Seçilmiş Eserler 2. Cilt
Rauf Parfi
Rauf Parfi
ТАНЛАНГАН АСАРЛАРБИРИНЧИ ЖИЛД
Шоир Рауф Парфи “Сайланма”асининг ушбу жилдида унинг насрий асарлари, адабий мақолалари ва суҳбатлари ҳамда дунё халқлари шеъриятидан қилган таржималари ўрин олган. Сиз уларда ижодкорнинг насрдаги ўзига хос услубини, мақола ва суҳбатларида ўз ифодасини топган адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги қарашларини, шунингдек, жуда эрта бошланган таржимонлик фаолиятини кузатишингиз мумкин. Бу китоб Рауф Парфи ижодининг мана шу жиҳатлари ҳақида бизга тўла тасаввур бера олади.
ЎНГСЎЗ
Рауф Парфи яхши шоир бўлишдан ташқари, яхши публицист, яхши таржимон, яхши сценарийлар муаллифи, шу билан биргаликда, яхши мутафаккир ижодкор ҳамдир.
Мен “Ўзбек шоири Рауф Парфи” номли тадқиқотимда, шоирнинг фақат ўзимда мавжуд бўлган шеърлари асосида фикр билдирган эдим. Қолаверса, таржималари ҳақида ҳам жуда оз маълумотга эга эдим. Лекин бу сайланмада дунёнинг жуда кўп тилларида яратилган лирик шеърлар таржимаси, адабий мақола ва суҳбатларида акс этган адабий-эстетик қарашлари ва насрий асарларидаги ўзига хос шоирона услуби менга кўп нарса берди.
Рауф Парфининг адабиёт ва адиблар ҳақида ёзганлари ўзига хос бир адабиётшунослик материалларики, биз унда шоирнинг “Адабиёт нима, ижодкор ким ва қандай бўлиши керак?” деган азалий саволларга жавобларини кузатамиз.
Ушбу китобда, шунингдек, “Аудио ва видеосуҳбатлардан” деб номланган бўлим мавжудки, биз сарлавҳадан бу хилдаги суҳбатларнинг баъзи бир қисми эканини англаймиз. Аммо бу типдаги суҳбатларнинг қанча эканлиги ва уларнинг манбалари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаймиз. Агар улар кўп бўлса, нашрга тайёрланганлари қандай принциплар асосида танлангани ҳақида ҳам маълумот бериши керак эди, деб ўйлайман. Бу борада яна бир эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта, бу – Рауф Парфининг сценарийнавислик фаолияти. Шоирнинг аудио ва видеосуҳбатларида шу ижодий фаолиятнинг таъсири борми ёки бу бошқача ҳодисами? Ҳар ҳолда бу саволларга жавоб изланса яхши бўларди.
Мен, Рауф Парфи ижодининг бир тадқиқотчиси сифатида, унинг насрий асарларини, адабий мақола ва суҳбатларини тадқиқ этишни, уларни адабий жамоатчиликка таништиришни ва олий таълимда ўқитишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Фақат бундан олдин Рауф Парфи шеърияти бўйича қилган тадқиқотимни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш зарурати бор, деб ўйлайман.
Рауф Парфининг ушбу икки жилдлиги Ўзбекистон олимларидан ташқари, хорижда ўзбек адабиёти билан қизиққан барча китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинишига ишонаман. Уларнинг орасида ўзбек адабиёти билан шуғулланаётган олимлар ва бу соҳада дарс бераётган муаллимлар бор. Мен уларга Рауф Парфи ижодининг мавзулари ва шоирнинг санъаткорлигига алоҳида эътибор қаратишларини истардим. Чунки Рауф Парфи ХХ асрда туркий тилда мўъжиза ярата олган камсонли ижодкорларимиздан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Рауф Парфининг бу сайланмасида биринчи маротаба чоп этилаётган қатор асарлари ва таржималари, умид қиламанки, мароқ билан ўқилади ва шоир ижодининг янги-янги қирраларини кашф этишга асос бўлади.
Бу икки жилдлик Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорликнинг бир самарасидир. Айрим университетлар орасида тузилган шартномалар фақат қоғозда қолиб кетади. Лекин Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик талабалар алмашинувидан бошланиб, Рауф Парфи асарларини китоб шаклида нашр этиш даражасига етди. Умид қиламанки, бу ҳамкорлик бошқа соҳаларда ва мавзуларда ҳам давом этади ва янаям самарали ишлар амалга оширилади.
Мана шундай гўзал сайланма тайёрлаганларга ва унинг нашри учун яқиндан ёрдам берганларга миннатдорчилигимни изҳор этаман ва Рауф Парфига Оллоҳдан раҳмат сўрайман. Ётган жойи ёруғ бўлсин. Аминманки, агар шоирнинг ўзи бу нашрни кўрганида жуда хурсанд бўлган бўлур эди.
Проф. Др. Ҳикмет Кораш,
Нийда Ўмар Халисдемир Университети
Турк дунёси тадқиқотлари маркази директори
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ[1 - “Таржимаи ҳолим” “Ёшлик” журналининг 1993 йил, 1-сонида “Жажжи дарслик” рукни остида эълон қилинган.]
1943 йилнинг 23 сентябрида[2 - Бошқа манбаларда 27 сентябрь.] Янгийўл туманининг Шўралисой қишлоғида туғилган эканман. Отам Парфи Муҳаммад Амин Норқучоқ, онам Сакина Иса қизи асли фарғоналик бўлиб, ўттизинчи йилларнинг ўртароғида, авжи калҳўзлаштириш палласида бу ерга келиб қолган эканлар. Отам ўқимишли бўлишига қарамасдан умрининг охригача расмий ҳужжатларда “саводсизман” деб қайд этиб келган. Саводлилигидан бўлса керакки, у кишини тилмоч сифатида яхши билишарди. Замоннинг алғов-далғовлигини қаранг:онамнинг акалари, амакилари бор-йўқ гуноҳлари бой бўлганликлари туфайли қизиллар томонидан отиб ташланган. Отам ҳам ўзига яраша тўқ, анча-мунча ери, хусусий тегирмони бўлган. Шу сабаб саводлилигини яширган, маҳаллий босмачилардан, шўролардан жонини сақлаш умидида қочган.
Онам эса яқин йилларгача пиллакорлик қилганлар. Ҳозир нафақачи. 1993 йилда, насиб бўлса, саксонга кирадилар. Отам 1955 йилда вафот этганлар.
Бир аммам бор эди, Хосият биби эди исмлари. Жуда кўп эртакларни шеърий йўлда ёдаки айтардилар, билмадим бу “касал” қаёқдан теккан, ҳатто қўшиқ қилиб юборардилар. Учинчи синфдалигимда аммамнинг эртаклариниоғзидан ёзиб олиш менга зўр эрмак эди. Болаликда ҳамма шунақа бўлади.
Ҳозиргидай эсимда, отам умрининг охиригача боғбонлик қилдилар. Энди ўша боғларнинг ярми ҳам қолмади, кўммунистлар “қўлдан келганча” бузиб, пахта экиб юборишди.
Болаликнинг кўп ҳодисалари доим кўз ўнгингда жонланавераркан. Низом ака деган узоқроқ қариндошимиз бўларди, ҳеч кими йўқ, бизникида яшарди. Жуда кўп лаппак (пластинка)лари бор эди. Ленин, Сталин, Молотов, Калениннинг нутқлари, Беркенбой Файзий. Лутфихонимларнинг қўшиқлари ёзилганди. Бир куни отам ўша лаппакларни, ҳатто Тўйчи ҳофизникигача йиғиб олиб, тепадан келган шафқатсиз қатағон туфайли, албатта, қўрққанидан ҳовлимизда ўра қазиб кўмиб ташлаган. Сиёсат дегани бир палакат экан-да, ҳеч ким унга ақли етмас, нима қилса тўғри бўлишини тушунмасдан гаранг эди. Бизникида узум, вино кўп бўларди. Ҳовлимизда бўчка-бўчка винолар қалашиб ётарди. Корайслар гуруч обкелиб, отамдан винога алмаштириб кетишарди. Хуллас, шу боис нисбатан тирикчилигимиз бошқаларникидан тузук эди. Кўпчилик қариндошларимиз бизникида жон сақлардилар. Шулар ичида тоғамнинг ўғли Абдуллажон ҳам бор эди.
Отамнинг дўстлари кўп бўларди. Ҳамроқул Турсунқулов, Абдулла оға (қиримлик), қори тоға (эски жадидлардан) ва улар қатори Абдураҳмон Водилий деган сўфий шоир ҳам тез-тез келиб туришарди. Бу кишилар ва бошқа кўпчилик фарғоналиклар Йўлдош Охунбобоев, Ҳамроқул Турсунқуловларга суяниб шу ерда тўпланиб қолишганди. Мен ёлғиз фарзандлигим туфайли бўлса керак, шунақа “дордан қочган” эски жадидларнинг даврасида кўп бўлардим, ҳеч қайсиси нари тур, деб айтмасди.
Агар биринчи устозим деб айтиш мумкин бўлса, Абдураҳмон Водилийни шундай атардим. Чунки шеър ҳақидаги илк тушунчани менга ўша одам берган. Вазнларни ўргатган. Жуда билимли киши эди. Шеърларини тўплаб бир девон ҳам тузган, лекин босилиб чиқмаган. Ҳозир юзга яқин ғазали менинг қўлимда.
Ўша маҳаллари ҳар бир ҳовлининг кираверишида меҳмонхона бўларди. Улар ҳам меҳмонхонамизда тўпланишар, ош устида улфатчилик қилишар, қўшиқ айтиб, базм қуришарди.
Мен шеъриятга Абдураҳмон Водилий таъсири остида 12–13 ёшларимда қизиққанман. Кейинги (агар айтиш мумкин бўлса) ижодим мактабнинг таъсирида кетган. Биринчи шеърим, ҳамон эсимда, 1953 йилнинг 5 март куни Сталин ўлимидан қайғуга ботиб ёзилган. Ҳаво ҳам айниган, қандайдир рутубатли кун эди. Ўша шеърнинг ўзи ёдимда йўғ-у, лекин ҳолат эсимда. Ўзим ҳам эриниброқ ўқиган бўлсам керак, шеъримни эшитиб ҳамма ўқитувчилар йиғлаган. Мамат ака деган,ёши каттароқ бўлса-да, биз билан ўқийдиган йигит бор эди. Ҳамма йиғлаган пайтда фақат шу одам бизга қараб кулаверарди, кулаверарди, худо ўзи асрасин. “Ким у Сталин– отангми?” дерди масхаралаб. Энди билсам ақллироқ экан-да, боёқуш.
Калхўзимиз жуда машҳур эди. Ҳамроқул Турсунқуловнинг шарофати билан калхўзга Комил Яшиндан тортиб Жавоҳарлаъл Неругача келишган. Каганович, Хрушчов, Пол Робсонлар ташриф буюришганида биз қизил галстукни бўйинга боғлаб, пионерчасига “доим тайёр” бўлиб кутиб олганмиз.
Аммо Ҳ. Турсунқулов саводсиз бўлса-да, доно киши эди. Жуда бой кутубхонаси бўларди. Дастлаб шу кутубхонадан фойдаланганман. Эркин ака Дадахонов деган кишининг кутубхонасидан Амин Умарий, Зафар Диёрнинг китобларини олиб ўқиганим ҳамон эсимда. Ўзиям қўлимга нима тушса ўқиб ташлардим, ҳатто оддий расмий иш қоғозларигача ўқиб чиқардим, у ўзбекчами, ўрисчами– фарқи йўқ эди. Шунақа бир ташна, аломат эканмиз-да.
Кейинчалик Абдуллажон билан ўзимиз алоҳида кутубхона ташкил қилдик. Еттинчи синфгача тўлиқсиз мактабни калҳўзда ўқигач, тўққиз-ўнинчини Шўралисойда битирганман. У пайтда мактаб ўн бир йиллик эди. Ўшанда оиламиз билан Янгийўлнинг марказига кўчиб бордик. Янгийўлда ўн биринчи синфнинг кечкисида ўқидим. Кундузи босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишладим. Балоғатга етмаганим учун тўрт соатлик ишдан сўнг хўжайин рухсат бериб юборар эди. “Янгийўл” деган район газети редакцияси ҳам шу ерда жойлашганди. Илк шеърларим шу газетда чиққан.
1960 йилда Тошкент дорулфунуни филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирдим. Бу бўлимнинг муҳаррирлик деган таҳин бир бўлимчаси бўларди. Ўшанда таҳсил олганман. Ўқишни охиригача ўқиганман, диплом олмаганман, холос. Абдулла Ориф, Чўлпон Эргашлар билан шу ерда танишиб, дўстлашганмиз.
Ўқишни тугатгач, 1966 йилдан “Янгийўл” газетасида ишлай бошладим. 1965 йили ёзиб юрган шеърларимни жамлаб, “Эрк” деган тўплам тайёрладим. Абдулла Ориф нашриётда (“Ёш гвардия”да эди чоғи) муҳаррир бўлиб ишларди. Бориб, тўпламни унга топширдим. Абдуллажон тўпламни ўқиш учун бир ҳурматли ёзувчига бериб юборган экан, шундан сўнг қўлёзманинг қорасини ҳам кўрмадим.Кўп ўтмай ёзувчининг “Эрк” номли қиссаси чиқди. Бу гапларни, ўйлайманки, ҳазил маъносида қабул қиласиз. Чунки, муҳаррирдан ҳам, ёзувчидан ҳам ҳеч қачон гина қилмаганман.
Биринчи шеърий тўпламим 1968 йили[3 - Муаллиф бир йилга адашаяпти. Биринчи китоб “Карвон йўли” 1969 йилда нашр этилган.] Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилди. Иккинчиси таржима китоб эди. Нозим Ҳикматдан. “Инсон манзаралари”нинг юиринчи китоби. У 1970 йили Абдулла Орифнинг кўмагида нашр этилди. Кейинчалик Карло Каладзе шеърларидан “Денгиз хаёли” деган мажмуа тўплаб таржима қилдим ва у ҳам китоб ҳолида чоп этилди. Ўйлаб қарасам, тўпамларим кам эмас экан. Мана, қаранг: “Акс садо”, “Тасвир”, “Хотирот”, “Кўзлар”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти”, “Сукунат”. Эстонияда ҳам бир китобим чиққан, эстон тилида. Ундан ташқари Осиё, Африқо, Лотин Амриқоси шоирларининг бир қанча асарларини ўзбекчага ўгирганимдан хабарингиз бўлса керак.
“Хато Қилдим” (1978 йил)
Битта гап айтишим мумкин: шеър ёзиш ўта шахсий иш. Ва шунингдек, баъзан унинг ёзилиш сабабини, хусусан, кимга бағишланганини сир тутишга тўғри келади…
“Ҳижрат” (1973 йил)
Бу шеър Қирим тоторларига аталган. “1944 йил” санасини, “Айдар Осмонга” деган жумлани, атайин кўчириб юборилган, яъни ҳижрат қилган тотор биродарларимизга ишора маъносида келтирганман.
“Паға-паға оппоқ қор ёғар”, “Мен ёлғизман”, “Тонг отмоқда”, “Ёмғир ёғар”, “Борми, баҳорим борми?”, “Чўли Ироқ”, “Оҳанг”, “Шоир” каби бир қанча шеърларимни изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Булар руҳий ҳолатнинг шоирона тасвири деб қаралса бўладиган шеърлардир.
“Шоир Қисмати”
1983 йилда ёзилган. Абдулҳамид Сулаймон Чўлпонга бағишланган шеър. “Чўлпон” деб ном қўйсам, бу шеър чиқмасди ўша пайтда. Негаки, шоиримиз фуқаро сифатида оқланган бўлсаям, шоир сифатида оқланмаганди-да. Ажабланарлиси шундаки, мазкур шеър биринчи марта латиш тилида, латиш матбуотида босилган. Ўшанда Латвиянинг Булдури шаҳрига тўрт кунга ижодий сафар билан бориб, тўрт ой қолиб кетган кунларим эди. Бир латиш газетида 52 та шеърим биратўла босилган. Ўзбек адабиёти ҳақида нечта мақола ёзган бўлсам, ҳаммасини хоҳлаганимдай қилиб чиқариб юборишган барака топгурлар. Бу ерда мутлақо топиб бўлмайдиган ва мутлақо ўқиш мумкин бўлмаган китобларни ўшанда латишлардан олиб ўқиганман. Ҳатто Афтархоновнинг асарлари ҳам уларда қўлма-қўл ўқилар экан. Ҳолбуки, бундай асарларни ўқиганнигина эмас, китоб берганни ҳам қўйишмасди у пайтда.
“Туркистон Ёди”(1981 йил)
Шеър бутун Туркистонга аталган бўлсаям, мафкурачилар Туркистон шаҳри деб ўйласин деган мақсадда Миртемир домлага бағишлаб матбуотга чиқарганман. Бу уркистон мавзуига биринчи кириш шеърим эди.
“Ассалом Алайкум, Дорнинг Оғочи” (1988 йил)
Акиф Бағир деган хокисоргина олим дўстимиз бор. Юқоридаги радифни у Эргаш Жумонбулбул ўғлидан олиб бир ажойиб шеър битган, мен бу шеърни жуда севардим очиғи. Давраларда ҳам ўшани ўқиб берардим. Фарғонадаги бир даврада ўша шеърни ўқийман десам, ёнимда йўқ. Ёддин билмас эдим-да. Сўнг ўтириб ўзим шунга ўхшаш шеър ёзиб қўя қолдим. Меники бошқачароқ эди, албатта. Кейинчалик ҳам беш-олти нафар шоир шу радифда шеър ёзишган. Шунинг учун ҳам мен уни Акиф Бағирга бағишлаганман.
“Ёшлик Зангор Фасл…” (1977 йил)
Биласизми ҳеч бир шоир бутун бошли шеърни тўсатдан тополмайди. Қандайдир бир гўзал сатр келади аввал. Сеҳрли сатр. Қолган гаплар шу сеҳр атрофига жамланиб, шеър тўқилади. Мен, масалан, шунақа ўйлайман. Ушбу шеъримда ҳам даставвал “Сувга чўкиб кетган болам ёшлигим…” мисраси миямга келган. Жуда қўрқиб кетганман. Тасаввур қилиб кўринг, ахир! Айниқса, сиз ота бўлсангиз, фарзандларингиз атрофингизда чуғуллашиб турган бўлса. Очиғи, шу сатрни тўқибоқ этим жунжукиб, негадир уни ёмон кўриб қолдим. Лекин шу мисра туфайли бир шеър ёзишим керак эди. Шеърни ёзиб тугатдим. Ичидан қурмағур бояги қаторни ўчириб қўяй десам, ўчиролмайман денг. Жуда бир ғалати, тушунтириб бўлмайдиган ҳолат.
“Яна Қайтиб Келди” (1966 йил)
Бу шеър нима учун ёзилганини ичидаги деталлардан билиб олишингиз мумкин. Соғинч ҳақидаги шеър-да, хуллас. Мисол учун соғинч мавҳум тушунча эмас. Кимнидир, ниманидир одам соғинади. Мен кўпроқ онамни соғинаман. У киши отамнинг вафотларидан кейин ёлғиз яшашга ўрганганлар. Мен кунига ёки кунора борсам ҳам соғиниб ўтирган бўладилар. Бироқ 3-4 кун уйда қолиб кетсам, жонларига тегиб кетадигандай туюлавераман. Шунда онамнинг энг қадрдон кишиси отам бўлганини ич-ичимдан сезаман. Хўрлигим келади.
“Муҳаббат” (1977 йил)
Гапнинг очиғи, шеърларим ҳақида гапиришни ёмон кўраман. Бировларнинг мен ҳақимдаги баҳсларини ҳам эшитмайман. Тўғри, биров шеърларим ҳақида мақола ёзса, ўқийман. Лекин, негадир ғашим келади. “Муҳаббат”нинг қачон, нима сабаб билан ёзилгаини эслай олмайман. Яхшиси, ўзингиз уни ўқиб кўринг. Агар арзиса, шеърнинг ўзи тушунтиради.
Рауф ПАРФИ
I. НАСРИЙ АСАРЛАР
ДАВЛАТ БОБО[4 - “Давлат бобо”, “Садақаҳрадди бало”, “Энг янги тонг”, “Хатна”, “Учрашув”, “Дарз”, “Қайғу”, “Йанги кино”, “Мен қоралайман!” каби Рауф Парфининг насрий асарларни филология фанлари номзоди Хуршида Маматова нашрга тайёрлаган. Улар биринчи маротаба эълон қилинмоқда. Бу асарларнинг қўлёзмалари ҳам нашрга тайёрловчида сақланади. Уларнинг тақдири ҳақида олима шундай ёзади:“ШОИРОНА ҲИКОЯЛАРТақдир тақозоси билан ўткан асрнинг 90-йилларида Рауф Парфи бир туркум ҳикояларини бизникига кўтариб келиб, қолдириб кетади. Шоирнинг “эркин казак”ка ўхшаб бошвоқсиз юрган чоғлари эди. Ҳикоялар 60-йилларда ёзилган бўлиб, асосан, қишлоқ ҳаёти манзараларини акс эттирарди. Уларда гоҳ Иккинчи жаҳон уруши йиллари хаёлан намоён бўлса, гоҳ бетакрор рус ёзувчиси Василий Шукшин қаҳрамонлари эсга тушар эди. Тавба, деб беихтиёр ёқангизни ушлайсиз, агар Рауф Парфи насрий асар ёзишни жиддий давом эттирганда борми, эҳтимол, адабиётда янги йўналиш яратиши ҳам мумкин экан-да, бироқ…Шоирнинг ҳажман унча катта бўлмаган ҳикоялари қоғозга туширилганидан сўнг таҳрир қилинмаган, қайта ишланмаган. Лекин шу ҳолатида ҳам ижодкорнинг соҳир қалам соҳиби экани яққол кўзга ташланади: аввало, сўзлар исроф қилинмайди, табиий-қуйма қисқаликка интилади. Ичдан ҳис этасизки, Рауф Парфи ўзи истаган тақдирда ҳам узундан-узун қўшма гапларни қаторлаштириб, энг камида ярим саҳифадан иборат сўлжайган гап туза олмасди. Сўз қадрини биладиган, сўзни ҳис этадиган қаламкаш насрда ҳам, назмда ҳам гўзал ва бетакрор асарлар яратади. Чамаси, Рауф Парфи кичик-кичик ҳаётий эпизодлардан иборат сценарий яратишни мўлжаллаб қўйган бўлса керак. Шу боис хатбошилар, икки-учта гапдан иборат парчалар рақамлаб борилади.Америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэй ўтган асрнинг 30-йилларида тажриба сифатида адабиётга олиб кирган (“Алвидо, қурол”, “Фиеста” каби романлари орқали) “телеграф усули” унсурлари шоир ҳикояларида кўзга ташланади. Гаплар анъанавий йўсинда тузилмайди: гоҳ “эга” бўлмаса, гоҳ “кесим” бўлмайди. Яъни “эга” билан “кесим” кўнгилда бўлади. Эсингизда бўлса, бошланғич синф ўқувчисига ҳисоб-китобдан илк сабоқ берилаётган чоғларда, масалан, 66 га 66 ни қўшиш ўргатилса, 6 ни 6 га қўшамиз баробар 12 бўлади, 2 ни ёзиб қўямиз, 1 кўнгилда бўлади, сўнг яна 6 ни 6 га қўшамиз, яна 12 бўлади, кўнгилда қолган 1 қўшилса 13 бўлади, натижа 132 бўлади, деб хулоса чиқариш ўргатилади. Рауф Парфининг содда ҳикоялари ҳам, назаримизда, болаларча беғуборлик ҳосиласига ўхшайди: у атайлаб “телеграф усули” билан экспримент қилишни хаёлига келтирмайди, унда зўрма-зўракилик йўқ. Айрим “модернист” қаламкашлар каби, жумлалар остидан ўзига бино қўйган Кибрқулнинг аянчли башараси кўриниб, кишининг энсасини қотирмайди. Кўнгилга яқин қаҳрамонларининг жонли қиёфаси дарҳол кўз ўнгимизда гавдаланади; бир оғиз сўзидан, халқона ибораларидан ёки Фарғона шевасига хос сўзларидан таниш чеҳралар бир-бир хаёлимиздан ўтаверади.Хуллас, Рауф Парфининг бундан ярим аср муқаддам ёзилган шоирона ҳикоялари хаёлимизни узоқ-узоқларга олиб кетади, кўнгилда ёруғ туйғуларни тўлқинлантириб юборади. Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримларини азиз журналхонларга илиндик.ХУРШИДА МАМАТОВА, филология фанлари номзоди”.Демак маълум бўлмоқдаки, юқорида номлари зикр этилган нарий асарлар “Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримлари” экан. Бу сўзлар Х. Маматовада сақланаётган қўлёзмаларга яна қизиқишингизни оширади. Опага уларни кўриш мақсадида мурожаат қилсак, у киши бизга бир бетлик рўйхат берди. Мана, ўша рўйхат:Рауф Парфи Ўзтуркнинг Хуршида Маматовада сақланаётган ижодий ишлари рўйхати1. Она Туркистон. Шеърлар. Икки жилдли. Биринчи жилд.1993 йил. Икки нусха. 310 та шеър. Иккинчи нусхаси қайта нашрга тайёрланган. Сўзбоши муаллифи – Асқад Мухтор. Муҳаррирлар: И. Ҳаққул, А. Аъзам, М. Солиҳ.2. Туркистон руҳи. 1991 йил. 50 та шеър. Нашрга қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотномаси билан. Муҳаррир – Мирзо Кенжабек.3. Шеърлар тўплами.4. Шеърлар тўплами.5. Хотирот. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.6.Сабр дарахти. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.7. Устозлари Абдураҳмон Водилий таржимасидаги “Алвоҳи интибоҳ” номли қирқ саккиз банддан иборат шеърий асар. Ҳар бир бандда 11 сатр. Р. Парфи томонидан қайта ишланган. Қисқача луғати ҳам бор.8. Р. Парфининг рус тилидаги шеърий тўплами. В. Соснора таржимасида. Нашр этилмаган.9. Барно Бону. Шеърий тўплам. Бир қанча вариантлари бор. Қўлёзма. 40 та шеърдан 15 таси. Қолгани дафтарчада. Дафтарча ҳозир қаердалиги номаълум. Крилл ёзувида. 1994 йил.10. Барно Бону. Турк ёзувида. Еттита шеър (қўлёзма). 1994 йил.11. Абдурауф Фитрат. Уч сонетдан иборат. Қўлёзма. 1994 йил.12. ХХ аср турк шеъриятидан таржималар: Ота Турк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Ниҳол Отсиз, Доғларжа, Аржуманд Беҳзод, Нозим Ҳикмат, Ҳикмат Ўзал. Қўлёзмада.13. Турон диёри. 15 бетлик насрий асар. 1990 йил.14. Рауф Парфи. Ҳикоялар тўплами. 15 та ҳикоя. Улардан бири “Қовоқари” (Шмель) рус тилидан таржима. Қўлёзма.15. Ҳазил насрий асар. Тўрт муаллиф томонидан ёзилган, шулардан бири Р. Парфи. Қўлёзма.16. Муроднинг Муродга айтгани. 13 бетдан иборат ҳикоя. Муаллифлар: Р. Парфи ва бошқалар.17. “Тараддуд” романининг муқова ва қаҳрамонлари номи. Эпиграф Усмон Носирдан олинган. Қўлёзма.18. Қолганлари: уй, иш ҳужжатлари, шахсий китоблари, устозга тақдим қилинган шеърий китоблар, расмлар, видео ва аудео кассеталар мукофотлар, интервьюлар, хатлар ва шу кабилар. Кийим-бошлари туғилган уйига тақдим этилди.Рауф Парфининг баъзи ҳикоялари автобиографик характерга эга. Масалан, “Энг янги тонг” ҳикоясига эътибор берайлик. Қаҳрамон – Ваҳоб. У ҳикоя воқеаларини ўз тилидан сўзлаб беради. Отаси оламдан ўтган, кекса онаси бор ва бир рассос уч ёш катта акаси. Ҳикоядаги рассом бу – Абдуллажонмикан?.. Лекин ҳикоядаги онанинг: “Мухторвой бор-ку… Ўшалар билан бир вақтлар қўшни эдик. Аҳмад туғилган йил. Ўшанда ёшим… билмадим, ишқилиб, сени дадангга турмушга чиқмагандим. Аҳмаднинг дадасини йили ўтганди” сўзларидан маълум бўладики, Аҳмад Ваҳобнинг ота бошқа она бир акаси экан. Шунингдек, шоирнинг “Мен қоралайман”, “Дарз”, “Йанги кино”, “Ҳамманинг бахти бор” асарлари ҳам унинг ва оила аъзоларининг ҳаётидан муайян бир қирраларни кўришга хизмат қилади.Унинг баъзи ҳикояларини эса шеърий шаклда ҳам кўрамиз. Масалан, “Садақа – радди бало” ҳикоясидаги чол бир нечта вариантдан иборат “Чол” шеърининг қаҳрамонига ўхшаб кетади. Шунингдек, шоирнинг “Йанги кино” ҳикоясида она юртидан ҳайдалган ва икки фарзандидан жудо бўлган қиримли Саидумар ота образи ҳам яратилган.]
Лавҳа
Мамадолим бува сўрида чордона қуриб олиб гап беряпти. Чойхонада одам кам.
– Сен, Ҳошим, бўлмағур чиқдинг. Каллаи саҳардан то ярим кечагача ашилла айтганинг айтган, у ёққа ўтганингда ҳам ғиншийсан, бу ёққа ўтганингда ҳам. Худдики, колхозди иши тўхтаб қоладиғондай, сен қўшиқ айтмасанг. Ўла, бузилиб қолди-ку самоходканг…Чой ичасанми яно… Машариф чойдан об кенг… Бугун қатти ишладинг?
– Хирмонда, бува.
– Нима ишмондалайсан,хирмонда?
Ҳошим камсуқим йигит. Лекин бу гап унинг ҳамиятига тегдими, зўрға ўстирган мўйлабининг чап томонини жаҳл билан юлқиб қўйди.
Ҳошим “ҳа, энди бувадан ўзи ширин гап чиқармиди” дегандай,мен томонга бир қараб олди. Кейин мен ўлтирган сўрига келди. Мамадолимбува ҳам чойнак-пиёласини кўтариб ёнимизга қўнди.
– Ҳошимжонга осон чоғламанг. Ҳаммамизнинг ишимиздан кўра қийинроқ унинг иши,– дедим бувага.
Мамадолим бува ҳарқириб йўталди. Туфуришга тараддудланди. Оёқ остига солинган палосга раҳми келдими, ишқилиб, туфурмади. У Ҳошимнинг елкасида ёпишиб келган пахта билан оғзини артиб, бир чеккада турган банкага ташлади.
– Сен…отинг нимайди, Собир тойлоқнинг ўғлисан-да,а? Сенам шошганинг– шошган, майлис қиласанми-ей,консерт қиласанми-ей… Шошма. Югурма. Мана, мен иккам саксонга кирдим, шошганим йўқ, ҳалитўқсонгаям кирибчиқаман. Айтгандай, сени Жаъмо излаб юрувди–Саидқосимов. Бир иш чиқарганга ўхшайсан-ов сенам. Ўтга-чўққа урасан ўзингни. Ҳап, тур! Катталар бор…
“Саидқосимов нега изладийкин мени?”
– Ҳовна, ўзикеляпти. Бор, чақир.
Саидқосимов келди.
– Ҳорманглар. Бардаммисиз, бува.
– Келинг. Мана, у. Ҳали аҳтарятувдингиз,– деди бува, мени қўли билан кўрсатиб, кейин қўшиб қўйди:
– Прасан қанча бўлди, ўғлим?
– Эртага 100,–деди Саидқосимов ва менга ўгирилди.
– Тўхтасинбой, сенга бир топшириқ бор. Ҳозироқмотороллёрингда “ғир” этиб, “Ўзбекистон” колхозига бориб келсанг, малол келмаса, бўлмаса, эрталаб борарсан.–Саидқосимов соатига қаради.
– Ўҳ-ў, кеч бўп қопти-ку! Азонда борарсан. “Шарқ юлдузи”колхози илғорлари” деган стенд қилмоқчимиз. Шунга Давлат бобонинг таржимаи ҳолини, қайси орден-медалини қайси хизматлари учун олганлигини боплаб ёзасан, суратиниям олиб келасан.
Мамадолимбува аралашди.
– Жиминг-е, Жаъмо. Давлат-чи, қара,кетиб қолганбўлса, битта келиним деб.
– Кетган бўлса, келинини деб эмас, масалага тўғри қараганидан. Хатолик ўзи ўғлидан ўтган эди. Пушаймон бўлиб юрибди Номозали.Ярашаман, дейди Доно билан. Ота, мени кечиринг, деб олдига борган экан. Давлат бобо: “Сенинг тутуруғинг йўқ. Ичишнийўққиладиганкасалхонага бориб ётасан, бўлмасам, хотининг билан яраштирмайман”,– дебди. Донони урганига жа-а хафа бўлган экан, бояқиш бобо. Хайр… эмасам, турай мен… Чой учун раҳмат.
Ҳошимжоннинг қўзғолаётганини кўриб, мен ҳам ўрнимдан тўрдим.
Мамадолим бува:
– Чойга тўладингми, Ҳошим…Менам борай, телевизорда яхши томоша бор дейишади. Тўхтасин, сен эртага номозгарда Карим ўриснинг уйига кириб сувратимни ол, эрталаб тушиб қўяман… Ие, газетанг янгими? Менга бер.
Мамадолим бувамойли қўллари билан газетанинг “Ўзбекистон бўйича пахта топширишнинг бориши тўғрисида маълумот” деган жойини пайпасланиб топиб ўқиди. “Бай-бай, ҳай-ҳай, ҳимм”–деб қўйди.
– Қанақа сурат?– сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Ҳали Жаъмо айтди-ку, бир нарса қиламиз деб.
– Ҳа- а, хўп бува.
***
Соат ўнларда “Ўзбекистон”да бўлдим. Ашир акалар кўчасидан кетавердим. Доно далада, барибир уйда ҳеч ким йўқ, деб ўйладим. Ашир аканинг ўзи ҳам уйда ўтирадиганлардан эмас. Кеча Саидқосимовдан Давлат бобо қайси бригададаишлаётганинисўрамаган эканман-да.
Бир боланинг йиғлаган овози эшитилди. Қарасам, Кенжа хола. 4-синфда ўқийдиган набираси Солижонни қулоғидан ушлаб турибди.
– Ҳали сенми, пахтадан қочиб келадиган, бобонггаайтиб, бир адабингни бердирмасам!…Солижон,майли, хафа бўлма, айланай, борақол, ўғлим.
– Саломатмисиз, хола?
– Ҳай. Тўхтасинбоймисан? Кел. Қани, уйга юр-чи, онанг эсон-омонми? Ҳув, сизларнинг тарғил сигирларинг бўларди, ҳалиям борми? Нуқул адашиб, бизнинг ҳовлига кириб, бир айланибкейин чиқиб кетарди. Тавба.
– Бор. Мен… Давлат бобонинг олдиларига келгандим. Ишим зарур.
– Йўқ-йўқ-йўқ, минг зарил бўлгандаям, бир пиёла чой ичиб кетгин. Ҳеч унақа қилмагин, болам.
– Холла, дейман,сиз ҳам бу томонларга келворибсиз-да!
– Ҳа, энди, бўзчининг мокиси бўлиб қолдик, бир куну ёғда бўлсак, бир кун бу ёқда. Чолимам хўп қайсар-да. Доно билан ўғлим ярашиб олишган-у, бу унамагани-унамаган.
Катта чўян қозонда сув қайнаяпти. Кенжа хола ўчоққа кичкина қоп-қора қумғон қўйди.
–Вой-бў, бунча кирни қандай ювасиз, хола?!
– Бе, эрмак, болам, эрмак! Ҳозир Доно ҳам келиб қолар. Ёрдамчи қизларнинг кўйлак, рўмоллари,ювиб берай десам, кўнишмайди. Чолимга айтиб олдиртириб келдим.
– Давлат бобо қайси биргададалар?..
– Ҳей, қайси биргатталигини билмасаканман. Тавба. Ишқилиб, уч чақиримча жойда қувур бор дейди, қувурдан шундоқ ўтганингдан кейин, тез юрсанг ярим соатда етасан,дейди. Ҳали борганим йўқ, қўлим бўшаб.
Бир пиёлачой ичиб,хола билан хайрлашдим. Узоқ юрдим.
Сўрасам, бобони партком машинасида олиб кетибди.
Қаёққалигини айтмапти.
Идорада суриштирсам, бир киши:
– Районда мажлис-пажлисми, бир нарса дейишётганэди.
Билмадим, тағин,– деди.
***
Қош қорайди. Ашир аканинг ён қўшниси– ўртоғим Расулжонникида
бугун тунайдиган бўлдим.
Кечқурун Ашир акаларнинг уйига кирдим. Бутун оила жам.
Давлат бобо энг кичик набирасига “от” бўляпти. Ундан-бундан гаплашдик.
Тунги овқатдан сўнг бобо мудрай бошлади.
– Майли, бўлмасам,сиз ҳам ухланг энди, ўғлим,– деди. Бобо ва урнидан турди.
–Узр, ота,мен сиз ҳақинггизда бирор нарса ёзиш…
– …Ҳа-а, тушундим. Қариб қолганига қарамай, ҳамма билан баб-баровар пахта теримида қатнашяпти, дебёзмоқчисиз-да! Лаббай?
– Йў-ўқ. Умуман ўзингиз…
– Ҳе-ҳе-ҳи, эрталаб нонуштада айтарман, ҳозир бемалол дам олаверинг.
Эрта уйғондим. Девор оша Ашир акалар ҳовлисига қарасам, бобо катта узун супургиларини сим билан боғлар, осмонга тез-тез қараб қўярди. Апил-тапил ювиниб, қаршисига чиқиб, салом бердим… “Мен ҳозир” деб, мотороллёрни етаклаб чиқдим.
– Ҳали вақтлик-ку…Мени кўтарармикин бунинггиз? Ўзим миниб кетсам тузук. Хирмонга чошгоҳда борсангиз, гаплашармиз.
Давлат бобо мотороллёрга чапдастлик билан минди-да,таррилатиб кетди.
***
Хирмонга келганимда, бобо пахта ёяр, гўё қўлларини иситётгандек бешлик билан пахтани қуёшга тутарди.
Бобо ёнидаги мошбиринч соқолли, дўпписининг остига райҳон қистирган ўзи тенглик кишига қараб бир нарса деди-да,мен томонга юрди.
Ноқулай аҳволдан хижолат чекаётгандек деди:
– …Ўғлим, шу…мен сизга айтсам, бошқа келганингизда бафурча гаплашармидик… Пахтани эсон-омон топшириб олгандан кейин… а, лаббай?
Ноилож “хўп”дедим.ХайрлашибкетаётганимдаДавлат бобо мени тўхтатди.Дўпписига райҳон қистирган чолга имо қилиб аста:
– Бу Мамарозиқ. Шуни ёзинг, хўпми. Мамарозиқ–миравоййигит,– деди.
САДАҚА– РАДДИ БАЛО
Бир қария. Қўлларида ҳасса. Ҳасса эса уни мен томонга олиб келмоқда. Чол ўткинчи кишига қўлини чўзган ҳолда алланима деди.У яна бир ўткинчини тўхтатди. Балки танишдир…
Мен етиб бордим. Нуроний чол менга юзланди. Кўзларида бетасалло қайғунинг тирик суврати.
– Ўғлим…
– Ассалому алайкум,– дедим ва узатилган қўлларини ўз қўлларимга олдим. “Қаерда кўрган эканман…ким экан бу бобо?”
– Ваалейкум.
У қўлларини тез тортиб олди. Қўллари қорайиб,бужмайган.
– Хайр, майли…йўлингдан қолма, ўғлим…
Ҳайрон бўлдим. У менга нимадир айтмоқчи эди-ку, нега айтмади, кўнглини нега тўкмади?
– Отахон,сиз менга бир нарса демоқчи эдингиз…
– Садақақилинг, ўғлим… Садақа–радди бало…
Калавланиб қолдим. Мен бу гапни тушунмадим, чунки менинг фикрим мазкур хаёлдан жуда йироқда, жуда йироқда эди.
Автобус учун майдалатган тангаларимни очиқ кафтига ташладим.
Кайфият бузилди. Қулоқларимда ҳайқирган оҳанг…
Оёқларим остида япроқлар шитирлайди. Тўкилган япроқлар йўлларимни тўсаётгандек. Умрини тугатаётгандек. Тўкилган япроқлар кўнглимни писанд этмас, гўё менинг ҳаётимни қайтадан яшаб бераётгандек…
Садақа сўраган чолни ўйлайман. Ким у? Нега ахир? Тирикчилик учунми? Ишонмайман. Балки ғўрлигимдан, ҳаётни яхши билмаганимдан– ишонмайман. Кейин ўша чолни эски масжид ёнида учратдим. У ҳеч кимни тўхтатмади, ҳеч кимдан садақа сўрамади.
Ҳар кун кўрдим. Қўлларида ҳасса, шошиб бормоқда. Асабий ғудранади. Балки умрининг охиригача масжидга қатнар. Балки ибодатдан кўнгли қайтгандир, шунинг учун асабийғудранар. Балки мушкули оғирдир. Ночордир. Балки одамларнинг ҳамёнини, юрагини шарт юлиб олиш–масжидда саждақилиш каби осондир.
Масжид сари судралиб кетаётган ўша қарияга етиб олдим.
– Ота…
Чол тўхтади. Мен томонга қайрилиб қарамади.
– Ўғлим… Абдулмажид!
– Йўқ, менинг исмим Абдулмажид эмас… Сизга атаганим бор эди.
Чол менга юзланди. Қаттиқ тикилди.
– Керакмас… йўлингдан қолма… Абдулмажид!
Қуёш чарчаган теримчи қизнинг юзлари сингарисўлғин.
Димоғимда тупроқ иси. Оёқларим остида умрини тугатган япроқларнинг ҳасратли шивирлашлари.
Назаримда, ёмғир ёғади. Осмон булут.
ЭНГ ЯНГИ ТОНГ
Ҳикоя
Аҳмад ака мендан уч ёш катта бўлса ҳам уни “Аҳмад”дейман. Аҳмад– рассом.
– Аҳмад, бунингга қандай от қўйдинг?
– “Қотил ака ва ошиқ”. Ўтмишдан.
– Расмда бундай маъно кўрмаяпман-ку! Бир киши осмонга қараяпти. Биттаси, ҳув, чойдиш ушлаб турибди. Чой қўяди, шекиллик…
– Ҳали тугатганим йўқ. Ўрнингни тузат, юзингни юв.
– Аҳмад, шошма, манави ўтган йил чизган асарингдаги кишига ўхшайди, фақат жуда озиб кетибди.
– Ҳа, ўша. Довудбек Яҳудий.
– Қайси Довудбек?
– Синглисини ўлдирган. Бертанинг қотили.
– Берта ким?
– Берта–Асаднинг қайлиғи. Асад– ўзбек. Ваҳоб, жиғимга тегаверма саволларинг билан.
– Аҳмад, кечирасан. Мен жиддий сўрайман, англат-чи, бу асар билан нима демоқчисан? Мен мантиқсиз ҳасрат, оғир, сўнги йўқ даҳшатдан бўлак ҳеч нарса тушунмаяпман.
– Тушунмаётган бўлсанг, демак мен ўз мақсадимга эришолмапман-да. Сен бефарқ одамсан. Хўп, майли. Жек Лондонни биласан-а?
– Хўш?
– Шундай… Эшит, бўлмасам, айтиб берақолай. Суврат, тахминан, шундай ҳикоя қилмоқ керак: Узун, қора тун. Изғирин юзни егудай бўлиб увиллайди. Икки киши– бири соқолсиз, аммо ғам-алам ғижимлаб ташлаган. Бири сочлари патила-патила соқоллари ўсган, соқов. Икки гавда ва икки шарпа бир-бирига яқинлашди. Бири қуруқ хас-хашакларни йиғиб келди. Кўзларидаёшлармуз сингари қотиб қолган. Лабларида маъно англатмайдиган бир илжайиш бор. У ҳамма нарсани унутган. Нотаниш кишининг ўтин келтирганига унга, илтижо билан қараб турганига ҳайрон бўлмайди. Кўм-кўк томирлари кўриниб турган қўллари билан чўнтагидан гугурт олади. Гулхан ёнади. Қипқизил олов унинг кўзларини юмдира олмайди. У оловга қараб соатларни ўтказади. Нотаниш киши узун жундор қўллари билан чорсисини ёзиб унга ноз-неъматларни тўкади. Икки бечора одам шундай тунни ўтказади. Соқолсиз одам кундуз қаёқларгадир йўқ бўлиб кетади. Кечаси пайдо бўлади. Топганини ўртага қўяди-да, “олинг”, дегандай соқовни имлайди. Иккиси яна олов олдида сукут сақлаб ўтиришади. Соқолсиз ғудранади:
– Эҳ, соқов! Лоақал сўзларимни эшитсанг экан. Бу дунё шу қадар кенг ва шу қадар тор. Изламаган жойим қолмади. Дунёда Асаддан кўпи борми?–“Асад” номини эшитгандек соқов бир қараб қўяди. Бундан севиниб кетган Довуд, унинг оёқларига бош қўйиб, сўрай бошлайди.– Айт, дўстим, ўз синглисини ўлдирган кишини қандай жазо кутади?
Соқов кўзларини очади, лаблари қимирлайди. Томирлари чиқиб турган қўлларини олдига чўзиб: «Б… Берт…»дейди.
– Берта, сенинг Бертангни ўлдирган Довуд мен бўламан.
Довуд икки йилдан бери излаб юрган кишисини топганини билди. Унинг кўзлари ёниб кетди. Бу соқов кишини Довуд юраги билан олдинроқ таниган эди. Асад кулди. Сўнг ориқ қўлларини чўзиб Довуднинг бўғзига кела бошлади. Довуд ўзини лаззатли туш қучоғида сезди. “Ака, мен сендан розиман. Сен менинг қотилим эмассан. Сен ўз синглинг Бертани ўлдирганинг йўқ. Ахир менинг севгилим сендан қасос олмаяпти–ку!”–деган каби бўларди. Бироқ Довуд кўзини очганда Асад яна оловга қараб жим ўлтирарди. Довуд этик кўнжидан узун пичоқ чиқарди. Асаднинг тикка тепасига келди.
– Асад.
Асад кулиб қаради, бу кулги қумғонда қайнаётган сув сингари бўлса ҳам Довудгатоғ-тошлар ағдарилаётгандек даҳшатли эди. Довуд пичоқни Асаднинг қўлига олиб берди.
– Мен–қотил. Фақат сен мени ўлдиришинг керак.
Асад ўзининг ғайритабиий кулгиси билан пичоқни чеккага қўйди.
Орзусига етолмаган Довуд чинқираб йиғлади, ўзини ерга урди. У бутун дунёни ланъатлади. Дунёдаги бутун динларни, илоҳларни ҳақорат қилди. Асаднинг оёғига ёпишиб сўради. “Мени ўлдир!” деди.
Асад яна баттар кулди.
Довуд жинни бўла бошлади.
Асад эса қаттиқ кулар, унинг кулгуси баланд минора қуббаларига урилиб ҳазин ва қўрқинчли акс садо қайтарарди. Шу, тамом.
– Аҳмад,бу сурат орқали ҳозир айтганингдек маъно чиқараолмайсан. Кечирасан.
–Майли… Ваҳоб, ойимга мени ухлаяпти деб қўявер.
Ҳаммаёқ оппоқ. Йўқ, қор эмас. Қиров. Қатқалоқ ердан Усмонали ўтиб кетди. Рустамжон деразам тўғрисида сигаретини ёндирди. Деразамнинг каттагина шу кўзи Аҳмаднинг чизмаларига ўхшаб кетади. Қумри опа челак кўтариб ўтди. Хаёлчан. Бизнинг уйдан йигирма қадам нарироқда водопровод бор. Ҳаялўтмасдан Қумри опа челакларини қўлларига осиб олади. Сув йўқ, бўш қайтди. Музлаб қолгандир. Ана, Маҳмуд ота. Носи бор лунжида. Маҳмуд ота ғаройиб қария. Унинг лаблари пичирлади. Менга эшитилмайди. Қўшиқ айтаётгандир. Ҳарқалай Қуръоннинг бирор сураси эмас-да. Маҳмуд ота мен томонга ўгирилди. Кўрмади мени. Ўтиб кетди…
– Чойингни ичмайсанми, совуди,– деди ойим.
– Ичаман. Ойи, Аҳмадни уйғотайми?
– Йўқ. У кечаси билан ухлагани йўқ. Иккита касалнинг суратини оляпти.
Ойимнинг қўллари қора. Менинг қўлим оқ, қизғиш.
– Нонуштада яхшилаб чой ичиб олиш керак.
Ойим бу гапни ҳар кун эрталаб айтади. Эринмайди. Мен ҳам “албатта, албатта” дейман ҳар тонг. Ойим– рўза. Бирга-бирга саҳарлик қиламиз ойим билан.
– Мулла Солиҳникига кириб фотиҳа қилиб чиқ. Бўлмаса, ёмон бўлади.
– Хўп. Кечки пайт кираман-да.
Солиҳ аканинг хотини ўтган чоршанба вафотқилибди. Садбар хола жуда хушфеъл эди. Гапирганда “гиргиттон” деб қўярди… Раҳматлик… Энди Садбарсо хола ҳақда сўз кетса, «раҳматлик» қўшиб гапирилади. Кўниколмайман. Дадамни эслайман. Дадамнинг бўйи баланд эди. Мўйлови бор эди. Сув ичганда олдин мўйлабини тепага қаратиб силаб қўярди. Бир кун қишда мен билан дадам бир ёққа кетаётган эдик. Ер сирғанчиқ. Дадам гуп этиб чалқанча йиқилиб тушди. Шундан кейин дадам мендан бир-икки кун уялиб юрди, назаримда. Мени “дадангга ўхшайсан, ўхшайсан!” дейишади. Лекин менинг бўйим жуда паст.
Қўштиғ милтиқни мойлаб қўйиш керак.
Дадам– мерган эди.
Ойим менинг дадам ҳақида ўйлаётганимни пайқади, шекилли:
– Дадангга ис чиқариш керак. Яхши бўлади. Ойлигингни қачон оласан?– деди.
Ойим доимо ё “яхши бўлади”, ё “ёмон бўлади” деб гапиради. Яхши. Ёмон.
– Ҳайда, ҳо-о. Бу–Қатрон. Молбоқар. Сигиримиз ҳозир ўрнидан турган бўлса керак, унинг овозини эшитиб.
Оғилни очиш учун ойим билан мен баравар ўрнимиздан турдик. Ойим мендан эпчиллик қилди. Шиппагини «шип» этиб кийди-ю, ташқарига отилди. Мен туфли кияман деб, кечикдим. Тарғилим ойим томонга бир қараб қўйди-да, подага аралашди.
–Қатронбой, чой ичиб кетинг.
–Йўқ, раҳмат хола, чой ичдим.
Бу сўзлар, ҳар кун такрорланишига қарамасдан, оҳори кетмайди. Балки умр бўйи оҳори кетмайди. Ойим хонага қайтишида ўтин олиб кирди.
– Ойи, уй иссиқ-ку ўзи.
– Ҳа, майли…
Ойим менга бир нарса айтиш учун тараддудланди. Мен буни ойимнинг дастурхонга кулиб туриб пиёла артишидан сездим. Қандай воқеа эканини билмасам-да, кулиб қўйдим.
– Мухторвой бор-ку… Ўшалар билан бир вақтлар қўшни эдик. Аҳмад туғилган йил. Ўшанда ёшим… билмадим, ишқилиб, сени дадангга турмушга чиқмагандим. Аҳмаднинг дадасини йили ўтганди.
Ойимнинг юзида кулги билан изтироб қўшилиб кетди. Ойим ўрнидан туриб рўмолини тузатди. Кейин ўтирди. Нон ушатди.Чойнакни дадил кўтариб чой қуйди. Нон тишлади. Ойим бир тишлам нонни бекор оғзигасолгандай шошилиб ютди-да, сўзида давом этди:
– Ҳе-ей, ўғлим…– Ойимнинг фикри чалғиди. У бошқа нарса ҳақида гапирмоқчи эди-ю, хаёли бўлинди. Мен буни печкада ўтиннинг чарсиллаётган товушига қулоқ тутиб қолганидан билдим. Дастурхон йиғилди.
Ҳализамон Мирзо чақириб қолади. Плашчимни кийдим. Плашч ўзимники эмас, Эркин аканики. Ўзимникини уларникида қолдирганман. Бўёқ тегиб қолган. Эркин ака, шуни кийиб кетақол, деб сира қўймади. Менга кичик келиб қолган, деди. Бугун Эркин акаларникига боришим керак. Нима учун? Шунчаки “Яхшимисизлар?” дейиш учун…
– Ваҳоббой, ҳой, Ваҳоббой!
Бу– Мирзо. Учта уй нарида туради. Ҳар кун ишга бирга жўнаймиз. Ҳозир у “С-с-саломалейкум”, дейди. Кейин бир пиёла чой ичиб, “Хўп бўлмасам, қани, кетдик”, дейди. Кўчага чиққанида, албатта, Лола ҳақида гапиради. Ҳар куни шу. Гапириб-гапириб, охирида, мен уни барибир севмайман, деб қўяди. Мен жуда яхши биламан: Мирзо Лолани севади. Мендан яшириб нима қиларкин! Ана, у ўзи кириб қолди.
– С-с-саломалейкум…хола, соғ-саломатмисиз?
Ойим бошқатдан дастурхон ёзди.
– Йўқ, йўқ, овора бўлманг!… Бир пиёла чой бўлса, бошқа гап.
– Овораси борми, ўғлим!
Мирзо менга қараб кулиб қўйди. Мазмуни: “Тайёрланиб олибсиз-ку, хўжайин”. Мен унга шундай мазмунда қарайман: “Бўлмасам-чи, дўстим. Сени кутиб турувдим. Бўлақол, чойингни ич”.
– Хўп бўлмаса, қани, кетдик.
Ойим:
– Ваҳобиддин, қайтишингда бир қадоқ гўшт олиб ке! Ҳой, ўтирсаларинг бўларди. Ҳали вақтли…
“Ваҳобиддин” деб мени ойим айтади, холос. Очиқ гап “дин” қўшимчаси менга ёқмайди. Лекин “ғинг” демайман.
Ойим камзулини кавлади.
– Йўқ-йўқ, ўзимда бор,– дедим Мирзонинг олдида гердайиб. Ҳақиқатан ҳам, ўтган кун ойим берган уч сўм бор чўнтагимда.
– Хўп, ойи, хайр.
Ойим:
– Хайр, дема, хайр, дема.
Биз ишлаётган жой билан уйимиз ораси 15 минутлик йўл. Кўчага чиққанимизда “ғув” этиб машина тўхтади. Акбар-ку! Ирғиб тушиб биз билан сўрашди. Кабина ойналарини гаражда артган бўлса ҳам, яна артиб қўйди. Кабинага унамадик. Тепага чиқдик. Акбар машинасини “ғириллатиб” қўйгач, бизга: “Ўтириб олинглар”, деди. Кабинадан музика товуши эшитилди. “Бир… Икки… Бир… Икки…” Учиб кетяпмиз. Олдинда тонг. Энг янги тонг. “Бир… Икки… Бир… Икки…Чуқур нафас олинг…
“Чуқур нафас олинг…”
ХАТНА[5 - “Хатна” ҳикояси сўнгида “9. VI. 66 й.” санаси қўйилган]
Уруш тугади. Бир йил ўтди. Бир ярим…
Анна Петровнанинг эри Иброҳим ака урушдан қайтмади. Ёлғиз ўғлидан, яқингинада кампиридан айрилган қайнотасига унинг юраги ачишди. 8 яшар ўғлиИскандар билан Раҳмон отанинг уйига кўчиб келди ва қишлоқ медпунктида ишлай бошлади.
Келинидан ниҳоятда миннаддор бўлган Раҳмон отанинг меҳри ийиб, бир ойдан кейин набирасига тўй қилиб, маҳаллага ош тортадиган бўлди. Бу тўғридақўни-қўшнилар биланмаслаҳатлашиб олди ҳам.
– Ҳа, энди, нима чора, кулфат экан, тортдик. Ўғлимнинг умри қисқа экан…Рисолатдан ҳам жудо бўлдим. Келиним олтин экан– Аннажоним. Неварамнинг ёши ўтинкираб қопти, қўлини ҳалоллаб қўйсаммикан, нима дейсан?–деди Раҳмон ота самоварда чой ича туриб Собит мўйлов деган ошнасига.
Собит мўйлов маъқуллади.
– Агар кўнглингга олмасанг,–деди у,–бирқўй мендан.
Анна Петровна қайнотасининг маслаҳатини кескин рад этди.
Искандар биринчи кунданоқ буваси биланапоқ-чапоқ бўлиб кетди-ю, аммо маҳалла болалари билан бир неча кун, ётсираб, ўйнолмай юрди. Мактабда Ахмад, Суюн деган болалар билан жуда ўртоқлашди.
Аҳмад ҳам, Суюн ҳам қуйи маҳалладан. Суюн лойдан коса ясаётган Искандарга «ҳоммомни»ўйнагани келган.
– Эртага тўйим бўлади,– деб қолди.
– Қанақа тўй?– сўради Искандар.
Суюн: “Шуниям билмайсанми?” деди-да, иштонини ечиб кўрсатди…
– Йў-ў-қ, биламан-у, эсимдан чиқибди-да. У-у-в, оғрийдия?
– Фи, оғрийди-я! Ари асти чаққанми сени?
– Нима? Чаққан, кўзимни чаққан, шишиб кетган.
– Ари чаққанчалик бўлмайди-да. Сеники қачон?
– Мен унамайман.
– Ҳе-ей, ҳезалак!
– Суюн, ҳейлагинг нима? Фашист! Урушасанми мен билан?
– Ур! Мен урушмайман. Ҳезалак дегани «қизбола» деганийкан, энам айтди. Энди сен биланўйнамайман.
Искандар ичкарига кириб, бир бурда нон синдириб олди. Ариқда оқизиб ейиш учун ҳовлига ўтди.
Ариқ лабида бобоси сават тўқиб ўтирибди. Искандар унинг ёнбошига чўнқайди. Кейин бир нарса чаққандек ўрнидан туриб:
– Ассалому алайкўм!– деди.
– Ваалейкўм!– деди бобоси. Кейин кўзини қисди.
Искандар ҳам кўзини қисди.
– Ўртоқ Раҳмонов, ишлар қандай? Ўртоғинг кетдими? Таништирмадин-ку мен билан,–деди бобо.
– Кетди. Уришиб қолдим.
– Бекор қилибсиз, ўртоқ Раҳмонов, бекор.
– Бобо, менинг тўйим ҳам бўладими?
– Ҳм… Йўқ, бўлмайди. Ойинг оёғини тираб олди-ку!
– Билмасам.
– Сени унчасуймайди-да, шунинг-чун.
– Ойим мени ёмон кўрадими? Ойим мени яхши кўради. Кечқурун ёнимга келиб бошимни силаб йиғлайди. Мени ухлаяпти деб ўйлайди-да. Бобо, ойим мени жуда яхши кўради.
Ҳали саратонга узоқ. Кун исиб кетди.Ғир этган шамол йўқ.
Анна Петровна туш пайти ишдан келди. Хонасига кириб ечинди. Халатини, лозимини кийди-да, кўрпа-тўшакларни ташқарига олиб чиқди. Дорга ёйилган сочиқларни, жойнамозни, ўғлининг кўйлагини уйга олиб кирди. Ўчоққа ўт қалаб,қўмғон қўйди. «Пуф» десанг йиқиламан деб турган ҳужрадан тўртта тошкўмир топиб ўчоқдаги ўтга аралаштирди. Йиқилибётганобдастани ювиб, сув қуйди.
Қумғон қиқирлади. Чойнакка қуруқ чой солди. Нон қутини очди. “Искандар мактабгатағин нон олиб кетмабди”хаёлидан ўтказди у.
Кўча эшикнинг тамбасини олиб йўлга қаради.
Раҳмон ота қўлида ҳасса, мункайиб келмоқда эди. “Ишламаса ҳам бўларди. Бекорданўриснинг худоси ҳам, ўзбекниям безор, дейди. Искандарнинг ётқизилишигарозилик бермай, тўғри қилдиммикан? Мендан жуда хафа бўлса ҳам индамайди, қария”.
– Ҳорманг
– Ишдан келдингми, саломат бўл, қизим…– Раҳмон ота ариқ томонга ўтди. Уйга кириб қайтиб чиқди.
– Қизим, жойнамозни қаерга қўйдим экан?
–Ҳалидазмоллаганим йўқ эди, дада.
– Майли, майли, алҳамдуллилоҳ,ювганингаям шукур.
Анна Петровна гилос остидаги сўрига дастурхон ёзиб, чойнакни ўради. Дазмолга чўғ солди. Ишларини саранжонлаб, кийиниб чиқди. Раҳмон отани пойлади. Раҳмон ота намозини ўқиб чиқди.
– Ассалому алайкум…Дада, мен ишга борайин, ҳали-замон Искандар ҳам мактабдан келиб қолади, бирга чой ичарсизлар.
– Ваалейкум… Бор, қизим, бор. Бунақа чой-пойга овора бўлма кўпам. Ўзимиз, Искандар билан бир йўлини топамиз. Унингсиз ҳам ишинг кўп.
Раҳмон ота ариқ қувирига узун калтак суқиб лойдан тозалаётган эди,набираси яктагининг этагидантортди.
– Тишт, ке… келдиларми ўртоқ… Хўш, хўш, ким уришди, “беш”нинг тескарисини олдингми? Тўхта-чи.
Кўзлари жиққа ёш Искандар бобосининг сўзларидан кейин овозини чиқариб йиғлай бошлади.
–…Болалар мен билан ўйнашмаяпти… Аҳмад ҳам битта партада мен билан ўтирмайман, дейди. Бобо, мактабга бормайман энди…
–Ҳай, ҳай-ҳай, йигит киши ҳам йиғлайдими? Уят бўлади… Икковимиз ўйнаймиз– шунгаям ота гўри қозихонами!
– “Ота гўри қозихона” ўйнамайман, уруш-уруш ўйнайман.
–Майли,ўшанақаўйнаймиз, болам, тур, чой ичиб олайлик, кейин ўйнаймиз.
Раҳмон отанинг юраги тўлиб, ичкарига кирди, устига юпқа тунука қопланган сандиқчани кўтариб чиқди. Узун-узун қўллари билан сандиқчани артди. Калитини ярим соатча излаб, ахир топди. Сандиқча “три-линг” деб очилди. Аллақандай қоғозларнинг остидан иккита сарғайиб кетган суратни олди. Ўрнидан туриб томоша қилди. Икки томчи ёш соқолига оқиб, тўхтаб қолди. Суратни Искандарга узатди.
–Дадамлар-ку, дадамлар!– деди Искандар.
–Йўқ… бу Иброҳим эмас… бу мен… уруш-уруш ўйнаган даврларим.
– Бобо, милтиғингиз ҳам бор экан, ростакамми? Дадамлар ҳам ўйнашганми?
– Ўйнашган. Сен энди ўйнамайсан…
–Нега бобо? Мен ҳам ўйнайман, бобо.
***
Самоварга чиқишга Раҳмон ота безилласа-да, бу кун бўлмади, уйда қисилиб кетди. Чойхоначи Рўзимуҳаммад “Камнамосиз, ота” деб сўрашиб ўтди. Кейин аччиқ чой дамлаб келтирди. Чеккароқдаги ошналари Қобилжон билан Собит мўйлов Раҳмон отани кўриб чақиришди.
–Боғвон, бу ёққа!
Раҳмон ота ночор чойини кўтариб ўша ёққа юрди.
Гап айланиб-айланиб, набирасининг тўйига келиб тақалди.
–Ё Онахон рўйхушлик қилмаяптими бу ишга?
–Хотинлар қўрқаверишади, онаси-да, деди Чилтон.
–Йўқ. Шундоқку-я. Лекин, бирозкамчилигимиз бор-да,–ёлғонлади Раҳмон ота.
–Бе, Полвон, нима, сен дунёга довруқ солармидинг! Зиғирдеккина тўй қиласан-да. Мақсад, қонинг аралашган неварангни ҳалоллаш. Ҳув, ўша айтганим–айтган. Лафз!– деди Мўйлов.
Хуллас, тўй шу бугуноқ бўладиган бўлди. Чукрони ҳам. Шу бугун.
Қобил Чилтон уста Тешавойга одам юборди…
…Анна Петровна уйма-уй юриб касал кўрди. Сариқ дори тарқатди. Уни ҳамма ёшлар “Онахон опа”, қариялар “Она қизим” деб ҳурмат қилди. Бутун қишлоқ Раҳмон отанижаннатийаташар, уни яккалаб қўймаган келинига эса таҳсинларўқишади.
Шуларни ўйлаб борар экан, у бундан ўн йил муқаддам Иброҳимга “Юр, алоҳида ҳовли қилиб яшайман”, деб уни ота-онасининг бағридан олиб кетганини эслаб, ўзидан-ўзи уялиб кетди.
У бутун қишлоқни айланиб қайтаётганда ҳамма ёққа қоронғулик тушиб қолган эди.
– Онахон опа… Онахон опа– деб чопиб келарди қўшниси Манзурахоннинг олти яшар қизи Собира йиғлаб. “Яна безгаки тутибди-да Манзурахоннинг”, деб ўйлади Анна Петровна, кейин Собирага қараб интилди.
–Яна тоби қочдими?– деди Анна Петровна.
–Йўқ, аямдамас… Искандар…
–Нима?! Искандар! А!!!
–Йўқ… Тўй қилишяпти… У ойимга айтаман девди, ушлаб олишди…
Анна Петровна қаттиқ силкинди. Чопди. Оёқларидан олдин чопа кетди. Шунинг учун йиқилди. Ўрнидан турди. Шиппагини киймади. Яна чопди. Яна… қоронғуликда бир чуқурликка оёғи ботиб кетди. Тирсаги билан турмоқчи эди, бир нарса «жиз» этиб санчилди. Шундан кейин орқасига қайтди. Амбулатория эшигига осилган кичкинабосма қулфни бир юлқиб очди. Шкафдан ҳар эҳтимолга қарши тайёрланган дорили стаканни олиб яна югурди. Кўзи олди қоронғи. Югурди.
Уй эшиги остонасида иккита бақувват қўлга осилиб қолди. У шундан кейингина кўзларини очди. Кўрпа устида кулиб ётган Искандарга кўзи тушди.
–Саша-а… больно, Саша?…
– Ничуть, мама… Немножечко… Зато со всеми свободно буду играть в войну…
Анна Петровна атрофга аланглади. Одам анчагина экан. Ўн-ўн беш чоғли бола уймалашиб юрибди. Гилос остидаги сўрида кимдир жуда ҳазин ашула айтяпти. Раҳмон ота қаёқдандир олиб келган патефоннинг қулоғини бураяпти. Патефондан қизиқчи кишининг овози келди. Раҳмон ота ўрнидан туриб эшитди. Кейин «Шовла қилсам, ботмайди» деб қўшиқ бошланганда қўлларини кўтарди, ғоз туриб қўшиқ мақомига йўрғалай кетди.
9. У1. 66 й.
УЧРАШУВ[6 - “Учрашув”нинг ёзилиш санаси: “11.02.67 й.”]
…………….
Унинг ёшиўн олтида.Бугун туғилган куни. У қўлидаги лойни деворга шоп этиб ёпиштирди. Лой тарашадай бўлиб қолган деворнинг бир қатлами билан уваланиб тушди. Оёғи остидаги челакка қўлини ботириб деворга сув сепди, сўнг яна лойни ўша ерга урди. Андавалади.
Қўлида катта пичоқ билан ер кавлаб ўйнаётган жияни қўқисдан йиғлай бошлади.Ўшанга қаради. Йўқ, бирор жойини кесиб олмабди. Ари чақибди. У арини қаттиқ сўкди, шундан кейин жиян йиғиси босилди.
Кўча эшикдан қоп-қора кичкина бош кўринди. Бош жияни томонга телмуриб «юр, ўйнаймиз», деди. Жияни: «Сен билан ўйнамайман, иш қиляпмиз», деди тоғасига қараб. Тоғаси иржайиб: «Бор, ўйнаб кел, пичоқни ташлаб кет», деган эди, жияни уввос солиб йиғлаб юборди.
Уйдан кўзлари шишган опаси чиқди, ўғлини чирқиратиб ичкарига судради. Ичкаридан поччасининг ғулдураган товуши келди. Кейин эшикдан жундор қорин кўринди. Қорин аста-секин юриб, унинг ёнига келди.
– Баракалла, қишлақилар ишга жуда эпчил-да!– деди. Чўмилиш учун юрди. Поччаси қўлбола душнинг жумрагини бураб:– У-у-ув! Сув қайнаб қолибди-ку!”– деди.– Ука, бир челак сув олиб келинг-чи, яшанг!
У ишни битириб, поччасини кутиб ўтирди. Поччаси ювиниб чиққач, унга:
– Почча, бугун менинг туғилган куним эди,– деди.
– Ҳў, қуллуқ бўлсин. Бозор куни туғилган экансиз-да! Нега исмингиз Бозорвой эмас! Хотин! Соатни қара!
– Олти.
– Бозорга тушдингми?
Опаси қўлини пешонасига қўйиб хўмрайди.
– Ёнингиздан жилганим йўқ-ку, тавба…
– Хўп-хўп, гапни чўзма.
Поччаси бир нарсадан хижолат тортиб, қизарди.
– Ука, бозоргағириллаб бориб, пиво олиб келмайсизми? Тўлатиб-тўлатиб олинг, хўпми?
Поччаси келтирилган пивони тусмоллаб чамасиникўрди. Ўрик остидаги салқинсупага бордилар. Биргина косага қуйиб ичиб олди. Опаси ҳам ичди. «Пиво яхши нарса, уйқуни келтиради», деди поччаси. Ичкарида телефон жиринглади. Жияни йиғлади. Опаси телефонни олди. “Сизни”, деди эрига қараб. Поччаси телефондагига, «хўп», деди.
– Ташлашамиз… Беш-олти пиводан. Меникининг фарзининиўғлим овқат пишаётган қозонга ташлаб қўйган экан, хотиним отворибди. Олиб чиқақолинг.
– Уф-ф!– деди опаси.
Эри“нима чора” дегандек узун бошини эгиб илтижо қилди.
Опаси ўғлини кўтариб қаёққадир жўнади.
Бир киши шахматқўлтиқлаб кирди. Телефон қилган киши, шекилли.
– Уйда хотин йўқ… зерикдим– деди у.
Ўйинга берилиб кетишди. Пиво ичишди.
Поччаси икки марта пивога пул берди. Анави бир марта.
Ҳаво бўшашгандай бўлди. Гапга берилиб кетишди. Бояги киши:
–Бизникига кириб, сандиқнинг орқасидаги ароқни олиб чиқ,– деди.
Поччаси меҳмоннинг уйини тушинтирди. Шундоққина нариги ҳовли шуларники экан.
Кираверишда чап биқинда тўнка турибди. Нимагаишлатилишини у билолмади. Ҳув, баланд оқ гулнинг ёнида кўйлагини липпасига қистириб олган бир қиз сув сепаяпти. Қиз унга терс тургани учун бепарво, бамайлихотир. Тиззасидан анча юқорига кўтарилиб қолган кўйлак остидаги оёқларини кўриб ғалати бўлиб кетди. Нима учун келганини унутди. Бир кун мактабда шундай бўлган эди. Бир қизнинг думбасигаукол қилинаётган пайтда синфга кирибқолганда шундай бўлган эди.
У орқаси билан чиқиб, кўчада тўлиб нафас олди. Юраги дук-дук урар эди. Сандиқ орқасидаги ароқ энди эсига тушди. Ичкарига бир қадам босиши билан қиз уни кўрди; у ёқ-буёғини тезгина тузатиб олди.
– Келинг…Кираверинг… Дадамлар буларникида… нима эди?– Қиз нариги ҳовлини кўрсатди.
– Йўқ, менга дадангиз…Саломалейкум… Дадангиз айтиларки, сандиқнинг орқасида ароқ бор экан…
– Бўлса нима қилай!– Қиз муғомбирона дўқ қилди. Кўзларини бирозқисиб, унга қараб туриб қаттиқ кулиб юборди. Кейин:
– Баскетболга қатнашасизми?– деб сўради.
– Ҳа,– деди ёлғондан у. Нимагадир ғаши келиб, нимагадир хурсанд бўлиб.
– Бунча хўмраясиз, қизлар билан гаплашишни ёмон кўрасизми?
– Йўқ, нега? Яхши кўраман.– У ўзидан ўзи уялиб қизара бошлаганини сезди.
Қиз ароқни олиб чиқди. Унинг қўлига тутқазди.Йигит қизга қараб турарди. Қизиқ, кинодаги қизларга ўхшаркан. Кўзлари ката-катта экан. Нима учундир чиройли.
– Сиз ҳали ичасизми?– сўради қиз.
– Йўқ… Поччамлар, дадангиз билан ичишади.
– …
– …
– Ташлаб чиқасизми?
– Албатта,– деди нима учундир йигит.– Бугун менинг туғилган куним,– деб қўшиб қўйди яна нима учундир.
– Вой, қандай яхши! Қиз қўлларини қисди. Иссиқ. Умуман, қизиқ. Бунинг устига, бугун унинг туғилган куни.
– Рости билан чиқасизми?
Йигит ароқни стол устига қўйиб орқасига қайтди.
Қиз уни дарвозада кутиб олди. “Қандай чиройлик бу қиз”, ўйларди йигит.
“Келишган экан”,кўнглидан ўтказди қиз. “Ҳар ҳолда анавидан кўра…”
Қиз уни ток остидаги столга олиб борди. Курси кўрсатди. Қаршисига келиб ўтирди. Улар ўзларидан ўзлари кула бошлашди. Кейин қиз ўрнидан туриб қандайдир пластинкани қўйди. Овозини пастлатди. Йигит шу вақтгача бундай ажойиб оҳангни эшитмаганлигига ҳайрон эди. Салқин шаббада эсди. Осмонда парча булут йўқ. Кўм-кўк. Кўм-кўк…
– Музика яхшими? Ўйнанг?..
– Йўқ… билмайман… иккимиз ўйнайлик.
Йигит қизнинг қўлларидан дадил ушлади. Музика кўпга чўзилмади. Қиз бошқасини қўйди. Бундай ажойиб пластинкаларни қаердан топган экан бу қиз?
Олис денгиз кўм-кўк эмиш. Қандайдир қушлар (оққушларми?) уфққа қараб учаётган эмиш. У қизга қаради. Кўзларини юмиб олган қизқўқисдан уйғониб кетгандек:
– Тўхтанг!– деди.– Туғилган кунингиз билан табриклайман… Ўтиринг.
Қиз унга қараб графин, кичкина иккита қадаҳ олиб чиқди. “Сиз қуйинг”, деди йигитга. Йигит қадаҳларга қуйди. Ичиб кўрди. Иккаласи роса кулишди.
– Яхна чой ҳам ичимликка ўхшаркан,– деди йигит.
Тикка туришди. Қиз у билан қадаҳ уриштирди.
– Табриклайман…Неча ёшга тўлдингиз?
– Рахмат, раҳмат… Ўн олтига.
Қизнинг қўлидаги тушиб кетди… лекин синмади. Йигит бошқатдан қадаҳ тўлдирди. Ёлғондан тамадда қилди. Кулди. Кулди. Қандай бахтли-а? Сабаб?
– Умуман… бахтли бўлинг… Соат ҳам саккиз бўлиб қолибди, дадамлар ҳам чиқади ҳозир.
Йигит ўрнидан туриб, қизнинг маъюс кўзларига тикилди.
– Келаси якшанба келаман… Келсам, сизни яна кўра олишим мумкинми?– деди йигит.
– Йўқ,– деди қиз, ёшли кўзларини йигитга қаратиб… Сиз… Сиз… мендан тўрт юз ўн беш кун кейин туғилгансиз ахир… Йўқ…
– Хайр…
– Хайр…
У опасининг ҳовлисига кирганда поччаси райҳон, жамбилларнинг ариғига қаттиқ-қаттиқ ўқчиб қусар, меҳмон завқланиб куларди.
У опасини кутиб ўтирмасдан, онасиқишлоқдан қовоқ сомса солиб юборган сўмкани ҳам олмасдан кўчага отилди.
Қоп-қорайиб қолганига қарамай, ҳаво дим. Дим. Уф-ф-ф.
Унинг ёши ўн олтида.Бугун унинг туғилган куни.
11. 02. 67 й.
ДАРЗ
Кеча ёққан қордан, пана-панадан оқаришиб турганларини ҳисобга олмаганда, бугун асарҳеч қолмади.
Бўғотларда узун-узун осилган сумалаклар ҳам эриб, буғ чиқиб турган ерга санчилиб туша бошлади. Офтобда исиниш учун қуруқ жой кўзлаб кетаётган олифта мушук лой қўлларидан хижолат бўлганидек қараб, “ме-э”, деб қўйди. Қиши бўйи ёғин-сочинга бардош беролмай мункайиб қолган ўчоқ атрофида кезинган товуқлар бирор емак тополмаган бўлсалар-да, гердайишиб юрибди.
Ингичка бармоқ тирноқларини мўъжаз эгов билан текислаб, дераза ёнида ўтирган Озода дарвозанинг “ғич” этган товушини эшитиб, ўрнидан турди. Йўқ, ҳеч ким кириб келмади. Йўқ, шамолда очилган экан. Қайнонаси бугун қайтиб келмаслигини эслаб ҳовлига чиқди. Уйга кириб унинг эски маҳсисини кийиб, ўзича кулиб юборди. Ҳали пода келишига узоқ бўлса ҳам, оғилни тозалаб қўйди. Тандир ичида тўпланиб қолган кулни оғилхонага сепди. Ўзи билиб иш қилаётганидан беҳад севиниб кетди. Ҳаммаёқ саришта-саранжом эди. Ҳалиги жойига келиб ўтирди. Китоб жавонининг ўнг томонида осилган 50 ёшлардаги, аллақачон раҳматлик бўлиб кетганқайнотасинингсуратига синчиков термилди. Қизилдухоба ўралган катта альбомдан эрининг суратини олди. Эринингйигирма беш йилдан кейинги ҳолатини кўз олдига келтирди.
Озода офтобда исиниб, чўзилиб ётган катта мушукни чақирди. Мушук бошини кўтариб зангори кўзларини бирпирпиратди-да, яна ётаверди. Мушукнинг райхушига қарамасдан, кўтариб олиб келди. Овқат берди. Емади. Озода мушукнинг кўзларига қаттиқ тикилди. “Қўйсангиз-чи, кеннойи, нима қиласиз мени қийнаб”. Қўйиб юборди. Мушук кеннойисига, “овора бўласиз”, дегандай бир қараб қўйди-да,эринибгина жойига бориб чўзилди.
Зерикди. “Хотин-қизлар гигиенаси” деган китобни ўқимоқчи бўлиб эди, кўнгли тортмади. “Оила ва бахт” деган китобчани нохушгина варақлай бошлади. Бўлмади. Тўғридаги каттатошойнада ўзини кўриб қолди. Ойна ёнига келди. Юзларига қаради. Кейин бутунлайечиниб ҳаммаёғини ойнага солди. Нимадандир қаноатланди.
Зерикди. Гарчи эри, кечроқ келсам керак, деган бўлса ҳам кўча эшикни беш-олти марта қараб келди. У тўйлари ўтганча қишлоққа келганига икки ой бўлганда биринчи марта бугун қаттиқ зерикди. “Эртадан иш бошлайман… “Ёзучи” келса айтаман” , ўйлади у.
Озода эри ҳақида ўйлаганда “ёзувчи” деб ўйлайди. Оғзаки ҳеч бундай демайди. “Турғун ака” дейди, “оппоғим” дейди. Турғун қоп-қора йигит. Отеллога ўхшайди. Озодани Дездемонадан ҳам яхши кўради. Ҳақ гап!
Кўча эшик тақиллади. Почтачи экан. Бир неча газет ва журнал берди. Кўзларини қисиб, журналга имо қилиб: “Куёвди ҳикояси бор”, деди.
ҚАЙҒУ[7 - “Қайғу” этюди “7.12.67 йил”да ёзилган.]
Этюд
Муталлиб ака уйга кеч қайтди. Йўлакда ағнаб ётган челакка қоқилди. Сўкинди. Хотини пишилаб ухлаётган набираси Шукуржоннинг яра тошган юзига қараб йиғламсираб ўтирарди.
– Егани бер!– Жўрттага жаҳл билан жингалак кўкрак жунларини яктагига аралаштириб тортди.– Уф! Чарчадим,хотин.
–Чарчаганингизни кўриб турибман. Эшитдик, бригадир бўлибсиз.
Намунча, жонингизни Жабборга бериб ишламасангиз! Мен ҳамодамман-ку, вахлироқ келсангиз, ҳеч-йўқ овқатни бирга емасак… Сигир подадан қайтмади. Подачи ҳам излаб тополмаганидан сўнг ўзим излашга тушдим. Қобилни Садбар холага ташлаб кетувдим. Сигир жарга йиқилиб, бўйни қайрилиб қолибди. Аҳмаджон қассоб сўйиб берди. Ана, у.– Хотини сўрига суяб қўйилган бир қоп гўштникўрсатди.
– Нима, қисирсигир-а! Нима деяпсан ўзинг?
Муталлиб ака кўзларини чақчайтирди. Жаҳл билан эшикни ёпиб чиқиб кетди.
У тўғри Акбар сўққабошнинг катакдек ҳовлиси олдида бироз ўйланиб турди-да, эшикни қоқди.
– Эй, ассалом алейкум, биргад,келинг. Йўл бўлсин?
– Шунда-ай– деди Муталлиб чўзибгина. Ўзининг бугун бригадир бўлиб сайланганлигини эслади. Ўзидан ўзи қизарди.
– Бугун биргадсан, иним, эртага раис ҳам бўларсан. Эски ошноларни унутиб қўйма. Тўрт кун кейин сенинг бригаданг ҳам унча-мунча колхоздан қолишмайди. Илгари, ёдингда бўлса, ҳозирги бир бригада ўрнида саккизта бригадабўларди. Эшмат кал раис эди. Ёдингдадир?
Муталлиб:
– Эсимда.
Акбар:
– Гап шу, ука, сени обрўйинг– мениобрўйим бўлади. Ишни билиб қил. Мана кўрасан, бир йилда қаҳрамонҳам бўласан. Аъзоларингни иштаҳаси яхши.
Муталлиб:
– Иштаҳанинг нима алоқаси бор бунга?
Акбар:
– Ҳе-ҳей, иним! Иштаҳада гап кўп. Яхши ейишни ўйлаган одам, яхши ишлайди. Яхши ишлагандан кейин планлар юз бўлаверади-да.
Муталлиб:
– Қўй, бу гапларни. Мен эртага нима қилай, шуни айт, эртага сенам далага чиққин.
Акбар:
– Мана шунақа гапларинг менга ёқмайди-да! Карим кўса мениишлаталмаган-у, сен мени ишлатмоқчимисан? Тағин дўстим-а?! Қўй-е! Бундай дебўйламагандим. Одам зоти қизиқ бўларкан-да. Амал тегдими, ўзгаради-қолади. Қўй-е.
Муталлиб:
– Йўқ, амал теккани учун айтмаяпман. Мен олдиндан сенга айтмоқчи эдим. Тушингдингми?
Акбар:
– Қўй, бу гапларни, ундан кўра бир нарса қилиб менга пенса тўғирлаб бер.
Муталлиб:
– Қандай ноинсоф одамсан. Олдин ҳамшундаймидинг?
Акбар:
– Ана, яна ноинсоф ҳам бўлдик.
Муталлиб:
– Ахир, ёшинг қирққаҳам боргани йўқ-ку!
Акбар:
– Ҳозир эмас, албатта, ҳозир эмас. Планлар тўлганидан кейин. Кейинроқ қишлоқ Советига бир оғиз айтиб исправка қилдириб берсанг, бас!
Муталлиб:
– Ҳеч қачон. Тушундингми? Ҳеч қачон! Эртага ҳамма қатори далага чиқмасанг…
Акбар:
– Хўп. Хўп, дедик-ку, хўжайин. Биргад ака!
Муталлибнинг туни билан ухлай олмай чиққанлиги кўриниб турибди. Катта қора этикларини қоқди. Дазмолланган яктагини кийди. Ҳовлидан ташқарига чиқди.Яна қайтиб ҳовлига кирди. Кейин яна уй эшигини нариги хонадаги хотинига билдирмасдан очди. Эски яктагини топиб апил-тапил кийди-да, тағин секингига чиқаётган эди, хотини кўриб қолди.
Хотини:
– Ҳа, нима бўлди, ўғри мушуккаўхшаб бешарпа ҳаракат қиляпсиз?
Муталлиб:
– Шундай… ишинг бўлмасин, бор. У кетмоннивелосипедгаўрнаштирди-да, кўздан ғойиб бўлди.
ЭкрандаМуталлибнинг юзи. Пешонаси кенг, қирра бурун.
Шамол ва иссиқдан қорайиб кетган юзларида жиддийлик. Камтарона вамасъулият ўти ёниб турган кўзларида сурурнинг ички монологини эшитамиз: «Ассалому алайкум» десамми ёки «Ҳорманглар». Қизиқ, мендан бошқани сайлашса бўлмасмиди. Менингҳеч кимдан фарқим йўқ-ку. Балки, «Ҳеч кимдан фарқим бўлмагани учун сайлашгандир».
Пахта хирмони. Саксон ота, Тешабой акалар пахта қуритмоқда. Улар намиққан пахталарни ёймоқда эди. Саксон ота пахтани худди қуёшга тутиб иситиб олаётгандек кўринарди. Тешабой ака дўпписи остига қистириб олган райҳонни ҳар замон-ҳар замон ҳидлаб ишга тушиб кетди.
Муталлиб уларнинг ёнига бориб сўрашди-да, Саксон отанинг қўлидан бешликни олди.
Бир теримчи жувон бир этак пахтани зўрға кўтариб келарди. Ёнида олти яшар боласи. Бола онасининг этагидан ушлаб олган. Муталлиб этак кўтарган жувон томонга бориб, зил этакни кўтариб қайтди. Бола: “Тоға, мениямкўтаринг”, деб хархаша қилди.
– Ўл, биргад тоға дегин!– деди жувон самимий кулимсираб ўғлига.
– Биргад тоға. Биргад тоға, мениям кўтаринг!
Шу пайт ошпаз: “обед” деб қичқириб қолди.
Далашийпон гавжум. Ёшлар келди.
Муталлиб ҳам шулар орасида. Ҳеч улардан фарқ қилмайди. Алоҳида кўрсатиш шу ерда керак эмас. Кулги. Акбар бир чеккада шўппайиб ўтирибди. Ёнидаги бир нарсалар деб кулди.
Олим ака деган киши ўртага чиқиб, “Жуда қизиқ биргадир” номли қўшиқ айтиб берди. Охирида, “Қуллуқ бўлсин” деб Муталлибга қараб қўйди.Муталлиб “Қуллуғ, қуллуғ”– деган эди, кулгу кўтарилди. Шу пайт Акбар овозини баланд қўйиб:
– Мулла Муталлиб ҳам чакки эмас. Энди ювса бўлади. Кеча халққа ош бериш мақсадида сигирини сўйдирди.
Акбар бу гапни ғараз аралаш айтди. Лекин ҳамма буни самимий тушунибди. Қаҳ-қаҳ уриб кулдилар.
07. 12. 67 йил
ЙАНГИ КИНО[8 - Бизнингча, “Йанги кино” ҳикоянинг номи эмас. У қисқа метражли фильм учун ёзилган янги сценарий. Рауф Парфи “Қайғу” ва “Йанги кино” сценарийларини Киночилар қўмитасида ишлаган йиллари (1965–1968) ёзгандир балки.]
– Ичишингизни ташланг, қариб қолган чоғингиздавино қилишни қайси балодан ўргандингиз-у, бошимизга бало ёғиладиган бўлди. Масхаралик ҳам эвида-да. Кеча ҳосилот менга бошқача қараш қилди-я! Яхшиям мен ишлаб турибман. Иккинчи кун далага чиқияпсиз-у! Ёки биргадликдан ўчиришганийчун хафамисиз, ёки…
– Кўп чинқирма, хотин, сенга ким айтди вино қилиш гуноҳ деб! Ҳали қараб тур, Иброҳимжон билан Ғойибжон лоп этиб эшикданкириб келишади-да, бизнинг винолар керак бўлиб қолади. Нариги бочкани шуларга атаб солганман. Анави бочка тирикчилигимизга яраб турибди-ку,от топгунча эшак ҳам улов, деганлар.
Фарзандларининг номиниэшитиб Тожихон опа шаштидан қайтди. Эринингқошига чўнқайди, ички бир илтижо билан хўрсиниб:
– Илоҳим, айтганингиз келсин, Иброҳимжон,– деди ва челаккаҳайрон бўлибқаради, кейин ариқ томонга юриб кетди.
(2) 8
Тожихон опа ва Раҳмон оталарнинг икки ўғли, бир қизи, икки келин, бир куёви, 42 набираси бор. Набираларнинг ҳаммаси ўғил.Катта оила.Уруш тугади, лекин ўғиллари Иброҳимжон қайтиб келмади. Уч йил бурун бедаракйўқолди, деган хабар чол-кампирни ларзага солган бўлса-да, умидларини юлиб кетолмади. Келинлари Онахон (Анна Петровнани шундай аташарди) шаҳарда касалхонада ишлайди. Набиралари Искандарнинг ҳам бўйи чўзилиб қолган. Ҳафтада бир-икки келиб кетар. Қизлари Холисхоннинг куёви эса урушнинг дастлабки кунларидаёқ ҳалок бўлди.У етим йигит эди. Ундан бир ўғил ёдгор. Холисхон қора кийибэрини мотамини, бутун зарур маросимларини ўтказиб яқиндатурмушга чиқди. Тўғрироғи, ўзидан уч-тўрт ёш кичкина, узоқ юртдан келган бир студентни ўзига ичкуёв қилиб олди. Қуйи маҳаллада биринчи эридан қолган уйда яшайди. Фарзандлари, ойимга мадад бўлар деб, колхоз фаолига Ғойибжонни бултур уйлаб қўйдилар. Эндигина ўнинчини тугатган ўспирин оила билан ўралашиб ўқишга боролмади. Колхоз устахонасига бориб шогирд тушди. Яқинда харбий хизматга чақирилди. Келинлари Мунисхон илғор теримчи– эрта кетади-ю, кеч қайтади-да, кейин…
– Айтганингиз келсин!– деди такрор Тожихон опа Раҳмон отанинг ёнида ўтираркан.
Раҳмон ота бризент этигининг қўнжисига бир шаппатилади-да, ертўлага тушди. Ертўла зах, узумнинг ачимсиқ ҳидига тўлган, совуқ эди.Бурчакда икки оғзи лой билан беркитилган хум, икки бочка бўлиб, бирига қоп ёпилган.
(3)9
Қопнинг устида ухлаётган қора мушук уйғониб кетди, керишди, «миёв» деб,Раҳмон отага қаради. “Пишт-э, ялқов, ландовур, йўлбарс авлоди эканингни қара-ю!”– деди Раҳмон ота ва ўзича мийиғида кулди. Ертўланинг уёқ-буёғини супурди. Эшикларни тўғрилаб қўйди. Бочканинг қорнига ётқизиб қимиллатди, “шалоп-шалоп” деган овоз чиқди. Латта-лутта билан ўралган тиқинни суғуриб олди. Шланг солиб сўрди. Катта тунука чойнакка мусаллас тўлдирди. Чойнак лим-лим бўлди. Тошди. Раҳмон ота дўрдоқ лабларини жўмракка босиб симирди. Мошгурунч соқолига илашган мусаллас томчиларини оқ яктагининг этаклари билан артди. Яктакда қизил доғ қолди. Ертўла эшигига бузуқ босма қулфни илди. Дарвозага яқинлашганда хотинини чақирди.
– Иброҳим, тезда қайтаман, гузардан нос олиб келай, тугабди. Битта-яримта келса кириб ичаверишсин, чойнакка қуйиб қўйдим. Нон-пон қўйгин олдиларига,қуруқ ўзини ичиб бўлмайди, биласан.
Раҳмон ота мусаллас солишни қирқ тўртинчи йил Қиримдан кўчиб келган Саидумардеган отадан ўрганган эди. Ичишни ҳам. Саидумар отаўзи якка, бори-йўқ кўчи қўлидаги биргина эски сандиқчасидан иборат эди. Беҳининг ўнг қанотидаги ҳужрани бўшатиб унга жиҳозлаб берди.Чаққон, чайир, ниҳоятда меҳнатсеварлиги билан Саидумар ота ҳамманинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган эди.
(4)10
У ишдан бўш пайтларида кўзига ёш олиб, ҳижрат пайти тўс-тўполонда иккита боласини йўқотиб қўйганини гапирарди. У ҳар ҳафта қандайдир иш билан районга борар, Ўзбекистондаги етимхоналарга бориб келиш учун минг азобда рухсат олар, ҳар сафар болаларини тополмасдан афтодаҳол қайтарди. Бир сафар чиқиб кетганча қайтиб келмади. Раҳмон ота суриштириб-суриштириб охири чарчади. Бир кун келар деди-ю, ундан хотирабўлганкичкина сандиқни, бочкаларни авайлаб сақлади. Ўзи ҳам мусаллас солиб унча-мунча пуллай бошлади. Раҳмон отанинг мусалласини барча мақтаб ичарди.
***
Кун ботарди. Раҳмон ота уч киши билан кириб келди. Бирининг қўлида бир буханка нон, бирининг қўлтиғида эски дутор бор эди, учинчи киши қуруқ. Ертўлагатушдилар. Биринчи пиёладаёққизишиб, ундан–бундан гаплашиб, ҳазил-ҳузул қилишдилар. Булар сўнги чаноқларданпахтани териб олиш ниятида ҳашарга келган қирқ-қирқ беш ёшлар орасидаги кишиларэди.
Тожихон опачироқ келтирибтокчага қўйди.Тўртовлон баравар опага қаради ва ҳурмат маъносида қимирлаб қўйдилар. Қисқа фотиҳадан сўнгдастурхон келтирилди:зоғара нон, шафтоли қоқи, бир сиқим майиз.
– Қаранг азаматларни, ўз юмишларини ташлаб, биз томонларга ёрдамга келибдилар-а!– Раҳмон ота хотининибегона одамлар орасида доим сизлаб гапирарди.
– Илоҳим омадларини берсин, яхши одам қийин пайтиёрдамга келади,– деб қўйди Тожихон опа, секин чиқиб кетаркан.
(5) 11
Суҳбат замоннинг зайли, уруш туғдирган оғриқлар, қимматчиликдан бошланиб, ҳаётларига етганда,дутор ҳамсозланиб, қадимий бир оҳанг торгина, хира, қумшувоқ ҳужрани кенгайтириб, нурлантириб юборгандай бўлди. Пиёлага яна мусаллас қуйилди. Яна суҳбат бошланди. Дуторчининг исми ҳам Раҳмонжонэканидан негадир хурсанд бўлиб кетган Раҳмон ота уни сўроққа тутди:
– Баракалло, дуторни запчаларкансиз-да, адаш, ўзлари асли қаердан бўладилар?
– Анжанданман, урушда Белўрусгача бордим. Кейин… майиб бўлганимдан кейин, уруш тугамайқайтариб юбордилар. Ўшайда уйландим. Болалик бўлдик…
– Иброҳим, деб чақирди секин Тожихон опа. Раҳмонжон ота ташқарига чиқди.
Бир коса, бир коса қўйди.
– Мен ҳам бўлганман Анжонда. Мен асли Тошкентданман. кўкчаликман,–деди қуруқ келган киши суҳбатдошларига бир-бир қараб.
– Уёқлардабўлмаганман, аммо-лекин, деб буханка нон олиб келган киши гап бошлаганида, Раҳмон ота унинг сўзини бўлди, ва:
– Хўш, кейин-чи?– дея эгилиб адашига юзланди.
– Иннайкейин… инжиқлик қилаверди хотин, бу қийинчиликлар ҳамманинг бошида борлигини англамади, шўрлик! «Шу топишингизга хотин олиб, бола қилиб, нима қилардингиз! Топганингизга мушук офтобга чиқмайди. Мен кетдим. Бир кун боқиб кўринг маши болани!”– деди-ю,эски чопонини бошига илиб чиқди-кетди.
– Бай-бай-бай, астағфурулло!Калта ўйлабдилар-да ожизангиз,– дедиота ва такрор саволназари билан боқди,пиёлани тўлдириб узатаркан.
(6) 12
– Айтаверинг. Кейин? Хўш?
– Иннайкейин… бу гап-сўзлар ҳамиятимга тегиб юрганди… шартта ўша куни дуторимни қўлтиқлаб, ўғлимни етаклаб поездга нечук чиқиб қолганимни билмай, жаҳл устида…
– Оббо!– деб юбордиқуруқ келган киши.– Онаизорнинг ҳоли не кечди экан, қақшаб юргандир ҳозир…
– Ҳа, эртан келибди уйга, қараса, ҳечзоғ йўқ… Югурибелибди, жиянини бу томонга юборибди. Тошкентга, холаваччаларимнинг ёнига келиб-кетиб турганимни биларди. Эски хатлардан адресни олиб жиянини юборибди. Бахтиёр ўшатта, холамникида… Ўғлим… уч яшар… Яқинда бораман деб, хотиржам қилиб жўнатвордим. Икки-уч кун Тошкентда мардикорлик қилдим. Ёқмади. Бу ерга ўзимча келганман. Пахта ўзимизнинг эски касбимиз. Қочадиган номерлар йўқ… Кўп гапириб юбордим, шекилли… кечирингизлар… Лекин, отахон мусалласингиз кўп ўткир экан-да, аъло экан– деди дуторчи киши, барчага узр сўраган кабибоқаркан,– ёлқини кўтарилиб кетган чироқни бироз пастлатди. Дуторини қўлга олди.
– Сизнинг завқингиз баланд!– деди у қуруқ келган кишига.–Даромадини олиб берасиз-да.
– Бизга йўл бўлсин, олаверинг, уста!
Устанинг бармоқларипардаларгаурилди.Гўёбутун ер юзинингалами ушбу ертўлага тўлди. Ҳасратли қўшиқ ўтирганлар хаёлини чархпалак қилиб, айлантириб юборди. Тинглаганлар оҳанг йўлларида тебранишар, Раҳмон ота чироққа қараб тикилганча қотиб қолган эди.
(7) 13
Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён қилсам, тақи ул хонумон ўртар…
Қаю тил бирла, эй жоно, сени сирринг баён айлай,
Тилим лолу кўзим гирён, сўнгакларим ниҳон ўртар.
На қаттиқ кун экан, жоно, висолингдан жудо бўлмоқ,
Мени оҳим тутуниға замину осмон ўртар.
Бу дард бирла хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассен,
Ғаминг бошқа, алам бошқа, юрогимни фиғон ўртар…
Ашуладан кейин Раҳмон ота ўзи ҳақида, болалари, набиралари, даласи ҳақида анча гапирди-ю, бироқ суҳбат барибир қовушмади. Меҳмонлар, алламаҳал бўлиб қолибди-ку, деб қўзғолдилар. Пул узатишган эди, Раҳмон ота “хафа бўламан” деди, сидқидилдан бу сафар олмади. Кузатди. Қўл-бетини ювди. Ўрнига ётиб қаттиқ ухлаб қолди. Туш кўрди. Тушида қип-қизил, узун отга миниб учиб кетаётган эмиш, тўхтамас эмиш, ёлларидан ушлаб ҳарчанд тортармиш, тўхтамас эмиш, қулоқларининг остида шамолнинггоҳ гувиллагани, гоҳ дутор оҳанглари эшитилар эмиш. Тўхта, тўхта деб бақирармиш, ҳечтўхтамас эмиш қизил от. Бир баланд қор ёққан тоққа бориб тўхтабди. От кўздан ғойиб бўлибди. Қаршисида бир чол ўтирган эмиш. Соқоллари оппоқ, узун, йигирма газча келармиш.
(8) 14
– Хўш, Раҳмон, аҳволларинг қандай, бола-чақанг билан омонмисан?– дермиш.
Зеҳн солиб бундоқ қараса, ҳалиги чол– Саидумар, қучоқлашиб сўрашибдилар.
– Болаларингни топдингми?– дебди Раҳмон.
– Оллоҳ қисмат этса, топарман, дебди у.
– Ўғилларинг келяпти, яқинда келадилар, тўй-томошалар қиласан, мусаллас солдингми?
Шу пайт қизил от пайдо бўлибди.
Яна учиб кетаверибди. Узоқларда қолаётган Саидумарга:
“Қачон келасан?”– деб бақирибди. У ҳам қўлларини кўтариб бир нарса дер эмиш-у, шамоллар ғувиллаб овозини учириб кетармиш.
Раҳмон ота саҳар сергаклашиб уйғонди-ю, ўйланиб қолди.
Эр-хотин энди нонуштани қилиб ўтиришган эди, бир-бирини қувиб, қийқириб набиралари Искандар, Шукур кириб келди. Кетма-кет Холисхон, Онахон кирдилар. Ҳол-аҳвол сўрашиб ўтирдилар. Жимжитҳовли бир нафасда жонланиб кетди. Фақат Мунисхон йўқ эди буларнинг орасида.
МЕН ҚОРАЛАЙМАН!
Бир ойдирки бекорман. Қўлим ҳеч нарсага бормайди. Китоб ҳам ўқимайман. Ёдингизда бўлса, унча-мунча шеър машқ қилардим. Ҳозир– йўқ! Ўзимизнинг оғир ўзбек куйларини эшитгим келаверади. Келаверади. Узоқ-узоқ хотиралар гирдобида яшайман. Наҳотки, менда ҳеч қандай орзу бўлмаса?Назаримда, орзусиз яшаётгандекман. Хўш, нима қилмоқ керак? Биламан, сен менга маслаҳат беролмайсан. Маслаҳат тариқасида сендан қуйидагича мазмунда хат олишим мумкун. «…Шумшайма… ёки ўзингни шумшайишга солма! Нўмеринг ўтмайди… Атрофингга қара, одамларни сев, Ҳаёт қандай гўзал. Кўр бўласан шу гўзалликни кўролмасанг!..» ва ҳоказо, ва ҳоказо… Тўғрими, дўстим, сен менга шу мазмунда хат ёзасан. Агар шундай ёзишинг тўғри бўлиб чиқса, мен чиндан ҳам кўрман! Гўзалликни йўқотиб қўйдим. Менга топишга ёрдам бер-чи! Беролмайсан. Бунинг учун мен бошқатдан туғилмоғим керак. Дарвоқе, қачон йўқотдим? Калаванинг учи қаерда? Бу, калаванинг учи менга нақадар аҳамиятли эканлигини билсанг эди. Калаванинг учи қаерда? Қаерда?
Кечир мени, сенга ҳасад қиламан, кўзим куяди, ўз ҳаётимни беозор ва гўзал изгасендек сололмаганимдан сенга ҳасад қиламан. Аммо сенинг ўрнингда бўлишни ҳеч истамайман. Илтимос қиламан, менга раҳминг келмасин. Бунга сени ишонтиришим учун манави сўз кифоя: Мен сендан руҳан юксакроқда тураман! Иззат-нафсингга тегдимми? Узр!
ҲАММАНИНГ БАХТИ БОР[9 - “Ҳамманинг бахти бор” ҳикоясининг қўлёзмаси Чоршаъм Рўзиевдаги архивда ҳам сақланади. Ҳикоя икки нусхада: бири машинкаланган. Ҳикоянинг машинка нусхаси остида “Т. П.” ёзуви бор. Бу – “Турсун Парпиев” дегани. Рауф Парфи 60-йиллардаги асарлари остида шундай ёзув қолдирган. Қўлёзма нусхаси сўнгида эса “16. VII. 65” санаси қўйилган. Ҳикоянинг дастхат нусхаси 12 бетдан иборат.]
Кечинмалар худди ёш шароб…
М.Ойбек.
– Бугун Шукриянинг тўйи, ўғлим. Киргин… Одамови сане…. Мен борақолай… Зулайхо хола қўлидаги дастурхоннинг уёқ-буёғини тузатган бўлди.
Зинг-г. Нодирнинг мияси “лўқ-лўқ” ура бошлади… Зинг-г…
– Ойи, тўхтанг… А-а, кимга тегяпти?
– Билмадим. Аллақандай амалдор эмиш. Тошканлик.
Зулайхо холанинг ҳам жаҳли чиққан кўринади. Ўзича ғудранди-да, бир қанор-қоп юмалагандай эшик олдидан ғойиб бўлди.
Нодир хафа. Қовоғи солиқ.
Шунга ҳам ташвишми?Бе-е…
Тўйхона гавжум. Иккита одам учун шунча оворагарчилик! Эй тавба. Нодир жудакўп ичди. Тинимсиз ичди. Зулайхо хола бир марта келиб, ўғлини қулоғига: “Ш-шарманда қилма онангни. Ўзингни тий!”– деб ҳам кетди. Нодир ичаверди. Шукрияни севганлиги ҳақида гапирди. Куёв томондан бўлса керак, бир йигит: “Ҳов, жўра, кўрпангга қараб оёғингни узато!..”– деди. Нодир бу гапни тушунмади. Нодир ҳайрон. Оғзига келган биринчи гапни ташлади:
– Ҳей, мўйловинга ишонма, менинг мушугимниям мўйлаби бор, аммо-лекин у ҳид билиш аъзоси хисобланади, сеники қандай аъзо? Ва-ҳа-а-а!
Нодирнингаскиясига ҳеч ким кулмади. Шунинг учун ўша йигитнинг бурнига тушурганини билади, холос.
– Ур-ҳа-ур!
Нодирни ўртоқлари тинчитишти.
Тўйдан вахликкина қайтворган Зулайхо хола Нодирни қўлтиқлабкелаётганга гап қилди:
– Ҳой-ҳой, Мамасидиқмисан, мулла Мўминди ўғлимисан? Ҳа-а?
Мамасидиқ эшитмади. Пинжидагига қараб: “Ичмай ўл”,–деб сўкиниб қўйди.
Зулайхо хола Нодирга юзланди:
– Ўзимам билувдим. Ҳап, сени, қараб тур! Иншоолоҳ, эртага гаплашаман сен билан. Кепатангни қара, ўғлим!
– Ой-йи, кечирв-вор-роринг. Хўпми?… Фишт, ухлаймиз энди… Тунингиз хайрли бўлсин, ўртоқлар. Ийи акшамлар…
Данг-да-да-да-данг…
Зулайхо хола ўғлини ўрнига ётқазиб, бироз термулиб турди-да, кейин “ётгайман, ё обло”деб,хонаситомон жилди.
Нонушта пайти Зулайхо хола:
– Ўғлим, бугун бозор. Одам кўп бўлади. Ҳабтовусларга илашиб юрмагин.
– Албатта, албатта. Ойи, кечаги воқеани эслатиб, ўсал қилманг мени…
– Ўсал бўлмай қолинг сиз…
– Ойи, регламент икки минут.
– А?.. Куйдирдинг-ку мени, ўғлим. Ўқитиб-ўқитиб… Оҳ, биттаю битта ўғлимдан келган кўргуликни қаранг-а! Парвардигор, йўл кўрсат ўзинг! Шу пайтгача…
– Ойи!
– Гапириб олай, ўғлим, тўхтатма! Сендан бўлак ишонган тоғим йўқ. Барибир сени яхши кўраман, локигин, гапириб олай! Тортган азобларимни айтай. Хафа қилиб қўйсам, кечир, ўғлим. Шанба кунлари уйга шуппайиб келганингда беш-тўрт сўм топиб берай деб, чеккан ташвишларимни айтай. Бир пақир олча териб, бозорга бориб, иссиқда куйиб, сенга пул топиб берганман, сен билмасанг, худо билади. Кўп кўтара олмасдим, шунинг учун ҳар кун бир пақирдан олиб борардим. Биламан, сенинг қўлингга пул тушди дегунча, кўзингга ҳеч нарса кўринмайди, дўкондаги шишалару, уч-тўртта самарискаўртоқларингдан бошқа! Ичкилик ўлгурнинг оқибатини нев ужели билмасанг! Қудрат амакингни кўр, ичиб-ичиб нима бўлди?! Телба бўлиб қолди-ку, ўғлим… Рахматли даданг бўлганда…
– Ойи, йиғламанг…
– Ҳой, нега бўлмаса, Акбаралидан қирқ сўм олдинг? Ақлинг етмадими шунга; ўқиётган бўлсанг, ҳали ишламасанг, хўп, узолмасакансан, нега олдинг? Дадангнингғазнаси бормикин мундоқ олиб берсам.
– Мен 40 сўмни қарзга олганман. Ўзим узаман. Акбаралини сизга айтишини билганимда олмасдим. Номард…
– Айтади-да, кимга айтсин эмасам, айтади, албатта, менга айтади! Юзимни қаро ерга қаратдинг. Шу ерда шунча тўқиб қўйибсанки, Тошкенда тинч юрмайсан сен. Айт, сигиримни сотай, қарзларингни тўлай, онангдан яширма.
***
Нодир гандираклаб кетаётган кишини таниди. Беш йил олдин у билан бир кун ҳамтовоқ бўлган, ҳамхона бўлган… Бу–Бадриддин.
Бир чеккага тортиб, “Тинчликми?”деб сўрадиНодир.
– Қўлимдан ушлама, ёр-риб ташлайман!
– Ўзингизни босинг, ошна, паноҳингизда биз ҳам кун кўрайлик, мен Нодирман.
Бадриддин кўзларини ярим очиб осмонга қаради-да, сартарошнинг атир сепадиган асбобидай туфукларини сочиб,узун “уф”қўйибюборди.
– Нодир? Ҳа-а-а.Қадрдон дўстим, Нодирми?
Унинг лаблари бурилди. Йиғига ўхшаш товуш чиқара бошлади. Ҳаётида бирор бахтсизлик рўй бергандир.
– Майли, хафа бўлманг, ҳар нарса бўлади, шоир ҳам, “Неки ўтган бўлса, ўша мўътабар”, деган.
Шу пайт ёнларидан уч-тўрт қиз ўтиб қолди. Бадриддин баҳорқуёшидекочилиб кетди.
– Жонидан.И-и-иҳ-ҳ.
Қизлар унга нафрат билан тикилишди. Қизларнинг бири Нодирга ҳам ўқрайиб қўйди. Ер ёрилса-ю, Нодир ҳеч ким билан хайрлашмайгумдон бўлса…
– Войдод, оёқчаларингдан!
Нодир Бадриддин билан танишлигига минг-минг пушаймон бўлди. Ошначиликни қоғозга ўраб, ёнига қўйиб, жўнамоқчи эди, лекин у елкасига маҳкам осилиб олди.
Қўярда-қўймай ошхонага судради.
Қочиб қутулишни ҳеч имкони қолмади. Таваккал. Қўлтиқлашиб бир бўш столга бориб ўлтиришди.
Бадриддин дадаси, ойиси, яна аллакимлар тўғрисида сўзлар,Нодир ортиқ эшитмасди. Бадриддиннинг жундор кўкрагида араб ҳарфлари билан бир нарса ёзилган эди. Нима ёзилганикин? Шунинг учун бўлса керак, “Ароқ ичасизми?” деган саволга “Арабча билмайман”, деб жавоб бердиНодир. Бадриддин маза қилиб кулди. Фавқулодда хурсиниб юборди.
– Мўътабар дедингизми? Уни танийсизми?
– Йўқ.
– Нега энди танимайсиз, у билан менинг ўртамиздаги романни ҳам билмайсизми?! Ие, оббо, мен уни…
Начора, эшитишга Нодир маҳкум. Роса жаҳли чиққанда “номард”, ҳеч иложсиз қолганда “ноинсоф” дейдиган Нодир,Бадриддиннинг сўзларини эшитишга маҳкум.
– Ўша Мўътабар туғибди!– деди Бадриддин.
Бу гапга Нодирни индамай ўлтирганини, ҳайрон бўлмаётганини кўриб,елкасига урди.
– Туғибди!…
– Кимнингдир хотини бўлгандан кейин туғади-да, бу табиий-ку!– деди Нодир, бир нарса демаса,унинг йиғлаб юборишидан хавфсираб.
Худди шу замон эшикдан жуда олифта, узун бўйли йигит булар томон кела бошлади. Бадриддин ҳалигига қараб: “Дўстим Горацио” деб бақириб юборди. Фурсатдан фойдаланиб, Нодир чиқиб кетмоқчи эди, Бадриддин маҳкам ушлади. Нодир хўрандаларни безовта қилмайин деб, яна жимгина ўлтирди.
– Максим,– деб, ўзини таништирди янги ҳамшиша.
Бадриддин Нодирга:
– Яримтага узатинг, бу ёғини қўяверинг,– деб кўчага отилди.
Максим бир нафасда жуда кўп мавзуда анча тушунарли сўзлади. Нодирни эсида қолганлари: шу, яшашни билиш керак. Пул топганинг билан,ақл топмасанг бўлмайди. У-бу деймиз-у, бари бекор…
Нодир кўп ичди. Нодир кўп гапга тушунмади! Нодирнинг кўнгли ҳаммомга тушушни тусаб қолди.
***
Ёнғоқнинг шапалоқдек сап-сариқ барги шамолда учиб, ётоқхона деворига урилди. Парча-парча бўлиб сочилди. Узоқда бурилаётган трамвай қаттиқ чийиллади. Нодир рўмолчасини олиб юзини артди, шимининг почасидаги чангни қоқиб, ётоқхонага кирди. Кираверишдаги катта ойнага қараб кўнгли озди. Кенг елкасига боши ноқулай ўрнатилгандай. Кўзлари эса, жуда кичик. Одам ҳам шунақа хунук бўларкан-да! У қоп-қора сочларини пастга қараб таради. Ёқмади шекилли, яна тепага олди. Хонасига келиб, туфлисини ечди-ю, ўзини каравотга ташлади. Кулдонда қолган кечаги сигарет чекиндисини тутатди. Тфу. Очиқ ойнадан отди. Дераза токчасида ётган китобни эринибгина олди. Кўзини юмиб, бир бетни очиб ўқиди: “Аҳмоқда инсоф бўлмайди”. Шукрия ноинсоф эди, деб ўйлади у. Ўрнидан туриб,тунука чойнакни газхонага қўйиб чиқди.
Деразадан қараб турди. Нега бунча юраги сиқилганини сабабини излар, дунё кўзига тор кўринар, фикрлари чалғирди…
Чойнакнинг қопқоғи кўтарилди, сув жизиллади, оппоқ буғ димоққа урилди. Газни ўчирди.
Ғаладондан қуруқ чой олиб пиёлага солди, кейин бир-икки қайтарди.
Ҳаво айниб, ёмғир ёға бошлади.
Маъмур келди.
– Ҳа, Нодирбек, саломатликлари?.. Нечук хомуш кўринасиз,дўстим?
Маъмур ўзини ойнага соларкан, гапларига қулоқ солмаётган дўстига анграйиб қаради.
– Чойдан қуй, биласанми, мен бугун нималарни бошимдан кечирдим, истасанг айтаман.
– Йўқ, кейин.
Нодир плашчини кийиб, қўзғолди.
– Қишлоққа бориб келай. – Бугун шанба.Ойингга салом айт. Автобусда одам кам. Нодир ойисини соғинган. Нодирнинг ажойиб онаси бор. Шукрия Тошкентнинг қайси бурчагидайкин. Саодат. Нодир Саодатга арзийдими? Йўқ, лойиқ эмас. Нодирҳеч нарсаси билан фарқ қилмайди бошқалардан. Нодир қобилиятсиз. “Саодат. Мен арзимайман, бўлмасам сизга бир гап айтармидим”, десинми. Нодир жуда оддий, жуда камтар йигит. Нодир ҳеч кимга бахт ваъда этолмайди. Хаёллари артилмаган ойнада акс этаётган сингари хира… Бадриддин қаерларда қолди экан бу йиллар ичида. …Нодир бир нав овқатлангани кафега кирди. Сочи силлиқ олинган, семизлигидан қулоғитери ичига кириб кетган,йўғон орқа бўйни кўйлак ёқасини босган киши ўлтирган стол бўш эди. Нодир рухсат сўраб ўлтирди. Қўлини рўмолчасига артиб келаётган бирйигит ҳам шу столга ўлтирди. Нодир уни таниди, у хам. Улар институтда бир-бирларини кўришган-у, ҳамсуҳбат бўлишмаган. Анави семиз дадаси бўлса керак. – Нима дейди?– овозини чиқарди семиз. – Мен бундай ишни қилолмайман, устига устак, нега “ёмон” оласиз, деди. Сизни сўради, келсинлар,деди. игитнинг жаҳли чиққанидан пешонаси тиришиб, оғзининг чап томони очилиб қолди. – Яхши, яхши. – Нимаси яхши!– дедидадасига таажжуб билан йигит. – И… и…Яхшимас, яхшимас.
Официант келди. – Иккита чучвара. Салат. – Икки юзта конъяк,– қўшилди ўғли,– иштаҳа учун.
Официант Нодирга қаради. У ҳам чучвара билан юзта коньяк буюрди. Иштаҳа учун. Бир ойда бир марта ичса, ичибди-да. Стипендия олган бугун… – Иссиқда пиводан бошқаси кетмайди ўзи!– Нодирга тиржайди йигит.– Тўғри,– деб қўйди Нодир ҳам.
Нодир билан йигит баравар туришди.
– Дада, мен бугун уйга бормайман.
Йигитлар кафедан чиқишди.
анишиб қўяйлик:Бадриддин, Боря деяверинг.
Нодир.
– Институтдан ҳайдалиш арафасида турибман. Ҳечқиси йўқ. Ишлаймиз, меҳнатда ўзимизни кўрсатамиз! Ҳо-ҳо-ҳо!..
Муйилишдаги пивнойда анча-мунча ичишди.
Ҳаво андак совугандай бўлди. Шабада юрди.
– Дўстим,– деди Боря.– Юр мен билан. Бир дунёни унутайлик.
“Айни муддао”,уйлади ширакайф Нодир.
Гастрономга киришди. Боря бир шиша, яна алланарсалар олди.
Нодирнинг ҳам бир нарса олгиси, “ҳайдалаётган” дўстига меҳрибончилигини билдиргиси келди. У ҳам олди.Боря дорихонага ҳам кириб чиқди.
– Бир танишимникига борамиз,– деди Бадриддин.
– Қош қорайди. Чироқлар ёнди. Икки ўртоқ такси ёллашди. Боря кўчанинг номини айтди.
Икки хонадангина иборат кичкина ҳовлига киришганда, қоронғи тушиб қолган эди. 30 ёшлар чамаси бир жувон ички кўйлакдаводапровод сувига оёғини юварди. Боря қўлидагини Нодирга тутқизди-да,жувонни қучоқлади, йўғон сонларига қўлини юборди.
– Боря, жиннилик қилма! Бор, Нелланг ухлаяпди, уйғот! Шарпасиз келишингни қара-ю…
– Соня, бу менинг дўстим Нодир…
Бу кеча– армонсиз эди. Йўқ! Нодир эслай олмайди…
– Нодир, юринг, жой солиб берай, уйқунгиз келди, шекилли,– деди Соня. Нодир оппоқ вужудни, дуркун кўкракларни бу қадар яқиндан кўрмаган эди… Йўқ! Нодир эслай олмайди. Сонянинг қулпунайга ўхшаш лаблари, ёниб турган кўзлари янги бир олам сари чорлади. Нодир шу олам ичига ғарқ бўлди… Эслай олмайди!..
Кеч уйғонди. Кийинди. Стол тепасидаги оқ қоғозга кўзи тушди. Унга шу сўзлар ёзилган эди:
“Нодир! Сени уйғотгим келмади, С.га 10 сўм бериб кет. Эртага, албатта, кел. Тонг саломи билан Б.”.
Автобус тўхтади.
***
Ёмғир. Уйда ҳеч ким йўқ. Нодирнинг хаёлини“шап” этиб тушган лой бўлди.Чаккатомаётган жойга тунука товоқ қўйди. Тинг. Тинг. Чакка ғамгин хотиралар уйғотади. Қишлоқ марказига чиқди. Ёмғир ивитмасин учун дўпписи устидан дастрўмолини ўраб олган киши шошибўзини магазин ичига урди. Қишлоқ идорасининг эшиги дастасини ушлаб турган бир киши худди илондан қўрққандек тисарилди. Ичкарида бирор ҳодисабўлдимикин?Нодир ўша томонга юрди.
– Кирманг!Хўжайин!– деди ҳалиги киши.
Нодир ҳайрон. Ичкарида серсавлат бир одам хаёл суриб ўтирарди.
– Ассаломалейкум.
– Ваалейкум. Келинг, йигит. Шаҳарданми?.. Ўқишлар яхшими? Ўтиринг.
Эшик секин очилди.
– Кирсак мумкинми? Ассалому алайкум.
Ўнг қўлини кўксига қўйиб, икки қадамча энгашиб келди у.
– Мунча энгашмасангиз, Алибек ака, сизга неча марта айтаман, шунақа қиладиган бўлсангиз,кирманг!
– Хўп, хўп…– орқаси билан эшик олдигача бориб,сўнг қайрилиб чиқиб кетди.
Буанави, “кирманг,хўжайин”деган киши эди.
“Хўжайин”нинг кайфияти бузилди чоғи, ўрнидан туриб,уёқ-буёққа юра бошлади. Дераза тахтасида оёғини осмонга қилиб ётган пашшага қаради-да, телефон трубкасини олди.
– Кечаги газетда чиққан мен ҳақимдаги очерк авторига айтинг, иккиламчи бундай ёзмасин! Ҳа, ҳа, ўша Ўткир Раҳмат. Қуруқ мақтов. Яна, суратим ҳам бор. Ҳадеб босаверган билан ёғи чиқармиди? Ҳа…
Яна бир нарса демоқчи бўлди-ю, лекин трубкани “хайр”дебқўйди.
Кейин Нодирни эсладими, “хўш?” деди.
– Шундай, ёмғир…
– Ёмғирам роса қуйди-да, майли бўлмасам,– деб, “хўжайин” чиқиб кетди.
Машинанинг гуруллагани эшитилди.
Эшикни “тарақ”этиб очиб,Алибек ака кирди. У семиз, қанқайган бурунли, қориндор экан.
– Нима керак?
Нодир ёмғирдан қочиб кирганини тушунтирди.
У қисиқ кўзларини яна ҳам қисиб Нодирнинг бошидан оёғигача тикилди.
– Кўчага чиқингда, ўнг томонга бурилинг. Ўша ерда сартарошхона бор, сочингизни олдириб ташланг, шимнинг сал кенгроғиникийинг. Хўжайинга бу турқингиз ёқмайди.
Нодир индамади. Тушуниб бўлмайдиган ғашлик билан чойхона томон юрди.
Одам сийрак. Ёшлар бўлмагани учун, кирмади.
Озиқ-овқат дўкони.
Қип-қизил сотувчи биринчи қарашдаёқ ёмон таассурот қолдирди Нодирда.
– Битта “Беломор” беринг.
50 тийинлик танга узатди.15 тийин қайтди.Нодир “камку”,дегандайқаради.
– Ие, кечирасан…Студентмисан, қаерда ўқийсан?
– Журналист!
– Ҳа-е,расм оламан, дегин!
– Ҳа, расм ҳамолаверамиз.
Нодир уйга келиб, яна бир муддат ўтмишни эслатувчи чакка овозини тинглади.
Ҳаво очилиб кетди. Эртага янги уйга кўчишади.
Зулайхо хола кўринди.
– Келдингми? Эсон-омонмисан? Мазанг йўқми, чўпдек бўлиб кетибсан? Қорайибсан ҳам. Қўш ҳайдадингми? Бор, эшикни оч, Маруса қараб турибди. Терит қилиб қўймабсанам, нев ужели эсингга келмаса!
Нодир завқланиб кулади.
– Ойи, нуқул русча қўшиб гапирасиз-да!
– А? Нима дедим?
– “Неужели” дедингиз, сигирни “Маруса”дейсиз.
– Сен билмайсан, «нев ужели»чиста фарғонача сўзда,ўғлим.
***
Нодир қизғин тортишув тепасидан чиқди.
Аҳмад:
– Санъат кишини иккилантирмасин, у гўё “мафтунингман, ҳаёт”дейилган шиор бўлиб турсин…
Насима:
–Аҳмаджон, агар иккита нарсани сенинг олдинга кўйишса, бири «мафтунингман, ҳаёт» деб ёзилган шиор бўлса, бири худди шу мавзуни рассом бирор табиат манзараси орқали акс эттирган бўлса, қайси бирини танлардинг?…
– Диққат! Диққат!
Бу Маъмур.Нодирнинг ҳамхонаси.
Жуда талантли йигит. Яқинда бўладиган битирувчилар кечасига тайёргарликни олиб бориш унга топширилган.
– Ўртоқлар, бизнинг бўлимдагилар,ҳаммамизнингбиттадан номеримиз бўлиши шарт…
– Мен олдиндан айтиб қўяй, ўйинга тушмайман, ашула айтмайман, шеър ёдлаган эмасман. Хоҳласанг, кеча охирида кеча ҳақидаги танқидий фикримни шахсан ўзингга айтишим мумкин,деди Нодир.
– Майли. Шеър. “Хайр сенга”. Марҳамат қилинг, Орифжон.
Орифжон шоир. Қотма. Жуда хушфеъл, мисли йўқ йигит. У кафедрага суянди-да, янги шеърини ёддан ўқий бошлади. У фақат ёддан ўқийди.
Хайр, сенга, яхши қол энди,
Хайр, сенга, эй ғам, эй севинч.
Хаёлларга бир дам тол энди,
Ҳузурингга мен қайтмасман ҳеч.
Севги уйи узлатда вайрон,
Ҳисларимни топтаб кетурман.
Сенингсиз ҳам бўлурман омон,
Сенингсиз ҳам бир кун ўтурман.
Бир кун англаб хатоларингни
Йиғлагали келгил ёнимга.
Севикли ёр бўлолмасам-да,
Аро киргум балки жонингга.
Хайр сенга, кетаман бундан,
Мен кетурман мағрур ҳамда тинч.
Қайтмасам ҳам муҳаббатимдан,
Ҳузурингга мен қайтмасман ҳеч[10 - Рауф Парфи қаламига мансуб ушбу шеър 1965 йил ёзилган бўлиб, манбаларда у йигирма мисрадан иборат. Ҳикоядаги бу вариантни шоир кейинчалик тўлдирган ва таҳрир қилган.]
– Тиш-ш. Тиш-е! Шеър ҳақидаги мулоҳазаларингизни муаллифнинг ўзига айтасизлар. Ҳозир ашула.
«Ёшлик парвоз сўрайди». Абдулфаттоҳ ижро этади. Абдулфаттоҳ Саодатни севади. Абдулфаттоҳ “во” йигит. Саодат унга бепарво. Нодир Саодатни тушунмайди.
Нодир Саодатга қаради:
– Абдулфаттоҳ жуда яхши айтади-да!
Саодат Нодирга қаттиқ тикилди-да:
– Яхши. Лекин унинг қўшиқларини кўзни юмиб эшитиш керак. Кўзингизни очсангиз, ғашлик уйғотади унинг юзи. Қўшиқ мазмунига кириб кета олмайди.Овози бор холос. Ботир Зокиров–бошқа гап, унинг бутун вужуди қўшиқ айтади,–деди.
Саодат сўмкасини олиб, эшик сари йўналди.
Нодир ташқарига чиқди.
– Сизни кутиб турувдим,– деди Саодат.
– Мени? Хизматингизга тайёрман.
– Сиз доим ҳазил қиласиз, сиз жиддий бир нарсани ўйлаб турсангиз ҳам, ҳазил қила оласиз… Сиз ҳаммага ўхшаб азоб чекишни, орзу қилишни билмайсиз…
– Очиқроқ гапиринг, мен сизни фикран ҳам хафа қилган эмасман. Юринг, ҳув скамейкага ўтирайлик.
Саодат гўзал қиз. Кўзлари катта-катта, “эҳтиёт бўлинг”, демоқчидай,бармоқлари узун-узун, худди роялда жуда мунгли, жуда ҳасратли бир куйни чалишга тутунмоқчидай…Қошига тушиб турган сочини тўғирлади-да:
– Нодир, ўйлаб кўринг, эрта-индин тарқалишамиз…
– Саодат, наҳоткикўришмасак энди… Мен сизни энг яхши дўст каби, исмингизни энг ажойиб хотира каби эслайман…
– Нодир, сиз… сиз одамларни севолмайсиз… Хайр, кейин гаплашармиз тағин…
Нодир кечгача нима қиларини билмай юрди. Хаёлидан Саодат бир дақиқа ҳам кетмай қолди. Олдин ҳамуни ўйларди-ю, лекин…
Нодир Саодатларникига қўнғироқ қилди. Телефонни Саодатнинг ойиси олди. Нодир ҳол-аҳволдан сўнг Саодатни сўради.
– Саодат, ф-ф-фу, безовта қилмадимми?
– Йўқ, ҳечам. Гапиринг, Нодир!
– Мен ҳаммани севаман. Курсдошларим ажойиб. Худди командани кутиб турган ракеталарга ўхшайди улар.
– Сиз-чи?
– Мен… Қобилиятсизман.
– А?
– Талантли эмасман, деганим. Менга орзу қилишни билмайсиз, дедингиз. Орзу қилсам-у, эришолмасам-чи?
– Зинҳор! Зинҳор! Бундай бўлиши мумкин эмас. Фақат орзуга юрак билан, тоза виждон билан бориш керак…Нодир, эртага учрашайлик.
– Қаерга борамиз?
– Хоҳласангиз,дунёнинг у бурчагига!– Саодат қийқириб кулди.
Нодир ўзининг жиддий гапирганига пушаймон бўлди. Саодат унинг ҳиссиётларидан кулаётгандек туюлди.
– Нодир! Но-о-дир. Эртага соат бешларга бизникига келинг. Кейин кафе “Поэзия”. Хайр. Дуд… Дуд… Дуд…
Шабада эсди. Димоғига ҳандалакнинг бўйи урилди. Нодир теваракка аланглади. Ҳо-овна, темирдан панжара-панжара қилиб қурилган дўкондан ҳандалаклар кўринди. Қизиқ. Қамаб қўйишибди. Қочиб кетармидики… Саодат– доно қиз. Саодат– бу ҳаёт!..
Нодир касб танлашда янглишмадими?Лекин унинг танлагани касб эмас. Нима у? Агар бир парча қоғоз устидаги ёзувлар кишиларни ҳаддан зиёд севинтирса, қонқара қақшатса, нима у? Электромонтёр инсоннинг уйидаги чироғини ёндиради. Нодир инсоннинг қалб чироғини ёндира оладими? Ўчириб қўйса-чи? Демак умр бўйи иккиланиб яшамак… Агар Нодир Саодатга бўлган буюк муҳаббатини билдирса, у ранжимасмикин… Нодир бахтлими ёки бахтсизми ахир?!
***
Нодир эртага ойисининг олдига боради. Бугун…
– Ҳой, бола!
Нодирнинг оёғи остида ўралашди жингалак сочли қизча.
– Кеннойим чақиряптилар. Ойимлар билан адамлар холамларникига теткан. Ҳафизанинг холаси Тўпонса холамларникигамас, мени холам бор-ку, қишлоқдаги, ўшаққа. Шукрия кенойим шунақа дедилар. Окамлакуётда.
Шукрия! Нодир беихтиёр жингалак сочли қизча ортидан эргашди.
– Яхшимисиз… Шукрия…
– Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз?
– Кеннойи, мороженоега пул беринг энди.
– Ҳа, айтгандай. Ма.
Жингалак сочли қизча Нодирга илжайиб деди:
– Пул нима ўзи?
– Пул ёмон нарса.
– Э-э. Ёмон бўлса, акамларди пулида нега доҳийнинг сурати бор? А?
– Билмадим. Ундоқ бўлса,пул– милиционер.Чурр-р. Фишт.
– Нодир, аҳволларинг яхшими?
– Раҳмат. Ўзинг турмушингдан розимисан?
Шукрия унинг сўзини оғзидан олди:
– Эсингдами, бир куни менга “бир соат сен билан гаплашмоқчи эдим”, дединг. Мен “бир соат вақтим йўқ, мазмунини айтиб қўяқол”, дедим. “Сени севаман”, дединг. Яна бир кун, “мени жуда ёмон кўрасан-а”,деб қолдинг…
– Ўшанда сен “ҳа” деб,жавоб бердинг. Мен чиндан ҳам севардим, Шукрия.
– Энди-чи?
– Ҳали ҳам…
– Кейин биз узоқвақт кўришмадик. Бир оғиз сўзингни кутиб юрдим. Тўйим куни мен тўғримда гапирибсан… Маст бўлиб муштлашибсан… Эшитдим… Вой, исқоти, дастурхон ёзишни ҳам унутибман. Музика қўяйми? Гапирсанг-чи, Нодир. Қаердадир ўқигандим,“севишганлар ҳеч қачон зерикишмайди…”
– Севишганлар?!Бу қандай куй?
– Бу жуда бахтсиз куй. Мен ҳар сафар эшитганимда куйиб йиғлайман.
– Биров куйиб, биров севиниб… Хўп, энди мен турай, ишлар бор эди.
Шукрия тўлқинланиб кетди. Ёниқ эҳтирослари, ҳаяжонлари кўз ёшлар шаклига кириб, унинг қоп-қора, узун-узун киприкларига осилди.
– Нодир, биз яна учрашамизми?
– Ўзинг биласан.
Шукриялар ҳовлисидан оҳанг оқмоқда. Йўқ, бу оҳанг эмас, бу ҳаёт. Бўлакларга бўлиниб, умр йўлларига тўкилмоқда. Йўқ, бу Нодирнинг тўғри юрагидан оқяпти. Оҳанг. Оҳанг сўнги марта ҳайқирди. Мағрур садолар Нодирнинг тақдирини ҳал қилар каби йўқ. “Ҳамманинг бахти бор. Ҳамманинг бахти бор ”, дебтўхтади…
ЁЛҒИЗ[11 - “Ёлғиз” ҳикояси “Саодат” журналининг 1988 йил 10-сонида “Азиз меҳмонимиз” рукни остида (34–36-бетлар) босилган. Матн тепасида: “Ҳамид Олимжон мукофоти лауриати шоир Рауф Парфи меҳмонимиз. УШБУ РУБРИКАДА: Давр билан ҳамнафас сўзлар. “Саодат”хонлар учун махсус туҳфа (Ижодкорнинг насрий асари матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда)” деган ёзув бор. Хуршида Маматовадаги материаллар орасида ҳам “Ёлғиз” ҳикоясининг қўлёзмаси сақланади. Журнал ва қўлёзма вариант орасида баъзи фарқлар бор. Таҳрир муаллиф томонидан амалга оширилган деган андишада биз жарнал нусхасини асос қилиб олдик. Ҳикоянинг қўлёзмадаги ёзилиш санаси “8.6. 66 й.” тарзида кўрсатилган бўлса, журналда “1964 йил” деб берилган.]
Ҳикоя
Ғойибжон ҳарбий хизматгачақирилгандан кейин олти ой ўтар-ўтмас Мунисхон ота-онасининг уйига кўчиб кетди. Тожихон опа катта ҳовлида якка ўзи шумшайиб қолди.
Кун ботди. Уфқ бўзарди. Совуқ шамол эсди. Чакка ўтмасин деб томга ёпиб қўйилган қум қоғозни шамол қайириб ташлади. Тожихон опа оғилдан узун, эски нарвонни судраб чиқди. Ошхона деворига суяди. Иккита пишган ғишт топиб, биттасини томга отди. Бошқасини қўлига олиб нарвондан кўтарилди. Нарвонни иккинчи поғонаси қарс синди. Тожихон опа гуп этиб йиқилди. Нарвон боғларига мих қоқди, босиб- босиб кўргач, ҳали ҳам қўлида турган ғиштни томга олиб чиқди. Шамол қайириб ташлаган қум қоғозга ғишт бостирди. Бир-икки ёмғир томчилади.
Пода қайтди. Сигир тумшуғи билан дарвозани очди. Тожихон опа сигирни боғлаб, уйга кирди. Чап оёғи жизиллаб оғриди. Жавондан иккита қант олиб дастурхонга ўраб чақди. Майдалаб ун қилиб, сидирилиб кетган оёғига сепиб боғлаб олди. Сигирни соғиббўлганда ёмғир тезлашган эди.
Уйга кириб якандозга ўтирди.Деразанинг ойнаси йўқ. Дераза кўзигахамир билан ёпиштирилган қоғоз шамолда шилдирайди. Тожихон опа, бир нарса эсига тушгандек, шитоб турди. Тунука чойнакниплитка устига қўйди. Радиони буради. Шодиёна бир куй янгради. Ўчирди.
Кўча эшик очилди. Тожихон опа уй эшигига тикилиб турди.
– Ассолом-е, эсонмисиз-омонмисиз? Бир чўқим овқат қилувдим. Ўзим ёлғиз томоғимдан ўтмади. Шаққа кира қолдим, Тожибу.
– Ие, келинг, Хайри опа, овора бўлибсиз-да! Норматжон қаёқдалар?
– Анув, Тошкентга кетувди. Сораникига. Индин келади.
Тунука чойнак чирсиллади. Тожихон опа чойнак қопқоғини очиб кўрди.
– Ҳай, сув қуймасдан қуйибман-а, қуйгандай бўлувдим-у!–Аёллар «ҳим-ҳим», «ҳе-ҳе» деб кулишди.
Икки пиёла чой тезда қайнади.
– Тожибу, келинингиз қаққа кетди? Оғироёқ бўлса. Кечаям кўринмади, кечқурун девор урдим, эшитмадингиз. “Мунисхон, Мунисхон!” деб тўрт марта чақирдим. Норматингизни беданаси касал бўлиб, ётиб қолди, денг! Бир нарса тушунармикин деб чақиргандим. Бугун қарасам, тил тортмай ётибди. Бирам сайрардики… бечора. Нормат келгач, нақ…
– Қаранг-а, ҳай, Норматжон қачон келади дедингиз, индинми? Мунисхон: “Даров бориб, ойимни кўриб келаман”, деб кетувди. Ишқилиб, келади.
– Шитирлаган нима? Ие, дарчанинг кўзи экан. Мушук кирадиган бўлиб қопти-ку. Кеча “Ойнактузатама-а-ан” келувди-я!
– Қағда. Бурунги очофат мушуклар қайда дейсиз!
Хайри опа чиқиб кетгач, Тожихон опа яна шумшайиб, бир муддат ўзинийўқотиб турди. Деворда осиғлиқ турган Ғойибжоннинг суратини, гардеробойнасини, лампочкани бир соат илгари артган бўлса-да, артиб қўйди. Ичкари уйнинг эшигини очиб-ёпиб кўрди. Ёпти. Дарвозани тамбалади. Уй эшигига бузуқ қулфни осди. Ҳовли билан Хайри опаларникидан
“Амакимларникига бориб келай», деб катта йўлга тушиб олди.
Салим акаларнингҳовлисига етганда, Тожихон опа тўхтади. Қуруқдан-қуруқ келганини эслади. Тўрттагина нон ўраб олмаганига афсусланди. Раҳмонберди велосипед еталаб чиқди.
– Келинг, амма, саломатмисиз, қани, кираверинг.–Раҳмонберди велосипедини қайтарди. Ток устунига суяди.
– Энамлар Аминжон тоғамларникига кетишган, дадамлар ҳозир келиб қоладилар. Вақтиям бўлди. Мен Ғойиб акамларга хат ёзгандим. Шуни ташлагани кетаятгандим. Ёмғирда велосипед минишни яхши кўраман.
– Бўлмасам, мени номимдан ҳам битта ёзиб берасиз. Қалам, дафтарингизни олинг. Конверт борми? Атай хат ёздиргани келганман.
– Бор.
Рахмонберди дастурхон ёзди.
– Қўйинг-қўйинг…Қоғоз-қалам опкелинг.
Раҳмонберди ёзабошлади: ”Саломхат. Етиб маълум бўлсинки, менким, шул гўзал Ўзбекистоннинг гўзал қишлоғида яшовчи ойингдан деб билгайсан!!!” Учта нуқта аломати қўяди.
– Амма, нима деб ёзай? Учта ундов қўйдим, ҳичтима қилмайдими?
– Боплабсиз, раҳмат. Ёзаверинг. Ўзингиз келиштириб ёзаверинг… Ўғлим, мендан асти хавотирланма. Соғсаломатмисан? Мен соғ-саломатман. Мунисхон ўйнаб-кулиб юрибди. Илоҳим, боши омон бўлсин. Суратингни катта қилдириб қўйдим… Иннайкейин… ёзаверинг ўзингиз билиб, Раҳмонберди…
Тожихон опанинг кўзларига йиғи келди. Олдин киприкларига қўнди, кейин томирлари кўриниб турган қўлларига томди.
– Ёзаверинг, Раҳмонберди… Ўғлим, началнигингни ҳурмат қил. Довдир бўлма. Мендан ҳеч хавотир олма. Ҳеч камчилигим йўқ…
– Ёзяпсизми?
– Ёзаяпман, амма, йиғласангиз адашиб кетаяпман. Айтаверинг.
Тожихон опа енги билан кўзларини артди.
– Ўғлим Ғойибжон, имконинг бўлса, бир келиб кетгин отпускага. Жуда соғиндим. Жуда. Агар келадиғон бўлсанг, аввалам бор, дилгиром бер. Мунисхонга…
Салим ака келди. Этигини тозалаб уйгакирди.
– Келинг, Тожиниса, яхшимисиз! Келганингиз жуда соз бўлибди-да! Сиз томонга ўтай дейман, ишдан бўшамайман. Раҳмон, кампир қани?
– Аминжон тоғамлар…
– Ҳа, бўпти, овқатни ўзимиз қиламизакан-да. Бошлаб турайлик-чи, энанг ҳам келиб қолар. Дарсингни йиғиштир. Менга сабзи-пиёзингни олиб чиқ.
– Дада, дарсмас. Ғойиб акамларга хат ёзаяпмиз.
– Ундоқ бўлса, ёзавер, ўғлим. Мендандуои салом ёз. Мен ҳозир чой қўяман. Ёмғирам тиниб қолибди.
Раҳмонберди хатни тугатди. Қоғозни тўрт буклаб конвертга солди. Конвертнитили билан ялаб, елимини ҳўллаб ёпиштирди.
Салим ака чой кўтариб кирди. Раҳмонберди дастурхон ёзиб, нон, майиз, асал қўйди.
– Ўзингизни олдириб қўйибсиз, Тожиниса,– деб гап бошлади Салим ака.– Куйинаверманг. Ҳарбий ҳамманинг бошида бор. Мана, Раҳмонбердингиз ҳамтайёр бўлиб турибди.
Тожихон опа бир қултум чойни зўрға ютди-да, пиёланиқайтиб узатмади.
– Пулга қийналдингизми? Худога шукур қилсангиз бўлади. Биз бор. қариндош-уруғ нимайчун!
– Пулга қийналганимдан эмас, амаки, ортиқчалиги учун сотдим. Кейин жуда қайсар; новвос аёл кишини писанд этмас экан, менга сўзбермай қўйди. Судраб кетади одамни. Шунингчун сотиб юбордим. Мўнисхоннинг ҳам кучи етмай қолди-да, амаки.
– Мол ҳеч қачон зиён қилмайди. Мол– тирик пул, Тожиниса.
– Тўғри-ку-я, битта сигирни ўзини эплашни айтинг! Ғойибжон қайтиб келгунча бузоқ ҳам катта бўлиб қолади.
Тожихон опа жўнайдиган бўлди. Салом аканинг: “Тўхтанг, келин, биянгиз келсин”,деганига қарамай отлана бошлади.
– Уйим ёлғиз, бормасам бўлмайди.
Кетиш олдидан Салим акадан битта бедана сўради. Салим ака катта, семиз беданани эскидўппи-халтага солиб берди.
Ғойибжоннинг ҳарбийхизматгачақирилганига, мана, роса саккиз ой бўлди. Бу орада Мунисхон уч-тўрт марта қайнонасидан хабар олди.Дадасининг бод касали яна қўзғади. Ойиси ҳам касалванд бўлиб, бунинг устига, эмизиклик боласи билан ўралашиб қолганлигидан Мунисхон у ерни ташлаб, буёққа келишни эп кўрмади.
Тожихон опа учун кунлар янада узайиб, тунлар янада қоронғилашди.
У саҳар туриб ҳовлини супурди. Сигирни подага қўшди. Токнинг ғужум баргларидан сидириб бузоққа ташлади. “На-нана-на!” деб эркалади. Оғилни тозалаб бўлиб, чой қўйди. Чой қайнагач, қўшниларини чақирди. Норматжон: “Ўзингиз кирақолинг, хола!” деди.Тожихон опа “Майлингиз”, деди-ю, лекин кирмади.
Хайри хола Норматжонни ишга жўнатгач Тожихон опа билан нонушта қилиш учун бу томонга ўтди.
– Келинингиздан хафаман– деди Хайри хола ўтириши билан,– сизни ташлади-кетти-я.
– Келиб қолар. Мен билан ижин-мижин қилиб юришдан нима фойда Мунисхонга!– деди Тожихон опа ҳазиломуз.– Эри келсин, кейин ҳеч қаёққа кетмайди. Қанотимда ўтиради.
– Норматжонниуйлабқўяйдейман-у, ҳарбийга олиб кетади-да кейин. Мунғайиб қоламанми деб қўрқаман. Сираайрилмаганман-да, боламдан.
– Сорахонқандай қиз! Ана одобу, ана ҳусн.
– Аммо-лекин, уям Мунисхонга ўхшаб бироз керик.
– Б-е, Хайрихон, келининг керик эмас…
– Ая-а-а!–Норматжон кирди. Устунга бўшашиб суянди. Юзлари оппоқ, қўлларини мушт қилган ҳолда икки чаккасини ушлади, кейин бармоқлари орасида ғижимланган, кўкариброқ қолган бир парча қоғозни қалтирабёзади.
Хайри опа калишини киймасдан чопиб бориб ўғлининг пешонасидан ушлади. Дастурхон сурилиб чойнак ағдарилди. Қайноқ чой Тожихон опанинг оёғини жизиллатди.
Ҳеч нарса англамасдан анграйган Тожихон опа «Ҳа-ҳа, ҳа-ҳа», дер, лекин аллақандай фожиани юраги билан сезиб ўтирган жойида анавиқоғоз сингарититрарди.
Ғойибжоннинг ўз эҳтиётсизлиги натижасидан ҳалоқ бўлганлиги тўғрисидаги машъум телеграмма бутунқишлоқни оёққа турғизди.Бутун қишлоқ фотиҳага келди.
Узоқ вақт Тожихон опанинг ҳовлисидан фарёд аримади.
Узоқ вақт бу маҳалладан ўтгувчилар дадил бош кўтариб юролмай қолди.
Узоқ вақт бу ўлимга ҳамма-ҳамма гуноҳкор каби муштипар опа билан ҳеч ким юзма-юз бўлолмади. Узоқ вақт ёлғиз аёлнинг “О-о-о-оҳ, қасдинг бормиди, фалак” деган нидоси эшитилиб турди.
Тожихон опажудоликка чидолмай қаттиқ касал бўлиб ётиб қолди.
Ғойибжон тупроққа узатилган куни Мунисхон ўғил туғди. Исми Қобилжон қўйилди. Тожихон опа касалликдан турган бўлса-да, мункиллаб, қариб кетди.
Мунисхон Ғойибжоннинг йилини ўтказиб ота-онасининг уйига бутунлайкўчадиган бўлди. Кичкина Ғойибжонни доимо соғинадиган Тожихон опанинг бир оёғиқудалариникида бўлиб қолди. Фақат у Мунисхон Ғойибжонга чиқмасдан аввал Холдор исмли йигит билан юрган экан, деган гап чиққандан кейингина бу ёққа келишини камайтирди. Бу гап ростми-ёлғонми, ҳеч ким билмайди. Лекин Холдор Мунисхонга совчи қўйди. Мунисхон Ғойибжонни олиб қайнонаси билан шу хусусдамаслаҳатлашгани келди. Тожихон опа қаршилик қилмади.
Мунисхон тўйдан кейин ҳам бир неча марта Ғойибжон билан келиб турди. Тожихон опа ҳар сафар Ғойибжонни ўпиб кўзига ёш олар ва:
– Вой негайиғладим-а!– деб овқатга уринарди.
Бир кун Мунисхон ва Ғойибжонлар Тожихон опаникида кечгача қолиб кетишди. Холдорвой уларниолгани келди. Набирасини кўтариб олиб, ёш боладай у ёққа, бу ёққа юрган Тожихон опа: “Кеч бўлди, ётиб қолақолинглар”, деганига кўнишмади.
Ғойибжонбувисининг қўлидан тушмас, “Кетмайман”, деб чирқирарди. Мунисхон конфет берди, бўлмади. Пўписа қилди, бўлмади.
– Тоҳир, бас эркалик, ўчир овозингни, Тоҳир!– деб дўқ урди Холдор. Ғойибжон бувисининг қучоғидан сирғалиб тушди.
Тожихон опанинг юраги орзиқди, бўғзига бир нарса тиқилди. Вужудининг аллақаеридаги жароҳат ачишди. Ачишиб тураберди. Судралиб уйига кирди.
Эрига хўмрайиб қараганча қайнонасининг орқасидан Мунисхон ҳам эргашди. Униг елкасига осилиб йиғлади.
– Хафа бўлманг, метрикада барибир Ғойибжон!– деди.
Кетишди. Тожихон опа бир муддат Ғойибжоннинг суратига қараб турди-да, ташқарига чиқди…
Қош қорайди… Ойнинг сочлари оқарди!!!
8. 6. 66 й.
II. АДАБИЙ МАҚОЛАЛАР
БИР МАҚОЛАГА ЖАВОБ[12 - Дафтарда мақоланинг қаламда ёзилган қоралама нусхаси сақланиб қолган. Бу вариантда унинг сарлавҳаси ҳам йўқ. Ушбу сарлавҳани ўзимиз қўйдик.]
Тилшунослардан яна бири филология фанлари кандидати А. Рустамов “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилиб чиққан мақолаларидан бирида Д. Файзининг “Раҳмат, доктор опа” шеърига кенг тўхталиб, бу шеърнинг тилидаги образлиликни танқид қилади ва 39 мисралик шеърдан…
Мақола автори шеър охиридаги “баҳор қуёшидек кўзим тўла нур” мисрасинигина образли деб тан олади ва шеърнинг энг “катта камчилиги тилнинг образсизлигидир” деб хулоса чиқаради. Лекин шеърга мақола автори талаби билан қараганда ҳам у образли ифодаларга унчалик қашшоқ эмас. Шеърнинг биринчи мисраси “Раҳмат, доктор опа” кўринишдан гарчи оддий туюлса ҳам лирик қаҳрамоннинг ҳурмати тўлиқ билиниб туради.
Жуда миннатдорман, қойилман
Билим ва ҳунарингизга, -
бу оддий ва образлиликда автор беш кетган:
Юзингдек қамар йўқдур,
Қадингдек шажар йўқдур, -
сўзлари англатган маънодан камлик қилмайди. Натижада докторга юракдан чиққан оддий ва ўз табиийлиги билан ўқувчини дарҳол ишонтира қолган раҳмат ўрнига, ҳурмат ўрнига қандайдир бошқача оддий одам тушунолмаган ифода ишлатиши тўғри эмас, албатта. Бир вақтлар, яъни “санъат санъат учун” шиори амалда турга чоғида поэтик асар тили олдига ўта образлилик талаби қўйилар эди: дабдабали ўхшатишлар, болохонадор эпитетлар ичида айтилмоқчи бўлган асосий фикр. шеънинг ғояси кўмилиб, муаммо ҳусусияти кенгроқ ўрин олар эди.
Ҳозир ҳам шоирларимиз олдига ана шундай талаблар қўйиш, шеъриятнинг ҳозирги кун талабини унитиш, халқоналигини чеклашга олиб келадики, бу ҳол билан келишиб бўлмайди. Тўғри, шеър, умуман, бадиий асар образли фикрлаш демакдир. Аммо юқоридаги бадиий асар бундай образли ифодаларга жуда бой бўлмаса ҳам, унда лирик қаҳрамон кайфияти, характерини равшан очиб берувчи поэтик интонация, шоирнинг руҳий тўлқини мавжуд. Шеърдаги “Раҳмат, доктор опа, қойилман…” сўзларида лирик қаҳрамоннинг қандай одамларга мансуб эканлиги, қувончи, шодлиги, соддалиги, маънавий тушунчаси, ватанпарварлик ҳисси…[13 - 46-саҳифа шу сўз билан тугаган. 48-саҳифида қаламда ёзилган бу мақола давом эттирилган. Лекин бу саҳифа бошқа жумла билан ббошланган. Балки дафтарнинг бирор варағи йиртилгандир.]
Шундай экан шеърдаги ана шу фазилатдан кўз юмиб, интонация, оҳангдорликни бир ёққа қўйиб, ундан фақат образлик ифода қидириш билан шеър қимматини белгилаш масалага фақат бир томонлама ёндашишдир.
БЕЛОРУС АДАБИЁТИ ДЕКАДАСИ КУНЛАРИДА ЎҚИЛГАН НУТҚ[14 - Ушбу нутқнинг қўлёзма нусхаси “Қўлёзма ва машинка нусхалар” папкасида сақланади. Санаси ёзилмаган. Нутқ мазмунидан маълум бўладики, у Ҳамроқул Турсунқулов колхози кулубида ўқилган. Вақтини билиш учун Ўзбекистонда белорус адабиёти декадаси бўлган санани аниқлаш керак.]
Азиз меҳмонлар! Колхозчи ўртоқлар!
Мен қисқача сўзимни белорус классиги Франц Богушевичнинг қуйидаги шеъри билан бошламоқчиман:
Булутларим менинг, юзлари сиёҳ,
Йўлсизликда сизни ҳайдайди бўрон.
Манзил йўқдир сизда, йўқдир ошиён,
Оллоҳ даргоҳида олурсиз ором.
Қайда туғилдингиз, эй булутларим,
“Шу ерлик” дея ном олдингиз қачон?
Бошимдан ўтдингиз ҳасрат кўтариб,
Айтингиз, қайларда тўхтайсиз бир он.
Азиз булутларим ғариб, бехона,
Кўкларда кезасиз безори каби.
Қаҳрини қоқади шамоллар яна,
Сиз-чи, сиз учасиз уларга тобе.
Кўз ёшингиз билан ерлар чайқалган,
Япроқлар шовуллаб қаршилайди шод.
Далаю ўтлоққа, чекка-чеккага,
Ўлаётиб ҳадя этурсиз ҳаёт.
(Таржимон: Р. П.)
Бу шеърда дунёдаги бутун халқлар учун муштарак бўлган туёғу, юксак инсонийлик барқ уриб турибди. Чинакам санъат асарлари учун тавсияларни кераги йўқ. Бундай асарларни у қайси тилда ёзилмасин халқ ўзи топиб олади. Ўзининг маънавий хазинасига қўшиб олади. Натижада бир санъаткор ўзи етишиб чиққан халқнинг вакилигина бўлиб қолмасдан инсоният санъаткорига айланади. Шунинг учун ҳам халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашда, турли халқларни бир-бирига яқинлаштиришда адабиёт ва санъат ходимларининг роли бениҳоя каттадир. Мана бундай декадалар эса, дўст, қўшни халқлар ҳаётини, маданиятини яна-да чуқурроқ билишни, шубҳасиз, тезлаштиради.
Белорус ва ўзбек халқларининг тарихида, ҳар иккаласи учун ҳам бир хил бўлган томонлар жуда кўп. Бу икки улуғ халқ ҳам бир неча асрлар чет эл ва чоризм истибдодига қарши озод ҳаёт учун тинмай курашиб келди.
Ўзбек ва белорус халқларининг қардошлиги бу халқлар адабиётлари ўртасидаги алоқалар инқилобдан олдин куртак шаклида бўлса, Октябрь революциясидан сўнг кенг ривожланди. Чунки Октябрь ғалабаси, янги инқилобий онг иттифоқда яшовчи барча халқларни бир-бирига яқинлаштирди, уларнинг дўстликда яшашларига кенг йўл очиб берди.
Белорус адабиётини юксак босқичларга кўтарган Янка Купала, Якуб Колас бугун бутун дунё меҳнаткашларининг, шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам ўз шоирларига айланди. Улуғ Ватан уруши даврида Ўзбекистонда яшаган Якуб Колас ўзбеклар учун “Ёқуб ака” бўлиб қолди. Якуб Колас олтмишдан ортиқ мақола, ҳикоя, шеър ва достонларини Ўзбекистон тупроғида ёзди. Ўзининг 60 йиллик тўйини бу ерда ўтказди. Мана нималар деди у: “Провардида Ўзбекистон ҳукуматига, унинг большевиклар партиясига, меҳнатсевар, доно ва мард ўзбек халқига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Она юртимиздан ажралган бизлар бу ерда– меҳмондўст Ўзбекистонда қардошлик бошпаси (?) ва эътибор топдик.” Ўша пайтлар фашист босқинчилари ватанимизга ҳужум қилган пайтлар эди. Бу йилларда бизнинг дўстлигимиз яна-да мустаҳкамланди. Ҳ. Олимжоннинг “Шарқдан Ғарбга кетаётган дўстга” шеърини эсланг:
Бор, Ғарбга бор, баҳодир йигит,
Дўстларимиз элдан ажралди.
Ёв қўлида ёнди шаҳарлар,
Қадрдонлар беватан қолди…
Белоруснинг қонли бағрида
Бир зўр ёнғин тутаб ётибди.
Элни севган ҳар бир одамнинг
Юрагига минг ўқ ботибди.
Боргил тезроқ, баҳодир дўстим,
Кунчиқишдан Кун ботишга бор.
Тунни доим қуёш қувади,
Қардошларни зулматдан қутқор!
Нафасини ёв бўғиб ётган
Кенг далалар изингга зордир.
Олучазор, мевазор боғлар
Сен бормасанг қора мозордир.
Сен бормасанг баҳор бўлмайди,
Очилмайди боғларда гуллар.
Қарағайлар барг чиқармайди,
Ўрмонларга келмас булбуллар.
Балки шу ерда қонли жангларда Белорусияга қўлини ташлаб келган, оёғини ташлаб келган, вужудини ташлаб келган кишиларнинг ўзлари, укалари, фарзандлари ўтиргандир. Балки шунинг учун ҳам белорус ва ўзбек халқларининг дўстлиги муқаддасдир.
Ўзбек китобхонлари Янка Купала, Якуб Колас, Петрус Бровка, Аркадий Кулешов, Эди Огнецвет, Максим Танк асарларини жуда севадилар.
Кондрат Крапива, Петро Глебка, Анатоль Астрейка, Сергей Граховский, Алесь Бачила, Михась Машара сингари шоирлар ўзбек шеърхонларининг ҳурматига сазовор. Лекин бу соҳада ишлар қанчалик авжида бўлмасин, биз ёш китобхонлар учун барибир оз. Хусусан, белорус адабиётининг ёш бўғини– ёш шоирлар ва ёзувчиларнинг асарлари. Булар жуда кам таржима қилинмоқда ёки умуман қилинмаётир. Бунга биз колхозчи-ёшлар билмайдиган сабаблар бор бўлса керак.
Бу ерда таржима ҳақида гапириб кетишга тўғри келиб қолди. Белорус адабиётидан қилинган таржималар бизда ўзбек тилига белорус тилидан таржима қилинадими ёки рус тилиданми? Бизнингча, кўпроқ (ёки бутунлай)рус тилидан қилинса керак. Бундай ҳолда таржима асл нусха даражасида бўлмаслиги ҳаммага аён. Бундан келиб чиқадиган хулоса: ўзбек ёшлари белорус тилини, белоруслар ўзбек тилини ўрганиб олишсин, деган гап эмас. Маълум кишилар мана шу соҳада иш олиб борсин. Бунга қандай шароитлар яратилиши кераклиги ўзбек ва белорус ёзувчилари иттифоқига маълум.
Белорусларда “Молодосць” номли ёшларнинг журнали бор. Ўзбекларда шунинг ўрнини босадиган бошқа нарсалар бўлса-да, алоҳида ёшлар журнали йўқ. Ёки бизда истеъдодли ёшлар камми? Ҳаддан зиёд!
Биз Василь Биков, Иван Науменко, Михас (?), Ригор Бородулин, Иван Пташников, Геннадий Буровкин ва бошқа кўп ёш ёзувчи ва шоирларни биламиз. Биламиз– турли суҳбатлардан, рус тилидаги таржималардан. Ватанпарварлик, меҳнаткаш халқнинг орзу ва дардларини ифодалаш, ўз она эли ва она тилига муҳаббат– бу санъаткорнинг севимли мавзуидир.
Сўзимнинг охирида, бу йўлда сира ҳормасликларини тилаб, Сиз азиз меҳмонлар белорус халқига Ҳамроқул Турсунқулов номли колхоз аъзоларининг қизғин саломини етказишингизни сўрайман.
МАНТИҚДАН ЙИРОҚ[15 - “Мантиқдан йироқ” мақоласи шоир Шукрулло ижоди ҳақидаги “Жозиба сеҳри” (Т.: “Meriyus”, 2009. 181–182-бетлар) китобидан ўрин олган. У илк маротаба “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетасининг 1988 йил 22 август сонида чоп этилган.]
1987 йилни Ишонч йили деб аташни истардим. Инсон ўзининг инсонлигига инонди. Бу бизнинг биринчи ютуғимиз.
***
Яқин-яқинларда “Ватан”, “Миллат”, “Она тили” каби муқаддас сўзларни айтиш унчалик осон эмасди. Бу сўзларни такрорлаган кишини миллатчиликда айблашлари мумкин эди-да.
Ўзбек халқи ўз ватани учун жонини фидо қилишга тайёр халқ. Биз букун ватанимизнинг қоровули эмас, эгаси бўлмоғимиз керак.
***
Ўзбек халқи етмиш йил ичида (…) тортган азоб-уқубатлари ҳақида гапирмаслик кўрлик бўлур эди. Коллективлаштириш, Улуғ Ватан уруши, шахсга сиғиниш, турғунлик даврларида ватансиз, миллатсиз кимсалар турли-туман шиорлар ниқоби остида минг-минглаб ҳалол меҳнат кишиларини, ажойиб такрорланмас зиёлиларимизни қурбон қилдилар. Афсуски, қурбон бўлганларнинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч қачон боса олмайди. Бу сохта “ғолиблар” ва улар ўзлари учун яратган муҳит ҳақида, албатта, бу кун ошкора гапирмоқ шарт, илло, бу фожеавий хатолар такрорланмасин. Мен ўзбекман, шунинг учун ҳам ўзбекнинг ғалабаси мени жондан қувонтиради, мағлубияти қон йиғлатади.
***
Маълумки, 40 асрлик тарихга эга бўлган маданий-адабий ёдгорликлар фақат ўзбекники, фақат қирғизники, фақат қозоқники, фақат озарбайжонники, фақат туркманники эмас, балки бутун туркий халқларнинг муштарак меросидир. Уларни ўрганиш учун Бирлашган Илмий Марказни ташкил қилиш вақти келгандир.
БИР ШЕЪР ШАРҲИ[16 - “Бир шеър шарҳи” мақоласи “Тошкент оқшоми” газетасининг 1983 йил 24 октябр сонида чоп этилган.]
Тошкентнинг 2000 йиллиги тантаналари давом этаётган кунларнинг бирида ўтказилган “Шеър ва қўшиқ” кечасида шоир Дадахон Ҳасан афғон қўшиқчиси “Аҳмад Зоирнинг онасига қилган сўнгги ноласи” шеърини ўқиди. Ўша мушоирада мен бир гўзал шеър топдим, бир истеъдодли санъаткорни ўзим учун қайта кашф этдим.
Шоир Дадахон Ҳасан бу шеърни ўқиркан, борлиғимни қўрғошин каби оғир, рангин, пароканда туйғулар чулғадилар, гоҳ хотирамнинг осмонларида нашъа юлдузлари ёндилар, гоҳ чанқоғимнинг саҳроларида севинч ғунчалари очилдилар. Ўша оқшом мен Дадахон Ҳасан сиймосида чин маънода шоир ва ҳофизни кўриб, чексиз қувондим. Бу шеър мақтул ҳофиз Аҳмад Зоир тўғрисида ёзилган барча манзумаларнинг гултожи, десам, муболаға бўлмас. Бу – санъаткор ва замон ҳақидаги ғоят халқона равон асардир. Зеро, бу шеърда ҳофизнинг дунёга муносабати ёрқин ва эзгу манзаралар орқали намоён бўлади.
Дарвоқе, ҳофиз ва дунё…
Ҳофиз она ҳалқининг ҳасратлари, орзу-армонлари, кўндаланг шодликларини кўзда ёш билан куйларкан, оҳанглар беланчагида авайлаб тебратади, ғамгин кишиларга юксак руҳият бағишлайди, шодмон кимсаларни сескантириб уйғотади. Қўшиқ – тушунган инсоннинг содиқ дўсти, елкадошидир. Қўшиқ билан бораётган инсон умидли ва жасур. Қўшиқнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ҳаёти бордирким, уни бўғишга, уни йўлига ғов бўлган кимсалар аянчлидирлар. Афсуски, улар ҳали бор.
Овозимни бўғдилар
яна ўша, ўшалар,
Ўшалардан бу олам,
билмам, қачон бўшалар…
Ҳофизулло Амин бошлиқ сотқинлар тўдаси Аҳмад Зоирни, аввал, афғон радио ва телевидениесида қўшиқ айтишдан маҳрум этдилар. Кейин нафасини ҳам қизғондилар… 1979 йил 31 июль куни Аҳмад Зоирни фожеали тарзда ўлдирдилар. У буюк халқнинг буюк санъаткори эди, дунёга жуда кўп даҳо шоирлар, олимлар, давлат арбобларини берган қадимий Афғонистон тупроғининг майин ва қодир, нафис ва аламли овози эди.
Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг “Аҳмад Зоирнинг онасига қилган сўнгги ноласи” шеърини сиз азиз китобхонларга чин юракдан илиндим.
АФҒОН ҚЎШИҚЧИСИ АҲМАД ЗОИРНИНГ ОНАСИГА ҚИЛГАН СЎНГГИ НОЛАСИ
Ғунча ишқида булбул куйлар экан мастона,
Гулни эса тонг чоғи узиб кетар бегона…
Бу не кулфат шўрликка, дея ёқамни йиртсам,
Садо келгай ҳамиша – “Бу кечмишдир шарқона –
Шу боис дод этарлар ҳар ошиқи девона”.
Мен ҳам бир аҳли ошиқ, эдим мутриби даврон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Қўшиғимни йўқотдим ғунчани очмасимдан,
Ҳисларимни маржондек гулшанга сочмасимдан.
Ғунча чиройин кўриб, девонавор чарх уриб,
Булутлар теппасинда чўғ бўлиб учмасимдан,
Офтобни қулочлаб, бахтим деб қучмасимдан.
Нетай ахир кўкларга боқиб қолдим нигорон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Овозимни бўғдилар яна ўша-ўшалар,
Ўшалардан бу олам, билмам, қачон бўшалар,
Ўшаларким Маждиддин, Абдуллатиф, Шоҳ Маҳмуд,
Хожа Аҳрор валию Муҳйи, Офоқхўжалар,
Токай руҳимиз улар оёғига тўшалар?!
Мудом аҳли дилларнинг кўнгли вайрон, дили қон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Қўшиқ айтмоқ гуноҳми, нечун бағрим порадир,
Нега чеккан афғоним осмонни ёрадир,
Қўшиқ айтган етарди муродига, водариғ,
Мен етмадим не боис, наҳот, бахтим қорадир,
Бахти банд этилганлар, айтинг, қайга борадир?!
Мен халқимнинг қўшиғи, бағри эдим бир замон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Қўшиғи йўқ улусда файзу фароғат қайда?
Шукуҳ, шиддат, шижоат, кўрку камолат қайда?
Ожизу афтодаҳол, толеи нигун, ўксик,
Нашъу намо, руҳият, идрок-фаросат қайда?
Соз қайда, овоз қайда, санъат-саодат қайда?
Қўшиқсиз халқ халқмидур – у эл-элат, оломон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Билмам, қай кун, қай фасл кўнглимни шод этдилар,
Юртимга хуш ҳаволар қачон келиб кетдилар,
Қалдирғочлар жўр бўлиб маним чеккан оҳимга
Қучиб ҳасратларимни учиб қайга етдилар!
Садо келгай ҳамиша: Ҳиндукушдан ўтдилар,
Тутиб кетди фиғоним Чину Турон, Ҳиндистон –
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Қарға-қузғунга қолса бу кўҳлик дилбар олам,
Махлуқу даррандага ўхшаб кетарди одам,
Бинафша қизил, зангор, жийда гули топталиб,
Адирлар тош қотарди, қирда кулмасди лолам,
Ўн саккиз минг оламни ёндирмасми оҳ-нолам?!
Йиқилмасми тоқидан бошима баланд осмон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
Бир менмидур чаманда қўшиқларин йўқотган?
Созини соз этолмай ғаму ғуссага ботган?
Истаб меҳр-ҳидоят, топмай бир валиънемат,
Саҳарлар нола айлаб, кўкларга қараётган,
Жиндай меҳр-шафқатга ҳатто жонини сотган,
Дунёга сиғмаганлар айтинг қайда сақлар жон,
Қўшиғимни йўқотдим, найлай энди, онажон!
ДАВР БИЛАН ҲАМНАФАС СЎЗЛАР[17 - “Давр билан ҳамнафас сўзлар” мақоласи “Саодат”журналининг 1988 йил 10-сонида “Азиз меҳмонимиз” рукни остида (34–35-бетлар) босилган. Матн тепасида: “Ҳамид Олимжон мукофоти лауриати шоир Рауф Парфи меҳмонимиз. УШБУ РУБРИКАДА: Давр билан ҳамнафас сўзлар. “Саодат”хонлар учун махсус туҳфа (Ижодкорнинг насрий асари матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда)” деган ёзувлар бор. Шунингдек, 35-саҳифасида шоир дастхатида қуйидаги сўзлар ҳам берилган: “Имкониятдан фойдаланиб “Саодат” журналининг барча ўқувчиларига, шу журнал ижодкорларининг ҳаммасига энг эзгу тилаклар билдираман. Бундан кейин ҳам “Саодат” журнали АЁЛни ҳимоя қилувчи даргоҳ бўлиб қолишини истайман.”]
Телевизор экранларида, радио карнайлари қошида, одамлар тўпланган тантанали анжуманларда тез-тез кўриниб туришликни севадиган ўртоқларга ҳавасим келади. Мен ундай қилолмайман. Қаттиқ уяламан. Ҳолбуки, тўғри сўзингни ҳар қайда, ҳар қачон айтиш зарур. Журналхонлар мени тўғри тушунар, деб ўйлайман. Гап шундаки, ҳали бизнинг тўғри сўзимиз беқиёс сабрли жафокаш халқимизнинг ўтмиши, ҳозири, келажак тақдири олдида хиралашиб қолади. Хусусан, ўзбек аёлининг қисмати, болаларимизнинг аҳволи ҳар бир фикрловчи инсонни ларзага солади. Нима қилмоқ керак? Бу кунги давр фақат проблемаларни қўйиш даври бўлиб қолмаслиги керак, албатта. Уларнинг амалий натижаларини ҳам талаб қилишимиз лозим.
Учрашувларда кўпинча турли тоифадаги, фикрлаш даражаси турлича бўлган кишилар таъна қилишади – турғинлик йилларида қаерда эдингиз, нега виждонингиз буюрганини айтмадингиз, энди эса лоф урасиз, ундай қилайлик, бундай қилайлик, деб. Лекин ижодий зиёлиларимиз, меҳнаткаш омма бир дақиқа бўлсин, ҳаракатдан тўхтаган эмас – турғунлик уларга ёд нарса бўлган. Янги Инқилоб жараёни моҳият нуқтаи назаридан ғоят кўламли ва мураккаб жараёндир. Мен “яшасин”чиликка мутлақо қаршиман. Аммо “Яшасин Янги Инқилоб! Яшасин Гарбачев!” деб ҳайқиргим келади. Балки мен хато ўйлаётгандирман, ҳар ҳолда мен шундай тушунчада собитман. Буюк ўзгаришларнинг шоҳиди бўлиб турганимдан хурсандман.
Халқ Янги Инқилобни ҳимоя қилишга қодир, деб ўйлайман. Халқ имон-эътиқодига қайтганидан бахтиёрман.
Шахсга сиғиниш даврининг асоратлари ҳақида ҳали яна кўп гапирсак керак. Бу даврда ўзбек халқи ўзининг минг йиллик ёзувидан айрилди. Аввал лотин алифбосига, кейин крилицага ўтказилди. Менимча, бу ўйламай қилинган иш – жиноят эди. Бу жиноят тарихимиз билан бўлган алоқаларимиз ришталарини илдизидан чопиб ташлади, натижада биз ўзимизнинг неча асрлик тарихимиздан, қадим маданиятимиздан ажралиб қолдик. Баъзи сохта олимлар томонидан араб имлоси асосида бунёдга келган ўзбек ёзуви тарихимизга бутунлай ёд, деган нотўғри хулоса олға сурилди. Буни қандай тушунмоқ керак, бир минг тўрт юз йил давомида халқ ривожига, дунё маданияти ва фани тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган – Форобий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Кошғарий , Яссавий, Наршахий, Навоий, Жомий, Бобур каби улуғ сиймоларга хизмат қилган ёзувни ёт ва бегоналикда қандай айблаш мумкин!! Крилицага ўтишнинг афзалликларидан бири омма томонидан рус тилини интенсив ўрганишга шарт-шароит яратилади, деган олимларимиз ҳам бўлдилар. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Ўз ёзувларини сақлаб қолган яҳудийлар, арманлар, грузинлар, латишлар, эстонлар, литваликлар рус тилини биздан яхшироқ билишади. Мен эски ёзувини халққа қайтариш шарт, деб ҳисоблайман.
Ҳар бир миллат ўзлигини англашга, ўз моҳиятига чуқурроқ кириб боришга, ўзининг ўтмишини билишга, келажагини англашга интилади. Маданият, адабиёт, санъат ҳар бир халқ руҳий имкониятларининг ифодасидир. Миллатлараро муносабатларни яна яхшилаш учун СССРда яшовчи ҳар бир халққа ва миллатга ўзининг маданияти, маорифи, адабиёт ва бошқа барча масалаларни мустақил ҳал қилишга шароит яратиш керак. Иқтисодда ҳам ҳар бир республика мустақил бўлмоғи керак, шунда ҳозирги кунларда тез-тез эшитилиб турадиган биз фалон республикани боқаяпмиз, фалон республика қарзга яшаяпти, деган гап-сўзларга ўрин қолмайди. Ўртага миннат аралашмайди. Миннат ва таъмалар ортида туриб халқлар дўстлиги ҳақида гапирманг, бунинг самимийлигига ишониш қийин.
Оилани планлаштиришга қаратилган барча тадбирлар бу кунги демографик масалаларни чигаллаштирса чигаллаштирадики, аммо ҳал қилолмайди. Оилани планлаштиришдан аввал ўзбек халқининг тарихий психологияси, унинг турмуш тарзи чуқур ўрганилиши зарур. Менимча, аввало, демографик аҳволимизни яхшилаш учун, ижтимоий-иқтисодий программа яратилса. Бу программа ўз ичига уй-жой қурилиши муаммосини ҳал қилиш, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш, маданий-оқартув хизматини изга солиш кабиларни қамраб олса. Аммо бу масалаларнинг ҳеч бири алоҳида эмас – булар ҳаммаси бир-бирига боғлиқдир. Уй-жой масаласини ҳал қилиш учун маблағ керак, маблағ бўлиши учун эса ўзимизда етиштирилаётган пахтанинг таннархини одилона баҳолаш, уни четга камроқ чиқазиб, республиканинг ўзида кўпроқ фойдаланиш керак-да. Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши масаласини ўраб турган “қобиғ”лар очилгач, муаммони соф ҳолда кўриш мумкин бўлади. Аммо бир нарсага тўхталишни хоҳлардим: болалар ўлими бўйича жаҳонда биринчилардан бўлган халққа яна болалар туғилишини режалаштириш жиноятдир.
Бугун Совет Иттифоқининг бирор ерида бирор аёлнинг аҳволи ўзбек аёлининг аҳволидек оғир ва ачинарли эмас. Бугун энг қийин, энг қора юмушларни аёллар бажараяпти ва эвазига арзимаган ҳақ оляпти. Аёлларимизнинг қўли касов, сочи супурги бўлди. На ҳомиладорман, дейди, на касалман, дейди, индамай меҳнат қилаверади. Аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилашимиз керак, деб жуда кўп сўзлаймиз, аммо ҳеч нарса қилмаймиз. Аёлларимиз ўзини ёндиряпти, ўлдиряпти, биз эса бунинг неча йиллик сабабларнинг оқибати эканини тан олишни истамаймиз, уларнинг хотирасини ҳақорат қиламиз. Ҳамма гапни эр-хотин ёки қайнона-келин муросасига олиб бориб тақаймиз. Баъзан, ҳатто дин таъсири, деб ҳам туриб оламиз. Шу пайтгача ўзини ёққан аёлларнинг турмушини, шароитини фақат фожеа содир бўлгач текширамиз. Олдини олиш учун эса ҳаракатимиз йўқ. Менимча, текширувчи эмас, ўрганувчи махсус бригадалар тузиш лозим. Бу бригадалар ўзбек аёлининг психологияси, ижтимоий аҳволини чуқур таҳлил қилиш керак. Бу бригадалар таркибида психологлар, социологлар, иқтисодчилар, врачлар ва ёзувчилар бўлса мақсадга мувофиқ бўлурди.
Юқорида айтганимдек, ўзбек аёллари шунча ташвишларга қарамасдан шеър ёза олишлари мени беҳад қувонтиради. Шоирларимизнинг асримизнинг барча дағалликлари орасидан ўзларининг назоратларини омон-эсон олиб чиқаётганларига тан бермай иложимиз йўқ. Ўзбек халқи азалдан ўзининг шоиралари билан машҳур. Бу кун ҳам ўз халқининг шоираси деган номга лойиқ қизларимиз кўп. Ҳалима Худойбердиеванинг кўп қамровли, Фароғат Камолованинг соғинч, Қутлибека Раҳимбоеванинг куюнч, Ойдин Ҳожиеванинг назокатли, Ҳалима Аҳмедованинг жўшқин шеърларини севиб ўқиб бораман. Имкониятдан фойдаланиб “Саодат” журналининг барча ўқувчиларига, шу журнал ижодкорларининг ҳаммасига энг эзгу тилакларимни билдираман. Бундан кейин ҳам “Саодат” журнали АЁЛни ҳимоя қилувчи даргоҳ бўлиб қолишини истайман.
…Албатта. Аёл ҳақида ёзмаган кимса йўқ дунёда. Мен ҳам бир вақтлар Аёл ҳақида шундай ёзгандим:
Қани, муҳаббатдан тонганлар, келинг,
Бошларга минг савдо солганлар, келинг,
Ҳайкалга айланиб ёнганлар, келинг,
Қон ичиб, қонларга қонганлар, келинг,
Келингиз жам бўлиб сажда қилмоққа
Муқаддас пойида тинглангиз буйруқ,
Одамлар, топининг, туриб оёққа.
Ўзга меҳроб йўқдир, ўзга қалам йўқ.
Ҳозир жуда оғир сокинлик билан тайёрланаётган, иккиланаётган китобимни “Она Туркистон” деб атадим. Бу китобда “Аёл” туркуми бор. Туркумга Валерий Брюсовнинг “Сен аёлсан, шу билан ҳақсан” мисрасини тазмин қилиб олдим.
Аёл – бизнинг номусимиз, Ватан каби аччиқ, Ватан каби ширин қисматимиздир.
ЗУЛМ ВА ШЕЪРИЯТ[18 - Ушбу мақола Абдураҳмон Водилий китобига “Тақдим” сифатида тақдим этилган. Мазкур китоб Рауф Парфи Ўзтурк ва Абдурауф Абдураҳмон ўғли томонидан 1993 йилда, яъни Абдураҳмон Водилийнинг юз йиллиги муносабати билан нашрга тайёрланган. Лекин китоб орадан олти йил ўтиб, улар хоҳлаган “Чўлпон” нашриётидан эмас, Адабиёт ва санъат нашриётидан чоп этилган. Муҳаррир ҳам, табиий, ўзганган: Аъзам Ўктам эмас, Фарида Афрўз.]
Дуняни изладим изғиб, борми деб иймонга йўл…
Абдураҳмон ВОДИЛИЙ
Ўзбек халқи маънавият дунёсининг тарихи– ҳазрати муҳаддислар, буюк уламолар, улуғ шоирлар ижодиёти ва ҳаётлариниг муборак тарихи бўлганидек, мақтуллар, хўрланганлар, унитилганлар тарихи ҳамдир.
Шоир Абдурраҳмон Водилий (1993–1963) ҳаёти асримизнинг жаҳолат ва чиркин даври– заъфарон юзли, кир тирноқли, ёвуз-маккор ўргумчак тўрига ўралган замонага тўғри келди.
Чин шоир учун Руҳоний Тириклик, оддий тирикчилик доим машаққатли кечган… Аммо ўрис босқинидан кейин машаққат калимаси ҳеч нарса бўлмай қолди. У Илоҳий Руҳни, инсоннинг Ўзлигини, Шахсини бўғди. Ичимиздаги иймонни суғуриб олмакчи бўлди. Бизни бурун остидан бўлак нарсани билмайдирган нафс бандаларига айлантирди. Аллоҳдан айирмак нийяти ила ташланди.
Бу дунёда кечаги, бугунги, эртага бўладиган жамъи жиноятларнинг дояси– ахлоқсизликдир(Абдурраҳмон Водилий).
Ўликлар ичинда тирик, тириклар ичинда унитилганлардан бири шоир Абдурраҳмон Водилийдир. Ундан мерос бўлиб бир “Девон”, Абдурраҳмон Жомийнинг тасаввуфга бағишланган китоби таржимаси, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” достонларининг қиёсий насрий баёнлари, Муҳаммад Ҳодийнинг “Алвоҳи интибоҳ” асарининг ўзбекча табдили, фарзандларига ёзган ўгитлари қолгани бизга маълум. Аммо бу асарлар ҳаммаси ҳам изсиз йўқолиб кетмагандир, деб умид қиламиз. Бу асарлар топилгай, иншооллоҳ.
Қўлимизда Абдурраҳмон Водилийнинг фарзандлари Абдулборий, Абдурауф, Абдуллатиф, Абдулазизлар кўз қорачиғидай асраб келаётган шоирнинг қоралама асарлари, қўлёзмалари, айрим пароканда парчалар бор, холос. Тасаввуф шоири Абдурраҳмон Водилийнинг асарларини шоир тириклигида, ундан кейин-да узоқ йиллар давомида чоп этишни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди, албатта. Букун вақти-соати келган экан, Худога шукур.
ЭНГ МАДАНИЯТЛИ АДИБ[19 - “Энг маданиятли адиб” мақоласи “Асқад Мухтор замондошлари хотирасида” (“Маънавият”, 2003. 169-бет) китобига кирган. Ёзилиш санаси – 1995. 16. 03]
Асқад Мухтор– ХХ аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожеалари-ла, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир. Бу аср не эканини, уни идрок этмак не қадарлигини биз– эртага кўмиладиганлар билмаймиз, Яратганнинг ўзи билади.
ХХ аср… Тақрибан, чамалаб, хомчўт қилиб кўрайлик-чи: Асқад Мухторнинг йигирма жилдлик асарлари кўз ўнгимизда ёрқин намоён бўлади. Миллатимизнинг бу муҳташам меросини яна миллатга бир бутун ҳолда етказмак учун букунги адабиёт сардорлари масъулдирлар.
Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади.Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир. Биз ўзимизнинг майда, икир-чикир тирикчилик гирдобимизга қориштириб фикр қилмайлик. Чунки бу гирдоб юз йиллар изтироб чекиб терган маънавий маржонларимизни ютиб юборишга ҳам қодир.
Асқад Мухтор ижодиётини у жонини фидо қилиб суйган халқига армуғон қилинг, савобга ботгайсиз, илоҳим.
Жаҳон миқёсидаги энг маданиятли адибимиз Асқад Мухтор йигирма биринчи асрга мардларча ҳалол кириб бораётир:
– Ассалому алайкум, устоз Асқад Мухтор, Сизга олқишларимиз, Сизга таъзимларимиз, севгиларимизни қабул қилгайсиз!
ЭРК ВА ИШҚ КУЙЧИСИ[20 - “Эрк ва ишқ куйчиси” сарлавҳали мақола асл нусхада номланмаган. Номни матннинг ўзидан олдик. Мақоланинг ҳар икки қисми алоҳида-алоҳида варақларда кўчирилган ва ҳар иккаласининг ҳам остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 04. 06. 2000” ёзуви бор. Демак уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир кунда ёзилган, лекин негадир икки марта имзо ва сана қўйиб ажратиб кўрсатилган.]
***
Ўзбек-турк шеърияти ўзининг неча мингйиллик узоқ тарихида Инсон қисмати – қаҳрамонлик руҳини, фожеанинг аччиқ таъсирини муқаддас туркий сўз билан ифодалади ва сўзга “ипакдан кийим кийдирди” (Чўлпон), яъни илоҳий-туркий оҳанглар яратди.
Ўзбек ҳалқ ижоди чексиз, тубсиз бир уммондир. Халқ қўшиқлари бу уммоннинг жаранглаган инжуларидир. Бу инжуларни асрлардан асрларга, замонлардан замонларга, салтанатлардан салтанатларга ва, энг муҳими, улуғ Миллатга – Турк дунёсига авайлаб етказган Аллоҳ ёрлақаган жасур ва гўзал шоирлар ўзанлар, бахшилар, ошиқлар, ҳофизлардир. Уларнинг тамасиз буюк заҳматлари туфайлидир.
Дадахон Ҳасан ана шундай заҳматкаш шоиримиз ва ҳофизимиздир. Унинг асосий ғояси Туркистон Бирлиги, Турк Дунёси қавмларининг бир бутунлиги.
Дадахон Ҳасаннинг халқ йўлида ёзган ва куйлаган қўшиқлари, шубҳасиз, ўзбек халқининг нодир маънавий-мусиқий бойлиги ҳисобланади.
Дадахон Ҳасан шеърлари содда, аммо ўткир, кўринишда анъанавий, аммо замонавий кескир жаранглайди.
Дадахон Ҳасан шеърияти ҳақида олимлар ҳали фикрлар билдиражаклар. Мен, бир дўст сифатида, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанга Туркистон тупроқларрида, шеърият уфқларида доим ярқираб яшашини Аллоҳдан тилаб қоламан.
***
Вақт ўтаркан, кўзларингда Вақтнинг сувратлари, тасвирлари, оҳанглари ҳам ўтаверар экан. Ўзбекистон турк давлатларининг бири ўлароқ мудҳиш кунларни бошидан кечирди. 60, 70, 80, 90-йилларда маънавий нуқтаи назардан уйғонган ўзбек-турк мунавварларининг миллий-ижтимоий-диний тафаккури ҳаракатлана бошлади. Ўзбек миллий руҳини уйғотиш ғояси ва унинг дастурини яратиш фикри кўндаланг бўлиб қолди. Болтиқбўйи, Кавказ ва Қирим туркларининг тарихий Ватанларини қайта тадқиқи учун курашлари ўзбек-туркларининг юрагига кириб келди. Бу буюк ўзгаришларнинг бошида шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан турганлигини ҳамма ҳам билавермайди. Аввал “Ўзбекистон Миллий Халқ жабҳаси” деб номланган, кейинчалик “Бирлик” халқ ҳаракати отини олган курашнинг биринчи ташкилотчиси Дадахон Ҳасан эди.
Дадахон Ҳасан Эрк ва Ишқ ҳофизи сифатида ўзбек зиёлиларининг фикру ўйини ифода этаркан, сўзини, ўзини, қонини, .... фидо қилди десак, муболаға бўлмас.
Дадахоннинг қўшиқлари ва саъй-ҳаракатлари билан юртимизнинг бугунги мустақиллиги йўлида қилган барча ҳизматларини инкор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Шу ўринда Баҳоуддин Нақшбандни ушбу сатрларини эсламоқ жоиздир: “Ишқда тану дилу жон бўлмас”.
Дадахон Ҳасан билан замондош, маслакдош бўлганимдан фахрланаман.
КЕЙИН-КЕЙИНМИЗ…[21 - “Кейин-кейин…” мақоласи интернет саҳифаларидан олинди. Мана, унинг манбаси: www.yangidunyo.com. Мақола сўнгида “2 февраль 2001 йил” санаси қўйилган.]
Бас, улуғ Раббинг исмини поклаб ёд эт.
Қуръон. “Воқеа” сураси.
1. Алишер Навоий айтадилар: ”Эл нетиб топкай мениким, Мен ўзимни топмасам.”Ҳазратнинг бу сўзида илоҳий фалсафа-оламча маъно бор.
Шоир ҳамма вақт сирли ҳодиса. Уни илмий истилоҳлар билан исботлаб бўлмайди, ҳар холда, мен шундай тушунаман.
Шоир дунёни ўз кўзи билан ўзича кўради, бировларга тақлид қилмайди, бировларнинг даражаларини кўзламайди. Ўзининг даражасини, Ўзини излайди.
2. Шеърият – ичкин, билгисиз тафаккур титрамаси, Табиат ва Инсоннинг уйғунликдаги сўзга айланган инъикосидир, эҳтимол.
Ватанни севмак иймондандир -дея такрорлаймиз,аммо Исломда Ватан дейилганда инсонга аталган жаннат кўзда тутилмаганми экан? У ҳолда Комил Инсоннинг манзили таъйин этилган. Бу манзилга менгзатамиз Ватанни, демак.
Жаннатни зикр этмак-Аллоҳни зикр этмакдир.
3. Дунё кундан кунга янгиланиб бораверади.Замон,Вақт ва масофа тушунчалари. Шеърият, Мусиқа ва Тасвирий дунё Санъатлари ҳам янгиланиб, ўзининг Шоирини, Бастакори ва Рассомини сўрайверади.
Шеърият-изтироб ва аламдан ,Гўзаллик ва Нафосатдан туғилган шодликдир – Муҳаббатдир.
Шоир ўзгалардан ўзга ўларак фақат кўрганлари, билганларини, ўқиган,ўрганган нарсаларини эмас,инсоннинг ўзлигини, камолотини, ўз денгизининг тубсиз тубларини, ўз осмони чексизлигининг чегараларини илғайди, бу йўлда рангсиз нарсаларга ранг, ҳаракатсиз нарсаларга ҳаракат, исмсиз нарсаларга исм беради. Уларни нажотга чорлайди.
4. Шоир йўл аҳлидандир.Йўл туйғуси-Гўзаллик ва Нафосат туйғусини юрагидан ўтказади ва бу йўл ўзлик ва Камолот сари бориладиган олий манзил эканини чуқур идрок этади.
5. Ислом ва Шарқ асотири минг йиллардан буён бутун дунё шоирларини жалб этиб келган. Бу борада Шарқнинг донишманд шоирларини яхши биламиз.
Туркияда ҳар йили Турк Дунёси шоирларининг тавбаларидан тузилган “Муножот” мажмуи нашр этилишини ҳам биламиз.
Испанияда исломият тараққий қилганидан хабардормиз, аммо жаҳон адабиётида маълум ва машҳур бўлган буюк шоирларни ҳозир эслаб ўтсак жоиздир, деб ўйлайман.
Буюк Британияда Байрон, Шелли, Колдриж, Теннисон, Браунинг, Киплинг, Честертон, Йетс; Ақшда Эдгар По, Эмерсон, Паунд, Элиот, Фрост; Франсияда Гюго, Шатобриан, Нервал, Эредиа, Бодлер, Аполлинер; Олмонияда Гёте, Гелдерлен, Платен, Шамиссо, Ҳейне, Рилке, Гесс, Брехт; Русияда Пушкин, Лермонтов, Тютчев, Фет, Балмонт, Бунин, Блок, Брюсов, Есенин, Ахматова, Цветаева, Пастернак…
Бу рўйхат шу қадар узунки санашни бас қиламан. Мен бу мавзунинг не чоғли теран,масъулиятли эканини эслатиб ўтмакчи эдим, холос.
6. “Агар инсонда тақво ва нафсни тийиш чегарасиз хуружли эҳтиросга айланиб кетса Табиат ва Инсон мувозанати бузилиши, Камолот йўлини-да тўсиб қўйиши мумкин”– деб ёзади Тҳакур. Бу сўзларни ҳам эслаб юрсак нақадар гўзал. Чунки биз бандамиз, кейин шоирмиз, кейин фониймиз, кейин-кейинмиз…
ШЕЪРИЯТ ҲУҚУҚИ[22 - Абдулҳамид Чўлпон шеърияти хусусидаги ушбу мақоланинг бир нечта қўлёзма нусхалари сақланиб қолган. Биз Ч. Рўзиев архивдаги нусхадан фойдаландик. Мақоланинг остида у ёзилган “18. 07. 2001” сана кўрсатилган.]
(Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеърияти хусусида)
Кўз ёшимда ювсам юртнинг шонини,
Тилим билан сўрсам оққан қонини…
Қонли кунлар тушди менинг бошимга.
Абдулҳамид ЧЎЛПОН
Алишер Навоий вафотидан сўнг дунё 500 йилга қариди. Абдулҳамид Чўлпон юзга кирди. Дунё юз ёшга яшарди. Бутун Турк Дунёси ўзининг буюк шоирини шарафламоқда. Унинг сиймосида биз ҳақиқат шоирига ўлим йўқ эканини, “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси”, Шеърият Ҳуқуқи ғалабасининг гувоҳи бўлдик.
Сўз кўча-кўйнинг мижғов лофларидан, хоним-ойимчаларнинг инжиқликларидан, идорабозларниг маъшум ўйинларидан, жоҳиллигидан қўрқоқ, қўрқоқлигидан жоҳил кимсаларнинг мудҳиш қилиқларидан, шубҳасиз, устун турган Шеърият борасида, Шеърият Ҳуқуқи ва Абдулҳамид Чўлпоннинг Оламшумул Улуғ Шоир экани хусусидадир.
Абдулҳамид Чўлпон шеърияти бутун ХХ аср қадриятларини ўзида мужассам қилди. Уни оламшумул мақомга олиб чиққан омил– шоирнинг чексиз эҳтиросли гуманизмидир. Бу дунёдаги Инсоннинг ҳасратлари, қувончлари Шоир ижодининг ўқ томирига айланди.
Турк Дунёсининг бирлиги, Улуғ Туркистон қайғуси, Инсонга муҳаббат, жавонмардлик, саховат Абдулҳамид Чўлпон шеъриятиниг асос белгиларидир. Бу фазилатларни ичкин, илоҳий самимиятсиз ифода қилиб бўлмайди. Абдулҳамид Чўлпон самимияти– Дунё Инсонига бўлган меҳри, садоқатида ёрқин намоён бўлади.
Инсон ва Табиатнинг уйғунликдаги инъикоси Абдулҳамид Чўлпон ижодининг шуурли нуқталаридир. Шоир жуда узун шонли-саодатли, қонли-машаққатли йўлни босиб ўтди. Фақат ХХ аср одамининггина эмас, унинг ҳофизасидан, кўз ўнгидан минг йиллар воқеоти, талотумлари билан ҳайқириб кечдилар. Энди шоир бўлғуси замонларга қадам қўйди.
Шеърият Аллоҳ одамни яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келганинсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан– Инсон ҳақлар, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон ҳуқуқи– Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатниг қора қуёши ёниб, фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлижа жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир, аммо шеъриятниг смонига боқиб, чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз. Шеърият инсоннинг илкин нафасидир, ноёнсиз нафаснинг моддийликка айланишидир, балки.
Миср-Бобил, Хитой-Ҳиндистон, Рум, Эрон, Америка сингари Турон– Туркистон– Турк Дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва беражакдир. Улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпон ўзбек руҳини куйлади. Зеро, Ўзбек Руҳи ўлмасдир. Ўзбек Руҳи абадийдир. Ўзбек Руҳи– бутун Турк Дунёсининг меросидир.
Ўзбек миллати бу олтин мероснинг эгаси, бу мерос бутун жаҳон учун, бутун инсоният учун, Аллоҳ инояти-ла, гўзал армуғондир. Ўзбек миллати– жаҳон цвилизациясини бир поғона баланд кўтарган буюк миллатдир. Ўзбек бўлиб туғилган, ўзбек деган номни муқаддас билиб жону руҳида асраган инсон нақадар бахтли инсондир.
Бу шарафли туйғулар Абдулҳамид Чўлпон ижодиётида порлоқ ифодасини топди.
Абдулҳамид Чўлпонни титратган, қақшатган зулм эди.
Зулм– ўзбекнинг энг сара гулларини юлиб отди. Ҳамзани ўлдириб, бу ўлим баҳонасида, биринчи ўзбек совет шоирининг қотиллари деб, минглаб бегуноҳ мусулмонларни қириб ташлади. Бутун давлатчилик иқтидорларини ишлатиб қўлга киритган Туркистон автоном жумҳуриятини ер билан яксон қилди, бу янги ўзбек ҳукуматининг аъзоларини қиличдан ўтказди. Масалан 1917 йилдан 1947 йилгача фақат Русиянинг ўзида сталинизм қурбонларининг сони 67 милён 533 мингга етди. Зулм– шоир юрагида қандай кечгани ёлғиз Аллоҳга аён.
Зулм– башариятнингмуқаддас бешикларидан бўлмиш улуғ Туркистонга бостириб кирди. Милён-милён гуноҳсиз инсонларимизнинг пок қонларини тўкди, илоҳий масжидларимизга кўппакларини боғлади, мезоналарига қўнғироқлар осди, боғларимизга: “Итларга ва сартларга кириш манъ этилади”, деб ёзиб қўйди, жаҳоннинг кўрки бўлган обидаларга бомба ёғдирди, бир кечада минглаб ўзбекларни, эру хотин, болаларни, ҳомиладор аёлларнинг қорнидаги гўдаккача жаҳолат пичоғи билан сўйди, неки ҳалол бўлса барини ҳаром қилди, нажосатга тўлдирди.
Бу ахлоқсиз, маданиятсиз оломон, шайтанат бандалари менинг улуғ халқимни– ўзбек туркларига ҳар хил лақаблар, тамғалар, ёрлиқлар ёпишириб келди. Лекин ўзбек-туркларининг илоҳий Руҳини, қутлуғ тилини суғуриб ололмади. Шоирнинг ичидан нелар кечди экан, у қаро кунлар.
Зулм– бир миллатни бир миллат билан хундор душман қилишга эришди. Зулм учун инсон инсонга дўст-биродар эмас, ўч олишга доим шай турган жаллод бўлиши керак эди. Эришди. Шоир солномачи эмас, у юзлаб бадиий қиёфалар яратолди.
Она сайёрамиз шеърият каби поёнсиз. Инсониятнинг дарду қувончи Абдулҳамид Чўлпоннинг дарду қувончи бўлди. Шоир ўз ватанининг фарзанди ўлароқ, ўз халқининг инон-ишончи, шодлигу уқубатларини ўзида, Сўзида ифода қилди, дунёвий аламкашлик уни жаҳон фуқаросига айлантирди.
Ўзбек маънавият осмонида бир Чўлпон юлдузи порлади, тобора ўзига жалб этди ва унинг овози бутун бир халқнинг ҳайқирган овози эди.
Абдулҳамид Чўлпон зулмга қарши, сталинизмга қарши, манқуртликка қарши озодлик учун, Шеърият ҳуқуқи учун курашаётганларнингсардорларидан биридир.Халқ шундай шоирини кўп замонлардан буён кутган эди. У келди ва кураш майдонига чиқди. Ҳақ ва Ҳақиқат йўлида қурбон бўлди. Бу ёруғ дунёда у ёлғиз эмас эди, унинг тенгдошлари, маслакдошлари, ўликдошлари жуда кўп эди, бу эски шайтанатда. Улар юзлаб шоирлар милён-милён халқларнинг фарёдига айланган зулмга қарши– Инсон Ҳақлари учун, Шеърият Ҳуқуқи учун ўртага чиққан Муқадас Шеърият лашкари эди.
Абдулҳамид Чўлпон ёлғиз эмас эди. У улуғ жаҳон шоирларининг меҳр қароғида эди.
Абдулҳамид Чўлпон ХХ аср жаҳон шеърияти саройига мана шундай кириб келди ва бу салтанатда муносиб ўринга нойил бўлди.
Абдулҳамид Чўлпон– ўзбек фарзанди, Турк Дунёсининг сўнмас юлдузи, улуғ жаҳоншумул шоирдир.
ОВОЗНИНГ УЗУН УМРИ[23 - “Овознинг узун умри” номли мақола қўлёзмаси Дадахон Ҳасаннинг ўзида сақланади. Сарлавҳа остидаги “Сўнгсўз ўрнида” ёзувидан маълум бўладики, бу мақола ҳофиз-шоирнинг шеърлар тўплами учун ёзилган. Афсуски, бу тўплам чоп этилмай қолган. Мақола Рауф Парфининг ўз дастхатида сақланади, унинг остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 16. 12. 2002” ёзуви бор.]
(Сўнгсўз ўрнида)
Қоронғу водийда шамоллар увлар,
Булбул қафасинда сайрайди ёлғиз.
Кўмилган кундузнинг мазори ухлар,
Бу ҳаёт лақабли ўлимдир, ҳофиз.
Амин ар-РАЙҲОНИЙ
Дадахон Ҳасан ижодий фаолиятининг илдизлари Туркистон пири Аҳмад Яссавий йўлига, унинг қутлуғ шеъриятига бориб уланади. Жаҳон маданияти, музика санъати тарихида жуда кўп улуғ ўзанлар, бахшилар, шоирлар ўтган. Турк Дунёсининг Воқиф, Юнус Эмро, Ошиқ Умар, Машраб, янги даврда Худойберди бахши, Тўқтағул, Бердақ, Жуманбулбул, Жамбул, Ислом Шоир (инқилобгача ижодлари), Абдулҳамид Чўлпон каби халқнинг фарёдига айланган, такрорланмас халқ-овоз санъаткорлари бор. Лекин бутун умр – муттасил бир халқнинг аччиқ тақдирини, қувончу аламларини Дадахон Ҳасанчалик куйлаган ҳофиз йўқдир дунёда, менимча.
Ҳофиз-муғанний кимдир, деган саволга ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бундай дейдилар: “Улки, кўргузгай мулойим таронау нағам, агар эшитгувчининг ҳаёти нақди анга фидо бўлса, не ғам”. Яна Ҳазрат мана шундай давом эттирадилар: “Кўнгил қуввати – хушнавоздин, руҳ қути – хушовоздин. Хушхон муғаннийдир дард аҳлининг ўти тездир, агар малоҳати бўлса, ҳол аҳлиға рустахездир. Ҳар муғаннийки, дардмандонароқ нағма чекар, анинг нағмаси захлиқ юракка ковгарроқ тегар. Оташин юзлук муғаннийки, ҳалқидин мулойим суруд чиқорғай, ҳол аҳлининг куйған бағридин дуд чиқорғай. Мулойим мутрибки, табъ ва фаҳм анга ёр бўлғай, хусусанки, ҳам айтғай, ҳам чалғай, кўнгил мулкиға не қўзғалонларки, солғай”.
Дадахон Ҳасаннинг ижодий фаолияти ўзбек мусиқаси тарихи билан муайян боғлиқ ҳолда шаклланди ва улғайди. Бу кунга келиб ўзига хос Дадахон Ҳасан мактаби намоён бўлмишдир. Буни англамак учун қадимий ва ҳозирги замон мусиқасига оид рисолаларни кўздан кечирмак фойдалидир.
Абдурауф Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” асари, шубҳасиз, биз ўзбек-турклари учун, Шарқ мусиқаси тарихи учун ҳам нодир бир тадқиқотдир. Китоб икки фаслдан иборат бўлиб, биринчиси “Шарқ мусиқаси”, иккинчиси “Мусиқамиз тарихига бир қараш ёхуд турк мусиқаси” деб аталади. Мусиқанинг оммага таъсири маъносида асарга ёндашадиган бўлсак, Дадахон Ҳасан ижодиёти бунга ёрқин мисол бўла олади. Дарвоқе, Дадахон Ҳасан ижодиётини илмий ёритиш закий адабиётшунослар ва санъатшуносларимизнинг зиммасида турган қарзларидир.
Дадахон Ҳасан ижодиётининг маънавий тарихини ўрганиш учун бутун ХХ аср Туркистон тарихини, ижтимоий-маънавий жараёнларни чуқур билиш, ўтмишнинг муқаддас устунлари – буюк инсонларимиз-нинг ичкин дунёларини, моддий мароқларини кенг идрок этиш керак бўлади.
Шу ўринда фитратшунос олим Илҳом Ғанининг қуйидаги сўзларини тазмин қилиб олсак, жоиздир, эҳтимол. Истеъдодли олим бизнинг фикримизга уйғун ҳолда мана бўндай ёзади: “Шарқу Ғарбни бир-бирига боғлаб турган Буюк Ипак Йўлининг қоқ ўртасида Турон мамлакати жойлашган эди. Унинг ўз бошли урф-одати, иқлим ва табиати, тафаккур тарзи ва маданияти қадим дулбаржин ёзуви бор эди…” Ҳозир ҳам бор, лекин бироз бошқачароқ. ХIХ асрнинг биринчи чорагида Чор Русиясининг Туркистонни истило этиш ҳаракати бу мамлакатнинг руҳий эгалари – имон-эътиқоди бут шоир, мусиқачи, жамиики ҳур фикрли зиёлиларни қатағон қилди. Агар араблар бостириб кирганда Қутайба битта эртак биладиган чолгача қатл қилган бўлса, бу учинчи истило (иккинчиси мўғилларнинг қатлиоми) олдингиларидан ошса ошдики, заррача кам бўлмади. 1917 йилда “инқилоб” ғалаба қилгач, таланган бу юрт янги тузум байроғи остида яна бир таланди. 20-, 30-, 40-йиллар сталинча қатағон даврининг энг “гуллаган” даври бўлди. Туркистоннинг руҳий эгаларидан бўлмиш Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Файзулла Хўжа каби юзлаб улуғ зотлар “миллатчилик ҳаракатлари учун” сўндирилди. Турк сўзини ишлатган – “пантуркист”, Эрон сўзини қўллаган “панэронист”, хуллас, “пан” деган унвон ва “зиёлиларми – зиёнлилар” шиори мамлакатнинг гули – ҳурфикрлиларни қатағон қилди.
Турк мусиқаси, – деб ёздим-у, хаёлимдан Фитрат не тавқи лаънатлар билан хўрлаб, совуқ ва изғиринларда қақшатиб, маънан қашшоқ одамлар сўроқ қилганда не орзу-ниятлар билан ёзган 1926 йилдаги “Турк мусиқаси” сўзини ўзига сиртмоқ қилмаганмикинлар? Нега айнан “турк” ёздинг, нега бошқачамас?” деб ўз сўзларини дор қилмадилармикан? Ахир қозоқ, ўзбек, қирғиз, турк, қорақалпоқ, уйғур, туркман сингари дили, дини, қони бир бўлган ўнлаб халқни бир Турк Отанинг фарзандлари дейиш гуноҳми? Наҳот ўз отасидан тондириш савоб бўлса? деган оғриқли саволлар кечди. Йўқ, бир дўстимиз ёзганидек, “Ҳар қандай қўрқинч инсонда ғурурни ўлдиради. Шу жумладан, миллий ғурурни ҳам. Ғурур такаббурлик эмас, ўз қадр-қимматини билишдир”.
Абдурауф Фитратнинг ғурурини ҳеч қандай қўрқинч, дору сиртмоқ, тазйиқу таҳқир ўлдиролмади. Кўз ўнгимизда подшоҳчалар, жаллодчалар, айғоқчилар, қуллар, хўрланганлар, сўйилганлар, отилганлар…
Кўз ўнгимизда ўтаётган бу қонли манзаралар Дадахон Ҳасан мақомотида тажассум топди. Бу миқёсли мискин кўриниш мусиқага, товушга, ҳаракатга айланди.
50-, 60-, 70-йиллар. Қисқа бир сўз билан ифодалаш мумкинми? Яна тарихни варақлаймиз. У шу қадар теран, инсон ақли бовар қилмас даражада қамровсиз. Бизга мусиқа, ҳофизнинг қўшиқлари ёрдамга келади. Энди биз тарихнинг мусиқасини, товушини идрок эта бошлаймиз.
Дарвоқе, 50-, 60-, 70-йиллар, дедик. Бир сўз билан айтганда, улуғ инсонларимиз йўқотилди. Динимиз расман тақиқланди. Тилимиз хўрланди. Қадриятларимиз, дилимиз вайрон бўлди. Ҳукмрон салтанат, мана энди бу халқнинг дилидан, тилидан Туркистон, Истиқлол, Турк Бирлиги, Инсон Эрки деган нарсаларни таг-томири билан суғуриб ташладик, деб ўйлади ва атрофига ёлланган лаббайчиларни излаб, сарқиту совғотлар ташлаб йиғди. Халқимизнинг ичинда улар ҳам омон-омон юрган эканлар, “Лаббай!” деб, чес бериб, шапка кийиб ўринларидан турдилар. Улар – шахссизликнинг аянчли намояндалари эдилар.
Кўргуликни кўрингки, кечаги буюк адабиёт ўрнига ўртача адабиёт, ўртача санъат майдонга, саҳнага чиқди. Улар ўртача, жўн кимсалар эди. Улар қадимиятимизни унутдилар, мустамлакачиликни мустаҳкамлаш учун бел боғладилар. Улар кимлар эканини адабиётимизнинг, санъатимизнинг зукко мухлислари яхши илғаб оладилар.
70-, 80-, 90-йиллар халқимизнинг бошига тушган кулфатларни гирясиз, мусиқасиз ифодалаб бўлмас. Орага янада таъмагир, янада ўртача адабиёт, янада ўртача санъат, биз шўро билан, Москов билан абадий биргамиз, бизни ажратолмайсиз, деб чирпаниб, жавлон урди. Ўртачалик оламшумул муаммоларни қабул қила олмас эди. Ўртачалик Туркистон истиқлолини, Турк бирлигини, Инсон эркини ҳимоя қилишга қодир эмас эди. Ўртачалик фақат ўртачаликни ҳимоя қиларди, холос. Ўртачалик давлат миқёсида меёрга, қонунга эврилди. Ўзининг мудҳиш кепатасини очиб ташлади, ёвузлигини аниқ кўрсатди. Ҳали сенларга кўрсатиб қўяман, деб унингсиз ҳам хўрланган халққа юзланди.
Бу талотум жараёнлар, ёвуз кирдикорлар Дадахон Ҳасан мақомотининг мағзини ташкил этадилар.
Дадахон Ҳасан – тийрак шоир. Дадахон Ҳасан – Туркистон бирлиги учун курашиб яшаётган букулмас Шахс. Дадахон Ҳасан Турк Дунёсиниг халқ ҳофизидир. Ўзбек туркларининг мулойим, инжа ва кароматли калималари ила юрагимизга кириб борган бир жасур ва майин товуш, у ҳеч кимга халал бермасдан, уйқунгизни бузмасдан уйғотадиган мўъжизавий-ботиний овоздир. Бу овознинг умри ғоят узундир.
Дадахон Ҳасаннинг ердаги ҳаёти, ижодий ва ижтимоий фаолияти мана шундай шовуллаб кечмакда, нурланмакда.
Дадахон Ҳасан Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти билан тақдирланди. Тақдир ушбундай олий ва қутлуғ сийловлар узатди ҳофизга.
Дадахон Ҳасан ижодиёти улуғ боболар Аҳмад Яссавий ришталарига янада қаттиқроқ боғланди.
Бу сўнг сўз эмас. Сўнг сўзни биз эмас, келгуси замонлар ёзажакдир. Сизни Тангрига топширдим. Амин, ё Роббилаламийн.
“ЭЗГУЛИК ҲАМИША ҲИМОЯСИЗДИР…”[24 - “Эзгулик ҳамиша ҳимоясиздир” мақоласи интернетдаги “Адабиёт манзаралари” сайтидан олинди. Сарлавҳасиз бу мақолани биз шу шаклда номладик. Уни ёзувчи Мурод Човуш нашрга тайёрлаган. Мақола сўнгида “28. 03. 04” санаси бор.]
Менга ўхшаган ўртача фикрлайдиганлар – инсон ўз виждонини, иймонини қанчалик покиза сақласа, хотиржамлик асралади, деб юрсак, ақли расолар бир-бирини ғажиб, бир-бирини итдек таламоқда, минг йиллик ғанимлардек бир-бирини ўлдирмоқда. Бу алоҳида мавзу бўлиши мумкин, аммо биз бугун танлаган асосий мавзуга ҳам алоқаси бор.
Биз ютуқларимиз, ғалабаларимиз, оламшумул миқёсда тараққий этаётганимиз, ер ости, ер усти бойликларимиз халқ қўлида экани, оғир саноат, енгил саноат халқаро майдонда биринчи ўринда экани, айниқса, бизда Инсонга эътибор, Инсон қадрияти ҳар нарсадан устивор экани ҳақида радио-телевизионда ночор эшиттириш ва кўрсатувларда, минглаб бир-биридан унчалик фарқ қилмайдиган газит-журналларда эрта тонгдан эрта тонггача – ҳар кун, ҳар тун, ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сония тинимсиз ўқиймиз, кўрсатамиз, гапирамиз, лоф урамиз, ортиқча ҳаяжонланамиз ва албатта, бу ютуқлар ва ғалабаларни бир кишининг номи билан боғлаб олиб борамиз.
Ютуқларимиз ўз йўлига, аммо ҳақиқат, яъни воқелик ўзгачадир. Бу аввало, юртимизда Инсон қадрининг тушиб кетганида кўринади.
Биз демократияга интилаётган автторитар давлатда яшаймиз, яъни муҳаққақ ҳарбий кучга суянувчи, табиийки, мелитсия давлатида яшаётганимиз букун ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига ва бутун жаҳонга сир эмас.
Олтмиш фоиз саводсиз, жоҳил кимсалардан иборат бўлган мелитсиянинг қамоқхоналарда, бозорларда, автойўлларда, жамики йўлларда ватандошларга зулм қилаётганлиги ва бошқа кирдикорлари барчага маълум, муқаррар тузатилиши керак бўлган солиқ тизимининг кучланиши халқнинг тинкасини қуритганини ким билмайди?
Бундайин аянчли иллатларни кимдан яширамиз? Ўзимизданми? У дунёданми?
Ўқитувчиларнинг ишлаётган мактабларини, институтларини, университетларини йиғиштириб деҳқончиликка чиққанларини ёки ўзларини бозорга урганларини қандай изоҳлаймиз? Тиббиёт манзилларидаги тибб ходимларининг пора-ришват олишга мажбур бўлаётганларини қандай тушуниш мумкин? Олимларнинг, ёзувчиларнинг, рассом, санъат аҳлининг – жамиики ижодкорларнинг қайғули аҳволига нима дейсиз? “Тўртинчи ҳокимият” деб аталган журналистларнинг тепадаги учта ҳокимият тарафидан бўғилаётганини кўзимиз билан кўриб турибмиз.
Ўзбек оилаларининг бузилиб кетаётганига асосий сабаб ночорлик ва қашшоқлик экани сирми?
Қизиқ, фуқаронинг бир қути папиросини, бир халта ёнғоғини ағдариб синчков текширувчи мелиса бомбачиларни бемалол ўтқазиб юборса. Ёки террористларга сотилганмикин мелиса?!. Астағфуруллоҳ, алҳазар!
Бу шафқатсиз зўровонликлар ичдан бўлса, уни аниқлаш, ташдан бўлса, уни фош қиладиган халқаро ташкилотлар билан юзма-юз бўлиш керак.
Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз. Эй биродарлар, мусулмон дегани террорчи дегани эмас. Ватандошлар, терроризмга қарши кураш ниқоби остида, Худо кўрсатмасин, янги террорга йўл қўймайлик, тинчликни сақлаш ниқоби остида тинч аҳолининг тинчлигини бузишга йўл қўймайлик. Ҳазрат Навоийнинг сўзлари ёдимга келади:
Кўзи қон тўкмак ичра қонмай ҳеч,
Ўзи ҳолина ўзи инонмай ҳеч.
Ёрлик қайда қолди, ёронлар,
Йўқ мусулмонлик, эй мусулмонлар.
Эй Навоий, не бўлса гуфторинг,
Айла бунёдким, Худо ёринг.
Бундайин чегарасиз зўрлик, ҳамма жойда такрор-такрор айтилаётганидек, бусиз ҳам қўрқув ичинда яшаётган халқни янада қўрқувда, янада қашшоқликда, янада жаҳолатда сақлаш учун лозим, золимларга.
Агар ҳукумат фуқароларини моддий, маънавий ҳимоя қилишга қодир эмас экан, маданий дунёларда истеъфога чиқади, ўз халқидан узр сўрайди, ўз халқини ўқққа тутмайди.
Бизга бир кунлик, бир соатлик меҳр-мурувват керак эмас. Гап бутун бир миллатни ҳалокатдан қутқариш устида кетмоқда. Халққа ҳеч нарса бермайдиган қўшма корхоналар, маданиятсиз маданий марказлар, янги-янги қўғирчоқ партиялар, турли нодавлат ташкилотлар тузиш учун эмас, аввало, етмиш фоиз касалликка чалинган аҳолига тиббий ёрдам, арзон дори-дармон, бутун дунёда қабул қилинган ўртача тиббий рацион бўйича овқатланиш ҳуқуқи керак.
Ёлғон, ришват, бузуқлик, маддоҳлик, гиёҳвандлик авж олаётган юртдан Иймон қочади, Ҳақиқат юз ўгиради. Ҳазрат Аҳмад Яссавий ёзади:
Аҳли дунё халқимизда саховат йўқ,
Подшоларда, вазирларда адолат йўқ.
Ўзбекистонда мурувватли одамлар ғоят ноёб. Бойларимиз ҳали тўйганлари йўқ, тўйганлари эса ахлоқан бузилишга мойил. Тузалиш учун илоҳий ва дунёвий билимлар зарур. Ҳазрат Навоий айтганларидек: “Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ”. Мурувват ҳар кимнинг қўлидан келмайди, мурувват қилишга қодир инсонлар улуғ инсонлардир.
Биз халқмизми, тўдамизми, оломонмизми, подамизми билмаймиз.
Биз бугунни кўриб турибмиз, эртага нима бўлишини ҳеч ким, ҳеч бир авлиё башорат қилолмайди. Инсонга берилган неъмат ҳам – шу, Инсоннинг фожеаси ҳам шундадир.
Ёвузлик ҳамиша қуролланган, кўзлари ҳар қачон очиқ ва ҳимоялангандир. Эзгулик ҳамиша қуролсиз, ҳамиша кўнгилчан, ҳамиша ҳимоясиздир.
Агар биз халқ бўлсак, Аллоҳга шукр, агар бўлмасак-да, нажот Аллоҳдандир. Ҳақиқат – Ҳақдир.
Улуғ озарбайжон шоири Муҳаммад Ҳодийнинг ушбу шеъри билан сўзимни мухтасар қилдим:
Муҳаббатлар муваққатдир, адоватлар ҳақиқатдир,
Адолат қайда, лекин зулму ваҳшатлар ҳақиқатдир.
Қани ҳуррият оламда асоратлар ҳақиқатдир,
Балолар, дардлар кўпдир, фалокатлар ҳақиқатдир.
Кадарлар, ғуссалар, ғамлар, сафолатлар ҳақиқатдир,
Бутун осоримиз қонли, жиноятлар ҳақиқатдир.
ФИТРАТ ШЕЪРИЯТИ[25 - “Фитрат шеърияти” мақоласининг қўлёзмаси ҳам Ч. Рўзиевдаги архивда сақланади. Унинг остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 28. 04. 2004” ёзуви бор.]
Онам! Сени қутқармоқ учун
Жонми керакдир.
Абдурауф ФИТРАТ
Ушбу шеърни Абдурауф Фитрат шеърияти ва Туркистон мавзуига кириш сифатида қабул қилгайсиз.
Онам, Туркистоним, имдодинг борми?[26 - Шеър ва эпиграфларнинг устидан уриб ташланган.]
Номуслар, виждонлар, иймонлар йитди.
Ёвқур ботурларинг қони бедорми?
Минг войким, ғурурлар, виқорлар битди.
Кўрганинг занжирми, кишанми, дорми?
Кўк тоқини қонли булутлар тутди.
Махлуқ босди сен онамни, сен зорни,
Улуғ Туркистонни мешига ютди.
Кўк Тангрим! Тингларми нолаларингни?
Адағи бормидир туркларнинг ўчин?
Қулликками сотдинг болаларингни?
Онам! Ёндиргали йўқми бир учқун?
Ақл бердинг, бердинг нолаларингни,
Куч бермадинг, қилич бермадинг нечун?!
Абдурауф Фитрат шеърияти ҳақида сўз кетганда шуни айтиш кераккики, шоир илк шеърларидан бошлаб Турк Дунёси, Туркистон бирлиги, истиқлоли ғоясини илгари сурди, у турк дунёсига миллатпарвар ва ёниқ шоир сифатида танилган эди. Бу ҳақда унга замондош танқидчилардан Абдураҳмон Саъдий шундай ёзади: “Фитрат– ҳозирги ўзбек шеъриятида араб, форс сўзларига йўлни беркитди, ўзбек шеър тузилишининг ривожланиш йўлларини белгилай бориб, кўпгина ёш шоирларни ўзининг услуби ва тили билан эргаштираолди, атрофига ёш шоирларни тўплаб уларга тил ва услуб ёғидан йўл кўрсатмакдадир”.
Абдурауф Фитрат тўрт шеърий китоб муаллифи. Булар: “Сайҳа”, “Учқун”, “Шеърлар ва достон”, “Менинг туним”.
Фитратнинг проф. Ҳамидулла Болтабой тайёрлаган кўп жилдликнинг биринчи жилдига кирган 22 та шеъри ҳақида суҳбатлашамиз.
Фитрат шеърияти ночор қолган шоирнинг ўтли нидоларидангина иборат эмас, у Туркистонни оёқости қилган келгиндилар ва жаҳолат туфайли товушлари ўчган ватандошларига аччиқ нафратли мурожаатидир. Шеърларининг шаклий қурилишлари ҳам мавзу эътибори билан ўзига хосдир. Бу шеърият мутлоқ янгича бўлиб, янгича шуур, янгича дунёқарашнинг янгича тамойилларини ўзида акс эттирарди. Янги ўзбек шеърияти бутун дунёни уйғотадиган бир қудратга эга бўлиши керак эди.
Янги ўзбек шеъриятининг асос манзили, ўчоғи Ватан, Туркистон, Истиқлол, Эрк мавзуи бўлди. Букун ҳам шундай.
“Бухоро вазири Насрулло Парвоначига очиқ мактуб”да “Ҳар қанчи кўз ва қулоғингизни беркитсангиз ҳам бу қадимий ислом миллатининг фарёди ва муқаддас ватанимизнинг хароблигига ачинмай тура олмаймиз… Миллатимиз ва юртимизни шу ҳолга келтириб қўйдикки, дунёнинг бурчагида энг қийин кунларда ташвиш чекиб яшаётган одамлар ҳам бизнинг аҳволимизга қон йиғламоқдалар”.
Амирга қарата айтилган сўзлари ҳам асарга илова қилинган, бу баёнотда мана бундай дейилади: “Бугун ё эрта дини исломнинг душманлари биз мусулмон халқини қаро кунларга соларлар. Бу жиноятчиларнинг вазифаи аввали дини исломга хусумат бўлиб, яқин замонлар биздан динимизни тарк қилишни талаб қиларлар. Имомимизни пўпга, азонимизни қўнғироққа, масжидимизни черковга алмаштирмоқдан бошқа нарса қолмас”.
Фитрат барча диндош биродарларига мурожаат қиларкан “бу таназзул, яъни нимаики бой берилаётган бўлса, мусулмонларнинг унсизлиги ва ҳаракатсизлиги натижаси”, деб билади.
Фитрат ҳаёти ва фаолиятига бағишланган жуда кўп ҳорижий манбаларда, замондошларининг хотираларида унинг номига “шоир” сифати қўшиб айтилган. Бу Фитратга нисбатан шунчаки шахсий муносабатнинг натижаси бўлмай, балки унинг шоирлик истеъдодига алоҳида ҳурмат билан қараганликларининг боиси ҳамдир.
Файзулло Хўжа 1911 йили чоп этилган “Сайҳа” (“Нидо”, “Наъра” маъноларини беради) шеърий тўплами ҳақида шундай ёзади: “Ватанпарварлик шеърлари тўплами бўлган “Сайҳа”ни ўқиган кишиларни Бухоро ҳукуматигина эмас, рус укумати ҳам таъқиб қила бошлади. Чунки бу шеърларда мустақиллик ғояси биринчи марта жуда ёрқин шаклда ифодалаб берилди”, деб ёзади.
Бир тарафдан Туркистонда очлик, қашшоқлик ҳукм суриб турган бир замонда, бир тарафдан рус империяси билан инглиз жаҳонгирлари Туркистонни эгаллаш ҳақида яширинча музокаралар олиб бораётган кунларда “туркликнинг қонини қайнатғувчи, иймонини юксалтувчи қувват берган бир суюнчли сўз туғилди, яъни 27 ноябрнинг кечасинда миллий лайлатул-қадримиз бўлғон Туркистон Мухторияти эълон қилинди”. Шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз каби ялқиллаган” бу мухториятни олқишларкан, Фитрат “маҳкама эшикларидин йиғлаб қайтғон, йиртқич жандарманинг тепгуси билан йиқилғон, ёндирилғон, осдирилғон диндошларимизнинг” ҳолатини шундай арз этади: “Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, таланди, шарафимиз емурилди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқларимиз тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди– тузимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтирдик, иймонларимизга ўраб сақладик: Туркистон Мухторияти!”
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/rauf-parfi-32668909/secilmis-eserler-2-cilt-69499270/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
“Таржимаи ҳолим” “Ёшлик” журналининг 1993 йил, 1-сонида “Жажжи дарслик” рукни остида эълон қилинган.
2
Бошқа манбаларда 27 сентябрь.
3
Муаллиф бир йилга адашаяпти. Биринчи китоб “Карвон йўли” 1969 йилда нашр этилган.
4
“Давлат бобо”, “Садақаҳрадди бало”, “Энг янги тонг”, “Хатна”, “Учрашув”, “Дарз”, “Қайғу”, “Йанги кино”, “Мен қоралайман!” каби Рауф Парфининг насрий асарларни филология фанлари номзоди Хуршида Маматова нашрга тайёрлаган. Улар биринчи маротаба эълон қилинмоқда. Бу асарларнинг қўлёзмалари ҳам нашрга тайёрловчида сақланади. Уларнинг тақдири ҳақида олима шундай ёзади:
“ШОИРОНА ҲИКОЯЛАР
Тақдир тақозоси билан ўткан асрнинг 90-йилларида Рауф Парфи бир туркум ҳикояларини бизникига кўтариб келиб, қолдириб кетади. Шоирнинг “эркин казак”ка ўхшаб бошвоқсиз юрган чоғлари эди. Ҳикоялар 60-йилларда ёзилган бўлиб, асосан, қишлоқ ҳаёти манзараларини акс эттирарди. Уларда гоҳ Иккинчи жаҳон уруши йиллари хаёлан намоён бўлса, гоҳ бетакрор рус ёзувчиси Василий Шукшин қаҳрамонлари эсга тушар эди. Тавба, деб беихтиёр ёқангизни ушлайсиз, агар Рауф Парфи насрий асар ёзишни жиддий давом эттирганда борми, эҳтимол, адабиётда янги йўналиш яратиши ҳам мумкин экан-да, бироқ…
Шоирнинг ҳажман унча катта бўлмаган ҳикоялари қоғозга туширилганидан сўнг таҳрир қилинмаган, қайта ишланмаган. Лекин шу ҳолатида ҳам ижодкорнинг соҳир қалам соҳиби экани яққол кўзга ташланади: аввало, сўзлар исроф қилинмайди, табиий-қуйма қисқаликка интилади. Ичдан ҳис этасизки, Рауф Парфи ўзи истаган тақдирда ҳам узундан-узун қўшма гапларни қаторлаштириб, энг камида ярим саҳифадан иборат сўлжайган гап туза олмасди. Сўз қадрини биладиган, сўзни ҳис этадиган қаламкаш насрда ҳам, назмда ҳам гўзал ва бетакрор асарлар яратади. Чамаси, Рауф Парфи кичик-кичик ҳаётий эпизодлардан иборат сценарий яратишни мўлжаллаб қўйган бўлса керак. Шу боис хатбошилар, икки-учта гапдан иборат парчалар рақамлаб борилади.
Америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэй ўтган асрнинг 30-йилларида тажриба сифатида адабиётга олиб кирган (“Алвидо, қурол”, “Фиеста” каби романлари орқали) “телеграф усули” унсурлари шоир ҳикояларида кўзга ташланади. Гаплар анъанавий йўсинда тузилмайди: гоҳ “эга” бўлмаса, гоҳ “кесим” бўлмайди. Яъни “эга” билан “кесим” кўнгилда бўлади. Эсингизда бўлса, бошланғич синф ўқувчисига ҳисоб-китобдан илк сабоқ берилаётган чоғларда, масалан, 66 га 66 ни қўшиш ўргатилса, 6 ни 6 га қўшамиз баробар 12 бўлади, 2 ни ёзиб қўямиз, 1 кўнгилда бўлади, сўнг яна 6 ни 6 га қўшамиз, яна 12 бўлади, кўнгилда қолган 1 қўшилса 13 бўлади, натижа 132 бўлади, деб хулоса чиқариш ўргатилади. Рауф Парфининг содда ҳикоялари ҳам, назаримизда, болаларча беғуборлик ҳосиласига ўхшайди: у атайлаб “телеграф усули” билан экспримент қилишни хаёлига келтирмайди, унда зўрма-зўракилик йўқ. Айрим “модернист” қаламкашлар каби, жумлалар остидан ўзига бино қўйган Кибрқулнинг аянчли башараси кўриниб, кишининг энсасини қотирмайди. Кўнгилга яқин қаҳрамонларининг жонли қиёфаси дарҳол кўз ўнгимизда гавдаланади; бир оғиз сўзидан, халқона ибораларидан ёки Фарғона шевасига хос сўзларидан таниш чеҳралар бир-бир хаёлимиздан ўтаверади.
Хуллас, Рауф Парфининг бундан ярим аср муқаддам ёзилган шоирона ҳикоялари хаёлимизни узоқ-узоқларга олиб кетади, кўнгилда ёруғ туйғуларни тўлқинлантириб юборади. Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримларини азиз журналхонларга илиндик.
ХУРШИДА МАМАТОВА,
филология фанлари номзоди”.
Демак маълум бўлмоқдаки, юқорида номлари зикр этилган нарий асарлар “Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримлари” экан. Бу сўзлар Х. Маматовада сақланаётган қўлёзмаларга яна қизиқишингизни оширади. Опага уларни кўриш мақсадида мурожаат қилсак, у киши бизга бир бетлик рўйхат берди. Мана, ўша рўйхат:
Рауф Парфи Ўзтуркнинг Хуршида Маматовада сақланаётган ижодий ишлари рўйхати
1. Она Туркистон. Шеърлар. Икки жилдли. Биринчи жилд.1993 йил. Икки нусха. 310 та шеър. Иккинчи нусхаси қайта нашрга тайёрланган. Сўзбоши муаллифи – Асқад Мухтор. Муҳаррирлар: И. Ҳаққул, А. Аъзам, М. Солиҳ.
2. Туркистон руҳи. 1991 йил. 50 та шеър. Нашрга қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотномаси билан. Муҳаррир – Мирзо Кенжабек.
3. Шеърлар тўплами.
4. Шеърлар тўплами.
5. Хотирот. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.
6.Сабр дарахти. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.
7. Устозлари Абдураҳмон Водилий таржимасидаги “Алвоҳи интибоҳ” номли қирқ саккиз банддан иборат шеърий асар. Ҳар бир бандда 11 сатр. Р. Парфи томонидан қайта ишланган. Қисқача луғати ҳам бор.
8. Р. Парфининг рус тилидаги шеърий тўплами. В. Соснора таржимасида. Нашр этилмаган.
9. Барно Бону. Шеърий тўплам. Бир қанча вариантлари бор. Қўлёзма. 40 та шеърдан 15 таси. Қолгани дафтарчада. Дафтарча ҳозир қаердалиги номаълум. Крилл ёзувида. 1994 йил.
10. Барно Бону. Турк ёзувида. Еттита шеър (қўлёзма). 1994 йил.
11. Абдурауф Фитрат. Уч сонетдан иборат. Қўлёзма. 1994 йил.
12. ХХ аср турк шеъриятидан таржималар: Ота Турк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Ниҳол Отсиз, Доғларжа, Аржуманд Беҳзод, Нозим Ҳикмат, Ҳикмат Ўзал. Қўлёзмада.
13. Турон диёри. 15 бетлик насрий асар. 1990 йил.
14. Рауф Парфи. Ҳикоялар тўплами. 15 та ҳикоя. Улардан бири “Қовоқари” (Шмель) рус тилидан таржима. Қўлёзма.
15. Ҳазил насрий асар. Тўрт муаллиф томонидан ёзилган, шулардан бири Р. Парфи. Қўлёзма.
16. Муроднинг Муродга айтгани. 13 бетдан иборат ҳикоя. Муаллифлар: Р. Парфи ва бошқалар.
17. “Тараддуд” романининг муқова ва қаҳрамонлари номи. Эпиграф Усмон Носирдан олинган. Қўлёзма.
18. Қолганлари: уй, иш ҳужжатлари, шахсий китоблари, устозга тақдим қилинган шеърий китоблар, расмлар, видео ва аудео кассеталар мукофотлар, интервьюлар, хатлар ва шу кабилар. Кийим-бошлари туғилган уйига тақдим этилди.
Рауф Парфининг баъзи ҳикоялари автобиографик характерга эга. Масалан, “Энг янги тонг” ҳикоясига эътибор берайлик. Қаҳрамон – Ваҳоб. У ҳикоя воқеаларини ўз тилидан сўзлаб беради. Отаси оламдан ўтган, кекса онаси бор ва бир рассос уч ёш катта акаси. Ҳикоядаги рассом бу – Абдуллажонмикан?.. Лекин ҳикоядаги онанинг: “Мухторвой бор-ку… Ўшалар билан бир вақтлар қўшни эдик. Аҳмад туғилган йил. Ўшанда ёшим… билмадим, ишқилиб, сени дадангга турмушга чиқмагандим. Аҳмаднинг дадасини йили ўтганди” сўзларидан маълум бўладики, Аҳмад Ваҳобнинг ота бошқа она бир акаси экан. Шунингдек, шоирнинг “Мен қоралайман”, “Дарз”, “Йанги кино”, “Ҳамманинг бахти бор” асарлари ҳам унинг ва оила аъзоларининг ҳаётидан муайян бир қирраларни кўришга хизмат қилади.
Унинг баъзи ҳикояларини эса шеърий шаклда ҳам кўрамиз. Масалан, “Садақа – радди бало” ҳикоясидаги чол бир нечта вариантдан иборат “Чол” шеърининг қаҳрамонига ўхшаб кетади. Шунингдек, шоирнинг “Йанги кино” ҳикоясида она юртидан ҳайдалган ва икки фарзандидан жудо бўлган қиримли Саидумар ота образи ҳам яратилган.
5
“Хатна” ҳикояси сўнгида “9. VI. 66 й.” санаси қўйилган
6
“Учрашув”нинг ёзилиш санаси: “11.02.67 й.”
7
“Қайғу” этюди “7.12.67 йил”да ёзилган.
8
Бизнингча, “Йанги кино” ҳикоянинг номи эмас. У қисқа метражли фильм учун ёзилган янги сценарий. Рауф Парфи “Қайғу” ва “Йанги кино” сценарийларини Киночилар қўмитасида ишлаган йиллари (1965–1968) ёзгандир балки.
9
“Ҳамманинг бахти бор” ҳикоясининг қўлёзмаси Чоршаъм Рўзиевдаги архивда ҳам сақланади. Ҳикоя икки нусхада: бири машинкаланган. Ҳикоянинг машинка нусхаси остида “Т. П.” ёзуви бор. Бу – “Турсун Парпиев” дегани. Рауф Парфи 60-йиллардаги асарлари остида шундай ёзув қолдирган. Қўлёзма нусхаси сўнгида эса “16. VII. 65” санаси қўйилган. Ҳикоянинг дастхат нусхаси 12 бетдан иборат.
10
Рауф Парфи қаламига мансуб ушбу шеър 1965 йил ёзилган бўлиб, манбаларда у йигирма мисрадан иборат. Ҳикоядаги бу вариантни шоир кейинчалик тўлдирган ва таҳрир қилган.
11
“Ёлғиз” ҳикояси “Саодат” журналининг 1988 йил 10-сонида “Азиз меҳмонимиз” рукни остида (34–36-бетлар) босилган. Матн тепасида: “Ҳамид Олимжон мукофоти лауриати шоир Рауф Парфи меҳмонимиз. УШБУ РУБРИКАДА: Давр билан ҳамнафас сўзлар. “Саодат”хонлар учун махсус туҳфа (Ижодкорнинг насрий асари матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда)” деган ёзув бор. Хуршида Маматовадаги материаллар орасида ҳам “Ёлғиз” ҳикоясининг қўлёзмаси сақланади. Журнал ва қўлёзма вариант орасида баъзи фарқлар бор. Таҳрир муаллиф томонидан амалга оширилган деган андишада биз жарнал нусхасини асос қилиб олдик. Ҳикоянинг қўлёзмадаги ёзилиш санаси “8.6. 66 й.” тарзида кўрсатилган бўлса, журналда “1964 йил” деб берилган.
12
Дафтарда мақоланинг қаламда ёзилган қоралама нусхаси сақланиб қолган. Бу вариантда унинг сарлавҳаси ҳам йўқ. Ушбу сарлавҳани ўзимиз қўйдик.
13
46-саҳифа шу сўз билан тугаган. 48-саҳифида қаламда ёзилган бу мақола давом эттирилган. Лекин бу саҳифа бошқа жумла билан ббошланган. Балки дафтарнинг бирор варағи йиртилгандир.
14
Ушбу нутқнинг қўлёзма нусхаси “Қўлёзма ва машинка нусхалар” папкасида сақланади. Санаси ёзилмаган. Нутқ мазмунидан маълум бўладики, у Ҳамроқул Турсунқулов колхози кулубида ўқилган. Вақтини билиш учун Ўзбекистонда белорус адабиёти декадаси бўлган санани аниқлаш керак.
15
“Мантиқдан йироқ” мақоласи шоир Шукрулло ижоди ҳақидаги “Жозиба сеҳри” (Т.: “Meriyus”, 2009. 181–182-бетлар) китобидан ўрин олган. У илк маротаба “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетасининг 1988 йил 22 август сонида чоп этилган.
16
“Бир шеър шарҳи” мақоласи “Тошкент оқшоми” газетасининг 1983 йил 24 октябр сонида чоп этилган.
17
“Давр билан ҳамнафас сўзлар” мақоласи “Саодат”журналининг 1988 йил 10-сонида “Азиз меҳмонимиз” рукни остида (34–35-бетлар) босилган. Матн тепасида: “Ҳамид Олимжон мукофоти лауриати шоир Рауф Парфи меҳмонимиз. УШБУ РУБРИКАДА: Давр билан ҳамнафас сўзлар. “Саодат”хонлар учун махсус туҳфа (Ижодкорнинг насрий асари матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда)” деган ёзувлар бор. Шунингдек, 35-саҳифасида шоир дастхатида қуйидаги сўзлар ҳам берилган: “Имкониятдан фойдаланиб “Саодат” журналининг барча ўқувчиларига, шу журнал ижодкорларининг ҳаммасига энг эзгу тилаклар билдираман. Бундан кейин ҳам “Саодат” журнали АЁЛни ҳимоя қилувчи даргоҳ бўлиб қолишини истайман.”
18
Ушбу мақола Абдураҳмон Водилий китобига “Тақдим” сифатида тақдим этилган. Мазкур китоб Рауф Парфи Ўзтурк ва Абдурауф Абдураҳмон ўғли томонидан 1993 йилда, яъни Абдураҳмон Водилийнинг юз йиллиги муносабати билан нашрга тайёрланган. Лекин китоб орадан олти йил ўтиб, улар хоҳлаган “Чўлпон” нашриётидан эмас, Адабиёт ва санъат нашриётидан чоп этилган. Муҳаррир ҳам, табиий, ўзганган: Аъзам Ўктам эмас, Фарида Афрўз.
19
“Энг маданиятли адиб” мақоласи “Асқад Мухтор замондошлари хотирасида” (“Маънавият”, 2003. 169-бет) китобига кирган. Ёзилиш санаси – 1995. 16. 03
20
“Эрк ва ишқ куйчиси” сарлавҳали мақола асл нусхада номланмаган. Номни матннинг ўзидан олдик. Мақоланинг ҳар икки қисми алоҳида-алоҳида варақларда кўчирилган ва ҳар иккаласининг ҳам остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 04. 06. 2000” ёзуви бор. Демак уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир кунда ёзилган, лекин негадир икки марта имзо ва сана қўйиб ажратиб кўрсатилган.
21
“Кейин-кейин…” мақоласи интернет саҳифаларидан олинди. Мана, унинг манбаси: www.yangidunyo.com. Мақола сўнгида “2 февраль 2001 йил” санаси қўйилган.
22
Абдулҳамид Чўлпон шеърияти хусусидаги ушбу мақоланинг бир нечта қўлёзма нусхалари сақланиб қолган. Биз Ч. Рўзиев архивдаги нусхадан фойдаландик. Мақоланинг остида у ёзилган “18. 07. 2001” сана кўрсатилган.
23
“Овознинг узун умри” номли мақола қўлёзмаси Дадахон Ҳасаннинг ўзида сақланади. Сарлавҳа остидаги “Сўнгсўз ўрнида” ёзувидан маълум бўладики, бу мақола ҳофиз-шоирнинг шеърлар тўплами учун ёзилган. Афсуски, бу тўплам чоп этилмай қолган. Мақола Рауф Парфининг ўз дастхатида сақланади, унинг остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 16. 12. 2002” ёзуви бор.
24
“Эзгулик ҳамиша ҳимоясиздир” мақоласи интернетдаги “Адабиёт манзаралари” сайтидан олинди. Сарлавҳасиз бу мақолани биз шу шаклда номладик. Уни ёзувчи Мурод Човуш нашрга тайёрлаган. Мақола сўнгида “28. 03. 04” санаси бор.
25
“Фитрат шеърияти” мақоласининг қўлёзмаси ҳам Ч. Рўзиевдаги архивда сақланади. Унинг остида “Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК. 28. 04. 2004” ёзуви бор.
26
Шеър ва эпиграфларнинг устидан уриб ташланган.