Seçilmiş Eserler 1. Cilt
Rauf Parfi
Rauf Parfi
ТАНЛАНГАН АСАРЛАРБИРИНЧИ ЖИЛДШЕЪРЛАР
“Она, куйланмаган бир куй истайман”, деган эди Рауф Парфи шеърларидан бирида. Дарҳақиқат, шоирнинг бетакрор, ўзига хос ижоди бор. Бунинг ортида “куйланмаган бир куй” яратиш талабидан ташқари, ўз-ўзини ва ўз сўзини излашга жидду жаҳд ҳамда машаққатли меҳнат ҳам туради. Шоир ўз китобларига тартиб беришда ҳам мана шундай талаблардан келиб чиқиб шеър танлаган. Қўлингиздаги “Сайланма” эса улардан фарқ қилади. Унда шоирнинг ёшлик йилларида ёзилган ва аввалги китобларига кирмаган ўнлаб шеърлари ўрин олган ва уларга ёзилиш санасига кўра тартиб берилган. Бу шоир Рауф Парфининг ижодий эволюциясини кузатишга ва унинг ижоди бўйича янги илмий тадқиқотлар яратишга ёрдам беради.
ЎНГСЎЗ
Рауф Парфи – шеърнинг шеърини ёзган шоир, шеърни шеър билан англатган шоир, шеърнинг қудратини қайтадан кашф этган шеър мутафаккири. Туркистон шоири, ватан шоири, тил шоири, турк шоири, Турон шоири, шеърларини мазлумларга қалқон қилган шоир, садоқатнинг шоири…
Рауф Парфи ҳақида тадқиқот яратишдан олдин у мен учун оддий бир шоир эди. Мен фақат унинг исмини билардим, холос. Гарчи илгари у ҳақда Туркияда чоп этилган мақолаларни ўқиган бўлсам-да, бу менинг эътиборимни унчалик тортмаган эди. Буни мен, Туркияда ўша пайтда жуда қийин бўлган академик даражага ўтиш учун чет тили имтиҳонининг қийинлиги ва бу имтиҳонга икки йил тайёргарлик кўришим билан изоҳлай оламан, яъни бор имкониятимни чет тилини ўрганишга сарфлаб, ўз соҳам бўйича изланишга вақтим оз қолган эди.
Чет тили имтиҳонидан ўтгандан сўнг, мен доцентлик учун илмий тадқиқот олиб боришим ва шу мавзуда китоб ёзишим кераклигини билардим, лекин буни қандай амалга ошириш йўлларини билмасдим. Мен қарлуқ лаҳжаси бўйича китоб ёзишни режалаштиргандим. Барча тайёргарлигим шу китоб бўйича эди, ҳатто китобнинг қораламасини ҳам тайёрлаган эдим, шу мавзуга оид тўплаган материалларим ҳам кўп эди. Шундай бўлса-да, мен Анқарадаги турк тили ва адабиёти бўйича иш олиб бораётган тадқиқотчилар билан суҳбатлашиб, фикрларини билгим келди.
Анқарадаги устозимга вазиятни тушунтирдим, тайёргарликларим ҳақида сўзладим. У менга: “Сиз қилган тадқиқотларнинг деярли барчаси тил билан боғлиқ, келажакда агар сизнинг доцентлик ҳужжатларингизни менга юборишса, сизга шундай савол берган бўлар эдим: “Сиз адабиётга боғлиқ нима иш қилдингиз? Ахир сизнинг соҳангиз замонавий турк лаҳжалари ва адабиёти-ку!” – деди. Мен устознинг сўзларидан лол бўлиб қолдим, маслаҳат беришини илтимос қилдим. У менга шундай деди: “Рауф Парфи исмли ўзбек шоири бор, бир томондан бизнинг Меҳмет Акиф каби, бир томондан Нежип Фазилга ўхшайди. Уни ўқиб чиқинг, сизга ёқиб қолишига ҳеч шубҳам йўқ”, – деди. Мен материалларни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. Устозим “Ҳамма материалларни ўзим топиб бераман”, деди. Шу заҳоти менга Рауф Парфининг иккита шеърий тўпламини узатди ва “Ксеронусхасини олинг ва ишга киришинг!” – деди.
Менинг Рауф Парфи шеърлари билан танишишим шундай бошланган эди. Дарҳақиқат, устозим айтганидек, қайсидир жиҳатдан Меҳмет Акифга, қайсидир жиҳатдан Нежип Фазилга ўхшар, лекин Рауф Парфи улардан жуда бошқача шоир эди. У худди ўтга ўхшарди, ўз эркинлигини яхши кўрар эди, ўз чегараларига дахл қилишга ҳеч кимга рухсат бермасди. У хоҳламаган одамини ёнига яқинлаштирмайдиган, кучли, мағрур, севганини ўлгунча севадиган, раҳмдил ва бола каби беғубор эди.
Шеърлари кўзгу каби эди, қараганда ҳар инсон ўз руҳини кўрарди. Бу кўзгуда турк тарихи бор эди, мазлумларнинг ҳомийси – золимларни даҳшатга солган қаҳрамон бор эди. У ҳар доим дунё мазлумлари томонида бўлиб, уларнинг дардлари билан оғриган, улар учун қайғурган ва шу қайғуларини қоғозга тўккан шоир эди.
Дунёда Рауф Парфи ўқимаган шоир деярли бўлмаган. У бутун Осиё, Европа ва Жанубий Американинг кўзга кўринган ва таъсирли шоирларининг ҳаммасини ўқиган, шеърларини ўқибгина қолмай, таржима ҳам қилган.
Мен Рауф Парфи ҳақидаги тадқиқотимда унинг барча шеърларини бирма-бир ёзиб, сарлавҳаси бўлмаган шеърларнинг биринчи мисрасини сарлавҳа қилиб олдим. Уларнинг ёзилган йили, байт бирлиги, нечта байтдан иборатлиги, қофия тизими, тури, кимга бағишланганлиги, эпиграфи, вазни, ритми, такрорлари, мавзуси ҳақида ёздим. Ҳар бир шеърини қайта-қайта ўқидим; Рауф Парфининг яшаган даври, шароитига эътибор бердим, ўзимни унинг ўрнига қўйиб, шеърларини англашга ҳаракат қилдим.
Шеърларини таржима қила бошлаганимда, ҳеч бир таржимамни асл нусха билан боғлай олмадим. Ниҳоят, Анқарадаги устозимнинг олдига бордим ва унга бир шеърнинг икки хил таржимасини кўрсатдим. Улардан биттаси менга жуда ёққан эди, домлага ҳам ўша ёқади, деб ўйлаган эдим, лекин ундай бўлмади. Устоз менга ёққан таржимага қараб: “Сиз янгидан шеър ёзаяпсиз, бу Рауф Парфи шеърига ўхшамабди”, – деди. “Бошқача йўл тутсам чиройли чиқмаяпти”, – дедим. Устоз: “Сиз бошқа тилдан таржима қилмаяпсиз, туркий тилнинг бир лаҳжасидан ўгираяпсиз. Ишингизни кўрадиганлар асл шеърни тушуниш учун сизнинг таржимангизни кўриб аслидаги лаззатни татиб кўришсин. Бунинг учун таржима пайтида шеърнинг аслиятдаги оҳангини сақлашга ҳаракат қилинг, қофияларига эътибор беринг. Агар сиз битта қофияда сўз топа олмасангиз асл шаклини ёзинг ва изоҳ шаклида маъносини саҳифа остида беринг”, – деди. Тадқиқотим шу маслаҳатлар асосида шакллана борди.
Рауф Парфининг шеърларини таржима қилганимдан сўнг унинг таржимаи ҳолини ёза бошладим. Шоирнинг таржимаи ҳоли мен учун унинг шеърларини таҳлил қилишга ва кечинмаларини англашга жуда қўл келди. Чунки одатда шоирнинг шахсиятини ёритиш учун унинг ҳаёти ва ижодидан келиб чиқилади. Лекин менда унинг фақат бир саҳифали таржимаи ҳоли бор эди, холос. У ҳам тўлиқ эмас эди. Мен топган адабиётларда унинг исми деярли тилга олинмаган эди. Улардаги умумий маълумотларда Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар билан биргаликда 60-йилларда танилганлиги ҳақида ёзилган эди.
Совет Иттифоқи маъмуриятига қарши чиққан бундай одам худди унинг ҳудудида яшамагандек эди. Ўзбекистондаги дўстларимга электрон почта орқали хат ёздим, лекин ҳеч бири жавоб бермади. Шу сабабли, мен интернет саҳифаларидан топилган маълумотлар билан ўзимдаги ярим саҳифали матнни бирлаштириб, тўлиқ матн яратишга ҳаракат қилдим. Аммо мен учун асосий нарса унинг шеърлари эди. Уларни хронологик тартибда жойлаштирганда, унинг ҳаёти аслида ўз-ўзидан ўртага чиққан эди. Менинг тасаввурларим чалароқ шакллантирган бу таржимаи ҳолни мукаммаллаштирган нарса унинг шеърлари бўлди. Балки мен бу шеърларни аслиятдаги каби ифода эта олмаган бўлишим мумкин. Лекин ҳозирги тасаввуримга кўра, Парфи ўз муҳитидан камида 50 йил олдинда эди.
Атрофидагилар, қариндошлари, дўстлари, мамлакатидаги маъмурият, зиёлилар ва олимлар уни тушунмаган эди. Нақадар ёлғиз эди у. Бу ёлғизликда Озарбайжон учун йиғларди, “Сен ёлғиз эмассан, оҳ Озарбайжон!”, дея қайғурарди. Унинг овози, арманлар Озарбайжонни талон-тарож қилаётган пайтда чиққан ягона овоз эди. Ўзининг ёлғизлигига қарамай Озарбайжон ёлғиз қолди, дея хафа бўлар, изтироб чекар эди. Ўша пайтлар Парфи Озарбайжонда бўлган ва Халил Ризо унга “Ўзтурк” тахаллусини берган эди. Албатта, шоир ҳақида Озарбайжон зиёлилари ҳам билар эдилар. Вафотидан бир ҳафта олдин бир озарбайжон журналисти келиб, у билан суҳбатлашганди. Журналистнинг: “Столидаги нон унинг охирги таоми эди”, деган гаплари мени даҳшатга солган эди. Бу асрда бир зиёли, бир санъаткор очликдан ўлдими деб, ўз-ўзимдан сўрадим. Лекин бироз муболағали шу ҳолатда ҳам Парфининг нон учун бировга ялтоқланмаганини тасаввур қила оламан. Ўзи туфайли бошқалар зарар кўрмасин деб ҳеч кимдан ёрдам қабул қилмаганини, ҳеч кимни қабул қилмаганини биламан. Шунинг учун мен ҳеч кимга, нима учун Парфига ёрдам бермадингиз, нима учун уни ёлғизлатдингиз, демайман. Чунки ўлимдан қўрқмаган Парфининг “Сизларсиз мен у дунёда қандай яшайман”, дегани уларни қанчалик яхши кўрганини кўрсатар эди.
1960-йилларда Қирим татарлари намойишида қатнашгани учун ўлимдан зўрға қочиб қутилганди. Кейинчалик ҳам шоир совет ҳукуматининг унга қилган дўқ-пўписаларига эътибор бермади. Биламанки, бутун ўзбекистонликлар унга ёрдам бериш учун тайёр бўлсалар ҳам, у бошқаларнинг зарар кўрмаслиги учун ёрдамларини қабул қилмас эди. Чунки у ўлим ичидаги қўрқувини ўлдирган инсон эди. Ўлимни ўлдирганлар ўлимдан қўрқмайдилар.
Буюк шоирларнинг, буюк санъаткорларнинг асарлари улар дунёдан ўтгандан кейин ҳам нашр қилинаверади. Айниқса, Рауф Парфи каби улуғ шоирларнинг бокир асарлари, албатта, юзага чиқаверди ва бизда ўзи ҳақидаги янги фикрларни туғилишига сабаб бўлаверади.
Ўзбекистонда Рауф Парфи ҳақидаги бир қатор илмий тадқиқотлар ва бу икки жилдлик танланган асарлари шоирнинг ўз юртида қадр топаётганининг нишонасидир. Бу севинчли ва фахрли бир кўрсаткичдир.Ушбу жилдликлар босилгандан кейин, аминманки, Рауф Парфи ижодига қизиқиш янада кучаяди ва унинг асарлари ҳақида тадқиқотлар яна ҳам кўпаяди.
Бироқ, фақат илмий тадқиқотлар яратишнинг ўзигина етарли эмас. Ўзбекистон маданий оламида Рауф Парфи шахсияти ва шеъриятини тарғиб этиш учун яна кўплаб ишлар қилиш мумкин. Масалан: Рауф Парфи номидаги музей очиш, у ерда шахсий нарсаларини ва асарларининг қўлёзмаларини кўргазмага қўйиш, шоир номидаги жамғарма ташкил қилиш ёки бир тадқиқот маркази очиш, ушбу жамғарма ёки тадқиқот маркази бу мавзуда тадқиқот қилувчи талабаларни стипендия билан таъминлаши, уларни қўллаб-қувватлаши… Булар ҳозирча ақлимга келган фикрлар. Буни дастлаб Рауф Парфи ижодига оид илмий-адабий анжуманлар ташкил қилиш, туғилган ва вафот этган кунларида хотирлаш тадбирлари билан бошласа ҳам бўлади. Шунингдек, Рауф Парфи номини абадийлаштириш ва хориждаги парфишунослар иштирокида халқаро илмий конференциялар ташкил этиш масалаларини ҳам жиддий ўйлаш лозим.
Шеърият ҳали ҳам қадрланадиган мамлакатларда шоирларга ҳурмат бошқача. ХVI асрда Англияда яшаган Шекспир ҳаёти ва ижоди ҳанузгача илмий тадқиқотлар мавзусидир. Ҳар йили ўнлаб илмий тадқиқотлар юзага чиқарилади. Бундай тадқиқотлар турк дунёсида Алишер Навоий, Фузулий ва бошқа кўплаб адабий шахсиятлар учун ҳам қилинмоқда. Рауф Парфи ҳам ана шундай ҳурматга лойиқ шахслардан биридир.
Мен, бир парфишунос ўлароқ, Рауф Парфи асарлари икки жилдлигини нашрга тайёрлаган, уни сўнгсўз ва изоҳлар билан таъминлаган ҳамкасбим филология фанлари номзоди Олим Олтинбеккa ҳамда китобнинг нашр этилишида ўз ёрдамларини аямаган Нийда Ўмар Халисдемир университети ректори Проф. Др. Муҳсин Қаргa, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновга, яна шу университет профессори Баҳодир Каримга, шунингдек, ушбу икки жилдликнинг муҳаррири Олим Усмонгa ва Туркияда турк дунёсига оид тадқиқотлари билан машҳур, Евроосиё ёзувчилар уюшмаси президенти ва Бенгу нашриётининг бош муҳаррири ҳурматли Якуб Ўмерўғлига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Проф. Др. Ҳикмет Кораш,
Нийда Ўмар Халисдемир
Университети Турк дунёси тадқиқотлари маркази директори
ЭНГ УЗОҚ ЁЗИЛГАН ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ[1 - Ҳавола шаклида берилган юлдузчали (*) изоҳлар муаллифники, рақамли изоҳлар эса нашрга тайёрловчидан.]
Таваллудим: 40.[2 - Рауф Парфи “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳолим” шеърини илк маротаба “Тасвир” китобида эълон қилган эди. Шеърнинг ушбу вариантида “Таваллудим: 40…” деб ёзади шоир. Орадан ўн саккиз йил ўтиб – 1991 йилда муаллиф ушбу шеърни қайта ишлаб: “Таваллудим: қирқ уч, мезоннинг йигирма еттиси…” (“Ёшлик”, 1991 йил, 9-сон) шаклида тақдим этади.]
Отам – боғбон. Саводсиз.
Онам – пиллакор. Саводсиз.
Илм олишга вақтлари бўлмаган уларнинг.
Қишлоқ макктаби. Шаҳар мактаби. Кечки.
Сўнгра барча тирикчилик мактаблари.
Балоғат гувоҳномаси.
Тошкент дорулфунуни.
Талабаликнинг якуни.
Талабачиликнинг бошланиши.
Касбим: ҳар қалай – меҳнат.
Илова: севаман шеърни.
Шеърият…
Шеър деб аташ мумкин бўлса
биринчисини ёзган куним:
53. 5 март.
Дарс: Алишер Навоийдан то Абдулла Ориф,
Александр Пушкиндан то Виктор Соснора.
Кейин,
мен билган шоирлар.
Мен билган аччиқ-чучук бесаноқ сабоқ…
Қўлимдан келмайдиган иш:
шеър ёзмаслик.
Ниятим:
тиниш белгилари сингари содиқ бўлмоқ –
касбимга
дарсларга
ва орзуларга.
Ўлим?.. Дарвоқе…
Ўлим билан чиқишолмайман.
БАҒИШЛОВ
Дўстим, дилда не бор сўзлайман сенга,
Тахайюл майига термуламан жим.
Унда жилва қилар ажиб аланга,
Унда ичилмаган менинг ёшлигим.
Хаёл гирдобида чўмилиб ётар,
Унда юз кўрсатар яшнаган сароб.
Кунларим туғилиб, кунларим ботар,
Қандайин мўъжиза, дўстим, бу шароб!
Аста варақлайман ўтган кунларни,
Гўзал китобимдир қадаҳ лолагун.
Келар болаликнинг азиз унлари,
Азиз жўраларим, қайдасиз бугун?
Қайдадир изғидим, нимадир излаб,
Нимадир англамай беқут пешона.
Ширин афсоналар айтиб юлдузлар
Ёнига чорларди мени ягона.
Ҳар нарса соф эди, ҳар нарса порлоқ,
Гўё гўзалликдан иборат олам…
Ўлимни ўйлардим юракдан бироқ,
Бировдан ўтганда заррача алам.
Ҳар ким ҳам ёшлиқда жасур, жангари,
Ҳаётдан мўъжиза кутардим, ҳайҳот!
Отилдим очофат кимса сингари,
Мени мўъжизага тўйдирди ҳаёт.
Бир вақтлар шунчаки қайғурардим, оҳ,
Бир вақтлар шунчаки ухламасдим мен,
Шунчаки тун бўйи йиғлардим, аммо
Ёшлигим, сен учун йиғламасдим мен…
Мен энди, мен энди шундай афтода,
На сажда қилгайман на дуои бад,
Қўлимда порлайди арғувон бода,
Ёшлигим, ёшлигим, унда сен фақат.
Энди хўп яшадим. Шунақа дунё…
Ҳар сафар қўлимга олганда қалам,
Ўйлайман, кетяпман йўқликка қараб,
Бу балки сўнгги шеър, бу балки видо.
Хаёл шаробидан қуйиб бер яна,
Қуйгил, тўкилмасин ерларга илҳом.
Қани эй, кўзимни чирт юмиб мана,
Ичиб тугатайин уни батамом!
Дўстим, дилда не бор сўзлайман сенга…
1966
ШЕЪРЛАР
1954
«ДАФТАР.[3 - 1954 санаси остида берилган ушбу шеърлар 1964 йилда кўчирилган 14- дафтарнинг 36–38-саҳифаларидан ўрин олган. Бирдан ўн биргача рақамланган шеърлар тепасида шоир томонидан “1954” санаси қўйилган бўлса-да, улардаги поэтик услуб кейинги ижодий босқичда қайта ишланганини кўрсатади. Шеърларнинг санаси кўрсатилган бошқа вариантларини учратмадик. Шунинг учун ҳам, шоирнинг тавсиясига кўра, бу шеърларни 1954 йил ижодий маҳсули сифатида тақдим этишни лозим топдик.]…»
Дафтар тўла савол,
Бари орзу, бари хаёл.
«ҚУЁШ ТАРК ЭТДИ…»
ҚУЁШ ТАРК ЭТДИ
осмонни,
Қор – кумуш эмас.
Тун. Тун.
Қора кеча товуши
уйқу бермас.
Қўшиқ.
Қўшиқ ёзар
қора кеча ҳам –
гўзал.
«ШОИР ЭМАСМАН…»
Йўқса нега ҳиссиёт тўлқини?
Ким берди уни?
Нега шоир эмасман?
«ҚАЛДИРҒОЧ УЧАДИ…»
ҚАЛДИРҒОЧ УЧАДИ
визиллаб,
Кезади
ин излаб.
Қалдирғоч, қалдирғоч,
Меҳмон бўл.
Бир йиғла,
бир кул.
Сен баҳор шоири,
бир сайра,
бир яйра.
Бошимда парвона,
сўйлади афсона.
Қалдирғоч тугатди
эртагин.
Яхши эди ва лекин
ғамгин…
«БАҲОР ТЕБРАНДИ…»
БАҲОР ТЕБРАНДИ,
баҳор кулди,
баҳор яшнади.
Нақадар гўзал баҳор.
У кимнинг фарзанди?
«СЕН ГУЛЛАР БИЛАН ЯША…»
СЕН ГУЛЛАР БИЛАН ЯША,
қуёш билан яша.
Нега кўз ёши ҳақида
сен айтган ашула?
Осмон зангори
сенинг кўзларинг каби.
Сен айтган қўшиқдан
зангори
осмон
йиғлади…
«ДАРАХТДА ҚОР…»
ДАРАХТДА ҚОР,
Томда қор,
Хаёл узра қор.
«ҚОРА БУЛУТ…»
ҚОРА БУЛУТ
нега хафа кўринар?
Нега ғамгин кўринар
қора булут?
Ҳозир йиғлашини билганим учун
Кўринарми
бундай бўлиб
қора булут?
«ОСМОН БЕҒУБОР…»
ОСМОН БЕҒУБОР,
қуёшнинг осмони.
Ерда инсон бор.
Ер инсоннинг.
Агар инсон бўлмаса
билмасди:
қуёш – қуёшлигини,
осмон – осмонлигини.
Билмасди дунё ҳам
ҳаёт қийинлигини,
ҳаёт осонлигини.
Инсоннингдир
ёруғ дунё,
эркин турмуш.
Фақат инсонники эмас
уруш.
«ШОД КУЙЛАРМИ…»
ШОД КУЙЛАРМИ,
хафа куйларми тўрғай?
Дардини айтарми,
бахтини сўйларми тўрғай?
«БУЮК ТУЙҒУ БОР МАНДА…»
БУЮК ТУЙҒУ БОР МАНДА
сен туфайли,
қалбимда
қалб каби
яширин.
Оғир қайғу бор манда
сен туфайли –
ширин…
1955
«ҚЎЛГА ОЛИБ РУБОБНИ…»
ҚЎЛГА ОЛИБ РУБОБНИ
Куйламоқчи бўламан.
Эплолмайман, алам-ла
Яна жойга қўяман.
«СЕНИ МЕН ИЗЛАЙМАН, ЖОВДИРАР КЎЗИМ…»
СЕНИ МЕН ИЗЛАЙМАН, ЖОВДИРАР КЎЗИМ,
Юраман тентираб қоронғу тунлар.
Сени деб, жонгинам, сен учун, қўзим,
Сенга бағишланиб чалинар созлар…
Сўйла сен, гапиргин, қилгин табассум,
Мен сени севаман, ишон, меҳрибон.
Ғунча лабларингда чиқаргин бир зум,
Бир товуш мен учун – катта бир жаҳон.
Мен сени севаман, ютаман қайғу,
Мунгли товушларга бўлиб оҳангдош.
Дилимда, юракда муқаддас орзу,
Сени кўрганимда чиққандай қуёш.
ДАДАМГА МАРСИЯ
Бир пайт бу уйлар тўйхона эрди,
Ғунчалар очилиб, гулзорлар эрди.
Ҳозир мудҳиш кўринар, эгилган бош,
Ҳаво бузуқ эди, нурсизди қуёш.
Осмон ҳам дам-бадам ташларди ёмғир,
Совуқдан баданлар титрарди дир-дир.
Дарахтлар учлари тебранмас эди,
Сайровчи қушчалар сайрамас эди.
Хайр! Мен умрлар йиғлаб ўтарман,
Бир кун олдингизда пайдо бўларман…
Хайр, сиз у ерда саломат бўлинг,
Мотамсиз, қайғусиз севинчга тўлинг.
«МЕН ШОД БЎЛСАМ –…»
МЕН ШОД БЎЛСАМ –
Ул яшнади,
Сочилиб кулди
Қалбимнинг ғунчаси.
Мен ғам чексам –
Кўзимни ёшлади,
Кўксимга тўкилди
Қалбимнинг ғунчаси.
«ЭНГ КАТТА КИТОБ ҲАЁТ –…»
ЭНГ КАТТА КИТОБ ҲАЁТ –
Бутун одамзод ёзган китоб,
Энг оғир, энг гўзал китоб.
«СЕН ЁЛҒИЗСАН, ҲАЁТИМ…»
СЕН ЁЛҒИЗСАН, ҲАЁТИМ,
У менинг қалбимда,
кўзимда У.
Нега у йўл ёнимда,
Нега фақат
орзумда У,
Менинг Ҳаётим?
1956
ОРЗУ
Каптарларим кўп жуда,
Қора, кўм-кўк ҳамда оқ.
Кўпи уста ўйинга,
Осмонлаб учар тоқ-тоқ.
Каптарларга ин қурдим
Силлиқлаб тахталарни.
Гўзал қилиб ясадим,
Бўяб кичик инларни.
Улар ўйнаб учишар
Осмонда этиб парвоз.
Улар шўх-шўх ўйнашар
Айланиб, қилиб “дорвоз”.
Каптарларим учишин
Кўриб, қоламан ҳайрон.
Каптардек келар учгум,
Ҳар соатда ва ҳар он.
Аммо йўқ менда қанот
Каптарлардек учишга.
Булутни ёриб ўтиб,
Осмонларга етишга.
Албатта, катта бўлиб,
Осмонларда учаман.
Қанотлар пайдо қилиб,
Фазоларни қучаман.
ДЎСТИМГА
Осмон тиниқ беғубор,
Унда кулди нур қуёш.
Ерлардаги кумуш қор,
Эримоқда тўкиб ёш.
Дастурхондек оппоқ қор,
Олмос каби ярқироқ.
Қиш бўлса-да, дил баҳор,
Баҳорлардан гўзалроқ.
Қиш ҳам мана ўтмоқда,
Орқасидан баҳор бор.
Келажагинг кутмоқда,
Ҳали порлоқ наҳор бор.
«БЕПОЁН ДАЛАЛАРДА…»
БЕПОЁН ДАЛАЛАРДА
Қорлар ялтирар ҳали.
Кўклам иси келмоқда –
Табиатнинг гўзали.
Оппоқ қорли қиш, хайр,
Кел энди, кўм-кўк баҳор.
Сенга тўйиб боқайин
Севинч билан ҳар наҳор…
БАҲОР ШАМОЛИ
Баҳор чоғи эсингиз, шамол,
Табиатга ҳуснсиз сиз ҳам.
Шохчаларни силаб бемалол
Майин-майин учингиз сиз ҳам.
Чумчуқчалар сизга парвона,
Сизга гуллар эгадилар бош.
Шамол, сиз ҳам бизга ягона,
Юракларга завқ этасиз бахш.
Ғамларимни кетдилар олиб,
Баҳор чоғи шамоллар эсиб…
ТЎРҒАЙГА
Мен севаман сайрашинг, тўрғай,
Шўх куйларинг менга нафис, соз.
Ёнимга туш, сенга дўст бўлай,
Қўшиғингга бўлай жўровоз.
Қўшиғингни жуда севаман,
Сен қуш билан куйлай, пастга туш.
Сенга ўхшаб эркин юраман,
Сенга ўхшаб юракларим хуш.
Эркин, завқли олабер нафас,
Кўк юзида, майли парвоз эт.
Сенга фақат якка илтимос:
Куйларингдан менга ташлаб кет.
ЁМҒИР ЁҚҚАНДА…
Ёмғир ёғмоқдайди алла айтгандай,
Олтин доначалар сачратар ҳар ёқ.
Шамол ҳам шовуллар бетиним сойдай,
Бир зум, севгилигим, узоқларга боқ.
Олислар турибди мунгли бир тусда,
Дарахтлар тўкмоқда маржон-маржон ёш.
Паришон булутлар эса осмонда
Қора қанотларин ёзган қайғудош.
Ёлғиз қалб – юрагим учқун-аланга,
Севгилимга томон талпинади жўш.
Ёлғиз муҳаббатим оқади сенга,
Севги қирғоғига урганича тўш.
ҚУШЧАЖОН
Эй, қушчажон, қушчажон,
Ўйнаб учиб келгин сен.
Ин турар тайёр ҳамон
Дарахтларда, кўргин сен.
Сенга дўстмиз ҳамиша,
Биз томонга эт парвоз.
Сени кутиб олишга
Бизлар чиқамиз пешвоз.
Кўк юзида ўйнагин,
Сени кутар саодат.
Ширин-ширин куйлагин,
Бахтиёрлик эт одат.
Сени жондан севамиз,
Эркин-эркин ёз қанот.
Сени ҳурмат қиламиз,
Сен-ла гўзал бу ҳаёт.
Эй, қушчажон, қушчажон,
Сени кутмоқда инсон…
«БАХТИЁР ҲАЁТИМДА…»
БАХТИЁР ҲАЁТИМДА
Шодлик барқ уриб кулсин.
Бошланғич варағимдан
Севинчлар сўзлаб турсин: –
“Гулларга ўранаман,
Бахтиёрлик одатим.
Куламан, қувонаман
Ҳар минут, ҳар соатим”.
ТУН
Қора туман ёзиб қанотин,
Яйловларга тушди қоронғу.
Ёзаяпман, ўлтириб мен тин,
Ўйларимни босган бир қайғу.
Фақат тунда бўламан хушҳол,
Хаёлимни сенга этиб банд.
Кулганда ой, эсганда шамол,
Гўё тунда қуршаб олур бахт.
Оҳ, дилбар! Севмассан наҳот,
Сўзларингга эдим-ку муштоқ.
(Мен) севаман, севаман бедод,
Сенинг севгинг қалбимда чақмоқ.
Мен севаман, лекин жиноят,
Чақмоқ кўзинг ўткирдир чунон.
Хаёлларим сўнгсиз ниҳоят,
Кўзларимга сенсан ҳукмрон.
Ўйимда сен – чақнаса юлдуз,
Ўйимда сен – кулганида ой.
Ўйимда сен – тушда ва ҳаргиз,
Ўйимда сен – куйлаганда сой.
Севгинг билан менман бахтиёр,
Ғазабингга бўлиб журъаткор…
ЖОНЛИ ГУЛ
(Капалакка)
Капалакжон, гулдан гулга уч,
Сени севар гулзорлар ва боғ.
Гуллар сенга ҳовуч ва ҳовуч,
Хоҳлаганча қилиб ол гулбоғ.
Қанотларинг бўёқли, рангдор,
Ялтирайсан сен олтинсимон.
Сени кутди орзиқиб баҳор,
Сени кутди гулзор ва инсон.
Гулзор ичра уч энди қувноқ,
Сендан жуда шод бўлар баҳор.
Атрофингда ғунчаларга боқ,
Эй, капалак – гўзал, беозор.
Боққа керак бўлгандай булбул,
Гулга ҳусн қўшасан сен ҳам.
Биздек эркин яйра, жонли гул,
Қувноқликни севасан сен ҳам.
Бу ватаннинг гул баҳорида,
Ўйна-ўйна, гўзал капалак.
Болаларнинг кўнгил орида
Сени севиш ягона истак.
БАҲОРДА
Далалар кўркам,
Бўлганда кўклам.
Гуллар очилган,
Ҳар ён сочилган.
Ажойиб баҳор,
Нафас ол наҳор.
Гўзал мутлақо,
Ўхшашсиз асло.
Қалдирғоч, учинг,
Ҳавони қучинг.
Сизга кенг фазо,
Сизга жон фидо.
Эсингиз, шамол,
Ўйнаб бемалол.
Силкинсин гулзор,
Аста беозор.
Келинг, капалак,
Қанот қоқарак.
Сизга боғ, гулзор,
Кўм-кўк бедазор.
Далалар кўркам,
Ажойиб кўклам.
Гуллар терайлик,
Даврон сурайлик.
ЗАРҒАЛДОҚ
Ғазалхон қуш, сулув зарғалдоқ,
Ошён қуриб қарағайзорда
Куйлар эди чўзиқ, жарангдор…
А. Н. Радишчев
Бир сийрак ўрмонда даҳшат оралаб,
Кетиб борар эдим бахтиёр, қувноқ.
Ў! Кўрдим, қаршимда патларин ялаб,
Турибди олтиним – гўзал зарғалдоқ.
Қўзғолма, жонгинам, куйла, зарғалдоқ,
Сен азиз, сен гўзал, пок ва бегуноҳ.
Куйлайвер, куйлайвер, чиройлик ўртоқ,
Бошингга тушмагай мендан оҳу воҳ.
Жарангдор куйингни севаман чунон,
Хоҳласанг ёнимга туш, бўлай сирдош.
Титрама, титрама, сўзимга ишон,
Балки тушунмасдан турибсан ювош.
Севаман сап-сариқ олтин тўнингни,
Ҳам малҳам қалбимга куйинг жарангдор.
Бошимда учабер, куйла хушовоз,
Юракдан айтаман: бермайман озор.
Дўстгинам, дўстгинам, куйчи ғазалхон,
Сен зардек товландинг, номинг Зарғалдоқ.
Энтикиб-энтикиб куйлайсан пинҳон,
Афсус, тушунмайман не дерсан, ўртоқ.
Балки булутларда учаман, дерсан,
Балки мақтанчоқсан худди тож-хўроз,
Балки ғам-аламлар ичра йиғларсан,
Балки севгилингдан хафасан бироз.
Билмайман буларни, билмайман, эсиз,
Лек сендек дўст учун жуда ҳам шодман.
Ҳурматлайман сени, ардоқлаб ҳаргиз,
Танларда жон бўлса, токи ҳаётман.
ЮЛДУЗЛАРИМ
Тун қоронғусида осмон юзида,
Юлдузлар тўпига бўларкан мафтун,
Нозли дилрабонинг оташ кўзида,
Оташ лабларидан эшитаман ун:
“Мен сени севаман, сўзимга ишон,
Нега кўзларинг чақмоқ, ғазабкор,
Нега муҳаббатдан сенда йўқ нишон,
Нега у лабларинг пичирлар такрор?”
Янглишдинг, ўйларим хаёлий унлар,
Менинг ҳам гўзалим, илк севгилим бор.
Ўйлайман у ҳақда ўтириб тунлар,
Аммо уни сира кўрмайман дийдор.
Фақат у тунда бор кўринмас кундуз,
Ўткир нур тиллари ёқимли чароқ.
Менинг ошиқларим севгилим юлдуз,
Кундуз кунлари ҳам тамошо қил, боқ.
Кўрардинг, юраман ҳур боғлар аро,
Гўзал дарахтларни(нг) соясидаман.
Кўрардинг, бахтлигим, шодлигим аммо,
Энг паст кишиларнинг поясидаман.
ҚИШЛОҒИМ
Эрта тонгда мени соф нафас билан
Ҳур, кўркам қишлоғим бағрига олди.
Кўм-кўк дарахтларда шўх ҳавас билан,
Беғубор қалбимга ҳаяжон солди.
Кўраман: далалар яшнар қошимда,
Сахий нур қуёшда гўзал, жилвакор.
Кўраман: ҳур қушлар учар бошимда.,
Феруза осмонда эркин, ўйноқдор.
Бепоён далалар, қирларда ғўза,
Майин шабада-да ўйнар ва кулар.
Ғўзалар ораси – ариқлар узра,
Шилдираб оқади ярқироқ сувлар.
Бу менинг қишлоғим, ҳуснга макон,
Содда чиройига мафтунман мангу.
Унинг қучоғидаман, севаман ҳар он,
Кўм-кўк далаларда поёнсиз севгу.
Унинг қучоғидаман бахтиёр ва шод,
Юз-юзлаб қўлларда яна яшнар у.
Катта-катта сувлар этади обод,
Яна гуллатади тиниқ сув Бўзсув.
Қишлоғим, яшнайбер, гуллайбер буткул,
Узоқ қирларингда ўсаберсин гул.
«ЁДИМДАДИР: БАҲОР ПАЙТИДА…»
ЁДИМДАДИР: БАҲОР ПАЙТИДА,
Гулзорларда юрардик ёлғиз.
Райҳонларнинг ҳиди кайфида
Бахтлимиз деб этар эдик ҳис.
Тўғри, сен шод ва бахтиёрсан,
Ҳур Ватанда озодсан ҳар чоқ.
Аммо менга, менга боқасан,
Сен тарк этган севгидан бу чоқ
Оташ сўзлар сўнди беомон,
Муҳаббатим қайғудор ва жим.
Севар эдим, оҳ, жондан ортиқ,
Сенсиз кулмас у пок кўнглим.
Майлига, сен сева олмадинг,
Шўх севгимга беролмадинг тоб.
Оҳ! Муҳаббатни сен тарк этдинг,
Эди у севгилар ширин, соф.
Ҳаётимда севмайман ҳеч ким,
Бу диёрда ўтарман танҳо.
Фақат, фақат сени севардим,
Юракларинг учгувчи аммо.
ДЎСТИМГА
Қувон, дўстим, ҳаёт ишқида,
Ёшлигингга энг сўнгги синов.
Ҳаёт ичра кезиб борасан,
Юрагингда ҳарорат, олов.
Ўн йил ўтди, мактаб қучоғи,
Сени жондан ардоқлаб севди.
Мана, энди ёшлик боғидан,
Хайрлашга энг вақти келди.
Она Ватан меҳридан балки,
Саҳроларга кезиб борарсан.
Балки чуқур фанлар қўйнида,
Ижодларинг тахлаб қўярсан.
Қувон, дўстим, ҳаёт ишқида,
Ёшлигингга энг сўнгги синов.
Мен ўқувчи, оқ йўл тилайман,
Қалбларингда гурласин олов.
СЕВГИ
Гўзал хиёбонда икки қувноқ ёш,
Икки севишганлар юрар бемалол.
О, улар уятчан, туришар юввош,
Юрак сўзларини айтолмасдан лол.
Юраклар уради ҳаёт ишқида,
Бахтиёр онлари нақадар кўркам.
Лаблари кулади булбул машқида,
Олтин севгиларин зийнати кўклам.
Хиёбон, гулзорда аллалаб шамол,
Ҳур ёшлар устида этади парвоз.
Ариқларда эса сув – зумрад, зилол,
Юзлаб оҳангларда куйлар хушовоз.
Олисда булбуллар севгин мадҳ этар,
Гўёки оромбахш куйлар келади.
Баҳор (ҳам) ёшларни чексиз шод этар,
Хуш, майин шаббода ошиб елади.
Узоқ тикилдилар ҳеч қотмайин сўз,
Қалблари урарди, урарди юрак.
Фақат “оҳ, севаман”, дея олди кўз,
Дилдаги армонлар қолди бедарак.
Эркин шаббодалар учиб еларди,
Узоқдан булбуллар товши келарди.
ШЕЪРЛАР ҲАҚИДА
Хаёлимнинг илҳом париси,
Юракдаги севги бариси,
Фақат шеърлар, фақат дилдорлар,
Фақат шеърлар, фақат соз, торлар.
Юрагимнинг илҳомчиси шеър,
Хаёлимнинг ҳукмрони ҳам.
“Менман ажиб, менман гўзал” дер,
Китобларда шеърлар ҳар қадам.
Севаман мен берарлар илҳом,
Қоғоздаги ҳар шеър, ҳар варақ.
Сизга кўнглим ғуборсиз ва оқ,
Янги шеърлар, хуш келинг, салом!
ПЎЛАТ ЛОЧИНГА
Феруза осмоннинг пўлат лочини,
Уч, эй, булутлардан яна юксакроқ.
Сен нурли қуёшнинг тили – сочини
Пўлат кийимингга этиб ол байроқ.
Уч, эй, пўлат лочин, сенга кенг осмон,
Булутлар тўплари сенга бўлсин боғ.
Кечқурун юлдузлар кўрсатсин осон,
Булутлар тўпию қаёқларда тоғ.
Баҳодир учувчи, уч юксак, лочин,
Қуёш, юлдузларни эта ол макон.
У ерга ўрнашгин, ўрнашгин, лочин,
Топиб кел қудратли туганмас зўр кон.
Токи, она Ватан яна шод бўлгай,
Шуҳрат-шонинг эса оламни тутгай.
ҚИШЛОҒИМДА БАҲОР
Нақадар кўркамсан, менинг қишлоғим,
Нақадар кўркамсан, қишлоқда баҳор.
Нақадар кўркамсан, гўзал атрофим,
Нақадар кўркамсан, жилоли анҳор.
Менинг юрагимга ором бахш этдинг,
Қувноқ кўзларимга ҳар ёқлардан нур.
Чиройлик анҳорим, ўйноқ рақс этдинг,
Кўзларимда шодлик, бахтиёр шуур.
Кўркамсан, қишлоғим, табиат, баҳор,
Содда қалбларимни этасан мафтун.
Кўркамсан қишлоғим, сержило анҳор,
Ҳамон юрагимни этгансан тутқун.
ЁШЛИГИМ МЕНИНГ
Табиат ранглари, баҳорлар оқар,
Шаббода елади гўзал ҳар саҳар,
Шу баҳор каби ҳур менинг ёшлигим,
Шу саҳар каби нур менинг ёшлигим.
Анҳорда сувларим ўйноқ шалола,
Атрофда очилган гуллар ва лола,
Шалола каби шўх менинг ёшлигим,
Гуллардек отар шох менинг ёшлигим.
Нурли тонг отади гўёки сутлар,
Тип-тиниқ осмонда учар булутлар,
Ғуборсиз тонглардек порлоқ ёшлигим,
Ёмғирсиз булутдек оппоқ ёшлигим.
МЕНИНГ ҚЎШИҒИМ
Саҳар чоғи ҳар ён аланглаб,
Ширин ором уйқудан турдим.
Кийдим. Боққа кирдим жадаллаб,
Унда шудринг гулларни кўрдим.
Шудринглардан кўм-кўк майсалар,
Бош эгдилар, жуда жилоли.
Сувда эса қурлар бақалар,
Макони ҳур, кумуш, зилоли.
Бирдан мени ўзига тортди,
Тиниқ кўкда ювош булутлар,
Шунда қалбим севинчга ботди.
Юксакдасиз, кумуш булутлар,
Хаёлимни этмакдасиз банд.
Кўзим ҳамон боқар сиз томон,
Юрак сиздан, шулардан хурсанд
Ва эрким, гул-ғунчалардан.
Саҳар туриб ҳар ён аланглаб
Тураман. Гул кутиб олади.
Кеч кирганда қушлар чуғурлаб,
Эрта кел, деб сўзлаб қолади.
БАҲОРИМ
1
Гўзалликнинг рамзи, эй баҳор,
Кўз ўнгимда ажибсан шунча.
Кийимларинг янги ва оҳор,
Севинмоқда ҳар бир гул, ғунча.
2
Тўкил, қалбим севинч косаси,
Тўкил, табиат ранги, эй баҳор..
Дарахтларнинг сендан бўсаси,
Севининг сиз ҳам соз анҳор.
Қувон, парвоз этгучи хаёл,
Қувон, кўзларим, юзларим, қувон.
Қувон баҳордан, гулзор, мажнунтол,
Қоғоздаги шеърларим, қувон…
Эрта тонгда баҳор сабоси,
Мени қучиб бемалол, рўйрос,
Деди: “Гулни атадим сенга,
Қушлар сенга сайрар хушовоз”.
АНҲОРИМ
Анҳорим, сен гўзалликка бой,
Қучоғингда чўмиламан шод.
Қишлоғимга қўшасан чирой,
Бўзсув номинг, қирғоғинг обод.
Шўх анҳорим, сувларинг кўм-кўк,
Ҳам қалбимдек жўшқинкор ва тез,
Чўмилсам гар ёқасан муздек,
Дейсан гўё: узоқларни кез!
Айтганингни қиламан, дўстим,
Қучоғингда кетаман сузиб…
Хаёлимда осмондаман-у,
Булутларни ўтаман бузиб.
Ҳур анҳорим, тиниқсан кўм-кўк,
Кулмоқдасан – кўзларинг ўйноқ.
Менга ўхшаб эркин нафасинг,
Менга ўхшаб экансан қувноқ.
ЁМҒИРЛАР
Кўкда булут кезганда,
Гулдураклар елганда.
Эсганда шамол ғир-ғир,
Сиз келдингиз, эй Ёмғир.
Узумларнинг баргини,
Атиргулнинг тархини,
Янги этиб ювдингиз,
Чангларини қувдингиз,
Шунинг-чун ҳар беор гул
Сиздан миннатдор бўлди.
Шунинг учун буғдойзор
Сизга бошларин эгди.
Мен ҳам сиздан севиндим,
Ғунчалар каби кулдим,
Яна ёғинг жиндак оз,
Ёғинг фақат маржон, соз.
ОНА ҚЎШИҒИ
Ёдимда бор, меҳрибон она
Фарзандини уйғотар эди.
Атрофида бўлиб парвона,
Завқли қўшиқ у куйлар эди.
“Саҳар бўлди, нурли тонг отди,
Оймома булутлар ичига ботди,
Майсалар устига шудринглар ётди,
Оппоғим, жигарбандим, уйғон.
Деразангдан боқмоқда қуёш,
Нурларини сочиб бегумон,
Лекин ҳали ухламоқдасан,
Тўқлигинам, дилбандим, уйғон.
Уйғон энди, кичкина ғунча,
Сенга қараб қолгандир боғча,
Ва боғчангда ёғочдан “тойча”,
Ғунчагинам, фарзандим, уйғон.
Ватанинг боғ, унда ғунчасан,
Бахтиёрлик сенга армуғон,
Ҳур диёрда ўйнаб тошасан,
Боғда гулим, гулбандим, уйғон”.
Кўз ўнгимда поёнсиз кенг боғ
Ва ҳур она қўшиқ айтган чоғ…
«ПОЁНСИЗ КЎК НАҚАДАР, БОҚ…»
ПОЁНСИЗ КЎК НАҚАДАР, БОҚ,
Кўзларингдек мулойим, зангор.
Боқ, булутлар нақадар оппоқ,
Муҳаббатинг шунчалик оҳор.
Зангор кўзинг этмоқда адо,
Ахир сенга бахш этган осмон.
Муҳаббатинг бўлса мусаффо,
Қалб – юрагим сенгадир, ишон.
ЎЛКАМ
Ўлкамга мен сира қонмасман,
Тўпланишиб бир ғунча бўлса.
Ўлкамга мен сира тўймасман,
Шу ғунчадан олсам ҳам бўса.
Атрофларим нақадар кўркам,
Ҳур диёрим ажойиб гўзал.
Бу – менинг ўлкам, менинг ўлкам,
Сени севиб куйлайман ҳар гал.
Сени ҳар гал куйлаганимда,
Юрагимда ишқинг нидоси.
Сени ҳар гал сўйлаганимда,
Чин севгимнинг енгил сабоси.
Гул-ғунчалар ичра бекинур,
Тиниқ кўкдан мўралар қуёш.
Ул ўлкамга сочар сахий нур,
Ҳам йўлимга бўларкан йўлдош.
Ўлкам, сенга севгим мусаффо,
Сўнгги қоним сен учун мутлоқ.
Ўлкам, сенга тўймасман асло,
Сенга севгим тўхтамас булоқ.
Эрталаринг чиройлик баҳор,
Кўзларимга олтин мисоли.
Сувлар бўйи… шовларкан анҳор,
Сен ўлкамнинг меҳнат тимсоли.
Ойдинларинг баҳор каби оқ,
Юракларим каби беғубор.
Тағин, ўлкам, сенда ҳеч йўқ доғ,
Сенинг ажиб хислатларинг бор.
Тунларингда кулар маъсум ой,
Чарақлаган, эй менинг ўлкам.
Ойсиз ҳам сен кўп ойларга бой,
Минглаб қуёш этмоқда кўркам.
Ҳар қадамда юлдузларинг бор,
Ҳар қадамда порловчи қуёш.
Қуёшларга ёр бўлган, ўлкам,
Сендан кўнглим олиб кетмас бош.
Ўлкамга мен сира қонмасман,
Тўпланишиб бир ғунча бўлса.
Ўлкамга мен сира тўймасман,
Шу ғунчадан олсам ҳам бўса.
1957
«КУНДУЗ ЎЙГА ЧЎМАР. ТУН ЯҚИН…»
КУНДУЗ ЎЙГА ЧЎМАР. ТУН ЯҚИН.[4 - Рауф Парфи илк бора “Сабр дарахти” китобида сарлавҳасиз шеърларининг биринчи мисрасини бош ҳарфлар билан ёзишни урфга киритган эди. Биз ҳам ушбу нашрда мазкур тартибни сақлаб қолишни лозим топдик.]
Осмон янглиғ оқшом шарпаси –
Олис уфқ четида ёрқин
Куннинг қизил шоҳи пардаси.
Кечки қуёш турмаклар сочин,
Жозибали бўлар эртага!
Ана кўк ҳам маржонлар сочди –
Кенгликларнинг мовий эртагин.
Далаларда эсар шаббода,
Эгилади нозик чучмома,
Ялпизларнинг баргидан шода –
Шода шудринг жимгина томар.
Жозибали бўлар эртага.
Севги фасли асл ва бедоғ.
Кумуш ҳаволарга ўранган
Гўзаллиги билан яшнар тоғ…
«МЕН ШОИР ЭМАСМАН, АММО ҚАЛБИМДА…»
МЕН ШОИР ЭМАСМАН, АММО ҚАЛБИМДА
Бир ажиб ҳиссиёт тўлқин уради.
Шу юрак ҳислари қистайди мени,
Оппоқ қоғозларга қалам суради.
«ОЛТИН ҚУЁШ НУРИНИ ТЎКДИ…»
ОЛТИН ҚУЁШ НУРИНИ ТЎКДИ,
Осмон зангори.
Илиқ еллар учишиб қолди,
Кулди баҳорим.
Поёни йўқ дала уйғонди,
Бошланди ҳаёт.
Йигит-қизлар қўшиғи
Кенг ёйди қанот.
«ЁШЛИК ЖЎШҚИН ВА ИТОАТСИЗ…»
ЁШЛИК ЖЎШҚИН ВА ИТОАТСИЗ,
Севамиз-у, ишончсиз аммо.
Хўп кезамиз бўлиб тоқатсиз,
Ечилмасдан қолар муаммо.
Кундузини атри қоплайди,
Ёз келади, куз келар ва қиш.
Ёшлигимиз ором топмайди,
Ҳамон ўша қадимий ташвиш.
Ёшлик ўтиб кетади, майли,
Лекин шодлик ахтарар юрак.
Ғам чекамиз севги туфайли
Ва кутамиз: “Қандай келажак?”
1958
КУЗ ТОНГИ
Тонг ота бошлар астагина,
Куз қуёши нурин сочади.
Олтинсимон боғлар кўриниб,
Олисларда кўнглим очади.
Тонг ота бошлар астагина,
Пахтазорда ёрилар кўсак.
Оқ пахталар – гуллардан чаман,
Нафасларга тор келар кўкрак.
Қувноқ қизлар айтиб ашула,
Пахтазорга ҳусн таратар.
Ҳаёт қайнар, ҳаёт тинмайди,
Юракларда иш завқи ортар.
Қувноқ қизлар тўлдирар этак,
Шошиб қолар уста тарозбон;
Ҳар бирининг юзида шодлик –
Қаршисида улкан бир хирмон…
ОНА ҚИШЛОҚ, ФАСЛИМ КУЙЛАРИ
Она қишлоқ, севимли қишлоқ,
Шўх болалик қувонч маскани.
Ж. Жабборов.
1.
Деразамдан қарайман саҳар,
Кўкда қуёш пайдо бўлмасдан.
Япроқлардан тўкилмай шабнам,
Қишлоғим нур билан тўлмасдан.
Ҳамма нарса ширин уйқуда,
Лекин қушлар сайраб юборди.
Бутун кеча дам олиб ухлаб
Шошиб хўроз қичқириб қолди.
Ўрмон, яшил далалар,
Оппоқ тонг-ла чўмилди.
Зангори тоғ-тепалар
Кун нурига кўмилди.
2.
Соғинган жон, хуш кел, гулбаҳор,
Атрофимга гулларимдан соч.
Қани, булбул, гулзорга бир бор,
Қўшиқ айтгин: бахтиёрсан, деб.
Булбул ашула айтди,
Мен ҳам бўлдим жўровоз.
Табиат яшнаб кетди,
Гулбаҳор нақадар соз.
Қувон! Парвоз этгучи хаёл,
Ҳаёт узра лочин каби кез.
Қувон бундан гулзор, мажнунтол,
Оқ қоғозда шеърлар ҳаммангиз.
3
Ёз, ёз, сахий ёз
Шоир қўшиқ ёз.
Шеър осмонида
Қушча, қанот ёз.
Далаларда эсади
Майин шаббода.
Капалаклар учади
Ўйнаб ҳавода.
Гоҳ булутга тўлар кўк
Тиниқ ва оппоқ.
Номаълум манзил томон
Учишар узоқ.
Ёз ҳукмрон. Куз қанот қоқар
Олис ўрмон – уфқ четида.
Асов анҳор шалдираб оқар
Олтин фасл унинг бетида.
4.
Эҳ, нақадар севаман сени,
Ерда ётса зарҳал япроқлар.
Роҳатбахшдир қовунлар иси,
Роҳатбахшдир – қуёш ярақлар.
Дарахтларнинг барглари куйчи,
Мен сингари шодумон ўйчи,
О, севаман фасли кузимни,
Нигоҳини ташлаб кўзимни.
5.
Ассалом, қиш, кел, оппоқ баҳор,
Кел, наҳорда кўзим қамашсин.
Кел, қаршимда товлангин бир дам,
Дарахт шохи кумушга тошсин.
Она қишлоқ ёпинган
Оқ либосин кўраман.
Кумуш қорга тикилиб,
Қиш завқини сураман.
Уч, оппоқ қор, оппоқ қор,
Ойналарга расм чиз.
Қиш сабоси визилла,
Қор тепани титиб кез!
6.
Бепоён далаларда
Қорлар ялтирар ҳали.
Кўклам иси келмоқда
Табиатнинг гўзали.
Оппоқ қорли қиш, хайр,
Хуш кел, кўм-кўк гулбаҳор.
Сенга тўйиб боқайин
Севинч билан ҳар наҳор.
Ана чексиз даладан
Трактор товши келар.
Колхозчилар қўшиғин
Таратиб шамол елар.
7.
Она қишлоқ, она фасллар,
Бунча дилбар, бунча гўзалсан!
Қаршингда мен кучсиз бир қалам,
Ўзинг достон, ўзинг ғазалсан!
КУЧУК, ҚУЁН ВА АЙИҚЧА
Кучук, қуён, айиқча
Топиб жажжи қайиқча,
Суздилар куйлаб шодон,
Балиқ овга учовлон.
Манзилга ҳам етдилар,
Қулоқ солинг, нетдилар:
Айиқ қармоқ ташлади,
Кучук увлай бошлади.
Қуён керишиб шу он,
Қўрқитай, деб беомон,
Дарёга ташлар ўзин,
Чирт юмиб икки кўзин.
Дўстлар – кучук, айиқча,
Дод солиб йиғлаганча,
Югурдилар, елдилар
Ҳам бир ўйга келдилар.
Айиқ қармоқ ташлади,
Кучук увлай бошлади,
Э воҳ, қуён илинди,
Узун тили юлинди.
Ана, қирғоқда қайиқ,
Шошиб кучук ва айиқ,
“Тез ёрдам”га чопдилар,
Касалхона топдилар.
Қуён жароҳат ебди,
Доктор Айболит дебди:
“Ўйланмай қилинган иш
Фақат орттирар ташвиш!”
«О, ЯНГРА, РУБОБИМ, КУЙЛАРИНГ ТАРАТ…»
О, ЯНГРА, РУБОБИМ, КУЙЛАРИНГ ТАРАТ,
Сўнган юрагимнинг ҳижронларини,
Толесиз севгининг жафосини ҳам
Куйла унутилган гул онларини.
1955 ЙИЛ 3 ДЕКАБРЬ ХОТИРАСИ
Дадамга
Кўз юмиб, уйқуга толдинг абадий,
Оғир видолашув, ниҳоят оғир.
Қани, эй, бормидир Тангри – Худойим,
Сўнг бор ёлборардим умид-ла охир!
Мафтун этолмади у чоқ гуллари,
Нурин йўқотмишдир табиат гўё.
Севиб, ўрганганим қадрдон қирлар
Гўзал бир афсона сингари рўё.
Сен она тупроққа ёпинганинг дам
Алла айтди еллар қошингда, ухла.
Кўз йиғлади, фарёд кўтарди олам,
Уруғлар ўқиди эзгу фотиҳа.
Яшаш иштиёқи сўнди – ожиз шам…
Ортиқ чидолмади юрак бардоши.
Йиғи юпатмади бир дақиқа ҳам,
Чунки тамом эди кўзларнинг ёши.
Меҳрибон сиймони унутарманми,
Мангулик уйқуга толдинг, о, падар.
Дунёда ситамга қолдирдинг мани,
Ҳам ғамгин термулар онам – муштипар.
…ГА СОНЕТ
Рад этилган муҳаббат далил,
Кечагидек ёдимда ҳамон.
О, севганман, дилбар, бир замон,
Сен хаёлим эдинг ҳамдами.
Инкор этдинг лекин совғамни,
Қалбим топтаб ўтдинг беомон.
Севмагансан асло – мен ёмон,
Ҳайҳот!Аччиқ севилиш ғами.
Не ахтардинг? – Хафалик ёлғиз.
Не қидирдинг? – Фақат кўз ёши
Ва ловуллаб адо бўлмас ҳис.
Унутолмас экан ҳеч бошим,
Ахир ҳаёт йўқдир офтобсиз;
Кел, сўнг марта порла, Қуёшим!
ХАЙРЛИ ТУН
(Адам Мицкевичга ўхшатма)
Хайрли тун, эй соҳибжамол,
Тинчлик бергил менга ҳам.
Хайрли тун! Чиройлик олам,
Икки ёқут кўз ва ҳинду хол.
Сен-ла кетар уйқу, ўй-хаёл,
Ухлолмайман тун бўйи бир дам.
Айриламан бор бисотимдан,
Хайрли тун, майли, яхши қол.
Истамаса ҳам сира дилим
Хайрли тун дейман ётишда,
Чунки бу сўз одат азалий.
Висолингга ошиқ ва тонгни
Мен кутаман изтироб, ғашда,
Олтин тонгни – сени гўзалим!
ЎЗБЕК ТИЛИ
Ҳайҳот, топтаганда араб ва мўғил,
Ҳаётингнинг занжирли йили,
Бошдан не кечирдинг, мардона ўғил,
Ўзбек тили, ўзбек тили.
Улуғ тарихингга қиламан хитоб,
Навоий шеърининг гули,
Кечмиш замонларнинг тирик гувоҳи,
Ўзбек тили, ўзбек тили.
Сени нақадарлик севаман, она,
Оҳ, юрагимнинг булбули
Бўлиб сайрагансан гўдак чоғимдан,
Ўзбек тили, ўзбек тили.
МАШЪАЛА
Дил чашмаси тўрида ҳамон,
Тинмай ёнар ёқут машъала.
Ўшандандир илҳом беомон,
Шовқин солар гўё шаршара.
Ширин юрак хотиралари
Ёдимдадир: илк муҳаббат, тун…
Кечмишларнинг гул хаёллари
Ёзиб қолар рангдор қанотин.
У қаршимда намоён ҳар дам,
Табассуми ила чароғон.
Кўринади фақат кўзгуда
Ишқ ниҳолин ўтказган боғбон.
Орзуларим кулмас, эҳтимол,
Унутдими, билмам, севгини.
Ёндирган-у, бироқ ул, алҳол,
Ўчирмайди машъаласини.
ТОНГ ЛИРИКАСИ
Мени аста уйғотдинг келиб,
Кўзим тушди оқ рўмолингга.
Ихтиёрим, тинчимни олиб
Ҳузуримдан йўқолдинг нега?
Сени кутдим бутун тун бўйи,
Кўзларимга уйқу келмади.
Юлдузлардан сўрадим куйиб,
Афсус, улар айта билмади.
Саҳар бўлди, келдинг қошимга,
Ўша енгил шоҳи оқ рўмол,
Нима ўйлар солдинг бошимга
О, мармар тонг, о, соҳибжамол!
КУЗ КЕЧИ
Мудрар, мудрар қалин теракзор,
Ухлар юпқа муз остида сув.
Алла айтар зар япроқлар қув,
Бир меъёрда аста – беозор.
Қуёш ойни излаб интизор
Ботди. Булутлари оқ парқу,
Ўз ҳукмига олганда уйқу
Ухлар эди олам беридо.
Куз кечига ҳамоҳанг, майин
Табиат чалади ўз найин –
Шивирлашар мен-ла япроқлар.
Келган каби гўё атайин
Юксакда бир юлдуз чарақлар,
Юксакда бир юлдуз чарақлар.
«ЙЎЛЛАРИМГА БЎЛИБ ТАШНА, ИНТИЗОР…»
ЙЎЛЛАРИМГА БЎЛИБ ТАШНА, ИНТИЗОР,
Гоҳо мен келмасдан қолар кезларим,
Нигоҳимни қўмсарми гул юзларинг,
Дўстим, кутармисан орзиқиб бедор,
Вужудингга тўлиб ғамгинлик, озор
Ютасанми?
Оёғим остида ғичирлайди қор,
Табиат чорлайди ёнар кўзларим,
Бораман, кўмилар босган изларим,
Мени эслармикан орзиқиб, бедор,
Ўша таниш жимжит гўшада, дилдор,
Кутасанми?
МУВАШШАҲ-РУБОИЙ
Ваъдаларга нечун ишонай ахир вафо бўлмаса,
Агар муҳаббат ёлқини вужудингда жо бўлмаса.
Фақат севмоқ-севилмоқнинг, эй Парфий, маъниси недир,
Оташи бўлмаса-ю юрагида, наво бўлмаса.
«ГУЛДАН ГУЛГА УЧИБ ЎТДИ…»
ГУЛДАН ГУЛГА УЧИБ ЎТДИ,
Лолаларга қўнди
нафис гул.
Гулдай умри унинг битди,
Гул сингари сўнди
нафис гул.
«ШАКЛСИЗ ХАЁЛ…»
ШАКЛСИЗ ХАЁЛ.
Ҳислар гўё
дарё.
Ғир-ғир
шамол.
Ҳасрат каби япроқда
мудрар бир томчи ёмғир.
«ТАБИАТ КАФТИДА…»
ТАБИАТ КАФТИДА
Мен – одам,
Табиатга
айландим.
Тириклигимга ҳаёт деган
белги тақдим.
Ҳаво бўлдим,
сув бўлиб оқдим,
Шалола сингари қуюлдим.
Тупроққа қўйилдим афтидан,
Яна қайта отдим одим
табиат кафтида,
Мен – одам.
МУСИҚИЙ
Ўн икки қабатли сеҳрли бино
Қурилгандир ҳасрат ва бахт маҳрига.
Нафис сўз тугайди шеър тугар замон
Қулар юрак узра наво – сеҳргар.
«ЎН САККИЗ ЁШ – ПАРЧА ҲАЁТ…»
ЎН САККИЗ ЁШ – ПАРЧА ҲАЁТ.
Варақланар ўн саккиз ёш
Бир китоб сингари бошдан.
Афсусларга ким берар дош,
Ўн саккиз минг хаёл бошда,
Кўзларимда ўн саккиз ёш.
Ўн саккиз ёш – парча ҳаёт…
1959
«КЕЛ, ЭЙ МАҲБУБАМ…»
КЕЛ, ЭЙ МАҲБУБАМ,
Ташриф эт, гўзал.
Яшна қаршимда бу дам,
Йўлларингга зар.
Қора булутлар
Тўлмай уфққа.
Муҳаббатинг ўти-ла
Порла, маъшуқам.
Севгилим, сўйла,
Жавоб бер, қўзим,
Қаердасан гул ила,
Қоши қундузим?
О, дилрабо, қайт,
Рашк этсин баҳор.
Севги қўшиғини айт,
Қалбим, марҳабо!
БАҒИШЛОВ
Дўстим Н…га
Созим учиб бориб ёнингга,
Кечир бир дақиқа этар банд.
Таниш ўша товушим Сенга,
Ёқмаса ҳам, эҳтимол, гарчанд.
Гул-чечаклар териб тутмадим.
(Сен бошқача тушунма буни! )
Далаларда йўқ экан, дўстим,
Ма, ожиз шеър – қабул эт шуни.
Мен дўстликнинг ҳайкалига деб,
Ҳурмат, садоқатга деб эваз.
Қизил гап, сўзларга бердим зеб,
Олиб қочди ногаҳон Пегас…
Ҳайҳот! Мозий излари хира,
Юм-юм йиғлар шеър аҳллари,
Дор остига борар Нодира –
Одамзоднинг шер ақллари.
Сен келасан эсимга шу пайт,
Илҳом кулган дўстим – бебаҳо.
Юксак фикрларга тўла байт,
Тутқизасан қўлимга гоҳо.
Вайсаб қолсам кечир, сен ёлғиз,
Хаёлпараст эмасман, зотан.
Романтиклар – сонсиз-саноқсиз –
Шоирларга тўладир Ватан!
«ОДДИЙ УМРИМ: СЕВАМАН ШОДЛИКЛАРНИ, ҚАЙҒУНИ…»
ОДДИЙ УМРИМ: СЕВАМАН ШОДЛИКЛАРНИ, ҚАЙҒУНИ,
Ва ширин ўй-хаёллар тарк этганда уйқуни.
Ишонинг: истамайман бошимга қўнсин шуҳрат,
Хоҳлайман: тинч ва мазмундор бўлсин ҳар вақт.
«…ГА…»
…ГА
Гўё яшнаб, порпираб ёнган,
Ва бир маҳал сўниб қолган шам…
Йўқ, йўқ, юрак у томон чопмас
Хаёлимга учиб келмас ҳам!
Сиз қаршимда гулгун намоён,
Тағин ишқдан тутқизиб "гултож",
Нега қалбим тинчгина ором
Уйқусига излайсиз илож?
Нима ўтган бўлса умримда,
Бари рўё ва бетасалло.
Бахтиёрман: мағрур, паришон
Барча ўйдан олисда танҳо.
Содда онам ўз орзусида
Шошиб-пишиб кўраркан тадбир,
Лекин бедор тушкун руҳимга
Барвақт оғу қуймади тақдир.
Уйғонарми мангулик уйқу? –
Эсга солманг, ҳайҳот, у дамни,
Унутай мен, хунук муаммо
Бағишлаган ўша одамни.
О, сўзламанг, унутай, дўстим,
Кечмиш ҳаётим иллатини…
Инсон ишқи, дунё бахш этган –
Ва ҳайвоний муҳаббатини.
ЁMҒИРЛИ ТУНДА
Кутаман-у, қуршар ҳаяжон,
Бошимга минг фикр қуйилар.
Гўё ирмоқ жилдирашлари
Мунгли қўшиқ каби туюлар.
Ҳам гулдираб-гулдираб ғамгин,
Фиғон чекар кўклам товуши,
Шитир-шитир ёмғир савайди,
Кўзёшларга тўлар ҳовучим.
Мен ҳамон кутаман, эгним ҳўл,
Аммо сендан бўлмади дарак.
Оҳ! Сен келсанг олам яшнарди,
Ва ўзга ҳис этарди юрак.
«КУНИ БЎЙИ МЕН БИЛАН КЕЗИБ…»
КУНИ БЎЙИ МЕН БИЛАН КЕЗИБ,
Қуёш уйқуга кетгунча,
Мен ўйлайман Сени, азизим,
Ўйинг билан соатлар кечар.
Қуйилади оқшом ҳам аста,
Юлдузларга кўмилар борлиқ.
Энди лекин нигоҳинг истаб,
Ва дарбадар эмасман ортиқ.
Чунки ўзинг келдинг ёнимга,
Тим қора сочларингни ёзиб,
Оппоқ нурли қўлларинг ила
Юрагимга ишқингни ёзиб…
Т. ОХУНГА
Мой друг, отчизне посвятим,
Души прекрасные порывы!
А. Пушкин
Эҳтирослар чашмаси лим-лим,
Умидларим порлоқ ва дилдор.
Кечган йиллар – улуғ муаллим,
Тупроғингни ўпаман, диёр.
Ўйинқароқ кунлар эсимда,
Гул тақдирга муяссар, беғам.
Болалигим ўтди бир зумда,
Қайтарилмас энди сира ҳам.
Азиз дўстим, ғам чекмоқ нечун,
Умр бекор ўтмоқда, дея.
Фарзандликнинг муроди учун
Ишон, нурли келажак ҳадя.
Ҳайкал қуриб ёшлигимизга,
Чечакларга буркаб бегумон,
Эт беғубор дўстлигимизга
Муҳаббату сафо армуғон.
Иштиёқида ҳур Ватанимиз
Юрагимиз олсин аланга.
Майли, фидо бўлсин танимиз,
Олий истак бари Онага.
«НОЗЛИ ШАББОДА ЖЎШАР…»
НОЗЛИ ШАББОДА ЖЎШАР,
Олгач тотли исини
Шўх арига боғлардан.
Ширин хаёлга ўхшар,
Гулларнинг севгисини
Келтирмиш у ёқлардан.
Ошиқ гўзали сари
Учиб водийдан ўтар –
Шаббода най чаларди.
“Хуш келдинг, Асалари!”
Маҳбуби шароб тутар
Заррин қадаҳчаларда.
ЮЛДУЗ
Бўлармикин орзуларга чек,
Шу қисматми содда юракда?!
Мудом порлар тун юлдузи тек,
Ширин умид янглиғ юксакда.
Нигоҳини кўрарки оқшом,
Фазоларда – осмон кўксида,
Деразамдан тутиб олтин жом,
Гўё дейди: – Ўғлон, ўксима!
Юрагимга сирдош ва ошна,
Унга маълум ғаму андуҳим.
Термуларкан, мен бедор ташна
Бир тасалли топади руҳим.
Оҳ, олисда юлдузим ҳарчанд,
Лекин тимсол этмиш эзгу дард.
Порла, буюк умидим ёрқин,
Кўзларимга хаёлдек яқин.
«ЭСЛАЙМАН МУЛОЙИМ ТАБАССУМИНГНИ…»
ЭСЛАЙМАН МУЛОЙИМ ТАБАССУМИНГНИ,
Жимжит оқшом эди дилрабо, ойдин.
Бахтиёрлик ҳадя этган зумингни.
Ширин ҳаяжон-ла сени суйгандим,
Вужудимда ажиб туйғу туйгандим,
У тунни қайтариб бўлсайди,
Бўлсайди.
Ёнган нигоҳингга термуламан лол,
Уятдан кўзларим телба ва дайди,
Нега? Латофатли ўша суюм ҳол
Ўчмас мангуликка юраккинамдан,
Бир соний холимас тилаккинамдан.
У олтин ишқ муҳри бўсайди,
Бўсайди.
СЕВГИ ЁШИ
Бувимга
Иссиқ оғушига чорлайди мени,
Кўксига муҳаббат тўлдирган олам.
Соғиндим меҳрибон қарашларингни,
Самимий порлаган нигоҳинг, онам.
Хаёлда расмингни чизаман шу пайт,
Худди ёнгинамда кўраман аён.
Сен шивирлаб дейсан: – Ўғлим, тезроқ қайт!
Товушинг тинглайман азиз ва бийрон.
Визиллаб кузакнинг шамоли тентир,
Муздек нафас ила юзим чимчилар.
Совуқ ҳам соғинчдан титрайман дир-дир,
Севги ёши кўзларимдан томчилар…
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Дейин хаёлинг-ла кечурда ҳаёт,
Латиф рухсораси – ширин хаёлот,
Ҳарчанд сасим қулоғингга етмас бот,
Унутмагилки, то ҳажр етти бедод,
Мени бир нома бирла қилмадинг ёд.
Сен раволар кўриб жунунлик дамин,
Фурқатингда хаста кўзларим намин
Фарёдеки, оқизмишсан, аё нозанин,
Кўнгул ёд этмасингдин бўлса ғамгин
Вале руҳум эрур ёдинг била шод.
Бир илтифот бирла ташла нигоҳинг,
Оллоҳ-оллоҳ, йўқдурур шарпа, оқинг,
Мунча йироқ юлдуз янглиғ чироқинг,
Бузуғ жисмим уйин йиқди фироқинг,
Бу уйда кўп бузуғлиғ қилди бунёд.
Ул филмасал саҳрои дашт этарга,
Дайдию хор, девонаваш этарга,
Ишқ аро ўзни яккаш этарга,
Қул ўлди сарв то гулгашт этарга,
Қадинг базми тарабдин қўпди озод.
Одамлардан нарида ошён қурган,
Чорасизлиғ отини ҳар ёна сурган,
Ошиқлар тумморида ёна турган,
Мани гаҳ дашту гаҳ тоғ узра кўрган,
Тирилмиш соғинур Мажнуну Фарҳод.
Соқий, ҳориганман, бемадор илким,
Не ишқда фарёдлар демамиш тилким,
Не офат армуғонлар этти улким,
Кўнгилни май ила маъмур қилким,
Хумори давр они қўймас обод.
Балолар Парфининг бошиға урди,
Девоналиғ ичу тошиға урди,
Май тўла косани лаболаб сўрди,
Навоий телба бўлган чоғда кўрди,
Пари бирла ани соғинди ҳамдод.
«ШЕЪРИМ БЕФУСУН –…»
ШЕЪРИМ БЕФУСУН –
Чақноқ баҳор, ишқона диёр,
Ошиқ сари ва суюм орзу,
Истаса лаблар беихтиёр.
Шеърим бефусун –
Шивир-шивир шаббода қисса
Сўйлаганда, таржимон бир зум,
Сен ранжима, зулфинг силаса.
Шеърим бефусун –
Мудроқ кузак ўртаси яккаш,
Ёки бир қиш кечаси маҳзун
Эзганида қалбингни оташ.
Шеърим бефусун –
Агар ишонч, ёрқин тасалли
Бахш этолса бахтим ёр бўлсин,
Эътиборсиз ёинки!?. Майли…
КУНДАЛИК
Оқар дарё, оқади замон.
М. Ойбек
1
Ярим кеча, мен севган фурсат,
Миллион кўзи билан боқар кўк.
Такрор қўлда паришон Блок;
Энг даҳшатли, энг ширин қисмат,
Муҳаббатдан машъум ҳикоя,
Иффатини йўқотган боя
Қиз ҳақида ё ихлос билан
Қўйиб madame оёғига бош,
Севги изҳор этади ювош,
Оловли шеър, эҳтирос билан.
Бас! Кундалик ёзмоғим керак:
Оппоқ. Оппоқ. Тонгда ёққан қор,
Мен шаҳарга кетдим бемадор,
Бир навъ ишдан билгани дарак.
Учраб қолди Неъматжон жўрам,
Ундан-бундан гаплашиб бироз
Турган эдик. Қаршимда N. ҳам,
Салом-алик қилишдик холос.
Сўнг учради қадим ҳамтовоқ,
Фисқу фужур бошлаб юборди,
Рост-ёлғонни бир-бирга қорди,
Аччиққина сўз айтди аҳмоқ…
2
Эрталабдан бошим зирқирар,
Ғувиллайди қулоғим чунон.
Нонуштада бир тишлам ҳам нон
Ҳеч ўтмади. Томоқ ҳирқирар.
Кеча S. V. ашъорини ман
Олиб келган эдим шаҳардан.
Гарчи баъзи шеърлари равон,
Замонага туйғун нафаси
Ҳаёт, севги мадҳи кўп бийрон
Ва Хайёмдан бир таржимаси.
Мафтунмасман умуман унга.
Йўқлигидир китобда холос,
Балки ўйчан Брюсовга хос
Файласуфий чуқур тушунча.
Абдуллажон ёрига атаб,
Мувашшаҳлар тизди, не ажаб.
Жимжит, жимжит ухлайди олам,
Икки уйқу урди бувим ҳам.
Ой булутлар аро чекинар,
Уйғоқ соат тинмай чиқиллар…
3
Туманли тонг. Мусаффо қиров
Ўт-ўланлар япроқларида.
Лаззатли туш қучоқларида
Астагина уйқусирар ров.
Кўрпасида ётади қишлоқ,
Ҳар кунгидан ўзгача порлоқ.
Кун. Бугун қонун яралган дам,
Яъни, улуғ насл-насабим,
Миллат – ўзбек, оддий бир одам,
Қуёшдан нур эмган нафасим.
Тун. Қадрдон ва азиз ўртоқ,
Маҳмуд Махсум ташриф этган чоқ,
Севинчимдан порлади оқшом,
Маъниларга чорлади оқшом…
Адабиёт – мавзуйи азал,
Наср ҳақда ўз мулоҳазам
Эшитаркан, Махсум шу лаҳза
Жўшиб деди: Гўзалдир ғазал!..
4
Якшанбада уйда бўламан,
Майда-чуйда ишлар билан банд.
Дам кечганин билмай қоламан
Вақт ортидан вақтлар тирбанд.
Бугун Тургенев қўлимда эди,
Ёруғликда кезишдик бирга.
Идрокимни мен насрий шеърга
Бахш этаркан содда кўнглимда
Мангуликка қолиб кетди сўз,
Алам-андуҳ солиб кетди сўз:
“Танҳогина йиғлайман секин,
Сен йиғладинг қайғумга ҳамдард.
Ўз ҳасратинг бор эди лекин,
Менда кўрдинг сен уни фақат…”
5
Одобни одобсиздан ўрган.
Мақол
Етар! Яшашнинг маъниси бор,
Ким ғояга қилар хиёнат
Ўзи яратган бўлса агар.
Бачканалик ва қуруқ оят
Қулоғига ёқади кимнинг?
Бунча лақма бўлмаса инсон,
Ёлғон-яшиқ тўқийди осон,
Қуриб кетсин оғайнинг сенинг.
Эминеску айтган сингари
Сингдираман шундай бир одат
Эшитмайсан сира ҳам, яъни:
Майда гапга жавоб – сукунат.
Ўқигани олди “Бўрон”ни
Ошнам – эркин китоб мухлиси.
Лекин шеър(ни) ўқиса ҳар он
Келар эмиш унинг уйқуси.
6
“Бекоргами кечар кунларим?”
Ниманидир қиламан хаёл.
Бир ерда тинч ўтиролмайман,
Шаҳарга-чи, бамисол шамол
Қанот ёзиб учаман, аммо
На бордир иш, на-да бир маъно.
Явдат Илёс “Суғдиёна”син
Яхши, олиб келдим эртаси.
Ўқимоққа тутиндим, афсус,
Бир инжикиш эзиб қуршади,
Менга олам торга ўхшади,
Бошимда мунг қўшиқлар ҳануз.
Косаларга шароб қуйилди,
Бироз қувноқ бўлдим, хайрият.
Кайф – туман битди, қўйилди,
Тағин инжиқлик шу тариқат
Ва ўйлайман уйғоқ тунларим:
“Бекоргами кечар кунларим?..”
7
Уч кун бўлди Абдуллажонсиз,
Жим ўтирамиз мен ва бувим.
Кечки овқат ўтар ғалати,
Сира-сира йўқда уқувим
Бирор қизиқ гап-сўз айтишга.
Нафас учун ётиш олдидан
Коинотга чиқаман тишга
Ва кечаман шу дам уйқудан.
Бутун олам марварид – оппоқ,
Тагимда қиш кумуш сийнаси…
Навоийни очаман қувноқ,
Салом, маънилар хазинаси.
«ЁЗНИНГ ИЛИҚ ОНЛАРИ КЕЧДИ…»
ЁЗНИНГ ИЛИҚ ОНЛАРИ КЕЧДИ,
Қурғоқ майса узра булдуруқ.
Табиат гул либосин ечди,
Зар япроққа лим ариқ.
Қалдирғочлар тарк этди уя,
Сўнгги донни тортар чумоли.
Осмонда оқ булутлар туя,
Юзар карвон мисоли,
Хаёл тимсоли.
Ойна жаҳон беғубор ёниқ,
Хиёл уйқу йўлатмас киприк.
Оқшом. Ҳаво аёз ҳам тиниқ.
Ой нурлари. Кўприк.
“Мен севаман, – деди, –сени”,
Ҳаяжонли висол зумида…
Куз севгиси. О, қиз севгиси
Порлар табассумида,
Висол зуми-да.
1960
ОТАМ ХОТИРАСИГА
Гўзал эсдаликлар қолди сендан,
Заҳмат чекмоғим учун ҳаётда.
Мен таниб олгунча эсимни
Эсдаликлар қийнайди, ота.
Эсдаликлар ўртайди ҳали,
Руҳим тўла армон ва мотам…
Гўзал эсдаликлар туфайли
Мен қандай яшайин, ота?!.
«МУҲАББАТИМ РАД ЭТИЛГАНДА…»
МУҲАББАТИМ РАД ЭТИЛГАНДА,
Вужудимни ёпгач маломат,
Қалбим пора-пора тилганда,
Қолмаганда зарра ҳаловат.
Бошлар экан ўйлар чоҳига
Сенгагина розимни айтдим,
Дафтар, бегуноҳ нигоҳингга
Юрагимни оқизган пайтим.
Йўқ, мутлақо алдамадим, йўқ,
Ўзи жабр этди, бегумон,
Алдамоққа бормидир ҳуқуқ?!
Виждонимга сен фақат инон.
Инонмади ахир нозанин,
Ёлворишлар бариси бекор.
Дилга мунис орзудек яқин,
Хаёлингда ардоқлаган ёр.
Гар боқмаса сен сари қиё,
Тилакларни этса дарбадар,
Юзи сенинг юзингдек сиёҳ
Бўлса яхши эмасми, дафтар?!.
«ГЎЗАЛ ТУШЛАР ТИЛАЙМАН, ХАЙР…»
ГЎЗАЛ ТУШЛАР ТИЛАЙМАН, ХАЙР,
Хайр сенга, хайр сенга, то
Кўзларингда куй акс этгунча,
Этгунингча учрашув, видо.
Мактубимни ўқиб, эҳтимол,
Жуда ҳайрон бўларсан менга.
Бир кўчада шунча йил яшаб,
Севганимни билмаганингга…
Балки кекса онанг қошингда
Эртак сўйлар. Фожеа тақдир –
Ўтганларнинг муҳаббатидан…
Гўзал тушлар тилайман, хайр!
«КУМУШ ҚОРЛИ ВА ОЛТИН ДАЛА…»
КУМУШ ҚОРЛИ ВА ОЛТИН ДАЛА,
Ўртасида бир жуфт тол оғоч.
Кўринади эртак айтардек,
Дардларимга топгандай илож.
Чапда Бўзсув оқади туйғун,
Қирғоғида шивирлар шағал.
Тунги туман мисоли уйқу
Ёяр, қиёқ тебранар сағал.
Ой, юлдузи юзида итоб,
Порлаганда кечалик осмон.
Кел, майлига, машриқдан офтоб,
Ғуруб сари бош қўйган замон.
Елсин еллар, овоз сол оғоч,
Ўзлигича сўйлайди олам.
Кел, сўйлайин бир гўзал эртак,
Муҳаббатим ҳақида мен ҳам.
«УФУРАР ЕЛ, ЁМҒИР САВАЛАР…»
УФУРАР ЕЛ, ЁМҒИР САВАЛАР
Ва хотирда жонланур бир дам
Қўшиқ айтиб берган саъвалар,
Кўкда чақмоқ чаққанда бирдан.
Тутқич бермай қувалоқ елга,
Ҳам ёмғирдан панароқ ерга,
Биз иковлон кетгандик чопиб,
Ўтиргандик хилват жой топиб.
Шундай гўзал, тиниқ чаманда
Жуда ғамгин қўшиқ куйладинг,
Мен ёмғирни ёш деб ўйладим,
У пайт роса кулдинг чамамда.
Уфурар ел, ёмғир ёғади,
Хотиралар ёши томади.
«КЎКЛАМ, КЎКЛАМ…»
КЎКЛАМ, КЎКЛАМ…
Қушлар айтур ашуласини
Ва мусаффо тонгги шаббода
Димоғимга урар исини.
Ҳаёт қайнар бу ер юзида,
Ҳаёт шудгор остида бу он.
Қанотини ёзиб баралла
Қулоғига шивирлар: уйғон,
Барака ва тўй олиб келдим,
Подаларга ям-яшил гилам.
Эркин меҳнат, куй олиб келдим,
Тўлса арзир қўшиққа олам.
Кўклам, кўклам,
Қушлар айтур ашуласини…
ЭПИТАФИЯ
Бир гулғунча ҳаёти, ҳайҳот,
Наҳот сўнди. Алвидо гўдак.
Нега йиғи, нега бу фарёд,
Дарё-дарё кўз ёш не керак?!
Ахир бир кун беомон қисмат
Бизга шуни кўради раво.
О, одамлар, йиғламанг фақат
Қадимийдир жуда бу маъво.
Тирик экан қалб бор, виждон бор,
Ростми? Йўқса нечун куламиз.
Ёрқин бахт ёр бўлса ногаҳон,
Лек бирибир шундай ўламиз.
Севамиз-у, нафратланамиз,
Кўтарамиз бемаъни жанжал.
Беқарор ишқ ичра ёнамиз,
Ва кутамиз қачондир ажал.
«НЕЛАР ЎЙЛАБ ҚОЛДИНГ, ОНАЖОН…»
НЕЛАР ЎЙЛАБ ҚОЛДИНГ, ОНАЖОН,
Кўзингда марварид ёш.
Менгами бу бир жаҳон эҳсон,
Меҳрингга арзисам кош.
Арзийманми, айта қол, дунё,
Дилга солиб қўй ахир.
Йўқса, ғарқ эт, гирдибод дарё,
Ёки, ажал, кел, чақир.
Мен туғилдим. Улуғвор ижод
Ва ҳаётга тиргатдинг.
Мангу қолди менда илк савод,
Муқаддас тил ўргатдинг.
Ай, муҳаббат – бетиним булоқ,
Паришон онаизор.
Ўтсам, майли, умрбод шундоқ
Қошингда, она бедор.
«ШОИР ВА МЕН БИР ТУНДА…»
Мы, о, Мэри, грустим и поём.
А. Блок
ШОИР ВА МЕН БИР ТУНДА
Ғамгин, ҳамдард иковлон.
Ҳамон, Мэри меҳрибон,
Келгил, кутамиз бунда.
Келгил, солма азага,
Майли, ёмғир қуйганда
Ёки қиш деразага
Расм чизиб қўйганда.
Келгил, кутамиз ҳамон,
Ҳамон, Мэри меҳрибон.
Оҳ, бу кулфат беомон,
Чиқ изғиқ дала томон.
«АСЛО АҲМАД АЛИК БЎЛМАСИН…»
АСЛО АҲМАД АЛИК БЎЛМАСИН,
Марҳабо – Мариана.
Ҳар бири ҳам мусиқий, гўзал,
Лекин розими она?
Эркалатиб ва севиб жондан
Ўзи исм танлаган.
Мендан қолсин ёдгор ўғлон
Ёки қиз деб англаган.
Кечалари бедор қошингда
Қўзичоғим, деб сени
Узоқ-узоқ алла айтгандир,
Қўшиб суюк исмни.
Бугун азиз она боши қор,
Ажинлар тарам-тарам.
Гўзал ном деб танлаб қўйгани
Ҳаммасидан муҳтарам.
Асло Аҳмад Алик бўлмасин,
Марҳабо – Мариана.
Ҳар бири ҳам мусиқий, гўзал,
Лекин розими она?…
«БЕ, ШОИР ЭМАСМАН, АЗИЗИМ…»
БЕ, ШОИР ЭМАСМАН, АЗИЗИМ,
Бир одамман оддий, жўн.
Лекин хаёл этмиш табассум,
Хаёл – Лайло, мен – Мажнун.
«СЕНИ КЎРДИМ, ЮРАК ЎРТАНДИ…»
СЕНИ КЎРДИМ, ЮРАК ЎРТАНДИ,
Сени кўрдим – лол қолди тилим.
Сени кўрдим – бир туйғу танда,
Бир аланга, юз пора дилим.
Эҳ, дала қизи.
Ҳолбуки сен бефусун, оддий,
Ғубор нима билмаган нигоҳ.
Гўё камтар зангори водий,
Зурриёти пахта каби оқ,
Эҳ, дала қизи.
Ўзим ҳайрон, бу қандай бало,
Қандай оташ, бу қандай ҳолат?
Пинҳон висол учун мубтало:
Эҳтимол, муҳаббат, муҳаббат…
Эҳ, дала қизи.
«ЛАЗИЗ ДАРД ИЛА…»
ЛАЗИЗ ДАРД ИЛА,
Кеча – оппоқ дард узра ғубор.
Кўкда булут. Сўрар далалар:
“Қуёш, нуру кўз ёшинг юбор”.
Лазиз дард ила,
Ёмғир ерга қўнар. Томчилар
Бир чавандоз мисол енгилди,
Тулпорини осмон қамчилар.
Лазиз дард ила,
Қор эрийди, ирмоқ шошилар,
Ёмғир тинар, сўнгра буғ тўзар –
Дардли баҳор ҳусни очилар.
Лазиз дард ила…
1960 ЙИЛ 31 ДЕКАБРЬ
Беш йил ҳам тез ўтиб кетади,
Гар бўлсак омон.
Мақсудига ҳар ким етади,
Ноумид – шайтон.
Тарк этайлик, майли, уйқуни,
Яқин Идеал.
Илми ҳикмат ёндирар сувни –
Ошино матал.
Кимдир шеърда машҳури жаҳон,
Ёрқин тафаккур,
Ким насрда сўзи бир уммон,
Ва тиғдек ўткир.
Тақдири ҳукм этар келгуси,
Азиз дўсту ёр,
Албат, бизни қутлар келгуси
Бу ОНА ДИЁР!
1961
РОНДО
Бу хафа кеча кечар,
Қувгай уни офтоб.
Бу кеча пардек учар,
Қўйнида мажҳул сароб.
Бу хафа кеча кечар,
Кечар кўнгилдан алам.
Ул ўзи заҳар ичар –
Аламсиз қолгай олам.
Бу хафа кеча кечар,
Кечар ғафлат уйқудан…
Уйқу билмаган кеча
Порлар яна туйғудан.
Бу човук кеча кечар…
«АСТА НАВОИЙНИ ЎҚИЙМИ…»
АСТА НАВОИЙНИ ЎҚИЙМИ,
Мен бошингда, бағрим, шивирлаб?
Ёки ўзим шеърлар тўқийми?
Йўқ! Қоғозга тўкилмади қалб,
Қалб баёни шунча қийинми?!
Уйқу бўлмас менга бу тун ҳам,
Тонгни кутиб олурман ҳали.
Бир илтижо кўзинг юм, санам,
Бас энди сеҳр этмоқ, гўзалим,
Уйқу бўлмас менга бу тун ҳам.
Наҳот, уйқу этгуси маҳрум
Гўзал хаёл ила оқмоқдан.
Оташ нигоҳ, оташ табассум,
Мени армон сари боқмоқдан,
Наҳот, уйқу этгуси маҳрум.
Ухламайман гар сен уйқуда,
Сен уйқуда мен уйғоқ танҳо.
Ойдин кеча. Ойми парқуда
Ётган, ёки сенми, дилрабо?!
Ухлолмайман гар сен уйқуда.
«ЎНАР ГУЛЛАР, ЯШНАР ВА ТОЛАР…»
ЎНАР ГУЛЛАР, ЯШНАР ВА ТОЛАР,
Неки бордир иқлимда.
Лекин ижод меҳнати қолар,
Толиш билмай ақлимда.
Эзгу туйғу маскани, юрак,
Ёнғин янглиғ ёнғил сен.
Менга илҳом осмони керак,
Ёмғир янглиғ ёғил сен.
«ОНА, МЕНИ УЙҒОТ САҲАР…»
ОНА, МЕНИ УЙҒОТ САҲАР,
Уйғот кўзим кўрсин жаҳон.
Поёни йўқ ўз йўлим бор,
Ҳали бордир улкан довон,
Она, мени уйғот саҳар.
Кечирма гар тояр бўлсам,
Ахир бир кун оғир йўлда,
Сабр-тоқат косам тўлса
Ва қолмаса куч ҳам қўлда:
Йўқ! Кечирма тояр бўлсам.
Ҳеч чекмайсан, уят, изо,
Сенга ваъдам – элга ваъдам,
Сен норизо – эл норизо,
Рози бўлсин азиз Ватан,
Саҳар уйғот, онаизор.
«КИМ БИЛАДИ ОРЗУ ВА ХАЁЛ…»
КИМ БИЛАДИ ОРЗУ ВА ХАЁЛ,
Балки хазон бўлар узлатда.
Ким билади иқбол, эҳтимол,
Жилва қилар бир кун қисматда.
Ким билади сокит, бедаво,
Кечармикин кунларим маним?!
Шундай эса керакмас ҳаёт,
Яхшироқдир минг бор ўлганим.
«СЕНСИЗ КЎКДА МОҲИТОБ…»
СЕНСИЗ КЎКДА МОҲИТОБ,
Сенсиз минг юлдуз уйғоқ,
Бу тун шамол ҳам увлоқ,
Қани, деб этар хитоб.
Қани у, деб жилдирар,
Гулзор томон оққан сув.
Кўз ёши тиниқ, оҳу,
Гул баргида милтирар.
Сира ўчмайди чироқ,
Уйқу келмайди ахир.
Айрилиқ бунча оғир,
Айрилиқ бунча йироқ…
Танҳо тағин бугун ҳам,
Хаёлингни ўпаман.
Ухла, мен-да ётаман,
Ухла, хайрли оқшом.
АЛЛА
Йўқ деб ота ва онам,
Куйма, ҳаммаси ўзим.
Қўғирчоқ, ухла энди,
Кўрар кўзим, оҳ, қўзим,
Алла-ё, алла.
Тинг… тинг… ёмғир ёғар, тин,
Кеча шундай зимистон –
Чунки ухлаш керак тун,
Олам кўрпаси осмон,
Алла-ё, алла.
Индамайсан сира ҳам,
Йиғламайсан сен доим,
Ухлагин ювош болам,
Кимдир келар… Жим, ойим,
Алла-ё, алла.
Оҳиста ётур бу чоқ
Ва қиз юмади кўзин.
Уйғоқ эди қўғирчоқ,
Ухлаб қолди қиз ўзи,
Алла-ё, алла.
«ЭЛТАР ДЎСТУ ЁР…»
ЭЛТАР ДЎСТУ ЁР,
Аста мотамдор,
Уни тупроққа
Кўмишга.
Нимадир ёдгор
Қолдирмаса гар,
Ҳукм – унутмоққа
Кўнишга.
Шамол кезади,
Юрак эзади,
Бу ғамгин забон
Асабий.
У на безади,
На-да сезади,
Йўқ энди ўғлон
Абадий…
«ЎЗ ЎТИМГА ЎЗИМ ҚОВРИЛАЙ…»
ЎЗ ЎТИМГА ЎЗИМ ҚОВРИЛАЙ,
Қўй, кечирма, авф этдим дема,
Тупроқ каби кўкка соврилай.
Ойлар ўтар, йиллар… бир замон,
Сен гуноҳим эслаган дамда
Мангу тамом бўламан, инон.
Бу гуноҳим фақат кечма сен,
Аччиқ-аччиқ кўз ёши қилай –
Бу дунёдан ҳеч ким кечмасин.
«РИЁКОР ТУШ ВА ҒАДДОР ТУШ…»
РИЁКОР ТУШ ВА ҒАДДОР ТУШ:
Танҳо армон кетмиш ташлаб,
Юрак ғашлаб, кўзим ёшлаб.
Уйғондим-у, бўлдим беҳуш,
Риёкор туш ва ғаддор туш.
Ажойиб туш, ғаройиб туш,
Яшай олмас эмиш нигор
Менсиз – ёруғ жаҳони тор.
Уйғондим-у, бўлдим беҳуш,
Ажойиб туш, ғаройиб туш.
«ЖОН ОЛГУЧИ МУСИҚИЙ ОҚАР…»
ЖОН ОЛГУЧИ МУСИҚИЙ ОҚАР,
Изтиробда Лист.
Ёнган қалбни у яна ёқар,
Туғён этар ҳис,
Унга жўр ёмғир.
Йиғлар осмон ва маржон ёши
Томар ойнага.
Сен келмасанг – агар Қуёши
Кулар Ой нега?
Айрилиқ оғир.
МАРВАРИДА
Ташвиш ҳам сулув.
Зулфия
1.
Сени бемор деб айтди, оҳ,
Бу сўз заъфар, бу сўз қаро.
Оҳ, дил озор, оҳ, дил сиёҳ,
Дил йиғлади мотамсаро.
Сени бемор деб айтди, оҳ,
Кўк ғазабнок, ҳам зимистон.
Ногоҳ чақмоқ чақди, бироқ
Алангада куяр жаҳон.
Сени бемор деб айтди, оҳ,
Шамол йиғлар ва солгай ув.
Моҳтоб юзи хаста ва оқ,
Унда ғаш ва унда қўрқув.
Сени бемор деб айтди, оҳ,
Ул хотиржам.
Марваридам…
2.
Ул шоир кўз ёши шеър бўлиб оқди,
Шеър бўлиб оқди.
Булутдан узилган ҳар дона ёмғир,
Ҳар дона ёмғир,
Кўк сафсар гул узра марварид тақди,
Бош эгди оғир…
«МАЙЛИ, ЙИҒЛА, ЙИҒЛА ВА ЛЕКИН…»
МАЙЛИ, ЙИҒЛА, ЙИҒЛА ВА ЛЕКИН
Абад видо бўлса қайғуда.
Дейдиларки, кўз ёши эркин
Оқса, қайғу эрир йиғида.
Майли, йиғла, йиғла ва лекин
Маржон-маржон севинч ёши тўк.
Баҳор йўқдир ва хароб экин
Баъзан шундай йиғламаса кўк.
АЛЛА
Бувимга
Тунда келдим узоқ сафардан,
Кўзларингда марварид –
Ёш интизор кунлар эҳсони –
Меҳр бозоридан харид.
Ухла, алла айтай қошингда.
Куйиб суйган кунларинг ҳаққи.
Ширин ҳаётим садқа.
Уйғоқ ўтган тунларинг ҳаққи,
Шеърим – бисотим садқа,
Ухла, алла айтай қошингда.
Она, садқа жону жаҳоним,
Бахтим, жоним, соғ бўлсанг.
Бўлсанг меҳринг ила офтоб,
Буюкликда тоғ бўлсанг,
Ухла, алла айтай қошингда.
Оқ сутингни оқлай, оҳ, она,
Олтин сочай бошингга,
Арзимасман илиқ табассум,
Томчи қайноқ ёшингга,
Ухла, алла айтай қошингда.
Мен ухласам сен ухлагансан,
Йиғлагансан – йиғласам.
Мен кулганда сен ҳам кулгансан,
Ўйнагансан – ўйнасам,
Ухла, алла айтай қошингда.
Тунда келдим узоқ сафардан,
Соғиниб келди ўғил.
Ухла, алла айтай қошингда,
Мен бедор, сен ухлағил,
Ухла, алла айтай қошингда.
«КИМ БИЛАДИ ОРЗУ ВА ХАЁЛ…»
КИМ БИЛАДИ ОРЗУ ВА ХАЁЛ
Балки хазон бўлар узлатда.
Ким билади иқбол, эҳтимол,
Жилва қилар бир кун қисматда.
Ким билади сокин, бедаво
Жимгина кечарми ҳаётим.
Жимгина кечарми бенаво,
Яна синган каби қанотим.
Оппоқ ойдин йўлим бегумон,
Мен бир мурват, тафаккур – само,
Хазон бўлса гар орзу – армон,
Фақат ўзим сабабкор танҳо.
Майли, ташвиш билан йилу ой,
Кеча-кундуз ва ҳар бир соат
Ўтса ўтсин лекин, ҳойнаҳой,
Инон, бўлмас асло бемеҳнат.
Ишонсалар, сени севсалар,
Келгуси бор буни десалар,
Билмай нима ўзи тақозо,
Оҳ, ишонч бу энг олий жазо.
«ЛАГАНБАРДОР ЭМАСМАН…»
ЛАГАНБАРДОР ЭМАСМАН,
Ёқтирмайман хушомадни.
Ҳар кимга ҳам букмайман
Мағрур қоматни.
Лекин биламанки,
Сен елкада кўтарган
Бу жаҳон ғами оғир.
Милёнларнинг кўзи бўлсанг сен,
Милёнларнинг сўзи бўлсанг сен,
Мақтамай нега,
Нега осмонларга кўтармай ахир?!.
Лаганбардор эмасман,
Хушомадни ёқтирмас кўнглим.
Ҳамдард дўстим,
Меҳрибон отам,
Лекин қошингда бу кун
Виждон буюрганин ёяман,
Яхши фарзанд каби
Жаҳонда бир зарра бўлиб мен ҳам
Таъзим ила қўяман
Юрак узра ўнг қўлим:
Ассалому алайкум!
«РИЁКОР КЎЗЛАРИНГГА…»
РИЁКОР КЎЗЛАРИНГГА,
Ҳамдард сўзларингга
Зор эмасман,
Илтифотинг ўзингга, ошнам.
Сариқ чақа қадрим йўқ, аммо,
Сени сариқ чақага ҳам
Олмасман.
Истасам ўзимни
Тубан санай биламан,
Истасам сўзимни
Сайлай биламан.
Истасам дейманки;
Машҳури замонаман,
Назаримга илмайман лекин
Бу мулк, дунёни,
Гарчи мен девонаман…
«МЕН КЕЛГАНДА ХАСТА ЭДИ…»
МЕН КЕЛГАНДА ХАСТА ЭДИ
Меҳрибон онам.
Лекин бошим силаб деди:
Соғмисан, болам.
Онажоним ётар касал,
Ва чўпдай ориқ.
Лекин дейди: ориқлабсан
Уринма ортиқ.
Қолмиш сочи оппоқ бўлиб,
Сезмайди ўзи.
Лекин ғамга қалби тўлиб,
Узмайди кўзин…
«ЭҲТИМОЛ ТУШУНМАБСАН…»
ЭҲТИМОЛ ТУШУНМАБСАН
Мен айтмоқчи бўлган фикрни.
Телбароқ кўринаман.
Шундайми?!
Ва лекин,
Ўз кўзларингга ишонмайсан,
Жасорат кўрсатсам бир кун.
Катта кетма, демоқчисан,
Мийиқда кулиб қўйдинг ҳозир,
Лабингда порлади истеҳзо,
Юзларингда ачиниш рози.
Қойилмисан?
Сенда ўзгариш бўлсин учун
Мен нимадир этдим эҳсон.
Зинҳор,
Сен янги товушдан чўчима,
Қулоқ сола берма
Вазн ва қофияга,
Қўй, эски қанот билан учма!
Бас энди риё қилмоқ –
Бу ҳижо деб, бу туроқ деб
Осилмоқ қоидага.
Ғарб – отам менинг,
Шарқ – онам.
Банд этгандир бошимни
Жаҳон ва Инсон…
Ортиқ бўлмас қурол ҳаётда,
Ортиқ бўлмас қонун ҳам, инон.
Эҳтимол, тушунмайсан…
«ДЎСТИМ…»
ДЎСТИМ,
Сира бўлма ўзингдан рози,
Ғафлатда қолма бир замон,
Дўстларингнинг меҳри, эъзозин
Бир гап билан бир дақиқада
Ўн йилларда топган бахтингни
Ҳеч ажаб эмасдир этасан тамом.
Қолсин десанг ўша бахт, ўша эътибор
Етти ўлчаб бирни кес ҳар вақт
Айтар бўлган гапларингни,
Босар изингни таъқиб этиб бор –
Йўқ эса абадий эмас бахт.
«ЖАЛБ ЭТМАЙДИ, ЙЎҚ…»
ЖАЛБ ЭТМАЙДИ, ЙЎҚ,
Гўзал қизлар ногаҳон.
Ўғирлаб ҳам олмайди
Шу кўзларга беркинган
Муҳаббат оҳини.
Бойлик нима?!
Бойлик керак эмас бу замонда.
Инсон қадри-қиммати керак,
Жуда катта бойликдир
Агар мараз бўлмаса танда.
Ҳеч нарса қолдирмади
Менинг бой бобом.
Ҳеч нарса қолдирмасдан
Ўтди отам дунёдан.
Қолдирди ёлғиз алам.
Кўп йиғладик
Мен ва муштипар онам.
Ойлар мотам либосин
Йиғмадик.
Узун йиллар овутди,
Ғамгин кунлар эсда қолди-ю,
Лекин бахтиёр кечган
Йилларни мен унутдим.
Ҳозир эса сен пайдо бўлдинг,
Мени сен сева билдинг,
Тушундинг,
Чинга айлантирдинг
Тушимни.
Ишқ деб сақлаганим
Буюк меҳр сеники экан,
Сенга бахш этдим
Шу ёлғиз нарсани, эркам.
Оёғингга бошимни қўйиб,
Йиғлаб олай тоза
Тўйиб-тўйиб.
Сени топганим учун.
Кўз ёшимни тўкмай бироқ,
Бу кўз ёш тенгдур
Бир дунё дурга
Ва муҳаббатим каби тоза,
Шунинг учун тўкмайман
Мен уни ерга.
«ҲАЛИ БУ ЙЎЛ КЎП ЙИРОҚ…»
ҲАЛИ БУ ЙЎЛ КЎП ЙИРОҚ,
Юр, ҳув яшил бедазор.
Қушча сайрар беозор,
Ҳали бу йўл кўп йироқ.
Сен дам ол, соҳибжамол,
Мен қошингда ўлтирай.
Бир эртак айтиб берай,
Сен дам ол, соҳибжамол.
«ҚАНИ УЛ, ДЕБ ЖИЛДИРАР…»
ҚАНИ УЛ, ДЕБ ЖИЛДИРАР,
Гулзор томон оққан сув.
Кўз ёш(и) тиниқ кўзгу,
Гул баргида милтирар.
Сира ўчмайди чироқ,
Уйқу келмайди ахир,
Айрилиқ бунча оғир,
Айрилиқ бунча йироқ.
Дўстим, сен ҳам ёнасан,
Зулфия рубобида,
Соғинч, васл азобида;
Лекин келгач тонасан.
Танҳо тағин бугун ҳам,
Хаёлингни ўпаман,
Ухла, мен-да ётаман,
Ухла, хайрли оқшом.
ҲЕЙ, МАЖНУНТОЛ!
Мен ўлтирсам яна ёнингга,
Балки қирқ йил сўнгида келиб:
“Дам бергандинг учқур отингга,
У пайт ёшлик билан эдинг”, деб
Йўқ, мажнунтол, солма юзимга.
1962
«ҒУНЧАЛАР ПУШТИРАНГ ВА ЗАЪФАР…»
ҒУНЧАЛАР ПУШТИРАНГ ВА ЗАЪФАР
Зангори япроқлар шаҳрида.
Ғунчалар орзумдек ҳар сафар
Ғунчалар қалбимнинг бағрида…
Қалбимнинг бағрида бир жаҳон
Ғаройиб эртаклар айтади.
Мен қайтиб келмасман ҳеч қачон,
Ғунчалар, албатта, қайтади.
ЯНГИ ТОНГ…
Тонгда эриб кетди
Кеча.
Уйқусини қувиб кўчанинг
Автолар шовқин солиб кечар.
Дунё сўрармидим сендан,
Дўстим, шу дақиқа.
Шунчаки, тонг нафаси янглиғ
Табассуминг керак
Фақат.
ФАВВОРА
Кўп оғир кўринар ухлашинг,
Бугун сенга тушганди ишим.
Фақат сенинг йиғлашинг яхши,
Яхши эди сенинг йиғлашинг.
Нечун жимсан бугун фаввора?
Дунёда йўқ эди ўхшашинг,
Гўё тиниқ тоза гул эдинг.
Кўз ёшларинг тинган. Кул, энди!..
Яхши эди сенинг йиғлашинг…
Нечун жимсан, ахир, фаввора?
ИСИКАВА ТАКУБОКУ[5 - ХХ аср япон классик шоири.] ХОТИРАСИГА
Ҳасратимнинг
Суюқ тошларидан
Даҳма қурмоқчиман
Ўзимга.
Ичида ўз жасадим бўлсин.
РОНДЕЛ
Хайрлашдик… Ўйнар капалак…
Биз асир бўлмадик лаҳзага.
Хайрлашдик бесўз, беюрак.
Бу боғ, бу гул келди ларзага.
Шабнамнинг соф қадаҳи синди …
Кулимизни совурди фалак –
Сен мендан айрилдинг, мен сендан,
Ўйин тушар рангин капалак.
Ўйнар, ўйнар, ўйнар капалак.
Бир лаҳзанинг фармони қолди.
Хайрлашдик. Бесўз. Беюрак.
Буюк севги армони қолди …
Қандай гўзал рангин капалак.
ХАРИТА
Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг сурати – харита
Етар
Мен ҳали кўрмаган ороллар
Мен ҳали билмаган ерлар денгизлар
Қонларимда ором олар
Қонларимни бузар
Бунда кўринмайдир бир чайла
Унда бақираётган бир одам
Қалқир қалқир ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлаб отар
Харита – нафасим
Кўзимнинг иссиғи – харита.
«МАЪНО ЎҚИ КЎЗИМДАН…»
МАЪНО ЎҚИ КЎЗИМДАН,
Мен ёниб муҳаббатда,
Гар адашсам сўзимдан,
Қошингда хижолатда,
Маъно ўқи кўзимдан.
Сен жабрга устасан,
Аммо мен ортиқ моҳир,
Севаман ва истасам,
Тарк этмакка ҳам қодир.
Мен – муҳаббат, мен – ситам.
Чангал ясаб бошимда,
Сени олиб қолғайман.
Ғамгин бир қарошимда
Ўз наҳримга солғайман,
Чўкарсан кўз ёшимда.
«ОЙЛАР ЎТДИ ВА ЙИЛЛАР ЎТДИ…»
ОЙЛАР ЎТДИ ВА ЙИЛЛАР ЎТДИ,
Лекин сендан бўлмади хабар.
Ёлғиз сени мен ёлғиз кутдим,
Кута бериб хун бўлди жигар.
Мана охир сен-да намоён,
Муҳаббатим, кўзим, исматим.
Ўнгми, тушми ё ширин армон?
Бирдан ярақлади қисматим.
Сен ўша-ку, хаёлда кўрган,
Ўша нигоҳ, ошно табассум.
Ўша оҳу кўзлар тиғ урган,
Ва юракка бошлаган ҳужум.
Сенга жуда ғалат туюлар
Балки севгинг билан ёнганим.
Менга оғу каби қуюлар
Шундай буюк ишқдан тонганинг.
Ойлар ўтди ва йиллар ўтди,
Юрак эса ишонч ва ғашда.
Қанчадирки, ўтган вақт, кутдим,
Сени кутдим куйиб оташда.
ХАЙР, ДАДА,
Биз энди кўриша олмаймиз
Ёруғ дунёда.
Биламанки, сиз тупроқда,
Биламанки, сиз қалбимнинг
бағрида очилган япроқда.
Биламанки, мумкин эмас
сизни бир бор кўрмоқ,
бахтини
тута билмай кўкраклар-ла
ер ўпмоқ!
Армоним қолди, холос.
Армонимга сиғинаман,[6 - Ушбу шеър дастлаб “Тасвир”, “Сабр дарахти” китобларида нашр қилинган. Кейинги нашрлар учун шоир “Армонимга сиғинаман” сатрини “Туркистонимга – армонимга сиғинаман” шаклида таҳрир қилган. Шеърда “Туркистонимга” сўзи ўз ўрнини топмаган. Шунинг учун, биз ушбу сайланмага шеърнинг илк вариантини киритишни лозим топдик.]
Сизни соғинаман…
Биламанки, мумкин эмас.
«ТАЛПИНАДИ, ШУНДАЙ КУЛАДИ…»
ТАЛПИНАДИ, ШУНДАЙ КУЛАДИ
Кўм-қўк ўрмон ва тиниқ дарё.
Дарё узра ой ҳам қулади,
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.
Талпинади яшил далалар –
Совутади асов отини.
Қуёш ширин ўйларга толар,
Бугун ёзар гул ижодини.
Совуқ юракларга ўт қалаб,
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади ўлкада баҳор.
«МУАЛЛАҚ КЎЛЛАРДЕК БУЛУТЛАР…»
МУАЛЛАҚ КЎЛЛАРДЕК БУЛУТЛАР,
Қўйган каби кундага бошни,
Ташна саҳро ёмғирни кутар.
Дунёлар ўтларга қорилган,
Англамайдир бу қайноқ тошни,
Бу саҳро қонталаш, ёрилган.
Сабрсиз, бу саҳро сабрсиз,
Қайга кўмсин бу чексиз лошни
Қабрсиз, бу саҳро, қабрсиз.
Пуфлар куйиб кетган қуёшни.
«ВАТАН, СЕН БИР ГУЛ ЭСАНГ…»
ВАТАН, СЕН БИР ГУЛ ЭСАНГ,
Булбул бўлиб куйлагум.
Сенинг қутлуғ умрингга
Мен умримни улагум.
Жон томиринг сингари
Оқгум дарёларингда.
Мангу қолгум жаннати
Сенинг дунёларингда.
Беҳуда хаёл билан
Келса қонли панжалар,
Бир қарич ўтмас ғаним –
Кўксим метин панжара.
Сен кўзим қорачўғи,
Соқчи ҳар бир кипригим.
Сен рози эмас бўлсанг –
Менинг бордан йўқлигим.
«ШЕЪРИМ СОВҒА ЭТМАС ҲАЯЖОН…»
ШЕЪРИМ СОВҒА ЭТМАС ҲАЯЖОН,
Шунчаки ўқирсан, эҳтимол.
Ғашга тегар туроқ ва ҳижо,
Қофиялар тортмас эътибор.
Лекин тушун мени, азизим,
Бузулса ҳам қонун-қоида,
Сенга ишқим шеър бўлиб оқсин,
Оқар бўлса нега тўхтатай…
«ЗАЪФАРОН ЧАҚА ҲАМ ЙЎҚ ҲОЗИР…»
ЗАЪФАРОН ЧАҚА ҲАМ ЙЎҚ ҲОЗИР,
Еллар чўнтагимда чийиллайди.
Киссам касал бўлса қалбим зар,
Дўстим, ҳеч бокиси йўқ. Майли.
Боқма эски одамга ўхшаб,
Ўтган аср каби қарама.
Ва хижолат чекма уялиб,
Сочинг учларини бурама.
Сен – орзуйим. Мен ҳамон ўша,
Оддийгина шу костюмда ҳам,
Сева билдим сени, дўстгинам,
Боқма менга ўтмишга ўхшаб.
Доим бошинг узра ҳозирман,
Кўзларингни чақмоқдай ёқай.
Кўз ёшимни ё дарё этиб,
Қалбинггами ишқ бўлиб оқай?!.
Тила тилагингни мен шоирман....
ҚУШЧА
Ёлғиз бир қўшиқ бор сенда
Ва бир жуфт қанотгина.
Уча-уча чарчайсан.
Одамларга ўхшаб сақламайсан гина.
Урчийсан.
Баъзан сен ҳам изғиринда
Бошпана излайсан, қушчам.
Бироқ сен кулмайсан,
Куйиб йиғламайсан ҳам,
Сен билмайсан
Нима бахтдир, нима ғам.
Бевафолик қилса бир пул
Сенинг ёринг.
Ҳар ҳолда дон-дунинг битса
Текин, бехатар
Қайдан бўлса олмоқ учун
Рухсат берар
Номус-оринг.
Сен тилдан қийналмайсан,
Сенда ёлғиз наво, қушчам.
Сен пулдан қийналмайсан,
Бепарво, қушчам.
Сен билмайсан
Байрам нима, кийим нима,
Ишқ нима?
Сен кулмайсан
Ва йиғламайсан ўксиб…
Лоақал, сен абадий
Яшасанг эди, дўстим.
АРМОН
Юрак ичра беркитдим
Муқаддас армон деб сени.
Ўзингга бориб айтсаммикан,
севгилим.
Қайдам, ранжирмисан,
Севинармисан ёки?
Айтсам,
Ортиқ муқаддас армон
Бўлмассан, балки.
Айтмайман ва лекин
Пинҳон ёниб
Юрак ичра беркитдим
Сени муқаддас армон деб.
«ЯРАТАРКАН ЎЗИ ТАБИАТ…»
ЯРАТАРКАН ЎЗИ ТАБИАТ,
Бир қудрат этган эҳсон.
Бу менинг ҳаққим,
Жасорат кўрсатгумдир,
Сезиб турибди ақлим.
«ҲАҚҚИМ БОРМИ, АЙТ, ЎЗИНГ…»
ҲАҚҚИМ БОРМИ, АЙТ, ЎЗИНГ,
Бир тун мисоли қаро
Сочларингни силасам,
Ёки мени бедаво
Мажнун атаб куласан?
Ҳаққим борми, айт, ўзинг
Кўзларингга қарасам,
Йўқса, кечиб дунёдан
Хилватгоҳда қарисам,
Ҳаққим борми, айт, ўзинг.
Ҳаққим борми, айт, ўзинг
Оёғингда йиғласам,
Балки дардли, бенаво
Бир кун мангу ухласам,
Ҳаққим бордур, дилрабо?!.
«ОРЗУЛАРИМ, ИШОНЧИМ СИЗДА…»
ОРЗУЛАРИМ, ИШОНЧИМ СИЗДА,
Сизда бутун ўйим, борлиғим.
Ташвишларим,қувончим Сизда,
Сизда менинг йўқу борлиғим.
Жуда катта бахт бор оламда,
Унга пуллар муяссар эмас.
Агар ақл бўлса одамда
Йўқ, йўқ, пули асло бахт эмас.
Жуда катта бахт бўлар агар
Бир кишига бахт этсанг ато.
Бахтиёрлик тилайман, дилбар,
Оёғингга қилиб илтижо.
«МЕНГА БАХШ ЭТ ЎЗИНГНИ, САНАМ…»
МЕНГА БАХШ ЭТ ЎЗИНГНИ, САНАМ,
Кўксим узра қўйғил бошингни.
Абадиятга элтайин мен ҳам,
Маликам, ўн саккиз ёшингни.
Қуёш каби бўлиб қаршимда
Шуълаларда, майли, ёндир Сен.
Фақат доим яшаб аршимда
Севилганимга инонтир Сен.
«НЕГА КЕРАК ЁРҚИН НИГОҲ…»
НЕГА КЕРАК ЁРҚИН НИГОҲ,
Олов кўзлар ичра маъсум,
Риёкор бир дард яширмоқ,
Нега керак ўт табассум.
Кўзларимга сен беркинган,
Кифригимда сенсан ҳозир.
Сен ҳоким ўй ва эркимга,
Ўз ҳолимга қўйғил, ахир!..
1963
«ЁМҒИР ҲАМ ТИНМАДИ УЗУН КУН…»
ЁМҒИР ҲАМ ТИНМАДИ УЗУН КУН,
Увушган навдалар синдилар.
Ёмғир ҳам тинмади узун кун,
Барглари жон узиб тиндилар.
Дераза ортидан бир жувон
Қарайди, уфқ ҳам қорайди.
Дераза ортидан бир жувон
Энтикиб кўкларга қарайди.
Самонинг кўксига қоқилса,
Шамолга чиқсайди отилиб.
Майлига, ёмғирдек йиқилса,
Шамолга чиқсайди отилиб.
Бағрига олар-ку бўронлар,
Исмсиз ҳасратни ҳайдарлар.
Бир имкон шартини айтарлар,
Бағрига олар-ку бўронлар.
Ёмғир ҳам тинмади узун кун…
«ЁЗ КЕЧАСИ. ОСМОН – ФАЛАҚДА…»
ЁЗ КЕЧАСИ. ОСМОН – ФАЛАҚДА
Кундузнинг китоби ўқилди.
Тарс ёрилди қовун палакда,
Олтин шафтолилар тўкилди.
Далаларда мудрайди уйқу,
Дала ётар кутиб қуёшни.
Ариқларда доим уйғоқ сув,
Полизларга кетади шошиб.
Ёз шаънига қўшиқ тўқилар,
Чигирткалар чириллар чунон.
Ёмғир ёғар, гўё ёғилар,
Иссиқ тупроқ устига маржон.
Ёз ёмғири илиқдир бирам,
Шитир-шитир унинг қўшиғи.
Бир ширин ҳид таралар ердан,
Ва юракка кетар қўшилиб.
«ЯПРОҚЛАРДА ШАМОЛ ЎЙНАР…»
ЯПРОҚЛАРДА ШАМОЛ ЎЙНАР,
Сув мавжида ўйнар шамол.
Сарин шамол нима сўйлар,
Юрагида қандай хаёл?
Деразамни чертади у,
Тиқирлатар эшигимни.
Ором билмас, билмас уйқу,
Уйғотади келиб мени.
Сочларимга қўнар шамол,
Шамол қўнар кўзларимга.
Қўшиқ, эртак айтиб хушҳол
Сўнгра қайтар изларига.
Хайр, шамол, хайр, шамол,
Ўйнаб-ўйнаб келгин яна.
Менга атаб бир қўшиқ ол,
Олгин яна бир афсона.
«НИМАДИР У – КЎЗИНГГА КЕЛГАН…»
НИМАДИР У – КЎЗИНГГА КЕЛГАН
Хаёлингга, она, не келди.
Йиғлаб туриб, ҳаттоки, кулдинг,
Нимадир у, кўзингга келган?
Менга жуда ўхшайди, она,
Кўзларингда ялтираган ёш,
Менда ўша кўзу ўша қош,
Менга жуда ўхшайди, она.
Она, уни тўкма, илтимос?!
Кўзларингдан тўкилай, агар
Севинчингдан бермасам хабар.
Она, уни тўкма, илтимос…
«ҚАНДАЙ ГЎЗАЛ, ҚАНДАЙ ЛОЖУВАРД…»
ҚАНДАЙ ГЎЗАЛ, ҚАНДАЙ ЛОЖУВАРД,
Хаёл каби кўринар жаҳон…
Лекин менинг юрагимда дард,
Мендан хафа бўлманг, онажон.
Ухламасман тонггача, она,
Тонгда чиқар ёрим бегумон.
Кўзингизга уйқу бегона,
Мендан хафа бўлманг, онажон.
Севганимнинг ёнига борай,
Юрагимда қолмасин армон.
Унга йиғлай, унга ёлборай,
Мендан хафа бўлманг, онажон.
Ишқ ёр бўлди мунис кўнглимга,
Мени адо этди ул жонон.
Кўз тутмангиз энди йўлимга,
Мендан хафа бўлманг, онажон.
НОЗИМНИНГ САДОСИ[7 - Нозим Ҳикматга бағишланган бу шеър шоирнинг сарбастдаги илк машқларидан. Бу шаклдаги шеърларини ҳам у Нозим Ҳикмат таъсирида ёза бошлаган эди. Мазкур шеър 1963 йилда битилган. 1965 йилда эса Рауф Парфи, ТошДУнинг битирувчиси ўлароқ, Нозим Ҳикмат ижоди бўйича диплом иши ёзган.]
Кетди Нозим.
Келар Нозим овози.
Киприкларим соқчилигида
менинг кўзим – менинг дунём
Ҳасрат янглиғ
жаннат янглиғ менинг дунём,
фикрларим
соқчилигида.
Атрофимда айланар энг дардли,
энг бахтли тириклик сайёраси.
Мен унинг ўртасида
жаҳон каби катта ва норасида.
Кўз ёшларим қалбимни овутмади,
кўзларим йиғласа,
қалбим йиғлар чорасиз.
Қалбим йиғлаганда
кўзларим тўкади
аччиқ ёш.
Қуёш! Қуёш – бир бош!
Кўзларимни қалбимдан айри тутмадим.
Бир садо
Нозимнинг садоси –
сочилар
миллионларнинг сон минг кўчаларига,
дунёнинг энг ёруғ,
дунёнинг энг қора кечаларига.
Нозим… Нозим…
Кетди Нозим.
Қолди Нозим садоси.
Садонинг акс садоси,
Акс садонинг акс садоси.
Садога ўралашиб борар тобора
Бу дунё.
Садо кенгликлари теран боқар менга
Нозим Ҳикмат кўзлари ила.
ВАҚТ
Вақт ўтмоқда,
Нонуштаси йўқ, тушлиги йўқдир унинг,
У давомли ҳаракат уйқусида.
Вақт ўтмоқда.
Сочларини юлар Вақт
Совуққон ўрнимиз устида.
Деразани очинг
Шамоллар кирсин,
Хонангиз нафасга тўлсин,
Мусаффо нафасга…
Ўтган вақтлар,
бекор вақтлар
кўриниб турсин
кўкрак қафасдан.
Ватанликда ва Қуёшликда
Қурайлик!
Қурайлик иморат
оловли,
навқирон ёшликдан!
Қани, эй, югуринг,
Югурайлик!
Эшиклардан бошларни ҳайданг!
Тупроқ – Онамизни
кўзимизга олайлик.
Томирларга Вақтни бойланг –
Томирларга
Бойлайлик!
Вақт ўтмоқда…
«ЁМҒИР ЭМАС, МАРВАРИД ЁҒАР…»
ЁМҒИР ЭМАС, МАРВАРИД ЁҒАР,
Ёмғир – кеча шаклида бу он.
Сув сингари жилдираб оқар,
Кеча кечар шод ва беармон.
Баргларда рақс этар шаббода,
Ўйнар сабо шаклинда кеча.
Тун булутга кўтариб бода,
Афсоналар айтар тонггача.
Танизорим игна учинда,
Кўзларимда порлар қора нур.
Менга кеча ёмғир ичида
Машъум хаёл каби кўринур.
Рухсорини ювган кечада
Мен билмаган яланғоч шуур.
«ДЕРАЗАМГА УРИЛАДИ ҚОР…»
ДЕРАЗАМГА УРИЛАДИ ҚОР,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.
Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга…
«ДАФТАРДАН БИР ВАРАҚ БОҚАДИ КУЛИБ…»
ДАФТАРДАН БИР ВАРАҚ БОҚАДИ КУЛИБ,
Бевафо, келдингми яна бу фурсат.
Соат ҳам уринар қаҳрга тўлиб,
Йўқсан-ку, не учун келдинг, эй сурат?
Қаттиқроқ уринар яна-да соат,
Яна-да буруқсаб ёнмоқда чироқ.
Тун қуши ўкириб қилар ибодат,
Деразам ортидан эгилиб шу чоқ.
Қорайиб ёнарсен зулмат йўлинда,
Юрагимда ёниб битган севгилим.
Ўтган хотиралар ўнгу сўлимда.
Дафтардан расмингни олганман юлиб,
Суратсиз шу варақ менинг қўлимда,
Суратсиз варақда сен борсан, гулим.
«БУ КУН БИР ТУШ КЎРДИМ. ТУШИМДА…»
БУ КУН БИР ТУШ КЎРДИМ. ТУШИМДА
Бухорода юрган эмишман.
Юксак миноралар бошимда,
Оёқларим остида гулшан.
Бухорода юрган эмишман,
Мен-ла бирга юрармиш қуёш.
Эрир эмиш, оқар паришон
Муз асридан омон қолган тош.
Юксак миноралар бошимда
Менга ҳасад билан боқармиш.
Асрлар бир дамдай қаршимда
Зангор олов бўлиб оқармиш.
Оёқларим остида гулшан –
Қайноқ оловларнинг давоми…
Бухоро зангори гул ушлаб
Мени асир этди тамоман.
Ул айирди мени ҳушимдан –
Юрагимни кўрган эмишман…
Букун бир туш кўрдим. Тушимда
Бухорода юрган эмишман.
«КУЛРАНГ БУЛУТ КЕЗИНАДИ ЖИМ…»
КУЛРАНГ БУЛУТ КЕЗИНАДИ ЖИМ,
Кулранг булут ўхшар уйқуга.
Кулранг булут бошлайди ҳужум,
Бақириб шивирлар руҳимга.
Нафаслари қисилиб гўё
Қалдирғочлар учар ер бўйлаб.
Ғамгин-ғамгин кўринар дунё –
Ўйларини қийнайди ўйлаб.
Кулранг булут қулади охир,
Парчаланди шу муаллақ кўл.
Ғир-ғир шамол, ғир-ғир ёмғир,
Суратимни чизиб берар йўл.
Қалқиб-қалқиб қўяди қараб
Табассумлар ёзилган тупроқ.
Чапак чалиб, сочини тараб
Бош ювади бир ҳовуч япроқ.
Яна булут кезмоқда сарсон
Таъқиб этиб борар изимдан,
Нафасларга тўла бу осмон
Узилмайдир асло кўзимдан…
«САБОЛАРДА ЎЙНАЙДИ НАВО…»
САБОЛАРДА ЎЙНАЙДИ НАВО,
Ариқларда сув оқади шан.
Оҳангларга тўлибдир ҳаво,
Бенавосан нечун ёлғиз сан?
Кузги боғлар шивирлашар жим,
Кузги боғлар куйчи заъфарон.
Куйлармикан шундай юрагим,
Қўлларингни қўйгил, меҳрибон?
Бенавосан нечун, дилбарим,
Ҳаёт сени этмасми мафтун?
Мафтун этмайдими гул барги,
Мафтун этмайдими шеърий тун?
Қара, қандай порлоқ эрур кўк,
Тингла, қўшиқ айтар юлдузлар.
Бу – ой тўккан шуъла эмас, йўқ,
Бу – навога айланган сўзлар.
Уфқларда ёниқ афсона –
Олгин Эркин Воҳид шеърларин.
Ойдин йўллар қўшиғин, мана,
Йўллар ўзи айтар, дилбарим.
Саболарда ўйнайди наво,
Ариқларда сув оқади шан.
Оҳангларга тўлибдир ҳаво,
Бенавосан нечун ёлғиз сан?
«МУДРАБ ЁТАР БУНДА ДАРАХТЗОР…»
МУДРАБ ЁТАР БУНДА ДАРАХТЗОР,
Ухлар юпқа муз остида сув…
Қуёш ойни тополмасдан зор
Ботиб кетди, булут – оқ парқув.
Зулмат отли шоҳ киймоқда тож.
Ўз ҳукмига олганда уйқу
Ухлаб олар олам ноилож.
Бечора тонг – ухламайди у.
«ОҒИР ТУН. ҚУРИР ТИНКА…»
ОҒИР ТУН. ҚУРИР ТИНКА…
Қандай изғирин кеча,
Бу ёмғир тинар қачон?
Ерга ботади товон,
Лой ёпишар этикка.
Лекин кутасан ҳамон
У таниш тол остида,
Аразинг бўлар тамом,
Қари тўнка устида
Ўлтирамиз ёнма-ён.
Ҳис ва хаёл кечаси
Ҳароратли бир совуқ
Гулхан ёқаман ва сен.
Оббо, тамаки ҳам йўқ,
Мени аста қучасан.
Ёмғир қорга айланар,
Кўзингда кулар алам,
Оҳиста бош айланар.
Қайга қочиб борар ғам?
Қандай гўзал бу олам!..
«БОРМИ, БАҲОРИМ БОРМИ…»
БОРМИ, БАҲОРИМ БОРМИ?
Бормисан, севимли ёр,
Дилга шунча озорми,
Эй Баҳор, эй Баҳор?
Қуёш кулар, кулар ҳаёт,
Анвойи гуллар кулар.
Ўзин бахш этмоқдан шод
Пойимизга йиқилар.
Қайлардасан сен фақат,
Жондан азиз кўрганим.
Ҳеч яшолмас муҳаббат
Айрилиққа ўрганиб.
Сенсиз кўкда моҳитоб,
Сенсиз уйғоқ юлдузлар.
"Қани" деб қилар хитоб,
Танҳо дил сени излар.
Борми, баҳорим борми,
Бормисан, севикли ёр?
Дилга шунча озорми,
Эй Баҳор, эй Баҳор?!
ОЙДИНЛИК
Кундай ёруғ, тундай қора
Экан кўзларинг.
Усмон НОСИР
1.
Ой сузади. Музлаган кеча,
Қор уфурар.
Туманларда бир юлдуз мунча
Ғамгин турар…
Ғуж-ғуж юлдуз, ой кезар холий,
Боқасанми?
Ишқ дарёси оқар хаёлий,
Оқасанми?
Нима келди шу дам ўйингга…
Ким у? Айт, ким?
Бечора ошиғинг йўлингга
Зорми, айтгин?
Ой сузади. Музлаган кеча,
Қор уфурар.
Туманларда бир юлдуз мунча
Ғамгин турар.
2.
Майли оқшом, майли қор,
Ой ёруғида
Сен порладинг, гўзалим,
Севги – руҳимда.
Ким яширди, ёлғизим,
Тунни кўзингга,
Қор сингари мусаффо
Кумуш юзингга?
Олисда ял-ял ёнган
Нима экан ул?
Юргин ўша томонга,
Эй гўзал сурур.
Майли оқшом, майли қор,
Ой ёруғида
Сен порладинг, гўзалим,
Севги – руҳимда.
«АЙЛАНИБ ТУШАР ҚОР ЙЎЛИМГА…»
АЙЛАНИБ ТУШАР ҚОР ЙЎЛИМГА,
Қўлингни қўйгил, ёр, қўлимга.
Сен қолдинг муҳр каби лабимда,
Сен – бир дард асабий қалбимда.
Кўзимга беркитай ва лекин
Ёшдай оқиб кетма, севиклим.
«ОҒУШИГА ОЛАР КУНДУЗНИ…»
ОҒУШИГА ОЛАР КУНДУЗНИ
Кундуз каби бу ёруғ кеча…
Кечаларнинг кечалик ёди
Аста тонгнинг майидан ичар.
Кузатиб қўй тунлар ёдини…
«БИР СЎЗ БОР…»
БИР СЎЗ БОР
Беғубор тонг каби гўзал,
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо.
Ширин туйғуларнинг
Ширин фарзанди,
Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ
Бир сўз бор.
Бир сўз бор.
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак,
Бир сўз бор…
«БАЛКИ ЎЧГАН ЭДИМ ЁДИНГДАН,8…»
БАЛКИ ЎЧГАН ЭДИМ ЁДИНГДАН,[8 - Бу – шеърнинг китоб варианти. Қўшиқ варианти билан унинг орасида фарқ бор. Фарқ шундаки, қўшиқда шеърнинг биринчи ва учинчи бандлари олинган бўлиб, уларнинг ҳар биридан кейин такрорланадиган янги нақарот-банд қўшилган. Нақарот қуйидагича:Дилнавозим, дилафгорим,Ёнингга учай, Лайло!Ҳисларимни йўлларинггаМаржондек сочай, Лайло!Сенга ёлғиз сақлаганим –Қалбимни очай, Лайло!Агар ишқимни рад этсанг,Қайларга қочай, Лайло!]
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?
Сени ўйлаб келмайдир уйқу –
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў,
Мен ухларман мангу, эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло…
Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..
ШАБНАМ
Умринг жуда қисқа бўлса ҳам,
Дунёга шаффофлик бўлиб тўласан.
Сен жамики кўзларга малҳам,
Илиқ табассуминг билан ўласан.
ЁШЛИК
Юрагингда, сенинг қўлингда
Тоза чечак каби ўйнадим.
Ёшлигим, мен сенинг йўлингда,
Севинтирдим. Сени қийнадим.
Наҳот хафа кунларинг ўтган,
Ўзинг бердингми бебошликни?
Лекин мени отмадинг ўтга,
Нақадар яхшисан, ёшлигим!
Бир дард бўлиб, бир севинч бўлиб,
Ва бир донишманд бўлиб гоҳ,
Кўзларингга қараб юргин, деб
Этганинг бор, ёшлигим, огоҳ.
Фақат сен учгил нафасимдан,
Сендан баҳра топсин бу олам.
Айтилмаган сўзларим сендан,
Қилинмаган заҳматларим ҳам.
Мен билан бўл доимо бирга,
Айри тутма мени, ёшлигим.
Тоза сақлай бутун умрга,
Бутун умрим, қора қошлигим.
Юрагингда, сенинг қўлингда
Тоза чечак каби ўйнадим.
Ёшлигим, мен сенинг йўлингда,
Севинтирдим, сени қийнадим.
«ҲАЁТГА ТЎЙМАГАН КЎЗЛАРИМ…»
ҲАЁТГА ТЎЙМАГАН КЎЗЛАРИМ,
Валломат тоғлардан юксакда.
Юракда қайнаган сўзларим,
Ҳисларим ёнғини юракда.
«НИМА ҚИЛИБ ҚЎЙДИНГ, ҚУЁШ…»
НИМА ҚИЛИБ ҚЎЙДИНГ, ҚУЁШ,
Нима қилиб қўйдинг, ахир?!
Эритиб юбординг-қу сув қилиб, қурмағур,
Такрорланмас мўъжизани
Дарчамда.
«МУНЧА ҒАМГИН БЎЛМАСА ЎЙЛАР…»
МУНЧА ҒАМГИН БЎЛМАСА ЎЙЛАР,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Ёлғиз мени ўйла интизор,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ,
Ҳолбуки, бир қадам ўртада.
Орамизни ким бузди ўзи,
Инонким, беҳуда ўртади,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Айтсалар-да севги узилган.
Ишончсизлик ҳукми туфайли,
Хафа бўлма мендан, ўзингдан,
Мени ўйла, соғиниб ўйла.
Ёлғиз мени ўйла интизор,
Ўйларингда мен яшай якка,
Чунки севги аталган азоб
Қодир эмас ҳеч яшамакка –
Ёлғиз мени ўйла интизор.
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/rauf-parfi-32668909/secilmis-eserler-1-cilt-69499267/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Ҳавола шаклида берилган юлдузчали (*) изоҳлар муаллифники, рақамли изоҳлар эса нашрга тайёрловчидан.
2
Рауф Парфи “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳолим” шеърини илк маротаба “Тасвир” китобида эълон қилган эди. Шеърнинг ушбу вариантида “Таваллудим: 40…” деб ёзади шоир. Орадан ўн саккиз йил ўтиб – 1991 йилда муаллиф ушбу шеърни қайта ишлаб: “Таваллудим: қирқ уч, мезоннинг йигирма еттиси…” (“Ёшлик”, 1991 йил, 9-сон) шаклида тақдим этади.
3
1954 санаси остида берилган ушбу шеърлар 1964 йилда кўчирилган 14- дафтарнинг 36–38-саҳифаларидан ўрин олган. Бирдан ўн биргача рақамланган шеърлар тепасида шоир томонидан “1954” санаси қўйилган бўлса-да, улардаги поэтик услуб кейинги ижодий босқичда қайта ишланганини кўрсатади. Шеърларнинг санаси кўрсатилган бошқа вариантларини учратмадик. Шунинг учун ҳам, шоирнинг тавсиясига кўра, бу шеърларни 1954 йил ижодий маҳсули сифатида тақдим этишни лозим топдик.
4
Рауф Парфи илк бора “Сабр дарахти” китобида сарлавҳасиз шеърларининг биринчи мисрасини бош ҳарфлар билан ёзишни урфга киритган эди. Биз ҳам ушбу нашрда мазкур тартибни сақлаб қолишни лозим топдик.
5
ХХ аср япон классик шоири.
6
Ушбу шеър дастлаб “Тасвир”, “Сабр дарахти” китобларида нашр қилинган. Кейинги нашрлар учун шоир “Армонимга сиғинаман” сатрини “Туркистонимга – армонимга сиғинаман” шаклида таҳрир қилган. Шеърда “Туркистонимга” сўзи ўз ўрнини топмаган. Шунинг учун, биз ушбу сайланмага шеърнинг илк вариантини киритишни лозим топдик.
7
Нозим Ҳикматга бағишланган бу шеър шоирнинг сарбастдаги илк машқларидан. Бу шаклдаги шеърларини ҳам у Нозим Ҳикмат таъсирида ёза бошлаган эди. Мазкур шеър 1963 йилда битилган. 1965 йилда эса Рауф Парфи, ТошДУнинг битирувчиси ўлароқ, Нозим Ҳикмат ижоди бўйича диплом иши ёзган.
8
Бу – шеърнинг китоб варианти. Қўшиқ варианти билан унинг орасида фарқ бор. Фарқ шундаки, қўшиқда шеърнинг биринчи ва учинчи бандлари олинган бўлиб, уларнинг ҳар биридан кейин такрорланадиган янги нақарот-банд қўшилган. Нақарот қуйидагича:
Дилнавозим, дилафгорим,
Ёнингга учай, Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондек сочай, Лайло!
Сенга ёлғиз сақлаганим –
Қалбимни очай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай, Лайло!