳузул, хурсандчилик орасида аскиялар мансаблар орасидаги тўсиқларни олиб ташлаши ҳам аниқланган.
Оловиддин бундай ўтиришларда қандай бўлмасин пайровларни кўтаради, майда ҳазилларга аҳамият бермайди, кек сақламайди. Аммо ўтириш сўнггида ҳаммасига чойхонадан чиқиб соат тўққизга қолмай уйга етиб боришларини мажбурий қилиб қўйганди. Ҳамма бу талабга кўнган ва ҳеч ким унинг сўзини икки қилмай қатъий итоат этарди. Аммо, барибир битта жанжал-тўполонли воқеа бўлган. Гап шундаки, битта келин арз қилиб келади. У айтишича: эри Акмал уйга кеч келибди, сўраса чойхонада ўтириш бўлгану, уларга бошлиқлари Оловиддин бош бўлганмиш.
Энг ёмони, бу келин шаллақилик қилиб, бор айбни унга ағдараётгани, ҳеч кимга сўз бермай шаштидан тушмагани ортиқча эди. Оловиддиннинг жаҳли чиқиб, тутоқмади, аввал суриштирса, Акмал уйига соат ўн иккида кириб борибди, у уйга қайтаётганида кўчада синфдошини кўриб, у билан кичикроқ кафега кириб давом эттиргани маълум бўлди.
Бригадада гап битта эди. Уни ишдан бўшатишини барча аъзолар маъқуллади. Даъво қилган хотин тилини тишлаб қолди. Кейин Акмалнинг қайнотаси келиб ялинди, ёлворди, қизини уришганини, минбад қадами цех остонасини кўрмаслигини айтиб қасам ичди. Акмал ҳам бундай аҳмоқлик қилмаслигини, уйига кеч бориб қолса ҳам, чойхонани иккинчи бор важ ўрнида қайтармаслигига сўз берди. Ўшанда Оловиддиннинг қаҳри юмшаб, Акмални икки ой оддий, маоши камроқ ишга ўтказиш шарти билан ишда олиб қолганди.
Шу-шу чойхонадан чиққан эрлар тўғри уйига борадими-йўқми, Оловиддин назорат қилмай қўйди, чунки эридан шикоят қиладиган бошқа хотинлар учрамади.
Ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини режа юздан ортиқ қилиб ҳар ой бажарилишида раҳбарнинг ўрни катта. Буни компрессор заводи маъмурияти ҳам яхши билар, Оловиддин Ахтамовни иззатини жойига қўйиб, фахрийлар тахтачасида расми осилган, ўзи катталар йиғинига доим таклиф этилади, ҳар йили ўзига, хотинига, болаларига касаба уюшмаси чегирмаларида Хумсондаги дам олиш уйига боради. Йигирма тўрт кун мазза. Иссиқ овқат, бассейн, кечқурун кун ора кино ёки танца. Ҳаво салқин – жонни роҳати. Дам олиш заводники бўлгани учун келганларнинг аксар қисми бир иш жойидан. Оловиддинлар кўпинча қўлида ишлайдиган Садир поччаси (у тоғасининг эрка ўртанча қизини) оиласи билан бирга дам олишади. Шунга ўрганилган. Садир почча юмшоқ, безиён, Оловиддин нима деса хўп дейдиган одам.
Кечалари сувга тушиб муздек сувда балиқ ушлаймиз деса ҳам йўқ демайди. Саҳарлаб туриб олиб, кичик тўр кўтарганча, шарқираб турган Угомда беш-олтита маринка балиғини овлаган кунлари ҳам бўлган. Қовуриб еса бу балиқни мазасига етадиган таом йўқ-да ўзи. Оловиддин бу тоғ сувида бўладиган балиқ гўштига дили кетган. Ҳеч бўлмаса, ўша ердаги маҳаллий аҳолидан илтимос қилиб, бир кичик челакча балиқ сотиб олади. Ҳафтада бир кун балиқхўрлик қилишади. Яна унинг қимизхўрликдан кўра балиқхўрликни ёқтиришига сабаб, мижози совуқлигидан.
Дам олиш уйида бегоналар ҳам учраб турарди. Тижорат нархига сотиб олган ёки бошқа ташкилотларнинг сўроғига жавобан берилган путевкаларга келганлар ичидан бирор шўхроқ, кўркамроқ жувон учраса, Садир почча шу ҳолига, уларни гапга солишга уста. У ҳарбий хизматни Россияда ўтаган, яна русчада бемалол акцентсиз гапиради.
Эркаклар аёллардан ҳоли бассейнга боришади, шунда поччасини қўли ечилиб кетади, рўпарў бўлган ёки ястаниб офтобда тобланиб ётган сариқ сочли аёлга гап ташлаб қўяди. Ҳеч бўлмаса, исмингизни айтинг, бунча ойингиз чиройли қилиб туққан деса етарли, илжайиб, лаб-лунжи очилиб кетган чеҳра ўзини таништиради. Дам олишга ёлғиз келган аёлларни ажратиб олиш қийинмас. Танишув, оддий суҳбатлар билан тугаса-да, манзили ёзиб қўйилади. Кейинчалик шаҳардан топиб олиш мумкин бўлиши учун. Лекин Оловиддин шу сабабдан Садир поччасини етаклаб юради, дейиш умуман нотўғри. Асосийси, у билан вақти чоғ ўтади, зерикмайди киши. Чунки у латифалар айтишга ҳам суяги йўқ. Картада пирра ўйнаса, куёвига басма-бас кела олади, лекин кўпинча қўл беришни маъқул кўради. Оловиддин ютқазиб қўйса, асаби бузилишини яхши билади. Яна у танца майдонига чиқса, билмайдиган рақси топилмайди. Ўзбекни лазгисию, кавказни лезгинкасигача қийворади. Қучоғига олиб, вальсга тортган жононасини айлантиравериб, чарчатиб қўяди.
Поччасининг бу кўнгли бўшлигини шўхликка йўйиб, ҳеч дакки бермайдиган Оловиддин ҳам, тоғасининг қизи ҳам охир-оқибат аттанг деб қолишди. Садир почча ўзи ёқтирадиган навбатдаги сариқ сочли бир жонон учраганда, муҳаббат уни шунчалик савдойи қилиб қўйдики, у оиласидан кечиб, тоғасининг қизи билан расман ажралиб, заводдан бир хонали уй олиб, Кадишев томонга кўчиб ўтди. Буни энди ҳеч ким кутмаганди. Ҳазил-ҳазил билан у вақтинчалик ишқ туғдирган ҳислар гирдоби, ҳаёт, кўча кўрган одамни тақдир бир юз саксон градусга ўзгартириб юбориши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди. Шундан кейин, Қутбиниса Оловиддинни бир қадам ҳам ўзидан йироқлаштирмай, ҳар бир қадамини ўлчаб борадиган бўлди. Аламзада тоғасининг қизи шуни тайинлаган. Эридан ажраб, у келинига ёндошадиган, қайтанга жиянини сал нарсага жеркийдиган одат чиқарди. Чунки эрининг кетиб қолишида уни биринчи айбдор деб ҳисобларди.

10. ҚАЛДИРҒОЧНИ КЎТАРИШДИ
Қалдирғоч фарзанди туғилгач, анча ўзгарди. Кўҳлилиги ортди, юзлари силлиқлашиб, туғруқ, дўхтирлар доим таъкидлайдиган жараён – танада қон алмашишни таъминлаб, бу тусида яққол англашилди. Лекин, энг асосийси, ҳуснидаги ўзгаришлар бўлмай, руҳига хотиржамлик қўниб, одамларнинг туғмаган, Эгам мурувватидан қисган деган тамғаларидан қутилиб, ҳар ерда ўз кўркини, борини ҳеч бир хижолатсиз тақдим эта оладиган мавқега, турмушнинг янги поғонасига етган аёлдек тутишга ҳақлилигида эди. Оилам тўкис бўлди, худога шукр, деб исталган давраларга кириб кета бошлади. Авваллари ортидан: «Шундоқ аёлни фарзанди йўқ-а, эссиз!» – деб ачинишган ёки камситиб айтилган, «нимасига керилади, қисир бўлса, эчкидек сакрашига бало борми?» – деб сал ўйнаб-кулганини гапирганларида эзиларди. Эзилиб ўзини бир чеккагами, панагами олиб, кўпчиликнинг назарига тушишдан қўрқарди. Энди у дамлар ортда қолди.
Қалдирғоч кўзларида мазмун-шижоат, шиддат учқунлари забунлик ўрнини эгаллаб, феълида ҳаётга зўр ишонч ва умид пайдо қилди. Буни ҳамма сезибди. Ўшангами уни оптимистик ҳолатини туман раҳбарлари ва фаоллар йиғилишида пайқаган туман фирқа қўмитасининг биринчи котиби Миндибаев, озгина вақт ўтмай ҳузурига чорлади ва уни таълим бўлимига мудир бўлишга кўндирди. Бу ҳатто кўндириш эмас, партия топшириғи тарзида унга етказилди. Ўроз Турдибаевич чиройли аёлларни тумандаги бор давлат идораларига, айниқса фирқа ташкилоти ва ижроия қўмитасида бўлишлигига тарафдор. Унинг аёлларга нисбатан ортиқча ишқибозлиги йўқ ҳисоб, бироқ ўзидан юқори, вилоят бошқармаларига борган ходимлари тўғрисида «культурный», чиройли кадр танлабсан, деган баҳо олишни шараф билади. Яна четдан келувчи текширувчилар бундай кадрлардан ортиқча нуқсон ва камчиликлар излаш ўрнига, уларга шайдо бўладилар-да, хатоларини хаспўшлаб, тўғрилаб қўйиш учун йўл-йўриқ ҳам кўрсатиб кетишади. Миндибаев кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, бу ҳийлани: «тешани сопини ўзидан чиқариш», деб айтади. У аслида анча уста раҳбар. Йигирма йилдан ортиқ биринчи. Демократ бошлиқ ҳисобланса-да, ўзига яраша принциплари бор. Натижага эришиш учун пахтакор ойлаб дам олишсиз даладан чиқмай меҳнат қилиши керак, деб ҳисоблайди. Шу сабаб, сезон пайтида эркак, аёлдан баробар талаб. Қўл остидагиларга, хўжаликларни назорат қилиш учун, мавсумий кураторлик вазифасини топширади.
Борий ака қизининг туманга ўтганини алқади. Маъқуллади ва ўзингни эҳтиёт қил, одамлар билан чиқишиб ишла, деди қисқа қилиб.
Кампир эса уйда додлади:
– «Машъал» хўжалиги йигирма чақирим бўлса. Кунда бораркансиз? Келинлигингиз қоладими? Болага ёлғиз мен қарайманми? Онамисиз, ё йўқми?
Янга ҳайрон эрига қараб гапирди:
– Фирқа топшириғи бўлса. Иложим қанча. Ўзингиз тушунтиринг!
Акобир онасини босди:
– Ойи. Хабарим бор, бу шахсан биринчининг қарори.
Кампир яна шанғиллади:
– Катталарнинг буйруғи билан қанча қиз-жувонлар бахтдан мосуво, оилалари бадном бўлиб кетади. Давлат иши шахсий ҳаётни йиғиштириб қўй деса, тўғрими? Эй, замонингга…
Акобир онасини койиди.
– Ойи, нималар деяпсиз! Мен яқинда фирқага кираман. Кейин келинингиз. Оғзингизга эрк берманг. Мансаб ҳам, мартаба ҳам шу меҳнат орқасидан. Партия топшириғини бажармай бўларканми?
Эрталабданоқ кураторлик белгиланган «Машъал»га Қалдирғоч йўл оларкан, нимага эътибор бериш, қандай шаклдаги ҳисобот олиши ҳақида қўлида эслатма бор эди.
Хўжалик идорасида зерикди. Раис аллақачон саҳарлаб пахтазор айланаётган экан. Унга кўрсаткичларни тақдим этишди, ҳатто истасангиз ўзимиз тўлатиб, кечгача ҳисоботни тайёрлаб қўямиз дейишди.
Қалдирғоч кўнди.
– У ҳолда мен ҳам дала айланганим бўлсин, – деди.
– Шу кийимлардами? Ҳаммаёғингиз хас, чанг бўлади-ку? Халат топиб берайликми? – деб чулдиради режа бўлимидаги қиз, унинг пўрим кийимларига ҳавасда тикилиб.
– Ўзимда топилади. Қаерда кийиниб олсам бўлади.
Озгина ўтмай, у эгнида механизатор комбинзони, устидан калта кўк халат, оёғида этикча ва сочларини рўмол остига олганча, шундоқ правленияга тақалган пахта майдонига йўл олди. Ёнида уни кузатиб юриш топширилган бояги бухгалтер қиз.
Уч-тўртта пахтаси териб, яланғоч, шумшук кўринишга келтирилган майдондан кейин, теримчилар тушган 5-бригадага етишди. Одамларнинг кайфияти йўқ. Шашти пастроқдек пахта теришарди. Нарироқ боришганди, ўқувчилар уларга қараганда анча кўтаринкилик билан ишлаётганини Қалдирғоч кўриб, ён дафтарчасига у-буларни ёзиб, ўзи учун белгилаб борди. Ғўзалар ҳам текис ўсмаган, баъзи ерлари болалар бўйидан ҳам баланд, баъзи жойлари паст: ярим метрга ҳам етмасди.
Шунча қистаб, бошқа ерга таклиф қилишса-да, тушликда теримчилардан ажралмай, уларнинг бир чеккасига бориб ўтирди. Шийпонда иссиқ овқат ташкил қилинмай, ҳар ким ўзи билан уйдан олиб келганини оғзига тиқарди. Фақат катта самовар патиллаб тураркан. Қалдирғоч олдига узум ва нон қўйишди. Чой қуйиб узатаркан, бухгалтер қиз бир гап айтди:
─ Кўпчилик: иссиқ овқат қилиб беринг, кейин пулини йилликдан ушлаб қоласиз деб сўраганди. Раис: сенлар еб қўйсанглар, мен жавоб берайми? Қамалгим келмаяпти, деб кўнмади.
Қалдирғоч индамади. Ўрнидан туриб, бир-икки қадам юрганди, ҳашарчими, муаллимми биттаси сўзга тутди:
─ Сиз тумандан келдингизми?
─ Ҳа.
─ Тушунарли. Текширув.
─ Йўқ! Унақамас, аҳволингиздан хабар олиш, далда бериш.
─ У ҳолда бир савол. Айтингчи, сочингиз толаси кўпми ёки осмондаги юлдузлар.
Ҳамма кулиб юборди.
Қалдирғоч ҳам беихтиёр кулди. У рўмолчасини ечиб қўйганидан сочлари пахмоқдек шишганини бошқалар дарров сезибди.
Барча унинг жавобини кутарди.
─ Менингча, юлдузлар жуда кўп. Улар қаватма-қават. Бизга кўринмагани кўринганидан миллионлаб баробар мўл.
Шу пайт иккита машина кетма-кет тўхтади. Бири ГАЗ-24, иккинчиси Виллис. Ундан тушган раис олдинги машина томон югурди.
ГАЗ-24дан Миндибаев кўринди.
Қалдирғоч шошганча сочларини йиғиб, рўмолини танғиб олгунча, Ўроз ака шийпонга келиб улгурди.
─ Салом! Ҳорманглар энди!
─ Бор бўлинг! Раҳмат, келганингиз учун, – деди халойиқ.
─ Терим яхшими? Чарчамаяпсизларми?
─ Яхши. Чарчаш йўқ.
Миндибаев атрофга аланглаб, кўзи қуруқ дастурхонга тушиб, ҳайрон сўради:
─ Чой ичяпсизларми? Овқат-повқат йўқми?
Ўроз ака шундай деб раисга ўгирилди.
─ Бугун қозон осишга улгурмадик. Ошпазимиз бошқа участкада.
Раис каттага тик қараганча, кўзини лўқ қилиб, ёлғонларди.
─ Шу гап ростми? Бошқа кунлар овқат беришяптими?
─ Ҳа, беряпмиз.
Миндибаев раисга норози қаради.
─ Мен теримчилардан сўраяпман.
Улар эса индамасди. Бир дақиқа, икки дақиқа ўтди, ҳеч ким индамасди.
Қалдирғоч ичдан тошиб, ростини айтиб юборди:
─ Мен аниқладим. Терим бошланганига ўн икки кун бўлибди, ҳали бир марта ҳам бу шийпонда қозон осилмаган.
У яна: одамларнинг шашти паст, демоқчи эди, лекин тилини тишлади. Аммо шу гапнинг ўзи етарли бўлди.
Миндибаев раисга ўшқирди:
─ Одамлар тўқ бўлмаса, терим суст бўлади. Терим суръати пастми, режани қандай бажариш мумкин. Режа билан ўйнашма, нақд партбилетинг кетади.
─ Эртагаёқ бор қиламиз. Катта қозон тўла шўрва қайнаб туради.
─ Шундай бўлсин.
У кўпчиликка қараб: «яна нима истаклар бор», деб сўради.
─ Ҳаммаси жойида, иссиқ овқат бўлса етарли. Сизга катта раҳмат, ─ деб у билан хайрлашиб, пахта майдони томон йўл олишди.
Улар кетишгач, Миндибаев раисга муштини кўрсатди: халқни кўнглини олишни ҳалиям ўрганмадинг-ўрганмадинг. Мана Қалдирғоч Бориевнадан ўрнак ол. Оддий кийиниб, теримчига айланибди қўйибди. Раҳбар деган оддий бўлиши лозим. Сен мендан кўрасан. Отангни танимасам, билардима нима қилишни. Эртагаёқ ҳаммасини тўғрила.
─ Хўп бўлади.
Миндибаев раисни қўйиб, Қалдирғочга яқин келди:
─ Маладесь, отангни қизисан-да!
Аммо, Қалдирғочни омма ичига қўшилиб кетдим, биринчидан яхши баҳо олдим деб суюнгани узоққа бормади.
Фирқа қўмитасида уни кўриб қолган, туманнинг иккинчи котиби ─ Вафоев: қани кабинетимга кирингчи, деб хонасига бошлади. Қалдирғоч ҳайрон унга эргашди. Вафоев унинг стулга ўтириб олишини ҳам кутмай, танбеҳ беришга ўтди.
─ Бу нима юриш? Хўжаликларда қайси тусда халққа кўриняпсиз?! Сиз қайси жойда ишлаётганингиз фаҳмига етмаяпсиз, шекилли.
Қалдирғоч, стулга омонат чўкканича, оғзи очилиб қолганча, яна соддалик билан: мен нима қилибман? Дарров арз қилишдими?
─ Ким арз қилади? Кейин бу юришингизга арз тугул, ҳайфсан берган кам?
─ Ҳимм.
─ Ўзингизни обрўингизни билмасангиз, бизни иззатимиз бор, уни оёқ ости қилманг-да! Оммани масофада ушлаш лозим, токи улар биздан чўчисин, керак бўлса қўрқсин. Ўттизинчи йиллар, коллективлаштириш замонидаги оддийлик, халқ ичига қўшилиб кетиш, замбил кўтариб бирга ҳаммоллик қилиш бу ғирт бачканалик. Ялиниб, илтимос қилиб эмас, авомга буйруқ бериб, мажбурлаб ишлатиш доктринамизга айланган. Бу принципларга амал қилишингиз зарур.
─ Хўп, албатта, ─ деди Қалдирғоч бироз овозини чўзиб, ─ Ўроз Турматбаевич бошқача гапирган эдилар.
─ Улар режага, иш фронтига жавоб берсалар, мен фирқа аъзоларини идеологияси учун масъулман. Маъқулми?
─ Тушунарли.
─ У ҳолда, туманда русумга кирган бошқаришга янгилик киритаман деб, мени бошқа ғашимга тегмассиз.
─ Худди шундай.
─ Ўйнанг-кулинг. Сафдошларингиздан тортиб, оддий одамлар: муаллимлар, колхозчилар, сут фермадагилар ҳам, ҳеч бўлмаса гард юқтирмай юрган кийимингизни гапирсин. Виқор ва бироз кибр лозим. Ўшанда дуч келгани ёнингизга йўламайди. Буйруқларингизни сўзсиз бажаради. Келишдикми.
Шундай деб, Вафоев унга кўз остидан астойдил тикилиб қаради. Қалдирғоч бу қарашларда қандайдир нотабиийлик сезиб, бошини ерга тушурганча: барча маслаҳатларингиз ўринли, деди.
Бу орада Миндибаев, ўзларингни ишларинг қолиб кетмасин, бириктирилган хўжаликка бир-икки бординглар, етарли, деб тайинлагач, Қалдирғоч яна бир бор “Машъал”га бордими-йўқми, режа бажарилдию,унга озодлик тегди.
Миндибаев: қадаминг ёқди, қолоқ хўжалик ҳам оёққа туриб кетди, баракалла, –деб мақтади.
Уч-тўрт ой ичида Қалдирғоч ўзини ушлаб олган раҳбарга айланди. У биринчини ўгитларидан кўра, иккинчини сўзларини инобатга олиб, қўл остидагилар, туманнинг бор хўжаликларидаги мактаб директорлари ва боғча мудирлари билан масофа ушлаб, ундан чўчиб, ҳайиқиб гаплашишларини машқини яхши ўзлаштириб олди. Жиддий, аммо кам гапириб, иззат-нафсларига тегмай уларни бошқаради. Барча ечим, қарор чиқаришларни турли комиссиялар зиммасига юклаб қўйган. Боғчага, ёзги таътилдаги лагерларга йўлланмалар бериш, ҳаттоки Иттифоқ миқёсидаги “Артек” га ҳам юборишни ҳайъат аъзолари ҳал қилишарди.
Қалдирғоч Бориевна, Қалдирғоч Бориевна, деб бир у ҳайъат, бир бошқасини раиси кириб ҳисобот берар, баённомалар тақдим этишар. Ҳеч бирига ортиқча тихирлик қилмас, тўла-тўкис ишонч билдиргани учун, улар жон-дилдан ҳаракат қилишар. Қалдирғочни жуда ҳурмат қилиб, у ҳақда фақат яхши гаплар айтишарди.
Миндибаев аввалги бўлим бошлиқлари вақтидагидан ҳам иш яхши йўлга қўйилганини кўриб, «Қалдирғоч, сендан тузук маъмур чиқдиғўй, бироқ ўйин-кулгини ҳам қойил қилиш, сафдошлар билан ҳамнишинликни эплашни шаштини ол», деди бир куни.
Тез орада эса, Миндибаевнинг аёли Саригул опа уни сараланган, тор даврада ўтадиган хурсандчиликларга торта бошлади. Туғилган кунлар, юбилейлар, ҳар турли маросимлар зиёфатларида уни туман элитаси ҳисобланган опалар яхши қабул қилишди.
Бундай ўтиришлар ҳам бошқаришни ажралмас қисми. Раҳбар бошқа раҳбар билан чин дилдан, ёрилиб гаплашадиган жой, масъул шахслар билан яқиндан алоқа ўрнатиш, қадрдон бўлиш учун қулай имконият деб, алқай-алқай Қалдирғочни ҳам ўзларига қўшдилар.
Биринчи марта бир оз ширакайф келганида, Акобир ортиқча индамадию, бироқ кампир анча жавради. Кейин эса бу жаврашлар гоҳида, ҳеч ким эшитмайдиган: замонангга ўт кетсин, аёлларни юзини очган, деб қарғаса, бошқа вақт: бу худосизлар дастидан дод, эркак-хотин баробар ичса, деб нолиса-да, Қалдирғоч Бориевна анча ўзгаришга улгурганди.
Четдан қараган кишига у ўзига гард юқтирмайдиган амалдор аёл бўлиб кўринса-да, хаёлида эркинлик ғужғон уриб, эрга ортиқча бўйсинмаслик, ўз билганча яшаш, хурсандчилик, ўйин-кулгу деса ҳеч биридан қолмайдиган янги одатлари кўпайиб борди.
Бир куни туманга вилоят халқ назоратидан текширувчи келди.
Ҳут ойлари эди.
Миндибаев таътилини Сочида ўтказаётган пайтлар.
Вафоев назоратчини кутиш, уни кузатиб юришни бухгалтерия бўлимидаги Халтаевга топширди. Лекин, икки кун ҳам ўтмай, назоратчи ҳамроҳини маъқулламай бошқа одам сўради. У ниҳоятда инжиқтабиат текширувчи экан. Янгиси билан яна саккиз кунча ишлаб, ҳисоб-китоблар, ревизия ишларини роса ҳадисини олганини исботлаб, бирпасда анча камчилик, қўшиб ёзишларни аниқлаб, Вафоевни олдига аниқ рақамлар тўла текширув ҳисоботини қўйди. «Танишиб, қўл қўйиб берсангиз», деди серрайиб. Вафоев қизиқ аҳволга тушди. Лекин, усталик билан, «бошқалар танишмай, қўл қўйишим ножоиз. Аввал, бўлим раҳбарлари кўриб чиқишсин», деб уларни кетма-кет чақиртирди.
Нимагадир у таълимга урғу бериб, Мансурова қани деб, котибага биринчи бўлиб уни чақиришни буюрди.
Қалдирғоч кириб, салом-аликдан сўнг ўзига бино қўйган, инжиқтабиат текширувчининг саволларига ҳеч чўчимай жавоб беришга ўтганда, Вафоев ҳайрон қолди.
─ Сиз аниқлаган камомад, аслида туман аппарати ҳисобидан ўтмаган, биз вилоятга разнарядкани қўллашларини сўраб хат берганмиз, холос. Ўша камомади аниқланган парталар ва стуллар тўғридан-тўғри мактаб ва боғчаларга тушган. Истасангиз ҳозироқ бориб, уларнинг ўзини ҳам, накладной қоғозлари ─ ҳужжатларни ҳам кўришимиз мумкин.
Текширувчи бундай жавобни кутмаган экан, норози минғирлади.
─ Нега энди бундай тартиб киритдинглар. Бошқа туманларда аввал складга келиб тушадику?
─ Тўғри. Бундай амалиёт баъзи материаллар учун бизда ҳам сақланиб қолган. Лекин таълим тизимида шу йўл кўпчиликка маъқул келди. Ҳайъат аъзолари ҳам бу тадбирни маъқуллаган. Баённомаларимиз мавжуд.
Текширувчи, эътирози қолмагандек бир зум бақрайиб Мансуровага қараб қолди, лекин кейинги дамда у ҳужумга ўтди.
─ Яхши. Бу масала сиз айтгандек бўлсин. Бироқ боғчаларга етказилган гўшт-сут маҳсулотлари норма даражасида эмас-ку, бунга нима дейсиз?!
Қалдирғоч анграйиб бошини ушлади: наҳотки. Менга бошқача маълумот беришганди. У беихтиёр ўзини оқлаган кўйи Вафоевга қаради.
─ Нима шунчалик меъёрдан пастми? ─ деб Вафоев қизиқди.
Текширувчи: ҳа, деди пинагини бузмай. ─ Ўн фоизгача мумкин бўлгани ҳолда, йигирма бир фоизга кам, хўш, бунга нима дейсизлар?
У шундай деб аввал Вафоев, сўнгра Қалдирғочга узоқ кўз тикиб қотди. Текширувчининг хаёлидан ҳамма эркакларга хос фикр ўтарди: жуда чиройлику! Бир қултум сувдек ютиб юборсанг. Ёнига йўлатмаси аниқ, лекин бир қийнаб маза қилай, кетимдан соядек ялиниб юрсин. Йўли бор. Нуқсонларини кўрмагандек ҳисоботни тузатса бўлади. Фақат, кўпроқ бу паривашни ёнимда айланиб-ўргилиши қанчалик ҳузур....
Қалдирғоч текширув қоғозларини қўлга олиб, юзида ҳайрат ва ажабланиш пайдо қилди-да, шартта ўрнидан туриб ўз иш жойи томон шошди ва бир неча дақиқа ўтмасданоқ бўлими тайёрлаган ҳужжатлар билан кирди.
─ Мана марҳамат, боғчага чиқадиган болалар сони. Сиз инобатга олган рақам, пахта пайтида ташкил этиладиган шийпонлардаги вақтинчалик боғчалардаги фарзандлар қўшиб ҳисоблангандаги маълумот. Уларга шийпондаги умумий қозон овқати берилган. Оч қолишмаган, лекин боғча фондимас, колхозларнинг умумий харажатида бу масаллиқлар инобатга олинади.
Текширувчи ҳайрон, бирданига шашти тушиб, индамай қоғозларни қўлига олиб кўз ташлади. Сўнг, Вафоевга ўгирилди-да: «ҳаммаси жойида экан», деди айб қилиб қўйган боладек кўзларини пастга тушириб.
─ У ҳолда менга жавобми? ─ деганча Қалдирғоч улардан бир сўз кутмай ташқарига йўл олди.
Бирор сўз қотишга ярамай қолган текширувчи, ортидан тикилганча қотган бўлса, Вафоев, яна бир қирранг очилди, Мансурова, деганча ўйга ботганди.
Текширувчининг Қалдирғочга ўтмаган номери соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарини тамоман гаранг қилди. У барча хатоларини тан олиб, бир оғиз ҳам миқ этолмай, қўл қўйиб берди. Умри давомида яхши дўхтир номини олиб келган Хошимжон Келдиев қўлидаги ходимларининг бухгалтериясини олиб борган Халтаевни нўноқлиги туфайли, озгина вақт ўтмай мансабидан четлаштирилиб, унга нисбатан жиноий иш ҳам қўзғатилди.
Миндибаев, таътилдан келиб, бу воқеаларни эшитди ва иккинчига нисбатан қўзғалган ғазабини ичига ютолмай, «Шундоқ дўхтирни қамалиши бизга иснод. Шуни тушунмайсизми? Бир текширувчини муомалага келтириш қийин эканми? Ҳайф сизга», деб дўқ урди. Ўша-ўша улар ўртасидан қора мушук ўтди. Гаплари бир-бирига тўғри келмайди.
Қалдирғочга келсак, уни Саригул опа эрига мақтаган шекилли, «Қойил-эй. Бир ўзи шер оғзидан бутун чиқибди. Ёш бўлишига қарамай, пишиқ-пухта экан. Ишни билиб-билиб қилади. Ёзда, имкон бўлса, унга текинга йўлланма қилиб берганим бўлсин», деди Миндибаев хурсанд.

11. КУРОРТ ҲАЁТИ
Қалдирғочнинг қайнанаси ва бошқалардан яширган сири бор.
Улардан бири унинг курортга борганидаги машмаша.
Воқеа бундай бўлганди.
Мансабда кўтарилганига бир йил бўлмай, ёзда Саригул опа унинг қўлига йўлланма тутди.
Қалдирғоч ҳайрон сўради: бу нима?
─ Бир Қора денгизга бориб дам олиш. Сенга ҳамроҳ ҳам топиб қўйдим. Зиганшина. Танирсен. Қўлингда ишлайди-ғўй?
Қалдирғоч дарров эслади. Мажлис, йиғилишларда ўзини дадил тутадиган, гоҳо бекорчи саволлар бериб, кўпчиликни ғашини келтирадиган, маҳмадонароқ боғча мудираси.
─ Йўл-йўриқни билади. Кўпчилик ичида ўзини йўқотмай, сени қувнатиб журади. Эрингни барибир ёзда вақти жў, туврими? ─ деб гапини давом эттирди Саригул опа.
─ Билмасам, ҳайронман. Ойим нима деркин?
─ Кампир-ши эскилик сарқити. Ундан, не зачем спрашивать. Сен янги тузум фуқароси.Фирқа топшириб қўйган катта бўлим бошлиғи. Бунден буён самостоятельная бўлишинг жерак.
Янгиликларга интилиш ичида дунё кезишга ўчлиги биринчи ўриндалигидан Қалдирғоч осонгина кўнди ва тез кунда Зиганшина билан яқиндан танишиб ҳам олди. Ва у билан дамлар осон ва енгил ўтишига имон келтирди.
Дугоналар меҳмонхонага жойлашиши билан биринчи кунининг асосий вақти ўтди. Кечки олтиларда самолёт Сочи шаҳрига қўнган бўлса, багаж кутиш, олиш, аэропортдан “Қора денгиз” санаториясигача етиб келиш, унга жойлашишга анча вақт сарф бўлиб, олтинчи қаватдаги денгизга қараган номер уларга тегди. Балконга чиққан Қалдирғоч, дугонам мақтаганча бор, бу жойдан табиат чиройли кўринар экан: денгиз бепоёну кўм-кўклиги, қуёш ботганида сал тундроқ кўринаётганини айтмаса, чексизликка чорлайди, деб юраги ҳаприқди. Чуқур-чуқур нафас олиб, кўкрагини ҳаво билан тўлдираркан енгилликни ҳис қилиб, Гулсина тарафга хушнуд боқди. У эса аллақачон дам олишга монанд кийимларини кийиб олганча, дам олиш уйи ҳудудини айланиб келишга шоширди.
Қалдирғоч йўлдан чарчаганини важ келтириб, бу ишни эртага қолдирайлик дейишига кўнмай, Гулсина қўярда-қўймай ташқарига етаклади. Дам олиш ҳудудида барча ўзи билан ўзи овора. Биров рақс майдонига шошган. Кўплар яқиндагина кечки овқатни ейишгани учун шунчаки қўлтиқлашиб юришар. Скамейкаларда қатор ўтирганлар, суҳбат қуриб, бир-бирига гап бермаётганлар қанча.
Улар кенг аллеялардан денгиз томонга бориб, икки четига ёриткичлар ўрнатилган зиналарни бир-бир салмоқ билан босиб пляжгача тушишди. Енгил туфлиларини ечиб, оёқларини денгизга тиқиб олишди. Расми шунақа, деб Гулсина кулди. Қалдирғоч болдиригача сувга кирди. Денгиз остидаги майда тош аралаш қумга панжаларини ботириши билан, озгина муддат ҳам ўтмай, йўл чарчоғи тарқагандек хурсанд бўлди. Чўмилаётган битта-яримта одамни демаса, узоқ соҳил бўйлаб чўзилган пляж ҳувиллагандек кўринди. Икки қатор, уч қатор терилган лежаклардаги газета, бутилками, ёрилган шарларми, чиқиндиларни хизматчи йигитлар йиғиб юрган экан. Бир вақт биттаси улар томон кела бошлади ва «Гуля, сенмисан?» деб сўради.
Гулсина унга бир қарадию, кейин кескин бошини буриб, Қалдирғочни шоширди: Гуру юра қол, яхшиси ошхонага борамиз томоқ қақради.
Гулсинани мени Гуля деб чақиравер, сени «Оловидиннинг шамчироғи» фильмидаги малика Будурга ўхшатдим, ўшанақа гўзал ва нозиксан, шунинг учун сени Будур деб чақиришга рухсат бер деганда, Қалдирғоч йўғ-эй, қўйсангчи, нима кераги бор, кейин у ёш малика ёшидан аллақачон ўтган бўлсам, ёки кулгуга қўймоқчимисан, деб ҳайрон қаради.
─ Бўлмаса, Катя деб атайми?
Қалдирғоч бадтар ажабланиб қаради.
─ Топдим, мен Гуля, сен Гурия бўласан. Асло, асло энди бош силкама.
Қалдирғоч, «Гурия – бу ҳур дегани, тўғри келмайди», деб яна тиркашлик қилди.
─ Бўлмаса, Гуру. Эндиям қайсарлик қилсанг, сира гаплашмайман, деб Гуля суҳбатни мухтасар қилган, Қалдирғоч бу янги қисқа номига зўрға кўнганди.
Зинадан кўтарилаётганларида, бояги хизматчи улар томонга қараб қолган, буни Қалдирғоч ўгирилиб денгизга яна бир нигоҳ ташлаганда кўрди, лекин дугонасига ҳеч нима демади. Мазмунан, олдинги сафар келганда орттирган танишларидан бири бўлса керак, йўл-йўлакай ош-қатиқ бўлишлик писта чаққандан ҳам осон унга. Ҳар ҳолда Гулсинани бунақа тез киришимлиги сир эмас, Қалдирғоч қолиб бутун туман билади.
Ошхона шундоқ меҳмонхона корпусига қапиштириб қурилган. Маслаҳатлашиб ҳеч бўлмаса қатиқми, чойми ичиб олишни мўлжаллашди, чунки ошхона эшигида ёпиқ тахтачаси осиқ эди. Хизмат қилаётган сариқ сочли тўнгроқ ходима уларнинг талонларини сўзсиз олди-да, ўртароқдаги столга олиб бориб, «ҳар куни шу столда овқатланасизлар, эслаб қолинглар, номери 101. Хизмат кўрсатиш эса кеч соат тўққизгача, узр, эртага нонуштада кўришамиз», деди.
Гулсина жаҳли чиқиб, бидиллаб берди: «Ҳақингиз йўқ! Мен пул тўлаб қўйганман. Тошкентдан келиб оч қоламанми? Мени тўйдиришга мажбурсизлар, йўқса ўзингизга муаммо орттирасиз».
Қалдирғоч дугонасининг бунақа тезлигидан хабарсиз: аввалига нима дейишини билмай, гапга қўшилмадию, сўнг вазиятга мос йўл танлаб, дугонасини четга тортди.
− Янги жойда, арзимаган нарса учун обрўни тўкиш яхшимас. Юр кетамиз. Халталаримизда қази-қарта бўлса, ҳамёнда пул. Муаммо қилма, Гуля, − деди.
Ва ташқарига йўл олиб бир-икки қадам ташлаганди. Ичкаридан югуриб чиққан қорачадан келган официантка уни тўхтатиб узр айтганча бошқа столга бошлади. Аммо Қалдирғоч энди орқага қайтишни истамай, эшик томон юришни давом эттирди. Официантка ҳам бўш келмай ёпишиб олди. Денгиз ҳайбатли ва улуғворлиги яққол кўринадиган бошқа столга таклиф этиб, «илтимос, йўқ деманглар, бизни хафа қилиб», деди ялингансимон ва уларни мажбуран ўтказди.
Пастроқ бўйли, кавказ миллатига мансуб, кўзлари ғамгин, лекин феъли юмшоқлиги шундоққина кўриниб турган, истараси иссиққина бу аёл столларни бирпасда товуқ, салат, боржоми суви, оқ-қора нон, мевалар, апельсин, мандарин билан тўлдириб, ясатиб, марҳамат олинглар деб нари кетди.
Қалдирғоч ҳайрон, Гулсина эса бу бошқа гап, деганча ўзини овқатга урди. Улар бироз тотинишгач, улар қаршисига ёш эркак яқинлашди. Бояги официантка аъло маркали қизил винони столга қўйиб, индамай нари кетди.
− Салом. Сизлар Ўзбекистонликми? – деб уларга мурожаат қилди йигит астагина жилмайиб.
– Ҳа, биз Тошкентданмиз − деб шартта жавоб қилди Гулсина.
− Менинг исмим Қуддус. Шу ошхона бошлиғиман. Сизнинг юртингизга ихлосим баланд. Рухсат берсангиз танишсак, − деди нимагадир янгага мурожаат қилиб.
– Ҳайронман, билмасам, йўқ майли… − деб сўзини йўқотди Қалдирғоч. Нега Гуля қолиб унга ўгиришларининг сабабини англагандек.
− Аввал исмингизни айтинг, сўнг ўтираман.
Қалдирғочга унинг дадиллиги унча ёқмай, индамай қолди.
− Менинг исмим Гулсина, дугонамники Қалдирғоч, − деб суҳбатга қўшилди Гуля.
− Ажойиб исм экан – Калдиргач. Маъноси ҳам ўзингизга ўхшаган чиройлидир? – деди Қуддус, қалин мўйловли, ҳақиқий кавказликларга хос узунроқ тик бурни, қора қош кўзли узунчоқ юзини ҳамон унга қаратганча.
«Менга нимадир бўлаяпти, нега жимман, одоб юзасидан, йўқса нимадир дейишим керак-ку», деган ўйда Қалдирғоч секингина раҳмат деб қўя қолди.
− Таржимаси Ласточка, − деб гапга яна суқилди Гулсина ва қўшиб қўйди. – Мени қисқача Гуля деб чақиришингиз мумкин.
– Хурсандман. Энди бирга ўтирсак бўлар, дунё ишлари кутиб турар, – деди йигит ва бўш бокалларга вино қуйиб чиқди.
Уларнинг танишуви шундай бошланганди.
Ўша ўтиришлариданоқ Гулсина авзойи бузилди. Йигит унга ортиқча эътибор бермади. Ўшанга у Қалдирғочни бошқа тарафларга судраб, ўзига маъқул сценарий бўйича бундан буён иш тутишга аҳд қилди.
Кечалари нуқул рақс майдонига бошлаши унча маъқул келмай, янга кинога боришни танлади. Кинотеатрда кун ора Гого Митич ўйнаган ҳиндулар тўғрисидаги фильмлар қўйилар, Қалдирғоч бу киноларнинг бирортасини ўтказмай кўрди, кўпчилик омма билан кино кўриш завқини, ҳамма қатори бир вақтда бақириқ, хўрсинишларга берилишни, аҳ, ваҳ, деган овозлар ҳамроҳлигида томоша қилиш телевизорда кўришга нисбатан юз бора ўзгача, танҳолик, ёлғиз қолишлик фақат ҳис-туйғуларга, хаёлга берилиш учун маъқул, деб ҳисобларди.
Рақс майдонига ташриф буюриб, юзлаб одамлар ҳордиқ паллаларини кузатиш, ўзи ҳам шодумонликда иштироки, дилини ёзиб, бирор бир ўйинга қўшилиши қизиқ кечар, дам олишдан чўғланиб, хурсанд вақт ўтказарди. Фақат бу жойларда ҳам юртдошларини бирпасда, қайдан, қачон келганини аниқлаш учун гоҳо исталмаган суҳбатга тортиши, рақсга тушмаслигига қўймай хиралик қилишлари ёқмасди. Гулсинага фарқи йўқ. Асосийси савлатли ёки пулдор ҳамроҳ керак. Рақс майдонида ёки кинода кимнидир топиб олгунча, дугонаси ёнида соядек юради. Қалдирғочни ҳусни бошқаларни ром қилиш, қармоққа илинтириш учун хўрак. Пашшадек ёпишишлари учун асос. Йўқ, у Қалдирғочга ҳам бир-икки марта ҳамроҳлари ёки дўстларини таништирди. Аммо уни кўндириш, бирор жойга олиб бориш қийин кечар, қўярда-қўймай ялинишлари, дўстона қилган илтимосларидан кейин, курортдан ташқаридаги кафеми, ресторангами борди. «Сиз даврамизни яшнатяпмиз, бунча назокатли бўлмасангиз, ёки гўзаллик қошида эрлар доим қул. Буюринг маликам, нимани муҳайё қилайлик», деган ишвали сўзлар, оғдиришга мойил ўхшатишларни кўп эшитди. Лекин унга бу мақтову илтижолар таъсир этмас, ярим кулганча ортиқча суҳбатларга қўшилмас, винони ҳам айтилган яхши гаплар учун ҳам ичмайсизми, деган иддаолардан кейин оҳиста ҳўплаб қўяр эди.
“Фаол дам олиш”га берилган Гулсина унга: «мен сени тушунмаяпман, дунёда хурсандчилик қолади, ўйнаб-кулсангчи. Бизлар аёллармиз, бу ердагилар Россиянинг марказий ҳудудларига вино, апельсину мандарин сота бериб, пулларини қаерга сарфлашни билишмайди, ҳамроҳлик қилиб ресторанга борсак, кафеда бирга қувнаб ўйнашни сўрашяпти, холос», деб уни ийдиришга ҳаракат қилиб кўради. Нафсиз. Қалдирғоч ўз кўнглига қараб дам олишни ёқтиради.
Бўлак кунлар ҳам шунга ўхшаш ўтар, улар эрталабдан сув ҳавзасида, пешин чоғида мизғиб олгач яна денгизга боришади. Бошқалар кечки овқатга кетишганда ҳам улар гоҳо сувдан чиқишмаган бўлади. Чунки кечки тамаддини бемалол қилиш учун, энг сўнгги навбатни, бош ошпаз сўзи билан, ходима белгилаб қўйганди.
Бир куни Гулсинасиз Қалдирғоч бир ўзи овқатланди. Иштаҳаси унча йўқ. Ошхона ҳам анча бўшаб қолган. Тарақ-туруқ этган қошиқларнинг овози унча келмасди. Ёлғизликдан хаёлида ҳар хил ўйлар айланар, ҳавонинг мусаффолиги, бироз намхушликдан киши терлар даражада иссиқлик борлиги ошхонадаги шу столига келиб ўтиришидан сезилмай қолишини ҳозир аниқлаб, хушнуд жилмайди. Ўшанда, биринчи кун киришганда, бу столдан денгиз яхши кўринаркан, шабада ҳам уриб тураркан деганда, Қуддус ходимани чақириб, булар талонларини бу столга белгиланглар деб секин топшириқ бергани, сўнгра мийиғида кулиб, бўлдими ханум, сизга маъқулми дегандек кўз қирини у томонга ташлаб қўйгани эсига тушди.

12. ОИЛАСИ БУЗИЛГАН ҚУДДУС
Беш кунча вақт ўтди. Нечук, ўшандан бери кўринмайди, яна бир ташаккур билдириш лозиммиди, деб ўйлади, бош ошпазнинг баланд бўйли гавдасини кўз олдига келтириб. Сўнг бирдан жилмайиб қўйди: Ия, у Гойко Митичга ўхшайдику, худди ўзи, спортчиларга ўхшаш қомати, яна нимасидир. Чеҳраси таниш кўринганди. Қизиқ. Кулгичи бадтар ёйилиб, юзи ёришди. Иягига бошини тираб, денгизнинг уфқ билан туташган сарҳадларигача нигоҳини буриб, худди маъво билан қўшилиб кетгандек бу ҳолатларга маҳлиё тикилди.
Хаёллари олиб қочди. У ҳозир, шу зумда дам олишга келгани, тамадди қилиб бўлгани, бошқалар қатори сув бўйига тапир-тупур югуриши кераклигини унутди. Ҳатто, ёнидан ўтаётган официанткалар, дам олувчиларни кўрмас, сезмас ва фаҳмламас, бирмунча вақт шу куйда эди, тепасида пайдо бўлган таниш официанткани: «сизни раҳбар сўраяпти, илтимос, мен билан юринг», деган сўзидан сўнг ўзига келди. Нега сўраяпти, боришим шартми, бормайман, деган ўйга ҳам борди, керак бўлса ўзи келар, шу дамда, ўрнимдан туришимни ўзи ғирт тентаклик.
У қўзғалмади ва бошини буриб, яна денгиз соҳилларига қаратди.
Шунда официантка бошқа гап айтди: Қуддус батоно бошларига оғир иш тушди. Балки, кириб ҳол-аҳвол сўрарсиз.
− Ростданми?
Қалдирғоч, бу гапдан кейин, шитоб билан ўрнидан турди-да, унга эргашди.
Беш-ўн қадам юрмасларидан зални бошдан-охиригача ошхонадан ажратиб турган тўсиқ орқасига ўтиб, шеф-повар деган ёзувли хонани эшигини тақиллатган официантка, киринг деган бўғиқ овоздан сўнг эшикни очиб, Қалдирғочни ичкарига йўллади.
Янга кирди.
Ўртача хона. Тўрда раҳбар столи. Ўнг тарафда кирган заҳоти кўринмайдиган тарафда диван кресло “г” ҳарфи шаклида, олдидаги журнал столида яхши вино, бокаллар ва шоколад қутиси.
− Нега алдадингиз! Бу нима маскарад? Бошингизга чиндан ташвиш тушган деб ўйлагандим.
− Бу синов эмас. Ишонинг! Қийин аҳволдаман. Сизни кўргим келди.
− Раҳмат. Мана кўрдингиз. Энди кетсам ҳам бўлар, − деди Қалдирғоч эшикда тик турганча.
− Ўтиринг, кетманг, илтимос.
− Йўқ, хайр!
Шундай деб Қалдирғоч ўгирилганди, ортидан: «сизни яхши кўриб қолдим. Олдингизга боришга журъат этолмай, ҳар куни хонам ойнасидан кузатаман. Умидсизлик бўлса ҳам айтдим», деди йигит. Янга индамай эшитди, бир зум қотиб турди-да, бошини мағрур тутганча бу хонани тарк этди.
Курорт ҳудудида анча айланиб юрди. Ўйга тушиб, севилиш бахтига муяссар бўлибман. Ҳиссиётдан узоқ пандавақи одамнинг эмас, ўзига қараган, нозиктабиат йигит муҳаббати. Ажабо. Мендачи, унга нисбатан бирор туйғу борми? Йўқ. Уйғонсаям уят-а?! Пок номимни шубҳага солиш билан баробар. Унинг вақтинчалик ис берадиган букетига навбатдаги гул бўлиб қўшилмоқ кимга ҳам керак…
Мактабда ўқиган йиллари у анча дуркун, кўзга яқин қиз эди. Юқори синф ўсмирлари гап ташлаб қўйишмасди. Фақат отасининг қаттиқ туришидан қиз уларга эътибор бермас, дарсдан ташқари вақтда йигитлар билан ҳангомалашиб турганини ҳеч ким кўрмаган, ўшанга, шу ҳуснига у одамови ўсди. Ўқиш, дарс биринчи ўринда, вақти уй ишлари, дарс тайёрлаш ва мактабда ўтган машғулотларига банд бўлди. Ўзига жуда эътибор бериб кийинмас, мактаб формаси асосий либоси ҳисобланар, илк ишқ туйғулари, биринчи муҳаббатга на вақти, на хоҳиши бўлган, институтда ўқишга кирса-да, тез орада эрга тегиб, ўқишини сиртқига ўтказди. Натижада ўқиш пайтида ҳам бирорта йигит билан учрашиш хаёлига ҳам келишга улгурмаганди. Турмушга чиққачгина у ҳаётга, бахт, саодат тушунчаларига қанот бериб, кўп ўйга чўкадиган бўлиб қолган, Акобирни илк туйғу, пок ҳиссиёти билан қабул қилган, оилада рафиқаликни бажариб, намунали хотин обрўсини олиб берди. Яна нима керак. Бу жойларга келганда, Қуддус унга рўпарў. Садоқатини синамоқчими? Бефойда. Унинг юраги доимгидек бир текис уради, овора бўлмасин.
Шу пайт, қулоғи остида, гўзал қиз танишайлик, ёлғиз экансиз, деган овоздан чўчиб бошини кўтарди. Унга тикилганча, йўлини тўсган давангирдек йигит, русча гапирганди. Йўқ, раҳмат, деганча янга нари кетди. Шу ҳолига давангир, уни ушлаб қолиш учун қўлини чўзмади. Танишиши учун бундай жўн таклифлар курорт шароитида оддий ҳолдек қабул қилиниб, ҳеч бир аёл хафа бўлмас, чунки дам олувчилар ичида эркаклар озлигидан, давангир таклифи саргузашт талаб аёлларга шараф саналарди.
Хонасига кириб, душ қабул қилиб кравотига чўзилди. Бу ерларда кундуз ва тун ўртасида ҳарорат икки-уч градус фарқ қилгани учун, салқинлаб олиб ётмаса, уйқу келмасди. У бир зум ўтмай пишиллаб ухларкан, анча вақт ўтганда ҳам ҳамхонаси келмаган эди.
Эртаси нонушта пайтида Гулсина, ресторандаги маишатини оғзини тўлдириб мақтаркан, кузбассли кончи экан, пули кўплигидан, официанткаларга ҳам конъяк, шоколадлар совға қилиб юборди.
− Чиндан бойвачча экан-ку? Энди кўнглинг жойига тушгандир, − деди янга энсаси қотиб.
− Пули бошидан қолсин! Харжлашни билмаган гўрсўхта. Менинг қўлимга ойига етти юз берса бўлди. Жон деб шу одамга турмушга чиқардим.
− Чиндан эрга тегмоқчимисан? Табриклайман.
− Олмос, тилла конлари бор ҳудудларда маош катта. Ўша ерлардан эр топилса нега тегмай.
− Болаларинг-чи?
− Бирга бўлишади. Нуқул далада чақа пулларга пахта териш билан умрим ўтди. Бошқа жойларга, Россияга кетмоқчиман.
− Шунақами?
Сўнгра улар тановул қилишга зўр бериб, бир зум жим қотишди. Сутли шўрвадан кейин жаркобини еб олган Гуля, эсига бир нима тушгандек, шошиб сўзлади.
− Ҳа, янги гапдан хабаринг борми?
− Йўқ, − деди Қалдирғоч унга тикилиб.
− Қуддусни хотини кетиб қолибди.
− Қайси Қуддус?
− Қайси бўларди, шу ошхона шефи. Сенга ошиқ бўлиб қолган йигит, − деди Гулсина ва уни қўлидан ушлади.
− Ақлингни йиғ, Гуля. Нималар деяпсан?
− Ана ошхонадагилар бари келиб, Қуддусни кўнгил қўйгани деб, сени томоша қилиб кетишяпти, сезмаяпсанми?
− Вой, Гуля. Бу бор гапми?
− Рост. Беҳазил.
− Энди айтасанми?
Қалдирғоч чиндан икки кундан бери унга официанткаю ходималар узоқ тикилиб қараётганини сезиб, ҳайрон бўлганди. Гап бу ёқда экан-да.
− Қизиқ бўлибди-ку! – деди Қалдирғоч бепарвогина.
− У сенга кўз тиккан, агар сен хоҳласанг, балки уйланар ҳам.
Қалдирғоч русча жавоб қилди.
− Эсинг жойидами, Гуля? Нималар деяпсан, эрли жувонга!
− Агар шу эрли жувон жуда куйдирмажон бўлсачи?
− Эй, қўй! Мени ортиқча талтайтирмагин.
− Ҳа, шамол бўлмаса, дарахтни учи қимирламайди. Балки мен йўғимда учрашиб юргандирсан?
Қалдирғоч жавоб бериш ўрнига, норози қаради: бу унинг «аҳмоқсан-да, Гуля. Мени кимлигимни билмагандек, гап тўқийсан», дегани эди.
− Сен ишонмассан, лекин бошингга урасанми ўша азиаткани, дурак, деганмиш Света, эр-хотин ўзаро гап талашганда, − деб ҳеч нима бўлмагандек Гуля гапни давом эттирди.
− Ким у Света?
− Света биринчи бор ошхонада бизни кутиб олган сариқ сочли ходима. Қуддуснинг хотини-да!
− Шунақами? Роса комедия бўлгандир.
− Мен сенга ҳозир ажрим бермайман. Ямалга – ота-онам олдига бориб келай, кейин гаплашамиз. Ҳар ким ўз аравасини тортади, фақат икки хонали уй тайёрлаб қўй. Билганимча яшайман, деганмиш, ўша сигир коллектив олдида шанғиллаб.
– Сигир дейсанми? – деб Қалдирғоч мийиғида кулиб, у ходиманинг чиндан бесўнақайроқ эканлигини эслади.
Улар ҳазил-ҳузул билан ўринларидан туриб, эшик томонга юрарканлар, Гуляни навбатдаги таниши чақириб қолдию, Қалдирғоч қайга боришини билмай анграйиб тўхтаганди, уларга хизмат қиладиган официантка тезда яқинлашиб, киши билмас қўлига букланган қоғоз тутиб, кўздан йўқолди.
Хат Қуддусдан бўлса керак, кўнглидан ўтказди янга.
Хонага боргач, пляжга шошилган Гуляга менга ҳам жой олиб қўярсан деганча, кийим танлашни чўзди.
− Сен ортиқ қуёш ваннасини олмасанг ҳам етар.
− Нега энди?
− Қорайганингни қара. Қора пантеранинг ўзи бўлдинг, қўйдинг.
− Ўшанга далага чиқишни ёқтирмасдим, офтоб тегса қора мўндидек куяман бирпасда.
− Қанақа мўнди, сендек қорайишга орзумандалар сенга мулатка деган лақаб қўйишган.
− Ҳимм.
Гуля: тезроқ борарсан, деганча кетди ҳамки, у аста қоғозни буклоғидан тўғрилади. Хат рус тилида экан.
«Калдиргач! Ўн йил аввал, энди институтни битириб, шу ошхонада иш бошлаган йилим, узоқ ердан дам олишга келган озғингина Света деган қиз билан танишганман. Бир-икки бора учрашибоқ, унга уйланадиган аҳволга тушдим. Айб ўзимда, ўткинчи ҳисларни ҳақиқийсидан ажрата олмай, тузоққа илиндим… Болаларимиз ҳам унинг бақириқлари билан катта бўлишган. Қулоқсиз ва адабсиз ўсди. Сизни учратганим, меҳмон қилганим, қулай столга кўчириб берганимдан чиққан тўполон учун хурсандман. Баҳонада машмашага айланган турмушдан қутиламан. Уйдагилар ҳам доим шуни таъкидларди. Муҳаббат билан боғланган орзулар ҳали шу бўлса, деб гоҳида баридан кечиб, бошим оққан томонларга кетгим келарди. Умрим мазмунини йўқотди, эрксизлик қурсин деб хасталанган кексага айланиб қолгандим. Аммо шу пайт сизни учратдиму, ҳаётга қайтгандек бўлдим. Сизни ўн кундан бери танийман, холос. Лекин бир умр билгандекман. Балки бу ҳақиқий муҳаббатдир…
Ён-атрофга қўзғалган гап-сўзлар қаддингизни букмасин. Сизни доимо шунақа ориятли ва ғурурли кўриш ниятим.
Умуман қанақалигингизни таърифлашга ожизман, аммо имоним комилки, дунёдаги энг гўзал аёл сиз бўлсангиз керак.
Ғойибона севувчи Қуддус. Сана».
Қалдирғоч бирор зум тек қотди. Ўзига берилган таърифдан тўлқинланиб, кўзига ёш келди. Симиллаб оқаётган томчиларни кўрсаткич бармоғи билан сириб, миқ этмай ўтирар. У ҳозир йигит ёнида бўлса, унга ачиниб йиғлаб олишга ҳам тайёрлигини ҳис қилди. Ўғли Равшан эрига унча ўхшамайди, дарров қаердан туғиб олди, деган шивир-шивирлари қулоғига етиб келгани сайин, аввалига кўнгли чўкиб, сўнг эрига нисбатан номуносиблик ҳисси уни нотавонликда айблаб, ўзини ундан устун кўра бошлади. Эр ўрнида ҳатто кўргиси келмаган онлар ичида хуруж қилиб, эркинлик ва такаббурликка юз тутган дамларда ўз бағирларига олган Саригул опа даврасидагилар, яна бу Гулсина, уни эрдан мустақил фикрлаш зарурлигини, унга ортиқча тобелик аёл ҳуснини ҳам, қалбини ҳам парокандаликка солади. Сен бу сен. Ўзингни мавқеинг ва обрўингни, аёллик гўзаллигини тақдим этган тақдирга шукроналик ва умид билан яша. Салоҳияти ва инжиқликларини ўтказа оладиган ҳусну таровати кўпчиликни адо қиладиган қизлигини, сўнг жувонлигини сезмасмиди? Сезганда қандоқ, айниқса бу хислатлари фарзанд кўргач янада кенгроқ намоён бўлганди.
У ноз-карашма, бироз таннозликни ўзига қурол қилиб олганида, ҳали Гуляни танимасди. Шундоқ экан, унга ўргатишларига ҳожат бор эканми? Ҳечамда. У керак бўлса, бундай майда ҳисларга бирпасда қул бўладиган дугоналарга насиҳат қилишга, бу йўлдан қайтаришга қодир.
Ҳаётда шошиб яшаш керак эмас. Имконият туғилди деб, бирортасини бошини айлантириб завқ олиш фалсафасидан узоқ, ҳатто бу ҳақда Гуляни ҳам тартибга чақириб, кўзингга қараб юр. Мени уялтириб қўйма, деб уқтириб келади.
Чунки у эрига содиқ, лекин қаерга бормасин, албатта битта хуштор, ошиқ топилади. Унга гап солмоқчи бўлишади, мақтаб, ҳусни-камолини алқаб, яқинроқ танишмоқ илинжида қадамини пойлашади. Акобир эрининг ёз палласида иши қайнаган, ҳатто ўн кунга ҳам у билан бирга дам олишга кела олмаслиги, Қалдирғочнинг ёлғизликда зерика бошлаши, ҳамроҳ излаши, битта-яримта дўст орттиришга ҳаваси ўз-ўзидан йилдан-йилга ошар, танҳоликда вақт ўтказишнинг энг яхши йўли сабр, энди унга измини ортиқча ўтказа олмай, ҳокимлик қила олиши анча сусайган, шунинг учун у ўзининг ғариб ва нотавон ҳолатидан зерика бошлаганди.
Озгина вақт ўтмай, хонага бошини суққан тозаловчи ходима, уни қўлида хат, кўзида ёши билан кўриб, кейин келарман деб калласини ташқарига олди.

13. ЮРТДОШИ ТАҲДИД ҚИЛДИ
Қуддус ўта мағрур экан, мана шу кунлар ичида бошқа ўзини кўрсатмади. Путевка муддати тугашига эса икки-уч кун қолганди. Гуля бир кун олдин кетганича дараги йўқ. Ўзи шунақа, охирги пайтларда бир ўзини қолдириб, шаҳарма-шаҳар дайдиб, икки-уч кунлаб келмайди. Янги таниш топиб олган, ёши каттаю, лекин ўта ҳаракатчан. Сайр-саёҳат жону дили. Пицундага кетишгандир. «Камида уч кун бўлмайман, Қуддусингни чақиришинг мумкин. Қўрқма эрингга айтмайман», деб ҳазиллашди Гуля керакли нарсаларини йиғиштира туриб.
− Этиб кўр-чи, нима қиламан, − деб жавобан илжайди Қалдирғоч.
− Чиндан йўқлат. Тортинсанг анаву официантка орқали айтдир, югуриб келар, кечангга ҳузур бахш этади, − деб кулди.
− Балки шундоқ қиларман. Сен шилқиллаб қолгунча ўйнаганингда, мен четда қолайми?
− Булар бари қуруқ гап. Ишққа борини тикиш жасорат. Қўлингдан келмайди, − деб қизиқтирганча Гуля кетди.
− Жасорат дегин…
Қалдирғоч ўйга чўмди.
Бу кун вақт секин ўтди. Қалдирғочга балки шундай туюлгандир. Денгиз соҳилида чўзилиб кун ўтказишга бугун ийманди. Шундоқ ҳам шиколаддек қорайишига ишора қилиб, гапга солганлар охирги кунлар чиндан кўпайиб, йигитлар қолиб аёлларга ҳам қизиқ, қайси кремдан фойдаландингиз? Ёки офтобда қорайиш ҳадисини аввалдан биласизми? Ёки кўксингизни қандай тобладингиз? Яланғочми ёки дока ёпибми, деган саволлардан чарчаб, хонада қолди. Бошига сочиқ ўраб, балконда тушадиган офтобда қуёш тегмаган жойларига нур ваннаси қабул қилиб, бир узала, бир чалқанчасига чўзилди. Бу усулларни унга Гуля ўргатди. Худонинг балоси. Билмаган нарсаси йўқ. Ҳар ҳолда у билан келганига пушаймонмас. Ҳаёти қизиқарли, ўтга тушса ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган аёллардан экан. Одамни зерикишга қўймайди.
Туш вақти ва кечки овқатда ҳам бир ўзи тамадди қилганидаёқ дугонаси йўқлиги билинди. Аслида, ҳар бир столга тўрттадан мижоз ўтказилади. Лекин ўнтача икки одамга мўлжалланган шундай сал торроқ столлар бор. Унда сийланган кимсалар тамадди қилишади. Биринчи келган кунлариданоқ бу иззат Қалдирғочларга ҳам насиб қилди. Официантка, териб кетган овқатлардан фақат биттасини танлаб, хаёл билан узоқ чўқилади. Олма, тоғ олчаси аралаш компотни секин симириб, атрофга кўз ташлаб, денгиз соҳилида юзлаб дам олувчиларнинг ўзини офтобга солиб, тобланаётганларини, бошини бутунлай шу томон ўгириб олганича, мамнун кузатаркан, пляжда эртаю кеч доимо одам бўлади, ҳаёт бир дақиқага ҳам бу жойда тўхтаб қолмайди, деган фикр нашъа қилди…
Янга ўз ўйлари билан бироз айланай деса, курортда ёлғиз юриш жуфтликлар қолиб, бошқаларни ҳам ҳайратга солади. Яна хонага тиқилиб олишдан бошқа иложи йўқ, йўқса, гап отиб танишаман дейдиганлардан қутилмайди. Ўйлаганидек бўлиб, озгина юрмасидан, водий тарафдан келган дам олувчи рўпарў келиб қолди. Бундай бўрилар туридаги жазманталаблар ўзимиздан борган аёлларга аввал қармоқ ташлайдилар.
− Сиз пойтахтдан экансизми?
− Тошкент вилоятиданман.
− Барибир Тошкентга яқин-да.
− Ҳимм…
− Мен Анжанлик. Исмим Мавлон. Хон деб қўшиб айтсангиз ҳам хафа бўлмайман. Чунки аждодларимиз Қўқон хонлигида катта лавозимларда хизмат қилишган. Бир ўзингиз, зерикмаяпсизми?
− Кейин гаплашайлик. Мен чарчадим, хонамга чиқмоқчи эдим.
− Жича айланайлик. Бу она тилимизни ҳам унутиб юборгандирсиз. Мен эса йил ўн икки ой шу ердаман.
− Ҳимм…
− Ресторанда зал мудириман, − деб керилди йигит.
Мижозлар путевка ҳисобидан текин овқатланадиган ошхонадан ташқари, дам олиш уйи ҳудуди чегарасида, тоққа кўтарилиш жойида ресторан ва сувга яқин ерда кафе жойлашган. Мавлон ресторан томонга ишора қилди.
Қалдирғоч ҳамма тарафи тош билан ишланган, ҳатто деразалар ўрнига кичикроқ дарчалар қўйилган, ҳайбатли, лекин унча ҳам каттамас, кўриниши сирли бу бинога қараб: «қаранг-а, ҳеч ўйламагандим. Айтмасангиз, ресторанлигига ишонмасдим», деди.
− Нима, ресторанга ўхшамайдими?
− Йўқ! Кўпроқ қадимдан қолган қалъага қиёс.
− Чиндан қалъа бўлган – ўн еттинчи аср ёдгорлиги. Истасангиз юринг! Яқиндан томоша қиласиз!
− Бошқа сафар. Оёқларим толиган.
− Кўп юрилмайди. Йўқ деманг, Қалдирғочхон!
− Исмимни қайдан билдингиз, − деб беихтиёр эргашаркан сўради янга.
− Нега билмай? Қачон келгансиз, ҳамхонангиз ким? Гулямиди?
− Ҳа.
− У қаерда?
− Шаҳарга кетган.
− Эртага, биз ҳам бир ён-атрофни айланиб келайлик. Зерикаётгандирсиз. Каттагина ҳайвонот боғи бор.
− Билмасам, − деб янга тўхтаб қолди. Айланиб келишга ҳам рози эдию, синалмаган одам. Яна кўп гапириб, жағи тинмас экан, деб ўйлади.
− Хўш, келишдикми? Эртага нонуштадан кейин Сизни топаман. Иккинчи блок ўттизинчи хонадасиз, тўғрими?
− Ия, буни ҳам биласизми? Ҳечам номеримга кела кўрманг!
− Яхши. У ҳолда юринг, нарироққача бориб айланамиз.
− Чиндан чарчаганман. Узр.
− Ноз қилаверманг!
Қалдирғоч бу сўздан хафа бўлиб, жаҳл билан узоқлашаётган эди, қўлидан ҳамюрти тортиб тўхтатди.
− Сизга кўп нарса тикканман. Йўқ дейишингиз менга ўтмайди, билиб қўйинг.
Унинг овози таҳдидли чиқди.
Қалдирғоч умрида биринчи бор қўрқиб кетди ва индамай қолди. Аҳволини сезибми, Мавлон дўқини оширди: «ҳозироқ олдимга туш, йўқса…»
Янга дир-дир титрашга ўтди. Шу пайт ортдан рус тилида бўғиқроқ овоз келди.
− Аёлни қўлини қўйиб юбор!
У Қуддус эди. Янга енгил тортди.
− Сен кимсан?
− Ўзинг-чи?
− Ханман. Балки эшитгандирсан.
− Менга фарқсиз. Бизларни тинч қўй.
− У менинг аёлим!
Қалдирғочни дадиллиги тутиб гапга аралашди.
− Бўлмаган гап! Мен уни танимайман.
− Тушунарлими сенга? Энди бирор зарар етказмасимдан жўнаб қол!
Шундай деб, Қуддус Мавлонни сал туртганди, у учиб тушди. Ўрнидан туриб, кетини қоққанча: «Ҳали қўлимга тушарсан», деб кўздан йўқолди.
Қуддус янгани ўзи томон буриб, секин сўради:
− Ҳаммаси жойидами?
− Билмасам. Яхши шекилли.
− У нима деди? Нега ҳаяжондасиз?
− Билмасам. Унинг бор гап-сўзи, қилиқлари менга тамом ёқмади.
− Ҳимм.
− Умуман эркаклар ёнимда бўлса, руҳим чирқирайди. Улардан кўра ёлғизлик маъқул менга.
− Тушунарли. У ҳолда кетиш пайтим бўлибди. Менга ҳам жавоб…
− Йўқ, шошманг. Сал ўзимга келиб олай. Жуда қўрқиб кетдим.
− Сизни мардонавор аёл деб ўйлардим.
− Йўғ-эй! Қанақа мардлик? Ҳамма қатори оддий ожизаман. Ҳатто, қаттиқроқ сўз айтишга қодир эмасман.
− Юмшоқ феъллигингиз яхши-ку!
− Бу феълим менга кўп панд берган. Ҳозир келиб қолмасангиз, мен у нусхага арвоҳдек эргашиб кетардим. У ёғи нима бўларди? Ёлғиз Оллоҳга аён.
− У ҳайвонлар тўғрисида гапирдими?
− Ҳайвонлар. Йўқ. Гапирмади, шекилли.
− Кечирасиз, мен яқинингизда эдим.
− Мени пойлаб юрганмидингиз?
− Ҳа, изингиздан қолмадим.
− Нимага?
− Сабабини айтгандим-ку!
− Ҳимм.
У овозини пастлаб, хўрсиниш билан: «сизни яхши кўриб қолганман, дегандиму, бу чин, ҳақиқат», – деди.
− Қачондан бери?
– Қачондан бери дейсизми? Биринчи куниёқ. Сизга кўзим тушган заҳоти.
− Мен бошқа нарсани сўраяпман. Қачондан бери пойлайсиз?
− Туш вақтидан бошлаб.
− У ҳолда кинотеатрга ҳам борганмидингиз!
− Ҳа.
− Сезмабман.
− Икки қатор тепада эдим. Вақтли чиқиб кетдингиз. Фильм ёқмадими?
− Ёққанди. Аммо кўрган фильмим экан, – деди янга ёлғонлаб. Аслида, олдимда қучоқлашиб ўтирганлар ғашимни келтирди, дейишга тили бормади.
− Сиз Хандан нарироқ юринг, – жиддий гап айтди Қуддус кўзларини четга қаратиб.
− Нимага энди? У қизиқ суҳбатдош, ҳамроҳга ўхшайди. Бу ерларни яхши биларкан. Қадимий ёдгорликлар билан таништирмоқчи. Ҳайвонот боғига, Сочига таклиф қилди,− деди Қалдирғоч, Қуддуснинг огоҳлантиришига қўшилса-да, ундаги ҳадикни тагига етиш учун талмовсираб гапирди.
− Кейин биласиз? Майлими?
− Ҳимм.
− Шаҳар бўйлаб саёҳатга эса мен олиб борсам бўладими?
− Билмасам.
− Ўзим бор ерни кўрсатаман. Фақат унга яқинлашманг. Илтимос. У хавфли ва ёмон одам.
− Ҳимм.
− Нонуштадан кейин ташқарида кутаман. Кўк жигулида. Маъқулми?
− Маъқул, − деганча: «жиддий бўлиб қолдими? Ё асабийлашяптими, қизиқ?» – деб ўйлади янга.
Йигит гап қистирди:
− Истасангиз ҳамхонангизни ҳам олволинг.
− Гулями? Икки кундан бери йўқ. Эртага кечки пайт келади.
− Шунақами? Сочига кетгандир-да.
− Пицундага.
− Бўлмаса биз ҳам атрофни ҳозироқ айланиб келсакчи? Зерикиб кетгандирсиз.
− Зерикдим. Аммо номердан чиқишим маҳол. Ҳар куни шу пайтларда уйдан қўнғироқ қилишади… Ўзингиз биласиз… Хавотир олишади…
− Хавотир олишгани яхши. Еру кўкка ишонишмаса керакдир-да!
− Ҳа, шунақароқ.
− Бўлмаса хонангизга кузатиб қўяй.
Сумкачасидан хона калитини олиш пайтидаёқ, ёнидаги кузатувчиси нигоҳига чидамай, безовталиги бошланиб, қўли нима излаётганини билмасди. Ниҳоят калитни олиб, эшикни ланг очиб, ўзини ичкарига урди ва йўлакдан емакхонага кириб, музлаткичдан боржоми сувидан икки стаканга қуйди-да, бирини симиллатиб ичаркан, иккинчисини Қуддусга тутди. У чанқаганидан ҳамма нарсани унутиб, ташқарида, балконда сув сипқоришни давом эттирди. Чанқови босилгач танаси яйраб, бояги ҳадикми, ҳаяжонми уни тарк этганидан Қуддусга миннатдор кўзларини бемалол қаратди.
− Раҳмат. Хайр.
Жавоб ўрнига йигит эркалик қилди:
− Кофе билан сийламайсизми?
Янга бироз ўйлаб қолди-да, сўнг, киринг, деди.
Йигит: Қалдирғоч рози бўлмаса керак деб ўйлаганди, таклифни эшитгач, астойдил хурсанд бўлди.
Кофе дамланди. Ичилди. Бир-бирига ора-чора кўз қирини ташлаб қўйишни этмаса, на униси, на буниси бирор сўз айтмади. Қалдирғоч ҳадикми, ҳаяжон босибми унга қараб қўйса, Қуддус кўзини узгиси келмаганидан тез-тез қараб тўймас, кейинги воқеаларга тўн бичмаса-да бу аёл билан дўстлигим, яқинлигим, худо ҳохласа, бир умрга деган гап кўнглидан ўтди. Аёлнинг камгапи андишалилигидан дарак, бундайлар сулув бўлади, деганлари рост экан, деб фикрларди Қуддус. Ичимдагини топ дейдиганлардан экан, деб ўйларди янга.
Сокинликда танага хотиржамлик ва руҳий тинчланиш кирди. Қани энди бир душ қабул қилиб, чўзилсам, фақат у қачон кетаркин! Диванга бемалол жойлашиб олди. Таклиф этмасам бўларкан, кет дейишни билмасам, деб ўйланиб ҳомуза тортди. Ва бу ҳолимни кўришмадими деб кўзини кўтарганди, унга тикилиб турган қарашларга дуч бўлди. Уни фикрини уққандек, мен йўлакда чекиб оламан, чарчагандирсиз. Сув муолажалари иссиқ кунда зарур. Мендан тортинманг? – деб Қуддус ташқарига чиқди.
Қалдирғоч ҳайрон, хаёлга ботди. Қандай қилиб фикримни уқиб олди экан.
У узоқ чўмилди. Атир совун, шампун аялмади. Иссиқда одам салга терлаб, сув бўлиб оқади. Аввал илиқ сув, кейин охирида совуғи. Бадани дириллаб, кўнгли кўтарилди. Катта сочиққа ўралиб ўзини ойнага солди. Туғса-да, кўкраги ёйилмади, бели йўғонлашмади, хипча. Туф, туф деб қўйди. Ёнбошлари, авваллари ўзига сал туртиб чиққандек кўринарди, йўқ, ҳозир озиб, текисланди. Тоши олтмиш уч кило. Бўйидан нақ бир юз бешча фарқ бор. Ўшанга, биринчи бор уни устки кийимсиз кўрган Гуля, таҳсинини барала ифодалаб, «у тебя идеальная фигура», деб қичқирганди. Билиб гапиради. Курортда бекорга унга гап отиб қўйишмаяпти. Бояги безори картада конга уни қўйганман дедими! Кўзи тўла қон. Яхши Қуддус пайдо бўлиб қутқарди. Ҳозир ташқаридамикин?
Секин йўлакка чиқиб аланглади. Бошқа юртли бўлса ҳам, истиҳолали, баъзи ўзимизнинг фаросатсизлар ташқарига чиқиб туришга ҳам ақли етмаган бўларди.
Емакхонада тўхтади. Либоси ораста, гулли ўзбекча узун кўйлак. Сочларини тепага йиғиб, сочилиб кетмаслиги учун енгил шарф билан бойлаган. Оёғида пошнаси бор хона пойафзали.
Шу пайт эшик ғийқиллаб Қуддус кирди.
− Чой ичасизми? – деди янга мағрур қаддини унга буриб.
Йигит нега қайта киргани, келиб ўтирганини ҳам англамас, кўзини тикиб ундан узолмасди.
− Балки лимонад хоҳларсиз?
Нигоҳлари машҳур асар қошида шамдек қотган музей ташрифчисига хос ҳолатдаги Қуддус ўзига келиб, бошқача гап айтди.
− Хоҳишимни билмоқчимисиз?
– Албатта!
– Ундай бўлса, хоҳиш эмас, сизга бошқа гапим бор.
Шундай деб, Қуддус, негадир жиддий қиёфали тус берди.
– Гапим бор дейсизми? Қанақа? Яхши гапми?
Ҳозир нимадир бўлади деб ўйлаб, янга илмоқли савол берганди.
– Гап шундаки, бу илтимосим. Агар истасангиз.. − деб, талмовсиради у.
– Эшитаман?
Қалдирғоч унга тик боқди: нима хоҳлаяпти бу қарчиғай, деган ўйда унинг кўзларидан маъно қидирди. Аввалига дадил кўринган Қуддус, кейин ўйлаб қолди.
– Гапим йўқ экан. Яхшиси, менга рухсат.
У шундай деб эшикка томон юрди.
Одамни қизиқтириб қўйиб кетиш экан-да, дейиш Қалдирғочга эриш туюлди, аммо оғиз очмай уни кузатди. Йигит андиша қилдими, унга қарамай эшикдан чиқди ва ўшандагина ортига барибир бир ўгирилиб қўйди. Унинг кўзлари ғамгин, лекин қандайдир умидворликка маҳтал эди. Қалдирғоч индамай, бошини секин силкиб, уни кузатди ва эшик илгагини туширди.
Бирпас ўтиб у ёстиққа бош қўйдию дарров уйқуга кетди. Кейин тушлар оғушига ғарқ бўлди…
Кимдир ширин издиҳомлар айтиб, нозик қўллардан тутиб кўзларига сурта бошлади. Бу ҳусну латофат олдида у тамоман маҳв этилгани юзида намоён, жунун аҳволига келганлиги, фикрини чалғитмаса, ўзини телбадек тутиши ҳам мумкинлигини янга сезди. У ўзининг маликага ёки хонзодага хос виқори, ғуруридан бироз кечмаса, бечора ошиғи абгор. Бироқ, иқрорини яна бир марта эшитмаса бўлмас, балки кароматлари алдовдир. Ҳиссиётлари жунбишга келмади, демакки, бу кимса унга лозимлигини англамади. Хаёлини бошқа фикрлар билан банд қилсачи, бунинг учун суҳбатга чорлайди.
– Мени нимага таъқиб қиляпсиз?
– Севги ўти, алангасидаман, − деди у сўзлашиши, ҳисларини баён этиши мумкинлигидан хурсанд.
– Бу туйғулар эртаси йўқку?
– Оқибатни ўйлаган одам ҳақиқий бахт не эканлигини билмай ўтади.
– Балки шундайдир, − деди Қалдирғоч ва қучоғини ёзганча, кўкда учишга бошлади. Қўлларида узун куйлак енглари ҳалпираб, фаришталар қиёфасида эмиш. Ортидан каттагина қуш қанотларини очиб, худди семурғдек учиб келаётганмиш. Бир вақт у қуш яқинлашибдию, тумшуғи бурунга айланиб, сўнг кўз-қошлар ҳам пайдо бўлибди, у Қуддусни акслантириб, рўёланармиш. Шунда унинг эсноғи тутиб, ортига қараб, энди ухлашим керак. Сиз кетасизми? дебди.
– Ҳа. Албатта, – деганча йигит пастга шўнғиб йўқолибди…
Бир вақт эшик тақиллади. Қалдирғоч аввал сезмади. Бу тушимни давоми бўлса керак, Қуддус шу ерда-ку, нимага тақиллатяпти деб ўйлаб жойидан қимирламасди. Туш билан ўнгни ажратиб олиш қийин алфозда кечарди. Яна тақиллаш товуши келиб, у қулоғига қуйилди. Ўрнидан турди. Энди бошқа фикр: Гуля қайтган бўлса керак, деган хаёлда, эшикка яқинлаб уни очганини билади, Мавлон лип этиб кириб олди
– Энди додингни Худога айт! Қоракўз! Қўлга тушдингми? – шундай деб Қалдирғочни ичкари уйга судради.
Уйқусираб турган янга ортиқча қаршилик кўрсатишга тоқати йўқ, ҳолсиз эди…
Қалдирғочни анча вақт уйқуси келмади. Бир телба ошиқ руҳи уни қўймас, кўзини юмишини билади, ишқ оловида жизғинаклигини дастак қилиб, мунгли чеҳраси билан кўз соққасининг ичидан чиқиб келади. Устидан босиб, хуруж қилишга шайдай кўринади.
Тун иссиқ. Ҳаво дим. Хавотирда бўғзигача ёпган, енгли ич кийим танлаганди, қизиб кетганидан хуноб у ён-бу ёнга ағдарилса, бир нима дўп этиб тушди. Китоб: Азизим, Мопассанники. Курортларда ўқиладиган асар. У анча қисмини ўқиб қўйди. Мопассан Гуляни яхши кўрган муаллифи. Унга унча маъқул келмади. Романтикадан узоқ аёллар… Дунёлари, ўйлари, хаёллари тушуниксиз…
Бунча дим бўлмаса, энди бўғилиб етаманми деб, Гуля билан яқинда шу ердаги дўкондан сотиб олган либосчани кийиш учун ўрнидан турди. Эгнидагисини ечиб, қоронғуда тимирскилаб гардеробни очолмай, шақ этиб чироқни ёқдию, қотиб қолди. Эшик остонасида пайдо бўлган қўриқчисига кўзи тушдиям, у ўзини ортга олди. У кетмаган экан…
Янги ички либоси оч бинафша тусда, ўзига ярашганди. Гардероб ойнасида бир-икки айланиб кўрди, тор келмай, сиққан жойи йўқ деб, кўнгли хотиржам чироқни ўчирди.
Барибир уйқу қочди. Хаёли бояги ҳолатга олиб бориб тақади. Қуддус бу ерда нима қилиб юрибти. Ҳа, анаву аблаҳни устига келиб қолди. Уни тепиб ҳайдади.
– Барибир бу хонимча картага тикилган. Бу ишни бажармасам ё жоним, ё бор молим кетади, Қуддус. Сен кўчада юрган йигитсан. Бир сочи узун устида шунча можаро. Билмасанг билиб ол. Бу хўрак Муртозни дилига ўтириб қопти. Бутунлигича ютаман, кўксимга ўт тушди деган. Яхшиликча бўлмаса, ёмонлик билан ҳам ниятига етади. Бугунми, эртагами фарқи нима. Қўли узун. Сени ҳурматинг бор. Яхшиликча ҳал қил, тушунтир дейишди. Бу аёл ким сенга, ҳеч ким? Уни бизга бер, Қуддус. Бир умр ҳамнишин бўлиб қоламиз. Ҳеч ким сўзимни қайтармаган, Қуддусга айт, деди Муртазо. Яна, ўзинг биласан. Йўқ дема? − деб зорланди Хан.
– Муртозга айт! Уни ҳеч кимга бермайман. У меники.
– Ўзинг етказ! Шу пайтгача нега айтмадинг, бўлмаса. Кеча картага тушган. Ўйин қоидаси эса ҳаммага баробар.
– Унга маъшуқа керакми? Курортда кам эканми?
Шундай деб, Қуддус эшикни ёпди-да, Ханни пастга бўйнидан ушлаб судради. Хонага ҳам, йўлакка ҳам тинчлик чўкди.
Уйқуси бузилган Қалдирғоч яна мудрашга бошлади. У кўча эшикни ёпмаган, шекилли. Қуддус кириб олибди. Унга паноҳ бўлиш учун бўлса керак! Ёнимдалигидан хотиржам эканман-да, боя боримга кўзи тушди, энди нима бўлади? Нима деб ўйладийкин, деган ўйлар бошида ғужғон урар, негадир йигитни ишқ изтиробларига солиб, ўт билан ўйнашгинг келяптими, деган савол миясида кезар, бу сенга нимага керак, ёки кўнглинг қайтадан муҳаббат қийноқлари, азоблари ва асал дамларига зорми деган, шунга яқин хаёллар гирдобида, бетоқат у ёқ-бу ёққа ағанаб тунни ўтказди.
Эртаси шаҳарга Қуддус билан якка ўзи боришдан бош тортди. Гуля ҳам бўлса бошқа гап эди. У бетайин ўзини ўйлагани ўйлаган, дугона ҳам шунақа бўларканми, деб биринчи бор ундан аччиқланди ва жаҳл билан вақтлидан вақтли «лежак»ни бандлаш учун пляжга югурди. Сочиқ, баъзи кийимлар, китоб солинган халтачасини бўш жойлардан бирига қўяркан, ёнидагисини эгаллаган ёшгина жувон бемалол нонуштага бораверинг, мен нарсаларингизга қараб тураман, деди.
– Йўғ-эй, яхшиси сиз ҳам юринг. Кийимларга ҳеч ким тегмайди ва лежакка ҳам эга чиқишмайди. Бугун ўн бешинчи кун шу ердаман, ҳали бирор бунақа воқеани эшитмадим.
Баҳонада танишишди: Лена, Мурманскдан экан. Ошхонада Гуляни ўрнида бирга тамадди қилди. Сочидан қошигача сариқ, кўзи кўк, узун бўйли, табиатан камгап қиз, Қалдирғочга дарров ёқиб қолди.
Сузишга келганда у анча моҳир, денгиз қирғоғидаги поселкада туғилгани, балиқчи оиласида катта бўлгани, кун ора денгизда тирикчилик қилган отасининг кетида ўсгани, ҳозир портда ишлашини тасдиқлагандек, соатлаб сувдан чиқмаслиги мумкин экан.
Шундай дамларда, бошига қамишдан ясалган кенг панама кийиб олган Қалдирғоч қўлига Жек Лондоннинг ҳикоялар тўпламини олиб, келган жойидан давом эттирарди.
Туш вақти бўлди ҳисоб, у ўрнидан жилмай, Ленани кутар, у билан бирга тамаддига борарман деб, атрофга аланглаб қўяркан, кимдир лежагига чўкди.
– Салом, Қоракўз, – у Мавлон эди.
– Салом, − деб беихтиёр жавоб қилди Қалдирғоч.
– Қўриқчинг кўринмайди.Сени ташлаб кетдими?
– Мени ўз ҳолимга қўйинг! Уялмайсизми?
– Йўқ! Уятдан кейин туғилганман.
– Вой, жоним-эй, қийналиб кетдим.
– Нолима. Ҳали қўлимни учини текизмаган бўлсам.
Лена яқин келиб, Қалдирғочнинг қўлини қайириб турган Ханни кўрди-ю: «Калдиргач я здесь. Помощь нужна», деб сўради.
– Ой Лена, − деб, халоскорини кўргандек кўзлари чақнаб кетди Қалдирғочнинг.
Шунда Хан бўш келмай, сен кетавер, бу элатдошим билан ўзимизнинг гапларимиз бор, деб Ленани ҳайдади.
Лена Қалдирғочга юзланди: Калдиргач, кто он такой. Не муж.
– Да нет. Посторонный, второй день преследует меня.
– Что, преследует?! Какое имеете право? Да кто вы такой! − деб у Ханга қаттиқ бақириб гапирганди, у бироз нафаси ўчгандек турдию сўнг, сени ишинг бўлмасин, у менга берган ваъдасини бажарсин, кейин катта кўча, деб Қалдирғочни тортқилаб, ўзи билан судрашга бошлади.
Кўплар уларни томоша қилса-да, аралашишни ўзларига эп кўрмас, Қалдирғоч ҳам андишада, бақириб, чақириб, йиғлаб, додлаб ёрдамга чақиришни билмасди, унинг кетидан бир-икки қадам ташладию, сўнг янги таниши эсига тушдими, «Лена, я нечего не должна. Он врет», деганини билади. У учиб келдию, оёқларини қайчи ҳаракатига мослаб, бир сакрадию, Ханни икки марта яхшилаб тепганди, турган ерида гуп этиб йиқилди.
Атрофдагиларнинг баъзи бирлари қойил деди ҳам, у дугонасини қўлидан ушлаб, зина томон юришганди, икки навбатчи боғичлилар уларни тўхтатиб, воқеани билиб, арзларинг бўлса-бўлмаса биз билан милиция пунктига юринглар дейишганди, Лена жиддий тортиб, ўзини таништириб, қизил қобиғли ҳужжатини кўрсатди. Шундан кейин навбатчилар ўзлари кечирим сўрашиб, Ханни милиция идорасига етказишни бўйниларига олиб, қайта Мансуровани ҳеч ким безовта қилмаслигига кафолат берганча милиция капитани Галкинадан яна бир бор узр сўрашди. Менинг унда ишим бор. Қўйиб юборманглар, сизларга эса ҳамкасбларим ёрдам беришади, деб имлаганди, боя тўрт лежак нарида куймаланиб юрган, Қалдирғоч тарафга тез-тез нигоҳ ташлаб қўяётган икки йигит қўшилди.
− Калдиргач, юринг, улар ўзлари энди эплашади, сизга эса бир-икки саволим бор. Лекин аввал бирор нарса танаввул қилиш лозим, − деб Галкина уни тушликка судради. Тезгина тамадди қилиб олган капитан, Қалдирғочни шоширмади, лекин типирчилаб ўтиришидан хавотирга тушган янга, қайси тарзда овқат егани эсида йўқ, – мен тайёрман. Менга саволларингизни беришингиз мумкин, – деб дадиллашди ўн беш дақиқа ҳам ўтмай.
− Йўқ, сиз шошманг. Танаввул қилиб олинг, компот ичинг, − деб йўлига манзират қилган Галкина, унинг жиддий ҳолатига разм солганча, юринг бўлмаса бирор хилватга, деб ўрнидан турди.
Уларга дам олиш уйининг маъмурияти бир хонани бўшатиб берди.
− Курортда аёллар шаънига тажовуз қилувчи безорилар гуруҳи пайдо бўлгани ҳақида бизга сигнал етиб келганига анча бўлди. Бироқ жабр кўрган қизлар ҳеч қайсиси даъво қилмай, гувоҳлик бермай қўлимиз калталик қилаётган эди.
Галкина ёлғиз қолишгач, шу сўзлар билан суҳбатни бошлади.
– Ҳатто сиз ҳам милицияга мурожаат қилмагансиз.
– Шундоқ.
– Натижада ўртага тушган, йўлакда ўтириб, сизга қўриқчилик қилган Чачембани саҳарлаб меҳмонхонадан чиққанда, калтаклаб кетишибди.
– Нима? Калтаклашибди? Ким, қачон?
Галкина, Қалдирғочни қаттиқ ҳаяжонга тушганига эътибор бериб, бир зум индамай турди-да, сўнг сўроқ қилишга тушди.
– У сизнинг хонангиздан чиққан эдими?
– Шундай бўлса керак!
– Қалдирғоч, илтимос. Бу иш учун муҳим. Аниқроқ сўзланг.
– У йўлакда тунади, лекин мендан хабар олиб турди.
– Тун бўйими?
Қалдирғоч юзини сириб, йиғламоқдан бери гапирди.
– Кинодан кейин, то саҳарги паллагача.
– Чачембани жароҳати хавфли дейишяпти. Хан билан муносабатингиз ҳақида нима айтиб бера оласиз.
– Қанақа муносабат? Кинодан сўнг аллеяда ҳей йўқ, бе йўқ менга ёпишиб, суҳбатга тортди. Уни аввал танимасдим. Биринчи кўришим. Бор гап шу.
– У сизга сўзини ўтказмоқчи бўлдими?
– Ҳа. Қайсидир ресторанга ҳозироқ бирга борасан, деб мени суд ради. Бу можаро устига келиб қолган Қуддус кўмак бермаса… Ханни уриб ҳайдамаса....
– Хан индамай кетдими?
– Йўқ. У ҳали мендан кўрасан, деб ҳақоратлаб кўздан йўқолди.
– Чачембани калтаклаш учун бунинг ўзи етарлимас. Бошқа гап бўлмадими?
– Балки бўлгандир, лекин менинг билганим шу.
– Шундай денг. Жуда кўзга яқин экансиз, Қалдирғоч. Бу ҳуснни сизга онангиз ато этганми ёки отангиз.
Ўртадаги вазиятни юмшатиш, янганинг қулфи дилини очиш, бироз оғир хаёллардан чалғитиш учун Галкина психологик усулларни қўллашга киришди.
– Онамдан бўлса керак, – деди янга бепарво. Ва шу ондаёқ қарши савол берди:
– Қуддусни кўрсам бўладими? Олдига киргазишадими?
– Чачемба олдигами? Билмасам… Ҳа, ким бўлади у сизга?
– Дўстим.
– Дўстлик ва муҳаббат ораси бир қадам дейишади. Калдиргач, мендан хафамасмисиз? Киши билмас дугона тутиндиму, асл мақсадим бошқа: жиноятчиларга қарши кураш, махсус операцияда қатнашиб, сизни ҳимоя қилиш эди.
– Жиноятчи гуруҳ.
– Улар бўшанг, феъли юмшоқ, қаршилик қилишга қодирмас жувонларни ажратиб олишга уста.
– Йўғ-эй!
– Яна у чиройли, хушбичим бўлса, каттароқ пул тикилади.
– Яъни.
– Ҳар бир карта ўйновчи кўнга пул тикади. Мисол учун юз сўм. Ҳа, уларда энг кичик кўн пули бундан кам эмас. Сўнгра навбатдаги ўлжанинг расми кўрсатилади.
– Мен расмга тушмаган бўлсам.
– Нега энди, биринчи кун кираверишдаги фотограф авраб-алдаб, арзимаган пул кетади, ё пулни қизғаняпсизларми деб дугонангиз, иккингизни уялтириб фонтанча олдида расмга олмаганмиди?
– Эсимга тушди. Ростдан чарчаб ҳориган ҳолатда бўлсак ҳам қўймаганди.
– Ўша расмдан улар фойдаланишган. Сиз лаққа, дугонангизга илонбалиқ мақоми берилиб, уни ҳисобдан чиқаришган.
– Нега энди?
– Илонбалиқ овга ярамайди, уни қўлга ўргатиш қийин ва жуда тиши ўткир.
– Ҳимм.
– Бошқача айтганда, дардисар. Кейин ҳар жойга бориб шикоят қилиши, прокурорга арз қилиши мумкин. Уларга бош оғриғи керакмас.
– У ҳолда мен …
– Лаққа балиқ – деликатессиз. Сиз учун кўп пул тикилган.
– Лена бу нимаси? Шунча гапни била туриб…
– Сизга олдиндан айтишим мумкинмасди. Мендан ранжиманг?
– Бўлар иш бўлди.
– Чиндан ҳам мендан хафамасмисиз?
– Хафа бўлиш, сиздан қайтага мингбад миннатдорман. Анаву, қулоғига гап кирмас суллоҳ Ханни даф қилганингиз учун аввало катта раҳмат.
– Чачембага келсак, уни ҳали кўришингиз мумкин эмас. У хушсиз ётибди.
– А-а?
Кейин бир кунга ҳам бормай, барча азарт ўйин иштирокчилари қўлга олинди-ю, фақат улар собиқ курашчига, ошхона мудирига шикаст етказмаганлигини, ким бу ишни қилганини билмасликларини айтиб ҳеч бир айбни бўйниларига олишмаганда сўраб-суриштириш, тергов иши боши берк кўчага кириб қолди. Уларга арзимас айб қўйилишини фаҳмлаган капитан Галкина ҳам ортиқ дам олиш уйида кўринмади.
Ошхона мудирига ортиқча зарар етмаган эди. Бу калтаклашни ташкил этишда собиқ хотинининг қўли бор бўлса керак, деган шубҳага ҳам боришди, лекин Қуддус кавлаштиришларига қаршилик қилиб, ишни ёпишни сўради.
Яна икки кун ўтмай улар хайрлашдилар. Эркакни йиғлаганини ким кўрибди, оёқларига бош уриб, кўз ёшлари милт-милт томса, шу ерда қол, керак бўлса жоним, етганча молимни бераман. Фақат мени бироз севсанг бас, деса аёл кўнмайдими? Кўнади, хўп дейди, она ер соғинчи ва меҳрини ўрнига муҳаббатни танлайди. Агарда у боласини кўзи қийса, севимли келинликни четга сурса, ота-онаси, қариндош-уруғидан йироқда яшашни ўзига эп кўрса, Қалдирғочга шу имконият таклиф этилганди. Қалдирғоч, йўқ дегандек бошини кескин ликиллатди ва узоқларга ҳорғин кўз тикиб ўз бахтидан кечаётган тентакдирман, сендан балки кўплаб бола кўриб, ҳаётимни тубдан янгича маъни ва ҳикматларга тўлдирардим. Аммо, тақдиримни бундай кескин ўзгартиришга тайёр эмасман. Бу менинг қўлимдан келмайди, деб ўзига-ўзи пичирлади… У фақат қўлларига эрк бера оларди. Бармоқлари қалин сочлар устида шўнғирди… Ҳақиқий дўстни топдим деганда, айрилиқ эшик қоқиб турибди. Энди нима бўлади, Қуддус? Қачон кўришамиз, юрагим қисилиб, худди бўшлиққа йўл оладигандайман, мен туфайли сени калтаклашибди, кутмаганда бошингга уриб хушдан кетказишибди, ишқ деб жонингни тикдинг-а?! деб ҳамон шивирларкан, қаердандир кўз ёши қуйилиб келди.
Эгнида сариқ майда гулли сероб, таги яшил штапелдан тикилган ёқали, енги калта, тиззадан пастроқ тушадиган куйлак, оёғида новвотранг босоножка кийган, сочларини чиройли қилиб йиғиб олган, рўмол ўрамаган Қалдирғочни йиғи қилиши ўзига ярашиб, уни кибрли, виқорли хонимдан оддий жувонга айлантириб қўйганди. Бу ҳолати Қуддусга эриш туюлар, русча жуда зўр гапира олса-да, ҳиссиётларини у ўз тилида изҳор қилишига Қалдирғоч ўрганди.
Сўзларини илғай олмаса-да, кўзларидан айтаётган фикрларни ўқирди. Улар шунчалик ёниб кетардики, учқун сачратгандек бўлади. Шунда янга унинг кўзларига аста боқиб, жимгина дийдиёсини эшитади. Гапининг охирида: «Сладкая женьщина, ты моя! В горах большая усадьба у меня. Останься здесь, будь любимой хозяйкой дома?» – деб ўзини оёғи остига ташлайди.
Бу дўстликка йўғрилган самимий муносабатлар қиссаси шу билан тугаши мумкин эди…

ИККИНЧИ ҚИСМ

14. ХОТИНБОЗ КОТИБ
Вафоев туманга келган йилиёқ, биринчи таништирувнинг ўзида бир жувонни кўз остига олган эди. Бир-икки уринишда амаллади. Шу билан хотинларга суяги йўқлигини бу ерда ҳам намойиш қилишни бошлади.
Нурхол савдо бўлимида кичик лавозимдаги ходим эди. Эри оддий колхозчи, бироқ уқувсизлиги, бироз дангасалигидан, ўзига топширилган ишни вақтида бажара олмай гап эшитгани эшитган. Ёш жувон Вафоев ҳомийлигида бўлим бошлиғи даражасига етди. Бир йилдан ортиқ уларнинг ишқий саргузаштлари ғийбатга асос бўлди-да, кейин ҳеч ким индамай қўйди. Орадан неча йиллар ўтди. Тахминан шунча вақтдан бери, аввал ҳарбийга яроқсиз деб топилган Нурхолнинг эри, ҳарбийга хизматга чақирилдию, Узоқ Шарқ тарафдаги полкга жўнатилди. Қайтиб келса, уни милицияга жойлаб қўйиш мўлжалланганди. Вафоев ваъдасининг устидан чиқди. Фақат уни милицияга эмас, Олмалиқ шаҳар ўт ўчирувчилар командасига киритиб қўйди. Бир сутка ишлайди, уч кун дам. Эри хурсанд, лекин унинг хизмат кунларида Нурхол унга керак. Хонасида анча пайтгача олиб қолиш имкони туғилганидан Назруллони ҳам кўнгли тўқ. Сих ҳам куймади, кабоб ҳам.
Аммо, Назрулло Оллоқулович, унақа бир аёлга боғланиб қоладиган тоифадан эмас. Хотини Сара, Тошкентдаги қайсидир илмий текшириш институтида ишлайди. Шунинг учун улар ҳозирча алоҳида яшашади. Хотини болалари билан Тошкентда, улар иккита: қиз ва ўғил. Кенжаси пойтахтдаги махсус куни узайтирилган мактабда ўқийди. Каттаси қиз. Бу йил институтга кирган.
Қалдирғоч боғча мудирлигидан тумандаги ишига ўтганига кўп бўлмади. Ўшандан бери уни тўрга тушириш тарадуддида кўп вақт сарфлади. Нима ишлар қилмади. Қаерга боради, кимлар билан учрашади, дугоналарининг касби, иш жойи ва бошқа маълумотлар йиғди. Аммо отасининг обрў, эътибори бор. Сўзи туманда ҳисобга олинишини билгани учун қулай пайт кутиб, ошкора хушомад ёки учрашув таклифлари қилишдан ўзини мажбуран қайтариб юрди. Таътилдан сўнг, қорайган, силлиқ танасига ял-ял ёндириб хон атлас куйлак кийиб, ишда пайдо бўлиши, туман раёсати йиғилишида қатнашиши, барча мажлис аҳлининг хаёлини олди. Янга хушомаду мақтовлар ичида қолди. Ҳатто биринчи, унинг таътилни мазмунли ўтказганини маъқуллаб, яхши ишлайдиган одам яхши дам олишни ана, Қалдирғочдан ўргансин, деб мажлисни очди.
Ўша мажлисдаёқ Вафоев Қалдирғочга бир-икки тикилиб, ундаги ўзгаришларни илғаб олди. У аввалги пайтидаги ҳолатидан кўра, шодгунроқ кўринди. Бу ерда бир гап бор, тагига етишим керак, деб бир иш қилди. Курортга бирга борган Гулсина Зингашинани топди. Уни туманга таклиф қилиб ўтирмади, мудирлик қилаётган боғчасига ревизор юбортирди.
Кутилганидек камомад аниқланди. Омбордаги моллар бухгалтерия ҳисоботлари билан мос келмай, растрат деган айблов варақасини ревизор тўлдираётганида, Гулсина жойида ҳал қилиш учун, минг бир муқомини ишга солди. Ўтмади. Пул таклиф қилиб кўрди, олмагач, нега ревизор тихирлик қилаётганининг сабабини суриштирса ҳам наф чиқмади. У миқ этмай қоғозига қўл қўйдириб, ясатилган столига ҳам қия боқмай кетди.
Боғча мудирининг фиғони чиқди, эртага молия бўлимига топширса, унга иш очилиши турган гап. Тергов, суд бошига ортиқча ғалва. Фақат ғалванинг ўзимас. Уч тийин учун турмага тиқишадиган замонда ўттиз сўмли камомад катта жиноят. Қамаб юборишлари тайин. Ревизор билан ўйнашиб бўлмаса.
Боғчаси батартиб, тарбияловчилар маълумотли. Овқатининг сифати ёмонмас, аввалги ошпази билан етти йилча сан-манга бормай ҳеч бир камчиликсиз бирга ишлашди. Хўжалик ажратган домда сиқилиб турарди. Катта томорқалар берилишини эшитиб, у оиласи билан Мирзачўлга – янги ўзлаштирилаётган ерларга кўчиб кетди. Хўжалик директори эса боғчага, эски ошпази ўрнига ўз қариндошини тиқиштирди. Гуля йўқ дейолмади. Директор янги. Мана оқибат. Арзимаган икки ойда боғча кухнясини талон-торож қилипти. Гўштни жиғилдонига урган, колбаса, пишлоқдан ҳам етишмовчилик. Энди янги ошпаз ҳам, раҳбар сифатида ўзи ҳам баробар жавоб беришади. Бироқ унинг қамалишидан менга нима манфаат? Ўзимни жонимни асрашим керак деб, бошини ушлаганча, Зинганшина ўйга толганди.
Унинг кабинети оройишта. Деворда катталарнинг расмлари. Турмуш тарзини яхшилашга, меҳнатга даъват қилувчи плакатлар осилган. Стол усти саранжом. Атрофида қатор стуллар. Бўлим мудири хонасида бўлак, ортиқча нарсалар йўқ. Тувакда гуллар бор. Катта-кичик туваклар. Олтита. Ҳар доим сув қуйилган, сарғайган ёки қариган барглари кесиларди. Лекин, ҳозир, ойна олдига қўйилган бир жуфт герань ўсган тувакка қараб у ўйлар, сувсиз, қақраб ётгани эса кўзига кўринмасди.
Қайси танишларимни ишга солсам бўларкан деб, қрим-татор танишларини кўз олдига бирма-бир келтирар, уларнинг кўпи оддий деҳқончилик билан шуғулланади. Фойдаси тегмайди деб ўйлай, ўйлай ёдига Қалдирғоч келди. Дарров эсимга келмаганини қара, дурочка, деб ўзини койиган бўлди. Ва бошқаларнинг тамадди қилиб олинг, деб ҳай-ҳайлашларига қарамай, боғчани тарк этиб идорага югурди. Телефон қилди. Туман ижроия қўмитаси қабулхонасидан Мансуровани чақириб берсангиз деди.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/abduzhabbor-obidov/ikki-zhakh-on-ovoralari-69506011/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Икки жаҳон оворалари Абдужаббор Обидов
Икки жаҳон оворалари

Абдужаббор Обидов

Тип: электронная книга

Жанр: Легкая проза

Язык: на узбекском языке

Издательство: Kitobxon

Дата публикации: 25.04.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Икки жаҳон оворалари, электронная книга автора Абдужаббор Обидов на узбекском языке, в жанре легкая проза

  • Добавить отзыв