Ёзувчи учун атир

Ёзувчи учун атир
Неъмат Арслон
Атоқли адиб Неъмат Арслон адабиётимизда ўз сўзига, ўз ўрнига эга ижодкорлардан биридир. Ушбу тўпламдан ёзувчининг қатор сара ҳикоялари жой олди. Улар бадиий пухталиги, мазмунан теранлиги билан ажралиб туради. Адибнинг ўзига хос фалсафаси, тиниқ, жонли тасвирлари ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

Неъмат Арслон
Ёзувчи учун атир

ЯШАШ ҲУҚУҚИ

Севги ўлим даҳшатидан кучлироқ.
    В. Шекспир
Корхонанинг биттагина ғунажини бор эди. Ҳовлидан ўтаётиб унга эътибор қилдим. Юнглари ўсиқроқ, олагина ва ҳали ёш тумса мол. Балки урғочи ҳам эмасдир, лекин нима учундир менда бу мол ҳали туғмаган ғунажин деган тасаввур қолдирди. Нарироқда рангпар бир йигит товуқ пойларди. Касалманд эди у: ранги кўкимтир, юзи чўзиқ, кўзлари ғамгин. Унинг олдида иккита товуқ донлаб юрибди. Йигит уларни тутиш ниятида ўрмалаб боряпти. Унга ҳам бир-икки дақиқа қараб турдим. Рангпар йигит товуқларни тутиб, иккаласини оёғидан жуфт қилиб ушлаб, худди бир даста гулни кўтаргандай боши узра тутиб менга кўрсатди. Товуқларни у қандай ушлади, буни пайқамай қолдим.
Бошлиқнинг ҳузурига киришим керак. Даҳлизчадан чап томонга ўтиб, чап ёндаги эшикни тортдим. Бошлиқ тўртбурчак шаклдаги катта, аммо саёз алюмин идишга энгашганча ниманидир капаларди. Унинг атрофида ердан шифтгача пахтаҳалвога ўхшаш қандайдир нарсалар қалашиб ётибди. Хона узунчоқ ва нимқоронғи. Ҳеч қанақа жиҳоз йўқ, столнинг устига ҳам дастурхон ёки ёпқич солинмаган.
Бўйчангина бир аёл ўрнидан туриб менга жой берди. Хонада яна бир ёш йигит ҳам бор экан, уни кейинроқ пайқадим. Йигит ҳам ўрнидан турди. Мен бошлиққа яқинроқ жойдаги ёғоч курсига ўтирдим, аммо қандай ўтирсам ҳам, бошлиқнинг юзи яхши кўринмасди. Курсини кўтариб ҳар хил ҳолатда қўйиб кўрдим ва жойлашиб ўтирдим.
Ҳовлида танани кўрганим, касалманд йигитнинг товуқ тутгани ва яна шунга ўхшаш бир-иккита воқеани бошлиққа маълумот сифатида айтиш, тўғрироғи, ўзимнинг корхона ҳаёти билан танишлигимни билдиришни истардим.
Аёл столга сони билан таяниб, қошларини чимирганча менга қараб турарди. У жуда чиройли. Қиёфаси ғамгинроқ, юзи оддий, безаксиз, аммо қандайдир мумтоз. "Мен худди шундай юзни яхши кўраман" дедим ичимда. Унинг чимирилган қошлари пешонасига томон кўтарилиб учиб бораётган турна қанотидай синиқ бурчак ҳосил қилганди. Йигит кўринмай қолди. Бошлиқ менга қараб турар, аммо, афтидан, мени кўрмасди.
– Вы что-то хотите сказать? – деди аёл мен томонга ярим ўгирилиб.
Бироз саросимага тушдим. Русчани яхши гапиролмаслигимни билдириб қўйишдан чўчиб тараддудланиб қолдим. Бошлиқнинг ўзи билан гаплашмоқчи эдим. Шу мақсадда унга қарадим. Юзи, боши, гавдаси тўладан келган, ранг-рўйи тиниқ, қизил, умуман, бутун вужудидан соғлиқ гупириб турган киши эди у. Шу жиҳати билан содда ва эркин гаплашса бўладигандай туюлди. Чунки унинг юзида ғайритабиий ҳеч нарса йўқ. Одатда бундай одамларда билим у қадар чуқур бўлмайди. Улар суҳбатдошининг ички дунёсини ҳам юзакироқ, енгилроқ илғайдилар. Мураккаб жараёнларни билишга интилмайдилар. Ўша лаҳзада руҳиятимни илғайдиган киши менга керак эмасди, хаёлимда ҳовлида кўрганларимни баён этиш ва кузатувчанлигимни бошлиққа кўрсатишдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Бошлиқ ҳеч нарса сўрамади. Стол устидаги тақвим варағини йиртиб олиб аввал аёлга, сўнгра менга кўрсатди. Эътибор қилдим: варақда 1941 йил 7 июль санаси турарди.
Яна бироз ўтирдим. Аёл ҳолатини ўзгартирмади. Бошлиқ идишдаги унга ўхшаш нарсага қараб қолди. Хонадан чиқиб кетиш кераклигини англаб ўрнимдан турдим. "Сени итдай савалайман" ёки "Сизни эшшакдай ишлатаман" деганда нимани тушунасиз? "Эшакдай" деган сўз кимга тааллуқли? Ишлатувчигами ёки ишловчигами? Ҳар иккаласига ҳам. Шундай эмасми? Хўш, шу гапнинг фақат бир томонга тегишли шамоилини қандай топса бўлади? Инсон тафаккурининг сира ақлга сиғмайдиган жиҳатлари бор. Хонадан чиқиб ҳовлида кезарканман, ана шу тўғрида ўйлардим ва бундай ўй шу лаҳзадаги ҳолатимга сира мос келмасди.
"Ҳозир грамматикага бало борми?" дедим бироздан сўнг ўзимга ўзим. Ундан кўра бошлиқнинг хонасидаги ҳолатни таҳлил қилсам бўлмасмиди. Нега у қора доира ичига олинган “25” рақамини бизга кўрсатди? Шу савол ортидан "Лекин аёл чиройли эди" деган гап хаёлимдан ўтди. Кейин хонадаги пахтаҳалво уюмлари, бошлиқнинг ун капалаши ва йигитнинг ғойиб бўлиб қолганини ўйладим. Ўша аёл сигарета чекармикин? Унинг лаблари қанақа эди ўзи? Юпқа, асабий ва ҳаракатчанми? Ёки оғир, қалин, серчизиқ ва дағалроқми? Кейин ўша аёл билан ўзимнинг ўпишаётган ҳолатимни, ёмғир шивалаб ёғаётганда бостирма остида турганимизни ва ниҳоят ёзнинг жазирама иссиқ пайтида унинг чўмилаётганини кўз ўнгимга келтирдим. Сочлари елкасига ёпишган, бадани сувда ювилиб ялтирарди. Тошларда шундай хусусият бор. Чизиқлари билинар-билинмас ранги хира тошни сувга ташласангиз, ажиб бир эврилишнинг гувоҳи бўласиз. Сув остида тош тиниқлашади, ранглар қуюқ тортади, чизиқлар ёрқин бўёқларга беланиб жилваланади. Уни сувдан чиқариб олсангиз токи қуригунча ўша кўринишини сақлаб туради. Қуригандан кейин боз боягисидай кўримсиз бир нарсага айланади. Чўмилаётган аёл ҳам шундай демоқчиман. Албатта, аёл чўмилмаганда ҳам жозибали. Мен ҳар иккаласининг ҳам тиниқлашувини муқояса қилмоқчиман. Йўқ, ўйлаб кўрсам аёл бутунлай бўлакча. Уни ҳеч нарсага муқояса этиб бўлмайди.
Корхонада яна бир-икки кун қолишга қарор қилдим. Балки ўзгариш бўлар. Аммо нимани кутаётганимни, қандай ўзгариш бўлишини тасаввур этолмасдим. Энг ёмони, бу корхона нима билан шуғулланади ўзи, шуни ҳали аниқлаб ололганим йўқ. Мен бировнинг эшигини тақиллатишдан аввал ҳамиша ўйлаб оламан. Уйдан эркак ёки аёл чиқса қандай йўл тутаман, нима дейман? Қиз бола чиқса-чи? Лекин бошлиқнинг хонасига кираётганимда бошқа ҳиссиётлар таъсирида эдим. Бутун фикрим ўзимни шу корхона ишига садоқатли қилиб кўрсатишга қаратилганди. Лекин бундай бўлмади.

II
Дераза очилди. Мени имлаб ичкарига чорлашди. Имлаган аёлнинг қўли эди. Узуклари қуёш нурида ярқираб нур таратарди. Лекин аниқ биламанки, бошлиқ олдида уни учратганимда бирорта ҳам тақинчоқ йўқ эди. Қўлларини столга тираб турганда бармоқларида узуги йўқлигига эътибор қилгандим. Бирозгина эгилиб турарди у ва мен унинг қуймучига ҳам бирров қараб олгандим. Куйлаги нафис матоҳдан, кўйлак остида ички кийимининг қавссимон жияги билиниб турарди. Атайлаб менга кўрсатиш учунми деган хаёл миямда садо бергани ҳам ёдимда. Ҳатто қайсидир китобдан ўқиганим, французча мана бу икки мисрани ичимда айтиб тургандим:
Су вотр жюп бланш
Брее ля анш
Сизнинг оқ юбкангиз тагидан оёғингиз оқариб кўринади дегани бу. Аёл қўли билан мени ичкарига томон имларкан, ана шу майда тафсилотларни сира миямдан чиқариб ташлолмасдим. Кирдим. Хонада аёл йўқ. Мени бошқа бир киши қарши олди:
– Муқаддам судланганмисиз? – сўради дабдурустдан.
– Ҳа, ўн беш сутка ўтириб чиққанман.
– Нима учун?
– Майда безорилик деб айб қўйишганди, лекин қамалиш сабаби бутунлай бошқа. Бир жойда ножўяроқ гапириб қўйгандим.
– Робеспьер бўлмоқчи эдингиз, – деди у бошини мазмундор ликиллатиб.
– Балки, – дедим қайсарлигим тутиб.
Унинг ҳам қайсарлиги тутди:
– Сиз сариқ чақага ҳам арзимайсиз.
Индамадим. Бу ҳақоратга мос жавоб тополмадим. Ўрнимдан туриб эшик томон борарканман, раҳматли бобомнинг ўгитлари ёдимга келди:
– Жавоби аҳмоқ – сукут, – дедим.
Кулги овози эшитилди. Кулаётган, хаёлимда аёл киши, аммо ортимга ўгирилиб қарамадим. Корхонадан бутунлай кетишни дилимга тугиб ташқарига чиқдим.

III
Дарвоза ортида уч киши турарди.
– Чой ичинг, – деди улардан бири
– Иккита қулоқчаси бор экан, – деди бошқаси.
– Қўллари бақувватгина, чидайди, – қўшилди учинчиси.
Бу гапларни эшитмаганга олиб, йўлда давом этдим.
Улар ортимдан эргашдилар. Ёмон бир нарса бўлишини юрагим сезди, лекин билдирмадим. Тақдиримда борини кўраман. Яшашнинг ҳам қизиғи йўққа ўхшайди ўзи.
Балки ҳаётимни тўғри қуролмагандирман.
– Шошилманг, – деган овоз келди ортимдан.
– Бошлиқнинг хонасига кирдингизми?
– Кирдим.
– Кўрдингизми?
– Кўрдим.
"Нимани", деб сўрамадим. Зеро, фойдаси ҳам йўқ. Ортимдан келаётган бандалар ҳиссиётдан бутунлай маҳрум.
– Ўнгга юринг! – деган буйруқ бўлди орқадан.
Ҳукм қатъий, босиқ ва аниқ, аммо бўйсунмадим, ўзимни эшитмаганга олдим. Балки қочиб қутуларман деган хаёлга бордим, аммо қочиш режаси миямда ҳали пишиб етилмаганди.
– Ўнгга!
– Тўғрига кетаверса ҳам майли, барибир ўша ерга боради.
– Майли, тўғрига!
– Икки ўн беш – бир ўттиз.
Улар ўзларининг гапларига ичакузилди бўлиб кулишди. Бу гапнинг нимаси қизиқ туюлди экан, англамадим. Балки мени қўйдек олдиларига солиб ҳайдаб боришаётгани учун кулишаётгандир. "Қўйдек" уларга тааллуқлими ёки менгами? Яна мантиқий силлогизм. Ундан кўра қочиб қутулишни ўйлашим керак.

IV
Ортимга бир қараб олдиму бор кучим билан югура кетдим. Узоқ югурдим. Бахтга қарши йўл тобора юқорилаб борарди. Нафасим оғзимга тиқилиб, ҳарсиллаб қолдим ва нима бўлса ҳам қир ортига ўтиб олишни мўлжалладим. Қир устига чиқарканман, мувозанатимни сақлаб туролмай мункиб кетдим. Қир орти тик қиялик. Шу қадар тик эдики, гоҳи-гоҳида майда ғўрашакли тошлар ўз-ўзидан "шиқир-шиқир" этиб пастликка томон силжирди. Тутиб қолай десам бирорта бута ёки тош йўқ. Оёғим тойиб кетиб ортим билан ўтириб қолдим ва ўзимни тўхтатолмай пастга томон сирпаниб кета бошладим. Кейин дўстаман ётиб бутун вужудим билан ерга қапишдим, қизил ғўрашакли шағални қучоқладим. Бармоқларимни чангак қилиб ерга ботиришга уриндим; тиззам, иягим ва ерга тираш мумкин бўлган барча аъзоларимни сафарбар этиб ўзимни тўхтатишга уриниб кўрдим, қайта-қайта уриндим, бўлмади. Орқам билан ётиб товонимни тирадим. Фойдаси йўқ, пастликка – Аспалатисофилинга томон шиддат ила кетиб борардим. Тез орада шимимнинг орқаси йиртилганини пайқадим, аммо ўрнимдан туролмадим. Оёқ остида ва ҳамма жойда тупроқ ҳам эмас, сополга ўхшаш, аллақандай, нўхат катталигидаги тошсимон ғўрашаклар туришга сира имкон бермасди. Йиқила-сурина ортимга ўгирилиб қарадим. Қир устида етти киши турганини кўрдим, ўша лаҳзада санаб улгурмаган бўлсам-да, пастга томон тойғаниб бора туриб ҳисобини чиқардим. Ҳалиги учаласи ёнма-ён туришар, ўртада бошлиқ ва унинг ёнида яна икки киши. Бири аёл… демак, олтита экан.
– Қайт! Қайт!
Овоз менга нотаниш эди, лекин ички бир ҳиссиёт билан бошлиқнинг ўзи чорлаётганини англадим.
Ёнбағир тобора нишаблашиб борарди. Энди ўзимни тўхтатиб қолишдан тамом умидимни уздим. Оёқ тирашим, панжаларим билан ғўрашак ерни чангаллашим, ортимни ерга маҳкамроқ босишимдан заррача наф йўқ. Қияликнинг охири кўринмасди. Мени қутқазувчи куч бу дунёда йўқлигини билсам-да, ёрдам сўраб қичқирдим:
– Қутқаринглар! Ёрдам беринглар!
Овозимни шамол юлқиб олиб учириб кетди. Энди ҳаво зарби юзимга шу қадар шиддат билан урилардики, яна бир марта ёрдам сўраб қичқирмоқчи бўлгандим, барча сўзларимни шамол ҳўл латтадай лўндалаб оғзимга тиқди.

V
Аспалатисофилинга томон шиддат билан кетатуриб "Аслида умрнинг ўтиши ҳам шу", дедим. Денгизларда фақат бир дақиқагина яшаб, шу муддат ичида авлод қолдиришга улгурадиган аллақандай жонивор бўлармиш. Дўзахнинг бир суткаси ер юзининг 1600 йилига тенг дейди япон ёзувчиси Кензабуро Оэ. Аспалатисофилин эса дўзахнинг энг чуқур жойи. Мен энди ана шу қўрқинчли чуқурликка томон силжиб ёки сирпаниб эмас, учиб боряпман. Назаримда оёқларим тагидан учқунлар сачраётгандай.
Қулоқларим остида шамол ҳуштак чалади. "Иккита қулоқчаси бор экан" деганди ҳалиги, ортимдан келаётган, уч кишидан бири. Ҳа, қулоғим бор, аммо энди ундан менга не наф? Оғзимдан, кўзимдан-чи? Йўқ, ҳар ҳолда кўзим нималарнидир фарқлаётгандай. Ана олдинда қандайдир симчизиққа ўхшаш нарса кўринди. Бамисоли "Риштаи Марямдай" ингичка. Миям ҳам бир нав ишлаб турибди. Яқинлашганим сари симчивиқнинг йўғонлашаётганини англаяпман. Қаламдай, жимжилоқдай, бошбармоқдай…
Ушладим! Бирдан шамол тўхтади, ҳуштак тинди. Симчивиқни маҳкам ушлаганча бамисоли турникда машқ қилаётган спортчидай бир алпозда турибман. Аспалатисофилинга қилаётган шиддатли сайрим тўхтаган, сукунат. Елкам, тирсакларим, орқам шилинган, ғувиллаб ачийди. Бу қайси гуноҳим учун берилган жазо, билмайман. Худога шукр дейман, ҳозирча тирикман. Ногоҳ қулоғимга инграган товуш чалингандай бўлди. Балки ўпкам ёки бирор ички аъзоларимдан чиқаётган товушдир. Нафасимни ичга ютиб қулоқ тутдим. Ҳа, кимдир ингранар ва оҳ тортарди. Наҳотки бу жаҳаннам тойғаноғида мендан бўлак ҳам бирор жонзот бўлса! Ўша ожиз товуш гўё "Ҳа, мен бор" дегандай яна такрорланди. Овоз бердим:
– Кимсан? Қаердасан?!
– О-о-оҳ, ёрда-а-ам!..
Овоз ўнг ёндан, жануб тарафдан келарди, ўша томонга қарадим. Қоронғиликда ҳеч нарса кўринмади. Йўлга тушдим. Оёқ билан эмас, қўл билан юриб боряпман. Қўлларим билан симга осилганча жануб томон силжияпман. Бармоқларим карахтлаштиб, билагим толиқиб, елкаларим оғирлигимга дош беролмай қолгунга қадар юрдим. Бу аҳволда йўл босиш оғир. Қандай бўлмасин дам олиш чорасини кўриш керак . Товонимни ерга тираб, қўлларим билан симни қаттиқ тортиб гавдамни кўтардим, сим устига чиқиб олмоқчи эдим, бўлмади, қўлтиғим билан бир муддат осилиб турдим. Иягимни ҳам ишга солдим. Бармоқларимга куч қайтгунча иккала қўлтиғимга симни қисиб, жағимга таяниб турдим. Изтиробга тўла овоз яна такрорланди:
– Ёрдаа-ам!
Энди аниқроғи эшитилди. Овоз аёл кишиники. У мендан унчалик узоқда эмас, ҳатто инграгани ҳам эшитила бошлади.
– Ҳозир, бирозгина сабр қилинг!
– Қўйвораман, тезроқ!
Нолага тўла овоз мени югуришга мажбур қилди. Қўлларимнинг ўрнини тез-тез алмаштириб "қадам-бақадам" силжияпман. Қора кўринди. Мендан уч-тўрт қадам нарида нимадир симга осилиб турарди. Ўша томонга интиларканман, елкам билан алланарсага тақалиб тўхтаб қолдим. Шу пайтгача симни нима ушлаб турганини ўйлаб кўрмаганимни қаранг. Елкамга тақалган нарса бетон устунча эди. Демак, маълум бир масофада симни тутиб туриш учун устунчалар ўрнатилган. Бу менга катта қувонч бағишлади. Қаранг-а, ҳатто шундай ҳолатда ҳам қувониш мумкинми дунёда! Аммо ҳозир бунга фурсатим йўқ. Нола қилиб ёрдам сўраётган аёлни қутқазиш керак аввал. Сўнгра бир гап бўлар.
– Мана, боряпман, бирозгина чиданг!
– Оҳ, тез бўлинг!..
"Қадамимни" тезлатдим, бироқ етиб боролмадим. Қўлимни чўздим-у унинг билагидан ушлашга улгурмадим. Куч-қуввати батамом тугаган, сўнгги дақиқада менинг яқинлашганимни ва қўл чўзганимни кўриб тамом ўзини ташлаб юборди.
– Ё!.. – деган бўғиқ, кучсиз, аммо жонҳолатда айтилган нидо мени кескин ҳаракат қилишга ундади. Унинг қўллари симчивиқдан узилган ва у бир неча сония ичида тубсизлик қаърига томон учиб кетиши мумкин эди. Талпиндим, қўлим етмади ва шу лаҳзанинг ўзида оёғимни чўздим ва қичқирдим:
– Ушла! Оёғимдан ушла!
Бу ҳолатлар бир сония ичида бўлиб ўтди, албатта. Унинг қўллари пойчамга ёпишди ва юқорига чиқиш учун типирчилай бошлади. Қўлларим қанчалик толиққан бўлмасин, пойчамга илашиб, тебраниб турган, ихраб-сихраётган жонзотнинг вазни унчалик катта эмаслигини пайқадим. Тиззамни юқорига тортиб уни ўзимга яқинлаштирдим. Чап қўлим билан симни ушлаганча пастга эгилдим. Қўлимга унинг сочи илашди.
– Тортинг, майли, тортаверинг, чидайман, – деди у умидворлик билан.
Оёғим билан ҳимоя қилиб сочидан енгилгина торта бошладим. Вазни енгиллашганини пайқаб, у ҳам болдиримдан маҳкам қучоқлаб олди. Иккинчи оёғимни ишга солдим. Бошмоғим аллақачон йиртилиб тамом бўлганди, бош бармоғим билан ерни пайпаслаб, оёғим остида икки бармоқ жойлашгулик чуқурчани "кашф" қилдим. Қандайдир бир жониворнинг уясими ёки оёғим билан пайпаслаганда ўрнидан кўчган тошнинг кавагими, нима бўлганда ҳам биз учун нажот чамбараги. Икки панжамни унга жойлаштириб, қўлимга бироз дам бердим. Пойчамга ёпишиб турган хилқатни юқорига тортиб олиш учун шунинг ўзи етарли. Ёшлигимда гимнастика ва оғир атлетика билан шуғулланганимга шукр қилиб унинг сочидан қўйвордиму қўлтиғидан тутдим. У аввал белимга, сўнгра тирсагимга ва ниҳоят бўйнимга ёпишди. Иккала қўли билан бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди.

VI
Билакларимда ғайритабиий бир куч пайдо бўлганини ҳис қилдим. Келган йўлимдан аста-секин ортимга қайта бошладим. Энди юким аввалгидан оғирроқ бўлса-да, анча илдам борардим.
– Исминг нима? – сўрадим юришдан тўхтамаган кўйи.
У жавоб бермади. Ухлаб қолганди. Бошини кўксимга қўйиб, бўйнимдан қучоқлаганча бемалол ухларди. Сочи юзимга ишқаланиб борар ва илиққина нафаси бўйнимни қитиқларди.
– Майли, ухлайвер, – шивирладим унинг бошига юзимни босиб ва яна бир неча одим силжидим. Мана, устунча! Қани энди унга бир амаллаб чиқиб олсам. Бўйнимга чирмашган қўллар бўшашди, унинг нозиккина билаги елкам узра оҳиста сирғалаётганини пайқаб, бир қўлимни симдан бўшатдим ва қизнинг белидан тутдим. Иягим билан туртиб, бошини силкита бошладим. Уни уйғотиш керак эди, бу аҳволда узоқ туролмасдим. Бирдан атроф ёришиб кетди. Ой чиқди. Тўлин ой. Қиз уйғонди ва ўзини четга олмоқчи бўлди. Тасодифан ўзини бегона эркак қучоғида турганини кўрган қиз қандай аҳволга тушса ҳам ана шу ҳиссиётни бошдан кечирмоқда. Яхши ҳамки унинг белидан маҳкам ушлаб турардим.
– Тинчлан, – дедим уни чўчитиб юбормаслик учун юмшоқроқ қилиб, – мана бу симдан ушла.
– Симдан?! – қичқириб юборди қиз чўчиб.
У энди ўзи қаердалигини эслаганди. Бир неча дақиқалик уйқу давомида балки ширин тушлар кўргандир, тушида текис ерда сайр қилиб юргандир. О, Ер устида ишонч билан оёқ босиб юриш нақадар катта бахт, ўзимнинг ҳам юрагим орзиқиб кетди. Пастда нима бор ўзи? Наҳотки тубсизлик устида осилиб турган бўлсак?!
Хаёлга берилишнинг мавриди эмасди.
– Симдан ушла! – кескин оҳангда буюрдим қизга У тиззалари билан менинг устимда ҳаракат қилиб, симни чангаллаб олди.
– Мана шу ерда, чап елкамнинг ёнида устун бор…
Товушим зўриқиб чиқди. Чунки бу пайтда товонларимни ерга тираб, қўлларим билан юқорига тортилдим ва шу усул билан қизни ҳам кўтармоқда эдим. Бир қўлимни яна симдан бўшатиб олишга тўғри келди. Қизнинг тўпиғидан тутиб, оёғини устун устига оширдим.
– Ерми?!
Болаларча қувонч янграб кетди унинг овозида.
– Ер, бизнинг еримиз.
Қиз товушимдаги алам ва изтиробни тушунди, жимиб қолди. Устунчанинг эни бир қарич, узунлиги учтўрт қарич бор. Икки киши бемалол сиғиши мумкин. Қиз иккала қўли билан сочларимдан маҳкам ушлаганча тирмашиб чиқиб, елкамга оёқларини қўйиб олди. Нимадир юзимни силаб, қитиғимни келтирарди. Бошимни кўтариб қараб, унинг белида осилиб турган икки бўлак латтани кўрдим. Қиз ҳам менга ўхшаб иштонидан айрилган ва ой ёруғида унинг орқаси оқариб кўриниб турарди. Кулгим келди. Қиз елкаларим силкинаётганини пайқади. Алам ва изтироб кулгусидан силкинаётган вужудимни у толиққан тананинг титроғи деб ўйлади ва тезроқ устунга чиқиб олишга шошилди.
– Орқага ўгирилиб қорнинг билан ерга ётиб ол, – дедим ҳар эҳтимолга қарши унинг оёғини қўйвормай.
Қиз айтганимни чаққонлик билан бажарди. Энди унинг юкидан бутунлай халос бўлгандим. Чамамда қизнинг оғирлиги ўттиз беш килодан ортиқ эмасди. Бундай юкни ерда бўлганимда кун буйи бемалол қўлимда кўтариб юрган бўлардим, ўз кучимга ишонаман. Ахир мен узоқ йиллар тош кўтариш ва штанга билан ҳам машқ қилганман. Бу соҳада Чўртонбойдан ўзиб кетаман деб ўзимни кўп қийнаганман. Ҳатто питбул зотли америка итларидек тишим билан турникка осилиб туриш машқини ҳам олганман.
"Ерда", деганим эришроқ туюлади, албатта. Бошқа нима ҳам дей, ҳавода муаллақ десам ҳам тўғри келмайди, тик турибман ёки ётибман ҳам дея олмайман. Ўтиролмайман ҳам.
Тонг отди. Энди иккиламиз олдинма-кетин, мен орқада, қиз олдинда устунча устида туриб қуёшни кузатардик. Қуёш ҳали чиқиб улгурмаган, унинг нурлари осмон сатҳида парпарон уриб ўйнарди. Эсаётган енгилгина шабада қизнинг сочларини тўзғитар ва олиб келиб менинг юзимга урарди. Қиз ўгирилиб менга қаради. Жилмайди. Бир нафас кўзларимдан нигоҳини олмади, тикилиб турди. Нимадир демоқчи бўларди-ю, истиҳола қиларди. Буни тушундим. Мен орқамни ерга маҳкам тираб, қизнинг белидан ушлаб турардим.
– Начора, бошқа иложимиз йўқ, – дедим унинг Ўнғайсизланаётганини сезиб, – сен қандай қилиб бу тузоққа тушиб қолдинг?
– Ўша корхона… Аа-а-а!
Қизнинг кўзларидаги даҳшатни кўриб ортимга қарадим-у, ўзимни пастга отдим. Иккаламиз олдинма-кетин қиялик бўйлаб думалаб келаётган улкан харсангни кўриб қолгандик . Тош тўппа-тўғри биз турган устун устига бостириб келиб, унга тегай-тегай деб ўтиб кетди.

VII
Биз муқаррар ўлимдан қутулиб қолган бўлсак-да, номаълум "келажак" сари шиддат билан кетиб борардик. Йўлнинг адоғи кўринмасди. Ярим соатлар ўтгач, қиз инграниб йиғлай бошлади. Дам қорни билан ётар, дам орқаси билан ётар, дам ўнг ёнбошига, дам чап ёнбошига ағдариларди. Мен бўлсам унга ёрдам беролмаётганимдан хунобим ошиб, чора излардим. Уни устимга миндириб олишдан ўзга иложим қолмади. Шундай қилдим.
– Сен нима сабабдан бу ерга келиб қолдинг? – сўрадим нимадир қилиб уни чалғитиш мақсадида.
– Қочдим.
– Кимдан?
– Бошлиқдан.
– Нега?
– Зўрламоқчи бўлди.
– Нега боргандинг у ерга?
– Ишга.
– Нима иш қилардинг?
– Сигир соғмоқчи эдим.
– Нега бошқа томонга қараб қочмадинг?
– Бошқа томонга йўл йўқ. Барча йўллар шу ерга олиб келади.
– Сен қайси сигирни соғмоқчи бўлгандинг?
– Ола таначани. Болалагандан кейин. Мени бир аёл олиб борганди. Узун бўйли, чиройли аёл.
Бошлиқнинг хонасидаги аёл кўз ўнгимдан ўтди ва сўрадим:
– Ўша аёл ким ўзи?
– Бошлиқнинг… ҳамхонаси.
– Анави товуқбоқар-чи?
– Ўша аёлнинг укаси. Касал. Сиз уларни қаердан биласиз?
– Мен ҳам ишлаш учун боргандим.
– Сизни ҳам… зўрламоқчи бўлдими?!
– Нималар деяпсан? Йўқ, лекин нима гуноҳ қилганимни билмайман.
– Баъзилар ўша товуқбоқар йигит аёлнинг укаси эмас, дейишади. Аёлга қарагани, уни яхши кўриб қолгани учун бошлиқ шундай қилиб ташлаган эмиш.
– Исминг нима?
– Субҳия.
– Ота-онанг борми?
– Бўлишган, ҳозир етимчаман.
– Неча ёшдасан?
– Ўн… етти.
Субҳия охирги рақамни ўйланиброқ айтди. Мендан ёшини яшираётганга ўхшарди.
– Сизга барибир эмасми? – деди бироздан сўнг. – Энди ёшнинг мен учун фарқи йўқ.
Унинг фикрини тушундим. Кўзлари жиққа ёш эди. Ўлимга маҳкуммиз, бу тузоқдан қутилиб кетолмаймиз, демоқчи эди. Яна қийин аҳволда қолдим. "Қутилиб кетасан, ҳали ёшсан" демоқчи бўлдим, аммо ёлғон айтишдан не наф. Аспалатисофилин томон кетиб бораяпмиз. Тўғри, энди ҳаракатимиз аввалгига нисбатан анча суст. Бу томон нисбатан текисроқ, ҳатто бир-икки жойда озгина тўхтагандай ҳам бўлдик. Аммо қандайдир мубҳам бир куч бизни муқаррар комига тортиб бораётгани аниқ эди. У тўхтаб қолишга имкон бермасди.

VIII
Субҳияни устимдан туширдим. Елкам ва тирсакларим шилиниб кетганди. Илма-тешик костюмимни унинг остига тўшаб бердим. Силжиб бораётганда костюм енгларини қизнинг қўлтиғи остидан ўтказиб олиб боғлаб қўйдим ва тугун тагидан қўлимни ўтказиб олдим. Ёнма-ён бораяпмиз. Юқорига чиқишнинг сира имкони йўқ. Ортга қайтишнинг демоқчиман. Бу борада қилган барча уринишларимиз беҳуда кетди. Бекорга куч сарфламаслик учун яна нишаблик измига бўйсунишга тўғри келди. Жуда секин, лекин қаричма-қарич тубсизликка томон боряпмиз. Тагимизда ғўрашак шағал бир маромда шиғирлайди. Тепадан бошқа тош думалатишмади… Шусиз ҳам барибир ўлишимизни билишади. Тошни шунчаки эрмак учунми, қизиқчиликками думалатишган бўлса керак.
– Шундай кетаверамизми?
Қизнинг юзига қараб нима мақсадда бундай деяётганини билмоқчи бўлдим ва сўрадим:
– Нима қил дейсан?
Субҳия кўзларини олиб қочди.
– Сиз кимсиз? Уйланганмисиз? Болаларингиз бордир балки…
– Ҳеч кимим йўқ.
– Мен ҳам сизга бегонаман. Ҳеч кимингиз бўлмайман.
– Бизнинг тақдири аъмолимиз бир.
– Лекин ҳаётимиз бошқа-бошқа.
– Ҳаётимиз ҳам бир. Токи ўлимгача шу йўлни бирга босиб ўтамиз.
– Бир-биримизга бегона ҳолдами?
– Ким бўлишимизни истайсан? Ака-сингилми, ота-болами, ёки…
– Қиз бола умрининг охиригача ака-укаси ёки ота-онаси билан бирга яшай олмайди. Йигит ҳам, қиз ҳам вояга етгач оила қуради, ўзига ҳаёт йўлдоши танлайди. Фақат ана шу йўлдош билангина умрининг охиригача боради.
Бирдан ҳаво булутланиб ёмғир ёға бошлади. Субҳия совқотиб пинжимга тиқилди. Момақалдироқ гумбурлар, чақин чақар, атрофимиздан қондай қип-қизил сув оқарди. Лаҳза ўтмай, жиққа ҳўл бўлдик. Қизнинг ёмғирда ювилган юзи ойдайгина. Сув остидаги тошдек тозариб, ярқирарди.

IX
Қуёш чиқишини бир олам қувонч билан кутиб олдик. Субҳия совуқдан кўкарган лабларини, елкасини офтобга тутар, бутун вужуди билан унга интилар, қуёшни бағрига босишни истарди. Кафтим билан унинг елкасига, бўйнига шувалган лойни артиб қўйдим. Костюмимни белидан ечиб олиб, офтобга ёйдим. Бу пайтда биз биринчи бор "юриш"дан тўхтагандик. Ёнбағир одам ўзини тутиб туролмайдиган даражада тик бўлса ҳам, ёмғир оқизиб келган ғўрашак ва лой оёғимиз остида тўпланиб ношудгина зинача ҳосил қилган ва биз бу ноёб қурилмага оёқларимизни авайлабгина қўйиб турар, бир-биримизга қараб хушнуд жилмаярдик, гўё оламшумул бир кашфиётни бузиб қўйишдан қўрққандек эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилардик. Шундай тик ёнбағирда зинача ҳосил бўлишининг ўзи ҳақиқатдан ҳам мўъжиза.
Қуёш энди дурустгина қиздирар, рўзғоримизнинг яккаю ягона бисоти костюмдан илиқ буғ кўтариларди. Биз шу сонияларда ғоят бахтли эдик. Яна бир неча дақиқадан сўнг нималар рўй беришини ҳам, оёғимиз остида тубсиз бўшлиқ турганини ҳам унутган, келажакни ўйламас, шу лаҳзанинг шодлиги билан яшардик. Ўтиришга ва бир-биримизга рўйи-рост қарашга, кўзларимизга тикилиб ҳузур олишга имкон берилганига шукроналар айтардик. Дилларимиз сўзсиз бир нидо билан қўшиқ куйламоқда.
Ногоҳ унинг кўзларида қувликка ўхшаш бир нарсани кўрдим. Ундан "ҳозир мўъжиза кўрсатаман" деган маънони ўқдим. У кафтлари билан ерга таяниб менга орқа ўгирди. Лозимининг тилка-тилка бўлиб йиртилганини унутганди, афтидан. У эгилганча, мендан яшириб нимадир қилди. Кўзлари қувончдан порлаб менга қаради. Кичкинагина муштчасини маҳкам сиқиб турарди.
– Кўзингизни юминг, – деди ёш қизчаларга монанд ўйинқароқлик билан.
Бир ҳисобдан унинг бу қилиғи ёшига мос ҳам эди. Назаримда у ҳали ўн бешга ҳам тўлмаганди. Кўзимни юмдим.
– Оғзингизни очинг!
Оғзимни очдим.
Нозиккина бармоқлар лабларимга тегди, кафтининг ҳароратини ҳис қилдим.
– Бўлди!
Кўзимни очиб, унинг қувончдан ёришиб турган юзига қарадим. Оғзимда данак катталигида нимадир бор. Дафъатан уни ғўрашак тош, деб ўйладим. Субҳия менга ҳазил қилаётгандир деган хаёлга бордим ва шу лаҳзанинг ўзида оғзим сувланиб, нордонгина таъмни сезди.
– Қурут!..
Ўзининг ҳам лунжи дўмпайибгина турарди. Икки бармоғини оғзига тиқиб оқ зўлдирчани олиб кўрсатди ва яна оғзига солди.
– Бошқа йўқ, – деди гўё шуни узоқроқ, тамшаниб-тамшаниб шимишимни уқдиргандай бир оҳангда. Бундай оҳанг менга таниш. Онам қўлимга бор дона қанд ёки бир бўлак нон тутқазардилар-да, "бошқа йўқ" деб писанда қилиб қўярдилар.
Мен бош силкиб жилмайиб қизнинг бу ишини рағбатлантирдим. Қурутдан билинар-билинмас тер ҳиди келарди ва назаримда таъми ҳам бошқачароқ.
– Чўнтагингда яна бордир, – дедим жиддий қиёфада.
– Чўнтагим йўқ, – иқрор бўлди қиз.
Қурутни қаерда сақлагани ва қандай олгани менга маълум бўлганди. Офтобшувоқда ётиб қурут шимидик.

Х
Арининг ғинғиллашидай овоз эшитилди. Субҳия хиргойи қиларди:
«Йўл бўйида бир туп олма бор,
Мен шўрликдай танҳо ва ёлғиз.
Йўловчисин кутар умидвор,
Оҳ, олмалар, бўйга етган қиз…»
Уни шу лаҳзада авайлабгина бағримга босгим, эркалатгим, сочларини силагим келди, аммо бундай қилмадим. Мумкин эмас, ҳаққим йўқ, унга бегонаман. Бундан ташқари ҳиссиётларим ҳам аллақандай чучмал. Ҳаммаси аралаш: Оталик ҳисси билан яна бошқа туйғу қалбимда тинимсиз кураш олиб бораётгандай. Балки бу ҳислар қўшилиб, бир-бирига чатишиб қолган-у, энди бири иккинчисини маҳв этиб ва ажралиб чиқиб, вужудим ва шууримга ҳукмронлик қилишга уринаётгандай.
«Ана йўлда кўринди биров,
Тўкилдилар олмалар тап-туп…»
Унинг қўшиғи шу жойда узилиб қолди. Ёнида бегона эркак борлиги ёдига тушиб ялт этиб қаради, юзига дув этиб қизиллик югурди. Нима учундир менга аччиқ аралаш қаради. Кўзларида гинамикан, таънамикин, шамамикин, хуллас, мен номини аниқ билмаган нимадир балқиб турарди.
– Нима гап? – сўрадим ажабланганимни яширмай.
– Олмалар, мен шўрликдай танҳо ва ёлғиз… – дея қўшиғининг афтидан ўзига қаттиқ таъсир этадиган мисрасини такрорлади, кўзларига ёш қалқиб чиқди.
– Сен ёлғиз эмассан, Субҳия.
Қиз бола учун кўнглидаги фикрни айтиш қанчалар қийин. Ҳаммасини тушунганим ҳолда, мен ҳам кескин фикр айтишга ботинмай турардим.
– Барибир ўламиз, шундай экан…
– Шундай экан, бир лаҳза бўлса ҳам…
Мен ҳам давомини айтолмадим. Ёнимда аёл киши бўлганда балки ҳаммаси осонроқ ҳал бўларди. Шу ҳақда ўйлаб қолдим.
– Дунёда муҳаббат борлигини билмай ўлиб кетиш катта бахтсизлик, – деди Субҳия ва кўзларимга илтижо билан қаради.
Мен унинг билагидан ушлаб, ўзимга тортдим. Қаршилик кўрсатмади. Шу пайтгача қилган яқинликларимиз: уни бағримга босишим, кўксимга бош қўйиши ва бошқа барча ҳолатлар тақдирнинг тақозоси бўлиб, бошига бир хил кулфат тушган икки инсоннинг дардкашлиги ва бир-бирига ёрдами эди. Энди эса иккаламизда ҳам бутунлай бўлакча ҳиссиётлар туғён урмоқда.
– Тўхтанг, – деди Субҳия кўкрагимдан оҳиста итариб, – никоҳ ўқитиш-чи?
Шу лаҳзада унинг кўзларида зуҳур этган ифодани сўз билан таърифлаёлмайман. Қандайдир ваҳшиёна куч шарм ва ҳаё пардасини йиртиб ташлаб отилиб чиқишга шай турар, назаримда қўзичоқни ейишга чоғланган бўрининг кўзларига ўхшарди унинг кўзлари. Балки бошқачароқдир, аммо начора, менинг жайдари таърифим шу. Балки бу фикрим хатодир, менга шундай туюлгандир, ҳар ҳолда довдираб қолдим. Унинг вужудидаги титроқ менга ҳам ўтди.
– Никоҳ ўқитамиз, – дедим. Товушим аранг чиқди.
– Мен розиман!
Қуёшга қарадим. Олам ёритгичи қизариб ботиб бормоқда.
– Эй улуғ отамиз! – дедим Субҳиянинг елкасига қўлимни қўйиб, – нидомизни эшит, илтижомизни рад этма, мана бу қиз – Субҳия. Мен – Бенаво. Бизга раҳнамолик қил, ўлимимиз олдидан никоҳлаб қўй!
Субҳиянинг ҳам лаблари пичирлаб турар ё менинг сўзларини ичида такрорлар ёки дилидаги энг яширин гапларини улуғимиз – Қуёшга айтарди.
Биз Қуёш ботгунча кутдик. Тун борлиққа ва оёғимиз остидаги тубсизликка чойшабини ёпаркан, Субҳия бағримга кирди ва ўзини бутунлай менинг ихтиёримга топширди.

XI
Эс-ҳушимизни йиғиштириб олганда аввалгидан ҳам катта тезлик ва шиддат билан тубсизлик томон кетиб бормоқда эдик. Муҳаббат жазаваларига оёғимиз остидаги ночоргина Еримиз дош беролмаган ва ўз фуқароларини тақдир ҳукмига қўшқўллаб топшириб қўя қолганди. Субҳияни йўқотиб қўймаслик учун бағримга маҳкамроқ босдим.
Ногоҳ остимиздаги ғўрашак тошларнинг шиғирлаши тўхтади. Вужудимнинг енгил тортганини пайқаб, қўлим билан остимни пайпаслаб кўрмоқчи бўлдим, Ерни тополмадим. Биз ҳавода учиб борардик. Вужудимиз ердан узилган, муаллақ ҳолатда эдик. Юқорига кўтариляпмизми ёки пастга томон кетиб бораяпмизми, билмасдик.
Энди биз учун бунинг аҳамияти ҳам йўқ.
Субҳия бўйнимдан маҳкам қучганча қулоғимга ҳарорат билан шивирлади:
"Мен сизни севаман!.."

АННАБЕЛЬ ВА АЗОЗИЛ

1535 йилда Аннабель ўлимга ҳукм қилинди. Қатлгоҳ томон сувдек оқиб келаётган оломон қизиқ бир томоша кўриш ва уйда қолган оила аъзоларию дўстёронларга бу ҳақда ҳикоя қилиб бериш илинжида. Бироқ майдондаги манзарага кўзи тушган кишиларнинг кўпчилигида аввал ўйлаганидан асар ҳам қолмади. Қатл майдончасида шу қадар гўзал бир хилқат турардики, унга бир бор кўзи тушган киши юзидаги ҳаяжон ифодасини яширолмай, тили ҳам калимага келмай ҳайрат мақомида туриб қоларди.
Аннабель зийрак кўзлари билан атрофни қуршаб олган ола-қуроқ оломонга қаради. Улар орасида қора ридо кийган кишилар ҳам бор. Юз ифодалари ғоят жиддий, басавлат бу одамлар кимнингдир келишини кутиб тараддудланишмоқда. Ниҳоят кутилган киши – черковнинг бош руҳонийси оломон орасини ёриб, майдонга кириб келди. Жамоа уни эҳтиром билан кутиб олиб, алоҳида жой кўрсатди. Бош руҳоний қатлгоҳга бир қараб олиб, ўнг қўлини юқорига кўтарди. “Тинчланинглар” деган бу ишора ўз ҳукмини ўтказди. Ғала-ғовур босилди. Ҳукмни ўқиётган кишининг овози томошаталаблар шуурида турли хил таъсир ўтказиб оғир бир руҳий вазият зуҳур этди. Аннабель ҳам ҳушёр тортиб, чиройли бўйнини бироз пастга эгиб узун киприкларини ерга қадамоқчи бўлгандек қотиб турарди. Афтидан у қандайдир даҳшатли ҳодиса юз беришини англар, аммо бу даҳшат нимадан иборатлигини ва у қай йўсинда зуҳур этишини тушунмасди.
Ҳукм ўқиётган кишининг овози тинди. Қўлларида машъала ушлаб турган кишилар бош руҳонийнинг имоси билан қатл майдончасига яқинлашиб келишди ва машъалаларни Аннабелнинг оёқлари остига ташлаб, ортга чекинишди. Аланга ичида қолган жонивор жон аччиғида кишнаб юборди. Атрофни қуршаб турган оломонга илтижо билан қараб, улар томон талпинди. Аммо ҳеч ким уни қутқаришга шошилмади. Руҳонийлар берган фатво таъсирида эди одамлар. Даҳшатли тиллари билан ўз ўлжасини ямлаб ола бошлади олов. Занжирлар жаранглаб садо берди, тутун ва аланга осмонга ўрлади, Аннабелнинг кўкимтир тани ва баданидаги юлдузлардек чақноқ оқ холлари оловда қовжираб буришаётганини, унинг ёллари олов ҳилида осмонга томон шовуллаб кўтарилаётганини кўриб туришди одамлар. Уларнинг нигоҳларида ўкинч ва даҳшат акс этди, аммо ўша даврда Европа мамлакатларида черковнинг таъсири жуда кучли эди. Ҳеч ким, ҳатто энг инсонпарвар кишилар ҳам француз руҳонийлари томонидан чиқарилган бу ҳукмга қаршилик қилолмади. Одамлардан нажот йўқлигини кўрган Аннабель кишанларини узишга интилиб осмонга сакради, афсуски, оёқлари ердан узилмади, оғир ғўлалар занжирбанд қилиб ташланган эди унинг тўпиқларига. Аланга ортидаги кишиларнинг қиёфалари ўзгариб, юзлари ҳар томонга қийшайиб, гавдалари шамолда тебранаётган майсадек титраётганини кўрди Аннабель, зеро ҳали унинг зийрак кўзларини маҳв этишга улгурмаганди олов. Отнинг қора чўғларида қора ридо кийган кишилар ҳам аланга ичида қолган ҳолатда акс этди ва у бутун борлиқ: одамлар ҳам, ибодатхоналар ҳам, еру осмон ҳам ёнмоқда деб тушунди. Шунда жамики отлар қавмини бундай хавфдан огоҳ этмоқчи бўлди, Аннабель бурун карраклари керилиб, лаблари қаттиқ титраб, жон аччиғида сўнгги бор кишнади. Отнинг жарангдор овози гўё бутун рубъи маскун бўйлаб таралди. Бу пайтда унинг самовий рангдаги тани бутунлай ўт ичида қолганди. Унинг танидаги юлдузлар қовжираб қуришиб-буришиб борарди. Оломон оғир сукутда.
Фақат бир жаноб ёнидаги хонимга қараб: “Агар Аннабель от бўлиб эмас, аёл бўлиб туғилганда, бутун дунё эркакларини тиз чўктирган бўларди”, деди. Жаноб шундай қайғули вазиятда ҳам фарангларга хос ҳазил қилмоқчи бўлди-ю, уддасидан чиқмади. Унинг оғзидан чиқаётган сўзлар ўкинчли оҳангларга қоришиб кетди.

2
Ичига шайтон кириб олган деб руҳонийлар томонидан Аннабелнинг ўтда куйдирилиши жанг майдонларида ҳалок бўлган отлар фожиасига ўхшамас ва бу аламли воқеа йиллар ўтган сайин руҳларни безовта қилиб тобора янгиланиб ва кучайиб борарди. Бунинг устига бир шоирнинг:
Отлар вафо даштидан ўт емади,
Итлар вафо даргоҳидан кетмади…
деган мисраларни битиши инсонга садоқат билан хизмат қилиб келаётган бу ақлли жониворлар учун ғазабнок чавандознинг қўлидаги қамчи зарбидек аччиқ ботди. Хожасининг изми билан шамолдек елиб жанг майдонига кирган, душман найзасидан, ўқидан, қилич зарбидан ҳалок бўлган отлар наҳотки итчалик қадр топмаса? Биз сувсиз саҳроларда, чўлу биёбонларда, тоғу тошларда ўз соҳибимизга садоқат кўрсатиб хизматда бўлдик. Кўпкари-ю пойгаларда қанот боғлаб учиб, соҳибимизга шон-шуҳрат келтирдик, бу вафодорлик эмасми? Мамлакат тақдирига дахлдор хабарларни яшин тезлигида етказдик, бундай пайтларда жонимиздан ҳам кечдик, лекин хожамиз хизматидан бўйин товламадик. Юк ташидик, арава тортдик, жувоз айлантирдик, ҳаттоки ёш соҳибимизнинг севги можароларига шерик бўлдик. Нозанинларнинг нозик бармоқлари ёлларимизни силаганда, севишган юракларга омад тиладик…
Ана шундай аламнок туйғулар билан отлар подшоси Буроққа мурожаат қилган жониворлар ундан ижобий жавоб олдилар ва бир жойда тўпланиб, Аннабель фожиасини муҳокама қилишга қарор қилдилар. Ана шу мақсадда қуйидагича рўйхат тузилди:
1. Буроқ – “Меърож” кечаси пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни Арши аълога олиб чиққан от.
2. Контхаке – Будда минган от.
3. Кўкўғлон – Буюк соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг оти.
4. Бойчибор – Алпомишнинг оти.
5. Букефал – Жаҳоннинг фотиҳи Александр Македонскийнинг оти.
6. Ксанф – Гомер достонларидаги машҳур паҳлавон Ахиллеснинг оти.
7. Рахш – Рустами достоннинг оти.
8. Дилер – улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой минган от.
9. Темпи – Америка ёзувчиси, Нобель мукофоти соҳиби Фолкнернинг оти.
10. Пегас – илҳом парисининг оти.
11. Наххама – дарбадар шоир Сулах ибн Сулайхнинг оти.
12. Дулдул – ҳазрати Алига тортиқ этилган учар от.
13. Ғиркўк – Гўрўғлининг севимли оти.
14. Дўнан – ўзбек халқ достонларидаги от.
15. Россинант – ғамгин қиёфали рицар Ламанчлик Дон Кихотнинг оти.
16. Болевар – О.Генре қаҳрамонларининг оти.
17. Яхмум – чавандозлар кушандаси деб ном олган от. У шоҳ Нўъмон ал-Мунзирга тегишли бўлган.
Машҳур шахсларга тегишли бўлган номдор тулпорлар жуда кўп эди, аммо отлар подшоси Буроқ кенгашиб олиш учун рўйхатда кўрсатилганларнинг ўзи етарли, деб ҳисоблади. Мезбонлик қилиш Букефал зиммасига юклатилди. Чунки учрашув манзили учун барча отларга маълум бўлган Юнонистондаги Авгий отхонаси танланган эди. Инсоният тарихида: патрот топган, қаровсиз ва кўримсиз деган маънони англатувчи мазкур отхона Кўкўғлонга ёқмади. Натижада бу борада мунозара бошланиб, ҳар ким ўз фикрини айтди. Жумладан, отлар номи билан боғлиқ бўлган Хоразмдаги Ҳазорасп, Қашқадарё вилоятида жойлашган Отяйлов, Аспижаллоб, Аспдухтар деган жой номлари тилга олиниб, таъриф ва тавсиф қилинди. Уч бора қуръа ташланди ва ҳар сафар Аспдухтар қишлоғининг номи қайта-қайта чиқаверди. Қанотли тулпорлар ана шу масканга тўпланишга қарор қилдилар.

3
Аспдухтар. 22 декабрь. Кеч соат 9.
Анжуманга чорланган отларнинг асосий қисми белгиланган муддатда мажлисгоҳга етиб келган бўлиб, улар отлар подшоси Буроқнинг ташрифини кутишар ва жониворлар орасида энг “сўзамоли” бўлган Наххаманинг ривоятларига қулоқ тутиб турардилар. Наххама ўз хожасидан умр бўйи ғазал тинглайвериб, фикрини шеърий усулда баён этишга одатланган, насрни назарига илмас ва бу усулда сўз айтганларга менсимайроқ қарарди. “Шеър мулкида танҳо эди менинг тўрам” деб бошлади у гапни ва шундай давом этди:
Илҳом келса унутарди таомни ҳам,
Чавандознинг остидаги тулпор мисол.
Ўйнаб-ўйнаб шеър тўкарди йўрға қалам,
Ҳайё-ҳайт деб чўлу саҳро кезар эдик.
Адам мулки ичра бўлиб собитқадам,
Ўтрик деманг, тан олади буни Пегас,
Биргаликда кавшаганмиз неча бор хас.
Ўз номини эшитган Пегас яқинроқ келиб Наххамага зеҳн солди. Иккиланиброқ бўлса ҳам унинг сўзини маъқуллади. “Ҳа, дунё шоирларининг севгилиси бўлмиш менинг фариштам бу тулпорнинг хожаси билан гоҳ-гоҳ мулоқотда бўларди. Бир сафар Сулах ибн Сулайх Саҳройи Кабирни кезиб юриб, бир шеър ўқиганди. Агар янглишмасам, саҳрони Наххаманинг сағрисига, “Қулқудум” булоғини унинг кўзига, Наххаманинг ёлини шамолда тебранаётган саксовулга ўхшатган эди.
– Менинг ҳақимда кўплаб ғазаллару қасидалар битилган, – деди Пегаснинг таърифидан руҳланган Наххама, – отларга таъриф беришда тенгсиз шоир Абу Дуад билан Ал Уманийнинг барча ғазалларида фақат мен тилга олинганга ўхшайман…

4
Қаттиқ пишқириқдан Наххаманинг сўзи бўлинди. Ҳамма ўгирилиб чавандозлар кушандаси Яхмумга қаради. Унинг важоҳати Наххамани сескантириб юборди. Яхмум қулоқларини дикрайтириб ёлини силкитди. Думи таралиб, кўзлари ола-кула бўлди:
– Бунча лоф урмасанг, Наххама! – ғўлдиради у ер тепиниб, – ўша мақтаган хожанг отга минолмас эди. Хаёли фақат туроқ ва қофияда бўлиб, сени ҳам унутарди. Оч қолардинг, ўз касби билан рўзғор тебрата олмаган одам отини қандай боқсин!? Унинг ҳатто тайинли макони ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам юксакликнинг отаси деб ном олган шоир ал-Маарий хожангни дарбадар шоир деб атаган. Тўғрисини айтсам, хожанг қоқсуяк бир жонзот бўлганлиги ҳаммага маълум. Менга ўхшаган тулпорларнинг яқинига йўлолмасди. Мен ҳар чавандозларни ерпарчин қилганманки…
– Ўзинг тилга олган ўша улуғ шоир сен тўғрингда қандай фикрда бўлган? – аламига чидолмай нидо қилди Наххама. – Агар унутган бўлсанг, эшит. Лекин мен бу гапни назмга ўгиролмайман, чунки уни Абу Аъло ал-Маарий насрда айтганлар, қисқаси, сенинг золим соҳибинг Нўъмон ибн ал-Мунзир хотини Мутажарридни рашк қилиб, ўша аёлни севиб қолган Жаъламани сенинг устингга миндирган ва қолган ишни сен бажаргансан.
– Ҳар қандай от ўз хожасининг амрига бўйсунади, – пишқириб қўйди Яхмум.
Айтишувни тинглаб турган отлар бош силкиб қўйишди. “Чавандозлар кушандаси” деб заҳарханда қилишдан ўзини тиёлмади Наххама. Бу пайтда Дулдул, Ғиркўк, Дўнан ва Бойчибор алоҳида гуруҳ бўлишиб, ўз бошларидан ўтган саргузаштларни эслашарди. Бу даврада Бойчибор кўпроқ тилга олинди. Унинг туёғига ғаюрлар томонидан қоқилган мих азоб беришига қарамасдан, алплар пойгасида Алпомишнинг ғолиб бўлгани тўғрисида гап борди. Бекамнинг, ҳайда-ё, ҳайда, тўрамнинг оти, деб қилган таваллоси куч берди ўшанда, деб маҳзун тортиб қолди Бойчибор.

5
Суҳбатнинг бундай тус олиши Букефалга ёқмади. Назарида Наххаманинг соҳиби Сулах ибн Сулайхдек дарбадар бир шоир ҳақида гап-сўз қилиб ўтириш ёки шунча улуғлар турганда шоҳ Нўъмонни тилга олиш катта мақсад йўлида уюштирилган йиғиннинг нуфузига тўғри келмасди. Дунёнинг улуғ фотиҳи Александр Македонский турганда… Букефал фикрини давом эттиришдан ўзини аранг тийиб қолди. Ҳатто хаёлан бўлса ҳам, ўз меҳмонларини камситишни истамасди. Тош йўлда “ширқ-ширқ” этиб битта-битта босилаётган қадам товушлари тортишувга нуқта қўйди. Тўпиғи ингичка, пойчалари узун, сағриси чўккан бир жонзот кўринди. Узун ёғоч найза, эски челакдан бузиб ясалган совут, катта мис чойдишга ўхшаган дубулға юкланган эди унинг устига.
Яхмум қаттиқ кишнаб юборди. Наххама “фирқфирқ” этиб, ўзича кулди.
Аммо қовурғалари саналиб турган бу жониворни таниган Букефал олдинги оёғини тўпиғидан букиб ерни аста-аста, худди силагандай уриб бош эгиб, узун ва чиройли бўйнини гажак қилганча турарди. Улар тумшуқларини бир-бирига теккизганча “ўпишиб” кўришдилар. Меҳмон ўзини таништирди. Европа одати шуни талаб қиларди.
– Мен Россинантман. Ламанчлик ғамгин қиёфали рицарь Дон Кихот ҳазратларининг отиман. Ул ҳазратнинг инсоният бахти йўлида олиб борган жангу жадаллари ҳақида эшитгансиз, албатта.
– Худди шундай. Биз қайси юртда ва қайси замонда яшамайлик, ўз қавмларимиз ва уларнинг соҳиблари тўғрисидаги барча воқеалардан воқифмиз.
Марҳамат, ўзингиз учун ажратилган охур олдига ўтинг, – мулозамат қилди мезбон.
– Оламда бойлик васвасаси! – деган қичқириқдан ҳамма ҳушёр тортди. – Бу йўлда қотилликлар, талончиликлар беҳисоб. Одам одамни талайди!
Қичқираётган америкалик талончиларнинг оти Болевар эди. У дарвоза олдида тўхтаб, ичкарига киришдан аввал қаттиқ силкиниб олди. Атрофга тер томчилари сачради. Жаранг-журунг қилган овозлар эшитилди. Унинг эгари қошига четлари букланган сомбреро, бир халта олтин танга, дўли узун қора маузер илинганди. Мезбон уни ҳам тавозе билан қарши олиб, белгиланган охур томон йўналтирди.
“Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади”, бу гапни ким айтган, қандай мақсадда айтган, тасодифан оғиздан чиққанми ёки кузатувлар натижасими бу, нима бўлганда ҳам унда бир заррагина ҳақиқат бор, – хаёлидан ўтказди Букефал. Ҳар бир от йиллар давомида ўз соҳибидан нимадир олади ва пировард натижада унга ўхшаб қолади. Соҳибининг хулқ-атворига кўникади. Нима мақсадда узангига оёқ қўяётганини тушунади.
Ногоҳ гулдурос садолардан ер вужудида титроқлар туриб, отхонанинг деворлари силкиниб, дарвозалар ўз-ўзидан шарақлаб очилиб, Кўкўғлон кириб келди. Ложувард шуълалар ўйнарди унинг сағрисида. Мажлисгоҳда ҳозир бўлган тулпорлар ҳушёр тортдилар. Кўкўғлоннинг истиқболига чиққан Букефал уни ўзидан қарийб бир қарич баландлигини кўрди. Сийнаси кенг, ёлини ерга солса бир эмас, етти суворийга тўшак бўлади.
“Рости-русти” деган садо янгради. Буюк Соҳибқироннинг шиори курраи заминни тўлдириб жаранглагандек бўлди. Узоқ бош силкиди Букефал. Ерга чўккаламоқчидек эгилиб тиз букиб, жангу жадалларда, ҳарбу зарбларда чиниққан танини илкис кўтарди ва кейинги икки оёғида турганча қаттиқ кишнаб, оғил тўрида ҳамон мунозара қилаётган қавмга буюк соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг тулпори Кўкўғлон ташриф буюрганини билдирди. Йилнинг энг узун тунида анжуманга чорланганларнинг асосий қисми жам бўлди. “Кворум етарли”, хулоса қилди Букефал.

6
Йиғилиш кун тартибига қўйилган асосий масала Аннабель устидан чиқарилган ҳукм муҳокамасига бағишланган эди. Аннабель нима учун ўтда куйдирилди? Руҳонийлар томонидан чиқарилган бундай ҳукм тўғримиди? Аннабелнинг ичига ҳақиқатдан ҳам шайтон кириб олган эдими? Отлар шоҳи ташриф буюргандан сўнг биринчи бўлиб, ана шу масала муҳокама қилиниши керак. Отларнинг қарори шундай. Улар кўп кутмадилар. Буроқнинг яшин каби яшнаб, балки осмон чақинларидан минг чандон тезликда шиддат билан учиб келаётгани маълум бўлди. Аспидухтар отхонасининг шифти қоқ иккига бўлиниб, кўзларни қамаштирувчи ёрқин нур ёғилди. Дарахтлар шохи эгилиб, ерга тегди. Отлар оғизларидан олов сочганча тиз чўкиб, тумшуқларини ерга тирадилар. Ёрқин нур таъсирида бутун борлиқ титраб турарди. Кейин улар ўрниларидан кўтарилиб, узоқ муддат бараварига кишнаб турдилар.
Отлар шоҳи Буроқнинг туёқлари ерга тегди.
Бир неча дақиқа давом этган ҳол-аҳвол сўрашувдан кейин, муҳокама бошланиб кетди. Шайтон деган жонзот мавжудми ўзи, энг аввало ана шуни аниқлаб олиш керак. Агар шайтон мавжуд бўлмаса, руҳонийлар чиқарган ҳукм ўз-ўзидан бекор бўлади ва “Аннабелнинг ичига шайтон кириб олган эди”, деган даъво асоссиз ҳисобланади, ўз кучини йўқотади.
Умумжамоа ҳукмига биринчи савол ташланди:
– Шайтон борми ёки бу афсонами?
– Бо-ооо-ор! – деган жавоб бўлди савол тугаши билан. Эчкининг маърашига ўхшаган бу овоздан жамоа ҳушёр тортди.
– Кимсан? Ўзингни кўрсат. Ва фақат рост сўзлайман деб қасамёд қил, – буюрди Буроқ.
– Мен Азозилман. Бу каминанинг энг қадимги номи. Кейинчалик мени иблис, деб атай бошладилар. Лекин кўпроқ шайтон деган атама билан машҳурман.
– Машҳур бўлмай ўл! – кесатди Ғиркўк эшик олдида турган жонзотга ижирғаниб қараб.
Аъзойи бадани кўнғир юнг билан қопланган, бошидаги шохи эчкиникидек дикрайган, туёғи ҳам эчкиникига ўхшаш ғаройиб бир жонзот ўртага чиқди.
Унинг ёнида худди ўзига ўхшаган яна бир жонзот турарди.
– Бу набирам, – тушунтирди Азозил. – Ҳали жуда ёш. Шундай бўлса ҳам дунёнинг ишларига қизиқади. Қўлидан етаклаб сайрга олиб чиққандим, йўл бўйида ўтлаб юрган отни кўриб қолиб, унинг нималигини сўради. Бу от, жуда яхши, ақлли жонивор, одамлар уни миниб юришади, дедим. Яна бироз юрганимиздан кейин сигирга дуч келдик. Набирам унинг ҳам нималигига қизиқди. Бу сигир, сут беради, одамлар унинг сутини ичишади, зарур бўлса сўйиб ейишади, дедим. Сайрни давом эттирдик. Рўпарамизда бир одам пайдо бўлди.
– Бу нима? – сўради набирам.
– Бу одам, – дедим ва тушунтирдим. – Эҳтиёт бўл, бу жуда ёмон, барча қилғиликларни ўзи қилиб “Шайтон йўлдан урди”, деб бизга тўнкайди, дедим.
– Бу ерга келишдан мақсадинг нима? – Кўкўғлоннинг овозидаги шиддат шайтонни чўчитди шекилли, эшик томон тисарилди.
– Тўхта! – амр қилди Буроқнинг чап ёнидан жой олган Кентхаке. – Қочишни ўйлама. Биласан, мен Будданинг отиман. Бу ерда мендан-да учқур бедовлар турибди.
Шундай деб Бойчибор, Ғиркўк, Дўнан турган томонга қараб олди Кентхаке.
Ксанф билан Борисфен пишқириб, ер тепинишди. Кўкўғлон Рустами достоннинг оти Рахшга кўз ташлаб олди.
– Бу нақ қароқчининг ўзи, – шивирлади Болевар ёнида турган Дилернинг қулоғига тумшуғини тақаб, –мен уларнинг найрангларини кўп кўрганман.
– Билмадим, – жавоб қилди Дилер, – менинг соҳибим ўғрилар тўғрисида кам гапирардилар. Гарчи ўзлари зодагонлар ҳаётини кўпроқ қаламга олган бўлсалар-да, бир умр камбағаллар тарафида турганлар.
– Толстой жаноблари жуда бадавлат граф бўлганлар деб эшитганман, – суҳбатга аралашди Темпи. – Менинг соҳибим жаноб Фолкнер жаноб Толстойни ҳурмат билан тилга олардилар. Нобель мукофотини олишга бораётиб ҳам, айтишларича, “Анна Каренина”-дек улуғ романнинг муаллифини кўп марта хаёлдан ўтказганлар.
– Ўзларининг бадавлатликларидан жуда хижолат чекканлар дейишади, шу тўғрими? – сўради Россинант.
– Шундай, – тан олди Дилер, – бор мол-мулкларини камбағаллар билан бўлишиб, ўзлари ҳам улар даражасига тушишни истардилар.
– Бу қийин эмас-ку?
– Қийин эмас, лекин ул кишининг раъйларига қарши чиқишлар кўп бўлди. Бекамиз ўз оилаларини, болаларини, оқсуяклар орасида тутган мавқеларини кўпроқ ўйлардилар.
– Ҳа, унда бекангиз улуғ ёзувчини “сал анақароқ”, деб дўхтурдан қоғоз олмоқчи бўлганлари тўғрисидаги гап рост экан-да…
– Соҳибим ўз бойликларидан ор қилардилар, –деб гапни бошқа томонга бурди Дилер, – оддий рус мужикларидай кийинардилар. Одмигина бўз кўйлак кийиб, белларини чилвир билан боғлаб юрардилар.
– Демак, ул зот Нақшбандий тарафдори бўлганлар, – изоҳ берди Наххама. – Менинг хожам ҳам “Хилват дар анжуман” деган калимани кўп такрорлардилар. “Сафар дар ватан”, деб ҳам қўярдилар гоҳида.
Букефал қаттиқ кишнаб қавмни тартибга чорлади. Шивир-шивирлар босилди.
– Эй Азозил! – дея гулдурос солди Кўкўғлон, – сенинг отлар шоҳи Буроқ ҳузурида туришинг ножоиз. Модомики ул улуғ зотнинг ҳузурларида турган экансан, фақат рост сўзла, акс ҳолда…
– Биламан нима демоқчилигингизни. Агар у киши шу ерда бўлганларида “Бастану куштан” деб, бўйнимни шартта кесиб ташлаган бўлардилар.
– Ундай эмас, менинг тепкимга дучор бўлма, ер қаърига кириб кетасан демоқчиман. Хожам Соҳибқироннинг муборак қиличларини сенинг макруҳ қонингга бўялишига йўл қўйиб ўтирмасдим.
– Бобо, отлар сиз айтгандай яхши жонивор эмаскан, бу ердан тезроқ кетайлик, – деб Азозилнинг қўлидан тортқилади набираси.
– Парпуран! – деди Азозил шайтонлар тилида.
Шайтонча тинчланди. Шу пайтгача сукут сақлаб турган Борисфен ғазаб сочди:
– Сен шайтоний турқинг билан ғазабимни қўзғаяпсан! Дунёдаги энг гўзал от сен туфайли ўтда ёқилди. Агар хожам Октавиан Август ўша замонда яшаганларида бундай қотилликка йўл қўймасдилар. Аннабель омон қоларди.

7
Энди Азозилнинг ҳам жаҳли чиқди. Севимли набираси олдида паст кетгиси келмай Борисфенга гап қайтарди: (Шайтонлар жаҳллари қўзиганда шеър билан фикр билдиришни маъқул кўрадилар)
Соҳибингиз волидаси Атия бир тун Аполлоннинг ҳузурида қилиб ибодат Уйқусида бир илондан орттирган қулун.
Гўёки ўз эри билан пок бўлай деб чўмиларкан
Нақ яғринида кўриб қолган худди ўша илон сувратин.
Борисфен: (у ҳам шеърият санъатидан хабардорлигини англатиб қўйиш учун фикрини қофияга солади).
Сен бу билан қай томонга бурасан гапни,
Унутгандай кўринасан адлу адабни!
Азозил:
Яъни хожанг туғилгандир қора илондан.
Борисфен: (Дарвоқе, Октавиан Августнинг оти бўлмиш Борисфен рўйхатдан тушиб қолган бўлса ҳам Аннабель тақдирига доир йиғин бўлишини эшитиб етиб келганди):
Бу худонинг фармойиши, қилма маломат.
Азозил:
Сен худо деб атаганинг кимдир, номин айт.
Шайтоннинг гапни қай томон бураётганини пайқамай қолган Борисфен ғурур билан жавоб қилади:
– Аполлон! Уруш худоси!
Азозил қаҳ-қаҳ урганча, Буроқ томонга қаради ва пичинг қилди:
– У Зевснинг ўғли эмиш, онаси Лето.
У қуёшнинг нури эмиш, деҳқонлар пири,
Туғилганмиш ундан Орфей, Асклепий ва яна Лена.
Буроқ:
Узоқ ўтган замонларнинг хатосини сен
Такрор этиб бунда алҳол топмассан нажот.
Мақсадингни биз англадик, қўзғамоқ низо,
Бўлсин дейсан олам ичра тўполон ғизо.
Наххама:
Шеър айтишни бу шайтонга ким қўйган ўзи,
Ғазалхонлик қилар бунда бўзрайиб кўзи.
Менинг хожам Сулайх бўлса роса куларди,
Шеъри билан қўшиб буни кулга буларди.
Азозил:
Бу эрмакни одамларга жинлар ўргатган,
Жинлар уни мерос қилиб олишган мендан.
Шундай экан, тилинг қичиб бўлмагин тажанг,
Демак, жиндан таълим олган сенинг ҳам хожанг.
Нелар деган шайх Карихга кекса Хайсагур,
Ўқиб берай, сабр этиб қулоқ тутиб тур.
Азозилнинг қўлида Абу Аъло ал-Маарийнинг “Афв салтанатидан мактублар” китоби пайдо бўлади. Азозил ўқийди:
“Шайх (Ал Карих) жаннат бедовларидан бирига миниб йўлга тушди. Кўп ўтмай у жаннат боғларига ўхшамайдиган, ёруғ дунё нуридан маҳрум, ўтиб бўлмас ўрмон билан қуршалган тангу тор каналлар, нимқоронғи воҳалар устида юксалиб турган тоғли бир воҳага етиб борди. ”Бу ерлар кимники?” сўради шайх (ал Карих) ўша ерда ҳозир бўлган бир фариштадан. “Бу Муҳаммаднинг динига имон келтирган ифритларнинг жаннати. Уларни худо ёрлақасин. Ифритлар тўғрисида “Ал Ахкаф”ва “Ал Жин” сураларида айтилган. Шуни билки, улар беадад кўп. “Бир қарай-чи бу ифритларга, – деди шайх, – албатта бу ерда мўъжизалар кўп бўлиши керак”.
Ксанф:
– Нима керак бизга унинг айтган чўпчаги?
Рахш:
– Дакки берма, бу гаплар Иблисга алоқадор эмас, у бундан минг йиллар аввал яшаган араб шоирининг асаридан парча ўқияпти.
Азозил ўқишда давом этди: “Шайх суҳбатдошининг исмини сўрайди”. Мен сеҳргар Хайсагурман, вурдалакларданман. Яъни, аш Шабсан уруғиданман”. Шу жойга келганди Азозил бироз иккиланиб, ўқишдан тўхтаб қолди. Сўнгра беш-ўн қатор ташлаб давом этди: “Одам Ато фарзандларидан бўлган Ал Марзубани исмли шоир жинлар тўқиган шеърларни йиғиб юрарди, менга ўшандай шеърлардан айтиб бер, балки шу тўғрида бирор нарса ёзарман”, деб сўраганди шайх, кекса жин эътироз билдирди: “Бу гаплар беҳуда сафсатабозлик… Одамлар бор-йўғи ўн беш ўлчамда шеър тўқишни биладилар ва шундан четга чиқолмайдилар.
Янгилик қиладиганлар камдан-кам. Биз жинлар эса минглаб ўлчамларни биламиз. Одамларга шеър тўқишни бизнинг шумтака, дилозор болаларимиз ўргатишган.
Дарбадар шоирнинг оти Наххама йиғинда ўзидан улуғлар ўтирганини ҳам унутиб, Азозилга хезланди ва унинг кўкрагига оғиз солди. Аммо олов тафтидан лаблари куйиб, ортига тисарилди. Лекин Азозил ҳам “чўпчак” айтишдан тўхтаб, истиҳола қилганча теграсига қаради. “Бурданак”, дея шивирлади сўнгра тик турганча ухлаётган набирасини турткилаб.

8
– Майли, мен кетаман, – деди Азозил эшик томон йўналиб, – айтганингизча бўлсин, шоирларни камситмайман, уларга раҳмим келади. Чунки ёруғ дунёда ўз меҳнати билан оиласини боқолмайдиган, оти ориқ (шундай деб Азозил Наххамага қараб қўйди) бирдан-бир қавм шоирлардир. Агар гапимга шубҳа қилсангиз, яна ўша китобдан Маслама ибн ал Маликнинг васиятномасини ёд айтиб бераман. Маслама ўз мулкининг бир қисмини адаб аҳлига васият қилиб қолдирган ва мана бундай деган: “Улар назаримда ҳаммаси бир кунда ва бир вақтнинг ўзида муҳтожлик ва қашшоқлик билан эгизак бўлиб туғилганлар.
Баъзи бирлари муваффақиятга эришиб, дурустроқ яшасалар-да, барибир вақт-соати келиб, бахтсизликка юз тутадилар. Беаёв тақдир уларнинг терисини шилиб олади ва кўп ҳолларда улар нафақат бойликларидан, балки бошларидан ҳам жудо бўладилар.
Наххама бу сафар индамади. Гўё бу фикрга қўшилгандай бошини қуйи солди. Лекин жинларни жинидан ҳам ёмон кўрадиган Россинант чидаб туролмади. Қоқсуяк гавдасини қаттиқ силкитди. Эгар қошига илинган ёғоч найза, совут ва дубулғалар жаранглаб кетди.
– Афсуски, бу ерда Ғамгин қиёфали рицарнинг ўзи йўқ, акс ҳолда мана бу найза Иблиснинг кўксини тешиб ўтган бўларди. Менинг хожам Ламанчлик Дон Кихот бу қавм билан жуда кўп жанг қилган. Биз бўлсак унинг сўзларига индамай қулоқ тутиб ўтирибмиз.
Россинантнинг сўзи Бойчибор билан Дўнанга маъқул бўлди. Дулдул ва Ғиркўк ҳам бош силкиб, бу фикр тўғрилигини тасдиқлашди ва ўзаро мунозарага киришиб кетишди. “Азозил бизни шу ерда ҳам чалғитаяпти”, деди Кўкўғлон ва Буроқ томонга ўгирилиб шивирлади:
– Шоҳим, уни сўроқ қилиш керак. Буни менга топширсангиз, қайси йўл билан бўлмасин, рост сўзлашга мажбур қилардим. Чўпчак айтиб, бизни чалғитмасди.
– Фақат зуғум қилманг, адолат юзасидан иш кўринг, агар Иблисни бу ёруғ дунёдан йўқ қилиб ташлаш зарур бўлганда эди, яратган Тангримиз турфатул айн ичида уни маҳв этган бўларди. Модомики у яшаётган экан, демак, ҳали бунинг мавриди эмас. Майли, бошланг, Контхаке ва Ксанф сизга ёрдам беришади.

9
Суд ҳайъати ҳамма учун кўринарли бўлган алоҳида саҳн устига чиқди.
Уларнинг талаби билан Азозил набирасини жўнатиб юбориб, ёлғиз ўзи ҳайъат қаршисида ҳозир бўлди. Суд жараёни бошланди.
– Аннабелни руҳонийлар ўтда куйдиришди. Бунинг сабаби сенга маълумми?
Азозил:
– Маълум. Сабаби – калтабинлик. Шайтонни ёмонотли қилиш.
Контхаке:
– Ҳукм чиқарилганда ва ижро этилаётганда сен қаерда эдинг?
Азозил:
– Бир хонимни бегона эркак билан қовуштириш учун етаклаб кетаётгандим.
Ксанф:
– Буни қандай исботлайсан?
Азозил:
– Бу воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлган. Ўша 1535 йилги суд ҳужжатларида бор. Умуман, бу менинг кундалик юмушим. Аннабелнинг ўлимига келадиган бўлсак, бунга унинг ўзи айбдор.
Кўкўғлон:
– Аниқроқ айт, бу билан нима демоқчисан?
Азозил:
– Руҳоний Аннабелни кўриш учун унинг олдига кирганда Аннабель кўзларини юмиб туриши керак эди.
Кўкўғлон пишқириб ер тепинди. Хона деворлари зириллаб кетди. “Отлар ҳеч маҳал олдига инсон яқинлашганда кўзини юммайди. Сен нега масхарабозлик қилаяпсан?!
Азозил:
– Мен тўғрисини айтаяпман, агар кўзини юмиб турганда, омон қолган бўларди.
Кентхаке:
– Бу жонивор кўр экан деб, уни қўйворган бўларди демоқчимисан?
– Йўқ, – деди Азозил бироз ўйга толиб, – Аннабель кўзини юмиб турганда, руҳонийнинг гавдаси, узун қора ридоси отнинг нигоҳида акс этмаган бўларди.
Ксанф:
– Батафсилроқ тушунтир!
Азозил:
– Бош руҳонийга қандайдир бир жаноб ранги кўкиш, бадани ярқироқ оқ юлдузлар билан тўла, ғоят келишган бир от совға қилади. Бу Аннабель эди. Бош руҳоний отни кўриш учун унинг яқинига боради. Тўғрироғи, отхона эшигини очиб мўралайди. Ва “Шайтон! Шайтон!!” деганча йиқилиб қолади. Бунинг сабаби оддий. Отларнинг кўзида бутун борлиқ акс этиб туради.
Руҳоний нимқоронғи отхона эшигини очиб қараганда, ташқаридаги ёруғлик, қия очилган эшик ва қора ридо кийган руҳонийнинг беўхшов шарпаси Аннабелнинг кўзида акс этган. Бор гап шу. Руҳоний уни, яъни ўз аксини шайтон деб ўйлаган.
Кўкўғлон:
– Демак, Аннабелнинг кўзларидаги шарпа шайтон эмас, балки руҳонийнинг ўзи бўлган, демоқчимисан?
Азозил:
– Жуда тўғри, худди шундай.
Ксанф:
– Руҳоний ўзини шайтон қиёфасида кўрган демоқчисан-да-а?
Азозил:
– Худди шундай.
Контхаке:
– Бу катта гап.
Кўкўғлон:
– Одамлар орасида шайтонсифатлари ҳам оз эмас…

10
Суд жараёни ана шундай давом этаётганда Зеб Стумп чолнинг қари байтали йўлга чиққанди. Саваннадан ўтаётганда тўлғоқ тутиб қадамлари сусайди, оёқлари чалкашиб кета бошлади. Саҳро бўриларига ем бўлмаслик ва “нуридийдаси”ни сақлаб қолиш учун сўнгги кучини тўплаб, сўнгги қадамларини босаётганда унинг нолиши отлар шоҳи Буроқнинг қулоғига етди. Ва хаёлига бир фикр келиб, аввал Бойчиборга, сўнгра Рахшга қаради. Бу тулпорлар ўзларига қадалган назарнинг маъносига тушундилар ва дарвозадан чиқиб, Саванна томон ўқдек учдилар. Рабғузий бобомиз айтганларидек зарур бўлганда отлар қанотларини ишга солишади. Саҳро томон учган бу икки отнинг таърифини қилиш учун ҳеч бўлмаганда отларни таърифлаш билан шуҳрат қозонган Абу Дуад билан ал Уманий бўлиши керак. Ҳақиқатан ҳам бир даста беда кавшагунча, ҳаял ўтмай ҳавода қанотларнинг шувиллаган овози эшитила бошлади. Бойчибор билан Рахш Зеб Стумп чолнинг қирчанғисини ўртага олганча учиб келиб ерга қўнишди.
Отлар давра қуриб, байтални ўртага олдилар. Байтал дард азобидан қонталаш бўлиб, олайиб кетган кўзлари билан теграсини қуршаб турган номдор тулпорларга жовдираб қаради. Шу билан бирга хотиржам тортди. Орадан маълум фурсат ўтиб, қулун ерга тушди. Дам ўтмай алпон-талпон қилиб ўрнидан турди. Кўкимтир танаси танга-танга оқ холлар билан безалган бу жонивор ғоят хушбичим эди. Ҳали бутунлай қуриб улгурмаган бўлса-да, унинг танида осмоний ранглар жилоланарди.
– Бу Аннабел-ку! – гулдурос солишди отлар.
– Ҳа, Аннабелнинг худди ўзи.
– Демак, Аннабел йиғинимизга етиб келди.
Тойчоққа тикилиб турган тулпорларнинг кўзларида она елинидан сут эмаётган ушоққина хилқат акс этиб турарди.
Аннабель қайта туғилган эди.
Отларнинг ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолганидан фойдаланган шайтон секин ортига тисарилиб, далага чиқди ва осмонга парвоз қилди.

АЙЛАНАР АРЗУ САМО…
… Санаси белгисиз бир замон. Қаёққа кетаётганларини билмаган ҳолда югуриб боришарди одамлар. Аниқ мақсади ҳам, ихтиёри ҳам йўқ эди уларнинг. Қандайдир кўзга кўринмас куч ҳукмронлик қиларди издиҳом устидан. Ҳадемай ортда қолди уйлар, маҳаллалар, қишлоқлар. Сафлар лаҳза сайин кенгайиб ва кўпайиб борарди. Бетиним югуриш одамларни ҳолдан тойдирган бўлса-да, ҳеч ким бир-бирига ёрдам бермас, аҳволига қизиқмас ва ҳеч нарса сўрамасди, дам олиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмасди афтидан.
Пўлат ҳам уйдан отилиб чиқиб, оломонга қўшилди. Эшикни қулфламади, уй очиқ қолди. Атрофга кўз югуртириб жуда кўп таниш-нотанишларни кўрди. Улар орасида яқин дўсти Темир ва бошқа тенгдошлари ва қўшнилари ҳам бор. Қаёққа кетаяпмиз, деб сўрамоқчи бўлди-ю ботинмади. Юзлари хомуш, жиддий, айримларнинг кўзларида ваҳима ва иложсизлик. Бундай пайтда савол бериш ўринсизлигини тушунди йигит ва ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасдан югуриб кетаверди.
Дунёдаги барча товушлар, шовқинлар ва ғала-ғовурлар тинган. Фақат қадамларнинг гурсиллаши, юракнинг дукиллаши, ўпкадан чиқаётган ҳарсиллаш эшитилади. Ҳувиллаб қолди бозорлар, дўконлар, давлат корхоналари. Улкан дарёга айланди одамлар оқими. “Ер чаппа бўлади” хаёлидан ўтказди Пўлат. Ҳамма бир нуқтага жамланса, Ер ўша томонга оғиб кетади ва биз улкан тоғорадан тўкилган шағалдек тубсизликка ағдариламиз”. Югуриб бораркан, оёғи остида пилдираётган қандайдир оқ нарсани пайқади. Бу чангга ботган оппоққина ит эди. Шунда ортига ўгирилиб, оқимга жониворлар ҳам қўшилганини кўрди. Энди ернинг чаппа бўлиши аниқ. Издиҳомни тўхтатгиси келди, қичқирди, лекин овозини ҳеч ким эшитмади. Уфқ қон тусига кирди ва лаҳза ўтмай оловранг шуълалар ўчиб, осмон новвот ранг олди, сўнгра қорайди. Одамлар бошига зулмат қўнди. Энди Пўлат ҳеч нарсани кўрмасди. Ҳатто оёғи остида чопиб бораётган оқ ит ҳам қоронғиликка қўшилиб кетди. Бу ҳол ажабланарли эди: “Юнглари қор каби оппоқ жонивор қандай қилиб қора тус олди ёки ўзи қорамиди аслида?” Миясига урилган саволга жавоб тополмади, қоронғилик ичидан Ундинани қидирди. Чунки қизнинг юзи дунёдаги бор оқликдан ҳам оқроқ. Қиз анчадан буён унинг ёнгинасидан югуриб келарди. Аммо Ундинанинг юзи ҳам итнинг юнгларидек қора бўлганлиги сабабли, тун пардасининг қай даражада қалинлигини аниқлаш, ундан мезон сифатида фойдаланиш имкони бўлмади. Пўлат кўнглини ғаш қилаётган шубҳаларни қувиш учун унинг билагидан ушлади. Қизнинг кўйлаги ҳилпирар, сочлари ёйилиб кетган, ўзи ҳарсиллаб нафас оларди. Билаги илиққина. Томирларида ҳаёт дарёси гулдурос солиб оқиб турибди.
…Уфқ бўзарди. Субҳи козиб ўз ўрнини субҳи содиққа бўшатиб берди. Ҳаёт бу улуғ воқеани шарафлаб такбир айтди ва ниҳоят, Қуёш ярқираб кўтарилди. Қоронғилик чекинди. Ҳамма нарса ўз аслига қайтди. Оқ оққа, қора қорага ажралди. Энди Ундинанинг юзи барча оқликдан ҳам оқ, фақат туннинг сурмаранг бўёқлари унинг қошлари, киприклари ва сочларига суркалиб иниб қолгандай. Оқ ит уларнинг ўртасида югуриб борарди.
Тоғлар, далалар ортда қолди. Энди издиҳом бийдай теп-текис, учи кўринмайдиган, ҳад-ҳудуди йўқ майдон ўртасида югуриб ҳаракат қиларди. Бундай жойда уй, чегара, давлат деган тушунча мавжуд эмас, фақат текислик, ихтиёри қўлидан кетган оломон ва жозиб куч бор. Ногоҳ ҳаракат тинди. Сира кутилмаганда оқим таққа тўхтади. Пўлат оёғи учида кўтарилиб, бўйнини чўзганча олдинга қаради. Майдонда фақат қоп-қора бошлар кўринарди. Бамисоли шудгорда тарвузлар юмалаб ётгандай. Аёлу эркак аралаш. Нима сабабдандир, ҳамма бир-бирини ушлаб турар ва бир-бирига томон интиларди. Ундина совуқдан титрай бошлади. Гарчи Қуёш чарақлаб турган бўлса-да, ҳаво салқин. Шунда Пўлат уни ўзига тортди. Қиз йигитнинг қучоғига кириб, унинг вужудига чиппа ёпишди. Одамлар ҳайрат мақомига тушгандай қотиб қолган, кимнингдир буйруғини кутишарди. Шивир-шивир бошланди. Издиҳом юрагига қўрқув ораларди. Дунёнинг четига келиб қолган бўлсак керак, ҳадемай Ер ағдарилади ва тубсизликка қулаймиз, деган гап оғиздан оғизга ўтди. Ундина нозик бармоқлари билан кўз ёшларини артарди. Пўлат чўнтагидан рўмолча олиб узатди. Ундина совуқдан ва қўрқувдан баттарроқ титрай бошлади. Пўлат унинг мўъжазгина вужудига ўз ҳароратини бериш учун маҳкам қучоқлади, кейин гавдаси билан совуқ изғиринини тўсди. Шу пайт нимадир қаттиқ гурсиллади. Издиҳом бир қалқиб ўрнидан турди. Гурсиллаш иккинчи марта такрорланди. Издиҳом бир муддат титраб турди. Титроқ ички қўрқувнинг натижаси эмас, балки ташқи кучнинг талаби билан содир бўлаётганди. Учинчи гурсиллаш аввалгиларидан минг чандон қудратли эди. Пўлат вужудининг оғирлашиб бораётганини пайқади. Қўлини кўтаришга уриниб кўрди, уддалай олмади. Оёғини қимирлатиш, юриш учун қилган ҳаракати ҳам беҳуда кетди. Атрофга қараб, бошқалар ҳам шундай ҳолатдалигини кўрди. Оёғи ерга михланиб қолганга ўхшайди. Издиҳом оғир қадамлар билан ер устида сирпана бошлади. Пўлат ҳам муз устида рақс тушаётгандай Ундинанинг қўлидан тутди-да, демак, буйруқ шу, деган фикр билан сирғалиб кетаверди. Аммо ихтиёр ўзида эмасди. Қандайдир куч ер остида ҳаракатланар, оёғидан тортар ва ўзи лозим топган тарафга қараб судрарди. Одамлар муз устида чанғи отаётган каби кенг доира ясаб бараварига айланмоқда. Пўлатга ёқмади бу, қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Ундинанинг қўлидан маҳкам ушлаганча тўхтатишга, куч таъсиридан чиқишга ва қизни бошқа ёққа бошлаб кетишга, ҳеч бўлмаганда ҳамма айланаётган томоннинг тескарисига қараб ҳаракат қилишга уриниб кўрди. Балки Ундинани ўша қудратли кучдан рашк қилган ҳамда қизнинг ихтиёрини унинг измидан озод этишга урингандир, аммо эплолмади. Энди издиҳом тескари томонга қараб айланарди. Пўлат бунга ҳам қаршилик кўрсатмоқчи бўлди-ю барибир ҳамма қатори кўзга кўринмас куч бошқарган тарафга қараб ҳаракат қила кетди.
Тунда ўт ёқиш, дам олиш ва овқатланишга ижозат берилди. Фақат шарт қўйилди: ҳамма қўлини таомга баравар чўзиши, тирсагини баравар букиши, бир вақтнинг ўзида оғзини очиши ва қошиқлар оғзига баравар кириб чиқиши керак. Овқатни чайнаш, ютиш ҳам худди шу тартибда бажарилиши керак. “Начора, кўпга келган тўй”, хаёлидан ўтказди Пўлат. Шундай оғир дамда ёнида Ундина борлигидан қувонди. Ширин хаёлларга берилди: “Бирга яшаймиз, бирга занглаймиз ва бирга ўламиз. Ҳали ўлимгача вақт кўп. Унгача анча ишларни бажаришга улгурамиз. Ана шу ишларнинг энг муҳими, фарзанд кўриш ва кўпайиш. Кўпайиш учун вужудни бошқа бир вужудга пайванд этиш керак. Фақат бунга ижозат бормикин?” Йигитнинг хаёли бўлинди. Издиҳом оёққа қалққан, одамлар турган жойларида оҳиста тебранар ва осмонга қарашарди. Пўлат вужуди енгиллашиб бораётганини ҳис қилди. Ернинг тортиш кучи деярли сезилмасди. Ундина осмонга учиб кетмаслик учун унинг белидан маҳкам қучганча қийқириб куларди, ерга тегиб-тегмай турган оёқларини енгилгина типирчилатарди. Йигит эса осмонга учиб кетмаётганлигининг сабабини қизнинг оғирлиги ҳам ўз вазнига қўшилганидан деб, уни қўйвормасликка ҳаракат қилди. Издиҳом ниманидир кутарди. Яна шивир-шивир бошланди. Осмонга учиб кетмаслик мақсадида ҳамма бир-бирини ушлаб олган. Мисли кўрилмаган улуғ воқеа юз бериши керак эди гўё. Пўлат боши узра чайқалиб турган бўшлиққа қаради. Кўзи тиниб кетди. Осмон деб номланган буюк бўшлиқнинг четлари ернинг теграсига ёки уфқларда юксалиб турган тоғларга эмас, одамларнинг бошига тегиб турганини кўриб, рубъи маскундаги бор халойиқнинг ҳаммаси шу ерга тўпланганини тушунди. Гўё одамлар боши билан осмонни суяб тургандай. Кутилган воқеа худди ана шу лаҳзада, яъни издиҳом кўкка боқиб ҳайратланиб турганда юз берди. Осмонда Ер курраси муаллақ турарди! Нима учундир Пўлат бу ҳодисани биринчи бўлиб ўзим кўрдим, деган хаёлга борди. Юрагига сиғмаётган қувончни ҳаммага эшитарли қилиб бор овоз билан қичқириб айтгиси келди.
– Қаранглар! Қаранглар! Ер курраси! Ер курраси! Курраи Замин осмонда учиб юрибди!
Йигитнинг нидосига ҳеч ким эътибор қилмади. Ҳатто Ундина ҳам ҳайқириқни эшитмаган, нигоҳини осмони хафтумга тикканча жилмайиб турарди. Шундай катта жисм қулаб тушса мисли кўрилмаган фожиа юз бериши мумкинлигини билишса-да, кимларнидир олқишлашар, кўм-кўк осмон сатҳида муаллақ турган куррага таҳсинлар айтишар ва бундай улуғ тарихий воқеани бошқа бирор халқ, ўзга авлод ёки аждод эмас, ўзлари кўришга мушарраф бўлганларидан фахрланишарди.
– Бу фирқанинг иши!
Пўлат қулоғи остида ана шундай деб шивирлаган кишига қаради ва дарҳол эътироз билдирди:
– Йўқ, халқнинг кучи.
– Нима билан исботлайсиз?
– Халқ қудратли деб эшитганман. Қаранг, боши билан осмонни кўтариб турган ҳам халқ эмасми?!
– Тўғри, кўтариб турибди, аммо кучни қаердан олаяпти? Бу томонини ўйлаб кўрмагансиз, ўртоқ. Халқ кучини фирқадан олаяпти. Фирқа уни илҳомлантириб, сафарбар этиб, қувват бағишлаб турибди.
Пўлат бу одамнинг нуктадонлигига, фикрни ихчаму ишонарли қилиб тушунтиришига қойил қолди-да, сўради:
– А… фирқанинг ўзи қаерда?
Нуктадон одам кўрсаткич бармоғини чеккасига тегдирди, “мана бу ерда”, деди ва сўради:
– Аъзо бўласизми?
– Нимага?
– Фирқага.
– Қаерда аъзо қилишади?
– Истаган бошқўмда.
– Мен фирқанинг тарихини билмайман-да.
– Энди шарт эмас. Аввал кўп нарса сўраларди.
Пўлат иккиланди.
– Ёки фирқанинг кучига ишонмайсизми?
– Ишонаман. Айтганингиздай, шундай оғир юкни халққа кўтартириб қўйган куч – фирқа беҳад зўр бўлиши керак.
– Балли. Уни кўтариш ва халқнинг гарданига қўйиш учун нафақат куч, балки бой тажриба ва билим керак.
– Бу худонинг каромати.
Пўлат энди ўнг ёнида туриб шивирлаётган одамга қаради.
– Ҳа, тангрининг каромати, – такрорлади кўринишидан телпакли михга ўхшаб кетадиган киши ва қўлларини осмонга чўзиб, дуо ўқиётган каби шивирлай бошлади.
Худди шу пайт миршаб либосидаги икки киши пайдо бўлди ва унинг қўлларини орқасига қайириб боғлади.
– Олиб боринглар, – буюрди Нуктадон ва Пўлатга қараб “кўрдингми” дегандай жилмайиб қўйди. Йигитнинг юрагига ваҳима тушди. Ундинанинг қўлидан тутганча секин юриб одамлар панасига ўтди. Қизиқ бир ҳақиқатни англади. “Демак, кишилар гапиришдан қўрқишар ва шу боисдан жим туришаркан”. Ана шу фикр миясига урилиши ҳамон тилини тийишга, ҳеч ким билан сўзлашмасликка қарор қилди. Ундина йигитнинг енгидан тортиб, осмонни кўрсатди. Улкан соққа майдон устига яна яқинлашиб келиб дам шарққа, дам ғарбга томон ҳаракатланмоқда эди. Соққа, яъни ер курраси қайси томонга ўтса, издиҳом ҳам ўша тарафга буриларди. Пўлат вужудида оғирлик дам ошиб, дам камаяётгани, гоҳида вазнсиз бир жисмга айланиб қолаётганидан ажабланди. Ногоҳ издиҳом ерга йиқилди. Пўлат ҳам Ундинани қучоқлаганча юзтубан ётди. Лаҳза ўтмай қудратли куч кўзга кўринмас панжалари билан унинг елкасидан тутиб юқори кўтарди. Издиҳом ўрнидан турди. Ер курраси пастлай-пастлай майдоннинг узоқ бир жойига қўнди. Пўлат секин бош кўтариб ўша тарафга қаради. Одамлар Куррага сажда қилишарди. Атроф теп-текис, энди осмоннинг четлари уфққа туташиб турганлигини кўриш мумкин. Ана шу уфқнинг бир четида Ер курраси кузги япроқдек титраб турибди. Пўлат қўрқиб кетди. Чунки Ер куррасини улкан бир мавжудот панжалари билан маҳкам чангаллаб турарди. Мисли кўрилмаган бу ҳодисага узоқ тикилиш мумкин эмасди. Ақлдан озиб қолмаслик учун кўзларини чирт юмиб, бошини ерга, Ундинанинг ипак янглиғ майин сочлари ёйилиб ётган жойга қўйди. Сукунат. Фақат минглаб юракларнинг гуп-гуп…гуп-гуп… этиб урган садоси, томирлардаги қон дарёсининг шовуллаб оқиши эшитиларди. Худди шу пайт нимадир еру осмонни ларзага солиб, гулдурай бошлади. Пўлат қулоқ тутиб гулдурос ичида товушлар, сўзлар ва маъно борлигини англади. Ўзича бу овоз Ота Гулдуросники деган хулосага келди. Хулосани ҳеч ким айтмагани, ўзи ўйлаб топгани ҳамда унга “Ота Гулдурос” деб ном берганидан қувонди.
– Нима қилаяпсан, ўғлим? – сўради Ота Гулдурос. Майдон титраб кетди. Пўлат бу гапнинг ўзига ҳам, ерга юзтубан ётган халойиққа ҳам тааллуқли эмаслигини тушунди. Издиҳомдан ва Пўлат билан дунёдан ташқари эди бу гулдурослар.
– Ўйнаяпман, – жавоб берди бошқа бир овоз.
Бу сас Бола Гулдуросники эди. Момақалдироқ гулдурагандай, осмон ёрилгандай бўлди. Аввалгисига қараганда кучсизроқ, майинроқ ва тиниқроқ бўлса-да, барибир жуда қудратли эди бу товуш. Шу қадар қудратли эдики, майдонни тўлдириб ётган издиҳом ўрнидан турса, қўлини оғзига қўйиб карнай қилса ва бор кучи билан бараварига бақирса ҳам унга тенг келолмасди.
– Нимани ўйнаяпсан, ўғлим?
– Соққани.
– Қандай соққа ўзи бу?
Пўлат ҳам Бола Гулдурос ўйнаётган соққага қизиқиб қолди. Лекин бош кўтариб қарашга мажоли етмади. Жим ётиб қулоқ тутди. Бола Гулдурос жавоб қилди:
– Оҳанрабо.
– Булар-чи?
– Одамчалар.
Майдон қаттиқ силкинди. Ердан вулқон отилиб чиқаётгандек қулқиллаган, булкиллаган товушлар эшитилди.
– Ишонмайсизми? Мана, қаранг.
Майдон аввалгидан кучлироқ силкина бошлади.
– Кулманг, дада, одамчаларимни учириб юборасиз. Улар ҳозир ухлашаяпти. Ана энди уйғонишди. Ишга боришаяпти. Энди мажлисда ўтиришибди. Ҳозир тушлик қилишади.
– Уҳ, ичимни уздинг!
Шиддатли шамол издиҳомнинг бир қисмини супуриб кетмоқда эди. Буни кўриб, Пўлат Ундинани маҳкам ушлади. Қиз бутун вужуди билан титрарди. Афтидан ҳеч нарсани тушунмас, балки ота-бола ўртасида бўлаётган сўзлашувни бўрон ва зилзила деб ўйларди. Йигит унинг кўзларига тикилиб қараб, шундан ўзга маъно кўрмади. Қудратли кучнинг ҳам устидан ҳукмронлик қилувчи куч мавжудлигини илғади, аммо қизга тушунтиролмади.
– Одамчалар дегин-а. Балки халқдир? Одамлар тўдаси халқ дейилади.
– Халқ. Лекин улар жуда тартибли, худди аскарларга ўхшайдилар.
– Қаранг, қандай интизомли. Ёт деса ётади, тур деса туради.
Ота Гулдурос яна кулди.
– Тўғри, булар ҳақиқий одамлар эмас, михчалар, қистиргичлар, пўлат ва темир қириндилари, лекин худди одамлардай ақлли. Ҳамма машқларни бажара олишади. Мана, ҳозир кўрасиз.
Пўлат бошини кўтариб қарамоқчи бўлди-ю, улгурмади. Шиддатли оқим уни майдон бўйлаб яшин тезлигида учириб кетди. Издиҳом зир югуришга тушди.
– Кўрдингизми? – мақтанди Бола Гулдурос қўлини миз остида ҳаракатлантираркан. – Ҳатто бошлиқларини кўришмаса-да, буйруғини сўзсиз бажараверишади.
– Селфида! – қичқирди Ота Гулдурос, – Қаранг, ўғлимиз нималар деяпти. Ўғлимизда, биласизми нима бор?
– Нима боракан, дадаси?
– Раҳбарлик иқтидори бор. Ҳозирданоқ халқни бошқаришнинг рафтини олаяпти.
– Қанақасига халқ бўлсин, темир тақалар-ку? Ота-бола бир-бирларингиздан қолишмайсизлар.
Бола Гулдурос соққани темир устига тарақлатиб ташлади. Издиҳом титраб кетди. Майдон силкинди. Пўлат ва унинг атрофидаги одамлар бўйлари баробар кўтарилиб, яна ерга қуладилар. Ота Гулдурос темир патнис устида сочилиб ётган “халқ”қа қараркан, хаёлига антиқа бир фикр келди. Оҳанрабо соққани қўлига олиб, диққат билан қаради. Сўнгра уни бармоғининг учи билан секингина туртиб, ғилдирата бошлади. Пўлат ва темир қириндилар, михчалар шувиллаб келиб соққага ёпишарди. Ота Гулдурос анчагача бу машғулотдан кўнгил узолмади. Оҳанрабога қириндиларни ёпиштирар, қўли билан сидириб ташлаб соққани тунука устида ҳаракатлантирарди.
– Ёш бола бўлинг-а, дадаси. Бир ҳудуднинг эгаси бўла туриб темир тақа ўйнашингизни қаранг.
Ота Гулдурос хотинига қараб “жим” ишорасини қилди, сирли жилмайганча унинг қулоғига шивирлади:
– Кашфиёт!
– Нималар деяпсиз, қандай кашфиёт?
– “Б-М”.
– Бюрократия Машинасими?
– Бошқарув Машинаси.
– Ё тавба! Қандай қилиб бошқарасиз?
– Мана бундай қилиб!
Ота Гулдурос чўнтагидан рўмолча олди. Соққани тунука устида бир-икки думалатиб қириндиларни унга ёпиштириб олди-да, рўмолчага ўраб чўнтагига солди. Сўнгра телефон дастагини кўтариб маҳкамага қўнғироқ қилди:
– Тезда ходимларни йиғинг, мажлис бўлади! Кейин Селфидага деди:
– Бугун ходимларимга “Б-М”ни кўрсатаман. Ҳа, Бошқарув Машинаси менинг қўлимда!
…Юз берган кейинги воқеаларни баҳолашга Пўлатнинг ақли етмади. Ундинанинг қўлидан ушлаганча кутиб тураверди. Гулдурослар кучайди, ер титради, сўнгра осмон тобора пастлаб кела бошлади. Ваҳимага тушган издиҳом номаълум тақдир ва қоронғи келажак олдида титраб-қақшаб турарди. Тубсизлик қаърига қулаб тушмаслик учун ҳамма бараварига Ер куррасига ёпишди. Пўлат издиҳомдан ажралиб қолишга, оломоннинг ҳеч бўлмаса бир қисмини тўхтатиб қолишга уринар, аммо уддасидан чиқмасди. Осмон тобора пастлаб келаверди. Энди унинг четларидаги кўк ва яшил чизиқлар, ўртасидаги чорхона шакллар ҳамда нимранг гулларнинг суврати аниқ кўринарди. Ер курраси бир неча бор ағдарилди, оломон бир неча бор шовқин-сурон билан майдонга қулади. Издиҳом Ер куррасига янада маҳкамроқ ёпишиб олди. Пўлат билан Ундина ҳам улар орасидан ўзларига жой топиб, бутун вужудлари билан ерга қапишдилар. Ётган жойларида Қудратли Кучга тасаннолар айтардилар улар. Чорак аср давом этди бу ҳолат…
Йигитнинг кўзларидан юм-юм ёш оқар, даъватига қулоқ тутишни истамаган оломонни лаънатларди.

БОТМОННИНГ ҚЎШИҒИ

“Эй қанотсиз одамзод…”
Ана шундай бошланарди Ботмоннинг қўшиғи. Қанчалар таассуф бор эди унинг сўзларида ва кўзларида. Ҳақиқатдан ҳам биз қанотсизмиз, ўз маъносида ҳам, рамзий маънода ҳам тўғри бу таъриф, қўшиқнинг давомида айтилганидек бизда “икки оёқ бор”. Афлотуннинг ёзишича, аслида, одамзод тўрт оёққа эга бўлган ва жуда тез югурган. Ҳамма жониворларникидан зиёд бўлган унинг кучи ҳам. Бу ҳолни кўрган юнон худолари хавфсираб қолиб, қачондир одамзод бизга ҳужум қилади деб инсон вужудини иккига бўлган ва шу икки бўлакнинг биридан аёлни, иккинчисидан эркакни бунёд этган. Шундан буён аёл билан эркак ўзининг иккинчи бўлагини қидирар эмиш. Ҳеч шубҳасиз, Платонни танимасди Ботмон, унинг бу мавзудаги трактатини ҳам ўқимаганди, ва шу боис, одамнинг оёғи азалда (ўйлаганидек ва кўриб турганидек) иккита эмас, балки тўртта бўлганини билмасди ва табиийки менинг бошпанам йўқлигидан ҳам хабарсиз эди бу қанотли жонивор. Модомики шундай экан, ҳаётим давомида йигирма беш жойга кўчиб, бировларнинг уйида яшаганимни қаердан билсин?! Йигирма беш! Тасодифни қаранг! Майли бу рақам нега мени бу қадар ғазаблантираётганини айтмай қўя қолай.
… Хуллас, сертупроқ кўчадан терлаб-пишиб борарди Одам. Кун ғоятда иссиқ, гарчи бизга нисбатан шимолий минтақада яшаган бўлса-да, Чехов ҳикояларида бор худди шундай жазирама. Бундай жазирамада оёқ остидан кўтарилаётган чанг ҳам ҳавода узоқ тутиб туролмайди ўзини ва жимгина яна ерга – чатнаб ётган тупроқ устига қўнади. Фақат шилқим ва дилозор пашша-чивинларгина баҳру диллари очилиб парвоз этадилар, одамни қувиб етадилар ва Ботмон айтганидай, беаёв талайдилар уни. Пашша деб ном олган ашаддий космополит бу жонивор тўғрисида Лукиан жанобларининг ёзганлари айни ҳақиқат. Ожизлик қилади бундай ҳолатда одам деган ақлли жонзот, қўлларини ҳавода қаттиқ тўлғаб, гоҳ ўзининг юзига ва ё бўйнига шапати уриб ҳимояланмоқ ниятида тўлғанади.
…“Эй қанотсиз одамзод!..” деб куйларди Ботмон. Орадан кўп йиллар ўтиб, ўша қанотсиз одам ўзим эканлигимни англаб қолдим. Яна ўтдим ўша йўлдан, узоқ юрдим ўша йўл бўйлаб ва қулоқ тутдим. Катталиги бош бармоқдайгина қушча тинимсиз сайрарди. Йўл бўйидаги эскигина бино пештоқида ўтирибди, атрофга қарайди, қорамуғдек кўзларида ниманинг ифодаси борлиги менга қоронғи, аммо овозида ўша азалги оҳанг.
Йўлда давом этарканман, илашимли хаёллардан қутулиш учун бошимни қаттиқ силкиб олиб Танзила тўғрисида ўйладим. Одамзод жинсидан бўлган бу қиз ҳам қанотсиз, аммо осмони ҳафтумда учиб юрган бўлса не ажаб, мени назарга илармикан? Танимасдим аслида уни, аммо тақдир ипи омонсиз етаклаб борарди мени ўша қиз томон. Қани энди, қанотим бўлса-ю, учиб борсам… Кўп рамзий маънолар бор Ботмоннинг қўшиғида. Қанотсизлик – бу иложсизликдир, деган хулосага келдим бир маҳал. Ахир унда ҳали тўғри хулосалар чиқариш қўлимдан келмасди. (Аслида, бу қўлнинг эмас, миянинг иши). Бош чаноғим ичида эса ҳали ўзим танимаган Танзиланинг хаёли ва висоли. Ҳаётда унинг мавжудми ёки йўқлигини билмайман, аммо миямнинг стреатум марказида унинг бор хислату фазилатларини кўтарганча кетиб боряпман.
… Орадан йиллар ўтиб биз учрашдик. Далада, гулзорда ёки йўл бўйида эмас, жуҳутон маҳалласидаги кичкинагина, агар таъбир жоиз бўлса, товуқ катагидайгина уйчада бўлди бу учрашув. Шу атрофдаги кўчалардан бирида яшайдиган қария аммамнинг уйига кўп марта келганман. Тагичинор кўчасида турардилар аммам. Иккита тоғам бор: бири уйланган, иккинчиси ҳали бўйдоқ. Бўйдоқ тоғам скрипка чаларди. Ва менга қараб агар уйлансанг, тўйингда ана шу куйни чаламан дерди. “Аввал ўзинг уйлан”, дердилар аммам бечора ҳамиша ёшланиб турадиган кўзларини кенг енглари билан артиб ва сукутга ботиб. Менга унчалик ёқмасди бу хилдаги гаплар. Ана шундай ташрифларнинг бирида онам менга ҳамроҳ бўлдилар, тўғрироғи, мени бошқариб борардилар. Аниқ ёдимда, саккизинчи март эди ўшанда, ёмғир аралаш қор ёғиб турарди жуҳутоннинг тор кўчаларида. Атрофга хавфсираб қарадим ва сўрадим:
– Она, мени қаерга олиб боряпсиз?
Оғир хўрсинди жафокаш онам, сукут қилди бир муддат, афтидан, айтадиган гапларини тарозига солиб кўрар ва менинг айниб қолмаслигим учун жўяли гап қилишни ўйлар ва яна қандайдир режалар тузарди онагинам. Қадамларим сусайиб тўхташни мўлжалладим, тайсалладим десам, балки тўғрироқ бўлар… Ортига ўгирилиб қаради онам. Ва сира кутилмаганда шундай деди:
– Агар бормасанг, ўзимни ўлдираман!…
Мен ашаддий меланхолик ва ўта ғамзунук йигит эдим. Шунга қарамай, кулгидан ўзимни тийиб қололмадим. Онам йиғлаб юбордилар. Шундагина масаланинг ғоят жиддийлигини англадим. Чунки бу гапни иккинчи бор такрорламоқда эдилар бечорагина онам.

2
Бундан анча аввал ёз кунларининг бирида ишдан кеч қайтдим ва онамни тандирхонанинг остонасида ёлғиз ўтирганларини кўриб ичимдан зил кетди. Тўхтаб қолиб, тикилиб қарадим. Ҳа, қоронғида остонада ўтирган менинг онам, энг оғир дамлардагина шундай ҳолатда ўтиради аёл. Остонада ўтириш бехосият иш, аммо ночор қолганда шундай қилишдан тоймайди аёл зоти. Нохуш бир нарсани сезди юрагим ва сўрадим:
– Нимага бундай ўтирибсиз, она?!
– Ўзимни ўлдираман!.. – деган нидо келди қоронғи тандирхона оғзидан. Қўрқинчли ва беҳад ғамли эди бу манзара. Узоқ йиллар давомида тутун пуркаган эди тандир деворлару эшиксиз эшик пешонасига. Қуёш эса маҳзун лаҳзалар таъсирини янада кучайтирмоқчи ва бу билан муштипар аёлга кўмак бермоқчи бўлгандек, беомон ботиб борарди.
– Нима учун, она? – сўрадим, гарчи нима мақсадда онамнинг бундай қарорга келганини тушуниб турган бўлсам-да, талмовсираб. Аслида, сабабини кўп марта эшитгандим, ётиғи билан ройиш қилардилар авваллари онам. Укаларимдан иккитаси уйланган, учинчиси ҳам уйланишга ҳозирлик кўрар ва мен, оиланинг тўнғичи бўла туриб, ҳамон бўйдоқлигим қаттиқ ташвишга соларди онамни. Одамлар маломат қилаётганини тушунтирдилар бир неча бор, аммо тўнғичнинг розилик билдириши қийин кечди. Ана шундай кунларнинг бирида, ёз пайти товуқларга катак қуриш учунми, ёки оғил деворининг емирилган жойларини суваш учунми, аниқ эслолмайман, лой қораётганимда уйимизга меҳмон келди. Бири аёл, бири эркак, ёшлари элликларда бор. Мени ҳам меҳмонлар ўтирган хонага чорлашди. Наридан-бери ювиниб хонага кирдим. Турли ширинликлар ва ичимликлар турарди стол устида. Менга қизиқиш билан қарашди меҳмонлар ва нима сабабдандир, бироз ўнғайсизланишди ҳам. Зиёфат сўнгида менга мурожаат қилдилар онам: “Ўғлим, суратларингдан бўлса, бир донасини олиб кел”. Қора кўйлак кийиб, ўйчан қиёфада тушган суврат қўлимга илинди. Бепарвогина қарадим сувратга: ариқча бўйида қўлларим билан тиззамни қучганча ўтирибман. Ён томондан олинган сувратда бурним бироз узунроқ кўринади. Сочим қалин ва мумдай қоп-қора. Меҳмонларнинг аёли суратга узоқроқ тикилиб қолди, эркак меҳмон сувратга қарадими, йўқми, билмайман. Онамнинг ўтир ўғлим, деб илтижо қилишларига қарамасдан хонадан чиқиб кетдим. Масаланинг моҳиятига тушунгандай эдим. Эркак ҳам, яъни менинг бўлғуси қайнотам ҳам сувратга қараган албатта. Чунки ҳар қандай даврада сувратнинг қўлдан-қўлга ўтиши табиий ҳол. Яна лойга уриндим, меҳмонлар ҳовлини тарк этишди… Бахт қуши бошимга қўнишидан анча аввал рўй берган ана шу воқеалар таъсири ҳанузгача ҳароратини йўқотгани йўқ.

3
… Мана энди биз белгиланган маконга томон боряпмиз. Сувратимни олиб кетишган эди меҳмонлар ўшанда. Қизга, яъни менинг бўлажак хотинимга кўрсатишган албатта ўша сувратни, боришимиз билан қиз мени танийди. Саволимга анча кеч жавоб қайтардилар онам, “совчиликка”, дедилар бироз кўз ёши қилиб олганларидан кейин. Хуллас, биз учрашган уйда чоғроққина дастурхон безаб қўйилганди. Бурчакда катталиги нари борса ёнма-ён қўйилган иккита китоб ҳажмида телевизор. Хира қор пардаси ортидан кўринарди қандайдир одамлар ва ҳаракатлар. “Фигурная катания” деган спорт тури экан. Иккита қиз биз ўтирган хонага кириб-чиқиб, дастурхон тузашмоқда. Бирининг сочи семиз одамнинг болдиридай йўғон, битта қилиб ўриб орқасига ташлаб қўйилган. У пайтда қизлар сочларини йиғиштириб, майда ўриб, саранжом-саришта қилиб юришарди. Шўхроқ қизлар европалик дугоналарига тақлидан, “Я у мами дурочка” “яъни “мен онамнинг тентакчаси” деган причёска қилишар, табиати оғирроқлари эса “лошадка” билан чекланардилар. Сочни битта қилиб ўриб қўйиш кўпчилик европамижоз қизларга хос эди. Назардан қочирмадим ҳар иккала мезбон қизни ҳам. Буни пайқадилар онам ва “анависи” деб ияклари билан имо қилиб, сочи улоқчанинг думчасидай ўйноқлаб турган қизни кўрсатдилар.
… Кўп сувлар оқиб ўтди ўшандан буён, гоҳ лойқаланди, гоҳида тиниқ тортди мен айтган сувлар. Мана энди ёшим бир жойга бориб қолган, ўзим ҳам тиниқ тортганман, сочларига оқ оралаган кампирча ўтирибди ёнимда. Ундан ярим ҳазил овозда сўрайман:
– Сен Ботмон деган қушни биласанми?
– Биламан. Боши ва томоғининг таги қора рангда, худди қора рўмол ўраб олгандай. “Чилим-чилим”, деб сайрайди.
– Йўқ, сен айтаётган қуш Потмачумчуқ, ҳовлиларда ёлғиз ўзи юради, тинимсиз думини силкиб туради, жуфти билан юрганини ҳеч кўрмаганман. Ботмоннинг жуссаси ундан ҳам кичик, бош бармоқдайгина, аммо кичик бўлса ҳам, ҳикматга тўла унинг боши.
– Нима деб сайрайди? Кеча “Хамса”дан Чаковак деган қуш тўғрисида ўқиб берган эдинг, Ботмон деганинг мабодо ўша қуш эмасми, сен ўзингча ном қўяверасан, баъзида.
Хуллас, бироз чўзилган мунозаралар сўнгида биз Ботмон яшайдиган ўша ташландиқ уйча томон йўл олдик. Бунинг учун Такия деган қишлоққа боришимиз керак эди. Жуда кўп қишлоқларнинг қиёфаси ўзгарди замоннинг зайли билан, аммо Такия бундан юз йил аввал қандай бўлса, шундайлигича қолган. Демакки, биз излаган қушчанинг ини бузилмаган. Қишлоқ кўчасидан борарканмиз, ногоҳ қулоғимга урилган таниш ноладан дилим ҳаприқиб кетди. Ботмоннинг овози! Тупроғи билқиллаб ётган йўл устида тўхтаб, атрофга алангладим ва ташландиқ уйча пештоқида турган қушчани кўрдим. Унинг сайрашига бир дам қулоқ тутиб турдик биз. Бу сафар Ботмоннинг қўшиғини охиригача эшитмоқчи ва хулоса чиқармоқчи эдим. Сен ҳув анави қайрағоч тагига бориб соялаб тур, дедим Танзилага, зеро ҳаддан зиёд иссиқ эди кун. Ёлғиз ўзим қолиб қулоқ тутдим бу антиқа жонзотнинг ноласига. Азалдан таниш эди менга Ботмоннинг қўшиғи. Қаерда эшитганман, қайси китобдан ўқиганман, эслолмайман буни, аммо “Эй қанотсиз одамзод” деб бошланадиган ўша шеър ёдимда қолган. … Кўп антиқа воқеалар ўтди бошимдан. Турли хулосалар чиқардим бу воқеаларни таҳлил қилиб ва пировардида англаганим шу бўлдики, ҳар қандай буюк одам ҳам Ботмоннинг қўшиғида айтилган ҳикматдан четда яшамас экан. Қанотсизлик қисмат экан инсонга. Шундан буён иложсиз қолганимда, чорасиз қотганимда ва ғамга ботганимда Ботмоннинг қўшиғини айтаман ва таскин топаман:
Эй қанотсиз одамзод,
Сенда икки оёқ бор.
Қанча катта бўлсанг-да,
Пашша чивинга емсан.
Мен-чи, кичик бўлсам-да,
Пашша-чивин менга ем…

ВАҚТ ФАЛСАФАСИ
Танзилага

1
Вақтни тўхтатиш мумкинлигини англаган куним ҳаётимнинг узилиш ва қайта уланиш нуқтаси бўлди. Бу нуқталар улуғвор кашфиёт олдида турган одам учун зиғир донасича ҳам аҳамиятга эга эмас. Вақт тўхтаса, Иффат қаримайди. Унинг юзларига ажин тушмайди ва у ҳеч қачон Тўхта момога ўхшаб букчайиб қолмайди. Айтишларича, Тўхта момо ёшлигида жуда дилрабо қиз бўлган. Мана, энди лаблари шафтолиқоқидек қурушган, яккаю ягона сўйлоқ тиши қоронғи ғор оғзига тираб қўйилган ёғочни эслатади. Худди ўзидек эгри ҳассаси ва букчайган қадди, чақчайган кўзлари ва томоғи остида эски латтадек шалвираб осилиб турадиган териси ва умуман бутун қиёфаси билан баайни ялмоғиз кампирнинг ўзи. Момонинг айби йўқ, бу вақтнинг иши. Мен оралиқдаги вақтни йўқ қилиб ташлаб, ёки ортга қайтариб Тўхта момони навниҳол қиз кўринишида тасаввур этишга кўп марта уриниб кўрганман. Аммо …
Тўхта момони учратиб қолсам, унинг ҳамиша тўзғиб ётадиган пахтадек оппоқ сочларига қараб беихтиёр Иффат билан солиштираман. Бир куни уларнинг юзма-юз турганларини кўриб бемисл контраст ҳолат қаршисида лол қолдим. Кампирнинг зағчаникидек қоп-қора қоқсуяк бармоқлари қизнинг оппоқ ва нозик билагидан худди балиқ ушлагандек маҳкам чангаллаб турарди. “Балиқ ушлаган зағча”. Гарчи ҳаёт ҳақиқатига мос келмаса-да, назаримда бу энг мос ўхшатиш. Кампирнинг эгнида увадаси чиққан тўн. Иффат зарғалдоқ рангдаги нафис поплин кўйлакда… Бири иккинчисига тамоман зид бу ғаройиб манзара сира кўз ўнгимдан кетмай қолди. Вақтни тўхтатиш устида тажрибалар олиб борарканман, биринчи навбатда Иффатни ва ундан кейин бутун инсониятни қарилик балосидан халос этишни ўйлаб, кафтимни қулоқларимга босганча кўзларимни чирт юмаман. Қоронғилик ичра қолган Вақт гўё йўқолган дунёни излаб бўзлайди. Назаримда унинг гувраниши кечагидан ўзгачароқ. Шу пайтгача вақт бутунлай абстракт тушунча эди. Яъни унинг мавжудлиги борлиқнинг эскириб бориши, фасллар алмашинуви, одамларнинг қариб бориши, ўлиши ва уларнинг ўрнига янгилари келишига қараб, нималардир туйғуларимизга таъсир этарди. Ва биз инсонлар унинг таъсирини емирилган борлиқ ўрнида янгисининг бунёд бўлишида кўрардик. Модомики, энди мен ўз тажрибаларим билан вақтни тўхтатиш имконига эга бўларканман, демак, дунёни қаришдан ва емирилишдан сақлаб қола оламан!

2
Бир неча кун ана шундай кайфият билан юрдим. Кўча-кўйда одамларнинг менга ажабланиб қараши, ўзларини четга олиши ва менга йўл бериши ҳамда уларнинг юз-кўзларидаги ифодалардан пайқадимки, мен бошқаларга ўхшамайман. Укам Ширвоннинг келиши ва ўртамизда бўлиб ўтган суҳбат фикрим тўғри эканлигини исботлади. Ширвон юзимга тик қарай олмади. Фикрини ҳам очиқ айтолмай ямланарди. Мен атайлаб нигоҳимни ерга олдим ва сен буюклик қаршисида турибсан, майли, қараб ол дегандай, ер шохлаб туравердим. Аммо лабларимдаги табассум, тиришган пешонамдаги қатор-қатор чизиқлар, кўзларимда зуҳур этган фикрчанлик ва ўйчанлик буюклик аломати эканлигини англашга укамнинг қурби ва фаросати етармикин? Бу ҳолатни хаспўшлашга бўлган интилишим беҳуда кетди. Ширвоннинг кўрпача четида қимтинибгина ўтириши, овозидаги титроқ оҳанглар, бошидаги ола дўпписини ҳадеб айлантиравериши, ва ёш боладек бурнини тортиб-тортиб қўйиши менга кўп нарсани маълум қилди. “ Ака…” деди ниҳоят иродасини бир жойга жамлаб, укам:
– Ака…
Ширвоннинг овози жуда узоқдан, вақт девори ортидан эшитилди. Бош кўтармадим. Сукутга бордим. Укам истиҳола қилар ва афтидан, гапни нимадан бошлашни билмасди. Ниҳоят, узоқ жимликдан кейин у яна тилга кирди:
– Ака, нима учун бундай қиласиз?.. Одамлар маломат қилишяпти. Онамиз бечора оҳ уриб, “бобосига тортди” дейдилар-у , қандай қилиб бобомизга тортганингизни тушунтирмайдилар. Докторлар бўлса “у кишини уйлантириб қўйиш керак”, дейишяпти…
“Маломат” ва “докторлар” деган сўзларни эшитиб, укамга раҳмим келди. У адабий тилда гапиришга ҳаракат қиларди. Менга ёқиш учун, албатта. Маънодор бош тебратиб унга далда бердим. Шууримда эса “Қанчалар буюк бўлмай, мен акангман ахир, нега мендан чўчийсан?” деган сўзлар йиғиндиси. Жигаргўшамни қўрқитиб юбормаслик учун юз ифодамни кескин ўзгартирдим ва кўзларимга ёқимли ифода бериб бош кўтарарканман, укам шошқин бир ҳаракат билан ўрнидан туриб ортига тисарилганча, эшик томон чекинди. Ҳақиқий буюклик билан юзма-юз келганлиги ва ўзини ожиз сезиб чекинаётганлиги унинг кўзларидан яққол кўриниб турарди. Укамнинг ўрнида бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди, албатта. Неча йиллардан буён уни кўрмагандим. Озиб-ёзиб бир келган жигаргўшамнининг бундай тарзда чиқиб кетишини истамасдим. “Қўрқма, Ширвон, мен аканг Тавошарман”, деганча ўрнимдан турдим-да, уни бағримга олиш ниятида қучоғимни кенг очиб, бир неча қадам қўйдим. Ва бу бахтли оннинг лаззатини олдиндан чуқурроқ ҳис этиш учун кўзларимни юмиб олдим. Эшик тарақлаб кетди. Кўзимни очиб қараганимда Ширвон жон ҳалпида қочиб борарди…

3
Тажриба ўтказиш ва кузатишлар мени обдан толиқтиради. Ўзимни бирозгина чалғитиш мақсадида Вақт девори кемтигидан бўйлаб қарайман. Болалик дунёсида қолиб кетган манзаралар. Ҳамма нарса оддий ва ибтидоий: Кекса тут дарахти, ёлғизоёқ йўл, тахта кўприк… Барчасида шафқатсиз вақт тамғаси бор. Кўксимни деворга маҳкам босиб турибман. Юрагим зарбидан девор титраётгандай. Соат ўн иккига яқинлашмоқда. Одатда, худди шу пайтда: баъзан бироз олдинроқ ёки кейинроқ челак кўтарган бир қиз сувга ўтади. Мен яшайдиган ҳовлининг адоғида чашма бор. Усти айвончали. Чашмадан қирқ қадамлар юқорида шарқираб оқиб ётган ариқ бўлса-да, қишлоқ қизларининг ҳаммаси чашмадан сув олишни яхши кўришади. Бу ер уларнинг сирлашадиган маскани. Иффатни биринчи марта шу жойда учратганман. Ўшанда бирор оғиз ҳам гаплашмадик. Қиз сувга лиммо-лим тўла челагини илкис кўтариб, бошига қўйди ва шу ҳолатда менга бир қараб олди-ю, жўнаб қолди. Кейинги учрашувларимиздан бирида мен чашманинг тарихи тўғрисида мутлақо ёлғон бир афсона тўқиб унга сўзлаб бердим. Туни билан гоҳ ухлаб, гоҳ уйғониб, алоқ-чалоқ тушлар аралаш тўқилган менинг ёлғоним мана шу чашма ўрнида ёрини йўқотиб йиғлаб ўтирган бир қиз ва унинг севгиси ҳақида эди. “Ана шу чашма, – хулоса қилдим мен, – ўша қизнинг кўз ёшлари”. Қисқагина, бор-йўғи бир неча дақиқага жо бўлган суҳбатимиз қизгинага ўз таъсирини ўтказган эдики, унинг қадам ташлашига қараб хаёли паришон бўлганлигини англадим. Бу ҳолат елкаси бўйлаб кенг ёйилган жамалагининг тебраниши, жамалак учидаги потисқаларнинг ўзгача жиринглаши ва боши устидаги челакдан сувнинг чалпиб-чалпиб тўкилишида ўз ифодасини топган эди. Демак, у ташқи оламдан узилиб, ўз ички дунёсида сайр этарди. Унинг ортидан қараб турдим. Жамалагидаги садаф тугмаларда қуёш нури ўйнар ва челакдаги сув чалпиб-чалпиб тўкиларди. Кейин орадан кўп йиллар ўтди, биз бошқа учрашмадик. Аммо мен хаёлан Иффат билан бирга яшардим. У билан ҳар кун суҳбатлашар, унга бағишлаб шеърлар тўқирдим. Гоҳида эса хўжайлилик дўстим Ҳайитбой Абдисодиқнинг айни пайтдаги ҳолатимга монанд мана бундай сўзлари ёдимга келарди:
Нимадир шитирлар боғда,
Қўрқма, дейман севгилимга.
Қўлларини маҳкамроқ ушлайман,
Юрагим “дук-дук” уради.
Вақт муаллақ туриб қолади
менинг тепамда.

4
Орадан беш йил ўтди. Университетни тугатдим ва қишлоғимга қайтдим. Аммо энди чашма ҳам, мен яшайдиган ҳовли ҳам, ёввойи бутазорлару сўқмоқ йўллар ҳам йўқ. Болалигимиз билан боғлиқ хотираларнинг айрим лавҳаларигина ярқ этиб, хаёлда намоён бўлади. Энди бу макон чигирткалар босқинидан кейин ҳувиллаб ётган даладай кўримсиз бўлса-да, мен учун қадрли. “Сени ҳеч кимга бермайман” деб қичқиргим келади-ю, истиҳола қиламан. Қадимий қишлоқ ўрнида қад ростлаган шаҳарчанинг шовқин-сурондан холи гўшалари ҳам бор. Ана шундай гўшалардан бири “Куркуллум” савдо мажмуасининг шимолий тарафидаги “Калта хиёбон”. Аслида, бу хиёбон шаҳарчани тенг иккига бўлиб ўтадиган анҳорга бориб туташган бўлса-да, куркуллумчилар қурган улкан иншоот уни қоқ ўртасидан иккига бўлиб қўйган ва энди хиёбоннинг шимолий қисми одам кам юргани сабабли хилват чакалакзорга айланган. Савдо мажмуасида Иффатнинг акаси ва унаштирилган йигити ишлайди. Аммо улар пул тўплаш васвасаси билан шу қадар бандки, бино ортида соя-салқин хиёбон борлиги ва бу хиёбонда бизнинг учрашиб туришимизни балки билишмайди ҳам.
Вақтни тўхтатиш ва инсониятни кексайиш, ҳаттоки ўлимдан халос этиш истаги, режалари бошимда ғужғон ураркан, шу улуғвор туйғулар таъсирида Иффатни кўргим келди. Чунки барча туйғулару ҳиссиётлар марказида зарғалдоқ кўйлакли қиз турарди. Албатта, унинг бошқа либослари ҳам бор. Иффат бадавлатгина қиз. Отаси катта фермер. Унаштирилган йигити “Куркуллум”да бошбух. Акасининг “Каптива”-си бор. Шундай бўлгач, унда кийим-кечак муаммоси йўқ. Мен эса уни ҳамиша зарғалдоқ кўйлакда кўргим келади. Рассомларга хослик… Бу қавм инсон қиёфасидаги ўзига хос бирон-бир чизгини хотирасида қаттиқ сақлайди ва уни сувратда бўрттиради. Ўн йилдан кейин ёки юз йилдан кейин қарасангиз ҳам сувратдаги қиз қаримайди, очилиб турган гул сўлимайди, қуёш ботмайди. Вақт тўхтаб туради.

5
… Иффат ҳамишаги жойимизда ўтирарди. Боши эгик. Бир ўрим сочи кўкси устида қабариқ шакл ҳосил қилиб тиззасига тушган. Қўлида заъфарон япроқ – сариқ ранг ҳукмида қолган терак япроғи – бандига яқин қисми яшилтоб, учлари қизғиш тус ола бошлаган. Сариқ ранг – Ван Гог тасаввурининг оҳанрабоси. Қизнинг ҳолати эса кузнинг ўзидай сокин. Умуман, Иффатда кузга хос жиҳатлар кўп. Мен вақтни айнан шу ҳолатда тўхтатиб қўйсам, дейман. Сокинлик. Заъфарон ранглар ва ана шу ранглар арсадида ўтирган қиз. Йўқ, рассом сифатида эмас. Дунёни бир варақ қоғозга жо этадиган бу санъатдан йироқман. Вақтни тўхтатиш қўлимдан келишига эса ўзимдан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Дунё пайдо бўлганидан буён вақтни жиловлашга ҳеч ким уриниб кўрмаган. Мантиқан олганда мен ҳақман. Уриниб кўрмагандан кейин қандай қилиб бирон-бир натижага эришсин! Мен эса тажрибалар ўтказяпман. Бунинг учун энг аввало, вақт оқимини ҳис қилиш керак. Уни эшитиш ва ҳатто кўриш ҳам мумкин! Ҳа, худди шундай: қўлингиз билан қулоқларингизни маҳкам беркитинг. Гоҳида кафтингизни бирозгина бўшаштириб, қабариқ ҳолатда тутинг, шунда улуғвор бир гувраниш эшитилади ва сиз вақтнинг шиддатли оқимини ҳис этасиз. Бу гувраниш қанчалик ваҳимали бўлмасин, ундан ажралгингиз келмайди. У беҳад чуқур ва бепоён. Бутун борлиқни қамраб олган ҳад-ҳудудсиз ана шу оқимда ўзингиз ҳам оддий ва ожиз бир хас ёки бир зарра каби сузиб бораверасиз. Ва шу ҳолатда уни тадқиқ этишга, англашга интиласиз.
Мен вақтнинг шовурини кашф этганимга кўп йиллар бўлди, аммо бу ҳолатни нимага йўйишни билмадим. Шунчаки ўйин, эрмак сифатида қарадим. Тўғрироғи, бу гувранишнинг ҳақиқатан ҳам вақт оқими эканлигига аввало, ўзим ишонмадим ва бошқаларни ҳам ишонтира олмадим. Ногоҳ бир кеча алламаҳалда уйғониб кетиб бошимда кучли шовқин, миллионлаб жизилдоқларнинг бараварига “жаззи-и-ит! Жаззии-ит!” деган овозини эшитдим. Овоз ташқи дунёдан келяптими ёки миямнинг мубҳам қаватларида ҳосил бўляптими, буни билиш учун тўшагим устида чўккалаб ўтирганча, қулоқларимни кафтим билан маҳкам беркитдим. Жизилдоқлар овози тинмагани ҳолда, коинотни қамраб олган соҳир бир гувраниш шууримга урилди. Аммо бунинг вақт оқими эканлигини орадан анчагина ою кунлар, балки йиллар ўтиб англадим. Менинг тажрибаларим ва доимий машғулотим кейинчалик Хронохрон ускунасини ясаш ва вақтни тўхтатишдек оламшумул кашфиётга бориб тақалди. Ускунанинг Хронохрон деб номланиши кўп нарсаларга боғлиқ. Аввало, “хроно” сўзи юнонча вақтни англатишига, ундан кейин, файласуф Бахтиннинг хронотоп назариясига асосландим. Хронохрон ташқи кўринишидан қумсоатга ўхшаш ускуна. Уни айнан шу шаклда ясаш, вақтнинг тепадан пастга томон бир маромда қуйилиб туришини кузатиш бундан кўп йиллар аввал бир дўхтирнинг қабулида бўлганимда, унинг хонасидаги қумсоатга қараб туриб хаёлимга келган . Кейинчалик шаҳар дўконларидан худди шундай соат изладим. Вақт – қум. Ёки қум – вақт. Қўнғиртоб майда заррачалар шиша мослама ичида бир маромда оқади ва вақт оқимини аниқ кўрсатади. Балки у қадар аниқ ҳам эмасдир, ҳар ҳолда унга қараб вақт оқимини кўриш мумкин. Дўконларда эса қумсоат сотилмас экан. Аммо фикримдан қайтмадим. Шундай соатим бўлишини жуда-жуда истардим. Узоқ уринишлардан кейин эскигина бир қумсоатни қўлга киритдим. Уйга олиб келдим, бир неча кун унга телмилиб ўтирдим. Қумсоатнинг тепадаги бўлмачаси бўшаб қолиши билан назаримда вақт ҳам тўхтарди. Шунда мен бу антиқа ускунанинг ўймакор поячасидан авайлаб тутиб, “Оёғини осмондан” қилиб қўяман. Аслида, унинг бош-оёғи йўқ. Ҳар иккала шиша бўлмача ҳам бир хил шакл, бир хил сиғим ва бир хил кўринишга эга бўлиб, уларни уч дона ёғоч устунча бирлаштириб туради. “Оёғини осмондан қилиш” ёки тепадаги бўлмачанинг қуми тугаб қолиши билан вақтнинг тўхташи, албатта бу тасаввур ҳосиласи. Хуллас, мен ясаган хронохрон ускунаси шаклан қумсоатга монанд. Энди бу мўъжизадан фақат ёлғиз ўзимгина баҳраманд бўлишни ўйлар ва бу буюк кашфиёт олдида ўзим ҳам ожиз эдим. Айни пайтда ҳали ҳеч кимга насиб этмаган бахт туйғуси билан яшардим.
… Иффатнинг ёнидан жой оларканман, кафтларим билан қулоқларимни беркитдим ва қизга ҳам шундай қилишни уқтирдим. Биз шу ҳолатда анчагина ўтирдик. Кейин мен қизнинг юзига қараб сирли жилмайдим ва овозимга сирли тус бериб сўрадим:
– Нимани эшитдинг?
– Ҳеч нарсани.
– Ҳеч нарсани? Наҳотки!?
Унинг жилмайиб ва айни пайтда ажабланиб, шу билан бирга, савол назари билан қараб турганини кўриб мен ҳам ажабланганимни яширмадим. Аксинча, кўзларимни катта-катта очиб, қошимни чимирганча бир лаҳза қотиб қолдим. Менинг бу ҳолатим уйқудаги ипак қуртини эслатарди. Кейин кутилмаганда ўзимда улкан бир журъат сезиб, унинг қулоқларини кафтларим орасига олдим. Қиз буни кутмаган бўлса-да, қаршилик кўрсатмади. Биз шу пайтгача ёнма-ён ўтириш, нари борса қўл бериб кўришиш ва қимтинибгина сўзлашишдан нарига ўтмаган эдик.

6
Октябрь. Зардолулар, олчаю алволилар арғувон либосда. Фақат тут дарахтларининг япроқлари заъфарон. Иффатнинг кўйлагига монанд. Агар ҳозир Иффат тут дарахтининг устига чиқиб ўтирган бўлса, мен унинг фақатгина оппоқ юзини ҳамда қоп-қора соч турмагини фарқлашим мумкин. Табиат вақт таъсирида. Иффат ҳам. Сочини боши узра турмаклаб юриши менга ёқади. Саксонинчи йилларнинг аёлларига ўхшайди. “Турраи таррорингга салламно”, деб таҳсин айтаман ичимда. Сочни бундай турмаклаш унинг ёшини бироз катта қилиб кўрсатади. Бу энди вақтнинг иши эмас, аммо гапнинг сирасини айтганда, вақт жуда ақлли хилқат. Шошилиш унга ёт. Бир маромда ишлайди, масалан, юзингизга қачон ажин тушганини сезмай қоласиз. Ҳеч ким, айтайлик, “ўнинчи октябрь соат ўн иккидан уч дақиқа ўтганда юзимга ажин тушди”, деёлмайди. Дарахтларнинг япроқларидаги ўзгаришлар ҳам худди шундай содир бўлади. Ҳа, вақт илондай муғомбир.
Иффатни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Энди бир йўла тажрибаларимни якунига етказиб, кейин унга рўбарў бўлсам дейман. Чунки вақт кетяпти, шошилмоқдаман, Тўхта момо соғ-омон юрибдимикин ўзи?.. Деворга осиб қўйилган тақвимнинг варақларини йиртмаяпман. Унда 24 октябрь санаси. Тўхта момони худди шу куни кўргандим, шанба эди, балки жумадир… Иффат билан юзма-юз туришганди. Тақвимда белгилаб қўйганман. Ана, йигирма тўрт рақами ёнида қизил сиёҳ билан “соат уч” деб белгилаб қўйилган.
Ярим тунда уйғониб ускунанинг юқори бўлмасида – (хронохрон бўлмалари қумсоатникидан ўн битта кўп) энг юқоридаги биринчи бўлмасида– хира туманликка ўхшаш алланарса сузиб юрганлигини кўрдим. Миллион-миллион майда заррачалардан иборат туманлик гоҳ қизарар, гоғ қўнғир тус олар ва дам ўтмай тиниқ сариқ рангда намоён бўларди. Қани, энди буни Ван Гог кўрса! Японлар сузишни эплайдиган болаларнинг бошига, айтайлик, қизил шабпўш кийдириб сувга туширсалар, ҳали яхши сузолмайдиганлар бошига сариқ шабпўш кийдиришади. Чунки сариқ ранг бошқа барча рангларга нисбатан кўзга яхши ташланади. Мана, мен ҳам шиша ичидаги ҳолатни аниқ кўряпман, ваҳоланки, кўзим тобора хиралашиб бораётганини пайқаганимга анча бўлган. Дарвоқе, ҳассам қани? Ёлғиз умримнинг бу содиқ ҳамроҳини хонанинг қайси бурчагига суяб қўйганимни мана энди эслолмай турибман. Тиззам қақшаб оғримаганда-ку, учига резина қалпоқча кийдирилган етмиш етти сантиметрли оддий бир таёққа сира эҳтиёж сезмаган бўлардим.

7
Шиша идишда кўринаётган туманлик рўё эмасмикин, балки ҳали уйқум ўчмагандир, ёки… кўзларимни кафтим ва бармоқларим билан ишқалаб, қайта-қайта қарадим. Сариқ туманлик ўрнини кулранг – қорамтир маъво эгаллаб борарди. Бошим айланаётганини пайқаб, йиқилиб кетмаслик учун стол четига таяндим. Ва яна хронохронга тикилдим. Юрагим гурсиллаб қаттиқ-қаттиқ урар ва унинг зарбидан шиша идиш ичидаги туманлик (балки суюқликдир) қалқиб турарди. Назаримда вақт тўхтаган! Деразага қараб тонг ёришиб келаётганини кўрдим. Тонг! Тонг! Ҳазрат Навоийнинг ғазалларида вақт рўзномасининг бу фасли субҳ деб ишлатилган:
Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкилган майсадин намрокроқ.
Кўзларимдан шашқатор оқаётган ёш юзимни балиқчилар тўридай қоплаган ажинлар бўйлаб турли тарафга тараларди. Юрагим ҳаприқиб, бўғриққан хонанинг биқиқ муҳитида энди бир сония ҳам қололмаслигимни англадим ва ўзимни эшикка урдим. Йўл четида жулдур кийинган бир кампир ҳассага таянганча деразамга тикилиб турарди. Қадди букилган, сочлари пахтадек оқ… Унга яқинлашиб бордим. Бўғзимдан хирқираб отилган нидо кампирни ҳаракатга келтирди, деразадан кўз узиб менга томон ўгирилди, сўник кўзларида кул остида қолган чўғдек нимадир йилт этиб кетди. Бу навқирон ёшимизда ишқ ёққан олов қўрамтасининг ҳали сўнмаган чўғи. Балки тасаввуримда шундай бўлгандир, ҳа, шундай. Заифлашиб қолган кўзларим энди хира туманлик, қора-қура нуқталар ва қўнғиртоб пардадан бошқа нарсани илғашга қодир эмас. Тўхта момони ҳам ана шу туманлик пардаси ортида кўрдим. Ва унинг қуруқшаган қўлларини кўзимга суртиш учун эгилдим:
– Тўхта момо! Онагинам…О, онагинам!..
Кўксимдан отилиб чиққан нолакор бу нидо ва бу илтижо титроқлари ҳали ҳавода сўниб улгурмай, Вақт девори ортидан сўник бир овоз қулоғимга чалинди:
– Адашдинг, Товашар, мен Иффатман…

ҒАЙРИТАБИИЙ ҲОЛАТ

1
Тун яримдан оғганда хотинининг безовталана бошлаганини пайқади Тиркаш. Қўрқинчли ва бўғиқ ҳансираб, қарийб товушсиз, фақат нафаснинг ўзи билан нималарнидир гапирар, жонҳолатда ёрдамга чақираётганга ўхшарди аёл. Диққат билан қулоқ тутаркан, унинг бўғзидан иссиқ нафас билан чиқаётган узуқ-юлуқ товушларда “х-ал-хал, ат-атт-матт” деган кимнингдир исмига ўхшаш сўзлар борлигини англади ва нима қиларини билмай туриб қолди. Уйғотсам қўрқиб кетиши мумкин, унинг қийналаётганини кўра туриб уйғотмаслик, золимлик эмасми деган фикр шуурида қарор топиб улгурмай, бошини ёстиқдан адл кўтарди ва ухлаётган ипак қуртидай қотиб қолди хотини. Тунчироқнинг кўкимтир хира ёруғида қўрқинчли кўринарди унинг ҳолати. Дарҳол ўрнимдан туриб бағримга боссам, балки фалокатнинг олдини олган бўлармидим деган ўй сизғириб ўтди миясидан, аммо сусткашлиги, қийин вазиятларда бирдан қарор қабул қилолмаслиги яна панд берди. “Кимё!.. Кимё!..” демоқчи бўлди, дунёдаги ҳамма нарсадан қадрли бўлган шу сўз миясидан бўғзига тушиб улгурмай кутилмаган ҳолат рўй берди: Ўрнидан отилиб турди Кимё, уйда кийиб юрадиган халатини кийим илгичдан юлқиб олиб елкасига ташлади-да, ташқарига чиқиб кетди. Қарсиллаб ёпилди эшик. “Кимё!.. Қаёққа боряпсан? Кимё!” деганча тўнини ёпинди-ю шошқин ҳаракатлар билан икки қўллаб эшик тутқичига ёпишди Тиркаш Бешим. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга буралди, кичкина учбурчак тилини ёғоч кесакининг тешикчасига тиқиб турадиган тутқич. Шошганда лаббай топилмас деганларидек, аслида, тутқични бекорга бураётганини англаб, эшикни итариб очди, остонага тўқишиб мункиб кетди. Тўлин ой ёруғида худди қор ёғгандек оқариб кўринарди ҳовли юзаси. Атофга аланглади, оғилтом соясига, тандирхона пардагиридан тушиб турган қоронғиликка тикилиб қаради, хотинининг номини айтиб чақирди ва ҳовлини зир айланиб қидирди. Тўлин ой бус-бутун ёритиб турган торгина ҳовли ўртасида қаддини бироз букканча қотиб турди бир муддат, сўнгра уйдан қўлфонарини олиб чиқиб, юрак ҳовучлаганча оғилга кирди. Безовталаниб пишқирди эшаги. Тандирхонага ўтди. Қорайиб оғзини катта очганча турган тандирдан бўлак ҳеч нарса йўқ. Қандайдир хаёл илинжи билан тандирнинг ичига ҳам фонарини тутиб қаради. Ҳеч қаерда йўқ эди Кимё…
Ногоҳ ёдига келган ҳолат таъсирида югуриб том ортига ўтди. Дарвоқе, бундай “ҳолат”нинг нималигини ва қачон, қай тарзда рўй беришини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Касалманд юраги ва ўнг қулоғининг яхши эшитмаслиги “ҳолат”га аниқ ташхис қўйиш имконини бермасди. Тўғрироғи, ҳеч қандай зарурати ҳам йўқ эди бунинг.
– Чап томонинг билан ётсанг, гурсиллаган товуш эшитиладими? – деб сўраган эди ўша кеча хотинидан.
– Ҳаммага ҳам эшитилади, – жавоб қилди Кимё.
– Меники бошқачароқ-да, – деди Тиркаш Бешим.
Бироз жимликдан кейин уйқусираган овози эшитилди аёлнинг:
– Сизда сенусовая бродикардия бор-да.
“Йўқ, сен билмайсан, бу бошқачароқ гурсиллаш” демоқчи бўлди, аммо унинг уйқусираган товуш билан гапирганини эслаб ором олишига халақит бермаслик учун индамади. Ўша товушни эшитиш, унга аниқлик киритиш учун чап ёни билан ётди. Ва эшитди ўша товушни. Нимадир худди юрак уришидай бир маромда гурсилларди. Гоҳида тўхтаб қоларди. Хотини айтган бродикардиядами ёки стенокардиядами шундай бўлади-да, юрак бир маромда урмайди. Гоҳида гурсиллашларни системага солиш, яъни неча марта ургандан кейин тўхташини ва қанча вақт оралиғида яна ҳаракатга келишини, бир дақиқада неча марта гурсиллашини санаб ётар ва бир қолипга солиб, хулоса чиқаришга уринарди Тиркаш. Хотинида ғайритабиий ҳолат рўй берган ўша кечада ҳам шундай тажриба билан машғул эди. Юрагининг гурсиллаши том ортидан эшитилгандай бўларди. Шунинг учун ҳам уйни айланиб ўтиб, дарвозадан чиқди ва том ортига томон югурди. Тўни елкасидан тушиб қолганини билди, аммо уни олишга йўқ эди фурсати. Қоп-қора ва совуқ соя. Ой нурининг кескин чегараси… деворнинг нариги бурчагида нималардир жимирлаб тургандай кўринди. Аммо узоқ давом этмади бу рўё. Чорлади:
“Ким-ё-ё-ё…
Сукунат. Овози титраб, кучсиз чиқди. Гўё ёнгинасида туриб унинг қулоғига шивирлаётгандай. Бутун вужуди билан титраб бораётганини пайқади. Совуқ эди ноябрь туни. Ортига қайтиб тўнини олди ердан, елкасига ташлади ва яна атроф-теваракни кузатди. Ойнинг ёрқин нури билан том соясининг қора тўшамаси туташган чизиқда нимадир бор… Турган жойидан жилмай бошини тебратиб кўрди ва ўша нарсанинг ой шуъласи тушиб турган қисми ялтираб кетди. Хотинининг тақинчоғи!.. Уйга қайтаркан, атайлаб том ортидан ўтди ва тунда ялтираб кўринган нарсага кўзи тушди. Уни ердан олиб маҳкам кўксига босди. Хотини тўғрисида хабар берувчи ҳар қандай буюм қадрли. Унинг ўн тўққиз кўзли брошкаси эса алоҳида қимматга эга. Кимё ўн тўққиз ёшга тўлганда совға қилганди бу тақинчоқни. Ўша куни, яъни май ойининг ўн тўққизинчи куни азон палласи туриб, уйдан чиқиб кетди. Тунда момақалдироқ гумбурлаб, чақинлар чақиб ёмғир ёғган эди. Табиат ана шундай тантана қилганда ер бағридан отилиб чиқади қўзиқоринлар ва замбуруғлар. Ташландиқ токзордан бир неча дона қўзиқорин топди ва қирга томон кўтарилди. Ҳали кўзлари катарактадан хиралашмаганди ва майсалар орасида ғимирлаб юрган майда қора қўнғизчаларни ҳам аниқ кўрарди. Ана, яна битта қўзиқорин! Нарироқда яна иккитаси тупроқдан бош кўтариб турибди. Бирининг устида нўхат катталигида қотиб қолган лой бўлаги қорайиб турибди. Уни узиб олишдан аввал майса устига чўккалади. Завқи жўшиб турар ва табиатнинг бу антиқа “радари”ни узиб олишга шошилмай, унинг шаклу шамойилини томоша қиларди. Ўтлар орасида бир неча дона майда оқиш рангли, руслар маслята деб номлаган замбуруғчалар тизилишиб турибди. Аммо эътибори қўзиқоринда. Унинг пастдан юқорига томон ингичка тортиб кўтарилган конуссимон баданида юзлаб хоначалар бор. Қирчумоли уясини эслатади. Ҳали табиатда инсон номлаб улгурмаган нарсалар беҳисоб. Баъзи хилқатларнинг нималигини билиб олишга улгурганимиз йўқ, айримларининг номи эса жисмига ва хусусиятларига мос эмас. Қўзиқорин-чи? Уни номлаган одам жуда кузатувчан киши бўлгани аниқ. Бу антиқа гиёҳнинг ташқи кўриниши қўзининг ёки қўйнинг қатқоринига жуда ўхшайди. Аммо қўзиқориннинг бошқа бир хусусияти ҳайратлантиради. Баайни Радар, худди шундай, қўзиқоринлар ҳаводаги титроқларни нозиклик билан илғайдилар. Момақалдироқ уйғотиб юборади уларни, уйқуси бузилган қўзиқоринлар гумбурлаётган садо сирини билиш учун ердан бош кўтариб чиқади. Бундан ташқари улар радиацияни ва нурлар оқимини ҳам бошқа гиёҳларга нисбатан аниқ ҳис этадилар. Нима бўлганда ҳам бағоят лаззатли улар. Ёғда қовуриб еса ҳам бўлади, баъзилар сутда қайнатиб истеъмол қиладилар. Тиззасидан нам ўтиб кетаётганлигини пайқаб ишни тезлатди. Костюмининг чўнтаклари қаппайиб қолди. Табиат неъматлари Кимёнинг туғилган кунига яхши совға бўлишини ўйлаб, қовурилган қўзиқориннинг беқиёс таъмини оғзида ҳис этганча йўлда давом этаркан, нимадир ялтираб кетганини пайқади ногоҳ ва бир қадам орқага қайтиб ерга тикилганча туриб қолди. Ўтлар орасида нимадир чўғдек ёниб турарди. Олди, сув томчилари ва ёмғирда сачраган лой зарраларини артиб, тозалаб чўнтагига солди.
…Хотинини излаб том ортига ўтаркан, ой нурида ялтираб турган нарса ўша тақинчоқ – ўн тўққиз кўзли брошка – эканлигини англади. Кимёнинг ярим тунда ўрнидан туриб қочиши ва унинг ғайритабиий ҳолатини баҳолашга, хулоса чиқаришга ожиз эди ақли. Тақинчоқни ердан олиб, иситмоқчи бўлгандек кўксига босди. Муздай эди анор донасидек тизилган мунчоқлар.

2
Қишлоқда қариндош-уруғлари йўқ эди бу оиланинг. Кимёнинг иккита дугонаси бор, холос. Медицина ҳамшираси бўлиб ишлайди ҳар иккаласи ҳам. Кимё уларнинг бошлиғи, яъни катта ҳамшира. Қишлоқ шифохонаси чамаси икки километр нарида жойлашган. Шомир Халтаев деган одам бош врач. Аслида, унинг фамилияси Холтоев… исмларни русча талаффуз билан айтиш урф бўлган замонларда паспортига “Халтаев” деб ёздириб олган. Бу одамнинг қўшша ияги, чўтиртоб юзи ва бироз кўкимтир чағир кўзи… кўзининг оқи… ва кўз остида осилиб турадиган халтача… буларнинг ҳаммаси нохуш таассурот уйғотади. Хотини изсиз йўқолган туннинг эртасиёқ бош врачнинг олдига борди. Катта ҳамшира Кимё Шоҳазратовнанинг йўқолиб қолганини айтди:
– Нечун менга дарди ҳол қиласиз?
– Кимга айтай дардимни, сиз бошлиғисиз… – деди ялинганнамо бир қиёфада Тиркаш Бешим.
– Ўзингиздан ва ўзингизга, – деган фалсафий жавоб бўлди. Уч кун кутди ва тўртинчи куни милиция идорасига борди. Дунёдаги энг совуқ идора – милицияхона. Саратоннинг жазирамасида келган кишининг ҳам бутун вужуди қалтирайди. Ана шундай алфозда тиззаларида титроқ туриб, навбатчи милиция ходимига рўпара бўлди. Елкасида тўрт дона майда юлдузча, демак, капитан. Унга мурожаат қилди:
– Ўртоқ командир, хотиним йўқолиб қолди.
– Фамилияси?
– Шоҳазратова.
– Исми?
– Кимё.
– Ёши?
– Қандай боши? – ағрайганча сўради хаёли жойида эмаслиги сабабли, капитаннинг гапини тушунмай.
– Неча ёшда эди деяпман, галварс! – жаҳл қилди капитан.
– Йигирма еттида.
– Бўйи?
Кимёнинг бўйи неча сантиметрлигини билмасди. Унинг боши қулоғининг солинчоғидан келишини тахминлаб “бир-у олтмиш”, деди. Аёлнинг вазни, юз тузилиши, кўзи-қоши, сочининг рангини сўради капитан. Билганича жавоб берди.
– Эгнида қандай кийими бор эди? – деб сўроқни давом эттирди капитан. Қизил рангли халатини елкасига ташлаганча уйдан югуриб чиқиб кетганини айтди. Яна чорак соат давом этган савол-жавобдан кейин, “эрта соат тўққизда суратини олиб келинг, хотинингиз йўқолиб қолгани тўғрисида ариза ёзиб топшириш эсингиздан чиқмасин”, деб кетишига рухсат берди. Уйга қайтди Тиркаш. Эшик тутқичига қўл юбораркан, “хонада хотиним ўтирган бўлса-я”, деган мубҳам туйғу урилди шуурига. Юраги ҳаприққанча ичкарига олди ўзини. Хона бўм-бўш!.. Ёзув столи устида сочилиб ётган қоғозларига қараб ўйга толди. “Унвонсиз ёзувчи”га сўнгги нуқтани қўйиш оғир кечмоқда эди. Роман қаҳрамони ёзувчининг иродасига бўйсунмай, саркашлик қилар ва уйланишни хоҳламасди. Хонасининг деворида: “Эй Худо, аёллардан ўзинг халос эт!” деган ёзув.
– Сен Ал-Маарий эмассан, Шопенгауэр ҳам эмассан, ё Кант деб ҳис этяпсанми ўзингни, йўқот бу шиорингни ва дарҳол уйлан, – деди қаҳрамонига қараб аччиқ билан. Аччиқ жавоб қилди роман қаҳрамони Босим ҳам:
– Сен уйланиб нима қилдинг?!
– Кимё қайтади, – деди тушкун бир қиёфада.
– Қайтмайди.
– Сен қаердан биласан?
– Биламан. Бу ишда милициянинг қўли бор.
– Нима қил дейсан унда?
– Менинг ҳаётим тўғрисида ёзаётган романингни йўқот. Ёндириб ташла. Ёндириб ташла! Хотининг йўқолиши ана шу роман воқеалари билан боғлиқ.
– Қандай асосинг бор, тахминан гапириб мени чалғитма.
– Асосим бор. Сен қораланган варақларда номаъқулроқ гап бор… роман чоп этилса…
Босимнинг гапи оғзида қолди. Эшик қаттиқ тақиллаб ташқаридан гурсиллаб босилган қадам товушлари эшитилмоқда эди. Қоғозларини шошилинч ҳаракатлар билан тортмага тиқиб, ҳамма нарса жойидами дегандай хонага бирров назар ташлаб олди-да, эшикни очди. Капитан Аллабоев қад ростлаб турарди остона ортида.
– Кимё Шоҳазратовнанинг изига тушдик. Фуқаро Шоҳазратовна “Дарранда” кушхонаси томонидан ўғирланган, деб тахмин қилмоқдамиз.
– Нега? Кушхонага не сабабдан керак менинг хотиним?
– Сабаби ҳозирча номаълум. Албатта биз фақат шу тахминни сизга етказиш мақсадида келмадик. Бизга маълум бўлишича, сиз тунлар ухламай қандайдир тадқиқот ўтказармишсиз.
– Менда бродикардия бор.
– Кимё Шоҳазратовнанинг бедарак йўқолишига дахлдорми бу… ускуна?
– Буни билолмадим, аммо сиз айтгандай “ускуна” эмас, касаллик. Шу дард таъсирида тунлар уйғониб аллақандай гурсиллаган овозга қулоқ тутардим, гоҳида Кимёдан “Сен ҳам эшитяпсанми?” деб сўрардим.
Маънодор бош лиқиллатди капитан. Ва сўради:
– Кушхонада танишларингиз борми?
– Умримда эшитмаганман сиз айтган корхонанинг номини.
– Яхши, сиз ҳозирча уйдан узоқлаб кетманг, ҳар лаҳзада маҳкамага чақириб қолишимиз мумкин, – деди капитан ва кескин ортига бурилиб, тўрт кишидан иборат ҳайъатини эргаштирганча ҳовлини тарк этди. Танасидан бензоарра билан кесилган дарахтдай каравотига қулади Тиркаш Бешим. Кушхонанинг нима алоқаси бор… Тўғри, Кимё этдоргина эди. Бўйи биру олтмиш бўлгани ҳолда, вазни тўқсон килога яқинлигини билардим. Капитанга ҳам айтгандим. Кушхонаси қаерда экан ўзи? Барвақт ўрнидан туриб “Дарранда”-ни излашга тушди. Аммо қанча елиб-югурмасин ва қай ишга қўл урмасин, шифохона бош врачи Халтаев хаёлидан кетмасди. Кун бўйи санғиди, шаҳарнинг энг чекка минтақаларига борди, одамлардан сўраб-суриштирди, аммо “Дарранда” қушхонасининг дарагини тополмади. Эртаси куни милиция маҳкамасига бориб, капитанни излади. Тўртинчи қаватда бошқа бир хонада ўтирарди Тиркаш излаган одам. “Дарранда”нинг манзилини сўради. Бу корхонанинг манзили номаълумлигини маълум қилди капитан. “Топсангиз, бизга ҳам хабар қилинг”, деди хайрлашаркан. “Топаман”, деган қатъий қарор билан ўрнидан турди, эшик тутқичига қўл чўзаркан, капитаннинг овози тўхтатди уни:
– Эшитишимча сиз ёзувчи эмишсиз…
– Мен Кимёнинг эриман.
– Айтмоқчи бўлганим шуки, – давом этди капитан, – ёзувчиларга хотиннинг унчалик зарурати йўқ.
Бу “постулат” қандай мақсадда айтилганини билиш учун ортига ўгирилди Тиркаш.
– Шундай. Ёзувчилар кўпроқ ўзлари қоғозда тасвирлаган аёл билан бўлишни хуш кўриб, умр йўлдоши борлигини унутиб қўйишармиш.
– Нимага шама қиляпсиз?
– Кимё Шоҳазратованинг уйдан қочишига мана шу ҳолат сабаб бўлмадимикин, демоқчиман. Аёлга эътибор керак. Ҳа, айниқса тунда. Инчунин, Шоҳазратова нега кундуз куни эмас, тунда қочди. Бу ҳолатлар ўртасида бирор боғлиқлик кўрмаяпсизми?
“Инчунин” ичида такрорлаб кўрди Тиркаш Бешим. Инчунин… афтидан, бу сўзни яхши кўрарди капитан. Уни талаффуз этганда чап қўлининг бармоқларини бир нуқтага тўплаб, носқовоқ шаклида ушлаб турар ва бутун фикри ва ё Кимё Шоҳазратованинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ барча тафсилотлар шу “носқовоқ” ичида жойлаштириб қўйилгандек, уни намойиш этганча ҳавода муаллақ тутиб турарди.
– Инчулдегунг, – деди Тиркаш дилидаги бор ғазабини шу сўзда тўплаб. Аммо ғазабдан кўра афсусдай садо берди бу сўз. Зеро, кўнгилчан ва журъатсиз киши эди Тиркаш ва ўзидан бошқага ғазаб сочишга қодир эмасди унинг журъати. Темир панжаралар орасидан ўтиб маҳкамани тарк этди. Дарахтзор эди теварак-атроф. Баргихазон тўшалган хиёбон бўйлаб бораркан, Босимнинг тақдирини ҳал қилиш тўғрисида жиддийроқ ўйлашга уриниб кўрди, ҳақиқатан ҳам Кантга ўхшатиб файласуф қилиб тарбияласаммикин уни, деган хаёлдан тўлқинланиб кетди. Эммануэль Кант. Бўйи 164 см. Уйланмаган. Мавҳум хаёлот унинг ёзганлари. Шу қадар мураккабки гап қуриш усули, юз марта қайта ўқи, бирор маъно ажратиб ололмайсан. Яна юз йил ўтади, биз унинг асарларини ўз тилимизга ўгира олмаймиз. Кантни тушунадиган бирорта файласуф йўқ бизда. Демакки, Босимни Кант даражасига етказа олмайман. Рассом ёки ёзувчи қилиш осонроқ кечади. Хаёли бўлинди. Дарахт шохида ўтирган қуш баланд овоз билан сайраб юборди:
– Хук-хук!
– Менга айтяпсанми?
– Хук! Хук!
Мириқиб кулди Тиркаш. Майна эди шохдаги қуш ва у дарахт остидан ўтиб бораётган кишини бемалол ҳақорат қиларди. Хук – чўчқа дегани тожиклар лафзида. Итни сак(г), чўчқани хук, дейди тожиклар. Йил саноғида ёнма-ён келади бу икки ҳайвон. Дили яйраб кетди бу ҳақоратдан. Қани энди мен ҳам майнадай бўлолсам, деган хаёл билан тепага қаради. Майна жуда жанговар қуш. Мушукми, филми, барибир унга. Қўрқмай учиб келади, оёқлари ва қанотлари билан уриб, яна осмонга кўтарилади. Уясини ва палапонларини шундай ҳимоя қилади.

3
Ярим кечада уйига қайтди Тиркаш Бешим. Боз боягисидек ёритиб турарди тўлин Ой. Орадан шунча кун ўтди нега ҳамон ўша ҳолатда турибди Ой? Бу давр ичида камая бориши ва яримта ҳолатда кўриниши керак эди… Шундай хаёллар билан чўнтагидан калит олиб қулф тирқишига тиқди, калит айланмади, не кўз билан кўрсинки, эшик қулфи очиқ. Қандайдир хатар борлигини ҳис этди унинг бродикардияга ошно юраги. Эшик очилди. Остона ҳатлаб хонага кирди ва электр чироқ тугмачасини пайпаслади. Топди, босди. Хона ёришди ва тўшакда ётган номаълум жонзот ҳаракатга келди, қаддини ёстиқдан кўтариб қаради.
– Кимсан?! – хириллади Тиркаш.
– Кўриб туриб талмовсирайсиз, Кимёман.
– Қачон келдинг?
– Қаердан?
– “Дарранда”дан!
– Дарранда деганингиз нимаси? Ким айтди сизга бу гапни?
– Милиция. Капитан Аллабоев…
– Ҳеч қаёққа борганим йўқ. Ўрнингиздан отилиб турдингизу ўқдай учиб чиқиб кетдингиз ўзингиз. Бир соатдан бери нима қилдингиз ташқарида?
– Бир соат деганинг нимаси? Беш кундан бери сени қидираман, – деди тушкун қиёфада Тиркаш Бешим ва ҳолсизланганча каравотига ўтириб қолди. Бироздан кейин унинг йиғламсираган овози эшитилди:
– Шафқат қилсанг бўларди менга, Кимё…
Шу гапдан кейин оҳиста ўрнидан турган аёл яқинлаб келди ва кафтини эрининг пешонасига босди. Бу ҳолат узоқ давом этишини, мангуликка бориб туташувини истарди Бешим. Оловдек қизиб кетган пешонасига малҳамдек ёқди аёлининг кафти.
… Муздек эди Кимёнинг бармоқлари.

    Чирчиқ. 2020 йил, декабрь

ЕТИМ
Бир дона дўлана тушиб қолди подачининг сумкасидан. Чақил эди ер. Ғўрашак тупроқ тагида хўмрайиб ётарди бадқовоқ ва шафқатсиз палахса тошлар. Инсоннинг қаерда туғилиши ўз ихтиёрида бўлмаганидек, дўлана ҳам илдиз отди ана шу лаънат тамғаси билан муҳрланган ерда. Узоққа кетолмади унинг томири ва нимжон бўлиб ўсди ниҳол. “Ўсди” деган калима унинг ҳаётини тўлиқ ифодалай олмайди. Йиллар ўтса ҳамки, сира моннимади. Лафзимизда шундай сўз бор. Адабий тилимизда учрамайдиган бу сўз чақил ерда дийдираб турган дўлана ниҳолининг кўринишини аниқ ифодалайди.
Ноилнинг ҳаётини ана шу дўланага ўхшатаман. Атрофга жовдираб қарарди унинг кўзлари. Қўрқув аломати бу. Боланинг юрагини қамраб олган ҳиссиёт умрининг охиригача кетмади унинг вужудидан. Беш ёшлигида бегона бир одам пайдо бўлди ғарибгина хонадонда ва эшик олдига тақаб қўйилган каравотга ётди. Қандайдир қўшиқни хиргойи қиларди у беўхшов овоз билан. Айвончада турарди бу пайтда Ноил. “Эй қизча, бу ёққа кел!” деган чорловни эшитди Ноил, бўйсунди ва каравот олдига яқинроқ борди. Билмасди аслида: бу одам ким? Қаердан келган? Нима қилади бу ерда? Ҳирс билан қаради одам ва сира мумкин бўлмаган, китобларда ёзиш ёки бировга айтиш имкони йўқ бир нарса беришни талаб қилди боладан. Хушсувратгина бола эди Ноил. Елкасига тушиб турарди икки ўрим кокили. Ўғил болаларда ҳам кокил бўларди ўша даврларда. Кўзлари бўталоқларникидек катта-катта, юзи оппоқ, қошлари қора, киприклари узун эди Ноилнинг. Шу сабабли уни қиз бола деб ўйлади каравотда ётган киши ва… Қўрқиб кетди бола. Қиз бола эмаслигини айта олмади ва қалтираганча туриб қолди каравотдан икки қадамлар нарида. Йиллар ўтди ўша қўрқув кетмади унинг юрагидан. Ва ҳамиша шубҳа билан қаради ҳаётга ва хусусан, ўша одамга. Кейин отасига айланди ўша одам. Тенгдош эдик биз. Ўзимнинг ойнадаги аксимга ўхшатардим уни. Қўрқоқ ва ўта уятчан эдик иккимиз ҳам. “Сен – мен” дер эди гоҳида юзимга хаёлчан тикилиб туриб. “Мен – сен”, деб жавоб қилардим. Одатда индамай хаёл суриб ўтирардик. Ўгай отаси тўғрисида ўйларди Ноил. Ўйламасликка ҳаракат қилса ҳам унинг доирадай кенг юзи ва бири-бирига туташиб кетган қошлари кўз ўнгида туриб олар ва кўзларини юмса ҳам кетмасди ва фарғонача талаффуз билан айтган ўша гапи эшитилаверарди қулоқларига. Аслида, фарғоналик эмасди у одам. Унинг кимлигини ҳам, қаердан келганини ҳам билмасди Ноил. Узоқ йиллар бирга ҳаёт кечириш жараёнида ўша гап сира унутилмади. Ва эшик олдидаги каравотда ётган одамнинг турқи кўз ўнгидан кетмади. Йиллар ўтди, онасининг йўриғини қай йўсинда баҳолашни билмади улғайганида ҳам. Болаликда эса ота ёки она тўғрисида фикр юритиш, яъниким уларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, хулоса чиқаришга ожизлик қиларди унинг гўдак ақли. Ёши бир жойга етиб, мия ичидаги жараёнлар такомиллашгач, ўз ҳаётининг ўша даврларини қайта бошдан таҳлил қилиб кўраркан, онам нега мени ўлдиришга кўп марта уриниб кўрди, деган савол кўндаланг бўлди. Аммо Худо йўл бермади. Чунки, Ноилнинг зиммасига юкланган вазифани ҳеч ким ҳеч маҳал бажара олмасди. Ўгай ота эса нималарнидир шама қилар, Ноилнинг ёнидан ўтганда бурнини жийирар ва унинг тунда тўшакни ҳўл қилиб қўйишини имкон бўлди дегунча бўрттириб кўрсатишга интиларди. Ғужанак бўлиб қоларди бундай паллада етим бола. Борган сари такомиллашиб борарди онанинг шуурида Ноилдан қутулиш режаси. Мунтазам эмасди ният. Ўқтин-ўқтин бош кўтарарди ва ана шундай паллада баъзан кескин ҳаракат қиларди она.
Ёзнинг жазирама бир кунида сувга борди Ноил. Алюмин челакни энди дарёга ботириш учун тараддудланиб турганда, бақувват қўллар даст кўтарди уни ва тошиб оқаётган сувга ташлаб юборди. Осмонга сапчиган тўлқинлар ва сув пардаси ортида турган аёлни кўрди бола, энтикди, нималардир деб овоз берди, қўл-оёқлари билан шапиллатиб сувни уриб, қирғоқ томон талпинди. Тўлқинлар беаёв суриб борарди ўлжасини. Челакни сувга ботирди она ва ортига қарамай кетди.

ЁЗУВЧИ УЧУН АТИР
Чекка сочлари оқариб қолган Григоровичнинг қандай атир суртиб юрганлигини билмайман (қадимда атир суртиларди, ҳозирда пижиллатиб сепилади), аммо Бунин тасвирлаган шу ёзувчининг, яъни Григоровичнинг олдидан ўтгим келади ва ундан анқиб турган ифорнинг қанақалигини билгим келади. Афсуски, энди Бунин ҳам, Григорович ҳам ва Жемчужников ҳам йўқ. Шунга қарамай, ўша даврга хос айрим ҳолатлар-у манзараларни тафаккур ёрдамида тасаввур қилиш мумкин.
Бизнинг болалигимиз ва ўсмирлик пайтимизда “Сирень”, “Ландиш”, “Кармен” деган атирлар бўларди. Ўсмирлик пайтимда биринчи марта “Қора наво” деган атирдан суртиб кўрганман. Австралияда чайлачи деган бир қуш бор. Қанотли бу жонивор урғочисини жалб қилиш учун қарийб одам бўйи келадиган чайла қуради ва ўзи бунёд этган иншоотни турли-туман ялтироқ нарсалар билан безайди-да, чайла атрофидан айланиб қўшиқ куйлайди. Инсонга ҳам хос бундай бачкана ҳолат. Ясан-тусан қилсам, унга яхши кўринаман деб ўйлайди севган қизининг олдига бораётган йигит. Садафни узоқдан бўлса ҳам бир кўриш ниятида йўлга тушарканман, икки кун аввал қишлоқ дўконидан сотиб олган атиримдан сепиб олдим. Китоб жавонимнинг орқасида яширин сақлардим уни. Жуда ўткир эди “Қора наво”нинг ҳиди. Атир бўйини шамол олиб кетмасин деб, пана-пастқам йўлдан борардим. Киссамда носкашларнинг носқовоғидай дўмпайиб турибди дағал шиша идиш. Унинг сиртида рақс тушаётган аёл сурати бор. Ярим йўлга етгач, яна бироз сепиб олсаммикин деган хаёлга бордим. Чўнтакдан учбурчак шаклидаги шишани оларканман, унга ёпиштирилган расмга яна бир карра қарадим. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам рақс тушаётган аёл суврати… Аёлларники эмасмикин бу одеколон деган шубҳа оралади кўнглимга. Йўл бўйида кимдир кўринди ва катта ёшли бир киши мен томон келаверди. Девор тагига томон тиқилиб бордим. Ёнимдан ўтаётиб бурнини жийирди ҳалиги одам ва “такадай сасибсан” деди, мендан ҳазар қилгандай ўзини нарироқ олиб. Уялиб кетдим. Аммо атир ҳидига бўлган ўчлигим босилмади. Бирор нарса ёзишга ўтирсам, ҳозир ҳам албатта юзимга атир пуркайман.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/nemat-arslon/ezuvchi-uchun-atir-69397801/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Ёзувчи учун атир Неъмат Арслон
Ёзувчи учун атир

Неъмат Арслон

Тип: электронная книга

Жанр: Легкая проза

Язык: на узбекском языке

Издательство: Adabiyot

Дата публикации: 14.08.2024

Отзывы: Пока нет Добавить отзыв

О книге: Атоқли адиб Неъмат Арслон адабиётимизда ўз сўзига, ўз ўрнига эга ижодкорлардан биридир. Ушбу тўпламдан ёзувчининг қатор сара ҳикоялари жой олди. Улар бадиий пухталиги, мазмунан теранлиги билан ажралиб туради. Адибнинг ўзига хос фалсафаси, тиниқ, жонли тасвирлари ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

  • Добавить отзыв