Илон ўчи
Мирмуҳсин Мирсаидов
Мирмуҳсин ижодига бефарқ бўлмаган ўзбек китобхонлари кўп орамизда. Эътиборингизга ҳавола этилаётган 45 ҳикоядан иборат «Илон ўчи» романи адиб ижодининг гўзал намунаси, гултожи десак, адашмаймиз.
Мирмуҳсин ушбу асарига нега рамзий ном берди?
Одамлар орасида шундай тоифа борки, улар «инсон» деган шарафга муносиб эмаслар. Хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари орқали одамлар қалбини, керак бўлса, ҳаётини тамоман издан чиқарган, бировга ёмонлик қилмаса туролмайдиган қаҳрамонларини ёзувчи ана шундай атайди. «Илон ўчи» фақат инсонлар тақдиридан ҳикоя қилувчи асар бўлибгина қолмай, унда халқнинг асрий муаммолари ҳам қаламга олинган: тилимизнинг қадр-қиммати, аждодларимизнинг тарих саҳнасидаги муносиб ўрни, оила шаъни, эр ва аёл ўртасидаги муҳаббатни мустаҳкамловчи ришталар, севгининг инсон ҳаётидаги ҳал қилувчи роли ҳақидаги жиддий мулоҳазалар китобхонни ўйга толдиради.
Романда кўтарилган муаммолар айни бугуннинг ҳам бош мавзуси бўлиб қолаётгани ўзини шу заминнинг чин фарзанди деб билган ҳар бир уйғоқ қалбли инсонни ҳушёр торттиради.
Мирсаидов Мирмуҳсин
Илон ўчи
БИРИНЧИ ФАСЛ
Биринчи ҳикоя
ЎЗБЕКНИНГ НИКОҲ ТЎЙИ
Ҳамма халқларда ҳам никоҳ тўйи умр тантанасидир, тўй қутлуғ, аммо ўзбекнинг никоҳ тўйидек саховатли тўй бўлмаса керак дунёда! Ҳа, карнай-сурнай, ноғораю чирманда, ноз-у неъматларни сочиб ташлаш – беиқтисодликда ҳам тенги йўқ; ота-она орзуси, бор-йўғини тўкиб соладилар… Бел синадиган тўй бўлмасин, меъёр керак деймиз-у, барибир ўзбек ўз билганидан қолмайди. Агар у шундай қилмаса, гўё ўзбек бўлмай қоладигандай… Ўзбек табиатан шунақа! «Калникига тўйга-а-а!» деб нидо қилиндими, ўша томонга бораверади. Ўриндиқлар санаш, таклифномалару ва бошқалар кейинги даврда, яъни қўлбола паловни ҳам қошиқда ейиладиган даврдан бошланди. Ҳозирги кунларда шинавандалар керилиб қўчқор уриштирмаганига шукр қилиши керак. Ўзбекнинг ўзи оч қолса қолади, аммо меҳмонини тўйдиради. Бунчалик бўлиш тўғримикан-ов! Ер юзидаги барча тирик жонзотни, денгизлардаги наҳангларни тўйдираман деган Ҳотамтой ҳам шу ўзбекдан чиққан. Бу, ҳақиқат! Ҳадеб насиҳат қилиб, ақл ўргатаверадиганларни, гап учун туғилган минбарбозларни, халқ удумларини таъқиб этган мансабдорларни ғоятда ёқтирмайди, чунки Одам Ато вақтидан бошлаб ўзи шунақа! Бир ҳисобда бунинг нимаси ёмон? Умрида бир маротаба элга ош бермаган, лекин кариллаб юрган, жанозасида олтита одам тўпланганларни ҳам кўрдик. Бу дунёга фақат ўзи учун келганлар бор, ўз она тилини оёқости қилганлар бор, она тилини унутганлар бор… Шунинг учун ҳам халқимиз бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, дейди.
Иссиқ ёз кунларининг бирида Ҳабиб деган хушбичим, бўй-басти ярашиғлик йигит ўз дўстлари Пати (Фатхуллохўжа) ва Марат билан бирга Тошкентнинг ғарби-шимолидаги гавжум маҳаллага, тўй бўлаётган кўркам ҳовлилардан бирига кириб келишди. Бу Патининг қариндоши Миршариф деган йигитнинг никоҳ тўйи эди.
Катта ҳовли, саккиз устунли пешайвон, хоналар… Ҳамма ёққа дастурхон ёзилган, столу хонтахталар усти ноз-неъматларга тўла, ҳатто пиёла қўядиган жой йўқ. Қўшнининг ҳовлисида уч катта қозондан буғ кўтарилмоқда. Ҳали кеч кирмасдан чироқлар чароғон-у созандалар навоси авжда. Ясан-тусан меҳмонлар, айниқса, ҳовлидаги столлар атрофини тўлдиришган. Косагул бўлишни касб қилиб олган, сўзининг нуқтаси йўқ бир сергап кимса микрофонни оғзига олиб бориб, ютиб юборгудай, тинимсиз гапириб турибди. Лекин ҳамма ўзи билан ўзи овора, тўйни мажлисга айлантириб юбориш жонга тегибдими, кўплар унинг гапларига қулоқ солмай овқат емоқ билан банд. Шуниси маъқул!
Ҳовлида, юқори қаторда ўтирган қизлардан бири Ҳабибнинг диққатини жалб этди, аввал атайин, кейин унга беихтиёр тикила бошлади – фақат у эмас, бошқа йигитлар ҳам нигоҳлар тийриборонини бошлаб юборишди. Ясан-тусан бўлиб келган «қошлари камон»ларга бу албатта хуш ёқар, йигитлар суқ билан тикилмаган қиз қизми?! Ўн саккиз ёшда қизларнинг хунуги бўлмайди. Баъзи қизлар ўзларига тикилиб қараётган йигитларни менсимагандек безовта бўлиб, истеҳзо билан ён-атрофга қарашар, «тийриборондан» чарчагандек уфф, деб қўйишарди. Бу – шунчаки. Аслида йигитларнинг маҳлиё бўлиб қотиб қолиши уларга ёқар, ўзларини кўрмаганликка солиб, эркаланиб дугонасига бир нима дер – бу эркаланиш асосан тикилиб, оғзидан сўлаги оқиб, ютиб юбораман деяётган йигитга алоқадор бўларди. Ҳабиб ҳам ўша қаламқошга ер остидан қарар, қизнинг гаплари, қилиқлари, эркаланишлари ўзига ярашиб турарди. Қайсидир ҳинд кинофильмидаги жононга ҳам, гўзалликда биринчи ҳисобланган турк қизига ҳам ўхшашиб кетарди. Бодомқовоқ лаблар олуча. Гапираётганида Ҳабиб атай яна тикилди – хайрият, оғзида тилла тиши йўқ экан (ҳозир баъзи ерларда кенг тарқалган – тилла тиш қўйганларни Ҳабиб умуман ёқтирмасди). Зар аралашган атлас кўйлак кийиш одат. Буни ҳам Ҳабиб негадир ёқтирмасди: «Янги Гвинеянинг папуаслари бўлмай ўлларинг!» дерди кийиниш маданияти паст, соч турмакларини ҳам беўхшовроқ қилиб турмаклаган қизларни кўрса. Баъзи ойтовоқлар оғзини тилла тишга тўлдириб, бошини парча билан танғиб олар, қулоғида ойбалдоқ… Қўша-қўша узуклар, билакда ёмби… Тиллага кўмилиш ҳам Ҳабибга ёқмас, юқорида ўтирган бояги қиз эса бундай безанишлардан холи, келиштириб, дид билан кийинган эди. У ниманидир баҳона қилиб, Ҳабибга қадду қоматини бир кўрсатиб қўйди, ингичка бел, бўйнида ҳилол ва юлдуз лавҳа қилдек ингичка тилла занжир осилган, дудоқлар оппоқ, ипак сочларидан бир тутами қулоқ ости бўйнига тушган. Парча-парча гулли юпқа кўйлак «илоҳий бир ҳайкалтарош ижоди» экани шундоқ кўриниб турибди… Бу тўй анжуманида иштирок этаётганлар ичида Ҳабиб ҳам эътибордан четда турадиганлардан эмас – қадду қомати келишган, қиррабурун, қора қош… Икки ёнида ўтирган дўстлари – новча, серҳаракат. Маратдан кўра кўзга яқин; семиз, юмалоқдан келган Патидан ўлса ўлиги ортиқ. У ҳеч кимга қарамай кўпроқ овқат ерди. Гўзал қизлар зиёфатларда овқатга ружу қиладиган, жағи тинмайдиган йигитларни хуш кўрмас, гаплашиш керак, рақсга тушмоқ керак; тўй – овқатхона эмас, умрда бир бўладиган қутлуғ тантана!
– Сен анави қизга маҳлиё бўлиб қолдинг-а? – деди Марат Ҳабибни туртиб. – Ўзи ҳам дўндиққина экан. Менимча, тўйга келганлар ичида энг гўзали шу!
– Мен унга қараётганим йўқ! – деди қизариб Ҳабиб.
Лекин ўша чиройли қиз ўзи ҳақида гап кетаётганини пайқаб турарди.
– Ҳеч кўзингни олмаяпсан! Буни мен эмас, бошқалар ҳам сезяпти.
– Бўлмаган гап! – деди Ҳабиб, лекин бу қизни қаердадир кўргандай бўларди.
– Қарай бер, нима, тўйга нега келдик бўлмаса! Гўзалликка қараш айбми? Унда бу тўйми ёки профсоюз мажлисими?
– Шунақа гўзал қизни биринчи кўришим… Йўқ, мен уни иккинчи бор кўраётганга ўхшайман, – деди Ҳабиб дўстига тўсатдан очилиб. – Дунёда шундай гўзаллар ҳам бор-е! Айниқса, ичкари маҳаллаларда, ўзбек хонадонларининг қизлари баъзан фавқулодда гўзал туғиляпти. Баъзан узумнинг яхшисини ит еб кетади – қандайдир пулдор, расво савдогарбаччалар совчи устига совчи қўйиб, илиб кетадилар. Э, ҳаёт жуда мураккаб!
Шу лаҳза овқат еяётган Пати Ҳабибга хўмрайиб қараб қўйди.
– Унга қара, ота-онаси ҳам зўр одамлар бўлса керак. Наслу насабини билмаслик катта хатога олиб боради… Нодон билан турмуш қуриб яшагандан кўра, бир умр дўзах оташида куйган афзал, деган хоразмлик шоир Паҳлавон Маҳмуд.
Хонандалар, созандалар овози янгради. Тўйга файз кирди. Кўплар ўзи билан ўзи овора бўлиб, «мен сизга айтсам…» бўлиб қолишди. «Фарғона тонг отгунча…»дан кейин қандайдир шўх мусиқа ёшларни рақсга чақирди. Бошқалар қатори бояги гўзал қиз ҳам ўртага тушиб, чиройли ўйнади.
Наинки Ҳабиб билан Пати, бошқалар нигоҳини ҳам ўзига жалб этди.
– Мен уни танийман, – деди Пати.
Ҳабиб ошнасига ялт этиб қаради, ишонмади.
– Мана, кўрасан, – ўйин тугаб, қиз ўз жойига ўтиб кетаётган эди, Пати гап отди: – Салом, яхши қиз! Жамшидбек акам яхшимилар? Укангиз салом айтди, деб қўйинг!
– Хўп бўлади, саломингизни албатта айтаман, – деди қиз чақнаб. – Дадамлар Москвадалар… Индинга келадилар. Кимдан деб айтай?
– Миёнхўжаев деган укангиздан, дейсиз. Бу – дўстим Ҳабиб, наригиси – Марат. Уч оғайни ботирлар, милтиқ отиб ётирлармиз… Ха-ха-ха! Шу тўйга умид билан келганмиз, бизларнинг ҳам ҳовлимизда тўй бўлармикан, деб ният қилдик. Исмингиз нима, яхши қиз?
– Нигора.
– Ҳа, айтмадимми! – деди Пати Ҳабибга боқиб. – Гўзал қизларнинг исми ҳамма вақт Нигора бўлади. Айбга буюрмайсиз, ошналарим оғизларига толқон солиб олишган ёки сизнинг салобатингиздан уларнинг ақллари қаршиликка учрадими, ҳарқалай, соқов бўлиб қолишди. Ёки уларни гипноз қилдингизми…
Қиз бирдан кулиб юборди.
– Гипноз йўқ, гапириб туринглар!
– Мана, кўряпсизми, соқов бўлиб қолди ошнам. Гапирсанг-чи!
– Нимани гапираман! – деди бўзариб Ҳабиб.
– Сиз жойингизга бориб ўтира беринг, Нигорахон, дўстим ҳозир бир яхши гап ўйлаб топади.
Нигора Ҳабибга маъноли қараб қўйди. Жилмайди, негадир бу тортинчоқ йигит билан гаплашгиси келди. Ҳабибнинг «соқов» бўлиб қолиши унинг назарида «кўзи очилмаган мушукбола»лигидан, беғуборлигидан далолат берарди. Шундаймикан-а? «Агар шундай бўлса, жуда яхши», деди ўзига ўзи Нигора. Чиройли қизлар димоғдор бўлади, лекин бу қизнинг «уч оғайни ботирлар» ёнида бир лаҳза тўхтаб, қарашлари билан ўзини тийриборон қилаётганидан бу қорақош йигит унинг ҳам диққатини тортгандай кўринарди. Қизлар кам гапирадиган, ҳушёр, ақлли йигитларни ёқтиради. Бўлар-бўлмасга хиралик қилаверадиганлардан қочишади.
Бир оздан сўнг Пати ошналарига мақтанди:
– Ойимларга айтаман, шу қизни олиб берсинлар.
– Бунинг ойиси олиб беришга қодир, – деди Марат жилмайиб, – Шарбатхон аямлар Патига осмондаги юлдузни ҳам олиб бераман десалар, қўлларидан келади…
Ҳабиб ҳайрон бўлиб қолди.
Орадан бирон соат ўтгач, қизлар қўзғалиб, кетишга ҳозирлик кўришаётган эди, Ҳабибда бир жасорат пайдо бўлиб, янги танишган қизга мурожаат этди:
– Машина бор, олиб бориб қўяйлик.
– Раҳмат! Соат ўнга дадамларнинг машиналари келиши керак, – Нигора Ҳабибнинг ёнидан ўтатуриб, оёғи унинг тиззасига тегиб кетди, унга ярим овозда гапирди: – Кулдирадиган бирон қизиқ Насриддин Афанди топсангиз, телефон қилинг, 35-41… Бу уйимиз. Ёдингизда қоладими?
– Ҳа, албатта, – деди Ҳабиб.
Нима, у бу гапи билан гапга йўқ экансиз, мунча совуқсиз демоқчи бўлдими! Ёки бу чин юракданми? Ўйланиб қолди.
– Хайр!
– Хайр, саломат бўлинг!
Қизлар қатор бўлиб чиқиб кетишди. Улар ўртасида бу қисқагина гапни ҳеч ким сезмади ҳисоб. Шу лаҳза Марат нарироқдаги бир таниши билан гаплашгани кетган эди. Пати эса овқат ейиш билан банд, Нигоранинг дугоналари ҳам ўзлари билан ўзлари овора эдилар.
Ҳабиб тўйга борганидан мамнун, ўртоқлари зўрламаса бормас эди. Баъзан энг яқин қариндошларимизнинг тўйига вақт топиб боролмай, гинахонлик остида қоламиз. Бу яхши эмас. Ҳабиб баъзан ўзига ўзи тасалли берарди, тўйга бормоқ ихтиёрий, аммо жанозага бормоқлик фарз, инсоний бурч! Эшитдингми, бор! Ватандошни тупроққа топшириш, шу куни кечган чарчашу азият олижанобликдан бошқа нарса эмас. Одамларга аралашмаган, кабинетдан чиқмай телефонбозлик, хатбозлик билан умрини ўтказган бир мансабдор қазо қилди. Шунчалик масъул ва катта лавозимларни кўрган бу кишининг жанозасига одам деярли келмади, ҳатто қўни-қўшнилари ҳам кўп қаватли бинонинг деразаларидан мўралашди.
Маҳалладан, хеш-ақраболаридан ажралиб қолган, машинада эрта билан хизматга бориш, кечқурун қайтиш, мажлисларда узоқ ўтириш, «жаннати» хотинининг измидан чиқмай келган ўша мансабдор олтмиш тўрт ёшида қазо қилди. Гарчи одамлар бу қазони эшитган бўлсалар-да, ҳеч кимса келмади. Ошнаю дўстлари унинг тураржойини ҳам билишмасди. «Жаннати» хотинининг зуғуми сабабли юртга ош беролмади, кишиларга меҳрибонлик кўрсатолмади, дунё тургунча тураман деди. Янглишди… Хотини уч-тўрт кишига марҳум эрини «қайси одатда кўмсаларингиз кўмаверинглар…» деганига ҳам қарамай, ишлаган идорасидан деярли одам келмади. Чунки у ватандошлари жанозасига бормаган бир кимса эди. Бирон чойхонага кириб, бир пиёла чой ичмаган… Э, шунақа бўлишдан худо асрасин! Шу маҳаллалик бир қариянинг жанозасида кўчага одам сиғмай кетди; ўтиб кетаётган машиналардан ҳам чиқиб, одамларни ёриб ўтиб, тобутга елкасини тутганларнинг сони йўқ. У юрт сўраганлардан эмас, маҳалладаги хокисор бир қария эди. Одамзод кексайганда эътибордан қолмаслиги керак, инсон ҳам бир дарахтдирки, илдизи одамлар ичида. Бу илдиз узилдими, сувсиз қолдими, дарахт қурийди. Ўзбекнинг бебаҳо асрий одатлари бор, уни камситиш, унга нописанд бўлиш кўрнамакликдир. Халқ одатини асло ерга урмаслик, ўла-ўлгунча қадр қилмоқлик лозим, акс ҳолда киши қабрда ётган ўз отасини таҳқирлаётгандек бўлади. Бундай кимсани ҳеч ким, ҳеч бир халқ фарзандим демайди. Бундай фикрлар чойхона-ю, эл жам бўлган маъракаларда кўп айтилади, уққан уқади, уқмаган жинси шим кийиб, дажжолнинг орқасидан эргашиб юраверади, дерди кексалар…
Тошкент шу даражада қизиб кетдики, киши жонини қўярга жой тополмасди, дим ва иссиқ. Денгиз бўйи курортларга кетганлар кетиб олди. Бунда қолганлар кавакка беркинган бақадек томоқларини лиқиллатишар, сув ичишар, қон босимлари кўтарилганидан шикоят қилишарди. Баъзилар «яна ракета учирилганга ўхшайди, булутлар тўзғиган, тўсатдан ҳавонинг босими оғирлашиб кетди…» дердилар. Қиши билан баҳорни кутиб, сумалакка етиб олсам, у ёғи яхши бўлиб кетади, деган дардманлар энди, «шу саратондан ўтиб, куз салқинларига етиб олсам, у ёғи яхши бўлиб кетади», дейишмоқда.
Нигора эшик олдида тўй эгалари билан илиқ хайрлашиб, икки дугонаси билан кўча четида кутиб турган кумушранг «ГАЗ-24» машинасига тушиб, гувва жўнади. Ал-Форобий кўчаси билан Хадрага, ундан Навоий кўчаси орқали Ўрдага етиб, чапга бурилиб, бундаги икки қаватли чиройли коттежлардан бирига Нигорани ташлаб, ҳайдовчи йигит (Нигоранинг адаси ўз ҳайдовчисини «Шопур» деб атарди) қизларни ҳам уйларига элтиб қўйди.
Катта хонада юрагига ваҳима тушиб, қизини кутиб ўтирган Маҳбубахон рўпарасида телевизор-у, хаёли қизида эди. У Нигорани кўрган ҳамон хурсанд бўлиб кетганидан даст ўрнидан турди.
– Келдингми?
– Ҳа, келдим, – деди Нигора чақнаб.
– Тўйи қанақа бўлди?
– Зўр!
– Дастурхонда нималар бор?
– Ҳамма нарса… Норину хасипгача…
– Кимга қуда бўлибди?
– Э, унисини билмайман.
– Ҳеч ким сени хафа қилмадими?
– Мени-я! Мени хафа қилиш осонми, ойижон? Мен бошқаларни хафа қилишим мумкин. Аксинча, тўйда мени жуда ҳурмат қилишди, бу ҳурмат адамлар туфайли бўлса керак деб ўйладим. Лекин…
– Нима «лекин»?
– Бир йигитга ёқиб қолганга ўхшайман. Бу ҳам адамлар туфайли эмасмикан, деб қўрқяпман. Бундай бўлмаса керак, у мени танимайди-ку! – Нигора ўйланиб қолди. – Жуда бамаъни инсонга ўхшади. Босиқ… Мен билан гаплашолмай соқов бўлиб қолди. Ҳозирги замонда ҳам Мажнунлар бор экан-да. Тавба, дугоналаримдан бири ўша ердаёқ кимдандир билибди, у хирург экан. «Хирург» бизнинг ўзбекчада нима дейиларди?
– Билмайман, қизим. Бунақа сўз ўзбекларда бўлмаса керак. «Ўтмишда биз гадо, хору зор бўлганмиз…» Бир шоир шунақа деганмиди… «Водопровод»ни «вадапровод», «трамвай»ни «трамбой», деймиз. Илгари «кўнка» дейилган экан…
– Жарроҳ!
– Биринчи эшитишим. Вой тавба, шунақа сўз ҳам борми?
– Бо-о-р! Мир Алишер Навоий замонида, ундан илгари ҳам, кейин ҳам жарроҳ дейилган. Жарроҳлик бизда жуда қадимий, ойижон. Адамлар айтганлар. Бу илмнинг асли юрти – Шарқ. Врачлар – табиб, медицина – тиббиёт. «Ал-Қонун»ни билмайсизми? Улуғ ҳаким ва мутафаккир Абу Али ибн Сино ёзган… Сиз кўп нарсани билмайсиз, ойижон! Дадамларга қараб, овқат пишириб бериб, йилларни ўтказдингиз. Эҳтимол, шу ҳам керакдир.
Камситувчи бу танбеҳлар эмас, шаддод қизнинг тўйдан қувнаб келгани, бижиллаб гапираётгани онанинг кайфиятини кўтарди. Шундай доно ва шаддод қизи борлигидан фахрланди. Қайси она ўз фарзандини ёмонлайди. Она-бола гаплашаётганини эшитиб, нариги хонадан сингилчаси Севара ҳам чиқди. Акаси юқорида, ўз хонасида ухлаб қолганини билди.
– Ника, кимни гапиряпсан?
– Ҳой! Сен аралашма! – деди она кичик қизига ёлғондакам дағдаға қилиб.
– Бир йигит! – деди Нигора Севарадан уялмай, ўрталарида сир йўқдай. – Ўша йигитнинг оти Ҳабиб экан, қадду қомати келишган, қиличдек, худди мен ўйлагандек. Энг муҳими шуки, ёнига борганимда гапиролмай, довдираб қолди. Шу замонда-я! Ҳақиқий Мажнун…
– Тағин ростакам соқов бўлса-чи? – деди Севара.
– Йўқ, соқов эмас! Ҳаяжонланганидан шундай бўлиб қолди. Эртага бирон киши телефон қилса, дарров мени чақир! Гўшакни қўйиб қўйма, ўртоқларинг билан қисқа гаплаш! Икки дақиқа! Айтганимни қилмасанг, ўлдираман!
– Вой-бў-ў, бугун кайфинг чоғ-ку! – деди Севара. – Тезроқ эрга тегиб кетсанг яхши бўларди.
– Ҳа, сенга оғирлигим тушяптими, нодон! Тегаман! Лекин бу уйдан кетмайман! Дадамларнинг пулларини бир ўзим оламан, ойимларнинг паловларини битта ўзим ейман, деяпсан-а! Овора бўласан!
– Ортиқча гапирма! – деди Севара тантиқланиб. – Менга ўша йигит ҳақида гапир. Бўлажак куёв ҳақида. Баланд бўйлими? Қошлари қора, қиррабурун, дедингми? Мўйлаби борми?
– Йўқ, мўйлаби қурсин. Мўйлаби йўқ! Мўйлаблиларни жинимдан ёмон кўраман! Мўйлабли бир совуқ артистни биласан-ку, вай, ўша артист телевизорга чиқса, юрагим орқага тортиб кетади. Телевизорни тош билан уриб, синдиргим келади!
– Тилла тиши-чи? Оёғида этиги борми? Галстук тақиб, бошига дўппи кийганми?.. Ха-ха-ха-ха-а-а.
– Ба-а-ас! Ойи, бу ярамасга айтинг, жим турсин! Эҳтимол, ўзингнинг эрга теккинг келаётгандир!
– Ҳой, қизлар, бўлди, ортиқча гапирманглар. Ким билади, агар худо тақдир қилган бўлса, тўй бўлиб кетар. Ҳеч қачон бунчалик қувнаб келмаган эдинг. Ўша йигит сал-пал дидингга ўтирганга ўхшайди. Зора ўзимизга ўхшаган тагли-тугли номдор хонадоннинг боласи бўлса. Босиқ-камгаплигидан, иззат-обрўлилигидан тузук оиланинг фарзанди бўлиши керак. Сен ҳам одам танийсан, ишқилиб, ақл-ҳушингни йиғиб олиб, бир қарорга келгин. Арзимайдиган, отангнинг амалини кўзлаб, бир нимали бўлиб олай дейдиганлардан нарироқ юргин. Ҳозир шунақа йигитлар жуда кўпайиб кетган. У жувонмарглар оила тузай демайди, машинали, уй-жойли, гарнитурли бўлиб қолай, отасини шилай, дейди. Шунақа пасткашлар Тошкентда тўлиб ётибди. Ота-онаси қанақа экан, буни ҳам билиш керак; онаси ўз ҳузурини ўйлайдиган, келинини чўри қилиб қўядиган золим бўлса, нима бўлади? Ҳой, қиз! Жуда эҳтиёт бўлиш керак! Расво қайнонадан куйиб ётган келинлар қанча! Ўзини ўзи ёқиб юбораётган жувонлар қанча! Қайнона расво бўлса, умринг дўзах бўлади!
– Ойижон, мен унинг ўзини ҳали яхши билмайман-у, онасини қаёқдан биламан? Фамилиясини ҳам билмайман.
– Болам, билмасанг кейин билиб оларсан, гап-сўзларингдан у сенга ёққанга ўхшайди. Маҳалласи, уй манзилини сўраб олсанг, борамиз, суриштирамиз, сўраганнинг айби йўқ.
– Ҳали эрта!
– Эрта эмас! – деди кескин бир тусда Севара. – Сен бу билан учинчи йигитни ҳам эрта-эрта, деб чўзиб, охири йўққа чиқардинг! Йигирмага кирдинг, ёш эмассан, қари қиз бўлиб қолганинг яхшими?
– Ойи! Мана бу ярамасни олдинроқ эрга бериб юборинг!
– Ҳозир бориб, юзингга шапалоқ тортаман!
Сингил ҳингиллаганча қочиб, «Гавҳаршодбегим» қасри пиллапоялари аталмиш панжарали, кўркам зинапоялардан кўтарилиб, юқори қаватга чиқиб кетди.
Нигора онасининг ёнига яқин бориб, иштиёқ билан шивирлашиб гаплаша бошлади. Сингил зинапоялар тепасида полга ётиб, мўралаб, онаси ва опасининг гапини эшитишга уринарди.
Нигора бу йил ўн тўққиздан йигирмага ўтди. Мактабда ўқиб юрганидаёқ медицинага қизиққанми, ҳозир қизларнинг кўпчилиги ўзини ТашМИга, СамПИга ураётганими ёки аслида заковатли хотин-қизлар улуғ медицина учун туғиладиларми, ҳарқалай, шу соҳа уларни қамраб олаётган бир давр эди. Бу илм саройига ёшлар ёнган чироққа ўзини уриб, чир айланган парвонага ўхшайдилар, кўпларнинг қаноти куйиб йиқиладилар, кўплар бу оташу нурдан қудрат олиб, оқ либос кийишгача етиб борадилар. Нигора етарли балл билан Ўрта Осиё педиатрия институтига кириб олиб, яхши ўқимоқда, мана, сентябрь келиши билан учинчи курс аудиториясига киради. Яна югур-югур, лекциялар, имтиҳонлар… Унинг онаси Маҳбубахон асли тил ва адабиёт ўқитувчиси, уч фарзанд кўрди; каттаси Бобур, ундан кейин Нигора, кичиги – Севара. Лекин кейинги йилларда саломатлиги йўл бермай уйда ўтириб қолди. Иккинчи томондан турмуш ўртоғи Жамшидбек Зулфиқоровнинг беҳаловат хизмати, ҳали мажлис, пленум, командировка, тез-тез Москвага бориш, кутилмаганда вилоятларга учиб кетиш каби ишлар ҳам унинг уйда бўлишини тақозо этарди. Икки қаватли чиройли коттеж коридорида Зулфиқоровнинг сафар жомадони доимо тайёр турарди. Баъзан шундай кунлар бўлар эдики, у райондан ярим кечада қайтар, эрта билан соат ўнда яна идорада – Совминда бўлиши керак. Баъзан эр-у хотин ўтириб, бафуржа бир пиёла чой ичишолмас, ҳафталаб бир-бирларини кўролмаган вақтлар ҳам бўлган. Отанинг давлат ишлари билан қаттиқ банд бўлгани туфайли хонадонга раҳбарлик Маҳбубахоннинг зиммасига тушган. Депутат, Республика Министрлар Совети раисининг муовини Зулфиқоров хотини туфайли турмуш ташвишларидан деярли фориғ эди. Уларнинг турмуш қурганликлари, топишганликлари ўзи бир ҳикоя, шунинг учун ҳам Маҳбубахон қизига: «Мол-дунё топилади, энг муҳими, турмуш қураётган қиз ва йигит бир-бирини яхши кўриши керак. Бўлмаса, бундай оила ҳаётдаги баъзан бўлиб турадиган зиддиятларнинг биринчи зарбасидаёқ чок-чокидан сўкилиб кетади. Мен аданглар билан бир-биримизни севиб, анча вақт бир-биримизга синашта бўлиб, кейин турмуш қурганмиз. Совчилар шунчаки расмий одамлар. У вақтда аданглар Министрлар Совети раиси муовини эмас, институтни тамомлаган, деярли ночор студент йигит эдилар. Меҳнат билан шу паллага етдик», дея бот-бот гапириб турарди.
Маҳбубахонни баъзилар Мукаррама Турғунбоеванинг ёшроқ даврига ўхшатадилар, у дуторни яхши чалади. «Тановар»га чиройли рақсга тушади. Зулфиқоровлар уйида, деворда ҳамиша садафлар билан безатилган бир яхши дутор осиғлиқ туради. Пианино ҳам бор; Нигоранинг туғилган кунига совға қилиб отаси олиб берган. Пианино икки қиз ўртасида бўлиб, уни Севара тинғиллатиб турарди.
Кўп масалаларда Зулфиқоровнинг ўз фикри бор, у баҳслашишни яхши кўради, айниқса, ўзбек маданияти арбоблари ҳақида, уларнинг ишлари ҳақида фикр юритиб, баҳсу мусоҳаба этишни ёқтиради. Санъат арбоблари хусусида кўп гапирар, Шашмақомни севар, Мулла Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим, Садрхон, Устод Абдул Азиз, академик Юнус Ражабийларга эътиқоди баланд, баъзан-баъзан соғинганда «Қаро кўзум…»ни кўз юмиб, эриб тинглар, кайфи ошган чоғларда «Фарғона тонг отгунча…»ни завқу ҳаяжон билан тинглаб, баъзан озгина ичиб, йиғлаб ўтирарди. Санъатдан руҳий озуқ ололмаган одам ғариб одамдир, дерди баъзан Зулфиқоров.
Катталар кечмишни эслаб, руҳий озуқ олади, ўз дунёқараши, ҳаёт фалсафаси уларни қамраб олади. Аммо ёшлар жисмини муҳаббат алангаси қоплайди, севиш ва севилиш илоҳий бир фазилатдирки, ўтмиш, ота-боболар ишини ҳар ким, ҳар хил йўсинда такрорлайди.
Бу – табиат қонуни.
Иккинчи ҳикоя
ТОНГ. БУЮК МУТАФАККИР ИБН СИНО ҲАЙКАЛИ УЛАРГА МУНГЛИ БОҚҚАН ТОНГ
Тўйдаги ўша тасодифий учрашувдан кейин орадан олти ой ўтди.
198… йил 13 апрель куни Тошкентда тўсатдан ҳаво айниб, шамол гувиллай бошлади. Тун бўйи ёмғир ёғиб, эрта билан қорга айланди. Кишиларнинг шундоқ кўз ўнгида табиат бирдан ўзгариб, гўё тўнини тескари кийгандек бўлди. Ўриклар оппоқ гуллаганда, олучалар қийғос очилганда, олам гулларга бурканганда, асаларилар ғинғиллаб учганда қор ёғадими? Ачинасан, киши. Лекин начора. Дарғазаб табиат бир зумда ҳамма ёқни музлатаман, қотираман, учиб келган қалдирғочу лайлакларгача ҳайдаб юбораман, демоқчи бўларди. Қишнинг бундай қайтадан бошланишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган, наҳотки ўтиб кетган қиш қайтадан бошланса! Об-ҳавони хабар қиладиганларнинг сўзича, бу ўтиб кетар эмиш. Бундай маълумотларга қон босими бор кексалар қулоқ соларди, холос. Тан-жони соғлар ҳам у билан ҳисоблашмоғи керакка ўхшаб қолди. Новдаларни қор босиб, табиатнинг жамоли ўзгарди. Кексалар бу яқин етмиш йил ичида Тошкентда, май ойида қор ёққанини эслай олмайдилар, мана, табиатга нисбатан ваҳший бўлишликнинг оқибати, дердилар. Наманган томонларда, тоғ яйловларида экин-тикинни бирдан дўл уриб турарди, аммо эрта-индин байрам деганда Тошкентни қор босиши тарихда ҳеч учратилмаган!
Дунёда саломатликдан муҳим нарса йўқ, афсуски, шу саломатликни қадрламайдиганлар ҳам бор; ичишади, чекишади, бўлар-бўлмасга асабни бузишади… «Э, худо, ҳамма нарсани яратдинг, аммо шу асаб деган нарсани яратмай қўя қолсанг нима қиларди!» – дерди Қўштут маҳаллалик титраб-қақшаб юрадиган Тошпўлат тажанг.
Тўсатдан қорни оғриб, туни билан букчайиб, оҳ-воҳ тортиб чиққан Жамшид Зулфиқоровни касалхонага олиб кетишди. Ҳаво айнаган шу кунлари уни тезда операцияга тайёрлашди. Навбаҳор ҳамма ёққа сепини ёйиб, табиат ниҳоятда гўзал бўлганида бирдан қор ёғиб, ерлар музлагани ҳеч кутилмаган ҳодиса. Забардаст, ўз соғлиғига катта эътибор берадиган Зулфиқоровнинг ҳам бирдан қулаши – кутилмаган ҳол, у қирчиллама қиш чилласида ҳам Ўрда анҳорига бориб, музларни ёриб, сувга тушадиган «морж»лардан бири. Семиришга ҳам, озишга ҳам йўл бермайдиган, бадантарбия билан доимий шуғулланадиган, доимо кулимсираб турадиган хушфеъл одамнинг бирдан йиқилиши, жарроҳ тиғига ўзини тутиши оила аъзоларини эсанкиратиб қўйди. Бошқатдан қиш кийимларини кийиб, эрта билан соат саккизлардаёқ касалхонага етиб келган она-бола – Маҳбубахон билан Нигора академик Воҳидов клиникаси эшиги ёнида дийдираб туришарди. Биринчи қаватда, кутиш залига киришдан аввал она-бола бу ердаги улуғ мутафаккир Абу Али ибн Сино ҳайкали ёнида бир лаҳза тўхтаб, кейин ичкарига киришди. Кимдир ўз жигарининг олти соатга чўзилган оғир операциясида шу улуғ мутафаккир атрофида чўққайиб ўтирибди. Улар охирида йиғлаб кетишмабди, эскича ирим-сиримларга ишонмасалар ҳам, ҳарқалай, киши ҳаёти қил остида турганида, тўрт томонга термиларкан… Ғарқ бўлаётган киши сомон парчасига осилар экан… Маҳбубахон билан Нигорани соат ўнда – яна бир ярим соатдан кейин бошланадиган операция хавотирга соларди – кўричак операцияси ҳам барибир жиддий операция! Тиғ уриладими, барибир ҳамма операциялар ҳам оғир ҳисобланади. Эллик ёшларга борган Зулфиқоров умуман операциядан жуда қўрқарди. Инсон нимадан ҳа йиқса, бир куни шунга дучор бўлади, дейди машойихлар. Мана, у жарроҳ қўлига тушди!
Эшик тез-тез очилиб-ёпилиб, биров кирар, биров чиқар, кичик залга қўйилган стуллар деярли банд эди. Кимдир ҳамшираларга телефон қоқар, кимдир девордаги рўйхатдан ўз жигарининг фамилиясини излаб топиб, кечки, эрталабки иссиғи даражасини кутар, ҳамманинг юзида ғамгинликка ўхшаш бир сўниклик зоҳир эди. Бу ерда кулиб, чақнаб ўтирганлар йўқ. Баъзан аёл кишининг қўлидаги чақалоқнинг йиғиси кишилар асабини таранг қилар, нима қилишини билмай ташқарига чиқиб кетишарди.
Шу аснода уринганроқ юпқа пальтода, бошда шляпа, кўзойнакли бир хушбичим йигит хонага кириб, тумба ёнида ўтирган семиз ҳамширага салом берди-да, тезда ичкарига кириб кетди. Шу лаҳза залда шивир-шивир бошланди, анчадан буён бу институтга қатнаб юрган, зиёлинамо бир аёл «бу киши профессорнинг ассистентларидан бири, жуда талантли ёш жарроҳ» эканини айтди. Одамлар унга ялт этиб қарашди. Йигитча ҳам кутиб ўтирган одамларга қаради; дераза тагида ўтирган она-бола унинг диққатини тортди, лаблари остида холи бор, қош-кўзи келишган, оппоққина қиз «ассистент» диққатини тортдими, танишга ўхшатдими, ҳарқалай уларга сал-пал бош ирғаб, ичкарига кириб кетди. «Ассистент» таърифини қилган бояги аёл қизиққан кишилар саволига жавоб беролмади; у «ассистент»нинг на исмини ва на фамилиясини биларди. Лекин бунда ўтирган Маҳбубахон билан Нигора учун профессордан ташқари оталари операциясига аралашадиган ҳар кимса ниҳоятда улуғ одамлар ҳисобланарди, дунёда улар учун энг қадрли бўлган оталари ҳаётини сақлаб қолувчи киши – Ибн Сино билан баробар кишидир! Она-бола гарчи профессорни кўрган бўлсалар ҳам бутун умид-орзулари профессордан эканини дилларига тугиб ўтирардилар. Бу «талантли ёш жарроҳ» йигит ҳам уларнинг кўзига авлиёдай кўриниб кетди.
Кутиш хонасининг деразаси тагидаги стулда ўтирган Нигоранинг юрагини қўрқув ғижимларди, яна бунинг устига бугун 13 апрель! Бу рақамнинг бехайр, европаликлар иримида гўё кўп бахтсизликлар шу рақаму шу кунга тўғри келишини эшитган эди. Нигора ҳозир дилидан ўтиб турган шу рақамга оид гапни онасига айтмади, айтиб бўлармиди! Ҳозиргина Ибн Синонинг улкан ҳайкали ёнида туриб, онасининг пичирлаганини сезган эди. Бундай пайтларда инсон ҳамма иримни қилишдан ўзини тиймайди, гарчи бундай ақидаларга ишонмаса ҳам. Лекин Маҳбубахон чин дилдан Яратганга ишонарди, баъзан эридан яширинча мусулмончилик удумларини қиларди.
Нигора ўрнидан туриб бориб, хушфеъл муаллима аёлдан, бояги «талантли ассистент йигит» ҳамма операцияларга қатнашарканми, деб сўради. Аёл, профессор қиладиган барча операцияларда у ҳам қатнашишини, умуман, профессорнинг шогирдлари кўп, лекин мана шу йигитни кўпроқ ёқтиришини эшитган эмиш. Одамлар ҳамма нарсани билади, айниқса, бундай катта профессорни билмасликлари мумкин эмас! Профессорнинг қўли енгил, кўплар шу киши операция қилишини истар эмиш, деганидан сўнг Нигоранинг бироз чеҳраси очилди, чунки отасини шу профессор операция қилади. «Ҳа, ишқилиб, отангизга худо шифо берсин», деди кекса аёл. Нигорага чин юракдан сўз айтиб, унинг дил ғашлигини тарқатгандек бўлди. Нигора жойига қайтиб келиб ўтиргач, онаси сўради:
– У опа нима дедилар?
– Ҳаммаси яхши бўлади, дейдилар, профессорнинг қўли енгил эмиш…
– Илоҳим шундай бўлсин! Дунёда яхши одамлар кўп.
Бу билан она кимни кўзда тутаётганини билмасди, профессорними, ассистентними, бу ерда ўтирган дили очиқ кекса аёлними?
Нигора медицина илми ўсиб кетгани, ҳозир юракни операция қилиш, бир юрак ўрнига бошқасини кўчириб ўтказаётгани ҳақидаги янгиликларни кўп эшитганди. Бундай операциялар олдида кўричак операцияси ҳеч гап! «Медицина» – «Мадори Сино»дан олингани, «Алгоритм», «Ал-Хоразмий», «Алгебра» – «Ал жабр»дан олинганигача биларди. Дунё фани буларни қабул қилган. Шарқдан кўп улуғ мутафаккирлар чиққанини кимдир гапириб ўтирарди. Юнонистонда Арасту, Афлотун, Ўрта Осиёдан Беруний, ал-Хоразмий, Ибн Синою Улуғбеклар чиққани Нигора билан Маҳбубахонга далда бера бошлади. Шу тупроқ фарзандлари ҳужайраларида ўша улуғ мутафаккирлар ҳужайралари, қони борлиги, бизларнинг уруғ-аймоғимиз ҳамма мураккаб ишларни бажара олишга қодир эканини айтаркан, Нигора онасининг юрагидаги хавотирларни ҳайдарди.
Соат ўнда операция бошланган бўлиши керак. Нигора 4-қават коридоридаги ҳамширага телефон қоқди. У ёқдан қандайдир бир эркакнинг овози эшитилди: «Ҳа, операция залига кириб кетяпмиз. Профессор шу ердалар…» Бу гапни эшитган Нигора юраги шиғиллаб кетди. Лекин отасини профессорнинг ўзи операция қилаётгани, қандайдир ёрдамчиси эмаслиги Нигорага далда берди. Ҳар қанча «талантли ассистент» бўлмасин, барибир профессорнинг ўзи қилгани яхши! Гарчи «кўричак» операциясини кўплар менсимайдилар, барибир операция операция-да! Нигора гўшакни қўйиб, илҳақ ўтирган онага буларнинг барини айтди.
Улар ташқарига чиқишди. Ҳамма ёқни оппоқ қор босган, навниҳолларнинг шохи эгилган, гулзорлар усти оппоқ, дарахтлар остида, йўлкаларда мусичаю чумчуқлар дон излаб юришибди. Салласи устида қордан яна бир салла яралган Ибн Сино бобо ҳам уларга хомуш қараб турибди.
Нигора бошқатдан ҳайкалнинг жамолига тикилди, ҳа, дарҳақиқат, улуғ мутафаккир хомушга ўхшарди. У яқинроқ борди, йўқ, хомушга ўхшамайди, аксинча кулиб турибди. Нигора онага сездирмай, ҳайкалга яна уч қадам яқин борди; у «хомуш» эмас, чеҳраси очиқ, бир нарсани чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилаётгандай. Нигора онасига яқинлашиб, беш-ўн қадам юришгач, яна ўнг томонга – ҳайкалга боқди. Ибн Сино яна унинг кўзига хомушдек кўринди.
Она-бола очиқ ҳавода у ёқдан бу ёққа юришди-да, кейин ичкарига кириб кетишди.
Операция тезда тугаганини билишди. Соат ўн иккиларда ҳамшира хотин кутиш залига чиқиб, ўртоқ Зулфиқоров оиласини чақираётганини маълум қилди. Она-бола оқ халат кийишиб, коридорларда тез-тез қадам ташлаб, зинапоялардан ҳаллослаб кўтарилиб, тўртинчи қаватга чиқишди. Операция залидан чиқиб, ювиниб, ўз кабинетида сигарета чекиб ўтирган профессор она-болага тасалли бериб, операция яхши ўтганини, Жамшид Зулфиқоровични ҳозир палатага олиб киришгани, иложи бўлса кечга яқин келиш кераклигини айтди. Бундай мурувват ҳаммага ҳам эмас, ҳукумат аъзоси Зулфиқоровга кўрсатилаётган эди. Маҳбубахон билан Нигора жарроҳга ўз миннатдорчиликларини қандай баён этишни билмай, «раҳмат, илоҳим, доимо соғ бўлинг», «бахтимизга доимо омон бўлинг», дейишди.
Наркоз беришга мажбур бўлишганини ҳам профессор таъкидлади. Ҳали у киши ўзига келмаган, кўзларини очмаган бўлса ҳам профессорнинг рухсати билан ҳамшира уларни Зулфиқоровнинг тепасига олиб кирди. Гўё пишиллаб ухлаб ётгандай эди. Она-бола кечроқ яна келишларини ҳамширага айтиб, жарроҳлик институтидан ташқарига чиқишди. Салқин, музлаган баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишди. Боғ ичида турган улкан ҳайкалга яна тикилишди. Ҳайкал уларга табассум қилаётгандай бўларди. Таомил… Маҳбубахон билан Нигоранинг танига жон югургандай бўлди. Улар бунда эрталабдан буён пойлаб турган камсуқум ҳайдовчи йигитга буйруқ бериб, идора машинасида ғириллаганча уйга қайтиб келишди, бунда кутиб ўтирган акаси Бобур, синглиси Севарага, қариндош-уруғларга телефон қилиб хушхабар айтиши лозим.
Машинада кета туриб чеҳраси очилган Нигоранинг хаёлига «талантли ассистент» келди. Нега у кўринмади? Ёки коридорда турган оқ халат кийган врачлар орасида бўлса, танимадимикан?..
Ҳайдовчи йигит машина тепасидаги ойначани Нигорага тўғрилаб, уни кузатиб борарди, хўжайин қизининг иссиқ юзи, лаб остидаги ярашиқ холига маҳлиё бўлиб тикиларди. Қадимги улуғ шоирлардан бири жононнинг лаб остидаги бир холига бутун бир Самарқанду Бухорони бериб юборгани ҳақидаги ғазални эшитган эди. Бу шунақа хол! Ўрнига тушган битта нуқта, дарҳақиқат, қўл билан чизиб бўлмас, илоҳий гўзаллик кашф этиши мумкин, деган Шарқ алломалари.
Жамшидбек ака бир ҳафталардан сўнг касалхонадан уйга келди. Қўй сўйиб, кўнгил яқинларини чақириб, зиёфат берди. Зиёфат тўрида жарроҳ профессор хотини билан ўтирарди. Ўзбекистонда ҳамма танийдиган хушовоз ҳофизу созандалар таклиф этилиб, Ўрдадаги (қадимда худди шу ерда Тошкент ҳокими Алимхон маҳкамаси бор эди) коттеж ҳовлисида наво янгради. Зулфиқоровнинг операция қилиниб, соғ-саломат келгани деярли тўйга айланди.
Зиёфатдан сўнг, меҳмонлар тарқашга яқин Маҳбубахон профессорнинг хотинини бир лаҳзага ичкари хонага чорлаб, унамаганига қўймай, бир кийимлик атлас туҳфа этди. Профессорга тўн кийдирилиб, ичи шоколадга тўлдирилган хитой вазаси ҳам туҳфа этилди. Вазани Зулфиқоровнинг ҳайдовчиси машинада профессорнинг уйига ташлаб келди…
Эрта билан кайфи тарқалган профессор хитойи вазага боқди, хотини ҳам. Ваза устида бўртиб тасвирланган аждар ва қушлар, хитой либосларидаги қисиқкўз хотинлар тасвири… «Бу ажойиб ваза, ноёб», деб дилидан ўтказди профессор. Нега бундай қилди? Унинг бирдан жаҳли чиқди, давлат арбоби, мансаб эгаси бўлатуриб, шунчалик қилиши яхшими?! У қайтариб юбормоқчи эди, хотини қаршилик кўрсатди: «Ҳарқалай, ҳаётини сақлаб қолдингиз, ҳар нима қилса арзийди. Қўйинг, ёмон фикрларга борманг, адаси!» Профессор ҳайрон бўлиб, хотинига тикилди… «Биз, ўзбеклар, баъзан жуда ошириб юборамиз, бу тўғри эмас! Бу, аслида, менинг бурчим эди-ку!» деди яна профессор. Ҳа, дарҳақиқат, Жамшидбек акада кейинги йилларда шундай «саховат» авж ола бошлади. Қимматбаҳо туҳфалар олар, иши тушадиганларга тортинмай мана шундай «туҳфалар» ҳам иноят қиларди. Маҳбубахон ҳайрон, болалигида кўп қийинчиликларни кўрган Жамшидбек кейинги йилларда пулни пўчоқча кўрадиган бўлиб қолган.
Сузонғич ҳўкизнинг олдидан, тепонғич отнинг орқасидан ўтиш хавфли, дейдилар. Жамшидбек Зулфиқоров она тилимизнинг хор бўлаётганидан тутақар, тили ғариб, она тилиси бўлмаган кимсанинг тўрт томонидан ўтиш хавфли, дерди. «Тил масаласи – дил масаласи, ҳозирги кунда бу ғоятда муҳим, она тилимиз хусусида кўпроқ гапириш пайти етганга ўхшайди…» Жамшидбекнинг мана бу томони Маҳбубахонга ёқарди.
Жамшидбек Зулфиқоров 1931 йили Тошкентда туғилган. Шу йигитлар вояга етиб, жумҳуриятга раҳбарлик қилаётганининг ўзи катта бахт. Жамшидбек шу кунгача нимаики топган бўлса, ўз қўл кучи билан топган, отадан ҳеч қандай мерос қолмаган. Бундан ўн йилча бурун ҳовлини ҳам укасига ташлаб, ўзи коммунал уйга кўчди. Бошқа шаҳарларда ўқиди, ишлади, аммо қонида, вужудида ота қони сузар эканми, ирсият қонуни устунлик қила бошлади, яъни ўзбек ўзлигини таний бошлади. Кўпларга завқу ҳаяжон берган «Лайли ва Мажнун»ни, «Фарҳод ва Ширин»ни, «Ўткан кунлар»ни қайта-қайта ўқиди. Миллий туйғу Жамшидда анча барвақт камол топди, унинг бахтига қўрқинчли таъқибу «қама-қама»лар йўқ, миллий ифтихор учун кишига миллатчи деган тавқи лаънат осмайдилар. Ҳаво мўътадил, қуёш нурида ҳамма гуллар қийғос очилиб ётибди…
Нигора отаси билан фақат мансабдор эмас, билимдон, гўё қомусий арбоб сифатида ҳам фахрланарди. Ишларида отасининг мансабини суиистеъмол этмаслигини ҳаммага ҳам гапиравермасликка ҳаракат қиларди. Отанинг кўп вақт айтиб юрадиган уч шартини ҳам яхши биларди.
Дарҳақиқат, Жамшидбек Зулфиқоров мансабдор шахс сифатида учта шартга қатъий амал қиларди. Бу унинг кундалик ишида заруратдай сезиларди ҳам.
«Биринчидан: оила аъзоларини, айниқса рафиқамнинг давлат ишларига аралашувига йўл қўймаслик; иккиламчи, қариндош-уруғларнинг шахсий илтимосларини бажаришда мансабни суиистеъмол қилмаслик ва ниҳоят, учинчи – маҳаллийчилик қилмаслик. Шу даражадаги оғир жиноят ҳисобланган – порадан ҳазар қилмоқлик ва яна уч нарсага: тилга, нафсга, ҳирсга эҳтиёт бўлмоқлик ғоятда зарур, дерди у. Бу уч шарт бажарилмас экан, мансабдорнинг қўли ҳаром, унга ҳеч қачон ишониб бўлмайди!»
Эндиги ҳикоя яна Нигора билан Ҳабиб хусусида бўлиб, унинг ҳаловати бузилгани, қизлар балоғат ёшига етгач, албатта бу даврни бошдан ўтказишлари неча асрлар мобайнида кузатилган. Муҳаббат ёши ҳар бир қизда ҳар хил кечади; бировлар анча совуқлик билан, бировлар Лайлию Шириндек ишқ алангасида ёнадилар.
Учинчи ҳикоя
ЎН САККИЗ ЁШИНДАДУР
Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.
Деса бўлғайки, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур…
Мир Алишер Навоий
Ўша куни тўйдан чиққан Ҳабиб ошналари билан то уйга етиб боргунча «қошлари камон, сўзлари асал, кўзлари чўлпон…» ҳақида гаплашиб келишди. Хаёл билан бўлиб, катта кўчада ғизиллаб келаётган бир машинага этаги тегиб кетди. Нега бу қиз шунчалик диққатини жалб этди, ўзи ҳам билмасди – гапирганда дудоқларида бир кулги-ю табассум аломатлари зоҳир бўлади. Чап қалам қоши ўйнаб учгандек, у атайлаб бундай қилаётгани йўқ, албатта. Беихтиёр яноқларидаги икки кулдиргичи йигитлар диққатини тортиб олади. Ўзини нечоғли сипо ва эҳтиёт сақлашига қарамай, бўртиб чиққан кўкрак, хипчабел – етилиш, балоғат ёшидир, чунончи ғунчалар ҳам етилиб барг ёзади… Ҳа, ҳазрат Навоий ҳам беқиёсликни «…ўн сакиз ёшиндадур…» деганлар. Тим қора сочининг елкаларида ҳалқа бўлиб туриши, лаблардан учай-учай деб турган кулгининг ўзи тасвирга сиғмас. Бир кўришда шунчалар таассурот.
Ҳабиб ҳар куни кўпгина қизу жувонлар билан учрашади, унинг атрофида қанчалар хушбичим қизлар бор-ку! Аммо бу қизда бир сирли латофат киши диққатини тортмай иложи йўқ.
Йўлда, дўсти унинг ҳаяжонланганига ишорат этиб, сенинг феълингдаги мажнуннамолик муҳаббат домига илинтиради, деди. Мен бу масалада ботирман, оҳ-воҳ этиб, куйиб-ёнишларни ёқтирмайман! Мен бошқачаман, дерди дўсти Пати, «Худо яратган ноз-неъматлардан инсон четда қолмаслиги керак…» дерди яна ўша Пати ниҳоятда қўпол ўхшатиш билан.
– Сен жарроҳсан, гўшту кабоб емайсан, кўз олдингга инсон жисми келиб туради. Ўтин ёриб, кетмон чопмайсан, чунки қўлни эҳтиёт қилиш керак. Сенга қийин! Мен, азизим, бошқачароқман; кабоб ҳам ейман, кетмон ҳам чопаман, тикани кирса ҳам барибир гулларни узаман… – дерди кайфи ошган Пати пишиллаб.
Ҳабиб ошналари билан хайрлашиб, уйга кирди – онаизори ухламай кутиб ўтирган экан. Тўйнинг яхши ўтгани ҳақида икки оғиз гапириб, ўз хонасига кириб кетаётган эди, она тўхтатди.
– Ўғлим, тўйлар қандай яхши! Мен ҳам қариб қолдим, бир оёғим ерда… – демасданоқ онанинг айтмоқчи бўлган гапини фаҳмлаб, кулимсиради. Чунки бу гаплар деярли ҳар куни такрорланиб турарди.
– Гапингиз тўғри, ойи, менимча, энди тўйни тезлаштирамиз.
– Лазокатхон холангнинг қўрғонтагилик эгачисининг қизи бўйи етилибди. Ўқиган, ҳозир попоп артелида гулкўрпа, палак тикар эмиш. Таърифини зўр қилишди. Олти минг сўмлик венгер гарнитураси, ҳамма нарсаси муҳайё эмиш. Совчи бўлиб борайми?
– Ойижон, тушунасиз-ку, ўзим топаман. Топдим…
– Вой, ойнаниб кетай сендан. Қандай топдинг?
– Топдим-да.
– Қанақа қиз экан?
– Яхши.
– Вой, ойнаниб кетай ўшандан. Совчиликка борайми?
– Борасиз, албатта!
– Сен тенгилар икки-уч болали бўлди, ўқиш, илмий иш ўз йўлига, болам, лекин уйланиш ҳам керак, – кампир хурсанд бўлганидан ўғлини ўз саволлари билан қийнагиси келмай, гапни тўхтатди. – Ечиниб, дамингни ол. Ҳозир чой олиб кириб бераман.
– Илмий иш дея беринг, ойи, шу «қассоблик» ҳам жонимга тегди. Профессор билан уришиб қолдим… Ҳеч қачон жарроҳлардан давлат арбоби чиқмаган. Иш, иш, иш… Бизга ёмон қарайдилар… Бизлардан биронта депутат ҳам чиқмаган. Хаста бўлиб, оҳ деганларида бизлар раҳбарларимизнинг эсига тушамиз…
– Ундоқ дема, болам, касбинг жуда яхши.
Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳабиб куннинг ўрталарида Нигораларнинг уйига телефон қилди. Ўша куниёқ ёддан кўтарилмасин, деб телефон номерини ён дафтарчасига – алфавитнинг «Н» саҳифасига ёзиб қўйган эди.
– Ҳа! Эшитаман? – дарҳол у томондан қизалоқнинг бийрон овози эшитилди.
– Салом, – деди Ҳабиб. Ва хаёлидан шу фикр ўтди. «Тўғридан тўғри Нигорахонни чақириб беринг» десамикан ёки…»
– Салом! Сизга ким керак?
– Нигорахон.
– Ҳозир чақираман. Гўшакни қўймай туринг, у балконда, – бийрон қизнинг узоқ кетмай: «Ника, гўшакни кўтар, ўша»… дегани шундоқ эшитилди. Муқобил телефон гўшагини кўтарган Нигоранинг синглисига: «Гўшакни қўйиб қўй!» деб дўқ ургани ҳам эшитилди. Мансабдорнинг хонадонларида телефон аппаратлари вангиллаб ишлашини Ҳабиб яхши биларди. Бу қизалоқ Нигоранинг қитмир синглиси бўлса керак, деб тахмин қилди у.
– Эшитаман!
– Салом-алайкум! Мен Ҳабибман, – унинг юраги гурс-гурс ура бошлади.
– Салом, Ҳабиб ака! Танидим, қалай, Насриддин Афандидан латифа топдингизми?
– Ҳа!
– Эшитамизми?
– Эшитамиз. Телефондами ёки учрашганда айтиб бераманми?
– Афанди латифасини телефонда айтиб бўладими? – Нигора эркаланиб кулди. – Бунинг устига, гўшакни кўтариб, эшитиб турадиган жосуслар бор! Севара! Гўшакни жойига қўй!
Сингил опани доимо таъқиб этарди, у шақ этиб гўшакни босди.
– Гапимни эшитяпсизми?
– Ҳа, эшитяпман.
– Марҳамат, эшитаман!
– Вақтингиз бўлса, учрашайлик. Илтимос…
– Хўп бўлади. Бугун кечқурун адамлар Москвадан келадилар, кутиб оламиз. Эртага учрашишимиз мумкин.
– Соат бирда Санъат музейи ёнида кутсам бўладими?
– Бўпти! Бўлади.
– Хайр, саломат бўлинг!
– Хайр!
Нигора очиқ кўнгиллиги, адасининг Москвадан келиши-ю, синглисининг қитмирлигигача яширмай, ҳозирданоқ яқин кишисидек муносабатда бўлаётгани Ҳабибни яна ҳам ўзига жалб эта бошлади. Ҳабиб кўринишдан сал-пал қовоғи солиқ, «илмийроқ» бола бўлгани билан аслида қувноқ, қисман муғамбир, кимдир, рақибларидан бири уни «худбин» деганича бор эди. Ҳозирги вақтда негадир худбинлик айб эмасдек бўлиб қолди. Тавба! Машинада юрадиган мансабдорларга ҳаваси келиб, шу ҳақда гапирганида уни илмий раҳбари – профессор жеркиб ташлаган. Шу калла билан жарроҳ бўлиб юрибсизми? Жарроҳлик мансабдорликка зид ҳунар, деган эди. Ҳабибнинг отаси анча йиллар аввал оламдан ўтган, онаси ва уч укаси билан қолишган. «Гул етим» бўлгани билан шу ёшигача анча қийинчиликларни кўрди, ўрта мактабни тамомлагандан кейин отасининг орзуси бўйича врач бўлишга интилди. Институтни тугаллаб, ҳозир кўкрак жарроҳлиги институтида, машҳур профессор қўлида ассистент бўлиб ишламоқда. Йигирма беш ёшга борганига қарамай, ҳалигача уйланмай юрганининг баъзи сабаблари ҳам бор; биринчидан, институтда чинакам ўқишнинг ўзи бўлмайди; лекциялардан ташқари қанча адабиёт, қанча елиб-югуришлар, маърузалар, операцияларда, кутубхоналарда бўлиш, касалхоналарга қатнаш, лабораториялар… Бунинг устига барча адабиётлар, манбалар рус тилида. Институтда ўқиб юрган чоғларида ҳам бир қизга ошиқ бўлган, ўйлаб нетгунча уни бошқа йигит илиб кетган. Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишни битиради, дейдилар. Ўшанда қўлдан чиқариб юборган қиз катта даргоҳдан эканини айтган, Ҳабиб ич-ичидан куйган эди. Иккинчидан, уйида шароит ҳам йўқ, етишмовчиликлар қанча. Уй солмаган, том сувоқ қилмаган ўзбек йўқ! Ўзбекнинг қайси валломат профессори паркетли, батареяли, лифтли уйда туғилибди! Сомонли лой билан сувалган хоналарда яшаб, сандалу тунука печкада исиниб, ҳовлининг бир бурчагидаги ошхонага, яна бир бурчагидаги ҳожатхонага қатнаб катта бўлган. Зотилжам бўлиб тузалмаган бола йўқ. Оппоқ чинни тоғора – унитаз, жўмраклардан вижиллаб иссиқ ва совуқ сув тушадиган, сасийдиган лампаю шамлар йўқ чароғон электр қандилларни қайси профессор ёшлигида кўрибди? Қори Ниёзий кўрибдими? Жарроҳ академик Воҳидов кўрибдими? Ёки Берунию Сино кўрибдими? Улар шамчироқда «Бобурнома»ю «Илми ҳандаса»ни, «Ал-Қонун»ни яратишган, асрлардан асрларга ўтиб келувчи бинолар қуришган. Офарин уларга!
Ҳабиб баъзан хаёлга чўмарди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа, дерди ўзига ўзи. Ҳарқалай, мана шу сабаблар ва қисман шўхлиги ҳам унинг уйланишига халақит бериб келарди. Ёшлигида бошқа болалар қатори, дарсдан ташқари вақтларида отаси, укаларига қарашарди, ғишт таширди, бели қайишиб, сомонли лойни пақирлаб томга олиб чиқиб берган. Беланги бўлиб, институтга аранг борган вақтлари ҳам бўлган.
Эртасига, соат йигирматакам бирда Ҳабиб Санъат музейи ёнига келди. У ниҳоятда ҳаяжонланарди. Иккита билет олиб, у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Музей олдидаги ўриндиққа ўтирди. Қўлида янги газета. У бугун кўкрак чўнтакли, елкасида погони бор оқ кўйлагини, тахи бузилмаган шимини кийган эди.
Бирдан ўн дақиқача ўтганда бу ерга кумушранг ҳукумат аъзолари юрадиган рақамли машина келиб тўхтаб, қўлида портфелли Нигора машинадан тушди. Ҳайдовчи йигит машина ойнасидан тикилиб қараб туриб, Нигора таъкидлаган бўлса керак, тезда кетди. Қиз яқин танишдек Ҳабиб билан қўл беришиб омонлашди. Уларнинг икковлари ҳам ҳаяжонда, лекин буни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзларини жуда ҳам босиқ тутишарди. Лекин Нигора қизариб, ҳаяжонини яширолмай, салом-аликдан кейиноқ институтдан тўғри бу ёққа келаётганини, бугун эрта билан троллейбус бекатида кўнгилсизлик содир бўлганини, бир дугонасининг қўлидаги олтин соатини шундоқ бекатда йўлтўсар безорилар қўлидан олиб қочганини қўрқув билан гапирди. Шу сабабли отаси кейинги кунларда ўз машинасини бериб тураётганини айтди.
– Чатоқ бўлибди, – деди Ҳабиб таассуф билдириб, – Насриддин Афанди ҳам бозорда кетаётган экан, бошидаги янги қалпоғини ўғри олиб қочибди. Афанди бўлса ўғри кетидан чопиб, қувлайди, десалар, у бамайлихотир бозордан чиқиб, тўппа-тўғри қабристонга бориб, дарвоза олдида ўтирган эмиш. Орқасидан эргашиб келган одамлар:
– Мулла Насриддин, қалпоғингизни ўғри у томонга олиб қочди-ю, сиз нега бу томонга келиб ўтирибсиз? – деб сўрашибди.
Афанди бўлса:
– Ўша ўғри барибир бир куни шу ерга келади, дермиш.
– Ха-ха-ха-ха!.. – бирдан кулиб юборди тўлқинланиб турган Нигора. – Қарзингиздан узилдингиз!
– Ҳамон шу ерга келдик, ҳамма вақт ҳувиллаб ётадиган музейга бир кирайлик? Бу музей ҳам Навоий театридек томошабинлардан холи. Кирайлик, савоб бўлади.
– Бечора театр, бечора музей… – деди Нигора Ҳабибга ялт этиб боқиб. – Нега бундай?
– Бир раққоса бор, фақат оврўпоча ўйнайди. Байналмилаллик яхши, ким байналмилалликка қарши чиқарди, лекин ҳар бир санъаткор аввало ўз халқи санъатини улуғлаши керак. Ҳиндларнинг Вийжантимала деган раққосаси ўз халқи рақсини жаҳонга олиб чиққан. София Ротаруни олинг. Зайнаб Хонларова Озарбайжон қўшиқларини дунёга ёйди. Ўзимизнинг мумтоз қўшиқчиларимиз ўзбек миллий қўшиқлари билан халққа чинакамига муножот қилаётгани қандай яхши! Тайёр ошга баковул менимча, чинакам санъаткорлик эмасдир. Шуҳратпарастлик ва масхарабозлик! Шу йўл билан кўп имкониятларга эга бўлаётган кимсаларни биламиз. Улар ўз она тилларида ҳам сўзлашмайдилар, ўзбек тили андилар, қаланғи-қасанғилар тили, дейдилар. Ўшаларни кўрсам, қоним қайнаб кетади!
– Ў-ў, сиз жуда резкий, кечирасиз, кескин гапирар экансиз, – деди оғзи очилиб, маҳлиё бўлиб қолган Нигора. – Бундай гапларни айтишга эҳтиёт бўлинг, миллатчи деб айб қўядиганлар топилиб қолади.
– Тушунаман. Бундай тавқи лаънат кўпларнинг бўйнига осилган. Менга танбеҳ беришингиз ҳам табиий, сиз, ҳукуматимиз катталаридан бирининг қизисиз. Гапимга хафа бўлманг.
– Йўқ, хафа бўлмайман. Мен кескин, ҳаққоний гапирадиганларни ёқтираман. Ланж одамни, манфаат йўлида ҳамма томонга эгиладиганларни жиним суймайди. Сиз декабристларга ўхшайсиз.
– Унчалик эмас. Лекин тилимизни занглатиб, истеъмолдан чиқараётганларни ёқтирмайман. Санъаткор ёки адибнинг Австралия қитъасида обрў олганининг аҳамияти йўқ. Уч пул! Биринчи галда ўз юртинг, ўз халқинг эъзозласин! Мукаррамахон миллий рақсни кўтарди, у ҳам дунёни кезди. Сен, эй, ниначига ўхшаган раққоса, сен нима қилдингки, ўзбек миллий санъати сенга тасанно айтсин! Мана бу гапни айтсанг, ўша «санъаткор» сенга сиёсий айб ташлаб, бўйнингга тавқи лаънатни илмоқчи бўлади, юқори ташкилотларга ёзади. Ўшаларга қарата, сен она тилингни, она санъатингни хор қилган кимса бошқа ҳеч бир халқ санъатига вафо қилмайсан, дегим келади!
– Ўҳ-ҳў! Мен сизнинг ҳамма гапингизга қўшилмайман, лекин ўз фикр-мулоҳазангиз борлиги, қатъийлигингизни маъқуллайман, – деди Нигора Ҳабиб билан ёнма-ён музей ичкарисига кириб кета туриб. – Ҳамма ўзбек ёшлари ҳам фикрлашда сизга ўхшаганмикан?
– Биз ўз-ўзимизни танияпмиз, – деди Ҳабиб, – узоқ йиллар давомида ўзлигимизни билмаслигимиз кимларгадир кераклиги энди маълум бўлиб қоляпти. Халқ уйғоняпти. Айниқса, ёшлар, талабалар барвақт уйғонмоқда. Бу жуда яхши.
Ҳабиб ва Нигора ёнма-ён ичкарига киришди. Кенг ва гўзал залларда айланиб, мармар зинапоялардан кўтарилишди. Уларнинг икковлари ҳам ҳамон ҳаяжон оғушида эдилар.
Қандайдир қувонч Ҳабибнинг юрагини қучган, одатдагидек унча гапиролмас, ўзидан анча ёш бўлса ҳам севикли қиз олдида ҳаяжонланарди. Тавба! Ҳар куни қанчалаб одамлар ичида бўладиган, қанчалар чиройли аёллар билан гаплашадиган аспирант нечун бу қиз олдида ўзини йўқота бошлади! Таажжуб, демак, мен уни яхши кўриб қолибман, деди ўзига ўзи Ҳабиб.
– Рассом Абдувалиевлар, рассом Аҳмедов ва Аҳмаровлар жуда зўр! – деди Нигора эркаланиб. – Лекин мени сиз, ассистент Ҳабиб кўпроқ қизиқтирасиз. Ўзингиз ҳақингизда озгина гапириб беринг. Илтимос!
– Хўп, гапириб бераман. Ассистент эканимни билибсиз. Кўкрак жарроҳлиги институтида ишлайман. Бўйдоқман. Раҳбаримиз академик Воҳидов, профессор Ғуломов, ёшим 25 да, вассалом!
Нигора кулимсираб, ерга қаради.
– Бўйдоқман, бўйдоқлик ҳам жонимга тегди, – деди яна Ҳабиб. – Агар институтимиз партташкилотидан характеристика олиб келинг, десангиз, олиб келаман, ишчан ва ахлоқан пок, деб берадилар, албатта. Ишонаверинг, Нигорахон; «анъанавий» саволлар: севгингизга муносиб бўлиш учун қаҳрамонлик кўрсатиш, муҳаббат изҳор қилишлар ва ҳоказолар, булар бари романларда ёзилади. Агар сизнинг эътиборингизни қозониш учун қанақадир жасорат кўрсатиш керак бўлса, вақт керак – кўрсатармиз. Гап шундаки, сиз менга ёқиб қолдингиз. Сизни севиб қолганга ўхшайман. Менга турмушга чиқинг. Ота-онангизга буни айтинг, майли, суриштиришсин. Менинг бахтим фақат сиз билан бирга эканини сезяпман. Ойимлар совчи бўлиб бормоқчилар. Мана, юрагимдаги ҳамма бор гап шу. Мен реалистман, умуман, ёмон одам эмасман. Насриддин Афанди ёшлигида чучварани яхши кўрар экан, ҳар гал қайноқ чучварани оғзига солганида кўзидан ёш чиқиб кетаверибди. «Ўғлим, чучвара қочиб кетмайди, сабр қилинг», дебди отаси. «Сабр қилсам, оч қоламан, отажон», деган экан Насриддин Афанди.
– Ха-ха-ха-ха! Яна айтинг! – Нигора кулгидан ўзини тўхтатиб, Ҳабибга қаради. – Сиз Афанди айтишга устамисиз ёки атайин мен учун топиб келдингизми?
– У ҳам, бу ҳам. «Қандай яхшисан, хотинжон, – дебди бир куни Афанди тўшакда ётган ўз хотинига. – Худо сени яратмаганда нима қилардим?» «Худо худди мендақадан иккитасини яратганда нима қилардингиз?» дебди хотини. «Икковини ҳам олардим», дебди Насриддин Афанди. Хотини афандининг юзига бир шапалоқ урибди.
– Энди ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг, – Нигора жилмайди.
– Илмий иш олганман. Келаси йилларга ҳимояга тайёргарлик кўрамиз, – деди Ҳабиб. Сўнг тўхтаб, Нигорага тикилди. Нигора кулимсирар, Ҳабибнинг гапига жавоб қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Девордаги катта суратга беихтиёр тикилишди, бу «Чўмилаётган гўзал» эди. Ўртага жимлик тушди. Бир лаҳзадан сўнг Нигора яна Ҳабибга мурожаат этди:
– Яна ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг, кенгроқ билишни истайман.
Ҳабиб кулди, у Нигоранинг қўлидан ушлади. Қизнинг вужуди жимирлашиб кетди, у қўлини тортиб олишга уринди. Қип-қизариб ерга қаради.
– Бўлди, савол бериб, сизни қийнамайман! Кеча адамлар Москвадан келдилар, ишлар яна катта бўлар экан, Сибирия дарёлари Иртиш ва Енисей сувларини Шимолий Қозоғистон ва Ўрта Осиё ерларига олиб келиш, Орол денгизига қуйиш мўлжалланаётган эмиш. Плани тасдиқланиш арафасида экан. БАМга қанча пул кетган бўлса, бу қурилишга ҳам шунча кетармиш. Ҳали қанча қаҳрамонлар чиқади, мукофотлашлар бўлади. Ўзбекистон олти миллион тоннадан ортиқ пахта етказиб берар эмиш. Адамлар ярим кечагача Москвада бўлган гапларни айтиб бердилар. Республикамиз Иттифоқда биринчи даражага кўтарилай деб қолибди…
Музейдан чиқишгач, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, дегандай Ҳабиб Нигорани уйигача кузатиб қўйди. Кўча четида ёнма-ён бемалол гаплашиб боришдан Нигора ҳам чўчимади. Пастқамроқ кўчалардан юришлари ҳам мумкин эди, буни икковлари ўзларига эп кўришмади.
Маҳаллага киришда, катта кўчада, иттифоқо, одамлар оломони устида банорас паранжи ёпилган тобут келаётганига кўзлари тушди. Ҳабиб Нигорани бироз йўл четида кутиб туришни илтимос қилди-да, югурганча тобут томонга борди, одамларни ёриб, туртиниб, тобутга яқинлашди. Анча жойгача навбат кутиб юриб, кейин тобутни елкасига олиб, анча жойгача кўтариб борди. Бошқалар сурилиб келиб, унинг елкаси ўрнига елка тутишгач, Ҳабиб сирғалиб, оломон ичидан чеккага чиқди. «Жойингиз жаннатда бўлсин…» деб пичирлаб, дуо ўқиди. Шундан сўнг, орқада, йўл четида қолиб кетган Нигора томон юриб келди.
Ўн беш дақиқадан мўлроқ тоқати тоқ бўлиб кутиб турган Нигора ҳайрон.
– Ким вафот этибди? – сўради Нигора.
– Билмайман… Кекса бир онахон вафот этганга ўхшайди…
– Танийсизми?
– Йўқ.
– Танимаган одамга ҳам борадими?
– Ҳа.
– Қизиқ-ку!
– Чунки бу марҳума юртдошимиз… Таниш-танишмаслигимнинг аҳамияти йўқ.
– Мен сизни оз-моз биляпман, сизни ўрганяпман… – деди Нигора Ҳабибнинг кўзларига тикилиб… – Инсон қалби жуда мураккаб, ўтган сафар жарроҳлар қалб хасталигини даволаши мумкин, аммо ёмон қалбни яхши қилишга ожиз, деган эдингиз. Қалбингизни билаётирман.
* * *
Нигора Ҳабиб билан хайрлашиб, уйга кириб келгач, бу учрашувнинг жуда кўнгилдагидек бўлганини хаёлидан ўтказди. Негадир бу йигитнинг ўй-хаёллари, фикри, бир сўз билан айтганда, дунёқараши севикли профессори Мавлонзодага жуда ўхшаб кетарди. Профессор ўзининг мазмунли маърузалари билан талабалари ичида ғоятда машҳур, эллик ёшлардан ошган бу олим баъзан анатомия қолиб, миллий онг ва миллий фазилатлар, инсонийлик ҳақида гапириб кетарди, ўқув дастурида йўқ бу гаплар талабаларга ёққанда қандоқ! Отаси зиёли киши бўлгани, у қадим Бухорода профессор Фитрат билан таниш экани, бир кун келиб Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар тупроқдан бош кўтариб чиқажакларини аниқ ишонч билан гапирарди. Профессор Мавлонзода Нигоранинг адаси билан ҳам таниш, тўғрироғи, бу машҳур профессорни Жамшидбек Зулфиқоров яхши биларди, Ўзбекистонда Қори-Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Яҳё Ғуломовлардан кейин ўнта атоқли профессорлар бўлса, улар ичида Мавлонзода ҳам бор, дерди адаси. Унинг дарс соатларида аудиторияга талабалар тўлиб кетар, баъзан бир неча «оқим»лар бирлаштирилиб, бир томони баланд, қия қурилган катта залда маъруза ўқирди. Дарсдан сўнг талабалар ўртасида унинг баъзи сўзлари оғиздан оғизга кўчар, мутолаа қилинарди, ҳозир буларнинг бари Нигоранинг кўз олдига келди. Профессорни эслаш Ҳабибнинг обрўсини яна ҳам оширди – негадир уларнинг дунёқараши жуда яқин. Профессор қаҳратон қишда ҳафтада икки-уч бор Ўрдага бориб, анҳорда чўмилар, у «моржлар жамияти»нинг аъзоси ҳам эди. Одамлар енгил машинада юрса, у баъзан ҳеч ким қилмайдиган қилиқни қилиб – велосипед миниб институтга келарди. Ҳабибда ҳам шунга ўхшаш одатлар бор, велосипедни яхши кўришини, баъзан минишини айтган эди: хитойлар, вьетнамликлар бекорга велосипед минишмайди, бунда ҳикмат кўп, дерди Ҳабиб. Профессор Мавлонзоданинг спорт билан шуғулланишини ҳам талабалар яхши билишарди – улар билмайдиган сир-у асрор йўқ дунёда. Профессорнинг соғлом бўлиш, узоқ яшаш учун тинимсиз бадантарбия билан машғул бўлиш лозимлиги, ўзи бунга қаттиқ риоя қилишини ҳам билишарди. Севикли профессорлари юзга кириши, бу забардаст, соғлом одам жуда узоқ яшаса керак, дейишарди. Яхши одамлар узоқ яшайверсин, дерди Нигора бувисидан ўрганган гапни баъзан такрорлаб.
Нигора қалин дафтарини варақлаб, профессорнинг маърузаларидан ёзиб олган баъзи фикрларга кўз ташларди: «Ижодкорки, ўзини тинимсиз телевизорга – ойнаи жаҳонга уравердими, бу унинг ижоддан тўхтаганидан далолатдир. Бу ўз юзини кўрсатиш, ўзлигини таманно этишга жон-жаҳдлари билан киришиш – қуриб-қовжираш талвасаси. Йўқлик аламини бор деб кўрсатишга уринишдир. Кал тароққа ўч бўлгандай…»
«Киши ҳар қанча зако бўлмасин, алломаю номдор, мансаб-у баобрў бўлмасин, барибир халққа мурожаат этади, чунки ўша алломаларни халқ беради. Халқ заковатига чегара йўқ, фарзандларга илм бераётган домлаларни ҳам халқ беради. Анъаналаримиз, одатларимиз хусусида отахонлардан, кўпни кўрган оқсоқоллардан ошириб бир сўз айтишга ожизмиз».
«Аммо ҳозирги кунимиз шарофати билан тикланган, қардошлик ила бирлаштирадиган урф-одат, анъаналаримиз тиклангани, «Наврўз», «Хотира куни» – катта воқеа бўлди». «Ялпиош – яхши». «Тўйни мажлисга айлантирмаслик керак, тўйда «доклад» қилиб юборадиган, одамни қилт этмай, овқат едирмайдиган, узундан узоқ сўзлайдиган косагуллар жонга тегди». Тўйда адоват, ҳасадгўйлик бўлмаслиги, ортиқча исрофгарчиликлар ҳақида оқсоқоллар кўп гапирди. Кишилар тўйга фақат егани келмайдилар, мулоқот, суҳбатлашиш, куй тинглаш, рақс ҳам керак, азизлар!
«Ровоч сайли», «Қовун сайли» ҳам керак.
«Жанозада кўчадан ўтиб кетаётган ҳайдовчилар машинасини ҳам тўхтатиб, ҳамюрти тобутини кўтариши – олижаноб фазилат. Қабристонга бориб, ота-онаси қабрига гул қўйиш, гул экиш, тозалаш бу – инсонийликнинг гўзал намуналаридан бири. Агар бундай фазилатдан маҳрум инсон бўлса, унинг ҳайвондан фарқи қолмайди…»
«Хоразмию Сино давридан қолган дуторни қайта ишлаб, қовоққа ўхшатиб, овозини бузиб қўйдик. Минг йиллар давомида шаклланган Наврўз сумалакни бузиб, атала қилиб қўймаслик учун ҳадеб асрий урф-одатларимизга ислоҳ кирита бериш ҳам яхши эмас!»
«Жанозада ҳамма қатнашиши керак, халқдан ажралиб туриш тўғри эмас! Ота-она қазосида фарзандни таъқибга олиш, сен жанозада иштирок этсанг, мансабингдан кетасан, демак, иғвогар шахслар таъқиби – бу жуда ёмон нарса… Киши қалбини таҳқирламаслик керак».
Баъзан адасининг гаплари ҳам профессорнинг фикрларига яқин келарди, демак, миллат уйғонмоқда… Баъзан Нигоранинг кўз олдида қинғир-қийшиқ кийимлар, жазу «ча-ча-ча»…лар ғойиб бўлиб, миллий халқ рақси паҳлавонларники каби қад кўтаргандай бўлмоқда…
Нигора ўйланиб қолди, демак, дўппи кийиб юрадиган, овқатдан сўнг албатта фотиҳа ўқийдиган ҳайдовчи йигит чин ўзбек. Ҳабиб ҳам баъзан ўз ота-боболари удумига мойиллик кўрсатади.
Баъзан онаси, адасини таъқибга оларди, бу Нигорага мутлақо ёқмасди, рашк ёмон нарса! Агар миллий маданиятим деб, кишилар мана бу ёмон иллатдан холи бўлмасалар, бу жуда ёмон! Бошқа халқлар маданиятини, яхши урф-одатларини инкор этиш, бу ўта ноинсофлик-да, мутлақо кечириб бўлмайди!
Ойнаи жаҳонда кўрсатилган концертларда машҳур раққосаларнинг чиқиши кейинги кунларда Жамшидбек Зулфиқоровнинг юрагини ўйнатар, Маҳбубахон уларнинг биридан эрини ғоятда қизғанарди. Шўрлик Жамшидбекнинг мутлақо алоқаси бўлмаса ҳам, қачонлардир бир анжуманда раққосанинг санъати ҳақида тўлқинланиб гапирган эди. Ўшанда Маҳбубахонга эрининг ҳаяжони ёқмаган. Хотинининг юрагидаги ҳасад бора-бора рашкка айланди. Бу ҳолдан фаромуш Жамшидбек Зулфиқоров раққосанинг маҳорати шайдоси бўлиб, уни тез-тез тилга олар, у телевидениега чиққан куни гўё тўй бўларди. Аммо зимдан кузатиб юрган Маҳбубахон кунлардан бир кун, концертда ниҳоятда чиройли рақсга тушаётган ўша санъаткор сабаб бўлиб, эри билан қаттиқ жанжаллашди, тарелкалар синди, беибо сўзлар тилга олинди. «Ўша раққосаникига кета қолинг!» деган бақириғу нидолар хонани жунбишга келтирди.
– Бу жуда ортиқча бўлди, санъат ҳамма учун, лекин ёмон хаёлларга бориш одобдан эмас, – деди у хотинига тушунтириб.
Нигора кулди, Бобур таажжубланди, ёши катта одамларда ҳам рашку қизғаниш бўлар экан-да! Бунинг устига оталарининг ҳеч қачон бу масалада чуви чиқмаган, эҳтиёткор, ҳатто бу борада «тақводор» экани ҳам кўпларга маълум эди. Лекин раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган бир кимсанинг ахлоқий нопоклиги халқ ичида кенг тарқалиб, гап-сўзларга сабабчи бўлган, кўп хонадонларда ёш жувонлар ўз эрларига ишончсизлик феълини мавжуд этган.
Жамшидбек Зулфиқоров ишлаб чарчамас эди-ю, аммо вафодор хотинининг бемаъни рашки тинкасини қуритар, шу бечорага ҳам худо озгина ақл бера қолса бўлмасмиди, деб ранжирди. Хўжалар зотидан бўлган уруғидаги бир хотиннинг оилада тинимсиз қирғинбарот қилишини эшитган эди. Ўша хотинни эсласа, юраги шиғиллаб кетиб, хотинининг асоссиз қизғанишларини унутарди.
Тинимсиз асаб бузилишлари саломатликка ҳам путур етказиши аниқ. У бадантарбия қилмоқчи бўлди, врачлар маслаҳати ҳам шундай эди. Нигоранинг дадаси профессор Мавлонзодага ўхшаб эрта билан кўчага чиқиб югуришни орзу қилди. Лекин мутлақо қўли тегмай, унисини ҳам, бунисини ҳам қилолмади. Эрталабки юз йигирма дақиқалик телевизион кўрсатувни соғинди, лекин ўша раққоса туфайли телевизор ёнига боришга юраги безилларди. Бир куни зерикиб ўтириб, жасорати қўзғаб телевизорни шилқ этиб ёқиб қўйган эди, худди ўша раққоса доиранинг серзавқ зарбига рақс тушаётган экан. Зулфиқоров ҳам хотинига, ҳам раққосага қараб қотиб қолди.
– Билармидингиз ҳозир чиқишини?
– Ўлай агар!
– Йўқ, сиз биласиз! Телевизорнинг катталари ҳам сизга тобе! Сиз билиб қўйдингиз ҳозир!
– Одамга ишониш керак! Бу – тасодиф!
Ҳарқалай, шу куни уй хуфтон бўлди. Эрта билан ўрнидан туриб, бадантарбия қилмоқчи, кўчада югуриб келмоқчи эди, бўлмади. У ўз каравотида тахта бўлиб ётди.
Аммо қувноқ, хушфеъл, рашку умидсизликлардан узоқ профессор Мавлонзода Нигоранинг «идеали» эди. Бу одам – жамият учун жуда керакли бу одам юзга киради, деб ўйларди.
Икки ота, яъни Жамшидбек адаси билан профессор Мавлонзода (муаллим ҳам отадек азиз кимсалар) тавсифи бу ёқда турсин, энди яна Нигора ва Ҳабиб муҳаббатини тавсифлаб қалам сурамиз.
Тўртинчи ҳикоя
ВИСОЛ
Кутилмаганда юрак хирургияси клиникаси, тўртинчи қаватдаги телефон жиринглаб, бир қиз ҳамширадан ассистентини чақириб беришини илтимос қилди. Ҳамшира аёл ишини ташлаб, бориб, хонадан Ҳабибга буни айтди. У ассистент йигитни кўп ҳурмат қиларди. Ҳабиб профессор сезмасин деб атайин мана шу узоқроқ телефон номерини Нигорага берган эди.
– Лаббай?
– Бу, мен… Эшитяпсизми?
– Ҳа. Салом алайкум!
– Салом! – деди Нигора кайфичоғлик билан. – Ҳофизнинг ғазалини топдингизми? Гўзалнинг бир холига Самарқанд билан Бухорони бериб юборган шеърини?
– Топдим. У тожик тилида…
– Сиз тушунасизми?
– Албатта. Тожик тили ҳам она тилимиз. Навоий билган, ғоятда ҳурмат қилган. Чунки қадим бизнинг мутафаккирларимиз туркий форс-тожик арабий сўзлашган. Китоблар ҳам шундай, ўзимизнинг Навоий ҳам, Айний ҳам икки тилда ижод қилган. Эски зиёлиларимизнинг ҳаммаси тожик тилини биларди, умуман, ҳаммамиз билишимиз керак!
– Шу ғазални менга бераман деб ваъда қилган эдингиз?
– Ҳа. Албатта!
– Бизникига келинг. Мумкин бўлса, марҳамат…
– Қандоқ бўларкин? Майли, сиз эшикка чиқиб туринг, мен машинада бориб, китобни ташлаб ўтаман.
Шу пайтда Нигорага Ҳофиз Шерозий ғазали зарур бўлиб қолгани Ҳабибни таажжубга солди. Ғазал унинг лаб остидаги чиройли холига бағишлангандай ўқишга ошиқарди. Орадаги олти юз йиллик фурсат ўтган бўлса-да, Нигора учун ғазал кеча ёзилгандай туюлган эди. Яхши ҳамки, операция тугаб, ичкари хонада у профессор билан гаплашиб ўтирган эди. Операция муваффақиятли тугаса, профессор ўз ассистентлари, врачлар ва ҳатто тез-тез чой дамлаб берадиган ҳамшира аёл билан суҳбатлашар, баъзан мутлақо жарроҳликка алоқаси йўқ мавзулар – бозордаги нарху наво, маҳаллаларда бўлаётган воқеалар уни жуда қизиқтирарди. Бугун улар бир аёлни операция қилишди. У машҳур бир кинооператорнинг хотини эди. Бу киночи Осиё, Африка ва Лотин Америкаси қитъаларининг кинофестивали вақтида, санъат арбоблари ичида профессор хусусида ҳам ҳужжатли кинофильм қилган эди. Бу анжуманда республика топшириғига биноан бир неча машҳур врачлар кутиб олиб, мулоқотда бўлиб, улар санъат, адабиёт, врачлар ҳамда Тошкент ва Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар билан танишишди. Меҳмонлар халқимизнинг таниқли профессори билан ҳам дилдан суҳбат қурдилар. Улар билан мулоқот вақтлари тасвири кинотасмаларга муҳрланди; лекин аллақандай бир «қайчи» тасмаларни қирқди, кейинчалик ойнаи жаҳонда профессор кўринмади. Аммо каттанинг уруғларидан бўлмиш бир нўноқ шоир тез-тез намойиш қилиниб келаверди. «Ўша «қайчи» бизларни қирқиб келмоқда, – деди профессор. – Ўн кишилик зиёфатни ҳам давлат ҳисобидан қиладиган бу ноинсоф киноларда ҳам ташвиқ қилинмоқда. Лекин биз йигирмадан ортиқ меҳмонни давлат топшириғига кўра, уйимизда меҳмон қилдик. Биров бир тийин бергани йўқ. Бу, ҳақ гап! Лекин нега биз медиклар тасвиримиз тушган ленталар қирқилади? Бизларнинг бурнимиз қийшиқ эмас-ку! Шундан уялишдимикан? Ёки бизлар бўзрайиб турганимиз йўқ. Бизларнинг юзимиздаги нур, меҳнатимиз салмоғи остида у шуҳратпарастлар қолиб кетиш хавфи бор эди. Ана шунинг учун ҳам улар ўз қўлларига «қайчи» олдилар ва ўз шуҳратларини ошириш борасида «жанг»га тушдилар.
Лекин, барибир, бир кун келиб меҳнат қилмаганларнинг ҳолига вой бўлади! Бир ўғридек унутиладилар. Меҳнат қилган талант эгалари албатта юзага чиқади! Албатта!»
Профессорнинг шундай тажанг пайтлари кўп бўларди. У ҳозирги бўлаётган кўп нарсаларга мункир, айниқса, порахўрлигу маҳаллийчилик уни қаттиқ диққат қиларди. «Онангни қози ҳақорат қилса, қайга борасан додлаб!..» дерди у.
Ҳабиб телефонда гаплашиб бўлгач, профессорнинг ёнига кириб, уйдан телефон бўлганини, рухсат беришини сўради. Кейин ўз кабинетига кириб, стол тортмасидан Ҳофиз Шерозий китобини олди. Шоша-пиша кийиниб, кўчага чиқди. Катта асфальт йўлда туриб, ўткинчи машиналарга қўл кўтарди. Ўн-ўн беш дақиқалардан сўнг, бўш келган бир машина Ҳабибни олди. У Чилонзордан Навоий кўчасига учди, Ўрдадан ўнгга қайрилиб, янги тушган коттежларга, тор йўлга бурилди. Китобни бераман-у, кейин шу машина билан яна орқамга қайтаман, деган режа тузганди. У бориб, қўнғироқни босгач, ичкарида турган Нигора эшикни очди.
– Марҳамат, бу ёққа киринг!
– Мана ўша китоб, – деди Ҳабиб қўл узатиб.
– Ичкарига! Эшикдан кўришмайдилар.
– Мени машина кутиб турибди.
– Жавоб бериб юборинг!
– Ойингизлардан уяламан.
– Уяладиган киши йўқ. Уйда ҳеч ким йўқ. Беш дақиқага киринг!
– Ҳозир! – Ҳабиб югуриб бориб, машина эгасига пул бериб, жўнатди, Нигоранинг ёнига қайтиб келди. – Қандоқ бўларкин кириш.
– Қўрқманг. Мен ўзим таклиф қиляпман. Нима, бу тўғри келмайдими?
Ҳабиб ичкарига қадам қўйди. Плашини ечиб, катта хонага кирди. Нигоранинг таклифига кўра аввал қизил духоба диванга ўтирди.
Нигора дарҳол дастурхон тузаб, ноз-неъматлар олиб келди. Чиройли пиёлада меҳмонга чой узатди.
– Афанди айтиб беринг, демайман, юрагингиз гуп-гуп уриб турибди. Ёдингизга ҳеч нарса келмайди. Бундан ташқари кўнглингизга ҳар нарсани олманг, зўрлаб уйга олиб кирганимга ҳайрон бўлманг. Ўзбеклар эшикка ҳурмат қилиб келган кишини шу ернинг ўзидан жўнатмайдилар. Адамлар шундай ўргатганлар. Адамларга бувамлар шундай таълим берган эканлар. Мана бу китоб учун ҳам ташаккур! Лекин шу ғазални ўқиб, менга таржима қилиб, тушунтирсангиз, миннатдор бўлардим.
Ҳабиб Нигоранинг лаби остидаги холига тикилди. Нигора уялиб, ерга қаради, ўз гўзаллигидан мамнун ва айни вақтда жамолида хижолатлик аломатлари зоҳир бўлди, кулимсиради, ўйламсиради – гапиролмади. Ҳабиб китобни очиб, саҳифага кўз ташлади.
«Агар он турки Шерозий ба даст ород дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухоро».
Мазмуни шундай:
«Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони»…[1 - Ш. Шомаҳмудов таржимаси.]
Бу ғазал учун Ҳофиз Шерозийнинг боши кетай деган.
– Нечун? – Нигора Ҳабибга ялт этиб боқди.
– Хуросону Мовароуннаҳр султони Амир Темур ривоятларга кўра, Ҳофизни ўз ҳузурига чорлаган, шоирга дебдики, «Сен менинг икки буюк шаҳримни қандай қилиб Шероз гўзалининг бир қаро холига бериб юборар экансан?!» Шу асно Ҳофиз айтмишки, «Эй, саркарда, агар Самарқанд билан Бухорони беролмасам, улуғ султон, ўз жонимни беришга тайёрман», дебди. Бу жавобдан кейин Амир Темур шоирнинг гуноҳидан ўтган экан.
– Ўҳ-ҳў, – деди Нигора, – шоирлар қалби шундай сахий бўладими?
– Ҳа, шоирлар қалби сахий. Лекин бизнинг шўримиз қурсин! Бизлар шу юракка тиғ урамиз, қонга белаймиз, бирининг ўрнига бошқасини ҳам қўяётирмиз. Бу юрак сахийми, носахийми, инсонийми ёки қаттолми, билмаймиз. Жарроҳлик юракни операция қилиб, хасталикни тузатишга қодир, аммо қабиҳ юракни пок юрак қилолмайди. Дарҳақиқат, бунинг учун на Ҳофиз Шерозий ва на Алишер Навоийлар керак, юрак дунёсининг алломалари улар. Инсон гўзаллигига, бизлар баъзан сезмайдиган бир кичик холга ўша вақтда Самарқанд билан Бухорони бериб юборган шоир дили – бу илоҳий. Немис шоири Вольфганг Гёте Шарқ шеъриятига мафтун бўлган, айни вақтда Ҳофиз Шерозийни улуғ устозим деган, ундан ўрганиб, Шарқона ғазаллар ёзган. Кўп гапириб юбордим.
– Йўқ-йўқ, Ҳабиб ака, гапиринг! Жуда эшитгим келяпти. Мен Ҳофизни билмайман, «Мовароуннаҳр» сўзини ҳам. Амир Темур – император ҳақида ҳам кам эшитганман. Навоийни қисман… Мактабда бизнинг тарихимиз деярли ўргатилмайди, ачинасан, киши! Нега бунақа? Адамлар ҳам кам гапирадилар. Амир Темурни фақат қонхўр, жаллод, дейдилар холос. Шундай катта империя тузган, илм ва фан, астрономия, математика, архитектура, адабиёт ривожланган бир даврни менсимаслик, атайин йўққа чиқариш, қоралаш тўғрими?!
– «Империя» эмас, салтанат…
– Ҳа, шундайдир.
– «Бировни қарғаб, ҳеч қачон ўзинг олқиш ололмайсан», деган Ҳофиз Шерозийнинг замондоши Шайх Саъдий. Амир Темурни қонхўр, ваҳший деганлар халқ ичида обрў тополмайди. Тарих лаънатлайди уларни!
Кўп нарсани билар экансиз, сизга ҳавасим келади.
– Сиз ҳам менинг ёшимга етгунча кўп нарсаларни биласиз.
– Тўрт йилнинг ичида денг? – Нигора эркаланди. – Сиз ўргатасиз менга. Ваъда берасизми?
– Ваъда бераман! Жоним билан ваъда бераман! Чин юракдан сўз бераман! Агар сиз менга шунчалик ишонсангиз, наинки Самарқанду Бухорони, мен сизга бутун Тошкентни ҳам, жонимни ҳам қўшиб берардим…
– Ха-ха-ха-ха…
– Келишдикми?
– Келишдик.
Ҳабиб дарҳол китобни варақлаб, ўша ғазални охиригача Нигорага мисрама-мисра таржима қилиб бера бошлади.
– Овқат олиб келайми? Иссиқ ош бор, озгина сабр қилинг, олиб келаман.
– Йўқ. Бошқа вақтда.
– Афанди айтиб беролмайсизми? – Нигора атайин Ҳабибга икки иш буюрди.
– Қайси бирини? Таржима қилайми, Афанди айтайми? – у қўрқув ичида шошиб, дам-бадам эшикка қараб қўярди. Жасорат кўрсатаётган бу эрка қиз ишнинг пачавасини чиқариб қўймасмикан, дерди ўзига ўзи.
– Айтинг!
– Арабчада совуқ ош нима дейилади, деб Афандидан сўрашибди. Араблар ҳеч қачон ошни совитиб ўтирмайдилар, иссиғида еб қўя қоладилар, деб жавоб берибди Афанди.
– Ха-ха-ха-ха-а! Беш! Энди таржимани бошланг!
Нигора Ҳабибнинг елкасига қўлини қўйиб турарди.
«Таржимон» шундоқ ёнида шод, кулимсираб турган Нигоранинг лабларига тикилиб, қараб қўярди. Қиз ҳам ўзида бир эрку жасорат сезиб, Ҳабибга яқин ўтирарди. У таржима этаётганда шеър маъносидан кўра Ҳабибнинг юзларига кўпроқ маҳлиё бўлиб тингларди. Қандайдир бир мисрани таржима этолмай қийналди. Нигора кулди. Ҳабиб ҳам унга тикилиб, қизнинг қўлларидан ушлади. Қиз қаршилик кўрсатмай, сапчиб туриб кетмай мойиллик кўрсатаётганини сезган Ҳабибдан ақл кетди, у Нигорани қучоқлаб, бағрига босди ва лабларидан ўпди. Ҳабиб титрарди… Гап-сўз йўқ, у яна Нигорани қучиб, чанқоқ одамдай лабларидан ўпарди.
Шу лаҳза телефон жиринглаб қолди, Нигора Ҳабибнинг қучоғидан отилиб чиқиб, телефон гўшагини кўтарди.
– Алло. Ҳа, менман ойижон. Севара ҳали келгани йўқ. Бўпти… – деди гўшакни қўйиб.
У яна Ҳабибнинг ёнига келди.
– Ҳозир келадиларми, аянгизларми? – Ҳабиб энтикиб сўради.
– Ҳозир эмас, бирпасдан кейин…
– Мен кетай.
– Йўқ, бизникида қоласиз, – деди вужуди мумдай эриган Нигора Ҳабибга ҳазил қилиб.
Улар ортиқча гаплашишмади, гап йўқ. Афандилар ҳам йўқ… Муҳаббатнинг сирли оғушида икки қалб бир-бирини топгандай ҳаётдан ғоятда мамнун эдилар. Ҳабибга коридорда плашини кийдириб юбораётган Нигора ҳам бахтидан сармаст эди. Қўрқув йўқолиб, жасорат пайдо бўлди. Эшикка чиққан Ҳабиб Нигорага қўли билан хайр ишорасини қилиб, катта йўлга тушиб кетди.
Ҳабиб борар, дунёда ундан бахтиёр инсон йўқ. Унинг кўз олдида Нигора дунёдаги энг севикли қиз, доно ва гўзал Нигора! У бахтини топди, шунчаки гаплашиб, вақт ўтказиб, бир-бирини алдаб юришлар йўқ энди, турмуш қуриш ҳақида бемалол ўйлайверса бўлади. Онаси, қариндошлари билан гаплашиб, тўйга тайёргарлик кўриш, онасининг одат бўйича совчи бўлиб бориши кераклиги ва ҳоказолар ҳақида ўйлашга қатъий ишонч бор. Қизнинг мойиллиги, бугунги воқеа «мен сенга тегаман, сен менга ёқасан…» деган гапнинг ўзи. «Агар киши чиндан севса мана шундай бўлади», деди Ҳабиб ўзига ўзи. Агар уялиб, ҳар нарсаларни ўйлаб, қизни ўпмаганда, бағрига босмаганда, ҳозир жуда афсус қиларди. Ҳеч қачон сўраб ўпмайдилар, сўраб қучоқламайдилар. Бу инсон вужудидаги таърифга сиғмас илоҳий бир жараёндирки, кимда ким икки тан ёниб турганда ўзини ақлли гаплар билан банд этиб, тартибпарвар бўлиб, хўмрайиб турар экан, бу важоҳат ҳеч кимга ёқмайди. Худога ҳам ёқмайди! «Инсон бахт топсин, ўзидан кўпайсин, деб уни иккига бўлиб яратган – бири эркак, бири аёл», деди ичида ассистент Ҳабиб, асли материалист бўлса ҳам баъзан беихтиёр туйғуларига эрк бериб.
Ҳабиб ҳеч қачон уйга бугунгидек хурсанд қайтмаган. Унинг хурсандчилиги нима боисдан эканини билмаган ҳолда, оиладаги барчанинг ҳам чиройи очилиб, хурсанд бўлиб кетишди. Айниқса, онаизор…
Орадан бир ҳафта ўтгач, Ҳабиб Нигорага телефон қилди, лекин бугун шанба, Нигора ўқишда эканлиги эсига тушиб, дарҳол гўшакни қўйди. Ётиб китоб ўқиди, миясига ҳеч вақо кирмади.
Тўй қилиш, уйланиш керак!
Эртасига у яна Нигораларнинг уйига сим қоқди, гўшакни Нигоранинг ўзи кўтарди.
– Алло! Бу мен… Салом! Яхшимисиз! – деди Ҳабиб.
– Салом, Ҳабиб ака, яхшимисиз? Жим бўлиб кетдингиз? Ишлар кўпми?
– Дарҳақиқат, кўп бўлди… Учрашайлик.
– Учрашайлик!.. – деб хандон отиб кулди Нигора. Афтидан, уйда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Жосуслик қиладиган Севара ҳам йўққа ўхшайди. – Бўпти! Қаерда? Ёки бизникига келасизми?
– Э, бўлмайди! Ота-онангиздан уяламан. Циркка борайлик. Мен сизга анча Афандилар ҳам топиб қўйдим, айтиб бераман.
– Биттасини айтинг, телефонда бўлса ҳам айтинг!
– Циркда айтмоқчи эдим.
– Айта қолинг, – Нигора эркаланди. У ўтган сафар бир дугонасидан шикоят қилиб, лақаби тулки эканини айтган эди.
– Циркда ҳамма ҳайвонларни ўйнатадилар. «Нега тулкини ўйнатмайдилар?» деб сўрабди бир одам Насриддин Афандидан. Афанди айтибдики: «Йўқ, ҳурматли дўстим, тулки одамни ўйнатади», дебди.
– Ха-ха-ха-ха-а! Бораман! Ҳабиб ака. Соат нечада?
– Цирк саккизда бошланади. Еттига келинг, музқаймоқ еб турамиз.
– Албатта бораман. Яна битта Афанди топиб туринг, – у ҳозирча хайрлашиб гўшакни жойига қўйди.
Ҳабиб тезда соқолини қириб, оқ кўйлагини, галстугини кўздан кечирди. Юраги тўлқинланди, севикли қиз билан учрашувга шошиларди. Қадим уйланмаган донишмандларнинг биридан сўрашибди: «Устоз, агар уйланмоқчи бўлсангиз, хотинингиз қандай бўлишини истардингиз?» Донишманд айтибдики, «Аёлда уч фазилат бўлишини жуда ҳам истардим». «Бу нима?» «Поклигу садоқат, оқилалигу олижаноблик ва меҳнатсеварлик». «Лекин минг афсус, – деди ўзига ўзи Ҳабиб, – Патининг синглиси хонадонни куйдирди. Уч эрга тегди, ҳаммаси ҳам ўлади». Охиргиси бир тўйда хотинининг даврага тушиб, ўйнаб, кимгадир жилва қилгани учун эри уйига ҳам олиб бормай, ўша ердан ҳайдаб юборгани ёдига тушди. Ҳабибнинг кўз олдидан таниш хотинлар ўта бошлади. Нега бундай бўляпти, ўзи билмасди.
У соатига қараб, вақт яқинлашаётганини, Нигорадан аввалроқ бориб туришни кўзлаб кийинди, онасига кўчага кетаётганини айтди-да, чиқиб кетди. Тошкентда автобус ҳаракати ниҳоятда расволиги ҳаммага маълум, аммо Ҳабибнинг омади келиб, бекатда бир дақиқача кутиши биланоқ бўшгина автобус келгани яхши бўлди. Бу ёғи ҳам шундай равон кетса… деб ўзига ўзи омад тилади. «Кўчага кетдим» деганидан, ясанганидан она хурсанд, ўғлининг ким биландир боғланишаётганини юраги сезиб турарди. Бу гал Ҳабиб жавобсиз қолган сўзига Нигоранинг жавоб қилишини кутар, «майли, совчи юборинг…» деган гап бўлса керак дерди. Автобусдан тушиб, Хадра майдонига чиқди. Бу тарихий майдон четига цирк тушгани, унинг чиройли қубба – гумбази юлдузлар оламидан учиб келиб, бу ерга қўнган афсонавий «тарелка»га ўхшарди. Қадимий майдон чуқурликлар қазиб, йўл қилингани, ҳамма ёққа кўча очиб, нарироқдаги Шайхонтоҳур мадрасасию дарбозаларни бузиб ташлаш – кечирилмас гуноҳ бўлди. Ҳабиб болалигида бу майдон орқали мактабга, институтга қатнади, бу ердаги ҳар бир тошу ҳар бир эшик унга таниш – Эски Жўва билан Хадра оралиғи Жанггоҳ – унинг ота-боболари юрган, ўсиб-унган, ҳам қувончу бахт, ҳам ҳасрату қайғу тортган, умрини ўтказган жойлардир. Бу майдонда у Аброр Ҳидоятовни кўрган. Лекин ҳозирга келиб, бу томонларни «обод» деб, Копенгагенга ўхшатиб қўйишди. Бир-бирига ўхшаган қути мисол уйлар, уйлар. Шайхонтоҳурда мадрасаю миноралар, шоиру мутафаккирлар қабри шу қути-бинолар тагида қолиб кетди. Э, худо! Тошкентликларнинг баъзилари бир-бирига қовушган, баъзилари бир-бирини ғажишга тайёр. Тошкентлик шоир Тавалло: «Симсиз бировлар сўйлашур, миллат ғамини ўйлашур, сизлар эса тўй-тўйлашиб, одам бўлолмайсиз ҳануз…» деган.
Роппа-роса соат еттида цирк зинапоялари ёнига гувиллаб келиб тўхтаган машинадан Нигора тушди, ўн беш қадамча нарида, одамлар ичида уни кутиб турган Ҳабиб бориб, севиклисини кутиб олди. Сочлари орқада қубба, оқ кўйлак устидан эркакча костюм кийган, келишган Нигора очиқ чеҳра билан Ҳабибга қўл узатди.
– Салом, жаноб! Куттириб қўймадимми?
– Асло! Кутган бўлсам, яхши, кўзим қора бўлади.
– Ха-ха-ха! Хафа бўлманг, қўйкўз бўлсангиз ҳам бизга ёқасиз.
– Ўтган сафар саволимга жавоб қилмадингиз: совчи юборайми? Нима дейсиз?
– Дарров саломдан кейин, «ҳа» ёки «йўқ» дейишим керакми? Мени циркка таклиф қилсангиз. Сиз йигитлар шунчалик шошасизларки, ҳаш-паш дегунча ҳамма нарса бўлса! Музқаймоқ деган эдингиз, қани? Музқаймоқ ўрнига совчи. Мана «ҳа» дедим, совчи юбораверинг. Аямларга ёқсангиз бўлди, адамлар мени бирор обком секретарига бермоқчи эдилар, қадимги феодаллар даврини такрорлаяпсиз, деб тоза кулдик. Аямлар, «ўша талантли жарроҳ ассистент йигитга бераман», дедилар. Яна нима керак сизга? Афанди топдингизми?
– Ҳа, – деди Ҳабиб Нигоранинг қўлидан ўпиб, – бу яхши гапларингиз учун одамлар бўлмаганда маҳкамроқ бағримга босардим.
– Вой, ана ҳайдовчимиз қараб турибди.
Ҳабиб Нигоранинг қўлларини қўйиб юборди.
– Бошқа қизларнинг ҳам қўлидан ўпасизми? – сўради Нигора сирли жилмайиб.
– Йўқ. Йигирма тўрт ёшимизгача романтик шоирларга ўхшаб ўзимизни хитой қоғозда сизга асраб келяпмиз.
– Ха-ха-ха! Хитой қоғозни очадиган вақт ҳам яқинлашяпти, конфет моғорлаб қолмаганмикан?
– Йўқ, моғорламаган, арчилмаган олмадек…
– Ха-ха-ха!
– Суви қочмаган, деса ҳам бўлади.
– Қани, юринг, билет олайлик! Анча алжишиб олдик, – деди Нигора Ҳабибнинг сал-пал ўтлаб кетаётганини фаҳмлаб. – Мени кўп кутиб қолмадингизми?
– Асло.
– Сизни тажангроқ деб эшитдим.
– Кимдан?
– Бу сир.
– Тажанглик ҳам бор. Шу денг… Афандини қўшнисининг эшаги думсиз бола туғибди. Афанди тажанг бўлиб, бир неча кун ухламай чиқибди. Хотини афандига нега бунча тажангсиз, деса, қўшнисининг эшаги думсиз бола туққанини айтибди. Шунга шунчами, деган экан, афанди: «Э, нодон, шу эшак катта бўлганида лойга ботиб қолса, қаеридан ушлаб тортаман!» дермиш.
– Ха-ха-ха-ха!
– Цирк зали баъзан одамга тўлмаганда, ҳозир баъзи театрлар ҳам шундай қилишади, руҳий касаллар клиникасига ҳам билет сотиб, зални тўлдиришар экан. Ўйин тугагач, қизилга бўялган эшиклар оқариб қолар эмиш. Ҳайрон бўлишибди. Кейин билишса, келган «томошабинлар» эшикни пишган деб ялаб кетишар экан. Эшикларни кўкка бўяшибди. Кейинги келишганда «ҳали хом» деб ялаб кетишмабди.
– Ха-ха-ха, – Нигора чақнаб кетди. – Энди юринг, пишган музқаймоқ ялаймиз.
– Бу ердагилар пишмаган, кўк музқаймоқ.
– Биз унақасини ҳам, бунақасини ҳам ялайверамиз.
Ўн бешта кам саккизда улар цирк биносига киришди, фойеларда, буфет атрофида у ёқ бу ёқни айланиб, ўз жойларига – ўрта қаторлардан бирига киришди. Ҳабиб отларнинг тупроқни чангитиб югуришлари, масхарабозларнинг ҳадеб олдинги қаторга муомала қилаверишларидан холироқ – ўртароқдан жой олган эди.
Цирк ўйинлари бошланиб кетди, кексайган бир хотин каламушдан сал каттароқ иркит бир кучукчани олиб чиқиб, дам икки оёқда турғазиб, дам ўзининг бути орасидан ўтказиб, шу тариқа ўйин кўрсата бошлади.
– Во-о-й, бу жонга теккан номер-ку! – деди Нигора елкасини Ҳабибнинг елкасига теккизиб. У эркаланиб Ҳабибга суянар, Ҳабиб унинг қўлларини ушлаб олганди. – Йўлбарслар, арслонлар қачон чиқади? Бунақа лайчаларни эргаштириб юрган хотинларни кўрсам, кўнглим озади.
Мумдай эриб, ўзлигини унутиб ўтирган Ҳабиб ўйлаб ўтирмай жавоб қилди:
– Ҳали йўлбарслар, арслонлар, маймунлар, балки филу аждарлар чиқади.
– Программада улар йўқ, Ҳабиб ака, – деди Ҳабибнинг юзига юзини яқин олиб бориб.
Шундан сўнг, масхарабозлар чиқиб, сал қизитди. Думи ва пешонасига номер илинган эшак – ИШ-204 га миниб чиққан масхарабоз Акрам қизиқ ўзбекча, русча сўзларни аралаш қилиб, кўпроқ ўзбекча урғу билан тутилмаган сўзларни айтиб, одамларни обдан кулдирди. Ундан сўнг қорабайир – булутга сакрайман дейдиган отларда чиққан Тошкенбоевларнинг чиқиши жамоа диққатини жалб этди. «Энди томоша бошланди», деб эркаланди Нигора. Ҳабиб Нигоранинг мамнун бўлиб, диққат билан ўйинни кузатаётганидан хурсанд эди. Уларнинг атрофида ўтирган баъзилар икки севишган юракнинг бир-бирларига бўлаётган сирли нигоҳлари, эркаланиш, баъзан кулги-ю, баъзан жиддий «катта масалани ҳал қилишлари» ён-атрофда ўтирган томошабинларга ҳам сезиларди. Циркда фақат улар бордек, ҳам улар учун бўлаётгандек, икки ёш дунё ва одамлар билан ишлари йўқ, бир-бирларига суянган, бир-бирларига тўймай, ғоятда мамнун ўтиришарди.
Танаффус бўлиб, улар яна «пишган қизил музқаймоқ» яламоқ мақсадида цирк фойесига чиқишди. Буфетлар обод, одам кўп, турли сувлар, ширинликлар тўлиб ётибди. Атрофда уларни кимлардир кузатаётганини Ҳабиб баъзан сезгандек бўларди, аммо Нигоранинг ёнида нотаниш кимсаларга ҳадеб қарайвериш одобдан эмас, албатта. Қўнғироқ чалиниб, томошабинлар ичкарига таклиф этилди. Ҳабиб билан Нигора ўз жойларига келиб ўтиришди. Ён-атрофдагилар ҳам жой-жойларига ўтириб, жойлар тўлиб, залда тартиб пайдо бўлганда, қандайдир бир келишган, сочлари қирқилган, яхши кийиниб, кўзларига ҳозир мода бўлган – ойнаси садаф кўзойнак таққан бир жувон Ҳабибнинг ёнига келиб, у билан қуюқ саломлашди, қўлларини сиқиб, кўриша кетди. Ҳабиб ўрнидан туришини ҳам, турмаслигини ҳам билмасди. Ёш, келишган жувон Нигорага орқасини ўгириб, Ҳабибга хушомад қилиб, «Ҳабиб ака» деган гапларни такрор-такрор айтар, уларнинг ёнидан кетмасди. Нигоранинг бирдан руҳи тушиб, кулгилари, чақнашлари сўнди. «Ҳабиб ака, бизникига келинг, институтда ишларингиз кўпми, нега келмай кетдингиз?» дерди ёш жувон. Ҳабиб бўлса ранги оқариб, гаплари қовушмай, титраб, «Хўп-хўп, борамиз…» дерди-ю, унинг тезроқ кетишини истарди.
Ҳабиб ёнида ўтирган Нигоранинг шалвираб, бир замбил бўлиб қолганини ҳам сезди. Бу ярамас атайин келиб, шу иғвони қилаётганини, ичи куйиб, ўртага совуқчилик солиш мақсадида бу «илиқ мулоқот»ни чўзаётганини шундоқ пайқаб турарди-ю, аммо, «йўқол, бу ердан, менинг сен билан гаплашадиган гапим йўқ!» деёлмасди. Унинг дами ичида, Нигора ёнида мулзам бўлиб қолди. Бу фалокат қаердан пайдо бўлди, деб ўйлади. Аяган кўзга чўп тушар, бу суюқоёқнинг пайдо бўлиб қолганига ҳайрон эди. Уч эрга тегиб, учаловини ҳам бирин-кетин ўлдирган бу жувон кутилмаган жойда пайдо бўлиб қолгани, айниқса бугун… Уни жин-ажинага ҳам ўхшатди. «Хўп, хайр, Ҳабибжон ака, албатта келинг…» деб, жувон қатордан чиқиб, ўз дугоналари ёнига кетди. Тирик мурда бўлиб ўтирган Нигора жиддий бир тусда Ҳабибдан сўради:
– Бу ким?
– Фатхуллохўжа деган ошнамнинг синглиси, оти – Пошшахон.
– Юринг, чиқиб кетамиз бу ердан!
– Нега?
– Ўтиргим келмаяпти. Мен турдим, – Нигора ўрнидан қўзғалиб, ташқарига чиқиб кета бошлади. Унинг орқасидан Ҳабиб ҳам қўзғалиб, кетма-кет залдан чиқиб кетишди. Бу совуқ манзарани Пошшахон узоқдан кузатиб турган эди. Ҳабиб у томонга бир қараб қўйди-да, ичида сўкиб қўйди. Пошшахон ўтирган жойида «бопладимми?» дегандек бўларди. Ичи куйиб, ғазаб алангасида ёнаётган Нигорага бу келишган нотаниш жувоннинг қилиқлари Ҳабибнинг у билан қачонлардир ошиқ-маъшуқ бўлганларини англатар, бу ҳолат эса Нигоранинг кўзига дунёни қоронғи қилиб юборди. Ҳабибнинг иккиюзламачи шахс экани, гаплари ёлғон, нокас бир кимса экани маълум бўлиб қолди. Йигирма беш ёшгача шундай юрмаганини, эҳтимол, қанча жувонлар ошиқ-маъшуқ ўйлаб, бир лаҳзада юрагида унга нисбатан нафрат пайдо бўлди.
Цирк биносидан ташқарига чиқишгач, Нигора бу ерда қатор турган машиналар орасида 10 ТНА, кумуш рангли «Волга» машинани таниб, Ҳабибга «хайр» ишорасини қилди.
– Сизга нима бўлди? – деди Ҳабиб Нигоранинг йўлини тўсиб. – У… ўртоғимнинг синглиси. Баъзилар шунақа! Ғаши келганидан шундай пасткашлик қилди. Тарбияли инсон бўлса, шундай қилармиди? Менинг гуноҳим йўқ, унинг иғвосига ишонманг!
– Хайр! – деди Нигора алам ичида Ҳабибнинг юзига бир қараб. Кейин индамай машина томон юрди, Ҳабибнинг иккинчи, учинчи бор ялиниб, илтимос қилганига ҳам қарамай, машина эшигини очди-да, кириб, яна қарс этиб ёпди. Машина ғизиллаганча жўнади.
Ҳабиб боягина Нигорани кутиб олган бу зинапоялар устида ғазаб алангасида ёниб, тошга айланган одамдай лол қотди.
Эндиги ҳикоя гарчанд икки ёш муҳаббатига алоқасиздек кўрингани билан воқеалар ривожи-ю, келгуси ишларда номлари зикр этилмиш кимсалар қисматида муҳим ҳужжат сифатида касб этади.
Бешинчи ҳикоя
ВАСИЯТ
Оғир дарднинг дўзахий оташида баъзан кекса ота, баъзан мушфиқ она видолашмоқ фурсатида фарзандларига васият қилишни унутадилар, дард бунга йўл бермайди. Албатта, бу инсоний тафаккурнинг ожизлиги эмас. Кўплар ногаҳоний юрак дарди билан бу дунёни тарк этадилар, бундай оний видолашувда васият қилмоқликка мутлақо вақт қолмайди. Аммо бу икки даҳшатли ҳолатни ҳам енга оладиган, устун кела оладиган, ҳам ирода, ҳам заковатда беназир кексалар ҳам кўп, улар видою рози-ризоликни ҳам, васиятни ҳам унутмайдилар, гўё ёруғ дунё ишларини мухтасар этиб, муҳаққақ тобутда хотиржам оёқ узатиб кетадилар. Бу мислсиз олижанобликдирки, орқада қоладиган фарзандлар қалбини пок сақлайди, келгуси узоқ умрларига тамал бағишлайди…
Анча йиллар илгари Тошкентнинг қадимий Чиғатой даҳасида ноҳия Ижроия қўмитасининг раиси Муслим Вакилов устидан ғаразли шикоят хати тушиб, бу анча асаббузарлигу, анча шов-шувга сабаб бўлди… У Шаҳидон тепа маҳалласида турадиган акасининг қазосида бошида дўппи, устига кўк тўн, белини боғлаб ҳассакаш бўлиб турганди. Баъзи «жаҳолатга муккасидан кетган одамлар тиловат қилиб, юзларига фотиҳа тортганларида, Вакилов ҳам фотиҳа ўқибди… Исполком раиси коммунист Вакилов фотиҳа ўқиши, жанозада туриши мумкинми?! Ёнида партбилет бўла туриб, диндорлар ичида ўтириши иккиюзламачилик эмасми?! Бу шахс раисликка номуносиб, орамизга суқилиб кириб олган, кимлиги номаълум шахсдир!» деб ёзибди. Ёзган одамнинг номи Миёнхўжа бўлиб, Вакиловнинг қазо қилган акасининг маҳалласидан экан. У кун бўйи Исполком раисини мижжа қоқмай, ҳушёр кузатиб юрибди; раис қабристондан қайтиб келиб, ҳовлида бўлган фотиҳахонликда ҳам бош эгиб, юзига фотиҳа тортибди… «Бундай иккиюзламачи одам қандай қилиб Совет ташкилотида ишлаши мумкин!» деб ҳукумат аъзоларига кескин мурожаат этибди. Бу хатдан аввал тегишли жойларга ҳам хабар етказган экан; у идоралар ҳам Миёнхўжа етказган хабарни раҳбар ташкилотларига етказиб, тезда Вакиловнинг чорасини кўринглар, бу сигнални оқибатсиз қолдириб бўлмайди, дейишибди. 1937 йилда одамлар устидан кўп ёзиб, ҳозир ёзмаса қўли қичийдиган бўлиб қолган Миёнхўжа (баъзан у яширин тахаллус билан ёзади) мана шунга ўхшаган «воқеаларни…», «аксилларни…» қидириб юрарди. У ўз божаси устидан ҳам тегишли жойга ёзиб, анча алғов-далғов бўлгани маҳалла аҳлига маълум.
«Вакилов қабристонга шийпон солди. Бу нимага керак ва нима сабабдан? Бу шийпонда имом ўтириб, Қуръон тиловат этиши кўзда тутилган. Раҳбар бўлатуриб, қабристонга шийпон қурдирганини қандай баҳолаш керак?!»
Вакилов Миёнхўжани танимасди-ю, аммо Ҳофизи Куйкий маҳалласида шунга ўхшаган бир кимса бор эди, ундан биргина Вакилов эмас, деярли ҳамма эҳтиёт бўларди. Тўғрироғи, ҳазар қиларди… Дарҳақиқат, Вакилов бир таъзияда ҳовлида, ошдан кейин кўпчилик қатори қўлини фотиҳага очиб, юзига яқинлаштираётганда рўпарада ўтирган ўша кимсага кўзи тушиб, дарҳол қўлини пастга туширган, гўё лабига қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган эди.
Ўша вақтда бу ишни текшириш вилоят Ижроия қўмитаси аъзоси Зулфиқоров бошлиқ комиссияга топширилиб, юқори мартабали бир аёл Вакиловни ҳаддан зиёд қийнаган эди. Унинг ишдан бекор бўлиши у ёқда турсин, партия сафидан ўчирилиши ҳам аниқ бўлиб қолганди. Бунинг устига қон босими баланд Вакилов юрак дардига ҳам мубтало бўлган эди. Инфаркт бўлиб ўлсам ўлай, ишқилиб, партия сафидан ўчиришмасин, деб бечора Вакилов ухламай тонг оттириб чиқарди. Бу воқеаларга лоқайд қараб туришга Зулфиқоровнинг виждони йўл бермай, мамлакат ҳимоясида қон кечиб келган бир фронтчи кишини ҳимоя қилди. Лекин жангари макиён – раҳбарлик ишда ўтирган, ахлоқий суст бўлса ҳам атрофдагилар миқ этмаётган бир аёл раҳбар «жаҳолат ва динга муккасидан кетган» ижроқўм раисини партия сафидан ўчириб, ишдан олмоқчи бўлди. Бу ишнинг ҳам илдизи чуқур – иғвогарнинг хотини мансабдор аёлнинг қон-қариндоши эди. У Вакилов устидан ҳужжатлар тўплаттирди, маҳаллага одам юборди, таржимаи ҳолидан хато излади ва ҳатто партия бадалини тўғри тўламаяпти деб, бухгалтерларга хат ёздирди. Қандай бўлмасин, уни супуриб ташлашнинг кетига тушди. «Миллий тилимиз ва миллий либослар ҳам фахримиз…» деган гапини ҳам қайси бир стенограммадан топиб, Вакиловга сиёсий айб, «миллат»чи деган бўҳтонни ҳам ёпиштирди. Бўлаётган «ҳангома»га мундоқ разм солган Вакилов ўзининг паймонаси тўлганини, бу жангари мансабдор хотин қўлидан омон чиқмоқ амримаҳол эканини фаҳмлади. Гап бу хотинда ҳам эмас, эҳтимол, менга ўхшаган баъзи «ўзбек»лар ҳозирги даврда қурбон қилиниши керакдир, деди ўзига ўзи. Ахир 1937 йили ҳар бир шаҳар, ҳар бир районга мунчадан «Халқ душмани» топиб берасизлар, деган буйруқ келган-ку! Юқорида яна шунга ўхшаган махфий буйруқ бордир, эҳтимол, Октябрь райони бўйича бир қанча «миллатчи»лар топиш керакдир, бу районда ўзбеклар тиғиз. Ахир бу катта район, ҳар хил одамлар кўп, эҳтимол, шу «разнарядка»га Вакилов ҳам тушгандир… Бўрсиб, кўкариб кетган Вакилов бир ой касалхонада ётиб чиқди, йўқ, «мансабдор раҳбар хотин» уни яна жиддийроқ «текшира бошлади», кирай деса ер қаттиқ, учай деса осмон узоқ…
Таъқибга учрайверса, табиийки, айбсиз киши ҳам ўзини айбдордек ҳисоблай бошлайди, руҳи сўниб, илон авраган чумчуқдек пириллаб келиб, унинг оғзига кириб кетар экан. Бир куни ўғли билан машинада Қодирия гидростанциясидан кела туриб, Тоштурма дарвозаси ёнидан ўтишди – у негадир турма дарвозасига тикилиб, юраги шиғиллаб кетди. Чумчуқ мисол шу дарвоза ичига кириб кетадиганга ўхшади.
– Дада, чарчадингизми? Нега юзингиз оқариб, титраяпсиз?
– Йўқ, ўғлим, чарчаганим йўқ. Кейинги пайтда машинада юрсам, кўнглим беҳузур бўляпти. Бу нимадан эканини билмаётирман.
– Анави туҳматчини кўп ўйлаяпсиз, – деди ўғли. – Ўйламанг! Сиз фронтчисиз, ҳалол одамсиз, нимасидан қўрқасиз? Ўша Миёнхўжа деган одам Улуғ Ватан уруши йилларида қочиб юрган кимса экан. Энди зўравон бўлиб чиқдими? Совет ҳукуматимиз барқарор! Суриштирдим, жуда ифлос одам, маҳалласи яхши билар экан.
– Сен аралаша, ўғлим! Бу номни сенга онанг айтиб қўйганга ўхшайди! Эсингдан чиқар, ишинг бўлмасин! Ҳали менинг бу иғвогар билан ҳам, юқорида ўтирган баъзилар билан ҳам курашишга қувватим етади!
Кўп ўтмай Вакиловни комиссия чақирди. Кенг кабинетда, усти мошранг мовут стол юқорисида ўтирган комиссия раиси Зулфиқоров қоғозларни обдан титкилаб бўлгач, Вакиловга тикилиб, бир нечта савол берди:
– Миёнхўжа деган шахсни танийсизми?
– Йўқ.
– Қайси маҳаллада турасиз?
– Ҳофизи Куйкий маҳалласида.
– Қўшниларингизда шундоқ одам йўқми?
– Йўқ.
– Наҳотки, юмалоқ хат бўлса бу. Ўз фамилиясини очиқ ёзган-ку!
– Ким экан?
– Миёнхўжа…
– Танимайман! Бунақа одамни эшитмаганман ҳам.
– Шу одам изингизга тушиб, ёнингизда юрган, – деди Зулфиқоров, – ҳамма нарсадан воқиф. Наҳотки, сиздек фронтчи кимса шу даражада бефарқ бўлиб қолгансиз.
– Билмайман, билмайман.
– Ичмайсизми?
– Йўғ-э, ўртоқ Зулфиқоров, юрак чатоқроқ.
– Ҳушёр бўлиш керак! Фронтда разведкачи бўлганман, дебсиз таржимаи ҳолингизда. Наҳотки, изингиздан тушган ярамасни билмасангиз! Кўзингизни шира босиб қолдимикан? Яхши эмас, яхши эмас!
– Гапингиз тўғри. Кўпларимиз хотиржамликка тушиб қолдик. Ичадиганлар ҳам бор. Фашист мессершмитларини уриб туширган бир қаҳрамон учувчи, урушдан кейин бир куни ўз қишлоғида, ошнаси эшигини тақиллатган экан, ҳовлидан лайча чиқиб, вовуллаб, даф қилибди. Қаҳрамон лўкиллаб қочибди. Буни кўрган одамлар учувчидан кулиб: «Осмонда йиртқич самолётларни қувган одам шу бир лайча кучукдан қочадими?» дейишган экан, у дебдики: «Бу ўзимизнинг лайча, қўрқиб қочмай иложим йўқ». Ўзимизнинг иғвогар ҳам жуда ёмон, изидан ҳам қочмай иложим йўқ. Чет эллик шунақалар бўлса, унда бошқа гап эди, қўрқмасдим. Аммо ўзимизники ёмон бўлади, қўрқаман, дебди.
Зулфиқоров кулди.
Комиссия раиси Зулфиқоров Вакиловга хусумат туфайли айб тақалаётганини, баъзилар Миёнхўжа «патентлик иғвогар» эканини, бундай қабиҳ ишларни кўп қилиб юргани ҳам оммага сезилиб қолди. Юқори мартабада ўтирган, Миёнхўжага ўхшаганларни қўллаб-қувватлаётган кишининг иши эканини сезиб олиб, унинг ўқларига қалқон бўлди. Ниҳоятда ҳушёрлик ва дадиллик билан олиб бораётган иши – бошига дўппи, устига беқасам тўн кийиб, ўзбекча исм ниқобига кириб олиб, кўзга ташланмайдиган ҳолда маҳаллий халқ заволига ишлаётган кимсаларнинг башараси очила бошлади. «Миллатчи» деб юзига қоракуя суришликдан ҳам чўчимади, туҳматга бир ватандошини ем қилиб юбормади, уни оқлади. «Агар Вакиловдек ҳалол одамнинг битта тукини хам қилсанглар рози бўлмайман! Бу очиқдан очиқ туҳмат!..» деди Зулфиқоров комиссия аъзоларига қатъий туриб.
Вакилов партия сафида қолди. Илгаригидек ўз вазифасини ҳам бажараверди. Баъзилар бу қарорни эшитиб, Зулфиқоровнинг ортидан «ҳап, саними!» деб қўйди. Зулфиқоров ҳам анойи эмас, бошига гурзи тушишини биларди; «қичийдиган ерини олдиндан қашлаб қўядиган Зулфиқоров» … (Ошналари ҳазил қилиб бу гапни унга тақашарди) ўша баланд мартабадаги аёлнинг сирли ишларини билиб, эски латтага тугиб қўйган эди.
Туҳмат балосидан қутулган Вакилов бу галги биринчи май байрамида янги костюмига неча йиллардан буён тақмай, сандиқда, целлофан халтага солиб, эҳтиёт қилиб олиб қўйгани барча орден ва медалларини: «Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши», икки «Қизил Юлдуз» орденлари, «Жасурлиги учун» медали ва бошқа ўнга яқин медалларини жаранглатиб тақди. Костюмни кийиб, ойнага қараса кўкси батамом тўлибди – Брежнев бобонинг ўзи! У мийиғида кулди. Тақилмаган мукофотларининг баъзилари илгаригидай ярқирарди, баъзилари сал-пал занглай бошлабди. Ўғли, қизи, айниқса невараси – бобонинг эрталаб жангир-жунгир бўлиб чиққанидан қувондилар. Ҳеч маҳал бу хонадонда бугунгидай шоду хуррамлик бўлмаган эди. Раис бир қултум коньяк ҳам ютиб олдилар. Қизариб, дадиллашиб, неварани етаклаб кўчага чиқиб кетишди. Хотини, болалари, жин кўчадаги эшикдан мўралаб турган хотинлар ижроқўм раисига ҳайрат билан тикилишиб, жилмайишди. Туҳмат ишидан қутулиб, баҳор байрамига чиққан раиснинг бу хурсандчилиги унинг юзларида зоҳир эди. Бу кайфичоғликка кўзи тушган йўлидаги барча кишиларнинг ҳам кайфи чоғ бўлиб, кишилар бир-бирларига табассум қилишарди. Раис бобо байрам тантанасидан неварани хурсанд этиб, қўлига пуфагу ширинликлар олиб бериб, уйга қайтиб келди.
Эртасига ширин невара яна бувани ниқтаб, байрамга чиқишга, орденларини тақишга ундади. Бола бувасининг ғашига тегиш учун ганжина айвон ойнасини тирноқлари билан тимдалаб, ғирчиллатарди. Бобо индамади. Ундан сўнг учи синган қаламни дафтарга ишқалаб «ёза бошлади». Бундан чиққан ғирчиллаган овозни ҳам бобо ёқтирмай, дарҳол неваранинг қўлини ушларди. Бу гал ҳам бобо чидаб, кўрмаганга, эшитмаётганга солди ўзини. Шундан кейин невара югуриб бориб токчадаги довуччани олиб, буваси рўпарасига келиб, қарсиллатиб чайнай бошлади. Бобо бунга ҳам чидади, индамай ишини қилаверди. Шу тариқа «жанг» давом эта бошлади. «Енгилган» невара рогаткасини олиб, кўчага чиқиб кетаётган эди, бобо китобдан бошини кўтариб, орқасидан мурожаат этди:
– Бўпти, келишдик. Сени олиб бораман, – бола кетаётган жойида тўхтади. Чунки у ҳозироқ чиқиб, Омон полвонлар деразасини чил-чил қилиб келиши аниқ эди…
Лекин шу куни ярим кечада Вакилов юрагида санчиқ пайдо бўлиб, безовталана бошлади. «Тез ёрдам» чақиришди, врач укол қилиб, тепасида ўтирди. Азонга яқин уни машинада касалхонага олиб кетишди. Реанимацияга ётқизишди. Ўғлию хотини тепасидан кетмади… Беҳол ётган Вакилов шивирлагандек секин ўғлига қайрилиб боқиб, бир неча сўз деди: «Ойингларга яхши қарагин, ҳамма оғирчилигимни ўзимдек елкасида кўтарди. Ҳаммангиздан розиман, мингдан минг розиман… Биров қилган яхшиликни ҳеч қачон унутма, қарзни вақтида тўла. Зулфиқоров яхши одам экан, саломимни айтиб қўй. Айтадиган гапим шу». Унинг қақроқ лаблари шаҳодат калимасини пичирлади.
Ўғил кўзида ёш билан отанинг рўпарасида бошини солиб ўтирарди.
Шу куни кечга яқин район ижроқўмининг раиси Вакиловнинг жони узилди. Одамзод шу, қанча югуриб елмасин, охири бир куни, бу дунёдан ўтиб кетаверади…
Олтинчи ҳикоя
ЧЎМИЛИШ
Дариғо, чечакдек бевафосен…
Хоразмий
– Эй! Ҳелло! Господин! Биз бу ерда! Келинг! – ғоятда кайфичоғликдан чақнаб турган Нигора ҳайдовчи йигитга мурожаат этди. Кейин ёнидаги дугоналарига қаради: «Господин» ўзбекчада нима дейиларди?
– Хўжайин, – деди қаддини таранг тутиб, чиройли орқасини кўрсатиб турган капалак кўзойнакли Сунбула олуча лабларини кувача қилиб.
– Йў-ўқ! Бошқача! – деди Нигора эркаланиб. – Мамам папамни шундай чақиради. Эҳ, какой-то бир архаик сўз бор эди! Нима эди ўша, мия ишламаяпти.
– «Эгам…» – деди ўзига унча ишонмай оппоқ тишларини кўрсатиб Маъсума. У билағон таржимондай дугоналарига маъноли қаради. – «Э-гам…»
– Йў-ўқ! – томоғини тақиллатди Нигора. – Не то!
– Месье, деб қўя қолайлик! Шуни ҳам ўйлаб ўтирамизми? Шунга ҳам ақл ишлатиш керакми? Ҳозир ҳеч ким ўзбекча гаплашмайди!
– Ўзбекча гаплашмасак ҳам бу сўзни билиш керак! Анави ҳайдовчи қизиқ одам, ўзбекча гапирмасам жаҳли чиқади. Жаҳли чиқиши у ёқда турсин, уриб юборай дейди. Рулда унинг ғазабини қўзғаш керак эмас! Қара, шу замонда шундоқ қолоқ одамлар ҳам бор-а, ўзбек тили, қозоқ тили, тожик тили… кимга керак? Наука бу тилда эмас! Экзамен бу тилда эмас! Лекция бу тилда эмас! Ҳамма вивескалар бу тилда эмас. Профессоримиз неча бор айтди, фақат чойхоналарда пенсионер ўзбеклар бу тилда гаплашади! Майли, гаплашаверишсин. Биз, йигирманчи аср кишиларимиз, компьютер, шоу, джаз… Лекин мана бу янги ҳайдовчимиз ғалати одам. Тушунмайман! Қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетяпти. Ҳей, ҳелло!
– «Господин» «жаноб» дегани, тушундингизми? – деди ёнгинасида турган ўша дўппили ҳайдовчи йигит ранги оқариб. – Ўзбек тилида «господин» «жаноб» дейилади. Мен «жаноб» эмасман! Гапни бўтқа қилманг! Худо хайрингларни берсин! Одам хафа бўлиб кетаркан! Дадангиз, аянгиз қандай яхши одамлар! Бўтқа қилиб гапирган билан киши ақлли бўлиб қолармиди?! Шундай ақлли қизлар ўзини ўзи танимай, янглишиб юрса, хафа бўлиб кетар экансан, киши!
– Э, сиз бу ердамидингиз, жаноб!
– Ҳа, ёнингизда турибман, Нигорахон. Мен сизга ўргатмоқчи эмасман, сизлар ўқимишли қизларсиз. Аммо тилни булғаш яхши эмас! Бундан ташқари, ҳозир милодий ҳисоб билан йигирманчи аср, аммо ҳижрий ҳисоб билан ўн тўртинчи аср… Дунёда битта милодий йил эмас, ахир! Вьетнамда бошқача…
– Кечирасиз, ту-шун-дик… Друзья, давайте будем жить дружно!
– Ха-ха-ха-ха-ха-а!..
– Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-и!…
– Ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-е!..
Чуғурчуқдек чуғуллашаётган қизлар бирдан жим бўлиб қолишди. Ҳозир машинага тушиш илинжида у билан тўқнашувга бормай келишишгандай бўлишди.
– Марҳамат, машинага чиқинглар! – деди ҳайдовчи йигит.
Қизлар эркаланиб, ҳайдовчининг кетидан бориб, нарироқда турган кумушранг машина эшикларини очиб, ичкарига киришди. Бу Нигоранинг адасига бириктирилган идора машинаси эди. Нигора ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Улар яна илгаригидай шивирлашиб ўзбек сўзларини «мошхўрда» қилиб бир-бирлари билан гаплаша кетишди.
Июлнинг охирига бориб Тошкент ниҳоятда исиб кетди. Наинки, пойтахт, Хоразм воҳаси, Фарғона водийси, Самарқанду Бухоро, айниқса, Сурхон кенгликлари ғоятда қизиди. Қумга тухум қўйиб, беш дақиқадан сўнг пишганини олаверасиз. Илгари саратон чилласига чидаб бўларди, аммо ҳозирги иссиқ – шаҳарлар ҳавосидаги дуди-ғуборнинг заҳри, ерларнинг кимёвий ўзгариб бораётгани сабаб бўлдими, чилла саратонини Ўрта Осиё иқлими дўзахга айлантириб юборди. Тағин ҳам инсон кўникиб кетаркан, агарда илгари ўтиб кетганлардан бир кишини тирилтириб, ҳозирги ҳаводан нафас олдирсангиз борми, бечора бобо сувдан қуруққа чиқиб қолган тангабалиқдек оғзини каппа-каппа очиб, яна қайтадан жон берса керак! Бундай иссиқда агар сув тоза бўлса, чўмилганга не етсин!
– Сиз, жаноб, бизни «Ташкентское море»га олиб боряпсизми ёки бошқа томонга? – сўради чап томонига ўгирилиб Нигора.
– Буюрганингиз, ўша томонга.
– Бошқа кўчалар, бошқа йўллар-ку! Илгари папам, мамам билан келганимда бошқачароқ эди. Биз ҳозир западга кетяпмиз.
– Ҳукумат аъзосининг қизини чалғитиш менга нега керак? Биз ҳозир Тошкентнинг жануб томонига кетяпмиз. Сизлар Тошкентни яхши биласизларми?
– Биламиз! – деди кескин Нигора. Тўртинчи курс студентларига бу гап ёқмади, улар ўзича «беш дақиқаси кам олий маълумотли» эди. Уларга нисбатан: «Сизлар Тошкентни биласизларми?» демоқ оғир туюлди.
– Биз Тошкентнинг ҳамма кўчаларини биламиз! – деди орқада ўтирган Сунбула бидирлаб. – Тошкент центр, у («а» билан аташга одатланган) тарихий шаҳар, бу ерда тош кўп бўлган. Шаҳар илгари тошдан қурилган. Шу сабабли «Тошкент» дейилган.
– Ўз шаҳримизни билмасак, одам бўлмай қолибмиз-да! – деди Интизор. – Тошкент тарихини ўқиганмиз. Самарқанд, Бухорони ҳам… Тўғри, Тошкентда тош кўп бўлган.
– Рулда кетаётганда гаплашиш мумкин эмас, бизга ман этилган. Лекин жуда тўғри келиб қолди, ана, орқада «Тошкент тарихи» деган китоб турибди. Биз, ҳайдовчилар, кўп кутамиз, шундай чоғларда китоб ўқиймиз. Олинг ўша китобни, 96-бетини очинг, Тошкент тарихи тўғрисида гап бор, – деди ҳайдовчи Интизорга қайрилиб қараб.
Сунбула газета-журналлар билан бостириб қўйилган китобни олиб, қизларга кўрсатди.
– «Тошкентнинг номи икки минг йиллик ўтмиши мобайнида бир неча бор ўзгарган. Бизгача етиб келган ёзма манбаларга қараганда, Тошкентнинг энг қадимги номи «Чоч», араб алифбосида «ч» ҳарфи йўқлиги боисидан арабий асарларда «Шош» деб юритилган. Ўрта асрларда Чоч, Чочкат, Шош, Шошкат, Шошкан, Мадинат-аш-Шош деб номланган…»
– Қадимги буюк Кушон давлатининг шарқида Шош ва Мароканд бўлган. Кушон давлатининг тараққий этган даври милодий, ҳижрий даврларидан анча узоқ, – деди ҳайдовчи йигитнинг яна гапдонлиги тутиб.
Нигора ҳам, Сунбула ҳам лол қолишди. Бир лаҳзадан кейин Нигора ҳайдовчи йигитга қараб қўйди-да, индамади. «Инглиз лорду ледиларидек ўзидан паст кишилар юзига тикилмасди», чунки паст табақа кишилар лордларга боқиши керак (Ҳиндистонда улар шундай қилиқлари билан эл ичида обрўлари тушиб кетган эди). Нигора бу гапни қаёқдандир эшитиб, юқори мартабали кишиларга, ота-онасига, профессорлари юзларига боқарди-ю, аммо ўзгаларга нигоҳ ташламасди, уларнинг Нигорага боқишларини, ҳатто олдинроқ салом беришларини истарди. Ҳайдовчи ҳам шунинг учун унинг энсасини қотирганди.
– Ҳали узоқми? Қанча қолди?
– Етдик. Икки чақиримча қолди.
– Эҳтиёт бўлишларингни илтимос қиламан! Сув ёмон! Омон-эсон ота-оналарингиз қўлига топширсам дейман. Умуман, идора машинасида бунақа узоқ юришимиз тўғри эмас. Менга барибир, аммо адангизга гап тегиб қолиши мумкин.
– Бунақа гапларни қўйинг! – зарда қилди Нигора. – Адамларнинг номларини тилингизга кўп олманг! Умуман, катталар номини тилга олавериш яхши эмас! Умуман, бундай ёқимсиз гаплар билан бизнинг настроениемизни туширганингиз яхши эмас!
– Кечирасиз. Кайфиятингизни туширадиган бирон гап айтганим йўқ. Агар сизга шундай туюлган бўлса, кечирим сўрайман. Мен фақат сувга эҳтиёт бўлинглар, оқар сувдан ҳам кўл суви хавфли, дедим. Узоққа борманглар! Яқинда Сирдарёда бир министр чўкиб кетди.
– Ҳамма гапни ҳайдовчилар билади! – деди кескин Нигора. – Ҳайдовчилар вайсақи хотинлардан ҳам баттар!
– Тўғри айтасиз. Лекин мен сизнинг бу гапларингизга хафа бўлмайман. Тарихда ҳам ҳеч ким аравакашдан хурсанд бўлган эмас. Кушон давлатида бошқа юртга сир етказасан, деб аравакашни, карвонбошини ўлдиришган, барибир тиллога жез қўшасан, деб заргарни осишган.
– Ўша Кушон давлатида қизлар бўлганми?
– Маъжусий қизлар бўлган, сизга ўхшаб дини йўқ, тили мошхўрда бўлган…
– Маъжусий нима?
– Исломгача ўтга, сувга сиғинадиганлар.
Қизлар машинадан тушиб, кўл томон югуришди. Уларнинг портфелларида чўмиладиган либослари бор эди, ҳужрачаларга киришиб, кийимларини ўзгартира кетишди. Бир лаҳзадан сўнг қизлар сувга тушишдан аввал тўпланишиб, ниманидир шивирлашди. Атрофдаги яланғоч кишиларга тикилишди. Кўл қирғоғида чўмилиш кийимида ётган аёллар, болалар, кишилар кўп эди. Тошкентнинг ишчи районларидан ҳам одамлар кўп чиқишган экан. Машинанинг тўрт эшигини ланг очиб, қизларни пойлаб ўтирган ҳайдовчи йигит қўлига газета олиб, ўқишга тутинди. Негадир улар йигирма қадамча нарида ниманидир гаплашиб, тез-тез машина томон қараб қўйишаётгани ҳайдовчининг диққатини тортди. Бир лаҳзадан сўнг чўмилиш либосида, кўкси сийнабанд билан боғланган Нигора ҳайдовчи йигитнинг ёнига келди:
– Ака! Мана бу тилла соатларимиз, бриллиант зиракларимиз сизда турсин.
– Хўп бўлади, – ҳайдовчи шимининг чўнтагидан рўмолчасини олиб, қизларнинг олтин тақинчоқларини ўраб, ёнига солди.
– Эҳтиёт бўлинг, ўғрилар кўп.
– Сиз ўзингиз эҳтиёт бўлинг, сув ёмон! Бу қимматбаҳо нарсаларни ўғрининг ўзгинасига бериб қўйдингиз.
Нигора жилмайди.
– Сиз ўғирласангиз, майли, – у оҳулардек ўйноқлаб, чиройли елкаларини у ёқ бу ёққа ташлаб кўл соҳили томон чопиб кетди.
Ҳайдовчи йигит унга астойдил тикилди, баданлари жимирлашиб кетди. «Бу ўзи нима? Мўъжиза-ку!» Бепарво Нигора бўлса, кулиб, дийдираб, дугоналарининг ёнига етди. «Дарҳақиқат, бу маъжусий инсоннинг ўзгинаси», деди ичида ҳайдовчи йигит.
Ҳайдовчи қўлидаги газетани қўйиб, хаёлга толди: бундай гўзал қадду қоматни биринчи кўриши. Хўрсинди. Ё тавба, кўйлаклар ичида инсон гўзаллиги яширинар экан, қадду қомат билинмас экан. Бир ҳисобда «замонавий» – «маъжусий» қизларнинг бундай тортинмагани ҳам маъқул. Лекин бир ўзбек қизига ҳадеб ўт бўлиб тикилаверишни ҳам ўзига эп кўрмади. «Яхши эмас! Инсоф қани!» Яна газетасини қўлга олиб, ўқишга тутинди. Бир лаҳзадан сўнг хаёли яна Нигора томон учди, унинг диққатини батамом қамраб олиб, жунбишга келган йигит нотинчлана бошлади. Ўзини қўярга жой тополмай, машина ичидан чиқди-да, кўл четида ғўдайиб туриб, чўмилишаётган, қийқиришаётган, бир-бирига сув сепишаётган қизларни томоша қилди. Қирғоқда одамлар кўп бўлгани ҳолда ҳайдовчи йигитнинг пайдо бўлиб, яқин келганига кўзи тушган Нигора уялиб, қоматини сувга яширди. Йигит бунда балиқдек типирчилаб чўмилаётганлар орасидан Нигорани топиб, унга тикилди. Бу ҳолатни сезган Нигора яна бир муддат тўхтаб, кўксини сувдан чиқармай, қўллари билан беркитиб, кўл ёқасига келган ҳайдовчига: «Нима? Нима гап?» дегандай имо қилди. Ҳайдовчи қўлини қимирлатиб: «Ҳеч гап, ўзим шундай томоша қилгани келдим», ишорасини қилди. Шундан сўнг у қирғоқда орқаларини дўппайтириб ётган оқ, сарғиш хотинларга қаради. Суқ билан тикилди. Бу ҳолни кўрган Нигоранинг энсаси қотди, у қизлар ичра нима қилишини билмай, хомуш турган эди, ҳайдовчи йигит яна орқасига қайтиб бориб, газета ўқишга тутинди. Уч соатлардан кейин қизлар дилдираб, оқариб сувдан чиқишди; тахта ҳужрачаларга кириб, кийинишди. Ўлгудай қорнилари очиб, тезроқ бу ердан кетишни истарди. Шу ерда яланғоч бир семиз хотиннинг бир қўлида нон, бир қўлида пиёз, лунжини тўлдириб овқат еяётганини кўриб, оғизларининг суви келди.
– Қани девзирадан бир лаган ош бўлса, нима қилардиларинг, қизлар? – деди дилдираб Сунбула.
– Ош эмас, бир бурда нон бўлганда ҳам ўйнаб берардим, – деди хахолаб Нигора.
– Ҳаммамиз ҳам ўйнардик, – деди Интизор. – Газетага ўраб бир нима олиб келмаган эканмиз-а. Мен эрта билан чой ичмаган эдим. Жуда нодонмиз-да!
– Ўлларинг! – деди тишларини такирлатиб, титраб Нигора. – Ҳаммамиз ҳам очмиз. Ана ундан нон сўрайликми? Термос олиб юрарди. Эҳтиёткор ҳайдовчи. Ёки пасткашлик бўлармикан? Сўрайвераман! Ҳей, ҳелло! Ака! Сизда бир бурда нон йўқми? Термос олиб юришингиздан нон ҳам бўлса керак, деб ўйладик.
– Машинага ўтиринглар! – у буйруқнамо гапирди. Дарҳақиқат, термоси бор эди, тезда пиёлага иссиқ чой қуйиб, Нигорага узатди. Сўнг бошқаларга ҳам. Газетага ўроғлиқ бир кулча нонни ушатиб, қизларга улашди. Қизлар учун бу кулча бир лаган девзира паловдан ҳам аъло бўлиб кетди. Нонни еб, яна бир пиёладан чой ичиб олганларича, ҳайдовчи беш-ўн қадам нари бориб, сигарета чекди. Дилдираган қизлар танига ҳарорат югурди.
– Энди кетсак бўладими? – сўради ҳайдовчи.
– Бўлади, – деди Нигора.
– Сизга раҳмат! – деди Сунбула.
Машина эшиклари қарс-қурс ёпилиб, йўлга тушишди. Орадан ўн дақиқача ўтгач, ҳайдовчи машинани чиройли бир боғча ёнида тўхтатди.
– Қани, тушинглар!
– Нега тушамиз? – Нигора ажабланди.
– Мана шу ерда ош ҳам бор, кабоб ҳам (боя уларнинг ош ҳақидаги гапларини эшитган эди). Озгина овқатланиб олмасанглар бўлмайди.
– Йўқ, биз уйга етиб оламиз.
– Уйда ош дамлаб, кутиб ўтиришибдими? Тушинглар! Бу ерда менинг ошнам бор, кабобни ҳам, ошни ҳам боплайди.
– Туша қолайлик, – деди Сунбула.
– Бир бурда нон билан ҳам бўладими? Сизларни билмайман-у, менинг қорним ўлгудай оч, – деди Интизор.
– Бўпти, – деди Нигора, – тушдик.
Ҳайдовчи йигит аллақачон ошпаз ёнига бориб, тўрт тарелкада ош, устига икки сихдан кабоб буюрди. Яна нималар деб ошпазга шивирлади, қизларни кўрсатди. Ошпаз унинг таниши эканлиги муомаласидан сезилиб турарди. Қизлар столга ўтириши билан беш дақиқа ўтар-ўтмай бир йигитча косада ош, кабоб ва ундан сўнг икки чойнак чой, нон, аччиқ-чучук олиб келиб қўйди. Ҳайдовчининг ўзи ошпаз ошнаси ёнида ўтирди. Қизлар хурсанд, ҳаш-паш дегунча ошни ҳам, кабобни ҳам туширишди. Чой ичиб, ўринларидан тураётиб, пулини кимга тўлаймиз, деб олазарак бўлишаётган эди, ҳайдовчи уларга: «Пули тўланган, безовта бўлманглар», деди.
– Бизни уялтирманг, ака, ўзимиз тўлаймиз, – деди Нигора.
– Тўлаб қўйдим. Безовта бўлманг, Нигорахон! Меҳмонимсизлар.
– Бу нима қилганингиз, ҳам хизмат, ҳам овқатимизгача олиб берсангиз?
– Нима бўпти! Хизмат қилсак қилибмиз-да!
– Айтмоқчимизки, сиз ҳам зарплатага яшайсиз.
– Маош, денг.
– Ҳа, маош…
– Маош етарли. Яширмайман, тўғри келиб қолса, дадангизнинг машиналарида «гап»га ҳам юраман…
– Ха-ха-ха-ха-а!
Қизлар кулиб юборишди. Минбардан гапириладиган гаплар эмас, мана бунақа сўзлар уларга ёқарди.
– Дадангизга айтиб қўйманг бу гапни, ишдан қувиламан-а!
– Йўқ, ҳеч айтмайман! Шашликлар билан меҳмон қиласиз-у… сизни сотмаймиз!
– Кабоб денг.
– Ҳа, кабоб…
– «Немисча ҳисоб-китоб» бизларга тўғри келмайди. Бу биз ўзбек ва тожикларнинг баъзилари айтаётганидай «кам ақллилигимиз», «қўйлигимиз»дан эмас, умуман, бизнинг табиатимизга тўғри келмайди. Ҳозир ўрни бўлмаса ҳам гап очилиб кетгани сабабли айтаётирман, бу феълимиз жуда узоқдан келади. Амир Темур замонидан ҳам илгари, Луқмони Ҳаким замонидан ҳам илгари бизлар шунақа эканмиз. Бутун дунёни боқаман деган Ҳотам Той ҳам биз, ўзбекларнинг ичимиздан чиққан. Бу гапларни мен ичимдан чиқараётганим йўқ, бир мўътабар домла айтганлар.
Ҳайдовчи йигит тўрт қизнинг ҳам диққатини тортди. Лекин бу тўрт қиз юрагида ҳайдовчига тегишни эмас, кам деганда доцент, катта хонадон фарзанди, келажакда катта одам бўладиган йигитни орзу қилишарди. «Лекин ўзбекнинг яхши йигитларига, айниқса районларда яшовчи йигитларга лўмбиллаган оппоқ татар қизлари осонгина тегиб оляптилар», деган эди бир куни Нигора. «Улар на катта сеп гарнитура, на дабдабали тўй сўрайдилар. Ресторанда йигирма кишилик зиёфат билан тегиб кетаверадилар…» Бу гапни айт ган Нигора хаёлига донгдор бир хонадон келди, улар Нигорага оғиз солган эди, икки катта мансабдор қуда бўлишни исташган эди. Аммо адасини ўртоғининг тўрсайган ўғли Нигорага ёқмаган. Нигора совуқ кишиларни ёқтирмас, «столба» деярди. Мана шу «столба» ҳозир келишган бир кўккўз қизга уйланиб олди.
Орадан ҳафта ўтди. Жума куни эрта билан адасини хизматга олиб кетиш учун келиб, кўчада турган ҳайдовчига Нигора соат бешга келишини тайинлади. У адасига «профессор анчадан буён касал ётганини», дугоналари билан стационарга бориб, кўриб келишини айтди. У кўп вақт отасининг розилигини олмай машинада кетаверарди, ҳатто гараждан ҳам машина чақиверарди. Бундай «мелоч»ларни айтиб, отасининг «республика миқёсидаги хаёлларини бузиб, диққатини тортмасликни» ҳайдовчига ҳам, бошқаларга ҳам айтиб қўйган. Ҳозир ҳам шундай қилмоқчи эди, аммо бу гал ҳайдовчи ёнида атайин ўзини кўрсатиб, отасини огоҳлантирди: «Папочка, стационарга борамиз, рухсатми?» «Майли, қизим, эҳтиёт бўлинглар», деди ота.
Роппа-роса соат бешда машина институт биноси ёнида, кўчада Нигорани дугоналари билан келишини кутиб турди. Беш яримларда кайфи чоғ, ўйноқлаб келган Нигора кечиккани учун ҳайдовчидан узр сўради. Кейин дугоналари бормаслиги, ёлғиз ўзи стационарга боришлигини қўшиб қўйди.
– Қани, кетдик!
Камгап ҳайдовчи дарҳол машинани гуриллатиб, қадимий Шўртепа томон учиб кетди. Бозор олдидан ўтишда Нигора машинани тўхтатишни сўради.
– Кекса профессоримизга олма, анор, узум олиб чиқсаммикан? Бозорда қоғоз пакет топилади-а?
– Ўзим олиб чиқаман. Сиз машинада ўтириб туринг.
– Э, раҳмат сизга! Мана буни олинг! – Нигора ҳайдовчига ўн сўмлик пул узатди. У иш буюрганида ўзбек сўзларини бўтқа қилмай, атайин шу сержаҳл ҳайдовчи учун тоза ўзбек тилида гапиришга интиларди.
– Менда пул бор, безовта бўлманг…
– Йўқ, буни олинг! – Нигора кескин гапирди.
– Хўп бўлади, – ҳайдовчи пулни олиб, бозорга кириб кетди. Бир лаҳзадан сўнг каттагина қоғоз пакетда Нигора айтганидан аъло қилиб, олма, анор, узум ва тўртта чиройли кулча нон ҳам олиб чиқди.
Нигора ташаккур айтди. Яна машина гуриллаб юрди.
Стационар дарбозасига етишгач, Нигора панжаралардан касалхона боғига қаради, унинг учун ноқулай бўлса-да, пакетдаги олма-анорини кўтариб кетаётган эди, ҳайдовчи йигит кабинадан югуриб чиқди.
– Мен олиб бориб берай.
– Йўқ, йўқ!
– Жуда бўлмаса бино олдигача.
– Йўқ! Сиз машина ичида кутиб туринг! Мен ўзим.
– Ихтиёрингиз.
Нигора каттагина пакетни қучоқлаб, касалхона боғига кириб кетди. «Сиз машина ичида ўтириб туринг» сўзи ғалати туюлди. Ҳайдовчи итоат тарзида дарҳол кабинага кириб, эшикларни қарсиллатиб ёпди. Лекин Нигора эллик қадамча юргач, йигит машинадан чиқиб, орқама-орқа панжара ёнига келди. Кузатди. Шу лаҳза «мункиллаган, мўйсафид профессор…» эмас, йигирма беш ёшлардаги қирчиллаган, қадду қомати келишган йигит ўриндиқдан туриб, Нигорани кутиб олди. Узоқроқда ўтирган хаста кексаларга ҳам парво қилмай, тортинмай ўша йигит Нигоранинг юзидан ўпди. Улар ўриндиққа чўкиб, пакетни ёнларига қўйишди. Нигора бироз безовталаниб, панжара орқасидан ҳайдовчи кўрмаётганмикан, деб хаёл қилди. Ҳа, ҳайдовчи йигит бемалол ўша «нуроний профессор»ни кўриб турарди. Ёлғон гапирмаса нима қиларкин, ахир унинг Нигорага бир нима дейишга ҳадди сиғмайди-ку!
Бу, ўша Ҳабиб. Уни ҳайдовчи йигит танийди, неча бор у билан бирга кўрган. Уни «кекса, нуроний профессор…» деб алдаганидан ҳам хафа бўлгани йўқ, чунки бу муҳаббат. Иккиламчи, бошқа оила сирини билишга уриниш одобдан эмас, тўғриси, бу номардликдир! «Энг пасткаш инсон ўзга оиланинг ички сирини билишга қизиқади ва гап тарқатади», деди ўзига ўзи ҳайдовчи йигит.
Стационар боғида Нигора билан Ҳабиб бир соатдан мўлроқ гаплашиб ўтиришди. Хайрлашиш узоқ бўлди. Ҳабиб яна Нигоранинг юзидан ўпди. Ҳайдовчи йигит юзини ўгириб, аллақачон машинаси кабинасига кириб олган эди. Негадир унинг ичи ёнарди.
– Ака, мана, мен келдим, – деди Нигора машина ёнида тўхтаб, ҳайдовчи йигитга мурожаат қилди, – профессоримиз анча тузуклар. Чол жуда хурсанд бўлди. Адамлардан салом айтдим. Қадимги Кушон давлатида ҳам ёшлар кексаларни ҳурмат қилганми? Сиз тарихни яхши биласиз-ку!
– Ҳа, – деди ҳайдовчи йигит, – ҳижрийдан ҳам, милоддан илгари ҳам, Кушон давлати вақтида ҳам гўзал қизлар ўз «ёш профессорлари»ни жуда ҳурмат қилганлар. Бу такрорланиш кейинги минг йилликларда ҳам бўлади.
– Ха-ха-ха-ха-а! Кўриб турган экансиз, ака! У – курсдошим… Сиз мени «Кушон давридаги маъжусий қиз» деб атадингиз, ҳозир ҳам шу фикрдамисиз?
– Албатта. Сиз, дарҳақиқат, малаксиз. Рашк қилишга ҳаққим йўқ, мен бир бечора ҳайдовчи кишиман… Дадангизлар мени «Шопур», атайдилар. У Фарҳоднинг дўсти. Бу ном менга ёқади…
Нигоранинг чеҳрасидаги табассум сўниб, ўйланиб қолди.
Эндиги ҳикоя, азизларим, бизлар ҳамсоя бўлиб яшаб турган ўзгача тартибдаги хонадон ва ўзгача хулқ-атвордаги одамлар ҳақида баҳс этади. «Алиф Лайло ва Лайло» каби камина сизни зериктирмаслик, эртанги кунга умид бағишлаш ҳамда ибрат тарзида ушбу ҳикояни бошлайман.
Еттинчи ҳикоя
ТОШКЕНТ ЧЕТИДАГИ БИР ХОНАДОН
1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарнинг Ўрда, Дегрезлик Қашқармаҳалла, Оқмачит, Шоҳидонтепа, Қатортол, Тахтапул… Маҳаллалар ва у томонлардан кўп хонадонлар шаҳар ғарбидаги Оқтепа, Белтепа, Қурбақаобод, Чилонзор, Дўмбиробод, Қозиработ боғларини бузиб, ер олиб, иморат сола бошладилар. Улар «Ўзбек бойиса, том солар» нақлини бошқача исботлашди: ўзбек фақат бойиса эмас, фожиага мубтало бўлса ҳам уй солар экан. У ҳеч қачон ота ерини ташлаб кетмайди! Бу ерда қурилаётган қатор уйларни кўриб кўз қамашади, қатор данғиллама иморатлар, гулзор ҳовлилар, чойхоналар қандай чиройли. Ўзбекобод…
Мана шу томондан ер олиб, иморат солдирган Миёнхўжа амакининг асосий тиргаги ўғли Фатхуллохон эди – кўнчи бойиганини қўшниси билмас, у магазинга кириб олиб, сичқондек ташиди. Магазин ва участкада одам ишлатиш бир-бирига ҳамоҳанг келди – ўз ишига пишиқ бўлиб, юзимнинг қаттиқлиги жонимнинг ҳузури бўлди. Фатхуллохон отаси ўргатгандай илжайиб, кулимсираб турарди. Ўз фойдасини ўйлаш ҳам бойиш йўлида жуда қўл келди – «ема, ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг мен кафил» қабилида иш тутди. Пул чиқадиган жойда Фатхуллохон бўзрайиб тураверарди, пулни кўрса, сичқонни пойлаган мушукдек қотиб қоларди. Фойда чиқмайдиган жойда бировга едирмас, ичирмас, нафи тегадиган кишиларгагина дастурхон ёзарди.
1966 йилги зилзила катта мусибат бўлди. Миёнхўжа амакининг фикрича, 37-йилу 41-йилларда Тошкент фарзандлари тутдай тўкилди, 1966 йилга келиб, тошкентликларнинг томи босди. Бу катта фожиа эканини ҳар ким ҳар хил гапирарди, аммо нодўст, димоғдор шахслар зилзилани, «арзимаган нарса», дейишга ҳам боришди. Тожик заминининг Ҳисор томонларида Шарора қишлоғини ер ютиб, устини Қабристон деб эълон қилдилар. Марказдан биронта катта мансабдор шахс келиб, бу ерда бош кийимини олиб, таъзия билдирмади. Ваҳоланки, Арманистон зилзиласига ҳовлиқиб келдилар, бутун дунёдан ёрдам сўрадилар. Бу ажратилиш, камситишлар дилни эзмайдими?
Қадимий Тошкент (милоддан аввал ва X асрда «Чоч», араблар, «Шош», кейинчалик Темурийлар «Тошканд» деб атаганлар) ўз қиёфасини тамоман ўзгартирди; равон ва чароғон кўчалар, ер ости поезди – метро, қулай солинган уй-жой бинолари, ҳашаматли санъат саройлари… бу яхши. Аммо шаҳар атрофидаги боғлар – юз йиллик ёнғоғу тутларни қўпориб ташлаб, ўрнига юзларча бир-биридан айириб бўлмайдиган қути-уйлар солиб ташлагани, ариқлар, оқар сувларнинг йўқ қилингани, серфайз маҳаллаю ҳовлиларнинг барбод этилгани ёмон бўлди! Миноралар, Бекларбеги мадрасаси, Шайхонтоҳур дарбозаси, Юнусхўжа қалъаю қўрғонларининг бузиб ташлангани ваҳшийликдан бошқа нарса эмас! «…Бимолид Чочи камонро ба даст, ба чарми гавази андар овард шаст»[2 - «Шош шаҳри усталари ҳўкиз терисидан ясалган камонни қўлга олдилар» (Фирдавсий «Шоҳнома»сидан).], деган Фирдавсий. Шаҳардаги Чорсу бозори ва бошқа тарихий обидаларнинг йўқолишида маълум шахсларни айблаб бўлмайди, чунки муаззам мамлакатнинг бошқа ерларида ҳам шундай номақбул ишлар қилинган. Ойболта ушлаган жаллоднинг қўли ушланмаса Регистон ҳам, Бухоро мадрасаларию Минораи Калон ҳам Афросиёб вайроналарига ўхшаб қоларди…
Фатхуллохўжа трест бошлиқлари, база ва омбор мудирларининг сўкиш ва турткилашларига ҳам миқ этмай чидаб тура олар, чунки бу соҳада пул деган нарса ҳоким! Пул топмас зиёлинамо кишиларни ёмон кўрар, улар билан алоқа қилмас, «чўнтаги қуруқ муллалар…» дерди. Ҳатто бир куни база мудири билан Фатхуллохўжа ўртасида қисқагина тўқнашув бўлиб, бу воқеа мудир хонасида ўтди. База бошлиғи бўғиларди:
– Гапирсангиз-чи ахир, ўртоқ Миёнхў-жа-ев! Нега бундай қилдингиз? Яшириб сотгани уялмадингизми?! Бундан уч кун аввал бир машина камёб молларни уйингизга туширибсиз! Бу, жиноят-ку! Сотиб юбордик, деганингиз ёлғон! Кимга сотдингиз?
Ғўладан келган Фатхуллохон миқ этмай тураверди.
– Жон оғайни, бир нима денг!
Пати бўзрайганча бошлиқнинг рўпарасида бошмалдоқларини ўйнаб, ўрта бармоғини шиқиллатди.
– Хато қилган бўлсангиз, кечирамиз, укажон, бир оғиз гапиринг! Юрагим сиқилиб кетди. Уйда кеннойингиз билан хафалашиб келганман, юрагим сиқиляпти, келинг, бир нима денг! Илтимос қиламан! Гапиринг, жавоб қилинг.
Пати турган ерида серрайиб тураверди. Уни кимдир сўтак деган эди, унчалик сўтакка ўхшамади. Гуноҳни кечириб, сирни очмаслик учун бир неча вақт миқ этмай туриш, юзига чарм қоплаб, тилни тишлай олган одам ютиб чиқади, деган гапни дилига жо этиб олган Пати бу гал ҳам эски услубини ишга солиб, бошлиқ кабинетида кўзини лўқ қилиб тураверди. Ҳозир қийналса, кейин ҳеч нима бўлмагандай, яна «осойишта кунлар» бошланиб, ошиғи олчи келишини кўзлаб, индамай, без бўлиб тураверарди.
– Илтимос қиламан, Миён-ху-жай-ев, гапиринг! Бунақа без бўлиб туришни қаёқдан ўргангансиз? Қилар ишни қилиб қўйиб, бунақа қилиқ қаёқдан чиққан? Ахир, одамга раҳмингиз келсин! Гапирасизми-йўқми?
У яна миқ этмади.
– Мен бошлиқманми, йўқми? Сўрашга ҳаққим борми, йўқми?! Бу без бўлиб туриш билан нима демоқчисан? (Бирдан сан-санлаб юборди.) Сен ўзинг кимсан? Бўғилиб кетдим-ку! Э, одам бўлмай ўл!
Гунг бўлганча турган Пати барибир қўзғалмади. У гўё ўзини баъзи кинофильмлардаги фашистлар сўроғидаги партизан болага ўхшатарди. Ҳой, ноинсоф, у партизан, сен ўғрисан-ку! У воқеа қирқ йил илгари бўлган, сен ҳозир пасткашлик қилиб, расво бўлиб турибсан-ку, дейдиган бир инсон йўқ!..
– По-о-о-о-кк!!! – бошлиқ гурсса курсига йиқилди. – Мана ёрилиб кетдим! – деди бошлиқ курсида ўтирганча, ҳавоси чиқиб кетган резинка коптокдек бўшашиб, бошини стол устига қўйди. Бир лаҳзадан сўнг, кўзини ола-кула қилиб Патига қаради: – Йўқол, башаранг қурсин, аблаҳ! Энангни!.. Й-ў-қ-о-л!
Пати анча енгил тортиб, хурсанд ҳолда кабинетдан чиқиб кетди.
– Ё, тавба! Одам эмас экансан! Сендақа одамни биринчи кўришим! Сен ўзинг кимсан?! Шундай қилиб қутуларкансан-да! Бу – сенинг «йўлинг» экан.
У миқ этмасди. Сўкиш ҳам унга кор қилмасди.
Шу бошлиқ бечора кунлардан бир кун инфаркт бўлиб ётиб қолди. Бу гапни эшитган Насриддин Афанди касалхонага келиб, бошлиқдан ранжибди:
– Сиз бекорга ўзингизни қийнаяпсиз. Шайх Саъдийнинг ушбу мисрасига қулоқ солинг: «Пистаи бемағз агар лаб во кунед, расво шавад…» У бир мағзи йўқ писта эди, оғзини очса ичи бўш эканлиги кўриниб қоларди. Демак, кўп йилдан буён у шундай без бўлиб туришни касб қилиб олган. Сиз унинг тилини чиқаришдан аввал оғзига мағиз ташлашингиз керак. Шояд, у шунда оғзини очса…
Фатхуллохоннинг ўзини савдо-тижорат ишига уриб кетгани фақат уй солишда эмас, ҳамма томонлама хонадон учун яхши бўлди деб ҳисобладилар. Ўнинчини битиргач, Шарбатхон ая ҳам, Миёнхўжа амаки ҳам бундай таналарига ўйлаб қараб, Фатхуллохоннинг шу соҳага лаёқати бор, деб ҳисоблашди. Миёнхўжа амаки ҳисоб-китобга пухта, деярли умрини ҳисоб-китоб, ёзув-чизув билан ўтказган, ҳисобли дўст ажралмас, мақолини маҳкам ушларди. Ревизорлик ҳам қилган, омонат кассада ҳам ишлаган.
Хуллас, ўзининг қизиқиши, кейинчалик ота-онанинг маслаҳати билан Фатхуллохон савдо соҳасига ўзини урди.
– Ҳабиб ўртоғинг уддабурон, юлдузни бенарвон уради, – деди Шарбатхон ая ўғлини ёнига олиб, – дўхтир бўламан деб ёшлигидан бу ишга киришган. Ҳа, майли, бўлаверсин! Марат деганинг сўмрайган, анави Жўражон деганинг сўтакроқ, далага чиқиб кетди, агроном. Сен ўртоқларинг ичида анча зукко йигит чиқдинг. Камгапсан. Бу яхши! Жуда яхши! Лекин пули бор одам икки дунёда хор бўлмайди…
Эҳтиёт бўлиб, «честний» бўлганинг билан ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Ҳукуматнинг олди тор, орқаси кенг. Билиб ишингни қилавер, болам. Урушдан илгари ҳам не-не қаҳатчиликларни кўрдик: тиллоси бор, қўр-қути бор одамлар хор бўлмади. Очликдан шишиб ўлган одамларни кўрдик. Ўттиз еттинчи йилда қозоқ бечоралар беда бозорда тўлиб кетган эди, очликдан қирилиб кетди.
Индамас Фатхуллохонга ота-она насиҳати ёқди, у бир куни чойхонада «Ҳамма ўқиб, олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади? Мана, ўша подани биз боқамиз!» деди керилиб.
Фатхуллохон йигирма беш ёшда, паст бўйли, ғўладан келган йигит. Икки ёноғи анордек, бурунлари чимчилаб қўйилгандек келишган, чақмоқ мўйлаби ҳам бор. Орадан бирон йил ўтгач, у кимгадир жуда ёқиб кетиб, шаҳримиздаги катта универсамга директор бўлди. Бойишни у ўз оғзидан бошлади, деярли ҳамма тишини тилло қилди. Бу инсон саломатлиги учун кони фойда эмиш! Қўлида тилло занжирли соат, чап қўлининг тўртинчи бармоғида кўзида платина устига тўрт бриллиант қадалган йўғон тилло узук. Кейинги пайтларда қорни чиқиб, тез-тез кекирадиган бўлиб қолди. Ёшлигида шўхроқ бўлиб, «Пати бола» деган номи ҳам бор, ўғлим чиройли, одамларнинг кўзи тегмасин, деб Шарбатхон ая костюми ичига тумор тикиб қўйган. Бир ёқимсиз одати шуки, уятли одамлар олдида ҳам тортинмай овқат ея беради. Наҳорга ошларга боради, икки лаганни қўшиб ейди, «савоб» деб қолганларини ҳам ейди, лаган тагидаги ёғини силкитиб, ичиб юборади. Буни кўрган Ҳабибу Марат, Жўражонларнинг кўнгли озарди. Уйланмоқчи бўлган қизнинг олдида ҳам шундай қиласанми, дейишарди.
Универсамни эплаб, яхши ишлаётганидан қатъи назар, катта хонадонни қўлда ушлаб турган кимса аслида онаси Шарбатхон ая эди. У олтмишларга борган бўлса ҳам ўттиз яшар жувон қилиқларини қилар, ёш хотинлар тўдасига ўзини урар, икки чеккасидан гажак қўйган. Баъзан замонавий гаплардан гапириб, атрофдагиларни оғзига қаратарди. Тошойна олдида ўтириб, соатларча пардоз қилар, янги чиққан мазь, ёғупалардан биронтаси қолмаган. «Эримга кўнгилсизман…» деган гапни такрор-такрор айтган, бу гап қулоғига етган Миёнхўжа амаки ранжиган эди. Бир нимадан жаҳли чиқса, «кетаман, сен билан турмайман!» деган гапларни ҳам кўп гапирган.
Шарбатхон ая оила ҳукмдори (у буйруқ беришни яхши кўрарди), гўё оғир бир дардга мубтало бўлгандай, кейинги кунларда ўлиб қолишдан жуда қўрқарди. Кўрсатмаган доктори, табиби қолмади. Охири париликни бўйнига олди. Яширинча унча-мунча одам ўқиб, куфсуф қилиб турарди.
У бир ўғил, бир қиз кўрди, каттаси Фатхуллохон, ундан кейингиси Пошшахон. Пошшахон келишган, қорамтир мўйлабли бир йигит билан Хоразмга қочиб кетиб, хонадонни эсанкиратган. Ўн кун деганда дараги чиққан, шалпайиб, дами чиққан коптокдек шалпайган синглисини Пати Урганчдан олиб келган эди. Номусларга чидолмаган Шарбатхон ая уни акасидан олдин тўй қилиб, ўша йигитга узатмоқчи бўлди, аммо йигит қамалишга тайёрман, аммо бу қизга уйланмайман, дебди. Пошшахон сўмрайиб, данғиллама ҳовлисининг катта дарбозасидан ингичка бўлиб кириб келган. Бир неча ҳафта онаси ёнида туриб, ўша йигитнинг ялиниб келишини кутди. У келавермагач, Шарбатхон ая Пати билан Пошшахонни ёнига олиб, Урганчга учишди. Қуда бўлиши керак бўлган кимсалар билан гаплашиб, муросаи мадора қилишди, ҳар бир янги оила аввал шундоқ уруш-жанжалсиз бўлмайди, деб ўзларига тасалли беришди. Аммо бу уйда қанча яшамасин, эрининг кўнглини ололмади.
Пошшахон янги хонадонда бир муддат туриб, яна уйига қайтиб келди. Энди ўз ҳовлисидан Урганчга қайтиб кетмайдиган бўлиб келди. Илгари келганида шу атрофдан бир келишган йигитни топиб, у билан дон олишиб юрганини сезишган эди. У кейинги пайтларда биратўла уятни, номусни бир четга суриб қўядиган бўлди. Буниси қолиб, яна бошқа йигит билан ҳам юради. Она қизининг ҳаракатларини сезмас, тижорат билан овора эди. Патининг у билан мутлақо иши йўқ, пул топишнинг кетига тушиб кетган.
Ажралиш судида куёви хотинининг бузуқ хатти-ҳаракатларини айтишга мажбур бўлибди. Одамларнинг номларигача айтибди, аммо Пошшахон судда пинагини бузмай ўтирди.
– Майли, хоҳламасанг турмаймиз! Характеримиз келишмади, – деди Пошшахон ўрнидан туриб. – Кетавер! Лекин бундай майда фисқу фужур гапларни айтиб ўтириш нега керак? Сенинг эркаклик ғуруринг йўқми? Номард!
– Ҳақорат қилма!
– Ёқмадимми, бўпти, ажралишамиз! Мен ўзим ҳам умримни бир хез билан ўтказиб юбораманми, деб юрган эдим, судга мени чақирганинг яхши бўлди. Қани, қоғозни беринглар, қўл қўяман-у, кетаман!
Куёв берган медицина ҳужжати сабаб бўлиб, уларнинг ажрашишига суд ҳукм чиқарди.
Суд пайтида маҳалладан келган бир кекса ўқитувчи ёнидаги шеригига шивирлаб гапирарди:
«Эрининг кўзига чўп ташлаган, нопок йўлга ўтган аёлнинг тузалишига мутлақо ишониб бўлмайди. Бу сотқинлик касали эрни икки букади, оилани бузади. Бузуқлар аввал муҳаббат деган йилтироқ сўзларни ниқоб қилади, аслида бу гиёҳванддек «касал» – танини сотмаса туролмайдиган даражага етказади. Бундай аёллар ҳар қанча гўзал ва номдор оилалардан чиқмасинлар, охир натижада хор бўладилар».
Пошшахон ҳам ҳеч нарсадан қайтмайдиган, пул, тилло йиғадиган кимса бўлиб чиқди. Уни билмаган одам қараб туриб, бир яхши хонадоннинг иффатли келини бўлса керак дейди. Кўринишдан худо уни жуда кўркам яратган. Сўзамол ва ёқимли…
Бу хонадонга баъзан Патининг мактабдош дўстлари Ҳабиб билан Марат келиб туришарди. Ҳабибга бу ошнасининг сермурувват, дўстларидан доимо ёрдамини аямайдиган, камгап инсонлиги ёқарди. Аммо бирор нарсани онасидан бемаслаҳат қилмаслиги, Шарбатхон аянинг баъзан арзимаган нарса ҳам шахсига тегиб кетиб, жанжал кўтариши, кўкариб кетиб, ўзини каравотга ташлаши, бақиришлари Миёнхўжа амакини ҳам, Патини ҳам, Пошшахоннинг ҳам юрагини олиб қўйган. Улар Шарбатхон аядан қўрқардилар. Ҳабиб учун эса ошнаси Патининг ҳаддан зиёд молга, пулга ҳирс қўйгани ёқмасди. Ҳозирги пайтда баъзи кишиларнинг тилло тиш қўйиш, машинаси борлиги билан ғурурланиши кенг одат тусини олди. Ўзимизникиларнинг бу қилиғига қандай чидаш мумкин? «Мен кўксимни қалқон қилсам, – дерди Ҳабиб, – шу халқ учун қурбон бўлсам, у буни биладими? Димоғдор савдогарбаччалар, пул бандалари учун қурбон бўлиш – нодонлик каби туюлса керак.
Аммо бизни ҳам унутмайдиган одамлар бўлар, яхши одамлар кўп, дунёда ҳасад деган нарса бор экан, одамлар тинч яшай олмайдилар».
Ҳабиб дўсти Пати ва бу хонадонни ўйлар экан, унинг кўз олдида чумолибел, дўмбира орқа Пошшахон пайдо бўларди. Ҳар қандай гўзал, айни вақтда содиқ аёл ҳам баъзан сирли кучлар таъсири остида, бегонанинг ширин сўзлари-ю, ортиқча мақтови, хушомадлари, туҳфалари сеҳрида ақлу эркини бой бериб қўйиши мумкин. Шу тариқа оила таназзулга юз тутади. Ҳабиб Пошшахоннинг урганчлик йигитдан ажралганини «хато қилиб қўйгани» сабаб деб тушунарди.
Кўринишдан лўмбиллаган, «қўй оғзидан чўп олмаган» Пати ўзига етгунча олғир. Универсамдагилар «соҳибчангал» дейишади. Кейинги пайтларда бу, айниқса авж олди. Беш қўлини баробар оғзига тиққанга ўхшарди. Шилиш… Бу сўзни унақасига ўқисангиз ҳам, бунақасига ўқисангиз ҳам бир хил. Агар уни ёриб, ичига микроскоп билан қарасангиз ҳам, шилиш бўлиб чиқаверади. Агар уни ўн йил офтобга қўйиб, тарашадек қуритиб, ичини очсангиз ҳам шилиш бўлиб чиқаверади…
Эндиги ҳикоя Жамшидбек Зулфиқоров ҳазиллашиб «Шопур» деб атайдиган камтару камсуқум, ҳатто катта хонадон унинг исмини яхши билмайдиган ҳайдовчи йигит хусусида.
Саккизинчи ҳикоя
«ВОЙ БЎ-Ў, ОЙИ, БУ ЕР ҚАЛАНҒИ-ҚАСАНҒИЛАР ЧАЛДИВОРИГА ЎХШАЙДИ-КУ…»
Ёнида Нигора, шаҳар юқорисидаги Белтепа деган мавзеда истиқомат қилувчи бетоб ётган аммасини кўриб келаётган Маҳбубахон, суҳбат чўзилиб, соғиниб қолган амма ҳадеганда жавоб бермай шомгача қолиб кетишди. У анчадан бери Маҳбубахонни кўрмаган, касал ётарди. Бунинг устига, бутун жумҳуриятга маълум, қариндош-уруғлари номини айтиб фахр этадиган уруғининг келиб қолгани юрагини ёриб юборди. Жамшидбек Зулфиқоров қариндош-уруғлариникига кўп бормас, ҳатто оддий одамларнинг тўйига борадиган бўлса ҳам «марказқўм аъзоси сифатида» шу одамнинг тўй-маъракасига бориши керакми ёки йўқми, буни марказқўмдан сўраши керак. (Кўп масъул ходимлар Марказқўм ички хоналаридан бирида, яширин қарор ва турли қоғозлар ичида хўмрайиб ўтирадиган бир аёлдан сўрашарди. Бу аёл вақти-вақти билан қудратли иккинчи котиб ёнига кириб турарди. Бу ярим чўлоқ хотинда гап кўп, ҳамма катталарнинг шахсий варақалари шу бўлимда сақланар, омади келиб, катта ишларга ўтган кимсалар уни «Крупская онамиз» деб атар, ишдан ҳайдалиб, партия масаласи ҳал бўлаётганлар уни «Каплан, жоҳил эс-эр!..» дерди.) Зулфиқоровни ўз уруғ-аймоқлари, ёр-биродарларидан ажратмасликка интилиб, баъзи маросим, қаъда, чақириқларга, эшитиб қолса бетоб ётган уруғларининг кўнглини олиб, қўлидан келса ёрдам берадиган, оиланинг «бош вазири» Маҳбубахондир. Зийрак, бунинг устига ўта кўнгилчан бу аёл, дарҳақиқат, Жамшидбек аканинг бахти, шу аёл туфайли унинг оиласи хотиржам, майда жанжаллардан батамом холи, эрининг «бир чиройли аёл билан гап бўлганини» ҳам кечириб юборган эди. «Қайси эркак соғ, улар итни кўрса ияди…» деб ўзига ўзи тасалли берарди Маҳбубахон. Лекин эрининг мансабдор ўртоқлари эмас, қариндош, ҳаммаҳалла ёр-биродарлари билан алоқани узмай, посонгини тўғрилаб турадиган мана шу «бахту маржонга тўлган» Маҳбубахон, дарҳақиқат, катта хонадоннинг бекаси, фахри, ақли аввали эди.
Қош қорайишга яқин амманикидан хайр-хўшлашиб чиқишган Маҳбубахон билан Нигора икки соатдан буён кўчада пойлаб турган машиналарига тушиб, ҳайдовчи йигитга «тез ҳайданг!» дейишди. Машина гуриллаб юриб кетди. Она-бола амманинг қизлари, овсинлари ҳақида имо-ишорали гаплашишди.
– Жуда эскича-я! – деди Нигора. – Курсига қўйган ширинликлар юзта меҳмонни кўрганга ўхшайди. Конфетлари шимиб қўйилгандек қирраси йўқ. Худо билади, ичи қуртлаганми. Аммамлар тўпдонни ёнларига қўйибдилар, кўнглим озиб кетди.
– Кекса одам, болам. Бир ўғли урушдан қайтмади. Яхши ҳам неваралари, қизлари бор экан.
Улар Чорсуга яқинлашганда мотор тўхтаб, машина силтаниб, олдинга босмай қўйди. Ҳайдовчи йигит диққат, нима қилишни билмай, охири Маҳбубахон аяга мурожаат этди:
– Бензин тугаб қолибди. Колонка узоқда, уйимда бир бак бензин бор, қуйиб олсам майлими?
– Уйга етиб боролмаймизми?
– Йўқ, – деди ҳайдовчи йигит.
– Ундай бўлса олиш керак, – деди Маҳбубахон. Илгари ҳам, бошқа ҳайдовчи ишлаганида шундай ҳолатлар бўлиб турган эди.
Нигора энсаси қотиб ҳайдовчига ғазабли боқди: «Шу ишни икки соат китоб ўқиб ўтирмай, тўғрилаб қўйиш керак эди!» демоқчи эди, тилига чиқармади. Ҳайдовчи йигит буни сезгандай, «мендан хато ўтибди, спидометрга қарамабман, кечиринг…» деди.
Улар кўп юришмади, бир тор кўчага киришди. Аллақандай майдончадан, ҳовуз бўйидан, қадимий мачит ёнидан ўтиб, пастқам бир девор олдида тўхташди. Ҳайдовчи йигит машинадан чиқиб, югурганча бир қийшиқ кўк эшикка кириб кетди. Маҳбубахон билан Нигора унинг орқасидан қараб қолишди, девору уйлари пастқамгина кўчада, оқшом ғира-ширасида ёлғиз туришарди. Пастқам девордан ҳовли ичида каттагина тут дарахти борлигига кўзлари тушди. Бу ўзи қайси кўча, қайси маҳалла эканлигини ҳам мутлақо билиб бўлмасди. Тошкентнинг эски шаҳарида нима кўп, гадой топмас жин кўчалар кўп. Она-бола машинада ўтириб, юракларига андак қўрқув тушди; бу ҳайдовчи бола яқинда пайдо бўлиб қолди, отини ҳам, фамилиясини ҳам билишмайди. Нигора бўлса бундан олдин ҳам шу ҳайдовчи йигитни «странный человек…» деган эди. Шундай одамларни ҳам Совмин гаражига ишга олишарканми, деди ичида. Лекин Маҳбубахоннинг юрагини ваҳима эгаллади: бу бола тағин ўғри-тўғриларнинг шериги бўлса, бу ичкари кўчада уларни ечинтириб, шилиб қочишса-я! Қулоғи билан қўлида ўн минг сўмлик бриллиант.
– Войбў-ў, ойи, бу кўчаларнинг аҳволига бир қаранг, бу ер қаланғи-қасанғилар, чувриндилар чалдиворига ўхшайди-ку! Қаёққа келиб қолдик! Ҳайдовчимиз ҳам паст оиладан чиққанга ўхшайди.
– Ундай дема, қизим, аданглар ҳам аслида мана шундай эски шаҳар маҳалласидан, жин кўчадан чиққанлар. Акмал Икромовдай, Абдулла Қодирийдек валломатлар ҳам мана шундай жин кўчаларда вояга етганлар. Тошкент шаҳримизнинг маҳаллалари, жин кўчалари жуда ҳам қутлуғ! Илдизимиз шу маҳаллалар ичида.
– Қутлуғи ҳам қурсин! Ҳозир бир бандит чиқиб бизга ҳужум қилса, нима қиламиз? Қочиб бўлмаса! Ёки машинадан чиқиб, нарироққа бориб, яшириниб турамизми?
– Ундай хаёлларга борма, қизим. Қўрқма! Эски шаҳар маҳаллалари тинч. Бу томонда ўғрилар йўқ, ҳамма томтешарлар ўзимиз томонда. Ҳамма бемаънилик вокзалдан сквергача, деган эди бир куни аданг.
– Ҳайдовчининг дўппи кийиб юргани ҳам энсамни қотиради. Адамлардай бир буюк кишини олиб юрадиган ҳайдовчи дўппи кийиб юрса, бу қанақаси?!
– Нима бўпти?
– Совмин раис муовини ўтирган машинада дўппи кийган ҳайдовчи-я? Ярашмайди! Адамларга айтиб, унинг дўпписини олдириб ташлайман! Мана, ҳозир ҳам дўппи кийиб юрибди! Биз майли, адамлар-а! Маданиятли одамлар дўппи киядими? Бу, қолоқлик! Соч ўстирганларнинг дўппи кийгани ярашмайди! Буларни қишлоқи десанг, қишлоқи эмас, шаҳарлик десанг, шаҳарлик эмас. Шаҳримиз ҳам ҳар хил, бир томони цивилизованний Нью-Йорк, Парижга ўхшайди, фавворалар, кўп қаватли бинолар, ресторанлар, модний кийинганлар, бир томони – Африкага ўхшайди; дўппи, чопон кийганлар, чирманда чаладиганлар; ҳайдовчимиз шунақа типлардан. У чиқмаяпти-ку!
– Сабр қил!
– Ҳовлисига кириб чиқайми?
– Ити бўлиши мумкин. Ана, эшитяпсанми, катта бир кўппакнинг овози келяпти. Бирпас сабр қилайлик.
Она-бола машина ойнасидан яна ўша «чалдиворлар»га тикилишди; дарҳақиқат, ўркач деворлар, мўрилар, устига шифер ёпилган пастқам уйлар оқшом ғира-ширасида кўзга ташланарди. Бозордан қайтиб келаётган икки новвой йигит ҳам ғўнғиллаб гаплашиб, машина ёнидан ўтиб кетишди. Ҳайдовчи йигит шошганча бак тўла бензинни кўтариб чиқди. Маҳбубахон билан Нигорани уйига таклиф қилди.
– Бир пиёла чой ичиб кетасизлар, аяжон, киринг. Уйда ойимлар, опамлар бор, илтимос қиламан.
– Йўқ, ҳеч иложимиз йўқ! – деди Нигора.
– Бошқа вақтда келамиз, – деди Маҳбубахон.
– Ҳа, майли, – деди ҳайдовчи йигит, бензинни машина бакига қуя бошлади. Бўшаган бакни эшиги ичига шундоқ қўйди-да, эшикни яхши ёпмай, шошилиб югуриб келиб, машинага ўтирди. Дарҳол моторни гуриллатиб, Навоий кўчаси орқали Ўрда томон ғизиллаганча кетишди.
Камбағалчилик айб эмас, лекин ҳайдовчи йигит Нигоранинг бетоқат гапларига зиғирча бўлса ҳам хафа бўлгани йўқ, аксинча бу гўзал қиз ва олижаноб Маҳбубахон ўз маҳаллаларига кирганидан фахрланди.
Тўққизинчи ҳикоя
СУМАЛАК
Савр ойида Ўзбекистоннинг ҳамма ерларида сумалак пишириш қадимий одат. Кейинги йилларда Тошкенту Самарқандда, Фарғона водийсида, айниқса, Сурхон далаларида сумалак пиширишу Наврўзни халқ жуда кенг руҳда нишонлайди.
Урушдан анча илгари бир сабаб билан Тошкентга кўчиб келиб, Сақичмонда ватан қилган, ҳовли-жойли бўлган Лазокатхон хонадонида сумалак пишириш ҳар йили одат тусига кирган, шу кун бир тўйга айланиб кетарди. Истаган қўни-қўшнилар, қариндошлар тўпланишар, шаддод Лазокатхоннинг таъбирича, «оврўполашиб кетган тошкентликларга қадимий ўзбек одатларини ўргатарди…» Опа билан баҳсга боришмас, кўнгли очиқ шалдир-шулдир бу «Худоёрхоннинг қизи» сумалагини еб келишарди. Ҳам сумалакни еб, ҳам анди бўлмай ўл, деб орқадан алқаб кетадиган хотинлар ҳам йўқ эмасди. Буни Лазокатхоннинг ўзи ҳам пайқарди, албатта.
Шу сумалакка Маҳбубахон ҳам таклиф этилиб, чоршанба – муродбахш куни у қизи билан бирга кечга яқин Сақичмон маҳалласи томон юрди. Кимсан Жамшид Зулфиқоровнинг хотин сифатида Лазокатхоннинг бир яқини – кексагина хотин атайин Маҳбубахонларникига келиб, она-болани олиб кетди.
Йўлда қўқонлик аёл сумалакнинг таърифини қилди.
– Ёшлигимизда Тошкентда ҳам кўп қилинарди, – деди йўлда Маҳбубахон, – нимагадир ҳозирги вақтда қилишмайди. Адалари айтди, бултур шу сумалак сабабли кимгадир гап тегибди. Катта идорада ишлайдиган бир киши уйида, айвони устунига исириқ боғлаб қўйган экан, кимдир ёзиб юборибди, бечорани партиядан ўчиришга озгина қолибди. Аллақандай бир мансабдор хотин уни иккиюзламачиликда айблабди. Мен ҳам кетяпман-у, бирон ғаламис юқорига ёзиб юборса, бунинг адасига гап тегмасмикан, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда оёғи билан эмас, тили билан юрадиганлар кўпайиб кетган. Эҳтиёт бўлиш керак. Бизларни Зулфиқоров оиласидан деб айтманг, айланиб кетай, ишқилиб, сумалакхўрлик тинчгина ўтсин.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/book/mirmuhsin-mirsaidov/ilon-uchi-68991211/chitat-onlayn/?lfrom=390579938) на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
notes
1
Ш. Шомаҳмудов таржимаси.
2
«Шош шаҳри усталари ҳўкиз терисидан ясалган камонни қўлга олдилар» (Фирдавсий «Шоҳнома»сидан).