Юз йиллик қотиллик қиссаси

Юз йиллик қотиллик қиссаси
Хуршид Дўстмуҳаммад
Эндигина университетни тугатиб, терговчи-изқувар сифатида иш бошлаган Темурга ниҳоятда мураккаб – роппа-роса 100 йил муқаддам юз берган қотиллик фожиасини ўрганиш вазифаси топширилади. Давр қандай эди? Қотиллар кимлар? Фожиона ўлим топган мақтул, яъни калласи танидан жудо этилган улуғ зот қандай инсон эди?..
Ёш терговчи-изқувар берилган муҳим ва ғоятда қалтис топшириқни адо этиш учун ишни нимадан бошламоғи керак?
У ўша тарихий қотилликка доир барча-барча маълумотларни синчковлик билан тўплашга, ўрганишга киришади ва табиий, шу аснода ўзи ҳам инсон ва шахс сифатида ўзгара боради.
Қисса қатағон қурбонлари бўлган ватандошларимиз ҳаёти ва фаолияти, ўша даврлардаги мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар ёритилган энг яхши асарлар ижодий танловида 1-ўринга лойиқ топилган (2021 йил).

Хуршид Дўстмуҳаммад
“Юз йиллик қотиллик қиссаси”

– 1 –
Темур кечаги кунларга қадар “Талабалик – олтин давр” дея аталгувчи ўйин-кулги ва орзу-ҳавасларга тўла ою йиллар гаштини суриб юрганди. Одамзоднинг хўп ғаройиб одатлари бор – димоғи чоғ бўлса, бутун умри шодмонликларга тўлиб-тошадигандек, кайфияти айниса – эртага тонг отмайдигандек, умрбод таъби хира тортиб яшайдигандек туюлади. Боши узра элас-элас эсаётган шабада бирзум йўналишини ўзгартирса борми, “кайфият” аталмиш об-ҳаво остин-устун бўлиб кетиши тасаввурига сиғмайди.
Дорилфунундаги ўқиши битиши арафаси эди, эрталаб касалхонага ўз оёғи билан кетган, ҳатто у ерда ётмайман, таниш дўхтиримга бирров кўринаману қайтаман, деган дадаси кечга бориб, омонатини топширгани ҳақидаги совуқ хабар оила аъзоларию қон-қариндошлар, ёр-биродарларни гангитиб-эсанкиратиб қўйди.
Темур табиатан оғир йигит бўлиб улғайди, ўртоқларига қўшилиб кўпда шўхлик қилавермас, чекка-чеккада ёлғиз биқиниб олиб, ўзича алланима хаёлларда андармон ўтиришни, ўй суришни ёқтирарди. Ўқиши тугаса, ҳуқуқшунослик паттасини қўлига олса, кейинги тақдири ҳаёт дарёсининг қайси ўзанлари бўйлаб оқимга қўшилишини тасаввурига сиғдиролмас, қаерда, қандай лавозимда хизматга киришади – унинг учун барчаси зимистон-қоронғи эди. Қолаверса, бошида отаси бўлган фарзанд зиммасидаги юкнинг оғирлигини кўпда ҳис қилавермайди. Отам ҳаёт-ку, деган сўзга суянади, ишонади, шу илинжда хотиржам юради. Ўқишингни битиравер-чи, ана, Ҳидой бор, ўшани ёнига борасан, кулол лойдан сопол ясайди-ку, ўшанга ўхшатиб эзиб-эзғилаб пишитади сени, деганди дадаси, бир сафар гап очилганида.
Дадаси қаттиққўл эди, дийдаси қаттиқ, ҳатто шафқатсиз одам эди, Ҳидой амаки билан бу мавзуда кенгашганми-йўқми, у ёғи Темурга қоронғи.
“Мелиса”, “терговчи”, “изқувар”ликда донғи чиққан дадасининг бош маъракаси поёнига етиб, келувчилар тайсаллаган бир пайтда келди Ҳидой амаки – ёнида ўзидан ёши хиёл улуғроқ киши ва бадқовоқ ўсмир йигит, улар Ҳидой амакининг хизматдошлари эканлиги кўриниб турарди. Наридан-бери кўз “учи”да саломлашган бўлишди, хўмрайган кўйи ўтиришди, тиловат қилинди, икки лаган ош келтиришди. Ҳидой амаки билан ёнидаги икки бадқовоқ бўридай оч эканми, ошни паққос туширишди, апил-тапил чой ичишгач, бояги-бояги хўмрайган кўйи қўзғалишди.
Темур отасининг ҳамкасб жўралари билан хайр-хўшлашни акасига “топшириб”, ўзи бир чеккада тураверди. Шунда Ҳидой амаки машинага минаётган маҳал бирров тўхтадию, ниманидир эслаб қолган одамдек бошини кўтариб атрофга аланглади, нигоҳи билан Темурни топди-да, бери кел, деган маънода имлади. Темур имиллаб унинг ёнига борди, қўл қовуштириб, жим тураверди.
– Ўқишинг битдими? – қуруққина-совуққина, дағал оҳангда сўради Ҳидой амаки, пўписа қилаётгандек хўмрайиб. Темур жавоб қайтаришга улгурмади, унинг жавоби Ҳидой амакини қизиқтирмаётган ҳам эди. – Паттангни олган кунинг олдимга бор, эшитдингми?!
Темур “ҳм”, деб қўя қолди, кейин ўйлади. Отасининг оқибатли дўсти унга меҳрибонлик кўрсатяптими, чиндан ҳам шундай бўлса, меҳр-оқибат истагидаги одам шунақаям тўнғиллайдими?! Балки паттамни кўтариб бормасман, қачон қараса ўғрилар, бандитлар, каллакесарлар изидан қув-қув қилиб юрувчи командирга шогирд тушмасам, тушмасман! Отамнинг оқибатли дўсти-жўраси бўлса, дўстга-жўрага ўхшаб гапирсин-да!..
Темур хом ўйлаган экан, сабоқдош ўртоқларидан бир қанчаси дурустроқ жойдан иш топишолмади, дадасининг ошнаси айтган гапдан хабар топгач, бор-чи, бор, тайёр ошни қўлдан кетказма, деб уни қистаб қўйишмади. Онаси ҳам шу маслаҳатни берди, отанг раҳматли тайинлаб қўйганлар, ўғлим, ҳарқалай, Ҳидой аканинг ёнида бўлсанг, мен ҳам хотиржам юраман, деди.
Темур онасининг раъйини қайтармади – борди, бошлиқнинг қабулхонасида алла-паллагача ўтирди ўзиям, бетоқатланаётганини пайқаган котиба қиз, ҳозир сизни қабул қиладилар, деганига ҳам бир соатдан ошиб, Темурнинг тоқати тоқ бўлган маҳал эшик очилиб, Ҳидой амаки бўй-басти шифтга етгудек бўлиб, чиқиб келди.
– Ке…
Рисоладагидай муомала қилса, асакаси кетади-да, йўқ, бошқа сўз айтмади, қайтиб хонасига кириб кетди. Темур ичида роса ғижинди. Мен билан шундай муомала қилса, бошқалар – бола-чақалар, хизматдошлар, жиноятчилар, бегоналар билан қандайига гаплашади бу одам? Бунча қовоғини уймаса?!
Темур ичкарига кириб ўтираётиб, дадасининг “Ҳидой туғма работник! Иши учун жонини беради!” деганини эслади. “Туғма работник” – “туғма милиционер”, “туғма терговчи” дегани-да!
Ҳидой амаки “Ҳужжатларинг?” деб қўл чўзди. Темурнинг шахсига, ўқиганларига доир хат-ҳужжатларни олиб, уларга бирров кўз югуртирган бўлди ва “Бундай ҳужжатларни кўп ўқиганман”, дегандек, стол жавонига ирғитди. Ирғитганда ҳам, яқин-орада зарурати бўлмайди, дегандек, жавоннинг ичкарисига – орқага суриб қўйди. Темурдан ишга олишга доир ариза ёздирди.
Темур кутилмаган бу “марҳамат”ни дурустроқ англаб етмай, юрагининг бир чеккасида ўт ёқилгандек бўлди. Келаётиб онасининг: “Менга енгилроқ, хавфсизроқ иш беринг”, деб сўрашни тайинлагани ҳам ёдидан кўтарилди. Индамай қулоқ солди.
– Манави ишни ўрганишни даданг орзу қилганди. Рухсат беришмади. Ҳалиям мужмал. Муносабат аниқ эмас, – юқорига ишора бериб деди бошлиқ. – Лекин сен эзиб, ёғини чиқариб ўрганасан. Шошма, ҳовлиқма. Бунга енг шимарганлар бўлмаган эмас, бўлган, лекин бирортаси эплолмади. Тоқати етмади. Сабаби – тёмний лес! Уқдингми, чангалзор-чакалакзор!.. Энсанг қотмасин, ҳафсаланг пир бўлмасин, шуғулланаверсанг, қизиқиб кетасан, кейин хурсанд бўласан. Так что, мен шу ерда эканман, ҳеч ким сени чалмайди. Йўлингни тўсмайди. Фойдаланиб қол!
Ҳидой амаки шундай деди-да, Темурнинг олдига юпқагина ҳужжатлар йиғма жилдини ирғитди. Темур ҳеч нарсани сўрамади-суриштирмади, жавоб қайтармади, рози-норозилигини сездирмади ҳам. Қўлига теккан “дело”ни икки қўллаб тутганича хонадан чиқаётганида, бошлиқнинг овозини эшитиб, орқасига ўгирилди.
– Китоб ўқийсанми?
– Китоб… ҳм… – жавоби шу бўлди Темурнинг. Қандай китобни сўради, чини билан айтганда, Темур ўзини унчалар китобхон деб билмас, бу борада анча-мунча дангаса, ишёқмас эди.
– Яхши, бошла! – деди у ёғини суриштирмай бошлиқ. – Бўш келма! Содир Нажимнинг ўғли эканингни бир кўрсатиб қўйгин!
Темур отасининг қиёматли дўсти ҳузурига келиб, эшитган энг ёқимли сўзи шу бўлди.

– 2 –
– Ҳа, яхши келдингми? Ҳидой амакинг билан гаплашдингми?
Темурга, эшикдан кирар-кирмас онасининг суриштира кетиши унчалик ёқмади, чунки шу тобда у бундай саволларга жавоб беролмасди.
– Кирдим, гаплашдим. Қачон қараманг тажанг, қовоғини солиб юради-я! Ёки борганим ёқмадими?
– Дарров ўзингча хулоса ясама, ўғлим. Биласан-ку, иши нозик. Нима, даданг бошқачамидилар?..
– Ҳидой амаки…
– Ҳаммани олдида амаки, деявермагин! – танбеҳ оҳангида деди акаси Азиз. – Ўртоқ командир, дегин, бошлиқ, дегин.
– Ўрганиб кетарман… Манави ишни берди. “Шуғуллан, ишни бошла! Эзиб, ёғини чиқариб ўрган”, деди.
– Жиноий ишми? – қизиқди акаси.
– Убийства! Беҳбудий деган одамни ўлдириб кетишибди. Очилмай, ёпилиб кетганга ўхшайди, синчиклаб ўрганиш керак, деди.
– Беҳбудий?.. Қачон ўлдиришибди? Қаерда? Қанақа одам экан ўзи? Касби нима экан?!
– Намунча қалаштириб ташламасангиз, ака?! – норозиланди Темур пешонасини тириштириб. – Бир-иккита газета варағи, кўз югуртирдим, холос. Дурустроқ танишмадим ҳали. Э-эски фотоси бор – салла ўраган, соқолли, қора кўзойнак таққан одам.
– Диндорми? Ваҳобийлардандир?
Онаси чўчиб, ака-ука томон ўгирилди.
– Йў-ўқ, ундай эмас. Билмайман, дедим-ку, ака. Маълумот кўп эмас. Газетада ўша одам ҳақида ёзишган экан, шу.
Темур гапни қисқа қилди, ичкари хонага ўтиб, қўлтиғидаги йиғмажилдни очди. Боя кўз ташлаган газета варағини ёзиб, ярим саҳифадан зиёдроқ мақолани ўқишга тутинди: “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари. Янги ҳужжат ва далиллар”. Катта мақола экан, деган ўй ўтди кўнглидан Темурнинг. Одатда, у газета-журналларни берилиб ўқимас, қўлига тушиб қолган тақдирда юзаки варақлаб, номигагина кўз югуртириш билан кифояланар эди. Энди эса истайдими-йўқми, мажбур. Овозини чиқармай ўқишга киришди: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 2001 йили нашр этилган 2-жилдида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида берилган мақолада: “…1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида…” Темур ирғиб ўрнидан туриб кетди, ўқиётганларига ишонмай, яна газетага қаради. Адашмабди – 1919 йилнинг эрта баҳори… Ҳидой амаки калака қиляптими мени?! Орадан юз йил ўтиб кетибди-ю! Мен қандай қилиб уни ўрганаман? Кимдан нимани суриштираман?.. Ёки командир мени синаш учун бердими?! У “командир” сўзини масхаромуз оҳангда айтди. Дадам ҳаёт бўлганида шундай қилмасмиди, Ҳидой амаки?.. Дадасининг жаҳли бурнининг учида турарди. Ҳеч бир иш-юмушни пайсалга солмай, шартта-шартта жойида ҳал қилиб ташларди, айтар гапини қайтармасди. Темур кўз ўнгига келтирди: шу дамда ёнида бўлганида борми, бу майнавозчиликни кўрган заҳоти телефонни қўлга олиб, Ҳидой амакини, оғайнисини бўралатиб… тоққа олиб чиқиб, боққа олиб тушириб қўярди! Ўғлимни майна қиляпсанми ёки менда қасдинг борми, деб тўзонини чиқарарди. Лекин ҳозир, шу паллада Темур нима қилади? Бошлиқ ўзи чақирди, бу борди, у қабул қилди, қўлига манави “Дело”ни тутқазиб, “Бошла!” деди – шу.
Темур ўйининг адоғига етолмади, беихтиёр яна газетани қўлига олди. “Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида, Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл этилади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади”.
Темур ошхонада куймаланаётган онасининг ёнига чиқди.
– Адамни китоблари қаерда қолган, опа?
– Нима, китоб ўқигинг кеп қолдими? Аданг раҳматли, китоб ўқиларинг, деб чакак қоқа-қоқа кетди. Ана, ётоқхонадаги пастки тахмонда чанг босиб ётибди китоблари.
Темур ётоқ бўлмасига кириб, шкафни очди. Пастки жавонда қалаштириб тахланган китобларга қараб турди-да, уларга қўл урмай, яна онасининг ёнига чиқди.
– Опа, анув энциклопедия бўларди – катта-катта кўк китоб, энциклопедия. Йўқ-ку?
– Кўк рангли китобми, ўзиям ўнтами-ўн бештами, зил-замбил, Зиёд тоға опкетган.
Темур асабий қалқиб тушди.
– Нега Зиёд тоға олиб кетади? Уйи тўла китоб-ку, бизани китобга қараб қолмагандир?!
– Оғирроқ бўл, Темуржон, – Оҳиста ая юмушидан тўхтаб, деди босиқлик билан, қўлларини белбоғига қистирилган сочиққа артаётиб. – Аданг ҳам кўпда китоб ўқимай қўйганди. Эртаю кеч телевизорга қапишиб қолган одам китоб ўқирмиди!.. Мустақилликка чиққан йилимиз советдан қолган барча китобларни ёқаман, деб туриб олдилар. Уч-тўрттасини ёқдилар ҳам. Яна қанчасини гузардаги пистафуруш холага ўзим топшириб келдим, увол бўлмасин, дедим-да. Ўша кунларда тўсатдан Зиёд тоға кеп қолди. Китобларни ёқаётганимизни, улашаётганимизни эшитиб, тутақиб кетди. Менга айтмайсанми, ҳаммасини олиб кетаман, деб туриб олди. Сан айтаётган катта кўк китобларни Зиёд тоғанинг мошинасига олиб чиқишга ёрдамлашгансан. Эсингдан чиқибди-да, иккитасини жуфтлаб кўтаролмай, битта-битталаб ташигансан.
Темур жим бўлиб қолди, онаси айтган манзарани элас-элас кўз олдига келтирди.
– Нимага керак бўлиб қолди? – сўради онаси. – Зарил бўлса, бор, Зиёд тоға бериб турар.
– Ўша китоб кейинроқ қайта чиқарилган экан, кутубхонадан топарман… Ҳидой амаки берган топшириқни кўрдим, Беҳбудий деган одам 1919 йилда ўлдирилган экан, опа!
Оҳиста ая айвондаги тахта супача қирғоғига беҳол ўтириб қолди.
– Нима?!
– 1919 йилда!
– Вой, шўрим-м, ҳозир нечанчи йил, ўзи?!
Оҳиста ая шундай деб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Азбаройи кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
– Вой, Ҳидой амакинг тушмагур! Вой, ҳазили қурсин. Ўзи профессорларга, генералларга ўхшаб ҳамиша хўмрайиб юрса ҳам-чи, Темур, илгаритдан ўлардай ҳазилкаш одам. Аданг билан ўтиришиб олиб воҳ-ҳаҳа, воҳ-ҳаҳадан бўшашмас эди. Юз йил бурунги қотилликни ўрганишга бало борми? Кунда бўлаётган убийствалар очилмай қолиб кетяпти-ю, аллазамондаги… ким дединг? Ким ўлдирилган экан?
– Беҳбудий.
– Катта одамми? Таниқлими?
– Катта, таниқли одамдир-да, ҳали охиригача ўқимадим.

– 3 –
Йиғмажилддаги икки мақоладан бири – “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари. Янги ҳужжат ва далиллар”. Темур мақолани яна ва яна ўқиди, янги тутган қалин дафтарининг варағига бир қатор саволларни ёзиб қўйди:
Нима сабабдан қамалди?
Кимнинг топшириғига кўра ҳибсга олинди?
Суд қилиндими?
Қандай айблар қўйилди?
Нима сабабдан шу қадар шошилинч қатл этилди?
Қатлнинг олдини олиш мумкинмиди?
Қатл ҳақидаги хабар нима сабабдан орадан бир йил ўтгачгина, Самарқандга етиб келди?
Унинг ўлими бунчалик сир сақланиши сабаби нимада?..
Темур мақоланинг охирида келтирилган муаллифнинг исм-шарифини йирик ҳарфларда ёзиб қўйди: “Поён Равшанов”. Сўнг иккинчи мақоланинг муаллифи Ҳалим Сайидни, унинг “Беҳбудийни қатл этган ким?” мақоласи сарлавҳасини ёзди.

– 4 –
Эрталаб ишга ўз вақтида келган Темур нима билан машғул бўлишни билмай, дераза ёнига бориб, ўйга толди. Хаёл олиб қочиб, ҳамхонасининг кириб келганини ҳам сезмади.
– Ҳа, коллега, – деди унинг кўнглига қўл солмоқ ниятида гап бошлаб, Эрик ака. Аслида, Темурнинг назарида у ҳам бадқовоқлар тоифасидан, лекин чамаси янги ёш кадрнинг Ҳидой командирга яқинлик жойи борлигини, ё бўлмаса яқинда бандаликни бажо келтирган Содир Нажимнинг ўғли эканлигидан хабардор албатта, шулар боис, ҳали бирон марта унга малол келадиган муомала қилмади, аксинча, эътибор кўрсатмоқда, кўнглига қарамоқда, маслаҳатини аямапти. – Эрталабдан қандай хаёл опқочди?
Темур ортига ўгирилиб, салом берди, бориб, ўзидан бир неча ёш катта бўлган Эрик ака билан қўл олишиб кўришди. Шунга қарамай, у ҳамон хаёллари исканжасидан чиқиб кетмагани кейинги саволидан сезилди.
– Бу ерда кутубхона борми?
Эрик ака хохолаб кулиб юборишига сал қолди. Столи жавонидан ниманидир излай туриб, пича жиддийлашди.
– Университетни соғиндингми, дейман?
– Йў-ўқ, – деди Темур, – бир-икки китоб кўришга тўғри келяпти, шунга…
– Биззи “контора”га ҳеч ким китоб ўқиш ниятида кемайди. Билдингми? Зарил бўлса, бор, Чорсу бозорининг ичида жонон кутубхона бор, китоб тўлиб-тошиб кетган, ўша ёққа бор. Мудири – Вазира опа. Тилла аёл. Мендан салом айт, сўраганингни муҳайё қилади. Хизмат юзасидан керак бўлса, бемалол бориб келавер. Бу ердагилар истаб қолишса, мен айтиб қўяман.
Темур енгил тортди, узун-узун киприкларини пирпиратиб, Эрик акага миннатдорлик билдирмоқчи эди, тажрибали изқувар гапининг давомини айтди:
– Гувоҳларни чақиртирганман, ўшаларнинг суҳбатини олай, сенинг ёнингда уларни сайратиш ноқулай… Шунинг учун боравер, жиян.
Темур беихтиёр сўраб юборди:
– Гувоҳлар қайси иш бўйича, Эрик ака?
Ҳамхонаси дарҳол жавоб қайтармади, бу даргоҳда бундай маълумотлар сўралмайди, савол эса жавобсиз қолдирилади, демоқчи эди-ю, “контора”нинг ҳавосини олиб улгурмаган ёш ҳамкасбининг сазасини ўлдирмаслик учун, овозини пастлатиб, шивирлади:
– Чорсу бозорига тирикчилик ниятида келган икки деҳқон ғойиб бўлган, еру кўкда йўқ, ўша иш юзасидан…
Темур ичида Эрик акага ҳаваси келди. Мана буни жиноят изини топиш йўлидаги изқуварлик деса, арзийди. Бу эса юз йил бурунги қотиллик тафсилотини ўрганмоқчи. Юз йиллик!.. Кимни сўроқ қилади, қилганда нимага, қайси жумбоққа аниқлик киритади? Аниқлаган тақдирида, жиноятчининг тумшуғидан ип ўтказиб тутиб келадими? Ҳибсга ташлайдими?.. Курсдош-сабоқдош ўртоқлари хабар топишмаса бўлгани! Кулги-мазахнинг остида қолиб кетади, Темур!
У Эрик акадан ҳавас тўла нигоҳини узолмади, раҳматли дадаси нима сабабдан Эрик ака ҳақида деярли гап очмагани боисини ўйлаб кетди. Адашмаса, бир дафъа айтганди – “Эрик пихини ёрган профессионал!” деган.

– 5 –
Темур “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари. Янги ҳужжат ва далиллар” сарлавҳали мақолани “эзиб-эзғилаб”, синчиклаб ўқиди, сўнг гўё мақолани ёд олмоқчидек, унга қайта-қайта кўз югуртирди. Дафтарига ёзиб қўйган исм-шарифга қаради: Поён Равшанов. “Шу одамнинг суҳбатини олишдан бошлайман ишни” деб, “Беҳбудийни билганларнинг ҳаммаси билан бирма-бир гаплашаман, танишаман, ҳаммасини битта қўймай сўроққа тутаман”, деб кўнглига тугди. Поён Равшановни топиш учун, дарвоқе!..
Темур газетанинг охирги саҳифасида келтирилган таҳририят манзили, телефон рақамларига кўз ташлади. Ишни бошлаб олиш учун лоақал мақолани ёзган муаллиф ҳақида озми-кўпми маълумот тўплаб қўйса, ортиқчалик қилмас!
У дам дадиллик билан, дам иккиланиб телефон рақамини терди: 236-56-48.
– Лаббай, – ингичкага мойил сас келди гўшакдан.
Темур дабдурустдан нимани сўрашини билмай, бирзум оғиз очолмай ҳаяллади.
– Лаббай!! – Бу сафар зарда аралашди гўшакдаги овозга.
“Ичи торроқ одамга ўхшайди” – кўнглидан ўтказди Темур ва ниҳоят тилга кирди, салом берди:
– Узр, – деди салмоқланиб, – бир масалада ёрдам берсангиз… Ёрдам бероласизми?
– Нима ҳақида, айтинг-да.
– Сизлар ишлайдиган газитда бир мақола чиққан экан, шу…
– Янги сонидами? Қайси мақолани сўраяпсиз? Ўзингиз ким бўласиз?
Темурнинг нафаси ичига тушиб кетди. Ўзини ким деб таништирсин? Тергов бошқармасидан ёки Эрик аканинг ибораси билан айтганда, қайси “контора”дан эканлигини пеш қилса, ўхшамай қолади, у ҳолда…
– Газитхонман, ўқиб қолувдим…
– Тез-тез айтинг-да, қайси мақола?
– “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари”.
Бир-биридан олисдаги икки гўшак орасига зилдай сукунат чўкди. Ва бирдан овоз баландлашди:
– Э, ҳа-а-а! Қачонги мақола у, ака? Отамми замонида чиққан мақола-ку, қачон ўқидингиз? Яшанг-е!.. Қаердан топдингиз, уни?
Темур устма-уст саволларни жавобсиз қолдирди.
– Ўша мақолани ёзган Поён Равшанов билан танишмоқчи эдим. Телефон рақами борми?
– Телефони менда йўқ, уни фақат Саъдий устоз билади.
– Қайси Саъдий устоз? У киши ҳам ёзувчими?
– Йў-ўқ, биззи редакцияда ишлайдиган ходим. Ёшлари улуғ, Поён ака билан тенгқур шекилли.
– Саъдий устоз бормилар?
– Кечроқ қўнғироқ қилинг, соат тўрт-бешлардан кейин.
Темур алай-балай деб миннатдорлик билдириб улгурмай, гўшак тарақлатиб қўйилди. Шу заҳоти бўлиб ўтган савол-жавобни дафтарига “оқизмай-томизмай” битиб қўйди.
Қоғозлари устига мук тушганича, нималарнингдир мулоҳазасини қилаётган Эрик ака ёш ҳамхонасининг газета ходими билан жавоб-муомаласига қулоқ тутиб ўтирганди. Бироқ унинг афтидан тайинли маъно уқиб бўлмади. Темур гўшакни қўйган заҳоти унга нимадир демоққа оғиз жуфтлади-ю, индамади, ичида, “Ҳеч ким онасининг қорнидан терговчи бўлиб туғилмайди”, деди-да, хонадан чиқди.

– 6 –
Темур Чорсу бозорида кутубхона биносини тезда топди. Неча бора бозорга келган, лекин шу ерда мана шундай кутубхона борлигини эшитмаган, кўрмаган, у ерга қадам босмаган экан.
Нақшинкор қалин темирдан ясалган пастак зинадан чиқиб, бўйидан икки баробар баландроқ оғир эшикни очиб, ичкари кирди. “Роса қадимий бино экан ўзиям!” деб қўйди ичида.
Кенг, шифти баланд қироатхона нимқоронғи, зах иси гупуриб турибди. Ўрта бўй, чеҳраси оппоқ, кўзлари катта-катта аёл қўл қовуштириб, унга пешвоз чиқди.
– Келинг, ука, қандай китоб керак?
Темур бирдан қандай китоб истаб келганини ҳам айтолмади. Пича ўзини ўнглаб олгач:
– Энциклопедия… Ўзбекистон энциклопедияси…
Аёл индамай деразалар оралиғидаги жавонга терилган китоблар ёнига борди.
– Мана, бемалол фойдаланаверинг.
Темур катта-катта ва бир-биридан залворли-оғир китобларни қўлида кўтариб кўрди. Ташқаридан қараган одамга у китобнинг вазнига қараб танлаётгандек кўринарди. Шундагина унинг ёдига тушди: раҳматли дадасининг ётоқ бўлмасидаги жавонда сақланган энциклопедиянинг туси бошқача эди! Буниси – яшил… Унисининг ранги?..
Темур аёл томон ўгирилди.
– Кечирасиз, илгари бошқача энциклопедия ҳам чиққанмиди?
Аёл ҳайрон бўлиб Темурга саволомуз қаради, сўради:
– Талабамисиз? Қаерда ўқийсиз?
– Кўкишмиди? Ёки?..
– Бор, – деди аёл. – Манави, янгиси, барча маълумотлар бор. Сиз сўраётганингиздан ҳозир ҳеч ким фойдаланмайди.
Темур дадиллашди:
– Мен фойдаланаман, иккаласидан фойдаланаман.
Эрик аканинг саломини етказишга ҳожат қолмаганди. Кутубхона бекаси шундайига ҳам эътиборли муомала қиляпти, шарт эмас, деган қарорга келди ўзича Темур.
– Ҳужжатингиз борми? – сўради аёл тўсатдан, ипакдай мулойим товушда овозини пастлатиб.
– Бор, – деди Темур ва ички чўнтагидан паспортини олиб, аёлга узатди.
Аёл дам паспортдаги суратга, дам Темурнинг бетига разм солди, чамаси у ҳужжатни текшириш ниятида эмас, шунинг баҳонасида суқсурдай бу йигитнинг чеҳрасига яхшилаб қараб олишни кўзлаган эди. Мўлжалдаги “иш”ни битириб олгач, икки томони китоб тўла жавон оралиғидаги узун, қоронғи йўлакдан ичкарига кириб кетди.
Темур вақтни беҳуда ўтказмаслик учун яшил муқовали энциклопедиянинг иккинчи жилдини варақлашга киришди. Дарҳол китобнинг 8-саҳифасида “Беҳбудий Маҳмудхўжа” деб номланган мақолани топди. Суратга разм солди: худди ўша – газетада босилган суратнинг ўзи. Фақат икки суратдаги тўннинг бичими, гули ўзгача, афтидан қўлда чизилганга ўхшади. Газетадаги суратда Беҳбудийнинг қоп-қора соқоли узунроқ, қуюқроқ. Чеҳраси у қадар аниқ чиқмабди, шундай бўлса-да, ғоятда ақлли, закий инсонлиги сезилади.
Темур шошмай мақолани ўқишга тутинди.
“Драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири”. Темур энтикиб кетди. Бундан чиқди, роса ёзган-ижод қилган одам экан-да! “Жадидлар” деган сўз қулоғига чалинган, лекин астойдил эътибор бермаганди. Абдулла Қодирийнинг номи ҳам жадидлар қаторида тилга олинганини эшитган, холос, “Ўтган кунлар” фильмини кўрган. Романни ўқимаган. Тўхта, Абдулла Қодирий жадидми ёки ёзувчими? Ёхуд ўша замонларда ёзувчиларнинг бари жадид ҳисобланганми? Жадидчилик ҳаракати ёзувчиликка ундаганми? Нима сабабдан жадид сифатида танилганлар асосан ижод аҳли бўлишган? Кўплари ажалидан илгари йўқ қилинган?..
Темур хаёлини тизгинлай олмай, Беҳбудий билан Қодирийни таққослашда давом этди: бу икки зот сафдош, маслакдош бўлишганми? Бир-бирларини қўллаб-қувватлашганми? Беҳбудий қатл этилганидан Қодирий қачон хабар топган? Қаршига борганми? Бормаган бўлса, нега бормаган? Борган бўлса, бу мудҳиш фожиага муносабат билдирганми?..
Темур ўқишда давом этди-ю, тўхтади: “Яссавий авлодидан”… Ўҳ-ҳў-ў, вужудида Яссавийнинг қони оққан одам, оддий одам бўлмайди. Фақат… Аҳмад Яссавий авлиё одам, дин одами бўлган.
Темур қўлетар жойда турган қомуснинг биринчи жилдини олди. Варақлай-варақлай, 557-бетдан “Аҳмад Яссавий” сўзини топди. Бироқ у ерда “қ.Яссавий” кўрсаткичи берилган экан. Демак… Темур жилдданжилдга ўта-ўта 10-китобга етди ва 412-бетда “Яссавий, Хожа Аҳмад Яссавий” мақоласини кўриб, кўзи қувнаб кетди. Хаёлида ушбу мақоладан Беҳбудий ҳақида маълумот топадигандек эди. Бироқ Яссавий ўн биринчи асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган, ўн иккинчи асрнинг 66-йилида вафот этган. Беҳбудийдан етти аср муқаддам яшаган. Қомусда “Яссавий авлодидан”, деган икки сўзда ифодаланган бу маълумотга ҳеч ерда ойдинлик киритилмаган. Чамалади. Яссавий билан Беҳбудий орасидаги наслий-сулолавий ришталарни ўрганишга ожизлигини тан олди. Беҳбудийнинг “муфти даражасига кўтарилди”, деб таърифланганига эътибор берди. Ахир, муфти – диндоргина эмас, мусулмон динига мансуб қавмнинг улуғи, раҳнамоси, каттаси дегани!
Темур ўзининг диний маълумот борасида бориб турган омилигини ўйлаб, тилини тишлади. “Бисмилло”ю, “Оллоҳу акбар”дан нарига ўтолмайдиган одам қанақасига Яссавий шахсини, унинг авлоди бўлмиш муфти мақомига эришган зотнинг ҳаётини, мақсад-маслагини ўрганади? Борди-ю, фожиона ўлим топиши ҳам диний эътиқодига боғлиқ бўлса-чи? Дадаси раҳматли билан бу мавзуда деярли суҳбатлашмаган, бобоси вафот этганида Темур уч ёшдан ошмаганди. На мактабда, на дорилфунунда диний таълимотдан савод берилган. Ҳа-я, Тожиддин тоғаси бор – ёш эканига қарамай намозхон, яқин қариндошлар йиғилишиб қолишгудай бўлса, катта демай-кичик демай, насиҳат сўқишга тушади. Биронтанг китоб ўқимайсанлар, саводларинг йўқ, дея маломат ёғдиргани-ёғдирган. Бир сафар Азиз акаси, шу замонда китоб ўқимаган одам қолмаган, тоға, деди-ю, балога қолди.
– Сенлар ўқиган китоб китобми?! Қуръонни ўқи, ҳадис китобларни ўқи, ана уларни китоб деса бўлади!
Онаси укасини юпатишга уринди: ҳой, астароқ, ука, сал-пал эсини танисин, сен айтган китобларни булар ҳам ўқийди, ўзинг ҳам…
– Мани ўртага тиқиштирманг, – жеркиб ташлади тоғаси, – мани ўтмишим йўқ, мани бугуним бор, охиратим бор, вассалом! Мани оғзимга ургунча, манавиларингиззи кўзини очишни ўйланг, опа!
Яшил муқовали жилддаги “Беҳбудий Маҳмудхўжа” мақоласи Темурнинг назарида жуда қисқадек туюлди. Темур ҳар қанча маълумот бўлса, қизиқиб-ютоқиб олишга шай эди. Шу пайт кутубхоначи опа худди шундай катталикда, фақат тўқ кўк тусдаги энциклопедия жилдларини чоққина болалар аравачасига солиб, ғилдиратиб чиқди.
Темур керакли жилдни ола солиб, ўзи истаган мақолани зумда топди, ўқишга киришди. Ўқиётиб йиғмажилддаги иккинчи мақола – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1995 йил 6 январь кунги сонида босилган Ҳалим Сайиднинг “Беҳбудийни қатл этган ким?” деб номланган мақолани кўз олдига келтирди. Энтикди, вужудига титроқ турди. Хаёлида Беҳбудийнинг қотили ёки қотиллари номма-ном ёзилгану, уларни билиб оладиган, мушкули осонлашадигандек эди. Ахир сарлавҳадаги саволга жавоб бермоғи керак эмасми, мақола муаллифи? Жавоб топмаган бўлса, нима учун бундай савол қўяди?
Қайта-қайта ўқийверганидан, мақола ёд бўлиб кетди. “Маҳмудхўжа Беҳбудий Шўро идорасида ишлаган бўлса-да, ҳеч қачон большевикларни қўллаган эмас ва қўллай олмасди ҳам”, деб ёзибди Ҳалим Сайид. Тўғри, Беҳбудий жон-жонидан большевикларни сўкишга – сўки, отишга – ўқи йўқ бўлиши мумкин, лекин ўша большевиклар буни сезмаган, пайқамаган дейсизми! Жуда яхши пайқаган ва зимдан Беҳбудийни кўз остига олган. Муаллиф профессор Бегали Қосимовнинг “Беҳбудийнинг қабри қаерда?” мақоласидаги ҳазратнинг ўлими ҳақидаги фикрлари кўпчиликни алоҳида ўйлантириб келаётганини ёзган. Бундан чиқди, Беҳбудийнинг қабри қаердалиги, унинг қаерга дафн этилгани ҳам номаълум. Профессор бу жумбоққа ойдинлик киритишга уринган, Ҳалим Сайид эса унинг тахминларига гумони бор. “Дорилфунунда ўқиб юрган кезларимдаёқ, – деб ёзади у, – Беҳбудийни айнан Амир Олимхон фармони билан Қарши беги қатл қилиб, қабрини текислаб ташлаган, деган маълумотга гумонсираб қарар эдим”.
Темур бу маълумотни алоҳида аниқлаштираман, деб дилига тугиб қўйди.
У ҳар сафар янги мақолани ўқишга киришганда қайсидир жумбоққа ойдинлик киритаман, топаман деб умид боғлар, бироқ аксинча, ҳар бир мақола уни яна ва яна бошқа бир мавҳумлик кўчасига рўпара қилар, дафтаридаги савол аломати қўйилган тахминлар, фаразлар кўпайгандан-кўпая бораётган эди.

– 7 –
Даставвал Оҳиста ая ҳам, Азиз ҳам Темурнинг ҳар куни бирор янгилик топиб келишига қизиқишар, дастурхон теварагидаги суҳбатларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг исми тилга олиниши одатий ҳолга айланганди. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтгани сайин оилавий суҳбатлар “сафи”га яна бир мавзу қўшила бораётган, бунга асосан, Оҳиста ая сабабчи эди.
Ая Темурни уйлантириш ҳаракатига тушганди.
Онасига акаси қўшилди.
– Бунингиз Беҳбудийнинг қотилини топадими, келин бўлмиш қиз излайдими, ая? – деди кулиб Азиз. – Ўзингиз суриштиринг, қариндош-уруғ, таниш-билиш дегандек, топилар бир муносиби?
Аяси билан акасининг тезлашларига жиддий эътибор бермаётган Темур гапни чўзмади:
– Мана шу топшириқни бажарсам, юзим ёруғ бўлса, кейин уйланаман, – деди, гапни чўрт кесиб.
Азиз пиқирлаб кулди.
– Юз йилда бирортаси тагига етолмаган убийствани аниқлашингга ишоняпсанми?
– Бошлаганимда иккиланган эдим, ҳозир ишона бошладим. Ишларим беҳуда эмас, қизиқиб кетяпман, ака.
Акаси жиддий тортди:
– Адам кўп айтгандилар – очилмайдиган жиноят йўқ, деганлар. Зора, шуни эпласанг.
Темурнинг ўй-хаёлини эгаллаганди шуғулланаётган иши. Ётса ҳам, турса ҳам, акаси айтмоқчи, эплаш-уддалаш дардига айланди, унинг. Ҳар бир топган маълумоти ушбу нияти йўлида мушкулини осонлаштиришига ишончи ортиб бораётганди.

– 8 –
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти жойлашган етти қаватли, узун бинога етиб борганида соат кечки бешдан ошган, иш вақти охирлаганидан, бинодан битта-яримта эркак-аёл ходимлар чиқиб кетишаётган эди.
Учинчи қаватдаги керакли хонани топиб борди, телефонда овози паст ва ингичка эшитилган йигит айтди – устоз Саъдий кечроқ келадилар, ҳамма нарсани у кишидан сўраб оласиз, деди.
Темур кутди, тоқат қилиб кутди.
– Қандай шамол учирди сизни бу ёқларга? – деб кўзойнаги тепасидан мўралаб, гапни терговнамо сўроқ қилишдан бошлади, Саъдий устоз.
– Поён Равшанов деган одамни сиз яхши билар экансиз…
– Поён Равшановга қизиқиб қолдингизми ёки Беҳбудийгами? Аввал шуни аниқлаштириб олайлик-да. Талабамисиз? Қаерда ўқийсиз? Ҳозирги талабалар Беҳбудийга қизиқадиларми? Янгилик-ку бул?
Саъдий устознинг кинояомуз гапириши, дам-бадам ўнг кифтини учириб қўйиши ғалати туюлса-да, ҳарқалай, унинг пичинглари ўринсиз эмасди. Темурнинг ўзидан қиёс, тўрт йиллик талабалик кезларида Беҳбудийга қизиқиш у ёқда турсин, бундай одам бор-йўқлиги ҳақида ҳеч вақо эшитмаган, на бирорта талаба, на бирорта домла бундан гап очган. Поён Равшановни-ку, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газетани-ку… газетанинг номи қисқароқ бўлгучи эди…
У ўзига синовчан боқиб турган торгина хона соҳибига қаради. Саъдий устоз сочи ёнбошлатиб силлиқ таралган, анчагина уринган кўзойнагини тинимсиз дам қўлига олиб-дам кўзига тақавериши қараб турган одамнинг кулгисини қистатар, жиғига тегар, бунга беэътибор устоз “чирт” этиб тупламоқчидек, юпқа лабларини қимтиб-қимтиб жуфтлар, булар етмагандай, дам-бадам елкасини учириб-учириб қўярди. Темур икки-уч сонияда хона соҳибини бир кўз югуртиришда тўла ўрганиб, “ўзлаштириб” улгурди.
– Сиз ўқиган мақола газетада чиққан кезлари бирдан Беҳбудийчилар жонланиб қолди-ку! – Арз-ҳол қилаётган оҳангда деди Саъдий устоз. – Билган ҳам, билмаган ҳам қўнғироқ қилди, ёзди, ёпирилди. Сизга ўхшаш талаба бачалар ҳам келди. Хурсанд бўлдим. Ўзи бизда одат шундай – бир янги гап қўзғалса, ёв қувгандай ёпирилиш одатимиз бор, қочгани жой тополмай қоласан, одам, бир унутса, фонус ёқиб, дурустроқ фикр айтгич қора кўз топилмайди. Уриб-ёлбориб ёздиролмай хунобимиз чиқади. Ҳай, майли, ўша мақола бир шамол қўзғади. Шунга ҳам хурсандман. Поён Равшан билан мақолани ўзиям нақ бир йил ишладик чоғи! Сабаби бор – Беҳбудийнинг тақдири ҳақида аниқ-тиниқ гап оз, ҳаммаёқ тахмину мавҳум, саналар, исмлар, ҳолатлар аниқланмоғи керак. Газетага ёлғонни ёзмайсан-ку, шундай эмасми?! Айрим олимваччалар чўпчак ёзиб келади, чўпчак, газетага боссанг, шарманда бўлишинг аниқ! Сенга ўхшаб сўраб-суриштириб келадиганлар… яхши… Неча марта ўқидинг мақолани?
Темур ёши улуғ бу одам дам ҳасратини тўкиб солаётганидан, дам шикоят қилаётганидан, муҳими, танимаган-билмаган ёшгина йигитчани ўзига тенг-тўшдек тутиб гапираётганидан ўнғайсизланиб ранги ўзгариб-гезариб нима жавоб қилишини билмай, тили тутилди. “Институт домласига ўхшаб кетаркан”, деб қўйди ичида. Ва ҳақиқатда мақолани етти-саккиз марта ўқигани, ҳатто айрим жойлари ёд бўлиб кетганини эслаб, енгил тортди.
– Тўрт марта.
Саъдий устоз ўрнидан ирғиб турди, бети чарақлаб, кўзойнагини қўлига олди, яна тақди, кифтини учирди, столни айланиб ўтиб, Темурнинг рўпарасига яқин келди-да, узоқ йўл босган одамдек ҳансираганича, таққа тўхтади.
– Тўрт марта, дедингми?!
– Ҳа, тўрт марта, – такрорлади Темур, нима учун етти-саккиз марта ўқиганини айтгиси келмаганини ўзи ҳам тушунмай.
– Аҳмад, ҳой Отабой, бу ёққа чиқ, тезгина чиққин! Отабоев!
Очиқ эшикда ўртача ёшдаги ингичка юзли, даҳани чўзиқроқ йигит кўринди. Кўринган заҳоти кўзойнагини қаншарига кўтариб қўйди.
– Лаббай, тинчликми, устоз? – афтидан ўта бандлиги сезилиб турган йигит, кўзини пирпиратиб, истар-истамас савол қотди.
– Поён Равшаннинг мақоласини… Беҳбудийни, манави талаба бача тўрт марта ўқибди!
Аҳмад Отабой деганлари тишларининг оқини кўрсатиб, оғринибгина жилмайди.
Устоз бошини бир томонга қийшайтирганича Темурни тезлади:
– Ўзинг айт, неча марта ўқидим, дединг, айт!
– Тўрт марта… – бўшашибгина деди Темур.
– Қаттиқроқ айт, қўрқмасдан айт! Бу туман қоплаган дунёдагилар ҳам эшитиб қўйсин! Айт!
– Қизиққан одам ўқийди-да, устоз, – деди Отабоев гапни мухтасар қилиш дардида. – Ҳозирги талабалар анойи эмас, илм истагидагилари кўпаймоқда. – У шундай деб Темурга юзланди: – Баракалла, ука, кам бўлманг.
У гап тамом дегандек, изига қайтди. Темур Саъдий устозга термилди. Устоз ҳаяжони босилди шекилли, ниҳоят мақсадга кўчди.
– Сиз бундай қиласиз, Поён Равшаннинг телефонини ёзиб олинг. Ул заҳматкаш тарихчи олим тиниб-тинчимайди, куюнчак-да, ҳаётини шунга тиккан, яна битта мақола берган, портфелда нафас ростлаяпти. Тошкентга тез-тез келиб туради. Йўлини пойлайсиз. Беҳбудийга чини билан ошуфтага ўхшайсиз… қизиқсангиз… шу бинонинг тўртинчи қаватида – Ҳалим Сайидни топасиз. Битирув иши ёзаётган бўлсанг, ёрдам беради, унинг номзодлик иши Беҳбудийдан. Беҳбудий десанг, бошқа юмушларини унутади. Тақриз ҳам ундирасан ишингга, борақол.
Темур миннатдорлик билдиришга ҳам улгурмади, устоз ўша заҳоти хонасида турган йигитни унутиб, сўлоқмондек попкаси ичидан тахлам-тахлам қоғоз олиб, столга ёйганича, улар орасидан ўзига зарурини излашга тушди.
Темур ташқарига хурсанд бўлиб, анчагина енгил тортиб чиқди, негаки Саъдий уни талаба, деб ўйлади, айниқса, устознинг мақолани неча марта ўқиганини айтгандаги болаларча севинганидан ажабланиб, кулиб қўйди.

– 9 –
Темур дафтарининг алоҳида варағидаги ёзувга кўз югуртириб ўтириб, мулоҳазага берилди: “Қизилтепа тумани, “Қизилтепа тонги” газетаси. Раҳим Мақсудов. “Қалб туғёнлари” номли китобча. Ундаги “Ибратли умр” сарлавҳали мақола эътиборини тортди. Сабаби – сарлавҳа остида қавс орасига олинган ёзув: “ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бир назар”. Олис туманда яшовчи инсон ёзибдики, уни алоҳида ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Лекин Темур Навоий вилоятидаги бу туманга бормаган, у ерлик бирор инсонни танимаса… Саъдий устознинг меҳрибонлик билан айтганлари ёдига тушди. “Ҳалим Сайид Беҳбудий десанг, бошқа юмушларини унутади!”
Темур Саъдий устоз кўрсатган беминнат меҳрибонликдан қувватланиб, Ҳалим Сайидга сим қоқди. Қисқа салом-аликдан сўнг, Ҳалим ака мақсадга кўчди. “Беҳбудий ҳазратларига қизиқаётганингиз дуруст. Ишни нимадан бошлаяпсиз?” деб суриштира кетди.
– Сизнинг мақолангизни қайта-қайта ўқидим. Раҳим Мақсудов деган одамни излаётгандим, сиз у кишини танийсизми? – сўради Темур.
– Раҳим Мақсудов… – у шундай деб, пича ўйлаб турди-да, сўнг давом этди: – Мабодо қизилтепалик бўлса, Ойдин Ҳожиевадан, Ашурали Жўрадан, Азиз Саиддан суриштириб билишингиз мумкин.
Темур номлари тилга олинган кишиларнинг бирортасини танимас, эшитмаган ҳам эди.
– Ойдин Ҳожиева қаерда ишлайдилар?
– Ишламайди, опа кексайиб қолган, уй бекаси. Азиз Саиднинг иш жойини аниқ айтолмайман, ўзини кам учратаман. Ашурали ака… Айтганча, икки кундан кейин Юнусободдаги “Баҳор” тўйхонасига боринг, Жаббор Раззоқ ош беряпти. Ашурали акани ўша ердан топасиз.
Темур Ҳалим Сайид билан у киши ёзган мақола ҳақида сўз очмоқчи эди, улгурмади – телефон гўшаги тақ этиб қўйилди.
Темур таклиф қилинмаган тўй ошига боришга мажбур бўлди. “Баҳор”га кираверишда тўй эгалари сафида турган ўрта ёшлардаги бир кишидан сўради.
– Ашурали Жўрами? У киши юқорида, кайвонилик у кишига топширилган, – деди нотаниш мезбон.
Иккинчи қаватдаги кенг-мўл зал бўсағасида ўрта бўй, дўмбоққина, оппоққина, дўпписи чеҳрасига ярашиб тушган киши чиройли табассум билан пешвоз чиқди Темурга. Темур ўзи истаб келган одамни топдим, деган хаёлда салом бериб, у кишига яқин борди, қўл етар жойга етганида, унинг ёнидаги қорамағиздан келган, мўйлабли, кўз қорачиғи тим қора киши ўзига чимирилиб қараётганини пайқади.
– Ҳа, ука, сизми, мени излаётган? – савол қотди у фавқулодда.
Темур ҳайрон бўлди, у излаб келганини қаердан билди бу киши?
Наҳотки, Ҳалим Сайид айтган бўлса? Ахир, Ҳалим ака Каттақўрғонга чақириб қолишди, ошга боролмайман, дегани аниқ эсида. У ҳолда…
– Аввал ош еб чиқасизми ёки танишиб оламизми? – деб сўради Ашур Жўра деганлари ҳамон Темурдан синовчан нигоҳини узмай.
– Ош учун келмадим, сиздан бир нарсани сўраб олсам кифоя, қайтаман.
– Ўзбекчилик бундай эмас-да, жўра. Қани, бери ўтинг. – У шундай деб чеккадаги бўш столлардан бирига Темурни чорлади. – Ҳали ошхўрлар ёпирилиб келишига пича бор. Ишни битирсак, битирақолайлик. Сиз асли қайси идорадан?
Темур шошиб қолди. У иш жойини тилга олишдан ийманаётган, қолаверса, қандай лавозимга расмийлаштирилганидан бехабар, нима деб айтади?!
– Беҳбудийга қизиқаман… Шунга сизни айтишганди.
Ашур Жўра бирдан енгил нафас олди. Рангига ранг кирди. Юзига табассум югурди.
– Шундай демайсизми! Офарин-ей! Қайси аскиячи тавсия қилди мени сизга? Чиндан ҳам, Беҳбудийни билади деб айтдими? Бу, одамларни тушуниб бўмай қолди-ей! Мен беҳбудийшунос бўлмасам, у кишини сув қилиб ичган, уни ортидан доктор, профессор бўлиб юрганлар қолиб, ким менга рўпара қилди, ука, сени?!
Темур муддаосини охиригача айтиб улгурмаганидан хижолат чекди.
– Мен, – деди фурсатдан фойдаланиб, – сиздан Беҳбудийни эмас, Раҳим Мақсудовни сўрамоқчи эдим.
– Раҳим Мақсудов? Қанақа Раҳим…
– Қизилтепалик ёзувчи.
– Юракни ўпирдинг-ку, бола, – деб юборди Ашур Жўра ўрнидан дик этиб туриб. – Бор, ичкари киргин-да, ош-пошингни еб ол. Кейин гаплашамиз. Бор! Раҳим Мақсудов, деб мени ўтакамни ёрдинг-ку, болам!
– Ўша ёзувчини танийсизми? Телефони?..
– Ёзувчимас у, журналист. Рай-йонда журналист-т! Ёши бир жойга борган, кекса… яхши инсон!
– Беҳбудий ҳақида китоб ёзган экан…
– Қанақа китоб?! Тўғри, туман тарихини ёзган, китобининг ичида бир чимдим Беҳбудийни тилга олган бўлса олгандир, илло, Беҳбудийни астойдил ўргана бошлаган одам – Бегали Қосимов, Наим Каримов! Ана шу домлаларни танийсанми? Китобларини ўқиганмисан?
Темур бош чайқади.
– Беҳбудийга қизиқсанг, ишни Бегали Қосимовга, Наим Каримовга қизиқишдан бошлагин. Тушундингми?.. Ҳозир сафсатани бас қилайлик-да, ичкари кир, ош еб кет. Э, барака топгур-а!
Темур ичкари томон икки қадам юрди-ю, тўхтади, ортига ўгирилиб, Ашур акадан яна ниманидир сўрамоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, Ашур Жўра уни гапиртирмади.
– Э, мен бир болалар журнали редактори бўлсам, ҳозирги мишиқи гўдаклар Беҳбудийни биладими? Отасига қизиқмайди-ку, Беҳбудийга бошини оғритадиган бола қайда?! Э, бор дедим, ошга ўтир, ҳа, Ҳожибой жўрам айтгандек, ошга ўтир, ука!
Ашур Жўра шундай деб бошини сараклатганича бояги зина тепасида меҳмонларга пешвоз чиқиб, илтифот кўрсатишда давом этаётган табассуми ўзига ярашган дўмбоққина шеригининг ёнига кетди.

– 10 –
Темур юз берган танишувни эслаб, кулиб юрди. Шуғулланаётган иши юзасидан таниган-билганлари қанча кўпайса, шунча яхши – бири бўлмаса, бошқаси калаванинг учини топишга кўмаклашар ахир! Зиммасидаги вазифани адо этмоқлиги йўлида нокерак одам, нокерак маълумот йўқ, битта рақам бўлса ҳам, гувоҳ одамнинг битта маълумоти бўлсаям – қимматли, зарур, асқатиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, ҳеч нарса билмайман, беҳбудийшунос эмасман деган Ашур Жўра ҳам ўзи истамаган ҳолда, бир нечта маълумот берди. Раҳим Мақсудов ёзувчи эмаслигини, журналистлигини айтди, у беҳбудийшунос эмаслигини айтди, ёзганда ҳам, Бегали Қосимов, Наим Каримов китобларидан фойдаланган бўлишига ишора қилди. Ва… кейин Темур бир гапни эслаб, юраги жиз этиб ачишгандек бўлди. Ашур Жўра ҳазилвон эканми ё жиддий гапирдими, ҳарқалай, ош еб чиқаётганида имлаб, Темурни ёнига чорлади.
– Сен ош еб чиққунингча, мен ўйладим. Болалар журналига Беҳбудийнинг болалиги ҳақида мақола заказ қилгандим. Пичоққа илинадиган маълумот топилмади. Тушуняпсанми, ҳазратнинг болалигига доир хотира йўқ, ҳеч кимда йўқ! Аслида эса, ўрганишни болалик чоғларидан бошлаш керак, болалигини билмасанг, Беҳбудий қаердан пайдо бўлганини қаёқдан аниқлайсан?! Шуни дилингда тут, жиян! Мисқоллаб бўлса ҳам тўпла, беш-олти қоғоз қоралаб келсанг, журналда мақолангни чиқариб бераман.
Темур қизилтепалик журналистнинг мақоласига кўз югуртириб ўтириб, дам-бадам хаёли Ашур Жўрага кетди, у кишига ғойибона миннатдорлик маъносида бош ирғади.
У дангалига, лўнда ва бўямай-бежамай айтилган гапни ёқтирарди, Ашур ака шунақа хилидан экан. Беҳбудий ҳам шундай табиатли бўлгани муқаррар, акс ҳолда “Амир Саид Олимхон уни ўзининг шахсий душмани деб билган”. Оддий гап эмас бу. Нима сабабдан шундай бўлган? Нима сабабдан амир уни ўзига шахсий душман деб билган? Бундан чиқди, Беҳбудий ниҳоятда залворли, мураккаб шахс бўлган, амирга нисбатан шахсий душманликка қодир одам бўлган! Ҳа-а-а!.. Бу етмагандай, “Унинг номи Туркистон генерал-губернаторлиги у ёқда турсин, оқ пошшонинг ўзига ҳам аён бўлган”.
Эҳ-ҳе-е!.. Темур эса битта мақола ёзган чекка тумандаги журналистни излаб юрибди…

– 11 –
Темур қўлидан қўймайдиган дафтарнинг илк саҳифасига йирик ҳарфларда ёзиб қўйган гапни қайта-қайта ўқишдан чарчамайди: “Маълумотнинг номуҳими йўқ! Айтилган бир оғиз сўз ҳам, эътибордан четда қолмаслиги шарт!” Шундай экан, деди ўзига-ўзи далда бериб Темур, ёзувчими, журналистми, олимми – фарқи йўқ, ҳаммасини битта қўймай ўрганаман, йиғаман, таҳлил қиламан ва табиий, хулоса чиқади, хулоса!
Ашур Жўра билан танишиб қайтгач, уч-тўрт кун ўтганида бирдан Ҳалим акага миннатдорлик билдириб қўйиш зарурлигини ўйлаб қолди. Ахир Ҳалим аканинг маслаҳати билан “Баҳор” тўйхонасига борди, Ашур Жўра билан ўша ерда танишди, ўша кишининг истар-истамас айтганларига зид иш тутиб, Раҳим Мақсудовнинг мақоласини ўқиди, ундан кўчирмалар олди. Кўчирмалари ўзига ёқди. Лўнда, тушунарли ёзилган экан. Ашурали ака айтмоқчи, Бегали Қосимов ё Наим Каримовнинг китобидан олган бўлса, уларни ҳам топади, ўқийди, улардан фойдаланади. Лекин инсоф билан айтганда, шу каби китоблар мавжудлигини Раҳим Мақсудовнинг мақоласидан ўқиб билди-ку!
– Сиз ёзган мақолани ўқидим, – деди Темур дабдурустдан ўзи ҳали кўрмаган, юзма-юз келмаган Ҳалим Сайидга.
– Қайси бирини?
– “Беҳбудийни қатл этган ким?” мақоласини.
– Яхши, раҳмат, – Ҳалим ака бошқа сўз айтмади. Лекин Темурнинг саволлари кўп эди ушбу мақола юзасидан. Сўрашни дилига тугиб юрганди.
– Менда бир нечта савол туғилганди, ўшалар юзасидан сўрамоқчи эдим.
– Телефонда эмас-да, ука, – деди Ҳалим Сайид, – бундай мавзулар бемалол, юзма-юз суҳбатларда қўзғалгани маъқул-да.
Темурга кераги ҳам шу эди, яъни бу гапни “Ҳузуримга келинг, бафуржа гаплашамиз”, деб тушунди.
– Бажонидил бораман, Ҳалимжон ака, сиз қачон десангиз, учиб бораман!
Келишдилар. Илло, Ҳалим Сайид тўғри маслаҳат берди.
– Сиз, ука, – деди у, – дуч келган манбани ўқишингиз мумкин, тўғри, лекин ишни тўғри ташкил этай десангиз, Беҳбудий ҳазратларига бағишланган барча мақолаларни, хотиралар-у тадқиқотларни бир бошдан ўрганишга ҳаракат қилинг. Илм тартибни тақозо этади. Биз сингари ёшлар, эҳ-ҳе-е, а-анча кечикиб киришганмиз бу қутлуғ ишга. Бизга қадар бу борада хизмат қилиб қўйганлар анчагина. Ҳожи Муиндан қолган мероснинг ўзи бир дунё!
Темур ўша заҳоти Ҳожи Муин исмини ёзиб олар экан, кўнглидан кечган гапдан кулимсиради. “Ҳалим ака, илм тартибни тақозо этади”, деди. Жиноят-қидирув ишида ҳам тартиб-интизом зарур, жуда зарур!”
– Қолаверса, – Ҳалим Сайид яна бир муҳим нарсани эслатди, – топган мақолаларингизни ўқиётганда баён этилган фикр-мулоҳазалар қайси даврда ёзилганига алоҳида эътибор қаратинг. Мисол, Беҳбудий ҳаётлик чоғи, чор Русия зуғуми, Туркистон мухторияти даври, Беҳбудий дом-дараксиз кетган пайтлар, унинг муборак номи қатағонга учраган давр, шўронинг сўнгги йиллари ва мустақиллик даври эркинликларини ҳисобга олинг… Фарқи ниҳоятда катта, тушунтиролдимми?..

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/hurshid-dustmukh-ammad/uz-yillik-k-otillik-k-issasi-69397828/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Юз йиллик қотиллик қиссаси Хуршид Дўстмуҳаммад
Юз йиллик қотиллик қиссаси

Хуршид Дўстмуҳаммад

Тип: электронная книга

Жанр: Легкая проза

Язык: на узбекском языке

Издательство: Adabiyot

Дата публикации: 14.08.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Эндигина университетни тугатиб, терговчи-изқувар сифатида иш бошлаган Темурга ниҳоятда мураккаб – роппа-роса 100 йил муқаддам юз берган қотиллик фожиасини ўрганиш вазифаси топширилади. Давр қандай эди? Қотиллар кимлар? Фожиона ўлим топган мақтул, яъни калласи танидан жудо этилган улуғ зот қандай инсон эди?..

  • Добавить отзыв