Ибройим Юсупов
Шарап Уснатдинов
Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбонида ўзбек адабиётининг улуғ сиймолари қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповга ҳам муҳташам ҳайкал ўрнатилди. Тошкент кимё-технология институти Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш, шоир ҳайкали пойида мунтазам равишда мушоира ва адабий кечалар ўтказишга масъул этиб белгиланди. Қазилма бойликлар ва олтин конларини кашф этувчи мутахассислар Ибройим Юсупов ижодиёти конидан ҳам жуда кўп бебаҳо бойликларни топишига ишонамиз.
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шарап Уснатдинов “Ибройим Юсупов” роман-эссеси улуғ шоир ҳаёти ва ижодини янада чуқур ўрганишда адабиётшунос олимлар ва тадқиқотчи ёшларга муҳим манба сифатида асқатади. Бадиий асар сифатида эса, кенг китобхонлар оммасини улуғ шоирнинг шахсий ҳаёти, муҳаббати, орзу-умидлари, дарду армонлари, энг муҳими, бетакрор шеърияти билан яқиндан таништиради.
Ибройим Юсупов тимсолида қорақалпоқ халқининг тақдири, ўтган асрнинг 50-йилларидан то бугунги кунгача бўлган ижтимоий турмуши, бошидан ўтган синовли кунлар, бахтли келажакка интилиши жонли ва ҳаётий воқеалар орқали тасвирланади.
Шарап Уснатдинов
Ибройим Юсупов
МЕҲРИ ИССИҚ ТУҒИШГАНЛИК
Сўзбоши ўрнида
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб, атоқли жамоат арбоби Шарап Уснатдинов 1942 йили Кегейли туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Шарап оға журналистика факультети талабаси бўлган пайтда бу олий ўқув даргоҳи илм ва ижод ўчоғи эди.
Шарап оға ана шу илғор адабий муҳитда адабиёт, бадиий ижод ва журналистика сирларини ўрганган. Илк ижодий фаолиятини Ёшлар газетасидан бошлаган.
Шарап оға авваламбор, журналист бўлиб ижтимоий ҳаётга кириб келди. Марказий газеталарда мухбирликдан бош муҳаррирликкача бўлган лавозимларда ишлади. Журналист ҳаёти, газеталардаги иш жараёнини Шарап оға ипидан игнасигача яхши билади. Чунки бу ҳаётни ўз бошидан ўтказган.
Тиниб-тинчимас адиб давлат ва жамоат арбоби сифатида масъул лавозимларда хизмат қилди. Вазир бўлди, ҳоким бўлди. Ҳукумат идораларида ҳалол ва қизғин фаолият олиб борди.
Шарап Уснатдинов Президентимиз ҳурматига сазовор бўлган ва унинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакилларидан бирига айланган шахс эди. Президент билан гоҳ Нукусда, гоҳ Мўйноқда, гоҳ Шуманайда бўлиб ўтган учрашувларда Шарап оғанинг минбарга чиқиб сўзлаганларини кўп эшитганмиз. У кишининг нотиқлик санъатига, дадил, дангал, теран мазмунли ва ҳикматли сўзларига ҳамиша ҳавасимиз келган.
Оға жамоат арбоби, эл оқсоқолларидан бири эди. Лекин у, энг аввало, ижодкор эди, маҳоратли ва тажрибали адиб эди. “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Сўнгги овчи”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери” каби насрий асарлар тўпламлари, айниқса кейинги “Шоирнинг ёшлиги”, “Ибройим Юсупов” номли роман-дилогияси билан Шарап Устнатдинов бетакрор ёзувчи эканлигини адабиёт майдонида исботлади. “Шоирнинг ёшлиги” романи моҳир шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, дастлаб “Жаҳон адабиёти” журналида, сўнг эса китоб ҳолида нашр этилди. Асар ҳақида жуда кўп таниқли адиблар ва олимлар ижобий фикр билдиришди.Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Орипов “Шоирнинг ёшлиги” романини “Улуғ шоир хотирасига муносиб асар” дея юксак баҳолаган эди:
“Жаҳон адабиёти” журналида Шарап Уснатдиновнинг улуғ шоир Ибройим Юсупов ҳаётига бағишланган романини ўқий бошларканман, кутилмаган бир фикр хаёлимни чулғаб олди, – деб ёзади устоз Абдулла Орипов. – Ажабо, мен китобнинг муаллифини яхши биламанми ёхуд унинг қаҳрамониними?! … Шарап Уснатдинов менга қанчалик яқин биродар ва дўст бўлгани билан унинг қўлидан нималар келишини билмай юрган эканман… Шу ўринда Шарап Уснатдиновнинг ёзувчилик маҳорати мени қойил қолдирди. Романнинг баъзи саҳифаларини ўқиганимда кўз олдимда жаҳон классикларининг қиёфалари ҳам ўтиб қолди. Гап шундаки, бу асар наинки, Ибройим, балки қорақалпоқ халқининг тарихи, маданияти, маънавияти, урф-одати, хуллас, ҳаммаси ҳақида ахборот беради”.
Шарап Уснатдинов адабиётимиз ва маънавиятимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун давлатимиз томонидан муносиб мукофотланиб, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Вафотидан кейин 2021 йилда адиб Президентимиз томонидан юксак қадрланиб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Бу сийлиқнинг аҳамияти ниҳоятда теран бўлиб, Шарап Уснатдинов халқ ва мамлакат раҳбари ҳурматига сазовор бўлган машҳур сиймолардан бири эканини англатади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси раиси, олийжаноб инсон Муса Тажетдинович Ерниязов ҳам Шарап Уснатдиновни жуда қадрлар, маънавият, адабиёт борасидаги баъзи масалаларни у билан маслаҳатлашиб ҳал қилар эди. Кечагидай кўз ўнгимда турибди. 2018 йилнинг 27 август куни. Нукус шаҳрининг қоқ марказида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари чексиз кенгликлардан эсиб келган шамолларида ҳилпираб турган “флагшток”нинг очилиши тадбирида Муса Тажетдинович ҳамда Шарап Уснатдинов билан бирга иштирок этган эдик. Икки туғишган халқ байроқлари мусаффо осмон узра икки эгиз ботирлардай ёнма-ён бўйлашиб, ҳилпираб турган майдонда менга сўз берилганда кўнглимдаги туйғуларни шеърий мисралар орқали изҳор этгандим:
Бу дунёда мард зотлар мардларни бирлаштиргай,
Эзгу орзу-ниятлар қалбларни бирлаштиргай,
Мардлар йўлбошчи бўлса халқларни бирлаштиргай,
Эл дардини англаган ўғлонларга тасанно,
Юрт тинчлигин ўйлаган инсонларга тасанно.
– Сазладинг, раҳмет! – деган эди юзлари табассумдан қуёшдай ёришиб кетган Муса оға.
Ўша куни Шарап Уснатдинов бизни Нукус шаҳрида янги бунёд этилган бинолар, жумладан, “Нуроний” жамғармасининг Нукусда қурилган замонавий иморати билан таништирган эди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, адабиёт ва шеърият ҳақидаги мароқли суҳбатимиз кун бўйи давом этган эди. Ана шу суҳбатларда адабиёт ва ижод Шарап оғанинг тақдири эканини ҳис этган эдим.
Шарап Уснатдиновнинг ибратли ҳаёти ва ижодини ўрганиш давом этмоқда. Яқинда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон адибнинг янги нашр этилган “Ибройим Юсупов” номли йирик роман-эссесини ўзбек тилига таржима қилди. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланди.
Ушбу асарда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, жўшқин ва тошқин шеърияти, “меҳри иссиқ туғишганлик” туйғуси билан икки элга беминнат хизмат қилган Ибройим Юсуповнинг порлоқ сиймоси тасвирланган. Ибройим оға нафақат қорақалпоқ ва ё ўзбек элининг, балки туркий тилли халқлар адабиётининг йирик намояндалари Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Ўлжас Сулаймонов, Давид Қўғилтинов сингари улуғ адибларнинг ҳам эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлган оламшумул сўз дарғасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбонида Ибройим оғанинг муҳташам ҳайкали ўз салобати ва садоқати билан бугунги ёш авлодга Ватан дарсини ўтаётгандай қўр тўкиб турибди.
Янги китоб мутолааси ва завқу шавқи азиз ўқувчиларга муборак бўлсин.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
БЎЗ ЎРДАДА
I БЎЛИМ
Интиламан жон-таним билан,
Ҳаёт, сени гўзал яшашга:
Кемтик ерларингни тўлдириб,
Ортиқ новдаларни буташга.
Осмон баланд, юлдузлар сирли,
Сенинг сиринг бепоён, фалак,
Жамолинг кўп жилоли, нурли,
Товланасан мисли камалак.
Ибройим Юсупов
1949 йилнинг сўнгги ҳафтаси эди. Кунлар ниҳоятда совиб кетди. Қорсиз қора изғириндан ёмони йўқ. Ернинг юзи қавариб, шимоли-ғарбдан эсган шамол юзингни аччиқ чимчилаб ўтади. Унга қарама-қарши юрсанг, совуқ ҳаводан бўғилиб, нафас ололмай қоласан. Икки юзингни тўсиб, оғзи-бурнингни қўлинг билан беркитаман десанг, бармоқларинг ловуллаб ачишиб кетади. Бошингда қулоқларини тушириб киядиган телпагинг бўлмаса, қўлларинг икки бетингдан аввал қулоғингга борганини билмай қоласан.
У бошига қора қалпоғини кийиб, ташқарига чиқди. Дунёда эркак кишига бош кийим топишдан кўра мушкул иш бўлмаса керак, деб ўйлади. Одамлар тополмагандан сўнг, бир нарсаларни амаллаб кийиб олишади. Аскарликдан келганларнинг кулранг қулоқчини кўпчиликнинг жонига оро кирди. Ундан бошқа тузукроқ нарса билан бошни совуқдан асраш мушкул.
– Бундай юргандан кўра, менинг бўркимни кия қолсанг-чи, – дейди Маден. – Ўқишни битказиб, ўша институтда ишга қолган адабиёт муаллими деган номинг бор. Унча-мунча телпакни кийиш сенга ярашмайди.
Институтнинг битта-яримта раҳбарлари қамар теридан телпак, бўрк тиктириб кийиб юришибди. Ундай қилишга қўли калталик қилади. Қўли етганида бундай бош кийим бинойидек ярашган бўларди. Ярашмаганида ҳам бунинг ёшидаги йигитларга бўрк кийишга ҳали эрта.
Қиш куни бир тутам. Қош қорая бошлаган эди. Нукуснинг янги шаҳар деб аталган қисмига одамлар қўниб ўтиришганига чамаси беш-олти йиллар бўлган. Буларнинг ўтирган жойи нақд кунчиқиш томондаги энг охирги кўчанинг пешанасидан эсган шамолни биринчи бўлиб кутиб оладиган чеккасида. Товуш етадиган ерда ўркач-ўркач бўлиб ётган қумдан шамол юмалатиб ҳайдаган туяқорин билан янтоқни териб олиб, тандирга солаверасан. Шимол тарафда баҳору куз ёққан ёғин сувлари тўпланиб турадиган кичкинагина кўлнинг атрофидаги қамишлар билан оқбошларнинг пардай пўпаклари аллақачонлар учиб кетиб ғойиб бўлган, энди фақат япроқларнинг шамолда изиллаб, ҳуштак чалишига қўшилиб, қум аралаш чанг сочилмоқда эди.
Тунов куни Маденнинг Чимбойдаги кўҳна юртдан излаб келган Жиянбой деган қуролдош дўсти:
– Шаҳарлик бўлдим дейсан, мана бундай кўчма қум бизнинг овулда йўқ, – дебди.
– Юр, сенга шаҳарлик бўлганимни кўрсатайин, – деб уни эргаштириб, шаҳар ўртасидаги “Нукус” кафесига олиб борган. Бўкиб ичган пиводан эртаси куни боши ёрилиб кетгудай оғриётган Жиянбой: “Юр, шаҳарингга яна бир бориб келайлик”, деган экан саҳарда.
“Ҳозирги совуқларинг совуқми? Бизларнинг ёшлик пайтимизда тарашадек қотириб ташлайдиган совуқ бўлар эди…” Овулдаги Эшбой чатоқ деган оғасининг шу сўзлари эсига тушиб, Худойим унинг шу сўзларини эшитиб қолганмикин, деб ўйлади ичида. Қалпоқ дегани бундай қиш-қировли кунларда киядиган бош кийим эмас экан. Бошининг тепасини қалпоқ ёпган, очиқ қолган қулоқ, бўйин, томоқларни эса аёз муз тиллари билан кучукдек ялаб, жонингни суғуриб олгудек қаҳратон қиш бўлди бу қиш. Ҳартугул бу бош кийимни ҳам эл оралаб юриб, зўрға топган эди. Шифохонада боласини олиб ётган хотинидан хабар олгани борган Маден икки қулоғини совуққа урдириб келди. Энди қулоғини совуққа қурбон қилиш навбати буники шекилли…
Сен бошқалардан аввалроқ бор, деб Айтжон оғаси тайинлаган эди. Кечикаётганини сезди. Ким чақирса ҳам, унча шошилавермайдиган бамайлихотирлигини тарк этолмаса керак. Бу одатини ўзгартиришга ҳам унчалик ҳуши йўқ. Тўрт йил институтда ўқиганида уни роса қистовга олишиб, насиҳат қилишган, бироқ бу одатини шоирлигига йўйиб: “Тонг отгунча шеър ёзар экан, индамай қўя қолинг”, – деган гап билан одамлар кўникиб кетишган. Бироқ бугунги тадбир бошқача. Қорақалпоғистоннинг автоном ҳукумат бўлиб тузилганининг 25 йиллиги, “буюк даҳо” туғилганига 70 йил тўлиши муносабати билан кўп одамлар мукофотланган эди. Республиканинг катта раҳбарларидан иккиси – Матеке Жуманазаров билан Наврўз Жапақов энг олий Ленин орденини олишди. Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганлар орасида Москвада Фанлар академиясининг докторантурасида ўқиётган Нажим Давқораев ҳам бор эди. Ибройим ўқишга кирган йилларида институт директори лавозимида ишлаган Жумек Ўринбоев ҳам ҳозир аспирантурада. Улар юбилейга чақирилган. Бугун Жумак оғаси ўзининг ораларидан қил ўтмас дўсти, узангидоши Нажим Давқораевни шу муносабат билан меҳмонга чақирган.
Ота-бободан келаётган дастур бўйича обрўли меҳмонлар чақирилганда уларнинг димоғини чоғ қилиб, ҳурмат кўрсатиб кўнгилга яқин жонажон дўстларингни танлаб, даврага қўшасан. Бу ерга элнинг олим, раҳбар йигитларининг чақирилаётганини билганидан сўнг овулдош оғаси Айтжон Есемуратовнинг “Сен вақтлироқ бор”, деганининг маъниси шу эди.
У етиб келганида хоналарнинг ичи қоронғилашган, чироқ ёқилган экан. Бу уйга икки йил аввал икки-уч йигитни олиб келиб, бир машина саксовулни ҳовлига тушириб, ғарамлаб кетишганида сиртқи темир дарвозадан киришган эди. Ҳозир унинг ўрнига ихчамгина ёғоч эшик қўйилибди. “Таёқнинг бир учи Ўринбоевга ҳам теккан экан-ку”, – деб ўйлади Ибройим.
Бир-икки йил аввалроқ “Қизил Қорақалпоғистон” республика газетасида “Сатемир хоннинг дарвозалари” деган таҳририят мақоласи эълон қилиниб: “Ҳозирги айрим раҳбарлар капитализмни ҳавас қилиб, бойишнинг ҳаракатига тушмоқчига ўхшайди. Улар уйларига қалин пўлатдан “Сатемир хонникига” ўхшатиб, икки табақаси очиладиган катта дарвозалар қурмоқдалар”, деган айблов сўзларнинг орасига бир қатор раҳбарларнинг фамилияларини ҳам қистирган эди. Шундан сўнг металлни қаердан олдинг, деган текширув бошланиб, оқибати катта жанжалга айланди. Кимларгадир баҳона топилиб, ҳар тарафлама текширилди, қамалганлар ҳам бўлди. Ибройим ёғоч эшик остонасидан ҳатлаб ўтаётиб, ўша мақолани эслади.
Даҳлизда пойабзалини ечишга шайланиб турганида ичкаридан Хўжабек югуриб чиқди. Саломлашиб ўтирмасдан:
– Сенинг Бабош деган довдир жўранг бор-ку, – деди шартта гапириб, – шуни икки куви шиша ароқ олиб кел, деб жўнатган эдим. Адашиб кетдими, ё бир бало бўлдими, ҳали йўқ. Тез изидан бориб, ўлик-тиригини билиб кел.
Бабош жўраси танбаллиги туфайли турли гап-сўзга қолиб, лақаб орттириб юрганини яхши билади. Бироқ унга “саўселим” деб янги сифат қўйишганини ҳали эшитмаган эди.
“Эрталаб чап елкам билан турмагандим-ку, келиб-келиб рўпарамдан биринчи бўлиб шу одам чиқадими? “Ўртоғингдан бориб хабар ол”, деган бир оғиз гапнинг ўрнига шунча ёмон сўзларни айтди-я… Дўкон унчалик узоқ эмас-ку, гапига қараганда, шунча вақтдан буён икки марта бориб келса бўлар эди. Ишқилиб, тинчликмикин?” деган ўй ўтди Иброҳимнинг кўнглидан.
Қош қорайиб, қоронғи тушган. Дўконга яқинлашганида эгнидаги юпқа плашининг этаги оёғига чувалашиб, тўмпайган алланарсани икки қўлтиғига қаттиқ қисиб келаётган кўланка кўринди. Бу Бабош эди.
– Тинчликми, нега ҳаяллаб қолдинг?
– Айтсам, куласан.
– Бугун биринчи марта кулаётганимиз йўқ-ку, айтаверсанг-чи!
– Ма, ундан кўра манавининг бировини олиб, қўлтиғингга тиқ. Синдириб қўйма.
Ибройим дўстини, айтсанг-чи, деб қистайверса айтмай қўйишини, индамай юраверса, барибир ичига сиғдира олмаслигини пайқаб, сўзсиз одимлайверди. Тўғри ўйлаган экан, Бабош узоқ чидамади.
– Эртага бутун институтга гап тарқатиб юбормайсанми?
– Ундай ваъда бермайман.
Ибройим мутлақо бефарқдай тутди ўзини.
– Мана бу кўчага қайси аҳмоқ тош тўшатган экан-а?
Ибройим ажабланиб қаради:
– Ўзи шаҳар бўйича фақат шу кўчага тош тўшалган бўлса, буниям кўп кўраяпсанми?
– Ҳамма бало шу туфайли бўлди, худди бошқа кўча қуриб қолгандай…
Бабош билан Ибройим юриб келаётган, Бабошнинг қўлтиғидаги икки шишани чилпарчин қилган тош кўча Министрлар Кенгаши бошлиғининг уйига олиб боради. Бу икки йигит шундай яккаю ягона кўчада оёқларига гард юқтирмай келишмоқда.
“Энди айтмай туролмайсан, айтасан”, деб ўйлади Ибройим. Бабош бироз жим юрди-да, гап бошлади. Дўконда ярим соатлар навбатда туриб, икки шиша ароқни олгандан кейин, қўлтиғига тиқиб кўчага чиққан. Озгина юргандан кейин совуқда ачиша бошлаган қулоқларини бармоқлари билан уқаламоқчи бўлган, қўлтиғидаги шишалар тошкўчага тушиб, чил-чил синган. Шундан сўнг изига қайтиб, яна навбатга туриб қараса, хайриятки, чўнтагидаги пулини санаса, зўрға етибди. Иккинчи марта навбатга туриб сотиб олган шишаларни қўлтиғига қистириб келаётган экан.
– Ҳаммаси манави тош тўшалган кўчадан бўлди, –деб яна тўнғиллади у. –Шу тош бўлмаганда юмшоқ ерга тушган шиша синмас эди…
1
Зиёфат аллақачон қизиган экан. Дастурхонда катта шаҳарлардан келтирилган ичимликлар бор. Булар олиб келган оддий шишалар уларнинг ёнига қўйилса, унча ярашиб тушмагандай бўлади-ёв. Афтидан, бўйни узун олифта ичимликларни Хўжабекнинг ўзи олдирганга ўхшайди.
Даҳлизда дастёр аёлга алланималарни тушунтириб турган ўрта яшар келинчак буларга тикилиб қаради. Чиройли турмакланган сочлари, лампамой чироқдан анча юқори электр чироқнинг ёп-ёруғ нурларида жилоланиб, қоп-қора бўлиб кўринар эди. Руссиянинг амалдор аёлларидай очиқ кийинган. Сарвдай расо оёқларининг болдирлари тўлиқ. Булар берган саломга алик олишнинг ўрнига: “Сизлар ҳам чақирилганмисиз?” – дегандай ўқрайиб қаради-да, рўпарасидаги аёлга дастрўмолларни санаб беришда давом этди.
Ибройим бу аёл уй бекаси эканини англади. Бойбича буларни кўнглига қараб кутиб олиб, ичкарига таклиф этмаса ҳам, пойабзалини ечиб, Хўжабекнинг орқасидан эргашаверишди.
Ҳамма билан саломлашиб, сўрашиб бўлгунча сал эгилиб турди. Салом-алик тугагандан сўнг чиқиб кетиш учун остонага қараб дадил юраётган эди, меҳмонлар ичидан овоз келди:
– Ибройим, жўранг иккаланг ҳам ўтир, сизларни мен чақиртирганман.
Давқораевнинг бу сўзидан кейин улар пойгак томонда омонатгина тиз чўкиб ўтиришди. Даврадагилар уларга эътибор бермай, гурунгни узилган жойидан давом эттиришди.
– Шундай қилиб, кейин нима бўлди? –деди Ўринбоев тўрда ўтирган кишига.
– Кейин чатоқ бўлди. Катта раҳбарларнинг айтганини қилмасам, партия бюросида ҳайфсан берадиган, сўнгра лавозимдан бўшатадиган бўлишди. Ниҳоят аёлни ўшаларнинг ихтиёрига беришга мажбур бўлдик…
У гапини қисқа қилди-да, тўғрига қараб ўтираверди. Бу гапга баъзилар кулган бўлишди, баъзилар индамай ерга қарашди. Бу гапни айтаётган киши пединститутда Жумак Ўринбоевдан кейин сайланган директор Турдимурат Бекимбетов эди. Бу унинг иккинчи марта сайланиши, биринчи марта 1940 йили директор бўлган эди. Уруш бошланганда фронтга отланган, қайтиб келганидан кейин бироз вақт тарих кафедрасини бошқариб, кейин яна директор бўлди.
– Янаям Бибижонни сенинг ўрнингга қўйиб юборишмаганини айт…
Айимбетовнинг гапига даврадагилар гурра кулиб юборишди.
– Тўғриси, бундай хавф-хатарнинг борлиги ёдимга тушмабди. Шундай бўлиши ҳам мумкин экан-эй…
Хўжабек гапга аралашди:
– Янгамизнинг ўзи манов Ибройимлар билан бу йил битиргани йўқми?
– Битирган бўлганида ҳам, аввал ўзингдан бошланди-ку, сен ҳам битира-сола бошлиқ бўлиб кетдинг.
Айтжон Есемуратовнинг бу гапига Хўжабек унчалик рўйхушлик билдирмади.
– Хўжабек битказмасдан илгарироқ обкомда бизларни турткиловчи раҳбаримиз эди. Бу амални қойиллатадиган йигит, – деди Ўринбоев.
– Ана, кўрдингми, Турдимурат, сен бир эмас, икки ерда “ўлимдан қолибсан”.
Давқораевнинг бу сўзидан кейин даврада яна кулги кўтарилди.
Гурунгнинг давоми бошқача тус ола бошлади. Бир қатор дўстлари Бекимбетовни ҳазил-мазах билан анча бопламоқчи эди, ораларида мана бу ёши кичикларнинг ўтиргани унинг жонига оро кириб қолди.
– Ҳалиги ўттизинчи йилларнинг охирларида оммавий умумхалқ сайлов бошланганда, – деб сўз бошлади Бекимбетов, –бир ёши улуғ оғамиз Хўжаэлидаги жанозадан уч кундан сўнг уйига қайтиб келса, эшигининг олдида тўрт-бешта от бойловли турганини кўради. Икки жойда ёнма-ён қазилган ерўчоқларда икки қозон қайнаб турибди. Уй олдида ичкарига кириб-чиқиб юрган одамлар кўринади. Бу нима, тинчлик бўлсин-да ишқилиб, деб ичкарига кирса, райондан келган тўрт-беш ходим ёстиққа ёнбошлаб, қизариб-бўзариб ўтиришибди. Улар оғамизни кўрибоқ:
– Хуш келибсан, иним, келиннинг мартабаси қутлуғ бўлсин, уни депутат қилиб сайлаяпмиз. Шунга кўз ойдинга келдик, –деб суюнчи сўрашибди.
Оғамиз оғир-босиқ, сабрли йигит эди. Дамини чиқармай, тишини тишига босиб ўтираверибди. Меҳмонлар тарқалишгандан кейин кўрпа-тўшагини йиғиштириб: “Қани, хотин, биз билан бирга бўладиган бўлсанг, кўчга эргашасан, бўлмаса, қолаверасан”, –деб элдан кўчиб кетган экан, –деди Бекимбетов зўрма-зўраки кулгандек бўлиб. –Биз ундай қила олмадик…
Бу Бекимбетовнинг таржимаи ҳоли жуда қизиқ. Ўша ўттизинчи йиллари Иттифоқ Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтидан келган илмий ходим Николай Баскаковга тилмоч бўлиб, қорақалпоқ тили, халқ оғзаки ижодиёти ва адабиёти бўйича манбалар йиғишда қатнашган. Қўнғирот томонларда халққа кенг танилган Аяпберган шоир Мусаевнинг уйида ўша илмий ходимлар билан тўртбеш ойлаб ётган. Ўзи ҳам қорақалпоқчиликда маҳкам, сўзга ҳозиржавоб, мард, оддий халқ орасидан пишиб чиққан йигит. Бир сўз айтадиган бўлса, бироз сабр қилиб туради-да, айтмоқчи бўлган фикрини обдан тоблаб, бир мисол, бўлмаса нақл-мақол билан маҳкамлаб ташлайди.
Пединститутда Тўбаназар деган муаллим бор эди. Иккинчи жаҳон урушидан ярадор бўлиб қайтган, анча қизиққон. Йиғилишларда қайта-қайта ўрнидан туриб, сўзлайверар экан. Ҳамма ундан безор бўлган. Бир сафар Бекимбетовнинг олдида ҳам тап тортмай гапираверганида уни тўхтатиб:
– Аяпберган Мусаевни биласанми? –дебди.
– Ҳа, биламан.
– Шу шоир ёш йигит вақтида жуда қайқы[1 - Қайқы – олифта, шўх.] бўлган экан. Араванинг олдига миниб, қизларга шеър ўқиб, ҳар куни тўй-маъракага кетаверган. Отаси Муса бояқиш қариган ҳолида мол-ҳолга қараб, кечаю кундуз тиним билмайди. Ўшаларнинг овулидаги одамлар: “Муса эр етгандан буён Аяпберган роҳатини кўраяпти, тиниб-тинчиб қолди”, – дейишган экан. Шулар айтганидай сен эр етгандан буён бизлар ҳам сўздан қолдикми дейман, иним, –деб уни уялтиргандан кейин, қайтиб гапирмайдиган бўлибди.
Бекимбетовнинг хотини ҳам ўз даврида билимли, жуда чиройли, ўзига қараб кийиниб юрадиган, ташкилотчилик қобилияти бор, абжир бўлган. Ҳукумат хизматида аста-секин амал зиналаридан кўтарилиб, ўртамиёна раҳбар даражасига чиққан. Бу ёғига республика миқёсидаги лавозимга тавсия этилганида розилик берай деса: “Бир оиладан икки раҳбар чиқса, хўжалик қаровсиз қолади, ё мен қўяй, ё сен қўй!” деб туриб олган экан Бекимбетов. Буни эшитган юқори партия ташкилоти уни феодализм иллатидан қутила олмаган коммунистга айлантириб, қораламоқчи бўлган. “Ўчакишаверсам, аёл кўтарилиб кетиб, мен уйда бола боқиб қоладиган бўлдим”, – деган экан дўстларига. Ибройимлар даврага қўшилганида ҳалиги бўлиниб қолган гурунгнинг мазмуни шу эди.
Бу воқеани илм излаб четда юрган манави икки дўсти сўраётганди. Кўпчиликка яқиндан маълум. Обкомда шу масалага бағишланган йиғилишда ҳам Бекимбетов унамагандай бўлиб гапирган. Ўша йилларда бу соҳада ишлайдиганлар қоронғи тушганида катта раҳбар ўтирган кабинетнинг деразасини пойлаш билан овора бўлади. Бошлиқ то уйига қайтиб, деразасининг чироғи ўчмагунча, бошқалар жойидан қимирламай ўтириши керак. “Шусиз ҳам аёлимиз билан кам учрашадиган эдик, энди биратўла хат ёзишар эканмиз-да” деган гапи эл орасига тарқалиб кетган.
Ибройим Юсупов, Бабош Исмоилов деган икки талаба 1946 йилнинг сентябридан бошлаб “Адабиёт гули” номли газета чиқаришмоқда экан деган хабарни эшитиб, уларни кўришга Бекимбетовнинг ўзи излаб келган экан. Тарих кафедрасининг мудири Бекимбетов бир вақтнинг ўзида институт директори эканини булар ўшанда билишди. Ўзи ёшлигидан халқ оғзаки ижодиёти намуналарини йиғишга қатнашгани учун фольклорни, халқ қўшиқларини яхши биладиган одам. “Бизнинг тарихимиз оғзаки адабиётда сақланиб қолган, фольклордан тарихимиз топилади”, – деб уқтирар эди.
Баъзи бир дўстлари “Умрбек лаққи” деб айтадиган Қалли Айимбетов Турдимурат жўрасини ҳазил-мазах билан чўқиб ўтирар экан. Улар ўттизинчи йилларнинг бошида Тўрткўлдаги педтехникумни битказиб, маданият ва маориф соҳаларида ишлай бошлаган. Ўша йиллари Москвадан келган Қозоғистонни ўрганиш жамиятининг Қорақалпоғистон бўйича экспедиция бошлиғи Александр Мелковнинг ёнида йўлбошловчи бўлиб Айимбетов, Москва университети студентлари Николай Баскаков ва унинг ёш хотини Нина Торчинскаяларга Турдимурат Бекимбетов тайинланиб, уларни отга, эшакка миниб юришга ўргатгани, қаҳратон совуқда қайиқда, суви музлаган кўллардан, тошқин Амударёдан олиб ўтаман деб, бир талай хавф-хатарга дуч келишгани, ҳатто ўлимдан қолганларини, Тўрткўлдан чиқиб, Қўнғиротнинг Қиёт овулидаги Аяпберган Мусаевнинг уйига етиб бораман дегунча чўлларда гулхан ёқиб, ботқоқларга ботиб, совуқда тарашадай музлаб қолган оёқ кийимларини оловга тоблаб, зўрға ечганларини, миниб юрган эшакларини маҳкам боғлашни билмай, бир неча марта қочириб қўйганлари, шунча қийинчиликларда сир бермай, қорақалпоқнинг қорувли, самимий, доимо хушвақт юрадиган хушовоз йигити Турдимурат уларни чалғитиш учун тунлари қўшиқ айтиб, билган достонларини жирлаб берганларини, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатиб дегандай, ҳикоя қилиб ўтирар экан. Бугун ҳам ана ўшандай воқеалар эсланди.
Ибройим бу киши билан ўша иккинчи курсда ўқиётган вақтидан буён кўп учрашган бўлса-да, бугунгидай очиқ-ойдин, ҳаммани оғзига қаратиб, керак бўлса қўшиқ айтиб юборадиган эканини биринчи кўриши. Уни ҳайрон қолдирган яна бир нарса, Нажим Давқораев, Жумек Ўринбоевлар билан учаласининг бир-бирига ўхшашлиги эди. Зиёфат қизиган вақтда Нажим оға Қози Мавлукнинг “Чимбой баёзи”ни халқ куйига солиб айтди. Қўшиқнинг Чимбой йигитларини олқишлаб айтилган жойига келганда Жумак Ўринбоевнинг “Бу бизлар, Айтжон икковимиз ҳақида-ку”, деганида юрагининг бир ерлари жимирлаб, роҳатланган эди.
Пойгак томондаги стулнинг ярмига омонатгина қўниб, биров “ҳа” деса учиб кетадиган қушдайгина бўлиб ўтирган манави икки ёш йигит катта давраларнинг бундай тўкин-сочин дастурхонларини ҳали кўрмаган эди. Столга дастурхон ёзиб, меҳмон кутишни шу пайтгача умуман кўргани йўқ.
Тўкис деганимиз стол устига овқат келгунича кавшаниб тургудай писта-бодом, қирмичи бараклар, Москваданми, ҳайтовур, бошқа шаҳарлардан келган қандолат маҳсулотлари, булар кўрмаган конфет, шоколадлар тўлиб-тошган. Даҳлиздан чой ташиб турган келинчак келган вақтда: “Ҳой, ўзим олиб келар эдим-ку” – дегандай Бабош бир ўрнидан туриб, яна ўтиради. Ибройим кейинроқ буни пайқаб қолади. Аввалроқ кўрганида ҳам у ана-мана қўзғалгунича иш битган бўлар эди. Дўстининг шундай “ўт ёқувчилик уқувини” билган Бабош аста-секин хизматга ўзи аралашиб, зиёфатнинг ўрталарига борганида, бари унинг бўйнига тушди. Ёши катталарнинг ичи қизийверганидан кейин товушлари ҳам қаттиқроқ чиқа бошлади. Энди бу ерга аёл кишининг кириб-чиқиши мушкул эди… Жумак оғасининг аёли ўрис деб эшитган эди. Боягина Бабошнинг шивирлаб айтишига қараганда, татар миллатининг қизига ўхшайди. У меҳмонлар билан даҳлизда туриб саломлашганидан буён қайта кўринмади. Шунга қарамай, манави уйнинг тозалиги, буюмларнинг ўзгачалиги, айниқса, кираверишда меҳмонлар пойабзалининг бир чеккага қатор териб қўйилиши, уйнинг даҳлизидан бошлаб тахта пол қилингани, уни қизартириб бўяб қўйилгани, ерга тор йўлакдай тўшалган шолчанинг озодалигини айтасанми, нақшини айтасанми, бари жуда кўримли.
Меҳмонлар ўтирган стол-стуллар шу уйнинг мулки экани кўриниб турибди. Ўтирғичлар юмшоқ, гулли газмол ғилофлар билан қопланган. Бир-иккита ёши улуғ ҳамкасблариникига тўй-маъракага борганида, пединститутнинг столи билан парталарига ўтириб қайтган эди. Бу уйдагилар энли, жуда чиройли. Тўрда оқ чойшаб билан ёпилган кичкина стол устида радио турибди. Унинг икки ёнига икки шамсия суяб қўйилган. Дастаси узуни янганики бўлса керак, деб ўйлади Ибройим.
Ибройим яна бир нарсага ҳайрон қолди. У ҳам бўлса ўтирганларнинг Айтжон оғага бўлган муносабати эди. Уларнинг бари оға билан ҳисоблашар экан. Сўзи ўктам, салобатли одам эканини яхши билади. Институтга киришида ҳам уруғдош яқин одами воситасида кўмаги тегди. Биринчи, иккинчи курслигида ўша кишининг уйида ётиб ўқиди. Қорақалпоқ тилининг билимдони сифатида ҳамма тан оладиган олим одам. Тўрткўл шаҳрини сув босганида, 1942 йил муаллимлар институтини Чимбойга кўчириш, 1944 йилда эса Совнаркомнинг қарори билан муаллимлар ва педагогика институтига айлантирилиб, Нукусга кўчирилганда ҳам мана шу Айтжон Есемуратов бир неча машина, трактор, от-арава, ҳўкиз аравалардан иборат карвонга сарбонлик қилган. Унга ўша пайтда эшелон бошлиғи деган амал берилган.
Икки ёш йигит хизмат қилиб, навбат билан кириб-чиқиб юрса ҳам, қулоқларини динг қилиб дегандай жон-жон деб улуғларнинг ҳангомаларини тинглайди. Улар ўзаро, ўзлари биладиган сўзларни секингина айтишиб, қаттиқ кулишади. Галма-гал бирининг сўзини бири бўлмай сўзласа ҳам, кўп гапни дўндириб ташласа бўлар экан. Шунинг учун ҳам буларни олим, билимли одамлар дейишади-да. Бировини бирови йўл-йўлакай тузатиб бораётир, бунга эътироз билдириб ўтиришгани йўқ. Даврада ўтирганлардан мезбондан бошқа Нажим Давқораев, Турдимурат Бекимбетов, Айтжон Есемуратов, Қалли Айимбетовларнинг маърузаларини тинглаб юргани билан мана бундай қилиб тўкилиб, яйраб ўтиришганини биринчи бор кўриши эди. Ўринбек Кожуров деган кишининг ўтган йилга қадар “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлганини, рус тилидан қорақалпоқчага кучли таржимон ҳисобланишини билгани билан, унинг ўзини эндигина яқиндан кўриб туришибди.
Мана бу ўтирганлар, чамаси, аллақачон бу элнинг чамбаридан чиқиб, жаҳон илми муаммоларига аралашиб кетган, ўз элининг устидан учиб, унинг ҳозирги ҳолатига назар ташлаб, бироз шарҳлаб, янги дунё бўйлаб кезиб кетадиганга ўхшар эди. Улар илм билан билимнинг тубига қараб шўнғий бошлаганларида Қалли Айимбетов бир учирма гапни ёки халқ оғзаки афсоналаридан бировини қистириб юборади, гурра кулги кўтарилади, ўтирганлар дарҳол “ерга тушиб, дастурхон атрофига келади”.
Бабошнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетини битказганига бу йил бир йил бўлди. У дўсти Ибройимдан бир курс олдин ўқирди. Ўтган йилдан бошлаб Нажим Давқораев Москвада докторантурада эди. Талабалар унинг “Алпомиш” бўлиб айқириб сўзлаганларини, халқ қўшиғи “Бўзатов”ни хиргойи қилиб айтганларини, ҳар бир маърузага бир қучоқ папкани кўтариб келиб, бироқ уни очмасдан, тўлиб-тошиб, аудиторияни кезиб, гоҳ халқ қўшиқларини бўғиз товуши билан ўқиб, гоҳ образга кириб актёр бўлиб кетишини, дарс тугагунча талабалар бу оламни унутиб, Давқораев билан бадиий адабиёт ичида “яшайдиган” кунларни соғиниб юришганди. Энди улар Қалли Айимбетовнинг дарсларини интизор кутадиган бўлишди. Янги давр қорақалпоқ адабиётининг бошланиши тарихи, асосан, халқ оғзаки адабиётининг намуналарини йиғиб, бир тартибга солиб, кетма-кет бадиий адабиёт тарихини тузиб берганлар асосан, шу икки олим эди.
Педтехникумда ўқиб юриб, “Тонг нури” драма тўгарагининг суфлёри, ёшлар комитетининг етакчиси, “Қизил муаллим” қўлёзма журналининг котиби, бошланғич синфлар учун тузила бошлаган дарсликларнинг бобларини бўлиб олиб, ёзишга киришган Қалли Айимбетов ўша йиллари ҳар қандай маданий тадбирларнинг пешқадами бўлди.
У Нажим Давқораев оламдан ўтгандан кейин бир хотирада, мен шундай қилиб ҳар соҳанинг бошига бир бориб, кўпчилигига улгурмай қийналиб, 1934 йили Тўрткўл шаҳрида илмий-тадқиқот институтида ишлар эдим. Кабинетимга эгнига сариқ кўйлак кийган, белига ўша пайтда ёшлар орасида урф бўлган пўпакли белбоғ таққан, юпқа юзли, ориқ, оқ-сариқдан келган йигит кириб келиб: “Мен Давқораев бўламан. Қозоғистондан келдим”, деди. Шундан бошлаб, адабиёт майдонида менга “қопни кўтаришга қўллашадиган” содиқ дўст келди. Адабиётимиз, адабий тилимизни тадқиқ этишда Нажим билан бирга ҳамкорлик қилдик, деб эслаган эди.
Зиёфатнинг ўрталарида Давқораев ҳамманинг назарини Бабошга қаратди.
– Булар Сирожиддин Аҳмедов иккалови “Навоий ва қорақалпоқ адабиёти” номли мақола ёзган экан. Мен уни ўзбекчага таржима қилдириб, “Ўқитувчилар газетаси”га юборинг деган эдим. Айтганимни қилибди, май ойидаги сонида чиқди…
Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги уруш йилларига тўғри келиб, урушдан сўнг уни нишонлаш 1948 йилга кўчирилган эди. Давқораев юбилейга маъруза ёзиб, ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Ўша воқеадан руҳланган икки ёш адабиётшуноснинг мақоласи эди бу. Шундан кейин буларга ўрта мактаб учун қорақалпоқ адабиётидан дастур тузишни топширган эди. Энди шу дастур асосида дарслик тузиш ҳақида гап кетди.
– Дарслик ёзиш буларга оғирлик қилмасмикин? – деб луқма ташлади биров.
– Нима бўлганда ҳам адабиётимиз тарихининг йўналиши белгиланди. Бугунги адабий жараённи қолдирмасдан ўқиб, баҳо берадиган бошқаларни кўрганим йўқ.
– Қалли, Жўлмирзага ўхшаган ёши катталарни қўшиш керак.
– Улар қўшилса, сен ҳам бир томондан чиқиб келасан-ку…
Давқораевнинг Хўжабекка айтган бу эътирозли сўзига ҳеч ким гап қўшмади. Баъзилар тушунгандай жилмайиб қўйишди. Хўжабек ёши бўйича Ибройимдан бир мучалга яқин катта бўлгани билан, афтидан жуда ёш кўринадиган, юришлари ҳам, гапиришлари ҳам дадил, юпқа юзли, чайир йигит эди. Уруш йиллари обкомда инструктор бўлиб ишлади. Пединститутни Ибройимдан икки йил бурун битирди. Шунга қараганда, ишлаб юриб ўқиган бўлса керак. Ўқишни битирган заҳоти радиокомитетнинг бошлиғи бўлиб кетди. Бу йил унинг “Ярашган ёшлар” достони ёруғлик кўрди. Унинг тақдимотида Ибройим сўзга чиқиб, танқидий фикрлар айтган эди. Шунинг учунми, Хўжабекка ҳали тўғри қарамай, хижолат чекиб ўтирибди. Дўстлари унга: “Ўзингнинг достонинг ҳам ҳали сиёҳи қуригани йўқ, сабр қилишинг керак эди”, – дейишган.
Унинг ана шу ўйларини ўқиб ўтиргандай:
– Жумак, сен Ибройимнинг “Йўлдош муаллим” поэмасини ўқимаган бўлсанг керак? – деди Давқораев. – Бу йил ёзда “Адабий альманах”да чиқди, мен журнални Москвага опкетган эдим, боргандан сўнг ўқиб кўрарсан.
– Достон ҳақида ҳар хил фикрлар кўпайиб кетди.
– Асар ҳақида фикр ёзиш учун, аввал унинг қандай нарса эканини билиб олиш керак, – деди Айимбетов Хўжабекка.
– Ўзим Исмоил Сағитовга топшираман, ҳам таҳлил қилиб, ҳам тушунтириб мақола ёзади. Бу достон бизнинг бу йилги энг яхши муваффақиятимиз. Асарда қамраб олинган воқеалар насрда ёзилганида роман бўлар эди.
Ҳамма Ибройимга қаради. Даврада илм ва адабиёт майдонида номаълум икки киши бор эди. Улар эса Ибройимнинг сочини толасидан бошлаб, оёғига қадар кўздан кечирди.
– Сағитовдан ҳалиги ўттиз еттинчи йилги мақоласи туфайли барча ёзувчилар қўрқиб қолган, – деди Есемуратов, – бизнинг манави Қалли жўрамиз ҳамон уни тушида кўриб чиқади.
Ҳамма жим бўлиб қолди. Сукунатни Давқораев бузди.
– У муаллифи номаълум, таҳририят мақоласи эди. Бундай мақолаларнинг кўпчилиги юқори идораларнинг топшириғи билан ёзилади. 37-йилги оғир кунлар у бечоранинг бўйнига тушиб қолиб, қўли боғланган, иложсиз ҳолда бу ишни қилди.
– Ҳалиям бахти бор экан, омон-эсон қутулди. Бўлмаса, Избосар Фозилов билан Сибирга кетиб қолиши мумкин эди… –Ўринбек Кожуровнинг фикрини “айтганингиз тўғри”, дегандай ҳамма маъқуллади.
Урушдан аввалги даврда “Қорақалпоқ шеърияти тўғрисида”, “Бердақнинг шеърлари” рисолалари, Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан шоирнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини таржима қилишда қатнашиб, сўзбоши ёзган Давқораевдай одам Сағитовнинг меҳнатини маъқуллаб ўтиргандан кейин, унга қарши бир нарса дейиш қийин эди. Машъум 37-йилда “халқ душманлари”ни тўдатўда қилиб қамаб, кўпчилигини Тўрткўлдаги қамоқхонанинг ўзида аёвсиз отиб ташлаётган вақтда Сағитов “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлди. Халққа кенг тарқалган “Қора қўй” шеърини ёзган, ўзи йўқсилдан чиққан, ёшлар газетасида масъул муҳаррир бўлган шоир Избосар Фозиловнинг Сибирь ўрмонларига сургун қилиниши барча ёзувчиларни қаттиқ қўрқитиб қўйди. Айнан ўша йили “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Қорақалпоқ адабиётидаги буржуй миллатчилар ва уларнинг ҳамкорлари” деган мақолалар эълон қилиниб, ёзувчилар, шоирлар орасида ҳам “халқ душманлари” топилаётгани ҳақида ёзилган эди. Бугунги зиёфатда биров бировга хушомад қилиб, оғзидаги сўзни хавфсираб, ҳушёр бўлиб айтилган гапларнинг сабаби ҳам шу…
Бу гапдан кейин ҳамма: “Биз сизга тушунмадик-ку”, дегандай Давқораевга қаради. У киши бу кўзқарашларни сезса ҳам, тусини ўзгартирмай, сўзида давом этаверди. Юқорида номи айтилган мақолада: “Нажим Давқораев Қўнғиротдаги катта фабрикант, бойнинг боласи. У контрреволюциячи миллатчи, халқ душманлари Қосим Авезов, Сайфулғабит ва Раҳим Мажидовларнинг қуйруғи”, – дея ёзилган гаплар бор эди. Давқораевнинг ҳозир ўзини тутиши, Сағитовнинг шаънига илиқ гап айтиши ҳаммани ўйлантириб қўйди. Бу қандай кенглик эканини тушуниш қийин бўлди.
– Исмоил “Қирқ қиз” достонини Жиян жиров ёзган деган фикрни айтаяпти-ку, – деди ўртароқда ўтирган семизроқ, сочини манглайининг чап томонига тараган ёшроқ йигит.
– Мен унутаёзган эканман, бу фикр ўрганилиб, тадқиқотчилар орасида муҳокамага қўйилишга лойиқ. Ҳозир бунга тарихчилар қизиқишмоқда. Агар уни исботлай олсак, Жиян жиров дунёнинг энг улуғ шоирлари қаторига қўшилади.
Давқораевнинг шу гапидан кейин бу даврада Ўринбек Кожуровнинг ҳам ўтиргани эсларига тушгандай, баъзилар унга қараб хушомад қила бошлади. Уруш бошланаётган йилларда халқ оғзида “Нажимнинг институти”, “Нажимнинг “Алпомиш”и деган сўзлар тарқалган эди. Достон асосида ёзган драматик асари театрда қўйилгандан кейин Ўринбек Кожуров билан Исмоил Сағитовлар тақриз ёзган.
Зиёфат чўзилиб кетди. Давқораев аста-секин чуқурлашиб бораётган гапни бўлгиси келгандай:
– Ибройим, ўтган йили ёзилган Ватан ҳақидаги шеърингни ёддан билсанг, ўқиб бер, озгина дам олайлик, – деди ҳамманинг диққатини жалб этиб.
Ибройим сал ўнғайсизланиб, куймалана бошлади.
– Ғазал жанрида ёзилган, узун вазнли шеър эди…
У томоғини қириб гапиргани одамларнинг ёдига бир нарсани солгандай бўлди.
– Бу бизнинг радиода чиқадиган сухандонимиз, шеърни яхши ўқийди.
Хўжабек Сейтов Ибройим билан мақтангиси келгандай туюлди.
– Унинг шеърларини мен ёдлаб юраман, ўзим ўқиб берсам бўладими? – деди Бабош.
У бироз тайёргарлик кўргандек бўлиб, ҳеч кимнинг жавобини кутмай, ёддан ўқий бошлади:
Туғилдим бу Ватанда онамдан тонг чоғинда,
Меҳрибон халқ қувониб, тўй бошлади гул боғимда,
Қуёш келиб бешигимни тебратти бир ёғинда,
Ухладим оқ сут эмиб онамнинг қучоғинда,
Йўлимда гуллар очилди, нурга тўлиб ёшим менинг…
Зиёфат шу тарзда бир суҳбатдан иккинчисига ўтиб қизийверди. Бора-бора гурунг бўлиниб, икки ора, ҳар ким ёнида ўтирган қўшниси билан бўлак сўзлашув бошланди. Энди аввалгидай айтилган гапни ҳамма бир қулоқ бўлиб тинглаш йўқолди. Давқораевнинг олдидаги “Казбек”нинг ҳозиргина иккинчи қутиси ҳам тугади. Овқатлар еб бўлинди. Бироқ даврада ўтирганлар тарқалишни хаёлига ҳам келтирган эмас.
– Мана бу Ибройимнинг уйи узоқроқ, ёшлар кетиш учун рухсат сўрамоқда, – дея Айтжон оғаси Давқораевга қараб энгашди.
– Ибройим, сен қаерда турасан?
У илгари кўҳна шаҳарда, ҳозир эса янги шаҳардаги энг чекка кўчалардан бирида ижарада яшаётганини тушунтирди.
– Хўжалигингда кимлар бор?
– Онам, катта акам, янгам ва уларнинг иккита боласи бор.
– Вой-бўй, иним-эй, – деди Давқораев, – сен ижарангни қўй. – У шундай деди-да, кийимилгичда турган пальтосининг чўнтагидан бир калит чиқарди.
– Ма, мана бу Пушкин кўчасидаги ёзувчиларга берилган тўрт хонали уйнинг калити. Эртага эрталабдан кўчиб ўт…
2
Қиш. Эрта тонг. Ёзда бу пайт одамлар уйда ўтирмасди. Ҳозир ташқарига чиққан одам рўпарасидаги иморатни зўрға кўради. Кун бўйи овулда дон-дун чўқилаб, тунда шаҳарнинг теракларида қўноқ бўлган қарғалар секин қар-қарр дея бир-бирини уйғотиб, яқин шохларда учиб-қўниб чарх урмоқда. Кўп ўтмай тўп-тўп бўлиб пастлаб, ёйилиб учиб, шимолга қараб йўл тортади. Ҳадемай хўрозларнинг чақириши бир-бирига уланиб кетади. Чумчуқларнинг чуғурлаши ҳам эшитила бошлайди. Озгина кутсанг, эчки-улоқлар ҳам маъраб, бузоқлар мўлаб, ҳар ер-ҳар ердан итларнинг вовуллаган товушлари “тонг симфонияси”га аралашиб кетади. Нукус пойтахт шаҳар бўлгани билан, унда яшайдиган аҳолининг кўпчилиги овуллардан кўчиб келганлар. Айниқса, чекка-чекка кўчаларга чиқиб, қулоқ тутган одамга овулдаги жониворлару одамларнинг бўзлашию, бақир-чақир товушлари эргашиб келгандай туюлади.
Мана, куннинг қизил шафағи ҳам найза учларини кўрсата бошлади.
Хонбиби элти бомдод намозини аллақачон ўқиб бўлса-да ҳамон жойнамоз устида ўтирарди. Унинг бундай аҳволга тушганига анча бўлди. Пичирлаб дуо ўқийди, қўлларини фотиҳага кўтаради, бир эмас, икки эмас, қайта-қайта такрорлайди. Уйнинг ичкариси жимжит, ҳали ҳеч ким уйғонган эмас. У келиним Тиллахон уйғона қолсин, нонушта тайёрлай қолсин, деб қўл қовуштириб ўтирмайди. Маденнинг одати икки куннинг бирида жуда кеч келади ёки тонг саҳарда тебраниб келибоқ, ўринга йиқилади. Кейинги пайтда ёр-дўстларни уйига чақириб, ярим кечаси тарқалишадиган одат чиқарди. Хотини авваллари кутиб ўтирмай жавраб-жавраб ухлайверарди. Энди уларга қўшилиб ўтираверадиган бўлди. “Шўрим қуриб, буни ҳам қўшиб олмасайди, деган гумони ҳам йўқ эмас… Қўшилиб олса, қўшилиб олгандир-да, уялмай чошгоҳга қадар уйғонмайди-ку”.
Бу элтининг яқиндан буён кўнглидан кечаётган ўйлари. Ҳозир эса яқин кунлардаги нияти бўйича намоздан кейин Нажим Давқораев инисини дуо қилиб, Яратган эгам мартабасини баланд қилсин, бола-чақасининг роҳатини кўрсин, охун оғасининг руҳини шод этиб, бизларга қилган ғамхўрликлари Аллоҳдан қайтсин. Ўзи ҳам катта уламоларнинг авлодидан экан, Худойим ота-бобосининг арвоҳларини шод этиб, ўзининг бахтини бутун қилсин, дея тонг саҳардан эзгу тилак тилаб, Аллоҳга муножот қилар эди.
Ёзувчиларнинг тўрт хонали уйига кўчиб келганига бироз бўлди. Ибройим калит олиб келган куни онаси қувонганидан бирпас йиғлаб олди. Қайта-қайта ёқасига тупуриб, шукр қилди. Боласининг эришган мартабасидан кўнгли тўлиб севинди. “Охирини берсин, Худойим, Охирини берсин!” – дея шивирлади. Шодликлари босилиб, “Қачон кўчамиз?” деган гап бошланганида баъзи шубҳа-гумонларга бора бошлади.
– Ибройимжон, бу, ахир, давлатнинг уйи бўлса, ногаҳон ўзларига керак бўлиб, қишнинг қаҳратон кунларида кўчада қолсак, нима бўлади?
– Опа, буёқда мен борман-ку! – дейди Маден онасига жавобан, – фронтовикни уйдан чиқариш осон эмас.
– Ундай дема, болам, аввалдан келаётган “халқ душманининг оиласи” деган номимиз бор… Нима ҳам қилолардик?!
Ибройим пиқ этиб кулди. Кулгани билан унинг ҳам ичида ҳадик йўқ эмасди. Айрим “сергак одамлар” ҳали ҳам инсофга келмаган, уруш қайғуси босилмаган элда улар ўша безбетлигини қайта тиклаётган замон. Унинг биргина умиди Нажим оғасидан. Обрўйи баланд. Жамоатчилик ичида ўзининг халқчиллиги билан яхши ном қозонган. Тунов кун унинг уй-жой калитини олганини эшитган баъзи бир “қадр ли” дўстлари ҳасад қилиб: “Ўзи Москвада ўқиётган бўлса, ёзувчиларнинг уйига қандай эгалик қилади”, – деган гапларни айтиб, миш-миш тарқатишаётган эди…
* * *
Ижарада яшаётган уйдан янги жойга кўчиш куни белгиланди. Чошгоҳга қолмай Бабош билан Ўсарбой келишди. Орадан кўп ўтмай довдираб Тажитдин пайдо бўлди. Қўни-қўшнилардан ҳам бир-иккитаси қўшилди.
– Ҳой, Кегайлига отланиб кетган Бойчиборим, сен қайдан пайдо бўлдинг? –деди Ибройим бўсағада ҳатлаётган Емберген Еримбетовга кўзи тушиб.
– Анави Эломон деган бир “жаллодинг” тез етиб кел, деб жонимни олди-ку.
Йигитлар бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб кўришди. Ҳадемай кичкина хонадан жой топиш амримаҳол бўлиб қолди.
– Эломоннинг ўзи йўқ-ку.
– У бекорга юрмайди, бир ишнинг изидан тушган чиқар.
Шу орада ташқаридан Эломоннинг шанғиллаган овози эшитилди:
– Маден оға, ичкарида чала шоирлардан бошқа жонли одам борми, ўзи?
– Шоир дегани ўзи жонли одам дегани эмасми?
– Йўқ, менга чайир, юк кўтарадиган, қора меҳнат қиладиган одам керак.
– Ҳаммаси қарчиғайдай йигитлар, улардан иш ортадими?
– Шоирни ишлатиб бўлмайди, оға, қўлига берган нарсангни қўлтиғига қистираман деб уддалолмай, тошга тушириб, синдириб қўяди.
Бу гапни ичкарида эшитиб турганларнинг ҳаммаси кулиб юборишди.
– Бунга ҳам айтган экансан-да? – Бабош Ибройимга қаради.
Эломон кириб келиб, ўтирганлар билан саломлашди.
– Сен тонг саҳардан ҳаммани чалажонга чиқариб қўйдинг-ку…
Емберген бошқаларни Эломонга қарши қайрамоқчи бўлган ҳазилига Ибройим шу заҳоти жавоб қайтаришга ошиқди:
– Бунинг ўзи ҳам чала шоир-ку.
– Мен чалами, баломи, умуман шоир эмасман. Чалаларнинг бари атрофингда ўтирибди.
– Унда Бабош ҳам чалами?
– Ҳой, Бабош жўра, сен ўпкалама, мана буларни ўзинг биласан, менинг курсдошларим.
– Манави Тажетдин Сейтжонов деган фронтовик, урушдан контузия бўлиб келган. Бошингга чойнак билан солиб юбормасин.
Емберген Тажитдин билан овулдош, иккови орасидан қил ўтмас дўст. Шунга қарамай унинг гапида жон бор эди. Шуни пайқагандай Ибройим яна гапга аралашди.
– Тажет ундай қизиққонлик қилмайди. У шоирлик деган ҳунарнинг, ҳунар дейман-ов, – деб Бабошга қараб қўйди. – Ҳунарми, касбми ёки бир арвоҳми, нима бўлса ҳам, наридан-бери менгариш осон эмас эканини яхши билади. Шоир то ҳаётининг ярмидан ошгунга қадар ўзини чала ҳисоблаб юрадиганга ўхшайди, дейман-ов.
Шу билан чала қўшиғи босилгандай бўлди.
– Тушга яқин бир ҳўкиз арава билан, бир эшак арава келади, – деди Эломон, – юкларни Маден оға бўғчалаб боғлаб қўйибди.
– Қўй, Ибройим чиқар?
– Оббо-ей, Тажет, одамнинг тилини қичитасан-да. Қора меҳнат қилиш шоирларнинг қўлидан келармиди. Айтмоқчи, – деди у Ибройимга қараб, – бораётган янги уйга олов ёқилдими?
– Олов ҳам ёқилар, борармиз-да, аммо ундан кейини қалай бўлар экан? –деди ўтирганлардан бири.
Ҳамма шу гап чиққан томонга қаради. Ибройимларни кўчиргани келган дўстларининг ҳаммасини хаёлида шундай ҳадик бор эди. Бу уй Давқораевнинг ўзига берилганми ёки Ёзувчилар уюшмасиникими? Аниғини ҳеч ким билмайди.
– Бунинг лақабини Ўсарбой билади, – Тажетдин Ўсарбойга қараб жилмайди.
– У қаердан билади. Бир оёғи Тахтакўпирда, бир оёғи Нукусда бўлса.
Эломоннинг ана шундай кесиб айтадиган гапига ҳамма ўрганиб қолган, “вой, қотирасан-ей”дан нарига ўтмайди.
– Билади.
Тажетдин озгина шумлик қўшиб гапирадиган йигит. Кулимсирайвериб, шундай сўзларни айтганда чап кўзи қисилиб, лунжидаги айрим қизларда бўладиган кулдиргичи чуқурча бўлиб турадиган, сариқ тусли бўлса-да, кўпинча қизил юзли бўлиб кўринади. Кулганида бир кўзи қисилишини билмаганлар бир шумликни ўйлаб тургани йўқми, деган шубҳага борарди.
– Қаёқдан билади? – деб ажабланди Эломон.
– Юқоридан қўли бор.
– Сейтовданми? (Сўз обкомнинг биринчи секретари Пиржон Сейтов ҳақида эканини ҳамма тушуниб ўтирибди).
– Бир поғона пастроққа туш.
– Матеке Жуманазаровми?
– У учинчи поғона-ку, яна бир поғона туш, дейман.
Тажетдин бошқа индамади. Эломондан кейин қалин қошли, олакўз, бурни манглайини қоқ ёриб чиққан яна бир йигит келганида Ибройим: “Ана, энди жамоат жам бўлди”, деб янги меҳмонни қувонч билан кутиб олган эди. Эломон у билан саломлашаётиб: “Ҳозирги студентлар суманглаб муаллимларнинг устига бостириб кираверар экан-эй”, деса-да, қадрдонлардай қучоқ очиб кўришди. Бу институтнинг юқори курсида ўқийдиган, ўзи назархонлик Ўразоқ Бекбўлов эди. Талаба бўлгани билан, Ибройим билан тенгқур ёшда. “Адабиёт гули” газетасининг барча ёзув-чизуви шунинг бўйнида. Ўразоқ тажрибасизлик қилса ҳам, ўзига тенгдош бўлмаган ёши катталар билан бироз яқинлигини билдиргиси келса ҳам, Тажетдин айтмай тўхталиб турган нарсани айтиб юборди.
– Ўсарбой Хўжабек оға билан бирга Наврўз Жапақовларнинг хизматида кўп бўлади. Тажетдиннинг гапида жон бор.
Кўп биладиган одамнинг икки хили бўлади. Биринчиси – сўз давомида хато қилганни тузатиб ўтиради. Иккинчиси бўлса, ҳамма айтарини айтиб, қўярини қўйиб бўлгандан кейин сўз бошлайди-да, ўзидан аввал айтилган гапларни пучга чиқаради. Ўсарбой келгандан буён гапга аралашмай, ким сўзласа, кўзининг қирини солиб, гоҳида секин пиқ этиб кулиб, сабр-тоқат қилиб ўтирган эди.
– Йўқ ердан гап топиб , шунча ёқни айландиларинг-эй.
Ўзаро шивирлашлар тўхтаб, ҳамма Ўсарбойга қаради. У ҳам кўнсангиз шу, кўнмасангиз ўзларинг биласанлар, дегандай қошини кериб, шошилмай давом этди.
– Қулоқларингизга яхшилаб қуйиб олинг. Нажим Давқораев 1939 йили Ёзувчилар уюшмасининг бошлиғи бўлиб, Аббаз шоирдан бошлаб, ҳамма шоир, ёзувчиларни Тўрткўлга олиб борганини эшитганмисиз? Уруш бошланиб кетгандан кейин шоир кимнинг шоири, ёзувчи кимнинг ёзувчиси экани билан ҳеч ким қизиқмай, ҳар ким ўз бошига бўлиниб кетди. Жўлмирза, Наврўз, Асан, Аббаз, Хўжабек оғалар ўзи уюшма, ўзи бошлиқ бўлиб, ғалаба учун тинмай шеър ёзди. Газетадан номлари тушмади. Урушдан кейин 1946 йилги сайловда Нажим оға қайтадан сайланди. Ибройимлар у пайтда биринчи курс, уюшма тугул, ейдиган нони билан ётадиган жойининг ташвиши билан овора эди.
– Ўзинг-чи, ўзинг? Ўша сайлов йиғилишида минбарга чиқиб, нутқ сўзлаганмидинг?
Ўсарбой Эломонга қараб, мийиғида бир кулди-да, давом этди:
– Аканг у пайтда Тахтакўпирда оловдек муаллим эди. Бироқ айрим ўртоқларнинг тўғри чамалаб ўтирганидай, бизнинг билиш, эслаш қобилиятимиз бор-да.
У гапни турли томонга чалғитгиси келган одамдай чўзаверди. Ўтирганларнинг тинкаси қуриб, охирини билгиси келиб турибди.
– Ана шундан буён Нажим оға уюшма бошлиғи.
– Бир институтнинг директори, докторликни ёқлашга кетди, деган гаплар-чи?
Охирини билайлик дегандай Емберген саволни жуда кўндалангига қўйди.
– Урушдан аввалги йиллари, – дея гапида давом этди Ўсарбой, – Қорақалпоғистон Совнаркоми ёнида тил ва адабиёт бўйича, унга тарих ҳам қўшилдими, ҳайтовур, илмий-тадқиқот институти бўлган. Шунга Давқораев директор бўлиб сайланган деган гаплар бор эмасми? Ана шу идора 1947 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Иқтисодиёт ва маданият бўйича Қорақалпоғистон илмий-тадқиқот институти бўлиб янгидан ташкил этилган. Унга ҳам яна Нажим оға Давқораев директор бўлиб, ҳозир ўша икки юмушга докторлик деганини ҳам қўшиб ишламоқда. Энди кўнглингиз жойига тушдими?
Ҳамманинг кўнглидаги ҳадиклар тарқалгандай Ибройимга қаради. У эшитмагандай орқайин ўтираверди. Сабаби, бунинг барини Бабош жўраси аллақачон аниқлаб, Ибройимга тушунтирган эди. Шу орада бировнинг ғилдираги ғичирлаб, бировиники чийиллаб икки арава келди. Ҳамма ёппасига ташқарига чиқди.
– Бизнинг уйимизда икки арава юк йўқ, биттаси ҳам бўлар эди.
– Биттасига янгам миниб, боласини қучоқлаб ўтирар.
Ҳар ким ҳар ёқдан “ундай юклама, бундай юкла” дегандай маслаҳат бериб, уй анжомларини аравага ортаверишди. Ҳар сафар ота-боболарнинг донолигига, улардан айтилмаган гап қолмаганига ҳайратланасан. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” деганлар-ку, тугунлар бир аравага сиғмай, иккинчи аравага ҳам ортилди.
– Қани энди, ичимизда ёши катта Тажет ҳамда энг ақлли ва доно Бабош кўчнинг олдида яхши ният билан йўл бошласин.
Эломоннинг бу гапи ҳаммага маъқул бўлди. Улар Маденни ўртага олишиб, олға қадам ташлашди. Ибройимни кўчиришга йиғилганларнинг ҳаммаси бундан уч йил бурун Ибройим билан Бабош бошлаган “Адабиёт гули” деворий газетасининг давоми бўлган “Қоратов” журнали атрофида бирлашган эди. Бу ташкилий ишларнинг бошида ҳамма сўзсиз тан оладиган ва бўйсунадиган адабиёт фидойиси, Ибройим шоирнинг сўзи билан айтганда: “Юзида қандайдир кўркам нур ёғилиб турадиган, рўйи очиқ, қалин қора қошлари остидаги қорачиқлари кишини ишонишга чақирадиган, сўзи маънили, тили ширали, келишган, узун бўйли, ориқ йигитнинг исми-шарифи Бабош Исмоилов бўлиб, манғит элатига яқин ердаги “Басув” сойининг бўйларидан келган эди. Унинг адабиётни билиши, бадиий асарларни теран ҳис этиши, дунёқараши кенг, ўй-фикрлари қизиқ эди. Айниқса, сиёсатдан хабардорлиги, сўзга ижтимоий маъно бериши, юморга усталиги ҳамда “Адабиёт гули”нинг тонгги шудрингга чўмилган хушбўй ҳиди бизларни беҳуш қилиб, дўстлик ришталари билан тўқилган тўрга илинтирган эди. Бизлар унга қизга ошиқ бўлгандек маҳлиё эдик. Ўша куз кунларидан бошлаб иккаламизнинг танишлигимиз дўстликка, дўстлигимиз туғишганликка айланди. “Игна қайда бўлса, савоқ[2 - Савоқ – ип.] шунда бўлади…”
Биз институтда ўқиётганимизда адабиёт дунёсига бутунлай шўнғиб кетган эдик. Турли курсларда ўқиётганимизга қарамасдан, бир гуруҳ ёшлар “Адабиёт гули” хиёбонида айланиб, унда сайраган булбуллар овози эс-ҳушимизни ўғирлар эди. Бу бадиий сўз шайдолари орасида Бабош иккимиздан бошқа Сирожиддин Аҳмедов, Собир Камолов, Ўсарбой Хўжаниёзов, Марат Нурмуҳаммедов, Дўстжон Носиров, Атаулла Худойберганов, Ўрозбой Зарикеев, Ўрозақ Бекбулов, Ақжипак Турғанбоева, Равия Есемуратовалар бор эди…
Бизларни ўқитиб, ўргатиб, давраларига қўшиб тарбиялаган устозларимиз Нажим Давқораев, Қалли Айимбетов, Жумек Ўринбоев, Жўлмирза Оймирзаев, Амет Шомурадов, Исмоил Сағитов, Турдимурат Бекимбетов, Айтжон Есемуратов, Ўринбек Кожуровлар ҳаётда, ижодда суягимиз қотиб, қанот қоқиб, учирма бўлишимизда оталарча меҳрибонлик билан ғамхўрлик қилишди. Улар илк қадамларимиздан ҳар бир ютуғимиздан қувонишар, кўнглимизни кўтарадиган зарур маслаҳатлар беришарди”. Бу сатрлар шоирнинг кундалик дафтарига тушган юрак сўзлари эди…
Кўнглида парвозни орзу қилган қорақалпоқ адабиёти гулшанининг қалдирғочлари арава ортидан келишаётган эди. Сирожиддин Аҳмедов, Марат Нурмуҳаммедов ва Дўстжон Носировлар аспирантурада таҳсил олишмоқда. Улар бўлганида ҳазил-ҳузул, теша тегмаган гаплар, дўстлик баҳс-мунозаралари бундан ҳам қизғин бўлар эди.
3
“Муаллим деган одам фақат билим берувчи, болаларни ўқитувчи эмас, сиёсатчи деган сўзнинг синонимига ўхшайди-ей. Мактабда юрган йилларимизда ҳам муаллимсиз ҳеч бир йиғин ўтмайдиган эди. Овулда манаман деган колхоз раиси, кенгаш оқсоқоллари гуркираб юргани билан, халқнинг олдига чиқишда, мажлис ўтказишда Тўлаган муаллимнинг қошида елкасини қисиб, тахтидан тушиб, унинг кўзича халққа унчалик буйруқ қилавермай, пилиги пасайиб қоладиган эди. Майли, у даврлар тушунарли. Бошлиқ тугул районга раҳбар бўлганларнинг кўпчилиги юқоридан келган хатни тузук ўқий олмайдиган давр ҳам бўлди. Ҳозир-чи? Нима фарқи бор? Битирувчи курсдан бошлаб, мана, институтга ўқитувчи бўлганимдан буён ўша Тўлаган оғадай шаҳарма-шаҳар бўзчининг мокисидай қатнаяпман. “Йиғилишга борасан, шеър ўқийсан, тайёрлан”, – деган гапни Худонинг берган куни эшитаман. Республиканинг йигирма беш йиллигига тайёрланамиз деб, бирйўла мажлисбоз бўлиб қолдим. Айланасига тўрт-беш шоир навбатма-навбат шеър ўқиймиз, гоҳ якка, гоҳ жўр бўлиб ўқиймиз. Ўқиётиб ҳам, ўқиб бўлгандан сўнг ҳам бир қулоғимиз залда. Ҳовлиқиб, энтикиб ўқиб турсак ҳам кимнинг қандай қабул қилаётганини сезиб турамиз. Кимга қанча чапак чалинди, буни ҳам биламиз, шунга қараб бир-биримиз билан жарысқандай, ҳар ким ўзининг баҳосини англагандай бўламиз. Баъзи бирларимиз: “Менинг шеъримни тушунмади”, – деймиз. Тушунганда қандай?! Вой, тушунади-ей, баҳонгни дарҳол бериб ташлайди… Шеър ёзиш керак, бошқача ёзиш керак. “Элда уруш туфайли издан чиққан, емирилган, тўхтаб, чўкиб қолган халқ хўжалигини қайта тиклашнинг шаштини кўрасизларми сира? Нега ўша қайта туғилган қаҳрамонликларни ёзмайсиз? Нега жўшиб-жўшиб, тўлиб-тошмайсиз?” Тўғри талаб қўйилмоқда. “Ватан муҳаббати” шеъримни ўқидим, жуда узун экан, танлаб-танлаб олишим керак. Тунов куни “Жир ўрони” шеъримни ўқиб туриб, буни нега ўқидим, бу мажлиснинг гапи эмаску, деб ич-этимни едим.
Радиокомитетдаги дикторлик ҳам ўз ҳолимга қўймайди. Ҳали кечки, ҳали тонг саҳарги эшиттиришни эфирга узат, айтганимизни қилмасанг, ҳукуматга ёзамиз, деб қисташади. Қийналсанг-да, ишлаганинг ўзингга яхши, ўтириб қолган хўжаликни тиклашга маблағ ҳам керак…”
Институт кутубхонасида мук тушиб ўтирганига анча вақт бўлди. Йигирма беш йиллик олдидан элнинг катта раҳбарлари “Қизил Қорақалпоғистон” газетаси орқали ўзлари бошқарган соҳаларда чорак асрдан буён амалга оширилган ишлар ҳақида мақолалар чоп этган. Ёзувчилар билан олимлар ҳам бир чеккада қараб ўтиришгани йўқ. Ёзувчилар уюшмасининг вақтинча раиси Жўлмирза Оймирзаевнинг мақоласида ёш шоир Ибройим Юсупов “Йўлдош муаллим” достонини ёзиб битказди, деган сатрларни ўқиганида юраги бошқача ургандек бўлди. 1950 йилнинг 17 январь сонида йирик ҳарфлар билан “Қорақалпоғистоннинг атоқли одамлари” деган сарлавҳанинг пастида етти кишининг суврати берилган. Уларнинг орасида қадрдон устози Нажим Давқораевнинг борлигини кўрганида кучли тўлқинланиб кетди.
У аввалроқ Нажим Давқораев билан бўлган суҳбатни эслади.
– Русчага қалайсан?
– Чалароқ биламан.
– Марат деган бола бор-ку, Нурмуҳаммедов, ана ўша адабиётнинг мағизини чақадиган қобилияти бор. Қандай қилиб, дейсанми? Рус тилини билиб, тушуниб ўқигани учун. Бироқ у шоир эмасда. Сен классикларни ўқимай, шоирлик булоғидан сув ича олмайсан. Шуларни ўз она тилингда, русча таржимасида ўқишни қанча тез ўргансанг, шунча тез шоир бўласан…
Бу ҳар куни шеър ёзишдай, кечаю кундуз бўйнингда турган иш. Пединститутни тўла битказиб чиқишдай вазифа, деб ўйлади Ибройим. Вой-бўй, одам бўлиш, шоир бўлиш учун бундан бошқа қанча меҳнат кутиб турибди. Бироқ у қандай меҳнат? Баъзилар туркум-туркум шеърлар ёзиб, ўзини шоир ҳисоблаб, оқибатда жамоатчилик этиборига сазовор бўлмай қолаяпти. Бировлар бир-иккита шеърлари биланоқ адабиёт тарихида из қолдирган. Гулмурат шоир “Қайров[3 - Қайровдаги – сўйиш учун қамаб қўйилган.]даги ёлғиз ғоз”, Жангабой шоир “Қози эшон”, “Ақсунгил”, Нурлибой шоир “Бола гурунг”, Қидирниёз бахши “Ўтининг шўри”, Избосар Фозилов “Қора қўй” шеърлари биланоқ халқ орасида кенг танилди. Демак, одамлар шеърнинг гўзаллигини ҳис этиб, мағзини чақиб ўқийди ёки тинглайди. Сен фақат шеъриятнинг увузини эмиб, шоирлик булоғидан ирмоқ оча билишинг, мазмунли, ҳамманинг кўнглидан жой олиб, маънавий мулкига айланадиган шеър ёза олишинг зарур…”
У ўзига-ўзи муаллимлик қилиб, шундай фикр юритадиган, ўзига-ўзи масъулият юклаб, тинмай изланиши зарур эканини уқдирадиган, шунга талпинишга ўзига шарт қўядиган лаҳзалари кўп бўларди. Қандайдир бир ойдин манзилга йўл излайди, шунга чиқиб оламан, деб ўзини ўзи ишонтиради.
4
Кўп ўтмай институт билан хайрлашади. Ҳаётнинг янги, ҳали кўз олдига аниқ келтира олмаган, эзгу ниятларга чулғанган қисми бошланади. Олий маълумот эгаллагани ҳақида диплом олади. Ўзининг ўйлашича, икки варақ қаттиқ қоғоздан иборат бу ҳужжат бундан буён қаерда бўлса ҳам уни ҳимоя қилиб турадиган қалқондай, қисматига босилган тамғадай туюлади унга. Уч қисмдан иборат “Институт эсдаликлари” тайин. “Шоирсан-ку, ғойиб бўлиб кетаверасанми?” деб ҳеч ким безор қилавермайди. Бироқ уни тўлғантириб юрган нарса бу эмас. “Тўлғантириб деганим тўғри бўлмас, тўлғоқ битди, достонга нуқта қўйилди”, деб ўйлагани билан унинг муҳокамаси қандай ўтади, халқ қандай қабул қилади, бу кунларга етиш ҳам осон эмас эди…
ЙЎЛДОШ МУАЛЛИМ
Қорақалпоғистоннинг
25 йиллигига бағишлайман
Достон
Эй мўътабар муаллимим, устозим,
Болалик умримнинг бўлдинг боғбони,
Қўлимдан етаклаб мактаб боғига,
Ҳаётимга бердинг ширин мевани.
Бир ҳарфни ўргатган кишига қирқ йил
Хизмат қилганинг ҳам бўлар экан оз.
Сиз учун, кўнглимдан шеърларим сархил,
Сизга эҳтиромим, қадрдон устоз!
Йигит сўзим бўлсин,
Қўлни берингиз!
Ваъда бериб, белни боғлайман маҳкам,
Халқ учун ишлайман, синаб кўрингиз,
Жонимдан чиққунча токи сўнгги дам.
У йигитлик сўзининг устидан чиқди, воқеалари мураккаб, қаҳрамонлари типик ушбу достонни институтнинг битириш имтиҳони олдидан, Республика ташкил этилганининг чорак асрлик айёми арафасида ёзиб якунламоқда эди.
Шеър ёзиш – худди нафас олишдай, овқатланиш ёки ухлашдай одатга айланган. Сабаби, ўтирганда ҳам, кўл бўйида сайр этиб юрганда ҳам, тенгдошлар йиғилган давраларда ҳам шеър ёзишга сабаб топилади, хаёлга толиб, қоғоз-қаламга интилади, бировларнинг ҳаяжонли туйғулари ҳам кўнглига таъсир қилади. “Шоирсан-ку, бир нарса ёзиб бер”, дегандан қочиб қутула олмайсан. Тўйларда тилакларингни шеър билан изҳор этишга кўнглинг чопиб туради. Кутилмаган ҳолатларда юрагинг тубидан бир булоқ кўз очади… Кейинги ҳаракатлар ўзгача тус олади. Кўнглида тўлқинми, орзиқишми, аллақандай ғалати сеҳрли куч ихтиёрингни олади. Кўз ўнгингда дунё гўзаллашиб, осмон аста-секин кенгайиб, янада юксалиб бораётгандай бўлади. Бир илоҳий куч сени тебратади, хаёлингга ҳам келмаган фикрлар шуурингда уйғонади, қаторлашиб қофиялар келаверади. Дунёни унутасан, сен учун вақт ва макон тушунчалари йўқолади, хаёлингга келган ўйлар қистайди. Ёзиб улгурмай қоламанми, деб энтика бошлайсан…
“Йўлдошмуаллим” шундай ёзилди. Овулдаги бошланғич мактабни битиргандан сўнг ёзнинг иссиғида Тўлаган муаллим бошчилигида Чимбой шаҳридаги мактабда бешинчи синфга ўқишга бораётганида йўл бўйи айтиб берган воқеа хотирасига муҳрланиб қолган экан. Ўшандан буён Тўлаганнинг биринчи устози Ўроз муаллимнинг бошидан кечирганлари тез-тез тушига кириб чиқадиган эди. Институтда Нажим Давқораев теварагида тузилган адабиёт тўгарагида олган сабоқлари ва мутолаа қилган шеърлари, ўқишга бирга қатнаган Бабош, Тажетдин, Сирожиддин, Марат, Ўсарбой ва бошқа шеърият шайдолари ҳамда ҳикоя ёзиб юрган истеъдодли йигитлар билан мусобақалашган мушоиралари бугун келиб, достонга тақалди. Ёзганини ҳеч ерда достон деб атамади. Ҳар бўлимини ҳар вақтда ўқиди. Аввал дўстлари орасида, сўнгра институтда муҳокамадан ўтказди. Юрагининг гупиллашидан ўз товушини ўзи эшитмаса-да, энтикиб ўқиди. “Нима дер экан?” дея юзидан қони қочиб, умидвор кўзлари билан жавдираб ўтирган кезлари кўп бўлди. Ҳар бўлимни ўқиб, муҳокама қилганларидан кейин узоқ вақт фикр ўйланиб гапирганларининг кимларники чин, кимда қандай қўшимча бор, камчиликларни кўрсатганларнинг кўнглида асли нима бор? Барининг мағзини чақиб, англашга ҳаракат қилди. Тез ёзиб битказиши кераклигини англади. Баъзи ўринларини таҳрир қилиб, қайта ишлади… “Хуллас, ўша достон туфайли Орзукўлнинг бўйида, тўтиқушнинг паридай тўзғиган хаёлим ўрмонида, унинг қуюқ сояли туронғилларининг остида, илк бор илҳом париси билан учрашдим, шоирликнинг “лаззатли сургунига” биратўла ҳайдалишни бўйнимга олдим…” деб эслади у.
* * *
У достонни институт залида муҳокама қилиш вақтида тўртинчими, бешинчи қаторда ўтирди. Шундай қилса унга қаратилган адабий-танқидий фикрлар қулоғига ҳолсизланиб, юмшоқроқ бўлиб етиб келадигандай ёки олдинроқда ўтирса, “бу достонни аканг ёзди”, дея мақтанганга ўхшаб кетадими, ёки мен керак бўлсам, ўзингиз топиб оларсиз, дедими, негадир ўша жойда ўтирди. Достон муҳокамаси қизиб, бировлар чақалоқни онаси илк бор мойлагандек силаб-сийпаб, бировлар баррикаданинг нариги томонида туриб ҳужум қилиб ўтирганида олдинги икки қаторда эгилиб олган дўстлари, курсдошлари орқасига қайрилиб, уни кўзлари билан излашди, лекин топишолмади. У ҳам “мана бу ердаман”, дегандай бўйнини чўзишнинг ўрнига, гавдалироқ одамларнинг панасига беркинди. Шунга қарамай, барибир сир берди, гапираётганларнинг сўзларига қараб, гоҳ чапга аста қўзғалиб, тикилиб қарамагани билан қиялаб зимдан назар ташлаб, гоҳ букчайиб, гоҳ қаддини ростлаб, бутун вужуди билан тинглаб ўтирди.
Энг қўрққани – охирида сўзга чиқиши кераклиги. Мақтаганларга нима дейди, танқид қилганга қандай жавоб қайтаради? “Қўлимдан келгани шу”, дейиш умуман тўғри келмайди. Қўлидан келгани ёмон эмас, ҳеч кимникидан кам эмас, адабиётга озгина бўлса ҳам янги нафас, янги ташбеҳлар, янги образ, сюжетли композиция, лиризм олиб кирганини, ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиришда эришган ютуқларини билади. Жўлмирза Оймирзаев, Наврўз Жапақов, Хўжабек Сейтов ва бошқа шоирларнинг уруш йилларида, ундан кейинги даврда достонларини ҳам ўқиган. Кейинги пайтларда баллада жанрига эътибор бошланди. Бу бадиий ижодга шаклий ўзгачаликлар кириб келаётганини кўрсатар эди, лекин бу жанрнинг ҳозирги ҳаёт ҳақиқатини ифодалаш талабига жавоб бера олмаслигини, ривожланган адабиётларда эски даврда кенг тарқалган баллада жанри кўпинча, ўтмиш воқеаларини акс эттиришга ярайдиган шакл эканини ҳамма ерда айтиб, фикр билдирмоқда. Юрак ёлқинисиз, ҳароратсиз, сунъий қофиябозлик билан битилган сатрлар ҳаётнинг қанча қизиқ ҳодисалари ҳақида ҳикоя қилмасин, барибир ўқувчилар юрагига йўл топа олмаслиги ҳақида гапириб юрибди. Ўша сўзларини, бошқаларнинг олдига қўйган талабларини ўзининг достонида қандай бажарган экан? Мана шундай қиёслашлар билан баҳоловчилар топилишини, уларнинг нима дейишларини эшитиш, муҳокамадан асосан, кутгани мана шулар.
Йиғилиш якунида ўзига сўз берилишидан қаттиқ қўрқди. Ҳаммангизга раҳмат, деб кетавергани яхши-ку-я, йўқ, сизлар достонга етарли баҳо бермадингиз, достон ҳақида кўпроқ ўқиб, билиб олишингиз керак экан, достон ёзиш мана бундай бўлади, деб ўчакишиб кетса нима бўлади? У шундан қўрққан бўлса керак. Йиғилишнинг охирида чўнтагидан “Казбек”ини олиб, аста сирғалиб чиқиб кетди. Буни биров билди, биров билмади. Шу кетишида ташқарига чиққанини, ундан кейин қаёққа қараб кетганини ўзи ҳам сезмади. Папиросини тутатиб, атрофда нима бўлаётганига эътибор бермай, хаёлга ғарқ бўлиб кетиб бораётир. Анча юрди. Рўпарасидан бир скамейка чиқди. Шунга ўтириб, яна сигарет тутатди. Йиғилишнинг хаёлидаги ғала-ғовури босилгандай бўлди. Қайтадан йиғилиш президиумини кўрди, ўзига маъқул бўлган сўзларни эслади, қаттиқ-қаттиқ чиққан товушлар, айтилган камчиликларни “қайтадан тинглади”, уларга жавоб излади, мияси арининг уясидай ғувуллай бошлади. Шу орада “Қайга кетиб қолдинг, эсинг оғиб қолдими, омонмисан?” деган товуш эшитилди. Кўз ўнгида дўсти Эломон пайдо бўлди.
Унинг товушини эшитиб “уйғонган” вақтда: “Ҳали ёш бўлишига қарамасдан бундай достонни ёзиши қорақалпоқ адабиёти учун катта ютуқ бўлди” қабилидаги сўзларни эслаб, вужуди титрай бошлаган эди. “Нуқул жон ҳалқумга келганда пайдо бўладиган” дўсти ширин хаёлларининг “қалдирғочини учириб” юборди. “Сенинг қилиғинг доимо мана шундай беўхшов, айни шу пайт келмаганингда ўлармидинг. Кун бўйи бошимда ўйнаган калтакларнинг орасидан эндигина қулоққа ёқадиган ёқимли муносабатларнигина мунчоқдай ипга тизиб ўтирганимда келганини қара”, демагани билан шу гаплар кўнглидан ўтди…
Улар уйга яқинлашган вақтда эшик олдида икков-учовдан бўлиниб, ўзаро гаплашиб турган тенгдошларини кўриб, бу дунёда дўстлик деб аталадиган нарсанинг, келиб “кўз ойдин” айтадиган удумнинг ҳали бор экани, ҳаётда одам уларга муҳтож бўлиб яшаши эсига тушгандай, кўнгли яйраб кетди. Қараса, институтни бирга битказганларнинг “шайка”си деярли тугал. Улардан аввал битирган Бабошларнинг гуруҳидан ҳам бировлар кўринади. Кўчада ғала-ғовурни эшитган Хонбиби элти келинига дастурхон ёздирди. У дарров қозон-ўчоққа уннади. Дўстлари йиғилиб ўтирган уйга Хонбиби элти кириб келганида ҳамма гурра ўрнидан турди. Сўзни юзи билан оғзи бир қисим, калта бурун, бичими бошқаларга қараганда ихчамроқ, буғдойранг йигит бошлади.
– Элти аже, мен Жумашев Мамбет деган болангизман. Манов Бабош икковимиз Ибройимдан бир йил бурун битказдик. Ота-онам чорвадор бўлгани учун узоқроқда юрган эдим. Сизларнинг янги уйга кўчганингизни эшитиб, қутлуғ бўлсинга келсам, бугун Ибройимни табриклаш ўтиришига дуч келдим. Энди мана бу иморатингиз қутлуғ бўлсин. Ибройимнинг “элига эловли, халқига қаловли” азамат йигит бўлгани муносабати билан кўз ойдин айтаман…
Бу шу ерда ўтирганларнинг ҳаммасини кўнглидаги гап эди. Ибройимлар янги уйга кўчиб келганига бир ойлар бўлгани билан, дўстлари бу даргоҳга янги достон муҳокамаси баҳонасида бугун келишган эди. Курсдошлари чимбойлик Ўрозбой Зарекеев ва Тўлибой Қайпов, кегайлилик Емберген ва Қалбай “кўзойнак”, хўжайлилик Бахий Авезжонов, ҳар куни кўришиб юрадиган жўраси Атағулла Худойберганов, Нурғали Бийжонов, Караматдин Бойназаровларнинг биринчи келиши.
Мамбет сўзга чечан, нима керак бўлса ҳам “мени юборинг”, деб турадиган чаққон йигит. Институтда кўринганига ҳам кўп йил бўлгани йўқ. Чимбойлик Ажибой Муртозаев деган йигит уни бир ёқлардан эргаштириб келди-да, ўқув йилининг қоқ ўртасида ўзининг рўпарасига ўтирғизиб, ўқитаверди.
Дастурхон атрофида дастлаб ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиш, кимнинг боши иккита бўлиб уйланди, қаерда ишлаяпти, кўпдан буён кўришмай кетдикдан бошланган шовқин сал тинчигандек туюлганида Эломоннинг:
– Қани, Мамбет, янги уй қутлуғ бўлсинга нима олиб келдинг? –деган саволи кўпчиликнинг дастурхонга чўзилган қўлини, оғзига бир егулик солганларни чайнашдан тўхтатди. Сабаби, ҳамма достон муҳокамасининг шамоли билан тўғри келаверган эди.
– Менинг етти бобомдан тортиб чўпонмиз, шу шаҳарнинг чеккаларида ўтлаб юрган қўйларим бор, шулардан бирини бераман. Сизлар-чи, нима олиб келдингиз?
Эломоннинг ҳазиллашиб айтган гапини Мамбет биратўла ростга айлантириб юборди. Қувончдан тўлиб-тошиб ўтирган йигитлар бир-бирига кўз остидан қарашиб, жимиб қолишди. Уларни бу кайфиятдан тез чиқариш учун Ибройим:
– Хижолат бўлманглар, – деди кулиб, – сизларга яна бироз муҳлат берамиз. Онамиз “Тез орада кичикроқ эҳсон бериб юборайлик”, деб қайта-қайта айтиб юрибди. Манави Бабош “Бизнинг уйдан ёрдам пули келсин”, деб тўхтатиб ўтирибди.
Ҳамманинг юзига қон югуриб, димоғи чоғ бўлиб қолди. Ота-боболардан қолган урф-одатлар юракларига нақадар сингиб кетган экан-ей. Биргина ҳазил гапнинг шунчалик таъсир қилганини қаранг.
– Барибир мен қуруқ қўл билан келганим йўқ, – деди Мамбет яна “ўлган илоннинг бошини қўзғаб”, – Ўтган йили эдими, Ибройим, “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Иккинчи жаҳон уруши фольклорини йиғайлик” сарлавҳали мақолангнинг чиққани?
– Йўқ, 1947 йили, иккинчи курслигимда ёзган эдим.
Шуни мактабда дарс вақтида ўқиб бериб, болалардан қўшиқлар йиғдим. Чўпонларнинг фольклори ҳам керакдир, эҳтимол.
– Ҳалиги қўй деб айтганинг ўшами? – деди Эломон, – қўй эмас, қўйнинг жавоби десанг-чи.
– Қўйникими, кўнгилникими, ўқиб кўргандан кейин биласан…
“Кечагина тугаган – тўрт йил давомида чўзилган Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошқа халқлардай бизнинг халқимиз ҳам кўпгина оғзаки қўшиқлар, асарлар яратди. Қулликда яшашнинг қандай ёмон эканини неча юз йиллардан буён бошидан кечирган оталар жирканч немис-фашист босқинчилари ғарбдан қора булут бўлиб босиб келганида ўз фарзандларини жанг майдонига отлантирди. Улар жигарбандларини фронтга кузатаётганда:
Мен розиман, ўғлим, берган сутимга,
Омон бориб, соғ келгайсан, жон болам.
Ёвни енгиб даво бўлган дардима,
Омон бориб, соғ келгайсан, жон болам.
Жоним қўзим, айланайин ўзингдан,
Кетарингда бир ўпайин юзингдан,
Тағин селдай ёш оқмасин кўзимдан,
Ёвни енгиб, соғ келгайсан, жон болам, –
деб суйиб хайрлашган бўлса (айтувчи Қарлибоев, Мўйноқ, 5-овул), қиз-келинчаклар эса:
Сувлиғин чайнатиб тулпор мингайсан,
Ўқ ёғдириб душманларни енггайсан.
Қайтиб келиб омон-эсон қўшилиб,
Ўз элингда яйраб даврон сургайсан, –
деб оға-инилари, севган йигитлари узангиси босди (айтувчи Абатова Ўразгул, Чимбой, 5-овул)”. Ибройимнинг мана шундай бошланадиган катта мақоласи эълон қилинганди.
Бу барча ўқув масканларида муҳокама қилинди. Кўп ўтмай, ҳар ер-ҳар ердан халқ оғзаки адабиётининг сўнгги намуналари янгилик сифатида тўпланиб, Ёзувчилар уюшмаси, газеталар таҳририятларига юборила бошланди.
Айниқса, Ибройим Юсупов мақоласида келтирилган, чимбойлик Бекматовдан ёзиб олинган қўшиқлар халқ орасида тез тарқалиб кетди. “Унда туғилган ернинг бахти, тинчлиги учун душман билан аёвсиз курашаётган жасур йигитларга юборилган мана бундай ҳароратли “Саломнома”лар ёзилган:
Мардлигингни қур, оға,
Ёвдан чекинмай тур, оға.
Қарши келган немиснинг
Манглайига ур, оға.
Юборди сени эл, оға,
Эл қадрини бил, оға.
Катта тўйни бошлайлик,
Ёвни енгиб кел, оға!
Ғалабанинг сарин шамоли эсганда, уруш тамом бўлгандан кейинги кунларда далаларда қиз-келинчаклар севган йигитларини, оға-иниларини қандай қувонч билан кутганларини мана бу сатрлар аниқ кўрсатади:
Эккан жийдалари йирик бўлғайда,
Фронтдаги ёрим тирик бўлғайда.
Кўкрагида қўш юлдузлар ярқираб,
Келаётганларнинг бири бўлғайда.
Бизни айира олмас йўлнинг олиси,
Қулоғига етгай ёрнинг нолиши.
Ёвни енгиб омон келса суйганим,
Тўйларга буюргай эккан шолиси.
(Бу ҳам Абатова Ўрозгулдан ёзиб олинган). Қисқача айтганда, уруш даврида яратилган халқ оғзаки ижоди намуналари аввалгиларига қараганда жуда аҳамиятли. Оптимистик янги ғояларга тўла…”
Ибройим Юсупов мақоласининг якунида халқ орасидан топилган ана шундай қўшиқларни ёзиб юборишга, асосан, муаллимлар билан ўқувчи-ёшларни бу ишда фаол бўлишга чақирган. Тахтакўпирнинг тубидан келган Мамбетнинг гапи ўша мақола ҳақида эди.
Кўп ўтмай гурунгнинг равиши “Йўлдош муаллим”га, институтдаги муҳокаманинг хулосасига қараб оғди. Негадир мақтов гапларга тўхталмасдан, камчиликларга ўтиб кетилди. Чимбойдан келган Ўрозбой Зарекеевнинг жаҳли тез эди:
– Достонни тўлиқ ўқиб кўрмай, бошқаларнинг сўзлари бўйича чамалаб сўзлаганларни сазойи қилиш керак эди.
– Ўртага чиқиб фикр айтганларнинг ярми аниқ ўқимаган, бордию ўқиган бўлса ҳам етарли тушунмаган. Қай бирини сазойи қилиб улгурасан?
Ўсарбойнинг бу сўзига ҳадеганда ҳеч ким муносабат билдирмади.
– Энг охирида гапирган ғилай кўз боланинг гапи айланиб шунга келгани йўқми?
– У боланинг мустақил фикри бор экан, –деди Бабош.
– Қаернинг боласи экан?
– Сизлар бола деб айтаётганингиз бизнинг Хўжаэлидаги педагогика билим юртини битказган Есемуратов Генжамурат, Қўнғирот томоннинг йигити.
– Унда сен эргаштириб келган экансан-ку, – деди Эломон Бахийга қараб.
– У ҳеч кимга эргашмаса ҳам, анча вақтдан буён йўлни биладиган бола. Ўтган йилдан буён “Қоратов”га шеърлар олиб келиб юради. Туркман феъл, тўғри таёқ. Ибройим бир шеърини танлаб, журналга тайёрлаб қўйибди.
Ўрозақ бу гал ҳам ўзининг кўп нарсадан хабардорлигини билдириб қўйди.
– Барибир, сал қаттиқроқ сўзлади, –деди Ибройим. –Бабошнинг ёнига қўшиб озгина юмшатиб олишимиз керак. Аслида, кўп гапида жон бор. Генжамуратнинг “Юсупов ҳам бошқалардай, ана, заҳматкашларни, ана, колхоз боғини, экинзорларни, ерларни қундуз, тупроғини олтин деганга ўхшаган юки оз, тузи камроқ шеърлар ҳам ёзди.
Кундуз нур, тунида яшнаган юлдуз,
Майсалар кўкарган ерларинг қундуз,
Қўлда кетмон ерда ишлар полвон қиз,
Сизни қарши олар майим, хуш келдинг, –
деган шеърини ёзганида “йўлдош” деб жонли нарсага ўхшатиш, май ойига сиз деб мурожаат қилганида фикрдан кўра сиртқи ялтироқлик кўп. “Кўк ўтга беланса” ер гўзал бўлаверадими?” деганлари дуруст. Мен унинг ана шундай танқидларини қабул қилдим.
– У шеър “Йўлдош муаллим” достонида эмас-ку, – деди Атағулла. –Уни аввалроқ ёзмаганмидинг?
– Бу гапни Генжамуроднинг ўзи ҳам айтиб кетди-ку, – деди Бабош. – Ибройим ҳам бошқа шоирларга ўхшаб “Колхозим”, “Пахтакор”га ўхшаган шеърлар билан кириб келган эди, кейин бу қолипдан чиқди. Унинг шеърларида оқартирув юмушлари аввалдаёқ айрилиб чиққан эди, деб ўзи тузатди-ку…
Муҳокамада аввалдан келишиб олишгандек, биров-иккови достонни бўлиб олиб, бирин-кетин танқид қилаверишди. Бири:
– Достонда ёт унсурлар, бойлар билан диндорларнинг образларига кўп куч сарфланган. Улар совет ҳукуматининг вакилларидан анча кучли қилиб кўрсатилган, – деса, иккинчиси:
– Достонда бош қаҳрамон Ўроз муаллимнинг пешқадамлиги кўринмайди. Образ очилмаган. Ўрозда фаоллик йўқ, – деди.
Яна бирови:
– “Орзугул балладаси” бўлими ортиқча. У достонга бирлашиб тургани йўқ, – деб узоқ далиллаган бўлди.
Ҳаммасидан ҳам кўра, Ибройимга ботгани: “Достон жуда шошилиб ёзилган, йигирма ёшда шундай катта нарсани ёзиш шартмиди?” – деганлари бўлди. Бироқ бу гапнинг сўнги баҳсли бўлди.
– Нима, қирққа чиққунча кутиб юриши керакмиди? – деди Қармис Дўсанов, катта асар ёзишга ҳали ёшлик қилади, деган гап яқиндагина достон ёзгани унга ҳам тегиб кетган эди. У жанжални пулга сотиб оладиган йигитлардан эди. Бу гапнинг эгасини сўз билан шундай силтаб отиб юбордики, у анча ерга бориб тушди.
“Хўжабек билан Бойниязлар Ибройимнинг ёшида бир-иккита достон ёзиб ташлади-ку”, деб гапирганга қараб:
– Ҳой, сен бировга осилмасанг, ўласанми? – дея Хўжабек ҳужумга ўтди.
– Танқид қилганларнинг ичида камчиликларни тўғри айтганлар ҳам бор. Буни Ибройим жуда яхши билади. Масалан, “Ўғри сой”да машинани қуршаб олган беш киши Гулжонни олиб қолиб, шофёрни соғ-омон қўйиб юбориши, “Тоғдаги олишув” бўлимида Амет бой билан Гулжоннинг қоронғи ўнгирда яккама-якка қолиб, узоқ айтишиб тургани, кутилмаганда ҳеч ерда оти йўқ Тилеп деганнинг пайдо бўлиб, Гулжонни қутқариши, Чимбойда қолган Ўроз муаллимнинг Назархондаги туғишган акаси бўлиб чиқиши унчалик ишонарли эмас, деган фикрларда жон бор. Ибройим достонни китобга тайёрлаганда ўша ерларини ўйлаб кўриши кераклигини тан олиб турибди, – деди Тажетдин мунозарага хулоса ясаб.
Унинг сўзига Ўсарбой эътироз билдирди:
– Қайта кўриб чиққанида: “Уни оздирган ёт жамоат тулкиси” деган жойини “қайси овулнинг” деб, “қолиб қўйган шунда бироз ёт одам” деган сатрни “кўп одам”, “игнадай кир” деганни “игнадай кам” деб ўзгартириш керакка ўхшайди.
– Умуман олганда, – деб давом этди Сейтжонов, айрим одамларга, одамлар бўлганда ҳам айнан шоир ва ёзувчиларга достон эмас, уни Ибройим ёзгани, ёзганда ҳам шу пайтгача ёзганлардан ўздириб, уларга ўхшатмай ёзгани, уни ҳам айнан шу навқирон ёшида ёзиб, ёши катталардан ўзиб кетгани ёқмади. Улар шуни айтолмай, йўқ камчиликларни излашди.
– Тажет тўғри айтаяпти, – деди Бабош, – улар достондан бир сиёсий хато ёки воқеа топганида сени бундай қўйиб қўймас эди. Аллақачон тўқсон тўққиз эшикка олиб бориб-олиб келишарди. Бундай ишлар учун махсус одамларни ёллашар эди, достонга тиши ўтадиган одамни топишолмаган.
– Ким нима деса ҳам, гапнинг тарози палласи посангисидек қилиб Қалли оға тўғрилаб берди: “Ёш юракнинг алангаси билан ёзилган, мазмунли, ғояси кучли достон. Агар уни қора сўз билан ёзганида эди, ёстиқдай катта роман бўлар эди. Айтилган камчиликларнинг кўпчилиги бир ёқлама, асоссиз, ўқимаганликдан, ўқиса ҳам тушунмаганликдан нишона. “Йўлдош муаллим” достони билан адабиётимизга истеъдодли, янги овозли шоир кириб келгани учун бир-биримизни қутлайлик”, – деди.
– Достон ҳақидаги мунозараларни Қалли оғанинг мана шундай босим фикри билан тугатиб, бошқа мавзуга ўтайлик.
– Мен ҳам Тажетнинг гапига қўшиламан, – деди Ўсарбой ҳаммага бирин-кетин кўз югуртириб. – Ҳаммамиз муаллиммиз, дарсларда, мактаб ўқитувчилари орасида достонни тарғиб қилайлик. Мен яқинда ўзимизнинг Пушкин номидаги мактабимизда достон мутолаасига бағишланган тадбир ташкиллаштирмоқчиман.
– Вой-бўй, сенинг чала қорақалпоқ мактабингда буни тушунадиган одам топилармикин?
Ибройимнинг бу гапига Ўсарбой шартта жавоб қайтарди.
– Сен бола, бизнинг мактаб билан ўйнашма. Ишинг тушиб юрган одамсан. Шунақа қилаверсанг, айнитиб юбораман.
– Ҳай, сенда бир янгилик бор-ку, –деди Емберген.
– Мен ҳам кўп вақтдан буён эшитиб юрибман. Бир-икки марта сўраганимда рўйхуш бермаган эдинг, Бабош, бунинг тўғрисини сен айта қол.
Атағулланинг гапига қўшилгандай ҳамма Бабошга қаради.
– Менинг оғзимни қопқоқлаб қўйибди, бунинг ҳақидан Ўсарбой чиқсин.
– Биз энди қиз тарафданмиз-да, буюрса, қайнаға бўламиз.
“Бу, қовоқ, ўз вақтида жория бўладиган нарса, бироқ мавриди шу бугун эмас эди, –деб ўйлади Ибройим. Мол шохидан, одам тилидан” деган, мактабга тил теккизиб нима қилар эдим”…
– Унда икки қутлуғ бўлсинга бир келадиган бўлибмиз-да, – деди Қалбай. У ҳар доим кўзойнак тақиб юргани учун “очки” деган лақаби бор эди. Хотираси кучли, қаттиққулоқ йигит, сўзни ҳам ўйиб айтади. Достонларни ҳам ёддан хиргойи қилиб кетаверади. Шу ўтирган курсдошларининг синфбошиси эди.
– Сенга Худо бериб, яна пул йиғадиган бўлдинг-ку.
– Ҳой Ўрозбой, энди олиб келадиган пулларингиз чўнтагимга сиғмайди. Мана бу Мамбет қўчқор олиб келганда Емберген ўлиб қолса ҳам тана олиб келади. Авазжонов бир қоп гуруч, бир қоп кунжутсиз сира келмайди. Мен энди, дарвозанинг олдида рўйхат қилиб тураман…
“Қўй нўғойда, сипса[4 - Сипса – супурги.] тўқайда”, дегандай шу тарзда чангали билан панжаси овулда ётган қорамолга тўлиб, йигитларнинг кайфияти ўзгача тус олди. “Қаёқнинг қизи? Кимнинг қизи?” деган саволлар қордай бўралаб ёғди. Ибройим эшитмагандай бўлиб ўтираверди. Эшитиб ўтирганлар билан билиб ўтирганлар ҳам лом-мим деб оғзини очмади. Гапиргилари келса ҳам “пишмаган нарса”, “ёшлик ҳаваси”, “иккаласи бир-бирига ярашадигандай эмас-ку”, дегандай хаёлларга борса ҳам, анча вақтгача ивимайдиган Ибройимнинг феълидан қўрқса ҳам индамади.
“Ўқишни биткардинг, тепангда бошпананг бор. Маҳтумқули айтганидай “Йигит боши омон бўлса, молли бўлар, молсиз бўлмас”, “нима бўлганда ҳам тезлат, тўйни ҳаммамиз биргалашиб ўтказамиз”, – деб тарқалишди.
5
Кечадан буён қўлда турмай чирқираб йиғлайверган набирасини зўрға ухлатган Хонбиби элти овулдан юборишган ярим қоп гуручни тозалаб олиш учун энди уннаётганида “Элти, уйдамисиз?” деган товушни эшитиб, ялт этиб орқасига қаради. Эшик олдида айлана қилиб тикилган қундуз телпагининг мўйнаси кўзига тушиб ярашган, хипча белли кўйлаги, оёғидаги баланд пошнали этиги руссияликлар урфи бўйича кийингани такаббур кўриниш бериб турган аёлни бирдан таниди.
Таниганда қандай… қирқ учинчи йилнинг қишида “даҳо”нинг номига қўйилган шаҳарни немислардан озод этганда бешинчи овулга келиб концерт бергани хотирасига муҳрланиб қолган. Ўшанда Хонбибининг тенгдош дугоналари: “Юр, қани! Элти бўлсанг-да қўшиқ тинглаб, ғамгин кўнгилларни овутиб қайтайлик. Элтичилигинг нима сенга қуён олиб келаяптими?” – деб қўярда-қўймай шу концертга эргаштириб боришган эди. Вой-бўй, ўшанда бу аёл жўшиб, одамларнинг кўнглини кўтариш учун не муқомларга тушиб қўшиқ айтмади дейсан. Мунгли кўзларга кулки изларини солиб, қотиб қолган қабоқларни ивитиб, овул аҳлини бир силкинтириб кетган эди. Сўнгра Генжа хотиннинг уйида мол сўйилиб, Ибройимжони артистлар хизматида бўлган эди. Бундай воқеалар унутиларми сира?
Қўлида қоғозга ўроғлиқ бозорлиги билан Айимхон кириб келганда элтининг кўз олдидан ўша воқеалар тез-тез ўта бошлаган эди.
– Вой-бўй, келақол, чироғим, – дея меҳмон билан қўл қовуштириб кўриша сола “ҳозир-ҳозир” деди-да, ёш келинчаклардай чаққонгина уйнинг тўрига ўтиб, кўрпача тўшади. Ёши ундан анча катта бўлса-да, суст босиб, сал довдирагандек бўлди. Келган меҳмон анов-манов эмас, Айимхон Шомурадова эди. Эл ёпирилиб йўл бериб, ардоқлаб уйининг тўрига ўтқизадиган бу атоқли аёл кечаги уруш йилларида қанчадан-қанча қабарган кўнгилларга малҳам бўлиб, бир майдон бўлса-да, ҳар кимнинг ўзлигини англаши, эгилган бошларини кўтариб, одам эканлиги ҳис этиши учун хизмат қилган…
Меҳмон тўшалган кўрпачанинг бир бурчагини қайирди-да, омонатгина ўтирди. “Бу бизнинг чанғарағимизга кўрсатган ҳурмати бўлса керак”, деб ўйлади Хонбиби элти.
– Чеча, омон ўтирибсизми, уй ичларингиз соғми, шоир қайним омон-эсон юрибдими?
– Шукр, чироғим, шукрчилигимиз кўп.
– Янги уйларингиз муборак бўлсин. Келин тушириб, гумбурлатиб тўйлар бергайсиз. Уйингиз ўзларингиз яйраб ўтирадиган даражада кенгчилик экан.
– Айта кўрманг, чироғим, илгариги замонда олти қанотли қилиб қурилган қора уйни бўз ўрда дейдиган эдик. Мана бу хоналар ўшанинг қошида подшонинг саройидек-ку.
Элти икки қўлини ёқасига олиб бориб, яна шукрчилик билдирди. Меҳмондан ҳам уй-ичининг омон-эсонлиги сўрарди-ю, бироқ ўйлари бир жойда тўхтай демасди. “Бир сўзли аёлга ўхшайди. Тунов куни Мирзаоғанинг уйидаги кичкинагина маъракада ҳурматли меҳмонлар билан тўрдаги хонага ўтиб боришаётганда “Шоир боланинг онасини кўриб кетайлик”, деб мен билан қўшқўллаб кўришди. “Яқин орада сизга салом бергани бораман” деганида “Кўнглим учун айтгандир-да” деб ўйлагандим…”
“Мирзаоға” дегани Айтжон Есемуратов. Ўша кишидаги Сора келини – булар нукуслик бўлганларидан буён оғайниларнинг тўй-маъракаларига борган пайтда мана бу менинг овсиним деб, Хонбиби элтини таништириб юрибди. Шундай қилиб бу ерда ҳам элтининг ўриши кенгая бошлади. Ўшандай маъракаларнинг бирида Айимхон билан танишган эди.
– Уй-жойингиз яхши экан. Сизнинг, шоир боланинг насибаси экан. Нажим оғага ҳам раҳмат.
– Нимасини айтасиз, келин, ҳар куни бомдод намозида дуо қилиб, исмини қўшиб Худодан тилайман. Шундай уйларга еткизгани учун Худога минг шукр!
Энди элтининг хаёлига бошқа нарсалар кела бошлади. Унинг бу келишидан нима мақсад бор? “Келин тушириб, тўй бер”, деди, “Нажим оғам” деди…
– Айтгандай, ҳалиги инимни “оғам” дедингизми?
– Менинг хўжайиним Хўжайлида туғилган, Нажим оға билан бизлар овулдош, қўнғиротлимиз. Бошқа яқинлигимиз йўқ.
Шу орада қўшни хонадан чақалоқнинг чирқираб йиғлаган товуши эшитилди, элти болани кўтариб келди. У йиғидан тўхтамасди.
– Сув ичкизиб кўринг, – деди Айимхон. Элти унинг айтганини қилди, бола секин овуна бошлади. “Болалари бормикан”, деб ўйлади элти.
– Ўзингизнинг болаларингиз эси кириб, катта бўлиб қолгандир…
– Кичкинам яқинда кўкракдан чиқди.
Элти аввал унчалик ишонмаган бўлса-да, сўнг ҳайрон бўлганини яшира олмади.
– Ҳайрон бўлмай қўя қолинг, чеча, – деди Айимхон унинг дилидагини уқиб, – менинг мана бу юришимни кўриб, кўп одамлар эри йўқ бўлса керак, деб ўйлайди. Биз артистлар куну тун дегандай халқнинг синовидамиз. Уйда қулдай, ташқарига чиқсак хонзодалардай бўлиб юришимиз керак. Одамлар биздан ўрнак олади.
– Бу айтганингиз дуруст, келин. Болаларнинг олди бўй етиб қолдими?
– Онамнинг тоға тарафи катта уламолар бўлишган. Ёшлигимиздан “уч қизни тарбиялаган аёл жаннатга киради”, деган гапни эшитаверганимизгами, фарзандларимизнинг олди ҳаммаси қиз бўлиб кетди.
“Ҳа, уйингизда тўй бўлсин, деган ниятнинг ўзагида қизларига ишора бор экан-да”, деб ўйлай бошлади элти.
– Олди қиз бўлгани яхши-ку, тезроқ ёнингга киради… – Шундай деди-да, меҳмонига аста қараб қўйди. Энди шундай бўлгандан кейин, гапнинг тагига етай деган ечимга келиб, – бўй етганлари борми? – деб сўради.
Айимхонга ҳам худди шу гап керак эди. Элти чечасининг хаёли бўлинганини ҳам сезиб турибди. Ана энди гапнинг учини чиқаришга сабаб топилди.
– Чеча, нима деб ўйлаётганингизни чамалаб турибман. Қизимнинг каттаси эндигина ўн учга кирди. Бўй етиб турган бўлганида, у ёқ-бу ёғидан кўндириб, нима бўлса ҳам шоир болангизга берган бўлардим. Бизнинг уйдаги хўжайинимиз Ибройим қайнимни худди ўзининг туғишган инисидай кўради. Москвадан келгандан буён тез-тез чақириб, бирга чой ичади. Алламаҳалгача иккаласи гаплашиб ўтиришади. “Шу болани қўллашим керак, ҳали катта шоир бўлади”, деб умид қилади.
– Илоё, айтгани келсин, уруғ-аймоғи билан барака топсин, – деб шивирлаган элтининг кўзларига бир томчи ёш келиб қолди.
– Уйга келган меҳмонларга ҳам “Бизнинг Ибройим ҳали қорақалпоқларнинг Пушкини бўлади”, деб айтгани-айтган.
– Чироғим-ов, у айтганинг ким?
– У русларнинг бутун дунёга машҳур шоири. Бечоранинг умри қисқа бўлиб, ёшлигида ўлиб кетган.
Элти ёқасини ушлаб, аста тупуриб қўйди.
– Қўй, чироғим, унинг йўлини бермасин. Катта боламнинг урушдан яримжон бўлиб келганига анча чўкиб қолдим.
Айимхон ўзининг ноўрин гапириб қўйганини тушуниб, тилини тишлаб қолди.
– Кечирасиз, чечажон! Оғасининг тилаги шу одамнинг мартабасини берсин, деган маънода. Ҳали омонлик бўлса, уйимизга ҳам борарсиз, инингизни ҳам кўрарсиз. У кишининг бу болага бўлган кўнгли пахтадай оқ. Ростини айтсам, мен сизни кўришга Аметнинг топшириғи билан келиб ўтирибман…
Амет Шомурадов халққа кенг танилган раҳбарлардан бири. Урушнинг дастлабки йиллари аввал қорақалпоқ давлат нашриётининг, сўнгра Тошкентда бадиий адабиёт нашриётида бошлиқ, уруш йилларида Қорақалпоғистон Халқ комиссарлари Кенгеси бошлиғининг ўринбосари, Маданият Кенгеси қошидаги Маданият ва санъат ишлари бўйича бошқарма бошлиғи бўлган. Бу йил бўлса Москва шаҳридаги олий партия мактабини битказиб келиб, партия котиби лавозимларида ишламоқда. Шоир, ёзувчи. “Совға”, “Эски мактабда”, “Ватан ҳақида қўшиқ” номли китоблари чиққан. Ёзувчилар орасида ҳам обрўли одам.
Бир чойнак чойни ўртага олиб, ўзаро ҳамрозликни энди теранлаштиришаётган вақтда ҳалиги чақалоқ бир нарса чақиб олгандай, яна чирқираб йиғлади. Элтининг нари-бери тебратганига кўнмади. “Боланинг бир дарди борга ўхшайди”, деб ўйлади Айимхон. Элти чақалоқнинг йўргагини алмаштирди. Айимхоннинг гумони тўғри чиқди. Норастанинг бўйни орқага чалқайган ва бир томонга қийшайган эди. “Туғилганида нуқсони бор экан”, деб қўйди ичидан. Кўп ўтмай келини келиб, боласини олиб кетди.
– Неварангизнинг оти ким? – Айимхон ўзини ноқулай аҳволдан халос қилмоқчи бўлиб сўради.
Хонбиби элти ҳадеганда жавоб бермай, анча вақт ерга қараб ўтирди.
– Отини Қуштарбой қўйиб эдик.
– Вой, нега ундай қўйдингиз? Ҳозирги замонга мос эмаску, чечажон.
– Қароғим, бунинг нимасини айтасан… “Қарчиғай олган тулкида не син бўлсин” дегандай Маденим урушдан майиб бўлиб келди. Бошига ўқ тегиб, миясининг ичида қолиб кетган. Ҳали ҳам шукрим кўп, Нукусга келганда Мирзаоға боламизни ёнига олиб, институтда ишлагандан буён сал дуруст. Шунда ҳам тўлиқ ишонч йўқ, баъзида бошида тутқаноғи тутиб, эсдан оғиб қолаверади. Армиядан келган йилларида жуда эзилди. Урушга кетмасдан бурун ваъдалашиб қўйган қизи бунга бир тегар, бир тегмас бўлиб, болам қаттиқ азобланди. Ўтиб кетган отасининг обрўйини ўртага солиб дегандай, уфлаб-суфлаб, охири шуни олдик. Олганидан кейин бола яна ерга қараб қолди. Эшикдан нари боролмай, қаттиқ азобланди, ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Бу отинг ўчгур уруш арслондай боламни шундай хўрланган аҳволга олиб келди-я.
Она кенг енгининг учи билан кўз ёшларини артди. Чуқур “уҳ” тортиб бир муддат сукут сақлаб қолди. Сўнг сўзида давом этди.
– Келин ҳам ҳадеганда бўйида кўтара қолмади. Уйда куёви билан бир кун ўйнаб-кулиб, яйраб ўтирмагандан кейин, минг насиҳат қилсанг ҳам, ёшлик қилади, бу оилага кўникиб кетиши осон бўлмади. Шу зайлда кечаётган кунларнинг бирида ниҳоят бола туғилди. Кўп интизор бўлиб кутилган фарзанд бўлганидан сўнг болаларнинг айтганига кўнмай, ўзим Қуштарбой деб от қўйган эдим. Билмайман, ҳаддан ташқари кўп қувониб кетдимми, бола яримжон бўлиб туғилди. Мана, икки яшарлик чақалоқнинг ҳалиям бўйни қотмаяпти, орқаси ҳам букрироқ кўринади…
Айимхон ҳам элтининг қайғусига ҳамдардлигини билдириб:
– Ҳечқиси йўқ, чеча, Худойим шифосини бераман деса, бирзумда ҳаммаси эсдан чиқиб кетади ҳали, – деб юпатган бўлди.
У ҳозиргина гапирган сўзига қараб, ўйлаб кўрса, “Худойим” деган сўзни айтмаганига кўп вақт бўлган экан. Бу замонда шундай ҳоли жойларда мўмин мусулмон, эътиқодли одамларнинг олдида айтмасанг, биров чақиб борса, еб ўтирган нонингдан айрилиб, бола-чақангнинг ризқини қийишинг ёки қамалиб кетишинг ҳеч гап эмас. Қаерга бормасин, ким билан учрашмасин, ҳамманинг кўнглидан чиқиб, сўз дўконини обод қилиб кетаверадиган Айимхоннинг негадир мана бу кайвони аёл билан гурунги қовушавермади. Келганидан буён зимдан бир-бирини синайди, фақат камчилигини излайди. Бирови элтиман деб кўнгли очилмади, иккинчиси унинг кўнгил деразасига ўз болохонасини тенг кўрмади. Иккови ҳам икки элнинг элчиларидай, сипойи сўздан нарига ўтмаётган эди.
– Урушдан болалари жароҳатланиб келган оналарнинг барини аҳволи шундай, – деди Айимхон. – Энди нима ҳам қилардик, кўникишдан бошқа чора йўқ. Омонлик бўлса, неварангиз тойчоқдек чопқиллаб кетар, ҳали мактабга ҳам борар. Ана ўшанда: “Она, менинг отимни нега Қуштарбой қўйдингиз?” деб хафа бўлиб ҳам юрар.
– Ҳов, шу от сенга бунча эриш туюлаяпти, намунча унга ёпишиб олдинг, келин-ов?
– Чечажон-эй, бу замон дегани ўзгариб кетди-ку, одамлар болаларига русча от қўйиб, ҳалиги “оға, опа”нинг ўрнига “папа, мама” дегизишаяпти, ахир. Ўзингиз кечаю кундуз дуо қилиб юрган Нажим оғанинг бир боласини оти Роллан, Рейпназар деган врач қайнимиз фарзандининг отини Дамир қўйган бўлса, Жўлмирза шоирнинг ўғлининг оти Мир.
– Вой-во-ей, шўрим қурсин-а, ўша йигитларнинг барини хотини ўрусми?
– Ўруси ҳам, ўрус эмаси ҳам бор. Ҳов, анави Тиловберган деган шоир қариндошимизнинг аёли қорақалпоқ. Асил Биби Фотиманинг қизи. Лекин уларнинг ҳам тўнғич боласини оти Байрон экан.
– Чимбойдаги овулимизда, отини айтолмайман, қайнимиз бор. Урушда душманнинг қўлига асир тушди деб, Сибирь деган томонларга жўнатиб, қамаб юборган экан. Ўша ёқдан бола-чақали бўлиб келди. Унинг ҳам боласини оти бир турли, Анатолий дейдими-ей, ўрусчага ўхшайди-я, вой шўримей. – Элти бир оз жим турди-да, – айбга буюрма, келин, ўзингнинг ўғил боланг нечта? – деди.
– Бир-иккита қиздан кейин бир ўғил туғиб олдим, чеча, папаси отини Бердимурод деб қўйган эди, бирзумда қисқариб Бердақ бўлиб кетди.
– Вой, кун бўйи жиғимга тегиб, ноз қилиб ўтирган эдинг, ўзингники ҳам қорақалпоқча бўлибди-ку.
Иккиси ҳам бироз кулишиб олишди.
– Бизнинг уйдаги инингиз, нима десам экан, динига маҳкам. Гап аёлларда, – дейди у. Амалдор бўламан десанг, тил билиш керак. Юқори томоннинг қизларига уйланганларнинг кўпчилиги тезда лавозимга кўтарилиб, хотинлари бирзумда топишиб олишди-да, куёвларини божа қилиб, борди-келдини тезлаштириб юборди. Биров кўтарилса бўлди, дарров қўлтиғига киради. Ўзлари бош қўшган ерда ўрусча сўзлашади. Ҳозирги замон шуни талаб қилиб турибди. Шоир, ёзувчиларнинг йўли бошқа. Улар ўзлари яхши кўрган ёзувчиларнинг отини қўйгиси келади…
Меҳмон озгина оёғини узатган бўлди-да, иккинчи ёнбошига алмашиб ўтирди. У тезроқ асосий гапга ўтиб, келганидан мақсад-муддаосининг учини чиқармоқчи эди. Бироқ мана бу кекса аёлнинг феълидаги сабр-тоқат, туя ҳомила кўтаргандек ҳаракатлари унинг хаёлларини бошқа ёққа олиб қочаверди.
Айимхон ҳадеганда гапнинг индаллосига ўтавермаганидан сўнг, “Бизнинг келин боласига андармон бўлиб, овқатни кечиктирди-ку”, деган баҳона билан ташқарига чиқиб кетган Хонбиби элти айланиб келгунича Айимхоннинг хаёлидан кўп нарсалар ўтди. Элти хонага қайтиб кирган пайтда овқатни сузишдан олдин меҳмоннинг қўлини ювдириш учун қумғон ва чилопчин кўтарган келини келди.
Шошилиб турган меҳмон учун тезкор пиширилган енгилгина овқатдан чимхўрлик билан номигагина чўқилаган Айимхон товоқни дастурхоннинг четига сал сурди-да, гап бошлади.
– Анча ўтириб қолдим, чеча, келганимнинг сабабини айтайин.
Ич-ичидан шу гапни кутиб турган элти меҳмонга тикилиб, қулоқ тутди.
– Бир-икки йиллар олдин, қайси йили эсимда йўқ, қишнинг қаҳратон совуғида шоир Аяпберган Мусаевга бағишланган бир йиғилиш бўлди. Қисқаси, театрнинг ичи ниҳоятда совуқ. Шоир ўғлингиз шеър ўқиди. Бизлар Тўхта Раҳмонова иккаламиз бир жуфт қўшиқ айтдик, Айтжон Хўжалепесов соз чалиб берди. Мен концертдан кейин уйга борсам, бизнинг хўжайин Жўлмирза Оймирзаев билан Ибройим қайнимни уйга эргаштириб келиб, “исиниб” ўтиришган экан. “Мана бу йигитча катта театрда биринчи марта шеър ўқиди, – деди Амет. – У ҳали ичиб кўрмаган экан, ўзинг келиб ўргатмасанг бўлмайди”, – деб менинг устимдан кулишди. Ўшандан буён бизнинг хўжайинимиз ўғлингизни яхши кўриб қолди. Чеча, энди аниғини айтаверайин, болангиз катта оқсоқолнинг қизи билан учрашиб, гап отиб юрибди.
Элти кутилмаганда “дик” этиб тушди. “Катта оқсоқол, бу – Наврўзми?” деган ўйга борди. Боласи шоир бўлгандан кейин, онаси ҳам оқсоқолларнинг шоирини танийди-да.
– Йўқ, катта қайноға бор-ку, элнинг энг катта оқсоқоли.
Элти авзойидан “катта”нинг ким эканини англамаганини билдирди.
– Отини айттирайин деб турибсиз-ай, чеча, – деб биров кўриб тургандай атрофига бир қараган бўлиб, – Матеке оқсоқол-да, Жуманазаров, – деди товушини пасайтириб.
Хонбиби элти бирдан лол бўлди-қолди. Кўзларини дастурхонга тикди-да, бирпас унсиз ўтирди. “Вой, биз уларнинг тенги эмасмиз-ку, мен боламга ундай жойдан қиз ололмайман”, деган гапни айтмагани билан маъюсгина елкасини қисиб ўтиргани шунга яқин эди.
– Айимхон қароғим, бу ўзи янги бошланган гапми ёки ўт олиб кетдими?
– Чеча, бу гапнинг бошланганига анча вақт бўлди. Қиз бу йил мактабнинг битирувчи синфида. Хат олишиб, хат беришиш бошланиб кетган. Бизнинг қизларимиз орқали хуфия гаплашиб юришганига кўп вақт бўлди-ёв.
– Ўзим янгасиман, десангиз-чи унда.
Элтининг бу сўзи Айимхонга бироз ботди.
– Янгалик қилсам, ёмонми, ахир?
– Келин, кўнглингизга олманг, сиздай янгаси бўлса, боламнинг армони бўладими? Бироқ манов айтиб ўтирган оилангиз бизларнинг тенгимиз эмас-ку. Эртан борди-келди бор, уларнинг уйидан чиққан фарзанднинг кўникиши, ейиш-ичиши, кийиниши бор. Мен борди-келиш тугул, уларнинг номини айтганингиздаёқ бўларим бўлиб ўтирибман.
– Мени буларни ўйламаяпти, деяпсизми, чечажон-ов? Қиз ҳали ёш. Отаси уни Масковдами, яна бир чет элдами, ўқитаман деган нияти бор. Бироқ қизнинг у ёқларда ўқишга хоҳиши йўқ. Гўдаклигидан ўн икки ёшигача оқсоқолнинг онаси қўлида тарбияланган. Ҳозирги чала ўрус қизлардай эмас. Мени уйдаги қайнингиз куйдираяпти. Бу йил Масковда ўқиб келганидан буён мени ҳам, Ибройимни ҳам ўз ҳолимизга қўймаяпти. “Бу қиз бегонага тегмаслиги керак, ҳақиқий шоир шундай қизга уйланиши зарур. Мен уни бошқага раво кўрмайман. У ҳам шоирдан бошқа одам билан бахтли бўлолмайди. Қорақалпоқда бизнинг миллий қадриятларимиз бўйича тарбия кўрган, бундай чиройли, бундай иболи қизни топа олмайсан”, – деб Ибройимга ҳар куни тайинлайди. Ҳой, чеча-ёв, қизнинг момиқдай оппоқ юзини, кулимсираган хумор кўзини, шундай нур сочиб турган очиқ чеҳрасини, қадди-қоматини, айниқса, тақимига тушган бир қучоқ қора сочини кўрганингда, аёл бўлсангиз ҳам ошиқ бўлиб қоласиз. Сиз билан биз қандай маслаҳатлашсак ҳам, шоир боланинг, фақат у эмас, йигит зотининг ундан кўнглини совитиш амримаҳол.
– Вой, сиз ўзи ҳамма нарсани ҳал қилиб келганга ўхшайсиз-ку, – деди элти мийиғида кулиб.
– Онасини хабардор қил, фикрини бил, яна бошқа бировлар билан ваъдалашиб қўймасин, болам баланд дорга осилди, деб қўрқмасин. Муҳаббат, севиб-севилмоқ, кўнгил деган нарсалар бор. Кўнгил кўнгилга туташганда сенинг бой-камбағаллигинг, етишмовчилигинг кўзга кўринмай қолади. Қўлни-қўлга беришиб, ҳаётни янгидан бошлашади. Йигит боши омон бўлса, молли бўлар, молсиз бўлмас, дейдилар-ку. Ҳеч нарсани ўйламасин. Шуни янгамга тушунтириб айт. Улар бир-бири учун яратилган, деб тайинлаб юборди. Мактабни битказиб, ўқишга киргунча чидасин, қолган томонини ўзимиз омон бўлсак, келиштириб юборамиз, деб қайта-қайта айтиб жўнатди.
– Вой, унгача мен ўлиб қолмайманми, ишқилиб? – Элти ўзининг сўзига ўзи ишонмай, қуруқ гурунг учун гапириб ўтирганини юз-кўзларидан сездириб қўйди.
– Ниятни яхши қилинг, чечажон, ҳали элликка ҳам чиққан йўқсиз.
– Қайдам, келин, ўйлаган сайин қўрқиб кетаяпман. Бизлар саводсиз бўлиб, ундай одамларнинг даврасига кириб кўрмаган бўлсак. Лекин сизга “бу айтганингиз бўлмайди”, дегандай қаршилигим ҳам йўқ. Биз, чироғим, эл кезиб, боласига қиз танлайдиган она бўлолмадик.
– Шунинг учун ҳам ёнингизга ёрдамга келиб ўтирибмиз-ку, – деди кулиб Айимхон. – Хўш, энди, чеча, менинг хўжайинимни ихлосига берсин. Қайдам, эртага ўзининг болалари учун шундай жон куйдирадими, йўқми, билмайман. Тунов куни Ибройимга: “Бу йил қишда курортга, Кавказга сени ҳам олиб кетаман”, – деб айтганини эшитдим.
6
Охирги соат дарсдан чиққан ёш муаллимлар институт олдида давра тузиб, тарқалмасдан туришибди. Гаплари тугайдиган эмас, ёнларидан ўтиб бораётган талабаларга ҳам парво қилмай, “воҳа-воҳа”ни қизитишмоқда эди. Ўрта бўйли, оққувадан келган, оппоқ юзлари ва қизил ёноқларидан ҳусни-жамоли сут билан қондан яралгандай, катта-катта бўтакўз қиз тўғри даврага келиб, Ибройимга гаплашайлик, дегандай ишора қилди. Ибройим қайрилиб бироз қараб турди-да, иложсиз одамдай унга томон бир-икки қадам ташлади.
– Кейинроқ келайинми? – деди қиз яшнаган юзига озгина ноз қўшиб. Унинг секин айтган сўзи йигитларга эшитилган экан: “Тушдан кейин Ибройимнинг қўли тегмайди, ўрнига ўзим келаман”, – деб қичқирди бирови.
Қиз қизариб кетди. Аслида, у қиздан кўра гули очилган, чиройи етилган, кўринишидан кўпроқ келинчакка ўхшар эди.
– Келмай қўя қол, – деди Ибройим секинроқ сўзлаб, – Равия тонггача ёзиб келаман деб, қўлёзмаларни уйига олиб кетди.
Қиз бўта кўзларини бир олайтириб юборди-да, йигит билан ўпкалашиб хайрлашди.
Кўрганлар бир қарамай кетмайдиган, озгина нози ёқимтой жамолига унчалик қусур етказмайдиган бу қизни йигитлар оқ Марол деб эркалатиб чақирганини билмай қоладиган эди. Ота-онаси юқоридан Нукусга хизматга юборилган. Ўзи пединститутнинг филология факультетини битказди. Дастлаб русча ёзган шеърларини Ибройим ўқиб кўриб, озгина мақтаган эди, шундан кейин қорақалпоқ тилида ёзадиган бўлди. Курсдоши Равия Есемуротова уни Ибройим билан Бабошнинг “Адабиёт гули” газетасини, кейинроқ “Қоратов” журнали адабий таҳририятининг аъзолигига қўшди. Марол биринчи учрашгандан бошлабоқ Ибройимнинг шеърларини ёдлаб, газетага қўлёзмалар тайёрлаш ҳаракатида бўлди. Газетадан ҳам кўра, Ибройим учун келаётганини кейинги вақтларда яширишни ҳам унутиб қўйди.
Маден бир йилдан буён шу институтнинг ички хўжалик ишларини бошқаради. Армияда олган тарбияси бўйича тонг-саҳардан келиб, фаррошлар билан ўт ёқувчиларнинг ишини текширади. Аудиторияларга бирма-бир кириб чиқади. Ибройим билан ўша соҳибжамолнинг бирга ўтирганини, турткилашиб юрганларини бир-икки марта кўргандан кейин, онасига: “Кўрпа-тўшакларни тайёрлайверинг, назаримда, ўғлингиз қиз опкелиб қолиши мумкин”, деб ҳазили чин аралаш айтган эди. Кеча Айимхон билан бўлган гап орасига Хонбиби бу гапларни аралаштирмади.
“Ёки айтишим керакмиди? Эй, йўғ-ей, боламнинг ўз оғзидан эшитмасам, рост-ёлғонлигини аниқламасам, қандай айтаман. Айтган тақдиримда ҳам улар боламни ўртага олиб қисса, “онамга не бўлди экан”, демайдими? Айтмаганим маъқул бўлган…” Энди бўлса она лолу ҳайрон. Кечаги гап қандай гап, Маденнинг айтиб юрган гапи қандай гап? Боласи билан гаплашиб кўришга аҳд қилди. “Сўзлашиб кўрарман-ей, деб ўйлади у, ўғли унчалик кўнглини ёравермайдиган, гапни тўлиқ айтавермайдиган бола бўлиб чиқди-ку. Айтганим билан тушунмайди, деб ўйлайдими “Она, сиз орқайин бўлаверинг, ўзим биламан-ку”дан нарига ўтмайди. “Болангиз ўзбилармон бўлиб кетган”, деб Маден ҳам кесатади. Шу билан ҳамма гап тугаб, жой-жойимизга тарқалишамиз. Йўқ, бу сафар аниғини билишим шарт, икки кеманинг бошини ушлайман деб, сувга ғарқ бўлиб кетмасин яна”.
Маденнинг берган хабаридан кейин онаси Ибройимни яхши кўрганиданми, унинг ташқарида юриши кўпайгандай, тунда кеч келиш одати ошгандай туюлмоқда. Қанча кеч келса ҳам, ҳаммадан кейинга қолиб, ярим оқшомгача ўтиради. Эрталаб туриши қийин, уйқуси ҳадеганда очилавермайди. Кейинги вақтларда озиб кетди. Узун одам озса, сал эгилар экан. “Энсангни кўтариб юр, букчайиб кетаяпсан”, деб амакиси бир-икки бор танбеҳ берганини эшитди. Она ярим оқшом уйғониб, боласининг ухлаган-ухламаганини аста кўриб қайтади. Уйқусининг чалалигига қўшимча, яқиндан буён гоҳ-гоҳида кечалари қаттиқ йўтала бошлади. Буни Хонбиби элтига келини бир-икки марта айтган эди. Тонг отар-отмас шаҳар чеккасида сигир боқадиган уйлардан сут олиб келиб, қўлбола саримой солиб ичкизади. Уни ҳам гоҳида ичса, гоҳида дарсимга кечикдим деб, шошилиб кетиб қолади. Маден ҳам сўнгги пайтларда “духтирга кўрин”, деб Худонинг зорини қилиб юрибди. Эси кириб, сендан бўйи баланд бўлиб кетган одамнинг елкасидан Худонинг ўзи итармаса, ёки то тўшакда ётиб қолмагунча, айтган гапингга кўндириш қийин.
* * *
Гоҳ кунлари тонг отгунча ўтиради. Куздан бошлаб, баҳоргача ёзув столининг усти йиғилмайди. Бетлари очиқ китоблар, ғижимланган қоғозлар, кўчирилган шеър сатрлари ёйилиб-сочилиб ётади. Туш пайти ишдан қайтган Маден онда-сонда Ибройимнинг ўрнига ўтириб, шеърларни ўқийдиган бўлди. Илгари: “Шоирларнинг бошлиғи ким, ўқиган шеърингга пул берадими? Бермайдиган бўлса, қиссахон ёки жиров бўлсанг-чи, чўнтагингда ҳеч бўлмаса бир-икки сўм пул юради”, – деб юрган Маденнинг ҳозир фикри ўзгарган. Иниси одамлар лиқ тўла залларда шеър ўқиб, ҳамманинг олқишига сазовор бўлганини кўп марта кўрганидан сўнг, шоир қандай бўлишини кўриб-билиб юрибди. Энди эса, Ибройим йўқ пайти унинг қандай шеърлар ёзаётганини ўғринча кўрадиган одат чиқарди. Бир-икки кун ичида ёзилган кўп сатрли шеърларнинг дуч келган жойидан бир бандини ўқиди.
… Йўллар ётар чангга ботиб
Сийрак уйлар орасида.
Толлар турар симдай қотиб
Сувсиз ариқ ёқасинда, –
деган сатрларга кўзи тушди. Бу нима, шаҳар раҳбарларига теккизиб ёзганми? – деб ўйлаб қўйди. Яна бир-икки бет ағдариб ўқиди.
Мис қозондай бошдан ўтган
Осиёнинг саратони.
Бугун ерни бир суғорсанг,
Эртан яна сўратади.
Кундуз тандирга ўт қўйган,
Ёнар қуёш манглайидай.
Саҳрода адашиб куйган,
Йўловчининг танглайидай.
Бу сатрларни ўқиб, анчагача ўйланиб ўтирди. Қаёқдаги бир сўзларни топади. Жазирама кунни адашган йўловчининг куйган танглайидай деб ёзиш учун одамнинг хаёли қаёқларни айланиб келиши керак? Қўй, бу сидирғи[5 - Сидирғи – тўғри, бир текис юрадиган.] бола эмас. Отамизнинг, унинг халқни оғзига қаратган ота-боболарининг валийлиги бунга ўтган бўлса керак. Мана бу сўзларни бир илоҳий куч кўнглига солмаса, қаердан топади? Буни туққан она мени ҳам туққан, менда унинг қобилиятининг бирови ҳам йўқ…
Юмалаган олтин тўпдай
Бош кўтарди қумдан қуёш…
… Ёлғиз ёнган шамга ўхшаб
Тонг Чўлпони кўкка ўрлади.
Учар тонгда чарх уришиб,
Тинчликнинг кабутарлари.
Мийиғида кулди-да, яна қўлёзмаларни авайлаб тинта бошлади. Тинтув деганимиз тўғри бўлмас, у ҳар саҳифани варақлаганда ёки бошқа қоғозларни ўқиб кўрганида, уларга бошқа одамнинг қўли теккани билинмаслиги учун авайлабгина ўрнига қўяди.
… Ёдингдами “Басув сув”нинг бўйида
Якшанбада гуллар териб келганинг?
У ушбу сатрларни ўқиганида ўзини худди ўғирликка тушаётган одамдай сезиб, аланглаб эшик томонга қаради. Унинг излагани аслида шундай шеърлар эди. Сабаби, шоирлар маъшуқаларига шеър ёзмасдан туролмайди. Бу шеърларни кимга бағишлаган экан? Онаси Айимхон келин келиб-кетганини Маденга айтган эди. Шунинг учун ака бўлмишнинг ҳам боши қотиб қолди. Институтга борса, анов бўтакўз қиз хумор бўлиб юрганини кўради. Шунинг учун Маден бу сафар шоир инисининг қоғозларини кавлаштириб ўтирганидан мақсадини энди ўзидан ҳам яширмай, ўқишда давом эди.
“Соғиндим”, деб хат ёзибсан яқинда,
Эсдаликка юборибсан қўлрўмол.
Хат ёзибсан: “Гулистонни соғинсанг,
Бориб янги қурилишдан хабар ол”.
Йўқ, бу сиёсат учун ёзилганга ўхшайди. Менинг излаганим бу эмас, дегандай яна қоғозларни титкилашда давом этди. Насрий сўз билан тўлган мана бу саҳифага “Адабиётнинг эсдалиги” деб сарлавҳа қўйилибди. “Бизнинг замонамизга қадар қорақалпоқ адабиётида ранглар-бўёқлар билан тасвирлаш бўйича ажойиб бир бадиий мисол бор. Бу – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” романи…” деб бошланган жумлаларни ўқиди.
Ёзув столининг бир четида “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг 1950 йил 30 сентябрдаги сони турибди. Унинг биринчи саҳифасида Қорақалпоғистон обкомининг биринчи секретари Пиржон Сейтовнинг “Кўп асрлик армон ушалди” деган мақоласини қайта-қайта остига чизиб, бир жумлаларга ундов белгиси, бошқа жойларига сўроқ белгиси қўйиб ўқиган. Қайта-қайта қўл билан ушлангани учунми, газета титилиб кетгудай бўлибди. Маден мақоланинг нима ҳақида эканини дарҳол тушунди-да, жойига қўйди…
* * *
Пиржон Сейтовнинг мақоласи Совет ҳукуматининг сентябрь ойида қабул қилган қарори асосида (Сталин вафот этгандан кейин бекор қилинган) Бош туркман канали деган ном билан улкан қурилишнинг бошланиши, бу иш амалга оширилгандан кейин халқнинг кўрадиган фойдаси ҳақида эди. Амударё – Красноводск Бош туркман каналини барпо этиш, Амударёнинг қуйи ҳудудларида, Қорақум чўлининг ғарбий томонидаги ерларни суғориш, сув билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар режалаштирилган.
Бу қарор эълон қилинганидан кейин кўп ёзувчиларни Хўжайли бандаргоҳининг нариги қирғоғига ўтказиб, ҳозирги Тахиатош шаҳри жойлашган ерга олиб бориб кўрсатган эди. Ёзувчилар, шоирларга бу қурилиш қаҳрамонлари ҳақида йирик асарлар битиш ҳақида қатъий топшириқ берилди. Маденнинг ҳалиги ёлқинли ҳовур, саратон ва йўловчининг қизиган тандирдай танглайи ҳақида ўқиган шеърлари Ибройимнинг кейинчалик эълон этилган “Акация гуллаган ерда” достонининг дастлабки чизгилари қўлёзмаси эди…
Ёш шоирнинг Маден ўйлагандай бўтакўз қизларга бағишланган шеърлар ёзишга вақти йўқ. Бунга сабаб, ўша қизларнинг шоир юрагини жимирлатадиган туйғу уйғота олмаётгани ва бир томондан баланд дорга осилиб, оёғи ерга тегмай турганидан эди. Йигит шунга алағда эди. Тўғри, унга бир шеър ёзди. Қиз унинг ёзган хатини олмади. Бу дарҳол унга руҳий таъсир қилган эди. Шуни шеър қилиб ёзди. Жуда кулгили, ўринли ҳазил бўлиб чиқди. Уни ҳали кейинроқ, мавриди келганда ўқиймиз.
7
Газета-журналларда чиққан, радиода ўқиган шеърлари бўйича бир-бирини сиртдан билиб, машқларини ичдан маъқуллаб юрган ёшлар “Қоратов”нинг таҳририятида учрашиб, танишиш одатга айланган.
– Тиловберган дўстим, шу пайтгача Мўйноққа қандай сиғиб юрибсан?
Тахтакўпирда чиқадиган район газетасининг муҳаррири Хўжамурот Туримбетов унинг қўлини қўйиб юбормай, сўрашиб турибди.
– Тунов куни бир йиғилишда сўзлаб, роса ичагимизни узган эдинг. Чиққанингдан кейин танишарман десам, улгурмай қолдим.
– Тиловберган оға Мўйноққа сиғмай, нукуслик бўлгани қачонлар эди, – деди Ибройим.
Тажетдин уларнинг сўзини бўлди.
– Фронтовикларнинг бир хосияти бор, ўзимдан биламан. Урушга бормаганларнинг барини ўзидан кичкина ёки тенг кўради.
– Тиловберган фронтовик эмасми?
Хўжамурат ўзининг хатосини сезгандай Тажетдинга қаради.
– Оёғини силтаб босганнинг бари урушда қатнашган бўлавермайди…
Тиловберган шоир энди йигит бўлиб бошини кўтарган вақтда оёғидан майрилиб, узоқ йиллар тўшакда ётиб қолган. Бир оёғи қийшиқ битган. Бундан бехабар одамларнинг кўпчилиги уруш ногирони, деб ҳисоблар эди. Унинг тахаллусини суриштириб билган Сейтжонов ҳозир гапни тенглаштиргиси келмади.
– Ибройимнинг бир ўзи узун бўйлининг озғини бўлиб юравермасин деб, биз ҳам нукуслик бўлдик, – деди Тиловберган.
Икки йил бурун пединститутнинг ташвиқотчилар гуруҳи билан Ибройим Қозоқдарёда бўлиб қайтган эди. Аввал кўрмаган ерлари, Шақамандан ўтиб анча юрилар экан. Қозоқдарё дегандан Ҳакимниёз телпакчининг “эрка қиз Алийма”си ёдига тушди. Биринчи муҳаббат, илк айрилиқ. Тенгдош бўлгани билан ўғил боладан аввал бўй етиб кетадиган қиз тақдири. Ўгай отанинг ўжарлигига кўникиб кета олмай, урф-одат тазйиқида қурбон бўлган қиз кўз олдига келган эди.
Қозоқдарёга борди ҳам, бир-икки кун юргандек бўлди ҳам. “Чимбойдан шу ёқларга келин бўлиб тушган Алийма деган аёл борми?” – деб бир-икки кишидан пинҳона сўраган бўлди. Алийма ҳақида биладиган, сўрайдиган бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Афсуски, Нукусга қайтганидан кейин унинг чимбойлик эмас, онасига эргашиб Қозоқдарёдан боргани ёдига тушиб, воҳ, Жамила опанинг отини айтиб сўрашим керак эди, деб ўкинди.
Қозоқдарёда уруш йиллари халқ оғзаки ижоди намуналарини суриштирди, бирозгина қўшиқлар ёзиб олди. Ўша сафар таассуротлари билан “Қозоқдарё” деган шеър ёзди. Бироқ шеърдаги:
Белжекини, Мойчи тумшуқ,
Оққаласи Оқтам қумшақ,
Ғоз ғанқиллаб, оққу сингсиб,
Шарқираган Қозоқдарё.
Белгисидай номус-орнинг,
Ўрни бор қонли қамалнинг,
Ботир бобом Эрназарнинг
Қони томган Қозоқдарё, –
деган сатрларидан қўрқиб, “халқ душмани”нинг боласи одамларнинг онгини уйғотмоқчи, деб айблашмасин деган ҳадик билан бу шеърни ўқимай, беркитиб қўйди. Ана ўша борганида Ерғалий деган ёши катта одам “Тиловберган шоир билан Умбетали оқиннинг айтишуви” деган шеърни ёздирган эди. Уни тинглаб ўтириб, бу кекса кишининг айтаётгани Мўйноқ райони газетаси муҳаррири, ёзганлари ҳажвга мойил ўзимизнинг Тиловберган оғамизми, бўлмаса яна шундай бошқа киши бормикин, деб кўп иккиланди. Сабаби, бу кишининг таърифлаши бўйича Умбетали оқиндан кўп бўлса, бир мучал кичикдай кўринган. Бироқ шеърнинг биринчи қатори “Тиловберган қароғим, ёш боласан” деб бошланганига қараганда, ўзимизнинг Тиловберган-ку, деган аниқ хулосага келган эди.
Айтишувни Ерғалий оқсоқол тўлиқ айтиб бера олмади. Асосан, Умбетали оқиннинг Тиловберганга:
Туркистонга борганда кўражакмиз
Хўжа Аҳмад Яссавийнинг мақбарасин.
Шунда қарғиш олибди қараканг деб,
Душманлари чиқарган масхарасин.
Шундан кейин озайиб қолган экан,
Деб сиртиндан айтади, эл-юрт ростин,
Оқин бўлсанг, шу тарихга жавоб қайтар,
Чевар сўзинг шамол каби елиб учсин, –
деган сатрлари ёд бўлиб қолган экан.
Воқеанинг келиб чиқишига қараганда, XVII асрда қорақалпоқлар Сирдарё бўйларида, Туркистон томонларда яшаган замонда Абулхайрхон уруш очиб, элни қувиш ва уларнинг ерини эгаллаб олиш учун: “Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасининг устига ёпилиб турган ипак ёпинчиқни қорақалпоқлар ўғирлаган”, деган катта баҳона билан уруш очган. (Ёпинчиқнинг ўғирлангани рост эди, бироқ у XX асрнинг ўрталарида Париждаги музейдан чиққан). Икки шоирнинг айтишуви ўша воқеа мавзусида бўлган экан. Унга ёш шоир Тиловберганнинг:
Кўп салом Умбетали оғамизга,
Изласак, Сиздай оға топамизма?!
Сиз жуда кўп мақталган бўлсангиз ҳам,
Осилиб турибсиз бугун ёқамизга! –
деб бошланадиган узоқ ўқиладиган шеър билан ёзилган жавоби бор экан. Ерғалий чол ўша жавобнинг ҳам кўп жойларини тушириб айтиб берган эди. Ўша вақтда Ибройимнинг яккаю ягона суянган тоғи, валинеъмати бўлган Нажим Давқораев билан Қалли Аймбетовлар Нукусда йўқ эди. Илм излаб, юртдан ташқарида юрган эди. Улардан кейин одил, қайтмай тўғрисини айтадиган ёши катта устоз Амет Шомурадовга ўша воқеани айтиб беради: У кишининг қўлида амали бор, дарҳол Мўйноққа “от йўллаб”, айтишувнинг тўлиқ қўлёзма нусхасини топдириб келтиради. Тиловберган шоир қари оқин бобога жуда дадил, довюраклик билан қайтарган жавобида мана бундай сатрлар бор экан:
… Ҳозирча унча қизиб, жўшганим йўқ,
Ўйлансак, чамали сўз топамиз-да…
Сиз бир буюк Асқартов, мен тепача,
Чопилган тарлонсиз-ку орамизда…
Икки йил туғишгандай эмраниб,
Бундан кейин қасд душман бўламизма?
Туркистондан ёпинчиқ ўғирлаган деб,
Туҳмат қибсиз бизларнинг бобомизга?!
Ўғирлаганга сизлардай гувоҳ турса,
Бобомизнинг айбини ёпамизма?
Ёпинчиқни ўғрилар олган чиқар,
Бу гаплар тўғри ёки ёлғон чиқар?!
Бир ёпинчиқ бир халққа мулк бўлмайди,
Кўп бўлса, тўрт-беш ўғри бўлган чиқар.
Ҳар элда ундай ўғри бўлмасмикан,
Қозоқда ҳам ўғрилар бўлган чиқар?!
Овулдан арқон-тушов ўғирлайдиган
Ўзингнинг орқангдаги чорванг чиқар!
Нағашили-жиянлар ўғирлаб бўлиб,
Жазоси қорақалпоққа қолган чиқар?!
Бу айтишув 1932 йили бўлган экан. Ўшанда Тиловберган шоир нақ ўн етти ёшда. “Ёши улкан кўпир, ёши кичик копир”, дегандай, одамнинг ўз-ўзидан номи чиқадими, кўпни кўрган қария шоир ёш бола Тиловберганни синаб кўриш учун уни ўчакиштириб ёзган шеърининг жавобига кўнгли тўлиб:
Хат ёзаман бағишлаб
Тиловберган қароғим.
Бахтинг чопиб бу кунда,
Ҳар кимдан ортиқ талабинг!
Сен бўлмасанг қизмайди
“Оққум”да менинг бозорим.
Қай вақтда хат ёзсам,
Менлибек эди чопарим.
Мўйноққа сени кетди деб,
Хабарингни сўрадим.
Омон-эсон келдингми,
Ори баланд араним!
Айтишувга чама йўқ,
Кучингни пайқаб қарадим.
Айланайин қароғим,
Пойингга бош ураман! –
деб жавоб қайтарган экан. Амет оғаси бу айтишувни ўқиб ўтириб: “Мана шеъриятнинг кучи. Орадан йигирма йил ўтса ҳам унутилишнинг ўрнига, халқ оғзаки ижодиётининг асл асарига айланибди. Ёшлигида, ҳаётлигида шеърининг халқ оғзаки ижодига айланиб, авлоддан-авлодга ўтишини кўриш қандай бахт”, – деган эди.
– Бундай бахт бўладиган бўлса, Сиз ҳам бахтли одамсиз. Сизнинг “Қалқасан, севгилим, жўшиб қалқасан, Помир тоғларидан бизга сув қуйиб”, деб бошланадиган “Амударё”, уруш йилларидаги “Қирон бўлиб, туман бўлиб, сувни сузиб, булутни бузиб” деган шеърларингизни ҳамма ёддан айтади. “Эски мактабда”, “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” каби шеърларингиз сўзсиз шу адабиёт тургунча туради…
Ўша пайт иккаласи узоқ гурунглашди. Амет оға: “Ҳозир адабиётимизга сенга ўхшаган, эски қолип, эски сўқмоқни бузиб, баландпарвоз, мадҳиябозлик оҳангида, “урдим-сурдим”, деб кўпиртириб ёзадиганларга ўхшамаган янги куч кириб келаётир. Менинг назаримда, мўйноқлик Тиловберган, тахтакўпирлик Хўжамурод, жўранг Бабош, сал сиёсатга мойиллигини айтмаса, яхши шоир бўладиган Тажетдинга ўхшаган йигитларнинг бошини бириктириш керак. Сизлар бирлашиб, бир-бирингизни қўллаб-қувватлаб, бир-бирингиз билан ижодий баҳслашиб, синаб, керак бўлса ким сусткашлик қилаётган бўлса, ўртага олиб танқид қилиб, бир янги куч бўлиб чиқинглар. Бошқалар, айниқса, Жўлмирза, Асан бошчилигидаги катта авлод ҳам бир мўъжиза туғилиб келаётганини сезсин, ўйлансин. Чинакам шеърият қандай бўлади, унга қандай талаблар қўйилишини сизлардан ўргансин”, – деган эди.
Чиндан ҳам, ўша йигитлар бир ёқадан бош чиқариб ижод қилишмоқда. Уларнинг бу норасмий, аммо мустаҳкам ижодий бирлашмасидан Амет оғанинг хабари бор эди. “Ўзим сизлар билан бир учрашаман”, – деган эди. У кишининг ҳукумат ишлари билан Тошкентга кетганини бугун билишди.
Шоирлар нега йиғилишганини аниқ билмаса ҳам, илгаридан келишиб олган одамлардай сўзга киришиб кетишди.
Адабиёт йўлларининг биридан кириб, биридан чиқиб, бу изланишда топилган мисоллар, исбот ва далиллар билан фикр билдириш авж олди. Гап Аббаз шоирга келиб тақалганда, Ибройим бу халқ шоирининг яқинда янги йилга бағишлаб ёзган шеърини ўқиди.
Янги йилнинг бахтига биз тилакдош,
Товоқда бармоқдош, ишда билакдош,
Томирдош туғишган, жангда юракдош,
Ғам-шодликни баҳам кўрган элимсан.
Шеър ўқиб бўлингач, давра сув сепгандай жимжит бўлиб қолди. Ҳамманинг нафас олиши эшитилгудек сокинлик давом этди. Сўнгра улар бошларини кўтариб, бир-бирига қарашди.
– Ҳаммамиз лол бўлиб қолдик-ку, қайтадан ўқи, – деди Бабош.
Шеър қайтадан ўқилди.
– “Товоқда бармоқдош, ишда билакдош”, – деб қайта такрорлади Бабош.
– “Томирдош туғишган, жангда юракдош”. Вой, топган экан-эй. – Хожимурод ҳайрон қолиб, бошини чайқаб ўтирди.
– Шунинг учун ҳам халқ шоири-да, тилига қара, руҳига қара. Сўз – шеърнинг гултожи. Бундай гапни ҳақиқий шоиргина айта олади.
Тиловберган шу сўзларни айтиб, Аббаз шоирнинг бошқа қанотли сўзларини эслади. Сўнгра фикр алмашув ҳавойи сўзли, бир-биридан ўтказаман деб, ошиғич мақтовлардан тузилган шеърлар мавзусига кўчди. Ибройим олдиндан тайёрлаб қўйганми, йўқса, ҳозир эсига тушдими, гапни Жўлмирза Оймирзаевнинг “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида 1950 йили 12 апрель куни эълон қилинган “Турмушдан тиш қўшиқлар” номли мақоласига бурди.
Мақолада бир ёши катта шоирнинг “Севингиз” номли тўпламидаги шеърларга танқидий фикр билдирилган:
“Шўъла бериб жарқираб, осмонда кун таранған” (Кун таранади деб ҳеч ким айтмайди).
“Сайрар қушлар қавачақнинг гулидан”,
“Етилиб қиз бўлиб ўсдингиз гулдан”,
“Пиширган гулларинг душманни кесган”,
“Урса кетмон Равия қалтирайди дужаҳон”,
“Ғайратингдан ларза олиб кунгирайди бу жаҳон”…
Шунга ўхшаган ўнлаб сатрлар келтирилган. “Латифа билан Раҳима ҳамда Жиянгул талашган, Социализм ариғига хизмат қилиб ярашган” деган сатрлар айтилганда “Буни қўяйлик, шеър қиладиган жойи йўқ. Бундай шеърлар бошқа шоирларда ҳам тўлиб-тошиб ётибди”, деган фикр билдирилиб, гап шу жойда тўхтади.
– Жўлмирза оғанинг жонига тегиб кетган экан-да…
Тажетдиннинг сўзи гумонли эди.
– У кишининг ўзи ҳам учрашиб турмайдими? – деб Хўжамурод савол ташлади.
– Келинг, ундан кўра Аббаз шоирнинг шеърлари билан кўнгилни кўтариб, олдинги завқли кайфиятимизга қайтайлик, – Тиловберган шундай деди-да, шеър ўқий кетди.
Ўкчангни кўтар деб, қишги тўқсонга,
Энди навбат бер деб, эркин бўстонга,
Нур сочаман деган жаҳон осмонга,
Қулоққа келмоқда уни баҳорнинг.
– Нима камчилиги бор? Ортиқча сўз борми? “Кет, чиқ. Сендан безор бўлдик” демайди, “Ўкчангни кўтар, эркин бўстонга навбат бер”, дейди. Ёнимизда Аббаз шоир турганда, бизнинг ёмон шеър ёзишга ҳаққимиз борми?! Энди Хўжабек жўрамнинг “Ур кетмонни” деганига ўхшаган нарсаларни бас қилишимиз керак.
Тажетдин Тиловберган шоирга қараб узоқ тикилиб турди.
– Жўлмирза оғанинг “Ербай ботир” достонида худди ўшаларга ўхшаган ҳавойи сўзларнинг кўплиги ҳақида бир мақола ёзган эдингиз. “Парвозий” тахаллусли биров “Фотиҳасиз танқид” деб сизга қарши бир нарса ёзди. Буни қандай қабул қилдингиз?
– Ўзинг қандай тушуниб, қандай қабул қилдинг?
– У бир буюртма билан ёзилган асоссиз гап-ку.
– Тушунганингга раҳмат. Унга қарши бир нарса дейишни ўзимга раво кўрмадим, – деди Тиловберган.
– Сизнинг ўрнингизга Бабош жавоб қайтарди-ку, “Танқидчилигимизнинг камчиликлари” деган мақоласида. Асарларингга танқидий фикр айтган одамга аччиқ-ғазабни тўплаб, қарши жавоб ёзиш яхши эмас. Тўғри гапни тан олиш керак, деб ёзганинг йўқми?
Бабош жавоб қайтармай, жим ўтираверди.
– Инимизга раҳмат, – деди Тиловберган, – шундай мардлик қилибди, одил гапни биров айтиши керак-ку, ахир…
Кун ботиб, тун қоронғиси тушмаганда шаҳар симёғочларидаги чироқлар милт-милт этиб, гоҳ ёниб, гоҳ ўчавермаганда уларнинг гурунги тугамас эди. Кўчада шоирлар бир-бири билан қучоқлашиб, хайрлашишди.
Катта умид, катта мақсадлар билан элнинг пойтахти, адабиётнинг олтин ўрдаси бўлган мана бу ёш шаҳарда турли овуллардаги кичкина ўтовлардан чиққан йигитлар миллий адабиётнинг улкан ғилдиракли аравасини тортишга кучлари етилганини, уни нақадар машаққатли йўллардан олиб ўтиши кераклигини аниқ сезмаса ҳам, кўкраклари тўлиб-тошиб, янги орзу-ҳаваслар билан олға қадам ташлайверишди.
ПАРВОНА
II БЎЛИМ
Арғумоқ пишқирган Аму жўшиб оқади,
Тонг шамолин ёндириб сен борасан ёқада,
Жар остида жайин кўрса сени мабода
Янги ошиқ бўлгандай ўрдан иқ[6 - Иқ – дарё, денгизнинг ўртаси “иқ” дейилади.]қа чопади,
Сенга ҳамма ошиқ бўлар, ёрим, сен юрган ерда.
Ибройим Юсупов, “Мухаммас”, 1950 йил.
1
Тун. Ярим кеча. Икки кундан буён ҳаво булут. Ёмғир ёққиси келади, сепалайди, шаррос ёға қолмайди. Бугун кечга томон кун бир очилди. Шимолий шарқдан “Ҳазрат Алининг қиличи” кўринди. Ибройим ўйланиб қолди: “Нега бундай номлашган экан? Руслар “радуга”, яъни турли рангдаги “дуга” – ёй дейишади, туркий халқларда эса “камалак” – ўқ-ёйдай эгилган дегани. Гўзалларнинг қошларини ҳам камонга ўхшатишади. Бизнинг тилимизда шуни бир сўз билан айтиладиган ифодаси йўқми?” Кўп вақт бўлди, унинг бошқа халқлар тилидан кирган, қорақалпоқча таржимаси йўқ атамалар билан сўзларни ёзиб юрган дафтари бор. Уларнинг бир чеккадан қорақалпоқчасини топиб ёки таржима қилиб юриш одатга айланган. Нега шунча кўп – уста сўз билан номлаган? Нима бўлганда ҳам буни Ислом динининг тарихини билган киши қўйган. Исломда “тўғри йўлдан юрадиган халифалар” ёки “Чориёр”ларнинг тўртинчиси бўлган Муҳаммад Али халифанинг саркардалиги, динни жорий этишдаги жасорати назарда тутилган бўлса керак. Э, қайдам, бўлганда бир бора қулоққа чалинар эди. Бунга бир сўз билан ном қўйиш керак…
Чалқанчасига ётиб, юмуқ кўзлари билан дунёдаги шунга ўхшаш нарсалар ҳақида хаёл сурди. Қиличдан бошқа эгилган яна қандай нарса бор? Кўп рангли қиличлар бўлганми? Ўхшатишлар шуурига аста-секин тақала бошлади. Эгилган нарса топилар-ку-я, турфа рангларини нима қиламиз? Сачрашга, шафаққа тўғри келмайди, эгилган жойи йўқ. Қулоқ-чи? Кунда қулоқ бўлмайди. Ойда-чи? Ойда қулоқ бўлганида – ойқулоқ бўладими? Ўйлари бирдан тўхтади. Тўртинчи курсда ўқиётган пайтимиди, Генжабой Убайдуллаев билан Дўстжон Носиров қорақалпоқча-русча луғат тузиш бўйича тадқиқот бошлашди, деган гапнинг устида бўлган бир фикрлашувда ойқулоқ деган сўз айтилгандай бўлган эди. Унчалик эътибор бермаган экан. “Ойқулоқ” эшитилиши яхши. Ойда бўлгандан кейин, обрўйи ҳам яхши. Ранг-чи? Ой шуъласи ранг таратади, сўнг уни айириб ташлаб кетади. Ота хўроз қирғовулнинг бўйнидай турли рангда товланиб, ёмғирдан кейин чиқади. Топилди! Атама деган нарсани биров бошлаб берса, танланган нарсасига ўхшаса, бир сўз билан осон талаффуз қилиниб, қулоққа ёқимли эшитилса, тилга сингишиб кетаверади. Мен бошлайман…
Нега буни эслади? Энди ёдига тушди, унинг ҳам қошлари камон, ёйдек эгилган. Хонасига зўрға сиғиб турган ола, йўқ, ола эмас, хумор кўзларининг устига тўнкарилиб, қалин чизиқ бўлиб турган қошлари қиличдек. Кулимсираб, одамга мулойим қарайдиган тип-тиниқ кўзларига кўзинг тушганда, барча ўй-хаёлларинг осмонга учиб кетади. Ўша қовоқ остида ярқираб турган мўъжизадан лол бўлиб қоласан.
У жилмайиб, доимо хушвақт юради. Чиройи очиқ, кўнгли беғубор, кўрганнинг кўнглини жўштириб юборадигандек ёқимли, ҳаммага бирдек севимли. Ибройим эса, негадир унинг ҳаммага севимли бўлишини ёқтирмайди. Қиз бола то турмушга чиққунича… дейди-да, “қандай бўлиши керак, хўмрайиб юрсинми?” деб ўзига савол беради, кўнглида бир қизғанчиқлик пайдо бўлаётганини сезади. “Бундай одамлар бошқаларнинг кўнглини қайтариб ташлай олмайди. Биров сўзласа, диққат қилиб, очиқ чеҳра билан жавоб қайтаради. Айрим йигитлар ундан умидвор бўлиб, сир олгиси келади. Яхши одам ўзига маъқул бўлмаган одамга ҳам сипойи жавоб қайтаради. Буни етарлича тушуниб етмаганлар қизнинг яхши муомаласини суиистеъмол қиладигандек туюлаверади Ибройимга…
Унақа деса, ўзининг илк бора сўзлашган куни аҳволи мутлақо бошқача бўлган эди. Институтни битирувчи курсининг тўрт ойлик амалиёти. Ибройимни тўққизинчи синфнинг тил-адабиёт муаллимига бириктиришди. Синфхонага кириб боргандан сўнг кўзининг олдидан “чақмоқ чиқиб кетди”. У бирдан лол бўлиб, қаерда турганини унутди-да, устоз муаллимнинг “ўтиринглар” деганидан кейин ўзига келди. Бу бир мўъжиза эди. Ундан таралиб турган нур оқ тумандай, бошқаларни юпқа парда билан қоплаб, фақат ўзи ярқираб тургандек эди. У ҳушидан айрилди-да, дарҳол ўзини тутиб олишга ҳаракат қилди. Кўнгил нималарни хоҳламайди, қўл етмайдиган жойдаги асл гавҳарга ҳавас қилганидан не наф. Шундай ўй унинг сезимларига дарҳол сув сепди, ўзига келтирди. Шундай бўлса ҳам, синфхонадан чиқиб бораётганида худди қамчисини қолдириб кетган меҳмондай бир тикилиб қаради, сирини билдириб кетгиси келди.
Кейин бир неча маротаба кўзлар кўзга тушди. Дастлаб кўнглида ҳеч нарса йўқ боладай кўринган қиз кўзларини олиб қочадиган одат чиқарди. Бу Ибройимни умидлантира бошлади. Энди унинг йўли қиз ўқийдиган Пушкин номидаги мактабнинг ёнидан ўтадиган бўлди. Унинг дарс жадвалини ёдлаб олди. Ҳозир уларда жисмоний тарбия дарси эканини билгандан кейин, мактабнинг айланиб орқасига ўтди. Ўғил болалар тўп ўйнашаётган, қизлар эса бир чеккада тўпланишиб туришган экан. У яқинлашган пайтда уларнинг бирови:
– Қизлар, узун ичак келаяпти, – дегани эшитилди.
Қизларнинг ҳаммаси Ибройимга қараб кулишганидан кейин “узун ичак”нинг ким эканини билиб олди.
Ўзига лақаб қўйилганини биринчи марта эшитиши. “Тўғри топишибди”, деб ўйламади. Бўйининг узунлиги, ниҳоятда озғинлиги ҳар доим гап-сўз бўлади. Озғин бўлгани билан суягининг йириклиги йигитга кўркамлик бағишлашига, “тани соғлом ориққа гўшт билан жир бирмайди” деган нақлга ишонса ҳам, икки қўлини тенг силтаб юришни қойиллатадиган бўлса ҳам, ёзда “ингичкалашиб” кетишидан ўзини бироз ноқулай ҳис этар эди.
Қизлар лақаб қўйиб, мазах қилишаётганидан уялиб, тезгина кўздан ғойиб бўлмади. Қайтанга тўғри ўзи танлаган қизнинг кўзига тикилиб қаради. “У”нинг фикрини билгиси келди. Кўнгли бироз бўлса-да, таскин топди. Унинг нигоҳларидан, қизларнинг кесатувчи кулгиларига унча қўшилмаганга ўхшаб кўринди. Ибройим бу лақаб унга қаратилмагандай, бу гапни эшитмагандай, гоҳ болаларнинг копток ўйинига, гоҳ қизларга бирпас қараб турди-да, мактаб ҳовлисидан кетгиси келмагандай секин қўзғалди.
Орадан кўп вақт ўтмай, улар синфи билан радиокомитетга экскурсияга боришди. Таниқли сухандон Марқа Кожурова радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва эфирга узатиш ишлари билан таништирди.
– Мана бу бизнинг сухандонимиз Юсупов Ибройим деган шоир йигит бўлади. Бу йил институтни битказди…
Марқа Кожурова ёш йигитга ҳурмати бўлакча эканини сездириб гапирди:
– Радиодан ҳар куни жировдай йўғон овоз билан томоғини қириб сўзлайдиган ғоз товушли сухандонимиз мана шу бўлади.
Ўшанда қоши камон, оҳу кўзли қиз кўз остидан унга бир боқиб, биров кўриб қолмадимикин, дегандай ҳадик билан дарҳол тенгдошларига олазарак қараб қўйган эди. Ана, энди орқасидан излаб бораман, йўлини тўсиб чиқиб тўхтатаман, деб бел боғлаган эди Ибройим ўшанда.
Икки кун давомида гоҳ ўчириб, гоҳ кўчириб хат ёзди. “Сўзлаганимни тинглаб ўтирмайди, биламан, йигитни ёқтирмаса-да, қўлига тушган хатни ўқимайдиган қиз бўлмайди”. У шундай қарорга келган эди. Тўғри ўйлаган экан. Қиз хатга қўлини чўзмади. “Мен хат ёзишиб кўрганим йўқ”, – деди. Йигит довдиради. Қиздан тўрт-беш ёш катталиги, амалиётчи ўқитувчилиги, ёш шоир деган номи бор. Сўз топмай, чора топмай, ёшгина қиздан, ўқувчисидан ютилиш ўлимдай кўринди. Ана ўшанда юракка қуйилиб, қулоққа садо берадиган мавридлар келди…
* * *
Ўшандан буён орадан бир йилча вақт ўтди. Кўнгил кўнгил билан топиша бошлади. Ҳалиги тилга келган сўз, дилни изҳор этишнинг топилган чорасини қофияга солиб, қизнинг ўзига шеър қилиб тақдим этди. Ҳозир ўйланиб турибди, буни дўстларининг ичидан Бабошдан бошқа кимга кўрсатган эди? Эсида йўқ. Институтдаги анави амалдор йигит бу шеърни кимдан эшитган экан? У менга шунчалик зуғум қилиб, дарғазаб бўлди…
Воқеа бундай бўлган эди. Ибройим ростдан ҳам қизнинг йўлини тўсиб, қўлига хат берганида олмагандан кейин, унга ҳийла қилиб олдиртирди. Ўша ҳолатни бундай шеърга солди.
Оҳу кўзинг ҳурккан эгиз қўзидай
Чопқиллади пастдан қирга югуриб.
–Почтачиман, қўрқма, қариндошим, ҳай, –
Деб хат бердим чўнтагимдан суғуриб.
–Почтадан хат келмас муҳр-маркасиз,
Бизнинг почтачимиз сенмас, нетаман?
–Агар ҳозир олиб қолмасанг сен қиз,
Шу мактубни йўлга ташлаб кетаман…
Худо билсин хатда не ёзилганин…
Ҳамма ўқиб, сени гап қилмасми бир:
Ерда одам, кўкда юлдузнинг бари,
Ҳатто қўшниларнинг итига довур…
Ёзувчи Амет Шомуродовнинг “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” номли ҳикоялар туркумида бўлса керак, йўлбарс буқанинг орқасидан келиб панжа уради. Ҳуркиб кетган буқа йўлбарсни орқалаб чопади. Йиртқичнинг икки орқа оёғи ерга тегмай кетаверади. Бир пайт буқа чуқурга тушганда йўлбарснинг оёқлари ерга тиралиб, буқани ён томонга улоқтириб юборади. Шоир ҳам қизни эплаб сўзга тортса, айниқса, шеър билан ёзилган хатини олдирса бўлди, ҳар қандай қиз ҳам ойга сапчиганини қўйиб, ювош тортади.
У ҳам аста-секин ювош тортди. Дастлабки учрашувларида салом-аликни Ибройим бошлаб, гапни қовуштириб юборадиган эди. Бора-бора қизнинг ўзи салом берадиган, аввалгидай ўқрайиб эмас, сал ҳайиқиб, мийиқ тортиб, уялиб қарайдиган бўлди…
* * *
Қиз мактабни битираётган йили ёзги таътил кунларининг бирида Нукуснинг қоқ ўртасидаги “Ғалаба боғи”нинг бир чеккасида турган эди. Ибройим унинг орқасидан билдирмай келиб: “Бибизода!”деди. Қиз илкис қайрилиб қаради. Ибройимни кўриб, товушини эшитганданоқ бу қадар тез “жавоб қайтарганига” уялиб кетди…
Бир пайтлари қўшни овулда Бозорбой деган одамнинг ўғли даладан югуриб келиб:
– Ота, ота, “Сассиқкўл”дан лаққа чиқибди! – деган экан.
– Ё пирим-ай!!! – деб нохосдан бошини шартта орқага бурган балиқчининг бўйни чиқиб кетган экан.
Бибизоданинг ҳам шартта орқага қарагани соғинч, дийдорга интизорнинг аломати эканини йигит ҳам сезган эди…
Деразадан “ярқ” этиб оппоқ нур тушди-да, ўчди. Осмонни қоқ иккига бўлиб узун қизил чизиқ учди. Чақмоқ чақди. Бундай пайтда бироз ўтмай момақалдироқнинг кучли гумбурлаши эшитилади, худди осмонда баҳайбат тоғлар тўқнашиб, ўрин алмашаётгандай, ўша тоғлар тошидан олов чиқаётгандай бўлар эди. Ҳозир негадир ҳеч қандай товуш йўқ, ярқ этиб ўтли чақмоқ чақди-да, кетди. Ўз хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирган Ибройим вақт ярим оқшомдан оғиб кетганини энди пайқади.
“Ғалаба боғи”да ўша куни “чақмоқ чаққан” эди. У “Бибизода” деган отни дадил айтди. Бу исм биринчи марта товуш чиқариб айтилгани учун эриш туюлмади. Агар бир-бири билан қучоқлашиб, ҳозиргидай яқин бўлиб кетганида номини тўлиқ айтса, ёши каттароқ аёлларга айтилгандай кўринар, ҳали “Биби” ёки “Зода” дегандек эркалашларга ҳадди сиғмай турган пайтлар эди.
Ўша куни ҳадди сиғди. Боғнинг дарахтлар тиғиз ўсган жойига бориб тўхташди.
– Неча кундан буён кутаман, кўзларим тўрт бўлиб кетти!
Қиз “ростданми?” дегандек кулимсираб, кўзларини бир чарақлатиб қўйди.
– Бунчалар меҳрсиз бўлмасанг…
У “тошбағир” демоқчи эди, лекин тилини тийди. Барибир “меҳрсиз” деганига кўнгли тўлмади. Муҳаббатда меҳрдан кўра кўпроқ севиш маъносидаги сўз айтилади. Қиз ҳам меҳр сўзи ошиқ-маъшуқлар ўртасида эмас, кўпроқ ота-она билан фарзанд ўртасида бўлишини пайқагандай.
– Эшигида қопағон қашқир ити, дарвозасининг олдида милиция пости бор уйнинг қизи бўлиб кўрмаганингиздан кейин билмайсиз-да…
У Қорақалпоғистон Жуқорғи Кенгеси Президиуми раисининг қизи. Отаси Матеке (Мамбетирза) Жуманазаров 1942 йилдан буён шу лавозимда ишлайди. Республикани бошқариб турган обком, совнаркомдан кейинги учинчи раҳбар бўлгани билан, ўзининг одиллиги, халққа аралашиб юраверадиган, камтарлиги ва сўзга чечанлиги туфайли элга танилган, ҳаммага тенг кайвони. Кейинги вақтларда “Қорақалпоқнинг Охунбобоеви”, деб номи чиққан инсон. Шу лавозимга кўтарилганидан буён эшигининг олдига кечаю кундуз милиция пости қўйилган. Ҳовлисида вовуллагани шаҳарнинг ярмигача эшитиладиган қашқир ити бор. Уйига кирган-чиққаннинг ҳаммасининг ҳисоби олинади. Ибройим неча марта ўша кўчага бориб, баланд деворларга бўйнини чўза-чўза, қизнинг қорасини ҳам кўра олмай, охири тун ярмида уйига қайтган.
Совнарком бошлиғининг ўринбосари, ёзувчи Амет Шомурадов бу ҳолатдан хабардор бўлгандан кейин Ибройимни уйига тез-тез чақириб, унинг бу ниятини маъқуллар, “Шу қиз сен учун туғилган, иним. У фақат яхши шоиргагина муносиб”, – деб уни рағбатлантирар эди. Хотини, халқ артисти Айимхонга эса: “Сен шу болага янгалик қил, оқсоқолнинг қизини унга олиб беришимиз керак. Бу йигит ҳали қорақалпоқда биринчи шоир бўлади”, деб тайинлаган.
* * *
Ўша куни Ибройимнинг хаёлида бу боғ фақат иккиси учун яратилгандай, йўлакларда ёниб турган чироқларнинг бош узра таралган шуълалари ҳам сезилмас, одам зотидан асар йўқ, ҳаммаёқ жимжит, гўё табиат иккаласининг висолига халал бермаслик учун бошқаларнинг ҳаракатини тўхтатгандай эди. Ўшанда илк бора нозик бармоқлар кучли бармоқларга қовушди, “чақмоқ чақилиб, олов чиқиб кетди”. Чўғдай бармоқлар орқали ўтган учқунлар, руҳий ҳарорат алангадай лов этиб, юракларни ёндирди.
Қизнинг ўпкаси ҳавога тўлиб, кўкраги бир силкиниб тушгандай бўлди. Уялиб кетди. “Сезиб қолмадими” дегандай кўз остидан қаради. Шу пайтгача “катта киши”дай кўриб юрган йигити билан ораларидаги фарқ негадир билинмай қолди. Ориқ бўлгани билан Ибройимнинг бармоқлари жуда узун, кафтлари кенг, панжаси катта эди. Қизнинг нозик қўли унинг панжаси ичига ғарқ бўлиб, энди ундан чиқиши амримаҳол бўлиб қолди. Қизнинг ўзи ҳам “шер” панжасидан чиққиси келмаётгандек, қўлини юлқиб, тортиб олмади. Кейин ҳис этгани йигитнинг энтикиб олаётган нафаслари эди. “Ё тавба, одамнинг ичидан ҳам иссиқ гармсел эсар экан-ей”, – деб ўйлади қиз.
Синфдош болалар ҳазиллашиб, қўлидан тортганда, дарҳол гавдасини орқага ташлаб, ўзини ҳимоя қилган таранг бўғинлари бу йигитнинг қўлида бўшашган эди. Қиз мана бу “катта киши”дек йигитнинг панжаларигина эмас, қучоғи ҳам кенг эканини, узун қўллари елкасини чирмаб олганини сезди. Қиз ҳам йигитга ўхшаб қайси маконда, қайси замонда эканини унутди. Шу пайтга қадар уни кўрганда ҳуркиб, кийикнинг улоғидай тоғ-тошга сакраганлари, ёшлигидан давлат ишларига аралашиб, бўйи-бастин, юриш-туришин эрта тузатган йигитни ёши улуғ одамдай кўриб юрганлари ҳаммаси ҳозир бир дамда унут бўлди. Йигитнинг томоғини қириб чиққан йўғон товуши айнан ҳозир ошиқмай-шошилмай, ҳар гапни мойлаб, учқур сўз, тимсоллар билан айтиши қизга хушомаддай кўрингани билан ёқимли, ишончли эди…
Йигит ҳам қонига сингган сипойилик билан ўзини анча босиқ кўрсатганини айтмаса, мана бу воқеалар ривожи аввалдан ўйлаб қўйгани ва кутганидан олдинга кетиб, ундан кейин мана бундай “мўъжиза”ни намоён қиламан, деган режалари бузилган эди. Бу кунга етиш осон бўлмади. Ўтган ойлар, йиллар давомида бир илоҳий нур билан учрашиш учун унга олиб борадиган йўл солиб, икки атрофини ўт-ўланлардан тозалаб, учрашган пайтида нур шуъласининг ҳайиқиб, чўчиб кетмай, фақат ўзига қараб таралиши учун барча чораларни кўриб қўйган саёҳатчи ошиқдай, қанчадан-қанча тайёргарликлар кўрмади, дейсиз. Энг аввало, ювош қилиб, ёнига яқинлаштирди, эшитиладиган масофада туриб сўз йўллади, жавобини кутди, қулоқлар бир-бирининг сасига, товуш тўлқинларига мослашди. Тиллардан сочилган дурлардан юрак сирини, кўнгил поклигини, ростгўйлигини икки томон ҳам ўлчаб, синади. Асосан, ҳуркак, содда ва гумондор тарафда ишончни орттириш орқали муҳаббат туйғуларини уйғотиш керак эди. Худойимнинг берган шоирлик илҳоми, донишмандлардан саралаган ҳикматли сўзлар ва мисолларни теран англаб, маъносини етказиб айтишлари ҳар учрашувда қиз болада ҳам ҳайрон бўлиш, ҳам ҳавас туйғуларини тобора орттирар эди.
Матеке Жуманазаров оқсоқол ҳар тарафлама (“Худой берган” деган гапни замон кўтармайди) табиат ёрлақаган инсон эди. Шундай катта лавозимда (мана, ўн йил бўлиб қолди) ишласа ҳам, устидан ёмон гап тарқалмаган, ўзининг камтарлиги, халқчиллиги билан элда афсонага айланган. Юмушнинг энг оғири – жон бериб, жон оладиган пахта терими мавсуми ҳисобланади. Ўша йиллари планни бажариш кечиккан маҳал эмизикли аёллар ҳам болаларининг оёғидан қора уйнинг керагасига бойлаб, қопи[7 - Қопи – эшик.]га қулф уриб, теримга чиқади. Ўшандай кунларда биров куппа-кундузи тандирга нон ёпаётган аёлларни кўриб қолса, хамир товоғини улоқтириб, қамашгача бориб етган. Жуманазаров бўлса, машинасини тандирга қараб буриб олиб борган. Аёллар қанча ҳайиқса ҳам, элнинг одати бўйича салом бериб, бир жуфт чўрак олиб, “Нон енг”, деб олдига чиққан. Оқсоқол уларнинг саломига алик олиб, “Раҳмат, илоҳим, қучоққа сиғмайдиган келин бўлгайсиз”, деб фотиҳа берган. Уларга ҳолатни тушунтириб, иссиқ чўракни машинада еб кетавергани элга тарқалиб кетган.
Ҳақиқатан ҳам, Худо берган бу одамнинг тўрт ўғил, тўрт қизи бор эди. Шундай катта амалдор бўлса ҳам, ўз фарзандларининг отини Айназар, Пирназар, Бекназар, Эрназар деб атагани билан, қизларининг каттасидан бошқасига замонавий от қўйган. “Ошининг олди, сувининг тиниғи” бўлган Бибизодаси туғилган 1934 йиллари ҳали ундай ўрусча от қўйиш удуми бошлангани йўқ эди. Халқимизнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган урф-одати бўйича тўнғич фарзанд ўзингники эмас, ота-онангники.
Мана шу одат бўйича Бибизодани туққан онаси Болзода эмас, Матекенинг онаси Хонтибека кампир боқди.
Оқсоқол 1939 йили Қорақалпоғистон Республикаси Молия министри бўлиб сайлангандан кейин Нукус шаҳрига кўчиб кетганида Бибизода беш ёшда эди. Уни Хонтибека онаси ўзи билан Кегайлидаги уйида олиб қолди. Шу зайлда қизнинг ота-онаси нукуслик бўлиб кетди. Биби қиз Кегайлидаги мактабга борди. Ёзги таътил кунлари Нукусга қидириб борган бўлмаса, бувижонисини ташлаб, туғишганларига қўшилишга унчалик рўйхушлик берган эмас.
Нима деганда ҳам ёш бола, дастлабки йиллари пойтахт Нукус шаҳрида туғишганларига қўшилиб, катта шаҳарда ўйнаб-кулиб юргиси келди. Бироқ бунга, биринчидан, катта энаси кўнмади. “Чолимнинг чиққан ери, болаларимнинг туғилган маконини ташлаб кетмайман”, деб туриб олди. Иккинчидан, Бибизоданинг ўзидан кичкина укалари, сингиллари бари Нукусда рус мактабда ўқиб, кийинишидан, фикрлаши, дунёқараши мутлақо ўзгариб кетган. Ҳар сафар келганида Болзода болаларига Бибизодани кўрсатиб: “Бу сизларнинг опангиз, менинг тўнғич қизим”, деб тушунтиргани билан, улар бунга овулдан адашиб келган, тараққиётдан орқада қолган, ўзларига асло ўхшамайдиган бегонанинг қизидай қараб, ҳеч яқинлашишмайди. Бу ҳам момонинг эркалатиб тарбиялаган оқкўнгил қизи эмасми, улардан жаҳли чиқиб: “Ҳе, ўрус бўлиб кетган янтоқлар” деб аямай чимчиб оладиган эди.
Мана, шундай қилиб икки ёққа қатнаб юриб, Бибизода тўртинчи синфни ҳам битказиб қолибди. Хонтибека ўғли Матеке билан келини Болзодани чақириб:
– Мана, қизингиз ўн иккини тўлдириб, ўн учга қараб кетди. Бундан буёғига уни ўзингиз тарбияланг, энди унга менинг кучим етмайди, – деб Бибизодани қайтариб берган эди.
Ўшангача кампир халқнинг удуми, урф-одатини қизнинг қалбига жойлаштириб тарбиялаган эди.
Қиз болага хос бўлган ибо-ҳаё, меҳрибонлик, сабр-тоқат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби хислатлар, миллий қадриятлар қонига сингган Бибизоданинг устига-устак билим эгаллагани ҳам Ибройимни лол қилган эди. Ҳеч ўхшаши йўқ бу гўзалга, осмондан тушган фариштадай бу илоҳий мўъжизага биратўла берилиб, китобларда ўқиб юрган, бироқ бирови бировига ўхшамайдиган муҳаббат деган тубсиз гирдобга тушиб қолганини тан олди. Кўзлари оҳунинг кўзидек катта-катта, елка сочи бир қучоқ бўлиб тақимига тушадиган, агар ёйиб юборса, бутун танасини яширадиган, момиқдан ҳам оппоқ мана шу бадан ичида асл қорақалпоқ ҳамда замонавий билим билан тарбия уйғунлашиб кетган бошқа бир инсонни учратиш мушкул эди…
Ибройимнинг бугунги оқшоми тонгга уланиб кетди. Сергак хўрозларнинг чақирган товушлари эшитила бошлади. Муҳаббатнинг узоқ кутган тотли дамларини, ошиқлик деб аталган туйғунинг аҳду паймони изҳор этилиб, бир жон-бир тан бўлиб бирга яшашга қарор қилингани масрурлигини ҳис этиб, севгилисининг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракатини эслаб, ўринда мастона-мастона чўзилиб ётди. Илгарилари хотин-қизларнинг ҳеч қандай эрки йўқ бўлган замонларда, уларнинг кучи икки кўзида бўлади, фақат йиғлашни билади, деганларидай шоирнинг ҳам бутун кучи шеърларида бўлди. Унинг хаёлига шеърий мисралар кела бошлади.
Ёз оқшоми иккаламиз боғ ичинда,
Хилват ўриндиқда ўтирдик ёлғиз.
Биллур қадаҳ билан сен ўша тунда,
Ишқ шаробин менга ичирдинг, ёш қиз.
Юракда янгради ишқ ашуласи,
Оппоқ томоғингдан искадим сармаст.
Титраб сувга тушган ойнинг шуъласи
“Севаман”, деб менга сўйлагани рост…
Шеър мисраларини тезлик билан оқ қоғозга ёза бошлади. Ўша куни истироҳат боғида мусиқа чалиб турган духовой оркестр, япроқларни шитирлатиб эсган шамол, барча қушларнинг овозини жим қилиб қўйиб, фақат ўзи ярим кечагача сайрайдиган булбуллар, чуғурлашган чумчуқларгача “севаман, севаман” деб тургандек туюлса ҳам:
Сен айтмадинг ўша сеҳрли сўзни,
“Севаман” демадинг фақатгина сен.
Бироқ сенга кўзим тушганда кўзни
Киприк билан тўсдинг астагина сен…
Ушбу қисқагина шеърга нуқта қўйди-да, сатрлар тагига санани ёзди: “1950 йил”.
2
У одатдагидек шошилмасдан институтга етиб келганида илмий кенгаш мажлиси аллақачон бошланиб кетган экан. Адабиёт назарияси бўйича билимдон, етук мақолалар ёзадиган, саводли “икки муаллимнинг бири” ҳисоблана бошлаганидан буён мана шундай мажлисларга таклиф этадиган, нутқ сўзловчилар рўйхатига ёзиб қўядиган бўлишди. Бугун муҳокама қилинаётган масала бўйича сўз беришмаса, ўзи сўз сўраб, гапириши керак. Бунга анча вақтдан буён тайёргарлик кўрган.
Устози Давқораев 1946 йили XIX аср қорақалпоқ адабиёти тарихи бўйича номзодлик диссертациясини ёқлагандан кейин кейинги икки йил давомида докторантурага кетиб, “Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” деган мавзудаги илмий-тадқиқотини битказди. Илмий иш уч бўлимдан иборат бўлиб, биринчи, энг катта бўлими “Фольклор” деб аталади. Олимнинг ушбу монографияси институтда дарслик сифатида ўқитила бошлаган эди. Биринчи бўлиб достонларнинг мазмунига, воқеалар содир бўлган даврга қараб, яратилиш тарихи бўйича ўзгачаликларни фарқлаб берди. Ибройим буларнинг ҳаммасини ўрганиб, талқин қилиб, тайёрланиб юрибди. Бунинг яна бир сабаби Давқораев Москвага ўқишга кетгандан буён айрим замондошлари унинг илмий янгиликлари ва изоҳларининг ҳар ёқлама талқин қилса бўладиган жойларини излаб, ҳар ер-ҳар ерда бош кўтара бошлаган эди. Уларнинг ичидаги амали катталари “Давқораевнинг издошимисан?” дегандай буларга ҳам кўз олайтириб юрганлари сезилаётганди.
Нажим Давқораев 1950 йилнинг августида Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Саримсоқовга: “Менинг диссертациям ўн босма табоқ ҳажмида бўлиши керак эди, бироқ уни ёзиш борасида қорақалпоқ халқининг фольклор бойлигини тадқиқ этмай, қорақалпоқ адабиёти тарихини ёзиш мумкин эмаслигини тушундим. Бу масалани тўлдириш зарурлигини англадим. Шу сабабли, диссертациянинг ҳажми уч баробар кўпайди. Ишимнинг барча ортиқча чиқими ўзимнинг меҳнат маошимни ҳисобидан тўланади”, деб ариза ёзган эди.
Сўзга чиққанларнинг баъзилари бундан хабарсизми, айтганлари, топган камчиликлари асоссиз эди. Йиғилишга тайёргарликсиз келиб, Давқораевнинг меҳнатига гумон туғдириш орқали илмий ишнинг баҳосини туширишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш мақсадида Қалли Айимбетов унинг Қорақалпоғистон Министрлар Кенгесининг Раиси Н. Жапақовга ёзган ҳисоботини ўқиб эшиттирди.
“Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” мавзусидаги докторлик диссертациям машинкада 931 бет бўлди, у уч китобдан иборат”, деб бошланган хатда диссертацияга қўшимча 500 бетлик адабиёт хрестоматиясини тузганини билдирган эди.
– Ҳаммаси бўлиб икки-икки ярим йил ичида уч жилддан иборат диссертацияга хрестоматияни қўшиб тайёрлаш бир неча ходими бор илмий-тадқиқот институтининг ҳам қўлидан келмайдиган иш…
Қ.Айимбетов “Фольклор” бўлимида “Алпомиш”, “Қоблан” достонлари бошқа халқларнинг шу номдаги достонларига қиёслаб ўргангани, “Қирқ қиз” достони бошқа халқларда йўқ, фақат қорақалпоқларда бор эканини, бундай янгиликларни Давқораев биринчи бўлиб илмий тадқиқ этганига тўхталди. Ушбу нутқ Ибройимга анча дадиллик бағишлади. У ҳам ўзининг тайёрлаган баёнотини айнан шу мавзуга бағишлаган эди.
Нажим Давқораев бўй-бастига қараганда салобатли кўринадиган, ўртача йирикликдаги, қуюқ қора қошлари остидаги икки кўзи у қизишиб сўзлаганида ёниб турадиган, илк қарашда қаҳри қаттиқ кўрингани билан кулимсираб юрадиган одам эди. Кенг манглайидан тушавериш жойида ўртаси ботиқроқ бурни юзида кичикроқ кўринар, ундайларни халқда пучуқ эмас, “тампиш бурун” деб атайдиган, сўзни секин бошлагани билан бора-бора қизиб, чин кўнгилдан кулганда гуручдай оппоқ тишлари чиройига чирой қўшадиган эди. У дарҳол бийликни қўлга олиб кетадиган фаол, дипломатиядан хабардор, ҳар кимнинг ўрни, феъл-атворига қараб адашмай муомала қиладиган, одамгарчиликни, ўзаро ҳурмат-иззатни жой-жойига қўядиган инсон. Москвага борса, атоқли тарихчилар Иванов, Толстов, Баскаков, Бертельс, Тошкентда Ғафур Ғулом, Иззат Султон, қозоқлардан Мухтор Авезовлар билан қадрдон бўлиб юрадиган обрўга эга эди.
Шунга қарамай, эллигинчи йилга келиб, рақиблари кўпайиб кетди. Бердақ шоир вафот этганининг 50 йиллигига бағишлаб тайёрлаган баёнотидан кейин ҳар ер-ҳар ердан дастлаб ёқимсиз, бора-бора заҳарли сўзлар тарқалиб, матбуотга ҳам чиқа бошлади. Кутилмаганда бирдан “буржуазия-миллатчилик дунёқарашидаги одам” деган ёрлиқ тақалиб қолди. Бу – яқинлашиб келаётган олақуюн довул бошланиши олдидаги изғиринли шамол эди. Ўз халқи адабиёти тарихини XVIII асрдан бошлаб тирилтирган олим, бу хавфли шамолнинг кейин тез авж олиб, унинг ҳаёт гулини юлиб олиш учун ҳамла қилажагини, атрофида “қалдирғочдек тумшуғи билан сув ташиб”, унинг улуғлигини халққа етказиб юрган олимлар Қалли Айимбетов, Жумек Ўринбоев, Исмоил Сағитов, Янгибой Досумов, Ўринбек Кожуров, ёзувчилардан Жўлмирза Оймирзаев, Асан Бегимов сингари дўстларининг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмай қолишидан ҳали бехабар эди.
Давқораевнинг ўша 1950 йили китобча бўлиб чиққан, сўнг Тошкентда “Шарқ юлдузи” журналида ўзбекча, “Звезда Востока”да русча эълон қилинган “Бердақ шоир” монографияси бўйича И.Ефимов деганнинг идеологик бузғунчи брошюра деган мақоласи шов-шув бўлиб кетди. Улар кўп вақтдан буён оғиз бириктириб, тайёргарлик кўриб юрган экан, ҳадемай Савицкий, Бектемиров, Соничев, Некрасовларнинг мақолалари ҳам “Советская Каракалпакия” газетасида кетма-кет босила бошлади. Маҳаллий олимлар ўзаро йиғилишларда: “Ундай эмас-ку, бу иш нотўғри бўлаяпти”, деб ғўлдирашгани билан, матбуотда фикр билдиришмади…
* * *
Кузнинг илк ойи бошланган эди. Тонг пайтлари ҳаво совиб кетди. Дарахтларнинг япроқларини шитирлатган шамоллар эсди. Ёзи билан етарли сув ичмаган дарахтларнинг япроқлари эрта қуврай бошлади. Манави елвизак шамол тўкилаётган япроқларни учириб, анча масофага элтиб ташлайди. Сепалаб ёғадиган ёмғирдан олдин худди шундай шамол елпиб ўтар эди. Тонг ёришаётганда уйғонган одамлар осмонга қараб туради-да ҳовучини очиб, томчи кутади. Тажрибалилари шамолнинг бундай эсишидан ёмғир ёғмаслигини, осмонни ҳар томондан кўланка қисиб келганидан кейин ёғадиганини билиб, булутларнинг ҳаракатини кузатади.
Бугун ҳам худди шундай бўлди. Япроқларнинг шитирлаши тўхтаб, жимжитлик чўкди. Фақатгина чумчуқлар гала-гала бўлиб, ўзларини улкан дарахтларга уриб, бир жойга қўнмай, галаси билан гоҳ қиялаб, гоҳ ёйилиб, яна тўпланиб, безовталик билан шитоб учарди. Улар ҳадемай ёмғир ёғишидан хабардор қилиб юргандек эди. Чошгоҳга қараб дастлаб сепалай бошлаган ёмғир осмондаги қопнинг оғзини биров ечиб юборгандек бирдан кишмишдек катталикда қуя кетди. Одамлар “Манави нима қилгани-ей”, дегандек осмонга қараб, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, пана-панага югуришади, иложи борича тез чопишади.
Уч киши ёнма-ён юра олмайдиган тор сўқмоқдан келаётган Ибройим ҳамроҳларининг олдига ўтиб, Бабош пастроқ қоратолга тенглашган пайтда “Ёғин бир марта ёғса, дарахт икки марта ёғади” деган нақлни синаб кўрмоқчи бўлгандай толнинг шохини силкиб юборди. Япроқларнинг кафтларида ҳовучдаги сувдек тўлиб турган томчилар Бабошнинг устига дувва тўкилди. Унинг орқасидан келаётган Тажетдин буни кўриб: “Вой, астағфуруллоҳ! – дея ҳайратланди. – Охуннинг ўғли ҳам шундай шўхлик қилармикин!” – деди.
Бабош Тажетдинга ялт этиб қаради. Сўнг ҳеч ким эшитиб қолмадимикин, дегандай атрофга эҳтиёткорона разм солиб боқди. Унинг бу ҳаракати Тажетдинга “Бундай ҳазил қила кўрма”, дегани эди. Ибройим ҳам афти ўзгариб, кўзининг остидан хўмрайиб қаради. Бабош бирдан аэропортда бўлган бир воқеани эслади. Дўсти Нурмуҳаммедов Маратни тенгдош йигитлар билан Москвага аспирантурага кузатгани чиқишганида Эломон ҳаммага қарата: “Мана нақадар омон-омон замонга етишдик, “халқ душмани”нинг боласи эмин-эркин ўқиш учун Москвага бораётир”, деб қолса бўладими. Маратнинг ўша вақтдаги аҳволи ўла-ўлгунимча кўз ўнгимдан кетмаса керак, деб ўйлаган эди Бабош.
Эломон ҳазилкаш, ёнғоқдек шақиллаган, оқкўнгил йигит. Кўпчилик бу гапни ёмон ният билан айтмаганини билса-да, анча вақтдан буён айтилмай келаётган бу сўз Марат тугул, бошқа ҳамма йигитнинг жон-жонидан ўтиб кетгандек бўлди. Ўсарбойнинг топқирлик билан: “Вой, ҳазилинг қурсин, сен падарлаънатининг”, деган сўзларидан кейин йигитларга жон кирди. Тажетдиннинг ҳозирги ҳазили ҳам Эломоннинг қовун туширганига ўхшар эди. Ибройим сира ҳовлиқмас, ўзини бекдек салобатли тутадиган, шеърий сатрларида ботир кўрингани билан ниҳоятда таъсирчан, юрагида қандайдир қўрқувми ёки огоҳлик бордай, арзимаган нарсага титраб кетишини Бабош яхши билади. “Отаси охун, “халқ душмани” деган гапни эшитса, эсидан тонадигандек эди. Замон ҳам Эломон айтгандай “омон-омон” эмас, кундан-кунга қаттол бўлиб бораётганини ҳамма сезади. Шундай бўлгани билан, булар ҳаёт завқига тўла ёш йигитлар, бир-бири билан ҳазиллашмаса ўлади, гап-сўзларида ҳеч қандай ғаразли ният бўлмаса ҳам, оғзидан бехосдан чиқиб кетади.
Ибройим ўртоқларининг мум тишлаб қолгандек жимжитлигини бузиб, сенинг ҳазиллашмоқчи бўлганингни тушундим, дегандай сўз бошлади:
– Ўн тўрт ёшида ўқишни битказиб, овулдаги масжидга мулла бўлиб келган ёш бола (ҳазрати Хўжа Аҳмад Яссавий демоқчи эди, қўрқди) дарсдан кейин овулдаги болалар билан томнинг бўғотидан чумчуқ ушлаб, ўйнаб юрса, масжиднинг имоми кўриб қолиб: “Сиз ўзингизни мана шу шогирдларингизга дарс берадиган мулла эканингизни унутдингизми?” – дебди.
– Унутмадим, тақсир. Ўзимнинг ҳам ҳали бола эканимни, вақтида ўйнаб қолишим керак эканини сиз ҳам унутманг, – деб жавоб берган экан.
Бу мисолни Бабошнинг устига дарахтдан ёмғир томчиларини қуйдирганини оқламоқчи бўлиб айтса ҳам, ҳазил-ҳузул авжга чиққанида ҳам қаттиқ кулмайдиган, кулганда ҳам қандайдир сипойилик белгилари сезилиб турадиган Ибройимнинг бу ҳазили янгиликми, юпатишми, ҳар ҳолда ёнидагиларига эркалангани эди.
Ҳалиги олдинги сафдаги ўрнини бермай, дўстлари билан гаплашиб келаётганида бир оёғи ёмғир суви тўпланган кўлмакка тушиб кетди. Ҳали тарқалмаган ноқулай вазият унутилгандай, ҳамма бирдан кулиб юборди.
Бабош Тажетдиннинг оёғига қаради.
– Биз ҳам сендан ўрганишимиз керак-эй.
Ибройим унга қарши чиқди.
– Тажет, сен оёғингдаги ковушингни ташла. Уни бошқа кийма. Боядан бери айтаман деб юрган эдим. Этикнинг сиртидан ковуш кийсанг, худди шаддод кампири бор чолларга (қўрққанидан киядиган демоқчи эди) ўхшайсан.
– Қўнжингга сув киргандан кейин мени кўра олмай турган бўлма, ма, кийиб ол, ечиб бераман.
– Ботинкамнинг ултон[8 - Ултони – таги, таг чарми (падоши).]и тушиб қолса ҳам киймайман.
– Нечанчи курсда ўқирдинг, ёдимда йўқ, бир сафар оқ этикнинг сиртидан сен ҳам кийиб юрганинг эсимда.
– У кигиз этик эди. Сеники булғари, хиром этик. Бойлар шундай пухта, зиқна бўлади.
– Қаёқда адашиб юрган экан бойлиги. Бу совет офицерининг парадний пойабзали.
Гапга Бабош аралашди.
– Эй, Тажет, сен йўқ ердаги парадни айтма, ўзинг эмасми ҳар сафар: “Урушдан битлаб-қуртлаб элга зўрға етдим”, деяверадиган. Буни шинелнинг астарига тикиб олиб келган пулингга олгансан.
– Қандай пулни айтаяпсан?
– Бизнинг овулда бир язнамиз урушдан кўп пул олиб келган. Йўлда ҳеч кимга билдирмаслик учун шинелининг астарини сўтиб, ичкарига яшириб тиккан. Зил-замбил бўлиб кетган шинелни киймай олиб келган, овулда ҳам ҳеч кимнинг қўлини шинелга теккиздирмаган.
Йўл лой, сирпанчиқ. Тор сўқмоқда “томоқларига сув пуркаб” келаётган бу уч ошнанинг ёнидан айланиб ўтиб бораётган ёш йигит билан қиз “пиқ” этиб кулишди. Уларга гавдаси тўлиқ иккаласи эмас, уларнинг тепасидан қараб келаётган Ибройимнинг юзигина кўринди.
– Вой-бўй, топган гапини қара. Уруш қирғинида қон кечиб юрган одамда ундай пул қандай номаъқулни есин. Пулни 1945 йил япон урушига борганлар олиб келиши мумкин, сабаби, японларни енгиб бўлишгандан кейин хавфсизлик учун уларни олти ой, бир йилга қадар Тинч океанида кемаларда ушлаб туришган. Бари бўрсиқдай семириб, пачка-пачка пул билан қайтишган…
Гап тугаган вақтда Ибройим уларни тўхтатди.
– Мана бу ерни бир айланиб, зиёрат қилишимиз керак.
Тажетдин унинг кўрсатган ерига қараб, зиёрат қилгудек жой топмади. Ибройим изоҳ берди.
– Бу ерда айрим одамлар қучоғидаги жуфтини (бир жуфт деган сўзни бузиб айтди) тушириб, шу ерга кўмган.
– Вой, бопладинг-эй, – деб Бабошнинг ҳайрон қолганига Тажетдин тушунмади. Ўтган йили декабрнинг қаҳратон совуғида ёзувчи Хўжабек Сейтовнинг топшириғи билан икки куви шиша ароқни қўлтиғига солиб келаётганида ерга тушириб синдирганини Тажетдин эшитмаган эди.
– Қучоққа эмас, қўлтиққа, – деди Бабош.
– Қўлтиққа деб, кийимнинг сиртидан қисилганни айтади. Сен плашнинг ичидан қучоққа қисгансан…
Улар шу юриши билан “Нукус” кафесига етиб келишди. Кафенинг булар келаётган томонидан ўнг ёнида жуни ҳурпайган ориқ ит, унинг рўпарасида катта қари мушук бир-бирига қараб чўзилиб ётган эди. Ўзаро келишмай, доим жанжаллашиб юрадиган эр-хотинларни одамлар “ит-мушук” дейишади, мана бу ерда эса бир-бирига душман икки жонивор одамларга ўрнак бўлмоқчидай ёнма-ён чўзилиб ётибди. Кафенинг ичидан чиқиб келаётганларнинг ғала-ғовури эшитилди. Қулоғига таниш товуш эшитилган Ибройим дарҳол эшик томонга қаради. Бир-бирига суйкалишган уч кишининг ўртадагиси Маден эди. У ёнидагиларга қараганда чарчаганроқ. Шу ҳолатда одамни таниши гумон. Ибройим Тажетдинни паналаб, кўринмасликка ҳаракат қилди. Унга кўринганнинг ҳам фойдаси йўқ. Хавотирга ҳам ўрин йўқ, ҳали ёп-ёруғ кундуз бўлса. Нукусга кўчиб келгандан кейин тунлари излаб, тополмай қайтганида, тонготарда қийшайиб омон-эсон уйга кириб келишига ўрганиб қолган. Ёнидаги дўстлари ҳам ўзини уларни кўрмаганга олишди.
Уларнинг вақт ҳали тушга бормай, эрта кундан кафега боришининг сабаби бор эди. Қонли уруш даври салгина нафас ростлаб тинчгина дам олишга имкон туғилганида кўк қаламининг учини тупуги билан ҳўллаб, дуч келган қоғозга шеър ёзиб юрадиган шоир Сейтжонов ҳандақда ётиб, туш кўради. Тушида билаклари тўқмоқдай бир немис унинг қўлини қайиради, бошига гурзидай мушти бир уриб, ҳушидан кетгизади. У кўп вақтдан кейин ўзига кела бошлайди. Негадир бир қўлини қимирлатолмайди, бетига томчилаган қон қотиб қолган. Бошини кўтаролмайди. Аста-секин ҳушига келганида нима бўлганини билмайди. Ўрнидан турмоқчи бўлади, ҳоли етмайди. Кейин ҳалиги жангчилар билан тўқнашишдан аввал ҳандақда ётгани эсига тушади. Ингранг-синграб қийналса ҳам секин ён томонга қарайди. Одам йўқ, жимжитлик. Бошининг устида икки букилиб ётган аскарни элас-элас кўради. Ўшанда ўзининг ярадор бўлганини, ҳалиги кўргани туш эканини билади. Хаёлида узоқ ётгандай туюлади. Атрофда ундан хабар оладиган тирик жон йўқ. Навқирон йигит ваҳимага тушиб, ўлим хавфини сезади. Қўрққанидан “Ким бор? Ёрдам беринг!” деб бақира бошлайди. Бироқ товуши жуда заиф чиқади, ўзига зўрға эшитилади. Яна ҳушидан кетади. Орадан бир кун ўтиб, госпиталда ўзига келади. Суриштириб билса, булар ётган ерга снаряд тушиб портлаган, ўнг қанотда турган жангчиларнинг уч-тўрттаси жон таслим қилган. Унинг қўлига, бошига осколка тегиб, ҳушидан кетган экан…
Тажетдин ўша кунни ўзининг иккинчи марта туғилган куни, деб ҳисоблайди. “Снаряд бир қадам яқинроқ портлаганида, мен бу ёруғ дунёда тирик бўлмас эдим”, деб кўзига ёш олади. Уч дўст ўша кунни нишонлаш баҳонаси билан кафега келишаётган эди. Унинг:
Тунлари қолганман қишнинг ойида
Қонсираб Белорус тўқайларида, –
каби қаҳратон қиш азобларини ёдга солувчи хотираларини,
Неларни кўрмадим, замондошларим,
Номма-ном айтишга тил бормас барин, –
деб юракларни эзадиган қайғу-ҳасратларини,
Бугун шу урушдан қайтган қаҳрамон,
Бир дўстимни кўрдим икки оёқсиз.
Кетиб бораётганда тратуардан
Уни туртиб кетди бир маст, уятсиз.
У кетди қайрилмай ўз йўли билан,
Дўстим тол тубига йиқилиб қолди.
Шоирнинг ўқ теккан ўнг қўлим билан
Югуриб бордим-да, кўтариб олдим, –
деган ўкинчларини эшитиб, дардларини енгиллатишга келишмоқда.
Ўша кунги ўтириш узоқ чўзилди. Шоирлар йиғилган жойда дастлаб адабиётнинг “миннатли” бир вакили ўтдан олиниб, сувга ташланади. Гап қизий борган сари ундайларнинг сафи кўпая бошлайди. Сўнг бирови: “Мен бундайларга мана бундай сатрлар билан жавоб берганман”, – дейди-да, шеър ўқий бошлайди. Ана энди гапнинг янги босқичи бошланади. Кундалик воқеалар унут бўлади. Шеър ўқиш авж олади. Бош тобора қизиб, бир-бирини тингламай, икков-учов бирйўла шеър ўқий бошлайди. Шу жойга келганда ўтиришни эплаб якунлайсан, ё бўлмаса эсингни билмай даврани ҳам, ақлу ҳушингни ҳам тарк этасан…
Тажетдин улардан тўрт-беш ёш катта, ҳали шеърлар тўплами чиқмагани билан ўзини тажрибалироқ санаб, ора-орада ёши катталигини эслатиб, тартибга чақириб қўяди. Булар ҳам қулоқ солгандай бўлиб, гоҳо: “Оға, гапингиз тўғри”, дегани билан ўзларини тенгдош сезарди. Шоқолларнинг: “Қани, бир улушиб олайлик, овулдаги кўппакларнинг тинчи бузилсин”, деганларидай улар ҳам бир яйрашди.
Орадан бир кун ўтиб, яна учрашиб қолишди.
– Кечаги ўтириш ўтириш бўлмади, – деди Тажетдин, – ёш, ёш дегани билан бўғини қотиб кетган, қорақалпоқнинг ягона институтини манаман, деган муаллимисиз. Миянгизни адабиёт билан шеър еб кетганми дейман, билмайман, шунча вақт ўтирсак ҳам, аёл зотидан асло сўз очмадингиз.
Бабош, Тажетдиннинг бир кўзи қисилиб, мийиқ тортганда юзидаги кулдиргичи ўйилиб, хотин-қиз ўтса сузилиб қарамай туролмайдиган кўзларига қаради. Ўзи ҳам ўша “халқ”нинг назаридан четда қолмайдиган кўркам йигит. Ҳаттоки, уруш азоби ҳақидаги шеърларидан ҳам: “Ўчоқда ўт қолди лов-лов ёнмаган, Қучоқда дард қолди меҳри қонмаган”, деган ажойиб сатрларни топадиган шоир.
– Бу ерга шу камчиликни тўлдиргани келдингми?
Бабошнинг бу ҳазилида жон бордай туюлди. “Бу бекорга юрмайди”, деб қўйди ичидан. Тўғрисини айтганда, кафеда гапни кўпайтирган ҳам шу Тажетдиннинг ўзи.
– Сен тунов куни Давқораевнинг “Бердақ шоир” китоби бўйича ўтказилган йиғилишда катта қаҳрамонлик кўрсатдинг, – деди Ибройимга. – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” достонини роман, деб атадинг. Унинг яратилган вақти чамаси 1875–1880 йилларга тўғри келади, дединг. Ўша йиллари Чор Россияси бутун Ўзбекистонни, Хоразм воҳасини қорақалпоқлар билан қўшиб, босиб олган эди. Асарда Россиянинг мустамлакачилик сиёсатининг оқибати ифодаланган, деб қўрқмасдан айтдинг…
Адабиётнинг тараннуми ана ўшандан бошланган эди. Ёш шоир Ибройим Юсупов ўша мажлисда сўзга чиқди, ғамхўр ва меҳрибон устози Нажим Давқораевнинг илмий тадқиқотини баҳолаб, унинг қадрини кўтаришни ният қилиб юрган эди. Ўз баёнотида: “Бизнинг замонамизга қадар қорақалпоқ адабиётида… Бадиий жиҳатдан юксак бир асар бор. У – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” романи. Хива ва оқ подшо ҳукумати амалдорларининг зулмига қарши кўтарилган халқ қўзғолонини ифодалаган бу роман 1800 мисра шеърдан иборат бўлиб… қорақалпоқ халқининг XIX асрдаги юз йиллиги ҳаёти манзарасини беради. Шу нуқтаи назардан, асарни тарихий роман деб атаймиз”, деган кескин фикрни айтди. Унинг воқеаларини шарҳлаб: “Романда шундай улкан кўламда бўлишига қарамасдан, дин таъсирининг унчалик кўринмаслиги асарнинг реалистик хусусиятини, севимли шоиримизнинг демократик дунёқараши кучли бўлганини исботлайди”, – деб хулоса қилди.
Айни ҳозирги даврларга келиб Бердақ шоирнинг асарларига ишончсизлик билан қараш, уни олим Давқораев бўрттириб юборгани йўқми, кейинги пайтларда у Бердақ асарлари орқали ўз миллатини кўтаришга, бошқалардан ажратиб қарашга ҳаракат қилаётгани сезилмайдими, дегандек гумонсирашлар пайдо бўлди. Айниқса, “Аҳмоқ подшо” деган образли ифоданинг ўзи икки хил маънони билдириб тургандек, коса тагида нимкоса бугунги кунга ҳам тегиб кетадигандек туюла бошлаган эди.
Совет даврининг янгидан ёзилган тарихида қорақалпоқ халқининг ёзма адабиёти, ёзма тарихи ҳам бўлмаган, бу эл тарихи фақат октябрь революциясидан кейингина ёзила бошланган, унгача аҳолининг ноль бутун юздан икки фоизигина ҳарф таниган, деб мактабларда ўқитилаётган вақтда Давқораев қорақалпоқ адабиёти тарихини ўрта асрларга қарата чуқурлаштириб, уни ёзма адабиёти бўлган халқ эканини исботлагани шўро даври “ҳақиқати”га қарама-қарши бўлди. Бунинг устига бир қатор ёшлар бош кўтариб келаётир. Ўша вақтдаги обкомнинг матбуот бўйича котиби Давлатмуратовни юқорига чақириб:
– Бу Ибройим Юсупов деган ёш шоир қаёқдан пайдо бўла қолди? Ёзган шеърлари бир ғалати, бошқаларга ўхшамайди. Ўқиб кўрсанг, яхшига ҳам, ёмонга ҳам йўйишни билмайсан. Бердақнинг “Аҳмоқ подшо”сини роман дебди, шу сўзнинг маънисига ўзи тушунармикин? Роман Ўрта Осиёда нима қилиб юрибди, ахир? “Йўлдош муаллим” деган достон ёзди деб, ичини ўқиб кўрмай, кўтар-кўтар қилиб юрганингиз йўқми? – деб кўп гапларни айтгани бир дамда ҳамма ёққа тарқалиб кетди.
– Давқораев, Давқораев деб ёшларни қутуртириб юборманг! – деган қаттиқ топшириқ бўлди.
Шу орада ёш шоир Ибройим Юсуповнинг ўша йиғилишда сўзлаган нутқи “Адабиёт ёдгорлиги” сарлавҳаси билан ёшлар газетасининг 1951 йил 10 январь санасида чиқиб кетгани сабабли, партия саройининг ичидаги баъзи зотларнинг “сочи сувланмай олинган”…
* * *
“Қиличини қайраб” қиш келди. Бу фаслда ер юзини оппоқ қор қоплаб, яхши-ёмон ҳамма нарсаларнинг устини оқ кўрпаси билан ёпади. Дунёни кўз қамаштирадиган оппоқ нурга белайди. Қор устида қунишиб ўтирган қора тўрғай қиз лабининг четида ярашиб турган холдай бўлиб кўринадиган бўлади. Инсон кўнглининг кири ҳам кампир қуёшнинг меҳрида эриган қор сувларига ювилиб, ҳамма ширин умидлар билан янги йилни кутади…
Бу йил ўнинчи синфда ўқиётганлар олти ойдан кейин мактабни битказади. Шу билан “фаришталар” ҳаётидаги ёшлик даврининг дастлабки қисмини якунлайди. Энди маълум даражада эркин қушдай учиб, кокиллари селкиллаб, кўзлари ой нурида ялтираб, юлдузларнинг ердаги шуъласидай яшнаб, боғ оралаб эсган шўх шамолнинг тортқилашидан этаклари ҳилпираб, оқшомги сайрга чиқади.
Ҳозирги фаришталар анча эркин. Улар ойли оқшомни кутиб ўтирмасдан тол тушда сайрга чиқиб, боғнинг қуюқ япроқлари орасида бир-бирининг қучоқларига кириб, бўса оладиган “гулистонга” эришди. Унинг фариштасини тарбияси бошқа, у ҳаттоки, қоронғи тунларда ҳам оқ юзини олиб қочиб яширгиси келади, ҳаё билан юзингга тик қарамайди. Бу фаришта дастлабки кунлари катта киши деб юрган Ибройимга ҳам тун маъқул. Шоирлар ҳам укки, япалоққушдай ўлжасини тунда пойлаб ўтиради. Авваллари: “Худойим шоирлар шеър ёзиши учун тунни яратган”, – деб юрган ёш шоир йигитнинг илҳом фариштасига энди оқшомлари кундош топилди. Зимдан қараса, иккинчисининг дарди кундан-кунга ортиб бораяпти. Бир яхши томони бу дардлар қўша-қўша туғилиб, қўша-қўша кўпайиб борар экан. Ҳали тажрибасиз бўлган дастлабки кунлари япроқларини тўкаётган дарахтларни паналаб, тун ярмидан ошгунча интизор кутиб қайтган шоир:
Уйингнинг олдида бир туп қора тол
Кузда салма ичига япроқ тўлатар.
Дарвозанг олдида турдим анқайиб,
Мисли тўпни кутган анқов воратарь, –
деган шеърини деразадан ташласа ҳам жавоб бўлмай, йўқ “соқолини сийпаб” қайтар эди. Муҳаббат қўрғонини забт этолмай, енгилиб чекинганини оқлаш учун:
Уйингнинг олдида учта туп дарахт,
Ҳеч бири қалбимдан эмасдир йироқ.
Мендан ўпкалама, жонгинам, фақат,
Ёмон кўраман сенинг итингни бироқ.
Итдан қўрққан севги севгими, ахир!
Қўрқмасам ҳам, куйдим Қутлиоёқдан.
Эшигингга етдим деганда охир
Вов-вов этиб, тишлаб олар балоқдан, –
дея яна шеър ёзиб, ўзини овутган кунларини эслади.
Йигит бўлса ҳам, қиз бўлса ҳам муҳаббатда одамни энг ўкинтирадигани, ҳаттоки, ғазабингни қўзитадиган нарса – бегонага сирингни айтиш. Бироқ минг бора эҳтиёт бўлсанг ҳам, ушбу фронтда эришган ғалабаларинг шодлиги юрагингга сиғмай, кўрган азобларинг билан орттирган дардларинг жигар-бағрингни ўртаган вақтда “энг яқин” дўстларинг кўпайиб, уларга чин кўнглингдан очилганингни билмай қоласан. Ўшанда уларнинг баъзилари ҳамдардлик билдириб, баъзилари маслаҳат берса, устингдан мазах қилиб куладиганлар ҳам топилади.
Оқсоқолнинг уйидаги товуши юракни ёрадиган қашқир итдан кўриб юрган азобларини айтганида Ибройимга ана шундай маслаҳат берувчилар топилди.
– Сен ўша итни ўзингга ўргатиб олишинг керак, – деди Ўразоқ.
– Милицияни қандай ўргатаман?
– Мен ўша уйда бўлганман, – деди Ўсарбой, – улар итга ишонади, ит уларнинг олдига ҳуриб бормайди.
– Сен итнинг олдига Холмуратни ташла, – деди ҳазиллашиб Эломон. – Уни еб бўламан дегунча, кўп ишинг битади…
Институтнинг қуйи курсида Сапаров Холмурат деган бир бола бор, халқнинг тили билан айтганда, бўйи бир қарич. “Болаликдан етим қолиб, бўйим ўсмай қолган”, – дейди ўзи ҳам. Кириш имтиҳонида қорақалпоқ тилидан етарли жавоб бера олмай, ўзининг етимликда улғайиб, кўрган қийинчиликлари тўғрисида муаллимга ўша ерда шеър ёзиб бериб, ўқишга кирган. Шоир бўламан деб, Бабош билан Ибройимнинг изидан етим қўзидай эргашиб юради. Эломоннинг гапи туртки бўлиб, ўша кундан бошлаб Ибройим бемаҳал юришларида Холмуратни эргаштириб юрадиган бўлди.
У қишда ҳали ёғмаган қорни эслади. Ўзини гоҳ қировли қиш сурат солган деразага, гоҳ ёниб турган шамга қараб учадиган парвонага ўхшатар эди. Кечаю кундуз ёғиб, тонг олдидан тинган қорга биринчи из солганни халқимиз “шар бузув” дейди. Унинг ўша вақтдаги кўринишини айтмайсанми? Осмондаги қудратли тегирмон оппоқ гавҳарлардан ун янчиб сепгандай, ҳар зарраси ўзгача шуъла сочиб туради. Ҳар босган қадамингда эриган сув қолдириб, узоқ-узоқларга из солиб бораётганингда сендан ҳам эрта уйғониб, изига тушган ёвларни адаштириш учун узоқ-узоқларга сакраб яна изига қайтган, яна олға югурган ҳаракати билан ҳийла қилган қуённинг излари рўпарангдан чиқади. Унинг хаёлига “Қишнинг куни қор гуллар, ёрим, сен юрган ерда” деган сатрлар келди. Дарров қаламни олиб: “Ифор исин сочар еллар, ёрим, сен юрган ерда”, деб қўшиб қўйди. Мухаммас. Бизнинг адабиётимизда, бахшичилик санъатимизда кенг тарқалган шеър тури. Ажиниёз бобомиз ўзининг “Уйғон” номли мухаммасида:
Субҳи шаб келдим қошинга, нозли жононим, уйғон,
Шамчироқ ёқдим бошингга, нури анварим, уйғон, –
деб кучли тўлғанишни тараннум этади-да:
Ошиғинг маҳтал бўлиб, бошингдадур, ёрим, уйғон, –
деб якунлайди. “Бери кел” сарлавҳали мухаммасида бундай дейди:
Ай – алифдек ноз этиб, ҳайкални таққан, бери кел,
Бе – буралиб, соз этиб, қошини қоққан, бери кел…
Алишер Навоий замонидан “Мухаммас” аталиб, ҳар банди беш мисрадан иборат ғазаллардан улгу олиб ёзилган шеърларни қорақалпоқда “мухаллас” деб атайди. Бахшилар уларни созга солиб, тўрт-беш турини яратган. “Мен ҳам севимли фариштамга бир мухаммас бағишлаш вазифам борга ўхшайди”, деб ўйлаб, юқоридаги икки мисрани давом эттириб, қайтадан ўқиди:
Қишнинг куни қор гуллар, ёрим, сен юрган ерда,
Ифор исин сочар еллар, ёрим, сен юрган ерда,
Бўстонга дўнар чўллар, ёрим, сен юрган ерда,
Ўзгача сайрар булбуллар, ёрим, сен юрган ерда,
Қадамингга қойил ер, ёрим, сен юрган ерда.
Шеърнинг сатрлари бир текис униб чиққан ғўзалардай қаторма-қатор, изма-из келаверди. Одам бировга ихтиёрсиз берилиб, бутун дунёни фақат шу орқали кўриб, жон-жонидан севса, қандай гўзал сўзлар, аввал сира хаёлига келмаган ўхшатишлар туғилишини айни ҳозир билгандай, ич-ичидан ҳайратланди. У фаришта тўлқинланиб оқаётган Амуни ёқалаб бораётир. Тўлиб оққан тўлқинли дарёнинг соҳилида ҳар ер-ҳар ерда “гумм” этиб жар ўпирилиб турибди.
Жар остида жайин кўриб сени мабодо,
Янги ошиқ бўлгандай ўрдан иққа чопади…
Яна:
Қадам боссанг хаймиғиб, қор эрир сув бўлгали,
Баҳор навосин чалиб, шаррос сойга тўлгали…
Ё бўлмаса:
“Кўрсанг, таърифин айт” деб тунлар ялиниб тонгга,
“Гул юзига қўнма” деб шабнам ўтинар чангга…
Ёш шоир тўлғанди. Сўзлар мунчоқдай тизилиб, янги сатрлар келаверди, янги ташбеҳлар туғилаверди. Насиб бўлса, муҳаббатни улуғлаган бу қўшиқ ҳар бир ошиқнинг дардли дамларига дармон, севишганлар кўнглини бирлаштириб ивитадиган кўнарги[9 - Кўнарги – сутни қатиқ қилиб ивитадиган оқлик.] бўлажак. Шеърнинг якуни Ажиниёз бобосининг “Бери кел” мухаммасига ўхшаб кетди.
Баҳор айёми сенсан, хумор кўзим, кел бери,
Гулғунчалар уйғонар сен қадам қўйган сари,
Сен десам яйраб жоним, тарқалгай кўнгил чери,
Ўрик гулларин сочиб қорақалпоқнинг ери,
Шодлик баҳори кулар, ёрим, сен юрган ерда!
Муҳаббат тошқини оппоқ қор қоплаган қиш қаҳрини юмшатиб, ўрик гуллари қордай тўшалиб ётадиган баҳорга олиб келди.
ЧИН СЕВГИ АЗОБЛАРИ
III БЎЛИМ
“Севган – айб эмас, севилмоқ – иқбол,
Қизғаниш ништари тирнайди гулни.
Менинг сўзларимга, жоним, қулоқ сол,
Балким, овутарман хафа кўнглингни” ,
Деб шамол ёқимли сийпалаб эсар,
Табиат меҳридан қуруқ қолмаймиз.
“Инсон – табиатнинг фарзанди” дерлар,
Нега биз шамолдек бўла олмаймиз?
“Туни билан қирғовуллар чақирди”.
Ибройим Юсупов
1
У сирқи эшикни сал қия очиб:
– Эл оғасининг уйига биздек фақир фуқаролар кира олармикин? – деб товуш берди. Ичкаридан фуражкасини шошилиб кийиб, ёқалари тугмаларини қадай-қадай милиция ходими чиқди.
– Йўл бўлсин, қандай масалада келдингиз? – деб сўралди.
Худо ёрлақаб, иш ҳужжат кўрсатишга бориб тақалмасдан, ходим уйга қайтиб кириб кетди. Бироз вақтдан кейин ичкарига таклиф қилди. Эшикнинг олдида турган аёл мана бу мўйсафид кишининг сўзидан қайтадиган одамга ўхшамаслигини пайқаб, уйга бошлаб кирди. Меҳмон даҳлизда пойабзалини ечиб, меҳмонхонага ўтгандан кейин тўладан келган, юз кўриниши жайдари, хатти-ҳаракатидан ўзига ишонган улуғ ёшли аёл уни кутиб олиб саломлашди. Меҳмон тўрдаги кўрпачага жойлашиб, фотиҳага қўл кўтарди. Омон-эсонлик сўрашди. “Болзода-ку, – деб ўйлади у. – Кўп вақт ўтиб кетибди-ей. Оқсоқолнинг турмуш ўртоғи бўлибди. Менинг соқолимга ўхшаб бунинг ҳам сочига оқ оралаганмикин?” – деб қараган эди, кўпгина шаҳарлик аёллардай зулфакларини гажак қилиб кўрсатмай, олти нақшли рўмолини рисоладагидек ўрагани учун сочининг бир толаси ҳам кўринмас эди. Қисқагина сўрашувдан кейин у ён томондаги хонага кириб кетди. Унчалик рўйхушлик бермади. Меҳмон ҳалиги милициядан ўтгандан кейин овулдаги Жуманиёз чўлоқнинг гапини эслаб, ҳазиллашмоқчи бўлиб келаётган эди. Унинг бахтига уйнинг бекаси эмас, хизматкори кутиб олган бўлса керак, оддий кийинган, бу уйга “ўн қайнаганда ҳам шўрваси қўшилмас”лиги аниқ аёлни кўриб, ўзини тийгани яхши бўлган экан… Чамалаши бўйича, Оқсоқолнинг аёли Болзода ҳам мана шу туришида у ҳазилни кўтара олмаган бўлар эди. Айтмоқчи бўлган ҳазили ҳам ўринли эмас. Беш-олти йил бурун Жуманиёз чўлоқнинг колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган ўғли ишидан хато топилиб, қамаладиган бўлганда ёшлигида бирга ўйнаб ўсган дўсти Матеке Жуманазаровни излаб келган. Куппа-кундуз куни уйига киришга рухсат йўқ, “Верховный Совет” (келинлари унга “Верховный Совет қайноға” деб лақаб қўйган) дўстининг уйига кира олмай, қоровул милициянинг ёнида бирпас ўтириб, овулига қайтиб кетганида:
– Матеке нега овулга келолмайди десак, у Нукусда қамоқда яшар экан, – деб борган.
Дастурхон ёзилиб, чой келтирилди. Меҳмон Болзода-ку, деб тусмоллаб турган кайвони аёл ҳам келиб ўтирди. “Кимлигимни эслаш учун бошқа хонага кириб кетган бўлса керак, танир-ов”, деб ўйлаган меҳмон унга бир қиялаб қаради-да, чойини ҳўплаб ичаверди.
– Меҳмон, айбга буюрманг, танимайроқ турибман.
Аёл ўзининг сўзидан хижолат бўлганини билдирди. Меҳмон пиёласини аста дастурхонга қўйди-да, унга тикилиб қаради.
– Бир чойнак чой ичамиз деб, таржимаи ҳолимизни гапириб бериш ниятимиз йўқ.
Меҳмоннинг бу гапи аёлга оғир ботгандай бўлди. У ҳам: “Ўзи феъли шундаймикин ёки танимаганимга хафа бўлдимикин?” дегандай тикилиб қаради. Сўнг яна меҳмонхонадан чиқиб кетди. Тўрдаги айвондаги телефоннинг гўшагини кўтариб, тўғри эри билан боғланди, уйга келган меҳмоннинг ҳолатини тушунтирди. Ўрта бўйли, тўладан келган, нигоҳи ўткир кишининг кўринишини таърифлаган бўлди. Хотинининг сўзларини эшитган оқсоқол шундай деди:
– Ўша одамни ҳеч кимга ўхшатмадингми?
– Эслай олмай турибман.
– Айтишингга қараганда, бешинчи овулдаги Ўтарбоев Тажен бўлиши керак.
– Ҳа, топдингиз, отаси. Худди шунинг ўзи. Кўзи ўзгармапти.
– Сени қара-ю, ҳали Таженни танимадингми?
– Илгари соқол-мурти йўқ, ўттиз яшар қирчиллаган йигит энди кайвони, соқоли селкиллаган отахон бўлибди.
– Сенинг унга тўламаган кўп қарзинг бор, унутибсан-да.
– Қанақа қарз?
– Сенинг қалинингга тўланган бир ботмон жўхорини шу Тажен берган эди-ку!
– Берган бўлса, у сизнинг қарзингиз бўлади, меники эмас.
– Мендай йигитга текканинг учун ўзинг тўлаб юборсанг ҳам бўлар эди…
Улар бироз кулишиб олишди.
– Мен бир соатга қолмай бораман. Кетиб қолмасин. Яхшимни чақириб, қўй сўйдир. Нукусда ўзи билан тенгдош бир-иккита ошналари бор, ўшаларни ҳам чақиртираман. Унинг телпагини бир селкиллатиб юборайлик…
Бу Тажен дегани бошқаларга ўхшамайдиган, ўзгача одам. Ҳали 1925 йиллари уларни Матеке иккаласини ўша вақтдаги ҳукумат Кегайлидан Тўрткўлга ўқишга юборган. Боришса, у ерга овулида бир йил ўқиб, ҳарф таниганларни қабул қилар экан.
– Сизлар биринчи синфга ҳам ярамайсиз, келган ерларингга қайтаверинглар, – дейишибди.
Ўшанда Тажен мактаб раҳбарига кириб:
– Бизнинг уйга қайтиш учун йўлкирамиз йўқ. Кегайлини топиб боролмаймиз. Ҳеч бўлмаса, ярминчи синфга қабул қилинг, – деб туриб олган экан.
Шундай қилиб, ярминчи синфни битказиб, келаси ёзда овулига келишса, янги очилган дўконга сотувчи топилмай турган экан. Колхоз раиси Таженни чақириб, дўкончи қилиб юборган. Савдонинг тийин-фойдасига аралашиб, ўқишдан қолиб кетган. Шунда ҳам саводсизликни тугатиш дарсларига қатнаб, бошланғич мактабни битказган. Матеке шу кетишда ўқишни давом эттираверган, бировини битказиб, иккинчисига кирган. Овулга катта амалдор бўлиб келганидан кейин Тошкентга бориб ўқиган, охир-оқибат мана шундай “Верховный Совет қайноға” даражасига кўтарилган.
Овулда қолгани билан Тажен ҳам ҳеч кимдан кам бўлгани йўқ. Тўрткўлда ўқиб юрган вақтида Гулимбой деган деҳқоннинг эшигида хизматкорлик қилди. Баҳорда токларни очиб, кўтарди, қовун экишга ёрдамлашди, ёзда узумларни хомток қилиш, қовун полизига кетмон билан ишлов бериш сирларини ўрганди. Шундай ишларни пухта ўрганиб, овулига келганидан кейин Тажен узоқ йиллар давомида Кегайли аймоғида қиши билан узум, қовун сақлайдиган деҳқонга айланди. Эл орасида: “Тажен бултурги қовунини бу йилги май ойида еб, ўшанинг уруғини экади”, – деган гап тарқалган. Район марказидан, Нукусдан кўп раҳбарлар, ора-сира Матеке Жуманазаровнинг ўзи ҳам, қишда Тошкент, Москвага Таженнинг узуми билан қовунидан сотиб олиб кетишади. Оқсоқолнинг уйига ҳам ошна-оғайнилар “Кегайлининг узуми”дан жўнатиб туришган. Бироқ уйдаги бойбичалар “Узумини енгу, боғини суриштирманг” дегандек, қиш кунида ёз неъматларининг қаердан келганига унча эътибор бераверишмайди. Уларнинг фикрича, ёши катта оқсоқолларнинг ҳаммасини уйига ана шундай етказиб бериш одатий ҳолдек, беминнат туҳфаларга кўникиб кетишган. Хотини Болзода ҳам ора-сира “Бешинчи овулдаги Таженнинг узуми” деган гапларни қулоғига чалинганини эслаб, манави ўтирган меҳмонга ҳурмат-эътиборни кучайтириш кераклигини сезди…
Тажен ўз овулида донгдор бригадир, бўлим бошлиғи, ҳосилот лавозимларида ишлаб, эл ичида обрў топди. Фарзандлар ўстириб тарбиялади. Келжакдаги нияти ўғли Ўрозбойни катта шаҳарларда ўқитиб, Матекенинг болалари билан таништириш, ўзи эришмаган нарсаларга боласини эриштиришни мақсад қилиб юрибди. Бироқ бугун бу уйга келиши сабаби бошқа нарса, умуман олганда, тинчлик. У бировдан таъма қилиб, юзига солавермайдиган орли одам…
Ўша куни Матеке оқсоқол уйига ҳар кунгидан эртароқ келди. Эртароқ деганимизда ҳам, кун ботиб, қош қорайган эди. Катта раҳбарларнинг иши тунга томон авж оладиган замон. У кўпинча тун ярмида келиб, болалари донг қотиб ухлаётган пайт совиб қолган кечки овқатни иситиб, бир пиёла чойини апил-тапил ича сола, уйқуга кетади.
Нукусда бўлган кунлари шундай. Умуман айтганда, эрта баҳордан бошлаб, то янги йилга қадар умри далада ўтади. Баҳорда сув тошиб, қирғоқ бўйларидаги катта-катта ерларнинг ўпирилиши – дегиш бошланади. Катта каналлар билан дарё бўйидаги ерларни сув юта бошлаганида халқнинг кучи етмай қолади. Ернинг сувга тушиб кетишини тўхтатиб қолиш учун машиналар, тракторлар, қамиш бўйралар, мол фермаларида йиғилган пичан ғарамлари, юлғунлар, қоратолнинг ходаларига ўхшаган кўп нарса керак бўлади. Бу нарсаларни ўпирилиш бошланган соҳилларга келтириш, сув балосига тўғон қўйиш учун халқни сафарбар этиш зарур. “Мана шундай оғир йилларда Матеке Жуманазаров етиб келиб, дегишни тўхтатишга чиққан одамларга бошчилик қилар эди. Кегайлидаги Давуткўлда яшайдиган Далжон деган шоир йигит бу кишининг хизматларига бағишлаб:
Матеке дегиш жиловдори,
Ёнида минглаб мард навкари,
Шу киши келгандан бери –
Кўп офатдан қутулдик биз, –
деб ёзган шеъри бутун Қорақалпоғистонга тарқалган. Баҳор келишидан бошлабоқ Матеке оға оқ пашшахонасини отига ориб, Шўртанбойнинг соҳилидан топилар эди. Оқсоқол йил ўн икки ойда алмашиб келадиган беш мавсум, яъни: сув тошқини, канал қазиш, экин экиш, баҳорги ўтоқ, кузги терим давомида доимо халқ билан бирга бўлар эди. Матеке оға бу ишларнинг биронтасини бир-биридан кам ҳисобламаган”[10 - Камол Мамбетов. “Матеке Жуманазаров”. – “Қорақалпоғистон” нашриёти, 1996. – Б. 22.].
Бугун ишдан эртароқ қайтганидан мақсади кўп вақтдан буён бойловда турган отини кўриш учун қўрага борган эди. Ҳовлининг чор атрофидан қуршалган қўрғоннинг кунботиш тарафида икки кишининг қораси кўринди. Бу одамлар ким бўлди экан, дея улар томонга бир-икки қадам ташлаган эди, кун бўйи инида ётган ит эгасига садоқатини кўрсатмоқчи бўлгандай ҳуриб, уларга қараб югурди. Улар икки ёққа айрилиб қочди. Номозшомнинг қуюқлаша бошлаган қоронғисида жуда ингичка кўринган узун йигит девордан сакраб ўтиш учун саксовул ғарами устига интилганида у босган шохчалар пастга юмалаб тушди, иккинчи ҳаракати ҳам беҳуда кетди. Бу пайт ит яқинлашиб қолган эди. Йигит энди ит унинг оёғидан олишига кўзи етиб, жонҳолатда саксовулнинг тепасига чиқди, бироқ чап оёғининг кенг пойчасидан ит тишлаб улгурган эди.
– Қўй,Қутлиоёқ, ёт дейман! – деган ўктам товушдан сўнг ит оғзидаги ўлжасини бўшатиб, букчайиб изига қайтди. Оқсоқол энди отга ҳам қарамасдан уйига кириб бораётганида бу воқеаларни кузатиб турган Болзода бойбича ҳам унга эргашди…
* * *
Тергов ўша куни меҳмонлар кетган ондаёқ бошланган эди. Оқсоқол болаларининг онасини тўрдаги уйнинг пойгоҳидаги юмшоқ ўриндиққа ўтирғизиб, эшикни ёпди.
– Ҳалиги, от қўрани айланиб қочган Шойданми?
У тўнғич қизи Бибизодани эркалатиб, шундай чақирар эди. Қизи эсайганида папам (дастлаб “оға” дер эди, уйида русча ўқиган укаларига қўшилиб у ҳам “папа” дейишга мажбур бўлган) нега мени “Шойдан” деб чақиради, дея онасидан сўраган.
– Сенинг юришингга қараб, шундай деган.
– Менинг юришим қанақа экан?
– Бувингнинг ёнида қолганингда овулдан шаҳарга келиб кетган вақтларинг чалқайинқираб, катта қадам ташлаб юрганингни эркалатиб, сени шундай айтар эди, шу сўзни яхши кўриб қолдими, доим шу номни айтадиган бўлди.
– Энди-чи, ҳозир қандай юраман?
– Ҳозир жуда чиройли юрадиган бўлдинг. Одамлар: “Қизингиз кийикдай, қадамини жуда чиройли босади”, деб мақташади, – деди онаси.
Оқсоқол саволни яна қайтарди. “Билмайман ёки биламан” деёлмай иккиланиб турган Болзода анча вақтдан кейин ерга қараб “ҳа”, деди.
– Бугун кўришишдими ёки аввалдан учрашиб юришадими?
– Бироз вақтдан буён.
– Мен эса бу қизга сени Москвада ёки бирон чет давлатда ўқитаман. Ҳали Африканинг қовунини едираман, дея яхши ният қилиб юрибман… Сен дарров куёвга бермоқчимисан?
Бу сўзлар Болзодага ботиб кетди. Қайси қиз онасидан сўраб, йигит билан танишади. Дастлаб қизиқувчилик сезими қиз боланинг кўнглига ҳамроз бўлади. Бора-бора ётсираш йўқолиб, кўнгиллар яқинлаша бошлайди ва бу севгига айланади. Она бечора эса, қиз ва йигит ўртасидаги муносабат чуқурлашиб кетгандан кейингина гап нимада эканлигидан хабар топади. Болзода ҳам яқиндагина хабар топди. Аввал “Иккаласи икки дунё, йигитнинг ёши каттароқ, бора-бора қизнинг ўзи ақли етиб, воз кечиб кетар”, деб юрган эди. Йўқ, йилт этган бу учқун аста-секин ўт олиб бораётганини қайниси Амет Шомуродовнинг аёлидан эшитди.
Шундоққина ён қўшниси бўлганидан ҳар куни кўришиб юрган Айимхон бир гал шу гапни айтайин деб, атайин уйингизга чиқдим, деган эди. Унинг айтишига қараганда, икки ёшнинг ўртасида хат олди-бердиси, учрашиб юриш бошланганига бир йил бўлган эмиш. Ибройим Юсупов деган ёш шоир йигит катта уламонинг авлодига ўхшайди. Институтни битказиб, шу жойда муаллим бўлиб ишда қолган. Онаси, оғаси оиласи билан бир уйда яшашар экан. Аметнинг айтишига қараганда, келажакда катта шоир бўладиган йигитнинг шеърлари газета-журналларда тез-тез чиқиб турар эмиш. Қизи истаган шаҳарда ўқийверсин, йигит кутади. Ўзим кўз-қулоқ бўламан, кафилликка оламан, деганга ўхшайди. Она ўзи эшитган, билган шу гапларни оқсоқолга аста-секинлик билан бирма-бир айтиб берди.
2
Шу кунларда “Қоратов” журналининг редакцияси “Маслаҳат тепа”га ўхшар эди. Кўнгиллари бир-бирига яқин, ўй-фикрлари, адабий тушунчалари ўхшаш, янгиликка ўч ёшлар кунда, кунора ҳеч қандай таклифсиз кутилмаганда келаверадиган одат чиқарди. Кўпчилиги Ибройим билан Бабошнинг ҳали талаба пайтидаги “Адабиёт гули”га бир қўниб, энди эса “Қоратов” чўққилари томон учиб бораётган ёш бургутлардай бир-бири билан топишган. Уларни адабий муҳит ва эзгу ниятларнинг муштараклиги бирлаштирган.
Давқораев диссертациясининг муҳокамаси воқеаси уларни бир-бирига яна-да яқинлаштириб юборгани аниқ. Бироқ негадир аввалгидек қизғин баҳслар кам. Тез орада барининг феъли вазминлашган, гўё ёши кексайиб, қариб қолгандай эди. Гоҳи кунлари ундан-бундан гаплашиб, суҳбат қовушмай, совуққина учрашиб кетишади. Ҳаммаси асосан нега келиб юрганини, нима гапни айтмоқчи эканлигини яхши билишади, лекин юрагини очиб, тиш ёришмайди. Бундай ҳолатда узоқ юриш мумкин эмас эди, дангал гапиришнинг вақти етган куни мадда бойлаган яра ёрилди:
– Нима қиламиз, ҳаммамиз биргалашиб ёзамизми?
– Нимани ёзамиз?
– Билиб туриб, билмагандек сўрашни бас қилинглар-эй!
– Кимга ёзамиз?
– Қайдам, Тошкентга, академияга бўлса керак.
– Улар Нукусдаги бу гапдан бехабармикин?
– Қаердан хабардор бўлади, тушида кўриб биладими?
– Бизнинг гапларимиз катталарникидан кўра муҳимроқ бўлиб, эътиборга олинармикин?
– Катталаринг ким?
– Айимбетов, Кожуров, Сағитов, Аймурзаев, Бегимов, Ўринбоев, Досумов, Бердимуратов, яна давом эттираверайинми?
– Улар қаёққа ёзишибди?
– Ёзиб ҳам, айтиб ҳам юришган йўқми? Баъзиларининг ўша куни безовта бўлганини кўрмадингми?
Савол-жавоб тўхтаб қолди. Ҳамма ерга қараб жим ўтирибди.
– Қўрқиш керак.
– Кимдан?
– Яна айтаман, қўрқиш керак! – деди кескин сўзлаб Ўринбой.
– Ҳақиқатни айтишдан қўрқамизми?
– Қўрқасан! Нега қўрқмас экансан?! Биринчи сўзга чиқиб, Давқораевнинг авра-астарини ағдарган одам мабодо институтга директор бўлиб кетган йўқми?
– Тўғри гап, – деди Ўразоқ, – яна сенга қандай исбот керак?
– Ибройим, сен нима дейсан?
– Бабош билади.
– Бабошга қарасанг, жўхоринг бу йил пишмайди, очдан ўласан.
– Ундай дема, у пишиши керак бўлган экиннигина пиширади…
Ибройимнинг кўнглидагини шундай очмай, Бабошга тўнкаб, воқеа чигаллашиб, томонлар келиша олмай қолган вақтда бирдан қизиб кетиб, масалани кескин ҳал этишини, бироқ ҳадеганда қизишмаслигини дўстлари яхши билишади.
Улар бировлардан дакки еб, аччиғи тарқамай юрган одамга ўхшар эди. Бу дунёнинг ўткинчилиги, чархи фалак гардишининг галма-гал айланиб келиши тўхтаб, ҳамма нарса фақат шунга тақалиб қолгандай, бир неча кундан буён шу гап. Москвада ўқиётган аспирантлар Марат Нурмуҳаммедов билан Сирожиддин Аҳмедов ҳам келган. Улар ўтган февраль ойида Москвадаги Шарқшунослик институтининг директори, атоқли тарихчи археолог Сергей Павлович Толстов билан сектор бошлиғи, Давқораевнинг илмий раҳбари Евгений Эдуардович Бертельснинг (у вақтларда иккаласи ҳам Сталин мукофоти совриндорлари) бошчилигида Давқораевнинг докторлик иши муҳокамаси қандай ўтганини бошидан охиригача батафсил айтиб берган.
– Бизлар Марат иккаламиз диссертацияни машинкадан кейин текшириб бердик. Соат ўн иккида ҳимоя бошланиши керак эди, кўп одамлар йиғилган бўлса ҳам, негадир Нажим оға безовта бўлаверди, – деган эди Сирожиддин.
– Мухтор Омархонович келиши керак, сизлар Марат иккингиз ташқаридаги эшикда кутиб туринг, келганидан олиб кирасиз…
Ташқарида қор бўралаб ёғмоқда. Биз аввал у киши билан учрашмаганмиз, фақат суратини кўрганмиз. Москва давлат университетининг профессори эканини биламиз. Чамаси ярим соатлар ўтгандан кейин келди. Дарров мажлисга олиб кирдик. Президиумда Нажим оғанинг дўсти, олим Иззат Султон, атоқли олимлар Зелинский, Шериф, Авдеевлар ўтиришибди. Бертельс Мухтор Авезовни кўрганидан ўрнидан туриб қарши олди. Ёнига ўтирғизгандан кейин, қулоғига нималарнидир шивирлаб тушунтирган бўлди. Ҳимояда сўзга чиққанларнинг баъзилари диссертациянинг мавзусини маъқул кўрмаган. Адабиётнинг барча даврлари олинган, тарих кўп аралашиб кетган, деб эътироз билдиришган. Протокол ёзиб ўтирган Айсулув Валитова бизларга қарата: “Аҳвол унчалик яхши эмас”, дегандек қаради. Қўрққанимиздан жон-понимиз чиқиб кетди. Сўзга Авезов чиқди.
– Ўрта Осиёда яшайдиган туркий халқлар маданияти ва тарихида қорақалпоқларнинг ўз ўрни бор. Бу халқнинг адабиёти, фольклори ўзига хос бир олам. Уларнинг адабиёти у ёқда турсин, ҳатто гражданлик тарихи ҳам ҳали ёзилган йўқ… Тарихи ёзилмаган халқнинг адабиётини ўрганиш учун тадқиқотчининг тарихчи бўлмасликка ҳаққи йўқ… Тарих фольклор билан, фольклор эса тарих билан чамбарчас боғлиқ… Уларни ташқаридан келиб биров тадқиқ этиб бермас. Нажим Давқораевнинг юрак ютиб олган бу илмий иши ҳали қанчадан-қанча тадқиқотчилар учун мавзу бўлишига шубҳа йўқ.
Бу гапларни ўз халқини, ўз элини чин юракдан, жон тани билан севган, ўз ватани тарихи бўлсин, бугунги муваффақиятлари бўлсин, барини кўнглидаги фахру ғурур билан ардоқлаган, эл-юрт деганда, ватанпарварлик туйғулари дарҳол уйғониб кетадиган ёшлар теран тушуниши керак. Шундай синовлардан ўтиб келаётганига кўнгиллари ўсиб юрганда теваракдаги республикалар орасида филология фанларининг дастлабки доктори бўлажак устознинг ушбу илмий иши ўз туғилган элида кутилмаганда шундай кутиб олинганини ёш юраклар кўтара олмай қолди.
“…Пединститутнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетининг биринчи курсини битириш арафасида, сўнгги ойлар эди. Деканимиз Султонмурод Бекмуродов келиб, бугун 17-хонада Нажим Давқораевнинг докторлик диссертацияси ҳимояси бўлишини, хоҳлаганлар қатнашиши мумкинлигини эълон қилди. Бизлар, Носир Камолов, Қобил Мақсетов, Солий Ақдавлетов каби талабалар ёнма-ён ўтирдик. Йиғилиш қизиқ бўлди, узоқ вақтлар эсимизда қоладиган гаплар айтилди. Масалан, Кенжабой Убайдуллаевнинг сўзлаган сўзи ҳали-ҳамон қулоғим остида худди бугунгидек жаранглаб турибди.
– Менинг илмий ишдан аввал айтадиганим, – деб бошлади у ўз сўзини, – бу, Нажим Давқораев Қўнғиротдаги катта фабрикантнинг боласи. Фамилиясини ўзгартириб юрибди. Фамилияси Алламберганов бўлиши керак. Сабаби, Алламберган бойнинг боласи. Давқора унинг тоғаси. Булар, аниғини айтганда, совет ҳукуматига қарши одамлар. У асли наслига тортмай турмайди. Шунинг учун бундан ҳеч қандай илм чиқмайди. Мен бошқа сўз айтмайман[11 - “Нажим Давқораев”. Абдусайид Пахратдиновнинг хотираларидан. – “Қорақалпоғистон” нашриёти, 1990. – Б. 24-25.], – деб жойига ўтирди.
Ўша институтда тарихдан дарс берадиган Емберган Давлатбоевнинг сўзи ҳам анойи бўлмади. У Москвадаги муҳокамада сўзлаган айрим олимларнинг сўзини такрорлаб, тарихга кўп кириб кетган, адабиёт тарихнинг очеркига жавоб бермайди, деди.
“Дангена[12 - Дангена – гўштни тортмасдан тарқатиб, улашиш.]нинг улканини туя сўйганда кўрасан” деганларидай, йиғилишнинг қоп-қора зулматли қисми охирида экан. Минбарга Давқораевнинг дўсти Қалли Айимбетов билан бирга халқ орасида фольклорни йиғишга биринчи отланишган, бу пайтларга келиб сиёсий партия ҳужжатлари, материалларини Тамандер Сафиевдан кейинги кучли таржимони, “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида кўп йиллар масъул котиб бўлган Ўринбек Кожуров чиқди. У ўз фикрларини аниқ мисоллар билан исботлаб, кўп сўзлади. Давқораевнинг илмий иши пролетариатнинг ғоявий таълимотлари асосида ёзилган улкан иш эканини айтди. Сўнгроқ ўзини бошқара олмай қолган бўлса керак: “Агар марксизм-ленинизм тўғри бўлса, Давқораевнинг бу иши ҳам тўғри”, – деб сўзини якунлади. Минбардан тушиб бораётган эди, залнинг орқа тарафидан:
– Тўхтанг! – деган буйруқ эшитилди.
Ҳамма орқага қаради. Бу Бердақ шоирнинг вафот этганига 50 йил тўлганига бағишланган республика миқёсидаги шоирнинг ҳаёти ва ижоди бўйича яқиндагина баёнот берган обкомнинг секретари Ўтеген Сапаров эди.
– Сизнинг марксизм-ленинизм илмига эътирозингиз борми?
– Ўртоқ Ўтеген Сапарович, мен эътироз билдириб, шак келтирганим йўқ, Давқораевнинг ишини тўғрилиги ҳақида гапирдим.
– Ундай эмас, сиз “агар марксизм-ленинизм тўғри бўлса”, дедингиз. Сўзингизга жавоб беринг?!
Секретар ўрнига ўтирмай, тик тураверди[13 - “Нажим Давқораев” номли ўша китоб, 27-бет.].
Булар адабиёт ва илм тарихида унутилган воқеалар эди. Эркинлик берилди, деб оёғини кўпроқ чўзиб юборган ёшларга, “ёпилган кўрпасининг” ўзлари ўйлагандек узун эмаслигини, замон сенга эмас, сен замонга боқишинг керак, деган гапни уқтириб қўйишди.
“Қоратов”нинг атрофига йиғилган ёшларнинг бирзумда улғайиб, ўйчан бўлиб қолишганининг сабаби шу эди. Ибройимнинг ўз таржимаи ҳолини айтавермайдигани, “халқ душмани”нинг боласи деган гапни эшитганида томоғидан сув ўтмай қолишининг ҳам, энди ҳаётдан роҳат кўраётганида илҳом деб аталган руҳий пойгада чопиб бораётиб, эҳтиётлик билан оёғи остига кўпроқ қарай бошлаганининг ҳам сабаби шу эди.
Институтда ёзги сессия бошлангандан буён Ёзувчилар уюшмасидаги ишида тўлиқ ўтирадиган бўлди. Москвадан ўқишни битириб келган Амет Шомурадов Ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимида ҳам ишламоқда эди. У Ибройимни чақириб: “Институтда ҳам ишлайвер, шу билан бирга Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи ҳам бўласан”, деган.
Улар – Матеке Жуманазаров, Қалли Айимбетов, Жўлмирза шоир, Давқораевлар бари бир кўчада, ёнма-ёнма қўшни туришади. Ёзувчиларнинг идораси ҳам шу атрофда. Қоронғу тушганда шу кўчани бир айланмасдан уйига қайтмаслигини биладиган Амет оғасининг уни ўша кўчага яқинлаштирганидан мингдан-минг рози.
Масофа қанчалик яқин бўлса ҳам, бугун кун узайиб, тун пардасини ҳали бери туширадиган эмас. Унинг фақат ўзи биладиган, кўп вақтлардан буён синалган бир ирими бор. Ишлари ривожланиб, яхши ҳодисалар кўпайиб кетган кунларининг сўнгида ўзи кутмаган қандайдир кўнгилсизлик билан мақсади амалга ошишини, кўнгли ўксинса, кейин яхшиликка айланиши воқеалари юз бериб туради. Бугунги кун унутилмас лаҳзаларга бой бўлган эди…
“Нажим оға бошқарган илмий-текшириш институти ҳам шу атрофда. Борсам, Жўлмирза оға иккаласи чиқиб келаётган экан. Улар мени эргаштиришиб, Амет оғаникига келдик. У уйида таниқли туркман ёзувчилари Қора Сейтлиев, Қурбондурди Қурбонсахатовлар билан ўтирган экан. Бош Туркман каналининг қурилиши бошланишидан аввал унинг Нукусдаги штабига келишган экан. Биз боришимизданоқ Айимхон янга овқатнинг хуш исини бурқситиб олиб келганида Жўлмирза оға хурсанд бўлиб, ўзининг операбоп товуши билан: “Во, Айимхон, саҳнамизнинг булбули, Булбул қушлар сендан олган улгуни”, деб бор овози билан қўшиқ айтиб юборди. “Шу товушинг сўнмай туриб, бизда ҳам опера яратилгай”, деб кулди Амет оға. “Қирқ қиз” пьесасини операга айлантиринг”, деди Айимхон рўйхушлик билан. У умр йўлдоши Шомурадовнинг шу кунлари ўша пьесани ёзиб тамомлаб юрганини яхши билар эди”.
Ёш шоир устозларига эргашиб юриб, кўрган-билганларини ёзган кундалигида шундай сўзлар бор: “Қорақалпоғистон зиёлиларининг қаймоғи бўлган бу теран тафаккурли, билимли, маърифатли азаматлар гуруҳи биз ижодкор ёшларга “Афлотун академияси” эди. Изларидан эргаштириб юриб, ўқитиб, ўргатиб, синаб тоблайди. Мажлисларида қатнашамиз. Уларнинг олдида шеър ўқиймиз, саҳнага қўйган пьесаларини томоша қиламиз, шеърларимизни ўқитиб олиб, нашрга топширамиз…”
* * *
Бир кўчанинг икки бошида икки юракнинг қуёш уфққа энгашган сайин қаттиқроқ гурсиллаб уриши бир-бирига эшитилиб, ўзлари кўп бора ўтиришган толларнинг соясига қараб яқинлашишни, висолга интизорининг дийдори, юзларида пайдо бўладиган табассумларни кўришни қўмсар, шу боис аввалги сиполикни йўқотиб, беихтиёр тобора тезроқ босган қадамлари қоқилар, унсиз, забонсиз фақатгина интиққан кўнгилларга эрк бериладиганини, бундай дамларда юракка буйруқ бера олмаслигини, ичида тўпланиб, ҳали гўзаллик навосига айланмаган сезимларини ҳис этиш билан бошланадиган учрашувни сабрсизлик билан кутар эди.
Табиатга, умуман, дунё гўзаллигига ошиқ, уни таъсирчан зеҳн кўзгусига солиб, ундан лаззатланишдай туйғуларга юрак сезимлари етилиб бораётган ёш йигитга бу яқинлашиб келаётган гўзаллик ҳали сир-асрори очилмаган тилсим эди.
Қуёш оламни қанчалар нурга чулғагани билан ошиқлар учун туннинг ўрнини боса олмайди. Тун севишган юраклар, шоирлар учун илоҳий туйғуларнинг жилваланиш вақти-соати. Висол дамларида атрофни сув сепгандай сукунатга чулғаб, сенинг сезимларингни қитиқлайдиган атирлар сепиб, қулоғингга сенга қараб яқинлашиб келаётган юрак дусуридан бошқа товушларни ўчириб ташлайдиган мўъжиза бор тунда.
Йигит юмшоқ ер кўрпасининг устидан оёқ учида кийик юриш билан келаётган парининг ҳусни-жамолидан маст бўлиб, эс-ҳушини унута бошлади. Кечагина сўнгги қўнғироқ садоси билан хайрлашиб, қиз гўзаллик мамлакати маликалиги тахтининг юқори зиналарига кўтарилган, ёшлик даврининг ҳукмдори бўлажак эркинлик фариштасининг саробдан ҳақиқатга айланиб, намоён бўлиши эди.
Қўллар қўлларга тегди, энтикишлар кучайиб, нафаслар бир-бирига уйғунлашиб кетди. Чинакам муҳаббатда тилнинг хизмати қисқариб, суҳбатлар кўз билан бармоқларга ўтар экан. Дастлаб дийдорга тўйиб олгиси келгандай, узоқ сукунат ҳукм сурар экан.
– Эртага кетаман, – деди қиз маъюс товуш билан ерга қараб.
От кўтармас бу оғир сўзнинг айтилишини йигит сўнгги қўнғироқдан буён бўйнига олиб юрибди. Уни ўзгартириш ёки кечиктириш мумкин эмас эканини, бошқа илож йўқлигини ҳам аллақачон билган. Бу воқеа ишқ ўтининг янада авж олиб, юракни ўрташини, одобли, билимли, чин севишган кишилар учун ҳижрон азобини енгиш қийин эканини ўйлаб, ўзаро ишонч ва садоқатга чақирувчи аҳду паймонни ўртага қўйишга тайёрланиб юрибди.
Йигит қиздан бу борадаги фикрини сўрашни бошлади.
– Мен жон-таним, руҳим билан доимо сенинг ёнингда бўламан. Фақат сени деб яшайман. Бизнинг висол дамларимизни яқинлаштириш учун сени шеърлар денгизига ғарқ этиб, хаёлан сенга томон учаман…
Қиздан жавоб бўлмади. Гилосдек лабларидан ваъда ҳам, хўп деб маъқулловчи сўз ҳам чиқмади. Йигит ишонч дарахтига тирмашиб, онт бериш дарахтига чиқмоқчи бўлди. Қизда эса, садо йўқ эди.
Дард деган нарса одамнинг ичида кўп турмайди. У узоққа бормай сиртга чиқади. Бироз тўлғонишлардан кейин қиз сўз қотди.
– Уйимиздагилар иккимизнинг бирга бўлишимизга қарши…
Йигитнинг миясида яшин чақнаб кетди. Бу гап-сўзнинг учини Айимхон янгасидан эшитган, бироқ бугун қизнинг ўзидан эшитаман деб ўйламаган эди. Дастлаб “бундай гаплар бўлаверади, қизи борнинг нози бор”, деб ўзини юпатган эди, сўнг чуқурроқ ўйлаб кўриб, шундай оилада, шундай отанинг фикрини ўзгартириб, қиз бола ўз сўзида туролармикин, деб кўп азобланди. “Шундай бўлиши ҳам мумкиндир, замонавий одамлар, замонавий қиз”. Шунақасига ўз-ўзини алдаб юрган эди. Қиз “отам” демади, “уйимиздагилар” деди. Гапнинг шу жойи хавфли эди. Қиз йиғлаб юборди. Юпатганни тингламади. Бу ҳаммасидан ҳам қўрқинчли эди. Бу йиғи: “Сени севаман, бироқ отамнинг гапига қарши чиқолмайман”, демоқчига ўхшар эди.
Қиз ўпкасини босиб олгандан кейин, улар гапни секингина майдалаб сўзлашишди. Отаси Москва давлат университетига ўқишга юборишга қарор қилибди. Қизнинг орзу-ҳаваси билан ҳисоблашиб ўтирмаган. Гап тамом-вассалом. Рус синфида ўқийдиган туғишганларининг: “Тилни яхши билмайди, қийналиб қолади”, деган фикрлари ҳам рад этилган. Бундан бошқа тилаклар ҳам қабул қилинмай, самолётга билетлар олинган.
Ибройим анча пайтгача сабабини сўрамайман деб ўтирса ҳам, сабр-тоқати тугаб: “Бизнинг айбимиз нима экан, ахир?” деб юборди.
Қиз индамади. Ибройим қиз йиғидан сал овуниб олсин, деб кутди. Барибир сукут давом этди.
– Бир гаплари бордир? – деб қайтадан сўради.
– Шоирга бермайман, дейди.
“Шоирми ё охуннинг боласими?” деган ўй хаёлидан ўтди Ибройимнинг. “Халқ душмани” дейишни ўзига раво кўрмади.
– Шеър дегани энди кераганинг бошида қоладиганга ўхшайди…
Бахтига қарши айтилган гапларга чидаб, уларга қарши ўзича ечим топиб, бироз бўлса ҳам кўнглини юпатиб ўтирган эди, энди бу сўзлар йигитнинг ғурурига тегиб кетди. Фалсафа, мантиқ илмларини ўзлаштириб, дунё адабиётидан, айниқса Шарқ адабиётининг ҳикматли насиҳат ва ўгитлари, дидактик ва маиший шеърияти сарчашмаларидан баҳраманд бўлиб, Жалолиддин Румий, Ҳофиз, Алишер Навоий, Махтумқулилар асарлари руҳида яшаб, дунёни доноликдан бунёд бўлган шеърият денгизига ўхшатиб, унга бир томчи бўлиб қўшилиш ишқида ёниб юрган ёш шоирга бу гаплар ҳаммасидан кўра қаттиқ ботиб кетди.
“Бу гапни айтмаслиги керак эди, ёшлик қилди, беғубор кўнгил билан соддалик қилди”, – деб ўйлади йигит. Бироқ қизнинг чин юракдан ўксиниб йиғлаши қайтадан умид ва ишонч уйғотди. “Дунёда бизлардек жуда кўп ошиқлар қанча қаршиликларга, зулмга учраган, охир-оқибатда муроду мақсадга эришганлар, Тоҳир-Зуҳра, Лайли-Мажнунларнинг олдида бу нима бўлибди. Ҳозир ХХ аср бўлса, одамлар маданиятли, ўқимишли бўлса…” Ибройим яна бир бор ўзига тасалли бериб, ўзининг қадрини биладиган йигитга муносиб фикр юритди.
Дастлаб зим-зиё, қоп-қоронғи кўринган тун бора-бора чеҳраси очилган келинчакнинг жамолидай тиниқлаша бошлади. Осмонда гоҳ булутлар ортига яшириниб, гоҳ кўриниб, уфқ томонга сузиб бораётган ўн тўрт кунлик ойгина ҳаракатда. Севишганларнинг шивирлашларини тинглашга ўрганиб қолган қора тол уларнинг боши узра чўгирмадай уюлиб турибди. Икковининг зимдан ўйга берилиши тўхтаб, сабр билан келажакка дахлдор гаплар бошланди.
Ёш шоир ўтган ой ва йиллар давомида Бибизодага, унинг танҳо ўзига бағишлаган ҳазил-мутойибали, таг маъноли шеърлари, муҳаббат лирикасидан намуналар ўқиб берар эди. Оддий ва тушунарли, бироқ ўн бора ухлаганда ҳам одамнинг тушига кирмайдиган сўзларни қофиялаштирганига қиз ҳайрон қолар эди. У илгари унча шеър ўқимаган, ўқиганда ҳам эътибор бермай, нома қўшиқларини бахшилар, артистларнинг ўзи тўқиса керак, шоирларнинг бари шундай қилиб ёзиши мумкин, деб ўйлаб юрар эди. Энди адабиёт дарслигига кирган бошқа шоирларнинг шеърларини диққат билан ўқийдиган бўлди, лекин бундай самимий, бундай ўйноқи сатрларни учратмади.
Бир сафар ҳали битмаган шеъридаги:
Тандир ёпган янгаларда бор таклиф,
Рухсат йўқ оғиз тегмай ўтишга, –
деган, ё бўлмаса:
Агар уйга беш кун қўноқ келмаса,
Чойи қўнмас менинг мунис онамнинг, –
деган мисраларни эшитганда бундай нарсаларни ҳам шеърга айлантириш мумкин эканига ҳайрон бўлган эди.
Шоир қизнинг дидига муҳаббат ҳақидаги шеърлар билан қопқон қуриб, шеърият тузоғига аниқ тушириб олгандан кейин, аста-секин дунёнинг моҳияти, одамнинг ҳаёти ҳақидаги шеърларни ҳам ўқий бошлади. Ўтган йили, қиз ўнинчи синфда ўқир эди, 1950 йилнинг октябрь ойи бўлса керак.
Дунёдаги барча халқлар оёқ қўшиб,
Бир вақтда ерни тепса, ер силкинар.
Дунёдаги барча халқлар урт тўлдириб,
Пуфласа, довул туриб, кун гуркирар, –
деган шеърни ўқиб бўлиб, унинг юзига қаради. Афтидан шеърда айтилган гапнинг мағзини тўлиқ чақмай қолганини пайқади. Шеърдаги фикрни бироз тушунтириб, қайтадан ўқиди. Қиз унинг кўзларига узоқ қараб турди-да: “Ўзингиз ёздингизми ёки таржимами?” – деб сўради. Ана ўшандан бошлаб, ўз севгилисига куни кеча ва айнан бугун ёзилган шеърларни ўқишга йўл очилди. Шеърнинг мавзуси қандай бўлса ҳам, қизнинг кўнглида “шеър дегани мана бундай бўлар экан-ку, у нима учун керак экан, десам, гап бу ёқда экан-да”, каби тушунча, ҳиссиёт, бора-бора адабиётга меҳр уйғонгани йигитнинг шеърият эмас, муҳаббат майдонидаги ғалабаси эди. “Мол мўнграшиб топишади, одам сўзлашиб” деганларидай биров бировни синаб билса, сўзлари, ўйлари билан ҳар тарафлама кўнглига меҳр-муҳаббат солаверар экан.
Ногаҳонда шимолий шарқдан бир сарин шаббода келиб, қора толнинг япроқларини шовуллатиб эсди. Эртага бошланадиган янги ҳаёт орзу-умидлари ҳақида ўртоқлашган ошиқларнинг ўй-фикрлари бир қарорга келса-да, барибир ажралиш қийин эди. Ибройим серсуяк қўли билан қизни қучоқлаб туриб:
Сув бўйида шовуллаган жоним қора тол,
Жонга ҳузур дим ҳавода эсган ҳур шамол.
… Кунботарда чуғурлашган шўх чумчуқларинг
Менга берган шўх қўшиғин, шўх қилиқларин.
Шамол турса, ўйга ботиб, чайқалиб сокин,
Ўзинг менга ўргатгансан ўйлашни вазмин…
– деган сатрларни ўқиди. Ҳозиргина сокин ва дим ҳавода эсган шамол, оғир-босиқ ва вазмин ўй, буларнинг ҳаммаси айни шу лаҳзаларнинг жонли кўриниши эди. Ушбу шеърни Бибизодага аввал ўқиб берганми, йўқми, эслай олмади. Қошларини кериб ҳайрон бўлган қиз эса, буни шоирнинг юрагидан ҳозиргина чиққан туйғулардай қабул қилди…
* * *
Ўша куни тушликдан сўнг Шомурадов уйидаги туркманистонлик меҳмонлар Бош Туркман каналининг бўлажак қулоқ бошига олиб келди. Уруш йилларида забардастлиги билан танилиб, энди кенг жамоатчилик эътиборига сазовор бўлган шоир Жўлмирза Оймирзаев билан ҳамроҳ бўлиш жонингнинг роҳати. Йўл-йўлакай боргунча, боргандан кейин ҳам учраган ноқулайликларга парво қилмай, кайфиятини бузмай, ҳеч нарса бўлмагандай қабул қилиб, бўлганда ҳам ҳаётда гоҳо шундай бўлиб туради, йўл ёмон, ҳали тузатилмаган, машина ҳам шундай бузилиб турадиган нарса, деб барини келиштириб ташлайди. Урушдан аввалги йиллари Қорақалпоғистондан бир гуруҳ йигит-қизлар Москвадаги театр санъати институтига ўқишга борганда орасида рус тилини билмайдиган, китобни ўқиб тушунолмайдиган ёшларнинг ҳам эплаб, йўлини топиб кетганини, орадан бир ўтгач барчаси русча кийиниб, соч қўйиб, фасон бўлиб келганларини, ўзининг шеърият сабоғидан қандай имтиҳон топширганини айтиб, ҳаммани ҳайрон қолдирди. Меҳмонга келган ёзувчилар ҳам шундан кейин унинг ҳаёти ва ижодига қизиқиб, шундай инсон билан учрашганларига кўнгли тўлиб, бирданига апоқ-чапоқ бўлиб қолишди.
Туркманистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам худди биздагидай: “Асримизнинг катта қурилиши ҳақида ёзмаяпсиз. Замон билан ҳамнафас бўлолмаяпсиз”, деган гаплар бўлиб турган экан. Яқинда ҳукумат раҳбарлари ўтказган йиғилишда Ибройимга ҳам тайинланди. Темирйўл қурилиши ҳақида шеър ёзганига анча бўлди. Сиз ёшлар, етарли даражада фаол эмассиз, дейилган эди. Йил аввалида бошлаган “Акация гуллаган ерда” достонини ҳали битказмаганини, урушдан кейинги катта сафарбарликка муносиб ҳисса қўшолмаётганини тан олиб ўтирди. Ўша мажлиснинг шамоли билан яқиндагина “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Армон ҳақиқатга айланмоқдадир” сарлавҳали мақола чиқарган эди. Йўл бўйи бораётиб меҳмонларга янги қурилишнинг ўрни Тахиятош деган жойнинг Нукусгача ўн беш чақирим масофада экани, Амударё билан Бош Туркман каналига платина қурилаётгани, Тахиятошнинг туби ўн олти метр чуқурликда, яхши электрстанция қуришга қулайлиги ҳақидаги гурунгларни бериб келди.
Уларни олиб бораётган машина икки жойда ўчиб, анча тўхтаб қолди. Ёзнинг қоқ ўртаси бўлгани учун кунлар узун эди, бироқ самолёт деган нарса белгиланган вақтда учади. Аэропортга кечикмаслик керак. Етиб бориши шарт. Борганда ҳам қўл бериб хайрлашиш йўқ, фақат “чиқмаган жондан умид” дегандай узоқдан бўлса ҳам, кўриб қолишни умид қилган. У қайтиб келганида ҳам албатта кутиб олишга ҳам чиқади.
Ўша рейсда Есемуратова Равия ҳам учади. Барча гапдан унинг хабари бор. Синглиси Гулойша Собир Камоловга қўшилиб, улар ҳам Москвага кетиб қолган. “Эс бўладиган одамлар кўп”, деб ўйлаб қўйди. Бу ҳақда Бибининг ўзига ҳам айтган эди. “Хоразм” деган китоби учун давлат мукофотни олган Сергей Толстов, тилчи ва тарихчи Николай Баскаковлар Қорақалпоғистонда узоқ йиллар илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб, ўзимизнинг одамлардай бўлиб қолишган. Орадан қил ўтмас дўстлари Сирожиддин, Марат, Дўстжонбойлар ҳам ўша ёқда. Бироқ негадир улар ҳақида қизга айтгиси келмаган эди…
У аэропортга келган вақтда йўловчилар кутиш залидан ўтказилиб, самолётга чиқа бошлаган экан, бироқ Матеке оқсоқолнинг машинаси ҳали келмабди. Кўп ўтмай улар кўринди. Оқсоқолнинг 1946 йилдан кейин иккинчи марта СССР халқ депутати бўлганини булар ўйламаган экан, самолётга тўғри борди-да ичкарига кириб кетди. Ибройим узоқдан кўриб турди, отаси: “Сен қиз самолётга чиқмай қолиб кетасан, олдимга туш”, дегандай унга олдинда юришга ишора қилган эди, олдга ўтмади, қайтанга онасининг ҳам орқасига ўтиб олди. Йигит “Ҳозир орқасига қарайди” деб кутди. Қиз ростдан ҳам орқага ўтиш баҳонаси билан бир қиёлаб, аэропорт биноси томонга қараб олди. “Кетди, – деб ўйлади у. – Кеча хайрлашаётганда “Кўп ўтмай қайтаман-ку”, деган эди, қайтиш қайда, бу келиб-кетаверадиган йўл эмас, ота-онаси бир ўзини самолётга ўтқазмайди ҳали…”
4
Янги 1952 йил республикада ўзгаришлар билан бошланди. Январнинг иккинчи ярмида обкомнинг биринчи секретари Пиржон Сейтов бўшаб, ўрнига Арзи Маҳмудов бўлди. Ўшандан ўн кун аввал Қорақалпоғистон Ёзувчилари фаоллари йиғилиши ўтказилиб, обкомнинг секретари Ўтеген Сафаров адабиётнинг юксак ғоявийлиги учун, деган мавзуда баёнот берган эди.
Баёнотда ёзувчиларнинг кўпчилиги ҳозирги замон мавзусига юз бурди, деб озгина силаб-сийпаган бўлиб, Аббаз, Содиқ, Жўлмирза, Амет Шомурадовлар совет халқининг эришган тарихий ютуқларини тараннум этмоқда. Наврўз Жапақов, Хожибек Сейтовлар “Бахт”, Ибройим Юсупов “Йўлдош муаллим” достонларини яратди, деган сўзлар билан ижобий гаплар тугади. “Ўртоқ Сталиннинг тил илми ҳақидаги донишмандона асари асосий қўлланма бўлгани” билан ёзувчиларимиз асарларида бир қатор йирик-йирик камчиликлар мавжуд эканлиги қаттиқроқ айтилди.
Кейин ғоявий-бадиий бўш асарлар ёзаётганларнинг номини бирма-бир санаб ўтиш бошланди. Ушбу масала бўйича ўн саккиз киши музокарада қатнашиб, драматургияда Оймурзаев, Хўжаниязов, Давқораев, Шомурадов пьесаларининг саёзлиги, Тошкентдан келган ёзувчи Темур Фаттоҳ сўзга чиқиб, ўзбек ва қорақалпоқ адабиётлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг даражаси пастлиги ҳақида гапирди.
Йиғилишда ҳамма нафасини ичига ютиб, чор-атроф сув сепгандай бўлиб қолди. Энг ҳайратланарли жиҳати – шу пайтгача фақат мақталиб, уф-суф билан олқишланиб келаётганларга ҳам таёқнинг бир учи тега бошлади. “Бу нима? Ўзгариш бўладими? Амалдорлар саҳнасининг қаҳрамонлари ўзгарадими?” деган жумбоқли ва сирли саволлар пайдо бўлди.
Музокарага чиққанларнинг баъзилари эртага нима бўлишини билишадими, ҳар куни олдида қўл қовуштириб юрганларнинг ҳам шеърларини танқид қила бошлашди.
Ватаним – онам у азиз,
Овулим, қалъам бу азиз.
Улуғлардан ҳам улуғ
Сталин отам шу азиз, –
деганга ўхшаган шеърларда ҳамду сано устуворлиги, буюк даҳони бундай енгил-елпи таърифлаш ярашмаслиги ҳақида гапирганларига кўра, шахмат тахтаси устидаги асосий доналарни ўрин алмаштиришга ўхшар эди. Бундан буёғига худди шундай давом этса, 37-йил қайта бошланмайдими, деган ҳадик бора-бора қўрқинчга айлана бошлади.
Бу ҳолат, эсиши сезилаётган кучли шамолнинг дастлабки эпкинига ўхшаб кетди. Ўн кундан кейин бўлиб ўтган партия пленумидаги баёнотда ҳам кадрлар бўлимлари бирин-кетин махсус текшириб кўрилгани, олий партия мактабини битказиб келган Тахтакўпир районининг раҳбари 1951 йил давомида фақатгина “Мария Егор қизи” деган биргина асар ўқигани ҳақида айтилган эди.
Ўша йиллари Нукус радиосидан:
Мария Егор деган рус қизи,
Ўн бешдан ўн олтига ўтган кези,
Ўша чоғда Мариянинг айтган сўзи:
Дударайим дудим,
Мен сен учун туғдим,
Дударайим дудим-а-ай… –
деган қозоқча қўшиқ кўп айтилар, бироқ шундай китоб бор эканини кўпчилик билмас эди. Йиғилиш жараёнида райком секретарини ўрнидан турғизишиб: “Бу қандай китоб? Коммунист одам ўқийдиган нарсами? Буюк доҳиймизнинг китобларини нега ўқимайсиз? Тил илми ҳақидаги асарини ўқидингизми?” – деб тергаганга ўхшайди.
Мана шундай воқеаларнинг эпкини билан, ёзувчиларнинг сиёсий билим даражаси текширилиши зарур, деган топшириқ берилибди. Ёзувчилар уюшмаси раиси Сейтов ёзувчилар, шоирларни бир-икки гуруҳга бўлиб, суҳбатга ҳозирлаган. Биринчи гуруҳдаги ёши улуғ ёзувчиларни обком секретарининг қабулига олиб келишади.
– Келганимиздан мақсад нима?
Сағитовнинг бу саволига шошилмасдан: “Танишув, ҳозирги жараён ҳақида фикрлашув”, – деб жавоб берди уюшма раиси.
– Унда ҳаммамиз бирга кирсак бўлмайдими?
– Битта-битта қабул қилишадиганга ўхшайди.
Аслида обком партия секретари буларнинг сиёсий саводини синаб кўриш учун имтиҳон олишга чақирган эди. Ичимиздан ёши улуғимиз бошлаб берсин, деган баҳона билан биринчи бўлиб Нажим Давқораевни киритишди. Ичкарида ҳар турли соҳадан чақирилган етти киши ўтирган эди. Улар Давқораевни кўришлари билан ўрнидан туриб кетишиб, саломлашиш учун олдинга чиқишди. Бу секретарга ёқмади, бироқ уларни тўхтатиш ноқулай эди…
– Марказий Комитетнинг кўрсатмасига биноан, обкомнинг қарори бўйича ёзувчилар билан олимлардан имтиҳон олишимиз керак, – деди секретар ўзини дадил кўрсатиш учун товушини кўтариб.
Бундай муомаладан Давқораевнинг авзойи бузилиб, тепа сочи тикка бўлиб кетди.
– Шунда сен мендан имтиҳон оласанми?
Давқораев титраб, ўрнидан учиб турди.
– Мендан-а? Сени ўқитган муаллимингданми? Ўзбекистонда биринчи филология фанлари доктори бўлган одамданми?
Секретар ҳам ҳовлиқиб ўрнидан турди.
– Вой аҳмоқ! – деган сўз билан унинг чаккасига тортилган шапалоқ товуши бирга чиқди.
Ёзувчилар уюшмасининг раиси “яна гувоҳ бўлиб қолмайин” дегандай эшикка томон ошиқди. Ўтирганлар учиб туриб Нажим Давқораевни ушлашди: “Оға, бир марта жаҳлингизни босинг”, – деб орага тушишди. Тўполон, шовқин-сурон кўтарилди. “Ҳей, илоё, унмагин!” – деб Давқораев эшикни қаттиқ ёпиб, ташқарига томон шашт билан юриб кетди. Қабулхонада ўтирганларнинг бошидан ҳуши учиб, ўрнидан турган жойларида тахтадай қотиб қолишди. Ҳамма ҳайрон, ҳеч кимда садо йўқ. Одамлар ўрнига ўтиришини ҳам, ўтирмаслигини ҳам билмай туришганда ичкаридан шаҳар комитетининг бўлим бошлиғи чиқиб: “Имтиҳон кейинга қолдирилади”, – деди-да, яна кириб кетди.
– Имтиҳонга олиб келганингизни нега биздан яширдингиз?
Улар Ёзувчилар уюшмаси раисига таъна қилишди. Ҳаммаси гапни тезроқ ташқарида давом эттириш учун чиқишди. Ҳали тунов кунги йиғилишда юз берган воқеалар таъсиридан чиқмай юришганда бу қўшимча бўлди.
* * *
Ибройим билан Бабошнинг атрофида “Қоратов” журнали қошида бирлашиб, адабий ҳаракатни ривожлантириб, сифат жиҳатидан янгилашга хизмат қиламиз, деб юрган ёшлар таҳририятга Бабош Исмоиловни чақиришди. У, мана, тўрт ойдан буён область партия комитетининг матбаа бўйича масъул котиб лавозимига кетган эди.
Ёзувчиларнинг кўпчилиги, деярли сўнгги вақтлардаги ўзгаришлардан бири Бабош боргандан кейин юз бермоқда, деган фикрга келган эди. Бугун таҳририятга йиғилганларнинг баъзилари бунинг аниғини билишмоқчи. Айримлари бунинг оқ-қорасини фарқлаб, кимнинг ким эканини билиб олайлик, дегандай гаров бойлашмоқда.
– Маърузани сен ёздингми? – деди Атағулла сал юмшоқроқ оҳангда Бабошга тергаш эмас, аниғини билмоқчи бўлган ниятда.
Бабошнинг ўзини эшитмагандай, ҳеч нарса бўлмагандай тутиш, доим кулимсираб, киприк қоқмай ўтириш одати бор. Савол берувчига тикилиб қарамасдан, шу ўтиришини бузмади. Чидамаган бўлса керак, унинг ўрнига Сирожиддин Аҳмедов жавоб берди.
– Ўша ерда Бабош ўтирса, ундан бошқа ким ҳам ёзиши мумкин?
– Қўрқоқ олдин мушт кўтаради, дегандай бир томонида ўзинг ҳам бор эмасмисан?
Йиғилишган йигитлар анча вақтдан буён ҳамфикр бўлишгани учун ораларидаги бир-икки ёш катта-кичикликка қарамай, дўст бўлиб кетишган. Шу туфайли ҳали институтни битиролмай юрган Генжамуроднинг бу сўзини Сирожиддин ҳам, бошқалар ҳам унчалик жиддий қабул қилишгани йўқ.
– Ростдан ҳам, маърузада асарларни танлаш усули Сирожникига ўхшайди, – деб қолди биров.
Кун бўйи кўзойнагининг ўртасига бармоғини тираб, юқорига кўтариб ўтирган Марат Нурмуҳаммадов қаддини ростлади-да, томдан тараша тушгандай гап отди:
– Таҳлил ҳалиям бўшроқ бўлган, танқидни аллақачон бошлаш керак эди.
Ўтирганларнинг уйқуси қочиб кетгандай ўриндиқлар шиқир-шиқир этиб, қўзғалиш бошланди.
– Бунинг нимасига ҳайрон бўласиз? – деди ўзидан бўлак фақат тангриси билан сирлашиб, ичидан муножот қилиб ўтирган Ибройим. – Бўлмаса, айтилган камчиликлар нотўғрими? Қани, айтинг, ўша асарларга ёки ҳозир эълон қилинаётган кўпгина шеърларга қайсингизнинг кўнглингиз тўлади? Ичида “пахтакор”, “колхозим”, “меҳнатни сев” деган сўзларнинг бири бўлса, шеър деб ҳисоблаб, ўзини шоирман деб, кўчага сиғмай юрганлардан безор бўлмадингизми? Гапиришга ҳам арзимайдиган асарлар камми?
Ўтирганлар жимжит бўлиб қолишди. Уларнинг ҳаммаси ҳам шундай ўйлаб, шундай куйиб-пишиб юрган йигитлар. Ҳозир ўзларининг фикрига ўзлари қариши чиқишаётганини, шу билан бирга бировнинг бошига қийинчилик тушганида, унинг қандай одам бўлишига қарамасдан, ҳамдардлик билдириб ўтирганларини энди пайқашди.
– Шунда ҳам Тиловберганнинг “Икки оғайинли ботир” асарига сал ноҳақлик бўлган, – деди Атағулла.
Ана шу гапдан кейин Бабош тилга кирди.
– Мен у жойга ишга бормасимдан аввал уч гуруҳ тузилиб, 1948 йилдан буён яратилган йирик асарлар жанрлари бўйича ўрганилган, Тиловберган оғанинг асари танқидига менинг иштироким йўқ. Обкомга келиб тушаётган аризалар ҳам кўп, бир қатор фактлар ўшалардан олинган.
Тажетдин Сейтжонов қонли урушда иштирок этиб, одам боласининг бошига тушган балою қазоларни кўрганлигига бориб, ҳар нарсанинг “ангғисини англаб, тингғисини тинглаб”[14 - Гапни диққат билан эшитиб, мағзини чақадиган одам.] ўтирадиган йигит. Ҳалидан буён сирти бутун кўрингани билан ичидан ҳаммасини ҳис этиб ўтирар эди. Охири сўз бошлади.
– Бабош, сен бизга ростини айт, йиғилишга тайёргарлик кўрилиб, маъруза ёзилаётганда элнинг биринчи бошчиси ишдан бўшашини билганмидингиз?
Бу ерда биринчи бошчи деганда Пиржон Сейтов назарда тутилгани билан бундан сал аввал Ўзбекистоннинг биринчи бошчиси Усмон Юсуповни Москвага пахтачилик министри бўлиб кетганига алоқадор лекини ҳам бор эди.
Ўтирганларнинг орасида ҳам, ташқарида ҳам бошчисининг ўзгартирилишини, шу муносабат билан бошқа ўзгаришлар бўлишини аввалдан билишган, деган гаплар юрар эди. Сейтов Иккинчи жаҳон уруши бошланган 1941 йилдан 1949 йиллар оралиғида Министрлар Кенгеси бошлиғи бўлиб, уруш йилларининг барча қийинчиликларига бардош берган, халқнинг ҳурматига сазовор бўлган инсон. Лавозимидан бўшашини халқ Тошкентда биринчи раҳбарнинг ўзгарганлигига боғлиқ, деб билди…
Бу киши сиёсий чиниққан, иқтисодиётдан хабардор, шу замоннинг талабларига зид келмайдиган даражада сипойи, овулларга чиқиб, экинзорлар бошида ўтказиладиган йиғилишларда айрим раҳбарларга ўхшаб сўкиниб, дўқ уриб, одамларни ҳақорат қилиб сўзламайдиган, юриш-туриши жуда расмий, унча кулавермайдиган, энг асосийси, қўли, йўли тоза одам эди. Кўп билганликдан бўлса керак, санитария-гигиена талабларини асло бузмаган дейишади. Сафарга чиқса, сочиғи, қошиқ-товоғини сумкасида олиб юрар экан. Районларга борганда, ўша қошиқ-товоққа тегишли қизиқ воқеаларни айтишиб ўтирган кезда: “Шоирлар ҳам нақд Пиржон оғадай бўлиши керак, – деган экан дўстларига Ибройим, – ҳар ким ўзининг қалами билан ўзининг қоғозига ёзсин…”
Тажетдинни саволининг жавобини ҳамма жим кутар эди.
– Менинг бундан ҳам хабарим йўқ эди.
Бобош ишонаверинглар дегандай, ҳаммага тикилиб қаради ва баъзиларнинг ишонмай, иккиланиб турганини кўриб: “Катталар билишган тақдирда ҳам, менинг даражамдаги ходимларга айтишмайди. У ердаги тартиб бутунлай бошқача”, – деб қўйди.
Бу гапларга ишонмаганлар у ердаги талабнинг қандай эканини, сиёсий системанинг қатъий низом ва узлуксиз программа билан жадал бораётганини орадан икки ой ўтмаёқ ўз кўзлари билан кўришди. ЎзКП обкомининг матбаа бўйича котиби Бабош Исмоиловнинг “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Ижодий ишни жадал қўлга олайлик” номли мақоласи босилди.
Орадан ўн кун ўтгач мақола яна иккинчи бора “Ижодий ишларни юксак даражага кўтарайлик” номи билан чиқди. Унда: “Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон иқтисодиёт ва маданият институтининг (Н.Давқораев), Қорақалпоғистон бирлашган педагогика ва муаллимлар институтининг раҳбари (К.Убайдуллаев) асосий илмий масалаларни ҳал қилишини, қорақалпоқ тили ва адабиётини тадқиқ этишни ташкиллаштира олмаяпти… Адабиёт бўйича илмий-тадқиқот ишларида Н.Давқораев, Қ.Айимбетов, И.Сағитов, менинг ўзим ҳам К. Убайдуллаевларнинг ишларида миллий чекланиш, ўтмишни идеаллаштириш, фуқароларга, оддий халққа қарши достонларни тарғибот қилиш каби ниҳоятда улкан хатолар учрайди”, деган сўзлар ёзилган эди. Бабош дастлаб ўзига берилган топшириқни чала бажаргани сабабли, ўша мақолани айнан ўша газета учун қайтадан ёзишга мажбур бўлгани, ёзганда ҳам ўзининг камчиликларини қўшиб ёзганини ҳамма сезди. Бу ҳукумат билан ўйнашиб бўлмаслигини биратўла тушуниб етди…
5
Юртда бир қатор ўзгаришлар, янгиликлар бўлмоқда. Қишлоқларда маҳаллий радиоузеллар қурила бошлади. Энди ёзувчилар, шоирларни халқ кўпроқ танийдиган бўлди. Ҳукуматнинг ўгит-насиҳат берувчи сиёсий машинаси борган сари радиодан кенгроқ фойдаланиб, ундаги эшиттиришларни тинглаб, динг бўлиб турадиган қулоқларни кўпайтирмоқда. Уч-тўрт йил олдин Қурбонбой Аралбоев деган журналист эшиттиришлардан бирида: “Бундан фалон йил аввал 21 январь куни пролетариатнинг буюк доҳийси ўртоқ Сталин вафот этди”, – деб айтиб юбориб, хато гапирганини сезган ўша ондаёқ “Оғзимга қум, ўртоқлар, ўлган Сталин эмас, Ленин. Ўртоқлар! Оғзимга қум! Оғзимга қум!” деб қайта-қайта бўзлагани, унинг изидан тушки эшиттиришда эфирда қўшиқ айтаётган атоқли бахши Ешан (кўр) Қўспўлатовнинг ташқарида боғланиб турган эшагининг ҳанграгани эфирга эшитилиб кетганига ўхшаган салбий ҳодисалар бўйича қанчадан-қанча текширувлар бўлиб, чанги осмонга чиқиб кетган эди. Радио деганга ҳушёр бўлмасанг, матбуотдан ҳам хавфли экани аниқроқ маълум бўлмоқда.
Бундан беш йил аввал Туркманистоннинг Чоржў шаҳридан бу томонга қараб қуриб бошланган темирйўл Хўжаэли шаҳрига етиб келди, яна бир яхши нарса – барча овулларда тут ниҳолини экишга сафарбарлик бошланди. Бундан бошқа кундалик тарғибот ишларига шоирлар радио орқали кўпроқ жалб этилади. Ибройим бундай ишларга иложи борича қатнашмасликка баҳона изламасин, уни ўз ҳолига қўйишмайди. У институтда иккинчи курс талабаларига болалар адабиёти фанидан дарс беради. Иши ўзига ёқмайди. Ҳар сафар бўйнига қил арқон солгандай мажбур бўлиб келади. Бу соҳа қорақалпоқ адабиётида энди бошланиб, Амет Шомурадов эртаклар асосида ёзилган асарлари билан ўзининг болаларга бағишланган бир-иккита шеърларидан бошқа тилга тушадиган тайинли асарлар йўқ. Институт раҳбарлари эса унга бошқа дарс бериш нияти йўқ. Кўпинча кечикиб келиши, кечаси билан шеър ёзиб, тонгда ухлаб қолиши уларнинг ҳам қулоғига бориб етган. Унинг обрўйини ҳозир “Қоратов” журнали кўтариб турибди.
Йигитга Худо феъли билан берган насибаси камайгани йўқ. Дўсти Бабош билан иккаласи талабалик вақтларидан бошлаб вазмин, биров шошилтирса чопавермайдиган, олҳа, ундай қиламиз-бундай қиламиз деганга ҳовлиқавермайдиган феълига кўпчилик кўникиб қолган. Бабошнинг йўли бошқа, у гап қайтаролмайдиган, ҳозирги куннинг сиёсатига, олдиндаги вазиятга қараб саводли ёзув-чизув қўлидан келишини пайқаган институт раҳбарлари сиёсий-ижтимоий ишларга эртароқ солиб юборган эди. Ўқишни битказиб, институтда қолгандан кейин биратўла жамоатчи бўлиб кетди. Унга Худо ато этган – бир жойда сира турмайдиган, манглайининг қоқ ўртасидан икки тарафга айрилиб, диркиллаб турадиган қалин сочини биров айтмаса, вақтида олдиришни ҳам, ора-сирада тараб қўйишни ҳам унутиб қўядиган йигит. Бироқ қанчалик дарвештабиат бўлса ҳам, сиёсий ишларда пишиқлиги туфайли область комитети деган катта идорага хизматга олиб кетишди. Ўша ерда куртакдек очилиб, кунига камида бир марта ойнага қараб, уст-бошини тузатиб, бўйинбоғнинг тугуни муштдайларини тақиб, югуриб-йўртганингни билмай қоласан…
Ибройимнинг кўнгилхушлиги ҳам секин-секин заифлашиб бораётгандай. Бўйини ғоз тутиб, баъзи вақтлари ўзида йўқ ғайрат билан енгил кўчиб, қандайдир бир руҳий қанот бойлагандай бўлиб юрган кунлари ортда қолди. Муҳаббат ақлга ақл қўшиб, юраги жўш урган кунлари ўзини танимай қоладиган, шеър ҳам тилга тошиб келаверадиган эди. “Маъшуқанинг узоқлиги диққатни пасайтиради, ўй-фикрни заифлаштиради”, деган гапни қайдадир ўқигандай. Шу ростмикин? Бир сафар унга: “Мени чин сева бошлаганингни сезганим сайин роҳатга тўла азобларим ҳам кўпайиб бормоқда”, – деган эди. Ҳозир-чи? Шубҳа-гумон ё ишончсизлик пайдо бўлдими? Нега бу аҳволга тушди? Жалолиддин Румийнинг: “Ғам ва хафагарчилик заифликнинг белгиси”, деган сўзларини кундалигига катта ҳарфлар билан ёзиб қўйган ўзи эмасми?
Равия Москвага ўқишга кетгандан кейин Марал редакцияга кўпроқ уймалашди. У билан орани узил-кесил очганига бир йилча бўлган эди. Ўз вақтида кундалик ўқиш ва иш борасидаги бир-бирига бўлган яхши муносабатлар бора-бора муҳаббатга айланиб бораётганининг олди олинган эди. “Севмоқ – айб эмас, севилмоқ – бахт-иқбол” деган шеър сатрлари билан тушунтирган бўлди. Уни айблашга ҳаққи йўқ. Кўнгил қурғур бировни яхши кўриб қолса, ўз ихтиёридан айирса, нима қилади. У бир сўз билан орани очмасдан қоладиган қиз эмас. Унда ҳам севилмоқ учун етарли бўлган гўзалликлар тўлиб-тошиб ётибди.
Ибройим институтга кирган дастлабки йиллари уруғдош оғаси Айтжон Есемуратовнинг уйида ётиб ўқиди. Унинг қизлари Равия билан Гулойшалар туғишган қариндошларидай. “Адабиёт гули” газетасини чиқаришга ёрдамлашиш учун Равия Марални эргаштириб келган эди. Йигит қизнинг кўнгли борлигини ҳадегандан сезса ҳам пайқамагандай бўлиб, кўп чидаб юрди. Марал чидамаган бўлса керак, ўзининг кўнглини Равия орқали билдирди. Кўп ўтмай теварагидагилар гумон қила бошлади. Оғаси Маден ҳам пайқаб, бора-бора ҳадиги ҳақиқатга айланиб бораётгандай эди. Бир гал уйда ҳамма биргаликда тушлик қилиб ўтирганда: “Опа, кўрпа-кўрпачангизни қавийверинг, болангиз бирдан қиз олиб келиб қолса, шошилиб қоласиз”, деб теккизиб гапиргани шундан эди.
Марал гўзал қиз. Ҳеч қайси йигит унга бир суқланиб қарамасдан ёнидан ўтолмайди. Феъли яхши, кўнгли ҳам чиройидек очиқ. Ота-онаси Тошкент томонлардан бу ёққа ишга юборилганига тўрт-беш йил бўлиб, бизнинг ёқларга ўрганишиб, кўникишганга ўхшайди. Қиз европача эркин тарбияланганди. Дастлабки йиллари ўзининг дугоналарига кўра йигитларга кўпроқ аралашиб юрар эди, бу ернинг қиз болаларини кўриб, анча босилиб қолди.
Туғишган деган бефарқ юроладими, Маден ҳар куни институтда тонг азондан кечқурунгача банд бўлгани сабабли, ҳаммасини пайқади. Инисининг йигит сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам ўсиб бораётган обрўйига ичидан қувонади. Ибройим элнинг пешқадам азамати бўлса. Энди у яхши қизга қўшилиб, бахтли бўлишини тилайди. Ибройимнинг тиббиёт билим юртида муаллим бўлиб ишлайдиган, бундай айтганда “қўлидан ҳам, йўлидан ҳам келадиган” дўсти Эломоннинг қистовига кўра, институтнинг орқасидан бир қатор муаллимлар билан уй-жой олиб, педагоглар кўчасини тузган эди. Бошидаги икки жойни Ибройим икковига беришди. Маден Чимбойдаги дўстлари, Озод овулидаги оғайниларини уй қурилишида ҳашарга айтиб, шунинг кетидан юрибди. Худо Ибройимни азалдан оқсуяк қилиб яратган. Акаси уни лой ишларига аралаштиравермайди. Уйнинг пойдевори қурилаётганда бир-икки марта келиб кетди. Инисини ўша қиз билан бирга кўрганидан кейин уй-жой қурилиши тезлатишни ўйлаб қўйган эди. Сўнгги вақтларда фикри ўзгариб кетди. Ибройим Матеке оқсоқолнинг қизига биратўла кўнгил берган. Энди унинг юриш-туриши, одамлар билан сўзлашишлари ҳам бошқача. Юзи кулимсираб, меҳрли, диққатли бўла бошлагандай. Оёқ-қўли енгиллашиб, уйдан чиқаётганида шашт билан юриб кетадиган эди. Яқиндан буён оёқ босишлари яна оғирлашди. Ҳазил-ҳузули сийраклашиб, одамлардан узоқлашгиси келаверади. Институтдаги қизнинг ҳам бунинг ёнига келишидан кўра, кетиши тез. Уларнинг устидаги гап-сўзлар ҳам озайганга ўхшайди…
* * *
Хат келди. Йўлига кўзлари тўрт бўлган, хаёллари чархпалакдек айланиб, юрагини борган сари зил босиб, кўнглини ёмонликка олиб бормай, “овчининг кечикканига нақадар суйинайин” деса ҳам, ихтиёри ўзидан кетиб бораёзган вақтда келган бу хат энди қўрқинчли нарсага айланди. Унинг кечиккани ўйлантирадиган эди. Қизнинг ўша хайрлашув оқшомида “мен хат ёзмайман” деганини унинг нозига йўйиб, сабабини сўрагани йўқ эди. Хат кечиккани сайин йигит турлича ўйлай бошлади. У қишки таътилда ҳам келмади. Борган-келганлардан хабарини суриштирган бўлди, университетдаги ётоқхонасининг манзилини ҳам билди. Хат ёзмади. Қиздан хат кутди. “Аввал у ёзиши керак, менинг манзилим аниқ”, деган фикр ичида йигитга хос ўз қадрини билиш ҳам бор эди.
Хатни очишга ошиқмади. Конвертнинг ичидаги оқ қоғозда “мен хат ёзмайман”нинг сабаби бунинг ёмонликка кўпроқ майл бериб турган кўнглидагидай бўлиб чиқса, нима бўлади? Хат тунлари уйқуси бўлиниб, орзу-армонлар билан кутгандай эмас, ичида типратикани йўқми, дегандай авайлаб очилди…
“… мен хат ёза олмайман, ёзиб ҳам кўрганим йўқ. Ҳар бир сўзни ўлчаб турадиган синов тарозуси бор шоирга хат ёзадиганлар бор бўлса керак, бироқ у мен эмас… Тилчисан-ку, сен ёзиб берақол десам, Равия мендан бадтар қалтираб қолди. “У оддийликни яхши кўради, ўз сўзинг билан ёзавер”, деб мени қайтанга адаштиради.
Ёдингиздами, хат ёзмайман, деб айтганим (қизнинг “сиз”лаганига Ибройим кулиб қўйди), ёзмаслик ёзгандан қийин экан, кечикиб бўлса ҳам ёздим… (Хатдаги сўзлар бўлиниб, хатнинг бир-икки қатори очиқ қолдирилган. Ибройимнинг юраги дусурлаб кетди, мана бу ёзилмасдан очиқ турган қаторларга мен сени нақадар севишимни ёзишга уялдим, ўзингиз юракдаги сирни ўқийдиган башоратчими, йўқ-йўқ, файласуфсиз-ку, деган фикрни уқди).
… Мен ёзиб бўлдим. Янги шеърларингизнинг ҳар кунгисини хатга солиб юборинг. Маошингиз конвертга етса керак… Мен бўлдим. Вой, Худойим-ай! Соғиниш дегани шу бўлса керак… Бибизодангиз”.
“Хатнинг боши йўқ. Кичкина ҳарфлар билан бошланган, деб ўйлади Ибройим, нега? Менинг ўйлаганимдаймикин? Агар шундай бўлса… Қанийди?! Худди шундай, сабаби “Ибройим оға” деган сўзни ҳали айтиб кўргани йўқ. Отимни айтиб, севгилим ёки ошиғим деб бошласа, унинг тарбиясига тўғри келмай қолган бўлар эди. “Салом” деган ёрти сўз “Ассалому алайкум”га ишора. Кейинги хатларида ўйлаб кўради. Қаранг, ақлли бўлиш, ибо сақлаш нақадар қийин. Қиз бола номи бор, озгина ноз қилиб, ўзини бутунлай ошкор этмаслиги ҳам керак…”
У ўзидан-ўзи пиқ этиб кулиб юборди. Атрофида уни кўриб ёки эшитиб ўтирган ҳеч ким йўқ эканини унутгандай эшик томонга қаради. Ўшанда ўзининг хонасида оёғи бир қарич хонтахтанинг четида чап қўлининг тирсаги билан ёстиққа ёнбошлаб ўтирганини, кейинги кунларда хуфтонга етмай чироқни ўчираётганини, бояқиш онаси у келмасдан бурун уйдаги биттагина ўнинчи лампани шу ерга ёқиб қўйишини, янгасини болалари билан қўшиб қудасиникига қайтариб юборганини, уйдаги барча иш онасига қараб қолганини, ҳалигина келтирилган чойнакнинг чойини қайтариш учун ерга қўя сола, кундузи иш пайтида очиб ўқишга юраги дов бермай, йўл-йўлакай ўқиса қадрсизланиб қоладигандай, хатни ҳозиргина очганини, чойнакнинг қопқоғи дастурхонда бир қиялаб ётганча чойининг совиб қолганини энди сезди. Хат ўқишга берилиб кетгани учун эмас, Тошкентга ўқишга кетган бир дўстига алоқадор воқеа эсига тушганида пиқ этиб кулиб қўйди. Воқеа бундай бўлган экан. Овулдош дўсти биринчи курс таътилида еттинчи синфни битирган бир қизга уйланган. Тўй ўтганданоқ ўқишга кетган. Ётоқхонада ўша ёқдан борган йигитлар билан бирга турар экан. Кўп ўтмай хат келган. Бироқ ҳадеганда у ўқишдан кела қолмаган. Ичи қизиб ўтирган дўстлари: “Шу хат ёш келинчакдан келган, ўқиб кўрайлик”, деб тил бириктиришибди. Хатни очишса: “Олис йўлда, азиз ишнинг бошида юрган арслоним, соғ-омон юрибсанми?” деб бошланган экан. Ҳаммаси бир кулишибди-да, қайтадан елимлаб қўйишибди. Кечга яқин келган йигит конвертни оча-сола каравотда гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга ағдарилиб ўқиётса, дўстларидан бири сўрабди.
– Хат келдими?
– Ҳа, уйдан хат келган-ку.
– Нима деб ёзибди?
– Тинчлик.
– Энди айта қол, нима дебди? – деса, йигит индамабди.
– Нима деяр эди, нари борса “азиз ишнинг бошида юрган” дегандир-да, деса:
– Ҳой, ўқиб қўйдингми? – деб ўрнидан туриб кетган экан…
Ибройим кулгисини тийиб, ўша келинчакни кўз олдига келтирди. Ораларида осмон билан ерча фарқ бор. Ҳозирги ўқимишли, тарбияли йигит-қизларнинг қанчалик ўзгаргани, яна зиёли авлод етишиб келаётгани, ўқимишли бўлмаса ҳам, ота-онанинг берган оилавий тарбияси барча замонларда миллий мезонларнинг қадри баланд бўлиб, баъзиларнинг “замонавийлигини” кулгига қолдирганини эслади.
У хат кела қолса, фикру зикримни чархпалакдек айлантириб, муҳаббат ҳақида ҳали теша тегмаган сўзларни топиб, севгилисини бир лаҳза ҳам эсидан чиқармай ўтказган тотли онларидаги ҳижрон азобларини, руҳий устози Ажиниёз шоир айтгандай: “Кўнглим садафларин бирма-бир санаб”, – хат ёзсам, деган армонда юрган эди. Кўнгли дарҳол Ажиниёз бобосининг севги шеърларини қўмсади. Қўли етадиган жойда турган муқоваси қалин қоғоз билан қопланган шеър дафтарини олди. Эй, Ажиниёз бобо, ишқ дардини, ҳижрон азобини ўзингиздан ортиқ чеккан ким бор? Юракни ўртаган дардларни ўзингиздан ошириб қоғозга туширган инсон борми?
…Фалакнинг ўйини – Жайхун гирдоби,
Бир табассум этсанг кўнглим офтоби,
Севги лашкарининг даҳшат саркоби
Бу омонат жонни тандан бездирар!
Сўзга қаранг, истиорага қаранг. Ишқ деганнинг ўзи забт этиб олмайдиган нарсаси йўқ лашкар экан, шоир севгилисига қарата, лашкарларингдан ҳам қўрқинчли саркобинг, яъни саркарданг бу омонат жонимни олади, деганини қаранг!
Кўнглим садафини бир-бир ёздириб,
Қайта бошдан кўҳна дардим қўзғатиб,
Кофир кўзинг мусулмонни оздириб,
Бечора Зеварни диндан бездирар.
Мана, сенга яна керак бўлса! Бундан кейин айтадиган сўз қолдирмай, михлаб ташлаганига қара. Лиммо-лим тўлиб турган, чок-чокидан сўтилиб кетай деб турган кўнглимнинг садафини ёздирдинг, энди сени муҳаббат денгизига ғарқ қиламан. Битай-битай деб турган жароҳатимни қайтадан тирнадинг, – деб менинг ҳозирги аҳволимни айтганига қара. Диндан безиш мусулмон учун ўлим билан тенг нарса эканини ҳаммадан ҳам яхши билган Ажиниёз охун, сенинг кўзларинг кофур, одамни йўлдан оздиради, ақлу ҳушдан айиради, бечора шоир қандай диндан безганини, шариатга тўғри келмайдиган чорасизликдан мажбур бўлганини билмай қолади, дейди…
У ўзича туйғуларидан роҳатланар, тўғрига қараб ўтиргани билан ҳеч нарсани кўрмас, эшитмас эди. Кейин пайқаб қолди, керосин билан тутуннинг билинар-билинмас иси тарқалиб турган чироққа қараб, кўзлари қамашган экан. Қоғоздаги ёзувлар хиралашиб, аниқ кўринмади.
Алламаҳалга бориб шоирнинг “Дилбарим” шеърига аста-секин равшан тортган кўзлари билан назар солди.
Соғиниб, сарғайиб, ёзган хатингни
Жўнатган муллангдан олдим, дилбарим.
Айрилиқнинг сирин очди қоғозинг…
Ўлгандим, тирилтирди ёзган баёзинг…
Икки давр бургутлари бир тилда сайрашиб, замонларни учраштириб тургандай эди…
6
Шаҳар партия комитетининг иккинчи секретари Шомурадов чақирибди. Директорнинг қабулхонасидаги бўйра соч рус қиз келиб айтиб кетди.
Сўзи ҳам, ўзи ҳам русча бўлгани билан қорамтир бўйра сочига қўй кўзлари ярашиб, кўрганлар: “Эй, сен ҳақиқий рус эмассан-ей”, – деб ҳайрон бўладиган келишган қиз кирганданоқ унинг кабинетини кўзи билан текшириб чиққанда: “Ўтирган жойинг шуҳратингга мос эмас-ку”, – дегандай қараганини англаган Ибройим:
– Лена, фақир-фуқароларнинг кулбасига ҳам шундай келиб тур, – деб гап отди.
Болалар адабиёти муаллими бўлгандан кейин “кулба” деган сўзнинг русчаси тайёр эди. Марк Твеннинг машҳур асари “Том Сойернинг саргузаштлари”дан фойдаланди. Бироқ бу қиз асарни ўқиганми? Унинг авзойига қараб, ҳазилга унчалик ҳуши йўқлигини тушунди…
Сўнгги икки йилдан буён институтдаги аҳвол дуторнинг қантарилган торидай таранг, чертиб юборсанг узилиб кетгудек эди. Авваллари обком, совнарком деганларининг қаёқда эканига унчалик парво қилмайдиган олимлар, ўқитувчилар эндиликда комиссия келаяпти деса, капалаги учадиган бўлган. Қорақалпоқ адабиёти илмининг сарчашмасини очиб, уни “йўқ” ердан бор қилиб, керак бўлса, ёзма адабиётимиз ҳам бўлган, унинг манбаси нўғой давридан нарига кетади, деб бирдан уч-тўрт асрга олиб бориб ташлаган Давқораевни шу аҳволга солиб қўйгандан кейин бошқаларнинг жони қоладими. Ҳалиги Лена деган қизнинг ҳазилни унчалик ёқтирмаса ҳам, табассум қилиб жавоб бермаганида шундай хавотирнинг белгиси бор эди. У “Сизни горкомга чақиришаяпти” деган пайтида энди аҳволингиз не кечади дегандай ачиниб қараб кетганди. Ибройимнинг кўнгли тўқ эди. Амет Шомурадов туғишган оғасидай бўлиб қолган. Ишдан бўш пайтларида ҳордиқ чиқаргиси келганда уйига чақириб, шеър ўқишиб, замона зайли ҳақида дардлашиб турар эди. Елкама-елка бўлиб, борди-келди қилиб юришса ҳам зимдан бир-бирини ёқтирмаганлар кўпайиб бораётгандай. Нима бўлганда ҳам Ибройим ҳалигача Амет Шомурадов ҳақида ёмон гап эшитиб, тортишиб қолган одамларни кўргани йўқ. 1947 йили Москвага уч йиллик ўқишга кетганида қадри жуда билинди. У борлигида ёзувчилар юқоридаги раҳбарларга арз қилиб чиқавермас эди. Нима гап бўлса, Министрлар Кенгеси Бошлиғининг маданият, адабиёт, маориф бўйича ўринбосари Амет Шомурадов билан маслаҳат қиладиган, масала ечилмаса, юқорига ўзи олиб чиқадиган, шунинг учун кўп ёзувчилар, шоирлар ундан юқори раҳбарларнинг исми-шарифини билишмас эди.
Амет Шомурадов шоир сифатида ҳам биринчи қаторда бўлди. “Унинг “Эски мактабда” қиссаси, “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” ҳикоялар тўплами қорақалпоқ болалар адабиётида янги воқеа ҳисобланади, ўз навбатида бу соҳанинг алоҳида йўналиш бўлиб шаклланиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатди”.[15 - Ж. Наримбетов. Қорақалпоғистон романи. – Тошкент, “Фан”, 1974.]
Бу ёзувчининг таржимаи ҳоли ҳам қизиқ. 1926 йилдан 1930 йилгача Чимбойдаги мактаб-интернатдан Қозоғистоннинг дастлаб Қизил Ўрда, сўнгра Оринбург шаҳарларида ўқиб келгандан кейин Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетининг тайёрлов бўлимини битказади. Сўнг МТСда ем-хашак тайёрлаш станциясининг бошлиғи, кейинги йили Москвадаги чорвачилик институтининг зоология факультетида ўқиб, кейинги навбатда негадир маориф министрлигининг кутубхоналар бўйича инспектори бўлади. Ўша ердан Ўзбекистон давлат матбаа қўмитасининг (Тошкент шаҳрида) бадиий адабиёт бўлими директори бўлиб кетади. Уруш бошланган дастлабки йилдан маданият ишлари бўйича комиссариатни бошқариб, сўнг Қорақалпоғистон ҳукумати бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритади. Ўз вазифасини бажариш билан бир қаторда Қуламет жировнинг “Чориёр”, Қурбонбой жировнинг “Қирқ қиз” достонларини ёзиб олиш учун уларни ўз уйида бир ойлаб яшатиб, олимларни бириктириб қўяди. Ўша пайтларда мазкур достонлар асосида драматик асарлар яратади…
Ибройим келганида кабинетида мажлис қилаётган экан. Коридорда узоқ кутди. Министрлар Кенгесидаги кабинети икки хонали, кираверишдаги қабулхонада қатор ўтирғичлар, юмшоқ булғори теридан ишланган диван, креслолар бор эди. Бу ерда хизмат кабинети қабулхонаси йўқ, коридордан тўғри кириладиган бир хонали экан. Киргач ҳалиги Лена деган қизнинг қилиғини қилиб, хонанинг ичини синчиклаб кўздан кечирди. Аввалги ҳашамат йўқ. Полга палос тўшалган. Аввалги кабинетда уч-тўрт телефон бўларди, бу ерда иккита экан. Фақат бир ўзгариш, катта радиоприёмник бор. Амет оғаси ҳамишагидай эгнида тим қора костюм, кўйлагига мос янги бўйинбоғ. Ибройимга доимо: “Кийиминг нақадар янги, қимматбаҳоли бўлгани билан ҳилвираб қолган кир бўйинбоғ тақсанг, эгнингдаги кийиминг бир тийинга қиммат бўлади, шунинг учун бўйинбоққа хушёр бўл”, – деяверарди. Жуда ёқимли, унчалик хушрўй кўринмагани билан кўзлари ёниб турадиган, очиқ юзли, келишган йигит. Ҳақиқатан ҳам қирчиллаган йигит ёшида. Умр йўлдоши, халқ артисти Айимхон Шомурадованинг ўзи ҳам гоҳида: “Менинг бўйинларимга ажин тушиб, худди Аметнинг онасидай бўлиб бораяпман, бизнинг йигитни мана бу туришини қара, ҳали қизга совчи қўйса бўлаверади”, деб мақтанар эди.
– Дам олиш учун ишхонадан рухсат беришди, ҳалиги ваъда бўйича иккаламиз Кисловодскка кетамиз.
Ибройим учун бу кутилмаган хабар бўлди. У ҳали ўйланиб улгурмаёқ Амет оғаси сўзини давом эттирди.
– Нукусдан у тарафларга учадиган самолёт Қозоғистоннинг Шевченко шаҳарига бир қўниб ўтади. Москва орқали кетсак, икки ерда – Қўстаной ва Пенза шаҳарларига қўниб ўтишга тўғри келади, у тараф узоқ. Москвадан кейин яна Кавказга йўл олишимиз керак.
Ибройим бу гапга ҳам индамади. Ростини айтганда, булардан бехабар эди.
– Сен ҳали Бибизода кетгандан буён Москвага бормагансан-ку, шундайми?
– Сиз билмайдиган сирим, Сиз билмайдиган аҳволим йўқ-ку, оға.
– Аҳволингдан қўрқма, шеърлар тўпламингни тайёрладингми?
– Битирай деб қолдим.
– Номини қўйдингми, номи нима бўлди?
– “Кунчиқиш йўловчисига” деб қўйдим.
– У нима? Шундай бир шеърингнинг сарлавҳасими?
– Бошланишини ўқиб берайинми?
– Қани, ўқи-чи?
Ибройим ёндафтарини олиб, бир қараб қўйди-да, ўқий бошлади.
Ўнгирида тебранган ёш қоратол –
Амударё сувларидан ороли.
Жанубида чўккан нордай Қоратов,
Шимолида оқ сазанли Ороли.
Ўз элингга сайр айлагин саломат,
Юрагингда мангу сақлаб кетишга, –
Кунчиқишга сафар қилган азамат,
Шошил, дўстим, бизнинг элга етишга.
У Амет оғасига қаради.
– Ўқи, ўқи, тўхтама.
Ибройим ёндафтарига яна бир қараб давом этди.
… Бизда сўз бор: меҳмон – ризқу барака,
Меҳмон кутиш Зийнати ҳар одамнинг.
Агар уйга беш кун меҳмон келмаса,
Чиройи очилмас мунис онамнинг…
Бу ўзи узунроқ шеър эди, ҳар бандини ўқиб бўлиб, қараган сайин, “бўлма, ўқийвер”, деб ишора қилар эди тинглаб ўтирган устози Амет оға.
… Бунда дўстлик азиз одам жонидан,
Ётсирамай яқинлашсанг агар сен.
Ҳар шаҳарлик, ҳар деҳқоннинг уйидан
Ўз уйингнинг қайноқ лабин сезарсан, –
деган сатрларни ўқиганида оғасининг кулимсираб, кўкраги гердайиб ўтирганини пайқади.
… Бизнинг Нукус – бешйилликнинг фарзанди,
Республика ифтихори ёш шаҳар,
Жанубида жон оғаси Тошкентнинг… –
деган сатрларни ўқиганида дафъатан ўзини радио диктори дея ҳис этиб, товуши баланд янграб, туйғуларга берилиб кетди. Барибир шеър узун эди, узмасдан охиригача ўқиди.
– Баракалла, иним, Қорақалпоғистонимга ўзим ҳам қайтадан ошиқ бўлиб қолдим. Ҳақиқий ода-қасида бўлибди.
Ибройимнинг кўнгли кўтарилиб, қайта-қайта миннатдорлик билдириб ўтирди.
Шу китобнинг номини, неча босма табоқ ҳажмда эканини кўрсатиб, нашриёт директорига ариза ёзасан. У сенга қалам ҳақининг учидан олдиндан пул беради. Ана шундан кейин Қоф тоғларига (Кавказ тоғларини бизда шундай аташади) бориб, сайр қиламиз. Эльбруснинг тепасига чиқиб, Матеке оғанинг Бибизода учун олиб келган оқ булутларини кўрасан, ўзинг ҳам чўмиласан.
Ҳашаматли уйларнинг эгалари орасида афсонага ўхшаган гап тарқалган: “Матеке юксак тоғларга саёҳатга борганда, альпинистларга баланд чўққиларнинг нариги томонидан оппоқ булутнинг бир парчасини опкелтириб, қизини шунга чўмилтирган экан, Бибизода шунинг учун оппоқ баданли паризод бўлибди”, – деган гаплар юради. Амет оғаси Эльбрус чўққиси ҳақида гапирганда шуни назарда тутган эди.
Қайтишда Москвага учираман… – У, лекин, дегандай мийиғида кулиб қўйди. – Ўзимизнинг поликлиникамизга бориб, ўпкаси шамоллаган, деган варақа тўлдиртир. Яна яшириб ёзиб юрмасин. Қабул қилишмай, қайтариб юборишади.
“Ибройимнинг ўпкаси оғриганга ўхшайди”, – деган гап тарқаб кетган. “Амет оға ҳам шу гапга ишониб, бултурдан буён “сени Кисловодскка олиб бориб даволатаман”, – деб юрганининг сабаби бу ёқда экан-ку…”
Ибройим олис йўлга чиқишга тайёрланишга киришди.
* * *
Самолётнинг думалоқ ойнасидан ерни томоша қилиб келаяпти. Минвода шаҳридан чошгоҳда осмонга парвоз қилишган эди. Ўн тўққиз кундан буён даволангани, дам олиб ҳордиқ чиқаргани ҳаммаси ҳавога учиб кетгандай. Фикру хаёлида биргина ваҳима: “Кечикмадимми? Ҳеч бўлмаса, мен боргунча омон бўлсин-да…”
Кўнгил деган нарса барини ёмонликка йўйгиси келаверади. Хаёлинг ундан бадтар ҳамма ҳис-ҳаяжоннинг олдини тўсиб, бўлмас ишни бўлдириб, барини остин-устун қилиб, гўё осмонни ерга теккудек энгаштиради. У самолётга ўтирганидан оғасининг жони узилган, онаси бечора ер муштлаб йиғлаб ўтирган, дўстларининг ҳаммаси эшигига йиғилиб келиб, бошини қуйи эгилтириб турган, Чимбойдаги овулга аллақачон хабарчи кетган, деган ёмон хаёлларни ўйлаб, барини кўз ўнгига келтира бошлади. “Чимбойга хабарчи жўнатиш шарт эмас. Бешинчи овулга фақат Абил оғага почтадан телефон орқали хабар беришса, бас…” У шу тарзда ишларни тезроқ битказиш йўллари ҳақида ўйлади. “Уни қаерга дафн этишади?” деган ўй келганда, юраги шувв этиб: “Қўй-эй, қаёқларга улоғиб кетдим. Омонликдир, ҳа, омонлик. У бундай ҳолатнинг қанчасини бошидан кечирмади. Бу сафар ҳам бардош беради. Иродаси кучли йигит, осонликча жон таслим қилмайди”.
Ҳов бирда ҳушидан кетиб, бир ҳафтада ўзига келганида мийиғида кулиб:
– Болалари чалажон, эси бутунлари улғаймаган бир қари чол тўқайдан ўтин орқалаб келаётганда тўқишиб, қаттиқ йиқилганга ўхшайди. Алламаҳалдан кейин ўзига келиб қараса, арқонда боғлаган ўтини сочилиб ётибди, ўзининг тиззаси шилиниб қон оқмоқда: “Ҳа, Худойим, жонимни олмоқчи бўлдингми? Олиб бўлибсан, болаларим ҳали ёш, бу жонни ишлатиб-ишлатиб, адо бўлгандан сўнг бўли-и-иб бераман”, – деган экан. Шул айтгандай, мен ҳам сени уйли-жойли қилмасдан ўлмайман, – деган эди. У ўшанда ҳам тузалиб кетди-ку, – деб ўзига тасалли берди Ибройим. Хаёлини чалғитмоқчи бўлиб самолётнинг ичига кўз югуртирган эди йўловчилар бошини ён томонга қийшайтириб ухлаб ётишибди. Ёнидаги ўрта ёшдаги бир аёл самолёт қўзғалганидаёқ “Ё Аллоҳ!” деб белига бойланган камарини икки томонидан маҳкам ушлаб, тахтадай қотиб ўтиргани билан барибир кўзи илинибди. Аввалги ўтириши яхши экан, ўзининг осмонда қалқиб бораётганини унутиб, ҳеч бўлмаса шу қўрқувдан қутулган эди. Теваракка қарайман деб, мана бу самолёт ростдан ҳам худди тўлқинли денгизда қалқиб сузаётган кемадай, баландга кўтарилайин деса, кучи йўқ, пастлаб кетишдан қўрқиб, шу муаллақ баландликни зўрға сақлаб келаётгандай дириллаши капалагини учирайин дейди. Нукусдан учганида жуда қўрққан эди, бироқ ёнимда ҳукумат раҳбари бор, учувчилар эҳтиёт бўлиб учишар, деган хаёлга борган, бунинг устига Амет оғасининг олдида қўрққанини билдирмасликка тиришган эди.
Бугун бир ўзи ҳамроҳсиз учиб келаяпти. Кеча Амет Шомурадов Кисловодскдан уйига қўнғироқ қилса, Маденнинг касалхонада ҳушидан кетиб ётганига тўрт-беш кун бўлганини айтишган. Онаси келиб: “Айимхон қароғим, боламга хабар бер, менинг шўрим қуриб қолайин деб турибди-яй. Ибройимжон келмаса, мен ўлар ҳолатга келдим”, – деб йиғлабйиғлаб кетган экан. Амет оғаси: “Энди бир ҳафтадан кейин сени Москвага учириб, ўзим юртга қайтмасам, у ёқда аҳвол қийинлашиб, Нажим, Қалли оғалар қаттиқ зуғумга учраганга ўхшайди”, – деган эди. Мана бу хабарни эшитиб, айни бугун Нукусга самолёт учадиган кун экан, санаторийнинг автобуси билан Ибройимни Минвода шаҳрига жўнатди.
У киши санаторийда буни қаттиқ назорат қилди.
– Сен, иним, саёҳатга эмас, даволанишга келдинг. Омонлик бўлса, ҳали кўп марта келиб, бу ерларни кезиб, томоша қиласан. Кундузи ҳеч ёққа кетиб қолмай, муолажаларни ол. Кечқурунлари сайр қилганинг етади. Мен сени овулга соппа-соғлом йигит қилиб олиб боришим керак…
Амет Шомурадов бу ерларга ҳар йили келавериб, ҳамма таниш бўлиб қолган. Санаторий бош шифокорининг ўзи олдига тушиб, жойлаштирди. “Халқ артисти қаерда?” – деб Айимхон янгасини сўради.
– Бердақ ҳали эмизикли, уйдан чиқолмади, – деганига қараганда болаларининг отларини ҳам биладиганга ўхшайди. Депутат, ҳукумат аъзолари кўпчиликни ташкил қилиб, шунга кўра ҳар бирини алоҳида жойлашган, овқатланадиган жойлари ҳам бўлак экан. Бир келганини айтмаса, оғасини атайин бориб кўрадиган бўлди. Бир-икки марта Эльбрус чўққисига чиқишаётганда Пятигорскдаги Лермонтов яшаган уйни, Есентукини бирга бориб кўришди. Уларнинг йўлланмаси йигирма тўрт кунлик экан, лекин мана бу аҳволдан кейин беш кун аввал қайтиб келаяпти.
Кавказ дегани туркий тилли халқларнинг жойлашган ери экан. “Пятигорск” дегани – “Бештов”, “Есентуки” дегани – “Эсон тўқ” яшаяпмиз дегани, “Аюдаг” дегани қадимги “Айиқтов” дегани экан. Жой номларида ҳам “Қизилтош”, “Қўнғиртош”, “Ойнакўл”, “Нарзан” каби атамалар кўп. Бизнинг достонларимизда “Қоф тоғи” Кавказ эканини аниқ билиб олди. Ўзбекча эртакларда ҳам Қўҳи Қоф деган сўз кўп учрайди. “Кўҳ” дегани “Тоғ”-ку, ахир.
У ёққа боришганидан кейин бир ҳафта ўтгач Амет Шомурадовни узун бўйли, эгнида қимматбаҳо костюм-шим, устидан оқ рангли, тик ёқали плаши ярашган, бошидаги қоракўл теридан юмалоқ қилиб тикилган папоғи кавказлик эканини билдирадиган, бизни овулнинг йирик, бақувват полвонларига ўхшаган бир йигит ёнида икки ҳамроҳи билан излаб келди. Улар қучоқлашиб кўришдилар. Телефон орқали сўзлашиб, келишишган бўлишса керак, Ибройим иккаласини икки машинага ўтқазиб олиб кетишди. Ўша куни Бештов қалъасининг сўлим жойларидан ўтиб, тоғнинг қоясига солинган, узоқдан қарасанг, “қулаб кетмай қандай турган экан”, деб ўйлайдигандай минорали, икки қаватли бинога келишди. Бу уй уларнинг ўзлари кулба дейишгани билан ёнига борсанг, ҳайбатли, ҳамма жойи тошдан қурилган, овлоқ иморат экан. Олисдан кимсасиз, ёлғиз жой кўрингани билан чор атрофи одамларга тўла. Кунботиш тарафида узун темир қўрада сихга тортилган кабобларни лаълдай чўғда товлаб, икки чеккасидан икки киши елпиб туришибди. Яна икки-уч жойда овқат тайёрланмоқда, кимдир сув сепиб, кимдир идиш-товоқларда егулик, мева-чева ташиб юрибди. Баламан, сурнай, зурна ва бўйнига ноғора осган йигитлар улар машинадан тушишлари биланоқ грузинча мусиқа чалиб юборишди. Эшикнинг олдида бурка ёпинган, папоқ кийган ўнлаб йигит турнақатор бўлиб, уларни кутишмоқда. Зиёфатга келишаётганини Ибройим аввал бошданоқ сезса ҳам, айнан шундай тантанали кутиб олишади деб ўйламаган эди.
Уларнинг изидан яна иккита машина келиб тўхтади. Таклиф этилганларнинг аксарияти қорақалпоқ йигитлари, бири Кегайлидан МТС директори, Хўжаэли райкомининг иккинчи секретари ва Тўрткўл, Берунийдан келган йигитлар бор экан. Ҳамма йиғилиб ташқи эшикдан ичкарига киришиб, ойнаванд айвонда ноз-неъматга тўла дастурхон ёзилган узун стол теварагига жойлашиб ўтиришди…
Зиёфатда тамаки чекиш учун берилган биринчи танаффусда Амет Шомурадов меҳмонга келган қорақалпоқ йигитларни тўплаб, бу қадар катта иззат-ҳурматнинг сабабини айтиб берди.
– Бундан уч йил аввал бизлар Нажим Давқораев иккаламиз мана шу санаторийга келган эдик. Даволовчи шифокоримиз Тўхтамурод деган йигит қорачой миллатига мансуб экан. Тилларимиз ниҳоятда ўхшаш, худди туғишганлардай бўлиб қолдик. Ота-онаси Есентукида яшашар экан. У жума куни кечқурун бизга уйига борадиган йўлни чизиб бериб, дам олиш куни меҳмонга боришимизни тайинлаб кетди. Отаси маданият соҳасида раҳбар вазифасида ишлар экан. Овулининг ярми қорачойлар, ярми нўғойлар экан. “Ҳаммамиз нўғойлар давридан тарқаганмиз. Уларнинг тили қорақалпоқларга бизларникидан ҳам яқин”, – деб руҳлантириб кетди.
Ваъдалашган кун йўлга чиқдик. Санаторийнинг бош шифокори ҳам жуда кўнгилга яқин бўлиб қолган. Ундан машина сўрамасдан, такси билан борамиз десак, Есентукига бу ердан машина топиш қийин экан. Йўловчи машина кутиб кўп пойлаб қолдик. Ва ниҳоят йўлда яп-янги машина келаётгани кўринди. Қўл кўтардик, ёнимиздан сал ўтиб тўхтади-да, ҳайдовчи машинадан тушди, келишган йигит экан.
– Ҳа, қадрдонлар, йўл бўлсин? – деган саволига чала-чулпа жавоб бердик-да, тез ўтириб олдик. Биз меҳмонга бораётган хонадонга озгина совға харид қилмоқчилигимизни айтиб, ҳайдовчидан биронта дўкон олдида тўхтаб ўтишини сўрадик. Совға харид қилгач, энди Есентукига, мана бу манзилга олиб борасиз, деб қўлига манзил ёзилган қоғозни тутқаздик.
– Кечирасизлар, мен бора олмайман, шошилинч ишларим бор, – деди у сипойигина.
Биз эса, олиб борасан, деб туриб олдик. У иложи йўқлигини айтаверди. Гапимизга кўнмайвергач, озгина сиёсат қилишимиз керак бўлди: “Биз Олий Советнинг депутатларимиз. Ишхонангдан гап тегадиган бўлса, қўлингга хат ёзиб берамиз”, – деб туриб олдик ва эгнимиздаги плашнинг тугмаларини ечиб, костюмнинг ёқасига қадалган депутатлик нишонимизни кўрсатдик. Машина ҳайдовчиси бизларга қараб озгина кулиб турди-да, машина эшигини очиб, ташқарига чиқди. Биз ҳам қизиқиб, машинадан тушдик. У ҳам бизларга: “Ҳой йигитлар, қўймадингиз-ку”, – дегандай қараб турди-да, устки кийимини ечиб, машина ўриндиғига ташлади. Қарасак, унинг ҳам ёқасида “СССР Олий Советининг депутати” нишони қадалиб турган экан. Бир-биримизга қараб кулишдик, сўнг Нажим оға биринчи бўлиб қучоғини очди-да: “Қани, қадрдоним, энди шундай бўлгандан сўнг, яхшилаб танишайлик”, – деди. У йигит ҳам қучоғини кенг очиб, биз билан навбатма-навбат қучоқлашди. Исми-фамилиямизни айтиб, биримиз Қорақалпоғистондаги илмий-тадқиқот институти раҳбари, Ёзувчилар уюшмаси раиси, иккинчимиз Министрлар Кенгеси раисининг ўринбосари эканимизни айтишга тўғри келди. У шу атрофдаги уч шаҳарнинг бирлашган автомобиль транспорти бошқармасининг бош директори экан, бизларнинг йўлда туришимизни кўриб, тўхтамай ўтиб кетишга уялган экан.
Нажим оға кўпни кўрган, танти, қўли очиқ, далли йигит-ку. Бирдан гап бошлади-да: “Қани, Вахтанг (исми шундай экан), сен эртага ўнта йигит билан кел, дастурхоннинг устида ўтириб танишайлик”, – деб ташаббусни ўз қўлига олди. Вахтанг сал тўхтаб турди-да:
– Ундай бўлмайди, бизлар тоғ халқларимиз, ўз юртимизда меҳмонни ўзимиз кутамиз. Сизлар келаси шанба куни шу атрофдаги санаторийларда дам олаётган барча юртдошларингизни йиғиб, кечки соат олтида мана бу ресторанга келасиз, – деб манзилини айтди. Бизларга бошқа машина топиб бериб, хайрлашди.
Шу билан эртаси куни чор-атрофдаги йигитларимиз билан хабарлашиб, ваъдалашган куни ўн етти йигит бўлиб, айтилган жойга бордик. У ҳам йигирматача йигит билан келган экан, рестораннинг ҳамма залини банд қилиб, худди эртакдагидай қилиб зиёфат берди. Биз ҳам бўш келамизми, ўтиришнинг якунида Нажим оға ўртага чиқиб, шу зиёфатга йиғилганларнинг жамоат ёппасига, келаси шанбага, айнан ўша вақтда меҳмонга таклиф қилди. Улар ҳам келишга ваъда беришди. Эртасига тонгда Нукусга қўнғироқ қилдик. Ҳафтанинг учинчи куни самолёт келади, ўша рейсда зиёфатнинг харжини етказиш бўйича топшириқ бердик. Ота-оналаримнинг келиб чиқиши Кегайли бўлгани билан, туғилган ерим Хўжаэли тумани. Колхоз раиси бўлиб ишлайдиган бир дўстим бор эди. Нукусдагилар харажат билан ўшани жўнатишибди. Ана ўшандан буён анов узун бўйли, виқорли Вахтанг Георгиошвили деган йигит билан дўст бўлиб қолдик. Шу ерга келишимизнинг сабаби ҳам шундан…
Одам хаёлининг бундай югурик, тез ўзгарувчан бўлгани ҳам яхши. Йўқса, у ғам-қайғуга берилиб ўтираверар эди. Ҳали аниқ бўлмаган ваҳимани ўйлайвериб, эзилиблар кетасан. Маденга алоқадор ёмон ўйларини ҳайдаб, шуларни ўйлаб ўтирганда самолёт Шевченко шаҳрига ҳам қўниб, яна қайтадан осмонга кўтарилди. Энди Нукусга боргандан кейин бажариши керак бўлган ишларнинг икки вариантини режалаштириб, қандай ҳолатда ўзини қандай тутиши кераклигини ўйлаб қўйса бўлади. Ногаҳон хаёлига бир сатр шеър келди. Абу Наср Фаробий бобомиз хаёлингга яхши ўйлар келганда ёзиб қўй, қоғоз топмасанг, дарахтнинг баргига бўлса ҳам ёз, дегани ёдига тушиб, қўлини ён чўнтагига суқса, бир варақ қоғоз илинди. Қараса, ўзининг “Соғинч” деган шеъри экан. Уни ёзганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ. Қайта-қайта ўқиб, шеър почта орқали Бибизоданинг қўлига етгандан кейинги ҳолатини кўз олдига келтириб юрганда, кутилмаганда ўша шеър ён чўнтагида қолиб кетганини энди сезди… Нукусга боргандан почта орқали юборишга қарор қилди. Бироқ яна қайтадан ўқигиси келди.
Саҳар вақти чиқсам Машук тоғига,
Кулди кунчиқишдан тонгнинг юлдузи.
Кумуш булоқларнинг шўх қайнаши ҳам
Сени эсга солди, Амунинг қизи.
Тоғдан оқ булутни ҳайдаса шамол,
Силкиб тургандайсан мен учун рўмол,
Сув ичишга келган бир гўзал марл
Сенга ўхшар экан, Амунинг қизи…
Негадир ўз-ўзидан ҳаяжонланиб кетди. Шеърни ёзиб бўлдим деб, ўзича сўнгги нуқтани қўйгандан сўнг қайта ўқиганда, худди шундай бўлган эди. Соғинч, ишқ азоби, кунига минг бора такрорланадиган чексиз муҳаббат дардлари.
… Шамол шитирлатса япроғин толнинг,
Сени келдими деб кўп бор алдандим.
Пириллаб учганда қоядан Каклик,
Жамолинг эслатар, Амунинг қизи.
Кўрсам “шарқ-шарқ” кулган сувларин сойнинг,
Тинглаб чўпон чалган куйин сурнайнинг,
Шунда бир сен бўлиб шодлигим-қайғум,
Кўз олдимда турдинг, Амунинг қизи.
Кавказда қандай гўзал нарсаларни, ҳайбатли тоғ чўққиларини, зилол сувли булоқ бошида ку-кулашиб турган жуфт кабутарларни кўрганда ўзи ёлғиз эмас, ёнида севгилиси Бибизода бирга юргандай… Буюрса, ҳали худди шундай бўлади, у билан бу ерларнинг ям-яшил майсаларини босиб, “Сеҳрли сарой” ҳавосидан нафас олиб юрамиз, деб ўзини ишонтиради.
Зилол булоқлари қандай озода,
Сенинг кўнглинг янглиғ тиниқ ва тоза,
Тоғлар уйғонади, кўнглим ғамзада,
Армоним ўзингсан, Амунинг қизи.
Соғинчлар тугатиб бор тоқатимни,
Тош устида туриб ўқиб хатингни,
Ёзсам ёш эманга ўйиб отингни,
Тоғлар ёдлаб олди, Амунинг қизи.
“Хатлар қайда? Қолиб кетмадими?” – деб ўйлади у. – Қолгани йўқ”. “Хат” деяётгани муҳаббати жуда яширинча, “куйдим-ёндим”и ундан ҳам сирли, сўзга қизғанчиқ қиздан ўтган йиллар ичида ҳаммаси бўлиб учта хат келди. Уларнинг ҳам бирини ёзги таътилда ўзи билан олиб келган эди. Ибройим уларни ота-бобосининг руҳига ўқийдиган фотиҳа-тиловатдай ёдлаб, авайлаб олиб юради. Энди унга ҳалиги шеърлар қўшилди. Энг асосийси, ўзи қайта-қайта ўқийверадиган ва қорақалпоқчага таржима қилишни ният қилиб қўйган “Шоирнинг ўлими”, “Ханжар”, “Ўйлар” шеърлари, “Мцири”, “Демон” достонлари билан “Замонамиз қаҳрамони” қиссаси муаллифи, рус шеърияти осмонида ярқ этиб ёнган юлдуз, йигирма етти ёшга етар-етмас жувонмарг бўлган, Пушкиннинг ўлимига бағишлаб 1837 йили “Шоирнинг ўлими” шеърини ёзгани учун Кавказга ҳарбий хизматга сургун қилиниб, Пятигорск (Бештов)да 1841 йили дуэлда ҳалок бўлган шоир Михаил Лермонтов яшаган уйга борганида қаттиқ таъсирланди.
… Ойнаси очиқ, ўзи йўқ,
Шеъри ётар битмаган.
Деворга илинган пистолет
Ўқловли чиқар кек билан?
Кавказда ёш шоир юрагига ҳаяжон солган воқеалар, унутилмас таассуротлар кўп. Улар ҳали янги тўпламига бир туркум шеърлар бўлиб қўшилади. “Кавказ, яшил тоғлар ўлкаси, салом, Гулга бурканган ер қундузи, салом!” деб бошланадиган катта шеърлар туркуми дунёга келажак…
* * *
Нукусда самолётдан туша сола дўстларини излади. Улар нечов? Кўринишлари қандай? Агар тақдирга тан беришдан бошқа илож қолмаган бўлса, бари олдинга чиқиб туришлари мумкин. Чиққанлар оз бўлса ёки ҳеч ким чиқмаса, унда Худо марҳамат қилгани шу… У шундай ўйлар билан олға қараб энтикиб қадам ташлади. Аллоҳ берган Эломон, Қирбурун Ўрозақ билан Холмурод турган экан. Уни кўришганида бошларини тик тутиб, рўпарасидан шошилмай келаётганларини кўриб, кўнгли тинчлангандай бўлди. Апоқ-чапоқ бўлиб кўришишгач пединститут билан бир кўчада жойлашган вилоят касалхонаси томонга қараб йўл олишди. Уруш йилларида Тўрткўл шаҳрини сув босгандан кейин касалхона шу ёққа кўчирилган эди. Бир қаватли иморатнинг ташқи томони кўрган кўзни қувонтирадиган даражада эмас. Улар Маден ётган палатага кириб боришганда онаси Хонзода биби ҳеч кимнинг хаёлида йўқ Марал билан бирга беморнинг оғзига қошиқда шўрва қуйишаётган экан. Онаси Ибройимни кўриб йиғлаб юборди.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/sharap-usnatdinov/ibroyim-usupov-69397753/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Қайқы – олифта, шўх.
2
Савоқ – ип.
3
Қайровдаги – сўйиш учун қамаб қўйилган.
4
Сипса – супурги.
5
Сидирғи – тўғри, бир текис юрадиган.
6
Иқ – дарё, денгизнинг ўртаси “иқ” дейилади.
7
Қопи – эшик.
8
Ултони – таги, таг чарми (падоши).
9
Кўнарги – сутни қатиқ қилиб ивитадиган оқлик.
10
Камол Мамбетов. “Матеке Жуманазаров”. – “Қорақалпоғистон” нашриёти, 1996. – Б. 22.
11
“Нажим Давқораев”. Абдусайид Пахратдиновнинг хотираларидан. – “Қорақалпоғистон” нашриёти, 1990. – Б. 24-25.
12
Дангена – гўштни тортмасдан тарқатиб, улашиш.
13
“Нажим Давқораев” номли ўша китоб, 27-бет.
14
Гапни диққат билан эшитиб, мағзини чақадиган одам.
15
Ж. Наримбетов. Қорақалпоғистон романи. – Тошкент, “Фан”, 1974.