Маъсума
Исажон Султон
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Маъсума” романи тарихимизнинг “жадидлик” деб аталган энг мураккаб даври, ватанпарвар ота-боболаримизнинг юрт озодлиги ва халқ ҳуррияти йўлидаги фидойилиги, мамлакат равнақи йўлида амалга оширган ибратли ишлари ҳамда биринчи ўзбек актрисаси Маъсума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асарни юртимиз тарихидаги қора кунларнинг замонавий талқини, миллий театримизнинг бадиий тарихи деб атаса бўлади.
Асарга Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган.
Тўпламдан ёзувчининг кейинги йилларда ёзилган ҳикоялари ҳам ўрин олган.
Исажон Султон
Маъсума. Роман ва ҳикоялар
СЎЗБОШИ
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,
Ўзбекистон Республикаси халқ шоири
МАТОНАТ ТИМСОЛИ
2021 йилнинг 9 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.
Президентимиз 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этганини, Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланганини, ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлганини таъкидлаб, шундай деди:
“Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир”.
Давлатимиз раҳбари бу борада нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомига тўхталиб, бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини, ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилганини қайд этиб ўтди ва биринчи ўзбек актрисаларидан бўлган Маъсума Қориеванинг фожиали тақдирига тўхталиб:
“Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз.
Ўйлайманки, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўларди…” – деб ишонч билдирди.
Президент тилга олиб ўтган таниқли санъат устаси, истеъдодли актриса Маъсума Қориеванинг ижоди ўтган асрнинг 20-йилларига, юртимизнинг жадидлик деб аталган ўта мураккаб даврига тўғри келади.
Давлатимиз раҳбари 2021 йил 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида жадид ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром кўрсатиб, шундай деган эди:
“Мустабид тузум даврида юртимиз озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошларимиз қатағонга учраган. Уларнинг қанчаси «халқ душмани» деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган. Яна қанчаси сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган. Бу мудҳиш жиноятдан муштипар момоларимиз, оналаримиз ҳам омон қолмаган. Минглаб аёллар бева, болалар етим қолган.
Бу нафақат уларнинг авлодлари, балки бутун халқимиз юрагидаги оғриқдир. Шу боис орадан шунча вақт ўтса-да, барчамиз ўша мудҳиш даврни изтироб билан эслаймиз”.
Дарҳақиқат, халқимизнинг энг сара вакиллари бўлмиш жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Чунки мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз, албатта, ҳам қарз, ҳам фарз.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Маъсума” романи Президентимиз мисол қилиб келтирган тарихнинг “жадидлик” деб аталган энг мураккаб даври ҳамда биринчи ўзбек актрисаси Маъсума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асарни юртимиз тарихидаги энг қора кунларнинг талқини, ўзбек театрининг бадиий тарихи деб атаса бўлади.
Романда тасвирланган воқеалар – ҳаётда содир бўлган, бадиий бўёқ берилган ҳаққоний воқеалардир. Мамлакатимиз тарихининг жадидлар даври қандай мураккаб бўлганини бир оила мисолида кўриш мумкин. Чунончи, Абдувоҳид қори – машҳур уламо, “Шўройи исломия” ва “Маҳкамаи исломия” жамиятлари раиси, босқинчилар Уфага олиб кетган муқаддас осори атиқа – Усмон Қуръонини юртимизга қайтариб олиб келишда жонбозлик кўрсатган арбоб, яъни жадидлик даврининг”қадимчи”ларидан. Унинг тўнғич ўғли Босит Қориев – Маданият вазирлиги санъат бошқармаси бошлиғи, ўртанча ўғли Боис Қориев, яъни Олтой – “янгиликчи” шоир, Маориф вазирлигининг масъул ходими. Келини Маъсума Қориева эса ўзбек миллий театрининг биринчи аёл актрисаси. Давр бу кишиларнинг биронтасини аяб ўтирмайди, биринчи бўлиб шоир Олтой “Наркомпрос” иши бўйича ҳибсга олиниб, ўн йилга сургун қилинади. Сўнгра кекса Абдувоҳид қори ва Босит Қориев қамоққа олинади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, мамлакат ҳукумати қамоқхонадаги маҳбусларга афви умумий эълон қилади ва ким агар ихтиёрий равишда фронтга жўнаб, жасорат кўрсатса, айбловлар олиб ташланишига ваъда беради. Айни шу дамда Маъсума Қориеванинг фарзандлари, теваракдагиларнинг маломатларидан ва хўрлашларидан таҳқирланган навниҳол йигитчалар – Ботир ва Шавкат Қориевлар ихтиёрий равишда фронтга жўнаб кетишади.
Бир оила бошига тушган кўргиликларни кўринг! Бунинг сабаби эса:
– Эй воҳ, агар ўз давлатимиз бўлганида эди, бу ишларга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Афсуски, давлатимиз йўқ, қудратимиз ҳам йўқ, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз… – дейди Абдувоҳид қори.
“Маъсума” романида нафақат Абдувоҳид қори ва Маъсума Қориева хонадони мисолидаги мудҳиш кўргиликлар, балки халқимизнинг сара зиёлилари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Заҳириддин Аълам, Абдурауф Фитрат, Тавалло, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Чўлпон, Боту каби зиёлилар номлари келтириб ўтилади. Шунингдек, ўзбек театрининг дунёга келиши, илк саҳна асарлари, миллий театр асосчиларидан бири Маннон Уйғур билан бир қаторда, халқ эҳтиромига сазовор бўлган артистлар Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Мария Кузнецова сиймоларига дуч келасиз. Дунё театрлари тарихида энг яхши саҳна томошаси деб топилган “Гамлет” ва “Отелло” саҳналарининг ҳаяжонига шоҳид бўласиз.
Маъсума Қориеванинг тақдири, дарҳақиқат, аччиқ ва изтироблидир. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони соҳибаси, улуғ шоир Чўлпон “Ўзбек театри маликаси” деб ном берган бу истеъдодли актриса сиёсат туфайли шунчалар четга суриб ташланадики, охир-оқибат, азбаройи театрдаги инсофли кишилар туфайли касаба уюшмасига ишга тайинланиб, театр учун пойтахтнинг Қорасарой мавзесидан ажратилган томорқа хўжалигида мева-сабзавот етиштириш ишларига киришиб, оғир йилларда театр жамоасини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб туради. Театрдан кўнгли совийди, истеъдоди хазон бўлади. Болаларидан хат-хабар келмай қўйгач, уларнинг тақдирини билиш учун Москвага отланади ва машъум ҳақиқатдан хабар топади: эндиликда дунёда унинг ҳеч кими қолмаган, қайнотаси ва эри 1938 йилдаёқ отиб ташланган, кўзининг оқу қораси фарзандлари фашизмга қарши урушда бирин-кетин ҳалок бўлишган экан.
– Мана, болаларим… Номимиз ҳам оқланди, – дейди Маъсума.
Жасур йигитлардан ёдгор бўлиб икки парча темир – “Қизил юлдуз” ва “Қизил байроқ” ордени қолади, холос.
Марҳума жасади олис юртларда сарсон бўлмасин деб борган кишилар қийинчиликларга дуч келишади: майитни учоқда ҳам, поездда ҳам олиб кетишга рухсат берилмайди. Ниҳоят, марҳуманинг жасади куйдирилиб, кули солинган кичик бир идиш Тошкентга олиб келиниб, тўрт кишининг номидан дафн қилинади.
– Босит Қориев! Маъсума Қориева! Ботирхон Қориев! Шавкатхон Қориев! Қабрингизда тинч ётинг! – дейишади дафн маросимига келганлар.
Сиёсий тузум бир оиланинг кулини шу тахлит “кўкларга совуриб” юборади.
Афсуски, қотил тузумнинг қилмишлари шу билан тугамайди. 1953 йилда, Сталин вафот этганидан сўнг ноҳақ қатағонга учраганлар номи оқлана бошлаган бўлса-да, ўша даврнинг империалист арбоблари турли республикалар, айниқса Марказий Осиё ўлкалари халқлари бошига янгидан-янги туҳматлар ёғдиришда давом этишади. Саксонинчи йиллар бошига келиб ўзбек халқи ўз ўғлонларини яна бир адолатсиз уруш – Афғон урушида қурбон беради, асоссиз “ўзбек иши” кампаниясида яна минглаб ватандошларимиз туҳматга учрайди. Шу ўринда 1989 йилда Афғон урушидан темир тобутда келган қаҳрамон йигитимиз Сирожиддин Тўрахўжаев хотирасига бағишланган шеъримни эслатиб ўтмоқ жоиз деб ўйлайман:
Дўстлари келса-ю, келмаса болам,
Дўстлари кулса-ю, кулмаса болам.
Бир пайтлар сочини тўзғитган еллар
Ҳовлида елса-ю, елмаса болам.
Яхши кўрган қизи келиб йиғласа,
Сўнгра тўй бўлса-ю, билмаса болам.
Суратдан чиқолмай мўлтираб зор-зор
“Тўйлар муборак”ни тингласа болам.
Куйган кечаларда уйқум келмайин,
“Милт-милт” юлдуз бўлиб имласа болам.
Ғира-шираликда дарахт эшикда
Боламдай турса-ю, кирмаса болам.
Саҳар косаларга қаймоқ тўлса-ю,
Кексайган бу кўнглим тўлмаса, болам.
Кеча топширишди “Қизил юлдуз”инг,
Орденни “болам” деб бўлмаса, болам…
Ўзбек халқи бошига келган шўришлар орадан шунча йил ўтгач ҳам давом этаверганига ҳайрон қоласиз, киши. Шукрки, мамлакатимиз зулмнинг оғир кишанлардан мустақиллик туфайли халос бўлди ва бу каби ҳақсизликлар таг-туги билан барҳам топди.
Бугун адибларимиз олдида жадид боболаримизнинг хотирасини тиклаш, уларнинг фидойилиги ва орзу-армонлари ҳақида юксак савияли бадиий асарлар яратиш каби шарафли вазифалар бор. Нафақат жадидлик даври, балки довруқли тарихимиздаги юзлаб саркардалар, олимлар, шоирлар, мутафаккир алломалар авлодлар эътирофини кутиб турибди.
* * *
Президентимиз 2021 йилнинг 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида шундай деган эди:
“Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак”.
Ёзувчи Исажон Султоннинг ушбу асари ана шундай савобли ва керакли ишларнинг дебочасидир. Шу муносабат билан, адиб дўстимизни янги китоби билан қутлаймиз ҳамда бугунимизнинг истеъдодли шоир ва ёзувчиларидан шундай мавзуларда янгидан-янги бадиий пишиқ асарлар кутиб қоламиз.
МАЪСУМА
Роман
БИРИНЧИ БОБ
Кўклам шамолининг мавжлари кўча-кўйни, томларни, ариқлар ёқасини ўйноқлаб кезади. Унинг шўхликлари майса-ю ўт-ўланларнинг ҳар ер-ҳар ерда, аҳён-аҳёнда силталаниб қолишидан билинади. Кўзга кўринмас бу мавжлар ҳадемай гултўкар шамол эсиб қолишидан дарак. Чунки кўча четларидаги, ҳовлилардаги дов-дарахт қийғос гул очган. Орасида ўрикнинг сутдай оқ ва текис, олчанинг бироз кичик ва хиёл хира, шафтолининг пушти гуллари барқ урган. Баҳор дуркунлиги ҳамма ёқни жонлантирган, том сувоғи ёки чирий бошлаган ёғоч орасига кириб қолган уруғларни ҳам ҳаракатга келтирган. Уйларнинг бўғотларидан-да майса унибди, улар бултурги ўт-ўланларнинг уруғлари. Баъзи томларда арпа ёки буғдойнинг ям-яшил пояси кўзга ташланади. Ёмғир кирмасин деб туйнугига эски тўн ёки тўшак буклаб тиқиб қўйилган туссиз мўриларнинг қўнқайиши манзарасида қизғалдоқлар янада нафис, қип-қизариб кўринади.
Қизғалдоқлар мадрасалар томида, шағал тўкилган кўча-кўй четларида унган. Бу ерда яна, саломалик ўтлари ва ажриқ ҳам бор.
Эски Жўвадан чапга юрилса, паст-баланд кўчалари қинғир-қийшиқ узайиб кетган эски маҳалла келади. Бир арава зўрға сиққулик кўча томонга болохоналар чиқиб қолган. Томлар бир-бирига туташ, то маҳалла адоғигача томма-том борса бўлади. Кўчалар тор, паст-баланд, баъзи жойларда икки киши зўрға сиққулик сўқмоқлар ҳам кўзга ташланади.
Ҳовлилар кичик, бироқ ҳар бирида кафтдеккина бўлса-да, бир гулу гулзор саҳн бор.
Айрим ҳовлилардан бедананинг питпилдиғи, каклик такир-тукири, каптар ғу-ғуси эшитилади. Хўроз деярли ҳар хонадонда борга ўхшайди: ўзигагина маълум тартиб билан намоз вақтларидан дарак бериши бир ён, хўрозки борми, демак, бир қанча макиён ҳам қақоғлаб юргани аниқ. Ҳар ҳолда, текиндан текинга тухум!
Шундай ҳовлилардан бирида, Махсум почча деб ном олган художўй, ўртаҳол савдогар хонадонида уч-тўртта хотин айвонда ўтириб, пахта савайди. Айвон полсиз, лойга сомон аралаштириб, ерга текислаб қуритилган. У ербу ерида сомон учлари тиккайиб туради. Устидан қамиш бўйра, шолча-намат солинган. Қамиш бўйра сал ҳаракатга шитирлаган сас чиқаради.
Пахта саваш дегани – қиши билан намиққан тўшакнинг чоки сўтилиб, ичидаги увадаси чиқариб, офтобга ёйиб қўйилади. У бир неча кун иссиқда қурийди. Сўнг намат устига олиниб, хотинлар узун савағичлар билан савай бошлашади:
– Шип!
– Шип!
Ҳар икки қўлдаги савағич тут ёки беҳи новдасидан бўлади. Уни увадага урсангиз титилади, орасига ҳаво кириб, ғўппаяди. Ғўппайган увадани ювилган тўшак қатига солиб қавилса, янгидай бўлиб қолади.
Ҳозир айвонда уч хотин ва бир қизгина бор. Хотинларнинг бири – хонадон бекаси Ўлмас келинойи, ўттиз беш ёшларда, тўладан келган, лабининг устида катта холи бор, кенг-ковул чит кўйлакли кўнгилчан хотин, иккинчиси – Сора эгачи, буниси аксинча, озғиндан келган, оқ-сариқ, қўлларининг томирлари бўртиб турган, ранги синиқроқ, эзилганроқ хотин, учинчиси – бошқалардан кўра ёшроқ, лўппигина Мунис оғача; ўн олти яшар Маъсумага тегажоқлик қилишади.
– Бетинг мунча тиниқ, қиз тушмагур? Қаймоқли сут билан чайганмисан?
– Ўзи шунақа! – деб жавоб қилади оқ юзли, киприклари узун, бежирим юзидаги кулгичи ўзига ярашган Маъсума, кўзлари чақнаб. У шўх ва ҳиссиётли қизгина, оловдай бўлиб ёниб туради, бироқ хотинларнинг сўзларидан уялиб, қизариб-бўзаради.
– Ёшлигимда менинг бетим сеникидан чандон тиниқ, қошим тус қора эди. Эсиз, Билолимни туғдиму тўкилиб кетди-да.
Ҳақиқатан ҳам, Сора эгачининг қошлари ўсма қўйганига қарамай, сийраклиги билинади.
– Унда қошингизни Билолингиздан сўранг!
– Вой, биттамас, юзта қош бўлсин, Билолимга алишмайман.
– Ҳадеб мақтанавермай, Тўти момони яна бир кўрсатиб бер, қиз тушмагур!
Маъсума дик этиб ўрнидан туради, қирқ ўрим қора сочи белигача чувалиб тушади. Учига оқ момиқ пахтадан пилик солибди. Рўмолини бошига қия ташлаб, айвон бошига боради, чўк тушиб, бир ёнига қийшайиб, гўё пилта чироқнинг шишасини юваётгандай ҳаракатлар билан Тўти момонинг қилиғини кўрсатиб беради:
– Ҳаҳ яшшамагур, оғзингдан лахта-лахта қонинг келгур хонасаллот, жувонмарг, илоё, шу гапларни айтган тилингни қарғалар чўқиб, бетингга пашшалар ўтириб, ўтирмагани оғзингга кириб-чиқиб, еганинг ювинди, ўзинг чувринди бўлиб…
Ҳар қарғишида қошини ўйнатиши, бошини ёнга буриб кимгадир ишоралар қилиши, кўзини олайтириши шунчалар жонли чиқадики, хотинлар бараварига қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишади.
– Поччани қандай қарғашлариниям кўрсатақол, айланай!
Тўти момонинг эри Миркомил читфуруш Ўринбурунга қатнаб юрганида, ўша ерда савдогар шерикларидан бири ўлгач, унинг ёш хотинига уйланиб олган, битта боласи билан ликонглатиб уйига олиб келиб қўйган эди. Тўти момо эридан қўрққанидан бир нима деёлмасаям, эри бозорга кетганида ўз ҳовлисида юмушларга уриниб юраркан, нариги ҳовлига қараб кундошиниям, унга қўшиб эриниям обориб-опкеларди:
– Ойда-йилда топганинг бир сўлкавой, хаёл қиласан ўзингни гижинглаган той, кажава қорнинг қават-қават мой, тўнингни этаги доим пилч-пилч лой, мисоли айниб қолган кечаги чой, шу туришингга сўлқиллаган ёш мегажинни кўнглинг тусаганига ўлайми?
Хотинлар Маъсуманинг ўхшатма қилиқларига кулавериб думалаб қолишади. Қизгина ҳамманинг кайфиятини чоғ қилиб юборади. Ахийри Ўлмас келинойи кулгидан ёшланган кўзларини арта-арта:
– Кулдиравериб ичимни оғритиб юбординг, қиз бўлмай қол! Қаердан бунақа хислатинг бор сени, ўзидай қиласан-қўясан-а! Сенга уйланган йигит ажалидан эмас, кулгидан ўлади! Энди анави, томошада ўрганиб олганинг ашулангни айт, юракларнинг чигили ёзилсин!
Маъсума устунни ёнлаб ўтиб, катта токча олдига боради, токчадаги кичкина ликобчани олиб, оғзига яқинлаштиради. Бир маҳаллар, отаси ўлмасидан бурун Янги шаҳарга олиб борганида, Бокудан келган сайёр ўйинчиларнинг “Лайли ва Мажнун” деган томошасини кўрган, бир кўришдаёқ барча гап-сўзларинию ашулаларни ёдлаб олган эди. Чуқур нафас олиб, ёшлик таровати барқ уриб турган тиниқ, соф овозда куйлаб юборади:
Шаби ҳижрон ёнар жоним,
Тўкар қон чашми гирёним,
Ўядир халқни афғоним,
Қора бахтим очилмасми?
Унинг овози чатнаган устунлар, эски вассаларга урилиб, ундан ҳовлига ёйилиб, ариқча бўйида ўсган қора-яшил райҳонлар, оқ-қизил гулнорлар узра ҳар ёққа ёйилади.
– Сал секинроқ айт, қўни-қўшни эшитса уят бўлади, – деб танбеҳ беради Ўлмас келинойи.
Маъсума айб иш қилиб қўйгандек, қўллари билан оғзини тўсиб, пастроқ овозда “Сегоҳ”га ўтади:
Эй, ҳар такаллумим хати сабзинг ҳикояти,
Вирдим ҳамиша маснафи рухсоринг ояти.
Менким, сени кўрганда кетар қўлдан ихтиёр,
Келмас баёна меҳнати ишқнинг шикояти…[1 - Озарбайжон операси асосчиси Узейир Ҳожибейлининг 1907 йилда ёзилган “Лайли ва Мажнун” операсидан.]
Хотинлар тебрана-тебрана тинглашади.
– Ўргилай овозингдан, илоё, яхши жойлардан куёв ато қилиб, бахтли-тахтли бўлиб юргин, кўз тегмасин! – Қўшиқ тугагач, Ўлмас келинойи уни дуо қилади. Маъсума ўз ўрнига келиб ўтириб, савағичларни олаётганида:
– Ойча қизим! Турдинг-турдинг, чумчуқ қўнса оёғи ботмайдиган қилиб битта аччиққина чой дамлаб келақол, ойнониб кетай сандан, – дейди.
Тўгарак юзи тўлин ойга ўхшашлиги туфайли Ўлмас келинойи ҳам, унинг эри Махсум почча ҳам Маъсумани “Ойча қизим” деб аташади.
– Чой дамлаб келсанг, сенга зўр гап айтаман, – дейди Мунис оғача ҳам.
– Бир етимчага мунча иш буюрдингиз? – дейди Сора эгачи, ёқтирмай. – Бир томоша кўрсат, бир ашула айт, бир чой дамла…
– Нима қипти, Маъсума ўзимни қизим, муштдайлигидан катта қилганман, – дейди Ўлмас келинойи бепарво.
Бир пайтлар, ушбу маҳаллага бир нўғойсифат киши хотини ва қизчаси билан кўчиб келган эди. Кўздай қўшни бўлиб, бир неча йил истиқомат қилишди. Умри қисқа экан, қўшни хотин безгакка чалиниб, гулдай ёшида хазон кетди-ю, унинг Саъдия деган ширингина қизчаси етим бўлиб қолди. Ўша йилги безгакда Махсум почча ва Ўлмас келинойи ҳам икки фарзандидан айрилган эди. Эр-хотин маслаҳатлашиб, Саъдияни ўзларига қиз қилиб олишди. Асраб олинган болага бошқа исм бериш урфига кўра, ширмой юзли, узун сочли у қизалоқни Маъсума деб аташди. Ўлмас келинойи ҳозир шуни айтмоқда эди.
Маъсума “Хўп бўлади” деб, айвон зинапояси ёнида, қоқ ерда ғишт устига қўнқайтирилган самовар томон кетади. Боя пайраҳа қалаб, сувини қайнатиб қўйган эди. Самовар учига кийдирилган эски дўппини олиб бир-икки дам беради, кейин қориндор чойнакни уч марта чаяди, сувини силқитиб, майда қум чойдан солиб, устига қайноқ сув қуяди-да, чойнакни самоварнинг дудбурони устига авайлаб қўйиб, устини бояги дўппи билан ёпади. Кейин чўнқайиб ўтирганича, самовар чўғларини бир-бир ташқарига олгунча чой дам ейди, уни сочиқ билан ўраб қўяди. Чала ёнган пайраҳалар устига сув қуйганида, жиз этиб ўчган ўтиннинг ачимсиқ тутуни ҳаммаёқни тутиб кетади.
Маъсума чойнакни олиб келиб, тахта устига қўяр экан, камзулчаси чўнтагидан олақуроқ ипак коптокчаси тушиб кетади. Қиз уни илдам олиб, ерга бир-икки уриб кўрса, коптокча одам бўйи сакрайди.
– Кап-катта қиз бўлиб қолдинг-у, ҳалиям копток ўйнаб юрибсан-а? Аллақачон сени узатадиган вақт келди, – дейди Сора эгачи. – Шошмай тур, Билолим келсин, сени ўзим келин қиламан.
Сора эгачининг ўғли Билол Маъсумадан уч ёш катта бўлиб, бултур Ўрунбурунга кетганича анча вақтгача дараги бўлмаган, кейин эса қайси бир мадрасада ўқиётгани хабари келган эди.
– Гулдай болам илм оламан деб, қайси даргоҳлар остонасида қийналиб юрган экан? – дейди Сора эгачи. Она меҳри дарров ўзини кўрсатади: боягина кулгидан ёшланган қароқларга энди соғинч ёшлари қалқади.
– Айтақолинг зўр гапингизни, – дейди Маъсума.
– Муллакамлар айтиб келдилар, ўзимиздан ҳам театручилар чиққанмиш, – дейди Мунис оғача. – Бозорга баланд айвон қуриб, ўшани устига чиқиб, одамларни кулдириб-йиғлатар эмишлар. Кўрсанг, кулавериб қотиб қоласан, дедилар.
– Театруси нима экан? – сўрайди Сора эгачи.
– Уч-тўртта киши ўртага чиқиб, одамларнинг ҳаётидаги кулгили ишларни манави Маъсумага ўхшаб кўрсатиб беришар экан.
– Муллакам айтдилар, эртага мени ҳам оборар эканлар, уйда ўтиравериб зерикдинг, сен ҳам бориб, томоша қилиб кўнглингни ёзиб кел, дедилар, – дейди гердайиб Мунис оғача.
Мунис оғачанинг гердайишида жон бор: чунки, эри уни жуда яхши кўради, ер-кўкка ишонмайди. Мунис шуни айтиб мақтанишни ёқтиради.
– Зўр гап шуки, муллакамдан рухсат олсам, сизлар ҳам борасизларми?
– Вой, биз қанақа қилиб борамиз?
– Бозорга сирач, сақич, елим олгани тушаман десангиз, биров йўқ дермиди? Қайтаётиб, ўша ўйинчиларни кўриб қолган бўласиз.
– Э йўқ, анави жаллод билиб қолса ўлдиради, – дейди бошини сарак-сарак қилиб Сора эгачи, эрини назарда тутиб. – Вой, бу ўлгур жуда ёмон! Бир куни мушук миёвлаб жонига текканида, шартта пичоғини чиқариб сўйиб ташласа-я! Феъли тўрсайиб қолса, Худониям танимайди!
Уваданинг ярми саваб бўлинди.
Ўлмас келинойи белини ушлаб, иҳраб-сиҳраб ўрнидан туради. Маъсума дамлаган чой ичиб бўлинади. Сўнг хайр-хўшлашиб, ишнинг қолган қисмини эрта бир кун тугатиб қўйишни ваъда қилишиб, ҳовлидан юқори кўтарилишади.
“Кўтарилиш” дегани шундай: тош-шағал ташланавергач, кўча сатҳи кўтарилиб, ҳовли саҳни паст бўлиб қолган. Ўлмас келинойининг ҳовлиси ҳам шунақа: почча ахийри, дарвозадан ҳовлига тушиш учун пиллапоя ясашга мажбур бўлган. Айни шу пиллапоя ёнида ўрикнинг бир шохи пастгача эгилиб, чаман-чаман гул очган, орасида асаларилар визиллайди. Мунис оғача шохчани синдириб, чаккасига тақиб олади.
– Поччанг билан гаплашиб айтаман, хўпми, ўргилай, – деди хайрлашаётиб.
* * *
Тунда гултўкар шамол қўзғалади.
Булутларни сура келади у. Олисдаги тоғларнинг муз ҳавосини опкелади. Том қамишларини шитирлатиб, ҳовлидаги ашқал-дашқалларни тиқирлатиб, ёмғир севалай бошлайди.
– Маъсума, челакларни олиб чиқ, ҳозир қуйиб юборади!
Чақмоқ чақнаб, кўкни ёргудек бўлиб момақалдироқ гумбирлайди. Маъсуманинг ранги оппоқ оқариб кетади, жонҳолатида самога қараб “Эй Худо, ўзинг кечир” деб пичирлайди. Сўнг чопа сола, томига босилган қамишларидан томчилар чакиллаб турган пастак ошхонага кириб, сувчелакларни айвонга олиб чиқади. Ўлмас келинойи унинг саросимасини кўриб, дейди:
– Мунча титрамасанг, момақалдироқдан ҳам қўрқадими одам?
– Билмасам, гумбурлашидан ўтакам ёрилаёзди.
Яна икки-уч карра чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлагач, шаррос қуйган жала ҳаммаёқни сувга бўктиради. Кўчадан оққан лойқа ҳовлиларга оқиб кираверади. Шу аснода қарасангиз, ҳалқоб-ҳалқоб сувларни тоғораю пақирларда ташиб, ариққа тўкаётган кишиларни кўрасиз. Ўрик, олча гуллари лойқага қоришиб кетади.
Маъсума Ўлмас келинойи билан бирга сув ташиб чарчайди.
Эски Жўва маҳаллалари узра елади шамол. Қўштут нисбатан баландда бўлгани учун, у ерда ваҳшати янада кучлироқ билинади. Сағбон, Каллахона, Сақичмон торкўчаларига кириб, гуллаган дарахт ифорларини сочиб юборади. Пана-пастқамларда туриб қолган ҳавони тозалаб ўтади.
Унинг сасларининг ўзгариши ажаб. Бўғотларда гувиллаган товуш чиқаради, шу ҳолида чапани йигитларнинг кимгадир ўдағайлаётганига ўхшайди. Кичик тирқишларда чийиллаб зорланади, бундай тор маконлардан қутулишнинг иложи борми, дейди. Қозон устидаги қозонтувоқни суриб ағанатади, пақирни даранглатиб ҳовли четига обориб қўяди, бир қарасангиз, қувнаб эса бошлайди, янги гул очган шохчаларни аямай юлқилайди.
Бу – оддий эмас, қишнинг қолган-қутганларини опкетиб, баҳорга алмаштирадиган шамол! Унинг қанотида самодан Кўк қизи тушиб келади, аввал тушганида оламни гул-чечакка буркаган бўлса, энди ҳар қадамида уруғланган куртакларнинг гуллари тўкилиб, бўртиқ мевалар пайдо бўлади. Кўк қизи оламга ҳайрон-ҳайрон боқади, ҳар ер-ҳар ерда ниш урган бегона ўтларни шамол қамчиси билан аямай савалайди. Беор ўтлар эса япроқлари билан бошчаларини паналаб, бу тўс-тўполон тинишини, тезроқ қувватланиб, кўкка бўй чўзишни ўйлашади.
Мавжуд жаннатларнинг энг гўзалида,
Энг гўзал малика атирлар сочди,
Кўкларнинг энг нозли, ўйноқ париси
Атир қутисининг оғзини очди.
Кўнгилни мулойим қитиқлагучи,
Ўзида ҳар турли сир сақлагучи,
Бу ҳиддир, ким ҳорган, чарчаган дилга
Янги умид, тоза қувват бергучи…
Муҳаббат булбули берилди тилга!
Узилиб-узилиб тиғлаған кўнгил,
Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил,
Гуллик боғчаларда юрмаган кўнгил,
Ўзини гулларга урмаган кўнгил
Азал малагидан бир ҳид ҳидлади,
Эсирди, йиқилди, ўзи билмади…[2 - Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеъри.]
Ана шундай сархушликни ёйиб-ёйиб сочади гултўкар шамол.
Сезганингиздек, у ҳам қўшиқчи, ҳам шоирдир.
Қўшиқчилиги-ку азалдан маълум, қайдан шоир бўлақолибди экан?
Эҳ-ҳе, қаерлардан эсмайди у? Ўлгудай миллатчи, шу кўҳна ўлка узра кўнглига келганини қилиб эсадиган сарсари, эрка шамол у. Бир пайтлар музаффар лашкарлар туғларини юлқиб забт урган эса, энди тун бағрида ҳориб, ўзи бузган маконларни кезиб айланмоқда. Унинг билмагани, кўрмагани йўқ, нималарга шоҳид эканини эса ўзидан бошқа биров билмайди.
Ёмғир ҳам, шамол ҳам то саҳаргача тўхтамайди. Саҳарлаб аввал ёмғир тинади, унда-бунда илиниб турган шаффоф томчиларни узиб, тупроқкўчаларни, заранг ҳовлиларни селгитиб, шу шамолгина елади, холос. Бомдодга азон чақирилиб, қариялар тонг қоронғусида имиллаб масжидга йўл олганларида, унинг шовқинлари ҳам тинади.
Одатий кун бошланади.
ИККИНЧИ БОБ
Бозорга олиб борувчи кўчалардан қўқон аравалар ғийқиллаб юради. Ғилдираклар остидан оппоқ чанг кўтарилади, бошини танғиб олган аравакашлар бақиради. Ёлига ва думига ранго-ранг тасмалар қўшиб ўрилган отларда бойваччалар қўр тўкиб борадилар. Мўйсафидлар эшак миниб олишган. Ўспирин йигитчалар ҳали бозор бошланмасиданоқ, кўча четида сават-сават оби-нон, патирларни сотиб ўтиришади.
Шундай тор кўчаларнинг биридан, арава тегиб-нетиб кетмасин деб девор ёқалаб, кечаги жаладан қолган кўлмакларни четлаб-четлаб, юзига чачвон тутган, оёғига маҳси-кавуш кийган бир жувон шоша-пиша юриб борарди. Мачит ёнида давра қуриб, ошиқ отиб ўтирган маҳалла йигитлари, енги ичидаги беданаларига сув пуркаб, сархуш ўтирган бангилар унга қараб қўйишди-ю, бир нима дейишмади.
Хотин пастак эшик ёнига келиб, кичик зулфинни тиқирлатди. Эшик устидан шув этиб тупроқ тўкилди. Ичкаридан сас келмагач, тавақани итарса, ғирчиллаб очилиб кетди. Хотин ҳовлига кириб, чачвонини юзидан кўтариб, чуқур-чуқур нафас олиб:
– Маъсума! Ҳой Маъсума! – деб чақирди.
Пастқам уйчадан чиққан Маъсума уни кўриб:
– Лаббай?! Вой, ассалому алайкум, яхшимисиз? – деб сўради шошиб.
– Ваалайкум ассалом! Аввал бир ютум сув бер, ичим куйиб кетди, – деди Мунис оғача. Сувни ичиб бўлгач:
– Поччанг билан гаплашдим, ўйинчилар эртага пешиндан кейин Эски Жўва бозорига келишар экан. Сизлар чиқиб бораверинглар, мен ҳам растадан ўтиб келиб, ўзим кўз-қулоқ бўптураман, деб айтди.
– Билмасам, рухсат бўлармикин?
– Бўлади, бўлмай қолармиди? Ўлмас опага ўзим тайинлаб қўяман. Шуни айтай деб чиқувдим, ҳали Сорагаям хабар беришим керак. Келинойи қанилар?
Маъсума уй томига тираб қўйилган нарвонга ишора қилди:
– Том оша эгачилариникига чиқиб кетдилар, ҳали-замон келиб қоладилар.
Маҳалланинг уйлари бир-бирига тиғиз қурилгани учун, зарурат бўлиб қолганида хотинлар ва болалар кўчадан юрмай, кўзлаган манзилига томма-том бориб-келаверишарди.
– Бўпти, яхши қол. Эртага пешин пайти бирин-кетин хабарлашиб, тўпланиб бораверамиз.
…Аср маҳали қайтиб келган Ўлмас келинойи Мунис оғачанинг гапларини эшитиб, лаб бурди:
– Ордона қолсин, очиқ-сочиқ хотинлариям бормиш, дейишади. Кўзингнинг имонини бузиб нима қиласан?
– Мунис опачамга қори почча нима дебди?
– Нима дебди?
– Агар кофир бўлса, одам саналмас. Ҳайвондан қочишни ҳожати бўлмаганидай, ундан ҳам қочмаслик раво, дебди.
– Ким айтибди ҳайвондан қочиш жоиз эмас деб? Албатта, ҳайвондан ҳам ҳаё қиласан!
– Холажон! – деди Маъсума эркаланиб. – Пул ҳам берасиз-а?
– Пулни нима зарили бор санга?
– Вой, бозорга боряпман-ку? Жияк, боғичбанд, сочбоғ оламан. Мунис оғачам сочбоғ олибдилар, қоғоз гул қўшиб ишланган, тақса, гулга ўхшаб турармиш.
– Шошма-шошма, эрта бўлаверсин-чи!
* * *
Ўлмас келинойи кутилмаганда унинг бозорга боришига рухсат берди. Ҳатто токчадаги тунука чойқути остидан бир неча чақа олиб, “Билиб ишлатгин” деб тайинлаб ҳам қўйди.
Хуллас, эртаси куни Мунис оғача ҳаммадан аввал етиб келиб, уни кутиб ўтирди. Сўнг икковлон Соранинг уйига жўнашди. Сора эгачининг эри кўнмабди, Тўти хола ҳам боролмас экан. Икковлон илонизи кўчалар бўйлаб Эски Жўва бозорига етиб боришди.
Эски Жўва бозори шовқинга тўла. Бир ёнда чанг-чунг орасида сабзавотчилар тоғ-тоғ сабзи-пиёз қанорқопларининг орасида ўтиришади. Катта ғилдиракли қўқон аравалардаги сурбет аравакашлар “Пў-ўшт! Пў-ўшт!” деб юк ташишади. Сур гўштни кўргандирсиз? Бети ўшандай қотиб, тарашаси чиқиб кетгани учун сурбет дейдилар-да! Олифта бойваччалар шу атрофда ўралашиб юрган ушоқдай болачаларга чақа-танга бериб, этикларини тозалаттиришади. “Ушоқчалар” нам латта билан амиркон этикларни обдон ишқалаб, одамни ҳаваси келадиган қилиб ялтиратиб қўйишади.
Кўчалар ёзда билқ-билқ тупроқ, кузу қишда тўпиққача чарви лой… Кимдир тўй-маросим қиладиган бўлса, албатта беш-ўнта этик сотиб олади, чунки бу лой-лойчиқда этиксиз юриб бўлмайди.
Бозор “Пул! Пул!” дея ҳансирайди. Оламлар Парвардигорининг исми энг кўп тилга олинадиган жой шу ер бўлса, ажабмас. Лекин ҳушёр бўлмасангиз, алданасиз. Бу кишиларнинг фириби ҳам бор, содда кишиларни ҳар сафар чув туширишади. Қоп ичига туби йўқ кўзани қўйишади-да, атрофини сархил сабзилар билан тўлдириб, кўза ичига бурракларини солишади, кейин кўзани тиккамасига тортиб чиқариб олиб, устига эса яна сархилларини теришади. Ҳар қанақасига қарасангиз ҳам энг мушак сабзилар деб ўйлайсиз, лекин қопни ағдарсангиз, ярмидан зиёди майда-чурук, буришган-тиришган бўлиб чиқади. Бироқ бунақа уддабуронлар қаторида шундай покдомон савдогарлар борки, харидорнинг бир чақа пули ўтиб қолса, сўраб-сўроқлаб уйини топиб, қўлига тутқазиб келмагунча кўнгли тинчимайди.
Нарёғи Сомон бозор, у ёқ бешбаттар чанг-тўзон. Уни ёнлаб ўтиб олсангиз, кўнчилар растасига дуч келасиз, бадбўй исидан кўнглингиз айнийди. Ундан ҳам пастда қассоблар растаси бор. От, мол, қўй гўшти билан бирга ичак-чавақ, калла-пойча сотилгани учун у ерда атрофга анқиётган қон, хом гўшт ҳидидан бурнингиз бехос жийрилади, димоғингизга нохуш ис киради.
Сўнг Эски Жўванинг машҳур овқат бозори келади. Бу ер тонг ёришмасиданоқ гавжум бўлади, бозорчилардан ташқари, яқин орадаги масжидларга бомдод намозини ўқишга келганлар шу ерда нонушта қилишади ёки лаззатли таомлардан уйларига олиб кетишади. Саҳарги овқатлар орасида остига чўғ қаланган пақирлардаги мошхўрда, сувли гўжа, гуручни қовуриб, устига сув қуйиб тайёрланадиган “лўкки” деган таом машҳур. Кундузнинг таомлари қуёш кўтарилмасиданоқ тайёр бўлади. Катта чўян қозонлардан палов иси бурқирайди, ошпазлар узун сопли чангак билан паловнинг гўштларини санчиб-санчиб олиб, тоғорага уйишади. Чаққон шогирдчалар қўлларида косаларни тутиб елиб-югуришади. Дошқозонда кесма, жўхори ош, угра пишади, катта тоғораларда ҳасип, норинлар уйилган, шу ернинг ўзида тандирларга сомсалар ёпилган, Каллахонанинг довруқли сомсапазлари қўллари куйиб-куйиб, сомса узишади. Янаям нарироқдаги пақирларда эса қайнатилган от ва мол гўштини алоҳида, сувини алоҳида сотишади. Кабобпазлар терлаб-пишиб кўра елпийди. Буларнинг ҳам ўзига хос ҳийлалари бор: масалан, паловга кўкнори кукуни сепилса, ейишли бўлади. Кабобчилар озгина қиймага қўзи думбаси билан нон увоқни сутга ивитиб қўшиб юборишади, қарабсизки, бундай таъм дунёда йўқ деб еяверасиз, сира тўймайсиз. Ариққа ёнлама қилиб қўйилган сўриларда бозорнинг беш-олтита чапаниси, олдида бир чойнак чой, нон ва майиз, яхтагининг кўкраги елвагай очиқ, белбоғ атай бўшроқ қилиб боғланган, биқиндаги гулдор оҳанжамали қинда пичоқ, мўйловини бураб-бураб, ғоз ўтиришади.
Тим остида хотин-халажнинг кўзини ўйнатадиган расталар қаторлашган: мато-газлама расталарининг сотувчилари кибор, савлатли, шоҳи белбоғларига қўлларини тиқиб, аста айланишади, баъзилари атлас тўшакларда чордана қуриб олишган. Улар орасида Махсум поччанинг дўсти, Чақар маҳаллалик Абдухалил читфуруш ўғли Абдузоир билан қўр тўкиб ўтиради. Махсум почча шу кишининг молларини сотиб, даромад топади. Тепароқда яна-да кибор савдогарлар растаси: у ёқда Оврупадан, Ўрусиядан ё Тифлисдан келган буюмлар сотилади. Тери жомадон ичидаги патефон-граммофонлар дейсизми, ичида қуш сайрайдиган соатлар дейсизми, ўттизинчи чироқлару унинг мойлари дейсизми? Чироқ мойи ёнида иссиқ иқлимлардан келган хурмо, зайтун мойи шишалари ялтираб кўзни олади. Буларнинг кийинишлари яна ўзгача, кими турк фасини кийиб олган, баъзилари янгича тақлидда этик ё кавуш, яна бирида жужунча, белига белбоғ ўрнига камар таққанлар ҳам бор. Камарни аскар таққувчи эди, фаранг кофири уни кўча-кўйга тақармиш. Ўрусияга қатнайдиган савдогарлар Сибириядан келтирилган мўйналар, ўша ёқларда бўладиган кийикнинг катта шохлари, айиқ панжалари орасида зерикишади. Янаям нарёғи эса унча-мунча одам боришга ботинолмайдиган заргарлар растаси. У ер тинч, ортиқча шовқин-сурон йўқ, йўлакларига кўлоблатиб сувлар сепилган, либослари бой-боёнларча.
Бу тўс-тўполон орасида гоҳ-гоҳо белига кашкул осиб, жулдур тўн кийиб олган уч-тўрт дарвиш ҳам кўринади. Уларнинг дунё билан иши йўқ, ёнма-ён қадам ташлаб, Фузулийдан куйлашади:
Манимдек ҳеч ким зору паришон ўлмасин, ё Раб,
Асири дарди ишқу доғи ҳижрон ўлмасин, ё Раб.
Дамодам жаврлардур чекдигим бераҳм бутлардан,
Бу кофирлар асири мусулмон ўлмасин, ё Раб!
Шунча одамнинг бирваракай сурони тинимсиз айланиб турувчи шовқин ҳосил қилган, у жони бордай, гоҳ у ёқда, гоҳ бу ёқда зўраяди.
Бу бозор гирдибоди ортида, тимлар ва расталар қаторларидан юксалиб, оқ булутли само тоқида Кўкалдош мадрасасининг ўрис замбарагининг ўқидан ўпирилиб тушган қуббаси ҳам кўриниб туради.
Маъсума атрофига аланглаб-аланглаб одимларкан, Ўлмас келинойи уни тортқилашини қўймасди:
– Анграймасанг-чи, қолиб кетасан ҳозир!
Ниҳоят, бозорнинг заргарлик дўконларидан ўтиб, боғчага етиб келишгач, кишилар орасидан миқти гавдали, оқ яхтак кийиб, ихчам салла ўраган почча ажралиб чиқади-да, булар ёнига келиб:
– Ҳа-а, келдингларми? – деди илжайиб. – Анави ерда бўлади томоша.
Дарҳақиқат, боғча ялангига одам бўйи келадиган айвон қурилиб, олдига бўз парда тортилибди. Парда қимирлашидан, ортида кимдир борлиги билиниб турибди.
– Ҳозир бошланади, – деди почча.
Ҳамма томошапарданинг очилишини кутиб турар экан, баланд бўйли, қуюқ жингалак сочли, оқ жужунча камзул кийиб олган бир йигит шундоққина уларнинг ёнига келиб, почча билан кўришди.
– Ие, Боситхон, сиз ҳам томошага келибсиз-да?
– Ҳа, театрга жуда ҳавасим бор. Қиблагоҳимизнинг дўстларидан баъзи бирлари шу томошага ҳисса қўшишибди, хизматга келдик, – деб жавоб қилди йигит, Маъсумага бир қараб қўйиб. Рўмоли қулоқларини бекитиб, ияги остидан танғилган, тугмача енгли кўйлак кийиб олган ҳуркак қиз унинг қарашидан ўнғайсизланиб, Мунис оғачанинг ортига ўтиб олди.
Шу маҳал айвон пардаси қимирлаб, икки четга сурилди-да, тахтга ўхшаш катта курсида ўтирган семиз бир киши кўринди. Бу одам хол-хол тўн кийиб олган, қўлида узун қамчи, қорни ҳаддан ташқари катта экан.
– Бу ким бўлди экан?
– Ёлғонламай ўлсин! Қорни ўзиники эмас, ёстиқ боғлаб олибди! – деб шивирлади Мунис оғача.
Саҳна ортидан сурп яхтак кийиб, белига арқон боғлаган, елкасида кетмони бор, кўринишидан деҳқонга ўхшаш бир одам:
– Ассаломалайкў-ўм, тўрам! – деб қуллуқ қилиб келди бойнинг ҳузурига.
Бой лабини сал қимирлатиб:
– Ва-а… – деб алик олди.
Деҳқон кулимсиради:
– “Ва-а”нинг алайкуми қани, бой ота?
Бой ҳафсаласизгина қўл силтаб қўяқолди.
– Шунчалар зиқнасизки, “алайкум”га кетадиган нафасниям аяйсиз-а, бой ота!
Ҳамма бу саҳнани қизиқиб томоша қиларди.
– Аяйманми-аямайманми, санга нима? Хўш, нега келдинг?
– Бу йил тариқ эккан эдик. Миробингиз сувни боғлаб олибди. Бир оғиз айтсангиз, очиб юборса.
– Ҳим-м, миробми? Тариқни қаердан олдинг?
– Бозордан сотиб олдим.
– Ҳим-м, нимага бизни ишбошимиздан олмадинг?
– Бой, сизники қиммат, бозорники арзон-ку?
– Ана! Мандан олмаганинг учун санга сув йўқ.
– Бой, инсоф қилинг!
– Инсоф нима у? – деди бой. – Инсофни кеча зиёфатда еб қўйибмиз, увоғиям қолмабди. Мана бу қорин ўша инсоф туфайли қаппайган!
– Бой, бола-чақам бор, раҳм қилинг.
– Сан бола-чақангни кўпайтиришдан олдин мандан сўрабмидинг?
– Бой, экинлар сувсиз қуриб кетади-ку?
– Бўпти, аз таҳи дил, раҳм қилсам қилақолай, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, расулуллоҳнинг умматларимиз. Сув ҳақи мана мунча бўлади!
– Бой, ҳозир бир мирим ҳам йўқ-ку?
– Хатга соламиз, кузда ҳосилдан тўлайсан.
Кутилмаганда батрак одамларга юзланиб, сўради:
– Ҳой халойиқ! Бу ноинсофни кўряпсизми?
– Кўриб-билиб турибмиз!
– Айтинг, буни нима қилайлик?
– Сол оч биқинига! – деди бозорнинг чапаниларидан бири. – Ё ўзимиз саранжомлаб қўяйликми?
– Ҳой суллоҳ! – деди бошқа чапани. – Шу пичоқни киндигингдан томоғинггача тортворсам нима қиласан!
– Ҳой бой! – деб мурожаат қилди унга батрак.
Ҳой бой!
Ичи ғирч-ғирч мой,
Бугун сендан қимматлироқ бир замбар лой![3 - Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдан.]
Гур этиб кулги кўтарилди.
Бой ниҳоят ўрнидан туриб, кўзларини ола-кула қилиб, лапанглаб батрак томон кела бошлади:
– Сен… сен… нималар девоссан? Ман шаҳри азимнинг энг қадимги боёнларидан Муслиҳиддин аршиаълохон тўра ҳазратларининг авлодидан бўламан-а!
– Халқнинг молини таладинг, терисини шилдинг! Мана, ол насибангни! – деб батрак кетмонни кўтариб даф қилиб қолувди, бой қочаман деб йиқилиб тушди.
Халойиқ гувиллаб юборди:
– Ур, сол, жигарини эз!
Шундан сўнг иккалови ҳам оломонга юзланиб таъзим қилиб, саҳна ортига ўтишди.
– Булар Мунаввар қорининг тоғалари, бири Ҳасанхўжа, иккинчиси Эшонхўжа Хоний, – деди бояги йигит. – Янги усул мактабида дарс ҳам берадилар, дуторни ҳам хўб чаладилар.
Салдан кейин шопмўйлов бир тўра пайдо бўлди. Унинг малайи бор экан. Шопмўйлов тўра малайдан сўрай бошлади:
– Хўш, ёғни нархини оширдингми?
– Шундай, тўрам.
– Ун нархини-чи?
– Уям ошди, тўрам.
– Яхши. Халққа яна нималар керак бўлади?
– Гўшт-ёғ, тўрам!
– Уни нима қилдинг?
– Уям ошди, тўрам.
– Ерни нима қилдинг?
– Унга ҳали тегмадик, тўрам.
– Аҳмағ! Энг даромадлиси шу-ю? Гап бундоғ, қарз-васиқа эвазига ерни тортиб оласан, кейин ошиғич нархда пуллайверасан. Нима кўп – ер кўп, бир четдан сотуврасан.
Четда буларни томоша қилиб турган бояги деҳқон халқдан сўради:
– Муни нима қиламиз, халойиқ?
– Буниям ур биқинига!
Саҳна яна алмашиб, энди домла почча пайдо бўлди.
– Кўрган кунингизга шукур қилинг, муҳтарам аҳли муслим! Дунё молиға ружу қўйманг, нега менинг ризқим ундоқ, фалончиники мундағ деб куфрга кетиб қолманг. Билсангиз, еттинчи осмонда бир фаришта бор, етмиш минг кўзли, етмиш минг қанотли, ана ўша фаришта айтган ҳар сўзингизга доимо “Омин” деб турғайдир. Сизга яна бир гапни айтай, ҳурматли аҳли муслим! Бизнинг аждод нафаси ўткир пирлардан бўлиб, отамиз суф деганларида ариқда жилдираб турган сув тескари оқиб кетган экан. Ундан ҳам қизиғини айтайми?
– Айтинг-айтинг, мулла тўра, сазангиз ўлмасин! – гувиллади халойиқ.
– Отамизнинг хислатлари каминага ҳам ўтган. Бир куни бир касал киши дам солиб қўйсалар, деб келди. Аҳволи хийла оғир эркан. Таҳоратимни янгилай деб чиқиб-қайтиб, нимани кўрдим денг? Азроил беморнинг жонини эндигина олиб чиқиб кетаётган экан. Ҳайт дедим-у, шартта оёғидан ушлаб олдим!
– Аҳай-аҳай!
– Халойиқ, ҳиммат эшигини кенг очинг, дуоларимизни олиб қолинг!
Бояги кетмончи деҳқон яна чиқиб келди:
– Халойиқ! Бу сўфи нима деяпти?
– Еттинчи осмондан гапиряпти!
– Ҳой сўфи! Уйингда туриб кўчада нима бўлаётганини билмайсану еттинчи осмондан лоф урганингга уриб қўяйми?
Халойиқ қотиб-қотиб кулади.
Оломон орасида кўк салла ўраган қотма бир киши – сўфи ҳам турган эди, у “Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!” деб этагини йиғиштириб жўнаб қолгани яна кулгига сабаб бўлади.
Шундан сўнг саҳнага узунчоқ юзли, қўй кўзли, ихчам мошгуруч соқол-мўйловли киши чиқиб:
– Муни эшитинг, аҳволимиз қандай эканига қулоқ тутинг, – деб, қўйнидан бир қоғоз чиқариб, ўқиб берди:
– Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш.
Эшонларимиз тоат ва ибодат, панду насиҳат, зикру тасбеҳ ўрниға тўйлардан тўн киюб, кўб ошаб, кўп ухлашни яхши кўрурлар.
Уламоларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун талашиб, муқаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар.
Имомларимиз, халойиққа ваъз ва насиҳат ўрниға, тўй ва жанозаларда юруб, жома кийишни яхши кўрурлар.
Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фойда ва зарарларини айирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, «бонка» ва «кридит»ларини кўпайтириб, дўппилари тор келганида рус ва яҳудийларнинг молларини букуб-синишини яхши кўрурлар…
– Тўппа-тўғри!
– Рост айтасиз, айтаберинг! – деб қичқирди оломон.
– Қиблагоҳнинг қадрдони шу киши, Абдулла қори! – яна гап қўшди оқ жужунчали йигит.
Абдулла қори давом этади:
– Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар.
Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб, қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар.
Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлим, энди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқиганинг етар, пул топ!» деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар.
Косибларимиз бир-биридан молларини арзон сотаман деб, тезгина йиртиладурғон, тикишлар ундан уруб, мундан чиқғон, сувни етти чақирим ердан чақирадурғон маҳси ва этиклар тикуб, сотишни яхши кўрурлар.
Заргарларимиз йигирма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини “қиз ҳайрон”, “зебигардон” қўйиб, беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар.
Саводхонларимиз жарида ва журналлар, тарих ва рўмонлар ўрниға Дақёнус замонидан қолғон, хурофотлар ила тўлғон «Андоғ урдиларки, гард-гард бўлуб кетди», деб лофлар ёзилғон китобларни оғизларини кўпуртириб ўқимоқни яхши кўрурлар.
Ишчиларимиз илм ва ҳунардан маҳрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига тўрт-беш сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангага мардикорликни, ойига ўн беш сўмга қоровулликни, йигирма сўмга фонар ёқишни, ўн сўмга кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар.
Думаларимиз мажлисга келуб, устулга суялиб фароғат қилиб турғон вақтларида, бир тарафдан қаттиғроқ товуш чиқса, чўчиб уйғонишни яхши кўрурлар.
Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға мувашшаҳми ёки «қошингдану кўзингдан» деб жувонларни мақтаб, фасод ахлоқға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар.
Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман…[4 - Абдулла Авлонийдан.]
Халойиқ орасида гур кулги кўтарилди.
– Ҳамма гапни айтиб бўлдингиз-у, яна индамасдан тураман дейишингизни қаранг!
Абдулла қори:
– Ҳай майли, бойларимизга, уламоларимизга, имомларимизга, косибларимизга, қассобларимизга, мударрисларимизга, зиёлиларимизга, баззозу баққолларимизга, саррожларимизга, заргарларимизга, машшоқ-ҳофизларимизга, қисқаси, барча-барчамизга Худо инсоф берсин! – дегач, парда яна ёпилиб-очилади.
Шундан сўнг ўрта бўй, оқиш-сариқ қирғиз юзли, тўладан келган, улуғ ёшига қарамасдан ғайратли, шахтсўз киши, унинг ортидан бой, тўра, домла почча ва деҳқон чиқиб келиб, ўртада саф тортишди.
Бояги йигит саҳнадагиларни таништириш шарт деб ўйладими, Маъсумага қараб:
– Булар эса Тавалло, Тошпўлат Норбўтабек ва Саъдулло Хоний, – деди жилмайиб.
Саллали киши қўлларини силтаб-силтаб, халойиққа қарата шеър ўқиди:
Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим очилма, агар шеъринг ёзиб ҳамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Шеърни энди “бой” давом эттирди:
Лол агар ўлсун тилим, мундин бўлакни сўйласа,
Заҳм етсин ҳуша миллатдин дигарни ўйласа,
Ҳеч димоғ очилмасун, ким ўзга гулни бўйласа,
Тўймасун қорнум мани, бир кунда беш тўй тўйласа,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
“Бой” ортига қадам ташлагач, олдинга “тўра” чиқди:
Соч оқарса қайғу миллатда, ёронлар, шодман,
Томса тинмай ёшларим, ўрниға қонлар, шодман.
Ҳасрати миллат учун қилсам фиғонлар, шодман,
Уккидек тутсам хароботда маконлар, шодман,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Навбат домла поччага келди:
На учун синсун аёғим деб ёзурман, дўстлар,
Чандир ўлсун нега ёғим деб ёзурман, дўстлар,
Кар нечук бўлмас қулоғим, деб ёзурман, дўстлар,
Билмасун ҳеч ис димоғим деб ёзурман, дўстлар,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Шундан сўнг домла почча, тўра, саллали киши ва деҳқон бараварига якунлашди:
Кўрди элни кўзларим бир зарра ибратланмади,
Бошқалар қилғонин ақлим билди, ғайратланмади,
Борча элдин ортда қолиб ҳам журъатланмади,
Миллат учун қайғурурга дил ҳамиятланмади,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг[5 - Тўлаган қори Хўжамёров (Тавалло) шеъри.].
– Баракалла! Отангга раҳмат! Гапни пўстагини қоқиб ташладингиз!
– Қоқиб ташлаш ҳам гапми, арқондай қилиб эшиб, бўйнига илиб қўйдингиз!
Саҳнадагилар жилмайишиб, бари қаторлашиб халққа таъзим қилишгач, Абдулла қори яна чиқди-да, янгроқ овоз билан:
– Ҳурматли халойиқ, эндиликда бизнинг Оврупа андозаларидан ҳеч қолишмайдиган миллий театрумиз бор. Томоша нима эканини билдингиз, жума куни борсангиз, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, Ҳожи Муиннинг “Мазлума хотун” томошаси ўйналади. Кимнинг фурсати бўлса, марҳамат қилсин! – деб эълон қилгач, парда тортилиб, саҳна ёпилди.
Шу аснода бозорнинг чармчилар растаси томонида тўс-тўполон бўлиб қолди. Тим остидан қаттиқ ғала-ғовур чиқди. “Ўғри! Ўғри қўлга тушди!” деган бақириқлар эшитилди. Оломоннинг бир қисми ўша ёққа оқди. Хотинлар тўп орасидан чиқишганида, почча :
– Ана, хизматингизни дўндирдик! Бас, уйга бораверинглар, – деди Мунис оғачага қараб, кўз қисиб: – Раҳматига қулинг ўргилсин бир паловхонтўра ермиз бугун?
– Гўшт-ёғ олиб борсангиз, паловхонтўра сиздан айлансин.
– Эҳ-ҳе, у пулга қора қозонинг бир ҳафта қайнайди. Раҳим қассобга калла-поча тайинлаб қўйдим, ўшани солиб бир нима қиларсан. Бўпти, хайр.
Шундай деб, почча ўз ишига қараб кетди.
Бозордан Қўштут томонга бораверишда ёймачилар қоқ ерга эски бўз мато ёйиб, сақич, сирач, елимчўп сотиб ўтиришган экан. Ўлмас келинойи бир тахта “калиш сақич” олди, у қоп-қора, мумга ўхшаган бўлиб, ростдан ҳам маскопча калиш иси анқиб турарди.
– Мазза қилиб чайнайсан, – деди Мунис оғача. – Ана, қийқимчилар ҳам шу ерда экан. Янги қуроқ тўшак қавиб олсакми?
Газламафурушлар ортиқча қийқимларни ола-була қилиб, тўп қилиб уйиб сотишарди. Мунис оғача икки тийин га бир тугун қийқим олди. Шундан сўнг яна бир оз юриб, нон бозори олдидан чиқиб қолишди.
Турфа кўринишли, катта-кичик бўрсилдоқ нонларнинг ҳиди бурқираб, ҳамма ёқни тутиб кетибди. Бу ерда қаторлаштириб териб ташланган зоғора-ю “лўм-лўм патир”дан тортиб, хамирига қўй ёғи қориб ёпилган “кал патир”, ёнғоқ-майизли тўй патир, писта-бодомли, гўштли, сарёғли-сутли, пиёзли, думбали ва қазили патирлар, асалли-кунжутли лочиралару варақилар иси димоқни қитиқларди. Сотувчилари кимни кўрса эринмай “Кеп қолинг, ёғли патирлар” деб чорлашарди. Бети ўзи сотаётган патирдай қип-қизил, норғул бир йигит Маъсумага ҳадеб қарайверган эди, Мунис оғача аччиғи чиқиб:
– Йигит ўлгир, кўзингни олазарак қилавермай, ишингга қара! – деб, уни койиб берди.
– Сизга мазза-да, опача, чачвон тагидан ҳаммаёқни кўриб турасиз-у, сизни биров кўрмайди. Биз бенаволар нимаям қилайлик, пешанамиз шўр, бозорни чангини ютиб, бир гул-чечак кўрмай умримиз ўтади! – ёйилиб илжайди шум йигит.
– Бор-бор, тошингни тер!
Шундан сўнг бозордан уйга қайтишди.
УЧИНЧИ БОБ
Орадан йил ўтди.
Маъсумани узатдилар. Яна кимга денг? Бозорда театр томошасини шарҳлаб турган ўша баланд бўйли, келишимли йигитга.
У йигит бозордан хийла узоқроқ бўлган Ширинқудуқ маҳалласида турар экан. Ўшанда Маъсумани кўриб ёқтириб, сўнг поччадан сўраб-суриштириб, одам қўйибди.
Ўлмас келинойи озғин юзига табассум ёйилиб, оғзи қулоғига етгудай бўлиб жилмаяди:
– Кимсан, етти иқлимга донғи кетган Абдувоҳид қорининг ўғли-я! Таноб-таноб ерлар, қўша-қўша боғлар, ҳашаматли иморат, уй-жойларини айтмайсанми? Қандай қилиб қош-кўзингни ўйнатиб, йигитни ўзингга мафтун қилақолдинг, шумгина?
– Қош-кўзимни ўйнатиб ўлибманми, ўзи ошиқ бўлиб қолибди. Кўзим учиб тургани йўқ эди, – атай лаб буради Маъсума.
– Гапига оқпошшоям қулоқ солармиш, тўралар қуллуқ қилиб туришармиш. Халқ билан ҳукуматни орасида турадиган киши эмиш. Уйларида хизматкорлари-ю оқсочлари ҳамма ишни дўндириб қўйишармиш, сен келин бўлиб борсанг, ўсма-хинодан бошқа ишинг бўлмас эканда? Куёвбола янгичилардан эмиш, яп-янги оқ кўйлак, ярақлаган амрикон этик киярмиш.
– Мунча мақтадингиз? Боринг, ўзингиз тегиб олаверинг!
– Ёш бўлсам тегиб ҳам олардим-у, менга ит қарармиди энди? Шу поччанг билан ўтиб кетаман дунёдан…
Аслида, Маъсуманинг ҳам у йигитга кўнгли борлиги билиниб туради. Боситхон бир оғайниси билан Ўлмас келинойининг ҳовличасига икки марта келди, ёшлар кичкина деразали меҳмонхонада бир-бири билан кўришишди. Ўзаро нималарни сўзлашгани маълум эмас, аммо тахмин қилса бўлади, ахир, тўй олди дийдорлашувида қизбола бўлғуси куёвга ўзининг шартларини айтиб олмайдими? У шартлар кейинчалик бажариладими ёки бола-чақа, рўзғор ташвишлари аро унутилиб кетадими, нима бўлганида ҳам, оғиздан чиқиб, Худонинг даргоҳида ёзилиб қолса бас. Маъсума ҳам шундай қилди, суҳбат чоғида Боситхоннинг “Энг эзгу орзуингизни айтинг” деган сўзларига жавобан:
– Айтганим билан, рўёбга чиқара олармикинсиз? – деди ишонқирамай.
– Қандай орзу экан у, рўёбга чиқариб бўлмайдиган?
– Айтсам, кулмайсизми?
– Худо ҳаққи, нега кулай?
Маъсума ерга қараб, орзусини айтди:
– Театрда рўл ўйнаш!
Боситхон кулиб юборади, Маъсума эса юзини буради:
– Ана, айтмаганимга қўймайсиз. Айтсам, устимдан куласиз!
– Йўқ-йўқ, хафа бўлманг! Мен беғуборлигингизга завқланиб кулдим. Албатта, вақт-соати келиб, орзуингиз амалга ошса ажабмас!
“Юлдузи юлдузига тўғри келган бўлса, никоҳни чўзиб ўтирманглар” деган ўгитлару насиҳатлар пировардида, тезгина фотиҳа бўлиб ўтиб, тўй куни ҳам белгиланди. Куёв томон тўй юборганида Ўлмас келинойининг оғзи қулоғига етиб қолди: иккита қўй, қоп-қоп гуруч, ёнғоқ, майиз, туршак, сават-сават бодом, хандон писта, ҳолва, каллақанд, баркашдай-баркашдай ёғли патирлар Махсум поччанинг уйига ташилди.
Бу ишнинг кишилар билмайдиган бир жиҳати бор эди: Абдувоҳид қори Махсум почча оиласини сўраб-суриштиргач, “Бир етимчанинг бошини силаб, шунча йил зориқтирмай ўстириб-ундирибди, кўздай қўшни маҳалланинг одами экан, кўпроқ совға-салом юборинглар, заҳматларининг роҳатини ҳам кўрсин” деган эди.
Тўй ҳолва-патирлари қўни-қўшниларга тарқатилди. Махсум почча Маъсумага ота ўрнида дуо берди. Бўз йигитлар куёвжўралар тушган аравани ўтказмай тихирлик қилишганида, Мунис оғача Маъсумага деди: “Ҳой, Ойпопук, маҳалламиз йигитлари сени ўзиники деб билиб, қизғанишини кўр!”
Қизнинг қирқ ўрим сочини иккита қилиб ўришди, икки чаккасидан гажак ҳам солишди. Эгнига майда гуллари ўзидан бўртиб чиққан ялтироқ оқ товар газмолдан шоҳи кўйлак, оёғига ғарчиллама маҳси-кавуш кийдириб, қирмизи духобадан паранжи ёпинтиришди. Қўш отли аравага солиб, куёвжўралар қийқириқлари остида янги хонадонига олиб кетишди.
Шу тариқа, ҳургина-ҳуркаккина Маъсума келин бўлди-қолди.
* * *
Маъсума қаршисида шаҳарнинг туб сулолаларига мансуб бу хонадоннинг тутумлари очила борди.
Тиғиз хонадонларида тумонат кишилар яшайдиган бу қадим маҳаллаларнинг кўп йиллардан буён яшаб келаётган сирли руҳияти бор. Кўча-кўйда тирикчилик ҳаёти қайнайди, асил оилаларда эса ўта маданиятли, илму маърифатга ошно, донишманд оқсоқоллару тадбирли хонимлар ўша кўҳна маданиятни асраб-авайлаб келадилар. Кексаларнинг болдай ширин муомаласи олдида ҳар қандай киши эриб кетади. Кўнгилларга малҳам бўлгувчи офтобдай меҳрни айтинг! Ҳар бир оила ўз сулоласини кўз қорачиғидай ардоқлашини, етти пушти нарисини кўриб қолса ҳам қучоқлаб юз-кўзидан ўпишини, бир мушкули бўлса, қўлидан етаклаб беминнат кўмаклашишини-ю, “Бизлардан тез-тез хабар олиб тургин, узилишиб кетмагин” деб эъзозлашини айтинг!
Абдувоҳид қори хонадони ана шундай хонадонлардан.
Бу маҳаллада нима кўп – ўрик кўп. Абдувоҳид қори хонадонига кираверишида ҳам иккита катта ўрик бўй чўзган, бири субҳони, бири шохида туриб-туриб, ўз-ўзидан туршак бўлиб қоладиган ўрик. Бу икки азим дарахт дарвозанинг икки томонида бўй чўзган. Дарвоза безакли, эшигининг устига арабча нақш билан “Аллоҳумма инни асъалука хойрол мавлажи ва хойрол махражи”, яъни “Эй Роббим, сендан киришнинг ҳам, чиқишнинг ҳам яхшисини сўрайман”, деб битилган. Шунга ўхшаш бошқа бир ёзув дарвозанинг ички томонида ҳам бор: “Бисмиллаҳи таваккалту алаллоҳу” деб бошланган у ёзув “Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳга таваккал қилдим, адашиш ва адаштирилишдан, тойилиш ва тойилтиришдан, зулм қилиш ва зулм кўришдан, жоҳиллик қилиш ва менга нисбатан жоҳиллик қилинишидан Сендан паноҳ сўрайман” деган маънони билдиради.
Ҳовли кенг, катта дарахтларга тўла. Ёнғоқ, шотут, олча – ҳаммасидан бор. Ҳовлининг икки томони синчли бўғот иморатлар, улардан биринчиси эшик ва деразаларига нақш ўйилган меҳмонхона, сўнг ошхона, ошлиқ ва анжомхона. Ҳовли саҳнига ғишт терилган. Бир томонида кичиккина ариқ очиб ўтган, ариқ лабида ялпиз, райҳонлар унган. У ерда кичкинагина бўлиб, янги қадалган бир туп ўрик кўзга ташланади.
Бу ҳовлида бир маҳаллар иккита ойи бўлиб, бирини Катта ойи, иккинчисини Кичик ойи деб аташган, кичик ойи Абдувоҳид қорининг дардманд синглиси бўлиб, бир йил аввал вафот этган экан.
Катта ойи – олтмишлардан ошган, тўладан келган аёл. Бармоқларида қўша-қўша узуклар, катта-кичик йиғинларга доим мошранг ёки тўқ мовий духоба паранжи ёпиниб боради, ҳар ким билан ўз қадрини сақлаб, оғир-босиқ сўзлашади. Шаҳри азимда бир нечта хотингина Хўтаннинг нофа мушкини сепади, ана ўшалардан бири – Катта ойи. Нофа мушкининг иси отинойилар мажлисларида бошқа хотинларни довдиратиб қўяди. Абдувоҳид қори Қашқарга борадиган савдогарларга тайинлаб қўйган, ҳар карвон борганида Катта ойи учун бир қанча идишда мушк олиб келади.
Катта ойи қачон ухлаб, қачон уйғонишини ҳеч ким билмайди. Тунда қарасангиз ҳам нафл ўқиб, намозларида Қорижонни (Абдувоҳид қорини у шундай деб атайди) дуо қилиб ўтиради. Қорижоннинг таҳорат сувини, нонуштасини ўзи тайёрлайди, тўн-яхтакларини эринмай тозалайди, чиқиб қолган ипларини кичкина қайчи билан битталаб қирқиб, намлаб дазмол ҳам уради. Эрининг ҳеч бир ашёсига ўзгани яқинлаштирмайди.
Абдувоҳид қорининг овози келиб қолса, унинг типирчилашини кўрсангиз! Ахир, Катта ойи деган номи бор, хонадонда хизматкорлар, қолаверса, келин ҳам бор-ку, ўзи яхши кўрадиган қуюқ кашмири чойини ичиб, ҳаммага иш буюриб ўтирса бўлмасмикин? Йўқ, Маъсума бу хотиннинг тутумига лол қолади. Абдувоҳид қори ўз бўлмасида ёлғиз ётади, мабодо Катта ойининг бўлмасига кирар бўлса, шоша-пиша ҳарсиллаб, кенг-ковул кўйлагини ҳилпиратиб, елиб-югуриб чойлар дамлаб келади, агар қори аввалдан бирон таомни кўнгли тусаган бўлса, оғзига ёқадиган бўлиши учун эрталабданоқ жонини жабборга беради. Мошкичири, лағмонларни қўяверинг, қашқарча гул мантининг ҳақиқий устаси мана шу хотин!
Қисқаси, урфларга риоя қиладиган ўзбек хотинлари қанақа эканлигининг, эрга хизматнинг олий намояндаси, “уй-рўзғорига чиппа ёпишган” хотинлардан бири. Ўғли ёқтириб қолган қизни обдон суриштириб, “Тагли-зотли эмас экан, ўзимиз билган хонадонлардан бўлса бошқа гап эди” деб норози бўлган, Боситхоннинг оёқ тираб туриб олишидану Абдувоҳид қорининг “Майли, кўнглига ёққан бўлса, раъйига қарши борманглар” деган сўзидан сўнг чор-ночор рози бўлган, шу сабабли, Маъсума келин бўлиб тушганиданоқ уни ўзи ҳаётида энг муҳим деб билган юмуши – рўзғор ишларида обдон синаган бекач.
Катта ойи Маъсумага Кузнецов фамил чойидан дамлашини буюриб кўрди. Табиийки, дамланган чой маъқул келмади. Келинига бу ишни бошдан-оёқ эринмай ўргатди. Болтача билан самоварга пайраҳа кесишни, пайраҳанинг қалинлиги қанча бўлишини ўзи кўрсатди. “Самовар суви қайнагач, қайноғи тингунча бир оз кутасиз, сўнг чой дамлайсиз. Чойнак ичини кечагидай кул билан ишқаб юва кўрманг, чайсангиз кифоя. Сабаби: аввалги чойларнинг юқи чойнак ичида юпқа қатлам ҳосил қилади, ўша қатлам бўлмаса, чойга бошқа ислар уриб қолади. Қори адангизнинг чойнак-пиёласи, коса-товоғига сиз тегинманг, уларни мен ўзим юваман, аммо мабодо мен йўғимда чой сўраб қолсалар, айтганларим эсингизда бўлсин! Дамлаган чойингиз ўта қуюқ ҳам, ўта суюқ ҳам эмас, ўртача, ранги анордай, таъми ҳолвадай бўлсин”.
Катта ойи Маъсумага угра кестириб кўрди. У кесган уграларни маъқулламай, қиз болани соч толасидай ингичка, толим-толим бўлсин, деб уқтирди. Агар оддий манти қилсангиз, хамири юпқа, ичидаги масаллиғи кўриниб турадиган бўлиши керак. Гул мантини барибирам эплолмайсиз, ўзим тугаман деб, тугиб кўрсатди: мантилари ҳақиқатан ҳам атиргулга ўхшаб чиқди. Шивит сувини хамирга аралаштириб яшил, қизил лавлаги сувини аралаштириб қизил манти тугиш фикри ҳам шу хотиндан чиққан. Бир Тошкентнинг эмас, Қашқару Хўтан таомларининг ҳам устаси бу аёл!
– Эрингизнинг одатларини оят ёдлагандек ёдлаб олинг! Қачон уйғонади, қачон намозга туради, қай пайт нимани ёқтиради? Билиб қўйинг, қизим, хожангиз рози бўлмаса, жаннатни ҳидиниям ҳидламайсиз. Бизнинг бувижонларимиз эр келганида икки букилиб таъзим қилиб туришарди. Эрингизнинг ош-овқатига, кир-чирига биров яқинлашмасин. Кўрмаяпсизми, шу улуғ ёшимга қарамай ўлиб-тирилиб Қорижоннинг хизматларини қиламан, сиз ҳам Боситхонга шундай хизматда бўлинг!
Абдувоҳид қори хонадонининг ичкари ҳовлиси икки бўлимга ажратилган, ташқи ҳовлидан келган киши бу ерда иккита ўймакор эшикни кўради. Эшикларнинг ҳар бирига алоҳида зулфин илинган, иккови икки хил товуш чиқаради. Ўнгдагиси, каттароқ ҳовли Катта ойиники, чапдаги кичикроғини эса, Қори синглиси учун қурган. Кичик ойи дунёдан ўтгач, Маъсумани шу ҳовлига келин қилиб туширишган. Вақти келиб, катта ўғилга бирон жойдан ҳовли-жой олиб берса, бу иморат ўртанчасига қолади. Вақти келиб ўртанча ўғил ҳам рўзғорини бўлак қилиб чиқиб кетгач, буларнинг бари кичик ўғилга мерос бўлиши керак.
Катта ойининг тутумларини тушунса бўлади, чунки Абдувоҳид қорининг уйи – меҳмон узилмайдиган, келди-кетдили хонадон. Шу сабабли гоҳо бир эмас, икки-уч қозон осилади, хизматчилар уззукун бозорга қатнаб чарчашади. Қоп-қоп сабзавот, бутун-бутун қўйлар, хум-хум ёғлар ертўлага ташилади.
Бу кибор хотиннинг яна бир қизиқ одати – жийда данакларини тўплаб юриши. Ҳар йил эрта кузда унинг учун атай Чилонзордан ёки Дўмбирободдан жийда олиб келадилар. “Пишишидан олдин жийданинг данаклари оят ёздириб келгани Маккага кетади, – дейди Катта ойи. – Шунақа муборак дарахт у. Этини енг, аммо данакларини ташламай, менга опкелинг”. Қўни-қўшни, бола-бақра данакларни тўплаб келишса, уларни яхшилаб ювиб-қуритиб, ўз қўли билан ипга тизиб тасбеҳлар ясайди-да, “Дуо қилинглар” деб таниган-билган кишиларига тарқатиб чиқади.
* * *
Бир куни “казо-казо меҳмонлар келар эмиш” деган гап чиқиб, катта тайёргарлик бошланиб кетди. Ташқи ҳовлида хизматчилар қозонларни артиб-суртиб, ўчоқ осишди. Икки киши қопдаги қизил сабзиларни тўкиб, тозалашга тушди. Ҳарсиллаб маҳалланинг ошпази етиб келди, бўз матога ўралган қўй нимтасини бўлаклаб, паловга тайёргарлик кўра бошлади.
“Катта меҳмонлар” хабари барчанинг кайфиятини чоғ қилиб юборди. Хизматкорлар бир-бири билан ўзаро:
– Қори доданинг зиёфати тўкин, оши сергўшт-серёғ бўлади. Пешанадан тер чиқиб, тўйгунча паловхонтўра ер эканмиз-да, – деб ҳазиллашиб юришарди.
– Камбағални бой бўлгани бир тўйгани, етказганига шукр!
– Эҳ-ҳе, уламонинг манаман дегани келади Қори доданинг уйига. Суҳбатини айтсанг-чи, дунёга келиб эшитмаган гапларни эшитасан.
Меҳмонхонага чўғдай кўрпачалар солиниб, ёстиқлар, лўлаболишлар қўйилди. Оқсочлар эса норин учун хамир қориб, ҳил-ҳил пишган от ва қўй гўштини майдалаб тўғрашга киришишди.
Айтилган вақтда меҳмонлар бирин-кетин кела бошлашди. Аввал мовут тўн кийиб, катта оқ салла ўраган бир уламо билан ингичка мўйловли, чуқур кўзли биров кириб келди. Бу киши шаҳардаги кўзга кўринган имом-хатиб Заҳириддин Аълам, ҳамроҳи эса бир қанча муддат Боку ва Истанбулга қатнаб юрган Зиё афанди эди. Сўнг бежирим симоби чопон кийиб, хийла катта салла ўраган ўрта жуссали, қўнғиз мўйловли одам – Тўлаган қори кўринди. Абдувоҳид қори уларни дарвозахонада эҳтиром билан кутиб олар, хизматкорлар дарҳол келувчиларнинг чопонларини олиб, қўлларига сув қуйиб, ичкарига таклиф қилар эдилар.
Ҳамма келиб бўлгач, “Марҳамат қилсинлар, буюрсинлар” деган ғовур-ғувур билан ўтиришиб, дуо қилишди. Меҳмонлар ўн тўрт киши эди. Гулдор қашқар чойнакларда чой кирди. Кимга кўк, кимга фамил чой қуйилди. Ҳамма зир югуриб хизмат қилар эди. Гўшткуйди сомсалар ликопчаларга солиб узатилди. Ортидан мурч-пиёз аралаш, шўрвали норин кирди. Келганлар булардан оз-оз тановул қилиб, тайёрлаганларни дуо қилишиб, дунёда бўлаётган ишлардан сўзлашиб ўтиришди.
Чувак юзли, бетида катта холи бор киши – Абдурашид хўжа Абдувоҳид қорига мурожаат қилиб:
– Ўтган гал ҳурматли қори ислом ва жадидлик ҳақидаги фикрларини поёнига етказмаган эдилар. Фурсатдан фойдаланиб, бу гал тамомини бағишласалар-у, ёшларимиз ҳам эшитиб, билиб олсалар деган ўтинчимиз бор эди, – деди.
– Тўғри, яхши иш бўларди, – деди бир неча киши.
– Бу масалани куни кеча поёнига етказиб эдик, бори, мулла Заҳириддин[6 - Андижонлик атоқли диний уламо, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг тоғаси.] айтақолсинлар, – деди Абдувоҳид қори.
Мулла Заҳириддин Аълам асли андижонлик бўлиб, бир қанча йил бурун Тошкентга келган ва Абдувоҳид қори бошчилигидаги “Шўрои исломия”да қорининг ёнида хизматда эди. У ўрнидан қўзғалиб, “Бисмиллоҳ” деб чўк тушиб олди-да, деди:
– Тўғри айтасиз, ёшларимиз нима учун “инқилоб” ёхуд “ихтилол” эмас, балки “жадид” сўзи қўлланганига ҳайрон бўлмоқдалар. Арабчадан хабардор кишилар “жадид” сўзи “таждид”нинг бирлиги бўлиб, маъноси “янгиловчи” ва “инқилоб топтирувчи” деган мазмунни англатишини яхши билурлар. Агар дунёда бор нарсаларга разм солинса, ҳар бирида таждид, яъни жадидлик борлиги пайқалур. Мисол учун, баҳор-ёз ҳам, кузу қиш ҳам жадиддир, яъни янгиловчидир.
– Тўғри! Жуда тўғри айтдингиз!
– Энди жадидлик ва ислом масаласига келсак, ислом ҳар доим жадидликка ёр бўлганлигини кўрамиз. Динимиз тарихига назар солсак, жадидлик йўлини тутган фидойиларга дуч келамиз. У зотлар ҳар юз йилда бир мужаддид янгилагувчилар келиши учун дуо қилганлар, яъни, ҳар юз йилда турмушда катта бир ўзгариш содир этишини Парвардигордан тилаганлар. Шу сабабли, динимиз тарихини асрларга бўлиб, ҳар бир асрини текширсангиз, саф-саф жадидларга дуч келасиз.
Исломдаги жадидларнинг хизматлари амалга тадбиқ этилганида, турмушда улуғ инқилоблар зуҳур этади ва шу билан, бойлик қуллари ва халқни талайдиган нокаслар ер билан яксон бўлурлар… Қаранг, дунёга ҳақ дин келтирилди ва у жоҳил араблар орасига киргизилган жадидлик – ислоҳот бўлди. Бу эзгу иш Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабларнинг иззат-нафс ва манфаатларига мос келмагани учун, улар бор кучлари билан исломга қарши турдилар ва ниҳоят, ўзларининг ҳақсиз жанжаллари йўлида қурбон бўлиб кетдилар. Ислом, замонасига мувофиқ барча ишларга ислоҳот киргизди, инқилоб ясади.
Орадан кўп вақт ўтмади. Иш бошига ашроф Макка авлоди, уммавийлар келиб, орага шахсиятни аралаштира бошладилар. Бу чизиқдан чиққувчиларға Абу Зар ва унинг маслакдошлари қарши туриб, узоқ вақт кураш олиб борсалар ҳам, лекин натижада ашроф синфи ғолиб келиб, Абу Зар ва тобеълари енгилдилар. Шундан кейин секин-секин ҳаётнинг меҳвари бўлмиш ислом сиёсати янглиш йўл билан тараққий эта бошлади. Машварат усули йўқолди, исломнинг идораи жумҳурияси идораи мустабидага айланди, жадидлик асослари бузила бошлади.
Асл асос руҳи билан суғорилган жадидлар ҳар аср сайин чиқиб, халқни асосга чақирдилар ва бунга бир қадар муваффақ ҳам бўлдилар. Лекин ҳар асрнинг тузалмай қолган бузуқлиқлари йиғилиб келиб, кейинги кунларда мўминлар бошига битган бало бўлди.
Ислом разолатини истагувчи собиқ Ўрусия Чори ва ҳозирги Ингилистон ҳукумати бизнинг таждид душманларимизнинг бошларини силагувчилардан бўлдилар. Чунки улар Шарқда ўз салтанатларининг ёлғиз шу таждид душманлари тирик бўлуб тургандагина яшашига иймон келтирган эдилар. Воқеан, Оврўпо мустабидларининг тутган бу йўллари тўғридир. Агар Шарқ – Ислом оламининг ўзидан чиққан таждид душманлари бўлмаса эди, уларнинг шарқдаги истибдодининг руҳига ҳам фотиҳа ўқилган бўлур эди…
– Гўё фурсатдан фойдаланиб, юртни қутқариб олишнинг фурсати етгандек эди-я! Лекин нажот ташдан келмаслигига яна бир карра амин бўлдик. На фаранг, на олмон ваъдасининг устидан чиқди. Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдирди-ю, амалга келганида жимжилоғини ҳам қимирлатиб қўймади.
– Ортидан эса ғазовот уруши бошланиб кетди… – давом этди Заҳириддин қори. – Бургутдай йигитлар эл-юрт, ор-номус деб, тиш-тирноғигача қуролланган лашкарга қарши ёй-қилич ёхуд қўшотар билан қарши чиқиб, жондан кечиб ҳалок бўлиб кетмоқдалар. Айниқса Қўқонни айтинг, бундай жангу жадални дунё кўрмаган. Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Холхўжа эшон Ўзган ва Тошкент орасида дашт кезади, Қоратегин, Болжувон, Кўлоб ва Бухорода лақай Иброҳимбек кофирнинг жонини Азроилдек олади, Самарқандда Очилбек билан Баҳромбек қўрбоши, Қарши-ю Косонда Турди тўқсоба, Гул оқсоқол жон тикади. Минглаб йигитларнинг озиқ-овқати, қурол-яроғи, ётиб-туриши қайси маблағ ҳисобига таъмин қилинсин? Ҳалиям шу халққа таъзим қилиш керак, еб турган нонининг ярмини бериб, қўрбошиларни қўллаб-қувватлаб турибди!
– Бу йўлда қўлига қурол олган хотинларни айтмайсизми? Иброҳимбек лақай қўшинига карманалик Нодира қиз бир бўлук тузиб қўшилгани, олтиариқлик Шакархон эркакча кийиниб, Искобил турмасидаги босмачи йигитларни озод қилгани, Холхўжа эшоннинг синглиси Ойшахон акаси билан бир сафда тургани ё ўшлик Ойимча хотун Ўзганда асирларни қутқарганининг ўзи қанчалар жасорат…
– Эҳ, нимасини айтасиз… Уруш қонуниятига кўра, халққа тегилмас, жанггга фақат қўшин кирар, ғалабаси ё мағлубияти ҳалол бўлар эди. Оқпошшо қўшини қора халқми, аскарми, барининг қонини бирдай тўккани халқнинг суягига бориб тақалгани учун қўзғалди, десангиз-чи. Аммо, афсуски, бу ишлардан бирон бир натижа чиқмади…
Кимдир чуқур хўрсинди.
– Шундай бир ўйин бўлдики, дунё қайтадан тақсимлаб олинди. Ўрусия урушда талафот билан чиққани учун уни Янги дунёга яқинлаштирмай, бизнинг ўлкаларни эгаллашига йўл қўйиб беришди. Мунавварқори билан Беҳбудий ҳазратлари Фарангистондаги иттиҳодия йиғинида Оврупа давлатларини Туркистонга ёрдам беришга кўндиришга уриниб кўришди, аммо у давлатлар қуруқ ваъдалар беришдан бошқа ҳеч иш қилишмади. Тўғриси ҳам шу: олис-олислардаги бир ўлкага нега ёрдам беришсин? Шу тариқа, Туркистонимиз ўз жаҳолатига ўзи ўралиб, жон талвасасида қолаберди.
Шу сабабли ҳам оқпошшо ҳукумати аввалбошда хориж ширкатларига йўллар очиб берди, улар бизнинг ўлкаларгача етиб келишди. Бунинг сабаби ватанимиздаги бойликлар эди. Аммо инқилобдан сўнг иқтидорга келган қизиллар барчани алдади: ўзларининг фойдасига ишлайдиган қоидаларни жорий қилиб, уларнинг барини қувиб солишди…
Тўлаган қори бош чайқаб:
– Ҳа, бу аниқ мустамлака бўлди. Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зорлик, тутқунликда қолди. Халқнинг сабр-косаси бир кун тўлади ва бу ҳукуматга қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилоб шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши курашардим!
– Тўлаган қори[7 - Тўлаган қори Хўжамёров, “Тавалло” тахаллуси билан ижод қилган. 1938 йилда отиб ташланган.] тўғри айтди. Қолдики, эл ўзининг кимлигини унутиб қўймасин. Бу зулматга шўнғир экан, энди қачон қайтиб чиқиши номаълум. Дунё наҳанглари уни ютиб юбормасин, бир кунмас бир кун албатта қайтиб чиқсин, шунда ўзининг ким эканини унутмаган ҳолда қаддини ростласин… Бу гап-сўзлар ҳар биримизнинг қалбимизни оғритади, бироқ нажот қайда?
– Қандай қилиб? Тўплару милтиқларга қарши елкада ёй, қўлда қилич биланми? – деб сўради Абдурашид хўжа. – Бу босқинчилар уруш қонун-қоидаларини билармиди? Бундан бир қанча йил муқаддам Оқпошшо аскарлари Хивага юриш қилганида, йўлда бир қалъага дуч келишади. Қалъа беги “Бизларнинг жанг қилиш учун етарли қурол-яроғимиз йўқ, магар уруш ниятида келган бўлсангиз, биз ҳозир уруша олмаймиз. Хивадан кўмак етиб келгунга қадар икки-уч кун кутиб туришингизга тўғри келади” деб хабар чиқаради. Содда кишилар оқпошшо қўмондонларини ўзлари каби тўғри, уруш қоидаларига риоя қилади, деб ўйлашади. Шундан сўнг оқпошшо аскари қалъани ер билан яксон қилади… Урушда ҳеч қайси ҳукмдор халққа тегинмас эди, булар теварак-атрофдаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам қиличдан ўтказишади. Абдувоҳид қорининг сўзлари жуда тўғри: тартиб-қоидасиз, ваҳший урушнинг кимга кераги бор? Ахир, уларнинг ғайриинсоний тутумлари туфайли Туркистон йигитлари ҳам ваҳшиёна урушга киришга мажбур қолмоқдалар-ку?
– Ялангоёқни тўрга ўтқазишса, ел чиқарибди, дейдилар. Кўрмаганнинг кўргани қурсин. Дунё шу маҳалгача бундай очкўзликни кўрган эмас. Давлат дейдилар, давлат тузишнинг ўз қонун-қоидаси, сиёсати, адолати бор. Адолатли давлат фуқаронинг бошини силаб, уни эзгу юмушларга йўналтириб, турмушини яхшилашни ўйлайди. Қурол билан таҳдид қилиб, очу тўқ демасдан қирғин қилаверган билан давлат бўлиб қолармиди?
Шу пайтда Боситхон салом бериб кириб, палов тайёр эканини айтди. Йиғиндагилар “Ундай бўлса, маҳтал қилмайлик” деб розилик беришгач, катта лаганларда сергўшт, серёғ палов келтирилди. Шундан сўнг суҳбат узилиб, бир муддат “Бай-бай, зиғир ёғи ҳам аралашган эканми? Ошпазнинг қўли дард кўрмасин” каби хитоблар билан таом ейилди. Таомдан сўнг ким кўк, ким фамил чойдан ичиб, лўлаболишларни қўлтиққа тортишди.
– Энди мақсадга ўтсак, – деди Абдувоҳид қори, лаганлар йиғиштирилиб, олиб чиқилгач. – Менинг қўрққан жиҳатим: ишчи-деҳқон ҳукумати деб бежиз айтилмади, янги ҳукуматга жасоратли эрлар эмас, чумолидай ишлайдиган хизматчилар керак. Бу сиёсатнинг шундай тарафи ҳам бор, кун келиб хожаси не деса кўнадиган, унга қуллуқ қилиб, улуғлайдиган бир тоифа пайдо бўлмасайди, деб қўрқаман. Худойим ўшандай балога гирифтор қилмасин, деб илтижо қиламан. Миллат ҳимояси давлат қўлида бўлгуси эди, эндиликда, минг афсус, давлатимиз йўқ! Халқнинг ўзига қолди бу иш.
Ёшим улуғ бўлгани учун ҳар бирингизни дуо қилиш менинг бурчимдир. Мен Туркистонни ватан деб билган барча фидойи кишилар қаторида сизларни, бу даврада иштирок этолмаган олис-яқиндаги дўстларимизни, шу кунларда яшаётган ёхуд ҳаёти тугаган тараққийпарварларимизни, хусусан, дўстим Заҳириддин Аъламни дуо қиламан. Молу жонини миллатга фидо қилган мерганчалик Убайдулла Хўжани ва Башарилла Асадиллахўжани, Тошпўлат Норбўтабекни, шайҳантаҳурлик Мунаввар қори афандини, дўстим Абдулла Авлонийни, занжирликдан Муҳаммаджон Пошшохўжа ўғлини, қорёғдидан Каттахўжа Бобохўжани, орқа кўчадан Низомиддин Асомиддинхўжани, Қўқон бекларидан Хайтабек набиралари бўлмиш Комилбек ва Каримбекларни ҳам дуо қиламан. Барчаларига Тангри таоло ўз розилиги ва нусратини берсин! Абдулла қори билан Тўлаган қорининг ишларига ҳам тасанно айтиб дуо қилиб қўйинглар, бу кишилар театру очиб, авомни маърифатга даъват қилмоқдалар. Тўлаган қори, айтинг-чи, томошага халқнинг муносабати қандай бўлди?
– Барча ўта қизиқиш билан томоша қилди, – деб жавоб берди Тўлаган қори. – Бизлар жума ваъзларида ҳар қанча панд-насиҳат қилганимиз бир томон-у, театруда ўзининг аксини кўргани бир томон, денг.
– Барчамиз учун фарз ва вожиб ҳисобланган ишларимиз жуда кўп, – деди Абдувоҳид қори. – Ўтган гал йиғинимизда мактаб кутубхонаси нашриётимизни ва китоб дўконларимизни тараққий эттиришимиз, янги дарсликлар ёзишимиз, зеҳни порлаб турган болаларимизни хорижга таҳсилга юборишимиз ҳақида сўзлашиб, келишиб олган эдик. Беш-ўн йил ичида икки-уч доктор, уч-тўрт адвокат, Давлат думасида оташин нутқлар сўзлаб, Туркистон мусулмонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган тўрт-беш сиёсатчи арбоб етишса, биз учун катта ютуқ эмасми? Бойларимиз шуни кўзлаб, ўқув-ўқитувга ҳомийлик қилсалар, бу ишлар ҳаққоний ватанпарварлик, асил ғазотдир. Хулласи калом, халқимизни маърифатли қилишга молу жонимизни тикишдан бошқа йўл йўқ. Афсуски, бундай улуғ иш бир қанча кишиларгагина қолди. Агар ўз давлатимиз бўлса эди, бу уринишларимизга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Начора, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз. Шуни ҳам айтаманки, агар ишлар шу зайл кетадиган бўлса, иншооллоҳ, катта савобларга эга бўлиб, пировардида шаҳидлик мақомига эришсак ҳам ажабмас… Зиё афанди, асрни ўқиб олақолайлик, сўнг янги усул мактаблар, кутубхоналар, дарсликлар ва муаллимларнинг молия тарафини сўзлашиб оламиз.
– Ҳурматли қоримизга бир арзимиз бор эди, – деди Зиё афанди. – Театру фаолиятларимизда Боситхон инимиз жуда ишимизга яради, рухсат берсангиз, гоҳ-гоҳида, зарурат туғилганида хизмат қилиб турсалар?
– Миллат учун, аҳли мўмин учун бўлса, ҳеч қаршилигим йўқ, – деб жавоб қилди Абдувоҳид қори.
Барча дуо қилиб, ўрнидан қўзғалди. Хизматчилар келганларнинг кавушларини артиб-суртиб ярқиратиб, даҳлизга чиройли қилиб тизиб қўйишган экан. Меҳмонлар дастёрларни алқашиб, шу яқин орадаги масжидга йўл олишди.
– Дастурхонни қайта тартиблайликми? – деб сўради Маъсума, бир нафасга ошхонага кирган эридан.
– Йўқ, йиғиннинг давоми масжидда бўлади, – деди Боситхон. – Ичкарида бир гап бўлди, шуни айтиб қўяй дедим. Тўлаган қори падаримиздан менинг театр ишларига қарашиб юришимни илтимос қилган эдилар, қиблагоҳ розилик бердилар.
– Вой, қандай яхши! – деди Маъсума севиниб. Эрига эркаланди: – Мениям олиб борасиз-а?
– Бўлмасам-чи?! Албатта олиб бораман.
Боситхон унга бош ирғаб, шоша-пиша меҳмонлар ортидан кетди. Маъсума меҳмонхонани йиғиштиришга ёрдам берсамми деб бораётган эди, хизматчилардан бири:
– Келинпошша, сиз ичкарига кираверинг, ўзимиз тартиблаб қўямиз, – деди.
Ичкарида ҳам юмуш етарли эди. Оқсоч хотинлар чўмичда катта қозондаги иситилган сувдан олиб, идиш-товоқларни ювишарди. Маъсума уларга ёрдамлашар экан, хаёли йиғиндаги гап-сўзларда кўчди. Унда айтилган бир сўз – Боситхоннинг театрга бориб-келиб юриши кўнглини чароғон қилиб юборди. “Мени ҳам олиб борармикинлар” деб ўйлади у, пиёлаларни авайлаб артаркан. “Албатта олиб борадилар” деб жавоб қилди ич-ичидан бир овоз.
“Нега бунчалар ишоняпсан?” деб сўради Маъсума ундан.
“Чунки севадилар”.
“Сен-чи?”
“Мен ҳам!”
Маъсума жилмайиб қўйиб, ишига тутинди.
ТЎРТИНЧИ БОБ
Улуғлар йиғини бўлмаган кунларда ҳам Абдувоҳид қори хонадонидан одам аримайди.
Аввал “Шўрои исломия”нинг раиси бўлмиш бу нуроний киши эндиликда “Маҳкамаи шаръия”га имом-хатиб қилиб сайланган, гоҳ Самарқандга, гоҳ Сайрамга, гоҳ Ўрусияга сафарга кетганида, меҳмонхона Маъсуманинг қайниси Олтойнинг дўстлари билан тўлади. У бир аломат, жонсарак йигит бўлиб, шеърлар ёзар, ўз исми Боисхон бўлиб, Олтой – лақаби экан. Маъсума бунинг маъносини сўраган эди, Олтой керилиб:
– Эҳ, лақаб эмас, тахаллус-ку! – деди. – Истеъдод эгалари, зиёлилар ўзларига шунақа махсус ном танлаб олишади. Бу тахаллусни менга устозим Абдурауф қори[8 - Шоир, олим ва таржимон Абдурауф Фитрат, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.] танлаб берганлар! Олтой нималигини биласизми? У бепоён ўрмонлар, инсон қадами етмаган қарағайзорлару арчазорлар макони бўлмиш турк ўлкасидир.
Олтойнинг ўғри-чапанилардан ҳам, шоиру зиёлилардан ҳам, сермулозамат муллаваччалардан ҳам таниш-билиши мўл, ўзи эса бориб турган янгиликчи йигит бўлиб, отасидан яшириб попирис ҳам чекади. Эскичиларни “қадимчи” деб атар, улар ҳақида сўз кетса, масхара қилишини қўймасди. Гоҳида Маъсумага дунё воқеаларини сўзлаб берар, баъзан эса саволга ҳам тутиб қоларди:
– Сиз янги ҳукуматга ишониш керак деб ўйлайсизми ё йўқми?
– Билмасам…
– Янги ҳукумат камбағалга қайишади! Халқнинг қонини сўриб ётган бой-боёни, уламоси, тўрасидан йўқсул ҳақини олиб беради. Янгиликларни олиб келиб, халқнинг қўлига тутқазади. Ана, трактўр ҳам келди. Уни нималигини айтган эдим-а? Айропланни-чи? Билсангиз, бу ишларнинг барини кўчада юрган автомобилнинг матўридай нарсалар бажаради. Чархпалакка уласангиз, сув чиқаради. Омочга қўшсангиз, ер ҳайдайди. Қанот тақиб қўйсангиз, парвоз ҳам қилади. Эҳ-ҳе, келажакда яна нима ишлар бўлмайди дейсиз?
Маъсума Олтойнинг баландпарвоз ҳикояларини тинглай-тинглай, пайраҳалардан қолган кулни куракча билан олиб, кул чуқурига элтиб ташлади. Қайтиб келиб, янги пайраҳалардан самовар тагига ёқди. Сариқ-қизил заиф аланга пайдо бўлиб, аста қувватланди. Олтой чўнқайиб, попирисини ёндириб олди-да, тушунтиришда давом этди:
– Бизларнинг ҳар биримиз олмон ундоқ, фаранг мундоқ тараққий этибди, деб жар солишни яхши кўрамиз, аммо ўша тараққиётга эришиш учун ҳеч нима қилмаймиз. Гап сотамиз, холос! Ўзимизни мамлакат тақдирига жон куйдиргандек кўрсатсак ҳам, аслида маишатни яхши кўрамиз, зиёфатларни еб, бир-биримизга мақтаниб, олиймақом иморатларимиз, дулдул отларимиз, дабдабали тўйларимиз билан кериламиз. Бундай янгиликларни халққа ким етказади? Мен бу айтганларимнинг барини шеърга соламан, газетга бостираман. Боситхон акамнинг бир дўсти театр очибди, унга пьеса ёзиб бераман, авомга етказаман!
– Билиб қўйинг, халқимизнинг кўзи очилди, энди олдингидек яшай олмайди! – деб хитоб қилди у ҳаяжон билан. – Қаранг, дунё таноб-таноб ерларни мошина билан ҳайдамоқда. Ермойи қазиб олиб, у билан кемаларини, буғмошинларини юрғизмоқда. Олмон кофири урушда осмон вопурини[9 - Вопур – кема.] кўтармиш, ўқ ўтмас кажавасига икки ўқчи миниб олиб, ердаги аскарларни тинмай қирармиш. Эндиликда фабрика-завўдлар қурилади, тўнлар, дўппилар, бўз-алак кийим-кечаклар, тўшак-кўрпалар – бари завўдлардан чиқади. Ҳа, ҳаёт ўзгариб кетади! Фабрикани ишчиси уйига келиб, биз сингари меҳнатга уринмайди, бемалол чойини ичиб, оёғини узатиб ётади, ё бўлмаса хонимчаси билан қўлтиқлашиб, томошага боради!
Олтой жўшиб яна анча гапларни сўзлади, кейин янги ёзган шеърини ўқиб берди:
Қоч – бўшат йўлни,
Сол резинга – трубани,
Бос – сув, шор-шор!
Ўт ўчди,
Юрт ҳалокатдан қутулди.
Чиғир-чиғир…
Маъсума бунақа шеърни энди эшитиши эди. “Қошинг қаро, кўзинг қаро” дегандай ғазалларга қулоғи ўргангани учун, ҳайрон бўлиб:
– Бу қанақа шеър? – деб сўради.
– Янги замон шеъри! – деб жавоб қилди Олтой. – Ўт ўчирувчилар меҳнати ҳақида. Қаранг: “Қоч, бўшат йўлни”, чунки ўт ўчириш мошинаси келмоқда. Резин қувурга сувни солиб бос, шор-шор қилиб қуй! Ана, ўт ўчди, юрт қутулиб қолди. Чиғир-чиғир қилиб, резин ичакни ўраб қўй… Қалай экан? “Ишқингда ўлдим-куйдим” деган ғазаллар замони тугаб битди, ҳатто уларда ишлатилган сўзлар ҳам тарих қаърига улоқтирилди. Энди бутунлай бошқа замон келади!
Сўнг Маъсумага қараб:
– Қанақа замон деб сўрамайсизми?
– Қанақа замон? – деб сўради Маъсума, кулгиси келиб.
– Яп-янги замон! – деб жавоб қилди Олтой, гердайиб.
– Аввалги шоирлар эрон, форс, араб адабиётидан ва уларнинг сарой таъсиридан қутила олмаганлар. Инқилоб бизнинг сарой ва унинг думи бўлмиш эски адабиётимизни шакл-қиёфа ва мундарижалари билан яксон қилиб, ўрнига янги адабиёт туғдирди!
Шундай деб, у қўйнидан газет чиқарди.
– Мана буни эшитинг! Шоир ўлка аҳволини билдириш учун ўйлаб топган усулига боқинг!
Ўйноқ қизча, эркин-эркин ўйнаб ол,
Эрта-индин эркинг қўлдан кетадир.
Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол,
Эрка кўнглинг ҳасратларга ботадир.
Нурлар сочиб ўйнаб турган кўзларинг
Эрта-индин ғам ёши-ла тўладир.
Севинч порлаб, кулиб турган юзларинг
Дард остида сап-сарғайиб сўладир.
Кўксингдаги эрк чечагин бой бериб,
Эрта-индин мотам гулин тақарсан.
Қўлингдаги бахт чолғусин синдириб,
Қайғу-алам ўчоғида ёқарсан.
Табиатда яшнаб турган юзингга
Эрта-индин манҳус ўртук тутарсан.
Ана сўнгра қоп-қоронғу зиндонда
Йиғлаб-сиқтаб ўлимингни кутарсан.
Боёқиш қиз, эркаланиб ўйнаб ол,
Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол[10 - Боту шеъри.].
– Муни бир қизгинага ёзилган деб ўйладингизми?
Асло йўқ. “Эркли қизча” дегани бир ўхшатиш, ўлкамизни назарда тутгандир. Эски тузумга қайтсак ҳам, жоҳиллигимизча қолсак ҳам ҳалокатга учраймиз демоқда шоир.
Олтой қўлларини ҳаволатиб-ҳаволатиб, яна аллақанча нарсаларни сўзлади. Янги замона театрда хотинлар томоша кўрсатишига рухсат берармиш. Эркак-аёл тенг бўлармиш. Уфа татарлари, Боку мусулмонлари шундай қилишибди. Олам тинимсиз ўзгараётганмиш. Чунончи, олмон кофири замбаракли ўзиюрар қўрғон ясаганмиш, юра-юра ўт сочармиш. Исвич[11 - Исвич – Швеция.] тарафларда олимлар кемага ўтириб, дунёнинг охирига етиб боришганмиш, у ерда йил бир кеча-кундуздан иборат бўлиб, кеча ҳам, кундуз ҳам олти ой давом этармиш.
БЕШИНЧИ БОБ
Бунча киши орасида замонага энг ярашиғлиси – йигитларнинг сарвари Боситхон эди, албатта.
Боситхоннинг ёр-дўстлари ҳуда-беҳудага сўзлайвермайдиган кишилар бўлиб, энг ёқтиргани – мошранг дўппи, тўқ яшил майда қавима тўн кийиб юрадиган ингичка мўйловли адиб Жулқунбой, “Андижоннинг андиси” – қўнғиз мўйловли Абдуҳамид Чўлпон, Зиё Саид ва Элбек эди.
Яна Ғафур деган ошнаси ҳам бўлиб, у чапани, кўнглига нима келса шуни қиладиган эрка йигит, йиғинларга онда-сонда келар, келганида гоҳ ашула айтиб, гоҳ ҳазил-ҳузил билан даврани қизитиб юборарди. У қатнашган йиғинларда алламаҳалгача завқли қий-чувлар, кулгилар тинмасди.
– Бу Ғафур деганлари шоир бўлмаса, Эски шаҳарнинг безориси бўларди, – деб таърифларди уни Боситхон. – Бир қарасанг, пиёзфурушнинг олдига ўтириб олиб сабзавот сотган, яна бир қарасанг, ҳасипчилар қаторида ўтирган чиқади. Чорсуда катта бир йиғин бўлаётган экан, карнай-сурнайчиларни саф қилиб тизишибди. “Ваға-вағ” бошланганида Ғафур нима қилибди денг? Қуванинг қайнар анорини олиб, ўшаларнинг олдида карсиллатиб ея бошлабди. “Вағ-вуғ” қилиб турган карнайларнинг овози пасайиб, “ғит-ғит”лаб қолибди. Ахийри бир ёши каттароқ карнайчи Ғафурни олдига солиб чунон қувлабдики!
– Э тавба, нега қувлабди?
– Мен ҳам шуни айтаман-да! Сувини оқизиб карсиллатиб анор еса, карнайчининг иштаҳаси очилиб, лунжи сўлакка лим тўлиб, карнайини чалолмай қолар экан!
Маъсума ҳам шоирнинг қилиғига қотиб-қотиб кулди.
– Тавба, ҳақиқатан ҳам роса безори шоир эканми?
– Йўқ, унинг ғайрати ичига сиғмай, тўлиб-тошиб туради, безориликлари шундан. Нима қилса ҳам, Қўрғонтегининг боласи-да. Уни қўятуринг, мен сизга бир совға олиб келдим. Уйда болалар билан ўтириб, зерикиб қолманг, дедим.
– Нима экан у?
Боситхон меҳмонхонага чиқиб, у ердан бир даста китоб ва газеталар билан қайтиб келди.
– Газет-жўрноллар, – деди ичидагиларни бирма-бир чиқариб. – Мана булар эса китоблар. Қаранг, Лев Толстой, Николай Гогол, Лермонтов…
Маъсума китобларни қўлига олиб, бир-бир варақлаб кўрди.
– Биринчи бўлиб албатта Лев Толстойни ўқинг, – дейди Боситхон. – Падари бузрук Тулада сургунда эканликларида у одам билан кўришиб-сўзлашган, вафот этганида жанозасига ҳам борган эканлар. Динимизга ҳурмати шоён баланд, ҳар қандай ақлли кишининг борар манзили исломдир, деб айтган экан.
– Наҳотки, мусулмон бўлган бўлса? – деб сўради Маъсума, ишонқирамай.
– Йўқ, ундай эмас. Аммо черков уни даҳрий деб эълон қилгани аниқ. Ким билсин, яна бир неча йил яшаганида, шаҳодат келтирган бўлармиди…
– Тилла совға қилганингизда ҳам бунчалар суюнмаган бўлардим, – деди Маъсума, китобларни авайлаб токчага қўяр экан. – Мен буларни албатта ўқиб чиқаман…
* * *
Бир куни Боситхон кечки таомдан сўнг ичкарига кирди-ю, “Отам билан муҳим бир нарсани гаплашиб олишим керак” деб анча иккиланиб ўтирди.
– Нима экан у муҳим суҳбат? – деб сўради Маъсума.
– Акмал амаким янги ҳукуматда катта бир лавозимга тайинланди, менга “келиб ёнимда ишла” деб айтяпти, – жавоб қилди Боситхон. – Ишласам ишлайвераман-ку, аммо падаримизнинг розилигини қандай қилиб олсак экан?
– Қайдам… Балки хўп дерлар?
– У киши Акмал амаким ўрис хотинга уйланганларидан[12 - Акмал Икромовнинг турмуш ўртоғи Евгения Зелькина. Ер ишлари комиссарлиги бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган, эри қатағон қилинганидан сўнг, 1938 йилда отиб ташланган.] буён аразлаб юрибдилар, – деди Боситхон. – Ҳамма гапни ҳам айтавермайдилар, ким билсин, кўнгилларида нималар бор экан…
Шундай деб тараддудлана-тараддудлана ота ҳовлисига чиқиб, узоқ вақт қолиб кетди. Қайтиб келганида, авзойидан ҳалиям тараддуди кетмагани билиниб турарди.
– Иш ўзимизга қолди, – деди у, хўрсиниб, ёстиқни қўлтиғига тортиб, ёнбошлаб. – Қиблагоҳ кўп гапларни гапирдилар. Дедиларки, “Сен ҳам, молинг ҳам ота-онангникидир” қавлига мувофиқ, сиздан ҳар нарсани талаб қилсам ҳаққимдир. Бироқ юрт қайғуси билан бирга, фарзанд қайғуси ҳам бошимга келишини истамайман. Тез орада ҳаётимдаги энг улуғ вазифани бажаришга жўнайман, балки бу умримнинг энг хайрли иши бўлса, айблариму гуноҳларимни ювиб юборса ажабмас.
Мен кўп йиллар халқнинг хизматини қилдим, халойиқ талабини ҳукуматга, ҳукумат талабини халққа етказиб, қўлимдан келганича мўминлар ҳаётини яхшилашга уриндим. Муросаю мадора йўлини энг тўғри йўл деб билдим.
Аммо ҳаёт сизникидир. Шу сабабли, аввалги тутумларингизга қарши бўлмаганимдек, бу ишингизга ҳам бир нима демайман. Сизга ёлғиз насиҳатим бўлади, холос. Қаерда ишласангиз ҳам халқнинг ёнини олинг, раиятга нафи тегадиган ишлар қилинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам имонингизни сақлаб қолинг, токи Яратган Парвардигор ҳузурига ёруғ юз билан боринг. Сизга бошқа сўзим йўқ. Овмин, Оллоҳу акбар…”
Маъсума қайнотасининг тушкун гапларига ҳайрон қолди. Ҳар доим оғир-вазмин, донишманд қиблагоҳ фарзандларидан ранжиганмикин, ранжиган бўлса, нима учун очиқ-ойдин сўзламабди? Бундай бўлиши эҳтимолдан узоқ, чунки Боситхон ҳам, Боисхон ҳам қорининг ҳурмат-иззатини жуда баланд тутишар, оғзидан чиққанини муҳайё қилишга тиришишарди.
– Падаримиз айниқса, яқин дўсти, ҳазрат Яссавий авлоди Маҳмудхўжа қори[13 - Маҳмудхўжа Беҳбудий, қизиллар фитнаси сабабли 1919 йилда қатл қилинган.] қатл қилингач, тушкунликка тушиб қолдилар, – деб жавоб қилди Боситхон. – Эҳ-ҳе, бунинг тарихи узоқ. Гоҳо ўйлаб қоламан: энди бундай кишилар қайтиб туғилмаса керак. У киши ҳам, дўстлари ҳам эл-юрт учун молу жонларидан кечган табаррук одамлар…
Шундай деб, у Абдувоҳид қори ҳаётига оид тафсилотларни сўзлаб берди:
– Қиблагоҳ ҳам, у кишининг сафдошлари ҳам юртимиз умумжаҳон тараққиётидан орқада қолиб кетаётганини мулоҳаза қилиб, ўлкани ислоҳ қилиш зарур деган қарорга анча аввал келишган эди.
Авваллари сира кўрилмаган янгиликларни ҳаётга шу зотлар олиб келишди. Бу кишилар миллий адабиётни яратишди. Миллат, ватан деган тушунчалар шулар туфайли пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, нималар қилишмади улар? Бунча ғайрат, бунча фидойилик, бунча қалб қўри… Янги усул мактабларини очишди. Мактабларга дарс китоблари керак-ку? Шу сабабли ўзлари дарсликлар ёзишди, ўзлари миллий матбаа очишди, унда дарсликлар билан бирга, газета-журналлар ҳам босиладиган бўлди. Миллат ойдинлари газета-журналлар, янги усул мактаблар, турли кутубхонаю қироатхоналар, театр гуруҳлари тузиб, шулар теграсида жамланишди. Бунча ишга маблағни қаердан топишди денг? Сармоядорлар, тагли-тугли кишилар болаларининг ризқи ҳисобланмиш ақчаларини шу ишга тикдилар. Ҳатто дов-дастгоҳини сотиб хайрия қилганлари ҳам бор.
Билсангиз, айни шу кишилар халқимизни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолишди!
Эвазига падаримиз бошига не кунлар келмади дейсиз? Бир маҳаллар у киши Ўрусиянинг Давлат думасига аъзоликка сайланган эдилар. Тошкент, Чимкент ва бошқа жойларнинг халқи номидан, мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқи поймол этилмаслиги ҳақидаги талабномани ўша думага олиб бориб топширганлари учун, оқпошшо у кишини Тула деган жойга сургун қилди. Айни эллик ёшида қиблагоҳ тўрт йил сургунда бўлди.
Бу орада Ўрусияда февраль инқилоби рўй берди. Туркий халқларни бирлаштириш ғояси ўртага чиқди. Қиблагоҳ ва Мунаввар қори бошчилигида «Шўрои Исломия» жамияти тузилди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, татар, туркман каби туркий халқларни бирлаштириб, шу асосда давлат қуриш масаласи бўй кўрсата борди. Ўрусия ҳеч қачон мустақиллик бермаслигини сезгач, қозоқ ва бошқирд етакчилари Туркистонга келиб, бизнинг оталаримизга қўшилдилар.
Шунда қизиллар халқнинг куч-қудратидан қўрқиб кетишди. Қонли урушлар бошланди. Орадан йил ўтиб-ўтмай, Туркистон Мухторияти қизил қонига бўялди. Қонхўр ҳукумат жаҳон урушида Туркияда кўрган талафотининг аламини Қўқондан олди, дашноқлар келиб, Қўқонни қонга ботирди. Жадидлар шунда ҳам ўзларини йўқотиб қўйишмади, айримлари исёнчилар сафига, бошқалари яширин миллий ташкилотларга қўшилишган бўлса, баъзилари янги ҳукумат идораларида ишлашга мажбур бўлишди.
Сизга бултурги ишни ҳам айтиб берай. Бултур кузда Бокуда Шарқ халқлари қурултойи чақирилди. Қурултой тугагач, туркистонлик қирқ аъзо ўзаро кенгашиб, Туркистонда қизилларга қарши ташвиқот ишларини авж олдиришга ва Шўро инқилобининг уч йиллиги кунида умумхалқ қўзғолони кўтаришга ахд қилишди. Афсуски, уларнинг бу режаси амалга ошмай қолди.
Уларнинг фаолияти энди бошқача йўсинда давом этди. Мактаб таълими, ҳунар, санъатдан ташқари, ҳарбий машқлар билан шуғулланиб, шўроларга асосий зарба берувчи куч сифатида «Турон кучи», «Турк кучи», «Темур», «Изчилар», «Лочин» каби гуруҳлар тузилди. Аммо шўролар Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини тамомила бостиришга аҳд қилган эдилар. Ўша йилиёқ бу гуруҳлар фаолияти тугатилиб, аъзолари ҳибсга олинди.
Фарғона ва Тошкентдаги мағлубиятлар оталаримизнинг умидларини сўндира олмади. Улар Бухоро етакчилари билан кенгашиб, Бухоро жадид тараққийпарварлар фирқасини тузишди. Фирқа дастурига кўра, давлатни жумҳур-раис ва мажлис бошқариши керак эди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/isazhon-sulton/masuma-69397795/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Озарбайжон операси асосчиси Узейир Ҳожибейлининг 1907 йилда ёзилган “Лайли ва Мажнун” операсидан.
2
Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеъри.
3
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдан.
4
Абдулла Авлонийдан.
5
Тўлаган қори Хўжамёров (Тавалло) шеъри.
6
Андижонлик атоқли диний уламо, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг тоғаси.
7
Тўлаган қори Хўжамёров, “Тавалло” тахаллуси билан ижод қилган. 1938 йилда отиб ташланган.
8
Шоир, олим ва таржимон Абдурауф Фитрат, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.
9
Вопур – кема.
10
Боту шеъри.
11
Исвич – Швеция.
12
Акмал Икромовнинг турмуш ўртоғи Евгения Зелькина. Ер ишлари комиссарлиги бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган, эри қатағон қилинганидан сўнг, 1938 йилда отиб ташланган.
13
Маҳмудхўжа Беҳбудий, қизиллар фитнаси сабабли 1919 йилда қатл қилинган.